"."
Меню

Анъом-Аъроф-Анфол суралари

6. Анъом сураси


Маккада нозил қилинган ва бир юз олтмиш беш оятдан иборат бу сурада сўз эътиқод ва иймон моҳияти устида боради. У мавзу эътибори билан Мадинада нозил бўлган Бақара, Ол-и Имрон, Нисо ва Моида сураларидан кескин фарқ қилади. Бу сурада исломий жамиятнинг ўзига хос белгилари - рўза, ҳаж, оилавий масалалар ёки жиҳод ҳукмлари, ёхуд аҳли китоблар ва бошқалар хусусида сўзланмайди. Балки унда эътиқод ва иймонга алоқадор марказий масалалар - Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, ваҳий ва пайғамбарлик моҳияти ҳамда қайта тирилиш ва қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоб борасида сўз юритилади. 

«Анъом»даги оятлар Аллоҳ яратувчиликда ҳам, шариат қонунларида ҳам, маъбудликда ҳам ягона, деб уқтиради. Яна у пайғамбарлар отаси - Иброҳим алайҳис-салом ва унинг зурриётидан бўлган бир қанча пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилади. Булардан ташқари, яшаб турган дунёмиз инсон учун синов-имтиҳон олами эканлиги айтилиб, инсон бу дунёда Аллоҳнинг халифасидир, деб таъкидланади. Бинобарин, бу дунёни обод-осойишта қилиш ҳам, хароб-вайронага айлантириш ҳам инсоннинг ўз қўлида эканлиги яна бир бора эслатиб ўтилади. Бошқа суралар бўлиниб-бўлиниб, ҳар хил муддатларда нозил қилингани ҳолда бу сура Маккада бир кечада дафъатан тўла нозил бўлган. 

Бу сурада яна чорва ҳайвонлари ва улар ҳақидаги хукмлар ҳам баён этилгани учун у «Анъом» - «Чорвалар» деб аталади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир. Сўнгра (яъни Унинг шундай ягона эканлиги ҳақидаги ҳужжатларнк кўра туриб) кофир бўлган кимсалар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар. 

2. У сизларни (Отангиз Одам Атони) лойдан яратиб, сўнгра ажални (яъни тириклик муддатини) белгилаб қўйган зотдир. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал (яъни тирилиш муддати) бордир. Шундан кейин ҳам сизлар (эй кофирлар) шак-шубҳа қилмоқдасиз. 

3. У осмонлару ердаги яккаю ягона Аллоҳдирки, сизларнинг яширган ва ошкор қилган нарсангизни ҳам, қилган касбу корингизни ҳам билур. 

4. Уларга (яъни кофирларга) Парвардигорларининг оятларидан бирон оят келса, албатта, ундан юз ўгирувчи бўлдилар. 

5. Уларга ҳақ (Қуръон) келганда уни ҳам ёлғон дедилар. Энди яқинда уларга ўзлари масхара қилувчи бўлган нарсанинг хабарлари келажак (яъни Қуръонда айтилган хабарлар ҳақ эканлигини билиб оладилар). 

6. Улардан илгари неча асрларни (замонларни) ҳалок қилганимизни кўрмадиларми?! Уларга (яъни ўша асрларда яшаган одамларга) ерда сизларга бермаган жойларни берган, устларидан самони (яъни ёмғирни) сероб қилиб юборган, остларидан дарёларни оқизиб қўйган эдик. Бас, гунохлари сабабли ўшаларни ҳам ҳалок қилдик ва улардан сўнг яна бошқа асрларни пайдо қилдик. 

7. (Эй Муҳаммад), агар сизга қоғозга (ёзилган) бир мактуб туширсак ва уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам кофир бўлган кимсалар: "Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас!", деган бўлур эдилар. 

8. «Унга (яъни Муҳаммадга пайғамбарлигини тасдиқ этадиган) бирон фаришта тушса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш тугатилган бўлур эди. Сўнгра уларга қараб турилмас.

И з о ҳ. Буни шундай тушунмоқ лозим: агар осмондан улар талаб этган фаришта тушса-ю, шундан кейин ҳам иймон келтирмай куфрларида оёқ тираб туриб олсалар, «иш тугатилган», яъни ҳеч қандай муҳлат берилмай, улар дарҳол ҳалок қилинган бўлур эдилар. Айрим ишонмайдиган кимсалар: «Агар пайғамбар бизга ўхшаган одам экан, фаришта бўлганида унга иймон келтирардик», деганларида, уларга жавобан қуйидаги оят нозил бўлди. 

9. Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни инсон суратида) қилган ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур эдик. 

И з о ҳ . Чунки фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганларида эса фаришта эканлигига ишонмайдилар.

10. (Эй Муҳаммад), сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни ҳалок қилган). 

11. Айтинг: «Ерни айланиб сайру саёҳат қилинглар, сўнгра (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибати қандоқ бўлганини кўринглар». 

12. Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники». У Ўз устига осмону ердаги бор мавжудотга раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунига тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар. 

13. Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса Унингдир. У эшитгувчи, билгувчидир.

14. Айтинг: «Ўзи ризқланмай (таомланмай барчани таомлантирган) ҳолида осмонлар ва ернинг яратгувчиси бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!» Айтинг: «Албатта, мен Аллоҳга бўйинсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг!

15. Айтинг: «Албатта, мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ кунда (қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман».

16. Ўша кунда кимдан (азоб) четлатилса, бас, унга Аллоҳ раҳм қилибди. Мана шу очиқ нажотдир!

17. Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир.

18. Унинг ўзи бандалари устида ғолибдир. Унинг Ўзи ҳикмат соҳиби (ҳар нарсадан) огоҳдир. 

19. Айтинг (сўранг): «Қай нарса энг улуғ гувоҳ бўлур?» Айтинг: «Аллоҳ. У мен билан сизларнинг ўртамизда гувохдир. Сизларни ва Қуръон-етиб борган кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга - мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан хам: «Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор, деб гувохлик бера оласизми?» Айтинг: «Мен бундай гувохлик бермайман!» Айтинг: «Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ яккаю ягонадир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман».

20. Биз китоб ато қилган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз болаларини таниган каби танийдилар. Ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар. 

21. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар.

22. Уларнинг барчаларини тўплаб, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга сизлар: «(Аллоҳнинг шериклари деб) гумон қилган бутларингиз қани?!» - деб сўрайдиган Кунимизни (эсланг)!

23. Кейин уларнинг алдов-ёлғонлари фақат шу бўлур: «Парвардигоримиз Аллоҳга қасамки, бизлар мушрик эмас эдик».

24. (Эй Муҳаммад), улар (барча сирларни билгувчи бўлган Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғон сўзлаш билан) ўзларини қандай алдаганликларини ва тўқиб олган «худолари» йўқ бўлиб қолганлигини кўринг!

25. Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор, (лекин) Биз уни (Қуръонни) англамасликлари учун дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Улар бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар. Ҳаттоки сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида ҳам, кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар. 

26. Улар (ўзгаларни) ундан (Қуръондан) қайтарадилар ва ўзлари ҳам ундан четланадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қиладилар, холос. 

27. (Эй Муҳаммад), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Орзу эди, (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди. 

28-29. Йўқ, (иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, ўзлари, манъ қилинган ишларга қайтадилар - албатта улар ёлғончидирлар - ва: «Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз», деб айтадилар. 

30. Уларни Парвардигорлари ҳузурида турғазиб қўйилган пайтларида, Аллоҳ: «Мана шу тирилиш ҳақ эмасми?!» - деганида, улар: «Парвардигоримизга қасамки, ҳақ экан», деганларини, Аллоҳ эса: «Мана энди кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азоб чекингиз!» - деб жавоб қилганини кўрсангиз эди. 

31. То тўсатдан қиёмат келиб қолганда, устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлғай», деб қоладиган пайтларигача Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деб юрган кимсалар ўзларига зиён қиладилар. Улар нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!

32. Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос. Албатта, Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун охират диёри яхшироқдир. Ақл юргазмайсизларми?! 

33. (Эй Муҳаммад), уларнинг гаплари шак-шубҳасиз сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар. 

34. Маълумки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Бас, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганлари ва озорланганларига сабр қилганлар. Аллоҳнинг («Пайғамбарларимни Ўзим қўллагайман») деган сўзларини ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир. Ахир сизга (эй Муҳаммад), ўтган пайғамбарларнинг айрим хабарлари келган-ку! 

35. Агар сизга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботиб (сабр қила олмасангиз), у ҳолда ерга (кириб кетадиган) бирон тешик ёки осмонга (чиқиб кетадиган) бирон нарвон истаб, уларга оят-мўъжиза (топиб) келтиришга қодир бўлсангиз (шундай қилаверинг). Агар Аллоҳ хоҳлаганда албатта уларни ҳидоят устида бирлаштирган бўлур эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг! 

36. Албатта, эшита оладиган зотларгина (сизнинг даъватингизни) қабул қилурлар. Ўликларни (кофирларни) эса Аллоҳ тирилтирур. Сўнгра Ўзига қайтарилурлар. 

37. «Унга (яъни Муҳаммадга) Парвардигоридан бирон оят-мўъжиза туширилса эди», дедилар. Айтинг: «Албатта, Аллоҳ (улар истаган) оятни туширишга қодирдир. Лекин уларнинг кўплари (ўша мўъжиза тушганидан кейин ҳам инкор қилсалар, қандай бало келишини) билмайдилар. 

38. Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Китобда (яъни тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин ҳаммалари Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар. 

39. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар зулматларда қолган кар-соқовдирлар. Аллоҳ хохлаган кишисини адаштирур, хохлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилур. 

40. Айтинг (эй Муҳаммад,): «Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор» деган сўзингизда) ростгўй бўлсангизлар, хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки қиёмат қойим бўлса, Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қиласизларми?! 

41. Йўқ, Унинг Ўзигагина илтижо қиласизлар, бас, У агар хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни) аритур. Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса унутиб юборурсизлар. 

42. (Эй Муҳаммад), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз. 

43. Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон қилиб юрган ишларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандир. 

44. Энди - ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар.

45. Бас, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳга хамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар).

46. Айтинг (эй Муҳаммад); «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни тортиб олса ва дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ у аъзоларни сизларга келтириб берур?» Қаранг, Биз оятларни қандай баён қилмоқдамиз, сўнгра улар юз ўгирмоқдалар. 

47. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби тўсатдан ёки очиқдан-очиқ (яъни кечаси ёки кундузи) келса, золим қавмдан ўзга биров ҳалок қилинурми?! (Йўқ, фақат золим қавм, яъни сизлар ҳалок қилинурсизлар). 

48. Биз пайғамбарларни фақат (жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (дўзах азобидан) огохлантиргувчи бўлган ҳоллардагина юборамиз. Бас, кимлар иймон келтириб, (ўзларини) тузатсалар, уларга хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар. 

49. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса итоатсиз бўлганлари сабабли азобга гирифтор бўлурлар. 

50. Айтинг (эй Муҳаммад): «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари мавжуд», демаймаи ва ғайбни ҳам билмайман. Яна сизларга: «Мен фариштаман», ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман». Айтинг: «Кўр билан кўргувчи (яъни йўлсиз билан Аллоҳнинг йўлида юргувчи) киши баробар бўлурми?! Тафаккур қилмайсизларми?!» 

51. (Эй Муҳаммад), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган ҳолда Парвардигорлари даргоҳида тўпланишдан қўрқадиган зотларни қўрқитинг! Шояд улар (гуноҳ ишлардан) парҳез қилсалар.

52. Эртаю кеч Парвардигорларининг юзини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг! 

53. «Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?» - дейишлари учун уларнинг баъзиларини баьзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Ахир шукр қилгувчиларни Аллоҳ яхшироқ билгувчи эмас-ми?! 

И з о ҳ . Юқоридаги икки оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Маълумки, пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтириб, итоат этган кишиларнинг кўпчилиги камбағал-бечоралар эди. Улар кечаю кундуз сидқидилдан Аллоҳга ибодат қилар эдилар. Буни кўрган Макка зодагонлари пайғамбар алайҳис-саломга: «Агар мана шу ялангоёқларни ҳузурингдан хайдаганингда бизлар сенга эргашар эдик», дейишади. Шунда пайғамбарнинг кўнгиллари бўлинмаслиги учун юқоридаги: «Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг!» - деган калималар билан тугалланган оят нозил бўлади. Кейин эса мушриклар: «Агар Муҳаммаднинг йўли ҳақ бўлганида ўша йўлга бизлар юрган бўлур эдик. Чунки тангри ҳеч қачон биздек зодагонларни қўйиб, у ялангоёқларга тўғри йўлни инъом этмайди», деб даъво қиладилар. Қуръон бу ҳолни бойларни камбағаллар билан имтиҳон қилиш, деб атаб: «Ахир шукр қилгувчиларни Аллоҳ яхшироқ билгувчи эмасми?» дейди. 

54. Қачон сизнинг оддингизга Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган зотлар келсалар: «Сизларга тинчлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз зиммасига раҳмат қилишни ёзгандир. Сизлардан ким билмасдан бирон ёмонлик (гуноҳ) қилса, сўнгра ўша ёмонлигининг кетидан тавба қилиб, (ўзини) тузатса, бас, (гуноҳи кечирилади), албатта (Аллоҳ) мағфиратли, меҳрибондир», деб айтинг. 

55. (Ҳақиқий мўминлар кимлар экани маълум бўлиши) ва жиноятчи кимсаларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни мана шундай муфассал қилурмиз. 

56. Айтинг: «Мен Аллоҳдан ўзга - сизлар илтижо қилаётган бутларга бандалик қилишдан қайтарилганман». Айтинг: «Сизларнинг ҳавойи-нафсларингизга эргашмайман. Зеро у ҳолда йўлдан озурман ва ҳидоят топгувчилардан бўлмай қолурман». 

57. Айтинг: «Мен Парвардигорим тарафидан (Унинг ёлғиз маъбуд эканлиги хусусида) аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар эса уни ёлғон дедингиз. Сизлар шоштираётган нарса (яъни Аллоҳнинг азоби) менинг илгимда эмас. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни сўйлар. У (ҳақ билан ноҳақни) ажратгувчиларнинг энг яхшисидир. 

58. Айтинг: «Агар сизлар шоштираётган нарса менинг илгимда бўлганида эди, албатта сизлар билан ўртамиздаги иш тугаган бўлур эди (яъни мен сизларни дарҳол азоблаган бўлур эдим). Аллоҳ золимларни жуда яхши билгувчидир».

59. Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг шохидан узилиб тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Аллоҳнинг илми азалийсида) мавжуддир. 

60. У кечаси «жонингизни оладиган» (яъни уйқу берадиган), кундузи қилган ишингизни биладиган зотдир. Сўнгра айтилган ажал (яшаш учун берилган муҳлат) адо қилиниши учун унда (яъни кундузи) сизларни «тирилтирур». Кейин Ўзига қайтишингиз бордир. Сўнгра сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. 

61. У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олгувчи фаришталарни элчи қилиб юборур. Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз, сусткашлик қилмаган ҳолларида, унинг жонини олурлар. 

62. Сўнгра (бандалар) ҳақиқий ҳожалари - Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир ва У жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир. 

63. Айтинг (эй Муҳаммад): «Қасамки, агар бизга мана шу (балолардан) нажот берса, албатта шукр этгувчилардан бўлурмиз, деб ошкора ва хуфёна тавба-тазарру қилган ҳолда, илтижолар қиладиган пайтингизда, сизларга қуруқлик ва денгиз балоларидан ким нажот берур?» 

64. Айтинг: «Аллоҳнинг Ўзи сизларга у (бало)лардан ва барча ғамлардан нажот берур. Сўнгра сизлар яна ширк келтирурсиз!»

65. Айтинг: «У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб, (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир». Қаранг, англаб етармиканлар, деб оятларимизни қандай баён қилмоқдамиз 

66-67. Қавмингиз уни (яъни Қуръонни) ёлғон деди. Ҳолбуки, у ҳақдир. Уларга айтинг: «Мен устингизда вакил - қўриқчи эмасман. Ҳар бир хабарнинг ўз ўрни бор. Яқинда билажаксиз». 

68. Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларича улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг! 

69. Тақво қилгувчи зотлар зиммасида у (қавм)нинг ҳисоб-китобидан ҳеч нарса йўқ, лекин улар (оятларимизни масхара қилишдан) сақланишлари учун эслатиб қўймоқ (лозимдир). 

70. Динларини ўйин-ҳазил қилиб олган, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсаларни тарк қилинг! Ва уни (яъни Қуръонни, одамларга) эслатиб қўйинг! Токи бирон жон қиёмат кунида) касб қилган (гуноҳлари) сабабли ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган, агар бор нарсани берса ҳам - ундан қабул қилинмайдиган ҳолда, ҳалокатга ташланмасин. Қилган амаллари сабабли (Аллоҳнинг азобига) ташланган ана ўша кимсалар учун қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир. 

71. Айтинг: «Аллоҳдан ўзга, бизга фойда ҳам, зиён ҳам келтирмайдиган нарсага илтижо қиламизми ва Аллоҳ бизни ҳидоят қилганидан сўнг яна ортимизга қайтариламизми? Худди жинлар чалиб, лол-ҳайрон ҳолда (номаълум) ерга олиб кетган ва дўстлари: «Кел», деб ҳидоятга чорлаётган кимсага ўхшаб-а?» Айтинг: «Аллоҳнинг ҳидоятигина ҳақ ҳидоятдир. Биз барча оламлар Парвардигорига бўйинсунишга маъмурмиз (амр этилганмиз). 

72. (Бизларга) «Намозни тўкис адо қилингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз» (деб буюрилгандир). У (ҳаммангиз қиёмат кунида) ҳузурига тўпланадиган зотдир. 

73. У осмонлар ва ерни ҳаққи рост яратган зотдир. У: «Бўл», деган куни (барча нарса пайдо) бўлур. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган (яъни қиёмат қойим бўладиган) кунда подшоҳлик ёлғиз Уникидир. У ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабардор бўлган зотдир.

74. Эсланг (эй Муҳаммад), Иброҳим отаси Озарга: «Бутларни худо қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан», деган эди.

75. Шундай қилиб Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мамлакатларини кўрсатурмиз.

76. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди.

И з о ҳ . Иброҳим алайҳис-салом бу сўзларни эътиқод қилиб эмас, балки юлдуз, ой ва қуёшни илоҳ деб сиғинаётган мушрикларга танбеҳ бўлсин, деб айтгандирлар. 

У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди.

77. Бас, қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди. 

78. Бас, қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!» - деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман.

79. Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда, юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди.

80. Қавми у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим хохлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!» деди. 

81. Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга ширк қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?» 

82. Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар - ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар. 

83. Мана шулар Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Парвардигорингиз хикмат эгаси ва билгувчидир. 

84. Унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

85. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир.

86. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик.

87. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан (кўпларини ҳам афзал қилдик). Ҳамда уларни сайлаб, Тўғри йўлга ҳидоят қилдик. 

88. Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Агар улар мушрик бўлганларида килган амаллари беҳуда кетган бўлур эди. 

89. Ана ўша зотларга Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганмиз. Бас, агар бу оятларни ана улар (яъни Макка мушриклари) инкор этсалар, Биз бу оятларни инкор қилмайдиган қавм (яъни мўмин-мусулмонлар) учун тайёрлаб қўйганмиз. 

90. Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг! Айтинг (эй Муҳаммад); «Мен сизлардан бунинг учун (яъни Қуръон учун) ҳақ сўрамайман. Бу (Китоб) бутун оламлар учун эслатма (ҳужжат)дир, холос».

91. (Яҳудийлар): «Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», деган пайтларида, Аллоҳни тўғри таний олмадилар. Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оятларини эса яшириб юрадиган ва (ундаги оятларда) на ўзларингиз ва на ота-боболарингиз билган нарсалар баён этилган Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?! «Аллоҳ!», деб жавоб қилинг. Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашган ҳолларида тарк этинг! 

92. Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқлар (ва шаҳарларнинг онаси - маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир. Охиратга иймон келтирадиган кишилар унга ҳам иймон келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар. 

93. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди», деган ҳамда: «Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини (ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан», деб даъво этган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? (Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу кун - Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб, кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди. 

94. Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Аллоҳга шерик деб гумон қилган - оқловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз (орангиз) узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди! 

95. Албатта, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб-ундиргувчидир. У ўликдан тирикни чиқарур, ўликни тирикдан чиқаргувчидир. Ана ўша зот Аллоҳдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! 

И з о ҳ. Уламоларнинг айтишларича, бу оят қайта тирилиш - охират борлигига далилдир. Улар - уламолар: «Жонсиз нутфа ёки тухумдан инсон ёки паррандаларни чиқарган, инсон, паррандалардан эса ўша жонсиз нарсаларни чиқарадиган тангри шубҳасиз тупроққа айланган жасадларни ҳам қайта тирилтиришга қодирдир», дейдилар. 

96. (У зулматни ёриб) тонгни чиқаргувчидир. У кечани сукунат - ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу қудратли ва билгувчи зотнинг ўлчовидир.

97. У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик. 

98. У сизларни бир жондан (Одам алайҳис-саломдан) пайдо қилган зотдир. Бас, (сизлар учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонат турадиган жойдир. Англайдиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик. 

99. У осмондан сув туширган зотдир. Бас, у сув ёрдамида ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёхларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни бошоқларни) чиқарурмиз. Хурмо новдаларидан (йиғиб-териб олгувчилар учун) яқин бошлар-гужумлар (бўлур). Яна узумзор токларни ҳамда (барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз). (Эй инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган ҳолига боқинг! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар мавжуддир. 

100. Аллоҳга жинларни шерик қилдилар (яъни жинларни ҳам худо деб билдилар). Ҳолбуки, уларни (Аллоҳнинг) Ўзи яратган эди. Яна Унинг учун билмаган ҳолларида ўғил-қизлар «ясаб» олдилар. У зот булар сифатлаётган нарсалардан (шериклар ва болалардан) пок ва юксакдир.

101. У осмонлар ва ерни пайдо қилгувчидир. Унинг жуфти йўқ-ку, қаёқдан боласи бўлсин! У ҳамма нарсани яратди ва У ҳамма нарсани билгувчидир.

102. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч ҳандай илоҳ йўқ, магар Унинг ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил - муҳофаза қилгувчидир.

103. Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир.

104. Сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар келмишдир. Ким (уларни) кўрса, ўзи учун кўрур. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зиёндир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман.

105. (Кофирлар: «Аввалги китоблардан» ўрганиб олгансан), дейишлари учун ва биладиган қавмга равшан қилиб бериш учун - оятларимизни мана шундай баён қилурмиз.

106. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиздан сизга ваҳий қилинган нарсаларга эргашинг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Мушриклардан юз ўгиринг!

107. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улар мушрик бўлмаган бўлур эдилар. Биз сизни уларнинг устида қўриқчи қилиб қўйганимиз йўқ. Сиз уларнинг устида вакил ҳам эмассиз!

108. Аллоҳдан ўзгага сигинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, У зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур.

109. Улар агар бирон оят - мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичдилар. Айтинг: «Оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир». Қаердан билурсизлар (эҳтимол) оят келган вақтда ҳам иймон келтирмаслар. 

110. Ва худди аввал-бошда иймон келтирмаганлари каби дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз. 

111. Агар биз уларга фаришталарни туширсак ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирсалар ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўпласак ҳам, иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Аллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.

112. Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!

113. Ундай сўзларга охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун (у шайтонлар васваса қиладилар).

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломга ўзининг пайғамбарлигини исботлаш учун яҳудий, насронийлардан ҳакам тайинлашни таклиф қилганларида қуйидаги оят нозил бўлган экан. 

114. (Эй Муҳаммад, уларга айтинг): «Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг Ўзи сизларга бу Китоб (Қуръонни) муфассал нозил қилган зот-ку?» Биз Китоб берган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) унинг (Қуръоннинг) Парвардигорингиздан ҳаққи рост нозил қилинганини билурлар. Бас, ҳаргиз шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг! 

115. Парвардигорингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир.

116. Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос. 

117. Албатта, Парвардигорингиз Унинг йўлидан адашган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳақ йўлда юргувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир. 

118. Бас, агар Аллоҳнинг оятларига иймон келтиргувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан (яъни Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан) еяверинглар. 

119. Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку. Магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагана (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою-ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта, Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билгувчидир. 

120. Гуноҳнинг очиғини ҳам, махфийсини ҳам тарк қилингиз! Албатта, гуноҳ қилгувчи кимсалар ўзлари қилиб ўтган гуноҳларига жазо олажаклар. 

121. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларнй) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар. 

122. Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши - зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса), кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди. 

123. (Худди Макка зодагонларини фосиқ-итоатсиз кимсалар қилганимиз каби) ҳар бир қишлоқда ўша жойнинг катталарини ҳийла-найранглар қиладиган жиноятчилар қилиб қўйдик. Улар фақат ўзларинигина алдайдилар, холос, лекин ўзлари сезмайдилар.

124. Қачон уларга (Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар эканлиги ҳақида) бирон оят келса: «То бизга ҳам Аллоҳнинг пайғамбарларига берилган оятларга ўхшаш оятлар берилмагунча ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дейдилар. Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билгувчидир. Яқинда бундай жинояткорларга қилиб ўтган ҳийла-найранглари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир. 

125. Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр. Шунингдек, Аллоҳ иймонсиз кимсаларга разолатни (ғолиб) қилур. 

И з о ҳ . Мазкур оят Қуръон осмондан тушганлигининг далилларидан биридир. Дарвоқе, Макка ва унинг атрофлари чўлу саҳролардан иборат бўлиб, у ерларда баланд тоғлар йўқдир. Бу оятда эса осмонга кўтарилаётганда дилнинг тор ва танг бўлиши, яъни нафас олиш қийинлашиши айтилмоқда. Осмонга кўтарилган сари ҳаво сийраклашиб, нафас олиш қийинлашишини билиш учун эса ё баланд тоққа чиқиб кўриш, ёки учоқларда учиш керак. Макка шароитида эса ҳар икки имконият ҳам йўқ эди. Демак, бу оятлар ернинггина эмас, балки осмонларнинг ҳам сир-асроридан хабардор бўлган зот тарафидан келган экан. 

126. Мана шу Парвардигорингизнинг Тўғри Йўлидир. Эслатма-ибрат олгувчи қавм учун оятларни батафсил қилдик. 

127. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида дору-с-салом - тинчлик диёри (яъни жаннат) бордир. У зот (Аллоҳ) қилиб ўтган яхши амаллари сабабли уларнинг дўстидир.

128. (Эй Муҳаммад, эсланг: Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз), дер». Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Парвардигоро, бизлар бир-биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик», деганларида, Аллоҳ айтур: «Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳнииг хохиши билангина (чиқишингиз мумкин)». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим соҳибидир.

129. Шунингдек, қилиб юрган гунохлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз.

130. Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган иа сизларни мана шу (яъни қиёмат) кунингиздаги учрашувдан қўрқитган ҳолларида келмадиларми? Улар: «Ўзимизнинг зиёнимизга гувоҳмиз (яъни, ўша пайғамбарлар келган эди)», дедилар. Уларни ҳаёти дунё алдаб қўйди ва кофир эканликлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бердилар. 

131. Бунга (яъни, аввал пайғамбарлар юбориб огоҳлантиришга) сабаб, Парвардигорингизнинг аҳолиси ғофил бўлган қишлоқ-шаҳарларни зулм билан ҳалок қилгувчи эмаслигидир. 

132. Ҳар ким учун қилган амалларидан даражот-савоблар бор. Парвардигорингиз уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир. 

133. Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. (Эй золимлар), агар хохласа худди сизларни бошқа қавмнинг зурриётидан пайдо қилгани каби сизларни кетказиб, ортингиздан истаган халқни халифа - ўринбосар қилур. 

134. Албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, охират, қиёмат куни) ҳеч шак-шубҳасиз келувчидир. Сизлар (Аллоҳни) ожиз қила олгувчи эмассиз.

135. Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда охират диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини билажаксиз». Шубҳасиз, золим кимсалар нажот топмаслар.

136. (Мушриклар) Аллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорвалардан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳ учун, бу (қолгани) эса бутларимиз учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Аллоҳ (улушига) қўшилмайди. Аллоҳ учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!

137. Шунингдек, шайтонлари мушрикларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириб юбориш учун улардан кўпларига болаларини ўлдиришни (яъни, ўз бутлари учун қурбон қилишни) чиройли кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хохлаганида бу ишни қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат-бўҳтонлари билан тарк қилинг!

138. Улар ўзларича: «Мана бу ҳайвон ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хохлаган кишиларгина (яъни бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган, дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Аллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларнинг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Аллоҳ амри деб) У зотга туҳмат қиладилар. Яқинда бу туҳматлари сабабли уларга Ўзи жазо беражак.

139. Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади). Яқинда бундай (ўзларича ҳалол-ҳаром деб) сифатлаганлари учун уларга Ўзи жазо беражак. Албатта, У ҳикмат ва билим соҳибидир.

140. Ўз болаларини ақлсизлик қилиб жоҳиллик билан ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб Аллоҳ берган ризқни ҳаром қилиб олган кимсалар муҳаққақки, (ўзларига) зиён қилдилар. Улар аниқ адашдилар ва Тўғри Йўлга юргувчи бўлмадилар. 

141. У (сўритокларга) кўтарилувчи ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмозорлар ва меваларни, хилма-хил бўлган экинларни, (барглари) бир-бирига ўхшаган ва (мевалари эса) ўхшамаган зайтун ва анорларни яратган зотдир. Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар! Албатта, У исроф қилувчиларни севмас.

142. Ҳайвонлардан юк ташувчиларни ва (сўйиш учун) ётқизиладиган ҳайвонларни (яратди). Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар ва (ўзингизча ҳалол, ҳаром деб) шайтоннинг изидан эргашманглар! Албатта, у (шайтон) сизларга очиқ душмандир.

143. Саккизта жуфтни (яратди). Қўйдан иккини (яъни эркак ва урғочини), эчкидан иккини (яратди). Ўзларича ҳаром қилиб олувчи мушрикларга айтинг: «(Аллоҳ бу ҳайвонлардан) иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг бачадонларида бўлган ҳомиланими?! Агар ростгўй бўлсангизлар, бирон ҳужжат билан менга хабар беринглар-чи?!» 

144. Туядан иккини, қора молдан иккини (яратди). Айтинг: «Иккала эркагини ҳаром қилганми ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг қоринларида бўлган ҳомиланими?! Ёки Аллоҳ сизларни шунга (яъни ҳаром қилишга) буюрган пайтида гувоҳ бўлганмидингизлар?! Билмаган ҳолда одамларни йўлдан оздириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. 

145. Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун харом қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса - чунки у ҳаромдир,- ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун, у нарсалардан ейиш билан гуноҳкор бўлмас, зеро) Парвардигорингиз мағфиратли, меҳрибондир. 

146. Яҳудий бўлган кимсаларга барча туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол-қўйдан улар учун ёғларни ҳаром қилдик. Магар биқинларидаги ё ичларидаги, ёки суякка аралашган ёғларгина (ҳаром эмасдир). Золимликлари сабабли уларни шундай жазоладик. Албатта, Биз рост сўзлагувчимиз.

147. Энди агар сизни ёлғончи қилсалар, айтинг: «Парвардигорингиз чексиз меҳрибондир, аммо Унинг азоби бирон жиноятчи қавмдан қайтарилмас».

148. Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хохлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!» 

149. Айтинг: «Етук ҳужжат фақат Аллоҳнинг ҳужжатидир. Бас, агар хохлаганида барчангизни ҳидоят қилган бўлур эди». 

150. Айтинг: «Аллоҳ мана шу (мазкур нарсаларни) ҳаром қилганига гувохлик берадиган гувохларингизни келтирингиз!» Энди агар улар гувоҳлик берсалар ҳам, сиз улар билан гувохлик берманг (яъни уларнинг берган гувохликларига ишонманг)! Ва Бизнииг оятларимизни ёлғон дейдиган, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар.

151. Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз - Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз - бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.

152. Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувохлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди.

153. Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.

154. Яна (билингизки), чиройли амал қилган зотларга (неъматимизни) комил қилиб бериш ва барча нарсани аниқ баён қилиш учун ҳамда ҳидоят ва раҳмат бўлсин, деб Мусога Китоб (Таврот) ато этдик. Шояд (бани Исроил) Парвардигорларига рўбару бўлишларига иймон келтирсалар. 

155. Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз! Шояд раҳматга эришсангизлар. 

156-157. «Биздан аввалги икки тоифага китоб нозил бўлган, биз эса уларнинг дарсларини ўрганишдан ғофилмиз» демасларингиз учун ёки: «Агар бизга китоб нозил қилинганида, улардан тўғрироқ йўлда бўлур эдик», демасларингиз учун (сизларга бу Қуръонни нозил қилдик). Энди сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат, ҳидоят ва рахмат келди. Бас, Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Яқинда оятларимиздан юз ўгирган кимсаларни юз ўгирувчи бўлганлари сабабли ёмон азоб билан жазолагаймиз. 

158. Улар фақат ўлим фаришталари келишини ёки Парвардигорингизнинг (бирон азоби) келишини, ёки Парвардигорингизнинг оятларидан қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!»

159. Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур.

160. Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас. 

161. Айтинг: «Мени Парвардигорим Тўғри йўлга, Рост динга - Ҳақ Йўлга мойил бўлган Иброҳимнинг миллатига ҳидоят қилди. У мушриклардан бўлмаган эди».

162-163. Айтинг: (Эй Муҳаммад): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали - пешқадамиман». 

164. Айтинг: «Аллоҳдан ўзгани Парвардигорим дейинми?! Ахир У барча нарсанинг Парвардигори-ку?! Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас. Кейин Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Бас, У сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизнинг (яъни қиёматнинг) хабарини берур». 

165. У сизларни ерда халифалар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган зотдир. Албатта, Парвардигорингиз тезда жазолагувчидир ва албатта У мағфиратли, меҳрибондир.





7. Аъроф сураси 

Маккада нозил бўлган бу сура икки юз олти оятдан ташкил топган,

У пайғамбарлар ҳақида батафсил ҳикоя қилган биринчи сурадир, Унда Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб ва Мусо пайғамбарларнинг қиссалари сўзланади. Аввало шайх ул-анбиё - пайғамбарлар оқсоқоли Нуҳ қиссаси ҳикоя қилиниб, у зотга ўз қавмлари тарафидан бўлган қайсарлик ва исёнлар натижасида уларнинг тўфон балосига гирифтор этилганликлари эслатиб ўтилади. 

Бу сурада пайғамбарлардан, хусусан, Мусо алайҳис-саломнинг қиссалари батафсил зикр қилиниб, у зот билан золим Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можароларга тўхтаб ўтилади ва бани Исроилга берилган ноз-неъматлар, Аллоҳнинг амр-фармонларидан бош тортганларидан кейин эса бошларига тушган бало-мусибатлар ҳикоя қилинади. 

Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларида бўлгани каби сўз исломнинг асоси - моҳияти бўлмиш Аллоҳнинг бирлиги, тирилиш ва жазо ҳақ экани ҳамда ваҳий ва пайғамбарлик ҳақиқати устида боради. Суранинг аввалида Муҳаммад алайҳис-саломга тушган мўъжиза - Қуръон ҳақида сўзланиб, у бутун инсоният унун буюк илоҳий неъмат эканлиги, бинобарин, дунё ва охират саодатига эришиш учун унинг йўл-йўриқ ва панд-насиҳатларига амал қилиб бориш лозимлиги уқтирилади. 

Яна бу сурада Аллоҳ берган илмни мол-дунё топиш учун бировларга зиён етказиш йўлида суъиистеъмол қилган олимлар қаттиқ қораланиб, улар тиллари осилиб, ҳансираб турадиган итларга ўхшатилади. Ва ниҳоят, бу сурада қиёмат кунидаги ҳолат тасвирланади. У куни кишилар уч тоифага бўлинадилар: ҳаётларини иймон ва яхши амаллар билан ўтказган кишилар аҳли жаннат, кофирлик ва ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам ёмонлик қилиш билан ўтган кимсалар дўзах эгалари бўладилар; қилган яхшиликлари билан ёмонликлари баробар кимсалар эса «Аъроф» эгалари бўладилар. Аъроф - жаннат билан дўзах ўртасини ажратиб турадиган девор бўлиб, учинчи тоифага мансуб одамлар унинг устида Аллоҳ ўзларини жаннатгами ёки дўзахгами ҳукм қилишини кутиб турадилар. Бу сурада мана шу ҳолатнинг тасвири ўз ифодасини топгани учун «Аъроф» деб аталган. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, Лом, Мим, Сод.

2. (Бу Қуръон) сизга унинг ёрдамида кофирларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиришингиз учун нозил қилинган Китобдир - бас, кўнглингизда у сабабли танглик (шубҳаланиш) бўлмасин! - ва у мўминлар учун бир эслатмадир.

3. (Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар.

4. (Бизнинг амримизга итоат қилмаган) қанчадан-қанча қишлоқни ҳалок қилдик - бас, уларга азобимиз тун уйқусида ёки туш уйқусида (яъни кундузи) келди.

5. Бизнинг азобимиз келган вақтида улар бирон даъво қила олмадилар, магар «Бизлар ўзимизга зулм қилдик», дея олдилар, холос.

6. Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз. 

7. Энди албатта уларга, билган ҳолимизда, (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб берурмиз. (Зотан) Биз ғойиб - йўқ эмас эдик, (балки барча нарсага гувоҳ бўлиб турган эдик). 

8. (Амалларни) тўғри тортишлик ўша куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. 

9. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир. 

10. Аниқки, Биз сизларни ерда барқарор этиб, сизлар учун унда тирикчилик воситаларини пайдо қилдик. Камдан-кам шукр қилурсизлар.

11. Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади.

12. (Аллоҳ) деди: «Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?» «Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди у.

13. (Аллоҳ) деди: «У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!»

14. «Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди у.

15. (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан».

16. У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман.

17. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан».

18. (Аллоҳ) айтди: «Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман. 

19. Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз. 

20. Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: «Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди», деди. 

21. Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди.

22. Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!» 

23. Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар. 

24. Аллоҳ айтди: «Бир-бирингизга (яъни шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз! Энди сизлар учун маълум бир вақтгача (яъни ажалингиз етгунча) ерда қарор топиб фойдаланиш бор. 

25. Унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар, деди У. 

26. Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир. Бу - Аллоҳнинг (фазлу марҳаматига далолат қилгувчи) оятларидандир. Шояд эслатма (панд-насиҳат) олсалар.

27. Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз. 

28. Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган, дейдилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?! 

29. Айтинг: «Парвардигорим адолатга буюргандир. Ҳар бир сажда чоғида ўзларингизни тикиб қўйингиз (яъни бор вужудингиз билан сидқидилдан сажда қилингиз) ва У зотга динингизни холис қилган ҳолда илтижо этингиз. Сизларни бошлаб яратган ҳолига қайтурсиз. (Яъни аввал сизлардан йўқдан бор қилгани каби қиёмат кунида яна ҳисоб-китоб учун қабрларингиздан чиқарур.) 

30. У бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқа бир гуруҳга эса йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутиниб олганлар-да, яна ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар. 

31. Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хохлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас.

32. Айтинг: (эй Муҳаммад): «Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!» Айтинг: «Улар (яъни безак ва ҳалол ризқлар) ҳаёти дўнёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўлур), қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир». Биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал қилурмиз. 

33. Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос. 

34. Ҳар бир жамоат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар. 

35. Эй Одам болалари, ҳар қачон сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ҳолларида келганларида кимда-ким (ширкдан) сақланиб, ўзини ўнглаб олса, уларга хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. 

36. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибру ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар эса дўзах эгаларидир. Улар у жойда (дўзахда) абадий қолгувчидирлар.

37. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Уларга ёзилмиш - китобдан бўлган ризқ-рўзлари етиб-битгач, жонларини олгувчи элчиларимиз - ўлим фаришталари келиб: «Аллоҳни қўйиб, илтижо қилиб ўтган бутларингиз қани (келиб сизларнй ўлимдан қутқармайдиларми?)», деганларида, улар: «Биздан ғойиб бўлиб қолдилар», дейишади ва ўзларининг зиёнларига - кофир бўлганликларига гувоҳлик беришади. 

38. (Аллоҳ) айтур: «Сизлардан илгари ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) миллатлар билан бирга дўзахга кирингиз!» Қачон бир жамоат (ўша дўзахга) кирганида, шеригини (яъни ўзини йўлдан урганларни) лаънатлайди. Қачонки унда (дўзахда) ҳаммалари топишишгач, кейингилари (эргашганлар) аввалгилари (бошлиқлари) ҳақида: «Парвардигоро, ана ўшалар бизларни йўлдан оздирганлар, бас, уларга дўзах азобини икки баробар қилгин», дейдилар. (Аллоҳ) айтур: «Ҳар бирингиз учун икки баробар азоб бўлур, лекин сизлар билмайсизлар». 

39. Аввалгилари эса кейингиларига: "Сизларнинг биздан бирон афзаллик томонларингиз йўқдир, бас, қилиб ўтган гуноҳларингизга яраша азобингизни тотаверинглар" дейдилар. 

40. Албатта, оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон кирмаслар). Жинояткор - осийларни мана шундай жазолагаймиз.

41. Улар учун жаҳаннамдан тўшак, устларидан эса (оловдан бўлган) чойшаблар бўлур. Золимларни мана шундай жазолагаймиз.

42. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар - ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз - улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.

43. Остларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни тортиб олурмиз ва улар: «Бизларни бу (неъматларга) йўллаган зот - Аллоҳга ҳамду-сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар ва уларга: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур. 

44-45. (Шунда) жаннат эгалари дўзах эгаларига қараб: «Бизлар парвардигоримиз берган ваъданинг (яъни жаннат ва ундаги неъматларнинг) ҳақ эканини кўрдик, сизлар ҳам Парвардигорингиз ваъда қилган нарсанинг (яъни дўзах ва ундаги азоб-уқубатларниш) хақ эканини кўрдингизми?!» деганларида, улар: «Ҳа», дейдилар. Бас, уларнинг ўрталарида бир жарчи: «Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва уни бузишни истайдиган, ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалар бўлган золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай», деб жар солур. 

46. Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дузахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: "Сизларга тинчлик бўлгай", дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган - истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар. 

47. Қачон кўзлари дўзах эгалари тарафга бурилиб қолса: "Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан", дейдилар. 

48-49. Аъроф эгалари (яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай ўртада аъроф - деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб дедилар: «Тўплаган молу дунёингиз ва қилган кибру ҳавойингиз сизларга асқотмабди-ку! Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал-бечоралик билан ўтган мўмин-мусулмон)ларми? (Ахир уларга) «Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?! 

50-51. Дўзах эгалари жаннат эгаларига: "Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар. Бас бу КУН улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари ва Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари каби Биз ҳам уларни «унутиб қўярмиз». 

52. Ҳақиқатан Биз уларга (Макка ахолисига) иймон келтирувчи қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган ва Ўз билимимиз билан муфассал қилган бир Китоб (Қуръон) келтирдик. 

53. Улар эса (бу Китобнинг) таъвийл-оқибатини (яъни ундаги оятлар ҳақ эканлиги исботланишини) кутадилар, холос. Унинг таъвийли келадиган КУНда илгари уни унутган (яъни ундан юз ўгирган) кимсалар: «Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар, энди бизни оқлайдиган оқловчилар бормикан ёки қилиб ўтган (ёмон) ишларимиздан бошқа (эзгу) амалларни қилиш учун (яна дунёга) қайтарилармиканмиз», деб қоладилар. Улар ҳақиқатан ўзларига зиён қилдилар ва ўзлари тўқиб олган бутлари улардан ғойиб бўлди. 

54. Албатта, Парвардигорингиз - Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори - Аллоҳ буюкдир.

55. Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчиларни) севмас. 

56. Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, ерда (куфр йўлини тутиб) бузгунчилик қилманг! У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз! Зеро Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир. 

57. У шундай зотки, Ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ёғдирурмиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар.

58. Пок шаҳар ернинг гиёҳи Парвардигорининг изни-иродаси билан (осон) униб чиқур. Нопок (яъни шўр, тошлоқ) ерники эса фақат қийинчилик - машаққат билангина чиқур. Шукр қиладиган қавм учун оят-аломатларимизни мана шундай баён қилиб берурмиз. 

И з о ҳ . Мазкур оят панд-насиҳатни олиб, унга амал қилгувчи иймонли киши билан насиҳатни олмайдиган ва эшитган гапидан таъсирланмайдиган диёнатсиз кимса ҳақидаги ибратли мисолдир. 

59. Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк КУН (қиёмат кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. 

60. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди. 

61. У айтди: «Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман! 

62. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман. 

63. Сизларни (охират азобидан) огохлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда (Аллоҳнинг) раҳматига эришишингиз учун Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (огоҳлантириш) ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида (яъни менинг зиммамда) келганидан ажабландингизми?» 

64. Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар. 

65. Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!»

66. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз», дейишди.

67. У айтди: «Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман.

68. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман.

69. Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (сизларни охират азобидан) огохлантириш учун ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми? (Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз. 

70. Улар: «Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У холда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?» дедилар. 

71. У айтди: «Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган (бутларингизнинг номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар? Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?! У ҳолда (Аллоҳнинг азобига) кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман» 

72. Бас, унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (мўмин зотларга) Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик (ҳалок қилдик). Улар мўмин эмас эдилар.

73. Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат - мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят - мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)».

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилганларида пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантирадилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар.

74. «Сизларни Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўйганини ва сизларга ернинг текисликларида (ёзлик) қасрлар қуриб олишингиз, тоғлик жойларида (қишлик) бошпаналар йўниб (тиклаб) олишингиз учун маскан берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрмангиз!» 

75. (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечораларига - уларнинг ораларидаги мўмин бўлган зотларга: «Солиҳни Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисиз?» дейишди. Улар айтдилар: «Албатта, биз унинг воситасида юборилган нарсага (динга) иймон келтиргувчимиз». 

76-77. Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз», дейишди-да, туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди, кейин: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтир-чи?» дейишди. 

78. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар). 

79. Кейин (Солиҳ) улардан юз ўгириб (ўзича) деди: «Эй қавмим, мана, мен сизларга Парвардигоримнинг динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим. Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз».

80-81. Лут (пайғамбар) ўз қавмига: «Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, нафсингизни қондириш учун эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз», деганини эсланг! 

82. Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: «Уларни (яъни Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан».

83. Бас, унга ва аҳлига (яъни Лут ва унга тобеъ бўлган зотларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди.

84. Уларнинг устига даҳшатли ёмғир - тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи - осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг. 

85. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз тарафидан ҳужжат (яъни дин) келди. Бас, ўлчов ва тарозини комил қилиб (тортингиз) ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолмангиз ҳамда ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда (кофирлик билан) бузғунчилик қилиб юрманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. 

86. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга иймон келтирган зотларни Унинг йўлида тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирмангиз! Озчилик (яъни куч-қувватсиз, ночор) бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини (яъни куч-қудратли, азиз қилганини) эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг. 

87. Агар сизлардан бир тоифа мен билан юборилган динга иймон келтирувчи бўлиб, бошқа бир тоифа эса иймон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқаргунича (яъни ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги маълум бўлгунича) сабр қилингиз. У ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир».

88-89. (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар», дейишди. У айтди: «Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? (Яъни аслида бўлмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қилган бўламиз-ку?) Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз - Аллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хохласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан». 

90. (Шунда унинг) қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўргувчи бўлурсизлар», дейишди. 

91. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (халок бўлдилар). 

92. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўргувчи бўлдилар. 

93. Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, (ўзича) деди: «Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг динини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди шунча ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам кофир (бўлган) қавмга қандай қайғурурман? 

94. Биз бирон қишлоққа (жойга) пайғамбар юборсак (ва у ердаги одамлар биз юборган пайғамбарга иймон келтиришмаса) албатта унинг аҳлини тавба-тазарру қилишлари учун қашшоқлик ва мусибатлар билан ушлаганмиз. 

95. Сўнгра ўша ёмонлик ўрнига яхшиликни (бой-бадавлатлик ва хотиржамликни) алмаштириб қўйдик. Ҳатто кўпайишиб кетганларида ва: «Бундай қийинчилик ва кенгчиликлар ота-боболаримизга ҳам етгай (яъни бизнинг динсизлигимизнинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки дунёнинг тартиби ўзи шунақа - бир танглик келса, бир мўл-кўлчилик бўлади)», дейишгач, уларни ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан (бирон бало-ҳалокат билан) ушладик. 

96. Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гунохлари сабабли ушладик. 

97. У қишлоқларнинг ахли бало-қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?) 

98. Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? 

99. Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур. 

100. Бу ерга (илгариги) эгаларидан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларни, агар хоҳласак, гунохлари сабабли мусибат етказиб қўйишимиз маълум эмасми? Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар. 

101. (Эй Муҳаммад), сизга ўша қишлоқлар - уларнинг хабарларидан сўйлаётирмиз. Албатта уларга пайғамбарлари ҳужжат-мўъжизалар келтирганлар, аммо улар илгари (яъни мўъжизалар келмай туриб, пайғамбарларини) ёлғончи қилганлари сабабли (мўъжизалар келгандан кейин ҳам) иймон келтирувчи бўлмадилар. Аллоҳ кофирларнинг кўнгилларини ана шундай муҳрлаб қўюр. 

102. Уларнинг аксарида бирон аҳд (яъни аҳдга вафодорликни) топмадик ва мудом уларнинг аксарини итоатсиз ҳолда топдик. 

103. Сўнгра - улардан кейин Мусони Ўз оятларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик, улар (у оятларга) золим-кофир бўлдилар. Ана энди бузғунчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг. 

104. (Мусо) деди: «Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигоридан элчиман.

105. Менинг зиммамда Аллоҳ шаънига фақат ҳақни айтиш бордир. Мана, сизларга парвардигорингиздан ҳужжат келтирдим. Бас, энди бани Исроилни мен билан бирга (ўз юртларига) жўнатгин».

И з о ҳ . Муфассирларнинг ёзишларича, асли авлодлари Муқаддас Замин (Шом)дан бўлган бани Исроил қавмининг Мисрга ўрнашиб қолишларига сабаб - Юсуф алайҳис-саломнинг замонларида Яъқуб алайҳис-саломнинг уруғ-авлодлари Мисрга келишиб, шу ерда уй-жой, бола-чақа қилиб қолиб кетадилар. Қачонки давлат устига Фиръавн келгач, уларни қул қилиб, энг оғир ишларда ишлата бошлади. Шунда Мусо пайғамбар бани Исроилни бу асирликдан қутқариб, ота-боболарининг ватани Муқаддас Замин (Шом)га олиб кетмоқчи бўлади. Энди қуйидаги оятларда Мусо келтирган мўъжизалар баён қилинади. 

106. (Фиръавн): «Агар ростгўй кишилардан бўлиб, оят-мўъжиза билан келган бўлсанг, қани, уни келтир», деди. 

107. Шунда (Мусо тутиб турган) асосини ташлаган эди, баногоҳ у асо ростакам аждарга айланди.

108. Кейин қўлини (чўнтагидан) чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам) оқ бўлиб кўринди (ҳолбуки, Мусо қорамағиз одам эди).

109. Фиръавн қавмидан (яъни қибтийлардан) бўлган кимсалар: «Шубҳасиз, бу (Мусо ўткир сеҳргардир)», дедилар.

110. Фиръавн айтди: «У сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?»

111-112. Улар дедилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўйиб тургин-да, ҳамма шаҳарларга (сеҳргарларни) йиғиб келадиган кишиларни юборгин, улар сенга жами ўткир сеҳргарларни келтирсинлар».

113. (Шундан кейин) сеҳргарлар Фиръавн олдига келишиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта (катта) мукофот (берурсан)», дейишди.

114. У: «Ҳа, (агар ғолиб бўлсангизлар), албатта сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар», деди.

115. Улар айтдилар: «Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асони) ташла, ёки биз (ўзимизнинг қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз».

116. У (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаганларида, одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. 

И з о ҳ . Ҳикоя қилишларича, шаҳар четидаги бир водийга тўпланган халойиқ олдида минглаб сеҳргарлар қўлларидаги таёқча ва ипларини ташлаганларида бутун водий устма-уст мингашиб-қалашиб ётган илонларга тўлиб кетган экан. Одамлар бу ҳолдан даҳшатга тушиб қоладилар, ҳатто Мусо пайғамбарни ҳам хавотир эгаллаб олади шунда... 

 117. Биз Мусога: «Асойингни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. 

118. Бас, ҳақиқат қарор топди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди. 

119. Бас, у ерда (Фиръавн ва унинг тарафдорлари) мағлуб бўлишиб, беобрў бўлган ҳолларида (шаҳарга) қайтдилар. 

120-121-122. (Шу пайт) у сехргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: «Барча оламларнинг Парвардигорига - Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар. 

123-124. Фиръавн айтди: «Мен изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Шубҳасиз, бу (қилмишингиз) ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир. Энди яқинда билурсиз - албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни) кесурман, сўнгра сизларнинг барчангизни дорга осурман». 

125. Улар дедилар: «Албатта бизлар Парвардигоримизга қайтгувчимиз (бас, сен бизни ўлим билан қўрқита олмайсан). 

126. Сен биздан фақатгина Парвардигоримизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан. Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!» 

И з о ҳ . Ислом таълимотига кўра, Одам Атодан тортиб то Муҳаммад алайҳис-саломгача барча пайғамбарлар мусулмонликка, яъни ягона Аллоҳнинг Ўзига бандалик қилиб бўйинсунишга даъват қилганлар. Улар гўё бир занжир бўлиб, у занжирнинг биринчи ҳалқаси Одам алайҳис-салом бўлсалар, охирги ҳалқаси Муҳаммад алайҳис-саломдир. Шунинг учун Мусо пайғамбарга иймон келтирган кишилар ҳам Аллоҳ таолодан фақат унинг Ўзига бўйинсунувчи, яъни мусулмон бўлган ҳолларида жонларини олишни илтижо қилдилар. 

127. (Шунда) Фиръавн қавмидан бўлган одамлар: «Эй Фиръавн), Мусо ва қавмининг ерда бузғунчилик қилиб юришига ҳамда сени ва худоларингни тарк этишига қўйиб берасанми?» дейишганида, у деди: «Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдиражакмиз. Албатта, биз уларнинг устида ғолибдурмиз».

128. (Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб кетганларида,) Мусо қавмига деди: «Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур». 

129. Улар айтдилар: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик». У (Мусо) деди: «Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса». 

130-131. Қасамки, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик. Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилигимиз (осойишта ҳаёт, унумдорлик) келса: «Бунга ўзимиз ҳақдормиз», дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар. Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг ризқу насибалари фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.

132-133. Улар (Мусога): «Бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз иймон келтиргувчи эмасмиз», деганларидан кейин устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.

134. Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач: «Эй Мусо, сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати, Парвардигорингта дуо қил. Қасамки, агар бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта сенга (пайғамбарлигингга) иймон келтирурмиз ва бани Исроилни сен билан бирга (ўз ватанларига) жўнатурмиз», дедилар. 

135. Энди улардан бу азобимизни (улар) ўзлари етиб боргувчи бўлган муддатгача (яъни қиёмат кунигача) кўтарганимизда эса, баногоҳ (ичган қасамларини) бузиб турибдилар. 

136. Бас, Биз улардан интиқом олдик - оятларимизни ёлғон деганлари ва улардан ғофил бўлганликлари сабабли денгизга ғарқ қилдик. 

137. (Миср ва Шомдаги) ернинг Ўзимиз баракотли қилган машриқ ва мағрибларига бечора қавмни (яъни бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. Сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг («Бу ердан бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз», деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик. 

138-139. (Кейин) бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан сўнг, улар бутларига сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар. Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлгувчи, қилиб турган амаллари эса ботил-ку?» 

140. (Яна) айтди: «Мен, сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?!» 

141. (Эй бани Исроил), сизларни ёмон азоб қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, аёлларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эслангиз! Бу ишларда (яъни бу азоб ва нажотда) Парвардигорингиз тарафидан улуғ имтиҳон бордир. 

142. Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгилаган) вақти комил қирқ кеча бўлди. (Аллоҳ Тур тоғида Мусога шунча муддат танҳо ибодат қилишни буюрди. (Аллоҳ таолога муножот қилиш учун кетар экан), Мусо акаси Ҳорунга деди: «Қавмим устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар улар ёмон амал қилсалар) тузатгин. Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашмагин». 

143. Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоғга боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки, Парвардигори у тоғга кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: «Пок Парвардигор (ноўрин савол сўрашдан), Ўзингга тавба қилдим. Энди мен (Сенинг нақадар буюк зот эканингга) иймон келтирувчиларнинг аввали - пешқадамиман». 

144. Аллоҳ айтди: «Эй Мусо, ҳақиқатан Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни (яъни пайғамбарликни) олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» 

145. Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани - панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлаган ҳамда қавмингни у панд-насиҳатларнинг энг гўзалларини олишларига буюргин» (дедик). Энди сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини кўрсатурман.  

146. Энди ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри - ҳақ йўлни кўрсалар уни (ўзлар учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат - нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман). Бунга сабаб улар Бизнинг оятларимизни ёлғон деганлари ва у оятлардан ғофил бўлиб олганларидир. 

147. Бизнинг оятларимизни ва охиратдаги мулоқот (қиёмат)ни ёлғон деган кимсаларнинг қилган амаллари беҳуда кетар. Улар фақат ўзларининг амаллари (яъни куфру исёнлари) билан жазоланурлар. 

148. Мусонинг қавми ундан кейин (яъни у Тур тоғига Аллоҳга муножот қилиш учун кетганидан кейин) ўзларининг безак буюмларидан бир бузоқни - маърайдиган бир бузоқ жасади(нинг шаклини ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) - у ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?! - улар ўшани (ибодат қилиш учун) ушлаб, (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар. 

149. Қачонки қўлга тушишгач (яъни бузоқ худо эмаслигини билишиб, ҳафсалалари совугач) ва ўзларининг йўлдан озганликларини билгач, айтдилар: «Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва (бу гуноҳимизни) мағфират қилмаса, албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз». 

150. Қачонки Мусо қавмига (Уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва ғамгин бўлган ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолувчи (халифа) бўлдингиз. Парвардигорингизнинг амр-фармонидан (у етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?» деб (ғазабланганидан қўлидаги) лавхларни тушириб юборди ва акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг боласи - биродарим», бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин. 

151. (Мусо) деди: «Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан». 

152. Шубҳасиз, бузоқни («худо» қилиб) ушлаб олган кимсаларга Парвардигорлари тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз. 

153. Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва иймон келтирган кишилар учун эса албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

154. Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳларни (ердан) олди - унда Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлур, деб битилган эди. 

155. Мусо Бизнинг белгилаган вақтимизга (ҳузуримизга) олиб келиш учун ўз қавмидан (бузоққа сиғинмаган) етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: «Парвардигорим, агар хоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам илгари (яъни улар бузоққа сиғинаётган пайтларида) ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу (яъни уларнинг бузоққа сиғинишлари) фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишини ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг ҳожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла. Ўзинг мағфират қилгувчиларнинг энг яхшисидирсан. 

156-157. Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин. Ўзингга тавба қилдик». (Аллоҳ) айтди: «Азобимни ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим - меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга - номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган - элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар - ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. 

158. Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига - Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз- шояд ҳидоят топурсиз». 

159. Мусо қавмидан шундай жамоат ҳам борки, ҳақ (сўз) билан (одамларни) тўғри йўлга бошларлар ва ҳақ (ҳукмлар) билан адолат килурлар. 

160. Уларни (яъни Мусо қавмини) жамоа-жамоа қилиб ўн икки уруғ - авлодга бўлиб юбордик ва Мусога қавми ундан сув сўраган пайтида: «Асоинг билан тошни ургин!» деб ваҳий юбордик. Бас, ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди - ҳамма одамлар ўз сувларини билдилар. Уларга (саҳрода) булутни соябон қилдик ва устларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: «Сизларни баҳраманд қилган пок нарсаларимиздан енглар», дедик. Улар (берган неъматларимизга ношукр бўлишлари билан) Бизга жабр қилмадилар, балки ўзларига жабр қилгувчи бўлдилар. 

161. Уларга: «Мана шу шаҳарни (Байт-ул-Муқаддасни) маскан тутингиз ва ундан хохлаган жойингизда таомланингиз ҳамда «кечиргин» деб шаҳарга дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз! (Шунда) гунохларингизни мағфират қилурмиз, чиройли амал қилгувчиларга эса (марҳаматимизни) зиёда қилурмиз», деган пайтимизни эсланг! 

162. Бас, улардан золим бўлган кимсалар ўзларига айтилган («кечиргин») сўзини бутунлай бошқа бир сўзга алмаштирдилар. (Шундан кейин) уларга золим бўлганлари сабабли осмондан азоб юбордик.

163. (Эй Муҳаммад), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида - шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни манъ қилинганига қарамасдан шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг. Ўшанда, шанбалик қилган (яъни балиқ овламаган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбалик қилмаган кунларида (яъни шанбадан бошқа кунларда) эса келмас эди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз.  

И з о ҳ . Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишларича, бу воқеа Довуд алайҳис-салом замонларида бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб сув юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан фойдаланган иблис айрим яхудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида тез ховузлар кавлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша ҳовузлардан тутиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Тангрининг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда эътиқодсизларни Тангри ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам ишора бордир. 

Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: бир тоифа юқорида айтилган шанба кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарадиганлар, учинчи тоифа эса ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундан қайтармайдиганлар эди. Қуйидаги оятда мана шу учинчи ва иккинчи тоифа ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб зикр этилади. 

164. Ўшанда улардан бир жамоат: "Не сабабдан Аллоҳнинг Ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?» деганларида, улар (яъни иккинчи тоифадаги одамлар) айтдилар: «Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)». 

165. Бас, қачон улар (яъни итоатсиз кишилар) ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик. 

166. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик. 

167. Ўшанда Парвардигорингиз албатта уларнинг устига қиёмат кунигача ёмон азоб билан азоблайдиган зотларни юборишини билдирган эди. Шубҳасиз, Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўминларни зса) мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

168. Уларни (яҳудийларни) бутун ер юзига жамоа-жамоа қилиб бўлиб юбордик. Уларнинг ораларида яхшилари (иймонга келганлари) ҳам, ундай эмаслари (иймонсизлари) ҳам бордир. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонликлар (балолар) билан синаб кўрдик. 

169. Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган бир авлод келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар мағфират қилинурмиз», дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан Китобда (Тавротда) Аллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди? Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргазмайсизларми?! 

170. (Уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта Биз ўзларини тузатгувчи кишиларнинг ажр-мукофотларини зое қилмагаймиз.  

171. (Эй, Муҳаммад), Тур тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё бир соябондек кўтариб туриб, улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган ҳолларида: «Биз сизларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва тақводор бўлишингиз учун ундаги оятларни ёдда тутингиз!» деган пайтимизни эсланг. 

172. Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувохлик - аҳд-паймон олишимиз) қиёмат кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир. 

173. Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан», демасликларингиз учундир. 

И з о ҳ . Халқ орасида машҳур бўлган «алмисоқ, алмисоқдан қолган» деган ибораларнинг асл мазмуни юқоридаги икки оятда мазкур бўлди. Қуръон бизга уқтиришича, Тангри таоло ўз қудрати билан Одам алайҳис-саломнинг белидан ундан тарқайдиган барча зурриётларини чиқариб, уларга Ўзининг мўъжизаларини кўрсатгач: «Айтинглар-чи, Мен Сизларнинг раббингиз эмасманми», деганида, улар: «Парвардигоро, Ўзинг барчамизнинг раббимизсан, бизлар бунга гувоҳ бўлдик», деб Тангрига аҳду паймон, яъни мисоқ берган эканлар. Шунинг учун ислом уламолари: «Кимда-ким кофир бўлса ёки динидан қайтса, ўзининг Тангрига берган мисоқидан қайтган бўлади», дейдилар. Муҳаммад алайҳис-саломнинг: «Ҳар бир туғилган бола тоза ҳолда - исломда туғилади. Кейин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилиб бузуқ тарбия беришади», деган ҳадисларининг мазмуни ҳам юқоридаги оятларга ҳамоҳангдир. 

174. Шояд (куфрларидан) қайтсалар деб оятларни мана шундай муфассал қилурмиз. 

175. (Эй Муҳаммад), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг - у қимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. 

176. Агар хохласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг.  

И з о ҳ . Ушбу икки оят гарчи Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир яҳудий «олим» ҳақида нозил бўлган эса-да, бу оятларнинг ҳукми билган илмига амал қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган «уламолар»нинг барчасига тааллуқлидир. Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат - илмсизликдир. 

177. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди ва улар ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар. 

178. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчидирлар.

179. Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир. 

180. Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар. 

181. Биз яратган зотлар орасида (одамларни) ҳақ (дин) билан ҳидоят қиладиган ва ҳақ (ҳукм) билан адолат қиладиган бир жамоат ҳам бордир. 

182. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ўзлари билмай қоладиган тарафдан секин-аста ҳалокатга олиб борурмиз. 

183. (Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўюрман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир. 

184. Улар ҳамрохларида (яъни Муҳаммад алайҳис-саломда) ҳеч қандай жунун йўқлигини ўйламайдиларми?! У фақат (Аллоҳнинг азобидан) ошкора огоҳлантиргувчи зотдир.

185. Самовот ва Ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга ишонадилар-а?! 

186. Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Аллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур. 

187. (Эй Муҳаммад), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан - кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар».

188. Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огохлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос». 

189. У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юкли бўлиб, ўша (юк) билан юрди. Бас, қачонки, оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари бўлмиш, Аллоҳга дуо қилдилар: «Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз». 

190. Энди (Аллоҳ) уларга солиҳ (фарзанд) ато этганидан кейин Унга (Унинг) Ўзи ато этган нарсада (яъни болага ном қўйишда), ширк келтира бошладилар. Бас, Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир.  

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Ҳавво фарзанд кўрганида иблис келиб уни йўлдан оздириб, боласига Абдулхарс, яъни Харснинг - ернинг бандаси, деб ном қўяди. Аллоҳдан ўзгага бандалик қилиш жоиз бўлмагани учун Қуръон Ҳаввонинг бу қилмишини ширк деб атайди. 

191. Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Аллоҳга) шерик қиладиларми?! 

192. Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто ўзига ўзи ёрдам қила олмайдиган (нарсаларни Аллоҳга шерик қиладиларми?!) 

193. Агар уларни (яъни бутларни) ҳидоятга чақирсангиз, сизларга эргашмайдилар (яъни улар жонсиздирлар). Сизлар учун уларни чақиришингиз ёки сукут қилиб туришингиз баробардир (яъни барибир улар жавоб бера олмайдилар). 

194. Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларни чақиринглар, улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?! 

195. Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики тутсалар, ёки кўзлари бормики кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики тингласалар?! Айтинг (Эй Муҳаммад): «Уша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга бир лаҳза мухлат бермай бор ҳийла-найрангингизни қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманг, натижаси ҳечдир.) 

196. Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур.

197. Ундан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар сизларга ёрдам қилишга қодир эмаслар ва улар ўзларига ҳам ёрдам қила олмаслар.

198. Агар уларни ҳидоятга чорласангиз, эшитмайдилар. Улар ўзлари кўрмаган ҳолларида сизга (боқиб) турганларини кўрурсиз. 

199. (Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг! 

200. Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта, У эшитувчи, билгувчидир.

201. Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар.

202. Уларнинг (шайтонларнинг) дўстлари эса йўлдан оздиришда уларга (шайтонларга) ёрдам берадилар, сўнг (бу иғволарини) тўхтатмайдилар.

203. Қачон уларга бирон оят келтирмасангиз, «Ўзинг тўқий қолмайсанми?» дейишади. Айтинг: "Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман. Бу (Қуръон) иймон келтирадиган кавм учун Парвардигорингиз тарафидан кўрсатма, ҳидоят ва раҳматдир». 

204. Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз - шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар. 

205. Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю-кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг! 

206. Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва Унгагина сажда қиладилар".  

И з о ҳ . Қуръонда бир неча сураларда сажда оятлари мавжуд бўлиб, мазкур суранинг сўнгги ояти ҳам ўша сажда оятларининг аввалгисидир. Бундай оят ўқилганда ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.




8. Анфол сураси 

Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, етмиш беш оятдан иборатдир. Унда сўз, асосан, ғазот - жанг ҳақида бориб, ҳарбий қонун-қоидалар, уруш ва тинчлик холатлари ҳамда асир ва ўлжа олиш хусусидаги Шариати исломийяда бўлган ҳукмлар баён қилинади. Бу суранинг «Анфол» - «Ўлжалар» деб номланишининг сабаби ҳам шудир.

У ислом тарихидаги илк жанг - Бадр жангидаги воқеаларни батафсил ҳикоя қилгани учун айрим саҳобалар уни «Бадр» сураси, деб ҳам атаганлар. Исломий ғазотлар солномасидан Бадр жанги ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойида Мадинанинг жануби-ғарбида жойлашган Бадр қишлоғида бўлиб ўтгани маълум. Бу жангда мусулмонлар ададлари оз бўлишига қарамасдан, аскарлар сонида ҳам, ҳарбий қурол-анжомларда ҳам ўзларидан бир неча баробар ортиқ бўлган мушриклар устидан ғалаба қозониб, душманнинг етмиш аскарини ҳалок қиладилар ва етмиш кишини асир оладилар, катта ўлжаларга эга бўладилар. Жанг тугаганидан сўнг ўлжалар тақсимотида айрим мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиққанда, уларга панд-насиҳат қилиш ва тўғри йўл кўрсатиш билан сура бошланади. Сура ниҳоясида эса мўминлар ватан ва миллатлари бир-биридан қанчалар йироқ ва хилма-хил бўлишидан қатъий назар бир уммат эканликлари, бинобарин, кофир кимсаларнинг фитналарига алданмай, ўзаро дўст-биродар бўлиб яшаб ўтишлари лозимлиги уқтирилади.

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!

И з о ҳ. Бадр жангидан сўнг қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлашда ёш аскарлар билан кексалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Ёшлар: «Ғалаба бизнинг кучимиз билан бўлди, бинобарин, ўлжалар ҳам ўзимизники бўлиши керак», дейишса, кексалар: «Биз сизларга жанг йўл-йўриқларини кўрсатиб турганмиз, демак, бу ўлжаларда бизнинг ҳам улушимиз бор», дейишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди ва пайғамбар алайҳис-салом тушган ўлжани ёшу қарига баробар қилиб улашиб бердилар.

2. Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар.

3. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар.

4. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир.

5. (Бу ўлжа тақсимотида чиққан можаро) худди мўминлардан бир гуруҳи (урушни) аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида, Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чиқарганга ўхшайди.

6. (Ўшанда) улар гўё кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар.

И з о ҳ . Мадинада Ислом давлати барпо бўлгач, мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасидаги низо янада авж олди. Мушриклар Маккадаги уй-жойларини ташлаб, муҳожир бўлиб кетган мусулмонларнинг ўз диёрларида қолган мол-мулкларини талон-торож қилишар, мусулмонлар эса ўз навбатида Маккадан тижорат учун чиққан карвонларга хужум қилишар эди. Кунларнинг бирида пайғамбар алайҳис-саломга Макка мушриклари катта карвон билан Шомдан қайтаётганлари маълум бўлади ва ўзлари билан бир гуруҳ саҳобаларини олиб, карвонни қўлга киритиш учун йўл оладилар. Бундан хабар топган маккаликлар катта лашкар билан мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Мадина тарафга қўшин тортиб кела бошлайдилар. Шунда Тангри таоло томонидан пайғамбар алайхис-саломга карвонни қўйиб, мушриклар лашкари билан жанг қилиш амр қилинади. Бу хабарни эшитган айрим мусулмонлар: «Тайёр карвон ўлжа бўлиб турганида, бундай катта қўшинга қарши урушамизми, ўзимиз озчилик бўлсак, бунинг устига тайёргарлигимиз ҳам йўқ-ку!» - дейишиб, пайғамбар билан баҳслаша бошлайдилар, Лекин кўпчилик саҳобалар Аллоҳнинг амрига бўйинсунишиб, кофирларга қарши жанг қилишга тайёр эканликларини билдирадилар. Мазкур оятлар ўша тарихий ибратли воқеа ҳақида ҳикоя қилади. Қуйидаги оятларда ҳам бу ҳикоя давом этади.

7. Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни, карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни, карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз сўзлари билан хақиқатни муқаррар этишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди.

8. У, гарчи жиноятчи - осийлар ёмон кўрсалар-да, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун (шундай ирода қилган эди).

9. Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди,

10. Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва хикматлидир,

11. Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам ҳилиш учун устингизга самодан сув - ёмғир ёғдирган эди.

12. (Эй Муҳаммад), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди.

13. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.

14. (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир) бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир.

15. Эй мўминлар, кофирларнинг ҳужумига дуч келганингизда, уларга орқа ўгирманглар (яъни қочманглар).

16. Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!

17. Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди, ва (бу ғалабани Аллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳис-салом Бадр жангида қўлларига бир сиқим тупроқ олиб: «Юзлари қаро бўлгай!» - деб душман тарафга отганларида, кўзига ғубор кирмаган бирор мушрик қолмаган экан.

18. (Эй мўминлар), мана шу (сизларнинг мукофотингиздир). Албатта, Аллоҳ кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи зотдир.

19. (Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана, сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди, Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бас, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.

20. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (Қуръонни) эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз!

21. Ва ўзлари эшитмаган (яъни, англаб, иймон келтирмаган) ҳолларида, «эшитдик», деган кимсалар каби бўлмангиз!

22. Албатта, кар ва соқов бўлиб олган ақлсиз кимсалар Аллоҳнинг наздида энг ёмон ҳайвонлардир.

23. Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг қулоқларини очиб қўйган бўлур эди, ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб қўйганида ҳам улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлур эдилар.

24. Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.

25. Ҳамда сизлардан фақат золим кимсаларнинг ўзигагина етмай (балки барчага етадиган) балодан сақланингиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

26. Ва сизлар ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!

27. Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!

28. Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос. Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (яъни унинг амру фармонига итоат этишдагина) улуғ ажр-савоб бордир.

29. Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур ва ёмонлик-гунохларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.

30. (Эй Муҳаммад), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир.

31. Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хохласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.

32. Уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!

И з о ҳ. Яъни: «Агар мана шу Қуръон ҳақиқатан Сенинг ҳузурингдан келган бўлса, бизларни Ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», демасдан: «Шу ҳақ бўладиган бўлса, устимиздан тош ёғдиргин», дейишларидан уларнинг ким эканликлари маълумдир.

33. Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!

34. (Лекин агар) улар (иймонга келмасдан кишиларни) Масжид-ал-Ҳаромдан тўсар эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни, Сиз ва мўминлар Маккадан чиқиб кетганингиздан сўнг уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжид-ал-Ҳаромнинг) эгалари эмаслар. Унинг эгалари фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлардир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.

35. Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди. Бас, (эй мушриклар, бугун - Бадрда) кофир бўлганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар.

И з о ҳ . Макка мушриклари Байтуллоҳни яланғоч ҳолларида чапак чалиб, ҳуштак чалиб тавоф қилар эдилар. Мусулмонлар намоз ўқиётган пайтларда ҳам ҳуштак, чапак чалиб уларни адаштирмоқчи бўлар эдилар.

36-37. Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир.

38. (Эй Муҳаммад), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда аввалгиларининг суннатлари (яъни, кўргуликлари) ўтган-ку, (яъни уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар).

39. То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар, бас, албатта Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.

40. Агар (кофирлар иймондан) юз ўгирсалар, бас, (эй мўминлар), билингизки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳожангиздир. У зот нақадар яхши ҳожа ва нақадар яхши ёрдамчидир.

41. Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш-кунида - икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтиргувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

И з о ҳ. Шариат ҳукмига кўра, урушда қўлга киритилган ўлжанинг бешдан тўрт қисми жангчининг ҳаққи бўлиб, бешдан бири юкоридаги оятда мазкур бўлган жиҳатларга сарфланади.

42. Ўшанда сизлар (Мадинага) яқинроқ тарафда, улар (яъни, мушрикларнинг қўшинлари) йироқроқ тарафда, отлиқлар (яъни, сизлар ўлжа қилиб олмоқчи бўлган карвон) эса сизлардан қуйироқда (денгиз соҳили бўйлаб кетмоқда) эдилар. Агар мушриклар билан жанг қилиш учун (аввалдан) ваъдалашганларингизда, бирон муайян вақтга келиша олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ ҳалок бўлгувчилар (яъни, кофирлик йўлини тутгувчилар) очиқ ҳужжат билан (яъни, Аллоҳнинг мўъжизасига гувоҳ бўлган ҳолларида) ҳалок бўлсинлар, тирик қолгувчилар (яъни, иймонига келувчилар) ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолсинлар, деб қилинувчи бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун (Сизларни тўқнаштириб қўйди). Шак-шубҳасиз, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

43. (Эй Муҳаммад), сизга тушингизда Аллоҳ уларни оз кўрсатганини эсланг! Агар сизга уларни кўп кўрсатганда эди, албатта сизлар сустлашиб қолган ва бу иш (яъни кофирларга қарши жангга чиқиш) хусусида тортишиб қолган бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларни бундан сақлади. Албатта, у дилларни эгаллаб олган сирларни билгувчидир.

44. (Эй мўминлар), Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эслангиз! Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.

45. Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда, саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз, шояд нажот топурсизлар.

46. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.

47. Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир).

И з о ҳ . Мушриклар Маккадан дабдабаю асъаса билан: «Ўша Бадрда ғалаба базми ва шаробхўрлик қилмагунимизча қайтмаймиз» деб қасам ичишиб чиққан эдилар.

48. Ўшанда, шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан ғолиб бўладиган бирон одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман», деди. Энди қачонки икки жамоат учрашганида эса, кетига қайтиб кетди ва: «Албатта, мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сиздар кўрмаётгани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир»,- деди.

49. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни, озгина одам билан шундай катта қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар»), дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу сўзлари нотўғридир) ким Аллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.

50-51. Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб, жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир»,- деяётган пайтини кўрсангиз эди.

52. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамларининг ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди: улар Аллоҳ оятларига кофир бўлишгач, Аллоҳ уларни гунохлари сабабли (азоб билан) ушлаган эди. Албатта, Аллоҳ қувват эгаси ва азоби қаттиқдир.

53. Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб - Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи эканлигидир.

И з о ҳ . Бу оятда Макка мушриклари ўзларига инъом қилинган неъмат - пайғамбар алайҳис-саломнинг қадрига етмасдан, у зотга қаршилик қилганлари сабабли, шундай азобга гирифтор бўлдилар, дейилмоқчи.

54. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамлари ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди. Улар (Фиръавн одамлари) Парвардигорларининг оятларини ёлғон дейишгач, Биз уларнинг гунохлари сабабли ҳалок қилдик ва (денгизга) ғарқ этдик. (Чунки) ҳаммалари золим кимсалар эдилар.

55. Аллоҳнинг наздида энг ёмон жонзотлар кофир бўлган кимсалардир. Чунки, улар иймонсиздирлар.

56. Уларнинг орасида сиз билан аҳдлашиб, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқмасдан ҳар сафар ўз аҳд-паймонларини бузаверадиган кимсалар бордир.

57. Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни ҳалок қилиш билан ортларидаги кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар.

58. Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас.

59. Кофир бўлган кимсалар устун келдик, деб ҳисобламасинлар, улар ожиз қила олмайдилар. (Албатта, улар Аллоҳдан қилмишларига яраша жазо олурлар).

60. (Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган - Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур.

61. Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи, билгувчидир.

62-63. Агар улар сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта сизга Аллоҳнинг ўзи кифоядир. У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир.

64. Эй пайғамбар, сизга ва сизга эргашган мўминларга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.

65. Эй пайғамбар, мўминларни жангга чорланг! Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар! Агар сизлардан юз киши бўлса, кофирлардан мингини енгар! Бунга сабаб, уларнинг онгсиз қавм эканлигидир.

66. Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофирни) енгар. Агар сизлардан минг киши бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (кофир)ни енгар. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.

67. Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.

И з о ҳ . Бу оят пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобаларга берилган танбеҳдир. Улар мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб юборганларида мана шу оят нозил бўлди.

68. Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга товон олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди.

69. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

70. Эй пайғамбар, сизларнинг қўлингизда асир бўлган кишиларга айтинг: «Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (яъни иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан (яъни тўлаган товонингиздан) яхшироқ нарса берур ва сизларни мағфират қилур». Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

71. Агар улар сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар - бас, (билингизки) улар илгари Аллоҳга ҳам хиёнат қилган эдилар. Шунда Аллоҳ (сизни) уларга ғолиб қилди. Аллоҳ билим, ҳикмат соҳибидир.

72. Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни, тириклари бир-бирига хамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар). Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.

73. Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур.

74. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (мухожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар хақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир.

75. (Сизлардан) кейин иймон келтириб ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга курашган зотлар - ана ўшалар сизлардандир. Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.





9. Тавба сураси 

Мадинада нозил қилинган бу сура бир юз йигирма тўққиз оятдан иборатдир. У пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан «Табук» жангидан қайтаётганларида нозил бўла бошлаган. (Табук - Мадина билан Дамашқ орасидаги ҳаж йўли устида жойлашган воҳадир. Ҳижрий тўққизинчи йилда у ерда мусулмонлар билан мушриклар ўртасида жанг бўлган эди). Бу сурада шариати исломийянинг кўпгина қонун-қоидаларини баён қилиш билан бирга, асосан, икки мақсад кўзда тутилади: улардан биринчиси: Исломнинг мушриклар ва аҳли китоблар билан қандай муносабатда бўлиш лозимлиги хусусидаги қатъий ҳукмини билдириш бўлса, иккинчиси: Пайғамбар алайҳис-салом ғазотга чиқишга чақирган пайтларида кишилар руҳиятидаги ҳолатларни кўрсатишдир. 

  Бу суранинг айрича хусусиятларидан бири шуки, Қуръондаги мавжуд бир юз ўн тўрт суранинг ичида ёлғиз мана шу сура аввалида «Бисмиллоҳ» айтилмасдан бошланади. Бу ҳолни айрим саҳобалар «Тавба» мазмун-моҳияти жиҳатидан ўзидан аввалги «Анфол» сурасининг давоми бўлгани учун иккисининг ўртасини ажратиш зарурати бўлмаган, деб шарҳласалар, бошқа бир гуруҳ саҳобалар: «Бисмиллоҳ Аллоҳнинг раҳматидир. Бу сурада эса, асосан, жангу жадаллар ва Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлган мунофиқларнинг хилма-хил тоифалари ҳақида сўз юритилади. Шу боисдан, унинг аввалидаги "Бисмиллоҳ" айтилмаслиги лозим бўлган», деганлар. Бу суранинг бир неча номи бўлиб, улардан энг машҳури «Тавба»дир. Сўра ниҳоясида Аллоҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиши эълон қилингани учун ҳам бу сура «Тавба» номи билан аталгандир. 

1. (Эй мўминлар, ушбу) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан сизлар (ўзаро урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон қилган мушрик кимсаларга ора очиқлик (эълонидир).  

2. (Эй мушриклар, уруш ҳаром қилинган) тўрт ой ичида ерда сайру саёҳат қилиб юраверинглар ва билингларки, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмассизлар - албатта Аллоҳ кофирларни расво қилгувчидир. 

И з о ҳ . Юқоридаги оятларда пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобаларнинг мушриклар билан тузган ҳар қандай шартномалари ўша мушрикларнинг хиёнаткорлиги сабабли бекор қилингани эълон этилди ва бу қарор орадан тўрт ой ўтгач, кучга кириши билдирилди. 

3. Ва (ушбу) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида (яъни қурбон ҳайити кунида) Аллоҳ ва унинг пайғамбари мушриклардан безор эканлигини билдиришдир. Бас (эй мушриклар), агар тавба қилсангизлар, бу ўзингиз учун яхшироқдир. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда билингизки, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмассиз. (Эй Муҳаммад), кофир бўлган кимсаларга аламли азоб «хушхабар»ини етказинг! 

4. Магар (Эй мўминлар), сизлар аҳд-паймон қилган мушрик кимсалар кейин (аҳдларидан) бирон нарсани бузмасалар ва сизларнинг зиёнингизга биров билан ҳамкорлик қилмасалар, у ҳолда уларнинг аҳдларини белгиланган муддатгача тўла-тўкис етказинглар! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар. 

5. Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз! Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз! (Яъни улар билан урушишни бас қилингиз). Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

6. (Эй Муҳаммад), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир. 

7. Аллоҳ наздида ва унинг пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон бўлсин?! (Яъни, ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар, демак, берган ваъдаларини бузаверадилар), магар сизлар Масжид-ал-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки, улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар. 

8. (Улар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин? Ҳолбуки, улар агар устингизда ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Оғизларида сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишга) ибо-ор қилади. Уларнинг кўплари итоатсиздир. 

9. Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг йўлидан (яъни динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи бўлдилар.  

10. Улар бирон мўмин хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Улар тажовузкор кимсалардир. 

11. Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар. Биз оятларимизни биладиган қавм учун муфассал баён қилурмиз. 

12. Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари ичган қасамларни бузаверадилар). 

13. (Эй мўминлар), қасамларини бузган ва пайғамбарни (Маккадан) чиқариб юборишга қасд қилган ҳамда ўзлари аввал-бошда сизларга қарши (жанг қилишни) бошлаган кимсалар билан жанг қилмайсизларми?! Улардан қўрқасизларми?! Агар (ҳақиқий) мўмин бўлсангизлар, қўрқишингизга лойиқроқ зот Аллоҳ-ку, ахир?! 

14-15. Улар билан жанг қилинглар, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб қилади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

16. (Эй мўминлар), балки сизларнинг орангизда (ҳақ йўлда) курашган ва Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва мўминлардан ўзга бирон кимсани дўст тутмаган зотларни, Аллоҳ билмасдан (яъни, имтиҳон қилмасдан ўз ҳолига) қўйиб қўйишини ўйлагандирсизлар?! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 

17. Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчидирлар. 

И з о ҳ. Мушриклар Каъба атрофига хилма-хил бутларини қўйиб олишиб, ҳар сафар Каъбани тавоф этганларидан кейин ҳалиги бутларга сажда қилар эдилар, Юқоридаги оят, мушриклар модомики ўзлари ясаб олган бутларни ягона Аллоҳга шерик деб билар эканлар, уларнинг қилган ибодат-тавофлари бехуда, деб таъкидлайди. 

18. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар, ажабмас.  

19. (Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжид-ал-Ҳаромни обод қилишни - Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида курашган зотлар (нинг амалларига) тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. 

И з о ҳ . Мушриклар мусулмонларга қараб: «Сизлар Аллоҳга мусулмончилик билан бандалик қилаётган бўлсангизлар, биз ҳам ҳажга борганларнинг хизматларини бажариб ва Каъбани обод қилиб, Аллоҳга бандалик этмоқдамиз», деб даъво қилганларида мазкур оят нозил бўлди. 

20. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар. 

21. Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат ва ризолик ҳамда улар учун бўладиган жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда доимий неъматлар бордир.  

22. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, фақат Аллоҳнинг ҳузуридагина улуғ ажр бордир. 

23. Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир. 

24. (Эй Мухаммад), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтирганича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас. 

25. Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! 

26. Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор ҳилди. Кофирларнинг жазоси шудир. 

И з о ҳ . Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари ўн икки минг бўлиб, кофирлар фақат тўрт минг киши эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Шу бир ҳовуч одамдан енгиламизми?» деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат пайғамбар алайҳис-салом Тангрига илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар. 

27. Кейин - ўша (жангдан) сўнг Аллоҳ Ўзи хохлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

И з о ҳ . Дарҳақиқат, Ҳунайнда мусулмонларга қарши жанг қилган Ҳавозин қабиласидан жуда кўп кишилар ўша жангдан кейин Аллоҳга тавба-тазарру қилиб, исломга кирдилар. 

28. Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

29. Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган ахли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз! 

30. Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! 

31. Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир. 

32. Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. 

33. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар хохламасалар-да - барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир. 

34. Эй мўминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! 

И з о ҳ . Бу оятларда одамларнинг пул-молларини талон-торож қиладиган яҳудий донишмандлари ва насроний роҳиблари билан биргаликда мусулмонларнинг орасидаги айрим бойликка муккасидан кетган ва тўплаган мол-дунёларининг закотини бермайдиган кимсалар ҳам ашаддий азобга дучор бўлишлари баён қилингандир. 

35. У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур). 

36. Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. 

И з о ҳ. Уруш ҳаром қилинган ойлар: Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Улардан аввалги учтаси кетма-кет келса, Ражаб ойи орадан беш ой ўтгандан кейин чиқади. Бу тартиб Ҳазрати Иброҳим пайғамбар замонларидан бери амал қилиб келинаётган ҳақ ҳукм эди. Лекин кейинчалик айрим араблар бу қонунни бузиб, ўзлари жанг қилиб турган пайтларида мазкур ойлар келиб қолса, уларда уруш қилишни ҳалол қилиб олишар ва кейин ўзлари учун қулай бўлган бошқа ойларни ҳаром ой деб эълон қилар эдилар. Навбатдаги оятда мана шу одат ҳақида сўз юритилиб, унинг диёнатсизлик экани таъкидланади. 

37. Шак-шубҳасиз (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром дейдилар. Уларга бу хунук ишлари чиройли (маъқул) кўринди. (Чунки) Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас. 

38. Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират (неъматлари)дан юз ўгириб, ҳаёти дунё (лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарса-ку?! 

39. Агар (жиҳодга) чиқмасангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблар ва ўрнингизга бошқа бир қавмни келтирур. Сизлар эса У зотга бирон зиён етказа олмайсиз. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

40. Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. 

И з о ҳ . Ушбу оят пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари ҳақидадир. Макка мушриклари мусулмонларга нисбатан қилган зулму зўравонликлари билан уларни исломдан қайтаришга кўзлари етмай қолгач, пайғамбарнинг жонларига суиқасд қилиш пайига тушадилар. Шунда у зотга Тангри таоло тарафидан Мадинага ҳижрат қилиш - кўчиш амр этилади ва бир қоронғу кечада Тангрининг ёрдами билан ўлдирмоқчи бўлиб тайёрланиб турган кофирларнинг ёнларидан соғ-саломат чиқиб кетиб ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ билан бирга Макка яқинидаги бир ғор ичига яширинадилар. Эрталаб «овлари» қўлдан кетганини англаган мушриклар бир изқувар билан уларнинг ортидан тушишади. Лекин ҳалиги ғорга етиб келишгач, из йўқолади ва улар... ғорнинг оғзи ўргимчак тўрлари билан тўсилганини, у тўрга бир каптар тухум ҳам қўйганини кўрадилар ва ҳафсалалари пир бўлиб кетадилар. 

Шундай қилиб ғорда улар уч кун беркиниб ётишгач, бир йўл бошловчи етагида Мадинага етиб оладилар. Гарчи бу оят пайғамбар алайҳис-салом ва у зотнинг ҳамроҳлари хусусида бўлса-да, қиссадан ҳисса шуки, кимда-ким Аллоҳ йўлида, Унинг Ўзидан мадад тилаб эзгуликка қадам қўйса, Аллоҳнинг Ўзи уни ҳар қандай таъқибчи ва айғоқчилардан асраб, кўзлаган мақсадига етказади. 

41. (Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни, истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз! Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. 

42. (Эй Муҳаммад), агар (сиз даъват қилаётган жиҳод) осон фойда ва яқин сафар бўлгаиида, улар (яъни, мунофиқлар) албатта сизга эргашган бўлур эдилар. Лекин уларга масофа узоқ бўлиб кўринди (шунинг учун чиқмадилар). Ҳали улар (ёлғон қасам билан) ўзларини ҳалок қилиб: «Агар қодир бўлганимизда сизлар билан бирга чиққан бўлур эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ эса уларнинг ҳеч шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини билур. 

43. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ сизни афв қилди. (Лекин) нима учун то сизга ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (яъни, уларнинг ёлғон қасамларига ишониб) уларга (жиҳодга чиқмаслик учун) изн бердингиз?! 

44. Аллоҳга ва охират кунига ишонган зотлар сиздан молу жонлари билан жиҳод қилишдан (қолиш учун) изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчидир. 

45. Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар. 

46. Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб кўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар», дейилди.  

47. Агар улар сизларнинг орангиздан чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир. 

48. Улар илгари - ҳануз ҳақиқат рўёбга чиқиб, Аллоҳнинг дини ғолиб бўлмай туриб ҳам (буни) ёмон кўрган ҳолларида фитна қилмоқчи бўлган ва сизнинг ишларингизни ортга кеткизмоқчи бўлган эдилар-ку.  

49. Уларнинг орасида: «Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага солмагин», дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан қолишлари сабабли) фитнанинг ўзига тушдилар. Шак-шубҳа йўқки, жаҳаннам кофирларии ўраб олгувчидир. 

50. Агар сизга бирон яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етса, бу уларни хафа қилур. Агар сизга (Уҳуд жангида бўлганидек) бирон мусибат етса: «Ишнинг олдини олибмиз», дейишиб, хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетурлар. 

51. Айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!»  

52. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни, ё шаҳид бўлишимиз ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдасиз. Биз эса сизлар учун Аллоҳ сизларга Ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини кутмоқдамиз. Бас, сизлар ҳам кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутгувчимиз». 

53. Айтинг: « (Эй мунофиқлар), хоҳ ўз хоҳишингиз билан, хоҳ мажбуран инфоқ-эҳсон қилинглар, сизлардан ҳаргиз қабул қилинмас. Чунки сизлар итоатсиз қавм бўлдингиз». 

54. Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари, намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қилганликларидир. 

55. Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос. 

56. Улар ўзларининг сизлар билан бирга эканликларига Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, улар сизлардан эмасдирлар. Фақат улар қўрқоқ қавмдирлар (яъни, мунофиқликлари маълум бўлиб қолса, бошларига бошқа кофирларнинг куни тушиб қолишидан қўрқадилар). 

57. Агар улар бирон бошпанами, ғорми ёки кирадиган бирон тешикми топсалар эди, чопганларича ўшанга қараб жўнаб қолган бўлур эдилар. 

58. Уларнинг орасида садақотлар тўғрисида сизга таъна қилгувчи кимсалар ҳам бордир. Бас, агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса, бирдан норози бўлиб қоладилар. 

59. Агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларга берган нарсага рози бўлишиб: «Аллоҳ биз учун кифоя қилур. Яқинда Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизга Ўз фазлу карамидан (мол-дунё ҳам, бахт саодат ҳам) берур, Биз Аллоҳнинг Ўзига интилгувчи кишилармиз», десалар эди (ўзлари учун яхши бўлур эди). 

60. Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

И з о ҳ . Закот Ислом динидаги фарз амалларидан биридир. Маълум миқдорда бойликка эга бўлган киши шу пулдан қирқдан бирини закот қилиб бериши фарздир. Юқоридаги оятда мана шу закотни кимларга бериш лозимлиги аниқ белгилаб берилган. Демак, мазкур кишилардан бошқа бировга берилган закот Ислом назарида мақбул эмас. 

61. Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутгувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)» дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: («Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутгувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамати бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир». 

62. (Эй, мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун (пайғамбарга озор бермадик, деб) Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар мўмин бўлганларида, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини рози қилмоқлари лойиқроқ иш эди. 

63: Улар кимда-ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқса, унинг учун ўзи абадий қоладиган жаҳаннам оташи бўлишини ва бу улуғ-катта расволик эканини билмадиларми?!  

64. Бу мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарсадан (яъни, мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан қўрқадилар-у (яна пайғамбар ва мўминларни) масхара қилиб куладилар. Айтинг: «Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаётган нарсани албатта (юзага) чиқаргувчидир». 

65. Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» 

И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан Табук жангига кетиб бораётганларида аскарлар орасидаги бир гуруҳ мунофиқлар бир-бирларига: «Мана бу одамни кўринглар. Ўзича Шом қасрларини ва қалъаларини фатҳ қилмоқчи бўлиб юрибди-я» деб масхара қилардилар. Аллоҳ пайғамбарини уларнинг сўзларидан хабардор қилгач, пайғамбар улардан: «Нега куляпсизлар?» деб сўраганида, улар: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, биз фақат йўлни қисқартириш учун ҳазил-ҳузул қилиб келмоқдамиз, холос», деб алдамоқчи бўлган эдилар. 

66. Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз. 

67. Мунофиқ эркаклар ва мунофиҳ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар. 

68. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир. 

69. (Эй мунофиқлар), сизлар ҳам худди сизлардан илгари ўтган (мунофиқлар)га ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ ва мол-мулк, бола-чақалари ҳам кўпроқ эди. Бас, (бу дунёдаги) ўз насибаларини кўрдилар. Сизлар ҳам, илгари ўтганлар насибаларини кўрганларидек, ўз насибангизни кўрдингиз ва улар шўнғиган нарсага (яъни, ноҳақ йўлга) шўнғидингиз. Уларнинг (яъни, барча мунофиқларнинг) қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетди. Ана ўшалар ҳақиқий зиён ўргувчилардир.  

70. Уларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян аҳолисининг (яъни, Шуайб қавмининг) ҳамда зеру забар бўлган қишлоқларнинг (яъни, Лут қавми қишлоқларининг) ҳоли-хабари келмадими?! Уларга пайғамбарлари очиқ далил-ҳужжатлар келтирган эдилар (шунда улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, бу қавмлар устига Аллоҳнинг балолари ёғилган эди). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки ўзлари ўзларига зулм қилган эдилар.  

71. Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. 

72. Аллоҳ мўмин, мўминаларга остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар ва жаннат боғларидаги покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Ҳақиқий буюк бахтдир. 

73. Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг. Уларнинг жойлари жаханнамдир. Нақадар ёмон оқибат бу! 

74. Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарса (яъни пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар. Аллоҳ улар (мунофиқлар) фақат ва Унинг пайғамбари уларни Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас! 

75. Уларнинг орасида: «Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, албатта биз камбағалларга садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан бўлурмиз», деб Аллоҳга аҳд-паймон берадиган кимсалар ҳам бордир. 

76. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, унга бахиллик қилурлар ва юз ўгирган ҳолларида кетурлар. 

77. Бас, (садақотлар берурмиз), деб Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз) деб ёлғон гапирувчи бўлганлари сабабли (Аллоҳ) уларга то Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача дилларида нифоқ бўлишини оқибат қилиб қўйди. 

78. Улар Аллоҳ уларнинг яширган сирларини ҳам, ўзаро шивир-шивирларини ҳам билишини ва Аллоҳ кўринмас нарсаларни ҳам аниқ билувчи эканини билмадиларми?! 

79. Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир. 

80. (Эй Муҳаммад), хоҳ улар учун мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг - агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Аллоҳ уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлганларидир. Аллоҳ эса итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас. 

81. (Жиҳодга чиқишдан) қолган мунофиқлар Аллоҳнинг пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истамадилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир». 

82. Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра охиратда) кўп - абадий йиғласинлар! 

83. Энди агар Аллоҳ сизни (Табук жангидан) қайтариб, улардан бирон тоифага (рўбарў қилса) бас, улар сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: «Мен билан харгиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирор душманга қарши жанг хам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз, бас, яна қолгувчи кимсалар билан бирга ўтираверинглар».  

84. Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар. 

85. Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.  

86. Қачон: «Аллоҳга иймон келтирингиз ва Унинг пайғамбари билан бирга жиҳод қилингиз», деган бирон сура нозил қилинса, улардан бой-бадавлат бўлган кимсалар сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар ва «Бизни қўйгин, анави қолгувчи (маъзур, узрли кишилар) билан бирга бўлайлик», дейдилар. 

87. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. Диллари муҳрлаб қўйилди. Бас, энди улар (жиҳодга чиқишда бўладиган яхшиликни) англамайдилар. 

88. Лекин пайғамбар ва у билан бирга бўлган, иймон келтирган зотлар молу жонлари билан курашдилар. Барча яхшиликлар ана ўшалар учундир. Нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир. 

89. Аллоҳ улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйгандир. Мана шу буюк бахтдир. 

90. Аъробийлардан (яъни тоғлик араблардан) ҳам ўзлари учун изн берилишини сўраб узр айтгувчилар келди ва (иймон келтирдик, деб) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини алдаган кимсалар урушдан қолдилар. Албатта, уларнинг орасидаги кофир кимсаларга аламли азоб етажак! 

91. Ожиз-нотавонларга, хасталарга ва (жиҳод учун) бергани ҳеч нарса топа олмаётган кишиларга - агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар, бирон хараж - гуноҳ йўқдир. Чиройли амал қилувчи - муҳсинларни айблашга ҳеч ҳандай йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. Яна сизга (жангга миниб бориш учун) от-улов сўраб келган вақтларида, уларга: «Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку», деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб, қайтиб кетган кишиларнй ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир. 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, ансорийлардан (яъни мадиналик саҳобалардан) олти-етти киши келиб пайғамбар алайҳис-саломдан жиҳодга бориш учун от-улов сўрашганида, у киши уларга берадиган от-улов йўқлигини айтиб узр сўраганлар. Шунда улар жиҳодга чиқишга ожизлик қилганларига хафа бўлишиб, йиғлаб қайтиб кетганлар. Юқоридаги оят уларнинг узрли кишилар экани, бинобарин, жиҳодга чиқа олмаганлари учун гуноҳкор бўлмасликларини баён қилди. 

93. Фақат ўзлари бой-бадавлат бўлган ҳолларида сиздан изн сўрайдиган кимсаларнигина айблашга йўл бордир. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйди. Бас, энди (улар жиҳодга чиқишда бўладиган яхшиликни) билмайдилар. 

94. Уларнинг олдига қайтган вақтингизда (ғазотга бора олмаганликлари учун) сизлардан узр сўрайдилар. Айтинг: «Узр сўраманглар, сизларга ҳаргиз ишонмаймиз. Аллоҳ бизни сизларнинг ҳоли-хабарингиздан огоҳ қилди. Шубҳасиз, амалларингизни Аллоҳ ва унинг пайғамбари кўриб туради. Сўнгра ғайбу шаҳодатни (яъни яширин ва ошкор ишларнинг ҳаммасини) билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур». 

95. Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир.  

96. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди. 

97. Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва Ҳикмат соҳибидир. 

98. Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга) балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

99. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига доҳил қилажак. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

100. Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар - Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир. 

101. Атрофингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси орасида нифоқда доимий бўлган шундай мунофиқлар борки, уларни сиз билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар. 

102. Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа - ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса ажабмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

103. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

104. Улар (гуноҳкорлар) Аллоҳнинг Ўзи бандалари томонидан бўлган тавбани қабул этишини, садақаларни ҳам (Ўз даргоҳида) қабул қилишини ва ҳақиқий тавбаларни қабул этгувчи ва меҳрибон зот Аллоҳнинг Ўзи эканини билмадиларми?! 

105. Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур». 

106. Яна бошқа бир (гуруҳ, ғазотга чиқмаган)лар борки, Улар Аллоҳнинг амрига қолдирилурлар - У зот Ўзи уларни ё азобга гирифтор қилар, ёки тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

И з о ҳ. Улар уч нафар киши бўлиб, мунофиқ бўлганликлари учун эмас, балки дангасаликлари, танпарварликлари сабабли ғазотга чиқмаганлар ва бошқа мунофиқлар каби ёлғон узрлар ҳам айтмаганлар. Шундан кейин уларнинг тавбаларини қабул бўлиши ё қабул бўлмаслиги Аллоҳнинг амрига мавқуф бўлиб қолган ва бошқа мусулмонлар маълум муддатгача улар билан алоқаларини узганларки, бу ҳақда кейин келадиган оятларда яна зикр қилинади. 

107. Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. 

И з о ҳ. Мунофиқлардан ўн икки киши Абу Омир деган бир кофир кимсанинг буйруғи билан мўминлар орасини бузиш ниятида масжид қурадилар ва мусулмонларга қарши урушиш учун бошқа давлатлардан лашкар олиб келишга кетган Абу Омирнинг йўлига кўз тутадилар. Уларнинг бу мақсадлари мусулмонларга маълум бўлиб қолганидан кейин эса ўз қилмишларидан тониб, қасам ичадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ пайғамбарига бундай амр қилади: 

108. (Эй Муҳаммад), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар. 

109. Бас, бу биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас. 

110. Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолур. Магар юраклари ёрилиб - жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлур). Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

И з о ҳ . Пайғамбар алайҳис-саломнинг фармонлари билан улар қурган масжид бузиб ташланади. Шундан кейин уни қурган мунофиқлар то ўлгунларича мусулмонларга нисбатан ғараз билан ўтадилар. 

111. Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди - улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир. 

112. (Улар - тавба қилгувчилар Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилгувчилар, шукр қилгувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилгувчи (мўминлар)дир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг! 

113. На пайғамбар ва на бу мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир. 

114. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалиймдир. 

115. Аллоҳ бирон қавмни ҳидоят қилганидан кейин то уларга сақланишлари лозим бўлган нарсаларни аниқ баён қилиб бермагунича, уларни йўлдан оздиргувчи бўлмади (яъни, ҳамма нарсани билиб туриб ўзларини сақламаган кимсаларнигина йўлдан оздирди). Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.  

116. Албатта, осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Аллоҳнинг ўзига тегишлидир. У ҳаёт ва ўлим берур. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бордир. 

117. Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир. 

118. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. 

119. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз! 

120. Мадина аҳолиси ва уларнинг атрофларидаги аъробийлар учун (жиҳодга чиқмай) Аллоҳнинг пайғамбаридан қолишлари ва Ундан юз ўгириб ўзлари билан овора бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ йўлида уларга бирон ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни ғазаблантирадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта улар учун бу ишлари сабабли, яхши амал ёзилур. Зотан, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг амалларини зое қилмас. 

121. Улар кичикми, каттами бирон инфоқ-эҳсон қилсалар ва (ғазот йўлида) бирон водийдан ўтсалар, албатта қилган энг чиройли амалларига яраша Аллоҳ мукофотлаши учун (буларнинг ҳаммаси) улар фойдасига ёзилур. 

122. Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?! 

И з о ҳ. Бу оят пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобалар Табук жангидан қайтганларидан сўнг пайғамбар бир гуруҳ аскарларни душман томонига юбормоқчи бўлиб чорлаганларида, урушдан қолувчи кимсалар азобланиши ҳақидаги юқоридаги оятлардан қўрқиб қолган барча саҳобалар "жангга чиқамиз", деб келганларида нозил бўлгандир. Бу оятда бундай кичик юришларга ҳамма мусулмонлар кетиб қолиши тўғри эмаслиги, балки улардан бир гуруҳининг бориши кифоя қилиши, қолганлари эса пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларида қолишиб, у кишидан диний таълимотларни ўрганиб, жангга кетганлар қайтишгач, уларга ўзлари ўрганган нарсаларини таълим беришлари лозим эканлиги ифодаланади. 

123. Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. 

124. Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар. 

125. Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларни эса динсизликларига яна динсизлик қўшур ва улар кофир ҳолларида ўлурлар. 

126. Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога - фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар. 

127. Қачонки бирон сура нозил қилинса, (у мунофиқлар) «Сизларни биронта (мусулмон) кўриб қолмадими?» деб бир-бирларига қараб оладилар-да, сўнгра (уйларига) жўнаб қоладилар. Улар (ҳақни) англамайдиган қавм бўлганлари сабабли, Аллоҳ дилларини (Қуръонни фаҳмлашдан) буриб қўйгандир. 

128. (Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл - ҳақ динга келишингизга) ҳарис - ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку! 

129. Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш соҳибидир».

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов