"."
Меню

Сахих хадислар


 

Имом Бухорий

 

 


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 



Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: 

«Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом; «Лаа Илаҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар. 

«Тўғри айтдинг», деди у. 

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. 

«Менга Иймон ҳақида хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. 

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: 

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялонғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уриншларини кўрмоғинг», дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бир мунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: 

«Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, у Жиброилдир. Сизларга динларингиз дан таълим бергани келибди», дедилар».

Яна бир ривоятда: 

«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор». Оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уни қайтаринглар», дедилар. 

Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу Жиброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар».


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар». 


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».


Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Яҳудийлардан бир одам у кишига: 

«Эй, Амир ал-мўминийн, китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар бизга, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, биз ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди. У (Умар): 

«Қайси оят?» деди. 

«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин, деб рози бўлдим», ояти» деди. Умар розияллоҳу анҳу: 

«Биз ўша оят Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот Жума куни, Арафотда тик турган эдилар», деди». 

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 



Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар». 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймоннинг белгиси, ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси, ансорийларни ёмон кўришдир», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар».



 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



  Термизий , Насаий : 

«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким, «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деса-ю, қалбида арпа донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. 

Ким, «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида буғдой дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. 

Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар. 

Абу Саъид:

«Ким шак қилса «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 



Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Таом бермоқлигинг, ҳамда таниган ва танимаган одамингга салом бермоқлигинг», дедилар». 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар»

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки сиздан бирортангиз Исломни чиройли қилса, унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади. Қилган ҳар бир ёмон амали эса, ўз мислича ёзилади», дедилар». 

Бошқа бир ривоятда: 

«Магар Аллоҳ уни ўтиб юборса (ёзилмайди)», дейилган.

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Дин насиҳатдир», дедилар. 

«Ким учун?» дедик. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қайси амал афзал», деб сўралди. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш» дедилар. 

«Кейин нима?» дейилди. 

«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.

«Ундан кейин нима?» дейилди. 

«Мабрур ҳаж», дедилар. 


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй, аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг аҳли дўзахнинг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар. 

Улардан бир гапга уста аёл: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, аҳли дўзахнинг кўпи эканмиз?» деди. 

У зот салоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар». 

Ҳалиги аёл: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ақлнинг нуқсонига келсак, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд, Ибн Можа ривояти. 



  Бухорий: 

«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар. 

Улар: «Худди шундоқ», дейишди. У зот:

«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон бирингизга келиб «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳаттоки «Роббингни ким яратди?» ҳам, дейди. Қачонки, шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон биринчи келиб: 

«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. 

У: «Аллоҳ», дейди. Ким шунга ўхшаш бирор нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи»–Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирдим, десин», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд, Ибн Можа ривояти. 



Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 


«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мен одамлар билан токи улар «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларигача, намозни тўкис адо қилгунларича ва закотни берадиган бўлгунларича урушга амр қилиндим. Қачонки, шуни қилсалар мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар). Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасидадир», дедилар». 



 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ азза ва жалла «Албатта, умматнинг «Бу нима, бу нима?» дейишида давом эта бориб, ҳаттоки, Аллоҳ халойиқни халқ қилди, бас Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дер», дедилар». 


Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким, Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Исо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади», дедилар».


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 


«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Менга, мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди; Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди. Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат берилди. Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 



Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга:

«Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради», деб башорат берди», дедилар. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. 

Сўнгра тўртинчи мартада: 

«Абу Зарр хоҳламаса ҳам», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 

 

 Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бирор киши «Лаа илаҳа иллоллоҳу, Муҳаммадун Расулаллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар. 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди у. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ундоқ бўлса, суяниб қолурлар», дедилар. 

Муоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган».


Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй, Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи, уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келирмаса ўшани азобланмаслигидир», дедилар. 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга, албатта, раҳматим, ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар». 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвонинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар. 

Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Бухорий, Муслим, Термизий , Абу Довуд ривояти.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам ва Мусо алайҳиссаломлар Роббилари ҳузурида тортишиб қолдилар. Бас тортишувда Одам Мусодан ғолиб келди. Мусо: 

«Аллоҳ сени Ўз қўли билан яратган, ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарни сенга сажда қилдирган, сени жаннатига жойлаган, сўнг ўз хатойинг ила одамларни ерга тушурган. Одам сенмисан?» деди. 

Шунда Одам: 

«Аллоҳ сени Ўз пайғамбарлиги ва каломи ила танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган Мусо сенмисан? Аллоҳ Тавротни менинг халқ қилинишимдан қанча олдин ёзган деб билдинг?» деди. 

«Қирқ йил» деди Мусо. 

«Унда, Одам Роббисига исён қилди ва адашди, деганини кўрдингми?» деди Одам.

«Ҳа», деди Мусо.

«Сен менга Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қўйган амални қилганимни маломат қиласанми?» деди Одам. 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бас, Одам тортишувда Мусодан ғолиб келди», дедилар».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

У киши айтадиларки:

«Бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима; ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Абу Довуд ривояти. 



Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар». 


Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аҳли жаннат ва Аҳли дўзахлар билинганми?» дейилди. 

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳа», дедилар. 

«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: 

«Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир», дедилар».


Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобаларидан бир жамоа турганида:

«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик қилмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўкилган бўҳтон келтирмаслигингиз ва маъруф ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйсаю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа уни афв қилади, хоҳласа иқобга олади», дедилар. 

Бас, биз У зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». 

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 



  Бухорий, Муслим: 

Бухорий, Муслим келтирган бошқа бир ривоятда: 

«Биз Расулуллоҳга, қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю, малол келиб турганда, ўзимиздан бошқани устун қўйилганда ҳам қулоқ осиб, итоат қилиш, (халифалик) ишини ўз аҳлидан низоъ қилмаслик, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақни гапириш ҳақида байъат қилдик»- дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда: 

«ва (халифалик) ишини ўз аҳлидан низоъ қилмаслигимиз ҳақида. У зот: 

«Магар очиқ ойдин куфр кўрсангиз ва сизда Аллоҳ томонидан бурҳон-ҳужжат бўлса...», дедилар», дейилган. 

Жарир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Жарир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

У киши: 

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилиш ҳақида байъат қилдим», деганлар». 


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак сизга, тоқатларингиз етган нарсада», дер эдилар», деган.

 Бухорий, Муслим ривояти. 


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларнинг байъатини «ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари...» оятига биноан сўз билан қабул қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ўзларига мулк бўлмаган хотинга ҳаргиз тегмагин», деганлар». 

 Бухорий, Муслим ривояти. 



Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Албатта, менинг ва мени Аллоҳ унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб, «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен – яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қиладилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».



Бухорий, Муслим ривояти. 



Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб сиз ҳам кирасизлар», дедилар. Биз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот:

«Бўлмаса кимга?!» дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот: 

«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?» дедилар». 


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар». 


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Насаий ривояти. 



Лафз Насаийники.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар»

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз», дедилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» дейишди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади», дедилар». 

 Бухорий ривояти. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари: 

«Ухлаб ётибди», дейишди. Баъзилари эса:

«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дейишди. Улар: 

«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани бунга мисол келтирингларчи», дедилар. Баъзилари: 

«У ухлаб ётибди», дедилар. Баъзилари: 

«Кўз ухлоқ, Қалб уйғоқ», дейишди. Бас Улар: 

«Албатта, бунинг мисоли, худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Бас, ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳм кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дедилар. Улар: 

«Буни Унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди. 

Баъзилари: 

«У ухлаб ётибди», -дедилар. Баъзилари эса:

«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дедилар. Бас Улар:  

«Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллога итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир», дедилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага кирдилар-да: 

«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз. Бир биродарлариимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар. Одамлар: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дедилар. У зот:

«Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз, ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар. Улар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?» дедилар. Бас, У зот: 

«Айтингчи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, у зот отларини таний оладими?» дедилар. Одамлар: 

«Албатта, эй Аллоҳнинг расули», дедилар. У зот: 

«Албатта, улар таҳоратнинг асаридан юзлари ва оёқ қўллари порлаган ҳолда келурлар. Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчилариман. Огоҳ бўлинким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар. Мен:

«Ҳой, бу ёққа келинглар», деб уларга нидо қилурман. 

Шунда: 

«Батаҳқиқ, улар сендан кейин ўзгартириб юборадилар», дейилади. Мен: 

«Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар», дейман», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Насаий ривояти. 



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар. У(Оиша):

«Фалона, намозидан гапирмоқда», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Йўғ-е! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар». 


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Насаий ривояти. 



Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Менга хабар берилишича сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар. Мен: 

«Албатта, мен ўшандоқ қилурман» дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 «Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг кўзиниг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингни ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг », дедилар».

 Бухорий ривояти. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдинги-ю, кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дедилар. Шунда, У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва: 

«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар!.

 Бухорий ривояти. 



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди. У киши розияллоҳу анҳо: 

«Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти. 



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, қандоқ амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?» деб сўралди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар оз бўлса ҳам давомлиси», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадиларки: 

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига: 

«Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар. 

Улардан бири: 

«Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.

Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар. 

Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: 

«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди. 

Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.

Бас, яна тирқиш очди. 

Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: 

«Ҳаққимни бер», деди. 

Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб: 

«Аллоҳдан қўрқ!» деди. 

Мен унга: 

«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим. 

«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.

«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.

У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди. 

Бас, Аллоҳ очиб юборди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган. 

 Бухорий, Муслим, Насаий ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафо- атингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».


Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Отам Язид садақа қилиб, динорларини чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб, бир кишининг ҳузурига қўйибди. Мен келиб, уларни олибман. Уларни олиб, отамнинг олдига борсам: 

«Аллоҳга қасамки, мен сени ирода қилмаган эдим», деди. 

Унинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Язид , сенга ният қилган нарсанг. Эй Маън, сенга олган нарсанг», дедилар».



 Бухорий ривояти. 

Бухорий «Закот»да ривоят қилган.

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар.

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти. 

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».


Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 



Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳозир бўлган ғойибга етказсин. Шояд ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса»-дедилар.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар». 


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли, худди ерга тушган кўп ёмғирга ўхшайди. Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирибди. Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар. Ернинг баъзи жойларни силлиқ экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан. Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Бас ўзи ўрганибди. Ўзгаларга ўргатибди. Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган шахсга ўхшайди. Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган шахсга ўхшайди», дедилар». 

 Бухорий, Муслим ривояти.



Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил неъматлардан кўра яхшироқдир»-дедилар.


Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берсаю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берсаю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар».


Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончининг олдига бор», дедилар. 

Бас унинг олдига борди ва у улов берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ажр берилади», дедилар».


Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Алига: 

«Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми?» дедим.

«Йўқ! Магар Аллоҳнинг китоби, мусулмон кишига берилган фаҳм ва манави саҳифадаги нарса бор холос», деди. 

«Бу саҳифада нима бор?» дедим. 

«Хун тўлаш, асирни озод қилиш ва мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги бор», деди». 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинган йили узун ҳадисда жумладан: «Абу Шоҳга ёзиб беринглар», деганлар». 
 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида бирор киши мендан кўра кўпроқ ҳадисни ривоят қилган эмас, магар Абдуллоҳ ибн Амр мустасно, у ёзар эди, мен ёзмас эдим», дедилар».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор калимани гапирадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун, уни уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор қавмнинг олдига келиб салом берсалар, уч марта салом берар эдилар».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар қийинлаштирманглар, хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».


Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абдуллоҳ одамларни ҳар пайшанба куни эслатар эди. Бир киши унга: 

«Эй Абу Абдурраҳмон, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим», деди. 

«Ўшандоқ қилишдан мени ман қилган нарса, сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга маъвизани вақти-вақти билан қиламан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан маъвиза қилар эдилар», деди».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга ёлғонни қасд қилса дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди».
 

  Муслим: 

Муслимнинг ривоятида: 

«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас ўшалардан сўралади. Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.

 

 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                              кейинги сахифа...                                                                      

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов