"."
Меню

Иймон китоби

 

 

1-боб. Иймон китоби

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 «Ислом 5 далил асосига қурилган. (Исломдан мурод иймон демакдир). Иймон сўзда ҳам, амалда ҳам бўлмоғи керак. Иймон кучайгайдир ва сусайгайдир.

Далили:

 Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Иймонларини янада зиёда қилсинлар, деб уларга ҳидоятимизни зиёда қилдик» ва «Аллоҳ таоло ҳидоят топган кишиларнинг ҳидоятини зиёда қилди ва уларга тақво ато этди»,— деб айтган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳни деб яхши кўриш ва Аллоҳни деб ёмон кўриш иймондандир» деган сўзлари ҳам иймоннинг мустаҳкамланиши ёки сусайишини англатади.

 

Халифа Умар ибн Абдулазиз Адий ибн Адийга бундай деб ёзган:

 «Албатта, иймоннинг ҳам ўз фарз ва амаллари, муайян чегаралари, бажарилиши лозим бўлган суннатлари мавжуддир. Демак, кимки буларга тўлиқ амал қилса, иймони мукаммал бўлгайдир, кимки етарли риоя қилмаса, иймони суст бўлгайдир. Агар умрим узоқ бўлса, сизларга билиб олишларингиз учун булар ҳақида бирма-бир баён қиларман, башарти вафот этсам, суҳбатингизга муштоқлигим йўқ».

 

Саҳоба Маоз:

 «Кел, биз билан бир оз ўтир, иймон ҳақида суҳбатлашайлик! » — деганлар.

 

Ибн Умар айтганлар:

 «Банда кўнглига келган ҳар бир гуноҳ хавфи бор нарсани тарк этмагунча тақво ҳақиқатига ета олмайдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом 5 далилдан иборат»,— деганлар:

калимаи шаҳодат (айтмоқ);

намоз ўқимоқ;

закот бермоқ;

ҳаж қилмоқ (имкони бўлса);

Рамазон рўзасини тутмоқ».

 

2-боб. Иймон шартлари

 

Аллоҳ таоло айтади:

 «Яхши кишилар, ибодат вақтида юзларини Шарққа ёки Ғарбга қаратган кишилар эмас, балки Аллоҳ таолога, унинг фаришталарига, охират кунига, китобларига, пайғамбарларига ишонган, яхши кўрган мол-мулкини қариндошларига, етим-есирларга, мискину фақирларга, мусофиру тиламчиларга, қулини озод қилишга сарфлаган ҳамда 5 вақт намозни вақтида ўқиган ва закот берган, Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги ва бандалар ўртасидаги аҳдига вафо қилган, етишмовчиликларга қаноат қилган ва бошига кулфат тушганда бардош берган кишилардир. Мана шундай сифатга эга бўлганлар динига содиқ одамлар бўлиб, куфр ҳамда ярамас хулқлардан ўзларини эҳтиётлагайдирлар ва ўзларида етук инсоний фазилатларни мужассам қилгайдирлар».

 Иймоининг мукаммал бўлмоғининг уч шарти:

тўғри эътиқодли бўлмоқ;

кишилар билан яхши муносабатда бўлмоқ;

киши ўз устида ишламоғи ва ўзини ибодат ва итоатга чиниқтирмоғи. Кимки буларни тўла ўзлаштирса, иймони мукаммал бўлгайдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон тўғрисида сўралганда, юқоридаги ояти каримани ўқкган эдилар.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 «Иймон дарахт янглиг 60 дан ортиқ шохга эгадир. Гуноҳ қилмоққа Аллоҳ ва бандалардан уялмак ўша шохлардан биттасидир».

 

3-боб. Бировга зарари тегмаган киши мусулмондир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло манъ этган нарсалардан кайтган киши худо йўлида жиҳод қилган кишидир».

 

4-боб. Исломда энг афзал амал қайси?

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

 «Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?» «Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир»,— деб жавоб бердилар.

 

5-боб. Очларни тўйғазиш исломдандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

 «Қайси хислатлар исломда энг яхшидир?» Айтдилар: «Очларга таом бермоғинг ва таниган ё танимаганга салом бермоғинг».

 

6-боб. Ўзи яхши кўрган нарсани биродарига раво кўрмоқлик иймондандир

 

«Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўъмин бўла олмайсиз».

 

7-боб. Севишлик иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Токи мени отангиздан ҳам, болангиздан ҳам, барча одамлардан ҳам яхшироқ кўрмас экансиз, бирортангиз мўъмин бўла олмайсиз».

 

8-боб. Иймон ҳаловатига эришмоқ

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Кимда қуйидаги уч хислат бўлса, унга иймон хузур-ҳаловат бахш этгайдир:

Аллоҳ ва Расулни ҳаммадан кўра яхши кўрмоқ;

яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳни деб (Аллоҳ яхши кўргани учун) яхши кўрмоқ;

ёмон кўрган кишисини фақат Аллоҳни деб (Аллоҳ ёмон кўргани учун) ёмон кўрмоқ».

 

9-боб. Ансорларни яхши кўриш киши иймонининг мукаммаллиги аломатидир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Ансорларни яхши кўрмоқ иймон аломатидир, ёмон кўрмоқ мунофиқлик белгисидир».

 

10-боб. Расулуллоҳ насиҳатлари

 

Бир қанча саҳобалар ўртасида Расулуллоҳ айтдилар:

 «Аллоҳни бир деб билгаймиз, унга ширк келтирмагаймиз, ўғрилик қилмагаймиз, зино қилмагаймиз, фарзандларимизни ўлдирмагаймиз, туҳмат қилмагаймиз (зино ва бошқа нарсалар хусусида), шариат амрига итоат қилгаймиз, деб менга сўз берингиз. Кимки ушбу сўзларга вафо қилса, Аллоҳ ярлақайдир, аммо кимки ушбу оғир гуноҳлардан бирортасини қилиб қўйса ва у бу дунёда жазоланса, ўша жазо унга каффоратдир (охиратда қайта жазоланмайди). Кимки шу гуноҳлардан бирортасини қилса-ю, Аллоҳ яширган бўлса, бу ўзига ҳаволадир, хоҳласа кечгайдир, хоҳласа азоблагайдир». Саҳобалар: «Шунга сўз бердик»,— деб айтдилар.

 

11-боб. Фитнадан ҳазар қилмоқ диндандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Шундай даврлар келгайдирки, мусулмон ўз динини фитналардан асрамоқ мақсадида тоғу тошларга қўй ҳайдаб чиқиб кетишни афзал кўрса, ажаб эрмас».

 

12-боб.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Мен ҳаммаларингиздан кўра Аллоҳни яхшироқ билгайман» (Кишининг диёнати, иймони мустаҳкамлангани сари Аллоҳни яхшироқ танийверади).

 

13-боб.

 

Аллоҳни дил кўзи билан кўрмоқ, танимоқ керак (яъни, иймон калима келтириш билангина бўлмайдир, балки Аллоҳга қалбдан эътиқод қилмоқ лозим). Ояти каримада «(Аллоҳ таоло) оғзингиздан беихтиёр чиқиб кетган қасам учун гуноҳкор қилмагайдир, лекин дилингизга тугилган ёмонликларингиз учун гуноҳкор қилгайдир» дейилган.

 

Оиша онамиз айтганлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига қудрати етадиган ишни буюрган эдилар, саҳобалар: «Биз сиз сингари эмасмизку, Аллоҳ сизнинг илгариги ва келгуси гунохларингизни кечирган (шунинг учун ҳам бизга кўпроқ иш буюраверинг, биз кўпроқ риёзат чекмоғимиз лозим)»,— дедилар. Расулуллоҳнинг ғазаблари келгани юзларидан билинди: «Ораларингизда энг тақволироқ ва Аллоҳни танийдирганроқ киши менман»,— деб жавоб қилдилар.

 

14-боб. Қайта кофир бўлмоқни ўтда куймоқни рад қилгандек инкор этмоқ иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳу ва саллам айтдилар:

 «Қуйидаги 3 нарса кимда бўлса, у иймондан ҳаловат топгусидир:

кимки Аллоҳ ва унинг Расулини бошқалардан яхшироқ кўрса;

яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрса;

кофирликка қайтишликни худди ўтга тушгандек ёмон кўрса».

 

15-боб. Иймон аҳлининг ҳаётларида қилган ишларига кўра бир-бирларидан афзалликлари

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар:

 «Аҳли жаннат жаннатга киргайдир, аҳли дўзах дўзахга киргайдир, кейин Аллоҳ таоло малоикаларига: «Қалбида заррача иймони бор одамни дўзахдан чиқарингиз!» — деб айтадир. Улар шундан сўнг, куйиб, қорайиб кетган ҳолда дўзахдан чиқгайдирлар, ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар, . ёмғирдан кейин гиёҳлар унгандек баданлари кўркам бўлғусидир».

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Тушимда кўрсам, одамларнинг кўйлаклари этаги кўкраклари баробарида, баъзи бирлариники эса ундан ҳам калта. Уларнинг ораларида Умар ҳам бор, унинг кўйлаги узун, ҳатто ерда судралиб юрибдир». Саҳобалар сўрадилар: «Нимага йўйдингиз?» «Динга йўйдим»,— дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

 

16-боб. Ҳаё иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарига иймондан ўгит бераётган ансорлардан бирининг ёнидан ўта туриб, унга бундай дедилар:

 «Қўявергил уни, ҳаё иймондандир!»

 

17-боб. Амал қилмоқ иймондандир

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

 «Мушриклар (Аллоҳнинг бирлигини инкор қилувчилар), агар тавба қилиб, иймонга келсалар, намоз ўқисалар ва закот берсалар, уларни тинч қўйингиз! » — деб айтган.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда бундай деганлар:

 «(Аллоҳ) менга: «Одамлар калимаи шаҳодат айтиб, намоз ўқийдирган, закот берадирган бўлгунларига қадар курашгил!» — деб буюрган. Агар бунга амал қилсалар, молларию жонлари мендан омон қолгайдир. Ухравий ҳисоб-китоби (охират ҳисоб-китоби) Аллоҳнинг ўзига ҳавола, зеро исломда гуноҳ деб ҳисобланган ишларни қилсалар, албатта жазосиз қолмаслар».

 

18-боб. Иймон — ислом амрига амал қилмоқ

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

 «Жаннат — қилган амали солиҳларингиз эвазига берилгандир»,— дейди. Бошқа бир оятда эса: «Раббинг, муқаррарким, барчадан «Ло илоҳа иллаллоҳ»га қандай амал қилганларини сўрамай қўймас»,— дейилади. Яна бир бошқа оятда: «Нажот истаганлар амал қилсинлар!» — дейилган.

 

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

 «Қайси амал афзалдир?» «Аллоҳ ва унинг Расулига ишонмоқ»,— деб жавоб бердилар. «Ундан кейин қайси?» — дедилар. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқ»,—деб айтдилар. «Ундан кейинчи?» — деб сўрадилар. «Қабул бўлгувчи ҳаждир»,— деб жавоб қилдилар.

 

19-боб. Исломни ўлимдан қўрққанидан ёки итоаткорлик юзасидан қабул қилган кишининг иймони иймон эмас!

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

 «Бадавийлар: «Иймон келтирдик»,—,деб айтурлар, сиз уларга: «Иймон келтирмадингиз, балки таслим бўлдик, деб айтингиз! — денг»,— дейилган. Исломнинг ҳақиқатан қабул қилингани иймон келтирмоқ билан исботлангайдир. Аллоҳ таоло бошқа бир оятида: «Аллоҳ учун мақбул йўл фақат ислом йўлидир», яна бир оятида эса: «Кимкй исломдан бошқа йўлни истаса, зинҳор қабул қилинмайдир»,— дейилган.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам 5—10 одамга садақа улаша бошладилар. Мен ҳам шу ерда ўтирган эдим. Расулуллоҳ бир кишига садақа бермадилар, у эса мен ёқтирган (солиҳ) киши эди. Мен: «Ё Расулуллоҳ, фалончига нега бермайсиз? Уни мен мўъмин деб билурман»,— дедим. «Мусулмон деб эмасми?»—дедилар. Озгина жим қолдим, сўнгра у одам ҳақида баъзи бир билган нарсаларимни айтиб, яна сўрадим: «Нега фалончига бермайсиз? Уни мен мўъмин деб билурман». Расулуллоҳ дедилар: «Мусулмон деб эмасми?» Бир оз жим туриб, яна сўрадим. Кейин Расулуллоҳ айтдилар: «Эй Саъд, у кишига берар эрдим-у, лекин ундан кўра бошқаларга берганим маъқулроқдир, чунки Аллоҳ уларни дўзахга туширишидан қўрқгайман».

 

20-боб. Салом бериш ислом амалларидандир

 

Саҳоба Аммор айтганлар:

 «Учта хислатни ўзида мужассам қилган кишининг иймони мукаммал бўлгайдир:

инсофли ва адолатли бўлмоқ;

барчага салом бермоқ;

камбагаллигида ҳам садақа бериб турмоқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши сўради: «Исломда энг яхши хислатлар қайсидир?» Дедилар: «Очларга таом бермоқлик, таниган ва танимаганга салом бермоқлик».

 

21-боб. Эрнинг қадрига етмаслик куфрга яқин нарсадир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Менга дўзах кўрсатилди, қарасам, ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан». Саҳобалар: «Аллоҳни инкор қилганми?»— деб сўрадилар. «Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар буларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсангу, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса: «Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим»,— деб айтадир»,— деб жавоб бердилар.

 

22-боб. Гуноҳлар жаҳолат қилмишидир

 

Гуноҳ қилгувчи киши кофир бўлмайдир, илло ширк келтирган кишигина кофир бўладир.

 

Расулуллоҳ бир гуноҳ қилган кишига:

 «Сенда жаҳолатдан бор экан»,— деганлар. Аллоҳ ояти каримасида: «Аллоҳ ширкни кечирмайдир, қолган ҳамма нарсани, хоҳласа-кечириши мумкин»,— деган.

 

Саҳоба Маъруф ривоят қиладилар:

 «Рабза деган жойда Абу Заррни ўзи ҳам, қули ҳам чопон кийиб келаётган ҳолатда кўрдим. Нечун бир хил кийиниб олдингизлар? » — деб сўрадим. Абу Зарр: «Мен бир кишини (Билолни), эй қора хотиннинг боласи! — деб ҳақорат қилдим. Расулуллоҳ менга: «Эй Абу Зарр, онасини ҳақорат қилибсан, сенда жаҳолатдан бор экан»,— дедилар ва яна: «Биродарларингиз хизматкорингиздир. Аллоҳ таоло уларни сизларнинг қўлларингизга топшириб қўйибди. Кимники биродари қўлида бўлса, еганидан едирсин, кийганидан кийдирсин. Кучи етмайдиган ишга буюрмангиз, мободо, буюрсангиз, ёнларида ёрдамлашиб ишлангиз»,— деб қўшиб қўйдилар»,— деди».

 

23-боб. Икки гуруҳ мўъминлар бир-бирлари билан уришсалар, ўрталарига тушиб, яраштириб қўйингиз, зеро Аллоҳ уларни ҳам мўъминлар деб атаган

 

Саҳоба Аҳнаф ривоятлари:

 «Мана бу кишини ҳимоя қилгани йўл олдим, Йўлда Абу Бакр йўлиқди. «Қаёққа кетаяпсан?» — деди. «Мана бу кишига ёрдамлашгани кетяпман»,— дедим. «Қайт, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, агар икки мусулмон қилич ялангочлаб бир-бирига ҳамла қилса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам, дўзахга тушгайдир. «Ё Расулуллоҳ, ўлдирганку майлия, ўлган нега тушгайдир?» — деганимда, «У ҳам шеригини ўлдирмоққа жазм қилгандир»,— деб айтганлар»,— деди».

 

24-боб Энг катта зулм

 

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар:

 «Иймонини зулм билан булғамаган мўъминлар охиратда нажот топгайдирлар, улар ҳидоятли кишилардир»,— деган ояти карима нозил бўлганда саҳобалар: «Қайси биримиз ўз жонимизга зулм қилмаганмиз»,— деб қаттиқ эзилишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, ширк энг катта зулмдир»,— деган оятни нозил қилди».

 

25-боб. Мунофиқнинг аломатлари

 

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Мунофиқнинг учта аломати бор: сўзласа, ёлғон сўзлар; ваъда қилса, бажармас; омонатга хиёнат қилур»,— деганлар.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Қуйидаги тўртта хислат кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлгайдир, кимдаки улардан биттаси бўлса, уни тарк этмагунча мунофиқликдан бир хислати бор экан, дейиладир:

омонатга хиёнат қилгайдир;

сўзласа, ёлғон сўзлагайдир;

шартнома тузса, шартида турмагайдир;

уришиб қолса, кек сақлагайдир ва ноҳақлик қилгайдир».

 

26-боб. Лайлат ул-Қадр кечасида ибодат қилиб чиқмоқ иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Кимки Лайлат ул-Қадр кечасининг ҳақлигига ишониб, Аллоҳдан савоб умидида ибодат қилиб чиқса, қилган гуноҳларининг ҳаммаси кечирилғусидир».

 

27-боб. Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Аллоҳ таоло ўзи йўлида жиҳодга чиққан одамни қадрлаб: «Менга бўлган иймони ва пайғамбарларимга бўлган ишончи туфайли . жиҳодга чиққан бўлса, уни ажр ёки ўлжалар билан қайтарғумдир, ҳалок бўлса, жаннатимга киргизғумдир»,— дейди»,— деганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай деганлар: «Агар умматимни қийин аҳволда қолдиришдан қўрқмасам эрдим, бирорта жангдан қолмаган бўлур эрдим, мен Аллоҳ йўлида жон нисор этиб, кейин тирилсам, яна ўлиб, яна тирилсам ва яна ўлиб ва яна тирилсам ва яна ўлсам, дер эрдим».

 

28-боб. Рамазонда кечалари ибодат қилиб чиқмоқлик иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

 «Кимки Рамазон кечаларини, Аллоҳга иймон келтириб, ундан савоб умид этиб, ибодат билан ўтказғусидир, унинг қилган гуноҳлари мағфират қилинғусидир».

 

29-боб. Аллоҳдан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутиш иймондандир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутгайдир, собиқ гуноҳлари кечирилгайдир».

 

30-боб. Дини ислом ҳузурбахш диндир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Аллоҳ таолога ислом дини энг севимли диндир».

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Дин ўнғайдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормағай, мободо, қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўйғусидир (яъни, амали солиҳларни ҳаддан зиёда зиммасига олиши натижасида уларни эплай олмай, ҳаммасини тарк этишига сабаб бўлгусидир). Демак, амали солиҳларни ўртача бажарингиз, ибодатларни мукаммал адо этишга қодир бўлмасангиз, шунга яқинроқ қилингиз. Амали солиҳлардан тегадиган савобдан севинингиз. Бу дунёдан охиратга қилинадиган умр сафарида эрта тонгдан, кечки пайтдан ва кечанинг баъзи бир қисмидан унумли фойдаланингиз!»

 

31-боб. Намоз ўқимоқ иймондандир

 

Ояти каримада:

 «Аллоҳ таоло сизларнинг иймонларингизни, яъни Байт ул-Муқаддас (Қуддус, Иерусалим) га қараб ўқиган намозларингизни зое кетказмағай»,— дейилган.

 

 Саҳоба Барро бундай дейдилар:

 «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келибоқ қариндошлариникига тушдилар ва Байт ул-Муқаддасга қараб 16 ёки 17 ой намоз ўқидилар. Аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги Хонаи Каъбани қибла қилиб намоз ўқишни яхши кўрардилар. Хонаи Каъбага қараб биринчи ўқиган намозлари аср намози эди. Расулуллоҳ билан бирга бир қавм жамоаси ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бири бошқа масжидда намоз ўқиётган одамлар ёнидан ўтаётиб, рукуъда турган вақтларида уларга: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманким, биз ҳозир Маккаи Мукаррамага қараб намоз ўқидик»,— деди. Шунда улар намозда турган ҳолларича Маккаи Мукаррамага ўгирилиб, намозни ўқиб тугатдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ю салламнинг Байт ул-Муқаддасга қараб намоз ўқиётганлари яҳудий ва насороларга ёқарди, (чунки Байт ул-Муқаддас уларнинг қибласи эди). Аммо Маккаи Мукаррамадаги Байтуллоҳга қараб намоз ўқиганлари эса уларга ёқмасди».

 

Саҳоба Барро яна бундай деганлар:

 «Қибла Хонаи Каъбага қараб ўзгартирилмасидан илгари баъзи бир кишилар вафот этиб кетганлар ва баъзи бирлари шаҳид бўлиб, кетганлар. Биз улар тўғрисида нима дейишни билмаймиз, деб турганларида юқоридаги ояти карима нозил бўлди».

 

32-боб. Киши исломга кириб, уни яхшиласа, қилган ёмонликларини Аллоҳ кечиргайдир

 

Абу Саъид Худрий:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар банда исломга кириб, уни ихлос билан яхшилашни давом этдирса, Аллоҳ таоло унинг ҳамма қилган хатоларини кечиргайдир. Бундан кейинги хатоларигина ҳисоб-китоб қилингайдир. Яхшилик 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтириб ёзилур. Ёмонлик битта бўлса, битталигича ёзилур, илло ёзилмасдан Аллоҳ кечириб юбориши ҳам мумкиндир» — деганлар»,— дейди.

 

33-боб. Аллоҳ таоло энг хушлайдирган тоат-ибодат узоқроқ қилинадирган тоат-ибодатдир

 

Ҳишом бундай деганлар:

 «Оиша онамизнинг ёнларида бир аёл ўтирган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бу аёл?» — деб сўрадилар. Оиша онамиз: «Бу фалончи, кўп намоз ўқийдирган аёл»,— деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ: «Қўйингизлар, амали солиҳлардан қурбингиз етадирганини зиммага олингизлар, Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, сизларга амалларингиз малол келмаса, Аллоҳга савоб бериш малол келмагайдир (яъни, қилаётган тоат-ибодатингиз малол келса, савоби кетур)»,— деб айтдилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам узоқроқ қилинадиган тоат-ибодатни хушлар эдилар.» Ҳақ таоло ояти карималаридан бирида: «Уларнинг ҳидоятини (иймонларини) зиёда .қилдик», яна бир ояти каримада: «Мўъминларнинг иймонлари яна ҳам зиёда бўлсин деб», бошқа бир ояти каримада эса: «Бугун сизларга динларингизни мукаммал қилиб бердим»,—дейди. Агар динни мукаммал қилиб турган бирор нарса тушириб қолдирилса, унда иймон мукаммал бўлмағайдир.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 «Кимки юракдан «Ло илоҳа иллаллоҳ» деган эрса ва унинг юрагида буғдой донасича яхшилик (иймон) бор эрса, дўзахдан чиққусидир». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: «Иймон учун яхши жой ато қилинмишдир» (яъни, иймоннинг ўрни дўзахда эмас, жаннатдадир).

 

Умар ибн Хаттобдан:

 «Яҳудийлардан бир киши менга: «Эй Амир ал-Мўъминин, Китобингизда бир оят бордир, сизлар уни ўқийсизлар, агар шу оят бизга нозил бўлганда эрди, ўша кунни биз байрам қилиб олур эрдик»,— деди. Мен «Қайси оят?»—деб сўрадим. У: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб берибдурмен ва неъматларимни (ҳидоят, тавфиқимни) сизларга мўл-кўл қилибдурмсн ва сизлар ислом динини қаттиқ тутишингизни ва ислом йўлида яшашларингизни ихтиёр этибдурмен» деган оят»,— деб айтди. «Ҳа, биз ўша ояти карима тушган кунни ва тушган жойни билурмиз. Жумъа куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда турганларида нозил бўлгандир»,— дедим» (Ўша ояти карима тушган кун шарафига бизда бир эмас, икки марта байрам қилинур; ҳар жумъа куни ва Қурбон ҳайитида).

 

35-боб. Закот бериш исломдандир

 

Ояти каримада:

 «Аҳли китобларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ихлос бирлан ибодат қилмоқ ва нотўғри эътиқодларни тарк этиб, ҳақ эътиқодни танлаб, намоз ўқимоқ ва закот бермоқ буюрилган эрди»,— дейилган.

 

Талҳа ибн Убайдуллоҳдан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Нажд қабиласидан бир киши келди. Сочлари тўзғиган. Унинг ғудурлаган овозини эшитамизу, нима деяётганини тушунмаймиз. Яқин келганда тинглаб қулоқ солсак, ислом асосларини сўраётган экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавобан: «Ислом асосларидан биринчиси — бир кечаю-кундузда 5 вақт намоз ўқимоқликдир», —дедилар. «Шу 5 вақт намоздан ташқари яна зиммага тушадирган вожиб намоз борми?»—деб сўради. «Йўқ, илло ўзинг хоҳлаб нафл ўқишинг мумкин», — деб жавоб бердилар. «Ислом асосларидан иккинчиси — Рамазон рўзасини тутмоқликдир», — дедилар Расулуллоҳ. «Рамазондан ташқари ҳам зиммага тушадиган вожиб борми? » — деб сўради. «Йўқ, илло нафл рўза тутишинг мумкин», — дедилар. У киши қайтиб кетаётиб: «Аллоҳга қасам ичурменким, бунга ҳеч нарсани қўшмасман ҳам, бундан ҳеч нарсани камайтирмасман ҳам», — деди. Расулуллоҳ айтдилар: «Агар сўзида содиқ эрса, шу одам нажот топғусидир».

 

36-боб. Жанозада қатнашиш иймондандир

 

Жаноб Расулуллоҳу саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Кимки бир мусулмон одамнинг жанозасида Аллоҳга ишониб, унинг савоб беришидан умид қилиб қатнашса ва жаноза ўқилиб, маййит дафн қилингунга қадар бирга бўлса, албатта у одам 2 қийрот ажр (савоб) олиб қайтгайдир. Ҳар бир қийрот Уҳуд тогидекдур. Кимки жанозани ўқиб, маййит дафн қилинмасдан аввал қайтса, у киши 1 қийрот ажр олиб қайтгайдир».

 

37-боб, Мўъмин ўз амалининг ўзи билмагани ҳолда қабата бўлиб қолмоғидан қўрқиши

 

Иброҳим ат-Таймий айтгаилар:

 «Сўзимни қиладиган амали солиҳимга номувофиқ (зид келадиган) қилиб гапирмадим, мободо, ўзим амал қилмаган нарсани айтсам, ёлғончи ҳисобига кириб қолмоқдан жуда қўрқдим».

 

Ибн Али Мулайка айтдилар:

 «Расулуллоҳнинг 30 дан ортиқ саҳобаларини билур эрдим. Уларнинг ҳар бири амали солиҳига нифоқ аралашмоғидан қўрқур эрди».

 

Ҳасан Басрий айтганлар:

 «Нифоқ аралашмоғидан фақат мўъмин одам қўрқмишдир, мунофиқ одам қўрқмагандир, мунофиқ одам Аллоҳга тавба қилмасдан, итоатсизликда, сийликда, биродарлари билан уришаверишда давом этмоқнинг гуноҳидан қўрқмагайдир. Аллоҳ таоло ояти каримасида: «Улар (мунофиқлар) била туриб гуноҳ ишлардан қайтмаслар»,— деган.

 

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Мусулмоннинг сўкмоғи фосиқлиқ эрур ва қотиллиги кофирлик эрур».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадрнинг қайси кун келишини айтмоқчи бўлиб чиққанларида икки мусулмон жанжаллашиб турган экан. Расулуллоҳ дебдилар: «Лайлат ул-Қадрнинг хабарини айтмоқчи эрдим, фалончи билан пистончи уришиб турганига кўзим тупшб, ёдимдан кўтарилиб кетибдир. Шоядки, омадингиз келса, Лайлат ул-Қадрни 27-29-25-кечаларда Аллоҳдан сўрангиз!»

 

38-боб. Жаброил алайҳиссаломнинг иймон, ислом, эҳсон ва қиёмат вақти тўғрисида Расулуллоҳдан сўраганлари ва Расулуллоқнинг жавоблари, «Жаброил алайҳиссалом сизларга динингизни ўргатгани келди, мазкур сўзларнинг барчаси дин демакдир», — деганлари, Абдулқайс қабиласидан келган кишиларга иймонни баён қилганлари

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

 «Кимки исломдан бошқа диннй ихтиёр этғай, тоати қабул қилинмағай», — деган.

 

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпчилик билаи суҳбатлашиб турган эдилар. Бир киши қошларига келиб, салом бергач:

 

 «Иймон надур?» — деб сўради. «Иймон Аллоҳга, унинг малоикаларига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонмоғингдур», — дедилар. «Ислом надур?» — деди. «Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур», — деб жавоб қилдилар. «Эҳсон надур?» — деди. «Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен кўрмаётган бўлсанг, у сени кўриб турибдир», — дедилар. «Қиёмат қачондур?» — деб сўради. «Сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқ билмайдир, бироқ аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадур: хотинлар ўз эгаларини туғадиган бўлганда (болалар ота-оналарига хўжайин бўлиб, уларнинг дилини оғрита бошлаганда), туябоқар чўпонлар баланд-баланд иморат сола бошлаганда. 5 та ғойибий (сир) нарса бор, уни фақат Аллоҳ билур, улардан биттаси — қиёматнинг қачон бўлмоғидур», — деб ўша мазмундаги ояти каримани ўқидилар. Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Расулуллоҳ дедилар: «Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!» Орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ дедилар: «Бу Жаброилдур, сизларга динингизни ўргатгали келгандир». Имом Бухорий айтадилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳамма нарсаларни иймондан деб ҳисобладилар».

 

39-боб.

 

Византия подшоси Ҳирақл Абу Суфёнга:

 «Бу динга киргувчилар кўпаймоқдами, озаймокдами?» — деб сендан сўрасам, «Кўпаймоқда, иймон ҳам шунақадир, то мукаммал бўлгунча кўпаявергайдир», — дединг. «Бу динга кирганлардан бирор киши ёқтирмай чиқиб кетаётирми?» — десам, «Йўқ, иймон хусусида ҳам шундайдир. Иймон нури дилларга киргандан сўнг уни ҳеч ким ёмон кўрмағай» — дединг», деб айтган экан.

 

40-боб. Дин туфайли гуноҳлардан фориғ бўлмоқнинг фазилати

 

Расулуллоҳ бундай деганлар:

 «Ҳалол билан ҳаром бор нарсадир. Аммо иккаласини бир-биридан фарқлашда ноаниқликлар мавжуд. Одамларнинг кўпи уларни билмаслар (ҳалол ё ҳаром эканини). Шунинг учун кимки шубҳали нарсалардан ўзини тийгайдир, динини камчиликлардан, обрўйини таънадан сақлағайдир ва кимки шубҳали нарсалардан тийилмайдир, у бировнинг экини чеккасида қўй боқаётган чўпонга ўхшайдир. Унинг қўйларни экинга тушириш эҳтимоли бордир. Огоҳ бўлингизким, ҳар бир подшоҳнинг ўз чегараси бордур. Аллоҳнинг ердаги чегараси ҳаром қилинган нарсалардир. Киши баданида бир парча гўшт бор, агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалгайдир, агар у бузилса, аъзоларнинг барчаси бузилгайдир. У қалбдир!»

 

41-боб. Ўлжанинг (меҳнатсиз топилган молнинг) бешдан бирини (Байт ул-Молга) бёришлик иймондандир

 

Абу Жамра айтадилар:

 «Ибн Аббос билан бирга унинг сўричасида ўтирар эрдим. Менга деди: «Менинг ҳузуримда қолгин, қисман молимдан ҳам бўлиб берай». Хўп, деб у киши ҳузурида икки ой яшадим (мен форсча билар эрдим, у кишининг форслар билан муомаласида таржимонлик қилиб турдим). Бир хотин киши келиб сўради: «Кўзада қилинган набиз (ширин мусаллас) дан ичсак майлими?» Ибн Аббос уни ичишдан қайтардилар ва дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ ҳузурларига Абд ул-Қайс қабиласидан бир жамоа келди. Саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу қайси жамоа?» —деб сўрадилар. Меҳмонлар: «Биз Рабиа қавмиданмиз»,— деб айтишди. «Хуш келибсизлар, марҳамат, хижолатсиз келаверингиз!»—дедилар Расулуллоҳ. «Ё Расулаллоҳ, биз сизнинг олдингизга ражаб ойидагина кела олурмиз (арабларда ражаб ойида қабилалараро уришмоқ манъ қилинган). Сиз билан бизнинг ўртамизда кофирлар қабиласи бордир. Шунинг учун бизга ажрим бир нарса буюрсангиз. Биз бу тўғрида кела олмаганларга ҳам айтсак ва унга амал қилиб, жаннатга кирсак»,— дейишди. Шундан сўнг ичимликлар тўғрисида ҳам сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга тўрт нарса буюриб ва тўрт нарсадан қайтардилар. Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига иймон келтиришни буюриб, бундай дедилар: «Билурмисиз, Аллоҳнинг ёлғиз ўзига қандай иймон келтирилур?» «Ўзингиз айтиб беринг»,— дедилар. Расулуллоҳ Калимаи Таййибани айтдилар, сўнг уларга намоз ўқишни, закот беришни, Рамазон рўзасини тутишни, ўлжадан 1/5 қисмини беришни буюрдилар ҳамда ҳинтам, дибоъ, нақир, музаффат (ўша даврда мусаллас қилинадиган идишлар номи) дан қайтариб, «Бу сўзларни ёдлаб олингиз, эшитмаганларга етказингиз!»—дедилар.

 

42-боб. Амаллар ният ва ихлосга қараб қабул қилинишининг баёни

 

Ҳар кимнинг ниятидаги бўлгайдир.

 

Имом Бухорий айтадилар:

 «Бу сўзга иймон ҳам, таҳорат ҳам, намоз ҳам, закот ҳам, ҳаж ҳам, рўза ҳам, муомалотми, никоҳми, умуман барча ҳукмлар кирур. Аллоҳ таоло ояти каримасида: «Ҳар бир киши ниятига ва ўзига яраша амал қилғайдир, дегил!»—деган. Кишининг савоб умид этиб, ўз оила аъзоларига сарфлаган нафақаси ҳам садақадир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Макка фатҳ қилингандан кейин ҳижрат (кўчиш) йўқ, лекин жиҳод қилиб ёки яхши ниятда кўчиш мумкиндир»,— деганлар».

 

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

 «Амаллар ниятга қараб қабул қилинур, ким қандай ният қилғайдир, шунга эришгусидир. Кимки Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳижрат қилган эрса, Аллоҳ ва Расул учун кўчганлик савобини олур. Кимки мол-дунёга эришмоқ ёки бирор хотин олмоқ ниятида ҳижрат қилган эрса, ўша ниятигагина эришмоғи мумкин (аммо савоб бўлмайдир)».

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Агар киши савоб умид этиб, ўз оила аъзоларига мол сарфлағайдир, унга садақа қилган савоби ёзилур»,—деганлар.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 «Аллоҳ йўлида садақа қилсанг, албатта бунинг учун Аллоҳдан ажр олурсен, ҳатто хотинингнинг оғзига солиб қўйган бир луқма таоминг учун ҳам».

 

43-боб. Дин насиҳатдир

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 

 «Дин Аллоҳ ва унинг Расули, мусулмонларнинг имомлари ва барча мусулмонлар йўлида қилинадирган насиҳатдур»,— деганлар. «Агар Аллоҳ ва унинг Расулини деб насиҳат қилғайлар, яхшилик ҳосил бўлғусидир»,— дейилган оятда.

 

Жарир ибн Абдуллоҳ айтадилар:

 «Беш вақт намоз ўқирмен, закот берурмен ва ҳар бир мусулмонга яхшилик қилғаймен, деб Расулуллоҳга байъат (қасам) қилдим.

 

Зиёд ибн Абдуллоҳ айтадилар:

 «Муғира ибн Шуъба ўлган куни Жарир ибн Абдуллоҳ ўрнидан туриб ҳамду сано айтди, сўнг деди: «Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан кўрқинг, Аллоҳнинг шериги йўқдир. Ўлган амирингиз ўрнига янги амир келгунча, оғир, босиқ бўлинг. Марҳум амирингизнинг гуноҳини Аллоҳдан кечирмоғини сўранг, чунки амирингиз ҳам фуқароларининг хатосини кечирмоқни яхши кўрар эрди».

 

Кейин, Жарир сўзда давом этиб деди:

 «Мен Расулуллоҳ ҳузурларига кириб, сизга яхши мусулмон бўлишга байъат (қасам) қилмоқчиман», — дедим. Расулуллоҳ менга: «Ҳар бир мусулмоннинг фойдасига иш тутғайсен», — деб шарт қўйдилар, мен шунга байъат қилдим. Шу Хонаи Каъба эгасига қасамёд этиб айтурменким, мен барчангизнинг фойдангизга иш тутғаймен».

Жарир сўзининг охирида истиғфор айтиб, минбардан тушди. Аллоҳ таоло номи зикр қилинган ҳамма улуғ зотларни мағфират айласин!»

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов