"."
Меню

Намоз хакида хадислар

САФАР НАМОЗИ ҲАҚИДА 


ҚАСР НАМОЗИ ВА УНИНГ МАСОФАСИ

Аллоҳ таоло: «Қачонки Ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир», деган.

Шарҳ: Ушбу ояти карима ила Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб, ўқишни шариатга киритган. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўшаларни енгиллаштириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб тўрт ракъатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик бер-ган. 
Бу Аллоҳ таолонинг дини Ислом осонлик дини эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади. Аллоҳ таоло сафарга алоҳида ен-гил намоз жорий қилиши шунга далил бўлмаса нимага далил бўлар эди.
Қуръони Каримда келган бу умумий ҳукмни ушбу фаслдаги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлар муфассал баён қилади. 

Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Умар ибн Хаттобга: «Сизларга намозни қаср қилишда гуноҳ йўқдир. Агар куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан қўрқсангиз», дейилган. Батаҳқиқ, одамлар эмин бўлдилар?!» дедим. 
«Мен ҳам сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу Аллоҳ таоло сизга қилган бир садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 
Шарҳ: Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳ таоло ояти каримада мўминларга агар кофирларнинг фит-насидан қўрқсангиз, намозни қаср қилиб ўқинг, деган. Нима учун ҳозир қўрқинч, хавф бўлмаса ҳам сафарда намозни қаср ўқиймиз, деган маъно бор. 
Бу саволга тутилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам, бир вақтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни худди шундай саволга тутган эканлар. Шунинг учун, у кишига Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳунинг саволига жавоб бериш қийин бўлмади. Саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг жавобларини такрорлаш билан жавоб бердилар: 
«Бу Аллоҳ таоло сизга қилган бир садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг».
Яъни, сафарда намозни қаср ўқишлик Аллоҳнинг мўмин-мусулмонларга қилган садақасидир. Аллоҳнинг садақасини хавф вақтида ҳам, омонлик вақтида ҳам қабул қилинглар.
Демак, бу ҳукм Аллоҳ томонидан бандаларга фазлу карам кўрсатилиб, худди садақадек, қўшимча ёрдам сифатида жорий қилган. Аслида қаср қилиш бўлмаса ҳам бўлаверар эди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг бу садақасини қабул қилиб са-фарда намоз қаср ўқилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинадан Маккага чиқдик. У зот Мадинага қайтгунимизча икки ракь-атдан намоз ўқиган эдилар», деди. Мен: «Маккада бир муддат турган эдингларми?» дедим. 
«Ўн кун турган эдик», деди у». Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Сафарда ўз ватанидан чиққанидан бошлаб унга қайтиб келгунча намозни қаср ўқиш кераклиги.
2. Бир жойга бориб ўн кун турса ҳам намозни қаср қилиб ўқиш керак.
3. Бир киши яшаётган жойидан, ўзининг эски ватанига борса ҳам намозни қаср ўқиши. Чунки Маккаи Мукаррама Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зот билан бирга ўша сафарда бирга борган муҳожир саҳобалар учун эски ватан саналар эди. 
4. Намозни қаср қилганда икки ракъат ўқилиши.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўққиз кун намозни қаср қилиб ўқиб турганлар. Бас, биз қачон ўн тўққиз кунлик сафар қилсак, қаср намоз ўқиймиз. Ундан зиёда қилсак намозни тўла қилиб ўқиймиз», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Биз билан орамизда ўн тўққиз кун бўлса, намозни икки ракъат, икки ракъат ўқиймиз. Қачон ундан кўпроқ турсак, тўрт ракъат ўқиймиз», дейилган.
Шарҳ: Гарчи бу ҳадис машҳур муҳаддислар томонидан ривоят қилинган бўлса-да, унга фиқҳий мазҳаблар амал учун қабул қилмаганлар. Чунки бу ҳадиси шариф изтиробли ҳадисдир. Яъни, турли ривоятларда турлича бўлиб, изтиробга тушиб қолган, сокинлиги йўқ ҳадисдир. Бу ривоятда ўн тўққиз кун дейилгани билан бошқа бирида, ўн саккиз кун, учинчисида эса етти кун, дейилган.
Моликий ва Шофеъий мазҳабларида, бир киши бир ерда тўрт кун қолмоқчи бўлса намозни тўла ўқийди. Ундан оз бўлса қаср қилиб ўқийди, дейдилар.
Ҳанбалий мазҳабида эса ким тўрт кундан ортиқ, бошқача қилиб айтганда йигирма вақт намоз муддатидан кўп турмоқни ният қилса намозни тўлиқ ўқийди. Ундан оз бўлса, қаср ўқийди, дейилган.
Ҳанафий мазҳабида эса бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса қаср ўқийди.
Ҳанафий мазҳаби бу ҳукмни буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар: 
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи».
Шунинг учун ҳар ким ўз мазҳабига амал қилса, яхши бўлади. Бу масалалар ҳар-бир мазҳабнинг фиқҳ китобларида мукаммал ва муфассал баён қилинган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракъат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди». Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мино Маккаи Мукаррама яқинидаги машҳур жой бўлиб, у ерда ҳожилар тарвия - Арофотдан бир кун аввалги кун ва Ҳайит ҳамда тош отиш кунлари муқим бўладилар. У ерда шайтонга тош отадиган жойлар ва «Хайф» масжиди бор.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг айтишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотдан кейин ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умарлар ҳам умрларининг охирла-ригача Минодаги намозни қаср ўқиганлар. Ҳазрати Усмон эса ха-лифаликлари бошида қаср ўқиб, кейинроқ тўлиқ ўқиганлар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари баъзи бир норозиликларга сабаб бўлган. Ўшанда у киши бунга изоҳ бериб, мен бу сана Маккадан уйланган эдим, шунинг учун муқим бўлдим, деб ўйлаб намозни тўлиқ ўқидим, деганлар.
Ушбуларни эътиборга олганда Минода намозни қаср ўқиш масаласига ҳазрати Усмон ўзгартириш киритганлар, деб бўлмайди. Балки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатла-рида қандай собит бўлса, шундоқ бардавомдир. 

Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар тўрт барид - ўн олти фарсахда (намозни) қаср қилиб ўқир ва оғзини очар эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Барид масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах эса 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.
Барид луғатда, почта маъносини билдиради. Илгари вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари от ила юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни, 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона - баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб почтани топшириши билан от чоптириб олға босганлар. Биринчи почтахона билан иккинчи почтахона ораси километр деб эмас, ўша вақтнинг таомилига кўра «барид» деб айтилган.
Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра тўрт барид, яъни, 88 км 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган. Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра 96 км масофа - сафар масофаси ҳисобланган.
Ушбу ҳадисда ва бошқаларида ҳам намозни қаср ўқишни машруъ қиладиган сафарни белгилашда босиб ўтиладиган масофа зикр қилиниши мулоҳаза этилади.
Лекин намозни қаср қилиб ўқишга оид барча оят ва ҳадисларни тўлиқ, чуқур ва атрофлича ўрганиб чиққан уламола-римиз, мусофирлик ва унда намозни қаср қилиб ўқиш учун масо-фани эмас, муддатни белги - ўлчов қилиб олганлар. Юриш тезли-гини ва бошқа шартларни ҳам эътиборга олганлар. 
Ана шу эътиборлардан Ҳанафий мазҳабида: 
«Мусофир одатда, сафарга отланиб, ўртача юриш ила уч кунлик йўл юришни ният қилиб, ўз турар жойидан ажраб чиққан кишидир».
Бошқа мазҳабларда эса икки кунлик йўл эътиборга олинган.
Ушбу сафарда кундузи йўл юриб, кечаси дам олиш эътиборга олинган. Ғолибо ўша вақтларда мазкур вақтда тўрт барид масофа юрилган бўлса керак. 
Шунинг учун ҳам бугунги кунимиздаги уламоларимиз на-мозни қаср ўқиш масаласида икки хил гап айтадилар. 
Масофани эътиборга олганлар 88 км. ёки 96 км.га сафар қилган одам намозни қаср ўқийверади, дейдилар.
Баъзи бир уламоларимиз эса мазкур масофага бориш бугунги кунда намозни қаср қиладиган сафарга ўхшамай қолди. Балки, бундан бир неча баробар узоқ масофага бориб келиш ҳам осон бўлиб қолди. Шунинг учун сафарни эътиборга олишда масофа узунлиги эмас, вақтни эътиборга олсак яхши бўлади. Бир киши одатда мусофир қиладиган ишларни; ниятни қилиб, керакли нар-саларни олиб, аҳли-аёли билан хайрлашиб, тунашга уйига қайтиб кела олмайдиган даражада сафарга чиқса, ҳақиқий мусофир ҳисобланади, дейдилар.
Бизнинг фикримизча ҳам ушбу иккинчи йўл рожиҳ ҳисобланади.

Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан намозни қаср қилиш ҳақида сўрадим. Бас, у киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уч миллик ёки уч фарсахлик йўлга чиқсалар, намозни икки ракъат ўқир эдилар», деди». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳу улуғ тобеъин-лардан бўлиб, ҳадисларни Анас ибн Молик, Фарзадақ ва бошқа кишилардан ривоят қилдилар. 
Бу кишидан Муҳаммад ибн Динор, Халф ибн Халифа, Утба ибн аз-Зобий, Шўъба ва бошқалар ривоят қилишди.
Бир мил 1848 метр бўлиб, уч мил бир фарсахни, яъни 5544 метрни ташкил қилади.
Ушбу ривоятда ровий шакка тушиб уч мил, дейилдими ёки уч фарсах, дейилдими аниқлай олмай қолиб икковини ҳам айтган. 
Қоида бўйича бундоқ пайтларда эҳтиёт томони қабул қилинади. Яъни, бу суратда уч фарсах қабул қилинади. Чунки уч мил ҳам, уч фарсах ичига киради. Аммо уч мил олинса-ю, аслида фарсах дейилган бўлса, шаръий амалда камчиликка йўл қўйилган бўлади. Яъни, намозни қаср ўқиш шарт бўлмаганда, қаср ўқилган бўлади. 
Бунинг устига бошқа ривоятлар ҳам уч эмас, балки тўрт фарсахда намоз қаср ўқилиши таъкидламоқда. Албатта, ривоятлар-нинг бирида, уч, иккинчисида тўрт дейилиши ва шунга ўхшаш хилма-хилликлар узрлидир. Чунки ўша вақтларда аниқ ўлчов ас-боблари бўлмаган, ҳамма ўз тахминига қараб айтган.
Хўш, шаръий сафарни ният қилиб чиққан одам қачондан бошлаб намозни қаср ўқий бошлайди? 
Бу саволга уламоларимиз, ўз турар жойининг чегарасидан чиққандан бошлаб деганлар. Яъни, шаҳар ёки қишлоқнинг чети-даги девордан ёки кўприкдан узоқлашгандан бошлаб, дейишган.
Намозни қаср ўқишга оид бошқа саволларга фиқҳ китобла-римиздан жавоб топиш мумкин.



НАМОЗНИ ЖАМ ҚИЛИБ ЎҚИШ

Бунда Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини қўшиб бирин-кетин бир вақтда ўқиш кўзда тутилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар устида бўлсалар, Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини жам қилар эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган. Муслим лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарда шошилиб турсалар, Пешинни Аср вақтига кечиктириб, сўнгра иккисини жам қилиб ўқир эдилар. Шунингдек, Шомни кечиктириб у билан Хуфтонни жам қилиб ўқир эдилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозни жам қилиш сафарда шошилиб тургандагина ўқилган. 
Шунингдек, Пешинни охирги вақтига етиб бориб ўқиб, уни ўқиб бўлиши билан вақти кирган Аср ҳам ўқиб олинган. 
Шунингдек, Шом ҳам охирги вақтига бориб ўқилиб, ундан кейин Хуфтон энг аввалги вақтида ўқилган. 
Намозларни бундоқ қилиб ўқишни Ҳанафий мазҳаби уламо-лари «Жами суврий» яъни, «Сувратдаги жам», дейдилар. 
Бунга биноан Пешин ва Шом намозлари охирги, Аср ва Хуфтон намозлари олдинги вақтда ўқилган бўлади. Чунки Пе-шиннинг вақти чиқиши билан Асрнинг, Шомнинг вақти чиқиши билан Хуфтоннинг вақти киради.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида қуёш оққандан сўнг йўлга тушсалар, Пешин ва Асрни жам қилиб ўқирдилар. Агар қуёш оққандан олдин йўлга тушсалар, Пешинни таъхир қилиб, Асрга қўшиб ўқир эдилар. Шомни ҳам шунга ўхшатар эдилар. Йўлга чиқишларидан олдин қуёш ботиб қолса, Шом билан Хуфтонни жам қилиб ўқир эдилар. Агар қуёш ботишидан олдин йўлга тушган бўлсалар, Шомни таъхир қилиб, Хуфтонга қўшиб ўқир эдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда эса Пешин ва Асрни Пешин вақтида қўшиб, шунингдек, Шом ва Хуфтон намозини Шом вақтида жам қилиб ўқилгани кўриниб турибди. 
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар ушбу ва бошқа шунга ўхшаш ҳадисларни далил қилиб, Пешин ва Аср, ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини сафарда Жам қилиб ўқиш мумкин дейдилар.
Ҳанафий уламолар эса бу фикрга қўшилмайдилар. Уларнинг бундоқ йўл тутишларига ўз далиллари бор:
1. Намозларнинг вақти кучли мутавотир хабарлар ила собит бўлган. Ўша хабарларда бир намозни бошқасининг вақтида ўқиш мумкин, дейилмаган. Икки намозни жам қилиш ҳақидаги ривоят-лар эса кучли мутавотир эмас, оҳод йўл билан собит. Шунинг учун кучсиз ривоятни ушлаб, кучли ривоятда келган ҳукмни ўзгартириш яхши эмас.
2. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд қуйидагиларни айтганлар: 
«Ўзидан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Аллоҳ ила қасам этаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир намозни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқимаганлар. Бунда фақат икки намоз мустаснодир. Булар Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон на-мозларидир. У зот Пешин ва Аср намозларини Арофотда жам қилиб ўқиганлар. Шом ва Хуфтон намозларини эса Муздалифада жам қилиб ўқиганлар».



ШОМ ҚАСР ҚИЛИНМАЙДИ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни юриш шошил-тириб турганда, Шомни кечиктириб уч ракъат ўқир, сўнгра салом берар эдилар. Кейин кўп ўтмай Хуфтонга иқома айтиб, уни икки ракъат қилиб ўқир, сўнгра салом берар эдилар. Хуфтондан кейин намоз ўқилмас, фақат кечаси ичида туриб ўқир эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Шомни охирги вақтида, Хуфтонни олдинги вақтига суриб суратий жам қилиб ўқиш ҳам, сафар шошилтириб турган пайтдагина жоиз эканлиги кўриниб турибди.
Иккинчидан, сарлавҳада айтилганидек, Шом намозини қаср қилмай, уч ракъат ҳолида ўқилиши баён қилинмоқда.
Учинчидан, Хуфтон намози тўрт ракъат ўрнига икки ракъат ўқилиши кўрсатилмоқда.
Тўртинчидан, баъзи кишилар, жумладан, ҳадиснинг ровийси ҳазрати Ибн Умар розияллоҳу анҳу «Хуфтондан кейин намоз ўқимас» эдилар, деган маънодан сафарда суннат намоз ўқилмайди, деган фикрга борганлар. Ҳозирда ҳам баъзи кишилар, фарз намозини қисқа қилиб ўқилгандан кейин, суннат ўқилмайди-да, дейишади.
Аммо жумҳур уламолар сафарда суннат намозларини ўқиш мустаҳабдир, дейдилар.
Ҳанафий уламолар эса агар мусофир киши омонлик ва хо-тиржамликда бўлса, суннат намозларини ўқийди, хавф-хатарда, шошилинчда бўлса, ўқимайди, деганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Бомдод намозида ухлаб қолишганда унинг суннатини ҳам қазо қилиб ўқишган. 
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага борганларида Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳоникида «Зуҳо» намозини ўқиганлар ва улов устида доимо нафл намоз ўқиганлари маълум ва машҳур.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, сафарда юриб турганда суннат намозларни ўқимаса бўлади. Аммо жойлашиб олингандан кейин ўқилади. Мўътабар китобларда бу маъно ўн еттита саҳобийдан ривоят қилинган. Ҳанафий фиқҳининг барча мўътабар китоблари буни зикр қилган.




ТАСБИҲ, ҲАМД, ТАКБИР ВА ТАҲЛИЛНИНГ ФАЗЛИ 


Аллоҳ таоло: «Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. Ва у азиз ва ҳакимдир», деган. Тасбиҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд этиш, каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.

Аслида, тасбиҳ айтиш «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлаш билан бўлади. Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбиҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбиҳини англаймиз, бошқаларнинг тасбиҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат «Исро» сурасида зикр қилинган.
Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор. 
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Маккада бир тош янги Пайғамбар бўлган пайтимда менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман», деганлар. 
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: 
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ» дер эди», деб айтганлар.
Имом Бухорий ривоятларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўнка устида хутба айтардилар. У кишига минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида, тўнка туянинг овозига ўхшаш овоз чиқариб йиғлади. Расулуллоҳ тушиб уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди», деганлар.
Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг сифатларидан иккитаси зикр қилинади. 
Биринчиси, «Азиз». 
Азизлик бир сифат бўлиб, ўз эгасини мағлуб бўлишдан ман қилади. «Аллоҳ кучли ва доимо ғолибдир» маъносини англатади.
Иккинчиси, «Ҳаким».
Ҳакимлик сифати эса, тўғриликни илм ва ақл билан топишга айтилади. Аллоҳнинг ҳакимлиги ҳар бир нарсани яхшилаб, ҳикмат билан қилишлигидадир.

Аллоҳ таоло яна: «Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир», деган.
Араб тилида аввал ҳам айтиб ўтилганидек, тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.
«Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур».
Аллоҳ таолога етти осмон ҳам тасбиҳ айтади. Ер ҳам тасбиҳ айтади. Ўша етти осмону ердаги кимсалар ҳам тасбиҳ айтади, поклаб ёд этади.
«Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ».
Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳга ҳамду сано ва тасбиҳ айтади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос услуб ва ўз тили ила айтади.
«Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар».
Эй, инсонлар, сизлар ғафлатда бўлганингиз учун, эътиборсиз бўлганингиз учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбиҳ айтишларини англамайсизлар.
«Албатта, У ҳалийм ва сермағфират зотдир».
Ҳалиймлигидан, бутун мавжудот уни поклаб ёд этиб турганда, ожиз инсон ширк келтирса ҳам, уни дарҳол азобламайди, қўйиб қўяди. Сермағфиратлигидан, шунча беодоблик ва гуноҳ қилса ҳам, тавба этган бандаларини мағфират қилаверади.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:
«Ва момақалдироқ Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтадир ва фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (ҳамду тасбиҳ айтурлар), деган.
Яъни, Аллоҳнинг амри билан момақалдироқ У зотга ҳамд-мақтов ва тасбиҳ-поклов сўзлари айтади. Инсон момақалдироқнинг овозидан даҳшатга тушади, бу юксак овоз унга жуда қўрқинчли бир қувват бўлиб туюлади, аслида эса, момақалдироқ ўзининг Холиқига-Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбиҳ айтаётган бўлади. Ана шундай нарса ҳам Аллоҳга ҳамду сано ва тасбиҳ айтганда, нима учун ожиз инсон айтмайди?!
«Ва фаришталар ҳам ундан қўрққанларидан (ҳамду тасбиҳ айтурлар)».
Фаришталар Аллоҳга энг яқин-муқарраб зотлар, улар фақат Аллоҳга ибодат қиладилар. Фаришталарда гуноҳ қилиш қобилияти йўқ. Шундай бўлса ҳам, улар Аллоҳдан қўрқиб, У(зот)га доимий равишда ҳамду тасбиҳ айтадилар. 
Шундай экан, нима учун исёнкор-гуноҳкор инсон Аллоҳдан қўрқмайди?! 
Нима учун қўрқиб, уни поклаб ёдга олмайди?! 
Инсон эҳтиёт бўлиши, Аллоҳдан қўрқиши лозим. Акс ҳолда, ўзига қийин бўлади.
Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида: «Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт. Шоядки рози бўлсанг», деган.
Доимо Роббингга тасбиҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ва қуёш ботишидан олдин Роббингга тасбиҳ ва ҳамд айт. 
Уламоларимиз, Роббингга қуёш чиқишидан олдин тасбиҳ айтдан мурод Бомдод намозини адо эт, Роббингга қуёш ботишидан олдин тасбиҳ айтдан мурод Аср намозини адо эт, деганидир, деганлар.
«Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт».
Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбиҳ айт, яъни, Шом ва Хуфтон намозларини адо эт. Кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт, яъни, Пешин намозини адо эт.
Демак, Аллоҳ таолонинг зикр қилиш ва У зотга тасбиҳ айтишнинг энг олий мақомларидан бир намоз ўқиш экан.
«Шоядки рози бўлсанг».
Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади.
Аллоҳ таоло «Тур» сурасида: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан, ўрингдан турганингда Роббингга тасбиҳ айт! Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт», деган.
Дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, қазои қадари билан бўлади. Мушрикларнинг, динсизларнинг қаршиликлари, туҳмат-бўҳтонларига сабр қилиш лозим, чунки булар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўляпти.
Оятдаги «Албатта, сен кўз ўнгимиздасан» деган гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари нақадар юқори эканини билдиради. Ҳеч бир инсон бу мақомга сазовор бўлган эмас. Ўзга Пайғамбарларга ҳам юқори мартабага далолат қилувчи сўзлар айтилган, лекин ҳеч кишига «кўз ўнгимиздасан» деб айтилмаган. Шунинг учун ҳам, доим тасбиҳ айтилса, оз. Ўрнидан турилганда ҳам...
«Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт».
Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким бир мажлисда ўтириб, ҳар хил гапларни гапирса, ўрнидан туришдан олдин, «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илаҳа илла анта астағфурика ва атубу илайка», деса, Аллоҳ ушбу мажлисдаги гуноҳларини кечиради», деганлар.
Аллоҳ таоло «Воқеъа» сурасида: «Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб тасбиҳ айт!» деган.
Шунча неъматларни ато қилган Парвардигори олам мушрик ва кофирларнинг туҳмат эътиқодлари ва гап-сўзларидан покдир. Мазкур неъматларнинг эгасини таниган ҳар бир инсон Улуғ Аллоҳ таолога тасбиҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.
Аллоҳ таоло яна «Воқеъа» сурасида: «Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб тасбиҳ айт!» деган.
Роббингни турли нуқсонлардан поклаб зикр қил, мақсадга етасан.
Ушбу оят тушганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар», деганлар. 
Шунинг учун намозда рукуъга борилганда, «Субҳана Роббиял азим» дейилади.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким, субҳаналлоҳил азим ва биҳамдиҳи, деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», деганлар.
Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир, улар; «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим», деганлар.
Уламоларимиздан бирлари шу борада ажойиб бир мулоҳаза ёзиб қолдирганлар: 
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни намознинг рукуъида ўқишимизга буюрадилар. Ҳолбуки, бу оятга етгунча бутун бошли бир сура келтирилади. Намознинг суннат амалларидан биттаси учун битта сура тўлиқ келтирилишининг ўзидан мусулмон шахс ҳаётида ва Исломнинг боқийлигида намознинг аҳамиятини билиб олса бўлади. Яна мулоҳаза қилиш зарурки, намоз амалларидан ҳар бири биттадан сурада келган. Намознинг қиёми бир сурада, қироати бир сурада, рукуъ ва сажда эса бир неча сурада келган.
Бу эса ҳар бир нарса ўзининг мустаҳкам асосига эга бўлишлиги зарур эканини кўрсатади».
Аллоҳ таоло «Аълаа» сурасида: «Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб тасбиҳ айт», деган.
Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин, мусулмонга қаратилгандир. Яъни, Роббингни Унинг олий зотига лойиқ бўлмаган барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд эт. Ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу амри илоҳийни ҳам бошқа илоҳий фармонлар қатори амалга оширмоқлари лозимдир. Улар Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандоқ амр этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўргатган бўлсалар-шундоқ ёд этишлари лозим. 
Бизнинг Исломий адабиётимизда ҳам «тасбиҳ айтиш» бирикмаси маълум ва машҳур. Тасбиҳ айтиш ҳам улуғ ва савобли ишлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ушбу оятни ўқисалар, «Субҳана Роббиял Аълаа», дер эканлар. 
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейинги қилинадиган зикрни ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳи» дейиш билан бошлаганлар ва мўмин мусулмонларни ҳам шундоқ қилишга чорлаганлар.
Манашу оят тушганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу оятни саждада айтинглар», деганлар.
Шунинг учун намозхон саждада турганда «Субҳана Роббиял аълаа», дейди.
Энди Аллоҳ таолога ҳамд айтишга оид ояти карималар билан танишамиз. Уламолар Аллоҳ таолога ҳамд айтишни қисқа қилиб «ҳамдала» деб айтадилар. Бу эса «Алҳамду лиллаҳи» дейиш билан амалга ошади.
Ҳамднинг ҳақиқий маъноси неъмат берувчига мақтов айтишдир. Мўмин-мусулмон киши маъруза, хутба, дарс, бир нарсани тасниф қилиш каби ишларнинг бошида ҳам атиши лозим.
Еб-ичиш, акса уриш ва халодан чиқиш каби ишлардан дейин ҳамд айтилади.
Дуонинг аввалида ҳам, охирида ҳам, неъмат ҳосил бўлганда, бало офат даф бўлганда ҳам ҳамд айтиш керак. 

Аллоҳ таоло: «Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар», деган.
«Ҳамд», гўзал мақтовлар билан эслашдир. Дунёдаги жамики ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби Қуръони Каримнинг бош сураси Фотиҳани, демакки, Қуръонни ҳам ҳамд билан бошлаган. Шунингдек, Ислом даъватини ва мушрикларга қарши ҳужжатлар келтирган гапларни ўз ичига олган тўрт сурага, жумладан, Анъомга ҳам ҳамд ила киришади.
Бу оятда Аллоҳга келтирилаётган ҳамдлар осмонлару ерни, инсон кўзига кўриниб турган чексиз ва улкан нарсаларни яратгани учун, уларни яратган Зот ҳар қанча мақтовга сазоворлигининг эътирофидир. 
Шунингдек, зулматлар ва нур ҳам кишини лол қолдирадиган чексиз ҳодисалар ҳисобланади. 
«Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Улар ҳақида фикр юритган ақлли инсон Аллоҳга ҳамд айтмай иложи йўқ. Лекин шу ҳолатларни кўриб-билиб туриб, Роббиларига ўзгаларни тенглаштирадиган кимсалар-мушриклар ҳам бор. 
«Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар».
Агар уларнинг инсофи бўлганида эди, осмонлар ва ерга назар ташлаб, уларнинг тузилиши, улканлиги ва ажойиботларидан ягона ва ҳар нарсага қодир Аллоҳгагина иймон келтиришни бошқаларни Унга тенглаштирмасликни англаб олар эдилар.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Сен: «Ҳамд бўлсин, фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга», дегин. Ва Уни мутлақо улуғла!» деган.
Яъни, барча нуқсонлардан холи бўлган, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган Аллоҳга ҳамду сано айт. У зот Ўзига фарзанд тутмаган, чунки фарзандга ҳожати йўқ. Фарзандга ҳожатмандлик банданинг иши. 
У зотнинг шунчалик бепоён мулкида шериги ҳам йўқ. Чунки у шерикка муҳтож эмас. Мулкни бошқаришда шерикка, ёрдамчига муҳтожлик банданинг иши. 
У зот хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмайди. Чунки У зот асло хор бўлмайди. Хор бўлиш ва хорликдан қутулишда бошқанинг ёрдамига муҳтож бўлиш банданинг иши. Шунинг учун ҳам Унга ҳамд аймоқ керак.
«Ва Уни мутлақо улуғла!»
Аллоҳу акбар!
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин», деган.
Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир гапни бошлашдан олдин айтиш лозим бўлган муборак сўзларни ўргатмоқда:
«Алҳамду лиллаҳ»-«Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб айтишни буюрмоқда.
Демак, каломнинг боши шу сўзлар бўлиши керак. Сўнгра Аллоҳ танлаб олган бандаларга, танлаб олиб, Пайғамбар қилиб жўнатган бандаларга саловот ва салом айтишни буюрмоқда. 
«...ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин», дегин.
Кейин хоҳлаган гап гапирилаверади.
Оятда асосий эътибор қуйидаги саволга қаратилган:
«Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?»
Очиқ-ойдин савол. Бир томонда, баркамол сифатлари билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло. Иккинчи томонда мушриклар унга шерик қилаётган тош, ёғоч, лойдан ясалган жонсиз бут-санамлар, турли ҳайвонлар, одамлар, жинлар, фаришталар ва бошқалар. Қайси бири яхши? Бу саволга жавоб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса шундоқ ҳам маълум.
Аллоҳ таоло «Сабаъ» сурасида:
«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир», деган.
Осмондаги барча нарсалар Унинг мулки бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано-мақтовлар бўлсин.
Ердаги барча нарсалар Уники бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ана шу мутлақ моликлигининг ўзи Уни ҳамду санога мустаҳиқ қилади. Фақат бу дунёдаги эмас,
«Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир».
Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол сифати ила икки дунёнинг барча ҳамду саноларига мустаҳиқдир.
«Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир».
Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қилади. Оламлардаги барча сир-асрордан ўта хабардордир.
Биз шарҳ қилаётган китобнинг муаллифлари Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолога такбир айтиш ҳақидаги ояти карималардан намуна келтирмаганлар. Аммо биз Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга такбир айтишингиз учун. Шоядки шукр қилсангиз!» деган.
Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолога тинмай улуғлаб такбир айтиш ва унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.
Ушбу оятдаги амрга биноан Рўза ҳайити куни такбир айтиш шариатга киритилган.
Аллоҳ таоло «Муддассир» сурасида: «Ва Роббингни улуғлаб такбир айт!» деган.
Фақат Аллоҳни улуғланглар ҳузурида бошқалар кичик бўлиб қолади. Фақат Аллоҳни улуғланглар ҳузурида барча машаққатлар енгил бўлиб қолади. Ана шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога такбир айтмоқ керак.
Биз шарҳ қилаётган китобнинг мулаллифлари Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи таҳлил айтиш ҳақидаги ояти карималардан намуна келтирмаганлар. Аммо биз Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.
Таҳлил айтиш-Лаа илаҳа иллаллоҳуни айтиш билан бўлади.
Таҳлил айтиш ҳақида юқоридаги сатрларда сўз ўтган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Лаа илаҳа илла ҳу-Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин», деган.
Яъни, Эй, Пайғамбар, агар сен динга даъват қилаётган одамлар чақириғингни қабул қилмай юз ўгириб кетсалар, сен:
«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли».
Аллоҳдан ўзганинг менга кераги йўқ. Сизларнинг ҳаммангиз битта ҳам қолмай юз ўгириб кетсангиз ҳам заррача зиёни йўқ. Аммо билиб қўйинглар, юз ўгириб қаёққа ҳам борасизлар?! Ахир,
«Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ»,
Шунинг учун ҳамма фақат Унгагина ибодат ва қуллик қилмоғи лозим. Сиз нима қилсангиз қилаверинг, аммо, мен,
«Унга таваккал қилдим»,
Чунки,
«У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин».
Қолганини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт», деган.
Яъни, ўша сизлар иймон келтирмаётган Роҳман менинг Роббимдир, Парвардигорим, Розиқим, Ҳомийимдир. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина ибодат қиламан. Ундан ўзга суянадиган суянчиқ йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина таваккал қилдим, суяндим. Ундан ўзга тавба қиладиган зот йўқ. Шунинг учун фақат Унинг Ўзигагина тавба қиламан.
Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир, улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни айтмоқ тилга жуда ҳам енгилдир. Аммо тилга жуда енгил бўлган бу сўзларнинг қиёмат куни банданинг амалларини тортадиган тарозудаги вазнлари жуда ҳам оғирдир. Бу дунёда бу сўзларни савоб умидида, нияти холис ва ихлос ила айтиб юрган банда у дунёда катта бахтларга сазовор бўлиши турган гапдир. Чунки у Аллоҳ таолога суюкли бўлган сўзларни айтиб юргандир.
Бас, шундоқ экан «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни кўпроқ айтишга одатланайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз сайл қилинг», дедилар. Мен: «Жаннат боғлари нимадир?» дедим. 
«Масжидлар», дедилар».
«Сайл нимадир?» дедим.
«Субҳаналлоҳи, Вал ҳамду лиллаҳи, Ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, жаннат боғларида сайл қилишни истаган одам ушбу улуғ ибораларни ёд олиб, доимо айтиб юришга одатланиши керак.

Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бас, у зот: «Сизлардан бирингиз ҳар куни минг ҳасана касб қилишдан ожиз бўлурми?» дедилар.
Шунда у зотнинг ҳаммажлисларидан бири: «Қандоқ қилиб биримиз минг ҳасана касб қилади?» деди.
«Юзта тасбиҳ айтади. Бас, унга мингта ҳасана ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади», дедилар».
Шарҳ: Демак, бир марта «субҳаналлоҳи» деган бандага ўнта савоб ёзилар ва ундан ўнта хато ўчилар экан. Бундан Исломда савоб касб қилиш жуда ҳам осонлиги чиқади. Ўша савобни касб қилишни ихтиёр қилганлар қани?! 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳи, Вал ҳамду лиллаҳи, Ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар» демоғим мен учун устидан қуёш чиқадиган барча нарсадан муҳбубдир», дедилар». Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, зокир ушбу ривоятда келган зикрларни айтиш билан бутун дунёдаги молу мулкнинг савобидан кўпроқ савобга эришар экан. Бу ердаги «маҳбуб»лик дунёнинг ўзига бўлган муҳаббат эмас. Балки ўша дунёни сарфлаганда ҳосил бўладиган савобдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дунёнинг ўзига муҳаббат қўймаганлар. У зот дунёни сарфлаш орқали келадиган савобга муҳаббат қўйганлар. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга Аллоҳга энг маҳбуб каломнинг хабарини берайми?» дедилар.
«Менга хабар беринг, Эй, Аллоҳнинг Расули!» дедим.
«Аллоҳга энг маҳбуб калом «субҳаналлоҳи ва биҳимдиҳи»дир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуб калом, Аллоҳ Ўз фаришталарига танлаб олган «субҳана Роббии ва биҳамдиҳи»дир», дейилган.
Шарҳ: Бу ердаги «Аллоҳга энг маҳбуб калом»дан мурод Қуръони Каримдан кейингиси эканлигини унитмаслигимиз лозим. Аллоҳ таолога тасбиҳ ва ҳамдни қўшиб «субҳаналлоҳи ва биҳимдиҳи»ни зикр қилган одам Аллоҳ таоло Аллоҳ Ўз фаришталарига танлаб олган зикрни қилган бўлар экан. Албатта, мўмин-мусулмон банда бунинг фазини англаб етиши ва унга амал қилиш лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким, субҳаналлоҳил азим ва биҳамдиҳи, деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар».
Шарҳ: Албатта, ўзини билган мўмин банда учун нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириб олиш бош мақсад эмас. балки у жаннатда иложи борича юқори мартабага эришиш учун ҳаракат қилади. Жаннатнинг боғларидан ўзи берилгани бошқаларникидан яхшироқ бўлиши орзу қилади.
Анаўша боғни обод қилиш учун бу дунёнинг ўзида имкон бор экан. Бунинг учун зокирлардан бўлиш зарур экан. Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, ушбу ривоятда келган зиркни кўроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неса бор атиш мумкин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга исро қилдирилган кечада Иброҳимга йўлиқдим. У менга: «Эй, Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт. Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, у текс эканлиги ва унинг кўчатлари «Субҳаналлоҳи, Вал ҳамду лиллаҳи, Ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар»лиги хабарини бер, деди», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятдан уммати М-с.га анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳам зикрни кўпроқ қилишни тавсия қилганлари чиқади. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида мазкур тавсияни саломга қўшиб етказиб қўйишни сўраган эканлар.
«Субҳаналлоҳи, Вал ҳамду лиллаҳи, Ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар»нинг жаннатнинг кўчати бўлиши уни бу дунёда айтиб юрган банда жаннатга кириши ва жаннатда уни айтган ададича кўчатлари бўлишига далолатдир.
Бас, шундоқ экан «Субҳаналлоҳи, Вал ҳамду лиллаҳи, Ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу Акбар»ни иложи борича кўпроқ айтишга ҳаракат қилайлик.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз саҳобаларига: «Юз марта «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» денглар. Ким уни бир марта айтса, унга ўн савоб ёзилади. Ким уни ўн марта айтса, унга юз савоб ёзилади. Ким уни юз марта айтса, унга минг савоб ёзилади. Ким зиёда қилса, Аллоҳ ҳам зиёда қилади. Ким истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади», дедилар». Учовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ерда зикрнинг савоби айтилган ададча қолмай ўн баробарга кўпайиб туриши таъкидланмоқда. 
Биз бандалардан зикр қилиш бўлиб турса, савобини кўпайтириб бериш Аллоҳ таолонинг Ўзидан. У зотнинг хазинаси тўла ва заррача кам бўлмайди.
Биз бандалар истиғфор айтишни ўрнига қўйсак бўлди. Мағфират қилиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан. У зот ғафуру раҳийм зотдир. 


САЛОМДАН ОЛДИНГИ ДУО 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (намозда) дуо қилиб: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан қабр азобидан дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан, Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ тилайман», дер эдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан гуноҳдан ва қарздан паноҳ тилайман». Бас, у зотга бир одам: 
«Бунча ҳам қарздан кўп паноҳ сўрайсиз?!» деди. 
«Агар киши қарз олса, гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади», дедилар». Уччовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу дуони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўқиганларини бошқа бир ривоятда ҳам таъкидлаган экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намозда ушбу дуони қилиш.
2. Қабр азоби ҳақлиги ва ундан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлвориб туриш кераклиги.
3. Дўзах азобидан ҳам паноҳ тилаб дуо қилиб туриш кераклиги.
4. Тириклик ва ўлим фитнасидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлвориб туришлик. 
Тириклик фитнаси кўпроқ молу дунёда, бола-чақада, ўлим фитнаси жон таслим қилишда ва қабрда бўлади.
5. Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ тилаб туриш. Бу масала баёни бундан кейин келади.
6. Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сақлашини сўраб дуо қилиш.
7. Қарздор бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуо қилиш.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, менга дуо ўргатиб қўйинг, намозимда дуо қилурман, деганларида у зот: «Эй, бор Худоё, албатта, мен ўзимга ўзим кўп зулм қилдим. Гуноҳларни Сендан бошқа мағфират қилмас. Бас, мени Ўз ҳузурингдаги мағфират ила мағфират қилгин. Ва мени раҳмат қилгин, албатта, Сенинг Ўзинг ўта мағфиратли ва ўта раҳмдил зотсан», деб айт» деган эканлар. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввал ҳадиснинг ровийcи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом оламида машҳур бўлиб, эркаклардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилгандирлар. Ислом оламидаги халифаларнинг биринчиси ва жаннатга киришликка башорат берилган ўн нафар жаннатийларнинг ҳам биринчисидирлар. 
Ислом уммати бу зотни Сиддиқ (ростгўй) деб номлашган.
Исро кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Масжид ул-Ақсога бориб келдим, деганларида мушриклар, ҳатто, баъзи бир мусулмонлар ҳам бу сўзга ишонмаган эдилар. Мушриклар Абу Бакрга келиб: 
«Дўстинг шу кеча Масжид ул-Ақсога бориб келдим деяпти, шуни ҳам рост дерсан?» дейишди. 
Шунда Абу Бакр: 
«Мен унга, бундан узоқроқ жой, осмондан ваҳий келишига ишондим-у, бунга ишонмасмидим», деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Мен кимни Исломга чақирган бўлсам, ҳаммаларида бир тўхташ бўлди. Фақат Абу Бакрда бундай бўлмади. У мени ҳамма нарсада рост деди», деб марҳамат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида қанчадан-қанча қабилалар Исломдан қайтиб кетишди. Бундан катта-катта саҳобалар ҳайратга тушишди. Ҳатто Умар ибн Хаттобдек саҳоба ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини инкор этиб, қиличларини яланғочлаб, кимки, Пайғамбар ўлди деса, унинг ўзини ўлдираман деб туриб олдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб сўнг қайтиб чиқдилар. Ва мусулмонларга қарата хутба қилдилар: 
«Кимки, Аллоҳга ибодат қилса, У ўлмас тирик зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир Расулдир. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтди. Агар ўлса, Исломдан орқаларингга қайтиб кетасизларми? Кимки орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга ҳеч бир нарсада зарар беролмас. Аллоҳ шукр қилган бандаларини тезда мукофотлаяжак» деб хутбани тугатдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижратнинг 13 йилида вафот қилганлар.
Бу ҳадисдан дуо қилиб қўйишни сўрашни ва дуонинг матнини ўрганмоқдамиз.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳуд билан саломнинг орасида қуйидагиларни айтар эдилар: «Эй, бор Худоё, менинг олдин қилганимни, кейин қилганимни, махфий қилганимни, ошкора қилганимни ва ортиқча қилганимни ва Сенинг Ўзинг мендан яхши билганингни мағфират қилгин. Сенинг Ўзинг олдинга ўтқазувчи ва Сенинг Ўзинг ортга сурувчисан. Сендан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Дуо ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин ўқилиши.
2. Намозда ушбу маънода дуо қилишнинг яхшилиги.

Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб бирдан намозни тугатиб, ташаҳҳуд ўқиётган ва: «Эй, бор Худоё. Эй, биру бору туғмаган ва туғилмаган ва Унга ҳеч бири тенг бўлмаган зот, албатта, мен Сендан гуноҳларимни мағфират қилмоғингни сўрайман, деб айтаётган кишини кўрдилар ва: «Батаҳқиқ, у мағфират қилинди», деб уч марта айтдилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиси шарифнинг ровийcи Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Миҳжан ибн ал-Адраъ Асламий ал-Маданий, моҳир чавандозлардан. Мадинада истиқомат қилдилар. Кейин Басрага кўчиб ўтдилар ва ана шу ердаги масжиднинг атрофини девор билан ўраб чиқдилар. 
Бу зот узоқ умр кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 5 та ҳадис ривоят қилганлар. 
Бу зотдан Ҳанзала ибн Али ал-Асламий, Ружо ибн Аби Ружо, Абдуллоҳ ибн Шақийқ ва бошқалар ривоят қилишди. У киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Миҳжан ибн ал-Адраъ ҳижратнинг 60 йили Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар. 
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Дуонинг ташаҳҳуддан кейин ўқилиши.
2. Киши ўз кўнглидаги дуони қилиши мумкинлиги.
3. Намознинг охиридаги дуо мақбул эканлиги.
4. Башоратли ва муҳим гапни уч марта қайтариб айтиш яхшилиги.




ҲОЖАТ НАМОЗИ 

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғанийматни, ҳар бир ёмонликдан саломатни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўмай, албатта, чиқаргин. Эй, Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган. Аллоҳ билувчи.
Шарҳ: Имом Ибн Ҳажар бу намозни Шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен зоминман, деб марҳамат қилганлар, деган.
Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
Ҳожат намози ила банда Аллоҳ таолога яна бир бор боғланмоқда. Бу намоз ила бевосита Аллоҳ таолога роз айтиш шарафига муяссар бўлмоқда. Аллоҳ таолодан бошқача ялиниш балосидан қутилмоқда. Ҳатто бошқа одамларда ҳожати бўлса ҳам ўша одамга эмас, Аллоҳ таолога мурожаат қилиб ҳожатини чиқаришни сўрамоқда. Чунки, ҳақиқий ҳожат чиқарувчи Аллоҳнинг ўзи.




 КУСУФ НАМОЗИ 

Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бир-бирининг ўрнига алмаштирилиб ишлатилаверади. Шунинг учун биз сарлавҳада матнга мос қилиб кусуф, деб қўйдик. Аммо, бундан қуёш ва ой тутилишини англаниши тушунилиши керак. Келгусида эса маънога қараб, қуёш тутилиши ёки ой тутилиши ибораларини ишлатамиз. 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим ўлган кун қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қачонки уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бошқа бир ривоятда эса: «Жоҳилият аҳли, албатта, қуёш ва ой фақат ер аҳли улуғларидан бир улуғнинг ўлими учунгина тутилади, дер эдилар. Албатта, икковлари бирор кишининг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур. Бас, икковларидан қайси бири тутилса, то очилиб кетгунча намоз ўқинглар», дейилган.
Шарҳ: Иброҳим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Миср подшоси Муқовқис томонидан у зотга ҳадя қилинган чўрилари Мория Қибтия розияллоҳу анҳодан туғилган ўғилларидир. Иброҳим ўнинчи ҳижрий санада вафот этган. Умри ўн саккиз ойлик бўлган. Бақийъга дафн қилинган. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, биз сенинг ўлимингдан маҳзунмиз, Эй, Иброҳим», деб овоз чиқармай, кўзларидан ёш оқизиб йиғлаганлар.
Ушбу ҳадиси шарифнинг икки ривоятини қўшиб ўрганадиган бўлсак, унда жоҳилият пайтида мавжуд бўлган нотўғри эътиқодларидан бирини тўғрилаш содир бўлганини билиб оламиз. 
Ислом дини инсониятнинг барча жоҳилий ақидаларини тўғрилагани маълум ва машҳур. Ушбу ривоятдан жоҳилият даврида табиий ҳодисалар ҳақида ҳам нотўғри эътиқод ва тасаввурлар мавжуд эканини билиб олмоқдамиз. Жоҳилият аҳли қуёш ёки ой тутилса бирор улуғ одам туғилгани ёки ўлгани учун тутилмоқда, деб эътиқод қилишар экан. 
Ана ўша эътиқод таъсири ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилгани учун одамлар, қуёш улуғ Пайғамбарнинг ўғли Иброҳим ўлгани учун тутилди, деб гап тарқатишди. Кишиларда шундоқ тасаввур мавжуд. ўз улуғлари шарафини ошириш учун баъзи бир табиий ҳодисаларни ҳам ўша улуғларга боғлаб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Агар ўша улуғ сохта улуғ бўлса, бундоқ тасарруфлардан хурсанд бўлади. Балки, ўзида шундоқ хислат борлигини даъво ҳам қилади. Ҳеч бўлмаса ғурур билан одамларнинг, фалончи келгани учун қуёш чиқиб кетди, у бўлди, бу бўлди, дейишларига шароит яратиб беради.
Аммо, улуғ зот ҳақиқий улуғ бўлса, ўзининг кимлигини билса, Аллоҳнинг бандаси эканини тўлиқ ҳис қиладиган бўлса, бундоқ ноўрин гап-сўзларга йўл бермайди. Ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтади. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатан улуғларнинг улуғи бўлганлар. Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга барча Пайғамбарларга берган мўъжизалардан ҳам кўпроқ мўъжизаларни берган. Айни мавзу бўйича гапирадиган бўлсак, мушрикларнинг талаби ила уларга осмондаги ойни Аллоҳ таолога дуо қилиб иккига бўлиб кўрсатганлар. Шундоқ бўлгандан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафларига табиатда баъзи ўзгаришлар бўлиши ҳеч гап эмас эди. Жумладан, ёлғиз ўғиллари, жигаргўшалари, йиғиларига сабаб бўлган Иброҳимнинг ўлими муносабати ила қуёш тутилиши ғариб иш эмас эди. Лекин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга сохта обрў керак эмас. Ҳамма нарса ўз ҳолича бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам одамларнинг қуёш тутилиши ҳақидаги нотўғри гапларини дарҳол тузатдилар.
«Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлиши учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур», дедилар».
Оят сўзи белги, аломат, мўъжиза маъноларини англатади. Шу маънода қуёш ва ой ҳам Аллоҳнинг оятлари, У зотнинг биру борлигининг белгилари, аломатлари экани, Аллоҳнинг ҳар нарсага қудрати етишини тасдиқловчи мўъжизалари эканига ҳеч шубҳа йўқ. Қуёш билан ойнинг борлигининг ўзи, уларнинг осмонда туришлари, маълум вақтда чиқиб, маълум вақтда ботишлари, иситиб, нур сочишлари, дунёга берилаётган сонсиз саноқсиз фойдаларининг ҳар бири алоҳида бир битмас-туганмас мўъжиза, Аллоҳ таолони биру борлигига, қодиру мудаббирлигига белги-аломатдир. 
Қуёш билан ой ҳар қанча улкан бўлсалар ҳам, ҳар қанча аниқ ҳаракатда бўлсалар ҳам, ҳар қанча кўп фойда-манфаат бераётган бўлсалар ҳам, баъзи бир қавмлар эътиқод қилганларидек, Худо эмаслар. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, Аллоҳ таолонинг махлуқларидан икки махлуқ, холослар. Аллоҳ таоло эса ўз махлуқларида нимани хоҳласа ўшани жорий қилади. Жумладан, хоҳлаган пайтда Қуёшни ёки ойни тутилтиради. Шундоқ, улкан нарсалар, ҳатто баъзи қавмлар худо деб эътиқод қиладиган нарсалар тутилиб, асл ҳолидан бошқа бир ҳолга тушиб, ҳолатининг ёмонлашуви ожиз бандаларни эътиборини тортиши керак. Чунки, Қуёш ва Ойдаги бу ўзгариш дунёнинг бутунлай ўзгариб кетишига, қиёмат қоим бўлиб кетишига бошланиш бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Қуёш ва Ойнинг тутилишини кўришлари билан Аллоҳ таолонинг қудратига тан бериб, У зотга ёлвориб дуо қилишлари, намоз ўқишлари керак. Мазкур дуо ва намозлар то тутилган Қуёш ёки Ой очилиб кетгунча бўлиши керак.
Ҳа, табиатдаги улкан нарсалар бўлмиш Қуёш ва Ойнинг тутилишлари, ўзларининг оддий ҳолатларидан чиқиб ноқулай ҳолатга тушиб қолишлари беҳикмат эмас. Бу ҳодисадан ўрнак-эътибор олиш керак. Қуёш ва Ойнинг тутилиши бир неча ибратларга далолат қилади: 

1. Қуёш ва Ойни Аллоҳ ўз тасарруфида тутиб туриши.
2. Қуёш ва Ойни худо деб эътиқод қилувчиларнинг эътиқоди асоссиз экани. Агар икковлари ёки бирлари Худо бўлганида тутилмас эдилар.
3. Ғофил қалблар бундай ҳодисадан чўчиб уйғониши.
4. Қиёмат шу шаклда бошланиши мумкинлигини эслаш.

Ва бошқалар.
Демак, сиз билан биз мусулмонлар ушбу ҳадисдан энг аввало эътиқод бобида фойдалар оламиз. Қолаверса, Қуёш ва Ой тутилганда шариатимиз амри бўйича дуо қилиб, намоз ўқишимиз кераклигини билиб оламиз. Мазкур дуо ва намоз қандоқ бўлишини келгуси ҳадислардан ўрганамиз.

КУСУФ НАМОЗИГА ЧАҚИРИШ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилганида, жамоат намозга, деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Қуёш тутилганда жамоат намози ўқилиши.
2. Қуёш тутилгани учун ўқиладиган намозга «Жамоат намозга!» деб нидо қилиниши.

КУСУФ НАМОЗИНИНГ ТУРЛАРИ

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Қуёш тутилиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ридоларини судраб (тезлаб) масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. Бас, биз билан то қуёш очилиб кетгунча икки ракъат намоз ўқидилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида, «ушбу намозингизга ўхшаган икки ракъат намоз ўқидилар», дейилган. 
Жумҳур уламолар наздида кусуф намози суннатдир. ҳанафий мазҳаби ушбу ҳадисни олиб, кусуф намози ҳам бошқа нафл намозларга ўхшаган бўлади, дейди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Қуёш тутилганда ташвишга тушиб, намоз ўқишга шошилиш зарурлиги. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
2. Масжидда жамоат билан икки ракъат намоз ўқиш кераклиги.
3. Кусуф намози қуёш очилгунча давом этиши.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, у зот туриб одамларга имом бўлиб намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, қиёмда узоқ турдилар. Бу аввалги қиёмдан озроқ эди. Сўнгра рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Бу аввалги рукуъдан озроқ эди. Сўнгра сажда қилиб, саждада узоқ турдилар. Кейин иккинчи ракъатда ҳам биринчи ракъатда қилганларига ўхшаш қилдилар. Сўнг намозни тугатдилар. ўшанда қуёш очилган эди. Удан кейин одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин: 
«Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қачон ўшандоқ бўлганини кўрсангиз Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг», дедилар. Сўнгра яна: 
«Эй, уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, Аллоҳчалик ҳеч биров ўз бандасининг ёки чўрисининг зино қилишига рашк қилмайди. 
Эй, уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Кейин бошларини кўтариб, самиъаллоҳу лиман ҳамида, Роббанаа лакал ҳамд», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Оиша онамизнинг ушбу ҳадисларини ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳаблар кусуф намози қандоқ ўқилишига далил қилиб олганлар. Кўриниб турибдики, бу турдаги кусуф намозида, бир ракъатда икки қиём, икки рукуъ ва икки қироат, икки сажда бор. 
Биринчи қироат ва қиём узун бўлади. ўша мазкур намозда иштирок этганлар сураи «Бақара»ни ўқигунча муддат, деб тахмин қилганлар. 
Иккинчи қиём ва қироат биринчисидан озроқ бўлади. Мазкур вақтни «Оли Имрон» сурасини ўқигунча муддат, деб тахмин қилинган. 
Шунингдек, биринчи рукуъдаги тасбиҳ ҳам узун айтилади. «Бақара» сурасидан юз оят қироат қилгунча вақт, деб тахмин қилинган. 
Иккинчи рукуъдаги тасбиҳ айтиш биринчисидан озроқ бўлади. Саксон оят тиловат қилингунча муддат, деб тахмин қилинади. Кейин рукуълар узунлигига икки сажда ҳам қилинади. Иккинчи ракъат ҳам худди биринчи ракъатга ўхшаган бўлади.
Ушбу ҳадисдан юқорида зикр қилинган фойдалардан ташқари қуйидаги фойдаларни оламиз. 

1. Кусуф намозини қуёш очилиб кетгунча ўқиш.
2. Кусуф намозидан кейин хутба қилиш. Чунки, одамлар ҳодисадан ҳаяжонланиб, таъсирланиб турганларида, мавъизани яхши қабул қиладилар.
3. Хутба бошлашда Аллоҳга ҳамд сано айтиш зарурлиги.
4. Қуёш ёки ойнинг тутилганини кўрганда Аллоҳга дуо қилиш, такбир айтиш, намоз ўқиш ва садақа бериш керак.
5. Зинонинг ўзи ёмон нарса экани бир банда зино қилганда энг қаттиқ ғазабланадиган зот Аллоҳ экани.
6. Одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб, Аллоҳнинг гуноҳкорларни қандай азоблаши, қиёматда нималар бўлиши каби нарсаларни яхши билиб, тушуниб етганларида кулмай йиғлаб ўтишларига тўғри келиши.
7. Кусуф намозида ҳам рукуъдан бош кўтарганда самиъаллоҳу лиман ҳамида. Роббанаа лакалҳамд, дейилиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олти рукуъ ва тўрт сажда ила намоз ўқидилар».
Муслим, Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кусуф намози ўқидилар. Бас, қироат қилдилар ва рукуъ қилдилар. Кейин қироат қилиб, яна рукуъ қилдилар. Сўнг қироат қилиб, яна рукуъ қилдилар, деб уч марта айтди. Сўнг икки марта сажда қилдилар. Бошқа ракъат ҳам шунга ўхшаш бўлди», дейилган.
Шарҳ: Бу тур кусуф намозида ҳар ракъатида уч қиём, уч қироат, уч рукуъ ва икки сажда бўлиши кўриниб турибди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кусуф намоз ўқидилар. Қироат қилиб, рукуъ қилдилар. Қироат қилиб, рукуъ қилдилар. Қироат қилиб, рукуъ қилдилар. Қироат қилиб, рукуъ қилдилар. Сўнг сажда қилдилар. Бошқа ракъатда ҳам шунга ўхшаш бўлди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу тур кусуф намозида ҳар ракъатда тўрт қиём, тўрт қироат, тўрт рукуъ ва икки сажда бўлиши кўриниб турибди.
Ушбу кўринишдаги кусуф намозларидан қайси бир турини ўқилса, суннатга мувофиқ бўлади. Аммо, ҳар ким ўз мазҳабида танланган турни ўқиса афзал бўлади. Шунда кўпчилик ичида гап-сўз, хилоф ва уруш-жанжал чиқмайди.


ОЙ ТУТИЛГАНДА ҚИРОАТНИ ОШКОРА ҚИЛИБ, ҚУЁШ ТУТИЛГАНДА МАХФИЙ ҚИЛИБ ЎҚИШ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий ой тутилганидаги намозда қироатни ошкора қилдилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилади.
Шарҳ: Чунки, ой кечаси тутилади. Кечасига жамоат намозида эса қироат ошкора бўлади.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. Биз у зотнинг овозларини эшитмадик». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки, қуёш кундузи тутилади. Кундузи жамоат намозларида қироат махфий бўлади.

КУСУФ НАМОЗИДАГИ ҚИРОАТ

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, у зот одамларга имом бўлиб намоз ўқидилар ва узун суралардан қироат қилдилар». Абу Довуд ривоят қилди. Ал-Ҳоким, ишончли, деган. 
Шарҳ: Кусуф намозида қироат узун бўлиши ўтган ривоятлардан ҳам маълум бўлиб келмоқда. Ушбу ҳадиси шарифда эса ўша ўтган умумий маънолар яна бир бор таъкидланиб келмоқда.

Оиша розияллоҳу анҳо: «Кусуф намозида эдик. Бас, у зотнинг қироатларини биринчи ракъатда «Бақара» сурасига, иккинчисида эса, «Оли Имрон»га тахмин қилдим», деганлар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ривоятнинг зоҳиридан мазкур кусуф намози оддий икки ракъатли нафл намозга ўхшаш бўлгани кўриниб турибди. Ундаги қироат эса узун ва махфий бўлган.



ХУТБА

Асмаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан чиқдилар. Қуёш очилиб бўлган эди. Сўнг хутба қилдилар. У зот Аллоҳга муносиб ҳамду сано айтдилар. Сўнгра: «Аммо баъду», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Кусуф намозини қуёш очилганда тамом қилиш.
2. Кусуф намозидан кейин хутба қилиш кераклиги.
3. Хутбани Аллоҳнинг жалолига муносиб ҳамду-сано билан бошлаш зарурлиги.
4. Хутбада ҳамду санодан кейин, «Аммо баъду», дейиш.

НАМОЗ ЎРНИГА АЛЛОҲГА ИЛТИЖО ҚИЛИШ ВА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ КИФОЯ ҚИЛАДИ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу Аллоҳ юборадиган оятлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун бўлмайди. Лекин, Аллоҳ уларни бандаларини қўрқитиш учун юборади. Бас, улардан бир нарсани кўрсангиз, Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилинг», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг аввалида «Қуёш тутилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам худди қиёмат қоим бўладигандек Аллоҳдан қўрқиб, шошилиб ўринларидан туриб масжидга кирдилар ва қиём, рукуъ ва саждаларини узун қилиб намоз ўқидилар. Мен у зотнинг бундоқ қилганларини ҳеч кўрмаган эдим», дейилган.
Демак, кусуф намози ўқилган, у ҳолда ҳадиснинг иккинчи ярмини кусуф намози ўрнига Аллоҳга илтижо қилиш ва яхшилик қилиш кифоя бўлишига қандоқ далил бўлади. Бу шайх Мансур Али Носифнинг ижтиҳодлари бўлади, холос.
Агар, намоз ўқиш билан бирга Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилиш, дейилганда яхши бўлар эди. Эҳтимол Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ҳадиснинг биз келтирган аввалги қисмини кўрмаган бўлсалар керак.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш ва ойни тутилиши ҳамда шунга ўхшаш табиатда содир бўлиб турадиган, зилзила, бўрон, сел каби ҳодисалар Аллоҳ таолонинг биру борлиги, ҳар нарсага қодир эканининг белгилари эканини баён қилмоқдалар. Шу билан бирга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, ушбуга ўхшаш ҳодисаларни содир этишдан Аллоҳ таоло ўз бандаларини огоҳлантириш ва қўрқитишни ирода қилишни тушунтирмоқдалар. 
Аллоҳ таоло хоҳласа, бир зумда ҳамма ёқни остин-устин қилиб осий бандаларни ҳалок қилиб улардан интиқом олиши осонлиги мазкур ҳодисалардан тушуниб олиш керак. 
Шунинг учун мазкурларга ўхшаш ҳодисалар содир бўлиши билан, дарҳол Аллоҳга ёлборишга ўтиш керак. Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб, дуолар қилиб, У зотга истиғфор айтишга ўтмоқ зарур. Чунки, мазкур бало офатларга дучор қиладиган ҳам, улардан сақлаб қоладиган ҳам Аллоҳнинг ўзи.

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда қул озод қилишга амр қилдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Исломда қул озод қилиш энг афзал хайрли ишлардан ҳисобланган. Ислом биринчи бўлиб қулдорликка қарши курашган. Бошига бало-офат келиши эҳтимолидан қўрққан кишиларни ҳам қул озод қилишга тарғиб қилган. Агар шу ишни қилсалар саломат қолишларини ваъда қилган.


ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА КУСУФ НАМОЗИДА КАШФ ҚИЛИНГАН НАРСАЛАР

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, намоз ўқидилар, қиёмда узоқ турдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Қачонки, буни кўрсангиз, Аллоҳни зикр қилинглар», дедилар. Одамлар: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизни турган мақомингизда бир нарсани ушлаганингизни, сўнгра чўчиб орқага қайтганингизни кўрдик?» дейишди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳасиз, мен жаннатни кўрдим. Бир шингил (узум)ни ушладим. Агар уни (узиб) олганимда, албатта, дунё боқий турганича ундан ер эдингиз. Ва менга дўзах кўрсатилди. Бугунги манзарадек даҳшатли манзарани ҳеч кўрганим йўқ. Унинг аҳлининг аксари хотинлар эканини кўрдим», дедилар.
«Нима учун, эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Куфрлари учун», дедилар.
«Аллоҳга куфр келтирадиларми?» дейишди.
«Эрларига куфрони неъмат қилишади. Яхшиликка куфрони неъмат қилишади. Агар улардан бирига умр бўйи яхшилик қилсанг ҳам, сўнгра сендан бир (ёқмайдиган) нарса кўрса, сендан ҳеч яхшилик кўрганим йўқ, дейди», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намозда озгина амал жоиз эканлиги. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кусуф намозида қўлларини узатиб бир бир нарсани ушлаганлар, сўнгра чўчиб, орқага тисарилганлар. Бу ҳолни у зотга иқтидо қилиб намоз ўқиётган саҳобаи киромлар кўрганлар. Шунинг учун намоздан кейин бу ҳолда савол беришган.
2. Бировдан содир бўлган тасарруфни тушунмаса сўраш жоизлиги.
3. Жаннатнинг ҳозирда борлиги, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрганлари.
4. Жаннат мевалари борлиги, улардан бир шингилни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушлаб кўрганлари.
5. Агар жаннат мевасини бир шингил бу дунёда бўлса, уни дунё тургунча еса ҳам тамом бўлмаслиги. Чунки, жаннатнинг ҳамма нарсаси боқийдир.
6. Фоний дунёда боқий нарса бўлмаслиги. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз жаннатдаги шингилни ушласалар ҳам узиб олмаганлари.
7. Дўзахнинг ҳозирда борлиги ва уни Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўрганликлари.
8. Дўзахнинг даҳшатидақа даҳшат ва қўрқинчидақа қўрқинч бу дунёда йўқлиги.
9. Дўзах аҳлининг аксари хотинлар экани.
10. Олим кишидан баъзи нарсаларни, нима учун? деб сўраш мумкинлиги.
11. Аллоҳга куфр келтирмаган кишилар ҳам дўзахга тушишлари.
12. Яхшиликни инкор қилишга ҳам куфр сўзини ишлатиш мумкинлиги.
13. Эрига куфрони неъмат қилган хотин дўзахга тушиши аниқ нарса экани.
14. Яхшиликка куфрони неъмат қилиш дўзахга тушишга сабаб бўлиши.
15. Аёлларнинг арзимаган нарса учун бутун яхшиликларни унутиб юборишлари.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди, деб туриб узун ҳадис келтирган ва жумладан, қуйидагиларни айтган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сизга ваъда қилинган нимаики нарса бўлса, ҳаммасини ушбу намозимда кўрдим. Батаҳқиқ, дўзахни келтирилди. Ана ўша, олови менга тегмасин, деб орқа тисарилганимни кўрганингиздир. Ҳаттоки, унда илмоқли асо эгасини ҳам кўрдим. Дўзахда ичакларини судраб юрибди. Илмоқли асоси ила ҳожиларни ўғирлар эди. Агар билиниб қолса, илмоқли асомга илиниб қолибди дер эди. Агар ғофил қолинса, олиб кетар эди. Унда ҳаттоки мушук соҳибасини ҳам кўрдим. У аёл мушукни боғлаб қўйиб, то ўлгунича унга таом ҳам бермаган, ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормаган эди. 
Сўнгра жаннат келтирилди. Бу нарса, мени олдинга юрганимни кўрганингизда бўлди. ўз мақомимда турдим, қўлимни чўзиб, сизнинг назар солишингиз учун унинг мевасидан олмоқчи бўлдим. Сўнгра, менга буни қилмаслик зоҳир бўлди. Бас, сизга нимаики ваъда қилинган бўлса, ҳаммасини ушбу намозимда кўрдим», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан, аввалги ҳадисдагидан зиёда равишда, олинадиган фойдалар: 
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунёдалик вақтларида охиратда бўлиши ваъда қилинган ҳамма нарсалар кўрсатилгани.
2. Арзимаган бўлса ҳам ўғрилик жуда ёмон нарса экани. Чунки, эгри асонинг учи билан оз нарса ўғирлаш мумкин. Лекин, ўша эгри асо билан ўғрилик қилган одам дўзахда ичаклари судралиб юриши осон нарса эмас. Шунинг учун бировнинг ҳаққидан қўрқиш керак.
3. Ҳайвонларни азоблаш ҳаром экани, бу иш дўзахга тушишга сабаб бўлиши.




ЧОШГОҲ НАМОЗИ 

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят: «У чошгоҳ намози ўқиётган қавмни кўриб қолиб: «Булар намоз ушбу соатдан бошқасида афзал эканини билмасмикинлар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аввабийнларнинг намози теваларнинг оёғи куйганда бўлади, деганлар», деди». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бу гапни Қубо аҳлининг қуёш чиққан пайтида чошгоҳ намозини ўқиётганларини кўриб қолиб айтганлар. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг фикрларича чошгоҳ намози ўқимоқчи бўлган одам ушбу ҳадисда васф қилинган пайтда ўқигани афзал. Бу пайтда қуёш ерни қиздириб кичик бўталоқ теваларнинг оёғини куйдирадиган даражага етиб қолади.
«Аввабийн» дегани кўп тавба қилувчилар, дегани. Демак, чошгоҳ намози, аввабийнлар намози ҳам деб аталар экан. Ушбу намоз ҳақидаги барча далилларни яхшилаб ўрганган фуқаҳоларимиз чошгоҳ намозининг вақти, эрталаб нафл намоз ўқиш ҳалол бўлган вақтдан бошлаб, то заволгача, деганлар. 
Жумҳури уламоларимиз, жумладан, тўрт мазҳаб соҳиблари ҳам, чошгоҳ намози суннатдир, деганлар.
Демак, бизлар ҳам ҳаётимизда бу суннатни татбиқ қилмоғимиз керак. Чоштгоҳ намози ўқиб юрмоғимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилганимиз бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар; Ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, икки ракъат чошгоҳ намозини ва ухлашимдан олдин Витр ўқимоғимни», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу фахр билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни халилим, холис синалган дўстим, деб атамоқдалар. Ушбу ҳадиси шарифда уч нарсага тарғиб қилинмоқда: 
1. «Ҳар ойда уч кун нафл рўза тутмоқ». 
Бу масала «рўза» китобида батафсил келади. ўшанда, Аллоҳ хоҳласа, ҳар ойда уч кун нафл рўза тутмоқ йил бўйи рўза тутишга тенг эканини ҳам ўрганамиз. Ҳозир эса ушбу набавий васиятга амал қилмай юрган, ҳар ойда уч кун нафл рўза тутишни бошлашимиз керак.
2. «Икки ракъат чошгоҳ намози». 
Бу намоз аввабийнлар намози эканини олдинги ҳадисда айтилди. Бу ҳадисда эса чошгоҳ намозини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий васиятлари сифатида васф қилинмоқда. Келаси ҳадиси шарифларда яна бир қанча васфлари келади иншааллоҳ. Биз эса, бу набавий васиятга ҳам амал қилишга ўтиб, авваллари бу намозни ўқимай юрган бўлсак, ушбу ҳадисни ўрганганимиздан кейин ўқишга ўтишимиз лозим.
3. «Ухлашдан олдин Витр намози ўқиш». 
Ҳа, мусулмон инсон кечаси таҳажжуд намозига туришга ишончи йўқ, ухлаб қолишдан қўрққан бўлса, ухлашидан бевосита олдин Витр намоз ўқиб ётиши керак. Биз бу набавий васиятга ҳам ҳаётимиз бўйича амал қилишимиз зарур.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чошгоҳ намозини тўрт ракъат ўқир эдилар ва Аллоҳ хоҳлаганича зиёда қилар эдилар». Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз тўрт ракъат ва ундан ва ундан кўп чошгоҳ намоз ўқиганлари айтилмоқда.

Умму Хониъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни чошгоҳ намозини саккиз ракъат ўқидилар. Ҳар икки ракъатда салом берардилар». 
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(Умму Ҳониъ)нинг уйига Макка фатҳи куни кириб, ғусл қилиб саккиз ракъат намоз ўқидилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 
1. Сафарда ҳам чошгоҳ намози ўқиганлари.
2. Бировнинг уйида ғусл қилиб, намоз ўқиганлари.
3. Чошгоҳ намозини гоҳида саккиз ракъат ўқиганлари келиб чиқади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сабоҳда сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади. Бас, ҳар бир тасбиҳ садақадир, ҳар бир таҳмид садақадир, ҳар бир таҳлийл, (лаа илаҳа иллаллоҳ) садақадир ва ҳар бир такбир садақадир. Амри маъруф садақадир. Наҳйи мункар садақадир. ўшаларнинг ўрнига чошгоҳ да икки ракъат намоз ўқиш кифоя қиладир», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Абу Довуд ва Аҳмаднинг лафзида: «Сабоҳда сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади. Учраган одамга салом бериш садақадир. Амри маъруф қилиши садақадир. Наҳйи мункар қилиши садақадир. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаши садақадир. Аҳлига жинсий алоқа қилиши садақадир. ўшалар ўрнига чошгоҳ даги икки ракъат намоз кифоя қилур», дедилар».
Шарҳ: Уйқудан эсон омон туриб, уч юз олтмиш бўғини ишга тушиб кетиши ҳар бир инсон учун катта бахт, улуғ неъмат. Мўмин мусулмон инсон ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога муносиб шукр қилиши керак. Жумладан, уйқудан соғ-саломат туриб, уч юз олтмиш бўғини ишга тушиб кетиши жуда катта неъматдир. Бу неъмат учун шукр қилиш керак. Шукр қилганда ҳам ҳар бир бўғин ҳисобига бир садақа қилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 
«Сабоҳда сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади» деганлари шуни англатади.
Садақа, деганда эса пул-мол сарфлашни тушунмаслик керак. Мўмин банда томонидан қилинган ҳар бир яхшилик амал, шариатга мувофиқ амал садақадир.

1. Бир марта, Субҳаналлоҳ, деб тасбиҳ айтиш ҳам садақа. Шу билан бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади.
2. Бир марта, Алҳамдулиллоҳ, дейишлик ҳам садақа. Шу билан бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади.
3. Бир марта, лаа илаҳа иллаллоҳ, дейишлик ҳам садақа. Шу билан бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр-садақа адо этилган бўлади.
4. Бир марта, Аллоҳу Акбар, дейишлик ҳам садақа. Шу билан бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр садақа адо этилади.
5. Амри маъруф қилишлик ҳам садақа.
6. Наҳйи мункар қилишлик ҳам садақа.
7. Йўлда кўринган одамга салом беришлик ҳам садақа.
8. Йўлдаги кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлашлик ҳам садақа.
9. Иффат ва солиҳ фарзанд талабида жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилиш ҳам садақа.

Шу ва шунга ўхшаш солиҳ амалларни қилиб мусулмон одам ҳар бир бўғини учун кунда қилиши керак бўлган садақаларни адо этади.
Бу маънода айниқса чошгоҳ намози жуда ҳам қулай бўлади. Икки ракъат чошгоҳ намози ўқиган одам уч юз олтмиш бўғин учун қилиши лозим бўлган садақани адо этган бўлади. Чунки, намоз пайтида инсоннинг барча бўғинлар ишга тушади.
Бу ҳадисда чошгоҳ намози ниҳоятда фазилатли экани баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам бу намозни доимий суратда ўқиб юришга одатланишимиз лозим.

Нуъайм ибн Ҳаммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла, Эй, Одам боласи, наҳорнинг аввалидаги тўрт ракъатла мени унутма, сен учун у(наҳор)нинг охирини кифоясини қилурман, дейди», деганларини эшитдим». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Одам боласи! Наҳорнинг аввалида Менга тўрт ракъат рукуъ қил, Мен сенга охирини кифоясини қилурман», дейилган.
Шарҳ: Аввало, ушбу ривоятнинг ровийси Нуъайм ибн Ҳаммор розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 
Нуъайм ибн Ҳаммор Атафоний аш-Шомий, ҳадисларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва Уқба ибн Омир ал-Жуҳанийдан ривоят қилдилар. Бу зотдан Абу Идрис Хувлоний, Қайс ал-Жузомий, Кусайр ибн Мурра ал-Ҳазрамий, Қатодалар ривоят қилишди. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта саҳиҳ соҳиблари ўз китобларига киритилган.
Ушбу ҳадисдаги зикр қилинаётган намоздан, чошгоҳ намози ирода қилинмоқда. Демак, ким эрталабдан тўрт ракъат чошгоҳ намози ўқиб олса, кун давомида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоятида бўлар экан. 
Биз ҳам кун бўйи Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоятида бўлмоқни истасак доимо чошгоҳ намоз ўқишга одатланайлик.

Муоз ибн анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то, чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни Салотуш Шуруқ - Шуруқ намози ҳам дейилади. Шуруқ, дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли чоғ экани ҳақида олдинги ўрганган ҳадисларимиздан ҳам кўплаб маълумотлар олганмиз.
Бу ҳадиси шарифда ҳам Бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳнинг зикри билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга шуруқ намози ўқишга ҳам қизиқтирилмоқда. Аввал айтилганидек, шуруқ намози чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтдаги намозидир. Ҳадисда Бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам зарур. Саҳар чоғи Аллоҳнинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли ишдир. 
ўтган салафи солиҳлар бу ишга алоҳида эҳтимом берганлар. Бир гуруҳ ҳожиларнинг йўлини арслонлар тўсиб қолибди. Мазкур йўли тўсилган ҳожилар ичида буюк тобеъийнлардан Товус розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Қарама-қаршилик уч кун давом этибди. Уч кунгача арслонлардан қўрқиб бирор киши мижжа қоқа олмабди. Кейин арслонлар кетишибди. Саҳар чоғи экан. Ҳамма Бомдодни ўқиб ўзини уйқуга урибди. 
Ухлашни хаёлига ҳам келтирмаётган Товус розияллоҳу анҳуга, уч кун мижжа қоқмадингиз, бироз ухлаб олсангиз яхши бўлар эди, дейишибди. Шунда у киши, бу пайтда ухлаб бўлмаса керагов, деб, зикрни давом эттирган эканлар.
Бизнинг давримиз аҳли солиҳлари сийратида ҳам шу одат мулоҳаза қилинади. Бу пайтда ер юзида навбатчилик қиладиган фаришталар алмашаётган бўладилар. Бу вақтда ухлаш, ғофил бўлиш ва бошқа бефойда ишлар билан машғул бўлиш мўмин одамга тўғри келмайди. Саҳарда ибодат қилганларнинг ризқи улуғ, ухлаганларнинг ризқи тор бўлади.
Ҳозирги тараққий этган илм ҳам саҳар вақтининг фазилатли эканини тасдиқламоқда. Саҳар чоғида ултра бинафша нурлар тарқалган вақт бўлар экан. ўша нурлар инсон учун жуда ҳам фойдали экан. 
Хўш, ўша нурлардан энг кўп фойда оладиган шахс Бомдодни жамоат билан ўқиб қуёш чиққунча Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, кейин икки ракъат намоз ўқиган шахс бўлмаса ким бўлар эди?
Ҳа, бу ҳадисга доимий равишда амал қилишга одатланишимиз лозим.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйидан таҳорат қилган ҳолида фарз намозга чиқса, унинг ажри эҳром кийган ҳожининг ажрича бўлур. Ким чошгоҳ намозига чиқса, фақат унинг учунгина чиқса, унинг ажри умра қилувчининг ажрича бўлур. Бир намоз билан иккинчи намоз орасида беҳуда нарса бўлмаса иллиййин китобидадир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввал ўрганган нарсаларимиз билан бир қаторда чошгоҳ намозининг савоби бир умранинг савобига тенг келиши баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, бир намоз билан иккинчи намоз орасидан беҳуда нарса бўлмаса иллиййин китобидадир, деганлари, ўша амалнинг савоби иллиййин китобига ёзилади, деганларидир. Иллиййин китоби эса, олий мақом китоб бўлиб, унга муқарраб фаришталар шоҳид бўлурлар. 
Демак, икки фарз намози орасида ёки бир фарз, бир суннат намози орасида беҳуда сабаб бўлади. Бундоқ ҳолнинг энг афзал кўринишларидан бири Бомдод намози билан шуруқ намози орасини зикр билан ўтказишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар». Термизий ривоят қилган.


ЗАВОЛ СУННАТИ 

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пешиндан олдинги, бир салом билан бўлган тўрт ракъат намозга осмон эшиклари очилур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Термизийда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш заволга кетгандан сўнг, пешиндан олдин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар ва: «Албатта, бу соатда осмон эшиклари очилур, ана ўшанда менинг солиҳ амалим унга кўтарилишини яхши кўрурман», дер эдилар», дейилган.
Шарҳ: Мазкур намоз Пешиннинг тўрт ракъат суннати эмас. Алоҳида мустаҳаб намоз бўлиб, завол суннати номи ила машҳур. Бу намознинг ҳикмати ҳадиси шарифда очиқ-ойдин айтилмоқда.


кейинги...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов