"."
Меню

Намоз хакида хадислар

 ТАСБИҲЛАР НАМОЗИ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга: «Эй, Аббос! Эй, амаки! Сенга ато берайми? Сенга марҳамат қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Қачон сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сени гуноҳингни; аввалгиси-ю охиргисини, қадимгиси-ю янгисини, хатоси-ю, қасдданини, кичиги-ю каттасини, сирини-ю ошкорини мағфират қилади. ўша ўн хислат; тўрт ракъат намоз ўқимоғинг. Ҳар ракъатда фотиҳаи китобни ва бир сура ўқийсан. Қачон биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлсанг, турган ҳолингда: «Субҳаналлоҳи Валҳамду лиллаҳи Валаа илаҳа иллалоҳу Валлоҳу акбар» деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда уларни ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва уларни сажда қилган ҳолингда ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб) уларни ўн марта айтасан. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буни тўрт ракъатда ҳам қиласан. Агар, бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шуни қил. Агар қила олмасанг, ҳар жумада бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Агар сен ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсанг ҳам, албатта, у ила сенга мағфират қилинур» деган жумла зиёда қилинган. Абу Довуд ривоят қилган.
Термизийнинг иборатида: «Агар гуноҳларинг қумтепа мислича бўлса ҳам, Аллоҳ уларни сендан мағфират қилади», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизийдан бошқа, Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Хузайма, ал-Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Ибн Муборак, Табароний, ал-Хатиб, ал-Ожурий, Абу Саъид ас-Самъаний ва Абу Мусо ал-Мананий ва Имом Бухорий «Жузул Қуръон»да, ривоят қилган.
Ибн Абу ас-Сайф ал-Яманий «ал-Ламъа фии рағоиби явмил Жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: 
«Тасбиҳлар намозини Жума куни завол пайтида ўқимоқ мустаҳабдир. Биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин «Такасур»ни ўқийди, иккинчисида «Вал Аср»ни, учинчисида «Кофирун»ни, тўртинчисида «Ихлос»ни» ўқийди, деб туриб охирида ўқийдиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
Абу Усмон ал-Хайрий аз-Зоҳид: «Қийинчиликлар ва ғам ғуссалар учун Тасбиҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим», деган.

 


ТАВБА НАМОЗИ 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан ўзи хоҳлаганича наф берадиган одам эдим. Қачон у зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Албатта, шаън шулки, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ила ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракъат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.
Ушбу ҳадислардаги бош масала шундан иборат. Лекин, эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, бундан бошқа муҳим масалалар ҳам борлигини билиб оламиз. 
Ана шундоқ масалалардан бири ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг: «Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам. Аллоҳ менга ундан ўзи хоҳлаганича наф берадиган одам эдим», деган гапларида ўз аксини топгандир.
ўйлаб кўринг. Эшитган ҳар ҳадисдан наф топиш. Бу қандай бахт!
Бу қандай саодат! 
Бундай олий мақомга эришиш осонми? 
Бундай пурсаодат ҳаётга соҳиб бўлиш учун нималар қилиш керак? 
Ихлос қилиш керак. Амал қилиш керак. 
Ҳадисларни пухта ва аниқ ўрганиш керак.
Ушбу ҳадисда мулоҳаза қилинадиган муҳим масалалардан яна бири айнан ўша ихлос, амал ва ҳадисларни пухта ўрганишга боғлиқдир. 
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қайси саҳобийдан ҳадис эшитсалар, ўша ҳадиснинг тўғри эканига қасам ичиши талаб қилишлари айнан шуни кўрсатади. 
Маълумки, саҳобаларнинг адолатларига, зеҳнларининг ўткирлигига, ишончли кишилар эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Лекин, шундоқ бўлса ҳам ҳазрати Али ҳадис айтган ҳар бир кишидан қасам ичишни талаб қилганлар. Чунки, ҳадисни эшитиб қўйиб кетаверадиган нарса эмас. Унга иймон келтириш, амал қилиш керак. Ҳадиси шариф инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсани баён қилиб беради. Қуръонни шарҳлайди, қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатади. Ҳамда бошқа кўплаб хизматларни адо этади.
Шунинг учун дин илмини кимдан олаётганига катта эътибор ва аҳамият бериш ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Диндорликни, фидойиликни, олимликни, устозликни даъво қилувчилар жуда ҳам кўп. Улар ҳар хил бўладилар. Кўплари бузуқ фикрли ва ғаразгўй бўлишини тажриба кўрсатиб турибди. Шунинг учун Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги, тақводор, инсофли, ҳақиқий олим кишидан илм олиш керак.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни эшитган, ўрганган ҳар бир ҳадисдан кўплаб наф оладиган, илмни ишончли манбаълардан оладиган бандалардан қилсин. Бандалик билан баъзи хатоларни содир этган чоғимиз, дарҳол тавбага шошиладиганлардан қилсин. Тавбаларимизни қабул қилсин.




ИСТИСҚО НАМОЗИ 

Шарҳ: «Истисқо» сўзи арабча сўз бўлиб серобчилик, суғориш талаб қилиш маъносини англатади. Одатда, кутиб турилган сувнинг келиши кечикса уни талаб қилишга айтилади. 

Истисқо уч хил бўлади. 
Биринчиси, ёлғиз-ёлғиз ёки жамоат бўлиб дуо қилиш. 
Иккинчиси, намоздан кейин дуо қилиш. 
Учинчиси, икки ракъат намоз ўқиб, Жума хутбасига ўхшаш икки хутба айтиб серобчилик сўраш. Сероб бўлгунча қайта-қайта истисқо қилинаверади.

Аллоҳ таоло: «Ва Мусо ўз қавмига серобчилик талаб қилганини эсла: Бас, Биз, асонгла тошни ур, дедик. Бас, ундан ўн иккита булоқ отилиб чиқди», деган.
Шарҳ: Ушбу ояти каримадан Ислом умматидан аввалги умматларда ҳам истисқо бўлганлиги кўриниб турибди. 
Мусо алайҳиссалом бошчиликларидаги Бани ИсроилТийҳда, саҳрода адашиб қолганда, жуда ҳам қаттиқ чанқаганларида, у зот ўз қавмлари учун Аллоҳдан сув сўраганлар. Ўшанда Аллоҳ таоло у зотга, қўлингдаги асонг билан тошни ур, деб амр қилган. Мусо алайҳиссалом асолари билан кийимларини олиб қочган тошни урганлар. Ўшанда у тошдан ўн иккита булоқ отилиб чиққан. Чунки, бани Исроил ўн иккита сибт - қабила - дан иборат эди.

Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мени Валид ибн Утба Мадинага амир бўлиб турганда Ибн Аббоснинг хузурига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истисқо намозлари ҳақида сўраш учун юборди. Бас, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини хор тутган ҳолларида, товозуъ ва тазарруъ қилган ҳолларида намозгоҳга чиқдилар. Кейин минбарга кўтарилдилар. Сизларнинг мана бу хутбаларингизга ўхшатиб, хутба қилмадилар. Лекин, дуо, тазарруъ ва такбирда бардавом бўлдилар. Кейин ийдда ўқийдиганга ўхшатиб икки ракъат намоз ўқидилар», деди». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ривоят соҳиби Исҳоқ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Исҳоқ исмли бу киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан эдилар. Абдон исмли киши, Холид ибн Абдурраҳмон орқали, Исҳоқ ривоят қилган ҳадисларни жамладилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Ислом умматининг илм денгизи, лақабини олган эдилар. У киши бор жойда биров илмдан оғиз оча олмас эди. Мана, ўша даврда Мадинаи Мунавварага амир бўлган Валид ибн Утба розияллоҳу анҳу ҳам, ўзлари билсалар ҳам, атрофларидан кишилар билса ҳам, янада таъкидлаб олиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига Исҳоқ розияллоҳу анҳуни юбориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Истисқо намозлари қандоқ бўлганинни сўрамоқдалар. 
Ислом умматининг илм денгизи Абдуллоҳ ибн Аббос эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истисқо намозлари қандоқ бўлганини васф қилиб бериш давомида, ўша вақтда бўлган баъзи ўзгаришни, хутбани бошқача қилишни, танқид ҳам қилиб ўтмоқдалар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳукмдорлар уламоларни ҳурмат қилиб улардан ишларни қандоқ қилиб шариятга, суннатга мувофиқ бўлиши ҳақида сўраб, маслаҳат олиб туришлари кераклиги.
2. Истисқо учун чиқадиган кишилар ўзларини хору-зор тутмоқликлари кераклиги. Бу нарса кийинишда, юриш-туришда, ўзини тутишда ва муомалаю бошқа нарсаларда кўзга кўриниб туриш керак. Чунки, бировга иши тушган одам, ўша одамнинг олдида ўзини хор тутса иши осон битади. Аллоҳга иши тушиб, У зотдан сув, серобчилик сўраш илинжида турганлар ҳам ўзларини хор тутсалар иншааллоҳ ишлари осон битади.
3. Истисқо учун чиқадиган кишилар тавозуъли бўлишлари кераклиги. Чунки, товозуъ ҳамда дуо, бир нарса сўраш одобларидан ҳисобланади.
4. Истисқо учун чиқадиган кишилар тазарруъ ила туришлари. Чунки, бу иш тазарруъ-Аллоҳга чин дилдан қаттиқ ёлборишсиз битмайди.
5. Истисқо намозгоҳда бўлгани яхшилиги. Пайғамбар алайҳиссаломнинг намозгоҳлари Мадинадан минг зироъ масофа узоқда бўлган. Чунки, истисқога ҳамма аҳоли, ҳатто эмузукли бувакларни ҳам, уй ҳайвонларини ҳам олиб чиқиб, уларнинг ҳам хору-зор, муҳтож эканларини изҳор қилиб туриб истисқо - серобчилик сўраш - амалга оширилади. Бу ҳолат, албатта, шаҳар ичидаги масжидда юзага келмайди.
6. Аввал имом минбарга чиқиб, узоқ вақт давомида дуо, тазарруъ ва такбирда бўлиши кераклиги. Албатта, қавм имомга қўшилиб туради.
7. Жамоат билан ийд намозига ўхшаш икки ракъат намоз ўқиш, Ҳанафий мазҳабида ийд намозига ўхшатиб қироатни ошкора қилинадию, аммо зиёда такбирлар айтилмайди. Бошқа мазҳабларда такбирлар ҳам айтилади. Қолган ҳамма нарсаларни худди ийд намоз каби бўлади.

Абдуллоҳ ибн Язийд ал-Ансорий, у билан бирга Баро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳумлар истисқога чиққанлар. Бас, у (Абдуллоҳ) минбарсиз, оёқда тик туриб истиғфор айтди. Кейин икки раъат намоз ўқиди. Қироатни ошкоро қилди. Азон ҳам, иқома ҳам айтмади». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинаётган истисқо ҳодисасини олтмиш тўртинчи ҳижрий санада Куфада бўлиб ўтган. Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳу Куфага Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу томонидан амир қилиб қўйилган эдилар. Ёғингарчилик бўлмай қолганда, шаҳар четига чиқиб истисқо қилганлар. Мазкур икки улуғ саҳобийлар биргаликда Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳунинг раҳбарликларида адо этилган истисқо намунали бўлгани учун ҳам имом Бухорий буни ўз китобларида келтирганлар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Истисқога мусулмон, тақводор амир ва аҳли фазл кишилар бошчилик қилсалар яхши бўлиши.
2. Тик турган холда тавба-тазарруъ ила истиғфор айтиш истисқо учун зарурлиги.
3. Истисқо намози икки ракъат бўлиши.
4. Истисқо намозида қироат ошкоро бўлиши.
5. Истисқо намозида азон ҳам, иқома ҳам бўлмаслиги. Бу намозга, жамоат намозга, деб даъват қилинади.

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан, у киши ўз амакиси розияллоҳу анҳудан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни истисқо қилгани чиққан кунлари кўрдим. Одамларга орқаларини қилиб, қиблага юзланиб дуо қилдилар. Сўнг ридоларини айлантирдилар. Кейин бизга имом бўлиб икки ракъат намоз ўқидилар. Ўша икки ракъатда қироатни ошкора қилдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадига фойдалар:
1. Имом қиблага қараб ихлос ила дуо қилиши, истисқо намозидан олдин бўлиши кераклиги. Бу ишда имомнинг орқасида турган қавм ҳам астойдил иштирок этиши лозим. Чунки, қиблага юзланиши дуонинг одоби ва қабул қилиниши шартларидан биридир.
2. Имом ридосини тескари қилиши кераклиги. Тескари, деганда одатда ўнг елкада турадиган тарафини чап елкага, чапдагисини ўнгга қилиб олиш тушинилади. Яна, этагини елкага, елкани этак томонга алмаштириш ҳам тушинилади. Истисқо ҳақидаги кўплаб ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шундоқ қилганлири қайта-қайта ривоят қилинган. Бунда ҳозирги турган қурғоқчилик, қахатчилик ҳолимиз, томом ўзгарсин, деган ишорат бордир.
3. Истисқо намози икки ракъат бўлиши.
4. Истисқо намозида қироат ошкоро бўлши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир дуода қўлларини юқорига кўтармас эдилар. Фақат истисқода қўлтиқлари оқи кўрингунча кўтарар эдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак, истисқо пайтида тазарруъ ва истижони энг юқори чўққига чиқариш керак экан. Дарҳақиқат, қурғоқчилик, сувсизлик катта мусийбат. Бу балога гирифтор бўлган ўлкаларга ризқу-рўз камайиб, очарчилик бўлиб наботот, ҳайвонот ва инсоният олами ҳалокатга учрайди. Қурғоқчилик даҳшатли офот экани ҳаммага маълум. Бу балога вақти-вақти билан ҳар-бир ўлка дучор бўлиши мумкин. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг синови. 
Хўш, ушбу синовга одамлар қандоқ муносабатда бўладилар? 
Бузуқ эътиқодли ўлкалар ва халқлар бузуқ муносабатда бўладилар. 
Баъзилари турли бут ва санамларга, сохта худоларга қурбонликлар, хайр-эҳсонлар қилишга ўтадилар. Ҳатто инсонларни қурбон қилиш одатлари ҳам бўлган.
Худосизлик ҳукм сурган юртларда эса бу синов «табиат инжиқлиги», деб номланади. Ҳамда ўша «табиат инжиқлиги»ни «енгиш» учун «кураш» бошланади. Натижада мазкур «кураш» оқибатида йиллар ўтгандан кейин ўша юрт-эл бошига қурғоғчиликдан ҳам кўра қаттиқроқ бало офотлар ёғишини тажриба кўрсатди.
Исломда эса, ҳамма нарса Аллоҳдан, деб билинади. Турли бало-офотлар, жумладан қурғоқчилик ҳам Аллоҳнинг синови, бандаларга эслатма, огоҳлантириш, деб эътиқод қилинади. 
Шунинг учун бошқа мусийбатли ҳолатлардаги каби, қурғоқчиликда ҳам, Аллоҳнинг ўзига илтижо қилинади. Турли услублар ила Аллоҳга муҳтожлик аломатлари кўрсатилади. 
Шунинг учун ҳам истисқо намозига шаҳардан ташқарига, саҳрога чиқилади. Бутун аҳоли чиқади. Қари кишилар, беморлар, ёш болалар, ҳатто ҳайвонлар ва уларнинг болалари ҳам олиб чиқилади. Оналарни болаларидан ажратиб қўйиб турилади. Буларнинг ҳаммасида хору-зорлик аломати бордир. Мазкур тоифадаги кишилар қурғоқчиликдан энг кўп зарар тортадиган тоифалар бўлиши билан бирга уларнинг дуолари қабул ҳамдир.
Имом Баззор қилган ривоятда: 
«Эмузукли болалар, рукуъдаги обидлар ва ўтлоқдаги ҳайвонлар бўлмаганида устингизга азоб шундоқ ҳам қуйилар эдики!» дейилган.
Имом Бухорий қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Фақат заифларингиз туфайлигина ризқлантириласизлар ва нусрат оласизлар», деганлар.
Имом ал-Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:
«Сулаймон алайҳиссалом истисқо қилгани чиқдилар. Бас, чалқанча ётиб олиб, Эй, бор Худоё, албатта, биз сенинг махлуқларингиздан бир махлуқмиз. Биз Сенинг ризқингдан беҳожжат эмасмиз, деб дуо қилаётган чумолини кўрдилар. Шунда Сулаймон алайҳиссалом: 
«Қайтинглар, батаҳқиқ, сиздан бошқанинг дуоси ила сероб бўлдингиз», дедилар», дейилган.
Ҳозир баъзи Ислом ўлкаларида истиқсо намози амалда мавжуд. Лекин, баъзи бошқа Ислом юртларида, хусусан, Аллоҳнинг динидан ўзоқлашган юртларда бу намоз йўқ. Худосизлик ҳукм сурган юртларда эса, истисқо намозидан кейин серобчилик бўлиб, одамларга яхшилик етса, худога ишониб кетадилар, натижада биз худолик даражасидан тушиб қоламиз, деб ҳукмдорлар истисқо намози ҳақида ўйлашга ҳам ижозат бермаганлар.
Энди ўша ўлкаларда ҳозир ҳукм суриб турган турли бидъат хурофотлар ўрнига истисқо намозини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ жорий қилиш керак.

ИСТИСҚО ХУТБАСИ МАТНИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмғир қаҳатчилигидан шикоят қилдилар. Бас, У зот минбар (ўрнатиш)га амр қилдилар. Намозгоҳга У зот учун (минбар) қўйилди. У зот одамлар ила чиқиладиган кунни ваъдалашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёшнинг қоши кўринганда чиқдилар. Минбарга ўтириб, такбир айтдилар ва Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтдилар. Сўнгра: «Албатта, сизлар диёрингиздаги қурғоқчиликдан ва сиздан ёмғир ўз вақтидан кечикканидан шикоят қилдингиз. Батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жалла сизларни Унга дуо қилишга амр қилгандир ва дуоларингизни ижобат қилишга ваъда қилгандир», дедилар. Сўнгра: «Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин. У Раҳмони Раҳиймдир. Жазо кунинг эгасидир. Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. У нимани ирода қилса шуни қилур. Эй, бор Худоё, сен Ўзингдан бошқа илоҳу маъбуд йўқ зотсан! Сен беҳожатсан. Биз ҳожатмандмиз. Бизга нажот ёмғирини тушир. Бизга туширган нарсангни бир вақтгача қувват ва етуклик қилгин», дедилар. 
Кейин икки қўлларини кўтардилар. Ҳаттоки икки қўлтиқлари оқи кўрингунча кўтардилар. Сўнгра одамларга орқаларини қилдилар ва ридоларини тескари қилдилар. Кейин одамларга юзландилар ва тушиб икки ракъат намоз ўқидилар.
Бас, Аллоҳ бир булут пайдо қилди. Момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақди. Сўнгра Аллоҳнинг изни ила ёмғир қуйди. У зот масжидларига келмасдан сел кета бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг тезлик билан панага қочаётганларини кўриб кулган эдилар, ақл тишлари кўриниб кетди. Кейин эса: 
«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканлигига ва мен Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканимга гувоҳлик берурман», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган. Ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда нафақат истисқо хутбаси матни балки, истисқо бошидан охирагача, ҳатто натижасигача батафсил васф қилинмоқда. Ушбу ривоятнинг ҳар бир сўзи фойдадан холи эмас. Лекин, аввалги ривоятлардан зикр қилинмаган фойдаларни қисқача эслаб ўтайлик:

1. Ислом давлати фуқароларнинг давлат раҳбарига қурғоқчиликдан шикоят қилиши жоизлиги.
2. Одамлар шикоят қилганда раҳбар жавоб чораси кўриши кераклиги.
3. Истисқо намозига олдиндан тайёргарлик кўриб, намозгоҳга минбар ўрнатиш. (бошқа керакли нарсаларни ҳам ҳозир қилиш). Вақтни олдиндан белгилаб қўйиш кераклиги.
4. Истисқо намозининг вақти қуёш чиққандан кейин бўл иши. Худди ийд намози вақти, истисқо намозига ҳам вақтдир.
5. Имом минбарга чиқиб такбир ва ҳамду сано айтмоғи лозимлиги. Уламоларимиз такбир, ийд хутбасида айтиладиган такбир каби бўлади, дейдилар. 
Ҳанафий ва Моликий мазҳабларида такбир ўрнига истиғфор айтиш яхши Чунки, мақом шуни тақозо қилади, деганлар.
6. Истисқо намози қисқа, одамларни дуо ва илтижога тарғиб қилишни, Аллоҳдан ёлбориб нажот ёмғири сўрашни ўз ичига олган бўлиши керак.
7. Истисқода қўлларни икки қўлтиқ ости кўрингунча баланд кўтариб илтижо ила дуо қилиш керак.
8. Имом қиблага юзланиб дуо қилиши ва ридосини тескари қилиб ёпиниши керак.
9. Кейин имом минбардан тушиб икки ракъат намозни одамлар билан ўқиши.
10. Истисқони Аллоҳ дарҳол қабул қилиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг ҳурматларидандир.
11. Одамларнинг тезлик билан панага қочишлари эса сабрсизликларидандир.
12. Истисқодан сўнг серобчилик бўлганда Аллоҳга шукр айтиш кераклиги. Ривоят охиридаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гувоҳликлари шунга далолат қилади.

ИМОМ ОДАМЛАРНИНГ ИСТИСҚО ҲАҚИДАГИ ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРАДИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумада хутба қилиб турганларида ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, чорволар ҳалок бўлди, йўллар кесилди. Аллоҳга дуо қилинг!» деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар». Бошқа бир ривоятда: 
«Бас, У зот қўлларини кўтариб:
«Эй, бор Худоё! Бизга нажот (ёмғири) бер! Эй, бор Худоё! Бизга нажот (ёмғири) бер! Эй, бор Худоё! Бизга нажот (ёмғири) бер!» дедилар. Бас, Жумадан жумагача ёмғирда қолишди. Шунда ҳалиги одам келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқилди. Йўллар қирқилди. Чорполар ҳалок бўлди», деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, бор Худоё! Тоғлар ва адирлар устига, водийлар ичига ва дарахтлар ўсадиган жойларга», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Эй, бор Худоё! Атрофимизга, бизнинг устимизга эмас!» дедилар. Ўшанда, (булутлар) Мадинадан худди кийим ечилгандек суғурилиб кетди. Унинг атрофига ёға бошлади. Унга бир қатра ҳам ёғмай қўйди. Мадинага назар солсам, худди гул билан ўралган тошдек бўлиб турган экан».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда истисқонинг яна бир тури ҳақида сўз кетмоқда. Бу турдаги истисқо Жума куни минбарда имомнинг дуо қилиши билан бўлади. Бу ҳадиси шариф ушбу бобдаги энг машҳур ҳадис ҳисобланади. Ундан кўплаб фойдалар олинади:

1. Кўпчилик фойдаси учун Жума хутбаси қилаётган имомга гапириш мумкинлиги.
2. Қурғоқчилик ва унинг туфайли келган зарарлар ҳақида шикоят қилиш мумкинлиги.
3. Аҳли солиҳ кишилардан дуо сўраш жоизлиги.
4. Имомга истисқо ҳақида шикоят қилинганда, Жума хутбаси ичида истисқо дуоси қилиши мумкинлиги.
5. Истисқо дуосини икки қўлни кўтариб туриб қилиш.
6. Дуони уч марта такрорлаш яхшилиги.
7. Зарарни даф қилиш ҳақидаги дуо таваккулга хилоф эмаслиги.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ўрнидан дарҳол қабул бўлиши.
9. Дуони одоб ила қилиш кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёмғирни тўхтатишни эмас, керакли жойларга ёғдиришни сўрашлари шуни кўрсатади.





НАМОЗНИНГ ВАҚТЛАРИ ҲАҚИДА 

Бу ҳадисдан ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бир вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб бўлмаслиги ҳам чиқади. Келаси ҳадисда эса, ҳар намознинг вақти батафсил баён қилинади.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиброил тушиб менга имом бўлди. Бас, у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, деб бормоқлари билан бешта намозни ҳисоб қилдилар». Бошқа бир ривоятда: 
«Сўнгра мана шунга амр қилиндим», дедилар» деган зиёда бор». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийcи Абу Масъуд розияллоҳу анҳу билан олдин ўтган бир ҳадисда яқиндан танишиб олганмиз.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг фарз қилган намозлари беш вақт эканини, ҳаммасининг алоҳида-алоҳида вақти бор эканини таъкидламоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жиброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга имом бўлиб, қандоқ намоз ўқишни ўргатганлари.
2. Янги намоз ўқувчига биладиган одам бирга ўқиб кўрсатиши афзаллиги.
3. Ҳар намоз ўз вақтида алоҳида ўқилиши.
4. Намозни ўз вақтида ўқиш Аллоҳнинг амри экани.

Бу ҳадисдан ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бир вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб бўлмаслиги ҳам чиқади. Келаси ҳадисда эса, ҳар намознинг вақти батафсил баён қилинади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас улардан биринчисида Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра Хуфтонни шафақ ғоиб бўлганда ўқиди. Сўнгра Бамдодни фажр ярақлаб рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада Пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги Аср вақтида ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра Хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра Бамдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жиброил менга ўгрилиб қаради-да: 
«Эй, Муҳаммад, манашу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди», дедилар». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 
«Жиброил алайҳиссалом менга Байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди», деганлари, Байтуллоҳнинг олдида икки кун беш вақтдан намозга имомлик қилди, деганларидир. Бунинг ҳадиси шарифда келган кейинги жумлалардан фаҳмлаб олиш қийин эмас. 
«Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди» деганлари, қуёш заволга кетиб ҳар бир нарсанинг сояси туша бошлаганда ўқиди, деганларидир.
Маълумки, қоқ туш пайти бўлиб қуёш тик бўлганда соя энг қисқарган пайти бўлади. Қуёш оға бошлаганда эса, соя узаяйиши бошланади. Арабистондаги ковушлар ўзига хос бўлиб тасмалари устида ингичка қайиши бўлади. Демак, нарсаларнинг сояси ўша қайиш тасмача бўлганда, яъни, энди узайишни бошлаганда Пешин намозининг аввалги вақти кирган бўлади.
Ҳадиси шарифдан тушунилишича Жиброил алайҳиссалаом биринчи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беш вақт намозни ҳаммасини энг аввалги пайтида ўқиб берганлар. Иккинчи куни эса, энг охирги вақтида ўқиб берганлар. Сўнгра:
«Эй, Муҳаммад, манашу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди»

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пешин намозининг вақти қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси узая бошлагандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйи мислича бўлгунча.
Бу икки вақтдан ташқарида Пешин намози вақти бўлиши мумкин эмас.
2. Аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи мислича бўлгандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар бўлгунча бўлади.
Бу вақтдан, яъни, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки мисл бўлгандан кейин, Асрнинг вақти чиқмайди. Балки Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этади. 
Ушбу ҳадисда Жиброил алайҳиссалом Асрнинг афзал вақтини кўрсатиб берганлар. Бошқа ҳадисларда Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этиши очиқ-ойдин баён қилинган.
3. Шом намозининг вақти қуёш ботгандан бошланади ва Хуфтон вақти киргунча давом этади. 
Аммо, Жиброил алайҳиссалом икки кунда ҳам бир хил вақтда, қуёш ботганда ўқиб берганлари, энг афзал вақт шу эканига далолат қилади.
4. Хуфтон намозининг вақти шафақ ғоиб бўлгандан бошлаб тонг отгунча. 
Лекин бу ҳадисда кечанинг учдан бири ўтганда ўқилиши энг афзал вақт эканлигини кўрсатади.
5. Бамдод намозининг вақти тонг отгандан бошлаб қуёш чиқишни бошлагунча.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир намознинг вақти энг аввали билан охири вақтининг энг афзали кўсатилган.
Аслида эса, Бомдоддан бошқа намозларнинг вақти бир-бирига улашиб кетади. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас У зот: «Бамдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, Пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан, Асрнинг вақти киргунча, Аср намозининг вақти қуёш сарғайиб аввалги шохи ботгунча, Шом намозининг вақти қуёш ғоиб бўлганда шафақ тушгунча, Хуфтон намозининг вақти кечанинг ярмигача», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Очиқ ойдин кўриниб турибдики, бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан, ҳар бир намознинг охирги вақтини баён қилмоқдалар. Эҳтимол савол намозларнинг охирги вақти ҳақида бўлган бўлса керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни баён қилиб, Шомнинг охирги вақти шафақ ғойиб бўлгунча бўлса ҳам олдинги вақтида ўқиш яхшилигини баён қилган бўлишлари мумкин. Хуфтоннинг охирги вақти ушбу ҳадис айтилган пайтда кечанинг яримигача, деб баён қилинган бўлса ҳам, кейинчалик тонг отгунча экани айтилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди. 
Бас, У киши: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган пайтда, Асрни қуёш тирик турганда, Шомни қуёш ботганда, Хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса, кечроқ, Бамдодни тонг қоронғусида ўқир эдилар», деди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг бу жавобларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзлари мулоҳаза қилган тажрибани баён қилмоқдалар. У кишининг айтишларича Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Пешин намозини заволдан кейин қуёш қиздирган пайтда ўқир эканлар. 
Арабларда бу вақтни «Ҳожира» дейилади. Бунда ҳижрат маъноси бўлиб, ҳаво исиб кетгани учун ҳамма ишини ташлаб уйига қараб ҳижрат қиладиган-қочадиган вақти бўлади.
«Асрни қуёш тирик турганда» ўқир эканлар. 
Бу қуёшни ранги ҳам, иссиқлиги ҳам ўзгармай турганда, яъни, ботишига яқинлашмай туриб, деганидир. Кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин каби Аср намозини ҳам олдинги вақтида ўқиган эканлар.
«Шомни қуёш ботганда» ўқир эканлар. 
Бу ҳам бошқа намозлар каби биринчи-дастлабки вақтида ўқишдир.
«Хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса кечроқ» ўқир эканлар. 
Хуфтонда вақт бемалол бўлгани, иш ёки дам олишга шошилиш йўқ бўлгани мулоҳаза қилинар экан. Жамоат етарли бўлса, эртароқ, бўлмаса, одам кўпайишини кутиб, кечроқ ўқилар экан.
«Бамдодни тонг қоронғусида ўқир эдилар». 
Тонг отгандан кейинги қоронғули даври ҳам Бамдод намозининг олдинги вақти ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Беш вақт намозини вақтларини билиш.
2. Намозни вақти кириши билан ўқишга шошилиш кераклиги. 
Бошқа ривоятларда Пешинни бир оз ҳаво совуганда, Бамдодни ёруғлик яхши тарқаганда ўқиш ҳам зикр этилган.
3. Жамоатни кўпайтиришни кутиб туриш жоизлиги.
4. Олим кишилардан савол сўраб туриши кераклиги.
5. Сўралган нарсанинг ўзига жавоб бериш жоизлиги

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини ўқиганларидан кейин, аёллар муртларига ўралиб чиқиб кетишар, қоронғуликдан танилмас эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: «Мурт» жундан бўлган аёлларга хос кийим. Бу ривоятда ҳам Бамдод намозини олдинги вақтда ўқиш одати борлиги айтилмоқда. 
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жамоат намозига аёллар ҳам қатнашганликлари зикр қилинмоқда. Бу масала иншааллоҳ кейинроқ батафсил ўрганилади. 
Ҳадиси шарифда яна, жамоат намозига келган аёллар эркаклардан олдин чиқиб кетиб, ўзларини танитмасликлари зикр қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган ҳолда бўлганида ўқир эдилар. Унда олтмиш олтидан юз оятгача қироат қилар эдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
«Сунан» эгалари қилган ривоятда: «Бамдодни ёруғлик яхши тарқалганда ўқинг. Бас ўшанинг ажри улуғдир», деганлар».
Шарҳ: Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларини ўша вақт воқеълигидан келиб чиқиб тушунилади. 
У вақтларда масжидда чироқлар бўлмаган. Шунинг учун Бамдод вақтида масжидда ўтириб ёнидаги одамни таниб оладиган бўлишини, тонгнинг отганидан қанчалик ўтганидан кейин Бамдод ўқилишига ўлчов қилинмоқда. 
Шу билан бирга, жуда ортга суриб қуёш чиқишига яқинлаштириб юбормаслигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоздаги қироатлари олтмиш оятдан юз оятгача миқдорда бўлишини ҳам зикр, қилиб қўймоқдалар. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилмай дона-дона қилиб, ҳар оятнинг охирида тўхтаб, қироат қилар эдилар.
Сунан китоблари эгалари томонидан ривоят қилинган зиёдада эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдодни тонг яхши ёришганда ўқишнинг ажри улуғлигини зикр қилмоқдалар.
Ҳанафий мазҳабида мана шу ривоятда амал қилинади. Шунинг учун, аввал ўтган ҳадислардан бирини ўқиб олиб, дарҳол Ҳанафийларни сўкишга шошилмаслик керак. 
Шунингдек, бошқалар ўз мазҳаби бўйича олдинги вақтда ўқисалар, уларни ҳам хатода айбламаслик керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй, Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозини ҳаво бир оз совуганда ўқишни тавсия қилмоқдалар. Қуёш тик туриб, ҳаво роса қизиган пайтда масжидга бориб, умуман, қаерда бўлса ҳам намоз ўқишда, маълум қийинчиликлар бўлади. Ана ўшаларни енгиллаштириш учун ҳавонинг шашти бир оз қайтганда намоз ўқиш ҳам осон, ҳам енгил бўлади. 
Бу ҳам Ислом динининг кишиларга осонлик туғдиришига далилдир.
Кейин эса, нима учун намозни совутиб ўқиш тавсия қилингани баён қилинмоқда.
«Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир». 
Уламоларимиз ҳадисдаги бу ва бундан кейинги жумлалар ҳақиқатми ёки мажозми? деган масалада турли фикрлар айтганлар. 
Баъзилари, бу ҳақиқатдир, ҳавонинг шиддатли исиб кетишига жаҳаннамдан қайнаб чиққан иссиқлик сабаб бўлади, деганлар.
Лекин кўпчилик уламолар, бу ҳақиқат эмас, мажоздир. Араб тилида мажоз кўп ишлатилади. Бир нарсани ифодали қилиб тушунтириш учун бошқа нарсага таъллуқли кўчма маъно ишлатилади, дейдилар.
Дарҳақиқат, араб тилидан бошқа тилларда ҳам бу маъно бор. Баъзи вақтда, бирор пайт ёки жойда иссиқ ҳаддан ташқари бўлиб кетганини ифода этиш учун, «ўзиям дўззах бўлиб кетди-да!» дейилади. Бу ўша вақт ва жойни дўзахга айланиб қолганини эмас, қаттиқ исиб кетганини билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам худди ана шу маъно ишлатилмоқда. Ҳаво шиддатли исиганда, жаҳаннамнинг иссиғидан тарқалдек бўлиб кетади. Бу иссиқда намоз ўқишга ҳаракат қилган одам қийналиб кетади, дейилмоқда.
«Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй, Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди».
Яъни, дўзахдаги иссиқнинг кучлигидан дўзахнинг ўзи ҳам шикоят қиладиган даражага етди.
Бу ҳам мажоз орқали дўзах нақадар иссиқ эканини баён қилишдир. 
«Бас унга икки нафасга изн берди».
Яъни, Аллоҳ таоло дўзахга икки марта нафас олиб чиқаришига рухсат берди. 
«Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».
Яъни, ёзда ҳам қишда ҳам ҳавонинг ўзгариб қийинчилик туғдириб туриши бор, деганидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шиддатли иссиқ пайтида Пешин намозини бир оз кечиктириб ўқиш яхшилиги. 
Чунки, ҳадисда гап Пешин намози ҳақида кетмоқда.
2. Жаҳаннамнинг ҳозирда мавжудлиги.
3. Бир нарсани тушунтириш учун мажозни ишлатиш мумкинлиги.
4. Намозга белгиланган муддат чегарасида об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш жоизлиги.
5. Ислом динининг енгиллик дини эканлиги.


Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намознинг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, қишда беш қадамдан етти қадимгача бўлар эди». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Пешин намозининг бошлаш вақти ҳақида сўз кетмоқда. Ёзда соя уч ёки беш қадам миқдорича, қишда беш ёки етти қадам миқдорича бўлганда Пешин намозининг ўқиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан.
Албатта, бу, Мадинаи Мунавварага тегишли гап. Чунки, минтақанинг экаватор чизиғига яқин ёки узоқлигига қараб соялар ҳар хил бўлади. Бу ҳадисни яхшилаб ўрганган уламоларнинг айтишларига унда зикр қилинган миқдорлардан ёзда Пешинга ажратилган вақтни яримида, қишда аввалида ўқилгани келиб чиқади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Асрни ўқиганимиздан кейин биздан бир киши Қубога юриб борса, у ерга қуёш кўтирилиб турганда етиб борар эди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Қубо» Мадинаи Мунавварадан тўрт мил узоқдаги маълум ва машҳур жой.
Бу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг масжидларида Аср намозини олдинги вақтида ўқилиши одат эканлиги чиқади.

Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини (қуёш) парда ортига беркинганда ўқир эдик». Тўртовлари ривоят қилишган. 
Уччовлари қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқиб қайтган биримиз, ўзининг камонининг ўқи тушадиган жойни кўрадиган бўлар эди», дейилган.
Шарҳ: Олдин ҳадиснинг ровийcи Салама розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Салама ибн Амр ибн Сино ал-Акваъ ал-Асламий, кунялари Абу Муслим, икки марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида, ўлимга ва урушдан қочмасликка байъат қилганлардан. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 7 та ғазотда иштирок этган, «Зув-ҳард» номли ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, душманлар зарбасидан сақлаб қолган. 
Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида, Африка ғазотларида иштирок этган, шижоатли, камончи, чиройли хулқли, олижаноб саҳобалардан эдилар.
Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 77 та ҳадис ривоят қилдилар. 
Бу кишидан Мадина аҳлидан кўп жамоатлар, ўғли Иёс, қули Язид ибн Аби Убайд ва бошқалар ривоят қилишди. 
Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Кучлиларимиз ичида энг яхшиси, Салама ибн Акваъдир», деб марҳамат қилганлар.
Ўғиллари Иёс, отам ҳеч ёлғон гапирмас эдилар, деб айтадилар.
Бу зот Мадинада истиқомат қилдилар. Кейин Мадинадан уч мил узоқликда бўлган «Рабза» номли қишлоққа кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 74 санасида 80 ёшларида ана шу ерда вафот этдилар.
Бу икки ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Шом намозини олдинги вақтда ўқишлари ҳақида сўз кетмоқда. 
«(Қуёш) парда ортига беркинганда ўқир эдик» дегани қуёш ботиши билан ўқир эдик деганидир.
Намозни жамоат билан ўқиб чиқан одам ўз камонидан отган ўқни қаерга тушишини кўра оладиган бўлиши ҳам Шомни қуёш ботиши биланоқ ўқилишига далолат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг яримигача суриб туриб ўқидилар. Сўнгра: «Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб ухладилар. Аммо, сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздадирсизлар», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундоқ қилиб ўқишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар». 
Уччовлари ривоят қилишган.
Термизий ривоятида: 
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга Хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки яримигача орқага суришни амр қилган бўлар эдим», деганлар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Гоҳида Хуфтонни ярим кечада жамоат билан ўқиш мумкинлиги.
2. Намозга интизор бўлиб турган одам намозда тургандек экани.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига машаққатни хоҳламаганлари.
4. Имкони бўлганда Хуфтонни ярим кечада ёки кечанинг учдан бири қолганда ўқиш афзал экани.


Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни ва ундан кейин гаплашишни хуш кўрмас эдилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Барза розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абу Барза куняси билан машҳур бўлган бу саҳобани асл исмлари, Назла ибн Убайддир. Басрада таваллуд топдилар. 
Исломга кирганларидан кейин Хайбар, Ҳунайн, Маккани фатҳ этилишида иштирок этдилар. 
Сиффин ва Наҳавон урушларида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб 46 та ҳадис ривоят қилдилар. 
Бу зотдан Ҳасан ал-Басрий, Абу Усмон ан-Наҳдий, Абдуллоҳ ибн Бурайда ва бошқалар ривоят қилишди. 
Абу Барза 65 ҳижрий санада Язид ибн Муовиянинг бошлиқлик даврида вафот этдилар.
Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хуфтон намозига таълуқли икки одатлари ҳақида сўз кетмоқда.
1. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни хуш кўрмас эканлар. Чунки, ухлаб қолиб намоз вақти ўтиб кетиш хавфи бор.
2. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни хуш кўрмас эканлар. Чунки, ҳар кунни яхши амал билан тамомлаш имкони зоеъ бўлади. Шунинг учун ҳам аҳли солиҳ кишилар уйқудан олдин витр намозини ўқишга уринадилар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй, Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл, тенгини топганда», дедилар». 
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қилган ушбу насийҳат-кўрсатмаларида уч нарсани вақти келиши билан дарҳол бажариш афзал экани баён этилмоқда.
1 - «Намозни вақти кирганда». 
Намозни вақти кириши билан ўқиб олиш афзал экани. Ушбу фаслдаги ҳадисларнинг кўпида зикр қилинганини ўргандик.
2 - «жанозани ҳозир бўлганда». 
Мусулмон инсон вафот этса уни тезда ювиб-тараб тупроққа бериш зарур. Бу, ўша ўлган одамнинг ҳурмати бўлади. Бу масала, Аллоҳ хоҳласа. Ўз жойида алоҳида, батафсил ўрганилади.
3 - «Эрсиз аёл, тенгини топганда». 
Бу ишни ҳам ҳеч орқага суриб бўлмайди. Қанчалик тез бўлса, шунчалик яхши. Бу масала ҳам ўз ўрнида Аллоҳ хоҳласа, батафсил ўрганилади.



НАМОЗЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ 


Аллоҳ таоло: «Намозларни, ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», деган (
Шарҳ: Намозни муҳофаза қилиш дегани, уни маҳкам ушлаш, доимо ўз вақтида адо этиш деганидир. 
«Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Уларни иншааллоҳ, келажакда ўрганамиз. Кўпчилик уламолар, ўрта намоздан мурод - Аср намози, деганлар. 
Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида: «Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», дейилмоқда. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди ва: «Эй, Муҳаммад», деди. 
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим. 
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди. 
«Эй, Роббим, билмадим», дедим. 
У зот қўлини икки кифтим орасига қўйди. Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим. Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим. У зот: «Эй, Муҳаммад!» деди. 
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим. 
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди. 
«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедим», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло орасида бўлиб ўтган баъзи бир муомала ва суҳбатларни ҳикоя қилиб бермоқдалар.
Аввал баъзи истилоҳлар билан танишиб олайлик: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди».
Бу тажаллининг қай васфда бўлганини Аллоҳ ва Унинг Расули биладилар, холос. Баъзи уламолар тушда бўлган дейишса, бошқалари ўнгда бўлган, дейишади. Энг яхшиси, лафзини ўрганиб, кайфиятини Аллоҳнинг илмига ҳавола қилганимиз маъқул.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка».
Арабларда бир чақириққа жон деб жавоб беришда ушбу сийға ишлатилади. Луғавий маъноси: «Эй, Роббим! Сенга лаббай устига лаббай дейман, хизматингга тезда тайёрлик устига тайёрлик эълон қиламан», дегани бўлади. 
«Олий тўплам» деб таржима қилган таъбиримиз арабчада «ал-Малаъул Аъло» дейилиб, Аллоҳга муқарраб фаришталар тўпламини англатади.
«У қўлини икки кифтим орасига қўйди».
Бу араб тилидаги мажоз қоидасига биноан айтилган жумла. Аслида, Аллоҳ таолога жисм нисбати бериб бўлмайди. Бу ерда Аллоҳ таолонинг раҳмати, розилиги ва хурсандлиги зоҳир бўлганини мажоз услуби ила ифода этилмоқда. Чунки одатда катта одам ўзидан кичикни раҳм-шафқат қилса, бирор яхши нарса бермоқчи ва ўргатмоқчи бўлса, ундан хурсанд бўлса қўлини елкасига қўяди. 
«Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим». 
Яъни, Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва марҳамати ила кўксим илм-маърифатга, сиру-асрорлар билимига тўлди, хотиржам бўлдим, деганлари.
«Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим». 
Бошқа бир ривоятда: «Бас, осмонлардаги нарсалар-у, ердаги нарсаларни билдим», дейилган.
«Даражотлар» - яъни, бандалар қандоқ қилиб юқори даражотларга эришишлари мумкинлиги тўғрисида тортишмоқдалар.
«Каффоротлар» - яъни, бандаларнинг гуноҳларини қандоқ амаллар каффорот қилиши, ювиши ҳақида тортишмоқдалар.
«Қадамларни жамоатлар томон босиш» - яъни, жамоат намозига қадам босиб боришнинг савоби улуғлиги ҳақида тортишмоқдалар. 
Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. Аммо бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш учун олинган алоҳида тадбир шаклида келмоқда. Ҳадиси шарифнинг бу шаклда келишининг ўзи ажойиб бир руҳоний ҳолатни вужудга келтирмоқда. Маъноларга алоҳида тус ва куч бермоқда.
Бизнинг тасаввуримиздан юқори бир шаклда Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилди ва: «Эй, Муҳаммад», деб нидо этди. 
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедилар ўта хурсанд бўлиб кетган Ҳабиби Роббил оламийн. 
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло, Ўз Пайғамбарига унинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган фаришталар тўплами нима дейишини билмаслигини эсига солиб. Чунки, Аллоҳ маълумот, ахборот олиш учун сўрамайди. У зот ҳар бир нарсани пухта билувчи зотдир. Аллоҳ олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини Пайғамбаримиз билмасликларини ҳам билади. Лекин бу саволи ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўзларининг ҳолини яна бир бор тушунтирмоқда ва ҳамма нарса Ўзининг лутфи марҳамати ила бўлишини яна бир бор намоён қилмоқда.
«Эй, Роббим, билмадим», дедилар Пайғамбари охири замон, олий тўпламнинг гапларидан бехабарликларини эътироф қилиб.
Шунда Роббил Оламийн Ўзининг маҳбуб бандаси, суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзига хос услуб ила Ўз сир-асрорларидан файзу футуҳ ато этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари ва хусусан, қалблари тамоман бошқача бўлиб бу файзу футуҳни тўла ҳис этдилар. У зот ўзларида бирдан улкан ўзгариш бўлганини англаб етдилар. Ҳамма жойдаги нарсаларни, мағрибу машриқдаги, осмонлардаги ердаги барча нарсаларни. Жумладан, олий тўпламдаги нарсаларнинг ҳам билими ҳосил бўлганини сездилар. 
«Эй, Муҳаммад!» деди Аллоҳ таоло, ҳолат ўзгаргандан кейин яна янгидан хитоб бошлаб.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», деб жавоб бердилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жону диллари ила. 
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди-Аллоҳ таоло уларни нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиб турса ҳам, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга берган фазлини изҳор қилмоқчи мўмин-мусулмон бандаларига намознинг фазлини бошқача услуб ила билдирмоқчи бўлиб. Энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ берган файзу футуҳ ила ҳамма нарсани билиб олган эдилар. 
Олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини ҳам жуда яхши билиш даражасига эришган эдилар. Шунинг учун ҳам олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини батафсил баён қилишга киришдилар: 
«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедилар. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилиб туриши. 
Асосан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом орқали алоқа қилиши маълум ва машҳур. Шунингдек илҳом бериб туриши ҳам. Меърожда бевосита сўзлашув бўлгани ҳам маъруф. Бу ерда эса ўзига хос, қандоқлигини фақат Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биладиган тажалли ҳақида сўз бормоқда.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурида олий мақомга эга эканликлари.
3. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турса ҳам баъзи бандаларга хос манфаатлар учун савол бериши.
4. Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий тўплам - муқарраб фаришталар тўплами борлиги.
5. Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа зот билмаслиги.
6. Аллоҳ хоҳласа, бир зумда бандасини файзу футуҳ ила машриқу мағрибдаги нарсаларни биладиган қилиб қўйиши.
7. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга файзу футуҳ ила мағрибу машриқдаги, осмонлару ердаги нарсаларнинг илмини ато қилгани. 
8. Аллоҳнинг файзу футуҳи ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олий тўплам нима ҳақида гаплашаётганларини биладиган бўлганлари.
9. Олий тўплам бандаларнинг даражотлари юқори қиладиган ва гуноҳларига каффорот бўладиган нарсалар ҳақида тортишганликлари.
10. Жамоат намози ўқиш учун босилган қадамлар банданинг даражасини кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
11. Таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш банда даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
12. Намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
13. Намозларини муҳофаза қилиш банданинг бу дунёда яхшилик ила яшаб, яхшилик ила ўлишига, гуноҳларидан онаси туққан кунидек пок бўлишига ва даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиши.

Демак, нафақат ердаги тўпламда, балки осмондаги олий тўпламда ҳам намознинг фазилати ҳақида сўз борар экан. 
Бу дунёда яхши яшашни хоҳласак, намозларимизни бир вақт ҳам қолдирмай, арконларини жойига келтириб, хушуъ-хузуъ билан адо этиб, муҳофаза қилайлик.
Онамиздан туғилган пайтимиздан қанчалик бегуноҳ бўлсак, худди ўша ҳолатга қайтайлик, десак ҳам, намозларимизни муҳофаза қилайлик. 
Бу дунё ва охиратда даражотларимиз юқори бўлсин, десак, намозларимизни муҳофаза қилайлик. 
Масжидларга қатнаб жамоат намози ўқиш учун қадамларимизни кўпайтирайлик. 
Таҳоратимизни доимо яхшилаб қилайлик. 
Бир намозни ўқиб бўлиб иккинчисини интизорлик билан кутайлик. 

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдилар-да: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз. Шуни қилинг, дедилар-да «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ» айт оятини ўқидилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоздан мурод Бомдод намози, қуёш ботишидан олдингиси эса Аср намозидир.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 

1. Охиратда намозхон бандалар Аллоҳ таолонинг жамолини, худди тўлин ойни кўргандек қийналмасдан кўришлари ҳақ экани.
2. Бомдод ва Аср намозларининг ўта аҳамиятли экани.
3. Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор билан қараш лозимлиги. Чунки, уйқу ва бошқа нарсалар бу икки намозни ўз вақтида адо этишга монеъ бўлиб туради.
4. Гапирилган маънога Қуръондан далил келтириш яхшилиги.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ Бомдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда, қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун муҳим омилни амалга оширган бўламиз.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида: 
«Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», дейилган. 
«Икки совуқ намоз»дан мурод ҳам Бомдод ва Аср намоздир. 
Баъзи уламолар, Бомдод ва Хуфтон, деганлар. Ушбу ҳадисларда Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг сабаблари бор. Аввало бу икки намознинг вақти, Ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар тўпларининг алмашиши учун жамланадиган вақтдир. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ таоло, бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди. 
Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, Бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, Аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда бўлади. Ким бу икки намозни ўз вақтида адо этса, жаннатга дохил бўлади.




ХАЛО ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА 

Изоҳ: «Хало» деганда қазои ҳожат тушунилади. Инсон қазои ҳожат қилаётганида холи қолиши учун хало, дейилган. ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, бориш жойига борадиган бўлсалар, узоқлашиб кетар эдилар», деганлар». «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу билан танишиб олайлик:
Муғийра ибн Шўъбанинг кунялари Абу Абдуллоҳдир. Бу саҳоба олдинига Исломга қарши бўлиб, кейинчалик Хандақ йили Исломни қабул қиладилар ва Ҳудайбия ғазотида иштирок этади-лар. 
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб, 136та ҳадис ривоят қилдилар.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Муғийрани Басрага ҳоким қилиб тайинладилар. Сўнг бу амалдан бўшатиб, Куфага амирлик курсисига ўтказдилар.
Усмон ибн Аффон халифалик даврларида ҳам Муғийрани Куфа амирлигида қолдирдилар. 
Кейинчалик бу ишдан бўшаб, Ямома, Ямрук ғазотлари ва Шом, Ҳамадон, Наҳованд фатҳларида иштирок этдилар. Муовия даврида Куфа амирлигига яна қайта ўтирдилар.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг қазои ҳожатдаги одатлари ривоят қилинмоқда. У ки-ши қачон қазои ҳожат қилмоқчи бўлсалар иложи борича одам-лардан узоқлашиб кетар эканлар. 
Маълумки, ўша пайтларда дунёнинг ҳеч қаерида қазои ҳожат учун қурилган алоҳида жойлар ёки белгиланган одоб-ахлоқ бўлмаган. Ислом динида уят-айб, аврат бекитиш, гуноҳ каби ту-шунчалар бўлганидан, дунё тарихида биринчи бўлиб, бундоқ нарсалар мусулмон жамиятида тартибга солина бошлаган. Бу бобда ўрганадиган баъзи ҳадисларимиз шу борадаги биринчи қадамлар ҳисобланади.
Демак, халонинг одобларидан бири очиқ жойда бўлса, иложи борича узоқроқ жойга бориб, қазои ҳожат қилиш керак.

Абу Довуд қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки «ташқарига» чиқишни хоҳласалар, то биров кўрмайдиган бўлгунча кетар эдилар», дейилган.
Шарҳ: Демак, қазои ҳожат қилаётган кишининг бировга кўринмаслиги керак. Уламоларимиз унга овоз ва ҳидни ҳам қўшганлар. Яъни, қазои ҳожат қилаётган одамдан чиққан овозни биров эшитмаслиги, ҳиди димоғига кирмаслиги керак.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ортларига мингаштириб олиб, бир сир гапни айтдилар, уни одамлардан ҳеч кимга айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатлари учун тўсиқ қилишни энг яхши кўрадиган нарсалари, дўнглик ёки хурмо боғи девори эди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ал-Қураший, оналари Асмаа бинти Умайс. Оталари ва оналари Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Ҳабашистон ерида Исломда биринчи туғилган бола Абдуллоҳ ибн Жаъфар бўлдилар.
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишганда, Абдуллоҳ ҳам оталари билан ҳижрат қилдилар. Бу зот Али билан Муовия ўрталарида бўлган Сиффийн жангида Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳазрати Али аскарлари устидан бошлиқ бўлдилар. Абдуллоҳ ҳалим ва сахий зотлардан эдилар. Шунинг учун «сахийлар денги-зи» деб ном олган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Оналари Асмаа ва амакилари Али ибн Абу То-либлардан ҳам ривоят қилдилар.
Бу зотдан Исмоил, Исҳоқ, Муовия, Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр ва бошқалар ри-воят қилишди. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳижратнинг 80-санасида (милодий 700 йил) 92 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Мадина амири Молик ибн Марвон жаноза намозини ўқидилар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳунинг бу ривоятлари икки қисмга бўлинади. 
Биринчи қисмида бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ўз орқаларига мингаштириб олиб, бир сир гап айтганлари ва у гапни ҳеч кимга айтмасликлари баён қилинди. Бу билан Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ўзларини Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳбуб киши эканликлари-ни билдирадилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг уловларига у кишининг ортларида мингашиб юриш кат-та бахт. Бунинг устига ҳеч кимга айтма, деб сир гап айтишлари ҳам катта гап. Эҳтимол, ўша сир гап Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳунинг ўзларига тегишли бўлса керак, ҳеч кимга айтмаганлар.
Ҳадиснинг иккинчи қисми эса бевосита биз ўрганаётган боб-га тегишли. Пайғамбаримиз одатда кўпроқ баланд дўнглик ёки хурмо боғи девори панасига ўтиб қазои ҳожат қилар эканлар. Бу ҳам қазои ҳожат одобларидан. Унга мусулмонлар ҳам доимо риоя қилиб келганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг узукларида «Муҳаммадур-Расул-уллоҳ» деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб бо-сар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар. Шунга биноан Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръон билан ха-лога кириб бўлмайди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар: «Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хабаиси» - («Эй, бор Худоё, сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман)», дер эдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган ушбу ҳадиси шарифдан халога киришдан олдин ўқиладиган дуони ўрганиб оламиз. 
Ушбу дуони хало очиқ жойда бўлса, қазои ҳожатга тайёрла-наётган вақтда, махсус жойда бўлса, унга киришдан олдин ўқиш керак. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони доимо ўқир эдилар. Эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шуки, одатда хало жойида Аллоҳнинг номи зикр этилмагани учун эркак-урғочи шайтонлар у жойни ўзига қароргоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳдан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин. Шунинг учун ушбу ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, халога киришдан олдин ўқишни одатга айлан-тириш ҳар бир киши учун зарурдир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жинларнинг кўзлари билан одам боласининг аврати орасидаги тўсиқ, қачон бирларингиз халога кирса, Бисмиллаҳи, демоғидир», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда аввалги ҳадисга қўшимча келмоқда. Одам боласи халога киришдан олдин «Бисмиллаҳ»ни айтса, унинг авратини жин-ларга кўрсатмайдиган тўсиқ бўлар экан. 
Уламоларимиз иккала ҳадисни жамлаб, халога кираётган одам: «Бисмиллаҳи, аъузу биллаҳи минал хубуси вал хабаиси», дейиши керак, дейдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳожатни ирода қилсалар, кийимларини кўтармас. Уни ерга яқинлаштирар эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган ушбу ривоятда хало одобларидан яна биттаси баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари очиқ жойда қазои ҳожат қилганларида ҳеч кийимини кўтармасдан, уни ерга теккизиб қилар эканлар. Албатта, бу иш аврат кўриниб қолмаслиги учун қилинади. Бу ишни ҳар бир му-сулмон ҳам қилиши керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб гаплашавермасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда хало одобига хилоф нарсалар ҳақида сўз бормоқда. Ҳадиси шарифда айтилишига биноан, икки киши бир-бирига яқин жойда қазои ҳожат қилмаслиги, авратини очмаслиги ва гаплашмаслиги керак экан. 
Умуман, бировга яқин жойда қазои ҳожат қилиш, авратини очиш ёки қазои ҳожат вақтида гаплашиш тўғри келмайдиган иш. Бундоқ ишни қилиш қанчалик ёмон эканлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур», деган гапларидан ҳам тушуниб олса бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатаётганларида бир киши яқинларидан ўтаётиб салом берган эди, алик олмадилар».
Шарҳ: Аввалги ҳадислардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одам кўрмайдиган жойга боришларини билган эдик. Уларда сийган вақтларида узоққа кетмас эдилар, де-ган гап йўқ эди. Шундан мазкур салом берган одам йўловчи бўлиб, билмасдан ўтиб қолган бўлади. 
Ҳадисдан, таҳорат ушатаётган одамга салом бериб бўлмаслиги, салом берган одамга таҳорат ушатаётган одам алик олмаслигини билиб оламиз. Бундан олдинги ҳадисда оддий гап ҳам гапириб бўлмаслиги айтилган эди. 
Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатиб бўлиб, бориб таҳорат қилганлар. Сўнгра келиб, салом берган одамга узр айтганлар. Таҳоратсиз ҳолда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилишни ёқтирмадим, де-ганлар. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олий ахлоқларининг ёрқин далилидир. Аслида бундай ҳолатда умуман, гапириб бўлмайди. 
Уламолар фақат ноилож қолганда, ҳалокатга кетаётган кўр одамни огоҳлантиришга ўхшаш ҳолатлардагина қазои ҳожат қилаётган одам гапирса бўлади, дейишган.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юз-ланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарқга ёки ғарбга қаранглар», дедилар». 
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абу Айюб куняси билан машҳур бўлган бу улуғ саҳобанинг асл исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Хазражийдир. 
У киши Нажжор қабиласидан эдилар. Исломга ҳижратдан олдин кириб, иккинчи Ақаба байъатида иштирок этдилар. 
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этдилар. Сиффийн, Жамал урушида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз шахсий уйларига тушиб, яшашларини исташар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса туялари танлаган ерга тушишларини айтдилар. Шунда туя тўғри бориб, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйи тўғрисида тўхтади. Ана шу пайтда ансорлар назарида Абу Айюбдан кўра бахтлироқ киши то-пилмас эди.
Бу зот ҳаммаси бўлиб, 155та ҳадис ривоят қилдилар ва бу ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу душманларга қарши жиҳодда урушишни жуда ҳам севар эдилар. Язид ибн Муовия билан Қустантиния (Истанбул)ни фатҳ этишлик учун отландилар. Кета туриб, йўлда касал бўлиб қоладилар. Язид қайтариб юбормоқчи бўлганда унга Аллоҳнинг «Инфиру хифаф-ав ва сиқала» оятини келтириб, «Мени ҳам ўзинглар билан олиб ке-тинглар», деб айтадилар. Язид бу кишини ўзи билан олиб кетади. 
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 52 сана-сида (672-милодда) Қустантинияда вафот этадилар. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг қабрларини ҳатто, румликлар ҳам зиёрат қилишарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида хало одобларининг энг муҳимларидан би-рини ўргатмоқдалар. Бу ҳам у кишининг сиз билан бизга меҳрибонликлари, ҳар бир нарсада мукаммал бўлишимизни хоҳлаганларидандир. 
Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: 
«Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юз-ланмасин», дедилар.
Демак, қазои ҳожат қилаётган одам қиблага қараб ҳам, қиблага ортини қилиб ҳам, қазои ҳожат қилмаслиги керак.
Ҳадисдаги шарқга ёки ғарбга қаранглар, деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилгандир. Улар шарқга ёки ғарбга қарасалар қибла ён томонларида қолади. Бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарбда бўлиши мумкин. Уларга бу гап тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб, қазои ҳожат қилмасликлари зарурлигидан шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният та-рихида Ислом биринчи бўлиб, бу ишларни тартибга солишни бошлаган. Масаланинг жиддийлигидан бу иш ҳақида Ислом ша-риатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида, албатта, «хало одоблари» боби бўлади.
Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши қуйидагиларни айтадилар: 
«Мушриклардан баъзилари истеҳзо ила: 
«Оғайниларингизнинг сизларга қандоқ қилиб бўшанишни ҳам ўргатаётганини кўряпман», деди. Мен: 
«Тўғри, У киши бизга қиблага юзланмасликни, ўнг қўлларимиз билан тозаланмасликни, учтадан кам тош ишлатмас-ликни ва чиқинди ишлатмасликни амр қилганлар», дедим».
Ҳа, Ислом бу ишларни жиддият билан бошлаганда бошқалар истеҳзо қилар эди. Кейинчалик мусулмонлар бошқа юртларга борганларида бу ишларни ўша юртларнинг одамларига ўргатишар эдилар. Кўплаб мусулмон саёҳатчилар, тожирлар бошқа юртларда тозалик, поклик, шахсий гигиенага амал қилинмаслигини кўриб, бу ҳақда ажабланиб ёзганлар. Жумладан, машҳур олим Ибн Жубайр русларнинг ҳолини кўриб, уларнинг ифлосликларидан ҳайрон қолганини ҳужжат-далиллар билан ёз-ган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши: «Ҳафсанинг уйи устига баъзи иш билан чиққан эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиблага орқа қилиб, Шомга қараб қазои ҳожат қилаётганларини кўрдим». Бошқа бир ривоятда: 
«иккита ғишт устида ўтириб», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни уламоларимиз атрофлича тек-шириб ўрганиб чиқганлар. Улар баҳсларининг хулосаси, ушбу ҳадисдаги иш фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг ўзларига хосдир. Шу билан бирга Ибн Умар кўрган бу иш қўрғоннинг ичида бўлгандир.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз, хало макони бино ичида бўлса, қиблага қараш ёки орқани қилишнинг ҳечқиси йўқ деган-лар.
Ҳозирда таҳоратхоналарни бино шаклида қилиш урф бўлиб кетди. Ана ўша таҳоратхоналарни қураётган пайтда ўтирганда чап тарафни қиблага қилиб ўтирадиган қилиш лозим. Ана шунда одобга тўлиқ риоя қилинган бўлади.
Агар хонадон эгасидан аввалги кишилар бошқача қилиб қўйган бўлса, бузиб бошқа қилишнинг ҳожати йўқ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг ахлатхонасига келиб, тик туриб сийдилар. Сўнгра сув чақирдилар. Мен у кишига сув олиб келдим. Таҳорат қилдилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисни ҳам уламоларимиз атрофлича ўрганганлар. 
Шайх Имом Муҳйис Сунна қилган ривоятнинг охирида: «Бу узр учун бўлган эди», деганлар. 
Кўпчилик шу фикрни тасдиқлайди. Ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларининг ич қисмида жароҳат бўлгани туфайли ўтира олмаганлар. Аслида эса, доимо ўтириб сийганлар. Саҳобаларни ҳам тик туриб сийиш-дан қайтарганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тик туриб сияётганимни кўриб: «Эй Умар, тик туриб сийма», дедилар. Шундан кейин ҳеч тик туриб сиймадим», дейдилар.
Имом Аҳмад, Термизий ва Насаийлар қилган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: 
«Ким сизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тик ту-риб сияр эди, деса, тасдиқ қилманглар. У киши фақат ўтириб сияр эди», деганлар.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз сийса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан истинжо қилмасин, идиш ичига нафас олмасин», дедилар». Ушбу беш ҳадис беш асл китобда ривоят қилинган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абу Қатода розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абу Қатода куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг асл исмлари Ҳорис ибн Рабийъ Ансорий ал-Хазражийдир. 
У киши Исломда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг чавандозларидан эди. Бадр жангида иштирок этганликлари тўғрисида ихтилофлар бордир. Лекин Уҳуд ва бошқа ғазотларда иштирок этдилар. Бу зот ғазотларнинг бирида юзларидан жароҳатландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, муборак қўллари билан жароҳат бўлган жойларини силаб қўядилар. Шундан кейин Абу Қатода розияллоҳу анҳу бирор марта урилмайдилар ҳам, жароҳатланмайдилар ҳам. 
Ҳазрат Алининг халифалик даврларида Маккада волий бўладилар. Сиффийн урушида Али розияллоҳу анҳу билан иш-тирок этдилар.
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз мусулмонларга учта одобни ўргатмоқдалар. Улардан иккитаси хало одобларига тегишли. Биттаси, овқатланиш одобларига тегишли.
1. «Қачонки, бирортангиз сийса, закарини ўнг қўли билан ушламасин». 
Чунки ўнг қўл ҳалол-пок нарсалар, таом учун ажратилган. Нопок нарсаларни ушлашга эса, чап қўл ажратилган. Шунинг учун ҳам сийган пайтда закарни ўнг қўл билан ушламаслик керак.
2. «Ўнг қўли билан истинжо қилмасин». 
Яъни, қазои ҳожат қилгандан кейин орқа-олдини ўнг қўли билан тозаламасин. Чап қўли билан тозаласин.
3. «Идиш ичига нафас олмасин». 
Яъни, бирор идишдан ичимлик ичганда унинг ичига нафас олмасин, идиш ташқарисига қараб нафас олсин.
Бу одобларга доимо амал қилиш керак. Агар айтиш жоиз бўлса, бу нарсалар мусулмонча маданиятнинг белгиларидир. Му-сулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган хусусиятлардан-дир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки лаънатловчидан сақланинглар», дедилар. 
Одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, икки лаънатловчи нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз бормоқда. 
Йўл кўпчилик фойда оладиган жой. Унда кишиларга озор берадиган, кўнгилларини ғаш қиладиган нарсалар бўлмаслиги ке-рак. Агар бирор киши йўлга қазои ҳожат қилиб қўйса, ўтган-кетган одам унга лаънат айтади. Одамлар ўтириб дам оладиган, нафасини ростлайдиган жойлар ҳам худди шундай! Ундай жой-лар ҳам доимо озода сақланиши лозим, бундай жойга қазои ҳожат қилиб қўйган кишини ҳам одамлар лаънатлайдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишни «икки лаънатловчи» деб атамоқдалар.
Мусулмон киши йўлга, соя жойга ва бошқа шунга ўхшаш кўпчилик фойдаланадиган жойларга нафақат қазои ҳожат қилмаслиги, балки ундан бошқа халал берувчи ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча, ундоқ жойларни доимо тоза ва озода сақлашга, кўпчиликка озор берадиган нарсалар бўлса олиб таш-лашга одатланиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-саллам йўлдан кўпчиликка озор берувчи нарсани олиб ташлашни иймоннинг шўъбаларидан бири, деганлар.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта лаънатловчидан; сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввалги ҳадисдаги икки лаънат-ловчига учинчиси қўшилди. Сув бошига, яъни, одамлар сув ола-диган жойлар ва ўша жойга олиб борувчи йўлларга қазои ҳожат қилишдан қайтармоқда. Ким бу ишни қилса, кўпчиликнинг лаънатига учраши таъкидланмоқда. Мўмин-мусулмон одам бу ишни умуман қилмаслиги ва болаларини ҳам бу ишни қилмасликка ўргатмоғи лозим.

Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ердаги тешикка сийишдан қайтардилар. Одамлар Қатодага: «Нима учун ердаги тешикка сийиш ёмон кўрилади?» дейишди. У: «Ўшандоқ жойлар жинларнинг маскани бўлади, дейилар эди», деди». 
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Саржис ал-Музаний Бани Махзум қабиласининг бошлиқларидан. 
Имом Бухорий ва Ибн Ҳиббон айтадилар: «Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлганлар ва Расулуллоҳдан кўп ҳадислар ривоят қилганлар». 
Бу ҳадисларни Муслим ва бошқа имомларнинг китобларидан топса бўлади.
Абдуллоҳ ибн Саржис ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Абу Ҳурайралардан ҳам ривоят қилдилар.
Бу зотдан Қатода, Осим ал-Аҳвал, Усмон ибн Ҳаким, Мус-лим ибн Марям ва бошқалар ривоят қилишди.
Бу ҳадис ердаги тешикларга сийишдан қайтармоқда. Бу қайтаришнинг сабабларидан бирини Қатода розияллоҳу анҳу ба-ён қилиб ҳам бермоқдалар. Ўша тешиклар жинларнинг маскани бўлиши мумкин. Унга сийган одам зарар кўриши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунингдек, ўша тешиклар турли ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг уяси бўлиши ҳам мумкин. Улар ҳам зарар кўриши керак эмас.

Ва у (Абу Довуд) қилган ривоятда: «Қачон сиздан бирортангиз сиймоқчи бўлса, сийиш учун жой танласин», дейилган.
Шарҳ: Яъни, кўринган жойга сийиб кетавермасин. Сиядиган жой юқоридаги ҳадисларда сийишдан қайтарилган жойлар бўлмасин, шунингдек, қаттиқ жой бўлиб, сийдик сачраб, одамнинг ўзига қайтмасин ва ҳоказолар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиқганларида, ғуфронака, дер эдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, халодан чиқишнинг ҳам дуоси бор. «Ғуфронака»нинг маъноси «мағфират қилишингни сўрайман» деганидир. Киши халодалик вақтида ғафлатда бўлиши эътибори-дан ундан чиқганида шу иборани айтади. 




 ТАХОРАТ ВА УНИНГ МУДДАТИ БАЁНИ 

Таҳорат энг Аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлишини аввалги бобларда келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Таҳорат-поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради. 

Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)», деган. (Моида сураси, 6-оят)

Шарҳ: Таҳоратнинг фарзлиги ушбу ояти каримадан олинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини ҳам ушбу оятдан олганлар. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Юзни ювмоқ.
2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювмоқ.
3. Бошга масҳ тортмоқ.
4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ.

Бизнинг тилимизда «Таҳорат» деб ўрганиб қолган маълум ва машҳур нарса арабчада «Вузуъ» дейилади.
«Вузуъ» сўзи луғатда гўзаллик ва ялтираш маъносини билдиради. 
Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга вузуъ - таҳорат деб айтилади.
Таҳорат энг Аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлишини аввалги бобларда келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Таҳорат-поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради. 

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши қуйидагиларни айтганлар: «Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди». 
Бошқа бир ривоятда: «Бас, уч сиқим сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чиқарди» дейилган. 
Яна бошқа бир ривоятда: «Ва бошига уч марта масҳ тортди», дейилган.
Ундан ҳам бошқа бир ривоятда: «Бас, бошига масҳ тортди. Икки қўлини олдинга орқага олиб бориб келди. Бошининг олд қисмидан бошлаб уларни орқасига олиб борди. Кейин яна бошлаган жойига қайтариб келди», дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Ҳумрон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. 
У кишининг тўлиқ исмлари Ҳумрон ибн Холид ибн Амрдир. Айни Тамр номли жойда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга асир тушган. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Ҳумроннинг ҳушёр ва ақл фаросатлигини кўриб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга берганлар. У киши уни қулликдан озод қилиб, ўзларига котиб ва қўриқчи қилиб олганлар. 
Ҳумрон розияллоҳу анҳу Ҳажжожнинг даврида Нисобурга волий бўлганлар. У киши 75 ҳижрий санада вафот этганлар. 
Уламоларимизнинг айтишларича, ушбу ҳадиси шариф таҳоратнинг сифати, унинг ҳукмларини чиқариш бўйича энг асл ҳадис ҳисобланади. Чунки бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бирлари, тўрт халифанинг учинчилари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўпчиликнинг олдида сув олиб келтириб, ҳаммага кўрсатма тарзида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ қилган бўлсалар шундоқ таҳорат қилганлар ва сўнгра қўшимча гаплар билан баён қилиб, таҳоратга тарғиб қилувчи сўзларни ҳам айтганлар.
Энди ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу таҳорат суви чақириб олгандан сўнг таҳоратни қандоқ қилганларини бирма-бир кўриб чиқайлик:
1. «Икки қўлини уч марта ювди». 
Аввалги ўрганган ҳадисларимизда уйқудан турган одам аввал қўлини ювиб олиши зарурлиги ҳақидаги амрни ўрганган эдик. Ҳазрати Усмоннинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларига ўхшатиб қилган бу таҳоратларида ҳам аввал қўлни ювиб олиш зикр қилинмоқда. Ҳолбуки, бу ерда уйқу йўқ. Шундан уйғоқ одам ҳам таҳорат бошлашда аввал қўлини уч марта ювиб олиши зарурлиги кўриниб турибди. Ҳамма уламолар бундоқ қўл ювишни мустаҳаб, деганлар.
2. «Сўнгра оғзини чайқади». 
Ҳадисдан кейин келтирилган қўшимчада, бошқа бир ривоятда оғзини ҳам уч марта чайқаганлари зикр қилинган. Таҳоратда оғизни чайқаш ҳам суннат.
3. «ва бурнига сув олиб тозалади». 
Бошқа ривоятда бурунга сув олгани алоҳида, сувни қайтариб чиқаргани алоҳида уч мартадан бўлгани зикр қилинган. Арабчада бурунга сув олишни «истиншоқ», бурундан сув чиқаришни «истинфор» дейилади. Бу икки амал ҳам суннат ҳисобланади.
4. «Кейин юзини уч марта ювди».
Таҳоратда юзини бир марта ювиш фарз. Оятдаги амрда юзни ювиш таъкидланган. Уч марта ювиш эса суннатдир. 
5. «Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди». 
Икки қўлини чиғаноғи билан ювмоқ ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бу амални қилиш ҳам оятда буюрилган.
6. «Сўнгра бошига масҳ тортди». 
Ҳазрати Усмоннинг бошларига қандоқ қилиб масҳ тортганлари ҳадисга келтирилган қўшимчада батафсил баён қилинган. Яъни, икки қўлларини бошларининг олд қисмига қўйиб туриб бошнинг орқасигача масҳ тортиб, кейин яна олд қисмига қайтариб олиб келганлар.
Бошга масҳ тортиш ҳам таҳоратнинг фарзлиги ҳақидаги оятда келгани учун фарздир. Бошга масҳ тортиш бир марта бўлиши ҳаммага маълум.
7. «Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди». 
Бу амал ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бошга масҳ тортишдан бошқа таҳоратнинг ҳамма амаллари уч мартадан бўлиши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда кўпроқ шундоқ қилар эдилар.
Кейин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди. 
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратни қандай қилганларини кўрдим, ҳозир ўшандай қилиб таҳорат қилиб кўрсатдим, деганлари.
Бундан шаръий амалларни оғзаки тушунтиришдан ташқари амалий равишда кўрсатиб таълим бериш ҳам зарурлиги чиқади. 
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мазкур таҳоратларини қанча одам кўрган бўлса, ҳаммаси яхшилаб ўрганган ва ривоят қилган, китобларга ёзилган, яхшилаб ўрганилган. Мана, ҳозиргача таҳорат бўйича асосий қўлланмалардан бири бўлиб келмоқда.
Демак, ким худди шу ҳадисда васф қилинганига ўхшатиб таҳорат қилса, айнан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб таҳорат қилган бўлади.
Шундан сўнг ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: 
«Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди. 
Албатта, Усмон розияллоҳу анҳу бу гапларни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Олдинги ўтган бобларда шу маънодаги ҳадисларни ўргандик. Бунда эса таҳоратдан кейин ихлос билан икки ракъат намоз ўқиш ҳам қўшилмоқда. Ўша икки ракъат намоз давомида кўнгилдан дунёнинг ишларидан бирортасини ҳам ўтмаслиги кераклиги таъкидланмоқда. Бу таҳоратнинг ва намознинг қанчалик фазилатли амал эканлигини кўрсатиб турибди. Албатта, бунда кечириладиган гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққига боғлиқ кичик гуноҳлардир.

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилиб, икки марта-икки мартадан (ювдилар)».
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим ибн Каъб Нажжорий ал-Ансорий, кунялари Абу Муҳаммад бўлиб (616-683 мелодий) бу зот Бадр, Уҳуд ва бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этдилар.
Абдуллоҳнинг инилари Ҳабиб ибн Зайдни Мусайламатул Каззоб қатл этиб, аъзоларини бурда-бурда қилиб ташлайди. Буни кўрган Абдуллоҳ қасос олишни ният қиладилар. Аллоҳ таоло бу кишини ниятларига Ваҳший исмли саҳоба ёрдамида муваффақ қилади. Улар бир вақтда, бир-бирларидан хабарсиз, ким найза, ким қилич билан ҳужум қилиб, Мусайламатул Каззобни қатл этадилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб, 48та ҳадис ривоят қилганлар. Хусусан таҳоратга тааллуқли ҳадисларни кўпроқ ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зайд ҳижратнинг 63-санасида, 70 ёшга кириб, Язид ибн Муовия давридаги «Ҳарра» воқеасида вафот этдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни таҳоратда аъзоларни икки мартадан ювиш ҳам мумкинлигини билдириш учун шундай қилганлар. Аслида эса уч мартадан ювиш маъқулдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (аъзоларини) бир марта-бир марта (ювиб) таҳорат қилдилар». Иккисини Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам олдинги ҳадисга ўхшаб, аъзоларни бир мартадан ювиб, таҳорат қилиш мумкин эканлиги баён қилинган. Баъзи вақтларда шунга ҳожат тушиб қолиши мумкин, ана шунда бир мартадан ювса ҳам бўлаверади.

Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра: «Таҳорат мана шундоқ, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», дедилар». Насаий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли одамларга ҳеч эринмай шариат амалларини ўргатганларини билиб оламиз.
Аъробий (таълим кўрмаган саҳролик араб) келиб: «Менга таҳоратни ўргатиб қўй», деса ҳам «хўп» деб ўргатаверганлар. Бирорта саҳобийга «сен бунга таҳоратни ўргатиб қўй», демаганлар. Ўша аъробийга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратда аъзоларни уч мартадан ювиб кўрсатганлар ва:
«Таҳорат мана шундоқ, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», дедилар». 
Яъни, таҳорат мана шу мен кўрсатгандек, бундан зиёдаси мумкин эмас, ким зиёда этиб, уч мартадан ошириб юборса, ёмон иш қилган, шариатнинг чегарасидан чиққан ва ўзига зулм қилган бўлади, дедилар. Шундан таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювмаслик кераклиги кўринади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таҳорат қилсалар, кафтларига сув олиб, жағлари остига киритар ва у билан соқолларининг орасига сув етказган ва «Роббим мени шундоқ қилишга амр қилган», дер эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг ривоятида: «Қачон таҳорат қилсанг, икки оёғинг ва икки қўлинг панжалари орасига сув етказ, дер эдилар», деб келган.
Шарҳ: Бу ҳадисда сув етмай қолиш эҳтимоли бор жойлар; жағ остидаги соқол ва қўл-оёқ панжаларига алоҳида эътибор билан қараб ювиш кераклиги таъкидланмоқда. Бу ишга катта аҳамият бермоқ керак.

Муставрад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон таҳорат қилсалар синчалоқлари билан оёқлари панжалари орасини ювганларини кўрдим», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Муставрад ибн Шаддод розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик:
Муставрад ибн Шаддод ибн Амр Қураший ал-Фиҳрий, оналари Даъд бинти Жобир Макка аҳлидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ҳали ёш бола эдилар. 
Аввал Куфада сўнг Мисрда истиқомат қилдилар. Мисрни фатҳ этишда иштирок этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб, 7та ҳадис ривоят қилдилар. Бундан иккитасини Имом Муслим ўз «Саҳиҳ» китобларига киритдилар. Бу зотдан Қайс ибн Абу Ходим, Шаъбий, Абу Абдурраҳмон Хубулий, Абдурраҳмон ибн Жубайр, Али ибн Рабоҳ ва бошқалар ривоят қилишди.
Бу зот ҳижратнинг 45-санасида (665-милодий) Искандарияда вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда оёқ панжаларининг орасига синчалоқ билан сув етказиш кераклиги баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадисда эса бошга масҳ тортиш вақтида икки қулоққа ҳам масҳ тортилиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан собит бўлгани айтилмоқда. Унда икки кўрсаткич бармоқни қулоқларнинг ичига тиқиб туриб, улар билан қулоқнинг ич томони, икки бош бормоқ билан эса уст томони масҳ қилинади. 
Фуқаҳолар ўз китобларида бу ишни айнан ушбу ҳадисга суяниб васф этишган. Фақат улар кўпчиликка осон бўлсин учун ҳадисни тўлиқ айтмасдан қилиниши лозим бўлган ишни айтиб қўя қолганлар, холос. 
Бошқа амалларда ҳам айнан шундоқ эканини, яъни, бирон бир ҳадисга суянилганини ҳурматли ўқувчи мулоҳаза қилиб кўраётган бўлса керак.

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Бас, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда таҳоратда масҳ тортиладиган жойлар ҳақида сўз бормоқда:
1. «Бошларининг олд қисмига».
Ривоятдан кўриниб турибдики, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам салла кийиб туриб таҳорат қилганлар, бошларига масҳ тортганларида ҳаммасига тортмай, салланинг бир томонини кўтариб туриб, бошларининг олд томонига масҳ тортганлар. 
Ҳанафий мазҳаби уламолари ушбу ҳадисни далил қилиб, бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ҳаммасига тортиш фарз эмас, дейдилар. Яъни, киши таҳорат пайтида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортса, таҳорати тўғри бўлади, деганлар. Ундан оз бўлса, таҳорат бўлмайди. Бошқа мазҳаб уламолари бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш керак, деганлар.
2. «Саллаларига». 
Саллага масҳ тортиш бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиб олгандан сўнг бўлган иш эканлиги ривоятнинг ўзида очиқ-ойдин кўриниб турибди. Кўпчилик уламолар бошга масҳ тортмасдан салланинг ўзига масҳ тортиш жоиз эмас, дейдилар.
3. «Икки маҳсиларига масҳ тортдилар».
Бу ҳукмнинг тафсилотини келажакда ўрганамиз, иншааллоҳ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб: «Таҳоратни яхшилаб қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!», деганларини эшитганман», дедилар». 
Бошқа бир ривоятда: «Тавонларга дўзахда ҳалокат бўлсин», дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Ароқийб» - «арқуб»нинг жами бўлиб, араб тилида товон устидаги йўғон пай шу ном билан аталади. 
«Абул Қосим» - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосим исмли ўғиллари бўлган, кичиклигида вафот этган. Ўша фарзандлари исми ила кунялаганлар.
Имом Бухорий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўша одамларнинг тавонларига масҳ тортаётганларини кўриб қолиб, ушбу ҳадисдаги гапларни айтганлар, дейилади.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таҳоратни яхшилаб қилишлик лозим экани.
Бу ҳақда келгуси ҳадисда алоҳида сўз юритилган.
2. Таҳоратда оёқнинг ҳаммасини яхшилаб, сув етказиб ювиш кераклиги.
Бу ҳадисда айни маънога алоҳида эътибор берилиши баъзи тоифалар, хусусан, шийъа мазҳаби ва баъзи зоҳирийлар таҳоратда оёққа масҳ тортилади, дейишларини ботил қилиш учундир.
3. Биладиган одам амалда хатога йўл қўяётган кишини кўрса, тузатиб қўйиши зарурлиги.
4. Эътиборсизлик ила таҳоратда аъзоларнинг баъзи жойига сув етмай қолса, азобга сабаб бўлиши.
5. Тавонларни ювишга алоҳида эътибор бериш кераклиги.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам таҳорат қилиб оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб қолдилар ва: «Қайт, таҳоратингни яхшилаб қил», дедилар. У қайтди ва сўнгра намоз ўқиди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. 
Абу Довуднинг ривоятида: «Таҳоратни яхшилаб қил. Панжалар орасига сув етказ ва рўзадор бўлмасанг бурунга сув олишда муболаға қил», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш, таҳоратда аъзоларни тирноқча ҳам жойини қолдирмай, яхшилаб ювиш зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар шариатга қандоқ амал қилаётганларини зийраклик билан кузатиб туришлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши оёғининг тирноқчалик жойига сув етмай қолганини кўриб ҳам танбеҳ бердилар. Устозлар бундан ўрнак олишлари керак.
2. Бировнинг қилаётган амалида хато ёки камчилик кўрилса, дарҳол айтиш кераклиги.
3. Аъзоларнинг ҳамма жойига сув етказиб ювиш зарурлиги.
4. Тирноқча жойга ҳам сув етмай қолиши мумкин эмаслиги.
5. Камчилик аён бўлганда қайтиб бориб, уни бартараф қилиш кераклиги.
6. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.
7. Айниқса, оёқни ювишда эҳтиёт бўлиш кераклиги.
8. Панжаларнинг орасига сув етказишга алоҳида эътибор бериш лозимлиги.
9. Бурунга сув олганда, рўзадор бўлмаса, иложи борича ичкарироққа етказиш, шунингдек, оғзини чайганда ҳам, шунга риоя қилиш.

Мана шу икки ҳадисни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиши ва доимо ёдидан чиқармай юриши зарур. Чунки бу ҳадисда зикр қилинган хатолар ҳаётда кўп учрайди. Шунинг учун бу ҳадислардаги таҳдид ва танбеҳлар ҳар бир мусулмоннинг хотиридан зинҳор кўтарилмаслиги лозим.
Айниқса, оёқни ювиш ҳақидаги гаплар алоҳида эътиборга лойиқ. Аввало, оёқни ювишда кўпчилик нотўғри ўтириб олиб, қийналишади. Ўша ноқулайлик туфайли оёқни яхшилаб ювиш имкони камаяди. Қолаверса, оёққа масҳ тортса бўлади, деганлар бор. Уларнинг бу гаплари турли даврларда тез-тез қўзғалиб ҳам туради. Ана шу нарсадан таъсирланиб қолмаслик керак.
Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, таҳорат қилиш ибодатдир. Таҳоратни чала қилиш эса ибодатни чала қилиш бўлади. Бунинг устига таҳоратнинг чала бўлиши бошқа ибодатларни йўққа чиқаради. Шунинг учун таҳоратга муҳим ибодат сифатида жиддий қараш, ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. 
Бунинг учун аввало, таҳорат оладиган жой яхши ва қулай бўлиши керак. У жойда барча қулайликлар, таҳоратни шариатда кўрсатилгандек қилиш имкониятлари бўлмоғи лозим. Ҳатто, сувга эътибор бермоқ зарур. 
Таҳоратга оддий покловчи сувдан бошқа сув ишлатиш мумкин эмас. Нопок сув, турли омиллар билан таъми, ҳиди, ранги ўзгарган сув ҳам бўлмаслиги керак. Бу Аллоҳ қаршисида ҳамма тенглиги, шариатдаги амаллар ҳалқчиллиги рамзидир. Агар оддий сувдан бошқа сувда таҳорат қилишга ижозат берилса, бойлар тиллонинг суви ила таҳорат қилиб гердайиши, камбағаллар ўксиши мумкин эди. 
Лекин ўша ижозат берилган сув ҳам таҳорат ибодатини яхшилаб амалга ошириш омили бўлмоғи керак. Мисол учун, об-ҳавога қараб, мўътадил бўлиши зарур. Ўта иссиқ ёки совуқ бўлса, хушуъ ва хузуъ ила таҳорат қилишга халақит беради.
Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва асарларни ўрганиб ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар солсак, бу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

ТАҲОРАТ ОДОБЛАРИ ҚУЙИДАГИЧА:

1. Қиблага қараб ўтириб, таҳорат қилиш. Таҳорат ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандоқ яхши!
2. Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш.
Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун бундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш жуда яхши. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп яхши бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой жуда қулай қилиб олинса, яхши бўлади.
3. Таҳорат қилишда узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундоқ қилганлар. Ибодатда мутавозелик, ҳамма нарсани ўзи қилиш афзал.
4. Таҳорат пайтида гапирмаслик. Балки, Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш.
5. Узуги бор одамлар уни қимирлатиб остига сув етказмоғлиги.
6. Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни эса чап қўл билан тозалаб-қоқиш.
7. Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилиш.
8. Сувни исроф қилмаслик.
9. Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олиш.
10. Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.
11. Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллоҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.
12. Таҳорат қилиб бўлгандан кейин «калимаи шаҳодат»ни ва ривоятда келган дуони ўқиш.
13. Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракъат намоз ўқиш.

Таҳорат қилиш фақат Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдан олдин баданини поклашдан иборат эмас, балки, таҳоратнинг ўзи Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Намоздек улуғ ибодатга, Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқотга, муножотга жисман ва руҳан покланиб, тайёргарлик кўришдир. Таҳорат пайтида турли машғул қилувчи нарсалардан ҳоли бўлиб, қалбни бир жойга қўйиб олиш намозни тўла-тўкис адо этишга катта ёрдам беради.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо таҳорат қилсалар ранглари сарғайиб, ўзлари титраб, ғалати бир ҳолатга тушиб қолар эдилар. У кишига: 
«Таҳорат пайтида нега бундоқ бўлиб қоласиз?» дейишганда, «Сен ўзинг мен кимнинг олдида тик турмоқчи эканимни биласанми?!» деган эканлар. 
Аллоҳ таолонинг ҳузурига киришга тайёргарлик кўраётган киши ўша даргоҳнинг улуғворлигини ҳис этиши ҳам керак-да! 
Бизлар ҳам таҳоратимиз ана шу олий даражадаги ибодат мартабасига кўтарилиши учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар», деди. Мен: 
«Сизлар қандоқ қиласизлар?» дедим. У: «Бизнинг биримизга, модомики кетмаган бўлса бир таҳорат кифоя қилур», деди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳадисдаги «ҳар намозга» иборасида «ҳар фарз намозга» деган маъно кўзда тутилган. 
«Сизлар қандоқ қиласизлар?» деб сўраган одам Амр ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи бўлганлар, «Сизлар»дан мурод саҳобалардир.
Баъзи шийъа ва зоҳирий тоифалар шу ҳадисни далил қилиб, ҳар намозга янги таҳорат қилиш вожиб, деганлар. Лекин ушбу ҳадиснинг иккинчи қисмида саҳобалар таҳорат синмаса, аввалги таҳорат билан кифояланишлари билиниб турибди. Бошқа ҳадисларда ҳам бир таҳорат билан бир неча намоз ўқилиши мумкинлигини баён қилишган. Шунинг учун жумҳур уламолар ҳар намозга янги таҳорат қилиш вожиб, деган гапни қабул қилмаганлар. Ҳар намозга янги таҳорат қилиш фазилат, нур устига нур ва қўшимча савобдир, лекин фарзу вожиб эмас.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар намозга таҳорат қилиш фазилат экани.
2. Таҳорат синмаса, бир таҳорат билан кифояланиш жоизлиги.
3. Таҳорати йўқ, одам намоз ўқимоқчи бўлса таҳорат қилиши фарзлиги.

Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар. Бас, Умар у кишига: «Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасддан қилдим, эй, Умар», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳи билан яқиндан танишиб олайлик: 
Сулаймон ибн Бурайда ибн Ҳусайн Асламий ал-Марвирузий ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида таваллуд топдилар. Жуда ишончли ҳадис тўпловчи машҳур тобеъинлардан бўлганлар. Аввалига Марвирузида, сўнг Марвда қозилик қиладилар.
Ҳадисларни оталари Бурайда, Имрон ибн Ҳусайн, Оиша онамиз, Яҳё ибн Яъмурлардан ривоят қиладилар.
Бу кишидан эса Алқама ибн Марсад, Муҳозиб ибн Дассор, Абдуллоҳ ибн Ато, Қосим ибн Муҳайрама ва бошқалар ривоят қилишган.
Сулаймон ибн Бурайда ҳижратнинг 150 санасида 90 ёшларида Марвнинг Баслайн номли қишлоғида вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда Маккаи Мукаррама фатҳ қилинган кун-саҳобалар Аллоҳнинг ёрдами ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккага музаффар ҳолда кириб борган кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга янги таҳорат қилмасдан, ҳамма намозларни бир таҳорат билан ўқиганлари ва маҳсиларига масҳ тортганлари ҳақида сўз бормоқда. 
Бундай одатдан ташқари ишни кўрган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. Яъни, бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқимас эдингиз, бугун бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқидингиз, деди. 
Бу ерда маҳсингизга масҳ тортмас эдингиз, бугун тортдингиз, деган маъно умуман йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо маҳсиларига масҳ тортар эдилар. Буни келгуси ҳадисларда муфассал ўрганамиз.
Аввалги ҳадисларда ўрганганимиздек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар намозга янги таҳорат олиш одатлари бор эди. Ҳазрати Умар ўша одатни кўзда тутиб савол бердилар.
Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасддан қилдим, эй, Умар!» деб жавоб бердилар. Яъни, вақт зиқлиги, шароит ноқулайлиги ёки бошқа сабаблардан эмас, таҳорат кетмаса, ҳар намозга янги таҳорат олиш лозим эмаслигини баён қилиш учун, кишиларга билдириб қўйиш учун қилдим, деганлари. 
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиз билан биз умматларига ишни осонлаштиришга ҳаракат қилишларининг бир кўриниши. 
Дарҳақиқат, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни, кўпчилик гувоҳлигида бу ишни қилмаганларида, «қасддан қилдим», деб айтмаганларида, ҳар намозга янги таҳорат олиш лозим бўлиб қолар эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги.
2. Таҳорат кетмагунча, янги таҳорат қилиш вожиб эмаслиги.
3. Маҳсига масҳ тортиш шариат амри экани.
4. Бошлиқ, муқтадо кишилар одатдагидан бошқача иш қилсалар сабабини сўраш жоизлиги.
5. Кишиларга енгиллик тарафини олиш кераклиги.
6. Баъзи нарсаларни одамлар билиши учун қасддан қилиб, кўрсатиб қўйиш кераклиги.

Демак, ҳар намозга янги таҳорат олганлар ҳам, бир таҳорат билан бир неча намозни ўқийдиганлар ҳам тўғри қиладилар.




кейинги...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов