"."
Меню

Намоз хакида хадислар

НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ 

Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади. 

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. Намоз Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. 
Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади. 
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади. 
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. 
Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир. 
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.
Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. 
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади. 
Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади. 
Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади. 
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутилиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. 
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади. 
Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазилатларга эга бўлишига, турли разолатлардан ҳоли бўлишга олиб боради.
Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир. 
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир. 
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради. 
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва намозхонлар бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қиладилар. 
Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари ва гап - сўзлари бир эканини кўрсатади. 
Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир - бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар. 
Жамоат намозида қатнашувчилар бир - бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир. 
Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга ҳам сир бўлмай қолди.
Намознинг фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло: «Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», деган. (Нисо: 103)
Ушбу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг биридир. Ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
Яна: «Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», деган 
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши ҳам таъкидланмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Исро кечаси ҳақида Қуръони Каримда бутун бошли «Исро» сураси бор. 
Шунингдек, бу ҳодисани муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Ҳаммаси иншааллоҳ ўз ўрнида ўрганилади. Ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб қуйидагиларни билиб олсак кифоя. 
«Исро»нинг луғавий маъноси - кечаси сафар қилиш деганидир. 
Шариатда эса «Исро» Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасида Буроқ номли ҳайвонга миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилишларидир. 
Бу ҳодиса баъзи Ҳанафий уламоларининг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ўша ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган. Ўша суҳбат давомида жумладан, кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб, тушиб келаётиб Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар. Шунда у киши алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 
«Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У зот: 
«Эллик вақт намозни», деганлар. 
Мусо алайҳиссалом: 
«Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ бир- оз камайтирган. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундоқ қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор, бориб қайтганлари- дан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва: 
«Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмас. Албатта, сенга мана шу бештада элликтанинг (ажри) бор», деган. 
Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Роббимдан уяламан», деб қайтмаганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Намознинг Аллоҳ томонидан фарз қилингани.
2. Намоз Исро кечасида фарз қилингани.
3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилгани.
4. Аллоҳнинг ҳузуридаги гап ўзгартирилмаслиги.
5. Ислом умматига Аллоҳ меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини беришлиги.
6. Ислом осонлик дини экани. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир. 

Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Бир кеча-ю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар. 
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Рамазон рўзасини тутишлик», дедилар. 
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар. 
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 
Бас, ўша одам: 
«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Толҳа ибн Убайдуллоҳ Қураший ат-Тамимий. Бу улуғ саҳобани Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломга даъват қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келадилар. Толҳа Исломга биринчилардан бўлиб киради. 
Бу зот ҳижратдан олдин Маккада саҳоба Зубайр билан Исломий биродар эдилар. 
Ҳижратдан сўнгра Абу Айюб Ансорий билан исломий биродар бўлдилар. Жаннатга киришликка башорат берилган ўн нафар саҳобаларнинг бири Толҳа ибн Убайдуллоҳ эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Толҳа ва Зубайр жаннатдаги менинг қўшниларимдир», деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр кунида бу зотни Шомга хабарларни билиб келишга жўнатганликлари учун, бу жангда иштирок эта олмадилар. Уҳуд жанги, Ризвон байъати ва булардан кейинги барча жангларда иштирок этдилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким тирик юрувчи шаҳидни кўришни хоҳласа, Толҳага қарасин», деганлар. 
Бу зот ҳаммаси бўлиб 38 та ҳадис ривоят қилдилар. Ва бу ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритган.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ Жамал воқеъасида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Ва ҳижратнинг 36 санасида 62 ёшларида ана шу урушда шаҳид бўлдилар.
Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса жуда ҳам машҳур. Ўша аъробий одамнинг исми Замом ибн Саълаба бўлган. 
Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Биз масжидда ўтирган эдик. Бирдан бир одам туя миниб масжидга кириб келди. Туясини чўктириб, тушди-да, қайси бирингиз Муҳаммад, мен - Бани Саъд ибн Бакрлик Замом ибн Саълабаман», деди», дейилган.
Нажд эса араб юртларидан бирининг номи бўлиб, Туҳама билан Ироқнинг орасида жойлашган. Ҳозирда Саудия Арабистони ҳудудига қарайди. Ўша вақтларда Наждликлар саҳровий бўлганлар. Ҳадисдаги: 
«Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди», деб васф қилиниши ҳам шуни кўрсатади. 
Замом ибн Саълаба яқин келиб, яхшироқ гапирганидан кейингина унинг Ислом ҳақида сўраётгани англанди. Жумладан, унга Пайғамбаримиз намоз, рўза ва закотни баён қилиб бердилар. Унинг орадаги саволларига ҳам жавоб бердилар. Бошқа ривоятларда келтирилишича шариат амалларини баён қилиб бердилар.
Суҳбатнинг охирига келиб, Замом ибн Саълаба Пайғамбаримиз баён қилиб берган ўша нарсаларга оширмай ҳам, камайтирмай ҳам тўлиқ ва тўғри амал қилишга аҳд қилиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб чиқиб кетди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Ўша инсоннинг икки дунёдаги ютуғига сабаб бўладиган шариат амалларининг биринчиси сифатида намоз зикр қилингани учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Исломнинг ҳукмларини ўрганиш учун зарур бўлса, узоқ юртларга вақт, куч, маблағ сарфлаб сафар қилиш кераклиги.
2. Саҳровий одамнинг содда ва тўғри бўлиши.
3. Намоз Исломнинг рукнларидан бири экани.
4. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани.
5. Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқлиги.
6. Рамазон рўзаси Исломнинг рукнларидан бири экани.
7. Рамазон рўзасидан бошқа фарз рўза йўқлиги.
8. Закот Исломнинг рукнларидан бири экани.
9. Закотдан бошқа молиявий фарз ибодат йўқлиги.
10. Зарурат бўлмаса ҳам Аллоҳнинг номи ила қасам ичиш мумкинлиги. 
Замом ибн Саълаба шундоқ қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса инкор қилмадилар.
11. Мазкур нарсаларни тўлиқ ва доимий адо этиш ютуққа сабаб бўлиши.
12. Ушбу ҳадисда иймон келтирса бўлди. Амал қилмаса ҳам, намоз ўқиб, рўза тутмаса ҳам бўлаверади, дейдиган ботил Муржиъа мазҳабига кучли раддия бордир.

Яхшилаб эътибор қилишимиз лозим бўлган нарсалардан бири, ютуққа эришиш учун сабаб бўладиган нарсалар фақат ушбу ҳадиснинг биз ўрганаётган мана шу ривоятида келган намоз, рўза ва закотдангина иборат эмаслигидир. 
Худди шу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган бошқа ривоятида: 
«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом шариати ҳақида хабар бердилар. У эса «Аллоҳ менга фарз қилган нарсалардан кам ҳам, зиёда ҳам қилмайман, деб қайтиб кетди», дейилган. 
Ислом шариати ва Аллоҳ фарз қилган нарсалар мазкур уч нарсалардан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига олиши ҳаммага маълум.
Усул қоидаси бўйича, бир ҳадисни икки ровий ривоят қилган бўлса, улардан бирида зиёда бўлса ва ўша зиёда иккинчи ривоятни ўзгартирмайдиган бўлса, у қабул қилинади. Чунки ровийлар ҳадиснинг бир қисмини эшитмай қолган, унутган ёки ҳолатга қараб, қисқартириб айтган бўлади. 
Мисол учун, намоз ҳақида сўз бораётган мажлисда ўзи билган узун ҳадиснинг намозга тегишли жойини айтган бўлиши мумкинлиги.
Бунинг устига бошқа оят ва ҳадисларда баёни келган фарзларни унутмаслик керак.

Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Муҳаммад Витр намози вожиб, деб даъво қилди. Бас, Убода ибн Сомит: 
«Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни фарз вақтида, рукуъ-хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади. Хоҳласа азоблайди», деганларини эшитганман», деди». 
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий улуғ тобеинлардан эдилар. 
Абу Умар айтадилар: 
«Бу киши Абу Абдуллоҳ Санобиҳий бўлиб, асл исмлари Абдурраҳмон ибн Усайладир. Бу зот Расулуллоҳ билан кўришмаганлар. Пайғамбаримизни зиёратларига йўлда кетаётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган эдилар». 
Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Ва бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Ривоятда: 
«Абу Муҳаммад Витр намозини вожиб, деб даъво қилди» деган жумладаги Абу Муҳаммад Ансорий саҳобалардан биридирлар.
Ушбу ривоятни далил қилиб, Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари Витр намозини вожиб эмас, дейдилар. 
Ушбу масалани тўғрироқ тушунишимиз учун Ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳабларда амаллар фақат фарз ва суннатга бўлинишини, Ҳанафий мазҳабида эса, фарз, вожиб ва суннатга бўлинишини эслаб қўймоғимиз керак. 
Бу ҳақда ўз жойида муфассал гапириб ўтганмиз.
Бошқа мазҳабларда фарз билан вожиб бир нарса бўлиб, икки истилоҳ бир-бирининг ўрнида ишлатилаверади. 
Ҳанафий мазҳабида эса фарз билан вожиб алоҳида нарсалар ҳисобланади. 
Вожиб суннатдан кучли нарса бўлиб, фарз бўлишига далилининг қуввати етмай қолган ҳукмдир.
Ушбу ҳадисдаги сўзларга эътибор берадиган бўлсак, Витрни вожибми йўқми эканлиги ҳақида сўз юритиб туриб, унинг вожиб эмаслигига Аллоҳ фақат беш вақт намозни фарз қилганига далил қилиб келтирилмоқда.
Демак, вожиб ва фарз калималари «Фарз» маъносида ишлатилмоқда. Бу ерда Ҳанафийлар Витрни вожиб, деганлари маъносида сўз йўқ.
Ҳанафий уламолар Витр намозини вожиб, деганларида ўз хаёлларидан чиқариб айтмаганлар. Улар бу гапни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар.
Саккизта саҳобийдан, шу жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди. У-Витрдир», деганлар. 
Яъни, беш вақт фарз намозлар устига бир намозни зиёда қилди, деганлари.
Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳиббон ва Имом ал-Ҳокимлар Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу вожибдир», деганлар.
Кўриниб турибдики, Витр намози суннат намози савиясидан юқори. Агар шундоқ бўлмаса ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга бу ҳадисларнинг далиллик кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадислар далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун Ҳанафий уламолар Витр намозини вожиб, деб фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўрнига қўйганлар. 
Ушбу ҳадисни ўқиб дарҳол, Ҳанафийларнинг хатосини топдим. Витр намозини вожиб, деб нотўғри айтишган экан, дея жар солишга ошиқмайлик. Бунинг устига Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳу ҳам саҳобий, у киши Витрни вожиб, деб айтишлари ҳам бежиз эмас. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эса, Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг йўқларида Витрни олтинчи фарз намоз, деб айтилган, деб ўйлаб раддия қилмоқдалар. Ҳолбуки, ҳеч ким олти вақт фарз намоз мавжуд, демаган. 
Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам Витрни олтинчи фарз намоз, деганлари йўқ. Улар Хуфтондан кейин ўқиладиган Витр намозини, вожиб намоз, деб таърифлаганлар, холос. 
Уларнинг энг кучли далилларидан бири бу намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч тарк қилмаганларидир. Бу эса ушбу намоз оддий суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади.
Буни бошқа мазҳаблар ҳам таъкидлайдилар. Энг муҳими, Витр вожиб деганлар ҳам, суннат деганлар ҳам, бу намозни тарк қилмай ўқиш зарурлигини таъкидлайдилар. Бу эса Витр намози ҳақидаги турли фарқлилик оғзаки жиҳатдан бўлиб, мазкур намоз вожиб ёки суннат эканлиги ҳақида эмаслигини билдиради, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Аллоҳ беш вақт намозни фарз қилгани.
2. Таҳоратни яхши қилиб намоз ўқиш муҳимлиги.
3. Намознинг рукуъ ва бошқа арконларини жойга қўйиб ўқиш муҳимлиги.
4. Намозда хушуъ-хузуъ муҳимлиги.
5. Намозни тўлиқ ва хушуъ-хузуъ билан ўқиган одамни Аллоҳ таоло мағфират қилишни ваъда бергани. Зотан, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдир.

6. Намозни яхшилаб, хушуъ-хузуъ ила ўқимаган одамга Аллоҳ мағфират қилишни ваъда бермагани.
Демак, нажотга эришиш учун беш вақт намозни канда қилмай ўқиш керак. Ўқиганда ҳам яхшилаб, арконларини жойига келтириб, хушуъ ва хузуъни жойига қўйиб, ўқишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ана шундагина Аллоҳ таолонинг мағфират қилиш ҳақидаги ишончли аҳдини олган бўламиз. 

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси қудсийдир. Чунки, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар: 

1. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига беш вақт намоз фарз қилгани.
2. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, Аллоҳ таоло уни, албатта, жаннатга киритиши.
3. Ким беш вақт намозни ўз вақтида яхшилаб ўқимаса, унга Аллоҳ томонидан яхши ваъда бўлмаслиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар. 
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар». 
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намознинг фазилати ва уни гуноҳларнинг ювилиши бобида тутган ўрни яққол кўрсатилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирдилар.
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турса-ю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш марта ювиниб турса, кири қолма- ганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ кири қолмайди.
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳ кирлари баданида қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроғи қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча миллион марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Шаръий масалаларни тушунтириш учун мисол келтириш яхшилиги.
2. Намознинг ўта фазилатли эканлиги.
3. Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бомдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра, ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар: «Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган 
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун Ер юзи навбат билан тушиб туришади. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Уларнинг алмашиш вақти Бомдод ва Аср намозлари вақтида бўлади. 
Бомдод намози вақтида кечасининг фаришталари кўтарилиб, кундузининг фаришталари муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар. 
Аср намозида эса кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.
Бандаларнинг ичида турган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан: 
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши, намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга кўтаришдир. Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб бўлган фаришталар тўпига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва фазилатли ибодат эканидандир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Намоз энг олий мақом ибодат эканлиги. Чунки Аллоҳ билан фаришталар орасидаги савол-жавобда намозгина зикр этилмоқда.
2. Бомдод ва Аср намозлари бошқа намозлардан устун туриши.
3. Бомдод ва Аср намозлари вақти афзал ва баракали вақтлар эканлиги. Чунки ўша вақтларда фаришталар жамланади. Асарларда келтирилишича ризқ Бомдод намозидан кейин тақсимланади. Кундалик амаллар эса Аср намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам бу вақтни тоат-ибодатда ўтказса, ризқи ва амали баракали бўлади.
4. Малоикаларнинг мусулмонлар ичига тушиб туришлари- дан Ислом уммати бошқа умматлардан кўра шарафли экани келиб чиқади.
5. Аллоҳ таолонинг фаришталар билан гаплашиши.

Бу ҳадис ҳам намоз ўқишга катта тарғибдир. Намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу қандай улуғ шараф. Кишилар бирорта амалдор унинг ҳақида таниш одамидан, фалончи тинч юрибдими? деб сўраб, қўйса, умрбод мақтаниб юрадилар. Намозхонни эса Аллоҳ таоло ҳар куни фаришталардан икки марта «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик, деб жавоб берар эканлар. Намоз ўқимаганлар эса бу бахтдан бебаҳрадирлар.
Шунинг учун намозни канда қилмайлик. Ҳар куни Аллоҳ томонидан фаришталардан ҳол-аҳволи сўраладиган бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз ва Жумадан Жумагача ўз ораларидаги(гуноҳ)ларга каффоротдирлар. Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» дедилар. Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда беш вақт намоз орасида ва бу Жумадан у Жумагача бўлган гуноҳлар, ўқилган ҳар бир вақт намоз ва Жума намози туфайли ювилиб кетиши баён қилинмоқда. Яъни, беш вақт намозлардан бирини ўқилгандан сўнг, навбатдагиси келгунча бўлган вақтда содир бўлган гуноҳлар навбатдаги намозни ўқилганда ўша намоз туфайли ювилади.
Жума намозини ўқигандан кейин янаги Жума келгунча бўлган даврдаги беш вақт намоз билан ювилмай қолган гуноҳлар Жума намози билан ювилади.
Шу билан бирга ушбу ҳадисда мана шу маънода келган бошқа ҳадисларда келмаган, аммо ҳаммаси учун жорий бўладиган умумий шарт зикр қилинмоқда.
«Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса».
Яъни, беш вақт намоз ва Жума намозлари катта гуноҳлардан бошқа гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлар экан.
Шундоқ экан, беш вақт намозимизни ва Жума намозларини қўймай ўқийлик. Намоз ўқиш билан нафақат бандалик бурчимизни адо этар эканмиз, балки ўз гуноҳларимизни ювишга ҳам муяссар бўлар эканмиз. Банда гуноҳдан ҳоли эмас. Лекин, ҳар бир гуноҳнинг ўз вақтида ювилиб туриши, ишни енгиллаштириши турган гап. Бўлмаса, банда учун оғир бўлар эди. Аллоҳ таоло бизларга ўта меҳрибон бўлганидан осонлик ила гуноҳларимизни тез-тез ювиб туриш имконини яратиб берди. Бу имкониятдан унумли фойдаланишимиз керак.
Жума намози ҳам худди шундоқ, балки ундан кўра каттароқ ва кучлироқ имкониятдир. Ундан ҳам унумли фойдаланиш лозим.

Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви чақирди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъини ва рукуъини яхшилаб адо этса, албатта, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлур. Модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу доимо ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Амр ибн Саъийд ибн Осс ал-Қураший. Акаларидан сал кейинроқ Исломни қабул қилиб, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилдилар. 
Бу зот ва акалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккани фатҳ этиш, Ҳунайн, Тоиф, Табук ғазотларида иштирок этадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини Хайбар меваларига бошлиқ қилиб тайинлайдилар.
Амр Абу Бакрнинг халифалик даврларидаги Ажнодин воқеъасида шаҳид бўладилар.
Бу ҳадис ҳам ўзидан олдинги ҳадиснинг маъносини таъкидлаб келмоқда. Бироз фарқи борлиги гуноҳларни кечирилиши учун намозни яхшилаб қилинган таҳорат билан хушуъини ва рукуъини жойига қўйиб, ўқишни шарт қилиб қўйишдир. 
Намознинг хушуъи, дейилганда уни сергаклик билан Аллоҳдан қўрқувни тўла ҳис қилган ҳолда ўқишни тушунилади. 
Намознинг рукуъи дейилганда эса, унинг амалларни қиёмда туриш, рукуъ қилиш, сажда қилиш, ўтириш кабилар тушунилади.
Ўтган ҳадисга бу ҳадисдаги қўшимчалардан бири, ушбу фарз намозлар ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлиши доимий эканлигидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Баъзи ибодат ва амалларни қилаётган пайтида билган одам ўша ибодат ёки амалнинг фазлини бошқаларга билдириб қўйиши яхши экани.
2. Таҳорат сувини чақириб келтириш мумкинлиги.
3. Фарз намознинг фазли улуғ эканлиги.
4. Фарз намоз ўзидан олдин ўтган кичик гуноҳларга каффорот бўлиши.
5. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.
6. Намозни хушуъ билан ўқиш кераклиги.
7. Намознинг арконларини жойига қўйиб ўқиш кераклиги.
8. Катта гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги.
9. Катта гуноҳлар намоз билан ювилмаслиги.

Катта гуноҳлар-зино, арақ ичиш каби Аллоҳнинг ҳақига боғлиқ гуноҳлар бўлса, фақат ихлос билан қилинган тавба билангина ювилади.
Аммо катта гуноҳлар - етимнинг молини ейиш, рибохўрлик, бировнинг обрўсини тўкишлик каби бандалар ҳақига боғлиқ бўлса, ўша ҳақларни ўз эгасига қайтарилмагунича ва уларнинг розилиги, кечириши олинмагунича ювилмайди.
Мана шулардан келиб чиқиб, фарз намозларимизни ўз вақтида пухта таҳорат билан хушуъ ва рукуъларини жойига қўйиб ўқиб юрмоғимиз керак. Катта гуноҳларга эса умуман яқин келмаслигимиз лозим.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам бир аёлни ўпиб олди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Аллоҳ: «Намозни наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур», оятини нозил қилди. 
Сўнгра ҳалиги одам: «Эй, Аллоҳнинг Расули. Бу менинг ўзимгами?» деди. 
«Барчага, менинг умматимнинг ҳаммасига», дедилар».
Шарҳ: Уламоларимизнинг таҳқиқ қилиб аниқлашларича, ўша бегона аёлни ўпиб олган кишининг исми Абул Юсирдир. 
Имом Термизий Абул Юсирнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар: 
«Бир аёл ҳузуримга хурмо сотиб олиш учун келди. Мен, уйда бундан яхши хурмо бор, дедим. У мен билан уйга кирди. Унга томон энгашиб, ўпиб олдим. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, унга ҳалиги ишни зикр қилдим. У: 
«Ҳеч кимга билдирма. Тавба қил», деди. 
Сўнг Умарнинг олдига бориб ҳалиги ишни зикр қилдим. 
«Ўзингни бекит. Тавба қил. Ҳеч кимга хабар берма», деди. Сабр қила олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. У зот бошларини қуйи солиб узоқ туриб қолдилар. То, Аллоҳ таоло у кишига «Намозни наҳорнинг икки тарафидан ва кечанинг бир қисмида адо эт» оятини нозил қилгунча турдилар».
Оятдаги «Наҳорнинг икки тарафи»дан мурод, Бомдод, Пешин ва Аср намозларидир. «Кечанинг бир қисми»дан мурод эса Шом ва Хуфтон намозларидир.
Ушбу ҳодиса саҳобалар авлодининг энг муҳим хусусиятларидан бирини кўрсатмоқда. Улар ҳар қанча улуғ зот бўлсалар ҳам, ичларидан баъзи бирлари гоҳида инсоний заифлиги тутиб, Абул Юсир розияллоҳу анҳу қилган ишга ўхшаш ишларни қилиб қўяр эдилар. Бу ажабланарли эмас. Беайб Парвардигорнинг Ўзи. Аммо эътиборга сазовори, саҳобалар авлоди гуноҳ содир бўлганидан кейин зудлик билан ўзларига келар ва ўша гуноҳни ювиш пайидан бўлар эдилар. Бўлиб ўтган гуноҳ ювилганига ишонч ҳосил қилмагунларича бошқа ишга қўл урмас эдилар. 
Абул Юсир розияллоҳу анҳу ҳам дарҳол Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга мурожаат қилдилар. Аммо уларнинг жавоблари тўғри бўлса ҳам кўнгиллари тинчимади. Охири бориб, масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига арз қилдилар. 
Мазкур масалани эса Аллоҳнинг Ўзи ҳал қилди. Абул Юсир розияллоҳу анҳу ва бошқа мўминлар адо этиб юрган беш вақт намоз оддий нарса эмас, уларнинг гуноҳларини тинмай ювиб турувчи ажойиб бир каффорот эканини баён қилди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Саҳобалар даврида гуноҳнинг ювишга ҳаракат кучли бўлгани.
2. Гуноҳ қилган одам тезда эътироф қилиб, уни ювишнинг пайидан бўлиши зарурлиги.
3. Гуноҳ қилган одам уни ювишнинг йўлини билмаса, билганлардан сўраши лозимлиги.
4. Гуноҳ қилган одам, уни ҳеч кимга айтмай, тавба қилса жоизлиги.
5. Ўпич учун тайин қилинган жазо йўқлиги.
6. Беш вақт намознинг фазилати улуғлиги.
7. Яхшиликлар ёмонликларни кетказиб туриши. 

Ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилайлик. Ҳеч бир гуноҳни қилмасликка тиришайлик. Худо кўрсатмасин, баъзи бир гуноҳлар содир этсак, уни ювишга ҳаракат қилайлик. 
Беш вақт намозимизни вақтида адо этайлик. Ёмон ишларни қилмасдан, яхши ишларни кўпроқ қилишга интилиб яшайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?» деб сўрадим. 
«Ўз вақтида ўқилган намоз», дедилар у зот. 
«Сўнгра қайсиниси?» дедим. 
«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. 
«Сўнгра қайсиниси?» дедим. 
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. 
«Буларни менинг ўзимга айтдилар, агар зиёда сўраганимда, зиёда айтар эдилар», деди». Икки ҳадисни Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадисдан ҳам намознинг қанчалар улуғ ибодат эканини билиб оламиз. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга энг маҳбуб амаллар ичида биринчи навбатда намозни зикр қилишлари бунга далилдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Аллоҳга маҳбуб ишлар бир-биридан афзал бўлиши.
2. Ўз вақтида ўқилган намоз, Аллоҳга энг маҳбуб амал экани. 

Шу билан бирга бошқа ҳадисларда таом бериш, давомли иш ёки бошқа амаллар Аллоҳга энг маҳбуб ишлар эканлиги ҳам айтилган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ғаразига ёки унинг ҳолига қараб, ўзига мувофиқ жавоб берганлар. Шунингдек, вақт ҳам эътиборга олинган. Мисол учун баъзи вақтларда рўза энг афзал амал саналган. Баъзи вақтларда давр талаби ила садақа энг афзал амалга айланиб қолган.

3. Ота-онага яхшилик қилиш намоздан кейинги энг афзал амал экани.
4. Бир вақтнинг ўзида бир неча савол сўраш мумкинлиги.
5. Савол беришни кўпайтириб юбормаслик кераклиги. 

Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна савол берсалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришга тайёр эканликларини билиб туриб ҳам саволни кўпайтирмаганлар.
Ушбу ҳадисга амал қилишга қанчалар муҳтожмиз. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амални қилиб, унинг розилигига эришмоқчи бўлсак, намозимизни ўз вақтида ўқишимиз лозим. Ота-онамизга яхшилик қилайлик. Доимо, энг афзал ишларни қилиш пайидан бўлайлик.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Фитна сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда аслида маъданни ўтга солиб, синаб кўришга «фитна-синов», дейилади. 
Фитна сўзи маънавий соҳада ҳам ишлатилади. Инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар фитна дейилади.
Шу маънода, инсон учун унинг аҳли ҳам фитна бўлади. Аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб баъзи хатоларга йўл қўйиши мумкин.
Шунингдек, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитна-синовдир. Молу-дунёга ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб, инсон баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.
Бола-чақа ҳам инсон учун синовдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 
«Албатта, молларингиз ва болаларингиз фитнадир», деган. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набираларини йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. 
Демак, бола-чақа, деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу болаларнинг фитнасидир.
Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлади. Бу қўшнининг фитнаси бўлади.
Бунга қўшимча равишда мазкур нарсаларга нисбатан бўлган тасарруфотларда ҳам хатоларга йўл қўйилиши мумкин. Мазкур хатоларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани - намоз, рўза, садақа ҳамда амри маъруфу наҳий мункарни бергандир. 
Мусулмон киши ушбу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли, моли, боласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб туради. Мазкур фитна туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффоротига сабаб бўладиган ишларнинг рўйхати бошида намознинг туриши ҳам, бу ибодат нақадар зарур ва муҳим ибодат эканини кўрсатади.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Савбон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Савбон ибн Юждуд, кунялари Абу Абдуллоҳ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан. 
Савбон Яман билан Макка орасидаги «Сирот» деган жойдан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини сотиб олиб: 
«Агар биз билан бир оилада яшашни хоҳласанг, биз билан яшагин. Агар бошқа киши билан яшашни хоҳласанг, ихтиёр ўзингда, сен озодсан» деб марҳамат қилганларида, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр қилдилар ва вафот этгунларига қадар У зот алайҳиссаломнинг хизматларида бўлдилар.
Савбон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 128 та ҳадис ривоят қилдилар. 
Бу зотдан Шаддод ибн Авс, Жубайр ибн Нуфар, Абу Идрис Ҳувлоний, Абу Салом Ҳабаший, Маъдон ибн Абу Толҳа, Абулашъас Саъоний, Абу Асмоо Раҳабий, Абу Хайр Язаний ва бошқалар ривоят қилишди.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан: 
«Қайси бирингиз, кишилардан ҳеч нарса сўрамайман деб ваъда беради. Мен ана шу кишини жаннатга киришлигига кафиллик бераман», деб сўраганларида Савбон ваъда бердилар ва ҳаётларини охиригача инсонлардан ҳеч нарса сўрамадилар». 
Бу зот Миср фатҳида иштирок этдилар. Шомда ва Фаластинни Рамла деган жойида истиқомат қилдилар ва бу ердан Хумсга кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 54 санасида ана шу ерда вафот этдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиб турар эдилар. Бир куни одамлар Савбон розияллоҳу анҳудан Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўрадилар. У киши сукут сақлаб, жим турдилар. Яна савол берилди. Савбон розияллоҳу анҳу яна жим қолдилар. Одамлар учинчи марта Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўраганларидан сўнг, ушбу биз ўрганаётган ҳадисни айтдилар.
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳга сажда қилишни, яъни, намоз ўқишни тавсия қилмоқдалар. Зотан, намозсиз сажда бўлмас. Шу билан бирга ҳар бир сажда туфайли сажда қилувчининг даражаси бир поғона кўтарилиб, хатоларидан биттаси ўчирилиши ҳам таъкидланмоқда.
Бу эса ўз навбатида намоз нафақат гуноҳларнинг ювилишига, балки даражаларнинг кўтарилишига ҳам хизмат қилишини баён қилинмоқда.
Демак, Аллоҳнинг ҳузурида даражам юқори бўлсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимизни кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли даражамиз бир поғона кўтарилажак. 
Хатоларимиз ювилсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимиз сонини кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатомиз ювилажак. 

Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот: «Сўра», дедилар. 
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим. 
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар. 
«Шунинг ўзини», дедим. 
У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийcи Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Робийъа ибн Каъб ибн Молик ибн Яъмур ал-Асламий, кунялари Абу Фирос. Бу киши Ҳижоз аҳлидан бўлиб, улуғ саҳобалардан ҳисобланар эдилар. 
Бу зот суффа аҳлидан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. 
Бу кишидан Абу Салама ибн Абдурраҳмон, Ханзала ибн Амр, Абу Имрон ал-Жуъфийлар ривоят қилишган. 
Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кечаси бирга қолган эдилар. Ўшанда у зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб таҳорат суви, мисвок ёки жойнамозга ўхшаш ҳожат тушадиган нарсаларни келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлиб, хоҳлаган нарсангни сўра, деганлар. Ана ўшанда Робийъа ибн Каъб ал-Асламий: 
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», деди. 
У киши жуда катта нарсани, умуман ҳаётнинг асосий муддаосини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг нияти жиддийлигини текшириш учун: 
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар». 
Лекин Робийъа розияллоҳу анҳу жиддий эдилар, шунинг учун: 
«Шунинг ўзини», деди. 
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам. 
Бу - хўп, мен сенинг жаннатда рафиқим бўлишинг учун қўлимдан келган ҳаракатни қиламан, аммо ўзинг ҳам бу ишда менга ёрдам бер. Ёрдам беришинг, саждани кўп қилиш билан бўлсин, деганларидир.
Бундан жаннатга киришнинг асосий омилларидан бири намоз экани билинади.
Ушбу ҳадис шарифдан олинадиган фойдалар: 

1. Аҳли фазл кишиларнинг хизматида бўлиш фазилатли иш экани.
2. Улуғ кишилар таҳорат суви ва шунга ўхшаш ҳожатлари тушиб турадиган нарсаларни муҳайё қилиб туриш кичикларнинг вазифаси экани.
3. Аҳли фазл кишилар ўзларини рози қилган атбоъларига мурувват қилиб туришлари.
4. Сўраганда охират саодатини сўраш кераклиги.
5. Биров бир нарсани сўраганда, бундан бошқани эмасми? деб сўраш жоизлиги.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари бевосита, амал қилмаган одамнинг жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлмасликлари.
7. Намознинг фазилати катта бўлиб, жаннатга кириш учун зарур амал экани.
8. Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари. 

Демак, намозга аҳамиятни яна ҳам кучайтиришимиз керак. Иложи борича намозни кўп ўқиб, саждани кўпайтиришимиз лозим. Ана шунда жаннатдан ва ундаги олий мартабалардан умидвор бўлсак бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб: «Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Маълумки, видолашув ҳажи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида бўлган. Ўша ҳажда у зот ҳамма билан видолашганлар. 
«Эҳтимол бу йилдан кейин сиз билан учрашмасман», деганлар. Дарҳақиқат, ўша ҳаждан кейин вафот этганлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур видолашув ҳажида кўплаб балоғатли, фасоҳатли, пурмаъно ваъз-насийҳат, хутба ва васиятлар қилганлар. Ушбу ҳадисда ҳам ўшалардан баъзи бир намуналар келтирилмоқда.
Улуғ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига хитоб қилиб, қуйидаги амалларни ихлос билан қилишни амр қилмоқдалар: 
1. «Аллоҳга тақво қилинглар». 
Аллоҳга тақво қилиш, Унинг амрларини бажо қилиш ва қайтарганларидан қайтиш билан бўлади. Тақвонинг энг аввалги ўринларида ушбу ҳадисда зикр қилинган амаллар туради. 
2. «Беш намозингизни ўқинглар».
Яъни, фарз қилинган беш вақт намозингизни ўқинглар. 
3. «Ойингиз рўзасини тутинглар». 
Яъни, сизга рўзаси фарз қилинган Рамазон ойингизнинг рўзасини тутинглар.
4. «Молларингизнинг закотини беринглар».
Ҳар турли молдан қандоқ ва қанча миқдор закот бериш очиқ-ойдин бўлиб, ана ўшанга қараб ҳар ким ўзига фарз бўлган закотни берсин. 
5. «Иш бошингизга итоат қилинглар». 
Яъни, шаръий маънода сизга бошлиқ бўлган одамнинг Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишида итоат қилинглар. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда бандага итоат қилиб бўлмайди.
6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар».
Демак, ушбу зикр қилинган нарсаларнинг ҳар бири инсоннинг жаннатга кириши учун адо этилиши зарур. Ўша зарур нарсалар ичида намозни биринчи бўлиб зикр қилиниши унинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракъат намоздан афзал нарсани буюрмаган. Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан, албатта, яхшилик ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса билан яқинлашгандек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар», дедилар. Яъни, Қуръон, демоқчилар». Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган ушбу ҳадисда Аллоҳ бандаларига амр қилган амалларнинг ичида энг афзали ҳақида сўз бормоқда.
«Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракъат намоздан афзал нарсани буюрмаган». 
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларга кўпгина амалларни, ибодатларни буюрган. Ўша амалларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан буюрилган амаллар сифатида банда томонидан амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, мазкур амаллар бир-биридан афзалликда фарқ ҳам қилар экан. Айниқса, бу амаллар нафл маъносида, яъни, Аллоҳ фарз қилган нарсага банда ўз ихтиёри билан кўнгилли равишда савоб учун ортиқча амал қилишни ирода қилса, ўшанда қайси бир амал афзалроқ экани ҳақида сўралса, албатта, намоз устун қўйилар экан. 
Чунки намоз бошқа ибодатлардан кўра Аллоҳга бўлган қулчилик маъносини кўпроқ ифода этади. Намоз энг афзал ибодат бўлгани учун ҳам: 
«Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан албатта, яхшилик ёғилиб туради». 
Намозхон намоз ўқир экан, Аллоҳнинг раҳмати унинг устидан тинмай ёғилиб туради. Намоздан чиққандан сўнг Аллоҳнинг раҳмати ёғилиши ҳам тўхтайди.
«Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса билан яқинлашгандек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар».
Аллоҳдан чиққан нарсадан мурод эса Қуръон. Аллоҳга яқинлашишни хоҳлаган банда, Унга Қуръон билан яқинлашиши керак экан. Аллоҳга бандани энг яқин қиладиган нарса Қуръон экан. Қуръондан бошқа нарса билан Аллоҳга у (Қуръон) билан яқинлашганчалик яқинлашиб бўлмас экан.
Демак, ҳамма нарса аён. Аллоҳ буюрган энг афзал амални қилмоқчи бўлсак, намоз ўқийлик.
Аллоҳнинг раҳмати бошимдан ёғилсин, десак, намоз ўқийлик. 
Аллоҳга яқин бўлайлик, десак, намоз ўқиб, намозда Қуръон ўқийлик. Қуръонни тиловат қилайлик. Уни ўрганайлик. Унга амал қилайлик.




САЖДАДАГИ ДУО МУСТАЖОБДИР

...банда саждада турганида Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин бўлиб турганда эса сўраган нарсаси қабул бўлиши ҳам энг яқин ҳол бўлади. Шунинг учун ҳам банда саждада турган ҳолида дуони кўпроқ қилиши керак. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Роббисига энг яқин бўлиши, у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».
Шарҳ: Намоз банданинг ўз Роббиси ила яккама-якка муножатидир. 
Намоз мўмин инсоннинг меърожидир. 
Намоз мўмин инсоннинг Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир. 
Сажда эса намознинг энг бандалик равшан зоҳир бўлган, хорлик ва зорлик зоҳир бўлган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳнинг унга яқинлиги шунчалик ошади. 
Шунинг учун ҳам банда саждада турганида Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин бўлиб турганда эса сўраган нарсаси қабул бўлиши ҳам энг яқин ҳол бўлади. Шунинг учун ҳам банда саждада турган ҳолида дуони кўпроқ қилиши керак. 
Имом Муслим ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким, мен рукуъда ва саждада турган ҳолимда Қуръон қироат қилишдан наҳий қилиндим. Аммо рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса дуо қилишга ижтиҳод қилинглар, сизга ижобат бўлиши лойиқдир», деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида «Аллоҳуммағфир ли' занби' куллаҳу, диққаҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва охироҳу ва ала'ниятаҳу ва сирроҳу», дер эдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси: 
«Эй, бор Худоё, гуноҳимни мағфират қилгин, дақиқини ҳам, каттасини ҳам, аввалини ҳам, охирини ҳам, ошкорасини ҳам сиррини ҳам».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрпада йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди, У зот саждагоҳда эканлар, икки оёқлари тик турган экан. Ўзлари бўлса «Аллоҳумма аъу'зу биризо'ка мин сахотика ва бимуъо'фа'тика мин уқубатика, аъузу бика минка, ла' уҳси' сана'ан алайка. Анта кама' аснайта ала' нафсик», дер эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, Сенинг розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан паноҳ тилайман. Сендан Ўзингдан паноҳ тилайман. Сенинг саноингни ҳисоблай олмайман. Сен Ўзингга сано айтганингдексан».
Бу умматларга таълимдир.
Аввал ўрганганимиздек, саждада «Субҳана Роббиял Аъло»ни айтилади. Лекин инсон ўзи ёлғиз намоз ўқиганда, нафл ва тунги таҳажжуд намозлари саждасида хоҳлаганича дуо қилиши мумкин. Ушбу ҳадисларда келган дуоларни ёдлаб олса, яна ҳам яхши бўлади. 





 ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ҲУКМИ ҲАҚИДА 


Мусулмонлар ичида обрў-эътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хона салот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрў-эътиборсиз кишилар ҳисобланганлар. Шунингдек, мусулмонлар қаерда бўлсалар ҳам, икки-уч киши бўлса ҳам жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи намозларда бир қанча одамларни йўқ бўлганини билиб: «Батаҳқиқ, мен бир кишини одамларга намозга ўтиб беришни амр қилиб, ўзим хилоф қилиб намозга келмаётганларга бориб, уларнинг уйларига ўтин қалаб туриб устларидан ёқиб юборишни қасд қилдим. Агар бирлари семиз гўштли суякни топсалар, унга ҳозир бўлар эдилар», дедилар. Яъни, хуфтонга, демоқчилар. Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа ривоятда: «Мунофиқларга энг оғир намоз Хуфтон ва Бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларни олдига бориб устларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим», деганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан жамоат намозга бормаслик қанчалар оғир гап эканлиги билиниб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил иш бўлса бировни уйига қамаб туриб устидан ўт қўйиб юборишга қасдлари беҳуда бўлмайди. Хуфтон ва Бомдод жамоатларига ҳозир бўлмаганларга мунофиқ васфи берилиши ҳам, жамоат намозининг шариатимиздаги аҳамиятини кўрсатади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эмаклаб бўлса ҳам келардилар», деганлари ҳам қаттиқ гапдир. 
Буни икки хил тушуниш мумкин. 
Агар Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиганларга бериладиган савобни билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. 
Ёки Агар Хуфтон ва Бомдод намозлари жамоатини тарк этганларнинг гуноҳи ва унинг оқибати нима бўлишини билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар, дегани.
Бу даъватларнинг ҳаммаси жамоат намозидан қолмасликка ундайди. Ҳар биримиз доимо жамоатдан қолмасликка ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Абу Дардаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қишлоқдами, саҳродами уч киши бўлса-ю, улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта, Шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут. Айрилганни бўри ер», дедилар». Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган. ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Демак, қаерда учта ва ундан кўп мусулмон одам тўпланса, ўша ерда жамоат намоз ўқилиши керак. Балки икки киши бўлса ҳам, жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Жамоат намози ўқимаганларга Шайтон эга чиқиб, уларни ўз қулларига айланти-риб олади. Жамоат намозига қўшилмаган одам мусулмонларнинг жамоатидан айрилади. Жамоатдан айрилиш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Қўйнинг қўрадан ажрагани бўрига ем бўлади. Одамнинг жамоатдан ажрагани эса Шайтонга қул бўлади. 
Бу ҳикмат доимо юзага чиқиб келган. Мусулмонлар ичида обрў-эътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хона салот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрў-эътиборсиз кишилар ҳисобланганлар.
Шунингдек, мусулмонлар қаерда бўлсалар ҳам, икки-уч киши бўлса ҳам жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар. Ўзлари қандай ҳолатда бўлсалар ҳам, жамоат намози ўқиш учун масжид қуришни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билганлар. Буни ҳар жойда мулоҳаза қилиш мумкин. 
Ушбу сатрлар муаллифи Гана давлатига сафарида ўрмонлардаги эски ҳолда яшаб келаётган қабилалар билан учрашганда, ўша васанийлар бир кичик хоначани кўрсатишди. Ун-даги пўстак ва тасбиҳ, бу жойнинг масжид эканлигидан дарак берар эди. Ерлик аҳоли бу ерда бир неча мусулмон яшагани, кейин кўчиб кетганлари ҳақида сўзладилар. Ўша кичик масжид бепоён ўрмондаги энг кўркам бино эди. Ўша икки уч мусулмон ўзи яшайдиган уй қурмаган бўлса ҳам, намоз ўқийдиган масжид қурган эди.
Мисрнинг бепоён чўллари. Катта тезликда бораётган авто-машина ойнасидан аҳён-аҳёнда бузилиб кетган кичик уйларнинг харобалари кўринади. Уларнинг ўртасида эса кичик, бузилмаган масжид кўринади. Саҳровий мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, уч-тўрт киши бўлсалар ҳам жамоат бўлиб намоз ўқишни бурчлари, деб билиб бу жойларга масжид қурган эдилар.
Аксинча бошқа жойларда шаҳар қишлоқ оралаб бир неча кун юрсанг ҳам бир дона масжид топа олмайсан. Шайтон ана ўшандоқ юртлар одамларига эга чиқмай, кимга эга чиқсин. Ўшаларни залолатга кетказмай кимни кетказсин. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўзи ожиз одам келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг масжидга етаклаб олиб келадиган одамим йўқ, уйимда намоз ўқийверайми?» деди. 
У зот унга рухсат бердилар. У орқага қайтиб кетаётганида чақириб: 
«Намозга айтилган азонни эшитасанми?» дедилар. 
«Ҳа», деди. 
«Ундоқ бўлса, жавоб бер», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги зикри келган кўзи ожиз одам Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишининг уйлари масжиддан узоқ ва бошлаб келадиган одамлари йўқ эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан жамоатга келмай, уйида ўзи намоз ўқишга рухсат сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига олдин изн берганлар-у кейин азонни эшитасанми, деб сўраганлар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум, ҳа, деб жавоб берганларидан кейин, ундоқ бўлса жамоатга кел, деб рухсатни бекор қилганлар.
Уйи узоқ, кўзи ожиз, етакловчиси йўқ одамга жамоат намозидан қолишга изн бўлмаганидан кейин бошқалар ўзлари билиб олаверсалар бўлади.
Қадимги мусулмонлар бу масалада жуда ҳам ҳушёр бўлганлар. Доимо жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилганлар.
Имом Муслим келтирган ривоятда машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади-лар: 
«Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўбару бўлишидан хурсанд бўлса, ана ўша намозларни азони айтилган жойда адо қилсин. Аллоҳ Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва-салламга ҳидоят суннатларини шариатга киритгандир. Албатта, жамоат намози ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз манави кейин қолганга ўхшаб уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз. Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиқгина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб сафга турғазиб қўяр эдилар».
Имом Бухорий келтирган ривоятда Имом Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Кимни ота-онасидан бири унга шафқат қилиб жамоатдан ман қилса, гапига кирмасин», деганлар.
Ушбу далиллардан келиб чиқиб, Ҳанбалий мазҳабида, жамоат намози фарзи айн, деганлар.
Моликий, Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари жамоат намозлари суннати муаккада, деганлар. Улар жамоат афзаллиги ҳақидаги ҳадисларни далил қиладилар ва ушбу шиддатли ҳадисларни тарғиб учун айтилган, дейдилар. 



НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЗИКР ВА ТАСБИҲ 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида туриб, гапримасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар».

Шарҳ: Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда;

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур. 
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

Убайда ибн Шуъайб ас-Сабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким шомдан кейин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ уни тонг отгунча шайтондан муҳофаза қиладиган силоҳланган фариштани юборадир, Аллоҳ унга бу ила вожиб бўлган ўн ҳасанот ёзадир, унинг ўнта ҳалок қилувчи хатосини ўчирадир ва бу унинг учун ўнта озод қилинган қул каби бўлур», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳам Шом намозини ўқиб бўлгандан ва дунёвий гап гапирмасдан олдин бўлиши керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта, жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта. 
Қачон ётар жойини олса ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.
«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.
Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса катта хайр баракага эга бўлинади.
Аммо намоздан кейин айтиладиган тасбиҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиниб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар». 
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида: 
«Ким ҳар намоздан кейин, ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шаъий қодийр»ни айтса унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни, сўфийлар хатмиси, деб номланади. Бу нур устига нур дейилади. Чунки, «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.
Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб жамоат ўлароқ зикрларни айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига омийн, омийн деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайитда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.
Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб ечиб берган эдилар.
Аммо баъзи одамлар бу масалани яна қайта кўтариб одамларнинг хаёлини паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса эски гапни яна қайта қўзидилар. 
Начора, модомики ўзи билмаган нарсани инкор қиладиганлар бўлар экан қайта-қайта овора бўлишдан бошимиз чиқмайди.
Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.
Аввало бу масалада алоҳида рисолалар ёзганлар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз. 
Мисол учун Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасари ат-Туҳфатул Марғуба фии афзалияти ад-Дуои баъдал Мактуба»-(Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари) китобини келтиришимиз мумкин.
Бу китобда муаллиф фарз намоздан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва омийн, омийн деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирган.
Биз ўзимизга жуда керакли биргина иқтибос келтириш билан кифояланимиз:
«Агар шайх Абдул Ҳақ Деҳлавий р-и. «ас-Сиротул Мустақийм»га қилган шарҳида: Араб ва ажам юртларида одат бўлиб қолган саломдан кейин имом ва қавмнинг тўпланиб дуо қилишлари, имомлар дуо қилиб қавмнинг омийн деб туриши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидан эмас, бу ҳақида бирорта ҳадис келмаган, бу нарса мустаҳаб саналган бидъатдир», деган унга нима жавоб берилади, дейилса, айтамизки:
«Унга жавоби қуйидагича;

1. «Мифтоҳус Солат»нинг соҳиби Аллома Фатҳ Муҳаммад ибн шайх Ийсо аш-Шиторий ўзининг «Футуҳул Аврод» деб номланган китобида қўйидагиларни айтган: 
2. «Албатта, шайх Абдул Ҳақ олти саҳиҳ ҳадис китобларида ва бошқа китобларда намоздан кейин қилинадиган дуолар ҳақидаги ҳадисларни кўрмагани учун бу ишни бидъат деб айтган.
3. 2. Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин дуо қилиш аслида бидъат деган гапни ирода қилган бўлса, шубҳасиз гапи нотўғри. Чунки бу гапни биз ривоят қилган фарз намозидан кейинги дуолар ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси уни рад қилади.
4. 3. Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин икки қўлни кўтариб, иқтидо қилувчиларнинг омийн, омийн, деб туриши шаклидаги дуони бидъат деган бўлса, бу гапи ҳам нотўғри. Чунки, дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлни юзга суртиш ҳам дуонинг суннатидир, эшитувчиларнинг омийн, омийн, деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидан.
5. Агар бу ишларнинг ҳаммаси мустаҳаб суннатлардан бўладиган бўлса, суннат нарсалардан таркиб топган иш нима учун бидъат бўлар экан?! Бу ишни бидъат дейиш мутлақо нотўғридир».
6. Кейин муаллиф мазкур уч суннат амалнинг ҳар бирига ўнлаб ҳадисларни далил қилиб келтиради. 



 ЛАА ҲАВЛА ВА ЛАА ҚУВВАТА ИЛАА БИЛЛАҲИ... 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши баланд овоз билан: «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Аллоҳу акбар!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирлари устида туриб: «Сизлар кар ёки ғоибга дуо қилаётганларингиз йўқ. Эй, Абу Мусо! Ёки Эй, Абдуллоҳ! Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!» дедилар
«Ҳа», дедим. «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»нинг маъноси ўзгартиш ҳам, қувват ҳам фақатгина Аллоҳ ила бўладир, дегани. 
Ким ихлос билан «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтиб юрса, жаннатнинг хазинасига эга бўлар экан.

Термизийнинг ривоятида: «Ер юзида бирор киши «лаа илаҳа илаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» деса, албатта, унинг хатолари каффорат қилинади, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.
Шарҳ: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтиб юрган кишининг гуноҳлари ҳам ювилар экан.

Қайс ибн Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишини отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиш учун топширди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтдилар. Намозни ўқиб бўлган эдим. У зот мени оёқлари билан туртиб:
«Сени жаннатнинг эшикларидан бир эшикка далолат қилайми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи», дедилар».
Шарҳ: Демак, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» жаннатнинг эшикларидан бир эшик экан. Шунинг учун уни кўп айтиб юрмоқ керак.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу:
«Ҳеч бир фаришта «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» демасдан туриб ердан кўтарилган эмас», деди».
Шарҳ: Қай бир фаришта осмонга чиқар бўлса, албатта, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтмоғи шарт экан. Уни айтмаса осмонга чиқа олмас экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни кўпроқ айт. Албатта, у жаннатнинг хазиналаридан бир хазинадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, ким жаннатнинг хазиналаридан бир хазинага эга бўлмоқчи бўлса, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни кўпроқ айтиши керак экан.

Макҳул розияллоҳу анҳу: «Ким «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи. Ва Лаа манжаа миналлоҳи иллаа илайҳи» деса, Аллоҳ ундан зарарнинг етмиш эшигини очади. Уларнинг энг кичиги фақирликдир», деди». Учовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ким ўзидан зарарларни узоқ бўлишини истаса «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи. Ва Лаа манжаа миналлоҳи иллаа илайҳи» деб айтсин.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни уламоларимиз қисқа қилиб «ҳавқала» номи билан атаганлар. Яъни, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»нинг турли сўзларидан баъзи ҳарфларни олиб, «ҳавқала»ни тузилган.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»нинг маъноси ҳақида имом Нававий имом Муслимнинг Саҳиҳларига ёзган шарҳларида «Абул Ҳайсам, ҳавл-ҳаракат маъносидадир. Шунда умумий маъно Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч бир ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ дегани бўлади» деб айтган, деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг маъсиятидан У зотнинг сақловисиз бурилиш йўқ. У зотнинг тоатига Ўзининг ёрдамисиз қувват йўқ», деганидир», деганлар.
Тўрт мазҳаб уламолари азонда «Ҳаяя алас Солат. Ҳаяя алал Фалаҳ»ларни айтилганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтиш мустаҳаблигини таъкидлаганлар. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида кўрсатма берганлар.
Шунингдек, қийин ҳолга тушганда, бемор бўлганда, бирор нарсадан ажабланиб унга кўзи тегишидан қўрққанда, бир нарсадан шумланганда, уйидан чиқаётганда, кечаси уйғониб кетганда, ҳар намоздан кейин «ҳавқала»ни айтиш мустаҳабдир.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» тўсон тўққиз дардга даводир. У қалбга тушган ғаму андуҳларни даф қилодир.
Имом Табароний ва ал-Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлур. Энг енгили ғамдир», деганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» бандага берилган неъматни муҳофаза қилиш ва ундаги яхшилик ва фазлни боқий қолдириш йўлидир.
Имом Табароний Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривот қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у анинг ўзида боқий қолишини истаса, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни кўп айтсин», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи» ила мушкил кушойиш бўлишини ва бало офат даф бўлишини синаб кўрганлар.
Ибн Касирнинг тафсирида ва имом Суютийнинг «ад-Дуррул Мансур» номли тафсирларида Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Ибн Абу Ҳотимлардан куйидагилар ривоят қилинади:
«Молик ал-Ашжаъий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ўғлим Авф асирга тушиб қолди», деди.
«Унга одам юбориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни кўп айтишни амр қилмоқдалар деган хабарни етказ», дедилар.
Хабарчи бориб унга ҳалиги гапни етказди. Авф тинмасдан «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтишда бардавом бўлди. Улар уни қайиш билан боғлаб қўйишган эди. Қайиш ундан ечилиб тушди. У чиқиб қараса, бир туялари турибди. Уни миниб олди. Ташқарига чиқиб қавмнинг қўрасини кўрди. Унда борки нарсани ҳайдаб олди.
Унинг ота-онаси эшик олдига келиб чақирганда билиб қолдилар. Бас, отаси:
«Каъбанинг Роббиси ила қасам! Авф!» деди.
Унинг онаси:
«Вой, шўрим! Авф қайишда боғланиб алам тортибди!» деди. Ота билан ходим унинг олдига шошиб бордилар. Қарашса, Авф ҳовлини туяга тулдирворибди. У отасига ўзининг ва туяларнинг қиссасини айтиб берди. Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб Авфнинг ва туяларнинг хабарини берди. 
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни нима хоҳласанг ўшандоқ, ўз туянгга нима қиладиган бўлсанг шундоқ қил», дедилар. 
Сўнг «Талоқ» сурасидаги:
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир» ояти нозил бўлди».
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни кўп айтиш фақирликни даф қилади.
Ибн Абу Дунё Асад ибн Вадоъадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳар куни юз марта «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳи»ни айтса, унга фақирлик етмас», деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким уни айтса, Аллоҳ ундан зарарнинг етмиш эшигини кашф қилади. Энг енгили фақрлик», деганлар.




НАМОЗДА ҚУНУТ 

Қунут луғатда дуо ва тазарруъ маъносидадир. Шариатда эса, намозда рукуъдан олдин ёки кейин туриб Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни дафъ қилиш ёки яхшиликни жалб қилишни сўрашдир. 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод ва Шом намозларида Қунут ўқир эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда келган Қунут бошга мусибат тушганда ўқилган Қунутлар бўлса керак. Бундоқ пайтда барча намозларда «Қунут» ўқилиши бор. 
Ҳанафий мазҳабида, «Қунут»ни қироати ошкора бўлган намозларда ўқилади, дейилган.
«Бомдод» намозида доимо «Қунут» ўқишни эса Шофеъий ва Моликий мазҳаби суннати муаккада, деган. Шофеъий мазҳабида рукуъдан кейин жаҳран ўқилади.

Анас розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида «Қунут» ўқиганларми?» дейилганда: «Ҳа, рукуъдан кейин, бир оз муддат», деганлар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. 
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан кейин бир ой «Қунут» ўқиганлар. Қориларнинг қотиллари зиддига дуо қилганлар», дейилган.
Шарҳ: Анас розияллоҳу анҳу «бир муддат» деганларида айнан ушбу иккинчи ривоятдаги бир ой муддатни кўзда тутганлар. 
Бу «Қунут» ўқиш маълум сабабга кўра бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама қабиласига етмишта қоридан иборат бир жангчи гуруҳини юборганларида, улар хиёнат ва алдамчилик йўли билан ҳалиги қориларнинг ҳаммаларини йўлда қатл қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қориларнинг қатл этилганига қаттиқ хафа бўлганлар ва уларнинг қотиллари зиддига Бомдод намозида бир ой дуои бад қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини яқинлаштираман», дедилар. Бас, Абу Ҳурайра Пешин, Хуфтон ва Бомдод намозларида «Қунут» ўқир мўминлар ҳаққига дуо қилиб, кофирларни лаънатлар эди». Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда ровийнинг, аввало, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: 
«Аллоҳга қасамки, сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини яқинлаштираман» деган гапларини келтиришидан мақсади, у кишининг қилган ишлари ҳақида кейин айтилган гаплар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларидан бўлиши кераклигига ишорадир. Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўргани учундир, демоқчи. 
Аммо бу ишлар маълум сабабларга кўра бўлган бўлиши эҳтимоли кучли. Агар оддий ҳолатларда ҳам бўлганда бошқа саҳобийлардан ҳам ривоят қилинар ва улар ҳам ўқишар эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида охирги ракъатдаги «Роббанаа лакал ҳамд»дан кейин «Аллоҳумма Анжи ал-Валид ибн ал-Валид ва Саламата ибн Ҳишом ва Айяш ибн Аби Робийъа вал мустазъафийна минал мўминийн. Аллоҳумма ушдуд ватъатака ала Музара важъалҳа алайҳим ка синии Юсуфа. Аллоҳумма илъан лаҳяна ва Риълан ва Заквана ва Усайята асатиллаҳа ва Росулаҳу», дер эдилар. Сўнгра бу ишни: «Сенга ишда ҳеч нарса йўқ» ояти нозил бўлганда тарк қилдилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Қунут»даги дуонинг маъноси: 
«Эй, бор Худоё, ал-Валид ибн ал-Валид, Саламата ибн Ҳишом ва Айяш ибн Абу Робийъа ва заиф мўминларга нажот бергин. Эй, бор Худоё, Ўз босқингни Музарга шиддатли қил ва унинг йилларини Юсуфнинг йилларидан қил. Эй, бор Худоё, Лаҳян, Риълан, Заквон ва Усайя (уруғларини) лаънатла. Улар Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилдилар».
Дуода номлари зикр қилинган кишилар машҳур саҳобийлар бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан уларга нажот сўраб «Қунут»да дуо қилганлар.
«Музар» эса араб қабилаларидан бири бўлиб Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қунут»да уларнинг зиддига дуо қилганлар.
«унинг йилларини Юсуфнинг йилларидан қил» деганлари Юсуф алайҳиссаломнинг қавмини очлик-қаҳатчилик йилларига дучор қилганидек Музар қабиласини ҳам очлик - қаҳатчилик йилларига дучор қил, деганларидир. 
«Лаҳян, Риълан, Заквон ва Усайя»лар Бани Салим қабиласидаги уруғларнинг номлари бўлиб, олдинги ҳадисда зикри келган етмишта қорини айнан шулар ўлдирган эдилар. 
Тўртинчи ҳижрий санада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд аҳлини Исломга даъват қилиш учун, уларга Қуръон ўқишни ўргатиш учун аҳли суффалардан, қорилар, деб аталмиш етмиш кишини юбордилар. Улар «Маъдна қудуғи» номли жойга етганларида Омир ибн Туфайл бошлиқ юқорида зикр қилинган уруғларнинг одамлари қориларни хиёнаткорона ўлдирдилар. Қорилардан фақат Каъб ибн Зайд ал-Ансорий розияллоҳу анҳу қутилиб қолди, холос. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мазкур хиёнаткор қавмнинг қабиласи Бани Салим ўртасида аҳднома тузилган эди. Ана шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг зиддига Бомдод намозида «Қунут» ўқиб, бир ой давомида дуоибад қилиб лаънатладилар.
«Сўнгра бу ишни: «Сенга ишда ҳеч нарса йўқ», ояти нозил бўлганда тарк этдилар».
Шунинг ўзидан кўриниб турибдики, бундоқ «Қунут» вақтинча бўлган ва оят нозил бўлиб насх қилинган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёни тарк қилгунларича Бомдодда қунут ўқишда бардавом бўлдилар». Дора Қутний, Абдурраззоқ ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳанафийлар бу маънони маълум қавмлар зиддига маълум вақт дуо қилингандан кейин тўхтаган деб биладилар.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Витрнинг Қунутида айтадиганим калималарни ўргатдилар: «Эй, бор Худоё, мени Ўзинг ҳидоят қилган шахсларинг ичида ҳидоят қилгин, менга Ўзинг офият берган кишиларинг ичида офият бергин. Ўзинг қарамоғингга олган кишилар ичида мени ҳам қарамоғингга олгин. Менга берган нарсаларингни баракали қилгин. Ўзинг қазо қилган нарсалар ёмонлигидан мени сақлагин. Албатта, Сен ҳукм қилурсан, Сенга ҳукм қилинмас. Албатта, Сен дўст тутган шахс хор бўлмас ва Сен душман бўлган иззатли бўлмас. Муқаддас бўлдинг Роббим ва олий бўлдинг». «Сунан» эгалари ривоят қилишган. 
Насаий: «Ва соллаллоҳу алан набиййи Муҳаммад»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Аввал ҳадиснинг ровийcи Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо билан яқиндан танишиб олайлик: Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб Ҳошимий ал-Қураший кунялари Абу Муҳаммад, оналари оламдаги аёлларнинг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимаи Заҳродурлар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ва бу дунёдаги райҳонлари, хулафои рошидинларнинг бешинчиси ва охиргиси, 12 имомнинг иккинчиси, жаннатдаги ёшларнинг саййиди, фасоҳатли, сўз устаси, яхшиликни хуш кўрувчи, оқил, ҳалим, олийжаноб инсонлардан эди. 
Ҳижратнинг учинчи йили Мадинада таваллуд топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини жуда ҳам яхши кўрар эдилар. 
Баро ибн Озиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик Ҳасанни тиззаларига қўйиб олиб: «Эй, Аллоҳ, бу Ҳасанни яхши кўраман, сен ҳам буни яхши кўр», деб дуо қилардилар».
Ҳижратнинг 40 йили оталари Али ўлдирилгандан кейин, Ироқ аҳли Ҳасанга байъат беришди. Ҳасан билан бўлган кишилар Муовия билан жанг қилишликни маслаҳат бердилар. Муовия бу хабарни эшитиб, аскарларини уруш ҳолатига тайёрлади. Аскарлар «Маскан» деган жойда тўқнашганларида, Ҳасан бу урушда мусулмонлар қони кўп тўкиладиган ҳолатни кўрди. Шунинг учун, у киши Муовияни сулҳга чақирдилар. Ва халифаликларини 6 ой давом этгандан кейин ҳижратнинг 41 йили Муовияга топширдилар. Фитналар барҳам топиб, мусулмонлар сўзи жам бўлганлиги учун бу йилни «Омул жамоа» йили деб номлашди. 
Ҳақиқатда, мана шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари зоҳир бўлди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Бу набирам Ҳасан сабабли Аллоҳ мусулмонлар орасидаги жамоатни ислоҳ қилади», деб марҳамат қилган эдилар.
Имом Ҳасан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. 
Шунингдек у киши оталари Али, инилари Ҳусайнлардан ҳам ривоят қилганлар. 
Бу зотдан Оиша, Шаъбий, Сувайд ибн Ҳафла, Шақийқ ибн Салама, Ҳубайра ибн Ярим, Мусаййиб ибн Нажоба, Муовия ибн Худайж, Исҳоқ ибн Башшар, Муҳаммад ибн Сирийн ва бошқалар ривоят қилишган.
Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Ҳасан ибн Али ҳижратнинг 50-йили вафот этдилар ва «Бақийъ»га дафн этилдилар.
Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қунутни Витр намозида ўқиганликлари ривоят қилинмоқда.
Кўплаб саҳобалар ва фуқаҳолар жумҳури йил бўйи Витр намозида «Қунут» дуоси ўқилишини ихтиёр қилганлар.
Шофеъий мазҳаби ушбу ривоятда келган дуо сийғасини Бомдоддаги Қунутда ўқишни ихтиёр қилган.
Ҳанафий мазҳаби бўйича Витр намозида «Қунут» дуоси ўқилади. Витр намозининг учинчи ракъатида қироатни тамом қилганидан сўнг намозни бошлашдагига ўхшатиб такбир айтиб, икки қўлини кўтаради. Сўнгра қўлларини киндиги остига қўяди ва «Қунут»ни ўқиб кейин рукуъга кетади. 

Ҳанафий мазҳаби бўйича Витр намозида доимо ва мусибат тушганида қироатни ошкора қиладиган намозлардагина «Қунут» ўқилади. Бомдод намозида «Қунут» ўқиш мансух бўлган. 
Имом Баззор, Табароний, Ибн Аби Шайба ва Таҳовийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида бир ой «Қунут» ўқиб сўнгра тарк қилдилар», дейилган.
Ҳанафий мазҳаби Витрда рукуъдан олдин «Қунут» ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади: 

1. Ҳазрати Умар, Али ибн Аби Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъблардан қилинган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қунут»лари Витр рукуъдан олдин эди», дейилган.

2. Дора Қутний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Витрда Қунутни қандоқ ўқишларига назар солиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тунаб қолдим. Витрда рукуъдан аввал «Қунут» ўқидилар. Сўнгра онам Умму Абдга, бориб, у зотнинг аёллари билан тунаб қолинг, назар солинг-чи, Витрда қандоқ қилиб «Қунут» ўқир эканлар, дедим. Бас, келиб менга у зотнинг рукуъдан олдин «Қунут» ўқиганлари хабарини бердилар».

3. Юқорида зикр қилинган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ва бошқа кўплаб ҳадислар.
Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари «Қунут»да ўқиладиган дуога ушбу далилни келтирадилар: Имом Абу Довуд Холид ибн Аби Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва У зотга, жим, деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у: «Эй, Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра «Қунут»ни ўргатди: 
«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настаҳдийка ва настағфирука ва натубу илайк. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайк. Ва нусни алайкал хойра куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман яфжурук. Аллоҳумма ийяка наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду. Ва наржу раҳматака ва нахша азабака. Инна азабака бил куффаари мулҳиқ».
Дуонинг маъноси: 
«Эй, бор Худоё, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Эй, бор Худоё, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир».
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Мазкур дуонинг маъносини яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга ўтиш жуда яхшидир. 

 




Tаҳажжуд намози 

...Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлаб-ухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға туради. Атрофдагиларга заҳрини сочади...

Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро: 79).
Шарҳ: Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намозни таҳажжуд намози, деб аталади. Шунингдек, бу намозни қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган. 
Бу маъно «Тафсири Ҳилол»нинг «Муззаммил» сураси тафсирида батафсил баён қилинган: 
«Эй, ўраниб ётувчи! Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!»
Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган Аллоҳнинг нидоси эди. 
Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга, бир оз ухлаб олсангиз-чи, десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.
«Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)».
Яъни, кечанинг ярмида бедор бўлиб ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб кўпроғида ухла.
«Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!»
Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгинда, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим. 
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар: 
«Қиёмат кунида Қуръон қорисига Аллоҳ «ўқиб кўтарилиб боравер, у дунёда қандоқ ўқиган бўлсанг, шундоқ ўқи, охирги оятни ўқиган жойинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади, дейди».
Кечалари қоим бўлишлик, яъни, ибодат билан бедор бўлишлик ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп. 
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: 
«...Эй мўминларнинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим. 
«Йа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен (Саид ибн Ҳишом): 
«ўқиганман», дедим. 
«Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Суранинг охирини Аллоҳ таоло туширмай ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».
Кечалари қоим бўлишлик фарзликдан ихтиёрий амалга айланди... Кечалари бедор бўлиб ҳатто, оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган, оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган. 
«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».
Яъни, Қуръонни ташлаймиз, Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Қалбга таъсири оғир. Бошқа бир оятда: «Агар биз бу Қуръонни тоққа туширсак эди, Аллоҳдан қўрққанидан парчаланиб кетганини кўрар эдинг», дейилган. 
Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган улкан ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.
Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашарди. 
Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: 
«Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди». 
Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.
«Албатта, кечасиги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».
Яъни, кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади.
Аллоҳ таоло бу сураи каримани узун оят билан тугатади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, суранинг аввали тушгандан сўнг бир йил муддат ўтиб тушган оят шу оятдир: 
«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топарсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».
Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан фарз қилинган кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг кечада фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди. Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини бедор бўлиб ибодат ила ўтказиши фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда. 
«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир».
Улар кечанинг учдан биридан оз, учдан иккисидан кўп бўлмаган қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, тиловати Қуръон каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок, қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айшу-ишрат, ҳойи-ҳавасга берилишдан сақлайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз динига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.
«Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар».
Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқишни фарз қилган эди. Энди эса, У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билгани учун сизларга енгилликни қайтарди. Энди кечасининг маълум қисмини бедорликла ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди. 
Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди, Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.
Оятнинг давомида эса кечасининг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси; беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишлик ва ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришни зикр қилинади. 
Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб ибодатла машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса ўз бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.
«Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)».
Аллоҳ таоло ушбу оятдаги «...Бошқалар эса ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)...» жумласида Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни, касбу кордагилар тенглаштирилмоқда.
Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: 
«Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо эса: 
«Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим, ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир», деганлар.
Ҳа, Исломда ҳалол касб билан шуғулланиб ризқ рўз топиш шундоқ улуғланади.
«Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».
Оятда келган, 
«Аллоҳга яхши қарз беринглар» жумласи ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз лозим.
«Яхши қарз» - бировга қарз бериб устига устама олмаслик-яъни, судхўрлик қилмасликдир.
Оятда одамларга бериладиган қарз Аллоҳга нисбатан берилаётгани бойларга танбеҳдир. Яъни, камбағал-муҳтожга қарз берсанг, Аллоҳга қарз берганинг билан баробар. Камбағалга миннат қилмагин. Балки раҳмат айтгин, чунки у сени савобга сазовор бўлишингга сабаб бўлди, деганидир.
Ислом таълимотлари ҳар бир нарсада юксак инсоний фазилатлар ҳукм суришини йўлга қўйиб келган ва иншааллоҳ шундай бўлиб қолади.
Ушбу фаслда кечасиги намозга оид бир қанча маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишга уринамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига нозил бўлади ва: «Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида бўлгани афзаллиги билинади. Чунки, ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундоқ фазилатли вақтни таҳажжуд намози ила ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади.
Шунинг учун бу амални қилишга, яъни, таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўтмоғимиз, қилаётганларимиз яна ҳам мустаҳкам бўлишимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман! Мен подшоҳман! Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин! Мендан сўрайдиган борми, унга берайин! Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин!» дейди. Токи фажр ёришгунча шундоқ давом этади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадисга жуда ҳам ўхшаб кетади. Шунинг учун фарқли жойларини бир оз шарҳ қилишга Аллоҳнинг тавфиқи ила уринамиз. 
Бу ҳадисда, Аллоҳ дунё осмонига кечанинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлади, дейилмоқда бу аввалги ҳадисга хилоф эмас, балки нузул бўлишининг аввали кечанинг аввалги учдан бири ўтганига тўғри келади, деганидир.
Кечасидаги дуо қабул бўладиган соат эса тайинли маълум соат эмасдир. Кечасининг иккинчи ярмида экани маълум, бошқаси номаълум. Шунинг учун бу соатни топиш учун ижтиҳод қилиш керак бўлади. Бу эса, албатта, доимий равишда таҳажжуд намози ўқиш билан бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз, кечасиги намоздир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф рўза китобида ҳам келади. Иншааллоҳ, ўшанда рўзага тегишли жойи кераклича шарҳ қилинади. Бу ерда эса кечасига намозга тегишли гапларни муҳокама қилинади. 
Фарз намоз энг афзал намоз эканлигида ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шу билан бирга фарз намоздан бошқа ҳам намозлар кўп, улардан баъзиларини ўргандик, баъзиларини эса, Аллоҳнинг тавфиқи ила ўрганамиз. Албатта, ҳамма намознинг фазли ҳам бир бўлмас экан. Баъзилари баъзиларидан афзал бўлар экан. Уларнинг ичида энг афзали эса кечасиги намоз экан. Чунки, кечаси тинч бўлди. Ундаги намоз риёсиз, чин дилдан ўқиладиган бўлади. Бандалар ухлаб ётганда, бандаларнинг ухламагани Роббисига муножот қилади. Шунинг учун кечасиги намоз ўқишга одатланиш керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирингиз қачон ухласа шайтон унинг бошининг орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни уриб: «Сенга узун кеча бор. Ухла!» дейди. Агар у уйғониб Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, ўзи ҳаракатчан, руҳи пок бўлади. Агар ундоқ қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳар бир инсон учун Аллоҳнинг зикри, таҳорат, намоз қанчалар керакли экани ажойиб услуб билан васф қилинмоқда. Инсон ухлагани ётганда ҳамма нарсани унутади. 
Қайта уйқудан туриш, айниқса уйқу келиб туриб, ўзи хоҳламай туриш жуда ҳам қийин, Бунинг учун зарурат, кучли туртки, иймон бўлиши керак. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан туриш қийинлигини шайтон бошнинг орқасига туккан уч тугун сабабидан деб баён қилмоқдалар. 
Албатта, бу моддий маънодаги нарса эмас. Ушбу кишининг шайтон таъсирида ушлаб турувчи уч тугуннинг ечилиши учун аввало Аллоҳнинг зикри, иккинчи босқичда таҳорат қилиш ва ниҳоят намоз ўқиш керак экан. Ана ўша амалларни қилган инсон руҳи енгил ва пок бўлиб, ўзи ҳаракатчан бўлар экан.
Аллоҳни зикрини қилмаган, таҳорат қилмаган ва намоз ўқимаган кишида эса бунинг тескариси бўлар экан. У фосиқ одам руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб уйқудан турар экан. 
Ҳақиқатда ҳам, ҳаётда худди шу ҳолни кўрамиз. Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлаб-ухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға туради. Атрофдагиларга заҳрини сочади.
Шунинг учун ҳам, ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Ётаётиб таҳорат билан суннатга мувофиқ қилиб, дуоларни ўқиб ётишимиз керак. 
Кечаси уйғонганда эса, дарҳол Аллоҳни зикр қилиб, уйқудан уйғонганда ўқиладиган дуони ўқимоғимиз керак. Кейин туриб, таҳорат қилиб икки ракъат намоз ўқисак шайтоннинг тугунлари батамом ечилган бўлади. Бу айниқса таҳажжуд намози ўқимоқчи бўлганимизда керак бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишини зикр қилиниб: «Тонг отганда ухлаб ётди, намозга турмади», дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қулоғига Шайтон сийди», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Намозга вақтида турмай ухлаб ётиш қанчалик ёмон нарса эканини шу ҳадисдан бўлиб олса бўлади. Ушбу ҳадисда келаётган гап намозга бир кун турмай ухлаб ётган киши ҳақида. 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб ҳаттоки қадамлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот, шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дердилар». Икки шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳолат кечасиги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар, у зотга ачинишар эди. Нима дейишларини билмай охири, эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунча нафл намоз ўқийсизми? дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур ва камтарона сўзларини айтдилар, шукр қилувчи банда бўлмайманми? дедилар.
Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум - гуноҳ қилмайдиган - зот эдилар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга Қуръонда, олдинги кейинги гуноҳларини -фаразан бўлса - мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди. 
Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундоқ бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта, шукр қилувчи банда бўлиш.
Хўш, бизчи, биз нима қилмоқдамиз. Ичимизда таҳажжуд, намози борлигини биладиганлар нечта? 
Таҳажжуд намозини ўқиш кераклигини биладиганлар нечта? 
Таҳажжуд намозини ўқийдиганлар нечта? 
Таҳажжуд намози ўқиб оёғи шишганлар нечта? 
Бу улуғ мақомга етиш учун ҳаракат қилмоғимиз керак. Аввал бўлмаса энди қилмоғимиз зарур.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида: «Субҳаналлоҳи, бу кеча қайси фитналар нозил қилинди? Хазиналардан нима нозил қилинди? Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади? Эй, воҳ! Қанчагина жонлар бу дунёда кийимли. У дунёда ялонғочлар», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Умму Салама онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз олдиларида ётган кечалардан бирида уйғонган пайтида айтган гапларини ривоят қилиб бермоқдалар: 
1. «Субҳаналлоҳи».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умми Салама онамиз розияллоҳу анҳу эшитганларида айтган калималари «Субҳаналлоҳи» бўлган экан. Аслида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйқудан уйғонганларида, Алҳамдулиллаҳиллази аҳянаа баъда маа аматанаа ва илайҳин нушуур» дейиш одатлари бор эди.
2. «Бу кеча қайси фитналар нозил қилинди?»
Демак, ҳар кеча фитналар нозил қилинар экан. Инсон ўша фитналардан паноҳ сўраб туриши, Аллоҳга сиғиниб туриши керак экан.
3. «Хазиналардан нима нозил қилинди?»
Демак, ҳар кеча Аллоҳнинг фазли раҳмати ҳам нозил бўлиб турар экан, ундан сўраб туриши керак.
4. «Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади?»
Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаи мутаҳҳаралари оналаримизни қасд қилмоқдалар. Демак, аҳли аёлни ҳам кечаси Аллоҳнинг ибодатига уйғотиш керак.
5. «Қанчалик жонлар бу дунёда кийимли, у дунёда яланғочлар».
Бу дунёдаги сиртқи кўриниш оқибатга далолат қилмас экан. Бу дунёда чиройли кийинган бўлиб кўринган жонлар, фахр билан ўзини бозорга солиб, кўз-кўз қилиб юрган жонлар, охиратда шармандаси чиқиб ялонғоч бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Уйқудан уйғонганда ана ўшаларни эслаб, ҳар ким ўзига яхшиликни сўраши керак экан.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб намоз, Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза, Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ хоҳласа ушбу ҳадис Рўза китобида ҳам келади. Рўзага тегишли жойини ўшанда батафсил ўрганамиз. 
Ҳозир эса кечасиги намозга тегишли жойини Аллоҳнинг ёрдами ила қўлдан келганича ўрганамиз. 
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, кечаси таҳажжуд намоз ўқиш олдинги Пайғамбарларда ҳам бўлган қадимги ибодат. Кечаси таҳажжуд намоз ўқиш учун энг афзал услуб ва вақт тақсимлаш Довуд алайҳиссаломга оид экан. У зот алайҳиссалом аввал кечанинг ярмини ухлаб олар эканлар. Кейин туриб учдан бир қисмида таҳажжуд намоз ўқир эканлар. Кейин яна ётиб олтидан бир қисмида ухлар эканлар. Демак, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозни ўқир эканлар. Бу ўртача иш тутишдир. Кечанинг ҳаммасини ғафлат уйқусида ҳам ўтказилмайди. Кечаси билан намоз ўқиб, уйқудан қолиб ўзи қийналмайди ҳам.
Демак, ҳаётимизда бундан ўрнак олишимиз керак. Меъёрида иш тутиб, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозимизни ўқишимиз керак.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини таққиллатиб: «Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади», дедим. 
У зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин, бурилиб кетаётиб, сонларига уриб: 
«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Аҳли аёлни, ҳатто оилали ўғил-қизларини, куёв-келинларини ҳам кечаси уйғотиб, уларни намоз ўқишга чорлаб туриш кераклиги.
2. Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, хоҳлаган вақтида уйғотади, дейишлик нотўғри экани. Балки кечаси туриб ибодат қилиш учун тайёргарлик кўриб ётиш керак.
3. Кўп ухлаш, кечаси туриб намоз ўқишга дангасалик қилиш ёмон нарса экани.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазаблари чиққанда индамай кетиб, оятдан далил ўқиганлари. 

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётга татбиқ қилиб ота-оналар болалари кечасиги намозга уйғотиб туришлари керак. Болалар эса, дангасалик қилмай дарҳол туриб ибодатга киришлари лозим. Чунки, кечасида илоҳий тажаллиёт ва руҳонийликлар вақтидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».
Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси ўз хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси туриб намоз ўқиган ва хотинини уйғотган, агар турмаса юзига сув сепган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини уйғотган, агар турмаса юзига сув сепган хотинга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар». Икксини Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мақбул эканига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Ҳар бир мусулмон эру-хотин учун ушбу дуода сўралган Аллоҳнинг раҳматига эришиши қийин эмас. Бунинг учун кечаси қайси бири аввал уйғониб ибодатда қоим бўлса ўз жуфти ҳалолини ҳам бу улуғ ишга таклиф қилиши керак, холос. Агар уйғотилган шахс бироз қийналиб тургиси келмаса юзига сув сепиб юбориш ҳам жоиз экан. Мусулмон эру-хотинлар ана шундоқ бўлишлари керак. Ибодатга, кечалари туриб таҳажжуд намози ўқишга бир-бирлари билан мусобақа қилишлари, бир-бирларини ундашлари керак.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам деганди. Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Намознинг фойдаларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда қам яхши билиб, тушунилгандир.
Ушбу ҳадисда эса, кечаси намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда: 
1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир». 
Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам буни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳлари ибодат силсиласига қўшилар экан. Ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлишимиз керак.
2. «У Роббингизга қурбатдир». 
Роббил оламийнга яқин бўлишлик ҳар-бир мўминнинг олий ғоясидир, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана ўша қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўламан деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон, албатта, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.
3. «У ёмонликларга каффоротдир». 
Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандоқ қилиб ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундоқ экан бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилиши керак.
4. «У гуноҳларни қайтарувчидир».
Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири, қандоқ қилиб гуноҳ қилишдан четланиб қолишдир. Бу муаммонинг ҳал қилишнинг энг самарали чораси кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлади. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг ҳаммаси кечасига таҳажжуд намозидан тўла фойдаланишгани ҳеч кимга сир эмас.
5. «У жисмдан дардни қувувчидир».
Демак, кечасиги таҳажжуд намозининг соғлик - саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу ҳақиқат ҳам, тажриба ва илмий баҳс йўллари ила собит бўлган ҳақиқатдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кечасиги таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию, охират саодати мужассамдир. 



КЕЧАСИГИ НАМОЗ АДАДИ ВА КАЙФИЯТИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда таҳажжуд намозини енгилгина икки ракъат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракъат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй, Аллоҳнинг Расули, кечасиги намоз қандоқ бўлади?» деди.
«Икки (ракъат), икки (ракъат). Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракъат витр ўқи», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кечаси намоз ўқиганда ҳар икки ракъатда салом бериш яхши эканлиги ушбу ҳадисдан олинган.

Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги намозларидан сўралди. Бас, у киши: «Фажрнинг икки ракъатидан бошқа етти, тўққиз ва ўн бир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкониятларига қараб, бир ракъат Витрдан бошқа олти, саккиз ёки ўн ракъат кечасиги намоз ўқир эканлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасида ўн уч ракъат намоз ўқир эдилар, уларнинг ичида Витр ва фажрнинг икки ракъати ҳам бор», дедилар».
Шарҳ: Бир ракъат Витр ва икки ракъат Фажрни чиқариб ташласак, олдинги ривоятдагидек ўн ракъат қолади.

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазондаги намозлари қандоқ бўлган?» деб сўралганда. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқа пайтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигидан асти сўрама. Кейин яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигидан асти сўрама. Сўнгра уч ракъат ўқир эдилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот: «Эй, Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлар, қалбим ухламас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадис ровийси Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳрий ал-Маданий, кунялари Абу Салама билан танилган.
Ҳадисларни оталари Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Убода ибн Сомит, Усома ибн Зайд, Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Салом, Савбон, Нофеъ, Абу Ҳурайра, Оиша ва Умму Салама оналаримиз, Муовия, Муайқиб, Амр ибн Осс, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саид ал-Худрий, Анас ибн Молик ва яна бир нечта саҳоба ва тобеъийнлардан ривоят қиладилар.
Бу кишидан ўғили Умар ва бошқалар ривоят қилишади. 
Абу Салама ҳижратнинг 94-йили 72 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келади. Ана ўшанда Аллоҳнинг хоҳиши ва ёрдами ила яхшилаб ўрганамиз. Ҳозир эса кечасиги намозга тегишли маълумотларни ўрганиб турамиз: 
1. Кечасиги намозни тўрт ракъатдан ўқиса ҳам жоиз. 
Имом Абу Ҳанифа ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, кечасиги намоз тўрт ракъатли бўлгани афзал, дейдилар.
2. Кечасиги намозни узун ва чиройли қилиб ўқиш кераклиги.
3. Витр намозининг уч ракъат эканлиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам қалблари ухламаслиги.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши, бу кеча, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўз узмай кузатаман», деди». Бошқа бир ривоятда: «Остоналарини ёки чодирларини болиш қилиб олдим», дейилган.
Бас, енгилгина икки ракъат ўқидилар. Сўнгра узун, узун, узун икки ракъат ўқидилар. Сўнг икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатда қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Сўнгра Витр ўқидилар. Ҳамаси ўн уч ракъат».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг кечаси билан бошларини остонага қўйиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг таҳажжуд намозларини ўрганиш учун пойлаб ётишлари саҳобаи киромларнинг илмга бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва сийратларини ўрганишга бўлган фидокорликларининг бир намунасидир. 
Ана ўша улуғларнинг фидокорликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва дақиқлик билан ўрганилиб сиз билан бизга етиб келган. 
Ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва равшан васф қилинмоқда, ҳеч қандай шарҳ ёки изоҳнинг ҳожати йўқ. Фақат, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги намозларининг бир кўринишлари эканини эслаб қўйсак бўлди. Бошқа ривоятларда ракъатлар сони бошқача бўлгани, тўрт ракъатдан ўқилгани ҳам келди.


КЕЧАСИ НАМОЗ ОШКОРА БИЛАН СИР ОРАСИДА БЎЛАДИ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқсалар, Абу Бакр паст овоз билан намоз ўқиётган экан. Умар ибн Хаттобнинг ёнидан ўтсалар, овозини кўтариб ўқиётган экан. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жам бўлишганда: «Эй, Абу Бакр, олдингдан ўтсам, овозингни паст қилиб намоз ўқиётган экансан», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, муножот қилган Зотимга эшитдирдим», деди. У зот Умарга: «Сенинг олдингдан ўтсам, овозингни кўтариб намоз ўқиётган экансан», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уйқучини уйғотаман, шайтонни қуваман», деди. 
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Абу Бакр, сен овозингни бир оз кўтар. Эй, Умар, сен овозингни бир оз пасайтир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасида аҳолининг ҳолидан хабар олишлари.
2. Раҳбар ўз одамларини жамлаб уларнинг тасарруфларини муҳокама қилиш.
3. Кечасиги намозда ўртача қироат қилиш кераклиги.
4. Раҳбар ўз одамларини афзал ишга йўллаб туриши лозимлиги.

Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оишага: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги қироатлари қандоқ? Қироатни махфий қилар эдиларми ёки ошкора?» дедим.
«Уни ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар эдилар, гоҳида ошкора», деди.
«Ишда кенглик қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедим». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ровий Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Икрима ибн Мутталиб. Бу зот ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар.
Ҳақиқатда динимизда осонлик ва кенглик йўлини тутган Аллоҳга қанча шукр қилсак шунча оз. У зот, кечаси намозда умуман овозни чиқариш керак эмас ёки овозни ўта баланд кўтариш керак, деб қўйса ҳам ҳаққи бор эди. Лекин, бундоқ қилмади. Бу ишни бандаларнинг хоҳишига ташлаб қўйди. У зотга чексиз ҳамдлар бўлсин.


КЕЧАСИДАГИ ҚИРОАТ ВА ДУО

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар қуйидагиларни айтар эдилар: 
«Эй, бор Худоё! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларнинг қоим қилувчисан. 
Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир. 
Сенга ҳамд бўлсин. Сен, осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг нурисан. 
Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир. 
Эй, бор Худоё! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Муқаддам ҳам ўзингсан, охирги ҳам ўзингсан, ҳеч илоҳи маъбуд йўқ илло ўзингсан. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу матн Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси таҳажжудга турганларида ўқийдиган дуоларидан бири эди. Бунда қанчалар улуғ маънолар ўз ифодасини топганини кўриб билиб турибмиз. Бу муборак дуони ёдлаб олиб ўқиб юриш яхши бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ухлаб қолганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, мисвок ва таҳорат қилиб туриб: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузни алмашиб туришида ақл эгаларига аломатлар бордир» дея ўша оятларни сура тугагунча ўқидилар. Сўнгра туриб икки ракъат намоз ўқидилар. Унда қиём, рукуъ ва сужудни узун қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «Эй, бор Худоё, қалбимда нур қилгин. Тилимда нур қилгин. Қулоғимда нур қилгин. Кўзимда нур қилгин. ўнгимда нур қилгин. Чапимда нур қилгин. Олдимда нур қилгин. Ортимда нур қилгин. Менга руҳимда нур қилгин. Менга нурни улуғ қилгин», деганлар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турганларида «Оли Имрон» сурасининг «Инна фии холқис самавати вал арзи вахтилафиллайли ваннаҳари лааятул лиулил албаб», деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум ва машҳур. Бизлар ҳам ўша ояти карималарни кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўқиб юришимиз яхши бўлади.
Шунингдек, кейинги ривоятда келган дуони ҳам ўқиб юришни одат қилиш керак.


НАМОЗДА МАКРУҲ ИШЛАР 

... Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган бўлади. Бундай жиддий инсонга бекорчи, танбалларга ўхшаб қўлини гирра қилиш мутлоқо тўғри келмайди. Чунки, у масжидга кетаётгани учун намозда турган ҳисобланади. Мусулмон инсон қанчалар бахтли инсон. Яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон қадам босса худди намоз ўқиётган ҳисобига ўтади. Бориб намоз ўқиганда эса қанчалик даражага эришишни топиб олавериш керак.

 

кейинги...

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов