"."
Меню

Намоз хакида хадислар

ОСМОНГА НАЗАР СОЛИШ ВА АЛАНГЛАШ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмларга нима бўлганки, намозда кўзларини осмонга қараб кўтарадилар!» дедилар. Сўнгра бу ҳақда сўзлари шиддатли бўлди ва: «Ёки, албатта, бу ишдан тўхтайдилар ёки кўзлари олинур», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Муслим келтирган лафзда: «Ёки қавмлар намозда кўзларини осмонга кўтаришдан, албатта, тўхтайдилар ёки бўлмаса, кўзлари уларга қайтмайди», дейилган.
Шарҳ: Намоз вақтида осмонга қараш намознинг хузуъини бузади, намозхоннинг хаёлини олиб қочади. Шунинг учун бу ишдан қаттиқ равишда наҳий қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, агар намозда осмонга қарашни тўхтатмасалар кўзлари кўр қилинади, деган маънодаги гаплари қаттиқ таҳдиддир. 
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар бу ишни, ҳаром, деганлар. Зоҳирий мазҳабнинг машҳур кишиларидан Ибн Ҳазм, ким бу ишни қилса, намози ботил бўлади, деган. Лекин машҳури бу иш макруҳдир. Ушбу ҳадисга амал қилиб, намоз пайтида ҳеч осмонга қарамаслигимиз керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда аланглаш ҳақида сўрадим. У зот: «У кисавурликдир. Шайтон банданинг намозидан уриб қолур», дедилар». Бухорий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ушбу ҳадисда намоз ўқиётган одамнинг аланглаб бир томонларга қараши ажойиб ўхшатиш ила баён қилинмоқда. 
Дарқақиқат, намоз ўқиётган банда кўзини бошқа томонга бурган они хаёли қочади, намозининг хушуъи нуқсонга учрайди, савоби кетади. Ўша аланглаган онининг савобини шайтон худди киссани ургандек, зудлик билан уриб олган бўлади. Шунинг учун намозхон инсон қиёмда турганида кўзини саждагоҳдан, рукуъга борганида оёғи учидан, саждада бурнидан ва ўтирганда кўкси аралаш саббоба бармоғидан узмай туриши керак бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилароқ, ўз намозимиз савобидан шайтонга ўғирлатиб юбормасликка ҳаракат қилайлик.
Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ таоло намоздаги бандага мадомики, у алангламаса қараб туради. Бас, қачонки алангласа ундан юз ўгиради», дейилган.
Шарҳ: Қаранг, намозда алангламаслик қанчалик аҳамиятли экан. Намоз ўқиётган банда намозини хушуъ-хузуъ билан ўқиса, алангламаса Аллоҳ унга назар солиб қараб турар экан. Қачон банда, ўзи эътиборсизлик қилиб юзини Аллоҳдан бошқа томонга буриб, алангласа, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирар экан.
Шунинг учун намоз ўқиётганимизда Аллоҳ таолонинг ўзимизга назар солиб турганини ҳис қилмоғимиз, ўша назарга лойиқ бўлишга уринмоғимиз лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнгга ва чапга кўз солар эдилар, аммо бўйинларини орқаларига бурмас эдилар». Яъни, ҳожат бўлса, кўз қирини ташлар эдилар. Аммо, юзларини қимирлатмас эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй, болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар. Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонияятини олиб келинглар», дедилар». Уччовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Хомийса» рангли ва аломатли ёпинчиққа ўхшаш кийим.
«Абу Жаҳм» розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб Омир ибн Ҳузайфа ал-Қурашийдир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хомийсани ҳадя қилган эди.
«Анбижонияяти» бир хил рангдаги қалин ёпинчиққа ўхшаш кийим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Биров берган ҳадяни олиш ва унда намоз ўқиш жоизлиги.
2. Жойнамоз турли рангли, нақшли ва аломатли бўлса, намоз вақтида намозхонни машғул қилиб қўйиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бу иш содир бўлгандан кейин, бошқалар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
3. Биров берган ҳадяни агар у хафа бўлмаслигини билинса, ўзига қайтариб юбориб, ўрнига бошқасини сўраш мумкинлиги.
4. Жойнамоз бир хил рангда, содда бўлиши кераклиги.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда мудраб қолса, то ундан уйқу кетгунча ухлаб олсин. Бас, бирингиз мудраган ҳолида намоз ўқиса, эҳтимолки, истиғфор айтаман, деб ўзини сўкиб юборади», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф мудроқ босиб турган одам намоз ўқиши макруҳлигига далилдир. 
Мудроқ босиб, уйқуси келган одам учун энг маъқул иш уйқудир. Ундан бошқа нима қилса, жумладан, намоз ўқиса ҳам яхши чиқмайди. Ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гуноҳини кечирилишини сўрайман деб, уйқусираб ўзини сўкиб дуо қилиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам эҳтиёт бўлиш керак. 

ТУФУРИШ, ҚЎЛИНИ БЕЛИГА ТИРАШ, ТОШЛАРНИ ТЎҒРИЛАШ ВА ҚЎЛ БИЛАН ИШОРА ҚИЛИШ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қиладур. Бас, олд тарафига асло туфурмасин, ўнг тарафига ҳам, лекин чап томонига, қадамининг остига», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг аввалида намознинг қандай улуғ ибодат эканлиги оддий ва равшан иборалар ила васф қилинмоқда.
«Қачон бирингиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қиладур». 
Ҳа, намоз ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб муножот қилиши, роз айтиши, сирли суҳбат қилишидир. Намоз Аллоҳ таоло томонидан бандага бутун дарди ҳасратларини тўкиб солиш, дилдаги тилакларини сўраб олиш учун берилган энг қулай фурсатдир. Бу фурсат банда учун улуғ шарафдир. Аллоҳ таоло ҳар ким билан ҳам яккама-якка қолиб роз айтишавермайди ахир. 
Банда ўзига ўхшаган бошқа бир банда билан ёлғиз қолиб, унинг қабулида бўлса, ўзини ўнглаб, одоб-ахлоқли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. Ўша уни қабул қилган ожиз бандага нисбатан беодоблик содир этмасликка ҳаракат қилади. Бас, шундоқ экан Роббил оламийн ҳузурида бўлганда, ўзини яратган Холиқи, унга ризқ берган Розиқи, унинг барча ишларининг тадбирини қилиб турувчи Мудаббири ва Тарбиякунанда Роббиси-Аллоҳ таоло ила муножот айтишганда, албатта, ўзини юксак одоб ила тутиши керак. Модомики, банда намозда Роббиси ила муножот қилар экан:
«Бас, олд тарафига асло туфурмасин, ўнг тарафига ҳам, лекин чап томонига, қадамининг остига».
Намозхон инсон рўбарўсига қараб туфурса, Аллоҳга қараб туфурган бўлади. Ўнг томонига туфурса яхшилик, ҳалол-пок нарсалар учун ажратилган томонига туфурган бўлади. Ноилож туфуриши керак бўлса, чап томонига оёқ остига бўлиши керак. Чунки, туфутки каби ноқулай нарсаларга чап томон ажратилган.
Албатта, бу маъно ўша давр воқеълигидан келиб чиқиб айтилган. У пайтлар қуруқ ерда намоз ўқиларди. Масжидларга, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ҳам жойнамоз тўшалмаганди. Сўнгра, одамлар Исломга янги кирган, кўпгина одоб-ахлоқларини ўзлаштириб бўлмаган эдилар.
Албатта, чап оёқнинг остига туфуриш бугунги кунги масжидларимизга ва намоз ўқийдиган жойларимизга тўғри келмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлни белга тираб намоз ўқишдан қайтардилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Қўлни белга тираб туриш мутакаббирлик аломатидир. Намоз эса, банда ўзини энг хор тутиши лозим бўлган мақомдир. Ўз Роббиси ҳузурида гуноҳлари кечирилиши ва сўровлари берилишини хоҳлаган банда қўлини белига қўйиб керилишнинг ўрнига, тавозуъ ила, ўзини хокисор олиб туриши лозим.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда турса, тошларни тўғриламасин. Чунки, раҳмат унга юзма-юз турган бўлади», дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ерда гап сажда қиладиган жойдаги майда тошлар ҳақида кетмоқда. Агар у тошлар сажда қилишга монеъ бўлмаса, тегмаслик керак. Монеъ бўлса, бир марта ҳаракат билан текислаб олса жоиз. Майда тошлардан бошқа саждагоҳда бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳукми ҳам шу.
Намозхон инсон саждагоҳидаги нарсаларни намозда туриб тўғрилаш билан яхши иш қилган бўлмайди. Аввало, бу ҳаракати билан намозининг хушуъига футур етади. Қолаверса, ҳадиси шарифда айтилганидек:
«Чунки, раҳмат унга юзма-юз турган бўлади». 
Намозда туриб саждагоҳидаги нарсани супуриб ташлаган одам, гўёки, намоз туфайли ўзига тушиб турган Аллоҳнинг раҳматини супуриб ташлаган бўлади. Шунинг учун намоз ўқишдан олдин жойни яхшилаб тайёрлаб олиш керак.

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Бас, қачон салом берсак, қўлларимиз билан, ас-салому алайкум, ас-салому алайкум, дер (ишора қилар) эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга назар солдиларда: 
«Сизларга нима бўлди? Қўлларингиз ила худди отнинг қимирлаб турган думига ўхшатиб ишора қиляпсизлар? Қачон бирингиз салом берса, шеригига бурилиб қарасин, қўли билан ишора қилмасин», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намозни аста-секин турли ортиқча гап-сўз ва ҳаракатлардан холи қилиб бориш жараёнидан бир кўриниш васф қилинмоқда. Бошқа ҳадислардан билганимиздек, намоз янги фарз бўлганида одамлар унда баъзи гапларни гапиришаверар, ҳаракатларни қилишаверар эдилар. Аста-секин уларни тўғрилаб келинди. 
Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳу қилаётган ушбу ривоятда баён қилинишига намозда салом берилганда ўнг ва чап томонга қўл билан салом ишорасини ҳам қилишар эканлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни манъ қилибдилар.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан ўта зарур бўлмаса, намозда қўл билан бирор ишора қилиш макруҳ экани ҳақидаги ҳукмни олишган.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, намозда қўлимиз билан ишора қилмаслигимиз керак.



ТАОМ ҲОЗИР БЎЛГАНДА ВА ҲОЖАТ ҚИСТАБ ТУРГАНДА НАМОЗ ЎҚИШ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилса-ю ва намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачон кечки таом тақдим қилинса, Шом намозидан олдин, ундан бошланглар. Кечки овқатингиз деб шошилманглар», дейилган. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Намоз билан таом бир вақтда тўғри келиб қолсаю намознинг вақти бемалол бўлса, олдин таом танавул қилишдан бошланади. Чунки, инсондаги таомга бўлган эҳтиёжи намозига футур етказиши мумкин. Намозда ҳам таом хаёлига келиб, намоз ўқигандек ҳам бўлмайди. Намозни зеҳн ва фикр холи бўлганда ўқиш керак. Шунингдек, таомга ўхшаш кишини хаёлини олиб қочадиган бошқа эҳтиёжлар бўлса, олдин уларни қондириб олиб кейин хотиржам равишда, кўнгилни бир жойга қўйиб намоз ўқишни бошлаши керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таом ҳозир бўлганда намоз йўқ. Уни икки томондаги чиқинди қистаб турганда ҳам», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таом ҳозир бўлганда намозни кейинга суриш. Албатта, намознинг вақти чиқиб кетгунча таом еб ўтирилмайди.
2. Сийгиси келиб турган одам ҳам намоз ўқимасин.
3. Қозои ҳожати қистаб турган одам ҳам намозини кейин ўқисин.
4. Қорни дам бўлиб, ел қистаб турган одам ҳам намоз ўқимасин. Бундай ҳолларда бўшаниб олиб, янги таҳорат қилиб, кейин хотиржам намоз ўқилади.

Анас розияллоҳу анҳудан саримсоқ пиёз ҳақида сўралди. Бас, у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ушбу экиндан еса, бизга яқин келмасин ва биз билан намоз ўқимасин», деганлар», деди». Икки ҳадисни Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ерда гап саримсоқ пиёзни хом ҳолида ейиш тўғрисида кетмоқда. Уни хом еган одамдан ноқулай ҳид чиқиб туриши ҳаммага маълум. Киши саримсоқни хом еб олиб масжидга борса, ўзидаги нохуш ҳид ила ҳаммага озор беради. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтганлар. 
Бинобарин, саримсоқ пиёздан бошқа нарса туфайли, ундан келадиган озор ҳосил бўладиган бўлса у нарса ҳам манъ қилинган бўлади. Мусулмон инсон масжидга озода, хушбўй бўлиб бориши керак.



СОЧНИ ЙИҒИШТИРИШ ВА КИЙИМНИ ЕРГА СУДРАШ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ тик туриб намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборди. Бас, Ҳасан унга ғазаб ила назар қилди. У бўлса: «Намозингни ўқи. Ғазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бу шайтоннинг тўқимидир», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида, унинг барча аъзолари, бутун вужуди ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва одам оғизини тўсишида наҳий қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Нафақат узун кийим киядилар, балки кийимини узун қилиш ила фахрланар эдилар.
Шунингдек, арабларда салласининг бир тарафи ила оғзини беркитиб юриш одати ҳам бор эди.
Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни манъ қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам манъ қилди. Намоздан ташқарида манъ бўлган нарса, намозда манъ бўлиши турган гап. Шунингдек, киши намозда оғзини бирор мато билан тўсиб олиши ҳам макруҳдир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ жалла зикруҳу изорини судраган одамнинг намозини қабул қилмайди», дедилар».
Шарҳ: «Изор» иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, тананинг киндигидан паст томонига тутилиб олинадиган узун матодан иборат бўлади. Изорни судраб юриш ҳам арабларда кибру ҳавонинг бир тури бўлган.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорини осилтириб - ерга судраб намоз ўқиётган бир одамни кўриб қоладилар. Шунда унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У бориб таҳорат қилиб келади. Кейин яна унга, бор, таҳорат қилиб кел, дейдилар. У яна бориб таҳорат қилиб келади. Ана шунда бир одам: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни таҳорат қилиб келишга икки марта амр қилидингиз?» дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтадилар.
Демак, намозхон одам фахр, кибру ҳаво ила кийимини осилтирмаслиги ва шунга ўхшаш ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча ўзини хокисор тутган ҳолида намоз ўқиши лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда кибр ҳаво ила изорини осилтирса, бас у Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас», дедилар». Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: «Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас» деганлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч қандай қадри қиймати йўқ, деганларидир.
Ушбу ҳадисда намозда манъ қилинган кийим осилтириш кибру ҳаво учун бўлгани эканлиги очиқ лафз ила таъкидланмоқда.
Кибру ҳавони хоҳлаган мутакаббирни Аллоҳ таоло, у ўйлаган нарсанинг тескариси, қадр-қийматсизлик билан жазолаши турган гап экан. 
Шунинг учун намоз пайтида инсондан ҳеч бир томондан, ҳатто кийимидан ҳам кибру ҳаво иси чиқмаслиги керак. Ўта хору-зор бўлган ҳолда намоз ўқиш лозим бўлади.


ЭСНАШ, ПАНЖАЛАРИНИ ГИРРА ҚИЛИШ ВА ПУФЛАШ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, иложи борича қайтарсин», дедилар». Термизий ривоят қилган. 
Бухорий «Халқнинг бошланиши» бобида келтирган лафзида қўйидагича: 
«Эснаш шайтондандир. Бас, бирингиз қачон эснаса, иложи борича қайтарсин. Чунки, агар, ҳооҳ, деса шайтон ундан кулади».
Шарҳ: Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса, деб билмайдилар. Эснаш энг ози дангасалик аломатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни шайтондандир, демоқдалар. Шунинг учун уни доимо, айниқса, намозда қайтаршимиз керак. Бўлган бўлмаганга эснайвериб, шайтонга кулги бўлмаслигимиз керак.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра масжидни қасд қилиб чиқса панжаларини бир бирига гирра қилмасин. Чунки, у намоздадир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ишончли санад ила ривоят қилганлар.
Шарҳ: Панжаларни бир-бирига алмаштириб гирра қилиш беҳуда иш бўлиб, ножиддийлик аломатидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтармоқдалар. Мусулмон киши доимо жиддий бўлиб, беҳуда, беъмани ишларга яқинлашмаслиги ҳам керак. Ҳатто, ўшандоқ нарсага аломат бўладиган ишни ҳам қилмаслиги керак. 
Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган бўлади. Бундай жиддий инсонга бекорчи, танбалларга ўхшаб қўлини гирра қилиш мутлоқо тўғри келмайди. Чунки, у масжидга кетаётгани учун намозда турган ҳисобланади. Мусулмон инсон қанчалар бахтли инсон. Яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон қадам босса худди намоз ўқиётган ҳисобига ўтади. Бориб намоз ўқиганда эса қанчалик даражага эришишни топиб олавериш керак.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг Афлаҳ исмли ғуломимизни сажда қилаётиб (ерни) пуфлаётганини кўриб: «Эй, Афлаҳ, юзингни тупроқ қилавер», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан саждагоҳ ёки бошқа жойлардаги чанг, тупроқ ёки шунга ўхшаш нарсаларни намоз ўқиётган одам пуфлаши макруҳлиги чиқади. Бунга ўхшаш ишларни намозни бошлашдан олдин яхшилаб ўрнига қўйиб олиш лозим. Ибодат қилаётган одам, уни берилиб қилиши керак. Баъзи бир чанг ёки шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бериши, уларни пуфлаш намозни берилмай ўқиётганликнинг аломатидир. Намозхон намоз туфайли бу дунёда пешонасини ёки юз қўлини чанг қилса, у дунёнинг шармандалик чанг-ғуборидан холос бўлади.

Хулоса

Ҳанафий уламолар барча далилларни чуқур ўрганиб чиқиб намозда макруҳ ҳисобланадиган нарсаларни айтиб ўтганлар. Ўшалардан баъзиларини эслаб ўтамиз;

1. Намознинг вожиб амалларидан бирортасини қасддан тарк қилиш макруҳи таҳримийдир. 
2. Рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш.
3. Намознинг суннатларидан бирортасини қасддан тарк қилиш.
4. Иккинчи ракъат қироатини биринчи ракъат қироатидан узун қилиш.
5. Фарз намозда бир сурани бир ракъатда такрор ўқиш.
6. Қуръондаги тартибга хилоф тартибда қироат қилиш.
7. Рукуъ ва саждада қироат қилиш.
8. Қўли билан кийим, бадан ва соқолни оз миқдорда ушлаб ҳаракат қилиш.
9. Панжаларини бир бирининг орасига киритиш.
10. Қўлини белига қўйиш.
11. Кўзини юмиб олиш.
12. Беҳожат аланглаш.
13. Қўзини осмонга қаратиш.
14. Бир оёғини кўтариб туриш.
15. Ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.
16. Туфлаш.
17. Эснаш.
18. Саломга ишора билан алик олиш.
19. Фарзнинг кейинги икки ракъатида сура ёки оят қироат қилиш.
20. Сочни турмаклаб, енгни шимариб олиш.
21. Чўнқайгансимон ўтириш.
22. Билакларини ерга тираш.
23. Ўта кўримсиз кийим билан намоз ўқиш. Яхшиси бўла туриб.
24. Инсон ёки ҳайвоннинг расми бор кийим билан ўқиш.
25. Намозда туриб оят, сура ва тасбиҳларни қўл билан санаш.
26. Салласининг пашига сажда қилиш.
27. Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш.
28. Кийимни киймай елкасига ташлаб олиб ўқиш.
Ва бошқалар.






НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ДУО ВА ЗИКР ҲАҚИДА 

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва «Аллоҳумма антассалом ва минкассалом таборакта яя залжалоли ва икром», дер эдилар». 

Бошқа бир ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берсалар «Аллоҳумма антассалом...»ни айтиш миқдорича гина ўтирар эдилар», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Намозни ўқиб бўлиб салом бергандан кейин қимирламай туриб уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш ва «Аллоҳумма антассалом»ни охиригача ўқиш ҳозирда ҳамма томонидан амал қилинадиган ишдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким, астағфируллоҳаллзии лаа илаҳа илла ҳува ал-ҳаююл қаююм ва атубу илайҳи» деса, уни мағфират қилинур, гарчи жангдан қочган бўлса ҳам», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. 
Термизийнинг лафзида: «Ким астағфируллоҳил азийм» деса, дейилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Усома, Зайдни жоҳилият дарида, ўғирлаб келиб, сотилади. Кейин Зайдни Хадижа онамиз сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларида уни у зотга ҳадя қиладилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қуллари Зайд ибн Ҳорисани озод қилиб, ўғил қилиб оладилар ва аммаларининг қизлари Зайнаб бинти Жахшга уйлантириб қўядилар. Қачонки Зайд, Зайнабни талоқ қилганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни чўрилари Умму Айманга уйлантириб қўядилар. Бу хотинларидан Усома ибн Зайд туғиладилар.
Зайд ибн Ҳориса аввалгилардан бўлиб Исломга кирадилар. Бадр, Уҳуд, Хандоқ, Хайбар маъракаларида иштирок этдилар. Бадр жангидаги мусулмонлар ғалабаси хабарини, Мадинага олиб келган зот, шу киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммаси бўлиб, бу кишини еттита сариййа (қўшин)га амир қилиб тайинлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида, Зайд ибн Ҳорисадан бошқа кишини исми, Қуръонда зикр қилинмаган эди.
Бир куни Зайдни оталари билан амакилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўғилларини беришликларини сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни Зайднинг ўзига берадилар. Зайд улар билан кетишга рози бўлмайди, балким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишликни ихтиёр қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу ерда ҳозир бўлганларга қарата: 
«Эй, инсонлар гувоҳ бўлинглар, бу Зайд менинг ўғлим ва меросхўримдир», деб эълон қиладилар. Оталари билан амакилари буларни ораларидаги муҳаббатни кўриб, ҳеч нарса дея олмасдан, орқаларига қайтиб кетишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини яхши кўрар эдилар. Саҳобалар бу кишини Зайд ибн Муҳаммад деб, номлашар эди.
Зайд ибн Ҳориса ҳижратнинг 8-йили, Шомдаги Муъта ғазотида 55 ёшларида шаҳид бўлдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси, дегани озод қилинган қуллари деганидир. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу жуда машҳур саҳобий бўлсалар ҳам фақат ушбу ҳадисни ривоят қилганлар, холос. Ушбу Термизий лафзини ҳамма қабул қилган. 
Дуо маъноси, «Азийм Аллоҳга, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот бўлмаган, тирик ва ўта қоим бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва унга тавба қиламан». 
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муғира Муовияга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала куллии шаййин қодийр. Аллоҳумма лаа монеъа лимал аътайта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу зал жадду миннал жадду», дер эканлар» деб хат ёзди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муғийра ибн Шўъба ибн Абу Омир ибн Масъуд ибн Муаттиб ибн Молик ибн Каъб ибн Амр ибн Саъд ибн Авф ибн Қайсдир. 
Хандақ жанги бўлган йилида Исломга кирганлар. Ҳудайбийя сулҳида иштирок этганлар. 
Ҳазрати Умар розияллоҳ анҳунинг халифалик даврларида у киши Басрага волий қилиб тайинлаганлар. Сўнгра Куфага волий этиб тайинландилар. 
Ҳазрати Усмон замонларида волийликдан бўшаб, Ямома, Шом фатҳларида иштирок этдилар. Кейинчалик Ямрук ва Қодисия, Наҳованд жангларида қатнашдилар.
Муғийра ибн Шўъбадан саҳобалардан Абу Амома Боҳилий, Масвар ибн Муҳрама, Қуррату ал-Мазнийлар, тобеинлардан фарзандлари Урва, Ҳамза, Аққор, мавлолари Варрод, Масруқ, Қайс ибн Абу Ҳозим, Абу Воил ва бошқалар ҳадислар ривоят қилганлар.
У зот биринчи бўлиб Басрада девон-мирзахона ташкил қилган эдилар.
Муғийра ибн Шўъба ҳижратнинг 50-йилида Куфада вафот этдилар.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлиб, салом берганларидан кейин ўқийдиган дуолари ҳақида хабар беришни талаб қилганларида у киши ушбу ривоятда келтирилган маънодаги хатни ёзган эканлар.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Эй бор Худоё, Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ. Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ. Сендан бўлган иқобни қайтарувчи йўқ».
Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар ёдлаб олсалар яхши бўлур.
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳожир фақирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Кўп молли кишилар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар», дейишди. У зот: «У надир?» дедилар. Улар: «Биз намоз ўқиганимиздек, намоз ўқирлар. Биз рўза тутганимиздек, рўза тутирлар. Улар садақа қилурлар. Биз садақа қила олмасмиз. Улар қул озод қилурлар, биз озод қила олмасмиз», дедилар. 
Бас, У зот: «Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот: «Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтасиз», дедилар. Абу Солиҳ: «Муҳожир фақирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб: «Аҳли мол биродарларимиз биз қилган нарсани эшитиб қолиб, ўшанга ўхшаш ишни қилдилар», дейишди. 
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ул Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кишисига берур», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг биринчи авлодига хос бир фазийлат устида сўз кетмоқда. У ҳам бўлса, савоб иш қилишда бир-биридан ўтишга бўлган ҳаракат ва унга эришиш йўлларини излашдир.
Фақир-мискинликлари туфайли бой-бадавлатларга ўхшаб садақа қила олмай, қул озод қила олмай юрган муҳожир саҳобалар қандоқ қилиб кўпроқ ажру савобга эга бўлишлари мумкинлигини сўраб келишди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни намоздан кейин зикр қилишга иршод қилдилар.

Келинг ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни бир бошдан кўриб чиқайлик:

1. Кўп савоб олаётган кишиларга ҳавас билан қараш мумкинлиги.
2. Биладиган кишилардан қандоқ қилиб савоб олиш мумкинлиги ҳақида сўраш мумкинлиги.
3. Садақа ва қул озод қилиш кўп ажр келтириши.
4. Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кўп мол садақа қилиш ва қул озод этишдан ҳам кўпроқ савобга сабаб бўлиши.
5. Муҳожир фақирларнинг иложи борича кўпроқ савоб олишга интилиши кераклиги.
6. Исломда шукрли бой камбағалдан яхшилиги.

Абу Довуд: «Ва уни, Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» билан тугатирсан» жумласини зиёда қилган.
Шарҳ: Зотан ушбу мазкур икки ривоятдаги зикрни қўшиб қилиш йўлга қўйилган.
Термизий лафзида: «Ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» ва ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу», денглар», дейилган.
Муслим ривоятида эса: «Ким ҳар намоздан кейин, ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шаъий қодийр»ни айтса унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам мағфират қилинур» дейилган.
Шарҳ: Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни, сўфийлар хатми, деб номланади. Бу нур устига нур дейилади. Чунки, «Оятал Курсий Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайриянинг олдидан чиққанларида У ўз намозгоҳида эди. Қайтиб кирганларида ҳам, у ўз намозгоҳида эди. Бас, У зот: «Ҳали ҳам ушбу намозгоҳингдамисан?» дедилар. 
«Ҳа!» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса ортиқ келур: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада халқиҳи, ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидода калиматиҳи», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда номлари келган Жувайрия бинти ал-Ҳорис онамизнинг исмлари аслида Барра бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Жувайрия деб, марҳамат қилганлар. Ўша киши зикр билан кўп машғул бўлишлари ушбу ривоятдан маълум бўлиб турибди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларидан чиқаётганларида ҳам намозгоҳларида ўтириб олиб зикр қилаётган эканлар. У зот ташқарида ишларини битириб қайтиб келсалар ҳам ўша жойда ўтириб олиб зикр қилаётган эканлар. Шунда Расулу Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳали ҳам ушбу намозгоҳингдамисан?» дедилар.
«Ҳа!» дедилар, Жувайрия онамиз зикрни муттасил давом этдираётганларини тасдиқлаб.
Ана шунда Расулу Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр билан зикрнинг фарқи борлигини, баъзи бир зикрни Жувайрия онамизга ўхшаб узоқ муддат ва кўп такрорлагандан кўра, бошқасини оз такрорлаб кўп савоб олиш мумкинлигини баён қилдилар:
«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, ортиқ келур», дедилар. 
Яъни, мен сенинг олдингдан чиқиб кетганимдан буён ҳозиргача сен айтаётган зикрнинг савобини торозунинг бир палласига, мен уч марта айтган тўрт калиманинг савобини бошқа палласига қўйилса, менинг айтганларимнинг савобининг оғирлиги босиб кетади, деганлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган калималарининг маъноси: 
«Аллоҳга махлуқотлари ададича, Унинг Ўзи рози бўладиганча, аршининг оғирлигича ва калималарининг оғирлигича поклаш ва ҳамд бўлсин».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жувайрия онамиз намозгоҳда ўтириб зикр қилаётганларидан сўз, намоз ортидан қилинадиган зикр тўғрисида кетаётганини тушиниб оламиз.
2. Жувайрия онамизнинг зокира аёл эканликлари.
3. Зикр билан зикрнинг орасида фарқ борлиги.
4. Зикрни устоздан ўрганиш яхши эканлиги.
5. Зикрни ўзича қилаётган одамда камчилик бўлса, биладиган одам тўғрилаб қўйиши зарурлиги.
6. Ушбу ривоятда келган зикрнинг ўта фазийлатли ва савоби кўп эканлиги.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: «Эй, Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй, Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин, «Аллоҳумма аъиннии ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика» демоқлигингни тарк қилмасликни тавсия қиламан», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг фазийлатлари.
2. Бировни яхши кўрган одам муҳаббатини изҳор қилиб айтиши мумкинлиги.
3. Талаб қилинмаса ҳам маънони таъкидлаш учун қасам ичиш мумкинлиги.
4. Устоз ўз шогирдига сўрамаса ҳам зикрни ўргатиб бориши кераклиги.
5. Ушбу зикрнинг фазли ва уни намоздан кейин айтиб юриш зарурлиги.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар бир намоздан кейин «Муъаввизатони»ни ўқимоқлигимни амр қилдилар». «Сунан» эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: «Муъаввизатони» - «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббин наси» сураларидир.
Демак, намоздан кейин ушбу икки муборак сурани ўқиб қўйиш ҳам яхши экан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Намозда қандоқ (нарсани) айтасан?» дедилар. 
«Ташаҳҳудни ўқийман ва «Аллоҳумма иннии асъалукал жанната ва аъузу бика минаннар», дейман. Аммо, мен сизнинг пичирлашингизни ҳам, Муознинг пичирлашини ҳам эплай олмайман», деди. 
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз ҳам шунга ўхшаш пичирлаймиз», дедилар».
Бошқа бир ривоятда келишича: «Албатта, мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз, деганлари жаннат ва дўзах ҳақида сўраймиз, деганлари.
Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳунинг дуолари маъноси: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ беришингни тилайман».




НАМОЗ ЎҚИШ МАКРУҲ ЖОЙЛАР ҲАҚИДА 

....Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин аҳамият берган нарсалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. У ҳам бўлса, анбиёларнинг қабрларини масжид қилиб олмаслик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва насороларни ана ўша ишни қилганлари учун лаънатладилар. Бундан, мусулмонлар бундай ишни қилмасликлари керак, агар бундай ишни қилсалар улар ҳам лаънатга қоладилар, деган маъно чиқади. Анбиёларнинг қабрларини масжид қилиб олиш мумкин бўлмаганидан кейин улардан бошқаларнинг қабрини масжид қилиб олиш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳеч бир қабрни масжид қилиб олиб бўлмайди... 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Умму Салама Ҳабашистон ерида ўзи кўрган, Мория, деб аталадиган канийса ҳақида, унинг ичида кўрган сувратлар ҳақида зикр қилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўшалар, ичларидан солиҳ банда ёки солиҳ киши ўлса, унинг қабри устига масжид қурар ва ичига ўша суратларни солар эдилар. Ана ўшалар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида халойиқнинг энг ёмонларидир», дедилар».
Шарҳ: Умму Салама онамиз ўзларининг биринчи эрлари Абу Салама билан бирга, бир гуруҳ мусулмонлар ила Ҳабашистон ерларига ҳижрат қилган эдилар. Ўша вақтда Ҳабашистон насроний юрт бўлиб, унга эътиқодли масийҳий диндор-Нажаший подшоҳ эди. 
Шунинг учун ҳам Макка мушриклари зулмидан эзилган мусулмонларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша жойга ҳижрат қилишни тавсия қилган эдилар.
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварага қайтиб келишганларидан кейин вафот этиб, қолган ёш болаларини тарбияси мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга уйланадилар. 
Кунлардан бир кун Умму Салама онамиз Ҳабашистон ерларида ўзлари кўрган «Мория» номли каниса ва ундаги сувратлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга гапириб берадилар ва У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтадилар.
Бунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам насаролар канисасида одамларнинг сувратлари қандоқ бўлиб пайдо бўлгани, нима сабабдан улар ана ўша сувратларга ибодат қилишлари тушунтирилмоқда. 
«Ана ўшалар, ичларидан солиҳ банда ёки солиҳ киши ўлса, унинг қабри устига масжид қурар ва унинг ичига ўша сувратларни солар эдилар».
Демак, аҳли солиҳ кишиларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида қилинган нотўғри ишлар ибодатда ҳам адашувга сабаб бўлган. 
Мазкур адашувнинг биринчи қисми солиҳ кишилар қабри устига ибодатхона қуриш. 
Иккинчиси эса, ибодатхона ичига солиҳ бандани эслаб туриш ниятида қилинган бўлса ҳам аста-секин вақт ўтиши билан, биринчи авлоднинг мазкур сувратларга ҳурмат билан қараётганини кўрган иккинчи авлод ўзидан бир оз қўшиб, учинчиси яна зиёда қилиб охири уларга ибодат қилиш даражасига етишган.
Ушбу жараён насароларда бугун ҳам давом этмоқда. Буни ўзимиз хабардор бўлган, черкови ҳаётидан тушуниб олмоқдамиз. Биз билган вақтда улар бир неча ўз ўлчовларидаги солиҳ кишиларни ўлганларидан кейин аста-секин кўтариб, кўтариб келиб охири муқаддас авлиё сифатида эълон қилишди. Бошқа баъзиларини эса худди шундоқ қилиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
«Ана ўшалар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида халойиқнинг энг ёмонларидир». 
Шунинг учун, уларнинг қилганларини қилмаслик керак. Солиҳ кишилар қабрлари устига масжид қурмаслик керак. Ибодатхона ва ибодат қиладиган жойларга суврат қўймаслик керак. Агар мусулмонлар бундоқ қилмасалар, насароларга ўхшаб залолатга кетишлари мумкин бўлиб қолади. Ушбу ишга доимо ҳушёр бўлишимиз керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жон таслим вақти келганда, юзларига хомийса(чойшабсимон кийим)ни ташлар, қачон нафаслари қисса уни очиб ташлар эдилар. У зот ўша ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, анбиёларинининг қабрларини масжид қилиб олдилар, деб улар қилган нарсадан огоҳлантиррар эдилар». Икковини икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин аҳамият берган нарсалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. У ҳам бўлса, анбиёларнинг қабрларини масжид қилиб олмаслик. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва насороларни ана ўша ишни қилганлари учун лаънатладилар. Бундан, мусулмонлар бундай ишни қилмасликлари керак, агар бундай ишни қилсалар улар ҳам лаънатга қоладилар, деган маъно чиқади. 
Анбиёларнинг қабрларини масжид қилиб олиш мумкин бўлмаганидан кейин улардан бошқаларнинг қабрини масжид қилиб олиш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳеч бир қабрни масжид қилиб олиб бўлмайди. 
Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан беш кун олдин: «Мен Аллоҳ ҳузурида сизлардан халийлим борлигидан ўзимни поклайман. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзига худди Иброҳимни халийл қилганидек мени ҳам халийл қилиб олди. Агар умматимдан халийл оладиган бўлсам, Абу Бакрни халийл қилиб олган бўлар эдим. Огоҳ бўлинглар, сиздан олдин ўтганлар анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжидлар қилиб олар эдилар. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжидлар қилиб олманглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда олдинги ҳадисдаги мавзуъга эътибор берилмоқда. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан беш кун олдин таъкидлаб айтган гаплардан бири бўлгани учун ҳам бу ҳадисаги зикр этилган нарсалар ўта муҳимдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан халиллари йўқлиги. 
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг халийли эканликлари.
3. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларидан халийл оладиган бўлсалар, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни олишлари. Бу у зот розияллоҳу анҳунинг Ислом умматида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин энг афзал киши эканликларига далилдир.
4. Ислом умматидан олдин ўтган умматлар; яҳудий ва насаролар анбиё ва солиҳларининг қабрларини масжидлар - ибодатхоналар қилиб олганликлари.
5. Ислом умматига қабрларни масжид қилиб мумкин эмаслиги.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ернинг ҳаммаси масжиддир. Фақат ҳаммом ва мақбара бундан мустаснодир», дедилар». Абу Довуд, Термизий ривоят қилган. 
Шарҳ: Ер юзининг ҳар бир нуқтаси мусулмон уммати учун масжид экани ҳақида олдин ҳам бир неча ҳадисларнни ўрганган эдик. Бу ҳадисда ушбу умумий ҳукмдан икки жой мустасно қилинмоқда:
1. Ҳаммом.
Чунки, ҳаммом ахлат, ифлос, одамларнинг кирлари тўкиладиган жойдир. Шунинг учун, у ерда шайтонлар ҳам кўп бўлади. Албатта, ана шундоқ номуносиб жойда намоз ўқиш ҳурматсизлик бўлади.
2. Мақбара.
Қабристон ўликлар макони бўлиб, ери нажасга айланган бўлади. Сўнгра аввалги ҳадисларда келганидек, қабрларни масжид қилиб олиш ширкка сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Ҳанбалий мазҳаби бўйича учтадан ортиқ қабр бор жойда намоз ўқиш ҳаром ҳисобланади.
Ҳанафий мазҳабида мақбарадаги намоз макруҳ. 
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан туяхонада намоз ўқиш ҳақида сўралди. Бас, У зот: «У ерда намоз ўқиманглар, чунки у(туя)лар шайтонлардир», дедилар. Қўй қўраларидаги намоз ҳақида сўралган эдилар: «Унда намоз ўқийверинглар, у(қўй)лар баракадир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. 
Термизийнинг лафзи: «Қўй қўраларида намоз ўқийверинглар, туя чўкадиган жойда намоз ўқиманглар», дедилар».
Шарҳ: Ушбу икки ривоятда қўй қўралари ва туя боғланадиган жойларда намоз ўқиш қандоқ бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.
1. Туя боғланадиган жойларда намоз ўқиб бўлмайди.
Чунки, туя феъли бузуқ ҳайвон. Ҳар лаҳзада ҳамла қилиши, пишқириб намозхонни чўчитиши, намозини бузиши мумкин. Шунинг учун ҳам туяларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом, улар шайтонлардир, деб васф қилмоқдалар.
2. Қўй қўраларида намоз ўқиш мумкин. 
Чунки, қўй энг ювош ҳайвон ҳисобланади. У намозхонга ҳамла ҳам қилмайди, уни чўчитмайди ҳам. Балки, қўй жаннати ҳайвондир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни, улар баракадир, деб васф қилдилар.
Икки шайх ва Термизий қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид бино қилинишидан олдин қўй қўрасида намоз ўқир эдилар», дейилган.
Шарҳ: Демак, қўй қўраларида намоз ўқиш жоиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда намоз ўқишдан наҳий қилдилар; ахлатхонада, қассобхонада, мақбарада, йўл ўртасида, ҳаммомда, туя боғланадиган жойда ва Байтуллоҳул Ҳаромнинг устида». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан қайтарган маконларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
1. Ахлатхона.
Ахлатхона намоз ўқиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум. Намознинг қабул бўлиши учун асосий шартлардан бири, макон поклигидир. Ахлатхона бунинг акси бўлган жойдир.
2. Қассобхона - қушхона.
Бу жой сўйилган ҳайвонлар қонлари ва ахлатлари ила поклигини йўқотган макон. У жойда намоз ўқиб бўлмас.
3. Мақбара.
Мақбарада намоз ўқиб бўлмасликнинг ҳикматини яқинда ўтган ҳадисда ўргандик.
4. Йўл ўртаси.
Йўл ўртаси намоз учун мақбул жой эмаслигини шарҳ қилиб ўтиришнинг хожати бўлмаса керак.
5. Ҳаммом.
Ҳаммомда намоз ўқиш жоиз эмаслиги ҳақида ҳам аввал ўтган ҳадисларда ўрганилди.
6. Туя боғланадиган жой.
Бу масала ҳақида ҳам аввал сўз бўлиб ўтди.
7. Байтуллоҳул Ҳаромнинг устида.
Чунки, Каъбаи Муаззаманинг устига чиқиб намоз ўқиш бу муқаддас жойга нисбатан ҳурматсизликдир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам мени мақбарада намоз ўқимоғимдан наҳий қилдилар. У зот мени Бобил ерида намоз ўқимоғимдан наҳий қилдилар. Чунки, у лаънатланган ердир». Абу Довуд ривоят қилган. 
Бухорий келтирган лафзда: 
«Али Бобилнинг ер ютган жойида намоз ўқишни макруҳ кўрди», дейилган. Аллоҳ билувчидир.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан ўтганларга изофа ўлароқ «Бобил» ерида намоз ўқиш ҳам жоиз эмаслигини билиб оламиз. Чунки, ривоятда айтилганидек, у ер лаънатланган ердир. Бобил подшоҳи Намруд ибн Канъон катта ва баланд бир бино қуриб фархланган. Аллоҳ таоло уни ерга ютдириб юборган. Ана шу сабабдан ҳам бу хосиятсиз маконда намоз ўқиш макруҳдир.




 МАХСИГА МАСҲ ТОРТИШ 

Махси-маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб беркитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Махси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари махси ҳукмида бўлади. Ҳар таҳоратда бу оёқ кийимни ечиб оёқни ювиш машаққат туғдиргани учун, тўлиқ таҳорат билан кийилган махси унинг ичидаги оёқни пок сақланишини эътиборга олиб, шариатимизда махсига масҳ тортишга рухсат берилган. 

Лекин баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунма- ганлар. Улар бир вақтлар махсига масҳ тортиш бўлган, аммо «Моида» сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келгандан кейин махсига масҳ тортиш ботил бўлган, дейдилар. 
Бу нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича, Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб, махсиларига масҳ тортганлар. Шунда у кишига: «Сен шу ишни қиласанми?» дейилган. У киши:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишни қилганларини кўрган бўлганимдан кейин бундоқ қилишдан мени нима ман қилар эди?!» деганлар. 
Одамлар: «Бу «Моида» сураси нозил бўлишидан олдин бўлган». дедилар. Жарир розияллоҳу анҳу: «Мен у сура нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлганман», дедилар. 
Демак, «Моида» сурасидаги оят суннат билан собит бўлган махсига масҳ тортишни бекор қилган, деган гап мардуддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари махсига масҳ тортганлар ва бошқаларга масҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўплари бу ишни қилганлар.
Аммо махсига масҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.
Махсига масҳ тортишга рухсатдан мурод енгиллик яратишдир. Шу билан бирга унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, совуқдан ва нопокликдан сақланиш каби фойдалари ҳам бор.
Ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Ал-Муғийра орқаларидан идишда сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсиларига масҳ тортганлари очиқ-ойдин, алоҳида зикр қилингани учун у бу бобда келтирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қазои ҳожат учун чиққанда кишилардан узоқла- шиш зарурлиги.
2. Бошлиқ кишилар ўзлари айтмасалар ҳам шай туриб, хизматларини қилиш кераклиги.
3. Таҳоратга бошқа биров сув қуйиб бериши жоизлиги. (аввал баён қилинганидек, узри бўлмаса, биров қуйиб бермагани маъқул. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ўзлари қилганлар).
4. Қазои ҳожатдан кейин дарҳол таҳорат қилиб олиш яхшилиги.
5. Махсига масҳ тортиш шариатда бор эканлиги.
6. Махсига масҳ тортиш «Моида» сурасидаги оят билан мансух бўлган, деганларнинг гапи нотўғрилиги. 

Чунки «Моида» сурасидаги оят «Мурайсиъ» ғазотида нозил бўлган. Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса эса «Табук» ғазотида бўлган. «Табук» ғазоти «Мурайсиъ» ғазотидан кейин бўлгани ҳаммага маълум.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсига масҳ тортдилар. Мен у кишига: «Эй, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» дедим. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда махсига масҳ тортишлик Аллоҳнинг амри эканлиги очиқ-ойдин таъкид қилинмоқда.
Ал-Муғийра розияллоҳу анҳу ҳам оёқни ювиш керак, деб ўйлган эканлар, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсига масҳ тортганларини кўрганларида: «Эй, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» деди. 
Яъни, оёқни ювишни унутдингизми, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган» дедилар. 
Яъни, мен ҳеч нарсани унутганим йўқ. Махсига масҳ тортиш жоизлигини сен унутдинг. Роббим менга таҳорат билан махси кийиб, сўнгра таҳорат янгилаганимда махсига масҳ тортишга амр қилган, деганлар.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас, у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Нажоший Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ҳабашистон подшоси бўлган. У насоро динида эди. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мусулмон муҳожирларни юртида қабул қилиб, жой берган. 
Қурайш мушриклари Амр ибн Осс бошлиқ бир гуруҳни совғалар ила юбориб, Нажошийдан мусулмон муҳожирларни уларга қайтариб беришини сўрашган. Орада баҳс чиқиб, Нажоший мусулмонларга бир қанча саволлар берган, улардан Қуръон эшитган ва уларни мушрикларга қайтариб бермаган. Ўзи Исломга кирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, совғалар юборган. 
Нажоший вафот этганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугун Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири вафот этди», деб эълон қилганлар ва унга саҳобалар билан ғойибона жаноза намози ўқиганлар.
Нажошийнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган совғалари ичида, бир жуфт қора, содда махси ҳам бор эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Махсининг «содда» бўлиши устида жуни ва нақши нигори йўқлигидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша содда махсини кийганлари у кишининг ўта камтарликларини кўрсатади. 
Ҳадиснинг ровийси Бурайда розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айни ўша Нажоший ҳадя қилган махсига масҳ тортганларини ўз кўзлари билан кўрганликларини гапирмоқдалар. Бу эса у киши бу масалани очиқ-ойдин, ҳеч шубҳасиз билишларига далолатдир.
Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Махсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим: «Тек қўй, уларни икки пок оёғимга кийганман», дедилар ва уларга масҳ тортдилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда махсига масҳ тортишнинг шартларидан бири баён қилинмоқда. У ҳам бўлса, махси тўлиқ таҳорат ила пок оёқларга ки- йилган бўлиши керак. Уни кийишдан олдин оёқларни ювиб қилган таҳорати кетса ҳам таҳорат янгиланганда оёқни ювишнинг ўрнига махсига масҳ тортилади.
Бу ҳадисда саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига шай туришларидан бир намуна ҳам кўрмоқдамиз. 
Ал-Муғийра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсиларини тортиб қўйишга ҳаракат қилганлари шунга далолат қилади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсиларининг устига масҳ тортар эдилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда махсининг қайси жойига масҳ тортилиши ҳақида сўз бормоқда. Махсининг оёқнинг уст қисмини тўсиб турадиган жойига масҳ тортиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари экан. У зот доимо шундоқ қилганлар.
Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Агар дин раъй билан бўлганда махсининг остига масҳ тортиш устига масҳ тортишдан кўра маъқулроқ бўлар эди. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсилари устига масҳ тортаётганларини кўрганман», деганлар».
Шарҳ: Ҳазрати Алининг бу гаплари ҳар бир мусулмон яхши англаши лозим бўлган улкан ҳақиқатни баён қилмоқда.
«Агар дин раъй билан бўлганда махсининг остига масҳ тортиш устига масҳ тортишдан кўра маъқулроқ бўлар эди». 
Ақл тақозоси шу. Чунки махсининг остига турли нарсалар тегади, уни масҳ ила тозалаш маъқул. Махсининг устига эса ҳеч нарса тегмайди. Лекин динда раъй-фикр билан эмас, Аллоҳнинг амри ила иш кўрилади. Тўғри, динда келган кўпчилик ҳукмлар ақлга мос. Лекин бу-ақл устун, дегани эмас. Динда ваҳий устун. Аллоҳ нимани амр қилса, ақлга мос келадими-келмайдими, барибир диний амрни қилиш керак. Ҳеч кимнинг «менимча, манови ишни динга киритиш керак, буни фарз ёки вожиб қилиш керак», деган фикри ила ўша иш динга кириб қолмайди. Махсининг устига масҳ тортиш бунинг далилидир.
Махсига масҳ тортишда икки қўлни ҳўллагач, панжаларни ёйиб, ўнг қўлни ўнг махсининг, чап қўлни чап махсининг тумшуғига қўйилади ва қўлни махси устидан тортиб бориб, тўпиқлар бор жойгача етказилади.
Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда ковушларига масҳ тортдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «жавроб» нима эканлигини уламоларимиз узоқ таҳлил ва баён қилганлар. 
«Жавроб» сўзи асли «кавроб» бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб қолган экан. 
«Қомусул Муҳийт» ва «Лисонул Араб» номли энг мўътамад луғат китобларда айтилишича, «жавроб» кишининг оёқларига ўраладиган нарса экан. Буни машҳур уламолардан Тийбий ва Шавконийлар ҳам тасдиқлашган. 
Шавконий: «Махси юмшоқ ошланган теридан қилинади, чориқ унинг устидан кийилади, «жавроб» эса чориқдан ҳам катта бўлади», деганлар.
Ибн Арабий, ал-Айний ва бошқа уламолар «жавроб» жундан тўқилган бўлиб, ўта совуқ ўлка одамлари кияди», деганлар. 
У руслардаги «пийма» номли оёқ кийимига ўхшаш нарсадир.
«Жавроб» ҳақида уламоларнинг гаплари турлича бўлиши, ул оёқ кийимининг ҳар юртда ҳар хил бўлишидандир. Бунга «дўппи» деб аталган бош кийим турли юртларда турлича бўлиши мисол бўла олади.
Абдурраззоқ ривоят қилишларича, Абу Масъуд ал-Ансорий жавроби ва ковушига масҳ тортар экан. 
Нима бўлганда ҳам, ҳамма масҳ муддатида юриб туришга, сув, лой каби турли нарсаларни оёққа ўтмаслигига молик бўлиши кераклигига иттифоқ қилган.
Ҳозирги пайтда баъзи араб юртларида юпқа латтадан бўлган замонавий пайпоқлар «жавроб» дейилади. Баъзи бир одамлар ана шу «жавроб» ҳадисда зикр қилинган «жавроб» деб, унга ҳам масҳ тортса бўлади, деб фатво бермоқдалар. Бу мутлақо нотўғридир. Ким бу гапни эшитса, асло қабул қилмаслиги керак. Агар олдин билмай қабул қилса, энди ундан қайтиб, пайпоққа масҳ тортмаслиги керак.
Абу Довуд: «Икки жавробга Али, Ибн Масъуд, ал-Баро, Анас, Абу Умома, Саҳл ибн Саъдлар масҳ тортганлар», деган.
Термизий: «Жавробга масҳ тортиш жоизлигини Суфён ас-Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқлар айтдилар, улар: «Агар жавроб қалин бўлса, кавуши бўлмаса ҳам унга масҳ тортилаверади», деганлар», дейди.
Шарҳ: Икки жавробга масҳ тортиш асл масала эканлиги унга амал қилган саҳобаларнинг номларини келтириш билан тасдиқланмоқда. 
Бунинг учун Имом Абу Довуднинг ривояти нақл қилинмоқда. 
Имом Теримизийнинг ривоятида эса тобеъийн ва табаъа тобеъийнлар ичида илм ва фиқҳ ила машҳур бўлган зотларнинг исмлари келтирилмоқда. Улардан иккитаси Имом Аҳмад ва Имом Шофеъий мазҳаб бошлиқларидирлар. 
Бунга одамнинг пиймага ўхшаш «жавроб», деб номланадиган оёқ кийими ўзини-ўзи кўтарадиган бўлиб, устидан кавуш киймаса ҳам унга масҳ тортилаверишини таъкидлашлари бу масалада ҳеч шубҳа қолдирмайди.
Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. 
У киши: «Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар. Бас, ундан сўраган эдик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди». Муслим ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик: Шурайҳ ибн Ҳонеъ ибн Язид ал-Ҳорисий, кунялари Абу Миқдам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобанинг ҳақларига дуо қилганлар. 
Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуни энг яқин кишиларидан эди. Али розияллоҳу анҳу билан барча жангларда иштирок этганлар. Жамал воқеасида катта қўшин устидан амир бўлганлар.
Ҳадисларни Али ибн Аби Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Оиша онамиз, Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳумлардан ривоят қиладилар. 
Бу зотдан эса ўғиллари Муҳаммад ва Миқдом, Шаъбий, Юнус ибн Абу Исҳоқ ва бошқалар ривоят қилишган.
Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳу кучли, паҳлавон, Аллоҳнинг дини равнақи йўлида жонини ҳам аямайдиган улуғ саҳобалардан эдилар. Кексайиб юз ёшдан ўтганларига қарамай, ҳижратнинг 78 санасида (милодий 697) Сижистонга кетаётиб, кофирлар қуршовида қолиб, бутун аскарлари билан бирга шаҳид бўладилар.
Саҳобаи киромларнинг одатларига амал қилиб, Шурайҳ ибн Ҳониъ розияллоҳу анҳу ҳам Оиша онамиздан фиқҳий масала, махсига масҳ тортишга оид масалани сўраган эканлар. Оиша онамиз у кишига: «Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар». 
Бу жавобдан энг Аввало, Оиша онамизнинг омонатлари, инсофлари ва илмий омонатга хиёнат қилмасликлари зоҳир бўлмоқда. У киши ўзлари аниқ билмаган нарсага жавоб беришни ўзларига эп кўрмадилар. Сўровчини ўша масалани яхши биладиган киши ҳазрати Алига йўллаб қўйдилар. Иккинчидан, Пайғамбаримиз махсини кўпроқ сафарда кийганлари чиқади. Оиша онамизнинг «Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деганларидан шу нарса фаҳмланади.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деган жавобидан эса савол масҳнинг муддати ҳақида бўлганини тушуниб оламиз. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз бу масалани ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ҳавола қилганлар. Чунки масалани ечими сафарга боғлиқдир. 
Уламоларимиз масҳнинг муддати ҳақидаги ҳукмни Мана шу ҳадисдан олганлар. 
Муқим одам бир кечаю бир кундуз махсига масҳ тортиши мумкин. У муддат ўтгандан кейин эса махсини ечиб, оёғини ювиши шарт. 
Мусофир одам эса уч кечаю уч кундуз махсисига масҳ тортиб юраверса бўлади. У муддатдан ўтиб кетса, мусофир ҳам махсисини ечиб, оёғини ювмоғи лозим.
Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Хузайма ибн Собит ибн Фақиҳа ибн Саълаба ал-Ансорий, кунялари Абу Аммора, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам Авс қабиласи бошлиқларидан, оналари Кабша бинти Авс. 
Бир ўзларининг гувоҳликлари икки кишининг гувоҳлиги билан баробар бўлган саҳоба эдилар.
Бадр ғазотида ва ундан бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этдилар. Макка фатҳ этилган куни Хутома қабиласи номидан байроқни кўтардилар. Хутома қабиласидаги бутларни синдирган зот шу киши эдилар. 
Сиффийн урушида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Аввалига бу урушда иштирок этмадилар. Қачонки, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан кейин урушга киришдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аммор ибн Ёсир исёнкорлар томонидан ўлдирилади», деб марҳамат қилган эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 38та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан ўғиллари Аммора, Зуҳайр ва бошқалар ривоят қилишди. 
Бу зот тўплаган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. 
Ўғиллари Аммора айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан от сотиб олдилар. Бу ерда гувоҳликка Хузаймадан бошқа киши йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайманинг бир ўзларининг гувоҳликлари билан кифояландилар сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир кишига Хузайма якка ўзи гувоҳлик берса, кифоя қилади», деб марҳамат қилдилар.
Хузайма розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 37 санасида (657 милодий) Сиффийн жангида исёнкорлар тамонидан шаҳид қилинди. 
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари махсига масҳ тортишнинг муддатини очиқ-ойдин айтиб турибдилар. Изоҳнинг ҳожати йўқ.
Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган вақтимизда қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқудан махсиларимизни ечмасдан уч кунгача масҳ тортишни амр қилар эдилар. Магар жанобатдан (ечишга амр қилганлар)». Насаий ва Ибн Можалар ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Сафвон ибн Ассол билан яқиндан танишиб олайлик: Бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 12 та ғазотда иштирок этганлар. Куфада истиқомат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. 
Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зирр ибн Хубайш, Абдуллоҳ ибн Салама, Абу ал-Ғофирлар ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда махсига масҳ тортиш бўйича муҳим бир масала баён этилмоқда. У ҳам бўлса масҳ тортиш таҳоратни кетказадиган нарсалардан кейин жоизлиги, ғусл вожиб қиладиган нарсалардан кейин эса масҳнинг кучи қолмаслигидир. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқу орқали таҳоратлари синиб, янги таҳорат қилганларида сафар чоғида уч кунгача махсига масҳ тортиб юришни амр қилганлар. Аммо жунуб бўлиб, ғусл вожиб бўлиб қолганда эса махсини ечишни амр қилганлар.



«ОМИЙН»НИ НАМОЗДА ОВОЗ ЧИҚАРМАЙ АЙТИШ АФЗАЛМИ ЁКИ ОВОЗ ЧИҚАРИБ АЙТИШМИ? 

Ушбу сарлавҳа қилиб олинган масала ўзаро ихтилофларнинг энг машҳурларидан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз. Албатта, бизда бу масала айни шу тарзда ўртага қўйилгани йўқ. Балки намозда «омийн»ни овоз чиқариб айтиладими ёки йўқми, тариқасида қўйилди. Аслида эса, мазҳаббоши уламоларимиз, мужтаҳидларимиз ҳаммалари бир овоздан, намозда, «Фотиҳа» сурасидан кейин, «омийн»ни айтиш суннатдир, деб иттифоқ қилганлар. Аммо «омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзалми ёки овоз чиқариб айтиш афзалми, деган масалада икки хил йўл тутганлар.

Баъзилари, жумладан, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар.
Иккинчи бир гуруҳ уламоларимиз, хусусан Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари, «омийн»ни ичида айтган афзал, деганлар.
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятларда мазкур икки ишга ҳам далил топилган. Кейинчалик ҳар бир томон нима учун айнан бир хил ишни афзал деб билганини тушунтириш мақсадида ўз далилларини келтирган ва иккинчи томоннинг далилларига ўз мулоҳазаларини ҳам айтганлар. Биз улардан хабаримиз борми ёки йўқми номаълум, лекин айни шу масалада ихтилоф чиқарганимиз маълум. Энди эса, бўлар иш бўлганидан кейин ҳам, бари бир фойдаси бор, деган мақсадда Аллоҳдан мадад сўраб, ўша масала бўйича нима гаплар бўлганини тушуниб етишга бир уриниб кўрсак, деган умиддамиз.
Мавзуга киришдан олдин айтиб қўйишимиз лозимки, камина ходимингиз ўзи эргашган мазҳабга биноан «омийн»ни ичида айтиб намоз ўқиганларга ҳам, овоз чиқариб айтиб намоз ўқиганларга ҳам ўз эҳтиромини тақдим этади. Хусусан, бу борада ижтиҳод қилган салафи солиҳ уламоларимизнинг барчаларига таъзим бажо келтиради. 
Келажак сатрларда мазкур азизларнинг бирорталарига нисбатан сал бўлса-да, бирор ноўрин фикр ёки шунга ўхшаш сўзлар бўлмаслиги ниятидадир. Чунки ул улуғларимиз қилган ижтиҳодлари тўғри бўлса, икки ажр, нотўғри бўлса, бир ажр олиб кетганлар. Ўтганларимизга, хоссатан, ўтган уламоларимизга ҳурмат бажо келтириш бизнинг бурчимиздир. 

«ОМИЙН»НИ ОВОЗ ЧИҚАРИБ АЙТИШ АФЗАЛ ДЕГАНЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МУНОҚАШАСИ

Энди намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлгандан кейин «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деган томоннинг далилларини келтирамиз. Бу томоннинг энг машҳур вакили, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Қадимги китобларимизда ҳам бу масалада улар шу маънода биринчи бўлиб зикр қилинадилар. Шунинг учун биз ҳам бу истилоҳдан истифода қилсак, улардан бошқаларни ҳам ирода қилган бўламиз.

Биринчи далил: 
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон имом «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деса, омийн денглар. Чунки кимнинг айтгани фаришталарнинг айтганига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади, дедилар», дейилган. 
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ва улар билан ҳамфикр томонлар ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имом «омийн» деганидан кейин бизга ҳам «омийн», дейишимизга амр қилмоқдалар, шунга биноан биз «омийн»ни айтишимиз лозим, дейдилар.
«Омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзал, деганлар асосан, Ҳанафий ва Моликийлар эса, «омийн»ни айтиш лозимлиги жуда ҳам тўғри, шунинг учун биз ҳам айтамиз. Лекин ҳадиси шарифда, «омийн»ни овоз чиқариб айтинг, дейилгани йўқ-ку?! Шунинг учун бу ҳадиси шарифни омийнни овоз чиқариб айтишга далил қила олмайсизлар, дейдилар. Дарҳақиқат, бу ҳадис икки томонга ҳам бир хил далил бўла олади.

Иккинчи далил: 
Имом Муслим Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда, жумладан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар, суннатимизни баён қилдилар, намозимизни таълим бердилар ва: «қачон намоз ўқисангиз сафга туринглар, бирингиз сизга имом бўлсин, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг, қачон у «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деса, сиз «омийн» денг, Аллоҳ ижобат қилади», дедилар», дейилган.
Бу ҳадиси шариф ҳақида ҳам тарафлар биринчи ҳадис ҳақида айтган гапларини қайтарадилар. Хулосага келганда овоз чиқариб айтиш ҳақида таъкид йўқлиги ошкор бўлади. Аслида овоз чиқармаслик асос эканлиги ва овоз чиқариб айтиш алоҳида таъкидланмагани эътиборидан, яна «омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзал, деганларнинг гапи устун келади. Яна шунга ўхшаш бир-икки ривоятлар ҳам келтирилади. Уларда баъзи лафзлар бошқача бўлса ҳам, умумий маъно бир.
«Омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «омийн»ни айтганлари ҳақидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар:

Учинчи далил: 
Ҳофиз Абу Бишр ад-Даволибий келтирган ушбу ривоятда Воил Ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намоздан фориғ бўлганларида кўрдим. Ҳаттоки, юзларини у тарафдан ҳам кўрдим, бу тарафдан ҳам кўрдим. У зот «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деб қироат қилдилар ва овозларини чўзиб, «омийн», дедилар. Буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар, деб ўйлайман».
Мухолиф тараф эса, бу ва бунга ўхшаш ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом бўлиб туриб, «омийн»ни айтганлари ҳақида сўз кетади. Бу эса, имом ортида туриб намоз ўқиётган намозхон «омийн»ни овоз чиқариб айтсин, дейишга асос бўла олмайди, дейди. Шу билан бирга ҳадисда, овозларини чўзиб дейилмоқда, овозларини баланд қилиб, дейилгани йўқ. Одатда имомнинг биринчи сафда турган кишилар эшитадиган даражада овоз чиқариши бир нарсани овоз чиқариб айтиш дейилмайди. Чунки кўплаб саҳиҳ ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозида баъзи оятларни биринчи сафда турганлар эшитадиган даражада пичирлаб ўқиганлари собитдир. Пешин намозида овоз чиқариб қироат қилинмаслиги ҳам ҳаммага маълум.
Иккинчидан, худди ўша ҳадиснинг Имом Аҳмад, Абу Довуд ат-Таёлусий, Абу Яъло ал-Мусилий, Имом Дора Қутний ва Имом ал-Ҳокимлар келтирган бошқа бир ривоятида, У зот «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн»га етганларида овозларини пастлатиб, «омийн», дедилар, деган иборани келтирадилар. Демак, ўша намоз овоз чиқариб қироат қилиш лозим бўлган намоз экан-у, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиҳа сурасини баланд овоз билан ўқиб бўлганларидан кейин, овозларини пастлатиб, биринчи сафда турганлар эшитса бўладиган даражада «омийн» деб қўйганлар. Бунинг устига Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг, буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар деб ўйлайман, деган гапларини далил қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «омийн»ни айтган бўлсалар ҳам, таълим учун айтганлар, дейдилар. Чунки Воил Ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу Яманлик ҳукмдор кишилардан бў-либ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиб Мадинаи Мунавварага, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар. Исломга кириб, бир ҳафта давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олиб, жумладан, намоз ўқишни ўрганиб, сўнгра ўз юртларга қайтиб кетганлар. Ана ўша муносабат ила кўрган-эшитганларини кейинчалик ривоят қилиб берганлар.
Энг муҳими, аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «омийн»ни айтган бўлсалар ҳам, имом бўла туриб айтганлар, бу ривоятнинг қавмнинг «омийн»ни баланд овоз ила айтишига нима алоқаси бор, дейдилар ҳанафийлар. 
Шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунимизда, суннат турганда фиқҳнинг нима кераги бор, қабилида иш тутадиган баъзи кишилар ҳам ўз тортишувларида «омийн»ни овоз чиқариб айтишга юқоридаги ривоятларни далил қилиб келтирмайдилар. 
Саййид Собиқ «Фиқҳус-Сунна» китобида қуйидагиларни ёзади: «Намозхон «Фотиҳа»нинг қироатидан кейин «омийн», демоғи суннатдир. Жаҳрий намозда овозини чиқариб, сиррий намозда ичида айтади. Нуъайм ал-Мужмирдан ривоят қилинишича, у Абу Ҳурайранинг орқасидан намоз ўқидим, у «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деди, сўнг «Фотиҳа»ни қироат қилди, «валаззооллийн»га етганида, «омийн», деди. Одамлар ҳам «омийн», дедилар, деган».
Саййид Собиқнинг бу гапларига унинг ўзига ўхшаб иш тутадиган ҳадис олимларининг бири Носириддин Албоний, бу гап ўз ўрнида эмаслигини айтиб, раддия қилади. Чунки келтирилган ривоятда, овоз чиқариб айтилгани қайд қилинмаган. Ровий яқинда туриб пичирлаб айтилган «омийн»ни эшитган бўлиши мумкин.
Кейин Саййид Собиқ: «Ибн Зубайр ва у билан бирга бўлганлар «омийн»ни айтишганда, масжидда баланд овоз чиққан», деган иқтибосни келтиради.
Носириддин Албоний эса, бунинг жавобига қуйидагиларни ёзади: «Иқтидо қилувчиларнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтишлари ҳақида шундан бошқа асар йўқ. Бу эса, ҳужжат бўла олмайди. Чунки уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгача етказиб борилмаган. Батаҳқиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида кўп ҳадислар келган. Лекин уларнинг бирортасида ҳам саҳобалар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида гап йўқ».
Шайх Носириддин Албоний бу ҳақдаги гаплари давомида Имом Шофеъий ҳам кейинчалик «омийн»ни ичида айтиш афзал эканлигига қайтганлари ва ўзларининг «Умм» номли китобларида, у (омийн)ни овоз чиқариб айтишларини хуш кўрмайман, деб ёзганларини келтиради.
Бу эса, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деган бош шахс кейинчалик, бошқа далил ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, ўзларининг биринчи гапларидан қайтганларини кўрсатади.
Муҳаддис уламоларимиз ҳозирда кўп тилга олинаётган, масжидни тўлдириб «омийн» дейилгани ҳақидаги ривоятлар ўта заиф эканлигини батафсил баён қилганларини ҳам алоҳида таъкидлаб қўймоқчимиз.
Бу ерда гаплар улгиржироқ қилинган бўлса ҳам, қадимги уламоларимиз бошқа ривоятларни ҳам битта-битта келтириб, батафсил таҳлил қилганлар. Ҳатто, матнлар тенг кучга эга бўлиб қолган жойларда ровийлардан қайси бирлари кучли эканини суриштирганлар. Имкони бор кишилар махсус китобларга мурожаат қилишлари мумкин.


«ОМИЙН»НИ ИЧИДА АЙТГАН АФЗАЛ, ДЕГАНЛАРНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИ

Бу фикр, асосан, Ҳанафий мазҳаби томонидан айтилгани аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Энди Ҳанафий уламоларнинг далилларини келтирамиз. Аввало шуни айтиб қўйиш лозимки, Ҳанафий уламолар баъзиларимиз айтаётганимиздек, одамларни ўз фикрларига юргизишга уринмаганлар. Улар ҳар бир ҳукмга Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга ҳаракат қилганлар. Тўғрироғи, Қуръон ва Суннатдан истинбот қилинган ҳукмларни оддий кишиларга етказишга ҳаракат қилганлар. Буни ушбу, ҳозир келтириладиган мисоллардан билиб олсак ҳам бўлади.

Биринчи далил: 
«Омийн» лафзи дуодир. Унинг маъноси, ижобат қил, яъни, дуони қабул қил, демакдир. Дуони қандоқ қилиш ҳақида Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг! Албатта, У тажаввузкорларни хуш кўрмайди», деган (55-оят).
Шунга биноан, «омийн»ни ичимизда айтишимиз керак.

Иккинчи далил:
«Омийн» лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, бу лафз арабча ҳам эмас. «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм» эса Қуръондан, яна Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда уни айтишни вожиб қилган. Шундоқ бўлса ҳам, «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм»ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун «омийн»ни овоз чиқариб айтишимиз керак экан?!

Учинчи далил: 
Имом Абу Довуд ва бошқа муҳаддислар Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Самура ибн Жундуб ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумлар эслашиб ўтиришди. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки сакта (бир оз жим туриш)ни, такбир таҳримани айтганда ва «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн»нинг қироатидан фориғ бўлганда қилишни ёдлаб қолганини айтди. Имрон ибн Ҳусойн унинг бу гапини инкор қилди. Сўнг икковлари Убай ибн Каъаб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзишди. Унинг икковларига (ёзган) мактубида, батаҳқиқ, Самура ёдлаб олибди, дейилган эди», деб ривоят қилинган.
Демак, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдаги такбир айтишдан кейин ҳам, «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлганларидан кейин ҳам бир оз жим туришни одат қилганлар. Мана шу ҳақидаги мунозарада саҳобаи киромлар ҳам айни ҳолни тасдиқлаган эканлар.
Ҳанафий уламолар ўз мазҳабларини тасдиқлаш учун ушбу маънога яқин яна бир қанча ривоятларни келтирадилар.

Тўртинчи далил: 
Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али ва Абдуллоҳлар Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймни ҳам, аъузуни ҳам, омийнни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар». (Табароний ривоят қилган).
Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган, ўта илмли саҳобийларнинг «омийн»ни ичларида айтиши ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам «омийн»ни ичларда айтиб намоз ўқишлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

Бешинчи далил: 
Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик ила кузатиб турилган. Агар «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имом ҳолларида, баъзида таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб «омийн» деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ, айниқса, имомга иқтидо қилган кишиларнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят йўқ ҳолга дучор келинмас эди.
Азиз китобхон! Биз омийнни намозда овоз чиқариб айтган афзалми ёки овоз чиқармай айтган афзалми, деган масала бўйича қадимги уламоларимизнинг гапларини ўта мухтасар равишда келтирдик. Шунингдек, ҳамаср уламоларимизнинг иккиталарининг гапларини ҳам келтирдик. Энди ўз-ўзидан, шунчалик баҳс қилинган нарсани яна қўзғашнинг нима кераги бор эди, деган савол пайдо бўлиши табиий. Ҳа, аввал бир масалани яхшилаб ўрганмай туриб, кўпчилик ичига олиб чиқилса, шундоқ ноқулай ҳолат юзага келиши турган гап.

НАМОЗДА РУКУЪГА БОРАЁТГАНДА ВА УНДАН ҚАЙТАЁТГАНДА ИККИ ҚЎЛНИ КЎТАРИШ МАСАЛАСИ 

Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма Ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа пайтда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма номозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.

Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчиларимиз пайдо бўлдилар. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Ана ўшаларимиз ўзларини, худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, Ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек ҳис этар эдилар. Бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса, ўша масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини бир юз эллигинчи Ҳижрий санада туғилган Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алай-ҳимлар ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана ўша буюк мужтаҳидларимиз энг аввал келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли ила амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилардилар. Агар бизда бир озгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсизлигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.
Келинг, илмсизлигимизга барҳам бериш ва хатони такрорламаслик умидида бу масалани илмий йўл ила яна бир кўриб чиқайлик.


НАМОЗДА РУКУЪГА БОРГАНДА ВА УНДАН ҚАЙТГАНДА ИККИ ҚЎЛНИ КЎТАРИШ КЕРАК ДЕГАНЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МУНОҚАШАСИ

Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхати бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари туради. Улар ўзларининг бу ҳукмларига бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар:

Биринчи далил: 
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни очсалар икки қўлларини елкалари баробар кўтариб туриб такбир айтар эдилар. Кейин қачон рукуъга такбир айтсалар ҳам шунингдек, қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар ҳам уларни худди ўшандоқ кўтарар эдилар ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа ва лакал ҳамд», дер эдилар», деганлар.
Мана шу саҳиҳ ҳадисда намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.

Иккинчи далил: 
Имом Бухорий келтирган ривоятда Нофеъ розияллоҳу анҳу: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса, унга тош отар эди», деган.
Бу ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлаб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари амал қилибгина қолмай, ўзгаларни ҳам мазкур ҳукмга бўйсунишларига ҳаракат этганлари яққол кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Ҳанафий уламолар, дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик, келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик, дейдилар.
Имом ат-Таҳовий, Имом Ибн Абу Шайба ва Имом ал-Байҳақийлар ўз китобларида келтирган ривоятда Мужоҳид розияллоҳу анҳу: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У икки қўлини намоздаги биринчи такбирдан бошқа ҳеч кўтармас эди», деганлар.
Олдинги икки ривоят ва биз келтирган учинчи ривоятни қўшиб ўргансак, рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик бу амал насх бўлганидан кейин унга амал қилишни тўхтатганлар.
Сиз ҳам, ҳурматли Шофеъий, Ҳанбалий ва ушбу масалада улар билан ҳамфикр бўлганлар, биз ҳам саҳобий ўзи қилган ривоятга зид амал қилса, ривоятини эмас, амалини қабул қилишга иттифоқ қилганмиз. Чунки саҳобийлар насх бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳукмга хилоф амал қилмайдилар. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир каттаю кичик нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ эргашувчи ягона саҳобий бўлганлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид, эргашиш зарур ҳисобланмаган ишларни ҳам ўта аниқлик билан қилиб юрганлари маълум ва машҳур. Шундоқ одам насх собит бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳадисга хилоф иш тутиб, рукуъга боришда ва ундан қайтишда икки қўлни кўтаришни тарк қилмас эдилар.

Учинчи далил: 
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ўз Сунанларида, Имом Бухорий «Рафу ълядайни фиссолати» деган рисолаларида ва Имом Таҳовий «Мушкилул-Осор»да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон фарз намозга турсалар такбир айтиб, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Худди шу ишни қироатларини тамом қилиб рукуъга боришни ирода қилсалар ҳам, рукуъдан бош кўтарсалар ҳам қилар эдилар. У зот намозда ўтирган ҳолларида ҳеч қўлларини кўтармас эдилар. Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб, такбир айтар эдилар», дейилган.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу далилларига жавоб қуйидагича: Бу ривоят собит эканини яхши биламиз. Лекин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг айни ўзларидан бунинг акси содир бўлгани ҳақида ривоят бор. Ана шу ривоятни ҳам этиъборга олиб туриб, (ниҳоий) ҳукм чиқарилса, жуда ҳам яхши бўлар эди.
Имом ат-Таҳовий ва Имом Ибн Абу Шайбалар Осим Ибн Кулайбнинг отасидан қилган ривоятда: «Али розияллоҳу анҳу икки қўлларини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди», дейилган.
Имом Абу Бакр Ибн Абу Шайба Абу Исҳоқдан келтирган ривоятда эса: «Абдуллоҳ (Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақатгина намозни бошида кўтарар эдилар, холос», дейилган.
Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Бўлмаса Ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятга хилоф иш қилмас эдилар. Шу билан бирга Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобеъинларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда, икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ўзларига далил қилиб келтирган юқоридаги ҳадисда зикр қилинган «Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб такбир айтар эдилар», деган жумла уларнинг зиддига катта ҳужжатдир. Чунки улар саждадан туришда қўл кўтариш керак демайдилар. Ўз-ўзидан «нима учун бир ҳадиснинг маълум бўлагига амал қиласизлар-у, бошқа бўлагига амал қилмайсизлар», деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Сажда қилиб бўлиб тураётганда ва бошқа ҳолатларда ҳам икки қўл кўтарилиши ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Мана шу нарсанинг ўзи ҳам аввал намозда такбираи эҳромдан бошқа жойларда ҳам қўл кўтариш бў-либ, кейинчалик насх қилинганига далолатдир. Бу ҳақиқатни Ҳанафийлар тўлиқлигича олиб, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бир қисмини қабул қилиб, рукуъга кетиш ва ундан қайтишга тегишли жойини қабул қилмаган чиқадилар.
Ҳанафийлар мухолифларнинг ҳар бир далилига худди шу қабилда раддия қиладилар. Биз намуна учун келтирилган мисоллар билан кифояланиб, энди бу масалани қадимда қандоқ муноқаша қилингани ҳақидаги икки ривоятни ўрганиб чиқайлик:
Имом ат-Таҳовий келтирган ривоятда ал-Муғийра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Иброҳимга, Воилнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон намозни бошласалар, рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар, икки қўлларини кўтаришларини кўрдим, деган ҳадисига нима дейсиз, дедим». У киши: «Агар Воил у зотнинг ундоқ қилганларини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ундоқ қилмаганларини эллик марта кўрган», деди.
Кўриниб турибдики, рукуъга кетаётиб ва ундан қайтаётиб икки қўл кўтарилади, деганлар Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилганлар. Буюк тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий розияллоҳу анҳуга бу гап айтилганда, у киши Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини раддияга келтирганлар ва қайси бир ҳадис қабул қилишга лойиқроқ эканини тасдиқлаш мақсадида уларнинг ровийларининг ҳолларини зикр қилиб ўтганлар. Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу иймонга келганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида фақатгина бир ҳафта туриб, намоз ўқишни ўрганганлари ва қайтиб кетиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайта кўрмаганлари машҳур. Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таълим учун алоҳида муомала қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтармаганлари ҳақидаги ривоят соҳиби Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса, энг биринчи иймонга келган саҳобалардан бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг умрларининг охирларигача ажралмаган улкан саҳобийлардан биридирлар. Албатта у киши Воил розияллоҳу анҳуга қараганда кўп нарсани билишлари турган гап.
Иккинчи мисол Имом ал-Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён Ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан Имом Абу Ҳанифа билан Имом ал-Авзоъий ораларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар:
«Абу Ҳанифа билан ал-Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда ал-Авзоъий Абу Ҳанифага:
- Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? деди. Абу Ҳанифа эса:
- Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ нарса бўлмади, деди.
- Қандоқ қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир, менга аз-Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! деди ал-Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа:
- Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва ал-Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, деди.
- Мен сенга аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди, дейсан-а?! деди ал-Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига: 
- Ҳаммод аз-Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Ал-Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал, деб жавоб берди. Шунда ал-Авзоъий жим қолди».
Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. Ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам улар мулоҳаза қилган эканлар.



кейинги...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов