"."
Меню

Намоз хакида хадислар

САФЛАРНИ ТЎЛАТИШ ЗАРУРЛИГИ ВА ЁЛҒИЗ ТУРИШНИНГ МАКРУҲЛИГИ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларни тўлдирингиз! Албатта, мен сизларни ортимдан ҳам кўрурман», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида: «Олдинги сафни тўлдиринг, сўнгра ундан кейингисини. Агар камлик бўладиган бўлса, охирги сафда бўлсин», дедилар».
Шарҳ: Одатда сафга туришда дангасалигимиздан ўзимиз турган жойга яқинроқ ерга туриб олишга ҳаракат қиламиз. Оқибатда олдинги сафлар тўлмай туриб, бошқа сафлар олинади. Бу эса ушбу ҳадиси шариф нуқтаи назаридан мутлақо нотўғридир.
Аввал ҳамма биринчи сафни тўлдиришга ҳаракат қилиши лозим. Саф қуришнинг бошланиш нуқтаси имомнинг ортидан бўлиши керак. 
Чунки ҳар бир сафнинг энг афзал нуқтаси имомнинг орқасидаги жой, кейин эса ўнг томонидир. 
Шунинг учун ҳар бир сафни имомнинг орқасидаги нуқтадан бошлаб аввал ўнг томонини, кейин чап томонини тўлдириш керак. 
Аввал саф тўлганидан кейингина иккинчи сафга ўтиш керак. Шундоқ қилиб бориб-бориб камчилик бўлиб, саф тўлмайдиган бўлса, охирги сафда бўлиши лозим. 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди фаришталар Роббилари ҳузурида саф тортганларидек, саф тортмайсизларми?!» дедилар. Биз: «Фаришталар қандоқ саф тортурлар?» дедик. У зот: «Олдинги сафларни тўлдирурлар ва сафда жипслашиб турурлар», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозда саф тортиб туриш, сиз билан биз ўйлагандек, оддий нарса эмас. Намоздаги сафларимиз фаришталарнинг Аллоҳ таоло ҳузурида саф тортишлари каби бир ишдир. Агар биз мусулмонлар ўз қадримизни биладиган бўлсак, Аллоҳга иймонимиз ва ибодатимиз ила фаришталардан юқори даражада бўла оламиз. Намозда сафда туриш эса ўша олий мақомнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Шунинг учун, бу олий мақомни тўла ҳис қилган ҳолда саф тортиш керак. 
Чунки намозга саф тортаётган мусулмонлар жамоат бўлиб Аллоҳ ила роз айтишиш учун саф тортаётган бўладилар. Уларнинг сафлари тўғри, жипс ва гўзал бўлиши фаришталарнинг сафидек бўлиши керак. 

Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Амирлардан бир амирнинг орқасида намоз ўқидик. Одамлар аралаш-қуралаш бўлиб кетдилар. Биз икки устуннинг орасида намоз ўқидик. Намозни ўқиб бўлганимиздан кейин Анас: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик», деди».
Шарҳ: Аввало ровий Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Абдулҳамид ибн Маҳмуд Миълавий ал-Басрий, ҳадисларни Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббослардан ривоят қилдилар. У зотдан ўғиллари Ҳамза ва Сайфилар ривоят қилишди.
Имом Насаий, Абдулҳамид ибн Маҳмуд ишончли ҳадис ривоят қилган зотлардан эдилар, деб айтадилар. 
Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик, деганларидан, аралаш-қуралаш бўлиб сафга эътибор бермасликни ва икки устун орасида намоз ўқишни ҳам тушуниш мумкин. 
Баъзи бир уламолар, жумладан, Имом Аҳмад икки устун орасида саф тортиш макруҳ, деганлар. 
Аммо жумҳур уламолар бу ишда кароҳат йўқ, икки устун орасида намозга саф тортса бўлаверади, деганлар. 
Бу хилма-хиллик ушбу ҳадисни турлича тушуниш ва бошқа ҳадиси шарифларга солиштиришдан келиб чиққан. Ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиб, бошқани ҳурмат қилса, орада хилоф чиқмаса, яхши бўлади. 

Вобиса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиётган одамни кўрдилар ва уни намозни қайтадан ўқишга амр қилдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Вобиса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Вобиса ибн Маъднинг кунялари, Абу Солимдир. Куфада истиқомат қиладилар. Сўнгра «Раққа» деган жойга кўчиб ўтдилар ва ана шу ерда вафот этдилар. Бу зотдан икки ўғиллари Амр ва Солим, Зиёд ибн Абу ал-Жаъдлар ривоят қилишди.
Ушбу ҳадисда бир киши жамоат намозидаги сафда ёлғиз ўзи туриши яхши эмаслиги таъкидланмоқда. Агар бир киши сафга сиғмай қолса, яна одам келиши эҳтимоли узоқ бўлса, охирги сафдан бир кишини ушлаб секин тортса, у сафдан чиқиши ва икковлари саф бўлиб туришлари керак.
Жумҳур уламолар бу ҳадисдан агар бир одам сафдан ташқарида ёлғиз ўзи намоз ўқиса, намози қабул бўлмайди, деган гап келиб чиқмайди. Бу ердаги намозни қайта ўқиш ҳақидаги амр мажбурий эмас. Намознинг нуқсонли бўлишини таъкидлаш учун холос, деганлар. 
Бу гапни қуйида келадиган ҳадис ҳам қувватлайди. 

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидга кирсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилиб турган эканлар сафга етмасдан мен ҳам рукуъ қилдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳирсингни зиёда қилсин, қайта бундоқ қилма», дедилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Бакра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ракъат намозни топиб қолай, сафга турсам у зот рукуъдан бошларини кўтариб қолишлари мумкин, деб савобга ҳирс қўйиб, сафга турмай намозни ният қилган эдилар. 
Аллоҳ таоло ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятини берган зот, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни намозда туриб билдилар ва намоздан кейин Абу Бакра розияллоҳу анҳуга, Аллоҳ савобга ҳарислигингни зиёда қилсин, аммо сафга етмай туриб, намозга ният қилишни иккинчи бор такрорлама, дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакра розияллоҳу анҳуга намозни қайта ўқи, демаганлари сафдан ташқарида ёлғиз намоз ўқиган одамнинг намози нуқсонли бўлиб қабул қилинишини кўрсатади.

ИМОМНИНГ НАМОЗДАН БУРИЛИШИ ВА ОДАМЛАР ТОМОН ЮЗЛАНИШИ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сиздан бирортангиз фақат ўнг томонидан бошқа томони билан бурилиши ноҳақ, деб, ўйлаб ўзининг намозидан Шайтонга бир нарса бериб қўймасин. Батаҳқиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чап томонлари билан ўгирилганларини кўп кўрганман», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Имом Муслим ривоятида: «Суддий: «Анасдан, намоз ўқиганимда, қандоқ ўгириламан, ўнг томоним илами, чап томоним илами?» деб сўрасам. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпинча ўнг томонлари ила ўгирилганларини кўрганман», деди», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан намозни тугатиб салом бергандан кейин бурилишда ўнг томон ила бўлиши кўпроқлиги маълум бўлади. Аммо доимо ўнг томонга бурилиш зарур, деган тасаввурда ҳам бўлмаслик кераклиги англанади. 

Қобийса ибн Ҳалиб розияллоҳу анҳудан,у киши ўз отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, бурилганларида эса икки томонлари ила гоҳида ўнг томонлари, гоҳида чап томонлари ила бурилар эдилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ривоятлардаги маънони таъкидламоқда. Намозни ўқиб бўлиб ортга қайрилишда гоҳ ўнг томон, гоҳ чап томон ила қайрилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан, имомларимиз ҳам, ҳар биримиз ҳам шундоқ қилмоғимиз марғубдир. 

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни ўқиб бўлсалар, биз томон юзланар эдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Намозни ўқиб бўлгандан кейин имомнинг қавмга юзланиб ўтириши шу ҳадисдан олинган. Олдинги ҳадислардаги ўнг ёки чап томонлар ила бурилиш ҳам ана ўша пайтда бўлган. 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом намоз ўқиган жойидан бошқа жойга ўтмай туриб намоз ўқимайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, имом фарз намозни ўқиган жойдан бошқа жойга ўтиб туриб, суннат намоз ўқийди. Шунингдек, бошқа намозхонлар ҳам жойларини ўзгартириб ўқигани афзал. Чунки ҳар бир намоз ўқиган жой, унинг тепасидаги осмон, қиёмат куни намозхон фойдасига гувоҳлик беради. Киши қанча кўп жойда намоз ўқиса, гувоҳи шунча кўпаяди. У ўлган куни ўша ер ва осмонлар йиғлайдилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз намоз ўқиб бўлганида олдинга, орқага ёки ўнг ёки чапига қимирлашдан ожиз бўладими?» дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам олдингисини таъкидлаб, бу ҳукм фақат имомга эмас, балки ҳаммага тааллуқли эканини баён қилмоқда. Икки намоз орасини бирор нарса билан бўлиш керак, деган гап ҳам шундан келиб чиққан. Бир намозини ўқиб бўлиб иккинчисини бошлашдан олдин бирор ҳаракат, ҳеч бўлмаса гап билан бўлиниш ҳосил қилмоқ керак, дейдилар баъзи уламоларимиз.



НАМОЗНИ ЖАМОАТ ИЛА ҚАЙТА ЎҚИШ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хуфтон намозини ўқир, сўнгра қавмига келиб уларга ўша намозни ўқиб берар эди». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўта фазилатли ва илмли саҳобалардан эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларида: 
«Муоз ибн Жабал ҳалол-ҳаромни энг яхши биладиганингиздир», деганлар. Шунинг учун қавми у кишини жуда ҳам ҳурмат қилар, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу келиб имом бўлмагунларича намозни ўқимай кутиб ўтирар эдилар. 
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида иқтидо қилиб намоз ўқишни ҳеч нарсага алмаштирмас эдилар. Шу сабабдан масала икки томонни ҳам рози қиладиган шаклда ҳал қилинган эди. 
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтонни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқир, қавми эса кутиб турар эди. 
Сўнгра Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу келиб имом бўлиб Хуфтон намозини ўқиб берар эдилар. 
Демак, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтон намозини икки марта ўқир эдилар. 
Воқеъликда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтоннинг фарзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан адо этар эдилар. У киши қавмларига имом бўлганларида эса нафл намоз ўқир эдилар. 
Ушбу фикрни қувватлаган имом Шофеъий ва баъзи уламолар фарз намоз ўқувчи нафл намоз ўқувчининг орқасидан иқтидо қилса бўлади, дейдилар.
Бошқа уламолар эса бу Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга хос нарса, бошқаларга бўлмаган ва бўлмайди ҳам, дейдилар. 

Язид ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши ёш болалик чоғларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиганлар. У зот намозни ўқиб бўлиб, бирдан икки кишини намоз ўқимай масжиднинг бир томонида турганларини кўриб қолдилар. Бас, уларни чақирдилар. Уларни титраб-қалтираб турган ҳолларида олиб келишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сизларни биз билан намоз ўқишдан нима ман қилди?» деб сўрадилар. Икковлари: 
«Биз намозни ўз жойларимизда ўқидик», дедилар. 
Бас, у зот: «Ундоқ қилманглар. Қачон бирингиз ўз жойида намоз ўқиса-ю, сўнгра имомни намоз ўқимаган ҳолда топса, у билан намоз ўқисин. Албатта, у(намоз) унинг учун нафлдир», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилган. 
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ёшликдан жамоат билан намоз ўқишга тарғиб.
2. Раҳбар кишиларнинг намоз ўқишини кузатиб туриши лозимлиги.
3. Намоз ўқимаганларнинг нима учун намоз ўқимаганлари ҳақида сўраб суриштириш кераклиги.
4. Одамларга намоз ўқимаганлик ҳақидаги сўровдан қўрқиш ҳисси бўлиши кераклиги.
5. Ўз жойида намоз ўқиб олган киши ўша намозни жамоат шаклда ўқилаётгани устидан чиқса, унга қўшилиб ўқишга ва бу намоз унинг учун нафл намоз бўлиши.

Ҳанафий мазҳабида ўзи ёлғиз намоз ўқиган одам жамоатга ҳозир бўлса, нафл нияти ила қўшилади. Жамоат билан намоз ўқиган одам яна бошқа бир жамоатга қўшилиши шарт эмас, дейилади.

ИМОМ ЎЗ ЎРНИГА БОШҚАНИ ҚЎЙСА ЖОИЗ

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф(қабиласи)га уларнинг ораларини ислоҳ қилиш учун бордилар. Намоз вақти бўлиб қолди. Муаззин Абу Бакрнинг ҳузурига келиб: «Иқомат айтсам, одамларга намозга ўтиб берасанми?» деди. 
«Ҳа», деди. 
Бас, Абу Бакр намоз бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб намоз ўқиётганлар ичидан ўтиб сафга турдилар. Одамлар қарсак чалдилар. Абу Бакр намозда ҳеч нарсага назар солмас эди. Одамлар қарсакни кўпайтириб юборганларидан кейин назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, маконингда туравер, деб ишора қилдилар. Абу Бакр икки қўлини кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилган нарса учун Аллоҳга ҳамд айтди. Сўнгра орқасига тисарилиб сафга турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб намозини ўқиб битирдилар ва намоздан чиққанларидан сўнг:
«Эй, Абу Бакр, мен амр қилганимда сени собит туришдан нима ман қилди?» дедилар.
Абу Бакр:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб намоз ўқишга йўл бўлсин», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Не бўлдиким, қарсакни кўпайтириб юбордингиз? Кимнинг намозида бир нарса ташвишга солса, тасбиҳ айтсин. Чунки қачон у тасбиҳ айтса унга эътибор берилади. Қарасак чалиш аёллар учундир», дедилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бани Амр ибн Авф ансорийларнинг Авс қабилаларидан бўлиб, Қубо тарафда истиқомат қилар эдилар. Уларнинг орасида жанжал чиқиб, муштлашув бўлган, бир-бирларига тош отишган эдилар. Ана ўшандан келиб чиққан ўртадаги бузилишни ислоҳ қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига борган эдилар. 
Аср намози бўлиб, ҳазрати Билол азон айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига, агар намоз вақти бўлиб қолса-ю, мен келмасам, Абу Бакрга айтгин одамларга жамоат намозини ўқиб берсин, деб кетган эдилар. Ҳазрати Билол бориб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни айтиб, иқома айтаверайми, дедилар. У киши: «Ҳа», дедилар. Намоз бошланди. 
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом етиб келиб сафларни ёриб ўтиб биринчи сафга турдилар. Кейин ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисалар бўлиб ўтди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар орасини ислоҳ қилишга қаттиқ уринганликлари. 
Уришиб қолганлар олдига шахсан ўзлари боришлари ва намоздан кеч қолиш эҳтимоли борлиги учун ҳазрати Билолга Абу Бакр имом бўлсин, деб тайинлаб кетишлари шуни кўрсатади.
2. Имом ўзи йўқ вақтида ўрнига ким ўтишни тайинлаб қўйиши яхши экани.
3. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен кеч қолсам, Абу Бакр намозга ўтсин, дейишлари жуда катта гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у кишининг халифа бўлишларига ишорат бўлган нарсалардан бири ҳам шу.
4. Намозда имом алмашиниши мумкинлиги.
5. Кейин имом бўлган шахс намозга кеч қолиб келган бўлса ҳам бўлавериши.
6. Биринчи имом муқтадий бўлиб, намозни давом эттиравериши жоизлиги. Бу ҳолда у имомлик жойидан сафга қибладан ўгирилмаган ҳолда орқасига тисарилиб ўтади.
7. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган юксак ҳурматлари.
8. Намозда бирор нарсага эътиборни жалб қилиш лозим бўлиб қолса эркак кишилар тасбиҳ айтиши, аёллар эса қарсак чалиши кераклиги. Чунки намозда аёл кишининг овози эркакларга бошқага таъсир қилиши мумкин. 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:
«Абу Бакрга амр қилинглар одамларга намозга ўтсин», дедилар. Оиша: «У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди. У зот: «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин»-дедилар. У(Оиша) яна гапини қайтарди. Бас, у зот (унга): «Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар. Бас, у(Абу Бакр)га хабарчи келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ривоят қилинаётган ҳодисалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида бўлиб ўтган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари оғирлашиб, ўзлари намозга ўтишга қодир бўлмай қолганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўринларига имом бўлишларини тайинлаганлар. 
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар. Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз, мазкур васф соҳиби бўлган оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек яна аввалги гапларини такрорладилар. Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли, деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини такрорладилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. Сен Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин, дедилар. Шу билан бирга аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз, аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар. 
Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлаган эди. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб ҳайрон қилмоқчи бўлади. 
Оиша онамиз ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетармикан, деган гап бор эди.
Ушбу Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Имом узри бўлиб намозга ўта олмаса, ўрнига бошқа кишини тайин қилиши.
2. Бир ишга қатъийлик бўлса уни икки, уч марта бўлса ҳам қайта-қайта буюриш.
3. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ мақом эгаси эканликлари.
4. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида, У зотнинг беморликлари туфайли одамларга имом бўлиб намоз ўқиганлари. Бу ҳол у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича давом этгани. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб чиқдилар. У зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр у зотни кўриб орқага тисарила бошлади. У зот унга, қандоқ бўлсанг, шундоқ туравер, деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар, Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар», деди».
Икки ҳадисни икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ:

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Имом узри бўлса, ўрнига лойиқ бир кишини намозга ўтишга амр қилиши.
2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.
3. Имомлик қилаётган имомлигини кейин келган одамга топшириши мумкинлиги.
4. Ўтириб намоз ўқиган кишига тик туриб иқтидо қилиш мумкинлиги.
5. Имомнинг намозини бошқаларга етказиб турувчи кишига эргашиб намоз ўқиш мумкинлиги. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида Абу Бакрнинг орқасидан, кийимга ўраниб олиб, ўтириб намоз ўқидилар». Термизий ривоят қилган.
Насаийнинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм ила ўқиган охирги намоз, Абу Бакрнинг ортида бир кийимга ўралиб олиб ўқиган намозларидир», дейилган.
Шарҳ: Демак, имом бемор бўлса, унинг амрига биноан бошқа киши имомликка ўтса бўлади. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб хурсанд бўлганимиздан фитнага тушай, дедик. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар, деб ўйлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан, намозингизни тугатаверинг, деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар». Икки шайх ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.
Шарҳ: Ровийнинг «Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди» дегани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини ҳуснда, мусаффоликда Қуръони Каримнинг саҳифасига ўхшатишдир.
«Фитнага тушай, дедик» дегани, хурсанд бўлганимиздан намозни бузиб чиқиб олдиларига борайлик, деганидир.
Бу ҳадисда ҳам имом узрли бўлса, намозга бошқа одам ўтиши баён қилинмоқда. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душанба куни вафот этганлари келмоқда.
Ушбу ҳадислардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин у кишининг ўринларига Абу Бакр Сиддиқ намозга ўтганликлари, баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг ортида намоз ўқиганлари таъкидланмоқда. Бу у кишининг халифа бўлишларига ишорат эди. 
Бу шароитни биринчи бўлиб тушунган кишилардан бири ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин саҳобалар ўртасида ким халифа бўлиши ҳақида маслаҳатда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номзодларини қўллаб: 
«Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динимиз учун рози бўлдилар. Биз қандоқ қилиб унга дунёмиз учун рози бўлмайлик?!» дедилар. 
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга намозимизнинг имомлигини ишониб топширдилар. Биз қандоқ қилиб унга давлат раҳбарлигини топширмайлик?! деганлари. 





 ТАЯММУМ ҲАҚИДА 

Шарҳ: «Таяммум» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини билдиради. 
Шариатда эса: «Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш таяммумдир».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб: «Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди. 
Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди): «Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди. Оиша айтадики: «Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».
Шарҳ: Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолган Байдаа ёки Зотул Жайш номли жойлар Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги маълум жойлардир.
Ушбу ҳодиса билан танишар эканмиз, саодат замонида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар ҳаётидан, ўшал ўхшаши йўқ ажойиб жамиятнинг ўрнакли ҳаётидан бир лавҳанинг шоҳиди бўлдик. Бу улуғ ҳаёт содда, камтарона ҳаёт ҳам эди.
Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолиб, охирги замон Пайғамбари бошлиқ бутун бошли бир аскарни тўхтатиб қолган, уларни машаққатга солган мунчоқлари ўн икки дирҳам (тийин) қийматга эга бўлиб, уни ҳазрати Оиша опалари Асмаа розияллоҳу анҳодан қарзга олиб таққан эдилар. Лекин худди ана шу ўн икки дирҳамлик мунчоқ мусулмонларга қиёмат кунигача осонлик яратувчи ҳукм - таяммум ҳақидаги Қуръон оятининг нозил бўлишига ҳам сабаб бўлди. 
Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Ислом жамияти ҳаёти ана шундоқ ажойиб ҳаёт эди. Бу ҳаётга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, гоҳо Расули орқали, гоҳо Қуръон орқали тузатишлар-у, йўлланмалар юбориб турар эди. Йўқолган мунчоқ ҳам, бир саҳобийнинг хатоси ҳам оламшумул аҳамиятга молик ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Бунинг устига Ислом жамиятининг аёл кишига бўлган эҳтиромини қаранг! Ўн икки дирҳамлик мунчоқ учун қанчалик ишлар бўлиб кетди. Оиша онамизга бўлган бу ҳурмат бошлиқнинг хотини бўлганлари учун, эрларининг мавқеълари учун, саҳобалар томонидан бўлаётган тилёғламачилик ёки хушомад эмас эди. Балки кўпчиликнинг чин қалбдан қилаётган эҳтироми эди. Баъзи кишиларнинг Оиша онамиз устиларидан у кишининг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга шикоят қилишлари шуни кўрсатиб турибди. Яъни, норози бўламан, шикоят қиламан, деганларга йўл очиқ эди. Ўша шикоят қилган кишиларга ҳеч ким бир нарса демагани фикримиз тўғри эканига далилдир.
Мазкур оддий ва содда, пок ва олий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларидаги, саҳобаларнинг иштирокларидаги ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг аралашувидаги намуна ҳаёт ўзининг барча баланд-пастликлари билан Қуръоннинг ҳаётга татбиқи ва қиёматгача мўмин-мусулмонларга ўрнак бўладиган, турли ҳукмлар ва ҳикматлар келиб чиқадиган ҳаёт эди.
Келинг, ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадисдаги келтирилган мисолдан ўша улкан ва соф ҳаётнинг бир парчасидан қанчалар фойда олишимизни биргалашиб кўриб чиқайлик:

1. Эр сафарга ўзи билан хотинини олиб бориши мумкинлиги. 
Агар бу ҳодиса ғазот учун борилаётганда бўлганини эътиборга оладиган бўлсак, ҳатто, урушга ҳам олиб бориш мумкинлиги.
2. Аёл кишининг эри учун ўзини безаб кўрсатиш мақсадида мунчоқ ва шунга ўхшаш тақинчоқлар тақиши жоизлиги.
3. Ўзида йўқ тақинчоқни бировдан қарзга олиб та- қиш мумкинлиги.
4. Бировдан қарзга олинган нарса билан сафарга чиқиш мумкинлиги.
5. Йўқолган нарсани излаш кераклиги. 
Чунки Исломда беҳудага молни зоеъ қилишлик ман қилинган.
6. Аёл кишининг кўнгли учун унинг нарсасини топишда ёрдам бериш зарурлиги.
7. Аёл кишининг баъзи хархаша ва ноқулайлик келтириб чиқаришларига нисбатан сабрли бўлиш кераклиги.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга бир оғиз сўз айтмаганлар.
8. Оилали аёл устидан эри туриб отасига шикоят қилиш мумкинлиги.
9. Бирор кўнгилсиз ишни унга сабабчи бўлган одамдан кўриш саҳобалар ичида ҳам бўлганлиги.
10. Таҳорат суви йўқ жойда тўхтаб туриш мумкинлиги.
11. Ота эри билан ўтирган қизининг олдига рухсатсиз кириб бориши мумкинлиги (албатта, олдиндан розилик бўлса).
12. Ота оилалик, уйлик-жойлик қизига ҳам одоб беришга ҳаққи борлиги.
13. Хотинининг сонига бош қўйиб ухлаш мумкинлиги.
14. Ухлаётган одамга озор етмасин, деб машаққатга сабр қилиш лозимлиги.
15. Сув йўқ бўлганда таяммум қилиш жоизлиги.
16. Таяммумга ният лозимлиги.
17. Таяммум барчага баробар эканлиги.
18. Оиша онамизнинг фазллари.
19. Оли Абу Бакрнинг баракали экани.
Бошқа бир ривоятда ушбу ҳодисадан кейин Пайғам баримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: 
«Мунчоғингнинг баракаси қанча ҳам кўп экан», деганлари ва яна бошқа бирида Усайд ибн Ҳузайр у кишига: 
«Сенга қачон ўзинг ёқтирмайдиган бир иш бўлса, албатта, ундан Аллоҳ мусулмонларга яхшилик келтиради», деганлари зикр қилинган.
20. Ислом енгиллик, кишиларни машаққатга қўймайдиган дин эканлиги. Сув топа олмай қийналиб турган кишиларга тупроқ ила таяммум қилишга рухсат бериш шундандир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши Асмаадан мунчоқ қарз олган экан, йўқолиб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан (баъзи) одамларни уни излаш учун юборибдилар. Бас, намоз вақти бўлиб қолиб, таҳоратсиз намоз ўқибдилар. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шикоят қилибдилар. Ана шунда таяммум ояти нозил бўлибди. Усайд ибн Ҳузайр (Оишага): «Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин. Бас, Аллоҳга қасамки, қачон сенга ўзинг ёқтирмайдиган бир иш етса, албатта, ундан Аллоҳ сен учун ва мусулмонлар учун бир яхшилик чиқаради», деди». Иккала ҳадисни бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда. Унда қуйидаги нарсалар зикр қилинмоқда:

1. Оиша онамиз мунчоқни опалари Асмаадан қарз олганлари.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан баъзи одамларни мунчоқни излаш учун юборганлари. Демак, шундоқ ҳам қилиш мумкин эканлиги.
3. Ўша пайтда намоз вақти бўлиб қолгани.
4. Мунчоқни излаш учун юборилган кишилар бетаҳорат намоз ўқиганлари.
5. Ўзларича қилган ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғри эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлари. 
6. Аллоҳ таолонинг мусулмонлар ҳаётига бевосита аралашиб, пайдо бўлган муаммони ҳал қилгани.
7. Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳунинг Оиша онамизга мақтов гаплари. У киши нақиблардан эдилар. Яъни, Минодаги мадиналикларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берган байъатлари учун танлаган ўн икки кишидан бирлари эдилар.
8. Оиша онамиз туфайли бу ҳадисдан бошқа вақтларда ҳам мусулмонларга хайр-барака бўлгани (мисол учун «Ифк ҳодисаси»да).

ТАЯММУМНИНГ САБАБЛАРИ ВА БОҒЛАНГАН ЯРА УСТИГА МАСҲ ТОРТИШ ҲАҚИДА

Имрон ибн Ҳусойн ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, ажраб четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва: «Эй, Фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар. 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга жунублик етган эди. Сув йўқ», деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен учун пок тупроқ бор. У кифоя қилур», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шариатга хилоф иш қилган одамни кўрганда, ундан нима учун бундоқ қилганини сўраш лозимлиги. Ўзидан сўрамай туриб, унинг устидан ҳукм чиқариб юбормаслик. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан намоз ўқимаган одамни кўриб, унга: 
«Сен жамоат билан намоз ўқимаганинг учун фалон бўлдинг», демадилар. Балки: 
«Одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар. Сўнгра унинг жавобига қараб, ҳукм чиқардилар.
2. Сув топа олмаган одам таяммум қилиши.
3. Жунубликдан ҳам таяммум қилиш мумкинлиги.
Таҳоратнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам, ғуслнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам бир хил бўлади.
4. Таяммум учун пок тупроқ бўлиши кераклиги. 
Бу ҳам Ислом шариатининг мусулмонларга иложи борича осонлик яратишига далилдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, пок тупроқ, агар ўн йилгача сув топа олмаса ҳам, мусулмоннинг покланиш воситасидир. Қачон сув топса, уни баданига етказсин. Албатта, ўша хайрлидир», дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Покиза тупроқ сув йўқ пайтида покланиш воситаси экан. 
Яъни, ибодат учун таҳорат ва ғусл ўрнига ўтадиган рамзий покланиш воситасидир.
2. Таяммум учун вақт чегараланмаганлиги. 
Унинг қанчагача давом этиши сувнинг бор ёки йўқ эканига боғлиқлиги.
3. Сув топилиши билан таяммум бузилиши.
4. Етарли сув бор жойда узрсиз таяммум қилиб бўлмаслиги.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот: «Эй, Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар. Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у кишига бердим ва: 
«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганларини эшитганман», дедим. 
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Амр ибн Осс ибн Воил Суҳамий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ (574-663 милодий) Хайбар йилида Исломга кирдилар. 
Бу зот Холид ибн Валид ва Усмон ибн Толҳа билан учовлари Мадинага ҳижрат қилишади ва Исломга кирганликлари хабарини бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилишади. Сўнгра Аллоҳдан гуноҳларини кечиришни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ислом ва ҳижрат, олдинги гуноҳларни ўчиради», деб марҳамат қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амр ибн Осс Қурайш қабиласининг солиҳ кишиларидан», деганлар. 
Амр ибн Осс арабларнинг паҳлавонларидан эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 39та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан ўғиллари Абдуллоҳ, Абу Усмон ан-Наҳдий, Қобиса ибн Зувиб ва бошқалар ривоят қилишган. 
Аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни Зотус Салосилга, сўнгра, Уммонга бошлиқ қилдилар. Кейинчалик Шом, Миср ва Фаластинда бир неча йил амир бўлиб турдилар.
Бу зот вафот этишидан олдин кўп йиғладилар Ўғиллари: «Нега йиғлаяпсиз, ўлимдан қўрқаяпсизми?» деб сўраганларида, у зот: 
«Ўлимдан кейин нима бўлишлигимдан қўрқаяпман», дедилар. Шунда ўғиллари: 
«Қўрқманг, отажон, ҳаётингиз яхшилик билан ўтди, Исломга кирдингиз, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдингиз. Шом ва Мисрни фатҳ этдингиз», деди. 
Амр ибн Осс айтдиларки: «Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Олдинига кофир эдим, агар шундоқ ҳолатда ўлганимда, инсонлар Худога шукр, бундан қутилдик, дейишар эди. Сўнгра Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдим, агар шундай ҳолатда ўлганимда, жаннатга тушишим аниқ бўлар эди. Булардан кейин амир бўлиб, бойликлар ва ҳашаматли уй-жойларга эга бўлдим. Булар мени фойдамга ёки зараримга бўлдими, шу тўғрида билмасдан армондаман».
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 43 санасида Фитр ийди куни Мисрда вафот этдилар. Ўғиллари Абдуллоҳ жанозаларини ўқидилар ва ана шу ердаги Миқто қабристонига дафн этилди. 
«Зотус Салолил» ғазоти Мадинаи Мунавварадан ўн кунлик йўл масофасида бўлган бир жойнинг номи билан аталиб қолган. Бу ғазот 8-ҳижрий сананинг Жумадул уло ойида бўлиб ўтган. 
Ҳадис қаҳрамони Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтишларича, ўша пайтда қаттиқ совуқ экан. Ғусл қилса, ҳалок бўлишдан қўрқиб, таяммум қилган ҳолда шерикларига Бомдод намозига имом бўлибдилар. Воқеъадан хабардор бўлган шериклар энди намозимиз нима бўлади, деб ўйлаб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилибдилар. У киши иқрор қилиш учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ишнинг ҳақиқатини сўрабдилар. У киши ишнинг ҳақиқати ҳақида хабар бериб, ўз фикрларини айтганларидан кейин кулиб, индамабдилар.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари бўлади. Яъни, бошқа бир кишининг қилган ишини шариатга тўғри келишини иқрор этишлари бўлади.
Бу ҳадисни ушбу фаслда келтиришдан асосий мақсад, сув бўлса ҳам ўзига зарар етишидан қўрққан одам совуқ ва шунга ўхшаш монеъликлар туфайли таяммум қилса мумкинлигига далил келтиришдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Совуқ туфайли ҳалок бўлишидан қўрққан одам таяммум қилса жоиз. 
Шунингдек, душмандан ёки ваҳший ҳайвондан қўрқиб сув ололмаса ҳам таяммум жоиз. 
Сув ўта совуқ бўлгани учун ундан зарар кўришдан қўрққан одам ҳам таяммум қилса жоиз.
2. Таяммумли кишининг таҳоратли кишиларга имом бўлиши мумкин эканлиги. Баъзи уламолар бу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга хос, у киши бошлиқ бўлганлар, дейишади. 
3. Шаръий ишларда иштибоҳ тушиб қолганда олим ва раҳбар кишидан сўраш ва иштибоҳ сабабчиси устидан шикоят қилиш дурустлиги.
4. Бировнинг устидан шикоят тушганда дарҳол ҳукм чиқармай, унинг ўзидан ҳақиқатни сўраб билиш зарурлиги.
5. Исломнинг осонлик дини экани.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор вақтларида ҳам ижтиҳод қилиш мумкин бўлгани.
7. Қилган ишига Қуръон оятидан далил келтириш.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даргоҳлари кенглиги.
9. Баъзи қизиқ нарсалардан кулиш мумкинлиги.
10. Исломда инсон ҳаёти ва соғлиги ўта қадрли эканлиги.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир сафарга чиққан эдик. Биздан бир кишига тош тегиб, бошини ёриб қўйди. Сўнгра ўша одам эҳтилом бўлиб қолиб, ўз шерикларидан: «Менга таяммумга рухсат топасизларми?» деди.
«Сен сувни ишлатишга қодир бўлиб турганинг- да, биз сенга рухсат топа олмаймиз», дейишди. 
Бас, у ғусл қилди ва ўлиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда у зотга бу ҳақда хабар берилди. Бас, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Уни қатл қилишибди. Аллоҳ уларни қатл қилсин! Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?! Албатта, жоҳилликнинг шифоси саволдир. Унга фақатгина таяммум қилмоғи, жароҳатга латта боғламоғи, сўнгра унинг устидан масҳ тортмоғи ва баданининг қолганини ювмоғи кифоя қилар эди», дедилар». Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Улкан саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ривоятда ҳам саодат асридаги ҳаётнинг кўринишларидан бири ҳақида сўз бормоқда. 
Баъзи кишилар томонидан содир этилган хато, унинг аламли оқибати ва натижалари баён қилинмоқда. Аммо ўша даврдаги хатолар ҳам, аламли ҳодисалар ҳам беҳуда кетмай, асрлар давомида мўмин-мусулмонларга фойда келтирадиган амалга айланар эди.
Сафарда тош тегиб, боши ёрилган саҳоба розияллоҳу анҳуни олайлик. У киши сафарда бўлсалар ҳам, бошлари ёрилиб жароҳатлансалар ҳам, ўзини поклаш, ибодат қилишнинг пайида бўлдилар. Ярадор одам ғуслнинг ўрнига таяммум қилса бўладими-йўқми, билмас эканлар. Шерикларидан бу ҳақда сўрадилар. Шериклари ҳам билмас эканлар, лекин эҳтиёткорлик йўлини тутдилар, қийин ва хатарли бўлса ҳам асл ибодатни қилиш керак, деб ўйладилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иш тамоман бошқача эканини баён қилиб бердилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир ҳукмни билмаган одам шерикларидан сўраши лозимлиги.
2. Доимо намозни қолдирмасликка ҳаракат қилиш лозимлиги.
3. Раҳбарнинг йўқлигида бўлиб ўтган ҳодисалардан уни хабардор қилиш кераклиги.
4. Бир масалани аниқ билмай туриб, фатво бермаслик кераклиги.
5. Билимсиз фатво бериб, ёмон оқибатга сабаб бўлиш оғир экани. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: 
«Уни ўлдиришибди, Аллоҳ уларни ўлдирсин!»
6. Билмаган нарсани сўраш кераклиги. 
«Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?!»
7. «Албатта, жоҳилликниг давоси саволдир». 
Шунинг учун биламайдиганлар биладиганлардан доимо сўраб иш қилиши керак.
8. Жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув тегизмаса жоизлиги. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилиши. Жароҳати йўқ аъзоларини ювиши, кераклиги.
9. Исломнинг осонлик дини экани.
10. Исломда инсонинг ҳаёти ва унинг соғлиги олий даража қадрланиши.


ТАЯММУМНИНГ КАЙФИЯТИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар. У ила юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар», деган.
Шарҳ: «Пок тупроқ» - Шофеъий ва Ҳанбалий маз- ҳаблари тушунчасида ғуборлик тупроқ ва қумни англатади. 
Ҳанафий ва Моликий маҳзаблари тушунчасида эса тупроқ, қум, майда тошлар каби ер жинсига мансуб барча нарсаларни ўз ичига олади.
Ушбу ояти каримага амал қилиб таяммум қилган одам аввал ерга икки кафтини уриб, улар билан юзига масҳ тортади. Кейин икки кафтини ерга яна уриб, чап кафти билан ўнг қўлига, ўнг кафти билан чап қўлига масҳ тортади.

Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб: «Мен жунуб бўлдим ва сув топа олмадим», деди. 
Бас, Аммор ибн Ясир Умар ибн Хаттобга: «Эслайсанми, мен билан сен икковимиз сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа ағанаб, сўнгра намоз ўқидим. Кейин эса буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Бас, у зот: «Албатта, сенга мана бундоқ қилмоғинг кифоя қилар эди», деб, ерга икки кафтларини уриб, уларга пуфлаб туриб, сўнгра улар билан юзларига ва икки кафтларига масҳ тортган эдилар», деди». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан жунуб одам ҳам таҳорати йўқ одамга ўхшаб таяммум қилиши кераклиги чиқади. Ҳазрати Умар ва Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳумоларнинг сафарда жунуб бўлиб қолишлари ҳодисасида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг намоз ўқимаганлари, сув топиб ғусл қилиб, ўқишни ният қилганликларидандир. 
Бошқа ривоятларда у кишининг Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳуга «Сув топмагунингча намоз ўқимай тур», деб берган маслаҳатлари ҳам келтирилган. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Билмаган нарсасини биладиган одамдан сўраш зарурлиги.
2. Бўлиб ўтган нарсани шеригининг ёдига солиш.
3. Шариатда қиёс жоиз эканлиги. 
Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ғуслга қиёс қилиб, жунуб бўлганларида тупроққа думаладилар.
4. Бўлиб ўтган иштибоҳли нарсани бошлиқ, олим кишиларга зикр қилиш.
5. Шаръий масалаларни янада тушунарли бўлиши учун иложи бўлса, амалда қилиб кўрсатишлик.
6. Қандоқ кайфиятда таяммум қилиш баёни.
7. Имом Молик ва баъзи кишилар ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб таяммумда кафтига масҳ тортса бўлди, чиғаноғигача масҳ тортмаса ҳам бўлаверади, дейишган.
Аммо жумҳур уламолар, жумладан, Ҳанафий маз- ҳаби уламолари ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида ва бошқа ҳадисларда келган маънони эътиборга олиб, билакларига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади, деганлар. 
8. Агар чангли тупроққа кафтларини урса, пуфлаб юбориш суннат эканлиги.
9. Шундан Абу Ҳанифа, чанги йўқ ер жинсига уриб пуфламай таяммум қилса бўлаверади, деганлар.
10. Ислом динининг енгиллик дини эканлиги.

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Беъри Жамал томондан юриб келдилар. Бас, у зотга бир киши йўлиқиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга алик қайтармадилар-да, девор томон бориб, юзларига ва икки қўлларига масҳ тортганларидан кейин, унга алик қайтардилар». Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилишган. У келтирган лафзда: «Юзларига ва икки билакларига масҳ тортдилар», дейилган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абул Жуҳайм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Абул Жуҳайм куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Жуҳайм ибн Ҳорис ас-Самма ал-Ансорийдир.
Бу зот саҳоба Убай ибн Каъб сингилларининг ўғиллари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. 
Бу кишидан Башир ибн Саид ал-Ҳазрамий, Муслим ибн Саид, Ибн Аббоснинг қуллари Умайр, Маймуна онамизнинг қуллари Абдуллоҳ ибн Ясорлар ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб салом берган одам, Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳунинг ўзлари эканлиги Имом Шофеъийнинг ривоятларида келган экан. 
«Беъри Жамал» Мадинаи Мунавварага яқин жойлардан бирининг номи. 
Бошқа ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саломга жавоб қайтарганларидан кейин «таҳоратим йўқ эди, ўша ҳолатда сенга алик олгим келмади», деганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Деворга қўлни уриб таяммум қилиш мумкинлиги.
2. Таяммумда билакларга масҳ тортиш кераклиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимо таҳоратли юришга ҳаракат қилганлари.

Абу Довуд Ибн Умардан келтирилган ривоятда: «Бас, икки қўлларини деворга урдилар ва улар билан юзларига масҳ тортдилар. Сўнгра яна бир марта уриб, икки билакларига масҳ тортдилар. Кейин ҳалиги одамга саломга жавоб қайтара туриб: «Мени сенга салом қайтаришимдан фақатгина таҳоратли бўлмаганим ман қилди», дедилар», дейилган. 
Шарҳ: Бу ривоят олдинги ривоятни тўлдириб ва унга баъзи аниқликлар киритиб келмоқда. Жумладан, юзларига масҳ тортиш учун алоҳида, билакларига масҳ тортиш учун алоҳида деворга кафтларини урганлар. Ҳамда салом берувчига нима учун унинг саломига дарҳол алик олмаганларини баён қилганлар.

ХОТИМА
АГАР ТАЯММУМ ҚИЛИБ НАМОЗ ЎҚИСА-Ю, СЎНГРА ВАҚТ ЧИҚМАЙ ТУРИБ СУВ ТОПИЛСА, НАМОЗИНИ ҚАЙТАРМАЙДИ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У киши Журуфдан қайтиб келаётиб Мирбадга етганларида таяммум қилдилар. Юзларига ва икки қўлларига масҳ тортдилар ва Аср намозини ўқидилар. Сўнгра Мадинага кирдилар. Қуёш кўтарилиб турар эди. Намозни қайта ўқимадилар.» Бухорий, Молик ва Шофеъийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: «Журуф» Мадинаи Мунаварадан уч мил узоқликдаги жой бўлиб, у ерда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мулклари бор эди. 
«Мирбад» эса туя боғлайдиган жой бўлиб, Мадинаи Мунаввара билан Журуфнинг орасида жойлашган эди.
Ҳазрати Ибн Умардек зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан билмаган бўлсалар, бундоқ ишни қилмасликлари эътиборидан бу ҳодиса ривояти ҳам ҳадислар қаторига қўшилган.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Сафарда бўлмаган одам ҳам таяммум қилиши жоизлиги.
2. Таяммум ила намоз ўқигандан сўнг вақт чиқмай туриб сув топиш имкони бўлса ҳам таҳорат қилиб, намозни қайта ўқиш зарурати йўқлиги.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларининг суви йўқ эди. Пок тупроқ ила таяммум қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра вақт чиқмай туриб сув топдилар. Бас, улардан бири таҳорат ва намозни қайтарди. Бошқаси қайтармади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, у зотга бўлган нарсани зикр қилдилар. Бас, у зот қайтармаган шахсга: «Суннатни топибсан. Намозинг кифоя қилади», дедилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиганга эса: «Сенга икки марта ажр берилади», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан таяммум билан намоз ўқиб, вақт чиқмай туриб сув топилиб қолса, намозни қайта ўқимаслик афзал эканлиги чиқади. Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламолар шунга иттифоқ қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозни таяммум билан бўлса ҳам тезроқ ўқиб олишга ҳаракат қилиш зарурлиги.
2. Ижтиҳод қилиш жоизлиги.
3. Таяммум билан ўқилган намозни қайта ўқимаслик афзаллиги. Чунки у намоз вақтида ҳамма шартлари мавжуд бўлган ҳолда ўқилган намоздир.

Шу билан таяммумнинг сабабларига оид баъзи ҳадислар мажмуасини ҳам ўрганиб чиқдик. Албатта, бу мажмуа барча ҳадисларни ўз ичига олган эмас. Энди ҳадисдан бошқа далилларни ҳам қўшиб таяммумга сабаб деб келтирилган омиллар рўйхатини кўриб чиқайлик:

1. Таҳорат ва ғуслга кифоя қиладиган сувнинг йўқ бўлиши.
2. Сувни истеъмол қилишга қудратнинг йўқ бўлиши. (Тутқун, қамалган, ваҳший ҳайвон ёки душмандан қўрққан шахслар каби).
3. Беморлик ёки дарднинг тузалиши ортга сурилиш хавфи.
4. Сувга ҳозир ёки келажакда эҳтиёж бўлиши. 
Таҳорат қилиб қўйса ўша ҳаётий эҳтиёжга етмай қолиши.
5. Агар сув излаб кетса, моли ҳалокатга учраш хавфи бўлса.
6. Қаттиқ совуқ ёки сувнинг ўта совуқлиги.
7. Сув оладиган асбоб ёки воситанинг йўқ бўлиши.
8. Намоз вақти чиқиб кетиши хавфи.

Ислом шариатида таяммумни жорий қилишнинг ҳикматлари кўп. Аввало, таяммум осонликни кўзлаб жорий қилинган. Агар таяммумга рухсат берилмай, нима қилиб бўлса ҳам сув топиб таҳорат ва ғусл қилиш керак, дейилса, одамларга қийин бўлар эди. Чунки инсон ҳаётида турли ҳолатлар бўлиши мумкин. Доимо сув топилавермайди. Таяммумга рухсат айни муддао бўлган. 
Бу рухсат ҳаттоки, Исломдаги ҳар бир енгилликнинг рамзига айланиб қолган. Кишиларда осонлик томонини олиш ҳақида сўз борганида: «сув бўлмаса таяммум», дейилган экан, энди бу ишни қилаверамиз-да», дейиш одатга айланиб қолган.
Иккинчидан, таяммум тартибни, одатланган ишни тарк қилмаслик чорасидир. Агар сув топмаган ёки буни ишлатиш имконига эга бўлмаган одамга таяммумга рухсат берилмаса, у ибодатларни вақтинча ташлашга мажбур бўлади. Бу эса уни ёмон нарсага одатланиб қолишига сабаб бўлади. Кейинчалик сув бемалол бўлса ҳам дангасалик қиладиган бўлиб қолади.
Учинчидан, таяммум намознинг қанчалик аҳамиятли ибодат эканини кўрсатади. Ҳадислардан ўрганганимиздек таяммум асосан, намоз учун ишлайди. Айнан намозни ўз вақтида ўқиш учун таяммум жорий қилинган.
Тўртинчидан, таяммум Аллоҳнинг амрига бўйинсунишнинг ёрқин намунасидир. Таяммум билан моддий маънодаги покланиш, яъни, кирни кетказиш ҳосил бўлмаслиги мумкин, лекин унда Аллоҳнинг амрига бўйсунишнинг, маънавий покланишнинг олий намунаси бор.




 САҲВ САЖДАСИНИНГ САБАБЛАРИ 

Шарҳ: «Саҳв» сўзи луғатда «унитиш» маъносидадир. 
Намозда маълум бир амалларни унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш ила тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Ислом дини, енгиллик дини эканлиги, Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибон эканлигининг ёрқин далилидир. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқимасдан ёки бошқа бирор жавобгарликка қолмасдан, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан ҳамма иш тўғри бўлиб кетаверади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки, у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингиз қачон шундоқ ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. 
Абу Довуд: «Саломдан олдин»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намоз ўқиётган одамни, албатта, шайтон адаштиришга уриниши.
2. Шайтоннинг адаштиришига учраган одам неча ракъат намоз ўқиганини билмай қолиши.
3. Қанча ракъат ўқиганини билмай қолган одам, намоздан туришидан олдин саҳв саждаси қилиши кераклиги.
4. Саҳв саждаси икки саждадан иборатлиги.
5. Саҳв саждаси саломдан олдин бўлиши.
6. Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятдаги «сажда қилсин», деган амр эътиборидан саҳв саждасини қилиш вожиб, деган.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими билмай шакка тушиб қолган одам нима қилиши кераклигини баён қилинмоқда:

1. Шакни ташлайди. Умуман хаёлидан чиқаради.
2. Уч ёки тўртни танлайди, бир тарафини маҳкам ушлайди.
3. Сўнгра ўша қаттиқ ишонганига биноан намозини давом этдиради. Уч ракъатни ушлаган бўлса, яна бир ракъат ўқийди. Тўрт ракъатни ушлаган бўлса, ўша ракъатни давом этдириб, намозини тамомлайверади.
4. Кейин салом беришдан олдин икки саждаи саҳвни қилади.
5. Агар у уч ракъатни ушлаб, аслида тўрти тўғри бўлиб, қўшимча бир ракъат ила намози беш ракъат бўлиб қолса, қилган икки саждаи саҳви намозини олти ракъат - жуфт ракъат қилади.
6. Агар тўрт ракъатни ушласаю, аслида уч ракъат бўлиб, намози бир ракъатга камиб қолган бўлса, саждаи саҳви намозини тўлиқ қилади ва уни савобсиз қолдиришга уринган Шайтоннинг бурни ерга ишқалади.

Ушбу ҳадиси шарифда саҳв саждаси қанчалар ҳикматга эканлиги баён қилинмоқда.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозида унитиб қолиб бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими била олмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими била олмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими била олмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар. Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳарий ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абу Арқам ҳовлисига киришларидан олдин, Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситаларида саккизинчи бўлиб Исломга кирган, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган, жаннатга киришга башорат берилган ўнта саҳобийларнинг бири.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида олтита шўро асҳобларини бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, рози бўлган саҳобалардан, Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати ва бундан ташқари ҳамма ғазотларда иштирок этган, Уҳуд кунида 21 жойидан жароҳатланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида Саъд ибн Абу Робиъ билан Исломий биродар бўлган, савдогар, бадавлат, саҳий саҳобалардан эдилар.
Бу зот кўп мол соҳиби эдилар. Бир кунни ўзида ўттизта қул озод қилганликлари ва бир карвонни Аллоҳ йўлида эҳсон қилганликлари тўғрисида китобларда ёзилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам ерда ҳам аминлардандир»деб марҳамат қилганлар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Бу зотдан эса, Ибн Аббос, Ибн Умар, Жобир, Анас ибн Молик, Жубайр ибн Мутъим, ўғиллари Иброҳим ва Хумайд, Абу Салама, Мусъаб ибн Умайр ва тобеинлардан ҳам бир нечалари ривоят қилишган.
Абдурраҳмон ибн Авф ҳижратнинг 32-йили Мадинада вафот этдилар ва «Бақийъ»га дафн қилиндилар.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ракъатларнинг сонини унитиб қўйишнинг уч тури ва ул ҳолатларда нималар қилиш кераклиги баён қилинмоқда. 
Кўриниб турибдики, неча ракъат ўқигани ҳақида шакка тушиб иккиланиб қолган одам оз томонини олмоғи яхши, шуниси эҳтиёт маъносида маъқул. Сўнгра саҳв саждасини қилиш билан камчилик тўғриланиб кетаверади. 
Ўтган ҳадислар ва ушбу ҳадисни далил қилиб Шофеъий мазҳаби саҳв саждаси саломдан олдин бўлади, дейди.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни ўқиётиб икки ракъатни ўқигандан кейин ўтирмай туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларида икки марта сажда қилдилар. Ундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унитган ўтириш ўрнига эди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна, кунялари Абу Муҳаммад, оналари Буҳайна бинти Ҳорис ибн Мутталиб, оталари Молик ибн Ҳишом Аздуманда қабиласидан. Бу кишини оталари ва оналарига нисбатан берилиб мана шундоқ, деб исмланди. Бу зот умр бўйи рўза тутар эдилар ва фозил кишилардан эдилар. Ва яна Мутталиб Абдуманоф қабиласининг бошлиқларидан эдилар. 
Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлдилар ва бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Мадинадан 30 мил узоқликда бўлган «Батну рийм» деган жойда истиқомат қилдилар.
Ушбу ривоятда икки ракъатдан кейин биринчи қаъдага ўтирмаслик, ташаҳҳудни ўқимаслик ҳам саҳв саждаси сабабларидан эканлиги кўриниб турибди. 
Шунингдек, имом саҳв саждаси қилса қавм ҳам қилиши зарурлиги билинмоқда.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом икки ракъатдан кейин туриб кетса, агар ғоз туриб олишдан олдин эслаб қолса, ўтирсин, агар ғоз туриб олган бўлса, ўтирмасин, икки марта саҳв саждаси қилиб олади», дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Ким икки ракъатдан кейин биринчи ташаҳҳудга ўтирмай туриб кетса, ёки тик турганлик ҳолига яқинлашиб қолса, намозини давом этдириб, охирида икки саҳв саждасини қилиб олиши билан намози тугал бўлади. Агар энди ҳаракат қилаётганда ёки тик тургандан кўра, ўтирган ҳолга яқин бўлган ҳолатда эслаб ўтириб олса, ҳеч нарса бўлмайди, намозини давом этдираверади.

Зиёд ибн Илоқа розияллоҳу анҳудан ривоят: «Муғийра бизга намозга ўтди. Икки ракъат ўқигандан кейин, ўтирмай туриб кетди. Бас, орқасида турганлар тасбиҳ айтдилар. У эса уларга, туринглар, деб ишора қилди. Намоздан фориғ бўлганида, салом берди ва икки саҳв саждасини қилди ва: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар», деди». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Илоқа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Илоқа ибн Молик ас-Саълабий, кунялари Абу Молик Куфий, ҳижратнинг 36-йилида таваллуд топдилар. 
Ҳадис илмида ишончли бўлиб, ҳадис олимлари бу зот ривоят қилган ҳадисларни, саҳиҳ деб тан олишган. Бу зот тобеинлардан бўлиб, ҳадисларни амакиларидан, Усома ибн Шарик, Жарир ибн Абдуллоҳ, Муғийра ибн Самуралардан ривоят қилдилар. Бу кишидан Суфён, Аъмаш, Симок ибн Ҳарб, Шайбонийлар ривоят қилишади.
Зайд ибн Илоқа ҳижратнинг 135-йили вафот этдилар. 
Имом адашиб намозда хато қилса унга эслатиш учун ортида иқтидо қилиб турган қавмлар «Субҳаналлоҳ!» деб тасбиҳ айтиб огоҳлантирадилар. Ана шунда имом ўз хатосини тўғрилаб олади. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қавм тасбиҳ айтган пайтда ғоз туриб қайта ўтирса бўлмайдиган ҳолга етиб бўлганлари учун ўтирмадилар. Қавм эса, у кишини ўтиришларини кутиб, ўтириб қолдилар. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу уларга, туринглар, деб ишора қилдилар. Намозни давом этдириб салом бердилар ва кейин саҳв саждасини қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Имом адашса қавм тасбиҳ айтиб уни огоҳлантириши.
2. Тик туриб олгандан кейин биринчи ташаҳҳудга қайтиб ўтириш мумкин эмаслиги.
3. Имом қавмга, туринглар, деб ишора қилиши мумкин.
4. Саҳв саждасини саломдан кейин қилиниши.
5. Имом қавм тушунмай қолган нарсани уларга баён қилиб бериши зарурлиги.
6. Муғийра розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларига мос эканлиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аср намозини ўқиб бердилар. Икки ракъатдан кейин салом бердилар. Бас, Зул Ядайни туриб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, намоз қисқардими ёки ёддан чиқардингизми?» деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бири ҳам бўлгани йўқ» дедилар. 
«Батаҳқиқ, ўшанинг баъзиси бўлди, эй, Аллоҳнинг Расули», деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзланиб: «Зул Ядайни рост айтаяптими?» дедилар. 
«Ҳа! Эй, Аллоҳнинг Расули», дейишди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг қолганини тамом қилдилар. Сўнгра, саломдан кейин ўтирган ҳолларида икки марта сажда қилдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Зул Ядайни» ал-Ҳирбоқ исмли икки қўли узун, саҳобий, зотан «Зул Ядайни»нинг луғавий маъноси ҳам, икки қўлли, деганидир. У киши, гапга журъатлиликлари билан ҳам машҳур бўлганлар. Ушбу ҳадисда ҳам, ҳамма ҳайрон бўлиб, бир нарса дея олмай турганида айнан шу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гапиришга журъат этганлар.
Ҳанафий мазҳабида ушбу ҳадисни саждаи саҳвни саломдан кейин қилишликка энг асосий ҳужжат қилиб олинган. Чунки, бу жуда ҳам машҳур ҳодиса. Уни жамоатда намоз ўқиган кишилар ҳаммалари кўрганлар, ривоят қилганлар ва ҳаммага бир зумда тарқаган. Бошқа ҳодисалар эса, кўпинча бир киши иштироки ёки ривояти ила бўлган.
Уламолар яна ушбу ҳадисдан намозни тамом бўлди, деб гумон қилиб салом бериб туриб кетсаю, кейин тамом бўлмагани маълум бўлса, келган жойидан ўқиб кетилади, деган ҳукмни олганлар.
Ҳанафий мазҳабида эса, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг, намозда гап бўлмаслиги тўғрисидаги ҳадисини далил қилиб, агар гап аралашса, намоз ботил бўлади, уни янгитдан ўқиш керак, дейдилар.

Ушбу ҳадисидан бошқа фойдалар ҳам олинади:

1. Имом ким бўлишидан қатъий назар, ундан унитиш содир бўлганда эслатиш кераклиги. 
Баъзи бир амалдорлар намозда саҳвга йўл қўйса, унинг амалидан қўрқиб эслатмаган қавмлар бўлган. Бу нотўғридир. Ким бўлишидан қатъий назар ҳамма Аллоҳнинг олдида тенг, ҳамма У зотнинг қули намозда хато қилса тузатиши керак.
2. Имом ўз хатосини эслатган одамдан аччиқланмаслиги кераклиги.
3. Огоҳлантирувчининг гапи тўғри ёки тўғри эмаслиги ҳақида қавмдан сўраш мумкинлиги.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аср намозида уч ракъатдан кейин салом бердилар. Сўнгра туриб, ҳужрага кирдилар. Бас, қўли узун одам туриб: «Намоз қисқа қилиндими, эй, Аллоҳнинг Расули?» деди. Сўнг у зот аччиқланган ҳолда чиқиб, тарк қилган ракъатларни ўқидилар, сўнгра салом бердилар. Кейин икки саҳв саждасини қилдилар. Кейин яна салом бердилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳодиса аввалги ҳадисдагидан бошқа ҳодиса. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳв бўлганини эслатишга журъат этган одам, бир киши, Зул Ядайни розияллоҳу анҳу. 
Ушбу ривоятда саждаи саҳвдан олдин ҳам, кейин ҳам салом бериш зикр қилинмоқда. Бизда айнан шу ривоятга амал қилинади. Яъни, унитиш содир бўлганда намоз охирида салом бериб туриб кейин, саждаи саҳв қилинади, ундан кейин яна салом берилади. 
Имом саҳв қилса, саждаи саҳвдан олдинги саломни бир томонга қилади, холос. Шунда намозга кейин келиб қўшилган одам ҳам саждаи саҳв бўлишини англаб олади. Икки томонга салом берса, намозга кейин қўшилган одам намозни давом этдириш учун ўрнидан туриб кетиш ҳоллари бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракъат ўқидилир. Бас, у зотга: 
«Намозда зиёда бўлдими?» дейилди. 
«Нима учун?» дедилар. 
«Беш ракъат ўқидингиз», деди. У зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар».
Бошқа бир ривоятда келишича: 
«Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Сизлар эслагандек, эслайман ва сизлар унутгандек, унутаман», дедилар ва сўнгра икки саҳв саждасини қилдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан унитишлик ила Пешинни беш ракъат ўқиш содир бўлгани.
2. Саҳобаи киромларнинг юксак одоблари. Намозда адашдингиз демасдан, намозда зиёда бўлдими? дейишлари.
3. Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлиши.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламниг бошқаларга ўхшаш башарликлари.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидик. У зот зиёда ёки камликка йўл қўйдилар. Иброҳим: Аллоҳга қасамки, бу фақат мен томонимдан келган, деди. Бас, биз: «Эй, Аллоҳнинг Расули, намозда бирор янгилик бўлдими?» дедик. У зот: «Йўқ!» дедилар. Биз у кишига қилган нарсаларини айтдик. Бас, У зот: «Қачон одам зиёда ва нуқсон қилса, икки марта сажда қилсин», дедилар ва сўнгра икки марта сажда қилдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ривоятдаги «Иброҳим, Аллоҳга қасамки, бу фақат мен томонимдан келган», деди» жумласи бир оз шарҳга муқтождир.
Иброҳимдан мурод ушбу ҳадиси шарифни Алқамадан ривоят қилган ровий Иброҳим ибн Сувайддир.
Ўша Иброҳим ибн Сувайд, зиёда ёки камчиликка йўл қўйдилар, деб ноаниқликка йўл қўйилишига мен айбдорман, деб эътироф қилмоқдалар. Демак, у киши Алқама розияллоҳу анҳудан эшитган нарсаларининг шу жойида шакка йўл қўйганлар. Шу билан бирга бу камчиликни айтмасдан ривоят қилишни ўзларига эп кўрмаганлар.
Демак, намозда зиёдага йўл қўйилса ҳам, камчиликка йўл қўйилса ҳам саждаи саҳв қилиш керак бўлади. Фақат ўша амал намознинг фарз амали бўлмаслиги керак. Агар фарз амалда адашиш содир бўлса, намоз бошқа ўқилади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга намоз ўқиб, саҳвга йўл қўйдилар. Бас, икки марта саждаи саҳв қилдилар. Кейин ташаҳҳуд ўқиб, сўнг салом бердилар». «Сунан» эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги янгилик саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд ўқишликдир. Бунга амал қиладиганлар бор.

ХУЛОСА

Ўрганиб ўтган ҳадислардан саҳв саждаси турли вақтда, гоҳида саломдан олдин гоҳида саломдан кейин гоҳида икки саломнинг орасида қилинганини билдик. Бошқа шунга ўхшаш нарсалардаги каби, бу масалада ҳам динимиз турлилик орқали кенглик ва осонликни олган. Фиқҳий мазҳабларининг ушбу кенгликдан тўлалигича фойдаланганликларини гувоҳи бўламиз. 
Шофеъий мазҳаби саҳв саждаси саломдан олдин қилинади, деган. 
Ҳанафий мазҳаби эса, саҳв саждаси саломдан кейин қилинади, деган. 
Моликий мазҳаби эса, зиёда учун бўлган саҳв саждаси саломдан кейин, қолгани саломдан олдин бўлади, деган. 
Ҳанбалий мазҳаби эса, саҳв шак ёки тарк қилиш учун бўлса, саломдан олдин саждаи саҳв қилади, зиёда учун бўлса, саломдан кейин қилади, деган.
Бу хилма-хиллик қайсиниси афзал? деган саволга жавоб излаш учун бўлган, холос. Аслда эса, ҳеч қандай хилоф йўқ. Ҳаммалари саҳв саждаси қилиш зарурлигини таъкидлайдилар. Саждаи саҳвни саломдан один қилса ҳам бўлади, кейин қилса ҳам бўлади, дейдилар. Фақат, қайсиниси афзал? деган саволга жавоб беришда ҳар ким ўз далили ва фалсафасига қараб турли фикр айтадилар. Бу эса, яхшиликдан бошқа нарса эмас. Бошқа масалаларда ҳам асосан шу ҳолни мулоҳаза қилинади.
Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштириш учун ҳаракат қилиб қуйидаги хулосавий ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар.
«Саҳиҳ киши учун лозим бўлганда саждаи саҳв қилмоқ вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. 
Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо муқтадий ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса имомига хилоф қилган бўлади.
Агар имом саҳвга йўл қўйса, муқтадий ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъий назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом саждаи саҳвни қилмаса, у муқтадийдан соқит бўлади. 
Саждаи саҳвнинг вожиблиги вақтнинг намоз учун солиҳ бўлишига боғлиқдир. Агар Бомдод намозининг саломини бергандан сўнг қуёш чиқиб қолса, Аср намозидан сўнг ботиб қолса, саждаи саҳв қилинмайди. 
Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга монеъ бўладиган амал қилса; гапирса, кулса, қасддан таҳоратини кетказса, масжиддан чиқса, юзини қибладан ўгирса саждаи саҳв соқит бўлади.
Баъзи уламолар, жамоати катта бўлгани ва одамларни мушавваш қилмаслик учун жума ва ийд намозларида саждаи саҳвни тарк қилмоқ маъқулдир, деганлар.
Саждаи саҳвга сабаб бўладиган нарсалар;
Бир нарсани қасддан ёки унутиб тарк қилса ёки бир нарсани эсдан чиқиб зиёда қилса ёхуд бир нарсанинг жойини унутиб ўзгартса саждаи саҳв қилади. Булар эса қуйидаги ҳолатларда бўлади;

1. Қасддан қилинган хатода уч нарсада саҳв саждаси қилади; биринчи қаъдани тарк қилганда, биринчи ракъат саждасидан бирортасини намознинг охирига қолдирганда ва қасддан тафаккур қилиб туриб бир рукн миқдорича вақтни ўтказиб юборганда.
2. Намознинг вожибларидан бирини унутиб тарк қилганда, олдин кейин қилиб қўйганда ва зиёда ёки нуқсон қилиб қўйганда саҳв саждаси қилади. У ўн бир вожибдир.

Биринчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳани ёки унинг кўп қисмини қироатини тарк қилиш.
Иккинчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳадан сўнг сура ўқишни ёки уч қисқа, бир узун оят ўқишни тарк қилиш.
Учинчиси; жаҳрий ёки сиррий қироат қилиш қоидасига хилоф қилиш; пешин ва аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш. Албатта, имом учун.
Тўртинчиси; уч ёки тўрт ракъатли намозда биринчи қаъдани қилмаслик.
Бешинчиси: охирги қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш.
Олтинчиси; бир ракъатда такрорланадиган амалда тартибга риоя қилмаслик. Бунда саждани бир марта қилиб иккинчисини унутиш ҳақида сўз кетмоқда. Ўшани намоз охирида қилиб, кейин саҳв саждаси қилинади.
Еттинчиси; рукуъ ва сужуддаги вожиб хотиржамликни унутиб тарк қилиш. Баъзи уламолар наздида.
Саккизинчи; фарзда қироат жойини ўзгартириш. Зам сурасни олдин, Фотиҳани кейин, тўрт ракъатли намознинг охирги икки ракъатида Фотиҳадан бошқа сура ўқиш ёки иккинчи ва учинчисида ўқиш каби.
Тўққизинчиси; Витрнинг қунут дуосини тарк қилиш. Ким дои қунутни ўқимай рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади.
Ўнинчиси; қунутнинг такбирини тарк қилиш.
Ўн биринчиси; икки ийд намозининг барча такбирларини ёки баъзи такбирларини ёхуд иккинчи ракъат рукуъи такбирини тарк қилган киши саждаи саҳв қилади. 

3. Намознинг жинсидан бўлмаган ва намоздан бўлмаган амални зиёда қилса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун икки марта рукуъ қилса.
Унутган нарсасига қайтиш.

Биров биринчи қаъдани эсдан чиқариб туриб кетаётгандан эслаб қолди. Агар унинг ҳолати ўтришга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳуд ўқиб салом беради. Агар ҳоли туришга яқин бўлса, қайтмайди. Намозни давом этдириб охирида саждаи саҳв қилади. 
Биров охирги қаъдани унитиб, бешинчи ракъатга туриб кетса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, фарзи бузилиб, намози нафлга айланади. Чунки у тарки фарз қилди. У олтинчи ракъатни ҳам қўшиб қўяди. Агар тўрт ракъатдан сўнг ташаҳҳуд миқдорича ўтириб, уни биринчи қаъда деб ўйлаб туриб кетган бўлса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом беради. Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, бир ракъат қўшиб қўяди. Унинг намози тўғри бўлади. Чунки у қаъдаи охирни ўз ўрнида қилган. Ортиқча икки ракъат унинг учун нафл бўлади.
Намозда шак қилиш.
Намозда неча ракъат ўқиганини билмай шак қилиб қолди. Учми, тўртми билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни янгитдан бошлайди. 
Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади. 

 


ЖАМОАТНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА 

Аллоҳ таоло: «Ва қачон уларнинг ичида бўлсанг ҳамда уларга намозни қоим қилсанг, улардан бир тоифаси сен ила турсинлар», деган.
Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло хавф бўлиб турганда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни жамоат намози ўқишга амр қилмоқда. 
Бундан тинчлик пайтида жамоат намоз ўқиш зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиниинг жамоат ила ўқиган намози унинг уйидаги ва бозоридаги намозидан йигирма беш баробар кўп бўлади. Бундоқ бўлишининг сабаби, қачон у яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра масжидга чиқса. Уни масжидга намоздан бошқа нарса чиқармаган бўлса, босган ҳар бир қадимида, албатта, бир даража кўтарилиб, бир гуноҳ ўчирилади. Бас, қачон намоз ўқиса, мадомики намозгоҳида турар экан, агар таҳорати кетмаган бўлса, фаришталар унга саловот айтиб туради. 
«Эй, бор Худоё, унга саловот юборгин. Эй, бор Худоё, унга раҳм қилгин», дейдилар. Сизлардан бирингиз мадомики намозга интизор бўлар экан намозда турган ҳисобаланади», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жамоат намозининг фазилати очиқ-ойдин рақам билан кўрсатилмоқда. Нима учун жамоат намози фазилати бўлиши ҳам баён қилинмоқда.
Жамоат билан намоз ўқиган одам ёлғиз ўзи намоз ўқиган одамга қараганда йигирма беш марта кўп савобга эга бўлар экан. 
Бундоқ бўлиши сабаби қуйидагилардан иборат экан:

1. Жамоат намози ўқиган одам яхшилаб таҳорат қилиб, масжидга чиқади. Унинг нияти соф бўлади. Масжидга боришдан жамоат намози ўқишдан бошқа мақсадни кўзламайди. Шунинг учун, босган ҳар қадимда мартабаси бир даража бир гуноҳи ўчирилади. 
2. Жамоат билан намозни ўқиб бўлиб, таҳоратини кетказмай намозгоҳида турса фаришталар унга саловот айтадилар. Бу ҳам, намозини ёлғиз ўзи уйида ўқиса ҳосил бўлмас эди.
3. Жамоат намозини ўқиб бўлиб кейинги намозга интизор бўлса, худди намоз ўқиётган одамнинг савобини олади. Бу ҳам ёлғиз намоз ўқиган одамга ҳосил бўлмайди. 
Демак, намозни жамоат билан ўқишнинг ўзиёқ инсон оладиган савобларнинг ўз-ўзидан кўпайиб кетишига савоб бўлар экан. 
Шунинг учун, жамоат намози ҳар биримизнинг ҳаётимиздан муносиб ўрин олмоғи керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак, жамоат намозининг фазли гоҳида йигирма беш, гоҳида йигирма етти даража устун бўлар экан. Бундай фарқ, масжиднинг узоқлиги, намозхоннинг ихлоси ёки имомнинг тақвосига боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам жамоат билан намоз ўқиш жуда керакдир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг намоздан энг катта ажр оладигани юриб келиши узоқ бўлганидир. Имом билан намоз ўқишга интизор бўлганнинг ажри намозни ўқиб бўлиб ухлаганнинг ажридан улуғдир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳам жамоат намозининг фазлини кўрсатади. Киши жамоат намозига қанча узоқдан келса, шунча кўп савоб олади. Имом билан жамоат намозини ўқишни кутиб ўтирса ҳам савоб олади. Шунинг учун ҳам доимо жамоат билан намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Хуфтон намозини жамоат ила ўқиса, худди кечасининг ярмини ибодатла бедор ўтказгандек бўлади. Ким Бамдод намозини жамоат билан ўқиса, худди кечанинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Охирги иккисининг лафзи қуйидагича: «Ким Хуфтон намозига жамоат ила ҳозир бўлса, унга кечанинг яримини бедор ўтказгандек бўлар. Ким Хуфтон ва Бамдодни жамоат ила ўқиса, унга кечани бедор ўтказгандек бўлур».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Хуфтон ва Бамдод намозларини жамоат ила ўқишга алоҳида тарғиб қилинмоқда. Чунки, бу икки намоз кишилар дам олишни, ухлашни хоҳлаган вақтларда бўлади. Ана ўша ҳавои нафснинг хоҳишларини енгиб жамоат ила Хуфтон ва Бомдод ўқиш кечани бутунлай намоз ўқиб ўтказиш савобига тенглштирилмоқда. Ушбу икки намознинг ҳар бири жамоат билан ўқилса кечанинг яримини намоз билан ўтказишга тенглаштирилмоқда. 
Бу маъно Абу Довуд ва Термизий келтирган лафзда яна ҳам аниқроқ намоён бўлади: «Ким Хуфтон намозига жамоат ила ҳозир бўлса, унга кечанинг яримини бедор ўтказгандек бўлар. Ким Хуфтон ва Бамдодни жамоат ила ўқиса, унга кечани бедор ўтказгандек бўлур».
Шунинг учун ҳам хар биримиз бу икки намозни жамоат билан ўқишга ҳаракат қилишимиз керак.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг бошқа бир киши билан ўқиган намози, ёлғиз ўзи ўқиган намозидан кўра афзалдир. Унинг икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиган намозидан афзалроқдир. Қанчалик кўпайса, Аллоҳ азза ва жалла учун шунчалик маҳбубдир», дедилар». Сунан эгалари ва Аҳмад ривоят қилган. Ибн Хузайма, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, мусулмон инсон иложи борича кўпроқ киши ила намоз ўқишга ҳаракат қилмоғи керак. Жамоат қанчалик катта бўлса савоби шунчалик кўп бўлади. Ҳатто бир кишига кўп бўлса ҳам шунча яраша фарқли бўлади. Шунинг учун доимо кўпчилик бўлиб намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир тонгда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозидан ушланиб қолдилар. Ҳаттоки, қуёш кўзини кўрай деб, қолдик. Сўнгра шошилиб чиқдилар ва намозга турилди. Намозни енгил қилиб ўқидилар. Салом берганларидан кейин овозларини баланд кўтариб: «Сафларингизда қандоқ турган бўлсангиз шундоқ туринглар», дедилар. Сўнгра биз томонга бурилдилар ва: «Энди мен сизларга мени бу тонгда нима тутиб қолганини айтиб бераман. Мен кечаси туриб таҳорат қилдим ва муяссар қилганича намоз ўқидим. Сўнгра намозимда мудраб қолибман, бир оз оғирлашдим. Бир вақт қарасам... Роббим табарока ва таоло ҳузурида энг гўзал сувратда турибман. Бас, У зот: «Эй, Муҳаммад!» деди. 
«Лаббайка Роббим», дедим. 
«Малаъул Аъло нима ҳақида тортишмоқда?» деди. 
«Билмасам», дедим. (Уч марта шундоқ дейилди). Кейин кафтини икки курагим орасига қўйганини кўрдим ва бармоғи учларининг совуқлигини икки эмчагим орасидан ҳис қилдим. Бас, менга ҳар бир нарса тажалли қилди ва ҳаммасини танидим. Бас, У зот: «Эй, Муҳаммад!» деди. 
«Лаббайка Роббим», дедим. 
«Малаъул Аъло нима ҳақида тортишмоқда?» деди. 
«Гуноҳларни ювувчи нарсалар ҳақида», дедим. 
«Улар нималардир?» деди. 
«Яхшилик ишлар томон қадам босмоқлик. Масжидларда намоздан кейин ўтирмоқлик. Қийинчилик пайтида таҳоратни яхшилаб қилмоқликдир», дедим. 
«Яна нима ҳақида (тортишмоқдалар)?» деди. 
«Таом беришлик, юмшоқ сўз бўлишлик, кечаси одамлар ухлаб ётганда намоз ўқишлик ҳақида», дедим. 
«Сўра! Эй, бор Худоё, албатта, мен Сенда яхшиликларни қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларга муҳаббат қилишни, мени мағфират қилишингни ва менга раҳм қилишингни қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот этдиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қиладиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман», деб айт», деди» 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, улар ҳақдир. Бас, уларни ёд олинглар ва таълим беринглар, дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадис аввал ҳам ўтган эди. Ўшанда «Малаъул Аъло»дан мурод фаришталарниг олий тўплами экани ва бошқа маънолар ҳақида батафсил гап юритган эдик. 
Энди ўша гапларни такрорлаб ўтирмай, бу ривоятдаги қўшимчалар, ҳақида сўз юритамиз. 
Биринчи ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бамдод намозига бир оз тутилиб қолиб чиққанлари, намозни қандоқ ўқиганлари ва ундан кейин айтган гаплари йўқ эди. Шунингдек, олий тўпламнинг тортишаётган нарсаларида ҳам бир оз фарқ бор. Ҳадиснинг охиридаги Аллоҳнинг сўра, деганидан бошлаб ҳамма гаплар янги.
Ушбу ривоятдан бизнинг ўрганаётган фаслимизга таълуқли жойлари қуйидагилар:
1. Фаришталарнинг гуноҳларини ювувчи нарсалар ҳақидаги гапларидан 
«Яхшилик ишлар томон қадам босмоқлик». 
Бунга, албатта, қадам босиб жамоат намозига бориш ҳам киради.
«Масжидларда намоздан кейин ўтирмоқлик». 
Бу ўтириш, албатта, жамоат намозидан кейин ва янги жамоат намозини кутиш учун бўлади.
«Қийинчилик пайтида таҳоратни яхшилаб қилмоқлик».
Ундан кейин жамоат намози ўқиш учун бўлади.
Шунингдек, олий тўплам фаришталар ажрини тезроқ ёзиб олиш учун шошиладиган нарсаларнинг ичида қуйидаги ишлар ҳам бор:
1. «Таом беришлик».
Муҳтожларга таом беришлик ниҳоятда савобли иш экани маълум ва машҳур. Бу масала кези келганда батафсил ўрганилади, иншааллоҳ.
2. «Юмшоқ сўз бўлишлик».
Бу ҳам улкан фазилат. Ҳар бир мусулмон кишида бўлиши лозим фазилат. Ахлоқ-одоб бобида ўрганиладиган масала.
3. «Кечаси одамлар ухлаб ётганда намоз ўқишлик».
Бунга Хуфтон ва Бамдод намозларини жамоат билан ўқиш ва тунги тахажжуд намозлари киради.
Мазкур савол жавоблардан кейин Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзидан бир нарса сўрашни амр этди. Бу сўрашни умумий қилиб қўймай, нимани ва қандоқ қилиб сўрашни ҳам ўргатди. Аллоҳ Ўзининг энг маҳбуб бандасига Ўзи ўргатган дуоси энг марғуб ва энг мақбул дуо бўлиши турган гап. Шунинг учун, бу дуонинг матнини ёдлаб олиб, доимо дуоларимизда ўқиб юришимиз лозим бўлади. Зотан ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам шуни тавсия қилмоқдалар.
Энди ўша Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим берган дуодаги нарсаларга бир-тўхталиб ўтайлик.
1. «Яхшиликларни қилишни». 
Каттаю кичик барча яхшиликларни қилишни Аллоҳдан сўраш, банда томонидан Аллоҳнинг Ўзидан У зотни рози қиладиган амалларни қилишга тавфиқ сўрашдир. 
Демак, мусулмон инсон доимо Аллоҳнинг Ўзидан тавфиқ сўраган ҳолида, савобли ишларни қилишга уринмоғи керак.
2. «Ёмонликларни тарк этишни».
Каттаю кичик барча ёмон ишларни тарк этишни Аллоҳдан сўраш, банда томонидан Аллоҳнинг Ўзидан, У зотни норози қиладиган амалларни қилмасликка тавфиқ сўрашдир. 
Демак, мусулмон инсон доимо Аллоҳнинг Ўзидан тавфиқ сўраган ҳолида ёмон ишларни тарк қилишга урунмоғи лозим.
3. «Мискинларга муҳаббат қилишни».
Мискинларнинг муҳаббати олий мақомдир. Кишига инсонийлигини эслатиб туради. Мискинларга муҳаббат қилган одам барча инсониятга муҳаббат қилади. Унинг дарду аламидан бохабар бўлади. У билан мусибатларида доимо шерик бўлади. Мискинларга ёрдам бериш орқали улуғ ажру савобларга эришади.
4. «Мени мағфират қилишингни».
Мусулмон одам доим Аллоҳ таолодан мағфират сўраб туриши керак. Бу бандаликни тан олиш, беайб Парвардигорнинг Ўзи эканини доимо эслаб туришдир. Шу ҳис туйғу бўлмаса инсон ғурурга кетади, йўлдан адашади.
5. «Менга раҳм қилишингни».
Аллоҳнинг раҳми бўлмаса, одам боласи ҳеч нарса қила олмаслиги муқарар. Шунинг учун у доимо Аллоҳдан раҳм сўраб турмоғи лозим.
6. «Қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот этдиришингни сўрайман».
Исломда ўлим сўраш ман қилинган. Аммо, фитна ўлимдан ҳам бадтар бўлгани учун, фитнага учрашдан қўрққан одамга истисно тариқасида ўлим сўрашга изн берилган.
Аллоҳ таоло Ўзи фитнадан сақласин.
7. «Сендан муҳаббатингни, сўрайман».
Аллоҳнинг муҳаббати мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўмин қалбда фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Аллоҳнинг муҳаббатида бошқа нарсанинг муҳаббатига қалбида жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундоқ мақомга эриши учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраб туриши керак.
8. «Сенга муҳаббат қиладиганларнинг муҳаббатини».
Аллоҳ таолога муҳаббат қиладиган бандаларнинг муҳаббати ҳам матлуб нарсадир. Банда билан банда орасидаги муносабатда мусулмон инсон Аллоҳга муҳаббат қилган тақводор инсонга муҳаббат қилиши керак. Ана шунда инсонлар орасидаги муҳаббат сўримини ўз ўрнига қўйган бўлади. Бу ишда ҳам доимо Аллоҳнинг Ўзидан ёрдам сўраб туриши лозим бўлади.
9. «Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амал нинг муҳаббатини сўрайман».
Демак, амал билан одам Аллоҳнинг муҳаббатига яқинлашар экан. У амални қилиш учун унга муҳаббат қилиш керак экан. Ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.
Хуллас, ушбу муборак дуони яхшилаб тушуниб ва ёдлаб олиб, чин дилдан ўқиб юришимиз керак бўлади.





БЕМОРНИНГ НАМОЗИ 

Намозда ундан аввал ёки асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, имо қилади. Тик туриб имо қилмайди. Ўтириб имо қилиш маҳбубдир. Саждасини рукуъидан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди. Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса қиблага юзланган ҳолда ёнбошлаб ёки чалқанча тушган ҳолда ўқийди. Чалқанча ҳол яхшироқдир. Имо бош билан бўлади. Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради. Имо қилаётган намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди. Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом этдиради.
Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади. Боғланган кемада тўғри бўлмайди. илло узр бўлса, тўғри бўлади. Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки хушидан кетган ўтган намозларни қазо қилади. Агар бир соат зиёда бўлса ҳам қазо қилмайди.

Аллоҳ таоло бандаларни тоқатларидан ташқари буюрмайди. Уларнинг ҳодатларини эътиборга олади. Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодат. Уни вақтинчалик бўлса ҳам тарк қилиб бўлмайди. агар шундоқ қилинса банда намоздан узоқлашиб қолади. Намоздан узоқлашиш эса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашишдир. Айниқса бемор банда Аллоҳ таолога ёлбориши, Унинг раҳматидан умидвор бўлиши матлубдир. Шунинг учун ҳам бемор киши ҳам имкони борича намозини ўқийверади. Бу ҳам Исломнинг енгиллик дини эканининг ёрқин далилидир. Келаси сатрларда ушбу масалани батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Намозда ундан аввал ёки асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. 
Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам бўлса ёхуд боши айланса ўтириб рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди.
Бу ҳукмга дали қуйидагича;
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг бавосирим бор эди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот: «Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг ёнбошлаб ўқи», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, имо қилади. 
Ўрнидан туриб намоз ўқий олмайдиган одам ўтиган ҳолида рукуъ ва сажда қила олмаса ўтирган ҳолида имо билан намоз ўқийди. 
Тик туриб имо қилмайди. 
Аммо рукуъ ва сажда қила олмагани билан тик туришга қодир бўлса ҳам ўтириб имо билан намоз ўқийди. 
Ўтириб имо қилиш маҳбубдир. 
Ўтирган ҳолда имо билан намоз ўқиш тик туриб имо билан намоз ўқишдан яхшидир. Чунки ўтирганда ерга яқин бўлади. Имо билан намоз ўқиган одам
Саждасини рукуъидан пастроқ қилади. 
Чунки аслида ҳам сажда рукуъдан паст бўлади.
Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди. 
Баззор ва Байҳақий Жобир розияллоҳу анҳудан, Табароний Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Уни болиш устига намоз ўқиётганини кўриб уни олиб отиб юбордилар. У бир чўпни олиб ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. У зот уни ҳам олиб отиб юбордилар ва «Агар қодир бўлсанг ерга сажда қил. Бўлмаса имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил», дедилар.
Имо билан намоз ўқувчи бир нарсани олиб бошини унга эгиб сажда қилса дуруст. Аммо бошини эгмасдан ҳалиги нарсани пешонасига олиб бориб тегизса бўлмайди.
Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда ёнбошлаб ёки чалқанча тушган ҳолда ўқийди. 
Чалқанча тушганда оёғини қиблага қаратилиб бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб юзи қиблага қаратилади.
Чалқанча ҳол яхшироқдир. 
Шунда имоси Каъбанинг ҳавосига бўлади.
Имо бош билан бўлади. 
Қош ёки кўз билан бўлмайди
Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради. 
Аммо намоз соқит бўлмайди. Қодир бўлганда унинг қазосини ўқиб беради. Агар ўша беморликдан тузалмай вафот қилса, афв қилинади. Фидя бериш ҳам лозим бўлмайди.
Имо қилаётган намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди. 
Шунингдек, ёнбошлаб ўқиётган ўтиришга қодир бўлиб қолса ҳам намозни янгитдан бошлайди.
Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом этдиради.
Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади. 
Агар кема кичик бўлиб унда бош айланиши ва турғинсизлик муҳаққақ бўлса. Аммо кемада тик туриб ўқиш имкони бўлса, тик туриб ўқиган афзал.
Имом Дора Қутний ва ал-Ҳокимлар қилган ривоятда Н-мдан кемада қандоқ қилиб намоз ўқийман деб сўралганда, тик ттуриб ўқи, илло ғарқ бўлишдан қўрқсанг», деганлар.
Боғланган кемада тўғри бўлмайди. 
Яъни, боғланган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиш тўғри эмас. чунки одатда боғланган кемада бош айланмайди ва тик туриш қийин бўлмайди.
Илло узр бўлса, тўғри бўлади. 
Яъни, боғланган ҳолда ҳам кема қаттиқ чайқалиб турган бўлса, унда ўтириб намоз ўқиш тўғри бўлади.
Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки хушидан кетган ўтган намозларни қазо қилади. 
Ибн Умар, Аммор ибн Ясир ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумлар ўзларидан кетганларидан кейин хушларига келганларида намозни қазо қилиб ўқиганлар.
Агар бир соат зиёда бўлса ҳам қазо қилмайди.
Бу ердаги соат олтмиш дақиқани эмас, бир оз муддатни билдиради.

Номоз ичидаги соғлиқ учун фойдали амаллар 

Буйрак вазифаларининг жадалланиши

Маълумки, инсон тик турганда ёки спорт билан шуғулланганда буйракдаги қон оқим секинлашади. Замонавий тиббиёт илми тасдиқлашича, намоздаги сажда ҳолатида ёки ёнбошлаб ётганда бу аъзодаги қон айланиш зиёдалашар экан. Олимларнинг бу кашфиёти асосида, кун бўйи тик турувчилар устида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, гавданинг тик туриши буйракдаги қон оқими миқдорини камайтириб, сийдик ажралишини секинлаштиради. Бунинг натижасида, тик туриш буйракдаги «Glomerool» «Коптокча» деб номланадиган майда қон томирлардан иборат сийдикни пайдо қилувчи махсус биологик воситада айланувчи қоннинг софланиш суръатининг пасайишига сабаб бўлади. Тадқиқотчилар, одам тик турганда буйракдаги қон айланишининг секинлашишига, унга қон етказувчи томирлар девори қисилишининг табиий ҳолда рўй бериши сабаб эканини топишди. Бу жараёнларни доимий ҳолда бошқарувчи асаб тизими эса қон томирларнинг қисилиши ёки кенгайишига тик турилганда ёки ёнбошлаганда кўпроқ ҳукумронлик қилиши аниқланган.


Олимлар буйракдаги бу физиологик воқейликни ҳанузгача изоҳлаша олишмаяпди. Лекин, тик турган ҳолатда нафақат буйракларга, балки барча пастки аъзоларга қон оқиш миқдори камайишини, шу билан бирга сажда ва ёнбошлаганда қон оқими зиёдалашишини таъкидлашади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қачон буйракларга қон оқиб келиш миқдори етарли даражада бўлса, юқорида айтилган «коптокча» томирларида қон босим юқори бўлиб, қоннинг тозаланиши ҳам зиёдалашади, ўз-ўзидан сийдик миқдори ҳам ортади. Демак, сажда ҳолатида буйракларга етарли миқдорда қон оқиб келиши, сийдикнинг кўпроқ ажралиб чиқиши учун энг муҳим омиллардан бири хисобланади.

Сажданинг буйракларга ёрдам бериши

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб, киши рукуъ, сажда ва ёнбошлаганида сийдик ажралиб чиқиши зиёдалашишини тушунса бўлади. Ҳатто биз номоздан кейин хожатга чиқиш рағбатини ҳис қиламиз. Агар пешоб қистаб турганида намоз адо этишга киришсак, юрагимиз сиқилиб, ўзимизни беҳузур ҳис қиламиз. Шу ерда таъкидлаш керакки, ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссасомнинг, кишининг икки йўлидан бирида ҳожати қистаб турган бўлса, намоз ўқишни ман қилиб айтган сўзларига итоат этмоғимиз лозим. Чунки, намоз амаллари сийдик ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштиради. Натижада намоз ўқувчи кишининг фикри ўз-ўзидан бўлиниб, жисмини толиқтирадиган нарсаларни ўйлай бошлайди. Сажда сийдик таркибида ҳосил бўладиган тузлар миқдорини камайтириб, суюқлигини кўпайтиради. Бу жараён аслида «Antiduretic» деб номланадиган гормон натижасида юз бериб, у сийдик ишлаб чиқариш миқдорини белгилайди.
Сажда ҳолатида ажралиб чиқадиган сийдикни лабораторияда таҳлил қилиш натижасида қуйидагилар кашф қилинди. Намознинг бу амали сийдик таркибида тузларни камайтириб, жисмга лозим бўлган тузларнинг зое бўлишидан асрайди. Ҳосил бўлган сийдик жисмни тозалашга, ҳамда аммоний тузлари, карбонад ангидрид гази ва бошқа заҳарли моддаларнинг танадан чиқиб кетишига ёрдам беради. Мана шу ерда сийдиги чиқмасдан ушланиб қоладиган ёки етарли миқдорда пещоби оқмайдиган беморларга сажданинг муҳим эканини уқтириб қўймоқчимиз.
Замонавий табобатда юқори қон босими сабабли сийдиги ажралмайдиган бўлиб қолганларга дори истеъмол қилиш муолажалари ҳам бор. Чунки, юқори қон босими жисмдаги ихтиёрий сийдик ишлаб чиқарувчи биологик жиҳозни чигаллаштиради. Шак-шубҳа йўқки, сажда ҳам ана шу замонавий табобатда қўлланилаётган дориларнинг ўрнини боса олади. Ҳаттоки, ўзининг иш фаолиятида кўпроқ тик турадиган ва ўтирадиган кишилар, сўнгра сажда ва рукуъни ўз ичига олган намозни адо қилса, ўша саждаси сабабли буйракларига қон бориши фаоллашиб, сийдик ажралиши жадаллашиб, жисми заҳарлардан тозаланади.
Шубҳасиз, сажда пайтида кислородга бой қон жисм аъзоларига жадал ҳолда етказилиб берилиб, тўқима ҳужайраларига кислород бориши кўпайса, жонланиш жараёни бўлган «Аnabolism» фаоллашади. Табиий ҳолда инсон буйрагида бир дақиқа давомида ўртача 1200 миллилитр қон айланади ва бу вақт ичида буйраклар 21 миллилитр тоза ҳаводан ҳам баҳраманд бўлади. Шак-шубҳа йўқки, бу миқдорий кўрсатгичлар сажда пайтида яна ҳам кўпайиб, катта миқдордаги қон тозаланади ва сийдик орқали чиқиндиларни йўқ қилиш тезлашади.
 




ИСТИХОРА НАМОЗИ 

«Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганда, хайрлисини танлаш учун Истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек таълим берар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг, Эй, бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Эй, бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканлигини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб қилгиси келиб қолса қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозининг биринчи ракъатида «Фотиҳа» сурасидан кейин «Кофирун» сурасини, иккинчи ракъатда «Ихлос» сурасини ўқийди.
Кўриниб турибдики, Истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлбориб, илтижо қилиб яхшилик йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон инсон ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон инсон ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Намоз ўқимайдиганлар эса, бу улуғ саодатдан бебаҳралар, улар шйтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар.



НАФЛ НАМОЗЛАР УЙДА БЎЛГАНИ АФЗАЛ 

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Нафл намозлари уйда ўқиган афзал. Чунки, бунда риёдан узоқ бўлинади, қабул аниқ бўлади, баракоти уйга уради, шайтон уйдан қочади.
Масжидда ва намозгоҳда ўқилиши зарур бўлган намозлар ҳам маълум ва машҳур фарз намозлари, ийд, жума, кусуф, истисқо, таровеҳ намозлари масжидда ва намозгоҳда ўқиладиган намозлардир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир», дедилар».
Шарҳ: Демак, уйда ўқилган нафл намоз уй учун хайр барака ҳосил бўлишига сабаб бўлар экан.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан, Аллоҳ зикр қилинмайдиган уй мисоли, худди тирик билан ўликнинг мисолига ўхшайди», дедилар». Икковини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳнинг зикри уйни тирик ҳолига келтиради. Зотан, Аллоҳни зикр қиладиган одамгина маънавий тирик бўлади, холос. 
Демак, маънавий тирик одамнинг уйи ҳам тирик бўлади Аллоҳни зикр қилмайдиган одам маънавий ўлик ҳисобланади. Бинобарин унинг уйи ҳам ўликдир. Пайғамбаримиз гувоҳлик беришлари бўйича ўликдир, оддий бир одамнинг гувоҳлиги билан эмас. 
Намоз эса, Аллоҳнинг зикрининг энг юксак зирвасидир. Ким уйида нафл намоз ўқиб турар экан унинг уйининг шарафи ошади, қадри юксалади. Сажда қилинган ҳар бир парча ер, қиёматда сажда қилувчи фойдасига гувоҳлик беради. 
Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ўз уйини намоз билан, Аллоҳнинг зикри билан обод қилиши керак. Ушбу ўлчовга қараб баҳо берадиган бўлсак, қанчадан қанча қаср сифат, данғиллаган уйлар қабристондан бадтардир. Кўпгина оддий содда уйлар баниҳоят ободдир. Ҳаммамиз уйимизни тирик уйлардан, зикриллоҳ ила обод уйлардан қилишга уринайлик.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ироқий, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги бир ракъат намоз бошқа масжидлардаги минг ракъат намозга тенг бўлади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, бировнинг ўз уйида ўқиган нафл намози Масжиди Набавийда ўқийдиган намозидан афзал экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тасдиқланиши катта маънони билдиради. Бу маънони ҳеч қачон унитмаслик керак.

 «Фотиҳа»дан кейин оминни айтиш 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом, омин, деса, сизлар ҳам, омин, денглар. Чунки кимнинг омини фаришталарнинг оминига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. 

Шарҳ: Демак, намозда имом «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлиб, омин, деганда қавм ҳам, омин, дейди. Омини фаришталарнинг оминига тўғри келиб қолган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади. «Омин» дегани, қабул қил, деган маънодаги дуодир. Бу дуони «Фотиҳа» сурасининг ўқиб бўлгандан кейин айтмоқ мустаҳабдир. Бошқа бир ривоятда: «Қачон имом, «Ғойрил мағзу'би алайҳим валаззо'ллийн» деса, омин, денглар. Чунки, кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган. 

Бухорий ва Насаий ривоятларида эса: «Қачон бирингиз, омин, деганда фаришталар ҳам осмонда, омин, деса, бири-бирига мувофиқ келиб қолса, унинг олдин ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.

Шарҳ: Бу икки ривоят ҳам биринчи ривоятни қўллаб келмоқда. Фақат баъзи лафзларида фарқ бор, холос.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ғойрил мағзу'би алайҳим валаззо'ллийн»ни тиловат қилсалар, омин, дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди». Абу Довуд, Термизий ва ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, омин, деганлари ва уни биринчи сафда у кишига яқин турган одам эшитадиган даражада бўлиши айтилмоқда.

Намозда, «Фотиҳа» сурасини овоз чиқариб ўқилганидан сўнг, омин, дейиш ҳақида ҳамма иттифоқ қилган. Лекин, ўша омин, дейишни овоз чиқариб айтиладими ёки секин (маҳфий) ичида айтиладими, деганда икки хил ижтиҳод бўлган. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида қироати махфий бўлган намозларда, омин ҳам махфий айтилади, қироати ошкора бўлган намозларда, омин ҳам ошкора айтилади, дейилган. Уларнинг далиллари ушбу биз ўрганган ҳадислардир. Лекин, кўриб ўтганимиздек, уларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, омин, деганларини биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитиши ҳақида гап бормоқда. Қолганларини махфийга ҳам, ошкорага ҳам таъвил қилиш мумкин. 

Улар ўз фикрларини тасдиқлаш учун бошқа ҳадисларни ҳам далил сифатида олиб келишади. Уларнинг бирида: «У (омин) билан овозларини кўтарди» дейилса, иккинчисида, биринчи сафдаги одам эшитадиган қилиб айтдилар, учинчисида, масжид ларзага келди», дейилган. 

Қарши тараф эса Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари далил қилиб келтирган ҳадисларнинг заиф жойларини батафсил баён қиладилар. Сўнгра ўзлари далил келтиришни бошлайдилар. 

Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда: «Ва у(омин)ни овозини пастлатиб айтдилар», дейилган. Бу, «Фотиҳа» сурасини баланд овоз билан ўқиб келиб, оминни айтишга келганда овозларини пастлатдилар, деганидир. Унда оминни биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитадиган қилиб айтдилар, дегани ҳам худди шу маънода бўлади.

Имом Дора Қутний Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. «Ғойрил мағзу'би алайҳим валазз'ллийн», деганларида овозларини пастлатиб, омин, деганларини эшитдим», дейилган. 

Ибн Абу Шайба Иброҳийм ан-Нахаъийдан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Имом тўрт нарсани - аъузу биллаҳи, бисмиллаҳ, лиман ҳамида ва оминни махфий айтади», деганлар. Худди шу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам бор. 

Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: «Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар бисмиллаҳир роҳманир роҳиймни ҳам, оминни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Ҳанафийлар ўз мазҳабларини қувватлаш учун ақлий далил ҳам келтирадилар. Улар, ҳаммамиз оминни айтишга иттифоқ қилганимиздек, унинг дуо эканига ҳам иттифоқ қиламиз (маъноси-қабул эт). Биз ушбу дуони махфий қилишни ихтиёр қилдик. Чунки дуони махфий қилиш ошкора қилишдан афзал эканига сиз ҳам, биз ҳам иттифоқмиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Роббингизга тазаруъ ила махфий дуо қилинг», деган, дейдилар. Ўтган имомларимиз, уламоларимиз бу масалани соф илмий баҳс қилдилар. Ҳар бирлари ўз илмлари етганича фикр билдирдилар. Лекин бир-бирлари билан уруш-жанжал қилганлари йўқ. Балки бир-бирларини ҳурмат қилдилар. 

Имом Шофеъий, Имом Абу Ҳанифанинг қабрларини зиёрат қилгани келганларида ҳанафий мазҳабида намоз ўқидилар.

Шу билан бирга ҳамма, оминни айтиш мустаҳаб экани ҳақида иттифоқ қилган. Оминни айтиш суннат ҳам, вожиб ҳам, фарз ҳам эмас. Бас, шундоқ экан нима учун ҳозир баъзи кишилар ушбу мустаҳаб масалани деб, мусулмонлар ўртасида турли уруш-жанжал, келишмовчиликлар чиқарадилар? Ҳамма ўз мазҳабидагини қилиб, ўзга мазҳабларни эҳтиром қилиб юраверса бўлмайдими? Афсуски, қадимдан динимиз аҳкомларини яхши билмаслигимиз ўзимизга зарар бўлиб келган. Шунинг учун ҳам ўтган уламоларимиз бундоқ масалаларни ҳатто, ақида масалаларига киритишга мажбур бўлганлар.

Мана, олиб кўрайлик, 234 ҳижрий санада туғилган Имом Таҳовий ўзларининг «Ақийдатут Таҳовийя» китобларида нима, дейдилару ва уни 729 ҳижрий санада вафот этган Имом Абул Изз қандоқ шарҳ қилганлар.

Матн: «Биз жамоатни ҳақ ва тўғри деб, тафриқани тойилиш ва азоб, деб биламиз». 

Шарҳ: яъни, саҳобалар жамоасига, тобеъинлар жамоасига ҳамда Қуръон ва суннатни ушлаган асрлар жамоасига эргашишни ҳақ ва тўғри, деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни йўлдан тойиш ва азобга сабаб, деб эътиқод қиламиз. Билингки, ихтилоф икки хил бўлади: 

1. Бир нарсанинг турида ихтилоф.

2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Бир нарсанинг туридаги ихтилоф шулки, ихтилоф қилинган гап ёки ишнинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар: Саҳобалардан иккиталари Қуръон қироатида ихтилоф қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келганларида, икковингизники ҳам тўғри, деганлар. Бухорий ривоят қилган. Шунга ўхшаш, Азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасининг маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд ва жаноза намозлари такбирлари каби нарсалар шариатда бир неча турли нарсалар ҳисобланади. Бунга ўхшаш нарсаларда хусумат қилиш ҳаромдир. Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш даражасига етиб боришининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «омин»ни овоз чиқариб ёки ичида айтишда шундоқ бўлади. Бу эса айни ҳаром ишдир. Бу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ва зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки тараф орасида хусумат кучайиб уруш-жанжалга бориб етади».

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов