"."
Меню

Оли имрон,нисо,моида суралари

3. Оли Имрон сураси 

Мадинада нозил бўлган бу сура икки юз оятдан иборат бўлиб, Қуръондаги узун суралардандир. Унда Мадина шаҳридаги мусулмон жамоатнинг ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги билан учинчи йилидаги Ухуд жанги мобайнидаги ва ундан кейинги даврдаги ҳаётидан жонли лавҳалар тасвирланади ҳамда бу воқеаларга муносабат билдирилиб, ҳукмлар баён қилинади.  

«Оли Имрон»да диннинг асосларидан бўлган икки нарса батафсил ёритилади: биринчиси - ақида ва Аллоҳнинг бирлигига алоқадор далилу ҳужжатлар; иккинчиси - шариат қонунлари ва хусусан, Аллоҳ йўлидаги кураш - жиҳодга тааллуқли амру фармонлар. 

Агар «Бақара» сурасида аҳли китобларнинг яҳудий қавми ва уларнинг кирдикорлари ҳақида сўз кетган бўлса, "Оли Имрон"да аҳли китоблардан бўлган насронийлар тўғрисида сўз боради ва уларнинг Ийсо алайҳис-саломни худо деб эътиқод қилишлари хато эканлиги очиқ-равшан далиллар орқали батафсил ёритилади. Шунингдек, уларнинг ичида Қуръон ва Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарликларини инкор қилувчилар ҳам борлиги айти-либ, бундай мункирларга аниқ хужжатлар билан жавоб қилипади. 

Булардан ташқари, ушбу сурада шариатнинг яна бошқа кўпдан-кўп аҳкомларига асос бўлган оятлар х,ам бор. Бу сурада Марямнинг отаси бўлмиш Имрон ва унинг аҳли оиласи ҳақидаги қисса зикр қилингани учун «Оли имрон» - «Имроннинг хонадони» деб номланган. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман): 

1. Алиф, Лом, Мим. 

2. Аллоҳ (ягона) ҳеч бир тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир. 

3-4. Сизга (эй Муҳаммад), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қидди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди. (Энди эса) ҳақ билан ноҳақни ажратгувчи (Қуръонни) нозил қилди. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кимсалар учун шубҳасиз қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир. 

5. Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир. 

6. У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берганзотдир.Ҳечбиртангрийўқ,фақатУнингўзибор.У қудратли, ҳикматлидир. 

7. У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у(Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам-аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ - тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.- Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.- Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,- дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар. 

8. «Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!» 

9. «Парвардигоро, албатта Сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган бир КУНга тўплагувчисан. Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай!» 

10. Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир. 

11. Уларнинг ҳоли худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган кофирларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гунохлари (куфрлари) билан ушлаб азоблаган. Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир. 

12. (Эй Муҳаммад), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!» 

13. (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир. 

И з о х. Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча марта кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишгач, Мадинага қайтганларидан кейин пайғамбар алайҳис-салом яхудийларни тўплаб: «Эй яхудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан ўқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни тушмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!» - дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил курайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда, юқоридаги оятлар нозил бўлди. 

14. Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой - жаннат бордир. (Яъни ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим). 

15-16-17. Айтинг (эй Муҳаммад): «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги бор. Аллоҳ «Парвардигоро, бизлар сенга иймон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» - дейдиган сабр-қаноатли, иймонларига содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандаларини кўриб тургувчидир. 

18. Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари - адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир. 

19. Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. 

20. Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик. Унга бўйинсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?» - деб сўранг! Агар исломга кирсалар, муҳаққақ тўғри йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир. 

21. Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга чақирувчи зотларни ўлдирадиган кимсаларга албатта аламли азоб «хушхабар»ини етказинг! 

22. Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетмиш ва улар учун бирор ёрдамчи йўқдир. 

23. (Эй Муҳаммад), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми? 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, яҳудийлар ўзларидан бўлган икки зинокорни пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганда у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса: «Бизнинг динимизда зинокорни юзига қора чаплаб, кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишларига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яхудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида юқоридаги оят нозил бўлди. 

24. Бунга (яъни адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагана дўзах ўти тегади», дейишларидир. Узлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди. 

И з о ҳ. Яҳудийлар: «Биз фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган қирқ кун муддатдагина дўзахда бўламиз, кейин эса албатта жаннатга кирамиз», деб даъво қиладилар. 

25. Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган КУНга тўплаганимизда ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?! 

26. Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. 

27. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан». 

И з о ҳ . Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак, тухум, нутфа (маний, шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши - буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган. 

28. (Модомики, барча иш - бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз. 

29. Айтинг (эй Муҳаммад): «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур. Ва (шунингдек, У зот) осмонлар ва ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир». 

30. Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда колиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. 

31. Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». 

32. Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас. 

33-34. Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон сулолаларини бутун олам устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди. Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

35. (Эй Муҳаммад) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг! 

36. Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир.-«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан». 

37. Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» - деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур». 

И з о ҳ . Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш Закариё пайғамбарнинг чекига тушади. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади. 

38. Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан». 

39. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур». 

40. «Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?» - деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур». 

41. Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги - аломат қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!» 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Аллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолди. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умидлари, узилган кишиларга Тангри ўз изни-иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада ажиброқ қисса - Ийсонинг отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қиссадан ҳисса шуки, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг амри билан биби Марямдан туғилган одам фарзандидир. 

42-43. Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гунохлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингта итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат қил!») - деганларини эсланг! 

44. (Эй Муҳаммад), ғайб (номаълум) хабарларидан бўлган бу хабарни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билишлик учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз. 

45-46-47. Эсланг (эй Муҳаммад), фаришталар: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидан бўлур ҳамда одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур. Ва солиҳ бандалардан бўлур», деганларида, Марям: «Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?» - деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ Ўзи хохлаган нарсасини (Ўзи хохлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!» - дейди. Бас, у иш бўлади». 

И з о ҳ . Аллоҳнинг сўзи - Ийсо бинни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Тангрининг: «Бўл!» - деган сўзи - фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар. 

48-49. Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради ҳамда уни бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб беришга қодирман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир». 

И з о ҳ . Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий қилган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалан, Муҳаммад алайҳис-салом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган «Кавсар» сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди, Шунда мўъжиза юз беради: бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан: «Бу башарнинг сўзи эмас!» - деб гувоҳлик берадилар. Исо алайҳис-саломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Исо алайҳис-салом келдилару ҳеч бир табибнинг қўлидан келмайдиган ишни қилдилар - ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига "ал-Масиҳ" - силовчи лақаби қўшилди. Яъни, у кишининг қўллари теккан - силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди. 

50. «(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парчардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!  

51. Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир!» 

52-53. Қачонки Исо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким мёнга ёрдамчи бўлур?» - деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!» 

54. (Яҳуйдилар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «маккорроқдир». 

И з о ҳ. Улар Исо алайҳис-саломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига - самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» - тадбири устунроқ бўлиб чиқди. 

55. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Исо, албатта Мен сени вафот қилдиргувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилгувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўюрман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман. 

56. Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб-ла азоб берурман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас. 

57. (Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди. (Бинобарин Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)». 

58. (Эй Муҳаммад), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир. 

59. Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Исони: «Одам, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?» - дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди. 

60. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг! 

61. Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик». 

И з о ҳ . Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Исони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан. 

62. Албатта бу ҳақ-рост қиссадир. (Яъни Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

63. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни билгувчидир. 

64. Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз - ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». 

И з о ҳ . Ислом эътиқодига кўра бутун оламни яратган Тангри таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар деб Ўз томонидан ҳаёт учун дастуриламал бўлган қонун-қоидалар, яъни динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, у худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг изидан эргашганлар эса уни худо деб билган бўладилар. 

Агар улар (яьни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, унда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар - ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз! 

65. Эй аҳли китоб, нима учун Иброҳим хусусида (у бизнинг динимизда бўлган, деб) талашасизлар! Ахир Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил бўлгани аниқ-ку?! Ақл юргизмайсизларми?! 

66. Ҳой (яҳудий ва насронийлар) сизлар биладиган нарсаларингиз (Мусо ва Ийсо пайғамбарлар) ҳақида-ку талашдингиз. Энди нима учун билмайдиган нарсангиз (Иброҳимнинг қайси динда бўлганлиги) хусусида талашмоқдасиз? Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. 

67. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган. 

68. Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. 

69. Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни (ҳақ динингиздан) адаштирмоқни хоҳлайди. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос. 

70. Эй аҳли китоб, нима учун ўзларингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг (Тавротдаги Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) оятларини инкор қиласиз?! 

71. Эй аҳли китоб,. нима учун ўзингиз билган ҳолингизда ҳақни ботилга аралаштирасиз ва ҳақни беркитасиз?! 

72-73-74. Аҳли китобдан бир тоифаси бир-бирларига шундай дейишди: «Мўминларга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) куннинг бошида иймон келтириб, куннинг охирида уни инкор қилинглар. Шояд (улар ҳам иймонларидан) қайтсалар. Токи бирорта одамга сизларга берилган билим берилмаслиги ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйинсунган кишиларнинг гапларинигина тасдиқ этиб ишонинглар!» Айтинг (эй Муҳаммад): «Албатта ҳақ йўл Аллоҳнинг йулидир». Айтинг: «Албатта фазлу карам Аллоҳнинг қўлида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ фазли кенг, билгувчи Зотдирки, раҳматини (яъни пайғамбарликни) Ўзи истаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир». 

75. Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасидй яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси - уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир. (Яъни, айрим яҳудийлар ўзларидан бошқаларни паст табақа ҳисоблаб: «Биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, демак, бошқа миллатларнинг моллари биз учун ҳалол», дер эдилар.) Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар. 

76. Йўқ! (Уларнинг даъволари ботилдир.) Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса (ана ўша киши Аллоҳнинг суйган бандасидир). Зеро, Аллоҳ тақво қилгувчи кишиларни севади. 

77. Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир. 

78. Улардан (яҳудийлардан) яна бир гуруҳи борки, сизлар Китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашингиз учун Таврот китобини тилларини бураб (бузиб-ўзгартириб) ўқийдилар ва Аллоҳнинг ҳузуридан келмаган (ўзларининг сўзларини) «Аллоҳнинг ҳузуридан келган», дейдилар. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар. 

79. Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир). 

И з о ҳ . Бу оят баъзи бир насронийларнинг: «Исо алайҳис-салом бизни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган. 

80. У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон - Аллоҳга бўйинсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр - динсизликка қайтишга буюрадими?!  

81. Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва Ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қидцингизларми?» деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман». 

82. Бас, ким шундан кейин ҳам (аҳд-паймондан) юз ўгирса, ана ўшандай кимсалар фосиқ - бузуқилардир. 

83. Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйинсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг ўзига қайтариладилар-ку! 

84. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳок, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг ўзигагина бўйинсунгувчилармиз», деб айтинг. 

85. Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир. 

86. Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди. 

87-88. Уларнинг жазоси - устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди. 

89. Магар шундан (яъни куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

90. Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар ҳақ йўлдан тойилгувчилардир. 

91. Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас. 

92. Суйган нарсаларингиздац инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур. 

93. Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути) дан бошқа барча таомлар бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй, Муҳаммад), «Агар ростўй бўлсангизлар Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг. 

И з о ҳ . Маълумки, яҳудийлар зулм ва тажовузкорлик йўлини тутганларидан кейин Тангри таоло уларга бир неча хил ноз-неъматларни ҳаром қилди. Лекин улар буни тан олмай, «Мазкур нарсалар асли Иброҳим замонида ҳам ҳаром эди», дер эдилар. Шунинг учун мусулмонларга: «Ўзинглар Иброҳимнинг динидамиз дейсизлар-у, у ҳаром қилган туя гўштини истеъмол қиласизлар», деб таъна қилишганда юқоридаги оят иозил бўлди. Айтишлари-ча, шундан кейин бирорта яҳудий Тавротни олиб келиб, ундан Иброҳим пайғамбарга туя гўшти ҳаром қилингани ҳақидаги оятни топиб бера олмаган. 

94. Бас, ким мана шундан кейин ҳам Аллоҳга бўҳтон қилса, ана ўшалар зулм қилгувчилардир. 

95. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳнинг сўзи ростдир. Бас, ҳақ йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмагин Иброҳимнинг динига эргашинглар!» - деб айтинг! 

96-97. Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (мяёги) бўлган Каъбадурки, унда мақоми Иброҳим (яъни Каъбани қуришда Иброҳим алайҳис-салом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир. 

98. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй аҳли китоб, нима учун Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдасиз? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингизга гувоҳ-ку!» 

99. Айтинг: «Эй ахли китоб, нима учун иймон келтирган кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсасизлар ва ўзингиз гувоҳ бўлган ҳолингизда ундан (яъни Алоҳнинг йўлидан) қийиқ ахтарасизлар? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас-ку!» 

100. Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гурухларига бўйинсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар. 

101. Аллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди. 

102. Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар! 

103. Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади. 

104. Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. 

105. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир. 

106. (Қиёмат) кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Энди юзлари қора бўлган кимсаларга: «Иймон келтиргандан кейин яна диндан чиқдингизми? Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тотиб кўрингиз», дейилур. 

107. Юзлари оқ бўлган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати)да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар. 

108. Булар Аллоҳнинг оятларидир. Сизга уларни хақ-рост тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ барча оламларга (яъни хеч кимга) зулм қилишни истамас. 

109. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак. 

110. (Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир. 

111. Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, кетларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди. 

112. Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мусулмонларнинг) ахди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечорахоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни нохақ ўлдиришларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. 

113. (Аҳли китобнинг ҳаммаси хам) баробар эмас. Ахли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. 

114. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар. 

115. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билгувчидир. 

116. Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (азобдан) қутқара олмайди. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар. 

117. Улар бу дунёда (хўжакўрсинга) қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди динсизлик билан ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Аллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қилдилар. 

И з о ҳ . Яъни худди эгалари кофир бўлганлари касофати билан экинларни совуқ уриб кетганидек, риё билан қилинган яхшиликдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқдир. Ҳар қандай яхшилик Аллоҳ йўлида, холис ният билан қилинсагина ундан ажр, савоб кутиш мумкин. 

118. Эй мўминлар, ўзларингни қўйиб, (у мунофиқларни) сирдош дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргазсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик. 

119. Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «иймон келтирдик», дейишади. Узлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Мухаммад, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!» - деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир. 

120. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир. 

121. (Эй Муҳаммад), аҳли оилангиз хузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

И з о ҳ . Мана шу оятдан бошлаб ғазотлар ҳақида сўз кетади. Юқоридаги оятларда кофир, мунофиқлар билан сўз майдонида жангу жадал борган бўлса, энди бу жангу жадал уруш майдонига кўчади. Бу оятларда Ухуд уруши ҳақида батафсил сўз юритилиб, баъзи ўринларда Аллоҳнинг мўминларга қилган марҳаматини ёдга солиш учун Бадр жанги ҳам эслаб ўтилади. Юқоридаги оят Ухуд уруши ҳақидаги қиссанинг бошланишидир. 

122. Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар! 

И з о ҳ . Пайғамбар алайҳис-салом Ухуд жангига минг кишилик лашкар билан чиқдилар. Душман қароргоҳига яқинлашганларида (уларнинг саноғи уч мингта эди) мусулмонлар орасига кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай отли мунофиқ уч юз нафар аскар билан жанг майдонидан қочиб кета бошлади. Буни кўрган Бану Салама ва Бану Хориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлдилар, лекин Тангрининг инояти билан бу қасдларидан воз кечдилар. 

123. Ахир Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилгайсиз. 

124. Мўминларга:«Парвардигорингиз сизларга уч минг кўкдан туширилган фаришта билан мадад бериши кифоя қилмайдими?» деган пайтингизни эсланг! 

125. Йўқ (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур. 

126. Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин, деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур. 

127. Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки мағлуб қилиб, ноумид ҳолда қайтариш учун (Аллоҳ сизларни ғолиб қилди). 

И з о ҳ . Бадр жангида номдор паҳлавонлардан етмиш киши ўлдирилиб, етмиштаси асир олинди ва мусулмонлар ғалаба билан қайтдилар. 

128. (Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яьни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар. 

И з о ҳ . Бу оят Ухуд жангида пайғамбар алайҳис-саломнинг тишлари синиб, юзлари ёрилганида у зот, «ўз пайғамбарларининг юзини қонга бўяган қавм қандай нажот топсин?» дея умидсизликка тушганларида нозил бўлган. 

129. Осмонлар ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур. Узи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

130. Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. 

131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз! 

132. Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз. 

133. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлгувчи мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! 

134. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афвэтадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади. 

135. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. - Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. 

136. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр! 

137. Сизлардан илгари ҳам кўп йўллар - тажрибалар ўтгандир. Бас, ерда айланиб юриб, Аллоҳнинг динини ёлгон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар. 

138. Бу (Қуръон) одамлар учун тўғри йўлни баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир. 

139. Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар. 

140. Агар (бугун - Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди. 

141. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок килиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради). 

142. (Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?! 

143. Ўлимга рўбару бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингиз. Мана энди (яъни Ухудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз. 

144. Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди. 

145. Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади. 

И з о ҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: қўрқоқлик умрни узайтирмайди, шижоат эса уни қисқартирмайди. Ҳар қандай тадбир-эҳтиёткорлик Тангрининг қазо ва қадарини ўзгартирмайди. Бас, нима сабабдан ҳақ йўлидаги курашдан қочмоқчи бўласиз? 

Ким дунё савобини истаса (яъни фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унга-да, истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз. 

146. Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик - заифлик қилмаганлар ва (душманларига) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади. 

147. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни (жанг майдонида) собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» 

148. Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади. 

149. Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни ортингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар. 

150. Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки) Аллоҳ хожангиздир. Ва У зот энг яхши ёрдамчидир. 

151. (Тангри эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, зулм қилгувчиларнинг жойлари нақадар ёмон жой! 

152. Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди - сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳис-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонта) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир. 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Ухуд жанги бошланишидан олдин пайғамбар алайҳис-салом элликта мерганни тоғ устига қўйиб уларга ўринларидан жилмай мусулмонларни мудофаа қилиб туришни тайинладилар. Уруш бошланиши биланоқ мусулмонларнинг қўли баланд кела бошлаб, ғалаба кўзларига кўриниб қолди. Шунда у мерганлардан айримлари ўлжаси қолиб кетмаслик учун, айримлари ғолиб бўлдик, деб ўйлаб пайғамбар буюрган ўринларидан тоғдан тушиб кетишлари билан шу тоғнинг орқасидаги пистирмада турган душман аскарлари орқа тарафдан тўсатдан ҳужум қилдилар ва кутилмаган ҳужумдан таҳликага тушиб қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилдилар. Мусулмонларнинг пайғамбар фармонларини бажармаганлари уларни аниқ бўлиб қолган ғалабадан маҳрум қилди. Оятнинг сўнгида Аллоҳ уларнинг бу гуноҳини афв этганини баён қилди ва уларни Тангринииг фазлу марҳаматидан ноумид бўлмасликка буюрди. 

153. (Эй мўминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа - ғамгин бўлмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 

154. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки, «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик». Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир. 

155. Икки жамоат тўқнашган куни сизларнинг ичингиздан бўлган (уруш майдонидан) қочган кишиларни фақат шайтоннинг ўзи қилган айрим гуноҳлари сабабли йўлдан оздирди. Энди Аллоҳ уларнинг гуноҳларини афв этди. Албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалийм зотдир. 

156. Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амаларингизни кўргувчидир. 

157. Қасамки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар ёки ўлсангизлар, албатта Аллоҳ томонидан бўлғуси мағфират ва раҳмат улар (яъни мунофиқ, кофирлар) тўплаган дунёдан яхшироқдир. 

158. Қасамки, агар ўлсангиз ҳам, ўлдирилсангиз ҳам, албатта Аллоҳ хузурига тўпланажаксиз. 

159. (Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг - таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади. 

160. Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг ўзигагина суянсинлар! 

161. Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолида қилган амалига комил жазо олгай. 

162. Аллоҳнинг ризолигини истаган киши, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, борар жойи жаҳаннам бўлган кимса каби бўладими?! Нақадар ёмон оқибат бу! 

163. Улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳар хил даража - манзилатларда бўлурлар. Аллоҳ улар қилаётган амалларни кўргувчидир. 

164. Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гунохларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато - залолатда эдилар. 

165. (Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса - ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз - Бу бало қайдан келди? - дейсизми?! (Эй Муҳаммад), уларга: «Бу мусибат - мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

166-167. Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва ҳақиқий мўминларни билиш учун ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир. 

168. (Эй Муҳаммад), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг! 

169-170. Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. 

171-172. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва расулига бўйинсунган мўминларнинг ажри - мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр - мукофот бордир. 

173. Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» - дедилар. 

174. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир. 

И з о ҳ . Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Ухуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Ривоят қилишларича, мушриклар Ухудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: «Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?» - деб надомат қилдилар. Бу гап расулуллоҳга етиб келганида у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларини ҳали куч-кувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирадилар. Мусулмонлар Ухуд жангида кўп талофот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига «Лаббай!» деб жавоб бердилар ва баъзи бир «шайтон»ларнинг «қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор», деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар пайғамбар алайҳис-салом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб Ҳамро ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Тангри таоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга журъат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар. 

175. Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! 

176. (Эй Муҳаммад), куфр - динсизликка шошаётган кимсалар Сизни ғамгин қилмасин! Албатта улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос). 

177. Албатта куфрни иймонга алмаштирадиган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир. 

178. Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган мухлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки биз уларга фақат гунохларини зиёда қилишлари учунгина мухлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир. 

179. Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Ухудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғойибдан хабардор) огоҳ қилур. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр - мукофот бордир. 

180. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қила-ётган амалларингиздан хабардордир. 

181. Албатта Аллоҳ: «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз», деган кимсаларнинг сўзини эшитди. Уларнинг айтган гапларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўюрмиз ва (қиёмат куни) уларга: «Жаҳаннам азобини тотиб кўрингиз!» - деб айтурмиз. 

182. Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Аллоҳ бандаларига зулм қилгувчи эмасдир. 

183. У кимсалар: «Албатта Аллоҳ бизга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатлар ва сизлар айтган нарсани (яъни қурбонликларни) келтирганлар. Бас, агар шу гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!» 

184. (Эй Муҳамамад), агар Сизни ёлғончи қилишган бўлса (асло ғамгин бўлманг, чунки) Сиздан илгари ҳам очиқ ҳужжатлар, битиклар ва нурли Китоб келтирган кўп пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. 

185. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир. 

186. Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар), ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир. 

187. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» - деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди! 

188. (Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз қилган ишлари (яъни одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтовлар эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар, деб ўйламанг! Улар учун аламли азоб бордир. 

189. Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

190. Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. 

191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил! 

192. Парвардигоро, албатта Сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилурсан. Ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир. 

193. Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» - деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг нидоларини) эшитдигу, иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гунохларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир! 

194. Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неьматларингни) ато қил ва бизларни қиёмат кунида расво қилмагил! Албатта, Сен ваъдангта хилоф қилмагайсан. 

195. Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (яъни эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни Аллоҳ ҳузуридан савоб - мукофот қилиб тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритурман. Ва энг гўзал савоб - мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир». 

196. Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! 

197. (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у! 

198. Аммо Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш - тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордирки, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) афзалроқдир. 

199. Албатта аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган ва ўзларига нозил қилинган нарсаларга иймон келтирувчи, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юбормайдиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта Аллоҳ тез-да ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.  

200. Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш - жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!





4. Нисо сураси 


Бу сура ҳам Мадинада нозил бўлган узун суралардан бўлиб, бир юз етмиш олти оятдан ташкил топган. У мусулмонларнинг ички ва ташқи иш фаолиятларига доир шариат аҳкомлари билан тўла бир сурадир. Унда аёл, уй, оила, давлат, жамиятга алоқадор бўлган муҳим масалаларга жавоб берилади ҳамда бировларнинг қарамоғидаги етим-есирлар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида сўз боради. Бу сурада шунингдек, мерос ҳукмлари ҳам батафсил баён қилинди. 

Булардан ташқари, эр-хотин ўртасидаги алоқалар - уларнинг бир-бирлари олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда эр оилада бошлиқ экани ва бу ҳуқуқдан у қандай фойдаланиши лозимлиги ҳақида йўл-йўриқлар берилади. Сўнгра оила доирасидан жамият миқёсига чиқиб, жамият мустаҳкам бўлиши учун кишилар ўртасида бирдамлик ва меҳр-шафқат, холислик ва бағрикенглик барқарор бўлиши зарурлиги ўзига хос услубда уқтирилади. Бу сурада бошқалардагига нисбатан аёлларга оид шариат ҳукмлари кўп ва батафсил баён этилганлиги сабабли унга «Нисо» номи берилган. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир. 

2. (Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва сиз учун нопок бўлган (етимларнинг молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир. 

3. Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир. 

И з о ҳ. Уламолар мазкур оятни куйидагича тафсир қиладилар: шариат ҳукмича, ота-онадан ажраб, етим бўлиб қолган қизни ўз қарамоғига олган одам у қизга уйланишга ҳаққи бор. Лекин одатда бундай ҳолларда кўпинча қизнинг ҳаққи-маҳрини тўла-тўкис қилиб бермай, арзон-гаров уйланиб олиш пайига тушилади. Шунинг учун Қуръон: «Етим қизларнинг ҳақини адо қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинг», деб рухсат беради ва дарҳол у хотинлар ўртасида адолат қилиш шарт эканини таъкидлайди. Қолаверса, Исломдаги бу қонун Қуръон нозил бўлган даврда кенг тарқалган кўпхотинлиликни тартибга солиш учун жорий қилингандир. Чунки Ислом келишидан илгари бир эркак қўл остида ўнлаб аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ, адолат ва ҳурмат-эътибордан маҳрум бўлган ҳолда кун кўрар эдилар. Ислом келгач, бу саноқ энг кўпи билан тўртта бўлиши мумкинлиги ва албатта ўртада адолат барқарор бўлиши шарт эканлиги қонун қилинди. Лекин барибир ҳақли суратда шундай савол туғилади: модомики адолат мурод экан, нима сабабдан бир эркакка фақат биргина аёл билан турмуш қилиш амр этилмади? Ислом уламолари бу саволга шундай жавоб қиладилар; маълумки, Ислом - воқеий диндир. Яъни у инсонларни покиза ҳаёт кечиришга даъват қилишда ғайривоқеий йўлларни тутмайди. Бинобарин, бу қонунда ҳам воқеий инсоний ҳаёт назарда тутилган. Биринчидан, асрлар давомидаги тажрибалар кўрсатишича, ўғил боладан кўра қиз бола кўпроқ туғилади. Иккинчидан, аёл киши эркак кишидан кўра узунроқ умр кўриши ҳам воқеий ҳақиқатдир. Учинчидан, турли фожеалар, хусусан, уруш ва тўқнашувларда асосан эркаклар ҳалок бўладилар. Мана шу ва яна бошқа кўп сабаблар натижасида инсоният оламида мудом аёлларнинг саноғи эркакларникидан ортиқ бўлади. Демак, бир эркак фақат бир аёлга уйланиши мумкин дейилса, эркаклар саноғидан ортиб қолган аёлларга зулм қилинган бўлур эди. Яъни, бу аёллар ўзларининг турмуш қуриш ва она бўлиш хуқуқларидан маҳрум бўлиб қолар эдилар. Натижада жамиятда нопоклик ва маиший бузуқликлар юзага келади. Шунинг учун Ислом моддий имкониятлари бўлган кишиларга агар адолат қила олишнинг уддасидан чиқсалар бирдан ортиқ аёл билан турмуш қуришга рухсат беради ва шу йўл билан бирга аёллар ўртасида адолат қилмай, фақат шаҳвоний нафсини қондириш учунгина кўп хотин олишга ружуъ қўйган кимсалар учун охиратда ашаддий азоб борлиги ҳақида огоҳлантиради. 

4. Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар. 

5. (Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг! 

6. Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир. 

7. Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир. 

8. Мерос тақсимида узоқ қариндошлар, етим ва мискинлар ҳам ҳозир бўлсалар, уларни ҳам шу меросдан баҳраманд қилиб, яхши сўзлар айтинглар. 

9. (Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳақидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар! 

И з о ҳ. Бу оят ўлим соатлари яқинлашиб қолган пайтида топган мол-мулкини фарзандларига қолдирмасдан бегоналарга хайр-эҳсон қилиб юборишни ёки шаръан мерос олиш ҳуқуқи бўлмаган кимсаларга васият қилиб кетишни мўлжаллаган кишиларнинг бундай номаъқул ниятларидан хабардор бўлиб қолган одамлар ҳақида нозил қилинган бўлиб, уларга етимларнинг ҳақларидан қўрқиш ва ўлим олдидаги кишига тўғри сўзларни айтиб, уни бу адолатсиз ишдан қайтариш буюрилади! 

10. Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар! 

11. Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга эр қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган меросидан олтидан бири тегур. Энди агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур (қолган қисми отасига тегади, зеро, марҳумнинг ака-укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар) марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатьий фарз қилиб қўйилди. Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

12. Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан - агар улардан фарзанд қолмаган бўлса - ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бир тегур. (Бу тақсимотлар) марҳума қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан - агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса - тўртдан бир тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бир тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилингандан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на онаси бўлмай, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо қилингандан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ томонидан бўлган амр-фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалиймдир. 

13. Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Ва бу катта зафардир. 

14. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир. 

15. Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу аёлларга ўлим келгунча ёки Аллоҳ бирор йўлга солгунча уларни уйларида сақлангиз! 

И з о ҳ. Бу ва қуйидаги оятдаги ҳукмлар зинокор аёллар ва баччавоз эркаклар учун буюрилган муваққат жазо эди. Кейинроқ нозил бўлган «Нур» сурасида бу мавзуга кенг ўрин берилган ва зино қилувчи эркак ва аёлни агар оиласиз бўлса, юз дарра уриш, оилали бўлса, тошбўрон қилиш ҳукми қатъий, доимий қилиб белгилаб қўйилган. 

16. Сизлардан икки эркак шундай қилса (яъни баччавозлик ёки фоҳишабозлик қилса) уларни уриб-сўкиш билан таъзирларини берингиз. Агар тавба қилиб, ўзларини тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир. 

17. Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

18. На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз. 

19. Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий холда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. 

И з о ҳ. Ислом келишидан илгари бирон аёлнинг эри ўлса, марҳум эгаларидан бири у аёлни мажбурий ҳолда хотин қилиб олиши лозим эди. Ислом бу номақбул одатни манъ қилди. 

Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса) берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин. 

И з о ҳ. Исломдан илгари бирон аёлнинг эри ёмон кўриб, кўнгилсиз бўлиб қолса, у аёлга турли тазйиқлар ўтказиб, жонидан тўйғизар, лекин талоғини бермас эди. Қачонки у эридан олган маҳрини ё ҳаммасини, ёки бир қисмини қайтариб берсагина талоқ қилар эди. Ислом бу одатга ҳам барҳам берди. 

20. Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар! Уни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизми? 

21. Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни хотинларингиз) сизлардан қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни махрни) қайтариб оласиз?! 

22. Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. 

23. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш ҳаром қилинди) - агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларга уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа-сингил-алмашларингиз (яъни бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишларингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. 

24. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. 

И з о ҳ . Ўша даврнинг одатига кўра урушда асир тушган эркаклар қулга, аёллар эса чўрига айлантирилар эди. Бу оятда гарчи асира бўлган аёлнинг ўз ватанида эри қолган бўлса-да, маълум муддат идда сақлагач, ҳожаси учун ҳалол бўлиб қолиши уқтирилмоқда. 

(Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни улар ўз ихтиёрлари билан ҳаққи маҳрларидан кечиб юборишларида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

25. Сизлардан кимда-ким озод мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўлларингиздаги мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ иймонларингизни жуда яхши билгувчидир. Бировингиз бировингиздандирсиз (яъни ҳаммангизнинг аслингиз биттадир). Бас, улардан ўзларини сақлаган, фоҳишалик қилмаган ва махфий ўйнашлар тутмаганларига ҳожаларининг изни билан уйланаверинглар ва маҳрларини тўкис қилиб беринглар! Энди эрга теккач, агар бузуқлик қилсалар, уларга озод аёлларга бериладиган азобнинг ярми берилур. Бу (яъни чўриларга уйланиш рухсати) орангиздаги бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир. Сабр қилиб (уйланмай туришларингиз) ўзингиз учун яхшироқдир. Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибондир. 

26. Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир. 

27. Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳою ҳавасга берилган кимсалар эса (ҳақ йўлдан) бутунлай огиб кетишингизни истайдилар. 

28. Аллоҳ сизлардан (юкингизни) енгиллатишни истайди. (Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир. 

29. Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. 

30. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир. 

31. Агар сизлар ман этилган гунохларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил - жаннатга киритурмиз. 

32. Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар, аёллар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматини сўранглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи бўлган зотдир. 

33. Ҳар бир инсон учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган меросдан (баҳраманд бўлгувчи) меросхўрлар қилиб қўйдик. Кимлар билан аҳд-паймон қилган бўлсангиз, бас, уларга ўз ҳиссаларини берингиз! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган зотдир. 

И з о ҳ . Исломдан олдин ўрталарида қариндош-уруғчилик бўлмаган одамлар ҳам ўзаро аҳд-паймон қилишиб дўст бўлишгач, бир-бирларидан мерос олар эдилар. Исломнинг аввалги даврларида бу одат бекор қилинмаган эди. Сўнг бошқа бир оят билан у манъ этилган. 

34. Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар - яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир. 

И з о ҳ . Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар бўлган, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси аввало унга яхшилик билан тушунтириш, тушунмаса меҳру муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини билдиришдир. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб роҳатланиш учун эмас, балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади. Лекин, табиийки, эрга итоат қилишни ўзи учун бурч деб билгаи аёл ва ўзидан қудратлироқ бўлган зот - Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорагача етиб келмайдилар. 

35. Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ билгувчи ва ҳабардор бўлган зотдир. 

36-37. Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди. Биз бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. 

38. Яна молларини одамлар кўрсин, деб эҳсон қиладиган, ўзлари эса на Аллоҳга ва на охират кунига иймон келтирмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди). Кимга шайтон дўст бўлса, у энг ёмон дўст бўлур. 

39. Агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирсалар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларидан эҳсон қилсалар, уларга қандай зарар бўлар эди? Аллоҳ уларнинг (қилган амалларини) билгувчи бўлган зотдир. 

40. Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур. 

41. (Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?! 

42. У кунда кофир бўлган ва пайғамбарга итоатсизлик қилган кимсалар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва лекин Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар. 

43. Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар. Ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманг). Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур холатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли бўлган зотдир. 

И з о ҳ. Бу ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир. Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида («Намоз мўминнинг меърожидир» - ҳадиси шарифдан) маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда. Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади. 

Жунуб - эркак ва аёлнинг яқинлашуви ёки ҳар қандай суратда эркак ё аёлдан шаҳват суви чиқиши натижасида ўша эркак ё аёл жунуб (нопок) бўлади. 

Таяммум - сув топа олмаган ёки топса ҳам қандайдир сабаб билан уни ишлатишга қодир бўлмаган кишининг пок тупроққа қўл уриб, юз ва қўлларига суртиш билан пок бўлишидир. Бу амални қилишда таҳоратни ёки ғусл (чўмилиш)ни ҳам ният қилинади. Ҳар иккисини қўшиб ният қилиш ҳам мумкин. 

44. (Эй Муҳаммад), китобдан (яъни, Тавротдан) насибадор бўлган кимсаларнинг гумроҳликни сотиб олаётганларини ва сизлар ҳам ҳақ йўлдан тойишингизни истаётганларини кўрмадингизми? 

45. Ҳолбуки, Аллоҳ душманларингизни жуда яхши билгувчи, Аллоҳнинг ўзи етарли дўст, Аллоҳнинг ўзи етарли ёрдамчидир. 

46. Яҳудий бўлганлар орасида шундайлари борки, улар (Таврот китобида бўлган Муҳаммад алайҳис-салом ҳақидаги) Аллоҳнинг сўзини ўз ўрнидан ўзгартирадилар ва тилларини буриб, динга жароҳат етказиш ғаразида: «Тингладик ва бош тортдик. Қулоқ сол, эшитмай қолгур! (роино) Бизга боқ», дейдилар. Агар улар «Тингладик ва бўйинсундик. Бизни ҳам тинглаб (унзурно), бизга ҳам назар қилиб тур», деганларида ўзлари учун яхшироқ ва тўғрироқ бўлур эди. Лекин улар куфрлари сабабли Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлганлар, Бас, уларнинг камдан-камлари иймон келтирадилар. 

И з о ҳ. Бу оятдаги «роино ва «унзурно» сўзларининг маъно ва шархлари Бақара сурасининг 104-оятида мазкурдир. 

47. Эй Китоб берилган кимсалар, юзларини бузиб тескарисига айлантириб юборишимиздан илгари ёки уларни «Шанба эгаларини» лаънатлаганимиздек лаънатлашимиздан (яъни маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйишимиздан) илгари сизлардаги нарса (Таврот)ни тасдиқлаган ҳолда нозил қилган Китобимиз (Қуръон)га иймон келтирингиз. Аллоҳнинг амр-фармони шубҳасиз адо қилингусидир. 

48. Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди. 

49. (Эй Муҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми? Йўқ! Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклагувчидир. Ва уларга қилчалик зулм қилинмас. 

50. Уларнинг («Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз») деб Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиётганларини кўринг. Мана шунинг ўзи етарли очиқ гуноҳдир. 

51. Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра тўғрироқ йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми? 

52. Улар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимники Аллоҳ лаънатлар экан, бас, ҳеч қачон унинг учун бирон ёрдамчини топа олмайсиз. 

53. Ёки уларнинг мол-мулклари борми? Шундай бўлган тақдирда ҳам одамларга зиғирчалик мурувват қилмаган бўлур эдилар! 

54. Ёки одамларга (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми? Ахир Биз илгари ҳам Иброҳим сулоласига (яъни Мусо, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб ва Ҳикмат (пайғамбарлик) бериб, уларни улуғ мулку давлатга эга қилган эдик-ку?! 

55. Бас, уларнинг ичида унга (яъни Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгирганлар ҳам бор. (Буларга) жаҳаннам ўти бас келур. 

56. Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

57. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз. Улар учун у жойларда пок жуфтлар бордир. Уларни қуюқ сояли жойларга киритурмиз. 

58. Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир. 

59. Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,- агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз - у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир. 

60. (Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил килинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. 

61. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз. 

62. Энди ўзларининг қилмишлари сабабли уларга бирон мусибат етса, шундан кейин сизнинг ҳузурингизга келишиб: «Биз фақат яхшиликни ва орани ўнглашни истаган эдик, холос», деб қасам ичишлари қандоқ бўлди? 

63. Ундай кимсаларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ яхши билур. Бас, сиз уларнинг (кирдикорларига) боқманг ва уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг! 

64. Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз. Агар улар (шайтондан ҳукм сўраб боришлари билан) жонларига жабр қилган пайтларида дарҳол сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибон эканлигани топган бўлур эдилар. 

65. Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар. 

66. Агар Биз уларга (бани Исроилга буюрганимиз каби) «бир-бирингизни ўлдиринг ва ўз диёрларингиздан чиқинг», деб буюрганимизда эди, улардан жуда оз қисми бу буйруқни бажарган бўлур эди. Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди. 

67. Ва у ҳолда Биз ҳам уларга ўз ҳузуримиздан улуғ мукофот берган бўлардик. 

68. Ҳамда уларни ҳақ йўлга ҳидоят қилган бўлардик. 

69. Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар - пайғамбарлар ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир. 

70. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу-марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли билгувчидир. 

71. Эй мўминлар, душмандан эҳтиёт чораларингизни кўриб, жангта гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз тўпланиб чиқинглар. 

72. Шубҳасиз ораларингизда (жангга чиқишдан) кетда қоладиган, агар сизларга бирон мусибат етса, «Аллоҳ ёрлақаб улар билан бирга бўлмадим», (акс ҳолда ҳалок бўлур эдим) дейдиган кимсалар ҳам бор. 

73. Бордию сизларга Аллоҳдан фазлу марҳамат етса (яъни ғалабага эришсангиз), у гўё (илгари) сизлар билан ўзининг орасида ҳеч қандай танишлик бўлмагандек «кошкийди, мен ҳам ўшалар билан бирга бўлиб, улуғ зафар (ва ўлжалар)га эришсам эди», дейиши аниқдир. 

74. Аллоҳ йўлида бу ҳаёти дунё эвазига охиратни сотиб оладиган зотлар жанг қилсинлар. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғалаба қилса, унга улуғ мукофот ато этажакмиз. 

75. (Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар (ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсизлар?! 

76. Иймон эгалари Аллоҳ йўлида жанг қиладилар, кофир кимсалар эса шайтон йўлида жанг қиладилар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилингиз! Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлгувчидир. 

И з о ҳ . Ушбу оятларда исломий ғазот ҳақида сўз юритилди. Исломий газот мустамлакачилик ёки мол-дунё тўплаш учун, яъни шайтон йўлида эмас, балки Аллоҳ йўлида, куфр-зулм истибдоди остида эзилаётган бечораларни (улар қайси динга мансуб бўлишларидан қатъий назар) ўша зулм чангалидан озод қилиш учун бўлиши лозим экан. 

77. (Эй Муҳаммад), мана бу кимсаларни кўрмадингизмики, уларга (илгари Маккада турган пайтларида кофирларга қарши жанг қилишга талабгор бўлганларида) «Ўзингизни босинг ва намозингизни ўқиб, закотингизни адо этиб туринглар», дейилган эди. Энди жанг фарз қилинганида эса баногоҳ улардан бир тўпи одамлардан Аллоҳдан қўрққандек, балки ундан-да қаттиқроқ қўрқмоқдалар. Ва (ҳатто) «Парвардигор, нега бизга жангни фарз қилдинг? Бизларга бу ажални бир оз кейинроқ юборганингда эди», дедилар. Уларга айтинг: «Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига охират яхшироқдир. Сизларга қилчалик зулм қилинмас». 

78. Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур. Агар уларга (мунофиқларга) бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Бордию бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар. Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳдандир». Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?! 

79. (Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир. (Эй Муҳаммад), сизни Биз одамларга пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. 

80. Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир). 

81. Улар «Итоат этамиз», дейдилару ҳузурингиздан чиққанларидан кейин эса улардан бир тоифаси сиз айтган гапларнинг аксига хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ эса уларнинг хуфёна келишувларини ёзиб қўюр. Бас, сиз улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул қилинг. Аллоҳнинг ўзи етарли вакилдир. 

82. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?! 

83. Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан)пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди) айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз. 

84. Бас (эй Муҳаммад), Аллоҳ йўлида жанг қилинг. Зотан, сиз фақат ўзингиз учун жавобгарсиз. (Демак, ёлғиз қолсангиз ҳам жанг қилинг) ва мўминларни ҳам тарғиб қилинг! Шояд Аллоҳ кофир бўлган кимсаларнинг шиддатини даф қилса, Аллоҳ қуввати ортиқ, азоби қаттиқ зотдир. 

85. Ким (одамлар орасида) чиройли - ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. 

86. Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган зотдир. 

87. Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунида тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?! 

88. (Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар тўғрисида икки гуруҳга бўлиниб олдингиз? Ахир, Аллоҳ уларни ўз қилмишлари сабабли (куфр ва нифоққа) қайтарди-ку?! Ёки Аллоҳ адаштирган кимсаларни тўғри йўлга солмоқчимисизлар? Кимники Аллоҳ адаштириб қўйган бўлса, унинг учун ҳаргиз йўл топа олмайсиз! 

И з о ҳ . Ушбу оят саҳобалар билан бирга Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, сўнгра пайғамбар алайҳис-саломга турли узр-баҳоналар кўрсатиб, яна орқаларига - Маккага қайтиб кетган бир қавм ҳақида нозил бўлган. Мўминларнинг айримлари уларни мунофиқ дейишса, айримлари уларнинг ёнини оладилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни ҳақиқий мунофиқлар эканликларини мўминларга ушбу оят орқали маълум қилади. 

89. Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар. Бас, Сизлар то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича уларни дўст тутманглар! Агар юз ўгирсалар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз ва улардан на бир дўст ва на бир ёрдамчи олмангиз! 

90. Аммо (у мунофиқлардан) ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки хоҳ сизлар билан, хоҳ ўзларининг қавми билан урушиш жонига тегиб олдингизга келган кимсаларга тегмангиз! Агар Аллоҳ истаса эди, уларни сизлардан устун қилиб қўйган бўлар эди ва улар сизларга қарши жанг қилар эдилар. Бас, агар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай сулҳ тузишни таклиф қилиб келсалар, Аллоҳ сизлар учун уларнинг устига ҳеч қандай йўл бермайди. 

91. (У мунофиқлардан) бошқа бир тоифасининг эса сизлардан ҳам, ўз қавмларидан ҳам тинч-хотиржам бўлишни кўзлаётганларини кўрасизлар. 

И з о ҳ. Яъни улар Мадинага келганларида ўзларини мўмин қилиб кўрсатадилар, ўз қавмларига қайтгач эса яна кофирликка қайтиб, сизлар билан қилган аҳд-паймонларини бузадилар. 

Қачонки фитнага (яъни куфрга) қайтишга тўғри келса, ўзларини унга ташлайдилар. Бас, агар улар сизлардан четланмас, сизларга сулҳ таклиф қилмас ва қўлларини тиймас эканлар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз. Мана, биз бундай кимсаларга қарши (ҳужум қилишингиз учун) сизларга очиқ ҳужжат бериб қўйдик. 

92. Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига - агар кечиб юбормасалар - хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

93. Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир. 

94. Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!» деманглар! Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир. 

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, бир неча саҳоба кетаётганларида олдиларидан қўй боқиб юрган бир киши чиқиб, уларга салом бсрибди. Шунда улар ўзларича: «Бу биздан қутулиш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб салом беряпти», дейдилар ва ҳалиги одамга ҳужум қилиб ўлдириб, қўйларини ўлжа қилиб пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига ҳайдаб келадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. 

Илгари сизлар ҳам шундай эдингиз (яъни кофирлар қўл остида мусулмонлигингизни яшириб юришга мажбур эдингиз). Энди Аллоҳ сизларни (Ислом давлатида яшаш неъмати билан) мамнун қилди. Бас, (душманларингизни) аниқ таниб олинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир. 

95-96. Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни жаннатни) ваъда қилди. Ҳамда Аллоҳ жиҳод қилгувчиларни ўтириб олувчилардан улуғ мукофот - Ўз томонидан бўлажак юксак даражалар, мағфират ва марҳамат билан афзал қилди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

97. Албатта мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан ўз жонларига жабр қилган қимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» - деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар); «Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» - дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Кандай ёмон жойдир у! 

98-99. Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир.  

100. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки унинг ажри - мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

101. Сафар қилиб бошқа ерларга борганингизда агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз, намозингизни қаср (қисқа) қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқдир. Чунки кофирлар сизларга очиқ душман бўлган кимсалардир. 

И з о ҳ . «Каср» намоз деб тўрт ракаатли фарз намозларни икки ракаат қилиб қисқартириб ўқишни айтилади. Қаср намоз ўқиш учун пиёда юрилса камида уч кечаю уч кундузда босиб ўтиш мумкин бўлган масофани ният қилиб сафарга чиққан бўлиш керак. Бу масофани уламолар 80-100 чақирим деб белгилаганлар. 

102. (Эй Муҳаммад), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки бемор бўлсангизлар, куролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо эҳтиёт чорангизни кўриб қўйинглар. Албатта Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир. 

103. Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз! Бас, қачон хотиржам бўлгач, намозни тўкис адо этингиз! Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди. 

104. Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

105. Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ қўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг. 

106. Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир.  

107. Сиз ўзларига хиёнат қиладиган (жинояткор) кимсаларнинг ёнини олманг! Албатта Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди. 

И з о ҳ . Бу оят мадиналик Тўъма бинни Убайриқ шаънига нозил бўлган. У қўшнисининг совутини ўғирлаб, ўғрилиги ошкор бўлиш хавфи туғилганда у совутни бошқа бир одамнинг уйига олиб бориб беркитади. Шундан кейин Тўъманинг қабиладошлари пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига келишиб, уни оқлаб гапирадилар. Уларга ишониб пайғамбар алайҳис-салом Тўъмани одамлар олдида ҳимоя қиладилар ва уни ўғри деганларга қарши гапирадилар. 

108. Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи бўлган зотдир. 

109. Ҳой сизлар, бу дунёда-ку, уларнинг ёнини олдингиз. Энди қиёмат кунида ким уларни Аллоҳдан ҳимоя қилиб ёнларини олур ёки ким уларнинг устида вакил бўлиб турар?! 

110. Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар - кўрар. 

111. Кимки бирон гуноҳ қилса, фақат ўзига зарар қилган бўлади. Аллоҳ Билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

112. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга туҳмат қилиб отса, мухаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди. 

113. (Эй Муҳаммад), агар сизга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганда эди, улардан бир тоифаси сизни йўлдан оздиришга уриниб қолган эди. Лекин улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сизга эса бирон зиён етказа олмайдилар. (Зеро) Аллоҳ сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди. 

114. Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар - ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз. 

115. Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у! 

116. Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди. 

117. Улар (яъни Аллоҳга ширк келтирган кимсалар) Аллоҳни қўйиб, фақат (Лот, Уззо, Манот каби) санамларга сиғинадилар ва фақат итоатсиз шайтонга сиғинадилар. 

118. Аллоҳ уни лаънатлади. (Шунда) у деди: «Қасамки, бандаларинг орасидан ўзимга тегишли насибани албатта оламан. 

119. Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқдан-очиқ зиён қилибди. 

И з о ҳ . Исломдан илгари араблар туяларнинг бешинчи боласи эркак туғилса, қулоғини кесиб ёки тешиб, ўзлари сиғинадиган бутларига қурбонлик қилиб бўш қўйиб юборар эканлар. «Аллоҳнинг яратган нарсаларини ўзгартириш»ларидан мурод - қулларни бичиш, аёлларнинг зийнат учун қош теришлари, соч улашлари каби нарсаларни ўз аслий ҳолатидан сохта-сунъий ҳолатга ўзгартириш назарда тутилади. Қуръон бундай ярамас ишлар, шайтонга бўйсуниш, деб уқтиради. 

120. (Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар. 

121. Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам булиб, ундан қочиб қутула олмагайлар. 

122. Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз - улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?! 

123. Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас. 

124. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас. 

125. Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган. 

126. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳамма нарсани иҳота қилгувчи бўлган зотдир. 

127. (Эй Муҳаммад), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинадиган оятлар фатво берур. Яна (қарамоғингиздаги) етим аёлларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз қилинган маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингизни) ва (агар хунук бўлсалар) никоҳингизга олишдан юз ўгириб (улардан қоладиган меросга тама қилиб то ўлгунларича бошқа бировга турмушга чиқармай сақлашларингизни сизларга ҳаром қилади). Яна ночор болалар ҳақида фатво бериб, бундай етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билиб тургувчи бўлган зотдир. 

128. Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир. 

129. Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз! 

И з о ҳ . Муаллақа аёл - эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир. У эрим бор, деса - эри йўқ, беваман, дейин, деса - эри талоқ бермай кетган. 

Агар ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

130. Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай. (Яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

131. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар (Аллоҳга ҳеч бир зарар етказа олмайсизлар). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган зотдир. 

132. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир. Яъни ер ва осмонлардаги барча ишларни кузатиб, сақлаб турувчи зотдир. 

133. Агар хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Аллоҳ бунга қодир бўлган зотдир. 

134. Ким бу дунёнинг савобини истаса, билсинки, Аллоҳлинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг савоби бордир. Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир. 

135. Эй мўминлар, адолат билан тургувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир. 

136. Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди. 

137. Албатта иймон келтириб, сўнг куфрга қайтган, кейин яна иймонга келиб, сўнгра яна кофир бўлган, кейин эса куфрлари янада зйёда бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмайди ва уларни зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди. 

138. Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг! 

139. Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир. 

140. Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир. 

141. Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?» - дейишади. Энди қиёмат кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур. Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай. 

142. Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. 

143. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз. 

144. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизми? 

145. Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! 

146. Магар тавба килиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар - ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак! 

147. Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилгучи ва билгувчи бўлган зот-ку?! 

148. Аллоҳ ёмон сўзларнинг (яъни дуоибаднинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (жоиздир), Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи бўлган зотдир. 

149. (Эй мўминлар), хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз ёки бирон ёмонликни афв қилиб юборсангиз (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ қудрат эгаси бўлгани ҳолда афв қилишда барқарор бўлган зотдир. 

150-151. Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳта ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар - ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. 

152. Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

153. (Эй Муҳаммад), аҳли Китоб сиздан кўкдан бир Китоб туширишингизни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар: «Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат», дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан ҳужжатлар келганидан кейин бузоқни худо қилиб олишди. Буни ҳам афв этдик ва Мусога очиқ ҳужжат ато этдик. 

154. Аҳдни бузганлари сабабли устларига Тур тоғини кўтардик ва уларга: «Бу дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз», дедик. Яна уларга: «Шанба кунлари (балиқ овлаш билан) ҳаддингиздан ошманг», дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон олдик. 

155. Сўнгра аҳду паймонларини бузганликлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганликлари, пайғамбарларни ноҳак ўлдирганликлари ва: «Дилларимиз қулф», деганликлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Йўқ! Балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир. Бас, камдан-камлари иймон келтирадилар. 

156-157. Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. 

158. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

159. Ҳар бир ахли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур. 

160-161. Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабли, яна манъ этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик. Ва улардан кофир бўлган кимсалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик. 

И з о ҳ. Яҳудийлар учун илгари Исроил, яъни Яъқуб пайғамбар ўзига ҳаром қилиб олган туя гўшти ва сутидан бошқа ҳамма таомлар ҳалол эди. Кейин ўз пайғамбарларига итоат қилмай зулм-тажовузкорлик йўлларига ўтишгач, улар учун Тавротда кўп нарсалар, жумладан, қўй-молларнинг ёғлари ҳам ҳаром қилинди. Бу ҳақда бошқа суралардаги оятларда яна тафсилотлар келади. 

162. Лекин уларнинг орасидан илмда мустаҳкам бўлган зотлар ҳамда сизга нозил қилинган нарсага ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирадиган мўминлар, хусусан намозни барпо қилувчилар, закотни адо қилгувчилар ва Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирувчилар - ана ўшаларга улуғ мукофот ато этажакмиз. 

163. (Эй Муҳаммад), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик. 

164. Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди. 

165. Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

166. Лекин Аллоҳ сизга ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир. 

167. Албатта, кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган кимсалар қаттиқ адашгандирлар. 

168. Албатта, куфр йўлига кириб, жабру зулм қилган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз кечирмайди ва зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди. 

169. Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар. Бу Аллоҳга осондир. 

170. Эй одамлар, бу пайғамбар сизларга Парвардигорингиздан ҳақ динни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар инкор қилсанглар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

171. Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Тангри) учта (яъни, Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган зотдир. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир. 

172. Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жамъ қилажак. 

173. Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар. 

174. Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди. Ва Биз сизларга равшан нурни нозил қилдик. 

175. Аллоҳга иймон келтириб, Унга боғланган зотларни ўз томонидан бўлган раҳмат ва фазлу марҳаматга (яъни жаннатга) дохил қилур. Ва уларни Ўзининг тўғри йўлига йўллагай.  

176. (Эй Муҳаммад), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса (акаси), қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир».




5. Моида сураси 


Қуръоннинг энг сўнгги сураларидан саналувчи бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма оятдан иборатдир. Унда шариат аҳкомлари батафсил баён этилиши билан биргаликда, эътиқод мавзуи ва аҳли китоб ҳақида ҳам сўз юритилади. Ушбу сурада кишилар ўртасидаги ақд (битим, келишув) муомалалари; гўшти ҳалол бўлган ҳайвонларни сўйиш масалалари; ов ҳақидаги ҳукмлар: ҳаж ва умра каби ибодатлар учун шарт бўлган иҳром баёни; аҳли китоблардан бўлган аёлларга уйланиш жоизлиги хусусидаги хукмлар; таҳорат қоидалари; ўғрилик, зўравонлик ва бузғунчилик жиноятларининг жазолари; ичкилик ва қимор тўғрисидаги сўнгги-қатъий хукм ва шариати исломийянинг яна бошқа кўпдан-кўп ҳукм ва қонунлари ҳақида муфассал маълумот берилади. 

Бундан ташқари бу сурада бизларга панд-насиҳат ва ибрат бўладиган қиссалар ҳикоя қилинади. Шундай қиссалардан бири Бани Исроилнинг ўз пайғамбарлари Мусо алайҳис-салом билан бўлган можаролари бўлиб, унда яҳудийлар иймонсиз ва қўрқоқликлари сабабли пайғамбар сўзига кирмай, оқибатда қирқ йиллаб чўлу саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари айтилади. 

Яна бир қиссада эса Одамнинг икки фарзанди - Қобил ва Ҳобил ўртасида бўлиб ўтган мужодала - Қобил ўз биродари Ҳобилни ноҳақ ўлдиргани тўғрисида хабар берилиб, бу қисса орқали яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги доимий кураш тасвирланади. Бу фожеа ер юзидаги ноҳақ қон тўкилиш фожеаларининг биринчиси эди. 

Яна Ийсо пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири - осмондан моида (дастурхон) тушгани воқеаси ҳам борки, суранинг «Моида» деб аталишининг боиси шудир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз! Сизлар учун - иҳромда туриб ов овлашни ҳалол қилиб олмаган ҳолингизда - (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Албатта, Аллоҳ Ўзи истагандек ҳукм қилур. 

И з о ҳ. Бу оятни шундай тушунмоқ лозим. Мўминлар учун шу суранинг учинчи оятида тиловат қилинадиган ҳаром ўлган ҳайвон, қон, тўнғиз гўшти ва бошқа нарсалардан ташқари туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини сўйиб истеъмол этиш ҳалол этилгандир. Лекин ҳаж ибодатини адо қилиш ниятида иҳром боғлаган - яъни махсус либос кийган киши учун ҳар қандай жониворни овлаш ёки сўйиш ҳаромдир. 

2. Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз! (Иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач ов қилаверингиз. (Сизларни Каъбадан тўсганлари сабабли) бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин! Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. 

3. Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, ҳалолдир. Яна бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан бу ишларингиз итоатсизликдир. 

И з о ҳ . Ислом келишидан илгари араблар ҳар турли фол очишларга жуда берилган эдилар. Шулардан бири - уларнинг доимо ёнларида учта бир хил чўпни олиб юришлари эди. У чўпларнинг бирига: «Қилгин», яна бирига «Қилмагин», деб белги қўйилган, учинчисига эса ҳеч нарса ёзилмаган бўларди. Қачон бирон ишни адо этмоқчи бўлсалар, ўша чўплардан фол сўрардилар. Ислом бундай хурофотларни манъ қилди. 

Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим. Бас, кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

4. (Эй Муҳаммад, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг - Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. 

5. Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир. 

6. Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масх тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. 

7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва: «Эшитдик ва итоат қилдик», деган пайтингизда сизлар билан боғлаган аҳд-паймонини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган (сирларни) билгувчидир. 

8. Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 

9. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди. 

10. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир. 

11. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилганида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар! 

И з о ҳ . Ушбу оят нозил бўлишининг сабаби хусусида бир неча ривоятлар мавжуд. Шулардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган ҳадисдир: пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан кетаётиб бир дарахтзор манзилга қўндилар. Дам олиш учун ҳар ким ҳар тарафга тарқалиб кетди. Расулуллоҳ ёлғиз ўзлари бир дарахт соясида ёнбошлаб, энди кўзлари илинганда бир шарпадан уйғониб кетдилар. Қарасалар, тепаларида бир аъробий (тоғлик динсиз араблардан) ўзларининг қиличларини яланғочлаб чопмоқчи бўлиб турибди. Расулуллоҳ уйғониб кетганларини кўргач, у: «Энди сени мендан ким сақлай олади?!» - деди. Пайғамбар алайҳис-салом эса хотиржамлик билан: «Аллоҳ», деб жавоб қилдилар. Шунда аъробий бирдан бўшашди ва қилични ташлаб, пайғамбар алайҳис-салом ёнларига ўтирди. Шовқинни эшитиб етиб келган айрим саҳобалар эса бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб қолдилар. Мазкур оят Аллоҳнинг ўзига суянган кишиларни Аллоҳ сақлайди, деб уқтиради. 

12. Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни (Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун) жўнатиб, Аллоҳ айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни тўкис адо қилсангиз, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангиз, пайғамбарларимга иймон келтириб, ёрдам берсангиз ва (бева-бечораларга яхшилик - эҳсон қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз (яхшилик билан қарздор қилсангиз), албатта ёмонликларингизни (яъни қилган гуноҳларингизни) ўчирурман ва албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга доҳил қилурман. Мана шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг тўғри йўлдан озгани аниқдир». 

13. Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва тошбағир қилиб қўйдик. Улар (Тавротдаги Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар. (Эй Муҳаммад), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон хиёнат устидан чиқасиз. Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина хиёнат қилмайдилар, холос. Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади. 

14. «Бизлар насронийлармиз», деган кимсалардан ҳам аҳд-паймонларини олдик. Сўнг ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан (кўп) ҳиссасини унутдилар. Бас, уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилиб ўтган «ҳунар»ларининг хабарини беражак. 

15-16. Эй ахли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салом) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур. 

17. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган суратда яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

18. Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гунохларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур». Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг Ўзига қайтилур. 

19. Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салом) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (дўзах азобидан) қўрқитгувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга дин ҳукмларини баён қилган ҳолда келди. Мана, сизларга хушхабар бергувчи ва (дўзахдан) қўрқитгувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир! 

20. Эсланг (эй Муҳаммад), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини ёдга олингиз. 

21-22. Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу Муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар: «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўлурмиз», дедилар. 

23. (Шунда ўн икки бошлик орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, ундан кириб олишингиз биланоқ шубҳасиз ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» дедилар. 

24. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз». 

25. Мусо айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Хорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин». 

26. Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин». 

27. (Эй Муҳаммад), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур». 

И з о ҳ . Муфассирлар (Қуръонни тафсир, шарҳ қилувчилар) ёзишларича, воқеа бундай бўлган: Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил бир қизни талашиб қоладилар. Шунда Одам уларга Тангри йўлида қурбонлик қилишни буюради ва кимнинг қурбонлиги Тангри даргоҳида қабул бўлса, қизни ўшанга никоҳлаб беришни айтади. (Унинг қабул бўлганининг аломати - осмондан ўт - чақмоқ тушиб ёндириб кетиши эди). Улар бу шартни қабул қилдилар ва Қобил ўзининг касби деҳқончиликдан энг сифатсиз - бемазасини топиб, қурбонлик қилади. Ҳобил эса қўйлари орасидан (у чорвадор эди) энг яхши бир қўчқорни танлаб қурбонлик қилади. Шунда Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилингани маълум бўлади. Бундан ғазабга келган Қобил ўз инисини ўлдирмоқчи бўлади. 

28. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман. 

29. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир. 

30. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. 

31. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми - биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!» деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди. 

32. Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак; гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (Бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар. 

И з о ҳ, Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади. 

33. Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси - ўлдирилиш ё дорга осилиш, ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёхуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик - шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир. 

34. Магар сизлар қодир бўлишингиздан (қўлга тушишларидан) илгари тавба қилган кишилар бўлса, билингизки, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон зотдир. 

35. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз! 

36. Кофир бўлган кимсалар эса ердаги бор нарса икки баробар бўлиб уларнинг мулкига айланиб, ўшани қиёмат кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир.  

37. Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар - улар учун доимий азоб бордир. 

38. Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Аллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

39. Аммо ким бундай жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондур. 

40. Ахир Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини, У зот Ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

41. Эй пайғамбар, оғизларида: «Иймон келтирдик», деган, аммо диллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийлардан бўлган, куфр томонга қараб чопаётган кимсалар сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ бергувчи ва сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса, (яъни бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар -олманглар, дейишади. Кимники Аллоҳ ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, охиратда эса улуғ азоб бордир. 

И з о ҳ. Мазкур оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеани нисбат қиладилар. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш буюрилишига қарамасдан яҳудийлар зино қилувчини дарралаб, юзига қора чаплашни одат қилиб олган эдилар. Мадинада Ислом давлати барпо бўлганидан кейин улар мана шу сохта ҳукмни Муҳаммад алайҳис-саломдан ҳам тасдиқлатиб олмоқчи бўлишиб, мадиналик айрим мунофиқ кимсаларни, бир зинокор яҳудийни кўшиб, у зотнинг ҳузурига юборадилар ва уларга: «Агар Муҳаммад бизнинг одатимизни тасдиқласа - қабул қилинглар, аммо тошбўрон қилишни буюрса - қабул қилмайсизлар», деб тайинлайдилар. Улар келиб, бу масалани сўраганларида Пайғамбар алайҳис-салом: «Бу ҳақда Тавротда нима дейилган?» - деб сўрайдилар. Улар: «Тавротда ҳам дарралаш буюрилган», деб нотўғри жавоб қиладилар. Шунда расулуллоҳ яҳудий уламоларидан бирини топтириб, ундан: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман. Тавротда зинокорга қандай жазо буюрилган?» деб сўраганларида у: «Модомики Аллоҳ номи билан сўрар экансиз, ростини айтишга мажбурман - тошбўрон қилишга буюрилган»,- деб жавоб беради. Бу жавобни эшитгач, Расулуллоҳ зинокор яҳудийни тошбўрон қилишга буюрадилар. Аммо ўзлари уларнинг Тавротдаги Аллоҳ хукмини ўзгартириб юборганларига қаттиқ хафа бўладилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарига тасалли бериш учун мазкур оятларни нозил қилди. 

42. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ҳаромхўр кимсалардир. Бас, агар Сизга келсалар (хоҳласангиз), ўрталарида ҳакамлик қилинг, (хоҳласангиз) улардан юз ўгиринг. Агар улардан юз ўгирсангиз, зинҳор Сизга бирон зарар етказа олмаслар. Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади. 

43. Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукми бўлгани ҳолда Сиздан ҳукм сўраб, сўнгра (яъни, ҳукм қилганингиздан кейин қандай) юз ўгириб кетадилар-а? Улар ҳеч мўмин эмаслар! 

44. Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир. 

45. Унда (яъни Тавротда) яҳудийларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир. 

46-47. Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик ҳамда «Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар», дедик. Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир. 

48. Сизга эса (эй Муҳаммад), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг у зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур. 

49. (Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари итоатсиздирлар. 

50. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?! 

51. Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. 

52. Бас, Сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида улар (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар. 

53. (Шунда) мўминлар (бир-бирларига): «Жон-жаҳдлари билан «Сизлар билан биргамиз», деб қасам ичганлар шуларми?» дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолишди. 

54. Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хоксор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир. 

55. Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. 

56. Кимки Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса, (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир 

57. Эй мўминлар, сизлардан илгари китоб берилганлар ичидан динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимсаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингиз! 

58. Сизлар қачон намозга чақирсангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб уларнинг ақлсиз - жоҳил қавм эканликларидир. 

59. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй аҳли китоб, сизлар бизни Аллоҳга, бизга нозил қилинган Китоб (Қуръон)га ва илгари нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз бўлганингиз сабаблигина ёмон кўрасизлар». 

60. Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай тўғри йўлдан озган кимсалардир. 

61. Улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар (эй Муҳаммад, сизнинг ҳузурингизга) кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани, (яъни дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир. 

62. Уларнинг кўпларини гуноҳ, зулм томонга ва ҳаромхўрликка чопаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон иш! 

63. Олим ва донишмандлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаромхўрликдан қайтармайдиларми?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар. 

64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)», дедилар.- Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар.- Йўқ! У зотнинг қўллари очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Уларнинг ораларига то қиёмат кунигача кетадиган буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар қачон (Сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас. 

65. Агар аҳли китоб иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсалар эди, Биз албатта ёмонликларини ўчирган ва жаннат неъматларига дохил қилган бўлар эдик. 

66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган кишилар ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар. 

67. Эй пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг!, Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас. 

68. Айтинг: «Эй ахли китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай динда эмассизлар. (Эй Мухаммад), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, сиз бу кофир қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлманг! 

69. Албатта иймон келтирган зотлар яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) ва насронийлар - (улардан) қайсилари (иймонга келиб) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшалар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдур. 

70. Биз Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик. Қачон уларга бир пайғамбар нафслари хоҳламаган бирон ҳукмни келтирса, бировларини ёлғончи қиладилар, бировларини эса ўлдирадилар. 

71. Ва (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна бўлмайди, деб ўйлаб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна кўр ва кар бўлиб олдилар. Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир. 

72. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» - демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас. 

73. «Аллоҳ - Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди. 

74. Ахир, Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон-ку! 

75. Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа - Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг! 

76. Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир». 

77. Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг! 

И з о ҳ . Яҳудийлар Исони отасиз туғилгани учун «валади зино», яъни «ҳаромдан бўлган бола», деб ҳақорат туҳмат қилар эдилар. Насронийлар эса «Исо - худонинг ўғли» дейишар эди. Шунинг учун бу оятда ҳар икки тоифага: «Динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг», деб хитоб этилади. 

78. Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. 

79. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! 

80. Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани - Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. 

81. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни - кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир.

82. Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Иймон келтирган зотларга энг яқин дўст бўлгувчилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир. 

83. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида, унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувохлик бергувчилар қаторига ёзгин», дейдилар. 

И з о ҳ . Ушбу оятлар Ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят даражада қийинлашиб кетганида Расулуллоҳ бир қанча саҳобага Ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажоший улардан ким эканликларини ва қайси динга ишонишларини сўраб-суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳис-салом эканини айтадилар. Нажоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади, у қандай пайғамбар?» - деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳис-салом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан тиловат қиладилар. Шунда Нажоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб оятларининг таъсиридан кўзёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажоший эса: «Бу китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли - манбаи биттага ўхшайди», дейди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришни буюради. Бу воқеалардан хабар топган ўша ерлик яҳудийлар: «Насронийлар ўз динларидан чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва роҳиблари уларга жавобан бундай дейдилар: 

84. «Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил килишини тамаъ қиламиз?!» 

85. Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир. 

86. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир. 

87. Эй мўминлар, Аллоҳ Сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта, Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас. 

88. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар! 

89. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам тугган қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу - қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур. 

90. Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! 

91. Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!  

И з о ҳ. Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор... ҳақидаги охирги ҳукмдир, мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон одатдагидек бу нарсаларни қуруқдан-қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади. 

92. Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга буйинсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, пайғамбаримиз зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос. 

93. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун - агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар - (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ, йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади. 

94. Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир. 

95. Эй мўминлар, иҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингдан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат - (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тотиб кўриши учун шунинг (яъни ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган овларни Аллоҳ афв этди. Ким яна қайтиб (ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом соҳибидир. 

96. Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди. Ва модомики иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат куни) даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз! 

97. Аллоҳ Каъба - Байт-ул-ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлиқ) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. 

И з о ҳ . Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар Каъбага бирон-бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича унга тегмайдилар. Уруш ҳаром қилинган ойларда (Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар учун ҳеч қандай уруш хавфи йўқдир. Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан силлалари қуриб қолса ҳам у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик хислатларини тарбиялашга қаратилган. 

Бу (нарса) Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишини -- Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир. 

98. Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зот эканини ва албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон эканини билингиз! 

99. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор этган нарсангизни ҳам, яширган нарсангизни ҳам билур. 

100. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, ахли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқингиз! 

101. Эй мўминлар (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалиймдир. 

102. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор қилувчиларга айландилар. 

И з о ҳ . Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб-суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни уқтиради. 

103. Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар. 

И з о ҳ . Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: бешта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса: «Соғайиб кетсам, туямни Тангри йўлида ҳайдаб юбораман», деб қасам ичарди. Сўнг соғайгач, туясини кўчага ҳайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик қилар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича, бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси Тангрининг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради. 

104. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?! 

105. Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. 

И з о ҳ . Бу оятни пайғамбар алайҳис-салом шундай шархлаган эканлар: «Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз. Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди». 

106. Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда - васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адодат эгаси ёки агар бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига бундай қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи, яъни меросхўр қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз». 

107. Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни ёлғон гувохлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўринларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда) ҳақдан тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар. 

108. Мана шу рост гувохлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ ҳукмдир. (Эй мўминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга қулоқ тутингиз! Зотан Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас. 

109. Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?» - деб сўрайдиган кунида, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан», дейдилар. 

110. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни - Сени Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб - хат ва ҳикмат - илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билаи лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, Менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимса: "Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас", дейишган эди. 

111. Яна ҳаворийларга (сен орқали): «Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик. (Эй Парвардигор), бизнинг итоат қилгувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл», деганларини эслагин! 

112. Ҳаворийлар: «Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?» - деган пайтларида (Ийсо уларга): «Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар», деб жавоб қилди. 

113. Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, у дастурхонга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истаймиз». 

114-115. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Эй Тангрим, Парвардигор, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деганида, Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга туширгувчиман. Аммо шундан кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман». 

116. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» - деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. 

117. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. 

118. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». 

119. Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир. 

120. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир.

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов