"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

(5) «Моида» сураси

Қуръондаги ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарликларининг
энг сўнгги йилларида тушган суралардан саналувчи бу сура Мадинада нозил қилинган
бўлиб, бир юз йигирма оятдан иборатдир.  
Унда шариат аҳкомлари батафсил баён этилиши билан биргаликда, эътиқод мавзуси ва
аҳли китоб ҳақида ҳам сўз юритилади. Ушбу сурада кишилар ўртасидаги битим,
келишув муомалалари; ов ҳақидаги ҳукмлар; ҳаж ва умра каби ибодатлар учун шарт
бўлнган эҳром баёни; аҳли китоблардан бўлган аёлларга уйланиш жоизлиги хусусидаги
ҳукмлар; таҳорат қоидалари; ўғрилик, зўравонлик ва бузғунчилик жиноятларининг
жазолари; ичкилик ва қимор тўғрисидаги сўнгги қатъий ҳукм ва шуриати исломиянинг
яна бошқа кўпдан кўп ҳукм ва қонунлари ҳақида мувафассал маълумот берилади.
Бундан ташқари «Моида»да бизларга панд-насиҳат ва ибрат бўладиган қиссалар ҳикоя
қилинади. Шундай қиссалардан бири бани Исроилнинг ўз пайғамбарлари Мусо
алайҳиссалом билан бўлган можаролари бўлиб, унда яҳудийлар иймонсизликлари ва
қўрқоқликлари сабабли, пайғамбар сўзига кирмай, оқибатда қирқ йиллаб чўлу
саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари айтилади.  
Яна бир қиссада эса Одамнинг икки фарзанди - Қобил ва Ҳобил ўртасида бўлиб ўтган
мужодала - Қобил ўз биродари Ҳобилни ноҳақ ўлдиргани тўғрисида хабар берилиб, бу
қисса орқали яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги доимий кураш тасвирланади. Бу
фожиа ер юзидаги ноҳақ қон тўкилиши фожиаларининг биринчиси эди.
Яна Ийсо пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири - осмондан моида (дастурхон)
тушгани воқеаси ҳам борки, суранинг «Моида» деб аталишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй мўъминлар, битимларга (Аллоҳ таъоло билан ўрталарингиздаги битимларга - У
Зотга бандалик қилиш ҳақида берган аҳд-паймонларингизга ҳам, ўзаро бир-
бирларингиз билан келишиб олган битимларингизга ҳам) вафо қилингиз! Сизлар учун
- (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва
ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин иҳромда бўлган ҳолларингизда ов овлашни ҳалол
қилиб олмангиз! Албатта Аллоҳ ўзи истаганидек ҳукм қилур.  
Изоҳ: Мўъминлар учун шу суранинг учинчи оятида тиловат қилинадиган ҳаром ўлган
ҳайвон, қон, тўнғиз гўшти ва бошқа нарсалардан ташқари туя, мол, қўй каби чорва
ҳайвонларини сўйиб истеъмол этиш ҳалол этилгандир. Лекин ҳаж ибодатини адо
қилиш ниятида иҳром боғлаган - яъни, махсус либос кийган киши учун ҳар қандай
жониворни овлаш ҳаромдир.

2. Эй мўъминлар, Аллоҳ буюрган удумларни (бузишни ўзларингизга) ҳалол қилиб
олманглар! Шунингдек, уруш ҳаром қилинган ойда (-улар Зул-қаъда, Зул-ҳижжа,
Муҳаррам ва Ражаб ойларидир - жанг қилишни, Аллоҳ йўлида) ҳадя этилган
ҳайвонларни (ўлдиришни) ва (уларга осиб қўйилган) ҳадялик белгиларини (узиб
ташлашни) ҳамда Парвардигорларидан фазлу-марҳамат ва розилик тилаб, байтул-
ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни ҳалол
қилиб олмангиз!) Қачон (иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. Сизларни
(яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларни Ҳудайбийя йўлида Макка мушриклари
Умра қилишдан тўсганлари каби) масжидул ҳаромдан (Каъбадан) тўсганлари сабабли
бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаргиз сизларни ҳаддингиздан ошишингизга -
адолатсизликка тортмасин-сабаб бўлмасин! (Эй мўъминлар), сизлар яхшилик ва тақво
йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!
Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.  
 



3. Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган
нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, (бошқа бирон
ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган ҳайвонлар ҳаром
қилинди. Магар, (бу жонворларни жони чиқмасдан туриб) суйиб юборишга улгуриб
қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб
сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўпларидан қисматингизни
сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир.
Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари
узилди. Бас, сизлар улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Бугун Мен сизлар учун
динингизни комил қилдим (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш
билан) мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин
қилиб танладим (Яъни, исломдан бошқа динлар Аллоҳ ҳузурида мақбул эмас). Энди
кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни
ейишга) мажбур бўлса, (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Изоҳ: Ислом келишидан илгари араблар ҳар турли вол очишларга жуда берилган
эдилар. Шулардан бири - уларнинг доимо ёнларида учта бир хил чўпни олиб
юришлари эди. У чўпларнинг бирида «Қилгин», яна бирига «Қилмагин» деб белги
қўйилган, учинчисига эса ҳеч нарса ёзилмаган бўларди. Қачон бирон ишни адо этмоқчи
бўлсалар, ўша чўплардан фол сўрардилар. Ислом бундай ҳурофотларни ман қилди.  

4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мўъминлар) сиздан ўзлари учун нималар ҳалол
қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна
сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг - Аллоҳ сизларга билдирган
нарсалардан билдириб, қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари)
ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва
(уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар!
Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.

5. Бугун сизлар учун (барча) покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган
кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун
ҳалолдир. Қачонки, зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай, маҳрларини бериб
уйлансангиз, сизлар учун мўъминлар орасидан ўзларини харомдан сақлаган аёллар ва
сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган
аёллар ҳам ҳалолдир. Аниқки, ким иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетур
ва у Охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.

6. Эй мўъминлар, қачон намозга турганингизда, юзларингизни ҳамда қўларингизни
тирсакларингизгача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (Яъни, нам қўлларингиз
билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларингизни (ювингиз!) Агар жунуб
бўлсаларингиз, покланингиз-чўмилингиз! Агар бемор ё мусовир бўлсангизлар, ёки
сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёҳуд хотинларингизга қўшилган
бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқни таяммум
қилингиз - юзингиз ва қўлларингизни (покиза тупроқ) билан силангиз. Аллоҳ сизларни
бирон танглик-машаққатга солмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга
Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шояд шукр қилсаларингиз.

7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва «Эшитдик ва итоат қилдик», деган
пайтингизда сизлар билан боғлаган аҳд-паймонини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз!
Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган (сирларни) билгувчидир.
 



8. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат -
гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат
қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан
қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр
бўлишини ваъда қилди.  

10. Кофир бўлган ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам
эгаларидир.

11. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - бир қавм сизларга қўл
кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилган пайтида уларнинг қўлларини сизлардан
қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз, иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳга
суянсинлар.
Изоҳ: Ушбу оят нозил бўлишининг сабаби ҳусусида бир неча ривоятлар мавжуд.
Шулардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган ҳадисдир: Пайғамбар
алайҳиссалом саҳобалар билан кетаётиб бир дарахтзор манзилга қўндилар. Дам олиш
учун ҳар ким ҳар тарафга тарқалиб кетди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ёлғиз ўзлари бир
дарахт соясида ёнбошлаб, энди кўзлари илинганда бир шарпадан уйғониб кетдилар.
Қарасалар, тепаларига бир аъробий (тоғлик динсиз араблардан) Пайғамбаримиз
дарахтга илиб қўйган қиличларини олиб, яланғочлаб чопмоқчи бўлиб турибди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом уйғониб кетганларини кўргач, у: «Энди сени мендан ким
сақлай олади?!» деди. Пайғамбар алайҳиссалом эса хотиржамлик билан: «Аллоҳ», деб
жавоб қилдилар. Шунда аъробий бирдан бўшашди ва қилични ташлаб, Пайғамбар
алайҳиссалом ёнларига ўтирди. Шовқинни эшитиб етиб келган айрим саҳобалар эса
бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб қолдилар. Мазкур оят Аллоҳнинг Ўзига суянган
кишиларни Аллоҳ сақлайди, деб уқтиради.

12. Аллоҳ бани Исроилнинг аҳду паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни
(Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун)
жўнатиб, Аллоҳ айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни
тўкис адо қилсангизлар, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангизлар, пайғамбарларимизга
иймон келтириб, уларга ёрдам берсангизлар ва (бева-бечораларга яхшилик-эҳсон
қилиш билан) Аллоҳ қарзи ҳасана берсангизлар (яхшилик билан қарздор қилсангиз),
албатта Мен ёмонликларингизни (яъни қилган гуноҳларингизни) ўчирурман. Ва
албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилурман. Мана
шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг тўғри йўлдан озгани
аниқдир».

13. Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари сабабли Биз уларни лаънатладик ва қалбларини
қаттиқ қилиб қўйдик. Улар (Тавротдаги Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар
бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма
қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон ҳиёнат устидан чиқасиз.
Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина (ҳиёнат қилмайдилар,
холос). Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта Аллоҳ яхшилик
қилувчиларни севади.

14. «Бизлар насронийлармиз»,- деган кимсаларан ҳам аҳд-паймонларини олдик. Сўнг
ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан (кўп) ҳиссасини унутдилар. Бас,
 



уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу-адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ
уларга қилиб ўтган «ҳунар»ларининг хабарини беражак.

15-16. Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳиссалом) сизлар Китобингиз
(Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у Зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна
бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда (фақат
сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп
нарсаларни эса (баён қилмасдан) тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан
нур ва очиқ китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни
нажот - омонлик йўлларига ҳидоят қилди ва ўз изни-иродаси билан уларни
зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур.

17. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямнинг ўзидир», деган кимсаларнинг кофир
бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ
бинни Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким
Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, ер
ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истган нарсасини (ўзи
истаган суратда) яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зот.

18. Яҳудий ва насронийлар: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли
азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам у яратган барча одамлар каби одамсизлар. У зот истаган
кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур». Осмонлар, ер ва уларнинг
орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг ўзига қайтилур.

19. Эй аҳли Китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳиссалом) аввалги пайғамбарлардан
анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон
(дўзах азобидан) қўрқитувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга (дин
ҳукмларини) баён қилган ҳолда келди. Мана сизларга хушхубур бергувчи ва дўзахдан
қўрқитувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!

20. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг
сизларга берган неъматини - орангиздан пайғамбар чиқарганини, яна сизларни мулку
давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга
ато этганини эсланглар!

21-22. Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб - тақдир қилиб қўймиш бу муқаддас ерга
(шаҳарга) дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён
кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар: «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар
бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб
кетсаларгина, биз дохил бўлурмиз»,- дедилар.

23. (Шунда ўн икки бошлиқ орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-
марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан
кирдингиз, агар унга кириб олсангизлар, бас, шубҳасиз, ғолиб бўлурсиз. Агар мўъмин
бўлсангизлар, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!», дедилар.

24. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира
олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар.
Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутурмиз)».
 



25. (Мусо) айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман
холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».

26. (Аллоҳ) деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда
(саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун
бўлмагин».

27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни
ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари)
бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у
«Қасамки, сени ўлдирурман», деганида биродари айтди: «Аллоҳ фақат
тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».
Изоҳ: Муфассирлар (Қуръонни тафсир, шарҳ қилувчилар) ёзишларича, воқеа бундай
бўлган: Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил бир қизни талашиб қоладилар. Шунда
Одам уларга Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилишни буюради ва кимнинг қурбонлиги Ҳақ
таъоло даргоҳида қабул бўлса, қизни ўшанга никоҳлаб беришини айтади. (Унинг қабул
бўлганининг аломати - осмондан ўт-чақмоқ тушиб ёндириб кетиши эди). Улар бу
шартни қабул қилдилар ва Қобил ўзининг касби деҳқончиликдан энг сифатсиз-
бемазасини топиб, қурбонлик қилади. Ҳобил эса қўйлари орасидан (у чорвадор эди) энг
яхши бир қўчқорни танлаб, қурбонлик қилади. Шунда Ҳобилнинг қурбонлиги қабул
қилингани маълум бўлади. Бундан ғазабга келган Қобил ўз инисини ўлдирмоқчи
бўлади.

28. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл
чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан
қўрқаман.

29. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгалардан
бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир.

30. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб, (Қобил) уни
ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди.

31. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер
титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим
бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми - биродаримнинг мурдасини ўзим кўма
олмадимми?!»- деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.

32. Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз бани Исроил зиммасига (шундай фармонни)
битдик: кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир
одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса
(яъни, ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга
ҳаёт берибди. Дарҳақиқат, бизнинг пайғамбарларимиз уларга (бани Исроилга) мана
шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида (қон
тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.
Изоҳ: Мазкур оятда исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини
ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса
бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

33. Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарларига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш
ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси - ўлдирилиш ё дорга осилиш ёки оёқ
 



қулларини тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ, ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши
ёҳуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик-
шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир.

34. Магар сизлар уларнинг устига қодир-ғолиб бўлишингиздан (қўлга тушишларидан)
илгари тавба қилган кишилар бўлса, билингизки, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон
Зотдир.

35. Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда
Унинг Йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!

36. Кофир бўлган кимсалар эса ердаги бор нарса - бойлик уларнинг мулкига айланиб,
ўшани Қиёмат Кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар,
улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир.

37. Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар - улар
учун доимий азоб бордир.

38. Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг
қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ
қудрат ва ҳикмат Эгасидир.

39. Аммо ким бундай (ўғрилик билан қилган) жабру зулмидан кейин тавба қилиб,
ўзини тузатса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта Аллоҳ Мағфиратли,
Меҳрибондир.

40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ахир сиз осмонлар ва ер Аллоҳнингг мулки эканини,
У Зот ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини
билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!

41. Эй пайғамбар (алайҳиссалом), оғизларида: «Иймон келтирдик», деган, аммо
диллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийлардан бўлган куфр томонга
чопаётган кимсалар сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ бергувчи ва сизнинг
олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган
бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар
(Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса (яъни,
бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар - олманглар», дейишади. Кимники Аллоҳ
Ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила
олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун
дунёда расволик, охиратда эса улуғ азоб бордир.
Изоҳ: Мазкур оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеани нисбат қиладилар. Тавротда
зинокорни тошбўрон қилиш буюрилишига қарамасдан, яҳудийлар зино қилувчини
дарралаб, юзига қора чаплашни одат қилиб олган эдилар. Мадинада ислом давлати
барпо булганидан кейин улар мана шу сохта ҳукмни Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам
тасдиқлатиб олмоқчи бўлишиб, мадиналик айрим мунофиқ кимсаларни, бир зинокор
яҳудийни қўшиб, у зотнинг ҳузурига юборадилар ва уларга: «Агар Муҳаммад бизнинг
одатимизни тасдиқласа - қабул қилинглар. Аммо тошбўрон қилишни буюрса, қабул
қилмайсизлар», деб тайинлайдилар. Улар келиб, бу масалани сўраганларида, пайғамбар
алайҳиссалом: «Бу ҳақда Тавротда нима дейилган?», деб сўрайдилар. Улар: «Тавротда
ҳам дарралаш буюрилган», деб нотўғри жавоб қиладилар. Шунда Расулуллоҳ
алайҳиссалом яҳудий уламоларидан бирини топтириб, ундан: «Аллоҳ номини ўртага
 



қўйиб сўрайман, Тавротда зинокорга қандай жазо буюрилган?» деб сўраганларида, у:
«Модомики, Аллоҳ номи билан сўрар экансиз, ростини айтишга мажбурман -
тошбўрон қилишга буюрилган», деб жавоб беради. Бу жавобни эшитгач, Расулуллоҳ
алайҳиссалом зинокор яҳудийни тошбўрон қилишга буюрадилар. Аммо ўзлари
уларнинг Тавротдаги Аллоҳ ҳукмини ўзгартириб юборганларига қаттиқ хафа
бўладилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарига тасалли бериш учун мазкур оятларни нозил
қилди.

42. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ҳаромхўр кимсалардир. Бас, агар сизга келсалар,
(хоҳласангиз) ўрталарида ҳакамлик қилинг. (Хоҳласангиз) улардан юз ўгиринг! Агар
улардан юз ўгирсанги, зинҳор сизга бирон зарар етказа олмаслар. Агар ҳукм қилсангиз,
ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади.

43. Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукми бўлгани ҳолда сиздан ҳукм сўраб,
сўнгра (яъни ҳукм қилганингиздан кейин) қандай юз ўгириб кетадилар-а? улар ҳеч
мўъмин эмаслар.

44. Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз.
(Аллоҳга) бўйсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар
ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилагни сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот
ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий
уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз. Ва менинг оятларимни қиймати
оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм
қилмас экан, бас улар кофирлардир.  

45. Унда (яъни Таворотда) яҳудийларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-
қулоқ, тишга-тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб
қўйдик. Энди ким уни (яъни қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни
гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм
қилмас экан, бас улар золимлардир.

46-47. Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни
Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоя ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги
Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни
бердик. Ҳамда (буюрдик). Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм
қилсинлар! Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлар-
итоатсиз кимсалардир.

48. Сизга эса (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз ўзидан олдинги китоб(ларни)
тасдиқлагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу китобни ҳаққирост нозил
қилдик. Бас одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва сизга
келган ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир
миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа
эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган
нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир милллатга алоҳида шариат, йўл
қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор.
Сўнг У Зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур.  

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм
қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган
ҳекмларнинг айримларидан сизни буриб, фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!
 



Агар (сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари
сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз одамлардан кўплари фосиқ,
итоатсиздирлар.

50. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун
Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!

51. Эй мўъминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларни баъзилари
баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас у ўшалардандир.
Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.  

52. Бас, сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз»
деган ҳолларида кофирлар томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ
(мусулмонларга) ғалаба берса ёки ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда
қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширинган нарсаларга надомат
қилгувчиларга айланиб қолсалар.

53. (Шунда) мўъминлар (бир-бирларига): «Жон-жаҳдлари билан сизлар билан
биргамиз», деб Аллоҳ номига қасам ичганлар шуларми?» дейдилар. У мунофиқларнинг
қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолишди.

54. Эй мўъминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа
бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар
мўъминларга ҳокисор, кифирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан
қўрқмай, ёлғиз Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу
марҳамати бўлиб, уни ўзи хоҳлаган кишиларига берур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг,
билгувчидир.

55. Сизларнинг дустингиз фақат Аллоҳ, унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган
ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган
мўъминлардир.

56. Кимки Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва мўъминларни дўст тутса, (нажот топгай),
зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир.

57. Эй мўъминлар, сизлардан илгари китоб берилганлар ичидан динингизни ҳазил-
масхара қилиб олган кимсаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўъмин
бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингиз!  

58. Сизлар қачон (мусулмонларни) намозга чорласангиз (азон айтсангиз), улар ўша
(намозни) масхара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз - жоҳил қавм
эканликларидир.

59. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли Китоб, сизлар биз томонимиздан
ёмон кўрадиган нарсангиз фақатгина бизнинг Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган китоб
(Қуръон)га ва илгари нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз, сизларнинг
кўпчилигингиз эса фосиқ-итоатсиз эканликларингиздир».

60. Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида (яъни, Қиёмат кунида) бундан кўра
ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг
лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўпғизларга айланритиб
 



қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада
бўлган ва бутунлай тўғри йўлдан озган кимсалардир.

61. (Эй мўъминлар), улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик»,
дейдилар. Ҳолбуки, улар (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизнинг ҳузурингизга) кофир
ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани (яъни
дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир.  

62. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг кўпларини гуноҳ, зулм томонга ва
ҳаромхўрликка чопаётганлирини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон иш!

63. Олим ва донишмандлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаромхўрликдан
қайтармайдиларми?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар.

64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)», дедилар. - Ўзларининг қўллари
боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. - Йўқ, У Зотнинг ҳар
икки қўли очиқдир ва ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон)
улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёджа қилиши шубҳасиздир. Биз уларнинг
ораларига то қиёмат кунигача (давом этадиган) буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар
қачон (мусулмонларга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда
бузғунчилик қилиб юрурлар Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас.

65. Агар аҳли Китоб иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсалар эди, биз албатта уларнинг
ёмонликларини ўчирган ва жаннат неъматларига дохил қилган бўлар эдик.

66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча
нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам
ризқланган бўлур эди. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган жамоат ҳам бор.
Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар.

67. Эй пайғамбар (алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган
нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, унинг элчилигини
(бандаларига) етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зараридан)
сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.

68. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли Китоб, то Тавротга, Инжилга ва
сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал
қилмагунингизча, ҳеч қандай нарсада - динда эмассизлар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан
кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, сиз бу кофир қавм
(қилмишидан) маҳзун бўлманг.  

69. Албатта, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, (Аллоҳга ишонадиган, аммо
бирон шариатга амал қилмайдиган бирон тоифа бўлган) собийлар ва насронийлар -
(улардан) қайсилари (иймонга келиб) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар
қилса, ўшалар учун ҳеч қандай ҳавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир.

70. Биз бани Исроилнинг аҳд-паймонини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик.
Қачон уларга пайғамбар нафслари хоҳламаган бирон ҳукмни келтирса, бировларини
ёлғончи қиладилар, бировларини эса ўлдирадилар.
 




71. Улар (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна-азоб бўлмайди деб ўйлаб
«кўру кар» бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди.
кейин улардан кўплари яна «кўр» ва «кар» бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган
амалларини кўргувчидир.

72. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки,
Масиҳ: «Эй бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга
бандалик қилингиз!»- демишлар. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ
унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон
ёрдамчи бўлмас.

73. «Аллоҳ - учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам
аниқ кофир бўлдилар. Чунки ягона илоҳдан (Аллоҳдан) бошқа бирон илоҳ йўқдир.
Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган
кимсаларни аламли азоб ушлайди.

74. Ахир улар Аллоҳга тавба қилиб, У Зотдан мағфират қилишини сўрамайдиларми?!
Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон-ку!

75. Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп
пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа - Аллоҳга ҳаққирост иймон
келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар (яъни, агар улар худо бўлганларида,
таом ейишга муҳтож бўлармидилар?!) (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), оят-ҳужжатларни
уларга қандай баён қилишимизни кўринг. Сўнг уларни қандай бўхтон томонга
оғаётганларини кўринг!

76. Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган
нарсаларга ибодат қиласизларми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир».

77. Айтинг: «Эй аҳли Китоб, динингизда ноҳақ тажовуз қилманглар ва (ислом
келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан озидирган ҳамда тўғри йўлдан
адашган қавмнинг нафвси ҳаволарига эргашманглар!»
Изоҳ: Яҳудийлар Ийсони отасиз туғилгани учун «Валади Зино», яъни, «ҳаромдан
бўлган бола» деб ҳақорат, туҳмат қилар эдилар. Насронийлар эса «Ийсо - Худонинг
ўғли» дейишар эди. Шунинг учун бу оятда ҳар икки тоифага: «Динингизда ноҳақ
тажовуз қилманглар», деб хитоб этилади.  

78. Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида
лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор
бўлганларидир.  

79. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари
нақадар ёмон иш!

80. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улардан кўпларининг кофир бўлган кимсаларни
дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани - Аллоҳ
ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар.
 



81. Агар улар Аллоҳга, пайғамбарга (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга) ва унга нозил
қилинган китобга (Қуръонга) иймон келтирганларида эди, уларни - кофирларни дўст
тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир.
 



Еттинчи жузъ

82. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз мўъминларга энг қаттиқ адоват қилгувчи
одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Мўъминларга дўст
бўлишга яқинроқ кишилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини
кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг
кибр-ҳаво қилмаслигидир.

83. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръон)ни эшитган пайтларида унинг
ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар
дедилар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик бергувчилар қаторига
ёзгин».
Изоҳ: Ушбу оятлар ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг
илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирган
саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят
даражада қийинлашиб кетганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом бирқанча саҳобага ҳабаш
юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар
борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажжоший улардан ким эканликларини ва қайси
динга ишонганликларини сўраб суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан
келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссалом эканини
айтдилар. Нажжоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади. У қандай
пайғамбар?» деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида
маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан
тиловат қиладилар. Шунда Нажжоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом
ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб
оятларининг таъсиридан кўз ёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажжоший эса: «Бу
китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли-манбаи биттага ўхшайди»,- дейди ва
мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришини
буюради. Бу воқеалардан хабар топган ерлик яҳудийлар «Насронийлар ўз динларидан
чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва
роҳиблари уларга жавобан бундай дедилар:

84. Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймизу, яна
Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини
таъма қиламиз».

85. Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар
абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг
мукофотидир.

86. Кофир бўлган ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам
эгаларидир.  

87. Эй мўъминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром
деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ
тажовузкор кимсаларни севмас!

88. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз
иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!
 



89. Аллоҳ смизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди.
Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни
бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача
таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш ёҳуд бир қулни
озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу қасам
ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни
(бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана
шундай очиқ-ойдин баён қилур.

90. Эй мўъминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб
қўйилган бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик
қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ
бўлингиз, шояд нажот топсангиз.

91. Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни
Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди холос. Энди
тўхтатарсизлар!
Изоҳ: Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор... ҳақидаги охирги ҳукмдир. Мусулмонлар
мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон оятдагидек бу нарсаларни қуруқдан
қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён
қилади.

92. Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга бўйсунингиз ва (ҳаромдан) ҳазар қилингиз!
Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, бизнинг пайғамбаримиз (Муҳаммад
алайҳиссалом) зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш
бор холос.  

93. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун - агар (ҳаром нарсалардан)
сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у
нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли
амаллар қилсалар, (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал
қилгувчиларни севади.

94. Эй мўъминлар, албатта Аллоҳ ким ғойибда (кўрмай) туриб Ўзидан қўрқишини
билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек
овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса,
(иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир.

95. Эй мўъминлар, иҳромда бўлган чоғингизда, бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг
орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан
ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга
ўзларингиздан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат -
(ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини
тортиб кўриш учун шунинг (яъни ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир.
Илгари ўтган нарсаларни (яъни иҳромда бўлган ҳолда қилинган овларни) Аллоҳ афв
этади. Ким яна қайтиб (иҳромда туриб ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ
қудрат ва интиқом соҳибидир.

96. Сизларга (иҳромда бўлган пайтингизда ҳам) ўзингиз ва бошқа мусофирлар
фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай, ўзи
соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди ва модомики, иҳромда экансизлар,
 



сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат куни) сизлар даргоҳида тўпланадиган
Аллоҳдан қўрқингиз!

97. Аллоҳ Каъба - байтул ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя
белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик
аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) токи сизлар
Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишини - Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи
эканини билишинглар учундир.
Изоҳ: Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар
Каъбага бирон бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича, унга тегмайдилар. Уруш ҳаром
қилинган ойларда (Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар
учун ҳеч қандай уруш ҳавфи йўқдир. Ёлғиз Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган
ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан
силлалари қуриб қолса ҳам, у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар.
Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик ҳислатларини
тарбиялашга қаратилган.

98. Албатта Аллоҳ азоби қаттиқ Зот эканини ва албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон
эканини билингиз!

99. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор қиладиган
нарсангизни ҳам, яширадиган нарсангизни ҳам билур.

100. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни
қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, эй аҳли дониш,
Аллоҳдан қўрқингиз. Шояд нажот топсаларингиз!

101. Эй мўъминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган) очилаганда сизларни ҳафа
қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида
сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у
нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалиймдир.

102. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни
инкор этувчиларга айландилар.
Изоҳ: Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни
сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош
тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб
суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни
уқтиради.  

103. Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани)
йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари
ақлсиздирлар.
Изоҳ: Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: битта туққан туянинг
қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб
ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб
қолса: «Соғайиб кетсам, туямни тангри йўлида хайдаб юбораман» деб қасам ичарди,
сўнг соғайгач, туясини кўчага хайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва
уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам
«васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик илар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн
бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича бундай туя ҳам ўз ишини қилиб
 



бўлган ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси
Аллоҳнинг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради.

104. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса,
улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси душманнинг) устида топган
бўлсак, ўша етарли» дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ
йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам а?!

105. Эй мўъминлар, ўзингизни билингиз. (Яъни гуноҳлардан сақланингиз). Модомики,
ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз
ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган
амалларингизнинг хабарини берур.
Изоҳ: Бу оятни пайғамбар алайҳиссалом шундай шарҳлаган эканлар: «Яхшиликка
юрингиз, ёмонликдан қайтингиз! Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу
дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда
уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди».

106. Эй мўъминлар, бировингизга ўлим келганда - васият қилар вақтида ўзингиздан
(яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки агар бирор ерга сафар қилиб, ўша
ерда сизга ўлим етган бўлса, (қиладиган васиятларингизга) ўзгалардан бўлган икки
киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин
тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига
(бундай) қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи (яъни меросхўр) қариндошимиз
бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган
гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан
бўлиб қоламиз».

107. Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни ёлғон гувоҳлик берганлари) маълум
бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўрларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган
бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам:
«Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик
беришда ҳақдан) тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз,
золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.

108. Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар
ичилишидан (яъни, шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ (ҳукмдир). (Эй
мўъминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва (Унга) қулоқ тутингиз! Зотан, Аллоҳ итоатсиз
қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас.

109. Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга
умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган кунда, улар: «Биз
билмаймиз. Фақат сенинг ўзинггина ғайб илмларнинг билгувчисисан», дейдилар.

110. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям,
сенга ва волидангга берган неъматимни - сени руҳул қудс (Жаброил) билан
қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигида) ҳам балоғатга етган
ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сени китоб - хат ва ҳикмат - илмни, Таврот ва
Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини
ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, менинг изним-ихтиёрим билан ростакам
қушга айланганини, менинг изн-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва
менинг изним-ихтиёрим билан ўликлкарни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни
 



эслагин! Яна бани Исроилга бу муъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок
қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган
кимсалар: «Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дейишган эди.

111. Яна ҳайвонларга (сен орқали): «Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар»,
деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик. (Эй пайғамбар), бизнинг
бўйсунгувчилар эканимизга ўзинг шоҳид бўл», деганларини эслагин!

112. Ҳаворийлар: «Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир
дастурхон нозил қилишга қодирми?», деган пайтларида (Ийсо уларга): «Агар мўъмин
бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар», деб жавоб қилди.  

113. Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин
топишини ҳамда сенинг рост сўзлагинингни аниқ билиб, (у дастурхонга) гувоҳ
бўлгувчилардан бўлишни истаймиз».

114-115. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир
дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва сенинг оят-мўъжизанг
бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ
бергувчисан», деганида, Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга тушургувчиман. Аммо
(шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор
қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман».

116. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, сен
одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтдингми?»,
деганида (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен
учун дуруст эмас-ку. Агар айтган булганимда сен албатта билур эдинг. Зотан, Сен
дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани
билмасман. Фақат Сен ўзинг ғайб илимларининг билгувчисисан.

117. Мен уларга фақат ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва
Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳа ибодат қилингиз» ва ораларида бўлган муддатимда
уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса
Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан.

118. Агар уларни азобласанг, улар сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират
қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан».  

119. Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни, Қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост
сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган
жанатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам
Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир.
 

120. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У
нарсага Қодирдир.
 

ҳамма
 
 



(6) «Анъом» сураси
Маккада нозил қилинган, бир юз олмиш беш оятдан иборат бу сурада сўз эътиқод ва
иймон моҳияти устида боради. У мавзу эътибори билан Мадинада нозил бўлган Бақара,
Оли-Имрон, Нисо ва Моида сураларидан кескин фарқ қилади. Бу сурада исломий
жамиятнинг ўзига хос белгилари - рўза, ҳаж, оилавий масалалар ёҳуд жиҳод ҳукмлари,
ёки аҳли Китоблар ва бошқалар хусусида сўзланмайди. Балки унда эътиқод ва иймонга
алоқадор марказий масалалар - Аллоҳнинг Зоти ва сифатлари, ваҳий ва пайғамбарлик
моҳияти ҳамда қайта тирилиш ва қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоб борасида фикр
юритилади.
«Анъом»даги оятлар Аллоҳ яратувчиликдан ҳам, ҳукмронликда ҳам, маъбудликда ҳам
Ягона деб уқтиради. Яна у пайғамбарлар отаси - Иброҳим алайҳиссалом ва унинг
зирриётидан бўлган бир қанча пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилади. Булардан ташқари,
яшаб турган дунёмиз инсон учун синов-имтиҳон олами эканлиги айтилиб, инсон бу
дунёда Аллоҳнинг халифасидир, деб таъкидланади. Бинобарин бу дунёни обод-
осойишта қилиш ҳам, хароб-вайронага айлантириш ҳам инсоннинг ўз қўлида эканлиги
яна бир бора эслатиб ўтилади. Бошқа суралар бўлиниб-бўлиниб, ҳар хил муддатларда
нозил қилингани ҳолда, бу сура Маккада бир кечада дафъатан нозил бўлган.
Бу сурада яна чорва ҳайвонлари ва улар ҳақидаги ҳукмлар ҳам баён этилгани учун, у
«Анъом - чорвалар» деб аталади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир.
Сўнгра (яъни, Ягона Аллоҳ таъолонинг ўзигина маъбуди барҳақ эканлиги ҳақидаги
ҳужжатларни кўра туриб) кофир бўлган кимсалар Парвардигорларига (ўзгаларни)
тенглаштирадилар.

2. У сизларни (отангиз Одам атони) лойдан яратиб, сўнгра ажални (яъни, тириклик
муддатини) белгилаб қўйган зотдир. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал (яъни,
тирилиш муддати) бордир. Шундан кейин ҳам сизлар (эй кофирлар), шак-шубҳа
қилмоқдасиз.

3. У осмонлару ердаги яккаю ягона Аллоҳдир. У сизларнинг яширган сирларингизни
ҳам, ошкор қилган нарсангизни ҳам, қилган касбу корингизни ҳам билур.  

4. Уларга (яъни кофирларга) Парвардигорларининг оятларидан қандай оят келмасин,
албатта ундан юз ўгирувчи бўлдилар.

5. Уларга ҳақ (Қуръон) келганда, уни ҳам ёлғон дедилар. Энди яқинда уларга ўзлари
масхара қилувчи бўлган нарсанинг хабарлари келажак (яъни Қуръонда айтилган
хабарлар ҳақ эканлигини билиб оладилар).

6. Улардан илгари неча асрларни (замонларни) ҳалок қилганимизни кўрмадиларми?!
Биз уларга (яъни ўша асрларда яшаган одамларга) ерда сизларга бермаган жойларни -
имкониятларни берган, устларидан самони (яъни ёмғирни) сероб қилиб юборган,
остларидан дарёларни оқизиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари сабабли ўшаларни ҳам ҳалок
қилдик ва улардан сўнг яна бошқа асрларни пайдо қилдик.

7. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сизга қоғозга (ёзилган) бир мактуб туширсак ва
уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам, кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга
нарса эмас», деган бўлур эдилар.
 




8. Улар: «Унга (яъни Муҳаммадга пайғамбарлигини тасдиқ этадиган) бирон фаришта
тушса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш тугатилган бўлур эди. Сўнгра уларга
қараб турилмас - муҳлат берилмас.  
Изоҳ: Бу оятни шундан тушунмоқ лозим: агар осмондан улар талаб этган фаришта
тушсаю, шундан кейин ҳам иймон келтирмай, фикрларида оёқ тираб туриб олсалар,
«иш тугатилган», яъни ҳеч қандай муҳлат берилмай, улар дарҳол ҳалок қилинган бўлур
эдилар. Айрим ишонмайдиган кимсалар: «Ахир пайғамбар бизга ўхшаган одам экан,
фаришта бўлганида унга иймон келтирардик» деганларида, уларга жавобан қуйидаги
оят нозил бўлди.

9. Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни инсон
суратида) қилган ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур
эдик.  
Изоҳ: Чунки фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига
киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганларида эса,
фраишта эканига ишонмайдилар.

10. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам
масхара қилиб кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара -
кулгилари ўраб (домига тортиб) кетган (яъни ҳалок қилган).

11. Айтинг: «Ерни айланиб, сайру-саёҳат қилинглар, сўнгра (пайғамбарларни) ёлғончи
қилгувчиларнинг оқибати қандоқ бўлганини кўринглар».

12. Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники».
У ўз устига (осмони ердаги бор мавжудотга) раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб
қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган Қиёмат кунига тўплайди.
Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар.

13. Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса унингдир. У эшитгувчи, билгувчидир.

14. Айтинг: «Ўзи ризқланмай - таомланмай (барчани) таомлантирадиган, осмонлар ва
ернинг яратгувчи бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!» Айтинг: «Албатта мен
Аллоҳга бўйсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр
қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг!

15. Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга итаотсизлик қилсам, улуғ кунда
(Қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман».

16. Ўша кунда кимдан (азоб) четлатилса, бас унга (Аллоҳ) раҳм қилибди. Мана шу очиқ
нажотдир!

17. (Эй инсон), агар Аллоҳ сени (камбағаллик, ҳасталик каби) бирон зиён билан
ушласа, бас, уни фақат ўзигина аритгувчидир. Агар сени бирон яхшилик билан ушласа,
бас (билгинки) у ҳамма нарсага қодирдир.  

18. Унинг ўзи бандалари устида ғолибдир. Унинг ўзи ҳикмат соҳиби, (ҳар нарсадан)
огоҳдир.
 



19. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг (сўранг): «Қай нарса (менинг ҳақ пайғамбар
эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлар?». Айтинг: «Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда
гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган (барча) кишиларни (охират азобидан)
огоҳлантиришим учун менга - мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан ҳам
Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор эканлигига гувоҳлик бера оласизми?!» 
Айтинг: «Мен бундай гувоҳлик бермайман!». Айтинг: «Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ
яккаю ягонадир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман».

20. Биз китоб ато қилган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар Таврот ва Инжил
китобларида келган хабарлар сабабли) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз болаларини
таниган каби танийдилар. (Лекин) улар ўзларига зиён қилган кимсалардир. Бас, улар
иймон келтирмайдилар.

21. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам
золимроқ ким бор?! Албатта бундай золимлар нажот топмаслар.

22. Биз уларнинг барчаларини тўплаб, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар
(Аллоҳнинг шериклари деб) гумон қилган бутларингиз қани?!»- деб сўрайдиган
кунимизни эсланг!

23. Кейин уларнинг алдов-ёлғонлари фақат шу бўлур: «Парвардигоримиз Аллоҳга
қасамки, бизлар мушрик эмас эдик».  

24. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар (барча сирларни билгувчи бўлган Аллоҳ таъоло
ҳузурида ёлғон сўзлаш билан) ўзларини қандай алдаганликларини кўринг! Улар
ўзларича тўқиб олган «худолари» ҳам (уларга бирон ёрдам қила олмади) йўқ бўлиб
қолди!

25. Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. (Лекин) биз уни (Қуръонни)
англамасликлари учун дилларини пардалаб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Улар
бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар.
Ҳаттоки сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида ҳам кофир бўлган
кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.

26. Улар (ўзгаларни) ундан (Қуръондан) қайтарадилар ва ўзлари ҳам ундан
четланадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қиладилар,
холос.

27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида:
«Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон
демай, мўъминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди.

28. Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат кунида) илгари яшириб
юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар дунёга қайтарилсалар, шубҳасиз,
улар яна ўзлари ман қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар.

29. Улар: «Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайти тирилгувчи эмасмиз», деб
айтадилар.

30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз уларни Парвардигорлари ҳузурида турғазиб
қўйилган пайтларида, Аллоҳ: «Мана шу (қайта тирилиш) ҳақ эмас эканми?!»- деганида,
 



улар: «Парвардигоримизга қасамки, (ҳақ экан)» деганларини, (Аллоҳ) эса: «Мана энди
кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азобни тотиб кўрингиз!» деб жавоб қилганини
кўрсангиз эди.

31. Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деб юрган кимсалар то тўсатдан қиёмат келиб
қолганида устиларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган
сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлғай» деб қоладиган пайтларигача ўзларига
зиён қилаверадилар. Ў, нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!

32. Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир холос. Албатта Аллоҳдан
қўрқадиган кишилар учун охират диёри яхшироқдир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!

33. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта биз уларнинг гаплари сизни маҳзун
қилишини билурмиз. Зотан улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки у золимлар
Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар.

34. Маълумки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга
бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганлари ва чеккан азиятларига сабр
қилганлар. Аллоҳнинг («Пайғамбарларимни ўзим қўллагайман» деган) сўзларини
ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир. Ахир сизга (Эй Муҳаммад алайҳиссалом),
ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку!

35. Агар сизга уларнинг (иймондан) юз ўгиришлари оғир ботиб, (сабр қила
олмасангиз), у ҳолда сиз ерга (кириб кетадиган) бирон тешик ёки осмонга (чиқиб
кетадиган) бирон нарвон истаб-топиб, уларга (биз сизга туширган Қуръондан бошқа
бирон) оят-мўъжиза келтиришга қодир бўлсангиз (шундай қилаверинг). Агар Аллоҳ
хоҳлаганда, албатта уларни ҳидоят устида жамлаган бўлур эди-ку! Бас, ҳаргиз
жоҳиллардан бўлманг!

36. Албатта эшита оладиган зотларгина (сизнинг даъватингизни) қабул қилурлар.
Ўликларни (кофирларни) эса (қиёмат кунида) Аллоҳ тирилтирур. Сўнга ўзига
қайтарилурлар.  

37. (Мушриклар:) «Унга (яъни Муҳаммадга) Парвардигоридан бирон оят-мўъжиза
туширилса эди»,- дедилар. Айтинг: «Албатта Аллоҳ (улар истаган) оятни туширишга
қодирдир. Лекин уларнинг кўплари (ўша мўъжиза тушганидан кейин ҳам инкор
қилсалар, қандай бало келишини) билмайдилар».

38. Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди
сизлар каби (бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Биз китобда (яъни тақдири азал
китоби бўлмиш Лавҳул-маҳфузда) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин
(ҳаммалари) Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар.

39. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар зулматларда қолган кар-соқовдирлар.
Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини адаштирур, ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлда (барқарор)
қилур.  

40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар сизлар («Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор»,
деган сўзингизда) ростгўй бўлсангизлар, хабар берингизчи, агар сизларга Аллоҳнинг
азоиб келса, ёки сизларга соат келса (яъни қиёмат қоим бўлса) Аллоҳдан ўзгага дуо-
илтижо қиласизларми?!
 




41. Йўқ, унинг ўзигагина дуо-илтижо қиласизлар. Бас, агар хоҳласа, у Зот сизлар дуо-
илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни) аритур. Сизлар (у кунда) Аллоҳга шерик деб
биладиган бутларингизни унитиб юборурсизлар».

42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар
юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар
деб, уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз.  

43. Бизнинг балоимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарруъ
қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари
қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир.

44. Энди - қачонки улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, биз
уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган
нарсалар билан шод турганларида, биз уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Бас,
бутунлай номурод бўлдилар.  

45. Бас, бутун оламларнинг Парвардигори - Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг
думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар).  

46. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва
кўзларингизни тортиб олса ва дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир
илоҳ у аъзоларни сизга келтириб берур?» Қаранг, биз оятларни қандай баён
қилмоқдамиз, сўнгра улар юз ўгирмоқдалар.

47. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби тўсатдан ёки очиқдан-
очиқ (яъни кечаси ёки кундузи) келса, золим қавмдан ўзга биров ҳалок қилинурми?!
(Йўқ, фақат золим қавм, яъни, сизлар ҳалок қилинурсизлар).

48. Биз пайғамбарларни фақат (жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (дўзах азобидан)
огоҳлантирувчи бўлган ҳолларидагина юборамиз. Бас, кимлар иймон келтириб,
(ўзларини) тузатсалар, уларга хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.

49. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса итоатсиз бўлганлари сабабли
азобга гирифтор бўлурлар.

50. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг
ҳазиналари мавжуд» демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Яна сизларга: «Мен
фариштаман» ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинадиган нарсаларгагина
эргашурман». Айтинг: «Кўр билан кўргувчи (яъни йўлсиз билан Аллоҳнинг йўлида
юргувчи) киши баробар бўлурми?! Ахир тафаккур қилмайсизларми?!» 

51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир
дўст ва на бир қўлловчи бўлмаган ҳолда Парвардигорлари даргоҳида тўпланишдан
қўрқадиган зотларни огоҳлантиринг! Шояд улар (Аллоҳдан) қўрқсалар.

52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз эртаю кеч Парвардигорларининг юзини истаб,
унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангизда
уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан
 



уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб
қолманг!

53. «Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?» дейишлари
учун уларнинг баъзиларини биъзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Ахир шукр
қилгувчиларни Аллоҳ яхшироқ бигувчи эмасми?!
Изоҳ: Юқоридаги икки оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган.
Маълумки, пайғамбар алайҳиссалом иймон келтириб, итоат этган кишиларнинг
кўпчилиги камбағал, бечоралар эди. Улар кечаю кундуз сидқидилдан Аллоҳга ибодат
қилар эдилар. Буни кўрган Макка зодагонлари пайғамбар алайҳиссаломга: «Агар мана
шу ялангоёқларни ҳузурингдан ҳайдаганингда, бизлар сенга эргашар эдик», дейишади.
Шунда пайғамбарнинг кўнгиллари бўлинмаслиги учун юқоридаги: «Бас, уларни ҳайдаб
золимлардан бўлиб қолманг!» деган калималар билан тугалланган оят нозил бўлади.
Кейин эса мушриклар: «Агар Муҳаммаднинг йўли ҳақ бўлганида, ўша йўлга бизлар
юрган бўлур эдик. Чунки тангри ҳеч қачон биздек зодагонларни қўйиб, у ялангоёқларга
тўғри йўлни инъом этмайди», деб даъво қиладилар. Қуръон бу ҳолни «Бойларни
камбағаллар билан имтиҳон қилиш» деб атаб: «Ахир шукр қилгувчиларни Аллоҳ
яхшироқ бигувчи эмасми?!» дейди.

54. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон Сизнинг олдингизга Бизнинг оятларимизга
иймон келтирадиган зотлар келсалар Сизлар уларга: «Салом алайкум - сизларга
тинчлик бўлсин, Парвардигорингиз ўз зиммасига раҳмат - марҳамат қилишни
ёзгандир. Сизлардан ким билмасдан бирон ёмонлик (гуноҳ) қилса, сўнгра ўша
ёмонлигининг кетидан тавба қилиб, (ўзини) тузатса, бас, (гуноҳи кечирилади), албатта
(Аллоҳ) мағфиратли, меҳрибондир», деб айтинг.  

55. (Ҳақиқий мўъминлар кимлар экани маълум бўлиши) ва жиноятчи кимсаларнинг
йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни мана шундай муфассал қилурмиз.

56. Айтинг: «Мен Аллоҳни қўйиб, сизлар илтижо қилаётган бутларга бандалик
қилишдан қайтарилганман». Айтинг: «Мен сизларнинг ҳавойи-нафсларингизга
эргашмайман. Зеро, у ҳолда йўлдан озурман ва ҳидоят топгувчилардан бўлмай
қолурман».

57. Айтинг: «Мен Парвардигорим тарафидан (унинг ёлғиз маъбуд эканлиги хусусида)
аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар эса уни (яъни Аллоҳ ягона тангри эканини) ёлғон
дедингиз. Сизлар шоштираётган нарса (яъни Аллоҳнинг азоби) менинг илгимда эмас,
ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У Зот фақат ҳақни сўйлар. У (ҳақ билан
ноҳақни) ажратгувчиларнинг энг яхшисидир.

58. Айтинг: «Агар сизлар шошираётган нарса менинг илгимда бўлганида эди, албатта
сизлар билан ўртамиздаги иш тугаган бўлур эди (яъни мен сизларни дарҳол азоблаган
бўрур эдим). Аллоҳ золимларни жуда яхши билгувчидир».

59. Ғайб очқичлари унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз ўзигина билур. У қуруқлик ва
денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шоҳидан узилиб) тушмас, магар у
билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта очиқ китобда (яъни
Лавҳул маҳфузда) мавжуддир.  

60. У кечаси «жонларингизни оладиган» (яъни уйқу берадиган), кундузи қилган
ишингизни биладиган зотдир. Сўнгра айтилган ажал (яшаш учун берилган муҳлат) адо
 



қилиниши учун унда (яъни кундузи) сизларни «тирилтирур». Кейин ўзига қайтишингиз
бордир. Сўнгра сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.

61. У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. У Зот сизларнинг устингизга (қилган
амалларингизни) ёдлаб олгувчи фаришталарни элчи қилиб юборур. Қачонки,
бировингизга ўлим келса, элчиларимиз сусткашлик қилмаган ҳолларида унинг жонини
олурлар.

62. Сўнгра (бандалар) ҳақиқий ҳожалари - Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким,
ҳукм қилиш унинг ўзигагина хосдир ва у жуда тез ҳисоб-қитоб қилгувчидир.

63. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизлар (бошларингизга турли кулфат-
балолар тушганда): «Қасамки, агар бизга мана шу (балолардан) нажот берса, албатта
шукр этгувчилардан бўлурмиз», деб (ошкора ва) ҳуфёна тавба-тазарру қилган ҳолда
илтижолар қиладиган пайтларингизда сизларга қуруқлик ва денгиз зулмат-балолардан
ким нажот берур?» 

64. Айтинг: «Сизларга у (бало)лардан ҳам, барча ғамлардан ҳам Аллоҳнинг ўзи нажот
берур. Сўнгра сизлар яна ширк келтирурсиз!»

65. Айтинг: «(Аллоҳ) сизларга устингизда ё оёқларингиз остидан азоб юборишга ёки
сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб ёки қориштириб (яъни бири бирига душман
тўдаларга айлантириб) юбориб, айримларингизга айримларингизнинг зарарини
топтириб қўйишга қодир бўлган зотдир». Қаранг, англаб етармиканлар, деб
оятларимизни қандай баён қилмоқдамиз.
Изоҳ: Дарвоқеъ, англаб етмоғимиз зарурки, мусулмонлар учун энг катта бало уларнинг
бир-бирларига душман тўдаларга айланиб олишларидир. Ҳазрати Расулуллоҳ
саллолоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда шундай деганлар: «Мен Аллоҳ таъолодан
умматимга устиларидан ёки оёқларининг остидан бало-азоб юбормаслигини сўраган
эдим, У Зот сўраганимни берди, аммо улар бир-бирларига ёвлашмасликларини
сўраганимда, У Зот сўраганимни бермади. Жаброилнинг хабар беришича, менинг
умматим бир-бирига қарши кўтарган қиличлари сабабли йўқ бўлар экан».  
(Тафсири Насафийдан)

66-67. Қавмингиз уни (яъни Қуръонни) ёлғон деди. Ҳолбуки у ҳақдир. Уларга айтинг:
«Мен устингизда вакил - қўриқчи эмасан. Ҳар бир хабарнинг ўз ўрни бор яқинда
билажаксиз».

68. Қачон бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни
кўрсангиз, то улар бошқа гапга киришмагунларича сиз улардан юз ўгиринг! Энди агар
шайтон ёдингиздан чиқарса, эслагингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!

69. Тақво қилувчи зотлар зиммасида у (қавм)ни ҳисоб-китобидан ҳеч нарса йўқ. Лекин
улар (яъни ўша жоҳил кимсалар бизнинг оятларимизни масхара қилишдан)
сақланишлари учун (тақводор зотлар уларга) эслатиб қўймоқлари (лозимдир).

70. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), динларини ўйин-ҳазил қилиб олган, ҳаёти дунёга
алданиб қолган кимсаларни тарк қилинг ва уни (яъни Қуръонни) одамларга эслатиб
қўйинг. Токи бирон жон (қиёмат кунида) ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир
қўлловчи бўлмаган, агар бор нарсани берса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолда,
касб қилган (гуноҳлари) сабабли ҳалокатга (дўзахга) ташланмасин. Ана ўша кимсалар
 



қилган амаллари сабабли (Аллоҳнинг азобига) ташланурлар. Улар учун кофир
бўлганлари сабабли қайноқ сувдан иборат ичимлик ва аламли азоб бордир.  

71. Айтинг: «Аллоҳдан ўзга, бизга фойда ҳам, зиён ҳам келтирмайдиган нарсага дуо-
илтижо қиламизми? Ва Аллоҳ бизни ҳидоят қилганидан сўнг яна ортимизга
(динсизликка) қайтариламизми?! Худди жинлар чалиб, лол-хайрон ҳолда (номаълум)
ерга олиб кетган ва дўстлари: «Кел», деб ҳидоятга чорлаётган (аммо дўстларининг бу
даъватларига қулоқ солмаётган) кимсага ўхшаб-а?» Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина
тўғри йўлдир. Биз барча оламлар Парвардигорига бўйсунишга маъмурмиз (амр
этилганмиз).

72. (Бизларга) «Намозни тўкис адо қилингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз», (деб
буюрилгандир). У (ҳаммангиз қиёмат кунида) ҳузурига тўпланадиган Зотдир.

73. У осмонлар ва ерни ҳаққи рост яратган Зотдир. У: «Бўл», деган куни (барча нарса
пайдо) бўлур. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган (яъни қиёмат қойим бўладиган)
кунда подшоҳлик ёлғиз уникидир. У ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора
нарсаларни) билгувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабардор бўлган
Зотдир».

74. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Иброҳим отаси Озорга: «Сен бутларни худо
қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан», деган эди.  

75. Шундай қилиб, биз Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ
ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мамлакатларини кўрсатурмиз.

76. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб, «Мана шу Парвардигорим»
деди. У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди.  
Изоҳ: Иброҳим алайҳиссалом бу сўзни эътиқод қилиб эмас, балки юлдуз, ой ва қуёшни
илоҳ деб сиғинаётган мушрикларга танбеҳ бўлсин, деб айтгандирлар.

77. Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим» деди. У ҳам ботиб
кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озиб
қолган қавмдан бўлиб қолурман», деди.

78. Сўнг қачонки чиқаётган қуёшни кўргач, «Мана шу Парвардигорим. Мана шу
каттароқ-ку!» деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан
покман.

79. Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга
қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди.

80. Қавми у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир
унинг ўзи мени ҳидоят қилди-ку! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган (бутларингиздан)
қўрқмайман (чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим
хоҳлаган нарсагина бўлур. Парвардигорим барча нарсани ўз илми билан қамраб
олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!», деди.  

81. «Сизларга (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган ҳолда (мана бу бутларни) Аллоҳга
шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган
 



бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангизлар, (айтинглар-чи), қайси гуруҳ
(қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?» 

82. Иймон келтирган ва ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар -
ана ўшалар учун хотиржамлик бордир ва ана ўшалар ҳидоят топгувчидирлар.  

83. Мана шулар бизнинг Иброҳимнинг қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз
ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта
Парвардигорингиз ҳикмат эгаси ва билгувчидир.

84. Биз унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг
барчаларини биз ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам биз ҳидоят қилган эдик. Унинг
(Нуҳнинг) зурриётида Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам биз
ҳидоят қилдик). Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

85. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам биз ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ
бандалардандир.  

86. Исмоил, ал-Ясаъ (Ювшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам биз ҳидоят қилдик). Ва
барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик.  

87. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам (ўзимиз
хоҳлаган кишиларни ҳақ йўлга ҳидоят қилдик). Биз уларни сайлаб, тўғри йўлга ҳидоят
қилдик.  

88. Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларни
ҳидоят қилур. Агар улар мушрик бўлганларида, қилган амаллари беҳуда кетган бўлур
эди.

89. Ана ўша зотларга биз китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганмиз. Бас, агар бу
оятларни ана ўшалар (яъни Макка мушриклари) инкор этсалар биз бу (оятларни) инкор
қилмайдиган қавм (яъни мўъмин-мусулмонлар) учун тайёрлаб қўйганмиз.

90. Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас,
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун (яъни Қуръон учун)
ҳақ сўрамайман. Бу (китоб) бутун оламлар учун эслатма-ҳужжатдир, холос».

91. (Яҳудийлар): «Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», деган пайтларида,
Аллоҳни тўғри таний олмадилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз (уларга): «Одамлар
учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолда Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим
оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оят)ларини эса яшириб
юрадиган китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?! (Ахир ўша китобда) сизларга
ўзларингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсалар таълим берилган эди-ку?!»-
деб айтинг! Сиз ўзингиз «Аллоҳ» деб (жавоб қилинг)! Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган
(нотўғри йўлларида адашган) ҳолларида тарк этинг!

92. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу (Қуръон) биз нозил қилган бир муборак китобдир,
ўзидан олдинги (китоб)ларни тасдиқлагувчидир. (Биз уни) токи сиз барча қишлоқ
шаҳарларнинг онаси - маркази бўлмиш (Макка аҳли)ни ҳамда унинг атрофидаги
кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун нозил қилдик. Охиратга иймон
 



келтирадиган кишилар унга (яъни Қуръоннинг каломуллоҳ эканига) иймон
келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар.

93. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга
ваҳий келди» деган кимсадан ҳамда: «Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини
(ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан» деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари
қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу кун сизлар - Аллоҳ шаънига ноҳақ
гапларни айтганларингиз ва унинг оятларидан юз ўгириб, кибру-ҳаво қилганларингиз
сабабли ҳорлик азоби билан жазоланасизлар», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди.

94. Мана, бизнинг ҳузуримизга сизларни аввалбошда қандай яратган бўлсак, шундай
ёлғиз ҳолда келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни мақтанадиган мол-
дунёларингизни) ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Аллоҳга
шерик деб гумон қилган - қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб
қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!

95. Албатта Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб ундургувчидир. У зот ўликдан тирикни
чиқарур, яна у зот ўликни тирикдан чиқаргувчидир. Ана ўша Зот Аллоҳдир. Бас, қаёққа
бурилиб кетмоқдасизлар?!
Изоҳ: Бу оят қайта тирилиш - охират борлигига ибратли бир далилдир. Уламолар:
«Жонсиз нутфа ёки тухумдан инсон ёки паррандаларни чиқарган, инсон,
парраналардан эса ўша жонсиз нарсаларни чиқарадиган Аллоҳ таъоло шубҳасиз,
тупроққа айланган жасадларни ҳам қайта тирилтиришга қодирдир», дейдилар.

96. (У зулматни ёриб) тонгни чиқаргувчидир. У кечани сукунат-ором қилиб қўйди,
қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу қудратли ва билгувчи зотнинг ўлчовидир.

97. У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни
яратиб қўйган зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.  

98. У сизларни бир жондан (Одам алайҳиссаломдан) пайдо қилган Зотдир. Бас, (сизлар
учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонат турадиган жойдир. Англайдиган қавм
учун оятларни батафсил баён қилдик.

99. У осмондан сув тушурган Зотдир. Бас, бу сув ёрдамида ҳар турли набототни
чиқардир. Ундан эса гиёҳдарни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни
(яъни бошоқларни) чиқарурмиз. Ҳурмо новдаларидан (йиғиб териб олгувчилар учун)
яқин бошлар - ғужумлар (бўлур). Яна узумзор боғларни ҳамда (барглари) бир-бирига
ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз. Эй
инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган
ҳолига боқинг. Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар
мавжуддир.

100. (Мушриклар) Аллоҳга жинларни шерик қилдилар (яъни жинларни ҳам худо деб
билдилар). Ҳолбуки, уларни (Аллоҳнинг) ўзи яратган эди. Яна унинг учун билмаган
ҳолларида ўғил-қизлар «ясаб» олдилар. У Зот булар сифатлаётган нарсалардан
(шериклар ва болалардан) пок ва юксакдир.

101. (У зот) осмонлар ва ерни пайдо қилгувчидир. Унинг жуфти йўқдир. Қаёқдан
боласи бўлсин! У ҳамма нарсани яратди ва у ҳамма нарсани бигувчидир.
 




102. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар унинг ўзи
бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, унга бандалик қилингиз. У ҳамма
нарсанинг устидаги вакил-муҳофаза қилгувчидир.

103. Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир.

104. Сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар келмишдир. Ким (уларни) кўрса, ўзи
учун кўрур. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зиёндир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи
эмасман.

105. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизга кофирлар: «Аввалги китоблардан) ўрганиб
олгансан», дейишлари учун ва биладиган қавмга равшан қилиб бериш учун
оятларимизни мана шундай баён қилиб берурмиз.  

106. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиздан сизга ваҳий қилинган
ансаларга эргашинг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар унинг ўзи бордир. Мушриклардан юз
ўгиринг!  

107. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улар мушрик бўлмаган бўлур эдилар. Биз сизни
уларнинг устида қўриқчи қилиб қўйганимиз йўқ. Сиз уларнинг устида вакил ҳам
эмассиз!  

108. (Эй, мўъминлар), сизлар Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни(нг бутларини)
сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Биз ҳар
бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра
Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, у Зот уларга қилиб ўтган амалларининг
хабарини берур.  

109. улар агар бирон оят-мўъжиза келса, албатта унга иймон келтиришлари ҳақида
жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичдилар. Айтинг: «Оятлар фақат Аллоҳнинг
ҳузуридадир». Қаердан билурсизлар (эҳтимол) оят келган вақтда ҳам иймон
келтирмаслар.

110. Ва биз худди аввалбошда унга (яъни Аллоҳнинг оятларига) иймон
келтирмаганлари каби уларнинг дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз
туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз.
 



Саккизинчи жузъ

111. Агар биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни
туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида
ҳамда барча нарсани (ҳалойиқни) уларнинг очиқ-аён тўплаганимизда ҳам, улар иймон
келтиргувчи бўлмайдилар, магар Аллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин
уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.

112. Шунингдек, биз ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни
душман қилиб қўйдик. Улар (ўзларига қулоқ согувчиларни) алдаш учун гўзал (ялтироқ)
сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган
бўлур эдилар. Бас, сиз уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!

113. Ундай сўзларга охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши
учун ва ўша сўзларга рози бўлиши, ўзлари қилмоқчи бўлган (гуноҳларини) қилишлари
учун (инсонлардан ва жинлардан бўлган шайтонлар уларни васваса қиладилар).

114. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга айтинг): «Мен Аллоҳдан ўзгани ҳакам
қилиб олайми?! Ахир унинг ўзи сизларга бу китоб (Қуръонни) муфассал (яъни сизлар
талашиб-тортишаётган барча масалаларга тўла-тўкис жавоб берадиган) ҳолда нозил
қилган зот-ку?» Биз китоб берган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) унинг
(Қуръоннинг) Парвардигорингизда ҳаққирост нозил қилинганини билурлар. Бас, сиз
ҳаргиз (биз сизга нозил қилган нарсалардан) шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
Изоҳ: Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга ўзларининг пайғамбарликларини
исботлаш учун яҳудий, насронийлардан ҳакам тайинлашни таклиф қилганларида, ушбу
оят нозил бўлган экан.  

115. Парвардигорингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини
 
бирон ўзгартиргувчи
 
йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир.
 

116. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сиз ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига
итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан), улар
фақат ўзларича (ҳақ деб ўйлаган) гумонларигагина эргашурлар ва улар фақат (ўзларини
ҳам, ўзгаларни ҳам) алдайдилар холос.

117. Албатта Парвардигорингиз унинг йўлидан адашган кимсаларни жуда яхши
билгувчидир. Ва у ҳақ йўлда юргувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.

118. Бас, (эй мўъминлар), агар сизлар Аллоҳнинг оятларига иймон келтиргувчи
бўлсангизлар, Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан (яъни Аллоҳнинг номи
айтилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан) еяверинглар.  

119. Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир у
сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар мустар - ночор
бўлиб қолган ҳолларингиздагина (у ҳаром қилинган нарсалардан ҳам ейишларингиз
мумкин). Шубҳасиз кўп (кишилар) билмаган ҳолларида ўз ҳою ҳаваслари билан
(ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта Парвардигорингиз бундай тажовузкор
кимсаларни билгувчидир.

120. Гуноҳнинг очиғини ҳам, маҳфийсини ҳам тарк қилингиз! Албатта гуноҳ қилгувчи
кимсалар ўзлари қилиб ўтган гуноҳларига жазо олажаклар.
 
 




121. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу (иш)
итоатсизликдир. Албатта шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан
жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-
шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар.

122. Ахир аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (ҳақ йўлга ҳидоят қилиш билан)
тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб
қўйганимиз бир киши - зулматларда қолиб кетган ва ундан чиқувчи бўлмаган кимсага
ўхшайдими?! (Мўъминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам
қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди.

123. (Худди Макка зодагонларини ҳақ диндан тўсадиган фосиқ,итоатсиз кимсалар
қилганимиз каби) ҳар бир қишлоқ катталарини ўша жойдаги (одамларни ҳақ йўлдан
тўсиш учун) ҳийла-найранглар қиладиган жиноятчилар қилиб қўйдик. Улар фақат
ўзларинигина алдайдилар холос. Лекин ўзлари сезмайдилар.

124. Қачон уларга (Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканлиги ҳақида) бирон
оят келса: «То бизга ҳам Аллоҳнинг пайғамбарларига берилган оятларига ўхшаш
(оятлар) берилмагунча (яъни бизга ҳам ваҳий келмагунча), ҳаргиз иймон
келтирмаймиз», дейдилар. Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ
билгувчидир. Яқинда Аллоҳ ҳузурида бундай жинояткорларга ўзлари қилиб ўтган
ҳийла-найранглари сабабли хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир.

125. Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб
қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб
кетаётгандек тор ва танг қилиб қўяр. Шунингдек, Аллоҳ ўз азобини иймонсиз
кимсаларга (жазо) қилур.  
Изоҳ: Ушбу ояти каримани қўйидаги ҳадис орқали яхшироқ англаб олиш мумкин:
пайғамбар алайҳиссалом: «Қачон қалбга иймон нури кирса, у кенгайиб, очилиб
кетади», дедилар. Шунда сўралдики, «бунинг аломати недир?» У зот айтдилар:
«Қалбги иймон жо бўлганининг аломати у қалбнинг мангулик диёрига мойил бўлиши,
ғурур-алдов диёридан четланиб, ўлим тушишидан илгари ўлимга тайёрланиб
қолишидир». Адашган кимсалар эса иймон-ислом сўзини эшитсалар, худди сийрак
ҳаволи осмонга кўтарилиб кетаётгандек, дунё уларга торлик қилиб, гўё нафас ололмай
қоладилар.

126. Мана шу Парвардигорингизнинг тўғри йўлидир. Биз эслатма-ибрат олгувчи қавм
учун оятларни батафсил баён қилдик.  

127. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида дорус-салом (тинчлик диёри, яъни жаннат)
бордир. Ва қилиб ўтган амаллари сабабли (Аллоҳ) уларнинг дўстидир.  

128. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, эсланг, Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган
кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз» дер). (Шунда)
у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлар: «Парвардигоро, бизлар бир-биримиздан
фойдаландик ва ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик, деганларида,
(Аллоҳ) айтур: «Жойингиз дўзахдир. Унда абадий қолурсиз. Магар Аллоҳнинг хоҳиши
билангина (чиқишингиз мумкин)». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим
соҳибидир.
 



129. Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига
дўст қилиб қўюрмиз.  

130. Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар менинг
оятларимни сўзлаган ва сизларни мана шу (яъни қиёмат) кунингиздаги учрашувдан
қўрқитган ҳолларида келмадиларми? Улар: «Ўзимизнинг зиёнимизга гувоҳмиз (яъни
ўша пайғамбарлар келган эди)» дедилар. Уларни ҳаёти дунё алдаб қўйди. Ва кофир
эканликлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бердилар.

131. Бунга (яъни аввал пайғамбарлар юбориб огоҳлантиришига) сабаб
Парвардигорингиз аҳолиси ғофил бўлган қишлоқ-шаҳарларни зулм билан ҳалок
қилгувчи эмаслигидир.

132. Ҳар ким учун қилган амалларидан даражот-савоблар бор. Парвардигорингиз
уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.

133. Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. (Эй золимлар), агар у зот хоҳласа,
худди сизларни бошқа қавмнинг зурриётидан пайдо қилгани каби, сизларни кетказиб,
ортингиздан ўзи истаган халқни халифа-ўринбосар қилур.

134. Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, охират, қиёмат куни)
ҳеч шак-шубҳасиз келгувчидир. Сизлар (Аллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутила олгувчи
эмассиз.

135. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни,
куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган)
амални қилгувчиман. Бас, яқинда охират диёридаги оқибат кимнинг фойдасига
бўлишини билажаксиз». Шубҳасиз, золим кимсалар нажот топмаслар.

136. (Мушриклар) Аллоҳ учун унинг ўзи яратган экин ва чорвалардан бир улуш
ажратиб, ўзларича «бу Аллоҳ учун, бу (қолгани) эса шерикларимиз - бутларимиз
учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Аллоҳ (улушига) қўшилмайди. Аллоҳ
учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!

137. Шунингдек, шериклари - бутлари мушрикларни ҳалок жтиш ва динларни
чалкаштириб юбориш учун улардан кўпларига ўз болаларини ўлдириш (яъни ўз
бутлари учун қўрбон қилишни) чиройли кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, бу
ишни қилмаган бўлур эдилар. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз уларни тухмат-
бўхтонлари билан тарк қилинг!

138. Улар ўзларича: «Мана бу ҳайвон ва экинлар ҳаром. Уларни фақат биз хоҳлаган
кишиларгина (яъни бутхона ҳизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу
ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда)
Аллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларнинг номини айтадилар ва мана
шу қилмишларини Аллоҳ амри деб), у зотга туҳмат қиладилар. Яқинда бу туҳматлари
сабабли уларга ўзи жазо беражак.

139. Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз
учундир», дедилар. Агар у нарса (яъни ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари
шерикдирлар (Яъни эркак-хотин ҳаммалари еяверишади). Яқинда бундай (ўзларича
 



ҳалол-ҳаром деб) сифтларнлари учун уларга ўзи жавоб беражак. Албатта у ҳикмат ва
билим соҳибидир.

140. Ўз болаларини ақлсизлик, билимсизлик билан ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб,
Аллоҳ берган (ҳалол) ризқни ҳаром қилиб олган кимсалар муттақийки, (ўзларига) зиён
қилдилар, улар аниқ адашдилар ва тўғри йўлга юргувчи бўлмадилар.

141. (Аллоҳ сўри-токларга) кўтарилувчи ва кўтарилмайдиган боғларни, ҳурмозорлар ва
мевалари хилма-хил бўлган экинларни, (барглари) бир-бирига ўхшаган ва (мевалари
эса) ўхшамаган зайтун ва анорларни яратган зотдир. (Эй инсонлар), сизлар (боғ-
роғларингиз) мевалаганда мевасидан енглар, ўрим терим кунида (бечора
мискиннларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар. Албатта у исроф
қилгувчиларни севмас.

142. (У зот) ҳайвонлардан юк ташувчиларни ва (сўйиш учун) ётқизиладиган
ҳайвонларни яратди. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар. Ва
(ўзингизча ҳалол-ҳаром деб) шайтоннинг изидан эргашманглар. Албатта, (шайтон)
сизларга очиқ душмандир.  

143. (Аллоҳ) саккизта жуфтни (яратди). Қўйдан иккини (яъни эркак ва урғочини),
эчкидан иккини яратди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзларича ҳаром қилиб олгувчи
мушрикларга айтинг: «(Аллоҳ бу ҳайвонлардан) иккала эркагини ҳаром қилганми ё
иккала урғочисиними? Ёки иккала урғочининг бачадонларида бўлган ҳомиланими?!
Агар ростгўй бўлсангизлар, бирон ҳужжат билан менга хабар беринглар-чи?!» 

144. (У зот) туядан иккини, қорамолдан иккини (яратди). Айтинг: «Иккала эркагини
ҳаром қилганми, ё иккала урғочисиними, ёки иккала урғочининг қоринларида бўлган
ҳомиланими?! Ёки Аллоҳ сизларни шунга (яъни ҳаром қилишга) буюрганига гувоҳ
бўлганмидингизлар?! Билмаган ҳолда одамларни йўлдан оздириш учун Аллоҳ шаънига
ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят
қилмас.

145. Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган
нарсаларни кўпайтирмаяпман. Магар ўлакса, ё тўкилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса,
бас, у албатта ҳаромдир. Ёҳуд Аллоҳдан ўзга учун (яъни бутларга) аталган фосиқлик
бўлса, (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда мустар - ночор бўлиб
қолса, (масалан, очликдан ўлмаслик учун ночор ҳолда у нарсалардан ейиш билан
гуноҳкор бўмас), зеро Парвардигорингиз мағфиратли ва меҳрибондир.

146. Биз яҳудийларга (туя, туяқуш, хўроз, ўрдак каби) барча тирноқликларни ҳаром
қилдик. Мол-қўйдан уларга ёғларни ҳаром қилдик. Магар (мол-қўйларнинг)
биқинларидаги ё ичларидаги ёки суякка аралашган ёғларигина (ҳаром эмасдир).
Золимликлари сабабли биз уларни шундай жазоладик. Албатта биз рост сўзлагувчимиз.

147. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар сизни ёлғончи қилсалар, айтинг:
«Парвардигорингиз чексиз меҳрибондир. Аммо унинг азоби бирон жиноятчи қавмдан
қайтарилмас».  

148. Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, на биз, на ота-
боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлур эдик»
дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини)
 



мана шундай ёлғончи қилганлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг:
«Олдиларингда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон
ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон
сўзламоқдасиз!»

149. Айтинг: «Аллоҳнинг эса етук ҳужжати бордир. Бас, агар у зот хоҳлаганида,
барчангизни ҳидоят қилган бўлур эди».

150. Айтинг: «Аллоҳ мана шу (мазкур нарсаларни) ҳаром қилганида, гувоҳлик
берадиган гувоҳларингизни келтирингиз!» Энди агар улар (ёлғон) гувоҳлик берсалар,
сиз улар билан гувоҳлик берманг (яъни уларнинг берган гувоҳликларига ишонманг)!
Ва бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган, охиратга иймон келтирмайдиган
кимсаларнинг хавойи нафсларига эргашманг. Улар Парвардигорларига (ўзгаларни)
тенглаштирурлар.  

151. Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни
тиловат қилиб берган: у зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик
қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз - сизларни ҳам,
уларни ҳам биз ризқлантирурмиз - бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, маҳфийсига ҳам
яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирмангиз, магар
ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани ё зино қилгани учун шариат ҳукми
билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана
шу нарсаларга буюрди.

152. Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина
яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни
тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик
берганингизда), гарчи қариндошларингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилингиз!
Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсизлар, деб
(Аллоҳ) сизларни мана шу нарсага буюрди.

153. Албатта мана шу менинг туғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа)
йўлларга эргашмангизки, улар сизларни унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво
қилсангизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюради.

154. Яна (билингизки) чиройли амал қилган зотларга (неъматимизни) комил қилиб
бериш ва нарсани аниқ баён қилиш учун ҳамда ҳидоят ва раҳмат бўлсин деб, биз
Мусога китоб (Таврот) ато этдик. Шояд (бани Исроил) Парвардигорларига рўбарў
бўлишларига иймон келтирсалар.

155. Мана бу эса биз нозил қилган муборак китоб - Қуръондир! Бас унга эргашингиз ва
(Аллоҳдан) қўрқингиз! Шояд раҳматга эришсангизлар.

156-157. Сизлар «Биздан аввалги икки тоифага (яъни яҳудий ва насронийларга) китоб
нозил бўлган, биз эса уларнинг дарсларини ўрганишдан ғофилмиз», демасларингиз
учун ёки: «Агар бизаг китоб нозил қилинганида, улардан тўғрироқ йўлда бўлур эдик»,
демасларингиз учун (сизларга бу Қуръонни нозил қилдик). Мана сизларга
Парвардигорингиздан ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Бас, Аллоҳнинг оятларини
ёлғон деган ва улардан юз ўгирган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Яқинда
оятларимиздан юз ўгирган кимсаларни юз ўгирувчи бўлганлари сабабли ёмон азоб
билан жазолагаймиз.  
 




158. Улар фақат (жонларини олиш учун ўлим) фаришталари келишини ё (қиёмат
кунида бандалари ўртасида ҳукм қилиш учун) Парвардигорингизнинг келишини ёки
Парвардигорингизнинг оятларидан - қиёмат аломатларидан айримлари келишини
кутмоқдалар холос. Парвардигорингзнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари
иймон келтирмаган ёки иймонда яхшилик касб қилмаган бирон жонга энди келтирган
иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!»

159. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз динларини бўлиб, ўзлари ҳам турли тўдаларга -
ҳизбларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада масъул эмассиз (яъни
улар сизга уммат эмаслар). Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин
(қиёмат кунида) У Зот улдарга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур.

160. Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Км бирон
ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас.

161. Айтинг: «Мени Парвардигорим тўғри йўлга, рост динга - ҳақ йўлга мойил бўлган
Иброҳимнинг миллатига ҳидоят қилди. У мушриклардан ўлмаган эди.

162-163. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни
қиладиган қурбонликларим) ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш
Аллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни ягона
Аллоҳга иҳлос-ибодат қилишга буюрилганман). Ва мен бўйсингувчиларнинг аввалги -
пешқадамиман.

164. Айтинг: «Аллоҳдан ўзгани Парвардигорим дейинми?! Ахир у барча нарсанинг
Парвардигори-ку?! Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир
кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас.
Кейин Парвардигорингизга қайтишларингиз бордир. Бас, у сизларга ихтилоф қилиб
ўтган нарсаларингизнинг (яъни қиёматнинг) хабарини берур.

165. У сизларни ерда (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин ҳалифа-ўринбосарлар
қилиб қўйган ва ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун
айримларингиздан (ризқу-рўз ва куч-қувватда) юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган
Зотдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Парвардигорингиз тезда
жазолагувчидир. Албатта у мағфиратли, меҳрибондир.

 

 

 

 

кейинги сахифа...

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов