"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

(10) «Юнус» сураси

Маккада нозил бўлган бу сура бир юз тўққиз оятдан иборат. Унда Исломий ақиданинг
асл моҳияти: Аллоҳга иймон келтириш, Унинг Китобларига, пайғамбарига, қайта
тирилтиришга ва Қиёмат Кунидаги жазо-мукофотга ишониш ҳақида сўз боради. У
Илоҳий китобларга, хусусан Қуръони каримга иймон келтиришга қизғин даъват
қилиши билан бошқа суралардан ажралиб туради.
Бу сура бошлаб пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, Аллоҳ аввалу охир
ҳамма бандаларга Ўз пайғамбарларини юборганини, бинобарин, охирги Пайғамбар
Мухаммад алайҳиссаломнинг келишларидан ажабланишга ўрин йўқлигини уқтиради.
Кейин Аллоҳ таоло банданинг ҳақиқати баён қилиниб, Яратган билан яралган
ўртасидаги алоқа қандай бўлиши лозимлиги айтилади ва одамларга Ҳақиқий
Парвардигорлари қандай Зот эканлиги танитилиб, фақат Унгагина ибодат қилишлари
дуруст ва зарур эканлиги таъкидланади. Яна бу сурада мушрикларнинг Қуръонга
бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилиниб, бу Китоб ҳақиқий Илоҳий мўъжиза
экани айтилади. Ва уни Муҳаммад ўзи тўқиб ёзган, деб ўйлайдиган кимсалар унга
ўхшаш биргина сура ёзиб берсинлар, деб уларнинг даъволари асоссиз эканлиги ошкор
этилади.
Сурада Нуҳ, Мусо, Юнус каби пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилинадики,
суранинг номи ҳам улардан бири - Юнус пайғамбар исмлари билан аталгандир. Сура
ниҳоясида эса Пайғамбар алайҳиссаломга фақат Аллоҳнинг кўрсатма-ваҳийларга амал
қилиш ва Аллоҳ Йўлида чекланадиган озор-машаққатларга сабру тоқат қилиш амр
этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, Лом, Ро. Булар ҳикматли Китоб оятларидир.

2. Бу одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга,
кофир) кимсаларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга
эса албатта улар учун Парвардигорлари ҳузурида азалий рост мартаба борлиги ҳақида
ҳушҳабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз қизиқ туюлдими?! Кофирлар: «Дарҳақиқат,
бу (яъни,Муҳаммад) зўр сеҳргардир»,-дедилар.

3. (Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб,
сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Аллоҳдир. У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур. (Қиёмат
Кунида) бирон қўлловчи бўлмас, магар Унинг изни-иродасидан сўнгра (қўллай олур).
Ана Ўша Аллоҳ Парвардигорингиздир, бас, унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат
олмайсизларми?!  

4. (Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Аллоҳнинг ҳаққирост
ваъдасидир. Албатта аввал-бошда барча нарсани Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон
келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат
Куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса қайноқ сувдан иборат
ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бўлур.  

5. У (Аллоҳ) қуёшни (кундузлари) зиё сочгувчи, ойни эса (кечалари) нур-ёруғлик
қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз
учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган Зотдир. Ҳеч шак-
шубҳасиз, Аллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (қонун ва ҳикмат) билан
яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилур.
 



6. Албатта кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ҳамда Аллоҳ осмонлар ва Ерда
яратиб қўйган нарсаларда Аллоҳдан қўрқадиган қавм учун оят-аломатлар бордир.  

7-8. Албатта Бизга рўбарў бўлишини умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина
рози бўлиб, ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан
ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари
сабабли дўзахдир.  

9. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни эса иймон-эътиқотлари сабабли
Парвардигорлари (жаннат йўлларига) ҳидоят қилур - ноз-неъмат боғларида
остларидан дарёлар оқиб турур.  

10. Уларнинг (жаннатларга қиладиган) дуолари: «Аллоҳим, Ўзингни поклаймиз»,
дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик тилашдир. Охирги
тилаклари эса барча оламлар Парвардигори - Аллоҳга ҳамду сано айтишдир.  

11. Агар Аллоҳ бу одамларга (яъни, мушрикларга) яхшиликни тез келтиргани каби
ёмонликни ҳам нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди. Бас. (Биз
уларга ёмонликни нақд қилмаймиз, балки) Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган
кимсаларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз.
Изоҳ: Ушбу оят Маккалик мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъватларига
қулоқ солмай: «Ё Аллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ дин бўлса, бошимизга осмондан
тош ёғдиргин»,- деб ўзлари учун ёмонлик тилаб дуои бад қилганларида нозил бўлган.
Бу оятдан икки маънони уқиш мумкин: биринчиси, мушрик кимсаларнинг нақадар
нодон эканликлари. Чунки улар доно ва тадбиркор бўлганларида: «Агар шу дин ҳақ
дин бўлса, бизларни ҳам шу динга, йўллагин», деб илтижо қилган бўлур эдилар.
Иккинчи маъно, айрим золим ва тажовузкор кимсаларнинг бемалол ҳаром-ҳариш
йўлларда айш-ишрат қилиб юришлари уларнинг тутган йўллари тўғри эканлигини
билдирмайди, билъакс, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлари учун Ҳақ Йўлни топа
олмай туғён ва исёнларда адашиб-улоқиб юрганларини билдиради.  

12. Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб
ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки Биз ундан зиён-мусибатини кеткизсак, гўё
(ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга дуо-илтижо қилмагандек (юз ўгириб)
кетур. Ҳаддан ошувчи кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб
қўйилди.

13. Аниқки, Биз сизлардан аввалги асрлардаги миллатларни ўзларига зулм қилганлари
ва пайғамбари очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтирган пайтларида, иймон
келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Биз жиноятчи қавни мана шундай жазолаймиз.

14. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўрайлик, деб Биз сизларни уларнинг
ортидан Ерга халифа (ўринбосар) қилиб қўйдик.

15. Қачон уларга (мушрикларга) Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса,
Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон
келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан
ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина
эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг
(Қиёматнинг) азобидан қўрқурман».  
 



16. Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур
эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон
нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир
ақл юргизмайсизларми?  
Изоҳ: Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлишларидан аввалги
қирқ йиллик умрлари Маккалик араблар кўз ўнгида ўтган бўлиб, бу давр мобайнида. У
зот на бир устоз кўрган эдилар ва на бир китоб мутолаа қилган эдилар. Бу ҳол у
кишини таниган-билган ҳамма замондош ва ватандошларига аён эди. Шунинг учун ҳам
қирқ ёшга тўлганларидан кейин Илоҳий оятларни тиловат қилиб, одамларни Ислом
динига даъват эта бошлаганларида, бу оятларнинг тенгсиз гўзал назми, тубсиз теран
мағзидан лол бўлган кўп кишилар бу башарнинг сўзи эмаслигига иймон келтирдилар.
Лекин Макка мушрикларидан айрим кимсалар бу илоҳий мўъжизанинг қадру
қимматини билмайдилар ва ҳатто пайғамбар алайҳиссаломнинг устларидан истеҳзо
қилиб кулишга ҳам бориб етдиларки, мазкур ва қуйидаги оятлар ана шундай кимсалар
ҳақида нозил бўлгандир.

17. Ахир Аллоҳ шаънига бўҳтон қилган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан
ҳам золимроқ ким бор?! Албатта (бундай) жиноятчи кимсалар нажот топмаслар.

18. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга
ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсаларга Аллоҳ ҳузурида
бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар. Айтинг: Аллоҳга осмонлар ва Ердаги
У Зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?! (Аллоҳ)
уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир.

19. (Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра
бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томонидан (яхши-ёмон амалларнинг
мукофат-жазолари фақат қиёматда бўлиши ҳусусида) Сўз ўтмаганида эди, талашиб-
тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни
диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар).

20. Улар: «Унга (яъни, Мухаммад алайҳиссаломга) Парвардигори томонидан бирон
оят-мўжиза тушса эди», дейдилар. Бас, (эй Мухаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ғайб
(яъни,келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат
Аллоҳникидир. Бас, кутаверинглар! Мен ҳам сиз билан бирга кўз тутгувчиларданман»

21. Қачон Биз бу одамларга уларга етган бало (қаҳатчилик)дан кейин раҳмат
(тўкинлик)ни тотдирсак, банагоҳ улар бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб,
масҳара) қилурлар. Айтинг: «Аллоҳнинг «макри» (азоби) жуда тездир».  

22. У (Аллоҳ) шундай Зотки, сизларни қуруқлик ва денгизда юргизур. То сизлар
кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни, сизларни)
олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-ҳуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур
ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини
билганларида: «Қасамки, агар мана шу(бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр
қилгувчилардан бўлурмиз», деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар.  

23. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бергач, баногоҳ улар ер юзида ноҳақ зулму
тажовузкорлик қилурлар. Эй одамлар, бу тажовузингиз фақат ўзингизнинг
зиёнгизгадир. (Сизлар бу арзимас ва қисқа) ҳаёти дунё матоси(дан фойдаланмоқдасиз).
 



Сўнгра бизга қайтишингиз бордир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингизни
билдирурмиз.

24. Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди биз осмондан ёғдирган бир сувга
ўхшайди, бас, одамзот ва чорва ҳайвонлари ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер
набототи у билан аралашиб, ҳатто Ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли
унга (яъни, Ерни қоплаган экин-тикинларни ўраб-янчиб олишга) Қодирмиз, деб ўйлай
бошлаганида, Ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни-кеча
обод бўлмагандек, «ўриб» (вайронага айлантириб) қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган
қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз.  

25. Аллоҳ тинчлик диёри - жаннатга дават қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни Тўғри
Йўлга ҳидоят қилур.  

26. Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир.
Уларнинг юзларини қаролик ҳам на хорлик ҳам қоплай олмас. Ана ўшалар жаннат
эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.

27. Ёмон амаллар қилган кимсалар учун эса ўша ёмонликлари баробарида ёмон жазо
бўлур ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Аллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан)
сақловчи бўлмас. Уларнинг юзларини гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплаб олгандек.
Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.  

28-29. У Кунда (Қиёматда) Биз уларнинг (яъни, инсонларнинг) ҳаммаларини
тўплаймиз, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар ҳам, Аллоҳга шерик қилиб
олган бутларингизни ҳам ўз жойингиздан жилмангиз!», деб уларнинг ўрталарини
ажратурмиз (яъни, мушриклар дунёда доим бирга бўлиб, сиғиниб юрган бутларидан
ажралиб қолурлар) ва бутлар (уларга): «Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни,
биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун бизга сиғинганларингизни билганимиз
йўқ). Бас, Аллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз
сизларнинг ибодатингиздан бехабармиз», дейдилар.  

30. Ўша ерда ҳар бир жон қилиб ўтган ишидан хабардор бўлур ва (ҳаммалари) ҳақиқий
Хожалари - Аллоҳга қайтарилурлар ҳамда ўзлари ўйлари ўйлаб, тўқиб чиқарган
бутлари улардан ғойиб бўлур.  

31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур
ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва
тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар
албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, Сизлар айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан)
қўрқмайсизларми?!»  

32. Бас, мана шу Аллоҳ - Ҳақиқий Парвардигорингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса
фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни ҳақиқий Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳдан
ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қай тарафга бурилиб
кетмоқдасизлар?!

33. Мана шундай қилиб, иймон келтирмаганлари сабабли итоатсиз бўлган кимсалар
устига Парвардигорингнизнинг («Албатта жаҳаннамни кофирлар билан тўлдирурман»,
деган) Сўзи ҳақ бўлди.  
 



34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида, аввал-бошда
ўзи яратиб, сўнгра яна қайта ярата оладиган биров борми?!» Айтинг: Аллоҳ аввал-
бошда Ўзи яратиб, сўнгра Ўзи яна қайта яратур. Бас, қай тарафга бурилиб
кетмоқдасизлар?!» 

35. Айтинг: (сўранг): Бутларингиз орасида Ҳақ Йўлга ҳидоят қила оладиган биров
борми?!» Айтинг: «Аллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур. Энди Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган
Зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки Ўзи
ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм
чиқармоқдасиз?!»  

36. Уларнинг кўплари (жонли-жонсиз бутларга сиғинишларига) фақат гумонга
эргашадилар, холос. Гумон эса бирор нарсада ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди.
Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини Билгувчидир.  

37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас.
Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак -
шубҳа бўлмаган ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва
(Шариат ҳукмларидан иборат) муфассал Китобдир.

38. Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-
салом), айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳни қуйиб кучларингиз
етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қурьон)га ўхшаш биргина сура
келтирингизлар».

39. Йўқ, улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил-моҳияти аён
бўллмасдан туриб «ёлғон», дедилар. Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарининг
сўзларини) мана шундай «ёлғон», деган эдилар. Мана энди ундай золим кимсаларнинг
оқибати қандай бўлганини кўринг!

40. Уларнинг (яъни мушрикларнинг) орасида унга (Қуръонга) ишонадиганлари ҳам
бордир. Парвардигорингиз бузғунчи кимсаларни жуда яхши Билгувчидир.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар Сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг:
«Менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар
менинг амалимдан поксизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиздан покдирман».

42. Уларнинг орасида Сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор, (аммо гаранг одамдек, Сиз
тиловат қилаётган Қуръон маьноларини англамайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари ақл
юргизмасалар, кар кимсаларга эшиттира олурмисиз?!

43. Уларнинг орасида Сизга қараб турадиганлари ҳам бор (аммо кўр одамдек, Сиздаги
Пайғамбарлик белгиларини кўрмайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари кўрмасалар, «кўр»
кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?!

44. Албатта, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар
(Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар.

45. (Аллоҳ) уларни, (яъни мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган кунда улар (бу
дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини
 



танирлар. Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар муҳакқақ зиён қилдилар ва
Ҳақ Йўлга юргувчи бўлмадилар.

46. Агар Биз уларга ваъда қилаётганимиз азобнинг баъзисини Сизга кўрсатсак ҳам
(яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган
азобларидан бир қисмини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан
илгарироқ) Сизни вафот қилдирсак ҳам, ҳар ҳолда Ўзимизга қайтишлари бордир.
Сўнгра Аллоҳ улар қилаётган барча ишларга Гувоҳдир.

47. Ҳар бир миллат учун пайғамбар бўлур. Бас, Қачон пайғамбарлари келганида, ўша
(миллат)ларга зулм қилинмаган ҳолда, уларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм
қилинур.
Изоҳ: Ислом таълимотига кўра, бу олам имтиҳон олами бўлиб, ҳар бир киши мана шу
имтиҳондан ўта олган-олмаганига қараб Охиратда мукофот ёки жазога мустаҳиқ
бўлади. Бандалар ўзларининг зиммаларидаги бурчларини ва ҳақ-ҳуқуқларини таниб,
Ҳақ Йўлни топиб, имтиҳондан муваффақият билан ўтишлари учун уларга Аллоҳ
таъоло пайғамбарлари орқали Ўз кўрсатмаларини юборади. Бу пайғамбарларнинг
аввалгиси Одам алайҳиссалом бўлса, сўнггиси Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу
иккалаларининг ўртасида юз минглаб пайғамбарлар ўтганлар. Бинобарин, бу дунёда
бирон миллат йўқки, у миллатга Аллоҳ пайғамбарларининг даъватини етказмаган
бўлса. Юқоридаги оятда уқтирилишича, Аллоҳ таъоло Ўзи яртаган ҳар бир миллатга
пайғамбар юбориб, Ўз Динига даъват қилади. Қачонки у миллат ўша пайғамбарни
ёлғончи қилиб, у келтирган диндан юз ўгирса, Қиёмат Кунида у миллатга ўша
пайғамбар гувоҳлигида адолат билан жазо берилади. Бу оят: «То пайғамбар
юбормагунча ҳеч кимни жазолагувчи эмасмиз», деган мазмундаги «Исро» сурасининг
14-оятига ҳамоҳангдир.

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб)
қачон бўлади?!»- дейдилар.

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Мен агар Аллоҳ хоҳламаса (ўзгалар у ёқда
турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман. (Бинобарин,
келажак, ғайб илмларидан ҳам хабардор эмасман, лекин) ҳар бир миллат-авлод учун
ажал бордир. Қачон ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари
ҳам қила олмайдилар.

50. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, улар У Зотнинг азоби сизларга кечаси ёки кундузи
келса (бундан сизларга не фойда?). Бу жиноятчи кимсалар (яъни мушриклар) у
азобнинг нимасини шоширмоқдалар-а?!

51. Сўнгра (Аллоҳнинг азоби бошингизга) тушганда, (сизларга): «Унга иймон
келтирдингизлар? Энди-я?! Ахир (азоб тушишига ишонмай) уни шошираётган
эдингизлар-ку!» (дейилур).

52. Сўнгра ўзларига зулм қилган бу кимсаларга айтилур: «Мангулик азобини тотингиз!
Сизлар фақат ўзларингиз касб қилган гуноҳларингиз сабабли жазоланмоқдасиз».

53. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?»,- деб
сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Парвардигоримига қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар
(ундан) қочиб қутилгувчи эмассизлар».
 



54. Улар азобни кўрган вақтларида агар ўзларига жабр қилган (яъни ҳаёти дунёдан
кофир ҳолда ўтган) ҳар бир жон учун Ердаги бор нарса бўлса, у (ўша азобдан қутулиш
учун) албатта уни (бор нарсасини) фидо қилган ва (иймон келтирмагани учун) афсус-
надоматлар чеккан бўлур эди. (У кунда) уларга зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида
адолат билан ҳукм қилинур. (Яъни бу дунёдаги қилмишларига яраша жазоланурлар).

55. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва ердаги бор нарсалар, шубҳасиз, Аллоҳникидир.
Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳаққи рост ваъдадир. Лекин уларнинг
кўплари билмайдилар.

56. У тирилтирур ва ўлдирур. Ва Унгагина қайтарилурсизлар.

57. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат,
дилларингиздаги (бузуқ эътиқодлардан иборат) нарсаларга шифо ва мўъинларга
Ҳидоят ва Раҳмат (яъни Қуръон) келди.

58. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни Ислом)
ва У Зотнинг раҳмат-меҳрибонлиги (яъни Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан
шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёлардан яхшироқдир».

59. Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган
ризқу рўздан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг:
«(Хабар берингиз-чи, бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ
шаънига бўхтон қилмоқдамисизлар?!» 

60. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар Қиёмат Куни ҳақида қандай ўйда
эканлар-а? Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга фазлу-марҳамат соҳибидир. Лекин
уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

61. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш)
ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални
қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда албатта Биз сизларнинг устингизда
гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарроа мисқоличалик, ундан ҳам кичикроқ (ёки)
каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда
(яъни Лавҳул-Маҳфузда) мавжуд бўлар.

62. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (Охиратда) бирон хавф-хатар
йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар.

63-64. Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам,
охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг Сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу
(мазкур неъматларга эришиш) буюк саодатдир.

65. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Уларнинг (кофирларнинг «Сен пайғамбар эмассан»
деган) сўзлари Сизни ғамгин қилмасин. Бутун Куч-Қудрат Аллоҳникидир. У
Эшитгувчи, Билгувчидир.

66. Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги ва ердаги барча жонзот ва махлуқот
Аллоҳникидир. Аллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар фақат гумонга
эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар, холос.
 



Изоҳ: Яъни, кўпдан-кўп одамлар тангри деб сиғинадиган осмонлардаги ва заминдаги
нарсаларнинг Яратгувчиси ҳам, Эгаси ҳам Ягона Аллоҳдир. Улар фақат ўз гумон ва
тахминларича, у махлуқотларни тангри деб илтижо қиладилар.

67. (Аллоҳ) сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат
қилишингиз учун) очиқ-ёруғ бўлган кундузни яратиб қўйган Зотдир. Албатта бунда
қулоқ тутиб англовчи қавм учун оят-аломатлар бордир.

68. «Аллоҳнинг боласи бор»,- дедилар. У Зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо
Покдир. У (барча оламлардан) Беҳожатдир. Осмонлардаги бор нарсалар ва ердаги бор
нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Аллоҳнинг боласи
бор, деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Аллоҳ шаънига ўзларингиз билмайдиган
нарсаларни айтаверасизларми?

69. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Шубҳасиз, Аллоҳ шаънига ёлғон
туқийдиган кимсалар нажот топмаслар».

70. (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнга Бизга қайтишади.
Анна ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.

71. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат килинг - у
қавмига (бундай) деган эди: «Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб)
турганлигим ва Аллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен
Аллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган
ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзларингизга махфий
бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман).
Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат
ҳам берманглар.  

72. Бас, агар (менинг қилган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан
(унинг учун) бирон ажр-ҳақ сўраганим йўқ (яъни менга ҳақ беришни истамаганликдан
эмас, балки бадбахтликларинг туфайли юз ўгирмоқдасизлар). Менинг ажр-савобим
фақат Аллоҳга ҳавола. Ва мен унга бўйсунувчи - мусулмонлардан бўлишга маъмурман
(амр этилганман)».

73. Сўнгра (қавми) уни (Нуҳни) ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга
бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни (ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига Ерда)
халифа қилдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом), мана (кофирликлари учун дўзах азоби билан) қўрқитилган
кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!

74. Сўнгра (Нуҳдан) кейин ҳам (кўп) пайғамбарларни ўз қавмларига юбордик. Бас, у
(пайғамбарлар) уларга очиқ ҳужжат-мўъжизалар келтирганларида, улар илгари ёлғон
деган нарсаларига (пайғамбарларнинг мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам)
иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкор кимсаларнинг дилларини Биз мана шундай
муҳрлаб қўюрмиз.

75. Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Ҳорунни ўз оят-мўъжизаларимиз билан
Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-
гуноҳкор қавм бўлдилар.
 



76. Бас, қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақиқат келганида, улар: «Бу очиқ
сеҳр»,- дедилар.

77. Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келган вақтида («Бу сеҳр»), дейсизларми? Сеҳрми
шу? Ахир сеҳргарлар нажот топмайдилар-ку?!» 

78. Улар дедилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни (амал қилган ҳолда) топган
(динимиздан) буриш учун ва (аканг Ҳорун билан) икковингиз еримизга эга бўлиб олиш
учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!»

79. Фиръавн ўз одамларига: «Барча билимдон сеҳргарларни келтирингиз!»,- деди.

80. Бас, қачонки сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: «Ташламоқчи булган
нарсаларингизни (яъни асо ва арқонларингизни) ташланглар»,- деди.

81. Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар
илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир.
Албатта Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро Аллоҳ бузғинчи кимсаларнинг ишини
ўнгламайди.

82. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ Ўз Сўзлари (яъни амру
фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».

83. Шунда Мусога унинг кмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг
одамларининг фитна-фасодидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар, холос. Чунки
Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир.

84. Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон
келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар -
таваккул қилинглар!»

85. Бас, улар айтдилар: «Аллоҳнинг ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу
золим қавмга мафтун-алданувчи қилиб қўйма!

86. Ва ўзинг раҳм айлаб бизларни бу кофир қавмдан қутқар!»

87. Биз Мусо ва унинг биродарларига: «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар
тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб (у уйларда) намозни тўкис адо
қилинглар! (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида)
хушхабар беринг»,- деб ваҳий юбордик.
Изоҳ: Фиръавн ва унинг одамлари бани Исроил қавмини қўрқитиб, уларнинг
ибодатхоналарини файрон қилиб юборганларида, Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарлари
Мусо ва Ҳорунга юқоридаги мазкур бўлган фармонни ваҳий қилиб юборган ва уларга
яқин орада Фиръавн зулмидан халос бўлиб, ғалаба қозонишлари ҳақида хушхабар
берган.

88. Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти
дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар (мана шу мол-
давлатлари билан одамларни) Сенинг Йўлингдан оздиришлари учун (шундай қилдинг).
Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин,
токи улар аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар.
 




89. (Аллоҳ) деди: «Икковингизнинг дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда
собит бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!»

90. Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик
қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкарлари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга
денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани
Исроил иймон келтирган Зот - Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен
мусулмонлардандирман - Аллоҳга бўйсинувчилардандирман».
Изоҳ: Мусо пайғамбар бани Исроил қавми билан бирга Фиръавннинг зулмидан
қутилиш учун Мисрдан чиқиб кетаётганларида, йўлларини тўсиб турган денгиз
Аллоҳнинг қудрати билан иккига бўлиниб, ундан ҳаммалари соғ-омон ўтиб олдилар.
Уларнинг ортидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкари эса денгизнинг ўртасига
етганларида иккига бўлинган денгиз бирлашиб, барчалари ғарқ бўлиб кетадилар.
Шунда бостириб келаётган денгиз тўлқинларини кўриб, ўлими кўзига кўриниб қолган
Фиръавн ўзининг ҳеч қандай худо эмас (ҳолбуки, шу пайтгача у ўзини худо деб даъво
қилиб келарди), балки ҳамма сингари одам эканлигини бўйнига олиб, Ягона Аллоҳдан
ўзга бирон илоҳ йўқлигига иймон келтиради ва «Мен мусулмонларданман, яъни,
Аллоҳга сўзсиз итоат қилгувчиларданман»,- дейди. Лекин қуйидаги оятлардан маълум
бўлишича, Аллоҳ унинг иймонини қабул қилмайди, балки бошқа одамлар кўриб ибрат
олсин деб, унинг жасади денгиз соҳилига чиқариб ташланади. Бу ояти каримилар
ислом таълимотидаги «бутун ҳаётини кофирлик-даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят
жони чиқар пайтида Аллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймони мақбул эмас»,-
деган ақиданинг асосидир.

91. Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи
кимсалардан бўлган эдинг-ку!

92. Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун Биз сенинг
жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан
ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар).

93. Шубҳасиз, биз бани Исроилни гўзал манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок
нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнг улар то билим (яъни Таврот) келгунича ихтилоф
қилмадилар. Албатта Парвардигорингиз Қиёмат кунида талашиб-тортишган нарсалари
ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи ҳакамлик қилур.
Изоҳ: Бани Исроил қавми Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган аввалги даврларида
ҳаммалари иттифоқ бўлиб яшардилар. Қачонки Мусога Таврот нозил бўлгач, уларнинг
ораларида ихтилоф пайдо бўлди. Юқоридаги оятда уларнинг ишларини
Парвардигорнинг Ўзига топшириш буюрилади.

94. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Биз сизга нозил этган нарсадан (яъни илгари
ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда
ўзингиздан аввалги Китоб (яъни Таврот ёки Инжилни) ўқийдиган кишилардан сўранг!
Аниқки, сизга Парвардигорингиз томонидан ҳақ - Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа
қилгувчилардан бўлманг!

95. Ва ҳаргиз Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиганлардан бўлмангки, у ҳолда
зиёнкорлардан бўлиб қолурсиз.
 



96-97. Албатта, зиммаларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни азоби) вожиб бўлган
кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни
кўрмагунларича иймон келтирмайдилар.

98. Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз
пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта
иймонлари фойда қилган (яъни ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина
(шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини
кетказдик ва уларни маълум вақтгача (яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича)
фойдалантирдик.
Изоҳ: Юнус пайғамбар ўз қавмини иймон келтириб, Аллоҳнинг динига киришга даъват
қилганларида иймон келтиришмагач, уларни бошларига тушажак азоб билан қўрқитиб,
ўзлари улар орасидан чиқиб кетадилар. Пайғамбарлари кетганидан кейин Аллоҳнинг
азоби яқинлашиб қолганини сезган қавм тавба-тазарруъ қила бошлайди. Шунда Аллоҳ
таъоло сидқидилдан қилинган тавбаларни қабул қилиб, уларни азобдан халос этади.

99. Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун ер юзидаги барча кишилар иймон
келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўъмин бўлишга мажбур қилурмисиз?
(Яъни бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки кишининг ўз ихтиёри билан келтирган
иймонигина ҳақиқий мақбул иймондир).

100. Ҳеч бир жон мўъмин бўла олмас, магар Аллоҳнинг изни иродаси билангина
(мўъмин бўлур). У (Аллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур.

101. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва ердаги
нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг Ягона Яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи
белгиларни) кузатинглар». (Лекин) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-
мўъжизалар ва қўрқитувчилар фойда бермас.

102. Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунига ўхшаш (бир
Кунни, яъни Қиёматни, Аллоҳнинг азоби)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Кутаверинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга
кутгувчиларданман».

103. Сўнгра (яъни Қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), Биз пайғамбарларииз ва иймон
келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, иймон келтирган зотларга нажот
бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди.

104. Айтинг: «Эй инсонлар, агар сизлар менинг динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас
(билингизки), мен сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат
қилмайман, балки сизларнинг жонингизни оладиган Зот - Аллоҳга ибодат қилурман.
Ва мен мўъминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман).

105-106. Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган Динда (Исломда)
тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Аллоҳни қўйиб, Сизга фойда ҳам, зиён ҳам
етказа олмайдиган нарсага дуо-илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда
албатта золимлардандирсиз!»

107. Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга
бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи
йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етакзур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.
 




108. Айтинг: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Қуръон келди. Бас,
ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) озса,
фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман».

109. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзингизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага (яъни,
амру фармонларга) эргашинг ва то Аллоҳ ўз ҳукмини қилгунича, (даъват йўлидаги
машаққатларга ва кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг. У Зот ҳукм
қилгувчиларнинг энг Яхшисидир.
 



(11) «Ҳуд» сураси
Бир юз йигирма уч оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил бўлган. Бу сурада ҳам
ёлғиз Аллоҳга, у зот юборгна пайғамбарларга ва улар келтирган динларнинг ҳақ
эканига иймон келтириш, қиёмат кунида қайта тирилиб, бу дунёда қилиб ўтган барча
яхши-ёмон амалларга яраша мукофот-жазо олишга ишониш исломий ақиданинг
моҳият-ҳақиқати экани борасида сўзланади. Бу сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб,
Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг қиссалари анча муфассал ҳикоя қилинадики, бундан
мурод - биринчидан, барча мўъминларга илгари ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи
қилишлари сабабли ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида маълумот бериш бўлса,
иккинчидан, яқинда икки азиз кишисидан - амакиси Абу Толиб ҳамда жуфти ҳалоли
Ҳадичадан ажралиб қолган вам удом Макка мушриклари томонидан озор-азиятларга
рўбарў бўлаётган Муҳаммад алайҳиссаломга ўтмишдошларининг ҳаёллари ва уларнинг
ҳаққа даъват қилиш йўлида чеккан машаққатларини баён қилиш билан таскин-тасалли
беришдир.  
Бу сурада Қуръони каримнинг айбу-нуқсонлардан пок ва назму мағзига ҳеч қачон, ҳеч
ким томонидан ҳалал етмайдиган илоҳий китоб эканини таърифлаш билан бошланиб,
Аллоҳ таъолонинг бандаларга пайғамбарлар юборишдан кўзлаган ҳикматини баён
этиш билан тугалланади. Бу сура Аллоҳ таъоло томонидан Од қавмига юборилган Ҳуд
пайғамбар номи билан аталгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Алиф, лом, ро. (Ушбу Қуръон) Сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз
учун, ҳикмат соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот - Аллоҳ томонидан оятлари
бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилиб (нозил бўлган) бир китобдир. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом, айтинг): «Албатта, мен сизларга у Зот тарафидан (юборилган
кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантириувчи ва (мўъминларга жаннат ҳақида)
хушхабар элтувчидирман».

3. (Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра
унинг ўзига тавба қилинглар. Шунда (у) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз
етгунича) чиройли мато - фойдаланиш билан фойдалантирур ва ҳар бир яхшилик
соҳибига яхшилик (яъни, ажр-мукофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда мен
сизларга улуғ кун (яъни, қиёмат куни) азоби етишидан қўрқаман.  

4. Аллоҳнинг ўзига қайтишларингиз бор. У эса ҳамма нарсага қодирдир.  

5. Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) ундан сир тутиш учун дилларидаги
(адоватлари)ни яширадилар. Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўраниб олган
чоғларида ҳам (Аллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур.
Дарҳақиқат, у зот дилларни эгаллаган, сирларни билгувчидир.  
 



Ўн иккинчи жузъ

6. Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот
уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-
равшан китобда бордир.
Изоҳ: Бу оятдаги очиқ-равшан китобдан мурод - Лавҳул-Маҳфуздир. Лавҳул-Маҳфуз
коинотдаги ўтгна, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва
нарсалар битилган ўчмас лавҳдир.  

7. У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш-амал қилиб яшашингизни синаш
учун олти кунда осмонлар ва ерни яратган зотдир. Илгари у зотнинг арши сув устида
(яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган) эди. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта
тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга
нарса эмас», дейдилар.  
Изоҳ: Ушбу ояти каримадан маълум бўлишича, Аллоҳ таъоло, осмонни заминни
якшанбадан жумагача - олти кунда яратгандир. Истаган нарсасини биргина: «Бўл»,
деган фармони билан йўқдан бор қилгувчи зотнинг еру кўкни яратишда бу қадар
шошмаганининг боиси коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг катта мавжудотгача
ҳамма нарса шунчалар чеварлик билан яратилиб, ўз ўрнига қўйилганки, бу тартиб
интизомга четдан бирон куч сунъий йўл билан дахл қилса - аралашса, бутун олам
мувозанатига футур етади. Бу ояти карима билан Аллоҳ таъоло бизларни ҳар қандай
муҳим ишларни қилишда, хусусан, ўзгаларнинг ҳёт-мамотларига алоқадор ишларни
амалга оширишда шошмасдан, мулоҳазалик билан қадам қўйишга даъват этади.

8. Қасамки, агар биз уларни азоблашни саноқли авлодгача (яъни, маълум муддатгача)
кечиктирсак, албатта улар: «Уни (азобни) нима тўсмоқда?», деб истеҳзо қиладилар.
Огоҳ бўлсинларким, у (азоб) келар кунидан улардан қайтиб кетувчи бўлмас ва кулиб
истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур.

9. Қасамки, агар биз инсон зотига ўз томонимиздан раҳмат-марҳаматимизни тотдириб,
сўнгра ўзимиз уни тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукрлик қилиши шубҳасиздир.

10. Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етганидан кейин биз ноз-неъматларни
тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди, (энди ҳеч қачон
қайтиб келмайди)», дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир.

11. Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда шукроналик билан) яхши
амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот
бўлур.

12. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эҳтимол сиз (мушриклар): «Унга осмондан ҳазин-
бойлик тушурилса, ёки у билан бирга (унинг пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган)
бирон фаришта келса бўлмасмиди?», деганлари сабабли ўзингизга ваҳий қилинаётган
оятларнинг айримларини (уларга етказишни) тарк қиларсиз ва шу сабабли дилингиз
сиқилар? (Йўқ, сиз ўзингизга нозил қилган оятларни тўла-тўкис ҳолда кишиларга
етказаверинг, чунки) сиз фақатгина (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчисиз,
холос. Аллоҳ ҳамма нарсанинг устида (кузатиб, билиб тургувчи) вакилдир.
 



13. Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У
ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларингизни
(ёрдамга) чорлаб, сизлар ҳам шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!»

14. Бас, агар улар (яъни Аллоҳни қўйиб, сиғинадиган бутларингиз) сизларга жавоб
қилмасалар, у ҳолда, билингизки, албатта (бу Қуръон) Аллоҳнинг илми азалийси билан
нозил қилингандир ва ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!
(Яъни, Аллоҳ ва унинг пайғамбарига бўйсунарсизлар?!)

15. Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга
қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу
дунёда зиён кўрмайдилар.

16. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир.
Уларнинг бу (дунёда) қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган барча
амаллари бефойдадир.

17. Ана энди Парвардигори томонидан аниқ ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган
киши (фақат ҳаёти дунё манфаатларини кўзловчи кимсалар билан баробарми?!)
Ҳолбуки, (Аллоҳ) томонидан бўлган шоҳид (яъни, Жаброил фаришта) унинг
(Муҳаммад алайҳиссаломнинг) ҳамроҳидир ва ундан (яъни, аниқ ҳужжат бўлган
Қуръондан) илгари Мусонинг китоби (Таврот) бордирки, у (бани Исроил учун келган)
пешво ва (Аллоҳнинг) марҳамати эди. Ана ўша зотлар (яъни, аниқ ҳужжат эгалари)
унга (Қуръонга) иймон келтирурлар. (Пайғамбар алайҳиссаломга қарши турган)
гуруҳлардан ким у Қуръонга кофир бўлса, унга ваъда қилинган жой - дўзахдир. Бас,
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз у (Қуръон) ҳақида шак-шубҳага тушманг. Албатта у
Парвардигорингиз томонидан келган ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон
келтирмайдилар.

18. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Ундай кимсалар
(қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳлар: «Мана
шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар», дейдилар. Огоҳ
бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур.  

19. У (золим) кимсалар (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, уни (Аллоҳнинг
йўлини) бузмоқчи бўладилар. Улар охиратга кофирдирлар.

20. Ундай кимсалар ер юзида (ҳеч қаерга) қочиб қутулолмас ва улар учун Аллоҳдан
ўзга дўстлар-ёрдамчилар ҳам бўлмас. Уларга азоб бир неча баробар қилинур. Улар
(гарчи уларга ҳақни эшитиб, кўришлари учун қулоқ, кўз берилган бўлса-да), эшитишга
кучлари етмади. Улар кўргувчи ҳам бўлмадилар.

21. Улар ўзларига зиён қилган кимсалардир. Ўзлари тўқиб олган бутлари эса (бирон
фойда бермай) улардан ғойиб бўлди.

22. Шак-шубҳа йўқки, улар охиратда янада қаттиқроқ зиён кўргувчилардир.

23. Албатта иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Парвардигорларига ором-итоат
билан бўйсунган зотлар - ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий
қолурлар.
 



24. Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўъминлар гуруҳининг) мисоли, худди
кўр ва кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисолидир. Шу иккаласи бир-бирига
баробар-ўхшаш бўлурми?! Эслатма-ибрат олмайсизларми?!

25. Дарҳақиқат, биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. (У деди): «Албатта,
мен сизларга (келган) очиқ огоҳлантиргувчиман.

26. Сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар. (Агар ёгиз Аллоҳдан ўзга бировга
сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб куни (тушиши)дан қўрқаман».

27. Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди
ўзимизга ўхшаган одам деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ)
кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон
ортиқчалик жойингиз йўқ. Балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз», дедилар.

28. У деди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ
ҳужжатга эга бўлсам ва у зот менга ўз даргоҳидан раҳмат-пайғамбарликни ато этган
бўлса-ю, аммо бу сизларга маҳфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда
(иймон келтиришга) мажбур қиламизми?! (Йўқ, ундай қилмаймиз, чунки фақат ўз
ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир).

29. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-
мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир ва мен (сизларнинг сўзингизга қараб)
иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорга
рўбарў бўлгувчидирлар. (Бас, агар камбағал бўлганлари учун уларни ҳузуримдан
хайдасам, албатта қиёмат кунида Парвардигорга устимдан шикоят қилурлар). Лекин
мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман».
Изоҳ: Нуҳ пайғамбар қавми орасидаги боён зодагонлар унга: «Агар атрофингдаги
ялангоёқларни хайдасанг, биз сенга иймон келтирган бўлардик»,- деганларида,
пайғамбар уларга жавобан: «Мен уларни хайдамайман. Лекин сизлар бу талабингиз
билан кишининг улуғ ёки пасткашлигини, унинг бой ёки камбағаллиги билан
ўлчайдиган нодон қавм эканлигингизни билдирдингиз», дейди.

30. «Эй қавмим, агар мен уларни хайдасам, ким менга Аллоҳдан (яъни, Аллоҳнинг
азобидан) ёрдам-нажот берур? Ўйлаб кўрмайсизларми?!

31. Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг ҳазиналари бор», дейман. Ғайбни (кўздан
пинҳон нарса ва ҳодисаларни) ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман.
Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч
қандай яхшилик бермайди»,- деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани (ихлос-
иймонни) Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги
сўзларни айтадиган бўлсам), мен албатта золимлардан бўлиб қолурман».

32. Улар (кофирлар) дедилар: «Эй Нуҳ, мана сен биз билан жанжаллашдинг, кўп бахсу-
мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни
(яъни азобни) келтир-чи».

33. (Нуҳ) деди: «Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва
сизлар (ўшанда) ҳеч қаёққа қочиб қутила олмассиз.
 



34. Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни хоҳлаганим
билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз унинг ўзидир ва фақат
унинг ўзига қайтарилурсизлар».

35. Ёки улар (яъни, Қурайш кофирлари): «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи
тўқиб олган», дейдиларми? (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар уни мен тўқиб
чиқарган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз-
кофирлигингиздан покман».
Изоҳ: Ушбу оятнинг Нуҳ пайғамбар ҳақидаги қисса ўртасида келишига сабаб - Қурайш
кофирлари билан Нуҳ қавмидаги кофирларнинг бир тоифа эканидан огоҳлантиришдир.

36-37. Нуҳга ваҳий қилиндики, «Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган
кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни ҳануз иймон
келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва бизнинг кўз ўнгимизда
(яъни, ҳифзи ҳимоямизда) ва бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда
золим кимсалар ҳақида (яъни уларга нажот беришни сўраб) Менга хитоб-илтижо
қилмагин. Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар».

38. У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар,
уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас,
яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз.

39. Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва (кимнинг) устига мангу
азоб тушишини билиб олажаксиз».

40. Энди қачон (кофирларни ҳалок қилиш ҳақида) бизнинг фармонимиз келиб, ердан
фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва
аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ
бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин. Булар барча кофирлар ва
Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яъни иймон келтирган
кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга (ёлғиз Аллоҳга) иймон
келтирган кишилар эса жуда оз эдилар.

41. У деди: «(Аллоҳнинг номи билан) кемага мининглар! (Чунки) унинг юриши ҳам,
туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли,
меҳрибондир».

42. (Кема) уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган
ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан
бирга қолмагин!

43. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб
кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг (кофирларни ҳалок қилиш ҳақидаги)
амридан бирон сақлагувчи йўқдир. Магар ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)»,
(шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб
қолди.

44. (Сўнгра): «Эй ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгил (яъни ёғишни бас қил)»,
дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда:
«Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди.
 



45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб деди: «Парвардигорим, албатта ўғлим менинг аҳли
оиламдандир ва шубҳасиз, сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ
ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан».

46. (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали -
куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло
мендан сўрамагин! Албатта мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман».

47. (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ
тилайман. Энди агар мени мағфират қилиб, ўз раҳматингга олмасанг, зиён
кўргувчилардан бўлиб қолурман».

48. (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, биз томонимиздан бўлган омонлик билан ўзингга ҳамда
сен билан бирга бўлган умматларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан
(кемадан ерга) тушинг. (Яъни сен ва сенга иймон келтирган кишиларга биз томондан
тинчлик-омондик ва файзу баракотлар етар). Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам
(келурки), биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз. Сўнгра эса уларни биз томондан
бўлган аламли азоб тутар».

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), булар биз сизга ваҳий қилаётган ғайб
хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, (ҳақ
динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта
оқибат-натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир.

50. Од (қабиласига) ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим,
Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма
хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос. (Улар ҳеч қандай илоҳ
эмасдирлар).

51. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг
ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!

52. Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг унга тавба-тазарруъ
қилингиз. Шунда у Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга
яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган бўлган ҳолингизда (менинг
даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!»
Изоҳ: Ривоят қилинадики, Од қавми ерлариги уч йил ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлиб,
уларнинг қирилиб кетишига оз қолган эди. Фақат жисмонан кучли қавм бўлганлари
сабаблигина зўр-базўр кун кечирар эканлар. Бунинг устига улар бепуштлик дардига
дучор бўлган эдилар. Юқоридаги оят уларга: «Агар Парвардигорга тавба-тазарруъ
қилсангизлар, осмондан тўхтаб қолган ёмғирни қуйдириб, ерларингизни серсув,
унумдор қилур ҳамда куч-қувватларингизни янада зиёда этиб, авлодларингизга янги
янги авлолдар қўшур», деб уқтиради.

53. Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканингни
тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг (қуруқ) гапинг билан ўз
худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз.  

54-55. Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири бир бало (яъни мажнун) қилиб
қўйган» деймиз холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман. Яна
ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (унга сохта ёлғон
 



худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб менга
қарши билган ҳийлаларингизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя
қолинглар (яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол кечиктирмай
қилаверинглар).

56. Мен фақат менинг ҳам Парвардигорим бўлган, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз
бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, у зот унинг пешонасидан олгувчидир
(яъни, барчаси у зотнинг қўл остидадир). Парвардигорим шак-шубҳасиз тўғри
йўлдадир.  

57. Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб
юборилган динни етказдим. Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб) ўрнингизга бошқа
қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) у зотга бирон зиён етказа олмассиз.
Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани Кузатиб тургувчидир».

58. Қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганда, Ҳуд ва у билан бирга
иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга
қаттиқ азобдан нажот бердик.

59. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён
қилган ва барча қайсар золимлар амру-фармонига бўйсунган Од (қабиласи) ана
ўшалардир.

60. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким,
албатта Од қабиласи - Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким,
Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради.  

61. Самуд (қабиласига) ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй
қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз, сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У
сизларни ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди. Бас, ундан мағфират сўранглар,
сўнгра унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта, Парвардигорим Яқин ва (дуоларни
ижобат қилгувчидир)».

62. Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку,
энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишдан
қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-
шубҳадамиз».

63. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ
ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзининг раҳмати - пайғамбарликни ато этган
бўлсаю, (шундан кейин) мен У Зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг
азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) менга
зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!

64. Эй қавмим, мана бу Аллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб
келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга
бирон ёмонлик етказманглар. Акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар».
Изоҳ: Солиҳ пайғамбарнинг қавмлари у зотдан ҳақ пайғамбар эканини тасдиқлайдилан
бирон мўъжиза кўрсатишини талаб қилганларида, пайғамбар уларнинг кўз ўнгиларида
бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўйядилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз
 



ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида
огоҳлантирадилар.

65. Улар эса (туяни) сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч
кун (тириклик неъматидан) фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган (яъни,
чин) ваъдадир».

66. Энди қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни Биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва у
билан бирга иймон келтирган кишиларга ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша
кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта Парвардигорингиз ҳақиқий куч-
қудрат эгасидир.

67-68. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон
яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд
(қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд
(қабиласи) ҳалокатга учради.

69. Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз - фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд
кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да,
қараб турмай қовурилган бир бузоқни келтирди.  

70. Энди қачонки у (меҳмонларнинг) қўллари овқатга бормаётганини кўргач, уларни
танимай қолди (яъни, улардан шубҳаланди) ва улардан ҳавфсирай бошлади. (Шунда)
улар: «Қўрқмагин, бизлар (фаришталармиз - таом емаймиз). Лут қавмига (уларни
ҳалок қилиш учун) юборилганмиз»,- дедилар.

71. (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лутнинг
кофир қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди - хурсанд бўлди.
Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли фарзанд кўриши)
ҳақида хушхабар бердик.

72. У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам
туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!».

73. Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланаяпсанми? Эй, хонадон эгалари
сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлғай. Албатта, У ҳамду сано Эгаси ва
Буюкдир».

74-75. Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз (яъни
фаришталаримиз) билан Лут қавми (уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида
баҳслаша бошлади. Зотан, Иброҳим ҳалим-кўнгилчан ва ибодатли кишидир.
Изоҳ: Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳиссалом фаришталардан Лут
қавмининг ҳалок қилиниши ҳақида эшитганида уларга: «Агар у жойда кофирлар
орасида элликта мусулмон ҳам бўлса, барибир ҳалок қилаверасизларми?» деган экан.
Улар: «Йўқ», деб жавоб қилишгач, «Агар қирқта мусулмон бўлса-чи?», деб сўрайди.
Улар: «Йўқ, ҳалок қилмаймиз», дейишади. Ниҳоят Иброҳим: «Агар у жойда битта
мусулмон бўлса-чи?»- деганида, улар яна: «Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон
бўлса ҳам уларни ҳалок этмаймиз»,- деб жавоб беришгач, Иброҳим: «Ахир у ерда Лут
бор-ку?!» дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Аллоҳ
таъоло нажот беришини айтадилар.  
 



76. (Фаришталар айтадилар): «Эй Иброҳим, бу (баҳс)ни қўй! Чунки
Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта уларга қайтариб бўлмас азоб
келгувчидир».

77. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида у бундан ёмон ҳолатга тушди
ва уларнинг келишларидан юраги сиқилиб деди: «Бу кун оғир кундир».
Изоҳ: Фаришталар келишидан Лутнинг сиқилишига сабаб улар ё шва хушрўй йигитлар
суратида келишган эди. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса баччабозлик дардига
мубтало эдилар. Шунинг учун Лут пайғамбар бу йигитларнинг келганини пайқаб
қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди.  

78. (Дарҳақиқат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми
унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар - баччабозлик қилар эдилар.
У айтди: «Эй қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун
покроқ-ку (яъни, ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан
қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон
Тўғри Йўлга юргувчи киши йўқми?!» 

79. Улар дедилар: «Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек,
биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан».

80. (Лут) деди: «Қани эди, сизларга кучим етса, ёки кучли бир таянчим бўлса эди».

81. (Шунда фаришталар) айтдилар: «Эй Лут, биз Парвардигорингизнинг элчиларимиз.
Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни
олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан ҳеч ким атрофга алангламасин! Фақат
хотининг... Зотан, унга (хотинигга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда
қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» 
Изоҳ: Лут ва ҳамроҳларига чиқиб кетаётганлари атрофга алангламаслик
буюрилишининг сабаби улар қолганларнинг бошига келган бало-офатни кўриб
қийналмасликлари учундир. Лутининг хотини эса ўша кофирлар гуруҳдан эди. Шу
боисдан Эри билан қишлоқдан чиқиб кетар экан, атрофга аланглаб, қолаётган
дўстларининг бошларига тушаётган балони кўргач, «Эй қавмим-а!» дейиши билан, бир
тош келиб тегиб, кетаётган жойида тил тортмай ўлди. Лут алайҳиссалом қавмининг
куфридан шу қадар ғазабланган эдики, уларнинг дарҳол ҳалок бўлишларини истаган ва
субҳгача ҳаёт бўлишларини ҳам узоқ деб билган эди. Шу сабабдан фаришталар унга:
«Субҳ яқин эмасми?» деб хитоб қиладилар.

82-83. Энди қачонки бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни
остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз
даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир
(яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!)
Изоҳ: «Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошлар»нинг маъноси
шуки, ҳар бир тошга у кимга бориб тегиши ёзиб қўйилган эди.

84. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй
қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва
ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар! Мен сизларнинг яхшиликдан (яъни, тўкин-
сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар),
сизларнинг устингизга ўраб олгувчи Кун - қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман.
 




85. Эй қавмим, ўлчов ва тарозуни адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг
нарсаларини уриб қолмангиз ва ерда бузғунчилик билан санқиб юрмангиз!

86. Агар мўъмин бўлсангизлар (ҳаром-ҳариш йўллар билан бой бадавлат бўлгандан
кўра) Аллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг
устингизда қўриқчи эмасман».

87. Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб
келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини, ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз
хоҳлагандек тасарруф қилмаслигими кераклигини сенга ўқиётган намозинг
буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан, ҳалим ва рашид (тўғри йўлни топиб
олган) кишисан-да!»

88. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ
ҳужжатга эга бўлсам ва у Зот мени ўз томонидан ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу
ҳалол ризқни ҳаромга алмаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб сизларни
қайтараётган нарсани (яъни, ҳалолни ҳаромга алмаштиришни) ўзим қилишни
истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман холос. Ва (бунга)
Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига
илтижо қилурман.  

89. Эй қавмим, тағин менга бўйсунмасликларингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига, ё Ҳуд
қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин. Лут қавми ҳам
сизлардан йироқ эмасдир.

90. Парвардигорингизда мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилингиз!
Албатта, Парвардигорим (тавба қилгувчиларга) Марҳамат қилгувчи ва (уларни) Дўст
тутгувчидир».

91. Улар дедилар: «Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаётурмиз
ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму-
қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар
учун азиз-мўътабар киши эмассан».

92. У айтди: «Эй қавмим, менинг қавму-қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам
азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз? (Яъни сизлар менинг қавму-
қариндошимни эмас, балки Аллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) Шубҳасиз,
Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб-иҳота қилиб тургувчидир.

93. Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг. Мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман.
Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб
олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман».

94-95. Қачонки, Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида Шуайбга ва у билан
бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим
кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон (дунёда) яшамагандек ўз
диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, худди Самуд (қабиласи) ҳалокатга
учрагани каби, Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради.
 



96-97. Дарҳақиқат, биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан
Фиръавн ва унинг одамларига (пайғамбар қилиб) юборганимизда, улар Фиръавннинг
амрига бўйсундилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг амри тўғри эмасдир.

98. У (Фиръавн) Қиёмат кунида ўз қавмини бошлаб бориб, дўзахга туширур. У
тушиладиган энг ёмон жойдир!

99. Уларга бу (дунёда) ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. У (жазо) бериладиган
энг ёмон «ёрдам»дир.  

100. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мана шу биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг
хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб
битганлари (ҳалок бўлиб йўқолиб кетганлари) ҳам бордир.  

101. Уларга биз зулм қилмадик, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки,
Парвардигорингизнинг фармони (яъни, азоби) келганида, улар Аллоҳни қўйиб, илтижо
қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон
нарса келтирмади.

102. Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана
шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир.

103. Албатта бу (қиссаларда) охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар
бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган Кундир, ҳозир бўлинадиган Кундир.

104. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб - кечиктириб турамиз, холос.

105. У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар (Аллоҳнинг) изни билангина
гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлган)лар орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам.

106. Сўнг бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фраёд қилурлар.

107. Улар унда осмонлар ва ер тургунича қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа
(яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни
қилгувчи Зотдир!
Изоҳ: Исломий ақидага кўра, Аллоҳ таъоло икки олам подшоҳи бўлгани учун бу
дунёда ҳам, охиратда ҳам барча ишлар фақат унинг истак-хоҳишига мавқуфдир.
Бинобарин, мўминлар: «Биз жаннатимиз», деб ўзларидан кетмасликлари, гуноҳкорлар
эса: «Бизнинг дўзахга тушишимиз аниқ»,- деб ноумидликка берилмай, ўзларини
ўнглаб, Ҳақ Йўлга интилишлари лозимдир.

108. Бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва ер тургунича турурлар,
магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Бу (яъни,
жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир.

109. Бас, сиз (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана улар (яъни мушриклар) ибодат
қилаётган нарсадан шак-шубҳада бўлманг! (Яъни уларнинг ноҳақ йўлда экани
аниқдир). Улар ҳам худди аввалги ота-боболари каби ибодат қилмоқдалар (бутга
сиғинмоқдалар), холос. (Демак, уларни ҳам ота-боболарини ҳалок қилганимиз каби
ҳалок қилурмиз). Албатта, Биз уларнинг насибаларини (яъни жазоларини) тўла-тўкис
қилиб берурмиз.
 




110. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (яъни Таврот) берганимизда, у ҳақда ихтилоф
қилинган эди (яъни, айрим кишилар унга иймон келтирган бўлсалар, айримлари уни
инкор қилдилар). Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб қиёмат
кунида бўлади, деган) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида (шу дунёдаёқ ким ҳақ, ким
ноҳақ эканлиги ҳақида) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улар (яъни Макка
мушриклари) у ҳақда (яъни Қуръон хусусида) шак-шубҳа остидадирлар.

111. Қасамки, албатта барча (халойиққа) қилган амалларининг (жазосини)
Парвардигорингиз комил қилиб берур. Албатта У Зот уларнинг қилаётган амалларидан
Хабардор - огоҳдир.

112. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ва Сиз билан бирга тавба қилган зотлар
ўзингизга буюрилган янглиғ тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У Зот
қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир.
Изоҳ: Ривоят қилинишича, Қуръон оятларидан бирон оят Муҳаммад алайҳиссаломга
юқоридаги оятчалик қийин-оғир кўринмаган экан. Зеро, у киши пайғамбар
бўлганликлари учун ҳам тўғри йўлда Аллоҳ буюрганича яшаб ўтиш нақадар қийин
эканлигини ҳаммадан яхшироқ англар эдилар. Шунинг учун ҳам у зот мана шу оят
нозил бўлганида «Шайябатний Ҳуд», яъни «Ҳуд мени қаритди», деган эканлар.

113. Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (эргашманглар)! Акс ҳолда
сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни
золимларга эргашсангиз), сизларга ёрдам берилмас.

114. Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида номозни тўкис адо
қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, бу эслатма олгувчилар
учун бир эслатмадир.

115. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, машаққат ва озорларга) сабр қилинг! Зотан, Аллоҳ
чиройли амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотларини Зое этмас.

116. Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам ерда бузғунчиликдан
қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз
нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса ўз
маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар.

117. Парвардигорингиз у шаҳарларнинг ўзларини тузатиб (Ҳақ Йўлга юрган)
аҳолисини зулм билан ҳалок қилган эмасдир. (Балки улар бузғунчи, золим бўлганлари
сабабли ҳалок қилингандирлар).

118-119. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир
динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай бўлишини истамади. Шунинг
учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган
кишиларгина (Ҳақ Йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни,
бировлари Ҳақ Йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-
тортишишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг «Мен жаҳаннамни
барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман»,- деган Сўзи тўла-ҳақ
бўлди.
 



120. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга пайғамбарларнинг хабарларидан
дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда
Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўъминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди.

121-122. Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган
амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз, ҳамда (қилаётган
ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз хам кутгувчилармиз».

123. Осмонлар ва ернинг сирлари ёлғиз Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига
қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз сизлар
қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

 

 

 

 

 

кейинги сахифа...

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов