"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

 Ўн олтинчи жузъ

(19)«Марям» сураси

Тўқсон саккиз оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилингандир. Бу сурада
ҳам бир қанча пайғамбарлар қиссалари зикр қилинади. Бошлаб, Закариё ва унинг
кексалик чоғида кўрган фарзанди Яҳё ҳақида сўзланиб, сўнгра энг ажиб ва ғариб қисса
- Марям ва унинг беота дунёга келган ва бешикда ётган чоғидаёқ тилга кириб ўзининг
кимлигини айтган фарзанди - Ийсонинг қиссаси ҳикоя қилинади ва Яратган наздида бу
осон иш эканлиги таъкидланади. Суранинг «Марям» деб номланишига ҳам сабаб
шудир.
Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо,
Ҳорун, Исмоил, Идрис ва Нуҳларнинг номлари ҳам зикр қилиниб, уларнинг барчалари
бир занжирнинг ҳалқалари эканликлари, яъни, Ягона Аллоҳнинг Дининга даъват
этганликлари яна бир бор эслатиб ўтилади.
Шунингдек, бу сурада Қиёматнинг айрим манзаралари, у Куннинг даҳшатлари -
жаҳаннамга ташланишларини кутиб тиз чўкиб турган кофирларнинг аҳволи Илоҳий
қалам билан чизиб берилади. Лекин У Зотнинг Ёлғиз Аллоҳга бандалик қиладиган
кишиларга бу дунёга ҳам, у дунёда ҳам раҳм-шафқатли эканлиги таъкидланиб,
суранинг бир неча ўринларида Аллоҳ калимасининг Раҳмон - Меҳрибон сўзини
қўлланади.
Сура ниҳоясида Аллоҳ таъолонинг фарзанд ва шерикдан Пок - танги йўқ Зот экани яна
бир карра уқтириб ўтилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.
Изоҳ: Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи
муқаттоат» яъни, маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади.

2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу қисса) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга
қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир.

3-4. Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардигорим,
дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим - сочим оқарди.
Парвардигорим, мен Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.

5-6. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни Зое қилиб
юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз
даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир
дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ)
кишилардан қилгин».

7. (Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг
исми Яҳё бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».

8. (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса
кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд
(бунёд) бўлсин?» 

9. (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир)
Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан
бор қилган эдим-ку)!»
 




10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат
қилсанг», деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган
ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».

11. Бас, (Закариё) меҳробдан - ибодатгоҳидан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-
ю кеч (Аллоҳни) поклаб - ибодат этишни ишора қилди.
Изоҳ: Дарҳақиқат, Закариё алайҳиссалом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат
қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга
ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб Яҳё
алайҳиссалом дунёга келгач, Аллоҳ таъоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади.
Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.

12. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга
гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик.

13. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи
бўлди.

14. У ота-онасига итоатли - меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.

15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат)
Кунида ҳам тинчлик - омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан
ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан омондир).

16-17. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марям
(қиссаси)ни зикр қилинг: у ўз аҳли-оиласидан четга - кун чиқар томонга бориб,
улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз руҳимиз - (яъни,
Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рой-рўст) одам бўлиб кўринди.

18. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб сендан паноҳ беришини
илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказмагин)», деди.

19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун
(келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

20. (Марям) деди: «Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан
фарзанд бўлсин?!» 

21. (Жайброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки: «Бу (иш) Менга осондир.
Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат
қилурмиз. Бу битган ишдир».

22. Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга бир йироқ жойга кетди.

23. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга
осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсаму
бутунлай унутилиб кетсам эди».
Изоҳ: Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув
йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.
 



24. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма,
Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.

25. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини
ташлар.  

26. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб
қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: ! Мен Раҳмон Йўлида
рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, буган бирон инсонга сўзламайман», дегин.

27. Сўнг (Мариям боласини) кўтарган ҳолда ўз қавмига келганида улар: «Эй Мариям,
сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку!  

28. Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша
эмас эди-ку!», дедилар.

29. Шунда (Мариям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан
сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!» 

30. (Шу пайт чақалоқ, яъни, Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман.
У Зот менга Китоб - Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.

31. Яна мени қаерда бўлсам хайру бракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни
(адо этишни) ва закотни (адо этишни) амр қилди.

32. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли - меҳрибон қилди ва мени ситамкор
бадбахт қилмади.

33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта туғиладиган
Кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур».

34. Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Иймо бинни Марям
(яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) ҳақ сўзи мана шудир.
Изоҳ: Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни
Марям Аллоҳ таъолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва
пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таъолонинг Сўзи баён қилинади ва Ийсо
ҳақидаги «У валади зино» яъни, отасиз, беникоҳ туғилган бола, дейдиган
яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли», дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам
ботил - ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.

35. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас - У Зот (бундай нуқсондан) Покдир.
У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас, (ўша иш) бўлур.

36. (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, унга
бандалик қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир».

37. Сўнг (яҳудий ва насроний) ҳизблар - тўдалар (Ийсо ҳузурида) ўзаро ихтилоф
қилдилар. Бас, кофир бўган кимсаларга улуғ Кун - Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида
ҳалокат бўлғай.
 



38. Улар Бизга келадиган Кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб
қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар.

39. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларни (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар
дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан - Қиёматдан
қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.

40. Шак-шубҳасиз, Биз ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз
(яъни, барча жонзот ўтар, Ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссаси)ни зикр қилинг!
Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.

42. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон
нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан?

43. Эй ота, дарҳақиқат, мен сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга
эргашгин, сени Ҳақ Йўлга ҳидоят қилурман

44. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий
бўлгандир.

45. Эй ота, ҳақиқатан, мен (кофир ҳолда яшаб ўтганинг сабабли Охират диёрида) сенга
Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан
қўрқурман», деганида;

46. (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?!
Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта сени
тошбўрон қилурман ва (ёки) мени узоқ вақтга (яъни, бутунлай) тарк эт!»

47. (Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мени Парвардигоримдан сени
мағфират қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга Меҳрибон бўлган Зотдир.

48. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган (бутларингиздан) ҳам
четланурман ва (Ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Шояд Парвардигоримга
қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».

49. Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан
четлангач, Биз унга (ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини
пайғамбар қилдик.

50. Шунингдек, уларга Ўз фазлу марҳаматимиздан инъом этдик ва учун рост, юксак
мақтовларни (барқарор) қилдик.

51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Мусо (қиссаси)ни зикр қилинг!
Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди.

52. Биз унга Тур (тоғининг) ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида
(Ўзимизга) яқин этдик.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга
тушиб Аллоҳ таъолога муножот қилиб кетаётганида ўнг томонларидаги Тур тоғидаги
 



бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъоло билан
бевосита сўзлашади.

53. Биз (Мусога) Ўз фазлу марҳматимиз билан (унга ёрдамчи бўлсин, деб) пайғамбар
бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.

54. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Исмоил (қиссаси)ни зикр қилинг!
Дарҳақиқат, у ваъдаси рост бўлган элчи-пайғамбар эди.

55. У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигор наздида рози
бўлинган киши эди.

56. Яна ушбу Китобда Идрис (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй
пайғамбар эи.

57. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.

58. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана ўшалар (яъни, Биз Сизга қиссаларини ўзлаб
берган кишилар) Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада)
кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан бўлган (Иброҳим каби), Иброҳим
зурриётларидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётларидан
бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) пайғамбарлардан ва Биз ҳидоят
қилган ва танлаб олган кишилрадан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган
зотлардир. Қачон улрга Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган
ҳоларида йиқилурлар.
Изоҳ: Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам
бир марта сажда қилиш вожибдир.

59. Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган
кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон
жазога) йўлиқурлар.

60. Магар тавба қилиб, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларгина (азобга
дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас.

61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз
бандаларига ваъда қилган мангу жаннатларга (кирурлар). Албатта У Зотнинг ваъдаси
амалга ошгувсидир.

62. У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан)
саломни (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.

63. Ушбу жаннат - Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб
берадиган жаннатдир.

64. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз Ёлғиз Парвардигорингизнинг амри фармони
билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё
ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам Ёлиз Унингдир. Парвардигорингиз
унутгувчи эмасдир.
 



65. У осмонлар, Ер ва унинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, Сиз Унга
ибодат қилинг ва Унинг ибодатида сабр-тоқатли бўлинг! Униг учун бирон «тенг»ини
билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)»
Изоҳ: Ушбу икки оят Аллоҳ таъолонинг муқарраб фаришталаридан бўлмиш Жаброил
алайҳиссаломнинг сўзларидир. Пайғамбар ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва
салламга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг, Жаброил келганида у зот:
«Нега келмай қолдинг?», деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги
сўзларни айтган экан.

66. (Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда (қабримдан) чиқарилурманми?!» 
дер.

67. Ахир ўша инсон биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни
(яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!

68. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорингизга қасамки, албатта биз
уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз. Сўнгра (барчаларини)
жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.  

69. Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса раҳмонга қатттиқроқ осий бўлган бўлса,
(ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).  
Изоҳ: Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни
ҳақ йўлдан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир.  

70. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган
кимсаларни жуда яхши билгувчидирмиз.

71. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, У
зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.

72. Сўнг биз тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз
чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.

73. Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса,
кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва
гўзалроқ мажлисда?», дейдилар. (Яъни бой-бадвлат мушриклар фақир ва мискин
мўъминларнинг устидан куладилар).

74. Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни
ҳалок қилгандирмиз!

75. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унга
муддат - умр берсин. То қачон ўзларига (яъни йўлдан озганларга) ваъда қилинган
(дунё) азобини ёки қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида албатта кимнинг
мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар.

76. Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз
наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам
ортиқроқдир.
 



77. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки,
албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсаларни
кўрдингизми?  

78. У ғойибдан хабардор бўлдимикин, ёки раҳмон даргоҳидан аҳду паймон
олдимикин?!

79. Йўқ, албатта, биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни
зиёда қилурмиз.  

80. У айтаётган (унинг бола-чақа ва мол-дунёсига) биз меросхўр бўлурмиз ва у
ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.

81. Улар (яъни Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун
«худолар» тутдилар - бутларга сиғиндилар.

82. Йўқ, (қиёмат кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг
қилган ибодатларини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.

83. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга)
қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?  

84. Бас, сиз улар устида шошқалолқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла
қолмаяптилар, деб хайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз биз уларнинг (қолган ой-
кунларини ҳам қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисою-китоб қилиб турурмиз.

85. Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида раҳмон даргоҳига тўплайдиган;

86. Ва жиноятчи кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни
(эсланг)!

87. (У кунда) фақат раҳмон наздида аҳду паймон олган, (Аллоҳни бир билиб,
зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.

88. (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.

89. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки,  

90-91. Унинг оғирлигидан - раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан
осмонлар ёрилиб, ерлар бўлиниб, тоғлар парчаланиб, қулаб кетишга яқин бўлур.  
Изоҳ: Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат уларни осмону
заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган эгаси нозил қилганига иймон келтиради.
Чунки ерлик одамнинг ҳаёлига ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол.

92. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмас (яъни, у Зот болага муҳтож эмас).

93. Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда
келгувчидир.

94. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.  
 



95. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда у зотнинг ҳузурига келгувчидир.

96. Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун раҳмон дўстликни
(барқарор) қилур.

97. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта биз (Қуръон) билан тақво эгаларига
хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг
тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.  

98. Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига
итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз,
ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам
ҳалок бўлиб битар, аммо биз сизга нозил қилган дин эса қиёматгача қолур).
 



 

(20) «Тоҳа» сураси

 

 

Маккада нозил бўлган бу сура бир юз ўттиз беш оятдир. Бу сура Муҳаммад
алайҳиссаломга хитоб қилиш билан бошланиб, у зотга бор мавжудотнинг Хожаси
томонидан инган Қуръони каримнинг Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун бир панд-
насиҳат экани ва Яратганнинг энг махфий нарсалардан ҳам огоҳ бўлган зот эканлиги
баён қилинади. Бу сурада Аллоҳ таъоло ўзининг сўнгги пайғамбарига ундан аввал
ўтган салафлари учун ҳам Ҳақ йўлга даъват қилиш бўлмаганини эслатиб, суранинг
асосини ташкил этадиган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг қиссасини батафсил баён
қилади. Унда Мусо алайҳиссаломнинг қай ҳолатда пайғамбар бўлганлари ва узотга
Аллоҳ таъоло томонидан қандай мўъжизалар ато этилгани; Мусо билан золим Фиръавн
ва унинг лашкарлари қандай ҳалок бўлганлари ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя
қилинади. Яна бу сурада барча жонзот ҳисоб-китоб учун жамланадиган Қиёмат Кунида
овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилишлари ва фақат пичирлашларгина қулоққа
чалиниши каби Қиёмат мунозаралари ҳам тавсирлаб ўтилади ҳамда Ҳақ Йўлидан
тоймаган кишилар ўзларига ваъда қилинган жаннатларга киритилишлари, кофирлар эса
жаҳаннамга ташланишлари ҳақида хабар берилади.Сура пайғамбар алайҳиссаломга
айрим илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатиш билан ниҳояланади. Бу сура ўзининг илк ояти -
«Тоҳа» номи билан маъруфдир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. То, Ҳа.

2-3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизга бу Қуръонни қийналиб жаво чекишингиз
учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил
қилдик.

4. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган Зот томонидан нозил қилингандир.

5. (У Зот) Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир.

6. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бро нарса
Унингдир.

7. Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга
баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур.

8. Аллоҳ - ҳеч қандай тангри йўқ, Ёлғиз унинг ўзи бордир. Унинг учун энг гўзал
исмлар бордир.

9. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга Мусо ҳақида хабар келдими?

10. Эсланг, у (қоронғи кечада узоқдан) бир оловни кўриб аҳли-оиласига: «(Сизлар шу
ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб
келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди.

11. Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: «Эй Мусо», деган нидо эшитилди.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом ўз оиласи билан Мадян шаҳридан
Мисрга қайтиб келаётганида бир қоронғу-қорли кечада йўлдан адашиб қолади. Олов
ёқай деса чақмоқ тоши ёнмайди. Шу пайт унинг кўзига узоқдан бир олов кўриниб, чўғ
 



олиш ва у ердагилардан йўл сўраб келиш учун ўша тарафга борганида, у кўринган
ёруғлик олов эмас, балки Аллоҳнинг нури эканлиги маълум бўлди.

12. «(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин.
Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.

13. Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас, (сенга Мен томондан) юбориладиган
ваҳийга қулоқ тут!

14. Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Фақат Мен бордирман. Бас,
сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!

15. Токи ҳар бир жон қиладиган сай-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (Қиёмат)
Соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен уни (яъни, Қиёмат қачон қойим бўлишини)
яширишни истайман.

16. Бас, сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар ундан
(яъни, Қиёмат бор эканига иймон келтиришдан) тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок
бўлурсан.

17. Ана у - қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!» 

18. (Мусо) деди: «У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб
берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».

19. (Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй Мусо!»

20. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ (мўжиза юз бериб), у юрадиган - жонли
илон бўлиб қолди.

21. (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз.

22. Қўлингни қанотингга - қўлтиғинга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-
нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур).

23. Биз сенга (ўзимизнинг нақадар қудратли эканимизга ва сенинг ҳақпай эканлигинга
далолат қилдиган) буюк мўжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик).

24. (Энди) сен Фиръавннинг олдига боргин! Чунки у ҳаддидан ошди (яъни, одамларга
зулм қилиб ҳатто «худоман», деб даъво қилди)».

25. (Мусо) деди: «Парвардигорим, ўзинг қалбимни кенг қилгин;

26. Ишимни осон қилгин;

27. Тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин;

28. (Токи қавмим) сўзимни англашсинлар.

29-30. Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин.
 



31. У билан белимни бақувват қилгин.

32. Ва уни ишимда (яъни,пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин.

33. Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик;

34. Ва сени кўпроқ зикр қилайлик - эслайлик.

35. Албатта Сен бизни Кўргувчи бўлган зотсан».

36. (Аллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!

37. Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бир карра инъом маҳамат қилган эдик.

38. Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий-илҳом юоргандик;

39. «Уни (яъни, Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё (тўлқини)
соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани (бўлган Фиръавн) ушлаб
олур». (Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг
учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни, сени кўрган
киши суюб қоладиган ёқимтой бола қилдим).

40. Ўшанда опанг (сени дарёдан ушлаб олган киши ортидан) юриб: «Сизларга бу
(бало)га кафил бўлиб (эмизадиган аёлни) кўрсатиб қўяйми», деганларини (эслагин)!
Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин, ғамгин бўлмасин, деб онангнинг олдига қайтарган
эдик. (Кейинроқ йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда Биз сени бу
ғамдан қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан имтиҳон қилиб кўрдик.
Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун
аниқ белгилаб қўйилган) тақдир бўлиб (бу ерга) келдинг, эй Мусо!

41. Ва мен сени ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим.  
Изоҳ: Юқоридаги (37-40) оятларнинг тафсирида муфассирлар шундай ривоятни
келтирадилар: Мунажжимлар Фиръавнга: «Сенинг Мулку давлатинг бани Исроил
қавмидан туғиладиган бир бола қўлида хароб бўлади», дейишгач, у ўша қавмдан
дунёга келган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буйруқ беради. Мусо алайҳиссалом
ана ўша бани Исроил учун ҳалокатли бўлган қора йилларда таваллуд топадилар.
Шунда чақалоғининг ҳалок бўлишидан ғамга ботиб қолган онага ғойибдан фармон
келиб, боласини сандиққа авайлаб солади-да, уни Нил дарёсига қўйиб юборади.
Иттифоқо ўша пайтда дарё соҳилида ўтирган Фиръавн оқиб келаётган сандиқни кўриб
қолади ва ходимларига уни олиб чиқишни буюради. Хизматкорлар сандиқни олиб
келишгач, очиб қарасалар, унинг ичида ойдек бир чақалоқ ухлаб ётибди. Шунда
Фиръавн хотинининг меҳри тушиб қолиб, ундан болани ўғил қилиб олишга изн
сўрайди. У рухсат бергач, болани саройга олиб бориб, шаҳарга бола эмизадиган
аёлларни суриштириб топадилар. Лекин Мусо бирон аёлни эммайди. Шу пайт бир қиз
келиб, Фиръавннинг хотинига: «Мен сизларга шу болани эмизадиган бир аёлни олиб
келаман», дейди. У Мусонинг опаси бўлиб, уни боласи дарёда оқиб кетганидан сўнг
ғам-андуҳга ботган она Мусо ҳақида бирон дарак топиб келиш учун шаҳарга юборган
эди. У қиз саройда Мусони кўриб танигач, ўзининг ким эканлигини яшириб,
юқоридаги сўзларни айтади ва бориб дарҳол онасини етаклаб келади. Бу аёл тутган
кўкракни чақалоқ дарҳол эма бошлаганини кўрган Фиръавннинг хотини беноҳоя
хурсанд бўлиб, у аёлдан саройда қолишни илтимос қилади. Лекин у уйи ва бола-
 



чақасини ташлаб кела олмаслигини айтиб, агар рози бўлсалар, бу болани ўз уйида
эмизиб катта қилиб беришга ваъда бергач, ноилож қолган малика бу таклифга рози
бўлади ва онага кўп хайру саҳоват кўрсатиб, болани унга қўшиб бериб юборади.
шундай қилиб Аллоҳ таъолонинг марҳамати билан бола туққан онасига қайтарилади.
Агар эътибор берилса, бу қиссада яна бир ибратли жиҳат бордир. Фиръавн ўзини ҳалок
қиладиган болани - Мусо алайҳиссаломни ўз қўли билан сувга ғарқ бўлишидан
қутқариб қолади ва боқиб тарбиялайди. Шу маънода арабларда бир нақл ёйилгандир:
«Ли кулли Фиръавнин Мусо - Ҳар Фиръавнга Мусо бордир», яъни, ҳар қандай золим
ҳокимнинг пешонасига Аллоҳ таъоло уни йўқ қиладиган бир адолатпарвар - ҳақсевар
кишини ёзиб қўйгандир».

42. (Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб
боринглар ва мени зикр қилиб - ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар!

43. Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у («Мен Худоман», деб) ҳаддидан
ошди.

44. Бас, унга юмшоқ сўз сўзламанглар! Шояд панд-насиҳат олса, ёки (менинг
қаҳримдан) қўрқса.

45. Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз (агар уни сенга иймон келтиришга
даъват этсак), у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки бадтар
туғёнга тушишидан ҳавфдамиз.

46. (Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шубҳасиз, мен сизлар билан биргаман - эшитиб,
кўриб турурман.

47. Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: «Биз Парвардигорингизнинг
элчиларидирмаз. Сен бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни
азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга
эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур.

48. Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга
иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур».

49. (Улар Фиръавн олдига келиб, юқоридаги сўзларни айтишгач), у деди: «Сизларнинг
Парвардигорингиз ким, эй Мусо?» 

50. (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини - шаклини ато этиб,
сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир».

51. (Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни
Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)» 

52. (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги китобда - Лавҳул
маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».

53. У зот ерни сизлар учун бешик - қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди
ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди. Бас, биз у (сув) ёрдамида турли наботот
навларини ундириб чиқардик.
 



54. Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар, албатта бунда нақл эгалари
учун оят-ибратлар бордир.  

55. Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни
яна бир бор ундан чиқарурмиз.

56. Дарҳақиқат, биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас,
у (уларни) ёлғон деб юз ўгирди.

57. У деди: «Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй
Мусо!

58. У ҳолда бизлар ҳам сенга ҳудди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан
бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ танлагинки, у бизлар ҳам, сен ҳам қаршилик
қилмайдиган ўрта бирж ой бўлсин».

59. (Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда
тўпланурлар».

60. Бас, Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини (яъни, сеҳргарларини) йиғди.
Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди.

61. Мусо уларга (яъни, сеҳргарларга) деди: «Ҳолларингга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига
ёлғон тўқиманглар (яъни, очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни
азоб билан ҳалок қилур. Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир».

62. Бас улар (қиладиган) ишларини ўзаро талашиб-тортишиб аста шивирлаша
бошладилар.

63. (Сўнгра бир-бирларига) айтдилар: «Албатта бу иккови (яъни, мусо ва Ҳорун) ўз
сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқни ва юксак йўлингизни (яъни,
динингизни) йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир.

64. Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган
кишилар нажот топурлар».

65. (Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй, Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал)
ташлайсанми, ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?» 

66. (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги ассо ва ипларни
ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб
кетаётгандек туюлди.  

67. Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди;  

68. Биз айтдик: «Қўрқмагин! Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан.

69. Қўлингдаги нарсани (яъни асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб
юборур. Уларнинг ясаган нарсалари ҳам бир сеҳргарнинг макр-ҳийласи холос. Сеҳргар
эса қаерда бўлмасин, зафар топмас».
 



70. (Мусо асосини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди).
Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб: «Биз Ҳорун ва Мусонинг
Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.

71. (Фиръавн) айтди: «Унга мен сизларга изн бермай туриб иймон келтирдингизми?
Шак-шубҳасиз у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен оёқ-
қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни, ёки аксинча)
кесурман ва сизларни ҳурмо шоҳларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни,
менинг ёки Мусонинг худосининг) азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб
олурсизлар».

72. Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва
бизлари яратган зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер.
Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан.

73. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат
(гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик.
Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) давомлироқдир».

74. Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигори(нинг ҳузури)га жиноятчи-кофир бўлган
ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бордирки, (кофир) у жойда на ўла
олур ва на яшай олур.  

75. Ким у зотга яхши амаллар қилган мўъмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар)
учун юксак даражалар -  

76. - остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган мангу жаннатлар бўлур. Бу
(ширку куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!

77. Дарҳақиқат, биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни, бани Исроилни) тунда олиб
кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил - (ортларингдан Фиръавн) етиб
олишидан ҳавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юбордик.

78. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз
ўраганча ўраб олди (яъни, барчалари унга ғарқ бўлдилар).

79. Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, (балки тўғри йўлдан) оздирди.  

80-81. Эй бани Исроил, биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни,
Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғининг) ўнг томонини ваъдалашдик ва
сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик): Биз сизларни баҳраманд қилган пок
ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у
ҳолда устингизга менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у
муҳаққақ, ҳалок бўлур.

82. Ва мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри
йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман.

83. (Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга
кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан
мунча илгарилаб кетдинг, эй Мусо»
 




84. У айтди: «Улар ана - изимдан келурлар. Мен эса сен рози бўлишинг учун сенинг
олдингга шошдим, Парвардигорим!»

85. (Аллоҳ) деди: «Ҳақиқатан, биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик -
имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди».

86. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй
қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш ҳақида) чиройли ваъда
қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга
Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани
буздингларми?!
Изоҳ: Мусо Тур тоғига кетаркан бани Исроил қавми унга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга
сиғинмасликка сўз берган эдилар. Кейин эса Сомирий ясаган бузоққа сиғиниш билан
ваъдаларини буздилар.

87. Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан
бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб кетаётганимизда Фиръавн) қавмининг
зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас (Сомирийнинг амри
билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнгра Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан
нарсаларни оловга) ташлади.  

88. Сўнг уларга (Сомирий ўша зеб-зийнатларини оловда эритиб, худди тирик бузоқ
каби) овози бор хайкал бузоқ (ясаб) чиқариб берди, сўнг (Сомирий ва унинг
шериклари) дедилар: «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб,
(уни бошқа ердан излагани кетибди)».

89. Ахир (ўша бузоққа сиғинаётганлар) унинг ўзларига бирон сўз қайтара
олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини
кўрмайдиларми?

90. Ҳолбуки, (бузоққа чиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, сизлар бу
билан фақат имтиҳон қилиндинглар, холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар)! Шак-шубҳа
йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз ёлғиз раҳмон - марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга
эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!», деганида;  

91. Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича унга (бузоққа) ибодат қилиб - сиғинишдан
ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар.

92-93. (Мусо қайтиб келгач), деди: «Эй Ҳорун. Сен уларнинг йўлдан озганларини
кўрган пайтингда, менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар
беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?» 

94. «Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа
сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам)
«менинг сўзимни кутмай бани Исроилни бўлиб юборибсан» дейишингдан қўрқдим».

95. (Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?», деди.  

96. У айтди: «Мен улар (яъни бани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим (яъни, Жаброил
сенинг олдингга келганида, ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ
 
қандай жонсиз нарсага тегса, дарҳол унга жон кирарди. Мен шуни кўриб қолган эдим),
бас, элчи - Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига)
сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган бани Исроил қавмидан
бўлган одамлар у бузоққа чиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни
чиройли кўрсатди».

97. (Мусо) деди: «Бас, йўқол. Энди сен учун ҳаётда «(менга) тегинманглар» дейишгина
бордир (яъни, умрингнинг охиригача яккамохов бўлиб қолурсан, охиратда эса) сен
учун ҳаргиз ҳилоф қилинмайдиган бир ваъда - азоб бордир. Сен устидан жилмай
ибодат қилган «илоҳингнинг» (ҳолини) кўриб қўй! Биз албатта уни ёндириб, сўнгра
(кулини) денгизга сочиб юборурмиз».

98. (Эй инсонлар), илоҳинглар ёлғиз Аллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, ёлғиз унинг ўзи
бордир. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир.

99. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини
мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, биз сизга ўз даргоҳимиздан эслатмани -
Қуръонни ато этдик.

100. Ким ундан юз ўгирса, бас албатта у қиёмат кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини
кўтариб турар.

101. Улар у (юк) остида абадий қолурлар. У (юк) қиёмат кунида улар учун жуда оғир
юк бўлур.

102. У сур чалинадиган кундир. У кунда биз жиноятчи кофир кимсаларни кўзлари кўк
(яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз.  

103. Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар).  

104. Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг
намунали йўлини тутган - донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар).

105. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда
бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб
юборур».

106. Сўнгра у зот (ерни) теп-текис қилиб қўюрки,  

107. унда на чуқурни ва дўнгликни кўрурсиз.

108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай бурилмай
эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат
пичирлашнигина эшитурсиз.

109. У кунда ҳеч қандай шафоат-қўллов фойда бермас, магар раҳмон изн берган ва у
зот сўзидан рози бўлган кишигагина (фойда берур).

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни, охиратдаги) ва ортларидаги (яъни, дунёдаги)
бор нарсани билур. Улар эса у зотни била олмаслар.  
 



111. Юзлари ҳам тирик ва абадий тургувчи (у) зотга таъзим қилур. Ким зулмни
(ширкни) кўтариб келган бўлса, ноумид бўлиши аниқдир.

112. Ким мўъмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилса, бас, у зулмдан ҳам (яъни, унга
зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишидан ҳам), камайишдан ҳам
(яъни, қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам)
ҳавф қилмас.

113. Шундай қилиб биз уни (яъни Қуръони каримни) арабий Қуръон қилиб тушурдик
ва унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва
куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса!  

114. Ҳақ подшоҳ - Аллоҳ юксакдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга (Қуръон)
ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг, (балки фаришта Жаброил Аллоҳ
томонидан келтирилган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейин қироат қилинг) ва айтинг:
«Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин».

115. Дарҳақиқат, биз илгари одамга (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида)
буюрган эдик. У (буйруқни) унутди ва биз унинг учун қасд-собитқадамликни
кўрмадик.

116. Эсланг, биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар» дейишимиз билан улар
саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди.

117. Бас, биз айтдик: «Эй Одам, албатта бу (Иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам
душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин.

118. Шубҳасиз, сен у жойда (яъни, жаннатда) оч-ялонғоч қолмайсан.

119. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан. Иссиқда ҳам қолмайсан».

120. Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ
бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?» деди.  

121. Бас, Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб, ўша дарахтдан едилару, ўша
онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса
бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди.

122. Сўнгра Парвардигори учун сайлаб - ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва
тўғри йўлга ҳидоят қилди.

123. (Аллоҳ) айтди: «Ундан (яъни, жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим
(зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга мен тарафдан тўғри йўл
келганида, ким менинг тўғри йўлимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас.

124. Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт
бўлур ва биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз».

125. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрар эдим-ку»,
деган эди.
 
126. (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида
(«кўрмадинг») - унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан».

127. Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни
мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва давомлироқдир.

128. Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб) юрган қанча авлодларни
(куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми?! Албатта, бунда ақл
эгалари учун оят-ибратлар бордир.

129. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-
жазолари қиёматда бўлиши хусусида) сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди,
албатта, (улар дарҳол азобга гирифтор бўлишлари) лозим эди.  

130. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг
ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш
билан (у зотни) покланг - намоз ўқинг. Кеча(нинг аввали ва охири) вақтларида ҳам,
кундуз(нинг аввали ва охири) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд
шунда (Парвардигорингиз охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози
бўлурсиз.

131. Ва кўзларингизни биз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун
баҳраманд қилган - ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг!
Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва давомлироқдир.

132. Аҳли умматларингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда)
чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билаксъ) ўзимиз сизга ризқ берурмиз.
Чиройли оқибат - жаннат - (аҳли) тақвоникидир.

133. (Мушриклар: «Муҳаммад) Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза
келтирса эди», дедилар. Ахир уларга илгариги саҳифалардаги (яъни, аввалги илоҳий
китоблардаги) нарсаларнинг баёни (яъни Қуръон) келмадими?!

134. Агар биз уларни (Муҳаммад алайҳиссалом келишидан ва Қуръон нозил
бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта:
«Парвардигоро, бизларга бирон пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва
шарманда бўлмай сенинг оятларингга эргашар ва итоат этар эдик», деган бўлур эдилар.  

135. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни
сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини
кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар! Яқинда кимлар тўғри йўл эгалари, кимлар ҳидоят
топган кишилар эканини билурмизлар».
 



 

Ўн еттинчи жузъ

 

(21) «Анбиё» сураси

 

 

Бу сура Маккада нозил бўлган. У бир юз ўн икки оятдир.
Сура Қиёмат Соати яқинлашиб қолгани, одамлар эса у Кундаги ҳисоб-китобга
ҳозирланиб, яхши амаллар қилиш ўрнига ғафлат уйқусига ғарқ эканликлари хақида
хабар бериш билан бошланади. Сўнг ўқувчи эътибори коинотдаги ҳар бир
мавжудотнинг ўта нозик ва аниқ ўлчов билан яратилиб, Якка-ю ёлғиз Яратган
томонидан бошқариб турилишига қаратилади ва еру осмонда Аллоҳдан ўзга яна бирон
илоҳ бўлса, у ўлчов ва тартибга футур етиб, борлиқ бузилиб кетиши аниқ эканлиги
таъкидланади.
Бу сурада Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бутпарастлар ўртасида бўлиб ўтган
можаролар хусусида батафсил ҳикоя қилиниб, ўзини ўзи ҳимоя қилишга ожиз бўлган
жонсиз бут-санамлар ўзгага ёрдам қилиши ёки зиён етказиши амримаҳол эканлиги
уқтирилади.
Яна бу сурада Аллоҳ таъолонинг пайғамбарларидан Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нух, Довуд,
Сулаймон, Айюб, Исмоил, Идрис, Зул-кифл, Зуннун, Закариё ва Ийсо алайҳиссаломлар
тўғрисида ҳам хабарлар ворид бўлганки, суранинг "Анбиё - Пайғамбарлар" деб
номланишига ҳам боис шудир.
Суранинг ниҳоясида Аллоҳ таъолонинг сўнгги Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад
саллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча оламга Аллоҳнинг раҳмат-марҳамати бўлиб
келганлари зикр қилинади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, Қиёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса
ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчидирлар.  

2-3. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма - оят келар экан, албатта
уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва золим-кофир
кимсалар: "Бу (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-
ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!", (деб)
ўзаро шивирлашдилар.  

4. (Шунда Муҳаммад алаҳиссалом) айтди: "Парвардигорим осмону заминдаги ҳар бир
сўзни билур. У Эшитгувчи, Билгувчидир".  

5. "Балки - дедилар улар - (Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар) - алоқ-
чалоқ тушлардир, балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олгандир, балки у бир шоирдир. Бас,
у ҳам илгари юборилган пайғамбарлар (келтирганлари) каби бирон оят-мўъжиза
келтирсин!"  

6. Улардан олдин, Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳолиси) иймон келтирган
эмас, бас, улар иймон келтирармидилар?!  

7. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки)
фақат кишиларни (яъни, инсонларни) Ўзимиз уларга ваҳий юборгаи ҳолда пайғамбар
қилгандирмиз. Бас, (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар
(Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар!  

8. Биз у "пайғамбар"ларни таом емайдиган бир жасад қилган эмасмиз ва улар мангу
ҳаёт кечиргувчи ҳам эмас эдилар.  
 
9. Сўнгра Биз (берган) ваъдамизга вафо қилиб, у (пайғамбарларга Ўзимиз хоҳлаган
(иймонли) кишилар билан бирга нажот берганмиз, хаддан ошувчи кимсаларни -
кофирларни эса ҳалок қилганмиз.  

10. Дарҳақиқат, Биз сизларга бир Китоб - Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун
зикр (яъни, шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди).
Ақл юргизмайсизларми?!  

11. Қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилдик ва
уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни вужудга келтирдик.  

12. Бас, қачонки улар (яъни, ҳалок қилинган кимсалар ҳалокатлари олдида) Бизнинг
азобимиз (тушишини) сезиб қолишгач, баногоҳ у жойдан қочиб қолурлар.  

13. (Шу пайт фаришталар): "Қочманглар, маишатга ботган жойларингизга, ўз
масканларингизга қайтинглар, эҳтимол (қилмишларингиз тўғрисида) сўроққа
тутиларсизлар?!", (деганларида);  

14. (Улар бир-бирларига): "Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) золим
бўлдик", дедилар.  

15. Бас, то Биз уларни (ўт-ўлан каби) ўрилган, (ўтин каби) ўчган ҳолга солгунимизча,
уларнинг ана ўша дод-войлари давом этди.  

16. Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда
яратганимиз йўқ. (Балки Ўз кудратимизни намойиш қилиш учун ва бандаларимиз
фойдаланишлари учун яратдик).  

17. Агар Биз вақтичоғлик қилишни (яъни, хотин, бола-чақа орттиришни) истасак, агар
(шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам уни (яъни, хотин, бола-чақани) Ўз
даргоҳимиздан (яъни, малоикалардан ёки жаннат ҳурларидан) қилган бўлур эдик.

18. Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан Покдирмиз), Биз Ҳақ-Қуръонни ботил-
жаҳолатнинг устига отурмиз, бас, (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ
бўлур. Сизлар учун эса (эй мушриклар, Аллоҳнинг "Хотини, боласи бор", деб нолойиқ
сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур.  

19. Осмонлар ва Ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни,
фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар.  

20. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар.  

21. Ёки улар (яъни, мушриклар) Ернинг ўзидан (яъни, тош, ёғочлардан ўликларни)
тирилтира оладиган "худолар"ни топиб олдиларми?!  

22. Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида (у худоларнинг ҳар бири
ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида еру осмоннинг)
ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган
(шериклардан) Покдир.  
 
23. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса
қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар.  

24. Ёки Уни қўйиб (бошқа) "худолар"ни топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), айтинг: ("Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз хақ эканлигига)
ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўъминларнинг)
Эслатмаси (яъни, Куръон) ва мендан аввалгиларнинг Эслатмалари (яъни, Таврот,
Инжил. Мана шу Китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд
эканлигига хужжат-далил бор?!)" Йўқ, уларнинг аксариси ҳақиқатни билмай туриб,
(Ундан) юз ўгирувчилардир.  

25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга
ҳам: Хеч қандай илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат
қилинглар", деб ваҳий юборгандирмиз.  

26. Улар (яъни, мушриклар): "Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор", дедилар. У
Зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо Покдир. Йўқ, (фаришталар асло
Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир.  

27. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган
бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар.  

28. У Зот уларнииг олдиларидаги (қиладиган) ва орқаларидаги (қилиб ўтган) барча иш-
амалларини билур. Улар (Қиёмат қойим бўлган Кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган
кишиларнигина шафоат қилурлар - қўллай олурлар. Уларнинг ўзлари (Аллоҳдан)
қўрқиб ҳавфу хатарда турурлар.  

29. (Фаришталардан) бирон кимса: "Мен ҳам (Аллоҳдан) ўзга бир илоҳман", деса, бас,
Биз ўшани жаҳаннам билан жазолармиз. Биз барча золим-мушрикларни ана шундай
жазолаймиз.  

30. Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни, осмонлардан
ёғин ёғмас, ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб
юборганимизни (яъни, осмондан ёғин ёғдириб, ердан гиёҳ ундирганимизни) ва сувдан
барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам (яъни,
Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Ягона Аллоҳ борлигига очиқ далолат қилиб турган
мана шундай далиллардан кейин ҳам) иймон келтирмайдиларми?!  

31. Биз ер (одамларни) тебратмасин учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва Тўғри
Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик.  

32. Биз осмонни сақланган - қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар
(мушриклар) эса (осмоннинг ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳинг кудратини кўрсатиб
турган) аломатларидан юз ўгирувчидирлар.  

33. Кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зот ҳам (ёлғиз Аллоҳдир). (Буларнинг)
барчаси ўз фалак-фазосида сузиб юрурлар.  

34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан аввал ҳам бирон одамзотга абадий ҳаёт
берган эмасмиз. Бас, агар Сиз ўлсангиз улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу
қолмаслар).  
 
35. Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўргувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни
синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан
ҳам "алдаб" имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина
қайтарилурсизлар.  

36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон кофир бўлган кимсалар Сизни кўрсалар (бир-
бирларига кўрсатишиб): "Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана
шуми?", (дейишиб) масхара қиладилар, холос. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари
Парвардигорнинг Эслатмаси - Қуръондан юз ўгирувчилардир.  

37. (Ҳақиқатан), инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. (Шунинг учун кофир бўлгаи
кимсалар Аллоҳнинг азобини шоширмоқдалар). Яқинда Мен сизларга Ўз оят-
аломатларимни кўргазурман (яъни, Менга осий бўлган кимсаларни қандай
азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоширтирмангиз.  

38. Улар (яъни, динсиз кимсалсар): "Агар ростгўй бўлсангиз (айтинглар-чи) мана шу
ваъда қачон бўлади?", дерлар.  

39. Агар кофир бўлган кимсалар на олдиларидан ва на ортларидан (дўзах) ўтини тўса
олмай қоладиган, уларга ёрдам берилмайдиган вақти (Қиёмат Кунидаги даҳшатларни)
билсалар эди, (бу сўзларни айтмаган бўлур эдилар).  

40. Йўқ. (Қиёмат) тўсатдан келиб, уларни хайрону хаста қилиб қўюр, бас, уни
қайтаришга ҳам кучлари етмас, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмас.  

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам масхара
қилинган. Бас, уларнинг устидан кулган кимсаларга ўзлари (ишонмай) масхара қилган
нарсалари (Аллоҳнинг азоби) тушгандир.  

42. Айтинг: "Кечаси-ю кундузи сизларни Раҳмон (азобидан) ким сақлай олур?!" Йўқ
улар Парвардигорни эслашдан юз ўгиргувчилардир.  

43. Ёки уларни ҳимоя қиладиган Биздан ўзга "худолари" бормикан?! У ("худолар")
ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам
қилинмаслар.  

44. Йўқ, Биз уларни (кофирларни) ва ота-боболарини (дунё матоларидан шундай)
фойдалантирдикки, хатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий кўринди (ва улар бир кун келиб
бу ҳаёт тугашига ишонмай қўйдилир ва Аллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар). Ахир
улар (Макка кофирлири) Биз ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора
кўпроқ кишилар Исломга кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини)
кўрмайдиларми?! Ана ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар,
Аллоҳнинг Динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар).  

45. Айтинг: "Мен сизларни фақат ваҳий билан қўрқитиб-огоҳлантирурман. (Лекин)
гунглар (яъни, динсизлар Ўзлари учун Охиратда азоб борлиги ҳақидаги ваҳий билан)
қўрқитилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар.  
 
46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингнзнинг азобидан андак етса, албатта улар:
"Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўз жонимизга) жабр қилгувчилар бўлдик", деб
қолурлар.  

47. Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга
заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши
ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-
китоб қилгувчидирмиз.  

48. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга тақводор кишилар учуи (ҳақ билан ботилни)
ажратгувчи, зиё ва эслатма бўлган (Тавротни) ато этдик.  

49. У (тақводор)лар Парвардигорларидан кўрмай туриб, қўрқурлар. Улар (Қиёмат
қойим бўладиган) Соатдан ҳавфда тургувчилардир.  

50. Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Хали сизлар уни инкор
қилгувчимисизлар?!
Изоҳ: Ушбу оятдаги хитоб Макка арабларига қаратилган бўлиб, уни шундай тушунмоқ
лозим: бошқа тил, бошқа миллат эгилари Қуръон тилини билмагинлари боис унинг
қадру-қимматини тўла англай олмасликлари мумкин. Аммо сизлар ўз тилингизда нозил
қилинган, теран маъно-моҳиятидан ташқари балоғат ва фасоҳатга тўлиқ бўлган
назмининг ўзидан Илоҳий мўъжиза экани кўриниб турган Китобни қандай инкор қила
оласизлар?!

51. Дарҳақиқат, Биз (Мусодан) илгари Иброҳимга Ҳақ Йўлини ато этдик. Биз унинг
(Ҳақ Йўлга лойиқ эканини) билган эдик.  

52. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: "Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар
нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғинаяпсизлар?!)", деганида;  

53. Улар айтдилар: "Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз".  

54. У деди: "Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда
экансизлар".  

55. Улар айтдилар: "Келтирган - айтган (бу сўзларинг) ростми ёки сен ҳазил
қилгувчиларданмисан?"  

56. У деди: "Йўқ, сизларнинг Парвардигорингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён
ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва ернинг Парвардигоридирки, У
Зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман.  

57. Аллоҳ номига қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин
бутлариигизни бир бало қилурман".
Изоҳ: Аллоҳ таъолонинг ҳидояти билан гўдаклик чоғидаёқ жонсиз ҳайкал-бутларга
сиғинишдин бош тортган Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси: "Зора худоларимиз
ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса", деб ўзларининг йилда бир бўладиган диний
байрамларига олиб бормоқчи бўлади. Лекин у оёғи оғриётганини бахона қилиб
байрамга бормайди ва ичида, улар кетгач, бутхонадаги ҳайкалларни синдиришга қасам
ичади.
 
58. Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, "Шояд (мушриклар у бутларнинг)
каттасига қайтсалар (ва бу айбни тўнкасалар", деб) ўшанигина (қолдирди ва унинг
бўйнига бир болтани илиб қўйди).  

59. Улар (қайтиб келганларидан сўнг): "Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди?
Шубҳасиз, у золим кимсалардандир", дедилар.  

60. (Уларнинг айримлари) айтишди: "(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим
деган бир йигитни эшитгандик".  

61. (Шунда уларнинг катталари): "Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ
бўлсинлар", дейишди.  

62. (Уни келтиришгач): "Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?", деб
(сўрашди).  

63. (Иброҳим) айтди: "Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси - мана бу (ҳайкал) қилди. Бас,
(бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)".  

64. Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): "Сизлар ўзингиз золимлаисиз",
дедилар.  

65. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: "Сен уларнинг гапирмасликларини яхши
билардинг-ку?!", дейишди.  

66. (Иброҳим) айтди: "Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа
олмайдиган (ҳатто гапира олмайдиган) нарсаларга сиғинасизларми?!  

67. Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл
юргизмайсизларми?!"  

68. (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ
Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: "Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай
олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар".
Изоҳ: Шундан кейин мушриклар улкан ўтин ғарами ҳозирлашиб, унинг ҳамма
томонига ўт қўйдилар ва Иброҳимни қўл-оёғини борлаб бир манжаниққа (қадимий тош
отиш қуроли) солишиб оловга отдилар. Шунда...

69. Биз айтдик: "Эй олов, сен Иброхим учун салқин ва омонлик бўл!"
Изоҳ: Муфассирлар айтишларича, Иброҳим алайҳиссилом манжаниқдан отилган
лаҳзада унинг ёнига фаришта Жаброил келиб: "Менга бирон ҳожат-тилагинг борми?", 
деб сўраган эканлар, Иброҳим: "Сенга (яъни, Ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимсига)
эҳтиёжим йўқ", деб жавоб берибдилар. "Парвардигорингга-чи?" - сўрабди Жаброил.
"Парвардигорим Ўзи аҳволимдан Огоҳдир", дебдилар Иброҳим. Шунда Аллоҳ таъоло
оловга юқорида зикр қилинган оятдаги фирмонини юборган заҳоти оловнинг ёруғи
қолиб, иссиғи йўқолибди. Иброҳим алийҳиссаломнинг эса боғланган арқони ёниб
битибди-ю, у кишининг ўзига озор етмабди.
Қиссадан ҳисса шуки, кимда ким Иброҳим пайғамбар каби Ёлғиз Аллоҳ таъолога
бандалик қилиб, У Зотдан ўзга бирон кимсадан мадад-ёрдам тиламаса, Аллоҳ уни ўтда
куйдирмас, сувда чўктирмас экан.
 
70. Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи
бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик.  

71. Ва Биз унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Ўзимиз барча оламлар учун
муборак қилган (Шом) заминига (юбордик).  

72. Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида), Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни
ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик.  

73. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ Йўлга) ҳидоят этадиган
пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва
закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат
қилгувчи бўлдилар.  

74. Яна Биз Лутга ҳикмат ва илм ато этдик ва унга нопокликлар қилувчи бўлган
қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар.  

75. Ва Биз уни (Лутни) Ўз раҳмат - жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у
солиҳлардандир.  

76. Нуҳни (эсланг): Ўшанда у - (мазкур пайрамбарларнинг давридан) илгари нидо
қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳли-тобеъларини улур
ғамдан қутқардик.  

77. Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик.
Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик.  

78. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг)!
Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз
улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик.  

79. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олдиларига икки
киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари
иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани соғ қолдирмай пайхон қилиб
чиқиб кетган эди. Довуд алайҳиссилом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм
чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайҳиссалом эса "Ерни қўйларнинг
эгасига, кўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, кўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин
экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор
соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган кўзиларини ҳам
ўзига олиб қолса", дейдилар. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: "Ўғилчам, сенинг
ҳукминг тўғрироқдир", деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади...
Айтишларича, Довуд алайҳиссалом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат
қилганлариди самода учиб кетаётган қуш муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга
қироат қилар экан.

80. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик.
Бас, сизлар, шукр қилурмисиз?!  

81. Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан Биз муборак
қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани Билгувчидирмиз.
 




82. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа
ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни (Сулаймоннинг
амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик.  

83. Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: "(Парвардигорим), мени бало ушлади.
Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан", деб илтижо қилган пайтини
(эсланг)!

84. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда
Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат
бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича
(бола-чақа) ато этдик.
Изоҳ: Айюб пайғамбар асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат
киши эдилар. Сўнгра бошларига оғир кунлар тушиб, мол-дунёларидан ажрадилар,
лекин қаноат қилдилар; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо
бўлдилар, сабр қилдилар; саломатликларидан ажраб, энг оғир хасталикларга дучор
бўлдилар, шикоят қилмадилар. Қачонки айрим кимсалар: "Бу энг ёмон гуноҳ-
жиноятларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган", деганларини
эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб Аллоҳ таъолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан
шикоят қилган ва Ҳақ таъоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, саломатликларини
ҳам, мол-давлатларини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларига
ҳаёт ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрганлар.
Мазкур оятдаги "барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб", деган
сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳиссалом
каби сабр-қаноат қилсалар, албатта Аллоҳ таъоло уларнинг балоларини кетказиб,
аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этур.

85. Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифлни (эсланг)! Барчалари сабр қилгувчи
зотлардандирлар.  

86. Биз уларни Ўз раҳмат-жаннатимизга дохил қилдик. Дарҳақиқат, улар
солиҳлардандирлар.  

87. Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб,
Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ
қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: "Ҳеч илоҳ йўқ, магар
Ўзинг бордирсан, эй Пок Парварднгор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр
қилгувчилардан бўлиб қолдим", деб нидо қилган (пайтинии эсланг)!
Изоҳ: Зуннун, - яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алаҳиссалом Аллоҳинг амри
билан ўз қавмини Ҳақ Йўлиги даъват қилганида улар иймон келтирмадилар.
Аллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда
Юнус пайғамбар Яратганнинг: "Сабр қил", деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг
иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича "Бу ишим
учун Аллоҳ мени жазоламас", деб ўйлайди. Лекин Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарининг бу
итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор
қорнига ҳибс қилиб кўяди. Шунда Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб
юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.

88. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз
мўминларга мана шундай нажот берурмиз.  
 
89. Закариёнинг: "Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни, менга Ўз
даргоҳингдин бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг Яхшироғидирсан
(яъни, ҳамманинг ортида қолгувчидирсан)", деб нидо қилган пайтини (эсланг)!  

90. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг
учун жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик.
Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга
рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи
эдилар.  

91. Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг)! Бас, Биз Ўз тарафимиздан
бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча
оламлар учун оят-ибрат қилдик.  

92. (Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз - Динингиз ҳақиқатда бир Диндир (яъни,
Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина
ибодат қилинглар!  

93. (Лекин одамлар) ишларини (яъни, динларини) ўзаро парчалаб-бўлиб олдилар.
Барчалари Бизга қайтгувчидирлар.  

94. Бас, ким мўъмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, унинг саъй ҳаракати зое
бўлмас - Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.  

95-96-97. Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (ахли қайта дунёга келиши) ҳаромдир.
То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва ҳақ
ваъда (яъни, Қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни, Биз ҳалок қилган кимсалар)
қайтмайдилар. Ана у (Қиёмат қойим бўлган) вақтда эса кофир бўлган кимсаларнинг
кўзлари қотиб: "Эй, ҳолимизга вой, бизлар бундай (оқибатдан) ғафлатда эдик. Йўқ,
бизлар (ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлдик", (дейдилар).  

98. (Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам
жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар.  

99. Агар ўшалар (яъни, сизлар сиғинадиган бутларингиз) худолар бўлганида
(жаҳаннамга) тушмаган бўлур эдилар. (Бу бутлар ва уларга сиғинадиганларнинг)
барчалари у жойда абадий қолгувчидирлар.  

100. Улар учун у жойда (фақат) дод-фарёд қилишгина бордир. Улар у жойда (бирон
нарсани) эшитмаслар.  

101. Албатта, Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана
ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар.  

102. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий
қолгувчидирлар.  

103. Уларни Буюк даҳшат (яъни, Қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: "Мана
шу сизларга ваъда қилинган Кундир", (деб) кутиб олурлар.  
 



104. У Кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб,
биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг
зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз.  

105. Дарҳақиқат, Биз (Лавҳул-Маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: "Албатта
(жаннатнинг) ерига Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар", деб ёзиб
қўйгандирмиз.  

106. Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли (панд-насиҳат)
бордир.  

107. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат
раҳмат (яъни, Аллоҳинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик.

108. Айтинг: "Менга фақат сизлариинг илоҳингиз Якка-ю Ягона Илоҳ экани ваҳип
қилинур. Бас, сизлар (ваҳийга) бўйсунувчимисизлар?"  

109. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: "Мен сизларнинг (барчангизга) баробар
(ҳеч кимни айирмай ўзимга нозил бўлган ваҳийни) эшиттирдим. Сизларга ваъда
қилинаётган (Қиёмат Кунидаги азобни) яқин ё йироқлигини эса билмасман.  

110. Албатта У Зот сўзнинг ошкорасини ҳам билур, сизлар беркитадиган Сўзларни ҳам
билур.  

111. Билмайман, эҳтимол бу (яъни, азоб соатининг таъхирга ташланиши) сизлар учун
бир алдов-синов ва бир оз вақтгача (ажалларингиз етиб ўлгунингизгача)
фойдаланишдир".  

112. (Муҳаммад алайҳиссалом) айтди: "Парвардигорим, Ўзинг ҳақ ҳукмингни қилгин.
Бизнинг Парвардигоримиз - сизларнинг ("Аллоҳ ёлғиз эмас", деб У Зотни бўҳтон
сифат билан) сифатлашларингизга қарши мадад сўраладиган Раҳмондир".

 

 

кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов