"."
Меню

Саф-Жумъа-Мунафикун-Тахобун-Талок-Тахрим-Мулк-Калам-Ал-Хакка-Маориж-Нух-Жин-Музаммил-Муддассир-Киемат-Инсон-Мурсалот-Набаъ-Назият-Абаса суралари

61. Саф сураси 

Мадинада нозил бўлган бу сура ўн тўрт оятдир. У дастлаб Аллоҳ таолога тасбеҳ айтилганидан сўнг, мўминларга берган ваъдаларининг устидан чиқишлари лозим эканлигини уқтириш билан бошланади. 

Сўнгра Тангри таоло Ўзининг йўлида саф бўлиб курашадиган кишиларни суйиши таъкидланадики, суранинг «Саф» деб номланишига шу сабабдир.

Бу сурада Мусо ва Ийсо пайғамбарларнинг Бани Исроил қавми томонидан кўрган озор-азийятлари ҳам зикр қилингандир. 

Сура мўминларга Аллоҳ ва Унинг пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга иймон келтирганларидан кейинги энг нажотбахш амал - Аллоҳнинг йўлида молу-жонлари билан жиҳод қилишлари эканлигини уқтириб, уларни Тангри таолонинг ёрдамчилари бўлишга даъват қилиш билан якунланади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

2. Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!

3. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).

И з о ҳ. Бу икки оят айрим саҳобалар ўзларича: «Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган ишни билсак эди, албатта ўша амални қилган бўлур эдик», деб юришиб, сўнгра ўша суюкли амал Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш эканлиги ҳақида оят нозил бўлгач эса, уларнинг баъзи бирлари сусткашлик қилганларида нозил бўлгандир.

4. Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар.

5. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, нега сизлар мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканлигимни билган ҳолларингизда менга озор берурсизлар?!» деган эди. Бас, қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан) Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас. 

6. Эсланг, Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар. 

И з о ҳ . Ушбу икки оят пайғамбар алайҳис-саломнинг салафлари ҳаётидан келтирилган лавҳалар бўлиб, улар ҳам ўз қавмлари томонидан азийят тортиб, ёлғончи қилинганлари баён этилди ва бу билан Тангри таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарини кофирлар томонидан етадиган озорларга ўз салафлари каби сабр-тоқат қилишга даъват этди, Кейинги оятдаги Аҳмад - пайғамбаримизнинг исмлари бўлиб, Муҳаммад сўзи билан бир ўзакдан чиққандир. У ўзак «ҳамд-мақтов» калимаси бўлиб, Аҳмад - "Парвардигорга кўп ва хўб ҳамд айтгувчи" маъносини ифодаласа, Муҳаммад - "дунё ва охиратда мақтовга сазовор бўлгувчи" деган мазмунда келади. 

7. Ўзи Исломга даъват қилинаётган ҳолида, (у даъватни қабул қилиш ўрнига) Аллоҳ шаънига («У зотнинг боласи бор, шериклари ҳам бор», деб, ёки Аллоҳнинг оят-мўьжизаларини «Бу сеҳр», деб) ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас! 

8. Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйгувчидир. 

9. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар истамасалар-да - барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир. 

10. Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? 

11. (Ўша «тижорат» мана будир)- Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир. 

12. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир.

13. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй бергувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!  

14. Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз!- Ийсо бинни Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлур?» деганида, ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз». Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Ийсога) иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар.






62. Жумъа сураси 


Бу сура ҳам Мадина сураларидан бўлиб, ўн бир оятдан ташкил топгандир.

Сура барча инсониятни жаҳолат-билимсизлик ботқоғидан чиқариб, уларга Қуръон таълимотини етказиш учун Муҳаммад алайҳис-саломни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, У зотни барча айбу нуқсондан поклаш билан бошланади.

Шунингдек, бу сурада ўзларига ато этилган Таврот кўрсатмаларига амал қилмаган яҳудийларни устларига китоб юкланган эшакларга ташбеҳ қилиниб, уларнинг золим қавм эканликлари таъкидланади.

Сўнгра Жумъа намозининг аҳкомлари баён қилиниб, мўминларни ҳаёти дунё матоларига учмасдан Аллоҳ таоло ҳузуридаги ажр-мукофот учун амал қилишга даъват этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва ердаги бор нарса (ёлғиз) подшоҳ, (барча айб-нуқсондан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур.

2. У (Аллоҳ) омийлар (яъни аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб-Қуръон ва Ҳикмат-Ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган зотдир. Шак-шубҳасиз улар (ўзларига пайғамбар келишдан) илгари очиқ залолатда эдилар. 

3. (Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга - уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган барча инсонларга ҳам юборгандир). У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

4. Бу (яъни барча инсониятга пайғамбар бўлиш) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир. 

5. Таврот юкланган - берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилару, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас! 

6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар - агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар - ўлимни орзу қилинглар-чи? 

7. Улар қўллари (яъни ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни Тавротда ҳақ пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир.

8. Айтинг: «Сизлар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу-шаҳодатни (яъни, барча яширин ва ошкора нарса-амалларни) билгувчи (Аллоҳ)га қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!»

9. Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига - Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. 

10. Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар. 

11. (Эй Муҳаммад), қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. 

И з о ҳ . Ривоят қилинишича, бир Жумъа кунида пайғамбар алайҳис-салом минбарда хутба - ваъз айтиб турганларида Мадинага савдогарлар карвони кириб келади. Шунда айрим саҳобалар расулуллоҳни минбарда қолдириб савдо-сотиқ қилиш учун карвон томонига югуришганида, мусулмонларга танбеҳ бўлиб ушбу оят нозил қилинади. Оят давомида дунёнинг фоний матоларидан Аллоҳ таоло мўминларга охиратда ато этадиган нарсалар яхшироқ эканлиги таъкидланади. 

Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (иймон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!








63. Мунофиқун сураси 


Ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Мадинада нозил қилингандир. 

«Мунофиқун - Мунофиқлар» деб номланган бу сура уларнинг кирдикорларини - тубан ахлоқларини, ярамас сифатларини, тиллари билан диллари бошқа-бошқа эканлигини ва ниҳоят улар устларига Ислом тўнини кийиб олишиб, одамларни Исломдан тўсишларини фош этади. 

Сура ниҳоясида мўминларни дунё зийнатларига алданиб қолмасликка ва бошларига ўлим келиб қолишидан илгари Аллоҳ таоло уларга ато этган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилишга буюрилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Эй Муҳаммад), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур. 

И з о ҳ . Яъни, мунофиқлар Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига чин дилдан иймон келтирганлари йўқ, балки фақат тилларидагина гувоҳлик бердилар, демак уларнинг бу гувоҳликлари ёлғон гувоҳликдир. 

2. Улар ўзларининг (мусулмон эканликлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар! Уларнинг қилгувчи бўлган амаллари нақадар ёмондир! 

3. Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар! 

4. Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! 

5. Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз. 

И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятлар мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлгандир. Воқеа бундай бўлган. Пайғамбар алайҳис-салом саҳобалари билан Бану Мусталақ қабиласига қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганларидан сўнг Мадинага қайтаётганларида бир мунофиқ кимса муҳожир мусулмонлардан бири билан сув талашиб жанжаллашиб қоладилар. Шу пайт ўша ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳалиги муҳожир ва умуман барча муҳожир мусулмонлар ҳақида ножўя сўзлар айтиб, уларни ҳақорат қилади ва ўз қавмига қараб: «Бу келгиндиларга (яъни муҳожирларга) ёрдам ва хайр-саховат қилманглар, токи улар Муҳаммадни ташлаб ўз юртларига қайтиб кетсинлар. Ҳали Мадинага қайтганимизда, албатта кучлилар (яъни бизлар) кучсизларни (яъни мусулмонларни) Мадинадан қувиб чиқарур», дейди. Аммо кейинроқ, Пайғамбар алайҳис-салом бу воқеадан хабардор бўлганларидан кейин ундан: «Сен шу гапларни айтдингми?» деб сўраганларида эса, у қасам ичиб, айтган сўзларидан тонади ва ёлғон қасамни қалқон қилиб олади. Энди, у ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида оятлар нозил бўлгач, айрим кишилар унга: «Эй Абдуллоҳ, сенинг хусусингда қаттиқ оятлар тушди, сен Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўрагин, у киши сенинг гуноҳларингни мағфират қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилсинлар, шояд Аллоҳ мағфират қилса», дейишганида у бундан бош тортади ва: «Сизлар иймон келтир, дединглар, иймон келтирдим; молингнинг закотини бер, дединглар, закот бердим, энди бир камим бориб Муҳаммадга сажда қилиш қолувди», деб жавоб беради. Шунда юқоридаги оят нозил бўлади ва навбатдаги оятда эса ундай мунофиқ кимсалар ҳақида қилинган ҳеч қандай дуо-илтижо ижобат бўлмаслиги уқтирилади. 

6. (Эй Муҳаммад), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир - Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас. 

7. Улар (ўзларининг тобеъларига): Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар», дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки осмонлар ва ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар. 

8. Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур», дерлар. Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар. 

9. Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир! 

10. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)ларда! бўлсам», деб қолишдан илгари, Биз сизларга ризқ қилиб берга нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! 

11. Аллоҳ бирон жонни ажал келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.








64. Тағобун сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, ўн саккиз оятдир. Сура Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳиясига далолат қиладиган оятлар билан бошланиб, сўнгра илгари ўтган динсиз кимсалар топган оқибатлар ва улар охиратда гирифтор бўладиган аламли азоб ҳақида хабар берилади. 

Бу сурада ўлгандан кейин қайта тирилиш Куни бор эканлигини инкор қилган кофирларнинг даъволари кескин рад этилиб, Парвардигори олам номига қасам билан у Куннинг ҳақ экани таъкидланади ва уни «Тағобун», яъни «Бир-бирларини алдаш - зиён етказиш» Куни деб аталади. Чунки бу дунёда мўминларни алдаб, уларга зиён етказиш ҳаракатида юрган кофирлар у Кунда дўзахга гирифтор қилинишлари билан ўзларининг зиён тортиб, алданиб қолганликларини билишиб, надоматлар қилурлар, мўминлар эса у Кунда жаннат неъматига эришишлари билан ҳаёти дунёда кофирларнинг васваса-алдовларига учмаганликлари сабабли катта фойда кўрганликларини билурлар. 

Сура охирида мўминларга топган мол-мулк ва бола-чақалари улар учун фақат бир имтиҳон эканлиги уқтирилиб, уларни қўлларидан келганича тақво билан ҳаёт кечиришга ва Аллоҳ йўлида бечора-мискинларга хайр-эҳсон қилишга даъват этилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. Эгалик - подшоҳлик ёлғиз Уникидир ва ҳамду сано ёлғиз Унинг учундир. У барча нарсага қодирдир.

2. У сизларни яратган зотдир. Бас, сизлардан (айримларингиз) кофир, сизлардан (айримларингиз) мўминдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. 

3. У осмонлар ва ерни Ҳақ (қонун) билан яратди ва сизларга сурат-шакл берди - суратларингизни гўзал қилди. Ёлғиз Унга қайтиш бордир. 

4. У осмонлар ва ердаги бор нарсани билур ва У сизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган нарсан ҳам билур. Аллоҳ диллардаги сирларни билгувчидир.

5. (Эй Макка кофирлари), сизларга аввалги кофир бўлишиб, сўнг (ҳаёти дунёдалик пайтларидаёқ) ўз ишларининг зиёнини тотган кимсаларнинг хабари келдими? Яна улар учун (охиратдаги) аламли азоб ҳам бордир.

6. Бунга сабаб, уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар билан келганларида улар: «Бизларни (ўзимизга ўхшаган) башар (авлодлари) ҳидоят қилурларми?!» дейишиб, (у пайғамбарларга) кофир бўлганлари ва (иймондан) юз ўгириб кетганларидир, (шунда) Аллоҳ (уларни ҳалок қилиш билан Ўзи уларнинг иймонларидан) беҳожат эканлигини кўрсатди. Аллоҳ беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир. 

7. Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир».

8. Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга - Қуръонга иймон келтиринглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9. (Аллоҳ) сизларни тўплайдиган тўпланиш Кунини (эслангиз)! Бу (одамлар) бир-бирларини «алдаб-зиён етказадиган» Кундир (яъни, ҳаёти дунёда иймон эгаларини алдаб-зиён етказиб юрган кофирлар у Кунда дўзах азобига дучор қилиниш билан ўзларининг алданган кимсалар эканликларини билиб олурлар). Ким Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амал қилса (Аллоҳ) унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва уни остидан дарёлар оқиб турадиган, (барча жаннат ахли) абадул-абад қоладиган жаннатларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир.

10. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар - ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолгувчидирлар. Нақадар ёмон оқибат (бу)!

11. (Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.

12. Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар (итоатдан) бош тортсангаз, у ҳолда (билингизки), пайғамбаримиз зиммасида фақат (Бизнинг ваҳийларимизни сизларга) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос. 

13. Аллоҳ - ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар - суянсинлар! 

14. Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар уларни афв этсанглар, кечириб юборсанглар ва мағфират қилсанглар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Макка аҳлидан бир гуруҳ кишилар Исломни қабул қилишиб, сўнгра пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига - Мадинаи мунавварага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида уларнинг динсиз бўлган хотин ва бола-чақалари бу ниятларидан тўсишиб: «Исломга кирганларингизга сабр қилдик, аммо бизларни ташлаб ҳижрат қилишларингизга чидай олмаймиз», дейишган экан. Шунда улар бу гапга кўнишиб, Маккада қолишган ва орадан анча замон ўтиб, Мадинага келганларида эса бу ердаги мусулмонлар диний билимларни пухта эгаллаб олганларини кўришиб, илгари ўзларининг йўлларини тўсган хотин, бола-чақаларидан ўч олмоқчи бўлганларида юқоридаги оят нозил бўлгандир. Муфассирлар айтишларича, ушбу ояти карима Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишдан тўсадиган хотинлар ва болаларнинг сўзларига кирадиган барча кишилар учун танбеҳдир. 

15. Сизларнинг мол-мулкларингаз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. 

16. Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. 

17. Агар сизлар Аллоҳга қарзи-ҳасана берсангизлар (яъни Унинг мискин-бечора бандаларига инфоқ-эҳсон қилсангизлар) У зот сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва сизларни(нг гунохларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ ўта шукр қилгувчи (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато этгувчи) ва ҳалимдир. 

18. (У) ғайбу шаҳодатни (яъни барча яширин ва ошкор ишларни) билгувчи, қудрат ва ҳикмат соҳибидир.






65. Талоқ сураси 


Бу сура ўн икки оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил қилинган.

Унда сўз асосан оилавий аҳволга тааллуқли шариат ҳукмларидан талоқ ва унинг қонун-қоидалари устида боради. Шунинг учун у «Талоқ» сураси деб номлангандир.

Яна бу сурада идда ва унинг турлари ҳамда иддадаги аёлни жой ва нафақа билан таъминлаш тартиблари ҳам баён этилади.

Сура давомида эр ё хотиндан бирортасига зулм бўлмаслиги учун Аллоҳдан қўрқишга бот-бот даъват такрорланиб туради.

Сура Қуръони Карим нозил қилинишидан ва Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилишларидан мурод, мўминларни жаҳолат зулматларидан иймон нурига олиб чиқиш эканини таъкидлаш ҳамда етти осмону, етти заминни яратган зот бўлмиш Аллоҳ таоло барча нарсани билиб, иҳота қилиб тургувчи зот эканлигини уқтириш билан хотима топади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй Пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар! (То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина, (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқарилурлар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирон ишни пайдо қилар. 

И з о ҳ. Бақара сурасининг 228-оятида айтилганидек, талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида идда сақлаб ўзларининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганларини кузатадилар. Агар бирон аёл ҳайз кўриш пайтида талоқ қилинса, у мана шу ҳайзидан ташқари яна уч ҳайз идда сақлаши лозим бўладики, бу ўша аёлга зулм қилиш демакдир. Чунки у идда муддати тугаши билан бошқа эр билан турмуш қуриш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳолатда эса талоқ қилинган аёл яна ортиқча бир ҳайз идда сақлашга мажбур бўлади. (Умуман оиласиз эркак ва аёлларнинг кўпайиши жамиятда бузуқлик ва нопокликнинг авж олишига сабаб бўлгани учун, Ислом дини оилаларнинг бузилиб кетишига имкон қадар йўл бермасликка, агар бузилган чоғда эса иложи борича тезроқ ярашишга ёки бошқа турмуш қуришга даъват этади). Шунинг учун юқоридаги оятда талоқ қилгувчилар хотинларини идда сақлайдиган поклик пайтларида талоқ қилишга ҳамда иддани аниқ ҳисоб-китоб қилиб боришга буюриладилар. Ушбу фармоннинг яна бир ҳикмати, аёл киши ҳайз кўриш пайтида одатда эри унга поклик пайтидагидек рағбат қилмайди, бинобарин ундан ажралиш ҳам эр учун у қадар қийин иш эмасдек туюлиши мумкин. Шу сабабдан Қуръон эркакларга, агар улар хотинларидан ажралмоқчи бўлсалар, у аёлларни пок ва марғуба бўлган пайтларида талоқ қилишлари мумкин эканлигини билдиради. Бундан ташқари ушбу оятда талоқ қилинган аёлларни модомики улар бузуқлик, беҳаёлик қилмас эканлар, то идда муддатлари тугамагунича эрларининг уйларидан чиқариб юбориш дуруст эмаслиги баён қилинди. Бу ҳукмдан мурод, биринчидан, идда сақлаётган аёл мана шу идда муддати асносида талоқ қилган эрининг ҳукмида эканлигини, яъни бошқа эрга никоҳланиши дуруст эмаслигини билдириш бўлса, иккинчидан, агар у аёл уч талоқ қилинмасдан бир ёки икки талоқ қилинган бўлса, жаҳл устида талоқ қилиб юборган эри ҳар куни уни кўриб турганлиги сабабли, "меҳр кўзда", деганларидек, яна унга мойил бўлиб, эр-хотиннинг қайтадан ярашиб кетишлари ҳам осонлашишидир. Шунинг учун ҳам оят ниҳоясида «Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирон ишни пайдо қилар», дейилди. 

2. Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳлларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар. Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар ва (гувоҳ бўлгувчилар) гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис адо қилинглар! Бу (ҳукм)дан фақат Аллоҳга ва охират Кунига иймон келтиргувчи бўлган киши панд-ибрат олур. Ким Аллоҳдан қўрқса (яъни юқорида мазкур бўлган талоқ қилиш қонун-қоидаларига Аллоҳдан қўрққани учун риоя этса), У зот унинг учун (барч ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. 

3. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. (Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир (яъни, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодиса ёлғиз Аллоҳ хохлаган - белгилаган вақт ва ўлчовда рўй беради). 

4. Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингиз-ки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир). Ким Аллоҳдан қўрқса (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур. 

5. Бу Аллоҳнинг сизларга нозил қилган ҳукмидир. Ким Аллоҳдан қўрқса унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва унинг ажр-мукофотини улуғ қилур. 

6. Уларга (яъни талоқ қилиниб, идда сақлаётган аёлларингизга) ўзларингиз маскан тутган - қудратингиз етган жойдан маскан беринглар ва уларни (турган жойларидан) қисиб чиқариш учун уларга зиён етказманглар. Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа бериб туринглар! Энди агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар (яъни ўзларининг сизлардан бўлган болаларини эмизсалар), у ҳолда уларнинг (эмизганликлари учун) ажр-ҳақларини беринглар! Ва (эмизиш, ҳамда унинг ҳаққи хусусида) ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар! Агар (келиша олмасдан) танг ҳолга тушсангизлар, у ҳолда (ота) учун (боласини) бошқа (бир аёл) эмизур. (Яъни ота боласини бошқа - бегона аёлга эмиздурур).

7. Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни ўз ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ-рўз) дан бошқа нарсага таклиф қилмас (яъни ҳар бир инсон фақат Аллоҳ ўзига ато этган ризқдан инфоқ қилишга таклиф қилинур). Аллоҳ танглик-камбағаллиқдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур. 

8. Қанчадан-қанча қишлоқ-шаҳарлар борки, ўз Парвардигорлари ва Унинг пайғамбарлари амридан бош тортгандирлар, бас, Биз улардан қаттиқ ҳисоб-китоб олганмиз ва ёмон азоб билан азоблаганмиз. 

9. Бас, у (қишлоқ-шаҳарларнинг ахли) ўз иш-қилмишларининг зиёнини тотдилар ва бу ишларининг оқибати зиён тортиш - ҳалокат бўлди. 

10. Аллоҳ улар учун (охиратда ҳам) қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир. Бас, эй иймон келтирган ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар! Дарвоқе У зот сизларга Эслатма - Қуръонни нозил қилди. 

11. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-равшан оятларини тиловат қиладиган пайғамбарни (Муҳаммад алайҳис-саломни юборди). Ким Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амал қилса (Аллоҳ) уни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадул-абад қоладиган жаннатларга киритур. Дарҳаҳиқат Аллоҳ унинг учун гўзал ризқ (яъни жаннатнинг туганмас ризқини ато) қилди. 

12. Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни етти қават ерни) яратган зотдир. (Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди).







66. Таҳрим сураси 


Ўн икки оятдан ташкил топган бу сура ҳам Мадинада нозил бўлган. 

«Таҳрим» - «Ҳаром қилиб олиш» деб номланган бу сура жорияларни ўзлари учун ҳаром қилиб олган Пайғамбар алайҳис-саломга танбеҳ бериш билан бошланади. 

Сўнгра у зот билан аҳли байтлари ўртасида бўлиб ўтган айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади ва бу билан мусулмонларга эр билан хотиннинг оилада тутиши лозим бўлган ўрни-мавқеи ҳамда улар ўртасидаги риоя этилиши лозим бўлган айрим тартиб-қоидалар ўргатилади. 

Сура давомида мўминлар ўзларини ва аҳли-оилаларини дўзахга дучор қиладиган гуноҳлардан сақлашга ҳамда холис тавба-тазаррулар қилишга қайта-қайта даъват этиладилар. 

Сура мўмин зот (Нуҳ ва Лут пайғамбарлар) қарамоғидаги кофира аёллар ва кофир кимса (Фиръавн) қўл остидаги мўмина аёл ва Марям бинти Имрон ҳақидаги икки ибратли мисол билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингизнинг розилигини истаб Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

И з о ҳ. Ушбу ояти карима нозил бўлишининг сабаблари ҳақида бир неча ривоятлар мавжуд бўлиб, улардан бири "Саҳиҳул-Бухорий"да келтирилган қуйидаги ривоятдир: Пайғамбар алайҳис-салом жуфти ҳалоллари Зайнаб бинти Жаҳш (Аллоҳ ундан рози бўлсин)нинг хоналарида истироҳат қилиб, онамиз қуйиб берган асал шарбатидан ичиб ўтирар эканлар, бошқа аёллари Оиша ва Ҳафса оналаримизнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) рашклари келиб Пайғамбар алайҳис-салом бу ердан чиқиб қайси биримизнинг олдимизга кирсалар: «Мағофийр (ўзи лаззатли, аммо саримсоққа ўхшаган бадбўй таом) едингизми?», деймиз, деб келишиб оладилар ва Расулуллоҳ олдиларига кирганларида, ҳар иккалалари ўша сўзни айтадилар. Шунда ҳар қандай бадбўй ҳидни ёмон кўрадигаи Пайғамбаримиз: «Йўқ, мен фақат Зайнабнинг олдида асал шарбатни ичган эдим», деб қайта асал тановул қилмасликка қасам ичганларида юқоридаги оят нозил бўлади. 

2. Дарвоқеъ, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат-эваз тўлаб) қасамларингиздан қутулиб чиқишни буюрган-ку. Аллоҳ хожаларингиздир. У билгувчидир ва ҳикмат соҳибидир. 

И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни ва у зотнинг барча умматларини ноўрин ичилган қасамларидан каффорат-эваз тўлаб қутулишга буюрмоқда. Қасамнинг каффорати ҳақида Моида сурасининг 89-оятида батафсил айтилгандир. 

3. Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди - билдирмади. Бас, қачонки (Пайғамбар Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Ким сизга бу хабарни берди?» деган эди, (Пайғамбар) «Менга Билгувчи ва Хабардор зот хабар берди», деди. 

4. (Эй Ҳафса, Оиша) агар сизлар (бу қилмишларингиз учун) Аллоҳга тавба қилсангизлар (ўзларингизга яхшироқ бўлур). Чунки сизларнинг дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди! (Аммо) агар сизлар (Пайғамбарнинг) зиёнига (яъни у зот билан аёллари ўртасини бузадиган ишлар устида) бир-бирингизга ёрдам берсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг мададкоридирлар. Яна, булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга) ёрдамчидир. 

5. Эҳтимол Парвардигори - агар у сизларни талоқ қилса - унга сизлардан яхшироқ жуфтларни муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига) итоат этгувчи тавба-тазарру қилгувчи, обида (мудом Аллоҳнинг йўлида) кетгувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур. 

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-саломнинг аёлларига ибратли панд-насиҳат қилиб, уларни Расулуллоҳ билан бирга кечаётган саодатли ҳаётларининг қадрига етишга даъват этгач, қуйидаги оятларда барча мўминларга хитоб қилади. 

6. Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва ахли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур. 

7. (Кофирлар дўзахга киритилар эканлар, уларга дейилур): «Эй кофирлар, бугун узр айтмай қўя қолинглар, (чунки энди ҳар қандай узр-баҳона бефойдадир)! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланмоқдасизлар! 

8. Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки, Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар. 

9. Эй Пайғамбар, сиз кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир! Нақадар ёмон оқибат бу! 

10. Аллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, у (аёл)лар (Нуҳ ва Лутга) хиёнат қилган эдилар, (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккисидан дафъ қила олмадилар, ва (уларга) «Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар!» дейилди. 

11. Аллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб қолгач, азоблаган чоғида) у: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда - жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин», деди. 

12. Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни -- Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этгувчилардан бўлди.








67. Мулк сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, ўттиз оятдан ташкил топгандир.

Сура барча оламлар мулки - подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган Аллоҳ таборак ва таоло беҳад буюк-баракотли зот эканини таъкидлаш билан бошланади. Шу боисдан у «Мулк» сураси деб номлангандир. Айрим манбаъларда уни «Таборак» сураси деб ҳам атайдилар,

Бу сурада Аллоҳ таоло ўлим ва ҳаёт неъматларини нима учун яратгани ҳамда У зот етти қават осмон ва ундаги бор мавжудотни қандай дақиқ ҳикмат-интизом билан бунёд этгани баён қилинган оятлар қаторида охират ҳақида ва у Кунда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда уларнинг чекадиган бефойда афсус-надоматлари тўғрисида хабар берадиган оятлар ҳам мавжуддир. Сўнгра еру осмондаги Тангри таолонинг қудрати илоҳийсига далолат қилиб турган турли-туман оят-аломатлар тасвирланади ҳамда кофир ва мўмин ҳақида ибратли мисоллар келтирилиб, барча инсонларни Аллоҳ таоло рози бўладиган Тўғри йўлни тутишга даъват этилади... 

Ушбу суранинг фазилатлари баёнида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири имом Тирмизий ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифдир: Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: «Дарҳақиқат Аллоҳнинг Китобида ўзи фақат ўттиз оятдан иборат бўлган бир сура ҳам борки, у (ўша сурани ўқиб, амал қилиб юрган) кишини шафоат қилур ва ҳатто Қиёмат кунида уни дўзахдан чиқариб, жаннатга киритур. У «Таборак » сурасидир».

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Барча оламлар) подшохлиги Ўз қўлида бўлган зот - Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир.

2. (Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир.

И з о ҳ. Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг мана шу ҳаёти дунёда қилиб ўтадиган амалларини синаб, охиратда ўша амалга яраша мукофот-жазо бериш учун ўлим ва ҳаётни яратган экан. Ушбу ояти каримада ўлим сўзи ҳаёт сўзидан муқаддам келтирилишига сабаб, ўлим калимасининг мазмуни ҳаёт калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқ эканлигидир. Чунки ҳаёт сўзи мана шу ўткинчи дунёда яшашнинг бошланишини билдирса, ўлим сўзи охират диёридаги мангу ҳаётнинг бошланишини англатади. Демак, ўлим юзаки қараганда ҳаётнинг интиҳоси бўлиб кўринса-да, аслида у мангу ҳаётнинг ибтидосидир. Бу хусусда Пайғамбар алайҳис-салом шундай деганлар: «Жоним қўлида бўлган зотга - Аллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (ўликлардан) яхшироқ англагувчи эмассизлар. Фақат улар жавоб қила олмайдилар, холос».

3. (У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган зотдирки, сиз у Раҳмоннинг (Меҳрибон зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз. Энди кўзингизни яна (самога) қайтаринг-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансиз? 

4. Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қайтаринг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас). 

5. Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз. 

6. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!

7. Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар.

8. У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар қачон унга бир тўда (кофир) ташланганида унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан) «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?» деб сўраганида. 

9. Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат бизларга огохлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз». 

10. Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар. 

11. Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар! Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!

12. Албатта ғайбдаги (кўзларига кўринмайдиган) Парвардигорларидан қўрқадиган зотлар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бордир.

13. (Эй инсонлар), сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар (ҳар ҳолда Аллоҳ билиб турур). Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир.

14. (Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир.

15. У (Аллоҳ) сизлар учун ерни хокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган зотдир. Бас, (ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш - қайтиш бордир. 

16. (Эй Макка кофирлари,) ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар,) осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?! 

17. Ёки сизлар осмондаги зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огохлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар! 

18. Дарвоқе улардан аввалги кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандилар. Бас, Менинг инкорим - азобим қандоқ бўлди?!)

19. Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (Қуш)ларни ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани кўриб тургувчидир.

20. (Эй мушриклар), Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган, сизлар учун қўшин-ёрдамчи бўлган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон мададкор йўқдир). Кофирлар эса фақат ғурур-алданишдадирлар. (Шунинг учун улар ўзлари сиғинаётган бут-санамларга уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олади, деб ҳисоблайдилар). 

21. Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон ризқ-рўз бергувчи йўқдир). Йўқ, улар (кофирлар) катта кетишда ва (ҳақдан) йироқлашишда давом этдилар. 

22. Ахир юз тубан (яъни оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?! 

И з о ҳ . Ушбу ояти карима кофир билан мўмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим: динсиз-эътиқодсиз кимса бирон илоҳий қўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш билан овораю-сарсон бўлиб, яъни фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак унинг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий Қўлланма кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта - Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин бугуннинг, яъни ўткинчи дунёнинг арзон матолари, уни ўзи танлаб олган Тўғри йўлидан адаштира олмайди. 

23. (Эй Муҳаммад, у кофирларга) айтинг: «У (Аллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар». 

24. Айтинг: «У сизларни ер юзида яратиб қўйган зотдир. Сизлар (Қиёмат кунида) ёлғиз Унга тўпланурсизлар». 

25. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат куни) қачон бўлади?» дерлар. 

25. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огохлантиргувчидирман, холос».

27. Бас, қачонки улар (Қиёмат кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур ва (уларга): «Мана шу сизлар истаган нарсадир», дейилур.

28. (Эй Муҳаммад, у кофирларга айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки (умримизни узун қилиш билан) бизларга раҳм-шафқат қилса, Ўзининг изн-ихтиёридадир. Аммо энди кофирларни (яъни сизларни) ким аламли азобдан ҳимоя қилур?! 

И з о ҳ. Макка кофирлари доим Муҳаммад алайҳис-салом ва у зотнинг соҳобаларига ўлим-ҳалокат тилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримизга юқоридаги оят нозил қилиниб, у кишини кофирларга шундай жавоб қилишга амр этилди: «Биз мўминлар икки гўзал оқибатга кўз тутиб яшаймиз. Улар бири сизлар орзу қилаётганингиздек, дин йўлида ҳалок бўлиб, жаннатга етиш бўлса, иккинчиси - омон қолиб, сизларнинг устингиздан ўзимиз умид қилган ғалабага эришишдир. Аммо сизлар кофир бўлган ҳолларингизда кимнинг ҳимоясини кутмоқдасизлар?!» 

29. Айтинг: «У (Аллоҳ) Раҳмон - Меҳрибондир. Бизлар Унга иймон келтирдик ва ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилдик - суяндик. Ҳали сизлар ким очиқ залолатда эканлигини билиб олажаксизлар!».

30. (Эй Муҳаммад, у мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Аллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)»







68. Қалам сураси 


Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, эллик икки оятдир.

Сура аввалида Аллоҳ таоло инсон зотига ато этган буюк неъмати - Қалам ва у билан битиладиган битикларга қасам ичиб Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломнинг Макка мушриклари ҳасад, адоват билан у кишига тақаётган туҳмат-мажнунлик айбидан пок эканликларини уқтиради ва у зотнинг улуғ Хулқ устида эканликларини таъкидлайди. Сўнгра Пайғамбаримизга кофирларнинг бирон сўзига итоат этмаслик буюрилиб, улардан бирининг ҳатто ўзи ҳам билмайдиган иллатлари ҳақида хабар беради. 

Бу сурадан бахилликлари сабабли бор нарсаларидан айрилган бир қавм тўғрисидаги ибратли масал ҳам ўрин олгандир. 

Сура Пайғамбар алайҳис-саломни кофирлар томонидан етадиган озор-азиятларга сабр-тоқат қилишга даъват этиш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Нун. 

2. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки, (эй Муҳаммад), сиз Парвардигорингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз. 

И з о ҳ. Сура «Нун» ҳарфи билан бошланди. Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик Ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «хуруфи муқаттаот», яъни маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Уламолар айтишларича, илоҳий мўъжиза бўлган бу Китоб одамлар осон ўқиб-англаб амал қилишлари учун улар яхши танийдиган ҳарфлар билан осон тушуниладиган қилиб юборилган. 

Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида ушбу сура ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланадиган сураларнинг сўнггисидир». 

3. Албатта сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир. 

4. Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз.

И з о ҳ . Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оятдаги «улуғ Хулқ»дан мурод улуғ диндир. Зеро Аллоҳ таоло наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон хулқ йўқдир. Оиша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) онамиздан Пайғамбар алайҳис-саломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар», деб жавоб қилганлари ҳам юқоридаги тафсирни қувватлайди. Зотан Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Дарҳақиқат мен улуғ хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилганман», деб марҳамат қилганлар. 

5-6. Ҳали яқинда қайсиларингиз (яъни, сизми ёки уларми) мафтун-мажнун эканликларингазни сиз ҳам кўражаксиз, улар ҳам кўражаклар. 

7. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топгувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир. 

8. Бас, (эй Муҳаммад), сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизни ва Қуръонни «ёлғон» дегувчи кимсаларга итоат этманг! 

9. Улар сизнинг (ўзларига) кўнгилчанлик - муроса қилишингизни истарлар, шунда улар ҳам (сизга) кўнгилчанлик қилурлар. (Лекин сиз уларнинг бу истакларига бўйинсунманг!)

10-11-12-13. (Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!

14-15. У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб), қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!» дер.

16. Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз!

И з о ҳ. Бу оятлар малъун кофир Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлгандир. У Қуръон оятларига аввалгилардан қолган афсоналар, деб, Пайғамбаримизга эса мажнун, деб туҳмат қилганида Аллоҳ таоло унинг бир эмас, тўққиз иллатини фош қилади. Шунда у мазкур иллатлардан саккизтасини рад эта олмайди, аммо тўққизинчи, бенасаб-ҳароми деган номни кўтара олмай, (чунки то Аллоҳ таоло Ўз ояти билан ошкор қилгунича Валид ўзининг ҳароми эканлигидан бехабар эди) бу шармандаликни ўзидан дафъ қилиш учун туққан онасини қисти-бастига олиб сўроққа тутганида онаси ҳақиқатан унинг зинодан бўлган бола эканлигини тан олади. Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилганидек, Валид ибн Муғийра Бадр жангида «тумшуғидан тамғаланади», яъни худди бурнидан қилич еб, ўлгунича одамлар орасида ўша «тамға»си билан юради. Мана, ушбу оятларда бир кофир кимсанинг кирдикори ва кўргулиги ҳақида хабар берилгач, қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ношукурлик-нонкўрлик қилганлари учун бутун Макка аҳли қаҳатчилик ва очарчиликка мубтало қилинганлари баён этилиб, илгари ҳам Тангри таоло имтиҳон қилиш учун берган ноз-неъматлардан камбағал-бечораларнинг ҳақларини бермасдан бахиллик қилганлари сабабли бир боғнинг эгалари бор будларидан маҳрум бўлганлари тўғрисидаги бир ибратли қисса сўйланади. Қиссанинг аввали будир: Маккадан унча узоқ бўлмаган Яман диёрида жуда катта мевали боғ эгаси бўлган бир киши ўтган эди. У ҳар йили ҳосил пишганида ундан камбағал-мискинларнинг ҳақ-улушларини ажратиб берарди. Лекин у киши вафот этгач, мевазор-боғнинг эгалари бўлиб қолган фарзандлари бошқа йўлни тутадилар. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мана шу ҳақда ҳикоя қилади. 

17-18. Дарҳақиҳат, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар албатта уни (яъни, боғнинг ҳосилини) эрта тонгда (камбағал-мискинларга ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар. 

19-20. Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида у (Боғ)нинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айлангувчи (Бало-олов) бир айланди-ю, у (боғнинг ҳосили) узилгандек бўлди-қолди (яъни бутун боғ куйиб кул бўлди). 

21-22. Улар эса тонгда туришиб (тунда бўлган ҳодисадан бехабар бўлган ҳолларида): «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар», (деб) бир-бирларини чақирдилар. 

23-24. Сўнг: «Бугун у (боғда ҳосил узаётган вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да», (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар. 

25. Улар (ўз гумонларича мискинларни боғга йўлатмаслик тўғрисидаги) мақсад-ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар. 

26-27. Энди қачонки уни (яъни куйиб кулга айланган боғларни) кўришгач, (аввал): «Шак-шубҳасиз бизлар йўлдан адашиб қолдик (яъни адашиб бошқа боғга келиб қолдик), дедилар, сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач эса: «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз», дедилар. 

28. (Шунда) уларнинг инсофлироқлари: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиш - шукр қилмайсизларми (яъни шундай мўл ҳосил ато этганининг шукронасига кабағалларнинг улушларини бермайсизларми?) демаганмидим? - деган эди. 

29. Улар (энди вақт ўтгач): «Парвардигоримизни поклаймиз. Дарҳақиқат бизлар (ўзимизга) зулм қилгувчи бўлдик», дедилар. 

30. Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар. 

31. Улар дедилар: «Эй ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат бизлар ҳаддан ошгувчи бўлдик. 

32. Шоядки Парвардигоримиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта ёлғиз Парвардигоримизга интилгувчидирмиз». 

33. (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз янада каттароқдир. 

34. Албатта тақводор зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ноз-неъмат боғлари бордир. 

И з о ҳ. Ушбу оят нозил бўлганида Макка мушриклари: «Агар Муҳаммаднинг айтганлари рост бўлса, бизларга худди бу дунёда бўлганидек, охиратда ҳам ундан ва у билан бирга бўлган мусулмонлардаи яхшироқ ноз-неъматлар берилади», дея бошладилар. Шунда уларнинг бу пуч даъволарини инкор этиб қуйидаги оятлар нозил бўлди. 

35. Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! 

36. (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар? 

37-38. Балки сизлар учун (осмондан туширилган) бирон китоб бўлиб, унда сизлар ўзларингиз учун (охиратда) шак-шубҳасиз танлаган-хохлаган нарсаларингиз бор эканлигини ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?! 

39. Балки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Шак-шубҳасиз ўзларингиз ҳукм-қарор қилган бор нарса сизларники бўлур», деган то Қиёмат Кунигача етгувчи қасамлар (яъни, Биз томондан берилган аҳд-паймонлар) бордир?! 

40. (Эй Муҳаммад), улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (яъни, ўзларининг пуч даъволарининг ҳақ эканлигига) кафил бўла олар эканлар?! 

41. Балки уларнинг (бу даъволарини тасдиқлайдиган) шериклари бордир?! У ҳолда ростгўй бўлсалар ўша шерикларини келтирсинлар!

42-43. Болдирлар очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг)! (Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар). 

44. Бас, (эй Муҳаммад), сиз ушбу Сўзни - Қуръонни ёлғон дейдиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган - сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)! 

45. Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга мухлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўюрман. Дарвоқе, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир! 

46. Балки сиз (эй Муҳаммад, динга даъват қилганингиз учун), улардан ажр-ҳақ сўраб, улар зиён қилишларидан оғирсинаётгандирлар? (Яъни сиз улардан ҳеч қандай ҳақ сўраётганингиз йўқ-ку)! 

47. Балки уларнинг олдиларида ғайб (яъни ғайбда бўладиган барча ишлар битилган Лавҳул-Маҳфуз) мавжуд бўлиб, улар (айтаётган сўзларини ўшандан) ёзиб олаётгандирлар?! 

48. Бас, (эй Муҳаммад), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни у Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганича, Ислом дини тезроқ ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. 

49. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган неъмат-марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолида улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди). 

50. Сўнг Парвардигори уни (яна қайта пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди. 

51. Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз мажнундир, дерлар.

52. Ҳолбуки, у (Қуръон) барча оламлар учун фақат бир (буюк) эслатмадир!







69. Ҳааққа сураси 


Бу сура эллик икки оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир. «Ал-Ҳааққа» - «Аниқ рўй бергувчи», деб номланган бу сурада асосан Қиёмат Кунида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритилади. 

Шунингдек, бу сурада ўтмишдаги куфр йўлини тутган миллатларнинг топган оқибатлари, Сур чалинадиган Кунда осмону-заминда рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва шундан кейин ҳар бир банда ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амаллари тўғрисида ҳисоб бериши, ўша ҳисоб-китоб Кунида номаи аъмоли ўнг қўлидан келадиган кишиларга ато этиладиган улуғ мукофотлар ва номаи аъмоли чап томонидан келадиган бадбахт кимсалар дучор бўладиган мудҳиш азоб-уқубатлар хусусида хабар бергувчи оятлар ҳам мавжуддир. 

Сура Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларини ва Қуръони Каримнинг чин илоҳий Китоб эканини таъкидлайдиган оятлар билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)...

2. Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир?

3. (Эй Муҳаммад), сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?

И з о ҳ . Ушбу оятларда «Ал-Ҳааққа» (Қиёмат кунининг номларидан бири) яъни Аниқ рўй бергувчи Қиёмат ибораси кетма-кет уч бор такрорланди. Бунга сабаб, у Куннинг Аллоҳ таоло наздида нақадар улуғ мақом тутишини таъкидлашдир. Шунинг учун ҳам сўнгги оятда Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиниб, у куннинг қандай кун эканини, моҳият-ҳақиқатини сиз билмассиз, дейилди. Энди қуйидаги оятларда ўша Қиёмат Куни ҳақ эканлигини инкор этиб, ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабарлар берилади. 

4. Самуд ва Од (қабилалари ўз даҳшатлари билан қалбларни) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат куни)ни ёлғон, дедилар. 

5. Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, улар ҳаддан ташқари қаттиқ нарса (чақмоқ) билан ҳалок қилиндилар. 

6. Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бурон билан ҳалок қилиндилар. 

7. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб - ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. 

8. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).

9. Фиръавн ҳам, ундан аввал (ўтган динсиз) кимсалар ҳам, зеру забар бўлган қишлоқлар (яъни Лут пайғамбар қавмининг қишлоқлари) ҳам хато ишлар қилдилар.

10-11. Улар Парвардигорларининг Пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У зот уларни ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушлади (яъни мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади). Дарвоқе, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик. 

12. Биз у (ишни, яъни мўминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб-эшитиб олишлари учун (қилдик). 

13. Бас, қачон Сур бир бор чалинганида.

14. Ва еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида).

15. Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни Қиёмат қойим бўлур!) 

16. Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!

17. Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.

18. Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар - сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас.

19-20. Бас, энди ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. 

21-22-23. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур. 

24. (Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур). 

25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эх қанийди, менга китобим берилмаса эди! 

26. Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! 

27. Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатгувчи-узгувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! 

28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я!

29. Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!»

30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар!

31. Сўнгра дўзахга ташланглар!

32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!»

33. Чунки (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди.

34. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди.

35. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир!

36. Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки),

37. Уни фақат (йўлдан адашган (кофир)ларгина ерлар!

38-39-40. Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга қасам ичурманки, у (Қуръон) шак-шубҳасиз улуғ Пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! 

41. У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг саломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар! 

42. Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар!

43. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил (Китобдир).

44. Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида.

45-46. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. 

47. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳис-салом Аллоҳнинг каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир). 

48. Албатта у (Қуръон) тақводор зотлар учун панд-насиҳатдир.

49. Шак-шубҳасиз Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) ёлғон дегувчилар ҳам бор эканини аниқ билурмиз.

50. Албатта у (Қуръон) кофирларга (улар Қиёмат кунида Қуръонга иймон келтирган кишиларнинг савобга эга бўлганларини кўрган вақтларида) ҳасрат-надомат бўлур.

51. Албатта у (Қуръон) аниқ Ҳақиқатдир!

52. Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (мудом, барча айб-нуқсонлардан) пок тутинг!








70. Маориж сураси 


Бу сура Маккада нозил бўлган. У қирқ тўрт оятдир. 

Сура кофирларнинг туғёнга тушиб, ўзлари огоҳлантирилган охират азобини инкор этишлари ҳақида хабар бериш билан бошланиб, сўнгра улар иймон келтирмаётган Қиёмат кунида кофирларга бериладиган ҳақли жазодан ҳеч қандай тўлов билан қутулиб бўлмаслиги яна бир бор таъкидланади. 

Бу сурада яна инсоннинг хафачиликни ҳам, хурсандчиликни ҳам кўтара олмайдиган ожиз вужуд эканлиги уқтирилиб, фақат тақво ва эзгу амалгина инсонни бундай ожизликдан омон сақлай олиш мумкинлиги айтилади, 

Сура ниҳоясида кофирларнинг жаннатга кириш тўғрисида беҳуда-бефойда тамаъ қилишлари баён қилиниб, сўнгра пайғамбар алайҳис-саломга уларни то ўзларига ваъда қилинган азобга йўлиқишгунча тарк қилиш буюрилади. 

Сура номланган «Маориж» калимаси асли «поғоналар» маъносида бўлиб, бу сурада «Осмон қаватлари» маъносида келгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3. Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари-қаватлари соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради.

И з о ҳ. Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салом кофирлар учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳ таолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида, Назр туриб: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин, ёки бизларга аламли азоб келтиргин», дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: «Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», деган бўлур эдилар. 

Энди қуйидаги оятда барча фаришталар Қиёмат кунида осмон қаватларини босиб ўтишиб, Аллоҳ ҳузурига тўпланишлари зикр килинади. 

4. Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар. 

5. Бас, (Эй Муҳаммад, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг! 

6-7. Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!

8. У Кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур.

9. Тоғлар юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар.

10. Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.

11-12-13. (Ҳолбуки) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини, биродарини, уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ва ердаги барча кишиларини тўлов қилиб бериб юборишни, сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини истар. 

15-16. Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта (кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан бош териларини сидириб олгувчи бўлган) бир оловдир! 

17-18. У (Ҳақ йўлидан) юз ўгириб, терс қараб кетган ва (пул-мол) йиғиб тўпланган (яъни уни Аллоҳ буюрган жойларга сарфламаган) кимсаларни (ўзига) чорлаб турар! 

19. Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир.

20. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир.

21. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи - бахилдир.

22. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки,

23. Улар намозларида доим - барқарор бўлгувчи зотлардир.

24-25. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир.

26. Улар жазо - Қиёмат кунини тасдиқ этадиган зотлардир.

27. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир.

28. Зотан Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир).

29. Улар авратларини (ҳаромдан - зинодан пок) сақлагувчи зотлардир.

30. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар.

31. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир.

32.Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир.

33. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир.

34. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир.

35. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар.

И з о ҳ. Мазкур оятларда ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифат-фазилатлари баён қилинди ва ана ўшалар жаннат неъматларига сазовор бўлгувчи зотлар эканликлари уқтирилди. Энди қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салом атрофларига келишиб, тўп-тўп бўлиб ўтиришиб олишиб, у зот айтган сўзларни масхара қиладиган ва бир-бирларига саҳобаларни кўрсатишиб: «Агар мана шулар Муҳаммад айтаётгандек, жаннатга кирадиган бўлсалар, бизлар ҳеч шак-шубҳасиз улардан олдинроқ ўша жойга кирамиз», деб сафсатабозлик қиладиган мушриклар ҳақида сўзланиб, уларнинг бундай тамаълари бефойда эканлиги таъкидланади ва Пайғамбар алайҳис-саломни улардан юз ўгиришга амр этилади. 

36-37. Бас, (эй Муҳаммад), бу кофир бўлган кимсаларга нима бўлдики, улар ўнг ва сўлдан тўда-тўда бўлиб, сиз томонга чопурлар?! 

38. Ё улардан ҳар бир кимса ноз-неъмат жаннатига киритилишни тамаъ қилурми?! 

39. Йўқ, (улар ҳеч қачон жаннатга кирмаслар)! Албатта Биз уларни ўзлари биладиган нарсадан (яъни бир томчи сувдан) яратдик. 

40-41. Бас, (шундоқ экан) машриқу-мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурманки, шак-шубҳасиз Биз (бу кофирларни ҳалок қилиб ўринларига), улардан яхшироқ (инсонларни) алмаштириб қўйишга қодирдирмиз ва Биз (бу ишга) ожиз эмасдирмиз.

42. Бас, (эй Муҳаммад), сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига рўбарў бўлгунларича (ўз ботил-беҳуда хаёлларига) шўнғишиб, ўйнаб-кулиб юраверсинлар! 

43-44. У кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган, кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар! Мана шу (ҳаёти дунёда) уларга ваъда қилингувчи бўлган Кундир!  







71. Нух сураси


Маккада нозил қилган бу сура йигирма саккиз оятдан ташкил топгандир.

Бу сурада пайғамбарлар оқсоқоли Нуҳ алайҳис-саломнинг қиссалари у зотнинг пайғамбар қилиб юборишларидан тортиб то қавмларининг орасидаги кофир бўлган кимсалар тўфон балосига дучор қилинишларигача батафсил ҳикоя қилинади. Шунинг учун бу сура «Нуҳ» сураси деб аталади.

Бу сура Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарлари орқали юборган динига қаршилик қиладиган кимсалар барча замон ва маконларда бўлгани ва бўлажаги ҳақида хабар берилиши билан бирга инсоният тарихида Яратган буюрган диндан чиққан барча миллатларнинг оқибатлари ҳалокат бўлгани ҳам уқтирилади.

Сура Нуҳ алайҳис-салом ўз қавмлари орасида тўққиз юз эллик йил туриб, уларни Аллоҳнинг динига даъват қилганларидан кейин ҳам улар панд-насиҳат олишиб, ҳидоят йўлига юришмагач, у зот Тангри таолога илтижо қилиб бу кофирларга Ўз балосини юборишшш сўраганлари ҳақидаги оятлар билан хотима топади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Дарҳақиқат Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огохлантиргин», деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик.

2. У деди: «Эй қавмим, албатта мен сизларга (юборилган) очиқ огохлантиргувчидирман.

3. Аллоҳга ибодат қилинглар ва У зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар,

4. (Шунда Аллоҳ) сизларни гуноҳларингиздан мағфират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача (яъни ажалларингиз битгунича тирик) қолдирур. Агар билгувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (ўлим учун белгилаб қўйган) муддати келган вақтида асло ортга сурилмас. 

5. (Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим. 

6. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос. 

7. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам, улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар. 

И з о ҳ. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Нуҳ пайғамбарнинг қавмлари орасидаги кофир кимсалар Муҳаммад алайҳис-салом замонларидаги ва ундан кейинги даврлардаги кофирларга ўхшаб Аллоҳнинг динидан юз ўгириб, терс қараб кетмайдилар, балки улар худди ёш болаларга ўхшаб бармоқларини қулоқларига тиқиб, юзу кўзларини рўмоллар билан ўраб олишиб, Ҳақ йўлидан қайсарлик билан бош тортадилар. Бунга сабаб, Қуръони Карим бизларга ушбу сурада неча ўнг минг йиллар илгари ўтган, иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-салом замонларидан, яъни башариятнинг айни гўдаклик палласидан ҳикоя қилмоқда. Қуръоннинг бу ажиб услуби, яъни, ҳар бир давр ҳақида айни ўша даврнинг руҳи - тили билан сўзлаши - тасвирлаши ҳам унинг илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир далолатдир. Зеро Муҳаммад алайҳис-саломдек хат-саводи бўлмаган бир киши ўзининг инсоний онг - шуури билан узоқ ўтмиш қаърига сингиб кетган қавм-қабилаларнинг ҳар бирини «ўз тили» билан сўзлата олиши мумкин бўлмаган бир ишдирки, бунга фақат барча замонларда ҳаёт ва барча нарсадан огоҳ бўлган азалий ва абадий зот - Аллоҳ таологина қодирдир. 

8. Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим.  

9. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим. 

10. Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. 

11. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур.

12. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур.

13. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!

14. Ҳолбуки У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!

И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятларда нима сабабдан бандалар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари зарур эканлигига далиллар келтирилгандир. Тангри таоло инсонларнинг диққат-эътиборларини аввало ўзларининг қандай яратилганларига қаратади. Дарҳақиқат ҳар бир инсон она қорнида даставвал бир томчи сув бўлиб, сўнгра қуюқ қонга айланиб, кейин бир парча гўшт бўлиб, сўнгра унга жон ато этилиб ёруғ дунёга келиши ҳақида ўйлаган ҳар бир соғлом ақл ва тоза дил эгаси беихтиёр Яратганнинг қудратига-улуғлигига тасаннолар айтиб, У зотга сажда қилмай тура олмас. 

Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига очиқ далолат қилиб турган самовот ва ундаги сайёралар ҳақида сўз юритилади. 

15-16. Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?! 

17. Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) ердан ундириб-ўстирди (яъни пайдо қилди). 

18. Сўнгра (вафот қилганларингизда) У зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қойим бўлганида) сизларни чиқариб олур! 

19-20. Аллоҳ ерни сизлар учун - сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун ёйиқ-текис қилиб қўйди». 

21. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи (яъни куфр ва туғённи) зиёда қилган кимсаларга (ўзларининг бой-бадавлат бошлиқларига) эргашиб кетдилар». 

22. У (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар.

23. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар!» Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар. 

И з о ҳ. Бу оятда зикр қилинган бешта ном Нуҳ пайғамбар замонларидаги кофирлар сиғинадиган бут санамларнинг номидир. Улар Нуҳ алайҳис-саломнинг даъватларига қулоқ солмай ўша бутларга сиғинганликлари учун ҳам тўфон балосига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлганлар. 

24. «Дарҳақиқат улар (яъни Нуҳ қавмининг бой-бадавлат бошлиқлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. (Парвардигорим), бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин», (деди Нуҳ). 

25. Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар). 

26. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. 

27. Чунки Сен агар уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар. 

28. Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилган, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин»!







72. Жин сураси 


Бу сура йигирма саккиз оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир.

У Аллоҳ таоло оловдан яратган кўзга кўринмас махлуқлар - жинлар олами ҳақида ҳикоя қилади. Маълумки, Муҳаммад алайҳис-салом инсу-жинга баробар пайғамбар қилиб юборилганлар, худди инсонлар орасида бўлгани каби жинлар орасида ҳам у зотнинг пайғамбар эканликларига иймон келтирганлар ҳам, иймон келтирмайдиганлар ҳам бордир. Бу сура аввалида Қуръон оятларини эшитишлари билан у Китобга дарҳол иймон келтирган бир гуруҳ жинлар ҳақида хабар берилиб, сўнгра умуман жинлар қандай махлуқот эканликлари тўғрисида маълумотлар келтирилади. Ва улар айрим кишилар ўйлаганидек, инсонларга бирон фойда ёки зиён етказишга ё ғайб сирларини билишга қодир эмасликлари, шунингдек, уларнинг ичида яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам, мусулмонлари ҳам, Иблиси лаин каби кофирлари ҳам бор эканлиги очиқ-равшан баён қилинади. 

Сура Пайғамбар алайҳис-саломни ўзларининг зиммаларида қандай вазифалар борлигини, Аллоҳ Ўз пайғамбарига нималарни маълум қилиши ва нималарни билдирмаслигини, Тангри ва Унинг пайғамбарига осийлик қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлишини айтишга буюриш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач, дедилар: «Дарҳақиқат бизлар Ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз». 

И з о ҳ. Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувохлик беришларича, Пайғамбар алайҳис-салом Бомдод намозини ўқиётган чоғларида бир гуруҳ жинлар ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол Унга иймон келтирганлар. Лекин расулуллоҳ уларнинг келишганидан ҳам, Каломуллоҳга қулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар. Қачонки ушбу сура нозил қилинганидан кейингина у зот бу воқеадан воқиф бўлдилар. Юқоридаги оятларда жинларнинг Қуръонни эшитишлари билан "бу башар сўзи эмас, балки илоҳий мўьжиза" деб иймон келтирганлари тўғрисида хабар берилишидан кўзланган мақсад, муфассирларнинг айтишларича, биринчидан, барча инсониятга Каломуллоҳ фақат инсонлар учунгина эмас, балки жинлар олами учун ҳам илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилинганини эълон қилиш бўлса, иккинчидан, Муҳаммад алайҳис-саломни шахсан танийдиган ва у кишининг хат-саводлари йўқ эканлигини ҳам жуда яхши биладиган Макка аҳлига - арабларга, ўзларининг тилларида нозил бўлган, фасоҳат-балоғатининг беназирлигидан саводсиз одам эмас, балки дунёдаги энг етук адиблар бирлашиб ҳам ёза олишлари имконсиз бўлган бир Китобга - ҳатто жинлар ҳам эшитибоқ иймон келтирган Каломуллоҳга улар (Макка аҳли) иймон келтирмаганлари учун танбеҳ-дашном беришдир. 

Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мўмин жинлар тилидан ҳикоя қилишда давом этади. 

3. «Албатта буюклиги юксак бўлган Парвардигоримиз бирон жуфт ва ё фарзанд тутган эмасдир. 

4. Албатта бизларнинг ичимиздаги аҳмоқ (Иблис) Аллоҳ шаънига («У зотнинг хотини ва боласи бор», деб) ноҳақ сўз айтар эди. 

5. Албатта бизлар инс ҳам, жин ҳам Аллоҳ шаънига ҳаргиз ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик». 

И з о ҳ. Бу сўзлар жинлар томонидан Аллоҳ таолога айтилган узрдир. Яъни, улар инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига ёлғон сўзни айта олмайди, деб ўйлаганлари учун жинлардан бўлган Иблис уларга «Аллоҳнинг хотини, боласи бор», деб иғво қилганида унинг сўзларига ишонганлари ва қачонки Қуръон оятларини эшитганларидан кейингина Аллоҳ таолонинг бирон шериги йўқ яккаю ягона зот эканини билишиб, «Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз», деб онт ичганларини айтишиб узр сўрамоқдалар. 

6. Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни - муттаҳамликни зиёда қилур эдилар».

И з о ҳ. Яъни, қадимда (ҳозир ҳам) айрим кимсалар бирон хилватроқ ерга бориб қўнмоқчи бўлсалар, ўша ернинг «эгалари» бўлган жинларнинг катталаридан паноҳ сўрар эдилар ва буни билган жинларнинг муттаҳамлиги янада зиёда бўлиб, «Мана бизлар фақат жинларга эмас, балки инсларга ҳам ҳожамиз», дейишиб ғурурланар эдилар. Ушбу оятда Қуръон бундай ақиданинг ботил эканлигини айтиб, жинлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳнинг бандалари эканликларини, бинобарин Аллоҳ таолонинг изни-иродасисиз ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмасликларини билдиради. 

Қуйидаги оятларда яна жинлар тилидан ҳикоя қилинади. Дастлабки оятда мўмин жинлар кофирларига хитоб қилиб, дедилар: 

7. «Албатта улар (яъни инсонларнинг кофирлари) ҳам худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ ҳаргиз бирон кимсани қайта тирилтирмас, деб гумон қилдилар. (Яъни, сизларнинг гумонларингиз ҳам, уларнинг гумонлари ҳам нотўғридир. Чунки Қуръонда қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ экани тўғрисида айтилди ва бизлар бунга иймон келтирдик). 

8. Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта)лар ва (ўғри жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик. 

9. Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фаришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни Мухаммад алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар. 

10. Албатта бизлар ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғрилиб яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз». 

И з о ҳ. Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилийят даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. (Бу ҳақда «Ҳижр» сурасининг 18-оятига берилган изоҳда батафсил айтилган эди). Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этишларича, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозимдир. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади. 

Қуйидаги оятларда жинлар тилидан ҳикоя қилиш давом этилади. 

11. «Албатта бизларнинг орамизда яхшилар ҳам бордир ва (шунингдек») орамизда ундоқ эмаслар (яъни ёмонлар) хам бордир. Бизлар (Қуръонни эшитишдан илгари) бўлак-бўлак йўлларда эдик. 

12. Албатта бизлар (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, ер юзида ҳаргиз Аллоҳни ожиз қила олмасмиз (яъни фақат Аллоҳ ирода қилган ишгина бўлур) ва У зотдан (яъни, Унинг жазосидан) қочиб ҳам қутула олмасмиз. 

13. Албатта бизлар қачонки Ҳидоятни - Қуръонни эшитдик, унга иймон келтирдик. Бас, кимки Парвардигорига иймон келтирса, демак у (яхшиликларининг) камайиб қолишидан ҳам, (ёмонликларининг) ҳаддан ортиб кетишидан ҳам қўрқмас (яъни Парвардигори унга ҳаргиз зулм қилмас, балки қилган ҳар бир амали учун муносиб жазо-мукофот ато утур). 

14. Албатта бизларнинг орамизда мусулмонлар ҳам бордир ва (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас, кимки мусулмон бўлса, демак ана ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. 

15. Энди (йўлдан) озганларга келсак, бас, улар жаҳаннам учун ўтин бўлган кимсалардир». 

И з о ҳ. Мана шу оятга келиб, иймон келтирган жинлар тилидан қилинган ҳикоя ниҳоясига етди. 

16-17. Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик). Кимки Парвардигорининг зикридан - Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар. 

18. Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар! 

19. Албатта, қачонки Аллоҳнинг бандаси (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) У зотга дуо-илтижо қилган ҳолда турганида, улар (яъни жинлар Қуръон эшитиш иштиёқида) унинг устига ғуж-ғуж бўлиб ёпирилишга яқин бўлдилар. 

20. (Эй Муҳаммад, динингиздан қайтишингизни талаб қилаётган кофирларга) айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман». 

21. Айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (тўғри йўлга солгувчи ҳам, зиён етказа олгувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)». 

22. Айтинг: «Албатта мени Аллоҳ(нинг азоби)дан (агар У зотга осийлик қилсам), бирон кимса ҳимоя қила олмас ва мен У зотдан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман. 

23. (Мен) фақат Аллоҳ томонидан етказишга ва У зотнинг элчилик вазифаларигагина (эгадирман). Кимки Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар.

24. Энди қачон улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрганларида, бас, (ўша пайтда) кимнинг (яъни уларнингми ёки мўминларнингми) ёрдамчиси ожизроқ ва саноғи ҳам озроқ эканини билажаклар!»

25. (Эй Муҳаммад, у кофирларга) айтинг: «Мен сизларга ваъда қилинаётган азоб яқинми ёки Парвардигорим унинг учун (узоқроқ) мухлат қилганми, билмасман.

26. (У зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас.

27-28. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайбидан сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар). Бас, албатта У (Аллоҳ) токи (пайғамбарлар) Парвардигорларининг элчилик вазифаларини (ўз умматларига) тўла етказганларини билиш учун (Ўзининг ғайбидан огоҳ қилиб қўйган ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатгувчи (фаришта) йўллар. У зот (пайғамбарлар) ҳузуридаги бор нарсани (яъни уларнинг илму амалларини) иҳота қилиб олгандир ва (коинотдаги) ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоб-китоб қилиб қўйгандир».







73. Муззаммил сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йигирма оятдан иборатдир.

«Йа айюҳал-муззаммил - эй (кийимларига) ўралиб олган зот!» деб, Муҳаммад алайҳис-саломга хитоб қилиш билан бошланадиган бу сурада дастлаб Пайғамбаримиз кечаларни тоат-ибодат қилиб бедор ўтказишга ва бу билан нозил бўлажак «Оғир Сўз» - Каломуллоҳни башариятга етказиш учун руҳий тайёргарлик кўришга буюриладилар.

Сўнгра у кишига Макка мушриклари томонидан етадиган турли озор-азиятларга сабр-тоқат қилиш ва улардан юз ўгириш лозим эканлиги уқтирилиб, у мушриклардан Аллоҳ таолонинг Ўзи интиқом олажаги билдирилади.

Сура ниҳоясида Аллоҳ таолонинг мўминларга ато этган енгиллик - марҳаматлари баён қилиниб, уларга тоат-ибодатда устивор бўлиш буюрилади ва бу ҳаёти-дунёда қилиб ўтган ҳар бир яхши амалнинг ажр-мукофотини охиратда Тангри таоло хузурида беками-кўст, зиёдаси билан топишлари ҳақида хабар берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3-4. Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина - унинг (кечанинг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона қилиб) тиловат қилинг! 

И з о ҳ. Ушбу оятларда Пайғамбар алайҳис-саломга кечанинг ярмини ёки учдан иккисини ёхуд учдан бирини бедор бўлиб тоат-ибодат билан ўтказиш ҳамда Қуръони Каримни шошмасдан, мазмун-моҳиятига эътибор бериб тиловат қилиш буюрилди. 

Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар мавжуддир. Улардан бирида айтилишича, Пайғамбар алайҳис-салом Қурайш кофирлари тўпланишиб Ислом динига ва Пайғамбарнинг ўзларига қарши ҳар хил макр-ҳийла режаларини тузишаётганидан хабар топгач, ғамгин бўлиб, кийимларига ўралган ҳолларида ётиб, энди уйқуга кетганларида, Жаброил фаришта мазкур оятларни келтириб, уларда Пайғамбаримизга ҳозир уйқу вақти эмаслиги, балки тунларни тоат-ибодат билан бедор ўтказиб, барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинаётган илоҳий Қўлланма - Қуръонни дона-дона қилиб ўқиб, кишиларга етказиш вақти эканлиги уқтирилади. 

5. Зеро, Биз сизга оғир Сўзни - Қуръонни туширажакмиз. 

6. Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир. 

И з о ҳ. Тун сукунатида ибодат қилаётган киши Қуръонни ҳам адашмай тиловат қилади, дуо-илтижоларни ҳам ҳузури дил билан бехато қилади ва бу вақтда ўзгалар уйқу-ғафлатда бўлгани учун унинг қилган ибодати - ўқиган намози бериё, яъни ёлғиз Аллоҳ учун бўлади. 

7. Албатта, сиз учун кундузи узун-тинимсиз машғулот бордир (шу сабабли кечалари бедор бўлиб ибодат қилинг). 

8. Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)!

9. (У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, факат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил-ҳомий қилиб олинг! 

10. Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг! 

11. (Сизни) ёлғончи қилгувчи у аҳли неъмат-аҳли дунёларни менга қўйиб беринг ва уларга озгина (Қиёматгача) муҳлат беринг! 

12. Зеро Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир! 

13. Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) "таом" ҳамда аламли азоб бордир! 

14. У Кунда ер ва тоғлар титроққа тушар ва у тоғлар тўкилиб тургувчи қумтепаларга айланиб қолур! 

15. (Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга Пайғамбар юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар Қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувохлик бергувчи бўлган бир Пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) юбордик. 

16. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) Пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни денгизга ғарқ қилиб юбордик). 

17. Бас, агар сизлар кофир бўлсангизлар (ўз даҳшати билан) болаларни(нг сочларини оқартириб) чолларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан қандай сақланурсизлар! 

18. У (даҳшатли Кун) сабабли осмон ҳам ёрилгувчидир! (Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошгувчидир!

19. Албатта ушбу (оятлар) бир эслатмадир. Бас, ким хохласа (бу насиҳатдан ибрат олиб) Парвардигорига йўл тутар.

20. (Эй Муҳаммад), албатта Парвардигорингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар. У зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди.- Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. У зот сизларнинг орангизда (кечалари бедор бўлишга қуввати етмайдиган) беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб ер юзида (яъни унинг турли томонларига) сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билди. Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроҳ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.








74. Муддассир сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган. У эллик олти оятдир. 

Бу сурада ҳам худди аввалги сурада бўлганидек, сўз асосан Пайғамбар алайҳис-салом шахсиятлари хусусида бориб, дастлабки оятларда Пайғамбаримизга даъват юкини ўз зиммаларига олишлари амр этилади ва бу йўлда кофирлар томонидан ўзларига етадиган озор-азиятларга Аллоҳ учун сабр-тоқат қилиш буюрилади. 

Сура давомида Қиёмат Кунида кофирлар учун осон бўлмаслиги таъкидланади ва улардан бирининг кирдикори батафсил фош этилади. 

Сўнгра кофирларга ваъда қилинган дўзах ва унинг қўриқчи-ходимларининг саноқлари тўғрисида сўз юритилиб, бу саноқ фақат имтиҳон учун айтилгани баён қилинади, 

Бу сурадан жаннат аҳлининг дўзахилар билан қиладиган савол-жавоблари ҳам ўрин олгандир. 

Сура Макка мушрикларининг Ҳақ йўлига юрмаётганларидан ғамгин бўлган Пайғамбар алайҳис-саломга ҳар иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлишини билдириб, таскин-тасалли бериш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1-2. Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огохлантиринг! 

И з о ҳ. Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳис-салом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: «Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Хиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб қўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда, менга «Эй (либосларига) бурканиб олган зот», деб бошланган оятлар нозил бўлди». 

3. Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!  

4. Либосларингизни пок тутинг! 

5. Бутлардан йироқ бўлинг! 

6. (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! 

7. Ёлғиз Парвардигорингиз (юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг! 

8-9. Чунки қачон (қиёмат қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир! 

10. Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)! 

И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда дин йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун - Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди қуйидаги оятларда ўша кофирлардан бири бўлган Валид ибн Муғийранинг Қуръон ва Пайғамбар алайҳис-саломга қарши қилган кирдикори ва у топажак оқибат ҳақида сўз боради. 

11. (Эй Муҳаммад), Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг! 

12-13. Мен унга кенг-мўл мол-давлат ва (доимо ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) қилдим. 

14. Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим. 

15. Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилур. 

16. Йўқ, (унинг тамаъси беҳудадир)! Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилгувчидир. 

17. Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман! 

18. Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. 

19. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! 

20. Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! 

21. Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. 

22. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди. 

23. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. 

24-25. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди. 

26. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман! 

27. (Эй Муҳаммад), Сақарнинг нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз. 

28. У (бирон кофирни) қолдирмас - қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)! 

29. (У беш юз йиллик масофадан) инсонларга яққол кўриниб тургувчидир. 

30. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик-эгалик қилур). 

31. Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари-қўриқчилари қилдик ва Биз фақат кофир бўлган кимсаларни синаш учун у (фаришта)ларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик. Токи китоб берилган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар ўзларининг илоҳий китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда ҳам дўзах қўриқчилари бўлган фаришталар саноғи ўн тўққизта экани айтилганини кўриб Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган Ҳақ Китоб эканлигини) аниқ билгайлар ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмагайлар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Буни мисол қилиш билан (яъни фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?» дегайлар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўюр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур. У (яъни ушбу оятларда таърифланган жаҳаннам) фақат инсонлар (панд-насиҳат олишлари) учун бир эслатмадир. 

32. Дарҳақиқат, Ойга қасам, 

33. Ўтиб кетган тунга қасам, 

34. Ёришиб келаётган тонгга қасамки, 

35-36-37. Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун - сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун - огоҳлантиргувчи бўлган чўнг (бало)лардан биридир. 

38. Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир. 

39. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти-дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топгувчидирлар. 

40-41. Улар жаннатларда бир-бирлари билан (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар.

42. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида), 

43. Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. 

44. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. 

45. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғигувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). 

46-47. То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо - Қиёмат кунини ёлғон дер эдик». 

48. Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас! 

И з о ҳ. Яъни Қиёмат кунида ҳаёти-дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон оқловчи топа олмаслар ва агар фаразан ер юзидаги барча одамлар уларни оқлаган тақдирда ҳам бу оқлов уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди. Энди қуйидаги оятларда уларнинг Ҳақдан юз ўгиришлари тўғрисида бир ибратли мисол келтирилади: 

49-50-51. Нега улар худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб, бу Эслатмадан - Қуръондан юз ўгирадилар-а?! 

52. Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар! 

И з о ҳ. Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-саломга: «Токи сен бизларнинг ҳар биримизга осмондан алоҳида саҳифа келтирмагунингча ва бу саҳифада ҳар биримизга Аллоҳ томонидан сенга эргашиш буюрилганини ўқиб кўрмагунимизча, сенга иймон келтирмаймиз», деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлди. 

53. Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб, асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар). 

54. Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир. 

55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур. 

56. Улар ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма-ибрат олурлар. У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари - қўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират эгасидир.







75. Қиёмат сураси 


Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, қирқ оятдан иборатдир. 

Суранинг номидан маълум бўлиб турганидек, унда сўз асосан Қиёмат куни ҳамда қайта тирилиш хусусида боради. Дастлабки оятларда Аллоҳ таоло наинки ҳар бир инсоннинг суякларини йиғиб тўплашга, балки унинг бармоқларигача тиклаб бут қилишга қодир экани уқтирилганидан сўнг, ана ўша Қиёмат кунининг аломатлари зикр қилинади ва у Кун келгач, бирон инсон Тангри таолонинг одил жазосидан қочарга жой топа олмай қолиши ҳақида хабар берилади. 

Шунингдек, бу сурада пайғамбар алайҳис-саломга нозил бўлаётган ваҳийни қандай қабул қилиб олишлари лозимлигиии таълим берадиган оятлар мавжуддир. 

Сура давомида дунё маишатига муккасидан кетиб, охиратни унутаётган кимсаларга дашном берилиб, у Кунда инсонлар икки тоифага - Парвардигорнинг дийдорига мушарраф бўлган саодатмандларга ва юзлари қаро бадбахтларга бўлишлари тўғрисида огоҳлантирилади ҳамда ажал етиб, ўлим соати келган вақтида жон таслим қилаётган киши рўбарў бўладиган даҳшатлар баён этилади. 

Сура қайта тирилиш ҳақ эканлиги тўғрисида бир ибратли ақлий далил келтириш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Мен Қиёмат кунига қасам ичурман. 

2. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)! 

И з о ҳ. Ушбу ояти каримадаги «маломатгўй нафс» ўз эгаси Тангри таолога ибодат қилишда қосирлик-бепарволик қилса маломат қиладиган нафсдир. Умуман, Қуръонда нафс калимаси уч хил сифат билан келади: 1. Нафси аммора (Ёмонлик-гуноҳга) буюргувчи нафс (Юсуф сураси, 53-оят), 2. Маломатгўй нафс, 3. Хотиржам-сокин нафс (Фажр сураси, 27-оят). 

3. Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! 

4. Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб жойига келтиришга қодир бўлган зотдирмиз! 

И з о ҳ. Аллоҳ таоло Қиёмат кунида ҳар бир инсоннинг бармоқларигача тиклаб - асл ҳолига келтириши ҳақидаги хабардан икки нарсани уқиш мумкин: Биринчидан, шундай кичик нозик бармоқларни тиклашга қодир бўлган зот бошқа суяк-сўнгакларни ҳам тиклай олиши шубҳасиздир. Иккинчидан, Қиёмат қойим бўлганида ҳар бир банда ҳаёти-дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига жавоб берар экан, унинг бармоқлари бутун бўлиши ўта муҳимдир. Чунки дунёдаги ҳеч бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. (Бу ҳақиқатни илм-фан ўрганиб, исботлашидан неча аср илгари Қуръони Карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи барча инсонни ҳар бир бармоғигача яратган ҳам, ушбу азиз Китобни юборган ҳам ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир)! Бинобарин, қилинган барча эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам адолат тарозусида тортилиб, ўзининг мукофот ёки жазосини оладиган Кунда ҳар бир бармоқ ўз эгасининг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган қилмишларига жонли гувоҳ бўлиши шубҳасиздир. 

5-6. Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқ-фужур (гуноҳ амалларни) қилмоқни истаб: «Қиёмат куни қачон ўзи?» деб сўрар?! 

И з о ҳ. Иймонсиз кимсаларни ёмон амаллар қилишдан қайтарилса, улар ўзлари ўрганиб қолган фисқ-фужурларидан ажралгилари келмасдан «Қиёматгача ҳали жуда узоқ, кексайганимизда қилган гуноҳларимизга тавба-тазарру қилиб оламиз», дейдилар, (Худди қўлларида то кексайиб, тавба қилгунларича ўлмаслик ҳақида васиқалари бордек)! Қуйидаги оятларда ана шундай кимсаларнинг Қиёмат кунидаги аҳволи тасвирланади. 

7-8-9-10. Бас, (кўрган даҳшатларидан) кўз қамашиб, (осмондаги) ой ҳам тутилган ҳолда қуёш ва ой бирлаштирилган вақтда - ана ўша Кунда у инсон «(у бало-офатлардан) қаерга қочиб-қутулиш мумкин?» деб қолур!  

11. Йўқ! (Эй инсон, Аллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган) бирон бошпана йўқдир! 

12. У Кунда ёлғиз Парвардигоринг (ҳукм қилган жой)га қарор топишгина бордир! 

13. У Кунда инсонга (ҳаёти-дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур. 

14-15. Балки (У Кунда) инсон, гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа - келтирса-да, (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир! 

И з о ҳ. Яъни инсон ҳаёти-дунёдалик пайтида ҳар қандай ҳакамни ўз тили-нутқи билан алдаб кетиши мумкин, аммо Қиёмат кунида - ёлғиз Аллоҳ таоло ҳакам бўлган пайтида инсоннинг нотиқлиги бекор-бефойда бўлиб қолади. Чунки у Кунда инсон ўзини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар топмасин, Тангри таоло томонидан унинг баданидаги барча аъзоларига тил ато этилиб, улар ўз эгаларининг қилиб ўтган гуноҳларига гувоҳлик берадилар. 

Мазкур оятларда Қиёмат куни ва инсоннинг у Кундаги аҳволи тасвирлангач, энди сўз Қуръонга ва унинг оятларини Жаброил фариштадан қабул қилиб олиш тариқасига кўчади. 

Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирон калима ёдларидан чиқиб қолмаслиги учун лабларини қимирлатиб - такрорлаб турар эдилар. Ушбу оятларда у зотга бундай қилишнинг ҳожати йўқ эканлиги уқтирилди. 

16. (Эй Муҳаммад, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. 

17. Зеро уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. 

18. Бас, қачон Биз (яъни Жаброил фаришта) уни (яъни ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! 

19. Сўнгра уни - Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир. 

И з о ҳ. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз каломидаги тушуниб етиш мушкул бўлган айрим оятларни пайғамбар алайҳис-саломга англатиш кафолатини ҳам Ўз зиммасига олиб, пайғамбаримизни хотиржам қилмоқда. Мана шу оятлар келгач, расулуллоҳ ваҳий нозил бўлаётган вақтда бошларини қуйи солиб, хомуш ўтирадиган ва қачонки ваҳий келтирган Жаброил алайҳис-салом кетганларидан сўнггина нозил қилинган оятларни ўқийдиган бўлдилар. 

Қуйидаги оятларда сўз яна Қиёмат кунини ёлғон дегувчи кимсаларга ва у Куннинг аҳволини тасвирлашга қайтади. 

20. Йўқ, (эй Макка мушриклари, сизлар гумон қилгандек қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб йўқ нарсалар эмасдир)! Балки сизлар нақд (дунё)ни яхши кўрурсизлар. 

21. Охират (Куни)ни эса тарк қилурсизлар (яъни охират учун амал қилмайсизлар)! 

22-23. У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир! 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, ахли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар». 

24-25. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари буришиб, ўзларига албатта белни синдиргувчи (бирон бало) қилинишини ўйлаб-кутиб қолур! 

И з о ҳ. Ушбу оятларда Қиёмат кунида кишилар албатта икки гуруҳга - саодатмандлар ва бадбахтларга бўлинишлари ҳақида хабар берилгач, қуйида инсонларнинг дунё ҳовлисидан охират диёрига кўчишлари - жон таслим қилиш соатлари ғоят жонли лавҳаларда тасвирланади. 

26-27-28-29-30. Дарҳақиқат (жон) ҳалқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўйгувчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда - ана ўша кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир! 

И з о ҳ. Дунёда яшаш соати битиб, ажали етган ҳар бир киши топган бола-чақасини ҳам, мол-давлатини ҳам, шаъну-шавкатини ҳам тарк этиб, ёлғиз ҳолда Аллоҳ таоло ҳузурига ҳайдалиши бор экан, демак у Яратганга ёруғ юз билан рўбарў бўлиш учун ҳаёти-дунёдаги ҳар бир лаҳзасини иймон-эътиқод ва эзгу амаллар қилиш билан ўтказиши лозим. Аммо калтабин инсон эса... 

31. На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! 

32. Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! 

33. Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди! 

34. (Эй кўрнамак иисон), ўлим бўлсин сенга, ўлим! 

35. Сўнгра яна ўлим бўлсин сенга, ўлим! 

36. Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! 

37. Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! 

38. Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. 

39. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. 

40. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир)!  







76. Инсон сураси 


Мадинада нозил бўлган бу сура ўттиз бир оятдан ташкил топгандир. «Инсон», деб номланган бу суранинг аввалида Аллоҳ таоло инсон зотини қай тарзда йўқдан бор қилгани ва уни ҳаётга йўллагани тўғрисидаги оятлар зикр қилинган, дунёдан кофирлик билан ўтадиган кимсаларнинг охират Кунида топажак оқибатлари ва у Кунда аҳли иймон эришадиган саодати абадийя хусусида батафсил хабар берилади. 

Сўнгра Муҳаммад алайҳис-саломга хитоб қилиниб, у кишига Қуръони Каримни нозил қилган Парвардигор ҳукмига сабр-тоқат қилиб ўз зиммаларидаги пайғамбарлик вазифасини адо этиш ва дин душманларига итоат қилмаслик ҳамда эртаю кеч Яратганни ёдлаш билан тоат-ибодатга машғул бўлиш амр этилади. 

Сура Қуръон оятлари фақат бир эслатма эканлигини ва хоҳлаган кишилар бу илоҳий эслатмадан панд-насиҳат олиб, Тангри таоло томон йўл топишларини таъкидлаш билан ниҳояланади. 

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир. 

 И з о ҳ. Ушбу ояти каримани муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Аллоҳ таоло ер юзидаги барча мавжудотни ва ундаги ҳаёт кечиришга қулай мувофиқ иқлимни Инсон учун яратгандир. Лекин Тангри мана шу оламни яратганидан то Одам алайҳис-саломни яратиб, унга жон ато этгунича орадан ўтган узун бир муддатда инсон исмли, Яратганнинг ер юзидаги халифаси бўлгувчи жонзот дунёга келиши зикр қилинмаган - тилга олинмаган эди. Иккинчи тафсир: Одамзот она қорнида пайдо бўлганидан тортиб, то инсон шаклига кириб, унга жон ато этилгунича ўтадиган муддатда уни аввал нутфа, сўнг лахта қон, кейин бир парча гўшт деб номланади-ю, аммо уни ҳали инсон дейилмайди. Аниқки, ҳар бир инсон то онадан таваллуд топгунича мана шу савдоларни ўз бошидан ўтказгандир. 

 2. Дарҳақиқат, Биз инсонни (вояга етганидан сўнг шариат таклифлари билан) имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бўлган нутфадан яратдик. Бас, уни (Бизнинг оятларимизни тинглаши ва оламдаги Бизнинг борлигимизга далолат қилиб турган аломатларни кўриши учун) эшитгувчи, кўргувчи қилиб қўйдик. 

 3. Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни шукр қилгувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри йўлни - Ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри йўлдан юз ўгириб кетадилар). 

 4. Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанларни ва (дўзах) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз! 

 5-6. Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофур - Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хохлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар. 

 7. Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар. 

 8. Ва таомни суюб-хохлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. 

 9. (Улар айтурлар): «Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз - кутмасмиз. 

 10. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз». 

 11. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва - нур, (дилларига) сурур бахш этди. 

 12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. 

 13. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. 

 14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари хам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. 

 15-16. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. 

 17-18. (Жаннат ахли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар (жаннатларидаги салсабил - ўтимли деб аталадиган чашма) билан суғорилурлар. 

 19. Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз.  

20. У жойда қачон қарасангиз, ноз-неъматларни ва катта мулку-давлатни кўрурсиз. 

21. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. 

22. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди. 

23. (Эй Муҳаммад), албатта Бизнинг ўзимиз сизга бу Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик. 

24. Бас, сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан (кофирлардан) бирон гуноҳкор ё кўрнамакка итоат қилманг! 

25. Ва эртаю кеч Парвардигорингизнинг номини зикр қилинг! 

 26. Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг! 

 27. Албатта ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар ва ортларидаги оғир Кунни (Қиёматни) эса тарк қилурлар (яъни у Кун учун бирон амал қилмаслар). 

 28. Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хохлаган вақтимизда (уларни ҳалок қилиб, ўринларига) ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўюрмиз. 

29. Албатта бу (сура) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хохласа (бу панд-насиҳатни қабул қилиб), Парвардигори томонга йўл тутур. 

 30. (Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

 31. У Ўзи хохлаган кишиларни (яъни мўминларни) Ўз раҳматига - жаннатига киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.  







77. Мурсалот сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, эллик оятдир. 

Сура Қиёмат қойим бўлиши ҳақ эканлигини таъкидлайдиган оятлар билан бошланиб, сўнгра у Кун келган вақтида рўй берадиган хориқул-одат воқеа-ҳодисалар баён қилинади. 

Бу сурада динсизлик оқибатида ҳалокатга дучор бўлган аввалги қавмлар ҳақида хабар берилиб, кишиларни иймон-эътиқодга даъват қилинади ва ҳар бир инсонни Аллоҳ таоло Ўз қудрат қўли билан бир томчи сувдан яратиб, комил инсонга айлантиргани алоҳида таъкидлаб ўтилади. 

Сура давомида Қиёмат кунини ёлғон дегувчилар ўша Кунда ҳалокатга дучор бўлишлари бот-бот (суранинг ўн оятида) такрорланиб боради. 

Сура ўзининг илк ояти номи билан «Вал-мурсалот - Юборилган (шамоллар)га қасам», деб аталади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1-2. Пайдар-пай юбориладиган (шамол)ларга, қутурадиган (бўрон)ларга қасам;  

3-4-5-6-7. (Булутларни Аллоҳ хоҳлаган томонларга) ёйиб юборадиган, (ҳақ билан ботилни ва ҳалол билан ҳаромни) ажратиб берадиган, (мўмин бандаларни) узр-мағфират қилиш учун ё (кофирларни охират азобидан) огоҳлантириш учун эслатма-ваҳий олиб тушадиган (фаришта)ларга (яъни юқорида мазкур бўлган барча нарсаларга) қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз сизларга ваъда қилинаётган нарса (Қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқеъ бўлгувчидир!  

8. Бас, қачон юлдузлар (нурлари сўниб) ўчирилгач;  

9. Ва қачон осмон (қобиғи) ёрилиб-очилгач;  

10. Ва қачон тоғлар (қумлар каби) сочилгач;  

11. Ва қачон пайғамбарларга (уларни ёлғончи қилган қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари учун) белгиланган вақт келгач (ана ўша вақтда ваъда қилинган Қиёмат қойим бўлур)!  

12. (Пайғамбар ўз қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари) қай Кунга белгиланган эди?  

13. (Ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кунга (белгилангандир)! 

14. (Эй инсон) сен (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кун нима эканлигини қаердан ҳам билурсан?! 

15. У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

16. Ахир Биз аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган уммат)ларни ҳалок қилмадикми?! 

17. Сўнгра кейинги (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилгувчи Макка кофирлари ва бошқа)ларни ҳам уларга эргаштирурмиз!  

18. Биз барча жиноятчи-кофирларни мана шундай (ҳалок) қилурмиз!  

19. У Кунда ўша Кунни ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

20. Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!  

21-22-23. Сўнг у (сувни-нутфа)ни маълум муддатгача (яъни ой-куни етиб туғилгунича) мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўймадикми?! Бас, Биз (бир томчи сувни комил инсон қилиб яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!  

И з о ҳ. Ушбу оятларда яна қайта тирилиш масаласи баён қилинди. Мана бу ҳадиси қудсий ҳам юқоридаги оятларга муносиб тафсирдир. Пайғамбар алайҳис-салом бир куни кафтларига тупурдилар-да, саҳобаларга бармоқлари билан ўша тупукни кўрсатиб дедилар: «Аллоҳ таоло айтур: «Эй одам боласи, ахир Мeн сени худди мана шунга ўхшаган бир томчи сувдан яратдим-ку! Бас, сен Мендан (яъни Қиёмат куни Менинг ҳузуримга йиғилиб, ҳисоб-китоб беришдан) қаёққа ҳам қочиб қутула олар эдинг?!»  

24. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

25-26. Ахир Биз ерни тирикларни ҳам, ўликларни ҳам йиғғувчи қилиб қўймадикми?!  

И з о ҳ. Мазкур оятлардан заминни беҳуда она дейилмаслиги маълум бўлиди. Зеро, у тирикларни ўз елкасида - устида кўтариб турса, ўликларга ўз қучоғидан жой беради. 

27. Яна Биз (ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларни (ўша тоғлардан оқиб тушадиган) чучук-тотли сув билан суғордик.  

28. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай.  

29. (У Кунда кофирларга дейилур): «Сизлар (ҳаёти-дунёдалик пайтингизда) ёлғон дегувчи бўлган нарсага (ҳисоб-китоб ва дўзах азобига) боринглар!  

30-31. (Жаҳаннамда ёнаётган дўзахилардан кўтарилаётган бадбуй тутундан иборат, осмонга ўрлаган сари бўлиниб кетган) уч бўлакли, ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва (дўзах) алангасини ҳам тўсмайдиган «соя»га боринглар!»  

32-33. Дарвоқе, у (жаҳаннам ҳар томонга ҳар бири) қасрдек, худди сариқ туяларга ўхшаган учқунларни отиб турур!  

34. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлғай!  

35-36. Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир!  

37. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

38. Бу (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир! (Эй бу Кунни ёлғон дегувчи кимсалар, мана) Биз сизларни ҳам, аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган)ларни ҳам жамладик.  

39. Мана, агар сизлар учун (дўзахдан қутқарадиган) бирон найранг бўлса, Менга ўша найрангларингизни кўрсатинглар-чи?  

40. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

41-42. Тақводор зотлар эса (У Кунда) албатта соя-салқинларда, чашмалар ва кўнгиллари тусаган мева-чевалар устидадирлар.  

43. (Уларга дейилур): «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (ушбу жаннат ноз-неъматларини) пок билиб еб-ичаверинглар».  

44. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.  

45. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

46. (Эй кофирлар) озгина вақт (яъни тўрт кунлик дунёда ақлсиз ҳайвонлардек) еб, фойдаланиб қолинглар! Албатта сизлар жиноятчидирсизлар!  

47. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

48. Қачон уларга: «Рукуъ қилинглар, (яъни намоз ўқинглар)», дейилса, рукуъ қилмаслар!  

49. У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!  

50. Ахир улар (Қуръондан) кейин (яъни беназир илоҳий мўъжиза бўлган шундай азиз Китобга иймон келтирмасдан) қандай сўзга-китобга иймон келтирурлар?!







78. Наба' сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ оятдан иборатдир. 

Қуръони Карим сўнгги жузъининг илк сураси бўлган бу сура «Наба'-Хабар», деб номланган бўлиб, унда ўлгандан кейин қайта тирилиш, Қиёмат ва у Кунда мўминлар етажак мангу бахт-саодат ҳамда кофирлар дучор бўлажак абадий азоб ҳақидаги хабарлар ўз аксини топгандир. 

Бу сурада Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳийясига далолат қилиб турадиган бир неча ҳужжатлар келтирилиб, шундай қудрат соҳиби бўлган зот учун Қиёмат кунида ўликларга қайта жон ато этиб тирилтириш жуда осон иш эканлиги таъкидланади ва у Кунни «Ҳақ билан ботил ажратиладиган Кун», деб аталади. 

Сура ўша кунда кофирлар Аллоҳ таолонинг одил жазосидан қочгани жой топа олмасдан қайтадан тупроққа айланишни орзу қилиб қолишлари тўғрисида хабар бериш билан хотималанади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Мушриклар) бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқдалар?! 

2-3. Улар ўзлари ихтилоф қилгувчи бўлган - улуғ хабар ҳакида (яъни қайта тирилиш тўғрисида савол-жавоб қилмоқдалар)! 

4. Йўқ (уларнинг гумонлари беҳудадир)! Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини) билиб олажаклар! 

5. Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар!

И з о ҳ. Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг Макка аҳлига қайта тирилиш ҳақ эканлиги ҳақида хабар берганларида, айрим мушриклар бу хабарни инкор қилган бўлишса, айримлари унга гумон билан қарашиб, бир-бирлари билан шу ҳақда талашиб-тортиша бошладилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, уларнинг бундай савол-жавоблари нодуруст экани ва эрта бир кун - Қиёмат қойим бўлгач, улар бу хабарнинг ҳақ эканлигини билиб қолишлари, аммо у Кунда уларнинг билишлари ҳам, тавба-тазарру қилишлари ҳам бефойда бўлиб қолиши таъкидланди. 

Энди қуйидаги оятларда Тангри таолонинг қудратини намойиш этадиган, ўлган жасадни қайта тирилтиришга нисбатан беқиёс улкан ва улуғ илоҳий мўъжизалар санаб ўтилади. 

6-7. Биз ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, тоғларни эса (ўша ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?! 

8. Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик. 

9. Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик. 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, уйқу Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидин биридир. Зеро, дунёдаги барча жонзот мубтало бўлган толиқиш, чарчаш деган бир дард борки, бу дарднинг уйқудан бўлак дармони йўқдир. Эҳтимол уйқусизлик дардига йўлиққан кишини бирон дори воситасида ухлатиш мумкиндир, лекин мана шу уйқуни яна бадтар чарчатадиган меҳнат эмас, балки ором-роҳат қилиш Яратгандан ўзганинг қўлидан келмас. 

10. Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. 

11. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик. 

12. Устларингизда етти (қават) пишиқ-мустаҳкам (осмонни) бино қилдик. 

13. Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни қуёшни пайдо) қилдик. 

14-15-16. Яна Биз ўзидан ёмғирни сиқиб чиқаргувчи (булут)лардан ўша (ёмғир) ёрдамида дон ва набототни ҳамда (қалинлигидан дарахтлари) бир-бирига чирмашиб кетган боғларни ундириб чиқариш учун - мўл-кўл сув-ёмғир ёғдирдик. 

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қудратини кўрсатиб турадиган тўққиз ёрқин далилни келтиргач, энди яна аввалги мавзу - қайта тирилиш мавзусига қайтилади. 

17. Албатта (ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон) ажратиладиган Кун (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақт бўлди. 

18. У Кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсизлар! 

19. Осмон ҳам очилиб, (фаришталар тушиб келадиган) эшикларга айланиб қолди! 

20. Тоғлар ҳам (жойларидан) жилдирилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолди! 

21-22. Албатта туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди. 

23. Улар у жойда узоқ замонлар (яъни абадул-абад) қолгувчидирлар! 

24. Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! 

25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар)! 

26. (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир! 

27. Чунки улар (Қиёмат кунидаги) ҳисоб-китобдан умидсиз бўлган кимсалардир. 

28. Улар бизнинг оятларимизни бутунлай ёлғон дер эдилар! 

29. Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, ёзиб қўйгандирмиз! 

30. Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз! 

31. Албатта тақводор зотлар учун (жаннатда) нажот манзили бордир. 

32. Яна боғлар ва узумзорлар. 

33. (Ёш ва ҳуснда) тенгдош хушқад (ҳур)лар. 

34. Ва (шароб билан) тўла майкосалар бордир. 

35. Улар у жойда бирон беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар. 

36-37-38. (Бу) Парвардигорингиз томонидан - осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Меҳрибон зот томонидан (берилган) мукофот, етарли марҳаматдир. Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур. 

39. Бу ҳаққи-рост Кундир. Бас, ким хоҳласа, ўз Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутур. 

40. (Эй Макка кофирлари), дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқеъ бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрур ва кофир кимса: «Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам-(у муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам)», деб қолур.







79. Назиъат сураси 


Маккада нозил бўлган бу сура қирқ олти оятдан иборатдир.

Бу сура аввалида фаришталар номига қасам ичиш билан қайта тирилиш ҳақ эканлиги таъкидланади ва буни инкор қилган мушрикларнинг ўша Кунда қандай ёмон аҳволга тушиб қолишлари ҳақида хабар берилади.

Сўнгра Макка кофирларнинг туғён ва қайсарликларидан озор чекаётган Пайғамбар алайҳис-саломга таскин-тасалли бериш учун ўзларининг салафларидан бўлмиш Мусо пайғамбар ҳақида ҳикоя қилиниб, ўша зот ҳам Фиръавн ва унинг одамларини Аллоҳнинг динига даъват қилганларида у малъун бу даъватни қабул қилиш ўрнига ўзини худо деб даъво қилгани ва Ҳақ йўлига қарши тургани оқибатида ўзи ҳам, одамлари ҳам ҳалокатга дучор бўлганликлари баён этилади.

Сура ниҳоясида яна Қиёмат соати ҳақидаги мавзуга қайтилиб, у Куннинг даҳшатини кўрган пайтларида кофирлар бу ҳаёти-дунёда бир кун ҳам турмагандек бўлиб қолишлари уқтирилади.

Сура ўзининг илк ояти билан «Ван-Назиъат - Жон олгувчи фаришталарга қасам» деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Кофирларнинг жонларини баданларининг) ич-ичидан қаттиқ суғуриб оладиган (фаришта)ларга қасам, 

2. (Мўминларнинг жонларини осонлик билан) илдам тортиб оладиган (фаришта)ларга қасам, 

3-4-5. (Осмонлар билан ер ўртасида) силлиқ сузиб, (ўз зиммаларидаги вазифаларни адо этишда) шошиб-ўзиб, (Аллоҳ буюрган барча) ишнинг тадбирини тузиб турадиган (фаришта)ларга қасамки, (сизлар албатта қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)! 

И з о ҳ. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Ўз фаришталарининг номига қасам билан ўлгандан кейин қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир иш учун ҳисоб бериш бор эканининг хабарини берди. Дарвоқе, Аллоҳнинг лашкарлари ҳисобланмиш, сон-саноғини ёлғиз Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайдиган фаришталар Тангри таоло амр этган ҳар бир ишни адо қилишга ҳозиру нозир бўлиб турар эканлар. Хусусан, ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари томонидан бандаларнинг жонларини олиш соати ибратлидир: Ҳадиси шарифда айтилишича, улар кофирнинг жонини олишда худди баданининг ҳар бир аъзосидан мих суғургандек азоблаб олар эканлар, мўминнинг жони эса унинг танасидан гўё боғлиқ қўл арқондан бўшатилгандек осон ва роҳат билан чиқиб кетар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салом доим намозларидан кейин: «Парвардигоро, бизларга ўлим мастлигини (яъни жон чиқар соатидаги машаққатни) осон қилгил», деб дуо қилар эдилар, 

Энди қуйидаги оятларда юқорида зикр қилинган қайта тирилиш соатидаги аҳвол тасвирланади. 

6-7. У Кунда (Сур биринчи марта чалиниши билан) титрагувчи (ер) титраб (устидаги бор жонзот ҳалок қилинади), унга эргашувчи эргашур (яъни орадан қирқ сана ўтгач, Сур иккинчи марта чалиниб барча нарсага қайтадан ҳаёт ато этилади ва Қиёмат куни бошланади). 

8. У Кунда (кофирларнинг) диллари қўрқувга тушгувчи, 

9. Кўзлари эса (даҳшатдан ерга) эгилиб қолгувчидир! 

10. Улар (бу дунёда) дерлар: «Ҳақиқатан ҳам бизлар (ўлганимиздан кейин яна қайта тирилиб) аввалги ҳолатимизга қайтарилгувчимизми? 

11. Чириган суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?» 

12. Улар (истеҳзо билан): «Ундоқ бўлса бу (бизлар учун) зиён қилгувчи қайтиш-ку!» дедилар. 

13. Бас, у (қайтиш) фақат биргина даҳшатли қичқириқдир (яъни Сурнинг иккинчи марта чалинишидир). 

14. Сўнг баногоҳ улар (тирик ҳолда) ер устида бўлиб қолурлар! 

15. (Эй Муҳаммад), сизга Мусонинг хабари келдими? 

16. Эсланг, Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида (шундай) нидо қилган эди: 

17. (Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин, чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди. 

18. Бас, (унга) айтинг: «Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат-хоҳишинг борми? 

19. Мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У зотдан) қўрқсанг». 

20-21. Сўнг (Мусо) унга бир улкан мўъжиза кўрсатган эди, (Фиръавн) уни ёлғончи қилди (яъни Мусога: «Сен сеҳргарсан», деб туҳмат қилди) ва (Аллоҳ таолога) осий-итоатсиз бўлди. 

22. Сўнгра (фисқу фасодни ёйиш йўлида) саъй-ҳаракат қилган ҳолида (Мусодан) юз ўгириб кетди. 

23-24. Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солиб: «Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингиздирман», деди. 

25. Бас, Аллоҳ уни ҳам охират, ҳам дунё азоби билан ушлади (яъни дунёда у денгизга ғарқ қилиб юборилди), охиратда эса дўзах азобига дучор бўлур. 

26. Албатта бу (қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир. 

И з о ҳ . Юқоридаги оятларда Мусо алайҳис-салом қилган даъватни қабул қилмасдан, унга қарши фитна-фасод тарқатиб юргани сабабли дунё ва охират азобига гирифтор қилинган Фиръавн қиссаси зикр қилингач, бу қиссадан фақат Аллоҳдан қўрқадиган кишиларгина ибрат ва панд-насиҳат олишпари таъкидланди. Бинобарин, Яратгандан қўрқмайдиган эътиқодсиз кимсаларга ҳеч қандай мўъжиза ёки ваъз-насиҳат кор қилмаслиги аниқ экан. 

Энди қуйида Аллоҳ таоло Қиёмат кунида барча халойиқни қайта тирилтириб, уларни ҳаёти-дунёда қилиб ўтган амалларига яраша жазолашига шак келтиргувчи кимсаларга хитоб қилинади. 

27. (Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни бутун Ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён етмаслиги учун том - осмон билан қоплаб қўйишга қодир бўлган зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку!) (Аллоҳ) уни бино қилди - 

28. - шифтини баланд қилиб, тиклади. 

29. Ва у Ўша (осмон)нинг тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди. 

30. Ва шундан кейин ерни ёйиб-текис қилди. - 

31. - Ундан суви-ю, ўтлоқларини чиқарди. 

32. Ва у (ер)га тоғларни ўрнаштирди. 

33. (Буларнинг барчаси) сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин деб (қилингандир). 

34. Бас, қачон катта бало (яъни Қиёмат) келганида - 

35. - инсон ўз қилмишини эслаб коладиган Кунда, 

36. Ва дўзах кўрадиган (ҳар бир) кишига кўрсатиб қўйилганида. 

37. Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, 

38. ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, 

39. у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур! 

40. Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, 

41. у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур. 

42. (Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар. 

43. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда)? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). 

44. Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. 

45. Сиз фақат ўша (Қиёмат)дан қўрқадиган кишиларни огохлантиргувчисиз, холос. (Аммо у Куннинг қачон воқеъ бўлишини айтиб бериш сизнинг вазифангиз эмасдир). 

46. Улар у (Қиёмат соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!







80. Абаса сураси 


Қирқ икки оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир. 

У ҳузурларига келган кўзи ожиз бир кишига рўйхуш бермаган Пайғамбар алайҳис-саломга танбеҳ бериш билан бошланади (шунинг учун ҳам бу сура «Абаса - Қош чимирди», деб номлангандир) ва у зотга зиммаларидаги вазифалари яна бир бор уқтирилиб, сўнгра Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан панд-насиҳат оладиган бандалар учун юборилган бир эслатма эканлиги таъкидланади. 

Бу сурада ниҳоят ихчам суратда инсонга ўзининг қаердан келганидан тортиб, то қаерга бориши ва кейинги ҳоли нима кечишигача баён қилиниб, сўнгра инсон учун яратилган ноз-неъматлар санаб ўтилади ва ўртага бир ҳаққоний савол ташланади: Ҳаёт йўлини кўрсатиб берадиган Қуръон неъмати ҳам, ер юзидаги одамлар роҳат-фароғатда яшашлари учун ато этилган барча ноз-неъматлари ҳам ақл эгаларини ёлғиз Яратганга иймон келтириб, У зотга шукр қилишга даъват этиб турибди-ку, бас, инсон зотини бу қадар куфру туғёнга кетишга нима мажбур қилди?! 

Сура кишилар аниқ икки тоифага бўлиниб қоладиган Қиёмат кунида рўй берадиган даҳшатли воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар бериш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. У (пайғамбар алайҳис-салом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди.

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайҳис-салом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида, олдиларига Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзлари ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: «Ё расулуллоҳ, менга Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан таълим беринг», деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканликларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳалиги Қурайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб қолади, деган умид билан берилиб сўзлаётганлари сабабли, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн Умми Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиғланиб, қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб, Қурайш катталари билан сўзлашишда давом этдилар. Шунда Пайғамбаримизга танбеҳ бўлиб мазкур ва қуйидаги оятлар нозил бўлди. 

Шу ўринда биз муҳтарам ўқувчи эътиборини мазкур оятлардаги икки ибратли нуқтага жалб этмоқчимиз. 

Биринчидан, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига танбеҳ берар экан, у кишига бевосита хитоб қилмади, балки гўё учинчи шахс ҳақида гапираётгандек танбеҳ бердики, бу Дўст Дўстга қиладиган муомаланинг беназир намунасидир. 

Иккинчидан, агар бизда Аллоҳ таолонинг Ўзи «Шак-шубҳасиз сиз улуғ Хулқ устидадирсиз», (Қалам сураси, 4-оят) деб таърифлаган Пайғамбаримиз мазкур воқеада бир аъмо кишига озор бердиларми, деган савол туғилса, бундай саволнинг жавоби ҳам ўша воқеанинг ўзида мавжуддир, яъни юқоридаги оятлар гувоҳлик беришича Пайғамбар алайҳис-салом у кишининг дилига озор берадиган бирон қаттиқ сўз айтганлари йўқ, балки фақатгина қовоқларини уюб, юз ўгирдилар холоски, бундай ҳолатни кўзи ожиз одам кўра олмагани учун озор топмаслиги аниқдир. 

Тангри таолонинг танбеҳидан сўнг Расулуллоҳ қачон Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни кўриб қолсалар: «Марҳабо, эй менга Парвардигоримдан дашном олиб берган зот», деб у кишига пешвоз чиқадиган бўлган эканлар. 

3. (Эй Муҳаммад), сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар. 

4. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?! 

5. Энди (ўз мол-мулки билан иймондан) истиғно қилиб турган кимсага келсак, 

6. Бас, сиз ўшанга иқбол қилиб - юзланмоқдасиз! 

7. Ҳолбуки у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли сизга бирон зиён етмас! 

8-9. Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб қелган зотга келсак. 

10. Бас, сиз ундан чалғиб - юз ўгириб олмоқдасиз! 

11. Йўқ, (сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. 

12. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олур. 

13-14. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу- мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга; 

15-16. Улуғ, итоатли мирзолар (яъни фаришталар) қўллари билан (Лавҳул-Маҳфуздан кўчириб битилгандир). 

17. Ҳалок бўлгур инсон-а! Бунчалар кофир бўлмаса! 

18. (Аллоҳ) уни қай нарсадан яратди ўзи?! 

19. Уни бир (ҳақир) нутфадан яратиб, сўнг уни(нг она қорнидаги ривожини ва ой-кунини) белгилаб қўйди-ку! 

20. Сўнгра унга (она қорнидан чиқиш) йўлини осон қилди. 

21. Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди (яъни бошқа ҳайвонлар сингари унинг жасадини ер юзида қолдириб, йиртқичларга ем қилиб қўйгани йўқ). 

22. Сўнгра Ўзи хоҳлаган вақтида уни яна қайта тирилтирур. 

23. Йўқ, у (кофир кимса Аллоҳ) ўзига буюрган бирон нарсани адо қилмади. 

24. Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир)қараб кўрсин-чи! 

25. Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик. 

26. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. 

27-28-29-30-31-32. Сўнг Биз унда дон-дунни, узум ва кўкларни, зайтун ва ҳурмоларни, қуюқ дарахтзор боғларни, мева-чева-ю, ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку! 

33. Бас, қачон (қулоқларни) кар қилгувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда, ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)! 

34-35-36. У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур! 

37. (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур! 

38-39. У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва хуррам бўлур. 

40. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб, 

41. У (юз)ларни қаролик қоплаб олур! 

42. Ана ўшалар фисқу-фужур қилгувчи кофирларнинг ўзидир!

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов