"."
Меню

Сийрат

Муқаддима                            

 

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.

Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, ушбу Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган муборак ҳаётнинг бирор лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.

Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши.

Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.

Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни, Роббил оламийн билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.

 Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқеълигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.

Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти экани диққатга моликдир.

Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

Ана шундоқ — васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамаср¬лари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин¬лар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаъа тобеъинларга қолдирганлар.

Аста-секин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўзга кўринган уламоси юзага чиқа бошлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илмга «ас-Сийра ан-Набавийя», бу илмда мутахассис бўлган олимларга «Сийрат уламолари» номи берилди.

«Сийрат» сўзини арабчадан таржима қиладиган бўлсак, «таржимаи ҳол» иборасига тўғри келади. Бинобарин, истилоҳда, «Сийрат» – Пайғамбар соллал¬лоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоллари, дея оламиз.

Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бу дунё¬да ўтган барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг сийратларига нисбатан энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар жуда кўп.

Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эҳтимом билан ўрганиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тад¬қиқ қилиб китобларга битдилар.

 Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади:

1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғли.

Бу зот кўп илмларни чуқур эгаллаган, аксар ғазотларда иштирок этган. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг сийрат борасидаги китоблари бизгача етиб келмаган.

2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (105-ҳижрий санада вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу¬нинг ўғли.

Бу киши ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган. Ўзига етиб келган хабарлардан сийрат китоби битган. Аммо Абон розияллоҳу анҳунинг китоблари ҳам бизгача етиб келмаган.

3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (114-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши тарихчи ва ўтганларнинг хабарларини пухта биладиган зот эдилар. Тадқиқотчилар Ваҳб ибн Мунаббиҳ исроилиёт қиссаларини кўп ривоят қилганини эслатадилар.

4. Шурҳабийл ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (123-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазовотларни яхши биладиган олимлардан ва бадрийлардан эдилар.

Мазкурлардан кейин умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:

1. Осим ибн Умар ибн Қатода (120-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши илмли, ғазовот ва сийратни ривоят қиладиган зот эди. Халифа Умар ибн Абдулазизнинг амрига биноан, Дамашқ масжидида одамларга ғазовот ва саҳобаларнинг маноқибларидан дарс айтар эди. Ибн Исҳоқ ва ал-Воқидийлар Осим ибн Умар ибн Қатоданинг китобларидан фойдаланган.

2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий (124-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши катта олим ва муҳаддис эди. Айниқса, ғазовот ва сийрат илмида ўткир бўлган. Биринчи бўлиб, ҳадис китоби тасниф қилган. Баъзи уламолар, сийрат борасида тўлақонли китобни биринчи бўлиб ёзган олим ҳам Ибн Шиҳоб Зуҳрийдир, дейдилар. У кишининг сийрат китоби энг афзал ва ишончли китоб ҳисобланади. Ибн Исҳоқ китобида асосан Ибн Шиҳобнинг китобидан фойдаланган.

3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (125-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши олим ва муҳаддис эди. Ундан жуда кўп ривоятлар қилинган. Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд ва Табарийлар унинг ривоятларидан кенг фойдаланганлар.

Сўнгра аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқди. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:

1. Мусо ибн Уқба (141-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши ғазовот китоби ёзган.

2. Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Матлабий (151-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан «ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Халифа уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исҳоқнинг китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.

3. Маъмар ибн Рошид (150-ҳижрий санада вафот этган).

Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.

4. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий (207-ҳижрий санада вафот этган).

Ал-Воқидийнинг «ал-Мағозий» китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.

Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди зоҳир бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (218-ҳижрий санада вафот этган).

Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта, Ибн Ҳишомга йўлиқади.

Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номлари тилга олинади.

Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли маълумотларни уларни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.

Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки, сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.

Кейинчалик ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлгандан сўнг, ўқувчиларга осонликни кўзлаб, ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан четланилди. Ровийлар силсиласидаги саҳобийни зикр қилиш билан кифояланилди.

Вақт ўтиши билан баъзи кишиларнинг машғулотлари кўпайиб муфассал китобларни ўқиб-ўрганиш имконлари камайганини ҳисобга олиб, мухтасар сийратлар — мавлид деб аталган асарлар пайдо бўлди. Аксари ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад, қандоқ қилиб бўлса ҳам, мўмин-мусулмонларга уларнинг маҳбуб пайғамбарлари Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди.

Ҳар асрнинг, ҳар бир мусулмон ўлканинг ўзининг сийратчилари ва Набавий сийрат ҳақидаги асарлари бўлиб келди. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан-янги асарлар битилмоқда. Бир неча бор сийрат ҳақидаги энг яхши асарлар кўриги ҳам ўтказилди.

Бу борада қувонч билан таъкидлайдиган нарсалардан бири, ҳамаср уламоларимиз набавий сийрат бобида «Фиқҳус сийра» номи остидаги янги йўналишга асос солдилар. Бундоқ асарларда сийратга тегишли маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, улардан келиб чиқадиган ҳукмлар ва ҳикматларга алоҳида эътибор берилади.

Мусулмонларнинг сийрат илми борасидаги ихлосли ва соф илмий изланишлари билан бир қаторда, душманларнинг ғаразли ва нопок фаолиятлари ҳам мавжуд.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у зотнинг гап-сўзлари, ишлари ва шахсларидан нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. У зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат.

Кейинчалик ҳам турли тоифалар, шахслар, муас¬сасалар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига футур етказиш учун қанчадан-қанча ғаразгўй ҳаракатлар содир этилгани, уларнинг барчаси мағлуб бўлгани ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Шунингдек, душманлар ичидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргана бориб, Исломга келган, у зотнинг сийратларини инсоф ила тўғри ёритган ва ниҳоят, у зотни инсоният тарихидаги энг кўп манфаат келтирган шахс, деб таъкидлаганлар ҳам борлиги айни ҳақиқат.

Исломий илмлар кони бўлмиш юртимиз Мовароуннаҳрнинг илмий тарихига назар соладиган бўлсак, негадир, сийрат бобида алоҳида салмоқли асарларни илғамаймиз.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур «Шамоили Набавия» асарлари сийратнинг бир бўлагига бағишланган. Мирхонд ва Хондамирларнинг «Равзатус Сафо» ва «Ҳабибус сияр» асарларида сийратга оид маълумотлар бўлса ҳам, улар умумий тарих китобларига киради. Шу билан бирга, бу китоблардан замоннинг зайли ила кишилар фойдаланишлари мумкин бўлмай келмоқда.

Каминанинг сийрат илмига бўлган алоқаси ҳақида икки оғиз сўз. Бошқа илмлар қатори сийрат илмининг дастлабки сабоқларини падари бузурукворимиздан олдим. У киши менга «Нурул яқийн» китобидан дарс бердилар. Бухорои шарифдаги «Мир¬араб» мадрасасида ҳам айни шу китобдан дарс олдим.

Чет элдаги дорилфунунда ўқиш даври сийрат ила яқиндан ва ҳақиқий танишиш, изланиш йиллари бўлди. Сийрат ҳақида кўплаб китоблар, жумладан, Ибн Ҳишомнинг «ас-Сийра ан-Набавия»лари, Шайх Муҳаммад Ғаззолий ва Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Фиқҳус сийра»лари, Ибн Қай¬йум ал-Жавзиянинг «Зодул маъод»лари, Қози Иёзнинг «Шифо»лари, имом Термизийнинг «Шамоил»ларига мулла Али Қори ёзган шарҳ ва бошқа кўпгина асарларни ўқиб чиқдим.

Агар ўша китобларнинг баҳс этган мавзулари, ҳаттоки, сарлавҳалари бир хил бўлса ҳам, ҳар ўқиганда кишида янгидан-янги маълумотлар, фикрлар ва хулосалар пайдо бўлар эди. Чунки бундоқ ўқишлар сийрати набавий уммонидан баъзи бир ҳўпламлар эди.

Кейинчалик ҳам, бу соҳага оид ҳар бир мақола ёки китобни ўқиб фойда олишга ҳаракат қилиб юрдим. Уламоларнинг «ас-Сийра ан-Набавия»га катта эътибор беришлари, барча жойларда мусулмонларга бу илмни етказиш ҳақидаги тавсиялари таъсирида бизда ҳам бу соҳада алоҳида китоб бўлиши лозим, деган фикр доимо эсда турар эди.

Худди шу фикр замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи билан бўлган учрашувларимда яна бир бор янгиланар эди. У зот бу соҳада кўзга кўринган ва эътироф этилган аллома бўлиб, «Ас-Сийра ан-Набавия» номли китоблари учун халқаро мукофот олган эдилар. Устоз суҳбатларимизнинг бирида: «Менинг китобларимнинг барчаси сенга мулк, хоҳласанг таржима қил, хоҳласанг чоп қил», дедилар. Шогир¬д¬ларим таржима қилган ва чоп этилган «Сийрати хотимин набиййин» номли китобларини ўзларига тақдим этганимда аллома Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўринларидан туриб: «Шу менинг китобимми? Имом Бухорийнинг юртдошларининг тилидами?» дедилар-да, мухлис шогирдлари Аббос Надавийдан қалам олиб керакли маълумотларни китобга ёзиб қўйдилар. Ана ўшанда ҳам менинг сийрат бобида китоб ёзиш истагим яна бир карра янгиланди.

Ҳарами Шарифда истиқомат қилган пайтимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшаган, юрган жойларини бориб кўрар, китоб ёзадиган бўлсам, бу ерларни қандай васф қилиш ҳақида ўйлар эдим.

Ҳар сафар Ҳарами Шарифнинг шарқий тарафидаги «мавлидиннабий» номли минтақадан ўтар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нур бўлиб дунёга келишлари, кейин боболари Абдулмуттолиб у зотни қучоғига олиб Каъбаи Муъаззама тарафга шошилиши кўз ўнгимдан ўтар эди.

Маккаи Мукарраманинг оз қолган тор кўчаларидан юрар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалик чоғлари ёдимга келар эди.

Маккаи Мукарраманинг ташқарисидаги кенг сайҳонларни кўрганда у зотнинг қўй боқиб юрганлари кўз олдимдан ўтарди.

Ҳиро ғори.

Мана шу ғорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳаннус ибодатини қилганлар. Мана шу ғор оғзида Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўлган.

Савр ғори.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Макка мушрикларидан беркиниб, шу ғорда жон сақлаганлар.

Ҳижрат йўли.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва йўл бошловчи ила куннинг иссиғида шу йўлларни босиб ўтиб ҳижрат қилганлар.

Қубо.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага киришдан олдин шу ерда тўхтаб, тақвога асосланган биринчи масжидга асос солдилар.

Мадина.

Бу шаҳар аҳли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шодонлик ила кутиб олганлар.

Уҳуд.

Мушриклар билан мусулмонлар орасида ҳаёт-мамот жанги ўтган.

Арафот.

Расули Акрам видолашув ҳажини қилмоқдалар. Ана, у зот туяларини миниб, Жабали Раҳмат томон бормоқдалар.

Ҳарами Набавий.

Саҳобалар кўзларида ёш, қалбларида чексиз дард ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилмоқдалар...

«Тафсири Ҳилол»ни ёзиш жараёнида ҳам сийратга оид оятларни тафсир қилиш пайтида «бу маълумотлар, иншааллоҳ, сийрат китобида керак бўлади» деган фикр ўтарди.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг олдинги йигирма жузини ёзиш, ҳадисларни шарҳ қилиш жараёнида ҳам шу каби фикрлар ўтарди.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг «Нубувват ва рисолат китоби» яқинлашганда ушбу китобдаги маълумотларга сийратни ҳам қўшиб яхлит бир китоб қилиш истаги туғилди. Бунда муҳаддислар билан сийратчилар услуби жамланган бўлинарди. Бу жамланишдан ўзига хос бир асар чиқар, деган фикр туғилди. Ниҳоят, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда, ушбу фикрни юзага чиқаришга ҳаракат қилдим.

«Нубувват ва рисолат китоби»да келган оят ва ҳадисларни «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг олдинги бобларига ўхшатиб, арабча матнидан сўнг таржима ва шарҳ қилиб бориш давом этди ва ўрни келганда сийрат ҳақидаги маълумотлар бериб борилди.

Иложи борича аниқ ва кўпчилик сийратчилар иттифоқ қилган маълумотларга суянилди. Одатдагидек, ўқувчининг эътиборини чалғитмаслик учун иқтибосларга алоҳида белги билан ишора қилин-мади.

«Нубувват ва рисолат китоби»нинг севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли қисмига сийрат ҳам қўшилганини эътиборга олиб, китобга «Оламларга раҳмат Пайғамбар» деган ном ихтиёр қилинди.

Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли маълумотларни озми-кўпми ўрганган ҳар бир инсофли ва ақлли инсон У зотнинг барча оламларга раҳмат этиб юборилганларини англайди.

Муҳтарам китобхон! Камина учун ушбу сатрларни қоғозга тушириш даври буюк саодат даври бўлди. Чунки ушбу маълумотлар Аллоҳнинг энг афзал халқи бўлмиш, бу дунёда ҳидоятчимиз, у дунёда шафоатчимиз бўлмиш зотга тегишлидир. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги ҳар бир маълумот эса, бошқа маълумотлардан у зотнинг ўзлари бошқа кишилардан қанчалик устун турсалар, шунчалик устун туради.

Бинобарин, сиз муҳтарамлар ҳам ушбу сатрларни ўқир экансиз, нима қилаётганингизнинг қадрига етинг. Сиз одатдаги оддий ўқиш билан машғул эмассиз. Сиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини ўқимоқдасиз. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларининг ўқувчиси ўқиганини уқмоғи, уққанидан ибрат олмоғи ва унга амал қилмоғи лозимлигини зинҳор унутманг.

Аллоҳ таолонинг Ўзидан ушбу камтарона хизматни фойдали қилишини сўраб дуолар қиламан. Камчиликлари учун узр сўрайман.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

 

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари                     

 

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», деб аҳду паймонларини олиб туриб: «Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди», (Оли Имрон, 81) деган.

Шарҳ: Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, Ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Бу ишончли, таъкидланган аҳду паймонга биноан, Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб келган Пайғамбарга, албатта, иймон келтиради ва, албатта, унга ёрдам беради.

Шу ўринда ўзидан кейин келган Пайғамбарга олдин ўтган Пайғамбар қандай қилиб иймон келтириб, қандай қилиб ёрдам беради, деган бир савол туғилади. Жавоб шуки, Аллоҳ китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўз умматини ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи Пайғамбар келса, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш руҳида тарбиялайди. Умматларининг иймон келтиргани унинг иймон келтиргани, умматларининг ёрдам бергани унинг ёрдам берганидир.

Бунга Аллоҳ Пайғамбарларнинг аҳду паймонини олди ва яна таъкидлаш учун:

«Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деди.

«Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди».

Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг ҳалқаларидир.

Шу билан бирга, тафсирчи олимларимиз «сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдир, деганлар. Яъни, ҳар бир пайғамбар, мабодо, мендан кейин Муҳаммад алайҳиссалом менинг пайғамбарлигимни тасдиқлаб келса, албатта, унга иймон келтирасизлар ва ёрдам берасизлар, деб кетгандир. Муфассирларимиз бу фикрларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар билан тасдиқлашади.

Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин, албатта, ундан «Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига, албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди».

Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари қанчалик устун эканини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан у зотга иймон келтириш ва у зотга ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олганидан кейин, Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари барчадан устун бўлмай, кимники устун бўлсин!

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг афзаллари ҳисобланадилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, афзалларнинг афзали ҳисобланадилар.

 

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен асрма-аср, токи ўзим бўлган асрга етиб келгунимча, Бани Одамнинг энг яхши асрларидан юборилганман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг сулбларидан бирма-бир ўтиб, ўзлари туғилган асрга етиб келгунларича доимо дунёдаги энг яхши ҳисобланган одамлар сулбида бўлганлари хабари сифатида тушунмоқ керак. Дунё яралгандан бери то ўзлари пайғамбар қилиб юборилган вақт келгунча Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхши табақасидан бўлган оталарнинг сулбида бўлганлар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни Аллоҳ таоло аслида фазилатли қилиб қўйганининг аломатидир.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқ ичидаги энг афзал зот учун ана шундоқ силсилани танлаши бежиз эмас. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазлларига фазл қўшади. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам азалдан Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлганларини кўрсатади.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс¬дирман. Биринчи шафоат сўровчидирман. Биринчи шафоат қилинувчидирман», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман».

Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло бу дунёни яратишидан бошлаб энг афзал табақадан бўлиб келганлари баён қилинган эди. Бу ҳадиси шарифда эса У зот алайҳиссаломнинг дунёнинг авва¬лидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».

Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади», деган маънодадир.

Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.

«Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман».

Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана ўша шахс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.

«Биринчи шафоат сўровчидирман».

Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканликларининг яна бир далилидир.

«Биринчи шафоат қилинувчидирман».

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир.

Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг ўзидир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:

«Фахр эмас-ку, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», демоқдалар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки қиёмат куни бўлса, фахр эмас-ку, мен набийларнинг имоми, хатиби ва шафоатлари соҳиби бўлурман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам фахр учун эмас, воқеъликдаги бор ҳақиқат айтилмоқда. Қиёмат куни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча пайғамбарларга имом бўлишлари, барча пайғамбарларга хатиб бўлиб уларга ваъз қилишлари ва барча пайғамбарларга шафоатчи бўлиб уларни шафоат қилишлари ҳақида сўз кетмоқда.

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга имом бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга хатиб бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга шафоатчи бўлишдан афзал мақом борми?!

 

Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аввал ўтган ривоятда айтилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши тоифалар сулбидан ўтиб-ўтиб, ўзлари юборилган авлодга етиб келганлари ҳақидаги маълумотнинг бошқача кўриниши бор. Аниқроғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломдан бошлаб, қандоқ тарзда сулбдан-сулбга ўтиб, энг яхши оиладан туғилганларига ишора бор.

Арабларнинг янги сулоласининг барчаси Исмоил алайҳиссаломдан тарқалганлиги маълум ва машҳур. Исмоил алайҳиссалом эса, Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари экани ҳам маълум. Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди», дейишларидан Кинона халқи Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган авлодлар ичидан энг афзали экани чиқади. Чунки айни шу халқ сулоласидан кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар.

«Кинонадан Қурайшни танлаб олди».

Демак, Кинонадан тарқалган қабилалар ичида энг афзали Қурайш қабиласи экан.

«Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди».

Қурайш қабиласидан тарқалган уруғлар ичида Бани Ҳошим уруғи энг афзали экан.

«Бани Ҳошимдан мени танлаб олди».

Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқни яратгандан бошлаб то дунёга келгунларича энг яхши тоифадан қилиб келди.

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда бу маъно яна ҳам ўзига хос равишда баён қилинган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб:

«Мен кимман?» дедилар.

«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, сизга салом бўлсин», дейишди. Шунда у зот:

«Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибман. Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга бўлди. Мени улардан яхши гуруҳ ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши қабиладан қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши хонадондан, энг яхши жондан қилди», дедилар».

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қойил қолишади ва:

«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Одам Атони яратиб ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ирода қилди. Бу таълимотларни одамларга етказиш ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ҳам ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг иродаси ила Одам Атонинг ўзлари бўлди. Кейин эса, бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошлади. Аста-секин вақт ўтиши билан пайғамбарларнинг силсиласи узайиб келиб, уларнинг охирги ҳалқаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда бу жараён худди бир кўркам чиройли бино қурилишига ўхшатилмоқда.

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди».

Бу дунёнинг тузилиши бир кўрган кўзни қувонтирадиган кўркам бино бўлса, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган ҳар бир пайғамбар ўша бинонинг бир ғиштидек гап. Мазкур бинонинг бир ғишти қўйилганда унинг камоли томон бир қадам ташлангандек, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни юборганда рисолат ва нубувват биноси ҳам янги бир ғишт терилгандек камолот сари кўтарилиб бораверган. Бориб-бориб мазкур бино битай деб ҳам қолибди. Фақатгина бир ғишт терилса, битадиган ҳолига келибди.

«Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади».

У бинони томоша қилганлар қойил қолишар, аммо урилмаган биргина ғиштнинг мулоҳазасини қилиб, қани энди шу ғишт ҳам ўз ўрнига қўйилсаю бино мукаммал ҳолига келса, деган орзуни қилар экан. Ўша бир ғиштсиз мазкур бино нуқсонли бўлар экан. Мазкур бинонинг баркамоллиги охирги ғиштга қараб қолган экан. Агар ўша охирги ғишт қўйилмаса бино битган ҳисобланмас, уни кўрган одам битмай қолганига афсус қилар экан. Ана ўша пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юбориб, нубувват ва рисолат биносининг охирги ва энг муҳим ва энг афзал ғиштини ҳам қўйди.

«Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ўша нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти эканларини, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларининг тугатувчиси эканликларини таъкидламоқдалар. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш битади. Ундан кейин ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юборгандан ке¬йин пайғамбарлик сўнгига етди. Энди бошқа пай¬ғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсага алийму хобийр бўлган Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсониятни Ўзи юборган пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни Ўзи ихтиёр қилди. Бунинг учун аввало нубувват ва рисолат биносини бир бутун ва мустаҳкам пойдеворлик қилди. Яъни, ҳар бир пайғамбарга юборган диннинг асоси бўлмиш ақийдани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам Атодан бошлаб Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз умматларини бир хил ақийдага чақирдилар. Бу ақийда Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча айблардан холи эканига, қиёмат кунига, ҳисоб-китобга, дўзах ва жаннатга иймон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақийда қисми бир хил ва ўзгармай туриши матлуб бўлгани билан, уларнинг амалий қисми—шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча шариатлар замон ва маконга, халқлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб бориши керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло дин пойдевори бўлмиш ақийда устига ҳар набийга берган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб бирин-кетин қўйиб турди.

Одам Атонинг даврида инсон жамияти содда бўлгани учун, уларга содда шариат жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб ўша шариатда ака-сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса инсоният ўсиб бориши билан шариатлар ҳам ривожланиб борди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда инсониятни аста-секин тарбиялаб келди.

Охири келиб, инсоният вояга етганда, унга энг мукаммал ва боқий шариат, шариати муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг гўзал ва энг сўнгги ғиштини қўйди.

Энди қиёматгача бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замонлар, барча маконлар ва барча халқлар учун қиёмат қоим бўлгунча кифоя қилади.

Ана шунинг учун ҳам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал пайғамбар ҳисобланадилар. Пайғамбарларнинг хотими-тугатувчиси ҳисобланадилар. Бундан улуғ фазл бўлиши мумкин эмас.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қачон нубувват вожиб бўлди?» дейишди. Шунда у зот:

«Одам руҳ билан жасад орасидалигида», дедилар».

Шарҳ: Бундан Аллоҳ таоло азалдан Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзига пайғамбар қилиб танлаб олгани, инсониятнинг отаси Одам Атога руҳ киритилмай турган пайтда ҳам У зотнинг пайғамбар бўлишлари аниқ эканлиги келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

 

Аббос розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қурайшликлар ўтириб ўзаро насабларини эсладилар, сизни тепалик ердаги хурмога ўхшатишди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилганда мени уларнинг энг яхшиларидан қилди. Энг яхши фирқаларидан қилди. Икки фирқанинг яхшисидан қилди. Сўнгра қабилаларни танлади ва мени энг яхши қабиладан қилди. Кейин хонадонларни танлади ва мени энг яхши хонадондан қилди. Бас, мен нафс жиҳатидан ҳам, хонадон жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшисиман», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши сулолалар сулбидан қандоқ тарзда дунёга келганлари васф қилинмоқда. Бунда у зотнинг одам зотининг энг афзали эканлари кўриниб турибди.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман. Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман. Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир. Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахр учун эмас, воқеъликдаги ҳақиқат бўлмиш ҳолатни васф қилароқ ўзларининг афзалликларидан бир нечтасини зикр қилмоқдалар.

1. «Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман».

Яъни, вақти соати етиб, қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг ичидан биринчи бўлиб тирилтириламан. Бу, аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, катта фазлдир.

2. «Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман».

Яъни, қиёмат куни қайта тирилтирилган одамлар Роббилари ҳузурига тўпланиб келганларида мен уларга қарата хутба қиламан. Албатта, ана шундоқ улуғ мақомда, маҳшарда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиёмат аҳлига қарата хутба қилиш ҳуқуқининг берилиши ҳазилакам иш эмас. Бу ҳол Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақомлари қанчалик улуғ эканини, У зот инсон зотининг афзали эканини яна бир бор кўрсатади.

3. «Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман».

Яъни, одамлар қиёмат даҳшатларини кўриб, ҳамма нарсадан умидларини узиб бўлганларида мен уларнинг жаннатиларига хушхабар берувчиман.

Албатта, бу мақом ҳам улуғ мақом. Ҳеч бир одам зотига насиб этмаган мақом. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканларини шунинг ўзидан билиб олса ҳам бўлади.

4. «Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир».

Бу маъно ҳам олдин ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳамд байроғи менинг қўлимдадир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтадир», деганларидир.

5. «Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».

Ҳа, Роббил оламин ҳузурида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукаррамроқ одам боласи йўқ. Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда эканларини кўрсатади.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирган кунда ундаги барча нарсадан зиё чиқди. У зот вафот этган кунда ундаги барча нарсани зулмат босди».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага етиб келиб унга кирганларида у зотнинг фазлларидан шаҳардаги ҳамма нарсалардан зиё тар¬қаб, нур чиқиб кетгани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликларининг яна бир далолати.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, дорулбақога риҳлат қилганларида, У зотнинг фазлидан ажраб қолаётган Мадинаи Мунавварадаги ҳамма нарса зулматга кўмилган экан. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликлари қай даражада улуғ эканига ишорадир.

 

Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар. У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзилари: «Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини; бошқаси: «Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а!» деяётганини; яна бири: «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир!» деганини; яна бош¬қа бири: «Одамни Аллоҳ саралаб олгандир!» деганини эшитдилар. Бас, у зот уларнинг олдига келиб салом бердилар ва:

«Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолаётганингизни эшитдим.

Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир.

Огоҳ бўлингким! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!

Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман! Мен биринчи шафоат сўровчиман!

Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!

Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур.

Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда энг улуғ пайғамбарларнинг ва уларнинг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос афзалликлари ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг баъзиларига ўзига хос афзалликлар ҳам ато қилган. Бу ҳақиқатни аввалги динларга эргашувчилар ҳам яхши билар эдилар. Шунингдек, бу маънода саҳобаи киромларда ҳам маълумот пайдо бўлган эди. Улардан бирлари— Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу мазкур мавзудаги суҳбатлардан бирини ривоят қилиб бермоқдалар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар».

Одатда, бундоқ кутиш Масжиди Набавийида бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатда бўлганларида суҳбатларига муштоқ саҳобийлар масжидга тўпланишиб У зотнинг чиқишларини кутиб ўтиришар эдилар. Бу сафар ҳам худди ана ўшандай кутишлардан бири бўлаётган эди.

«У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзилари: «Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини; бошқаси: «Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми, Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а», деяётганини; яна бири: «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир», деганини; яна бош¬қа бири: «Одамни Аллоҳ саралаб олгандир», деганини эшитдилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан чиқиб саҳобаи киромлар ўтирган жойга келгунларича уларнинг суҳбатларига қулоқ осдилар. Уларнинг гаплари асосан ўтган пайғамбарлардан Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Одам алайҳимуссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган ўзига хос фазилатлар ҳақида кетар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўтирган жойга етиб келдилар.

«Бас, у зот уларнинг олдига келиб салом бердилар».

Демак, суҳбатлашиб ўтирган кишилар олдига келган шахс уларга салом бериши керак экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одобга амал қилдилар. Кейин эса, саҳобаи киромларга қуйидагиларни айтдилар:

«Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолаётга-ни¬нгизни эшитдим».

Яъни, олдингизга келаётиб йўлда сизлар гапираётган гапларни эшитдим, баъзи пайғамбарларга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазлларга ҳавас қилиб, қойил қолиб гапирганингизни тингладим, дедилар.

«Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».

«Халил» сўзини таржима қиладиган бўлсак, орасидан қил ҳам ўтмайдиган дўст, маъноси чиқади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўшандоқ дўст тутган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди», деган.

«Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Нажий дегани, муножот қилувчи — сир гаплашувчи дегани. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан ўзига хос муножот қилгани маълум. У зотнинг Ўзи Қуръони каримда:

«Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пай-ғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди», деган.

«Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссалом Биби Марямнинг ёқаларидан руҳ пуфлаганларида халқ қилинганликлари учун «Руҳуллоҳ» деган номни олганлар. Аллоҳ таолонинг, бўл, деган калимаси ила пайдо бўлганлари учун «Калиматуллоҳ» номини олганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда:

«Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик», деган.

Ушбу ояти каримадаги «фаржини пок сақлаган аёл» Биби Марям, «унинг ўғли» Марямнинг ўғли—Ийсо алайҳиссаломдир.

«Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик»дан мурод, Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссаломнинг Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганлари ва у киши Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганларидир.

«Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир».

Одам алайҳиссалом «Сафиюллоҳ» деб аталади. Бу сўзнинг маъноси, Аллоҳнинг саралаб олгани деганидир.

Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда оят бор. Аллоҳ таоло:

«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди», деган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур улуғ пайғамбарларнинг фазилатларини тасдиқлаб бўлганларидан кейин саҳобаларига мурожаат қилиб, яна қуйидагиларни айтдилар:

«Огоҳ бўлингким! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!»

Яъни, Аллоҳнинг маҳбубиман. Албатта, бу сифат улуғ фазилатдир. Бундоқ мақомга пайғамбарлардан ҳеч кимлари сазовор бўлмаганлар.

«Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!»

Бу мақом ҳам ҳеч бир кимсага насиб қилмаган мақом.

«Мен биринчи шафоат сўровчиман!»

Бу мақомдан ортиқ қандоқ фазилат бўлиши мумкин?!

«Фахр эмас-ку, Мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!»

Бу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларининг кўпгина далилларидан бир далилдир.

«Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни жаннат дарвозасига келиб, жаннат эшикларини очишни талаб қилиб, унинг ҳалқасидан ушлаб тақиллатар эканлар. Ана шунда Аллоҳ таоло У зотга жаннат эшигини очар ва У зот биринчи бўлиб жаннатга кирар эканлар. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятнинг энг афзали эканликларини кўрсатади. У зот билан умматларининг фақир-фуқаролари ҳам бирга жаннатга кириши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва бу дунёда уммати муҳаммадия-дан турли сабабларга кўра камбағал ҳолда ўтган мусулмонларга улкан хушхабардир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари охирида:

«Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».

Бу гапда ҳеч қандай муболаға ёки фахрланиш ҳисси йўқ. Бори шу. Воқеълик шу. Аллоҳ таолонинг иродаси шу.

Фахр эмас-ку, мазкур фазилатга соҳиб бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам аввалгию охирги умматларнинг энг афзалидир.

 

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям алайҳимуссаломнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дафн қилиниши ёзилгандир».

Олтовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг олимларидан бўлганлар. Инсофли ва ҳақиқий олим бўлганларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан, Тавротда васфи келган пайғамбар шу киши экан, деб у зотга иймон келтирганлар.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг имони гўзал бўлди. У киши энг машҳур саҳобийлар сафидан ўрин олди. Мана, ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Тавротда келган маълумот тўғрисида ахборот бермоқдалар:

«Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям алайҳиссаломларнинг сифати ҳамда Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дафн қилиниши ёзилгандир», демоқдалар.

Бундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари яна бир бор намоён бўлади. Ўтган илоҳий китобларда у зотнинг сифатлари келиши олий мақом фазилат бўлмаса, нима ҳам бўлар эди.

Шунингдек, бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг фазл¬лари ҳам кўриниб турибди. У зотнинг сифатлари ҳам ўзларидан олдин Мусо алайҳиссаломга берилган илоҳий китоб Тавротда зикр қилинган экан. Бунинг устига яна бир қўшимча маълумот ҳам бор экан. Ийсо алайҳиссалом Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир жойга дафн қилинишлари бор экан. Бу дафн охири замонда бўлиб, Ийсо алайҳиссалом ер юзига қайта тушганлари ва ўзларига юклатилган вазифаларни адо этиб қайтадан вафот этганларидан кейин Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирги равзаларида У зотнинг ёнларига дафн бўладилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий китобларда васф қилингани Қуръони каримда ҳам зикр қилинган. Мисол учун, Аллоҳ таоло Соф сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ийсо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман”, деганини эсла. Қачонки у(Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар».

Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг умматларига айтган гаплари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.

Биз учун ҳозирги мақомда керак масала: «...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» дейилган жумлададир.

«Аҳмад» Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари. «Аҳмад», «Муҳаммад» ва «Маҳмуд» исмлари Пайғамбаримизнинг исмлари бўлиб, арабча шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олинган.

Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинг¬лар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун Форқилатни талаб қиламан», дейилган. Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.

Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан: «Фор-қилат»нинг маъноси нима?» деб сўрасалар, у киши:

«Роҳиблар «мъази» деб айтишади», дебди.

Шунда устоз Нажжор:

«Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Шу гапдан сўнг ажнабий доктор:

«Бу сўзнинг асл маъноси «ҳамд» — «кўп шукр», дебди. Сўнгра устоз Нажжор арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими, десалар, доктор Карлу: «Ҳа», деб жавоб қилибди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари аввалги илоҳий китобларда келгани ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, сиздан бирингизга бир кун келадики унда мени кўра олмас. Албатта, мени кўриши унинг учун аҳлидан ва улар ила бирга бўлган молидан ҳам маҳбуб бўлиб қоладир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига ўзларининг ғанимат эканларини баён қилмоқдалар, бир лаҳза бўлса ҳам суҳбатларини топиб қолишга тарғиб қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон киши учун Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг суҳбатларини топишдан ҳам каттароқ бахт бўлиши мумкинми? Саҳобаи киромлар бу бахтга сазовор бўлган улуғ инсонлардир. Улар одам боласи ичидаги энг афзал зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, иймон келтирган саодатманд инсонлардир.

Саҳобалик бахти ҳақида сўз кетар экан, ўтган азизлардан қилинган бир ривоят ёдимга келади. Катта кишиларнинг биридан одамлар Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми, деб сўрашибди.

Бу саволнинг сўралиш сабаби бор. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу саҳобий бўлсалар ҳам, халифаликлари ҳақидаги баъзи мулоҳазалар учун у кишининг ҳақларида одамлар ўртасида турли гаплар бўлган. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлсалар ҳам адолатли халифа бўлганларидан кўпчилик у кишини бешинчи одил халифа деб атаган. Ҳалиги улуғ киши мазкур саволга, Умар ибн Абдулазиз Муовиянинг бурнидаги чангга арзимайди, чунки Муовиянинг бурнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидан чиққан чанг кирар эди, деб жавоб берган эканлар.

Ҳа, биродарлар, биз ана шундоқ афзал пайғамбарнинг умматларимиз. Бу билан қанчалар шодлансак арзийди. Фақат ўшандоқ зотга уммат бўлишдек улуғ бахтнинг тенги бўлсак бўлгани.

Биз юқорида ўрганган маълумотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ҳақидаги маълумотлар уммонидан бир томчи, холос. У зотнинг фазллари ҳақида оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари улуғлигини таъкидлайди.

Бас, шундоқ улуғ пайғамбарга уммат бўлган кишилар ўшал улуғ зотнинг ҳаётлари, сифатлари, қилган ишлари, ўз пайғамбарларига тегишли ҳар бир нарсани ўта аниқлик ва ихлос билан ўрганишлари лозим. Чунки у зотга тегишли ҳар бир нарса дину диёнатга, иймон-эътиқодга, шариат аҳкомига тегишлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир. Шунинг учун ҳам, мусулмон уммати саҳобаи киромлардан тортиб ҳозирги кунимизгача бу ишни шараф ила адо этиб келмоқда.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, сифатларига, айтган сўзлари ва қилган амалларига тегишли ҳар бир нарса атрофлича ўрганилган. Ҳозирда ҳам янги илмий изланишлар олиб борилмоқда, янги қирралар очилмоқда.

Мусулмонларнинг ўз пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўрганиш учун олиб борган илмий изланишлари ўзининг ўта аниқлиги, ҳар бир ҳодиса, ҳар бир ҳаракат ва саканотнинг эътибордан четда қолмаслиги ила тарих илми соҳасида энг пок, энг ишончли ва энг беғараз саҳифалар очди. Бу нарса тарихчилик соҳасида катта инқилоб юз беришига сабаб бўлди.

Мусулмонлар тарихий маълумотларга, бошқаларга ўхшаб, ўз фикр ва мулоҳазаларини қўшмадилар. Улар тарихий маълумотларни тўғри келган кишидан олмадилар. Улар фақатгина ҳадис ривоят қилиш шартига тўғри келган ишончли, тақводор, зеҳнли ва одил кишиларнинг ривоятларинигина қабул қилдилар.

Ана шундоқ йўл билан дунёдаги энг улуғ зотнинг энг соф сийратлари вужудга келди.

Келгуси сатрларда биз ҳам ўша маълумотлардан фойдаланиб қўлимиздан келганича бу муборак сийратни қисқа бўлса ҳам баён қилишга уриниб кўрамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда ёрдамчимиз бўлсин.

Юқорида ўтган ҳадиси шарифлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканликларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундоқ бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва энг афзал замонни танлашида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки бу жамият ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбари танлаб олинганида одамлар, бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари ўйлаб жорий қилдилар, дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва У зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёни жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди. Чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнамаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берар эди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдам берар эди. Қолаверса, ана шундоқ жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунё¬нинг энг муносиб ўлкаси Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга шу ўлканинг Мадян исм¬ли жойида пайғамбарлик берилган эди. Бу ўлкадан Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар паноҳ топган эдилар. Шунингдек, римликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам бу ўлканинг Нажрон номли жойидан паноҳ топган эдилар. Аллоҳ таоло бу ўлкани табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундоқ ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замонлар, ҳамма маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундоқ жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди. Ўз нав¬батида Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар бу ерга ҳаж қилишар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб замонни ихтиёр қилди.

Ўша пайтда бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган динни жорий қилишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган эди. Аллоҳ таоло Ўз тарафидан юборган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб ўз кучини ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Яҳудийлик яҳудийлар томонидан шу даражада бузилган эдики, унга яҳудий бўлиб туғилмаган одам кира олмас эди. Яҳудийлар ўзларини Аллоҳнинг танланган халқи, бошқа халқларни ўзларига эшак деб эълон қилган эдилар. Албатта, бундоқ дин дунё халқ¬ларига ҳеч қандай бахт ато этмас эди.

Масийҳийлик бўлса турли фалсафаларга қоришиб, тушуниб бўлмайдиган бутпарастликка айланиб қолган эди. Бу дин одамларнинг бузғунчилик ҳаракати ила тарки дунё ва қолоқликнинг жарчисига айланиб қолган эди. Албатта, бундоқ ҳолат ҳам талабга жавоб бермас эди.

Ўша вақтда масиҳийликнинг маркази бўлмиш ўлкаларида истибдод ва зулм авжга чиққан эди. Кучли кучсизни ер эди. Адолат, инсонпарварлик, камбағал, бева-бечораларга раҳм-шафқат каби эзгуликлар ҳақида оғиз очишга ҳам ўрин йўқ эди.

Бутпарастликнинг ҳам шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган эди. Фақат ота-боболардан қолган нарса сифатида мутаассиблик учунгина қаралар эди унга. Турли бутпараст халқларнинг раҳбарлари ўз имтиёзларини сақлаш учун халқларни бутпарастликда мажбурлаб ушлаб туришар эди.

Мажусийлик ҳукм сурган Форс, Хуросон ва уларга яқин бўлган ўлкаларда ҳаётнинг барча соҳаларида бебошлик ҳукм сурар эди. Уларда подшоҳ ва ҳукмдорлар халқнинг қонини ичар эдилар. Мажусийликнинг зардуштийлик, монавийлик ва маздакийлик мазҳаблари инсоннинг инсонийлигини йўқотиш учун барча чораларни кўриб бўлган эди. Уларда эр киши ўз онасига, синглисига ёки қизига уйланиши мақтовга сазовор иш ҳисобланар эди. Шунинг учун, насл-насабнинг асари ҳам қолмаган эди. Бундоқ тузум ва таълимотлар инсониятга бирор эзгулик ато қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Ўша пайтдаги кенг тарқалган таълимотлардан бири ҳиндукийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам бадтар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинар эди. Бир табақа шоҳ, бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат соҳасида ақл бовар қилмайдиган нарсалар содир этилар эди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундоқ нарсалар инсонга нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундоқ нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!

Арабистон ярим оролидаги ширк ва зулму бемазагарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бошқалар қатори бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан эди. Ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разолатлар кенг тар¬қалган эди.

Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар —ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.

Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган эди. Эр ўз хотинини аслзода ҳисобланган бош¬қа бир эркакнинг олдига олиб бориб, сендан болали бўлиши учун хотиним билан зино қил, деб илтимос қилиши мардлик ҳисобланар эди.

Ароқхўрлик фахрга оид иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида отасининг ўлдирилганлиги ҳақида хабар келса, бугун хамр — эртага амр, деб ароғини ичишда давом этаверар эди.

Жоҳилий араблар оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, қабиласидаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қабила ила юз йил уруш қилиши, ўз худосини уйида унутиб қолдирганда тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб худо ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни очганда ўша худосини еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.

Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, олтинчи мелодий асрнинг иккинчи ярмига келиб дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган эди. У мазкур ботқоқдан чиқишга ўта ҳожатманд эди.

Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган эди. У мазкур зулматдан нурга чиқишга муҳтож эди.

Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга муҳтож эди.

Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати ила тўлган, у мазкур ҳолатдан қутулиб, барчалари Роббисига ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.

Ана шундоқ бир пайтда Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир нур туғилди.

Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».

Усмон ибн Аффон Қубоса ибн Ашям ибн Лайс розияллоҳу анҳудан:

«Сен каттамисан, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у кишидан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йили туғилганлар. Онам мени маконига кўтариб борганида филнинг ўзгариб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фил йилида таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган.

Ўша машҳур қиссанинг мухтасари қуйидагича:

Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абраҳа ал-Ашрамни ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қалийс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди.

Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб ҳаммани черковига буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди.

Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмуттолибни етаклаб келди. Абдулмуттолиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

Абраҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб, унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

«Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» деди.

«Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмуттолиб.

Абраҳа таржимонга:

«Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан», деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмуттолиб.

«Мендан ҳимоя қилолмас», деди Абраҳа.

«Ўз билганингни қилавер», деди Абдулмуттолиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмуттолиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абраҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.

Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса шу жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.

Худди ана шу йили Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қорнида эдилар. Демак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналарининг қорнида ҳомила ҳолида туришларининг ўзи Абраҳанинг аскари ҳалокатига сабаб бўлган. У зот баракали зотлигини шундан ҳам билиб олса бўлаверади.

Душманлар ҳалокатга учрагандан кейин Аллоҳ таоло ирода қилган нур порлаб дунёга келди. Ушбу нур қуйидаги ривоятда зикри келадиган пок насабдан туғилди.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари; У зот — Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн ан-Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илъяс ибн Музар ибн Низар ибн Маъдд ибн Аднан».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари бўйича барча тарихчилар ва насабчилар иттифоқ қилган боболар шулардир. Кейинги насаблари Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалиши ҳам аниқ.

Ривоятларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ушбу силсилани зикр қилиб, кейин бир оз сукут қилганлар ва: «Бундан кейин насабчилар агар ростни айтсалар ҳам ёлғондир», деганлар.

Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан йигирма кишининг номлари зикр қилинмоқда. Аввал ўрганганимиздек, у зотнинг насаблари олий насабдир. Аллоҳ таолонинг инояти ила пок сақланган насабдир. Энди ўша олий насаб силсилага аввал бошидан бир назар солиб чиқайлик.

1. Аднан.

Мазкур йигирма бобонинг биринчиси бўлган бу зот бошқалари каби Маккаи Мукарамада истиқомат қилганлар. Чунки у киши ҳам Каъбаи Муаззаманинг қурувчиси Исмоил алайҳиссаломнинг сулоласидандир.

Аднаннинг икки ўғли бўлган экан. Бири Маъдд, иккинчиси Акк. Иккинчи ўғил Яманнинг ашъарийлар қабиласидан уйланиб аёли билан унинг оталари юрти Яманга кетган экан.

2. Маъдд.

У эса отаси Аднан билан Маккаи Мукарамада истиқомат қилган. Маъдднинг ўғилларидан бирининг исми Қузоъа бўлган. Ўша ўғилдан машҳур Қузоъа қабиласи тарқалган.

Маъдднинг отасининг ўрнини босиб Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб қолган ўғли Низар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига муяссар бўлган.

3. Низар.

Низарнинг Робийъа, Анмар ва Ияад номли ўғиллари кейинчалик ўз номлари билан аталадиган қабилаларга ота бўлганлар.

Унинг Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб, отасининг эшигини очиб қолган ўғли Музар ҳам ўз номи билан аталадиган қабилага ота бўлиш билан бирга, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига ҳам муяссар бўлган.

4. Музар.

Бу кишининг икки ўғли бўлиб, бири Илъяс, иккинчиси Ғийлан бўлган.

Икковининг ичида Илъяс яхшиси бўлган. Шунинг учун ҳам, Илъяс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидан ўрин олган.

5. Илъяс.

Илъяснинг вақтида одамларнинг Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломнинг шариатларидан оғишлари пайдо бўлган экан. Шунда Илъяс уларни бу но¬тўғри йўлдан қайтариб қолган экан.

Илъяснинг учта ўғли бўлиб, улардан бирининг исми Омир экан. Бир куни Илъяснинг туялари қочиб кетибди. Уларни топа олмай жуда қийналибди. Охири ўғилларини туяларни топиб келишга юборибди. Икки ўғил ҳеч нарса топа олмай қайтиб келибдилар. Омир эса ҳамма туяларни топиб, отасининг олдига ҳайдаб келибди.

Шунда Омирга «Мудрика» «Топқир» деган лақаб беришибди. Кейинчалик унинг лақаби исмидан ғолиб бўлган. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидаги боболари сафидан ўрин олиш бахтига муяссар бўлган.

6. Мудрика.

Мудриканинг Хузайма ва Ҳузайл номли ўғиллари бўлган. Улардан Хузайма Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига эришган.

7. Хузайма.

Хузайманинг тўрт ўғли бўлиб улар: Кинона, Ашудд, Ашудда ва Ҳувн деб номланишган.

Уларнинг ичидан Кинона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига қўшилиш бахтига муяссар бўлган.

8. Кинона.

Кинонанинг ҳам бир неча ўғиллари бўлган. Аммо Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сулбидан ўтиш бахтига сазовор бўлгани Назр деб номланган.

9. Назр.

Назрнинг ҳам ўғиллари кўп бўлган. Аммо уларнинг ичида энг яхшиси Феҳр эди. Ана ўша Феҳр Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

10. Феҳр.

Ушбу Феҳр Қурайш қабиласининг асосчиси ҳисобланади. Унинг яна бир номи Қурайш ҳам эди. У олий ахлоқли, ҳикматли бир киши эди. У ўз вафоти олдидан ўрнига қабила бошлиғи бўлиб қоладиган ўғли Ғолибга ажойиб насиҳатлар қилган.

11. Ғолиб.

Ғолиб ҳам отасига ўхшаш ҳикмат соҳиби эди. У ўз қабиласига ҳикмат ила раҳбарлик қилди. Унинг ўғилларидан Луъай ҳам отаси ва бобосига ўхшаш фарзанд чиқди. У ёшлигиданоқ ҳикмат соҳиби эканини намойиш қилди. Ғолиб билан ўғли Луъайнинг ҳикмат бобида қурган суҳбатлари ривоятларда сақланиб қолган. Луъай Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига ҳам сазовор бўлди.

12. Луъай.

У эр киши мақомига етганда ўз отасининг ўрнини эгаллади. Луъайга Аллоҳ таоло бир неча фарзандлар ато қилди. Уларнинг ичида Каъб ҳаммасидан ақлли ва афзали эди. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

13. Каъб.

Каъб ҳам оталарига ўхшаб ҳикмат соҳиби бўлди. Унинг кишиларга сўзлаган ваъз-насиҳатларини ривоятчилар ҳозиргача етказиб келганлар.

Каъбнинг болалари ичидан Мурра исмли ўғли Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

14. Мурра.

Мурра Қурайш қабиласининг фахрига айланган кишилардан бири эди. Мурранинг ўғилларидан Килобнинг сулбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар.

15. Килоб.

Килоб ҳам ўз вақтининг етук кишиларидан эди. У икки ўғилнинг отаси бўлди. Унинг ўғиллари ичида энг яхшиси, кўзга кўрингани, сўзга устаси ва уддабурони Қусай эди. Иккинчи ўғил эса Зуҳра эди. Буларнинг иккиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлдилар. Зуҳра она тарафдан бобо бўлгани боис, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Оминаи Зуҳрия деб номланадилар. Қусай ибн Килоб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ота томондан бобо бўлди.

16. Қусай.

Қусай болалик пайтини онасининг ҳузурида –Қузоъа қабиласида ўтказди. У кучли, карамли ва номусли йигит бўлиб етишди. Кунлардан бир куни ўз тенги бир йигит билан олишувда ғолиб келди. Енгилган аччиғига чидай олмай Қусайга: «Сен биздан эмассан, ўз қавмингга кетсанг бўлмайдими?!» деди. Бу гап Қусайнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ўша пайтгача у ўзининг бегона эканини билмаган эди. У онаси ҳузурига бориб бу ҳақда шикоят қилди. Онаси унга: «Болам, Аллоҳга қасамки, сен ота жиҳатидан ҳам, насаб жиҳатидан ҳам, шарафу мартаба жиҳатидан ҳам ундан кўра яхшисан, сен Ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн Назр ибн Кинона Қурайшийсан. Сенинг қавминг Маккада, Байтул Ҳаромнинг ҳузури ва атрофида, у ерга барча араблар зиёратга боради», деди.

Шунда Қусай сафарга чиқишга қарор қилди. Онаси унга: «Болам, шошмай тур, шаҳрул ҳаром кирсин, ўшанда араб ҳожилар билан кетасан. Бўлмаса, йўлда сенга бир нарса бўлишидан қўрқаман», деди.

Шаҳрул ҳаромда Қусай ҳаж сафарига чиқди ва бориб отасининг қавмига қўшилди. У кучли ва келишган қоматли эди. Кўп ўтмай Байтул ҳаромнинг мутасаддилигини эгаллади. Ундан олдин бу шарафли иш қурайшликларга эмас, қузоъаликларга насиб этган эди. Қусай ўзининг ўткир идроки, тадбиркорлиги ва қувватини ишга солиб ҳаж ишларига ҳам бошлиқ бўлиб олди.

Шундоқ қилиб, Қусай ҳамма шарафли ишларни ўзиники қилиб олди. У Байтуллоҳга мутасадди бўлди. Бу улуғ даргоҳ учун нима иш қилинадиган бўлса, фақат у билан битадиган бўлди. Қусай Макканинг амири ҳам эди. Каъбаи Муаззаманинг калитларига ҳам соҳиб бўлди. Каъбаи Муаззамани фақат угина очар эди. Шунингдек, ҳожиларга сув бериш шарафи ҳам Қусайга ўтди. Ҳожиларнинг муҳтожларини боқиш иши — рифода ҳам Қусайнинг ихтиёрига ўтди. Бунинг учун у ҳар йили қурайшликлардан харож олар ва ҳожиларга таом тайёрлаб тутар эди. У бу ҳақда қурайшликларга қуйидаги хутбани қилган эди:

«Эй Қурайш жамоаси! Албатта, сизлар Аллоҳнинг қўшнисисизлар! Унинг аҳли байтисизлар! Аҳли ҳарамсизлар! Албатта, ҳожилар Аллоҳнинг меҳмонлари ва У зотнинг уйининг зиёратчиларидир. Улар муҳтарам меҳмон бўлиш учун энг ҳақли одамлардир. Бас, улар учун қайтиб кетгунларича таом ва шароб ажратинг!»

Шунингдек, Қурайш қабиласи бирор уруш учун байроқ тикмоқчи бўлса ҳам фақатгина Қусай тикиши мумкин эди. Яъни, ҳамма нарса унинг қарори билан бўлар эди.

Арабларнинг доруннадваси — маслаҳат кенгаши ҳам Қусайнинг уйида бўлар эди. Қусайнинг асл исми Зайд эди. Аммо у Қусай лақабини олган эди. Кейинчалик лақаби исмидан ғолиб бўлиб кетган. Қусай вафотидан олдин ҳамма ишларини ўз ўғли Абдуддорга топширди.

Шу ерда Қусай ота-боболаридан кўра бошқача иш тутди. Аввал танишиб ўтганимиздек, бу силсиладаги барча оталар раҳбарликни ўзининг энг қобилиятли ўғлига топшириб келган эдилар. Аммо Қусай икки ўғлидан қолоқроғига бошлиқликни топшириб, нотавон ўғлининг шаънини бир оз кўтармоқчи бўлди. Чунки бошқа ўғли Абдуманоф отасининг тириклигидаёқ юқори даражаларга эришиб бўлган эди. Худди мана шу Абдуманоф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди.

17. Абдуманоф.

Аллоҳ таоло Абдуманофга тўрт ўғил берди. Улар: Абдушшамс, Ҳошим, Муттолиб ва Навфаллар эди. Бу тўрт ўғилнинг барчаси шарафли ва ўз қадрини билган кишилар эди. Улар боболари Қусайнинг амакилари Абдуддорга бошлиқликнинг ҳаммасини топшириб қўйишига индамай қараб туришмади. Бу ишларда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор деб талаша бошладилар. Орада уруш чиқиш хавфи туғилди. Шунда баъзилар сулҳ орқали келишувга чақирдилар. Узоқ тортишувлардан кейин мансаблар орада тақсим қилинди. Абдуманофнинг болалари чекига ҳожиларга шароб ва таом бериш тушди. Каъбанинг калити, байроқ ва доруннадва Абдуддор болаларига тегди.

Ҳошим Абдуманофнинг ўғиллари ичида энг яхшиси эди. Унинг обрўси араблар ичида жуда ҳам юқори эди. У ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш шарафига эришди.

18. Ҳошим.

Ушбу Ҳошимнинг ўрнига унинг ўғли Абдулмуттолиб қолди.

19. Абдулмуттолиб.

Абдулмуттолибнинг онаси ясриблик бўлиб, Бани Нажжор қабиласига мансуб аёл эди. Абдулмуттолиб ҳам ўша шаҳарда ўсди. У дорулғурбада тарбия топди. Кейинчалик уни амакиси Муттолиб Маккага олиб келиб ўз тарбиясига олди. У доимо амакиси ва тарбиячиси Муттолиб билан бирга юргани учун «Абдулмуттолиб» деб номланиб қолди.

Абдулмуттолиб ўз шахсининг кучлилиги, ҳусни хул¬-қи ва кечирувчанлиги билан Қурайш қабиласини ром этди. Аста-секин уларга раис бўлди. У қабиланинг ёшларига ота, қариларига биродар бўлди. Абдулмуттолибсиз Маккада бирор иш бўлмайдиган, бирор қарор қабул қилинмайдиган ҳолга келди.

Бир вақтлар Журҳум қабиласи Маккага ҳужум қилиб, Замзам қудуғини кўмиб ташлаган эди. Қудуқ узоқ йиллар кўмилган ҳолида қолиб кетган эди. Абдулмуттолиб ўша қудуқни қайта ковлаб сув чиқарди. Бу ишни қилишига эса Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом берган эди. Абдулмуттолиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб:

«Тийбани ковла», деди.

«Тийба нима?» деди Абдулмуттолиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Баррани ковла», деди.

«Барра нима?» деди Абдулмуттолиб.

Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Мазнунани ковла», деди.

«Мазнуна нима?» деди Абдулмуттолиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб:

«Замзамни ковла», деди.

«Замзам нима?» деди Абдулмуттолиб.

«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумоли бор жойда», деди.

Абдулмуттолиб уйқусидан туриб бориб одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни — ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғизиллаб юрар эди.

Абдулмуттолиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли — Ҳорисгина бор эди. Ўзи ёлғиз оғир ишни амалга оширишда жуда қийналди. Лекин бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди.

Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. Агар Аллоҳ таоло менга ўн дона ўғил берса, улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атади.

Абдулмуттолиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам, унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса, қани нима бўлар экан, деб узоқдан кузатиб турар эдилар.

Абдулмуттолиб сувни кўрганда «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар унинг мақсадига эришганини англадилар. Абдулмуттолиб қазишда давом этиб қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар эди. Қурайшликлар эса унинг яна бир нарсага эришганини билишар эди.

Абдулмуттолиб Замзамни қайта ковлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмуттолибга: «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун, унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар.

Абдулмуттолиб эса бўш келмади. Буни менинг ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан, деди.

Қурайшликлар Абдулмуттолибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан гапларидан қайтдилар.

Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан мамнун бўлдилар. Чунки, Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Ҳожарга тегишли нарса эди. У зотлар эса арабларнинг фахри эди.

Ана шундоқ тарзда Абдулмуттолибнинг обрў- эътибори кундан-кунга ортиб бораверди. Аллоҳ таоло унга кўп нарсаларни, жумладан, ўнта ўғил ато қилди. Ўғиллар кўзга кўриниб қолганда Абдулмуттолиб ўзи қилган назрга вафо қилишни, ўғилларидан бирини қурбонликка сўйишни ирода қилди.

Лекин ўн ўғилдан қайси бирини сўйишини билмай қийналди. Охири қуръа ташлаб кимга чек тушса ўшани қурбонлик қилишга қарор қилди. У ўғилларини бир жойга жамлади. Уларга ўзининг атаган назри ҳақида хабар берди. Қуръа улардан кимга чиқса ўшани қурбонликка сўйишини айтди. Болалари итоат ила рози бўлишди.

Абдулмуттолиб уларнинг ҳаммасини Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Ҳар бирига бир варақдан қоғоз бериб, ҳар ким ўз исмини ёзсин, деди. Ўғиллар оталарининг амрини бажардилар.

Сўнгра Абдулмуттолиб қуръа ташловчи мутахассисни чорлади. У келиб қуръа ташлаган эди Абдуллоҳнинг чеки чиқди.

Абдуллоҳ Абдулмуттолиб учун ўғиллари ичида энг эркаси ва энг маҳбуби эди. Лекин шундоқ бўлса ҳам, қуръа Абдуллоҳга чиққандан кейин отаси уни сўйишга тайёрлана бошлади.

Бу хабар зудлик билан атрофга тарқалди. Макка аҳли етиб келганларида Абдулмуттолиб ўғлини сўйиш учун астойдил пичоқ қайрамоқда эди. Қавм унга юзланиб:

«Нима қилмоқчисан! Эй Абдулмуттолиб!» деб қичқирди. «Уни сўймоқчиман», деди пичоқни қайрашда давом этиб Абдулмуттолиб. Одамларнинг эс-ҳуши учиб кетди. Абдулмуттолибнинг ўғиллари ҳам унга бўлган итоатларидан айниб, кўпчиликка қўшилдилар. Лекин бир сўзлиги билан ном қозонган қайсар чолнинг ўз ниятидан қайтгиси йўқ эди. Охири қурайш¬ликлар ва улар билан бирга Абдулмуттолибнинг ўғиллари, уни сўймайсан, деб қасам ичдилар. Бу иш кўпгина ёмонликларга сабаб бўлишини айтиб, туриб олдилар. Улар:

«Уни зинҳор сўймайсан. Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар сен бу ишни қилсанг, бошқалар ҳам ўғлини қурбонликка сўйишга одатланади. Унда одам қолмайди, ахир!» дедилар.

Абдулмуттолибнинг синглисининг қизи ҳам унга:

«Аллоҳга қасамки, уни сўймайсан! Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар унинг ўрнига фидя бериш лозим бўлса молу мулкимизни унинг учун фидо қиламиз», деди.

Шундан кейингина Абдулмуттолиб бир оз юмшади. Ҳижоз аҳлидан бўлган бир фолбин аёлнинг олдига бориб маслаҳат сўрадилар. У ўнта туяни бир томонга, Абдуллоҳни бир томонга қўйиб қуръа ташлашни, қуръа туяларга чиқса уларни сўйишни, Абдуллоҳга чиқса, яна ўнта туя зиёда қилиб қайта қуръа ташлашни, то қуръа туяларга чиқмагунча уларнинг сонини ўнтадан ошириб қайтадан қуръа ташлайверишни маслаҳат берди.

Бу маслаҳат қавмга ёқиб тушди. Абдуллоҳни бир томонга ўн туяни бир томонга қўйиб қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини яна ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Шундоқ равишда давом этиб бориб туяларнинг сони юзтага етганда қуръа туяларга чиқди. Қурайш¬ликлар хурсанд бўлиб: «Эй Абдулмуттолиб, Роббинг фидяга рози бўлди», дейишди.

Абдулмуттолиб эса ишонмай яна қайтадан қуръа ташлатди. Яна қуръа туяларга чиқди. Учинчи бор ҳам қуръа туяларга чиққандагина Абдулмуттолибнинг кўнгли ўрнига тушди. У юз туяни сўйиб элга тарқатди.

Пайғамбар алайҳиссаломга ота бўлажак Абдуллоҳнинг номи шу тариқа эл-юртга тарқалди.

20. Абдуллоҳ.

Макка аҳли барчаси ҳимоясига турган Абдуллоҳ номли йигит ким ўзи? Макка аҳли бор будини унинг учун фидо қилишга тайёрлигини эълон қилган Абдуллоҳ отли йигит ким ўзи?

Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмуттолибнинг Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду¬маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кенжа, эрка ва маҳбуб ўғлидир.

У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва вазмин йигит бўлиб ўсди. У турли қийинчиликларга доим тайёр туришни отасидан ўрганди. Шунинг учун ҳам, назр¬га вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганда бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам, отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганда ҳамма бу ишга қарши чиқиб уни ҳимоя қилди.

Абдуллоҳнинг ишқида қавмининг қизлари куйиб¬-ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас эди. У доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди.

Абдуллоҳ вояга етганда отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.

Абдуллоҳнинг отаси Абдулмуттолиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди.

Омина одобли, сабрли ва гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга эди. Қисқа¬си, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун бўлган қизи эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундоқ ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлган ота ва онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.

Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти Ясрибга жўнаб кетди. Абдуллоҳ кўп ўтмай ўша ерда вафот қилди.

Ўша пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлгани йўқ эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб бева қолди.

 

Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ўша ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди.

Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Аммо туш кўрар эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга, албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг, дер эди.

Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда Оминанинг ҳомиласи ёруғ дунё¬га келди. Унинг қорнидан гўё бир нур — гўдак худди сажда қилаётгандек ҳолда ерга тушди.

Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахт¬га чўмдирган бу улуғ кун робеъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба куни (мелодий 570, 20 апрел) эди.

 

Ўша куни одамлар кўпгина одатдан ташқари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар:

1. Бутлар ларзага тушиб, қимирлаб кетди. Баъзилари юзтубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди.

2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди.

3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб:

«Эй қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими?», деган. Улар: «Билмадик», деганлар. Шунда ҳалиги яҳудий:

«Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийи туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.

4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган-эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий:

«Эй яҳудийлар жамоаси!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман, улар:

«Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.

«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди.

5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган.

Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, мусулмон эмаслари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг барчаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар.

Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.

Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмуттолибга одам юбориб, сизга бир ғулом туғилди, келиб унга бир назар солинг, деди.

Эҳтимол, бу билан янги куёвлик чоғида вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандир.

Абдулмуттолиб қувончга тўлган ҳолида шошиб етиб келди. Мурғак набирасини қўлга олиб ўпди. Уни авайлаб кўтариб Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасини «Муҳаммад» деб номлади. Араблар ичида бу ном тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бешта исмни айтдилар;

«Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:

1. Муҳаммад.

Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу сийғадан, Муҳаммад сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар.

Тарихчилар ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида туш кўрганларида болалари туғилганда «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан.

Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини «Муҳаммад» деб номлаган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.

Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди.

Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам, хотиним ўғил туғса исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.

Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Аҳижжа ал-Жаллоҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.

2. Аҳмад.

Бу муборак исмнинг маъноси кўп ҳамд айтувчидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорат. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат «Аҳмад» исмлари келган.

3. Моҳий.

Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфр¬ни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар.

Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, ўчириб ташлаш маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.

4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур».

Яъни, Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.

5. Оқиб.

Бу муборак исмнинг маъноси ортдан келувчи деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан ке¬йин ҳeч пайғамбар келмайди.

 

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар: Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набиййурроҳма, Набиййуттавбаман», дер эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда аввалда зикр қилинмаган учта исм зикр қилинмоқда:

1. Муқаффий.

Бу муборак исмнинг маъноси ҳам орқадан келувчи бўлиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларини анг-латади.

2. Набиййурроҳма.

Бу муборак исмнинг маъноси раҳмат пайғамбари дегани.

3. Набиййуттавба.

Бу муборак исмнинг маъноси тавба пайғамбари деганидир.

 

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича болаларни саҳролик аёлларга эмизилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб бир неча кунга у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизиб турди.

Ўша кунлари Маккага саҳродан Бани Саъд қабиласидан эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун келиб қолдилар.

Ўша йили қурғоқчилик йили эди. Одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отасиз етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёллар топилмади.

Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани халақит берди. Дугоналари бойларнинг болаларини эгаллаб олишибди.

Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмаганидан ке-йин бир оз ўйлаб қолди. Нима эмизгани бола олмай кетадими? Хотинлар, Ҳалима қуруқ қайтди, деб ҳаммаёққа гап тарқатишиб юборишади-ку! Яхшиси етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул. Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. Ҳалима Муҳаммад алайҳиссаломни эмизгани олди.

Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ улови тузалиб, тезлаб юраётганини пайқади. Ажабо, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда Аллоҳ таоло халқ қилган одамзодлар ичида энг афзалига кўкрак тута бошлади.

Албатта, Ҳалима ўзининг инсоният тарихига охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизукли онаси сифатида кириб қолишини ўша онларда билмас эди.

У кейинчалик, асрлар оша, қиёматгача милиёнлаб мусулмонлар ўзини Ҳалимаи Саъдия онамиз розияллоҳу анҳо деб юксак эҳтиром ила ёдга олишларини билмас эди.

Аммо у шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди. Ўзининг сути ҳам кўпайиб кетди. Хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари ҳайвонларини қаерда боқишларидан қатъи назар, уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди.

Шунинг учун ҳам, болани эмизиш муддати тугаганда ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб, мени олдимда яна бир оз тарбия топсин, деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмикдош ака ва опалари билан бирга саҳронинг соф ҳавосида ўйнар эдилар.

Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетди. Ҳалимаи Саъдия болаларни олиб келиб бир оз ухлатмоқчи бўлди. Уларни ичкарига чақириб, ташқарида юрманглар офтоб уриб кетади, деди.

Шунда унинг қизи Муҳаммад билан ўйнасак бизни офтоб урмайди. Чунки унинг устида булут доимо соя солиб туради, деди. Ҳалимаи Саъдия Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.

Кунлардан бир кун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳро қўйнида болалар билан ўйнаб юрганларида ғалати ҳодиса юз берди.

Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр»—кўксини ёриш номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида олдиларига Жаброил келган эди. Жаброил у зотни олиб, ерга ётқизиб кўксиларини ёрди. Сўнг қалбларини олиб ичидан зулукка ўхшаш бир нарсани чиқариб олди-да, бу шайтоннинг сендаги насибаси, деди.

Кейин уни тиллодан бўлган жомда Замзам билан ювиб, ўрнига қайтариб солди. Болалар онасининг, яъни, эмизикли онасининг олдига югуриб келиб:

«Муҳаммад қатл қилинди!» дедилар. Унинг олдига борсалар ранги оппоқ бўлган ҳолда турган экан.

Анас, ўшанинг тикилган изини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида кўрар эдим, деди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр»—кўксини ёриш номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди-ю, лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалимаи Саъдия Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида оналари у зотни Ясриб шаҳрига олиб бордилар. Она-бола бирини ёш бева, бирини туғилмасдан туриб етим ташлаб кетган маҳбублари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг қабрининг зиёратига борган эдилар. Уларнинг бири висолига тўймаган эрини, иккинчиси дийдорини кўрмаган падарини зиёрат қилганларидан сўнг яна Макка томон юзландилар.

Йўлда, ал-Авбаа номли жойга етганларида Омина ҳам вафот топдилар. Онасининг қорнидаги ҳолида отасидан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда оналаридан ҳам ажраб тўла етим бўлиб қолдилар.

Дунё тарихида ҳали йигирма ёшга етмаган эр-хотиндан бола етим қолиши ҳодисаси кўрилмаган бўлса керак. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг келажак Пайғамбар камолоти учун кўрган ҳикматли чораси бўлса ажаб эрмас.

Ғурбатда онадан ажраб қолган болани ходима Умму Айман ал-Ҳабашия Маккага олиб келиб бобоси Абдулмуттолибга топширди.

Қурайшнинг шайхи Абдулмуттолиб ўзининг етим қолган набирасига ўта меҳрибон эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни доимо ўзи билан олиб юрар, Каъбанинг соясида ўз тўшагига ўтқазиб қўяр эди. Шу тариқа икки йил ўтди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшга тўлдилар. Энди эс таниб бирор нарсани ўрганиш пайти келганда Абдулмуттолиб ҳам вафот этиб қолди. Етимлик дарди яна янгиланди.

Аммо уламоларимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда ўсишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Агар у зот етим ҳолда ўсмаганларида, пайғамбарлик келганида душманлар, ота-онасидан ёки бобосидан ўрганиб олган нарсаларни айтиб, мен пайғамбарман, демоқда дейишлари мумкин эди. Етим ўсган кишини олиймақом таълимотларни келтириши эса ўша таълимотлар Аллоҳ таолодан эканига далолат бўлади.

Абдулмуттолибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у кишининг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди.

Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг ота бир, она бир акалари эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига ўғиллари Али, Жаъфар ва Ақийллардан ҳам яқин тутар, доимо ўзи билан олиб юрар эди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли камчиликлардан холи бўлиб ўсишларини таъминлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ёмонликлардан узоқда, ҳамма фазилатларга яқин бўлган ҳолда ўсиб бордилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт, ўн беш ёшларида Қурайш ва Қайс қабилалари орасида чиққан урушда қатнашдилар. Амакиларига камон ўқи олиб бериб турдилар. Шундоқ қилиб ёшликларида уруш нима, жасорату шижоат нима эканлигини синаб кўрдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вояга етиб қолганларида қўй боқиш ила тирикчилик ўтказдилар. У зот алайҳиссалом арзимаган ҳақ учун одамларнинг қўйини боқдилар.

Бу ишда ҳам Аллоҳ таолонинг инояти ила У зотнинг келажакда пайғамбарлик қилишларига тайёргарлик бор эди. Ҳайвонлар ичида энг ювоши бўлган қўйни боқиш ҳамма пайғамбарлар қилган ишдир. Чунки бу иш уларнинг кейинчалик ўз умматларига раҳбарлик қилишларига тайёргарликдир.

Маккада Хадийжа исмли аслзода, ақлли, ахлоқли, фазилатли ва бой-бадавлат аёл бор эди. У эри Абу Ҳола вафот этиб бева қолганидан кейин тижорат учун бошқа эркакларни ишга ёллар эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа бинти Хувайлид билан келишиб, унинг тижорати бўйича Шомга бориб савдо қилиб келдилар. Ўша тижорий сафарларда Хадийжанинг хизматкори Майсара ҳам у зотга ҳамроҳлик қилди. Бир-икки сафардан кейин ўткир ақл эгаси Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий одам эмаслигини сезиб қолди. У кишидаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадийжани ўзига ром этди.

Бунинг устига хизматчи Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларни айтиб берди. Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди. У киши ўзининг бу ҳақдаги ниятларини дугоналари орқали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза совчи бўлдилар. Икки томон розилигидан сўнг Абу Толиб никоҳ хутбасини ўқиди. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда, Хадийжа онамизники эса қирқда эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшга кирганларида қурайшликлар Каъбани қайта қуришга киришдилар. Замон ўтиши, хусусан, сел келиши оқибатида қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.

Қурилишни бошлаб ҳамжиҳатлик ила иш олиб бордилар. Аммо Ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли иш ўзига бўлишини хоҳлар эди. Хилоф кучайиб уруш чиқиш хавфи туғилди.

Баъзилар жангга ҳозирлана бошладилар. Бани Абдуддорликлар бир тоғорада қон олиб келдилар. Улар Бани Адийликлар билан келишиб қўлларини тоғарадаги қонга солиб туриб ўлимга тайёр эканликларини эълон қилдилар. Бу ҳол уруш бўлади дегани эди.

Шу ҳолатда бир неча кун туриб қолдилар. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни уларнинг олдига биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола қилишга келишдилар.

Уларнинг олдига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб кириб келдилар. У зотни кўриш билан ҳаммалари хурсанд бўлиб: «Ана Муҳаммад келди! Ана Амин келди! Рози бўлдик! Ишни унга ҳавола қилишга розимиз!» дедилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб келиб ерга ёздилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарул асвадни олиб ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар қабиладан биттадан вакил келиб ридонинг турли жойларидан тутиб кўтаришини таклиф қилдилар. Вакиллар кўтариб олиб келганларида ўзлари Ҳажарул асвадни олиб жойига қўйдилар. Шундоқ қилиб у зот ўзларнинг беқиёс ҳикматлари ила урушнинг олдини олиб қолдилар.

Бу у зот алайҳиссаломнинг бутун дунё халқларини сулҳга ва тинчликка бошлашларининг муқаддимаси эди.

Ўша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши Маккага сотгани нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг зодагонларидан Осс ибн Воил сотиб олди. Аммо ҳақини бермади. Зубайдлик киши Қурайшнинг бошлиқларига бу ҳақда арз қилиб ёрдам сўради. Улар Осс ибн Воилдан ҳайиқиб мазлумга ёрдам беришдан бош тортдилар.

Шунда зубайдлик киши, Макка аҳлининг йигитлиги ва муруввати борларидан ёрдам сўрайман, деб дод солди.

Макка аҳлидан ўзини эр санаб, мурувватлиман деб юрганлари Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг уйига тўпландилар. Уй эгаси улар учун таом тайёрлади. Таомдан кейин мажлис қуриб, аҳдлашиб Аллоҳнинг номи ила шартнома туздилар. Ҳаммамиз мазлумнинг ҳақини золимдан олиб бергунимизча, албатта, бир жон, бир тан бўламиз, дедилар.

Бу иш фазилатли иш бўлгани учун қурайшликлар уни «фузул шартномаси» деб атадилар. Сўнгра шартномачилар Осс ибн Воилнинг олдига бориб мазлумнинг ҳақини олиб бердилар.

Кейинчалик ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу шартномада иштирок этганларидан қувониб юрар эдилар. У зот ҳадиси шарифларидан бирида қуйидагиларни айтганлар:

«Мен Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг уйида бир шарт-номага қатнашганман. Агар Исломда ҳам ўшандоқ шартномага даъват қилинсам, албатта, жавоб берар эдим».

Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарининг ҳамма тарафдан етук бўлишини таъминлаб келди.

У зотнинг насаблари пок насаб бўлишини таъминлади.

У зотнинг жасадлари пок ва мукаммал жасад бўлишини таъминлади.

У зотнинг халқ қилинишлари бекаму кўст бўлишини таъминлади.

У зотнинг хулқлари бекаму кўст бўлишини таъминлади.

Шу жойга келганда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма тарафдан етукликларига оид баъзи ривоятларни батафсил ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм¬нинг ичида ўрта бўйли: новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли: ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. Қирқ ёшларида у зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турдилар. Мадинада ўн йил. У зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».

Шарҳ: Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса йигирма уч йил. Бу ерда сўз пайғамбарликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йил сўнг У зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват сирли равишда бўлган.

Демак, Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтидан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки пайғамбарлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар.

 Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмаганман».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий киймаганлар. Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум. Бу ҳақда «Либос китоби»да батафсил сўз кетган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали, роса новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар».

Икки шайх ривоят қилган.

 Баро розияллоҳу анҳудан:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» деб сўралди. У киши:

«Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», деди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деди. Унга:

«У зотни кўрганингда қандоқ эдилар?» де¬йилди.

«Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», де¬ди у».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Унинг бир лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган».

Шарҳ: Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг: «Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган киши фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонлари гўшти оз эди».

Муслим ва Термизий ривоят қилган.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари катта, бошлари катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».

Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса:

«Жуда новча ҳам, жуда пакана ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар.

(Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта юмшоқ ҳам эмас эди.

Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди.

Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди.

Юрсалар пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисм¬лари билан бурилар эдилар.

Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У пайғамбарларнинг муҳридир.

Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар.

Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар.

Биринчи бор кўрган одам у зотдан ҳайиқар эди. У зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. У зотни васф қилувчи: «У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз эса ўзимизни қийнаб юрамиз. У зот эса бемалол юрардилар».

Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов