"."
Меню

Таквир-Инфитор-Мутаффифун-Иншикок-Буруж-Торик-Аъло-Гошия-Фахр-Балад-Шамс-Лайл-Зухо-Шарх-Тийн-Алак-Кадр-Баййина-Залзала-Адиет-Кориъа-Такасур-Аср-Хумаза-Фил-Курайш-Моъун-Кавсар-Кафирун-Наср-Масад-Ихлос-Фалак-Нас суралари

81. Таквир сураси 

Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йигирма тўққиз оятдир.

У Қиёмат қойим бўлганида бутун Коинотда рўй берадиган даҳшатли инқилоб - ўзгаришлар тасвири билан бошланиб, ана ўша Кунда ҳар бир жон ўз ҳаётида қандай амаллар қилиб ўтганини билиб, иқрор бўлиши ҳақида хабар берилади.

Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзи яратган бир неча мавжудот номига қасам билан Қуръони Карим фаришта Жаброил келтирган Илоҳий сўз эканини ва ушбу Каломуллоҳнинг бирон оятини қолдирмасдан инсонларга етказиб бераётган Муҳаммад алайҳис-салом мажнун эмасликларини таъкидлайди. 

Сура давомида инсонларга хитоб қилиниб, улардан қўлларида Ҳақ йўлини кўрсатиб турган шундай буюк Китоб мавжуд бўла туриб, ўзлари учун яна қандай йўл ахтариб кетаётганлари сўралади. 

Сура Қиёмат кунида бутун ер юзини ёритиб ва иситиб турадиган қуёш ҳам ўралиб, нурсизланиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани сабабли «Таквир - Ўралиш» деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида. 

2. Юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида. 

3. Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида. 

4. (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш қўйиб юборилганида. 

5. Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида. 

6. Денгизлар (тандир каби) қизитилганида (ва сув ўрнига олов билан тўлганида). 

7. Жонлар (қайтадан баданларга) жуфтланганида. 

8-9. Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида. 

10. (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида. 

11. Осмон (ернинг устидан) сидириб олинганида. 

12. Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида. 

13. Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида. 

14. (ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) билур! 

И з о ҳ . Мазкур оятларда Қиёмат кунида рўй берадиган ўн икки ҳодиса ҳақида хабар берилди. Демак, у Кунда кечаётган даҳшатнинг зиёдалигидан қуёшнинг нури сўниб, юлдузлар ҳар ёққа сочилиб кетади ва тоғлар ҳам жойларидан жилдирилиб, худди булутлар каби осмонда сузиб юради. Саҳро аҳли жуда авайлайдиган ва уларнинг бой-бадавлатликлари рамзи бўлган - туғиш соати яқинлашиб қолган бўғоз туялар ҳам эгаларининг ёдидан кўтарилиб, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолади (яъни кишилар ўзларининг энг ардоқли нарсаларини ҳам унутадилар). Доимо бир-бирларининг гўштларини еб тирикчилик ўтказадиган ваҳший ҳайвонлар ҳам қандай қилиб бир жойга тўпланганларини билмай қоладилар, денгизлар эса сувлари қуриб, худди тагидан олов ёқилаётган қозонга айланадилар (минг-минг йиллик денгизларнинг бугунга келиб қурий бошлагани ўша Кун яқин қолганининг аломати эмасмикан?), инсонлар ўлиши билан чиқиб кетган жонлари қайта ўз баданларига киради, шунингдек, у Кунда тириклай кўмиб юборилган мазлума қизларнинг ҳам додига етилади (бу ҳақда «Наҳл» сурасининг 59-оятида батафсил изоҳ берилган) ва инсон ўлиши билан ёпилган номаи аъмоли қайта очилиб, ҳисоб-китоб қилинади, у Кунда ернинг томи бўлган осмон ҳам очиб юборилади ва ниҳоят кофирларга ловуллаб ёнаётган дўзах, мўминларга эса жаннат яқин қилинади - мана шу воқеа-ҳодисалар содир бўладиган Қиёмат кунида ҳар бир жоннинг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган яхши амаллари ўнг ёнига, ёмон амаллари чап ёнига келтириб қўйилади ва ҳеч ким ўз амалидан тона олмайди! Демак ўша Куннинг қийноқ-азобидан халос бўлишни истаган ҳар бир инсон бугунини Исломий эътиқод ва эзгу амал билан ўтказмоғи вожибдир! 

15-16-17-18. Бас, Мен (кундузлари кўздан) ғойиб бўлгувчи, (кечалари ҳам) тез ўтиб (ўз «уя»лари - буржларига) яширингувчи (юлдуз)ларга, ўз зулмати билан келиб-кетаётган кечага ва отаётган тонгга қасам ичурманки, 

19-20-21. Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, Аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилгувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир. 

22. Ва сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳис-салом) мажнун эмасдир. 

23. Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди. 

24. У (Муҳаммад алайҳис-салом) ғайбга (яъни ғайбдан келган ваҳийга) бахил ҳам эмасдир (У Аллоҳ таоло томонидан ўзига келадиган ваҳийларни бузмасдан, тўла-тўкис ҳолда сизларга етказур). 

25. Ва у (Қуръон) қувилган - малъун шайтоннинг сўзи эмасдир. 

26. Бас, сизлар (мана шу Қуръони Карим кўрсатган Ҳақ йўлни инкор этиб) қаён кетмоқдасизлар?! 

27-28. У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз бутун оламлар учун - сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хохлаган кишилар учун бир эслатмадир. 

29. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хохласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хохларсизлар.







82. Инфитор сураси 


Ўн тўққиз оятдан иборат бўлган бу сура ҳам Маккада нозил қилингандир.

У ҳам Қиёмат кунининг даҳшатли манзараларини чизиш билан бошланади ва инсонга хитоб қилиниб, уни йўқдан бор қилган ва унга шундай гўзал сурат бериб қўйган Парвардигорига ибодат қилишдан уни - инсонни нима тўсиб тургани сўралади.

Сўнгра жазо Куни ҳақ эканлиги айтилиб, ҳар бир кишининг қилган амалини ёзиб турадиган улуғ фаришталар бирон ишни қолдирмасдан номаи аъмол саҳифаларини тўлдириб бораётганликлари яна бир бор уқтириб ўтилади.

Сура охирида жазо куни қандай кун эканини ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмаслиги ва у Кунда барча ҳукм ёлғиз Аллоҳ таолонинг қудрат қўлида бўлиши ҳақида хабар берилади.

Сура Қиёмат кунида осмон ёрилиб - очилиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани учун уни «Инфитор - Ёрилиш», деб аталади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмон ёрилганида, 

2. Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида, 

3. Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида, 

4. Қабрлар тўнкариб қўйилганида (яъни уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб ер юзига чиқарилганларида), 

5. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни яхши-ёмон амалларини) билур! 

6. Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! 

7. У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган зот-ку! 

8. У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат - шаклда) таркиб топтирди - ижод қилди-ку! 

И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло инсонга ўзининг ким томонидан яратилиб, бундай ақл-ҳуш, мавзун қомат ва гўзал суратга эга бўлганини уқтирмоқда ва ундан ўзини бошқа барча махлуқотлардаи ажратиб шундай азизу мукаррам қилиб яратган улуғ Парвардигорига нега қуллуқ - ибодат қилмаётганини сўраб танбеҳ бермоқда. Дарҳақиқат, инсон вужудидаги қай бир аъзога ибрат кўзи билан қаралса - ундаги мукаммалликни кўриб, Яратганнинг буюк қудратига, билим ва ҳикматига қуллуқ қилмасдан илож қолмайди. 

Энди қуйидаги оятларда динсиз кимсалар Аллоҳ таолонинг амрига итоат этмасликларининг сабаби нима эканлиги зикр қилинади. 

9. Йўқ, балки сизлар жазо (Қиёмат кунини) ёлғон дерсизлар (шунинг учун ҳам Аллоҳ буюрган эзгу амалларни қилмайсизлар ва У зот қайтарган ёмон амаллардан қайтмайсизлар)! 

10-11. Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир. 

12. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар. 

13. Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар. 

14. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар (яъни Қуръон ва пайғамбарни ёлғончи қилгувчи, жазо Куни ва қайта тирилишни инкор қилгувчи кимсалар) дўзахдадирлар! 

15. Улар (дўзах)га жазо (қиёмат) кунида кирурлар! 

16. Ва улар (дўзахдан) ғойиб бўлгувчи (яъни халос бўлгувчи эмасдирлар! 

17. (Эй инсон), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?! 

18. Сўнгра (яна такрор айтаманки), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?! 

19. У Кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиённи кетказишга) эга бўлмас! У Кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлур!






83. Мутоффифyн сураси 


Бу сура ўттиз олти оят бўлиб, Макка сураларидандир.

У дастлаб охират ҳисоб-китобидан қўрқмаганлари учун бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган кимсалар Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишлари тўғрисида хабар бергувчи оятлар билан бошланади.

Бу сура ҳаётларини фисқу-фужур билан ўтказадиган иймонсиз кимсалар топадиган даҳшатли оқибат - дўзах азоби ҳақида огоҳлантиргувчи оятлар ҳам, бу тўрт кунлик дунёдан Ҳақ йўлини маҳкам тутиб ўтадиган аҳли иймон учун тайёрлаб қўйилган саодати абадийя - жаннат неъматлари зикр қилинган оятлар ҳам мавжуддир.

Суранинг номи бўлмиш «Мутоффифун» калимаси «(Бировларнинг ҳақларидан) уриб қолгувчилар» деган маънони англатади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! 

2-3. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. 

4-5-6. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда - барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?! 

7. Йўқ, (бировларнинг ҳақларидан уриб қолишдан ҳазар қилинглар)! Чунки (бундай) фисқ-фужур қилгувчи кимсаларнинг номаи аъмоллари албатта Сижжийнда бўлур! 

8. (Эй Муҳаммад), сиз Сижжийн нима эканини қаердан ҳам билурсиз? 

9. (У) битилган китобдир.

И з о ҳ. Сижжийн - уламоларнинг таъкидлашича, етти қават ер остида тургувчи, инсу жиндан бўлган кофирларнинг номаи аъмоллари битиб қўйиладиган бир китобдир.

10. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай! 

11. Улар жазо (қиёмат) Кунини ёлғон дейдиган кимсалардир! 

12. У (Кун)ни фақат барча гуноҳга ботган тажовузкоргина ёлғон дер! 

13. Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. 

14. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир! 

И з о ҳ . Яъни уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар. 

15. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилгувчидирлар. (Яъни Парвардигорнинг дийдорига етиш уларга ҳеч насиб қилмагай)! 

16. Сўнгра шак-шубҳасиз улар дўзахга киргувчидирлар. 

17. Сўнгра (уларга): «Мана шу сизлар ёлғон деб юрган нарса - азобдир», дейилур. 

18. Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари шак-шубҳасиз Иллийюндадир. 

19. (Эй Муҳаммад), сиз Иллийюн нима эканини қаердан ҳам билурсиз. 

20. (У) битилган китобдирки. 

21. Унга (Аллоҳнинг) яқин (фаришта)лари гувоҳ бўлурлар. 

И з о ҳ . Иллийюн - Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, еттинчи осмонда Аллоҳ таолонинг арши аълоси остидаги бир макон бўлиб, инсу жиндан бўлмиш мўминларнинг номаи аъмоллари битилган китоб ўша маконда сақланади. 

22. Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. 

23. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар). 

24. Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз - кўрурсиз. 

25. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки, 

26. У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, бахслашгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баслашсинлар. 

27. У майнинг мизожи - аралашмаси таснимдандир. 

28. (Тасним Аллоҳнинг) яқин (банда)лари ичадиган бир чашмадир. 

29. Дарвоқе жинояткор - кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулгувчи бўлдилар. 

30. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб, имо-ишоралар қилардилар. 

31. Қачон уйларига қайтсалар (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) роҳатланиб қайтардилар. 

32. Қачон (мўминларни) кўрсалар «Ана улар шак-шубҳасиз йўлдан озгувчи кимсалардир», дердилар. 

33. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар. 

34. Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар. 

35. Улар (жаннатдаги) сўриларда (кофирларнинг азобланишига) боқиб (ўтирурлар). 

36. Кофирлар ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазосини олдиларми? (Албатта олдилар).







84. Иншиқоқ сураси 


Маккада нозил бўлган бу сура йигирма беш оятдан ташкил топгандир.

Сура аввалида Қиёмат қойим бўлган куни само ёрилиб, замин эса ёйилиб, теп-текис бўлиб қолиши баён этилади. Шунинг учун ҳам бу сура «Иншиқоқ - Ёрилиш» деб номланган.

Бу сурада инсон зоти дунёга келган вақтидан тортиб, ўзи билса-билмаса, хоҳласа-хоҳламаса Парвардигор томонга, яъни ўлим деган - дунё билан охират ўртасига ўрнатиб қўйилган кўприк орқали Парвардигорнинг одил ҳисоб-китоби сари интилиб бориши таъкидланади.

Сўнгра ўша жазо Кунида қандай кишиларнинг ҳисоб-китоби осон бўлиши ва қандай кимсалар мангу азобга йўлиқишлари ҳақида хабар берилади.

Сура ниҳоясида Аллоҳ таоло қасам билан барча инсонлар ўлгандан кейин ўзларига ваъда қилинаётган даҳшатли ҳолатларга босқичма-босқич йўлиқишларини таъкидлаб, сўнг иймон келтирмаган кимсаларнинг ҳолларига таассуф билдирилади ва уларга аламли азоб (хушхабари), мўминларга эса битмас ажр-мукофот муждаси берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билаи (бошлайман).

1-2. Осмон ёрилган ва у Парвардигори(нинг ёрилиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган - (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда; 

3-4-5. Ер ёйилган (теп-текис бўлган) ва ўз ичидаги (жасадларни устига) чиқариб ташлаб, бўшаниб олган ва у Парвардигори(нинг ёйилиб, теп-текис бўлиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган - (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда (ана ўша Қиёмат кунида ҳар бир инсон ўзи қилиб ўтган амалларига рўбарў бўлур)! 

6. Эй инсон, албатта сен меҳнат-машаққат чекиб Парвардигорингга (яъни Унинг мукофот ёки жазосига) боргувчисан, бас, (бу ҳаёти дунёдан ўтганингдан сўнг) У зотга йўлиққувчисан. 

7. Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса. 

8. Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак, 

9. Ва ўз(ининг жаннатдаги) ахли-оиласига шоду-хуррам ҳолда қайтажак. 

10. Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса. 

11. Бас, у ўлимини чақириб қолажак. 

12. Ва дўзахга киражак! 

13. Дарвоқе у (ҳаёти-дунёдалик пайтида) ахли оиласида (ўз куфру исёни билан) шоду-хуррам эди. 

14. Албатта у ўзининг ҳеч қачон (Парвардигори ҳузурига) қайтмаслигига ишонар эди. 

15. Йўқ, Парвардигори уни шубҳасиз кўриб тургувчи эди. 

16-17-18. Бас, Мен (қуёш ботаётган пайтда бутун уфқни қоплаб оладиган) шафаққа, кеча ва у қамраб олган (барча) нарсага ҳамда тўла бўлган вақтидаги ойга (яъни тўлин ойга) қасам ичурманки, 

19. Албатта сизлар (эй инсонлар), табақадан табақага минурсизлар (яъни бир ҳолдан иккинчи ҳолга кўчиб турурсизлар). 

И з о ҳ . Ушбу оятларда Аллоҳ таолонинг илоҳий қалами билан ҳар бир инсоннинг ҳаёт-мамотидаги бир ҳолдан иккинчи ҳолга кўчиши тўғрисида бетакрор манзара чизиб берилди. Дарҳақиқат, худди уфқни қон йиғлатиб кун ботиб, сўнг атрофни тун зулмати қоплаб, кейин самога балқиб чиққан тўлин ой кечани бамисоли кундузга айлантириб, агар ерга игна тушса топилгудек ёруғ қилиб юборгани каби ҳар бир инсон ҳам ўз ҳаётининг шомида устида турган яқинларини қон йиғлатиб, ўлим деб аталган остонадан ҳатлайди. Энди у ёш тамоман бошқа бир ҳолат - худди тун қоронғулиги янглиғ қабр зулмати. Лекин бу асло сўнгги ҳолат эмас, балки киши бошидаги ҳолатлар занжирининг бир ҳалқаси холос. Навдатдаги ҳолат Қиёмат қойим бўлган Кунда рўй беради. У Кунда худди тўлин ой тун қоронғулигида яшириниб ётган барча нарсани ошкор қилганидек, ҳар бир кишининг қоронғу ўтмиши ибтидосидан интиҳосигача, ипидан-игнасигача ёритилиб, ҳисоб-китоб қилинади ва навбат кейинги ҳолатларга келади. Улар энди абадий саодат ёки мангу азобдир! Шундоқ экан... 

20. Бас, нега улар иймон келтирмайдилар?! 

21. Уларга Қуръон қироат қилинган вақтида эса (унга иймон келтиришиб, Яратганга) сажда қилмайдилар?! 

И з о ҳ. Бу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, у тиловат қилинганида ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади. 

22. Йўқ, улар (Қуръонни ҳам, Қиёмат куни қайта тирилишни ҳам) ёлғон дерлар! 

23. Аллоҳ эса улар ичларига солиб яшираётган нарсаларини (яъни куфрларини, иймонсизликларини) жуда яхши билгувчидир! 

24. Бас, (эй Муҳаммад), сиз уларга аламли азоб «хушхабари»ни беринг! 

25. Фақатгина иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир.







85. Буруж сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йигирма икки оятдир.

У бошидан охиригача иймон-эътиқод мавзусини ёритгувчи сура бўлиб, аввал узоқ ўтмишда мўминларни фақат Аллоҳ таолога иймон келтирганлари учун азоблаб ўлдирган бир тўда золим кимсалар ҳалокатга дучор қилинганлари ҳақида хабар берилади ва барча замонлардаги аҳли иймонни фитнага солиб, уларга зулм қиладиган кимсалар дўзах азобига гирифтор бўлишлари таъкидланади.

Сўнгра Яратганнинг қудрати нақадар буюк эканлигига далолат қиладиган оятлар зикр қилингач, сура ниҳоясида Қуръони Мажид ҳеч қачон бирон ҳарфи ўзгармайдиган - бузулмайдиган Китоб экани уқтирилади. Бу суранинг номи «Буруж» бўлиб, «(Осмондаги) буржлар», деган маънони англатади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан(бошлайман).

1. Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам, 

2. Ваъда қилинмиш (Қиёмат) Кунига қасам. 

3. (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасам-ки, 

4-5. (Ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли олов - (ўша олов ловуллаб ёнаётган) чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! 

6.Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган, 

7. Ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар. 

И з о ҳ. Ушбу оятларда қадимда ўтган бир золим подшоҳ ва унинг малайлари мўминларни Аллоҳ таолога бўлган иймон-эътиқодларидан қайтариш учун қўллаган мудҳиш чоралари ва оқибат-натижада ўзлари қазиган чоҳга ўзлари қулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўминларни ташлаб ёқиб юбориш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар иймонидан қайтмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга итқитилишини айтишганида, бирон мўмин иймонсиз яшашни иймон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасидан Аллоҳ таоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига ўрлаб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан. Бу қиссадан ҳисса шуки, мангу саодатга элтгувчи Иймон йўли осон йўл эмас, балки барча замонлардаги носоз тузум ва бузуқ жамиятларда аҳли иймон бошига ана шундай оғир синов тушиши мумкин. Ана ўша пайтда иймон имтиҳонидан гарчи шаҳид бўлиш баробарига бўлса-да, ўта олган мўминлар нажот топган бўлурлар. Уларга зулму-ситам кўрсатган мустабид ҳокимлар эса шак-шубҳасиз ҳалокатга маҳкумдирлар. 

8-9. Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳга - осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир! 

10. Албатта мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир! 

11. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир. 

12. (Эй Муҳаммад), шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир. 

13. Албатта Унинг Ўзи бошлар (яъни бошлаб йўқдан бор қилур) ва қайтарур (яъни халойиқни ўлганларидан кейин қайта тирилтирур). 

14. У (мўминларга) мағфиратли муҳаббатли зотдир. 

15. (У) арш соҳиби бўлмиш буюк зотдир. 

16. (У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир. 

17-18. (Эй Муҳаммад), сизга қўшинларнинг - Фиръавн (ва унинг одамларининг) ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими? 

И з о ҳ. Яъни улар кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлдилар-ку! Бас, Қуръонга ва Муҳаммад алайҳис-саломга иймон келтирмаганлар ҳам худди ўшалар каби ҳалок бўлурлар! 

19. Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар!) 

20. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб тургувчидир. 

21-22. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган - ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк Қуръондир.







86. Ториқ сураси 


Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, ўн етти оятдир. 

Бу сура ҳар бир инсоннинг қилган амаллари махсус фаришталар томонидан мунтазам ёзилиб борилиши; Қиёмат кунида жамийки халойиқ қайта тирилиши ҳақ эканлиги; Қуръони Каримнинг ҳақ билан ботилни ажратгувчи Сўз эканлиги ва Аллоҳ таоло буюрган динга қарши турли ҳийла-найранглар қилиш кўчасига кирган кимсалар бир оз муҳлатдан сўнг ўз қилмишларига яраша жазо олишлари муқаррарлиги ҳақидаги мавзулар атрофида сўз боради. 

Суранинг номи бўлмиш «Ториқ», сўзи «Тунги йўлчи - яъни, юлдуз» маъносида келгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонга қасам, тунги йўлчига қасамки, 

2. (Эй Муҳаммад), сиз тунги йўлчи нима эканини қаердан ҳам билар эдингиз. 

3. (У) учар юлдуздир. 

4. Ҳар бир жоннинг устида (унинг қилган барча амалларини) ёд олгувчи (фаришта) бордир. 

5. Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! 

6-7. У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чиқувчи бир сувдан яралган-ку! 

8-9. Шак-шубҳасиз (Аллоҳ) уни сизлар фош қилинадиган (Қиёмат) Кунида қайта тирилтиришга қодирдир. 

10. Бас, (у Кунда инсон) учун (Аллоҳнинг азобини қайтаргувчи) бирон куч ҳам, бирон ёрдамчи ҳам бўлмас! 

И з о ҳ. Демак ҳар бир инсон ўзини бир томчи сувдан яратишга қодир бўлган Аллоҳ уни Қиёмат куни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканини ўйлаб, куч-қувватининг борида имон-эътиқод ва яхши амал билан ўша Кунга ҳозирлик кўрсин. 

Мазкур оятларда Қиёмат ҳақида хабар берилгач, энди мана шу хабар келган Қуръони Карим қандай китоб экани баён қилинади. 

11. Қайта-қайта тушгувчи (ёмғир) эгаси бўлмиш осмонга қасам; 

12. (Ўша ёмғир сабабли) ёриб чиққувчи (дон-дун, ўт-ўлан) эгаси бўлмиш ерга қасамки, 

13. Шак-шубҳасиз у (Қуръон ҳақ билан ботилни) ажратгувчи Сўздир. 

14. У ҳазил (яъни, асоссиз, беҳуда сўз) эмасдир. 

15. Албатта (кофирлар Муҳаммад алайҳис-саломга қарши турли) ҳийла-найранг қилурлар. 

16. Мен ҳам бир ҳийла қилурман (яъни уларнинг ҳийла-найрангларига муносиб жазо берурман). 

17. Бас, (эй Муҳаммад), сиз уларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни сиз бир оз шошмай туринг, майли улар бугун дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, эртага Қиёмат қойим бўлганида, албатта, қилмишларига яраша жазоларини олурлар)!







87. Аъло сураси 


Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдир.

Сура аввалида барча нарсадан олий ва юксак бўлган зот - Аллоҳ таолонинг номини пок тутишга амр этилади. Бу суранинг «Аъло» - «Энг олий зот», деб номланишининг боиси ҳам шудир.

Сўнгра Тангри таоло ўз пайғамбарига нозил қиладиган оятларини у кишининг қалбига ҳеч қачон ўчмайдиган қилиб муҳрлаб қўйиши ҳақида башорат беради. Бу сурада фақат Яратгандан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳатни қабул қилиб фойдаланишлари, аммо дўзахи бадбахтлар эса насиҳат эшитишдан қочишлари баён қилинади. Сура ниҳоясида ўзини пок тутиб, Парвардигорини ёд этиб, намоз - ибодатини канда қилмайдиган ҳар бир киши нажот топиши ҳақида хабар берилади ва бу сўзлар аввал ўтган Иброҳим ва Мусо пайғамбарларга нозил қилинган саҳифаларда ҳам бор эканлиги уқтирилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), энг олий зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг! 

2. У (барча нарсани) яратиб, расо қилиб қўйган зотдир. 

3. У (ҳар бир нарса учун муносиб йўлни) белгилаб, (У нарсани ўша йўлга) ҳидоят қилиб қўйган зотдир. 

4-5. У ўт-ўланни ундириб чиқариб, сўнг уни қорамтир хас-хашак қилиб қўйган зотдир. 

6-7. (Эй Муҳаммад), Биз сизни (Жаброил фаришта воситасида Қуръон) қироат қилдирурмиз. Бас, сиз Аллоҳнинг Ўзи (унутишингизни) хохлаган оятлардан бошқа (бирон оят)ни унутмассиз. Албатта У зот ошкора (сўз ва ишлар)ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билиб турур. 

8. Биз сизни осон (динга) муваффақ қилурмиз.

И з о ҳ . Дарҳақиқат, Шариати Исломийя динларнинг ичида энг осон ва енгилидир. У буюрган барча аҳкомларни ҳар бир ақли расо киши ҳеч қийналмасдан адо этиши мумкин. Фақат ёлғиз Аллоҳга ва У зот юборган Қуръонга сидқидилдан иймон келтирган бўлса, бас. 

9. Бас, агар панд-насиҳат фойда берса (кишиларга) панд-насиҳат қилинг! (Яъни насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга сўзингизни исроф қилманг! 

10. (Аллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак. 

11-12. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат) дан четга олур. 

13. Сўнгра у жойда на ўла олур ва на яшай олур! 

14-15. Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир. 

16. Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! 

17. Ҳолбуки охират яхшироқ ва боқийроқдир. 

18-19. Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда - Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир.  







88. Ғошия сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йигирма олти оятдир.

У барча халойиқни ўз даҳшати билан ўраб оладиган Қиёмат куни рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни баён қилиш билан бошланади. Шунинг учун бу сура «Ғошия»-«Ўраб олгувчи» деб номлангандир. 

Бу сурада еру осмондаги ҳар бир мавжудот ягона Яратгувчининг - Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қилиб туриши таъкидланади. 

Сура ниҳоясида пайғамбар алайҳис-саломнинг зиммаларидаги вазифа фақат панд-насиҳат билан Ҳақ йўлига даъват қилиш эканлиги уқтирилиб, панд-насиҳатга қулоқ тутмаган кимсалар Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганларида ўз қилмишларига яраша жазо олишлари ҳақида хабар берилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), сизга ўраб олгувчи (Қиёмат куни) ҳақидага хабар келдими?

2. У Кунда (кофирларнинг) юзлари эгилиб қолгувчи.

3. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир.

4. (Улар) қизиган дўзахга кирур!

5. Қайнаб турган булоқдан суғорилур!

6-7. Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очлиқдан халос қилмайдиган зорийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!

8. (Мўминларнинг) юзлари эса у Кунда (ўзларига ато этилган ноз-неъматлардан) шод-хуррам;

9. (Ҳаёти-дунёда Аллоҳ йўлида қилган) саъй-ҳаракатларидан рози бўлур.

10. (Улар) олий жаннатда бўлиб;

11. У жойда бирон беҳуда сўз эшитмаслар.

12. У жойда оқар булоқ бордир.

13. У жойда баланд сўрилар;

14. Ва (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар.

15. Тизиб қўйилган ёстиқлар.

16. Ва тўшалган гиламлар бордир.

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда кофирлар тушадиган дўзах азоби ва мўминлар етадиган жаннат неъматлари тасвирланди. Охират ҳаётидан келтирилган бу жонли лавҳалар кишилар ибрат олишлари учун эди. Энди инсонлар кўриб ибрат олишлари ва Яратганнинг борлигини, бирлигини билиб иймон келтиришлари учун улар ҳар кун, ҳар соатда рўбарў келадиган тўрт нарса мисол тариқасида келтирилди. 

17-18-19-20. Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?! 

И з о ҳ. Ушбу оятларда кишиларнинг назари аввало ҳайвонот оламидан «Саҳро кемаси» деб ном олган туяга қаратилмоқда. Дарҳақиқат, сахро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларии бажарувчи хизматкор, унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада баққувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар сахрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг қудратига тан бермай илож йўқ. 

Энди яна кўриб, ибрат олишимиз лозим бўлган мавжудотлардан бири устимизда «том» бўлиб, бизларни бошқа сайёралар ва бошқа оламлардан етиши мумкин бўлган зиён заҳматдан сақлаб тургувчи осмон бўлса, яна бири «ернинг қозиқлари» бўлган тоғлардирки, улар ўзларининг атрофидаги иқлимни мудом мўътадиллаштириб туришларидан ташқари ичларида инсонлар учун зарур бўлган хазиналарни ҳам асраб берадилар. Энди тоғлардан ерга тушадиган бўлсак, у ҳам бизлар яшашимиз, уй-жойлар бино қилишимиз ва экинзорлар, боғ-роғлар барпо этишимиз учун қулай-текис қилиб қўйилибди. Хўш, буларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб, шундай аниқ ва ҳикматли тартиб-интизомга келиб қолдиларми? Ёки бу мавжудотларнинг ҳар бирини одамлар ўз қўллари билан яратиб, мана шундай жойлаштириб қўйдилармикин? Бу икки тахминнинг ҳам тўғри эмаслигини билиш учун катта илмнинг ҳожати йўқ, фақат тоза, заҳарланмаган фикр ва озгина инсоф бўлса бас, мазкур мавжудотларни яратиш фақат барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолонинг қудрат қўлидан келиши маълум бўлади - қолади. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятларда барча инсонлар еру осмондаги нарсаларга холис кўз билан, ибрат олиш учун назар солишга даъват қилиндилар. 

Қуйидаги оятларда пайғамбар алайҳис-саломга кишиларни Исломга даъват этишда мана шундай ибратли мисоллар билан панд-насиҳат қилиш йўлини тутмоқ амр этилди. 

21. Бас, (эй Муҳаммад), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос.

22. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.

23. Илло ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса;

24. У ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар!

25. Зеро ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир!

26. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!







89. Фажр сураси 


Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, ўттиз оятдан иборатдир. 

Бу сурада сўз аввал узоқ ўтмишда ўтган ва Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган баъзи бир қавмлар ҳақида, сўнгра Тангри таоло бандаларини бойлик билан ҳам, камбағал-фақирлик билан ҳам имтиҳон қилиши хусусида ва сура ниҳоясида эса Қиёмат куни рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва дунёдаги ҳаётини иймону эътиқодда устивор бўлиб ўтказган жонлар у Кунда жаннат неъматларига эришишлари тўғрисида боради. 

Сура ўзининг илк ояти билан «Ва-л-Фажр - Тонгга қасам», деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Тонгга қасам. 

2. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. 

3. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам.  

4. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! 

5. Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?! 

6-7-8. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Иром (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? 

9. (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? 

10. Қозиқлар (яъни ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? 

11-12. Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. 

13. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! 

14. Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир. 

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда куфру исёнлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган қавм ва қабилалар зикри ўтгач, энди бахт-саодатни мол-дунё билан ўлчайдиган кофир кимсалар ҳақида хабар берилади. 

15. Бас, энди инсон - қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер. 

16. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг килиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер. 

17. Йўқ, (сизлар гумон қилганларингиздек иззат-икром бойлик билан, хор-зор қилиш - камбағаллик билан бўлмас)! 

И з о ҳ . Аллоҳ таоло бировни яхши кўргани учун бой қилиб, ёки бошқа бировни ёмон кўргани учун камбағал қилиб қўймайди. Умуман, агар Аллоҳ наздида мол-дунёнинг пашшанинг қанотича ҳурмати бўлганида, кофирга ундан бир чақа ҳам бермаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ таоло инсонларни шукр қиладиларми-йўқми синовдан ўтказиш учун ризқларини танг қилиб қўяди. Демак инсоннинг бойлик билан суюниб, камбағаллик билан куйиниб кетиши нотўғридир. 

Оятнинг давомида энди Макка кофирларига хитоб қилиниб, уларнинг ўта очкўз ва хисис кимсалар эканликлари, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмасликлари ва ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликлари фош қилинади. 

Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмассизлар! 

18. Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни тарғиб қилмассизлар! 

19. Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверурсизлар! 

20. Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар! 

21. Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чилпарчин қилинганда, 

22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда, 

23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда - ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибратнинг фойдаси) қаёқдан тегсин?! 

24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур! 

25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас! 

26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас! 

27. (У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон, 

28. Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! 

29. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин, 

30. Ва Менинг жаннатимга киргин!»







90. Балад сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура йигирма оятдан ташкил топгандир.

Сура аввалида Аллоҳ таоло Ўзининг неча-неча пайғамбарлари туғилиб ўсган ва хусусан сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломнинг она масканлари бўлган улуғ шаҳар - Маккаи Мукаррамага ва барча инсонларнинг ҳақларига қасамёд қилиш билан - инсон зоти бу дунёга меҳнат - машаққат чекиш учун келиши ҳақида хабар беради. Бу сура «Балад - Шаҳар» деб номланишининг боиси шудир.

Сўнгра қўлларидаги мол-мулкларини хўжакўрсинга совуриб, мақтаниб юрадиган кимсалар огоҳлантирилиб, фақат иймон-эътиқод билан Аллоҳ таоло буюрган жойларга бериё сарф-харажат қилиш билангина охират бахт-саодатига эришиш мумкинлиги, Аллоҳ таолонинг оятларига кофир бўлган кимсалар эса шак-шубҳасиз дўзахи бадбахтлар эканликлари таъкидланади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1-2-3. (Эй Муҳаммад), мана шу шаҳарга - ҳолбуки сиз ҳам мана шу шаҳарда яшайсиз - ҳамда ота ва ундан бўлган болаларга (яъни Одам алайҳис-салом ва унинг барча зурриётларига) қасамёд қилурманки. 

4. Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик. 

И з о ҳ. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан то ўша жон баданини тарк қилиб чиқиб кетгунича меҳнат-машаққатда ҳаёт кечиради. Бу борада мусулмон ҳам, кофир ҳам бир-бирига ўхшаган меҳнат-машаққатларни бошдан ўтказадилар. Лекин мусулмон киши Яратувчи буюрган иш-амалларда жон куйдиради, ўзининг куч-ғайратини имкон қадар савобли ишларга сарфлайди ва керак бўлса Ҳақ йўлида жонини қурбон қилиб, охиратдаги мангу роҳат-фароғатга эришади. Аммо кофир, эътиқодсиз кимсалар эса арзон ҳою- ҳаваслар ва ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам бефойда-бевафо бўлган пуфак орзу-хаёлларга етиш йўлида жонларини жабборга бериб, оқибатда бу дунёдаги меҳнат-машаққатларидан ташқари у дунёдаги дўзах азоби-машаққатига ҳам гирифтор бўладилар. Қуйидаги оятларда ана шундай топган мол-дунёси ба куч-қуввати билан мағрурланиб, Пайғамбар алайҳис-саломга ва бошқа мўминларга дилозорлик қилиб юрадиган бир кимса ҳақида ҳикоя қилинади. 

5. У ўзига ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйларми?! 

6. У (мақтаниб): «Жуда кўп мол-дунёни (сарфлаб) йўқ қилдим», дер. 

7. У ўзини (риёкорлик билан мол-дунё совураётган пайтида) ҳеч ким кўрмаган, деб ўйларми?! (Йўқ, Аллоҳ таоло ҳар вақт, ҳар нарсани кўриб-билиб турур!) 

8-9. Ахир Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?! 

10. Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!

И з о ҳ. Яъни, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, яхшилик йўлига юришга ҳам, ёмонлик йўлига юришга ҳам ихтиёр бериб қўйди. Бу икки йўл ҳам баландликдир. Демак иккисига чиқиш учун ҳам тер тўкиш, машаққат чекиш лозим бўлади. Лекин яхшилик баландлигига чиқиш учун саъй-ҳаракат қилиб довондан ўтган киши жаннат неъматларига етса, ёмонлик баландлигига чиққан кимса унинг ортидаги дўзах жарлигига қулайди. 

11. Бас, у (мақтанчоқ кимса яхшилик) довонини ошиб ўтмади! 

12. (Эй Муҳаммад), довон (ошиши) нима эканини сиз қаердан билар эдингиз? 

13. (У бир қул) бўйнини (қулликдан) озод қилмоқ, 

14-15-16. Ёки очарчилик кунида бирон қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом бермоқдир. 

17. Сўнгра у (мақтанчоқ кимса) иймон келтирган ва бир-бирларига (тоат-ибодатини адо этишдаги машаққатларга) сабр-қаноат қилишни тавсия этган, бир-бирларига (Аллоҳнинг бандаларига) меҳр-мурувват кўргазишни тавсия этган зотлардан бўлмади! 

18. Ана ўша (яъни юқоридаги фазилатларга эга бўлган) зотлар ўнг томон эгаларидир (яъни охират Кунида ишлари ўнгдан келгувчи саодатманд кишилардир). 

19. Бизнинг оятларимизга кофир бўлган кимсалар эса чап томон эгаларидир! 

20. Уларнинг устида қопланиб қолгувчи олов - дўзах бўлур!







91. Шамс сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил бўлган. У ўн беш оятдир.  

Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзи яратган бир қанча мавжудотга ва Ўз зотига қасам билан ўз жонини иймон билан пок тутган киши нажот топиши, уни куфр билан хор қилган кимса эса номурод бўлиши ҳақида хабар беради.

Сўнгра ана шундай ҳалокатга учраган қавмлардан Самуд қабиласи мисол қилиб келтирилади. 

Сура ўзининг илк ояти билап «Ваш-Шамс - Қуёшга қасам», деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Қуёш ва унинг ёғдусига қасам. 

2. У (қуёш)нинг ортидан келган ойга қасам. 

3. У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам. 

4. У (қуёшни ўз зулмати билан) ўраб-яширган кечага қасам. 

5. Осмонга ва уни бино қилган зотга қасам. 

6. Ерга ва уни ёйиб-текис қилиб қўйган зотга қасам. 

7-8. Жонга ва уни расо қилиб-яратиб унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб - ўргатиб қўйган зотга қасамки. 

9. Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. 

10. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди.

И з о ҳ . Саҳобалардан Абдуллох ибн Аббос томонидан (Аллоҳ у кишилардан рози бўлсин) ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Тангри таолога бундай дуо қилар эканлар: «Аллоҳим, Ўзинг нафсимга - жонимга тақво ато этгин, ўзинг унинг эгаси - ҳожасисан ва Ўзинг уни энг яхши поклагувчисан». 

Энди қуйидаги оятларда Самуд қабиласининг кирдикорлари баён қилинади. Улар ўзларига юборилган Пайғамбар Солиҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилишиб, у зотдан мўъжиза талаб қилганларида Солиҳ алайҳис-салом Аллоҳ таолонинг қудрати билан бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўядилар ва Самуд қабиласининг одамларига у туяга бирон зиён-заҳмат етказмасдан, навбати келганда, суғориб туришни буюрадилар ва акс ҳолда ҳалокатга учрашлари ҳақида огоҳлантирадилар. Лекин у кофирлар Пайғамбарнинг устидан кулишиб, туяни сўйиб ташлайдилар ва оқибатда барчалари ҳалок бўладилар. (Биз бу ҳодиса ҳақида аввалги сураларнинг изоҳларида ҳам айтиб ўтган эдик). 

11. Самуд (қабиласи) ҳаддан ошганлари сабабли (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилишди. 

12. Эсланг, уларнинг энг бадбахтлари (туяни сўйиш учун) қўзғалганларида, 

13. Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳис-салом) уларга: «Аллоҳнинг туяси(ни сўйиб юбориш)дан ва уни суғориш(га тўсиқ бўлиш)дан сақланинглар!» деди. 

14. Бас, улар (Пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари ўзларининг гунохлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни (қирғинни барчаларига) баробар қилди. 

15. (Зотан Аллоҳ таоло бу ишининг) оқибатидан қўрқмас!

И з о ҳ. Яъни еру осмонлардаги барча мавжудот Аллоҳ таолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У зот Ўз мулкини ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беради.







92. Лайл сураси 


Йигирма бир оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилинган.

Унда сўз инсонларнинг туриш-турмушлари ҳам, саъйу-ҳаракатлари ҳам турли-туман экани хусусида бориб, охират Кунидаги мукофотга иймон келтириб, тақво ва муҳтожларга хайру саховат билан умрларини ўтказадиган кишиларга ато этиладиган жаннат ва бахиллик, иймонсизлик билан тирикчилик қилиб ўтадиган кимсаларнинг борар жойлари бўлган дўзах азоби тўғрисида хабар берилади.

Сура ниҳоясида ёлғиз Аллоҳнинг ризолигини кўзлаб қилинган эзгу амалларгагина ажр-савоб берилиши таъкидланади.

Бу сура ҳам ўзининг илм ояти билан «Вал-Лайл - Кечага қасам» деб номланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам. 

2. Ёришиб-кўринган кундузга қасам. 

3. Эркак ва аёлни яратган зотга қасамки. 

4. Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу- ҳаракатларингиз хилма-хилдир.  

5. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. 

6. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. 

7. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз.

И з о ҳ. Ушбу оятлардан маълум бўлиишча, ким дунё ва охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун осон йўл изласа, у киши уч хислатга эга бўлиши лозим экан: ўз зиммасидаги Аллоҳ таоло буюрган хайр-эҳсонни камбағал бечораларга ато этиш, мудом тақво билан, ёлғиз Аллоҳдан қўрқиб яшаш ва яхши амал учун гўзал мукофот - жаннат бўлишини чин дилдан тасдиқ этиш. Тангри таоло ана шу уч хислатга эга бўлган кишиларга жаннат йўлини осон қилишга ваъда берди. Энди қуйидаги оятларда юқоридаги хислатларнинг зиддига мубтало бўлган кимсалар ва улар топажак оқибат ҳақида сўз юритилади. 

8. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. 

9. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. 

10. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз! 

11. Ва у (дўзахда) ҳалок бўлган вақтида молу- дунёси унга фойда бермас! 

12. Шак-шубҳасиз ҳидоят (яъни инсонларни Тўғри йўлга йўллаш) ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир. 

13. Шак-шубҳасиз охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Бизникидир. 

И з о ҳ. Яъни дунёнинг ҳам, охиратнинг ҳам яккаю ягона ҳақиқий подшоҳи - эгаси ёлғиз Аллоҳ таолодир. Бас кимки Аллоҳдан ўзга бирон кимсага бош эгса, Аллоҳдан ўзга бирон кимсадан ҳидоят ёки бахт-саодат сўраса, у очиқ гумроҳдир. 

14. Бас, (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан - дўзахдан огоҳлантирдим. 

15-16. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур! 

17-18. Ўзи поқдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот у (дўзах)дан йироқ қилинур. 

19. У (тақводор зот) ҳузурида - зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). 

20. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини - ризолигини истаб (мол-давлатини сарф қилур). 

21. Ва яқинда (Парвардигори унга ато этадиган мукофот - жаннат неъматларидан) рози бўлур.








93. Зуҳо сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура ўн бир оятдан иборатдир. 

У Пайғамбар алайҳис-салом шахсиятларига хос бир сура бўлиб, унда Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига насбатан бўлган меҳр-муҳаббати ва раҳм-шафқати ҳақида хабар беради. Сўнгра у кишига илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатилади. 

Сура ўзининг илк ояти билан «Ваз-Зуҳо - Чошгоҳ вақтига қасам», деб номланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Чошгоҳ вақтига қасам. 

2. (Ўз зулмати билан чор-атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасамки, 

3. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизни тарк этгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқдир. 

И з о ҳ. Ушбу оятлар Пайғамбаримизга ваҳий келиши бир неча муддат тўхтаб қолган ва айрим мушриклар «Мана Муҳаммадни Парвардигори ташлаб кетди», деб гап тарқатган вақтларида нозил бўлгандир. Аллоҳ таоло Ўзи яратган чошгоҳ (ёруғлик) ва кеча (қоронғулик) ҳақига қасам билан Муҳаммад алайҳис-саломни тарк этмагани ва ёмон кўриб қолмагани ҳақида хабар бериш орқали гўё ойнинг (ваҳий келмай қолган) ўн беши қоронғу бўлган бўлса, қолган ўн беши ёруғ бўлишига ишора қилаётгандек. 

4. Албатта охират сиз учун дунёдан яхшироқдир. 

5. Яқинда Парвардигорингиз сизга (шундай неъматлар) ато этурки, сиз (у илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз. 

6. (Эй Муҳаммад, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими? 

И з о ҳ. Бу ўринда Пайғамбар алайҳис-салом ёш гўдаклик чоғларида етим бўлиб қолганларида аввал боболари Абдулмутталиб, сўнгра амакилари Абу Толиб қарамоғларида тарбия топганларига ишора қилинмоқда. 

7. У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку! 

8. У зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку! 

9. Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! 

10. Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг! 

11. Парвардигорингознинг (сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида бўлса, (кишиларга доимо) сўзланг! 

И з о ҳ . Ушбу илоҳий йўл-йўриқлар фақат Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўзларига тааллуқли бўлмай, балки у зотнинг барча умматларига ҳам алоқадордир. Зеро ҳар бир иймон-эътиқодли кишининг бурчи ўзи фазлу марҳаматига муҳтож бўлган энг олий зот Аллоҳ таолонинг унга ато этган беҳисоб ноз-неъматларини эслаб, ўзига муҳтож бўлган етим-бечораларга зулм қилмай, аксинча уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрмоқдир.







94. Шарҳ сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, саккиз оятдир. 

У ҳам ўзидан аввалги сура каби бошидан охиригача Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб бўлиб, Тангри таоло томонидан у зотга ато этилган фазл-марҳаматлар зикр қилинади ва у зотни машаққатларга сабр-тоқат қилишга ҳамда Аллоҳ таолонинг ибодатига мудом рағбат кўрсатишга даъват этилади. 

Суранинг номи бўлмиш «Шарх» калимаси «Очмоқ, кенг қилмоқ» деган маънони англатади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), Биз сизнинг қалбингизни (иймон ва Қуръон нури билан) кенг-мунаввар қилиб қўймадикми? 

2-3. Ва Биз сиздан елкангизни эзиб турган оғир юкингизни олиб қўйдик.

И з о ҳ . Мазкур оғир юкдан мурод Пайғамбар алайҳис-салом йўл қўйган ва йўл қўядиган - мунофиқларнинг жиҳодга чиқмасликларига изн беришлари, олдиларига келган кўзи ожиз саҳобага қовоқ уйганлари каби кичик хатолар эдики, булар мудом оғир юк бўлиб Пайғамбаримизнинг елкаларини эзиб турар эди. Ушбу оятлар билан Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига у кишининг бу янглиғ кичик хатолари афв этилгани хусусида хабар бермоқда. Энди қуйидаги оятда Расулуллоҳга ато этилган яна бир фазли илоҳий ҳақида сўз боради. 

4. Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни мартабангизни) баланд қилиб қўйдик.

И з о ҳ . Дарҳақиқат ҳар бир мўмин-мусулмон қаерда Аллох таолонинг номини ёд этиб, У зотни улуғласа, албатта У зот билан бирга пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломнинг номларини ҳам зикр қилиб, у кишига салавот ва салом айтадики, бу мартабайи олия Пайғамбаримиздан ўзга ҳеч кимга насиб этган эмас. 

5. Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. 

6. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. 

И з о ҳ. Агар муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятларда ҳар бир машаққатдан кейин эмас, балки айни ўша машаққат билан бирга енгиллик борлиги икки бор таъкидланади. Буни икки хил маънода тушуниш мумкин: Биринчиси - ҳар бир қийинчиликдан кейин шу қадар тез осонлик келадики, гўё улар иккиси бирга, ёнма-ён тургандек бўлади. Бас, демак, қийинчиликка рўбару келганда, ноумидликка тушишнинг асло ҳожати йўқ. Иккинчи маъно - бир кишининг бошига иймон, эътиқоди сабабли бирон оғирлик тушса, у киши ҳаргиз бундан ранжимаслиги лозим. Зеро у охиратдаги осонликка - мангу саодатга айни мана шу дунёда тортаётган қийинчилиги шарофати билан, яъни мана шу қийинчиликка сабр-тоқат қилгани сабабли эришиши мумкин. Демак у киши тортаётган муваққат машаққатнинг ўзида унинг учун мангу бахт-саодат бор экан. 

7. Бас, (эй Муҳаммад), қачон сиз (кишиларни Ҳақ йўлига даъват қилишдан) фориғ бўлсангиз (ўрнингиздан) туринг. 

8. Ва ёлғиз Парвардигорингизга юзингизни буринг!  







95. Тийн сураси 


Бу сура саккиз оятдан ташкил топган бўлиб, Маккада нозил қилинган.

Унда Аллоҳ таоло яратган энг гўзал ва мукаммал хилқат инсон эканлиги, лекин айрим кимсалар куфру-исён ботқоғига ботиб, пастларнинг пастига айланиб қолишлари, бу ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан яшаб ўтган инсонлар эса беадоқ ажр-мукофотларга эга бўлишлари ҳақида сўз боради.

Сура ўзининг илк ояти билан «Ват-Тийн - Анжир мевасига қасам», деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Анжирга қасам, зайтунга қасам. 

2. (Аллоҳ таоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Сино тоғига қасам. 

3. Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Маккаи мукаррама)га қасамки. 

4. Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик. 

5. Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал хилқатнинг шукрини қилмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфала-софилинга (яъни энг тубан дўзахга) қайтардик. 

6. Фақат (қай) бир зотлар иймон келтирсалар ва яхши амаллар қилсалар, ана ўшалар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир. 

7. Бас, (эй инсон), энди (яъни Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодир зот эканлигини билганингдан сўнг) нима сени (Қиёмат кунида бандаларнинг қилиб ўтган амалларига бериладиган) жазони ёлғон дейишга мажбур қилур?! 

8. Ахир Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг адолатлиси эмасми?! (Дарҳақиқат Аллоҳ таоло Қиёмат кунида энг одил ҳукм қилгувчидир).  







96. Алақ сураси 


Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдан иборатдир. 

Суранинг ўқиб-ўрганишга ва Яратганнинг қандай зот эканини, инсоннинг нимадан яратилганини англашга даъват этувчи аввалги беш ояти заминни осмон билан боғлаб тургувчи Каломуллоҳнинг, барча инсонлар учун илоҳий дастурул-амал бўлмиш Қуръони Каримнинг илк оятларидир, Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга қилган илк илоҳий хитобидир. 

Суранинг кейин нозил бўлган оятларида инсон табиатидаги бир қусур - ўзини бой-беҳожат кўриши билан туғёнга тушиши тўғрисида сўз юритилиб, ана шундай ҳадларидан ошган кимсалар ҳали Парвардигор даргоҳига қайтиб, ҳисоб-китоб бериши борлиги ҳақида огоҳлантириладилар.

Сўнгра ўшалардан бири, ўзининг мол-дунёси ва ҳамтовоқларининг кўплигига ишониб ҳаддидан ошган ва Пайғамбаримизга тинимсиз озор-азиятлар етказган Абу Жаҳл (Жаҳолат отаси) лақабли бир малъун кофирнинг кирдикорлари келтирилиб, агар у ўзининг куфру туғёнидан қайтмаса, охир-оқибат дучор бўладиган ҳалокати ҳақида хабар берилади.

Бу сурада инсон қуюқ - лахта қондан яратилгани тўғрисида илк бора айтилгани сабабли, уни «Алақ - Лахта қон» деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парпардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! 

2. У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). 

3-4. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни - хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. 

5. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди.

И з о ҳ . Ушбу оятлар инсоният ҳаётига янги илоҳий таълимот ва то қиёмат бузилмай сақланиб қоладиган, Аллоҳ таоло юборган динларнинг энг сўнггиси бўлган мукаммал бир дин - Ислом кириб келгани ҳақидаги илк хабарлар эди. Ушбу илк оятларданоқ Ислом дини инсонларни жаҳолат-хурофотга эмас, балки илм-маърифатга чорлаши ва фақат ўқиш-ўрганиш билан Яратган рози бўладиган Ҳидоят йўлини топишга даъват этиши маълум бўлди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салом «Илм исташ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир», деб марҳамат қилганлар.

Энди қуйидаги оятларда динсиз кимсаларни мол-дунё ва мансаб-мартабалар қандай кўйларга солиши ҳақида хабарлар берилади. 

6-7. Дарҳақиқат (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар. 

8. (Эй инсон), албатта ёлғиз Парвардигорингга қайтишинг бордир! (Ўшанда бу туғёнларинг учун ҳисоб-китоб қилиниб, жазоланишинг аниқдир)! 

9-10. (Эй инсон), бир бандани (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) намоз ўқиган вақтида (намозидан) тўсадиган кимсани кўрдингми?! 

11-12. Хабар бергин-чи, агар у (намоз ўқигувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса (уни намоздан ва тақводан тўсган кимса ҳалок бўлмасми)? 

13-14. Хабар бергин-чи, агар у (намоздан тўсгувчи кимса Аллоҳнинг китобини) ёлғон, деса ва (у Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса, албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! 

И з о ҳ . Бу оятлар Қурайш зодагонларидан бўлган Абу Жаҳл лақабли ашаддий кофир бир кимса ҳақида нозил бўлгандир. У Пайғамбаримизни Масжид-ал-Харомда намоз ўқишларидан тўсиб: «Агар Муҳаммад яна шу ерга келиб намоз ўқийдиган бўлса, унинг бўйнини эзиб, юзини тупроққа белайман», деб ўзининг бутлари номига қасам ичади. Юқоридаги оятларда бу кофирнинг барча қилмишларини Аллоҳ таоло кўриб тургани айтилгач, энди қуйида агар у бундай бемаъниликларини тўхтатмаса, қандай азобга гирифтор бўлиши ҳақида хабар берилади:

15-16. Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан - ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да, (жаҳаннамга отурмиз)! 

17. Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! 

18. Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз! 

19. Йўқ! (Эй Муҳаммад), сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У зотга) яқин бўлинг! 

И з о ҳ . Ушбу ояти карима Қуръондаги сўнгги сажда ояти бўлиб, бу оятни ўқиган ёки эшитган киши бир марта Аллоҳ таолога сажда қилиши вожиб бўлади. Бу оятдаги хитоб гарчи пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломга қаратилган бўлса-да, унинг ҳукми барча мусулмонлар учун умумий бўлган ҳукмдир. Бинобарин, Яратганга ибодат қилишдан тўсадиган бирон кимсага итоат этмасдан, ёлғиз Аллоҳ таологагина сажда қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.








97. Қадр сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, беш оятдан иборатдир.  

Унда сўз инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида - инсонларга бу ҳаёти-дунёдан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастурул-амал бўлмиш Қуръони Карим нозил бўла бошлаган ниҳоят қадрли бир Кеча ва унинг фазилатлари ҳақида боради.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. 

2. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз? 

3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

И з о ҳ . Демак у кечада қилинган тоат-ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади. Биз бу кечанинг баракоти ҳақида «Духон» сурасининг 2-5 оятлари таржимаси ва изоҳида айтиб ўтган эдик. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, Қадр кечаси рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. 

4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. 

5. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир.  







98. Баййина сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган. У саккиз оятдир. 

Бу сурада сўз аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийларнинг ҳамда мушрикларнинг кирдикорлари ҳақида; ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига ихлос билан ибодат қилиш лозимлиги тўғрисида ва охиратда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда иймон ва яхши амал билан ўтган зотларга муяссар қилинадиган мангу бахт хусусида боради. Сурадан Пайғамбар алайҳис-салом Аллоҳ таоло томонидан юборилган аниқ ҳужжат эканликлари ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олгани сабабли бу сура «Баййина - Аниқ ҳужжат», деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ахли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар то уларга очиқ ҳужжат келгунича (куфрдан) ажрагувчи бўлмадилар. 

2-3. (У очиқ ҳужжат) Аллоҳ томонидан (юборилган) бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салом бўлиб, уларга) ичида энг тўғри ёзувлар - ҳукмлар бўлган покиза саҳифаларни (яъни Қуръонни) тиловат қилур. 

И з о ҳ. Аллоҳ таолонинг сўнгги, мукаммал дини бўлмиш Ислом дини келиши арафасида Таврот, Инжил каби аввал нозил қилинган китоблар берилган яҳудий ва насронийлар ҳам, бутпараст мушриклар ҳам куфр ботқоғига ботиб қолишган, аҳли китоблар Таврот ва Инжилда келиши айтилган бир пайғамбарга кўз тутаётган эдилар. Қачонки улар кутган ҳужжат - пайғамбар алайҳис-салом тилларида Аллоҳнинг каломи Қуръон билан келганларида эса... 

4. Китоб ато этилган кимсалар фақат уларга очиқ ҳужжат - пайғамбар келганидан кейингина бўлиниб кетдилар (яъни айримлари ўша ўзлари кутган пайғамбарга иймон келтирдилар, айримлари эса унга кофир бўлдилар)! 

5. Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир. 

6. Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар. 

7. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар - ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. 

8. Парвардигорлари ҳузуридаги уларнинг жазо-мукофотлари - остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолгувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар хам (Аллоҳдан) рози бўлдилар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир.








99. Залзала сураси 


Саккиз оятдан иборат бу сура ҳам Мадинада нозил бўлгандир. «Залзала» (Зилзила) деб номланган бу сура дастлаб Қиёмат қойим бўлган кунда замин зилзилага тушиб, титраб-ёрилиб, тилга кириши ҳақида ҳикоя қилади. 

Сўнгра у Кунда ҳаёти-дунёда қилиб ўтилган бир зарра мисоли яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бежазо қолмаслиги баён қилинади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Қачон ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида. 

2. Ва ер (ўз бағридаги хазинаю-дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида. 

3. Ва (ҳаётлик пайтида қайта тирилишни инкор қилгувчи бўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: «Ерга» нима бўлди ўзи?) деб қолганида, 

4-5. Ана ўша Кунда ер, Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!

И з о ҳ. Саҳобалардан Абу Хурайра (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салом ернинг хабарлари нима эканлиги ҳақида сўзлаб: «Ернинг хабарлари - ҳар бир эркагу-аёл унинг устида қандай амал қилган бўлса, барчасини Аллоҳ таоло ҳузурида сўзлаб, гувоҳлик беришидир», деган эканлар.

6. Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! 

7. Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. 

8. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!








100. Одийат сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура ўн бир оятдан иборатдир. 

Бу сурада Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилгувчи зотлар жангга миниб борадиган учқур отларга қасамёд қилиш билан динсиз-эътиқодсиз инсонлар албатта Яратган ўзларига ато этган неъматларга ношукурлик қилгувчи, ашаддий дунёпараст бўлишлари таъкидланади ва Тангри таоло барча ишлардан хабардор бўлиб туриши, демак бирон ёмонликни бежазо қолдирмаслиги уқтирилади. 

Сура ўзининг илк ояти билан «Вал-Одийат - Чопқир отларга қасам», деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3-4-5. (Аллоҳ йўлида) харсиллаб чопадиган, (чопган пайтида туёқларидан) чақмоқлар чақадиган, тонг пайтида (ёв устига) бостириб борадиган, бас, ўшанда чанг-тўзон кўтариб, шу (чанг-тўзон) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб келадиган (от)ларга қасамки. 

6. Шак-шубҳасиз (кофир) инсон Парвардигори (унга ато этган неъматлар)га кўрнамаклик қилгувчидир. 

7. Ва шак-шубҳасиз у бунга (ўзининг бу ношукурлигига) гувоҳдир. 

8. Ва шак-шубҳасиз у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир. 

9. Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида, 

10. Ва диллардаги сирлар ошкор қилинганида, 

11. Ана ўша Кунда шак-шубҳасиз Парвардигорлари улардан (яъни барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) огоҳ-хабардор-ку! 

И з о ҳ. Бу оятларда Қиёмат кунида барча сирлар ошкор бўлишини эслатиш билан ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўша Кунда шарманда бўлиб қолмайдиган тарзда ўтказиши лозим эканлиги уқтирилмоқда.  







101. Қориъа сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура ҳам ўн бир оятдан ташкил топгандир. 

Бу сурада ҳам Қиёмат даҳшатлари тасвирланиб, у Кунда ҳар бир инсон ўз қилмишига қараб мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлиши ҳақида хабар берилади. 

Суранинг номи бўлмиш «Ал-қориъа» калимаси «Қалбларни қаттиқ қоққувчи (Қиёмат)» деган маънони англатади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоққувчи (Қиёмат)! 

2. У қаттиқ қоққувчи недур?! 

3. (Эй инсон), қаттиқ қоққувчи (Қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! 

4. У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар! (Яъни қабрларидан чиқишиб, Қиёмат даҳшатидан ўзларини ҳар ёнга уриб-тўзиб кетадилар)! 

5. Тоғлар эса титилган жун каби (осмонда учиб юрадиган) бўлиб қолур! 

6-7. Бас, энди (у кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (ҳар бир инсон) рози бўладиган - орзу қиладиган ҳаётда бўлур. 

8-9. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи «жарлик»дир! 

10. Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?! 

11. (У) қизиган дўзахдир!







102. Такосур сураси 


Бу сура Макка сураларидан бўлиб, саккиз оятдан ташкил топгандир. 

Бу сурада кўп одамларнинг то жонлари чиқиб, қабрларига киргунларича мол-дунё тўплашга ва ўша арзимас матолар билан бир-бирларига мақтанишга машғул бўлишиб, Аллоҳни эслашдан ва У зот буюрган Ҳақ йўлда юришдан юз ўгирганлари баён этилади ва уларга бу қилмишларининг оқибати жаҳаннам экани тўғрисида хабар берилади. 

Сура «Такосур - тўплаб кўпайтиришга берилмоқ», деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. (Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди!

И з о ҳ . Дарҳақиқат, бутун ҳаётларида Аллоҳ таолога бирор кун ибодат қилмасдан мол-дунёга сиғиниб ўтадиган кимсалар жуда кўпдир. Бу хусусда Пайғамбаримизнинг Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадислари ўта ибратлидир: «Маййитнинг-ўликнинг ортидан уч нарса эргашиб боради ва кейин у учовидан иккиси қайтиб кетади, бири эса ўлик билан бирга қолади - унга бола-чақаси, мол-дунёси ва шу дунёда қилган амаллари эргашиб боради-да, сўнгра бола-чақаси ва мол-дунёси яна қайтиб кетади, Қилиб ўтган амаллари эса у билан бирга қабрда қолади». 

3. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар! 

4. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. 

5. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)! 

6. Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар! 

7. Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар! 

8. Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар.








103. Аср сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, уч оятдан иборатдир. 

Қуръони Каримдаги энг қисқа суралардан бири бўлган бу сурада Аллоҳ таоло Аср намозининг вақтига қасам билан, инсоният ҳақиқий бахт саодатга эришиш учун тўрт нарсага - иймонга, эзгу амалга, Ҳақ йўлга ва шу йўлда чекиладиган машаққатларга сабр-тоқат қилишга муҳтож эканлигини таъкидлайди. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. 

3. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар).






104. Ҳумаза сураси 


Тўққиз оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлгандир.

Унда тўплаган мол-дунёлари билан қувонишиб, ўша моллари ўзларини ҳар қандай бало-офатдан сақлайди, деб ўйлайдиган ва ҳадларидан ошиб бировларнинг обрўларини тўкиб юрадиган ғийбатчи-бўҳтончи кимсалар албатта дўзах азобига дучор қилинишлари ҳақида сўз юритилади,

Суранинг номи бўлмиш «Ҳумаза» сўзи «Бўҳтончи» деган маънони англатади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай. 

2-3. Ки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўйган, деб ўйлаган ҳолида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунё)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир. 

4. Йўқ, (унинг бу ҳисоб-китоби бекордир)! Қасамки, албатта у чилпарчин қилгувчи (дўзах)га ташланур! 

5. (Эй инсон), чилпарчин қилгувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! 

6-7. (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур! 

8-9. Албатта (у кофирлар) узундан-узун устунларга (занжирлар билан) боғлаб қўйилган ҳолларида олов уларнинг устида қопланиб қолгувчидир (яъни, на улар жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа олурлар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво қилур)!







105. Фил сураси 


Бу сура беш оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир.

У Каъбатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида келганлари сабабли Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок бўлган «Асҳоби фил - Фил минган лашкарлар» ҳақида сўзлайди. Бу воқеа Тангри таолонинг энг сўнгги ва энг суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳис-салом таваллуд топган милодий 570 йилда рўй берган бўлиб, саноқсиз лашкар билан, қудратли филларга миниб, Аллоҳнинг уйини бузиш учун Яман ҳокими Абраха бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ таоло Ўзининг ожиз махлуқлари бўлмиш қушлар тумшуқларида келтирган майда тошлар билан ҳалок қилади ва Каъбатуллоҳни яқинда туғилажак пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом учун, келажак янги дин, янги уммат учун сақлаб қолади. Кейин, ҳазрат дунёга келиб, вояга етгач ва у кишига Қуръон оятлари нозил бўла бошлагач, ўша илоҳий мўъжиза то Қиёматгача Каъбатуллоҳ томон юзланиб ибодат қилгувчи мўминларга ибрат, Аллоҳнинг динига қарши тургувчи кофирларга эса бир аччиқ сабоқ бўлиши учун у ҳақда мана шу сураи карима нозил қилинди.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? 

2. У зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини баробод қилмадими? 

3-4. У зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, 

5. Уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!

И з о ҳ . Ривоят қилинишича, қушлар томонидан отилган ҳар бир тош бир кофирнинг бошидан тешиб кириб, остидан чиқиб кетган экан.






106. Қурайш сураси 


Бу сура Макка сураларидан бўлиб, тўрт оятдир. Бу сурада пайғамбар алайҳис-саломнинг қабилалари бўлмиш Қурайш қабиласига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган икки улуғ неъмат - тинчлик-омонлик ва тўқлик-фаровонлик неъматлари зикр қилиниб, қурайшликларни мана шундай роҳат-фароғатда яшашларига сабабчи бўлган Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишга даъват этилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Қурайшга осон қилиб қўйилгани - уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учунгина. 

3. Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! 

4. У зот уларни очлиқдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди.

И з о ҳ. Яъни Қурайшга Аллоҳ таоло томонидан жуда кўп неъматлар ато этилгандир. Агар улар бошқа неъматлар учун Аллоҳ таолога ибодат қилмасалар ҳам, уларга тижорат, олди-сотди қилсинлар, деб қишда Яманга, ёзда эса Шомга сафар қилишлари осон қилиб қўйилгани ва улар бу сафарлардан доимий равишда фойдаланиб келаётганлари учун мана шу Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишлари лозимдир. Чунки айни мана шу Байтуллоҳнинг шарофатидан атроф-жавонибдаги одамлар қурайшликларга тегмайдилар ва: «Қурайш қабиласи Байтуллоҳнинг қўшниларидир. Ким уларга бирон зиён етказса, худди Абраха ва унинг қўшинига ўхшаб мана шу Уйнинг эгаси бўлган Аллоҳ таолонинг ғазабига учрайди», дейдилар. Демак Қурайш одамлари сафар-саёҳатларида бирон кимса уларга зиён бермай, тинчлик ва тўкин-сочинликда яшаётганлари учун мана шу Байтуллоҳдан ва унинг эгаси бўлмиш Тангри таолодан қарздордирлар. Бас, улар У зотга ибодат қилиш билан ўзларига ато этилган неъматнинг шукрини адо этсинлар!








107. Моъун сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил бўлган. У етти оятдир. 

Бу сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритилиб, айрим ўзларини диндор ҳисоблаб юрган, лекин атрофларидаги етим-ғарибларга дилозорлик қиладиган, бечора-мискинларнинг ҳолидан хабар олмайдиган кимсаларни динни (яъни қилинган ҳар бир иш-амал учун охиратда ҳисоб-китоб, жазо бор эканини) инкор қилгувчилар деб аталади. 

Шунингдек, бу сурада ўзлари ёлғиз бўлганларида намоз ўқишни «унутиб» қўядиган ва фақат эл кўрсинга намозхон бўлган ҳамда қўни-қўшни, ҳамсоялардан одатда ўртада ишлатиладиган энг арзимас рўзғор буюмларини ҳам аяйдиган риёкор ва хасис кимсалар ҳақига дуойи бад қилинади ва бу билан етим бечораларга мудом ёрдам қўлини чўзадиган, тоат-ибодатини ёлғиз Яратганнинг ризолигини кўзлаб, бериё қиладиган хайр-саховатли зотларгина ҳақиқий мўмин-мусулмонлар эканлиги таъкидланади. 

Суранинг номи бўлмиш «Моъун» калимаси - идиш-товоқ, болта-теша каби майда рўзғор буюмлари деган маъноларда келади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Динни (охиратдаги жазони) ёлғон, дейдиган кимсани(нг қандай кимса эканлигини) кўрдингизми - билдингизми? 

2-3. Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир. 

И з о ҳ. Яъни кимки "иймон келтирганман" деса-ю, аммо етим-есирнинг ҳаққидан қўрқмаса, бечора-мискинларнинг бошини силаб меҳрибонлик қилмаса, у динни инкор қилгувчи кимсалар билан баробардир. 

4-5. Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки. 

6-7. Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) манъ қиладиган (яъни бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!







108. Кавсар сураси 


Уч оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил қилингандир.  

Қуръони Каримдаги энг ихчам сура бўлган бу сурада пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиниб, Аллоҳ таоло у кишига ато этган буюк неъмат - жаннатдаги Кавсар ҳовузи зикр этилади ва бу билан бирга ана шундай илоҳий мукофотга етишнинг барча воситалари - Қуръон, пайғамбарлик ато этилгани таъкидланиб, ҳазратни бундай илоҳий марҳаматнинг шукронаси учун намоз ўқишга ва қурбонлиқ қилишга даъват этилади.

Сўнгги оятда эса кимда-ким пайғамбар алайҳис-саломни ёмон кўриб, душманлик қилса, ана ўша кимса беному нишон йўқ бўлиб кетиши ҳақида башорат берилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Эй Муҳаммад), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик.  

2. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!  

3. Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беному-бенишон бўлиб кетгувчидир)!








109. Кофирун сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, олти оятдир. 

Бу сурада Ислом дини кучайиб, тарқалиб кетаётганини кўриб, хавотирга тушиб қолган кофирлар пайғамбар алайҳис-саломни ҳам, саҳобаларни ҳам бу Тўғри йўлдан чалғитиш ғаразида у кишининг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, кел, бизлар сенинг худойингни тан олиб, унга ҳам ибодат қилайлик, сен ҳам ўз худойингга қўшиб, бизларнинг бутларимизга ҳам сиғингин», дейишганида нозил бўлгандир. Бу сурадан кўзда тутилган мақсад - Пайғамбар алайҳис-саломни ҳам, у зотнинг то Қиёматгача келадиган барча умматларини ҳам кофирларнинг бундай найрангларига учмасликка ва ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилишга даъват этишдир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар! 

2. Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман. 

3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. 

4. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилгувчи эмасман. 

5. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. 

6. Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир!»  








110. Наср сураси 


Мадинада нозил бўлган бу сура уч оятдан иборатдир. Унда пайғамбаримизга ва барча мўмин мусулмонларга Аллоҳ таоло Ўз динини барча динлардан ғолиб қилган Кунга гувоҳ бўлганларида берган мадад ва ғалабаси учун Аллоҳга ҳамду тасбеҳ айтиш ва У зотдан мағфират сўраб, тавба-тазаррулар қилиш таълим берилади. Сура «Наср-Ёрдам» деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Эй Муҳаммад), қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса, 

2. Ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, 

3. Дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У зотдан мағфират сўранг! Зеро У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган зотдир. 

И з о ҳ. Ушбу сураи каримада мўмин-мусулмонларнинг вазифаси имконлари борича диннинг равнақи йўлида саъй-ҳаракат қилиш эканига, ғалабани эса ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи беришига ишора бор.







111. Масад сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, беш оятдир. 

Бу сурада гарчи ўзи пайғамбар алайҳис-саломга амаки бўлса ҳам, пайғамбаримизга ҳаддан ташқари азийятлар етказган «Абу Лаҳаб - дўзах ўтининг отаси» деган лақабга эга бўлган бир ашаддий кофир ва куфрда ундан қолишмайдиган унинг хотини ҳақида сўз юритилади.

Сура «Масад - Пишиқ тола» деб аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай - ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди - ҳалок бўлди! 

2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 

3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак! 

И з о ҳ. Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил доимо кишиларни пайғамбар алайҳис-саломга қарши гиж-гижлаб, уларнинг ўртасида адоват ўтини ёқиб юргани сабабли, Қуръон уни «ўтин орқалаган» деб сифатлади ва дўзахга ҳам эри билан бирга худди ўша ҳолида кириши ҳақида хабар берди.








112. Ихлос сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил бўлган. У тўрт оятдир. Бу буюк сура мўминларга Аллоҳ таолони қандай танишни ва У зотга қандай ихлос-эътиқод қилишни ўргатади. 

Бу сура бир гуруҳ Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келишиб, Аллоҳнинг таъриф-тавсифини қилиб беришни сўрашганида, ўшаларга жавобан нозил бўлгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У - Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир).  

2. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). 

3. У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир).  

4. Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир».  








113. Фалақ сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, беш оятдир. Ушбу ва бундан кейинги сура «Ал-Муаввазатайн», яъни «икки паноҳ сўралгувчи сура» деб ҳам аталади. Чунки ҳар икки сурада Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга еру осмондаги барча ёмон нарса ва ҳодисалардан ёлғиз Ўзига илтижо қилиб паноҳ сўрашларини таълим беради. 

Бу сура ўзининг илк оятидаги сўз билан «Фалақ - Тонг» деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1-2-3-4-5. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан; зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан, тугунларга дам солгувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман».  







114. Нос сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган. У олти оятдан иборатдир. Бу сура, айтиб ўтилганидек, ўзидан аввалги суранинг узвий давомидир. 

Бу сурада жинлар ва инсонлардан бўлган, кишиларни васвасага солиб, йўлдан урадиган «шайтон»ларнинг ёмонлигидан ёлғиз Парвардигорга сиғиниб паноҳ сўраш лозимлиги уқтирилади. 

Сура ўзининг илк оятидаги сўз билан «Ан-нос - Инсонлар» деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3-4-5-6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман».



Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов