"."
Меню

Есин-Вас-саффот-Сод-Зумар-Гофир-Фуссилат-Шуро-Зухруф-Духон суралари

36. Ёсин сураси 

Саксон уч оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир. 

У Қуръони Каримга қасам-ла Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлаш билан бошланиб, сўнгра у Зотни ёлғончи қилган Қурайш кофирлари ва уларнинг топажак оқибатлари ҳақида хабар беради. 

Бу сурада Аллоҳ таолонинг Антокия шаҳрига юборган элчилари ва шаҳар аҳли уларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлганлари тўғрисида ҳамда ўша ердаги иймон келтирганлиги шарофатидан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган Ҳабиб ан-Нажжор исмли бир солиҳ банда ҳақида ҳикоя қилинади. 

Яна бу сурада ўқувчи эътибори кеча билан кундузнинг алмашиб туришидаги; ой ва қуёшдек буюк сайёраларнинг бирон сония тиним билмасдан ўз фазоларида ўта нозик интизом билан айланиб туришларидаги Яратганнинг қудратига далолат қиладиган жиҳатларга қаратилади. 

Бу сурада иймон ва тақво аҳли учун ҳозирлаб қўйилган жаннат манзаралари ниҳоятда жонли лавҳаларда чизиб берилади ва кофирларнинг тиллар соқов бўлиб, қўллар тилга кирадиган, оёқлар гувоҳлик берадиган қиёмат кунидаги аҳволлари бутун даҳшати билан баён қилинади. 

Сура ўзининг илк ояти «Ёсин» номи билан аталган бўлиб, унинг Қуръони Каримда тутган ўрни - мартабаси ҳақида пайғамбар алайҳис-саломдан мана шундай ҳадиси шариф ривоят қилингандир. У зот: «Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби «Ёсин»дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар кишининг қалбида бўлишини истар эдим» деган эканлар. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Ё, Син. 

2-3-4. (Эй Муҳаммад, ушбу) ҳикматли Қуръонга қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз сиз Тўғри йўл (яъни ҳақ дин) устидаги пайғамбарлардандирсиз. 

5-6. (Бу Қуръон) ота-боболари (бирон пайғамбар орқали охират азобидан) огоҳлантирилмасдан, ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун қудратли ва меҳрибон зот томонидан нозил қилингандир. 

7. Аниқки уларнинг кўпларига Сўз (яъни азоб ҳақидаги ҳукм) ҳақ бўлгандир. Бас улар иймон келтирмаслар. 

8. Дарҳақиқат Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас улар ғўдайиб қолдилар (яъни улар Ҳаққа эгилмаслар). 

9. Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ - парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас улар кўра олмаслар. 

10. (Эй Муҳаммад), сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми уларга баробардир - иймон келтирмаслар. 

11. Сиз фақат эргашган ва ғойибда (яъни, кўрмай) туриб, Раҳмондан қўрққан кишиларнигина огоҳлантира олурсиз. Бас ўша (кишиларга) мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг! 

12. Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг қилган амалларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз. 

13. (Эй Муҳаммад), сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини - у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг! 

И з о ҳ . Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз Ҳақ йўлига даъват қилиш учун Ийсо алайҳис-салом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилган элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган Антокия ахли ҳақида боради. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантиради. 

14. Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда, у иккисини ёлғончи қилишгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас (уччала элчи Антокия аҳлига): "Дарҳақиқат биз сизларга (юборилган) элчилармиз", деган эдилар. 

15. Улар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Рахмон (яъни Аллоҳ) бирон нарса - ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар», дедилар. 

16. (Элчилар) айтдилар: "Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз сизларга (юборилган) элчилардирмиз. 

17. Ва бизларнинг зиммамизда (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказиш бордир". 

18. Улар дедилар: «Ҳақиқатан бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар албатта сизларни тошбўрон килурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар». 

19. (Элчилар) айтдилар: «Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилинглар). Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб дўқ-пўписа қилурмисиз)?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!» 

20. (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: «Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! 

21. Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!» 

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва саҳоватли - бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини ҳақ йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтади. Бу сўзларни эшитган қавми: «Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!» деганларида, 

22. У айтди: «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар. 

23. Мен У зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг оқловлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Аллоҳнинг азобидан) қутқара олмаслар. 

24. У ҳолда мен шак-шубҳасиз очиқ залолатда бўлурман. 

25. Ҳақиқатан мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган) Парвардигорингизга иймон келтирганман. Бас мени тинглангиз!» 

26-27. (Лекин жохил қавм Ҳабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини билсалар эди». 

28. Биз (Ҳабиб ан-Нажжорни ўлдирганларидан) кейин унинг устига (уларни ҳалок қилиш учун) осмондан бирон қўшин (яъни азоб фаришталарини) туширмадик, Биз (ҳеч нарса) туширгувчи бўлмадик. 

29. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар «ўчиб» қолдилар. 

30. (Аллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларга озор-азият етказадиган барча) бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулгувчи бўлурлар. 

31. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилганимизни - ўшалар уларнинг олдига (яъни бу дунёга) қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?! 

32. Ҳеч шак-шубҳасиз (уларнинг барчалари (қиёмат кунида) тўплангувчи, Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар. 

33. Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир - Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик. Бас улар ўша (дон) дан ерлар. 

34. Яна Биз у (ер)да хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва унда булоқларни оқизиб қўйдик. 

35. Токи (одамлар ўша боғларнинг) мевасидан есинлар учун (шундай қилдик). Ҳолбуки у (мевалар)ни улар (қўллари билан) қилмаган - ясаб олмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?! 

36. Ер ундириб-ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) пок зотдир. 

И з о ҳ . Мазкур оятда Аллоҳ таоло коинотдаги барча нарсани жуфт қилиб яратгани уқтирилди. Энди қуйидаги оятларда ана ўша жуфтлардан кеча ва кундуз ҳамда қуёш ва ой ҳақида сўз юритилиб, улардан ҳар бири Буюк Илоҳий қудратга далолат қиладиган оят-аломатлардан экани таъкидланади. 

37. Кеча ҳам улар учун (бизнинг қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар. 

38. Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу қудратли ва билгувчи зотнинг тақдири - ўлчовидир. 

И з о ҳ . Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» қиёмат куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади, Фақат қудратли ва доно зот - Аллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур. 

39. Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўгандирмиз. 

И з о ҳ . Дарҳақиқат ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартибда такрорланади, Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади. 

40. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур. 

И з о ҳ . Яъни то қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир. 

41. Биз уларнинг авлод-зурриётларини (Нуҳ пайғамбар билан бирга одамлар ва турли жониворларга) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфон балосидан нажот берганимиз) улар учун (Бизнинг қудратимизни кўрсатадиган) яна бир оятдир. 

42. Яна Биз улар учун худди Ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарсаларини (яъни катта-кичик кемаларни) ҳам яратдик. 

43. Агар Биз хохласак уларни ғарқ қилурмиз-да, сўнг улар учун бирон ёрдамчи бўлмас ва улар (ҳалокатдан) қутқазилмаслар. 

44. Магар Биз томондан бўлган марҳамат сабабли ва (маълум) бир вақтгача (яъни ажаллари етгунча ҳаёт неъматларидан) баҳраманд бўлишлари учун (уларга бало-қазолардан нажот берилур). 

45. Қачон (мушриклар)га: «раҳматга эришишларингиз учун олдиларингиздаги (дунё фитналаридан) ва ортингиздаги (охират азобидан) қўрқинглар», (яъни иймонга келинглар) дейилса (улар қулоқ солмаслар). 

46. Уларга Парвардигорнинг оятларидан бирон оят келмас, магар улар (ўша оятлнрдан) юз ўгиргувчи бўлурлар. 

47. Қачон уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар», дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Агар Аллоҳ хоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берурмизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз очиқ залолатдадирсизлар», дерлар. 

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?» - дерлар. 

49. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни ҳалок этар). 

50. Бас улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар. 

51. (Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. 

52. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса Қиёматдир». 

53. Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар. 

54. Мана бу Кунда ҳеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз сабабли жазоланурсиз. 

55. Шак-шубҳасиз жаннат эгалари бу Кунда ўзлари истаган (орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар. 

56. Улар ўз жуфтлари билан бирга барча соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирурлар. 

57. Улар учун у жойда (ҳар турли) мева-чева мавжуддир ва улар учун чорлаган - истаган нарсалари ҳозирдир. 

58. (Уларга) Меҳрибон Парвардигори томонидан салом айтилур. 

И з о ҳ . Ҳадиси шарифда ворид бўлишича «Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... «Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат», деб турган Парвардигори оламни кўрурлар». Жаннат эгалари етажак саодати абадийя зикр қилингач, энди дўзахиларнинг топажак азоб уқубатлари ҳақида хабар берилади. 

59. Эй жиноятчи кимсалар, мана бу Кунда (мўминлардан) ажралинглар! 

60-61. Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?! 

62. Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритгувчи бўлмадингизларми?! 

63. Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир! 

64. Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз! 

65. Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида - уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. 

66. Агар Биз хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар. 

67. Агар Биз хоҳласак, уларни турган жойларида (маймун, тўнғиз ёки тош каби) бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир эмаслар, (ортларига ҳам) қайта олмаслар. 

И з о ҳ. Ушбу икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таоло ҳаётларини куфру исён билан ўтказган кимсалар ҳақида «Агар биз истасак уларнинг кўзларини кўр қилиб, йўлларини топа олмайдиган қилиб кўйишимиз ёки уларни инсонликдан чиқариб бутунлай бошқа нарсаларга айлантириб қўйишимиз мумкин эди. Аммо Биз уларни Тўғри йўлга юрсинлар ва тавба-тазарруъ қилсинлар деб инсонликларида қолдирган эдик. Лекин улар ўз динсизликларидан қайтмадилар ва оқибат-натижада жаҳаннам эгалари бўлиб қолдилар», дейди ва бу билан ҳали-ҳануз ҳаёти дунёда бўлган кишиларни огоҳлантиради. 

68. Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан - ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат олмайдиларми)?! 

69-70. (Муҳаммадга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. 

И з о ҳ. Зотан Муҳаммад алайҳис-салом модомики Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбар эканлар, демак фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз кўтаринкилиги, муболағалари билан (яъни ўз табиати билан тўла маънодаги) ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс шоирларнинг эътирофларича ҳам, шеърнинг энг ширини энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига бир умр амал қилиб ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, охират диёри ҳақида хабар берадиган пайғамбар шоир бўлиши дуруст эмасдир. 

(Муҳаммад тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз - азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир. 

71. Ахир улар, Биз учун Ўз (қудрат) қўлимиз билан қилган нарсаларни - чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни - кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. 

72. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир. 

73. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?! 

74. (Йўқ, улар шукр қилмадилар, балки) Аллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида (ўзга) «худо»ларни тутдилар. 

75. Улар ўша («худо»лари) учун ҳозирланган қўшинлари бўлган ҳолларида хам у («худо»лар) уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар. 

76. Бас (эй Муҳаммад), сизни уларнинг сўзлари ғамгин қилмасин! Зотан Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билурмиз. 

77. Инсон Биз уни нутфадан, бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! 

78. У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. 

79. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билгувчидир». 

80. У сизлар учун ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилган зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар. 

81. Осмонлар ва ерни яратган зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина яратгувчи ва билгувчидир. 

82. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур - вужудга келур. 

83. Бас барча нарсанинг эгалиги Ўз қўлида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) пок зотдир. Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.






37. Соффат сураси 


Маккада нозил бўлган бу сура бир юз саксон икки оятдир.

Иймон-эътиқод ва ундан етадиган фойдалар, куфру-исён ва унинг зиёнлари ҳақида сўзловчи бу сура Аллоҳ таолонинг амру-фармонига мудом мунтазир бўлиб турадиган зотлар ҳақида зикр қилиниши билан бошланади.

Сўнгра жинлар тўғрисида сўз юритилиб, айрим нодон кимсаларнинг «Жинларнинг Аллоҳга яқинлиги бор», деган афсоналари кескин рад этилади.

Бу сурада охират ҳаёти - жаннат аҳли мушарраф бўлган бахт-саодат, дўзахилар дучор этилган азоб-уқубат ҳақидаги жуда жонли лавҳалар мазкурдир.

Шунингдек, бу сурада ҳам Тангри таолонинг бир неча пайғамбарларининг қиссалари баён қилинади ва уларнинг барчалари «чиройли амал қилгувчи» бандалар бўлганликлари уқтирилади. Хусусан Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ таоло томонидан ўз ўғиллари Исмоилни қурбон қилишга буюрилишлари ва уларнинг ҳар иккиси Яратганнинг амрига қулоқ қоқмай итоат этгач чоғларида Тангри таоло жаннатдан бир қўчқор тушириб, Исмоил алайҳис-саломнинг ўрниларига ўшани сўйишга буюргани хусусидаги хабар билан иймон ва имтиҳон ҳақида ибратли мисол келтирилади.

Қуръони Каримдаги бир неча сураларни Аллоҳ Ўзи яратган айрим маҳлуқоти номига қасам билан бошлайди. Бу сура ҳам Яратганнинг барча буйруқларини дарҳол ижро этиш учун саф тортиб турадиган ҳақиқий иймон-эътиқод эгалари номига қасам ичиш билан бошлангани сабабли у «Ва-с-Соффат - Саф тортиб тургувчиларга қасам», деб аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3-4. (Аллоҳ йўлида) саф тортиб турадиган, (Аллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўлларидан) мудом тўсадиган, (Аллоҳнинг каломини) доимо тиловат қиладиган (инсонлар ва фаришталардан иборат барча) зотларга қасамки, шак-шубҳасиз сизларнинг илоҳингиз ягонадир.

5. (У зот) осмонлар, ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир.

6. Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик.

7. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан - жиндан сақладик.

8-9. У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар ва (уларни) ҳайдаш учун уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур. Улар учун (охиратда) доимий азоб бордир.

10. Магар бирон марта (бирон сўзни) илиб олган кимса (яъни жин) бўлса, уни ҳам учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок этар)

11. Бас (эй Муҳаммад, Макка кофирларидан) сўранг-чи, улар(ни) яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними?! (яъни, фаришталар ва еру осмондаги барча мавжудотни яратиш одамзотни яратишдан оғирроқ эмасми?!) Зотан Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳис-саломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз.

12. Балки сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдадирсиз, (аммо) улар (сизнинг охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қилурлар.

13. Уларга (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар.

14. (Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) бирон оят-мўъжизани кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қилурлар.

15. Ва дерлар: «Бу фақат очиқ-равшан сеҳрдир.

16. Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилгувчи эканмизми?!

17. Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?! »

18. (Эй Муҳаммад, сиз уларга) айтинг: «Ҳа! Сизлар хор-зор бўлган ҳолингизда (албатта қайта тирилурсизлар)».

19. У (яъни қайта тирилиш) фақатгина фаришта Исрофилнинг сури билан чалинган бир қичқириқдир холос, бас баногоҳ улар (қайта тирилиб, «кунларини») кўрурлар.

20. Ва «Эй, ўлим бўлсин бизларга! Бу жазо-қиёмат куни-ку!» деб қолурлар.

21. Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир.

22-23. (Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар.

24. (Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.

25. (У Кунда кофирларга дейилар): «Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!»

26. Йўқ, улар бу Кунда (ҳеч нарса қила олмаслар, (балки фақат Бизнинг ҳукмимизга) бўйинсунгувчидирлар.

27. Уларнинг бировлари бировларига қараб савол-жавоб қилурлар:

28. (Эргашувчилар ўзларини йўлдан урган пешволарига): «Ҳақиқатан сизлар бизларга ўнг томондан (яъни бизлар ишониб яхшилик кутадиган томондан) келар эдинглар», деганларида.

29. (Пешволар) айтурлар: «Йўқ, сизлар ўзларингиз мўмин бўлмаган эдинглар.

30. Ахир бизлар учун сизларнинг устингизда бирон салтанат - ҳукмронлик - йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз ҳаддан ошгувчи қавм эдинглар.

31. Бас энди (бизларга ҳам, сизларга ҳам) Парвардигоримизнинг Сўзи - азоби ҳақ бўлди. Шак-шубҳасиз, бизлар (уни) тотгувчидирмиз.

32. Чунки бизлар йўлдан озгувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан урдик».

33. Бас албатта улар (яъни Аллоҳ йўлидан озган кимсалар ва уларни йўлдан урган пешволари) ўша Кунда азобда шерик бўлгувчидирлар.

34. Дарҳақиқат Биз жиноятчи кимсаларни (мана шундай) азобга дучор қилурмиз.

35. Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар.

36. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар.

37. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салом асло шоири мажнун эмасдир, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди.

38. (Эй жиноятчи кимсалар), сизлар шак-шубҳасиз аламли азобни тотгувчидирсизлар.

39. Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингиз сабабли жазоланурсизлар.

40. Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки;

41. Ана ўшалар учун маълум ризқ-

42-43-44. (ҳар турли) мевалар бўлур. Ва улар ноз-неъмат боғларида сўрилар устида бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.

45-46. Уларга оқар чашмадан ичгувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб) косалари айлантириб турилурки,

47. У (шароб)да маст қилгувчи - ақлдан оздиргувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар.

48-49. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тийгувчи, гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўзлар бўлур.

50. Бас улар (яъни аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар.

51. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири дсди: «Менинг бир дўстим бор эди.

52-53. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан? Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?» дер эди.

54. (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қарагувчимисизлар?» деди.

55. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач;

56. Деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг.

57. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим.

58-59. (Қани менга айтгин-чи) бизлар фақат биринчи ўлимимиздан бошқа ўлгувчи эмас эканмизми?! (Бир марта ўлганимиздан сўнг тирилиб) азоблангувчи эмас эканмизми?

60. Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир.

61. Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!

62. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?

63. Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.

И з о ҳ. Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар «Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?» деганлар. Шунинг учун юқоридаги оятда кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитна-алдовга дучор бўлишлари уқтирилди.

64. Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.

65. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар.

66. Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар.

67. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур).

68. Сўнгра уларнинг қайтадиган жойлари яна албатта дўзахда бўлур (яъни қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур).

69. Албатта улар (яъни Макка мушриклари) ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар.

70. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.

71. Аниқки, улардан аввал ўтганларнинг кўплари ҳам йўлдан озган эдилар.

72. Ҳолбуки Биз уларнинг (яъни аввал ўтганларнинг) орасига огохлантиргувчи (пайғамбар)ларни юборган эдик.

73. Бас (эй Муҳаммад), огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!

74. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (ҳалокатга дучор бўлмадилар).

И з о ҳ . Мазкур оятларда Макка мушрикларининг иймон-исломга келмаганидан бениҳоят ғамгин бўлиб келган Муҳаммад алайҳис-саломга таскин-тасалли бўлсин учун улардан илгари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ўтгани ҳақида хабар берилди. Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига аввалги пайғамбарлардан етти кишининг қиссаларини мўжаз (қисқача) баён қилади.

75. Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Бас (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз - Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни ғарқ бўлишдан) нажот бердик.

77. Ва унинг зурриётини (то қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик.

78. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

79. Барча оламларда Нуҳга салом бўлгай.

80. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

81. Дарҳақиқат у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

82. Сўнгра бошқаларни (яъни Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик.

83. Шак-шубҳасиз Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир.

84. Эсланг, у Парвардигорига тоза дил билан келди.

85. Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?!

86. Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»га (сиғинишни) истайсизларми?!

87. У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни У зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) не гумонингиз бор?!»

88-89. Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Албатта мен (вабо) касалига йўлиқувчидирман», деди.

И з о ҳ . Нақл қилинишича, ўша даврда кишилар ўртасида юлдузларга қараб фол очиш - мунажжимлик жуда кенг ёйилган экан. Шунинг учун Иброҳим алайҳис-салом мушрикларнинг байрамини нишонлаш учун ҳайитгоҳга чиқиб кетаётган қавмидан ажралиб қолиш мақсадида Иброҳим алайҳис-салом гўё юлдузларга қараб билиб олгандек, уларга «Мен вабога йўлиқар эканман» дедилар. Бу сўзни эшитгач вабо юқишидан қўрққан қавм:

90. Дарҳол ундан юз ўгирган ҳолларида кетдилар.

91-92. Бас (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми? Нега сўзламаяпсизлар?!» деди.

93. Сўнг уларга яқин келиб, ўнг қўли(даги болта) билан урди.

94-95-96. Бас (қавми) унинг олдига шоша-пиша келишгач, деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳолбуки сизларни ҳам, қилиб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»

97. Улар (бир-бирларига) дедилар: Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб уни ўша оловга ташланглар».

98. Бас улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик.

99. (У ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (Тўғри йўлга) ҳидоят қилур.

100. (Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин».

101. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик.

102. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншо Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан».

И з о ҳ. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳис-салом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳис-саломни қурбон қилишга чоғландилар ва ўғиллари ҳам (ўшанда у киши эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган эканлар) тўла розилик билан Аллоҳнинг амрига бўйинсундилар.

103. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики,

104-105. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

106. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос.

107. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).

108. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

109. Иброҳимга салом бўлгай.

110. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

111. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

112. Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

113. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину-дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.

114. Қасамки Биз Мусо ва Ҳорунга (пайғамбарлик) инъом қилдик.

115. Биз иккисига ва уларнинг қавмига улуғ ғамдан нажот бердик.

116. Ва уларни Ўзимиз қўлладик, бас улар (Фиръавн ва унинг одамлари устидан) ғолиб бўлдилар.

117. Биз уларга равшан Китоб - Таврот ато этдик.

118. Ҳамда уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилдик.

119. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Мусо ва Ҳорун) ҳақида (гўзал мақтовлар -олқишлар) қолдирдик.

120. Мусо ва Ҳорунга салом бўлгай.

121. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

122. Дарҳақиқат иккиси ҳам Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

123. Илёс ҳам шак-шубҳасиз пайғамбарлардандир.

124. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!»

125-126. Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота боболарингизнинг ҳам Парвардигорини - энг гўзал-афзал Яратгувчи Аллоҳни тарк қилурмисизлар?!»

127. Бас (қавми Илёсни) ёлғончи қилдилар. Энди албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилингувчидирлар.

128. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар).

129. Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

130. Илёсга салом бўлгай.

131. Албатта, чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

132. Албатта, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

133. Лут ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

134. Эсланг, Биз унга в унинг барча аҳли-тобеъларига нажот берган эдик.

135. Фақат (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни Лутнинг хотинига нажот бермадик).

136. Сўнгра бошқаларни (яъни Лутни ёлғончи қилганларни) ҳалок қилдик.

137-138. (Эй Макка ахли,) аниқки, сизлар эртаю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!

139. Юнус ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

140. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб, Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб, (одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди.

141. Бас (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар).

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Юнус алайҳис-салом ўзларини ёлғончи қилган қавмларидан ғазабланиб, уларнинг устига яқин-орада қаттиқ бало тушиши ҳақида огоҳлантирадилар ва ўзлари Аллоҳ таолонинг изни-фармонисиз ўз қишлоқларидан чиқиб кетиб, бир денгиз соҳилига бориб қоладилар ва ўша вақтда жўнашга шай турган, одамлар билан тўла бир кемага миниб йўлга тушадилар. Аммо у кема денгизнинг ўртасида тўхтаб қолади. Шунда кемадагилар «Орамизда ўз ҳожасидан қочиб келаётган бир қул бор, агар уни кемадан тушириб юбормасак, ҳаммамиз ғарқ бўлишимиз тайин», дейишиб ўрталарида қуръа ташлаганларида, қуръа Юнус алайҳис-саломга чиқади ва кемадагилар уни денгизга улоқтирадилар.

142. Бас уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.

143-144. Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни қиёматгача) қолиб кетган (яъни ҳалок бўлган) бўлур эди.

145. Бас Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.

146. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

147. Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик.

148. Бас улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик.

149. Энди (эй Муҳаммад, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан.

150. Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?!

151-152. Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Аллоҳнинг боласи (яъни қизлари) бор» дерлар. Улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар.

153. (Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?!

154. (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?!

155. Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?!

156. Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?!

157. Бас агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!

158. (Мушриклар, Аллоҳ) билан жинлар (яъни фаришталар) ўртасида насаб (яъни ота-болалик бор, деб гумон) қилдилар. Ҳолбуки жинлар-фаришталар эса, (мушрикларнинг Аллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билдилар.

159. Аллоҳ уларнинг («Аллоҳнинг боласи бор», деб) сифатлашларидан покдир.

160. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (мудом Аллоҳни У зотга нолойиқ бўлган сифатлардан пок тутарлар).

161-162. (Эй Макка аҳли), шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам (барчалари бирон кишини, Аллоҳ)га қарши фитнага солгувчи - алдай олгувчи эмасдирсизлар.

163. Магар (Аллоҳнинг тақдири азалийсида) дўзахга киргувчи бўлган кимсаларнигина (алдай олурсизлар).

164. (Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Аллоҳнинг амрини адо этурмиз).

165. Дарҳақиқат бизлар (Аллоҳнинг йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз.

166. Дарҳақиқат бизлар (Аллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) - тасбеҳ айтгувчилардирмиз».

167-168-169. Дарвоқеъ (Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари): «Агар бизнинг олдимизда ҳам аввалгилар(нинг китоблари)дан бирон эслатма - Китоб бўлса эди, албатта бизлар ҳам Аллоҳнинг покиза бандалари бўлур эдик», дер здилар.

170. Энди (Қуръон нозил бўлгач), эса унга кофир бўлдилар. Бас яқинда (бу куфрларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.

171-172-173. Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз улар қўллаб-қувватлангувчилардир ва шак-шубҳасиз Бизнинг қўшинимиз (яъни пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар», деган Сўзимиз ўтган - собит бўлгандир.

174. Бас (эй Муҳаммад), сиз улардан (яъни Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!

175. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!

176. Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширмоқдамилар?!

177. Бас қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни устларига) тушганида, ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.

178. Сиз улардан (маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!

179. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!

180. Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир.

181. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай!

182. Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ учундир!










38. Сод сураси 


Саксон саккиз оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлган. 

Сура аввалида Қуръони Карим шаънига - унинг Ҳақ Китоб эканига қасам ичилади. 

Сўнгра мушрикларнинг Муҳаммад алайҳис-салом даъватларига нисбатан кўрсатган инод-қайсарликлари тўғрисида хабар берилади ва у зотга таксин-тасалли бўлсин учун ўз салафлари - ўтган айрим пайғамбарларнинг ҳаётларидан ва уларнинг кофирлар томонидан кўрган озор-азиятларидан лавҳалар келтирилади. 

Бу сурада ҳам Аллоҳ таоло мўминлар учун ҳозирлаб қўйган гўзал оқибат-жаннат ва ҳаёти дунёдан динсизлик билан ўтадиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах ҳақидаги бир неча оятлар мавжуддир. 

Шунингдек, бу сурада аҳли иймонни кибру-ҳаво иллатидан йироқ бўлишга даъват этилиб, Иблиснинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган нарса - Тангри таолонинг амрига итоат этишдан бош тортиб мутакаббирлик қилгани эканлиги айрича таъкидлаб ўтилади. Сура вақт-замон ўтиши билан Қуръон хабарларининг ҳақиқат эканлиги маълум бўлиб бораверишини уқтириш билан ниҳояланади. 

Бу сура ўзи бошланган «Сод» ҳарфи билан номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон илоҳий мўъжизадир ва албатта сиз, эй Муҳаммад, Аллоҳнинг ҳақ пайғамбаридирсиз). 

2. Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар. 

3. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда, улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди. 

4. (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан бўлган бир огохлантиргувчи - пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир. 

5. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» 

И з о ҳ. Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб «Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин», дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган ҳазрат: «У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўлурсизлар», дейдилар. Шунда мушриклар шодланишиб: «У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз», дейишганида пайғамбар алайҳис-салом айтадилар: «У сўз - ла илоҳа иллаллоҳдир - яъни Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларидан чиқиб кетишаркан: 

6. Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. 

7. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат - динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир холос. 

8. Бизларнинг орамизда (шунча бой-зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га эслатма-Қуръон нозил қилинган эмишми?!» (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб ўта билимдонликлари эмас), балки улар Менинг эслатмам Қуръондан шак-шубҳададирлар, балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ (бас шунинг учун Қуръон ва пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар). 

9. Ёки қудратли ва саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?! 

10. Ёки осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикин-а?! У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларига чиқаверсинлар (ва ўша жойдан ўзлари истаган одамларига ваҳий нозил қилаверсинлар). 

11. (Эй Муҳаммад), Макка мушриклари ўша ернинг Ўзида енгилиб-битгувчи фирқалардан бир тўдадир холос, (бас сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!) 

12. Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми (Нуҳни), Од (қабиласи Ҳудни) ва қозиқлар (яъни ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавн (ва унинг одамлари Мусони ёлғончи қилгандирлар. 

13. Шунингдек Самуд (қабиласи Солиҳни), Лут қавми (Лутни) ва дарахтзор эгалари (Шуъайбни ёлғончи қилгандирлар). Ана ўшалар (ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши чиққан) фирқалардир. 

14. Барчаларига фақат пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли Менинг азобим ҳақ бўлгандир. (Бас Макка мушрикларига ҳам Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари учун шак-шубҳасиз азоб-уқубат бўлур). 

15. Ана ўшалар(нинг барчалари) фақат ҳеч тўхтамасдан келадиган биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар холос. (Бас ўша қичқириқ бўлиши билан барча жонзот қайта тирилур ва куфр йўлини тутган кимсалар дўзах азобига дучор бўлурлар). 

16. Улар (яъни Макка мушриклари масхара қилишиб) «Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан иборат) насибамизни ҳисоб-китоб Кунидан илгариёқ (яъни шу ҳаёти дунёдаёқ) тезроқ келтира қолгин», дедилар. 

17. (Эй Муҳаммад), сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир. 

18. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (яъни мудом) у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйинсундириб қўйдик. 

19. Ва (ҳар тарафдан) тўплангувчи бўлган қушларни ҳам. (Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйнсундириб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари Довудга итоат этишга бутунлай қайтгувчидир. 

20. Яна Биз унинг мулку-давлатини кучли-қувватли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб (яъни забони гўё) ато этдик. 

21-22. (Эй Муҳаммад), сизга (бир-бирлари билан) даъволашгувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар (Довуд пайғамбар ибодат қилаётган) меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, у улардан қўрқиб кетди. Улар дедилар: «Қўрқмагин. (Бизлар) биримиз биримизга зулм қилган икки даъволашгувчи (жамоат)дирмиз. Бас сен бизларнинг ўртамизда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилгин ва (бизлардан бирон тарафга) жабр қилмагин ҳамда бизларни текис-тўғри йўлга бошлагин». 

23. (Даъвогарларнинг бири деди): «Дарвоқеъ мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргана совлиғим бордир. Бас у (шу биргина совлиққа ҳам кўз олайтириб): «Ўшани менга топширгин», деди ва мени бу сўзда - жанжалда енгиб қўйди». 

24. (Довуд иккинчи даъвогарнинг сўзини тингламасданоқ) деди: «Дарҳақиқат у сенинг совлиғингни сўраб (ва) ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди. Дарвоқеъ кўп ошна-оғайнилар бир-бирлари зулм қилурлар. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздирлар». Довуд (бу ҳодиса воситасида) Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан (шошиб ҳукм чиқаргани учун) мағфират қилишини сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди. 

И з о ҳ. Ушбу оят сажда оятидир. 

25. Бас, Биз унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни жаннат) бордир. 

26. Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир. 

27. Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай! 

28. Балки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!) 

И з о ҳ . Юқоридаги икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни етук ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди. 

Шунингдек, У зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бас энг кичик заррадан тортиб энг йирик сайёрагача ҳар бир мавжудот Яратган белгилаб қўйган ана ўша қонунга сўзсиз амал қилиши лозим. Акс ҳолда ҳам илоҳий қонунни бузувчи ҳалокатга юз тутади, ҳам олам интизомига футур етади. Энди ушбу оламнинг азизу мукаррам бир бўлаги ва ер юзининг халифаси бўлмиш Инсон учун Тангри таоло томонидан нозил қилинган илоҳий қонун Шариати Исломийядирки, Аллоҳга иймон келтирган ва шариат кўрсатмаларига амал қилган Инсон ҳам ўзи икки дунё саодатига эришади, ҳам унинг атрофидаги олам ундан бирон озор кўрмайди. Акс ҳолда эса илоҳий қонунни инкор этиб, унга бўйинсунмаган кимсалар ҳам ўзлари яшаб турган оламга жабр-зулм қиладилар, ҳам мана шу жиноятларига яраша жазо оладилар. 

Тўғри, кўп ҳолларда ушбу имтиҳон олами бўлмиш дунёда яхши билан ёмон, золим билан мазлум, мўмин кофир ёнма-ён - яхши баҳосини, ёмон жазосини олмасдан ўтавериши мумкин. Аммо имтиҳон ўтиб, ҳаёти дунё ниҳоясига етиб, охират диёрига борилгач, албатта ер юзидаги халифаликни ўрнига қўйиб иймон ва яхши амаллар билан ўтган тақводор зотлар ўзлари учун тайёрлаб қўйилган мукофотларни, Яратганни унутиб ерда бузғунчилик қилиб ўтган фосиқлар эса ҳақиқий жазоларини олишлари аниқдир. 

29. (Эй Муҳаммад, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир. 

30. Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир. 

31. Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. 

32. Бас у (ўша отларга махлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач,) деди: «Дарҳақиқат мен Парвардигоримни эслашдан (яъни ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни ботиб кетибди)! 

33. У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини «силаш»га киришди (ва уларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиб юборди). 

34. Дарҳақиқат Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир жонсиз жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб; 

35. Деди: «Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку-давлат ҳадя этгин. Зеро ёлғиз Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан». 

36. Бас Биз унга унинг амри билан у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйинсундирдик. 

37. Яна барча (баланд қасрларни) бино қилгувчи ва (денгизларнинг қаъридан дурру гавҳарларни топиб чиқувчи) ғаввос шайтонларни (яъни жинларни) ҳам Сулаймонга бўйинсундириб қўйдик). 

38. Бошқа (бўйинсунмайдиган жин)ларни эса кишанлар билан боғланган ҳолда солдик. 

39. (Ва Сулаймонга дедик): «Мана шу Бизнин (сенга) ато этган нарсамиздир. Бас сен (ушбу неъматлардан ўзинг хоҳлаган кишиларга) эҳсон қил, ёки қилма (сени бу тўғри ҳисоб-китоб қилинмас». 

40. Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни жаннат)дир. 

41. (Эй Муҳаммад), бандамиз Айюбнинг Парвардигори нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг! 

42. (Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин!» (У Аллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): Мана шу муздек чўмиладиган ва ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди). 

43. Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан кўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик.  

И з о ҳ. Айюб пайғамбар ва у зотнинг аҳли оилалари ҳақида «Анбиё» сурасининг 84-ояти остида изоҳ берилган эди. 

44. (Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин - қасамингни бузмагин». 

И з о ҳ. Айюб алайҳис-салом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида, Айюб пайғамбар диллари оғриб «Тузалганимда, албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган эканлар. Шу боисдан шифо топганларидан сўнг, Аллоҳ таоло у кишига ичган қасамларининг устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини бир марта уришга амр қилди. 

Дарҳақиқат Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир, 

45. (Эй Муҳаммад), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз - Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! 

46. Дарҳақиқат Биз уларни бир тоза (хислат - мудом охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик - покладик. 

47. Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир. 

48. Яна Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар) ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир. 

49. Бу (Биз сизга сўйлаган қиссалар) бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат - 

50. Улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар бордир. 

51. Улар у жойлардаги (сўриларда) ястаниб ўтириб, мўл-кўл (яъни хоҳлаганларича) мева-чева ва шароб чақирурлар. 

52. Ва уларнинг олдиларида кўзларини (номаҳрамга боқишдан) сақлаган (ёш ва ҳуснда) тенгдош (қиз)лар бўлур. 

53. У (зикр қилинган нарсалар) сизларга ҳисоб-китоб (яъни Қиёмат) куни учун ваъда қилинадиган нарсалардир. 

54. Шак-шубҳасиз бу Бизнинг (жаннат ахлига ато этадиган) ризқу-рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш бўлмас. 

55. (Ҳақиқат) шудир. (Энди) ҳеч шак-шубҳасиз ҳаддан ошгувчи-туғёнга тушгувчи кимсалар учун энг ёмон оқибат - 

56. Улар кирадиган жаҳаннам бордир. Бас нақадар ёмон жой у. 

57. Мана бу қайноқ ва йирингдир! Бас улар ўшани тотиб кўрсинлар! 

58. Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур! 

59. (Дўзахга кирган пайтларида кофирларнинг пешволарига ҳаёти дунёда уларга эргашган кимсаларни кўрсатилиб) «Мана бу (одамлар сизлар билан бирга (яъни сизлар сабабли жаҳаннамга ташлангувчи жамоатдир», (дейилганида, пешволар айтдилар): «Хуш келмадилар! Ҳақиқатан уларнинг ўзлари дўзахга киргувчи кимсалардир». 

60. Улар (яъни эргашувчилар пешволарга) дедилар: «Йўқ, сизлар хуш келмадингиз! (Чунки) сизлар ўша (азобни) бизларга келтирдингиз! Бас нақадар ёмон жой (бу дўзах)!» 

61. Улар (яна) дедилар: «Парвардигоро, ким бизларга мана шу (азоб)ни келтирган бўлса, бас Ўзинг унга дўзахда азобни бир неча баробар зиёда қилгин». 

62. (Жаҳаннам эгалари бир-бирларига) айтдилар: «Нега бизлар (дунёдалик пайтимизда) ёмонлардан деб ҳисоблаб ўтган кишиларни (яъни мўминларни дўзахда) кўрмаяпмиз-а?! 

63. Бизлар ўшаларни масхара қилиб олган эдикми?! Ёки (улар ҳам бизлар билан мана шу жаҳаннамда бирга-ю, аммо) кўзларимиз оғиб (уларни илғамай қолдими)?!» 

64. Албатта дўзах аҳлининг ана шундай талашиб тортишишлари ҳақдир - аниқдир.  

65. (Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантиргувчидирман холос. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина бордир... 

66. У осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсанинг қудратли ва мағфиратли Парвардигоридир». 

67. Айтинг: «Ўша (яъни мен сизларга етказган мана шу сўзлар) улуғ бир хабардир. 

68. Сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасизлар! 

69. Мен учун (Одамнинг ер юзига халифа қилиниши тўғрисида Аллоҳ таоло билан) тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди. 

70. Менга фақат ўзимнинг очиқ-равшан огоҳлантиргувчи эканлигим ваҳий қилинмоқда холос». 

71. Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман. 

72. Бас қачон уни ростлаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!» 

73. Бас фаришталарнинг барча-барчалари (Одамга) сажда қилдилар. 

74. Магар Иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди. 

75. (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй Иблис, Мен Ўз қудрат қўлим билан яратган нарсага - Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми, ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!» 

76. У айтди: «Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг». 

77. (Аллоҳ) деди: «Бас ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. 

78. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга Менин лаънатим бўлур». 

79. (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин». 

80-81. (Аллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан». 

82. (Иблис) айтди: «Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. 

83. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)». 

84-85. (Аллоҳ) деди: «Ҳаққа (қасам). Фақат Хақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!» 

86. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ажр-ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан (яъни ёлғондан пайғамбарликни даъво қилгувчи кимсалардан) ҳам эмасман. 

87. (Ушбу Қуръон) фақат барча оламлар учун (Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган) бир эслатмадир, холос. 

88. Албатта сизлар унинг (илоҳий ваҳий эканлиги ҳақидаги) хабарни (озгина) вақтдан сўнг (Қиёмат куни) билиб олурсизлар».






39. Зумар сураси 


Макка сураларидан бўлган бу сура етмиш беш оятдир. Сура Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра пайғамбар алайҳис-саломни ва барча инсонларни ёлғиз Аллоҳ учун холисанлиллоҳ ибодат қилишга буюрилади.

Бу сурада еру осмон ва уларнинг ўртасидаги барча мавжудотни йўқдан бор қилган Тангри таоло ҳар бир нарсага ўзига хос сурат ва сийрат ато этгани ҳамда уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб қўйгани, демак бу олам корхонасидаги ҳар бир нарса фақат Яратган буюрган ва имкон берган иш-амални қилиб ўтиши аниқ эканлиги уқтириб ўтилади. Сўнгра инсоният учун Аллоҳ таолодан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғиниш - ибодат қилиш дуруст эмаслиги хусусида сўзланиб, биргина Хожага бўйсуниб, фақат унинггина буйруқ-фармонини бажаришга ва фақат унигина рози қилишга ҳаракат қиладиган хизматкор билан бир неча хўжайин ўртасида қолиб, уларнинг қайсиларини кўнглини олишни билмай, балки уларнинг бирорталарини тўла рози қилиш имконини топа олмай аросатда қолган хизматкор баробар эмаслиги ҳақида ибратли мисол келтирилади.

Сура ниҳоясида маҳшар Кунидаги ҳисоб-китоб тасвирланиб, у Кунда ҳеч кимга зулм қилинмаслиги, билъакс иймон ва яхши амаллар қилиш билан яшаб ўтган мўминлар тўп-тўп бўлган ҳолда жаннатга, куфру исён билан ўтган кофирлар эса тўда-тўда қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалиши ҳақида хабар берилади. Суранинг «Зумар - Гуруҳлар» деб номланишининг боиси ҳам шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Ушбу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

2. (Эй Муҳаммад), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас сиз Аллоҳга - У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг!

3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас.

4. Агар Аллоҳ бола-чақа тутишни истаса, сўзсиз Ўзи яратган нарсаларидан хохлаганини танлаб олган бўлур эди. У зот (бундай айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир.

5. У осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У қудратли ва бениҳоя мағфиратли зотдир.

6. У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (яъни Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккизта жуфтни туширди (яъни дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас (ана ўша зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!

И з о ҳ. Ушбу ояти каримадаги саккизта жуфт чорва ҳайвонидан мурод туя, мол, қўй ва эчкининг эркак ва урғочи жинсларидир. Чунки улардан ҳар бир жинс вакили ўз муқобилидаги жинс вакилига нисбатан жуфт ҳисобланади. Бинобарин мазкур тўрт тур ҳайвон эркак ва урғочи бўлиб саккизта жуфтдир. Энди она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра бир парча лахта қон, сўнгра бир парча гўштга айланиб боришидир.

7. Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришларингизгагина) рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Сўнгра ёлғиз Парвардигорларингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир.

8. Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўюр ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз сен дўзах эгаларидандирсан».

9. Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмат-тик турган холда тоат-ибодат қилгувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.

10. (Эй Муҳаммад), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.

И з о ҳ. Ушбу оятда сўз ҳижрат ҳақидадир. Парвардигордан қўрқиб, тақводорлик билан яхиш амал қилган зотларнинг амаллари зое бўлмаслиги уқтирилиб, энди агар киши ўз ватанида золим ҳоким, ёки носоз тузум сабабли Аллоҳ таолога ибодат қилишдан маҳрум этилса, у ҳолда ўзга юртларга - Аллоҳ таолога бехалал тоат-ибодат қилиш мумкин бўлган жойларга ҳижрат қилиши вожиб бўлиши, зотан Аллоҳнинг ери кенг эканлиги уқтирилади ва дину-иймон йўлида ўз диёрларидан ҳижрат қилгач, Ватан ҳижрони ва мусофирлик меҳнат-машаққатларига сабр-тоқат қилган кишилар учун беҳисоб ажр-мукофотлар бўлиши ҳақида хабар берилади.

11. Айтинг: «Дарҳақиқат мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман.

12. Ва мен мусулмонларнинг - бўйинсунгувчиларнинг аввали - пешқадами бўлишга буюрилганман».

13. Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман».

14. Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман».

15. Энди сизлар эса (эй мушриклар), У зотни қўйиб, ўзларингиз хохлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар, (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!»). («Эй Муҳаммад, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, ахли-оиласини ҳам Тўғри йўлдан оздиргани сабабли қиёмат кунида ўзи ва ахли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир».

16. Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган "соябонлар", остларидан хам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!

17-18. Шайтондан - унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир.

19. Ахир бир кимсага азоб Сўзи (яъни азобга дучор бўлиш) ҳақ бўлса (сиз уни ҳидоят қилишга қодир бўлурмисиз)?! Ахир сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмисиз?!

20. Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.

21. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қурир, бас сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир. 

22. Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас ўзи Парвардигори томонидан бир нур - ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?! Бас диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдадирлар!

23. Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари - баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар - мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хохлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

24. Ахир қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми)?! (У кунда) золим-кофирларга «Ўзларингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!» дейилди.

И з о ҳ. «Қиёмат кунидаги ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса» дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада у оловда аввал юзлари куядига кимсалар тушунилади.

25. Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганларида, уларга азоб ўзлари сезмайдиган томондан келган эди.

26. Бас Аллоҳ уларга мана шу ҳаёти дунёда расволикни тортдирди. Шак-шубҳасиз, охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Аллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз Пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар).

27. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Шояд эслатма-ибрат олсалар.

28. (Биз уни) бирон эгрилик эгаси бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шояд (Аллоҳдан) қўрқсалар.

29. Аллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши - қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни хожалар) бор. Яна бир киши - қул борки, у бус-бутун ҳолида бир киши - хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Йўқ, баробар бўлмас. Худди шунингдек, бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас). Ҳамду-сано (ёлғиз) Аллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар, (бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар).

30. (Эй Муҳаммад), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар хам ўлгувчидирлар.

31. Сўнгра албатта, сизлар қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб-тортишурсизлар (ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла-тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз, улар эса сизни ёлғончи қилиб, куфру залолатда ўтганларига турли баҳоналарни рўкач қилурлар, аммо Аллоҳнинг адолатли ҳукмидан қочиб қутула олмаслар)!

32. Ахир Аллоҳ шаънига (Унинг шериги ва бола-чақаси бор», деб ёлғон сўзлаган ва Рост-Қуръонни ўзига келиб-етган пайтидаёқ (ўйламай-нетмай) ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирон кимса борми?! Ё жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!

33. Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) - ана ўшалар тақводор зотлардир.

34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир.

35. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар.

36. Аллоҳ Ўз бандасига (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар.

И з о ҳ. Қурайш кофирлари пайғамбар алайхис-саломни «Сен бизнинг худоларимизни айблаётганинг сабабли улар сени ҳалок қилмасалар эди», деб қўрқитмоқчи бўлганларида ушбу оят нозил бўлиб, Аллоҳ Ўз бандасини ҳар қандай ёмонликдан асрашга қодир эканини уқтиради ва жонсиз бут-санамларга сиғинадиганларни йўлдан озган кимсалар деб атайди. 

Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

37. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас унинг учун бирон йўлдан оздиргувчи бўлмас. Аллоҳ қудратли ва (Ўз душманларидан) интиқом олгувчи эмасми?!

38. Қасамки, агар сиз улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Аллоҳ» дерлар. Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз - агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи - суянгувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар».

39-40. Айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас яқинда кимга расво қиладиган азоб келишини ва мангу азоб тушишини билажаксизлар!»

41. Албатта, Биз сизга бу Китобни барча одамлар (билиб, амал қилишлари) учун ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас ким ҳидоят йўлига юрса, ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (бу ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Сиз уларнинг устида вакил - қўриқчи эмассиз.

42. Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

43. (Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар), балки улар Аллоҳдан ўзга «оқловчилар»ни (яъни ўзларининг гумонларича уларни Аллоҳ ҳузурида шафоат қиладиган «оқловчилар»ни - бутларни) ушладилар. (Эй Муҳаммад), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни оқлайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳам-а!».

44. Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлар ва ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар».

45. Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар.

46. Айтинг: «Аллоҳим,-(эй) осмонлар ва ерни илк яратгувчи зот (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни яширин ва ошкор нарсаларни) билгувчи зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан».

47. Агар золим-кофир кимсалар учун ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар - азоблар кўринди.

48. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари ошкор бўлди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган азоб ўраб олди.

49. Бас қачон инсонни бирон зиён ушласа, У бизга дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди», дер. (Йўқ, у неъмат ўша инсоннинг саъй-ҳаракати ва донолиги учун берилган эмас), балки у (ўша банданинг шукр ё кўрнамаклик қилишини билиш учун) бир синов - имтиҳондир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.

50. У (сўз)ни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларга ўзлари касб қилиб топган нарсалари асқотгани йўқ.

51. Бас, уларга қилган ёмонликлари етди. Ана улардан (Макка мушрикларидан) бўлган золим кимсаларга ҳам яқинда қилган ёмонликлари етар. Улар ҳам қочиб қутулгувчи эмасдирлар.

52. Ахир улар Аллоҳ Ўзи хохлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

53. (Эй Муҳаммад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир.

54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар - Унга бўйинсунинглар!

55. Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорларингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал нарса - Қуръонга эргашинглар!

56. Бирон жон: «Аллоҳ ҳаққида (яъни У зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга надомат бўлгай! Ростдан ҳам мен (Унинг динини ва Қуръонини масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун; «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун;

58. Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (Қуръонса эргашинглар!)

59. (Акс ҳолда унга Аллоҳ томонидан айтилур): «Йўқ, (Мен сенга ҳидоят йўлини кўрсатган эдим, аниқки сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлган эдинг».

60. Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!

61. Аллоҳ, тақво қилган зотларни (жаннатга) эришганлари сабабли (жаҳаннам азобидан) қутқарур ва уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.

62. Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир.

63. Осмонлар ва ернинг очқичлари Унинг (қўл остидадир). Аллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар - ана ўшаларгина - зиён кўргувчилардир.

64. (Эй Муҳаммад, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар!».

65. Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан!

66. Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»

67. Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси - чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қудрат қўлига йиғилгандир У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир.

68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.

69. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб - номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.

70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур;

71. Ва кофир булган кимса тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларига): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар.

72. (Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!» Бас кибр-ҳаво қилгувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!

73. Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдаладилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари; «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар).

74. Ва «Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда ўрин олишимизга (муваффақ қилган) Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!

75. (Эй Муҳаммад), сиз (ўша Кунда) фаришталар арш атрофини ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни) поклаб-тасбеҳ айтаётганларини кўрурсиз. (Зеро) уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталаридан ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди.






40. Ғофир сураси 


Қуръони Каримдаги суралар тартибида пайдар-пай жойлашиб, «Ҳо, Мим» ҳарфлари билан бошланадиган етти суранинг аввалгиси бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. У саксон беш оятдир.

Суранинг аввалида ушбу Қуръонни нозил қилган зот - Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан бир нечаси санаб ўтилади. Улардан бири «Ғофир - Мағфират қилгувчи» сифати бўлиб, сура мана шу улуғ сифат билан номлангандир. 

Бу сурада ҳам сўз бошқа Макка сураларида бўлгани каби Исломий ақида атрофида бориб, ҳақ билан ботил, иймон билан туғён ўртасидаги Одам Ато давридан буён давом этиб келаётган кураш илоҳий қалам билан чизиб берилади. 

Бу сурада фаришталар туну кун дуою тасбеҳларида Яратгандан мўминларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб дуо-илтижо қилишлари ҳақида хабар берилади, Шунингдек бу сурада ҳам Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилиниб, бошқа сураларда зикр қилинмаган бир лавҳа анча батафсил тасвирланадики, у ҳам бўлса Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Аллоҳ таолога иймон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссасидир. Шунинг учун бу сурани «Мўмин» сураси деб ҳам атайдилар.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2-3. (Ушбу Қуръон) қудратли ва билгувчи, гуноҳни мағфират қилгувчи, тавба-тазарруъни қабул қилгувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур. 

4. Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар. Бас сизни уларнинг шаҳарларида кезишлари алдаб қўймасин!

И з о ҳ. Ушбу оятда пайғамбар алайҳис-салом ва барча мўминларга хитоб қилиниб, Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмаган кимсаларнинг Тангри таолонинг азобига дучор бўлмай соғ-саломат шаҳарма-шаҳар кезиб юришлари ва савдо-сотиқлари ҳам ривож топаётганини кўриб, алданиб қолмасликлари лозимлиги уқтирилмоқда. Ҳамда ундай кимсалар гарчи бу фоний дунёда айшу-ишрат билан ўтсалар-да, охиратда мангу азобга гирифтор бўлишлари шубҳасиз эканлигига ишора қилинмоқда. 

5. Улардан (яъни Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар хам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша миллатлардан) ҳар бир миллат ўзларининг пайғамбарларини тутишга-ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда мен уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас Менинг азобим қандай бўлди?!

6. (Эй Муҳаммад, сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг сўзи - азоби мана шундай ҳақ бўлгандир, албатта улар дўзах эгаларидир.

7. Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. 

8. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга доҳил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. 

9. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир».

10. Шубҳа йўқки, кофир бўлган кимсаларга (қиёмат Кунида, дўзахга ташланиб, шундай азобга дучор қилган нафсларини лаънатлаб турган вақтларида): «Сизлар (ҳаёти дунёда) иймонга чорланиб (иймон келтириш ўрнига) кофир бўлган чоғларингиздаги Аллоҳнинг ғазаби-ёмон кўриши сизларнинг (бу Кундаги) ўз нафсларингизни ёмон кўришингиздан қаттароқдир», деб нидо қилинур.

11. Улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда, Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас бизлар (ҳаёт дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?»

12. (Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) ёлғиз Аллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб-бўйинсунмай, агар У зотга ширк келтирилса (яъни турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда), иймон келтиришларингиздир. Бас барча ҳукм юксак ва улуғ Аллоҳникидир. 

13. У зот сизларга Ўз оятларини (яъни Ўзининг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган аломатларни) кўргизур ва сизларга осмондан ризқу-рўз ёғдирур. (Лекин бу оят-аломатлардан) фақат (Аллоҳга) инобат-илтижо қиладиган кишигина эслатма-ибрат олур. 

14. Бас (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга - У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! 

15. У юксак мартабалидир, арш соҳибидир, У Ўз амри билан бандаларидан Ўзи хохлаган кишиларга - токи у (инсонларни) мулоқот Кунидан (яъни қиёматдан) огоҳлантириш учун - ваҳий туширар. 

16. Улар (қабрларидан) чиқадиган Кунда Аллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир! 

17. Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. 

18. (Эй Муҳаммад), сиз уларни яқин Кундан (яъни қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас. 

19. (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур. 

20. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм килур. Улар (Аллоҳни), қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсага ҳукм чиқара олмаслар. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина эшитгувчи ва кўриб тургувчи зотдир. 

21. Ахир улар ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган, (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб, иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра куч-қувват ва ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. Бас Аллоҳ Уларни гуноҳлари сабабли ушлади - ҳалок қилди ва улар учун Аллоҳдан ўзга бирон сақловчи бўлмади. 

22. Бунга сабаб - уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганларида, улар кофир бўлдилар. Бас Аллоҳ уларни ушлади - ҳалок қилди. Зеро, У қувват эгаси ва азоби қаттиқдир.

23-24. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга юборганимизда, улар «(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дедилар. 

25. Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар «у билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!» дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдир (яъни зое бўлгувчидир). 

И з о ҳ: Фиръавн Бани Исроил қавмидан бўлган ўғил болаларни қатли ом қилгани ҳақида бошқа сураларда жумладан «Тоҳа» сурасидаги 37-40 оятлар ва уларга берилган изоҳда) батафсил айтилган эди. Энди юқоридаги оятда Фиръавн Мусо алайхис-саломга иймон келтирган кишиларни яна қатли ом қилишга буюргани, лекин унинг бу макру ҳийласи ҳам бефойда кетгани ҳақида хабар берилди. Шунда у Мусо пайғамбарнинг ҳаётларига суиқасд қилмоқчи бўлгани ва бу уриниши ҳам беҳуда кетгани тўғрисида қуйидаги оятларда баён қилинади. 

26. Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришдан қўрқмоқдаман». 

27. Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан ҳисоб-китоб кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ беришини сўраганман. 

28. (Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: «Бир кишини, «Менинг Парвардигорим Аллоҳдир», дегани учун ўлдирурмисизлар?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ ҳужжатлар келтиргандир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Аллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас. 

29. Эй қавмим, бугун-ку мулку давлат сизларники, мана шу ерда ғолибсизлар. Энди агар бизларга Аллоҳнинг азоби келар бўлса, ким бизларга (ундан нажот топишимиз учун) ёрдам берур?!» Фиръавн айтди: «Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни Мусони ўлдиришнинг маслаҳатинигина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман». 

30-31. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, ҳақиқатан мен сизларнинг устингизга ҳам худди Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ва улардан кейинги (куфр йўлини тутган) кимсаларнинг иши - ўша фирқаларнинг куни тушиб қолишидан қўрқурман. Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас (яъни Аллоҳ ўша фирқаларни ҳалок қилиш билан уларга зулм қилгани йўқ, балки улар ўзларининг куфру туғёнлари сабабли ҳалокатга мустаҳиқ бўлдилар). 

32. Эй қавмим, ҳақиқатан мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман. 

33. У Кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Аллоҳ(нинг азобидан) сақлагувчи - тўсгувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. 

34. Дарвоқеъ, илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида: «(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас» дединглар. Ҳаддан ошувчи, шак келтирувчи бўлган кимсаларни Аллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр. 

35. Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида хам, иймон келтирган зотлар наздида хам катта нафратга дучор бўлурлар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяр. 

36-37. Фиръавн (мўмин кишидан юқорида зикр қилинган сўзларни эшитган одамлар Ҳақ йўлига юриб кетишларидан кўрқиб, уларни чалғитиш учун) айтди: «Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) каср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман», Фиръавнга ўзининг ёмон амали мана шундай чиройли кўринди ва у (Тўғри) йўлдан тўсилди. Фиръавннинг барча макру-ҳийласи албатта ночор-бефойдадир. 

38. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни Тўғри йўлга етаклайман. 

39. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир. 

40. Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур. 

41. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга - жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а? 

42. Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим) (илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли зотга чорламоқдаман. 

43. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қила олмас. Ва албатта (барчаларимизнинг Аллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат ҳаддан ошувчи кимсаларгина дўзах эгаларидир. 

44. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир».

45. Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади ва Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди.

46. (У азоб бир) оловдорки, улар эртаю-кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур). 

47. Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни ўзларининг собиқ йўлбошчиларга): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизлардан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини дафъ қила олурмисизлар?», дер эканлар; 

48. Мутакаббир кимсалар айтдилар: «Бизларнинг барчамиз шак-шубҳасиз (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат Аллоҳ бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди». 

49. (Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; 

50. Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар келтирмаганмидилар?!» «Ҳа, (келтирган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни бефойдадир)». 

51. Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз. 

52. У Кунда золим-кофир кимсаларга узр-баҳоналари фойда бермас ва уларга лаънат бўлур, уларга энг ёмон жой - дўзах бўлур. 

53-54. Аниқки, Биз Мусога ҳидоят ато этган ва Бани Исроилни ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлган Китоб-Тавротга ворис қилган эдик. 

55. Бас (эй Муҳаммад, сизга мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро, Аллоҳнинг (Ўз пайғамбарлари ва мўминларга ёрдам бериш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг! 

56. Албатта Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат - далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар, аниқки уларнинг дилларида бир кибр (яъни ўзларини сиздан катта олиш) бордирки, улар ўшанга (яъни ўзлари орзу қилган катталикка) етувчи эмасдирлар. Бас сиз Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта Унинг Ўзигина эшитгувчи, кўриб тургувчидир. 

57. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар.

И з о ҳ. Кофирларга: «Осмонлар ва ерни ким яратган?» дейилса, «Аллоҳ» дейдилар-у, аммо «Аллоҳ таоло қиёмат кунида барча инсонни қайта тирилтиради», дейилса ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга берилган танбеҳдир.

58. Кўр кимса билан кўргувчи зот, иймон келтириб, яхшиликлар қилган зотлар билан ёмонлик қилгувчи кимса баробар бўлмас. Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар.

59. Албатта (Қиёмат) соати келгувчидир. У ҳақида шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (унинг келишига) иймон келтирмаслар.

60. Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар. 

61. Аллоҳ сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ кундузни яратиб қўйган зотдир. Албатта Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

62. Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир, У барча нарсанинг яратгувчисидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! 

63. Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор қилгувчи бўлган кимсалар мана шундай бурилиб кетурлар. 

64. Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотли - буюкдир.

65. У тирик зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳ учундир.

66. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Шак-шубҳасиз, мен ўзимга Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатлар келган пайтида, сизлар Аллоҳни қўйиб, дуо-илтижо қилаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарилдим ва барча оламларнинг Парвардигорига бўйинсунишга буюрилдим».

67. У сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг барча авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган зотдир. Сўнгра У сизларнинг (оналарингиз қорнидан) чақалоқ ҳолингизда, (ёруғ дунёга) чиқарур, сўнгра (У зот) сизларни вояга етишларингизга, сўнгра қариб-қартайишингизга (қўйиб берур). Сизларнинг орангизда (вояга етишдан, ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У зот) сизларни белгиланган ажалга етишларингизга (қўйиб берур). Шоядки, ақл юргизсангизлар.

68. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган зотдир. Бас қачон бирон ишни ҳукм қилса, Унга фақат «Бўл», дер холос. Бас у (иш) бўлур.

69. Аллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!

70. Китоб - Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни ёлғон деган кимсалар яқинда (қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар.

71-72. Ўшанда (яъни дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар.

73-74. Сўнгра уларга: «Сизлар Аллоҳни қўйиб ширк келтириб ўтган бутларингиз қани?» дейилганида, улар: «У (бутлар) бизнинг кўзимиз)дан ғойиб бўлиб қолишди. Йўқ-йўқ, бизлар илгари ҳаёти дунёда) ҳеч нарсага дуо-илтижо қилган эмасмиз» дедилар. Аллоҳ кофирларни мана шундай йўлдан оздирур.

75. Мана шу (жаҳаннам азобига йўлиқишларингиз)га сабаб сизлар ерда (ўзларингиз қилган айшу ишрат ва гуноҳ-маъсиятлар билан)ноҳақ шоду-ҳуррам бўлганларингиз ва кибру ҳаво қилганларингиз ва кибру-ҳаво қилганларингиз.

76. Жаҳаннам дарвозаларидан у жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз! Бас мутакаббир кимсаларнинг жойи нақадар ёмон бўлди! 

77. Бас, (Эй Муҳаммад, сизга мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро Аллоҳнинг (Ўз пайғамбари ва мўминларга ёрдам бериш ва кофирларни азоблаш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир! Энди агар Биз сизга ўша (кофирлар)га ваъда қилаётганимиз (азоб)дан айримларини кўрсатсак (яъни сиз ҳаётлик пайтингизда уларни айрим азоб-уқубатларга дучор қилсак, кўрарсиз ёки сизни (уларга азоб туширшимиздан илгари) вафот топдирсак, у ҳолда ҳам ёлғиз Ўзимизга қайтарилурлар. 

78. Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир. Бирон пайғамбар учун - Аллоҳнинг изну-иродасидан ташқари бирон оят-мўъжиза келтириш жоиз бўлган эмас (яъни ҳар бир пайғамбар фақат Аллоҳ унга амр қилган мўъжизаларнигина келтиргандир). Бас қачон Аллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар. 

79. Аллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам. 

80. Сизлар учун улардан (кўп) фойдалар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишлариигиз учун ҳам (яратилгандирлар). Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва дарё-денгизларда эса (кемаларда) (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур. 

81. (Аллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатур. Бас сизлар Аллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?! 

82. Ахир улар ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда қуч-кувват ва ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу-дунёлари ҳам, куч-қувватлари ҳам) асқотгани йўқ. 

83. Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйинсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилгувчи бўлган (азоб) ўраб олди. 

84. Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач «Якка-ю ягона Аллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. 

85. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган йўли - қонунидир (яъни азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас). Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар.





41. Фуссилат сураси 


Бу сура эллик тўрт оятдан ташкил топган бўлиб, Маккада нозил қилинган.

Сура Қуръони Карим таърифи билан бошланиб, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган бу Китобнинг оятлари онгли - ақлли кишилар учун муфассал баён қилиб берилганлигини уқтиради. Шунинг учун ҳам бу сура «Фуссилат - Муфассал баён қилинган сура» деб аталгандир. 

Сўнгра еру осмонларнинг Аллоҳ таоло томонидан яратилиб, интизомга солингани ва Ўша зот томонидан идора қилиб турилиши батафсил баён қилинади.

Бу сурада Тангри таоло қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг кўз-қулоғидан терисигача тил-забон бериб, дунёдан куфру-исён билан ўтган кимсаларнинг аъзойи баданлари ҳам ўзларига қарши гувоҳлик бериши ҳақида огоҳлантирилади ва инсоннинг «Қилаётган амалларимни Аллоҳ билмайди», деган гумонда бўлиши унинг охиратини куйдириши аниқ эканлиги таъкидланади. 

Шунингдек, бу сурада ёлғиз Аллоҳ таолони Парвардигорим деб, сўнгра У зот кўрсатган тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун охират диёрида тайёрлаб қўйилган мукофот-зиёфатлар ҳақида ҳам хабар берилади. 

Сура бутун борлиқда ҳам, бир инсоннинг вужудида ҳам Яратганнинг қудрати ва ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатлар мавжуд эканлиги ва Тангри таоло бор мавжудотни Ўз илму қудрати билан ихота қилиб олган Зот эканлиги ҳақидаги оятлар билан ниҳоясига етади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2. (Ушбу Қуръон) меҳрибон ва раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилингандир.

3-4. У биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи - арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак улар «эшитмаслар», 

5. Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас сен ҳам ўз амалингни қилавер, бизлар ҳам албатта ўз амалларимизни қилгувчидирмиз». 

6-7. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам худди сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий қилинмоқда. Бас сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!» 

8. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир. 

9. Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Бу (Аллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?!

10. У зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини (яъни ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб - тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир.

11. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!» деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундир)», дедилар.

12. Бас икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу қудратли ва билгувчи зотнинг тақдири - ўлчовидир. 

И з о ҳ . Мазкур оятлар Қуръонда бир неча ўринларда келган Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни олти кунда яратгани ҳақидаги оятларнинг тафсилотидир. Яъни Тангри таоло ерни икки кунда яратиб, тўрт кун деганда унинг ризқу рўзини ҳам тақсимлаб-бўлиб бергани ва олти кун деганда эса етти осмонни ҳам яратиб бўлгани баён қилиб берилди. 

13. Бас агар улар (яъни Макка мушриклари мана шу тафсилотдан кейин ҳам ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ-ҳалокатдан огоҳлантирдим. 

14. Ўшанда пайғамбарлари уларнинг олдиларидан ҳам, орқаларидан ҳам келишиб: «Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар», (деганларида), улар: «Агар Парвардигоримиз (пайғамбар юборишни) хоҳлаганида, албатта фаришталарни нозил қилган бўлур эди. Бас, (модомики сизлар фаришта эмас, балки одамзот экансизлар) бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар. 

15. Энди Од (қабиласига)га келсак, улар ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?» дедилар. Ахир улар ўзларини яратган зот - Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! - Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. 

16. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилгувчи азобни тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ - хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас. 

17. Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас Биз уларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни ихтиёр қилдилар. Бас ўзлари қилгувчи бўлган нарсалари (яъни куфрни ихтиёр этганлари) сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоғи урди. 

18. Ва Биз иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга (яъни Самуд қабиласини ҳидоят йўлига даъват қилган Солиҳ пайғамбар ва у кишига иймон келтирган зотларга чақмоқ балосидан) нажот бердик. 

19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). 

20. Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти, дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. 

21. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?»- дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», дедилар. 

22. Сизлар (ҳаёти дунёда гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан қўрқиб, одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан (сақланиш учун улардан) яширингувчи эмас эдинглар, (чунки сизлар қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон берилишини билмасдинглар). Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни одамлардан яширинча қилган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар. 

23. Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар. 

24. Энди агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир (яъни азоб уқубатни тортаверадилар), агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилгувчи эмаслар. 

25. Биз улар учун (уларни Тўғри йўлдан оздирадиган) «дўстлар» тайёрлаб қўйдик, бас ўша («дўстлар») уларга олдиларидаги (гуноҳларини) ҳам, орқаларидаги (гуноҳларини) ҳам чиройли кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан аввал ўтган - ҳалок бўлган инсу-жиндан иборат умматлар қаторида Сўз - азоб ҳақ бўлди. Дарҳақиқат улар зиёнкор бўлдилар. 

26. Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар, (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», дедилар. 

27. Бас, албатта Биз ана ўша кофир бўлган кимсаларга қаттиқ азобни тотдирурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган куфру исёнлари (сабабли) энг ёмон жазо билан жазолармиз. 

28. Бу (қаттиқ азоб) Аллоҳ душманларининг жазоси бўлган дўзахдир. Улар учун, Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари сабабли ўша жойда мангу қолиш (азобланиш) бордир. 

29. Кофир бўлган кимсалар (дўзах ўтида азобланар эканлар), дедилар: «Парвардигоро, бизларни (сенинг Тўғри йўлингдан) оздирган инсу жиндан бўлган кимсаларни бизларга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олиб (эзайлик), токи улар (дўзахнинг қаъридаги) энг тубан - хор кимсалардан бўлсинлар». 

30. Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! 

31. Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. 

32. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир».

33. (Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?

34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. 

35. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. 

36. Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса) у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро У эшитгувчи, билгувчи зотдир.

И з о ҳ. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин мусулмон учуч зарур бўлган гўзал фазилатларни баён қилди. Қуйидаги оятларда энди Ўзининг қудрат ва етук ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатларни келтириб, ёлғиз Ўзигина маъбудликка лойиқ зот эканлигини уқтиради. 

37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга - Аллоҳга сажда қилинглар! 

И з о ҳ. Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир. Бундай оят ўқилганда, ўкувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади. 

38. Энди агар (кофирлар Аллоҳга сажда қилишдан) кибр-ҳаво қилсалар, бас (билингки), Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) кеча-ю кундузи ҳеч зерикмасдан-малолланмасдан У зотга тасбеҳ айтурлар - сажда қилурлар. 

39. Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олгувчидир. Зеро У барча ишга қодирдир.

40. Албатта Бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни уларни бузмоқчи бўлган) кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга ташланадиган кимса яхшироқми, ёки Қиёмат Кунига (Аллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар! Албатта У қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир.

41. Албатта ўзларига Эслатма - Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз - қудратли Китобдир.

42. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилингандир.

43. (Эй Муҳаммад), сизга ҳам (кофирлар томонидан) фақат сиздан аввалги пайғамбарларга (кофирлар томонидан) айтилган сўзларгина айтилур (яъни агар мушриклар сизга озор-азиятлар етказаётган бўлсалар, сиз бунга сабр қилинг, чунки аввалги пайғамбарларга ҳам кофирлар томонидан худди шунга ўхшаган озор-азиятлар етгандир). Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз ҳам мағфират соҳибидир, ҳам аламли азоб соҳибидир. 

44. Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)» деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар кабидирлар, яъни гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар). 

И з о ҳ . Ушбу ояти карима «Қуръон агар ажамларнинг тилида бўлганида, бизлар ҳам унга иймон келтирган бўлардик», деб баҳона қилган айрим мушрикларга жавобан нозил бўлгандир. 

45. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этганимизда, у (Таврот) ҳақида ҳам (худди Қуръон ҳақида ихтилоф қилинганидек) ихтилоф қилингандир. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб қиёмат Куни бўлиши хусусидаги) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни уларга иймонсизликлари учун дарҳол жазо берилган бўлур эди). Ҳақиқатан ҳам улар (Қуръон) ҳақида шубҳа-гумондадирлар. 

46. Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилур. Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.

47. (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақидаги билим Унинг Ўзигагина қайтарилур (яъни қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўралган киши «Уни ёлғиз Аллоҳ билади», дейиши лозимдир). Барча меваларнинг ўз гулкосаларидан чиқиши ҳам, ҳар бир аёлнинг (урғочи жинснинг) ҳомила олиб, кўз ёриши ҳам албатта Унинг илми билан бўлур. Ў зот (мушрикларга) «Менинг «шерикларим» қани?!»- деб нидо қиладиган Кунда улар: «Бизлар Сенга билдирурмизки, орамизда (Сенинг «шерикларинг» борлигига) биронта ҳам гувоҳ йўқдир», дедилар. 

48. Ва ўзлари илгари (ҳаёти дунёда) дуо-илтижо қилиб ўтган бутлари улардан ғойиб бўлди. Улар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) қочадиган бирон жой йўқ эканлигига ишондилар. 

49. Инсон (ўзи учун) яхшилик (мулку-давлат, бахт-саодат) тилашдан ҳеч зерикмас. Агар унга ёмонлик (камбағаллик, бахтсизлик) етиб қолса, ноумидликка, тушкунликка тушгувчидир. 

50. Қасамки, агар унга бирон бало-кулфат етганидан сўнг Биз Ўз томонимиздан бўлган бирон марҳаматни тотдирсак, албатта у «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди). Мен (қиёмат) соати қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (мабодо қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам ҳеч шак-шубҳасиз Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат)- жаннат бўлур», дер. Бас (ана ўша ўзлари иймон келтирмаган ва яхши амал қилмаган ҳолларида жаннатдан хомтамаъ бўлиб юрган кимсалар билсинларки), албатта Биз кофир бўлган кимсаларга ўзлари қилган амалларининг хабарини берурмиз ва албатта уларга қаттиқ азобни тотдирурмиз. 

51. Қачон Биз инсонга (неъмат-давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир 

52. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи агар (Қуръон) ҳақиқатан ҳам Аллоҳ ҳузуридан (нозил қилинган бўлса-ю, сўнгра сизлар у (Қуръон)га кофир бўлсангизлар, (у ҳолда) ким (сизлар каби) мангу ихтилофда бўлган кимсалардан ҳам йўлдан озганроқ бўлур?!» 

53. Токи уларга (ушбу Куръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлига аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизни исботлаш учун) етарли эмасми?! 

54. (Эй инсонлар) огоҳ бўлингизким, албатта улар Парвардигорларига рўбарў бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта У зот барча нарсани иҳота қилгувчидир.






42. Шyро сураси 


Бу сура эллик уч оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган.

У Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан туширилган ваҳий эканлигини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра аввалу-охир барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти жиҳатидан бир бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таологагина сиғиниб-ибодат қилишга буюргани ҳақида хабар беради.

Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар эса инкор этаётган Қиёмат кунининг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади ва барча инсонларни ўша Кун келиб қолишидан илгари, Парвардигорга иймон келтириб, ёлғиз Унинг амр-фармонига итоат этишга буюрилади. 

Сура ниҳоясида ушбу Қуръон мўминларни Ҳақ йўлига ҳидоят қиладиган бир илоҳий Нур эканлиги уқтирилади.

Бу сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш - ҳар бир ишда маслаҳат - кенгаш билан иш тутиш хислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у «Шўро-Маслаҳат» сураси деб номланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2. Айн, Син, Қоф.

3. (Эй Муҳаммад), Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан аввалги (пайғамбарлар)га мана шундай ваҳий қилур.

4. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Уникидир. У юксак ва улуғдир.

5. (Мушрик жамоаларнинг ширк келтиришлари сабабли) устларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур. Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) покларлар ва ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг Ўзигина мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

6. (Аллоҳни) қўйиб (бошқа) «Дўстлар»ни ушлаган (яъни ўшаларга сиғинаётган) кимсалар устида Аллоҳ кузатиб тургувчидир. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг устида вакил-қўриқчи эмассиз. 

7. (Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси - пойтахти (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огохллнтиришингиз учун ва (охират азобидан) шак шубҳа бўлмаган тўпланиш Кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.

8. Агар Аллоҳ хохлаганида, албатта уларни (яъни барча инсонларни) бир миллат (бир динда - Исломда) қилган бўлур эди. Лекин У Ўзи хохлаган кишиларни Ўз раҳматига (жаннатига) дохил қилур. Золим-кофирлар учун эса бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир. 

9. Ёки, улар (Аллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаб олдиларми (яъни, ўшаларга сиғинмоқдаларми)?! (Йўқ), фақат Аллоҳнинг Ўзигина Дўстдир. У ўликларга ҳаёт берур ва У барча нарсага қодирдир.

10. (Эй Муҳаммад, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Мана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман».

11. (Аллоҳ) осмонлар ва ернинг илк яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўша (жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир.

12. Осмонлар ва ер (хазиналарининг) очқичлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат У барча нарсани билгувчидир.

13. (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани - шариат - (қонун) қилди,- «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!»

И з о ҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни ёлғиз Аллоҳнинг динини барпо қилишни ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда.

(Эй Муҳаммад), мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур. 

14. Улар (яъни аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар. Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди - (яъни улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар. 

15. Бас, (эй Муҳаммад), мана шунинг учун (яъни аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун - сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир. 

16. Аллоҳ (дини) ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг (одамларни йўлдан оздириш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг ҳужжатлари (яъни талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (охиратда эса) қаттиқ азоб бордир. 

17. Аллоҳ Ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилган зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Аллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир). 

18. (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эқанлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) соати хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ йўлдан) йироқ залолатдадирлар. 

19. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир, У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У кучли, қудратлидир.

20. Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас! 

И з о ҳ . Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат охиратдаги мукофотни кўзлаб қилинсагина, Аллоҳ таоло унинг ажру савобини комил қилиб бериши, аммо агар мол-дунё ва шон-шуҳратга етиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса охиратда ҳеч қандай савоб йўқлиги уқтирилмоқда. 

21. Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни - «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари - бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз аламли азоб бордир. 

22. (Қиёмат кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) қўрқиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларга тушгувчидир! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир! Мана шу катта фазлу марҳаматнинг ўзидир!

23. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бандаларига берадиган хуш-хабари ана шудир! (Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига), айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)да яна ҳусни зиёда қилурмиз (яъни зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, яхшиликни билгувчидир. 

24. Ёки улар: «(Муҳаммад Қуръон Аллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиди» дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз) Аллоҳ хоҳласа дилингизни муҳрлаб қўюр. Аллоҳ Ўз сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур - рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни билгувчидир.

25. У бандаларидан тавба-тазарруъ қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган зотдир.

26. У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуоларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, яна) Ўз фазлу карамидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир. 

27. Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У зот (бандаларининг ризқу-рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан огоҳ ва кўриб тургувчидир.

28. У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-барокотини кенг ёядиган зотдир. У ҳамду-сано эгаси бўлган Дўстдир.

29. Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир. 

30. (Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.

31. Сизлар ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ердамчи йўқдир. 

32. Денгиз-дарёлардаги тоғлар янглиғ сузиб юрган (кема)лар ҳам Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. 

33. Агар (Аллоҳ) хоҳласа шамолни тўхтатиб қўюр, бас улар (денгиз) устида (ҳеч қаёққа сузолмай) туриб қолурлар - Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Аллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир. 

34. Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни (ҳалокатдан қутқариб) афв этур. 

35. (Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар! 

36. Бас (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган хамда ёлғиз Парвардигорларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни охират неъматлари - дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. 

37. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир. 

И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятда умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилди. Улар Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда пайғамбар алайҳис-салом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам боласи хатокордир. У хатокорларнинг яхшироғи - қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладигаи кишилардир». 

Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки масалан динга тош отилган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки мунофиқ бўлади. Фазилат ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф билан иш юритмоқдир. 

38. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. 

39. Улар ўзларига зулм етганда, (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир. 

И з о ҳ. Агар бошқа динларда «Ўнг юзингга урсалар, чап юзингни ҳам тутиб бер» қабилида золимларга мутеълик тарғиб қилинса, Ислом дини назарида ҳақиқий мўмин зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиб ғолиб, бўладиган кишидир. Зотан золимнинг зулмидан қўрқиб, ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши тура олмаган одамнинг иймони комил иймон эмасдир! Зеро... 

40. (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас.

41. Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса (интиқом олса) бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир.

42. Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир.

43. Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир,

44. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри йўл кўрсатгувчи) дўст йўқдир. Ундай золимларнинг (қиёмат Кунида) азобни кўрган вақтларида: «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўл бормикан?» деяётганларини кўрурсиз. 

45. Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга) кўз қирлари билан қараган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрурсиз. Иймон келтирган зотлар: «Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да) ва қиёмат кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.

46. Улар учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай «дўстлар» бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон (Тўғри) йўл йўқдир. 

47. (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У кунда сизлар учун бирон қочадиган жой ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас. 

48. (Эй Муҳаммад), агар (мушриклар) энди ҳам (ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор холос. Дарҳақиқат Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат-неъматни тотдирган вақтимизда, у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчидир - кўрнамакдир! 

49. Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур, У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни хадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур. 

50. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир. 

51. Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат эгасидир.

И з о ҳ . Мазкур оятдан пайғамбарлар Аллоҳ таоло билан уч восита орқали боғланганлари маълум бўлди, биринчиси: ғойибдан келган ваҳий - илҳом ёки ўнгидан келадиган туш орқали. Чунки пайғамбар алайҳис-салом: «Пайғамбарларнипг тушлари ваҳийдир», деганлар, Бунга мисол Иброҳим халилуллоҳга тушларидан ўз ўғиллари Исмоил забихуллоҳнинг Аллоҳ йўлида қурбонлиқ қилишга буюрилишидир. Иккинчиси: бирон парда-тўсиқ ортидан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга мисол Тур тоғида Тангри таоло Мусо пайғамбарга бевосита сўзлаганидир. Учинчиси: Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши бўлиб, Жаброил алайҳис-салом Тангри таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи фариштадир. 

52. (Эй Муҳаммад), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни - Қуръонни ваҳий қилдик. 

И з о ҳ. Бу ўринда Аллоҳ таоло томонидан Қуръони Карим "Руҳ" деб аталишига сабаб жасад жон билан тирик бўлгани каби диннинг руҳи - жони Қуръондир. 

Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Қуръонни ва на иймонни (яъни унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят Қилурмиз. Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз. 

53. У (йўл) осмонлардаги ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зот - Аллоҳнинг йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтур!







43. Зухруф сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура саксон тўққиз оятдан ташкил топган.

У Қуръони Карим таърифи билан бошланиб, сўнгра Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматлардан айримлари санаб ўтилади.

Бу сурада барча нарсани Аллоҳ яратганига ўзлари иқрор бўлиб туриб, яна Тангри таолога ўзгаларни «шерик» қиладиган ва хусусан «Унинг боласи бор» дейдиган мушрикларнинг даъволари аниқ-равшан ҳужжатлар билан кескин рад этилади. 

Бу сурада ҳам Муҳаммад алайҳис-саломнинг салафларидан ҳазрати Иброҳим ва Мусо пайғамбарларнинг даъватлари ва чеккан азиятларидан айрим лавҳалар тасвирланади.

Суранинг «Зухруф - Зеб-зийнат» деб номланишига сабаб, унда бу дунё олтин-кумуш ва зеб-зийнатлари Аллоҳ таоло наздида қандай мартабада эканлиги батафсил баён қилинади.

Сура пайғамбар алайҳис-саломни мушриклардан юз ўгиришга буюриб, уларнинг яқинда қилмишларига яраша жазо олишлари аниқ экани ҳақида хабар бериш билан ниҳоясига етади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2-3. Очиқ-равшан Китобга - Қуръонга қасамки, албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.

4. Дарҳақиқат у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул - Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир).

5. Бас (куфру исёнда) ҳаддан ошувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан бу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларингизга ташлаб) қўюрмизми?!

6. Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз.

7. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.

8. Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қувватлироқларни ҳам ҳалок қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларнш масал-қиссалари ўтди-ку! 

9. (Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар). 

10. Ўша зот сизлар учун ерни бешик-қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда кўзлаган манзилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (ерда турли) йўлларни (пайдо) қилди. 

11. Ўша зот осмондан (аниқ) ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан «ўлик» шаҳар-қишлоқларни) тирилтирдик (яъни қуруқ ердан турли-туман гиёҳларни чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар. 

12. Ўша зот барча жуфтларни (яъни бор махлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан - сизлар минадиган нарсалар (пайдо) қилди. 

13-14. Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз бизлар (барчамиз) «Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар. 

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлари қаторида улар шукр қилиб, ибрат олишлари учун ўзларидан неча баробар катта ва кучли кема ва туя каби, инсонлар миниб ва бошқариб юрадиган нарсаларни ҳам яратиб қўйганини ва шундай қудратли, баҳайдат нарсаларни инсонга бўйинсундириб қўйганини баён қилди. Энди қуйидаги оятларда «фаришталар - Аллоҳнинг қизлари» деган ботил ақида эгалари бўлган мушриклар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг бу пуч даъволари илоҳий мантиқ билан рад этилади. 

15. Улар (мушриклар, Аллоҳ) учун Ўз бандаларидан (айримларини, яъни фаришталарни) жузъ-бўлак қилдилар! (Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У зотнинг қизлари, яъни Унинг бир жузъи дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир!

16. Балки, (Аллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?!

17. Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар.

18. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!»

19. (Ҳолбуки) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроққа тутилурлар! 

20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни фаришталарга «улар Аллоҳнинг қизлари», деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон сўзламоқдалар! 

21. Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!

22. Балки улар (шундай) дедилар: Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат - дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз».

23. (Эй Муҳаммад), шунингдек Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огохлантиргувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар.

24. (Шунда пайғамбарлари уларга) «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?» деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар.

25. Бас Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг! 

26. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат килаётган бутлардан покдирман. 

27. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак».

28. У (Иброҳим) ўшани (яъни ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди.

29. Мен эса (Иброҳим авлодларидан бўлган, аммо у қолдирган Сўзга итоат этмаган) ана у (Макка аҳолиси)ни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам то уларга Ҳақ-Қуръон ва очиқ-равшан пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) келгунича (узун умр ва фаровон ҳаёт билан) фойдалантирдим.

30. (Аммо) қачонки уларга Ҳақ-Қуръон келгач, улар: «Бу сеҳрдир, албатта бизлар унга кофирдирмиз», дедилар.

31. Яна улар: «Бу Қуръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар.

И з о ҳ. Икки қишлоқдан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар. 

32. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати-пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз). 

33. Агар (иймонсиз кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини кўришиб, барча) одамлар бир миллат (яъни кофир) бўлиб олишлари бўлмаганида эди, албатта Биз Раҳмонга (яъни Бизга) кофир бўладиган кимсалар учун уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик. 

34. Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик). 

35. Яна (барча) зеб-зийнат, нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйган бўлур эдик. Зеро буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир.

И з о ҳ. Ушбу оятлардан Аллоҳ таоло наздида бу дунё ўзининг бор зебу-зийнат ва ҳою-ҳаваси билан нақадар ҳақир бир нарса экани маълум бўлди. Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилинган бир ҳадиси шариф мазкур оятларнинг муносиб тафсири бўлса керак: «Агар Аллоҳ таолонинг ҳузурида дунё учун пашшанинг қанотича вазн-қиммат бўлганида, Аллоҳ кофирга ундан бир қултумини ҳам раво кўрмаган бўлур эди». Қуръони Карим бу оятлар воситасида бизларни тарки дунёчиликка тарғиб қилмайди, балки бу дунё унга қул бўлишга арзийдиган матоҳ эмаслигини уқтиради. 

36. Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса - юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур. 

37. Шак-шубҳасиз (шайтонлар, кофирларни Тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар. 

38. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса. Бас (сен), нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер.

39. (Эй кофирлар ва уларни Тўғри йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни азобни қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!

40. Бас, (Эй Муҳаммад), сиз карларга эшиттира олурмисиз, ё кўрлар ва очик залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?

41. Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) сизни кетказсак (яъни вафот қилдирсак ҳам) албатта биз улардан (охиратда) интиқом олгувчидирмиз.

42. Ёки, албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёк) сизга кўрсатурмиз. Зеро Биз уларга (азоб беришга) қодирдирмиз.

43. Бас, сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта, сиз Тўғри йўлдадирсиз. 

44. Албатта у (Қуръон) сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат кунида бу неъмати илоҳийя хусусида) сўралурсизлар. 

45. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)! 

46. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди. 

47. Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у (мўъжизалар устидан) кула бошладилар.

48. Биз уларга (тўфон, чигиртка балолари каби азоб оятларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ оят бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик. 

49. Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач, Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса) албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни ўша Аллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар. 

50. Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўз аҳдларини) буза бошладилар. 

51. Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшохлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?! 

52. Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни Мусодан) яхшироқдирман?! 

53. Бас унга (Мусога осмондан худди подшохларнинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач нега унга иймон келтирасизлар)?!» 

54. Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат улар фосиқ қавм эдилар. 

55. Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик - уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик. 

56. Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик. 

57. (Эй Мухаммад), качонки (Ийсо) бинни Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. 

58. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқок қавмдирлар! 

И з о ҳ . Бу оятлар мушриклар Ийсо бинни Марямни мисол қилиб, Муҳаммад алайҳис-саломни мулзам этмоқчи бўлишгани хусусидадир. Пайғамбар алайҳис-салом қурайшликларга «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир», оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат қилганларида, мушриклар ғазабга минишиб: «Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?» дсб сўрашади, Ҳазрат уларга «Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинадиган нарсаларга тегишлидир», деб жавоб бергач, улардан бири туриб: «Ахир сен Ийсони Аллоҳнинг пайғамбари деб эдинг-ку! Ҳолбуки насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар Ийсо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айтгин-чи, бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Ийсоми?!» деди. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбар вафот топиб кетгандан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай бехуда мисолларни келтиришлари баён этилади, Қуйидаги оятларда Ийсо бинни Марям ким бўлганликлари хусусида яна бир бор уқтирилади. 

59. У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик. 

60. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик. 

И з о ҳ . Бу оятда Аллоҳ таоло учун нафақат Ийсони отасиз яратиш, балки ер юзидаги барча одамларни йўқ қилиб, уларнинг Ўрнига фаришталарни қўйиб қўйиш ҳам жуда осон иш эканлиги таъкидланади. 

61. Албатта (Ийсо Қиёмат) соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! 

И з о ҳ . Саҳобаи киромлардан Ибн Аббос ва Қатоданинг айтишларича (Аллоҳ улардан рози бўлсин), қиёмат қойим бўлиши олдида Аллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломни дунёга тушириб, у киши бутун ер юзида Ислом ҳукмини юргизар эканлар. Шунинг учун ушбу ояти каримада Ийсо - қиёмат аломатидир дейилди. Оятнинг давомида энди пайғамбар алайҳис-саломга буюрилади:

(Эй Муҳаммад, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар! Мана шу Тўғри йўлдир».

62. Сизларни ҳаргиз шайтон (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин. Албатта у сизлар учун очиқ душмандир.

63. Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизаларни келтиргач, деди: «Мана мен сизларга Ҳикмат - Инжил билан, сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!

64. Албатта Аллоҳнинг Ўзи Парвардигорим ва Парвардигорингиздир, бас (ёлғиз), Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри йўлдир».

65. Сўнг (Насронийларнинг ичидан чиққан) фирқалар (Ийсо хусусида, айримлари уни «худо», деб, айримлари «Худонинг ўғли, деб) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли Кун - қиёматнинг азоби - ҳалокат бўлгай!

66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида (Қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутадилар холос.

67. У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар).

68-69. (У Кунда уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар.

70. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!»

71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадахлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.

72. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир.

73. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.

И з о ҳ. Мазкур оятларда беш кунлик дунёда тақво билан яшаб ўтган мўмин-мусулмонларга мерос қилиб бериладиган жаннатдаги ноз-неъматлар беадад ва мангу боқий, боғ-мевалари эса хазон билмас эканлиги баён этилди. Энди динсиз осийларнинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида хабар берилади. 

74. Албатта жиноятчи кимсалар (яъни кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар. 

75. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар! 

76. Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар. 

77. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди. 

78. Аниқки Биз сизларга Ҳақ-Қуръонни келтирганмиз, лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар. 

79. Балки улар (яъни Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломга суиқасд қилиш учун) бирон ишга қарор қилгандирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (Ўз пайғамбаримизга уларнинг макрларидан нажот бериб, у суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок этишга) қарор қилгувчидирмиз. 

80. Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар! 

81. (Эй Муҳаммад, «Аллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлур эдим, (лекин У зотнинг боласи ҳам, оиласи ҳам йўқдир)!» 

82. Осмонлар ва ернинг Парвардигори, Арш Эгаси (бўлган Аллоҳ) улар сифатлаётган нарсалардан покдир.

83. Бас, уларни тарк этинг, ваъда қилинган Кунга рўбарў бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйнаб-кулиб юраверсинлар! 

84. У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳ бўлган зотдир. У ҳикмат эгаси ва билгувчидир.

85. Осмонлар ва ер ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсалар подшоҳлиги Ўзиники бўлган зот баракотли - буюкдир. (Қиёмат) соати ҳақидаги билим ҳам ёлғиз Унинг ҳузуридадир. Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар. 

86. (Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида Ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувохлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).

87. (Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар. Бас, (Уша яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?! 

88. (Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-саломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур). 

89. Бас, (эй Муҳаммад), сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!






44. Духон сураси 


Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, эллик оятдир.

Сура Қуръони Каримнинг муборак Қадр кечасида нозил бўлгани ҳақида хабар бериш билан бошланади,

Сўнгра бу азиз Китобдан шак-шубҳада бўлган мушриклар осмондан «тутун»- ғубор ёғиладиган кун билан огоҳлантириладиларки, суранинг «Духон-Тутун» деб номланиши шундандир.

Бу сурада Тангри таолонинг пайғамбарларидан Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн қавмига юборилишлари ва у зотга иймон келтирган кишиларга қандай нажот берилиб, инкор этганлар қандай ҳалокатга йўлиққанлари батафсил баён қилинади.

Сура кофирлар тушадиган дўзах даҳшатлари ва мўминлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат манзараларини тасвирлаш билан ниҳоясига етади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2-3. Очиқ-равшан Китобга - Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик. 

И з о ҳ . Кўпчилик уламоларнинг айтишларича бу кеча Рамазон ойидаги Қадр кечаси бўлиб, Қуръони Карим ўша кечада нозил бўла бошлагандир. Унинг «муборак-баракотли кеча дейилишига сабаб эса, жаҳолат зулматларида қолиб, ўз йўлини йўқотиб қўйган инсоният олами ўша кечада осмон билан боғланиб, ундан ўзи учун то қиёмат дастурул-амал бўладиган илоҳий йул-йўриқлар ола бошлаганидир. Бу кечанинг яна бошқа хислатлари ҳам борки, у ҳақда қуйидаги оятларда баён қилинади. 

4. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур).

И з о ҳ . Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтадиларки, Аллоҳ таоло бу кечада то келгуси сананинг шу кечасигача бўладиган, бандаларга тааллуқли барча ишлар ҳақида ҳукм қилур. 

5. (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки, 

6. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитгувчи, билгувчидир.

7. Агар ҳақиқий ишонгувчи бўлсангизлар, (ўша сизларнинг Парвардигорингиз) осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир.

8. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Парвардигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир). 

9. Йўқ, улар (яъни мушриклар қайта тирилиш хусусида) шак-шубҳада бўлиб, (Аллоҳнинг пайғамбарларининг устидан масхара қилиб) ўйнарлар. 

10. Бас, (эй Муҳаммад), сиз осмон очиқ (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! 

11. У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.

И з о ҳ . Имом Бухорий ривоят қилишларича, қурайшликлар ўз куфру исёнларидан қайтишмаган, у зот Аллоҳ таолодан Юсуф пайғамбар замонларида бўлиб ўтган қаҳатчилик каби бало юборишни сўраган эканлар. Шунда бир неча йил давомида шундай қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлибдики, одамлар қўлларига тушган нарсани ея бошлабдилар ва қуриб-қақшаб кетган ердан кўтарилган чанг-тўзон уларнинг кўзларига тутундек кўрина бошлабди. Ана энди улар Аллоҳ таолога ёлвориб дуо-илтижо қилишга тутинадилар. 

12. «Парвардигор, Ўзинг бизлардан бу азобни аритгин. Албатта бизлар иймон келтиргувчидирмиз».

13-14. (Лекин) улар учун қаёқдан ҳам (бошларига тушган бу бало-офатлардан) эслатма-ибрат олиш бўлсин?! Ҳолбуки уларга очиқ пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) келди, сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун», дедилар-ку?! (Бас, очиқ-равшан мўъжиза - Қуръонни келтирган пайғамбарга иймон келтирмай, ундан юз ўгирган кимсалар бошқа бирон нарсадан панд-насиҳат олармидилар?!) 

15. Албатта Биз бу азобни (сизлардан) бир оз (вақтгача) аритгувчидирмиз, сизлар ҳам шак-шубҳасиз (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар. 

16. Биз даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган кунда (яъни Бадр жангида ёки Қиёмат кунида Биз улардан интиқом олурмиз). Зеро Биз интиқом олгувчидирмиз.

17. Аниқки, Биз Улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва Уларга бир улуғ пайғамбар (яъни Мусо алайҳис-салом) келгандир.

18. (У уларга деди): «Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини (яъни Бани Исроил қавмини) топширинглар! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман».

И з о ҳ. Маълумки, Фиръавн ва унинг қавми бўлган Қибтийлар Бани Исроил қавмини мустамлака қилиб, уларга кўп зулму зўравонликлар қилар эдилар. Мусо пайғамбар Аллоҳ таолонинг амри билан Фиръавн олдига бориб, ундан Бани Исроил қавмини озод қилиб юборишни талаб қилади. Мазкур ва қуйидаги оятларда шу ҳақда хабар берилади. 

19. «Ва Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар! Албатта мен сизларга (ўзимнинг ҳақ пайғамар эканлигимга) очиқ-равшан ҳужжат (мўъжизалар) келтирурман». 

20. (Шунда Фиръавн ва унинг қавми Мусони ўлдириш билан таҳдид солганларида у деди): «Албатта мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан сизлар мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўраганман, (демак сизларнинг таҳдидларингиздан қўрқмайман). 

21. Агар менга иймон келтирмасангизлар у ҳолда мени холи қўйинглар!»

22. Бас, у Парвардигорига «Дарҳақиқат улар жиноятчи қавмдир (яъни Ўзинг уларнинг жазоларини бергин»,) деб дуо қилди.

23. Бас, (Аллоҳ Мусога ваҳий юбордики,) «Бандаларим (яъни Бани Исроил қавми) билан бирга тунда йўлга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур (яъни Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур). 

24. Ва денгизни сокин (яъни сизлар ўтаётганда иккига бўлинган эди, ана ўша ҳолида) қўявергин (ва Фиръавн ўз қўшини билан ундан ўтиб олишидан қўрқма). Шак-шубҳасиз улар ғарқ қилингувчи қўшиндир». 

25-26. Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар! 

27. Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)! 

28. Мана шундай! Биз у (неъматларни бошқа) бир қавмга мерос қилиб бердик!

29. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) мухлат ҳам берилмади!

30-31. Дарҳақиқат Биз Бани Исроилга хор қилгувчи азобдан - Фиръавндан нажот бердик. У ҳақиқатан мутакаббир, ҳаддан ошувчилардан эди.

32. Дарҳақиқат Биз уларни (Бани Исроил қавмини) билган ҳолимизда (ўз замонларидаги барча) оламлар - одамлардан танлаб олдик - афзал қилдик.

33. Ва уларга оят-мўъжизалардан (денгизнинг қоқ ўртасидан бўлиниши, осмондан ризқу рўз ёғилиши каби) нарсаларни ато этдикки, уларда (тафаккур қилгувчи учун) очиқ имтиҳон-синов бордир.

34-35-36. Албатта ана улар (яъни Қурайш кофирлари: «Ўлим) фақат биринчи ўлимимиздир ва бизлар қайта тирилгувчи эмасмиз. Бас, агар («охират ҳаёти ҳам бор», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар (ўлиб кетган) ота-боболаримизни (қайта тирилтириб) келтиринглар-чи?» дерлар. 

37. Улар (куч-қувватда) яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки улар жиноятчи - осий эдилар.

И з о ҳ . Туббаъ - қадим замонда Мадина атрофида яшаб ўтган бир солиҳ подшоҳ бўлиб, унинг қавми жуда бақувват кишилар эди. Улар куч-қувватларига ишониб Туббаъга итоат этмаганларидан кейин Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган эди. Ушбу оят «Бизларни ёшимизни яшаб бўлгунимизча ҳеч ким ҳалок қила олмайди ва ўлганимиздан кейин ҳеч ким тирилтира олмайди», дейдиган Қурайш кофирлари ҳақидадир. 

38. Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. 

39. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.

40. (Ҳақ билан ботилнинг) ажралиш Куни (яъни Қиёмат куни) барчаларининг (инсонларнинг) ҳисоб-китоб вақтидир.

41. У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

42. Магар Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина (ёрдам берилур). Албатта Унинг Ўзигина қудратли ва меҳрибондир.

43-44. Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир.

45-46. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!

47-48. (Дўзах фаришталарига): «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар, сўнгра боши устидан қайноқ сувдан - азобдан қуйинглар!» (деб амр этилур).

49-50. (Унга масхара қилиш учун: «Мана бул азобни) тотиб кўргин! Дарҳақиқат, сенинг ўзинггина «қудратли ва улуғдирсан». Дарвоқеъ, бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!» (дейилур). 

51-52. Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар. 

53. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар). 

54. Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз.

55. Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чевани чақирурлар.

56. Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир.

57. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Мана шу улуғ бахтдир.

58. Бас, (эй Муҳаммад), дарҳақиқат, шояд улар эслатма-ибрат олсалар, деб Биз (бу Қуръонни) сизнинг тилингиз билан осон-енгил қилиб бердик. (Лекин улар Қуръон панд-насиҳатларини қабул қилмадилар). 

59. Бас, энди сиз (уларнинг ҳоллари не кечишига) кўз тутинг! Улар ҳам албатта (сизнинг ҳалокатингизга) кўз тутгувчидирлар.

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов