Али розияллохи анху
Тонг отиб, оламга қуёш чароғон нурларини ёйган паллада қурайш шайхларидан бўлган Абу Толибнинг аёли Асаднинг қизи Фотима Макка аҳлининг кунлик одатларига кўра қиладиган ибодатлари бўлган Каъбаи мушаррафани тавоф қилиш учун бордилар. Етиб келиб ҳануз бир неча мартаба ҳам қаъбаи муаззамни айланиб чиқмаган эдилар. Бирдан қаттиқ оғриқ тутиб қолади. Шунчалик оғриқ тутадики, ҳатто тавофни ниҳоясига етказишдан ҳам тўхтатиб қолгудск бўлади. Лекин ўзларини маҳкам тутиб, оғриққа ҳам эътибор этмай тез-тез айланиб тавофни охирига етказишга шошиладилар. Бирдан оғриқ қаттиқ тутиб кетганидан мадад истаган ҳолда Каъбанинг пардапушларига осилиб атрофга қараб, эрлари Абу Толибни исташга тушадилар. Абу Толибни топиб ўзлари тушиб қолган ҳолатдан ёрдам олмоқчи бўладилар. Бироқ бехосдан тўлғоқ тутиб қолади. Атрофдагиларнинг кўзлари тушиб қолишидан уялиб Каъбанинг пардапушига ўралиб олган ҳолда орқасига ўтиб бекиниб оладилар.
Мана шу ҳолда Каъба пардапушига ўралиб одамлар кўзидан бекиниб турадилар. Бир неча дақиқалар ўтиб-ўтмай Фотима Каъба пардапушига ўралган болани кўтариб зоҳир бўладилар. Бу туғилган бола шундай улуғ шарафли маконда, шундай улуғ шарафга эга бўлган биринчи бола эди. Бундан аввал ҳам, бундан кейин ҳам бирор бола бундай юксак шарафга ноил бўлолмагандур. Оллоҳ таоло қурайш шайхини ҳамда Ислом дини зоҳирга келган пайтда иккинчи аёл бўлиб динни қабул қилган онасини шундай икромга восил этди. Оналари боланинг номини ўтган боболарининг номини эслаб туриш-лик учун Ҳайдар деб қўймоқчи бўлдилар, лекин оталари Абу Толиб боланинг юксак олий бир мақомда туғилиш шарафига ноил бўлганлигини кўриб номларини Али деб қўйганлар.
Мана шундай буюк бир шарафли ҳолатда Ҳасан ва Ҳусайннинг оталари аҳли байтнинг вакили бўлган Али ибни Толиб мелоднинг 601 йилида дунёга келдилар. Ота-оналарининг қўйнида саккиз ёшга қадар (баъзи ривоятларда эса тўққиз ёшга қадар) тарбия топдилар. Тўққиз ёшга етган пайтларида Расулуллоҳ ҳазратлари Али ибни Толибни ўз тарбияларига оладилар. Ибни Исҳоқ бу воқеани китобларида шундай деб ривоят этадилар:
Қурайш аҳолисининг қаттиқ қаҳатчилик балрси етганлиги аслида Али ибни Толибга Оллоҳнинг чексиз инъоми ва унга Оллоҳ, еткизган яхшиликларни ирода этганлиги бўлди. Қурайшга очарчилик етган эди. Абу Толиб сербола одам эдилар. Шу сабабли бир куни Расулуллоҳ ҳазратлари амакилари Аббосга қараб: «(Аббос қурайшларнингбойроҳларидан эдилар) «Эй амаки, биродарингиз Абу Толиб сербола одам, аҳволини кўриб турибсиз, ҳамма ёқда очарчилик, юринг, бориб бироз бўлса-да, болаларидан енгиллатайлик. Мен биттасини олай, сиз ҳам биттасини олинг, сал унга енгиллатиб қўяйлик», дедилар. Аббос «хўп бўлмаса, шундай қилайлик, юринг», деб икковлон Абу Толибнинг олдиларига келиб, муддаоларини айтдилар. Абу Толиб уларнинг гапларини тинглаб, «майли ихтиёр ўзларингда», дея жавоб бердилар. Шундан кейин Расулуллоҳ болаларнинг ичидан Алини олиб кетдилар. Ўз уйларида то Оллоҳ таоло ва таборак оламга пайғамбар қилиб юборгунга қадар бирга сақлаб юрдилар. Оллоҳ таоло ва тақаддус у зот инсониятни бахт-саодат йўлларига йўл кўрсатишлик учун оламга раҳмат пайғамбари қилиб юборган пайтида ҳазрати Али Расулуллоҳга эргашдилар ва имон келтирдилар, рост деб тасдиқ этдилар. Ҳазрати Али ёш йигитлар ичида янги порлоқ динга биринчи бўлиб бўйсинганлардан эдилар. Ва ҳамда қурайшлар ичида бутларга асло сажда қилмаган биринчи киши ҳам эдилар. Мана шу сабабга кўра, ҳазрати Алини карамаллоҳу важхаҳу Оллоҳ мукаррам қилган зот дейилади. Зсро, Расулуллоҳнинг хонадонларида ўсганликлари туфайли, Расулуллоҳ. ҳазратлари ўзлари ҳам пайғамбарлик пайғоми келмасдан бурун бутларга сажда қилишликни карих кўрардилар. Номақбул иш деб санардилар. Мана шундай бир оилада улғайган бола албатта, ўша оиланинг муҳити таъсиридан сезиларли ҳисса олган эди.
ИСЛОМГА ҚАНДАЙ ДОХИЛ БЎЛГАНЛИКЛАРИ
Ҳазрати Али кунлардан бир куни Расулуллоҳ. алайҳиссаломнинг ҳовлиларига кирдилар. Кирган пайтларида уйда Расулуллоҳ билан биргаликда асллари Хадича ҳамда кичкина қизлари Фотима бирга эдилар. Ҳазрати Али Расулуллоҳ ҳамда Хадича онани бирга рукуъ ва сажда қилаётганларини, ёнларидаги қизчанинг ҳам уларга ўхшаб ётиб-турганини кўриб ҳайратдан қотиб қолдилар. Тўхтаб туриб, Расулуллоҳнинг хазин ва ёқимли талаффузда ўқиётган сўзларига қулоқ сола бошладилар. Тугатганларидан кейин Али у зотдан нима қилаётганларини сўрадилар. Ва нимани ўқиганликларини аниқ тушунтириб беринг дея ўтина бошладилар. Расули акрам ҳазратлари ҳазрати Алига ўқиган нарсалари Оллоҳнинг каломи эканлигини ва ҳамда янги дин келганлигини, бу дин башарга қисматга қадар бахтларини таъминлашга лаёқатли эканлигини тушунтириб бердилар. Кейин эса «агар хоҳласангиз мана шу буюк неъмати илоҳий бўлган динни қабул этиш ва ҳамма ошкору-муҳфийдан хабардор ва кўриб турадиган, ўзинг эса ҳеч қачон кўзлар кўролмайдиган якка улуғ халлоқу оламга ибодат қилинг», деб сўз юритадилар. Расулуллоҳдан бу гапларни эшитиб ҳазрати Али дедилар: «Сиз менга бир неча кун муҳлат беринг, токи мен отам билан бир маслаҳатлашиб келай», дедилар. Расулуллох, «Майли, маслаҳатлашиб келинг», дедилар. Кейин Али Расулуллоҳни уйларида қолдириб, оталари ила маслаҳатлашгани жўнаб кетдилар. Лекин уйларига оталари ила маслаҳатлашгани бормай, балки амакилари уйларида кечаси билан ўйлаб фикр этиб тонггача ухламай безовта бўлиб чиқдилар. Эрта саҳарда ўринларидан туриб хонадан ташқарига чиқиб кетаётганларида бир неча ёш йигитларга йўлиқдилар. Улар Алини қаттиқ овоз билан чақираётган эдилар. Улардан биттаси туриб: «Эй, Али, эрта туриб шошиб байтуллоҳни зиёрат этгани кетаяпсизми?» деб сўрайди. Йўқ, мен бошқа ерга кетаяпман», дея жавоб берадилар. Яна биттаси «агар бирор ишингиз бўлмаса бироз фурсатдан кейин биз ҳам тавоф қилгани борамиз, биз билан борарсиз», деганига жавобан: «мени ўз ҳолимга қўй», деб рад жавобини берадилар. Бундай терс жавобни эшитгач: «Эй Али, онанг сени санамлар уйида туққан бўлса, сен эса боришдан бўйин товласанг, бу қанақа гап?» деди. Али эса унинг сўзини бўлиб: «балки Иброҳимнинг уйида туққанлар, аммо сизлар талпинадиган бутларга келсак, мен унга юзимни кўрсатишдан ор қиламан», дедилар. Улар ўз йўлларига кетавердилар. Али эса дарҳол Расулуллоҳнинг олдиларига келдилар ва шундай дедилар: «Эй амакиваччам, мен сиз айтган ҳамма гапларингизни эшитдим ва ҳаммасини дилимдан қабул қилдим, ҳамда мен Оллоҳдан ўзга ҳеч бир лойиқи ибодат зот йўқ деб, сиз — Оллоҳнинг барҳақ пайғамбарисиз, деб Ислом шаҳодатини бераман». Кейин эса: «ё Расулуллоҳ, мен отамга эшиттиришни ва динни қабул қилишлигимда маслаҳатлашишни истамадим. Таҳқиқ, Оллох, мени яратишликда отам билан маслаҳат қилмаган-ку, албатта мен, ё Расулуллоҳ, Оллоҳ томонга етакландим. Мен бу динга фақат Оллоҳнинг розилиги, истаганим учунгина кирдим», дедилар. Ҳазрати Али уч йилга қадар Расулуллоҳга эргашиб, бошқа эргашган мусулмонлар билан Раббиларининг вазифасини одамлар кўзидан бекитган ҳолда адо этиб юрадилар. Бир куни кечқурун саҳродан намозни ўқиб келаётганларида олдиларидан оталари чиқиб қоладилар. У кишининг бемаҳал саҳродан келаётганларини кўриб: «Эй ўғлим, қаерда ўйнаб юрибсан, саҳро сенга ўйинхонами?» деб сўрайдилар. Оталарининг сўзларига жавобан: «Мен Раббимнинг ҳаққини адо этиб келаяпман», дедилар. Бошқа ривоятларда Али билан Абу Толиб ўрталаридаги гапнинг жараёни то Абу Толиб: «Эй ўғлим, Муҳаммад албатта сени фақат яхшилик томонга етаклайди, сен уни маҳкам тут», дегунларига қадар давом этган. Расулуллоҳ ҳазратлари даъватни ошкора айтишга Раббилари томонларидан буюрилиб, ўзларининг қариндошларини бундай буюк шарафли вазифани бажаришликда ёрдам беришларига чақирган пайтларида улар бундай ёрдам беришдан бўйин товлик қилиб, амакилари Абу Лаҳаб эса Расулуллоҳни қаттиқ жеркиб берган вақтида ҳазрати Али, қариндошларининг ўзларини бундай тутишларидан аччиқлари келади ва ўринларидан шарт туриб Расулуллоҳ томонга қўлларини чўзадилар: «Сиз асло қайғуга тушманг, Оллоҳга қасамки, албатта сиз одамларнинг энг покроғисиз. Уларнинг адашганликлари касофати ўзларига уради, албатта мен ва Оллоҳ сизнинг ёрдамингиздамиз. Мен, сиз душман бўлган кимсага душманман», дейдилар. Шунда қариндошларидан биттаси Абу Толибга қараб: «ўғлинг нима деяёт-ганини эшитяпсанми?» — дейди, Абу Толиб эса: «қўяверинглар, мен амакисининг ўғли ундан яхшиликларини аямайди, деб ўйлайман», деб жавоб қайтардилар. Яна бошқаси эса Расулуллоҳни масхара қилиб: «Эй Муҳаммад, мана шу гўдак сенга ёрдамчиликка етса ке-рак", деб таънаомуз сўз қилди.
ҲИЖРАТ КУНИДА РАСУЛУЛЛОҲГА ЖОН ФИДОЛИКЛАРИ
Расулуллоҳни доимий равишда ўз ҳимояларида мушриклар жафосидан сақлаб юрган Абу Толиб вафот этгач, қурайшлар Расулуллоҳга астойдил изолар бошладилар. Ҳолат бу даражага етганидан Расулуллоҳ асхобларига Мадинаи мунавварага ҳижрат этмоқларига амр этдилар. Сахобалар бирин-кетин ватанларини, мол-мулкларини ташлаб ягона имонларини сақлаб қолиш учун Мадина шаҳрига жўнаб кетдилар. Расулуллоҳ эса Раббиларининг амрига мунтазир бўлиб Маккада бир мунча вақт яшаб турдилар. Охири мушриклар ҳаммалари бир райъ ила Расулуллоҳни ўлдириб бутунлай у кишидан халос бўлишликни қатъий қарор қилишгач, Раббилари у зотга кофирларнинг ёмонлиги ва ҳийлаларидан қутулишликни ажаб бир режасини тузиб берди.
Расулуллоҳ, ҳазрати Алини чақириб: «Бу тун менга мушриклар беҳосдан ҳужум уюштирмоқчилар. Раббим менга Маккадан жўнаб кетишликка рухсат берди. Шунинг учун сиз менинг жойимга ётиб хоинларнинг кўзини бўяшлик учун чакмонимга ўралиб оласиз»,— дедилар. Али Расулуллоҳнинг айтганларини дарҳол ҳеч қандай тўхтовсиз қабул қилдилар ва ўринларига ётиб ўралиб ухладилар. Ҳолбуки, ташқарида тиш-тирноғигача қуролланган шафқатсиз кишилар пойлаб турганлигини ва улар ҳаммаси бирдан ёпирилиб Расулуллоҳни худди бир киши ўлдиргани каби ўлдиришлик учун шайланиб турганлигини ва ҳамда улар Алини Расулуллоҳ деб гумон этиб билмасдан ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин эканлигини жуда яхши билардилар. Мана шуларни билиб туриб, бироқ ўзлари ихтиёрий равишда хўп, деб қабул этдилар. Жонларини рисолат соҳибига токи динлари одам аҳлига ёйилишлиги учун, Оллоҳнинг калимаси олий бўлишлиги учун фидо этдилар. Жонни фидо этишлик дегани, жумардликнинг энг етук чўққисидур. Мана шундай олий чўққига ҳазрати Али ета олдилар. Жонларини ҳеч аямай, ачинмай, қўрқмай Оллоҳнинг динини олам узра ҳукмрон бўлишлиги йўлида рисолат соҳибига фидо этиб юбора олдилар. Ана сахийлик, ана жумардлик, ана жонфидолик, тарих бундай жонфидоликни илгари ҳам кейин ҳам учрата олмаган бўлмаса керак. Ўз жонини Ислом йўлида фидо этишликни ҳеч нарса фаҳмламай бемалол фидо этиб юборавердилар. Бундай жонфидоликлар бесамара қолгани йўқ, албатта. Дунёда ҳам жуда улкан ютуқларни қўлга кирита олдилар, охиратда, албатта Оллоҳ олдида буюк, улкан мукофотларга эга бўладилар.
Оллоҳ таоло ва таборак ўзининг Расулини кофирлар хийлаларидан сақлаб, ҳадсиз куввати билан ихота этиб уларнинг қўлларидан қутқазиб юборди. Ўз жонини Оллоҳ йўлида қурбон қилишга тайёр зотни ҳам қонхўрлар қўлидан қутқазиб қолди. Шундан кейин Али бир неча кунлар Маккада қолиб кетдилар. Расулуллоҳга омонат қўйганларнинг омонатларини эгасига етказиб, топшириб бўлганларидан сўнг Али оталари Иброҳим қурган байтуллоҳни видолашув тавофи билан зиёрат қилдилар. Зиёратни тугатиб, яёв ҳолда Мадина томонга йўлга тушдилар.
Узоқ ва давомли, машаққатли йўлни пиёда босиб ўтгунча жуда кўп қийинчиликларга дуч келдилар. Ҳаммасига бардош бериб мардона қадамлар ила олға кетавердилар. Мадинага узоқ кунлар юриб, оёқлари қавариб, шишиб кетган ҳолда озиб-тўзиб етиб келдилар. Расулуллоҳ ҳазратлари Алини мана шундай мажруҳ бир суратда кўриб раҳмдан йиғлаб юбордилар. Ва қадамларига муборак тупукларини суртиб дуо қилдилар. Шундан кейин Алини оёқлари асло оғриган эмас. Мадинада муҳожирлар билан ансорларни Расулуллоҳ ўзаро биродар бўлиб олишди. Ёлғиз Али ўзлари қолдилар. Расулуллоҳ Алига қараб: «Сиз менинг диний биродаримсиз», дедилар.
ИСЛОМ ҒАЛАБАСИ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН МЕҲНАТЛАРИ
Ҳазрати Али шажоатли, жасур, жуда ҳам паҳлавон кимса эдилар. Бадр жангида мардларча курашиб қурайш мушрикларининг баҳодирларидан бўлган Валид ибни Утайбани жанг асносида калласини танасидан жудо қилганлар. Ва мана шу улуғ Бадр жангида амакилари Ҳамза билан биргаликда Утба ибни Рабиага шердек ташланиб ифлос руҳини дўзах томонга жўнатганлар. Шунингдек, Ҳунайи ғазотида ҳам баҳодирларча жанг қилганлар. Ушбу жангда Алининг шижоатлари намоён бўлган ва мушриклар қўрғонини вайрон этишда моҳирликлари ошкор бўлган. Жонларини ҳеч аямай, ачинмай, қўрқмай, Оллоҳнинг динини олам узра ҳукмрон бўлишлиги йўлида рисолат соҳибига фидо этиб юборолдилар. Расулуллоҳ ҳазратлари ҳайбар яҳудийларига қарши жанг қилаётган вақтида уларнинг Наим қўрғонини қўлга олишда бир неча улуғ саҳобаларга байроқни берганликлари, бироқ қўрғон қўлга олинмай барчаларини ҳам қўлларидан байроқ ерга тушганлиги ривоят қилинади. Расулуллоҳ ҳазратларининг олдиларига келиб бўлган воқеа хабари айтилган пайтда, Расулуллоҳ ҳазратлари: «Мен эртага байроқни шундай киши қўлига топшираманки, у киши Оллоҳни ҳамда Расулини севади, Олоҳ ва Расул ҳам у кишини севади», дедилар. Саҳобаи киром барчалари эшитгач, мана шундай киши ким бўларкин, деб ҳар бирлари кутиб ётдилар. Тонг отгач, Расулуллоҳ ҳаммадан илгари «Али қаерда?» деб сўрардилар. «Кўзлари оғриб қолибди», деб жавоб берилди.
Расулуллоҳ Алини чақиртириб олиб келдилар ва кўзларига муборак тупукларидан суртиб қўйдилар. Оллоҳнинг изни билан ўшал онда кўзлари бутунлай тузалиб қолди. Кейин Алининг қўлларига байроқни бердилар ва дуо қилдилар. Шундан кейин ҳайбар яҳудийлари билан шерларча олишиб, уларни бутунлай тор-мор этиб, улкан ғалабага эришиб қайтиб келдилар. Ҳайбарда ўзларидан бир неча баробар сонда ортиқ бўлган яҳудийлар устидан мусулмонлар ҳазрати Али қўмондонликлари остида мардонавор жанг қилиб зафар қучганлар. Бу жангда Алининг ўзлари шижоатда ҳаммага шахсий намуна кўрсатиб, Оллоҳнинг душманларини бутунлай тор-мор келтирганлар. Али, карамаллоҳу важхаҳу, шижоатликларидан ташқари яна шариат асрорларига олим, динни жуда пухта биладиган ҳуқуқшунос, унинг усул ва маромларини чуқур тушунадиган ва ҳужжатлари собит бўлувчи билимдон, дунё матоларидан юз ўгирган зоҳид ҳам эдилар. Доим халлоқу олам, Оллоҳ таоло ва таборакнинг фикрига чўмиб юрардилар. Расулуллоҳ ҳазратларини «Мен илмнинг шаҳариман, Али эса унинг эшиги", деганлари саҳиҳ ҳадисларда келгандур. Ислом миллатининг энг ҳушёр билимдони бўлган Абдуллоҳ ибни Аббос: «бирор нарсани Али айтганлари бизга исбот бўлган чоғда бошқа киши нима деркин деб турмас эдик», дейдилар. Амирал мўъминин Умар ибни Ҳаттоб ҳам ҳазрати Алидан кўп масалаларда маслаҳат қилардилар. У кишининг айтган маслаҳатлари қанчалик юксакка парвоз этганликларини ҳамда дин ва шариат ҳукмларини бағоят яхши билишликларини кўрсатиб турибди. Умар каби бир зот ҳам Алига диний масалаларда мурожаат этиб, кейин эса айтган фикрларига амал қилишликлари, албатта бу ўз-ўзидан Алининг қанчалик мақомга эга эканликларини кўрсатиб турмоқда.
ФОТИМАИ ЗАҲРОГА УЙЛАНИШЛАРИ
Ҳазрати Али ўзлари бой соҳиб мулк киши бўлмасликларига қарамасдан Расулуллоҳнинг олдиларида яқинликлари ва ҳайрихохликлари ҳамда ишончлиликлари туфайлигидан жуда қадрли бир киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ Раббиларинииг амри билан насабларини сақлашлик учун ҳазрати Алини танлаганлар.
Тарих китоблари шундай ривоят қилади: Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳдан: «Қиёмат куни бутун насаблар узилишиб кетади. Магар мени насабимгина узилмайди»,— деганларини эшитгани туфайли ўз насабларини Расулуллоҳ насабларига қўшишликка ниҳоятда харис бўлган эдилар. Расулуллоҳ сулоларидан фақатгина эрга чиқмаган ёлғизгина олам аёлларининг саййидаси бўлган Фотимаи Заҳро қолган эдилар.
Кунлардан бир куни Абу Бакр Расулуллоҳнинг олдиларига бордилар ва Фотиманинг катта бўлиб қолганлигини эсларига солдилар. Расулуллоҳ алайхиссалом эса бир нима деб жавоб қайтармайдилар. Бундан Абу Бакр саволлари мувофиқ келмаганлигани тушуниб индамай ҳузурларидан одоб-ла чиқиб кетадилар. Ҳазрати Умар индамай алоҳида бир кун келиб Фотимани сўраганларида Расулуллоҳ ҳазратлари индамай қўя қолдилар. У киши ҳам саволлари номувофиқ келганлигини тушуниб ҳузури муборакларидан таъзим-ла чиқиб кетдилар.
Ҳазрати Али эса бу вақтларда на Фотимага ва на бошқа бир аёлга уйланиш тўғрисида камбағалликлари сабабли ҳамда ўзлари билан ўзлари овора бўлиб юрганликлари туфайли фикр ҳам қилиб кўрмасдилар. Кунлардан бир куни сингиллари Умму Хони у киши билан гаплашиб туриб гапнинг орасида: «Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳнинг олдиларига алоҳида келиб Фотимани сўрашибди, бироқ Расулуллоҳ розилик бермабдилар. Менинг ўйлашимча, Расулуллоҳ Фотимани сизга сақлаб турсалар керак, вақтни ўтказмай совчи бўлиб боринг» — дедилар. Бунга жавобан Али: «Фотимага уйланишлик учун нимам бор? Расулуллоҳ менга Фотимани беришлари мумкинлигани ким айтди, дедилар. Шунда Умму Хони: «Мен буни ўзим сезиб юрибман, сиз тараддудга тушмай тез бораверинг», дедилар. Умму Хони Алини ҳолжониларига қўймай қистайверганларидан кейин Али Расулуллоҳнинг уйларига боришга жазм қилдилар. Расулуллоҳнинг хонаи муборакларига келиб у жанобни кўрган заҳотилариёқ тиллари дудуқланиб гапиролмай қолдилар. Ҳолбуки, Али ниҳоятда гапга чечан кишилардан эдилар. Шунга қарамай ҳижолатданми тиллари калимага келмай қолди. Расулуллоҳ ҳазратлари эса жилмайиб табассум-ла Алига боқиб: «гапираверинг, гапираверинг» деб шижоатлантирдилар. Шундан кейин Али истакларини дудуқлана-дудуқлана тушунтиришга бошлаб: «Фотимани бир эслаб келувдим» дедилар. Меҳрибон ва мушфиқ зот саллаллоҳу алайҳиссалом у кишига боқиб: «хуш келибсиз» дедилар, холос. Бошқа сўз айтмадилар. Али эса Расулуллоҳнинг ишларидан ҳайратга тушиб қайтиб кетавердилар. Лекин Алининг баъзи бир ошналари: «бу деганлари «хўп» деб қабул қилганлари» деб Алини хотиржам қилдилар. Меҳрибон ота қизларининг ёнларига бориб табассум ила боқиб, раъйиларини сўраганларида, Фотима индамай туравердилар. Бир оз жим тургач: «Эй отажон, менга қурайшнинг ичидан шу камбағал йигитдан бошқа кишини топмадингизми?» — дедилар. Расулуллоҳ ҳазратлари Фотиманинг бу сўзларига қарши: «Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Оллоҳ ҳамда унинг Расули эрга беряпти», деганларида, Фотима: «Ундай бўлса мен Оллоҳ ва Расули буюрган кишини қабул қиламан», дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ Алини чақиртириб келиб: «Бирор нарсангиз борми?» деб сўрадилар. Али эса «Қалқонимдан ўзга ҳеч нарсам йўқ», дедилар. «Бўлмаса қалқонингизни сотиб келинг» деб буюрдилар. Али қалқонларини ҳазрати Усмон Зиннурайнга етмиш тўрт дирҳамга сотдилар. Кейин пулни чопонларининг бир барига тугиб олиб Расулуллоҳнинг олдиларига қўйдилар ва «Расулуллоҳ, мана шу қалқоннинг пули», дедилар. Расулуллоҳ пулдан бир неча тангани олиб ҳазрати Билолга бозордан атир-упа сотиб олиб келишларини буюрдилар. Қолганини эса Умму Салама олдига бориб никоҳ куни келинчакка тақиб ясатишлик учун тақинчоқлар олишга берадилар. Кейин камбағал саҳобаларни чақиртириб келадилар ва уларга ғоят мазмунли ва мароқли хутба ўқийдилар. Хутбалари асносида Оллоҳга хос бўлган санолар айтдилар ва ҳамда уйланишлик фойдаларини сўзладилар, Гапларини: «Мен Фотимани Оллоҳнинг изни билан Алига хотинликка бердим», дея якунладилар. Ҳазрати Алига ва Фотимага Оллоҳ таоло солиҳ фарзандлар ато этсун, дея дуолар қилдилар. Никоҳ маросими тугагач, бир товоқда хурмо келтирдилар. Расулуллоҳ ҳозир бўлганларга қараб: «Қани хурмодан олинглар», деб марҳамат қилдилар. Фотима янги уйларига бориб жойлашганларидан кейин у кишини оталари шундай калималар билан чақирдиларки, булар Алини Расулуллоҳ қошларинда нақадар иззатга эга эканликларига гувоҳ бўла олади.
Расулуллоҳ Фотимага қараб: «Мен сени, эй азиз қизчам, имони ҳар қандай бошқа инсондан кўра қувватлироқ, илми ҳамманинг илмидан кўра кўпроқ, ўзи эса қавмимиз ичида ахлоқ ва шарафда афзалроқ бир кишининг олдига омонатга қўйиб қўйдим», деганлар. Расулуллоҳнинг бу айтган гапаридан ҳазрати Алини қанчалик даражада эҳтиром қилишлари билинади. Ҳазрати Али Исломга жон фидоликлари туфайли мана шундай олий мартабага ноил бўлдилар.
РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМ ВАФОТЛАРИДАН КЕЙИНГИ ВОҚЕАЛАР
Мусулмонлар ўз пайғамбарлари бўлган Расулуллоҳни Раббил оламин ўз паноҳига олишликни ихтиёр қилганлигини билган вақтларида уларга жуда қаттиқ қайғу ва мусибат тушди. Одамлар икки тоифага — рост дегувчи ва ёлгон дегувчиларга бўлинай деб қолдилар. Агар Абу Бакрни мана шундай ҳолатда диннинг ҳийбатини ҳамда Исломнинг жиддийлигини сақлаган қаттиқ туришлари бўлмаса эди, ишлар охири нима билан тугашини ёлғиз Оллоҳнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмас эди.
Бу пайтда Али муборак чопонларига ўраб қўйилган улуғ боболарининг бир ёнларида ўлтирган эдилар. Ўзга томонларида эса амакилари Аббос ҳамда амакизодалари Фазл ва Қусам ўлтирардилар. Шу вақт Аббос Алига қараб: «Эй Али, қўлингизни беринг, мен сизга байъат бераман. Одамлар Расулуллоҳнинг амакилари амакиваччаларига байъат бераверади», дедилар. Бунга жавобан Али кўзларини муборак жуссага қаратган ҳолда: «Эй амаки, биз Расулуллоҳ билан машғулмиз. У кишини жанозага тайёрлашимиз керак, зарури шу», дедилар. Булар бу аҳволда туришган пайтда мусулмонлар бани Саиднинг Сақифа номли соягоҳида халифа масаласини маслаҳатлашув учун тўплангандилар. Охири Абу Бакрга ҳамма байъат беришлик билан иш тугади. Ушбу кенгашда Али ва ҳамда бани Ҳошимдан бирор киши ҳам иштирок этмади. Зеро, улар халифаликка ўзгалардан кўра ҳақлироқмиз деган эътиқодда эдилар. Умар ибни Ҳаттоб Алини байъат бермоқликка қистаб ҳам кўрдилар. Бироқ Али байъат беришдан бош тортдилар. Чунки халифани тўғри сайланганлигига қаноат ҳосил қилмагандилар. Ахири анча вақт ўтгандан кейин Али Абу Бакрга байъат қиладилар ва бу билан ўртадаги келишмовчилик барҳам топади. Ҳазрати Али Абу Бакрга байъат қилганликларидан кейин ўз ишлари билан шуғулланиб юрдилар. Абу Бакр у жанобни қизғаниб ҳеч бир жангга юбормадилар. Ўз олдиларида энг яқин маслаҳатчи қилиб ушлаб турдилар. Қачон бирор диний иш хусусида Абу Бакр ҳукм чиқаришда қийналсалар, дарҳол Алини чақириб сўрардилар. Абу Бакр хасталикларига йўлиқгунга қадар аҳвол мана шундай давом этди. Қачон Абу Бакр касаллари оғирлашиб ажаллари яқинлашганида, ўлимни сезгач, Усмон ибни Аффонни чақириб ўзларидан кейин ўзларига Умар ибни Ҳаттобни валиаҳд этиб қолдирганликларини ёздириб муҳрлатиб қўйдилар.
Умар ҳам Абу Бакр Али билан қандай муомалада иш юритган бўлсалар, шундай иш юритдилар. Балки у кишидан ҳам кўпроқ Алига мурожаат этадиган бўлдилар. Умар ўзларига Алини маслаҳатчи вазир қилиб олдилар. Ҳар бир хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий иш бўлсин Алидан бемаслаҳат ҳукм юритмас эдилар. Умар доимо «гар Али бўлмасалар эди, Умар ҳалок бўларди», деган гапни қайтарар эдилар. Ҳазрати Алини Умар ибни Ҳаттобнинг қошларида қандай мартабага ҳамда ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ бўлганликларини билмоқчи бўлган одам Умар халифалик даврлари хақида ёзилган бобни қайта ўқиб чиқсун. Шунда қанчалик Али Умар наздларида эҳтиромга сазовор эканликларини жуда яхши билиб олади. Алининг қанчалик илмга эга эканликларини, адолат бобида қанчалик мустаҳкам туришларини у ерда очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.
УСМОННИНГ ХАЛИФАЛИК ДАВРЛАРИДАГИ АЛИНИНГ ТУТГАН МАВҚЕЛАРИ
Ҳазрати Алининг Умар билан алоқалари энг гўзал софликда ва энг етук ҳамкорликда давом этди. Бундай ҳолат то Исломнинг энг истеъдодли халифаси ва энг адолатли ҳокимини хоинона ўлдирмоқ учун яҳуд ва форслар тузган суиқасд кенгашининг таъсири туфайли Муғиранинг қўли бўлган Абу Луьлуани қўлида шаҳид топгунларига қадар давом этиб келди. Умар ибни Ҳаттоб нобакор дин душманлари тузган махфий фитна орқали шаҳид бўлган пайтларида саҳобалар: «Ё Умар, ўзингиздан кейин ким халифа бўлишлигини васият этиб кетинг», дедилар. Бу сўзни эшитиб Умар: «Агар буни ўзингизга ҳавола этиб қолдирсам, мендан аввал қолдирган мендан яхшироқ зотга, яъни Расулуллоҳга эргашган бўламан. Мабодо, васият этсам, унда ҳам мендан аввалроқ васият қолдирган зотга, яъни Абу Бакрга иттибо кўргизган бўламан», дедилар. Охирида иш Расулуллоҳ рози бўлган ҳолларида вафот этган олти кишини халифалик масаласида вакил қилиб қолдирдилар. Булар Усмон ибни Аффон, Али, Талха, Зубайр, Абдураҳмон ибни Авф ва Саъд ибни Абу Ваққослардан иборат эдилар. Мазкур олти жанобдан Усмон ибни Аффон танланиб халифалик мансабига қўйилди. Шундан кейин ҳам Али аввалдаги каби динларини ўрганмоқчи бўлиб мурожаат этадиганларга дин ўргатувчи киши бўлиб қолавердилар. Айрим мусулмонлар янги сайланган халифанинг кўнгли юмшоқ, сахий эканликларини оз вақт ўтмай сезиб қолишиб, фурсатни ғанимат билдиларда, Умар жорий этган қаттиқ қўлликлардан қутулишганига суюниб дунё матоларига берилишга ҳавас қила кетдилар. Оқибатда ҳатто халифадан совғалар тамаъ эта бошладилар. Одамларнинг иштаҳалари жуда очилиб кетганидан Усмон уларнинг барчаларини баробар хурсанд этишга яролмай қолдилар. Диддаги истаган совғасини ололмаган одамлар эса у жанобга қарши ҳар хил иғволарни тарқатдилар. Халифанинг қариндош-уруғларига кўпроқ нарса бераётганларини кўрганларида аччиқлари чиқадиган бўлди. Натижада одамлар Усмон хақларида ҳар хил гаплар тарқатиб масхара қилишни ҳам бошладилар. Ҳазрати Али у жанобнинг Исломга қилган хизматларини ва ҳамда ўзларининг Исломда барқарорликларини жуда юксак қадрлар эдилар. Шу билан бирга юз бераётган хато ишларга ҳам бефарқ эмас эдилар, хусусан ҳазрати Али халифанинг қариндошлари бўлган бани Умайя қабиласи одамларининг меҳрибонликлари ва нуқсонларни суистеьмол қилиб юксакликни истаётган мусулмонларнинг ғазабларига ҳам парво этмай давлат ишларида нафс бандаларига айланиб қолаётганларини кўрган пайтларида Усмоннинг олдиларига борардилар. У кишига қариндошлари тўғрисида одамлардан эшитган шикоятларини етказдилар. Ўзаро суҳбатлашиб туриб гоҳо иттифоқ бўлишади, гоҳида эса тортишиб ҳам қолишади.
Иш қизиганидан қизиб, охири тарих эшитмаган буюк фитна юз беради. Яъни жиноятчилар эшитса баданлари титрайдиган жиноятни содир этиб, у зотнинг ҳовлиларига хоинона бостириб кириб аблаҳона тарзда ўлдиришлари содир бўлади. Бунинг тафсилан баёни Усмон Зиннурайн халифалик даврлари ҳақида сўз юритган қиссада айтиб ўтилгандур.
АЛИНИНГ ХАЛИФАЛИКЛАРИ
Мадинатуррасул саллоллоҳу алайҳи вассаллам тўс-тўполон бўлиб кетди. Ҳамма ёқда бебошлик юз бергани каби одамлар ҳеч нарсани англамас, ҳамма ҳушидан ажралган каби ҳаяжонда эди. Бир тунда кишилар Али ибни Абу Толибнинг олдиларига халифалик вазифасини юклаш учун бордилар. Лекин ҳазрати Али халифаликдан бутунлай воз кечган, ҳеч қандай мансабни хоҳламас эдилар. Шунинг учун келган одамларга қараб: «Сизлар бошқа кишини ихтиёр этинглар, мени тинч қўйинглар, кимни сайласангиз сайлангиз, мен биринчи бўлиб ўшанга байъат берурман. Зеро, мени яхши вазир бўмоқлигим, халифа бўлишимдан кўра афзалроқдур», дедилар. Бироқ келган кишилар ўз сўзларида маҳкам туриб у кишини қаттиқ қистаб илтимос қилдилар. Улар ҳадеб қистайверганликларидан кейин ҳазрати Али бир нима дейишга ҳайрон бўлиб: «Ундай бўлса масжидга боринглар ва у ерда тўпланиб, яхшилаб ўзаро кенгашиб кўринглар, сизларга яна такрор айтаманки, вазир бўлиб турганим, амир бўлишимдан кўра яхшироқ», дедилар. Лекин улар қичқиришиб қаттиқ турган ҳолда «Сен бизни рози қиласан» дедилар. Шу пайт Қуфа бошликларидан бири булган Аштар ибни Хорис ўрнидан туриб: «Оллоҳга қасамки қўлингни чўзасан, байъат айтамиз, ё бўлмаса кўзингни тепасидан учинчи кўз чиқарасан» деб сайха тортди. Бунга жавобан ҳазрати Али хотиржамлик билан: «Мени ўз ҳолимга қўйинглар, мендан бошқа бир одамни қидириб топинглар. Эй одамлар, келажакда ақл ишонмайдиган турли фитналар, юз туман қийинчиликлар бўлишлиги кутилиб турибди», дедилар. Бироқ одамлар бўлиб ўтган фитна воқеасини эсларига солиб туриб «худодан қўрқмайсизми?» дейишди. Али анча ўйланганларидан кейин хотиржамлик билан уларга рад жавобини бердилар. Кейин уларга қараб: «Огоҳ бўлинглар ва яхши билиб қўйингларки, агар сизларга хўп, деб вазифани устимга олсам унда аччиғимдан ўзим билмаган ҳолда сизларни қаттиқ койиб қўяман. Агар мени бу ишни қабул қилишга мажбур этмасангизлар, бошқа кимни сайласангиз мен ўшанга сизларнинг биринчингиз сифатида қулоқ солавераман, итоат этавераман», дедилар. Одамлар ҳазрати Алининг гапларини эшитиб бўлиб: «Биз сизга токи байъат бермай туриб ажралиб кетмаймиз», дся қичқирдилар. Ҳазрати Али уларни жуда ҳам устувор турганликларини кўриб: «Агар шундай қилиш керак бўлса, масжидга киринглар. Агар менга байъат берадиган бўлсангизлар, менинг байъатим махфий суратда бўлмасун. Бутун мусулмонларнинг розиликларида адо топсун. Халқнинг ичида ошкора суратда амалга оширилсун», дедилар. Кишилар эртага эрталаб масжидда кўришишга келишиб олишгандан сўнггина тарқалиб кетишди. Эртасига тонгда ҳазрати Али масжидга кирдилар ва минбарга кўтарилиб одамларга қарадилар-да оҳиста товушда сўз бошладилар: «Кеча сизлар билан ўзича ҳал қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмасдан бир ишга келишиб ажралган эдик, агар ҳоҳласангиз бугун ўша ишни сизлариннг ихтиёрингизга қайта топшираман».
Бу сўзни эшитиб ҳаммалари: «Биз кеча сиз билан нимага келишган бўлсак, ўша қарорда қатъиймиз. Оллоҳнинг китоби билан сизга байъат берамиз. Оллоҳ, ўзинг гувоҳ бўл!», дея баробар суронли қичқирдилар. Энг биринчи бўлиб Талха ибни Убайдуллоҳ, кейин Зубайр ибни Авом, кейин эса ўша ерда ҳозир бўлганлар Алини олдиларига бориб байъат бера бошладилар.
Байъат бериб бўлинганидан сўнг ҳазрати Али ўринларидан туриб минбарга чиқдилар ва одамларга қарата хутба ўқидилар. Хутбаларининг мазмуни шундай эди:
— Эй одамлар! Сизларга Оллоҳ, етакловчи бир китобни юборди. Бу китоб барча яхшиликни ва ёмонликни очиқ-равшан кўрсатиб бе-ради. Сизлар мана шу кўрсатилган яхшиликни ўзлаштириб олинглар, ёмонликларни эса ўзингиздан четга ташланглар. Оллоҳ томонидан устингизга юкланган вазифалар бор. Уларда Оллоҳ харом нарсаларни маълум этган. Мусулмонларнинг ҳурматини сақлашликни бошқа ҳамма нарсадан кўра ортиқроқ қилган. Мусулмонлар ҳуқуқини ихлос билан боғлиқ қилди. Мусулмон дегани — кишилар унинг қўлидан ва тилидан саломат бўлсалар дегани. Ҳар бирингиз хос ишларингизда ўлимни эсдан чиқарманглар. Зеро, одамлар — олдиларингизда, орқангизда эса қиёмат сизларни чақириб турмоқда. Учрашишлик учун ўзингизни енгиллатиб тайёрланглар. Ҳақиқатда одамларни охиригача кутиб туради. Эй Оллохнинг бандалари! Оллоҳнинг мамлакатлари ва бандалари тўғрисида Оллохдан қўрқинглар. Зеро, сизлар ҳамма нарса учун — ҳатто ерлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам жавобгарсизлар. Доимо Оллоҳга итоатда бўлинглар. Унинг амрига осийлик қилишдан қўрқинглар. Қаерда яхшилик бўлса, уни ривожлантиринглар. Қаерда ёмонликни кўрсангизлар, йўқотишга киришинглар. Бир вақтлардаги озчилик бечора ҳолларингизни эслаб юринглар. Хутбани тугатиб минбардан пастга тушдилар.
АЛИНИНГ СИЁСАТИ
Али карамаллоҳу важхаҳу халифаликни аввалги Абу Бакр ҳамда Умар даврларида бўлган ҳолатига қайтармоқни ирода қилдилар. Ҳазрати Али бу ишни дабдабаларга берилмайдиган, тарафкашлик қонига сингимаган қариндош, уруғларига, қуда, андаларига давлат хазинасидан ҳадяларни бўлиб бериб юбормайдиган бир диний раҳбар сифатида ирода қилгандилар. Бироқ, Алидан бошқа айрим кишилар эса халифалик дунёнинг алдамчи матоларига ўралган ёлғон дабдаба, салтанат ишида маст бўлган подшоҳлик бўлишини истаган эдилар. Ҳазрати Али янги фатхларни амалга оширишдан аввал, Исломга янги ерларни қўшиб кенгайтиришдан аввал асосий ғояларини амалга ошириш яъни давлатнинг ички ҳолатини тузатишга киришдилар. Халифалик муддатлари ички фитналарни тинчитиш ҳамда халифаликнинг асосий ғоясидан узоқлашиб ўз мақсадларига етиш мақсадида юрувчи худбинларни тугатиш билан ўтиб кетди. Ҳазрати Али мана шундай улкан ишга, яъни халифаликни аввалги холатига қайтаришга киришганлари сабабли тортишувлар чиқа бошлади. Исёнлар ва қаршиликлар юзага келди.
АЛИНИНГ ЮРИТГАН ИШЛАРИ
Ҳазрати Али халифалик мансабига миниб бошлаган ишларининг аввали вилоят бошлиқларининг қайсинисидан мусулмонлар шикоят қилган бўлсалар, ўшанисини ишдан олишлик бўлди. Муовия ибн Абу Суфён Умар даврларидан бери Шом вилоятига волий эди. Умар халифалик даврларида у зотдан Муовия нихоятда қўрқиб турарди. Умар ундан хар доим қилган ишлари тўғрисида, юритаётган сиёсати ҳақида бирдак ҳисоб олиб турадилар. Ҳазрати Умарнинг қаттиққўллик билан юритган сиёсатлари сабабли волийлар олдиларида хам, йўқликларида ҳам баробар бирдек қўрқувда турадилар. Бирон бир ўзбошимчалик билан иш қилишликдан ҳавф этардилар. Чунки Умар буларни доимо қаттиқ текширув остида ушлаб турардилар.
Ҳазрати Умар Муовияни дабдаба билан яшаётганини, эшиги олдида соқчи аскарлар қўйиб қўйганлигини эшитиб қолдилар. Дарҳол Муовияга «бу қандай аҳвол, тезда менга аниғини ёзиб юбор», деб хат ёзадилар. Муовия Умарнинг мактубларини олган заҳотиёқ қўрқувдан қалтираб қуйидаги жавобни ёзиб юборади: «Шом аҳли билан мана шу тариқа муомала қилинмаса бўлмайди. Агар амирал мўъминин тутаётган йўлимни ўзгартирмоқлигимни хоҳласалар, албатта ҳеч қандай тўхтовсиз ўзгартираман». Муовиянинг жавоби Умар ҳазратларига етгач, унга қуйидагича таҳдидли жавоб юбордилар: «Агар рост айтаётган бўлсанг, албатта, бу кишини шакга соладиган иш ва агар ёлғон айтаётган бўлсанг, албатта бундай иш одоб беришга лойиқдур. Мен сени қил ҳам демайман, қилма ҳам демайман».
Орадан кўп ўтмай Умар оддий бир отга миниб патриархи билан сулҳ шартномаси тузгани йўлга чиқдилар. Муовия буни эшитиб Умарни кутиб олиш учун ўзининг кўркам басавлат отига миниб аъёнлари ила пешвоз чиқди. Ҳазрати Умар мунтазир турган Муовияга парво қилмай орқаларидан пиёда эргашган ҳолда қолдириб кетавердилар. Пиёда юрганидан охири жуда ҳам қаттиқ чарчаб мадори қуриб кетди. Қадам босгани ҳам мадори етмай қолди. Шунда Абдураҳмон ибни Авф Умарга қараб: «Эй амирал мўъминин, орқангиздан эргашиб кетаётган киши ҳолдан тойиб, терга ботиб кетди. Бирор нарса десангиз-чи», дедилар. Кейин Умар тўхтаб, Муовияни чақирдилар ва одамларнинг кўз олдида отларининг орқасига беҳол суяб қўйдилар, Муовиянинг аҳволи Умар халифалик даврларида шундай текширув остида эди. Аммо юмшоқ кўнгил Усмон даврларига келиб Муовия бутунлай ўзгариб кетди. Дунёвий мол-мулкларга эга бўлиш йўлини тута бошлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом меҳрибон Роббилари ҳузурига бормоқдан аввал барҳам берган жоҳилият тарафкашлигига аста яна ўзини кўрсата бошлади. Муовия шундай қулай шароитни қўлдан беришни истамади. Ўзи учун ҳамда келажак авлодлари учун халифаликни мол-мулк қилиб олишликка йўл ҳозирлай бошлади. Ҳашаматли яшаш тарзига ўтгани тўғрисидаги ҳамда иш юритиш услубининг ёмонлиги тўғрисидаги хабарлар аён бўлгандир. Муовиянинг сиёсати унинг яқин қариндоши, хазрати Усмоннинг вазир ҳамда маслаҳатчиси, ҳаворижларни Усмонга қарши қилиб қўйган Мавлон ибни Ҳикамнинг ҳам сиёсати мана шундан иборат эди. Шу сабабли хазрати Али халифаликка сайланган кунларидаёқ энг аввал бошқа волийлардан кўра Муовияни ишдан четлатиш ҳақида фикр этдилар. Абдуллоҳ ибни Аббос, Мўғира ибни Шуъба ҳамда Зайид ибни Ҳамзага ҳазрати Алининг олдиларига кириб насиҳат қилдилар. Булар уччовлон хам ишбилармон ва тадбиркор кишилардан эдилар. Мўғира ибни Шуъба ҳазрати Алига қараб: «Эй Али, албатта, итоат этдириш ва насиҳат этишлик хаққи сизники. Бугунги кунда эрта учун эҳтиёт чорасини кўришлик лозим. Бугун агар нима йўқотилса, эртага ҳам йўқотилади. Муовияни ўз амалида қолдиринг, бошқа амалдорларни ҳам ишдан четлатмай туринг, токи ҳамма сизга итоат этиб бўлгач, ҳамда ҳарбийлар ҳам қасамёд қилиб бўлишгач, хоҳласангиз алмаштирасиз. Хоҳлаганингизни ўз ишида қолдираверасиз», дедилар.
Ҳазрати Али Шуъбанинг таклифларига жавобан: «Мен дилимда лаганбардорлик қилмайман ва ишимни паскаш кишиларга ҳам топширмайман», дедилар. Мўғира яна ҳазрати Алига қайтадан мурожаат қилиб: «Майли, кимни хоҳушсангиз ишдан олингаз-у, аммо Муовияни ўз ишида қолдириб туринг. Зеро, у журъатли киши. Ўзи эса аҳли Шом ичида эътиборли кимса», дедилар. Ҳазрати Али жиддий ҳолда уларга қараб: «Оллоҳга қасамки, мен Муовияни бир кун ҳам ўз ишида қолдирмасмен», деб қатъий қилиб жавоб бердилар. Ҳазрати Али бундай кескин жавоб берганларига қарамай Абдуллоҳ ибни Аббос яна Алига қараб «Эй Али, Муовия ҳамда унинг саҳобалари дунёдор кишидурлар. Уларни ўз ишларида қолдирсангиз, кимни волий этилса ҳам бўйин эгадилар. Агар ишдан олсангиз улар ишни Али маслаҳатсиз ўзича эгаллаб олган, деб гап юритадилар. Мана шундай юритилган миш-миш гаплар сабабли биродаримиз Усмон ўлдирилдилар. Уларнинг ҳаммалари халқни сизга қарши чиқишга тезлайдилар. Натижада Шом ва Ироқ аҳли қўзғолон қилиб юборадилар», дедилар. Ибн Аббос сўзларини тугатганларидан кейин ҳазрати Али у кишининг бирор маслаҳатларини ҳам қабул этмай, балки яна қатъий равишда: «Эй ибни Аббос, мен билган ҳақиқат ва маърифат ўз ишида қолдирмайдиган қилиб қўйгандур. Агар улар яхшиликча менинг таклифимни қабул қилиб ишни топширсалар, ўзларига яхши ва агар кейин қайси бирлари бўйин товлик қилсалар, бўйинларида қилич бўлади», дедилар. Ҳазрати Усмон баъзи бир кимсаларга берган ерларини ҳамда мулкларини Али мусодара қилдириб, қайтадан байтуллоҳга топширишга амр этдилар. Уммул мўъминин Ойиша, разияллоҳу анҳо, ҳажнинг фарзини адо этмоқлик ниятида Мадинадан чиқиб кетган эдилар. Мадинадан чиқиб кетишларини очиқ сабаби баъзи бир муҳожирларининг ривоятларига қўра, жаноб Усмоннинг юритган сиёсатларидан ҳамда яқинларининг иш юритишларидан аччиғланиб қолганлари эди. Фитна жуда қаттиқ тус олган пайтда Ойиша онамизга: «Эй Уммул мўъминии, Усмоннинг олдиларига борсангиз, у кишини ҳимоя этсангиз, эҳтимол шунда мушкулликлар учун ҳал этишлик имконияти туғилса», дейилганда, Уммул мўъминин бу гапларни қабул қилмадилар, балки Мадинани ташлаб чиқиб кетдилар. Маккага етиб келиб ҳаж фарзларини тугатган пайтларида Зубайр билан Талха Мадинадан чиқиб олдиларига келдилар ва ҳазрати Алининг халифа этиб сайланганликлари хабарини эшитиб Ойиша онамиз: «Кошки бунга, Алига иш топширилмай эришилганда эди,— дедилар,— Усмон мазлуман ўлдирилгандирлар, мен албатта унинг қонини талаб этаман». Бу эса Зубайр ҳамда Талха ва Ойиша сингаллари Асмоннинг ўғли Абдуллоҳнинг кутган фурсатларига мос келиб қолди. Зеро, Зубайр ҳам, Талха ҳам халифаликка умидвор кишилардан эдилар. Улар бундай қулайликдан фойдаланишга уринадилар. Ойиша онамиз Мадинага қайтмоқчи эдилар. Энди у фикрдан қайтдилар. Уммул мўъминин разияллоҳу анҳо Мавлон ибни Ҳикам ва шунга ўхшаш бошқа мансаб тадабгорлари бўлган, адашган кимсаларга билмасдан эргашиб қолдилар. Ўртада «жамал» жангидек мудҳиш жанг Али билан Ойиша онамиз ўрталарида келиб чиқди.
ЖАМАЛ ВОҚЕАСИ
Уммул мўъминин Ойиша ҳаж маросимларини тугатиб, Маккани ташлаб Мадина сари йўлга чиққан пайтларида Али ибни Абу Толибга байъат қилинганлигини эшитдилар. Бу хабарни эшитгач, Маккага қайтиб келдилар. Ойиша онамизнинг бу ишларидан одамлар ҳайрон қолиб нима учун йўлдан қайтиб келдиларкин, дейишиб турдилар. Ўзларидан Маккага қайтиб келганликларининг сабабини сўраганларидан кейин иш одамларга равшан бўлди. Зеро, Ойиша онамиз мазлумона шаҳид учун адолат истаб ва ўчларини олмоқликни талаб этиб келган эканлар. Маккада эса ҳазрати Усмоннинг қариндош-уруғлари ҳамда у зотга қадрдон бўлган кимсалар жуда кўп эди. Шу сабабли Ойиша онамиз чақириқларига жавобан тездан барчалари жам бўлиб атрофларига тўплана бошладилар. Буларга Макканинг яна бошқа одамларидан ҳам кўпчилик келиб қўшилди. Ойиша онамиз Маккага қайтиб кирган пайтларида у жанобдан «нима учун яна қайта йўлдан келдилар» дейилганда, «Усмон мазлумона ўлдирилди, агар мана шу гавғо тинчитилмас экан, ҳеч қачон ишни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Сизлар Усмоннинг қонини талаб этинглар. Исломнинг шаънини буюклатинглар», дедилар. Ойиша онамизнинг мазкур чақириқлари баъзи бир табақалар томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Талха ҳамда Зубайр худди мана шундай фурсатни кутган эдилар. Бундай кишилар Ойиша онамиз олдиларига кириб ҳайбаракаллачилик қилишди. Бу икки буюк саҳоба ҳазрати Алига байъат этганларини унутиб ҳам қўйишди. Кейин Алидан рухсат олиб ҳажга келганликларини ҳам эсдан чиқардилар, сўраганларга «биз Алига мажбурият остида байъат берганмиз», деб жавоб бера бошладилар. Буларнинг барчалари ҳозирги даврда мусулмонларнинг энг муҳим бўлган ишлари — Усмоннинг қотилларини жазолашлик, дея райъи этдилар. Улар ҳазрати Усмоннинг қонли кўйлакларини Дамашқ шаҳрига юбордилар. Одамларни жангга чорладилар ва Усмон ҳазратларини ўлдирган кимсаларни ҳамда мана шу ишда иштирок этган кишиларни ўлдиришликка чақира бошладилар.
Муовия ибни Абу Суфён эса бундай фурсатни ғанимат билиб зарбасини нишонга тўғрилаб, вақтдан фойдаланишга киришди. У ҳазрати Алига «Муовия ибни Абу Суфёндан» деган жумлагина ёзилган мактубни жўнатди. Бу ҳазрати Алига очиқ-ойдин исён этилганлигига бир ишора эди. Муовиянинг мактубларини олиб келган киши ҳазрати Алидан рухсат бўлгач, хатни топширди. Ҳазрати Али хатни ўқиш учун очсалар, оппоқ саҳифага фақатгина «Муовия ибни Абу Суфёндан Алига» деган жумла бор, холос. Хатни олиб келган элчи бу ҳолни пайқаб қаттиқ қўрқди ва менга омонлик бериладими?» деди. Унга «ҳа, элчига зулм йўқ, сени ўлдиришмайди» дейилди. Шундан кейин элчи айтди: «Дамашқда 60 мингдан ортиқ киши Усмоннинг кўйлакларига боқиб йиғлаб турмоқдалар. Улар қасос олишни талаб этмоқдалар. Дамашқ минбарига Усмоннинг қонли куйлаклари осиб қўйилгандур. Барчалари мана шу кўйлак остига тўпланиб Усмон учун қасос олишга бир-бирларини ундамоқдалар». Элчининг ушбу гапини тинглаган Али дедилар: «Мен Усмоннинг бунчалик хунхўрлари кўплигини сезиб турибман. Эй Оллоҳ, мен сендан Усмон қонларидан қутқармоғингни сўрайман».
Демак, ҳеч қандай сир қолмади. Фақат шахсий тамаъ эгалари ўз орқаларидан Уммул мўъмининни эргаштира бошладилар. Охири уларга итоат этиб қолдилар. Мадинага Муовия уруш учун тайёргарлик кўраётганининг хабари келган эди. Шомга бориб итоат этишдан бўйин товлаганларга адаб беришликдан ўзга чора қолмади. Лекин шу вақтда Зубайр ва Талха ҳамда Уммул мўъминин тўпланиб Алига қарши ҳаракат қилаётганларининг хабари ҳам келиб қолди. Бироқ Али тезикмай сабр қилдилар, ва дедилар: «Уларнинг тийилишларини кутиб тураман, агар тинчиб қолишса ҳеч нарса қилмайман». Лекин яна улар урушга тайёргарлик кўраётганликларини ҳамда Басрага қараб юришлик ниятида эканликлари тўғрисида янги хабар келиб қолди. Ушбу машъум хабарини тинглаган Али «агар улар шундай ҳаракат қилсалар, албатта мусулмонларнинг бирлиги қирқилади», дедилар. Уммул мўьминин қавмга бошчилик қилган ҳолда йўлга чиқдилар. У жаноб Зубайр ҳамда Талха ва жиянлари Абдуллоҳнинг маслаҳатига қулоқ солиб улар билан йўлга чиқдилар. Кундошлари Умму Салама бу хабарни эшитиб дарҳол Ойиша онамизни йўлдан қайтаришга киришган ҳолда одам юбордилар. Мактуб ёзиб унда шундай жумлалар билан гап бошлаган эдилар:
«Расулуллоҳга нима деган эдингиз? Бугун эса Оллоҳ лозим қилган хижобни йиртиб ташладингаз. Агар мен сиз ихтиёр этаётган ишни қилган бўлсамда, кейин ўлганимдан сўнг жаннатга киринг, дейилса, албатта мен Расулуллоҳга йўлиқишдан ҳаё қилган бўлардим». Лекин Ойиша онамиз йўлларида давом этдилар. Бундай гапларга қулоқ солмадилар. Ойиша онамизнинг атрофларидагилар чақириқни умум манфаатларни кўзлаш деган ном билан атаб, одамларни алдашга киришдилар. Шунингдек, ўзларининг ҳаракатларига Абдуллоҳ ибни Умар ва шу киши каби бошқа Ислом муттақийларини ҳам тортмоқчи бўлдилар. Бироқ бунга эриша олмадилар ва ҳамда Мадинага юриш қилишга қодир бўлиша олмади. Зотан у ерда Али бор эканлар, юриш бошлашга юраклари дов бермади. Кейин улар «Шомга қараб юрамиз, чунки у ерда сизлар хунини талаб этаётган кишининг қариндоши бор», дедилар. Ушбу фалокатли ҳолатда Марвон ибни Ҳикам ҳам четда ҳолмади. Зеро, унинг Усмон даврларида қандай ишлар юритганлиги ва Усмоннинг фитналарига асосий сабабчи бўлганлиги ўтган бобларда айтилгандур. Ҳазрати Али уни қилмишига яраша мансабидан бўшатганлари сабабли тинчиб турмай балки Алига қарши иш юритарди. Бутун йўл-йўриқларни, кўрсатмаларни бериб турди. Тортиша-тортиша улар Шомга боришликдан воз кечадиган бўлдилар. Чунки Шомга боришса Муовия билан ўрталарида келишмовчилик чиқиши турган гап эди. Ичларидан битталари Басрага бориш керак, деган таклифни киритади. Уларнинг ҳаммалари шунга рози бўладилар. Ойиша онамизни ҳам мана шу таклифни қабул қилишга кўндирадилар. Ойиша онамиз ҳам уларнинг Басрага боришлик фикрига қўшиладилар. Талха билан Зубайр, Абдуллоҳ ибни Умарни ўзларига қўшиб олишга яна бир уриниб кўрадилар. Лекин Абдуллоҳ уларга қараб: «Эй шайхлар, Ойиша онамизнинг уйлари хавдажларидан кўра, ўзларига яхшироқ эканлигани, сизларга эса Мадина Басрадан кўра хайрлироқ эканлигани, бўйсинишлик қилич тутишингиздан кўра афзалроқ эканлигани билиб олинглар. Алига қарши курашганлар, албатта, яхши кишилар бўлаолмайдилар», дедилар. Шундан кейин жарчилар кишиларни Уммул мўъминин сафларига қўшилишга чақира бошладилар. Басра ҳамда Яман закот моли ёрдами билан тайёрланган каттагина қўшин ҳам Ойиша онамизга эргашди. Яман ва Басра закотини ибни Забат ва ибни Омир йиғдириб шаръий ҳукумат бойлигига юбортирмаган эди. Қўшин ҳали Маккадан Басрага томон йўл солмай туриб Мўғира ибни Шуъба ибни Саъд ибни Ос билан Талха ва Зубайра ўрталарида кескин тортишув келиб чиқди. Тортишувнинг асосий сабаби Алининг устиларидан ғалабага эришилган чоқда ким халифа бўлади, деган масала эди. Талха билан Зубайр «Иккимиздан биримиз бўламиз» дея жавоб берадилар. Унга қарши Саъд ибни Ос эса «Йўқ, сизлар эмас, балки Усмоннинг ўғилларидан бирига топширасизлар» деди. «Ундан кўра мухожирларни чақириб, уларнинг болаларига топшириб қўя қоламизда» дедилар. Шу пайт Саъд ибни Ос Ойиша онамизнинг олдиларига келади ва у кишидан мақсадлари нима эканлигини сўрайди. Ойиша онамиз «Мен Басрага Усмоннинг хунларини талаб этиб бормоқдаман» дейдилар. Шунда Саъд «Усмоннинг қотиллари сиз билан бирга-ку» дейди. Баъзи одамларга иш нимада эканлиги равшан бўлиб қолди. Бу ўч олиш талаби эмас, балки мансаб тамаъсида уюштирилган бир фитна эканлигини тушуниб қолдилар. Бу орада Алига фитна авж олаётганлиги хабари келиб туради. Ҳазрати Али ҳам нима иш қилиш, қандай чора кўриш тўғрисида ўйлай бошладилар. Агар индамай сабр этиб тураверсалар, улар ҳазрати Алини таҳқирлайдилар ва агар уларнинг ҳаракатларига яраша ҳаракат қилиб урушсалар, зеро ҳар икки фирқа ҳам омон топаолмайди, деб фикр юритадилар. Агар улар яхшилик-ла унаб қўяқолсалар эди, ҳазрати Али тинчлик йўлини тутиб улар устидан ғолиб келадилар. Ҳазрати Алининг сафдошлари эса уларга қарши қўшин билан чиқиб жанг қилишга қизиқтира бошладилар. Лекин Али ўзларининг маслакларида маҳкам турдилар. Яъни тинчлик билан масалани ҳал қилиш йўлини ушлашда давом этдилар. Абдуллоҳ ибни Садам Алига учрашиб Мадинадан ташқарига чиқмасликларини ўтиниб сўрадилар. «Агар четга чиқсангиз, кейин ҳаргаз Мадинага кираолмайсиз», дедилар. Ҳазрати Али ушбу раъйга мойил бўлдилар. Бироқ атрофларидаги жамоат у зотни мажбуран четга чиқардилар. Бироқ Али ҳануз уруш бошланмаслик қарорида маҳкам турдилар. Масалани тинчлик ва сулҳ йўли билан ҳал этишга ҳаракат этдилар.
«Икки фирқа ўзаро тортишиб ҳар қайси томонда булсунлар. Кейин ўшани қабул қилсунлар, токи Ислом миллатининг бирлиги аввалда бўлган ҳолига қайтсун», деган рағбатда бўлдилар. Ҳазрати Али ўз қўшинлари сафига Усмоннинг ўлдиришликда иштирок этганлиги эҳтимоли бўлган кимсани ёки мана шу ишга кишиларни қизиқтирилганлиги эҳтимоли бўлган кимсаларни олмасликка ҳаракат этдилар. Ҳазрати Али қўшинни тайёрлаб турган пайтларида сафдошларидан бири: «Ҳазрати Али, бу билан нима истайсиз?» деб сўради. Ҳазрати Али унга: «Агар улар бизнинг таклифимизни қабул қилсалар ва бизга итоат этсалар, сулҳни хоҳламай ва агар бизга итоат этмоқни истамасалар, тақдир уларга нимани кўрсатса кўрсунлар, дея ўз ҳолларига ташлаб ҳўйиб сабр этиб турамиз, агар бунга ҳам рози бўлишмаса, бизларни ўз ҳолимизга тинч қўйинглар деймиз ва агар бизни ўз ҳолимизга тинч қўймоққа ҳам рози бўлмасалар, унда улардан, ўзимизни мудофаа этамиз», деб жавоб бердилар. Мақсадлари тинчлик ҳамда мусулмонларнинг умум бирликларини сақлашлик эканлигини такрор-такрор айтиб турдилар. Басра аҳолиси икки кимсага, Уммул мўъмининга ёрдам этувчи ҳамда ҳазрати Алига тарафдорлик қилувчиларга бўлиниб кетди. Ҳазрати Али қўшинлар Басра остоналарига етиб келмасдан бурун у ердагиларни сулҳга ва ҳамкорликка чақириш учун элчилар юбордилар. Ҳазрати Али қуролсиз юзма-юз туриб, ҳақиқий ниятларини нима эканлигиии билиб олишлари учун улар билан учрашишликни ихтиёр этдилар. Басраликлар қўшини олдида ҳазрати Зубайр уруш қилмоққа мойил эканликларини билдириб, қуролланган ҳодда адл қомат-ла турардилар. Ҳазрати Али Зубайр томонга қараб қилич ҳам тақмай, совут ҳам киймай, оддий киймда юрдилар. Бориб қарасалар, Талха ҳазратлари ҳам мукаммал қуролланган ҳолларида тайёр турибдилар. Ҳар иккалаларининг олдиларига бориб уларга қараб: «Умримга қасамки, сизлар отларни, одамларни жангга тайёр ҳолга келтириб қўйибсизлар. Бироқ қиёмат куни Оллоҳ субҳона олдига борганингизда унга айтадиган узрларингизни ҳам тайёрлаб қўйдингизми? Оллоҳдан қўрқинглар, бундай бемаъни урушга бел боғлашдан тийилинглар. Сизлар ўзи аввалда маҳкам этган арқонни ўзи чуваб ташлайдиган кимса каби бўлманглар. Зеро, мана шу буюк Ислом жамиятини барпо этишда ўзингизнинг бениҳоя хизматларингиз сингган. Эндиликда эса уни парчалаб ташловчи кишилардан бўлиб қолманглар. Сизларни тутаётган ушбу ишларингиз Ислом жамиятини қисматга қадар бирлаша олмаслик фитнасига гирифтор этмасун, ўзимиздаги ички адоватга барҳам бермасак, тезда бизни ташқи душманлар мағлуб этажак. Мана шундай мағлубият амалига учрамаслигимиз даркор. Акс ҳолда биз ички тортишувни бир ёқлик қилмай ўзаро биродаркушлик оловини ёқиб юборсак, келажак авлодларимиз учун ғоятда катта хиёнат қилган бўламиз. Куч фақат бирликдадур. Қайси миллат бирлигини йўқотса, ўша миллат келажаги учун қайғурмаган бўлади. Ўзига ҳалокатни лозим этиб олган бўлади. Ўртадаги келишмовчиликлари-мизни ўзаро келишиб Оллоҳнинг улуғ китобига ҳамда Оллоҳнинг муборак пайғамбарининг кўрсатган йўлларига амал қилган ҳолда бартараф этмоғимиз даркор», дедилар.
Ҳазрати Алининг гапларини тинглаб турган ҳазрати Талха Алига қараб: «Сиз Усмонга қаршилар томондасиз, Усмон қотилларига лаънат бўлсун!» — дедилар. Кейин ҳазрати Али Талхага қараб: «Менга байъат этган эдингиз-ку?» — дедилар. Бунга жавобан Талха: «Мен мажбуран байъат этган эдим»,— дедилар. Ҳазрати Али Зубайр қалбларини юмшатадиган нарсаларни эслатиб шундай дедилар: «Бир куни Расулуллоҳ ҳазратлари билан бани Ғанам маҳалласидан бирга ўтиб кетаётганимизда Расулуллоҳ менга табассум қилдилар. Шунда мен ҳам у зотга қараб табассум этдим. Кейин сиз у жанобга «Абу Толибнинг ўғли гердайишни ташламайди-я», дедингиз. Расулуллоҳ ҳазратлари сўзингизни тинглаб туриб сизга, у асло гердайган эмас, албатта сиз унга золим бўлмаган ҳолда қитол уруш этасиз» деганлари эсингиздами? Зубайр Алининг гапларидан кейин қалблари юмшаб аҳдларидан қайтдилар. У киши, мен Алига қарши уришмоқчи эмасман, деб қасамёд этардилар. Хусусан, Аммор ибни Ёсир ҳазрати Али билан бирга эканликларини билганликларидан сўнг бутунлай шаҳдларидан қайтдилар. Чунки Расулуллоҳ ҳазратлари Амморга қараб «Сизни золим гуруҳлар ўлдиради» дегандилар. Ҳазрати Зубайр бу хабардан огоҳ эдилар. Зубайр хато қилганликларини сезгандек бўлдилар. Зеро, у киши Оллоҳ учунгина амал қиладилар. Ҳар вақт Оллоҳ учун қилинган амал ҳақиқатга қайтувчироқ, тўғри йўлни топгувчироқ бўлади. Шундан кейин ҳаммалари бир-бирларини тушунган ҳолда ўз қавмларини олдига қайтиб кетдилар. Барчалари энди албатта, сулҳга келинади деган ишонч билан тарқалишдилар. Лекин Алининг душманлари фурсатни ғанимат билиб тунда хоинона иш юритишга, қандай бўлмасун икки тоифа ўртасига нифоқ солиб уруштириб юбормоқлик ҳаракатини бошладилар. Бунда асосий ишни «Яманлик яҳудий ибни Сабоъ бажарди. Тунда бир неча кишиларга хоинона найза санчиб ўлдирилди. Бирдан тўс-тўполон кўтирилиб кетди. Ҳеч ким жангни ким бошлагани ва найза қаердан келиб санчилаётганини ҳам билолмасди. Тундаги тўполонда икки тоифа бир-бирига аралашиб кетишганидан ким-кимни ўлдираётгани, душманими ёки биродарини — билолмасди.
Ҳазрати Али шовқин-суронни эшитиб олишув бўлаётган жойга бордилар ва одамларга қараб: «Эй одамлар, тинчланинглар, тинчланинглар!» деб қаттиқ овозда қичқирдилар. Йўлда учраган кимсадан нима бўлаяпти, деб сўрадилар. У одам «беҳосдан бизнинг устимизга улар ҳужум ясадилар. Биз уларни келган томонларига юбордик», деб жавоб берди.
Ундан бу жавобни эшитган Али «Зубайр билан Талха қон тўкмагунларича тийилмасликларини билган эдим. Улар ҳаргиз бизга итоат этмаслар», деб ўйладилар. Кейин қўлларига Қуръонни кўтарган ҳолда аскарларини айланиб юриб, ким ушбу Қуръонни қўлига олиб уларни мана шу китоб ҳукмига қайтмоқликга даъват эта олади, деб қаттиқ овоз-ла қичқирдилар.
Алининг чақириқларига қуфалик бир ёш йигитча «мен олиб бораман!» деб ўрнидан туради. Ҳазрати Али йигитга қараб... «Эй йигит, агар ўнг қўлингни кесиб ташласалар, чап қўлинг билан маҳкам ушлайсан ва агар чап қўлингни ҳам кесиб ташласалар, унда тишинг билан маҳкам тишлаб оласан», дедилар. Йигит албатта шундай қиламан, деб сўз берди. Шундан кейин ҳазрати Али Қуръонни бердилар ва унга қараб: «Эй йигит, буни уларга рўбарў қил ва «бу сиз билан бизнинг ўртамизни ҳал қилувчи нарсадур. Оллоҳ сизларни ҳам, бизларни ҳам қонимизни тўкмоқлик ни харом қилган», деб айт», дедилар. Йигит қўлига Қуръонни олиб боши узра баланд кўтарган ҳолда улар томонга жўнади. Бироқ улар йигитнинг чақириғига қулоқ ҳам солмадилар. Ўзини найза билан парчалаб ташладилар. Ишнинг бу тариқа тус олганини кўрган ҳазрати Али уруш қилишдан бошқа чора қолмаганини сездилар. «Эндиликда уларга қарши урушмоқлик ўз-ўзидан рухсатли бўлди», дедилар. Ҳарбий саркардаларни чақириб қўшинга тартиб беришликка амр этдилар. Каъб ибни Сувор жамал сафида туриб аҳволни кузатардилар. Ҳазрати Али томонларидаги қўшинларнинг сафга тизилиб жанговар ҳолга келтирилаётганини кўриб шошилинч равишда Уммул мўъминин Ойиша онамиз ҳузурига чопдилар. Олдиларига етиб келган заҳотиёқ Ойиша онамизга қараб: «Ё Уммул мўъминин, кишилар жангга қаттиқ ҳозирлик кўриб қолишди, ўртада беҳуда қон тўкиладиганга ўхшайди. Шояд, Оллоҳ сиз туфайли буларнинг ўртасини ислоҳга келтирса», дедилар. Ойиша онамиз Каъбадан бу сўзларни эшитган заҳотлариёқ ўринларидан туриб: «Эй Каъб, туядан туш ва уларга Оллоҳнинг Қуръонини рўпарў қилиб ҳаммаларини мана шу китоб ҳукмига итоат этишликка чақир», деб Каъбни қўлларига Қуръонни тутқаздилар. Каъб ҳануз китобни рўпарў қилишга ҳам улгурмай туриб ногаҳоний келиб теккан ўқдан аввалдаги зикри ўтган бола каби ер тишлаб қолдилар. Ойиша онамиз буни кўриб, ўринларидан туриб одамлар ўртасида: «Эй болаларим, Оллоҳдан ўзга ҳамма нарса ўткинчидур. Оллоҳни унутманглар, ҳисоб кунини ҳам эсадан чиқарманглар», дея қичқира бошладилар. Афсуски, бирон кимса ҳам у зотнинг гапларига қулоқ солмади. Бирдан икки ўртасида жанг қизиб авжга чиқди. Ер бетини қонлар ила лолазор этди, кишилар жасади-ла мозор айлади. Ҳар икки тараф кишилари ҳеч қандай тўхтовсиз жангга кириб бир-бирларини аёвсиз равишда тиғдан ўтказдилар. Мана шундай тўполон авжига чиқиб, қир-пичоқ бўлиб турган пайтда, Алининг сафдошларидан бўлган Абдулқайс қабиласидан бир киши олдинга отилиб чиқди ва одамларга қараб ҳаяжонланмай: «Эй одамлар, мен сизларни Оллоҳнинг китобига итоат этишга чақираман», деди. Одамлар унинг гапини эшитишни ҳам хоҳламай унга қараб: «Оллоҳнинг ҳаддини бажармайдиган одам қандай қилиб Оллоҳнинг китобига кишиларни чақира олади? Оллоҳга чақираётган Каъб ибни Суворни ким ўлдирди?», деб шовқин-суронила қичқирдилар. Жанг авжига чиқиб ақлдан кўра вахшийлик ҳукмронлиги кишиларга таъсир кўрсата бошлади. Жамал сафида урушаётганлар бир-бирларини «Эй Усмоннинг ўч олувчилари» деб атай бошладилар. Улар Усмоннинг қотилларини баланд овоз ила лаънатлашар эдилар. Ҳазрати Али уларнинг гапларини эшитиб: «Оллоҳ Усмоннинг қотилларини лаънатласун», дедилар. Шу пайт ҳазрати Алининг ёнларига сафдошларидан бўлган ибни Хўжайн деган киши келиб: «Эй амирал мўъминин, бизнинг қаршимизда юз минг яланғоч қилич турибди. Ўнг қанот ҳамда чап қанот ҳимоячилари чекинишга бошлади. Сиз бўлсангаз ҳали ҳам уйқусираб турибсиз», дедилар. Бу гапни у одам шунинг учун айтдики, ҳазрати Али қўшиннинг ўртасида жанг майдонига кириб қолганликларини сезмасдан бепарво турган эдилар. Бу гапдан кейин Али турган ўринларини тарк этиб, четга чиқиб Раббилларига ғоят дилгирлик ила ёлвориб мурожаат этишга киришдилар. Дуолари ушбудур: «Эй бутун борлиқни йўқдан барпо этган зот, сен билурсанки, мен Усмоннинг орқаларини қора қилган эмасмен. Ўзинг бугун мадад айла.» Шундан кейин тезлик билан ўринларидан туриб уларнинг ҳужумларига қарши мудофаа уюштиришлик зарурлигини тушундилар.
Жумодил ойининг охирги кунида бошланган жанг Басра ерида кун бўйи тўхтамай давом этди. Икки гуруҳ бир-бирига тинимсиз ҳужумлар "уюштриб бир-бирларининг қонларини аёвсиз тўкдилар. Шунчалик жанг қаттиқ тус олдики, бир нафас дам олишга ҳам ҳеч илож тополмай қолди. Аввалда камондан ўқ узиш билан бошланган жанг бора-бора авжига миниб охири тўс-тўполонга айланиб кетди.
Ҳазрати Али байроқни олиб ўғиллари Муҳаммад Ханафийга бериб: «олға юр!» дедилар. Муҳаммад у кишига боқиб: «олға юришга ҳеч илож йўқ, олдинда найза тишлари турубдур», дедилар. Ҳазрати Али ундан байроқни тортиб олдилар-да, қўлларига кўтариб ўнг қўлларида машҳур зулфиқорларини кўтариб якка ўзлари душман қўшинига ҳужумга ўтдилар. Тарих баҳодирлари эга бўлмаган бундай мардонаворликга ягона Али ибни Абу Толиб эга бўлдилар. Алининг сафдошлари ҳам баробар Алидан ўрнак олиб шижоат-ла ҳужумга ўтдилар. Жамал аскарлари ғалаба ила гердайиб туришарди. Улар бундай шижоат-ла уюштирилган ҳужумдан саросимага тушиб орқаларига қараб тум-тарақай қочдилар. Сафлари бутунлай бузилиб тар-тибсиз ҳолда сочилиб кетди. Зубайр ибни Авом ҳам жанг майдонини ташлаб қочдилар. Аввалроқ Талҳа ҳазратлари ғойиб бўлиб қолган, эдилар.
Ҳазрати Алига бир туянинг ҳимояси туфайли одамларнинг бекордан бекорга фожеа ҳолатда ўлаётганлари жуда қаттиқ оғир ботди. Шу сабабли Али Аштар билан Аммор ибни Ёсирни чақириб мазкур туяни сафдан чиқариш тўғрисида уларга амр этдилар. Зеро, туя бир ёқли қилинмагунча ўртадаги беҳуда қон тўкилиши ҳам пасаймас. Улар туяни ўзларига қибла қилиб олиб унинг ҳимоясига ғоят жон-дилдан қаттиқ бел боғлагандилар. Бироқ туянинг олдига боришлик даҳшатдан-дахшатлироқ, қанчадан-қанча жасур атоқли кимсаларнинг, улуғ -кишиларнинг ўликлари қолиб кетди. Мана шу туяни йўқотиш учун етмишдан ортиқ қурайш баҳодирларининг оналари боласиз қолди. Хотинлари бева, болалари эса етим бўлдилар.
Ҳазрати Али мазкур жангаи тезроқ ҳал этиб тўхтатишни ўйлайдилар. Лекин ҳеч иложи йўқ каби эди. Чунки туя бошини кўтариб байроқ каби уларнинг ўрталарида қаққайб турарди. Ҳимоячилар ҳамма нарсани бутунлай унутиб уни бениҳоя садоқатла ҳимоя этишарди. Бир гуруҳ туя ҳимоясида туриб жон берса, ўрнига бошқаси келиб яна ҳимояни давом эттирарди. Ҳазрати Али, одамлар мабодо туя тирик тураркан, асло тарқалмасликларини аниқ билардилар. Ёки Ойиша онамиз бирор дайди ўқдан шикаст топиб йиқилсаларгина уларнинг шидатлари пасайиши мумкин эди. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг мана шундай бирор дайди ўқдан ўлим топишларидан қаттиқ қўрқдилар. Агар шундай ҳол юз берса, Расулуллоҳ ҳазратларига қайси юз билан учрашаман, деб қаттиқ изтиробда қалдилар. Шу сабабли сафдошларига қараб «туяни сўйинглар, агар туя ўлдирилса, улар тарқаб кетадилар», дедилар. Кейин бани Сақфа қабиласидан бўлган . бир кишига ишора қилмб: «эй Ибни Далжа, сен туянинг олдига бор», дедилар. Ибни Далжа ҳам бир ҳийла ишлатиб туянинг олдига етиб борди ва оёғини кесиб ташлади. Туя оғриқдан қаттиқ бўкирган ҳолда ерга ётиб қолди. Одамлар бу аҳволни бехосдан юз берганини кўриб, ҳушлари бошларидан учди. Туя ерга юмалаган дамда ҳазрати Али одамларга қараб: «Эй одамлар, сизлар албатта, омонликдасиз», деб қаттиқ овоз билан қичқирдилар. Кутилгани каби ўртадаги можаро ҳам бирдан тўхтаб қолди.
АЛИ РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ВА УММУЛ МЎЪМИНИН ОЙИША ОНАМИЗ
Ўртадаги жанг Уммул мўъминин аскарларнинг асирга тушишлари билан тугади. Алининг сафдошлари, барча асирларни тиғдан ўтказишни таклиф этдилар. Уларнинг таклифларига қарши ўлароқ, ҳазрати Али: «Мен қибла аҳли асирлари агар тавба қилиб яна ўз ҳолларига қайтсалар, ўлдирмасман», дедилар.
Ҳазрати Али Ойиша онамизни нодон кишилар ахмоқликлари туфайли ранжитиб қўймасалар эди, деб қаттиқ ташвишга тушдилар. Яъни улар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни таъналар қилиб дилларини ранжитиб қўймасалар эди, деб ташвишга тушдилар. Кутилган воқеа юз берди. Шу сабабли ҳазрати Али Ойиша онамизни алоҳида бир хонага кечқурун тушириб, ичиқораларнинг кўзларидан йироқ турсунлар, дея парда тўстириб қўйдилар. Шунчалик эҳтиёт чораларини кўрганликларига қарамай барибир баъзи нодон калтафаҳм кишилар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни гапларни қилиб дилларини оғритдилар. Жуда қаттиқ таъналар билан маломат этдилар. Иш бундай тус олганини кўрган ҳазрати Али буйруқ чиқаришга мажбур бўлдилар. Кимки Ойиша онамизни беҳурмат қилса ёки у киши шаънларига нолойиқ сўзларни сўзласа, ундай беадаб киши дарра билан уриладиган бўлди. Ҳазрати Али хусуматчилар билан ниҳоятда очиқ кўнгилликда эдилар. Зеро, у жаноб Талха (р. а.)нинг Мавлон ибн Ҳикам қўлида шикаст еб вафот топганликларининг хабарини эшитган пайтларида жуда ҳам қаттиқ алам чекдилар. Зубайр ибни Авом (р. а.) нинг намоз ўқиётган чоғларида ўлдирилганликлари хабарини эшитган вақтларида ҳазрати Али қаттиқ товушда шундай дедилар: «Ибн Сафия асло кўрққан ҳам эмас, лаим ҳам эмас эди. Лекин ҳозир ниҳоятда хунук ходда ўлдирилибди.» Зубайр ҳазратларининг қотиллари бўлган ибни Журмуздан Зубайрнинг қиличларини беришни талаб этдилар. Кейин у жанобнинг қиличларини қўлларида маҳкам ушлаган ҳолда «Мазкур қилич узоқ замонлар Расулуллоҳ аллайҳиссаломнинг муборак юзларидан қудратларини кеткизган эди», дедилар. Журмуздан Зубайрни «Сен ўлдурдингму» деб сўрадилар. У: «Ҳа, мен ўлдирдим, энди буни мукофотини хоҳлайман», деди. Ҳазрати Али унинг гапини эшитиб, унга қараб: «сенга дўзах мукофот бўлади», дедилар ва ўлдиришликга амр этдилар. Кейин одамларга қараб: «Абу Абдуллоҳни Оллоҳ раҳмат қилсун. Мен таҳқиқ Баширанназир саллаллоҳу алайҳи вассалламдан ибни Сафияни ўлдирган кишининг жойи дўзах бўлади, деб башорат этганларини ўз қулоғим билан эшитганман», дедилар.
Ойиша онамиз ҳазрати Али ғалабага эришганларидан сўнг: «Эй ибни Абу Толиб, қўлингга тушдик, энди ўзинг юмшоқ кўнгиллик айла», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига илтифот кўрсатдилар. Ва одил музаффардан кўра кечирувчи музаффар ғолиброқ деб ўйладилар.
Бир неча исёнчилар Ойиша онамизнинг ҳимояларига сиғиндилар. Ҳазрати Али уларга ҳеч нарса қилмадилар, кейин Али, ибни Аббосни Ойиша онамиз ҳузурларига юбориб «энди кетсунлар», дедилар. Аввал Ойиша онамиз «йўқ, кетмайман», деб турдилар. Бир оз вақт ўтгач, Ойиша онамиз .кетишга рози бўлдилар ва «мен Оллоҳ хоҳласа тезда уйимга кетажакман», дедилар. Басрадан Мадинага қараб йўлга чиқдилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизга каттагана карвонни жиҳозлаб бердилар ва ўн икки минг дирҳам совға ҳам бердилар. Алининг биродарзодалари бўлган Абдуллоҳ ибни Жаъфар ҳам ўз ҳисобларидан беадад мол ва пул ажратиб Ойиша онамизга беришга тараддуд кўрдилар. Кейин бу пулларни Ойиша онамизнинг олдиларига қўйиб: «булар мени ўз ҳисобимдан совға», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизни ҳеч бир нарсадан камситмай, балки ниҳоятда ҳурмат-эҳтиромларини жойга келтирдилар. Ойиша онамиз кетаётган пайтларида кузатувчиларнинг ўртасида турган Алини кўриб: «Оллоҳга қасамки, мен билан Алининг ўртамизда аввалда ҳам ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У менинг олдимда энг яхши кишилардан ҳисобланади», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига жавобан: «Ойиша онамиз рост айтдилар, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У жаноб пайғамбаримизнинг дунёйи охиратда завжи муборакларидурлар», дедилар. Ҳазрати Али Абдул Қайс қабиласидан 40 та аёлга эркакча кийим кийгазиб Ойиша онамизни то ўз уйларига эсон-омон етиб келгунларига қадар кузатиб боришликни буюрдилар. Улар эркакча кийинишиб Ойиша онамизнинг карвонларини кузатиб йўлга тушдилар. Ойиша онамиз уларни кўриб эркак киши деб ўйлаб, Али мени обрўимни тўкибди, деб аччиқлари чиқди. Бироқ Маккага етиб борганларидан кейин мазкур аёллар бошларидан саллаларини олиб юзларини очганларидан кейин уларнинг аёл эканликларини билдилар. Бу Ойиша онамиз оммавий ҳаётда иштирок этган энг сўнгги воқеа бўлди. Шундан кейин Ойиша онамиз токи вафот этгунларига қадар уйларидан ташқарита чиқмадилар. Тоат-ибодат-ла машғул бўлиб олий даражага етгунларига қадар яшаб ўтдилар.
Тарихчиларнинг жуда кўплари Али карамаллоҳу важхаҳу тарафларидан Ойиша онамиз (р. а.)га қилинган ушбу гўзал муомалани шарҳлашга киришиб, шундай деб ёзадилар: «Бу шундай гўзал муомалаки, тарихда бўлган бунга ўхшаш муомала эшитилмаган. Бирор бир китоблар саҳифасида ҳам акс эттирилмаган. Ғолибнинг мағлубга нисбатан қилмайдиган амални хазрати Али томонларидан қилиниши ҳақиқатда Абул Ҳасанайн карамаллоҳу важхаҳунинг бир буюк қалб эгаси эканликларига далолат этади», дедилар. Бироқ, мана шундай табир-ла шарҳ этувчилар ушбу каби ҳайронликларини, қилинган амал олдида изоҳ этувчилар улуғ пайғамбар мактабларининг иштирок этган шогирдларидан бири бўлган Али ибни Абу Толиб ким билан мана шундай гўзал муомалада бўлганликларини унутганга ўхшайдилар. Ахир, у жаноб ушбу каби тарихда ўхшаши бўлмаган муомалани Муҳаммад алайхиссаломнинг севимли аёлларига ва Расулуллоҳнинг ғордаги йўлдошлари ҳамда энг биринчи мусулмон бўлган Абу Бакр Сиддиқнинг садоқатли қизларига нисбатан қилганлар.
ТЎҒРИ ГАП
Жуда кўп тарихчилар умумий тафсилотларга берилиб кетиб, Али билан Ойиша онамиз ўрталардаги холифлик сабабларини баён этишликда гапни жуда ҳам чўзиб юбориб муболаға даражасига етказганлар. Улар шундай деб ёзадилар: Уммул мўъминин дилларида ҳазрати Алига яъни эрларининг амакиваччаларига нисбатан рашк аралаш карохият сақлар эдилар. Зеро, ҳазрати Али Расулуллоҳ алайҳиссалом олдиларида катта ҳурматга эга ва ҳамда энг севимли қизлари Фотимаи Заҳронинг эрлари ва меҳрибон пайғамбарга одамларнинг энг севимлиси бўлгандилар. Ойиша онамиз қалб дардидаги нафрат бани Мустақил ғазотидан қайтганда йўлда Ойиша онамизга нисбатан зулм ва душманлик сабаби ила қилинган бўҳтон воқеасидан кейин яна ҳам зиёдалашганди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайд ибни Хориса ҳамда Умар ибни Ҳаттобдан ушбу воқеа тўғрисида қандай фикрдасиз, деб сўраганларида, уларнинг ҳар икковлари «биз Ойишага асло бирор хунук иш содир бўлганлигини кўрган эмасмиз», деб жавоб берганлар. Аммо ҳазрат Алидан сўралган чоғда у жаноб улуғ пайғамбарнинг юзларидаги алам асарини кўриб, Муҳаммад алайхиссалом адо этастган улуғ рисолатга бирор нуқсон етиб қолишидан қўрққанлари сабабли Расулуллоҳга қараб ўзларидаги доимий очиқ гапириш хислатига биноан: «Ё Расулуллоҳ, бундан бошқа ҳам аёллар кўп-ку» деб жавоб берганлар. Бу деган жавобларининг маъноси, агар у кишидан шаклланаётган бўлсангиз, қўйиб юборинг-да, бошқасига уйланиб қўя қолинг, дегани эди.
Баъзи тарихчилар эса ҳазрати Али Ойишанинг ходимларини олдириб келиб нима иш бўлганлигини айтасан, деб кўрганлар. У ходима «Ойиша ёш, тажрибасиз қизлар, гоҳида хамирни қориб туриб ухлаб қоладилар. Кейин эса қўйлар келиб еб кетарди. Бундан бошқа Ойиша онамизнинг айблари йўқ», деган гапдан ўзга чурқ ҳам этмади, дедилар. Мана шу сабабларнинг ҳар бири Ойиша онамиз дилларида етарлича таъсирини қолдирган эди. Ойиша онамиз қалбларида Алига бўлган бундай асарни дунё таъмагирлари ғанимат билиб Усмон разияллоҳу анҳуни ўлдирганларидан сўнг қўзғаб ҳаракатга солиб юбордилар Бундай қўзғашни шахсий ёки якка суратда эмас, балки оммавий суратда анча жиддий равишда авж олишга эришдилар. Натижада ўтган воқеа юз берди, дедилар.
Баъзи бир ривоятларда эса бу ҳодиса қуйидагача тартибда акс эттирилган: Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом Ойиша онамиз олдиларида бошларини эгиб турар, Ойиша онамиз эса муборак бошларини юваётган эдилар. Ёнларида Уммул мўъминин Умму Салама эса хурмо билан сутни аралаштириб ҳар икковларига таом тайёрлаётган эдилар. Шунда Расулуллоҳ ҳазратлари бирдан: «Мен сизлардан бирингиз думли туя соҳиби, Ҳавоиб сувининг итларини хурдирадиган ва натижада тўғри йўлдан тоядиганингиз қай бирингиз бўлади, билолмайман», дедилар. Бу сўзни эшитган заҳотлариёқ Умму Салама таомдан қўлларини қўрқувга тўла ҳолда кўтариб, шошилган ҳолда «мен шундай бўлишдан Оллоҳдан ҳамда унинг Расулидан паноҳ тилайман», дедилар. Расули Акрам ҳазратлари уларга қараб: «менимча сизлардан биттангиз Ҳавоиб итларини хурдирсангиз керак,— дедиларда, кафтлари билан Ойиша онанинг орқаларига уриб:— «Эй ҳумайра, шундай бўлишликдан эҳтиёт бўлинг», дедилар. Бироқ Ойиша онамиз шундай бўлдилар. Оллоҳнинг тақдир саҳифасига ёзганларини бўлмоқлигидан на эҳтиёт қилдиришлик ва на огоҳлантиришлик тўсиб қўя олди. Лекин мана шу ривоятни айтаётган кишилар бир нарсани ташлаб кетганлар, у ҳам бўлса Ойиша онамиз вақтики мазкур маконга етганларида «ушбу сувнинг номи нима?» деб сўрайдилар. Кишилар «Ҳавоиб суви деб» жавоб бердилар. Ушбу жавобини эшитган Ойиша онамиз: «тезда мени бу ердан олиб кетинглар, Оллоҳга қасамки, мен Ҳавоиб соҳибаси бўлиб қоламан», деганлар. Шу пайт олдиларига сингилларининг ўғли Абдуллоҳ ибни Зубайр келиб, Исломда энг биринчи бўлиб ёлғондакам гувоҳликни берганлар. Уларнинг ёлгон гувоҳликларига ишониб, Ойиша онамиз уларга бўйсиниб қолганлар. Натижада аввалда таркиб топган тақдир юз берган. Бўлар иш бўлиб ўтган.
Ҳазрати Алини баъзи бир тарихчилар маломат этиб шундай дейдилар. Эмишки ҳазрати Али Усмон қотилларини ҳибсга олишда сусткашлик қилганлар. Ҳалифалик мансабига ўлтирганларидан сўнг эса ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишлари Ойиша онамизни қаттиқ аччиқланишларига олиб келди ва Ойиша онамизни мазкур жиноятчиларга нисбатан Ислом жазо чораларидан чора қўллашликни талаб қилиб чақириқда бўлишларига олиб келди.
Дин ҳамда тоза виждон эгаси бўлган тарихчи бундай ишни ўзича шарҳлашдан тийилиши керак эди. Балки аҳволни ўтмиш тарихчилари тушунтирганларидек тушунтиришлари зарурдир. Ҳазрати Али Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиваччалари Фотимаи Заҳронинг эрлари, тўртинчи ҳалифа, Бадр ва Ҳусайн урушларининг қаҳрамони, Ҳайбар қўрғонини шикастловчи, Расулуллоҳ алайҳиссаломга хижрат кечаси ўз жонини фидо этувчи, бундан ташқари ҳисобсиз фазилатларга эга бўлиш билан бирга, бутунлай маъсум эмаслар. У киши Имом ва Мужтаҳид, демак тўғри ижтиҳод қилган бўлсалар, чексиз ажрга эга бўладилар ва агар хато ижтиҳод этган бўлсалар, унда битта ажрга эга бўладилар. Ойиша онамизнинг ҳам шу каби жуда кўп буюк фазилатлари бўлган. Бундай ишларда тўғри ҳукм чиқаришлик мумкин ҳам эмас, чиқариб ҳам бўлмайди. Энг яхшиси бундай ҳолатда ишни ғайбларини билувчи, еру-осмонда ҳеч нарса унга махфий бўлолмайдиган зотга топшириш тўғрироқ бўлади. Бундай мушкул шакли масалаларда фикр билдиришдан тўхтаб, ишни Оллоҳ таоло ва таборакка топширишликда жуда катта ҳикматлар бордур. Энг тўғри йўл ҳам шудир. Оллоҳ тало карамаллоҳу важҳаҳудан рози бўлсун. Ойиша онамиздан ҳам рози бўлсун. Ҳар икковларини Оллоҳ учун ғазабланадиган ҳавмлар мукофоти каби мукофотлар ила мукофотлансун. Омин.
САФИН ВОҚЕАСИ
Ҳазрати Али Жамал воқеасидан ҳануз тиниб-тинчимай туриб яна янгидан Муовия ибни Абу Суфён Шом қўшнида ҳазрати Алига қарши душманлик уйғотиб у зотга қарши курашга отлантираётганлигининг хабари келиб қолди. Муовия аскарларга жуда ҳам сахийлик билан совғалар улашиб ўз томонига оғдириб олади. Улар ичида Алига қарши фитна шу даражада юргизиладики, ҳатто Али Усмон (р. а.)нинг хунларини ўз вақтида олмаганлари етмаганидай бунга қўшимча равишда ҳазрати Усмонни қатл этишда иштирок этган ибни Сабоъ қўшинини ўзига бирлаштириб олганлиги учун ҳам масъулдир, деган даъвога уларда қаноат ҳосил қилдирди. Албатта, бундай миш-мишлар аскарлар орасида ўзининг ёмон таъсирини кўргазмай қолмади. Мазкур машъум хабар ҳазрати Алига етиб маълум бўлгач, у жаноб Жарир ибни Абдуллоҳни қўлларига мактуб бериб Муовия томонга жўнатдилар. Мактубда муҳожирлар билан ансорлар ҳазрати Алига тўла қувватланган ҳолда байъат берганларининг хабари ҳамда Талха билан Зубайр байъат этганларидан кейин байъатларини бузганликлари ва оқибатда Жамал воқеасида хунук ҳолатда ўлдирилганликларининг хабари баён этилиб, охирида эса Муовияни ҳазрати Алига байъат беришликка чақириқ билан тугатилган эди. Ҳазрати Алига байъат қилмаган волийлардан ягона Муовиянинг ўзи қолган эди. Ўзга барча вилоят бошлиқларининг ҳаммаси байъат бериб бўлган эди. Муовия ҳазрати Алининг мактублари қўлига текканидан кейин эса бир ҳийла ишлатишликни қасд этди. Алининг элчиларига жавоб беришни кейинга суриб, «мен яхшилаб ўйлаб олишим керак», деб чалғитиб ўзи эса Амр ибни Осни чорлаб мактуб ёзиб юборди. Мактубни олганларидан сўнг, Амр ибни Ос Муовиянинг олдига етиб келадилар. Муовия Амрдан «ҳазрати Али хусусларида нима қилишим керак», деб маслаҳат сўрайди. Амр ибни Ос Муовияга: «Сиз Алидан Усмоннинг қасосини талаб этинг, мабодо Али бунга рози бўлмаса, унда Алига қарши Шом лашкарлари ёрдамида уруш очинг», дея маслаҳат сўрайдилар. Ушбу ривоятда айтилган:
Амр ибни Ос Муовия Усмон тўғриларида ҳеч нарса демай маслаҳат берганлар. Буни Яъкубий ривоят этганлар. Бу ривоятлардан қайси бири тўғрироқлиги номаълум. Бироқ, ҳазрати Алининг элчилари Муовия қошларидан Муовия Алига қарши Шом қўшнини тайёрлаётганлиги хабарини олиб келганлар. Хабар мазмуни ушбу эди: Муовия Шом аскарлари ичида ҳамиятни қўзғашлик учун Усмоннинг қонга беланган куйлакларини ҳамда хотинларининг панжаларини Дамашқ минбарига байроқ қилиб остириб қўяди. Аскарларга жуда кўп совғалар бериб уларни ўзига оғдириб олганидан сўнг эса мана бу мазмундаги хатни улар ичида ўқиб эшитдирганди. Гўё улар Усмоннинг ўчини олиш учун жанг қилар эмишлар.
Ҳазрати Али ҳам 37-ҳижрий йилнинг 25-шаввал ойида тўқсон минг аскар билан биргаликда Сафин деган жойга қараб юрдилар. Муовия ҳам саксон беш минг аскар билан Фрот дарёсининг соҳилига келиб тушдилар. Муовия аскарлари Али аскарлари билан дарёнинг ўртасини тўсиб қўйдилар. Аскарлар қароргоҳларига ўрнашгандан икки кун ўтиб ҳазрати Али Муовия томонларига элчи юбордилар. Муовияни бирлашишга, ҳамда Ислом жамоатига киришликка чақирадилар. Муҳаррам ойининг охирги кунига қадар икки ўртада тинчлик шартномаси тузилди. Бироқ икки тоифа ўртасида уруш алангасини бутунлай тўхтатишликка муваффақ бўлолмадилар. Сафар ойи кириб, ўртадаги шартнома вақти битиши билан икки орада уруш бошланиб кетди. Жанг бениҳоя қизиди. Шу пайтда Аммор ибни Ёсир Муовия аскарларнинг бир қанчаларига тўсатдан ҳужум этиб, уларнинг барчасини тиғдан ўтказдилар. Бу ишни кўрган Али аскарлари ғайратга кириб, душманларига қарши қаттиқ ҳужумга ўтдилар. Муовия аскарлари саросима ичида қолдилар. Агар шу вақтда Амр ибни Ос бир хийла ишлатмаганда эди, албатта, Али аскарлари ғалабага эришган бўлардилар. Чунки Муовия аскарлари чекинишга тушай деб қолгандилар. Бироқ шу пайтда Амр ибни Ос қўлларида Куръонни кўтариб Қуръон ҳукмига итоат этишга ҳар икки тоифани чақирган бўлдилар. Буни кўриб Алининг аскарлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Ироқликлар «Оллоҳнинг китобига жавоб беришимиз керак», дедилар. Ҳазрати Али уларга: «Бу иш бир алдамчилиқдур, холос, сизлар бунга ишониб нақд ғалабани қўлдан чиқарманглар. Улар бу билан сизларнинг бирлигингизга барбод бермоқчилар», деб тушунтирдилар. Бироқ улар ўз сўзларида маҳкам туриб олиб, Алининг сўзларига эътибор бермадилар. Муовиянинғ чақириқларини қабул этишимиз керак, деб қаттиқ оёқ тираб туриб олдилар. Саркардалари Аштар ибни Моликга урушни тўхтатиш тўғрисида ҳукм бериб одам юборишга ҳазрат Алини мажбур қилдилар. Аштар ибни Молик ғалабани қўлга киритай деб турган бир ҳолида бундай ҳукм келганини кўриб мажбуран урушни тўхтатди.
ҲАКАМЛАР МУҲОКАМАСИ
Икки ўртадаги қонли уруш тинди. Шундан кейин Али Муовиянинг қандай фикрда эканликларини билишлик учун олдиларига элчи юбордилар. Элчи Муовияга ҳазрати Алининг таклифларини етказди. У қуйидаги мазмунда эди: Бизлар ҳам, сизлар ҳам Оллоҳ таоло китобида буюрган амрига имтисол кўргузайлик. Сизлар ўзингиз рози бўлган шахсни юборинглар. Бизлар ҳам ўзимиздан одам юборамиз. Кейин уларга Оллоҳнинг амрига биноан иш юритишларини топширамиз. Муовия бунга розимиз деб жавоб бердилар. Муовия ўткир сиёсат юргиза олувчи Амр ибни Осни танлайдилар.
Аввалда ҳам осонгина алданган Ироқ аҳли эса ҳазрати Алидан Абу Мусо Ашъарийни мазкур ишга вакил қилиб тайинлашларини қаттиқ туриб сўрайдилар. Ҳазрати Али уларга қараб: «Сизлар аввалда ҳам менга осийлик қиддингизлар. Эндиликда келинг, осийлик қилманглар», дейдилар ва Жамал воқеасида Абу Мусонинг одамларни ўз ҳолига ташлаб кетганликларини ҳамда у киши моҳир қув одам бўлган Амр ибни Осга нисбатан ниҳоятда содда, гўл одам эканликларини очиқ суратда тушунтирдилар. Абу Мусо Ашъарий Амр ибни Ос билан сўз юритиб тўғри хулосага келолмасликларини уларга айтиб, «шунинг учун мен ўз ваколатимни Абу Мусога топшира олмайман», дедилар. Бироқ Ироқ аҳли ўз сўзларида қаттиқ туриб олдилар. Бу ҳолни кўриб ҳазрати Али ичларида афсус ва надомат-ла уларнинг раъйларини мажбуран қабул қилдилар. Ҳазрати Али тўрт юз кишидан иборат гуруҳ билан уларга бош вакил қилиб Абу Мусо Ашъарийни, Муовия эса у ҳам шунча одамга бош вакил қилиб Амр ибни Осни мазкур ўттиз саккизинчи ҳижрийнинг рамазон ойида муҳокама юргизйшлик учун Думатил жандал деган ерга юбордилар. Бу ерда Абу Мусо ва Амр ибни Ос ўрталарида давлат аҳамиятига эга бўлган қаттиқ муҳокама бўлди.
Амр ибни Ос Абу Мусо Ашъарийнинг ҳар хил тилёғлама гаплар билан алдашга киришди. Охирида «айтган гапларимизни ёздириб қўяйлик», деган қарорга келишди. Оллоҳнинг китоби ҳакам бўладиган бўлди. Икки ҳакам Оллоҳнинг китобига биноан, қандай фикрга келсалар, ҳар икки гуруҳ мана шу улар иттифоқ қилишган фикрга юрадиган бўлдилар. Охирги икки ҳакамнинг охирги юзма-юз учрашадиган вақти келганда, Абдуллоҳ ибни Аббос Абу Мусога қараб: Эй Абу Мусо, сен агар ўзингнинг ким эканлигангни унутсанг хам, бироқ, ҳазрати Алига байъат қилганлар Абу Бакрга, Умарга, ҳамда Усмонга байъат қилган кишилар эканликларини унутмагин. Ҳазрати Алида уни халифалик мансабидан узоқлаштирадиган ҳеч бир хислат йўқлигини, Муовияда эса халифалик мансабига яқинлаштирадиган ҳеч бир хислат йўқлигини эсингдан чиқармагин. Сен яна Амр ибни Оснинг хийла тузоғига илиниб қолмагин», деб қаттиқ тайинладилар. Икки ўртадаги учрашув ўша йили рамазон ойида бўлиб ўтди. Учрашувда Амр ибни Ос Абу Мусони юмшоқ сўзлар, мақтовли гаплар билан аста ўзлари томонга оғдириб олишга киришди. Зеро, Амр ҳеч қандай мунозарага ва гапнинг кўпайиб кетишига тарафдор эмасди. Ўртада бир котибни чақириб олиб, олиб борилаётган мунозара баҳсини ёзиб боришликка иттифоқ этдилар. Охирида ёзилган мактуб «Биз Алининг Усмонни ўлдиришликда иштирок этганларига ҳужжат келтирамиз», деган сўз билан тугади. Абу Мусо «Бу иш Исломда янгалик бўлди, бизлар бу ерга Муҳаммад умматини Оллоҳ тезда яна аҳволни сулҳга келтирадиган бир иш қилишга йиғилдик, дедилар. Амр ибни Ос у кишидан «Бу нима деганингаз?» деб сўрадилар. Шунда Абу Мусо: «Ироқ аҳли Муовияни яхши кўрмайдилар. Шомликлар эса Алини дўст тутмайдилар. Шундай бўлгач, биз ҳар иккисини мансабдан бўшатсак-да, ўрнига Абуллоҳ ибни Умарни тавсия этсак», дедилар. Амр Абу Мусодан бу гапни эшитиб у кишининг раъйини тўғирлашга қасд этди. Абдуллоҳ ибни Умарни сайланишига қарши чиқди. Абу Мусога бир неча саҳобаларнинг номларини айтиб мана шулардан бирларини халифаликка тавсия этишларини сўрадилар. Абу Мусо Абдуллоҳ, ибни Умардан бошқа кишини халифаликка тавсия этилишига рози бўлмадилар.
Амр, сахифага ҳар икковлари ўз қўлларини қўйиб имзо чекканларидан кейин тахлаб қўйдилар. Кейин Абу Мусога бир неча халифаликка номзод этиб номларини айтганларидан сўнг у киши рози бўлмагач, «хўп, ўзингизни раъйингиз нима?», деб сўради. Абу Мусо Амр ибни Осга қараб: «Менинг раъйим ҳар икковларини ҳам мансабдан олиб ташлаш, кейин халифаликка номзод кўрсатиб сайлашликни мусулмонлар ихтиёрига берсак, хоҳлаган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олсалар», дедилар. Амр бу гапни эшитиб, «менинг раъйим ҳам сизнинг раъйингиз кабидур. Демак, энди ташқарига чиқиб одамларга қараб «биз иттифоқга келишдик», деб эълон этинг», деди.
Шундан сўнг Абу Мусо ўрниларидан туриб: «Менинг билан Амрнинг раъйимиз бир иш устида тўхтади. Умид этаманки, шояд Оллоҳ бунинг билан Ислом миллатини ҳозирги танг аҳволидан қутқазиб нажот бахш йўлини кўргузса», Абу Мусонинг гапларини Амр, тўғри айтаяпти, деб тасдиқладилар. Кейин Абу Мусога қараб: «Эй Абу Мусо, олдинга чиқинг ва одамларга фикрингизни айтинг», дедилар. Абу Мусо олдинга чиқиб кетаётганларида Абдуллоҳ ибни Аббос орқаларидан етиб келиб, у кишини тўхтатиб: «Эй Абу Мусо, гумонимча сени Амр алдаганга ўхшайди, агар бирор фикрда икковларингиз қарор қилган бўлсанглар, унда аввал Амр чиқиб сўзласин, кейин эса сиз сўзланг», дедилар, лекин Абу Мусо ушбу насиҳатга қулоқ солмай чиқиб кетдилар. Одамларга қараб: «Эй одамлар, мен ва Амр ибни Ос, Али билан Муовияни ўз вазифаларидан олиб ташлашликка қарор қилдик, Миллатнинг ўзи бу ишни кўриб чиқишга иттифоқ этдик. Улар ичларида ўзлари севган ва ишонган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олаверсинлар. Мен Али билан Муовияни ўз вазифаларидан бўшатдим», дедилар. Абу Мусо сўзларини тугатиб бўлгач, Амр ҳам ўрниларидан туриб халққа қараб: «Эй одамлар, ўзларингиз эшиттингизки, бу одам ўзининг соҳибини ишдан бўшатди. Мен ҳам уни ишдан бўшатдим. Аммо ўзимнинг соҳибимни эса амалида қолдирдим. Чунки у Усмон тайинлаган волийлардандур, ҳамда Усмоннинг ҳукмларини талабгоридур», деди.
Кутилмаган бу гапдан сўнг икки ўртада қаттиқ тўқнашув бўлди. Лекин вақт ўтган эди. Абу Мусо хижолат чекканларидан Маккага қараб кетдилар. Шом аҳли ҳам ўз жойларига жўнади. Халифаликни Муовияга топширдилар. Муовия Шомга ғалаба қилган ҳолида музаффарона қадамлар билан қайтиб кетди. Ҳазрати Али эса ўз аскарлари олдида уларнинг ичида фасод оралаган ҳолда қайтиб кетдилар.
Мана шундан кейин аскар ичида бир гуруҳи ўзини «Ҳаворижлар» деб атаб бир-бирларини сўкишиб, ажралиб чиқиб кетди. Исломдаги энг биринчи ўзини «Ҳавориж партия» деб атаган гуруҳнинг ажралиб чиқишлиги янги гуруҳлар пайдо бўлишлигининг бошланмаси эди.
Улар аввалда Алига ёрдам учун тўпланган эдилар. Ўрталаридаги чиқарилган ҳукм шартномасидан кейин эса, Алини ташлаб четга чиқиб кетдилар. Ушбу гуруҳ тарафдорлари Басра ва Қуфа аҳолисидан ташкил топганди. Улар Али аскарларидан ажралиб чиқиб ўзларига Абдуллоҳ ибни Расмийни халифа этиб сайлаб олдилар. Улар ўз раъйларига қарши чиққан янги халифаларни тан олмаган кишиларни ўлдиришга киришдилар. Усмон ҳамда Алини лаънатлай бошладилар. Мамлакатда турли фасотлар қўзғаб ҳар томонга ёя бошладилар. Ҳазрати Али уларни тинчитиш учун аскарларни қуроллантириб жанг қилишга мажбур бўлдилар. Уларга қарши урушиб, уларни бутунлай тор-мор келтирдилар. Кейин Али аскарларини Шомга қарши юриш бошлашга даъват этдилар. Аскарлар урушдан ниҳоятда чарчаганлари учун Алидан бир оз вақтга муҳлат сўрадилар, ҳазрати Али муҳлат бердилар ва «ҳаммангиз ўзингизни урушга тайёрланглар ҳамда шомликлар билан ишини бир ёқли этмагунча ҳеч ким ўз аҳли ёнига бормасун», деб буйруқ бердилар. Лекин улар аста секин биттадан бўлиб Қуфага кетиб қолиш-ди. Қароргоҳ бутунлай бўшаб қолди. Муовия Али аскарлари ичида юз берган бундай парокандаликдан фойдаланиб Амр ибни Осни ўзи томонидан Мисрга волий этиб тайинлади. Амр Мисрга қўшин билан бориб уни ўзига бўйсиндирди, шундан кейин Муовия Мисрни бутунлай Амр ибни Осга топширди. Мисрга Али тайинлаган волийлар бўшатилди.
АЛИНИНГ ШАҲИД БЎЛИШЛАРИ
Хавожирлар очиқдан-очиқ ва пинҳона ҳам турли суиқасдларни уюштиришнинг тадбирларини кўра бошладилар. Кунларидан бир куни хавожирлардан уч киши бир ерга тўпланиб ўзаро маслаҳат қилиб ҳар уччала бошлиқни, яъни ҳазрат Алини, Муовияни ҳамда Амр ибни Осни ўлдиришга қарор қилдилар. Булар Абдураҳмон ибни Малжам, Барқ ибни Абдуллоҳ ва Умар ибни Абу Бакр номли шахслар эдилар. Ҳар уччаласи бир кунга ваъдалашиб уч томонга, аъни Абдураҳмон ибн Малжам ҳазрати Алини ўлдиргани Қуфага, Барқ ибни Абдуллоҳ Муовияни ўлдиргани Шомга, Умар ибни Абу Бакр эса Амрни қатл этгани Мисрга жўнаб кетдилар. Ваъдалашилган куни эрталаб яъни 40 ҳижрий йилининг 17-рамазон жумъа куни Барқ ибни Абдуллоҳ Муовияга пичоқ санчади. Бироқ пичоқ унинг думбасига текканлиги сабабли, Муовия ўлмай қолади. Барқ ушланиб ўлдириб юборилади. Умар ибни Абу Бакр эса Мисрга бориб Амр ибни Осга пичоқ урдим деб ўйлаб, у кишини ўрнига Амр касалликлари сабабли намозга имом бўлган Хорижа ибни Ҳубайбни ўлдириб қўяди. Абдураҳмон Қуфага келади. У ерда қуфалик ошналари билан учрашади. Улар уни яшириб қўядилар. Абдураҳмон уларнинг ичида бир аёл билан учрашиб қолади. Унинг исми Фитом эди. У аёл бениҳоя гўзал бўлганлигидан ибни Малжам уни ўзига хотинликка сўрайди. Аёл ибни Малжамга «Бир неча шартларим бор, агар бажарсанг тегаман» дейди. Ибни Малжам аёлдан «қандай шартларинг бор» деб сўрайди. Унинг отасини, акасини Али ўлдириб юборган эдилар. «Биринчи шартим, менга уч минг дирҳам пул берасан, иккинчиси эса, Алини ўлдирасан» дейди. Ибни Малжам унинг қўйган шартларини қабул қилади. Шундан кейин аёл унга ёрдам берадиган одам ҳам топиб беради. Ўзининг қавмидан Вардон исмли одамни унинг олдига юборади Вардон ибни Малжамнинг айтганларини қабул қилади. Ваъдалашилган куни эрталаб Вардон билан ибни Малжам масжидга кириб ҳазрати Али кирадиган эшикларнинг ёнига келиб ўлтирадилар. Ҳазрати Али эрталабки намозга эшикдан кираётган вақтларида Вардон қилич билан бехосдан уради. Али эшикни ёндарасига ағдарилиб тушадилар. Шу паллада ибни Малжам ҳам Алининг қорниларига қилич билан уради ва «Эй Али, хокимият сенга ҳам ва сени асҳобларингга ҳам эмас ҳокимият Оллоҳга» деб айтади.
Вардон қочиб қутилмоқчи бўлади, бироқ кимдир уни ушлаб олиб ўлдириб ташлайди. Ҳазрати Али ўрниларига Жаъада ибни Хубайрани намозга ўтказадилар. Ибни Малжамни тутиб, боғлаб қўядилар. Ҳазрати Али кейин одамларга қараб: «жонга — жон, қонга — қон, агар ўлиб кетсам, уни ҳам мени қандай ўлдирган бўлса, шундай ўлдириб юборинглар. Агар тирик қолсам, унда ўзим нима қилишликни ўйлаб кўраман. Эй Бани Абдул Муталлиб, амирал мўъмининни ўлдирдилар, деган баҳона билан мусулмонларнинг қонларини тўкманглар ва шўнғиманглар. Мени фақат бир қотил ўлдирди, холос. Эй Ҳасан, менга қаранглар, мана шу зарба сабабли, мен ўлсам уни худди шундай зарба билан ўлдиринглар. Зеро, мен Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «қийнаб ўлдиришдан сақланинглар, агарда қутурган ит бўлса ҳам» деганларини эшитганман», дедилар. Алининг ҳузурларига Жунд ибни Абдуллоҳ кириб «Эй амирал мўъминин, агар сиз бизни йўқотаёттан бўлсангиз ҳам биз сизни йўқотмасмиз, ўғлингиз Ҳасанга байъат қиламиз», дедилар. Ҳазрати Али унга қараб: «мен тавсия ҳам қилмайман, маън ҳам этмайман, ўзларингиз ўйлаб кўрасиз», деб жавоб берадилар. Кейин Ҳасан билан Ҳусайнни чақирадилар: Уларга қараб: «Эй азиз фарзандларим, мен сизларга Оллоҳдан тақво қилишга тавсия этаман. Дунёга алданиб қолманглар. Йўқотган нарсаларинг учун дард чекиб йиғламанглар. Доимо ҳақни гапиришга одат этинглар. Бечораларга раҳм-шафқат қилинглар. Бечораларга ёрдам беринглар, охират ҳаракатида бўлинглар. Золимга душман, мазлумга эса ёрдамчи бўлинглар. Оллоҳнинг китобида буюрилган нарсалар билан амал қилинглар. Сизларни маломатчилар маломати Оллоҳ ҳақида рост сўзлашдан тўхтатиб қўймасун», дедилар.
Кейин Муҳаммад ибни Ханафийга қараб: «менинг акаларингизга қилаётган васиятларимни сиз ҳам эсингизда сақлаб турасизми?», дедилар. У киши «ҳа» деб жавоб бердилар. Ҳазрати Али у кишига қараб: «мен сизга акаларингизга қилганим каби васият қиламан. Яна акаларингизни ҳурмат қилинг, уларнинг ишларини ўзингизга ўрнак этинг ҳамда уларнинг маслаҳатисиз ўзингизча бирор иш қилманг, деб васият этаман», дедилар. Кейин яна Ҳасан ва Ҳусайнга қараб: «Сизлар укангизни эҳтиёт қилинглар, уни отангиз яхши кўришини эсдан чиқарманглар», дедилар. Яна имом Ҳасанга боқиб: «Эй ўғилчам, Оллоҳдан қўрқинг, деб; намозни ўз вақтида адо этинг, деб; тахоратни чиройли-чиройли қилиб камолига етказиб қилинг, деб; зеро, намоз тахоратда бўлади, закотни ўз маҳалида беринг, деб васият қиламан. Яна сизга бировларнинг гуноҳини кечиринг, деб аччиғингизни ютинг, сийлайи-раҳм қилинг, жоҳилларни ҳилим ила қарши олинг, динни яхши ўрганинг — ҳар бир ишда барқарор туринг, деб; Қуръонга ҳамкор бўлинг, деб; қўшнилар билан хушмуомалада яшанг, деб; яхши ишларни қилишга одамларни буюринг, деб; ёмон ножўяликлардан тийилинг, деб; ярамас кирдикорлардан сақланинг, деб тавсия этаман», дедилар.
Шундан кейин то жонлари жасадларидан чиққунга қадар Оллоҳнинг зикрида бўлиб турдилар. Вафот бўлганларидан кейин у жанобни ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювдилар, кейин кафанладилар. Ҳа.
Ҳазрати Али (р. а.) халифалик мансабида тўрт йилу етти ой давомида турдилар. Уз зотнинг халифалик кунлари Оллоҳ таоло ва таборак Ислом миллатига турли ихтилоф ҳамда қийинчиликлар ила синашни ихтиёр этган даврига тўғри келди. Бутун халифалик даврлари ўзаро ички келишмовчилинларни бартараф этишликка ҳаракати билан ўтиб кетди. Бу даврда бирон бир муҳим воқеа рўй бергани йўқ.
Ҳазрати Али шаҳидлик жомини ичгач Қуфа аҳли катта ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилдилар. Имом Ҳасанга биринчи бўлиб байъат этган киши Ҳайс ибни Саъд ибни Убода бўлдилар. У киши имом Ҳасанга қараб: «Қўлингизни узатинг, мен сизни Оллоҳнинг китобига ва Расулининг суннатига биноан ҳамда маҳаллийларга қарши жанг қилишликга байъат этаман» дедилар. Унинг бу гапига қарши имом Ҳасан «Оллоҳнинг китобига ҳамда унинг Расулининг суннатига биноан байъат беришликни» ўзи кифоя бўлади. Зеро, ҳар иккиси қолган ҳамма шартларни ўз ичига олгандир», дедилар. Кейин қолган одамлар ҳам мана шу шартга биноан имом Ҳасанга байъат қилдилар.
ИМОМ ҲАСАН
У киши Али ибни Абу Толибнинг ўғилларидурлар. Волидаи муҳтарамалари Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг севикли қизлари Фотимаи Заҳродурлар. Ўзлари ҳижратнинг учинчи йили Мадинаи Мунавварада дунёга келганлар. Имом Ҳасан Расули акрам ҳазратларига кўринишда ўхшайдиган киши эдилар. Расулуллоҳ. алайҳиссалом у зотни ҳамда инилари Ҳусайнни бениҳоя севар эдилар.
Имом Ҳасан ҳақларида Расулуллоҳ «Эй Оллоҳ, мен Ҳасанни дўст тутаман, сен ҳам уни дўст тутгин ва уни дўст тутадиган кишини севикли қилгин», деб дуо қилган эдилар. Шу каби яна Бухорийнинг саҳифаларида ривоят қилинган ҳадисдан ҳам Расулуллоҳ Ҳасан ҳақларида шундай деган эдилар «Менинг бу набирам сайиддур. Шояд Оллоҳ, бунинг сабаби-ла икки буюк мўмин тоифанинг ўртасини ислоҳга келтирса». Ёш гўдак бўлганликлари сабабли Расулуллоҳ алайҳиссалом қилган ғазотларининг биронтасида ҳам қатнашмаган. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафот этганларида эндигана етти ёшдан сал ўтгандилар. Умар ибни Ҳаттоб кишиларга мояна тайин этган вақтларида Ҳасанни Расулуллоҳнинг ҳурматларидан Басрада қатнашган кишилар қаторига киргазгандилар. Исён вақтида Усмон (р. а.) ни мудофаа қилган кишилар ичида эдилар. Усмоннинг мудофааларида исёнчиларга қарши жасурона курашганлар. Ҳатто Усмон (р. а.) нинг ўзларини «қўйинг, деб тўхтатиб қўйганлари Амирал мўъминин ҳазрати Алига байъат қилганлигидан бошлаб то умрларининг охиригача бутун жангу жадалларда Али билан бирга бўлганлар. Ҳазрати Али шаҳид этилгач, Алининг тарафдорлари бир оғиздан Имом Ҳасанга байъат қилишга иттифоқ этганлар. Имом Ҳасаннинг бир неча хотинларидан кўпгина болалари бўлган. Ўзларидан кейин фақат Ҳасанул Мусанно ва Зайт номли ўғиллари ҳаёт қолган, холос.
ХАЛИФАЛИК ДАВРИДА ТУТГАН ИШЛАРИ
Имом Ҳасанга байъат қилинган пайтда оталари шомликлар билан жанг қилишлик учун каттагина қўшинни жиҳозлаб қўйган эдилар. Ҳасан ҳам оталари қасд қилган ишни охирига етказишлик ниятида мазкур тайёрланган қўшинни жанговар ҳолга келтиришга буюрдилар. Қайс ибни Саъдни эса лашкар билан олдинга жўнашга амр этдилар. Аммо Оллоҳ субхонаҳу ва таоло Расули Акрам салаллоҳу алайҳи вассалламнинг Ҳасан тўғриларида олдиндан берган хабарларини ҳақиқатга айлантиришни хоҳлади-да, у жанобга тўғри йўлни илҳом қилди. Зеро, имом Ҳасан кишиларнинг ўзларига берган байъатларини ўйлаб текшириб қарадилар. У байъат оталариники каби эмаслигига ақллари етди. Зеро, байъат умум иттифоқла амалга оширилган бўлмай фақатгана Алининг тарафдорлари бўлган ироқликлар томонидан берилганди, холос. Бошқа томондан ҳам ўйлаб қарасак ўзаро тортишув бўлган Ироқ аҳли ёрдамида ҳеч қандай кучли бир давлатни пайдо бўлиши ҳам мушкул эди. Бундан улар ичидаги ҳар хил келишмовчиликлар охири эҳтимолки, у жанобни эгаллаган мансабларидан бир куни маҳрум этишлиги мумкин. Мана шу сабабларни ҳисобга олган имом Ҳасан бир неча шартларни қўйиб, сулҳ тузишликни таклиф этган ҳолда Муовияга элчи орқали мактуб юбордилар. Муовия ҳам ўз ўрнида имом Ҳасанга ости имзоланиб, муҳр урилган оқ қоғозни юбориб, «мазкур қоғозга нимани шарт қилишни истасангиз ёзиб юборинг», дедилар. Имом Ҳасан мазкур қоғозга бир неча шартларни ёзиб юбордилар. Шартлардан энг муҳими ўзларини ҳамда лашкарини ва оталарининг тарафдорларини ҳаётларини сақлашликни таъминлаш эди. Муовия имом Ҳасан қўйган ҳамма нарса ва шартларни сўзсиз қабул қилдилар ва ўзлари Ироқга келдилар. Имом Ҳасан Муовияни очиқ юз билан истиқболига чиқдилар ва кутиб олдилар. Ўзлари ҳамда буткул лашкарлари Муовияга байъат бердилар. Мана шу қилган ишлари билан Расулуллоҳ ҳазратларининг «Бу ўғлим саййиддур, бунинг сабаби-ла икки буюк мўъмин тоифанинг ўртаси сулҳга келади» деб айтган муборак башоратларини амалда исбот этдилар. Имом Ҳасаннинг Муовияга давлатни топширишлари сабабли Хулафои рошидин давлатининг иккинчи даври бўлган фитналар авж олган даври тугади. Бу даврнинг бошланиши исёнчиларнинг Усмонга қарши қўзғолонларидан бўлса, ниҳояси имом Ҳасаннинг давлатни ўз қўллари билан топширишлари туфайли бўлди. Мазкур фитна ўн йиллар давом этди. Агар мана шундай қаттиқ фитна ўзга бир давлат ичида рўй берганда эди, албатта ўша давлат тагтомиридан суғирилиб бутунлай инқирозга учраган бўлурди. Лекин Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзининг қавми динига иноят кўзи билан қарагани сабабли унинг аҳллари калимасини яна бирлаштирди. Ўзи ваъда қилганидек уни йўқ бўлиб кетишлиқдан сақлаб қолди. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандалари учун рози бўлиб танлаган бу дин то дунё ҳаёти тугагунга қадар давом этади. Гоҳида авжланган каби оламга нури ёрқинроқ кўринса, гоҳида Оллоҳнинг ҳикамати-ла авжи пастланган каби дунёда нури барқсиз кўрингандай бўлади. Бундан кофирлар энди дин тугайдиган бўлди, нури ўнгашга бошлади, деб ўйлаб, ичларида шодланишга тушдилар. Аслида улар ўйлагани каби нури сўнишга юз тутган бўлмайди. Зеро, бутун мавжудоднинг яратгувчиси ҳамда эгаси бўлган Оллоҳ буни ҳар қандай бурулишдан, йўқолишдан сақлашликни ўз зиммасига олгандур. Кофирлар шодланиб динни эндиликда бутунлай ер юзидан супурилиб кетишлиги муқаррар бўлиб қолди, дея оламга жар солиб турган бир пайтларида, ногаҳон улар кутмаган томондан унинг нури ўз аксини янгидан кўрсатиб қолади. Бундан ташвишга тушиб қолган кофирлар унинг нурини яна қайтадан ўчиришга уринадилар. Бироқ буюк Оллоҳнинг балосига гирифтор бўлиб ўлиб кетадилар. Бутун меҳнатлари эвазига эга бўлган мукофотлари дунёда хорлик, охиратда эса дўзах деган азоб-уқубатлар макони бўлади.
ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ МУБОРАК ҚАБРЛАРИ ВА МОЗОРЛАРИ
Ҳазрати Али Қуфа шаҳридаги масжидил жомеънинг яқинига дафн этилганлар. Ҳозирги кунда у ерда катта бино ва мозорлари бор. Минглаб кишилар у жойни зиёрат қилиб ибрат ва насиҳат олишни илтимос қилгани келадилар.
ХОТИМА
Шиъа китобларида ҳазрати Алини ниҳоятда улуғлаб, ҳатто у зотни муқаддаслаштириб, аъло даражага кўтариб, у зотга тарафкашлик қилган ҳолларида баъзи бир камчиликларидан кўз юмиб, бениҳоя мақтовли сифатлар билан сифатланганлар. Али (р. а.) улар мақтаётган сифатларидан кўра ҳам олийроқ ва кўпроқ сифатларга эга эканликларида шак-шубҳа йўқ. Ҳазрати Али кишиликда шундай юксак инсонийлик фазилатларига эга бўлган эдиларки, агар у жанобда бўлган мазкур инсонийлик фазилат сифатини бир неча минглаб одамларга тақсим этилганда мазкур сифатдан улуш теккан кимсалар, шубҳасиз Оллоҳнинг энг кўзга кўринган хайрли махлуқларидан бўлардилар. Лекин бундай сифатлар билан сифаткашлик бошқа нарса, аммо у жанобни муқаддаслаштиришлик, нубувват мартабасига кўтаришлик, баъзи шиъалар даъво этаётганларидек абадий ҳаёт манбаига эга қилишлик ҳамда Абу Бакр ва Умардан афзалроқ дейишлик эса бошқа нарса. Бу ишларда биз уларни қўллаб-қувватламаймиз бу тўғрида улар фикрига қўшила олмаймиз.
Муовияни мудофаа этувчиларнинг китоблари эса ҳазрати Алини сўкиш ва турли таъналар этиш билан тўлиб кетган. Шу каби улардан шундай жирканчли ривоятлар нақл этилганки, эшитган қулоқлар даҳшатдан ҳайратга тушади. Соғлом ақл, тўғри табиат қабул қилишдан бўйин товлайди. Магар шундай ривоятлардан бирида айтилиши-ча, Муовиянинг олдига ҳар куни ҳазрати Алини бадном қилиб сўкадиган кимсалар тўпланишар экан. Кишилар ҳазрати Алини ёмонлаб сўкиш билан Муовияга яқинлик ҳосил қилишар экан. Минбарларда ва бошқа ўринларда ҳазрати Алига энг жирканчли туҳматларни ёғадирадиган кимсалар Муовия олдида катта ҳурматга эга бўлар эканлар.
Бу ерда яна бир бошқа бетараф жамоат бўлиб, улар тарих ёзмоқликка қаттиқ муҳаббат қўйдилар. Тарихни бир томондан жиддий тасвирлаш билан бирга яна ўзларининг томонларидан унга тушунтиришларни ҳам илова этиб кетдилар. Шу сабабли улар баъзан Али ҳақ эдилар, у жаноб жуда арзимас хатога йўл қўйгандилар, холос дейишса, ўзга бир ўринда эса Муовиянинг қалбаки ишларида унга ҳар хил узрлар келтиришга уринишдан, зеро, уларнинг иддаоларига кўра гўё ҳазрати Али ўзларига Муовияни байъат этмаганлигани ҳужжат қилтан ҳолда урушни биринчи бошлаганлар. Зотан, байъат бермаслик урушни лозим қилмайди. Чунки Алининг ўзлари ҳам аввалда Абу Бакрга байъат беришдан бош тортгандилар, дейишади.
Бизнинг раъйимизга кўра, Муовиянинг қилган хатоликлари Алининг бу хатоликлари олдида ундан бир неча бор каттароқ ва хатарлироқ бўлди. Агарчи, буюк гуноҳ демасак-да, аммо жуда улкан хатолик эди. Муовиянинг Алини сўкувчиларнинг сўкишларига қулоқ солишларини ва Алининг душманларини ўзларига яқин тутишларини қандай изоҳласа бўлади? Уммавиялар билан Ҳошимийлар ўртасидаги адоват қадим замонлардан бери уларнинг дилларига ўрнашиб кетган адоват эди. Тарих Оллоҳ таоло ва баборакот ҳазрати Али учун Уммавийлардан бир солиҳ халифани мансабга ўтқазди.
У жаноб Умар ибни Абдулазиз (р. а.) эдилар. У киши халифалик мансабига ўтиришлари билан бирга дарҳол ҳазрати Алини минбарда туриб ҳақорат этишликни бекор қилдилар. Унинг ўрнига Қуръони Каримдан бир неча оятларни ўқишликни йўлга қўйдилар. Бу хатолик ҳам вақти бйлан тузатилди. Лекин жуда ҳам улкан бир бошқа хатолик юз берган эдики, буни асло тузатиб ҳам, кечириб ҳам бўлмасди. Бу хатолик Муовиянинг руҳий халифалик мансабини, ўғил отадан, ини биродаридан мерос қилиб оладиган ворисий моликликка айлантиришлари бўлди. Натижада руҳий мансаб бўлган халифалик бора-бора дунёвий кўриниш касб этди. Энди ундан яқин ошна-оғайнилар, қариндош-уруғлар фойдаланадиган нарса бўлди. Бунинг сабаби билан Ислом заифлашаверди. Кейин эса турли фикрларга бўлиниб кета бошлади. Охирида эса бирор Исломий давлат ёки биродари билан муттасил бўлган Муҳаммадий миллат кўзга ташланмайдиган ҳолга келиб етди. Бўлмаса айтинг, қани у бир жасад каби бўлган мўъминлар? Жасаднинг бирор аъзоси оғриб қолса, қолган аъзолари тунлари ухламай иситма ила тузатишга киришади. Қани мана шундай Расулуллоҳ таъриф этганлари каби Муҳаммадий миллат?! Бирисининг бошига мусибат тушса қолганлари унга юпанч бериб тузатишга киришиш ўрнига, қувонадиган бўлиб кетди-ку!!! Бизни шундай аҳволга тушишлигамизнинг очиқ сабабларидан бири шаксиз Муовиянинг мана шу тутган йўллари бўлди. Токи Оллоҳ бизга бошқа ишни изн этгунга қадар мана шу ҳолатда яшаб турамиз. Бироқ биз Муовияни саҳоба эканликларини, вахий котибларидан бўлганликларини инкор этмаймиз.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков вк