"."
Меню

Тавхид китоби

 
Муқаддима

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

Бу китоб тавҳид мавзусида бўлиб, уни мухтасар шаклда ва иборалари енгил бўлишига ҳаракат қилдим. Уни буюк алломалар, хусусан шайхулислом Ибн Таймия, аллома Ибнул Қоййим, Муҳаммад ибн Тамимий ва унинг шогирдлари бўлмиш муборак даъват имомлари китобларидан иқтибос қилдим.

Шубҳасиз, исломий ақида илми энг асосий илм бўлиб, амаллар дуруст, Аллоҳ ҳузурида мақбул ва ўз эгаларига фойдали бўлиши учун бу илмни ўрганиш, ўргатиш ва амал қилишга қаттиқ аҳамият бериш керак. Хусусан, бугунгидек динсизлик, тасаввуф ва таркидунёчилик, мозорларга сиғиниш, пайғамбаримиз суннатларига зид бўлган бидъатлар каби ҳар хил оқимлар кенг тарқалган замонда яшаб турар эканмиз, унинг аҳамияти янада яққолроқ кўринади. Бу оқимлар ғоят хатарли бўлиб, мусулмон киши улар қаршисида Китобу Суннат ва салафи солиҳ йўллари асосига қурилган соғлом ақида қуроли билан қуролланган бўлиши керак. Акс ҳолда бу адаштирувчи оқимлар уни ўз домига тортиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу эса мусулмон фарзандларига соғлом ақидани асл манбаларидан ўргатишга эътибор беришни талаб қилади.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли байти ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Биринчи боб: Башарият ҳаётидаги йўлдан оғиш, куфр, динсизлик, ширк ва нифоқ тарихига бир назар

У қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

Биринчи бўлим: Башарият ҳаётидаги оғиш;

Иккинчи бўлим: Ширк – таърифи ва турлари;

Учинчи бўлим: Куфр – таърифи ва турлари;

Тўртинчи бўлим: Нифоқ – таърифи ва турлари;

Бешинчи бўлим: Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадликнинг қисмлари ва ҳукмлари билан ҳар бирининг ҳақиқатининг баёни.

Башарият ҳаётидаги оғиш

Аллоҳ таоло халқларни Ўзининг ибодати учун яратди ва бунда уларга ёрдам берадиган ризқларни муҳайё қилиб қўйди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Ваз-Зариёт: 56-58).

Инсонни ўз фитратига – табиий хилқатига қўйилса, у Аллоҳнинг илоҳлигига иқрор бўлувчи, Аллоҳни яхши кўрувчи ва Унга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қилувчи бўлади. Бироқ, инсон ва жинлардан иборат шайтонларнинг алдаш мақсадида жимжимадор сўзлар билан васваса қилиб, чиройли кўрсатадиган нарсалар уни бузади ва тўғри йўлдан оғдириб юборади. Зотан, тавҳид инсон табиатига ўрнатилган, ширк эса аслида унга бегона ва келгинди нарсадир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқат (Исломда бўлиш) ни сақланг! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас» (Рум: 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир туғилган гўдак фитрат (Ислом дини) да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий ё насроний ё мажусий қилади» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Демак, тавҳид одамзотнинг қон-қонида бор нарсадир.

Одам алайҳиссалом ва у зотдан кейин келган зурриётлари даврида узоқ асрлар мобайнида дин – Ислом эди. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213).

Ширк ва соф ақидадан оғиш биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссалом қавмида содир бўлди. Ул зот пайғамбарларнинг энг биринчиси бўлдилар. «Биз сизга, Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳй қилганимиздек ваҳй қилдик» (Нисо: 163)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ўртасида ўн аср ўтган, барчаси Исломда эди».

Ибнул Қоййим «Иғосатул-лаҳфон» номли асарининг 2/102- бетида: «Бу ҳақдаги энг тўғри сўз шу, зеро Убай ибн Каъб қироатида мазкур оят: «Сўнг ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач, Аллоҳ хушхабар элтувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юборди» деб ўқилади (Бақара: 213). «(Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар» (Юнус: 19) ояти ҳам буни қувватлайди» дейди.

Яъни, пайғамбарлар юборилишининг сабаби – халқлар аввалда ўзлари амал қилиб келган ҳақ диндан чиқиб кетишлари бўлди.

Худди шунга ўхшаш, араблар ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг динида бўлган эдилар. Бир давр келиб, Амр ибн Луҳай ал-Хузоъий номли кимса у зотнинг динларини ўзгартириб, араб ерларига, хусусан Ҳижозга бут-санамларни олиб кирди, шундан сўнг Аллоҳдан ўзгага сиғинишлар бошланди. Ушбу муқаддас диёрда ва унинг атрофларида ширк кенг ёйилди, шундан сўнг Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди ва у зот одамларни тавҳидга, Иброҳимнинг миллатига даъват этдилар, Аллоҳ йўлида ҳақиқий курашдилар, охир-оқибат тавҳид ақидаси ва Иброҳимнинг миллати қайтиб келиб, бутлар синдирилди. Аллоҳ шу билан динни камолига етказди ва бутун оламга Ўзининг неъматини мукаммал қилди.

Бу умматнинг аввалидаги энг афзал авлодлар айни шу манҳаж устида яшаб ўтдилар. Улардан кейинги авлодларда жаҳолат ёйилди, бошқа динларга мансуб бегона фикрлар сизиб кирди, залолатга чорловчилар сабабли умматнинг кўп қисмига ширк қайтиб келди. Азиз-авлиёларни улуғлаш, уларга муҳаббат қўйиш кўринишида қабрлар зиёратгоҳларга айлантирилди, сағаналар бино қилинди. Дуо, мадад сўраш, уларга атаб назр ва қурбонликлар қилиш каби ҳар хил ибодат турлари билан уларни Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган "бут"ларга айлантирилди. Ширкни «солиҳларни васила қилиш», «уларга муҳаббат изҳор қилиш» деган исмлар билан исмладилар, буни уларга нисбатан ибодат деб санамаймиз, деб даъво қидилар. Ҳолбуки, аввалги мушрикларнинг сўзлари ҳам айни шундай бўлганини унутдилар: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни(«худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз», (дейдилар)» (Зумар: 3).

Башариятда қадимда ҳам, ҳозирда ҳам шу қабилдаги ширк содир бўлиб келгани ҳолда улардан кўплари рубубият тавҳидига иймон келтирадилар, фақат ибодатлардагина ширк келтирадилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).

Раб таолонинг борлигини Фиръавн, худосиз даҳрийлар ва ҳозирги даврдаги коммунистлар каби жуда озчиликдан бошқалар умуман инкор қилмаганлар. Уларнинг инкори манмансираш бобидан бўлиб, аслида ич-ичларида У зотнинг борлигига иқрор бўлишга мажбур эдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, уларни (Аллоҳнинг Мусога берган мўъжизаларини) инкор этдилар» (Намл: 14).

Ақллари тан олардики, ҳар бир махлуқ учун бир холиқ-яратувчи бўлиши, ҳар бир мавжудни вужудга келтирувчиси бўлиши зарур. Ўта аниқ ва мукаммал қурилган бу борлиқ низомини бошқариб туриш учун доно, қудратли ва билимдон зот бўлиши зарур. Ким буни инкор қилса, ё эсини еб қўйган аҳмоқ ё кибр-ҳавоси ақлига ғолиб келган ақлсиз бўладики, бундай кимсаларга эътибор берилмайди.

Ширк: таърифи, турлари

а) Ширкнинг таърифи:

Ширк – Аллоҳ таолога илоҳлик хусусиятлари (бундан кейин "улуҳийят" дейилади) ва роб (тарбияткунанда) лик хусусиятлари (рубубийят)да шерик исбот қилишдир. Кўпинча ширк улуҳийятда бўлиб у Аллоҳга қўшиб бошқага ҳам дуо қилиш ёки қурбонлик, назр, қўрқиш, умид қилиш, муҳаббат қўйиш каби Аллоҳга қилиниши лозим бўлган ибодат турларини Ундан ўзгага йўналтиришда намоён бўлади. Ширк гуноҳлар ичида энг каттаси бўлиб, бунинг бир неча сабаблари бор:

1) Чунки, у улуҳийят хусусиятларида махлуқни холиққа ўхшатишдир. Ким Аллоҳга бировни шерик қилса, уни Унга ўхшатган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13). Зулм – бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишдир. Ким Аллоҳдан бошқага ибодат қилса, у ибодатни ўз ўрнидан бошқа (ноўрин) жойга қилган ва уни нолойиқ бўлган томонга буриб юборган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир;

2) Аллоҳ таоло ширкдан тавба қилмаган одамни кечирмаслигини хабар берган: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48);

3) Аллоҳ таоло мушрикка жаннатни ҳаром қилганини, у жаҳаннамда абадий куяжагини хабар берган: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72);

4) Ширк барча қилинган яхши амалларни бекор қилади. Аллоҳ таоло деди: Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Яна деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65);

5) Мушрикнинг қони ва моли ҳалолдир. Аллоҳ таоло деди: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим. Агар уни айтсалар, мендан қонларини ва молларини сақлаб қоладилар, ҳақли ўринлар бундан мустасно» (Бухорий ва Муслим ривоятлари);

6) Ширк - гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш...», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Аллома Ибнул Қоййим «Алжавабул кафий» китобининг 109 - бетида ёзади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хабар берадики, халқ (яратиш) ва амр (буюриш)дан мақсад Аллоҳ таоло исм ва сифатлари билан танилиши, шериксиз ёлғиз Ўзига ибодат қилиниши ва одамлар адолатни барпо қилишларидир. У – осмонлар ва ерни тутиб турган адолатдир. Аллоҳ таоло айтганидек:«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло одамлар адолатни барпо қилишлари учун пайғамбарларини юборгани ва китобларини туширганини хабар берди. Адолатнинг энг каттаси эса – тавҳиддир. У адолатнинг боши ва асосидир. Ширк эса зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

Демак, ширк зулмларнинг энг қаттиғи, тавҳид эса адолатларнинг энг каттасидир. Нима нарса мана шу мақсудга қаттиқ зид келар экан, у гуноҳларнинг энг каттасидир... Ширк бу мақсудга мутлақо зид бўлгани учун гуноҳ кабираларнинг энг улкани бўлди. Аллоҳ ҳар бир мушрикка жаннатни ҳаром қилди, унинг қонини, молини, аҳлини тавҳид аҳлига ҳалол қилди, Унга бандаликни бажо келтиришмагани боис уларни қул қилишга рухсат берди, мушрикнинг ҳеч бир амали Унинг ҳузурида мақбул бўлмайди, У мушрик учун қилинган шафоатни қабул қилмайди, охиратда унинг бирон бир дуосини ижобат қилмайди ва бирон умидини рўёбга чиқармайди. Зеро, мушрик Аллоҳни танимайдиган жоҳилларнинг энг жоҳилидирки, Унга махлуқини баробар билди. Бу эса ўтакетган жаҳолатдир. Шунингдек – гарчи мушрик воқеда Раббига зулм қилмаган ва ўз жонига зулм қилган эса-да – бу унинг тарафидан содир этилган энг катта зулм ҳамдир.

7) Ширк – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини ундан пок санаган нуқсон ва айбдир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ Ўзини ундан поклаган нарсани У зотга исбот қилган бўлади. Бу ўта саркашлик ва Аллоҳга қаттиқ қарши чиқишдир.

б) Ширкнинг турлари:

Ширк икки хил:

Биринчи: Эгасини диндан чиқарадиган, тавба қилмасдан ўлса абадий дўзахда қолдирадиган катта ширк. У – ибодат турларидан бирортасини Аллоҳдан бошқага йўналтиришдир. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш, Аллоҳдан ўзгага – хоҳ қабрларга, хоҳ жин ва шайтонларга бўлсин – қурбонлик ва назрлар қилиш, вафот этиб кетган кишиларнинг ёки жин ва шайтонларнинг бирон зиён-заҳмат етказишлари ёки касал қилиб қўйишларидан қўрқиш, ҳозирда азиз-авлиёларнинг мозорлари олдида қилинаётганидек ҳожатларни ўташ ва мусибатларни аритиш каби Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларни Ундан ўзгадан умид қилиш каби. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).

Иккинчи: Диндан чиқармайдиган, лекин тавҳидни нуқсонли қиладиган кичик ширк бўлиб, у катта ширкка олиб боради. У ҳам икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Ошкора ширк, у сўз ва иш-ҳаракатлардан иборат.

Сўзларга мисол:

Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса кофир ва мушрик бўлади» дедилар (Термизий ривояти).

Аллоҳ хоҳлади ва сиз хоҳладингиз» дейиш. Бир одам шундай деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Мени Аллоҳга тенглаштирдингми?! Фақат Аллоҳ ўзи хоҳлади дегин», дедилар (Насоий ривояти).

«Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда эди» дейиш.

«Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа», «Аллоҳ бўлмаганида, сўнгра фалончи бўлмаганида» дейиш дурустдир. Чунки, «сўнгра» боғловчиси орада бир мунча масофа билан бирин-кетинликни англатади ва банданинг истагини Аллоҳнинг истагига тобеъ эканини билдиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 29). «Ва» боғловчиси эса мутлақ биргаликни ва шерикликни ифодалайди, тартиб ва кетма-кетликни англатмайди. Масалан: «Мен учун фақат Аллоҳ ва сен борсан», «Бу Аллоҳнинг баракотидан ва сенинг баракотингдан» деганга ўхшаш.

Иш-ҳаракатларга мисол:

Балони аритиш ё даф қилиш учун ҳалқа ва ип тақиб олиш, кўз тегиши ва бошқа нарсалардан сақланиш учун туморлар тақиш каби. Агар мана шу нарсалар балони даф қилишга сабаб деб эътиқод қилса, кичик ширк бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло буларни сабаб қилмаган. Аммо агар мана шу нарсаларнинг ўзи балони аритади ё даф қилади деб эътиқод қилса, катта ширк бўлади. Чунки, бу Аллоҳдан бошқага боғланиш ҳисобланади.

Иккинчи қисм: Махфий ширк бўлиб, у хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширкдир. Риё ва сумъа – яъни, Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган бирон амални қилиб, у билан одамларнинг мақтовига эришишни исташ бунга мисол бўлади. Масалан, бировлардан мақтов эшитиш учун намозини чиройли ўқиш ёки садақа бериш ёхуд одамлар эшитиб, уни мақташлари учун зикрлар айтиш ва чиройли овозда тиловат қилиш каби. Агар амалга риё аралашса, у амал бутунлай йўққа чиқади. Аллоҳ таоло айтади. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф 110).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг қўрқадиган нарсам кичик ширкдир», дедилар. «Эй, Расулаллоҳ кичик ширк нима?» деб сўрадилар. «Риё» деб жавоб бердилар (Аҳмад ва Табароний ривоятлари).

Дунёвий тама илинжида амал қилиш – фақат мол топиш учун ҳаж қилиш ё азон айтиш ё имомлик қилиш каби. Ёки мол топиш учун шаръий илм таҳсил қилиш ё жиҳод қилиш ҳам шу жумладандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динорнинг, дирҳамнинг, латта-путтанинг қули хор бўлсин, берилса рози бўлади, берилмаса жаҳли чиқади» (Бухорий ривояти).

Имом Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Алжавабул кафий» нинг 115- бетида айтади: «Хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширк соҳили кўринмайдиган улкан бир денгиздир, камдан-кам одам ундан нажот топади. Кимда-ким амали билан Аллоҳдан бошқани кўзласа, У зотга қурбат ҳосил қилишдан бошқа нарсани ният қилса сўнгра мукофотни Ундан талаб қилса ният ва истакларида ширк келтирган бўлади. Ихлос – банда феъллари, сўзлари, ният ва истакларини холис Аллоҳ учун қилишдир. Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва ҳеч кимдан ундан бошқасини қабул қилмайдиган ҳанийфия – Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати шудир, Исломнинг ҳақиқати шудир. Аллоҳ таоло айтганидек:«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ким ундан юз ўгирса, ақлсиз кимсалардан бўлади».

Юқорида ўтган гаплардан хулоса шуки, катта ва кичик ширк ўртасида қуйидаги фарқлар бор:

1) Катта ширк диндан чиқаради, кичик ширк диндан чиқармайди.

2) Катта ширк ўз эгасини дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади, кичик ширкни қилган одам дўзахга кирса, унда абадий қолмайди.

3) Катта ширк барча яхши амалларни бекорга чиқаради, кичик ширк ундай эмас, балки риё ҳамда дунёвий ғараз учун қилинган амал ўзи аралашган амалнигина ҳабата қилади.

4) Катта ширк ўз эгасининг қони ва молини ҳалол қилади, кичик ширк ҳалол қилмайди.

Куфр: таърифи, турлари
а) Куфрнинг таърифи:

Куфрнинг луғавий маъноси «ўраш» ва «яшириш»дир, шаръий истилоҳда эса иймоннинг зиддини англатади. Зеро, куфр – у билан бирга ёлғон санаш, шак-шубҳа ё бош тортиш ё ҳасад ё кибр ё рисолатга эргашишдан тўсувчи айрим хоҳиш-истакларга эргашиш бўлсин ёки бўлмасин – Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирмасликдир. Гарчи рисолатни ёлғон сановчининг куфри каттароқ бўлса ҳам, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишончи бўла туриб ҳасад билан инкор қилувчи ва ёлғон сановчи ҳам куфрда ундан кам эмас[1].

б) Турлари: Куфр икки хил:

Биринчи: Диндан чиқарадиган катта куфр. У беш қисмдир:

1-қисм: Ёлғон санаш куфри.

Бунга далил – Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ – Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Бундай кофир кимсаларнинг жойи Жаҳаннамдадир!» (Анкабут: 68).

2-қисм: Тасдиқлаш билан бирга бўйин товлаш ва кибрланиш куфри. Бунга далил: «Эсланг,(эй Муҳаммад), Биз фариш­таларга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди» (Бақара: 34).

3-қисм: Шак-шубҳа куфри – у гумон куфридир. Унинг далили: «(Кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб гумон қиламан. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат - бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни(асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни)инсон қилиб ростлаган зот - Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: «У – Аллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман».

4-қисм: Юз ўгириш куфри. Бунга далил: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3).

5-қисм: Нифоқ куфри. Унинг далили: «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!» (Мунофиқун: 3).

Иккинчи: Диндан чиқармайдиган кичик куфр. У амалий куфр бўлиб Китобу Суннатда куфр деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Улар катта куфр даражасига етмайди. Аллоҳ таолонинг қуйида зикр қилинадиган сўзларидаги “куфр” куфрони неъмат маъносидадир: «Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмонни сўкиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир», «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетманглар»[3] деган ҳадисларида ишлатилган “куфр” ва “кофир” сўзлари Исломдан чиқармайдиган кичик куфрдир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса кофир ёки мушрик бўлибди»[4] деган сўзларидаги Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одамнинг куфри ҳам кичик куфр.

Аллоҳ таоло гуноҳи кабира соҳибини мўмин деб атади: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), қотилни иймонлилар сафидан чиқариб ташламади, уни қасос эгаси учун биродар деб атади: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).

Аллоҳ таоло деди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан)қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 9, 10).

Катта куфр билан кичик куфр ўртасидаги фарқлар хулосаси:

1) Катта куфр диндан чиқаради ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқаради. Кичик куфр диндан чиқармайди ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқармайди, бироқ даражасига қараб уларни нуқсонли қилади ва соҳибини азобга дучор этиши мумкин.

2) Катта куфр эгаси дўзахда абадий қолади. Кичик куфр эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва умуман дўзахга киритмаслиги ҳам мумкин.

3) Катта куфр қон ва молни ҳалол қилади. Кичик куфр қон ва молни ҳалол қилмайди.

4) Мўминлар катта куфрдаги одамни ўзларининг ашаддий душманлари деб билишлари лозим. Уни яхши кўриш, у билан дўстлашиш – энг яқин қариндошлари бўлса ҳам – мўминлар учун дуруст эмас. Кичик куфр дўстликни мутлақо ман қилмайди, унинг эгасини иймони миқдорига қараб яхши кўрилади, маъсияти миқдорига қараб ёмон кўрилади.

Нифоқ: таърифи, турлари

а) Нифоқнинг таърифи:

Нифоқ ёки мунофиқлик луғатда «нофиқо» сўзидан олинган бўлиб, қўшоёқнинг инидан чиқувчи тешикларидан бири деган маънони англатади. Қўшоёқни ушламоқчи бўлинса, уларнинг биридан кириб бошқасидан чиқиб кетади. Ёки «нафақ» сўзидан олинган бўлиб, яшириниб олиш мумкин бўлган лаҳм, ертўла маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда унинг маъноси – зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, ботинда куфр ва ёмонликни яширишдир. Мунофиқ деб аталишининг сабаби – шариатнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетгани учундир. Аллоҳ таоло шу маънога диққат қаратиб: «Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқдирлар» (Тавба: 67) – яъни, шариатдан чиқувчидирлар, дейди. Аллоҳ таоло мунофиқларни кофирлардан ҳам ёмонроқ деб ҳисоблади:

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 145).

«Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» (Нисо: 142).

«Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир»(Бақара: 9-10).

б) Нифоқнинг турлари:

Нифоқ икки хил:

Биринчи: Эътиқодий нифоқ. У - эгаси тилида исломни изҳор қилиб, дилида куфрни яширган катта нифоқдир. Нифоқнинг бу тури кишини буткул диндан чиқаради ва бундай кимса дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло бу нифоқ аҳлини куфр, иймонсизлик, динни ва диндорларни масхара қилиш, дин душманларига уларнинг Исломга бўлган адоватларида шерик бўлиш каби барча ёмон сифатлар билан сифатлади. Мунофиқлар ҳар бир замонда мавжудлар. Хусусан, Исломнинг куч-қудрати кўриниб, унга ошкора қарши чиқишга қодир бўлмаган пайтларида мусулмонларга ичкаридан фириб бериш учун ва мусулмонлар орасида яшаб, молу жонларини асраб қолиш учун ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишади. Мунофиқ зоҳирда Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига иймон келтирган бўлиб кўринади, бироқ аслида буларнинг ҳаммасини ёлғон деб эътиқод қилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мунофиқларнинг сир-асрорларини очиб, ниқобларини йиртиб ташлади. Бандалари нифоқ ва мунофиқлардан эҳтиёт бўлишлари учун уларнинг қилмишларини ёритиб берди. Бақара сурасининг аввалида оламдаги учта тоифани – мўминлар, кофирлар ва мунофиқларни баён қилиб, мўминларни тўрт оятда, кофирларни икки оятда зикр қилиб ўтди, мунофиқларни эса кўпликлари, ислом ва мусулмонларга нисбатан фитналари қаттиқ бўлгани боис ўн уч оятда баён қилди. Зотан, исломнинг улар билан мусибатланиши ғоят қаттиқдир. Чунки улар исломга, унга ёрдам бериш ва у билан дўстликка мансублар, ҳақиқатда эса унинг ашаддий душманидирлар.

Бу нифоқ олти турга бўлинади:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи санаш;

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини рад қилиш;

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш;

4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини ёмон кўриш;

5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг кучсизланиши билан шодланиш;

6) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари кучайишни ёмон кўриш.

Иккинчи: Амалий нифоқ. У – дилда иймон сақланиб қолгани ҳолда мунофиқларнинг амалларидан баъзисини қилишдир. Нифоқнинг бу тури кишини диндан чиқармайди, бироқ шунга олиб боради. Бу нифоқ эгасида иймон ҳам, нифоқ ҳам бўлади. Нифоқи кўпайса, шу сабабли ҳақиқий мунофиққа айланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари бунга далилдир: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича унда нифоқдан бир сифат бор бўлади: Унга омонат берилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса вафо қилмайди, хусуматлашса фожирлик қилади (ҳақдан оғиб кетади).»

Кимда мазкур тўрт сифат жамланса, унда ёмонлик бари жамланибди ва у ҳақиқий мунофиқларнинг сифатларига эга бўлибди. Кимда бу сифатлардан биттаси бўлса, мунофиқликнинг битта сифатига эга бўлибди. Гоҳо бандада яхшилик ва ёмонлик сифатлари, иймон ва куфру нифоқ сифатлари жамланиб қолади. Мазкур сифатлар тақозоси билан қилган амалларига кўра савоб ва иқобга лойиқ бўлади. Мисол учун, намозни масжидда жамоат билан адо қилишдан эриниш ҳам мунофиқлар сифатларидан. Мунофиқлик ғоят ёмон ва хатарлидир, саҳобалар унга тушиб қолишдан қаттиқ қўрқишар эди. Ибн Аби Мулайка айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттизтаси билан кўришганман, ҳаммалари мунофиқликдан қаттиқ қўрқардилар».

Катта нифоқ билан кичик нифоқ ўртасидаги фарқлар:

1) Катта нифоқ диндан чиқаради, кичик нифоқ диндан чиқармайди.

2) Катта нифоқ – эътиқодда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир, кичик нифоқ эса эътиқодда эмас, амалда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир.

3) Катта нифоқ мўминдан содир бўлмайди, кичик нифоқ гоҳо мўминдан ҳам содир бўлади.

4) Катта нифоқ эгаси кўпинча тавба қилмайди. Тавба қилганида ҳам унинг тавбаси қабул бўлиши ҳақида ихтилофлар бор. Кичик нифоқ ундай эмас, унинг эгаси тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Кўпинча мўмин кишига нифоқ хислатларидан бир хислат кўндаланг бўлади-да, сўнгра Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Баъзан нифоққа олиб борадиган баъзи нарсалар унинг дилига келиб қолади Аллоҳ эса уни даф қилади. Мўмин шайтон васвасалари ва куфр васвасаларига мубтало бўлади ва бундан юраги сиқилади. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, бизлардан биримиз дилида шундай нарсани топадики, осмондан ерга ташлаб юборилиши уни айтишдан кўра яхшироқ» деганларида у зот: «Ана шу(яъни, ҳиссиётингиз) соф иймондир», дедилар. Бир ривоятда: «Буни айтиш жуда оғир» дейишганида: «Унинг найрангини васвасага чеклаб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар.[10]

Аммо катта нифоқ аҳлига келсак, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «(Улар) кар, соқов, кўрдирлар, демак (ботил йўлларидан исломга) қайтмайдилар» (Бақара: 18) дейди. Яна улар ҳақларида:«Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар» (Тавба: 126) дейди.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: Уламолар уларнинг тавбаси зоҳирда қабул бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар, чунки улар доим мусулмонлик даъвосида бўлишганидан тавбалари ҳам маълум бўлмайди.

Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадлик: уларнинг қисмлари ва ҳукмлари
1) Жоҳилият

Жоҳилият – арабларнинг Исломдан олдинги даврда бўлиб келган: Аллоҳни, пайғамбарларини, дин шариатларини билмаслик, насаблар билан фахрланиш, кибрланиш, зўравонлик каби ҳолатларидир.[1] Илмсизлик ёки илмга эргашмаслик маъносидаги «жаҳл» сўзидан олинган.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Ҳақни танимаган одам жаҳолати содда бўлган жоҳилдир. Агар ҳақнинг зиддини эътиқод қилса, у жаҳолати мураккаб бўлган жоҳилдир.

Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилинишларидан олдин ана шу маънодаги жоҳилиятда эдилар. Ўрталарида юрган гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатларни уларга жоҳил чиқариб берган ва унга фақат жоҳилгина амал қилади. Шунингдек, пайғамбарлар олиб келган нарсаларга зид бўлган яҳудия ва насрония каби барча йўллар ҳам жоҳилият бўлиб, бу оммавий равишдаги жоҳилият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилганларидан кейин жоҳилият кофирлар диёрларидаги каби, бир жойда бор бўлса, бошқасида бўлмаслиги мумкин. Ёки бир шахсда жоҳилият бўлиб, бошқасида бўлмаслиги мумкин. Масалан, бир одам Исломни қабул қилишидан олдин гарчи ўзи ислом диёрида яшаса-да, жоҳилиятда бўлган ҳисобланади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин мутлақ замонга нисбат бериладиган жоҳилият даври йўқолди. У зотнинг умматларидан бир тоифа то қиёмат қойим бўлгунича ҳақ устида ғолибона давом этади. Аммо баъзи мусулмон диёрларида кўпгина мусулмон шахсларда чекланган жоҳилият бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Умматим ичида тўртта иш борки, улар жоҳилият ишларидандир». Абу Зарга айтганларидек: «Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан!» ва шу маънодаги бошқа сўзлари ҳам бор».

Илмсизлик маъносидаги жаҳлга нисбат берилган жоҳилият икки қисмга бўлинади:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилишларидан олдинги умумий жоҳилият. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биъсатлари (юборилишлари) билан ниҳоясига етди.

2) Айрим давлатларга, айрим шаҳарларга, айрим шахсларга хос бўлган жоҳилият, у ҳозирда ҳам мавжуд. Бу билан жоҳилиятни ҳозирги замонга оммавий равишда нисбатлаб: «Ушбу аср жоҳилияти» дейдиган кишиларнинг сўзлари хато экани маълум бўлади. Бунинг ўрнига «бу асрдаги айрим кишиларнинг жоҳилияти ёки бу асрдаги кўпчилик одамларнинг жоҳилияти» дейилса тўғри бўлади. Оммавий жоҳилият деб аташ нотўғри. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишлари билан оммавий жоҳилият барҳам топган.

2) Фисқ

Фисқ луғатда «чиқиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳнинг тоатидан чиқиш демакдир. У Аллоҳнинг тоатидан батамом чиқишни ҳам англатади ва шу нуқтаи назардан кофирни фосиқ ҳам деб аталади. Жузъий чиқишни ҳам англатади, гуноҳи кабиралардан бирортасини қилган мўминга ҳам фосиқ деб айтилади.

Фисқ икки хилдир:

1) Диндан чиқарадиган фисқ – яъни куфр. Кофирни фосиқ ҳам деб номланади. Аллоҳ таоло иблис ҳақида зикр қилиб: «Бас, Парвардигорининг амридан чиқди» (Каҳф: 50) дейди. Шайтондан содир бўлган бу фисқ (чиқиш) куфр эди. Аллоҳ таоло: «Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъволари эса дўзахдир» (Сажда: 20) дейди ва бу билан кофирларни кўзда тутади. Бунга оятнинг давоми далил бўлади: «Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур» (Сажда: 20).

2) Мусулмонлар ичидан осий бўлганларига ҳам фосиқ дейилади, бироқ фосиқлиги уни Исломдан чиқармайди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир»(Нур: 4). Яна айтади: «Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса),ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, фосиқлик (гуноҳ ишлар) ва жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197). Уламолар бу оятдаги “фосиқлик” калимасини гуноҳ ишлар деб тафсир қилганлар.

3) Залолат

Залолат – тўғри йўлдан адашиш маъносини англатади ва у ҳидоятнинг зиддидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур» (Исро: 15).

Залолат–адашиш бир неча маъноларда истеъмол қилинади:

1) Гоҳо куфрга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 136);

2) Гоҳо ширкка истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 116);

3) Гоҳо куфрдан пастроқ бўлган мухолифликка истеъмол қилинади. “Адашган фирқалар” дейилганга ўхшаш;

4) Гоҳо хатога истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «(Мусо) айтди: «Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим» (Шуъаро: 20);

5) Гоҳо нисён – унутишга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади» (Бақара: 282);

6) Гоҳо адашиб-улоқиб кетишга истеъмол қилинади. “Йўқолган туя” дейилганга ўхшаш.

4) Муртадлик, унинг қисмлари ва ҳукмлари

Риддат ёки муртадлик луғатда «ортга қайтиш» маъносини англатади. Фиқҳий истилоҳда: «Мусулмон бўлгандан сўнг яна куфрга қайтиш» демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).

Қисмлари: Муртадлик Исломни бузувчи амаллардан бирортасини қилиш билан ҳосил бўлади. Исломни бузувчи нарсалар кўп бўлиб, улар тўрт қисмга бўлинади:

1) Сўз билан муртад бўлиш. Аллоҳ таолони ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ё малоикаларни ё пайғамбарлардан биронтасини сўкиш ёки ғайбни билишни даъво қилиш ё пайғамбарлик даъво қилиш ё пайғамбарлик даъво қилган одамни тасдиқлаш ё Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш ё Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда бошқадан мадад сўраш ё паноҳ тилаш каби.

2) Феъл билан муртад бўлиш. Бут-санамга, дарахтга, тошга, қабрларга сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш, Қуръонни ифлос жойларга ташлаш, сеҳргарлик қилиш, сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш, Аллоҳ нозил қилмаган ҳукм билан – уни ҳалол деб эътиқод қилиб – ҳукм қилиш каби.

3) Эътиқод қилиш билан муртад бўлиш. Аллоҳнинг шериги бор деб ёки зино, ароқ ва судхўрликни ҳалол деб ёки нонни ҳаром деб ёки намоз фарз эмас деб эътиқод қилиш каби ҳалол ё ҳаромлиги ёки вожиблигига қатъий иттифоқ қилинган ва билмаслик мумкин бўлмаган нарсалар.

4) Юқорида ўтганлардан бирортасида шак-шубҳа қилиш билан муртад бўлиш. Ширкнинг ҳаромлигига ёки зино ва ароқнинг ҳаромлигига ёки ноннинг ҳалоллигига шубҳа қилиш ёхуд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига ё бошқа бирон пайғамбарнинг рисолатига ёки Ислом дини ҳақида, унинг ҳозирги даврга яроқлилиги ҳақида шубҳа билан қараш каби.

Муртадлиги аниқ бўлган кишига ижро этиладиган ҳукмлар:

1) Муртад бўлган кишидан тавба қилиши талаб қилинади. Агар тавба қилса ва уч кун ичида Исломга қайтса, бу ундан қабул қилинади ва ўз ҳолига қўйилади.

2) Агар тавба қилишдан бош тортса, уни қатл қилиш фарз бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини ўзгартирса, уни ўлдиринглар», деганлар.

3) Тавба қилиши талаб қилинган муддат мобайнида мол-дунёсида тасарруф қилишдан ман қилинади. Агар Исломга қайтса моли ўзиники бўлади. Йўқса ўлдирилган ё муртадликда ўлган пайтидан моли ўлжа сифатида байтулмолга олинади. Муртад бўлган пайтидан бошлаб мусулмонлар фойдасига ишлатилади, ҳам дейилган.

4) У билан яқин қариндошлари ўртасида мерослашиш ман қилинади, уларга меросхўр бўлмайди, улар ҳам ундан мерос олмайдилар.

5) Муртадлик билан ўлса ё ўлдирилса, ювилмайди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди, балки кофирлар қабристонига кўмилади ёки мусулмонлар қабристонидан бошқа бирон жойга кўмиб ташланади.

Иккинчи боб: Тавҳидга зид бўлган ёки уни нуқсонли қиладиган сўзлар ва феъллар

Бу бобда қуйидаги бўлимлар бор:

Биринчи бўлим: Кафтга, қартага қараш ёки мунажжимлик қилиш билан ғайбни билишни даъво қилиш.

Иккинчи бўлим: Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик.

Учинчи бўлим: Қабрлар ва зиёратгоҳларга қурбонлик, назр ва ҳадялар келтириш ва уларни улуғлаш.

Тўртинчи бўлим: Ҳайкал ва монументларни улуғлаш, таъзим бажо келтириш.

Бешинчи бўлим: Динни масхара қилиш, унинг ҳурматларини поймол қилиш.

Олтинчи бўлим: Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш.

Еттинчи бўлим: Қонун чиқариш, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққини даъво қилиш.

Саккизинчи бўлим: Динсиз тоифаларга, жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлиш.

Тўққизинчи бўлим: Ҳаётга моддиюнчилик (материалистлик) назари билан қараш.

Ўнинчи бўлим: Туморлар, руқялар.

Ўн биринчи бўлим: Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш, Аллоҳ қолиб махлуқ билан тавассул қилиш ва ундан мадад сўраш.

Кафтга, қартага ва шу каби нарсаларга қараш билан ғайбни билишни даъво қилиш

Ғайбдан мурод – одамларга махфий бўлган келажак ва ўтмиш ишлари[8] ва улар кўра олмайдиган нарсалар бўлиб, унинг илмини Аллоҳ таоло фақат Ўзига хослаган. Аллоҳ таоло деди:«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»»(Намл: 65). Ғайбни ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Гоҳо бирон ҳикмат ва манфаат юзасидан пайғамбарларига ғайб ишларидан Ўзи истаганини билдиради. Аллоҳ таоло деди: «(У зот) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайбидан сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар)» (Жин: 26-27). Яъни, Ўзининг рисолатига танлаб олган зотларгагина ғайбдан Ўзи истаган нарсани билдиради. Чунки, пайғамбар мўъжизалар билан, шу жумладан Аллоҳ унга билдирган ғайб хабарлари билан ўзининг пайғамбарлигини исботлайди. Бу эса фаришталардан ва инсонлардан бўлган расул-элчиларни ўз ичига олади, баъзи ғайб ишларни билиш мана шу икки тоифага хосланган. Аллоҳ истисно қилган расуллардан бошқа кимда-ким, қайсидир йўллар билан – кафтга ё ойнага қараш билан бўлсин, коҳинлик ё сеҳр ё мунажжимлик билан ё бошқа бирон йўл билан бўлсин – ғайб илмини биламан деб даъво қилса, у ёлғончи ва кофирдир. Баъзи кўзбўямачи лўттибоз ва дажжоллардан содир бўлаётган, йўқолган нарсаларнинг қаердалигини айтиб бериш, айрим касалликларнинг сабабларидан сўзлаб: «фалончи сенга фалон-фалон амални қилганлиги туфайли сен шу касалга чалингансан» дейишлари кабилар айни шу қабилдаги ишлардир. Бу ишлар аслида уларга жин ва шайтонлар ёрдамида ҳосил бўлади, бироқ улар одамларни алдаб, ўзларини юқорида айтилганидек ишлар орқали ғайбни билгандек кўрсатишади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Фолбинлардан баъзиларининг уларга боғланган жин ва шайтонлари бўлиб, (фаришталардан) ўғринча эшитиб олган ғайб хабарларини уларга етказишар, сўнг улар бунга ёлғонларни қўшиб-чатишарди... Улардан баъзисига шайтон у юртда бўлмайдиган таомларни: мева ва ширинликларни келтиради. Уларнинг баъзисини жин Макка, Байтул Мақдис каби жойларга учириб олиб боради».

Гоҳо уларнинг ғайбдан гапиришлари мунажжимлик – ерда бўлажак воқеа-ҳодисаларни фалакдаги ўзгаришларга қараб айтиб бериш орқали бўлади. Шамолларнинг эсиш даврини, ёмғирларнинг ёғиш вақтларини, нарх-наволарнинг ўзгаришини ва шу каби бошқа ишларни юлдузларнинг ҳаракатланишига, йиғилишига ва тарқалишига қараб билишларини даъво қиладилар. Фалон юлдуз кўринганда уйланса, шундай-шундай яхшиликлар ҳосил бўлади, фалон юлдуз чиққанда сафар қилса, бундай бўлади, фалон юлдуз фалон жойда турганида туғилган фарзанд мана бундай бахтга ёки бахтсизликка эришади, деган гапларни гапиришади. Айрим газета-журналларда «Мунажжим башорати» рукнида бериладиган уйдирмалар ҳам айни шу қабилдаги гаплардандир.

Айрим жоҳил ва иймони заиф кишилар кўпинча мунажжимлар ҳузурига ўзининг келажаги ҳақида, бошига қандай кунлар келиши, кимга уйланиши ё турмушга чиқиши ва ҳоказолар ҳақида сўраб боришади. Ваҳоланки, кимда-ким ғайбни билишни даъво қилса ёки шундай даъво эгасини тасдиқласа, у мушрик ва кофир бўлади. Чунки у Аллоҳга Унгагина хос бўлган илмда шерикликни даъво қилган бўлади. Юлдузлар яратилиб, бўйсундириб қўйилган, улар бирон ихтиёрга эга эмас, бировнинг бахти ё бахтсизлигига, ўлими ё ҳаётига уларнинг алоқаси йўқ. Буларнинг ҳаммаси гап ўғриси бўлган шайтонларнинг ишларидан.

Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик

Бу ишларнинг ҳаммаси ҳаром ва шайтоний ишлар бўлиб, ақийдага зид, унга халал етказади. Чунки булар фақат ширк амаллари воситасида ҳосил бўлади.

1) Сеҳр – сабаби махфий ва кўзга кўринмайдиган нарса.

У афсунлар, руқялар, сеҳрган айтадиган ҳар хил сўзлар, дорилар ва тутатқилар ёрдамида қилинадиган махфий ишлар билан ҳосил бўлади. Унинг ҳақиқатан қалбларга ва баданларга таъсири бўлиб, кишини касал қилиши, ўлдириши, эр-хотиннинг ўртасини ажратиб юбориши мумкин. Унинг таъсири Аллоҳнинг кавний қадарий изни билан бўлади. У шайтоний амалдир. Улардан кўпига фақат ширк ва хабис руҳларга улар яхши кўрадиган нарсалар билан қурбат ҳосил қилиш воситасида эришилади. Шунинг учун шариат соҳиби уни ширкка боғлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи нарсадан сақланинглар», дедилар. «Улар нималар?» деб сўраганларида: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр...», дедилар.

Сеҳр ширкка икки тарафдан дохилдир:

Биринчи тараф: унда шайтонлар хизматидан фойдаланиш, уларга боғланиш, сеҳргарнинг хизматини бажаришлари учун уларга яхши кўрадиган нарсалари билан қурбат-яқинлик ҳосил қилиш борлиги учун. Зотан, сеҳр – шайтонларнинг таълимидан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек:«Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай­тонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).

Иккинчи тараф: Ғайбни билиш даъвоси ва бунда Аллоҳга шериклик даъвоси борлиги учун. Бу эса куфр ва залолатдир. Аллоҳ таоло деди: «Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102). Демак, шундай бўлар экан, ҳеч шак-шубҳасиз бу иш ақийдага зид бўлган ва у билан шуғулланган одамни қатл қилиш лозим бўлган куфр ва ширкдир. Катта саҳобалардан бир жамоаси уларни ўлдирганлар. Ҳозирда одамлар сеҳр ва сеҳргарликка енгил ва бепарво қарайдиган бўлиб қолган. Кўпинча уни алоҳида бир фан деб санашиб, у билан фахрланишади, у билан шуғулланувчиларга мукофотлар, рағбатлантирувчи совғалар беришади. Сеҳргарлар учун алоҳида клублар, йиғилишлар, мусобақалар ташкил қилишади, уларда минглаб ишқибозлар ҳозир бўлади. Бу эса динни билмаслик, ақийдага лоқайдлик билан қараш, уни мазах қилувчиларга имконият яратиб беришдан бошқа нарса эмас.

2) Фолбинлик ва башоратчилик:

Улар ғайбни ва ғойиб ишларни билишни даъво қилишдир. Ерда вужудга келажак ва содир бўлажак нарсаларнинг хабарини бериш, йўқолган нарсанинг қаердалигини айтиб бериш каби. Бу эса осмондан гап ўғирлайдиган шайтонларнинг хизматидан фойдаланиш билан бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташлайдилар. Уларнинг(жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро: 221). Яъни, жин малоикаларнинг гапларидан битта сўзни эшитиб олиб (бу сўз келажакда бўладиган ишларни фаришталар юқоридан пастга етказаётган пайтларидаги сўзларидан бири бўлади холос), уни фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбин эса бу сўзга юзта ёлғон қўшиб чатийди, осмондан эшитиб олинган ўша битта сўз туфайли одамлар унга ишонишади, чунки ўша битта сўз айтилган нарсаларга тўғри келиб қолган бўлади. Ғайбни фақат Аллоҳ билади. Ким фолбинлик ва шу каби ишлар билан ғайб ишларидан биронтасида Аллоҳга шериклик даъво қилса ёки шундай даъво қилган одамни тасдиқласа, Аллоҳга Унинг хусусиятларидан бўлган нарсада шерик исбот қилган бўлади.

Фолбинлик ширкдан холи бўлмайди, чунки у шайтонларга улар яхши кўрган ишлар билан қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Бу эса Аллоҳнинг илмида Унга шериклик даъво қилиш жиҳатидан рубубиятдаги ширк бўлса, бирон турли ибодат билан Аллоҳдан бошқага қурбат ҳосил қилиш жиҳатидан улуҳиятдаги ширк бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга бориб, унинг гапларини тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди».

Эътибор қаратиш ва огоҳланиш лозимки, сеҳргар, фолбин ва башоратчилар одамларнинг ақийдалари билан ўйнашадилар. Ўзларини табиблар мақомида кўрсатиб, беморларга Аллоҳдан бошқага атаб, фалон-фалон сифатдаги қўй-қўзи ёки хўроз каби жонлиқ сўйиб, қон чиқаришни буюришади. Ёки уларга бўйинларига осиб оладиган ё уйларига, сандиқларига солиб қўядиган туморлар шаклидаги ширкона тилсимлар ва шайтоний афсунларни ёзиб берадилар. Бошқа бирлари эса йўқолган нарсаларнинг жойларини айтиб берувчи сифатида ном чиқарадилар. Йўқотган нарсаси ҳақида сўраб ҳузурларига келган жоҳил одамларга жин-шайтонлардан бўлган ёрдамчилари кўмагида йўқолган нарсанинг жойини айтиб берадилар ёки олиб келиб берадилар. Яна баъзилари ўзларини кароматли авлиёлар қилиб кўрсатишади, ёниб турган ўтга кириб, зиён-захматсиз чиқишади, баданларига тиғ уриб ёки ўзларини автоулов (машина) ғилдираклари остига ташлаб, ҳеч қандай зарар кўришмайди. Бу аслида шайтоннинг амалидан бўлган ва адаштириш учун уларнинг қўлларида содир бўлаётган сеҳр ва кўзбойлашдир.

Ёки улар ҳақиқати бўлмаган ҳаёлланадиган ишлардир, балки улар Фиръавннинг сеҳргарлари асо ва арқонлар билан бошқаларнинг кўз ўнгида қилгани каби махфий ҳийлалардир. Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг Рифоийяларнинг бир фирқаси бўлмиш батоиҳий аҳмадий сеҳргарлари билан қилган мунозараси ҳақида айтади: «Батоиҳийлар шайхи менга овозини кўтариб: «Бизда мана бундай, мана бундай ҳолатлар бор» деб, ўтда ёнмаслик ва шу каби ишларнинг уларга хос эканини даъво қилди. Шунда мен ҳам овозимни кўтариб, ғазаб билан: «Мен машриқдан мағрибгача барча аҳмадийларга хитоб қилиб айтаманки, сизлар ўт билан нима иш қилсангиз, мен ҳам худди шуни қиламан. Ким ўтда куйса мағлуб бўлади — ёки «унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» дедим шекилли, — лекин бир шарт биланки, аввал жисмларимиз сирка ва иссиқ сув билан яхшилаб ювилади» дедим. Амирлар ва одамлар мендан бунинг сабабини сўрадилар, мен уларга: «Чунки, буларнинг ўт билан алоқаларида (куймайдиган қилиб қўядиган) ҳийлалари бор, уни қурбақанинг ёғи, норинж пўстлоғи, талқ тошидан тайёрлашади (ва баданларига уни суртишади)» дедим, шунда одамлар шовқин кўтаришди. У бу ишга қодирлигини кўрсатиб: «Сен ҳам, мен ҳам жисмларимизга олтингугурт суртиб, бўйрага ўраламиз» деди. Мен: «Бўпти, тур» дедим ва уни бунга зўрлай бошладим. У кўйлагини ечмоқчи бўлгандай қўлини кўтараётган эди, мен: «Йўқ, аввал иссиқ сув ва сирка билан ювинасан» дедим. У ўзларининг одатларига кўра одамларни чалғитмоқчи бўлди. Сўнг: «Ким амирни яхши кўрса, бир боғ ўтин келтирсин» деди. Мен айтдим: «Бу вақтни чўзиш ва жамоатни тарқатишга ҳаракат, бу билан мақсуд ҳосил бўлмайди. Унинг ўрнига чироқ ёқилсин-да, мен ҳам, сен ҳам бармоқларимизни аввал ювиб, сўнг унга тиқамиз. Кимнинг бармоғи куйса, ўша мағлуб ҳисобланади – ёки унга Аллоҳнинг лаънати бўлади, дедим шекилли». Бу гапимдан сўнг унинг авзойи ўзгарди ва мағлуб бўлди.

Бу қиссани келтиришдан мақсад ўша лўттибозларнинг мана шундай яширин ҳийлалар билан одамларни алдашларини баён қилиш эди.

Қабрлар ва зиёратгоҳларга қурбонлик, назр ва ҳадялар келтириш ва уларни улуғлаш

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкка олиб борувчи барча йўлларни тўсганлар ва улардан ғоят қаттиқ огоҳлантирганлар. Қабрлар масаласи ҳам шулар жумласидан бўлиб, уларга сиғинишдан ва уларнинг эгалари хусусида ғулув кетишдан сақловчи қоидаларни тузиб бердилар. Жумладан:

1) Авлиёлар ва солиҳлар ҳақларида ғулув кетишдан огоҳлантирдилар. Чунки бу уларга сиғинишга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган».Яна айтганлар: «Мени худди насоролар Ибн Марямни кўкка кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бор йўғи бир бандаман. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар».

2) Қабрлар устига бино қилишдан огоҳлантирдилар. Абул Ҳайёж ал-Асадий ривоят қилади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан».[3] Қабрларни гипслаб сувашдан ва улар устига сағаналар бино қилишдан қайтардилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни сувашдан, унинг устида ўтиришдан ва унинг устига бино қилишдан қайтардилар.[4]

3) Қабрлар олдида намоз ўқишдан қайтардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шундан қўрқмаганларида у зотнинг қабрлари очиққа чиқариб қўйиларди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар».[5] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтганлар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман». Қабрларни масжид қилинишининг маъноси – гарчи устига масжид қурилмаган бўлса ҳам улар олдида намоз ўқишдир. Намоз ўқиш қасд қилинган ҳар бир жой масжид ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда таяммум билан) покловчи қилинди».Устига масжид қуриб олинса, иш яна ҳам қаттиқлашади.

Кўпчилик одамлар бу қайтариқларга зид иш қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ишларга қўл урдилар ва бунинг ортидан катта ширкка кириб қолдилар. Қабрлар устига масжидлар, сағаналар, чиллахоналар қурдилар, уларни ҳар турли ширк амаллари – қурбонлик ва назрлар сўйиш, уларда ётган маййитларга дуо қилиб, улардан мадад сўраш каби ишлар адо этиладиган зиёратгоҳларга айлантирдилар.

Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатлари, у зот буюрган ва қайтарган ишлар ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олишди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўпроқ одамлар тўпланадиган бўлди. Қабрларни текислашга буюрганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»да келтирганидек, Абул Ҳайёж ал-Асадий айтади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан». Имом Муслим яна ривоят қилади: «Сумома ибн Шуфай айтади: Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман», деди». Улар эса мазкур икки ҳадисга қаттиқ хилоф иш тутишади, қабларни ердан уй баландлигида кўтаришади, уларга қуббалар қуришади... Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалари билан ҳозирги одамлар қилаётган ишлар ўртасида нақадар катта фарқлар бор! Шубҳасиз, бу ишларда санаб адоғига етиб бўлмайдиган кўп ёмонликлар бор. (Бу бузилишларни айтиб ўтаркан, жумладан шундай дейди:) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларни зиёрат қилишдаги кўрсатмалари – охиратни эслаш, маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, унга раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсаднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфорлардан маҳрум қилишди»

Юқоридагилардан маълум бўладики мозорларга қурбонликлар ва назрлар келтириш катта ширк экан. Бунинг сабаби эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига зид иш тутилганидир. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги кўрсатмалари уларнинг устига бино қурмаслик ва уларни масжид қилиб олмаслик эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хилоф ўлароқ қабрлар устига қуббалар қилиниб, масжидлар қурилгандан кейин жоҳиллар бу қабр соҳиблари фойда ва зарар беришга қодир, мадад сўраганларга ёрдам беришади, ҳожатмандларнинг ҳожатларини раво қиладилар деб эътиқод қилдилар ва уларга қурбонлик ва назрлар келтирдилар. Бориб, бориб эса бу қабрлар Аллоҳдан ташқари ибодат қилинадиган санамларга айланди. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ қабримни сиғиниладиган санам қилиб қўйма», деб дуо қилгандилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларининг баракотлари билан қабрларини бундай бўлишидан сақлади ва уни уч девор ичида муҳофаза қилди. Бироқ Ислом оламининг кўплаб мамлакатларида бу нарса содир бўлди, буни кўрганлар кўриб, билганлар билиб турибдилар.

Ҳайкалларни ва хотира учун ўрнатилган тошларни улуғлаш ҳукми ҳақида

Тимсол ёки ҳайкал – инсон ё ҳайвон ё бошқа бирон жонзот гавдасининг тасвири. Насб – хотира тоши эса аслида мушриклар бирон улуғ ёки пешво кишиларининг хотирасини тирилтириш учун унинг олдида жонлиқ сўйиб, қонини оқизадиган тошдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жозотларни тасвирлашдан қайтарганлар. Айниқса улуғ одамларнинг – олимлар, подшоҳлар, обидлар, лашкарбошилар, пешволарнинг сиймоларини тасвирлаш қаттиқ қайтарилган ишлардан. Уларни тасвирлаш бирон лавҳага ё қоғозга ё деворга ё кийимга суратларини тушириш йўли билан бўлсин ёки ҳозирги замонда машҳур бўлган фотосуратларини олиш йўли билан бўлсин ёки тош ё бошқа нарсани йўниб ҳайкалларини ясаш йўли билан бўлсин, бари бирдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам девор ва шу каби жойларга суратлар осишдан, тош-тимсоллар ўрнатишдан, шу жумладан хотира тошлари ўрнатишдан қайтарганлар. Чунки бу нарса ширкка олиб борадиган воситадир. Аслида, ер юзида илк пайдо бўлган ширк сурат ва ҳайкаллар тасвирлаш ва уларни ўрнатишдан келиб чиққан. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида солиҳ кишилар бўлган эди. Улар вафот этишгач, қавмлари кўп маҳзун бўлишди. Шунда Шайтон уларнинг ҳайкалларини ясаб, жамланиб ўтирадиган жойларига ўрнатиб қўйишни ва ҳайкалларни уларнинг номлари билан аташни қавмнинг кўнглига солди. Улар шундай қилишди, бироқ уларга ибодат қилишмади. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, илм унутилгач (яъни, бу ҳайкалларнинг қўйилишидан мақсад нима экани унитилди), келгуси авлодлар секин аста уларга сиғина бошладилар. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди, у зот қавмини суратлар сабабли келиб чиққан ширкдан қайтарди, бироқ қавми унинг даъватини қабул қилмади ва бутларга айланиб улгурган ўша ҳайкалларга сиғинишдан қайтишмади: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар!» «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Мазкур исмлар хотиралари ўчиб кетмасин деб ўрнатилган ўша ҳайкаллар эгаларининг исмлари эди.

Қаранг, хотира тошлари сабабли қандай қилиб Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг расулларига бўйсунмаслик келиб чиқди ва бу нарса уларнинг тўфон сабабли ҳалок қилинишларига сабаб бўлди. Бу эса ҳайкаллар ясаш ва уларни ўрнатишнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дарак беради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусаввирларни лаънатлаганлар, уларни қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар бўлишини айтганлар, суратларни ўчириб ташлашга амр қилганлар, сурат бор уйга фаришта кирмаслигини хабар берганлар. Буларнинг ҳаммаси бу ишнинг ёмонлигидан ва умматнинг ақийдасига хатари кучлилигидан шундай бўлди. Зеро, ер юзидаги биринчи ширк суратлар ўрнатиш туфайли бошланган эди. Сурат ва ҳайкалларни хонадонларга ўрнатиладими, майдон ё боғларгами, барчаси шаръан ҳаромдир. Чунки бу нарса ширкка восита, ақийданинг бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда кофирлар маҳкам тутишадиган ақийдалари йўқлигидан шу ишни қилаётган бўлсалар, мусулмонлар ўз куч-қувватлари ва бахт-саодатлари манбаи бўлган ақийдалирини сақлаб қолиш учун бу ишда кофирларга шерик бўлмасликлари лозим.

Динни масхара қилиш, унинг ҳурматларини поймол қилиш

Динни масхара қилиш – Исломдан муртад бўлиш ва диндан тамоман чиқиш демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66).

Бу оят Аллоҳни масхара қилиш куфр эканига, пайғамбарни масхара қилиш куфр эканига, Аллоҳнинг оятларини масхара қилиш куфр эканига далолат қилмоқда. Ким бу ишлардан биттасини масхара қилса, ҳаммасини масхара қилган бўлади. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва саҳобаларини масхара қилганларида шу оят нозил бўлган эди. Бу ишлардан бирини масхара қилиш бошқасига ҳам уланиб кетади. Аллоҳнинг тавҳидига бепарво қарайдиган ва ўликларга дуо қилишга қаттиқ аҳамият қиладиганлар агар тавҳидга чақирилсалар ва ширкдан қайтарилсалар, бунга камситиш назари билан қарайдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад,) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», деб сизни масхара қилурлар» (Фурқон: 41-42). Қалбларида ширкни улуғлаш бўлгани учун мушриклар доим ўзларини тавҳидга чорлаган пайғамбарларни айблаб, ақлсизлик, адашганлик ва мажнунлик билан сифатлаб келганлар.

Аллоҳ таоло деди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Ким бир махлуқни Аллоҳни яхши кўрганича яхши кўрса, мушрик бўлади. Аллоҳ учун яхши кўришни Аллоҳ билан бирга яхши кўришдан фарқлай билиш лозим. Қабрларни муқаддас санаб сиғинадиган кишиларни Аллоҳнинг тавҳиди ва ибодатига доир нарсаларни масхара қилаётганларини, қабрда ётган ҳомийларини эса ғоят улуғлашаётганларини кўрасиз. Улар Аллоҳ номига бемалол ёлғон қасам ичишлари мумкин, бироқ ўзи сиғинадиган азиз-авлиё номига ёлғон қасам ичишдан қўрқади.

Баъзи тоифаларни кўрасизки, азиз-авлиёдан хоҳ қабри ёнида, хоҳ бошқа жойда бўлсин мадад сўрашни саҳар пайти масжидда Аллоҳга дуо қилишдан кўра фойдалироқ санашади ва уларнинг йўлидан тавҳидга бурилган кишиларни масхара қилишади. Кўплари масжидларни хароб қилиб, машҳадларни обод қилишади. Бу Аллоҳни, Унинг оятларини ва пайғамбарини менсимаслик ва ширкни улуғлашдан бошқа нарса эмас.Бу ишлар бугунги кунда қабрпараслардан жуда кўп содир бўлмоқда.

Истеҳзо – масхара икки хил бўлади:

Биринчи: У ҳақда оят нозил бўлган ишлар каби очиқ масхаралаш. Бунга мисол мунофиқларнинг Табук йўлида айтганлари: «Бу қориларимиздан кўра қорнини ўйлайдиганроқ, ёлғончироқ, душманга рўпара келганда қўрқоқроқ одамни кўрмадик» ёки: «Бу динингиз бешинчи дин», ёки «динингиз тентаклар дини» ёки яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган одамларни кўришса масхараомуз: «Ана, диндорлар келди» деганга ўхшаш сон-саноқсиз гаплар.

Иккинчи: Очиқ бўлмаган масхаралаш. Аллоҳнинг Китоби ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ўқилганда ёки амри маъруф ва наҳий мункар қилинганда кўз қисиш ё қовоқ учириш, тил чиқариш, лаб чўччайтириш, қўл билан ишора қилиш кабилар билан масхаралаш.

Баъзилар айтадиган: «Ислом йигирманчи асрга ярамайди, у фақат ўрта асрларга яроқли дин. У қолоқ ва реакцион дин, унинг таъзир ва жазоларида ўта қаттиққўллик ва ваҳшийлик бор, у талоққа ва кўпхотинликка рухсат бериши билан аёлнинг ҳуқуқига зулм қилган» деган гаплар, ёки: «инсон томонидан жорий қилинган қонунлар одамлар учун Ислом ҳукмларидан яхшироқ» деган гап, тавҳидга чақирадиган, қабр ва мозорларга сиғинишдан қайтарадиган одамни «бу экстремист» деб аташ, ёки «мусулмонлар жамоатини бўлиб ташлашни истайди,» дейиш ёки «бу ваҳҳобий», «бешинчи мазҳабдаги одам» деган гаплар, буларнинг ҳаммаси динни ва дин аҳлини сўкиш, соғлом ақийдани масхара қилишга киради. Ёки бўлмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тутмоқчи бўлган одамнинг соқолини мазах қилиб: «дин соч-соқол билан ўлчанмайди» дейиш ҳам шу қабилдаги гаплардандир.

 

кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов