"."
Меню

Куръон атласи


 

 

Қуръон атласи

 

Бандаларига Ўзининг каломи Қуръони Каримни нозил қилиб, у орқали инсониятга илм берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

 

Қуръони Каримни Алло азза ва жалладан қабул қилиб, бекаму-кўст ўз умматларига етказган, баён қилиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин!

 

Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Карим, ҳеч шубҳасиз, борлиқдаги энг ишончли китобдир. Ундаги хабарлар ва маълумотлар барчаси тўла ҳақиқат эканида ҳам шак-шубҳа йўқ. Бу ҳақиқатни инсоний билимлар ҳам кундан кунга тасдиқлаб бораётгани барчага аён.

 

Имом Термизий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деяётганларини эшитдим.

 

Шунда: «Ундан чиқиш йўли нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.

 

«Аллоҳнинг Китоби. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг маълумотлари ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажрим қилувчидир, ҳазил эмасдир...», дедилар».

 

Дарҳақиқат, Қуръони Каримда шаръий аҳкомлар, панд-насиҳатлар билан бир қаторда, уларга хизмат қилувчи тарихий маълумотлар ҳам акс этган. Унда инсоният отаси Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган кўплаб Пайғамбарлар, турли қавмлар, халқлар ва улар яшаган жойлар зикр қилинган. Уламоларимиз улар ҳақида ўз тафсирларида талайгина маълумотларни ҳам қўшимча қилганлар ва уларга қайсидир даржада аниқлик киритишга ҳаракат қилганлар. Айрим тадқиқотчи омилар томонидан бу мавзуга бағишлаб алоҳида китоблар ҳам битилган. Жумладан, ватандошимиз имом Замахшарийнинг «Ал-Жибал ва-ламакина вал-мийаҳ» («Тоғлар, жойлар ва сувлар») китоби, Яҳё Абдуллоҳ Муаллимийнинг «Ал-Аълам фил-Қуръан ал-карим» («Қуръони Каримдаги атоқли отлар») асари ана шундай манбалардан ҳисобланади.

 

Жорий асрга келиб ушбу ҳаракат янги бир босқичга кўтарилди. Қуръони Каримда келтирилган шахс ва қавмлар истиқомат қилган минтақалар ва номи зикр қилинган жойларнинг харитасини тақдим этиш йўлга қўйилди. Биздаги маълумотларга кўра, бу борада илк қадам қўйган тадқиқотчи Суриялик тарихчи олим доктор Шавқий Абу Халил жаноблари бўлди. Унинг бу мавзудаги «Қуръон атласи» номли китоби бир неча тилларга таржима ҳам қилинди, кўпчилик ундай яхши манфаат олди.

 

Бугунги кунда халқимиз қўлдан келганича ўзлигини таниб, динини ўрганиб, хусусан, Қуръони Каримнинг маъно таржималари билан танишиб борар экан, уларнинг эътиборларига Қуръони Каримда зикр қилинган жойлар, қавмлар ва атоқли шахсларга бағишланган харита тақдим қилиш вақти ҳам келгани аён бўлиб қолди. Чунки, Қуръонда баёни келган жой, қавм ва шахслар ҳақидаги маълумотлар афсонавий ҳикоялар эмас, балки ҳаётий, воқеий ҳақиқатдир. Мазкур шахс ва қавмларнинг яшаган замонлари ва маконлари ҳақидаги маълумотлар улар ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайишига, қатъийлашишига, уларни ўрганишнинг осонлашишига хизмат қилиши муқаррар. Шу боис, Аллоҳ таолодан ёрдам ва тавфиқ сўраган ҳолда Қуръони Каримда зикр қилинган жойлар, айтилган қавм ва шахслар яшаган минтақаларнинг харитасини тузишга қарор қилдик.

 

Ушбу тақдим этилаётган маълумотларни тайёрлашда доктор Шавқий Абу Халилнинг мазкур китобини асос қилиб олинди ва ўзимиз беришни лозим деб билган айрим маълумотларни қўшимча қилинди. Бунда асосий мақсад харита тақдим этиш бўлгани боис, Пайғамбарлар ва бошқалар ҳақида қиссалар келтириб ўтирилмади. Фақат мавзуга доир айрим оятларни тақдим этиш билан кифояланилди. Шу билан бирга, керак бўлганда мазуга доир оятлар жадвали ҳам бериб борилди. Денгизлар, катта шаҳарлар бугунги кундаги ҳолатига кўра кўрсатилди. Аммо тарихий жойлар эски номлари билан берилди. Айрим жой номларини аниқлашда тули манбаларга мурожаат қилинди.

 

Ушбу ишимизда бирор яхшилик топсангиз, Аллоҳдан, камчилик бўлса, тузувчилардан деб билгайсиз.

 

 

Насибийн жинлари (харита)

 

 

 

Насибийн деган жойдаги жинлар ўзларининг осмон хабарларидан тўсилганиларининг сабабини ахтариш учун дунё бўйлаб тарқаладилар. Улардан бир гуруҳи Араб жазираси томон йўл олади. Бу ҳақда Қуръони Каримда иккита сурада оятлар нозил бўлган.

 

Аллоҳ таоло бу ҳақда Жин сурасида шундай дейди:

 

«Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғриликка ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз». (1‒2).

 

Ушбу суранинг ярмидан кўп қисми ўша жинларнинг гапларини ҳикоя қилишга бағишланган.

 

Аҳқоф сурасида эса қуйидагича марҳамат этилади:

 

«Ва сен томон бир неча нафар жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла. У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» – дедилар. Қачонки, қироат тугагач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин туширилган, ўзидан аввалги нарса(китоб¬лар)¬ни тасдиқловчи, ҳаққа ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи китобни эшитдик. Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар. Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас, у ер юзида қочиб қутула олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир», дедилар». (29‒32).

 

Ушбу ҳодиса ҳақида имом Бухорий қуйидагиларни ривоят қилади:

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. У пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга шўъла отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмлари олдига қайтиб келишганда (қавм): «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга шўъла отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди.

 

Тиҳома* томонга йўлга чиққан шайтонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот Нахла*да ўз асҳоблари билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Улар Қуръонни тинглаб туришди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Улар қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавм, бизлар ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғриликка ҳидоят қилади. Биз унга иймон келтирдик ва Роббимизга ҳеч бир ширк келтирмаймиз», дейишди. Шунда Аллоҳ Ўз Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Айт, менга ваҳий қилиндики...»* оятини туширди. У зотга жинларнинг ўша сўзлари ваҳий қилинган эди».

 

* Тиҳома ‒ Араб яриморолининг Қизил денгизга туташ жойлари номи. У денгиз соҳили бўйлаб чўзилган Янбуъдан Нажронгача соҳилбўйи текисликларидан иборат.

 

* Нахла ‒ Макка билан Тоиф ўртасидаги жой номи.

 

* Жин сураси назарда тутилмоқда.

 

Жинларнинг сўзларини Қуръонда ҳикоя қилиниш бир қанча ҳикматларга эга:

 

1.    Ўша пайтларда Қурйш кишилари ва бошқа араблар Исломни қабул қилмай, Қуръонга қулоқ солмай, бўйинтовлик қилаётган эди. Бунда уларни огоҳлантириш, койиш, кўзларини тезроқ очишларига ундов бор. чунки улар ишонмай, бўйинтовлик қилгани билан Исломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар, ўзлари ютқазадилар. Аллоҳнинг динига У Зотниннг бошқа тоифа бандалари ‒ жинлар ҳам иймон келтиришмоқда. Макка мушрикларнинг ўзлари жинларни улуғлаб юрган жинлар энди Қуръонни тинглаб, унга иймон келтирмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръон аслида арабларнинг тилларида нозил бўлаётган эди.

 

2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу билан тасалли бериш ҳам бор. Чунки у зот инсонларнинг иймонга келмаётганидан ташвиш чекиб, озор топаётган эдилар.

 

«Ад-Дурр ал-мансур» китобида айтилишича, жинларнинг еттитаси Насибийндан, қолганлари Араб жазирасидаги жинлар бўлган.

 

 

Иброҳим алайҳиссалом (харита)

 

Фил воқеаси (харита)

 

 

1. Роббинг фил соҳибларини нима қилганини билмадингми?

 

2. Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими?

 

3. Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими?

 

4. Лойдан пиширилган тошларни отадиган.

 

5. Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?

 

 

Фил сураси

 

 

Фил сураси машҳур Фил воқеаси ҳақида сўз юритади. Бу қиссани ҳамма яхши биларди, ҳатто араблар тарихларини ҳам ушбу ҳодиса бўлиб ўтган йил билан белгилашарди.

 

Қиссанинг мухтасари қуйидагича: Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абриҳа ал-Ашрам исмли шахсни ҳоким этиб тайинлади. Абриҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга ал-Қалийс деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб ўз черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди. Каъбани бузиб ташлаб ҳаммани ўз черковига буришни қасд қилди. Шу мақсада катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, ал-Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди. Сўнгра Маккага одам юбориб у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

 

Абриҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

 

«Сўрагин, менда нима ҳожати бор экан?» деди. Абдулмутталиб:

 

 «Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг» деди. Абриҳа таржимонга:

 

«Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан» деди.

 

Абдулмутталиб:

 

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ҳам ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади» деди.

 

Абриҳа:

 

«Мендан ҳимоя қилолмас» деди.

 

Абдулмутталиб:

 

«Ўз билганингни қилавер» деди. Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

 

Абриҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди. Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса шу жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абриҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.

 

Аллоҳ таоло бу сурада барчага ўз қудратини ва мўъжизасини эслатмоқда. Кимки Аллоҳга, Унинг динига қарши чиқса, оқибати нима бўлишини эслатмоқда.

 

 

Идрис алайҳиссалом (харита)

 

 

Идрис алайҳиссалом номи Қуръони каримда икки марта зикр қилинган.

 

Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгилари Идрис алайҳиссаломдир.

 

Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:

 

«Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди.

 

Ва уни олий мақомга кўтардик» (56–57-оятлар).

 

Шунингдек, Анбиё сурасида:

 

«Ва Исмоил, Идрис ва Зул Кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.

 

Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85–86-оятлар).

 

Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Ушбу зикр этилган ояти карималарда Идрис алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:

 

1. Сиддиқлик.

 

2. Набийлик.

 

3. Олий мақом соҳиблиги.

 

4. Сабр қилувчилик.

 

5. Аллоҳнинг раҳматига кириш.

 

6. Солиҳлик.

 

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шийс алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга, Одам ва Шийс алайҳиссаломлардан кейин, учинчи бўлиб, пайғамбарлик берилган.

 

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.

 

Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шийс алайҳиссаломда бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берган.

 

У зот набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шийс алайҳиссаломлар шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган.

 

Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пйтларида одамларни динга даъват қилганлар.

 

Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.

 

Идрис алайҳиссалом ўз ҳикматлари ила машҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис алайҳиссаломдан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар:

 

«Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир».

 

«Бахтиёр ўзига назар солган кишидир. Унинг Роббиси ҳузуридаги шафоатчиси амали солиҳидир».

 

«Сабр иймон ила бўлса зафар келтиради».

 

Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Ундан сўнг Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган.

 

 

Одам алайҳиссалом (харита)

 

 

Одам алайҳиссалом Қуръони Каримда 25та оятда 25 марта зикр қилинган:

 

Сура   

Оятлар

 

Бақара

31, 33, 34, 35, 37

 

Оли Имрон     

33, 59

 

Моида 

27

 

Аъроф

11, 19, 26, 27, 31, 35, 172

 

Исро   

61,70

 

Қаҳф   

50

 

Марям

58

 

Тоҳо   

115, 116, 117, 120, 121

 

Йасин  

60

 

 

30. Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени улуғлаб турибмиз», – дедилар. У: «Мен сиз билмайдиган нарсаларни биламан», – деди.

31. Ва У Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб берингчи», – деди.

32. Улар: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг Алийм ва Ҳакиймсан», – дедилар.

33. «Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», – деди.

34. Эсла, вақтики фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» – дедик, бас, сажда қилдилар, магар иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.

35. Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатни маскан тут. Унда хоҳлаган жойингизда бемалол енглар ва мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар», – дедик.

36. Шайтон уларни ундан тойдирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: «Бир-бирингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва маълум вақтгача баҳрамандлик бордир», – дедик.

37. Бас, Одам ўз Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У Таввоб ва Роҳиймдир.

38. Биз: «Ундан ҳаммангиз тушинг. Бас, Мендан сизга ҳидоят келса, ўшанда ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», – дедик.

 

Бақара сураси, 30-38

 

115. Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик.

116. Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», деганимизда, улар сажда қилдилар. Магар иблис бош тортди.

117. Бас, Биз: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин.

118. Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан.

119. Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик.

120. Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» – деди.

121. Бас, икковлари ундан едилар. Кейин, авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди.

122. Сўнгра, Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади.

123. У: «Ҳаммангиз бир-бирингизга душман ҳолда ундан тушинг. Агар мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас.

 

Тоҳо сураси, 115-123

 

«Ад-Дурр ал-мунсур» китобида ёзилишида ва Ибн Асокир нақл қилишча, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилганда Ер юзининг қайси минтақасига тушгани ҳақида бир неча нақл бор: 

Одам ва Ҳавво Макка билан Тоиф ўртасидаги Дажна деган жойга тушган;

Одам Сафо тоғига, Ҳавво Марва тоғига тушган. Бу икки тоғ ҳам Макка шаҳрида ҳозирги Ҳарам ҳудида жойлашган.

Одам Ҳинд диёрига, Ҳавво Жидда шаҳрига тушган. Одам Ҳаввони истаб, уни Макка шаҳридаги Муздалифада топган. Шу боис, уни Жамъ деб ҳам аталади. Чунки Одам ва Ҳавво шу ерда жамланган, учрашган. Унинг Муздалифа (яқин келиб, мулозамат қилинадиган жой) деб номланиши эса Ҳаввонинг Одамга яқин келиб, унга мулозамат қилгани учундир.

Табароний, Абу Нуайм ва Ибн Асокирлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам алайҳиссалом Ҳиндистонга тушган», деганлар.

Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Аллоҳ Одамни туширганда Ҳинд ерига туширган. У кейин Маккага келган. Сўнгра Шомга бориб, ўша ерда вафот этган».

Бу борада келган нақлларни бирлаштирганда қуйидагича хулоса чиқади: Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилгач, Ҳиндистон ҳудудига, Сарандиб (Сайлон) оролига, Бавз номли тоққа тушган. Ибн Баттута ўз сафари ҳақида шундай дейди: «Мен ўша оролга (Сайлонга) етиб борганимдан бошлаб мақсадим фақат улуғ қадамжо ‒ Одам алайҳиссаломнинг қадамжосини зиёрат қилиш бўлди. У ердагилар уни «Бобо» деб, Ҳаввони «Момо» деб аташади...»

Манбаларда ушбу қадамжо зиёратига биринчи бўлиб йўл очган киши буюк мутасаввиф олим, шофеъий мазҳабининг фақиҳларидан Абу Адуллоҳ ибн Хафиф Шерозий деб келтирилади.

Одам алайҳиссаломнинг қабри ҳақида бир нечта тахминлар бор:

Абу Қубайс тоғи ён бағрида.

Ҳиндистондаги ўзи тушган Бавз тоғида.

Нуҳ алайҳиссалом тўфондан кейин у кишининг жасадларини Байтул-Мақдисга кўчирган.

Ибн Жарир Табарий, Ибн Асир, Яъқубийлар таъкидлашларича, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни мағфират қилгандан сўнг у кишини Жаброил алайҳиссалом арафот тоғига олиб бориб, ҳаж ибодати қонун-қоидаларини ўргатган. Кейин Одам алайҳиссалом Маккаи Мукаррамада истиқомат қилган ва ҳозирги Ҳарамнинг шарқий томонида, Сафо тоғи тоғига туташган Абу Қубайс деган тоққа дафн қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Абу Қубайс тоғи Аллоҳ таоло Ер юзида яратган биринчи тоғ ҳисобланади. Унинг баландлиги 420 метр.

 

Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли

 

Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли ҳақидаги қисса Моида сурасининг 27‒31 оятларида келади.

«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Ўшанда икковлари қурбонлик қилдилар, бас, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», – деди. (Наргиси) айтдики: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар сен мени ўлдириш учун менга қўл чўзсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун сенга қўл чўзувчи эмасман. Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман. Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетиб, натижада дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир». Нафси унга биродарини ўлдиришни енгил кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиён кўрганлардан бўлди. Аллоҳ ер ковлайдиган қарғани унга биродарининг жасадини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» – деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида, 27‒31).

Одам алайҳиссаломнинг ушбу икки ўғлининг исмлари ҳақида тафсирларда турли маълумотлар келтирилган. Уларнинг ичида энг машҳурига кўра, уларнинг исмлари Қобил ва Ҳобил бўлган. Аммо бу борада келган хабарларнинг барчаси ҳам тафсир маъносида айтилган ижтиҳодий фикрлардир.

Одам алайҳиссаломнинг иккита ўғиллари Аллоҳ йўлида қурбонлик қилдилар. Уларнинг биридан қурбонлиги қабул қилинди, иккинчисиники қабул қилинмади. Шунда қурбонлиги қабул қилинмагани ўз биродарига ҳасад қилиб, унинг жонига тажовуз қилди. Аммо у ғазаб устида қилган ушбу ишидан кейин пушаймон бўлди, аммо бунинг фойдаси бўлмади. У ўз қилмишидан надомат чекканча Яман томонга йўл олди. Табарий келтиришича, у отаси Одам алайҳиссаломдан қўрқиб Яманга қочиб кетган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, ушбу ҳодиса Макка шаҳрида рўй берган. Чунки Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво шу жойда истиқомат қилишарди.

Дамашқ юқорисидаги Қосиюн тоғидаги «Қон ғори» деб номланган машҳур ғор бор. Омма халқ орасида Одам ва Ҳавво шу тоғда истиқомат қилган ва мазкур ҳодиса ушбу ғорда бўлган деган гап юради.

Дамашқдаги Барада водийси юқорисдаги Мушарраф тоғида 15 метр узунликдаги бир қабр бор. Баъзилар у ерда Ҳобил дафн қилинган дейишади.

 

 

Уҳуд ғазоти (харита)

152. Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир.

 

Пайғамбар алайҳиссалом жанг бошланишидан олдин мусулмонларга: «Агар сабр қилсаларингиз, нусрат сизлар билан», деб айтган эдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари тилидан берган ваъдаси эди. Уҳуд жанги бошлангач, аввал бошда:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз».

Мушриклар ичидан қатл этилганлар кўпайиб кетди. Улар саросимага тушиб, тумтарақай қоча бошладилар. Орқа-олдиларига қарамай, ҳамма нарсани ташлаб қочишарди, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Ҳаттоки байроқлари ҳам қўлдан тушди. Бир аёл кескин келиб байроқни кўтирмагунча, ҳеч ким унга қарамади. Бу ҳол:

«Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча» давом этди».

Камончилар мушриклардан қолган ўлжаларни кўриб, нафслари заифлашиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Жойингизни асло тарк этманг!», деган амри ҳақида ихтилоф қила бошладилар. Баъзилари: «Мушриклар енгилиб бўлди. Бу ерда нима қилиб турибмиз?! Келинглар, биз ҳам жанг майдонига кириб, бошқалар қатори ўлжадан олайлик», дедилар. Камончиларнинг амири Абдуллоҳ ибн Жубайр бошлиқ ўнтача нафари эса: «Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг амрига хилоф қилманглар!» дедилар. Ва ниҳоят, улар суйган нарсани, яъни, ғалаба ва нусратни Аллоҳ уларга кўрсатгандан сўнг исён қилдилар, жойларини тарк этиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар. Шу пайт Холид ибн Валид бошлиқ отлиқ мушриклар улар ташлаб кетган жойдан бостириб келдилар ва мусулмонлар қуршовда қолдилар. Мулоҳаза қилиш лозимки, аслида сустлашган, ихтилоф ва исён қилганлар камончилардир. Улар озчилик бўлсалар ҳам, қилган ишлари ҳаммага нисбат берилмоқда. Демак, бир гуруҳ одамлардан содир бўлган ноқулайлик ҳаммага таъсир этар экан. Шунинг учун ҳамма бирдек тарбия қилинган бўлиши керак.

Кейинги жумлада мазкур исённинг келиб чиқиш сабаби баён қилинмоқда:

«Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор».

«Дунёни хоҳлайдиган кимсалар»–жойларини тарк этиб, ўлжа йиғишга киришиб кетган камончилар.

«Охиратни хоҳлайдиган кимсалар»–жойларида сабот билан туриб жанг қилганлар.

Умумий маъно шуки: Аллоҳ таоло сиз ўзингиз сустлашиб, ихтилоф қилиб, исён қилгунингизча ваъдасининг устидан чиқиб турди, кейин эса, у саналган сабабларга кўра:

«Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди».

Яъни, сиздан ёрдамини олди, улардан устун келишингизни тўхтатди. Бу ишни сизни имтиҳон қилиш, синаш учун қилди. «Сизларни улардан бурди», яъни, урушиб турган мусулмонлар бурилиб қоча бошладилар.

Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.

«Батаҳқиқ, сизни афв этди».

Бас, Аллоҳ таоло сизнинг сусткашлигингизни, заифлигингизни ва исёнингизни афв этди.

«Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир».

Уларнинг гуноҳларини кечиши ҳам, У зотнинг фазлидандир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Оламларга раҳмат пайғамбар" китобларидан:

 

Маълумки, мушриклар билан бўлиб ўтган Бадр урушида мусулмонлар оз сонли бўлишларига қарамай, тўла ғалаба қозонган эдилар.

Бу уруш худди мўъжизадек бўлган эди. Унда мусулмонлар Қурайш қабиласининг куфрнинг бошида турган аъзоларини ўз қўллари билан ўлдирган эдилар.

Бадр урушида раҳбарларидан ажраб қолган Қурайш қабиласига Абу Суфён ибн Ҳарб бошлиқ бўлиб қолди.

У одамларини мусулмонлардан ўч олишга чақира бошлади. Бу орада Қурайшнинг бутун бошли бир карвони мусулмонлар қўлига тушиш арафасида базўр қутулиб қолди.

Шунда мушриклар ўша карвондаги ҳамма молу мулкларини мусулмонларга қарши урушга сарфлашга аҳд қилишди.

 

Абу Суфён Қурайшдан ва Қурайш билан шартнома тузганлардан ҳамда Аҳбош деган жойда аҳдлашилгани учун «Аҳобийш» номи билан машҳур бўлган араблардан жами уч мингтача одам тўплади.

Ҳижратнинг учинчи йили Шаввол ойида мушриклар лашкари йўлга чиқди. Қочиб кетишларнинг олдини олиш ва шижоатлантириб туриш учун хотинларини ҳам ўзлари билан бирга олиб чиқдилар.

Улар Мадинаи Мунавварага қараб юриб келиб, Уҳуд тоғи яқинига тушдилар.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату васаллам саҳобалар билан душманга қарши чиқиш керакми ёки Мадинадан чиқмай туриш яхшими, масаласида маслаҳат қилдилар.

У зотнинг ўзларининг фикрларича, Мадинадан чиқмасдан, тўсиқлар ҳосил қилиб туриш, агар душман бостириб кирса, тор кўчаларга кираверишда уруш қилиш, аёллар эса, уйларнинг устидан ёрдам беришлари керак эди.

Бу фикрга мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ҳам қўшилди. Лекин Бадр урушида қатнаша олмай қолган кўпчилик саҳобалар, айниқса, ёшлар қарши чиқишни сўраб маҳкам туриб олдилар.

Кўпчиликнинг фикри шу бўлиб кўринди.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом минг нафар саҳоба билан чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга Мадинада қолганларга жамоат намозини ўқиб бериб туришни буюрдилар.

Мадинадан чиқиб, Уҳудга қараб кетаётганларида, мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай:

«Менинг гапимни қўйиб, ёш болаларнинг гапини қиляпти», деб аскарларнинг учдан бирини олиб қайтиб кетди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталари Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу уларнинг ортидан бориб, қайтаришга уриндилар:

«Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар!» деб қистадилар. Улар бўлса:

«Сизлар уруш қилишингизни билганимизда, қайт¬мас эдик», дейишди.

Абдуллоҳ ибн Ҳаром уларни сўкиб орқасига қайт¬ди.

Ансорийлардан бирлари шартнома тузган яҳудийлардан ёрдам сўрашни таклиф этди. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўнмадилар. Иймон билан куфр орасида уруш бўлиб турганда, яҳудийлардан ёрдам сўраб бўлармиди?!

Йўлда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Ким бизни уларга яқин жойдан бошлаб чиқа олади?» дедилар. Ансорийлардан бир киши водийнинг бир тарафидан бошлаб, Уҳуд тоғига яқин жойдан олиб чиқди.

Уҳуд тоғига орқаларини қилиб жойлашдилар. Пайғамбар алайҳиссалом, амр бермагунларича, ҳеч ким уруш қилмаслигини тайинладилар. Бу ишлар жума куни кечки пайт бўлди.

Шанба куни эрталабдан Пайғамбар алайҳиссалом етти юз кишини урушга тайёрлай бошладилар. Элликта отлиқ, элликта камончи бор эди. Уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳуни бошлиқ этиб тайинладилар. У кишига ва аскарларига эгаллаб турган жойларидан жилмасликни амр қилдилар:

«Агар қушлар келиб аскарни олиб қочаётганини кўрсангиз ҳам, жойингизни тарк этманг», деб таъкидладилар.

Улар мусулмонлар аскарининг орқа томонини қўриқлашлари керак эди. Камончиларга мушрикларни мусулмонлар ортидан келтирмай камондан ўққа тутиб туришни топширдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссолату васаллам иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Аввомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.

 

ЖАНГ

 

Мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Абу Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеълар катта жасорат кўрсатдилар.

Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келишди. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.

 

КАМОНЧИЛАР

 

Мушрикларнинг енгилиб қочаётганини кўрган камончилар, Пайғамбар алайҳиссалом қимирламай туришни тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар.

Улар бир-бирларига:

«Қаранглар, ўлжа, ўлжа!» деб қичқиришди.

Амирлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.

 

ОРТДАН ҲУЖУМ

 

Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқлар мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар.

Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима бошланди. Қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.

Мусулмонлар ичида шаҳидлар кўпайди. Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонга ҳужум бошладилар. У зот оз сонли кишилар ҳимоясида эдилар. Уларнинг ҳам кўпи ўз Пайғамбарларининг ҳимоясида мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлдилар.

 

Оли Имрон сурасининг охиридаги оятларнинг аксарида Уҳуд тоғи олдида бўлиб ўтган воқеалар зикр қилинган.

 

120. Сизга яхшилик тегса, уларга ёмон бўладир. Сизларга му-сийбат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир.

121. Аҳлингдан эрталаб чиқиб, мўминларни уруш жойларига турғизганингни эсла! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир.

122. Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийсидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар.

123. Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингиз ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, шукр қилсангиз.

124. Мўминларга: «Сизга Роббингиз туширилган уч минг фа-ришталар ила мадад бермоғи кифоя қилмасми?!» деганингни эсла!

125. «Ҳа (кифоя қиладир)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир».

126. Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир.

127. Куфр келтирганларнинг бир тарафини кесиш учун ёки хорлаш учун, токи, ноумид бўлиб қайтсинлар.

128. Бу сенинг ишинг эмас! У зот ёки уларнинг тавбасини қабул қилар, ёки азоблар. Бас, улар золимлардир.

129. Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Хоҳлаган ки-шини мағфират қиладир ва хоҳлаган кишини азоблайдир. Аллоҳ гуноҳни мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир.

130. Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз.

131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг.

132. Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳм қилинсангиз.

133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.

134. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир.

135. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гу-ноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар.

136. Ана ўшаларнинг мукофотлари - Роббиларидан бўлган мағ-фират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

137. Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар.

138. Бу, одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир.

139. Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар.

140. Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи, Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас.

141. Токи, Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун.

142. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?!

143. Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз.

144. Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар.

145. Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлармиз.

146. Қанчадан қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роб-бонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусийбатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севадир.

147. Улар: «Эй Роббимиз! Бизнинг гуноҳларимиз ва ишимиздаги исрофимизни Ўзинг кечиргин, собитқадам қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», деган гапдан ўзга гапни айтмаганлар.

148. Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севадир.

149. Эй, иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз.

150. Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг ях-шисидир!

151. Тезда куфр келтирганларнинг қалбига, Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун, қўрқувни солурмиз. Уларнинг қароргоҳи дўзахдир. Золимларнинг жойи қандай ҳам ёмон!

152. Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра, сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир.

153. Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам ҳеч кимга қарамай тирқираб қочганингизни эсланг. Ўтган нарсага ва етган мусийбатга хафа бўлмаслигингиз учун сизга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор Зотдир.

154. Сўнгра, ғамдан кейин сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзил-ганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи Зотдир», деб айт.

155. Икки тўп тўқнашган куни сизлардан юз ўгириб қочганларни баъзи қилган ишлари туфайли шайтон йўлдан урди, холос. Батаҳқиқ, Аллоҳ уларни афв қилди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.

156. Эй, иймон келтирганлар! Куфр келтирганларга ва ер юзида юрган ва ғозий бўлган биродарлари ҳақида, агар бизнинг ҳузу-римизда бўлганларида ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар, дейдиганларга ўхшаманг. Буни Аллоҳ қалбларида ҳасрат қилиши учун айтурлар. Аллоҳ тирилтирур ва ўлдирур. Аллоҳ қилган амалларингизни кўрувчи Зотдир.

157. Гарчи Аллоҳ йўлида қатл қилинсангиз ҳам ёки ўлсангиз ҳам, Аллоҳдан бўладиган мағфират ва раҳмат улар жамлайдиган нарсадан яхшидир.

158. Гарчи ўлсангиз ҳам ёки қатл қилинсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ ҳузурида йиғилурсиз.

159. Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир.

160. Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар.

161. Пайғамбарга хиёнат ҳеч тўғри келмас. Кимки хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келадир. Сўнгра, ҳар бир жон касбига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас.

162. Аллоҳнинг розилигини излаган одам Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва борар жойи жаҳаннам бўлган одамга ўхшармиди! Ва у қандай ҳам ёмон жой!

163. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги даражалари турлича. Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб турувчи Зотдир.

164. Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам.

165. Сен:«Сизга мусийбат етган пайтда, ҳолбуки, ўзингиз ҳам икки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзин-гизнинг ҳузурингиздан!» деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

166. Икки жамоа тўқнашган куни сизга мусийбат Аллоҳнинг изни билан ва мўминларни билиш учун.

167. Ва мунофиқлик қилаётганларни билиш учун етди. Ва уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар ёки мудофаа қилинглар», дейилди. Улар «Агар жанг бўлишини аниқ билсак, сизга эргашардик»,-дедилар. Улар ўша кунда иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Тиллари билан дилларида йўқ нарсани айтурлар. Аллоҳ беркитаётган нарсаларини яхши билувчи Зотдир.

168. 168. Улар ўз биродарларига ва (урушга чиқмай) ўтирганларга: «Агар бизга итоат қилганларида қатл қилинмас эдилар», - дейишди. Сен: «Агар гапингиз рост бўлса, ўзингиздан ўлимни қайтариб кўринг-чи», деб айт.

169. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисоб-ламанглар. Балки, улар-тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар.

170. Улар Аллоҳ Уз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан ўзларига қўшилмаган биродарларига, уларга хавф йўқлигининг ҳамда хафа ҳам бўлмасликларининг хушхабарини бермоқдалар.

171. Улар Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслигининг хушхабарини бермоқдалар.

172. Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир.

173. Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»,-дедилар.

174. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

175. Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинла-ридан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар.

176. Куфрга ошиқаётганлар сени хафа қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар. Аллоҳ уларга охиратда насиба қилмасликни хоҳлайдир. Уларга улкан азоб бордир.

177. Албатта, куфрни иймонга сотиб олганлар Аллоҳга ҳаргиз бирор зарар етказа олмаслар. Уларга аламли азоб бордир.

178. Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир.

179. Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир.

180. Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

181. Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз.

182. Бундоқ бўлишлиги сизнинг ўз қўлингиз ила қилганингиз туфайлидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига зулм қилувчи эмас.

183. «Албатта, Аллоҳ биздан ўтда куядиган қурбонлик кел-тирмаган Пайғамбарга ишонмаслигимизга аҳд олган», дейдиган-ларга: «Мендан олдин ҳам сизларга Пайғамбарлар очиқ-ойдин баёнотлар ва сиз айтган нарса билан келганлар. Агар ростгўй бўлсаларингиз, нимага уларни ўлдирдингиз?» деб айт.

184. Агар сени ёлғончи қилсалар, сендан олдин очиқойдин баёнотлар, ҳикматли китоблар ва нурли китоблар билан келган Пайғамбарларни ҳам ёлғончи қилганлар.

185. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрла-рингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур ма-тоҳидан ўзга нарса эмас.

186. Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир.

187. Аллоҳ китоб берилганлардан, уни одамларга албатта баён қилурсиз ва беркитмассиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон!

188. Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!

189. Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

190. Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор.

191. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин.

192. Роббимиз, албатта, Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ.

193. Роббимиз, биз нидо қилувчининг «Роббингизга иймон кел-тиринг!» деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.

194. Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарса-ларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан», дерлар.

195. Роббилари уларнинг (дуоларини) ижобат қилиб: «Мен сиз-лардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёрларидан чи-қарилганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва қатл бўлганларнинг ёмонликларини ўчирурман ҳамда уларни албатта остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурман, бу - Аллоҳнинг ҳузуридан савобдир. Ва Аллоҳ - ҳузурида гўзал савоб бор зотдир», деди.

196. Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин.

197. Бу озгина матоҳдир. Сўнгра, ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!

198. Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳдан зиёфатдир. Аллоҳ ҳузуридаги нарса аброрлар учун ях-шидир.

199. Албатта, аҳли китоблардан Аллоҳга, сизларга туширил-ган нарсага, уларга туширилган нарсага иймон келтирадиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб бўйин эгадиганлари, Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотмайдиганлари бордир. Ана ўшаларга Роббилари ҳузурида ажр бордир. Албатта, Аллоҳ тезҳисоб зотдир.

200. Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шояд-ки, ютуққа эришсангиз.

 

Оли Имрон сураси 120-200

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов