"."
Меню

Тавхид китоби

Динсиз тоифаларга, жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлишнинг ҳукми

1) Коммунистик, секуляр (илмония-дунёвийлик), капиталистик каби динсиз тоифа ва йўлларга аъзо бўлиш Исломдан чиқиб, муртад бўлишдир. Агар бу йўлларга аъзо бўлган одам Исломни даъво қилса, бу катта нифоқ бўлади. Зеро мунофиқлар зоҳирда Исломга нисбатланиб, аслида кофирлар билан бўладилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:

«Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14).

Яна айтади: «Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?» — дейишади» (Нисо: 141).

Бу алдоқчи мунофиқларнинг иккита юзи бўлади. Бир юзи билан мўминларга боқишса, иккинчи юзи билан кофир биродарларига боқишади. Уларнинг иккита тили бўлади. Биттасини мусулмонлар зоҳирига қараб қабул қилаверадилар, иккинчиси эса уларнинг яширин сирларини фош қилади: «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14). Китобу Суннатдан – унинг аҳлини масхаралаб ва ҳақир санаб – юз ўгиришди, кўпайгани сари ёмонлик ва мутакаббирликни зиёда қиладиган илмлари билан мағрурланишиб Аллоҳу Расулининг ҳукмига бўйсунишдан бош тортишди. Аллоҳу Расулининг сўзларини маҳкам ушлаган кишиларни кўришса, уларнинг устларидан кулишларини кўрасиз: «Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 15). Аллоҳ таоло мўминлар сафига қўшилишга буюрган: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119).

Бу динсиз йўллар ўзаро душман йўллардир, чунки улар ботилга асосланган. Масалан, шуюийлар (коммунистлар) Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг борлигини инкор қилишади ва самовий динларга қарши курашишади. Ким ўз ақлига ақидасиз яшашни ва бирламчи ақлий ҳақиқатларни инкор қилишни раво кўрса, у ақлини ишлатмайдиган беақл бўлади. Илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) динларнинг барча турларини инкор қилишади ва бу ҳаётда фақат ҳайвонларча яшашдан бошқа ғояси бўлмаган моддийликка (материалистик фалсафага) суянишади. Капиталистларнинг эса ҳалолдан бўладими, ҳаромдан бўладими, қайси томондан бўлса ҳам мол-дунё жамғаришдан бошқа ғам-ташвиши бўлмайди. Уларда камбағалларга нисбатан меҳр-шафқат деган нарса бўлмайди. Иқтисодлари рибо асосига қурилган. Рибо эса Аллоҳ ва Расулига қарши кураш, давлат ва шахсларнинг емирилиши, қашшоқ халқларнинг қонларини сўриш демакдир. Заррача иймони бор одам у ёқда турсин, қайси ақли расо инсон бундай ақлсиз, динсиз, ҳаётда унга интиладиган ва унинг йўлида курашадиган бирор ғояси бўлмаган бу тузумларда яшашга рози бўлади?! Аслида бу тузумлар мусулмонлар диёрига уларнинг кўпидан саҳиҳ дин кўтарилгани, беэътиборликда униб, қарамликда яшашгани боисгина кириб келган.

2) Жоҳилий, миллий, ирқий ҳизб ва тоифаларга аъзо бўлиш ҳам куфр ҳамда Ислом динидан қайтиб, муртад бўлишдир. Чунки Ислом миллий-ирқий таассубларни, жоҳилий наъраларни рад этади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни тани(б били)шинглар учун сизларни(турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким асабийя-ирқчиликка чақирса, у биздан эмас. Ким асабийя учун жанг қилса, у биздан эмас. Ким асабийя учун ғазабланса, у биздан эмас».

Яна дедилар: «Албатта Аллоҳ сизлардан жоҳилият тассубини ва ота-боболар билан мақтанишни кетказди. Энди киши фақат тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлади. Инсонлар Одам алайҳиссалом фарзандларидир, Одам эса тупроқдан яралган. Арабнинг ажам устида ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақво билангина (афзал бўлиши мумкин)».

Бундай тоифачиликлар мусулмонларни бўлиб ташлайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бирликка, яхшилик ва тақво устида ўзаро ёрдамлашишга буюрган, бўлиниш ва ихтилофга берилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон: 103).

Аллоҳ таоло бизлардан фақат битта ҳизб бўлишимизни истайди. Нажотга эришувчи бу ҳизб - Аллоҳнинг ҳизбидир.

«Бироқ, Европанинг сиёсий ва маданий истилосига учраганидан сўнг ислом олами ушбу қон-қариндошлик, ирқчилик ва ватандошлик таассубига бўйсуна бошлади, уларни илмий асосланган масала, муқаррар ҳақиқат, қочиб қутулиш имконсиз бўлган воқелик деб ишона бошлади, мусулмон халқлар Ислом таг томири билан йўқотиб ташлаган таассубчиликни яна қайта тирилтиришга, унинг расм-русумларини тиклашга, исломдан олдинги даврлардаги миллий-ирқий анъаналари билан фахрланишга ғайритабиий бир кўринишда интила бошлади. Ваҳоланки, айни шу нарсани Ислом жоҳилият деб номлаган, Аллоҳ таоло мусулмонларга ундан қутулиш неъматини инъом қилган ва бу неъматнинг шукрини адо этишга ундаган эди.

Табиийки, аслида мўмин киши узоқ ё яқин даврлар илгари ўтган жоҳилиятни фақатгина нафрат, ёмон кўриш, жирканиш ва сесканиш билан эслайди. Қамоқ азобларига дучор бўлиб, ундан эндигина қутулиб чиққан одам маҳбуслик даврида чеккан азоб-уқубатлар ва тортган хўрликларини титроқларсиз эслай оладими ахир?! Узоқ вақт оғир дард тортиб, ҳаётдан бутунлай умиди узилган одам касаллигидан тузалиб кетгач, ўтган кунларини ранги ўзгармай, кўнгли бузулмай эслай оладими ахир?!» Бу тоифачиликлар Аллоҳнинг шариатидан юз ўгирган, Унинг динидан тонган кимсалар учун Аллоҳ юборган азоб деб билмоқ лозим. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг: У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир» (Анъом: 65).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Модомики, раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас экан, Аллоҳ уларни бир-бирларига азоб тоттирадиган қилиб қўяди».

Ҳизб ва тоифаларга таассуб қилиш худди яҳудларда бўлганидек, бошқаларда бўлган ҳақдан юз ўгиришга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар» (Бақара: 91).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ҳақдан ота-боболарининг йўлига таассуб қилиб юз ўгирган жоҳилият аҳлининг ҳолати ҳам айни шундай бўлган эди: «Қачон (мушрикларга):«Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг, дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170).

Бу тоифачилар ўз тоифаларини Аллоҳ бутун башариятга марҳамат қилиб берган Исломнинг ўрнига қўйишни истайдилар.

Ҳаётга моддийлик назари билан қараш ва бу назариянинг зарарлари

Ҳаётга нисбатан икки хил қараш – моддий қараш ва соғлом қараш мавжуд бўлиб, ҳар икки қарашнинг ўзига хос таъсирлари бор.

а) Ҳаётга моддийлик назари билан қарашнинг маъноси:

Ҳаётга моддий назар билан қарашда инсоннинг фикр юритиши фақат нақд нафс хоҳишларига эришишгагина кифояланган ва ҳаракатлари шу доира ичигагина чекланган бўлади. Фикрлаши бунинг ортидан келувчи оқибатларга етиб бормайди, бу оқибатлар учун амал қилмайди, у ҳақда қайғурмайди. Билмайдики, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини охират учун экинзор қилган, дунёни амал ҳовлиси, охиратни эса жазо-мукофот ҳовлиси қилган. Ким дунёсини солиҳ амаллар билан ғанимат билса ҳар икки ҳовлининг фойдасини қўлга киритган бўлади, ким дунёсини зое қилса охиратини ҳам зое қилган бўлади: «У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).

Аллоҳ таоло бу дунёни бекорга яратмади, балки уни улкан ҳикмат учун яратди. Аллоҳ таоло айтади: «У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2).

«Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик» (Каҳф: 7).

Аллоҳ субҳанаҳу бу ҳаётда дунё матоларини ва кўзга кўриниб турувчи зийнатларни – мол-дунё, фарзандлар, обрў-эътибор, ҳукмдорлик ва булардан бошқа ҳисоби фақат Ўзига маълум бўлган даражада кўп бошқа лаззатбахш нарсаларни яратиб қўйди.

Одамлар ичида айрим – тўғрироғи кўпчилик – кишилар борки, қарашлари бу матоларнинг фақат ташқи тарафига чекланган, нафсларини шулар билан қондирадилар, уларнинг ички тарафига назар солмайдилар, уларга эришиш, жамғариш ва улар билан лаззат топиш билан банд бўлиб, улар ортидан келувчи охират ҳаёти учун амал қилишдан ғафлатдалар. Балки улар шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт бўлишини инкор қиладилар. Аллоҳ таоло айтганидек: ««Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз», деб айтадилар» (Анъом: 29).

Аллоҳ таоло ҳаётга бундай назар билан қарайдиган кишиларга ваъид - азоб хабарини беради:«Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8).

Яна айтади: «Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15,16).

Бу азоб хабари мазкур қараш тарафдорларининг барчасини: мунофиқлар ва риёкорлар каби охират амалини қилиб туриб, бу билан дунё ҳаётини истайдиган кишилар бўладими, жоҳилият аҳли ва капиталист, коммунист, илмоний динсизлар каби бузғунчи йўлларни тутган, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмайдиган кофирлар бўладими, фарқсиз, барча-барчасини ўз ичига олади. Зеро, улар ҳаётнинг қадрини билмадилар, уларнинг дунёга бўлган қарашлари ҳайвонларнинг қарашидан фарқ қилмайди. Балки улар ҳайвонлардан ҳам адашганроқ, чунки ақлларини ишлатмадилар, куч-тоқатларини фоний ва йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга сарфладилар, вақтларини зое қилдилар. Ўзларини кутиб турган, бир кун келиб иложсиз албатта боришадиган оқибатлари учун амал қилмадилар. Ҳайвонларни эса бирон бир оқибат кутиб тургани йўқ, уларнинг бу ҳақда фикр юритадиган ақллари ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44).

Аллоҳ таоло бу қараш эгаларини билимсизлик билан сифатлади: «Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6-7).

Улар гарчи саноат ва ихтиролар бобида етук билим эгалари бўлган тақдирда ҳам, илм ва билим эгаси деб номланишга нолойиқ жоҳиллардир. Чунки уларнинг билимлари дунё ҳаётининг фақат зоҳирий тарафидан уёғига ўтолмади. Бу – эгалари олимлик деб аталган бундай шарафли номга эга бўлишга сазовор бўлмайдиган ноқис илмдир. Аслида, бундай юксак унвон Аллоҳни ҳаққирост таниган ва Ундан қўрққан зотларга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло айтганидек:«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).

Ҳаётга моддий қарашга ёрқин намуналардан бири – Аллоҳ таоло Қорун қиссасида зикр қилган воқеа ва унга ато этган беҳисоб хазиналардир: «Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар» Қасас: 79).

Унга ўхшашни орзу қилдилар, унга ҳавас билан қарадилар ва моддий қарашларидан келиб чиқиб, уни улуғ насиба эгаси деб сифатладилар. Бу худди ҳозирги даврда кофир давлатларда бўлган иқтисод ва саноат тараққиётига ўхшайдики, иймони заиф бўлган мусулмонлар уларнинг кофир эканларига ва уларни кутиб турган ёмон оқибатларга қарамасдан, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бу хато қараш уларни кофирларни улуғлашга, кўнгилларида уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлишига, ёмон ахлоқ-одобларида уларга ўхшашга уринишга олиб келади. Ваҳоланки уларга ҳаракатчанликда, куч-қудратга эришишда ва фойдали ихтиро ва саноатларда тақлид қилсалар тўғрироқ бўлар эди.

б) Ҳаётга бўлган иккинчи – тўғри қараш:

Бу қараш эгаси бу дунёда бўлган мол-давлат, салтанат ва моддий қувватларнинг барчасини охират иши учун кўмакчи восита деб эътибор қилади.

Аслида, дунёнинг ўзи ҳеч қандай айбли нарса эмас, мақтов ёки айблов фақатгина банданинг унда қилган амалига қараб йўналтирилади. Дунё – охиратга ўтиш учун бир йўлак ва кўприкдир, жаннат озуқаси дунёдан олинади, жаннат аҳли эришадиган гўзал ҳаёт уларнинг дунёда эккан нарсаларидан ҳосил бўлади.

Дунё – жиҳод, намоз, рўза, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳовлиси, яхшиликлар томон мусобақалашиш майдони. Аллоҳ таоло жаннат аҳлига айтади: «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар» (Ал-Ҳааққа: 24).

Руқя ва тумор

1) Руқя

Руқя деб истма, шайтонлаш каби бирон касалликка йўлиққан одамга ўқиладиган дам-дуога айтилади. Уни «азайим» деб ҳам номлайдилар. У икки хил бўлади:

Биринчи: Қуръон оятлари ўқиш ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан паноҳ сўраш каби ширкдан холи бўлган руқялар. Руқянинг бу тури мубоҳдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам руқя қилганлар, руқя қилишга буюрганлар ва унга ижозат берганлар.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Биз жоҳилиятда руқя қилар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўраган эдик: «Ўқийдиган руқяларингизни менга эшиттиринглар. Модомики, ширк бўлмаса, руқяларнинг зарари йўқ», дедилар.

Имом Суютий айтади: Уламолар руқя учта шарт жамланганда жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар: 1) Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан бўлиши; 2) Араб тилида ва маъноси тушунарли бўлиши; 3) Руқянинг (мустақил) ўзи ҳеч қандай таъсир қилмайди, у фақат Аллоҳнинг тақдири билан таъсир қилади деб эътиқод қилиш.

Ўқилиш кайфияти: Касалга ўқиб дам солинади ёки сувга дам солиб, уни беморга ичирилади. Собит ибн Қайс ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳондан тупроқ олиб, уни бир (ичида суви бор) қадаҳга солдилар, сўнг унга дам уриб, унинг устидан қуйдилар».

Иккинчи: Ширкдан холи бўлмаган, яъни дуо, мадад сўраш, паноҳ тилаш билан Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраладиган руқялар. Жинларнинг исмлари билан, малоикаларнинг, анбиё ва солиҳларнинг исмлари билан руқя қилиш каби.

Бу – Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бўлиб, катта ширк ҳисобланади. Ёки араб тилида бўлмаган ва маъноси тушунарсиз бўлган сўзлар билан руқя қилинганда билмаган ҳолда ширк ва куфр аралашиб қолиш хавфи бўлади. Руқянинг бу тури ман қилинган.

2) Тумор

Тумор – болаларнинг, баъзан катта ёшли эркак ва аёлларнинг бўйнига тақиладиган нарса бўлиб, у икки турли бўлади.

Туморнинг биринчи тури:

Туморга Қуръон оятлари ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари битилган бўлади ва шифо талабида тақиб олинади. Уламолар бу хил туморлар тақишнинг ҳукми тўғрисида икки хил фикрда бўлганлар:

Биринчи фикр: Бундай туморларни тақиш жоиз. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган сўзнинг зоҳири ҳам шу. Абу Жаъфар ал-Боқир ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бир ривоятда шу фикрда бўлганлар ва тумор тақишдан ман қилиб келган ҳадисни ширк аралашган туморга йўйганлар.

Иккинчи фикр: Тақиш мумкин эмас. Бу Ибн Масъуд ва Ибн Аббос, шунингдек Ҳузайфа, Уқба ибн Омир ва Ибн Укайм розияллоҳу анҳум фикрларидир. Тобиинлардан бир жамоаси, жумладан Ибн Масъуднинг асҳоблари, бир ривоятда кўпчилик асҳобларининг сўзларига кўра имом Аҳмад ҳам шу фикрда бўлганлар. Бу фикрга ҳужжат қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Руқялар, туморлар ва иситма-совутма қилиш ширкдир» ҳадисини келтирадилар.

Бу фикр уч жиҳатдан тўғридир:

1) Ҳадисдаги қайтариқ умумий бўлиб, умумдан бирон нарсани хосланмаган.

2) Олдини олиш бор, чунки бу (туморга рухсат бериш) рухсат берилмаган туморларни тақишга олиб бориши мумкин.

3) Қуръон оятлари ёзилган нарсани тақиб олган одам у билан иложсиз ҳожатхонага ҳам киради ва бу билан Қуръоннинг хорланишига сабаб бўлади.

Туморнинг иккинчи тури:

Мунчоқ, суяк, чиғаноқ, ип, оёқ кийими, ҳар хил михлар, жин ва шайтонларнинг исмлари, тилсимлар каби Қуръон оятларидан бошқа тақиб олинадиган нарсалар бўлиб, булар қатъан ҳаром ва ширкдир. Чунки бу Аллоҳ субҳанаҳудан, У зотнинг исмлари, сифатлари ва оятларидан бошқа нарсаларга боғланишдир. Ҳадисда: «Ким бирон нарсани боғлаб олса, ўша нарсага топшириб қўйилади»[5] дейилган. Яъни, Аллоҳ таоло уни ўзи боғлаган нарсага топшириб қўяди. Ким Аллоҳга боғланса, Унга илтижо қилса, ишини Унга топширса, Аллоҳ унга кифоя қилади, узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Ким Ундан бошқага – махлуқларга, туморларга, дори-дармонларга, қабрларга суянса, Аллоҳ уни мана шу – ундан бирон нарсани беҳожат қилолмайдиган, унга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга топшириб қўяди-да, натижада ақийдасини бой беради, Парвардигори билан бўлган алоқаси узилади ва У зот уни ёрдамсиз қолдиради.

Мусулмон киши ақийдасини зарарлантирадиган ва бузадиган нарсалардан муҳофаза қилиши, ножоиз бўлган даволарни қабул қилмаслиги, дарддан халос бўлиш мақсадида турли сафсатабоз ва алдоқчи кимсалар ҳузурига бормаслиги лозим. Чунки улар унинг қалбини ва ақийдасини касаллантирадилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.

Баъзи одамлар бирон бир ҳиссий касаллик бўлмаса-да, ваҳмий касалликдан - кўз тегиши ёки ҳасаддан қўрқиб тумор тақади ёки машинасига, от-уловига, уйи ёки дўконининг эшигига тумор осиб қўяди. Бу ишлар ҳаммаси ақийданинг бўшлигидан, Аллоҳга бўлган таваккулининг заифлигидандир. Агар ақийда заифлашса, у ҳақиқий касаллик-ки, уни тавҳид ва саҳиҳ ақийдани ўрганиш орқали даволаш лозим бўлади.

Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш, махлуқни Аллоҳга восита қилиш, Аллоҳ қолиб махлуқдан мадад тилашнинг ҳукми

а) Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш:

Қасам – муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) нинг номини зикр қилиш билан сўзни муайян кўринишда таъкидлаш демакдир. Таъзим (улуғлаш) – ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, Унигина улуғланади, Ундан бошқаси билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақатгина Аллоҳ билан ёки Унинг исмлари ёки сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқаси билан қасам ичишдан ман қилинишига ижмоъ қилганлар.Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса у кофир ёки мушрик бўлибди». У кичик куфр ва кичик ширк саналади, бироқ унинг номига қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади. Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳолига ўхшашки, улар қабрда ётган улуғларидан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, улардан бировидан ўзи улуғ санайдиган азиз-авлиё номига қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, фақат гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.

Қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётганни улуғлаш бўлиб, у Алоҳдан бошқа ҳеч кимга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10).

«Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз» (Моида: 89).

Яъни фақат зарурат юзасидан, ростлик ва яхшилик ҳолатида қасам ичингиз! Чунки, кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Алоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳурматсизлик ва У зотни улуғламасликка далолат қилади. Бу эса тавҳидни нуқсонли қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир» дедилар ва жумладан: «Бир кишики, Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичади, олишда ҳам қасам ичади» дедилар.[8] Шу қадар қаттиқ огоҳлантиришларидан маълум бўлмоқдаки, кўп қасам ичиш Аллоҳнинг номини беҳурмат қилишдан сақлаш мақсадида ҳаром қилинган. Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқларни улар билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.

Хулоса:

1) Аллоҳдан бошқа билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.

2) Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.

3) Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳанаҳу номини беҳурмат қилишдир.

4) Зарурат тушганда ва айтаётган сўзи рост бўлса Аллоҳнинг номига қасам ичиш жоиз.

б) Тавассул – махлуқни Аллоҳга восита қилиш:

Тавассул – бирон нарсага яқинлашиш (қурбат ҳосил қилиш) ва унга боғланиш маъносидадир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (итоат қилиш ва розилигини излаш билан) яқин бўлингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!» (Моида: 35).

Тавассул икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм – шаръий тавассул бўлиб, у ўзи бир неча хил бўлади:

1) Аллоҳ таолога У зот Ўзи буюрганидек, исмлари ва сифатлари билан тавассул қилиш:«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» (Аъроф: 180).

2) Аллоҳ таолога иймон ва солиҳ амаллар билан тавассул қилиш. Аллоҳ таоло иймон аҳлларининг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Роббимиз, албатта биз: «Роббингизга иймон келтирингиз!» — деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!» (Оли Имрон: 193).

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда уч киши ғорда эканида катта харсангтош ғор оғзини тўсиб қўйгани, шунда улар Аллоҳ таолога солиҳ амаллари билан тавассул қилганларида Аллоҳ уларни ғордан халос қилгани айтилган.

3) Юнус алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳга Унинг тавҳиди билан тавассул қилиш: «Бирон (ҳақ)илоҳ йўқ, магар Ўзинг ҳақдирсан, эй пок Парвардигор» (Анбиё: 87).

4) Айюб алайҳиссалом қилганидек, Аллоҳ таолога ўзининг заиф ва муҳтожлигини изҳор қилиш билан тавассул қилиш: «(Роббим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё: 83).

5) Тирик солиҳ кишиларнинг дуолари билан тавассул қилиш. Саҳобалар қурғоқчилик пайтларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога ёмғир сўраб дуо қилишларини сўрардилар. У зотнинг вафотларидан сўнг амакилари Аббос розияллоҳу анҳудан дуо талаб қилганлар ва у киши дуо қилганлар.

6) Гуноҳни эътироф қилиш билан Аллоҳга тавассул қилиш: (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб),деди: «Роббим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин» (Қасас: 16).

Иккинчи қисм – ношаръий тавассул:

Юқорида шаръий тавассулда зикри ўтган турлардан бошқа нарсалар билан тавассул қилиш. Чунончи, дунёдан ўтиб кетган кишилардан дуо ва шафоат сўраб тавассул қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳ (ҳаққи-ҳурмат)лари билан тавассул қилиш, махлуқларнинг ўзи ёки уларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш каби. Бу ҳақда қуйида батафсил баён қилинади:

1) Ўликлардан дуо талаб қилиш жоиз эмас:

Чунки, ўлик одам ҳаётлик пайтида қодир бўлгандек дуо қилишга қодир эмас. Ўликлардан шафоат сўраш мумкин эмас. Умар ибн Хаттоб, Муовия ибн Аби Суфён ва уларнинг ҳузурларида бўлган бошқа саҳобалар ҳам, уларга яхшилик билан эргашган кишилар (тобиинлар) ҳам қурғоқчилик пайтларида Аббос, Язид ибн Асвад каби тирик кишиларни тавассул қилиб дуо қилардилар, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳам, қабрларидан бошқа жойда ҳам у зот билан тавассул қилиб, ёмғир сўраб дуо қилмаганлар, балки у зотнинг ўринларига Аббос ва Язид каби кишиларни восита қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу дуо қилиб айтардилар: «Эй Парвардигор! Биз Сенга пайғамбаримизни восита қилиб сўрардик, шунда Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Мана энди пайғамбаримизнинг амакиларини восита қилиб сўраймиз, бизларга ёмғир ёғдиргин». Улар шаръий йўсинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш имкони қолмагани учун ҳам шундай қилганлар. Йўқса, агар жоиз бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, у зотни восита қилишга бемалол имконлари бор эди.[10] Бундай қилмаганликлари ўликларни на дуолари билан, на шафоатлари билан восита қилишнинг жоиз эмаслигига далил бўлади. Агар у зоти шарифдан вафотларидан кейин ҳам худди тирикликларида бўлганидек дуо ва шафоат сўраш бир хилда мумкин бўлса эди, у зотни қўйиб бошқаларга асло мурожаат қилмаган бўлардилар.

2) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини ёки бошқа бировнинг ҳаққи-ҳурматини восита қилиш жоиз эмас:

«Агар Аллоҳдан сўрасангизлар, менинг жоҳим (ҳурматим)ни восита қилиб сўранглар, чунки Аллоҳнинг ҳузурида менинг жоҳим буюкдир» дейилган ҳадис ёлғон тўқима ҳадисдир. У мусулмонлар эътимод қиладиган бирон китобда келмаган, ҳадис илми олимларидан биронтаси зикр қилмаган.[11] Модомики бир ишнинг далили саҳиҳ бўлмас экан, уни қилиш жоиз бўлмайди. Чунки ибодатлар фақат саҳиҳ ва очиқ далиллар билангина собит бўлади.

3) Махлуқотларнинг зоти билан тавассул қилиш жоиз эмас:

Чунки, «Фалончининг зоти билан» дейилганда «билан» калимаси агар қасам учун бўлса, Аллоҳга ўша фалончи билан қасам ичган бўлади. Агар махлуққа махлуқ билан қасам ичиш жоиз эмас ва ҳадисда айтилганидек ширк бўлар экан, Холиқ азза ва жаллага махлуқ билан қасам ичиш қандай жоиз бўлсин?!

Агар «билан» сабаб маъносида бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло махлуқ билан сўрашни дуонинг ижобат бўлишига сабаб ҳам, бандаларига шаръий восита ҳам қилмаган.

4) Махлуқнинг ҳаққи билан тавассул қилиш икки сабабдан жоиз эмас:

Биринчи: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зиммасига бирон кимсанинг ҳаққи вожиб эмас. Балки аксинча, махлуққа бу билан фазлу марҳамат кўрсатадиган зот Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзидир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган»(Рум: 47).

Итоат қилувчи банданинг мукофотга ҳақдор (сазовор) бўлиши Аллоҳ тарафидан фазлу марҳамат ва инъом қилиш туфайли бўлган ҳақдорликдир. Бу бир махлуқнинг бошқа бир махлуқ устида бўлган ҳақдорлигига ўхшаган яхшиликка яхшилик қабилидаги сазоворлик эмас.

Иккинчи: Аллоҳ таоло бирон бандасига фазлу марҳамат кўрсатган бўлса, бу ҳақ унинг ўзига хос ва бошқага алоқаси йўқ бўлган ҳақдир. Агар унга ҳақли бўлмаган одам ўша билан тавассул қилса, ўзига алоқаси йўқ бегона нарса билан тавассул қилган бўлади ва бу унга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

Аммо, «Сендан барча сўровчиларнинг ҳаққи билан сўрайман» деган сўзларни ўз ичига олган ҳадис собит (саҳиҳ) бўлмаган ҳадисдир. Чунки унинг иснодида Атийя ал-Авфий бор, баъзи муҳаддисларнинг сўзларига кўра унинг заифлигига иттифоқ қилинган. Шундай экан, бу каби заиф ҳадислар ақийда ишларидан бўлган ушбу муҳим масалада ҳужжат қилинмайди. Қолаверса, бу ҳадисда муайян бир шахснинг ҳаққи билан тавассул қилиш эмас, балки умуман сўровчиларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш айтилмоқда. Сўровчиларнинг ҳаққи эса ижобатдир, Аллоҳнинг ваъдаси шундай.

Бу улар учун Аллоҳ Ўзига Ўзи вожиб қилган ҳақдир, У зотга буни ҳеч ким вожиб қилган эмас. Демак, бу У зотга махлуқнинг ҳаққи билан эмас, балки Ўзининг содиқ ваъдаси бўйича қилинган тавассулдир.

в) Махлуқ билан истиъонат ва истиғоса қилиш ҳукми:

Истиъонат – бирор ишда ёрдам ва мадад сўрашдир.

Истиғоса – машаққат ва қийинчиликни кетказишни сўрашдир.

Махлуқ билан истиғоса ва истиъонат қилиш икки хил:

Биринчи: Махлуқдан у қодир бўлган ишларда ёрдам ва мадад сўраш жоиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!» (Моида: 2).

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айтади: «(Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15).

Шунингдек, уруш ва шу кабиларда одам ўзининг ёру дўстларидан ёрдам олиши ҳам махлуқ қодир бўладиган ишлардандир.

Иккинчи: Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигина қодир бўладиган ишларда махлуқдан ёрдам ва мадад сўраш. Ўликлардан ёрдам сўраш ёки тириклардан касалларга шифо бериш, мусибатларни аритиш ва зарарни даф қилиш каби Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда мадад сўраш каби. Бу хил мадад сўрашлар ножоиз ва катта ширкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида бир мунофиқ мўминларга озор етказиб юрарди. Баъзилар: «Юринглар, бу мунофиқнинг ёмонлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўрайлик» дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёрдамни мендан сўралмайди, ёрдамни фақат Аллоҳдан сўралади», дедилар.[12] У зот тавҳидни ҳимоя қилиш ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш учун ҳамда Парвардигорларига нисбатан одоб ва тавозеъда турганларидан, шунингдек умматни сўз ва феъллардаги ширк воситаларидан огоҳлантириш мақсадида ҳаётликларида ўзлари қодир бўлган ишларда ҳам мазкур калиманинг ўзларига нисбатан ишлатилишини кариҳ кўрдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида қодир бўлган ишларидаки шундай бўлса, вафотларидан кейин Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда қандай у кишидан ёрдам ва мадад сўраш жоиз бўлсин?!

Агар бу нарса у зотнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаки жоиз бўлмас экан, бошқаларнинг ҳаққида албатта жоиз бўлмайди.

Учинчи боб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобалари ҳақларида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар баёни

Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

Биринчи бўлим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида.

Иккинчи бўлим: У зотга итоат қилиш ва эргашиш вожиблиги ҳақида.

Учинчи бўлим: У зотга салавот ва салом йўллашнинг вожиблиги ҳақида.

Тўртинчи бўлим: Аҳли байтларининг фазли, улар хусусида жафосиз ва ғулувсиз лозим бўладиган нарсалар ҳақида.

Бешинчи бўлим: Саҳобаларнинг фазли ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида, саҳобалар ўртасида юз берган ишлар хусусида аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўли ҳақида.

Олтинчи бўлим: Саҳобаларни ва имомларни сўкишдан қайтарилганлик ҳақида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш ва улуғлашнинг вожиблиги:

Банда энг аввал Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўйиши вожиб бўлади ва бу ибодат турларининг энг улуғларидандир. Аллоҳ таоло айтади: «...иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).

Чунки У Зот зоҳиру ботин барча неъматларни бандаларга марҳамат қилган тарбияткунандадир. Аллоҳ таолога муҳаббатдан сўнг У Зотнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари вожиб бўлади. Зеро, у зот Аллоҳга даъват қилдилар, Аллоҳни танитдилар, шариатини етказдилар ва ҳукмларини баён қилиб бердилар. Мўминлар эришган дунёю охират яхшиликларининг ҳаммаси у зот орқали ҳосил бўлди. Ҳеч ким у зотга итоат қилмай ва эргашмай туриб жаннатга кира олмайди. Ҳадисда айтилганки: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ уни куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши.»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари Аллоҳ таолонинг муҳаббатига тобеъ ва у билан чамбарчас боғлиқдир. У зотга хос муҳаббат қўйиш ва бу муҳаббатни Аллоҳдан бошқа барча маҳбубларнинг муҳаббатидан муқаддам қўйишнинг вожиб экани у зотнинг қуйидаги ҳадисларидан маълум бўлади: «Сизларнинг бирортангиз мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча (комил) иймонли бўлмайди.Ҳатто мўмин киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзидан ҳам севимлироқ бўлиши вожиб экани ворид бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра суюклисиз» деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сенга ҳатто ўзингдан кўра ҳам суюмлироқ бўлмагунимча(иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Энди сиз менга ўзимдан кўра ҳам севимлироқ бўлдингиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди(тўғри бўлди), эй Умар», дедилар.

Бундан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа барчанинг муҳаббатидан муқаддам туриши лозим. Зеро, бу Аллоҳга бўлган муҳаббатга боғланиб кетади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун яхши кўрилади. У зотга бўлган муҳаббат мўминнинг қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлиши билан зиёдаланади, камайиши билан камаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, ҳурматларини жойига келтиришни, у зотга эргашишни, сўзларини жамики яралмишларнинг сўзларидан муқаддам қўйишни ва суннатларини улуғлашни тақозо қилади.

Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсонга нисбатан ҳар қандай муҳаббат ва улуғлаш фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ортидан келмоғи лозим. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ҳам у зотни пайғамбар қилиб юборган Зотга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ичига кириб, уни тўлдиради. Зотан, умматлари Аллоҳни севганларидан у зотни ҳам севишади, у зотни Аллоҳ улуғлагани учун улуғлашади, ҳурматлашади. Демак, бу Аллоҳнинг муҳаббатидандир, Аллоҳнинг муҳаббати тақозосидандир.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳобат ва муҳаббат туширди. Шунинг учун бирон бир инсон зоти бошқа инсонлар қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан асҳоблари қалбида ўрнашган муҳаббат, ҳайбат ва улуғликка эга бўлган эмас. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин айтадики, илгари ҳеч кимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўргандек ёмон кўрмасдим, мусулмон бўлганимдан сўнг ҳеч ким менга у зотдан кўра севимлироқ ва ҳурматлироқ бўлмай қолди. Агар сизларга у зотни сифатлаб бериш мендан сўралса, буни қиломаган бўлардим, чунки мен у зотни улуғ санаганимдан кўзларимни тикиб қарай олмас эдим.

Урва ибн Масъуд Қурайшга айтган эди: «Эй қавм, қасам ичиб айтаманки, мен Кисро, Қайсар ва бошқа подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Бирон бир подшоҳнинг асҳоблари уни Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлашларича улуғлаганини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, уни ҳурматлаганларидан юзига тик боқмайдилар. Агар тупурса тупиги ерга етиб бормай улардан бирининг кафтига тушади-да, уни юзларига ва кўкракларига суртишади. Агар таҳорат қилса, ортган сувини талашиб кетишади».

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув ва итроъдан қайтарилганлик:

Ғулув – ҳаддан ошиш маъносидадир. Аллоҳ таоло: «Динингизда ғулув кетмангиз (яъни ҳаддингиздан ошмангиз)!» (Нисо: 171) деган.

Итроъ – ҳаддан ташқари ва ёлғон аралаштириб мақташ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетишдан мурод – у зотни бандалик ва пайғамбарлик мартабасидан юқори кўтариш ва улуҳият хусусиятларидан биронтасини у зотга нисбат бериш билан – масалан, дуо қилиш, мадад сўраш ёки номларига қасам ичиш билан – ҳаддан ошишдир.

У зот хусусларида итроъдан мурод - ошириб-тошириб ва кўкларга кўтариб мақташдир. У зот ўзлари бундай қилишдан қайтариб айтганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни ҳаддан ортиқ мақтагани каби ҳаддан ошириб мақтаманглар! Мен бир бандаман холос. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар». Яъни мени ёлғон мақтовлар билан мақтаманглар, мени мақташда худди насоролар Ийсо алайҳиссаломнинг мақтовларида ғулув кетиб, уни илоҳ деб даъво қилишганидек ҳаддан тажовуз қилманглар. Мени Раббим нима билан сифатлаган бўлса шу билан сифатланглар, «Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» денглар.

Асҳобларидан бири у зотга: «Сиз бизнинг саййидимизсиз» деганида: «Саййид Аллоҳ таборака ва таолодир» деганлар. «Сиз энг афзалимиз ва энг улуғимизсиз» дейишганда: «Одатда ўзингиз айтадиган сўзларни айтаверинглар, шайтон сизларни ўз йўлига юргизиб юбормасин» деганлар.

Одамлар: «Эй Расулуллоҳ, эй энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг ўғли, саййидимиз ва саййидимизнинг ўғли!» деб мурожаат қилганларида у зот: «Эй одамлар, одатий сўзингизни айтаверинглар, шайтон сизларни (ҳақдан) оғдириб қўймасин, мен Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Муҳаммадман. Мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қўйган даражадан юқори кўтаришларингизни истамайман», дедилар.

У зот яралмишлар ичида мутлақ энг афзали ва энг улуғи эдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини «Сиз саййидимизсиз, сиз энг яхшимизсиз, сиз энг афзалимизсиз, сиз энг улуғимизсиз» каби сўзлар билан мақташларини ёқтирмадилар, асҳобларини у киши ҳақларида ғулув кетишдан ва ортиқча лаганбардорликдан узоқлатиш учун ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун шундай қилдилар. Ўзларини банда эришадиган мартабаларнинг энг олийси бўлмиш иккита сифат билан сифатлашга йўлладилар, бу сифатларда ғулув ҳам, ақийдага хатар ҳам йўқ эди, у икки сифат – «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» деган сифатлар эди. Ўзларини Аллоҳ азза ва жалла ўрнатган мартабадан юқори кўтаришларини истамадилар. Бироқ эндиликда кўп одамлар у зотнинг бу қайтариқларига хилоф қилишди, у зотга дуо қиладиган, мадад сўрайдиган, номлари билан қасам ичадиган, Аллоҳдан бошқасидан сўраш мумкин бўлмайдиган нарсаларни у кишидан сўрайдиган бўлдилар. Мавлудларда, қасидаларда ва нашидларда қилаётганлари каби, Аллоҳнинг ҳаққи билан Расулининг ҳаққини ажрата билмайдиган бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг манзилат (даража)ларини баён қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ мақтаган сўзлар билан мақтаб, манзилатларини баён қилишнинг, Аллоҳ у зотни у билан муфаззал этган даражаларини зикр қилишнинг ва шундай эътиқод қилишнинг зарари йўқ. У зотнинг Аллоҳ тарафидан берилган олий манзилатлари бор, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, бандалари ичидаги энг яхши ва энг афзалидирлар. У зот барча одамларга, инсу-жиннинг ҳаммасига Аллоҳнинг расулидирлар, пайғамбарларнинг энг афзали ва энг сўнггисидирлар, у зотдан кейин пайғамбар келмайди. Аллоҳ у зотнинг қалбларини кенг-мунаввар қилиб қўйган, номларини улуғлаб қўйган, у зотнинг амрларига хилоф қилганларга хорликни битган, у зот Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган “Мақоми маҳмуд” (мақтовли ўрин) эгасидирлар: «Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида)мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур»(Исро: 79). Бу мақом бутун пайғамбарлар ичидан ёлғиз у зотнинг ўзларига хос мақомдир, у зот яралмишларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва тақволироғидирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ҳузурларида овозларни кўтаришдан қайтарган ва у зот ҳузурларида овозларини пасайтирувчи кишиларни мақтаган:

«Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда)овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад), албатта (сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган)ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча (сизни чақириб безовта этмасдан)сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Ҳужурот: 2-5).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Бу оятларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан муомала қилаётганларида қилишлари лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, овозларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан баланд кўтармаслик каби одобларни берди. Аллоҳ таоло у зотни бошқа одамларга ўхшаб исмлари билан: «Эй Муҳаммад» деб чақиришни ман қилди, у зотни фақат рисолат ва нубувват сифатлари билангина: «Ё Расулуллоҳ», «Ё Набийюллоҳ» деб чақирилиш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади:«(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур: 63). Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзи ҳам у зотга: «Я айюҳан-набий», «Я айюҳар-росул» деб хитоб қилган.

Аллоҳ таоло ва фаришталари у зотга салавот йўллаб туради, бандаларини ҳам салавот айтишга буюрган: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Лекин у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовлари учун Китобу Суннатдан далилсиз бирон муайян вақт ва ҳолатни хослаб ажратилмайди, мавлудхонлар қилаётганидек, у зотнинг туғилган кунлари деб даъво қилишадиган бир кунни мақтовлари учун хослаш мункар бидъатдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини улуғлаш, унга амал қилиш вожиб деб эътиқод қилиш, у таъзимлаш ва амал қилиш вожиблиги жиҳатидан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради, чунки у Аллоҳ таоло тарафидан ваҳийдир, деб эътиқод қилиш ҳам у зотнинг ўзларини улуғлаш жумласига киради. Аллоҳ таоло айтади: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган)бир ваҳийдир» Нажм: 3-4).

У зотнинг ҳадисларини шубҳа остига қўйиш ёки шаънини пасайтириш ёки ривоят йўллари ва санадларини саҳиҳ ёки заифга чиқариш ё маъноларини шарҳлаш фақатгина чуқур илм ва эҳтиёткорлик билан бўлмоғи лозим. Ҳозирги даврга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида жоҳилона журъат билан сўзловчилар кўпайган, хусусан ҳали таълимнинг дастлабки босқичларида бўлган ўспирин ёшлар тарафидан бу иш кўпроқ содир бўлмоқда, улар бир неча китоблар кўрган бўлиб, ўзларича ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ҳукм қиладиган, ровийлар шаънида илмсизлик билан фикр билдирадиган бўлганлар. Бу уларнинг ўзларига ҳам, умматга ҳам катта хатардир. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқсинлар, ўз ҳадларида турсинлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва эргашишнинг вожиблиги ҳақида

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш у зот буюрган нарсани қилиш ва қайтарган нарсани тарк қилишни вожиб қилади ва бу «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган шаҳодатнинг талаби ҳамдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотга итоат қилишимизни кўп оятларда буюрган. Гоҳо у зотга итоат Аллоҳга итоат калимаси билан ёнма-ён келади. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

Бу каби оятлар кўп. Гоҳо алоҳида суратда ҳам буюради:

«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80).

«Ва пайғамбарга бўйсунинглар. Шояд раҳматга эришсангизлар» (Нур: 56).

Гоҳо расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган кимсаларга ваъид оятлари келади. Аллоҳ таоло айтади:

«Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Яъни, қалбларига куфр, мунофиқлик, бидъат каби фитналар етиши ёки дунёда аламли азоб бўлмиш қатл этилиш, жазо, қамоқ ёки шу каби тезкор уқубатлар етиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни банданинг Аллоҳ муҳаббатига эришишига, гуноҳлари мағфират этилишига сабаб қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Шунингдек, у зотга итоат қилишни ҳидоят, осий бўлишни залолат деб атади:

«Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54).

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотда умматлари учун гўзал намуна борлигини хабар берди:

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўзларида, амалларида, барча ҳолатларида намуна қилиб ушлашнинг катта далилидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таборака ва таоло «Аҳзоб» кунида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру тоқатларини, чидам ва матонатларини, жиҳодларини, Рабби азза ва жалладан кенглик-ёруғлик кутишларини ўрнак ва намуна қилиб олишга буюрди. Қиёмат кунигача у зотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулга итоат қилиш ва эргашишни Қуръоннинг қирққа яқин ўрнида такрор-такрор келтирди. Инсонлар Расулуллоҳ олиб келган нарсани билишга ва унга эргашишга емоқ-ичмоққа бўлган эҳтиёжларидан кўра қаттиқроқ муҳтождирлар. Чунки емоқ-ичмоқ топилмаса дунёда ўлим вужудга келади. Расул ва унга эргашиш топилмаса доимий азоб ва бахтсизлик вужудга келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ибодатларни адо қилишда ўзларига эргашишга ва уларни ўзлари адо қилган кайфиятда адо қилишга буюрдилар:

«Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар».

«Мендан ҳаж ибодатларингизни ўрганинглар».

«Ким бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилса у рад қилингандир».

«Ким суннатимдан юз ўгирса у мендан эмас».

Булардан бошқа ҳадислар ҳам борки, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буйруқ ҳамда у хилоф иш тутишдан қайтариқлар бордир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўллашнинг шаръийлиги ҳақида

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту салом айтишни у зотнинг ҳақларидан қилди ва умматга у зотга салавот ва салом айтишни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳ таолонинг салавоти фаришталар ҳузурида у зотни мақташлиги, фаришталарнинг салавоти дуо, инсонларнинг салавоти истиғфор айтишдир (Бухорий Абул Олиядан зикр қилган).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда бандаси ва набийсининг Ўз ҳузуридаги - малаъул аълодаги манзилатидан хабар берди. Яъни, Аллоҳ у кишини муқарраб фаришталар ҳузурида мақтайди, фаришталар у кишига салавот йўллайдилар. Аллоҳ таоло юқори ва паст олам (дунё) аҳлининг мақтови жам бўлиши учун пастдаги олам аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом йўллашга буюрди.

«Саломлар айтинглар!» маъноси – Ислом саломи билан салом беринглар, демакдир. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтилса, салавот ва салом баробар айтилиши керак, биттасига чекланиб қолмаслик лозим. Яъни, фақат «соллаллоҳу алайҳи» дейилмайди ва фақат «алайҳиссалом» ҳам дейилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини баробар айтишга буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтмоқлик баъзи ўринларда матлуб ва зарурий бўлиб, вожиб ёки суннати муаккада ҳисобланади.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Жалоул афҳом» китобида салавот айтишнинг 41та ўрнини келтиради ва биринчи ўринни ушбу сўзлар билан бошлайди: «Салавот айтишнинг энг муҳим ва энг таъкидлироғи намозда ташаҳҳуддан кейинги салавот бўлиб, мусулмонлар унинг машруъ (суннат) эканига ижмоъ қилишган, фарз эканида ихтилоф қилишган». Сўнг қунут дуосининг охирида, жума, икки ҳайит ва истисқо намозлари хутбаларида, муаззинга жавоб айтгандан кейин, дуо пайтида, масжидга кириш ва чиқишда, у зотнинг номлари зикр этилганда каби ўринларини айтиб ўтади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом айтиш ўринларини айтиб ўтгач, бу салавотлардан ҳосил бўладиган самараларни зикр қилади ва улардан 40тасини санаб ўтади.

Жумладан:

Бу билан Аллоҳнинг буйруғига бўйсиниш бор;

Бир марта салавот айтганга Аллоҳ таолодан 10 салавот ҳосил бўлади;

Дуо қилишдан олдин салавот айтса ижобатига умид бўлади;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга васила сўраш билан салавот йўлласа у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатига эришишига сабаб бўлади;

Салавот йўллаш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади;

Салавоту салом айтувчига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавоб қайтаришларига сабаб бўлади.

Улуғ пайғамбаримизга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Аҳли байтнинг фазли ва улар хусусида жафо ҳам қилмай, ғулув ҳам кетмай эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида

Аҳли байт – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ейишлари ҳаром бўлган хонадон аҳллари бўлиб, улар Алий оиласи, Жаъфар оиласи, Ақил оиласи, Аббос оиласи, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизларидир.

Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди холос» (Аҳзоб: 33).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръонни тадаббур қилган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам мазкур оят остига киришлари ҳақида шак-шубҳа қилмайди, чунки аслида гапнинг оқими улар ҳақида бормоқда. Шунинг учун кейинги оятда: «(Эй пайғамбар аёллари,) Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳзоб: 34) дейилади. Яъни, Аллоҳ таборака ва таоло сизларнинг уйларингизда Ўз Расулига нозил қилаётган Китоб ва Суннатга амал қилинглар (Қатода ва бошқалар тафсирига кўра), бутун инсонлар орасидан фақат сизларга хосланган бу неъматни зикр қилинглар, зотан ваҳий бошқаларнинг эмас, айнан сизларнинг уйингизда тушмоқда. Оиша Сиддиқа бинт Сиддиқ розияллоҳу анҳумо улар ичида ушбу неъматга энг лойиқроқ ва бу хусусда улуши энг кўп ва бу умумий раҳматдан хосланганроқдирлар. Чунки, ул зоти шарифанинг ётар ўринларидан бошқа бирон аёлнинг жойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлган эмас. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар».

Аҳлус-сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўрадилар, дўст тутадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар хусусида Ғадири Хумда (жойнинг номи) қилган васиятларини ёдда тутадилар: «Аҳли байтим хусусида сизларга Аллоҳ(дан қўрқиш)ни эслатаман».

Аҳлус-сунна уларни яхши кўрадилар ва ҳурмат қиладилар. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва ҳурматлаш жумласидандир. Фақат шарти шуки, улар худди аждодлари бўлмиш Аббос ва унинг авлоди, Алий ва унинг авлоди каби суннатга эргашувчи, динда мустаҳкам турган бўлишлари керак. Аммо суннатга хилоф қилган ва динда барқарор бўлмаган кишиларни гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, дўст тутиш жоиз эмас.

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтга нисбатан мўътадил ва инсоф билан муносабатда бўладилар, улар ичидан динда мустаҳкам турувчи кишиларни дўст тутадилар, суннатга мухолиф бўлган ва диндан четланган кимсалардан гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, воз кечадилар. Зеро, ундай кимсаларнинг аҳли байтдан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошларидан бўлишлари то динда барқарор бўлмагунларича уларга ҳеч қандай фойда бермайди.

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндош-уруғларини чорлаб, уларга шундай хитоб қилдилар:

«Эй Қурайш жамоаси – ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар – ўз жонингизни қутқариб олинг, мен Аллоҳнинг олдида сизларга бирон фойда беролмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб, мен Аллоҳнинг олдида сизга бирон фойда бера олмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг олдида сизга бирон фойда бера олмайман. Эй Фотима бинт Муҳаммад, молимдан истаганингча сўра, бироқ мен Аллоҳнинг олдида сенга бирон фойда бера олмайман».

Яна ҳадис шариф борки: «Қай бир кимсани амали (саодат даражасига етишда) сусайтирган бўлса, насаби уни тезлата олмайди».

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтнинг баъзилари хусусида ғулув кетиб, уларни гуноҳдан мутлақ пок деб даъво қиладиган рофизий (шиа)лардан ҳам, ҳақ йўлда барқарор бўлган аҳли байтларга адоват қиладиган, уларга таъна-маломат тошлари отадиган носибийлардан ҳам, аҳли байтни Аллоҳга восита қиладиган ва уларни илоҳийлаштирадиган бидъат ва хурофот аҳлидан ҳам ўзларини пок деб биладилар.

Аҳлус-сунна бу ва бошқа хусусларда мўътадил манҳаж ва тўғри йўл устидадир. Улар аҳли байт ва улардан бошқалар ҳақида ҳаддан ҳам ошмайдилар, сустлик ҳам қилмайдилар, жафо ҳам қилмайдилар, ғулув ҳам кетмайдилар, ғулув кетувчилардан ўзларини пок санайдилар. Амирул мўъминийн Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида ғулув кетган кимсаларни тириклай ўтга ташлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уларни ўлдиришни қўллаб-қувватлади, бироқ ўтда ёндириш ўрнига қилич билан қатл қилиш тарафдори бўлди. Али розияллоҳу анҳу ғулувчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Сабаъни ўлдириш мақсадида излатганида у қочиб яширинди.

Саҳобаларнинг фазилатлари ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида

Саҳобадан мақсад нима? Улар хусусида қандай эътиқод қилиш керак бўлади?

Саҳоба – саҳобий сўзининг кўплиги бўлиб, у мўмин ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиб, мўмин ҳолида ўлган кишидир. Уларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлик, бирга жиҳод қилганлик, у зотдан шариатни қабул қилиб, ўзларидан кейингиларга етказганлик хусусиятлари билан умматнинг энг афзали, авлодларнинг энг яхшиси деб эътиқод қилиш вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг улуғ Китобида мақтаб, шундай дейди:

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна(Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом)Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир»(Фатҳ: 29).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар —камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб(ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 8-9).

Бу оятларда Аллоҳ субҳанаҳу муҳожир ва ансорларни мақтади ва уларни яхшиликлар сари шошилувчи пешқадамлар деб сифатлади ҳамда улардан рози эканлигини, уларга жаннатларни ҳозирлаб қўйганлигини хабар берди. Уларни ўзаро бир-бирларига меҳрибон, кофирларга нисбатан қаттиққўл деб, рукуъ саждалари кўп, қалблари пок ва иймону тоат белгилари билан танилиб турадилар, деб сифатлади. Уларни кофир душманларни ғамга солишда Набийсига шерикликка танлаганини айтди. Шунингдек, муҳожирларни ўз ватанларини, мол-дунёларини Аллоҳ учун, динининг нусрати учун, Аллоҳнинг фазли ва розилигини умид қилиб тарк қилдилар ва шунда содиқ қолдилар деб сифатлади. Ансорларни эса ҳижрат ва нусрат ҳовлиси соҳиблари ва содиқ иймон аҳли деб сифатлади, уларнинг муҳожир биродарларига бўлган муҳаббатларини, муҳожирларни ўзларидан афзал кўрганларини ва уларга нисбатан ҳамдард бўлганларини, бахилликдан саломат бўлганларини васф қилди ва шу билан нажотга эришганларининг хабарини берди. Бу айтиб ўтилганлар уларнинг умумий фазилатларидан баъзиси бўлиб, муҳожиру ансорлардан ҳар бирининг баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб турадиган мартабалари, хос фазилатлари бор ва бу уларнинг Исломга, жиҳодга, ҳижратга ўзганликларига қараб ўлчанади. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Саҳобаларнинг афзали тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумлардир. Сўнг жаннат хушхабари берилган 10 киши – мазкур 4 халифа ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Авом, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайдлардир розияллоҳу анҳум ажмаийн.

Муҳожирлар ансорлардан, Бадр ва Байъатур-ризвон аҳлларидан афзалдирлар. Фатҳдан илгари Исломга кириб, жанг қилганлар Фатҳдан кейин Исломга кирганлардан афзалдир.

Саҳобалар ўртасида воқеъ бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли:

Фитна сабаби:

Яҳудлар Исломга ва мусулмонларга қарши тил бириктиришди, улардан бири Яман яҳудларидан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли маккор ва ифлос бир кимса ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмонлар ичида хулафои рошидийнларнинг учинчилари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши кин-адоват ва заҳар пуркай бошлади, унинг зиддига туҳматлар ёғдира бошлади. Унинг сўзларига алданган фикри тор, иймони заиф, фитнани яхши кўрадиган кимсалар унинг атрофида тўпландилар. Тил бириктирув халифаи рошид Усмон розияллоҳу анҳунинг мазлум бўлиб ўлдирилиши билан ниҳоя топди. Унинг ортидан мусулмонлар орасида ихтилоф келиб чиқди. Мазкур яҳудий ва унинг тобеълари ташаббуси билан фитна авж олди, охир-оқибат саҳобалар орасида уларнинг ижтиҳодларига кўра жанг бўлди.

Таҳовия шарҳловчиси айтади: «Олимларнинг айтишларича, рофизийликнинг аслини — мақсади ислом динини йўқ қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантириш бўлган зиндиқ мунофиқ келтириб чиқарган. Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўзини мусулмон кўрсатиб, ўз макри ва ифлослиги билан худди Булис насроний динига қилганидек Ислом динига путур етказишни истади. У ўзини художўй қилиб кўрсатди, амри маъруф, наҳий мункар қилувчи бўлиб кўринди. Охири бориб Усмон розияллоҳу анҳуга фитна уюштириш ва ўлдириш ишига харакат қилди. Кейин Кўфага келиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун Алий розияллоҳу анҳу хусусида ғулув қилиш ва унга мадад беришни изҳор қилди. Бу нарса Алий розияллоҳу анҳуга етиб боргач, у киши уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда у Қирқийсга қочиб кетди. Бу хабар тарихда машхур.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, қалблар бирлаша олмай қолди, қайғу ғамлар улканлашди, ёмонлар ғолиб бўлиб, яхшилар хор бўлди. Фитна чиқара олмай юрганлар ҳаракатга тушдилар. Яхшилик, ислоҳни яхши кўрадиган кишилар уни барпо қилишдан ожиз бўлиб қолдилар ва амирул муъминийн Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Дарҳақиқат у киши ўша пайтда халифаликка энг лойиқ ва бошқалардан кўра афзалроқ эди. Аммо қалблар тарқоқ, фитна олови ёқилган эди, сўзлар бир-бирига тўғри келмас, жамият издан чиққан, халифа ва яхши инсонлар ўзлари мақсад қилаётган барча яхшиликларга имкон топа олмасдилар. Кўпчилик бўлиниш ва фитнага аралашиб кетди ва бўлар иш бўлди».

Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги урушга аралашган саҳобаларнинг узрларини баён қилиб, яна шундай дейди: «Муовия халифаликни даъво қилмаган, у Алий билан жангга кирганида унга халифа сифатида байъат берилмаган ва халифа сифатида жангга кирмаган, халифаликка лойиқ ҳам эмасди. Буни Муовия ҳам, унинг тарафдорлари ҳам эътироф этишарди. Муовия ва тарафдорлари Алий ва унинг тарафдорларига қарши уруш бошлаш ва уларга ғолиб бўлишни ўйламаган ҳам эди. Бироқ, Алий розияллоҳу анҳу ва унинг асҳоблари у кишига итоат қилиш ва байъат бериш лозим, чунки мусулмонлар учун фақат битта халифа бўлиши керак деган фикрда эдилар ва Муовия ва унинг тарафдорларини Алийнинг итоатидан ташқарида ҳисоблаб, уларни ягона халифага итоат қилдириш ва жамоатни сақлаб қолишни ўз вазифалари деб кўрдилар, бу вазифани адо қилиш мақсадида уларга қарши жанг қилиш фикрида бўлдилар. Муовия ва унинг тарафдорлари эса: Алийга итоат қилиш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш очилса, биз мазлум ҳолда урушга кирамиз, чунки Усмон билиттифоқ мазлум бўлиб ўлдирилди, унинг қотиллари Алийнинг лашкари ичида, улар шавкат ва қудрат соҳиби, агар биз тийилсак улар бизга ҳам зулм ва тажовуз қилишади, Алий эса худди Усмонни ҳимоя қила олмаганидек бизни ҳам улардан ҳимоя қила олмайди, бизлар бизнинг ҳақимизда инсоф қилишга қодир бўлган халифага байъат қилишимиз лозим, дейишарди.»

Саҳобалар орасида урушлар келтириб чиқарган фитна ва пайдо бўлган ихтилофлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг фикри икки ишда умумлашади:

Биринчи иш: Улар саҳобалар орасида вужудга келган нарсалар ҳақида гапиришдан тўхталадилар ва у ҳақда баҳс юритишдан тийиладилар, чунки бундай ҳолатларда сукут сақлаш омонлик йўлидир ва айтадилар:

«Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Иккинчи иш: Саҳобаларнинг камчиликлари ҳақида ривоят қилинган сўзларга бир неча тарафлама жавоб айтилади:

Биринчи: Бу сўзлар орасида душманлар уларнинг обрўларини тўкиш учун тўқиб чиқарган ёлғонлар мавжуд.

Иккинчи: Бу сўзларга қўшиб юборилган, камайтирилган, яъни аслидан ўзгартирилиб ёлғонлар киргизилган, шу боис уларга эътибор берилмайди.

Учинчи: Бу сўзлар ичидан тўғри бўлганлари ҳам – улар жуда оз – улар бунда маъзурдирлар. Чунки улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодлари ортидан ё тўғри топган ё эса хато қилган бўлиб чиқадилар. Чунки бу ижтиҳод қилинадиган ўринлардан бўлиб, агар мужтаҳид тўғри топса икки ажрга, хато қилса бир ажрга эга бўлади ва унинг хатоси олдиндан кечирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса унга иккита ажр, ижтиҳод қилиб хато қилса унга битта ажр бўлади».

Тўртинчи: Саҳобалар ҳам инсон, шахс сифатида хато қилишлари мумкин. Улар шахсларга нисбатан гуноҳдан пок эмаслар. Лекин улардан содир бўлган нарсаларга бир неча каффоратлар бор:

1) Тавба қилган бўлишлари мумкин. Тавба ҳар қанча гуноҳни ўчириб юборади. Бу ҳақда далиллар келган.

2) Агар улардан бирор хато содир бўлган тақдирда ҳам уларнинг ўша хатонинг кечирилишига олиб келадиган фазилатлари, хусусиятлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114).

Уларга бошқалардан кўра кўпроқ яхшиликлар берилган. Фазлда ҳеч ким уларга тенглаша олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан собит бўлганки, улар энг яхши авлод кишилари, улардан бирларининг бир муд (ховуч) қилган садақаси бошқаларнинг Уҳуд тоғича қилган садақаларидан ортиқроқ. Розияллоҳу анҳум ва арзоҳум ажмаъийн.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: Бутун аҳлус-сунна вал-жамоа ва дин имомларининг ҳаммалари саҳобалардан биронтасини, энг яқинларини ҳам, собиқийнларини ҳам, бошқаларини ҳам маъсум – гуноҳдан пок деб эътиқод қилмайдилар. Балки улар ҳам гуноҳга тушиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло уларни тавба сабабли кечиради, даражаларини кўтаради ва гуноҳларни ўчирувчи яхшиликлар ёки бошқа сабаблар билан кечиради. Аллоҳ таоло айтади:

«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вассалом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида(яъни жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилувчи кишиларнинг мукофотидир. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар» (Зумар: 33-35).

«Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга(қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди. Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз»(Аҳқоф: 15-16).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг душманлари фитна вақтида саҳобалар орасига тушган ихтилоф ва жангу жадални уларни камситиш ва ҳурматларига тил теккизишга сабаб қилиб олдилар. Баъзи замондош ёзувчилар ҳам бу ифлос йўлдан юришди ва билмаган нарсалари ҳақида вайсашди. Ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида гўё ҳакам қилиб олиб, нодонлик билан, ҳеч қандай далилсиз равишда баъзиларини тўғри қилган дейишади, баъзиларини хато қилган дейишади, шарқшунослар ва уларнинг думлари бўлмиш ғаразли кимсалар сўзини такрорлашади. Айрим саёз билимли мусулмон ўсмирларни ўзларининг улуғ умматлари тарихига ва асрларнинг яхшиси бўлган салафи солиҳлари тарихига нисбатан шубҳага соладилар, Исломни айблашни ва мусулмонларнинг бирлигини бўлиб ташлашни, истайдилар, салафи солиҳларга эргашиш ва Аллоҳ таолонинг: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10) деган сўзларига амал қилиш ўрнига бу умматнинг охиргилари қалбига аввалгиларга нисбатан адоват солишни кўзлайдилар.

Саҳобаларни ва ҳидоят имомларини сўкишдан қайтарилганлик ҳақида

1) Саҳобаларни сўкишдан қайтарилганлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан қалблар ва тилларнинг саломат бўлиши аҳлус-сунна вал-жамоанинг асосларидандир. Аллоҳ таоло уларни мана шу сифат билан сифатлаган: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Саҳобаларимни сўкманглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла инфоқ-эҳсон қилса ҳам улардан бирининг бир муд ёки ярим муд қилган инфоқига етолмайди».

Аҳлус-сунна саҳобаларни сўкадиган, уларни ёмон кўрадиган, фазилатларини инкор қиладиган рофиза ва хаворижларнинг йўлидан покдирлар. Улар саҳобаларнинг фазилатлари ҳақида Китобу Суннатда келган сўзларни қабул қиладилар ва уларни энг яхши аср кишилари деб эътиқод қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Энг яхшиларингиз менинг асрим(да яшаганларингиз)».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ва ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат биттаси нажот топишини айтганларида саҳобалар бу қайси фирқа эканини сўрадилар. «Улар бугун мен ва асҳобларим тутган йўл устида бўлган кишилар» деб жавоб бердилар.

Имом Муслимнинг энг катта устозларидан бўлган Абу Зуръа айтади: «Агар бирон кишининг саҳобалардан бирортасини камситаётганини кўрсанг, билгинки, у зиндиқдир. Зотан Қуръон ҳақ, Расул ҳақ, у олиб келган нарсалар ҳақ, буларнинг ҳаммасини бизга саҳобалар етказганлар. Ким уларни камситса, Китобу Суннатни бекорга чиқармоқчи бўлибди. У одам айбланишга лойиқроқ ҳамда зиндиқлик ва адашганлик билан ҳукм қилинишга ҳақлироқ бўлибди».

Аллома Ибн Ҳамдон «Ниҳоятул мубтадиийн»да айтади: «Ким саҳобалардан бирини сўкса ва бундай қилишни ҳалол санаса кофир бўлади, ҳалол санамаса фосиқ бўлади. Ким уларни фосиқ санаса ё динлари ҳақида таън етказса ё уларни кофир санаса, кофир бўлади».

2) Бу уммат уламоларидан ҳидоят имомлари бўлган зотларни сўкишдан қайтарилганлик:

Улуғлик, фазилат ва мартабада саҳобалардан кейин уларга яхшилик билан эргашган тобиин ва табъа тобиийнлардан бўлган ҳидоят имомлари турадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).

Уларни камситиш ва сўкиш жоиз эмас, чунки улар ҳидоят маёқларидир. Аллоҳ таоло айтади:Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

Таҳовия шарҳловчиси айтади: «Демак, ҳар бир мусулмон Қуръон айтганидек, Аллоҳ ва Расулини дўст тутганидан сўнг мўминларни дўст тутиши, хусусан, пайғамбарларнинг ворислари ҳамда зулматларда йўлчи юлдуз мақомида бўлган зотларни дўст тутиши вожиб бўлади. Мусулмонлар уларнинг ҳидоят ва билим эгалари эканларига иттифоқ қилганлар.

Зеро, улар пайғамбарнинг умматидаги халифаларидир, у зотнинг унутилган суннатларини тирилтирувчилардир, Қуръон улар сабабли ҳаётга кўчди, улар Қуръон билан қоим бўлдилар, Қуръон уларнинг тиллари билан сўзлади, улар Қуръон ҳукмларини сўзладилар. Барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб эканига қатъий иттифоқ қилганлар. Лекин улардан бирорталари бир сўз айтган бўлса-ю, унинг зиддига саҳиҳ ҳадис мавжуд бўлса, у ҳадисни тарк қилишида узри бўлмоғи зарур бўлади.

Узрлар жами уч турли бўлиши мумкин:

Биринчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтмаганлар деб эътиқод қилиши;

Иккинчи: Бу сўз билан ўша масалани ирода қилмаганлар деб эътиқод қилиши;

Учинчи: (Ҳадиснинг) ҳукми мансух деб эътиқод қилиши.

Бизлардан илгари ўтганликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган динни бизларга етказганликлари билан уларга бизнинг зиммамизда фазлу миннатлар бордир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин.

«Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Уламоларнинг баъзиларидан ижтиҳодий хато содир бўлгани сабабли уларнинг қадрларини пастлатиш бидъатчиларнинг йўлидир ва уммат душманларининг Ислом динини шубҳа остига қўйиш, мусулмонлар орасига адоват солиш, умматнинг халафини салафидан ажратиб ташлаш, ҳозирда бўлаётгани каби ёшларни уламолардан узоқлатиш мақсадида тузган режаларидандир. Фуқаҳоларнинг ва исломий фиқҳнинг қадрини пастлатишга уринаётган, уни ўрганишдан ва унда бўлган ҳақ ва тўғриликлардан фойдаланишдан юз ўгираётган айрим ғўр талабалар кўзларини очсинлар, фиқҳлари билан ғурурлансинлар, уламоларини ҳурмат қилсинлар, адаштирувчи ва ғаразли чақириқларга алданиб қолмасинлар. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

 

кейинги сахифа...

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов