"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

 

 

(4) «Нисо» сураси

 

 

 

Бу сура ҳам Мадинада нозил бўлган узун суралардан бўлиб, 176 оятдан ташкил топган.

 

У мусулмонларнинг ички ва ташқи иш фаолиятларига доир шариат аҳкомлари билан
тўла бир сурадир. Унда аёл, уй, оила, давлат, жамиятга алоқадор бўлган муҳим
масалаларга жавоб берилади ҳаида бировларнинг қарамоғидаги етим-есирлар ва
уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида сўз боради. Бу сурада шунингдек мерос ҳукмлари
ҳам батафсил баён қилинади.
Булардан ташқари эр-хотин ўртасидаги алоқалар - уларнинг бир-бирлари олдидаги
ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда эр оилада бошлиқ экани ва бу ҳуқуқдан у қандай
фойдаланиши лозимлиги ҳақида йўл-йўриқлар берилади. Сўнгра оила доирасидан
жамият миқиёсига чиқиб, жамият мустаҳкам бўлиши учун кишилар ўртасида
бирдамлик ва меҳр-шафқат, хослик ва бағрикенглик барқарор бўлиши зарурлиги ўзига
хос услубда уқтирилади. Бу сурада бошқалардагига нисабатан аёлларга оид шариат
ҳукмлари кўп ва батафсил баён этилганлиги сабабли унга «Нисо - аёллар» номи
берилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони)
вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган
Парвардигорингиздан қўрқингиз. Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи
солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан
сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир.

2. (Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва
(етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган)
пок нарсага алмаштириб олмангиз. Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга
қўшиб емангиз. Зеро бу катта гуноҳ бўлган ишдир.

3. Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол
бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида)
адолат қила олмасликдан қўрқсангиз бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри
билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир.
Изоҳ: Уламолар мазкур оятни қуйидагича тафсир қиладилар: Шариат ҳукмича, ота-
онадан ажраб етим бўлиб қолган қизни ўз қарамоғига олган одам у қизга уйланишга
ҳаққи бор. Лекин одатда бундай ҳолларда кўпинча қизнинг ҳаққи - маҳрини тўла-тўкис
қилиб бермай, арзон-гаров уйланиб олиш пайига тушилади. Шунинг учун Қуръон:
«Етим қизларнинг ҳаққини адо қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи)
ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинг» деб рухсат беради ва
дархол бу хотинлар ўртасида адолат қилиш шарт эканини таъкидлайди. Қолаверса,
исломдаги бу қонун Қуръон нозил бўлган даврда кенг тарқалган кўпхотинликни
тартибга солиш учун жорий қилингандир. Чунки ислом келишидан илгари бир эркак
қўл остида ўнлаб аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ, адолат ва ҳурмат-эътибордан маҳрум
бўлган ҳолда кун кўрар эдилар. Ислом келгач, бу саноқ энг кўпи билан тўртта бўлиши
маълумлиги ва албатта ўртада адолат барқарор бўлиши шарт эканлиги қонун қилинди.
Лекин барибир ҳақли суратда шундай савол туғилади: Модомики, адолат мурод экан,
нима сабабдан бир эркакка фақат биргина аёл билан турмуш қилиш амр этилмади?
Ислом уламолари бу саволга шундай жавоб қиладилар: Маълумки ислом - воқеий
диндир. Яъни у инсонларни покиза ҳаёт кечиришган даъват қилишда ғайривоқеий
йўлларни тутмайди. Бинобарин, бу қонунда ҳам воқеий-инсоний ҳаёт назарда тутилган.
Биринчидан, асрлар давомидаги тажрибалар кўрсатишича, ўғил боладан кура қиз бола
 



кўпроқ туғилади. Иккинчидан, аёл киши эркак кишидан кўра узунроқ умр кўриши ҳам
воқеий ҳақиқатдир. Учинчидан, турли фожеалар, хусусан, уруш ва тўқнашувларда
асосан эркаклар ҳалок бўладилар. Мана шу ва бошқа кўп сабаблар натижасида
инсоният оламида мудом аёлларнинг саноғи эркакларникидан ортиқ бўлади. Демак,
бир эркак фақат бир аёлга уйланиши мумкин, дейилса, эркаклар саноғидан ортиб
қолган аёлларга адолат қилинмаган, балки уларга зулм қилинган бўлур эди. Яъни бу
аёллар ўзларининг турмуш қуриш ва она бўлиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолар
эдилар. Натижада жамиятда нопоклик ва маиший бузуқликлар юзага келади. Шунинг
учун ислом моддий имкониятлари бўлган кишиларга, агар адолат қила олишнинг
уддасидан чиқсалар, бирдан ортиқ аёл билан турмуш қуришга рухсат беради ва шу
билан бирга аёллар ўртасида адолат қилмай, фақат шаҳвоний нафсини қондириш
учунгина кўп хотин олишга ружуъ қўйган кимсалар учун охиратда ашаддий азоб
борлиги ҳақида огоҳлантиради.

4. Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан)
берингиз. Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда
кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб, еяверинглар.  

5. (Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар
учун турмуш воситаси қилиб қўйган моларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг
молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва
уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг!

6. Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар.
Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига
топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб
шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг
молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига
яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар.
Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир.

7. Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош уруғлари қолдириб кетган нарсадан -
меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб
кетган нарсадар - меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар)
фарз қилинган ҳақлардандир.

8. (Мерос) тақсимида (узоқ) қариндошлар, етим ва мискинлар ҳам ҳозир бўлсалар,
уларни ҳам шу (меросдан) баҳраманд қилиб, уларга яхши сўзлар айтинглар.

9. (Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон
фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби
(ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқин, (ўлим
олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар.
Изоҳ: Бу оят ўлим соатлари яқинлашиб қолган пайтида топган мол-мулкини
фарзандларига қолдирмасдан, бегоналарга хайр-эҳсон қилиб юборишни, ёки шаръан
мерос олиш ҳуқуқи бўлмаган кимсаларга васият қилиб кетишни мўлжаллаган
кишиларнинг бундай номаъқул ниятларидан хабардор бўлиб қолган одамлар ҳақида
нозил қилинган бўлиб, уларга етимларнинг ҳақларидан қўрқиш ва ўлим олдидаги
кишига тўғри сўзларни айтиб, уни бу адолатсиз ишдан қайтариш буюрилади.
 



10. Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз
қоринларига оловни еган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар.

11. Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши
баробарида мерос беришни амр қилур. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ қиз бўлса
уларга (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга
(мероснинг) ярми тегур. Агар (марҳумнинг) фарзанди (ва ота-онаси қолган) бўлса,
қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур (Қолгани
фарзандига қолур). Энди агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси унга меросхўр бўлса,
у ҳолда онасига учдан бири тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари
бўлса, онасига олтидан бири тегур (қолган қисми отасига тегади, зеро марҳумнинг ака-
укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар
хотинларингиз) қилган васият ва қарзлари адо этилганидан кейин бўлар. Ота-
оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ
эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат
билан хал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан
қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта Аллоҳ билим ва хикмат эгаси бўлган зотдир.

12. Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан - агар улардан фарзанд қолмаган
бўлса - ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўслса, сизларга уларнинг
меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар хотинларингиз) қилган васият ва
қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган
меросдан - агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса - тўртдан бири тегур. Энди агар
сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири
тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилинганидан кейин
бўлур. Агар мероси қолаётган сўққабош эркак ёки аёлнинг на ота-онаси ва на боласи
бўлмас, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёҳуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса,
уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ
бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар
меросхўрларга) зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо
қилинганидан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ томонидан бўлган амр-фармондир.
Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир.

13. Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг
пайғамбарига итоат этса, (Аллоҳ) уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга
киритиб, ўша жойда адабий (ҳаёт бахш этар). Ва бу буюк саодатдир.

14. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбаринга итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган
ҳадлаидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва
унинг учун хор қилгувчи азоб бордир.

15. Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёларнинг устида
ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу
аёлларга ўлим келгунча, ёки Аллоҳ бирон йўлга солгунча уларни уйларида (ҳибсда)
сақлангиз.
Изоҳ: Бу ва қуйидаги оятдаги ҳукмлар зинокор аёллар ва баччавоз эркаклар учун
буюрилган муваққат жазо эди. Кейинроқ нозил бўлган «Нур» сурасида бу мавзуга кенг
ўрин берилган ва зино қилувчи эркак ва аёлни агар оиласиз бўлса юз дарра уриш,
оиласи бўлса тошбўрон қилиш ҳукми қатъий, доимий қилиб белгилаб қўйилган.
 



16. Сизлардан икки эркак шундай қилса (яъни баччавозлик ёки фоҳишабозлик қилса)
уларни (уриб-сўкиш билан) таъзирларини берингиз. Агар улар тавба қилиб, ўзларини
тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва
меҳрибон бўлган зотдир.

17. Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик
билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай
кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир.

18. На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим келганида: «Энди
тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари
қабул қилинмас.  

19. Эй мўъминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст
эмасдир. Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир
қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб
олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб
олишингиз мумкин). Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар
уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро сизлар
ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин.
Изоҳ: Ислом келишидан илгари бирон аёлнинг эри ўлса, марҳумнинг эгаларидан бири
у аёлни мажбурий ҳолда хотин қилиб олиши лозим эди. Ислом бу номақбул одатни
манъ қилди.
Исломдан илгари бирон аёлнинг эри ёмон кўриб, кўнгилсиз бўлиб қолса, у аёлга турли
тазйиқлар ўтказиб, жонидан тўйғизар, лекин талоғини бермас эди. Қачонки у эридан
олган маҳрини - ё ҳаммасини, ёки бир қисмини қайтариб берсагина талоқ қилар эди.
Шариати исломийя бу қабих одатга ҳам барҳам берди. Шунингдек, Қуръон эрларга
агар аёлларни яхши кўрмасалар улар билан хушмуомалада ҳаёт кечиришларини
буюради ва бундан Ислом динининг аёлларга нақадар ҳурмат кўрсатиши маълум
бўлади. Бу хусусда биз мусулмонларга пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу
алаҳи ва саллам гўзал намунадирлар. У зоти бобаракот шундай марҳамат қилганлар:
«Сизларнинг энг яхшингиз ўз оиласига яхши муомала қилгувчиларингиздир. Мен
сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилгувчи кишиман.  

20. Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига
саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани
қайтариб олмангизлар. Уни олиш бўхтон ва очиқ гуноҳ бўлган ҳолида оласизларми?

21. Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни хотинларингиз) сизлардан (яхшилик
билан ҳаёт кечириш, ёки чиройли суратда ажрашиш ҳақида) қатъий аҳд-паймон
олганларидан сўнг, қандай қилиб уни (яъни маҳрни) қайтариб оласиз?

22. Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг. Магар илгари ўтган бўлса,
(ислом динига киришдан аввал уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук
ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир.

23. Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-
укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз,
эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган
хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу юқорида санаб ўтилган
аёлларга уйланиш) сизлар учун ҳаром қилинди - агар хотинларингиз билан жинсий
 



алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан
туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти
камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа-
сингилни жамлашларингиз (яъни бирини талоқ қилмай туриб, бошқасига
уйланишларингиз ҳам сизлар учун ҳаром қилинди). Магар илгари (исломга
киришингиздан аввал) ўтган бўлса, (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ мағфиратли ва
меҳрибон бўлган зотдир.
 



Бешинчи жузъ

24. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар сизлар (уруш-жангларда) эга бўлган
чўриларингиз ҳалолдир. (Юқоридаги оятларда санаб ўтилган аёлларга уйланиш
сизларга ҳаром қилингани ҳусусидаги бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб
қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга ўзларингизни (ҳаромдан) сақлаган, зино
қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни (маҳр қилиб бериш) билан уйланишга
ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улардан никоҳ орқали
фойдаланишларингиз билан уларга белгиланган маҳрларини берингиз. Маҳр
белгиланганидан кейин ўзаро келишиб олган нарсаларингизда, (яъни маҳрларнинг
миқдорини ўзгартиришларингизда ёки хотинларингиз ўз ихтиёрлари билан ҳаққи -
маҳрларидан кечиб юборишларида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта Аллоҳ билим
ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир.
Изоҳ: Ўша даврнинг одатига кўра урушда асир тушган эркаклар қулга, аёллар эса
чўрига айлантирилар эди. Бу оятда гарчи асира бўлган аёлнинг ўз ватанида эри қолган
бўлса-да, маълум муддат идда сақлагач, ҳожаси учун ҳалол бўлиб қолиши
уқтирилмоқда.  

25. Сизлардан кимда-ким (белгиланган маҳрни бериб) ўзларини (ҳаромдан) сақлаган
озод мўъмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўлларингиздаги мўъмина
чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ иймонларингизни жуда яхши билгувчидир.
Бировингиз бировингиздандирсиз (Яъни ҳаммангизнинг аслингиз биттадир). Бас,
улардан ўзларини сақлаган, фоҳишалик қилмаган ва махфий ўйнашлар тутмаганларига
хожаларининг изни билан уйланаверинглар ва маҳрларини тўкис қилиб беринглар.
Энди эрга теккач, агар бузуқлик қилсалар, уларга озод аёлларга бериладиган азобнинг
ярми (яъни 50 дарра) берилур. Бу (яъни чўриларга уйланиш рухсати) орангиздаги
бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир. Сабр қилиб, (чўриларга уйланмай
туришларингиз) ўзингиз учун яхшироқдир. Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибондир.

26. Аллоҳ сизларга (шариат ҳукмларини) баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ
йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни
истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.

27. Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳою ҳавасга берилган кимсалар
эса (ҳақ йўлдан) бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар.

28. Аллоҳ (буюрган шариат қонунлари билан) сизлардан (юкингизни)
енгиллаштиришни истайди. (Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир.

29. Эй мўъминлар, молларингизни ўрталарингизда (ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик,
порахўрлик, қимор каби) ноҳақ йўллар билан емангиз. Балки ўзаро ризолик билан
бўлган савдо-сотиқ орқали (мол-дунё касб қилингиз). Бир-бирларингизни (яъни
мўъмин мўъминни) ўлдирмангиз. Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир.

30. Ким ҳаддидан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга
киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир.

31. Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ
бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангизлар, қилган (кичик)
гуноларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил - жаннатга киритурмиз.
 



32. Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса,
сизлар учун (ҳасад, адоват билан) орзу қилманг. Эркаклар учун ҳам қилган
меҳнатларидан насиба бордир. Аёллар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бордир.
Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу
марҳаматидан (файзу баракот, ризқу рўз) сўранглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани
билгувчи бўлган зотдир.

33. Биз ҳар бир (инсон) учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган меросдан
(баҳраманд бўлгувчи) меросхўрлар қилиб қўйдик. Кимлар билан (бир-бирларингизга
меросхўр бўлиш ҳақида) аҳд-паймон қилган бўлсангиз, бас, уларга ўз ҳиссаларини
берингиз. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган зотдир.
Изоҳ: Исломдан олдин ўрталарида қариндош-уруғчилик бўлмаган одамлар ҳам ўзаро
аҳд-паймон қилишиб, дўст бўлишгач, бир-бирларидан мерос олар эдилар. Исломнинг
аввалги даврларида бу одат бекор қилинмаган эди. Сўнг бошқа бир оят билан у ман
этилган.  

34. Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг
бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар
(хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир. Бас,
ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу-ҳимояти билан (эрларининг
мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар - яхши хотинлардир.
Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат
қилинглар. Сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларида тарк қилингиз
(улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга
буйсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл
ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир.
Изоҳ: Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат
ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар
бўлган, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир.
Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила
тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади.
Яхши хотин эса диёнатли, эрининг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли
бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига
раҳна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси аввало унга яхшилик билан
тушунтириш, тушунмаса, меҳру муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини
билдиришдир. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб роҳатланиш
учун эмас, балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади. Лекин
табиийки, эрга итоат қилишни ўзи учун бурч деб билган аёл ва ўзидан Қудратлироқ
бўлган Зот - Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорагача етиб
келмайдилар.

35. Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-
аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар
ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта
Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган зотдир.

36-37. Аллоҳга бандалик қилинглар ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-
онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона
қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи-мусофирга ва қўлларингиздаги
қулларингизга яхшилик қилингиз. Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга
одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган
 



неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди. Биз
бундай кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.

38. Яна молларни одамлар кўрсин, деб эҳсон қиладиган, ўзлари эса на Аллоҳга ва на
охират кунига иймон келтирмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди). Кимга
шайтон дўст бўлса, у энг ёмон дўст бўлур.

39. Агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирсалар, ва Аллоҳ ризқ қилиб берган
нарсалардан эҳсон қилсалар, уларга қандай зарар бўлар эди?! Аллоҳ уларнинг (қилган
амалларини) билгувчи бўлган зотдир.

40. Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик
бўлса, уни бир неча баробар қилур яна ўзи ҳузуридан улуғ ажр ато қилур.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг
пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида
гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!

42. У кимсалар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қилиб қоладилар ва (лекин)
Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар.

43. Эй мўъминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунингизча, маст ҳолингизда
намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб
ҳолингизда (намозга яқин келманглар). Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар ёки
сизлардан бирон киши ҳожатхонада чиққан бўлса ёҳуд хотинларингиз билан
яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ
билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта Аллоҳ афв қилгувчи
ва мағфиратли бўлган зотдир.
Изоҳ: Бу ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир. Агар биринчи оятда
(«Бақара» сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари
фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган
намоз ўқиш пайтида («Намоз мўъминнинг меърожидир» - ҳадиси шарифдан) маст
ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб,
унга нисбатан мўъминларда нафрат уйғотоқда. Навбатдаги ичкилик тўғрисида
келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша
сўнгги оятга асосланади.  
Жунуб - эркак ва аёлнинг яқинлашуви ёки ҳар қандай суратда эркак ё аёлдан шаҳват
суви чиқиши натижасида ўша эркак ё аёл жунуб (нопок) бўлади.
Таяммум - сув топа олмаган ёки топса ҳам қандайдир сабаб билан уни ишлатишга
қодир бўлмаган кишининг пок тупроққа қўл уриб, юз ва қўлларига суртиш билан пок
бўлишидир. Бу амални қилишда таҳоратни ёки ғусл (чўмилиш)ни ҳам ният қилинади.
Ҳар иккисини қўшиб ният қилиш ҳам мумкин.

44. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), китобдан (яъни Тавротдан) насибадор бўлган
кимсаларнинг (тўғри йўл ўрнига) адашишни - гумроҳликни сотиб олаётганларини ва
сизлар ҳам йўлдан тойишингизни истаётганларини кўрмадингизми?

45. Аллоҳ эса душманларингизни жуда яхши билгувчидир. Аллоҳнинг ўзи етарли дўст,
Аллоҳнинг ўзи етарли ёрдамчидир.
 



46. Яҳудий бўлганлар орасида шундайлар борки, улар (Таврот китобида бўлган
Муҳаммад алайҳиссалом ҳақидаги Аллоҳнинг) сўзини ўз ўрнидан ўзгартирадилар ва
тилларини буриб, динга жароҳат етказиш ғаразида: «Тингладик ва бош тортдик. Қулоқ
сол, эшитмай қолгур! (Роино) бизга боқ!» дейдилар. Агар улар: «Тингладик ва
бўйсундик. Бизни ҳам тинглаб (унзурно) бизга ҳам назар қилиб тур» деганларида
ўзлари учун яхшироқ ва тўғрироқ бўлур эди. Лекин улар куфрлари сабабли Аллоҳнинг
лаънатига дучор бўлганлар. Бас, уларнинг камдан-камлари иймон келтирадилар.
Изоҳ: Бу оятдаги «роино» ва «унзурно» сўзларининг ҳар иккиси араб тилида «Бизга
боққин, қарагин» деган маънони англатади. Пайғамбар алайҳиссалом Қуръон
оятларини тиловат қилиб бераётганларида мўъминлар у кишига: «Бизларнинг
ҳолимизни риоя қилгин ва оятларни шошмасдан қайта-қайта ўқигин» деган маънода
«роино» дер эдилар. Лекин яҳудийлар «рионо» сўзининг риоя қилмоқ, боқмоқ деган
ўзакдан чиққанини билганлари ҳолда кўнгиллари бузуқлиги сабабли «руунат -
енгилтак бўлмоқ» деган ўзакдан чиқадиган сўзга ўхшатиб таллафуз қилдилар. Шунинг
учун Аллоҳ таъоло мўъминларга бу сўзни ишлатмасликни амр қилди.

47. Эй китоб берилган кимсалар, биз юзларни бузиб тескарисига айлантириб
юборишимиздан илгари ёки уларни, (яъни сизларни, эй яҳудийлар) «шанба эгаларини»
лаънатлаганимиздек лаънатлашимиздан (яъни маймун ва тўнғизларга айлантириб
қўйишимиздан) илгари сизлардаги нарса (Таврот)ни тасдиқлаган ҳолда нозил қилган
китобимиз (Қуръон)га иймон келтирингиз. Аллоҳнинг амр-фармони шубҳасиз, адо
қилингусидир.

48. Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан
бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирон кимса ёки
нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзларини пок қилиб кўрсатаётган кимсаларни
кўрмадингизми? Йўқ, фақат Аллоҳ ўзи хоҳлаган зотларни поклагусидир ва уларга
қилчалик зулм қилинмас.

50. Уларнинг («Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», деб) Аллоҳ шаънига ёлғон
тўқиётганларини кўринг. Мана шунинг ўзи етарли очиқ гуноҳдир.

51. Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга ишониб -
сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида «ўшалар иймон эгалари бўлган
(мусулмон)лардан кўра тўғрироқ йўлдалар»,- деяётганларини кўрмадингизми?

52. Улар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимники Аллоҳ лаънатлаган экан, бас ҳеч
қачон унинг учун бирон ёрдамчи топа олмайсиз.

53. Ёки уларнинг мол-мулклари борми? Шундай бўлган тақдирда ҳам, улар одамларга
зиғирчалик мурувват қилмаган бўлур эдилар.

54. Ёки улар одамларга (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан
берган нарсага (яъни пайғамбарликка) ҳасад қилмаяптиларми? Ахир биз илгари ҳам
Иброҳим сулоласига (яъни Мусо, Довуд, Сулаймон каби зотларга) китоб ва ҳикмат
(пайғамбарлик) бериб, уларни улуғ мулку давлатга эга қилган эдик-ку?!

55. Бас, уларнинг ичида унга (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга) иймон келтирганлар
ҳам бор, ундан юз ўгирганлар ҳам бор. Буларга жаҳаннам ўти бас келур.
 




56. Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз.
Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига
бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир.

57. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган,
остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз. Улар учун у
жойларда пок жуфтлар бордир. Уларни қуюқ сояли жойларга киритурмиз.  

58. Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида
ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта Аллоҳ сизларга энг
яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир.

59. Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан
бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Борди-ю, бирон нарса ҳақида талашиб
қолсангиз - агар ҳақиқатан, Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз - у нарсани Аллоҳга
ва пайғамбарига қайтарингиз. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.

60. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга нозил қилинган нарсага (Қуръон)га ва сиздан
илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганмиз, деб даъво қиладиган (айрим)
кимсаларнинг (Қуръонни қўйиб) шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини
кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон
уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди.

61. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага (Қуръонга) ва пайғамбар (ўгитлари)га
келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз.  

62. Энди ўзларининг қилмишлари сабабли уларга бирон мусибат етса, шундан кейин
сизнинг ҳузурингизга келишиб: «Биз фақат яхшиликни ва орани ўнглашни истаган
эдик, холос», деб қасам ичишлари қандоқ бўлди?!

63. Бундай кимсаларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ яхши билур. Бас сиз уларнинг
(кирдикорларига) боқманг ва уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни
айтинг.

64. Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан
унга итоат қилинсин, деб юборганмиз. Агар улар (шайтондан ҳукм сўраб боришлари
билан) жонларига жабр қилган пайтларида дарҳол сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳдан
мағфират сўраганларида ва пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди,
Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибон эканлигини топган бўлур эдилар.

65. Йўқ, (эй Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз
ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз
чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича
- бўйсунмагунларича, зинҳор мўъмин бўла олмайдилар.

66. Агар биз уларга (бани Исроилга буюрганими каби): «Бир-бирингизни ўлдиринг ва
ўз диёрларингиздан чиқинг» деб буюрганимизда эди, улардан жуда оз қисми бу
(буйруқни) бажарган бўлур эди. Агар улар ўзларига қилинган панд-насиҳатларга амал
қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўлиши учун ва (иймонларини) мустаҳкам
қилгувчироқ иш бўлур эди.
 




67. Ва у ҳолда биз ҳам уларга ўз ҳузуримиздан улуғ мукофот ато қилган бўлардик.  

68. Ҳамда уларни тўғри йўлга ҳидоят қилган бўлардик.  

69. Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига
сазовор бўлган зотлар - пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақ-рост иймон эгалари), шаҳидлар
ва солиҳлар (фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар) билан бирга бўлурлар. Ана
ўшалар энг яхши ҳамроҳлардир.

70. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли
билгувчидир.

71. Эй мўъминлар, эҳтиёткорлик (йўлини) тутинглар - (жангга) гуруҳларга бўлиниб,
ёки ҳаммангиз тўпланиб чиқинглар.  

72. Шубҳасиз, ораларингизда (жангга чиқишдан) кетда қоладиган, агар сизларга бирон
мусибат етса, «менга Аллоҳнинг инъоми бўлди - улар билан бирга (жангга) ҳозир
бўлмадим, (акс ҳолда ҳалок бўлур эдим)» дейдиган кимсалар ҳам бор.

73. Бордию сизларга Аллоҳдан фазлу марҳамат етса (яъни ғалабага эришсангиз), у гўё
(илгари) сизлар билан ўзининг орасида ҳеч қандай танишлик бўлмаганидек: «Кошки
эди, мен ҳам ўшалар билан бирга бўлиб, улуғ зафар (ва ўлжалар)га эришсам эди»
дейиши аниқдир.

74. Аллоҳ йўлида бу ҳаёти дунё эвазига охиратни сотиб оладиган зотлар жанг
қилсинлар. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлдирилса, ёки ғалаба қилса, биз унга улуғ
мукофот ато этажакмиз.

75. (Эй мўъминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Парвардигоро, бизни
эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин,
бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин» деяётган эркаклар, аёллар, ҳамда
болалардан иборат бўлган бечоралар(ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсизлар.

76. Мўъминлар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар, кофир кимсалар эса шайтон йўлида
жанг қиладилар. Бас, (эй мўъминлар) шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилингиз.
Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлгувчидир.
Изоҳ: Ушбу оятларда исломий ғазот ҳақида сўз юритилади. Исломий ғазот
мустамлакачилик ёки мол-дунё тўплаш учун, яъни шайтон йўлида эмас, Аллоҳ йўлида
куфр-зулм истибдоди остида эзилаётган бечораларни (улар қайси динга мансуб
бўлишларидан қатъий назар) ўша зулм чангалидан озод қилиш учун бўлиши лозим
экан.

77. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мана бу кимсаларни кўрмадингизмики, уларга
(илгари Маккада турган пайтларида кофирларга қарши жанг қилишга талабгор
бўлганларида): «Ўзингизни босинг ва намозингизни ўқиб, закотингизни адо этиб
туринглар!», дейилган эди. Энди қачонки уларга жанг фарз қилинганида эса баногоҳ
улардан бир тўпи одамлардан Аллоҳдан қўрққандек, балки ундан-да қаттиқроқ
қурқмоқдалар. Ва (ҳатто): «Парвардигор, нега бизга жангни фарз қилдинг? Бизларга бу
ажални бир оз кейинроқ юборганингда эди», дедилар. Уларга айтинг: «Дунё матоси
 



озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига охират яхшироқдир. Сизларга хурмо данагининг
пўстича ҳам зулм қилинмас».

78. Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни
топиб олур. Агар уларга (мунофиқларга) бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг
ҳузуридан» дейдилар. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан»
дейдилар. Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳдандир». Нега бу қавм кишилари ҳеч гап
англамайдилар-а?!

79. (Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар
қандай ёмонлик эса ўзингдандир (Яъни ўзингнинг қилмишинг сабабли Аллоҳ сени ўша
балога гирифтор қилган). (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизни биз барча одамларга
пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир.

80. Кимки пайғамбарга итоат этса, демак Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса
(бунинг сизга зарари йўқдир, эй Муҳаммад алайҳиссалом. Зеро), биз сизни уларнинг
устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.

81. Улар «итоат этамиз», дейдилару, ҳузурингиздан чиққанларидан кейин эса улардан
бир тоифаси сиз айтган гапларнинг аксига ҳуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ эса
уларнинг ҳуфёна келишувларини ёзиб қўюр. Бас, сиз улардан юз ўгириб, Аллоҳга
таваккул қилинг. Аллоҳнинг ўзи етарли вакилдир.

82. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров
томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!

83. Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар
(яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига
келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган
бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини)
билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг
фазлу марҳамати бўлмаса эди (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда
устивор қилмаса эди), айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар
эдингиз.

84. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ йўлида жанг қилинг. Зотан сиз фақат
ўзингиз учун жавобгарсиз. (Демак, ёлғиз қолсангиз ҳам жанг қилинг) ва мўъминларни
ҳам тарғиб қилинг. Шояд Аллоҳ кофир бўлган кимсаларнинг шиддатини даф қилса,
Аллоҳ қуввати ортиқ, азоби қаттиқ зотдир.

85. Ким (одамлар орасида) чиройли - ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам
унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун
унинг гуноҳидан бир улуш тегур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир.
Изоҳ: Яъни бир киши гарчанд ўзи яхшилик қила олмаса-да, яхшилик қилгувчилар
тарафида турса, унга ўшаларнинг яхшилигидан ҳосил бўладиган савобдан бир улуш
тегади. Ёмонлик - гуноҳ тарафида турган кимсага эса, гарчи ўзи ўша гуноҳни қилмаса-
да, унинг ёмонлигидан бир ҳисса тегади.

86. Қачон сизларга бирон ибора билан салом беришса, сиздан ундан чиройлироқ қилиб
алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта Аллоҳ ҳамма
нарсани ҳисобга олгувчи бўлган зотдир.  
 




87. Аллоҳ - ҳеч қандай тангри йуқ, ёлғиз унинг ўзи бордир. У сизларни ҳеч шак-
шубҳасиз бўлган қиёмат кунида тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!

88. (Эй мўъминлар), нега сизлар мунофиқлар тўғрисида икки гуруҳга (бўлиниб
олдингиз?) Ахир Аллоҳ уларни ўз қилмишлари сабабли (куфр ва нифоққа) қайтарди-
ку?! Ёки сизлар Аллоҳ адаштирган кимсаларни тўғри йўлга солмоқчимисизлар?
Кимники Аллоҳ адаштириб қўйган бўлса, унинг учун бирон йўлни топа олмайсиз.
Изоҳ: Ущбу оят саҳобалар билан бирга Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, сўнгра
пайғамбар алайҳиссаломга турли узр-баҳоналар кўрсатиб, яна орқаларига - Маккага
қайтиб кетган бир қавм ҳақида нозил бўлган. Мўъминларнинг айримлари уларни
мунофиқ дейишса, айримлари уларнинг ёнини оладилар. Шунда Аллоҳ таъоло уларни
ҳақиқий мунофиқ эканликларини мўъминларга ушбу оят орқали маълум қилади.

89. Улар ўзлари кофир бўлганлари каби, сизлар ҳам кофир бўлиб, (улар билан) баробар
бўлиб қолишларингизни истайдилар. Бас, сизлар то Аллоҳ йўлида ҳижрат
қилмагунларича улардан (биронтасини) дўст тутманглар. Агар юз ўгирсалар, уларни
топган жойингизда тутиб ўлдирингиз ва улардан на бир дўст ва на бир ёрдамчи
олмангиз.

90. Аммо (у мунофиқлардан) ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб
қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш ҳам жонига
тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз!) Агар Аллоҳ истаса эди, уларни
сизлардан устун қилиб қўйган бўлар эди ва улар сизларга қарши жанг қилар эдилар.
Бас, агар улар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай, сулҳ тузишни таклиф
қилиб келсалар, Аллоҳ сизлар учун уларнинг устига ҳеч қандай йўл бермайди.

91. (У мунофиқлардан) бошқа бир тоифасининг эса сизлардан ҳам, ўз қавмларидан ҳам
тинч-хотиржам бўлишни кўзлаётганларини кўрасизлар. Ҳар қачон фитнага (яъни
куфрга) қайтишга тўғри келса, улар ўзларини унга ташлайдилар. Бас, агар улар
сизлардан четланмас, сизларга сулҳ таклиф қилмас ва қўлларини тиймас эканлар,
уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз. Мана, биз бундай кимсаларга (ҳужум
қилишингиз учун) сизларга очиқ ҳужжат бериб қўйдик.
Изоҳ: Яъни улар Мадинага келганларида ўзларини мўъмин қилиб кўрсатадилар. Ўз
қавмларига қайтгач эса, яна кофирликка қайтиб. Сизлар билан қилган аҳд-
паймонларини бузадилар.

92. Мўъмин мўъминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир
мўъминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўъмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг
эгаларига - агар кечиб юбормасалар - хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўъмин
бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўъмин қулни озод қилиши вожиб.
Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир
мўъмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир
бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб, муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва
ҳикмат эгаси бўлган зотдир.

93. Ким қасддан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда
абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун
улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир.
 



94. Эй мўъминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз,
(душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб,
сизларга салом берган кишига: «Сен мўъмин эмассан!», деманглар! Зеро, Аллоҳнинг
ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир. Илгари сизлар ҳам шундай эдингиз (яъни кофирлар
қўл остида мусулмонлигингизни яшириб юришга мажбур эдингиз). Энди Аллоҳ
сизларни (Ислом давлатида яшаш неъмати билан) мамнун қилди. Бас,
(душманларингизни) аниқ таниб олинглар. Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан
хабардор бўлган зотдир.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, бир неча саҳоба ғазотдан қайтаётганларида, олдиларидан
қўй боқиб юрган бир киши чиқиб, уларга салом берибди. Шунда улар ўзларича: «Бу
кофир биздан қутулиш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб салом бераяпти»
дейдилар ва ҳалиги одамга ҳужум қилиб, ўлдириб, қўйларини ўлжа қилиб, пайғамбар
алайҳиссаломнинг олдиларига ҳайдаб келадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

95-96. Мўъминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган
кишилар билан Аллоҳ Йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди.
Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай)
ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни
(яъни, жаннатни) ваъда қилди. Ҳамда Аллоҳ жиҳод қилгувчиларни ўтириб
олувчилардан улуғ мукофот - ўз томонидан бўлажак юксак даражалар, мағфират ва
фазлу марҳамат билан афзал қилди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.

97. Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга
рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида
фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?», дедилар. (Шунда фаришталар):
«Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида
бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир.
Қандай ёмон жойдир у!

98-99. Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, (ҳижрат) йўлини истаб топа олмай
чорасиз қолган (кекса ёки ногирон) кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни
шояд Аллоҳ афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир.

100. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва
кенгликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва унинг пайғамбари сари мухожир бўлиб чиқиб,
сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки, унинг ажри - мукофоти Аллоҳнинг
зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир!

101. (Эй мўъминлар) сафар қилиб, бошқа ерларга борганингизда, агар кофирлар
фитнасидан қўрқсангизлар, номозингизни қаср (қисқа) қилиб ўқишларингизнинг
гуноҳи йўқдир. Чунки кофирлар сизларга очиқ душман бўлган кимсалардир.
Изоҳ: «Қаср» намози деб тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб қисқартириб
ўқишни айтилади. Қаср намоз учун пиёда юрилса, камида уч кечаю уч кундузда босиб
ўтиш мумкин бўлган масофани ният қилиб сафарга чиққан бўлиши керак. Бу масофани
уламолар 80-100 чақирим деб белгилаганлар.  

102. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон Сиз (жанг майдонида) мўъминлар орасида
бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси
қуролланган ҳолларида Сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни
намохнинг бир ракатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (Сизларни қўриқлаб)
турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб, Сиз билан бирга намоз
 



ўқисинлар! Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар
қурол-яроқ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга
бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки
бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо
эҳтиёткорлик (йўлини) тутинглар. Албатта Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни
тайёрлаб қўйгандир.

103. Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган
пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз! Бас, қачон (бирон жойга муқим ўрнашиб)
хотиржам бўлгач, намозни тўкис адо этингиз! Албатта намоз мўминларга (вақти)
тайинланган фарз бўлди.

104. Бу (кофир) қавмни қўвишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган
бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга)
сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик
неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?!
Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.

105. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Биз Сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни)
одамлар орасида Аллоҳ Сизга кўрсатган (ҳукм) билан ҳукм этишингиз учун нозил
қилдик. Сиз ҳоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг!

106. Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи ва
Меҳрибон бўлган зотдир.

107. Сиз ўзларига ҳиёнат қиладиган (жинояткор) кимсаларнинг ёнини олманг! Албатта
Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди.
Изоҳ: Бу оят мадиналик Тўъма бинни Убайриқ шаънига нозил бўлган. У қўшнисининг
совутини ўғирлаб, ўғирлиги ошкор бўлиш хави туғилганида, у совутнинг бошқа бир
одамнинг уйига олиб бориб беркитади. Шундан кейин Тўъманинг қабиладошлари
пайғамбар алайҳиссаломнинг олдига келишиб, уни оқлаб, гапирадилар. Уларга ишониб
Пайғамбар алайҳиссалом Тўъмани одамлар олдида ҳимоя қиладилар ва уни «Ўғри»
деганларга қарши гапирадилар.

108. Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан
яшира олмайдилар. Улар (Аллоҳ) рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна
тузаётган пайтларда ҳам, У Зот улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган
амалларини иҳота қилгувчи - ўраб олгувчи Зотдир.

109. Хой сизлар, бу ҳаётий дунёда-ку уларни ҳимоя қилиб, ёнини олдингиз. Энди
Қиёмат Кунида ким уларни Аллоҳдан ҳимоя қилиб, ёнини олур ёки ким уларнинг
устида вакил бўлиб турар?!

110. Ким бирон бир ёмон иш қилса, ёки (Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан) ўз
жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг Мағфират қилгувчи
ва Меҳрибон эканини топар-кўрар.

111. Кимки бирон гуноҳ қилса, фақат ўзига зарар қилган бўлади. Аллоҳ билим ва
ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
 



112. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга (туҳмат
қилиб) отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди.

113. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сизга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганда
эди, улардан бир тоифаси Сизни йўлдан оздиришга уриниб қолган эди. Лекин улар
фақат ўзларини адаштирадилар холос. Сизга эса бирон зиён етказа олмайдилар. (Зеро),
Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди.
Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди.

114. Уларнинг кўп маҳфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик
қилишга ёки одамлар орасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар - ҳеч қандай фойда
йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб, бу ишни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз.

115. Ким ўзи учун Ҳақ Йўл аниқ бўлгандан кейин, Пайғамбарга хилоф иш қилса ва
мўъминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб
берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!

116. Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди.
Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга
ширк келтирса, демак жуда қаттиқ йўлдан озибди.

117. Улар (яъни Аллоҳга ширк келтирган кимсалар) Аллоҳни қўйиб, фақат (Лот, Уззо,
Манот каби) санамларга сиғинадилар ва фақат итоатсиз шайтонга сиғинадилар.

118. Аллоҳ уни (Шайтонни) лаънатлади. (Шунда) у деди: «Қасамки, бандаларнинг
орасидан ўзимга тегишли насибани албатта оламан.

119. Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан. Буюрсам, улар
чорваларнинг қулоқларини кесадилар. Буюрсам, Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб,
бузадилар».
Изоҳ: Исломдан илгари араблар туяларнинг бешинчи боласи эркак туғилса, қулоғини
кеси ёки тешиб, ўзлари сиғинадиган бутларга қурбонлик қилиб, бўш қўйиб юборар
эканлар. «Аллоҳнинг яратган нарсасини ўзгартириш»ларидан мурод - қулларни бичиш,
аёлларнинг зийнат учун қош теришлари, соч улашлари каби аслий нарсаларни ўз аслий
ҳолатидан сохта-сунъий ҳолатга ўзгартириш назарда тутилади. Қуръон бундай ярамас
ишлар шайтонга бўйсуниш, деб уқтиради.

120. (Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда
шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар.

121. Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутиладиган бирон
жой топа олмаслар.

122. Иймон келтириб яхши амаллар қиладиган зотларни эса остидан дарёлар оқиб
турадиган жаннатларга киритажакмиз - улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ
ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгуйроқ ким бор?!

123. (Эй мусулмонлар, биз Аллоҳнинг энг улуғ дини - Исломга кирдик, энди нима
қилсак бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг
хомхаёлларингиз ҳам («Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз. Шунинг учун нима
қилсак ҳаққимиз бор» деб хомтама бўлаётган) аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам (ҳақ)
 



эмас - кимки ёмон амал қилса жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва
на бир мададкор топмас.

124. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - кимда-ким мўъмин бўлган ҳолида яхши амалларадан
қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас.

125. Чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва Ҳақ Йўлдан
оғмаган Иброҳимнинг динига эргашган кишининг (яъни чин мусулмоннинг) Динидан
ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ ўзига дўст турган.

126. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳамма нарсани
Иҳота қилгувчи - Ўраб олгувчи бўлган Зотдир.

127. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг:
«Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинаётган оятлар
фатво берур: (қарамоғингиздаги) етим аёлларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз
қилингин маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингизни) ва (агар хунук бўлсалар)
ўзларингизнинг никоҳингизга олишдан ҳам юз ўгириб, (улардан қоладиган меросга
таъма қилиб, то ўлгунларича бошқа бировга ҳам турмушга чиқмай сақлашларингизни
сизларга ҳаром қилади). Яна ночор-норасида болалар ҳақида (фатво бериб), бундай
етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик
қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билиб тургувчи бўлган Зотдир.

128. Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир
бўлишидан қўрқса, у ҳолда иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олшса, (яъни аёл эрининг
ҳоли ва хоҳишига қараб ўзи учун эрга малол келадиган даражада нафақа ва эътибор
талаб қилмаса, шу билан баробар эр ҳам хотинини ташламасликка, унга зулм
қилмасликка рози бўлса), зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир.
Нафслар қизғанишга ҳозиру-нозир бўлиб турадилар. Агар (аёлларингизга) чиройли
муомала қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар, (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ
қилаётган амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир.

129. Ҳар қанча урунсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг
барчаларига баробар меҳр кўрсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган
хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа
каби ташлаб қўймангиз! Агар (ўзларингизни) ўнглаб, алхдан қўрқсангизлар, албатта
Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.
Изоҳ: Муаллақа аёл - эри бирон бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир. У эрим бор
деса - эри йўқ. Беваман дейин деса, эри талоқ бермай кетган.

130. Агар эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенга карами
билан беҳожат қилиб қўйгай (Яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр
ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами Кенг ва ҳикмат Эгаси бўлган
Зотдир.

131. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. (Эй мўъминлар),
аниқки, Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан
қўрқинглар деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, (Аллоҳга ҳеч бир зарар
етказа олмайсизлар). Зеро, осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир.
Ва Аллоҳ Беҳожат ва Мақтовга Сазовор бўлган Зотдир.
 



132. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳнинг Ўзи
етарли Вакилдир (яъни ер ва осмонлардаги барча ишларни Кузатиб, Сақлаб тургувчи
Зотдир).

133. Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Аллоҳ
бунга Қодир бўлган Зотдир.

134. Ким бу дунёнинг савобини (яъни дунёдаги мол-давлат ва баланд мартабаларни)
истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг савоби
бордир. (Демак, у агар ҳақиқий доно одам бўлса, Аллоҳнинг ризолигини истасин).
Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчи бўлган Зотдир.

135. Эй мўъминлар, адолат билан тургувчи (шунингдек) ўзларингиз ёки ота-она ва
қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи
бўлинглар! У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар
иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) Яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан
нафс-ҳавога эргашиб кетманглар! Агар тилларингизни буриб, (нотўғри гувоҳлик
берсангизлар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган
амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир.

136. Эй мўъминлар, Аллоҳга, унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган
Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган (барча) Китобга иймонингиз
комил бўлсин! Кимки, Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва
охират кунига кофир бўлса, демак у жуда қаттиқ адашибди.

137. Албатта иймон келтириб, сўнг куфрга қайтган, кейин яна иймонга келиб, сўнгра
яна кофир бўлган, кейин эса куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз
мағфират қилмайди ва уларни зинҳор Ҳақ Йўлга ҳидоят қилмайди.

138. Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб
қўйинг!  

139. Улар мўъминларни қўйиб, кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар
олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат
Аллоҳникидир.

140. Ахир (Аллоҳ) сизларга китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор
қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга
ўтмагунларича, ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил
қилган эдик-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансизлар) демак, сизлар ҳам шак-
шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга
жамлагувчидир.  

141. Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ
томонидан фатҳу зафар бўлса (ғазотдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтсангизлар): «Биз
ҳам сизлар билан бирга эмасмидик?» дейдилар. Агар (ғалаба) кофирларга насиб бўлса:
«Биз сизларнинг устингизда туриб, сизларни мўъминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?» 
дейишади. Энди Қиёмат Кунида Аллоҳ ўрталарингда ҳакамлик қилур ва Аллоҳ ҳаргиз
кофирлар учун мўъминлар устига йўл бермагай.
 



142. Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. - Холбуки, Аллоҳ уларни
«алдаб» қўйгувчидир. - Ва улар қачон намозга турсалар, дангасалик билан одамлар
кўрсин деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар.

143. Улар на у ёқлик, на бў ёқлик бўлмай, икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники
Аллоҳ йўлдан оздирса, Сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз.  

144. Эй мўъминлар, мўъминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар. Аллоҳ учун ўз
зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизларми?  

145. Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар ва улар учун бирон
мададкор топа олмайсиз!

146. Магар тавба қилиб, ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб дилларини Аллоҳ
учун холис қилган зотлар - ана ўшаларгина мўъминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда
(Қиёмат Кунида) Аллоҳ мўъминларга улуғ ажр ато этажак!

147. Агар шукр қилсангизлар ва иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега
азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларнинг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан)
Шукр қилгувчи ва Билгувчи бўлган Зот-ку?!
 



Олтинчи Жузъ.

148. Аллоҳ ёмон сўзларнинг (яъни дуоибаднинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар
мазлум томонидан бўлса (золимнинг зулмини ошкор қилиш учун айтилса, жоиздир).
Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчи бўлган Зотдир.

149. (Эй мўъминлар) хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз, ёки бирон
ёмонликни афв қилиб юборсангиз, (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ
қудрат Эгаси бўлган ҳолда Афв қилгувчи бўлган Зотдир.

150-151. Албатта Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига ишонмайдиган, Аллоҳ билан
пайғамбарлари орасини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб,
пайғамбарларини инкор қиладиган) ва («Мусога ишонамиз, Ийсо ва Муҳаммадга
ишонмаймиз» дейдиган яҳудийлар каби ёки «Мусо ва Ийсога ишонамиз, аммо
Муҳаммадга ишонмаймиз» дейдиган насронийлар каби) «Айрим пайғамбарларга
ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда (иймон билан куфр ўртасидаги)
ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар - ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай
кофирлар учун хор килгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.

152. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини
ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ муносиб) мукофотларини ато этажак.
Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.

153. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аҳли Китоб Сиздан кўкдан бир Китоб
туширишингизни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар:
«Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат!» дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни
чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан ҳужжатлар келганидан кейин эса
бузоқни Худо қилиб олишди. Буни ҳам афв этдик ва Мусога очиқ ҳужжат ато этдик.

154. Аҳдларини (бузганлари) сабабли устларига Тур тоғини кўтардик ва уларга: «Бу
дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кирингиз!» дедик. Яна уларга: «Шанба кунлари
(балиқ овлаш билан) ҳаддингиздан ошманг», дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон
олдик.

155. Сўнгра аҳд-паймонларини бузганликлари, Аллоҳнинг оятларини инкор
қилганликлари, пайғамбарни ноҳақ ўлдирганликлари ва: «Дилларимиз қулф»,
деганликлари сабабли (биз уларни лаънатладик). Йўқ, (уларнинг диллари шунчаки
қулфланган эмас), балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб
қўйгандир. Бас, камдан-камлари иймон келтирадилар.

156-157. Яна кофирликлари ва Марям ҳусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли
ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар
ўлдирганмиз» деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Холбуки, улар
(Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқўа биров
Ийсога) ўхшатиб қўйилди холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб тортишган кимсалар
унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай
билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир.

158. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига қайтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган
Зотдир.
 



159. Ҳар бир аҳли Китоб (охир замонда Ийсо алайҳиссалом кўкдан ерга қайтиб
тушганларида) ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат
Кунида эса (яҳудийлар уни яланғоч қилганлари учун, насронийлар уни Худонинг ўғли
деб адашганлари учун) у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур.  

160-161. Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ
Йўлидан тўсганлари сабабли яна ман этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганликлари ва
одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли Биз уларга олдин ҳалол қилган
нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик. Ва уларнинг орасидаги кофир бўлган кимсалар учун
аламли азобни тайёрлаб қўйдик.  
Изоҳ: Яҳудийлар учун илгари Исроил, яъни Яъқуб пайғамбар ўзига ҳаром қилиб олган
туя гўшти ва сутидан бошқа ҳамма таомлар ҳалол эди. Кейин ўз пайғамбарларига итоат
қилмай, зулм-тажовузкорлик йўлига ўтишгач, улар учун Тавротда кўп нарсалар,
жумладан қўй-молларнинг ёғлари ҳам ҳаром қилинди. Бу ҳақда бошқа суралардаги
оятларда яна тефсилотлар келади.

162. Лекин уларнинг орасидан илмда мустаҳкам бўлган зотлар ҳамда Сизга нозил
қилинган Нарсага ва Сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирадиган
мўъминлар, хусусан намозни барпо қилгувчилар, закотни ато қилгувчилар ва Аллоҳ ва
Охират Кунига иймон келтирувчилар - ана ўшаларга улуғ мукофот ато этажакмиз.

163. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги
пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби, Сизга ҳам ваҳий юбордик. Яъни Иброҳим,
Исмоил, Исҳоқ ва ўша улуғ авлод Ийсо, Айюб, Юнус, Хорун ва Сулаймон
пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурга ато этдик.

164. Айрим пайғамбарлар ҳақида Сизга илгари ҳикоя қилдик. Айрим пайғамбарларни
эса Сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди.  

165. Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат
бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар
элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва
ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.

166. Лекин Аллоҳ Сизга Ўз билими билан нозил қилган Нарсага гувоҳлик берур.
Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли Гувоҳдир.

167. Албатта кофир бўлган ва Аллоҳнинг Йўлидан тўсган кимсалар қаттиқ
адашгандирлар.  

168. Албатта куфр йўлига кириб, жабру зулм қилган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз
кечирмайди ва зинҳор Ҳақ Йўлга ҳидоят қилмайди.  

169. Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар.
Бу Аллоҳга осондир.

170. Эй инсонлар, бу Пайғамбар сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ (Дин)ни келтирди.
Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар инкор қилсанглар (ўзингизга
зарар қиласиз холос). Зеро Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир.
Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
 



171. Эй аҳли Китоб, (Ийсони Худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз!
Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям
фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг
томонидан бўлган руҳ (соҳибидир) холос. Бас, Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон
келтирингиз! «(Тангри) учта (Яъни Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам
тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз. Шунда ўзингиз учун
яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ Якка-Ягонадир. У фарзандлик бўлиш (айбидан)
Пок бўлган Зотдир. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг
Ўзи етарли Вакилдир.

172. Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан
зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса,
бас, уларнинг барчасини Ўз Ҳузурига жам қилажак.

173. Сўнг иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил
қилиб берур, яна Ўз фазлу карамидан зиёда ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру-ҳаво
қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан
Ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар.

174. Эй одамлар, Сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди (яъни ҳазрати
Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилдилар). Ва Биз сизларга равшан
Нурни (яъни Қуръонни) нозил қилдик.  

175. Аллоҳ иймон келтириб, Унга боғланган зотларни (Аллоҳ) Ўз томонидан бўлган
раҳмат ва фазлу марҳаматга (яъни жаннатга) дохил қилур. Ва уларни Ўзининг Тўғри
Йўлига йўллагай.

176. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга
на ота ва на боласи бўлмаган сўққабош одам тўғрисида ушбу фатвони берур: «Агар
фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси)
қўйиб кетган мероснинг ярми тегур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса (ва ўша
сингил ўлса-ю, акаси қоладиган бўлса), ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккта
бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-
сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. (Эй мўъминлар), адашиб
кетмасликларингиз учун, Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур. Аллоҳ ҳамма
нарсани Билгувчидир».

 

 

 

 

 

кейинги сахифа...

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов