Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлганда у зотнинг амакиларидан бири Аббос ибн Абдулмуттолиб Лубоба бинти Ҳорис исмли аёлидан ўғил фарзанд кўрди. Ўша пайтда Қурайшнинг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлган Аббос ибн Абдулмуттолиб янги фарзандга Абдуллоҳ деб исм қўйди.
Зоҳиран, ўз жияни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган бўлса ҳам, иймонини ичига яшириб юрган Аббос ибн Абдулмуттолиб гўдакни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борилишини ва у зот унинг танглайини кўтариб қўйишларини йўлга қўйди. Бу маънода гўдакнинг онаси Лубоба бинти Ҳорис ибн Ҳазн ал-Ҳилолия бош сабабчи бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки у киши фозила аёллардан саналиб, Маккада Ҳадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан сўнг Исломга кирган аёл ҳисобланардилар. У кишининг кунялари Умму Фазл. Ўзлари Омир қабиласидан. Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу Лубоба розияллоҳу анҳонинг бош фарзандлари бўлгани учун Умму Фазл куняларини олганлар. Шу билан бирга, Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг опаларидир. Яъни, Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қайинсингил бўладилар. Баъзи ривоятларда келишича, аввал таъкидланганидек, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадийжа онамиздан кейин биринчи иймон келтирган аёл ҳисобланадилар.
Ана шундоқ қилиб, мушрикларнинг Исломга, мусулмонларга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тазйиқлари ҳаддан ошиб турган бир пайт¬да ёруғ дунёнинг юзини кўрган Абдуллоҳ ибн Аббос илоҳий бир тадбир ила ўз оғзига олган биринчи ғизо охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак туфуткилари бўлди.
Қурайшнинг аслзода оилаларидан бирида дунёга келган Абдуллоҳ ибн Аббос она сутига қўшиб, ўша аслзодалик руҳини ҳам эмиб катта бўла бошлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг омонлик юрти Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиши жараёнида Абдуллоҳ ибн Аббоснинг отаси Аббос ибн Абдулмуттолиб ҳам ўз Исломини баралла ошкор қилди. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга яшаш учун ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварага кўчиб борди.
Ўша пайтларда эндигина ўн-ўн бир ёшларга кириб қолган зийрак Абдуллоҳ ибн Аббос энди бевосита мадрасаи Муҳаммадиянинг таълим-тарбиясини ола бошлади. У вақтга келиб, Аллоҳ таоло Ўз дини–Исломни ўзга динлардан устун қилган, мусулмонлар зафар топган, кишилар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ кирган ва барқарорлик ҳукм сурган бир пайт эди. Барча иложи борича кўпроқ илм олишга ҳаракат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг оятлари кетма-кет нозил бўлиб турар ҳамда у зотнинг ўзлари умматларига турли аҳкомларни баён қилиб берар эдилар.
Ана шундоқ ажойиб бир илмий муҳитда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу исломий илмлар чашмасининг асл манбаасидан тўйиб-тўйиб симира борди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўткир зеҳн ва кучли хотирага қўшиб, фаҳм-фаросат ва ўта тиришқоқлик фазилатларини ҳам берган эди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам узоқлашмасдан у зотнинг муборак оғизларидан ворид бўлаётган ҳар бир сўзни, ҳар бир гапни илиб олиб, ихлос билан бутун вужудига жо қилар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу ҳолини жуда яхши англар эдилар. Кези келганда, уни илмга тарғиб қилар ва унинг ҳаққига дуолар ҳам қилар эдилар.
Бу ҳақида муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўксиларига босдилар ва:
«Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик ёшдаги Абдуллоҳ ибн Аббосни бағриларига меҳр билан босишлари ва унинг ҳаққига Аллоҳ таолодан ҳикмат, маърифат ва уни ўз ўрнида ишлатиш қобилиятини беришини сўраб, дуо қилишлари катта гап.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу дуони қилишларига ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу ан¬ҳунинг кичкина бўлишларига қарамай, катталар ҳам қила олмайдиган оқилона тасарруфлари сабаб бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у зотнинг намоз ўқиётганларига қараб қолганлар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб тур деган ишорани қилганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бориб, у зотнинг ортларига турган. Гапнинг қолганини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик:
«Намоз тамом бўлганидан кейин у зот менга бурилиб қарадилар-да:
«Эй Абдуллоҳ, ёнимда туришингдан сени нима ман қилди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менинг кўз ўнгимда ёнингизда туришимдан кўра улуғворсиз», дедим.
Бас, у зот қўлларини осмонга кўтариб:
««Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин», дедилар».
Худди шу муомала ва дуони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан Абдуллоҳ ибн Аббосдан бошқа бирор шахсга бўлганини эслай олмаймиз. Мана шу ҳақиқатнинг ўзи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик эътибор ва эҳтимомларига сазовор бўлганлари ва у зотнинг дуоларини олишга муяссар бўлиб, улкан фазлга эга бўлганларига ёрқин далолатдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бахт¬лари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига қилган дуолари бир-икки марта бўлиб қолмай, тез-тез такрорланиб турганида эди.
Бу маънони келгуси ҳадиси шарифдан ҳам билиб олсак бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳаққимга Аллоҳдан ҳикмат беришини сўраб, икки марта кетма-кет дуо қилдилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммага маълум ва машҳур одати шарифлари бор эди. У зот бир нарсани таъкидламоқчи бўлсалар, икки ёки уч марта қайта-қайта такрорлар эдилар. Ушбу сафар ҳам Аллоҳ таолодан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ҳикматни беришини сўраб, кетма-кет икки марта дуо қилганлар. Бу эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Аббосни келажакда олим бўлишларини астойдил хоҳлаганларини кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзлари ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрамай, у зотнинг илм булоқларидан тўйиб-тўйиб ичишга уриниш билан бирга, нима қилиб бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликларини топиш ва дуоларини кўпроқ олишга ҳаракат қилар эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬линади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирдилар. Мен у зотга таҳорат суви қўйиб қўйдим. У зот чиққанларида:
«Буни ким қўйди?» деб сўрадилар.
«Ибн Аббос», дедим.
«Эй Аллоҳим! Уни фақиҳ қилгин!» дедилар у зот».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кичик ёшда бўлишларига қарамай, ўта оқил ва заковатли бўлганлари яққол кўриниб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиққанларида сув ахтариб овора бўлмасликлари учун у зотга қулай жойга таҳорат сувини қўйиш кераклигини англаб етиб, ўз вақтида амалга ошириш катта гап. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу худди ўша ҳолатни англаб етиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қиладиган ишни амалга оширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фурсатни ўтказмасдан бу оқилона ишнинг мукофотини бердилар – у кишининг фақиҳ бўлишларини сўраб дуо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳақларига қилган дуолари ҳам қабул бўлди. Кейинчалик у киши улкан фақиҳ бўлиб етишдилар.
Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳақларига қилган кўплаб дуоларининг бирида:
«Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни ўргатгин», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳақларига кўп дуо қилаётганларини кўргач, илм учун туғилганларини билдилар ва илм ўрганишга киришдилар. Ёш бўлишларига қарамай, кўп оят ва ҳадисларни ёд олдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу илм талаб қилиш масъулиятини чуқур ҳис қилганларидан, илмга бўлган рағбатлари чексиз бўлганларидан нафақат кундузи, балки иложини топсалар, кечаси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрамасликка, у зотдан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат ва саканотни ҳам, муборак оғизларидан чиқаётган ҳар бир сўзни ёдлашга, англашга ва бутун вужудларига жо қилишга ҳаракат қилар эдилар.
Бу ҳақиқатни Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ривоятдан билиб олсак ҳам бўлади:
«Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб, ўнг тарафларига турғазиб қўйдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи муттоҳараларидан бирлари Маймуна онамиз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг оналари Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг кичик сингилларидир. Яъни, Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қайинсингил бўлардилар. Зийрак ва оқил бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мана шу қариндошлик риштасини ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса ўрганишга баҳона қилиб олдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги ибодатлари қандоқ бўлишини ўрганиш мақсадида холалари Маймуна онамизнинг навбатлари келганда у кишининг хоналарида тунаб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намоз ўқишни бошлаганларидан ўринларидан туриб таҳорат қилиб у зотга иқтидо қилдилар. Фақат ёлғиз киши имомга иқтидо қилганида қаерда туришини билмаганларидан хато қилдилар. У кишининг бу хатосини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғриладилар. Мана шу нарса кейинчалик ҳаммага, умумий қоида бўлиб қолди. Ушбу ривоятдан имомга иқтидо қилувчи бир нафар эркак киши бўлса, унинг ўнг томонида туриши кераклиги шариат ҳукми қилиб олинган.
Ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрамаслик шиорларига амал қилган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у зот билан видолашув ҳажига ҳам бирга бордилар ва ўша сафарда кўрган ва эшитган ҳар бир нарсаларини ривоят қилиб юрдилар.
Биргина мисол келтирамиз.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан Минода девордан бошқа томонга намоз ўқиб турганларида эшак миниб илгарилаб бордим. Ўшанда балоғатга етай деб қолган эдим. Сафнинг баъзисини ўтиб туриб, тушдим ва эшакни ўтлатиш учун қўйиб юбориб, сафга кирдим. Буни менга ҳеч ким инкор қилмади».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, эшак уларнинг олдиларидан ўтди ва намозларини бузмади», дейилган.
Бундан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшликларидан кўп нарсани билган, тақводор бўлганлари чиқади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишларини у зот Рафиқи Аълога интиқол қилгунларича давом эттирдилар. У кишининг бу беназир меҳнатлари зое кетмади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу 1660 та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобаларнинг бешинчиси бўлдилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида ҳали ўн тўрт ёшга кирмаган ёш саҳобийнинг кўплаб ўзидан катта саҳобаларни ҳадис ривоят қилишда ортда қолдириб, бешинчи ўринни олишлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яққол намойиш қиладиган омилдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу нафақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахс¬лари ва ҳадисларига, балки у зотга тегишли ҳар бир нарсага улкан эҳтиром ва эъзоз билан қарар эдилар. Бу маънони қуйидаги ривоятни ўрганиш ила яна ҳам очиқроқ англаб етамиз.
Имом Термизий ва Абу Довуд Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ибн Аббосга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи завжалари ҳақида фалончи ўлибди, деб айтилди. Бас, у саждага йиқилди. Сўнгра унга: «Ушбу соатда сажда қиласанми?» де¬йилди. Бас, у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир оят кўрсангиз сажда қилинглар», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг кетишларидан ҳам каттароқ оят борми?» деди.
Бошқа ривоятлардан аниқланишича, бу ҳодиса Ҳафса онамиз вафот этганларида бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирларининг вафот этишлари ҳақидаги хабарни эшитишлари билан худди улкан фожиа содир бўлгандек, Аллоҳга ёлбориб, тазарруъ ила саждага йиқилганлар. Бунга гувоҳ бўлиб турганлар ажабланиб, бир одамнинг ўлимига шунчалик қиласанми, деган саволни берганлар. Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлса, бу ишни ўзларича эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан қилганларини айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам борлиқда воқеъ бўладиган хавфли, даҳшатли ой ёки қуёш тутилиши, зилзила, бўрон, сел каби оятларни кўрган чоғингизда саждага йиқилинглар, деб амр қилган эканлар.
Ибн Аббосдек олим саҳобийнинг фикрларича, сарвари оламга ёстиқдош бўлган, мўминларга она бўлиш шарафига муяссар бўлган буюк зотлардан бирларининг вафот этишлари дунёда воқеъ бўладиган ҳар қандай даҳшатли ҳодисадан кучли бир ҳодисадир. Чунки оналаримиз муборак инсонлар бўлиб, уларнинг вужудлари кўплаб хайр-баракага сабаб бўлиб турар эди. Улардан бирларининг бу дунёдан ўтишлари ҳақиқатда мўмин-мусулмонлар учун катта йўқотиш ва улкан мусибатдир. Шунинг учун бундоқ ўлим хабарини эшитганда, албатта, сажда қилиш керак.
ҲАЗРАТИ АБУ БАКР СИДДИҚ ДАВРИДА
Эндигина ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга ўтаётган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рафиқи Аълога риҳлатларидан кейин ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида илм талаб қилишни ўта тиришқоқлик билан давом эттирдилар.
У киши олим саҳобаларни ўзларига устоз билдилар ва улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўргана олмай қолган нарсаларини ўрганишга киришдилар. Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу икки оёқда юрувчи тирик сўроқ аломатига айланиб қолган эдилар. Агар биров фалон масалани билар эмиш деган гапни эшитсалар, ўша кишини қандоқ қилиб бўлса ҳам топиб, масалани ундан ўрганмагунча тинчимас эдилар.
Келинг, бу илмга чанқоқликни қондириш учун қилинган ҳаракат қандоқ кечганини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қи¬линганларидан кейин ансорийлардан бир йигитга:
«Кел, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан сўраймиз. Улар бугун кўпчилик», дедим.
«Ажойибсан-да, Ибн Аббос! Одамлар сенга муҳтож бўлармидилар. Ҳолбуки, уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзинг кўрган саҳобалари бор-ку!» деди.
У тарк қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан сўрашга киришдим. Бир кишида бир ҳадис борлигини эшитсам, унинг олдига борар эдим. У чошгоҳ уйқусида ухлаб ётган бўлса остонасига ридоимни солиб, болиш қилиб ётар эдим. Шамол у киши уйқусидан тургунча устимга тупроқни сепар эди. У чиқиб мени кўрар ва:
«Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисининг ўғли, одам юборсанг олдингга ўзим борар эдим», дерди.
«Йўқ! Сенинг олдингга мен келишим ҳақлироқ», дер эдим ва ундан ҳадисни сўрашни бошлар эдим».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларига устоз бўлган саҳобаи киромларни ғоятда ҳурмат қилар эдилар. Бу ҳам толиби илмлар амал қилиши лозим бўлган муҳим ишлардан бири эди. У киши бу ишни ҳам ўз жойида уддалар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу олим саҳо¬балардан бўлмиш Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эдилар. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу жўнаб чиқиб, отларига минмоқчи бўлганларида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Зайд бундан қайтардилар.
Шунда Ибн Аббос: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», дедилар.
Зайд ҳам Ибн Аббоснинг кафтларидан ушлаб ўпиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу фақат эшитган нарсасини ёдлаб ёки ўрганиб кетавермас эдилар. У киши ҳар бир нарсани синчиклаб ўрганар ва ҳар бир масалани охиригача етиб, сарани сарага, пучакни пучакка ҳам ажратар эдилар.
Бу ҳақда у кишининг ўзлари қуйидагиларни айтадилар:
«Бир иш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ўттизталарини саволга тутган вақтларим ҳам бўлар эди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўша вақт¬ларда фақат илм учун яшар эдилар. У кишининг бутун вужудлари, барча имкониятлари илм олишга қаратилган эди. Ривоятларда келишича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан баъзи одамлар, бунча илмга қандоқ қилиб эришдинг, деб сўраганларида:
«Савол берувчи тил билан, ақлли қалб билан», деб жавоб берганлар.
ҲАЗРАТИ УМАР БИЛАН
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлган пайтда ҳали ёш бўлишларига қарамай, машҳур олим сифатида ном қозонган эдилар. Ўзлари илмли бўлганлари учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу илмли ёш саҳобийни жуда ҳам қадрлар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни олим сифатида ҳурмат қилиш билан кифояланиб қолмай, у кишининг илмларидан фойдаланишни ҳам ўз ўрнида йўлга қўйган эдилар.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дедилар. У эса:
«У ўзингиз билган одам!» деди.
Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим.
Кейин Умар: «Аллоҳ таолонинг «Иза жааъ а насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар?» деди.
Улардан баъзилари: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз», дедилар.
Баъзилари эса, сукут сақлаб, бирор нарса, демадилар.
Шунда у менга: «Сен ҳам шундоқ дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди.
Мен: «Йўқ», дедим.
У: «Нима дейсан?» деди.
Мен: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир.
Аллоҳ таоло: «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим.
Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди.
Ушбу ривоятдан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни жуда ёш бўлсалар ҳам шуро мажлисига қўшганларига норози бўлган катта саҳобийларга танбеҳ беришни ирода қилиб, алоҳида савол берганларини кўриб турибмиз. Албатта, ўзига қарши чиққан катта саҳобийлар жавоб беролмаган саволга тўғри жавоб бериб, халифа Умар розияллоҳу анҳунинг қўллашларини қозонган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу учун бу катта шараф эди.
Одил халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни қадрларини жуда ҳам яхши билар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга катта-кичик барча ишларида маслаҳат солиб турар эдилар ва у кишига «ёш донишманд» лақабини берган эдилар.
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмларини қанчалик қадрлашларини Саъд ибн Абу Вақ¬қос розияллоҳу анҳу ўзларининг қуйидаги гаплари билан баён қиладилар:
«Ибн Аббосдан кўра фаҳми дақиқ, ақли ўткир, илми кўп ва ҳилми кенг одамни кўрмаганман. Умар уни қийин масалаларни ечишга чақирганини ўзим кўрганман. Ҳолбуки, унинг атрофида муҳожир ва ансор, Бадр аҳллари кўп эди. Агар Ибн Аббос гапирса, Умар унинг гапидан нарига ўтмас эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни чақирар эдилар. У киши уларга Бадр аҳллари билан бирга маслаҳат берар ва Умар ва Усмоннинг вақтларида фатво берар эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Яъқуб ибн Зайддан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзини қийнаган ишларда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маслаҳат солар ва:
«Қани, бир шўнғиб кўрчи, эй ғаввос!» дер эди».
Саъид ибн Мансур, Байҳақий ва Хатиб Иброҳим ат-Таймийдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб бир куни ўзи холи қолди. Кейин у Ибн Аббосга одам юборди. Келганида унга:
«Китоби бир, Набийи бир ва қибласи бир бўлиб туриб, бу уммат қандай қилиб ихтилоф қилиши мумкин?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири! Бизга Қуръон нозил бўлди. Биз уни ўқидик ва у нима ҳақида нозил бўлганини билдик. Биздан кейин бир қавмлар бўлурки, улар Қуръонни ўқирлар, аммо у нима ҳақида нозил бўлганини билмаслар. Бас, ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлур. Ҳар бир қавмнинг ўзининг фикри бўлганда ихтилофга тушарлар, сўнгра урушурлар», деди Ибн Аббос.
Умар уни зажр ила жеркиб ташлади. Ибн Аббос қайтиб кетди. Кейин унинг айтганларини англаб етиб, яна қайта чақирди ва:
«Нима дединг? Яна қайтар-чи!» деди».
Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб:
«Бу кеча бир оятни ўқиб уйқум қочиб кетди. «Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб» оятида нимани ирода қилинган?» деди.
Қавмдан баъзиси:
«Аллоҳу аълам», деди.
«Аллоҳу аъламлигини мен ҳам биламан! Аммо мен сизлардан бирор киши буни биладими ёки у ҳақида эшитган бўлса, ўша эшитганини айтадими, деб сўрадим», деди Умар.
Кейин у менинг ичимда пичирлаб ўтирганимни кўриб қолди-да:
«Айт, эй биродаримнинг ўғли. Ўзингни ҳақир санама!» деди.
«Бундан амал ирода қилинган», дедим.
«Бундан амал ирода қилинган, дегани нима дегани?» деди у.
«Қалбимга илқо қилинган нарсани айтдим», дедим.
У мени тарк қилиб, ўзи тафсир қилиб кетди:
«Тўғри айтдинг, эй биродаримнинг ўғли! Бундан амал ирода қилинган. Одам боласи ёши катта бўлиб, бола-чақаси кўпайиб қолганда боғга муҳтож бўлиб қолади. Одам боласи қиёмат куни амалига жуда ҳам муҳтож бўлиб қолади. Тўғри айтдинг, эй биродаримнинг ўғли!»
Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурида ўтирган эдим. Унга Куфа аҳлидан мактуб келиб қолди. Унда Қуръонни ундоқ ўқибди, бундоқ ўқибди, дейилган эди. У такбир айтди.
«Ихтилоф қилишибдими?» дедим.
«Уфф! Сен нимани биласан?!» деди.
Унинг ғазаби чиқди. Мен ўз уйимга кетдим. Сўнгра у менга одам юборди. Мен баҳона топиб, узр айтдим. У келмасингга қўймасликка қасд қилдим, деди. Олдига бордим.
«Бир нарса дедингми?» деди.
«Астағфируллоҳ! Бундан кейин унга ўхшаш гапни айтмайман», дедим.
«Ўша айтган гапингни менга қайта айт¬магунинг¬ча қўймасликка қасд қилдим», деди.
«Сиз, менга Қуръонни ундоқ ўқибди, бундоқ ўқибди, деган мактуб келди, дедингиз. Мен, ихтилоф қилишибдими, дедим», деб айтдим.
«Буни нимадан билдинг?» деди.
«Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас»¬ни қироат қилдим. Агар буни қилсалар, Қуръон соҳиби сабр қилмас, дедим ва:
«Агар унга, Аллоҳдан қўрққин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а? Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир»ни қироат қилдим.
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, тўғри айтдинг», деди Умар».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим. У мендан Ямандан Яъло ибн Умайя мактуб ёзиб сўраган саволни сўради. Мен саволга жавоб бердим. Шунда Умар:
«Шоҳидлик бераманки, сен нубувват уйидан гапирурсан!» деди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тинмай ўз устиларида ишлар ва илмларига илм қўшиш пайи¬да бўлар эдилар. Бу борада Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларидан кўпроқ нарса ўрганишга ҳаракат қилар эдилар. Шу мақсадда у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сояларига айланиб қолган эдилар.
Имом Баззор раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Мадоин фатҳ қилинганда одамлар ўзларини дунёга урдилар. Мен ўзимни Умар розияллоҳу анҳуга урдим».
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўп ҳадисни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Агар ўша вақтдаги ҳазрати Умарнинг ҳаракатлари ва фаолиятлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, ёнларида доимо Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлганларини мулоҳаза қиламиз. Бу биргаликдан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу асосан, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг илмларидан баҳраманд бўлиш йўлида фойдаланар эдилар.
Бунинг мисоли тариқасида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ушбу ривоятни келтиришимиз мумкин:
«Ҳазрати Умардан Аллоҳ таоло Қуръонда «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) моил бўлур», деб айтган Пайғамбаримизнинг икки аёллари кимлар эканини сўрашга ҳарис бўлиб юрардим. Умар ҳаж қилганларида, мен ҳам ҳаж қилдим. Йўлда Умар четга чиққан эди, мен ҳам четга чиқдим. У қазои ҳожат қилди. Қайтиб келувди, қўлига сув қуйдим. У таҳорат қилди. Мен унга:
«Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ таоло «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз» деб айтган оятида Пайғамбаримизнинг қайси аёлларини назарда тутган, деб сўрадим.
У киши:
«Ажойибсан-да, Ибн Аббос, улар Ҳафса билан Оиша», дедилар-да, қиссани бошидан бошладилар.
«Биз қурайшликлар, аёлларга устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Менинг уйим Умайя ибн Зайднинг Аволийдаги ҳовлисида эди. Бир куни хотинимдан аччиғим чиққан эди, қарасам, менга гап қайтаряпти. Унинг бу ишини инкор қилсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у зотга гап қайтарганида, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганида, мен гап қайтарсам, нима бўпти?!» деди.
Зудлик билан Ҳафсанинг олдига бориб:
«Пайғамбар алайҳиссаломга гап қайтарасанми?» деб сўрадим.
«Ҳа», деди.
«Сизлардан баъзиларингиз у киши билан бир кун-ярим кун гаплашмай ҳам юрадими?» десам,
«Ҳа» деди.
«Ичларингизда ким шу ишни қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди. Ораларингизда кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин. Ундоқ бўлса, ҳалокатга учрайди. Сен у кишига гап қайтармагин, бирор нарса ҳам сўрамагин, мендан сўра, сенга мол-дунё керак бўлса, мен бераман, сенинг қўш¬нинг чиройлироқ, Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин», дедим.
Менинг ансорийлардан бир қўшним бор эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушардик. Бир кун у тушарди, бир кун мен тушардим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирарди. Мен ҳам унга шундоқ хабарларни келтирардим. Ўша кунлари Ғассон қабиласи бизга жанг қилиш учун отларни тайёрлаётганини ўзаро гаплашиб юрардик. Қўшним бир кечаси келиб эшигимни тақиллатди ва мени чақирди. Унинг олдига чиқдим.
«Катта иш содир бўлди», деди у.
«Нима бўлди, Ғассон қабиласи келдими?» дедим.
«Йўқ, ундан ҳам улканроқ иш бўлди. Расулуллоҳ хотинларини талоқ қилдилар», деди.
«Ҳафса ноумид бўлибди ва ютқазибди, шундоқ бўлиб қолмасайди, деб юрган эдим», дедим.
Эрталаб бомдод намозини ўқиб, кийим-бошни кийиб, Ҳафсаникига борсам, йиғлаб ўтирган экан.
«Расулуллоҳ алайҳиссалом сизларни талоқ қилдиларми?» дедим.
«Билмайман, анави жойда ҳаммадан ажраб олганлар», деди.
Қора танли ғуломнинг олдига бордим-да, Умарга изн сўраб бер, дедим.
У ичкарига кириб кетди. Бир оздан кейин чиқиб:
«Сени эслатсам, индамадилар», деди.
Минбар томон борсам, у ерда бир тўп одам ўтирибди, баъзилари йиғлашяпти. Бир оз ўша ерда ўтирдим. Кейин чидай олмадим-да, ғуломнинг олдига бориб, Умар учун изн сўраб кўр, дедим. У ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг чиқиб:
«Сени эслатувдим, индамадилар», деди.
Чиқиб яна минбарнинг ёнида ўтирдим. Чидай олмай яна ғуломнинг ёнига бордим ва Умар учун изн сўраб кўр, дедим. У ичкарига кириб, қайтиб чиқди-да:
«Сени эслатувдим, индамадилар», деди.
Орқамга қайтиб кетаётган эдим, бирдан ғулом чақириб қолди:
«Киравер, сенга изн бердилар», деди.
Кириб, Расулуллоҳга салом бердим. Бўйрага ёнбошлаб олган эканлар, ёнларига ботиб изи чиқиб қолибди.
«Хотинларингизни талоқ қилдингизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
У зот бошларини кўтариб, менга қарадилар-да:
«Йўқ», дедилар.
«Ўзингиз биласиз, эй Аллоҳнинг Расули, биз қурайшликлар аёлларга устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Бир куни қарасам, хотиним менга гап қайтаряпти. Мен буни инкор қилсам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у зотга гап қайтарганда, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганда, мен гап қайтарсам, нима бўпти, деди. Мен, бу ишни ким қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди, дедим. Сиздан кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин?» дедим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом табассум қилдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Ҳафсанинг олдига кирдим ва унга, қўшнингнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин, дедим».
У зот яна табассум қилдилар.
«Ўтирсам майлими, эй Расулуллоҳ?» дедим.
«Ҳа», дедилар.
Ўтириб, бошимни кўтариб, уйга назар солдим ва Аллоҳга қасамки, у зотнинг ҳайбатларидан ўзга кўзга илинадиган нарса тополмадим. Сўнг:
«Эй Аллоҳнинг Расули, умматингизга дуо қилинг, ризқи кенг бўлсин. Аллоҳга ибодат қилмайдиган форс ва румликларнинг ҳам ризқи кенг-ку», дедим.
У зот туриб ўтирдилар ва:
«Эй Ибн Ҳаттоб, сен шакдамисан? Улар бу дунёда ризқлари шошилинч берилган қавмлардир», дедилар.
«Гуноҳимни Аллоҳ кечиришини сўранг», дедим.
У зот хотинларидан кўрган ҳолатнинг шиддатидан бир ойгача уларнинг олдига кирмасликка қасам ичган эканлар, Аллоҳ у зотни итоб қилди».
Бу қиссани Имом Бухорий ва Имом Термизий ҳам ривоят қилганлар.
Қаранг, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу ан¬ҳунинг ҳимматлари билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотираларида сақланиб юрган кўпгина маълумотлар ҳадис китобларимизга кириб қолган. Албатта, бу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонларидан Ислом уммати учун қилинган катта хизматдир.
Баъзи вақтларда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмга ҳарис эканликларини билганларидан у киши ўзларидан бир нарсани сўрамасалар ҳам, ўргатар эдилар.
Имом Дорақутний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, менга ташаҳҳудни ўргатди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, ат-Таҳияту деб ўргатганини айтди».
Агар эътибор берсак, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шахсий котибларига айланиб қолганини кўрамиз. У киши кўпгина ишларини айнан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга топширар эдилар.
Ана шундоқ қилиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умарнинг бу дунёнинг тарк этиш соатларигача бирга бўлдилар. Ислом оламининг забардаст халифасига суиқасд уюштирилиб, у киши хоиннинг урган ханжари сабабидан вафот этишларига оид ривоятларнинг аксари айнан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган.
Имом Бухорий Амр ибн Маймундан ривоят қилади:
«Умар мусибатга учраганда мен билан унинг орамизда фақат Абдуллоҳ ибн Аббос бор эди, холос. У одатда, икки сафнинг орасидан ўтса, «Тўғриланинглар!» дер эди. Токи, сафларда камчилик кўрмаганда, олдинга ўтиб такбир айтар эди. Одамлар жамланиши учун Юсуф ±ки Наҳл сурасими ёки шуларга ўхшашиними қироат қилар эди.
Уни такбир айтганидан сўнг (Абу Луълуъа) чавақлаганда, «Мени ўлдирди ёки еди ит!» деганини эшитдим. Ажам кофир пичоқ билан икки томонга ташланиб бораверди. Кимнинг олдидан ўтса, ўнг томонда бўлса ҳам, чап томонда бўлса ҳам пичоқ санчар эди. У ўн уч кишини пичоқлади. Улардан еттитаси ўлди. Буни кўрган мусулмонлардан бир киши унинг устига чопон ташлади. Ажам кофир тутилишни кўрганидан кейин, ўзини сўйиб юборди.
Умар Абдурраҳмон ибн Авфни қўлидан ушлаб олдинга ўтказди. Умарга яқин турганлар мен кўрган нарсани кўрдилар. Аммо масжиднинг бош¬қа тарафидагилар нима бўлганини билмас эдилар. Улар Умарнинг овози йўқолиб қолганини билдилар, холос. Улар «Субҳаналлоҳ!» дейишар эди. Абдурраҳмон ибн Авф уларга енгил намоз ўқиб берди.
Улар намоздан чиққанларида у (Умар):
«Эй Ибн Аббос, қара-чи, мени ким қатл қилди экан?» деди.
У бир муддат айланди-да, қайтиб келиб:
«Муғийранинг ғуломи», деди.
«Ҳунармандми?» деди.
«Ҳа», деди Ибн Аббос.
«Аллоҳ уни қатл этсин! Мен унга маъруфни амр қилган эдим. Менинг ўлимимни Исломни даъво қилмайдиганнинг қўлида қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Сен билан отанг ажам кофирлар Мадинада кўпайишини яхши кўрар эдинглар», деди.
«Агар хоҳласангиз, қираман», яъни, уларни ўлдираман, деди Ибн Аббос.
«Бекор айтибсан! Улар тилингизда гапирганларидан, қиблангизга қараб намоз ўқиганидан ва ҳажингизни адо этганларидан кейинми!?» деди Умар.
Абу Нуъайм, Ибн Саъд, Тобароний ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬лади:
«Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганда у кишининг ҳузурига кириб:
«Эй мўминларнинг амири! Хурсанд бўлинг! Албатта, Аллоҳ сиз билан шаҳарларни қурди. Нифоқни даф қилди. Ризқни таратди», дедим. У киши:
«Сен менга амирлик бўйича мақтов айтмоқдамисан, эй Ибн Аббос?!» деди. Мен:
«Ундан бошқасида ҳам», дедим. У киши:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мен унга қандай кирсам, шундай чиқишни истардим. Ажр ҳам бўлмаса, гуноҳ ҳам», деди.
Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу:
«Мени ўтқазинглар», деди.
Ўтириб олиб, Ибн Аббосга:
«Менга гапларингни қайтар», деди.
У қайтаргандан кейин:
«Сен шунга Аллоҳнинг олдида, У зотга йўлиққан кунингда гувоҳлик берасанми?!» деди.
«Ҳа!» деди у.
Умар розияллоҳу анҳу бундан хурсанд бўлди».
ҲАЗРАТИ УСМОН ДАВРИДА
Учинчи халифа Усмон Зуннурайни розияллоҳу анҳунинг даврларининг бошланғич қисмида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу фатҳ ҳаракатларида қатнашдилар.
Ўша пайтда ҳазрати Умар даврида бошланган футуҳот турли жабҳаларда муваффақият ила давом этар эди.
Жумладан, Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳу Тобаристонни фатҳ қилди. У киши билан бирга бу ишда ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг икки ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум ва бошқа кўпгина катта саҳобийлар қатнашдилар. Тобарис¬тонликлар аввал жанг қилишди, кейин сулҳ сўрашди. Улар билан сулҳ тузилди.
Кейин эса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ бошлиқ лашкар ичида Мисрни фатҳ этишда ҳам фаол қатнашдилар. Ўшанда у киши Мисрнинг ғайридин бошлиғи Жиржийс билан бўлган музокараларда ҳам қатнашдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг музокара пайтидаги гап-сўзларидан у кишининг улкан ақл ва илм эгаси эканини дарҳол пайқаган Жиржийс у кишини «Ҳабр» (катта олим) деб атади.
Усмон Зуннурайни розияллоҳу анҳунинг даврларининг охирига келиб эса, фитна чиқди. Турли жойлардан келган фитначилар Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилиб олдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу аввало улар билан суҳбат ўтказиб, хатоларини тушунтирмоқчи бўлдилар. Аммо фитначилар гап уқадиган одамлар эмас эди. Бу ҳолни кўрган Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу фитначилар билан айтишиб ўтирмадилар. Ҳовлиларига кириб, ибодатга юз тутдилар. Мадина аҳли у кишига ёрдам бериш учун ҳовлилари атрофига тўпланишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уларни тарқалишга амр қилдилар. Улар ноилож тарқалиб кетдилар. Фақатгина Имом Ҳасан, Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Муҳаммад ибн Толҳа қолдилар.
Қамалда қолган ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ҳаж амири қилиб тайинладилар ва мусулмонларга бош бўлиб ҳажни ўтказишни топширдилар.
«Мен учун анавиларга қарши қитол қилиш ҳаждан кўра маҳбуброқ», деди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.
Аммо ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қаттиқ туриб олдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳажга отландилар. Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон у киши орқали мусулмонларга ўз мактубларини юбордилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу дард-алам ила ёзилган мактубни таврия (ёлғон Арафа) куни мусулмонлар оммасига ўқиб бердилар.
Ўзлари мусулмонларнинг ҳаж амири бўлган йили Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бутун ҳажга келган кишиларни ўз илм денгизларидан қониб-қониб чанқоқларини босишлари учун ҳаракат қилдилар. Ҳаж амири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ваъз-иршодлари, хутбалари ва саволларга берган жавобларидан ҳожилар баҳра олдилар.
Имом Ҳоким Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ибн Аббос ҳажга бошлиқ бўлган йили бир дўстим билан бирга ҳаж қилдим. Ибн Аббос «Нур» сурасини ўқиб, тафсир қила бошлади. Дўстим менга:
«Субҳаналлоҳи! Бу одамнинг бошидан нималар чиқмоқда! Агар буни турклар эшитса, мусулмон бўлиб кетадилар!» деди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«У киши ҳаж кечаларида сочини қирдириб олган Ибн Аббоснинг одамларнинг ҳаж ибодатлари ҳақидаги саволларига жавоб бераётганини кўриб туриб:
«У қолганларнинг ичида ҳаж ибодатларини энг яхши биладигани», дедилар».
ҲАЗРАТИ АЛИ ДАВРИДА
Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин халифаликка сайланган ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ислом жамиятида тутган ўринлари яна ҳам юксак бўлди.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари турли ихтилофлар Ислом умматини қамраб олган бир вақтда бошланди. Хусусан, мусулмонлар орасида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни қатл этган фитначиларга бўлиши керак муомала ҳақида катта ихтилоф чиққан эди. Ана ўша ихтилоф юзасидан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бошлиқ Шом аҳли ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилмасдан аввал фитначиларни жазога тортишни шарт қилиб туриб олдилар. Олиб борилган музокаралар ва тушунтиришлар фойда бермади. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Шомга лашкар тортиб боришга қарор қилдилар.
Шунда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важ¬ҳаҳу ўз волийларига Шомга бориш учун тайёргарлик кўриш ҳақида амр юбордилар. У киши ўз ҳузурларидаги кишиларни ҳам тартибга солдилар. Байроқни Ҳанафийя исмли хотинидан бўлган ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафийяга бердилар. Ўнг қанотга Абдуллоҳ ибн Аббосни, чап қанотга Амр ибн Абу Саламани қўмондон қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши чиққанларни олмадилар. Қусам ибн Аббосни Мадинада ўз ўринларига та¬йин қилдилар.
Кўриниб турибдики, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу нафақат катта олим, балки халифанинг лашкаридаги икки бош қўмондонлардан бири бўлиш даражасидаги ҳарбий саркарда ҳам эдилар. Албатта, бундоқ даражага ҳар ким ҳам эриша олмайди. Ҳарбий ишларга уста кишилар одатда илм¬дан бир оз четда бўлсалар, илмга берилган зотлар ҳарбий ишлардан узоқда бўладилар.
Кейинчалик ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни Басрага волий қилиб тайинладилар. Ўша вақтда дунёдаги икки буюк салтанатни енгиб, оламнинг энг кучли жамиятига айланган Ислом жамиятида Басра марказий ва муҳим вилоят ҳисобланар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўша нозик жойнинг волийлигини ҳам қоиллатиб адо этдилар. Бу билан у киши нафақат улуғ олим, моҳир саркарда, балки уддабурон жамоат арбоби эканини ҳам исбот қилдилар. Унча-бунча волийлар билан яқинлаша олмайдиган басраликлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан рози бўлдилар ва у кишига таҳсинлар айтдилар.
Басраликлардан бири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни қуйидагича васф қилганини тарихчиларимиз ишончли санадлар ила келтирадилар:
«Албатта, у уч нарсани оладир, уч нарсани тарк этадир;
Қачон гапирса, кишиларнинг қалбини олади.
Қачон унга гапирилса, тинглашни гўзал томондан олади.
Икки ишда хилоф қилинса, осонини олади.
Риёкорликни тарк қилади.
Пасткашларга дўст бўлишни тарк қилади.
Ортидан узр айтиладиган нарсани тарк қилади».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу халифа Алининг волийларидан бири бўлсалар ҳам илм бобида у кишига қарши фикр айта оладиган нодир шахслардан эдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг илм бобида беназир эканликлари ҳаммага маълум ва машҳур. Аммо шундоқ бўлса ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у кишига ундоқ эмас, бундоқ дея олар эдилар.
Имом Термизий, Абу Довуд ва Бухорий Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Али каррамаллоҳу важ¬ҳаҳу Исломдан чиқиб, муртад бўлган қавмни куйдиртириб юборди.
Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга етди. Шунда у киши: «Агар мен бўлганимда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким динини алмаштирса, уни қатл қилинглар», деганларига биноан, уларни қатл қилар эдим. Уларни Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг азоби ила азобламанглар» деганларига биноан, уларни куйдирмас эдим», деди.
Бу гап Ҳазрати Алига етди ва у: «Ибн Аббос тўғри айтди», деди».
Ушбу ривоятдан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмлари қанчалик ўткир эканлигини яна бир кўрмоқдамиз.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Куфада туриб, шомликларни ўзларига байъат қилишга яна ундаб кўрдилар. Уларнинг ҳузурига одамлар юбордилар. Ихтилофли масалаларни баён қилиб беришга уриндилар. Аммо Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўз фикрларида туриб олдилар.
Шундан сўнг у киши Муовия розияллоҳу анҳунинг бу қилмишини мусулмонлар жамоасига қарши чиқиш деб баҳоладилар ва ўттиз олтинчи сананинг ражаб ойидан ўн икки кун қолганида лашкар билан Шомга қараб юрдилар. У киши Нухайла номли жойга келиб аскаргоҳ қурдилар. Басрадан у ернинг волийи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан етиб келиб, қўшилдилар.
Бўлиб ўтган «Сиффийн» урушида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг энг яқин ёрдамчиларидан бўлдилар. У кишига доимо маслаҳатлар бериб турдилар.
Иш охири ихтилофни ҳакамлар йўли билан ҳал қилишга келишиш билан тамом бўлди.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу «Сиффийн»дан Куфага қайтдилар. Аммо у пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ёрилиш бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг йиғинига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун юбордилар. У киши хаворижлар билан ажойиб услубда музокара ва муноқаша юритдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларга қарата:
«Алининг нимаси сизларга ёқмай қолди?» дедилар.
«Бизга унинг уч нарсаси ёқмай қолди:
Биринчидан, у Аллоҳнинг динида одамларни ҳакам қилди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло «Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзида, холос», деган.
Иккинчидан, у ўзига қарши бўлганларга қарши уруш қилди. Аммо улардан асир ҳам, ўлжа ҳам олмади. Агар қарши тарафдагилар кофир бўлсалар, моллари ҳалол бўлиши керак. Агар улар мўмин бўлсалар, қонлари ҳаром бўлиши керак.
Учинчидан, ҳакамликни жорий қилиш вақтида душманларининг талабига биноан, ўзидан мўминлар амири сифатини олинишига рози бўлди. Агар у мўминларга амир бўлмаса, кофирларга амир бўлади», дейишди.
Хаворижларнинг ҳазрати Алига қарши қўйган айбларини яхшилаб тинглаб олганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларни ўта пуч даъволар эканини бирма-бир фош қила бошладилар. У киши уларга қараб:
«Сизлар, у Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди, демоқдасизлар. Қилса, нима бўлибди?! Аллоҳ таолонинг Ўзи:
«Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадигани», деган-ку!
Қани, Аллоҳ ҳақи менга айтинглар-чи?! Мусулмонларнинг қонини сақлаш учун кишиларни ҳакам қилиш авло ва ҳақлими ёки баҳоси чорак дирҳамлик қуёнга ҳакам қилишми?!» дедилар.
Хаворижларнинг раҳбарлари бундоқ ёрқин ҳужжат ва шиддатли жавоб қаршисида оғизларига калима келмай, каловланиб қолдилар. Ислом умматининг илм денгизи эса, ўзларининг пурмаъно жавобларида давом этдилар:
«Сизлар, у уруш қилиб, ўлжа ҳам, асир ҳам олмади, демоқдасизлар. Сизлар Расулнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг онаси Оишани асир қилиб олишини истаган эдингизми?! У кишининг нарсаларини ўлжа қилиб олишни истаган эдингизми!?» дедилар.
Шу гапларни айтганларида хаворижларни юзлари хижолатдан сарғайиб кетди. Улар юзларини қўллари билан тўсиб олдилар.
Сўнг Абдуллоҳ ибн Аббос учинчи масалага ўтдилар:
«Сизлар, у ҳакамликни жорий қилиш учун ўзидан мўминлар амири сифатини олинишига рози бўлди, демоқдасизлар. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбийя куни нима қилганларига қулоқ осинглар. У зот ўзлари билан Қурайш орасида тузиладиган аҳдномани имло қила бошладилар. У киши котибга:
«Ёз. Бу Аллоҳнинг Расули Муҳаммад тузган», деган эдилар, Қурайшнинг элчиси:
«Аллоҳга қасамки, сенинг Расулуллоҳ эканингни билганимизда Байтдан йўлингни ҳам тўсмас эдик, сенга қарши уруш ҳам қилмас эдик. Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ тузган нарса, деб ёз!» деди.
Шунда Расулуллоҳ уларга:
«Аллоҳга қасамки, сизлар ёлғонга чиқарсангиз ҳам, барибир мен Аллоҳнинг Расулиман», дедилар ва котибга:
«Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ тузган нарса», деб ёз дедилар!»
Шу тариқа давом этган тортишувдан кейин ўз фикрини маҳкам ушлаб олиши билан ном чиқарган хаворижлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қаршиларида мағлубиятга учрадилар.
Ана ўша бақироқ хаворижларнинг кўплари сал олдин ҳазрати Али ибн Абу Толибни ҳакамликни қабул қилишга, у киши, биздан Абдуллоҳ ибн Аббос ҳакам бўлсин, десалар, Абу Мусо ал-Ашъарийни ҳакам қилишга мажбур қилган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳакамлар орасида ўтказилган музокарада ҳам ҳазрати Али одамлари томонидан фаол иштирок этдилар. Ҳакамлик ниҳоясида Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу соддалик ва қарилик қилиб, ҳийла тузоғига илиниб қолиб, иш чаппасига айланиб кетганда ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига содиқликларича қолдилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ва унинг шериклари Муовиянинг олдига бориб, уни халифалик билан муборакбод қилдилар. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу уялиб, Макка томон йўл олди. Абдуллоҳ ибн Аббос ва Шурайҳ ибн Ҳониъ хабарни ҳазрати Али ибн Абу Толибга етказдилар.
Зубайрнинг ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Басрага амирлик чоғларида Рамазон келиб қолса, ўша ой ичи одамларга илм ўргатиб, ойнинг охирида ҳаммасини фақиҳ қилиб қўяр эди.
ҲАЗРАТИ АЛИДАН КЕЙИН
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хаворижлар фитнасининг қурбони бўлганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам Басра волийлигини ташлаб, ўз ўринларига Абдуллоҳ ибн Ҳорисни Басрага волий қилди. Ўзлари Мадинаи Мунавварага қайтдилар. Бу ерда илмий ишлар билан машғул бўлдилар. Илм аҳлига дарс бердилар.
Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, ўз замонида ҳосил қилиниши мумкин бўлган барча илмлардан пешқадамликни қўлга олган эдилар. Агар ифодали қилиб айтиш мумкин бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу икки оёқда юрадиган Ислом дорулфунунига айланиб бўлган эдилар. У кишидаги илмларнинг кўплиги, чуқурлиги ва дарс бериш қобилияти кишиларни лол қолдирар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу барча илмларда олий даражада дарс бериш қобилиятларини исбот қилган эдилар. У кишининг довруқлари етти иқлимга тарқалиб, турли тарафлардан илм талабидаги кишилар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дорулфунунида таҳсил олиш учун Мадинаи Мунаввара томон оқиб келар эдилар.
Тарихчиларимиз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга яқин бўлиб, у кишининг хизматларини қилиш шарафига муяссар бўлган зотлардан бирининг қуйидаги ҳикоясини нақл қиладилар:
«Мен Ибн Аббоснинг бир мажлисини кўрдим. Агар Қурайшнинг барчаси у билан фахр қилса, фахр қилишга арзийди. Одамлар унинг эшиги олдида тўпланиб туришганини кўрдим. Йўллар ҳам одамларга тўлиб кетган эди. Шу қадар одам кўп эдики, биров киришга ҳам, чиқишга ҳам қодир эмас эди.
Мен кириб, у кишига эшиги олдида турган одамлар ҳақида хабар бердим. У киши менга:
«Таҳоратимга сув олиб кел», деди.
Бориб, таҳорат қилди. Қайтиб келиб, жойига ўтирди ва:
«Уларнинг олдига чиқиб ким Қуръондан ва унинг таъвилидан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.
Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:
«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга:
«Уларнинг олдига чиқиб, ким ҳалол ва ҳаромдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.
Мен чиқиб уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:
«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб, бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга:
«Уларнинг олдига чиқиб, ким меросдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.
Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:
«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб, бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга:
«Уларнинг олдига чиқиб, ким араб тилидан ва шеърдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.
Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илм йўлида ихлос билан қилган хизматларига мусулмон уммати ҳам ихлос билан тақдир қилар эди. Бу ҳақиқатни қуйидаги муқоясадан билиб олсак ҳам бўлади.
Ўша йиллардан бирида дунёдаги энг кучли жамият бўлмиш Ислом жамиятининг кўп йиллик раҳбари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, дунёга донғи кетган халифа Муовия ибн Абу Суфён ҳаж қилдилар. Иттифоқо ўша йили Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам ҳаж қилдилар. Халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга жамият арбобларидан, сипоҳ, суворий ва хизматкорлардан катта гуруҳ эргашиб юрар эди. У киши қаерга борсалар, дунёдаги энг катта жамият бошлиғи кўриши лозим бўлган иззат-эҳтиромни кўрар эдилар. Бунинг муқобилига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳам илм толибларидан ташкил топган мухлислари бор эди. Улар ҳам у зотнинг атрофларида бўлар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг гуруҳлари халифа Муовия ибн Абу Суфённинг одамларидан анча кўплигини ва у кишига бўлаётган эҳтиром ҳам жуда юқорилигини узоқдан кўрган нотаниш киши ҳам дарҳол пайқар эди.
ИМОМ ҲУСАЙН БИЛАН
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ҳам кўп хизматлар қилдилар. У кишининг Имом Ҳусайнга қилган хизматларининг кўпи доно маслаҳатлари бўлган десак, хато қилмаган бўламиз.
Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз ихтиёрлари билан халифаликни халифа Муовия ибн Абу Суф¬ён розияллоҳу анҳуга топшираётган вақтларида бир қарорга келишилган эди–халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу вафотларидан кейин Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу халифа бўлишлари лозим эди. Аммо халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳаёт вақтидаёқ ўз ўғиллари Язидга байъат олдилар. Муовия розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қўрқиб жим турганлар у киши вафот этишлари билан бу масалани қайта кўтардилар.
Муовия розияллоҳу анҳунинг замонидаёқ Ироқ аҳли Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзлари томон чорлашар ва халифаликни талаб қилишга ундашар эдилар. Язидга байъат қилинганидан кейин Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фикрлари бир ерда тўхтамай, узоқ ўйладилар. Бир жойларида турмоқчи бўлдилар, бир Ироқ аҳли томон юрмоқчи бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у кишини Ироққа боришлари тарафдори бўлдилар.
Аммо Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Ундоқ қилма», дедилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу у кишига:
«Аллоҳга қасамки, сен худди Усмон қатл қилинганидек, аёлларинг ва қизларинг орасида қатл қилинсанг керак», деди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна қайтиб келиб Имом Ҳусайнни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилди:
«Одамларни Ироққа бормоқчи эканинг даҳшатга солмоқда, айт-чи, нима қилмоқчисан ўзи?!» деди.
«Ушбу икки кун ичида юришга азму қарор қилдим», дедилар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу
«Ундоқ қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, сен менга айт-чи, сен амирларини ўлдириб, юртларини бошини тутиб, душманларини ҳайдаган қавмнинг олдига бормоқчимисан! Агар шундоқ қилган бўлсалар, уларнинг олдиларига боравер. Аммо амирлари устиларида туриб, омиллари юртларини идора қилиб туриб, сени чақиришаётган бўлсалар, сени фақатгина урушга чақираётган бўладилар. Мен улар сени алдашларидан, ёлғончи қилишларидан, сенга хилоф этишларидан, сени ташлаб қочишларидан, сенга қарши чиқишларидан ва ашаддий душман бўлишларидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан:
«Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига назар соламан», дедилар.
Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна қайтиб келиб:
«Эй амакиваччам! Шунча сабр қилай деб уринсам ҳам, сабр қила олмаяпман. Шу йўналишда кетаверсанг ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқ¬моқдаман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Ушбу юртда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, омиларини ва душманларини қувсинлар. Кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқмасанг бўлмайдиган бўлса, Яманга бор. Унда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг шийъалари бор. Ўзинг одамлардан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, тарғиботчиларингни тарқатасан. Ана шунда менимча, сенга ўзинг офиятда бўлган ҳолингда сен яхши кўрган нарса келади», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишининг бу гапларини қабул қилмадилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни ва кичик болаларингни олиб борма, мен сенинг ҳам Усмон қатл қилинганидек аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.
У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар.
Афсуски, ҳамма гап Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганларидек бўлиб чиқди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳам худди Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганидек аёллари ва болалари кўз ўнгида қатл қилиндилар.
ИЛМ ДЕНГИЗИ
Илмлари ниҳоятда ўткир, серқирра ва кўп бўлганидан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ислом умматининг «илм денгизи» лақабини олган эдилар. Умуман, у кишининг илмлари ҳамма томондан бирдек тан олиниб, барча илмий унвон ва лақаб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга насиб этган эди.
«Исоба фии тамйизи саҳоба» номли китоб соҳиблари келтирган ривоятда машҳур тобеъинлардан Мужоҳид розияллоҳу анҳу:
«Ибн Аббос илмининг кўплигидан «денгиз» деб номланар эди», деганлар.
Жобир ибн Зайддан қилинган ривоятда эса:
«Мен «денгиз»дан эшакларнинг гўшти ҳақида сўрадим. Ибн Аббос «ҳадис денгизи» деб номланар эди», дейилган.
Абу Бакра айтадилар:
«Ибн Аббос бизнинг ҳузуримизга Басрага келди. Арабларнинг ичида жисмда ҳам, илмда ҳам, ки¬йимда ҳам, жамолда ҳам, камолда ҳам унга тенг келадигани йўқ эди.
Ибн Мунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни қуйидагича хотирлайдилар:
«У киши оппоқ, новча, бир оз сарғиш, жуссадор, чиройли, очиқ юзли, елкасига тушган сочини ҳинолаб юрадиган одам эди».
Абу Исҳоқ бўлса:
«Ибн Аббосни кўрганман. У киши жуссадор, бошининг олд қисмидаги сочи оқарган ва сочи елкасига ўсиб тушган одам эди», дейди.
Абу Ҳамзанинг хотирлашларича:
«Ибн Аббос ўтирганда икки кишининг жойини оладиган одам бўлганлар».
Имом Бағавий «Мўъжам»ларида келтиришларича:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббосни ўзига яқин ўтқизар ва:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сени чақириб, бошингни силаб, оғзингга туфуриб туриб, эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин, унга таъвийлни ўргатгин, деганларини кўрганман», дер эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишларича:
«Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ўз олдидан туриб кетган Ибн Аббосни кўрсатиб, «Манави ушбу умматнинг «ҳабри» (катта олими) бўлади. Унга ақл ҳам, жисм ҳам берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига динда фақиҳ бўлишини сўраб дуо қилганлар», деган.
Буюк тобеъинлардан Аъмаш розияллоҳу анҳу:
«Ибн Аббос Қуръоннинг қандоқ ҳам яхши таржимони», дер эдилар.
Қуйида келтириладиган ривоятлар ҳақиқатдан ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръ¬они Карим маъноларини дақиқ жойларигача пухта англаб етган зот эканликларини кўрсатади.
Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Динордан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Бир одам Абдуллоҳ ибн Умардан Аллоҳ таолонинг «Иккилари (еру осмон) жипс эди. Бас, Биз уларни ёрдик» деган қавли ҳақида сўради. Укиши унга:
«Ҳов анави шайхнинг олдига бориб сўра. Ке¬йин келиб менга хабарини бер!» деди.
У Ибн Аббоснинг олдига бориб сўради. Бас, у:
«Осмонлар жипс бўлиб, ёмғир тушмас эди. Ер жипс бўлиб, ўсимлик ўсмас эди. Унисини ёмғир билан ёрди. Бунисини ўсимлик билан ёрди», деди.
Ҳалиги одам қайтиб келиб, хабарни Ибн Умарга айтди. Шунда у:
«Ибн Аббосга шундоқ содиқ илм берилган. Мен Ибн Аббоснинг Қуръоннинг тафсир қилишдаги журъатини ёқтирмайман, деб юрар эдим. Энди унга илм берилганига ишончим комил бўлди», деди.
Имом Бухорий ривоят қилади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан:
«Аллоҳ таолонинг «Фақатгина қаробат маваддасини сўрайман, холос» ояти ҳақида сўралди.
Бас, Саъид ибн Жубайр:
«Қаробат Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир», деди.
Шунда Ибн Аббос:
«Шошилдинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш қоринларидан ҳар бир қоринда қаробатлари бордир. Бас, у зот, мен билан орангиздаги қаробатни боғлашингиз учунгина, дедилар», деди».
Шуро сурасидаги бу ояти каримани яхшироқ ўрганиб олишимиз лозим. Ана ўшанда ушбу ривоятни ҳам тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.
Ояти кариманинг тўлиқ матни:
«Мен сизлардан унга ажр сўрамайман. Фақатгина қаробат маваддасини сўрайман, холос»дир.
Бу ояти карима ансорий саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, сиз ила Аллоҳ бизни ҳидоят қилди. Энди сизга турли ҳолатлар ориз бўлиб туради. Сизда бўлса ҳеч қандай молу мулк йўқ. Биз сизга керакли молу мулкни тўплаб берсак, деганларида нозил бўлган.
Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, ансорийларга бу масалада айтишлари лозим бўлган гап ўргатилмоқда: «Мен сизларни Исломга чақирганим учун ажр беришингизнинг кераги йўқ. Фақат ақраболаримга дўстлик қилиб турсаларингиз бўлди».
Кишилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу оятнинг маъносини сўраганларида у кишидан олдин тобеъинлардан бўлган Саъид ибн Жубайр:
«Қаробат Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир», деб жавоб берибди.
Шунда Ибн Аббос:
«Шошилдинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш қоринларидан ҳар бир қоринда қаробатлари бордир. Бас, у зот, мен билан орангиздаги қаробатни боғлашингиз учунгина, дедилар», деган эканлар.
Дарҳақиқат, насаб суриштириладиган бўлса, Қурайшнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош бўлиб қолиши турган гап. Аммо бу ерда гап алоҳида тор доира ҳақида кетмоқда.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Товус розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан етмиш кишини, агар бир гапда келиша олмай қолсалар, Ибн Аббоснинг ҳузурига борганларини кўрдим».
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Ибн Аббос инсонлардан кўп хислатларда ўзиб кетди. Илм¬да у кишига етадигани йўқ эди. Фиқҳда доимо у кишини фикрига суянилар эди. Ҳалимликда ва насабда у зотга тенг келинмасди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини у кишидан яхши биладиган ёки халифаларнинг қозилик ишларини у кишидан кўра яхшироқ англайдиган киши топилмас эди».
Убайдуллоҳ ибн Утба розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳақларида қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Ибн Аббосдан кўра яхшироқ биладиган бирор кишини кўрмадим. Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг чиқарган ҳукмларини Ибн Аббосчалик биладиган одамни ҳам кўрмадим.
Ундан кўра фақиҳроқ бирор кишини ҳам кўрмадим. Араб тилини, шеърни, Қуръон тафсирини, ҳисобни ва меросни унчалик биладиган одамни кўрмадим.
У бир кун фиқҳ учун мажлис қурар эди. Бир кун таъвийл учун мажлис қурар эди. Бир кун ма¬ғозий (жанглар) илми учун. Бир кун шеър учун. Бир кун арабларнинг машҳур кунлари ва хабарлари учун.
Қай бир олим унинг олдида ўтирса, унга қулоқ тутганини кўрдим. Қай бир сўровчи ундан бир нарса сўраса, ундан тўлиқ жавоб олганини кўрдим».
Ҳа, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмнинг турли соҳаларида энг баланд чўққига чи¬қишга муяссар бўлган нодир зот эдилар. Шу билан бирга, у киши ўша илмни қандоқ ишлатишни ҳам яхши билар эдилар. У киши бирор нарсани айтишдан олдин шароитга, шахсларга ва айтиладиган гапга яхшилаб назар солиб, сўнг энг фойдали гапни айтар эдилар.
Имом Бухорий Муслим ва Насаий ривоят қиладилар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан мўмин кишини қасддан ўлдирган, сўнгра тавба қилиб, ҳидоят топган киши ҳақида сўралди. У киши:
«Унга қаёқдан тавба бўлар эди! Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақтул қотилга томирларидан қон отилиб турган ҳолида осилиб келади ва: «Эй Роббим, мана бундан сўрагин, мени нима учун қатл қилган экан, дейди», деганларини эшитганман», деди.
Сўнгра ўз гапида давом этиб:
«Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, бу ҳақда оят нозил бўлганидан кейин уни ҳеч нарса насх қилгани йўқ», деди.
Ушбу ривоятдан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг жумҳур мусулмонларга хилоф ўлароқ, мўмин кишини қасддан ўлдирган одамнинг ҳукми ҳақида алоҳида фикрлари борга ўхшайди.
Жумҳурнинг мазҳабига биноан, мўмин кишини қасддан ўлдирган одам тавба қилса, тавбаси қабул бўлади. Чунки оятда Аллоҳ таоло ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишини таъкидлаб айтган. Шунга биноан, мўмин кишини қасд¬дан ўлдирган одам чин дилдан тавба қилса, тавбаси қабул бўлади ва жиноятига белгиланган жазо берилгандан сўнг яхшилар қаторига ўтади.
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса, мўмин одамни қасддан ўлдирган шахс ҳарқанча тавба қилса ҳам тавбаси қабул бўлмайди, деган гапни айтмоқдалар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу фикрга боришларига, қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси қабул бўлишига ишора қилувчи оят бирмунча амалда бўлиб тургандан кейин, «Ким мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир» ояти нозил бўлиб, насх қилган ва яна тавба қабул бўлганлиги ҳақидаги оятга амал қилишга ўтилганга ўхшайди.
Аммо бошқа баъзи ривоятларга қараганда, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур гапларни махсус бир ҳолда айтганлар. Маълум бўлишича, у кишидан савол сўраб келувчи шахс биров билан уришиб қолиб, уни ўлдирмоқчи бўлиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан фатво сўраб келган экан. Ҳалиги одамнинг авзоини кўрган Ибн Аббос розияллоҳу анҳу гап нимада эканини тушуниб етиб, юқоридаги гапларни айтган эканлар. Шу билан бир мусулмоннинг жони ва яна бошқа бир мусулмонни жиноят қилишдан сақлаб қолинган.
Шу билан бирга, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу масалада қаттиқ туришлари одам ўлдириш нақадар қаттиқ гуноҳ эканлигини яна бир бор таъкидламоқда.
Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ Мужоҳид ро¬зияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Биз Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг асҳоблари–Ато, Икрима мажлис қуриб ўтирган эдик. Ибн Аббос намоз ўқиб турган эди. Бир киши келиб:
«Фатво берувчи борми?» деди.
«Сўра», дедим.
«Қачон сийсам, ортидан отилувчи сув келади?» деди.
«Бола бўладиган сувми?» дедик.
«Ҳа», деди.
«Сенга ғусл вожиб бўлади», дедик.
У ортига ўгирилиб, қайтиб кетди.
Ибн Аббос намозини тезлаб тамомлади-да салом бериб туриб:
«Эй Икрима! Ҳалиги одамни менга чақиринглар!» деди.
Бас, у ҳалиги одамни қайтариб келди. Ибн Аббос бизга қараб:
«Айтинглар-чи, унга берган фатволарингиз Аллоҳнинг китобиданми?!» деди.
«Йўқ», дедик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлариданми?» деди.
«Йўқ», дедик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалариданми?!» деди.
«Йўқ», дедик.
«Бўлмаса, кимдан?» деди.
«Ўз фикримиздан», дедик.
«Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан шиддатлироқдир», деганлар, деди-да, ҳалиги одамга қараб ўгирилиб туриб:
«Айт-чи, ўша нарса сенда бўлганда қалбингда шаҳват топасанми?» деди.
«Йўқ», деди.
«Жасадингда бўшашишлик сезасанми?» деди.
«Йўқ», деди.
«Бу совуқда, сен таҳорат қилиб олсанг кифоя қилади», деди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзлари илм денгизи бўлишлари билан ўзгаларни ҳам илм¬га қаттиқ тарғиб қилар эдилар. Ҳатто баъзи вақт¬ларда илмни жиҳоддан устун қўяр эдилар.
Ибн Занжавайҳ Али ал-Авдийдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан жиҳод ҳақида сўрадим. Бас, у киши:
«Мен сени жиҳоддан ҳам яхшироқ нарсага далолат қилайми?! Масжидга борасан-да, у ерда Қуръондан ва диндаги фиқҳдан дарс оласан», деди».
Ўзлари беназир буюк олим бўлганлари учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ким ҳақиқий олиму ким илмни даъво қилувчи сохтакор эканлигини жуда ҳам яхши билар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг роббоний уламолари ҳақидаги гапларига далил сифатида Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Ваҳб ибн Мунаббиҳ розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга бир қавм Бани Саҳм дарвозаси олдида туриб хусуматлашаётгани хабар қилинди. Менимча, қадар ҳақида бўлса керак. Бас, у киши улар томон турди. Ҳассасини Икримага бериб туриб, бир қўли билан унга, бош¬қаси билан Товусга суянди ва ҳалигиларга қараб:
«Менга яқинроқ келинглар! Мен сизларни кўра¬йин», деди. Улар яқинроқ келдилар. Шунда у киши:
«Аллоҳнинг бир хил бандалари борлигини билмасмидингиз?! Улар кар бўлмасалар ҳам У зотдан қўрққанларидан қулоқларини кар қилиб олар эдилар. Улар, ҳа ўшалар, уламолар, фусаҳолар, сўзамоллар ва фузалолар эдилар. Улар Аллоҳ азза ва жалланинг кунларини яхши билар эдилар. Шу билан бирга, улар Аллоҳ азза ва жалланинг азаматини эсласалар, ақллари лол қолар, қалблари ларзага тушар ва тиллари кесилар эди. Ўша ҳолатдан чиқиб, ўзларига келганларида эса, Аллоҳ азза ва жалла учун пок амалларни қилишга шошилар эдилар. Гарчи ўктам ва кучли бўлсалар ҳам, ўзларини ҳаддан ошган ҳисоблар эдилар. Гарчи аброр ва айбсиз бўлсалар ҳам, ўзларини золим ва хатокорлардан ҳисоблар эдилар. Фақатгина улар У Зот учун қилинган кўп нарсани кўп санамас, оздан рози бўлмас ва амаллари билан эркалик қилмас эдилар. Уларни қачон учратсанг, ғамгин ва қўрққан ҳолларида бўлар эдилар», деди.
Сўнгра қайрилиб, ўз мажлисига кетди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёмон уламолар ҳақида айтган гапларини Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳ Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан қуйидагича келтирадилар:
«Агар илм эгалари уни ҳаққи илм олганларида ва унинг учун лозим бўлган нарсани қилганларида, албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари ва аҳли солиҳлар уларга муҳаббат қилган бўлар эди. Одамлар уларни эҳтиром қилар эди. Лекин улар илм ила дунёни талаб қилдилар. Бас, Аллоҳ уларга ғазаб қилди ва одамлар олдида хор бўлдилар».
ОДАМЛАР ХИЗМАТИДА
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу фақат кишиларга илм ўргатиш билан кифояланиб қолмас эдилар. Балки, турли соҳаларда кўпчилик хизматида бўлишга ҳаракат қилар эдилар. У киши ўзлари билган илмга амал қилишда ҳам бошқаларга ўрнак бўлар эдилар.
Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўта сахий ва эҳсон қилишни яхши кўрадиган зот эдилар. У кишининг замондошларидан бирлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:
«Ибн Аббоснинг уйичалик–таоми, шароби, меваси ва илми кўп уйни кўрмадик».
Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир одам келиб:
«Эй Ибн Аббос, «Ашҳаду аллаа илаҳа иллалло¬ҳу ва анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» дейсанми?» деди.
«Ҳа», дедилар.
«Рамазон (рўзасини) тутасанми?» деди.
«Ҳа, сен сўраб қолдинг. Сўровчининг ҳаққи бор. Биз сенга яхшилик қилишимиз керак», дедилар Ибн Аббос.
Кейин унга кийим бердилар ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси бир мусулмон бошқа мусулмонга кийим кийдирса, у модомики, устида кийим бир парча қолгунча Аллоҳнинг муҳофазасида бўлади, деганларини эшитганман», дедилар».
Имом Тобараний, Ибн Асокир ва бошқалар Ҳабиб ибн Абу Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абу Айюб розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг олдига бориб қарзи борлигидан шикоят қилди. Бас, унинг ҳузурида ўзи хоҳлаган нарсани кўрмади. Балки, хоҳламаган нарсани кўрди ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан кейин «ўзим бўлай»ни кўрасизлар», деганларини эшитган эдим», деди.
«Ўшанда нима қилиш керак, деган эдилар?» деди Муовия.
«Сабр қилинглар», деган эдилар», деди у.
«Ундоқ бўлса, сабр қил!» деди Муовия.
«Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қачон сендан бир нарса сўрамайман!» деди.
Сўнгра у Басрага келиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига тушди. У унга ўз уйини бўшатиб берди ва:
«Албатта, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қандоқ қилган бўлсанг, мен ҳам сенга шундоқ қиламан!» деди.
Аҳлига амр қилган эди, уйдан чиқиб кетдилар. Сўнгра у унга:
«Уйда нима бўлса, ҳаммаси сеники!» деди ва қирқ минг пул ва йигирмата қул берди».
Имом Ҳоким ва Тобароний келтирган ривоятда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Биз ансорийлар жамоаси Умар ёки Усмондан (ровийлардан Абу Зинод шак қилган) бир нарсани талаб қилдик. Бас, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини ўзимиз билан бирга олиб бордик. Шунда Ибн Аббос ҳам гапирди, қолганлар ҳам гапирдилар. Улар ансорийларни, уларнинг фазлларини зикр қилдилар. Биз талаб қилган иш оғир иш эди. Волий узр айтди. У уларнинг ҳар гапига жавоб топиб бераверди. Охири улар унинг узрини қабул қилиб ўринларидан туришди. Фақат Ибн Аббос турмади. У ўз гапида давом этиб:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ансорийларга бундоқ қилиш тўғри келмайди. Ахир улар нусрат берганлар, жой берганлар, деб уларнинг фазлларини зикр қилаверди. У яна:
«Манависи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари, у зотни ҳимоя қилган», деди.
Ибн Аббос ўзининг жамловчи каломи ила барча узрларни тўсиб, мурожаат қилишда давом этаверди. Охири волийнинг бизнинг ҳожатимизни чиқаришдан бошқа иложи қолмади.
Бас, Аллоҳ унинг каломи ила бизнинг ҳожатимизни раво қилганидан кейин чиқдик. Мен Абдуллоҳнинг қўлидан ушлаб, уни алқаб, ҳаққига дуо қилиб борардим. Бас, масжидда у билан бирга бўлиб, у қилган ишни қила олмаган жамоа олдидан ўтиб қолдим. Мен улар эшитадиган қилиб:
«Албатта, у ичингизда бизга энг яхшиси экан», дедим.
«Шундоқ!» дедилар.
Шунда мен Абдуллоҳга:
«Аллоҳга қасамки, бу нубувватнинг қолдиғидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросидир. У ичингизда ўша нарсага ҳақлироғи экан!» дедим».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ушбу муносабат ила Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу¬нинг мадҳларида ажойиб байтлар ҳам айтганлар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Мусулмонлардан бир оилани бир ой, бир ҳафта ёки Аллоҳ хоҳлаганича боқмоқлигим мен учун ҳаж кетидан ҳаж қилганимдан кўра афзалроқдир. Аллоҳ азза ва жалла йўлдаги биродаримга табақда бир дониқ нарсани ҳадя қилмоғим мен учун Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида бир динорни инфоқ қилмоғимдан афзалдир».
(Бир дониқ–дирҳамнинг олтидан бир оғирлигига тенг нарса).
Имом Тобароний, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилдилар:
«Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикоф ўтирган эди. Унинг олдига бир одам келиб салом берди ва ўтирди. Бас, Ибн Аббос унга:
«Эй Фалончи, сени ғамгин, маҳзун кўрмоқдаман?» деди.
«Ҳа, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисининг ўғли! Фалончининг менда ҳаққи бор. Ушбу қабр соҳиби ҳаққи, мен уни адо этишга қодир эмасман».
«Унга сенинг ҳақингда гапирайми?» деди Ибн Аббос.
«Агар малол келмаса», деди у.
Ибн Аббос туриб, кавушини кийди ва масжиддан чиқди. Шунда ҳалиги одам унга:
«Сен ўзинг нимада эканингни унутиб қўйдинг шекилли!?» деди.
«Йўқ. Аммо мен ушбу қабр соҳиби расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ўз биродарининг ҳожати учун ҳаракат қилса ва чиқарса, унинг учун бу ўн йил эътикоф ўтиргандан яхшироқдир. Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ у билан дўзахнинг орасини уч хандақ узоқ қилур. Ҳар хандақнинг узунлиги мағрибу машриқнинг орасидан ҳам узундир», деганларини эшитганман», деб туриб йиғлаб юборди Ибн Аббос розияллоҳу анҳу».
ҲУСНИ ХУЛҚ
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуда илмига амал қилувчи улуғ олимни ҳусни хулқи ҳам мужассам эди. У киши барчага фақат яхшиликни истайдиган кўнгли очиқ инсон бўлганлар. Баъзи бир ўзини билмаганлар у кишининг қадрларини билмай, қўпол муомала қилса ҳам яхшилик билан жавоб берганлар.
Уламоларимиз бир жоҳил одам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни сўкканида, у зотнинг унга қарата айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар:
«Мен Аллоҳнинг Китобидан бир оятга келсам, барча одамлар ҳам уни мен билганчалик билишларини хоҳлайман.
Мен мусулмон ҳокимлардан бир ҳоким адолат ила ҳукм қилганини эшитсам, унда менинг ҳожатим бўлмаса ҳам хурсанд бўлиб ҳаққига дуо қиламан.
Мен мусулмонларнинг еридан бир ерга ёмғир ёққанини эшитсам, ўша ерда ўтлаб юрган ҳайвонларим бўлмаса ҳам хурсанд бўламан».
БЕНАЗИР ОБИД
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ибодат соҳасида ҳам илмига амал қиладиган олим эдилар. У киши кундузлари рўза тутиб, кечаларни бедор бўлиб ўтказар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ибодатлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Абу Малийка қуйидагиларни айтадилар:
«Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга Маккадан Мадинагача ҳамсафар бўлдим. Бир ерга тушсак, одамлар чарчаганларидан ухлаб қолганларида ҳам Ибн Аббос кечанинг ярмини намоз ўқиб бедор ўтказар эди.
Бир кеча унинг «Ўлимнинг мастлиги (талвасаси) ҳақиқат бўлиб келди. Сен қочиб юрган нарса шулдир» оятини қироат қилаётганини кўрдим. У ўшал оятни такрорлаб, овоз чиқариб йиғлаб, тонг оттирди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу энг хушсуврат одамлардан эди. Айниқса, юзлари жуда ҳам чиройли эди. Аммо кечалари ибодатда кўп йиғлаганларидан кўзёшларининг ўрни юзларига чиқиб қолган эди.
Имом Тобароний Авзоъийдан ривоят қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Аббос ҳар куни минг марта сажда қилар эди».
Имом Баззор ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Кўзим ожиз бўлиб қолганда, бир неча кун намозни қўйиб турсанг, сени даволаймиз, дейилди. Мен:
«Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозни тарк қилса, Аллоҳга йўлиққанда, У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлади», деганлар», дедим».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бутун дунёни илмга тўлдириб бўлганларидан сўнг ҳижратнинг 68 - йили 71 ёшларида Тоиф шаҳрида вафот этдилар. Бу улуғ саҳобийнинг жанозаларини ҳазрати Алининг Фотима онамиздан бошқа аёлларидан бўлган ўғиллари Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўқидилар.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абу Кулсумдан ривоят қиладилар:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дафн қилинганидан кейин Ибн Ҳанафийя:
«Бугун ушбу миллатнинг роббонийи вафот этди», деди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Яъқуб ибн Язиддан, у отасидан ривоят қилади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг вафоти ҳақидаги хабар ўзига етганда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир қўлини иккинчисига урди ва:
«Одамларнинг энг илмлиси, энг ҳилмлиси вафот этди. Ушбу умматга у туфайли, ўзини ўнглай олмайдиган мусибат етди», деди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу вафот этган куни Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳу:
«Бугун илмда машриқдагилару мағрибдагиларнинг барчасининг ҳожати тушиб турадиган зот вафот этди», деди».
Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков в тик ток
Особенности приготовления шопского салата рецепт