"."
Меню

Абу Бакр Сиддиқ

 

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», дедилар.

 

Шунда Абу Бакр йиғлади. Биз унинг йиғисидан ажабландик. Кейин билсак, ихтиёр берилган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир», дейилган».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахси эканликлари яққол кўриниб турибди.

Шу билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларнинг ичларида энг илмли ва энг зеҳни ўткирлари эканлиги ҳам кўриниб турибди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб:

«Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», дедилар».

Аллоҳ таоло бир бандаги ёки бу дунёни танлаб унда яшайвер, ёки Менинг ҳузуримдаги нарсани танлаб бу дунёни тарк эт. Ихтиёр ўзингда, депти. Ўшанда мазкур банда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани танлаб бу дунёни тарк этишга рози бўлибди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам анашу маънодаги гапларни ўз хутбаларида айтганларида кўпчилик, бу бўлиб ўтган бир ишнинг хабари бўлса керак, деган маънода ортиқча эътибор бермаптилар.

«Шунда Абу Бакр йиғлади».

У киши гапнинг асл маъносини англаб етганларидан йиғ-лаган эдилар.

«Биз унинг йиғисидан ажабландик. Кейин билсак, ихтиёр берилган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан».

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашиб қолганини билганидан йиғлаётган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида давом этидилар.

«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг саҳобаликлари ҳеч бир иккиланишсиз эканлигига тўлиқ ишонганларидан мана шу гапни айтганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дину диёнат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган садоқат йўлида жонларини фидо қилишга ҳар лаҳзада шай бўлиб турганларидан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтганлар. Ана ўша эътибордан:

«Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир».

Бу гапдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун дўст тутиш маъносида Аллоҳ таолодан кейин иккинчи ўринда турадиган зот эканлари келиб чиқади. Халил дегани энг ишончли дўст маъносини англатади.

«Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар».

Ушбу жумланинг маъносини тўлиқ ва тўғри англашимиз учун ўша пайт воқеълигига қайтишимиз лозим бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжиди шарифлари қурлгандан кейин, у зотга ҳужралар ҳам қурилди. Мазкур ҳужраларининг эшиклари масжид томондан очилган эди. Эшикни очиб масжидга кирилир эди. Ҳужраларга кир-моқчи бўлган одам масжид орқали кирар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб саҳобаи киромлар ҳам масжид атрофига ўзлари учун ҳужралар қурдилар. Мазкур ҳужраларнинг эшиклари ҳам масжид томондан очилган эди. Шундоқ қилиб кўпчилик масжид орқали ўз уйига кириб чиқадиган бўлиб қолди. Бора-бора бу нарса масжид ишига халал берадиган бўлиб қолди. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобаи киромларга масжиддан бошқа тарафдан эшик очишни амр қилдилар.

Бу қилинган истисно ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳурматлари ниҳоятда юқори эканлигига ёрқин далилдир.

«Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир».

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халил тутгани ҳақида узотнинг сийратлари ҳақидаги китобда батафсил сўз юритилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу баёнотлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг у зотнинг умматлари ичидаги энг афзал шахс эканликларини кўрсатади.

 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бирдан Абу Бакр кийимининг бир тарафини кўтариб олган ҳолда келиб қолди. Ҳатто тиззасини ҳам очиб олган эди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аммо соҳибингиз шиддатга тушибди», дедилар.

У келиб салом берди ва:

«Мен билан Ибн ал-Хаттобнинг орасида бир гап ўтган эди. Сал тезлик қилиб қўйдим. Сўнгра надомат қилиб мени кечиришини сўрадим. У бош тортди. Энди сизга келдим», деди.

У зот уч марта:

«Аллоҳ сени мағфират қилур, эй Абу Бакр», дедилар.

Кейин Умар ҳам надомат қилди ва Абу Бакрнинг уйига бориб:

«Абу Бакр борми?» деди.

«Йўқ», дейишди.

Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади. Ҳаттоки Абу Бакр қўрқиб кетди ва чўккалаб олиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки мен икки карра золимроқ бўлган эдим», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта:

«Аллоҳ мени сизларга юборганда сизлар менга, ёлғон айтдинг, дедингиз. Абу Бакр, рост айтдингиз, деди. Ўзи сизлар менга ўз соҳибимни тарк қиласизларими, йўқми?!» дедилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Саҳобаи киромларнинг, жумладан, катта саҳобаларнинг ораларида ҳам гоҳида баъзи бир ушбу ривоятда баёни келганганга ўхшаш гаплар ўтиб турар эди. Бу табиий бир ҳол. Саҳобаи киромлар ҳам оддий одамлар. Қолаверса уларнинг бошқларга ўрнак бўлишлари лозимлиги эътиборидан бунга ўхшаш ишлар содир бўлганда ўзини қандоқ тутиш лозимлигини бошқаларга таълим бериш учун ҳам керак.

Ушбу ўрганган ривоятимизда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг яхшилик қилишга, ўзидан ўтган хатони тезроқ тузатишга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳам ҳарисроқ эканликлари яққол кўриниб турибди. У кишининг анашунга ўхшаш фазийлатлари Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал кишиси даражасига кўтарган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уйларига узр сўраб боришлари, у киши узрни қабул қилмагач ташвишга тушиб, қаттиқ қўрққан ҳолларида нажот излаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошилишлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларига ориз бўлган мушкил борасида нажот излаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида, ана ўша фазийлатлар юзасидан:

«У зот уч марта:

«Аллоҳ сени мағфират қилур, Эй Абу Бакр», дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни уч марта такрорлашлари ўта кучли таъкидлашни билдиради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни, албатта, мағфират қилишига ишончлари комил бўлганларидан бу гапни айтганлар. Бу эса ўз навбатида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.

Энди масаланинг қолганини ўрганайлик. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бўлган ҳодисадан кеч бўлсада афсусланиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни уйларига излаб бориб топа олмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон равона бўлдилар.

«Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади».

Бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан айтишгани ва у кишининг узрларини қабул қилмагани учун бўлаётган эди. Ўта ҳалим бўлган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу даражада ғазабланишлари жуда ҳам ташвишли эди.

«Ҳаттоки Абу Бакр қўрқиб кетди ва чўккалаб олиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки мен икки карра золимроқ бўлган эдим», деди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қўрқишлари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бирор оғир ҳолат бўлиб қолмасин деган фикрларидан келиб чиққан эди. У киши менинг сабабимдан Умарга бирор нарса бўлиб қолмасин деган ташвишда эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлбориб айбни ўзларига ола бошладилар. Бу ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазийлатларидир.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мазкур ёлборишларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аччиқларидан тушдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни итоб қилмадиларда, гапни умумлаштириб туриб икки марта:

«Аллоҳ мени сизларга юборганда сизлар менга, ёлғон айтдинг, дедингиз. Абу Бакр, рост айтингиз, деди. Ўзи сизлар менга ўз соҳибимни тарк қиласизларими, йўқми?!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай иккиланишсиз иймон келтирган зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. Юқоридаги жумлада ана ўша ҳақиқат ўз йўли ила баён қилинмоқда. Бу гапларда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг афзалликлари ҳеч шубҳа қодирилмай очиқ-ойдин ва бўрттириб кўрастилмоқда. Шунин учун ҳам:

«Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».

Ҳамма-ҳамма ўша ҳодисадан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яхши билиб олди. У киши билан бўладиган муомалаларида ўзларини билиб ҳаракат қилишадиган бўлдилар. Биров у кишига озор беришга ботина олмай қолди.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Бас, У зот унга:

«Сен Аллоҳнинг дўзахдан атийқисан-(озод қилгани)», дедилар. Ўша кундан бошлаб у «атийқ» деб номлана бошлади».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг очиқ-ойдин, Аллоҳ сени дўзахдан озод қилгандир, деб эълон қилишларининг ўзи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларнинг фазлидир.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Бакр ичида бўлган қавмга ундан бошқа имом бўлиши мумкин эмас», дедилар».

Термизий ривоят қилган

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг саҳобаи киромлар ичида энг афзаллари эканлигига равшан далилдир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди ва қўлимдан етаклаб бориб менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатди», дедилар. Шунда Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам сиз билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сен бўласан», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бир одам учун бундан ортиқ фазл бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлиши мумкинми?

Хўш, шунчалик фазлларга эга бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ким ўзи?

У кишини бунчалик олий даражага кўтарилишининг сабаби нима?

Бунчалик фазлга эга бўлиб, пайғамбари охири замон алайҳиссаломнинг таҳсинларининг турлисини жамлашга қандоқ қилиб эришди у одам?

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу нима сабабдан Аллоҳнинг атийқи-дўзахдан озод қилган бандаси бўлишга эришдилар?

Ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб саволларга жавоб топиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини қўлдан келганича ўрганиб чиқишга ҳаракат қилайлик.

 

У КИШИНИНГ НАСАБЛАРИ

 

У кишининг тўлиқ исмлари қуйидагича:

Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Маъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ал-Қураший ат-Таймий. У кишининг насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Муррада бирлашади.

 

У КИШИНИНГ ИСМЛАРИ ВА ЛАҚАБЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир.

«Абу Бакр» у кишининг куняларидир.

Исмлари эса Абдуллоҳдир.

Баъзи ривоятларда айтилишича у кишининг аввалги исмлари Абдулкаъба бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳга алмаштирган эканлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари ҳам кунялари билан машҳур бўлган. У киши Абу Қуҳофа номи билан машҳур бўлганлар. Асл исмлари эса Усмон бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақаблари «Сиддиқ»дир.

У кишининг бу лақабнинг олишларига ҳар бир нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлашга шошилганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқликни лозим тутганлар. Ислом-иймон масаласида у кишида бирор марта ҳам, салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сустлик сезилмаган.

Ушбу ва бунга ўхшаш кўпгина ҳолатлар у кишини «Сиддиқ» лақабини олишларига сабаб бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи лақаблари «Атийқ» бўлган.

У кишининг бундоқ лақабни олишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали бўлган. Буни юқорида имом Термизий Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадиси шарифдан ўргандик. Яна шу маънодаги бошқа ҳадиси шарифлар ҳам бор.

 

ТУҒИЛИШЛАРИ ВА УЛҒАЙИШЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларидан икки йилу бир неча ой кейин дунёга келдилар.

У кишининг оталари Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир эди.

Оналари эса, Умму Хойр Салмаа бинти Сохр ибн Амр бўлиб, Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳунинг амакиларининг қизи эдилар.

У киши Маккаи Мукаррамада ўсиб улғайдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу муқаддас шаҳардан фақат тижорат учунгина ташқарига чиқар эдилар. У киши ўз тижоратларидан катта молу мулк топган эдилар.

Шу билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эҳсон ва мурувватлари билан ҳам жоҳилият аҳли орасида ном чиқарган эдилар. У киши Қурайшнинг раҳбарларидан бўлиб, маслаҳат машварат ишларидан доимо иштирок этиб кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг дия ва қарз тўлаш ишлари топширилган эди.

Жоҳилият даврида арабларнинг марказлашган давлатлари бўлмагани учун Макка аҳли турли вазифаларни турли қабилаларга бўлиб қўйган эди. Бир қабила кишиларни меҳмон қилишга масъул бўлса, бошқаси Каъбага қарашга, учинчиси мажлис ўтказишга масъул эди. Ана ўша тақсимда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабиласига дия ва қарзлар иши топширилган эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам жоҳилиятда, ҳам Исломда шарафли бўлган ўн кишининг биридирлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият одамлари ичида энг иффатли кишилардан бири эдилар. У киши ўз ихтиёрлари билан ўзларича хамр ичишни тарк қилган эдилар. Шунингдек шеър айтиш билан ҳам машғул бўлмаганлар.

 

У КИШИНИНГ СИФАТЛАРИ

 

Ибн Саъд ривоят қиладилар:

«Бир киши Оишага, «менга Абу Бакрни сифатлаб беринг», деди. Бас, у киши:

«У оппоқ, озғин, ёноқлари кичик, бир оз эгилган, изори икки ёнбошида турмай сирпалиб кетадиган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қушдек енгил одам эди. Унинг сифати ана шундоқ», деди.

Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз:

«Абу Бакр (соч соқолини) ҳинно ва катм билан бўяб юрарди», деганлар.

Яна бошқа бир ривоятда Анас розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у зотнинг саҳобалари ичида Абу Бакрдан бошқа соч соқолига оқ тушгани йўқ эди. У ҳинно ва катм билан бўяб юрарди», деганлар.

 

ИСЛОМГА КИРИШЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу табиатан сезгир ва хайриятга моил бўлганларидан жоҳилиятда ҳам иложи борича ёмонликлардан қочиб, яхшиликларга ёндошиб юрар эдилар. Шу билан бирга жоҳилият ботқоғидан чиқиш мумукинми, деган саволга жавоб ахтарган бўлсалар ҳам ажаб эрмас.

Ибн Асокир Ийсо ибн Язиддан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ айтди:

«Мен Каъбанинг ҳовлисида ўтирган эдим. Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам ўтирган эди. Унинг олдидан Умаяя ибн Абу Солт ўтиб қолди ва:

«Қандоқсан? Эй яхшилик ахтарувчи!» деди.

«Яхшиман», деди у.

«Уни топдингми?» деб сўради Умаяя.

«Йўқ», деди у.

«Қиёмат куни Аллоҳ амр қилмаган ҳамма динлар ёмондир. Анави кутилаётган набий бизданми, сизданми?» деди Умаяя:.

Мен бундан олдин кутилаётган ва юбориладиган набий ҳақида эшитмаган эдим. Варақа ибн Навфалнинг олдига чиқдим. У осмонга кўп назар соладиган, ичида бир нарсаларни пичирлаб юрадиган одам эди. Уни топиб бўлган гапни айтиб бердим.

«Ҳа, эй биродаримнинг ўғли, биз китоблар ва илмлар соҳибимиз. Ана ўша кутилаётган набий арабларнинг энг яхши насабидан бўлади. Мен насабларни биламан. Сенинг қавминг арабларнинг энг яхши насабидан», деди у.

«Эй амаки, набий нима дейди?» дедим.

«Ўзига нима айтилса, шуни айтади. Фақат у зулм қилмайди. Унга ҳам зулм қилинмайди. У зулмга аралашмайди ҳам», деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида у зотга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам у зот билан дурустгина алоқалари бор эди. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари, омонатга хиёнат қилмасликлари, мурувватликлари ва бошқа барча ахлоқи ҳамидаларини жуда яхши билар эдилар.

Ибн Исҳоқ қуйидагиларни зикр қилади:

«Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолди ва:

«Эй Муҳаммад, Қурайшнинг сизнинг олиҳаларимизни тарк қилганингиз, ақлларимизни паст санаётганингиз, оталаримизни кофирга чиқараётганингиз ҳақида айтаётган гаплари тўғрими?» деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа! Мен Аллоҳнинг Расули ва Набийсиман. У зот мени Ўз рисоласини етказиш учун юборди. Сени ҳақ ила Аллоҳга даъват қиламан. Аллоҳга қасамки, У зот ҳақдир. Эй Абу Бакр, сени ёлғиз, шериги йўқ Аллоҳга, Ундан ўзгага ибодат қилмаслигингга ва Унинг тоатида доим бўлишга даъват қиламан», дедилар.

Сўнгра унга Қуръон қироат қилиб эшитдирдилар. У иқрор ҳам, инкор ҳам қилмади. Дарҳол Исломга келди. Санамларга куфр келтирди. Шерикларни отди. Ислом ҳаққини иқрор қилди. Абу Бакр мўмин ва мусоддиқ бўлган ҳолида қайтиб кетди».

Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусойн ат-Тамимийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимни Исломга даъват қилсам, албатта, тўхташи ва иккиланиши бўлди. Фақатгина Абу Бакр кутиб турмади ва иккиланмади».

Бу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган улкан гувоҳликдир.

 

Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни у зот билан бешта қул, икки аёл ва Абу Бакргина борлигида кўрдим».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб пайғамбар бўлганларидаги ҳолат эди. У зотга биринчи бўлиб иймон келтирганлар шулардан иборат эди.

Бешта қул; Билол ибн Рабоҳ, Зайд ибн Ҳориса, Омир ибн Фуҳайра, Абу Фукайҳа (Сафвон ибн Умайянинг қули) ва Убайд ибн Зайд ал-Ҳабаший эдилар.

Икки аёл; Хадижа онамиз ва Умму Айман розияллоҳу анҳолар эдилар.

Улар билан бирга, ягона ҳур эркак, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бор эдилар. Тўғрироқ қилиб айтсак, балоғатга етган эркаклардан биринчи бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. Бунга барча тарихчилар ва Ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бу ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг афзал саҳобий эканликларини кўрсатади.

Барча Ислом уммати катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонган келганларига иттифоқ қилганлар.

 

ИСЛОМГА ДАЪВАТ ҚИЛИШЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзлари мусулмон бўлишлари билан дарҳол бошқаларни ҳам даъват қилишга ўтдилар.

У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақлликлари, мурувватлари, адолатликлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, одамларни Исломга даъват қил, дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Авом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Аби Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар.

 

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломнинг дастлабки пайтларида, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришганда У зотнинг ёнларидан туриб жонфидолик қилган кишидирлар.

Бир куни мушрикларнинг бошлиқлари каъбаи муаззаманинг ёнида гаплашиб ўтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Кофирлар эса У зотни масхара қилиб устиларидан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб қаттиқроқ гап айтган эдилар, улар бемазагарчиликларини йиғиштирдилар.

Эртасига яна ўша ерда ўтирган эдилар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Шунда кофирлар бирдан ёпирилиб туриб У зотни ўраб олдилар. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тутиб судрай бошлади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага тушдилар ва йиғлаб туриб:

«Аллоҳ-Роббим, дегани учун бир одамни ўлдириб юборасизларми?» деб ажратиб олдилар. Аммо кофирлар Абу Бакрнинг ўзининг бошини ёрдилар ва соқолидан ушлаб тортдилар.

Бир куни Абу Бакр одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган эди. Мушриклар бирдан унинг устига ёпирилдилар. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни оёқлари остига олиб тепкилай кетдилар. Аёвсиз калтаклардилар. Утба ибн Робийъа бўлса икки кавуши билан у кишининг юзига тушира бошлади. Оқибатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзини таниб бўлмайдиган ҳолга келди.

Қариндошлари келиб у кишини кўтариб кетишаётганда ўлганига шубҳалари йўқ эди. Аммо кун кечкирганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу хушларига келдилар. У киши хушларига келишлари билан:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрадилар. Қариндошлар бу гап учун Абу Бакрни маломат қилдилар ва сўкдилар. Шунда мусулмон аёллардан Умму Жамил у кишига яқинроқ келди. Абу Бакр ундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. У бўлса:

«Мана, онанг, сенинг гапларингни эшитиб турибди, деди.

«У билан ишинг бўлмасин», деди Абу Бакр.

«Саломатлар. Тинчлар», деди Умму Жамил секингина, Абу Бакрнинг ўзи эшитадиган қилиб. У орадаги сирни кофир қариндошлар билиб қолмаслиги учун тиришар эди.

Абу Бакр бўлса:

«Аллоҳ учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга бормагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман», деди.

Икки аёл қулай пайт пойлаб турдилар. Одамлар тарқалиб, атрофга сукунат ҳоким бўлганда уни икки томонидан суяшиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ҳолини кўриб кўп ачиндилар ва унинг ҳаққига ҳам, онасининг ҳаққига ҳам дуо қилдилар. Онасини динга даъват қилган эдилар, у аёл иймонга келди.

 

ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИГА ҲАРАКАТ

 

Мушрик ва кофирларнинг оз сонли мусулмонларга бўлган тазйиқлари кундан кунга ортиб борар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларнинг сабр қилишдан бошқа чоралари йўқ эди. Аллоҳ таоло ўша вақтда уларга ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳам куч ишлатишга изн бермаган эди.

Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар ҳам мушриклар уларга бўлган тазйиқни борган сари ортдириб боравердилар. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнатлари, соғлигу ҳаётлари муаккад таҳдид остида қолди. Ана шундоқ оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига:

«Агар Ҳабашистон ерига чиқсангиз яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ борки, унинг олдида бировга зулм қилинмас. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса ажаб эрмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон ерига ҳижратга отландилар. Ушбу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркаклар, тўрттаси аёллар эдилар. Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва у кишининг аёллари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқаяя розияллоҳу анҳолар ҳам бор эди. Мазкур муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эдилар.

Кейин бошқалар ҳам имконини топиб ҳижрат қилишга ўтдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари ҳижрат қилишга уриниб кўрдилар.

Бу уринишни Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича келтирадилар:

«Эсимни таниб, ота-онамни билибманки икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига ҳар куни; эртаю кеч келар эдилар. Мусулмонлар балога учраганларида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилмоқчи бўлиб чиқди. У Баркул Ғимодга етганда йўлида Ибн ад-Дуғанна учради. У ал-Қорра қабиласининг улуғи эди. У:

«Қаёққа бормоқчисан, эй Абу Бакр?» деди.

«Мени қавмим қувиб чиқарди. Ер юзида кезиб юриб Роббимга ибодат қилмоқчиман», деди у.

«Эй Абу Бакр, сен кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Албатта, сен йўқсилга ато берасан. Силаи раҳм қилурсан. Заифга ёрдам берурсан. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласан. Меҳмонга зиёфат берасан. Фалокатга учраганларга ёрдам берасан. Мен сенинг кафилингман. Ортингга қайтиб, ўз юртингда Роббингга ибодат қилавер», деди Ибн ад-Дуғанна.

Бас, у қайтди. Ибн ад-Дуғанна ҳам у билан бирга борди. Кечқурун Ибн ад-Дуғанна айланиб Қурайш ашрофлари билан учрашди ва:

«Албатта, Абу Бакр кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Йўқсилга ато берадиган, силаи раҳм қиладиган, заифга ёрдам берадиган, одамлар қилмаган яхшиликларни қиладиган, меҳ-монга зиёфат берадиган, фалокатга учраганларга ёрдам берадиган бир одамни чиқарасизларми?!» деди.

Қурайш Ибн ад-Дуғаннанинг кафиллигини ёлғонга чиқармади. Улар унга:

«Абу Бакрга айт, Роббисига ўз уйида ибодат қилсин. У ерда хоҳлаганича намоз ўқиб, қироат қилсин. Ўшаниси билан бизга озор бермасин. Ўшаниси ошкор қилмасин. Биз аёлларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан хавсираймиз», дедилар. Ибн ад-Дуғанна ул гапларни Абу Бакрга етказди.

Абу Бакр шунга биноан Роббисига ўз уйида ибодат қилиб турди. Намозини ошкора қилмади. Уйидан бошқа жойда қироат қилмади. Кейин Абу Бакрга ўз ҳовлисида масжид бино қилиш ёқиб қолди. У ўша ерда намоз ўқиб қироат қиладиган бўл-ди. Мушрикларнинг аёллари ва болалари унинг олдида тўпланадиган бўлдилар. Улар унга назар солишар ва ажабланишар эдилар. Абу Бакр йиғлоқи одам бўлиб, Қуръон ўқиса кўзларини тута олмас эди. Бу нарса мушриклардан Қурайш ашрофларини ташвишга солди. Улар Ибн ад-Дуғаннага одам юбордилар. У етиб келди. Улар унга:

«Биз Абу Бакрга кафил бўлишингга унинг Роббисига ўз уйида ибодат қилиши шарти ила рози бўлган эдик. У ҳаддидан ошиб ҳовлиси саҳнига масжид қуриб олди. Намоз ўқишни ва қироат қилишни ошкора қилди. Батаҳқиқ, биз хотинларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқиб қолдик. Сен уни қайтар. Агар Роббисига ўз уйидагина ибодат қиладиган бўлса, қилаверсин. Агар бош тортадиган бўлса, кафиллигингни қайтариб беришини сўра. Албатта, биз сенга берилган аҳдни бузишни ёқтирмадик. Абу Бакрнинг ошкоралигига иқрор эмасмиз», дедилар.

Ибн ад-Дуғанна Абу Бакрнинг олдига бориб:

«Сен учун келишган аҳдимни ўзинг биласан. Ёки ўшанга амал қил, ёки аҳдимни ўзимга қайтар. Араблар менинг бир одамга аҳд бериб туриб аҳдим бузилгани ҳақида эшитишини истамайман», деди.

«Мен сенинг кафиллигингни ўзингга қайтариб бераман ва Аллоҳ азза ва жалланинг кафилллигига рози бўламан», деди Абу Бакр унга».

 

ДИН ЙЎЛИДА МОЛ САРФЛАШЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом дини йўлида биринчи бўлиб бору будирини сарфлаган киши десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши бой бўлишлари билан бирга ўта сахий ҳам эдилар. Айниқса дину диёнат йўлида ҳеч нарсани аямас эдилар.

Барча уламоларимиз «Валлайли» сурасидаги ушбу оятлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг Аллоҳ таоло йўлида мол сарфлашлари ҳақида тушганлигига иттифоқ қилганлар:

«Ва албатта, ундан тақводор банда четда қоладир». (17)

Яъни, иймонли–ихлосли тақводор банда дўзахга кирмай ундан четда қолади.

«У бойлигини сарфлайдир ва ўзини поклайдир». (18)

Яъни, ўша дўзахга кирмай, ундан четда қоладиган банда ҳаёти дунёда моли–дунёсини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлайди. Куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва ёмонликлардан ўзини поклайди. Шунинг учун ҳам охиратда дўзахдан четлайди.

«Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди». (19)

Яъни, ўша тақводор инсон ўзи қиладиган яхшиликларни бировнинг яхшилигига яхшилик қайтариш учун эмас, холис, Аллоҳ учун қилади.

Ана ўша тақводор инсон барча яхшиликларни,

«Магарам ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир». (20)

«Ва, албатта, тезда рози бўладир». (21)

Яъни, охиратда Аллоҳнинг бу қилган амалларига берган мукофотларидан рози бўлади.

Барча тафсирчиларимиз, аввал айтиб ўтганимиздек, бу оятлардаги «атқо»–тақводордан мурод ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ дейишади. Яъни бу оятлар у киши ҳақида нозил бўлган, деб нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қиссани ривоят ҳиладилар:

«Умайяту ибн Халаф Билол ибн Робоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлади. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсанг тош бостириб қўяр, Муҳаммадга куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча, шундоқ турасан, дер экан. Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолдилар ва Умайяга:

«Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан», дедилар. Умайя бўлса:

«Буни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!» деди.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб озод қилдилар. Шундан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлибди.

Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломга кирган куни уйида қирқ минг дирҳами бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганда эса беш мингдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У бор будрини қул озод қилишга ва Исломга ёрдам беришга сарфлаган эди».

Юқоридаги ривоятда зикри келган сарфланмай қолган бешмингни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз эҳтиёжига ёки оиласи, яқинлари эҳтиёжига сарфлаган деб ўйлайсизми? Агар шундоқ ўйласангиз хато қиласиз. Ўша ўта нозик бир пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бутун вужудини Ислом-иймон йўлига тутган инсон умуман бошқача иш тутади. Қандоқ иш тутган дейсизми? Келинг бу борада у киши қандоқ иш тутганларини катта қизлари Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан эшитайлик.

Ибн Исҳоқ Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга Абу Бакр розияллоҳу анҳу (ҳижратга) чиққанларида Абу Бакр ўзининг ҳамма молини; беш минг ёки олти минг дирҳамни кўтариб олди. Уларни ўзи билан олиб кетди. Кейин олдимизга бобом Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу кирди. Унинг кўзи кўрмайдиган бўлиб қолган эди. У киши:

«Аллоҳга қасамки, менимча у сизни ўзи билан бирга молида ҳам фожеъага учратган бўлса керак», деди.

«Йўқ, бобожон! У бизга жуда кўп нарса қолдириб кетди», дедим ва отам молини қўядиган туйникка тошларни қўйиб туриб, устига ёпқич ёпдимда у кишининг қўлларидан тутиб олиб бориб:

«Бобожон! Манави молни ушлаб кўринга!» дедим.

У киши ушлаб кўрди-да:

«Ҳа, яхши! У сизларга шуни қолдириб кетган бўлса яхши қилибди. Бу сизга етади», деди.

Йўқ! Аллоҳга қасамки, у бизга ҳеч вақо қолдирмаган эди. Лекин мен чолни тинчлантирмоқчи бўлдим, холос».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом йўлида ҳам жонини, ҳам молини бирданига тикишни кўриб қўйинг. Ўзи жонини фидо қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаёт мамот сафари ҳижратга чиқмоқда. Шу билан бирга бори будур, қолган қутган молу мулкини ҳам Ислом йўлида сарф қилиш учун олиб чиқмоқда.

Ибн Асокир Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда:

«Абу Бакр Аллоҳ учун азобланаётган саккиз кишини озод қилди», дейилган.

Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг ҳадсиз ҳисобсиз молини энг керакли вақтда, ҳеч ким бирор нарса сарф қила олмайдиган вақтда Ислом йўлида сарф қилган эдилар.

Ислом йўлида мол сарфлаганлар кўп бўлган. Ислом йўлида сарфланган молллар ҳам кўп бўлган. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сарфлашларига ўхшаш сарфлаш бўлмаган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг моли каби серманфаат мол бўлмаган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мол сарфлашларини алоҳида васф қилганлар:

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизга хайр қилган ҳар бир қўлнинг, албатта, мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайрлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи берадир. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп уларнинг ҳаммасида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ фазлини ваИслом йўлида ҳам жонни, ҳам молни фидо қилишга таёрлиги ўз аксини топган.

«Магарам ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир». (20)

«Ва, албатта, тезда рози бўладир». (21)

Яъни, охиратда Аллоҳнинг бу қилган амалларига берган мукофотларидан рози бўлади.

Барча тафсирчиларимиз, аввал айтиб ўтганимиздек, бу оятлардаги «атқо»–тақводордан мурод ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ дейишади. Яъни бу оятлар у киши ҳақида нозил бўлган, деб нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қиссани ривоят ҳиладилар:

«Умайяту ибн Халаф Билол ибн Робоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлади. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсанг тош бостириб қўяр, Муҳаммадга куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча, шундоқ турасан, дер экан. Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолдилар ва Умайяга:

«Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан», дедилар. Умайя бўлса:

«Буни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!» деди.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб озод қилдилар. Шундан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлибди.

Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломга кирган куни уйида қирқ минг дирҳами бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганда эса беш мингдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У бор будрини қул озод қилишга ва Исломга ёрдам беришга сарфлаган эди».

Юқоридаги ривоятда зикри келган сарфланмай қолган бешмингни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз эҳтиёжига ёки оиласи, яқинлари эҳтиёжига сарфлаган деб ўйлайсизми? Агар шундоқ ўйласангиз хато қиласиз. Ўша ўта нозик бир пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бутун вужудини Ислом-иймон йўлига тутган инсон умуман бошқача иш тутади. Қандоқ иш тутган дейсизми? Келинг бу борада у киши қандоқ иш тутганларини катта қизлари Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан эшитайлик.

Ибн Исҳоқ Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга Абу Бакр розияллоҳу анҳу (ҳижратга) чиққанларида Абу Бакр ўзининг ҳамма молини; беш минг ёки олти минг дирҳамни кўтариб олди. Уларни ўзи билан олиб кетди. Кейин олдимизга бобом Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу кирди. Унинг кўзи кўрмайдиган бўлиб қолган эди. У киши:

«Аллоҳга қасамки, менимча у сизни ўзи билан бирга молида ҳам фожеъага учратган бўлса керак», деди.

«Йўқ, бобожон! У бизга жуда кўп нарса қолдириб кетди», дедим ва отам молини қўядиган туйникка тошларни қўйиб туриб, устига ёпқич ёпдимда у кишининг қўлларидан тутиб олиб бориб:

«Бобожон! Манави молни ушлаб кўринга!» дедим.

У киши ушлаб кўрди-да:

«Ҳа, яхши! У сизларга шуни қолдириб кетган бўлса яхши қилибди. Бу сизга етади», деди.

Йўқ! Аллоҳга қасамки, у бизга ҳеч вақо қолдирмаган эди. Лекин мен чолни тинчлантирмоқчи бўлдим, холос».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом йўлида ҳам жонини, ҳам молини бирданига тикишни кўриб қўйинг. Ўзи жонини фидо қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаёт мамот сафари ҳижратга чиқмоқда. Шу билан бирга бори будур, қолган қутган молу мулкини ҳам Ислом йўлида сарф қилиш учун олиб чиқмоқда.

Ибн Асокир Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда:

«Абу Бакр Аллоҳ учун азобланаётган саккиз кишини озод қилди», дейилган.

Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг ҳадсиз ҳисобсиз молини энг керакли вақтда, ҳеч ким бирор нарса сарф қила олмайдиган вақтда Ислом йўлида сарф қилган эдилар.

Ислом йўлида мол сарфлаганлар кўп бўлган. Ислом йўлида сарфланган молллар ҳам кўп бўлган. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сарфлашларига ўхшаш сарфлаш бўлмаган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг моли каби серманфаат мол бўлмаган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мол сарфлашларини алоҳида васф қилганлар:

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизга хайр қилган ҳар бир қўлнинг, албатта, мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайрлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи берадир. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп уларнинг ҳаммасида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ фазлини ваИслом йўлида ҳам жонни, ҳам молни фидо қилишга таёрлиги ўз аксини топган.

 

ҚУРЪОНГА КУЧЛИ ИШОНЧ

 

Мусулмонлар билан мушриклар орасидаги зиддият ҳаётнинг турли жабҳасида кенг тарқалган эди. Душманликка одатланиб қолган мушриклар мусулмонларга озор бериш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланардилар. Ўша вақтнинг икки етакчи давлати бўлмиш Рум ва Форс императорликлари орасида ўзаро тортишув, уруш-жанжал тинмай давом этарди. Уларнинг бу тортишувларини араблар ҳам кузатиб турар ва ўзларича тарафдорлик ҳам қилар эдилар. Румликлар аҳли китоб бўлганлиги туфайли мусулмонлар уларга тарафдор бўлишди. Мажусий форсликларга эса, динлари ўхшаш бўлган мушриклар тарафдорлик қилишди.

Ўша пайтдаги урушларнинг бирида Форс ғолиб келди. Бундан мушриклар чексиз хурсанд бўлдилар ва яқинда биз ҳам мусулмонларни, албатта, енгажакмиз, деб гапира бошладилар.

Аҳли китоб бўлмиш румликларнинг мағлубияти мусулмонларни қаттиқ хафа қилди.

Шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини индириб, румликлар саноқли йиллар ичида ғалабага эришажаклари ва бундан мўминлар хурсанд бўлишлари ҳақида башорат берди. Бу башорат Қуръон мўъжизаларидан эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбарликларининг бешинчи йили (613 милодий) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта ва қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга Ҳеракл подшоҳлик қиларди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобеъ эди.

Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбойжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. 614 милодий йилида бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, диний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг калласи келтирилди.

Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. 616 милодий йилида форсликлар Нил водийсини ишғол қилдилар. Сўнгра Искандарияга юриш этдилар. Бошқа томондан эса, бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Кустантанияга (Константинополга) унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсалар, у ерда оташпарастлик ибодатхонаси қурар ва шу йўл билан христианлик ўрнига оташпарастликни жорий қилар эдилар.

Бу катта мағлубиятдан сўнг Рум императорлигига қарашли бир қанча вилоят ва ўлкаларда марказий давлатга қарши исён кўтарилди. Африқо ва Оврупадаги бир қанча ўлкалар, ҳатто пойтахтга қўшни баъзи ўлкалар ҳам империя қарамоғидан чиққанларини эълон қилди. Қисқаси, шарқий Рум императорлиги парчаланди. Лашкар тарқалиб кетди. Хазина бўшаб қолди. Император Ҳеракл пойтахтни тарк этиб, Қартажага қочди.

Ғалабадан сарҳуш бўлган форсликлар бирқанча шартларни қўйдилар. Император форсликларга, жумладан, минг юк тилло, минг юк кумуш, минг юк ипак, минг от, мингта аёл бериши шарт эди. Рум императорлиги бу талабларнинг ҳаммасини сўзсиз қабул қилди. Ўзаро шартнома имзоланди.

Румликларнинг вакиллари тўловларни тўлашга розиликларини билдириш учун Хусравнинг олдига кирганларида, у:

«Бу етарли эмас, Император Ҳеракл ўзи занжирбанд ҳолда келиб, хочга осилган худосини қўйиб, оташга ва қуёшга топинишини истайман», деди.

Мана шунақа ишлар бўлиб ўтди.

Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувондилар ва мусулмонларга:

«Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», дедилар.

Ана шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини нозил қилди.

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 

«Алиф. Лам. Мийм.

Рум мағлуб бўлди.

Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар.

Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.

Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир».

Яъни, Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳм-шафқатлидир.

Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.

Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи Имом ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:

«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса, румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.

«Алиф. Лам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:

«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!» дейишди.

«Тўғри айтади», деди Абу Бакр.

«Биз билан гаров ўйнайсанми?», дейишди.

Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» деб сўрадилар.

«Ўндан оз», деб жавоб қилди Абу Бакр.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар.

Икки йил ўтмай туриб отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бундан шодланишди!»

У вақтларда гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Рум «бизъа»-саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. Демак, ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бир гап бўлмаганидан хурсанд бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.

Бу ҳодисада Аллоҳ таолонинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига сиртдан воқеъликдан қанча узоқ бўлса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу яқиний равишда ишонишлари собит бўлди. Бунга ўхшаш қатъий ишончга молик бўлиш олий даражадаги фазийлатдир. Ҳа, Қуръони Каримда келган ҳар бир сўз, ҳар бир жумла ва ҳар бир хабарга комил ишонч билан ишонмоқ керак. Зотан Қуръони Каримдаги хабарга ишонмаслик куфрдир.

 

ИСРО ВА МЕЪРОЖ ТАСДИҒИ

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам исро ва меърож қилганларида мушриклар бу гапларга умуман ишонмасдан масхара қилиб кулдилар.

Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди.

Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:

«У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар.

«Ҳа», дедилар.

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди.

«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди.

Шундан сўнг Абу Бакр «Сиддиқ»–ўта тасдиқловчи, деб атала бошладилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг жамиятдаги ўринлари юқори бўлганидан одамлар ихтилофли масалада у кишининг олдиларига югуриб борган эдилар. У киши бор гапни айтдилар, қўйдилар. Шу билан баъзи бир иккиланиб турганларни ҳам иймонда собит қолишларига сабаб бўлган бўлсалар ажаб эрмас.

 

ҲИЖРАТЛАРИ

 

Мушрикларнинг шиддатли тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар. Чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга ёрдам беришларини яхши билар эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга:

«Менга ҳижрат диёрингиз кўрсатилди. У хурмозор экан. Икки ҳарра (қора тошли майдон) орасида экан», дедилар. Бас, ким хоҳласа Мадина томон ҳижрат қилди. Ҳабашистонга ҳижрат қилганлардан кўплари Мадинага қайтиб келдилар. Абу Бакр ҳам Мадина томон таёргарлик кўрди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен шошилма. Мен ўзимга ҳам изн берилишини умидидаман», дедилар. Абу Бакр:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин. Шундоқ умид қилурмисиз?!» деди.

«Ҳа», дедилар У зот.

Бас, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлиш учун ўзини тутиб турди. Тўрт ойгача ўз ҳузуридаги икки уловни Самарнинг тўкилган барги ила парвариш қилди.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини тўсган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди.

Одатда бундоқ вақтда У зот бизникига келмас эдилар. Абу Бакр:

«Ота-онам У зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, У зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот кирдилар ва Абу Бакрга:

«Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар.

«Отам сизга фидо бўлсин. Эй Аллоҳнинг Расули. Булар ўз аҳлингиз, холос», деди.

«Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар. Абу Бакр:

«Ҳамроҳликми? Отам сизга фидо бўлсин. Эй аллоҳнинг Расули», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», дедилар. Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўз баҳосига», дедилар.

Оиша айтади: «Икковларини чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб мешга жойладик. Опам Асмаа белбоғидан йиртиб мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у «Зотуннитоқ»-белбоғ эгаси деб номланган. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдиларида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, сезгир ва ўткир зеҳнли эди. У икковларининг олдиларидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада худди ўша ерда тунагандек отдирар эди. У икковлари ҳақида қилинган ҳар бир гапни яхшилаб эшитиб олиб, зулумат тушиши билан олдиларига келиб унинг хабарини еткизар эди. Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра бўлса, уларнинг устида қўй боқар эди. Хуфтон вақтидан бир оз ўтганидан кейин у қўйларни икковлари устида роҳалантирарди. Икковлари тузуккина таом; офтобда иситилган идишдаги қўйларининг сутига, Омир тонг қоронғусида у(қўй)ларни қичқириб ҳайдагунча, эга бўлар эдилар. У бу ишни мазкур уч кечанинг ҳар бирида қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бани Дайлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олдилар. У Осс ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб икковлари олдиларига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади».

Йўл бошловчининг исми Абдуллоҳ ибн Урайқит эди. Ўша вақтда аҳдлашганда қўлини қонгами ёки бошқа бир рангли нарсагами ботириб туриб аҳдлашилар эди. Юқорида «аҳднома учун қўл ботирган эди» дейилган жумлада ўша маъно кўзда тутилган.

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Савр тоғидаги ғорда мушриклардан беркиниб турганларини «Тавба» сурасида қуйидагича васф қилган:

«Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир», деган».

Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган. Ҳа:

«Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди».

Ўшанда Аллоҳ унга ёрдам бермаса, ҳеч ким ёрдам бера олмас эди. Мушриклар орқаларидан етиб келиб қолган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари Абу Бакр Сиддиқ У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик етишидан қўрқиб, агар мушриклардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади, деб титраб турардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, хотиржам эдилар.

«...икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди».

Пайғамбаргагина хос бўлган хотиржамликдир бу. Чунки у Аллоҳнинг доимо ўзи билан бирга эканини сезиб туради.

«Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Қуръони Каримда ишоратан зикр қилинган жойларидан бири ушбу ояти каримадир. Бундай шарафга ҳеч ким муяссар бўлмаган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ғорда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлишлари у кишига улкан шараф бўлганини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам яққол аён бўлади.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга:

«Сен менинг ҳавздаги соҳибимсан ва ғордаги соҳибимсан», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳижрат пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга соҳиб бўлишлик, душман қувиб келган оғир дамларда ғор ичида туриб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамкор бўлишлик Абу Бакр розияллоҳу анҳуга улкан фазийлат ва шараф келтирганини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бу дунёда ўзларига ғорда соҳиблик қилганлари учун охиратда жанннатдаги соҳибликни ваъда қилмоқдалар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғордан чиқиб Мадинага қараб юришни бошлаганларида ҳам ажойиботлар содир бўлганини айтадилар.

Имом Бухорий Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Бакр Озибдан эгар сотиб олди. Уни мен кўтариб бордим. Озиб ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (ҳижрат) юришларидан сўради. У:

«Бизни пойлаш бошланди. Биз кечаси чиқдик. Биз кечамизни ҳам кундузимизни ҳам то қоқ пешин бўлгунча уйқусиз ўтказдик. Сўнгра бизга бир харсанг кўтарилди. Бас, биз унинг олдига келдик. Унинг сояси бор эди. Мен ўзим билан олиб олган чопонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўшаб бердим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёнбошладилар. Мен у зотнинг атрофларидаги нарсаларни тозалай бошладим. Бирдан кўзим бир қўра қўйларини ҳайдаб биз томон келаётган чўпонга тушди. У харсангдан биз хоҳлаган нарсани хоҳлар эди.

Мен ундан: «Сен кимнинг ғуломисан?» деб сўрадим.

У: «Фалончиникиман», деди.

Мен: «Қўйингда сут борми?» дедим.

У: «Ҳа», деди.

Мен: «Сен соға оласанми?» дедим.

У: «Ҳа», деди ва қўйлари ичидан бир совлуқни тутди.

Мен: «Елинни ийдир», дедим.

У бир ҳовучча сут соғди. Менда устига латта боғланган сув идиш бор эди. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун сутнинг устига қуйдим. Сутни ост қисми совиди. Сўнгра уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдим. У зотга, «ичинг, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг рози бўлишим учун ичдилар. Кейин юриб кетдик. Қуваётганлар ортимиздан келишар эди».

Ҳижрат давомида йўлда бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларни Суроқа ибн Молик ибн Жўъшам ал-Мудлажий айтади:

«Бизга Қурайш кофирларининг элчилари келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрни ким ўлдирса ёки асирга олса, икковларининг диясича мукофот борлигини айтдилар. Мен ўз қавмим Бани Мудлаж билан бир мажлисда ўтирган эдим. Бирдан улардан бир киши илгарилаб келиб қолди. Бошимиз устига келиб тўхтади. Биз ўтирибмиз. Бас, у:

«Эй Суроқа, мен ҳозиргина соҳилда одамлар қораларни кўрдим. Менимча Муҳаммад ва унинг ҳамроҳлари бўлса керак», деди. Суроқа айтади:

«Мен дарҳол ўшалар улар эканлигини англадим. Лекин, улар бўлмаса керак, сен фалончи ва фалончиларни кўрган бўлсанг керак. Ҳозиргина кўз олдимизда ўтиб кетишувди, дедим. Сўнгра мажлисда бир муддат ўтирдим. Кейин ўрнимдан турдим уйга кирдим. Жориямга отни олиб чиқиб, ушлаб туришни амр қилдим. У тепалик ортида эди. Найзамни олиб уни пастлатиб, ерга судраб уйнинг орқа томонидан чиқдим. Отимнинг олдига келиб уни миниб учириб кетдим. У оёқларини тенг ташлаб чопиб мени уларга яқинлаштирди. Шунда отим қоқилиб, мен қулаб тушдим. Ўрнимдан туриб ўқдонимдан фол очиш чўпларини олдим. Уларга зарар етказаманми йўқми, деб фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Фол очиш чўпларига исён қилдимда, отимни миндим. У мени уларга яқинлаштирди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини эшитдим. У зот атрофга қарамас эдилар. Абу Бакр тез-тез атрофга қарар эди. Бирдан отимнинг олдинги оёқлари тиззасигача ерга ботиб кетди. Мен унинг устидан қулаб тушдим. Сўнгра отни қистадим. У ўрнидан турди. Олдинги оёғини чиқара олмай, чираниб зўрға чиқарди. У ўзини тиклаши билан олдинги оёқлари ўрнидан тутунга ўхшаш чанг отилиб чиқди. Фол чўплари ила фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Мен уларга омонлик сўраб нидо қилдим. Улар тўхтадилар. Отимни миниб олдиларига бордим. Мен улардан тўсилганимни ўйлаб кўнглимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари тезда зоҳир бўлиши ўтди. Бас, У зотга:

«Албатта, қавмингиз сиз учун дия миқдорида мукофот эълон қилдилар», дедим.

Кейин одамлар уларга қарши нима қилмоқчи эканлари ҳақида хабар бердим. Уларга зод ва матоъ бермоқчи бўлдим. Улар мендан ҳеч нарса олмадилар. Улар мендан ҳеч нарса сўрамадилар ҳам. Фақат, биз ҳақимиздаги гап махфий қолсин, дедилар. Мен У зотдан омонлик китоби ёзиб беришларини сўрадим. У зот Омир ибн Фуҳайрага амр қилдилар. У бир парча терига ёзди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар».

Суроқа ортда қолганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва бошқа ўз ҳамроҳлари билан ҳижрат сафарини давом этдирдилар.

Ибн Шиҳоб айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайрга йўлиқдилар. Улар Шомдан келаётган тожирлар эдилар. Бас, Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Абу Бакрга оқ кийим кийгазди. Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиққанларини эшитдилар. Улар ҳар куни эрталаб ҳаррага чиқиб У зотни интизор бўлиб кутар эдилар. Токи пешиннинг иссиғи уларни қайтаргунча турар эдилар. Бир куни интизорлари чўзилиб кетгандан сўнг ортга қайтдилар. Улар уйларига кирганларидан кейин яҳудийлардан бир киши қўрғонларидан бирининг устига ўз иши билан чиқди. Бас, унинг кўзи оппоқ бўлиб саробда кўриниб-йўқолиб келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг ҳамроҳларига тушди. Яҳудий ўзини тута олмай баланд овоз билан:

«Эй араблар жамоаси! Сизлар интизор бўлиб кутаётган бобонгиз ана!» деб қичқирди. Мусулмонлар силоҳларига отилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳарранинг юқорисида кутиб олдилар. У зот уларниг ўнг томонларида юриб келиб Бани Амр ибн Авфникига тушдилар. Ўшанда Рабиъул аввал ойи, душанба куни эди.

Абу Бакр одамларни кутиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирар эдилар. Ансорлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлари учун Абу Бакрга салом беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуёш тушиб қолганида Абу Бакр У зотни ридоси билан соя қилиб тўсди. Ана шунда одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танидилар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага Абу Бакрни мингаштирган ҳолларида кириб келдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш кўринар ва танилган эмасдилар. Абу Бакр шайх ва танилган эди. Унга учраган киши:

«Эй Абу Бакр, олдингдаги одам ким?» деб сўрарди. Абу Бакр бўлса:

«Бу мени йўлга ҳидоят қиладиган», дер эди. Эшитган йўлни тушинар эди. У эса яхшилик йўлини қасд қилар эди…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарранинг бир томонига тушдилар. Бас, У зот ансорийларга одам юбордилар. Улар келиб У зотга салом бердилар ва:

«Икковингиз омонликла ва итоат қилинган ҳолда маркабга миниглар», дедилар. Набиюллоҳ ва Абу Бакр миндилар. Улар силоҳлар билан иккиларини ўраб олдилар. Мадинада, Набиюллоҳ келдилар! Набиюллоҳ келдилар! дейилди. Улар интилиб назар солишар ва:

«Набиюллоҳ келдилар! Набиюллоҳ келдилар!» дейишарди. У зот юриб бориб, Абу Айюбнинг ҳовлиси ёнига тушдилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳлимизнинг уйларидан қай бири энг яқин?» дедилар. Абу Айюб:

«Меники, эй Набиюллоҳ! Манави ҳовлим, манави эшигим», деди. У зот:

«Сен бориб биз учун кундузиги уйқуга жой ҳозирла», дедилар. У:

«Икковингиз Аллоҳнинг баракаси ила ўрнингиздан туринглар», деди».

Ушбулардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларида нафақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари балки бутун оила аъзолари ва хизматкорлари ҳам фаол иштирок этганлари кўриниб турибди. Энг оғир ва нозик пайтларда энг садоқатли ва ишночли кишиларга суянилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳижратлари вақтида, инсоният тарихидаги энг ҳаяжонли онларда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг оиласига суянганлари уларнинг фазлини кўрсатади.

 

У КИШИНИНГ СУҲБАТЛАРИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ажрамаган, ҳамма жойда бирга бўлишга ҳаракат қилган саҳобаи киромлардандир. Агар ажраб бирор бир ҳодисада иштирок эта олмай қолган бўлсалар ҳам бўлсалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг топшириқларини бажариб юрган бўлганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан кейин бошлаган ишларида ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фаол қатнашганлар. Масжиди набавийни қуришда ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жон куйдириб меҳнат қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжиди шарифлари қурлгандан кейин, у зотга ҳужралар ҳам қурилди. Мазкур ҳужраларининг эшиклари масжид томондан очилган эди. Эшикни очиб масжидга кирилар эди. Ҳужраларга кирмоқчи бўлган одам масжид орқали кирар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб саҳобаи киромлар ҳам масжид атрофига ўзлари учун ҳужралар қурдилар. Мазкур ҳужраларнинг эшиклари ҳам масжид томондан очилган эди. Шундоқ қилиб кўпчилик масжид орқали ўз уйига кириб чиқадиган бўлиб қолди. Бора-бора бу нарса масжид ишига халал берадиган бўлиб қолди. Ана ўшанда саҳобаи киромларга масжиддан бошқа тарафдан эшик очишни амр қилдилар:

«Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар».

Бу қилинган истисно ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳурматлари ниҳоятда юқори эканлигига ёрқин далилдир.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан биргаликда келишиб олиб, навбат ила Пайғамбаримиз ҳузурларида турганликлари, У кишининг ўзидан ривоят қилинган. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор гап чиқсаю биз бехабар қолмайлик деган маъно бор эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган суҳбатлари у кишининг Исломга келган лаҳзаларидан бошланиб У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога интиқол қилгунларича ана шундоқ тарзда давом этган. Ҳар доим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида парвона бўладиган саҳобаи киромлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар.

Бу ҳолат айниқса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари иштирок этган ғазотларда яққол кўзга ташланган.

 

БАДР ҒАЗОТИ

 

Имом Баззор ўзларининг Муснад номли китобларида келтирган ривоятда қуйидагилар келтирилади:

«Али розияллоҳу анҳу:

«Менга одамларнинг энг шижоатлиси ким экани ҳақида хабар беринг», деди.

«Сенсан», дедилар.

«Мен ким билан мубораза қилсам, албатта, ундан интисоф қилганман. Лекин сизлар менга энг шижоатли одам ҳақида хабар беринглар», деди.

«Билолмадик, ким ўзи?» дедилар.

«Абу Бакр! Бадр кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун капа қилдик. Ва, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи васаллам билан бирга бўлади? Тағин мушриклардан бирортаси у зотга ҳужум қилиб қолмасин, дедик. Аллоҳга қасамки, Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким яқинлаша олмади. У қиличини ялонғочлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларида-турди. Бирортаси ҳужум қилгудек бўлса, унга ташланар эди», деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Бадр томон йўлга чиққанларида Рамазон эндигина кирган эди. Мусулмонларда бор-йўғи етмишта туя бўлиб, навбат билан миниб келишар эди.

Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар ва Абдуроҳман ибн Авф учовлон яна бир туяни навбат ила минишар эди.

Бадрга яқинлашганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қурайшликларнинг ҳам шу ёққа келаётганликлари ҳақида хабар етди. У зот асҳоби киромлар билан маслаҳат қилдилар.

Дастлаб Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб чиройли гаплар айтдилар.

Икки тараф бир-бирига яқинлашди, Расулуллоҳ саҳобаларига буйруқ бўлмагунча жилмасликни амр қилдилар.

«Агар улар яқинлашиб келсалар, камондан ўққа тутинглар», деб тайинладилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни яна бир бор тўғрилаб, капага қайтдилар. У киши билан бирга фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳу кирдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан нусрат юборишини, ваъдасининг устидан чиқишини сўраб дуо қилдилар:

«Эй бор Худоё! Агар бугун ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган одам қолмайди», деб Роббиларидан мадад сўрар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам капа ичида турганларида бир мудроқ босгандай бўлди. Сўнг кўзларини очиб:

«Суюнавер, Абу Бакр! Аллоҳнинг нусрати етди. Ана, Жаброил отининг жиловидан тутиб келмоқда», дея марҳамат қилдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирганлар:

«Тўқнашув бўлган куни Аллоҳ мушрикларни мағлуб этди. Улардан етмиш киши ўлдирилди ва етмиштаси асир олинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳуларга асирлар тўғрисида маслаҳат қилдилар.

Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, улар амакивачча, қабиладош ва ёки биродар одамлар, менимча, улардан тўлов олсангиз, яхши бўларди. Улардан олинган маблағ биз учун кофирларга қарши қувват бўлади. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларни ҳам ҳидоятга солиб, бизга елкадош бўлсалар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен нима маслаҳат берасан, эй Ибн Хаттоб?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, мен бу Абу Бакрнинг гапларига қўшилмайман. Фикрим шуки, менга агар изн берсангиз, фалончининг (Умарнинг қариндошларидан бири) бўйнини узсам, Алига изн берсангиз, акасини бўйнини узса, токи Аллоҳга қалбимизда мушрикларга нисбатан юмшоқлик йўқлигини кўрсатайлик. Булар мушрикларнинг бошлиқлари ва йўлбошчиларидир», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни айтганларига мойил бўлдилар, менинг гапларимни ёқтирмадилар. Улардан тўлов олдилар. Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакрнинг олдиларига борсам, икковлари йиғлаб ўтирибдилар.

«Сизни ва соҳибингизни нима йиғлатди? Агар йиғлайдиган нарса бўлса, мен ҳам йиғлай. Йиғланмайдиган нарса деб билсам, сизлар учун мен ҳам ўзимни йиғлаганга солай», дедим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Соҳибларинг тўлов олиши сабабидан менга сизнинг азобланишингиз анави дарахтдан ҳам яқинроқ қилиб кўрсатилди ва Аллоҳ таоло:

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди...» дан то «Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалоли-пок бўлгани ҳолда енглар» гача нозил қилди, дедилар».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Бадр уруши куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига назар солдилар. Улар уч юздан зиёдроқ эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага қарадилар, эгниларида ридо ва иштон бор эди. Сўнгра:

«Эй бор Худоё, менга берган ваъдангни юзага чиқар. Эй бор Худоё, бугун мана шу Ислом жамоаси ҳалок бўлса, Сенга ер юзида бошқа ибодат қилинмайди», дедилар.

У зот Роббиларидан мадад сўраб дуо қилар эдилар. Ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди. Абу Бакр келиб ридони олиб, эгниларига ташлаб қўйди-да, орқаларида турди. Сўнгра:

«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари Роббингизга ёлборганингиз етар. У сизга берган ваъдасини, албатта, амалга оширади», деди.

Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

«Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сў-ровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, Мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», деди».

 

УҲУД УРИШИДА

 

Уҳуд ғазоти мусулмонлар учун ғоятда оғир кечгани ҳаммага маълум. Ўша оғирликларнинг энг оғири жанг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалок бўлди деган хабар тарқагани эди. Ана шундоқ оғир бир пайтда, мусулмонлар ўзларига етган оғир зарба тасирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз ўнгларидан йўқотиб қўйиб ёлғон хабар тарқаган бир пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб ўзларига келдилар.

Бу ҳақда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар:

«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда:

«Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан.

Расули акрам алайҳиссолату вассалом:

«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.

Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:

«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:

«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир», дедилар.

Биз Толҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга ўндан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан экан».

Мана бу ҳолат ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳар қандай оғир ҳолатларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрамаслик учун ҳаракат қилганларини кўрсатади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин туришларини мушриклар ҳам яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам Уҳуд жанги тўхтаганидан кейин ўзини ғолиб сезган мушриклар бошлиғи Абу Суфён тоғ устига чиқиб мусулмонларга хитоб қилиб қуйидагича қичқирган эди:

«Ичингизда Муҳаммад борми?!» деб бақирди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Унга жавоб берманглар», дедилар. Абу Суфён:

«Ичингизда Ибн Аби Қуҳофа (Абу Бакр) борми?!» деб бақирди».

Кўрдингизми, Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуни сўрамоқда. Бу уларнинг ҳузурида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг иккинчи одами эканлигини кўрсатади.

 

ИФК ҲОДИСАСИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз у кишининг ақл заковати, илми, тадбиркорлиги, уддабуронлиги ва ҳар қандай вазиятда ҳам ўзларини йўқотиб қўймасликларига қоил қоламиз. Айниқса у кишининг бундоқ фазийлатари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқ ишларда яна ҳам очиқ-ойдин зоҳир бўлади.

Аммо бир ҳодисада Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари нима қилишни билмай қолганларини ўз тиллари билан иқрор бўлиб айтадилар. Ўша ҳодисада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари масаласи ўртага қўйилган эди. Ўша ҳодисада Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оиласи бир тараф эди. Шунинг учун ҳам у киши нима қилишни билмай лол қолган эдилар.

Бу ҳодиса «ифк» ҳодисаси эди. Бу ҳодиса Бани Мусталақ ғазотидан қайтишда бўлган эди. Мунофиқлар бўҳтон йўли ила Оиша онамизни Сафвон ибн Муъттал розияллоҳу анҳу билан зинода айблаб гап-сўз тарқатган эдилар. Ана ўшанда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бошларига оғир мусибат тушган эди. У киши ўз қизлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўҳмат бўлганидан ғоятда оғир ҳолатда қолган эдилар.

Келинг ҳодисанинг худди шу мавзуъга тегишли парчасини Оиша онамизнинг ўзларидан эшитайлик:

«…Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, уйқум яна келмади. Сўнгра кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Кўзимдан ёш қуйилаверди, уйқум ҳам келмади. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим.

Ота-онам олдида йиғлаб турган чоғимда ансорлардан бир аёл киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб йиғлай бошлади.

Биз шу ҳолатда турганимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ўтирдилар. Менинг ҳақимда гап-сўзлар айтилгандан бери ёнимга ўтирмаган эдилар. У кишига бир ой менинг ишим ҳақида ваҳий келмай туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва ундан сўнг:

«Менга сенинг ҳақингда шу-шулар етди. Агар сен беайб бўлсанг, Аллоҳ таоло, албатта, сени оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўз ёшим таппа-тақ тўхтади. Отамга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар. Кейин онамга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беринг», дедим. Онам:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар.

Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимасдим, ўзим гап бошладим:

«Аллоҳга қасамки, билишимча, менинг ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизда жойлашиб қолди. Унга ишондингизлар ҳам. Агар мен сизларга, мен беайбман, десам, бунга ишонмайсизлар. Агар мен бир ишни эътироф қилсам, Аллоҳ билиб турибдики, мен беайбман, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг:

«(Менинг ишим) гўзал сабр қилишдир. Сизлар васф қилаётган нарсада эса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчидир», дедим.

Сўнгра бориб жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда Аллоҳга қасамки, ўзимнинг беайб эканимни, албатта, Аллоҳ мени оқлашини, билар эдим. Лекин Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло менинг ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини гумон ҳам қилмаган эдим. Ўзимча, менинг ишим Аллоҳ таоло тиловат қиладиган нарсага арзимайдиган иш деб ўйлардим. Лекин, ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалару ўшанда Аллоҳ мени оқласа, дердим. Аллоҳга қасамки, у зот жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий нозил қилди. У зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб, оддий ҳолатларига қайтдилар. У зотнинг биринчи айтган гаплари менга:

«Эй Ойиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейишлик бўлди. Шунда онам менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнингдан тур!» дедилар. Мен:

«Аллоҳга қасамки, мен у кишига ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган зот Удир», дедим».

Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган бу ҳодисадан дунё ларзага тушган. Ифк–гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш ана шундай ёмон нарса. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди дейсиз!

Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшани ташвишга солади. Хаёлини паришон қилади.

Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Ойиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағрилари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.

Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Ойиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Ойиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, нима дейишимни билмайман, дедилар.

Ҳа, ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ана шундай ёмон нарса, ҳар қандай одамни нима дейишини билмайдиган ҳолга солиб қўяди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч бўлмаса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг оқловлари Қуръони Карим орқали собит бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга табрик учун ҳам бўлса бирор оғиз сўз айтишлари мумкин эди. Лекин шуни қила олмадилар. Чунки ўша гапнинг чиқишининг ўзи, қисқа муддатга бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишга солишининг ўзи у кишининг тилини боғлаб қўйган эди. У зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари анашу даражада эди.

Ифк ҳодисаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг яна бир фазийлатининг юзага чиқишига сабаб бўлган. Бу фазийлат Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳар нарсага тайёр туришдир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг бундоқ тайёргарликларини Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатларида кўрсатдилар. Авваллари у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар. Ифк ҳодисаси бўлганда оз сонли кишилар қатори Оиша онамиз ҳақида ножўя гаплар айтганлар орасида бўлдилар.

Келинг яна Оиша розияллоҳу анҳога қулоқ осайлик. У киши бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр:

«Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол:

«Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу олдин Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга хайри эҳсонни бировлардан бериб юборар эканлар, бу ҳодисадан кейин ўзлари шаҳсан олиб борадиган бўлган эканлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шундоқ бир зот эдилар. Кўпчилик бу ишларини қилишга ўзларида журъат топа олмайдилар. Айниқса қизларини гап-сўз қилганларга қарши оталарда алоҳида нафрат пайдо бўлади. У нафрат умр охиригача ҳам кетмай туради. Ўз қизини ноўрин гап-сўз қилган одамга унинг айби собит бўлгандан кейин аввалгидан ҳам зиёдароқ яхшилик қилиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек одам бўлиш керак.

 

ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИ ҲАҚИДА

 

Ислом тарихидаги энг ҳал қилувчи ҳодисалардан бири «Ҳудайбия сулҳи»да ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фаол иштирок этдилар. У киши бу ишда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган улкан муҳаббатлари ва чексиз ишончларини яна бир бор намойиш қилдилар.

Умра қилиш ниятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккага яқинлашиб Ҳудайбия номли жойга тушган мусулмонларни умра қилдирмаслик учун турли чораларни –кўраётган мушриклар у зотнинг ҳузурларига кетма-кет ўз элчиларини юбора бошлади.

Навбатдаги элси келиб кетгандан сўнгра улар Расулуллоҳ алайҳисоллоту вассалом ҳузурларига Урва ибн Маъсуд Сақафийни юборишди. У жўнашдан олдин:

«Эй Қурайш одамлари, мен кўриб турибманки, кимни Му-ҳаммаднинг олдига юборсангиз, қайтиб келгандан кейин унга ёмон сўзларни айтиб, қўпол муомала қиляпсизлар. Мени яхши биласизлар; Сизлар ота бўлсангизлар, мен болангизман. Ташвишингизни эшитиб, ўзимга эргашганларни тўплаб келдим», деди. Улар:

«Тўғри айтасан, сенга туҳмат қиладиган еримиз йўқ», дейишди. Кейин уердан чиқиб Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келди ва:

«Эй Муҳаммад! Турли-туман одамларни тўплаб, ўзингнинг тухумингни синдиргани олиб келдингми?! Қурайш ҳам ёшу қарисига йўлбарс терисини кийдириб олиб чиқибди. Аллоҳга қасамки, анавилар эртага сени ташлаб қочиб қолишадими, деб турибман», деди.

Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбар алайҳиссаломнинг орқаларида ўтирган эдилар. Урвани бўралаб сўкди ва:

«Биз уни ташлаб қочар эканмизми?!» деди.

«Бу ким, эй Муҳаммад?» деди Урва.

«Абу Қуҳофанинг ўғли», дедилар Расулуллоҳ.

Сўнгра унга ҳам аввалгиларга айтганларини айтиб, уруш учун келмаганликларини билдирдилар. Урва Расулуллоҳнинг ҳузурларида У зотга саҳобалар қандай муносабатда бўлаётганларини кўрди. Таҳорат қилсалар, сувни ерга туширмасдан илиб қолишарди. Сочларидан бирор тола тушса ҳам, талашиб кетишар эди. Бас, у Қурайш ҳузурига қайтиб бориб:

«Эй Қурайш одамлари, Кисрони ўз мулкида кўрдим, Қайсарни ҳам ўз мулкида кўрдим, Нажошийни ҳам ўз мулкида кўрдим. Лекин, қасамки, ҳеч бир подшоҳни ўз қавмида Му-ҳаммадни саҳобаларининг ичида кўрганимдек кўрмаганман. Менимча, улар уни ҳеч нарсага алмашмайдилар. Билганингизни қилинг», деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган улкан муҳаббатларигина Қурайш элчиси Урва ибн Маъсуд Сақафийни бўралаб сўкишга олиб келди. Бўлмаса у киши сўкинадиган одам эмас эдилар. Худди шу ишнинг айнан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан содир бўлиши ҳам у кишининг бошқа саҳобаи киромлардан кўра муҳаббатлари зўрлигини кўрсатади.

Иш охирига етиб, фақат сулҳни ёзишнигина қолганда, Умар ибн Хаттоб ўринларидан сакраб турдилар ва Абу Бакрнинг олдига келиб:

«У киши Расулуллоҳ эмасмилар?!» деди.

«Албатта Расулуллоҳлар!» деди Абу Бакр.

«Биз мусулмонмасмизми?!» деди.

«Албатта», деди Абу Бакр.

«Улар мушрик эмасмилар?!» деди.

«Албатта», деди Абу Бакр.

«Унда нима учун динимизни пасткашликка алмаштирамиз?!» деди.

«Эй Умар, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар», деди Абу Бакр.

«Мен ҳам шаҳодат келтираман, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар», деди.

Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу даражада ишонар эдилар. У кишининг қиладиган ишларининг барчасини заррача мулоҳаза қилмай тасдиқ қилар эдилар. Бу эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшар эди.

Ибн Асокир ал-Воқидийдан қуйидагиларни нақл қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтиб юрарди: «Исломда Ҳудайбия фатҳидан кўра улуғроқ фатҳ бўлмаган. Лекин ўша куни Муҳаммад билан унинг Роббиси орасида бўлган нарсадан одамларнинг фикри қисқалик қилди. Бандалар шошиладилар. Аллоҳ бўлса ишларни Ўзи ирода қилганидек бўлишига етказмагунича бандалар шошилганидек шо-шилмайди. Видолашув ҳажида Суҳайл ибн Амрга назар солдим. У сўйиш жойида тик туриб олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туяларни яқинлаштириб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар уларни ўз қўллари билан сўяр эдилар. У зот сартарошни чақирдилар. У сочларини олди. Суҳайлга назар солдим. Суҳайл У зотнинг соч толаларини териб олиб икки кўзига суртар эди. Унинг бу ҳолини кўриб туриб, худди шу одам Ҳудайбия куни Бисмиллаҳир роҳманир роҳимни ёзишдан, Муҳаммадун Расулуллоҳини ёзишдан бош торган эди, деб ўйладим ва уни Исломга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд айтдим».

Ҳа, бунга ўхшаш пайтларда Аллоҳ таолонинг ҳикматини англаш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаш иймонга соҳиб бўлиш керак. У зотга ўхшаб Аллоҳ таоло нима деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар чуну чаросиз таслим бўладиган банда бўлиш керак. Аллоҳ таолонинг Ўз Қуръони Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган ҳар бир гапни ва маънони дарҳол тасдиқлайдиган банда бўлиш керак.

Ҳудайбия сулҳи саҳобаи киромларга мағлубиятга ўхшаб кўринган эди. Баъзилари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаб ўз норозиликларини ошкоро изҳор қилган ҳам эдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳугина заррача шубҳасиз таслим бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплардан бошқа нарсани хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар.

 

МАККА ФАТҲИ КУНИ

 

Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамани фатҳ қилганда ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зот билан бирга эдилар. Ҳа, ўшанда ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг маҳбуб пайғамбарлари атрофларида парвона эдилар.

Ўша улуғ кун ҳақида келган ривоятларда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қилган ишларидан бири ҳам ўз ўрнини топган.

Имом Тобараний ва имом Баззорлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Макка фатҳи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз отаси Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етаклаб келди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қарияни ўз уйида тарк қилсанг бўлар эди. Биз унинг ҳузурига борар эдик», дедилар.

«Аллоҳ унга ажр беришини ирода қилдим. Мен ўз отамнинг Исломга келишидан кўра Абу Толибни Исломга келишидан кўпроқ хурсанд бўлар эдим. Бу ила кўзингиз қувонсин, эй Аллоҳнинг Расули,», деди Абу Бакр.

«Рост айтасан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам».

Бошқа ривоятларда таъкидланишича Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз отларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилаётганларини кўриб туриб йиғлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, нимага йиғламоқдасан, деб сўраганлар. Бу савол жавобига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, агар унинг қўли ўрнида амакингизнинг қўли бўлиб, у Исломга келиб сиз хурсанд бўлганинигизда мен учун яхшироқ бўлар эди, деганлар.

Ҳа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари, у зотнинг хурсандчиликларига бўлган ҳирслари ана шундоқ эди.

 

ҲУНАЙН ҒАЗОТИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ҳунайн ғазотида ҳам ҳамма урушдан қочиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сабот ила турган оз сонли саҳобаи киромларнинг бири бўлдилар. Бу урушда кўпчилик орқасига қарамай қочиб қолди.

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собит турдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларини душ-маннинг рўбарасига қараб солар эдилар. Хачирнинг юганини ўнг томондан Аббос, чап томондан Абу Суфён ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб тутиб тортишар, унинг юришини секинлатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, одамларни қайтаришга уриниб:

«Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Менинг Пайғамбарлигим ёлғон эмас! Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман!» деб қичқирар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан юз кишича собит турдилар. Уларнинг ичида Абу Бакр, Умар, Али, Аббос, Фазл ибн Аббос, Абу Суфён ибн ал-Ҳорис, Айман ибн Умму Айман, Усама ибн Зайд ва бошқалар розияллоҳу анҳум бор эдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга баланд овоз билан:

«Эй дарахт соҳиблари», деб чақиришни буюрдилар. (Ҳудайбияда муҳожир ва ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилган эдилар. Ана ўша кишиларни чақиришни амр этдилар). Аббос баланд овоз билан чақиришга тушди. Улар эса:

«Лаббайка, лаббайка», деб жавоб бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайта бошладилар. Баъзи кишиларнинг минган улови қайтмаса, совутини кийиб, уловидан тушиб, пиёда келди. Улардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тўплангандан сўнг, уларга сидқидилдан кучли бир ҳамла қилишга буйруқ бердилар. Шунда мушриклар енгилиб, пала-партиш қочишга тушди. Асирларни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошларига олиб келишгандагина, бошқа мусулмонлар ҳам қайтиб келишди.

 

ТАБУК ҒАЗОТИ

 

Мусулмонлар учун турли қийинчиликлар синови бўлган бу ғазотда ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб ўзларининг ўта сезгирликлари ила кўпчиликка фойда кетирадиган ишга сабаб бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қийинчилик ҳақида савол берилди. Шунда у киши:

«Табукка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қаттиқ иссиқ пайтида чиқдик. Бир жойга тушганимизда жуда чанқадик. Ҳатто бўйинларимиз узилиб кетса керак, деб гумон қилдик. Одамлар сув излаб юриб-юриб ўлар ҳолатда қайтиб келишар эди. Баъзи одамлар туясини сўйиб, қорнини ёриб ичидаги ахлатни сиқиб ичишгача борди. Ортиб қолганини жигарига босар эдилар».

Шу вақт Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ сизни яхши дуога одатлантирган. Бизга бир дуо қилинг», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шуни хоҳлайсанми?» дедилар.

«Ҳа», деди Абу Бакр.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб дуо қилдилар. У киши қўлларини туширмасдан туриб ёмғир қуя бошлади. Сўнгра тўхтамади. Одамлар идишларини тўлғазиб олдилар. Кейин бориб қарасак, аскар турган жойдан бошқа ерга ёмғир ёғмаган экан».

Ана шундоқ оғир бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу каби таклифни қилишни Аллоҳ таоло Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўнгилларига солгани ҳам бежиз эмас.

 

ЯХШИЛИКЛАРДА БИРИНЧИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни динимизда тарғиб қилинган барча яхши ишларни ҳаммадан биринчи ва ҳаммадан аъло даражада қилишга интилар эдилар. Кўпчилик саҳобаи киром у кишининг бу одатларига ҳавас қилишар эди. Баъзилари эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан олдинроқ бир хил амали солиҳларни қилишга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо суриштирилган вақтда барибир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб чиқаверар эдилар.

Фикримизнинг далили учун бир ҳадиси шарифни келтирамиз.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бугун ким рўзадор ҳолда тонг отдирди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Сизлардан бугун ким жанозага борди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Сизлардан бугун ким мискинга таом берди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

«Сизлардан бугун ким беморни кўргани борди?» дедилар.

«Мен», деди Абу Бакр.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Булар кимда жам бўлса, у, албатта, жаннатга кирур», дедилар».

Муслим ривоят қилган

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг амали солиҳ қилишга қанчалар ўчликлари кўриниб турибди. Шу билан бирга у киши яна бир бор ўзлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан жаннат ваъдасини олмоқдалар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзгаларга яхшилик қилиш ҳақидаги қайғуришлари қуйидаги ривоят ҳам у кишининг фазлларини яққол очиб беради.

Имом Муслим Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳмондан ривоят қиладилар:

«Бизникига меҳмонлар келди. Отам кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашмоқчи эди. У киши кетаётиб:

«Эй Абдурраҳмон! Меҳмонларингга яхшилаб қара!» деди.

Кеч бўлганда уларнинг зиёфатларини олиб келдик. Улар бош тортдилар ва:

«Хонадоннинг отаси келмагунча ва биз ила таомланмагунича емаймиз», дедилар. Мен уларга:

«У киши темир одам. Агар буни қилмасангиз ундан менга озор етишидан қўрқаман», дедим.

Улар бош тортдилар. У киши келиши билан улардан бошқа нарса билан иши бўлмай:

«Меҳмонларингизга яхшилаб қарадингизми?» деди.

«Йўқ. Аллоҳга қасамки, қарай олмадик», дедилар.

«Абдурраҳмонга амр қилмаганмидим?!» деди. Мен ўзимни олиб қочдим. У киши:

«Эй Абдурраҳмон!» деди. Мен яна ўзимни олиб қочдим.

«Эй Жоҳил! Алоҳга қасамки, агар гапимни эшитаётган бўлсанг чиқ!» деди у киши. Мен чиқдим ва:

«Аллоҳга қасамки, менинг гуноҳим йўқ. Анави меҳмонларингиздан сўранг. Мен уларнинг зиёфатларини олиб келдим. Аммо улар сиз кегунча уни емоқдан бош тортдилар», дедим. У киши уларга:

«Сизга нима бўлди? Биздан зиёфатингизни қабул қилмапсизлар? Аллоҳга қасамки, бу кеча мен таом емайман» деди. Улар ҳам:

«Аллоҳга қасамки, сен емагунингча биз ҳам емаймиз!» дедилар. У киши:

«Бу кечага ўхшаш ёмон кечани кўрганим йўқ. Шўрингиз қурисин! Сизга нима бўлди? Биздан зиёфатингизни қабул қилмапсизлар? Аввалги гап (емаслик ҳақидаги қасам) шайтондан. Зиёфатингизни олиб келинг», деди. Таом келтирилди. У киши бисмиллоҳни айтиб еди. Бошқалар ҳам едилар. Эрталаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, улар қасамларига содиқ қолишди. Мен қасамимга содиқ қолмадим», деди ва хабарни айтди. У зот:

«Балки сен уларнинг қасамида энг содиғисан ва энг яхшисисан», дедилар. Менга каффорот ҳақида гап етмади».

 

 

кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов