"."
Меню

Абу Бакр Сиддиқ розияллохи анху

 

ТУЛАЙҲАНИНГ ХАБАРИ

 

Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий аслида коҳин бўлган одам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилган эди. Унга Бани Исроилдан афорийқлар эргашган эди. У Нажднинг шарқий тарафидаги, Ироққа яқинроқ, Бани Асаднинг Самийро номли юртида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарши урушиш учун Зирор ибн ал-Азвар ал-Асадийни юборган эдилар. У етиб борай деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари хабари келиб қолди. Тулайҳанинг иши юришиб унга Ғатафон, Ҳавазон ва Той қабилалари ҳам қўшилди. Зирор Мадинага қайтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни ва унинг лашкарини Тулайҳага қарши урушга юборганда Холиднинг лашкари ичида Адий ибн Ҳотим Тоий ҳам бор эди. У Холиддан олдин бориб ўз қавми-Бани Тойни Аллоҳнинг динига қайтишга даъват қилиш учун изн сўради. У бориб уларни даъват қилди. Улар уни қабул қилдилар ва Тулайҳани тарк қилиб Холиднинг лашкарига қўшилдилар. Адий розияллоҳу анҳу Тулайҳа билан бирга бўлган Бани Жудайлани ҳам даъват қилган эди, улар ҳам қабул қилдилар. Сўнгра Холид муртадлар билан Бузохада тўқнашда ва улар билан қаттиқ жанг қилди.

Тулайҳа урушга тоқати йўқлигини билганидан кейин олдиндан тайёрлаб қўйилган икки отга хотини билан миниб Шомга қочиб кетди. Унинг лашкари мағлуб бўлди.

Бани Асад ва Ғатафон қабилалари мусулмон бўлганидан кейин Тулайҳа ҳам Исломга кирди. У Ироқнинг фатҳ қилиш ишларида таҳсинга сазовор ишларни қилди. Тарихи ал-Хумийсда зикр қилинишича Тулайҳа Ноҳаванд жангида шаҳид бўлган.

Тулайҳа қочгандан кейин Ғатафон қабилалари Ҳавъаблик Салма бинти Молик ибн Ҳузайфа номли аёл атрофида тўпланишди. Бу аёл Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг даврларида мусулмонларга аср тушган эди. Уни Оиша онамиз озод қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни уйга кирсалар, ўша аёл бир гуруҳ аёллар ичида Оиша онамиз билан ўтирган экан. Шунда у зот унга, «сизлардан бирингиз Ҳавъаб итларини ҳурдиради», деган эдилар. Мазкура аёлнинг ушбу қилган иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша гапларини тасдиғи эди. (Ибн Халдундан)

Холид бориб у аёлнинг лашкарига қарши жанг қилди. Аёл туяга миниб олган эди. Уни ҳимоя қиламан деб юз эркак ўлди. Сўнгра унинг ўзи ҳам қатл этилди ва лашкари мағлуб бўлди.

Бани омирликлар Асад ва Ғатафон қабилаларининг ҳолини кўриб Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:

«Ўзимиз чиққан нарсага қайтамиз; Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирамиз», дедилар. Холид улардан буни қабул қилди ва намозни ўқиб, закотин бериш учун байъат олди. Ана ўша шарт асосида болалари ва аёллари ҳам байъат қилдилар. Сўнгра Холид Исломга қарши иш қилганларни келтиришни талаб қилди. Улар келтирилди ва қилганларига яраша жазоландилар.

Бани Сулайм қабиласини риддага қарши лашкарлардан Турайфа ибн Ҳожир лашкари Исломга қайтарди.

 

МОЛИК ИБН НУВАЙРА ХАБАРИ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Тамимга олтита амир таъйин қилган эдилар. Улар; аз-Зарбуқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра ибн Амр, Вакиъй ибн Молик ва Молик ибн Навайралардир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин аз-Зарбуқон ибн Бадр ва Сафвон ибн Сафвонлар Абу Бакрга закотни бердилар. Қайс ибн Осим ва Молик ибн Навайралар эса закот беришдан бош тортдилар. Сўнглар уларнинг ичида Исломда боқий қолганлар билан муртад бўлиб закотни ман қилганлар ўзаро жанжал бошладилар.

Улар ўзаро ихтилоф қилибтурганларида уларнинг ерига Бани Тағлаблик Сажоҳ номли аёл келди. У насрония бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларидан кейин пайғамбарликни даъво қилган эди. Унга кўпгина араб авбошлари эргашган ҳам эди. У аёл Абу Бакрга қарши урушга отланди. Уларнинг ери Нажд тарафда эди. Бани Тамимга етганларида Сажоҳ Молик ибн Нувайрага одам юбориб, ярашишни талаб қилди. У ярашди ва уни Мадинага ғазот қилишни қўйиб Бани Тамимлик мусулмонларга қарши урушга чақирди. Улар эса аёлдан қочиб кетдилар.

Аёл бўлса Мадинага қараб юришда давом этди. У Нибожга етганида Бани Тамимлик бир қавм йўлини тўсиб чиқиб у билан уруш қилдилар ва кўпгина одамларини асир олдилар. Сўнгра у билан музокара олиб бориб ундан асирларни алмаштариш ва шу ердан қайтиб кетишни талаб қилдилар. Аёл Мадинага боришдан умид узиб Ямома томон юрди.

Бани Тамимликларнинг Молик ибн Нувайрадан бошқаси қилган ишларига надомат қилиб, Исломга қайтдилар. Унинг ўзи иккиланиб туриб қолди. Бутоҳ деган жойда қавми унинг атрофида тўпланди.

Холид Тулайҳа ишини битирганидан кейин у томон юрди. Молик унинг келаётганини эшитиб одамларини тарқалиб кетишга амр қилди. Холид уларнинг ортидан одам юбориб баъзиларини ушлатиб олиб келди. Уларнинг ичида Молик ибн Нувайра ҳам бор эди. Бас, Холид уларни қатл этишга амр қилди.

 

МУСАЙЛИМА ХАБАРИ

 

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайлиматул Каззоб ҳам бор эди. Бу набокор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда қуйидагилар айтилганди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга.

Аммо баъд; Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярими бизгадир. Унинг ярими Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмаслар».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзгандилар:

«Бисмиллаҳар роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Му-ҳаммаддан, Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд; Албатта, ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганларида Мусайлимани У зотдан кийимлари билан тўсиб турган эдилар. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз набокорлигини қилганди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз султонлари остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўраганди. Шунда У зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб:

«Сенга маншу чўпни ҳам бермайман», дегандилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафдаги, Ямомадаги Мусайлима ал-Каззобга юборди. Унинг ортида мадад учун Шурҳабийл ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шурҳабийл ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битирмоқчи бўлиб, шошилиб Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Абу Бакрнинг ундан аччиғи чиқди ва Мадинага қайтиб келмасдан Яманга бориб Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Аҳли маҳарга қарши уруш қилишга амр қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб уни Мусайлима томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мададга юборди. Шурҳабийл ибн Ҳасанага одам юбориб Холидни кутиб туришга амр қилди. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлима ва Бани Ҳанийфаликлар Холиднинг келаётганини эшитиб Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб одам тўпладилар. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ҳам яқинлашиб келарди. Унинг лашкари олдида Шурҳабийл ибн Ҳасана боради. Бани Ҳанийфанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганда уларнинг Омирдан ўч олиб келайтган бир жангчи гуруҳини учратди. Бу гуруҳга Бани Ҳанийфанинг улуғларидан Мажоъа ибн Марора бошлиқ эди. Холид амр қилиб бошлиқларидан бошқасини қатл этдирди.

Сўнгра Холид бориб муртадлар лашкари ила тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келдилар ва унинг хотинини асир олмоқчи бўлдилар. Уларни Мажоъа бу ишдан қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашдилар ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ўз одамлари ила ҳамла қилиб муртадларни ортига қайтарди.

Бани Ҳанийфаликлар аччиқланиб шиддатла жанг қилдилар. Холид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди ва иши оғирлашиб қолганда қочди. Унинг одамлари ҳам қочишга турди. Холид мусулмонларга нидо қилди. Улар бирдан ҳамла қилиб муртадларни шармандаларча муғлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг Ҳадийқатур Роҳман номли боғига кириб олишди. У қўрғонга кириш мусулмонлар учун қийин бўлди. Ансорийларнинг шижоатлиларидан Барроо ибн Молик, мени боғнинг ичига отинглар, деди. Шерикларни уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Унинг ёлғиз ўзи дашман билан жанг қила туриб эшикни очди. Мусулмонлар ундан кириб душманни қатл қилдилар. Қатл этилганлар ичида Мусайлима ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг қотили Ваҳ-ший билан яна бир ансорий ўлдирдилар. Ўша вақтда Мусайлима юз эллик ёшда эди.

Бу жангларда саҳобаи киромлардан етмиш киши шаҳид бўлдилар. Шаҳидлар ичида Абу Ҳузайфа ибн Утба, Солим мавло Абу Ҳузайфа, Шужоъ ибн Ваҳб, Зайд ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Саҳл, Молик ибн Амр, Туфайл ибн Амр ад-Давсий, Язийд ибн Қайс, Омир ибн Букайр, Абдуллоҳ ибн Махрама, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Уббод ибн Бишр ва бошқа катта саҳобаи киромлар бор эди. Бу ҳодисалар ўн биринчи ҳижрий санада бўлиб ўтди.

Ўн иккинчи ҳижрий санада ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қолган муртадларга ўз лашкарларини юбордилар. Жумладан, ал-Алаа ибн ал-Ҳазрамийни лашкари билан Баҳрайнга юборди. У ўша ердаги муртадлар билан жанглар қилиб ғолиб келди ва аҳолини Исломга қайтарди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлни Уммонга юборди. У ўз лашкари ила у ернинг аҳолисидан муртадларини Исломга қайтарди.

Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Яманга, яна бир пайғамбарлик даъвосини қилганга қарши, Асвад Ал-Анасийнинг аскарларига қарши юборди. Муҳожир уларни енгиб Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

Сўнгра Муҳожир ибн Абу Умаяя яна бир муртад қавм Кинда аҳли томон юрди ва уларни ҳам мағлуб этди.

Ана шундоқ қилиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Ҳамма диндан қайтганда қаттиқ туриб уларнинг Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Аллоҳ таоло у кишига ва биродарларига нусрат берди. Шу сабабдан фитна таг томири ила йўқотилди.

 

МАККА САФАРИ ВА ҲАЖ

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўн иккинчи ҳижрий сананинг Ражаб ойида Маккаи Мукаррамага сафар қилдилар ва ҳаж мавсуми келганда ҳаж қилдилар.

Бу ҳақда Ибн Саъд Ибн Умар, Оиша, Ибн Мусаййиб ва бошқалардан қилган қоришма ривоятда жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Ўн иккинчи сананинг Ражабида Абу Бакр чошгоҳ вақтида Маккага кириб борди. Кейин манзилига борди. Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу ҳовлисининг эшигида ўтирган эди. У ўзи билан ўтирган ёш йигитлар билан гаплашаётган эди. Унга: «Ана! Ўғлинг!» дейилди. У ўрнидан турди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уловини чўктиришга ҳам қарамасдан шошилиб тик (туя) турганда тушди. У, отажон ўрнингиздан турманг, деб югуриб бориб уни қучоқлади ва Абу Қуҳофанинг икки кўзи орасидан ўпти. Чол унинг келганига хурсанд бўлганидан йиғлай бошлади.

Маккага Итоб ибн Усайд, Суҳайл ибн Амр, Икрима ибн Аби Жаҳл ва Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳумлар келдилар. Бас, унга, «ассалому алайка, ё халифата Расулиллаҳ», деб салом бердилар. Уларнинг ҳаммаси у билан кўл бериб кўришдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлай бошлади.

Сўнгра Абу Қуҳофа билан сўрашдилар. Абу Қуҳофа»

«Эй атийқ, манави қавмнинг суҳбатини яхши қил», деди. Абу Бакр:

«Эй отажон! Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи, улуғ ишни бўйинга ўрадингиз. Унга Аллоҳнинг Ўзидан бошқа менда қувват ҳам икки қўл ҳам йўқ», деди.

Кейин кириб, ғусл қилди ва чиқди. Шериклари унга эргашдилар. У уларга, шошилмай юринглар, деди. Унга одамлар учрашди. Олдидан келиб сўрашишар ва Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида таъзия изҳор қилишар эди. У эса тинмай йиғлаган ҳолда Байтга етиб борди. Ридосига бир оз ёнбошлади. Сўнгра рукнни истилом қилди ва етти марта тавоф қилди. Икки ракъат намоз ўқиди. Кейин манзилига қайтди. Пешин бўлганда яна чиқди, яна Байтни тавоф қилди. Сўнгра Доруннадвага яқин жойда ўтирди ва:

«Зулмдан шикоят қиладиган ёки ҳақ талаб қиладиган борми?» деди.

Унинг олдига ҳеч ким келмади. Одамлар волийларига яхши сано айтдилар. Сўнгра асрни ўқиди ва ўтирди. Одамлар у билан хайрлашдилар. Кейин у Мадинага қараб йўл олди.

Ўн иккинчи сананинг ҳаж вақти бўлганда, ўша йили Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамлар ила ҳаж қилди. Ёлғиз ҳаж қилди. Мадинада ўз ўрнига Усмон ибн Аффонни қолдирди».

 

ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган эди. У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Мусайлиматул Каззобга қарши Ямомада бўлган жангда етмиш саҳобаи киром шаҳид бўлди. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга, Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин, қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.

Аввал бошда ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам айтганларидан қолмай:

«Аллоҳга қасамки, бу иш яхшидир», деб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ортларидан қолмай юравердилар.

Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб:

«Биз сени ҳеч бир нарсада муттаҳам қилган эмасмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни ёзар эдинг. Энди яхшилаб суриштириб Қуръонни жамла», деб бу ишни амалга оширишни унга топширди. Чунки, Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам аввал бошда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Энди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳга қасамки, бу иш яхшидир», деб Зайл ибн Собит розияллоҳу анҳуни бу ишга кўндиришга ҳаракат қилишга ўтдилар. Охири бориб Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қалбларига солган нарсани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қалбларига ҳам солди. У киши Қуръонни жамлашга рози бўлдилар.

Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда:

«Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар.

Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.

Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.

Шундай қилиб, Зайд ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша саҳифаларни «мусҳаф» деб номладилар. Мусҳафни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар.

Бу иш Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида амалга ошган энг улуғ ишлардан бири бўлди. Аллоҳ таоло Ўзининг «Албатта, зикрни Биз нозил қилганмиз ва, албатта, уни Биз Муҳофаза қиламиз» деган ваъдасини амалга бир карра ошишига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни сабаб қилди.

Ислом тарихидаги бу улкан аҳамиятга молик иш ўн иккинчи ҳижрий санада бўлган дея оламиз. Чунки, Ямома уруши ўн биринчи сананинг охирида бўлди. Қуръонни жам қилиш бир йил давом этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса ўн учинчи санада вафот этдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва ҳассос ишни амалага оширилиши ўша вақтда у киши фақат жангу жадал билан овора бўлиб бошқа ишларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганларини кўрсатади.

Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга, «қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни берганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қилиб қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлиқ қилиб қўйилгани маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар.

Ана шунга ўхшаш суннат нимаю, умматнинг ижтиҳодига боғлиқ ҳолда қўйилган иш нима эканини ажратиб олиш доимо муяссар бўлавермаганидан ихтилофлар чиқади.

 

ИРОҚ ФАТҲИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ридда урушлари тамом бўлганидан кейин Ислом омонлиги, адолати, фазийлати, каромати ва нурини оламга тарқатиш ташвишига тушди. У киши ўзининг Ямомада турган музаффар лашкарбошиси Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга қуйидаги мактубни ёздилар.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг бандаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрдан Холид ибн Валид ва убилан бирга бўлган муҳожир, ансорлар ва уларга яхшилик ила тобеъин бўлганларга.

Ассалому алайкум. Мен сизлар учун Аллоҳга ҳамд айтаман. У зотдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ. Аммо баъду:

«Ваъдасини бажарган, бандасига нусрат берган, дўстини азиз қилган, душманини хор қилган ва ҳизбларга ёлғиз Ўзи ғолиб келган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ. У зот:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар», дегандир.

Бу Ундан ваъдадир. Хилофи йўқ. Айтилган гапдир. Шубҳаси йўқ. Ва мўминларга жиҳодни фарз қилиб:

«Сизга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди. Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз», деди.

Бас, Аллоҳнинг ваъдасини охиригача етказинглар. У зотга сизга фарз қилган нарсасида итоат қилинглар. Агар сизга қийинчилик катта, мусибат улуғ, машаққат узоқ бўлса ҳам. Бу йўлда молларингиз ва жонларингизда фожеъага учрасангиз ҳам. Албатта, улар Аллоҳнинг улуғ савобининг олдида арзимас нарсадир. Бас, Аллоҳнинг раҳматига қолгурлар, Аллоҳнинг йўлида «Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир».

Огоҳ бўлинглар! Мен Холид ибн Валидни Ироқ томон юришга амр қилдим. У менинг амрим келмагунича ўша ерни тарк этмас. Сизлар у билан юринглар. Танбаллик қилманглар. Албатта, бу бир йўлки, унда ният яхши бўлса, яхшиликка рағбат кучли бўлса, Аллоҳ ажрни катта қилиб беради. Қачон Ироқда воқеъ бўлсангиз, менинг амрим келгунича ўша ерда бўлингиз. Бизни ҳам, сизни ҳам Аллоҳ бу дунё ва охиратнинг ташвишларидан соқласин. Вассалому алайкум ва баракотуҳу!» (Байҳақий сунанида келтирган)

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга муртад бўлганлардан бирортасини ҳам ўз лашкарига олмасликни амр қилди.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бошлиқ ушбу лашкарнинг ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империясининг бири бўлган Форс империясига қарашли Ироқ ерларини фатҳ қилиш учун юришлари билан Исломнинг шонли фатҳлар аҳди бошланади.

Шу муносабат ила исломдаги фатҳ тушунчаси ҳақида бир оз ожизона фикр билдиришга ижозатингизни сўраймиз.

Мусулмон давлатида яшаётган иймонли-Исломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суришидан масъулдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масъулиятни тўлиқ тушунган ва ўшанинг тақозоси билан ҳаракат қилганлар. Улар масъулиятни адо этиш учун жиҳодга чиққанлар. Саҳобаларнинг жиҳодларини ва кейинги авлоднинг уни давом эттиришини кўпчилик турлича тушунади, турлича баҳолайди.

Душманлар буни босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Кофирлар ва уларнинг малайлари бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб ҳаммаёқни ўзлариники қилиб олганлар. Кишиларни мажбуран Исломга киритганлар. Исломни қабул қилмаганларни ўлдирганлар ёки катта солиқ солганлар.

Ўзини Исломга дўст санаганлар ва кўпчилик мусулмонлар бу зулмкор баҳодан Исломни гўё «ҳимоя» қиладилар. Улар:

«Исломда жиҳод фақат ватанни ҳимоя қилиш учун жорий қилинган; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги ҳамма урушлар фақат мудофаа учун бўлган; Қуръони Каримдаги оятлар ҳам худди шу маънога далолат қилади», дейдилар.

Лекин бу икки тоифанинг даъволарини бир оз ўйлаб муноқаша қилинса, ҳамма нарса равшан бўлади.

Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканлигини душманларнинг ўзлари ҳам билади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳ мужоҳидлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, динга даъват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолганлар.

Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаъқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.

Шуниндек, «ҳимоячи»ларнинг гапларига ҳам ўзига яраша эътирозлар чиқади. Масалан, агар Исломда жиҳод фақат мудофаа учун жорий қилинган бўлса, нима сабабдан саҳобалар Арабистон ярим оролидан чиқиб бошқа юртларга бордилар, у ерларда шаҳид бўлдилар, деган савол берилса, улар жавоб беришдан қийналиб қолишади.

Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди.

Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда топдилар.

Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди.

Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга:

«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.

Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб:

«Кетдик», деди.

Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:

«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай кулиб ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.

Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Робиъ розияллоҳу анҳу:

«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди.

Форсларнинг каттаси таржимонга:

«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.

Робиъ розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди.

«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.

Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлиши учун курашганлар. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерли аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб, мусулмон бўл–саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер; унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади, дейишган.

Мусулмон фотиҳлар:

«Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин. Ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар.

Исломда мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Уруш пайтида Исломий қоида бўйича қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб мусулмонлар ғолиб келсалар, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан дастлабки даъватдаёқ ўз динида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверадилар.

Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир. Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.

Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.

Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.

Тўртинчидан, жизя олгандан сўнг мусулмонлар юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб эгасига топширадилар.

Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун бериши аён бўлади. Худди шу маънода мусулмонлар ҳам Байтул молга закот-ушур ва бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солиш керак.

Демак, таклиф иккита; Ислом ёки жизя бериш. Мусулмон бўлсалар, биродар бўлиб яшайверадилар. Жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Урушни хоҳлаганлари уруш ҳам қилаверадилар. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқалар эришишини ҳам истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.

Фотиҳи музаффар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ўз халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўрсатмаларига амал қилиб ишни ал-Убулла деган жойни фатҳ қилишдан бошлади.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг фотиҳ лашкарлари ал-Убулладан кейин ас-Сина, ал-Валжа ва Уллайс деган жойларда душман билан тўқнашиб ғолиб келдилар. Кейин ал-Ҳайра, Анбор, Айнут тамр, Давматул жандал номли жойларни фатҳ қилдилар. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг аскарлари ал-Ҳосийд, ал-Хунофис ва ал-Фирос номли ерларда ҳам рақибларни мағлуб этдилар.

Сўнгра Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу амр юбориб Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни Шом томонга ўтишга амр қилдилар. Ироққа эса ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбонийни таъйин қилдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Шомга кетганидан кейин форс подшоҳи Шаҳрийрон ибн Ардашер ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбонийга қарши катта аскар юборди. Бобилда икки тараф тўқнашди ва мусулмонлар ғолиб бўлдилар.

Форс империяси танозулга юз тутди.

 

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ СУННАТЛАРИГА АМАЛ ДАРАЖАСИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига оғишмай амал қилиш тимсоли эдилар, десак муболаға қилмаган бўламиз. У кишининг, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қандоқ қиламан» деб туриб олганларини аввал ҳам бир неча бор кўрдик. Ана ўша ишлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига оғишмай амал қилишнинг кўринишларидан бири эди.

Энди бошқа кўринишларидан ҳам намуна учун ўрганайлик.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бировдан тамаъ ила бир нарса сўрашни ёқтимас эдилар. У киши буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамасликнинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман»-деган ҳадисларга биноан қилар эдилар.

Имом Аҳмад Ибн Абу Маликадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлидан туясининг югани тушиб кетар эди. Шунда у туянинг билагига уриб чўктирар ва уни олар эди. Одамлар:

«Бизга айтсангу, олиб берар эдик», десалар,

«Мени ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка амр қилган», дер эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитилган ҳадисга амал қилиш қандоқ бўлишини бир кўриб ўйинг! Жаннатга кириш иштиёқи нечоғли кучли бўлишига бир эътибор қилинг! Бизни ҳам Аллоҳ таоло шундай даражаларга эриштирсин!

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига шароитга қараб ўзига фойда бўлса амал қилиб, бўлмаса тарк қилиш одати мутлақо йўқ эди. Балки ўша вақтда қандай ҳолат ёки оқибат бўлса ҳам тўла амал қилар эдилар. Бунга ҳам бир мисол келтирайлик.

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима Абу Бакрга одам юбориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган Мадийнадаги, Фидкдаги ва Хайбарнинг хумсидан тегадиган меросини сўради. Шунда Абу Бакр:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Биздан мерос олинмас. Биз тарк қилган нарса садақадир. Оли Муҳаммад манабу молдан ейди, холос», деганлар. Аллоҳга қасамки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг садақаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлганидан бошқага ўзгартирмайман. Унда Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган нарсадан бошқа нарсани қилмайман», деди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Фотимага бирор нарса беришдан бош тортди. Бунинг учун Фотима Абу Бакрдан аччиқланди».

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ушбу тасарруфларидан кўпгина ноқулайликлар келиб чиқди. Фотима онамиз у кишига гапирмай қўйдилар. У кишининг ҳурматларидан эрлари ҳазрати Али ҳам вақтинчалик бўлса ҳам муомалаларини ўзгартирдилар. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун булардан кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз гапларига амал қилиш устун эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фазийлатлари ўзларича, отамдан мерос олишим керак, деган ижтиҳодда бўлган Фотима онамизга бўлган кейинги муносабатларида яна ҳам яққол кўринади.

Имом Байҳақий ва Ибн Саъдлар аш-Шаъбийдан ривоят қиладилар:

«Фотима розияллоҳу анҳо бемор бўлганида униниг ҳузурига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиди ва киришга изн сўради. Али розияллоҳу анҳу:

«Эй Фотима, мана, Абу Бакр сенинг олдинга киришга изн сўрамоқда», деди.

«Унга изн беришимни истайсанми?» деди у.

«Ҳа», деди. У изн берди. Бас, у кириб ундан розилик сўраб:

«Аллоҳга қасамки, мен диёрни, молни, аҳлни ва қариндошларни тарк қилган бўлсам, фақат Аллоҳнинг розилигини деб, Унинг Расулининг розилигини деб ва сиз оли байтларнинг розилигингизни деб тарк қилдим, холос», деди. Кейин ундан розилик сўради, у рози бўлди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу суннатнинг ҳаммасига амал қилишга, амал қилганда ҳам бошқалар учун кичик иш кўринган нарсаларга ҳам ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишга ҳаракат қилар эдилар.

Имом Тобароний ал-Ағардан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ансорлардан бир кишидан бир журайб хурмо олишимни айтган эдилар. У бермай пайсалга солиб юрди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эдим, у зот:

«Эй Абу Бакр, бориб бунинг хурмосини олиб бергин», дедилар. Абу Бакр мен билан Бамдодни ўқигандан кейин, масжидда учрашишга ваъдалашди. Уни мен ила ваъдалашган еридан топдим. Биз юриб кетдик. Қай бир одам Абу Бакрни кўрса, унга салом берар эди. У менга:

«Бу қавмдан сенга етадиган фазлни кўргин. Бирор киши сендан аввал салом бермасин», деди. Биз бирор киши кўриниши билан ундан олдин салом берар эдик».

 

РУМ ҒАЗОТИ МАСЛАҲАТИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Румни фатҳ қилиш ҳақида кенгаш ўтказдилар. Ўша кенгаш ровийларимиз томонидан батафсил баён қилинган. Аниқ ва тўғри келтирилган васфлар сиз билан бизни саҳобаи киромларнинг шўро мажлисларига етаклаб боради. Келинг бир муддат бошқа нарсаларни унутиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошлиқ саҳобаи киромларнинг шўро мажлисларида иштирок этайлик.

Ибн Асокир аз-Зуҳрийдан, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Румнинг ғазотини ирода қилганда Алини, Умарни, Усмонни, Абдурраҳмон ибн Авфни, Саъд ибн Абу Ваққосни, Саъид ибн Зайдни, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳни аҳли Бадр бўлган ва бошқалардан муҳожир ва ансорларнинг катталарини чақирди. Улар унинг олдига кирдилар. Мен ҳам уларнинг ичида бор эдим. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларининг ҳисоби йўқ. Амаллар уларнинг шукрига етмас. У зотга ҳамд бўлсин. Батаҳқиқ, Аллоҳ калиманингизни жам қилди. Ораларингизни ислоҳ қилди. Сизларни Исломга ҳидоят қилди. Сизлардан шайтонни қайтарди. У энди У зотга ширк келтиришингизни тамаъ қила олмайди. Бугунги кунда араблар бир ота, бир онанинг фарзандлари. Батаҳқиқ, мусулмонларни Шомдаги Румнинг жиҳодига сафарбар қилишни маъқул кўрдим. Бу Аллоҳ мусулмонларни қўллаши учундир. Аллоҳ Ўз калимасини олий қилиши учундир. Шу билан бирга бунда мусулмонларга улкан насиба бор. Чунки, улардан ким ҳалок бўлса, шаҳид ҳолида ҳалок бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса аброрлар учун яхшидир. Ким яшаб қолса динни мудофаа қилган ҳолида ва Аллоҳдан мужоҳидларнинг савобига ҳақдор бўлган ҳолида қолади. Бу менинг фикримдир. Энди менга маслаҳат беринглар», деди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Ўз халқидан кимга хоҳласа ўшанга хайрни хос қиладиган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳга қасамки, қачон бир яхшилик учун мусобақа қиладиган бўлсак, сен ҳаммамиздан ўзиб кетасан. Бу Аллоҳнинг фазлидир. Уни У зот кимга хоҳласа ўшанга берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. Аллоҳга қасамки, мен сенга учрашиб сен айтган фикрни айтмоқчи эдим. У иш бўлмасдан аввал сенинг ўзинг айтиб қолдинг. Сен тўғри топдинг. Аллоҳ сенга тўғри йўлни кўрсатди. Уларга отлиқларни кетма-кет юбор. Одамларни ҳам бирин кетин юбор. Лашкарларни ҳам ортма-орт юбор. Албатта, Аллоҳ Ўз динига нусрат берувчидир, Ислом ва унинг аҳлини азиз қилувчидир», деди.

Кейин Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу туриб:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Албатта, у Румдир. Бани Асфардир. Қаттиқ темирдир. Шаддатли рукндир. Менимча улар устига бирдан бостириб боришимиз дуруст эмас. Лекин бир гуруҳ отлиқларни юборамиз. Улар чек ўлкаларга ғарот қилиб ҳузурингга қайтадилар. Агар бир неча марта шундоқ қилсалар, уларга катта зарар етказадилар. Уларнинг ерларидан ўлжалар оладилар. Шудоқ қилиб душманлар ўтириб қоладилар. Сўнгра сен Яман ерларига Рабийъа ва Музарга одам юбориб ҳаммаларини ҳузурингда йиғасан. Кейин хоҳласанг ўзинг ғазот қиласан, хоҳласанг бошқани ғазот қилдирасан», деди-да жим қолди. Одамлар ҳам жимиб қолдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга:

«Нима дейсизлар?» деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Менимча, сен ушбу дин аҳлининг насиҳатчисисан ва уларнинг меҳрибонисан. Агар бирор фикр қилсанг қўпчиликнинг фойдасини ўйлаб қиласан. Ўзинг азму қарор қилавер. Биров сендан гумон қилмайди», деди.

Толҳа, Зубайр, Саъд, Абу Убайда, Саъид ибн Зайд ва ўша мажлисга ҳозир бўлган муҳожир ва ансор розияллоҳу анҳумлар:

«Усмон тўғри айтди. Ўз фикрингни амалга оширавер. Биз сенга хилоф ҳам қилмаймиз, туҳмат ҳам қилмаймиз», дедилар. Яна шунга ўхшаш гапларни айтдилар. Али розияллоҳу анҳу одамлар ичида гапирмади. Абу Бакр:

«Сен нима дейсан? Эй Абул Ҳасан!» деди. У:

Менимча, сен улар томон ўзинг борсанг ҳам, бировни юборсанг ҳам иншааллоҳ нусрат топасан», деди.

«Аллоҳ сенга яхшилик башоратини берсин! Буни қаердан билдинг?» деди Абу Бакр.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Ушбу дин унга душман бўлганларга доимо ғолиб келадир. Токи дин ва унинг аҳли ғолиб бўлгунларича», деганларини эшитганман», деди Али.

«Субҳаналлоҳ! Бу қандоқ ҳам яхши ҳадис! Батаҳқиқ, у билан мени масрур қилдинг! Аллоҳ сени масрур қилсин!» деди Абу Бакр.

Сўнгра Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб Аллоҳни У зотга лойиқ эсга олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва дуруд айтди ва:

«Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ сизга Ислом неъматини берди. У зот сизларни жиҳодила мукаррам қилди. Аллоҳнинг бандалари! Тайёрланиглар! Шомдаги Румнинг ғазотига! Мен сизларга амирлар таъйин қилурман. Сизлар байроқлар тикурман. Бас, Роббингизга итоат қилинг. Амирларингизга хилоф қилманг. Ниятингиз, шаробингиз ва таомингиз яхши бўлсин. Албатта, Аллоҳ тақводорлар ва муҳсинлар биландир», деди

Одамлар сукут сақладилар. Аллога қасамки, жавоб бермадилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Эй мусулмонлар жамоаси! Сизларга нима бўлди?! Расулуллоҳнинг халифасига жавоб бермайсизлар!? Ахир у сизларни ҳаётга даъват қилмоқдаку! Аммо, агар орзу ҳавас ва яқин сафар бўлганда шошилар эдингиз!» деди. Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Эй Ибн Хаттоб! Сен бизга мисол келтирасанми?! Мунофиқларнинг мисолини-я?! Бизни айблаётган нарсангни ўзинг бошласанг бўлмасмиди!» деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«У агар мени даъват қилса жавоб беришимни, ғазот қилдирса ғазот қилишимни яхши билади», деди.

«Лекин биз ғазот қилсак сизлар учун қилмаймиз! Аллоҳ учун ғазот қиламиз!» деди Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳу

«Аллоҳ тавфиқ берсин! Яхши айтдинг», деди Умар.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Амр розияллоҳу анҳуга:

«Ўтир. Аллоҳ сенга раҳим кўрсатсин. Умар сен эшитган нарса ила бир мусулмонга озор бермоқи ҳам, уни айбламоқчи ҳам эмас. У сен эшитган нарса ила ерга ўтириб қолганларни жиҳодга чорламоқчи бўлди, холос», деди.

Кейин Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳу туриб:

«Рост айтдинг. Эй Расулулоҳнинг халифаси. Ўтир. Эй биродарим», деди. У ўтирди. Холид гапида давом этиб:

«Ўзидан бошқа илоҳи маъбуд йўқ бўлган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоят ва ҳақ дин ила мушриклар ёқтирмаса ҳам барча динлардан устун қилиш учун юборган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ваъдасини ижро қилувчи, айтганини зоҳир қилувчи ва душманини ҳалок қилувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин. Биз хилоф қилувчи ҳам, ихтилоф қилувчи ҳам эмасмиз. Сен волий, насиҳатчи ва шафиқу меҳрибонсан. Бизни сафабар қилсанг сафарбар бўламиз. Бизга амр қилсанг итоат қиламиз», деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг гапидан хурсанд бўлиб кетди:

«Аллоҳ хайрингни берсин! Биродарим ва дўстим. Рағбат ила мусулмон бўлган эдинг. Савоб тилаб ҳижрат қилган эдинг. Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилиш учун, Унинг калимасини устун қилиш учун кофирлардан динингни олиб қочган эдинг. Сен одамларнинг амирисан! Қани, юр Аллоҳ раҳим қилгур!» деди.

Кейин у (минбардан) тушди. Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳу қайтиб тайёргарлик кўра бошлади. Абу Бакр Билолга, «Одамлару одамлар! Шомдаги Рум жиҳодига қўзғолинглар!» деб жар чақиришни амр қилди.

Одамлар Холид ибн Саъидни ўз амирлари деб билдилар. Одамлар Холид ибн Саъиднинг ўз амирлари эканлигига шак қилмас эдилар. У эса ҳаммадан олдин аскаргоҳга чиққан эди. Сўнгра одамлар ҳар куни ўнтадан, йигирматадан, ўттизтадан, қирқтадан, элликтадан, юзтадан бўлиб аскаргоҳга кела бошладилар. Жуда кўп одам йиғилди.

Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир гуруҳ саҳобалар билан чиқиб аскаргоҳга етиб келди. Яхшигина ададни кўрди. Лекин Рум учун бу ададга рози бўлмади. У ўз шерикларига:

«Манабуларни шу ададлари ила Шомга юборишим ҳақида нима дейсизлар?» деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Бани Асфар жамоалари учун бу ададга рози эмасман», деди. Абу Бакр шерикларига:

«Сизлар нима дейсизлар?» деди.

«Умар нима деган бўлса биз ҳам шуни деймиз», дейишди.

«Яманга мактуб ёзиб, уларни жиҳодга даъват қилиб, савобига тарғиб қилсакмикан?» деди у. Унинг ҳамма шериклари буни маъқул кўришди:

«Ҳа. Шу фикрингни амалга ошир», дейишди. У мактуб ёзди».

 

РУМ ҒАЗОТИНИНГ БОШЛАНИШИ

 

Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгандан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ғазотига бирин кетин аскарларни жўната бошлади.

Холид ибн Саъид бошлиқ лашкарни Шомнинг кириш қисмига юборди.

Амр ибн Осс бошлиқ лашкарни Фаластинга юборди.

Шурҳабийл ибн Ҳасана бошлиқ лашкарни Урдунга юборди.

Язид ибн Абу Суфён бошлиқ лашкарни ал-Балқо томонга юборди.

Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ бошлиқ лашкарни Ҳимс томонга юборди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳар бир лашкарни пиёда юриб кузатгани чиқар ва уларга дунё ва охиратларига фойдали бўлган насиҳатлар қилар эдилар. Ана ўша насиҳатлардан бирини, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Язид ибн Абу Суфёнга қилган насиҳатларини ибрат учун келтирамиз:

«Албатта, мен сени синаш учун, тажриба учун ва танлаб олиш учун бошлиқ қилдим. Агар яхши бўлсанг амалингга қайтараман ва зиёда ҳам қиламан. Ёмон бўлсанг бўшатаман. Аллоҳга тақво қилишни лозим тут. Зоҳирингдан кўринган нарса ботинингдан ҳам кўринади. Аллоҳга энг ҳақли киши Унга энг кучли дўст тутингандир. Одамларнинг Аллоҳга энг яқини Унга ўз амали билан кучли яқинлашганидир. Сенга Холиднинг ишини топширдим. Жоҳилиятнинг айбларидан сақлан. Аллоҳ уларни ва уларнинг аҳлини ёмон кўради. Қачон лашкаринг олдига борсанг, уларнинг суҳбатини яхшила, уларга яхшилик қилишдан иш бошла ва яхшиликни ваъда қил.

Ваъз қиладиган бўлсанг, қисқа қил. Чунки гапнинг кўпи баъзиси баъзисини унуттиради. Ўзингни яхши тутсанг, одамлар сенга яхшилик қиладилар. Намозларини ўз вақтида рукуъ, сужуд ва хушуъини батамом қилиб ўқи. Қачон олдингга душманинг эллчилари келса, уларга икром кўрсат ва оз туришларига урин. Токи улар аскаргоҳингдан жоҳил ҳолларида чиқиб кетсинлар. Улар сенинг камчиликларингни ва билимингни англаб олишларига фурсат берма. Уларни аскарингнинг бой жойига тушир. Бошқаларни улар билан гаплаштирма. Улар билан фақат ўзинг гаплаш. Сирингни ошкорингга ўхшатма, яна ишинг аралаш-қуралаш бўлиб кетмасин. Қачон маслаҳат қилсанг сидқ ила гапир, содиқ маслаҳат оласан. Маслаҳат берувчидан яхшилигингни аяма.

Кечаси шерикларинг ила суҳбат қур, сенга хабарлар келади ва сендан пардалар очилади. Қўриқчиларингни кўпайтир ва уларни аскаринг ичига тарқатиб юбор. Уларга билдирмай, қўриқлаётган нарсаларини бирдан текшириб туришни кўпайтир. Кимни ўзи қўриётган нарсасидан ғофил қолганида ушлаб олсанг, яхшиликла адабини бер, уни жазолашни ҳаддан ошириб юборма. Уларни кечаю кундуз алмаштириб тур. Биринчи навбатни кейингисидан узунроқ қил. Чунки биринчиси кундузга яқин бўлгани учун осон бўлади.

Айбдорни иқоб қилишдан қўрқма. Бу ишда адашма. Унга шошилма ҳам. Уни хорловчи даражага етказма. Аскаргоҳинг ҳолидан ғофил қолиб, уни бузилишига йўл қўйма. Уларнинг ортидан жосуслик қилиб, шарманда қилма. Одамларнинг сирларини очма, сртингдаги билан кифоялан. Бекорчилар билан ўтирма. Аҳли сидқ ва вафодорлар билан мажлис қур. Учрашувларда содиқ бўл. Қўрқоқ бўлма, одамларинг ҳам қўрқоқ бўлиб қоладилар. Ўлжадан беркитиб олишдан четлан. У фақрни келтириб. Нусратни кеткизади. Ҳали ўзини ўша учун тиккан одамларни кўрасизлар». («Комил»дан)

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юборган лашкарлар Шомга етиб бордилар.

Бу хабар Рум подшоҳи Гераклга етиб борганда у ўз қавмига мусулмонлр билан сулҳ тузушни таклиф қилди. Улар бош тортдилар. Кейин румликлар жуда ҳам кўп сонли аскар тўпладилар.

Амр ибн Осснинг таклифига биноан аскарбошилар тўпланиб маслаҳат қилдилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга хабар юбордилар. У киши уларга, «сизга ўхшаганлари озликлари учун эмас, гуноҳлари учун мағлуб бўладилар. Гуноҳлардан сақланиглар», деган хабар юборди.

 

ЯРМУК ЖАНГИ

 

Икки томон Ярмук деган жойда бир-бирига қарама-қарши ерлашди. Ўн учинчи ҳижрий сананинг Сафар, Робеъул аввал ва Робеъус сони ойларини ўша ерда ўтказишди.

Амирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ёрдам сўрашди. У киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга ўз лашкарининг яримини олиб Ироқдан шомга ўтишга амр қилди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу етиб келди ва ҳаммани бир қўмонданлик остида бирлаштиришни таклиф қилди. Кўпчилик унинг ўзини амир қилиб сайлашди. Жанг бошланди. Мусулмонлар ғалабага эришдилар.

Тарихда «Ярмук жанги» номи ила машҳур бўлган ушбу мусулмонларнинг тарихий ғалабаси билан тамом бўлган жанг тугаши билан музаффар фотиҳларга уларнинг маҳбуб халифалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабарни эшитдилар.

Аслида хабар жангдан олдин келган эди. Унда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амирликдан бўшатилгани Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг амир бўлгани ҳақида ҳам гап бор эди. Лекин ҳал қилувчи жангдан олдин мусулмонларга машъум хабарни билдирмаслик учун ҳам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу, ҳам Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни беркитган эдилар.

 

АБУ БАКРНИНГ ВАФОТИ

 

Ўн учинчи ҳижрий сана Жумадул охира ойининг саккизинчи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иситма касалига чалиндилар. Хасталик зўрая бошлади.

Имом Тобарий, Ибн ал-Жавзий ва Ибн Касирларнинг таъкидлашларича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хасталиклари оғирлашганда халқаро ва ички вазиятни ҳисобга олиб, ўзларидан кейин мусулмонларнинг ихтилофга тушишларидан қўрқиб уларга ўз ўлимларидан олдин янги халифа танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин ким халифа бўлиши кераклигига тезда келиша олмадилар. Улар ишни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзига оширдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хаста ҳолларида Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Саъид ибн Заъд, Усайд ибн Ҳузойр ва бошқа муҳожиру ансорлардан бўлган саҳобаи киромларни якка-якка чақириб бу иш хусусида маслаҳат қилди. Ҳамманинг фикри Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тўхтади.

Ҳамма маслаҳатчилар бир фикрга келганларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айтиб туриб қуйидаги аҳдномани ёздирди:

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрнинг бу дунёдаги охирги пайти, у дунёдаги аввалги пайти, кофир мўмин бўладиган, фожир таслим бўладиган пайтда берган аҳдномасидир. Албатта, мен сизларга Умар ибн Хаттобни омил қилдим. Сизлардан яхшиликни аямадим. Агар у сабр ва адолат қилса, унинг ҳақида менинг билганим шу. Агар у жавр ва ўзгариш қилса, менинг ғайбдан илмим йўқ. Фақат яхшиликни ирода қилдим. Ҳар бир киши қилганига яраша тортади. «Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар». (Тобарий)

Сўнгра хаста ҳолдаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўтариб одамларга кўрсатилди ва аҳднома ўқиб берилди. У киши:

«Сизларга ўзимдан кейин қодирган кишидан розимисизлар? Мен сизларга қариндошимни қолдирмадим, мен сизларга Умарни қолдирдим. Бас, унга қулоқ осинглар ва итоат қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен фикрлашда бўшашмадим», дедилар. Одамлар:

«Эшитдик ва итоат қиламиз!» дедилар.

Сўнгра у киши Умарни ўзига чорлаб қуйидагиларни айтди:

«Албатта, мен сени ўзимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қолдирдим.

Эй Умар! Аллоҳнинг кечасиги ҳаққи бор, уни кундузи қабул қилмас. Кундузиги ҳаққи бор, уни кечаси қабул қилмас. У зот фарз адо қилинмагунча нафлни қабул қилмас.

Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозулари оғир бўлганларнинг тарозуларнинг оғир бўлиши уларнинг ҳаққа эргашганларидан ва унинг уларга оғир бўлганидандир. Эртага унга ҳақдан бошқа нарса қўйилмайдиган тарозу учун оғир бўлмоқ ҳақдир.

Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозулари енгил бўлганларнинг тарозуларнинг енгил бўлиши уларнинг ботилга эргашганларидан ва унинг уларга енгил бўлганидандир. Эртага унга ботилдан бошқа нарса қўйилмайдиган тарозу учун енгил бўлмоқ ҳақдир.

Эй Умар! Билгинки, енгиллик ояти шиддат ояти ила бирга, шиддат ояти енгиллик ояти ила бирга нозил бўлгандир. Мўмин ҳам рағбат қилиб, ҳам қўрқиб туриши учун шундоқ бўлгандир. У Аллоҳдан ўзига номуносиб нарсани сўрайдиган даражада рағбат қилмайди. Шунингдек икки қўли бўшашиб қоладиган даражада қўрқмайди ҳам.

Эй Умар! Билгинки, Аллоҳ дўзах аҳлини уларнинг энг ёмон амаллари ила зикр қилган. Қачон уларни эсласам, ҳеч-ҳеч улардан бўлмасликни орзу қиламан. У зот жаннат аҳлини уларнинг энг яхши амаллари ила зикр қилган. Чунки У зот уларнинг ёмонликларини кечиб юборган. Қачон уларни эсласам, уларнинг амаллари олдида менинг амалим нима бўлибди, дейман. Агар менинг васиятимни ёдлаб олган бўлсанг, ўлим туфайли ғоиб сен учун ҳозирдан маҳбуброқ бўлмасин. Сен ундан қочиб қутила олмассан».

Аммо бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни халифа этиб таъйин қилинди деган гап эмас эди. Бу халифаликка номзод кўрсатиш эди. Халифани сайлаш эса халқ томонидан кейин бўлади.

Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу яна ётган жойларига олиб кирилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфлари кишини ҳайратга солади. Ўлимни шучалик хотиржамлик билан кутиб олиш осон иш эмас. Айниқса бир миллат устидан ҳоким бўлган одам бундай пайтларда беморлигини қаратишга уринади одатда.

Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одатдан ташқари одамлар тоифасидан эдилар. У киши ўлимни мардлик, балки хурсандлик билан кутиб олдилар.

Имом Аҳмад ва Ибн Саъд ва бошқалар Абу Сафардан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига охирги беморлигида одамлар кўргани киришди. Улар:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, сизга табиб чақирайлик, кўриб қўйсин?» дейишди.

«У мени кўрди», деди у.

«Хўш, нима деди?» дейишди.

«Мен нимани хоҳласам шуни қилувчиман», деди», деди у киши розияллоҳу анҳу.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга у кишининг қизлари Оиша онамиз ҳам қараб ўтирган эдилар. У киши розияллоҳу анҳодан Ибн Саъд қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр муҳтазар ҳолга келганда:

«Қасамки, йигитга моли фойда бермас

Ҳалқумига келиб қолганда жони…»

«Қизим, ундоқ дема. Лекин, «Ўлимнинг мастлиги ҳақиқат бўлиб келди. Сен қочиб юрган нарса шулдир», дегин. Манабу икки кийимимни кўринглар. Иккаласини ювиб мени шуларга кафанланглар. Тириклар янги нарсага ўликлардан кўра муҳтож-лар. Бу (кафан) бир оз муддатга, холос», деди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Жумадул охира ойидан саккиз кун қолганда сешанба куни, олтмиш уч ёшларида вафот этдилар. У кишининг халифаликлари икки йил, уч ой, ўн кун давом этди.

Ҳазрати Абу Бакр вафотларидан олдин Байтулмолдан олган маблағни ҳисоблаганларида етти минг дирҳам чиққан. Сўнг ўз молларидан маълум нарсани Байтулмолга қайтариб беришни амр қилганлар. Ўша қайтарилган мол олинган етти минг дирҳамдан кўпроқ чиққан.

Имом Ибн Саъд ва Ибн Мунзирлар келтирган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Абу Бакр вафот этишидан олдинги хасталиги билан хасталанганда:

«Амир бўлганимдан кейин молимга бирор нарса қўшилган бўлса, уни мендан кейинги халифага юборинглар», деди.

У вафот этганидан кейин қарасак, унинг болаларини кўтариб юрадиган нубалик қул ва унинг боғини суғоришда ишлатиладиган туя чиқди. Икковини Умар розияллоҳу анҳуга юбордик. У:

«Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ўзидан кейин келадиганларга қийин қилди»-деди.

Яъни, амалдор бўлиб туриб молу-дунё оширишни йўқ қилиб қўйди, деди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин зиёда бўлган молларини меҳнат туфайли эмас, мансаб туфайли кўпайган, деб эътибор қилдилар ва Байтулмолга қўшилиши керак, деб топдилар.

Бу иш у кишидан кейин бўладиган Ислом давлати бошлиқларига ҳам вожиб бўлиб қолди. Мансабдан фойдаланиб молу-мулк ортдириш шубҳаси бўлмаслиги учун, умуман зиёда қилишга рухсат йўқ бўлиб қолди. Бу маънода Ислом давлати бошлиқларининг ажойиб тасарруфотлари бор.

Ибн Саъд Саҳл ибн Абу Ҳасма ва бошқалардан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Сунҳда машҳур байтулмоли бор эди. Уни биров қўримас эди. Унга:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, уни биров қўримайди-я?» дейилди.

«Унга хавф йўқ», деди.

«Нима учун?» дейилди.

«Қулфи бор», деди.

У ундаги нарса қолмагунча берар эди. Абу Бакр Мадинага кўчиб ўтганда, байтулмолни ҳам ўз ҳовлисига кўчирди. Унга Қубалияя конларидан ва Жуҳайна конларидан кўп мол келган эди. Абу Сулайм кони ҳам Абу Бакрнинг халифалигида очилди. Ундан ҳам садақалар келди. Ўшаларнинг ҳаммасини байтулмолга қўяр эди. Абу Бакр тилло кумушларни одамларга парча-парча қилиб тақсимлар эди. Юз кишига бунча-бунчадан тегар эди. У мол тақсимлашда одамлар орасида; қул бўлсин, ҳур бўлсин, эркак бўлсин, аёл бўлсин, катта бўлсин, кичик бўлсин тенг тақсим қилар эди. Туя, от ва силоҳ сотиб олиб Аллоҳнинг йўлига ишлатар эди. Бир йили саҳродан келтирилган қатийфа-тўнларни сотиб олиб қишда аҳли Мадийнанинг тул аёлларига бўлиб берди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этиб, дафн қилингандан сўнг Умар ибн Хаттоб омборчиларни чақириб улар билан Абу Бакрнинг байтулмолига кирди. У билан бирга Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон ва бошқалар розияллоҳу анҳумлар бор эди. Улар байтулмолни очиб унда динор ҳам, дирҳам топмадилар. Бир пул халтани топиб очишган эди бир дирҳам чиқди. Барчалари, Абу Бакрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, дедилар. Мадинада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларидан бери бир торозубон бор эди. У Абу Бакрга ҳам торозубонлик қилган эди. Торозубондан Абу Бакрга келган мол қанча эканлиги сўралди. У икки юз минг эканини айтди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларни динга қайтардилар. Арабларни Исломда қайта бирлаштирдилар. Ўша пайтдаги икки улкан империяни фатҳ қилишни бошладилар. Қуръони Каримни бир мусҳафга жамладилар ва бошқа кўплаб улкан ишларни амалга оширдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг қозилари эди.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу девонбегилари эди.

Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлар у кишининг мирзалари эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Ислом давлати вилоятларида қуйидаги волийлар иш юритар эдилар:

1-Маккаи Мукаррамада-Аттоб ибн Усайд.

2-Тоифда-Усмон ибн Абул Осс ас-Сақафий.

3-Санъо-ал-Муҳожир ибн АбуУмаяя.

4-Ҳазарамавт-Зиёд ибн Лубайд.

5-Хавлон(Ямандаги машҳур қабила)-Яъло ибн Умаяя.

6-Зубайд-Абу Мусо ал- Ашъарий.

7-Нажрон-Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий.

8-Баҳрайн-ал-Аъло ибн ал-Ҳазрамий.

9-Жирш-Абдуллоҳ ибн Савр.

10-Давматул жандал-Иёз ибн Ғанам.

Ироқдаги лашкар амири-ал-Мусанна ибн Ҳориса.

Шомдаги лашкар амири-Холид ибн Валид.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг охирги сўзлари «Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин» ояти бўлган экан.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни хотинлари Асмаа бинти Умайс ва ўғиллари Абдурраҳмонлар ювган. Ўзларининг кийимларига кафанланганлар.

Жанозаларига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўтганлар.

Оиша онамизнинг ҳужраларига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига кечаси дафн қилинганлар. У кишининг бошлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига тўғрилаб қўйилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига ўғиллари Абдурраҳмон, Умар розияллоҳу анҳу, Усмон, Абдурраҳмон ибн Авф ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар тушганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жаннати экани аниқ бўлган оз сонли кишилардан бири эканликлари ҳаммамизга маълум. Бунинг баъзи далилларини илгари ўрганиб ҳам ўтдик. У киши ҳақидаги ожизона сатрлар охирини кўтаринки руҳда битириш маъносида худди шу маънодаги яна бир ҳадиси шарифни ва унга боғлиқ таълиқни келтиришга ижозат бергайсиз:

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, ва Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир жуфт нарсани Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилса, жаннатда нидо қилиниб:

«Эй Аллоҳнинг бандаси, бу яхшилик», дейилади. Бас, ким аҳли намоздан бўлса, намоз эшигидан чақирилур. Ким аҳли жиҳоддан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилур. Ким аҳли садақа бўлса, садақа эшигидан чақирилур. Ким аҳли рўзадан бўлса Раяян, эшигидан чақирилур», дедилар. Абу бакр Сиддиқ:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биров ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақирилса зарари йўқми? Ўзи бирор киши ўша эшикларниг ҳаммасидан чақириладими?»-деди.

«Ҳа, умид қиламанки, сен ўшалардан бўласан»-дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда «Бир жуфт нарсани Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилса» дейилганидан мурод икки қўй, икки мол, икки от, икки кийим ёки шунга ўхшаш нарсалардир. Яъни, кўпроқ инфоқ қилиш маъноси олдинга сурилгандир.

Ана шундай инфоқ қилган одамга алоҳида илтифот бўлиб, жаннатга кираётганида, жаннатнинг хизматини қилиб турувчи фаришталар ўша инфоқ қилинган нарсаларга ишора қилиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, бу яхшилик», дер эканлар.

Албатта, бу илтифот жаннатга кириб кетаётган кўпчилик ичида молини инфоқ қилган киши учун улуғ мартаба бўлади.

Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни тўлиқ адо этиб, Парвардигори оламнинг фазли-карами ила жаннатга сазовор бўлган бандалар умумий эшикдан оммавий равишда кирар эканлар.

Аммо, фарз амалларни кўрсатилгандек адо этиш билан бирга уларнинг баъзи бирида алоҳида ижтиҳод қилган нафлларини ҳам кўнгилли равишда адо этиб, маълум мартабага эришган бандалар учун алоҳида шараф эшиклари қилинган бўлар экан. Улар жаннатга эҳтиром ила ўша эшиклардан киришар экан.

Тасаввур қилайлик, умр бўйи жаннат орзусида ўтган, ўлганидан сўнг қиёмат қоим бўлгунча кутиб ётган одамлар жаннатнинг умумий дарвозаси олдида интиқ бўлиб навбат кутиб туришибди. Ўзларига қачон навбат келишини билмайдилар. Шунда бирдан алоҳида эшик очилиб фаришталар:

«Қани, аҳли намозлар, марҳамат! Бу намоз эшиги», деб қолсалар.

«Бу дунёда намозни алоҳида кўп ўқиш билан машҳур бўлган кишигина бу эшикдан киради», десалар. Бу дунёда фарз намозларни ўз ўрнида адо этишдан ташқари алоҳида куч-ғайрат билан нафл, таҳажжуд ва бошқа намозларни кўплаб ўқиб, аҳли намоз бўлиб танилган одамлар бундан ғоятда хурсанд бўлиб кетмайдиларми? Бошқаларнинг уларга ҳаваси келмайдими? Худди шу ҳолат аҳли жиҳод, аҳли садақа ва аҳли рўзалар учун ҳам бўлади. Ажойиб бир ҳолат! Ҳамма ўша мартабага эришишни орзу қилади. Мазкур махсус. еҳтиром эшикларидан жаннатга киргиси келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги гапларини эшитиб саҳобаи киромларда ҳам катта қизиқиш пайдо бўлган. Бундоқ нарсага қизиқмай, уни орзу қилмай бўлармиди?! Зотан саҳобаи киромлар бунга ўхшаш каттаю-кичик ҳар бир ишга маҳкам ёпишганлар. Ҳатто ўшанда бир эмас, бир неча эшикдан киришни орзу қила бошлаганлари ҳам бўлган. Уларнинг пешқадами бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

«Биров ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?» деб сўрадилар. Бу-у зот розияллоҳу анҳудаги жаннатдаги олий мартабаларга эришиш истаги қанчалар зўр эканини кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, умид қиламанки сен улардан бўласан», дедилар.

Бу-Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун улкан башоратдир. Бу-у зотнинг қанчалар фазийлатли зот эканлари далолатидир.

Аллоҳ таоло у кишидан Ўзи рози бўлсин! Омийн!

 

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов