Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу
Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик ибн Назр мушрик ҳолида иймон келтирмай ўлиб кетган эди.
Унинг қандоқ одам бўлганлигини қуйидаги иқтибосдан билиб олсак ҳам бўлади.
«Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:
«Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим», деди.
«Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!» деди Абу Анас.
«У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб, Пайғамбар қилди».
«Келтирган нарсанг нима?!»
«Ароқ ҳаром қилинди».
«Бу сен билан менинг ажрашимиз», деди.
Сўнгра мушрик ҳолида ўлиб кетди».
Хизматга топшириш
Кейин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқдилар. Эру хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар. Шунга қарамасдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига тутдилар.
У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам, ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга ўта берилган эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Онам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. У мени ўз рўмоли ила ўраб, яримини менга изор, яримини ридо қилган эди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча, менинг ўғлим, уни сизга хизмат қилсин деб олиб келдим. Бас, унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилинг», деди.
Шунда у зот:
««Эй Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин!» дедилар».
Анас айтади:
«Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, менинг молим кўпдир ва бугун менинг болаларимнинг ва болаларимнинг болаларининг адади юздан ортади».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Ушбу икки ривоятни қўшиб, ҳукм чиқарадиган бўлсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига топшириш икки марта содир бўлган. Бир марта Умму Сулайм розияллоҳу анҳо томонларидан, иккинчи марта Абу Толҳа розияллоҳу анҳу томонларидан.
Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Мана шу кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».
Хизматда
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос ила хизмат қилдилар. У киши хизматни вазифа деб эмас, шараф деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ хизматлари бўлса, жону дил билан бажарар эдилар. Мана шу эътибордан у киши саҳобаи киромлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими лақабини олдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина хизматларини айтмасларидан олдин англаб, бажо келтирар эдилар. У зот бирор жойга кириб ўтириб қолсалар, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушларини қўйинларига солиб, остонада ўтирар эдилар. Бунга ўхшаш фидокорлик мисоллари ҳадсиз-ҳисобсиз бўлгани учун бир-иккита мисол келтириш билан кифояланамиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик», деди. Яъни, истинжо қилишлари учун».
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу айтган мешча араб тилида «Идаватун» дейилиб, теридан қилинган кичкина сув идишидир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, олдин тош билан тозаланиб олиб, кейин сув билан истинжо қилганлар.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяйнинг валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди.
Мусулмонлар:
«Мўминларнинг оналаридан биримикан ёки у зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дедилар.
Сўнгра:
«Агар уни ҳижобга амр қилсалар мўминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар.
Бас, жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб тортдилар».
Бу ривоятдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу таҳоратга сув бериш ва шунга ўхшаш кичик хизматларнигина эмас, тўйга айтишга ўхшаш катта хизматларни ҳам қилишлари келиб чиқади.
Гоҳида хизмат унча-мунча одамга ишониб бўлмайдиган ўта муҳим топшириққа айланиб ҳам кетар эди.

«Мен болалар билан ўйнаётган эдим. Олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, бизга салом бердилар. Сўнгра у зот мени ўз ҳожатлари бўйича юбордилар. Мен онамнинг олдига боришга кеч қолдим. Унинг олдига борган чоғимда:
«Сени нима тутиб қолди?» деди.
«Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳожатлари бўйича юбордилар», дедим.
«У зотнинг ҳожатлари нима экан?» деди.
«Бу сир», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳеч кимга айтмагин», деди.
Анас:
«Аллоҳга қасамки, агар уни бировга айтадиган бўлсам, албатта, сенга айтар эдим, эй Собит», деди».
Муслим ривоят қилган.
Албатта, бу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун катта фазлдир.
Набавий насиҳатлар
Албатта, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий ходимлари бўлиш катта бахт ва қулай фурсат эди. У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўладиган ҳар лаҳзалари мисли йўқ дарс эди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй болам, агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар. Сўнгра яна:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга:
«Эй болам!», деб мурожаат қилмоқдалар ва:
«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»–дедилар».
«Ғиллу ғишт»–бировнинг жонига, молига ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.
Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғишт сақламаслиги керак. Бу ҳақда, иншааллоҳ, тегишли бобларда кераклигича сўз юритилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир», дедилар.
Яъни, бировга нисбатан қалбда ғиллу ғишт бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.
«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, айниқса, амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади.
Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.
«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш ана шундоқ олий мақомга эриштиради.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Эй болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар».
Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар у зот».
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у зот алайҳиссаломдан сўрашга журъат қилиб қолар эдилар. Албатта, у киши розияллоҳу анҳунинг бу сафарги сўровлари катта сўров эди:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».
Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахтдир. Қолаверса, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири ушбу нарсадир.
Албатта, бундоқ вақтда, одатда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.
Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига, ўзларидан ҳозир бу нарсани сўраб турган Анас розияллоҳу анҳуга етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.
Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўладиган бўлсин, деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол-пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги:
«Чунки, бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бу жумладан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга боғлиқ бўлиб турса ҳам унинг дуоси қабул бўлмаслигини англаб етамиз.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин, сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан.
Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
Набавий мўъжизалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимий равишда бирга бўлганлари учун у зотнинг мўъжизаларининг кўпларини кўрганлар. Баъзи бир мўъжизаларнинг содир бўлишига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзлари сабабчи ҳам бўлганлар. Баъзиларини эса, фақат у кишининг ўзларигина кўрганлар. Шунинг учун бўлса керак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу мўъжизалар ҳақидаги ривоятларнинг кўп қисмини ўзлари қилганлари гувоҳи бўламиз.
Имом Бухорий ва Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган кенг оғизли қадаҳда сув келтирилди. Унда озгина сув бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини унинг ичига солдилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтдиларки:
«Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари орасидан сув отилиб чиқишига қараб турар эдим. (Ўша сувдан) таҳорат қилганларни чамалаб кўрсам, етмиш билан саксоннинг орасида эдилар».
Сув етишмай қолган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ила озгина сув кўпайиб кетгани бир неча бор такрорланган.
Ҳудайбийя ҳодисасида ҳам бир жойга тўпланиб қолган озгина кўлмак сувга камон ўқини суқиб қўйганларида ҳамма аскарнинг ичишига, таҳорат қилишига, уловларнинг суғорилишига ва идишларни тўлатиб олишларига етиб ортадиган миқдорда сув отилиб чиққан.
Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса эса, аср намози вақти кириб, кишилар таҳорат қилишга сув топа олмай қолганларида бўлган.
Буни Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни аср намози вақти бўлиб, одамлар таҳоратга сув излаб топа олмай қолганларида кўрдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви келтирилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша идишга қўлларини қўйдилар ва одамларни ундан таҳорат қилишга амр қилдилар. Мен у кишининг панжалари остидан сувнинг отилиб чиқаётганини кўрдим. Одамлар ҳаммалари–ҳеч ким қолмасдан таҳорат қилиб олдилар».
Бу ерда мўъжиза орқали кўпайтирилган сув билан таҳорат қилиш содир бўлгани айтилмоқда. Албатта, бу нарса Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимга мўъжиза берилмайди.
Ўтган Пайғамбарлардан Мусо алайҳиссаломга мўъжиза қилиб берилган асони Аллоҳнинг амри билан тошга урганларида ўн иккита булоқ отилиб чиққан. Лекин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари Мусо алайҳиссаломникидан устундир. Чунки, тошдан сув чиқиши доимо бўлиб келган нарса, инсон панжаси орасидан сув отилиб чиқиши эса, ҳеч бўлмаган.
Бу мўъжизани кўплаб одамлар кўрган. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари ҳам кўрганлар, аммо инкор қила олмаганлар. Саҳобалар учун бўлса, бундоқ ишлар оддий нарса эди. Чунки, улар бунга ўхшаш нарсаларни деярли ҳар куни кўрар эдилар. Шунинг учун бундай гапларни шов-шув қилиб, кўтариб ҳам юрмас эдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим икковлари келтирган бошқа бир ривоятда ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳллари олдига кирганларида онам ҳийс (номли таом) қилиб, тавр (номли идиш)га солиб:
«Эй Анас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига буни олиб боргин-да, буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтди ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтди, дегин», дедилар.
Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бориб:
«Онам сизга салом айтдилар ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қўй!» дедилар-да, сўнгра:
«Энди бориб, фалончи, фистончиларни, йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг номларини айтдилар. Мен у киши айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим.
«Неча киши эдилар?» деб сўрашди одамлар.
«Уч юз кишича бор эди», деди Анас розияллоҳу анҳу ва гапларида давом этдилар:
«Кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Эй Анас, таврни олиб кел!» дедилар.
Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта-ўнтадан ҳалқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар.
Ҳаммалари еб, тўйдилар. Бир гуруҳи кириб, бир гуруҳи чиқиб, ҳаммалари едилар. Сўнгра у зот менга:
«Эй Анас, кўтар!» дедилар.
Билмайман, олиб келиб қўйганимда, кўпмиди ёки қайтариб олганимда кўпмиди? Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, гаплашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирар эдилар. Аёллари эса, юзларини деворга ўгириб ўтирар эди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан, ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб чиқдилар. Ҳалиги одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида оғир келганларини билдилар ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пардани тушириб, ичкарига кирдилар. Мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига «Эй иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига кирманг», оятини туширди».

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода саҳобалари билан турганларида у зотга бир идиш келтирилди. Шунда у зот қўлларини идишга солдилар. Бас, у зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтди:
«Мен Анасга, «нечта эдинглар?» дедим.
«Уч юзта ёки уч юзта атрофида», деди».
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир чиқишларига чиқдилар. У зот билан саҳобаларидан баъзи кишилар бор эди. Улар юриб кетдилар. Намоз вақти бўлди. Таҳорат қилгани сув топмадилар. Қавмдан бир киши бориб, бир қадаҳда озгина сув келтирди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таҳорат қилдилар. Кейин тўрт бармоқларини қадаҳга чўздилар ва:
«Туринглар, таҳорат қилинглар», дедилар.
Бас, қавм хоҳлаганларича таҳорат қилдилар. Улар етмиш ёки шу атрофида эдилар».

«Абу Толҳа Умму Сулаймга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» деди. У:
«Ҳа», деди-да, бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафи ила нонни ўради. Сўнгра уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб, у(рўмол)нинг баъзиси билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Мен бориб, у зотни масжиддан топдим. У зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб, индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Таом биланми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга:
«Туринглар», дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб, юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим. Абу Толҳа:
«Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса, уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!» деди.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», деди Умму Сулайм.
Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотни бошлаб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Умму Сулайм ўзингда борини олиб кел», дедилар.
Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, уларни синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб, Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин:
«Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот:

«Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Бас, қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар. Қавм етмиш ёки саксон киши эдилар».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Мадина аҳлига қаҳатчилик етди. У зот жума куни хутба қилиб турганларида бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, отлар ҳалок бўлди, қўйлар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, бизларни сероб қилсин!» деди. Бас, у зот икки қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Жобир айтадики:
«Осмон ойнадек мусаффо эди. Бирдан шамол туриб, булут пайдо қилди. Сўнгра жам бўлди. Кейин осмон мешларининг оғзини очиб юборди. Чиқиб, сувда сузиб юриб уйларимизга етиб келдик. Янаги жумагача ёмғирда қолдик. Бас, ҳалиги одам ёки ундан бошқа биров туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқилиб кетди. Аллоҳга дуо қилинг, уни тўхтатсин!» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва:
«Атрофимизга, устимизга эмас», дедилар. Булутларга назар солсам, ёрилиб худди гулчамбарга ўхшаб, Мадина атрофига тарқалди».
Анас розияллоу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб, у зотни саволга кўмиб ташладилар. У зот бир куни чиқиб, минбарга кўтарилдилар ва:
«Менга савол беринглар. Албатта, мен нимани сўрасангиз баён қилиб берурман», дедилар. Қавм буни эшитиб, жим қолдилар. Бирор ҳозир бўлган ишдан олдин бўлаётган гапми деб қўрқдилар.
Анас айтадиларки:
«Мен ўнгга, сўлга бурилиб қарай бошладим. Қарасам, ҳар бир киши бошини кийимига ўраб олиб, йиғламоқда. Одамлар билан айтишиб қолганда отасидан бошқага нисбат бериладиган бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Набийи, отам ким?» деди.
«Отанг Ҳузофа!» дедилар у зот. Сўнгра Умар:
«Аллоҳни Робб, Исломни дин ва Муҳамадни Расул деб рози бўлдик. Аллоҳдан ёмон фитналардан паноҳ тилаган ҳолимизда», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч қачон бугунгидек хайр ва шарни кўрмаганман. Албатта, менга жаннат ва дўзах тасвир қилинди. Бас, иккисини манави деворни ортида кўрдим», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг онаси Абдуллоҳга:
«Сендан кўра оқроқ ўғил ҳақида ҳеч ҳам эшитмаганман. Сенинг онанг жоҳилият аёллари қиладиган нарсаларидан баъзисини қилиб қўйганидан эмин эдингми?! Уни одамлар орасида шарманда қилиб қўйсанг нима бўларди?!» деди.
Абдуллоҳ:
«Аллоҳга қасамки, агар у зот мени бир қора қулга нисбат берганларида ўшанга илашиб қолар эдим», деди».
Бу ерда Аллоҳ таолонинг изни ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биров билмайдиган хабарни ҳам билганлари, Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг отаси кимлигини айтиб берганлари мўъжизалигини англаш керак.
Яқинлик
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ходим бўлишлари у зотга яқин бўлишларининг боиси эди. Бу эса, баъзи вақтларда кўпчилик гувоҳи бўлмаган нарсаларга гувоҳ бўлиш имконини берар эди. Гоҳида эса, бирор гап ёки ишга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёлғиз ўзлари гувоҳ бўлганлари ҳам бор.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга кирдилар. Мен, онам ва холам Умму Ҳаромдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Онам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ходимчангиз ҳаққига Аллоҳга бир дуо қилинг», деди.
Бас, у зот менга барча хайрни сўраб дуо қилдилар. У зотнинг менинг ҳаққимга қилган дуолари охирида:
«Эй Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин ва унга бунда барака бергин!» дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетаётган эдилар, онам Умму Сулайм у зотнинг овозларини эшитиб қолиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча», деди.
Бас, у зот менга уч дуо қилдилар. Мен бу дунёда улардан иккитасини кўрдим. Учинчисини эса, охиратда кўришни умид қиламан».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ўша уч дуо қандоқ дуолар эканлигини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.
Сайёр ибн Рабийъадан ривоят қилинади:
«Анас ибн Молик айтадиларки, бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аллоҳ, буни молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларини мағфират айлагин», дедилар».
Ушбу набавий дуо ижобат бўлиб, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг молу дунёлари кўп бўлган, умрлари узоқ бўлган ва Аллоҳ таоло у кишини мағфират қилишидан умидвор бўлганлар.

«Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир сир айтдилар. Мен уни ҳозиргача бир кимга айтганим йўқ».
Муслим ривоят қилган.
Албатта, сир энг яқин одамга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга сир айтишлари яқинлик аломатидир.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса, бизнинг орқамизда турди».
Умму Сулайм ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг оналари. Етим бола эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Зумайранинг ўғли эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фақат уч кишининг намоз ўқиши, улардан бири Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бўлиши у кишининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар яқин эканликларининг далилидир.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг эмизикли отаси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб ўпдилар ва ҳидладилар.
Сўнгра яна унинг олдига Иброҳим жон бераётганда кирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади.
Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга:
«Сиз ҳамми, Эй Аллоҳнинг Расули...?!» деди.
«Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва яна:
«Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мория Қибтийя онамиздан кўрган ўғиллари Иброҳимни Абу Сайф ал-Қайн лақабли кишининг хотинлари эмизганлигини билиб оламиз.
Абу Сайфнинг исмлари Барро ибн Авс ал-Ансорий бўлиб, темирчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам Абу Сайф, қилич отаси кунияси билан аталган.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз ҳузурларида мартабалари, ихлос билан хизмат қилишлари ва у зотнинг энг яқин одамларидан бўлганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Буни Иброҳим эмизилаётган уйга икки марта киришда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишларидан билиб оламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ўзларига яқин олганларидан гоҳида у кишига ҳазил-мутойиба ҳам қилиб турар эдилар.

«Гоҳида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: эй икки қулоқ эгаси, дер эдилар».
Термизий ривоят қилган.
Набийга содиқлик
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу доимий равишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ қолдилар. Ҳатто у зот Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан кейин ҳам бу содиқлик давом этди.
Собит ал-Буноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Анас ибн Молик менга, эй Собит, мендан олиб қол. Албатта, сен мендан кўра ишончлироқ бирор кишини топа олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман, у зот Жаброилдан олганлар. Жаброил эса, Аллоҳ таолодан олган», деди».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмларни содиқлик билан бошқаларга етказишлари яққол кўриниб турибди.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Абу Довудлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», дедилар».
Муслимнинг ривоятида:
«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.
Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар содиқ эканлари ва илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис биладиганларидан бирлари эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолмай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга ёлғонини қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадислари тахтига дохил бўлиб қолмай, деб ўзларини кўп ҳадис айтишдан тийиб турганлар.
Ислом дини умуман ёлғонни ҳаром қилган. Ислом назарида ёлғончи Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Албатта, ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деган.
Шундай бўлгандан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мисли йўқ улкан гуноҳ бўлади.
Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади, деганлар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳга, Ислом динига нисбатан ёлғон тўқишдир.
Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб, 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринни эгалладилар.
Бу зотдан Ибн Сийрин, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилишган.
Муҳаддисларимиз ривоят қиладилар:
«Анас: «Бир аёл ўз нафсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.
Анаснинг қизи кулиб:
«Қандоқ ҳам ҳаёси оз экан», деди.
Шунда Анас,
«У сендан яхши. У нафсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди».
Бу ривоятда ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган садоқатлари равшан кўриниб турибди.
Илм денгизи
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, хизматлари, садоқатлари ва ўзларидаги илмга бўлган ташналик ва ихлослари ҳамда бошқа омиллар у кишини илм денгизига айлантирган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қаерда бўлсалар, ўша ерда илм суҳбати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва бошқа нарсалардан саволлар бўлиб турар эди.
Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қиладилар:
«Анас розияллоҳу анҳуга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бамдод намозида «Қунут» ўқиганларми?» дейилганда:
«Ҳа, рукуъдан кейин, бир оз муддат», деганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан кейин бир ой «Қунут» ўқиганлар. Қориларнинг қотиллари зиддига дуо қилганлар», дейилган».
Анас розияллоҳу анҳу аввалги ривоятда «бир муддат»–деганларида айнан ушбу иккинчи ривоятдаги бир ой муддатни кўзда тутганлар.
Бу ривоятда зикри келган қунут ўқиш маълум сабабга кўра, бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама қабиласига етмишта қоридан иборат бир жангчи гуруҳини юборганларида, улар хиёнат ва алдамчилик йўли билан ҳалиги қориларнинг ҳаммаларини йўлда қатл қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қориларнинг қатл этилганига қаттиқ хафа бўлганлар ва уларнинг қотиллари зиддига бамдод намозида бир ой дуоибад қилганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бу жавоблари билан кишиларнинг «Бамдодда нимага, дуои қунут ўқилган экан», деган саволларига қониқарли жавоб берганлар.
Имом Муслим ривоят қиладилар:
«Анас розияллоҳу анҳудан саримсоқ пиёз ҳақида сўралди. Бас, у киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ушбу экиндан еса, бизга яқин келмасин ва биз билан намоз ўқимасин», деганлар», деди».
Бу ерда гап саримсоқ пиёзни хом ҳолида ейиш тўғрисида кетмоқда. Уни хом еган одамдан ноқулай ҳид чиқиб туриши ҳаммага маълум. Киши саримсоқни хом еб олиб, масжидга борса, ўзидаги нохуш ҳид ила ҳаммага озор беради. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни айтганлар.
Бинобарин, саримсоқ пиёздан бошқа нарсалар туфайли ҳам ундан озор берадиган ҳид ҳосил бўлса, у нарсалар ҳам ман қилинган бўлади. Мусулмон инсон масжидга озода, хушбўй бўлиб бориши керак.
Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Амирлардан бир амирнинг орқасида намоз ўқидик. Одамлар аралаш-қуралаш бўлиб кетдилар. Биз икки устуннинг орасида намоз ўқидик. Намозни ўқиб бўлганимиздан кейин Анас:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик», деди».
Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик, деганларидан, аралаш-қуралаш бўлиб сафга эътибор бермасликни ҳам ва икки устун орасида намоз ўқишни ҳам тушуниш мумкин.
Баъзи бир уламолар, жумладан, Имом Аҳмад икки устун орасида саф тортиш макруҳ, деганлар.
Аммо жумҳур уламолар бу ишда кароҳат йўқ, икки устун орасида намозга саф тортса бўлаверади, деганлар.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан намозни қаср қилиш ҳақида сўрадим. Бас, у киши:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уч миллик ёки уч фарсахлик йўлга чиқсалар, намозни икки ракъат ўқир эдилар», дедилар».
Термизий, Абу Довуд ва Аҳмадлар Абу Ғолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Анас ибн Молик билан бир эр кишига жаноза ўқидим, у унинг бош томонида турди. Сўнгра қурайшлик бир аёлнинг жанозасини олиб келдилар.
«Эй Абу Ҳамза, бу(аёл)га жаноза ўқинг», де-йишди.
Бас, у тобутнинг ўртасига турди. Шунда унга ал-Аъло ибн Зиёд:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жанозада бу(аёл)да турган мақомингда ва эр кишида ҳам сен турган мақомда турганларини кўрганмисан?» деди.
«Ҳа», деди Анас ибн Молик ва фориғ бўлгандан сўнг, «Ёдлаб олинглар», деди.
Ушбу ривоятда жанозада имом аёл кишининг танаси ўртасида туриши таъкидланмоқда.
Бу ҳадисда янги келган нарса, жаноза эркак киши бўлса, имом унинг бош тарафида туриши бўлмоқда.
Ҳанафий мазҳабида кўкрагининг тўғрисида туради, дейилади. Чунки, юрак, қалб шу жойда, иймон шу жойда. Шафоат сўровчи ўша жойда тургани афзал, дейилади.
Икки жаноза намозда иштирок этган кишилар буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан эр кишининг жанозасини ўқиганда бош томонида туриши, аёл кишининг жанозасини ўқиганда ўртасида туриши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканлигини сўраб олишлари илмни мустаҳкамлаб, аниқлаб олишнинг бир туридир.
Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қиладилар:
«Анасга:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рўзадорнинг қон олдиришини ёмон кўрар эдингларми?» дейилди.
«Йўқ! Магар заифлик туфайли бўлсагина», деди».
Кўриниб турибдики, қон олдириб заифҳол бўлиб, рўза тута олмай қолиш хавфи бўлмаса, қон олдирса бўлаверар экан. Агар қон олдириш туфайли рўзадор киши заифлашиб қоладиган бўлса, бу заифлик рўзасига ёки ўзига зарар етказадиган бўлса, қон олдирмасин.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мендан ҳижоб ҳақида сўрар эди. Мен буни одамлар ичида энг яхши билувчи эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга куёв бўлиб, тонг отдирдилар. У зот унга Мадинада уйланган эдилар. Кундузи одамларни таомга чақирдилар.
Одамлар туриб кетганларидан кейин ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баъзи кишилар ўтириб қолдилар.
Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб, юриб кетдилар. Мен ҳам у зот билан юриб кетдим. У зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб бордилар-да, одамлар чиқиб кетишган бўлсалар керак, деб ортларига қайтдилар. Мен ҳам у зот билан бирга қайтдим. Қарасам, улар жойларида ўтирибдилар.
Бас, у зот ортга қайтдилар. Мен ҳам иккинчи марта ортга қайтдим. У зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб, ортга қайтдилар. Мен ҳам ортга қайтдим. Қарасак, улар туриб кетишган экан. Шунда у зот мен билан ўзлари ораларига парда тортдилар ва Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилди.
«Эй иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганда, унинг пишишига мунтазир (бўлмай)диган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз кирганда, таомни еб бўлиш билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, қолиб кетманг. Албатта, бундоқ қилишингиз Пайғамбарга озор берарди. У эса, сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмайди. Қачонки, улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундоқ қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳуга уйланганларида валиймани никоҳ кечасининг эртасига қилган эканлар. Бу уйланиш ҳодисасидаги энг машҳур воқеалардан бири–ҳижоб оятининг нозил бўлиши эди.
Ўша машҳур воқеада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишига ихлос билан хизмат қилиб юрадиган ёш саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам бирга иштирок этган эдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада бирор савол чиқса ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиш одат бўлиб қолган эди. Ҳатто Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу каби қори ва улуғ саҳобийлар ҳам ҳижоб ояти ҳақида ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан сўрар эдилар.
Оилавий алоқа
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам яқин бўлишларига оилавий алоқалар ҳам сабаб бўлган. У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо энг машҳур ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин саҳобиялардан бўлганлар. Бу аёл розияллоҳу анҳо ҳаттоки, сафарларда ва жангларда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиб юрганлар. Агар кўпгина ривоятларга диққат билан разм соладиган бўлсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга оналари иш буюриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборганларини ёки яна шунга ўхшаш ҳолатларни кўрамиз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда яқин ва доимо хизматларида турадиган саҳобийлардан эдилар. У киши ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан алоқалари мустаҳкамланишига алоҳида ҳисса қўшганлар.
Бу фикрнинг далили ўлароқ икки ривоят келтирмоқчимиз, холос. Зотан, олдин ўтган бир қанча ривоятларда ҳам худди шу маънога далиллар кўп.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:.
«Марриз-Заҳрондалигимизда бир қуённи чўчитиб юбордик. Одамлар уни қувлаб чарчашди. Мен уни тутиб, Абу Толҳага келтириб бердим. У уни сўйиб, икки сонини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бас, у зот қабул қилдилар».
«Марриз-Заҳрон» Маккаи Мукаррамадан пиёда юрганда бир кунлик йўл узоқликдаги жойнинг номи. Бу жой ҳозир ҳам шундоқ номланиб келмоқда.
Абу Толҳа ва Анас розияллоҳу анҳуларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга овланган қуённинг икки сонини юборишлари саҳобаларнинг у зотга бўлган муҳаббатларини кўрсатади. Бундан раҳбар, устоз ва олим кишилар ана шундоқ эҳтиромга сазовор эканликлари келиб чиқади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Онам туққанларида:
«Манави болага назар сол. Унга ҳеч нарса тегмай туриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, танглайини кўтартириб кел», дедилар.
Эрталаб борсам, у зот боғда жавний хомийса кийиб олиб, ўзларига фатҳдан келган уловга тамға босаётган эканлар».
Аввал кўп бор таъкидлаганимиздек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида эди. У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам, ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга ўта ишқибоз эдилар. Шу сабабдан оналари Анас розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид ишларни бемалол топшираверар эдилар.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бир ўғил фарзанд туққанларида, ўзлари янги кўз ёриган бўлганлари учун Анас розияллоҳу анҳуни чақириб:
«Манави болага назар сол. Унга ҳеч нарса тегмай туриб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, танглайини кўтартириб кел», дедилар».
Яъни, янги туғилган боланинг оғзига ва қорнига кирган биринчи нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларидан кирган бўлсин. Чунки, одатда гўдакнинг танглайини кўтарганда, хурмо ёки шунга ўхшаш ширин нарсани чайнаб туриб, панжанинг учи билан боланинг танглайига суртилади.
Анас розияллоҳу анҳу оналарининг гапларига биноан, янги туғилган укаларини кўтариб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига равона бўлдилар. У ерда кўрган нарсаларини у кишининг ўзлари қуйидагича ҳикоя қиладилар.
«Эрталаб борсам, у зот боғда жавний хомийса кийиб олиб, ўзларига фатҳдан келган уловга тамға босаётган эканлар».
«Хомийса» жундан бўлган тўртбурчак кийим. «Жавний» Бани Жавн қабиласига оид.
Ўша тамға ҳайвонларнинг юзига эмас, оғриқ энг кам бўладиган жойига босилган. Чунки, ўша вақтда кўп ҳайвонни бир-биридан ажратиш учун бундан бошқа имкон бўлмаган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўрадилар. Ҳазрати Умар Анас розияллоҳу анҳунинг тақволарини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганларини эътиборга олиб, «У оқил йигитлардан эди», деб мақтадилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу биринчи халифа амри ила Баҳрайнга ишга кетдилар ва у ерда ўз вазифаларини қойиллатиб бажардилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб баъзи ишларни қандоқ бажарилиши лозимлигини тушунтириб турар эдилар.

«Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганда ушбу мактубни ёзган эди:
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга фарз қилган садақа фарзидир. Буни Аллоҳ Ўз Расулига амр қилгандир. Бас, мусулмонларнинг кимидан уни тўғриликча сўралса, берсин. Кимдан ортиқча сўралса, бермасин. Йигирма тўрттадан кам туядан то бештагача ҳар бештасидан бир қўй. Қачон у(туя)лар йигирма бештага етса, то ўттиз бештагача–урғочи Бинти Мухоз туя. Қачон ўттиз олтитага етса, то қирқ бештагача–урғочи Бинти Лабун туя. Қачон қирқ олтига етса, то олтмиштагача–эркак туяга лойиқ Ҳиққа. Қачон олтмиш биттага етса, то етмиш бештагача–Жазаъа туя. Қачон етмиш олтитага етса, то тўқсонтагача–иккита Бинти Лабун. Қачон тўқсон биттага етса, то бир юз йигирматагача–эркак туяга лойиқ иккита Ҳиққа. Қачон бир юз йигирмадан ошса, ҳар қирқтасида–битта Бинти Лабун. Ҳар элликтасида–Ҳиққа. Кимда тўртдан ортиқ туя бўлмаса, уларда садақа йўқ. Магар эгаси хоҳласа (ўзининг иши). Қачон туя бештага етса, унда битта қўй. Қўйнинг садақаси эса, яйловда боқиладиганларидандир. Қачон қирқта бўлса, бир юз йигирматагача–битта қўй. Қачон бир юз йигирматадан ортса, икки юзтагача–иккита қўй. Қачон икки юзтадан ортса, уч юзтагача–учта. Қачон уч юзтадан ортса, ҳар юзтада–битта қўй. Қачонки, кишининг яйловда боқиладиган қўйи қирқтадан битта қўйга кам бўлса, унда садақа йўқ. Магар эгаси хоҳласа, (ўзи билади)».

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз қилган (закот) нарса ҳақида ёзган мактубида:
«Садақадан қўрқиб айри-айрини жам қилинмайди ва жам бўлиб турганни айриб ташланмайди. Икки аралаштирган киши ўзаро ҳисоб қилиб олишади», дейилган эди.
Ҳазрати Умар даврларида
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Мени Абу Бакр розияллоҳу анҳу закотга омил қилди. Абу Бакр вафот қилганидан кейин келдим. Шунда Умар розияллоҳу анҳу менга:
«Эй Анас! Улов келтирдингми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Бизга улов олиб келибсан. Мол сеники бўлсин», деди.
«У жуда ҳам кўп!» дедим.
«Кўп бўлса ҳам сеники!» деди у.
Ўша мол тўрт минг эди. Мадина аҳлининг энг бой одамига айланиб қолдим».
Кейинроқ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Форсни фатҳ қилиш учун олиб борилган урушда фаол қатнашдилар.
Фатҳлар тамом бўлгандан кейин Ҳурмузон ила ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига борадиган ҳайъат тузилди. Уларнинг ичида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Аҳнаф ибн Қайслар ҳам бор эди.
Мадинаи Мунавварага етиб келишганда одамлари Ҳурмузонга дебождан бўлган кийимларини, ёқутли тожини ва бошқа зебу зийнатларини кийдирдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томон юриб кетдилар. Улар етиб борганларида Умар розияллоҳу анҳу қўлларида дарралари билан масжидда ухлаб қолган эканлар.
Ҳурмузон: «Умар қани?» деди.
Улар: «Ана у», дедилар.
Ҳурмузон: «Унинг қўриқчилари ва эшик бегилари қани?» деди.
Улар: «Унинг қўриқчиси ҳам, эшикбегиси ҳам йўқ», дедилар.
Ҳурмузон: «Ундоқ бўлса, у набий бўлиши керак», деди.
Улар: «Анбиёларнинг амалини қилади, холос», дедилар.
Шу пайт Умар уйғонди. Унга Ҳурмузоннинг хабари берилди. У унга назар солиб туриб:
«Буни ва бунга ўхшаганларни Ислом ила хор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди.
Сўнгра унинг устидагиларни ечиб, оддий кийим кийгизишга амр қилди ва унга:
«Алдамчиликнинг оқибати қандоқ бўлишини ва Аллоҳнинг амрининг оқибати қандоқ бўлишини кўрдингми?» деди.
У: «Эй Умар! Жоҳилият вақтида сиз билан бизнинг орамизни Аллоҳ тек қўйиб қўйганда биз сизга ғолиб келган эдик. Энди эса, сизлар бизга ғолиб келдингиз», деди.
Умар: «Жоҳилиятда сизлар бизга ғолиб келишингиз сизнинг бирлигингиз ва бизнинг тарқоқлигимиз ила бўлган. Бирин-кетин аҳдни бузишингга нима ҳужжатинг ва узринг бор?» деди.
У: «Сенга бунинг хабарини беришимдан олдин қатл қилишингдан қўрқаман», деди.
Умар: «Ундан қўрқма», деди.
У сув сўради. Унга қўпол қадаҳда сув берилди.
У: «Агар чанқоқдан ўлсам ҳам бунга ўхшаш нарсадан ича олмайман», деди.
Унга ўзи рози бўлган идишда сув берилди.
У: «Ичишимдан олдин ўлдириб қўясанми, деб қўрқаман», деди.
Умар: «Ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас», деди.
У охиригача ичди.
Умар: «Унга яна беринглар. Унга ўлим билан чанқоқликни жамламанглар», деди.
У: «Менинг сувга ҳожатим йўқ. Мен бу билан жон соқламоқчи бўлдим, холос», деди.
Умар: «Энди, сени қатл қиламан», деди.
У: «Сен менга омонлик бергансан», деди.
Умар: «Ёлғон айтдинг», деди.
Анас ибн Молик: «Рост айтди. Эй мўминларнинг амири, унга омонлик бердингиз», деди.
Умар: «Эй Анас, мен Баро ибн Молик ва Мажзаъа ибн Саврларнинг қотилига омонлик берар эканманми?! Аллоҳга қасамки, ёки йўл топ, ёки сени иқобга оламан», деди.
Анас: «Ўзингиз, хабарини бергунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, дедингиз-ку», деди.
Унинг атрофидагилар ҳам шунга ўхшаш гап айтдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Ҳурмузонга қараб:
«Мени алдадинг. Аллоҳга қасамки, мен фақат мусулмондангина алданаман», деди.
У мусулмон бўлди. У яхшилик ила тобеъин бўлди. Умар унга икки минг нафақа тайин қилди. Икковлари орасида Муғийра ибн Шўъба таржимонлик қилар эди. Сўнгра Умар ҳайъат аъзоларига:
«Эҳтимол, мусулмонлар аҳли зиммаларга озор беришар? Шунинг учун улар аҳдларини бузишаётгандир?» деди.
Улар: «Вафодан бошқа нарсани билмаймиз», дедилар.
Умар: «Буниси қандоқ?» деди.
Аҳнаф ибн Қайс: «Эй мўминларнинг амири, сиз бизни юртларнинг ичкарисига киришдан қайтаргансиз. Форснинг подшоҳи улар билан бирга. Модомики, подшоҳлари ичларида турар экан, улар бизга қарши уруш қилаверадилар. Ҳеч қачон иккита мулк иттифоқ бўлиб турмаган. Доимо улардан бири иккинчисини чиқарган. Уларнинг подшоҳлари қўзимоқда. Сиз бизга ичкарига тарқалиш учун изн бермагунингизча бу давом этаверади. Биз уларнинг юрти ичида тарқалсак, уларнинг мулки заволга учрайди. Ана ўшанда умидлари узилади», деди.
Умар: «Аллоҳга қасамки, тўғри айтасан», деди ва унинг маслаҳатига эргашишга қасд қилди.
Ўшанда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ораларида алоҳида суҳбат ҳам бўлган. Бу суҳбатни ўрганар эканмиз, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг диндан қайтган муртадларни Исломга қайтишларига қанчалар ҳарис эканликларини кўрамиз.
Имом Байҳақий ва Абдурраззоқлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Абу Мусо розияллоҳу анҳу мени Тистир фат-ҳи хушхабари ила Умар розияллоҳу анҳуга юборди. Бакр ибн Воилдан олти киши Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетган эди. Умар мендан ўшалар ҳақида сўраб:
«Бакр ибн Воиллик ҳалиги нафарлар нима қилдилар?» деди.
Мен: «Эй мўминларнинг амири, улар Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетдилар. Уларни ўлдиришдан бошқа йўл йўқ», дедим.
Умар: «Мен уларни тинчлик ила олмоғим, мен учун устидан қуёш чиқиб турган оқу сариқ барча нарсадан кўра маҳбуброқ», деди.
Мен: «Эй мўминларнинг амири, агар уларни олсангиз нима қилар эдингиз?» дедим.
Умар: «Улар ўзлари чиққан эшикни қайта киришлари учун кўрсатган бўлар эдим. Агар ўшани қилишса, улардан қабул қилар эдим. Бўлмаса, қамаб қўяр эдим», деди».
Умуман, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу муртадларни Исломга қайтаришга қаттиқ рағбатли бўлганлар. Уларни ўлдиришга шошилмаганлар. Бошқа ривоятларни ўргансак ҳам у кишининг ҳар қандай, ҳаттоки бир неча марта қайта-қайта муртад бўлганларни ҳам Исломга қайтаришга ҳаракат қилганларини кўрамиз.
Ибн Саъд Самома ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар:
«Ёз чоғи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳузурига унинг боғининг боғбони келиб, чанқоқликдан шикоят қилди. Бас, у сув сўраб, таҳорат қилди ва намоз ўқиди. Сўнгра у:
«Бирор нарса кўряпсанми?» деб сўради.
«Ҳеч нарса кўрмаяпман», деди.
У кириб яна намоз ўқиди. Учинчи ёки тўртинчи мартасида:
«Назар сол!» деди.
«Қушнинг қанотига ўхшаган булутни кўрмоқдаман», деди.
У намоз ўқиб, дуо қилишда давом этди. Охири боғбон кириб:
«Осмон тўғриланди. Ёмғир ёғмоқда!» деди.
«Бишр ибн Шағоф юборган отни миниб, ёмғир қаерга етганига назар солиб кел», деди.
У отни миниб, назар солди. Қараса, ёмғир Ғазбоннинг қасридан нарига ўтмаган экан».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор-бир кишини кўрмадим», дейдилар.
Сумома ибн Абдуллоҳ:
«Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эдилар, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.
Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.

Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка телеграм