Азон китоби
1-боб. Азон айтишнинг бошланиши (тарихи) ва Аллоҳ таолонинг: «Агар намозга азон айтгайдирсиз, мушриклар масхара қилғайдирлар, чунким алар Аллоҳга қилинадирғон ибодатга ақли етмайдирғон қавмдир» ҳамда «намозға азон айтилса, жумъа кунидан бошлаб айтилсин!» — деган каломи шарифи
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«(Жаноб Расулуллоҳ) одамларни намозга чақирмоқ учун (аввал) ўт ёқмоқ, занг чалмоқ лозимлигини айтдилар, сўнг яҳудий ва насороларнинг ибодатга қандай даъват қилганликлари эсларига тушиб, Билолга азон жумлаларини икки мартадан, такбир жумлаларини эрса бир мартадан айтмакни буюрдилар».
Ибн Умар айтар эрдилар:
«Мусулмонлар Мадинага келганларида бир ерга тўпланишиб, намоз вақтини белгилаб олишур эрдилар. Намозга азон айтишмас эрдилар. Бир куни намозга чақирмоқ тўғрисида сўзлашиб қолдилар. Баъзилар: «Насоролар занг чалгани каби занг чалингиз!» — деса, баъзилар: «Яҳудийлар шуббур (карнай) чалгани сингари бир нарса чалайлик!» — дейишди. Шунда Ҳазрат Умар: «Намозга чақирмоққа бир кишини юбормайсизларми?» — дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Билол, турғил ўрнингдан, намозга чақирғил!» — деб айтдилар».
2-боб. Азон жумлалари икки марта-икки мартадан айтиладир
Анас разияллоҳу анҳу:
«Билолга азоннинг жумлаларини жуфт-жуфт қилиб, такбирни тоқ қилиб, «Қад қомат-ис-салот» ни эрса икки марта айтмак буюрилди»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу:
«Одамлар тўплангач, намоз вақти бўлганлигини бирор нарса бирлан маълум қилмак кераклиги ҳақида сўзлашдилар. Аввал, ўт ёқмак ёким занг чалмак керак, дейишди. Шунда Билолга азонни жуфт килиб, такбирни эрса тоқ қилиб айтмак буюрилди»,— дейдилар.
3-боб. Такбир тоқ, «Қад қомат-ис-салот» жуфтдир
Анас разияллоҳу анҳу:
«Билолга азон сўзларини жуфт-жуфт қилиб, такбир сўзларини эрса тоқ айтмак буюрилди»,— дейдилар. Исмоил: «Ушбуни Айюбга айтган эрдим, «Лекин, Қад қомат-ис-салот» жуфт айтиладир» — деди»,— дейдилар.
4-боб. Азон айтмакнинг фазилати
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозга азон айтилган кезда шайтон орқасидан ел чиқариб, то азон эшитилмайдирган ергача қочғайдир. Азон айтиб бўлингач, тағин қайтиб келғайдир. Такбир айтилмоғи бирлан яна орқасига қочғайдир. Муаззин такбир айтмакни тугатгач, намозхонларнинг дилига ғулғула солмак учун тағин қайтиб келғайдир. Шайтон: «Фалон нарсани эслағил, пистон нарсани эслағил»,— деб намозхоннинг намоздан олдин эсига келмаган нарсаларни эслатғайдир, ҳатто намозхон неча ракъат ўқиганини билмай қолгайдир»,— деганлар».
5-боб. Баланд овоз бирлан азон айтмоқ
Умар ибн Абдулазиз:
«Азонни аниқ, баланд овоз бирлан, оҳангга солмасдан айтғил, агар шундоқ қилмассен, бизга муаззинлик қилмоққа ярамассен!» — деганлар.
Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳга боболари қуйидаги ҳадисни айтиб берган эрканлар:
«Абу Саъид ал-Худрий менга: «Назаримда, сен қўйни ва далани яхши кўрадирган кўринғайсен, агар қўй боқаётган эрсанг ёким шунчаки далада эрсанг-у, намозга азон айтсанг, азонни баланд овоз бирлан айтғил, чунким паст овоз бирлан айтсанг, узоқдаги хоҳ жин, хоҳ инсон, хоҳ жонли ва хоҳ жонсиз нарса бўлсин, товушингни эшитмай қолғайдир. Улар қиёматда сенинг азон айтганингга гувоҳлик берғайдир»,— дегандилар. Абу Саъид ал-Худрий: «Буни мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитгандим»,— дейдилар».
6-боб. Азон овозини эшитиши бирлан қон тўкмоқни тўхтатғайдир
Анас ибн Молик қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар биз бирлан бирор қавм уруш қилаётган эрса, тонг отгунча урушгани қўймас эрдилар. Тонгда азон овозини эшитиб урушни тўхтатар эрдилар, азон овозини эшитмасалар, урушни давом эттираверардилар. Бир куни Хайбарга қараб йўлга чиқиб, тунда етиб бордик. Тонг отгач, ҳали азон айтилмаган пайтда, ота,м Абу Талҳа уловларини миндилар, мен орқаларига мингашиб олдим, оёғим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёқларига тегиб борар эрди. Хайбарликлар сават ва кетмонларини кўтариб, қаршимизга чиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: «Бу Муҳаммаддир, худо ҳаққи, бу Муҳаммаддир! —дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кўриб: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Хайбар хароб бўлди, биз бирор қавмнинг ҳовлисиға келиб тушсак, бизни чақимчилик қилғанларнинг ҳолига войдир!» — дедилар».
7-боб. Азон овозини эшитган киши не дейдир?
Абу Саъид ал-Худрий ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Азон овозини эшитганингизда муаззин айтаётган сўзларни такрорлаб турингиз!» — деганлар».
Исо ибн Талҳа:
«Бир куни мен Муовиянинг муаззин айтаётган сўзларни «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» деган жойигача такроран айтиб турганини кўрдим», — дейдилар.
Яҳё ибн Абу Касийр юқоридаги ҳадисга ўхшаш ҳадисни ривоят қила туриб, дедилар: «Баъзи биродарларимиз менга айтдиларки, Муовия, муаззин «Ҳаййа алас-салот» деганда, «Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳи» деб айтибди-да: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам шундоқ деганларини эшитгандирман», — дебди».
8-боб. Азонни эшитиб бўлгач, дуо айтмоқ
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки азонни эшитгач, «Илоҳи, ушбу мукаммал даъват ҳамда абадий намоз соҳиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг мартабасини улуғ қилиб, неъматларингни анга бисёр қилғайсан, ул зотга ўзинг ваъда қилған мақоми маҳмудни (энг шарафли ўринни) ато этғайсан!» деса, қиёматда мен уни шафоат қилғайдирман», — деганлар.
9-боб. «Мен азон айтаман» деб талашмоқ
Бир куни қавмлар азон айтмакни талашиб қолдилар. Шунда Саъд ибн Ваққос чек ташладилар, чекига тушган киши азон айтди.
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар азон айтмакнинг ҳамда биринчи сафда туриб намоз ўқимакнинг қанчалик савоби борлиғини билганларида эрди, ҳеч бўлмаганда чек ташлаб, ўз ниятларига эришган бўлур эрдилар. Агар одамлар жамоат бирлан намоз ўқимакнинг савобини билғай эрдилар, ким ўзарга масжидға ргуриб кетган бўлур эрдилар. Агар одамлар бомдод бирлан хуфтон намозини жамоат бирлан бирга ўқимакда не савоб борлиғини билсалар эрди, эмаклаб бўлса ҳам боришғай эрдилар», — деганлар».
10-боб. Азон айтаётиб бошқа сўзларни айтиб юбориш
Сулаймон ибн Сурд азон айтаётиб бошқа сўзларни ҳам гапириб юбордилар.
Ҳасан Басрий:
«Азон ёким такбир айтаётиб кулмоқнинг зарари йўқдир», — дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳарс ривоят қиладирлар:
«Ёғингарчилик бўлиб турган кунлардан бирида Ибн Аббос бизга ваъз айтдилар. Муаззин «Ҳаййа ала-с-салот» деб айтаётганда Ибн Аббос уни тўхтатиб, «Намозни ҳар ким ўз жойида ўқисин!» — деб қичқирмакни буюрдилар. Кишилар ажабланиб бир-бирларига қарадилар. Шунда Ибн Аббос: «Ибн Аббосдан яхшироқ киши (яъни, Расулуллоҳ) ҳам шундай қилгандирлар. Бугун жумъа, шундай қилса бўлғайдир»,— дедилар».
11-боб. Кўзи ожиз одам, агар унга намоз вақти бўлганлиги хабар қилинса, азон айтипш мумкин
Солим ибн Абдуллоҳпинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билол (бомдод намози учун) жуда эрта азон айтғайдир. Сизлар Ибн Умми Мактум азон айтгунча еб-ичиб ўтираверингиз»,— дедилар. Ибн Умми Мактум кўзи ожиз одам эрди. Бирор киши унга: «Тонг отди, тонг отди» деб айтмагунча, азон айтмас эрди».
12-боб. Тонг отгандан кейин азон айтмоқ
Абдуллоҳ ибн Умар нақл қиладирлар:
«Умм ул-муъминин (мўминлар онаси) Ҳафса (Расулуллоҳнинг хотинлари): «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззин бомдодга азон айтмакдан кечикиб қолса-ю, тонг отиб қолса, (масжидда) намоз бошланмагидан аввал енгилгина икки ракъат намоз ўқиб олар эрдилар»,— деб айтганлар».
Оиша разияллоҳу анҳо нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози учун айтиладиган азон бирлан такбир ўртасида енгилгина икки ракъат намоз ўқиб олар эрдилар».
Абдуллоҳ ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билол кечаси (жуда эрта) азон айтғайдир, сизлар Ибн Умми Мактум азон айтғунча еб-ичаверингиз»,— деганлар».
13-боб. Бомдоддан аввал азон айтмоқ
Абдуллоҳ ибн Масъуд бундай дейдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билол азон айтганда бирортангиз саҳарлик қилмоқдан тўхтамангиз, чунким муаззин ухлаб ётганларни уйғотмоқ учун, уйғоқларни намозга чорламоқ учун қоронғуда азон айтғайдир»,— дедилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини осмонга кўтариб пастга туширдилар-да, «Бу ҳали тонг отганини англатмағайдир, мана бундоқ бўлса, тонг отган бўлур»,— деб бармоқларини энди уфқ бўйлаб юргиздилар» (яъни, қуёш нурлари аввал тиккасига таралғайдир, бу тонг отди, дегани эрмас, нур кўндалангига таралсагина тонг отган ҳисобланғай).
Ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Оиша онамиз бундоқ дегандилар»,— дейдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва. саллам: «Билол кечаси азон айтғайдир. Сизлар Ибн Умми Мактум азон айтгунча, еб-ичаверингиз,—деганлар».
14-боб. Азон билан такбир орасида қанча вақт бор? Намоз ўқишнинг бошланмоғини кутиб ўтирган киши
Абдуллоҳ ибн Мағфал ал-Музаний ривоятлари:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир азон бирлан такбир ўртасидаги вақтда истаган киши бир карра намоз ўқиб олса бўлур»,— деб уч бор қайтариб айтдилар».
Анас ибн Молик қуйидагини айтиб бердилар:
«Муаззин азон айтса, Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламнинг саҳобалари ўринларидан туриб, ўзлари намоз ўқийдирган устунлар қаршисига шошилишар эрди, ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиққанларида улар азон бирлан такбир оралиғида ўқийдирган намозни ўқиётган бўлишарди. Шом намозидан аввал улар ҳам икки ракъат намоз ўқиб олишарди. Азон бирлан такбир ўртасидаги вақт унчалик кўп бўлмас эрди».
Имом Бухорий:
«Шом намозининг азони бирлан такбири орасинда ҳеч қанча вақт йўқ эрди»,— дейдилар. Имом Нававий: «Шомнинг азони бирлан такбири ўртасинда икки ракъат намоз ўқимак мустаҳабдир»,— дейдилар. Имом Молик: «Шомда азон бирлан такбир орасинда намоз ўқимоқ жоиздир»,— дейдилар. Ҳанафийлар эрса: «Шомнинг азони бирлан такбири ўртасинда уч қадам юргудек фурсат бордир»,— дейишади.
15-боб. Такбир айтилмоғини кутиб турган киши
Оиша онамиз бундай деганлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззин бомдод намозига азон айтиб бўлгач, ўринларидан туриб, тонг отгунича енгилгина икки ракъат намоз ўқиб олар эрдилар, сўнг муаззин такбир айтгунича ўнг томонларини босиб ёнбошлар эрдилар».
16-боб. Хоҳлаган киши ҳар бир азон бирлан такбир ўртасида намоз ўқиб олмоғи мумкин
Абдуллоҳ ибн Мағфал бундай деганлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир азон бирлан такбир ўртасида намоз бордир, ҳар биз азон бирлан такбир ўртасинда намоз бордир. учинчиси хоҳлаган кишига»,— дедилар».
17-боб. «Биттангиз азон айтингиз», деган киши хусусида
Молик ибн ал-Ҳувайрис ривоят қиладирлар:
«Қавмимга тегишли бир неча киши бирлан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келдим. Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида 20 кун турдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам раҳмдил ва меҳрибон эрканлар. Аҳлимизни соғинганимизни кўргач, «Аҳлингизга қайтингиз, улар бирлан бирга бўлингиз, уларга ўргатингиз, намоз ўқингиз, намоз тақти бўлса, бир киши азон айтсин, ичингизда каттарогингиз эрса имомлик қилсин»,— дедилар».
18-боб. Мусофирлар учун азон ва такбир айтмоқ. шунингдек Муздалифада азон ва такбир айтмоқ; муаззиннинг совуқ кечада ёким ёмғирли кечада «намозни жой-жойларингизда ўқингиз», деб азон чақирмоғи
Абу Зарр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга эрдик. Муаззин азон айтмоқчи бўлганда, Расулуллоҳ унга: «Салқинлатғил (шошмай турғил)»,— дедилар. Кейин у яна азон айтмоқчи эрди, Расулуллоҳ яна: «Салқинлатғил»,— дедилар. Кейин яна азон айтмоқчи бўлганида, Расулуллоҳ яна: «Салқинлатғил»,— дедилар, ҳатто тепаликларнинг сояси ўзи баробарлигига келди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Куннинг ҳарорати жаҳаннамдан келаётгандек»,— дедилар».
Молик ибн ал-Ҳувайрис нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига сафарга кетаётган икки киши кириб келди. Расулуллоҳ уларга: «Сафарга чиққанларингизда аввал азон айтингиз, сўнг такбир айтингиз, кейин каттангиз имоматга ўтсин»,— дедилар».
Молик ибн ал-Ҳувайрис нақл қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига ёш йигитлик вақтимизда бориб, 20 кун турдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳмдил ва меҳрибон эрдилар. Жаноб Расулуллоҳ аҳлимизни соғинганимизни билиб, уйимизда кимларни ташлаб келганлигимизни сўрадилар, Биз айтдик» Шунда Расулуллоҳ: «Аҳлингиз олдига қайтингиз. Улар бирлан бирга бўлингиз, уларга шариъат ҳукмларини ўргатингиз. Мен сизларга буюрганларимни уларга ҳам буюрингиз»,— деб анча насиҳат қилдилар (уларнинг баъзиси ёдимдан чиққан), кейин, «Мен нечук намоз ўқиган эрсам, шундок, намоз ўқингиз. Намоз вақти бўлса, биттангиз азон айтингиз, каттангиз имоматга ўтсин»,— дедилар».
Нофиъ ривоят қиладилар:
«Ибн Умар совуқ кечалардан бирида Дажнонда (тепалик номи) азон айтдилар, кейин бизга: «Жой-жойларингизга бориб намоз ўқингиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам азон айтгандан кейин муаззинга: «Сафардалиғ кезингизда совуқ кеча ёким лойгарчилик бўлса, жой-жойларингизда намоз ўқингиз» деб айтмоқни буюрардилар»,— дедилар».
Авн ибн Абу Жуҳайфа оталаридан эшитганларини ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Абтахда (жойнинг номи) кўрдим. Билол келиб азон айтдилар. Кейин, учи найза ҳассаларини олиб чиқиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларига санчиб қўйдилар, сўнг такбир айтдилар».
19-боб. Муаззин азон айтаётганда бошини у ёқ, бу ёққа қаратадирми ё гавдасини у ёқ, бу ёққа ўгирадирми?
«Билол азон айтаётганда икки бармоғини икки қулоғига тиқди, Ибн Умар эрса икки бармоғини қулоғига тиқмас эрди», деб зикр қилинадир. Иброҳим: «Таҳоратсиз азон айтмоқнинг зарари йўқдир»,— дейдилар. Ато: «Азон айтмоқ учун таҳорат олмоқ ҳам фарз, ҳам суннатдир»,— деганлар. Оиша онамиз: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт ҳам Аллоҳнинг зикрини қилаверар эрдилар»,— дейдилар.
Авн ибн Абу Жуҳайфа ривоят қиладирлар:
«Менинг отам бир куни Билолнинг азон айтаётиб бошини у ёқдан бу ёққа бураётганини кўрган эрканлар».
20-боб. Киши: «Намоз вақти ўтиб кетибдир»,— деса бўладирми?
Ибн Сирин:
«Намоз вақти ўтиб кетибдир»,— демоқни макруҳ санаб, «Бунинг ўрнига, намозга етолмай қолибмиз, десин»,— дейдилар. Имом Бухорий эрса Ибн Сирикнинг сўзини рад қилиб, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари («Намоз ўтиб кетибдир») тўғри»,—дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари бундай деган жанлар:
«Бир вақт биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан намоз ўқиётган эрдик, бирдан одамларнинг шовқин-сурони эшитилди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг: «Сизларга не бўлди?» — дедилар. «Намозга шошилдик»,—дейишди. Расулуллоҳ: «Намозга келганда ундоқ қилмангиз, тинчликка риоя қилингиз. Намознинг қай ерига етиб келсангиз, ўша жойидан қўшилиб ўқийверингиз, қанчаси ўтиб кетган эрса, кейин ўзингиз тўлдириб ўқиб олингиз!» — дедилар».
21-боб. Киши намозга ҳовлиқмай, виқор бирлан келсин!
Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Намозга қачон етиб келсангиз, келган жойидан давом эттираверингиз, қолганини кейин тўлдириб ўқиб олингиз!»—деганлар»,— дейдилар Қатода разияллоҳу анҳу.
Абу Ҳурайра нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар такбир айтилганини эшитсангиз, ҳовлиқмай, виқор бирлан намозга келингиз. Намозга қачон етиб келсангиз, келган жойидан жамоатга қўшилиб ўқийверингиз, қолганини тўлдириб ўқиб олғайсизлар»,— деганлар».
22-боб. Киши, имом такбир айтаётганини кўрса, қачон сафга турадир?
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Такбир айтилаётган пайтда, то мени кўрмагунингизча, сафга турмангиз!» — деганлар».
23-боб. Киши намозхонлар сафига шошилиб келиб турмасин, тинчлик сақлаб, оҳисталик бирлан турсин!
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Такбир айтилаётганда сафга турмангиз, тинчликка риоя қилингиз!»— деганлар».
24-боб. Такбир айтилгандан сўнг киши бирор сабаб бирлан масжиддан чиқса бўлғайми?
Абу Ҳурайра нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларидан чиқдилар. Намозга такбир айтилди, сафлар тикланди, Жаноб Расулуллоҳ меҳроб қаршисига келиб турдилар. Намозга такбири таҳрима айтилмоғини кутиб турган эрдик, «Ўринларингиздан қимирламангиз!»— деб ҳужраларига кириб кетдилар, шу ҳолатимизда туриб қолдик. Бир оздан сўнг сочлари ҳўлг бошларидан сув томиб турган ҳолда қайтиб чиқдилар, ғусл қилибдирлар».
25-боб. Агар имом: «Ўрнингиздан қимирламангиз!»— деб чиқиб кетса, қайтиб келгунича кутиб турилғайдир
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Намозга такбир айтилди, одамлар сафларини тўғрилашди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларидан чиқиб, олдинга ўтдилар. У киши жимоъдан кейинги ҳолатда эрканлар. «Ўрнингиздан қимирламангиз!» — деб қайтиб кириб кетдилар. Сўнг, ғусл қилиб чиқдилар, сочларидан сув томиб турарди. Кейин, одамлар бирлан намоз ўқидилар».
26-боб. Кишининг «Ҳали намоз ўқимадик»,— демоғи
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар:
«Хандақ воқеаси куни Ҳазрат Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати, кун ботиб кетди ҳамки, намози асрни ўқиёлмай қолдим»,— дедилар. Бу гапни айтганларида ифтор қилиб бўлинганди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, мен ҳам ҳали намози асрни ўқимабман»,— дедилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳон деган жойга бордилар, мен ҳам у киши бирлан бирга бордим, таҳорат олдилар, сўнг (кун ботгандан кейин) намози асрни ўқидилар, ундан кейин шомни ўқидилар».
27-боб. Такбир айтилгандан кейин имом бирор зарурат билан банд бўлмоғи мумкинми?
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Намозга такбир айтилди ҳамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиднинг ёнида бир киши бирлан гаплашиб туравердилар, ҳатто (айрим) намозхонлар ухлаб қолдилар».
28-боб. Намозга такбир айтилгандан сўнг (биров билан) сўзлашмоқ
Ҳумайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Собит ал-Бунонййдан намозга такбир айтилгандан кейин (биров билан) галлашган киши тўғрисида сўрадим. Шунда у: «Намозга такбир айтилгандан кейин бир киши келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни гапга тутиб қолганди, деб Анас менга айтганди»,— деди».
29-боб. Жамоат бирлан намоз ўқишнинг вожиблиги
Ҳасан Басрийни оналари меҳрибончилик қилиб, хуфтон намозини жамоат бирлан ўқимак учун масжидга боришдан қайтарибдирлар, шунда ул киши итоат қилмабдирлар.
Абу Ҳурайра нақл қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ҳаққи-ҳурмати, одамларга «Ўтин йиғингиз!» деб буюрсаму ўтин йиғсалар, кейин, «Намоз ўқингиз!» десаму бир киши азон айтса, иккинчиси имомлик қилса, сўнгра намозга келмаган кишиларнинг уйларига бориб, устиларидан ўт ёқиб юборсам! Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, жамоат бирлан намоз ўқимоққа келмаган ўша кишиларнинг биронтаси бу ерга (масжидга) келганда пиширилган ёғли гўшт ёким калла-поча емоқни билса эрди, албатта хуфтонга келган бўлур эрди»,— дедилар».
30-боб. Жамоат бирлан намоз ўқимоқнинг фазилати
Асвад ибн Язид ўз жамоатлари бирлан намоз ўқимоққа улгурмай қолсалар, бошқа масжидга борар эрдилар. Анас намоз ўқиб бўлинганда масжидга келдилар, сўнг азон ва такбир айтиб, (бошқа) жамоат бирлан намоз ўқидилар.
Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат бирлан ўқилган намоз савоби ёлғиз ўқилган намоз савобидан 27 марта ортиқдир»,— дедилар».
Абу Саъид ал-Худрий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
«Жамоат бирлан ўқилган намоз савоби ёлғиз ўқилган намоз савобидан 25 марта ортиқдир»,-— деганларини эшитган эрканлар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»,— деб ривоят қиладилар:
«Кишининг жамоат бирлан ўқиган намозининг савоби уйида ёлғиз ўқиган намози ва бозорда ўқиган намозининг савобидан 25 баробар ортиқ бўлғайдир. Бунга киши яхшилаб таҳорат олиб, уйидан масжидга фақат намоз ўқийдирман, деган ниятда чиқсагина эришмоғи мумкиндир. Шу ниятда босган ҳар бир қадамини кўтариб улгурмасидан Аллоҳ таоло унинг мартабасини бир даража кўтарғайдир ва битта гуноҳидан кечғайдир. Намоз ўқиётганида эрса малоикалар унинг тепасида: «Илоҳи, бул бандангни яр‘лақағайсен, бул бандангга раҳм қилғайсен!» — деб илтижо қилиб туришғайдир. Қайси бирингиз намоз ўқийдирман, деб кутиб турган эрсангиз, намоз ўқиётган ҳисобида бўлғайдирсиз»!
31-боб. Намози бомдодни жамоат бирлан ўқимоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни эшитганман»,— дейдилар:
«Ҳар бирингизнинг жамоат бирлан ўқиган намозингизнинг савоби ёлгаз ўқиган намозингиз савобидан 25 марта ортиқ бўлғайдир. Тунги фаришталар бирлан кундузги фаришталарнинг барчаси намози бомдодга келиб жамулжам бўлишғайдир». Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Агар хоҳласангиз, «Инна қуръон-ал-фажри кона машхудан (намози бомдодда қилинган қироат фарушталар ҳам қатнашса арзийдирган қироат бўлди)» — деган ояти каримани ўқингиз»,— дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар:
«Жамоат намози 27 марта ортиқдир»,— деганлар.
Умму Дардоъ ривоят қиладирлар:
«Абу Дардоъ олдимга ғазабланиб кириб келдилар. «Нечун ғазабланмакдасиз?» — дедим. «Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, Муҳаммад умматининг жамоат бирлан намоз ўқимоғидан бўлак бирор савоблик иши қолмади»,— дедилар».
Абу Мусо нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам: «Намоздан энг кўп савоб оладирган одам масжиддан энг узоқда турадирган одамдир, чунки ул кўп юриб, кўпроқ азият чекиб келғайдир. Жамоат бирлан намоз ўқимакни кутаётган кишига тегадирган савоб, ўзи намозини ўқиб, ётиб олган одамга тегадирган савобдан беҳад ортиқдир»,— деганлар».
32-боб. Пешин намозига эртароқ бормоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган эдилар»,— деб ривоят қиладирлар:
«Бир куни бир киши кўчада кетаётган эрди. Йўлда ётган тиканни кўриб, четга олиб ташлади. Аллоҳ таоло унинг қилмишидан рози бўлди ва унинг гуноҳларинр} кечирди.
Бешта сабабдин ўлган кишилар шаҳид бўладирлар: вабодан ўлганлар, қорин оғриги бирлан ўлганлар, ғарқ бўлиб ўлганлар, бирор нарсанинг тагида қолиб ўлганлар ва Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиб ўлганлар.
Одамлар азон айтмоқ ва намозда биринчи сафда турмоқнинг нечоғлиқ савобли эрканини билганларида, ҳеч иложини топмасалар, чек ташлаб ўз ниятларига эришган бўлур эрдилар.
Намозга эртароқ бормакнинг қандоқ савоби борлиғини билганларида, масжидга қараб ким ўзарга югурган бўлур эрдилар, хуфтон бирлан бомдод намозининг саюбини билганларида, масжидга эмаклаб бўлса ҳам борур эрдилар».
33-боб. Масжид томон босган қадамларни ҳисобламоқ
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Баний Салама, изларингизни ҳисоблаб юрмайдирмисиз?»,—дедилар. Мужоҳид «Қилған ишларини ва изларини ёзиб қўйғайдирмиз» деган ояти каримадаги «изларини» сўзини «қадамларини» деб тафсир қилди».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Баний саламаликлар ўз жойларини ташлаб, Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламга яқинроқ ерга кўчиб келмоқчи бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг хувиллаб қолмоғини истамай: «Изларингизни (қадамларингизни) ҳисоблаб юрмайдирмисиз?»— дедилар (яъни, масжидга қанча узоқ йўл босиб келсангиз, шунча саюб бўлғайдир, деган маънода). Мужоҳид: «Изларингизни» дегани — «ерда яёв қадам босиб келмоқ демакдир»,— дейди».
34-боб. Хуфтон намозини жамоат бирлан ўқимоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»—дейдилар:
«Мунофиқларга намози бомдод бирлан намози хуфтондан кўра оғирроқ намоз йўқдир. Иккала намозда қанча савоб борлиғини билганларида масжидга эмаклаб бўлса ҳам келғай эрдилар. Муаззинга буюрсам, азон айтса, кейин бир кишйга буюрсам, одамларга имомлик қилса, кейин азонни эшитиб, намозга чиқмаганларнинг устидан ўт қўйсам!»
35-боб. Икки киши ва ундан ортиғи жамоатдир
Молик ибн ал-Ҳувайрис ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ю саллам (сафарга кетаётган икки кишига): «Намоз вақти келса, бирингиз азон ва такбир айтингиз, каттангиз имом бўлсин»,— деганлар».
36-боб. Масжидда намоз вақти бўлмоғини кутиб ўтирган кишининг ҳамда масжидларнинг фазилати баёни
Абу Ҳурайра нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таҳоратини синдирмай жойнамозда намоз вақти бўлмоғини кутиб ўтирган ҳар бир кишини малоикалар: «Илоҳи, бул кишининг гуноҳларини мағфират қилғайсен, бул кишига раҳматингни дариғ тутмағайсен!» — деб дуо қилғайдирлар. Намоз ўқийдирман деган ниятдагинэ уйига кетмай масжидда ўтирган киши намоз ўқиётган баробарида бўлғайдир»,— деганлар».
Абу Ҳурайра қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло етти тоифа мўминларга, охират куни ҳеч соя қолмаганда, Аршининг соясидан жой берғусидир: одил бошлиққа; раббига тақво бирлан ибодат қилиб улғайган йигитга; масжидлардан кўнглини узолмайдирған кишига; Аллоҳни деб биров бирлан дўстлашган ва Оллохни деб дўстидан узоқлашган (воз кечган) кишига; мартабали, келишган бир аёл зинога таклиф қилса, «Мен Аллоҳдан қўрқурмен»,— деган кишига; ўнг қўли қилганини чап қўли билмайдирган қилиб хуфёна садақа берган кишига; хилватда Аллоҳ таолони эслаб ҳўнг-ҳўнг йиғлаған кишига»,— деганлар».
Ҳумайд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам узук таққанмилар?» — деб Анасдак сўрашди. «Ҳа, таққанлар. Бир куни Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини ярим кечагача кечиктирдилар, биз бирлан намоз ўқигани чиқдилар. Намоздан кейин: «Одамлар аллақачон намоз ўқиб ётдилар, сизлар эрсангиз ҳануз намоз ўқимакдасиз»,— дедилар. Ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узуклари ярқирашига қараб турганим ҳалишдек кўз ўнгимдадир»,— деди Анас».
37-боб. Масжидга эрта бориб, кеч қайтмоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки масжидға эрта бориб, кеч қайтғайдир, Аллоҳ таоло унга ҳар бир кеч қайтгани учун жаннатда зиёфат тайёрлаб қўйғусидир»,— деганлар».
38-боб. Намозга такбир айтилса, фарз намоздан бошқа намозлар тўхтатилғайдир
Абдуллоҳ ибн Молик:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг ёнидан ўтдилар» деб бошланадиган бир ҳадисни айтиб берган эрканлар. Имом Бухорий : «Ушбу ҳадисни Азудлик Молик ибн Буқайна исмлиғ бир киши Ҳафс ибн Осимга қуйидагича ривоят қилган эркан»,— дейдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоэга такбир айтилгандан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқиган бир кишини кўриб, ул томонга ўгирилдилар, уни одамлар ўраб олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бомдод суннатини тўрт ракъат ўқийдирмисан? Бомдод суннатини тўрт ракъат ўқийдирмисан?» — деб уни койидилар (чунким имомга иқтидо қилмоғи лозим эрди)».
39-боб. Касал кишининг жамоат олдига чиқмоққа ҳадди борми? (имоматга ўта оладирми?)
Асвад разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Оиша онамизнинг ҳузурларида эрдик. Жамоат бирлан намоз ўқимоқ ва унинг афзалликлари тўғрисида сўзлашиб ўтирдик. Шунда Оиша онамиз қуйидагиларни айтиб бердилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан олдинги касаллйк кунларидан бирида азон айтилди. Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Вакрга буюрингиз, имоматга ўтсин!»— дедилар. «Абу Бакр кўнгли бўш, йиғлоқ одам. Сизнинг ўрнингизда имомлик қила олмағай», — дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бояги сўзларини такрорладилар (Оиша онамиз бирлан бошқалар яна рад қилдилар). Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учинчи марта: «Сиз хотинлар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасидаги Зулайҳо ва унинг дугоналарига ўхшаган хотинлардирсиз (дилингиздаги гапнинг аксини айтурсиз), Абу Бакрга буюрингиз, жамоат олдига ўтиб имомлик қилсин!» — дедилар. Абу Бакр чиқиб имоматга ўтдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини бир оз енгил ҳйс қилдилар. Сўнг, икки киши ёнларига ккриб, қўлтиқлаб намозга олиб чиқди. Бетобликдан оёқларини зўрға судраб босаётганлари ҳозиргидек кўз ўнгимда. Абу Бакр Жаноб Расулуллоҳнинг чиқиб келаётганларини кўриб жой бўшатмоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўрнингда турғил!» — деб ишора қилдилар. Сўнг, Абу Бакрнинг ёнларига келиб ўтирдилар».
Аъмашдан «Абу Бакр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, одамлар эрса Абу Бакрга иқтидо қилганмилар?» — деб сўрашди. Аъмаш «ҳа» деган маънода бош ирғаб қўйдилар. Абу Муовия бунга қўшимча қилиб: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрнинг чап ёнида ўтириб ўқидилар, Абу Бакр эрса тик туриб ўқидилар»,— дедилар.
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Оиша онамиздан қуйидаги ҳадисни эшитгон эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, оғирлашиб қолган пайтларида, тузалгунларича менинг уйимда ётмоқчи эканликларини айтиб ҳамма хотинларидан ижозат сўрадилар. Улар рози бўлишди. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки киши ёрдамида оёқларини зўр-базўр босиб менинг уйимга чиқдилар. Бир қўлтиқларидан Аббос ва иккинчи қўлтиқларидан бир киши ушлаб олиб чиқишди». «Оиша онамиз айтиб берган ҳадисни Ибн Аббосга ҳикоя қилиб бердим,— дейдилар Убайдуллоҳ, у мендан: «Оиша онамиз тилга олмаган ўша кишининг ким эканлигини билурмисен?» — дёб сўради. Мен: «Йўқ»,—дедим. «Бул — Али ибн Абу Толиб эрдилар»,— деди».
40-боб. Ёмғир ёки касаллик туфайли масжидга бормай ўз уйида намоз ўқимоққа рухсат берилгани ҳақида
Нофиъ ривоят қиладирлар:
«Ибн Умар совуқ ва шамол бўлиб турган тунда намозга азон айтдилар. Кейин: «Намозни жой-жойларингизда ўқийверингиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззинга: «Ёмғирли, совуқ кечада намозни жой-жойларингизда ўқийверингиз, деб айтмакни буюрар эрдилар»,— дедклар».
Маҳмуд ибн ар-Рабиъ нақл қиладирлар:
«Атбон ибн Молик кўзи ожиз ҳолда қавмига имомлик қилур эрди. Бир кўни у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, (гоҳ) кеча қоронғи бўлғайдир, (гоҳ) сел бўлғайдир, мен эрсам кўзи ожиз одамдиримен, менинг уйимга бориб бир жойда намоз ўқиб берингиз, ўшал ерни намозгоҳ қилиб олайин»,—деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйига келиб: «Қаерда ўқиб бермоғимни истайдирсен?» — дедилар. Ул бир жойни кўрсатди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшал жойда намоз ўқиб бердилар».
41-боб. Имом жумъа куни, ёмғир ёғиб турган бўлса, ҳозир бўлганлар билан намоз ўқиб, хутба айтадирми?
Абдуллоҳ ибн Ҳарс ривоят қиладирлар:
«Ибн Аббос ёмғир ёғиб, лойгарчилик бўлган куни бизга хутба айтдилар, сўнг муаззинга азоннинг «Ҳаййа алас-салот» деган жойига келганда «намозни жой-жойингизда ўқийверингиз», деб айтмакни буюрдилар. Ҳозир бўлганлар бу гап ёқмагандек бир-бирларига қараб қўйишди. Шунда Ибн Аббос: «Сизлар бу гапни ёқтирмадингиз шекилли. Бу гапни мендан яхшироқ киши, яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандирлар. Ул киши шундоқ қилмоқни буюргандирлар. Мен сизларни машаққатга қўймоқни хоҳламадим»,— дедилар». Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос: «Мен сизларни гуноҳкор қилмакни хоҳламадим, сизлар тиззангиздан лой кечиб келган бўлур эрдингиз, деб айтганди»,— дейилади.
Абу Саламадан нақл қиладирлар:
«Абу Саъид ал-Худрийдан Лайлат ул-Қадр тўғрисида сўрадим. Ул киши: «Бир булут келиб, масжиднинг устига ёмғир ёгди. Масжиднинг томига хурмо шохлари ёпилган эрди, ёмғир шипдан ўтиб кетди. Намозга такбир айтилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жиққа лой устида сажда қилаётганларини, ҳатто пешоналарига лой ҳам текканини кўрдим»,— дедилар».
Анас ибн Сирин ривоят қиладирлар:
«Ансорийлардан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен сиз бирлан бирга намоз ўқий олмасмен»,— деди. Ул семиз, йўғон киши эрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни овқат тайёрлаб, уйига чақирди. Сув сепиб, тозалаб бир бўйрани тагларига солиб берди. Бўйра устида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат намоз ўқидилар».
Олулжорудлик бир киши Анасга:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини ўқир эрдиларми?» — деди. Анас: «Ўқиганларини фақат ўшал куни кўрдим»,— дедилар.
42-боб. Овқат тайёр бўлса-ю, намозга такбир айтилса...
Ибн Умар овқатланиб олгач, намоз ўқир эрдилар. «Дили хотиржамлик бирлан намоз ўқимоқ учун аввал ҳожатини чиқариб олмоқлик кишининг фақиҳлигидандир»,— дейдилар Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу.
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар олингизга кечки овқат олиб келинган бўлғайдир-у, намозга такбир айтилғайдир, аввал овқатни еб олингиз»,— деб айтганлар».
Анас ибн Молик нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кечки овқатингиз тайёр бўлса, шомни ўқимоқдан аввал, овқатни еб олингиз, овқатни шошмасдан енгизлар»,— деганлар».
Ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтдилйр:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (кечки) овқатингизни олдингизга олиб келиб қўйғайдирлар-у, намоз вақти бўлиб қолғайдир, аввал овқатни еб олингиз, шошмасдан, тўйиб еб олингиз»,— деганлар». Ибн Умар олдиларига овқат қўйилса-ю, намозга такбир айтилса, овқатни тўйиб еб олмагунларича намозга келмас эрдилар. Имомнинг қироатини эшитиб турсалар ҳам овқатланишда давом этардилар.
Ибн Умар нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бирингиз овқат устида бўлғайдирсиз-у, намозга такбир айтилғайдир, нафсингиз овқатга қонгунча намозга шошилмангиз»,— деганлар».
43-боб. Имомнинг қўлида егулик нарса бўлса-ю, намозга чақирилса...
Жаъфар ибн Амр оталари Амр ибн Умаййадан эшитганларини ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг қўл гўштини кесиб еяётганларини кўрдим. Шунда намозга чақирилди. Ўринларидан турдилар, пичоқни ташлаб, таҳорат олмай намоз ўқидилар».
44-боб. Кимки уйида бир зарур иш қилиб турган бўлса-ю, намозга такбир айтилса, ишини ташлаб, намозга чиқадир
Асвад разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Оиша онамиздан «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида не қилур эрдилар?» — деб сўрадим. «Уй юмушлари бирлан банд бўлур эрдилар (Жаноб Расулуллоҳ хотинларига ёрдам бермоқларини назарда тутадилар), намозга чақирилган кезда қилаётган ишларини ташлаб чиқар эрдилар»,— дедилар».
45-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўқиганларини ҳамда ул зотнинг буюрган суннагларини ўргатиш ниятидагина одамларга намоз ўқиб берган киши
Айюб разияллоҳу анҳу:
«Абу Қилоба бундай деганди»,— дейдилар: «Бизнинг мана шу масжидимизга Молик ибн Ҳувайрис келиб: «Мен ўзи намоз ўқимоқчи бўлмасам-да, сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук намоз ўқиганларини кўрган бўлсам, ўшандоқ намоз ўқиб берайин»,— дедилар. Мен Абу Қилобадан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нечук намоз ўқир эрканлар?» — деб сўрадим. «Мана бу шайхимиз сингари»,— деди. Шайхимиз (кекса одам эрдилар), биринчи ракъатда саждадан бош кўтарганларидан кейин, озгина ўтириб олар эрдилар».
46-боб. Олим ва фозил кишилар имомлик қилишга ҳақлироқдирлар
Абу Мусо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолдилар. Касаллари кучайгач: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоат олдига чиқиб имомлик қилсин!» — дедилар. Оиша онамиз: «Абу Бакр кўнгли юмшоқ кишидирлар, сизнинг ўрнингизда туриб имомлик қила олмағайлар»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Одамларга буюрингиз, Абу Бакр жамоат олдига чиқиб имомлик қилсин!» — деб қайтариб айтдилар. Оиша онамиз яна рад қилдилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоат олдига чиқиб имомлик қилсин! Сиз хотинлар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасидаги хотинлар сингаридирсизлар»,— деб яна қайтариб айтдилар. Жаноб Расулуллоҳнинг буйруқларини Абу Бакрга етказишди. Абу Бакр Жаноб Расулуллоҳнинг ҳаётликларида жамоат олдига чиқиб имомлик қилдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб ётганларида: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоат олдига чиқиб имомлик қилсин!» — дедилар. Мен: «Абу Бакр ўрнингизга имомлик қилсалар, йиғлаб юборғайдирлар, одамлар қироатларини эшитолмай қолғайдир, Умарга буюрингиз, имомлик қилсин!» — дедим. Кейин: «Абу Бакр сизнинг ўрнингизда турсалар, йиғиларидан қироатлари эшитилмай қолғайдир, имомликни Умарга буюра қолингиз, деб Расулуллоҳга айтғил!» —дедим Ҳафсага. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тек турғил, сизлар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасидаги хотинлар сингаридирсизлар, Абу Бакрга буюрингиз, имомлик қилсин!» — дедилар Ҳафсага».
Шунда Ҳафса: «Сендан ҳеч яхшилиғ кўрмадим-да!» — деган эрканлар Оиша онамизга.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил эргашиб юрдим, ул кишининг хизматларини қилиб, суҳбатларида бирга бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин бетоб ётганларида Абу Бакр жамоатга имомлик қиларди. Душанба куни биз саҳобалар намозда саф тортиб турган эрдик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хужраларининг пардасини очиб, бизга қарадилар. Жаноб Расулуллоҳ оёқларида тик турар эрдилар, юзлари худди китоб варағидек оппоқ, озгин ва чиройлиғ эрди. Кейин, бизга табассум қилиб жилмайдилар. Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, суюнганимиздан сафдан чиқмоқчи бўлдик. Абу Бакр Сиддиқ эрса биринчи сафга кириб олмоқ учун орқасига тисарила бошлади. Ул, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга чиқмоқчилар, деб ўйлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, намозни давом эттираверингиз, деган маънода бизга ишора қилдилар-да, пардани ёпиб қўйдилар. Ул зот шу куни вафот этдилар».
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч кун намозга чиқа олмадилар. Намозга такбир айтилди, Абу Бакр олдинга (имомликка) ўтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларининг пардасини кўтардилар. Ҳеч қачон Жаноб Расулуллоҳнинг чеҳраларини кўрган кезимиздагидек суюнмаган эрдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга «Олдинга (имомликка) ўтғил!» деб ишора қилдилар-да, пардани ёпдилар. Кейин, вафот этгунларича пардани очмоққа дармонлари етмади».
Ҳамза ибн Абдуллоҳнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ оғир ётганларида, «Намозга чиқа оласизми?»—дейишди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Бакрга айтингиз, жамоатга имомлик қилсин!»—дедилар. Оиша онамиз: «Абу Бакр кўнгли бўш одамдирлар, қироат қилсалар, йиғидан тўхтай олмағайлар»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буюрингиз унга, жамоатга имомлик қилсин!» — дедилар. Оиша онамиз яна бояги сўзларини такрорладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Буюрингиз унга, жамоатга имомлик қилсин! Сизлар Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги хотинлар сингаридирсиз»,— дедилар».
47-боб. Бирор сабабга кўра, намозхонлардан бирининг имомнинг ёнида турмоғи
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб ётганларида Абу Бакрга жамоатга имомлик қилмоқни буюрдилар. Абу Бакр (ўшанда) имомлик қилган эрдилар». Урва разияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни қуйидагича давом эттирадирлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини енгил ҳис этиб, намозга чиқдилар. Абу Бакр жамоатга имомлик қилаётган эрди. Расулуллоҳни кўргач, (ўрин бўшатмак мақсадида) орқасига тисарила бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ўрнингдан жилмағил!» — деб ишора қилдилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрнинг ёнига келиб ёнма-ён ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб тик туриб намоз ўқидилар. Одамлар эрса Абу Бакрга иқтидо қилиб намоз ўқишди».
48-боб. Кеч қолаётган имомнинг ўрнига ўтиб имомлик қилаётган одам, имом келиб қолса, тисарилиб ўрнини бўшатса ҳам, бўшатмаса ҳам, намоз жоиз бўладир
Саҳл ибн Саъд нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр қабиласи низосини тинчитмоқ учун кетган эрдилар. Намоз вақти бўлиб қолгач, муаззин Абу Бакрга келиб: «Такбир айтайинми?» — деди. Абу Вакр: «Майли»,— дедилар. Абу Бакр жамоатга имомлик қилиб турганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолдилар. Одамлар сафдан жой бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи сафга келиб турдилар. Одамлар Абу Бакрни огоҳлантирмоқ учун чапак чалдилар. Абу Бакр пайқамадилар. Одамлар қаттиқроқ чапак ура бошладилар. Шундагина Абу Бакр Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келганларини кўрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўрнингда турғил!» — деб ишора қилдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (ишонч билдириб) «Жойингда тураверғил!» — деб буюрганларидан хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, икки қўлларини тепага кўтардилар-да, орқаларига тисарилиб, биринчи сафга туриб олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жойларига ўтиб жамоатга имомлик қилдилар. Намоз тугагач, Абу Бакрга: «Буюрганимдан сўнг нечун жойингизда туравермадингиз?» — дедилар. Абу Бакр: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида намоз ўқимоққа Абу Бакрнинг ҳаққи йўқдир!» — деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Не бўлди сизларга, кўп қарсак чалдингиз? Кимки намозда бирор нарсани кўрғайдир, тасбиҳ (субҳоналлоҳ) айтсин, тисбиҳ айтса, унга қарайдилар. Чапак чалмоқ эрса хотинларнинг ишидир»,— дедилар».
49-боб. Агар намозхонларнинг қироати бир хил бўлса, ораларида ёши улуғи имомлик қиладир
Молик ибн Ҳувайрис нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдик. Ҳаммамиз тенгқур, ёш йигитлар эрдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида 20 кунча туриб қолдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда меҳрибон эрдилар, (юртимизни соғинганимизни билиб): «Юртингизга қайтсангиз, у ердагиларга динни ўргатингиз, фалон вақтда фалон намозни, фалон вақтда фалон намозни ўқийдирсиз, деб уларга буюрингиз, намоз вақти бўлганда бирингиз азон айтингиз, орангизда каттангиз имомликка ўтсин!» — дедилар».
50-боб. Имом бирор қавмнинг зиёфатига борса, намоз вақтида уларга имомлик қиладир
Атбон ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни уйимга таклиф этган эрдим. Ул киши келиб, киришга ижозат сўрадилар. Кейин: «Уйингнинг қай ерида намоз ўқиб бермоғимни истайдирсан?» — дедилар. Мен бир жойни кўрсатдим. Рас улуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турдилар. Биз у кишига иқтидо қилдик. Намоздан кейин салом бердилар. Биз ҳам салом бердик».
51-боб. Имомга иқтидо қилмоқ керак, ул шунинг учун имом қилингандир!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, вафотларидан олдинги бетоблик пайтларида, ўтириб имомлик қилар эрдилар. Ибн Масъуд: «Намозхон бошини имомдан аввал кўтарса, қайтариб туширғайдир-да, имом бошини иккинчи бор кўтармагунча кутиб турғайдир, кейин имомга эргашғайдир»,— деганлар. Ҳасан Басрий: «Имом бирлан бирга икки ракъат ўқиб, сажда этолмаган одам охирги ракъатда икки марта сажда қилғайдир, кейин бир ракъатини қайта ўқиғайдир, сажда қилмоқни эсдан чиқариб, ўрнидан туриб кетган одам қайта ўтириб сажда қилғайдир»,— дейдилар.
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ нақл қиладирлар:
«Оиша онамизнинг ҳузурларига кирдим. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бетоб ётган пайтлари тўғрисида менга сўзлаб берсангиз!» — деб илтимос қилдим. Оиша онамиз: «Майли»,— деб ҳикоя қила кетдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғирлашиб қолганларида: «Одамлар намоз ўқидиларми?»—деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, сизни кутишмоқда»,— дедик. «Тоғорага ўтқазиб, устимдан сув қуйингиз!» — дедилар. Биз айтганларини қилдик. Ўринларидан тура бошлаганларида ҳушларидан кетдилар. Ҳушларига келгач: «Одамлар намоз ўқидиларми?»—дедилар. Биз: «Йўқ, сизни кутишмоқда»,— дедик. Жаноб Расулуллоҳ: «Тоғорага ўтқазиб, устимдан сув қуйингиз!» —дедилар. Биз айтганларини қилдик. Ўринларидан турмоқчи эрдилар, яна ҳушларидан кетдилар. Ҳушларига келгач: «Одамлар намоз ўқидиларми?» — дедилар. Биз: «Йўқ, сизни кутишмоқда»,— дедик. Масжидда одам лиқ тўла. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуфтон иамозига чиқишларини кутишмоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга имомлик қилмакни буюрдилар. Бир киши бориб, Абу Бакрга: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни жамоатга имомлик қилсин, деб буюрдилар»,— деди. Абу Бакр кўнгли юмшоқ одам эрдилар. Шунинг учун ҳам Умарга: «Сиз имомлик қилингиз!» — дедилар. Умар: «Ўзингиз бунга мендан кўра қақлироқдирсиз!» — дедилар. Абу Бакр ўша куни имомлик қилдилар., Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини бир оз енгил ҳис этиб, икки кишининг ёрдамида намозга чиқдилар, улардан бири Аббос эди. Абу Бакр Жаноб Расулуллоҳни кўриб жой бўшатмоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Орқангизга тисарилмангиз, жойингиздан жилмангиз!» — деб ишора қилдилар. Кейин Аббосга: «Мени ёнларига ўтқазингиз!» — дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Абу Бакрнинг ёнига ўтқаздилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб намоз ўқидилар. Абу Бакр тик туриб Расулуллоҳга иқтидо қилдилар. Одамлар эрса Абу Бакрга иқтидо қилишди».
Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу бундай ривоят қиладирлар:
«Абдуллоҳ ибн Аббос ҳузурига кириб, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бетобликлари ҳақида Оиша онамиз менга айтиб берганларини сизга айтайинми?» — дедим. «Айтғил!»— дедилар. Мен айтдим. Бирор сўзимни инкор қилмадилар, лекин: «Огам Аббос бирлан бирга бўлган иккинчи кишининг номини сенга айтдиларми?» — деб сўрадилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. «Ул Али эрди!» — дедилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлганларидан уйда ўтирган ҳолда намоз ўқидилар. Иқтидо қилаётганлар эрса тик туриб ўқишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «ўтирингиз!» деб ишора қилдилар. Намоздан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом иқтидо қилмоқлари учун тайинлангандир, агар ул рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз, рукуъдан бош кўтарғайдир, бош кўтарингиз, ўтириб намоз ўқиғайдир, ўтириб намоз ўқингиз!»— дедилар».
Анас ибн Молик нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам от миниб йиқилдилар, ўнг томонлари шилиниб кетди. Намозни ўтирган ҳолда ўқидилар. Шунда биз ҳам ўтириб ўқидик. Намозни тугатгач, бизга ўгирилиб: «Гап шулким, имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир, агар ул тик туриб ўқиғайдир, тик туриб ўқингиз, рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз, рукуъдан бош кўтарғайдир, бош кўтарингиз, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деса, «Раббано ва лакалҳамд» деб айтингиз. Агар тик туриб ўқиғайдир, тик туриб ўқингиз!» — дедилар». Имом Бухорий айтадилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Имом ўтириб ўқиғайдир, ўтириб ўқингиз! »деган сўзларини бундан илгариги бетоблик пайтларида айтганлар, сўнгги касал бўлганларида эрса Жаноб Расулуллоҳ ўтириб намоз ўқиганлар. Одамлар тик туриб ўқишган, уларга ўтирмоқни буюрмаганлар. Охиргиси ҳисобга олинғайдир,зеро охиргиси Жаноб Расулуллоҳнинг табиатларига мосдир».
52-боб. Имомга иқтидо этиб намоз ўқиётган одам қачон сажда қиладир?
Анас разияллоҳу анҳу:
«Имом сажда қилса, сажда қилингиз!» — дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Язид:
«Қуйидагини менга Барро айтиб берган эрди, ул ҳеч ёлғон сўзламайдир»,— дейдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деб саждага бормагунларича, биронтамиз саждага бормас эрдик, кейин сажда қилар эрдик».
53-боб. Имомдан аввал бошини кўтарган одамнинг гуноҳи
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларингизда кимдир имомдан аввал бошини кўтаргайдир, унинг бошини Аллоҳ таоло эшакнинг бошига ёким кўринишини эшакнинг кўринишига айлантириб қўймоғидан қўрқмағайми (қўрқмағайдирми)?» — дедилар».
54-боб. Қул ёки озод қилинган қулнинг имомликка ўтмоғи ҳақида
Оиша онамизга Заквон деган қуллари имомлик қилур эрди, Қуръонга кўра, ҳароми бола ҳам, бадавий ҳам, балоғатга етмаган бола ҳам имом бўлмоғи жоиздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имомликка Қуръони Каримни мукаммал билган киши ўтғайдир»,—деганлари учун ҳам Имом Бухорий: «Қул, бирор айби бўлмаса, жамоатга қатнашмакдан маҳрум қилинмағайдир»,— дейдилар».
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Қубодаги Асаба деган жойга келган дастлабки муҳожирларга (Расулуллоҳнинг келишларидан аввал) Абу Ҳузайфанинг озод қилинган қули Солим имомлик қилур эрди. У Қуръонни ҳаммадан яхшироқ билур эрди».
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гарчи сизларга боши майиздек қоп-қора қул бошлиқ қилиб тайинланса ҳам, унга қулоқ солиб, итоат этингиз!» — деганлар».
55-боб. Имом ёмон имомлик қилса, гуноҳи ўзига
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имомлар сизларга имомлик қилиб намоз ўқийдирлар. Агар тўғри, тўлиқ ўқиғайдирлар, сизларга ҳам, ўзларига ҳам савоб, бўлғайдир. Хато қилсалар, сизларга савоб-у, гуноҳи ўзларига бўлғайдир»,— деганлар».
56-боб. Йўлдан озган ва бидъатчи одамнинг имомлиги хусусида
Ҳасан Басрий:
«Бидъатчининг орқасида ҳам намоз ўқийверғил, бидъатининг зарари ўзигадир»,— деганлар. Имом Бухорий: «(Ушбу ҳадисни) бизга Муҳаммад ибн Юсуф айтиб бердилар»,— дейдилар.
Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр Усмон ибн Аффоннинг ҳузурларига кирди. Ҳазрат Усмон сиқилиб ўтирган эрканлар. Усмонга: «Сиз жамоат имомидирсиз, бошингизга нечук ишлар тушди, кўриб турибсиз. Бизга эрса фитначи кишилар имом бўлиб олмишлар, биз уларга иқтидо қилиб, гуноҳкор бўлмакдан қўрқадирмиз»,— деди. Шунда Усмон: «Намоз одамлар қилаётган ишларнинг энг яхшисидир. Агар кишилар хайрлик иш қилаётган бўлсалар, сен ҳам уларнинг хайрлик ишларига бош қўшғил, агар ёмон ишга қўл урган бўлсалар, уларнинг ёмонлигидан четланғил!»—дедилар. Зуҳрий: «Жуда зарур бўлмаса, хотинчалиш (хунаса) одамга иқтидо қилинмайдир»,— дейдилар.
Анас ибн Молик нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Заррга: «Агар боши майиздек қоп-қора ҳабаш имом эрса ҳам, унга қулоқ солғил ва итоат этғил!»—деган эканлар».
57-боб. Агар намоз ўқиётганлар икки киши бўлса, бири имом бўлиб, иккинчиси унинг ўнг томонига ўтиб иқтидо қиладир
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Маймуна холамникида тунаб қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни масжидда ўқидилар. Кейин, уйларига келиб тўрт ракъат намоз ўқидилар. Сўнг, ухладилар, кейин ўринларидан туриб, таҳорат олиб намоз бошладилар. Мен чап ёнларига бориб турдим. Мени ўнг ёнларига ўтказиб қўйдилар. Аввал беш ракъат, кейин икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг ухладилар, ҳатто пишиллаганларини эшитдим. Кейин, намози бомдодни ўқигани чиқиб кетдилар».
58-боб. Агар иқтидо қилғувчи биргина бўлса-ю, имомнинг чап томонида турса, имом уни ўнг томонига ўтказиб қўйса, намозлари бузилмайдир
Ибн Аббос нақл қиладирлар:
«Маймуна холамникида тунаб қолдим. Ўша кечасй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам холамнинг уйларида эрканлар. Таҳорат олиб намозга турдилар. Мен чап томонларида туриб иқтидо қилдим, мени ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар. Шунда ўн уч ракъат намоз ўқидилар. Кейин, ухладилар, ҳатто пишилладилар ҳам. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухласалар, пишиллар эдилар. Кейин, ул кишини муаззин келиб чақирди. Чиқиб жамоатга имомлик қилдилар, таҳорат олмадилар (ёнбошлаб дам олганларида, қалблари уйғоқ бўлгани учун таҳоратлари синмас эрди)».
59-боб. Кишининг имомлик қиламан деган нияти бўлмаса-ю, одамлар келиб унга иқтидо қилинса...
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Маймуна холамникида тунаб қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси туриб намоз ўқидилар. Мен ҳам туриб у киши бирлан ўқидим. Чап томонларида турган эрдим, белимдан ушлаб ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар».
60-боб. Агар имом намознм чўзиб юборса-ю, иқтидо қилғувчининг бирор ҳожати бўлса, у сафдан чиқиб, ўзи ўқиб олса...
Жобир ибн Абдуллоҳ нақл қиладирлар:
«Муоз ибн Жабал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга хуфтонни ўқиб, сўнг бориб қавмига имомлик қилур эрди. (Бир куни) хуфтонда қавмига ймомлик қилаётиб Сураи Бақарани зам қилди. Шунда бир киши сафдан ажралиб чиқди-да, ўзи алоҳида намоз ўқиб, кетди. Муоз у кишини ёмонлагандек бўлди. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга: «Сен фитначидирсан, фитначидирсан, фитначидирсан!» ёки «Бунақа ҳолда фитначи бўлиб қолғайсан, фитначи бўлиб қолғайсан, фитначи бўлиб қолғайсан!»—деб уч марта айтдилар-да, бундан кейин (ўлчами) ўртачароқ иккита сурани зам қилмакни буюрдилар. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ўша суранинг қайси эканлигини эслай олмаётирман»,— дейдилар Амр разияллоҳу анҳу».
61-боб. Имомнинг қиёмни енгилроқ, рукуъ ва сужудни тўлароқ қилмоғи хусусида
Абу Масъуд ривоят қиладирлар:
«Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен, фалончи имом намозни чўзиб юбораётгани учун намози бомдодга бормаётирман»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъз айтаётганларида ўша кундагидан кўра ғазабланганроқ ҳолатларини кўрмаганман. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанда: «Сизларнинг ораларингизда одамларни жамоат намозидан бездираётганлар бордир. Қай бирингиз жамоатга имомлик қилгайдирсиз, намозни осонлаштирингиз, чунким намозхонлар орасинда заиф, касалманд, кекса ва иши зарур одамлар бордир!» — дедилар».
62-боб. Агар киши намозни ёлғиз ўзи ўқиса, хоҳлаганича чўзаверсин!
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз жамоатга имомлик қилғайдирсиз, намозни осонлаштириб ўқингиз, чунким намозхонлар орасинда заиф, касал ва кексалар бордир. Агар қайси бирингиз намозни ёлғиз ўзингиз ўқиғайдирсиз, истаганча чўзаверингиз!» —дедилар».
63-боб. Имом намозни чўзиб юборганда устидан шикоят қилган киши
Абу Усайд:
«Намозимизни жуда ҳам чўзиб юбординг, эй болам!» — деган эканлар.
Абу Масъуд ривоят қиладирлар:
«Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, имом намозни чўзиб юбораётганидан бомдод намозига бормаётирман»,— деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабландилар. Ўша кундагидан кўра қаттиқроқ ғазабланганларини кўрмаган эрдим. Жаноб Расулуллоҳ: «Эй одамлар, сизларнинг ораларингизда намоздан бездирғувчилар бордир. Кимки имом бўлиб (намоз) ўқиғайдир, енгил ўқисин, чунки унинг орқасинда заиф, кекса ва иши зарур кишилар бордир!»—дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ нақл қиладирлар:
«Қоронғи кеча эрди. Муоз жамоатга имомлик қилиб хуфтон ўқиётган пайтда бир киши икки туяни етаклаб келиб қолди. Туяларини кўйиб, Муозга иқтидо қилди. Муоз «Сураи Бақарани» ёки «Сураи Нисони» зам қилиб ўқий бошлаганда бояги киши орадан чиқиб кетди. Муоз унинг орқасидан ёмонлаб қолди. Буни ул кишига етказишган эрди, бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга: «Эй Муоз, сен фитначидирмисан ёким ғайбатчидирмисан?» — деб уч марта .қайтариб айтдилар, кейин: «Саббиҳ-исма раббика-л-аъло...» ва «Ва-ш-шамси ва зуҳоҳо...» ҳамда «Ва-л-лайли изо йағшо...» деб бошланадиган сураларни зам қилиб ўқисанг бўлмағаймидир?! Ахир сенинг орқангда кекса, заиф ва ҳожатманд кишилар ҳам борку!» — дедилар».
64-боб. Намозни қисқа ва мукаммал ўқимоқ тўғрисида
Анас ибн Молик:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни қисқа қилиб ҳам, мукаммал қилиб ҳам ўқир эрдилар» — дейдилар.
65-боб. Чақалоқ йиғлаб қолганда намозни қисқароқ ўқимоқ хусусида
Абу Қатода ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен намозни узунроқ қилиб ўқимоқчи бўлганимда, чақалоқ йиғлаб қолса, онасига оғир тушмасин деб, қисқароқ ўқийдирмен»,— деган эканлар».
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра намозни қисқароқ ва мукаммалроқ ўқийдирган бирорта одамни учратмадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақалоқ йиғисини эшитиб, онасига қийин бўлмасин деб, намозни қисқароқ ўқир эрдилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен намозни узунроқ ўқимоқчи бўлиб бошлайдирман-у, аммо чақалоқнинг йиғисини эшитиб, онасига оғир бўлмасин деб, қисқартирғайман»,— деган эканлар».
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен, намозни узунроқ ўқийдирман, деганимда чақалоқнинг йиғисини эшитиб қолғайман. Шунда ўнинг онасига оғир тушмоқлигини фаҳмлаб, намозни енгиллатғайман»,— деган эканлар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен намозни узунроқ ўқимоқчи бўлиб бошлайдирман-у, аммо бола йиғисини эшитиб қолиб, унинг онаси азият чекмоғини ўйлаб, енгиллатғайман»,— деган эканлар».
бб-боб. Бир киши имомга иқтидо қилиб намоз ўқиса-ю, сўнг ўз қавмига бориб имомлик қилса...
Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Муоз разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб намоз ўқидилар, сўнг ўз қавмларига бориб имомлик қилдилар».
67-боб. Имомнинг такбирини одамларга эшиттириб турган киши
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғир ётганларида Билол намозга чақириб келди. Шунда Расулуллоҳ: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!» — дедилар. Мен: «Ё Расулаллоҳ, Абу Бакр кўнгли бўш одамдирлар, ул киши сизнинг ўрнингизда имомлик қилсалар, одамлар йиғиларидан қироатларини эшитолмай қолғайдир, яхшиси Умарга буюрингиз!» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!»— деб қайтариб айтдилар. Мен Ҳафсага: «Абу Бакр кўнгли бўш одамдирлар, ўрнингизда турсалар, йиғиларидан одамлар Қироатларини эшитмай қолғайдирлар, Умарга буюра қолингиз, деб Расулуллоҳга айтғил!»— дедим. Расулуллоҳ: «Сизлар Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги хотинлар сингаридирсизлар. Буюрингиз Абу Бакрга, жамоатга имомлик қилсин!»—дедилар. Абу Бакр намозни бошлагач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам енгил тортдилар. Кейин, икқи киши ёрдамида оёқларини зўрға босиб масжидга чиқдилар. Абу Бакр Расулуллоҳнинг шарпаларини сезиб жой бўшатмоқ учун орқага тисарила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўрнингдан қимирламағил!» — деб ишора қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алай ҳи ва саллам Абу Бакрнинг чап ёнларига келиб ўтирдилар. Абу Бакр тик туриб ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳ ўтирган ҳолларида ўқидилар. Абу Бакр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтаётган такбирларини одамларга эшиттириб турдилар».
68-боб. Бир киши имомга, одамлар эрса унга иқтидо қилмоғи хусусида
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сиз менга иқтидо қилингиз, сизга орқангиздагилар иқтидо қилсинлар!»— деганлари хусусида қуйидаги ҳадис зикр қилинади:
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғир ётганларида Билол ул кишини намозга чақириб келди. Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоат олдига ўтиб имомлик қилсин!» — дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Абу Бакр кўнгли бўш одамдирлар, ул киши сизнинг ўрнингизда имомлик қилсалар, йиғиларидан одамлар қироатларини эшитолмай қолғайдирлар, яхшиси Умарга буюра қолингиз!»—дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!»—дедилар. Шунда мен Ҳафсага: «Абу Бакр кўнгли бўш одамдирлар, ўрнингизга имомлик қилсалар, йиғлаб юборадилар, одамлар қироатларини эшитолмағайдирлар, Умарга буюра қолингиз, деб Расулуллоҳга айтғйл!» — дедим. Расулуллоҳ: «Сизлар Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги хотинларга ўхшайдирсизлар, буюрингиз, Абу Бакр жамоатга имомлик қилсин!»—дедилар.
Абу Бакр имомлик қилмоққа киришгач, Расулуллоҳ енгил тортдилар, сўнг икки киши кўмагида оёқларини судраб босиб масжидга чиқдилар. Абу Бакр Жаноб Расулуллоҳнинг келаётганларини сезиб, жой бўшатмоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ: «Урнингда тураверғил!»—деб ишора қилдилар. Расулуллоҳни Абу Бакрнинг чап ёнларига олиб бориб ўтқазишди. Расулуллоҳ ўтирган ҳолларида имомлик қилдилар, Абу Бакр ул кишига, одамлар эрса Абу Бакрга иқтидо килдилар».
69-боб. Имом иккиланса, одамларнинг сўзига ишонадирми?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат ўқиб, намозни тугатдилар, салом бериб одамларга ўгирилдилар. Шунда Залядайн: «Ё Расулуллоҳ, намоз қисқардими ё эсингиздан чиқардингизми?» — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зулядайн тўғри айтмакдами?» — дедилар.
Одамлар Зулядайннинг сўзини тасдиқлашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна икки ракъат ўқидилар, одамлар ул кишига иқтидо қилдилар, сўнг салом бердилар. Кейин, такбир айтиб, аввалдагидек ёким ундан ҳам узунроқ саждаи саҳв қилдилар».
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам . пешин намозини икки ракъат ўқидилар. Шунда Жаноб Расулуллоҳга: «Икки ракъат ўқидингиз»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ яна икки ракъат, намоз ўқиб, салом бердилар, кейин саждаи саҳв қилдилар».
70-боб. Имом намозда йиғласа...
Абдуллоҳ ибн Шаддод ривоят қиладирлар:
«Ҳазрат Умарнинг «Иннамо ашку бассий ва ҳузний ила-л-лоҳи» (Дарду ғамимдан фақат Аллоҳнинг ўзигагина шикоят қилғайдурмен) деган оятни ўқиётиб йиғлаётганларини мен охирги сафда туриб ҳам эшитдим».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб ётганларида: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!»—дедилар. Мен: «Абу Бакр сизнинг ўрнингизга турсалар, йиғиларидан одамлар қироатларини эшита олмағайдирлар, Умарга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсинлар!» — дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!»—деб қайтариб айтдилар. Шунда мен Ҳафсага: «Абу Бакр сизнинг ўрнингизга турсалар, одамлар йигиларидан қироатларини эшита олмағайдирлар, Умарга буюрингиз, имомлик қилсин, деб Расулуллоҳга айтғил!» — дедим. У шундай деди. Шунда Расулуллоҳ: «Тек турғил, сизлар Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги хотинлар кабисизлар. Дилингиздагининг аксини айтғайсизлар. Абу Бакрга буюрингиз, жамоатга имомлик қилсин!» — дедилар.
Ҳафса менга: «Сендан ҳеч яхшилиғ кўрмадим!»—деди хафа булиб».
71-боб. Такбир айтаётганда ва ундан кейин сафларни тўғрилаш
Нўъмон ибн Башир нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, сафларингизни тўғриламасангиз, Аллоҳ таоло дилларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўйғайдир!» — деб айтганлар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларни тўғрилангиз, мен сизларни тескари туриб ҳам кўрғайдурмен!» — дедилар».
72-боб. Сафлар тўғриланаётганда имомнинг одамларга ўгирилиб қарамоғи
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Намозга такбир айтилди. Расулуллоҳ юзларини бизга ўгириб қарадилар-да: «Сафларни тўғрилангиз, жипслашиб турингиз, мен сизларни тескари туриб ҳам кўрғайдурмен!»— дедилар».
73-боб. Биринчи саф
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дегандилар»,— дейдилар:
«Сувда ғарқ бўлганлар, қорин оғриғи ва вабодан ўлганлар ёким бирор нарса босиб қолиб ўлганлар шаҳид ўлган ҳисобланур. Кишилар намозга эрта келмоғнинг нечук савоби борлигини билсалар эрди, (масжидга ким олдин бормакка) мусобақа қилишур эрди. Намози хуфтон бирлан намози бомдодда нечук савоб борлигини билганларида, судралиб (эмаклаб) бўлса ҳам (масжидга) келишур эрди. Биринчи сафда нечук савоб борлигини билишса эрди, қуръа (чек) ташлашар эрди».
74-боб. Сафни тўғриламоқ намознинг мукаммал бўлмоғи шартларидандир!
Абу Ҳурайра қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир, бунга риоя қилингиз. Агар рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз, агар «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» дегайдир, «Раббано ва лака-л-ҳамд» деб айтингиз! Агар сажда қилғайдир, сажда қилингиз, агар ўтириб ўкиғайдир, ҳаммангиз ўтириб ўқингиз! Намозда сафни тўғрилангиз, чунким сафнинг тўғри бўлмоғи намоз кўркидир!» — дедилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни тўғрилангиз, чунким сафларни тўғри қилмоқ намознинг мукаммал бўлмоғидир!» — дедилар».
75-боб. Сафни тўғриламаган (тўлдирмаган) кишининг гуноҳи
Башир ибн Ясор ривоят қиладирлар:
«Анас разияллоҳу анҳу Басрадан Мадинага келди. Анасга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидан кейин биздан қандай камчилик топдингиз?»— дейишди. Анас: «Сизлар сафни тўғрилаб, тўлдирмас экансизлар, бундан бўлак хато топмадим»,— деди. (Имом Бухорий сафни тўғриламоқни — вожиб, мужтаҳид уламолар эрса — суннат деб ҳисоблағайлар. Чунки Анас уларга намозни қайтариб ўқимакни буюрмадилар)».
76-боб. Сафда оёқни оёққа, елкани елкага тегизиб турмоқ
Нуъмон ибн Башир:
«(Сафда) ҳар биримизнинг тавонимиз ёнимиздагининг тавонига тегиб турганининг шоҳиди бўлганман»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафингизни тўғрилаб турингиз, мен сизларни тескари туриб ҳам кўрғайдирмен»,— деган эрдилар. Биз, Расулуллоҳнинг даврларида сафда турганимизда ҳар биримизинг елкамиз ёнимиздагининг елкасига, оёғимиз оёғига тегиб турар эрди».
77-боб. Агар иқтидо қилувчи киши имомнинг чап ёнига келиб турса, имом уни орқа томонидан айлантириб, ўнг ёнига турғизиб қўйса, намоз бузилмайдир
Ибн Аббос қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Бир куни тунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга намоз ўқидим. Ўшанда чап томонларига келиб турган эрдим. Жаноб Расулуллоҳ мени бошимдан ушлаб, орқа томонларидан айлантириб, ўнг ёнларига турғазиб қўйдилар. Намоздан кейин ёнбошладилар, сўнг муаззин келди, ўринларидан туриб намоз ўқидилар, (қайта) таҳорат олмадилар».
78-боб. Аёлнинг якка ўзи бир саф бўлади
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Мен ва оир етим бола бизникида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламға иқтидо қилиб намоз ўқидик, онам Умму Сулайм эрса орқамизда туриб иқтидо қилдилар».
79-боб. Имом ва масжиднинг ўнг томони афзал
Ибн Аббос қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Бир куни кечаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чап томонларида туриб иқтидо қилдим. Шунда Расулуллоҳ қўлимдан ушлаб, «Орқамдан айланғил!»— деб ишора қилдилар-да, ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар».
80-боб. Агар имом билан қавм (намозхонлар) ўртасида девор ёким қандайдир тўсиқ бўлса...
Ҳасан Басрий:
«Сен бирлан имом ўртасида дарё бўлса ҳам унга иқтидо қилиб намоз ўқимоғингнинг зарари йўқдир»,— дейдилар. Абу Мижлаз: «Гарчи намозхон бирлан имом орасидан йўл ўтган бўлса-да, такбир овози , эшитилиб турса, иқтидо қилиб намоз ўқилаверғайдир»,—дейдилар.
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси бир тўсиқ ортида намоз ўқий бошладилар, тўсиқнинг бўйи паст эрди. Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, ўрталарида тўсиқ бўлса-да, ул кишига иқтидо қилиб намоз ўқидилар. Тонг отгунча намоз ўқидилар, кейин ўртада тўсиқ бўлганда намоз ўқимоқ ҳақида суҳбатлашдилар. Эртаси кечаси ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турдилар, одамлар ул кишига иқтидо қилишди. Бу нарса 2 ёки 3 кеча қайтарилгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша жойга намоз ўқимоққа чиқмадилар. Тонг отгач, одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу кеча намозга чиқмаганликларининг сабабини сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен кечаси туриб намоз ўқимоқ сизларга фарз бўлиб қолмоғидан қўрқдим»,— дедилар».
81-боб. Кечаси (туриб) намоз ўқимоқ
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир бўйралари бўларди. Кундузи (устида) ўтирар эрдилар, кечаси эса (намоз ўқиётганларида ўша бирлан қибла томонни) тўсиб қўяр эрдилар. Одамлар ул кишига иқтидо қилиб намоз ўқишар эрди».
Зайд ибн Собит қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига тўсиқ қилиб олдилар (назаримда, Бусур ибн Саъид менга: «Рамазонда бўйрадан тўсик қилиб олдилар»,— деганди). Рамазонда бир неча кеча намоз ўқидилар, баъзи саҳобалар тўсиқ ортида туриб ул кишига иқтидо қилиб намоз ўқидилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни билиб қолиб, ташқарига чиқмай, уйларида намоз ўқидилар. Кейин чиқиб: «Эй одамлар, мен сизларнинг қилаётган ишларингиздан бохабармен, (нафлни) уйларингизда ўқингиз. Чунким (нафл) намозини уйда, фарз намозини эрса масжидда ўқимоқ афзалдир»,— дедилар».
82-боб. Намозни «Аллоҳу акбар» деб такбири таҳрима айтиш билан бошламоқнинг фазилати
Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отдан йиқилиб, ўнг ёнлари шикастланди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси бир намозда ўтирган ҳолларида имоматга ўтдилар. Биз ҳам ўтириб иқтидо қилдик. Намоздан кейин Жаноб Расулуллоҳ бизга: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир. Агар ул тик туриб ўқигайдир, тик туриб ўқингиз. Агар рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз. Агар «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» дегайдир, «Раббано ва лака-л-ҳамд» деб айтингиз!» — дедилар».
Анас разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отдан йиқилиб, оёқлари шилиниб келдилар. Шунда биз билан ўтириб намоз ўқидилар, биз ҳам ўтирган ҳолда иқтидо қилдик. Намоз тугагач, бизга ўгирилиб: «Имом иқтидо қилмоқлари учундир. Ул такбири таҳрима айтса, такбири таҳрима айтингиз. Рукуъ қилса, рукуъ қилингиз, рукуъдан турса, турингиз. Агар «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деса, «Раббано ва лака-л-ҳамд» деб айтингиз. Сажда қилса, сажда қилингиз!»—дедилар».
Абу Ҳурайра қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилинғайдир, агар имом такбири таҳрима айтғайдир, такбири таҳрима айтингиз, рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» дегайдир, «Раббано ва лака-л-ҳамд» деб айтингиз, сажда қилғайдир, сажда қилингиз. Ўтириб ўқиғайдир, ўтириб ўқингиз!» — дедилар».
83-боб. Такбири таҳрима айтмоқ айни пайтда қўлни кўтармоқ бирлан бошланур
Солим ибн Абдуллоҳнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишни бошлаётганларида қўлларини елка баробар кўтарар эрдилар, такбир айтиб рукуъ қилаётганларида ҳам, рукуъдан бош кўтараётганларида ҳам қўлларини елка баробар кўтарар эрдилар ва «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу», «Раббано ва лака-л-ҳамд»,— дер эрдилар. Лекин сажда қилаётганда бундай қилмас эрдилар».
Абдуллоҳ ибн Умар нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётиб қўлларини елка баробарида кўтарганларини кўрдим. Такбир айтиб рукуъ қилаётганларида ҳам, рукуъдан бошларини кўтараётганларида ҳам шундай қилар эрдилар».
84-боб. Такбири таҳрима айтаётганда қўлни қаергача кўтармоқ лозим?
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар бирлан намоз ўқиётиб қўлларини елка баробарида кўтардилар»,— дейдилар Абу Ҳумайд.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг такбири таҳрима айтаётганларида қўлларини елка баробарида кўтарганларини кўрдим, рукуъда такбир айтаётганларида ҳам, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деганларида ҳам шундай қилдилар. Сажда қилаётганларида «Раббано ва лака-л-ҳамд» дедилар, лекин қўлларини кўтармадилар, саждадан бошларини кўтараётганларида ҳам бундай қилмадилар».
85-боб. Иккинчи ракъатдан турганда қўлни кўтармоқ
Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Ибн Умар разияллоҳу анҳу такбири таҳрима айтиб намозни бошлаётганларида қўлларини елка баробарида кўтарар эрдилар. Рукуъ қилганларида ҳам, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деганларида ҳам, иккинчи ракъатдан турганларида ҳам шундай қилар эрдилар (Ибн Умар разияллоҳу анҳу буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берғайдирлар)».
86-боб. Намозда (қиёмда) ўнг қўлини чап қўлининг устига қўймоқ
Саҳл ибн Саъд нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга намозда (қиёмда)турганда ўнг қўлни чап билак устига қўймоқни буюрар эрдилар (Ибн Ҳазм: «Бундай қилмоқни ким буюрганлигини аниқ айта "олмасмен, амма Саҳл ибн Саъд буни Жаноб Расулуллоҳга нисбат берғайдир»,— дейдилар. Имом Бухорий: «Нисбат берилғайдир»,—дейдилар-у, бироқ кимга нисбат. берилмоғини айтмайдилар)».
87-боб. Намозда (Аллоҳга) бўйин эгиб турмоқ
Абу Ҳурайра қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени сизлар фақат қаршисидагини кўрғайдир, деб ўйлайдирмисиз? Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, менга сизларнинг рукуъларингйз ҳам, хушуъларингиз (худога бўйин эгиб туришларингиз) ҳам махфий эрмасдир, мен сизларни орқамни ўгириб турганимда ҳам кўрғаймен»,— дедилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рукуъ ва саждаларни тўла-тўкис бажарингиз, мен сизларнинг рукуъ ва саждаларингизни орқамнй ўгириб туриб ҳам кўрғаймен (ёким «кетимдан ҳам кўриб турғаймен»)»,—деган эдилар шекилли».
88-боб. Намозхон такбири таҳримадан кейин нимани ўқийдир?
Анас разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар намозни «Алҳамду лиллоҳи рабб ил-оламийн» ни ўқимоқ бирлан бошлар эрдилар»,— дейдилар.
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳрима бирлан намоз қироати ўртасида жим қолар эрдилар»,— деб айтган эрканлар Абу Ҳурайра.
«Ўшанда Абу Ҳурайра: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир оз жим қолар эрдилар»,— деб айтган эрди шекилли. Мен бир куни Жаноб Расулуллоҳга: «Ё Расулаллоҳ, ота-онам ҳаққи-ҳурмати, такбири таҳрима бирлан намоз қироати ўртасида жим қолганингизда ичингизда неларни ўқийдирсиз? деб айтдим»,— дейдилар Абу Зарр. Жаноб Расулуллоҳ: «Илоҳи, мен бирлан хатоларим орасини Мағриб бирлан Машриқ оралиғидек узоқ қилғил, оппоқ матога теккан доғни сув, қор ва муз бирлан ювиб кетгазгандек, мени гуноҳларимдан фориғ этгил! дейман»,— дедилар».
Асмо бинти Абу Бакр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилганда ўқиладирган намоз (салот ул-кусуф) ўқидилар. Қиёмда узоқ туриб қолдилар. Кейин, рукуъ қилдилар, рукуъда ҳам узоқ туриб қолдилар. Кейин, яна рукуъ қилдилар, бу гал ҳам узоқ туриб қолдилар. Сўнг, қадларини тиклаб ундан ҳам узоқ туриб қолдилар, сўнгра узоқ рукуъ қилдилар, кейин сажда қилдилар, саждада ҳам узоқ туриб қолдилар. Саждадан бошларини кўтариб, яна сажда қилдилар. Бу сафар ҳам узоқ туриб қолдилар. Сўнгра, қиёмга туриб узоқ жим қолдилар, кейин узоқ рукуъда турдилар, сўнг туриб, қиёмда узоқ турдилар, кейин яна рукуъ қилдилар, рукуъда узоқ турдилар, сўнг рукуъдан туриб, қиёмда узоқ турдилар, кейин яна рукуъ қилдилар, рукуъда узоқ турдилар( сўнгра рукуъдан туриб, яна сажда қилдилар, саждада узоқ турдилар, кейин саждадан бош кўтариб, яна сажда қилдилар, саждада узоқ турдилар. Сўнг, намозни (тугатиб) ўгирилдилар-да: «Ҳозиргина жаннат менга жуда яқин келди, ҳатто журъат қилиб қўл узатсам, меваларидан сизларга олиб чиққан бўлур эрдим. Дўзах ҳам менга шундоққина яқин келди, ҳатто: «Ё раббий, мен шулар бирлан биргаманми (улар бирлан бирга мени ҳам азоблағайдирсанми)?»—деб юбордим. Ногаҳон, мушук тирнаб азоблаётган бир хотинга кўзим тушди: «Бунинг не гуноҳи бордир?» — дедим. «Мушукни қамаб қўйиб, унга овқат бермаган, ўзи емак топиб есин, деб ҳам қўйиб юбормаган. Натижада мушукни очликдан ўлдирган»,— дедилар».
Нофиъ:
«Ўшанда, Жаноб Расулуллоҳ: «Ўзи ҳашарот топиб есин деб ҳам қўйиб юбормаган» дегандилар шекилли»,— дейдилар.
89-боб. Намоз ўқиётиб имомга қарамоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Кун тутилганда ўқиладирган намоз ҳақида гапираётиб: «Мен дўзахнинг парчаланиб айқаш-уйқаш бўлиб кетганини кўриб, ваҳмдан орқамга тисарилдим»,— дедилар».
Абу Маъмар разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Биз Хаббобдан «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинда ва асрда зам сура ўқирми эрдилар?»—деб сўрадик. «Ҳа»,— деди. «Буни қандай» қилиб билур эрдингиз?»—дедик. «Соқолларининг қимирлашидан»,— деди (демак, ул киши намоз вақтида имомга қараганлар)».
Барро разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб намоз ўқиётганларида Жаноб Расулуллоҳнинг саждага борганларини кўрмагунларича сажда қилишмас эрди».
Абдуллоҳ ибн Аббос нақл қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Кун тутилди. Жаноб Расулуллоҳ Кун тутилганда ўқиладиган намозни ўқидилар. Намоздан кейин: «Ё Расулуллоҳ, қиёмда турганингизда ниманидир ушламоқчи бўлиб қўл узатганингизни ва орқангизга тисарилганингизни кўрдик»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Мен жаннатни кўриб, унинг мевасидан олмоқчи бўлдим. Агар олганимда, уни қиёматга қадар тановул қилиб юрган бўлур эрдингизлар»— дедилар».
Анас ибн Молик ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз бирлан намоз ўқиб, сўнг минбарга кўтарилдилар. Қўллари бирлан масжиднинг қибла томонига ишора қилиб: «Ҳозиргина, сиз бирлан намоз ўқиётганимда ана шу девор томонда жаннат ва дўзахни кўрдим, худди сурати туширилгандек жуда аниқ кўрдим, яхшилик бирлан ёмонликнинг фарқини бугунгидек аниқ кўрмаган эрдим»,— деб уч марта айтдилар».
90-боб. Намоз ўқиётиб осмонга назар ташламоқ
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга не бўлибдир ўзи? Намоз ўқиётиб нуқул осмонга қарайдирлар?» — дедилар. Кейин, бу ҳақда: «Одамлар намоз ўқиётиб осмонга қарамоқни бас қилсалар, қилғайлар, бўлмаса кўзлари кўр қилинғайдир»,— деб қаттиқроқ гап айтдилар».
91-боб. Намоз ўқиётиб у ёқ, бу ёққа аланглашнинг макруҳлиги
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Намоз ўқиётиб у ёқ, бу ёққа алангламоқ тўғрисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим. .Жаноб Расулуллоҳ: «Бу — шайтоннинг банданинг намозидан бир чангал (ўғирлаб) олмоғидир!»—дедилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гулдор қамиса кийиб намоз ўқидилар. Сўнг: «Бу кийимнинг гуллари дилимни машгул қилди (мени алахситди). Буни Абу Жаҳмга олиб бориб берингиз, ўрнига анбижониййа (кўйлак) олиб келингиз!»— дедилар».
92-боб. Намозхон намоз вақтида содир бўлган бирор ишга эътибор берадими ёки нақ қибла томондаги бирор нарсага қарайдими?
«Абу Бакр ўгирилиб қараган эрдилар, ёнларида Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдилар»,— дейдилар Саҳл разияллоҳу анҳу.
Ибн Умар нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат олдида намоз ўқиётиб, масжиднинг қибла томони деворидаги тупукка кўзлари тушди. Дарров уни қириб ташладилар. Намоз тугагач: «Қайси бирингиз намоз ўқиётган эрсангиз, Аллоҳ таоло олд томонингизда бўлғайдир. Шунинг учун ҳеч бирингиз олд томонга тупурмангиз!» — дедилар».
Анас ибн Молик нақл қиладирлар:
«Саҳобалар намози бомдод ўқишаётганда Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша онамизнинг ҳужралари пардасини очиб, уларга табассум қилиб қараб қўйганлари саҳобаларни таажжубга солди. Абу Бакр, Жаноб Расулуллоҳни намозга чиқмоқчилар, деб ўйлаб жой бўшатмоқчи бўлдилар. Жаноб Расулуллоҳ саҳобалар намозни тўхтатмоқчи бўлаётганларини пайқаб, «Намрзни давом эттирингиз!» — деб ишора қилдилар-да, пардани ёпиб қўйдилар. Шу куннинг охирига бориб Жаноб Расулуллоҳ вафот этдилар».
93-боб. Имом ва унга иқтидо қилғувчиларнинг барча намозларда — сафарда ва сафарда бўлмаган пайтда ўқиладирган намозларда ҳам, овоз чиқариб ва ичида ўқиладирган намозларда ҳам қироат қилмогининг вожиблиги
Жобир ибн Сумра ривоят қиладирлар:
«Куфа аҳли Саъд устидан халифа Умарга шийоят қилгакда Ҳазрат Умар уни амирликдан бўшатиб, ўрнига Амморни тайинлаган эрдилар. Ўшанда Куфа аҳли Саъднинг ҳар бир ишидан кир қидириб шиқоят қилишган эрди, ҳатто «Саъд намозни яхши ўқимайдир»,— деб ҳам айтишган эрдй. Ҳазрат Умар Саъдга одам юбордилар. Келгач, унга: « Эй Абу Исҳоқ, Куфа аҳли сени, намозни яхши ўқимайдир, дейишмоқда»,— дедилар. Абу Исҳоқ: «Улар не десалар, деяверсинлар, аммо мен Оялоҳга қасам ичиб айтурменким, уларга имомлик қилганимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нечук намоз ўқиган бўлсалар,ўшандоқ намоз ўқиётирман, бирор нарсани тушириб қолдираётганим йўқ, овоз чиқариб ўқийдирган жойини овоз чиқариб, ичида ўқийдирган жойини ичимда қироат қилаётирман, хуфтон намозининг дастлабки икки ракъатида узоқроқ турғайман, кейинги икки ракъатида эрса озроқ турғайман»,—деди. Ҳазрат Умар: «Бу сенинг фикрингдир»,— деб у бирлан бирга бир кишини (ёки бир неча кишини) Куфага юбордилар. Саъд бирлан бирга борган киши Куфанинг ҳар бир масжидига кириб, аҳлидан Саъд хусусида сўради, ҳамма Саъдни мақтади. Лекин, Баний Абас масжидига кирганларида бир киши (исми — Усома ибн Қатода, куняси — Абу Саъда) ўрнидан туриб: «Аммо, Аллоҳни ўртага қўйиб биздан сўрар эркансан, тўғрисини айтмоқ керак. Саъд кичик ҳарбий қисм бирлан урушга бормайдир, фақат йирик қисмлар бирлан борадир. Ўлжаларни тенг бўлишмайдир, адолатли ҳукм чиқармайдир»,— деб айтди. Бунга жавобан Саъд: «Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, сени уч марта дуои бад қилғайман. Илоҳи, агар шу банданг ёлгон сўзлаётган бўлса-ю, шуҳрат учун риё йўлига кирган бўлса, унинг умрини узун қилиб, фақирлигини (муҳтожлигини) зиёда этғил, боши сира фитналардан чиқмасин!» — деди. Кейинчалик Ибн Қатодани кўриб, ундан ҳол-аҳвол сўрасам: «Мен балога гирифтор бўлган бир кекса чолман. Менга Саъднинг дуои бади урди»,—деб айтди. Абдумалик менга: «Кейинчалик мен ҳам уни кўрдим. Кексалигидан қошлари ўсиб кетган, ҳатто кўзларини ҳам ёпиб турибдир, ўзи эрса йўлда учраган қиз-жувонларга кўз қисадир»,— деди».
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Алҳамдуни (Фотиҳа сурасини) ўқимаган кишининг намози намоз эрмас! деганлар»,— дейдилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Кетларидан бир киши ҳам масжидга кириб намоз ўқиди. Намоздан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саломига алик олиб: «Қайта намоз ўқиғил, чунким сен намоз ўқимадинг!»—дедилар. У жойига қайтиб бориб аввалгидек намоз ўқиди. Сўнг келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Қайтғил, қайта бошдан намоз ўқиғил, чунким сен намоз ўқимадинг!»— дедилар. Уч марта шундай қилдилар. У киши охири: «Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, бундан яхшироқ ўқий олмасмен. Менга ўргатинг»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аввал такбири таҳрима айтғил, сўнг Қуръондан билганларингни ўқиғил, кейин шошмасдан рукуъ қилғил. Рукуъда бир оз тин олғил, кейин қаддингни яхшилаб тиклағил, сўнг сажда этғил, бир оз тин олғил, сўнгра саждадан туриб ўтирғил, яна бир оз тин олғил. Намозингнинг қолганини ҳам худди шундоқ қилиб ўқиғил!»— деб айтдилар».
94-боб. Пешин намозида қироат қилмоқ
Жобир ибн Сумра разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Саъд разияллоҳу анҳу Ҳазрат Ўмарг.а: «Уларга имомлик қилганимда пешин ва аср намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганларидек қилиб ўқиётган эрдим. Ҳеч нарсани унутаётганим йўқ эрди. Аввалги икки ракъатни чўзиб, кейинги икки ракъатни эрса қисқа қироат қилаётган эрдим»,— деди. Шунда Ҳазрат Умар: «Бу сенинг фикрингдир»,— деган эрдилар».
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозининг дастлабки икки ракъатида Сураи «Фотиҳа» бирлан яна битта сура ўқир эрдилар. Биринчи ракъатни узунроқ, иккинчи ракъатни эрса қисқароқ ўқир эрдилар, гоҳо баъзи оятни эшиттириб қироат қилар эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозида ҳам, бомдод намозида ҳам Сураи «Фотиҳа» бирлан яна битта сура ўқир эрдилар, биринчи ракъатни узоқроқ, иккинчи ракъатни эрса қисқароқ ўқир эрдилар».
Абу Маъмар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларида қироат қилармидилар?»—деб Хаббондан сўрадик. «Ҳа»,— деди. «Буни қандай билардингиз?» — дедик. «Соқолларининг қимирлашидан»,— деди».
95-боб. Аср намозида қироат қилмоқ
Абу Маъмар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср ва пешин намозларида қироат қилармидилар?»—деб Хаббондан сўрадик. «Ҳа»,— деди. «Буни қандай билардингиз?»—дедик. «Соқолларининг қимирлашидан» ,— деди».
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари Абу Қатода нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва асрнинг дастлабки икки ракъатида Сураи «Фотиҳа» бирлан яна битта сура ўқир эрдилар, гоҳо баъзи оятни эшиттириб қироат қилур эрдилар»
96-боб. Шомда қироат қилмоқ
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Онам Умм ул-Фазл менинг «Ва-л-мурсалоту урфан» сурасини ўқиётганимни эшитиб: «Эй болам, Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, шу сурани ўқишинг бирлан бир нарсани эсимга туширдинг. Бу сура мен Расўлуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган охирги сурадир, уни шом намозида ўқиган эрдилар»,— дедилар».
Марвон ибн Ҳакам нақл қиладирлар:
«Зайд ибн Собит менга: «Не бўлди сейга, шом намозида қисқа сураларни ўқиётирсан? Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг узун сураларни ўқиётганларини эшитганман»,— деди».
97-боб. Шом намозида овоз чиқариб қироат қилмоқ
Муҳаммад ибн Жубайрнинг оталари:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шом намозида «Ат-Тур» сурасини ўқиётганларини эшитдим»,—дедилар.
98-боб. Хуфтон намозида овоз чиқариб қироат қилмоқ
Абу Рофиъ ривоят қиладирлар:
«Мен Абу Ҳурайра бирлан хуфтон намозини ўқидим. Абу Ҳурайра хуфтон намозида «Иза-с-самоуншаққат» сурасини қироат қилиб сажда қилдилар. Шунда бунинг сабабини сўрадим. Абу Ҳурайра: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонда имомлик қилганларида шу сурани ўқиб сажда қилгандирлар, мен ҳам иқтидо қилиб сажда этгандирман, энди ул киши бирлан қиёматда учрашгунимча шу сурани ўқиб сажда қилаверғайман»,— дедилар».
Адий разияллоҳу анҳу:
«Мен Барронинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эрканликларида хуфтон намозининг икки ракъатидан бирида «Ва-т-тийн ва-з-зайтун» сурасини ўқидилар» деганини эшитганман»,— дейдилар.
99-боб. Хуфтон намозида (сура) қироат қилиб сажда қилмоқ
Абу Рофиъ ривоят қиладирлар:
«Абу Ҳурайра бирлан бирга хуфтон намозини ўқидим. Ул хуфтон намозида «Иза-с-самоуншаққат» сурасини ўқиди, сўнг сажда қилди. Шунда унга: «Бу несидур?» — дедим. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонда имомлик қилганларида шу сурани ўқиб сажда қилган эрдилар, мен иқтидо қилиб сажда этган эрдим. Энди қиёматда ул киши бирлан учрашгунимизча шу сурани ўқиб сажда қилаверғайман»,— дедилар».
100-боб. Хуфтон намозида қироат қилмоқ
Адийга Барро бундай дебдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуфтон намозида «Ва-т-тийн ва-з-зайтун» сурасини ўқиганларини эшитдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра овози ёким қироати яхшироқ кишини кўрмаганман».
101-боб. Намозхон хуфтоннинг дастлабки икки ракъатида узунроқ, кейинги икки ракъатида эса қисқароқ қироат қиладир
Абу Авнга Жобир ибн Сумра бундай деб айтган эканлар:
«Ҳазрат Умар: «Саъд, сенинг устингдан ҳар бир нарса тўғрисида, ҳатто намоз тўғрисида ҳам шикоят қилдилар»,— дедилар. Саъд: «Аммо мен дастлабки икки ракъатда узунроқ, кейинги икки ракъатда эрса қисқароқ қироат қилғайман. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб ўқиганимдек ўқиётирман»,— деди. «Тўғри айтдинг, бу ўзинг ҳаққингдаги фикрингдир» ёким «Бу менинг сен тўғрингдаги фикримдир»,— дедилар Ҳазрат Умар».
102-боб. Бомдод намозида қироат қилмоқ
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ат-Тур» сурасини қироат қилдилар»,— дейдилар Умму Салама разияллоҳу анҳо.
Ясор ибн Салома ривоят қиладирлар:
«Мен ва отам иккимиз Абу Барза Асламий ҳузурларига кириб намоз вақтлари тўғрисида сўрадик. Ул киши бундай дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозини кун оққанда ўқир эрдилар. Асрни ўқиб бўлганларидан кейин, агар киши шаҳарнинг энг чеккасига борса, ҳали Қуёшнинг ҳарорати пасаймаган бўлур эрди (Абу Барза шом тўғрисида не деганларини билмасман, ёдимдан кўтарилибдир). Туннинг учдан бир қисми ўтгунча кутиб ўтирмай хуфтонни ўқиб олар эрдилар. Хуфтондан аввал ухламакни ва хуфтондан кейин сўзлашиб ўтирмакни ёқтирмас эрдилар. Намози бомдодни ўқиб бўлганларида киши ёнидаги шеригини танийдирган даражада ёруғ бўлур эрди. Бомдоднинг иккала ракъатида ёким бир ракъатининг ўзида 60 дан 100 тагача оят ўқир эрдилар».
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Ҳар бир намозда Қуръон ўқилғайдир. Жаноб Расулуллоҳ бизга нелар деган бўлсалар, ҳаммасини сизларга етказдик, нени бизга айтмаган бўлсалар, ўшани биз ҳам сизларга айтмадик. Сураи «Фотиҳа» га бошқа сурани зам қилмасангиз ҳам бўлғайдир, бироқ зам қилсангиз, нур устига аъло нур!».
103-боб. Бомдод намозини овоз чиқариб қироат қилмоқ
Умму Салама айтадирлар:
«Одамларга эргашиб Каъбатуллоҳни тавоф қилдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эрсалар бомдод намозини ўқиётиб, «Ат-Тур» сурасини қироат қилаётган эрдилар».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жамоа саҳобалар бирлан бирга Укоз бозорига бормакни ният қилиб чиқдилар. (Шу пайт) шайтонлар билан осмондан келадирган хабар йўли оралиғи тўсилди, осмонга қулоқ солмоқчи бўлган шайтонларга ўт отилди. Шайтонлар бир-бирларига: «Осмондан келадирган хабар йўлининг тўсилиб қолганига фақат ерда бирор ҳодиса рўй берганлиги сабаб бўлмоғи мумкин. Ерни Мағрибдан Машриққача айланиб кўринглар-чи, нега осмондан келадирган хабар йўли бизга тўсиб қўйилган эркан?» — дейишди. Туҳома тоғи томон йўлланган шайтонлар у ердан қайтаётиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Наҳла деган жойда саҳобалар бирлан бомдод намозини ўқиётганларида учратиб қолишди. Шайтонлар Қуръонни эшитиб: «Худо ҳаққи, осмондан келадирган хабар йўлини биздан тўсиб турган нарса худди мана шулдир»,— деб ўз қавмлари олдига қайтиб кетишди. Етиб боришгач: «Эй қавмимиз, биз тўғри йўлга чорловчи ажойиб Қуръон эшитдик, унга иймон келтирдик, раббимизга ҳеч бир ширк келтирмаймиз»,— дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга «Қул уҳийа илаййа» деб бошланадирган «Жин сурасини» нозил қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жинлар айтган гаплар ҳам ваҳий қилинди».
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намознинг овоз чиқариб ўқиш буюрилган жойини овоз чиқариб ўқидилар, буюрилмаган жойини ичларида ўқидилар. Аллоҳ таолонинг «Ва мо кона раббука насиййан»—«Раббингиз унутғувчи эрмасдир» (ушбу оятда Аллоҳ таоло намознинг қаерини овоз чиқариб ва қаерини овоз чиқармай ўқимоқ, кераклигини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга аён қилди) ҳамда «Лақад кона лакум фи расулиллоҳи усватан ҳасанатан» —«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга яхши ибратлари бордир» (ушбу оятда Аллоҳ таоло Дини исломни фақатгина Қуръон бирлан эрмас, балким Расулуллоҳнинг қилмишлари бирлан ҳам мукаммал қилажагини айтадир) деган оятлари мана шу хусусдадир».
104-боб. Бир ракъатда икки сурани жам қилиб ўқимоқ; суранинг охирги оятларини ўқимоқ; суранинг каттасидан аввал кичигини ўқимоқ ҳамда суранинг дастлабки оятларини ўқимоқ
Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида «Муъминун» сурасини ўқидилар. Мусо ва Ҳорун ёким Исо тўғрисидаги оятга келган вақтларида ул кишини йўтал тутган эрди, рукуъ қилдилар (бу — суранинг баъзи бир қисмини зам қилмоқ мумкинлигини билдирадир). Умар разияллоҳу анҳу биринчи ракъатда «Бақара» дан 120 оят ўқидилар, иккинчи ракъатда эрса (7 та катта сурадан ташқари) битта сура (100 оятга яқин) ўқидилар. Аҳнаф ибн Қайс разияллоҳу анҳу биринчи ракъатда «Каҳф» сурасини, иккинчи ракъатда эрса «Юсуф» ёким «Юнус» сурасини ўқидилар.
Аҳнаф Ҳазрат Умар бирлан бирга бомдод намозида шу икки сурани ўқиганини айтди. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу биринчи ракъатда «Анфол» сурасидан 40 оят, иккинчи ракъатда эрса «Тиволк муфассал» дан бир сура ўқидилар. «Бир сурани икки ракъатга бўлиб ёким бир сурани икки ракъатда такроран ўқимоқ жоиздир, зеро буларнинС ҳар бири Аллоҳнинг китобидир»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Ансорийлардан бир киши Қубо масжидида имомлик қилур эрди. Ул ҳар сафар намозда бир сура қўшиб ўқийдирган бўлса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ни ўқир эрди. Агар ундан кейин яна бир сура ўқийдирган бўлса, унга ҳам «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ни қўшиб ўқир эрди. Ҳар бир ракъатда шундай қилур эрди. Шунда унинг қавми: «Сиз намозни доимо «Ихлос» сураси бирлан бошлайсиз. Шунинг ўзи кифоя қилмағайдир, деб ўйлайсизми? Нечун унга яна бир сура қўшғайсиз? «Ихлос» сурасининг ўзинигина ёким унинг ўрнига бошқа бир сурани ўқисангиз бўлмағайми?» — дейишди. Ул киши: «Мен бундай қила олмасман. Агар мени яхши кўрсангиз, шунга кўнғайсиз, акс ҳолда мен сизларга имомлик қилмасман»,— деди.
Қавми уни жуда яхши кўрар ва ул кишидан бўлак кишининг имом бўлмоғини истамас эрди. Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам ўша қавмнинг қишлоғига борганларида бу ҳақда маълум қилишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Эй фалончи, қавминг буюрган ишни қилмоғингга не монелик қилур, не сабабдин ҳар ракъатда шул сурани ўқиғайсен?» — дедилар. «Мен шул сурани яхши кўрғаймен»,— деб айтди имом. «Бул сурага нисбатан бўлсан муҳаббатинг сени жаннатга киритғусидир»,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ».
Абу Воил ривоят қиладирлар:
«Бир киши, Ибн Масъуднинг ҳузурларига келиб: «Кечки намознинг бир ракъатида «Муфассал» даги сураларнинг ҳаммасини ўқидим»,— деди. Шунда Ибн Масъуд унга: «Бу қилганинг яхши эрмас, унда, шеърни шариллатиб ўқигандек ўқибдирсан-да! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир-бирига қўшиб ўқийдирган ўхшаш сураларни билур эрдинг-ку?!» деб, «Муфассал» даги ҳар ракъатда 2 таси ўқиладирган 20 та сурани эслатдилар».
105-боб. Фарз намозининг охирги икки ракъатида сураи «Фотиҳа» ни ўқимоқ
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг аввалги икки ракъатида Сураи «Фотиҳа» бирлан яна икки сурани ва кейинги икки ракъатида Сураи «Фотиҳа» нинг ўзини ўқир эрдилар. (Баъзи бир) оятни бизга эшиттириб ўқир эрдилар. Биринчи ‘ракъатни чўзиб, йккинчи ракъатни эрса қисқароқ. ўқир эрдилар. Намози асрда ҳам бомдодда ҳам шундай қилур эрдилар».
106-боб. Пешин ва асрни овоз чиқармай ўқиш
Абу Маъмар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларида ҳам қироат қилармидилар?» — дедим Хаббобга. «Ҳа»,— деди. «Қандоқ билур эрдинг?»—дедик. «Соқолларининг қимирлаганидан»,— деди Хаббоб».
107-боб. Имом (баъзи) оятни эшиттириб ўқиса...
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларининг аввалги икки ракъатида Сураи «Фотиҳа» бирлан яна битта сура ўқир эрдилар, гоҳо оятни бизга эшиттириб ўқир эрдилар. Биринчи ракъатда узунроқ ўқир эрдилар».
108-боб. Намозхон биринчи ракъатда узунроқ қироат қилғайдир
Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозининг биринчи ракъатида узунроқ, иккинчи ракъатида эрса қисқароқ қироат қилур эрдилар. Бомдод намозида ҳам шундоқ қилур эрдилар».
109-боб. Имомнинг «Омин» деб эшиттириб айтмоғи
Ато разияллоҳу анҳу:
«Омин — дуодир»,— деганлар. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Омин»,— дедилар ва орқаларидагилар ҳам: «Омин»,— дейишди, ҳатто масжид жаннатдек гуркираб кетди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу имомга: «Оминни шошилиб айтмангиз!» — дердилар. «Ибн Умар «Омин»да яхшилик (савоб, фазилат) бор, деб айтур эрди»,— дейдилар Нофиъ.
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом «омин» деса, сизлар ҳам «омин» деб айтингиз, чунким кимнинг «омин» дегани малоикаларнинг «омин» деганига тўғри келғайдир, қилган гуноҳлари кечирилғайдир»,— деганлар. Ибн Зуҳрий: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «омин» дер эрдилар»,— дейдилар».
110-боб. «Омин» демоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар «омин» десангиз-у, осмонда малоикалар ҳам сиз бирлан баробар «омин» десалар, қилган гуноҳларингиз мағфират этилғайдир»,— деганлар».
111-боб. Намозхонларнинг овоз чиқариб «омин» демоғи
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом «Ғайрил магзуби алайҳим валаззоллин» деса, «омин» деб айтингиз! Чунким кимнинг «омин»и фаришталарнинг «омин»ига тўғри келиб қолғайдир, қилган гуноҳлари кечирилғайдир»,— деганлар».
112-боб. Намозхон сафга кирмасдан аввал рукуъ қилса, жоизми?
Мусо ибн Исмоил ривоят қиладирлар:
«Абу Бакр, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ қилиб турганларида, масжидга етиб келди, сўнг сафга етмасдан аввал рукуъ қилди, кейин бу қилмишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу айлаҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло намозга ихлосмандлигингизни зиёда қилсин, бошқа бундай қилмангиз!»—дедилар (бошқа бир ривоятда «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Намозга келсангиз, сафга кириб, сўнг рукуъ қилингиз! деганлар»,— дейилади).
113-боб. Рукуъда такбирни тўлиқ айтмоқ
Имрон ибн Ҳусайн ривоят қиладирлар:
«Ҳазрат Али бирлан бирга Басрада намоз ўқидик. Ҳазрат Али Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ўқиб юрган намозимизни эслатиб, «Ул киши ҳар гал саждадан бош кўтарганларида ва ҳар гал сажда қилганларида такбир айтар эрдилар»,— дедилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғриларида гапираётиб:
«Ул зот намозда саҳобаларга имомлик қилсалар, ҳар саждага борганларида ва ҳар саждадан бош кўтарганларида такбир айтар эрдилар, мен ҳаммангиздан кўра кўпроқ Жаноб Расулуллоҳга ўхшатиб намоз ўқийдирман»,— дедилар.
114-боб. Саждага кетаётганда ва саждадан қайтаётганда такбирни тўлиқ айтмоқ
Мутарраф ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Мен ва Имрон ибн Ҳусайн Ҳазрат Алига иқтидо қилиб намоз ўқидик. Ҳазрат Али саждага бораётганларида ҳам, саждадан бош кўтараётганларида ҳам, иккала ракъатдан тураётганларида ҳам такбир айтар эрдилар. Намоз тугагач, Имрон ибн Ҳусайн менинг қўлимни ушлаб туриб: «Мана бу кишининг (яъни, Ҳазрат Алининг) ҳозир ўқиган намози менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини эслатди (Бизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берди)»,— деди».
Икрима разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир кишининг (Абу Ҳурайранинг) Маккаи Мукаррамадаги Мақоми Иброҳимда намоз ўқиётиб, саждага бош қўйганда ҳам, саждадан бош кўтарганда ҳам такбир айтганини кўрдим. Буни Ибн Аббосга айтиб берган эрдим, ул: «Ахир бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари-ку, эй етимча!» —дедилар».
115-боб. Саждадан тураётганда такбир айтмоқ
Икрима разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Маккада бир чолга (Абу Ҳурайрага) иқтидо қилиб намоз ўқидим. 22 марта такбир айтди. Шунда Ибн Аббосга: «Бу кишининг ақли жойидами ўзи?» — дедим. «Ҳе, онанг вой болам, деб қолгур, бу Абулқосим — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари-ку!» — дедилар».
Абу Бакр ибн Абдурраҳмонга Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидагини айтиб берган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар, аввал тик туриб такбири таҳрима айтар эрдилар, кейир рукуъ қилаётганда ва рукуъдан тураётганда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» дер эдилар. Қиёмда эрса «Раббано лака-л-ҳамд» дер эрдилар.
Абдуллоҳ эрса бундай дейдилар: «(Жаноб Расулуллоҳ) «Ва лака-л-ҳамд»,— дер эрдилар, кейин биринчи саждага бораётиб ҳам, ундан бош кўтараётиб ҳам, шунингдек иккинчи саждага бораётиб ҳам, ундан бош кўтараётиб ҳам такбир айтар эрдилар. Намознинг ҳамма ракъатларида шундай қилур эрдилар. Иккинчи ракъатга тураётганда ва ўтираётганда ҳам такбир айтар эрдилар».
116-боб. Рукуъда кафтларни тиззага қўймоқ (тизза кўзини чангалламоқ)
Абу Ҳумайд:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар олдида рукуъ қилаётиб, тиззаларини чангалладилар»,— дейдилар.
Мусъаб ибн Саъд бундай дедилар:
«Отам Саъд ибн Абу Ваққос ёнларида намоз ўқидим. (Рукуъда) қўлларимни мушт қилиб сонимга қўйдим. Отам мени койиб: «Биз ҳам илгари шундай қилар эрдик, ҳозир бу макруҳ қилингандир, энди қўлларимизни тизза кўзига қўйиш буюрилган»,— дедилар».
117-боб. Намозхон чала рукуъ қилса...
Зайд ибн Ваҳб ривоят қиладирлар:
«Ҳузайфа разияллоҳу анҳу рукуъ бирлан саждани тўлиқ қилмаётган бир кишини кўриб: «Намоз ўқиганинг йўқ. Агар ўлсанг, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга. ҳидоят қилган маслакдан бошқа маслакда кетасан»,—дедилар».
118-боб. Рукуъда белни текис букмоқ
Абу Ҳумайд:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жамоа биродарлари ҳузурида рукуъ қилганларида бёлларини текис қилиб букдилар»,— дебдилар.
119-боб. Рукуънинг мукаммаллик ва текислик чегараси ҳамда унинг тўғрилигидан қаноат ҳосил қилмоқ
Барро разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуълари, саждалари, икки сажда орасидаги ўтиришлари, рукуъдан бош кўтариб, қоматни ростлашларига (қиёмга) деярли бир хил вақт сарфлар эрдилар».
120-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъни мукаммал қилмаган одамга намозни қайтариб ўқишни буюрдилар
Абу Ҳурайра нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар, кетларидан бир киши ҳам кириб намоз ўқиди. Кейин келиб Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саломига алик олиб: «Борғил, қайтадан ўқиғил, чунким намоз ўқимадинг!»— дедилар. Бояги киши 3 марта қайтадан намоз ўқиди, сўнг келиб: «Сизни ҳақ дин бирлан юборган Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, бундан яхши қилолмайман. Менга ўргатингиз!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Намоз ўқисанг, аввал такбири таҳрима айтғил, кейин Қуръондан билганларингни ўқиғил, сўнг шошилмасдан астойдил рукуъ қилғил, кейин туриб астойдил қаддингни ростлағил, ундан сўнг астойдил сажда қилғил, кейин астойдил саждадан бош кўтарғил, сўнг астойдил ўтирғил, сўнг астойдил сажда қилғил, кейин намозингнинг қолган қисмини ҳам шундай давом эттирғил!»—дедилар».
121-боб. Рукуъ қилаётганда дуо айтмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ва сажда қилаётганларида «Субҳонака Аллоҳумма раббано ва биҳамдика Аллоҳумма-ғфирли»,—дер эрдилар».
122-боб. Имом рукуъдан бош кўтарганда нима дейди ва орқасидаги намозхонлар нима дейди?
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (рукуъдан кўтарилаётганларида) «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» десалар, (қоматларини ростлагач), «Аллоҳумма раббано ва лакал-ҳамд» дер эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ қилганларида ва саждадан бош кўтарганларида «Аллоҳу акбар» деб такбир айтар эрдилар. Иккинчи саждадан турганларида ҳам «Аллоҳу акбар» деб такбир айтар эрдилар».
123-боб. «Аллоҳумма раббано ва лакал-ҳамд»нинг фазилати
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деса, «Аллоҳумма раббано лакал-ҳамд» деб айтингиз. Чунким кимнинг айтганлари малоикаларнинг айтганларига тўғри келиб қолғайдир, қилган гуноҳлари кечирилғайдир»,— деганлар».
124-боб.
Абу Ҳурайра:
«Мен албатта сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқишларига яқин намоз ўқиб берғайман»,— деганлар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу пешин, хуфтон ва бомдод намозларининг охирги ракъатларида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» дегандан сўнг, «Қунут» дуосини ўқиб, мўъминларни дуо қилар эрдилар, кофирларга лаънат айтур эрдилар.
Анас разияллоҳу анҳу:
«Қунут» дуоси шом ва бомдод намозларида ўқилар эрди»,— деганлар.
Рифоат ибн Рофиъ ривоят қиладирлар:
«Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб намоз ўқиётган эрдик, рукуъдан бош кўтараётиб, «Са-миъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деганларида бир киши: «Раббано ва лакал-ҳамд ҳамдан касиран таййибан муборакан фийҳи»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатиб орқаларига ўгирилгач: «Сўзлаган кимдир?»—дедилар. Ул: «Мен»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «30 нечта ҳам фариштанинг биринчи бўлиб ёзиб олмоққа шошилаётганларини кўрдим»,— дедилар».
125-боб. Намозхоннинг рукуъдан бош кўтарганда бир зум нафас ростлаб олмоғи
Абу Ҳумайд:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъдан бош кўтаргач, умуртқаларининг ҳар бир бўғинини жой-жойига тушириб, бир зум нафасларини ростлаб олдилар»,— дейдилар.
Собит разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Анас разияллоҳу анҳу бизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўқишларини таърифлаб, ҳам кўрсатиб (ўқиб) бердилар. Шунда, рукуъдан бош кўтарганда, бир зум тик туриб қолар эрдилар, ҳатто биз сажда қилмоқ эсларидан чиқиб қолдимикин?» — дер эрдик».
Барро разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рукуъ, сажда ва қиёмларига ҳамда иккала сажда орасида ўтирмоқларига деярли бир хил вақт сарфланар эрди».
Абу Қилоба ривоят қиладирлар:
«Молик ибн Ҳувайрис бизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук намоз ўқишларини кўрсатиб берар эрдилар. Бу — намоздан ташқари вақтда бўлур эрди. Қадларини ростладилар-да, бир зум тин олдилар, кейин рукуъ қилдилар, яна бир оз тин олдилар, сўнг бошларини кўтариб бир 6з жим турдилар. Молик ибн Ҳувайрис бизга мана шу шайхимиз Абу Бурайднинг намозига ўхшаш намоз ўқиб берди. Абу Бурайд охирги саждадан бош кўтарса, бир оз ўтириб олиб, кейин турар эрди».
126-боб. Такбир айтиб сажда қилинғайдир
Нофиъ:
«Ибн Умар (саждага борганда) тиззасини (ерга) қўйишдан аввал қўлини қўяр эрди»,— дейдилар (бу Моликийлар мазҳабида, аммо қолган уч мазҳабда аввал тизза, кейин қўл қўйилғайдир).
Зуҳрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу барча намозда, буюрилган ва буюрилмаган намозларда ҳам такбир айтур эрдилар. Фарзда ҳам, суннатда ҳам, Рамазонда ҳам, қиёмда ҳам, рукуъда ҳам такбир айтар эрдилар. Кейин, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деб бошларини кўтарар эрдилар, сўнг саждага кетишдан аввал, «Раббано ва лакал-ҳамд» дер эрдилар. Кейин, «Аллоҳу акбар» деб саждага кетар эрдилар, сўнг саждадан бош кўтараётганда такбир айтар эрдилар. Кейин, иккинчи саждага бораётганда такбир айтар эрдилар, сўнг иккинчи саждадан бош кўтараётганда такбир айтар эрдилар ҳамда ташаҳҳуддан тураётганда такбир айтар эрдилар. Юқорида кўрсатилганларни ҳар бир ракъатда, то намоз тугагунча қилар эрдилар. Намоздан қайтаётиб: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамёд қилиб айтурменким, ҳаммангизнинг намоз ўқишингиздан кўра, менинг намоз ўқишим кўпроқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқишларига ўхшайдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то дунёдан охиратга ўтиб кетгунларича ана шундай намоз ўқиганлар»,— дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Абу Бакр ва Абу Саламага бундай дебдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъдан бош кўтараётиб, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу»,— қиёмда эрса «Раббано ва лакал-ҳамд» дер эрдилар. Кейин: «Илоҳи, Валид ибн Валидга нажот берғил, Салама ибн Ҳишомга ҳам нажот берғил, Иёш ибн Абу Рабиъага ҳам нажот берғил, шунингдек заиф, эзилган мўъминларга нажот берғил. Илоҳи, Музар кофирларига қаттиқ азоб берғил ва уларга Юсуф алайҳиссалом давридаги қаҳатчиликдек қаҳатчилик юборғил!» — дер эрдилар. Ўша кунларда Музар қабиласидан бўлмиш Машриқ аҳли Расулуллоҳга душман кишилар эрди».
Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам от устидан йиқилиб тушдилар (Абу Суфён: «Отдан йиқилдилар»,—деб эрди шекилли). Шунда ўнг томонлари шилиниб кетди. Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргани кирдик. Намоз вақти бўлди. Бизга ўтирган ҳолда имомлик қилдилар, биз ҳам ўтириб ўқидик (Суфён: «Бир марта ўтирган ҳолимизда уқидик»,— деганди). Намоздан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилинган. Агар ул такбир айтғайдир, такбир айтингиз, агар рукуъ қилғайдир, рукуъ қилингиз, рукуъдан бош кўтарғайдир, бош кўтарингиз, «Самиъаллоҳу лиман ҳами-даҳу» деса, «Раббано ва лакал-ҳамд» деб айтингиз. Сажда қилғайдир, сажда қилингиз!» — дедилар. Али ибн Абдуллоҳ: «Маъмар ҳам шу ҳадисни ривоят қилганмиди? — деб сўрадилар. «Ҳа»,— дедим. Суфён: «Маъмар, Зуҳрий қандай айтиб берган бўлса, шундайича эслаб қолибдир»,— дедилар. Маъмар: «Илоҳи, ўзингга шукур! Зуҳрийнинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг ёнлари бирлан отдан йиқилдилар» деганини яхши эслаб қолганман. Зуҳрийнинг ҳузуридан чиққанимизда Ибн Журайҳ: «Ўшанда мен ҳам Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Ўнг оёқлари (болдирлари) шикастланган эрди»,— деди».
127-боб. Сажданинг фазилати
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Одамлар: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни раббимизни кўрғаймизми?» — деб сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаво очиқ кечада 14 кунлик Ойни кўрмоққа шубҳа қилмағаймисиз?»—дедилар. «Йўқ, ё Расулуллоҳ!»—дейишди. «Булутсиз кунда Қуёшни кўрмоққа шубҳа қилмағаймисиз?» — дедилар. «Йўқ»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ таолони ҳам шунингдек шаксиз кўрғайдирсизлар. Қиёмат куни одамлар тўпланғайдир. Шунда Аллоҳ таоло: «Ким нега сиғинган эрса, ўшанга эргашсин!»—дегайдир. Айрим кишилар Қуёшга, баъзилар Ойга эргашғайдир, кимлардир шайтонларга эргашғайдир. Маҳшарда фақат ислом уммати қолғайдир, уларнинг ичида мунофиқлари ҳам бўлғайдир. Сўнг, Аллоҳ таоло келиб (кўринмасдан): «Мен сизнинг раббингиздирман»,— дейдир. «Раббимиз келгунча турадирган жойимиз шу ерми? Раббимиз келса, биз уни таниймиз»,— дейишғайдир одамлар (Аллоҳга ширк келтириб қўймоқдан қўрқиб шундай дейишғайдир). Шунда Аллоҳ таоло келиб (кўриниб): «Мен раббингиздирман»,— дейдир. «Сен раббимизсан!»—дейишғайдир мўъминлар. Уларни рабби (Аллоҳ) даъват қилғайдир. Жаҳаннам устига Сирот кўприги қурилғайдир. Мен пайғамбарлар ичида биринчи бўлиб умматим бирлан (Пули Сиротдан) ўтғайдирман. Ўша куни пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким сўзламағай. Ўша куни пайғамбарлар: «Илоҳи, саломат қилғил, Илоҳи, саломат қилғил!»—деб бутун умматларига меҳру шафқат тилағайдирлар. Жаҳаннамда қиёқ тиканлари. янглиғ тиканлар бордир. Қиёқ тиканини кўрганмисиз?» — дедилар. Саҳобалар: «Ҳа»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ яна сўзларини давом эттирдилар: «Қиёқ тиканларига ўхшайдир-у, аммо унинг катталигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдир. Гуноҳларига қараб, баъзилар ўтга, баъзилар тиканга ташлаб юборилғайдирлар. Сўнг, дўзахга тушган кишилардан қайси бирига Аллоҳ таоло раҳмат қилмоқни истағайдир, ул нажот топғусидир. Аллоҳ таоло фаришталарига Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилган кишиларни дўзахдан чиқармоқни буюрғайдир, сўнг уларнй дўзахдан чиқарғайдирлар. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бандаларни баданларида қолган сажда изларидан танишғайдир. Аллоҳ таоло ўтга бандаларнинг сажда излари қолган аъзоларини куйдирмоқни манъ қилғайдир. Одам боласи бутун аъзоси куйган-у, аммо сажда қилган аъзоларигина куймаган ҳолда дўзахдан чиқарилғайдир. Дўзах оташидан чиққан бандалар устидан ҳаёт суви қуйилғайдир. Баданлари худди сел лойқасига тушган уруғ унган янглиғ ёшариб, кўркам бўлғусидир. Аллоҳ таоло бутун бандалари ўртасида адолат тарозиси орқали қозилик ҳукмини ниҳоясига етказғач, бир киши жаннат бирлан дўзах ўртасида қолғайдир. Аҳли дўзахлардан бўлмиш бул киши жаннатга энг кейин кирғайдир. Ул юзи дўзах ўтига қараган ҳолда: «Ё раббий, юзимни дўзах ўтидан бошқа ёққа бурғил, дўзахнинг заҳарли тутуни мени заҳарлаб, унинг алангаси мени куйдирмоқда»,— дейдир. Аллоҳ таоло: «Агар айтганинг қилинғайдир, ундан кейин бошқа нарсани сўрамасмисен?» — дейдир. Банда: «Ё раббий, сўрамасмен»,— деб онт ичгайдир. Аллоҳ таоло бандасининг ваъдасини олгандан сўнг, унинг юзини дўзах томондан жаннат томонга бургайдир. Банда жаннатнинг сўлим ва кўркамлигини кўриб, Аллоҳ хоҳлаганича вақт жим қолғайдир. Сўнг, «Ё раббий, мени жаннат эшигининг ёнига етказғил!»— дейдир. Аллоҳ таоло унга: «Ҳали сўраган нарсангдан бошқа ҳеч нарса сўрамасмен, деб ваъда қилмағанми эрдинг?» — дейдир. «Ё раббий, ваъда бердим-у, бироқ сенинг лутфу карамингдан умидвормен»,—дейдир. Аллоҳ таоло: «Агар сўраганингни берсам, бошқа ҳеч нарса сўрамасмисен?»—дейдир. Банда раббига қасамёд айтиб: «Бошқасини сўрамасмен»,— дейдир. Уни жаннат эшигига келтирғайдирлар. Жаннат эшигига етганда ундаги гўзаллик, сўлимлик ва хурсандчиликларни кўриб ҳайратга тушғайдир ва Аллоҳ таоло хоҳлаганча вақт жим қолғайдир. Сўнг: «Ё раббий, мени жаннатга киргизғил!» — дейдир. Аллоҳ: «Воҳ, сени қарағил-а! Нечоғлиқ ваъдангга вафосиздирсен. Эй одай боласи, бундан бошқа нарса сўрамасмен, деб ваъда бермаганми эрдинг?» — дейдир. Банда: «Эй раббим, мени энг бахтсиз банда қилиб қўймағил!» —дейдир. Ҳақ таоло кулғайдир ва бандасига жаннатга кирмоққа ижозат бериб: «Хоҳлаганингча тилайверғил, бандам!» — дейдир. Банда кўнглида борини тилағайдир. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Фалон, фалон ва фалон нарсаларни ҳам қўшиб сўрағил!»—деб айтадир. Банда Аллоҳ таоло айтганларининг ҳаммасини тилағайдир. Аллоҳ таоло унга: «Бу ҳам сенгадир, у ҳам сенгадир»,— деб яна қанча нарсаларни айтғайдир».
128-боб. Намозхон саждада билагининг ич тарафини кўрсатиб, қорнини сонидан узоқлаштириб турадир
Абдуллоҳ ибн Молик:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар, (саждада) тирсакларини биқинларидан узоқроқ тутар эрдилар, ҳаттоки қўлтиқларининг оппоқлиги ҳам кўриниб турар эрди»,— дейдилар.
129-боб. Намозхон оёқ панжалари учини қиблага қаратғайдир
Абу Ҳумайд:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб айтганлар»,— дейдилар.
130-боб. Намозхон саждани тўлиқ қилмаса...
Ҳузайфа бир кишининг чала рукуъ ва сажда қилаётганини кўриб, намозни тугатгач:
«Намоз ўқимадинг!—деди. Абу Воил: «Назаримда, «Агар ўлсанг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маслагидан бошқа йўлда ўлган бўлурсен, деб ҳам айтганди»,— дейдилар.
131-боб. Тананинг еттита аъзоси билан сажда қилмоқ
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тананинг еттита аъзоси бирлан сажда қилмоқни буюриб, сочни орқага тарамоқни ҳамда кийимни (этағи, енги, почаси ва бошқани) букламоқни манъ қилдилар. Ўша еттита аъзо: пешона, 2 қўл, 2 тизза ва 2 оёқдир».
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сочни орқага тарамай ва кийимни орқага қайтармай, етти аъзо бирлан сажда қилмоққа буюрилдик»,— дейдилар».
Барро ибн Озиб (у ёлғон сўзламайдир) ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб намоз ўқир эрдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деганларида то саждага бошларини қўймагунларича биронтамиз белни эгмас эрдик».
132-боб. Бурни билан сажда қилмоқ
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «7 аъзо бирлан — пешона (қўллари бирлан бурунларини кўрсатдилар), 2 қўл, 2 тизза ва 2 оёқ учи бирлан сажда қилмоққа ҳамда сочни орқага тарамасликка ва кийимни орқага қайтармасликки буюрилдим»,— дедилар».
133-боб. Ер лой бўлган вақтда бурун бирлан сажда қилмоқ
Абу Салама ривоят қиладирлар:
«Абу Саъид ал-Худрийнинг ҳузурига кирдим-да: «Биз бирлан суҳбатлашгани хурмо боғига чиқмасмисиз?» — дедим. «Хўп»,— деб чиқдилар. «Бизга Лайлатулқадр тўғрисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганингизни айтиб берингиз»,— дедим. Абу Саъид: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг дастлабки 10 кунида масжиддан чиқмасдан ибодат қилмоққа ният қилдилар, биз ҳам ният қилдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ю саллам қошларига Жаброил Алайҳиссалом келиб: «Сиз сўраётган нарсага ҳали вақт эртадир»,— дебдилар. Жаноб Расулуллоҳ иккинчи 10 кунликда ҳам эътикоф қилдилар. Биз ҳам у киши бирлан бирга эътикоф қилдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қошларига Жаброил алайҳиссалом келиб: «Сиз сўраётган нарсага ҳали вақт бордир»,— дебдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг 20-кунида бомдодда хутбага чиқиб: «Кимки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга эътикоф қилган эрса, яна эътикоф қилсин, чунким менга Лайлатулқадр кечасининг муддати айтилган эрди, мен уни унутдим. Ул охирги 10 кунликнинг тоқ кечаларидан бирида бўлмоғи лозим. Мен тушимда кўрсам, гўёким лойга сажда қилаётган эрканман»,— дедилар. Масжиднинг томига хурмо шохлари ёпилган эрди, осмонда битта ҳам булутни кўрмас эрдик. Бирдан осмонда бир кичик булут пайдо бўлиб, устимизга ёмғир ёғди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар, биз у кишига иқтидо қилдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешоналари ва бурунларининг учига лой ва сув текканини кўрдик. Бу бирлан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрган тушлари исбот бўлди».
134-боб. Кийимни боғлаб ва орқага қайтариб олмоқ
Намозхон аврати очилиб қолмоғидан қўрқса, намоздан аввал боғлаб олғайдир.
Саҳл ибн Саҳл:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан намоз ўқиётган одамлар изорлари кичиклигидан елкаларига боғлаб олар эрдилар, аёлларга эркарлар тўлиқ ўтириб олмагунча, саждадан бошларини кўтармаслик буюрилган эрди».
135-боб. Намозхон (намозда) сочини орқага қайтармайдир
Ибн Аббос:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тананинг етти аъзоси бирлан сажда қилмоққа ҳамда кийим ва сочни орқага қайтармасликка буюрилдилар»,— дейдилар».
136-боб. Намозхон (намозда) кийимини орқага қайтармайдир
Ибн Аббос:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Етти аъзо бирлан сажда қилмоққа ҳамда сочим бирлан кийимимни орқага қайтармасликка буюрилдим, деб айтганлар»,— дейдилар.
137-боб. Саждада дуо ва тасбиҳ айтмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ва сажда қилганларида «Субҳонакаллоҳумма, раббано ва биҳамдика, Аллоҳуммағ-фирли» деган дуони кўп ўқир эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръондаги («Фасаббиҳ биҳамди раббика вастағфирҳу») оятни талқин қилиб шундай дер эрдилар».
138-боб. Икки сажда ўртасида бир зум тин олмоқ
Молик ибн Ҳувайрис шерикларига:
«Эй, сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандоқ намоз, ўқиганларини айтиб берайинми ё кўрсатиб берайинми?» — деди. «Бу намоздан ташқари вақтда бўлган эрди»,— дейдилар Абу Қилоба. Молик ўрнидан туриб, такбир айтиб намоз ўқимоққа киришди, кейин рукуъ қилди, сўнг такбир айтиб рукуъдан бошини кўтарди, кейин бир оз тин олиб, сажда қилди, сўнг саждадан бош кўтариб, бир оз тин олди. Абу Қилоба: «Ул шайхимиз Амр ибн Саламага ўхшаб намоз ўқиди»,— дейдилар. «Ўша шайх намозда бошқалар қилмайдиган нарсаларни қилар эрди, 3-нчи ракъатнинг охири в 4-нчи ракъатнинг бошланишида бир оз тин олур эрди»,— дейдилар Айюб разияллоҳу анҳу. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир ой турдик,— дейдилар Молик,— шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Аҳлингизга қайтсангиз, фалон намозни фалон вақтда ва фалон намозни фалон вақтда ўқингиз. Намоз вақти бўлса, ораларингиздан бир киши азон айтсин, ёши каттаси имом бўлсин!» — дедилар».
Барро ибн Озиб:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда, рукуъ ва икки сажда ўртасидаги ўтиришга деярли бир хил вақт сарфлар эрдилар»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу:
«Мен, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз бирлан нечук намоз ўқиган бўлсалар, сизлар бирлан ҳам худди шундоқ намоз ўқиғайдирман»,— дедилар. «Анас намозда бошқалар қилмайдирган ҳаракатларни қилар эрди, мен сизларнинг бундоқ қилганингизни кўрмаганман. Ул рукуъдан бош кўтарганда ва икки сажда ўртасида бир оз тин олар эрди, ҳатто биз (саждага бориш) эсидан чиқиб қолдимикин, деб ўйлар эрдик»,— дейдилар Собит разияллоҳу анҳу.
139-боб. Намозхон саждада билакларини ерга теккизмайдир
Абу Ҳумайд:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билакларини ерга теккизмай ва биқинларига сиқиб олмай сажда қилар эрдилар»,— дейдилар.
Анас ибн Молик:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Урта миёна сажда қилингиз, билакларингизни ҳаддан зиёд чўзиб, ит ётиш қилмангиз! деб айтганлар»,— дейдилар.
140-боб. Намозхоннинг, тоқ ракъат қилганда, аввал бир оз ўтириб олиб, кейин турмоғи
Молик ибн Ҳувайрис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганларини кўрди. Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам тоқ ракъат қилганларида ҳам аввал бир оз нафасни ростлаб олиб кейин турдилар.
141-боб. Намозхон ракъатдан тураётганда ерга қандай тиралади?
Абу Қилоба разияллоҳу анҳу Айюб разияллоҳу анҳуга бундай дебдилар:
«Молик ибн Ҳувайрис мана шу масжидимизга келиб биз бирлан намоз ўқидилар. Ул киши бизга: «Ўзим намоз ўқимоқчи бўлмасам-да, сизларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук намоз ўқиганларини кўрсатиб берайин»,— дедилар. «Жаноб Расулуллоҳ қандай намоз ўқир эрканлар? деб сўрадим»,— дейдилар Айюб. «Мана шу шайхимиз сингари ўқир эрканлар»,— дебдилар Абу Қилоба.
«Уша шайх (рукуъдан рукуъга ўтишда) тўлиқ такбир айтар эрди. Иккинчи саждадан бош кўтаргач, бир оз ўтириб, кейин ерга тираниб турар эрди»,— дейдилар Айюб.
142-боб. Намозхон 2-нчи ракъатдан тураётиб такбир айтадир
Ибн Зубайр (ракъатдан) тураётиб такбир айтар эрди.
Саъид ибн Ҳарс ривоят қиладирлар:
«Абу Саъид бизга намоз ўқиб берди, такбирни овоз чиқариб айтди. Саждага бораётганда ҳам ва ундан бош кўтараётганда ҳам, иккала ракъатдан тураётганда ҳам такбир айтди. Кейин: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай намоз ўқиётганларини кўрганман»,— деди».
Мутарраф ибн Абдуллоҳ нақл қиладирлар:
«Имрон бирлан мен Ҳазрат Алига иқтидо қилиб намоз ўқидик. Ҳазрат Али сажда қилсалар ҳам, саждадан бош кўтарсалар ҳам, иккала ракъатдан тураётганларида ҳам такбир айтар эрдилар. Салом бергандан сўнг Имрон менинг қўлимни ушлаб туриб: «Мана бу киши биз бирлан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сингари намоз ўқиди» ёки «Мана бу одамнинг намоз ўқиши менга Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқишларини эслатди»,— деди».
143-боб. Ташаҳҳудда ўтиришнинг суннати (қонун-қоидаси)
Умму Дардоъ намозда эркак киши сингари ўтирар эрди. У фиқҳ олимаси эрди.
Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Абдуллоҳ ибн Умарнинг чордана қуриб ташаҳҳудда ўтирганларини кўрдим. Ёшлик қилиб мен ҳам шундай қилдим. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар менга: «Бундай қилмағил, намознинг суннатига кўра, ўнг оёғингни тиклаб, чап оёғингни букиб ўтирмоғинг лозим»,— дедилар. Мен: «Сиз чордана қуриб ўтирибсиз-ку!» — дедим. «Менинг оёқларим ярамайдир»,— дедилар».
Муҳаммад ибн Амр ибн Ато ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир жамоа саҳобалари бирлан бирга ўтирган эрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук намоз ўқиганларини эсладик. Шунда Абу Ҳумайд Ас-Соъидий: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўқиганларини ҳаммангиздан кўра кўпроқ билурмен. Жаноб Расулуллоҳ такбири таҳрима айтганларида қўлларини елка баробарида кўтардилар, рукуъга борганларида тиззаларини ушладилар, кейин қоматларини ростладилар. Рукуъдан бош кўтарганларида умуртқаларининг ҳар бир бўғини жой-жойига келгунча қадларини ростладилар. Кейин, билакларини ерга теккизмай ва биқинларига сиқиб олмай ҳамда оёқ панжаларининг учларини қиблага қаратиб сажда қилдилар. Иккинчи ракъатда ўнг оёқларини тиклаб, чап оёқларининг устига ўтирдилар. Охирги ракъатда эрса чап оёқларини олдинроққа узатиб, ўнг оёқларини тиклаб, думбаларини ерга қўйиб ўтирдилар».
144-боб. Дастлабки ташаҳҳудга ўтириш фарз эрмас
Чунким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи ракъатдан кейин ўтирмасдан туриб кетганларида (саҳобалар тасбиҳ айтиб эслатишганда) қайтиб ўтирмадилар.
Зуҳрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Менга Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар бирлан пешин намозини ўқиганларини айтди. Жаноб Расулуллоҳ иккинчи ракъатдан кейин ўтирмасдан туриб кетибдилар, одамлар ҳам у киши бирлан бирга ўринларидан туришибди. Намоз тугагач, одамлар пайғамбаримизнинг салом бермоқларини кутишибди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эрса ўтирган ҳолларида салом бермасдан такбир айтиб, икки марта сажда (саждаи саҳв) қилибдилар, сўнг салом берибдилар».
145-боб. Дастлабки ташаҳҳудга ўтирмоқ
Абдуллоҳ ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз бирлан пешин намозини ўқидилар. (Иккинчи ракъатдан кейин) ташаҳҳудга ўтиришлари лозим бўла туриб, туриб кетдилар. Намоз тугагач, ўтирган ҳолларида икки марта сажда қилдилар».
146-боб. Охирги ташаҳҳудга ўтирмоқнинг вожиблиги
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб намоз ўқиганимизда: «Жаброил ва Микоилга салом, фалончи ва пистончига салом»,— деб айтардик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Аллоҳ таолонинг исмларидан бири — саломдир. Қайси бирингиз намоз ўқиғайдирсиз, «Барча мадҳу олқишларимиз, тоат-ибодату эзгу амалларимиз Аллоҳ таолога муносибдир, эй пайғамбар алайҳиссалом, сизга Аллоҳ таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин, бизга ҳамда ҳамма солиҳ бандаларга эрса Аллоҳ таолонинг саломи бўлсин!»—деб айтингиз. Агар шундоқ (ҳамма солиҳ бандаларга) десангиз, еру кўкдаги ҳамма солиҳ бандаларга савоби теккайдир»,— дер эрдилар. (Дуонинг давоми): «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берғайдирмен, шунингдек Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ҳамда бизга юборган элчисидир, деб ҳам гувоҳлик берғайдирмен».
147-боб. Намозда салом беришдан аввал дуо ўқимоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда «Аллоҳумма инний аъузу бика мин азоби қабрин ва аъузу бика мин фитнат-ил-Масиҳи-д-Дажжоли ва аъузу бика мин фитнат-ил-маҳйо ва фитнат-ил-мамоти, Аллоҳумма инний аъузу бика мин-ал-маъсами ва-л-мағрами» деган дуони ўқир эрдилар (Дуонинг маъноси: «Илоҳи, мени қабр азобидан, Дажжол фитнасидан сақлағил, тирикликдаю ўлим олдида бўладиган фитналардан асрағил! Илоҳи, мени гуноҳкор ва кишилардан қарздор бўлмоқдан ўзинг асрағил!»). Шунда бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Нечун мунча, қарздор қнлиб қўймағил, деб илтижо қилурсиз?» — деди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар киши тўлаёлмайдиган даражада қарздор бўлиб қолғайдир, доимо ёлғон гапирғайдир, ваъда қилса, устидан чиқмагайдир»,— дедилар».
Оиша онамиз:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз охирида Дажжол фитнасидан асрамоқни Аллоҳдан илтижо қилганларини эшитдим»,— дейдилар.
Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
Намозда ўқийдирган бир дуо ўргатинг»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: . «Илоҳи, мен ўз жонимга кўп зулм қилдим, (бундай) гуноҳларни сендан бошқа ҳеч ким кечира олмағайдир, фақат ўзинг кечира олғайдирсан. Илоҳи, фазлу марҳаматингни дариғ тутмай, мени мағфират қилғайсен, мендан раҳматингни аямагайсен, Сен гуноҳларни кечирғувчи ва бандаларни мағфират қилувчи зотдирсен! деган дуони ўқиғил!» — дедилар. Мазкур дуонинг арабчаси: «Аллоҳумма инний заламту нафсий зулман касиро ва ло йағфиру-з-зунуба илло анта, фағфирлий мағфиратан мин индика варҳамний, иннака ант-ал-ғафурур-раҳийм».
148-боб. Ташаҳҳуддан кейин ўқишга дуо танламоқ
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга намоз ўқиганимизда «Ассалому алаллоҳи мин ибодиҳи. Ассалому ало фулонин ва фулонин» дер эрдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ассалому алаллоҳи» демангиз, чунким салом — Аллоҳнинг исмларидан, Ат-Таҳиййоту лиллоҳи вас-салавоту ват-таййибот, ассалому алайка аййу-ҳан-набиййу ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ассалому алайно ва ало ибодиллоҳис-солиҳийн» деб айтингиз. Агар сиз шундай деб айтсангиз, осмондаги (ёким еру осмон ўртасидаги) ҳар бир солиҳ бандага савоби те‘ккайдир (Дуонинг давоми: «Ашҳаду алла илоҳа иллаллоҳу вашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу»), ундан кейин дуолардан ўзингизга ёққанини танлаб олиб ўқийверингиз»,— дедилар».
149-боб. Пешона ва бурнига теккан лойни намозни ўқиб бўлмагунча артмаган киши
Имом Бухорий:
«Ҳумайднинг намоз вақтида пешонага теккан нарсани (лой, чангни) артиб бўлмаслигига қуйидаги ҳадисни далил қилаётганининг шоҳиди бўлдим»,— дейдилар.
Абу Салама:
«Абу Саъид ал-Худрийдан шул туғрида сўрадим»,—дейдилар. Абу Саъид ал-Худрий: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лой жойда сажда қилаётганларини, ҳатто пешоналарига теккан лойни намоз тамом бўлмагунча артмаганларини кўрдим»,— деб жавоб берибдилар».
150-боб. Намоз ўқиб бўлгач, салом бермоқ
Умму Салама онамиз Ҳинд бинти ал-Ҳарсга:
«Расулуллоҳ.саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда салом берганларидан кейин ҳам аёллар кетмай туришарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дарров кетиб қолмас эрдилар»,— деб айтган эрканлар. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, аёлларнинг эркаклар бирлан аралаш кетмасликлари, эркаклар кетиб бўлгач, бемалол ўзлари кетмоқлари учун шундай қилган бўлсалар керак»,— дейдилар Абу Шиҳоб.
151-боб. Иқтидо қилғувчи имом салом берганда салом берадир
Ибн Умар разияллоҳу анҳу имом салом бергандан сўнг орқадагилар ҳам салом бермоғини маъқуллар эрдилар.
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга намоз ўқидик, салом берганларида салом бердик»,— дейдилар Атбон разияллоҳу анҳу.
152-боб. «Имомнинг саломига алик қайтармаса ҳам бўладир, намозда берилган салом кифоя қиладир»,— деган киши
Маҳмуд ибн Рабиъ ривоят қиладирлар:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши эслармен, ул киши уйимизга келганларида мен ёш бола эрдим, пақирдан бир хўплам сув олиб, ҳазиллашиб юзимга пуркаб юборганларини ҳам яхши эслармен, Менга Маҳмуд Атбон ибн Молик қуйидаги ҳадисни айтиб берган зрдилар: «Мен ўз қавмим бўлмиш Баний Солимга имомлик қилур эрдим. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Менинг кўзим хира бўлиб қолди, ёғингарчилик бўлса, масжидга боролмаётирман. Бизникига бориб, намоз ўқиб берсангиз, мен сиз намоз ўқиган жойни ўзимга намозгоҳ қилиб олғай эрдим»,— дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ИншоАллоҳ, шундоқ қилурмен»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр Сиддиқ кун қизиган вақтда меникига келдилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам киришга рухсат сўрадилар, мен уйга таклиф қилиб, ўтиришга жой кўрсатдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирмасдан: «Қаерда намоз ўқиб бермоғимни истағайсен?»—дедилар. Мен ўзимга ёққан жойни кўрсатдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишга киришдилар, биз ул кишига иқтидо қилдик. Жанрб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берганларида, биз ҳам салом бердик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда қандай салом берсалар, шундай салом бердик, алик олмадик».
153-боб. Намоздан кейин зикр айтмоқ
Ибн Аббоснинг озод қилинган қули Абу Маъбад: «Менга Ибн Аббос бундай деган эрдилар»,— дейди:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида одамлар фарз намозидан сўнг баланд овоз бирлан зикр айтишур эрди, мен буни яхши эслаб қолганман».
Ибн Аббос:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни тугатганларини такбир айтганларидан билур эрдим»,— дейдилар (Намоздан сўнг «Субҳоналлоҳ, Алҳамду лиллоҳ, Аллоҳу акбар» деб зикр айтмоқ).
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Фақирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қошларига келиб: «Жаннатнинг энг яхши жойлари ҳам, дунёнинг энг яхши неъматлари ҳам бойларга теккайдир. Биз қандай намоз ўқисак ва рўза тутсак, улар ҳам шундай намоз ўқиб, рўза тутишғайдир. Бунинг устига улар мол-дунёга ҳам эгадирлар. Мол-дунёлари бўлгач, ҳаж қилишғайдир ва садақалар беришғайдир»,— дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавобан: «Сизга бойлар эришган мартабадан ҳам юксакроқ мартабага сазовор этадирган бир нарсани ўргатайинми? Агар (менинг айтганларимни қилсангиз), сиздан яхшироқ одам бўлмағайдир, сиз эришган мартабага ҳеч ким эриша олмағайдир. Қулоқ солингиз, ҳар бир фарз намозидан сўнг «Субҳоналлоҳ», «Алҳамду лиллоҳ» ва «Аллоҳу акбар» деб 33 мартадан айтғайсиз»,— дедилар. Шу онда биз «Субҳоналлоҳ — 33 марта, Алҳамду лиллоҳ — 33 марта, Аллоҳу акбар — 34 марта» деб ўзаро тортишиб қолдик. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдик. Жаноб Расулуллоҳ: «Субҳоналлоҳ, Алҳамду лиллоҳ ва Аллоҳу акбарнинг ҳар бирини 33 мартадан айтғайсен, деб айтдилар»,— дейдилар Абу Ҳурайра».
Муғира Ибн Шўъбанинг котиби — Варрод разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Муғира Муовияга атаб бундай деб хат ёздирдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир фарз намозидан сўнг «Ло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, ло шарийка лаҳу, лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ало кулли шайъин қадийр. Аллоҳумма ло мониъа лимо аътайта ва ло муътийа лимо манаъта ва ло йанфаъу зо-л-жадди минка-л-жадду» деб айтар эрдилар».
154-боб. Имом (намоздан сўнг) салом бергач, одамларга қараб ўгирилиб ўтирадир
Сумра Ибн Жундуб нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлсалар, бизга қараб ўгирилиб ўлтирар эрдилар».
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия деган жойда кечқурун ёққан ёмғир нами устида биз бирлан бомдод намозини ўқидилар. Намоздан сўнг Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ўгирилиб: «Раббингиз не дейдир, билурмисиз?» — дедилар. Одамлар: «Аллоҳ ва унинг Расули биладир»,— дейишди, «Аллоҳ: «Бандаларимдан баъзилари менга ишониб мўъмин бўлдилар, баъзилари эрса, менга ишонмай, кофир бўлдилар. Аммо, кимки бизнинг ёмғиримизни Аллоҳнинг фазлу раҳматидан содир бўлди, деса, ул мёнга иймон келтириб, сайёраларни инкор қилган бўлғайдир. Аммо, кимки фалон сайёранинг ундоқ бўлмоғи ва пистон сайёранинг мундоқ бўлмоғидан ёмғир ёғди, деса, ул кофир бўлиб, сайёраларга сиғинган бўлур»,— дейди»,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни хуфтон намозини ўқишни ярим кечагача кечиктирдилар. Намоздан сўнг бизларга ўгирилиб: «Одамлар аллақачон намозларини ўқиб бўлиб ётдилар, аммо сизлар эрсангиз ҳануз жойнамоз устидасизлар»,— дедилар».
155-боб. Имомнинг, салом бергандан кейин ҳам жойнамоз устида қолмоғи
Нофиъ разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Ибн Умар, фарз ўқиб бўлгандан кейин ҳам, жойнамоздан жилмасдан нафл ўқийверар эрдилар. Ҳазрат Абу Бакрнинг невараси Қосим ҳам шундай қилур эрди».
Абу Ҳурайра:
«Имом фарз ўқиган жойда нафл ўқимайдир, деган ҳадисни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нотўғри нисбат беришади»,— дейдилар.
Умму Салама ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз тугаб, салом берганларидан сўнг, хотинлар масжиддан чиқиб кетар эрдилар. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан чиққунларигача уйларига етиб олар эрдилар».
156-боб. Имом (намоз тугаб, салом бергач) бирор зарур нарсани эслаб намозхонларни тарк этиши мумкинми?
Уқба разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Мадинада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга намозда имомлик қилдилар. Намоз тугаб, салом берганларидан сўнг, одамларни оралаб ўтиб, хотинларидан бирининг ҳужрасига кириб кетдилар. Жаноб Расулуллоҳнинг шошиб туриб кетганлари одамларни хавотирга солди. Бир оздан кейин ул зот ҳужрадан чиқиб келдилар ва шошиб туриб кетганларининг боисини айтдилар: «Бизда бир оз тилла бор эрди, шу ёдимга тушиб қолди. Фикримни чалғитмасин, деб одамларга улашиб бермоқни буюрдим».
157-боб. Чап ёким ўнг томони бирлаи намозхонларга ўгирилиб қарамоқ
Анас разияллоҳу анҳу ўнг томонлари бирлан ҳам, чап томонлари бирлан ҳам номозхонларга ўгирилиб қарайверар эрдилар. Фақат бир томони бирлан ўгирилиб қарайдиганларни қоралар эрдилар.
Асвад разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ҳеч қайсингиз ўзингизча, фақат ўнг томон бирлан ўгирилмоқ лозим, деб айтиб, шайтонга намозингиздан насиба улашмангиз! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чап томонлари бирлан ҳам ўгирилганларини кўп кўрганман»,— дейдилар».
158-боб. Хом саримсоқ, хонаки ва ёввойи пиёз ейиш тўғрисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Кимки очиликданми ёким бошқа сабабданми, саримсоқ ва хом пиёз еган эрса, бизнинг масжидимизга келмасин!» — деганлари тўғрисида
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар уруши кетаётган кунлардан бирида: «Кимки мана бу кўкатдан, яъни саримсоқдан еган эрса, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин!» — деб айтганлар».
Жобир ибн Абдуллоҳ нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки мана бу кўкатдан еган эрса (саримсоқни кўрсатдилар), бизнинг масжидларимизга келмасин!»—деб айтганлар. Ато разияллоҳу анҳу: «Жаноб Расулуллоҳ хом саримсоқни айтдиларми ёким пишганиними?»— деб мендан сўрадилар. «Назаримда, фақатгина хомини айтдилар»,— деб жавоб бердим».
Ато разияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳдан эшитганларини Ибн Шиҳобга бундай деб ривоят қилган эрканлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки саримсоқ ёким пиёз егайдир, биздан ҳам, масжидимиздан ҳам нарироқ юрсин, уйида ўтирсин!» — дейдилар. Бир пайт Жаноб Расулуллоҳга кўкатлардан тайёрланган таом келтирилди. Унда қанақадир ҳид борлигини сезиб, нимала.рдан тайёрланганлигини сўрадилар. Унинг ичидаги бор кўкатларни бирма-бир айтиб беришди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларни овқатга таклиф қилдилар, лекин улар ул кишининг ўзлари емаганлари учун тортинишди. Шунда Расулуллоҳ: «Сизлар еяверингиз, менга бўлмайдир, чунким мен фаришталар бирлан сўзлашурмен, улар бу ҳидни ёмон кўришғайдир»,— дедилар».
Абдулазиз ривоят қиладирлар:
«Бир киши: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саримсоқ тўғрисида не деганлар?»—деб Анасдан сўради. Анас: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки мана бу кўкатни (саримсоқни) егайдир, бизга яқинлашмасин ва биз бирлан бирга намоз ўқимасин!» деб айтганлар»,— деди.
159-боб. Қачон болаларга ғусл ва таҳорат вожиб бўладир? Қачон улар жамоат йиғинлари, ҳайитлар ва жанозаларда қатнашадирлар, катталар сафида туриб намоз ўқийдирлар?
Шаъбий қуйидаги ҳадисни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ташландиқ боланинг қабрига бориб жаноза ўқиган кишидан эшитибдир:
«Жаноб Расулуллоҳ жанозада имомлик қилдилар. Одамлар Жаноб Расулуллоҳга иқтидо қилишди (ёш болалар ҳам қатнашишди). Сулаймон мендан: «Бу ҳадисни ким айтиб берган эрди?»—деб сўради. Мен: «Ибн Аббос»,— дедим».
Абу Саъид ал-Худрий ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа кўни ғусл қилмоқлик ҳар бир балоғатга етган инсонга вожибдир»,— деганлар».
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Холам Маймунаникида бир кеча тунаб қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уйқуга ётдилар. Кечанинг бир қисми ўтгач, Жаноб Расулуллоҳ туриб деворга осиғлиқ мешчани олдилар, сўнг енгил-елпи таҳорат олиб намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам ул киши, сингари таҳорат олиб, чап томонларига келиб турган эрдим, ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар. Сўнг, Аллоҳ хоҳлаганча намоз ўқидилар, кейин ёнбошладилар, ҳатто пишиллаганлари ҳам эшитилди. Бир оздан кейин муаззин келиб намозга чақирди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайта таҳорат олмай муаззин бирлан бирга намозга чиқиб кетдилар. Суфён разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари ухлайди-ю, қалблари ухламайдир»,— дейди. Амр: «Пайғамбарларнинг кўрган тушлари Аллоҳнинг уларга юборган ваҳийидир»,— деб, «Мен тушимда кўрсам, сени Аллоҳ йўлида қурбон қилаётган эрканман» деган ояти каримани ўқиди».
Анас ибн Молик нақл қиладирлар:
«Катта бувим Мулайка таом тайёрлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни меҳмонга чақирдилар. Расулуллоҳ таомни еб бўлгач: «Турингиз, бирга намоз ўқиймиз»,— дедилар. Мен туриб, эскилигидан қорайиб кетган бўйрамизга сув сепдим, сўнг Расулуллоҳ намозни бошладилар. Мен бирлан бир етим бола орқаларида сафга турдик, бувим бўлсалар, бизнинг орқамизда турдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам 2 ракъат намоз ўқидилар».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир урғочи эшак миниб Минога келдим. Балоғатга етиб қолган эрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода сутрасиз (қибла томонни тўсмай) одамлар бирлан намоз ўқиётган эрканлар. Баъзи бир сафларни оралаб ўтдимда, эшакдан тушиб, уни ўтлагани қўйиб юбордим, кейин сафга келиб турдим. Бу қилмишим учун менга ҳеч ким танбеҳ бермади».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонга кеч қолдилар, ҳатто Ҳазрат Умар: «Ёш болалар, хотинлар ухлаб қолдилар»,— деб овоз қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб: «Дарҳақиқат, Ер юзидаги аҳолининг бирортаси ҳам ҳозир хуфтон ўқиётгани йўқ»,— дедилар. Уша кунларда Мадина аҳлидан бошқа ҳеч ким намоз ўқимас эрди».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Менга бир киши: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ҳайит намозида қатнашганмисиз?»,— деди. Мен: «Ҳа, қатнашганман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлигим бўлмаганда, ёшим қичиклиги сабабли қатнаша олмаган бўлар эрдим»,— дедим-да, қуйидагиларни ҳикоя қилиб бердим: «Жаноб Расулуллоҳ Кусайр ибн Салт ҳовлиси ёнида менга туғни тутқиздилар, сўнг аввал эркакларга, кейин аёлларга ваъз айтдилар, охиратни эслатиб, садақа қилмоққа буюрдилар. Аёллар узук ва сирғаларини олиб Билолнинг этагига ташлай бошладилар. Шундан кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абдуллоҳ ва Билол уйларига кетдилар».
160-боб. Аёлларнинг кечаси ва ғира-ширада масжидларга чиқмоқлари
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозига кеч қолдилар, ҳатто Ҳазрат Умар: «Хотинлар ва болалар ухлаб қолдилар»,— деб овоз қилдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб: «Ер юзида сиздан бўлак бирор киши бу намозни ўқийман, деб тургани йўқ»,—: дедилар. Ўша кунларда Мадинадан бошқа жойда намоз ўқилмас эрди. Мадина аҳли хуфтон намозини Қуёш ботаётгандаги шафақнинг йўқолишидан бошлаб, то туннинг 3/1 бўлаги тугагунча бўлган вақт ичида ўқир эрди».
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар хотинларингиз кечаси намоз ўқимоқ учун масжидга чиқмоққа ижозат сўрасалар, ижозат берингиз»,— деганлар».
Ҳинд бинти ал-Ҳарсга Умму Салама қуйидаги ҳадисни айтиб берган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида аёллар фарз намозини ўқиб бўлиб, салом беришгач, ўринларидан туриб уйларига кетишар эрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан эркаклар эрса, аёллар кетиб олсин, деб бирмунча вақт кутиб туришар эрди».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқир эрдилар, намоздан сўнг хотинлар чимматларига ўралиб ғира-ширада уйларига қайтишар эрди, қоронғида уларни ҳеч ким танимас эрди».
Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен, чўзиброқ намоз ўқийман, деганимда гўдакларнинг йиғисини эшитиб, онасига оғир тушмасин, дегайман-да, намозни енгиллатгайман»,— деганлар».
Оиша онамиз:
«Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт бўлиб, аёлларда пайдо бўлган ушбу зебу зийнатларни кўрганларида эрди, Баний Исроил каби уларнинг масжидларга бормакларини албатта манъ қилган бўлур зрдилар»,— деган эрканлар.
Яҳё шу ҳақда гапира туриб, «Баний Исроил хотин-қизларининг масжидларга бориши манъ қилинган эрдими?»—деб сўрабди Умрадан. Шунда Умра: «Ҳа»,— деган эркан.
161-боб. Аёлларнинг эркаклар орқасида сафга турмоғи
Умму Салама қуйидаги ҳадисни айтдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлиб салом берганларида аёллар ўринларидан туриб уйларига кетишар эрди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эрсалар, ўринларидан турмай бир оз ўлтирар эрдилар. Зуҳрий бу ҳақда: «Ул зот, эркаклардан аввал хотинлар уйларига етиб олсинлар, деб шундай қилган бўлсалар керак, яна Аллоҳ билғайдир»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймникида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола Расулуллоҳнинг орқаларида иқтидо қилиб сафга турдик, Умму Сулайм эрса, бизнинг орқамизда турдилар».
162-боб. Аёллар бомдод намозидан кейин уйларига қайтмоғлари ҳамда масжидда камроқ ушланиб турмоғлари лозим
Оиша онамиз:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб бўлганларидан кейин аёллар уйларига қайтишар эрди. Ғира-ширада уларни ҳеч ким танимас эрди»,— дейдилар.
163-боб. Аёл кишининг масжидга чиқмоқ учун эридан ижозат сўрамоғи
Солим ибн Абдуллоҳнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангизнинг хотинингиз масжидга чиқмоққа ижозат сўрағайдир, рухсат берингиз,— деганлар».
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка лайков вк