"."
Меню

Хаж китоби

 

 

1-боб. Ҳажнинг вожиб эканлиги ва унинг фазилати ҳақида

 Аллоҳ таоло бу хусусда:

 «Кимнинг қудрати етғайдир, Аллоҳ йўлида Байтуллоҳга ҳаж қилмоғи фарздир. Кимки Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқғайдир, Аллоҳ ундоқ бандаларга муҳтож эрмасдир!» — дейди.

 

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Фазл разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида туяга мингашиб олган эрдилар. Шу пайт, Хасъам қавмига мансуб бир аёл келди. Фазл бирлан аёл ҳадеб бир-бирларига қарашаверди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фазлнинг юзини бошқа томонга буриб қўйдилар. Аёл: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ўз бандаларига ҳажни фарз қилган пайт отамнинг туя устида ўтира олмайдирган кексалик вақтларига тўғри келиб қолди, мен отамнинг номларидан ҳаж қилсам бўлурму?» — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа»,— дедилар. Бу воқеа Ҳажжат ул-Видоъда бўлганди».

 

2-боб. Аллоҳ таолонинг «Ўзлари учун савобли бўлган маросимларда иштирок этмоқ учун териси сўнгакларига ёпишган туяларни миниб, ҳар тарафдан ошиқиб олдингизга келғайдирлар» деган ояти кариймаси хусусида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Зулҳулайфада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига минаётганларини кўрдим. Туяга миниб олгач, талбия айтдилар, туя эрса, тик турганча қимирламай турди».

 

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳулайфадан (бошлаб), туялари ул кишини кўтариб қимирламай тик турган пайтдан бошлаб таҳлил айтар эрдилар». Анас ва Ибн Аббос ҳам худди шу ҳадисни ривоят қилишган.

 

3-боб. Эгарда ўтириб ҳаж қилмоқ тўғрисида

 

Қосим ибн Муҳаммад ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша разияллоҳу анҳони укалари Абдурраҳмон бирлан бирга ҳажга эхром боғлагани юбордилар. Укалари Оиша онамизни эгарга мингаштириб олиб, Танъимдан бошлаб умра (кичик ҳаж) қилдирдилар», Умар разияллоҳу анҳу: «Ҳажда эгар қоринбоғларини қаттиқроқ тортингиз, чунки ҳаж икки жиҳоддан биридир!» — деганлар.

 

Сумома ибн Абдуллоҳ ибн Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Анас эгардан тушмай ҳаж қилди, у хасис эрмас эрди (яъни, туясини кўзи қиймаганлигидан шундай қилгани йўқ, балки унга егулик ва бошқа керакли анжомларини ортиб олганди).

 

Анас:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам егулик. ва бошқа нарсаларини туяларига ортиб олиб, эгардан тушмай ҳаж қилганлар»,— деганди».

 

Қосим ибн Муҳаммад ривоят қиладирлар:

 «Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, сизлар умра (кичик ҳаж) қилдингиз, мен умра қила олмадим»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Ё Абдурраҳмон, опангни олиб бориб, Танъимдан бошлаб умра қилдирғил!» — дедилар. Абдурраҳмон Оиша онамизни туяга мингаштириб олиб бордилар. Оиша онамиз умра қилдилар».

 

4-боб. Холис ният бирлан ҳаж қилмоқнинг фазилати

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ислом амалларидан қай бириси афзал?» —деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирмоқ»,— дедилар. «Яна қайсиниси? — деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Холис нйят бирла ҳаж қилмоқ»,— деб жавоб бердилар».

 

Оиша бинти Талҳа ривоят қиладирлар:

 «Оиша онамиз: «Ё Расулуллоҳ, жиҳод ислом амалларидан энг афзали, деб билғаймиз, жиҳод қилмағаймизми?» — дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Лекин, энг афзал жиҳод — холис ният бирла ҳаж қилмоқдир!»—деб жавоб қилдилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ёмон сўзламай ва ёмонлиқ қилмай Аллоҳ таоло йўлида ҳаж қилса, онасидан бугун туғилгандек гуноҳларидан. гюк бўлиб қайтғайдир»,— деб айтганлар».

 

5-боб. Ҳаж ва умра мийқотларининг фарз қилинмоғи ҳақида

 

Зуҳайр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Зайд ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳовлисида чодир ўрнатилган бўлиб, ҳовли саҳнининг тепасига ҳам ип мато тортилган эрди. «Қаердан умра қилмоқни бошлармен? — деб сўради Зайд. Абдуллоҳ ибн Умар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажд аҳлига Қарн деган ердан, Мадина аҳлига Зулҳулайфадан, Шом аҳлига эрса, Жуҳфадан бошламоқни фарз қилганлар»,— дедилар».

 

б-боб.

 

Аллоҳ таоло:

 «Ўзингиз бирлан егулик олиб кетингиз, егуликнинг афзали эрса, тақводир!» — дейди.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Яман аҳли ҳаж қилганда йўлга егулик олмас эрди, «Биз таваккалчилармиз»,— дейишарди. Маккага келгандан кейин эрса, одамлардан овқат сўраб, тиламчилик қилишғай эрди. Шу боисдан Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди».

 

7-боб. Макка аҳлининг ҳаж ва умра учун белгиланган таҳлилгоҳи

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарн ал-Манозилни, Яман аҳлига эрса, Яламламни мийқот қилиб белгилаб бердилар. Ўша жойлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни ихтиёр айлаб келганларга ҳам мийқотдир. Кимки мазкур белгиланган ерларга яқин турса, ўша турган жойи мийқотдир, ҳатто Макка аҳли ҳам Маккада эҳром боғлағайдир».

 

8-боб. Мадина аҳлининг мийқоти; улар Зулҳулайфага келмасдан илгари таҳлил айтмайдирлар

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадина аҳли Зулҳулайфадан, Шом аҳли Жуҳфадан, Нажд аҳли Қарндан бошлаб таҳлил айтғайдир»,— деганлар. Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Яман аҳли Яламламдан бошлаб таҳлил айтғайдир»,— деганларини ҳам билурмен».

 

9-боб. Шом аҳлининг таҳлилгоҳи

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарн ал-Манозилни, Яман аҳлига эрса, Яламламни мийқот қилиб белгилаб бердилар. Ўша ерлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни ихтиёр айлаб келганларга ҳам мийқотдир. Мазкур белгиланган жойларга яқин турадиганлар учун ўзлари турган жой мийқотдир, ҳатто Макка аҳли ҳам шаҳарнинг ўзида эҳром боғлағайдир».

 

10-боб. Нажд аҳлининг таҳлилгоҳи

 

Солимнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мийқотларни белгилаб бердилар»,— деб айтган эрканлар.

 

Солим ибн Абдуллоҳ оталаридан эшитган ҳадисни ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Маҳйаъа, яъни Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарнни мийқот қилиб белгилаб бердилар».

 

Ибн Умар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Яман аҳлига Яламламни мийқот қилиб белгилаб берганларини айтишғайдир, лекин мен ўзларидан эшитмаганман»,— дейдилар.

 

11-боб. Мийқотлари бўлмаганларнинг таҳлилгоҳлари

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Яман аҳлига Яламламни, Нажд аҳлига Қарнни мийқот қилиб белгилаб бердилар. Ўша мийқотлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни ихтиёр айлаб келганлар учун ҳам мийқот вазифасини ўтағайдир. Мазкур мийқотларга яқин турганлар учун ўша ўзлари турган ер мийқотдир, ҳатто Макка аҳли ҳам Маккада эҳром боғлағайдир».

 

12-боб. Яман аҳлининг таҳлилгоҳи

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарн ал-Манозилни, Яман аҳлига Яламламни мийқот қилиб белгилаб бердилар. Ўша мийқотлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни ихтиёр айлаб келгувчиларга ҳам мийқотдир, ҳатто Макка аҳли Маккада эҳром боғлағайдир».

 

13-боб. Ироқ аҳлига Зоту Ирқ мийқотдир

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Бу икки шаҳар — Басра ва Куфа фатҳ бўлганда, одамлар Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: «Эй Амир алмўъминин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажд аҳлига Қарнни мийқот қилиб белгиладилар, лекин у бизнинг йўлимиз устида эрмас. Агар истаганимизда ҳам, биз ўзимизга алоҳида мийқот белгилаб олмоғимиз қийин»,— дейишди. Ҳазрат Умар: «Йўлингиз устидаги бирорта жойни қараб кўрингиз, тўғри келса, ўшани мийқот қилиб ола қолингиз!» — дедилар. Улар бориб қараб келишгач, Зоту Ирқни мийқот қилиб белгилаб бердилар».

 

14-боб.

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳулайфадаги катта селхонага келганларида туяларини чўктирдилар-да, пастга тушиб икки ракъат намоз ўқидилар». Абдуллоҳ ибн Умар ҳам шундай қилар эрдилар.

 

15-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шажара йўли орқали чиқиб боришлари ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Шажара (Дарахт) йўли орқали чиқиб борар эрдилар, қайтишда эрса, Муъаррас йўли орқали ўтиб, (уйларига) кириб кетар эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар Маккага йўл олсалар, Шажара масжидида намоз ўқиб ўтар эрдилар, қайтишда эрса, Зулҳулайфадаги водийда тўхтаб, намоз ўқирдилар, ўша ерда тонг оттирар эрдилар».

 

16-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ақиқ — табаррук водийдир!» деганлари ҳақида

 

Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ақиқ водийсида туриб: «Бул кеча Аллоҳ таолодан менга хабарчи келди, ул менга: «Шу табаррук водийда намоз ўқиғил, сўнг ҳажда умра қилдим, дегил!» — деб айтди»,— деганларини эшитдим» («Ҳажда умра қилдим», яъни «Кичик ҳаж қилгандек бўлдим» дейиш бирлан, мазкур водийнинг табаррук эканлиғига ишора қилинғайдир).

 

Солим оталари Абдуллоҳ ибн Умардан эшитган ҳадисни ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ақиқ водийсида жойлашган Зулҳулайфада дам олиб ётганларида туш кўрдилар. Тушларида «Сиз табаррук сой ўзанида турибдирсиз»,— деб айтишган эмиш».

 

Мусо ибн Уқба бундай дейдилар:

 «Солим туяларимизни Абдуллоҳ туясини чўктириб юрадирган жойга чўктирди. Бу ер Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (дам оладирган) жойлари бўлиб, Ақиқ водийсидаги масжиддан пастроқда, ҳажга бориб келгувчилар қўниб ўтадирган манзил бирлан йўл оралиғидадир».

 

17-боб. Бадандаги хушбўй ҳид уч марта ювиб кетказилғайдир

 

Ибн Журайж ривоят қиладирлар:

 «Яъло разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳуга: «Менга Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий нозил бўлаётган пайтдаги ҳолатларини кўрсатинг!» — деди. Шу пайт, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нафар саҳобалари бирлан Жиъронада ўтирган эрдилар, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, умрага эҳром бдтлаб, ўзига хушбўй нарсалар сепиб олган киши хусусида не дерсиз? » — деб сўраб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соат сукут қилдилар, кейин ваҳий келди. Умар разияллоҳу анҳу Яълога ишора қилган эрдилар, у келди. Ушанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тепаларига соя қилмоқ учун кийим осиб қўйилган эрди. Яъло кўйлак ортига бошини тиқиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қизариб кетганлигини, энтикиб зўрга нафас олаётганларини кўрди. Ваҳий келиши тугагач, Жаноб Расулуллоҳ енгил тортдилар, сўнг: «Умра тўғрисида сўраган бояги киши қани?»—дедилар. Уни чақириб келишгач: «Баданингдаги хушбўй ҳидни уч марта ювиб кетказғил, кийимингни ўзгартиргил, сўнг ҳажда не қилмоғинг лозим эрса, умрада ҳам шундоқ қилғил!» — дедилар. Мен Атодан: «Уч марта ювмоқни амр қилганларида ҳидни кетказмоқни назарда тутдиларми?»—деб сўрадим. «Ҳа»,— дедилар Ато разияллоҳу анҳу».

 

18-боб. Эҳром боғлашдан аввал ўзига хушбўй нарсалар суртмоқ; эҳромга кирмоқ учун нима кийгайдир? Сочларини тараб, ўзига хушбўй нарсалар суртғайдир

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Эҳром боғлаган киши райҳон ҳидлағайдир, кўзгуга қараб ўзини тартибга солғайдир, ўзи (кунда) еб юрадирган зайт (зайтун ёғи) ва самн (ҳайвон ёғи) бирлан ўзини муолажа қилғайдир»,— дейдилар. Ато разияллоҳу анҳу: «Эҳром боғлаган одам узук тақғайдир, ҳамёнини (белига) осиб олғайдир»,— дейдилар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу эҳром боғлаб тавоф қилдилар. белларига кўйлакларини белбоғ қилиб олган эрдилар. Оиша онамиз тахтиравонларини кўтариб юрадирган кишиларнинг туббон (узунлиги бир қарич келадирган калта иштон) кийиб юришларига эътибор бермас эрдилар».

 

Саъид ибн Жубайр ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу ўзларига зайт суркаб олардилар. Бу ҳақда Иброҳимга айтган эрдим, у: «Асвадга Оиша онамиз айтиб берган мана бу сўзга нима дерсан? Оиша онамиз: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдаликларида пешоналарининг хушбўй нарса суртилганидан ялтираб турганини ҳозир ҳам кўриб тургандекман»— деганлар»,— деди».

 

Абдурраҳмон ибн ал-Қосим ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Оиша разияллоҳу анҳо: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эҳром боғлаб Каъбани тавоф қилмоқларидан олдин ҳам, тавоф қилиб чиққанларидан кейин ҳам хушбўй нарсалар суртиб қўйғай эрдим»,— дедилар».

 

19-боб. Сочини ихчамлаб олиб таҳлил айтмоқ

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини ихчамлаб олиб, таҳлил айтганларини кўрдим»,— дейдилар.

 

20-боб. Зулҳулайфа масжиди ёнида таҳлил айтмоқ ҳақида

 

Солим ибн Абдуллоҳ:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳулайфа масжиди ёнига келибгина таҳлил (талбия) айта бошлар эрдилар»,— дейдилар.

 

21-боб. Эҳром боғлайдирган одам қандай кийимларни киймаслиги лозим?

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, эҳром боғлайдирган одам қандай кийимлар киймоғи керак?»—деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Кўйлак, салла, чолвор, бурнус (бош ва елкани ёпиб турадирган халат), маҳси киймағайдир, мободо маҳсидан бошқа оёқ кийим топмаса, қўнжини тўпиғидан паст қилиб кесиб ташлағайдир, агар кийимга заъфарон ва варс (сариқ дарахтдан олинадирган ранг) теккан бўлса, киймангиз!» — дедилар».

 

22-боб. Ҳажда ўзи улов миниб ёки бировнинг орқасига мингашиб юрмоқ

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Усома разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида туяга мингашиб Арафотдан Муздалифагача борди, сўнг Муздалифадан Миногача Фазл мингашиб олди. Усома ва Фазл: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамрат ул-Ақабагача талбия айтиб бордилар»,— дейишади».

 

23-боб. Эҳромдаги киши ридо ва изор каби кийимларни киядирми?

 

Оиша разияллоҳу анҳо эҳромда бўла туриб, заъфар бирлан бўялган кийим кийдиларда:

«Чачвон ва чиммат ёпинмағил, варс (сариқ дарахтдан олинадирган ранг) ва заъфарон бирлан бўялган кийим киймағил!» — дедилар. Жобир разияллоҳу анҳу: «Заъфар бирлан бўялган кийимдан хушбўй ҳид келғайдир, демасман, Оиша онамиз аёлларнинг тақинчоқлар тақмоғи, қора ва қизил кийим ҳамда хуфф (енгил оёқ кийими) киймоғининг зарари йўқдир, деб ҳисоблаганлар. Иброҳим разияллоҳу анҳу: «Кийимларини алмаштириб олса ҳам бўлур»,— деганлар.

 

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини таратиб, баданларига хушбўй нарсалар суркатиб, изор ва ридоларини кийиб Мадинадан йўлга чиқдилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳам, у кишининг саҳобалари ҳам ранги баданга юқиб қоладирган заъфаронга бўялган ридо ва изорларнигина киймоқни манъ қилдилар. Жаноб Расулуллоҳ Зулҳулайфада тонг оттирдилар, сўнг туяларини миниб Баидоъ тоғига чиқиб, ўзлари ҳам, саҳобалари ҳам талбия айтишди. Сўнг, қурбонлик эқанлигини билдирмоқ учун туяларининг бўйнига нарса осиб қўйдилар. Шунда Зулқаъда ойининг беш куни қолганди. Жаноб Расулуллоҳ Зулҳижжа ойининг тўртинчи куни Маккага келдилар, Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва оралиғида югурдилар. лекин ҳануз қурбонлик қилмаганликлари учун эҳромларини ечолмас эрдилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ Макканинг юқори томонидаги Ҳажун — ҳаж вақтида устига чиқиб талбия айтадирган тоғ ёнига бордилар, лекин илгари тазоф қилганларича Каъбага яқинлашмадилар, Арафотдан орқаларига қайтиб, саҳобаларга Каъбани тавоф қилмоқни, Сафо ва Марва орасида югурмоқни, сўнг сочларини калта қилиб, эҳромларини ечмоқни буюрдилар. Юқоридаги амаллар ўзи бирлан қурбонликка аталган бирор ҳайвон ҳайдаб келмаган ва эҳром боғламай, ўзига хушбўй нарсалар суртиб, одатдаги кийимини кийиб, хотини бирлан бирга ҳажга чиққан кишига тааллуқлидир».

 

24-боб. Зулҳулайфада ётиб қолиб, тонг оттирган одам хусусида

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи; ва саллам Мадинада тўрт ракъат, Зулҳулайфада икки ракъат намоз ўқидилар. Шу куни Зулҳулайфада қолиб, тонг оттирдилар. Эрталаб туяларига миниб талбия айтганларида, у қимирламай тек турди».

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада тўрт ракъат пешин, Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар, энди Зулҳулайфада кечаси бирлан қоладирган кўринадирлар»,— деб айтган эканлар.

 

25-боб. Баланд овоз бирла таҳлил айтмоқ ҳақида

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада тўрт ракъат пешин, Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар, мен Жаноб Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг баланд овоз бирла таҳлил айтишаётганини эшитдим»,— дейдилар.

 

26-боб. Талбия айтмоқ тўғрисида

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лаббайка-л-лоҳумма лаб-байк, лаббайка ло шарийка лака лаббайк, инна-л-ҳамда ва-н-ниъмата лака ва-л-мулк, ло шарийка лака» деб талбия айтар эрдилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Мен ҳақиқатан ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай талбия айтганларини яхши биламан, у. киши: «Лаббайка-л-лоҳумма лаб-байк, лаббайка ло шарийка лака лаббайк, инна-л-ҳамда ва-н-ниъмата лака» деб талбия айтар эдилар»,— дейдилар.

 

27-боб. Уловга минганда таҳлилдан илгари такбир, тасбиҳ ва ҳамда ҳамд айтмоқ ҳақида

 

Анас разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз бирлан бирга Мадинада тўрт ракъат пешин, Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар, сўнг шу ерда қолиб, тонг оттирдилар. Сўнг, (эрталаб) туяларини миниб йўлга тушдилар. Байдоъга борганда туялари тўхтаб, қимирламай тек турди, Жаноб Расулуллоҳ Аллоҳ таолога ҳамд, тасбиҳ ва такбир айтдилар, кейин эрса ҳаж ва умрага таҳлил айтдилар. Бошқалар ҳам шундай қилишди. Етиб борганимизда одамларга амр қилиб эрдилар, эҳромларини ечишди та Тарвия куни эканлигига қарамай, ҳажга таҳлил айтишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларни тик турғизиб қўйиб ўз қўллари бирлан қурбонлик қилдилар, Мадинада эрса, иккита ола қўчқор сўйдилар»,— дейдилар.

 

28-боб. Туяси устида таҳлил айтган киши хусусида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туялари тик турган вақтда устида таҳлил айтдилар»,—дейдилар.

 

29-боб. Қиблага юзланиб таҳлил айтмоқ

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Зулҳулайфада бомдод ўқиганларидан кейин туяларини минишга ҳозирлаб олиб келмоқни буюрар эрдилар. Туяни олиб келишгач, уни минар эрдиларда, қиблага юзланиб Масжид ал-Ҳаромга келгунча талбия айтиб келар эрдилар. Зу Туванга келганларида эрса, тонггача ётиб қолар эрдилар. Бомдод ўқисалар, ғусл қилар эрдилар ва «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эрдилар»,— деб айтардилар».

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Маккага бормоқчи бўлсалар, ўзларига ҳидсиз мой суртардилар, сўнг Ҳулайфа масжидига келиб намоз ўқирдилар. Намоздан сўнг туяларига миниб, эҳром боғлар эрдилар, шунда туя тик турган бўларди. Кейин: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам шундай қилганларини кўрганман»,— дер эрдилар».

 

30-боб. Водийга тушганда талбия айтмоқ қақида

 

Мужоҳид разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Биз Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳузурларида эрдик. Одамлар Дажжолни эслашиб, унинг икки кўзи орасига «кофир» деб ёзилган, дейишди.

 

Ибн Аббос:

 «Мен буни эшитмаганман, аммо мен Мусо алайҳиссаломнинг водийга талбия айтиб тушиб келаётганларини кўриб тургандекман»,— дедилар.

 

31-боб. Ҳайз ва нифос кўрган аёл қандай таҳлил айтадир?

 

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Ҳажжат ул-Видоъга чиқиб, умрага таҳлил айтдик. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: «Кимки ўзи бирлан қурбонлик олиб келган бўлса, ҳаж бирлан умрага таҳлил айтсин ва токи иккала ҳажни адо этмагунча эҳромини ечмасин!» — дедилар. Мен Маккага ҳайз ҳолимда келиб, Каъбани тавоф қилолмадим, Сафо бирлан Марва оралиғида югуролмадим. Бу ҳақда Набий, саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтувдим, ул киши: «Сочингни ёзиб, тарағил (яъни, ғусл қилғил), сўнг ҳажга эҳром боғлағил, умрани қўя турғил!» — дедилар, Мен айтганларини қилдим. Биз ҳажни тамомлаб бўлганимизда, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Абдурраҳмон ибн Абу Бакр бирлан бирга Танъимга юбордилар, мен умра қилиб қайтдим. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ менга: «Бу, ўша бажара олмаган умранг ўрнига ўтғайдир»,— дедилар. Ўшанда умрага ният қилганлар Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва оралиғида югуришди, сўнг эҳромларини ечишди. Минодан қайтишгач, яна бир марта Каъбани тавоф қилишди. Аммо, бирваракайига ҳаж ва умрага ният қилганлар фақат бир мартаба Каъбани тавоф қилдилар».

 

32-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Иабий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сингари таҳлил айтган киши хусусида

 

Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуга эҳромни ечмасликни амр қилдилар, чунки унинг қурбонлиғи бор эрди».

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Али разияллоҳу анҳу Ямандан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Нега таҳлил айтдинг, ҳажгами, умрагами?» — дедилар. Ҳазрат Али: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага айтган бўлсалар, мен ҳам ўшанга таҳлил айтдим»,— деб жавоб бердилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Мен ҳам сен нимага ният қилиб эҳром боғлаган бўлсанг, ўшанга эҳром боғладим»,— дедилар.

 

Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Ямандаги бир қавм ҳузурига юбордилар. Қайтиб келганимда Жаноб Расулуллоҳ Батҳода эрканлар, мендан: «Нимага ният қилиб, эҳром боғладинг?» — деб сўрадилар. Мен: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага ният қилиб, эҳром боғлаган бўлсалар, мен ҳам ўшанга эҳром боғладим»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Қурбонлик олиб келганмисан?»— деб сўрадилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. Кейин, амр қилдилар, мен Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва оралиғида югурдим. Сўнг, менга эҳромимни ечмоқни буюрдилар, ечдим. Кейин, бир аёлнинг олдига бордим, у сочимни тараб қўйди (ёки бошимни ювиб қўйди). Шу пайт, олдимга Умар разияллоҳу анҳу келиб, менга бундоқ дедилар: «Агар биз Аллоҳнинг Китобини олиб, ўқиб кўрсак, бизга ҳаж амалларини ниҳоясига етказмоқни буюрганини кўрғаймиз. Аллоҳ таоло: «Ҳаж ва умрани ниҳоясига етказингиз!» — дейди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари масаласига келсак, ул киши қурбонлик қилмагунларича эҳромларини ечмаганлар».

 

33-боб. Аллоҳ таолонинг ҳажга оид ояти кариймаси ҳақида

 

Аллоҳ таоло:

 «Ҳаж муайян ойларда бўлғайдир, кимки шул ойларда ҳажга ният айлаган эрса, ҳажни ниҳоясига етказмагунча шалоқ сўзларни айтмасин, фосиқлик ва жанжал қилмасин!» ва яна: «Сиздан янги ой чиқмоғи ҳақида сўрашғайдир, янги ой, одамлар вақт ва ҳаж мавсумини белгиламоқлари учун чиқғайдир, деб айтинг!» — дейдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Шаввол ва Зулқаъда ойларида ҳамда Зулҳижжа ойининг ўн кунлигида ҳаж қилинғайдир»,— деганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Фақат ҳаж ойларидагина эҳром боғламоқ суннат қилингандир»,— дейдилар. Усмон разияллоҳу анҳу Хуросондан ёки Кирмондан эҳром боғлаб келмоқни макруҳ, деб ҳисоблаганлар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Биз ҳаж ойларида, ҳаж кечаларида ва ҳаж соатларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан биргаликда йўлга чиқиб, Сариф деган ерга келиб тушдик. Жаноб Расулуллоҳ саҳобалар олдига чиқиб: «Қай бирингиз қурбонлик олиб келмаган эрсангиз-у, умрага ният қилган эрсангиз, умрага эҳром боғлангиз, кимки қурбонлик олиб келган эрса, бундоқ қилмасин!»— дедилар. Шунда, баъзи саҳобалар умрага, айримлари ҳажга эҳром боғлашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва айрим саҳобалар, қудрати етиб, қурбонлик олиб келишгани учун ҳам, умрага эҳром боғлашдан маҳрум бўлдилар. Мен бу сўзни тинглаб, йиғлаб ўтирган эрдим, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуримга кириб келиб: «Эй заифам, нега йиғларсен?» — дедилар. «Сизнинг саҳобаларингизга айтган сўзларингизни эшитдим, мен умра қила олмас эрканман»,— дедим. «Сенга не қилди?» — деб сўрадилар. «Мен намоз ўқий олмасмен (яъни, ҳайз кўрдим)»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Зарари йўқдир, сен ҳам Одам Атонинг қизларидан биридирсан, Аллоҳ таоло уларнинг пешоналарига нимаики ёзган бўлса, сенга ҳам ёзгандир, ҳажингда давом қилаверғил»— дедилар. Кейин, биз ҳаждан чиқиб, Минога келдик, у ерда мен тоза бўлдим. Сўнг, Минодан чиқиб, Каъбани тавофи ифоза қилдик. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ бирлан биргаликда Минонинг иккинчи куни (Мино кунлари 4 кун бўлғайдир) йўлга чиқиб, Муҳассаб деган ерга келиб тушдик. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ Абдурраҳмон ибн Абу Бакрни чақириб: «Опанг бирлан эҳромдан чиқғил, опанг умрага эҳром боғласин ва умра аҳкомларини бажариб, шул ерга қайтиб келингиз, чунким мен сизларни кутиб турғаймен»,— дедилар. Биз йўлга чиқдик, мен умра шартларини ҳам бажардим, тавоф ҳам қилиб бўлдим. Сўнг, саҳарда Жаноб Расулуллоҳнинг олдиларига келдим. Ул киши: «Умра қилиб келдингизларми?» — дедилар. Мен: «Ҳа»,— дедим. Кейин, саҳобаларга йўлга отланмоқни буюрдилар, одамлар Мадинага қараб йўл олишди».

 

34-боб. Таматтуъ, иқрон ва ифрод ҳақида; қурбонлиги йўқ киши ҳажга қўйилмайдир

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан биргаликда фақат ҳаж қилғаймиз деган ниятда йўлга чиқдик. Етиб боргач, Каъбани тавоф айладик. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қурбонлик етаклаб келмаган эрса, эҳромини ечсин!» — деб амр қилдилар. Қурбонлик олиб келмаган бир қанча одамлар ҳамда Жаноб Расулуллоҳнинг (мендан бошқа) хотинлари ҳам эҳромларини ечишиб, ҳаждан маҳрум бўлдилар, чунким уларнинг ҳам қурбонликлари йўқ эрди. Мен эрсам, ҳайз кўриб Каъбани тавоф қила олмай қолдим. «Ҳасба» кечаси келгач, «Ё Расулуллоҳ, одамлар бир йўла ҳам ҳаж, ҳам умра қилиб қайтмоқда, мен эрсам фақат ҳаж қилдим, холос»,—дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Маккада эканлигимизда тавоф қилмаганми эрдинг?»—дедилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, уканг бирлан Танъимга бориб, умрага талбия айтғил, сўнг фалон вақтда қайтиб келғил!»— дедилар».

 

Сафия разияллоҳу анҳо бундай дейдилар:

 «Ўшанда одамлар менинг умра қилиб қайтиб келмоғимни кутиб, йўлдан қолишди, деб ўйлайман, чунки мен ҳам ҳайз кўриб қолиб, умра қилолмаган эрдим-да! Жаноб Расулуллоҳ менга: «Нечук бемаънилик! Наҳр кунлари (қурбонлик қиладирган кунлар) тавоф қилмадингми?» — дедилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳечқиси йўқ, тавоф қилиб келғил!»—дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо бундай дейдилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Маккадан чиқиб келаётганларида учратиб қолдилар, шунда мен Маккага кириб кетаётган эрдим, ёки ул киши Маккага кириб кетаётган эрдилар, мен эрсам, Маккадан чиқиб келаётган эрдим».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Ҳажжат ул-Видоъ йилида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга йўлга чиқдик. Баъзимиз умрага, баъзимиз эрса, бир йўла ҳам ҳаж, ҳам умрага талбия айтдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажга талбия айтдилар. Аммо, ким ҳажга ният қилган эрса ёким айни вақтда ҳам ҳажга, ҳг.м умрага талбия айтган бўлса, наҳр кунигача эҳромини ечмади».

 

Марвон ибн Ҳакам айтадирлар:

 «Мен, Усмон ва Али разияллоҳу анҳумолар халифалик қилишган даврларда, ҳажда бўлдим. Усмон бир йўла ҳам ҳаж, ҳам умра қилмоқни манъ этдилар. Ҳазрат Али эрса, бунга эътибор бермай, «Лаббайка би-умратин ва ҳажжатин» деб, ҳам ҳажга, ҳам умрага ният айладилар-да, «Зинҳор бировнинг сўзига кириб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини бажармасдан қўймасмен!»—дедилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Одамлар ҳаж ойларида умра қилмоқни ер юзидаги жамики фосиқликлардан ҳам ёмон, деб ҳисоблашарди. Шунинг учун ҳам Муҳаррам ойи ўрнига Сафар ойида умра қилишарди. Улар: «Агар туянинг яғири бутунлай тузалиб, изи ҳам қолмаса ва сафар ойи тугаса, умра қилмоқ мумкин бўлур»,— дейишарди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари Зулҳижжа ойининг тўртинчи саҳарида ҳажга талбия айтиб келишди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга ҳаж ўрнига умра қилмоқни амр қилдилар. Бу уларга оғир ботиб, «Ё Расулуллоҳ, ҳажга боғлаб келинган эҳромни ечиб, умрага қайта эҳром боғламоқ мумкинми?» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳаж тақтида нимага рухсат этилган бўлса, ҳаммасини қилмоқ мумкиндир»,— деб жавоб бердилар».

 

Абу Мусо разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим, эҳромни ечмоқни буюрдилар»,— дедилар.

 

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари Ҳафса разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Ё Расулуллоҳ, одамлар нега умра қилиб эҳромларини ечмакда-ю, сиз ечмаётирсиз?»—деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Мен сочимни тўзғимайдирган қилиб ёпиштириб олганман, кейин қурбонлик ҳам атаб қўйганман. Шунинг учун қурбонлигимни сўймасдан туриб эҳромимни ечмасман»,— дедилар».

 

Абу Жамра Наср ибн Имрон ривоят қиладирлар:

 «Мен ҳаж ва умра қилмоқ учун рухсат олгандим, лекин одамлар қўйишмади. Шунда, Ибн Аббос разияллоҳу анҳуга шикоят қилдим. Ул киши ҳажни давом эттирмогимни амр қилдилар. Кейин, туш кўрдим. Тушимда бир киши менга: «Эзгу ниятда қилган ҳажинг ва мақбул умранг муборак бўлсин!» — деди. Мен тушимни Ибн Аббоста айтиб бердим. Ул киши: «Бу, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини адо этганинг учундир»,— дедилар. Кейин, бундай дедилар: «Менинг ҳузуримда бўлгил, мен сенга ўз молимдан улуш ажратиб берайин!» Шуъба мендан: «Нега бундай қилдилар?» — деб сўради. Мен: «Кўрган тушим эвазига»,— деб айтдим».

 

 Абу Шиҳоб ривоят қиладирлар:

 «Умра қилиб бўлгач, Маккага келдим. Тарвия кунидан уч кун бурун Маккага кириб келдик. Шунда, айрим маккаликлар менга: «Қилган ҳажингнинг савоби маккаликлар қилган ҳажчалик савобга эгадир»,— дейишди. Мен Ато разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига фатво сўраб кирдим. Ато бундай дедилар:

«Менга Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бир кун давомида бирга қўй етаклаб ҳаж қилишганини айтиб берган эрдилар. «Ўшанда,— деганди менга Жобир,— ҳар ким ўзича ҳажга талбия айтди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: «Каъбани тавоф айлаб ва Сафо ва Марва оралиғида саъй этиб бўлгач, эҳромни ечиб, сочларингизни калта қилингиз, тарвия кунигача эҳром боғламангиз, кейин ҳажга талбия айтиб, илгари қилганларингизнинг ҳаммасини қайта адо этингиз!» — дедилар. Саҳобалар: «Нечук қайтадан адо этғаймиз, ахир биз ҳаж қилурмиз, деб қўйганмиз-ку?!» — дейишди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ: «Айтганимни қилингиз! Агар қурбонлик етаклаб келмаганимда, ўзим ҳам шундоқ қилган бўлур эрдим, бироқ аталган қурбонликни сўймай эҳромимни ечмасман»,— дедилар. Шундан сўнг, саҳобалар Жаноб Расулуллоҳнинг амрларига бўйинсуниб, айтганларини қилдилар».

 

Саъид ибн Мусаййаб ривоят қиладирлар:

 «Али ва Усмон разияллрҳу анҳумо Усфон деган ерда экашгакларида мутъа тўғрисида тортишиб қолдилар. Ҳазрат Али: «Бир"йўла ҳавд. ҳаж, ҳам умра қилмоқни манъ этишинг бирлан, сен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қарши чиққан бўлурсен»,— дедилар-да, унинг сўзига эътибор бермай, бир вақтнинг ўзида ҳаж бирлан умрага талбия айтдилар».

 

35-боб. Ҳажга талбия айтиб қўйган киши ҳақида

 

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Маккага «Лаббайка-л-лоҳумма лаббайка би-л-ҳажжи» деб талбия айтиб келдик. Аммо, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга фармон бериб эрдилар, биз ҳаж ўрнига умра қилдик».

 

36-боб. Таматтуъ ҳақида

 

Имрон разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида таматтуъ қилдик, унинг жоизлиги тўғрисида Қуръон (оят) ҳам нозил бўлди. Бир киши, бир пайтлар ўзбошимчалик қилиб, оғзига келганини айтган эрди (яъни, таматтуъ қилмоқни манъ этган эрди)».

 

37-боб. Аллоҳ таоло: «Бу — аҳли Масжид ул-Ҳаромда бўлмаганлар учундир!» — дейдир

 

Икрима разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ҳаж мутъаси тўғрисида сўраганларида, ул киши бундай деб жавоб бердилар: «Муҳожирлар, ансорлар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Ҳажжат ул-Видоъда ҳажга эҳром боғлашди, биз ҳам ҳажга талбия айтдик. Маккага келганимизда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қурбонликка жонлиқ атаб олиб келганлардан ташқари, барчангиз ҳажга қилган ниятингизни ўзгартириб, умрага талбия айтингиз!»— дедилар. Биз Каъбани тавоф айлаб ва Сафо ва Марвада саъй қилиб, сўнг аёлларимиз ёнига келдик-да, кийимларимизни кийиб олдик. Жаноб Расулуллоҳ: «Кимки қурбонликка атаб жонлиқ олиб келган бўлса, жонлиғини қурбонлик қиладирган жойга олиб бориб, сўймагунча, эҳромини ечмасин!» — дедилар. Кейин, бизга Тарвия кечаси ҳажга талбия айтмоқни буюрдилар. Биз ҳаж удумларини бажарганимиздан кейин, Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марвада саъй қилдик. Шу бирлан ҳажни тугатдик, фақат қурбонликка аталган жонлиқни забҳ (сўйиш) қилмоқ қолганди, холос. Аллоҳ таоло айтганидек, «(Кимга)... қурбонликка жонлиқ олиб келмоқ муяссар бўлмаган эрса...», кимки жонлиқ тополмаган эрса, ҳаж вақтида уч кун, уйига қайтгандан кейин, етти кун рўза тутғайдир. Қурбонликка бир қўй кифоядир. Бир йилда икки удумни — ҳаж ва умрани адо этингиз! Чунким, Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз Китобида нозил қилган ва бу пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамдир! Жаноб Расулуллоҳ Макка аҳлидан бошқа кишиларга бемалол (чекловсиз) ҳаж қилмоққа рухсат берганлар. Аллоҳ таоло: «Бу (ҳукм) — аҳли Масжид ул-Ҳаромда бўлмаганлар учундир!»- дейдир. Аллоҳ таоло зикр этган ҳаж ойлари: Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа. Кимки мана шу ойларда ҳаждан баҳраманд бўлса, қон чиқармоғи (қурбонлик қилмоғи) ёки бунинг эвазига рўза тутмоғи лозим бўлур. Бундан ташқари, у ҳаж давомида шалоқ сўзлар айтмаслигй, хотинига яқинлашмаслиги, фисқу фасод қилмаслиги ва жанжаллашмаслиги керак».

 

38- боб. Маккага кираётганда ғусл қилмоқ ҳақида

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Маккага кирадиган бўлсалар, талбия айтмоқдан тўхтаб, Зу Туван деган ерда ётиб қолар эрдилар. Эртасига ўша ерда бомдод ўқирдилар ва ғусл қилардилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилардилар».

 

39-боб. Маккага кундузи ё кечаси кирмоқ ҳақида

 

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зу Таванда тонг оттириб, сўнг Маккага кирдилар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилар эрдилар.

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зу Туванда қолиб, тонг оттирдилар, сўнг Маккага кирдилар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилар эрдилар».

 

40-боб. Маккага қайси томондан кириладир?

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага Саниййат ул-Уля (Макканинг юқори томонидаги йўл) орқали кириб, Саниййат ус-Суфла (Макканинг қуйи томонидаги йўл) орқали (Маккадан чиқиб кетар эрдилар».

 

41-боб. Макканинг қайси томонидан чиқиладир?

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага Кадоъ деган жой орқали, Батҳодаги Саниййат ул-Улйо йўли бўйлаб кириб борар эрдилар, қайтишда эрса, Саниййат ус-Суфло йўли орқали чиқиб кетар эрдилар».

 

Имом Бухорий ривоят қиладирлар:

 «Унинг исми Мусаддад (яъни, тўғри, ростгўй) эрди. Одамлар уни исми жисмига монанд, деб таъриф қилишар эрди. Яҳё ибн Саъид Яҳё ибн Муъийнга бундай деб айтган эркан: «Мен Мусаддаднинг уйига борсам, ҳадис айтиб берар эрдим, ул бунга жуда муносиб одам эрди. Қоғозга кўчириб қўйилган ҳадислар менда турадирми ёким унда турадирми, менинг учун фарқи йўқ эрди (унга шунчалик ишонар эрдим)».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида унинг юқори томонидан кириб, қуйи томонидан чиқдилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Жаноб Расулуллоҳ Макка фатҳ бўлган йили шаҳарга Кадоъ томондан кириб, унинг юқори томонидаги Кудодан чиқдилар»,— дейдилар. Ҳишом разияллоҳу анҳу: «Урва иккаласидан ҳам, Кадоъдан ҳам, Кудодан ҳам кираверар эрдилар, лекин кўпинча уйларига яқин бўлган Кадоъдан кирар эрдилар»,— дейдилар».

 

Ҳишом ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ бўлган йили шаҳарга юқори томондаги Кадоъдан кирдилар. Урва ҳам кўпинча Кадоъдан кирардилар, чунки у уйларига яқинроқ эди».

 

Ҳишом ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ бўлган йили шаҳарга Кадоъ орқали кирдилар, Урва эрса иккаласидан ҳам, Кадоъдан ҳам, Кудодан ҳам кираверар эрдилар, лекин кўпинча уйларига яқин бўлган Кадоъдан кирар эрдилар». Имом Бухорий: «Кадоъ ва Кудо бошқа-бошқа жойдир»,— дейдилар.

 

42-боб. Макка бирлан ундаги бинонинг фазилати ҳақида

 

Аллоҳ таоло бу хусусда бундай дейдир:

 «Биз Каъбани одамлар учун ҳар йили тўпланадирган жой қилиб бердик ва унга тинчлик-омонлик бахш этдик, шундоқ эркан, Иброҳим Мақомини ўзингизга намозгоҳ қилиб олингиз! Биз Иброҳим ва Исмоилга «Уйимни (Байтуллоҳни) тавоф ва эътикоф этгувчилар учун ҳамда рукуъ ва сажда қилмоқ учун покиза қилингиз!» деб топширдик. Иброҳим: «Ё раббий, бу юртни тинчлик-омонлик масканига айлантирғил, унинг Аллоҳга иймон келтирган, охират кунига ишонган аҳлига неъматингни бисёр қилгил!» — деб илтижо қилган эрди. Аллоҳ таоло: «Ким кофир бўлса, кам неъмат берғаймен, сўнг уларни дўзах азобига мубтало қилғайдирмен»,— деган. Охират қанчалик даҳшатлидир! Эслангиз, Иброҳим ва Исмоил Каъбанинг пойдеворини қураётиб: «Ё раббимиз, ушбу биномизни қабул айлағил, ҳақиқатан сен ўзинг эшитгувчи, билгувчи зотдирсен! Ё раббимиз, бизни ўзингга бўйин эгган мусулмон банда қилғил, зурриётимизни ҳам мусулмон уммат қилғил, бизга ҳажда адо этмоғимиз лозим бўлган удумларни кўрсатғил (айтғил), бизнинг тавбаларимизни қабул этғил, ҳақиқатан сен ўзинг тавбамизни қабул қилғувчи меҳрибон зотдирсен!»—дейишган».

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Каъба қайта қурилаётганда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан Аббос тош ташимоққа бордилар (келдилар). Аббос Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Изорингни ечиб, елкангга қўйиб олғил!» — дедилар. Жаноб Расулуллоҳ шундай қилган эрдилар, кўзлари тиниб, бошлари айланиб, чалқанча йиқилиб тушдилар. Кейин: «Изорим қани, олиб берингиз!» — дедилар. Изорларини олиб беришган эрди, ўраниб олдилар».

 

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Қавминг Каъбани қайта қурган вақтда Иброҳим қурган пойдеворни пасайтирганларин билмасмисен?» — дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Иброҳим қурган пойдеворни аслига келтириб қўймасмисиз?» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Агар қавминг яқиндагина кофир бўлмаганда эрди, шундоқ қилган бўлур эрдим»,— дедилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Агар Оиша разияллоҳу анҳо бу ҳадисни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эрсалар, унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижр (девор) яқинидаги икки устунни силаб, ўпмаганлар, деёлмасман, чунки Каъбанинг пойдевори Иброҳим давридагидек қилиб, аслига келтирилмаган».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Каъба девори ичкарига олинадирми?» — деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа»,— дедилар. Мен: «Нечук улар деворни Каъба ичига олмаганлар?»—дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Қавмингга нафақа камлик қилган»,— дедилар. Мен: «Нечун эшиги баланд қилиб қурилган?» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Қавминг ўзлари истаган кишиларни киритиб, истамаганларини қўймаслик учун шундоқ қилишган. Агар қавминг жоҳилиядан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, деворни бузиб, Каъба ичкарисига олар эрдим, эшигини эрса, ерга ёпиштириб (остонасини паст қилиб) қурар эрдим, лекин уларнинг қалблари инкор қилмоғидан (феъллари айниб, исломдан қайтиб қолмоқларидан) чўчиғайдирмен».— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: Агар қавминг яқиндагина кофирликни тарк этиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида эрди, мен Иброҳим алайҳи-с-салот ва-с-салом давридаги пойдеворни тиклаб. Каъбани қайта қурган бўлар эрдим. Қурайш аҳли бинони паст қуриб қўйди. Мен орқадан ҳам эшик қурган бўлар эрдим»,— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиядан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, мен Каъбани шаксиз бузмоққа амр қилур эрдим, ундан нимаики ташқарига олиб чиқиб қурилган бўлса, ичкарига олар эрдим, мавжуд эшик остонасини пасайтириб, яна иккита — машриқ ва мағриб томондан эшиклар очар эрдим. Иморатнинг пойдеворини Иброҳим алайҳи-с-салот ва-с-салом давридагидек қилиб қурар эрдим»,— дедилар.

Мана шуларнинг ҳаммасини бузмоқ Ибн Зубайр зиммасига тушди. Язид разияллоҳу анҳу: «Мен Ибн Зубайр Каъбани бузиб, янгидан барпо қилганининг шоҳиди бўлганман, у ҳижрнинг (деворнинг) бир қисмини Каъба ичкарисига олди, кейин мен Иброҳим қурган пойдевор тошини ҳам кўрдим, у туя ўркачига ўхшар эркан»,— дейдилар. Жарир разияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Мен Язиддан эски пойдеворнинг қаердалигини сўрадим. Ул киши: «Ҳозир сенга кўрсатғаймен»,— дедилар-да, мени ҳижр ортига олиб ўтиб, «У мана шул ердадир»,— деб кўрсатдилар. Мен пойдеворнинг кенглигини тахминан олти зироъ (1 зироъ. 75 см) деб чамаладим».

 

43-боб. Муҳаррам маскан фазилати

 

Аллоҳ таолонинг икки ояти кариймасида бундай дейиладир:

 «Менга, шул шаҳарнинг рабби — уни муҳаррам этмиш Аллоҳ таолога ибодат айламак амр қилинди, барча нарсалар унинг мулкидир ва менга мусулмон бўлмоқ (ҳам) амр қилинди», «Аё, биз уларга ҳар нарсанинг меваси тортиқ қилинажак амн мақоми бўлмиш муҳаррам маскандан жой ато қилмадикми? Ва лекин уларнинг кўплари (буни) билишмағайдир (кўрнамаклик қилишғайдир)».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ бўлган куни: «Аллоҳ муҳаррам этган бу масканнинг (ҳатто) тикони (ҳам) юлинмаслиги, жониворлари ҳуркитилмаслиги, унда йўқолган (биров йўқотган) нарсалар (эрса) эълон қилмоқ ниятидан ўзга мақсадда олинмаслиги лозимдир!» — деганлар».

 

44-боб. Маккадаги уйларни меросга бериш, сотиш ва сотиб олиш ҳақида; Масжид ул-Ҳаромдагиларнинг барчаси тенгдир!

 

Аллоҳ таоло ояти кариймасида бундай дейдир:

«Кофир бўлиб, халқни Аллоҳ йўлидан қайтарадирғонларни ҳамда маҳаллий аҳоли ва бегоналар учун биз тенг ҳуқуқли ибодат маскани қилиб берган Масжид ул-Ҳаромдан қайтарадирғонларни, шунингдек, унда эгрилик ила зулм қилмоқни истаганларни зулм бирла дардли азобга мубтало қилғайдурмиз!»

 

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Жаноб Расулуллоҳдан: «Ё Расулуллоҳ, қай ерга тушғайсиз, Маккадаги ҳоалингизгами?»—деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ақил бизга бирор ҳовли ва уй қолдирдимикин?» — дедилар. Ақил ва Толиб оталари Абу Толибдан мерос олишган бўлиб, Жаъфар ва Али эрса, ҳеч қандай мерос олишмаган эрди. Чунки улар мусулмон бўлиб, Ақил ва Толиб кофир эрди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Мўъмин кофирдан мерос олмагайдир»,— дер эрдилар. Ибн Шиҳоб Зуҳрий: «Улар Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ таолога иймон келтириб ва Аллоҳ таоло йўлида ватанларини тарк этиб, ҳижрат айлаган ҳамда молу жонларини тикиб, жиҳод қилган бандаларга ва муҳожирларга мададкор бўлиб бошпана бергувчилар бир-бирларига меросхўрдирлар» деган сўзига амал қилишар эрди»,— дейдилар».

 

45-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага тушишлари (боришлари) ҳақида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага бормоқчи бўлганларида: «Худо хоҳласа, эртага Баний Кинона куфрга аҳд қилган ерга — Хайфга борғайдирмиз?» — дедилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода эканликларида: «Эртага, Наҳр куни биз Баний Кинонанинг Хайфига — улар кофирликка садоқат билдириб, қасамёд қилган ерга борғайдирмиз»,—дедилар. Шунда ул киши Муҳассабни (Минодаги тош отадирган жойни) назарда тутдилар. Ўша ерда Қурайш ва Кинона қабилалари Баний Ҳишом ва Баний Абд ул-Муталлиб (ёки Баний ул-Муталлиб) қабилаларига Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ушлаб топширмагунларича ўзаро қиз олди-берди ва савдо-сотиқ қилмасликка онт ичишганди».

 

46-боб.

 

Аллоҳ таоло икки ояти кариймасида бундай дейдир:

 «Иброҳим айтган эрди: «Эй Парвардигор-о, бул шаҳарни омонлик мақоми айлағил (ва) мени ва менинг фарзандларимни бутларга ибодат қилмоқдан сақлағил!»; «Парвардигорим, булар (бутлар) кўп инсонларни йўлдан оздирмишдир. Кимки менга эргашғайдир, ул менга мансубдир ва кимки менга осийлик қилғайдир, сен албатта мағфиратлик меҳрибондирсен! Эй Парвардигоримиз, ҳақиқатан мен баъзи авлодимни (яъни, Ҳазрат Исмоъил алайҳиссаломни, чунким Ҳазрат Исҳоқ ва бошқалар Шомда эрдилар) экин унмайдирган ерга — ҳурматли уйинг қошиға жойлаштирдим. Эй раббимиз, улар намоз ўқисинлар, сен айрим инсонларнинг дилларини уларга моил айлағил!»

 

47-боб.

 

Аллоҳ таоло ояти кариймасида бундай дейдир:

 «Аллоҳ таоло Каъбани — Байт ул-Ҳаромни ҳам, ҳурматли ойларни (ҳаж ойларини) ҳам, бўйнига нишон осилган жонликларни (қурбонлик айламоқ ниятида бўйнига бирор аломат осиб қўйилган жонлиқларни) ҳам инсонларнинг (бу дунёда) тирик турмоқлари учун сабаб қилди. Булар, сизлар Аллоҳ таолонинг осмонларда ва ер остида мавжуд ҳар бир нарсадан хабардор ҳамда ҳар бир нарсани албатта билгувчи зот эрканлиғин билиб қўймоғингиз учун шундоқ қилингандир!»

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъбани икки болдири ингичка, қуруқшаган ҳабаш хароб қилғайдир»,— деганлар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Рамазон фарз бўлмоғидан олдин Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутишар эрди. Ўша куни Каъбага парда тутилғай эрди. Аллоҳ таоло Рамазонни фарз қилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким истаса, ўша куни рўза тутсин, ким истамаса, тутмасин!» — дедилар».

 

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яъжуж ва Маъжуж чиққандан кейин ҳам Каъба, албатта,. ҳаж ва тавоф қилинғусидир»,— дедилар. Шўъба: «Каъба тавоф қилинмай қолгунига қадар қиёмат содир бўлмағайдир»,— дедилар».

 

48-боб. Каъбага жилд кийдирмоқ ҳақида

 

Абу Воил ривоят қиладирлар:

 «Мен ва Шайба Каъбадаги курсига келиб ўтирдик. Умар разияллоҳу акҳу ҳам ўша ерда ўтирган эрдилар. Ул киши: «Мен Каъбада тиллани ҳам, кумушни ҳам қолдиргим келмай, барчасини одамларга тақсимлаб бердим»,— дедилар (Одамлар Каъбага ташлаб кетган садақалар назарда тутилаётир). Шунда мен: «Сизнинг икки дўстингиз бундоқ қилишмади-ку?!»—дедим. Ҳазрат Умар: «Улар мен иқтидо қиладирган кишилардир»,— дедилар».

 

49-боб. Каъбанинг бузиб ташланмоғи тўғрисида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўшин Каъбага уруш қилмоқчи бўлғайдир, бироқ уларни ер ютиб кетғайдир» деганлар»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Каъбани бузаётган кишини кўриб тургандекман, ул қоп-қора, икки оёғи маймоқ бўлиб, Каъбанинг тошларини битталаб кўчирмакдадир»,— дедилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъбани икки болдири ингичка, қуруқшаган ҳабаш бузғайдир» — деб айтдилар»,— дейдилар.

 

50-боб. Ал-Ҳажар ул-Асвад — Қора Тош ҳақида не дейилган?

 

Обис ибн Рабийъа ривоят қиладирлар:

 «Умар разияллоҳу анҳу Қора Тошга келиб ўтирдилар-да, «Мен сенинг тош эрканлиғингни ва зараринг ҳам, фойданг ҳам йўқ эрканлиғини билурмен. Агар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпаётганларини кўрмаганимда, мен сени ўпмас эрдим»,— дедилар».

 

51-боб. Каъбанинг ёпилмоғи ҳақида; Каъбанинг қайси томонига қараб намоз ўқимоқни хоҳласа, ўқийверғайдир

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Усома ибн Зайд, Билол ва Усмон ибн Талҳа Каъбага кириб, эшигини ёпиб қўйдилар. Улар эшикни очишганда мен биринчи бўлиб ичкарига кирдим. Шунда, Билолни учратиб: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ичида намоз ўқидиларми?» — деб сўрадим. Билол: «Ҳа, икки яманий устун оралиғида»,— деб жавоб бердилар».

 

52-боб. Каъбада намоз ўқимоқ тўғрисида

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу, агар Каъбага кирсалар, эшикни орқаларида қолдириб, тўғриларига қараб юрар эрдилар-да, ўзлари бирлан рўпараларидаги девор оралиғида уч тирсак масофа қолдириб, сўнг намоз ўқир эрдилар. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ерда намоз ўқиганлар» деб Билол кўрсатган жойни танлар эрдилар. Лекин, Каъбанинг қайси томонига қараб намоз ўқиса ҳам, ҳеч кимга гуноҳ бўлмағайдир».

 

53-боб. Каъбага мутлақо кирмаган одам ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу кўп ҳаж қилар эрдилар, лекин Каъбага кирмас эрдилар.

 

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умра қилиб, Каъбани тавоф айладилар. Сўнг, Мақоми Иброҳим ортига ўтиб, икки ракъат намоз ўқидилар. Шунда, ҳамроҳлари ул кишини одамлар назаридан тўсиб туришган эрди. Иттифоқо, бир киши менга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага кирдиларми?»—деб айтди. Мен: «Йўқ»,— дедим».

 

54-боб. Каъбанинг бир чеккасига бориб, такбир айтган одам хусусида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида, Каъбанинг ичида бутлар бўлгани учун, у ерга кириб намоз ўқигилари келмади. Шунда, Каъбадан бутларни олиб чиқиб ташламоқни амр қилиб эрдилар, уларни олиб чиқиб ташлашди. Кейин, Иброҳим ва Исмоилнинг қўлларида азлом ушлаган ҳолда тасвирланган суратларини ҳам олиб чиқиб ташлашди».

 

55-боб. Лўкиллаб югуриш удуми қачон бошланган?

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул.кишининг саҳобалари Маккага келганларида, мушриклар саҳобаларга қараб: «Сизларни ул (Расулуллоҳ) бошлаб келган, аслида сизларни Ясриб (Мадина) мудофааси заифлаштириб қўйгандир»,— дейишди. Шунда, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига лўкиллаб югуриб Каъбани уч марта айланиб чиқмоқни, кейин икки устун оралиғида юрмоқни буюрдилар. Жаноб Расулуллоҳ Каъба теграсида кўпроқ лўкиллаб югурмоқни буюрсалар бўлар эрди-ю, лекин саҳобаларга раҳмлари келди».

 

56-боб. Маккага келганда тавоф қилмоқни Қора Тошни ўпишдан бошламоқ ва уч марта лўкиллаб югурмоқ тўғрисида

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, энг аввало Қора Тошни ўпар эрдилар, сўнг етти марта ўрнига уч марта Каъбани лўкиллаб югуриб айланиб чиқар эрдилар».

 

57-боб. Ҳаж ва умрада лўкиллаб югурмоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умрада уч марта лўкиллаб югуриб, тўрт марта юрдилар».

 

Абу Аслам ривоят қиладирлар:

 «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Қора Тошга хитоб қилиб: «Аммо, худо ҳаққи, мен сенинг фойданг ҳам, зараринг ҳам йўқ бир тош эрканлиғингни билурмен. Агар, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сени ўпиб, тавоф қилганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпиб тавоф қилмас эрдим»,— дедилар. Кейин, Қора Тошни ўпиб тавоф қилдилар-да, «Лўкиллаб югурмоқ бизга не бўлибдир! Дарҳақиқат, (бир пайтлар) лўкиллаб югурмоқ бирлан биз мушрикларга ўзимизнинг бақувват эканлигимизни кўрсатиб қўйган эрдик, кейин уларни Аллоҳ таоло ҳалок қилди, энди лўкиллаб югурмоққа ҳожат бўлмаса-да, биз Жаноб Расулуллоҳдан қолган одатни тарк этмоқни истамасмиз»,— дедилар».

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу икки устунни ўпиб тавоф қилганларини кўрганимдан буён мен ҳам уларни ўпиб тавоф қилмоқни қўймасмен»,— дедилар. Убайдуллоҳ Нофиъга: «Ибн Умар икки рукн орасида юриб тавоф қилурми эрди?» —дедилар. Нофиъ: «Уларни ўпиб тавоф қилмоқ мақсадидагина юрар эрдилар»,— дедилар.

 

58-боб. Устунни ҳасса бирлан силаб тавоф қилмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжат ул-Видоъда туя минган ҳолда устунни ҳассалари бирлан силаб тавоф қилдилар»,— дейдилар.

 

59-боб. Яманий икки устундан бошқасини ўпиб тавоф қилмаган одам хусусида

 

Абушшаъсо ривоят қиладирлар:

 «Каъбадаги ҳар бир нарсага тақво кўзи бирлан қараган киши ким эрди? Муовия у ердаги ҳамма устунларни ўпиб тавоф қилар эрдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Муовияга: «Анави икки устун ўпиб тавоф қилинмағайдир»,— деганларида, Муовия: «Байтуллоҳда тавоф қилинмайдирган нарсанинг ўзи йўқдир!» — дедилар. Ибн Зубайр разияллоҳу анҳу ҳам у ердаги устунларнинг барчасини ўпиб тавоф қилар эрдилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Байтуллоҳдаги икки яманий устундан бошқасини ўпиб тавоф қилганларини кўрмагандирман»,— дейдилар.

 

60-боб. Қора Тошни ўпиб тавоф қилмоқ ҳақида

 

Зайднинг отаси Аслам:

 «Мен Умар разияллоҳу анҳунинг Қора Тошни ўпа туриб: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сени ўпаётганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпмас эрдим» — деганларини эшитганман»,— дейдилар.

 

Зубайр ибн Арабий ривоят қиладирлар:

 «Бир киши Ибн Умар разияллоҳу анҳудан Қора Тошни ўпиб тавоф қилмоқ ҳақида сўради. Ибн Умар: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уни ўпиб тавоф қилаётганларини кўрганман»,— дедилар. Шунда ул: «Агар (бу тўғрида сен бирлан) баҳслашиб енгсам, не дерсан?»—деди. Ибн Умар: «Не дерсанингни ўшал Яманингга бориб айтғайсен! Мен (ҳақиқатан ҳам) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қора Тошни қучоқлаб, ўпаётганларини кўрганман»,— дедилар».

 

61 -боб. Устун олдига келганда унга ишора қилиб қўймоқ

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туя миниб Байтуллоҳни тавоф қилар эрдилар ва ҳар гал устун олдига келганларида унга ишора қилиб қўяр эрдилар».

 

62-боб. Устун олдида туриб такбир айтмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяда Байтуллоҳни тавоф қилдилар. Шунда ҳар гал устун олдига келганларида қўлларидаги нарса бирлан унга ишора қилиб қўйиб, сўнг такбир айтдилар».

 

63-боб. Маккага келганида, уймга қайтишдан аввал, Байтуллоҳни тавоф қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнг Сафога чиқиб борган киши хусусида

 

Урва ибн Зубайр ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида, Энг аввало таҳорат олиб, тавоф айладилар, кейин умра қилмай, ҳаж қилдилар. Сўнг, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳу ҳам шундай ҳаж қилдилар. Кейинчалик, мен отам Зубайр разияллоҳу анҳу бирлан ҳаж қилганимда, ул киши ҳам дастлаб тавоф айлаб, сўнг ҳаж қилдилар. Кейин, муҳожир ва ансорларнинг ҳам шундай қилганларини кўрдим. Менинг онам холам Оиша, Зубайр ва фалончи-пистончилар бирлан умрага таҳлил айтиб, устунни силаб тавоф қилишгач, эҳромларини ечишганини менга айтдилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ёким умрага эҳром боғласалар, энг аввало уч марта саъй қилиб ва тўрт марта юриб тавоф айлар эрдилар, сўнг икки ракъат намоз ўқигач, Сафо ва Марва оралиғини зиёрат қилар эрдилар».

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтуллоҳга келсалар, энг аввало уч марта саъй қилиб ва тўрт марта юриб тавоф айлар эрдилар. Сафо ва Марва оралиғини тавоф айлаганларида селхона бўйлаб саъй қилар эрдилар».

 

64-боб. Аёлларнинг эркаклар бирлан бирга тавоф қилиши ҳақида

 

Ибн Журайж ривоят қиладирлар:

 «Макка валиаҳди Ибн Ҳишом аёлларнинг эркаклар бирлан бирга тавоф айламоғини манъ қилганида, «Қандай қилиб манъ қилғайсен? Ахир, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам эркаклар бирлан бирга тавоф қилганлар-ку!» — деб айтгандим»,— дедилар Ато разияллоҳу анҳу. Мен у кишидан: «Чиммат киймоқ фарз қилинишидан олдинми, Кейинми?»—деб сўрадим. Ато разияллоҳу анҳу: «Ўлай агар, ёлғон сўзласам, бу воқеа чиммат киймоқ фарз қилинганидан кейин бўлган эрди»,— дедилар. Шунда мен: «Қандай қилиб аёллар эркакларга аралашиб, тавоф айламоғи мумкин?»— деб сўрадим. Ато разияллоҳу анҳу: «Аёллар эркакларга аралашмас эрди. Масалан, Оиша онамиз эркаклардан нарида, бир чеккада туриб тавоф қилаётганларида, бир аёл келиб, «Эй мўъминлар онаси, юрингиз (Қора Тошни) ўпиб, тавоф айлағаймиз!» — деганида, Оиша онамиз: «Йўқ, ўзинг бораверғил!»—деб кўнмаган эрдилар. Лекин, аёллар кечалари ёпинғич ёпиниб, тавоф қилгани чиқишарди. Аммо, эркаклар Каъбага кириб кетишганда, улар қайтиб чиққунларича пойлаб туришарди. Эркаклар чиққач, киришарди. Мен ва Убайд ибн Умайр, Оиша онамиа Сабийр деган тоғ дарасида тоат-ибодат бирла машғул бўлиб турганларида, ҳузурларига бордик. Шунда мен: «Оиша онамиз қандай чодирдалар?»— деб шеригимдан сўрадим. «Туркий чодирдалар»,— деб айтди. Оивда онамиз бирлан бизнинг ўртамизда ўша чодирдан бўлак тўсиқ йўқ эрди. Мен Оиша онамизнинг қизил кўйлак кийиб олганларини кўрдим».

 

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Мен Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бетоблигимдан нолидим. Ул киши: «Уловда одамларга эргашиб тавоф айлағил!» — дедилар. Мен тавоф этдим, Жаноб Расулуллоҳ эрса, Каъба ёнида намоз ўқиб, «Ва-т-Тур» деган сурани тиловат қилдилар».

 

65-боб. Тавоф вақтида гапирмоқ мумкинми?

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф айлаётиб, қўлини тасма бирлан бошқа бир одамнинг қўлига боғлаб олиб, етаклаб кетаётган кишининг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тасмани кесиб юбордилар-да, унга: «Қўлидан етаклағил!»—дедилар».

 

66-боб. Тавоф қилаётиб, тасма ёки бошқа макруҳ нарсани кўрса, кесиб ташлайдир

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тасма (ёким шунга ўхшаш нарса) тақиб тавоф қилаётган кишини кўриб, (тасмасини) кесиб ташладилар.

 

67-боб. Яланғоч одам Каъбани тавоф қилмайдир ва мушрик ҳаж қилмайдир

 

Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ривоят қиладирлар:

 «Абу Бакр Сиддик разияллоҳу анҳу Наҳр куни (қурбойлик қиладирган куни) Ҳажжат ул-Видоъдан олдин Абу Ҳурайрани бир гуруҳ одамлар бирлан бирга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бажармоқни буюрган ҳажга юбориб, «Билиб қўйингиз, бу йилдан кейин мушриклар ҳаж қилмағайдир ва яланғочлар Каъбани тавоф айламағайдир!» деб жар солмоқни буюрдилар».

 

68-боб. Тавофи бузилса...

 

Ато разияллоҳу анҳу:

 «Агар бирор киши тавоф айлаётганда намоз бошланиб қолса ёким одамлар оқими тавоф қилаётган ўрнидан нарига суриб кетса, тавофини келган жойидан давом эттирғайдир»,— дейдилар. Шу каби ҳадисларни Ибн Умар ва Абдурраҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳумолар ҳам ривоят қилишган.

 

69-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам еттинчи тавофда икки ракъат намоз ўқидилар

 

Нофиъ:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу ҳар еттинчи тавофда икки ракъат намоз ўқир эрдилар»,— дедилар. «Тавофнинг икки ракъат намози ўрнига фарз намози ўқиса, кифоядир»,— дедилар Ато. Шунда Зуҳрий: «Суннатга риоя қилмоқ афзалроқ, чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам етти марта тавоф этсалар, икки ракъат намоз ўқимай қўймас эрдилар»,— дедилар.

 

Амр ривоят қиладирлар:

 «Биз Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: «Умрада, Сафо ва Марва орасини тавоф этмасдан олдин, киши (ўзининг) аёлига қўшила олғайдирми?»—деб сўрадик. Ул киши бундай дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, Каъбани етти мартаба тавоф айладилар, сўнг Мақоми Иброҳим ортига ўтиб, икки ракъат намоз ўқидилар. Кейин, Сафо ва Марва орасини тавоф қилдилар-да, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир!» деган оятни ўқидилар». Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан сўраган эрдим, «Сафо ва Марва орасини тавоф қилиб бўлмагунча, киши аёлига ёқинлашмағайдир»,— дедилар».

 

70-боб. Каъбани тавоф этиб, Арафотга чиқиб келгандан кейин, қайта Каъбага яқин бормаган ва уни тавоф қилмаган киши хусусида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, Каъбани тавоф айладилар, сўнг Сафо ва Марва орасида саъй қилдилар. Кейин, Арафотга чиқиб келдилар-да, Каъбани бир марта тавоф этганларича, қайтиб тавоф қилмадилар».

 

71-боб. Тавофнинг икки ракъат намозини масжид ташқарисида ўқиган киши; Умар разияллоҳу анҳу Масжид ул-Ҳаром ташқарисида намоз ўқидилар

 

Умму Салама разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тобим йўқлигидан нолидим»,— дейдилар (Бу ҳадис такрюран ривоят қилинадир, шу сабабли тўлиқ келтирилмаган).

 

Урва разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эканликларида, Каъбани тавоф этмоққа чиқмоқчи бўлиб турганларида, ҳануз Каъбани тавоф айламаган Умму Салама ҳам бирга чиқмоқчи бўлди. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бомдодни ўқиган бўлсанг, туянгга миниб, одамлар намоз ўқиб турган пайтда Каъбани тавоф айлаб олғил!» — дедилар. Умму Салама шундай қилди».

 

72-боб. Иброҳим Мақоми ортида икки ракъат намоз ўқиган киши

 

Ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келдилар-да, Каъбани етти мартаба тавоф қилиб, Иброҳим Мақоми орқасида икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг Сафога чиқдилар. Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир»,— деган».

 

73-боб. Бомдод ва асрдан кейин тавоф қилмоқ

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу тавофнинг икки ракъат намозини Қуёш чиққунгача ўқирдилар. Умар разияллоҳу анҳу бомдоддан сўнг Каъбани тавоф қилдилар, кейин туяларига миниб, Зу Туванга бордилар-да, икки ракъат тавоф намози ўқидилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилидирлар:

 «Бомдод намозидан сўнг, одамлар Каъбани тавоф қилишди, кейин ваъз тинглашди. Ваъздан сўнг эрса, Қуёш чиққанлигига қарамай, намоз ўқишди. Улар намоз ўқимоқ макруҳ қилинган вақт бўлишига қарамай намоз ўқидилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуёш чиқиш ва ботиш вақтларида намоз ўқимоқни манъ қилганларини эшитганман»,— дейдилар.

 

Абдулазиз ибн Руфайъ:

 «Мен Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳунинг бомдоддан кейин Каъбани тавоф қилиб, икки ракъат тавоф намози ўқиганларини кўрдим»,— дейдилар.

 

Оиша онамиз:

 «Мен Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг асрдан кейин икки ракъат намоз ўқиганини кўрдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Каъбага кирсалар, албатта икки ракъат тавоф намози ўқир эрдилар»,— дейдилар.

 

74-боб. Касал одам улов миниб тавоф қиладир

 

Ибн Аббос разияллоху анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алаиҳи ва саллам туя миниб Каъбани тавоф айладилар, устун олдига келганларида эрса, асолари бирлан унга ишорат қилиб, такбир айтдилар»,— дейдилар.

 

Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бетоблиғимдан нолидим. Шунда, ул киши менга: «Одамларга эргашиб Каъбани тавоф айлағил!»—дедилар. Мен айтганларидек тавоф қилдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эрса, Каъба ёнида намоз ўқиб, «Ва-т-Тури ва китаб-им-мастур» сурасини зам қилар эрдилар».

 

75-боб. Сиқойат ул-ҳожжи — ҳожиларни сув бирлан таъминламоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Аббос ибн Абдулмуталлиб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Мино кунлари Маккада тўхтаб, сиқойат қилиб олмоққа рухсат сўраб эрди, рухсат бердилар».

 

Икрима разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сиқойат (ҳожилар сув оладирган) жойига келиб, сув сўрадилар. Шунда, Аббос ўғлига: «Эй Фазл, онангнинг олдига борғил-да, ундаги мавжуд сувдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга элтиб берғил!» — деди. Фазл онасидан сув олиб, Жаноб Расулуллоҳга олиб борганда, ул киши: «Ичириб қўйғил!» — дедилар. Фазл: «Ё Расулуллоҳ, бу сувга қўл тиқилган»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ичирғил дерман!» — дедилар. Фазл сув ичириб қўйгач, Замзам қудуғи олдига боришди. У ердаги кишилар қудуқдан сув тортиб олиб, ташналарга ичиришаётган эрди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: «Ишлайверингиз, сизлар хайрли иш қилмакдасизлар»,— дедилар. Кейин, яна: «Агар қаршилик қилмасангизлар, туядан тушиб, арқонни елкамга қўйиб, мен ҳам сув тортишар эрдим»,— дедилар».

 

76-боб. Замзам ҳақида қандай ривоятларни келтиришади?

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ўзлари эшитган қуйидаги ҳадисни ривоят қиладирлар:

 «Мен Маккадалиғимда,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ,— уйимнинг томи очилиб, Жаброил алайҳиссалом тушдилар. Кейин, кўкрагимни ёриб, замзам суви бирлан ювдилар-да, тилла лаган тўла ҳикмат ва иймон келтириб, ичига солдилар. Сўнг, кўкрагимни ёпиб, аслига келтирдилар, кейин қўлимдан ушлаб, осмоннинг энг пастки қаватига олиб чиқдилар. Шунда, Жаброил алайҳиссалом осмоннинг энг пастки қавати посбонига: «(Эшикни) очғил!» — дедилар. Посбон: «Бул кимдир?»—деди. Ҳазрат Жаброил: «Бул менман, Жаброилман»,— дедилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тик турганларида замзам ичирдим»,— дейдилар. Осим разияллоҳу анҳу эрса: «Ибн Аббоснинг озод қилинган қули (мавло) Икриманинг онт ичиб айтишига қараганда, ўшал куни Жаноб Расулуллоҳ фақат туя миниб юрганлар»,— дейдилар.

 

77-боб. Қорин — бир йўла ҳаж ва умра қиладирган шахс нечук тавоф қиладир?

 

Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Ҳажжат ул-Видоъ куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга чиқиб, умрага эҳром боғладик. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: «Кимнинг жонлиги бўлса, бир йўла ҳаж ҳам умрага ният айлаб, эҳром боғласин, ҳар иккала удумнк адо этмагунча эҳромини ечмасин!»— дедилар. Мен ҳайз кўрган ҳолимда Маккага келган эрдим. Ҳаж (катта ҳаж) қилиб бўлганимизда, Жаноб Расулуллоҳ мени (укам) Абдурраҳмон бирлан бирга Танъимга юбордилар, мен умра қилиб қайтдим. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ менга: «Бу (ҳайз бўлиб қолиб, қилолмаган) умранг ўрнига ўтғайдир»,— дедилар. Умрага эҳром боғлаганлар (Каъбани) тавоф этишгач, эҳромларини ечишди. Аммо, бир йўла ҳаж ҳам умрага талбия айтганлар Каъбани бир марта тавоф қилишди».

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар ҳузурларига ўғиллари Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ туясини ҳовлида қолдириб, кириб келди-да: «Мен бу йил одамлар орасида уруш бўлмаслигига ишонмасман, Каъбани тавоф қилгани чиқсангиз, йўлингизни (кофирлар) тўсмоғи мумкин. Бу йил ҳаж қилмай турсангиз бўларми эрди?» — деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Каъбани тавоф қилгани чиққанларида Қурайш кофирлари йўлларини тўсиб, ул киши бирлан Каъба оралиғида туриб олган эрди, агар менга ҳам шундоқ қилишса. унда Жаноб Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир, дейишадир-ку, ахир!»—дедилар Ибн Умар. Кейин яна: «Сизларни гувоҳ қилиб айтурменким, умра устига албатта ҳаж ҳам қилғайман!»—деб қўшиб қўйдилар, сўнг, Каъбага бориб, иккала ҳаж учун бир марта тавоф қилдилар».

 

78-боб. Таҳорат олиб тавоф қилмоқ ҳақида

 

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Навфал Қурайший Урва ибн Зубайрга (таҳорат олиб тавоф қилмоқ ҳақида) савол бердилар. Шунда, Урва бундай деб жавоб қилдилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам,— деб эдилар Оиша онамиз,— Маккага ҳаж қилгани келганларида, дастлаб таҳорат олдилар, сўнг Каъбани тавоф айладилар, лекин умра қилмадилар». Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳам ҳаж қилганларида аввал таҳорат олиб сўнг Каъбани тавоф этганлар, умра қилмаганлар. Умар разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлар. Кейинчалик, Усмон разияллоҳу анҳу ҳаж қилдилар. Ул кишининг ҳам дастлаб таҳорат олиб, сўнг Каъбани тавоф айлаганларини, аммо умра қилмаганларини кўрдим. Кейин, Муовия бирлан Абдуллоҳ ибн Умар ҳам шундай қилишди. Мен отам Зубайр ибн Аввом бирлан ҳаж қилганимда, ул киши ҳам дастлаб таҳорат олиб, сўнг Каъбани тавоф этдилар, умра қилмадилар. Муҳожир ва ансорларнинг ҳам шундай қилишганини кўрдим. Энг охири бўлиб, Ибн Умарнинг шундай қилганининг шоҳиди бўлдим. У ҳам анъанага кўра, умра қилмади. Мана, Ибн Умар уларнинг олдида кетаётир, ҳеч ким ундан бир нарсани сўрамакка ботинмайдир, ўткинчилар ҳам фақат Каъбани тавоф айламак ниятидагина қадам ташлашаётир... Мана, тавоф ҳам қилиб бўлишди, лекин улар ҳануз эҳромдадирлар. Мен онам бирлан холамнинг ҳам Каъбани тавоф айлаб бўлмагунларича, бошқа бирор нарса қилишмаганининг ҳамда эҳромларини ечишмаганининг шоҳиди бўлгандирман».

 

Урва разияллоҳу анҳу:

 «Менга онам айтдиларки, ул киши бирлан холам, Зубайр ва фалончи-пистончилар умрага талбия айтишиб, Қора Тошни силаб тавоф қилишгач, эҳромларини ечишибдир»,— дейдилар.

 

79-боб. Сафо ва Марвада саъй қилмрқнинг вожиблиги ва унинг Аллоҳ таоло удумларидан бирига айланганлиги ҳақида

 

Урва разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Оиша онамизга: Аллоҳ таолонинг «Сафо ва Марвада саъй қилмоқ Аллоҳ таоло удумларидан биридир, ким Каъбани тавоф айласа ёким умра қилса, уларнинг иккаласини (Сафо ва Марвани) тавоф этмоғи гуноҳ бўлмағайдир» деган қавли ҳақида не дерсиз? Худо ҳаққи, Сафо ва Марвани тавоф айламаса, ҳеч ким гуноҳкор бўлмас эркан!» — дедим. Эй жияним,— дедилар Оиша онамиз,— нечук беъмани сўз айтдинг! Агар бу оятнинг тафсири сен айтганингча бўладирган бўлса, унда Сафо ва Марвани тавоф айламаса, гуноҳкор бўлмас эркан-да?! Аммо, бу оят ансорлар ҳақида нозил бўлган бўлиб, улар мусулмон бўлмоқларидан аввал Мушаллал деган жойдаги ўзлари ибодат қиладирган бутга — мустабид Манотга таҳлил айтишар эрди. Шу боисдан ҳам Сафо ва Марвани тавоф айламакка ҳайиқишар эрди. Улар мусулмон бўлганларидан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, биз Сафо ва Марвани тавоф қилмоққа ҳайиқар эрдик, шукрким, Аллоҳ таоло «Сафо ва Марвани тавоф айламак Аллоҳ удумларидандир!» деган ояти кариймасини нозил қилдй»,— дейишди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо ва Марвани тавоф этмакни суннат қилдилар, буни қилмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир!»

«Мен ушбу ҳадисни Абу Бакр ибн Абдурраҳмонга айтганимда,— дейдилар Зуҳрий разияллоҳу анҳу,— у бундай деди: «Оиша зикр қилган бут — Манотга таҳлил айтмайдирган барча одамлар Сафо ва Марвани тавоф қилишарди. Аллоҳ таоло Қуръонда Сафо ва Марвани тавоф айламакни зикр қилмай, Каъбани тавоф этмакни зикр қилганида, одамлар: «Ё Расулуллоҳ, биз Сафо ва Марвани тавоф қилар эрдик, Аллоҳ таоло Каъбани тавоф айламак ҳақида оят нозил қилди, Сафони зикр қилмади, агар биз Сафо ва Марвани тавоф қилсак, гуноҳкор бўлғаймизми?» — дейишди. Шунда, Аллоҳ таоло «Сафо ва Марвани тавоф айламак Аллоҳ удумларидандир!»деган ояти кариймасини нозил қилди». «Бу оят,— деб давом этдилар Абу Бакр,— икки тоифа одамлар хусусидадир, бири — жоҳилия даврида Сафо ва Марвани тавоф этмакка ҳайиққан кишилар, иккинчиси — илгари Сафо ва Марвани тавоф айлаб юриб, кейин, ислом даврига келганда, Аллоҳ таоло Каъбани тавоф этмакни зикр қилиб, Сафони эслатмаганлигидан уларни тавоф айламакка ҳайиқиб қолган кишилар ҳа.қида нозил бўлган. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Сафо ва Марвани ҳам тавоф айламак лозимлигини эслатиб, оят нозил қилган, деб эшитғайман».

 

80-боб. Сафо ва Марвада саъй қилмоққа доир хабарлар

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Баний Аббод ҳовлисидан Баний Абу Ҳусайн кўчасигача бўлган масофада саъй қилинғайдир»,— дейдилар.

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг дастлабки тавофини адо этсалар, уч марта йўртиб чопардилар ва тўрт марта оддий юриш қилар эрдилар. Сафо ва Марвани тавоф айласалар, улар оралиғида жойлашган селхона бўйлаб саъй қилар эрдилар»,— дейдилар. Убайдуллоҳ ибн Умар: «Абдуллоҳ ибн Умар яманий устун олдига келганда одатдагидек юрармидилар, деб Нофиъдан сўрадим»,— дейдилар. Шунда Нофиъ: «Йўқ, яманий устун олдида одамлар кўпайиб кетгандагина шундай қилардилар, чунки ул киши устунни ўпиб тавоф қилмай қўймас эрдилар»,— деб жавоб қилган экан.

 

Амр ибн Динор:

 «Биз Ибн Умар разияллоҳў анҳудан умрада Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва орасини тавоф қилмаган киши аёлига яқинлашадирми, деб сўрадик»,— дейдилар. Шунда, Ибн Умар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, Каъбани етти марта тавоф айладилар, Мақоми Иброҳим орқасида икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилдилар-да, «Расулуллоҳда сизлар учун яхши намуналар бордир!»— деб айтдилар»,— деб жавоб қилибдир.

 

Амр ибн Динор:

 «Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан шу ҳақда сўраганимизда, у киши «Сафо ва Марвада саъй қилмагунча, аёлига мутлақо яқинлашмаслиги керак» деб айтдилар»,— дейдилар.

 

Амр ибн Динор:

 «Мен Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, Каъбани тавоф айладилар, сўнг икки ракъат намоз ўқидилар, кейин Сафо ва Марвада саъй қилдилар-да, «Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар бордир» деган оятни ўқидилар» — деганини эшитдим»,— дейдилар.

 

Осим разияллоҳу анҳу:

 «Сафо ва Марва орасида саъй қилмоқни ёқтирмасми эрдингиз, деб Анас ибн Моликдан сўрадим»,— дейдилар. Анас: «Ҳа, чунки у жоҳилия даври удумларидан эрди, ҳатто Аллоҳ таоло «Сафо ва Марва Аллоҳ таолонинг удумларидан биридир, ким Каъбага ҳаж қилғайдир ёким умра қилғайдир, Сафо ва Марвани тавоф айламоғидан гуноҳкор бўлмағайдир» деган оятни нозил қилган»,—дёб жавоб берибдирлар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва орасида мушрикларга ўз куч-қувватларини кўрсатиб қўймоқ учун саъй қилдилар»,— дейдилар. Шунга ўхшаш ҳадисни Ҳумайд ҳам айтиб берган.

 

81-боб. Ҳайз кўрган аёл барча ҳаж удумларини адо қиладир, фақат тавоф этмайдир; Сафо ва Марва орасида таҳоратсиз саъй қилса...

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Мен ҳайз кўрган ҳолимча Маккага келиб, на Каъбани тавоф айлай олдим ва на Сафо ва Марвада саъй қилдим. Мен буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб, шикоят этдим. Ул киши: «Тоза бўлгунингча Каъбани тавоф айламағил, ҳожилар не қилсалар, сен ҳам шуни қилғил!» — дедилар».

 

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари ҳажга эҳром боғладилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Талҳадан бошқанинг қурбонликка аталган жонлиғи йўқ эрди. Шу пайт, Али Ямандан жонлиқ етаклаб келиб қолди-да: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага эҳром боғласалар, мен ҳам ўшанга эҳром боғлағайдирман»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга катта ҳаж ўрнига умра қилмоқни, сочларини калта қилмоқни ҳамда жонлиқ етаклаб келганлардан ташқари ҳаммага эҳромини ечмоқни амр қилдилар. Шунда саҳобалар: «Минога борғаймизми? Баъзи биримизнинг закаримиздан маний томиб турибдир-ку?!»— дейишди. Бу гап Жаноб Расулуллоҳнинг қулоқларига етгач: «Мен кейинга сурган ишимни олдин қилмоқчи бўлганимда, жонлиқ олиб келмаган бўлар эрдим, жонлиғим бўлмаганда эрди, мен ҳам эҳромимни ечган бўлар эрдим»,— дедилар. Оиша онамиз ҳайз кўрган бўлсалар ҳам, барча ҳаж удумларини адо этдилар, лекин фақат Каъбани тавоф айламадилар, уни покланганларидан кейин тавоф қилдилар. Оишаонамиз: «ЁРасулуллоҳ, сизлар ҳаж бирлан умра қилдингизлар, мен эрсам, ҳаж қилганимча қолдим»,— деганларида, Жаноб Расулуллоҳ: «Уканг Абдурраҳмон бирлан Танъимга бориб, умра қилиб келғил!»—дедилар. Шунда, Оиша онамиз ҳаждан кейин умра қилиб қайтдилар».

 

Ҳафса айтадирлар:

 «Биз жорияларимизни уйдан ташқарига чиқармас эрдик. Бир куни бир аёл Баний Халаф қасрига келиб тушди. У синглисининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирининг хотини эканлигини, унинг эри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ўн икки марта ғазот қилганлигини, шу ғазотларда синглиси ҳам эри бирлан бирга иштирок этиб, ярадорларни даволаганини айтди. «Синглим,— деди бояги аёл,— Жаноб Расулуллоҳдан: «Агар бирортамизнинг ёпинғичимиз бўлмаса-ю, ҳайит намозига чиқолмай қолсак, гуноҳ бўлмағайдирми?»—деб сўраганида, ул киши: «Дугонасининг ёпинғичларидан бирини олиб турсин, хайрли ишдан қолмасин, мўъминлар бирлан бирга чиқиб, дуо айтсин!» — дебдирлар, Бояги хотин (Умму Атиййа) келганида: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фалон нарсалар тўғрисида не деганлар, эшитганмисиз, деб сўрашди аёллар, Шунда у: «Ҳа, отам ҳаққи-ҳурмати (у, Жаноб Расулуллоҳнинг номларини тилга олганда, кўпинча «отам ҳаққи ҳурмати» деб қўярди), эшитганман. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эндигина бўйига етган қизларга ҳам намозга чиқмоқни буюрар эрдилар»,— деди. «Ҳайз кўрган хотинларга ҳамми?»—деб сўрадим. Шунда у: «Ҳа, ҳайз кўрган хотин Арафотга чиқмағайдирми? Ёки фалон, ё пистон қилмағайдирми?»—дея ҳаж удумларини санай кетди».

 

82-боб. Маккаликларнинг Батҳо ва бошқа жойда туриб, ҳожиларнинг эса, Минога чиққанида эҳром боғламоғи ҳақида

 

Ато разияллоҳу анҳудан Маккага яқин жойларда яшайдирган кишиларнинг ҳажга талбия айтмоқлари тўғрисида сўрашди. Ул киши:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Тарвия куни туя устида туриб намоз ўқигач, талбия айтар эрдилар»,— дедилар.

 

Абдумалик разияллоҳу анҳу Атодан, ул киши эрса, Жобир разияллоҳу анҳудан эшитган қуйидаги ҳадисни ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Маккага келиб, Тарвия кунигача эҳромларимизни ечиб қўйдик ва Маккага орқамизни қилиб, ҳажга талбия айтдик. Абу Зубайр: «Жобир менга, Батҳода туриб эҳром боғладик, деганди»,— дейдилар. Убайд ибн Журайж Ибн Умар разияллоҳу анҳуга: «Мен сизнинг, Маккада эканлигингизда, одамлар янги ой чиққанини кўриб, эҳром боғласалар ҳам, Тарвйя кунигача эҳром боғламаганингизни кўрдим»,— дедилар».

 

83-боб. Тарвия куни пешинни қаерда ўқийдир?

 

Абдулазиз ибн Руфайъ ривоят қиладирлар:

 «Мен Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзингиз ўрганган бир нарса ҳақида мени хабардор қилсангиз! Тарвия куни ул киши пешин ва асрни қаерда ўқидилар?»—деб сўрадим. Анас: «Минода»,— дедилар. Мен: «Нафр куни (ҳожилар Минодан қайтадирган кун) асрни қаерда ўқидилар?» — дедим. Анас: «Абтаҳда»,— дедилар-да, «Амиду умароларинг сингари қилаверғил!» — деб қўшиб қўйдилар».

 

Абдулазиз ривоят қиладирлар:

 «Тарвия куни Минога чиқиб, эшак миниб кетаётган Анас разияллоҳу анҳуни учратдим. «Бугун Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни қаерда ўқидилар?» — деб у кишидан сўрадим. Анас: «Умароларинг қаерда ўқиса, сен ҳам ўша ерда ўқийверғил!» — дедилар».

 

84-боб. Минода намоз ўқимоқ ҳақида

 

Убайдуллоҳ оталари Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни эшитган эрканлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода икки ракъат намоз ўқидилар, Абу Бакр, Умар ва Усмон ўз халифалигининг дастлабки йилларида икки ракъат ўқиб, кейинчалик тўрт ракъат ўқишган».

 

Ҳориса ибн Ваҳб ал-Хузоъий разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода биз бирлан икки ракъат намоз ўқидилар, Абу Бакр, Умар ва Усмон ҳам ўз халифалигининг дастлабки йилларида қаср ўқиб, кейинчалик тўла ўқийдирган бўлишган»,— дейдилар.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга икки ракъат (фарзни қаср қилиб) намоз ўқиганман, кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳу бирлан ҳам, Умар разияллоҳу анҳу бирлан ҳам икки ракъат намоз ўқидим. Кейинчалик эрса, сизларнинг йўлларингиз бўлиниб кетди (яъни, бировлар тўрт, бошқалар икки ракъат ўқийдирган бўлди). Қани энди, тўрт ракъат ўрнига ўша мақбул икки ракъат намоз ўқилса!» — дедилар.

 

85-боб. Арафа куни тутиладирган рўза ҳақида

 

Солим разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Арафа куни одамлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўза тутганликларидан шубҳаланишди. Шунда, мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга мева шарбати юборган эрдим, ичдилар».

 

86-боб. Минодан Арафотга такбир ва талбия айтиб бориш ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Юсуф ривоят қиладирлар:

 «Муҳаммад ибн Абу Бакр ас-Сақофий ва Анас ибн Молик разияллоҳу анҳумо иккалалари Минодан Арафотга кетишаётган эрди. Шунда, Муҳаммад ибн Абу Бакр: «Ўша куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Минодан Арафотга кетаётганингизда не қилдингизлар?» — деб Анасдан сўради. Анас: «Баъзи биримиз таҳлил, баъзи биримиз талбия айтиб бордик, Жаноб Расулуллоҳ ҳеч қайсимизга бир нима демадилар»,— деди».

 

87-боб. Арафа куни кечки пайт кўчага чиқиш ҳақида

 

Солим разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Абдулмалик ибн Марвон ҳаж амалларида Ибн Умарга қаршилик қилмасликни буюриб, Ҳажжожга мактуб ёзди. Ибн Умар разияллоҳу анҳу (мен у киши бирлан бирга эрдим) арафа куни, Қуёш ботган пайтда, Ҳажжожнинг чодири олдига келиб, қичқирдилар. Ҳажжож сариқ кўйлагини кийиб чиқиб: «Эй Абдурраҳмоннйнг отаси, сизга не бўлди?» — деди. Ибн Умар: «Агар суннатни адо этгинг келса, тез қимирлағил, бир ерга бормоқ керак»,— дедилар. «Ҳозирми?» — деди Ҳажжож. «Ҳа»,— дедилар Ибн Умар. «Андак сабрдилиб турингиз, бошимдан сув қуйиб олай»,—деди Ҳажжож. Ибн Умар туядан тушиб, Ҳажжож чиққунча пойлаб турдилар. Ҳажжож чиққач, Ибн Умар мен бирлан отам иккаламизнинг ўртамизда кетдилар. Мен Ҳажжожга: «Агар суннатни бузмай десанг, хутбани қисқароқ айтиб, вуқуфни тезлаштирғил!» — деб эдим, у Абдуллоҳга аланглаб қарай бошлади. Буни сезган Абдуллоҳ: «У тўғри айтаётир»,— деди»

 

88-боб. Арафотда туя миниб туриш ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлоси (озод қилинган қули) ривоят қиладирлар:

 Уммулфазл бинти Ҳарас олдида турган одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг арафа куни рўза тутганликларига шубҳа билдиришди, улардан айримлари: «Рўза тутганлар»,— дейишса, айримлари: «Рўза тутмаганлар»,—дейишди. Уммулфазл, Жаноб Расулуллоҳ Арафотда туя миниб турганларида бир коса сут юборди, ул киши ичдилар».

 

89-боб. Арафада икки намозни битта қилиб ўқимоқ

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу жамоат бирлан намоз ўқиёлмай қолсалар, икки намозни бир қилиб ўқирдилар.

 

Ибн Шиҳоб Зуҳрий ривоят қиладирлар:

 «Ҳажжож ибн Юсуф бирлан Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумо Маккага жанг қилмоқ учун келишган йили Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Солим разияллоҳу анҳудан: «Арафа куни шул жойда не қилардингиз?»—деб сўрабди. Солим: «Агар суннатга риоя этмакни истасанг, арафа куни намозни кечиктирғил!»?— деб жавоб қилибдирлар. Абдуллоҳ ибн Умар: «Улар суннатга кўра, пешин ва асрни бир қилиб ўқишган, деб тўғри айтаётир»,— дебдирлар. Мен Солимга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганмилар?»—дедим. Солим: «Саҳобалар Жаноб Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилаётирлар-ку, ахир!» — дедилар».

 

90-боб. Арафада хутбани қисқароқ айтиш ҳақида

 

Солим разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Абдулмалик ибн Марвон ҳаж амалларида Абдуллоҳ ибн ,Умарга эргашмакни буюриб, Ҳажжожга мактуб ёздилар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу (мен ул киши бирлан бирга эрдим) арафа куни, Қуёш ботган пайтда, Ҳажжожнинг чодири олдига келиб: «Ул қай ердадир?»—деб қичқирдилар. Ҳажжож олдиларига чиқди. Ибн Умар: «Бир ерга бормоғимиз керак»,— дедилар. Ҳажжож: «Ҳозирми?» — деди. Ибн Умар: «Ҳа»,—дедилар. Ҳажжож: «Андак сабр қилиб  турингиз, устимдан сув қуйиб чиқайин»,— деди. Ибн Умар туядан тушиб, Ҳажжож чиққунча пойлаб турдилар. Ҳажжож чиққач, Ибн Умар мен бирлан отам иккаламизнинг ўртамизда кетдилар. Мен Ҳажжожга: «Агар бугун суннатга амал этайин десанг, хутбани қисқартириб, вуқуфни тезлатғил!» — дедим."Ибн Умар: «У тўғри айтаётир»,— дедилар».

 

91-боб. Арафотда турмоқ ҳақида

 

Жубайр ибн Мутъим ривоят қиладирлар:

 «Бир туямни йўқотиб қўйган эрдим, арафа куни уни излагани чиқдим. Шунда, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Арафотда турганларини куриб қолдим. Узимга-ўзим: «Худо ҳаққи, бу киши ҳумс (тақводор) одам бўлмасалар, шу пайтда у ерда не қилар эрдилар?!» —деб қўйдим (Жоҳилия даврида динни қаттиқ ушлаган Қурайш қабиласига мансуб кишиларни «ҳумслар» деб аташган)».

 

Урва разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Жоҳилия даврида Қурайш қабиласига мансуб муттақий кишилар (ҳумслар) ва уларнинг болаларидан бошқа одамларнинг барчаси яланғоч тавоф қилишар эрди. Ҳумсларнинг эркаклари эркакларга, аёллари аёлларга, улар яланғоч тавоф айламасин, деб кийим инъом этишар эрди. Улар Аллоҳ таолодан савоб умидида шундай қилишар эрди. Ҳумс кийим бермаган киши Каъбани яланғоч тавоф этар эрди. Кўплаб одамлар Арафот томондан, ҳумслар эрса, Жамъ (Муздалифа) томондан Каъбага тавоф қилгани келишар эрди».

 

Ҳишом разияллоҳу анҳу:

 «Аллоҳ таолонинг мана бу «Сўнг, одамлар (Каъбага) қай томондан гавжум бўлиб келсалар, сизлар ҳам ўшал томондан гавжум бўлиб келингизлар!» деган ояти кариймаси ҳумслар хусусида нозил бўлган экан, отам менга шундай деганлар, отамга эрса, Оиша онамиз айтган эканлар»,— дейдилар. «Илгари одамлар Каъбага Жамъ томондан гавжум бўлиб келишар эрди, энди бўлса, улар Арафотга қайтарилди»,— дейдилар Урва разияллоҳу анҳу.

 

92-боб. Арафотдан қайтишдаги юриш ҳақида

 

Ҳишом ибн Урва разияллоҳу анҳуга оталари бундай деб ривоят қилган эрканлар:

 «Мен Усома ҳузурида ўтирган эрдим, ундан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан қайтишда Ҳажжат ул-Видоъда нечук юрар эрдилар?» — деб сўрашди. Усома: «Секин ҳам эрмас, тез ҳам эрмас, ўртача юрар эрдилар, агар одамлар сийракроқ жойга чиқиб қолсалар, тезлашар эрдилар»,— деди».

 

93-боб. Арафот бирлан Жамъ (Муздалифа) оралиғида тўхтаб ўтиш ҳақида

 

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан тушиб келишда дарага бурилиб кирдилар-да, қазои ҳожат қилдилар, сўнг таҳорат олдилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, намоз ўқийдирсизми?» — деб эдим, ул киши: «Намозга ҳали эрта»,— деб жавоб қилдилар».

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу шом бирлан хуфтон намозларини Жамъга (Муздалифага) борганларида қўшиб ўқирдилар, бироқ ул киши ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сингари йўлда дарага бурилиб кириб, қазои ҳожат қилар эрдилар, сўнг таҳорат олардилар, лекин Жамъга боргунга қадар намоз ўқимас эрдилар».

 

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Арафотда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига мингашиб олдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифадан берида жойлашган чап томондаги дарага етиб келганларида, туяларини чўктириб, таҳорат ушатиб келдилар, мен қўлларига сув қуйиб турдим, ул киши енгилгина таҳорат олдилар. Мен: «Е Расулуллоҳ, намоз ўқийдирсизми?— дедим. Ул киши: «Намозга ҳали вақт бор»,— дедилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяга миниб, Муздалифага келдилар-да, намоз ўқидилар. Эртасига эрталаб Фазл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига мингашиб кетди».

 

Курайб ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамрага боргунча йўл-йўлакай талбия айтиб кетдилар»,— деб айтибдир Фазл, кейин буни менга Абдуллоҳ ибн Аббос айтдилар».

 

94-боб. Тавофи ифоза пайтида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларга осойишталикни сақламоқни амр қилганлари ва буни уларга қамчин бирлан ишора қилганлари ҳақида

 

Саъид ибн Жубайр ривоят қиладирлар:

 «Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Арафа куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Маккага қайтиб келаётганда, Жаноб Расулуллоҳ орқаларидан келаётган қаттиқ бақир-чақир ва туяга урилгандаги қамчи товушларини эшитиб, уларга қамчилари бирлан ишора қилдилар-да, «Эй одамлар, тинчлик сақлангиз, шошқалоқлик бирлан хайриятга эришиб бўлмағайдир»,— деб айтдилар».

 

95-боб. Муздалифада икки намозни бир қилиб ўқимоқ ҳақида

 

Курайб Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳудан бундай деб эшитган эканлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан қайтдилар. Шунда, йўл-йўлакай дарада тушиб, таҳорат ушатдилар. Сўнг, енгил-елпи таҳорат олдилар. Мен: «Намоз вақти бўлдими?» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Намозга ҳали эрта»,— дедилар. Муздалифага келгач, яхшилаб таҳорат олдилар, кейин намоз бошланди, шом ўқидилар. Сўнг, ҳар ким ўз туясини белгиланган жойга олиб бориб чўктирди. Кейин, намоз бошланди, хуфтон ўқидилар, лекин иккала намоз орасида нафл ўқимадилар».

 

96-боб. Икки намозни қўшиб ўқиб, орасида нафл ўқимаган киши хусусида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамъда (Муздалифада) шом бирлан хуфтонни, ҳар бирига алоҳида иқомат (такбир) айтиб, қўшиб ўқидилар, лекин уларнинг орасида ҳам, улардан кейин ҳам нафл ўқимадилар».

 

Абу Айюб Ансорий:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифада, Ҳажжат ўл-Видоъ пайтида, шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқидилар»,— дейдилар.

 

97-боб. Ҳар бир намозга алохида азон ва иқомат (такбир) айтмоқ тўғрисида

 

Абдурраҳмон ибн Язид ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ҳаж қилдилар. Муздалифага хуфтонга азон айтиладирган ёки шунга яқин пайтда етиб келдик. Бир кишига буюриб эрдилар, азон ва такбир айтди, кейин шом ўқидилар, кейин икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг кечки овқатни олиб келмакни буюрдилар. Тановул қилиб бўлиб, бир кишига яна буюрдилар шекилли, азон ва такбир айтди (Амр разияллоҳу анҳу: «Юқоридаги гапларга Зуҳайрдан бошқа ҳеч ким шубҳа билдирмади»,— дейдилар). Кейин, икки ракъат хуфтон ўқидилар. Тонг отгач, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шу куни, шу пайтда ва мана шу жойда шу намоздан бошқа намоз ўқимас эрдилар, кечикиб ўқилган икки намоздан бири — одамлар Муздалифага келгандан кейин ўқилган шом намозидир, иккинчиси — тонг ёришиб кетгандан кейин ўқилган бомдод намозидир, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини кўрганман»,— дедилар».

 

98-боб. Оиласидаги заиф одамларни, «Дуолар ўқиб туришсин», деб тунда Муздалифага юборган ва уларни ой ботгандан кейин қайтариб олиб келган киши хусусида

 

Солим ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу оилаларидаги заиф одамларни тунда Муздалифага юборар эрдилар, улар ўша ердаги Ал-Машъар ул-Ҳаром олдида туриб, қўлларидан келганча Аллоҳ таолони зикр қилишарди ва имом вуқуф қилиб қайтмасидан олдин қайтишарди. Улардан айримлари Минога бомдод ўқишга боришарди ва баъзилари шундан кейин Жамрага бориб, тош отишарди. Ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай қилмоққа рухсат бердилар»,— дейдилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу. алайҳи ва саллам мени Жамъдан кечаси жўнатдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Мен, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўз оилаларидаги заиф одамларга қўшиб Муздалифага жўнатган кишилардан биридирман»,— дейдилар.

 

Асмонинг мавлоси Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Жамъ кечаси Асмо Муздалифага келиб, намоз ўқимоққа тутиндилар. Бир соатча намоз ўқиб, сўнг: «Эй ўғлим, ой ботдими?» — деб сўрадилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. Тағин бир соатча намоз ўқиб: «Ой ботдими?» — деб сўрадилар. Мен: «Ҳа»,— дедим. Ул киши: «Қўзғолингиз!»— дедилар. Биз йиғиштириниб, йўлга тушдик. Тош отиб, уйларига қайтиб келгач, бомдод ўқидилар. Шунда мен: «Намозни қоронғироқ вақтда (эртароқ) ўқиб қўйдик, шекилли?» — дедим. Ул киши: «Эй ўғлим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тахти равонли аёлларга бомдодни эртароқ ўқимоққа рухсат берганлар»,— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Жамъ кечаси Савда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдинроқ кетмакка рухсат сўради, чунки у жуда секин юрарди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ унга рухсат бердилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Биз Муздалифага келдик. Савда қадами вазмин бўлганлигидан тиқилинчда қолиб кетмаслиги учун Минога олдинроқ кетмоққа Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан рухсат сўради. Жаноб Расулуллоҳ унга рухсат бериб эрдилар, у эртароқ йўлга чиқди. Биз тонг ёришгунча ўрнимизда қолдик. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ қўзғолишлари бирлан биз ҳам қўзғолдик. Мен ҳам Савда каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эртароқ кетмакка рухсат сўрасам бўлар эрди, лекин ул киши бирлан бирга бўлмоқдан саодатлироқ нарса йўқдир!»

 

99-боб. Жамъда бомдод ўқиган шахс хусусида

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки намоздан бошқа намозни белгиланган вақтидан ташқари вақтда ўқиганларини кўрмадим. Ул киши шом бирлан хуфтонни қўшиб, бомдодни эрса, ўз вақтидан эртароқ ўқидилар».

 

Абдурраҳмон ибн Язид ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бирлан Маккага бордик, сўнг Жамъга келдик. Ул киши бу ерда икки марта намоз ўқидилар, ҳар бир намозга алоҳида азон ва такбир айтдилар. Иккала намоз орасида хуфтон ҳам ўқидилар. Кейин, тонг отар-отмас, яъни баъзилар: «Ҳали тонг отгани йўқ»,— деса, бошқалар: «Тонг отди»,— дейдирган пайтда бомдод ўқидилар-да, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз мана шу ерда шу икки намознинг — шом ва хуфтоннинг вақтини ўзгартириб ўқидик, бундан буён одамлар ҳам Жамъга биз келган вақтда келиб, бомдодни биз ўқиган вақтда ўқимоқлари лозимдир» — деб айтганлар»,— дедилар. Кейин, Абдуллоҳ тонг шафағи таралгунча пойлаб турдилар-да, «Агар ҳозир Амир ул-мўъминин тавофи ифоза қилганда эрди, сунн.атни адо этган бўларди»,— дедилар. Ул киши шу сўзни айтиб улгурдиларми, йўқми, билмасман, Ҳазрат Усмон одамларга йўлга чиқмоқни буюрдилар. Сўнг, Наҳр куни Жамрат ул-Ақабага бориб, тош отгунларига қадар талбия айтиб кетдилар».

 

100-боб. Жамъдан қачон қайтиладир?

 

Амр ибн Маймун ривоят қиладирлар:

 «Мен Умар разияллоҳу анҳунинг Жамъда бомдод намозини ўқиганларини кўрдим. Намоз ўқиб бўлгач: «Мушриклар Қуёш чиқмагунча тавофи ифоза қилмас эрдилар, улар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Қуёш Сабийрдан (Маккадаги тоғдан) ошгач, тавофи ифоза айламоғимизга қаршилик қилдилар, сўнг биз Қуёш чиқмасдан тавофи ифоза этдик» — дейишар эрди», — дедилар ».

 

101-боб. Қурбонлик куни эрталаб, тош отадирган пайтда, талбия ва такбир айтмоқ ҳамда (туяга) мингашиб юрмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фазлни туяларига мингаштириб олиб, тош отадирган пайтгача талбия айтдилар, буни менга Фазлнинг ўзи айтганди»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу Арафотдан Муздалифагача Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига мингашиб борди, Муздалифадан Миногача эрса, Фазл мингашиб келди. Уларнинг икковлари ҳам: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ақабада тош отгунларига қадар узлуксиз талбия айтдилар»,— дейишадир».

 

102-боб.

 

Аллоҳ таоло бундай дейдир:

 «Кимки (бир йилнинг ўзида) умра ва ҳаж қилиб, савоб топмоқчи бўлғайдир-у, жонлиғини (хасталик ёким бошқа боисга кўра) қурбонлиқ айламакка муяссар бўлолмай қолғайдир, (бошқа бирор киши орқали бериб юборсин) ва кимки (қурбонлик учун жонлиқ) тополмағайдир, уч кун ҳаж вақтида ва етти кун (уйига) қайтганда рўза тутсин, ҳаммаси бўлиб тўлиқ ўн кун (тутсин)! Булар, аҳли Маккаи Мукаррамада бўлмаганлар учундир!»

 

Абу Жамра ривоят қиладирлар:

 «Мен Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан мутъага ижозат сўраганимда, менга мутъа қилмакка рухсат бердилар. Кейин, қурбонлик тўғрисида сўраганимда, ул киши: «Мутъа қиладирган одам бир туя ёким бир сигир ёким бир қўй қурбонлик қилмоғи лозимдир, ёинки биров бирлан шерикчиликка қурбонлик айламоғи керак»,— дедилар. Одамлар бундай мутъа қилмоқни макруҳ, деб ҳисоблашар эрди. Кейин, тушимда биров нидо қилиб: «Ҳажинг хайрли ва мутъанг мақбул бўлғай!»—деди. Буни Ибн Аббос разияллоҳу анҳуга гапириб берганимда, ул киши: «Аллоҳу акбар! Бу — Абулқосим (Расулуллоҳ) саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари»,— дедилар.

 

Шуъба:

 «Умранг мақбул ва ҳажинг хайрли бўлғай!» дейилган бўлса керак»,— дейдилар.

 

103-боб. Туя миниш ҳақида

 

Аллоҳ таоло:

 «Қурбонлик туяларини Биз сизлар учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик (яъни, туяларни қурбонлик қилмоқ ҳам Аллоҳ удумларидандир), уларнинг ўзларида ва уларни одоб бирлан қурбонлик айламоқликда сизлар учун кўп фойдалар бордир. Уларни турғизиб, Аллоҳ номини зикр қилиб, забҳ айлангиз, уларни ёнбошларига йиқилганларидан кейин истеъмол қйлингиз ва қаноатли муҳтожларга ҳамда муҳтож тиламчиларга едирингиз! Ҳайвонларни, шукр қилурсизлар деб, сизларга мусаххар айладик, уларнинг на гўштлари ва на қонлари Аллоҳ ризолиғига кифоя этмағайдир, балким сизларнинг дилингиздаги хавфу тақво кифоя қилғайдир. Аллоҳ, сизларга ҳидоят қилгани учун (унга) такбир айтғайсизлар деб, уларни сизларга мана шундоқ мусаххар айладик, хайрли иш қилғувчиларга буни башорат қилингиз!» — дейдир.

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туя ҳайдаб бораётган кишини кўриб: «Уни миниб олғил!»—дедилар. У киши: «Бу қурбонлик-ку?!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ яна: «Миниб олғил!»—дедилар. Бояги киши тағин: «Бу қурбонлик-ку?!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ учинчи ёки иккинчи марта: «Шўринг қурсин, миниб олғил!»—дедилар».

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туя ҳайдаб бораётган бир кишини кўриб: «Уни миниб олғил!» — дедилар. У киши: «Бу қурбонлик-ку?!» — деди. Жаноб Расулуллох, яна: «Миниб олғил!»—дедилар. У тағин: «Бу қурбонлик-ку?!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ учинчи марта: «Миниб олғил!» — дедилар».

 

104-боб. Ўзи бирлан қурбонлик етаклаб олган киши хусусида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжат ул-Видоъда (катта) ҳаждан олдин умра қилиб олдилар, Ул киши Зулҳулайфадан ўзлари бирлан қурбонлик ҳайдаб келиб, аввал умрага сўнг ҳажга эҳром боғладилар, одамлар ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сингари ҳаждан олдин умрага эҳром боғлашди. Шунда, баъзилар ўзлари бирлан жонлиқ етаклаб олишган ва айримлар жонлиқсиз келишган эрди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида, одамларга: «Кимки орангизда қурбонлик олиб келган эрса, ҳажни адо этмагунча манъ этилган ишларни қилмоққа рухсат йўқ, кимки жонлиқ олиб келмаган эрса, Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва орасида саъй қилсин, сўнг сочини олдириб, эҳромдан чиқсин, шундан кейингина ҳажга эҳром боғласин! Умуман жонлиқ тополмаганлар эрса, ҳаж кунлари уч кун, уйига қайтгач, етти кун рўза тутсин!» — дедилар.

Жаноб Расулуллоҳ Маккага келганларида Каъбани тавоф қилмакни энг аввало рукнйи ўпиб истилом қилмакдан бошладилар, сўнг уч марта шитоб айлаб ва тўрт марта оддий юриш қилиб тавоф этдилар, кейин Мақоми Иброҳим олдида икки ракъат тавоф намози ўқиб, салом бериб турдилар-да, Сафога келдилар, Сафо ва Марвани етти мартаба айландилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳажни адо этгунларига қадар манъ этилган ишларни қилмадилар. Наҳр куни жонлиқларини забҳ қилиб, ифоза этдилар ва Каъбани тавоф айладилар. Шундан кейингина ҳажда қилиб бўлмайдирган ишларни қилмоқ имконига эга бўлдилар. Расулуллоҳ юқорида нимаики қилган бўлсалар, бошқалар ҳам шундай қилди».

 

105-боб. Йўлда жонлиқ сотиб олган киши ҳақида

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу оталарига: «Бу йил ҳаж қилмай турингиз, чунким мен одамлар ўртасида уруш бўлмаслигига амин эмасман, (кофирлар) сизни Каъбага қўймасликлари мумкин»,— деди. Оталари: «Шундай қилйнса, унда мен Жаноб Расулуллоҳ сингари иш тутгайдирман. Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир»,— дейдир. Мен сизларни гувоҳ қилиб, ўзимга умрани вожиб этдим, деб эълон қилғаймен»,— дедилар. Шундан кейин, ул киши умрага эҳром боғладилар. Кейин, Байдоъга келиб, бир йўла ҳам ҳаж, ҳам умрага таҳлил айтдилар-да: «Ҳаж ҳам, умра ҳам бир хил савобга моликдир»,— дедилар, Кейин, Қудайддан жонлиқ олиб, Маккага келдилар, сўнг ҳаж ва умра учун Каъбани бир маротаба тавоф қилдилар, ҳаж ва умрани тўла-тўкис адо этмагунларича эҳромларини ечмадилар».

 

106-боб. Зулҳулайфада туясининг бўйнига кавш осиб, қурбонлик эканлигини белгилаб қўйган киши хусусида

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Мадинадан жонлиқ туя ҳайдаб келсалар, Зулҳулайфада уни қиблага қаратиб чўктириб, белги сифатида (бўйнига) кавш осиб қўярдилар, кейин ўркачига пичоқ санчиб, атрофига қон бирлан чизиқ чизар эрдилар».

 

Мисвар ибн Махрама ва Марвон ривоят қилишадир:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча юз саҳобалари бирлан йўлга чиқдилар. Зулҳулайфага етганларида туялари бўйнига кавшларини осиб, ҳам ўркачини қонатиб, қурбонлик эканлигини белгилаб қўйдилар, сўнг умрага эҳром боғладилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари бўйнига белги боғламоқ учун ўз қўлим бирлан ип йигириб бердим. Жаноб Расулуллоҳ у бирлан белги боғладилар, кейин ўркачини қонатиб, чизиқлар чизиб қўйдилар-да, (ҳажга) жўнатдилар. Шунда, ул киши ҳажда қилинмайдирган ишлардан маҳрум бўлмадилар».

 

107-боб. Туя ва сигир бўйнига белги боғлайдирган ип йигирмоқ ҳақида

 

Ҳафса разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Ё Расулуллоҳ, одамлар эҳромларини ечишди, нега сиз ечмадингиз?» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Чунким мен сочимни тўзғимайдирган қилиб (ёпиштириб) олдим, жонлиғимга белги осдим, шул сабабдан ҳаждан қутулмагунимча эҳромимни еча олмасман»,—дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадан жонлиқ ҳайдаб келсалар, бўйнига белги осадирган ипини йигириб берардим. Кейин, ул киши эҳром кийган киши қилмайдирган ишларни ҳам қилаверар эрдилар».

 

108-боб. Туя бўйнига белги осмоқ ҳақида

 

Урва разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жонлиқ бўйнига белги осиб ва баданини қонатиб, қурбонлик эканини белгилаб қўйдилар-да, умрага эҳром боғладилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонлиқлари бўйнига белги осмоқ учун ип йигириб бердим. Кейин, ул киши жонлиқлари бўйнига белги осиб (ёким мен ўзим осиб қўйдим шекилли) ва баданини қонатиб, қурбонлик эканини белгилаб қўйдилар. Сўнг, ўзлари Мадинада қолиб, уни бир киши орқали Маккага жўнатдилар. Шунда, ул киши ҳажда манъ қилинадирган ишлардан маҳрум бўлмадилар».

 

109-боб, Жонлиғи бўйнига белгини ўз қўли бирлан осиб қўйган киши хусусида

 

Амра бинти Абдурраҳмон ривоят қиладирлар:

 «Зиёд ибн Абу Суфён Оиша разияллоҳу анҳога: «Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу, ҳажга жонлиқ жўнатган киши эҳром боғлаган киши каби жонлиғи забҳ қилингунига қадар макруҳ ишлардан ўзини тийиб турмоғи лозимдир, дейдир»,— деб мактуб йўллади. Оиша разияллоҳу анҳо: «Ибн Аббос айтганича эрмас, мен Жаноб Расулуллоҳнинг жонлиқлари бўйнига белги осадирган ипни ўз қўлим бирлан йигириб берардим, ул киши ўз қўллари бирлан уни боғлардилар, сўнг уни отам (Абу Бакр) орқали ҳажга бериб юборардилар, Шунда, Жаноб Расулуллоҳ жонлиқлари забҳ қилингунга қадар Аллоҳ таоло ҳалол қилган бирор нарсадан маҳрум бўлганлари йўқ»,— деб жавоб йўлладилар».

 

110-боб. Қўйнинг бўйнига белги осмоқ ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик учун ҳажга бир марта қўй юбордилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга белги осадирган ип йигириб берардим, ул киши қўйни бўйнига белги осиб, Маккага юборар эрдилар, ўзлари эрса, эҳром боғламай уйда қолар эрдилар»,— дейдилар. Оиша разияллоҳу анҳо: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга белги осадиган ип йигириб берардим, у бирлан қўйнинг бўйнига белги осиб, Маккага юборардилар, ўзлари эрса, эҳром боғламай (уйда) қолар эрдилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонлиқлари бўйнига белги осадиган ип йигириб берардим»,— дейдилар. Яъни, эҳром боғламакдан аввал жонлиқ бўйнига осадиган ипни назарда тутаётирлар.

 

111-боб. Белги осадирган иплар жундан йигириладир

 

Умм ул-мўъминин (Оиша онамиз):

 «Жонлиқ бўйнига белги осадирган ипларни уйимиздаги жунлардан йигирар эрдим»,— дейдилар.

 

112-боб. Жонлиқ бўйнига кавш осмоқ ҳақида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набийуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонликка аталган туяни ҳайдаб бораётган бир кишини кўриб: «Уни миниб олғил!»— дедилар. У киши: «Бу қурбонлик-ку!» — деди. «Уни миниб олғил!»—дедилар такроран. Кейин, бояги кишининг Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан туяга мингашиб кетаётганини, туя бўйнида эрса, кавш осилиб турганини кўрдим».

 

Бу ҳадисга Муҳаммад ибн Башшор ҳам мутобаъат қилганлар.

 

113-боб. Туя тўқими ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу туя тўқимига тегмай, ўркачинигина кесар эрдилар. Агар туяни сўядирган бўлсалар, тўқимини, қон тегиб ифлосланиб қолишидан чўчиб, ечиб олар эрдилар, кейин уни садақа қилар эрдилар.

 

Али разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга сўйган туямнинг тўқими ва терисини садақа қилмоқни буюрдилар»,— дейдилар.

 

114-боб. Йўлда жонлиқ сотиб олиб, унинг бўйнига белги осган кинш ҳақида

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Зубайр разияллоҳу анҳу халифалиги даврида, Ҳарурия ҳажи йили ҳаж қилмоқчи бўлдилар. Шунда ул кишига: «Одамлар ўзаро урушмоқдалар, улар сизнинг ҳаж қилмоғингизга монеълик этишмаса, деб қўрқғаймиз»,— дейишди. Ибн Умар «Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир»,— деган оятни ўқиб, «Агар шундай қилсалар, Жаноб Расулуллоҳ каби иш тутғайдирмен, сизларнинг ҳузурингизда ўзимга умрани вожиб қилдим, деб эълон этғайдирмен»,— дедилар. Шундан сўнг, ул киши умрага эҳром богладилар. Кейин, Байдоъга келиб, бир йўла ҳам ҳаж, ҳам умрага талбия айтдилар-да, «Ҳаж ҳам, умра ҳам бир хил савобга моликдир. мен ҳаж ва умрани бирга қўшиб адо этғаймен, деб сизларни гувоҳ қилурмен»,— дедилар. Сўнг, жонлиқ сотиб олиб, бўйнига белги осдилар-да, Маккага жўнатдилар. Ўзлари (ҳам) Маккага келгач, Каъбани тавоф айлаб, Сафода саъй қилдилар, бундан ортиқ ҳеч нарса қилмадилар. Наҳр кунигача эҳром боғлаганларга манъ этилган ишларни қидмадилар. Сўнг, сочларини олдириб, жонлиқларини забҳ қилдиларда, Каъбани бир марта тавоф қилганларича ҳаж ва умрани адо этдим, деб ҳисобладилар. Кейий: «Набий саллаллоҳў алайҳи ва саллам ҳам шундай қилган эрдилар»,—деб қўйдилар».

 

115-боб. Эркак кишининг ўз хотинлари номидан, улар айтмаган бўлса ҳам, сигир забҳ қилмоғи тўғрисида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга фақат ҳаж қилмоқ ниятида Зулқаъда ойининг охирги беш кунлигида йўлга чиқдик. Маккага яқинлашганимизда Жаноб Расулуллоҳ: «Кимнинг жонлиғи бўлмаса, Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марвада саъй қилгандан кейин, эҳромини ечсин!» — деб фармон бердилар. Наҳр куни келгач, бизга сигир гўшти олиб келишди. Шунда мен: «Бу нечук гўштдир?»— деганимда, «Расулуллоҳ заифалари номидан сигир забҳ қилдилар»,— деб айтишди».

 

116-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Минодаги забҳгоҳларида жонлиқ сўйиш ҳақида

 

Нофиъ:

 «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу муайян бир забҳгоҳда жонлиқ сўярдилар»,— дейдилар. Убайдуллоҳ ибн Умар: «Бу — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг забҳгоҳлари эрди»,— дейдилар.

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу, тун охирлаб қолганда Жамъдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг забҳгоҳларига олиб бориб сўйсинлар деб, озод кишилар ва мамлуклардан иборат ҳожилар орқали жонлиқ бериб юборар эрдилар».

 

117-боб. Жонлиғини ўз қўли бирлан забҳ қилган киши хусусида

 

Анас разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари бирлан етти туяни тик турғазиб забҳ қилдилар ва Мадинада икки ола, шохдор қўчқорни сўйдилар»,— деб ҳадисни қисқартириб ривоят қилиб бердилар.

 

118-боб. Туяни боғлаб сўймоқ ҳақида

 

Зиё ибн Жубайр:

 «Мен, Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг, бир киши ўз туясини чўктириб бўғизлаётганида келиб қолиб, унга: «Турғизиб, оёгини боғлаб, забҳ қилғил, бу — Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир!»— деганларининг шоҳидиман»,— дейдилар.

 

119-боб. Туяни тик тургизиб сўймоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари (бўйича забҳ қилмоқ лозимдир)»,— дедилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу эрса: «Уларни тургизиб, саф қилиб (забҳ қилмоқ лозимдир)»,— дедилар.

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада тўрт ракъат пешин ва Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар. Ўша куни Зулҳулайфада қолиб, тонг ёришгач, туяларига миниб таҳлил ва тасбиҳ айтганларича йўлга тушдилар. Байдоъга келгач, бирваракайига ҳаж ва умрага талбия айтдилар. Маккага кирганларида одамларга эҳромларини ечмоқни буюрдилар. Кейин, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам еттита туяни турғизиб қўйиб, ўз қўллари бирлан забҳ қилдилар, Мадинада эрса, иккита ола, шохдор қўчқорни сўйдилар».

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада тўрт ракъат пешин ва Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар. Сўнг, тонг отгунча шу ерда қолиб, бомдод ўқидилар, кейин туяларига миниб йўлга чиқдилар. Байдоъга келгач, бир йўла умра ва ҳажга эҳром боғладилар».

 

120-боб. Қурбонлик қилган кишига қурбонлигидан улуш берилмайдир

 

Али разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени туя сўймоққа юбордилар, мен сўйдим. Кейин, менга буюрдилар, гўштларини (одамларга) тақсимладим, кейин яна амр бердилар, тўқими ва терисини ҳам тақсимладим»,— дейдилар.

 

Али разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга туяларни сўймоқни амр қилдилар, мен сўйдим. лекин менга гўштидан улуш беришмади»,— дейдилар.

 

121-боб. Жонлиқнйнг териси садақа қилинадмр

 

Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ривоят қиладирлар:

 «Али разияллоҳу анҳуга Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларни сўймоқни буюрибдирлар, кейин уларни шундайлигича, гўшти, териси ва тўқими бирлан садақа қилиб юбормоқни амр этибдирлар. Шунда, унга ҳеч нарса беришмаган эркан».

 

122-боб. Туянинг тўқими садақа қилинадир

 

Али разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзта туя қурбонлик қилдилар. Шунда, менга топширдилар, унинг гўштларини (одамларга) тақсимладим, яна амр қилдилар, тўқимларини ҳам тақсимладим, тағин буюрдилар, териларини ҳам тақсимладим»,— дейдилар.

 

123-боб.

 

Аллоҳ таоло бундай дейдир:

 «Иброҳимга Хонаи Каъба ерини тайин қилиб берганимизда «Менга ҳеч нарсани ширк келтирмағил ва менинг уйимни тавоф қилғувчилар, унда тургувчилар, руқуъ ва сажда айлағувчилар учун покиза тутғил, одамларни ҳажга даъват этғил! Улар.ҳар тарафдан, узоқ-узоқ йўллардан пиёда ва ориқ туяларни миниб, ўзларига тегадирган манфаатларнинг гувоҳи бўлмоқ учун ю ҳайвонларни ризқу насиба қилиб бергани шукронасига Аллоҳнинг исмини муайян кунларда зикр қилмоқ учун олдингга келишғайдир. Улардан ўзларингиз ҳам тановул қилингиз, ночор фақирларга ҳам едирингиз, кейин баданларининг кирини кеткизсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва қадимий Каъбани тавоф айласинлар!» деб эрдик. Булдир ҳукм: Кимки Аллоҳ муҳаррам қилган нарсаларни ҳурмат қилғайдир, Аллоҳ даргоҳида хайриятга эришғусидир!»

 

124-боб. Жонлиқнинг қаери ейиладир, қаери садақа қилинадир?

 

Умар разияллоҳу анҳу:

 «Ов қилинган ёким сўйилган ҳайвоннинг садақа этилган гўштидан эгаси емағайдир, ундан бошқа гўштларини еса бўлур»,— дейдилар. Ато: «Мутъа гўштидан унинг эгаси ҳам, бошқалар ҳам ейдир»,— дейдилар.

 

Ибн Журайж ривоят қиладирлар:

 «Ато разияллоҳу анҳу: «Мен, Жобир ибн Абдуллоҳнинг «Минода ўзимиз сўйган жонлиқлар гўштидан уч кундан ортиқ» емас эрдик. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Тановул ҳам қилингиз, сақлаб ҳам қўйингиз!» — дедилар. Биз айтганларидек, ҳам еб, ҳам сақлаб қўядирган бўлдик» деганини эшитдим»,— дедилар. Мен: «Жобир, Мадинага келгунимизга қадар, деб айтдими?» — дедим. Ато: «Йўқ»,— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Зулқаъда ойининг беш куни қолганда йўлга чиқдик, хаж қилмоқдан бошқа ниятимиз йўқ эрди. Маккага яқинлашганимизда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қурбонликка жонлиқ етаклаб келган эрса, Каъбани тавоф айлагандан сўнг эҳромини ечсин!» — деб фармон бердилар. Иттифоқо, Наҳр куни бизга гўшт келтиришди. «Бу недир?»—деб сўраганимда, «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари номидан қурбонликка мол сўйдилар»,— дейишди».

 

125-боб. Соч олдирмасдан илгари жонлиқ сўйиш ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Жонлиғини сўймоқдан олдин сочини олдириб қўйса, не бўлғайдир?» — деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳечқиси йўқ, зарари йўқ»,— деб жавоб қилдилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Тош отмасдан бурун тавоф қилиб қўйибдирмен, энди не бўлғайдир?»—деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳечқисй йўқ, ҳечқиси йўқ»,— дедилар. «Жонлиғимни сўймасдан олдин соч олдириб қўйибдирмен»,— деган эрди, «Зарари йўқ»,— деб жавоб қилдилар. «Тош отмасдан бурун жонлиғимни сўйиб қўйибдирмен»,— деганида ҳам «Ҳечқиси йўқ»,— дедилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши: «Кеч кирганда тош отибдирмен?» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Зарари йўқ»,— дедилар. «Қурбонлик қилмасдан бурун соч олдириб қўйибдирмен»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳечқиси йўқ»,— дедилар».

 

Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳодаликларида, ҳузурларига бордим. «Ҳаж қилдингми?»—дедилар. «Ҳа»,— дедим. «Нимага эҳром боғладинг?» — дедилар. «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага эҳром боғлаган бўлсалар, ўшанга»,— дедим. «Яхши қилибдирсен, бориб Каъбани тавоф этғил, сўнг Сафо ва Марвада саъй айлағил!»— дедилар. Кейин, Баний Қайс қабиласига мансуб бир аёлнинг олдига бордим, у сочимни тозалади, сўнг ҳажга эҳром боғладим. Кейин мен Ҳазрат Умар халифа бўлгунларига қадар, «Сизлар ҳам шундай қилингизлар!» деб бошқаларга фатво бериб юрдим. Ҳазрат Умар халифа бўлганларида буни айтган эрдим, ул киши: «Агар Қуръонни олиб ўқисак, бошлаган ишимизни ниҳоясига етказмоқ, Жаноб Расулуллоҳнинг суннатларига риоя этмрқ буюрилганлиғини англағайдирмиз, чунким Расулуллоҳ қурбонликка аталган жонлиқларини забҳ қилмагунларича эҳромларини ечмаганлар»,— деб айтдилар».

 

126-боб. Эҳромини ечишдан олдин сочини тўзғимайдирган қилиб ёпиштириб олиб, кейин уни калта қилиб олдирган киши хусусида

 

Ҳафса разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Оиша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, одамлар умрани тугатишиб, эҳромларини ечишди-ю, нега сиз ҳануз эҳромингизни ечмаётирсиз?» —дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Мен сочимни тўзғимайдирган қилиб ёпиштириб олгандирман, энди қурбонликка аталган жонлиғимни забҳ қилмагунимча эҳромимни еча олмасман»,— дедилар».

 

127-боб. Эҳромни ечишдан олдин соч олдирмоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар ҳаждан кейин сочларини олдирар эрдилар»,— дейдилар.

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Аллоҳ, сочини олдирганларга раҳмат айлағил!» — дедилар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, сочини қисқартирганларга ҳам, деб айтингиз!» —дейишди саҳобалар. Жаноб Расулуллоҳ яна: «Ё Аллоҳ, сочини олдирганларга раҳмат айлағил!» — дедилар. «Ё Расулуллоҳ, сочини қисқартирганларга ҳам, деб айтингиз!»—дейишди ёлбориб саҳобалар. Ниҳоят, Жаноб Расулуллоҳ: «Қисқартирганларга ҳам»,— дедилар».

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ сочини олдиргувчиларга раҳмат қилсин!» — деб бир неча бор айтдилар. Шунда, саҳобалар тўрт марта ёлбориб илтимос қилганларидан сўнггина: «Сочини қисқартиргувчиларга ҳам раҳмат қилсин!»—деб қўйдилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё партардигор-о, сочини олдиргувчиларга раҳм (раҳмат) айлағил!» — дедилар. Саҳобалар: «Сочини қисқартиргувчиларга ҳам»,— деб ёлборишди. Жаноб Расулуллоҳ яна: «Ё парвардигор-о, сочини олдиргувчиларга раҳм айлағил!» — дедилар. Саҳобалар тағин: «Сочини қисқартиргувчиларга ҳам»,—деб ёлборишди. Жаноб Расулуллоҳ яна: «Ё парвардигор-о, сочини олдиргувчиларга раҳм айлағил!» — дедилар. Саҳобалар тағин: «Сочини қасқартиргувчиларга ҳам»,— деб ёлборишди. Ниҳоят, Жаноб Расулуллоҳ: «Сочини қисқартиргувчиларга ҳам»,— деб айтдилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бир гуруҳ саҳобалар соч олдирдилар қолганлар эрса, сочларини қисқартиришди»,— дейдилар.

 

Муовия разияллоҳу анҳу:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини камон ўқининг тиғи бирлан қисқартирдим»,—дейдилар.

 

128-боб. Умра қилгандан кейин сочни қисқартирмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида саҳобаларга Каъба ҳамда Сафо ва Марвани тавоф айламакни, сўнг эҳромларини ечиб, сочларини олдирмакни ёким қисқартирмакни амр қилдилар»,— дейдилар.

 

129-боб. Наҳр куни тавоф қилмоқ ҳақида

 

Абу Зубайр:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Наҳр куни) тавоф айламакни кечқурунга қолдирдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодан олдин Каъбани тавоф қилар эрдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «(Наҳр куни) Жаноб Расулуллоҳ (Каъбани) бир марта тавоф айладилар, энди, қайлула қилиб олгач, Минога боргайдирлар»,— дедилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ҳажга чиқиб, Наҳр куни тавофи ифоза қилдик. Ўша куни Сафиййа ҳайз кўриб қолди. Мен буни Жаноб Расулуллоҳга айтган эрдим, ул киши: «Бизни йўлдан қолдирадирган бўлибдир-да»,— дедилар. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, у (Сафиййа) Наҳр куни тавофи ифоза қилиб олган эрди»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, йўлга чиқингиз!»— дедилар-да, Сафиййага видолашув тавофини қилмасликка ижозат бердилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Наҳр куни Сафиййа тавофи ифоза қилди»,— дейдилар.

 

130-боб. Кечқурун тош отиб қўйса ёки забҳ қилмоқдан олдин сочини билмасдан (ёки унутиб) олдириб қўйса...

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан забҳ қилмоқ, соч олдирмоқ ёким тош отмоқни бирининг ўрнига иккинчисини алмаштириб бажариш тўғрисида сўрашганида, ул киши: «Буларнинг ўрнини алмаштирса, зарари йўқдир»,— дедилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Наҳр куни Минода Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга саволлар беришар эрди, ул киши барчасига ҳам: «Бўлаверғайдир»,— деб жавоб берардилар. Бир киши: «Забҳдан олдин соч олдириб қўйдим, энди не бўлғайдир?»—деб сўраб қолди. Жаноб Расулуллоҳ: «Забҳ қилаверғил, гуноҳи йўқдир»,— дедилар. Бояги киши яна: «Кечқурун тош отиб қўйибдирман»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бўлаверғайдир»,— дедилар».

 

131-боб. Тош отмасдан олдин туя миниб туриб фатво бермоқ ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжат ул-Видоъда туя миниб турган эрдилар, одамлар савол бера бошлашди. Бир киши: «Билмай, забҳдан олдин сочимни олдириб қўйибдирман»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Сўяверғил, ҳеч нарса қилмағайдир»,— дедилар. Яна бошқа биров: «Тош отишдан олдин, билмай забҳ қилиб қўйибдирман»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Энди тош отаверғил, ҳечқиси йўқ»,— дедилар. Ўша куни ким не ҳақида сўрамасин, «Бўлаверғайдир, гуноҳи йўқдир»,— деб жавоб бердилар».

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Наҳр куни айтган хутбаларида ҳозир эрдим. Бир киши туриб: «Мен фалон нарса фалон нарсадан олдин бажарилғайдир, деб ўйлардим»,— деди. Яна бошқаси туриб: «Мен ҳам фалон нарса фалон нарсадан олдин адо этилса керак, деб юрар эрдим, Наҳр кунидан олдин соч олдириб қўйибдирман»,—деди. Хуллас, ҳар ким истаган саволини берди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бир амални иккинчисидан олдин бажармоқнинг гуноҳи йўқдир»,— дедилар. Ўша куни ким не ҳақида сўраса: «Вўлаверғайдир, ҳечқиси йўқдир»—деб жаюб қилдилар».

 

132-боб. Мино кунлари хутба айтмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Наҳр куни хутбада: «Эй одамлар, бугун қайси кундир?»—дедилар. «Муқаддас (табаррук) кундир»,— дейишди. «Бу нечук жойдир?» — дедилар. «Муқаддас (табаррук) жойдир»,— дейишди. «Бу ой қандай ойдир?» —дедилар. «Муқаддас (табаррук) ойдир»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Қонингиз, молу ҳолингиз ва ору номусингиз бир-бирингиз учун шу кун, шу жой ва шу ойнинг муқаддаслиги каби муқаддасдир!» — дедилар. Буни бир неча бор такрорладилар. Кейин, бошларини кўтариб: «Ё парвардигор-о, мен етказа олдимми, етказа олмадимми?» — деб қўшиб қўйдилар. Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, ул кишининг бул сўзлари ўз умматларига қолдирган васиятлари бўлиб, «Мендан кейин ўзаро қон тўкиб, кофир бўлиб кетмангизлар!» деганларидир».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Арафотда хутба ўқиётганларини эшитдим»,— дедилар.

 

Муҳаммад ибн Сирин ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Наҳр куни бизга хутба ўқидилар, сўнг: «Билурмисиз, бугун қайси кундир?» — дедилар. Шунда биз: «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дедик. Ул киши жим қолдилар, ҳатто биз бул кунни бошқа бирор ном бирлан атасалар керак, деб ўйладик. Кейин, бошларини кўтариб: «Наҳр куни эрмасми?» —дедилар, биз: «Ҳа»,— дедик. «Бул қайси ойдир?»,— дедилар, биз: «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дедик. Ул киши яна жим қолдилар, ҳатто биз уни бошқа бирор ном бирлан атасалар керак, деб хаёл қилдик. Кейин: «Зулҳижжа эрмасми?» — дедилар, биз: «Ҳа»,— дедик. «Бул қандай шаҳардир?»—дедилар, биз: «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дедик. Ул киши яна сукут сақладилар, ҳатто биз уни бошқа бирор ном бирлан атасалар керак, деб ўйладик. Кейин: «Муқаддас (шаҳар) эрмасми?»—дедилар, биз: «Ҳа»,— дедик. Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ таоло сизларнинг қонларингаз ва молларингизни бир-бирингиз учун мана шул муқаддас жойингиз, ойингиз ва кунингиз янглиғ то парвардигорингизга рўпара бўладирган кунингизга қадар муқаддас айлади. Аё, (сизларга) етказа олдимми?» — дедилар. Саҳобалар: «Ҳа»,—дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ё парвардигор-о, ўз вазифамни адо этганимга гуюҳ бўлғил, шул ерда турганлар бошқаларга (сўзларимни) етказсинлар, чунким тингловчиларга нисбатан риюят қилғувчилар ёдларида кўпроқ сақлаб қолғайдирлар. Мендан кейин бир-бирининг бўғзига тиғ урадирган кофир бўлиб кетмангиз!» — дедилар».

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода турганларида: «Билурмисиз, бугун қайси кундир?» — дедилар. «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бу кун муқаддас кундир»,— дедилар., Кейин: «Билурмисиз, бу қандай шаҳардир?»—деб сўрадилар. «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бу муқаддас шаҳардир»,— дедилар. Кейин: «Билурмисиз, бу қайси ойдир?» — дедилар. «Аллоҳ ва унинг Расули билғайдир»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бу муқаддас ойдир»,— дедилар. Сўнг, яна бундоқ дедилар: «Аллоҳ таоло қонингиз, молингиз ва ору номусингизни бир-бирингиз учун ана шул муқаддас шаҳрингиз, табаррук ойингиз ва улуғ айёмингиз янглиғ муқаддас айлади».

 

Ҳишом ибн ал-Роз ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Наҳр куни Ҳажжат ул-Видоъда тошлоқ ерда туриб, «Бу кун ҳажжи акбар — улуғ ҳаж кунидир! Ё парвардигор-о, ўз вазифамни адо этганимга гуюҳ бўлғил!» — деб одамлар бирлан видолашган эрдилар. Ўшандан бери одамлар шул кунни Ҳажжат ул-Видоъ — Видолашув ҳажи деб аташадиган бўлди».

 

133-боб. Сиқоя ёки бошқа узрли ишлар билан машғул кишилар Мино кечаларида Маккада қўниб қоладирми?

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Аббос разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сиқоя (ҳожиларга сув ичирмоқ) учун Мино кечаларида Маккада қўниб қолмоққа рухсат сўрадилар, ул киши ижозат бердилар».

 

134-боб. Тош отмоқ ҳақида

 

Жобир:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Наҳр куни чошгоҳда ва Қуёш ботгандан кейин тош отдилар»,— дейдилар.

 

Вабара ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: «Қачон тош отайин?» —деб сўрадим. «Ҳаж амири тош отганда, сен ҳам отавергил!» — дедилар. Мен саволимни яна такрорладим. Ул киши: «Биз кеч кирмоғини кутиб турар эрдик, Қуёш ботгач, тош отар эрдик»,— дедилар».

 

135-боб. Водийда туриб, тош отмоқ ҳақида

 

Абдурраҳмон ибн Язид ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Масъуд водийда туриб, тош отдилар. Мен у кишига: «Эй Абу Абдурраҳмон (лақаблари), одамлар тошни водий ўртасида туриб эрмас, юқорига чиқиб отишғайдир-ку?!»— дедим. У киши: «Яккаю-ягона Аллоҳ номига қасам ичиб айтурменким, бу ер Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга «Бақара» сураси нозил бўлган жойдир!» — дедилар».

 

136-боб. Еттита тош отмоқ ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Жамраи Куброда бўлганимда Каъбани чап томонимда, Минони эрса, ўнг томонимда қолдириб, еттита тош отдим, «Бақара» сураси нозил қилинган зот — саллаллоху алайҳи ва саллам ҳам шу тариқа тош отганлар».

 

137-боб. Каъбани чап томонида қолдириб, Ақаба жамрасини отиш тўғрисида

 

Абдурраҳмон ибн Язид ривоят қиладирлар:

 «Мен Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бирлан биргаликда ҳаж қилганимда, у кишининг Жамраи Куброни еттита тош отмоқ бирла адо этганларининг гувоҳи бўлдим. Ўшанда у киши Каъбани чап томонда ва Минони ўнг томонда қолдириб, тош отган эрдилар. Ана шул жойда Жаноб Расулуллоҳга «Бақара» сураси нозил бўлган эрди».

 

138-боб. Ҳар тош отганда такбир айтмоқ ҳақида

 

Аъмаш ривоят қиладирлар:

 «Мен Ҳажжожнинг минбарда туриб ваъз айтганини эшитдим, ўшанда «Бақара», «Оли Имрон» ва «Нисо» суралари ҳақида зикр қилганди. Бу ҳақда Иброҳим разияллоҳу анҳуга айтгандим, ул киши менга бундай дедилар: «Абдурраҳмон ибн Язид ўзининг Масъуд разияллоҳу анҳу бирлан бирга Жамрат ул-Ақабада бўлганини менга айтган эрди. Ўшанда Ибн Масъуд водийнинг ўртасидаги дарахт ёнига бориб, еттита тош отибдилар, ҳар тош отганларида такбир айтибдирлар, кейин: «Якка-ю ягона Аллоҳга қасам ичурменким, «Бақара» сураси нозил бўлганда Жаноб Расулуллоҳ худди мана шу ерда турган эрдилар»,— дебдилар».

 

139-боб. Жамрат ул-Ақабани адо этиб бўлгач, тўхтаб турмаслик ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу Жамрат ул-Ақабани адо этиб бўлгач, тўхтаб турмаслик кераклигини Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан билиб олган эканлар.

 

140-боб. Икки жамрада тош отгач, текисликка тушиб, қиблага юзланмоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу Жамрат уд-Дунйода кетма-кет еттита тош отар эрдилар-да, текисликка тушиб, қиблага юзланган ҳолда, узоқ дуо ўқир эрдилар. Сўнг, Жамрат ул-Вустога бориб тош отардилар, кейин текисликка тушиб, яна қиблага юзланган ҳолда узоқ дуо ўқирдилар. Шундан сўнг, водийнинг ўртасига келиб, Жамрат ул-Ақабада тош отардилар-да, тўхтамай орқага қайтардилар, кейин: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини кўрганман»,— дер эрдилар.

 

141-боб. Икки жамра олдида туриб дуо ўқимоқ ҳақида

 

Зуҳрий ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мино масжиди ёнида еттита тош отар эрдилар, ҳар тош отганларида такбир айтар эрдилар. Сўнг, олдинга юриб (пастликка тушар эрдилар), қўлларини кўтариб узоқ дуо ўқир эрдилар. Шундан сўнг, иккинчи Жамрага (Жамрат ул-Вустога) бориб, етти марта тош отар эрдилар, ҳар тош отганларида такбир айтар эрдилар. Кейин, водийга тушиб, қиблага юзланган ҳолда қўлларини кўтариб, узоқ дуо ўқир эрдилар. Сўнгра, Жамрат ул-Ақабага бориб, еттита тош отар эрдилар, ҳар тош отганда такбир айтар эрдилар-да, тўхтамай орқага қайтар эрдилар». Солим ибн Абдуллоҳ ҳам шунга ўхшаш ҳадисни оталаридан эшитган эканлар. Ул киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шул тариқа тош отганларини ўз кўзлари бирлан кўрган эканлар. Ибн Умар ҳам шундоқ қилар эканлар.

 

142-боб. Жамраларда тош отиб бўлгач, хушбўй нарсалардан фойдаланмоқ ва тавофи ифозадан кейин соч олдирмоқ ҳақида

 

Ўз замонасининг нуфузли кишиларидан бўлган Абдурраҳмон ибн Қосимнинг оталари:

 «Оиша онамизнинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, эҳром боғлашларидан олдин ҳам, эҳромларини ечганларидан кейин ҳам, мана шу қўлларим бирлан хушбўй нарсалар суртиб қўяр эрдим, деб айтганларини эшитганман»,— дейдилар.

 

143-боб. Тавофи видоъ (видолашув тавофи) ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Одамларга энг охири Каъбани тавоф айламоқ амр зтилди. Лекин, ҳайз кўрган аёллар бундан истисно қилинди»,— дедилар.

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода тош отиб қайтганларидан сўнг, пешин, аср, шом ва хуфтон ўқидилар, кейин Муҳассабда ухладилар, сўнгра туяга миниб Каъбани тавоф қилдилар»,— дейдилар.

 

144-боб. Аёл Тавофи ифоза қилгандан кейин ҳайз қўриб қолса...

 

Оиша разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари Сафиййа ҳайз кўриб қолди, буни Жаноб Расулуллоҳга маълум қилган эрдим, ул киши: «Бизни йўлдан қолдирғайдирми, дерман»,— дедилар. Шунда одамлар: «Сафиййа Тавофи ифоза қилиб улгурган эрди»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, ҳечқиси йўқдир»,— дедилар».

 

Икрима ривоят қиладирлар:

 «Мадина аҳли (Маккада) Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: «Агар аёл Тавофи ифоза қилиб бўлгандан кейин ҳайз кўриб қолса, не бўлғайдир?» — деб сўрашди. Ибн Аббос: «У ҳолда аёл Тавофи видоъ (видолашув тавофи) қилмасдан қайтиб кетаверғайдир»,— дедилар. Мадина аҳли: «Биз Зайд ибн Собитнинг сўзига ишонғаймиз, сизнинг сўзингизга ишонмасмиз»,— дейишди. Шунда Ибн Аббос: «Ундоқ бўлса, Мадинага бориб сўрангиз»,— дедилар. Мадиналиклар (Маккадан) Мадинага қараб йўл олишди, Мадинага келишгач, мазкур масала хусусида сўрашган эрди, Умму Сулайм Сафиййа воқеасини ҳикоя қилиб бердилар».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Тавофи ифоза қилган аёлга, агар у ҳайз кўриб қолса, Тавофи видоъ қилмасдан қайтиб кетмакка ижозат берилди»,— дейдилар.

 

Товус разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Ибн Умарнинг «Ҳайз кўрган аёл Тавофи видоъ қилмасдан кетмағайдир» — деганларини эшитгандим, кейинчалик ўша кишининг ўзларининг «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган аёлни Тавофи видоъ қилмакдан озод қилганлар» — деб юрганларини кўрдим».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Ҳаж қилмоқ ниятида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга йўлга чиқдик. Жаноб Расулуллоҳ Маккага келгач, Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марвада саъй қилдилар, лекин эҳромларини ечмадилар, чунки ўзлари бирлан қурбонликка атаб жонлиқ етаклаб келган эрдилар. Ўша куни Расулуллоҳнинг аҳли аёллари ҳамда саҳобалари ҳам тавоф ва саъй қилдилар. Улардан қурбонликка атаб жонлиқ олиб келмаганлари эҳромларини ечишди. Мен эрсам, ҳайз кўриб қолдим. Ҳаж удумларини адо қилганимиздан сўнг Ҳасба (Минодаги бир кеча тунаб қолинадирган тошлоқ жой) кечаси: «Ё Расулуллоҳ, барча саҳобаларингиз ҳаж ва умра қилиб қайтишмоқда; ёлғиз мен (умра қилолмай) қолдим»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Маккага келганимизда тавоф қилмаган эрдингми?»—деб сўрадилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, уканг бирлан Танъимга бориб, умра қилиб қайтғил, биз сен бирлан фалон жойда учрашғайдирмиз»,— дедилар. Мен укам Абдурраҳмон билан Танъимга бориб, умрага эҳром боғладим. Биз йўлга чиқадирган кеча Сафиййа ҳайз кўриб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен бизни йўлдан қолдирадирган бўлдинг, Наҳр куни тавоф қилмаганми эрдинг?» — дедилар. Сафиййа: «Ҳа, тавоф қилган эрдим»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, юраверғил, ҳечқиси йўқдир»,— дедилар».

 

145-боб. Нафр куни Абтоҳда аср ўқимоқ ҳақида

 

Абдулазиз ибн Руфайъ ривоят қиладирлар:

 «Анас ибн Моликдан: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларидаги хотираларингиздан сўзлаб берингиз!» — деб илтимос қилдим. «Тарвия куни пешинни қай ерда ўқидилар?» —деб сўрадим. Анас: «Минода»,— дедилар. «Ундоқ бўлса, Нафр куни асрни қаерда ўқидилар?» — дедим. «Абтоҳда»,— дедилар. Сўнг: «Ҳаж амирлари не қилсалар, сен ҳам шундоқ қилаверғил!»—деб қўшиб қўйдилар».

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапираётиб:

 «Ул киши пешин, аср, шом ва хуфтон ўқидилар, кейин Муҳассабда ухладилар, сўнгра туриб туяга миндилар-да, Каъбани тавоф қилдилар»,— дедилар.

 

146-боб. Муҳассаб ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўниб ўтадирган манзил дам олмоққа жуда қулай эрди (яъни, Батҳодаги жойни назарда тутаётирлар)».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дам олмоқ ниятидагина Муҳассабга қўйиб ўтар эрдилар»,— дейдилар.

 

147-боб. Маккага киришдан аввал Зу Туванда ва Маккадан қайтишда Ҳулайфадаги Батҳода қўниб ўтмоқ ҳақида

 

Нофиъ ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Маккага келсалар, Ақаба йўлидаги Зу Туванда қўниб ўтардилар, сўнг икки тепалик оралиғидан ўтиб, Маккага кирардилар. Маккага ҳаж ёки умра қилгани келсалар, туяларини (фақат) Масжид ул-Ҳаром эшиги олдида чўктирар эрдилар-да, ичкарига кириб, қора рукн олдига бориб, тавоф айламакни ўшандан бошлар эрдилар. Кейин, етти марта: уч марта тез, тўрт марта оддий юриш қилиб тавоф айлар эрдилар. Сўнгра, орқага қайтиб, икки ракъат тавоф намози ўқиб, дастлабки келган жойларига қайтмакдан олдин Сафо ва Марва орасини тавоф қилар эрдилар. Ҳаж ёки умра қилиб қайтишларида Зулҳулайфадаги Батҳо текислигида, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларини чўктириб дам олиб ўтадиган ерда ул киши ҳам туяларини чўктирар эрдилар».

 

Холид ибн Ҳарас ривоят қиладирлар:

 «Убайдуллоҳдан Муҳассаб ҳақида сўрашди, шунда у киши: «Расулуллоҳ, Умар ва Ибн Умар ўша ерда (Муҳассабда) дам олиб ўтишган деб, Нофиъдан эшитганман»,— дедилар».

 

Холид ибн Ҳарас: «Нофиъ менга: «Ибн Умар ўша ерда, яъни Муҳассабда пешин ва аср (менимча, шомни ҳам, деганди шекилли) ўқир эрди»,— деганди. Мен Ибн Умарнинг ўша ерда хуфтонни ўқиб, кейин бир оз мизғиб олганига шубҳа қилмасман, чунки Жаноб Расулуллоҳ ҳам ўша ерда шундай қилар эрдилар»,— дейдилар.

 

148-боб. Маккадан қайтишда Зу Туванга тушиб ўтган киши ҳақида

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ибн Умар разияллоҳу анҳу Маккага келаетганларида Зу Туванда қўниб, тонг отгач, шаҳарга кирар эрдилар, бу ҳақда у кишидан сўрашганда «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундоқ қилар эрдилар»,— деб жавоб берганлар».

 

149-боб. Ҳаж мавсумида жоҳилия бозорларида савдо-сотиқ қилмоқ ҳақида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

«Зулмажоз ва Укоз жоҳилия давридаги одамлар савдо-сотиқ қиладирган жой эрди. Ислом даври келгач, мусулмонлар Аллоҳ таолонинг «Аллоҳдан фазлу карам тиламоқ сизлар учун гуноҳ эрмас» деган ояти каримаси нозил бўлгунга қадар, у ерларда савдо-сотиқ қилмоқни истамадилар».

 

150-боб. Тун охирлаб қолганда Муҳассабдан йўлга чиқиш ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Муҳассабдан йўлга чиқадирган кеча Сафиййа ҳайз кўриб қолди. Шунда у: «Мен сизларни йўлдан қолдирадирганга ўхшайман»,— деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен бизларни йўлдан қолдирадирган бўлдинг, Наҳр куни тавоф қилмаганми эрдинг?» — дедилар. Сафиййа: «Ҳа, тавоф қилган эрдим»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ундоқ бўлса, юраверғил!»— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан биргалиқда ҳажга чиқдик. Маккага келганимизда бизга эҳромларимизни ечмакни буюрдилар. Йўлга чиқадиган кеча Сафиййа ҳайз кўриб қолиб: «Сизларнинг оёғингизга тушов бўлмасам эрди!» — деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оёғимизга тушов бўлдинг, Наҳр куни тавофи ифоза қилганми эрдинг?»—дедилар. Сафиййа: «Ҳа»,— деди. «Унда, юраверғил!» — дедилар Жаноб Расулуллоҳ. «Ё Расулуллоҳ,— дедим мен,— Маккага келганимда умра қилмаган эрдим». «Ундоқ бўлса, Танъимга бориб, умра қилғил!» — дедилар Жаноб Расулуллоҳ. Мен укам бирлан бирга умра қилгани кетдим. Умра қилиб келаётганимизда Жаноб Расулуллоҳ бирлан йўлда учрашиб қолдик, ул киши: «Сизлар бирлан фалон жойда учрашғайдирмиз»,— дедилар».

 

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов