"."
Меню

Жумъа китоби

1-боб. Жумъанинг фарз эканлиги

 Аллоҳ таоло:

 «Агар жумъа куни жумъа намозига азон айтиб чақирилғайдир, олди-сотдини қўйиб, Аллоҳни зикр этмоққа шошилингиз. Агар билсангиз, Аллоҳни зикр этмоққа шошилмоқ сизлар учун хайрлидир!»—дейдир.

 

Абу Ҳурайра: «Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»,— дедилар:

 «Биз бу дунёда энг охиргилармиз, қиёмат кунида эрса, ҳурмат-эҳтиром жиҳатдан энг биринчилармиз. Аммо, Аҳли китобларга биздан аввал китоб нозил қилинган ҳамда уларга шу жумъа куни ҳафталик байрам сифатида фарз қилинган эрди. Аммо, улар жумъа кунини байрам қилмоқ тўғрисида келиша олмадилар. Бу кунни байрам қилмоқни Аллоҳ бизга муяссар этди. Барча биздан кейин байрам қилғайдир, яҳудийлар эртага, насоролар эрса, индинга байрам қилишғайдир».

 

2-боб. Жумъа куни ғусл қилмоқнинг афзаллиги; балоғатга етмаган болаларнинг ёким аёлларнинг жумъага қатнашмоқлари лозимми?

 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бирингиз бўлмангиз, жумъага келсангиз, ғусл қилиб келингиз!»— деганлар».

 

Ибн Умар нақл қиладирлар:

 «Умар ибн ал-Хаттоб жумъа куни минбарда тикка туриб хутба айтаётган эрдилар, ногаҳон Расулуллоҳнинг саҳобаларидан бир киши (масжидга) кириб келди. Шунда Ҳазрат Умар баланд овоз бирлан: «Ҳозир қай вақт бўлди? (нечун кеч қолдинг?)» — дедилар. «Мен бир иш бирлан банд эрдим, уйимга ҳам боролганим йўқ, азонни эшитдиму, таҳорат олиб югурдим»,— деди бояги киши. «Ғусл қилмасдан таҳорат қилганини қарангиз! Ваҳоланки, сен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жумъага ғусл қилиб келмоқни буюрганларини билурсен»,— дедилар Ҳазрат Умар».

 

Абу Саъид ал-Худрий:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни ғусл қилмоқ ҳар бир балоғатга етган инсон учун вожибдур!» — деганлар», —дейдилар.

 

3-боб. Жумъага хушбўй нарсалар сепиб бормоқ

 

Абу Саъид ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни ғусл қилмоқ, шунингдек тиш тозаламоқ ва топилса, хушбўй нарсалар сепмоқ ҳар бир балоғатга етган одам учун вожибдир!» — деганлар. «Ғусл қилмоқ — вожиб эканлигига гувоҳман, лекин тиш тозаламоқ ва хушбўй нарсалар сепмоқ вожибмидир ё йўқмидир, буни Аллоҳ билғайдир. Ҳадисда эрса, вожиб деб айтилган»,— дейдилар Амр разияллоҳу анҳу».

 

4-боб. Жумъанинг афзалликлари

 

Абу Ҳурайра: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»,— дейдилар:

 «Кимки, жумъа куни наҳс бўлганида ғусл қилганидек ғусл қилиб масжидга биринчи бўлиб борғайдир, гўёким бир туя қурбонлик қилгандек савоб олғайдир ва кимки иккинчи бўлиб борғайдир, гўёким бир сигир сўйиб қурбонлик қилгандек савоб олғайдир ва кимки учинчи бўлиб борғайдир, бир қўй сўйиб қурбонлик қилгандек савоб олғайдир ва кимки тўртинчи бўлиб борғайдир, бир товуқ садақа қилгандек савоб олғайдир ва кимки бешинчи бўлиб борғайдир, бир тухум садақа қилгандек савоб олғайдир. Имом хутба айтгани чиқса, малоикалар ҳам хутба эшитмоқ учун ҳозир бўлишгайдир, аммо малоикалар бундан кейин келгайлар учун савоб дафтарларини ёпиб қўйғайдирлар».

 

5-боб.

 

Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:

 «Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу жумъа куни хутба айтиб турган эрдилар, масжидга бир киши кириб келди. Шунда Умар унга: «Нега намозга кеч қолдингиз?»—дедилар. Ул киши: «Азонни эшитдим-у, таҳорат олиб келавердим»,— деди. Умар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар бирингиз жумъага ғусл қилиб борингиз!» деганларини эшитмаганмисиз?» — дедилар».

 

6-боб. Жумъага гул ёғи суртиб бормоқ

 

Салмон ал-Форсий нақл қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишиким жумъа куни ғусл қилиб, қўлдан келганча покланиб, хушбўй ёғлар бирлан соч-соқолларини мойлаб ёким уйида бор бўлган хушбўй нарсалардан ўзига сепиб, сўнг масжидга келса ва икки киши орасидан уларга озор бермай ўтиб, Аллоҳ таоло насиб қилганча намоз ўқиса, имом гапирганда жим туриб қулоқ, солса, ўша жумъа бирлан ўтган жумъа ўртасидаги гуноҳларининг ҳаммаси кечирилғайдир»,— деганлар».

 

Товус разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни наҳс бўлмасангиз ҳам ғусл қилингиз ва бошларингизни ювингиз, ўзингизга хушбўй нарсалар сепингиз! деганлар»,— дейишади, шунга сиз не дерсиз? дёб Ибн Аббосга айтдим. Ибн Аббос: «Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл ҳақида шундоқ деб айтганлар, аммо хушбўй нарсалар тўғрисида нелар деганларини билмасмен»,— деди».

«Ибн Аббос Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жумъа куни ғусл қилмоқ тўғрисида айтган гапларини сўзлаб берди. Шунда мен: Хушбўй нарсалар сепадирми ёким бор бўлса, хушбўй ёғлар суртадирми? деб Ибн Аббосдан сўрадим»,— дейдилар Товус разияллоҳу анҳу, Ибн Аббос: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайсинисини назарда тутганларини аниқ билмасмен»,— дебди.

 

7-боб. Жумъа намозига энг яхши кийимларни кийиб бормоқ

 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Умар ибн ал-Хаттоб разияллоҳу анҳу масжид эшиги олдида ипак матодан тикилган чопон сотишаётганини кўриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, шу чопонни сотиб олсангиз, жумъа куни ва меҳмонлар келганда кияр эрдингиз»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу чопонни охиратдан умидини узган одам кийғайдир»,— дедилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўша ипак чопондан бир нечасини ҳадя қилиб юборишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чопонлардан бирини Ҳазрат Умарга бердилар. Ҳазрат Умар: «Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, ипак чопонни менга кийдирдингиз, ваҳоланки бу тўғрида бошқа нарса деган эрдингиз?!» — дедилар. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сенга чопонни ўзинг кийғил, деб берганим йўқ»,— дедилар. Умар ибн ал-Хаттоб чопонни Маккадаги мушрик (Аллоҳга ширк келтирган) укаларига кийдириб юбордилар».

 

8-боб. Жумъа кунй мисвок бирлан тиш тозаламоқ

 

Абу Саъид ал-Худрий:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тишларини мисвок бирлан тозалар эрдилар»,— дейдилар.

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимга қийин қилиб қўйғаймен демаганимда, ҳар бир намоз ўқишдан олдин мисвок бирлан тиш тозаламоқни буюрар эрдим»,— деганлар».

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга мисвок бирлан тиш тозаламоқ тўғрисида жуда ҳам кўп айтдим»,— деганлар».

 

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ташаҳҳудга турганларида огизларини мисвок бирлан тозалар эрдилар».

 

9-боб. Бировнинг мисвоки бирлан тиш тозалаган киши

 

Оиша онамиз ривоят қиладирлар:

 «Абдурраҳмон ибн Абу Бакр қўлида мисвок бирлан ҳужрамга кириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарадилар. Мен Абдурраҳмонга: «Шу мисвокни менга беринг», — дедим. Менга бердилар. Мисвокнинг ишлатилган қисмини синдириб ташладим, сўнг учини тишлаб юмшатдим-да, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бетоб бўлиб ётгандилар) кўкрагимга суяниб туриб, тишларини тозаладилар».

 

10-боб. Жумъа куни бомдодда ўқиладиган зам сура

 

Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни бомдод намозининг биринчи ракъатида «Алиф, лом, мим танзил» сурасини, иккинчи ракъатида эрса, «Ҳал ато ала-л-инсон» сурасини ўқир эрдилар».

 

11-боб. Қишлоқ ва шаҳарларда жумъа ўқимоқ

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ўқилган жумъадан кейинги биринчи жумъа Баҳрайн қишлоқларидан биридаги Абд ул-Қайс масжидида ўқилди».

 

Ибн Умар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар бирингиз васийдирсиз» деганларини эшитганман»,— деди. Лайс ибн Саъид эрса: «Менга Юнус бундоқ деганди» деб қуйидагини қўшимча қилдилар: «Бир куни Разийқ ибн Ҳаким Водий ул-Қурода турганида Ибн Шиҳобга масала сўраб: «Эй Ибн Шиҳоб, қўл остимдагиларни жумъа намозига тўплайинми ёким йўқми?» деб хат ёзди, мен ҳам ўша ерда эрдим. Разийқ ўша вақтларда далада иш бошқарувчи бўлиб, қўл остида суданлик бир жамоа хизматчилар ва бошқалар ишлашар эрди. Разийқ Айла деган шаҳарга амирлик қилиб турган кунлардан бирида Ибн Шиҳоб унга жавоб йўллади. Разийқ хатни ўқиётганида мен эшитиб турган эрдим, унда Ибн Шиҳоб Разийққа қўл остидагиларни жумъага йиғмоқни буюриб, бундай деганди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга васий ва масъулдирсизлар. Имом ўз қўл остидагиларга васий ва масъулдир. Эркаклар ўз оила аъзоларига васий ва масъулдирлар, аёллар ўз эрининг уйидаги бор нарсаларга масъулдир. Хизматкор ўз хўжайинининг молига масъул бўлиб, уларни эҳтиётламоғи лозим» деганларини Абдуллоҳ ибн Умардан эшитганман». Назаримда, Ибн Шиҳоб: «Бола ўз отасининг молига масъул бўлиб, уни эҳтиётламоғи лозим, ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга васий ва масъулдирсизлар» деб ҳам ёзганди шекилли».

 

12-боб. Жумъада қатнашмайдирган аёллар, болалар ва бошқаларга жумъа куни гусл лозимми ёки йўқми?

 

Ибн Умар:

 «Жумъа куни ғусл қилмоқлик жумъа ўқиши фарз бўлган кишиларгагина лозимдир,— дейдилар.

 

Солим ибн Абдуллоҳнинг оталари — Абдуллоҳ ибн Умар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки жумъага келса, ғусл қилиб келсин!» деб айтганлар»,— дейдилар.

 

Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни ғусл қилмоқ ҳар бир балоғатга етган инсонга лозимдир!» деб айтганлар»,— дейдилар.

 

Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз бу дунёда охиргилармиз, Қиёмат куни эрса, иззат-ҳурмат жиҳатидан биринчилардирмиз. Аввал уларга, кейин бизга Китоб нозил бўлди. Улар ўзаро тортишиб жумъа кунини байрам куни деб белгилай олмадилар. Бу кунни байрам қилмоқни Аллоҳ бизга муяссар этди. Яҳудийлар эртага, насоролар эрса, индинга байрам қилишғайдир»,— деб бир оз жим қолдилар, кейин яна: «Ҳар бир мусулмон 7 кунда бир марта бошдан-оёқ ювиниб ғусл қилмоғи лозимдир!» — деб қўшиб қўйдилар».

 

Абу Ҳурайра:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати, ҳар бир мусулмон 7 куннинг бирида ғусл қилмоғи лозимдир!»—деганлар»,— дейдилар.

 

Ибн Умар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга кечаси масжидларга бориб намоз ўқимоққа рухсат берингиз!» деганлар»,— дейдилар.

«Умарнинг бир хотини бор эрди. Бомдод ва хуфтон намозларини масжидда жамрат бирлан ўқир эрди. Унга: «Нега жамоат олдига чиқғайсен? Бу Умарга ёқмаслигини, одамлардан сени рашк қилмоғини билурсен-ку, ахир! — дейишди. Хотин: «Мени бундан қайтармоғи учун не монеълик қилғайдир?»—деди. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ бандаларининг Аллоҳ масжидларига бормоқларига монеълик қилмангиз!» деган сўзои монеълик қилғайдир»,— дейишди.

 

13-боб. Ёмғирли кунда жумъага келмасликка рухсат

 

Ибн Аббос ёмғир ёғаётган куни муаззинга:

 «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» деганингдан кейин «Ҳаййа алассалот» демоқ ўрнига «Саллуу фи буйутикум» (Уйларингизда ўқингиз) деб айтгин!» — дедилар. Шунда одамларга бу гап ёқмагандек бўлди. Ибн Аббос: «Мендан яхшироқ киши (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам шундоқ қилганлар. Бугун жумъага келмоқ оғир, мен сизларга қийин бўлмасин, лойу сув кечиб келмангиз, деб шундоқ қилдим»,— дедилар.

 

14-боб. Қанчалик узоқ жойдан жумъага келинадир ва кимга (жумъага) келмоқ вожиб?

 

Аллоҳ таоло:

«Жумъа куни жумъага азон айтилғайдир, олди-сотдингизни қўйиб, Аллоҳни зикр этмоққа ошиқингиз!»—дейди. Ато разияллоҳу анҳу: «Агар жумъа намози ўқиладирган қишлоқда бўлсанг-у, жумъа намозига азон айтилса, азонни эшитсанг ҳам, эшитмасанг ҳам жумъага келмоғинг лозим ва фарздир!»—дейдилар. Анас разияллоҳу анҳу жумъани гоҳо ўз қасрида, гоҳо масжидда ўқир эрди. Қасри Басрадан 2 фарсах (тахм. 15—16 км) нарида эрди.

 

Оиша онамиз ривоят қиладирлар:

 «Одамлар навбати бирлан узоқ қишлоқлардан, шаҳар чеккаларидан чангу тупроққа ботиб, терлаб-пишиб жумъага келишар эрди. Бир куни бир киши Расулуллоҳни меникида эканликларида кўргани келди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани энди, мана шу кунингизни (жумъани) деб яхшироқ поклансангиз!» —дедилар».

 

15-боб. Қуёш қиёмдан оққанда жумъа вақти бошланадир

 

Яҳё ибн Саъид ривоят қиладирлар:

 «Амра деган аёлдан жумъа куни ғусл қилмоқ ҳақида сўраганимда, ул Оиша онамизнинг шу хусусда айтиб берган сўзларини айтди: «Меҳнаткаш одамлар кун қиёмдан оққач, ўша аҳволда жумъага келаверар эрдилар. Шунда уларга, ғусл қилиб келсангиз эрди, тер ҳиди кўтарилиб кетар эрди, дейиларди».

 

Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа намозини қуёш қиёмдан оққан пайтда ўқир эрдилар».

 

Анас разияллоҳу анҳу:

«Жумъа намозини эртароқ ўқиб, кейин бир оз ухлаб олар эрдик»,— дейдилар.

 

16-боб. Жумъа куни кун қаттиқ исиб кетса...

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам совуқ кунлари жўмъа намозини эртароқ, кун қаттиқ исиб кетганда эрса, кечроқ ўқир эрдилар».

 

Абу Хулда:

 «Амиримиз биз бирлан жумъа ўқидилар»,— деди, сўнг Анасдан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни нечук ўқир эрдилар?» — деб сўради (Байҳақий: «Қишда .эртароқ, ёзда эрса, кечроқ ўқир эрдилар»,— дейдилар).

 

17-боб. Жумъа намозига (пиёда) бормоқ; Аллоҳ таолонинг «Жумъа намозига азон айтилса, Аллоҳни зикр этмакка шошилингиз!» деган ояти каримаси; «шошилингиз» деган сўз «жумъага тезроқ тайёргарлик кўриб, масжидга ошиқмай боришни англатадир» деган кишилар ҳақида

 

Ибн Аббос:

«Жумъага азон айтилгандан сўнг олди-сотди қилиш манъ (ҳаром) қилинғайдир»,— дейдилар. Ато эрса: «(Умуман) ҳар қандай тирикчилик билан шуғулланмак манъ (ҳаром) қилинғайдир»,— дейдилар. Зуҳрий разияллоҳу анҳу: «Жумъа куни муаззин азон айтса, мусофир бўлсанг ҳам жумъага бормоғинг лозим»,— дейдилар.

 

Абойа ибн Рифоъа разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Жумъага кетаётган эрдим. йўлда Абу Абс менга дуч келиб: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Кимнинг оёғи Аллоҳ йўлида юриб чанг бўлғайдир, Аллоҳ таоло уни дўзах ўтида куйдирмағайдир» деб айтганларини эшитдим»,— деди».

 

Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозга такбир айтилса, сафга турмоққа шошилмангиз, тинчгина, осойишталик бирлан келиб турингиз. Намознинг қаерига келишган бўлса, ўша жойидан бошлаб биргалашиб ўқийверингиз, қолганини кейин ўзингиз ўқиб олингиз!»—деганлар».

 

Абдуллоҳ ибн Абу Қатода ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени кўрмагунингизча сафга турмангиз, тинчликка риоя қилингиз!» —деганлар».

 

18-боб. Жумъа куни намозда сафда турган кишиларнинг орасидан ёриб ўтилмасин!

 

Салмон Форсий нақл қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки жумъа куни ғусл қилиб, ўзига хушбўй нарсалар сепиб, намозга келса ва. сафда турганлар орасига қўполлик билан суқилиб кирмаса, насиб этганча намоз ўқиса, имом минбарга чиқиб, хутба айтаётганда жим туриб қулоқ солса, унинг шу жумъа бирлан ўтган жумъа орасидаги гуноҳлари кечирилғайдир»,— деганлар».

 

19-боб. Жумъа куни биродарини тургизиб юбориб, ўрнига ўтириб олинмайдир

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен Ибн Журайжга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда биродарини турғизиб юбориб, ўрнига ўтириб олишни қоралабдилар, буни менга Ибн Умар айтди»,— дедим. Шунда Ибн Журайж: «Жумъа намозидами?» — деди. Мен: «Жумъада ҳам, бошқа намозларда ҳам»,— дедим».

 

20-боб. Жумъа куни азон айтмоқ

 

Соиб Ибн Язид бундай дейдилар:

 «Жумъа кунидаги биринчи азон, Расулуллоҳ, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида, имом минбарга бориб ўтирганда айтилган. Усмон халифалик қилган даврларида Мадинаи Мунавварада одам кўпайиб, Завроъ (масжид ёнидаги жой)да учинчи азон айтиладиган бўлди».

 

21-боб. Жумъа куни бир киши муаззинлик қиладир

 

Соиб ибн Язид:

 «Жумъа кунидаги учинчи азонни Усмон ибн Аффон жорий қилганлар, Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламнинг муаззинлари биттадан ортиқ бўлмаган ва жумъа куни азон имом минбарга бориб ўтирганда айтилган»,— дейдилар.

 

22-боб. Имом азонни эшитса, минбарда ўтириб, сўзларини такрорлаб туради

 

Абу Умома ривоят қиладирлар:

 «Муовия ибн Абу Суфённинг минбарда ўтириб азон калималарини қайтариб айтаётганини эшитдим. Муаззин: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар»,— деганда, у ҳам: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар»,— деди. Муаззин: «Ашҳаду алла илоҳа иллаллоҳ»,— деганда, Муовия: «Мен ҳам гувоҳлик бергаймен»,— деди. Муаззин: «Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ»,— деганда, Муовия: «Мен ҳам гувоҳлик бергаймен»,— деди. Муаззин азонни айтиб бўлгач, Муовия: «Эй одамлар, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззин азон айтаётганда мана шу жойда ўтириб ҳозир мен айтган сўзларни айтганларини эшитганман»,— деди».

 

23-боб. Азон айтилаётганда хатибнинг минбарда ўтирмоғи — суннат

 

Соиб ибн Язид қуйидагича ривоят қиладирлар:

 «Жумъа куни масжидда одам кўпайиб кетганда Усмон разияллоҳу анҳу. иккинчи марта азон чақирмоқни буюрдилар. Жумъа куни азон имом минбарда ўтирганда айтилар эрди».

 

24-боб. Хутба вақтида азон айтмоқ

 

Зуҳрийга Соиб ибн Язид бундай дебдирлар:

 «Жумъа кунидаги биринчи азон Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар даврларида, имом минбарда ўтирган вақтда айтилар эрди. Усмон разияллоҳу анҳу халифалик қилган вақтга келиб, одам кўпайди. У жумъа куни Завроъ деган жойда учинчи азон айтмоқни буюрди. Шу-шу, бу одат бўлиб қолди».

 

25-боб. Минбарда хутба айтмоқ

 

Анас:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳм ва саллам минбарга чиқиб хутба айтдилар»,— дейдилар.

 

Абу Ҳазм ибн Динор ривоят қиладирлар:

 «Бир неча одам минбарнинг нимадан ясалганлиги тўғрисида тортишиб қолдилар, сўнг Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий ҳузурига келиб, шу ҳақда ундан сўрадилар. Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий бундай деди: «Қасамёд қилурменким, мен унинг нимадан ясалганини жуда яхши билурман. Уни олиб келиб қўйишган куняинг ўзидаёқ кўрганман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни унга биринчи марта ўтириб кўрганларини ҳам кўрганман. Минбарнинг ясалиш тарихига келсак, Жаноб Расулуллоҳ фалончи хотинга одам юбордилар (Саҳл хотиннинг отини айтган эрди), келгач, унга: «Дурадгор ғуломингга буюрсанг, одамларга гапирганимда устига чиқиб ўтирадиган бир минбар ясаб берса»,— дедилар. Хотин ғуломига буюрди. Ғулом тарфо деган дарахт ёғочидан минбар ясади, хотин уни Расулуллоҳга юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарни шу ерга қўймакни буюрдилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбар устида намоз ўқиганларини кўрдим. Минбар устида такбири таҳрима айтдилар! сўнг (минбар устида) рукуъ қилдилар, кейин (минбардан) тисарилиб тушиб, ерда сажда қилдилар. Кейин, яна (минбарга) қайтиб чиқдилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг одамларга қараб: «Эй одамлар, менинг намоз ўқишимни ўрганиб олингиз ва сизлар ҳам мен каби намоз ўқингиз, деб шундай қилдим»,— дедилар».

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Бир хурмо тўнкаси бўлиб, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устига чиқиб хутба айтар эрдилар. Жаноб Расулуллоҳга минбар қўйиб беришгач, тўнка янги туққан туя бўзлагандек йиғлаганини эшитдик, ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, муборак қўлларини унинг устига қўйдилар. Шундан кейингина тўнка жимиб қолди,

Солимнинг оталари Ибн Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбар устида туриб: «Ким жумъага келса, ғусл қилиб келсин!» — деганларини эшитган эрканлар».

 

26-боб. Тик туриб хутба қилмоқ

 

Анас разияллоҳу анҳу:

 «Бир вақт қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тикка туриб хутба қилаяптилар»,— деб айтдилар.

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозир сиз қилаётганингиздек тик туриб хутба айтар эрдилар, сўнг ўтирар эрдилар, кейин яна турар эрдилар»,— дедилар.

 

27-боб. Имом одамларга қараб хутба айтадир, одамлар эрса, имомга қараб тинглашғайдир

 

Ибн Умар ва Анас ибн Молик имомга тикилиб турдилар.

 

Абу Саъид ал-Худрий:

 «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга ўтирдилар, биз эса у кишининг атрофларида ўтириб тингладик»,— дейдилар.

 

28-боб. Хутбада Аллоҳга сано айтгандан сўнг «Аммо баъд» («Андин сўнг эрса») деган киши ҳақида

 

Ҳишом разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни Фотимадан эшитган эрканлар, унга Асмо айтиб берган эркан:

 «Оиша онамизнинг ҳузурларига кирсам, одамлар намоз ўқишаётган эркан. «Одамларга не бўлди?» — дедим. Оиша онамиз бошлари бирлан осмонга ишора қилдилар. «Бу (охират) аломатими?» — дедим. «Ҳа» дегандек бош қимирлатиб қўйдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни жуда ҳам узоқ ўқидилар, ҳатто менинг кўзим тиниб кетди. Ёнимда мешчада сув бор эрди. Озини очиб бошимга сув қуя бошладим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлдилар ҳамки, қуёш тутилиши тўхтаб, кун ёришиб кетди. Жаноб Расулуллоҳ Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтдилар, сўнг «Аммо баъд» («Андин сўнг эрса») деб одамларга хутба қилдилар. (Аллоҳ таолога айтилган ҳамду сано бирлан одамларга айтмоқчи бўлган хутбаларини бир-бирига қўшиб юбормаслик учун «Аммо баъд» дедилар). Шу пайт бир тўда ансорий аёллар ғовур-ғувур қилиб қолишди. Мен уларни тинчитиб, кейин (эшитмай қолганим учун); «Расулуллоҳ не дедилар?» — деб Оиша онамиздан сўрадим. Оиша онамиз Расулуллоҳнинг ҳамма айтганларини менга қуйидагича гапириб бердилар: «Менга кўрсатилмаган нарса қолмади, ҳатто мана шу жойда туриб жаннатни ҳам, дўзахни ҳам кўрдим. Менга ваҳий қилинди, сизлар қабрда Масиҳ Дажжол фитнаси каби ёки шунга яқин бир синовдан ўтгайсизлар. Олдингизга келиб: «Мана бу кишини (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни) танийсанми?» — деб сўрагайлар. Сўралгувчи мўъмин (шу ерда Ҳишом: «ёким тақводор»,— деб иккилангайдир) бўлса, «Бу киши Расулуллоҳ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бизга мўъжизалар ва ҳидоят йўлини олиб келганлар, биз у кишига ишониб, айтганларини қабул қилганмиз, у кишига эргашганмиз, ҳамма айтганларини тасдиқлаганмиз»,— дейди. Унга: «Роҳатланиб ухлайвер. Биз сенинг мўъмин эканлигингни билур эрдик»,— дейишади. Аммо, сўралгувчи мунофиқ (шу ерда Ҳишом: «ёки шубҳаланувчи»,— деб иккилангайдир). бўлса, «Бу кишини танийсанми?»—дейишганда, «Йўқ, билмасман, одамлар бу киши хусусларида нелардир дейишар эрди, мен ҳам ўшалардан эшитганларимни айтар эрдим»,— дейди (Ҳишом: «Ўша мунофиққа айтишадирган огир гапларни Фотима менга айтган эрди, лекин ёдимдан кўтарилибдир»,— дейди)».

 

Амр ибн Тағлиб ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўлжа моллар ва асирлар келтирилди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжаларни тақсимладилар. Баъзи кишиларга бердилар, баъзиларига бермадилар. Шунда ўлжа тегмаган кишилар норози бўлаётганини айтишди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамду сано айтиб, сўнг «Аммо баъд («Андин сўнг эрса») деб қўйдилар-да, «Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати, мен баъзи бир кишига ўлжа бергайман, баъзисига эрса, бермагайман. Лекин, ўлжа олмаган киши менга ўлжа олган кишидан кўра маҳбуброқдир. Қалбида қаноатсизлик, мол-дунёга ҳирси борлигини сезган кишимга ўлжа бергайман. Аллоҳ қалбларига кўзи тўқлик ва қаноат жо қилган кишиларни эрса, янада назари тўқ ва қаноатли бўлмоққа ундагайман, Амр ибн Тағлиб ўша сабрлилар тоифасидандир»,— дедилар. Худо ҳаққи, Жаноб Расулуллоҳнинг бу гаплари менга ҳар қанча молу дунёдан ортиқ эрди».

 

Оиша онамиз ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни ярим кечада масжидга чиқиб намоз ўқидилар, одамлар ҳам уларга иқтидо қилиб, нафл ўқишди. Тонг отгач, одамлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ярим кечада масжидга чиқиб намоз ўқидилар»,—деб ўзаро гаплашишди. Эртасига кечқурун ундан ҳам кўп одам йиғилиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга намоз ўқидилар. Тонг отгач, яна шу ҳақда ўзаро сўзлашдилар. Учинчи кечада масжид аҳли жуда ҳам кўпайиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқиб намоз ўқйдилар, одамлар ҳам ўқишди. Тўртинчи кеча Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқмадилар, фақат тонг отганда бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлгач, Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг «Аммо баъд» деб сўз бошладилар: «Сизларнинг бу саъйу кушишларингиз, албатта, яхши, бироқ кечаси намоз ўқимоқ фарз бўлиб қолиб, кейин қийналиб қолмангиз, дедим».

 

Абу Ҳумайд ас-Соъидий ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин ўринларидан туриб Аллоҳга муносиб ҳамду сано ва таҳлил айтганларидан сўнг, «Аммо баъд» деб сўз бошладилар».

 

Мисвар ибн Махрама ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб ҳамду сано айтаётганларида «Аммо баъд» деганларини эшитдим».

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энларига изор кийиб, бошларига катта салла ўраб, сўнгги марта минбарга чиқдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг: «Эй одамлар, менга яқинроқ келингиз!» — дедилар. Одамлар Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига тўпланди. Расулуллоҳ «Аммо баъд» деб сўз бошладилар: «Мана бу ансорийлар қабиласи келажакда озайғайдир, (бошқа) одамлар эрса, кўпайғусидир. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига мансуб мансабдор одамнинг бирор кишига зарари ёким фойдаси тегса, яхшилигини қабул қилиб, ёмонлигини афв этсинлар!»

 

29-боб. Жумъа куни имомнинг икки хутба ўртасида ўтириб дам олмоғи

 

Абдуллоҳ ибн Умар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (жумъада) икки марта хутба айтар эрдилар. Иккинчи хутбани бошлашдан олдин ўтириб дам олар эрдилар»,— дейдилар.

 

30-боб. Жумъа куни хутба тингламоқ

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганлар»,— дедилар:

 «Жумъа куни малоикалар масжид эшиги олдида биринчи бўлиб келганларни биринчи деб, иккинчи бўлиб келганларни иккинчи деб ёзиб туришғайдир. Жазирама иссиқда биринчи бўлиб келганлар битта туя, иккинчи бўлиб келганлар битта сигир, ундан кейингилари битта қўчқор, ундан кейингилари битта товуқ, ундан ҳам кейингилари эрса, битта тухум садақа қилганчалик савоб олғайдир. Сўнг, имом сўзга чиқса, малоикалар дафтарларини ёпиб, унинг суҳбатига қулоқ солишғайдир».

 

31-боб. Имом хутба айтиб турганида бир кишининг кириб келганини кўрса, унга икки ракъат намоз ўқимоқни буюради

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Жумъа куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба айтиб турган эрдилар, бир киши кириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Эй фалончи, намоз ўқидингми?» — дедилар. У «Йўқ»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Турғил, икки ракъат намоз ўқиғил!»—дедилар».

 

32-боб. Имом хутба айтаётганда келиб, икки ракъат енгил намоз ўқиган киши

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни хутба айтиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Расулуллоҳ унга: «Намоз ўқидингми?» — дедилар. «Йўқ»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Турғил, икки ракъат ўқиғил!» — дедилар».

 

33-боб. Имомнинг хутба айтаётиб қўлларини кўтариб дуо қилмоғи

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Жумъа куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба айтиб турган эрдилар, бирдан бир киши ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, йилқилар ҳалок бўлди, қўйлар ҳалок бўлди. Аллоҳ таолодан бизга ёмғир сўраб берингиз!»— деди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб дуо қилдилар».

 

34-боб. Жумъа куни хутбада ёмғир сўрамоқ

 

Анас разияллоҳу анҳу нақл қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қурғоқчилик бўлди. Жумъа куни Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба айтиб турган эрдилар, бир бадавий ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, мол-ҳоллар ҳалок бўлди, бола-чақалар оч қолди. Аллоҳ таолодан бизга ёмгир сўраб берингиз!» — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб дуо қила бошладилар, осмонда эса бир парча ҳам булут кўринмасди. Жоним қўлида бўлган зотга қасамёд этиб айтурменким, қўлларини дуодан туширмасданоқ осмонни тоғдек-тоғдек булут босди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбардан тушиб улгурмасларидан соқолларидан ёмғир томчилари томаётганини кўрдим. Ўша куни, унинг эртаси ва индинига ҳам ёмғир ёғиб, ҳатто кейинги жумъагача давом этди. Кейинги жумъада ўша ёки бошқа бир бадавий: «Ё Расулуллоҳ, бинолар босиб қоляпти, мол-ҳоллар ғарқ бўлаётир, Аллоҳ таолодан бизга ёмғирни тўхтатмакни сўраб берингиз!» — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуога қўлларини кўтариб: «Илоҳи, устимизга эрмас, атрофимизга ёмғир ёғдирғил!» — дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари бирлан қайси томонга ишора қилсалар, ўша томоннинг булутлари тарқаб кетар эрди. Ниҳоят, Мадинаи Мунаввара осмони доира шаклида очилди. Ёмғир эрса, водийга бир ой ёғди. Ўша томондан ким келмасин, кўп ёмғир ёғаётгани ҳақида гапирар эрди».

 

35-боб. Жумъа куни имом хутба айтаётганда ўзаро сўзлашаётганларни тинчитиш ҳақида

 

Агар киши ёнидаги биродарига «Жим турғил!» деса ҳам ноўрин гап қилган бўлур. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом сўзлаётганда одамлар жим туриб тингламоғи лозим» деганлар»,— дейдилар Салмон.

 

Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни имом гапириб турганда ёнингдаги биродарингга «Жим турғил!» десанг, ноўринг гап қилибсан»,— деганлар»

 

36-боб. Жумъа куни дуо ижобат бўладиган вақт тўғрисида

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни ҳақида гапира туриб:

 «Жумъа кунида бир муайян вақт бордир. Мусулмон банданинг ўқиётган намози ўша вақтга тўғри келиб қолмоғи қийиндир, бордию тўғри келиб қолғайдир, ўша банда Аллоҳ таолодан бирор нарса сўрағайдир, сўраганини берғайдир»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари бирлан ўша вақтнинг қисқа эканлигига ишора қилдилар».

 

37-боб, Жумъа куни одамлар имомни ташлаб намоздан чиқиб кетиб қолишса, имом ва у билан қолган кишиларнинг намози жоиздир

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Бир куни пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга жумъа намозини ўқиётган эрдик, бирдан Шом томондан дон ортилган карвон келиб қолди. Одамлар (намозни ташлаб) карвон томонга қараб кетишди, ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга 12 киши қолди, холос. Шунда: «Агар одамлар бирор олди-сотдини ёким ўйин-кулгини кўриб қолишғайдир, сени намозда тик турганингча қолдириб кетишғайдир»,— деган ояти карима нозил бўлди».

 

38-боб. Жумъадан кейин ва жумъадан аввал намоз ўқимоқ

 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида пешиндан аввал 2 ракъат, пешиндан кейин 2 ракъат, шомдан кейин 2 ракъат ва хуфтондан кейин 2 ракъат намоз ўқир эрдилар. Жумъадан кейин ҳам уйларига қайтиб келганларидан кейин 2 ракъат намоз ўқир эрдилар».

 

39-боб. Аллоҳ таолонинг «Жумъа намози ўқиб бўлингач, тирикчилигинтизни қилинсиз ва Аллоҳ таолодан ҳалол ризқ тилангиз!» деган ояти каримаси

 

Саҳл ибн Саъд ривоят қиладирлар:

 «Биз томонда бир хотин бор эрди, даласига қанд лавлаги экар эрди. Жумъа куни бўлса, қанд лавлагини юлиб, бир ҳовуч арпа бирлан қайнатиб қўяр эрди. Қанд лавлаги илигдек бўлар эрди. Намози жумъадан қайтаётиб аёлга салом бериб ўтар эрдик, у бизга ўша таомдан келтирар эрди. Ундан ялар эрдик. Кейин, яна қачон жумъа куни келар эркан, деб орзу қилар эрдик. Жумъа куни намоздан кейингина қайлула қилар эрдик, тушликни ҳам фақат жумъадан сўнг ер эрдик».

 

40-боб. Жумъа намозидан сўнг қайлула қилмоқ

 

«Жумъага эртароқ бориб келиб, қайлула қилар эрдик»,— дейдилар Анас разияллоҳу анҳу.

«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга жумъа намозини ўқиб, сўнг дам олар эрдик»,— дейдилар Саҳл разияллоҳу анҳу.

 

41-боб. Салот ул-хавф (хавф туғилганда ўқиладиган намоз)

 

Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида бундай дейдир:

 «Агар сафарда бўлғайдирсиз-у, кофирларнинг фитна қилиб ҳужум этиб қолмакларидан чўчигайдирсиз, намозни қисқароқ ўқимоғингизнинг зарари йўқдир, зеро кофирларнинг сизларга душманлик қилмоғи турган гапдир. (Эй пайғамбар), агар сен саҳобаларинг бирлан бирга бўлғайдирсен-у, имомлик қилиб намоз ўқимоқчи бўлғайдирсен, уларнинг бир қисми сен бирлан намоз ўқисин, иккинчи қисми эрса, сизларни қурол тутиб орқангиздан қўриқлаб турсин! Биринчи ракъат тугагач, намоз ўқимаган қўриқчи қисм келиб сен бирлан бирга иккинчи ракъатни ўқисин! Биринчи қисм эрса, эҳтиёт чораларни кўриб турсин! (Чунким) қурол-аслаҳаларингизни ташлаб намоз ўқиётганингизда кофирлар сизларни ғафлатда қолдириб бирдан ҳужум қилиб қолмоқлари мумкиндир. Лекин, ёмғир ёғиб лойгарчилик бўлса ёким касал эрсангиз, қурол аслаҳаларингизни қўйиб, намоз ўқисангиз бўлғайдир. Огоҳ бўлингиз, Аллоҳ таоло кофирларни таҳқирловчи азоб тайёрлаб қўйгандир!»

 

Шуъайб ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам салот ул-хавф ўқиганмилар?» —деб Зуҳрийдан сўрадим. Ул: «Менга отам Абуллоҳ ибн Умар бу хусусда бундай деган эрдилар»,— деб қуйидагиларни айтиб берди:

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ғазотга чиқдим. Нажд томонда душманнинг тўғрисига келиб саф тортдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқимакка турдилар, бир гуруҳ одамлар ул кишига иқтидо қилди, иккинчи гуруҳ эрса, душманни кузатиб турди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо этиб намоз ўқиётган кишилар бир марта рукуъ айлаб, икки марта сажда қилди, сўнг, улар намозгоҳни тарк этдилар, ўринларига қўриқлаб турган иккинчи гуруҳ бориб турди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар бирлан бирга ҳам бир марта рукуъ ва икки марта сажда қилдилар, сўнг салом бердилар. Иккинчи гуруҳдаги кишиларнинг ҳар бири ўзлари мустақил равишда яна бир марта рукуъ ва икки марта сажда қилиб олди».

 

42-боб. Тик туриб ва от минган ҳолда салот ул-хавф ўқимоқ

 

Ибн Умар:«Аралашиб кетган вақтда (яъни, душманлар ҳар томондан ҳужум қилиб турганда) тик туриб намоз ўқилғайдир, чунким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Душман хавфи яна ҳам кучайиб кетса, тик туриб ва от минган ҳолда намоз ўқийверингиз!» деб айтганлар»,— дейдилар.

 

43-боб. Салот ул-хавф ўқилаётганда намозхонлар бир-бирларини қўриқлайдилар

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга бир гуруҳ кишилар намоз ўқимакка турдилар. Расулуллоҳ такбири таҳрима айтдилар, қолганлар ҳам айтишди. Расулуллоҳ рукуъ қилдилар, қолганлар ҳам рукуъ қилишди, Расулуллоҳ сажда қилдилар, қолганлар ҳам сажда қилишди. Сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи ракъатни ўқимакка турдилар. Бирга намоз ўқиган гуруҳ иккинчи гуруҳга жой бўшатиб, уларни қўриқлаб турди. Иккинчи гуруҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга рукуъ ва сажда қилди. Шу тариқа галма-галдан бир-бирини қўриқлаб туриб, ҳамма намоз ўқиб олди».

 

44-боб. Қалъани забт этиш ва душманга ҳужум бошлаш олдидан ўқиладирган намоз

 

Ал-Авзоъий бундай дейдилар:

 «Агар қалъани фатҳ қилишга киришилса-ю, намоз ўқишга имкон бўлмаса, ҳар бир киши имо-ишора бирлан ўзи алоҳида намоз ўқиб олғайдир. Агар имо-ишора бирлан ҳам намоз ўқиш имкони бўлмаса, уруш сусайгунча намозни кечиктирғайдир. Уруш сусайгач, икки ракъат намоз ўқийдир. Агар бунга ҳам имкони бўлмаса, бир ракъат ва икки сажда қилиб намоз ўқийдир. Мободо буни ҳам қилолмаса, унда қуруқ такбирнинг ўзи намоз ўрнига ўтмайдир. Намозни душман хавфи йўқолгунича кечиктиргайдир».

 

Анас разияллоҳу анҳу бу хусусда вундай дейдилар:

 «Тастур қалъасини олишда қатнашдим. Тонг отар пайтида жанг авжига чиқиб, саҳобалар то кун ёйилгунча намоз ўқий олмадилар. Кун ёйилгандан сўнг намоз ўқидик. Биз билан бирга Абу Мусо ал-Ашъарий ҳам бор эрдилар. Сўнг, қалъа фатҳ қилиниб, аҳо,лиси исломга киргизилди. Ўша қазо бўлган намоз ўрнига бутун дунёни ва ундаги бор нарсаларни берсалар ҳам мен хурсанд бўлмас эрдим!».

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Хандақ қазилган куни (ҳижратнинг 4-нчи йили) Ҳазрат Умар келиб Қурайш кофирларини (мўъминларни намоздан қолдиргани учун) сўка бошладилар. Сўнг: «Ё Расулуллоҳ, Қуёш ботиб кетаёзди, мен ҳали асрни ўқиганим йўқ»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳни ўртага қўйиб айтурменким, мен ҳам ҳалигача ўқиганим йўқ»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳон деган жойда (туядан) тушиб, таҳорат олдилар ва кун ботгандан кейин намозни (асрни), ундан сўнг намози шомни ўқидилар».

 

45-боб. Душманни қувиб кетаётган ва орқасидан душман қувиб келаётган одамнинг от устида намоз ўқимоғи

 

Валийд Ал-Авзоъийга:

 «Мен Шарҳабийл ибн ас-Самт ва унинг шерикларини от устида намоз ўқиб кетаётганларини кўрдим»,— деди. Ал-Авзоъий: «Ҳа, намоз қазо бўлмоғидан чўчисак, от устида имо-ишора бирлан намоз ўқиб кетаверар эрдик»,— деди. Валийд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳеч ким Баний Қурайзадан бошқа жойда намози аср ўқимасин!» деган сўзларини далил қилиб келтирди.

 

46-боб.

 

Ибн Умар нақл қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ ғазотидан қайтганларидан сўнг: «Бирор киши Баний Қурайзага етиб олмагунча аср намозини ўқимасин!»—дедилар. Баъзи бировлар асрни йўлда ўқиди, баъзилар: «Бормагунча ўқимаймиз»,—дейишди, яна айримлар: «Ўқийвергаймиз, «Намоз ўқимангиз!» деганларидан мақсад, манзилга тезроқ етиб олмоқдир»,— дейишди. Кейин, бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказишди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бирортасини ҳам койимадилар».

 

47-боб. Намози бомдодни тонг отмасдан барвақтроқ ўқимоқ; ҳужум ва уруш олдидан намоз ўқиб олмоқ

 

Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Хайбарни ишгол қилиш олдидан) ғира-шира пайтда намози бомдодни ўқиб олдилар. Сўнг, отга миниб йўлга тушдилар. Хайбар кўринган вақтда: «Аллоҳу акбар, Хайбар хароб бўлди, биз бирор қавмнинг ерига келиб тўшсак, уларнинг ҳолига войдир!» — дедилар. Хайбар аҳли шошиб кўчаларга чиқишди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: «Муҳаммад катта қўшин бирлан келибдир»,— дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва. саллам уларнинг қаршилик кўрсатганларини ўлдириб, қолганларини асир .олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асира Сафиййани Дихйа ал-Калбийга бердилар, лекин саҳобалар тавсияси бирлан шу заҳоти Дихйани рози қилиб, уни қайтариб олдилар. Кейин, уни озод этиб, (унга) уйландилар. Абдулазиз Собитга: «Сиз маҳрига не берганларини Анасдан сўрадингизми?» — деганда, маҳрига озодлик берганлар»,— деб кулиб қўйди».

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов