Кун тутилиши хақидаги боблар
1-боб. Қуёш тутилганда намоз ўқимоқ
Абу Бакр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида (суҳбатлашиб ўтирган) эрдик, Қуёш тутилиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар-да, ридоларини судраб масжидга кириб кетдилар. Ортларидан биз ҳам кирдик. То Қуёш тутилиб бўлгунча биз бирлан бирга икки ракъат намоз ўқидилар (намозни чўзиб ўқидилар), сўнг: «Қуёш ва Ой бирор кишининг ўлгани учун тутилмагайдир. Қачонким Қуёш ёки Ой тутилганини кўрғайдирсиз, тутилиб бўлгунча намоз ўқиб ва дуо айтиб Аллоҳ таолога илтижо қилингиз!» — дедилар».
Қайс разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ва Ой бирор кишининг ўлгани учун тутилмағайдир, албатта. Лекин, улар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратга эга эрканлигини исботловчи иккита далилдир. Қачонким уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, тезда ўрнингиздан туриб намоз ўқингиз!»— деган эрканлар. Буни менга Абу Масъуд айтди».
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш бирлан Ой бирор кишининг вафот этгани ёким туғилгани учун тутилмашйдир. Лекин, Қуёш бирлан Ой Аллоҳ таолонинг қудратини исботловчи иккита далилдир. Қачонким, уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, намоз ўқингиз!»— деганлар».
Муғира ибн Шуъба разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳим вафот этган куни Қуёш тутилди. Шунда одамлар: «Иброҳим вафот этгани учун Қуёш тутилди»,— дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш бирлан Ой‘бирор кишининг вафот этгани ёким туғилгани учун тутилмағайдир, қачонким уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, намоз ўқиб ва дуо айтиб, Аллоҳга сиғинингиз!» — деб айтдилар».
2-боб. Қуёш тутилганда садақа қилмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Қуёш тўтилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллОҳу алайҳи ва саллам жамоат бирлан намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар, сўнг рукуъ қилиб, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Кейин, қадларини ростлаб, қиёмда узоқ турдилар, лекин рукуъдан аввалги қиёмга кўра камроқ турдилар. Сўнг, яна рукуъ қилдилар, рукуъда узоқ турдилар, лекин биринчи рукуъга нисбатан камроқ турдилар. Кейин, сажда қилдилар, саждада ҳам узоқ турдилар. Сўнгги ракъатда ҳам шундоқ қилдилар. Намоз тугаганда Қуёш тутилиб бўлганди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба айтдилар. Кейин, Аллоҳга ҳамду санолар айтиб: «Қуёш бирлан Ой Аллоҳ таоло қудратини исботловчи иккита далилдир. Қачонким уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, Аллоҳга сиғиниб дуо қилингиз, такбир айтингиз ва намоз ўқингиз ҳамда садақа берингиз!»— дедилар. Сўнг, бир оз сукут сақлаб тургач: «Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, хоҳ аёл ва хоҳ эркак банда бўлсин, зино қилса, Аллоҳдан кўра кўпроқ ғазабланиб, рашк қилғувчи зот бўлмаса керак! Агар мен билган нарсани билганингизда эрди, кўпроқ йиғлаб, камроқ кулар эрдингиз!» — деб қўшиб қўйдилар».
3-боб. Қуёш тутилганда жамоат бўлиб намоз ўқиш учун одамларни намозга чақирмоқ
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуёш тутилганда жамоат бўлиб намоз ўқимоқ учун одамлар чақирилди»
4-боб. Қуёш тутилганда имомнинг хутба айтмоғи
Оиша онамиз ва уларнинг опалари:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилганда одамларга хутба айтдилар»,— дейишади.
Урва разияллоҳу анҳу Оиша онамиздан эшитиб ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт даврларида Қуёш тутилди. Буни кўриб масжидга чиқдилар. Одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг орқаларида саф тортишди. Расулуллоҳ такбири таҳрима айтиб намозни бошладилар. Сўнг, узоқ қироат қилдилар, кейин такбир айтиб рукуъ қилдилар, рукуъда узоқ турдилар. Сўнг, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деб рукуъдан турдилар. Саждага бормасдан аввал олдингига нисбатан қисқароқ қироат қилдилар. Сўнг, такбир айтиб рукуъ қилдилар, рукуъда аввалгига кўра камроқ турдилар, кейин «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу, раббано ва лака-л-ҳамд» деб сажда қилдилар. Сўнг, иккинчи ракъатда ҳам шундоқ қилдилар. Ундан кейин, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт рукуъ ва тўрт сажда қилиб икки ракъат намоз ўқидилар. Қуёш тутилиб бўлганда ҳали намоз тугамаган эрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач, ўринларидан туриб Аллоҳга муносиб ҳамду санолар айтдилар, сўнг: «Қуёш бирлан Ой Аллоҳнинг қудратини исботловчи иккита далилдйр. Улар бирор кишининг ўлгани ёким туғилгани учун тутилмағайдир. Агар (ким) уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, намоз ўқингиз!» — дедилар».
Урва разияллоҳу анҳу Оиша онамиздан эшитиб ривоят қилиб берган мазкур ҳадисга монанд бошқа бир ҳадисни Аббос ҳам ҳикоя қилиб берган эрканлар:
«Зуҳрий разияллоҳу анҳу: «Аканг — Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуёш тутилганда Мадинада намози бомдодга ўхшаш икки ракъат намоз ўқиди, ортиқча ҳеч нарса ўқимади-ку!»—деганларида, Урва: «Ҳа, тўғри, акам намознинг суннатида янглишдилар»,— деб айтган эркан».
5-боб. «Қуёш тутилди» деб айтиладирми ёким «Қуёш куйди» деб айтиладирми?
Аллоҳ таоло:
«Ва хасафа-л-Қамар (Ой тутилди)»,— дейдир.
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилган куни намоз ўқидилар. Ўринларидан туриб, аввал такбири таҳрима айтдилар, сўнг Сураи «Фотиҳа»ни ўқиб, унга узун бир сурани зам қилдилар. Кейин, узоқ рукуъ этдилар, сўнг «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деб қадларини ростладилар, кейин аввалгидан кўра қисқароқ қироат қилдилар, сўнг узоқ сажда айладилар. Иккинчи ракъатда ҳам шундоқ қилдилар, сўнг салом бердилар. Қуёш тутилиб бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба айтдилар. Жумладан, Қуёш ва Ойнинг тутилиши тўғрисида шундоқ дедилар: «Қуёш бирлан Ой Аллоҳнинг қудратини кўрсатувчи иккита далилдир. Улар бирор кишининг ҳаёти ёким вафоти туфайли тутилмағайдир. Агар ким уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, намоз ўқингиз!»
б-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ таоло бандаларини Кун куйиши бирлан қўрқитгайдир» деган сўзлари тўғрисида
Абу Бакр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун бирлан Ой Аллоҳ таоло қудратини намоён қилғувчи икки далилдир. Улар бирор кишининг ўлгани сабабли куймағайдир, бироқ Аллоҳ таоло бу бирлан бандаларини қўрқитғайдир»—дедилар.
7-боб. Қуёш тутилганда намоз ўқиётиб, Аллоҳдан гўр азобидан асрашини сўрамоқ
Умра бинти Абдурраҳмондан:
«Бир яҳудий хотин Оиша онамиздан хайр-садақа сўраб келиб: «Аллоҳ таоло сени гўр азобидан асрасин!» — деди. Оиша онамиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Одамлар қабрда азобланғайдирми?» — деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан гўр азобидан паноҳ тилаб: «Ҳа, қабр азоби ҳақдир!»—дедилар. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлаб улов миниб чиқиб кетдилар. Шу кунй Қуёш тутилди. Жаноб Расулуллоҳ эрталаб қайтдилар-да, ҳужраларининг орқасига ўтиб намоз ўқимоққа тутиндилар, одамлар ҳам Расулуллоҳнинг орқаларида туриб намоз ўқишди. Жаноб Расулуллоҳ қиёмда узоқ турдилару сўнг узоқ рукуъ қилдилар, кейин рукуъдан туриб, қиёмда аввалгидан кўра камроқ турдилар. Сўнг, аввалги рукуъдан қисқароқ рукуъ қилиб, кейин қадларини кўтардилар-да, сажда этдилар. Қадларини ростлагач, қиёмда аввалгидан кўра камроқ турдилар, кейин қисқароқ рукуъ қилиб, сўнг қадларини кўтардилар-да, саждага бош қўйдилар. Намозни тугатиб ўгирилгач, Жаноб Расулуллрҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ хохлаганча ваъз-насиҳат айладилар, Сўнг, одамларга Аллоҳ таолодан гўр азобидан нажот тиламоқни буюрдилар».
8-боб. Қуёш тутилганда ўқиладирган намоз саждаси ҳақида
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуёш тутилганда одамлар жамоат бирлан намоз ўқимоқ учун чақирилдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу аяайҳи ва саллам икки марта рукуъ қилиб, бир марта сажда этдилар. Кейин, туриб яна икки марта рукуъ ва бир марта сажда қилдилар., Сўнг, ўтирдилар. Қуёш ҳам тутилиб бўлди. Ўшанда Оиша онамиз: «Бу намоздан кўра узунроқ намоз ўқимаган эрдим»,— деган эрдилар».
9-боб. Қуёш тутилганда ўқиладирган намозни жамоат бўлиб ўқимоқ
Ибн Аббос Зам-зам супасида жамоат бирлан намоз ўқидилар, унинг ўғли Али эрса, одамларни намозга тўплади, Ибн Умар ҳам жамоат бирлан намоз ўқидилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ даврларида Қуёш тутилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқимакка тутиндилар. Сураи «Бақара» қироатига кетган вақтча қиёмда турдилар, кейин юз оят ўқимакка кетган вақтча рукуъ қилдилар, сўнг қадларини ростлаб, «Оли Имрон» сурасини ўқимакка кетган вақтча қиёмда турдилар. Бу гал олдинги қиёмда турганларидан кўра камроқ вақт сарф айладилар. Кейин, узоқ рукуъ қилдилар, бунга ҳам олдингисига нисбатан камроқ вақт сарф этдилар, кейин сажда қилдилар. Сўнг, узоқ қиёмда турдилар, буниси аввалгисидан қисқароқ бўлди, кейин узоқ рукуъ қилдилар, буниси ҳам аввалгисидан қисқароқ бўлди, кейин узоқ қиёмда турдилар, буниси ҳам аввалгисидан қисқароқ бўлди, кейин узоқ рукуъ этдилар, буниси ҳам аввалгисидан қисқароқ бўлди, кейин сажда айладилар. Намозни ўқиб бўлдилар ҳамки, Қуёш тутилиб бўлди. Жаноб Расулуллоҳ одамларга ўгирилиб бундай дедилар: «Қуёш бирлан Ой Аллоҳ таоло қудратининг икки далилидир. Уларнинг тутилмоғи бирор кишининг ҳаёти ёким мамоти бирлан боғлиқ эрмас. Агар уларнинг тутилганини кўрсангиз, Аллоҳни зикр қилингиз!» — дедилар. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг турган ўрнингизда бир нарсага қўл узатиб олмоқчи бўлганингизни, кейин орқага тисарилганингизни кўрдик»,— дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен жаннатни кўрдим ва бир шингилга қўл узатдим. Агар ололғай эрдим, дунё тургунча еб адо қилолмаган бўлур эрдингиз. Кейин, дўзахни ҳам кўрдим, бугунгидек қўрқинчлироқ манзарани кўрмаганмен. Қарасам, дўзах аҳлининг кўпчилиги хотинлар эркан»— дедилар. Саҳобалар: «Не учун кўпчилиги хотинлар, ё Расулуллоҳ?»— дейишди. «Аллоҳга ношукурчиликлари, эрларининг қадрига етмаганликлари ва эрларининг яхшилиғларини билмаганликлари учундир. Агар хотинларнинг биронтасига бир умр яхшилиғ қилғайдирсен-у, сўнг сендан бир ёмонлик кўрғайдир, сендан ҳеч яхшилиғ кўрмадим, дейдир»,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам».
10-боб. Қуёш тутилганда эркаклар бирлан бирга аёлларнинг ҳам намоз ўқимоғи
Асмо ривоят қиладирлар:
«Қуёш тутилган куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотйнлари — Оиша синглимникига бордим. Қарасам, одамлар намоз ўқишаётган эркан. Оиша қиёмда турган вақтида: «Одамларга не бўлди?»—деб сўрадим. У қўллари бирлан осмонга ишора қилиб: «Субҳоналлоҳ»,— деди. «Азоб (қиёмат) аломатими?»—дедим. «Ҳа» деган маънода бош ирғаб қўйди. Кейин, мен ҳам улар бирлан бирга намоз ўқишга тутиндим, ҳатто кўп ўқиганимдан бошим айланиб кетди. Кейин, ўзимга келай деб бошимдан сув қуя бошладим. Жаноб Расулуллоҳ намоз ўқиб бўлгач, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтдилар, сўнг: «Мен кўрмаган нарса қолмади, ҳатто шу ерда туриб жаннатни ҳам, дўзахни ҳам кўрдим. «Сизлар қабрда ётганингизда Дажжол фитнаси янглиг бир имтиҳондан ўтғайдирсизлар» деб менга ваҳий қилинди»,— дедилар. Ўшанда «Дажжол фитнаси янглиғ» дедиларми ёким «Дажжол фитнасига яқин», дедиларми, аниқ эсимда йўқ. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ бундай деб давом этдилар: «Ҳар бирингиз қабрда ётганингизда бир фаришта келиб: «Бу кишини (Расулуллоҳни) танийсанми?» — деб сўрайдир. Агар қабрда ётган банда иймонли (ёким «тақводор»,— дедилар шекилли) эрса: «Бу киши Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, бизга мўъжизалар ва ҳидоят олиб келганлар. Биз ишониб қабул қилганмиз, эргашганмиз»,— дейдир. Унга: «Биз сенинг мўмин эканлигингни билур эрдик, ором олиб ухлайверғил!»— дейишади. Аммо, мунофиқ (ёким «иккиланувчи»,— дедилар шекилли) эрса: «Билмадим, одамлар (бу киши тўғриларида) нималардир дейишар эрди, мен ҳам ўшалар айтганини айтар эрдим»,— дейдир».
11-боб. Қуёш тутилганда қулни озод қилмакни яхши кўрадирган киши ҳақида
Асмо:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилганда қул озод қилмакни буюрдилар»,— дейдилар.
12-боб. Қуёш тутилганда ўқиладирган намозни масжидда ўқимоқ
Умра бинти Абдурраҳмондан:
«Бир яҳудий хотин тиламчилик қилиб келди. Мақсади ҳосил бўлгандан сўнг, Оиша онамизга: «Аллоҳ таоло сени қабр азобидан сақласин!» — деди. Оиша онамиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Одамлар қабрда азобланадирми?» — деб сўрадилар. Жаноб Расулуллоҳ (жавоб ўрнига): «Илоҳи, қабр азобидан ўзинг асрағил!» — деб қўйдилар. Бир куни саҳарда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улов миниб чиқиб кетдилар. Салдан кейин Қуёш тутилди. Расулуллоҳ эрталаб қайтиб келдилар. Ҳужраларининг орқасига (яъни, масжидга) ўтиб намозга тутиндилар, одамлар ҳам ул кишининг орқаларида туриб намоз ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳ қиёмда узоқ турдилар, сўнг узоқ рукуъ қилдилар, кейин қадларини ростлаб, қиёмда аввалгидан камроқ турдилар. Сўнг аввалги рукуъдан қисқароқ рукуъ қилиб, кейин қадларини кўтардилар-да, сажда этдилар, саждада узоқ турдилар. Қадларини ростлагач, қиёмда аввалгидан кўра камроқ турдилар, кейин аввалгидан қисқароқ рукуъ айлаб, қиёмга турдилар. Қиёмда аввалгидан камроқ турдилар, сўнг аввалгисидан қисқароқ рукуъ қилиб, саждага бош қўйдилар. Намозни ўқиб бўлиб, Аллоҳ истаганча ваъз-насиҳат этдилар. Сўнг, одамларга Аллоҳ таолодан қабр азобидан нажот тиламоқни буюрдилар».
13-боб. Қуёш бирор кишининг дунёга келгани ёким вафот қилгани туфайли тутилмайдир
Абу Масъуд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ва Ой кимнингдир ўлгани ёким туғилгани учун тутилмағайдир, бироқ улар Аллоҳ таоло қудратининг икки далилидир. Агар уларнинг тутилганини кўрғайдирсиз, икки ракъат намоз ўқингиз!» — дедилар».
Оиша онамиз ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуёш тутилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб жамоат бирлан намоз ўқимакка киришдилар. Қиёмда туриб узоқ қироат айладилар, сўнг рукуъ қилдилар, рукуъда узоқ турдилар, кейин бошларини кўтариб узоқ қироат этдилар, бу гал қисқароқ қироат айладилар. Сўнг рукуъ қилдилар, бу галги рукуъда камроқ турдилар, кейин бошларини кўтариб, икки марта сажда қилдилар. Иккинчи ракъатни ҳам шундай ўқидилар. Намоздан кейин, одамларга хутба айтгани ўринларидан турдилар. Ҳамду санодан сўнг: «Қуёш бирлан Ой бирор кишининг туғилгани ёким ўлгани учун тутилмағайдир, бироқ иккаласи Аллоҳ таоло қудратининг икки далилидир. Аллоҳ таоло уларни бандаларига кўрсатиб, ўз қудратини намойиш қиладир. Агар Қуёш ва Ой тутилганини кўрсангиз, дарҳол намоз ўқингиз!»—дедилар.
14-боб. Қуёш тутилганда зикр айтмоқ
Абу Мусо ривоят қиладирлар:
«Қуёш тутилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қиёмат бўлиб қолдими?» деб қўрқиб ўринларидан турдилар-да, масжидга чиқиб намоз ўқидилар. Қиём, рукуъ ва саждаларда узоқ туриб қироат қилдилар. Мен ул кишининг шундай намоз ўқиганларини бошқа кўрмадим. Намоздан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло намоён қилаётган бул нарсалар (Қуёш ва Ой тутилиши) кимнингдир туғилгани ёки ўлгани учун содир бўлмағайдир, балким Аллоҳ таоло бул бирлан бандаларини қўрқитғайдир. Агар улардан биронтасининг тутилганини кўрсангиз, дарҳол намоз ўқингиз!»— дедилар».
15-боб. Қуёш тутилганда дуо ўқимоқ
Муғийра ибн Шуъба ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳнинг ўғиллари вафот этган куни Қуёш тутилган эрди. Одамлар: «Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди»,— дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш бирлан Ой Аллоҳ қудратининг икки далилидир. Улар бирор кишининг туғилгани ёким ўлгани учун тутилмағайдир. Агар уларнинг тутилганини кўрсангиз, токим тутилиб бўлмагунича Аллоҳга илтижо қилиб, дуо ва намоз ўқингиз!» — дедилар».
16-боб. Имомнинг Қуёш тутилганда хутба айтаётиб, «аммо баъд» демоғи
Асмо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлганларида Қуёш тутилиб бўлган эрди. Сўнг, хутба қилдилар. Хутбанинг сўнггида Аллоҳга муносиб ҳамду сано айтгач? «Аммо баъд»,— деб қўйдилар».
17-боб. Қуёш ёким Ой тутилганда намоз ўқимоқ
Абу Бакр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуёш тутилди. Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам икки ракъат намоз ўқидилар».
Абу Бакр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуёш тутилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ридоларини судраб масжидга чиқдилар. Ёнларига одам тўплангач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар бирлан икки ракъат намоз ўқидилар. Шу пайт Қуёш ҳам тутилиб бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ва Ой Аллоҳ таоло қудратининг икки далилидир. Улар бирор киши вафот этгани учун тутилмағайдир. Агар (Қуёш ёким Ой) тутилғайдир, токим тутилиб бўлмагунча намоз ўқингиз, дуо айтиб Аллоҳга илтижо қилингиз!» — дедилар. Расулуллоҳнинг бундай демоқларининг сабаби бор эрди. Чунким Расулуллоҳнинг Иброҳим деган ўғиллари ўша куни вафот этган бўлиб, одамлар Қуёш тутилмоғини шунга боғлашган эрди».
18-боб. Қуёш тутилганда ўқиладирган намознинг биринчи ракъати — энг узун ракъат
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилганда тўрт рукуъ ва икки сажда қилиб намоз ўқидилар. Биринчи ракъат иккинчисига қараганда узоқроқ давом этди».
19-боб. Қуёш тутилганда ўқиладирган намозда овоз чиқариб қироат қилмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилган кездаги намозда овоз чиқариб қироат қилдилар. Қироат айлаб бўлгач, такбир айтиб рукуъ этдилар. Рукуъдан бош кўтараётганда: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу, раббано ва лака-л-ҳамд»,— дедилар. Кейин, Қуёш тутилганда ўқиладирган намозни икки ракъат, тўрт рукуъ ва тўрт сажда қилиб ўқийдирган бўлдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллалло ҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуёш тутилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат бирлан намоз ўқимоқ учун одамларни тўплағил!» — деб жарчи юбордилар. Одамлар тўплангач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам имомликка ўтиб, икки ракъат, тўрт рукуъ ва тўрт сажда қилиб намоз ўқидилар».
Зуҳрий разияллоҳу анҳу:
«Аканг Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуёш тутилганда Мадинада бомдод намозига ўхшаш икки ракъат намоз ўқиди, ортиқча ҳеч нарса ўқимадику?!» — деганларида, Урва: «Ҳа, тўғри, акам намознинг суннатида янглишдилар»,— деб жавоб берган эркан».
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков в инстаграм