Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллохи анху
...Бу сафарги қаҳрамонимиз бошқалардан фарқ қилади. Ўзи араблардан. Насаби Мудрика номли узоқ бобосида Пайғамбар алайҳиссалом билан бирлашади. Аммо қурайшлик эмас. У Макканинг олий табақаларига яқин ҳам эмас. Ўта бечораҳол бир одам. Бировларнинг қўйини боқиб тирикчилик ўтказади. Отаси эмас онаси билан бирга юради. Чунки отаси жоҳилият пайтида вафот этган. Бунинг устига жисмоний тарафдан ҳам мақтанадиган жойи йўқ. Ўзи ўта озғин, бўйи новча одамнинг ўтирганича баландликка эга ва ҳаказо. Ана шундай кўрсаткичларга эга одам Ислом туфайли дунёнинг энг машҳур одамларидан бирига айланди. У киши Ислом орқали кўплаб аслзодаларнинг устозига айланди. У кишининг фазлларини санаб одоғига етишимиз мушкил. Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик.
Қаҳрамонимизнинг тўлиқ номлари Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб ибн Шамх ибн Фор ибн Махзум ибн Соҳила ибн Коҳил ибн ал-Ҳорис ибн Тамим ибн Саъд ибн Ҳузайл ибн Мудрика ибн Илёс ал-Хузалий, кунялари Абу Абдураҳмон. Ота-оналари Ҳузайл қабиласидан бўлганлар.
Кичкина Абдуллоҳ тирикчилик ўтказиш учун бировларнинг қўйини боқар эди. У Макка четида ўз хўжайининг қўйларини боқиб юрган эди. Узоқдан икки кишининг қораси кўринди. Улар Абдуллоҳ томон яқинлашиб кела бошладилар. Иккиси ҳам жуда чарчаган ва очиққан кўринади. Ниҳоят икковлари етиб келишди. Анашундан сўнг кутилмаган ажойиботлар бошланди. Ўшанда Абдуллоҳ ўзининг охирзамон пайғамбари ва у зотнинг эннг яқин ёрлари билан мулқотда бўлиб турганини билмас эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биринчи бор қандоқ кўришганини қуйидагича ривоят қилади:
«Ёш йигит эдим. Уқба ибн Абу Муъайтнинг қўйларини боқар эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр келиб:
«Эй бола, сенда бизга берадиган сут борми?» дейишди.
«Мен омонатни соқловчиман. Сизларга сут бера олмайман», дедим.
«Сенда қочмаган, қўчқор қўйилмаган қўй борми?» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Ҳа», дедим. Бас, икковларига ўшандоқ қўйни келтирдим. Набий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уни боғлаб, елинини силаб туриб Роббиларига дуо қилдилар. Елин тўлди. Сўнгра Абу Бакр ичи ковак тошни келтирди. Ўшанга қўйни соғди. Бас, Абу Бакр ичди. Сўнгра мен ичдим. Кейин узот елинга, қисқар, дедилар. У қисқарди. Шундан кейин набий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб:
«Манашу гаплардан менга ҳам ўргатинг», дедим.
«Сен ўргатилган ғуломсан», дедилар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд ўзи кўрган ғаройиб ишдан лол қолган эди. Ахир ҳали қўчқорга қўшилмаган кичкина қўйнинг елинидан қандоқ қилиб сут чиқиши мумкин!? Шу билан бир у кўз олдида бир дуолари билан ҳали ҳомлали бўлмаган қўйнинг елини сутга тўлган зот учун бу мўъжиза энг арзимаган бир иш эканини тушуниб етмас эди.
Мазкур ҳодиса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қалбида чуқур из қолдирди. У бу иш бежиз эмаслигини борган сари чуқурроқ тушуниб борар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд қўй соғган кишини топишга қарор қилди.
У пайтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Дорул Арқамга кирмаган эдилар. У зот эндигина пайғамбар бўлган эдилар. У зот фақатгина беш киши иймон келтирган эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд Исломга олтинчи бўлиб кирди. У Исломга кириши билан қўй юоқишни тарк қилди. Абдуллоҳ ибн Масъуд мусулмон бўлган кунидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига ўтди. Ўша ондан бошлаб Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам ажрамай хизматларига шай бўлиб турадиган бўлди. У фақат хизмат билан машғул бўлиб қолмади. Абдуллоҳ ибн Масъуд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг химатларини қилишдек бахтдан у зотдан илм ўрганишдек саодат йўлида унумли фойдаланар эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқадиган ҳар бир оятни ёдлаб олар ва худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидек қироат қилишга уринар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд тезда оз сонли мусулмонлар ичида ўзининг аъло даражадаги қироати билан ажраб турадиган бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган Ислом таълимотлари туфайли у ўз қадрини ҳам билди. Тезда кечаги бечора чўпон ҳамма ҳавас қиладиган Ислом мўъжизаларидан бирига айланди.
Машҳур саҳобий Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Қуръонни Маккада баралла ўқиган одам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлган. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жамланишиб:
«Аллоҳга қасамки, Қурайш ушбу Қуръонни унга баралла ўқилганини ҳеч эшитмадида, уларга уни эшитдирадиган бирор кимса бормкан?» дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Мен!» деди.
«Биз уларнинг сенга ёмонлик етказишларидан қўрқамиз. Биз агар улардан ёмонлик етадиган бўлса, ҳимоя қиладиган хешлари бор одам бўлишини истаймиз», дедилар.
«Менга қўйиб беринглар. Мени Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилади», деди у.
Ибн Масъуд эрталаб туриб мақомга чошгоҳ пайтида етиб борди. Қурайшликлар ўз мажлисларида суҳбат қуриб ўтирар эдилар. У мақом одига бориб турди-да, баланд овоз билан қироатни бошлади:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ар-Роҳман! Алламал Қуръан! Сўнгра уларга қараб ўқишни давом этдирди. Улар унга такалиб қарашди-да:
«Ибн Умму Абд нима демоқда? У Муҳаммад келтирган нарсадан ўқимоқда-ку!!!» дкедилар.
Улар унинг устига ёпирилиб бориб юз-кўзи аралаш ура кетдилар. У эса ўз қироатини давом этдирар эди. Шундоқ қилиб Аллоҳ хоҳлаганича давом этди.
Сўнг у ўз соҳиблари ҳузурига қайтди. Унинг юзига ҳам, жасадига ҳам қараб бўлмас эди.
«Сенга шундоқ бўлишидан қўрққан эдик», дедилар.
«Аллоҳнинг душманлари мен учун ҳозиргидек ҳақир кўринмаганлар. Агар хоҳласангиз эртага уларга яна шундоқ қиламан», деди у.
«Бўлди, етади. Уларга ёқтирмаган нарсаларини эшитдириб бўлдинг», дедилар».
Бу ҳол Ислом мўъжизаси бўлмай нима бўлсин! Кечаги нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун Қурайш раҳбарларини назар писанд қилмай турибди.
Бу ҳол Ислом мўъжизаси бўлмай нима бўлсин! Кечагина гаплашиб турган иккита қурайшликнинг ёнидан ўта олмайдиган ялангоёқ бугун барча қурайшлик задогонлар жам бўлган жойда улар хоҳламаган нарсани уларга баралла эшитдириб турибди.
Албатта, Қурайшнинг бўйни йўғонлари Абдуллоҳ ибн Масъудга ўхшаган ялангоёқларни бунчалик ўзгариб кетишларига бефарқ қараб тура олмас эдилар. Улар бор имконларини ишга солиб мусулмонларни Исломдан қатурашга урина бошладилар. Мушриклар мўминларни иймондан қайтариш учун инсон ақли бовар қилмайдиган қийноқларни ишга солдилар. Айниқса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаш ҳимоячиси йўқ мусулмонларга оғир бўлди. Охири пичоқ бориб суякка тақалганда мусумонларга уларнинг пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистонга ҳижрат қилишни тавсия қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам ўша томонга ҳижрат қилганлар ичида бор эди. Кейинроқ у киши кўпчилик қатори Мадинага ҳам ҳижрат қилдилар. Шундоқ қилиб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу икки ҳижрат соҳиби–Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган зот бўлдилар.
МУХЛИС ХИЗМАТКОР
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварада ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ажрамай хизматларини қилиб юришда давом этдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар қандай хизматларини қилишни ўзларига шараф билар эдилар. Ўз навбатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ихлослари ва хизматларини муносиб тақдирлар эдилар.
Аввал айтиб ўтилганидек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўта кичик жуссали одам эдилар. У кишининг болдирлари ҳам жуссаларига мос равишда жуда ҳам ингичка эди. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт шохидан маълум бўлакни олиб бериш керак бўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дарҳол шиппиллаб дарахтга чиқдилар. У кишининг болдирларининг ўта ингичка эканлигини кўрган баъзи саҳобийлар беихтиёр кулдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар Ибн Масъуднинг болдирларидан куляпсизлар. Албатта, у икки болдир Аллоҳнинг ҳузуридаги тарозуда Уҳуд тоғидан ҳам оғирдир», дедилар.
Бу набавий башорат ҳар қандай киши учун, айниқса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу учун катта саодат эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишлари шу даражага етган эдики, баъзи асл ҳолатдан хабари йўқ кишилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан бири бўлса керак деб ўйлар эди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен укам билан Ямандан келди. Бир муддат Ибн Масъуд ва унинг онасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан санаб юрдик. Уларнинг кўп кирганларидан ва у зотнинг ёнларида кўп бўлганларидан шундоқ ўйладик». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Дарҳақиқат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам яқин эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг хос ҳолатларида ҳам хизматларини қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қиладиган жойга келдилар ва менга учта тош олиб келишимни амр қилдилар. Бас, мен иккита тош топдим ва учинчини ахтариб топа олмадим. Сўнгра бир тезак олиб, уни У зотга келтирдим. Бас, У зот икки тошни олдилар ва тезакни отиб юбордилар ва «бу-чиқинди»-дедилар. Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Бу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос билан хизмат қилишлари билан бир қаторда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳеч бир норавшан нуқта йўқлиги ҳам кўринмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳатто халодаги ҳолатлари, қилган ишлари ҳам тўлалигича ўрганилган.
Мана У зотнинг саҳобаларидан бирлари ўз иштирокларида бўлиб ўтган бир ишни ҳикоя қилмоқдалар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қилмоқчи бўлиб жой танлабдилар. У зот алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан учта тош келтиришни сўрабдилар. У киши иккита тошни топиб, учинчисини топа олмабдилар ва бу ҳам бўлаверса керак, деб бунинг ўрнига эшакнинг тезагини олиб келибдилар. (Баъзи ривоятлардан тезак эшакники эканлиги айтилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олибдилар, тезакни эса ташлаб юбориб: «Бу-чиқинди», дебдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик», деди. Яъни, истинжо қилишлари учун. Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган.
Муслим келтирган ривоятнинг лафзи: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, мен ва мен тенги бир бола мешчада сув ва асочани олиб борар эдик. Сув билан истинжо қилар эдилар»-деб келган.
Икки ҳадисдаги «бола» Абдуллоҳ ибн Масъуддирлар.
Бу лафзда ҳам ҳазрати Анаснинг олдинги ривоятда айтган гапларининг айни ўзи қайтарилмоқда. Фақат бунда асоча ҳам зикр қилинмоқда. Мазкур асо «аназатун» деб аталиб оддий ҳассадан узунроқ, найзадан қисқароқ, ичига темир қопланган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганларида олдиларида бошқа тўсиқ бўлмаса ўшани санчиб қўяр эдилар. Бу «аназа»ни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳабашистон подшоҳи Нажоший сов ға қилган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳуларда бўлган. Кейин эса, уни Абдуллоҳ ибн Зубайр олиб юрганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу манашунақа хизматлари учун «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат суви ва икки ковушлари соҳиби» лақабини олган эдилар.
Ифодали қилиб айтадиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга соядек эргашиб юрар эдилар. У зот сафарда бўлсалар, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам сафарда эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазарда бўлсалар, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам ҳазарда эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйқуда ўйғотар, ғусл қилсалар тўсиб турар, ташқарига чиқмоқчи бўлсалар, ковушларини кийгазиб қўяр, ичкарига кирмоқчи бўлсалар, ковушларини ечиб қўяр ва бошқа бу каби барча хизматларни қоиллатиб адо этар эдилар. Ҳатто Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига ҳам у зотни бошлаб, олдиларидан юриб кирар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «У зот бўйрада ётиб қолгандилар. Ёнбошларига таъсир қилибди. Уйғонганларидан сўнг ёнбошларини силаб туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, бўйранинг устидан бирор нарсани тўшаб берсак», дедим. Шунда у зот:
«Мен бу дунёда бир дарахт соясида от миниб кетаётган одамга ўхшайман, тезда ўтиб кетаман, соя эса қолади», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ғоятда яхши кўрар эдилар. У кишини ихлослари учун, тақволари учун, фаҳм фаросатлари учун ва улуғ шахсиятлари учун яхши кўрар эдилар.
Худди манашу чексиз муҳаббат ва ишонч Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ғоятда яқин бўлишларига сабаб бўлган эди.
Худди манашу чексиз муҳаббат ва ишонч туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга бошқа ҳеч кимга бермаган имтиёзларни берган эдилар. У зот Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга: «Сенинг менинг ҳузуримга кириш изнинг, ҳижобни кўтаришинг», деган эдилар.
Бошқа барча саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида ўтирганларида изн сўраб киришар эдилар. Ўша ерда хизмат қилиб турган кишилар орқалими ёки ўзлари овоз чиқарибми изн сўрар эдилар. Агар ичкаридан изн бўлса кирар, бўлмаса қайтиб кетар эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлсалар хоҳлаган пайтларидан пардани кўтариб кириб бораверишлари мумкин эди. Албатта, бу катта шараф ва обрў эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломга бунчалар яқин бўлишлари ва у зотнинг ишончларига бунчалик киришларига бошқа саҳобалар ҳавас билан қарар эдилар. Улар бу ҳақда: «Биз учун ҳижоб тортилганда унинг учун изн берилар эди. Биз ғойиб бўлганда, у ҳозир бўлар эди», дер эдилар.
Саҳобаи киромлар ўзларининг бу гаплари билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бошқалардан кўра кўпроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлишларига, у зотнинг ҳузурларига бошқалардан кўпроқ киришларига, бошқалардан кўпроқ у зотнинг мажлисларида ўтиришларига ишора қилар эдилар. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга «сир соҳиби» лақабини беришган эдилар. Бу гапни ҳозирги замон истилоҳига ўгирсак, шахий котиб, деган маъно чиқади.
НАМУНАЛИ ТАЛАБА
Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўзига бўлган бу улкан муҳаббат ва ишончни зинҳор суистимол қилмас эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлганлари сари у зотни яна ҳам эҳтиром қилар, ишончларини қозонган сари яна ҳам ишонлироқ бўлишга ҳаракат қилар эдилар.
Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа саҳобийларга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаган бўлишни тавсия қилиб:
«Ибн Умму Абднинг аҳдини ушланглар» дер эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган бундоқ яқинликларидан асосан у зот Қуръон ва илм ўрганишга фойдаланар эдилар десак муболаға қилмаган бўламиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрларида биринчи марта учрашганда у зотнинг мўъжизалари кўзи билан кўриб туриб:
«Мана шу гаплардан менга ҳам ўргатинг», деганларида:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига қарата: «Сен ўргатилган ғуломсан», деганлари бежиз эмас эди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарининг бу гапларини тасдиқлаб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга мисилсиз илм берди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом умматининг фақиҳи бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом уммати қориларининг пешвоси бўлдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Исломнинг дастлабки вақтларида Қуръони каримни дунёда биринчи баралла ўқиган инсон мартабасини берган бўлса, кейинчалик Ўз каломини энг яхши тиловат қиладилган ва маъноларини энг яхши биладиган шахслардан қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатидан ўрганишни тавсия қилар эдилар. У зот уларга: «Ким Қуръонни қандоқ нозил бўлган бўлса ўшандоқ ҳолида ўқишни хоҳласа Ибн Умму Абднинг қироатида ўқисин», дер эдилар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак бошқа саҳобаи киромларнинг бирорталари ҳақида бу каби сўзлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлмаган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатини тинглашни тавсия қилар эдилар. У зот уларга:
«Ким Қуръонни қандоқ нозил бўлган бўлган бўлса ўшандоқ ҳолида эштишни хоҳласа Ибн Умму Абднинг қироатида эшитсин», дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларини тинглашни яхши кўрар эдилар.
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ўз ҳузурларига чорлаб:
«Эй Абдуллоҳ, менга қироат қилиб бер», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга нозил бўлган нарсани сизга қироат қиламанми?» деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
«Мен уни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман», дедилар у зот. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Нисо» скрасида тилоқат қилишни бошладилар. У киши «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар»га етганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб юбордилар. У зотнинг кўзларидан ёш тинмай оқа бошлади ва қўллари билан ишора қилиб:
«Етади, етади. Эй Ибн Масъуд», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни бошқа қори саҳобалар ичида ҳам олдинга қўяр эдилар. Бунга қуйидаги ривоят ёрқин далилдир.
Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдулоҳни Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурида зикр қилинди. Бас, у: «У шундоқ одамки, мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қуръон қироатини тўрт кишидан; Абдуллоҳ ибн Масъуддан, ундан бошладилар, Абу Ҳузайфаинг мавлоси Солимдан, Убай ибн Каъбдан ва Муоз ибн Жабалдан талаб қилинглар», деганларини эшитганимдан бери яхши кўраман», деди». Икки шайх ривоят қилган.
Ушбу ривоятда номлари зикр қилиниб, гаплари нақл қилинаётган саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудирлар. У кишининг таъкидлашларича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар ичидан тўртта энг машҳур қориларни зикр қилиб, Қуръон қироатини ўша зотлардан ўрганишга чақирганлар. Аммо уларнинг номларини зукр қилиш пайтида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг номларини биринчи ўринга қўйганлар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ҳам ўз сўзларидан худди манашу омилга эътиборни қаратиб, «ундан бошладилар», деганлар. Бу эса ўз навбатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қанчалар улуғ мартабага эга зот эканликларини кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони каримнинг қироат қилишнигина эмас, балки тафсир қилишни, маъноларининг мағзини чақишни ва ундан ҳукмлар чиқаришни ҳам яхши билар эдилар.
Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўзлари қуйидагиларни айтадилар:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ундан ўзга илоҳ йўқ зот ила қасамки, Аллоҳнинг китобида мен унинг қачон ва қаерда нозил бўлганини билмайдиган сура йўқ. Ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини мен биламан». Муслим ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларига тўла ишонч билан айтган бу маънони ҳеч ким айта олмаган. Шунинг ўзи у кишининг Қуръони каримни қанчалар пухта билишларига очиқ далилдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бирга юрганликлари учун ҳам ҳар бир оятни қачон нозил бўлганини ва нима ҳақида нозил бўлганини яхши билишларига сабаб бўлган омиллардан биридир.
Имом Бухорий, Имом Муслимлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, қуйидагилар айтилади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар.
Шу пайт бир гуруҳ яҳудийлар дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дедилар.
Улардан баъзилари ўринларидан туриб келиб руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтагандан сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар», оятини тиловат қилдилар».
Бунинг устига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошқа илмларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан тинмай ўрганар эдилар. У киши мавридини топиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларига керакли нарсаларни сўраб олишга жуда ҳам уста эдилар.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва боқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳга қайси амал маҳбубброқ?»-деб сўрадим. У зот: «Ўз вақтида ўқилган намоз»-дедилар.
«Сўнгра қайсиниси?»-дедим. У зот: «Ота-онага яхшилик қилиш»-дедилар. «Сўнгра қайсиниси?»-дедим. У зот: «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш»-дедилар.
«Буларнинг менинг ўзимга айтдилар, агар зиёда сўраганимда, зиёда айтар эдилар»-деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу толиб илмлик одобига риоя қилиб савол беришни кўпайтириб юбормасдилар. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна савол берсалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришга тайёр эканликларини билиб туриб ҳам саволни кўпайтирмаганлар. Бу ҳам у кишининг фазлларидир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг охирги нафасларигача бирга бўлдилар. У киши сарвари оламнинг хасталиклари ҳақида ҳам бизга ривоят қилганлар.
Имом Бухорий ва Муслимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, У зот беморликдан қийланаётган эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қийланмоқдасизку?!» дедим.
«Шундоқ. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийланганича қийланурман», дедилар.
«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундоқдир-да?» дедим.
«Шундоқ. Худди шундоқ. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар У зот».
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг беморликни қандоқ бошларидан ўтказишлари ўз кўзлари билан кўрган улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинмоқда. Бу ерда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчалар меҳрибон эканликлари ҳам яққол намоён бўиб турибди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида дарс олиб пешқадам талаблардан бирига айланган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатар эдилар. Бу маънони қуйидаги ҳадиси шарифдан англаб оламиз.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимдан мендан кейинги иккиталари; Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар. Амморнинг ҳидоятидан ҳидоятланинглар. Ибн Масъуднинг аҳдини маҳкам ушланглар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдаги Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «аҳд»идан мақсад у кишининг тутган йўллари ва юриш-туришларидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларига қилган бу васиятларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билиб олиш қийин эмас.
Имом Термизий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. У зот:
«Мен ўзимнинг боқий қолишим миқдорини билмайман. Мендан кейинги иккиталарига иқтидо қилинглар», деб Абу Бакр ва Умарга ишора қилдилар. Амморнинг ҳидоятидан ҳидоятланинглар. Ибн Масъуд сизга ҳадис айтса тасдиқланглар», дедилар».
ҒАЗОТЛАРДА
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг жисмоний тарафдан ҳам мақтанадиган жойи йўқ, ўта озғин, бўйи новча одамнинг ўтирганича баландликка эга, болдирлари ингичка бўлиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида фаол иштирок қилишларига монеъ бўла олмади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат баъзи мулоҳазалар юзасидангина Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг лашкарга амир қилмаганлар, холос.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор кишини улардан маслаҳатсиз амир қиладиган бўлсам, албатта, Ибн Умму Абдни амир қилар эдим», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида қатнашибгина қолмай муҳим топшириқларни бажардилар ва қаҳрамонликлар кўрсатдилар.
Бадр ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аммор ибн Ясир ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумоларни душман томонга вазиятни ўрганиб келиш учун юбордилар.
Икковлари яширинча Қурайш лашкарини айланиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар қаттиқ қўрқинчда эканининг, осмон ҳам уларни тинч қўймаётганининг хабарини етказишди.
Аллоҳ таоло Бадр уруши ҳақида Қуръони каримда: «Ўшанда, тўқнашганингизда уларни сизнинг кўзингизга оз қилиб кўрсатганини эсланг», деган.
Бу ҳақда ўша машҳур тарихий ғазотнинг иштрокчиларидан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Улар кўзимизга жуда оз бўлиб кўриндилар. Ҳатто мен ёнимдаги одамдан, «Етимиштача кўряпсанми?» деб сўрадим. У: «Менимча, юзтага яқин бўлса керак», деди.
Кейин улардан биттасини ушлаганимизда, сўрасак, мингта эдик, деди».
Мусулмонлар шу боис қўрқмай, шижоат билан жанга кирдилар ва ғолиб бўлдилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен, Аммор ва Саъд Бадр куни насибасида шерик бўлдик. Саъд иккита асир келтирди. Мен билан Аммор ҳеч нарса келтирмадик», деди. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Саҳобаи киромлардан уч киши Ибн Масъуд, Аммор ва Саъд розияллоҳу анҳумлар Бадр уришидан олдин, ушбу урушда Аллоҳ насиб этиб қўлимизга нима ўлжа тушса, шерикмиз, деб келишиб олдилар. Уруш тугагандан сўнг Саъд розияллоҳу анҳунинг қўлига иккита асир тушгани, Ибн Масъуд ва Амморларга эса ҳеч нарса тушмагани маълум бўлди. Шундоқ қилиб учовлари икки асирга шерикчилик билан эга бўлдилар.
Айни Бадр урушида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Жаҳлни қатл этганганлари ривоят қилинади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг «Табук» ғазоти ҳақидаги хотираларида жумладан қуйидаги ҳодисани айтадилар:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Табук ғазотига борганимда кечаси ўрнимдан турдим. Аскарнинг бир четида оловнинг шўъласини кўриб қолдим. Нималигини билмоқ учун ўша томон бордим. Қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарлар экан. Абдуллоҳ ибн Зулбижодайни ал-Музаний вафот этган экан. Улар унга қабр қазишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чуқурга тушиб олибдилар. Абу Бакр ва Умар уни у зотга узатиб беришмоқда экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз менга биродарингизни узатинг», демоқда эдилар. Бас, икковлари уни узатдилар. Улар уни лаҳадга тўғрилаганларида у зот: «Эй Аллоҳим, мен ундан розиман, Сен ҳам ундан рози бўлгин!» дедилар.
Қани энди ўша лаҳаднинг соҳиби мен бўлсам эди!»
Ҳа, ўзларининг муборак умрларида барча олий мақмларни кўрган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло ва У зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликларини топган ҳолда бу дунёдан ўтишни орзу қилар эдилар. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бунга ўхшаш башоратни берган эдилар.
РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин рошид халифалар даврида ҳам аввалгидек Ислом учун фидокор шахс сифатида ҳаётнинг ғурли жабҳаларида фаолият кўрсатишни давом этдирдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида закотни ман қилувчилар Мадинаи Мунавварага ҳужум қилганларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шаҳарни душманлардан ҳимоя қилувчи гуруҳлардан бирига раҳбарлик қилдилар.
Нажд тарафлик Абас ва Зубён қабилалари Мадинаи Мунавварага ҳужум қилиш ниятида унинг яқинидаги Абрақ ва Зул қисса номли жойларга келиб тушдилар. Уларга Бани Асад ва бошқалар ҳам қўшилдилар. Улар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга элчилар юбориб намоз билан кифояланиб закотни бекор қилишни талаб қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг бу таклифини қабул қилмадилар. Элчилар ноумид бўлиб қайтдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг Мадинага бехосдан ҳужум қилиб қолишларидан хавфсираб чора кўра бошладилар. Ҳазрати Али, Зубайр ибн Авом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар бошчилигида шарҳарнинг чет тарафларига қўриқчилар қўйдилар. Шаҳар аҳолисини масжидга тўпланиб туришга амр қилдилар.
Закотни ман қилувчиларнинг элчилари қайтиб борганларида улардан хабарни эшитиб, Мадинада одам озлигини билиб шаҳарга юриш бошладилар.
Қўриқчилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга одам юбориб душман бостириб келаётганини билдирдилар. У киши мусулмонларни туяларга миндириб олиб чиқдилар. Душман қоча бошлади. Мусулмонлар уларни Зи хушубгача қувиб бордилар. Ўша ерда душманлар пуфлаб шиширилган катта мешларни мусулмонлар томон думалатишди. Туялар мешлардан қўрқиб ортга қараб қочдилар. Аллоҳнинг фазли ила мусулмонлардан ҳеч ким туядан йиқилмади.
Кечаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билдирмасдан душман устига бостириб бордилар. Улар мусулмонларни ўз устиларида турганларини кўриб саросимага тушиб тум тарақай бўлиб қочишга турдилар. Тонг отганда яқин орада бирорта ҳам душман қолмаган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамлар билан уларни Зул қиссагача қувиб бордилар ва у ерга Нўъмон ибн Миқранни қўйиб қайтдилар.
Ҳазарати Умар розияллоҳу анҳунинг давларида ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз фаолликларида бардавом бўлдилар.
Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Рамода (очлик) йили бўлганда араблар ҳар томондан Мадинага ёпирилиб келдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамлар тайинлаб, уларга қараб туришни, таом ва хўрак тақсимлаб беришни буюрган эдилар.
Язийд ибн Ухти ан-Нимр, ал-Мисвор ибн Макрама, Абдурраҳмон ибн Абдул Қори, Абдуллоҳ ибн Атоба, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар. Улардан ҳар бири Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди. Аъробийлар Раъсус Сания, Ромиж, Бани Ҳориса, Бани Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бани Қурайза, бир қисмлари Бани Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди.
Бу ерда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтимоий хизматларда ҳам фидоколик кўрсатганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳазрати Умар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ўта нозик ишга иштирок этдирган эдилар. Чунки очлик йилида вазият ғоятда оғирлашган эди. Ўша пайтда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўта ишончли ёрдамчилар керак бўлган эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша ёрдамчилардан бир бўлганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошқалардан кўра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни яхши билар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни кўрмай туриб баъзи бир аломатлардан ҳам у кишининг асарлари билаб олар эдилар.
Умар розияллоҳу анҳу сафарларидан бирида юриб борар эдилар. Қоп қоронғу қечада бир гуруҳ отлиқларнинг сасини эшитдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз одамларидан бир кишига ҳалиги гуруҳга: «Бу қавм қаердан!?» нидо қилишни амр қилди.
«Фажжун амийқ-Чуқур водийдан!» деган жавоб келди.
«Қаёққа кетмоқдасизлар?!» деб сўралди.
«Байтул атийқ-қадимга уйга!» деб жавоб келди.
Умар розияллоҳу анҳу: «Уларнинг ичида олим одам борлиги аниқ», деди ва: «Қуръоннинг нимаси энг улуғ?!» деб нидо қилишга амр қилди.
«Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас!» деган савоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси энг ҳукми олийси?!» деб нидо қил, деди.
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси жамловчироқ?!» деб сўралди.
«Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси қўрқитувчироқ?!» деб сўралди.
«Сизларнинг хом хаёлингизчга ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёличга ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси умидвор қилувчироқ?!» деб сўралди.
«Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт!» деган жавоб бўлди.
«Ичларингизда Абдуллоҳ ибн Масъуд борми?!» деб сўрашга амр қилди Умар розияллоҳу анҳу
«Аллоҳ ҳаққи, ҳа!» деган жавоб келди нарига томондан.
Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг кимликларини яхши билганликлари учун ҳам ўта нозик ишларни у кишига топширар эдилар. Куфа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб ўта аҳамиятли марказлардан бирига айланган эди. У ерга ўта оионатли одам керак эди. Ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Куфанинг байтул молига масъул қилиб юбордилар.
Ибн Саъд Ҳориса ибн ал-Мизрабдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг аҳли Куфага ёзган мактубини ўқидим: «Аммо баъд; Мен сизларга Амморни амир қилиб, Абдуллоҳни муаллим ва вазир қилиб юбордим. Икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нажиб саҳобаларидан. Уларга қулоқ осинг ва иқтидо қилинг. Мен Абдуллоҳнинг ўзимга олиб қолмай сизларга илиндим. Бас, ундан фойда олинглар ва илм ўрганинглар».
Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу керак эдилар. Аммо мусулмонларнинг умумий манфаатини кўзлаб кўзлари қиймаса ҳам у кишини Куфага ишга юборишга мажбур бўлган эдилар. Чунки ўша вақтда куфаликлар ўзларининг жанжалкашликлари билан, раҳбарни ёқтирмасликлари билан ва аризабозликлари билан ном чиқарган эдилар. Барча ихтилофлар, фитналар ва еб кетди-ичиб кетдилар Куфадан чиқар эди. Қисқасини айтганда Куфа марказий ҳукумат учун бош оғриғи эди.
Ҳазрати Умарнинг қилган ишлари тўғри чиқди. Аҳли Куфа Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни яхши кўриб қолдилар. Яқин орада ҳеч бир қавм куфаликлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни саевганларидек бировни севмаган эди.
Халифаи одил ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларидан узоқда ишлаб юрган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни узоқдан туриб ҳам ҳурмат қилар ва у кишининг қадр-қийматларини ўрнига қўяр эдилар.
Ҳаж мавсуми эди. Ҳазрати Умар Арафотда турган эдилар. У кишининг ҳузурларига бир одам келди ва: «Эй мўминларнинг амири, мен Куфадан келдим. У ерда бир одам Қуръонни ёддан имло қилаётибди!» деди.
Умар розияллоҳу анҳунинг мисли уўрилмаган даражада ғазаблари қўзиди. У кишини шишиб кетдилар. Кўрганларга эгарнинг икки томонини тўлдириб юборадигандек бўлиб кетдилар ва: «Шўринг қургур! Ким ўзи у?!» дедилар.
«Абдуллоҳ ибн Масъуд», деди.
У киши ҳовурларидан тушиб, ўзларига кела бошлади. Охири ўз ҳолларига келдилар ва: «Шўринг қурсин! Аллоҳга қасамки, одамлар ичида ундан бошқа бу ишни қила оладигани қолганини билмайман. Мен сенга бу ҳақда гапириб бераман», дедилар. Сўнгра у киши ўз гапларида давом этиб қуйидагиларни айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча Абу Бакр билан гаплашиб ўтирар эдилар. Икковлари мусумонлари иши ҳақида суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Мен улар билан эдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. Биз ҳам у зот билан чиқдик. Қарасак, бир одам масжидда намоз ўқимоқда. Биз уни кимлигини ажрата олмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб унга қулоқ сола бошладилар. Кейин биз томон бурилиб: ««Ким Қуръонни қандоқ нозил бўлган бўлса ўшандоқ ҳолида ўқишни хоҳласа Ибн Умму Абднинг қироатида ўқисин», дедилар.
Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд ўтириб дуо қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унга: «Сўра! Сенга сўраганинг берилур. Сўра! Сенга сўраганинг берилур», дер эдилар.
Мен ўзимча, Аллоҳга қасамки, албатта, эрталаб Абдуллоҳ ибн Масъуднинг олдига бориб унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг дуосига, омин, деб турганлари башоратини бераман, дедим. Бас, эрталаб бориб, башорат бердим. Билсам, Абу Бакр мендан олдин бориб башорат бериб бўлган экан. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр ила нимада мусобақа қилган бўлсам, ҳаммасида у мендан олдин бўлган».
Ўз навбатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қадр қийматларини ҳаммадан кўра яхши билар эдилар.
Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Умар мусулмон бўлган кундан бошлаб азиз бўлдик», деганлар.
Тобароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган узун ривоятда жумладан: «Албатта, Умар Аллоҳни энг билувчимиз, Аллоҳнинг китобини энг яхши ўқиганимиз ва Аллоҳнинг динида энг фақиҳимиз эди», дейилган.
Тобароний Абу Воилдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу; «Агар Умар розияллоҳу анҳунинг илми тарозунинг бир палласига, қолган одамларнинг илми бир палласига қўйилса унинг илми оғир келар эди», деди.
Вакийъ айтадики, Аъмаш, мен буни инкор қилиб Иброҳимнинг олдига бориб, айтдим. У: «Бунинг нимасини инкор қиласан? Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ ибн Масъуд бундан афзалини ҳам айтган. Умар кетган куни илмнинг ўндан тўққизи кетди, деган», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Умар ибн Хаттобнинг Исломга киришлари ғалаба бўлса, ҳижрат қилишлари ёрдам, халифа бўлишлари эса, раҳмат эди».
Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳаётларида бир қанча ўзгаришлар бўлди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этиб ҳазрати Усмон Розияллоҳу анҳу халифа бўлган йили у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг васиятларига биноан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Куфага волий қилиб қўйдилар. У киши билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд харож омили бўлиб ишлай бошладилар.
Йигирма бешинчи санада ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Куфанинг амирлигидан бўшатдилар. Бу ишга асосан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзларининг харожчилари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан қилган хилофлари сабаб бўлди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг масъулиятидаги байтулмолдаги маблағдан қарз олган эди. Вақти келганда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан олган молни байтулмолган қайтаришни талаб қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у молни топа олмай муддатни чўзишни сўради. Униси бунга кўнмади. Икковлари айтишиб қолдилар. Унисининг ҳам бунисининг ҳам атрофида тарафдорлар тўпланди. Бу аҳли Куфа орасида чиққан биринчи хилоф эди.
Бу ишдан халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабландилар ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни ишдан бўшатиб ўринларига ал-Валид ибн Утба ибн Абу Муъайтни таъйинладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса ўз ишларида бардавом бўлдилар. Куфаликларнинг у кишига бўлган муҳаббати яна ҳам зиёда бўлди. Чунки улар кундан кунга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қадрларини янада яхшироқ англаб келаётган эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уларнинг фахрига айланиб қолган эдилар. Аҳли Куфадан ким, қаерга борса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу туфайли одамлар уларга ҳавас қилар эди. Куфаликман деган кишини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳурматларидан Ислом оламининг барча ерларида ҳурмат билан кутиб олар эдилар. Ушбу фикрни қуйида зикр қилинадиган икки ривоят ёрқин тасдиқлайди.
Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Шомга кирдим. Бас, икки ракъат намоз ўқиб: «Эй Аллоҳим, менга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилгин!» деб дуо қилдим. Бас, бир шайхни мен томон келаётганини кўрдим. У менга яқинлашганда: «Аллоҳ (дуоимни) ижобат қилди, деган умиддаман», дедим.
«Сен қаердансан?» деди у.
«Куфа аҳлиданман», дедим.
«Икки ковуш, ёстиқ ва таҳоратдон соҳиби сизларнинг ичингизда эмасми?
Шайтондан соқланган сизнинг ичингизда эмасми?
Ўзидан бошқа билмайдиган сирнинг соҳиби сизнинг ичингизда эмасми?
Ибн Умму Абд «Валлайли изаа яғшаа»ни қандоқ қироат қилди?» деди.
«Валлайли, изаа яғшаа. Ваннаҳари, изаа тажаллаа. Ваззакари, вал унсаа», деб қироат қилдим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга оғизларини оғзимга қўйиб туриб ўқитган эдилар. Улар мени қайтарай деди-я!» деди шайх».
Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ривоятни яхшироқ англашимиз учун бир оз шарҳга эҳтиёжимиз тушади.
Ровий Алқама розияллоҳу анҳунинг «Шомга кирдим», деганлари Димашққа кирдим деганларидир. Қадимда Димашқ шаҳарини ҳам Шом деб аташган.
У киши Шомнинг пойтахти Димашқ шаҳридаги масжидлардан бирида икки ракъат намоз ўқиб: «Эй Аллоҳим, менга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилгин!» деб дуо қилганлар.
Бир оздан сўнг ўзлари томон шайхни келаётганини кўрганлар ва у ўзларига яқинлашганда: «Аллоҳ (дуоимни) ижобат қилди, деган умиддаман», деганлар. Ўшанда шайх улағ саҳобий Абу Дардаа розияллоҳу анҳу бўлганлар. У киши Алқама р-уга савол бериб:
«Сен қаердансан?» дедилар.
«Куфа аҳлиданман», деб жавоб бердилар у киши. Шунда Абу Дардаа розияллоҳу анҳу: «Икки ковуш, ёстиқ ва таҳоратдон соҳиби сизларнинг ичингизда эмасми?» дедилар.
Бу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сизларнинг ичингизда эмасми, деганлари. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ковушларини, ёстиқ ва таҳорат идишларини кўтариб юриб хизматларини қилганларидан анашундоқ номланар эдилар.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг бу гаплари остида ичингизда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек одам туриб Аллоҳ таолодан солиҳ суҳбатдош сўраб дуо қилганинг нимаси, деган маъно бор эди.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг «Шайтондан соқланган сизнинг ичингизда эмасми?» деганлари Аммор ибн Ясир сизнинг ичингизда эмасми?» деганларидир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу шайтондан соқланган эдилар.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг «Ўзидан бошқа билмайдиган сирнинг соҳиби сизнинг ичингизда эмасми?» деганлари Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу сизнинг ичингизда эмасми?» деганларидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мунофиқларнинг исмларини айтиб берган ва буни сир соқлаб ҳеч кимга айтмасликни амр қилган эдилар.
Сўнгра Абу Дардаа розияллоҳу анҳу ўзларини ташвилга солиб турган бир масалани аниқлаб олмоқчи бўлиб: Ибн Умму Абд «Валлайли изаа яғшаа»ни қандоқ қироат қилди?» дедилар. Яъни, мазкур сурани Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қандоқ қироат қилишини у кишининг ҳамшаҳарлари Алқама розияллоҳу анҳудан сўрадилар. Шунда Алқама розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ўрганганларидек қилиб:
«Валлайли, изаа яғшаа. Ваннаҳари, изаа тажаллаа. Ваззакари, вал унсаа», деб қироат қилдилар.
Алқама розияллоҳу анҳунинг жавобларидан кўнгиллари тўлиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга оғизларини оғзимга қўйиб туриб ўқитган эдилар. Улар мени қайтарай деди-я!» дедилар Абу Дардаа розияллоҳу анҳу
Шом аҳли «Ва маа холақаззакара вал унсаа» деб ҳозирги бизнинг қироатимизга, имом Ҳафснинг имом Осимдан қилган ривоятига мувофиқ ўқишар экан. Икки қироат ҳам тўғри бўлган, аммо Абу Дардаа ўзлари ўрганган қироатни соқлашга ҳаракат қилганлар. Шу билан бирга шубҳага ҳам тушиб қолганлар. Бу шубҳани қўтариш учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ қорининг қироати қандоқ эканлигини у кишининг ҳамшарлари, Куфалик Алқама розияллоҳу анҳу сўраб олганлар. Шундоқ қилиб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шарафлари билан солиҳ суҳбатдошдан фойда олмоқчи бўлган Алқама розияллоҳу анҳу ўзлари унга фойда берганлар.
Хайсама ибн Абу Сабрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинага келдим ва: «Эй Аллоҳим, менга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилгин!» дедим.
Бас, У зот менга Абу Ҳурайрани муяссар қилди. Мен унинг олдига ўтирдим ва: «Мен Аллоҳдан ўзимга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилишини сўараган эдим. У зот менга сени муваффақ қилди», дедим.
«Сен кимсан ўзи?» деди.
«Мен аҳли Куфаданман. Хайр излаб, унинг талабида келдим», дедим.
«Сизнинг ичингизда; Дуоси ижобат бўладиган Саъд ибн Молик бор эмасми?
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувлари ва икки ковушлари соҳиби Ибн Масъуд бор эмасми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирлари соҳиби Ҳузайфа бор эмасми?
Аллоҳ набийсининг тилида шайтондан сақлаган Аммор бор эмасми?
Икки китоб соҳиби Салмони Форсий бор эмасми?» деди». Термизий ривоят қилган.
Бу ривоятда олдинги ривоятдаги маъно бир оз қўшимчалар билан такрорланмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг гапларида номлари зикр қилинган «Дуоси ижобат бўладиган Саъд ибн Молик» Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудирлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганларидан кейин қандоқ дуо қилсалар қабул бўладиган ҳолга келган эдилар.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг «икки китоб соҳиби» номланишлари Инжил ва Қуръонни ёдлаганлари учундир.
Ушбу икки ривоятдан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Ислом оламида қанчалар обрўга эга бўлганларини англаб олишимиз қийин эмас.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун бундай олий мақомларга сазовор бўлиши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун бутун бир диёрга шараф бўлиши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамманинг ҳавасини келтириб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз даврларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусхалар кўчирдилар. Насх қилган мусҳафлардан ҳар томонга биттадан мусҳаф юбордилар. Ундан бошқа саҳифаларда ва мусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилдилар.
Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча Ислом уммати катта қувонч ва қўллаб қувватлаш билан кутиб олди ва унга катта ғайрат билан амал қилишга киришди. Фақат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг шахсий мусҳафларини ёки юборишга бир оз кўнмай турдилар. Кейин Аллоҳ таоло кўнгилларига солиб у киши ҳам жумҳурга қўшилдилар.
Кейинчалик, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Куфадан чақириб олишга қарор қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга муҳаббат қилиб қолган куфаликлар бу қарорга қаттиқ қарши чиқдилар. Улар бу гапдан хабардор бўлишлари билан келиб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ўраб олдилар ва: «Биз билан бирга бўл. Бу ердан чиқма. Биз сенга ёмон кўрган нарсанг етишига зинҳор йўл қўймаймиз», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар қандай одамнинг бошини айлантириб қўядиган бундай нозик ҳолатда ниҳоятда ҳакимона йўл тутдилар. У киши ўзларининг улуғликларидан оғмадилар. Дунё учун, мансаб учун эмас, охират учун, савоб учун ҳаёт кечираётганларини яна бир бор исбот қилдилар. У киши ўзларининг атрофларини ўраб бир оғиз сўзларига қараб турган куфаликларга қараб: «Менинг зиммамда у(халифа)га итоат қилиш бор. Келажакда турли ишлар, фатналар бўлиши бор. Мен ўшларнинг эшигини биринчи бўлиб очган одам бўлишни истамайман», дедилар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу билан ораларида анчагина гаплар ўтган бўлса ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у киши ҳақларида бирор оғиз нолойиқ гап айтмадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Куфадан Мадинага қайтиб бориб оддий фуқаро бўлиб яшашни давом этдирдилар.
АЖОЙИБ МУЖТАҲИД
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳаммадан илмироқ мужтаҳид эдилар. Бу ҳолни ҳамма тан олар эди. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари айтар эдилар. Бу ҳақиқатни ўзгалар тан олар эдилар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етмишдан ортиқ сурани ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мен уларнинг ичида Аллоҳнинг китобини энг яхши билувчи эканимни ва ўзимдан яхши билувчини топсам унинг ҳузурига боришимни биладилар».
Шақиқ айтади:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳалқаларида ўтирдим. Бас, бирортани унинг бу гапини қайтарганини ёки айблаганини эшитмадим», деди». Муслим ривоят қилган.
Бундан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни барча Ислом уммати энг олим-мужтаҳид кишилардан бири деб тан олганини кўрсатади. Бундоқ тан олиш, албатта, ўз-ўзидан бўлмаган. Балки, кўпгина синовлар бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уларнинг ҳаммасида мувофақият ила ўтганлар.
Имом Бухорий, Термизий, Абу Довуд ва Насаийлар Ҳузайл ибн Шурайҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абу Мусодан қиз, ўғилнинг қизи ва сингил ҳақида сўралди. Бас, у: «Қизга ярим ва сингилга ярим, Ибн Масъудга борсанг ҳам мен айтганни айтади»-деди.
Сўнг, Ибн Масъуддан сўралди ва Абу Мусонинг гапи ҳақида хабар ҳам берилди. Бас, у: «Ундоқ бўлса мен адашибман, мен ҳидоят топганлардан эмас эканман. Лекин, мен бу(масала)да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ҳукмни қиламан, қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини, тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга», деди.
Абу Мусога бориб Ибн Масъуднинг гапини айтган эдик: «Модомики бу (илмий) денгиз ичингизда экан мендан бир нарса сўраманг»-деди».
Бир киши вафот этди. Ортидан битта қизи, битта ўғлидан бўлган қиз набираси ва битта синглиси қолди, холос. Кишилар мероснинг ушбу уч меросхўр орасида қандоқ қилиб бўлишни билишмади.
Улар улуғ саҳобийлардан бири Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, бу масалани ҳал қилиб беришларини сўрадилар.
У киши бошқа далилларда қизга ярим, сингилга ярим берилиши зикр қилингани учун уларга меросни бўлиб бериш керак, ўғилнинг қизига ҳеч нарса тегмайди, деган ҳукм қилдилар.
У киши яна, мерос масаласини яхши билиши билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳузурига борсангиз, у ҳам мен айтган гапни айтади, дедилар.
Афтидан, сўровчилар қониқмаган кўринади. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб масалани сўраб, ортидан Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг гапларини ҳам айтиб қўйдилар.
Шунда, у киши агар мен бу масалада Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг гапини тасдиқласам адашган, ҳидоят топмаганлардан бўламан. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада бошқача ҳукм чиқарганлар. Мен сизларга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқарган ҳукмларини айтиб бераман:
«Қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга»-дедилар.
Агар қиз иккита бўлган учдан икки олар эдилар. Ўғилнинг қизи ҳам, қиз ўрнида. Ўз қизи билан қўшилса икки қиз ўрнини босиб, икковлари учдан иккига ҳақдор бўлишади. Ўз қиз яримини олган, ўғилнинг қизи, узоқроқ бўлгани учун учдан иккидан қиз олган ярмини чиқариб ташлаб қолган олтидан бирини олади. Шунда икковининг олгани учдан икки бўлади. Қолган учдан бирни сингил олади.
Бундай ҳолатда мерос олтига бўлинади. Унинг ярими, яъни уч ҳиссаси қизга берилади. Бир ҳиссаси ўғилнинг қизига берилади. Икковиники қўшилганда–тўрт ҳисса–учдан икки-бўлади. Сингилга эса, икки ҳисса–учдан бир-қолди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бу тақсимни ўрганиб олган сўровчилар Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг олдиларига қайтиб бориб, бўлган гапни айтиб бердилар. Шунда у киши ўзлари хато қилганларини очиқ ва мардлик ила тан олиб, «модомики, бу денгиз ичингизда экан мендан бир нарса сўраманг»-дедилар.
Бу ҳақиқий инсоф ила айтилган гапдир. Ўзидан кўра илмли кишини тан олиш. Кишилар олдида очиқ айтиш ва уларни ўша олимга йўллаш олимларнинг ҳақиқий одобидир. Мен фалончидан кўра яхши биламан, нимага мен туриб, пистончидан сўрадинг, каби гаплар одобсизлик ҳисобланади.
Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:
«Эй, мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликка бўш келмайдилар. Бирлари ифтор билан (Шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса, ифтор билан (Шом) намозни ортга суради?»- дедик.
«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатур?»- деди.
«Абдуллоҳ ибн Масъуд»-дедик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилур эдилар»-деди. Бошқаси Абу Мусо эди».
Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийларни ифторни тез қилиш ва Шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга икковларидан қай бирларининг тутаётган иши суннатга мувофиқ, тўғри эканини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса, Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда, ифторни вақти кириши билан қилиш ва Шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани маълум бўлган. Бу синовда ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ютиб чиққанлар.
Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ р-у:
«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди.
Бу гап Бани Асадлик, Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди.
У келиб бу ҳақда сўради. Бас, У(Ибн Масъуд): «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди.
«Батаҳқиқ мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл.
«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деди у.
«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор деб ўйлайман», деди аёл.
«Бориб, назар сол», деди у.
Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: «Бирор нарса кўрмадим», деди.
«Аммо ўша нарса бўлганида у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».
Маълумки, ривоятларнинг аввалидан келадиган «Абдуллоҳ»дан мурод улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар.
У киши аёллар ичида содир бўлиб турадиган баъзи ношаръий ишларнинг сабабчиси бўладиган аёлларни қоралаб:
«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин лаънатласин», деди».
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу гаплари атрофга тарқалди.
«Бу гап Бани Асадлик, Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради».
Гапнинг сиёқидан Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ушбу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлганидан бехабар бўлганлар-у, бу Абдуллоҳнинг ўзидан чиққан гап, деб у киши билан тортишгани келганга ўхшайдилар. У кишининг нимага аёлларни лаънатламоқдасан?! Қабилидаги гапларига Абдуллоҳ р-у: «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».
Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Умму Яъқуб розияллоҳу анҳога мазкур ишларни қилган аёлларни аслида ўзи эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганларининг хабарини берди. Шу билан бирга у киши Умму Яъқубнинг Қуръони Каримдан яхши хабардор зот эканларини эътиборга олиб, «ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».
Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо бу гапни тўғрисича тушуниб: «Батаҳқиқ мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди».
Яъни, Қуръони Каримнинг ҳамма оятларини яхшилаб ўрганганман, унда сен лаънатлаган беш тоифа аёлларни лаънатлаш маъноси йўқ, деган маънони айтди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги гапдан нимани ирода қилаётганларини очиқ баён қилдилар:
«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деди у».
Мана шу ояти каримага асосан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳар бир шаръий нарсани олмоғимиз ёки тарк қилишга амр қилинган нарсани тарк қилмоғимиз лозим. Модомики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни қилган аёлларни лаънатлаган эканлар, биз ҳам уларни лаънатламоғимиз керак. Шунинг учун мен айтган гаплардан аччиғинг чиқмасин. Аслида у гапларни мен эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар.
Лекин Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ҳам бўш келмади. Бўлаётган баҳсни давом этдириб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга:
«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинигда бор деб ўйлайман», деди аёл».
Умму Яъқубнинг тушунчаси бўйича мазкур қалбаки ишларни ҳамма хотинлар қилишлари турган гапга ўхшайди. Шунинг учун у киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни нозик жойидан тутмоқчи бўлиб, юқоридаги гапни айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Бориб, назар сол», деди».
Яъни, менинг хотиним ҳам ўша шариат ҳаром қилган ишлардан баъзисини қилди деб хаёл қилаётган бўлсанг, бориб хотинимга назар сол. Яхшилаб қара. Ўша даъво қилаётган нарсалардан қай бири кўрар экансан, дедилар.
«Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: «Бирор нарса кўрмадим», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга фақат ўзлари эмас, балки оила аъзолари ила биргаликда амал қилишлари аён бўлди. У киши шариат ишларида оилаларига ҳам қаттиқ турганларини Умму Яъқубга айтган қуйидаги гапларидан ҳам билиб олсак бўлади.
«Аммо ўша нарса бўлганида у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».
Яъни, агар хотиним ўша шариат ҳаром қилган ишлардан бирортаси қилган бўлганида ажраб кетган бўлар эдик. Ундоқ хотинни мен дарҳол талоқ қилардим.
Бу ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳам илмли, ҳам илмига амал қиладиган зот эканларини кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу барчанинг устози ўлароқ ҳар ҳафтада бир марта халқ оммасига дарс ўтар эдилар.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ одамларни ҳар пайшанба куни эслатар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурроҳман, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим»-деди. У эса: «Ўшандоқ қилишдан мени манъ қилган нарса, сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга маъвизани вақти-вақти билан қиламан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан маъвиза қилар эдилар»–деди».
Бу ҳадисда исмлари Абдуллоҳ, деб тилга олинаётган зот машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар.
Абу Воил розияллоҳу анҳунинг хабар беришларича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни одамлар билан илмий суҳбат қуриб, уларга ваъз-насиҳат қилар эканлар.
Ана ўша илмий мажлисда иштирок этиб юрган кишилардан бирига ҳафтада бир кун бундоқ мажлис ва ваъз бўлиши оз кўринди. У киши илм, ваъз-насихат қанча кўп бўлса, шунча яхши деб ўйлабди. Бу фикрни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга билдириб:
«Эй Абу Абдурраҳмон, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим»-деди».
Абу Абдурраҳмон, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг куняларидир. Арабларда эркакларга ўзининг бош фарзанди исми олдига «Абу», аёлларга «Умму» сўзини қўшиб мурожаат қилинади. Буни куня дейилади. Куня, фалончининг отаси ёки онаси, деган маънодадир. Бу ҳурмат маъносини англатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ кишига «Эй Абдуллоҳ», деб эмас, «Эй Абу Абдурраҳмон»-Абдурраҳмонинг отаси, деб мурожаат қилиш ҳурматлироқ.
Мазкур киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ҳурмат билан, у кишининг куняларини айтиб мурожаат қиларкан, илмий мажлислари, ваъзлари ҳар куни бўлишини исташини айтди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нима учун ҳар куни эмас, ҳафтада бир кун илмий суҳбат ва ваъз қилишларининг ҳикматини баён қилиб:
«Ўшандоқ қилишдан мени ман қилган нарса, сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир»-дедилар.
Демак, устоз, ваъзхон ўз шогирдларига ва тингловчиларига молол келтирмаслик чораларини кўриши керак экан. Чунки, малол келган нарсанинг фойдали ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар куни эмас, ҳафтада бир куни илмий мажлис қуриб, одамларга ваъз-насиҳат қилар эканлар.
Бу аслида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Буни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз сўзлари давомида баён қилмоқдалар:
«Мен сизларга маъвизани вақти-вақти билан қиламан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан маъвиза қилар эдилар»–деди.
Гап ҳар қанча яхши, ҳар қанча фойдали бўлса ҳам, ҳадеб қайтарилавермаганидан кейин кишиларнинг жонига тегади. Шунинг учун ҳам кишилар табиати, улар қалбининг моҳир табиби бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан жуда билиб муомала қилганлар. Кишиларга малол келиб қолмасин, деб уларга доимо эмас, вақти-вақти билан маъвиза қилганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида дарс олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам ўз устозларидан олган тарбияга мувофиқ иш тутганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шаръий аҳкомларни тушинтириш билан бирга уларга амал қилишни ҳам эринмай ўргатар эдилар.
Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, дам солиш, тумор ва иситма-совутма ширкдир», дедилар.
Шунда унинг хотини Зайнаб:
«Бу қандоқ гап? Ахир менинг кўзимдан ёш оқар эди. Фалончи яҳудийнинг олдига борсам, дам солиб қўйса тўхтаб қолар эди», деди.
«Ўша шайтоннинг иши. У қўли билан у(кўз)ни чуқир эди. Дам солганда тўхтар эди. Сенга эса Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам айтаган нарсани айтмоқ кифоя қилур эди:
«Аллоҳумма Роббан наси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шофия иллаа анта. Шифаан лаа юғодиру сақман», деди», у».
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан дам солиш, тумор ва иситма-совутма ширкдан эканлиги ҳақидаги ҳадиси шарифни эшитганларини айтсалар, хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо бу маънодан ажабланиб ўз ҳаётидан мисол келтирмоқдалар. Сўнгра эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу масала бўйича тушинтиш иши олиб бормоқдалар.
«Албатта, дам солиш, тумор ва иситма-совутма ширкдир».
Бу ердаги «дам солиш»дан мурод, жоҳилиятнинг дам солишидир. Чунки, ривоятнинг охирида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишларини қилиш кераклиги ўргатилмоқда.
«Тумор» турли нарсаларни ёзилган нарсани ўзига осиб олиш.
«Иситма-совутма» кишиларни, хусусан, эр хотинни бир-бирига яхши ёки ёмон кўрсатиш учун қилинадиган ирим-сиримлар.
Бу нарсаларни ҳалол деган эътиқод билан қилиш шариатимиз ҳукми бўйича ушбу ҳадиси шарифга биноан ширкдир. Аммо бу ҳукмни эшитган кишиларда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотилари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг фикрларига ўхшаш фикр пайдо бўлиши мумкин. Зайнаб розияллоҳу анҳо ўз эрларига:
«Бу қандоқ гап? Ахир менинг кўзимдан ёш оқар эди. Фалончи яҳудийнинг олдига борсам, дам солиб қўйса тўхтаб қолар эди», деди».
Хасталикнинг тузалишига сабаб бўладиган нарса ширк бўлармиди?! Ана шунда Абдуллоҳ ибн Масъудр озияллоҳу анҳу аёллари тушинадиган услубда шариат ҳаром қилган нарса ҳақиқий шифо эмас, балки ёлғон бир сезгидан ўзга нарса бўлмаслигини баён этиб бердилар.
«Ўша шайтоннинг иши. У қўли билан у(кўз)ни чуқир эди. Дам солганда тўхтар эди».
Даҳақиқат, шариатимиз ман қилган услуб ила даволаш вақтинчалик алдамчи ҳис-туйғудан ўзга нарса бўла олмайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундан ўн беш аср илгари ўз хотинларига бу нарсани шайтоннинг иши сифатида тушинтирган эдилар. Шу билан бирга у киши тўғри Ислом изн берган дам солишни ҳам ўргатган эдилар.
«Сенга эса Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам айтаган нарсани айтмоқ кифоя қилур эди; «Аллоҳумма Роббан наси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шофия иллаа анта. Шифаан лаа юғодиру сақман», деди», у».
Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича:
«Эй Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчиси! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!»
Мўмин-мусулмон киши шариатимиз ман қилган дам солиш орқали ўзига шифо ахтариши мутлақо тўғри эмас. Шунингдек, тумор ва иситма-совутмага ўхшаш ношаръий ишларга ҳам яқинлашиш керак эмас.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз хотинларига анашу маъноларни эринмай англатдилар.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамманинг ҳавасини келтирадиган улкан мужтаҳидга айланиб қолиши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамма унинг олдига келиб масала сўрайдиган кишига айланиб қолиши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага Аллоҳ таолонингохирги ва мукаммал дини ҳукмларини чиқариб ғериши Ислом мўъжизаси эмасми?!
ЭҲТИЁТКОР МУҲАДДИС
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилардан бўлганларига қарамай узотнинг ҳайбатлари олдида титроқ босадиган киши эдилар. Бу ҳол айниқса У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилмоқчи бўлганларида яққол кўзга ташланар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, дейишлари билан қаттиқ ҳаяжонга тушиб, титироқ босиб қолар эди. У киши ҳадиси шарифдаги бирор ҳарфни ўз ўрнига қўя олмай қолишдан қўрқар эдилар.
Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг яқин кишиларидан Амр ибн Маймун қуйидагиларни эслайди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бир йил бирга юрдим. Ўша муддатда унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтганини эшитмадим. Фақат бир куни у бир ҳадисни айтишни бошлади. Унинг тилига, Расулуллоҳ дедилар, келиши билан уни ғам босиб, пешонасидан тер оқа бошлаганини кўрдим. Сўнгра ўзига келди-да:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ўхшаш гап айтган эдилар», деди».
Алқама ибн Қайс айтадилар:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни кечқурун суҳбат қурар эди. Унинг бирор кеч, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар, деганини эшитмадим. Фақат бир мартагина айтди. Ўшанда қарасам, у асога суяниб турган экан. Унинг асоси эса эгилиб-букилиб кетаётган эди».
Ибн Саъд келтирган ривоятда Масруқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни ҳикоя қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кунлардан бир кун ҳадис айтди. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим…, дедию титроқ босиб туриб қолди. Унинг кийимлари ҳам титирар эди. Бироз ўтгандан кейин, ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар, деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан 848та ҳадис ривоят қиладилар.
У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Мусо ал-Ашъарий, Имрон ибн Ҳусойн, Абу Ҳурайра, Ибн Зубайр, Жобир, Анас, Абу Саид, Абу Рофиъ ва бошқалар ривоят қилишган.
Тобеъинлардан Алқама, Абу Воил, Асвад, Масруқ, Убайда, Ибн Ҳозим, Қайс ва бошқалар ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тўпланган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамманинг ҳавасини келтириб, ҳаммани ўзига қаратиб Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари ҳадисларини айтишда ўрнак бўлиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамманинг эътиборига тушган мўътабар китобларга асос бўладиган ҳадисларни ривоят қилиши Ислом мўъжизаси эмасми?!
ҲАҚИҚИЙ ОЛИМ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу том маънодаги ҳақиқий олим эдилар. У кишида алломаликнинг барча омиллари мужассам бўлган эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида илмни кенг халқ оммасига тарғиб қилар эдилар.
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Ҳорун ибн Риёбдан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Олим бўл ёки таълим олувчи бўл! Иккисининг орасидаги бўлма! Чунки иккисининг орасида жоҳил ёки жаҳолт бор. Талаби илмдаги кишининг ишидан рози бўлгани учун малоикалар унинг оёғи остига қанотларини ёзиб турурлар», дер эди».
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Зайддан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Олим бўл ёки таълим олувчи бўл! Уларнинг ораидаги тутириқсиз бўлма!» дедилар».
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Эй одамлар! Қабз қилинишидан олдин илмни олиб қолинглар! Унинг қабз қилиниши аҳлининг кетиши билан бўлади. Ўзингизга илмни лозим тутинг! Чунки ҳеч бирингиз унинг ҳузуридаги нарсага қачон ҳожати тушишини билмайди. Сиз илмни лозим тутинг. Ҳаддан ошиш ва чуқур кетишдан ҳазир бўлинг. Ўтган саҳобалар йўлини тутинг. Чунки Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб туриб ортларига отиб юборадиган қавмлари келиши бор».
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Абул Аҳвасдан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Одам олим бўлиб туғилмайди. Илм таълим олиш билан бўлади», деди».
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Олим бўл ёки таълим олувчи бўл! Иккисининг орасидаги бўлма! Агар уни қила олмасанг, олимларга муҳаббат қил! Уларни ёмон кўрма!»
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида таълим ишларини қандоқ олиб бориш кераклигини ҳам яхши билар эдилар. У киши доимо таълим ишлари шогирдлар малол келадиган даражада бўлмаслигига ҳаракат қилар эдилар. Чунки таълим ҳаддан ташқари оғир бўлиб кетса толиби илмга мало келиб у талаби илмдан воз кечиши мумкин.
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Шақиқ ибн Саламадан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бизнинг олдимизга чиқди ва:
«Сизнинг мажлисингиз хабарини эшитиб тураман. Мени сизнинг олдингизга чиқишдан малол келишни ёқтирмасликдан бошқа нарса ман қилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга малол келмасин деб мослаб мавъиза қилар эдилар», деди».
Ҳақиқий олим сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу толиб илмларга улар ўзларини қандоқ тутишлари кераклиги ҳақида таълим берар эдилар.
Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига Куфалик одамлар келдилар. У киши уларга салом берди, Аллоҳга тақво қилишга, Қуръонда ихтилоф қилмасликка, унинг тўғрисида низо қилмасликка амр қилди. Сўнгра қуйидагиларни айтди:
«У(Қуръон) ихтилоф қилмайди, унутмайди, кўп такрор бўлиши билан тугаб қолмайди. Унда Ислом шариати, унинг фарзлари ва Аллоҳнинг амри бир чегара ичидалигини кўрмайсизларми? Агар агар икки ҳарфдан бири иккинчиси амр қилган нарсадан қайтарса эди, ана ўша ихтилоф бўларди. Аммо у буларнинг ҳаммасини жам қилиб келган. Мен сизлардаги фиқҳ ва илм одамлардагидан энг яхши даражага етди деб биламан. Агар мени туя олиб бора оладиган жойда ўзимдан кўра илмлироқ одам борлигини билсам, албатта, илмимни зиёда қилиш учун унинг олдига борган бўлардим. Мен яхши биламанки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Қуръонни бир марта арз қилар эдилар. Вафот этган йиллари икки марта арз қилдилар. Мен қачон у зотга қироат қилсам, яхши қироат қилганимни айтар эдилар. Ким менинг қироатимда ўқиган бўлса, уни ёқтирмай ташлаб юбормасин. Ким ундан бошқа қироатларда ўқиган бўлса, уни ёқтирмай ташлаб юбормасин. Чунки, ким ундан бир қироатни инкор қилса, ҳаммасини инкор қилган бўлади».
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Қуръон ёдлаган қори кечаси одамлар ухлаганда бедорлиги билан, кундузи одамлар овқатланганда оч-наҳорлиги билан, одамлар қувонганда маҳзунлиги билан, одамлар кулганда йиғиси билан, одамлар вайсаганда сукути билан, одамлар гердайганда хушуъи билан танилиши керак. Қуръон ёдлаган қори йиғлоқи, маҳзун, ҳакматли, ҳалим, алим ва сукут соқловчи бўлиши керак. Қуръон ёдлаган қори жафокаш, ғофил, бақироқ бўлмаслиги керак».
Саҳобаи киромлар ва тобеъинларнинг барчалари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳақиқий олим эканликларини бир овоздан тасдиқлар эдилар. Бу ҳақда ривоятлар жуда ҳам кўп. Уладан баъзиларини келтириш билан кифояланамиз.
Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Масруқ розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Қандоқ сура нозил бўлган бўлса, албатта, мен унинг нима ҳақида нозил бўлганини билурман. Агар туя етиб борадиган жойда Аллоҳнинг китобини мендан кўра яхшироқ биладиган одамни билсам, албатта, унинг олдига борурман», деди».
Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Масруқ розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан мажлислар қурдим. Уларни сув ҳовузлари каби кўрдим. Баъзи сув ҳовузи бир кишининг чанқоғини босади. Бошқа сув ҳовузи икки кишининг чанқоғини босади. Яна бир сув ҳовузи ўн кишининг чанқоғини босади. Баъзи сув ҳовузи юз кишининг чанқоғини босади. Баъзи сув ҳовузлари борки, унга ер аҳлининг ҳаммаси келса ҳам қондиради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўшандоқ ҳовузлардан эди».
Ибн Саъд р-ҳ Зайд ибн Ваҳбдан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юриб кела бошлади Умар ўтирган эди унинг келаётганини кўриб:
«Фиқҳга тўла идишча келмоқда», деди».
Ибн Саъд р-ҳ Асад ибн Вадоадан р-ди:
«Умар Ибн Масъудни зикр қилди ва:
«Илмга тўлган идишча, мен уни Қодисия аҳлидан устун кўраман», деди».
Ибн Саъд р-ҳ Абул Бухтирийдан р-ди:
«Биз Али Розияллоҳу анҳунинг олдига бордик ва ундан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳақида сўрадик. Бас, у:
«Уларнинг қай бири ҳақида гапирай?» деди.
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақида гапириб беринг», дедик.
«У Қуръон ва суннатнинг илмини билди ва интиҳосига етди. Илмда шу билан кифояланди», деди».
Ҳақиқий олим сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу аҳли илмга роббоний уламолар қандоқ бўлишини баён қилиб берган эдилар.
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўз шогирдларига айтган қуйидаги сўзларини р-ди:
«Илм булоқлари, ҳидоят юлдузлари, уйларни лозим тутвчилари, туннинг чироқлари, қалбларнинг янгиловчилари ва кийми эскилар бўлинглар. Ўшанда осмонда таниласизлар, ер аҳлига махфий қоласизлар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз навбатида ҳақиқий олим сифатида ноқобил уламоларни ҳам васф қилиб берганлар.
Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Агар аҳли илмлар илмни авайлаганларида ва уни ўз аҳли ҳузурига қўйганларида, ўз замонларидаги одамлар устидан саййид бўлар эдилар. Аммо улар уни аҳли дунё ҳузурига қўйдилар. Уларнинг дунёсидан умидвор бўлиб шундоқ қилидлар. Бас, уларнинг ҳузурида хор бўлдилар. Иен Набийингиз с-в.нинг:
«Ким барча ғам-андуҳларни бир ғам-андуҳга, охират ғам-андуҳига айлантирса, Аллоҳ уни бошқа ғам-андуҳлардан соқлайди. Кимни дунё аҳволларининг ғам-андуҳлари парчалаб юборса, унинг қайси водийда ҳалок бўлгани билан Аллоҳнинг иши бўлмайди», деганларини эшитганман», деди».
Абдурраззоқ келтига ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Сизларни фитна ўраб олиб, унда кичик катта, бўладиган, катта қарийдагина бўлганда. (Бидъат) суннат қилиб олиниб, у ўзгартирилган куни, бу мункардир, дейиладиган бўлганда ҳолингиз на бўлур?»
«Қачон шундоқ бўлур?» дейилди.
«Қачон омонатлиларингиз озайиб, умароларингиз кўпайса.
Қачон фақиҳларинингз озайиб, қориларинингиз кўпайса.
Қачон диндан бошқа нарса учун фиқҳ ўрганилса.
Қачон охират амали ила дунё талаб қилинса», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида аҳли илмларни Аллоҳ таолонинг китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ва аҳли солиҳ уламоларнинг асарларини яхши ўрганишга ва уларда йўқ масалалар ориз бўлиб қолса қўрқмай ижтиҳод қилишга чорлар эдилар.
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Кимга бир ҳукм ориз бўлса, Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қилсин. Агар унга Аллоҳнинг китобида йўқ нарса ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ила ҳукм қилсин. Агар унга Аллоҳнинг китобида йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида йўқ ҳукм ориз бўлса, солиҳлар чиқарган ҳукм ила ҳукм қилсин. Агар унга Аллоҳнинг китобида йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида йўқ, солиҳлар чиқарган ҳукмда йўқ ҳукм ориз бўлса, ўз раъйи ила ижтиҳод қилсин, уялмасин», деди».
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни ўрнидан туриб қуйидагиларни айтар эди:
«Икки нарса бор. Калом ва ҳидоят. Каломнинг афзали Аллоҳнинг каломидир. Ҳидоятнинг гўзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони янги чиққанларидир.
Огоҳ бўлинглар! Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир.
Огоҳ бўлинглар! Иш сизларни ҳовлиқтиб юбормасин. Қалбларингизни қасоват босади. Умидворлик сизни ғафлатга солмасин. Ҳар бир келувчи яқиндир.
Огоҳ бўлнглар! Албатта, узоқдаги нарса ўзи келмайди».
Имом ал-Ҳоким Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Р-ди:
«Суннатда иқтисод қилмоқ бидъатда ижтиҳод қилмоқдан афзалдир».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида кишиларни бўлган бўлмаган нарсаларни сўрайверишдан, илми ва изни йўқ кишиларни фатво беришларидан қаттиқ қайтарар эдилар.
Имом Тобароний Шаъбий розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Сиз, менга «айтчи, менга айтчи»дан ҳазир бўлинглар. Бир нарсани бошқасига қиёс қилаверманглар. Тағин собит бўлган қадам тойиб кетмасин. Агар бирингиз ўзи билмаган нарсадан сўралса, билмайман, деб айтсин. Шунинг ўзи илмнинг учдан биридир».
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Ҳар бир йилдан кейин келган йил аввалгисидан ёмондир. Бир йил бошқасидан яхши эмас. Бир уммат бошқа умматдан яхши эмас. Лекин уламоларингизнинг ва яхшиларинингизнинг кетишлари бор. Кейин янги қавмлар чиқиб ишларни ўз фикрларича қиёс қилишлари бор. Анашу сабабли Ислом йиқилади ва синади».
Ибн Абдулбарр ўзларининг «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Ким одамлар ундан сўраган барча нарсага фатво бераверса-мажнундир».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида дарс беришни ҳам қоиллатиб қўяр эдилар. У киши ҳар бир толиби илмга ўзига яраша муомала қилар эдилар. Уларнинг барчасини илмга қизиқтирар эдилар. У кишидан дарс олган ҳар бир толиб қувончларга тўлиб дарс таёрлар эди.
Имом Тобароний қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кишига бир оятни ўқитиб бўлса, албатта, бу устига қуёш ёғдуси тушган барча нарсадан кўра яхшироқдир ёки ер юзидаги барча нарсадан яхшироқдир», дер эди. У Қуръондаги барча нарса ҳақида шу гапни айтар эди».
Бошқа ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Тонг отганда Ибн Масъуднинг ҳовлисига одамлар келар эди. У уларга:
«Жойларингизда ўтиринглар!» деди.
Сўнгра ўзи Қуръон ўқитадиган одамлар олдидан ўтар эди. Улардан бирининг олдига бориб:
«Эй Фалончи! Қайси сура ила келдинг?» дер эди. У ўзи ўрганган оятгача айтиб берар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кейинги оятни айтиб бериб бўлиб:
«Буни яхшилаб ўргангин! Албатта, у сен учун осмон ва ер орасилаги нарсалардан яхшидир!» дер эди. Ҳалиги ода Қуръонда бундан кўра яхшироқ оят йўқ деган хаёлга борар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кейин бошқаларнинг олдидан ҳам бирма-бир ўтиб ҳалиги гапларни уларнинг ҳаммасига айтиб чиқар эди».
Имом Баззор р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Албатта, у Аллоҳнинг зиёфатидир, Ким Аллоҳнинг зиёфатидан олишга қодир бўлса, олсин. Албатта, илм таълим олиш ила бўлур», дер эди».
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг зиёфатидир, Ким ундан бир нарсани ўрганишга қодир бўлса, ўргансин. Албатта, уйларнинг яхшиликдан холи бўлгани, унда Аллоҳнинг китобидан бирор нарса бўлмаганидир. Албатта, ичида Аллоҳнинг китобидан бирор нарса бўлмаган уй, обод қилувчиси йўқ хароб уйга ўхшайдир. Шайтон қайси уйда «Бақара» сурасини эштиса, ўша уйдан чиқиб кетади», дер эди».
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳамманинг ҳавасини келтириб алломаи замон бўлиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага Аллоҳ таолонингкаломини ўргатиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
ПЕШҚАДАМ ОБИД
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу обидликда ҳам пешқадам кишилардан ҳисобланар эдилар. У кишининг ибодатларнинг ибодати бўлмиш намозни қандоқ адо этишлари ҳақида имом Тобароний Аъмаш розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қачон намоз ўқиса ташлаб қўйилган кийимга ўхшаб қолар эди».
Яъни бу дунёни бутунлай унутиб, бутун вужуди ила Аллоҳ таолога берилиб намоз ўқир эди.
Умуман олганда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нафл ибодат қилишда ўз табиатлари ва имкониятларидан келиб чиқиб намозга асосий эътиборни қаратган эдилар.
Имом Тобароний р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу худди нафл рўзп тутмаганга ўхшарди. У киши:
«Мен рўза тутсам, намозга заифлашиб қоламан. Намоз мен учун рўзадан кўра маҳбуброқ», дер эди. Нафл рўза тутадиган бўлса, бир ойда уч кун тутар эди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу обиди комил сифатида намозни адо этишда ҳамма тарафи мукаммал бўлишига катта эътибор берар эдилар. У киши доимо жамоат билан намоз ўқишлари билан бирга сафларни тўғри бўлишига ва биринчи сафда намоз ўқишга ҳам катта эътибор берар эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Бизнинг сафларимиз иқома айтиб бўлинмасдан аввал тўғриланиб бўлар эди», деди.
Имом Тобароний қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Намозни биринчи сафда ўқиганларга Аллоҳ ва Унинг малоикалари саловот айтурлар», деганлар.
Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи Алқама розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг уйига келди. Намоз вақти бўлди. Шунда Абу Мусо:
«Сен олдинга ўт, эй Абу Абдрроҳман. Албатта, сенинг ёшинг катта ва илминг кўп», деди.
«Йўқ. Сен ўт. Биз сенинг уйингдамиз. Масжидингда сен ҳақлисан», деди А-с».
Бу ерда ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу суннатга амал қилиб, намоз адо этишда ҳамма нарса мукаммал бўлишига эътибор берганларини кўрмоқдамиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий обид сифатида суннат намозларни ҳам ўз вақтида, бекаму кўст адо этар эдилар.
Имом Тобароний Абдуллооҳ ибн Язиддан р-ди:
«Менга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга энг яқин кишилардан бири айтиб берди. У киши қуёш заволга кетганда туриб тўрт ракъат намоз ўқир экан. Уларда юз оятли суралардан иккитасини қироат қилар экан. Муаззинлар хабар берганда белни боғлаб намозга чиқар экан».
Ибн Жарир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Кундузги намозлардан Пешиндан олдинги тўрт ракъатдан бошқасини кечасиги намозларга тенглаштирмас эдилар. Улар ўшаларни кечасиги намозлар ўрнида кўрар эдилар».
Ҳақиқий обди сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кечасиги таҳажжуд намозига алоҳида эҳтимом билан қарар эдилар.
«Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи Алқама ибн Қайс розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Бир кечаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурида тунаб қолдим. Кечанинг аввалида ухлади. Кейин туриб намоз ўқий бошлади. Ўз маҳалласидаги имомнинг қироати каби қироат қилар эди. Тартил ила қироат қилиб, атрофидагилар эшитадиган қилиб ўқир эди. Кечанинг қоронғусидан Шомга азон айтиб уни ўқиб бўлгунча вақт қолганда Витрни ўқиди»,
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага ибрат кўрасатадиган обид бўлиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
КАМТАР ЗОКИР
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу зикр бобида ҳам бошқалардан қолишмас эдилар. У киши мусулмони комил сифатида зокирликка ҳам катта аҳамият билан қарар эдилар.
Имом Тобароний келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Кундуз куни кеч киргунча Аллоҳни зикр қилмоғим мен учун бир кун кечгача одамларни энг яхши отларга миндирганимда яхшироқдир».
Албатта, муҳтож кишиларга улов тоиб бериш ҳам солиҳ амаллардан, аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг зикрини анашу савоби ишдан ҳам устун кўрар эканлар.
Имом Тобароний Абу Убайда ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу учун Аллоҳнинг зикридан бошқа гап оғир келар эди».
Имом Тобароний Ато розияллоҳу анҳудан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Бамдоднинг суннатидан кейин гаплашиб ўтирган одамлар олдига чиқди ва уларни гапдан наҳий қилиб:
«Сизлар намоз ўқиш учун келгансизлар. Ёки намоз ўқинглар. Ёки сукут сақланглар», деди».
А-с ҳақиқий зокир сифатида Қуръони каримнинг баъзи сура ва оятларини вазифа-вирд қилиб олиб маълум вақтларда ўқиб юришда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилар эдилар.
Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Кишининг қабрида оёқлари томонидан келинади. Шунда улар:
«Сизларга бу тарафадан йўл йўқ! У сураи Мулкни қироат қилур эди», дейилади.
Сўнгра унинг кўкраги ёки қорни томонидан келинади. Бас, у:
«Сизларга бу тарафадан йўл йўқ! У сураи Мулкни қироат қилур эди», дейди.
Сўнгра унинг бошни томонидан келинади. Бас, у:
«Сизларга бу тарафадан йўл йўқ! У сураи Мулкни қироат қилур эди», дейди.
У сура ман қилувчидир. Қабр азобини ман қилади. У Тавротда ҳам сураи Мулкдир. Ким уни кечаси ўқиса, кўп иш қилган ва тўғри иш қилган бўлади».
Имом Насаий келтирган ривоятда эса:
«Ким «Таборакаллазии биядиҳил мулк»ни ҳар кеча қироат қилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг сабабидан уни қабр азобидан ман қиладир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида уни ман қилувчи деб номлар эдик», дейилган.
Ҳақиқий зокир бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу зикр ҳақида келган ҳадиси шарифларни ояти карималар билан тасдиқлаб беришлари ҳам эътиборга сазовор ишдир.
Имом Тобароний келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Мен сизларга қачон бир ҳадис айтсам унинг тасдиғини Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан ҳам келтирурман. Мусулмон банда қачон «субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва таборакаллоҳу» деса, бир паришда уларни сиқимлаб олиб қаноти остига қўяди ва осмонга олиб чиқади. У фаришталарнинг қайси жамоаси олдидан ўтса, албатта, улар ўша сўзларни айтувчига истиғфор айтадилар. Бу ҳалиги фаришта Аллоҳнинг ҳузурига етиб боргунча давм этади», деди.
Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни»ни қироат қилди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу гапларида юқорида зикр қилинган сўзларни зикр қилиб юришга катта тарғиб бордир. Демак, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзлари зокир бўлишлари билан бирга ўзгаларни ҳам зкирликка тарғиб қилувчи бўлганлар.
Барча зокирлар каби ҳақиқий зокир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам истиғфор-Аллоҳдан гуноҳларни кечиришни сўрашга жон-жаҳдлар и билан ҳаракат қилганлар.
Имом Тобароний келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Агар бир киши уч марта «Астағфируллоҳаллазии лаа илаҳа илла ҳува ал-Ҳаюю ал-Қаююм ва атубу илайҳи»ни айтса, албатта, уни мағфират қилинур. Агар урушдан қояган бўлса ҳам».
Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Агар менинг гуноҳларимни билсаларингз, менинг изимни ҳеч ким босмасди ва бошимга тупроқ сочар эдингиз. Қани энди, Аллоҳ менинг гуноҳларимдан биттасини мағфират қилсаю, мен Абдуллоҳ ибн Тезак деб номлансам».
Кўпчилик зокирлар сингари ҳақиқий зокир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам Аллоҳ таолога саҳар чоғлари илтижо ила дуо қилар эдилар.
Имом Тобароний Муҳориб ибн Дассордан, у ўз амакисидан р-ди:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси олдидан саҳар чоғи ўтар эдим ва унинг:
«Эй Аллоҳим!. Мени чақирдинг, жавоб бердим. Менга амр қилдинг, итоат қилдим. Ушбу саҳар чоғи, мени мағфират қилгин!» эшитар эдим. Бир куни уни учратиб қолиб:
«Саҳар чоғи баъзи сўзларни айтагнингни эшитдим?» дедим.
«Яъқуб болаларини саҳаргача таъхир қилган», деди у».
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага ибрат кўрасатадиган зокир бўлиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага зикрдан устоз бўлиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
СИФАТЛАРИ ВА СЎЗЛАРИДАН НАМУНАЛАР
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Иймон келтирганлар ва яхши амалларни қилганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтирган бўлсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир» ояти охиригача нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
Менга сенинг ҳам ўшалардан эканлигининг айтилди», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ҳар қандай мўмин мусулмон банда орзу қиладиган бундоқ башоратни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитмоқлари катта бахтдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нафақат Қуръони карим қироати, тафсири, маънолари ва бошқа илмларини, балки у зотнинг ахлоқлари, сийратлари, кўринишлари ва тариқатлари каби нарсаларни ҳам тамомила олган эдилар.
Абдурроҳман ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳузайфадан ўрнак олишимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал ҳайъати ва юриш туриши энг яқин киши ҳақида сўрадик. Бас, у киши:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ибн Умму Абддан кўра гўзал ҳайъати, юриш туриши ва сийрати энг яқин кишини билмайман», деди.
Бухорий ва Термизий ривоят қилган. ва:
«У биздан уйига беркиниб олар эди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳифз қилинганлари Ибн Умму Абднинг ичларида Аллоҳга энг яқини эканликларини яхши билар эдилар»ни зиёда қилган».
Бу ривоятдан икки улкан ҳақиқатни англаб оламиз.
Биринчиси, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпгина хислатларда ўхшашлари. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашга қаттиқ ҳаракат қилиб шу даражага эришган эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар бир ишни, ҳар бир ҳаракатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатиб қилишга ҳаракат қилганларидан шу даражага эришган эдилар. Бунга саҳобаи киромларнинг ўзлари ҳам ҳавас билан қарар эдилар.
Иккинчиси, катта ва эътиборли саҳобаи киромларнинг эътирофлари бўйича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг П-с.нинг саҳобалари ичида Аллоҳ таоло энг яқин бўлганлари.
Ушбу икки ҳақиқат ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу улкан бахтга сазовор зот бўлганларини кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу хушбўй нарсаларни яхши кўриб, кўп истеъмол қилардилар. Агар уйларидан чиқсалар, қўшнилари бу йўлдан Ибн Масъуд юрганликларини билар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эрлари, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўз закотларини берса, бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақидаги саволлари жуда ҳам машҳур. Бундан у киши ўз эрларидан кўра бой бўлганлари аён бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг эса хтинидан закот оладиган даражада камбағал бўлганлари маълум бўлади.
Уламоларимиз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жуда кўп ҳикматди сўзлар айтганликларини қайта-қайта таъкидлайдилар. Қуйида у кишининг баъзи сўзларини кетиришга ижозатингизни сўраймиз.
Имом Муслим келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўбара бўлишидан хурсанд бўлса, намозларни азони айтилган жойда адо қилсин. Аллоҳ Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи васалламга ҳидоят суннатларини шариатга киритгандир. Албатта, жамоат намози ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз манави кейин қолганга ўхшаб уйингизда намоз ўқисангиз Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз залолатга кетган бўласиз.
Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиқгина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб сафга турғазиб қўяр эдилар».
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Аллоҳ таоло бандалари қалбларига назар солиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилди ва у зотни Ўз рисоласи ила юбориб, Ўз илми ила танлаб олди. Сўнгра у зотдан кейинги одамлар қалбларига назар солди ва у зотга саҳобаларни танлаб олди. Бас, уларни Ўз динининг ёрдамчилари ва Набийсининг вазирлари қилди».
Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар:
«Қиёмат куни эркак бўлсин, аёл бўлсин, бандани олиб келинади-да, аввалгию кейинги барча халойиқнинг олдида бир жарчи:
«Манави фалончи фистончи ўғли. Кимнинг унда ҳақи бўлса, келиб олсин», деб жар чақиради. Аёл, отамда, онамда, акамда, эримда ҳақим бўлса эди, деб орзу қилади», деб туриб:
«У кунда улар орасида насаблар ҳам йўқ ва бир-бирларидан сўраша олмайдилар ҳам» оятини ўқидилар ва сўзларида давом этиб:
«Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечади. Одамларнинг ҳаққидан ҳеч нарсани кечмайди. Кейин одамларга тўғриланади ва
«Одамларга ҳақларини беринглар», дейди. У:
«Эй Роббим, дунё тугади-ку, қандай қилиб уларнинг ҳақларини бераман?» дейди. Аллоҳ:
«Яхши амалларидан олиб, ҳар бир ҳақ эгасига кўрган зулмига яраша беринглар», дейди. Агар банда Аллоҳга дўст бўлса, заррача яхшилиги ортиб қолса ҳам, уни Аллоҳ бир неча бор кўпайтириб, ўшанинг савобидан жаннатга киритади», деди.
Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур», оятини ўқидилар ва сўзларида давом этдилар:
«Агар банда бадбахт бўлса, фаришта:
«Эй Роббим, бунинг яхшиликлари тамом бўлди ва кўп даъвогарлари бор», дейди. Аллоҳ:
«Талабгорларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар. Сўнгра унга дўзахдан жой беринглар», дейди», дедилар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «ўрнига қўйиб тиловат қилиш»ни:
«Ҳалол деганини, ҳалол билиб, ҳаром деганини, ҳаром билиш; Аллоҳ қандай тушурган бўлса, шундай ҳолда ўқиш, маъноларини бузмаслик, ўзича нотўғри таъвил қилмаслик», деб таъвил қилганлар.
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий тақвони:
«Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, уни эслаш ва унутмаслик, унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча бугун ҳаммага ҳикматли сўзларни айтиб юриши Ислом мўъжизаси эмасми?!
ОЛИЙМАҚОМ ТАВАККАЛЧИ
Ўттиз иккинчи ҳижрий сана.
Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.
Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳар кўчалари бўйлаб юриб кетмоқдалар.
У киши кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бугун бетоб бўлиб қолганларини эшитиб ташвишга тушганлар.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни бугун ҳолидан хабар олишлари лозимлигини яхши биладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розиялоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу яна кўргани келдилар ва у кишига,
«Нимадан шикоятинг бор», дедилар.
Шунда Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар.
«Нимани хоҳлайсан?» деб сўрадилар ҳазрати Усмон.
«Роббимнинг раҳматини», деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
«Сенга табиб юборайми?» дедилар ҳазрати Усмон.
«Табиб (яъни Аллоҳ) Ўзи касал қилди», деб жавоб қилидилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
«Бўлмаса, моддий ёрдам беришни буюрайин», деди халифа.
«Менинг унга ҳожатим йўқ!» деди бемор.
«Сенга бўлмаса, кетингдан қолган қизларингга керак бўлар», деди халифа.
«Менинг қизларимни камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кечада «Воқеа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, ким «Воқеа» сурасини ҳар кечада ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди, деганларини эшитган эдим,-дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам таваккул-ҳар бир нарсада Аллоҳ таоло га суяниш қандоқ бўлиши борасида дарс ўтдилар. Ислом туфайли мўъжизага айланган зот охиригача ўша ҳолда қолдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг жанозаларини ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзлари ўқдилар. У киши Бақийъ қабрстонига дафн қилиндилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан рози бўлсин.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - купить лайки