"."
Меню

Муовия ибн Абу Суфён розияллохи анху

 

 

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида Ислом Атлантик океани қирғоқларигача етиб борди. Бу даврда у кишининг Ислом учун қилган хизматлари ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилган. Бундай ҳолат фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқа тузумларда бўлса, чаённиинг боласи чаён, душманнинг боласи душман, деб Муовия ибн Абу Суфённи йўқ қилиб юборилиши турган гап эди. Аммо «Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб ташлайди» қоидаси Муовия ибн Абу Суфёнга ўзини кўрсатишга имкон яратиб берди ва у киши ўзларининг Исломга фидокорликларини кўрсатдилар.

 

Ушбу сафарги қаҳрамонимиз Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб Қурайший ал-Умавий разияллоҳу анҳудирлар. У кишининг фаззлари ҳақида «Тожул Жомеъ» китобининг соҳиблари иккита ривоят келтирганлар.

Ибн Абу Мулайка разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Аббосга: «Амирулмўминин Муовияга бир нарса демайсанми! Ахир у витирни бир ракъат ўқиди!» дейилди.

«Тўғри қилибди. У фақиҳдир», деди у». Бухорий ривоят қилган.

Ислом умматининг илм денгизи ҳисобланган буюк олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Муовия ибн Абу Суфённи фақиҳликларини тан олганларидан кейин у киши катта фазл эгаси эканлигида заррача ҳам шубҳа қолмайди.

 

Абдурроҳман ибн Абу Умайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади У киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг саҳобаларидан эдилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Муовияга: «Эй Аллоҳим, уни ҳидоят қилувчилардан, ҳидоят топ-ганлардан қилгин ва у ила ҳидоят қилгин», дедилар». Термизий ривоят қилган

Ушбу ҳ.ш. Муовия ибн Абу Суфён учун катта фазлдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг дуолари бе-жиз бўлмаслиги аниқ.

Муовия ибн Абу Суфённинг оталари Абу Суфён ибн Ҳарб бўлган. Абу Су-фён Қурайшнинг бошлиғи ва аввалбошда Исломнинг ашадий душмани бўлгани машҳур.

Муовия ибн Абу Суфённинг оналари Ҳинд бинти Утба ибн Робийъадир. Бу аёл ҳам Макка фатҳидан кейин Исломга кегунча Аллоҳнинг динининг энг ашаддий душманларидан бири бўлгани маълум. Айнан Ҳинд бинти Утба Уҳуд уруши куни ҳазрати Ҳамза разияллоҳу анҳунинг ўлимига ва қиймаланишига бош бўлгани сир эмас.

Муовия ибн Абу Суфён мазкур ота ва онадан Маккаи Мукаррамада ҳижратдан ўн беш йил илгари таваллуд топдилар.

Ана шундоқ оилада ва шароитда ўсган Муовия ибн Абу Суфён ҳам дарҳол мусулмон бўлиши қийин эди. У киши ҳижратнинг саккизин-чи санасида, Фатҳ кунида Исломга кирганлар. Ўшанда у кишининг ёшлари йигирма учда эди.

Кейинчалик Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ғзотида иштирок этганлар.

Мадинаи Мунавварада Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бўлганлар.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 163та ҳадис ривоят қилганлар.

У кишидан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Жарир ибн Абдуллоҳ, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдул-лоҳ ибн Зубайр, Абу Саид ал-Худрий, Соиб ибн Язид, Абу Умома ибн Саҳл, тобеинлардан Саид ибн Мусаййиб, Холид ибн Абдурраҳмон, Ибн Сийрийн ва бошқа бир нечта кишилар ривоят қилишади.

Муовия ибн Абу Суфённинг кунялари Абу Абдурроҳман бўлган. У киши новча, оппоқ, чиройли ва ҳайбатли одам бўлганлар.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Шомга фотиҳларни юборганларида Муовия ибн Абу Суфён акаси Язиднинг аскари ичида ўша томонга борганлар.

Амвосдаги вабода кўпгина саҳобаи киромлар вафот этди-лар. Жумладан, Димашқнинг амири Язид ибн Абу Суфён ҳам вафот этиб, ўрнига укаси Муовия ибн Аби Суфён разияллоҳу анҳу бўлди.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам Муовия ибн Абу Суфённинг амирликларини иқрор қилдилар.

Кейинчалик бутун Шомга амир бўлиб ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг даврларида шуҳратлари ҳамма тарафга тарқади.

 

ФАТҲЛАР

 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Арменияни фатҳ қилишга қарор қилдилар. У киши ал-Валид ибн Уқбага амр қилдилар. У Озарбайжон томонидан Салмон ал-Боҳилий қўмондонлигида Армения томон ўн икки минг лашкар юборди.

Муовия ибн Абу Суфён халифанинг амрига биноан Шом томондан Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий бошчилигида Арме-ния фатҳи учун лашкар юборди. Маълум муддат жанг бўлганидан сўнг арманлар сулҳ сўрадилар. Орада сулҳ тузилди.

Йигирма бешинчи йили ҳазрати Усмон ибн Аффон рози-яллоҳу анҳу томонидан Шомга бош волий этиб таъйинланган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу у кишининг амри ила Румнинг Амурийя, Туртус ва Антокия деган жойларини фатҳ қилди.

Йигирма еттинчи санада Шомнинг бош волийси Муовия ибн Абу Суфён халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Қубрсни фатҳ қилишга изн сўради.

У киши бундоқ изнни Умар розияллоҳу анҳудан ҳам сўраган эди. Аммо у киши мусулмонлар денгиз ишларини билмасликларини назарга олиб изн бермаган эдилар.

Бунинг устига у вақтда Рум давлати мусулионларга ҳеч қандай таҳдид қилмас, аксинча уларнинг подшоси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга востачилар орқали алоқага сабаб би-ладиган нарсаларни юбориб турар эди. Ҳатто унинг хотини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотинларидан ҳадия олиб жавоб ҳадияси юборган ҳам эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳу эса Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шарт билан изн берди. У кишининг шартлари «хотинингни ҳам бирга олиб бо-расан ва у томонга фақат кўнгиллиларни олиб борасан, бировни боришга мажбур қилмайсан», дедилар.

Бу чоралар фотиҳларни асраш, уларни хавф хатарга дучор бўлмасликлари учун кўрилган эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Акка шаҳри сув портидан ҳаракат қилишга киришди. У ерда Ислом давлати-нинг биринчи денгиз кучларига асос солинди. Ҳамма нарса фатҳ юришини бошлашга тайёр бўлди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу билан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга муштоқ бўлган катта сондаги мужоҳидлар Ислом тарихидаги биринчи денгиз юришига чиқдилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўзи билан хотинини ва синглисини ҳам олиб жўнади.

Кемалар Қубрсга етиб борганда Муовия Розияллоҳу анҳунинг кемаси биринчи бўлиб лангар ташлади.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўзлари билан бирга бўлган саҳобалар билан маслаҳат қилиб, ўзларини Византияликлар Қубрсни марказ қилиб олиб бу ердан мусулмонлар томон аскар юбораётгани учун Ислом давлати чегараларини мустаҳкамлаш учун келганлари ҳақида хабордор қилишни йўлга қўйдилар.

Орол аҳолиси гапга кўнмадилар, пойтахтга беркиниб олиб. Румликларнинг ёрдамга келишини кута бошладилар.

Мусулмонлар пойтахтни қамал қилдилар. Румликлар ёрдамга келмади. Охири Қубрсликлар сулҳ сўрадилар. Улар билан қуйидаги шартлар асосида сулҳ тузилди:

 

1-Румликлар мусулмон юртларга бостириб келсалар ёрдам бермаслик.

2-Мусулмонларга Рум аскарларининг ҳаракатларидан хабардор қилиб туриш.

3-Орол аҳли ҳужум қилса мусулмонлар уларни ҳимоя қилмасликлари.

4-Мусулмонларга уларнинг душманлари томон юришларида йўлни таъминлаш.

5-Йилига етти минг иккиюз динор жизя бериш.

 

Қубрсликлар йигирма саккизинчи ҳижрий санадан, ўттиз иккинчи санагача сулҳга тўлиқ амал қилдилар. (Бундан Қубрс фатҳига рухсат бўлгандан сулҳ тузулгунча бир йил ўтгани чиқади.) Сўнгра румликларнинг сиқуви остида уларга мусулмонларга қарши урушда ёрдам бера бошладилар.

Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг изнлари ила мусулмонларнинг денгиз кучларини ташкил қилган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳар ёзда денгиз фатҳлари ўтказиб турар эди.

Бу иш румликларнинг тинчини бузган эди. Улар Ҳераклнинг ўғли Константин бошчилигида катта куч тўпладилар. Ўша мисли кўрилмаган катта куч билан мусулмонлар устига ғарот қилиш учун отландилар.

Улар ўзларининг беш юзта кемаси билан мусулмонларнинг ғарбий томонидаги Абдуллоҳ ибн Сарҳ ва унинг шериклари томон ёпирилиб бордилар. Икки томон бир-бири билан юзлашди. Румликлар чўқиниб, дуоларини ўқи бошладилар. Мусулмонлар тиловат қилиб, намоз ўқидилар.

Тонг отганда Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Сарҳ ўз шерикларининг кемаларини сафга тизди. Уларга Аллоҳнинг зикрини ва тиловати Қуръон қилишни амр қилди.

Ўша ҳолни кўрганлардан бири, «улар биз томон мисли кўрлимаган кўп кемалар ила уларнинг елканларини кўтарган ҳолида юриш бошладилар. Шамол уларнинг фойдасига бизнинг зараримизга эди. Биз лангар ташладик. Шамол бизга зарар беришдан тўхтади. Улар қуруқликка чиқишдан бош тортдилар. Биз уларга яқинлашиб бордик. Кемаларимизни уларнинг кемаларига боғладик. Сўнгра улар билан қиличбозликни бошладик. Одамлар бир-бирлари билан қилич ва ханжарлар ила жанг қилар эдилар. Тўлқин кемаларни қирғоқ томон суриб чиқарди. Тўлқинлар одамларнинг жуссаларини ҳам соҳилга чиқариб ташлади. Жасадлар катта тоғга ўхшаб ётар эди. қон ранги сувнинг рангидан ғолиб бўлди. Ўша куни мусулмонлар мисли кўрилмаган сабр матонат кўрсатдилар. Улардан кўплари шаҳид бўлдилар. Румликлардан уларга қараганда бир неча баробар кўп ҳалок бўлди. Сўнгра Аллоҳ нусратни мусулмонларга нозил қилди», деган эди.

Бу ғазотнинг ас-Саворий деб номланиши ҳам шундан. Ас-Саворий арабчада елканлар деганидир.

Қубрс аҳли сулҳни бузиб мусулмонларга қарши румикларга ёрдам бердилар. Бу хабар Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу етиб борганда у киши ўттиз учинчи санада беш юз кемада лашкар олиб Қубрс томон юрдилар.

Мисрдан Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ ҳам ўз кучлари билан ўша томон юриб келиб қўшилди. Мусулмонларнинг қўшма лашкари Қубрсликларни осонлик билан енгди.

Уларнинг подшоси мағлуб бўлганлик аломати сифатида икки қўлини кўтаришга мажбур бўлди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу уларни аввалги сулҳда қолишларига рози бўлди. Аввалги тажрибалардан дарс олган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу сафар Қубрсда ўн икки минг мусулмон аскар қолдириб, уларга маош таъйин қилдилар ва масжид қурдирдилар.

 

ФИТНАГА ҚАРШИ

 

Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуга қарши кўтарилган фитнага қарши курашда ҳам фаоллик кўрсатдилар. Ўттиз учинчи йили фитнага оид ишлар Кўфада ишлар чатоқ эканлигини, кундан кунга аҳвол бадтарлашиб кетаётганини тасдиқловчи ҳодиса юзага чиқди.

Бундоқ ишларнинг бўлишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг озликлари, борлари ҳам турли масъулиятли ишлар билан атрофдаги ноҳияларда банд эканликлари сабаб бўлди.

Волий Саъид ибн Омирнинг олдида мажлис қуриб ўтирадиган кўпгина одамлар бор эди. Уларнинг аксари олдинги волий ал-Валид ибн Уқбанинг устидан шикоят қилганлардан иборат эди. Улар турли гапларни, бўлиб ўтган ишларни гаплашиб ўтирар эдилар.

Бир куни ораларидан гап ўтиб уришиб кетдилар. Уларни ажратишга келган миршаббошини ҳам урдилар. Саъид ибн Омир уларнинг ҳаммасини ўз суҳбатидан қувди. Улар ўзлари бирлашиб алоҳида мажлисхона қилиб олдилар. Уерда фақат Саъид ибн Омирнинг ва унинг одамларининг ғийбати билан машғул бўлдилар.

У эса халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб бу ишдан хабар берди. У киши, «уларнинг бошиқларини Шомга, Муовиянинг олдига юбор», деб амр қилдилар.

Муовияга эса, «фитна учун яратилган бир гуруҳ одамлар бор экан. Уларга ўзинг қара, бу ишларидан қайтар. Агар улардан бирор яхшилик чиқса, қабул қил. Агар уларни сени чарчатсалар, мени ҳузуримга юбор», деб мактуб ёздилар.

Улар Муовиянинг олдига борганларида уларни у икром қилди, яхшилаб меҳмон қилди. Ироқдаги маошларича маош таъйин қилди. Бу неъматлар уларни бадтар қутиртириб юборди. Фитначилар Муовияни ҳам назар писанд қилмай қўйдилар. Унинг волийлигига ҳам эътироз қила бошладилар.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу уларга қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум эдилар. У зот мени волий этдилар. Ўзлари мени ишга олдилар.

Сўнгра Абу Бакр халифа бўлди. У ҳам мени волий қилди.

Сўнгра Умар халифа бўлди. У ҳам мени волий қилди.

Сўнгра Усион халифа бўлди. У ҳам мени волий қилди.

Улардан ҳар бири фақат мендан рози бўлгани учунгина волий қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлардан фақатгина мукофотга аҳл бўлганларга иш берар эдилар. Албатта, Аллоҳ тутишга ва ўч олишга соҳиб зотдир. Албатта, Аллоҳ сизларни синамасдан ва сирингизни одамларга фош қилмасдан тарк қилмайдир!» деди.

Муовия ибн Абу Суфён уларнинг билиб туриб залолатни ўзларига эп кўрганлардан эканликларини ва уларга насиҳат кор қилмаслигини билгандан сўнг ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга улар ҳақида мактуб ёзди. У киши, уларни Ҳимсга, Абдурраҳмон ибн Холид ибн Валиднинг олдига юбор», деб амр қилди.

Шомда Муовия ибн Абу Суфён бошлиқ катта саҳобийлар кўп бўлгани учун фитна тарқалмаган эди. Фитнабоши Абдуллоҳ ибн Саба Шомга келганда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан учрашиб у кишини баъзи мол дунёга оид ўзларига ёқадиган гапни айтиб Муовия ибн Абу Суфён бу фикрга қарши экан деб икковларини тортиштириб қўйди.

Кейин фитнабоши Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг олдига бориб гап бошлаган эди, у киши, сен яҳудий бўлсанг керак, деб қувиб солди.

Кейин фитнабоши Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу олдига борувди, уни маҳкам тутиб Муовияни олдига олиб борди ва, «Абу Заррни сенинг олдиннга юборган шу», деди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу фитначини Шомдан қувиб чиқарди.

 

ФИТНАГА ҚАРШИ ЧОРАЛАР

 

Турли бўлган-бўлмаган гаплар кўпайиб кетгандан кейин ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу вилоятларга, «аҳли Мадина менга баъзи одамлар ҳақоратланаётган ва калтакланаётган эканликларини етказишди. Мен ҳар ҳаж мавсумида ўз омилларимдан ҳисобот оламан. Кимнинг даъвоси бўлса мавсумда иштирок этсин. Албатта, мендан ёки омилларимдан ўз ҳақини олади. Ёки садақа қилиб-кечириб юборинглар. Албатта, Аллоҳ садақа қилувчиларни мукофотлайдир», деган мактуб юбордилар.

Кейин волийларга ҳажга келишни амр қилдилар. Улар келишди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларни жамлаб кенгаш ўтказдилар.

Кенгашда Абдуллоҳ ибн Омир, Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Саъд, Саъид ибн Осс, Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумлар иштирок этдилар.

Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларга қараб: «Сизларга нима бўлди ўзи?! Бу шикоят нима!? Бу миш-мишлар нима!? Аллоҳга қасамки, ҳақингиздаги бу гаплар рост бўлмаса деб қўрқаман. Бу нарсага мендан бошқа жавобгар йўқ», дедилар.

Дарақиқат, фитначилар ҳамма тарафни гапга тўлдириб ташлаганда худди мана шундақа тасаввур пайдо бўлади. Ҳамма томондан бир-бирига ўхшаш келавергандан кейин эҳтимол бу гапларда ҳам жон бўлса керак, шамол бўлмаса терак учи қимирламас, деган хаёл пайдо бўлиши турган гап. Шунинг учун ҳам фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Саба ўз гумшталарига, амирларинингзни тинмай ёмонланглар, деб топшириқ берган эди. Фитначиларнинг ишлари ў з самарасини берган эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуҳам ўз омилларига юқоридаги гапни айтишга мажбур бўлдилар. Бу гапга жавобан: «Улар, «сиз одамлар юбордингиз-ку, улар сизга хабар олиб келди-ку. Уларга бири киши бирор оғиз гап айтмади. Аллоҳга қасамки, улар (фитначилар) рост гапирмайдилар. Бу ишнинг ўзи асли йўқ. Бунинг учун бировни ушлай ҳам олмайсанки, бирор нарсанинг тагига етсанг. Миш-мишдан бошқа нарса эмас. Миш-миш асосида бировни айблаб бўлмайди. Унинг охирига ҳам етиб бўлмайди», дедилар».

Ҳақиқатда, шундоқ бўлади. Фитнанинг хатарлиги ҳам шунда. Ҳамма томонни фисқу фасод гап босиб кетади аммо бу гапларни ким тақаттганни аниқлаб бўлмайди. Кимдан сўрасанг, билмадим, одамлар айтмоқда, деб жавоб беради. Фитначилар фаоллик билан ишлаб ҳамма тарафдан бир хил гап чиқаришади. Гапнинг учи кимга бориб тақалишини ҳеч ким билмайди. Оқибатда жамият ичида фитначилар ҳужумига учраган бечора ҳақида салбий фикир кучаяверади.

Нима қилиш керак? Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бошларини ҳам ана шу савол қотиар эди. У киши мана шу саволни кенгаш қатнашчиларига ҳам бердилар.

«Менга маслаҳат беринглар», деди.

Шунда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу гап бошлади:

«Бу уюштирилаётган иш. Уни махфий равишда уюштирмоқдалар. Кейин уни билмаганларга тарқатишади. Улар эса каерда бўлса гапираверадилар», деди у.

«Бунинг давоси нима?» дедилар ҳазрати Усмон.

«Ўша одамларни излаб топиш ва гап тарқатаётганларни қатл қилиш керак», деди Амр ибн Осс.

Шу пайт Абдуллоҳ ибн Саъд гап бошлаб:

«Одамлардан уларнинг зиммасидаги нарсани олинг. Сиз берсангиз оладилар-ку. Улар ҳам адо қилсин. Уларни тек қўйиб қўйгандан кўра шундоқ қилна яхши», деди.

Гапга Муовия ибн Абу Суфён аралашди:

«Мени волий қилдингиз. Мен волий бўлган қавмдан сизга фақат яхшилик келади. Бошқалар ҳам ўз ноҳияларини ўзлари яхши биладилар. Нима қилиш керак», деди.

«Ҳусни адаб керак. Сен нима дейсан, Амр?» деди Усмон.

«Менимча, уларга юмшоқлик қилдингиз. Бўш қўйиб қўйдингиз. Умар қиладиган нарсага зиёда қилдингиз. Менимча, икки соҳибингиз йўлини тумоғингиз керак. Қаттиқ турши керак жойда қаттиқ туриш лозим. Юмшоқ бўлиш керак жойда юмшоқ бўлиш лозим. Одамларга ёмонлик қилаётганларга қаттиқ туриш керак. Одамларга яхшилик қилаётганларга юмшоқ бўлиш керак. Сиз иккисига ҳам юмшоқликни ошириб юбордингиз», деди Амр».

Барча вилоятларнинг волийлари фитначиларга нисбатан қаттиқ туриш керак деган фикрда эканликлари равшан кўриниб турибди. Улар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳ-уга бир овоздан ўзларининг ниятларига эришиш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмаётган нобакорларни бўғизларидан олиш кераклиги ҳақида маслаҳат бердилар. Аммо ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуларнинг ўз фалсафалари, ўз тушунчалари ва ўз услублари бор эди. У киши волийларнинг фикрларини эштиб бўлиб уларга қараб: «Менга берган маслаҳатларингизнинг ҳаммасини эшитдим. Ҳар бин ишнинг ўз эшиги бор. Фақат ўша эшикдан унга кирилади. Уммат бошига етишидан қўрқилаётган ушбу ишнинг бир бўлиши бор. Унинг ёпадиган ва ушлаб турадиган эшиги юмошқлик, муроса ва фақатгина Аллоҳнинг белгилаган жазолари чегарасида чора кўришдир. Ана шунда биров айблай олмайди. Ўша нарсани тўсса, юлмошлик тўсиши мумкин. Ана ўша, Аллоҳга қасамки, фатҳ қилиши мумкин. Бировнинг менинг зиддимга ҳақ ҳужжати йўқ. Аллоҳнинг Ўзи билади, мен одамлар ҳақида ҳам, ўзим ҳақимда ҳам камчиликка йўл қўймадим. Аллоҳга қасамки, фатнанинг тегирмони айланмоқда. Уни ҳаракатга келтимай туриб ўлса, Усмонга қандоқ ҳам яхши бўлар эди. Одамларни тўсинглар. Уларга ҳуқуқларини беринглар. Уларни кечиринглар. Агар Аллоҳнинг ҳаққи поймол қилинадиган бўлса, унда муросага борманглар», дедилар.

Сўнгра ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волийларни ўз ишларига қайтариб юбодилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам Мадинаи Мунаввара томон йўл олдилар. Шомнинг йўи шу томонда бўлгани учун Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳам У киши билан бирга кетдилар.

Мадинаи Мунавварага келганларда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу катта саҳобаларни жамладилар.

Ҳамма тўплангандан кейин Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб Аллоҳ таолога ҳамду сано айтгандан кейин:

«Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва халойиқнинг яхшиси ва ушбу умматнинг валийи амрларисиз. Уни сиздан бошқа ҳеч ким тамаъ қилмайди. Ўз шерикларингизни ғолиблиги ёки тамаъси бўлмаса ҳам ихтиёр қилиб сайлагансизлар. Мана қариб, ёши ўтиб қолди. Агар унинг жуда кексайишини кусангиз у ҳам яқин. Умид қиламанки, Аллоҳ унчалик бўлгунча Ўзи карам қилар. Батаҳқиқ, тарқалган гаплардан сизларга зарар етармикан деган хавфдаман. Менинг қўлим сизлар билан. Одамларни ўз ишингизга тамаъ қилирманг. Аллоҳга қасамки, агар тамаъ қилиб қолсалар, унда ишнинг орқага кетишидан бошқани кўрмай қоласизлар», деди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уни жеркиди. Шунда Усмон: «Биродаримнинг ўғли тўғри айтади. Мен сизларга ўзининг ва эга бўлган ишимнинг хабарини берайин. Мендан олдин бўлган икки соҳибим ўзларига ҳам улар билан бир йўлда бўлганларга ҳам савоб умидида қийин қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларига атолар берар эдилар. Мен олиймақом ва майишатлари оз одамлар ичидаман. Бир оз қўлимни очиқ қилдим. Агар уни хато деснгиз рад қилишингиз мумкин. Менинг ишим сизларнинг ишингизга мувофиқ бўлади», дедилар.

«Тўғри қилдинг, яхши қилдинг. Холид ибн Усайдга эллик минг, Марвон ибн Ҳакамга етмиш минг бердинг», дейишди тўпланганлар. У ўша кишилардан мазкур маблағларни қайтариб олди. Ҳаммалар рози бўлиб тарқалишди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўзлари билан Шомга олиб кетишни таклиф қилган эди, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўнмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшиниликларини, агар бўйнимнинг томирини узса ҳам ҳеч нарсага алмаштирмайман, дедилар.

Шунда Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Шомдан аскар юборай сизни Мадинада қўриб турсин, деди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшиниларига улар билан яшаб ризқларига шерик бўладиган лашкарни кераги йўқ. Аҳли ҳижрат ва нусратга торлик бўлмасин, дедилар.

 

ҲАЗРАТИ АЛИ ДАВРЛАРИДА

 

Аввал айтилганидек Шомда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан бери Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу волий бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар ва ўз аҳолиси ичида обрўси жуда ҳам катта эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қатл этилганлари ва ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда янги халифага байъат қилмади.

Бунинг бир неча сабаби бор эди.

1-Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айби бор деб тушунар эди.

2-У кишига Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.

3-Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу шунинг учун бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб омасдан аввал тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Сабрата ал-Жуҳанийни юбориб ундан ўзига байъат қилишни талаб қилди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу талабга ҳеч қандай жавоб бермади.

Охири бориб орада уруш чиқди. Бу ишда Муовия ибн Абу Суфён Ислом умматининг аҳли сунна ва жамоаси қарор қилганидек хато қилган мужтаҳид бўлдилар.

Ҳазрати Али шаҳид бўлиб, у кишининг ўғиллари имом Ҳасан ўз ихтиёрлари билан 41-ҳ.с.нинг Робиъулаввал ойида Муовия ибн Абу Суфёнга байъат қилганларидан кейин у киши халифа бўлдилар. Бунгача йигирма йил амирлик қилган Муовия ибн Абу Суфён яна йигирма йил халифалик қилдилар.

Муовия ибн Абу Суфён ўз халифалик даврларида Ислом давлати яна ҳам кенгайди ва марказий ҳукумат атрофида бирлашди.

Муовия ибн Абу Суфён ўта ҳалим одам эдилар. У кишининг ҳалимликлари зарбулмасал бўлиб кетган эди. Ҳатто Ибн Абудунё ва Абу Бакр ибн Осимлар Муовия ибн Абу Суфённинг ҳилмлари ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзган эканлар.

Тарих ва адабиёт китобларимиз мазкур ҳилмдан намуналарга тўла.

«Муовия ибн Абу Суфён ҳажга келганида унинг олдига ўзининг қаттиқ мухолафати билан машҳур аёллардан Баккора ал-Ҳилолияни олиб киришди.

Халифа Муовия ибн Абу Суфён у аёлдан:

-Нима учун Алини яхши кўриб, мени ёмон кўрдинг ва уни дўст тутиб, мени душман билдинг?-деди.

-Жавобдан мени афв қилсанг-деди аёл.

-Авф қилмайман-деди халифа.

-Ундоқ бўлса эшит. Мен Алини фуқороларга адолати учун, ҳаммага нарсани тенг тақсим қилгани учун яхши кўрдим. Сени эса ишга сендан кўра ҳақлироқ одамга қарши уруш қилганинг учун ёмон кўрдим. Сенга қонхўрлигинг учун, қозиликда зулм қилгининг учун ва ҳавои нафсингла ҳукм қилганинг учун душман бўлдим-деди.

Яна бошқа бир мисол:

Бир куни ҳалифа Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб хутба қилаётган эди. У ўша пайтда одамларга бериладиган моддий ёрдамни тўхтатиб қўйган эди.

Одамлар ичидан Абу Муслим исмли киши ўрнидан туриб:

«Муовия! Албатта, ўша бериладиган нарса сенинг меҳнатингдан ҳам, отангнинг меҳнатидан ҳам, онангнинг меҳнатидан ҳам эмас эди!-деди.

Муовия ғазабланди. Минбардан тушди. Одамларга, то келгунимча туриб туринглар, дедида бир муддат ғойиб бўлди. Сўнгра қайтиб чиқди. Ғусл қилиб олган эди. Кейин, Абу Муслим менга гапириб, ғазабимни чиқарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Албатта, оловни сув билан ўчирилади. Қачон бирингиз ғазабланса ғусл қилиб олсин», деганларини эшитган эдим. Кириб ғусл қилиб чиқдим. Абу Муслим тўғри айтди. Албатта, у менинг меҳнатимдан ҳам эмас, отамнинг меҳнатидан ҳам эмас. Келинглар оладиган атоларингизни олинглар»-деди».

Имом Тобароний ва Абу Яъло р-ҳ.молар Абу Фунайлдан ривоят қиладилар:

«Муовия ибн Абу Суфён бир жума куни минбарга чиқди ва хутбасида: «Албатта, мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Кимга хоҳласак берамиз. Кимга хоҳламасак бермаймиз», деди.

Унга бирор киши жавоб бермади.

Иккинчи жума куни яна ўша гапни айтди.

Унга бирор киши жавоб бермади.

Учинчи жума куни бўлганда яна ўша гапга ўхшаш гапни айтди.

Шунда масжидга ҳозир бўлганлардан бир киши ўрнидан туриб: «Йўқ! Ундоқ эмас! Албатта, мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Ким бизни ундан тўсса, қиличларимиз ила уни Аллоҳнинг маҳкамасига ўтказамиз!» деди.

Муовия ибн Абу Суфён пастга тушди. Ҳалиги кишига одам юборди. Уни ичкарига олиб кириб кетишди. Одамлар: «Бу одам, энди ўлди», дейишди.

Сўнгра одамлар кирса, ҳалиги одам у билан сўрида ўтирган экан. Муовия одамларга: «Албатта, бу мени тирилтирди. Аллоҳни уни тирилтирсин! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг, мендан кейин амирлар бўлур. Улар гап айтсалар, рад қилинмас. Улар ўтга маймунлар ташагандек, талашиб кирурлар, деганларини эшитган эдим.

Мен биринчи жума куни гапирганимда, менга биров рад қилмади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Мен иккинчи жума куни гапирганимда, менга биров рад қилмади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Мен учинчи жума куни гапирганимда, манави киши туриб менга рад қилди. У мени тирилтирди. Аллоҳни уни тирилтирсин!» деди».

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Шомда вафот этдилар.

Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаётий йўллари, у кишини аввал ким бўлгани ва кейин кимга айланганини ўрганганимиздан кейин Исломнинг мўъжизасига тан берамиз.

Муовия ибн Абу Суфён Исломга энг ашаддий душман бўлган ота онадан туғилиб, ўшаларнинг тарбиясида ўсди. У ота-онасига қўшилиб Ислом душмани бўлиб юрди.

Маккаи Мукаррама фатҳ бўлиб ҳамма Исломни қабул қилаётганда кўпчиликка қўшилиб мусулмон бўлди.

Аммо Муовия ибн Абу Суфённинг Исломлари гўзал бўлди. У киши дарҳол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ҳузурларида ваҳийни ёзадиган мирзалардан бирига айландилар.

У киши учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга саҳобий бўлишнинг ўзи катта бахт эди. Аммо Муовия ибн Абу Суфён бу билан кифояланиб қолмай юқори чўққиларга интилдилар. Исломни пухта ўргандилар ва фақиҳ саҳобалардан бирига айландилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ҳузурларида уч йилгина бирга бўлган бўлсалар ҳам кўп нарсаларни ўрганиб улгирган Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг даврларида оддий жангчи бўлиб жиҳодда ишитиок этишни бошладилар ва амир даражасига кўтарилдилар. У киши тўрт рошид халифа даврларида йигирма йил амирлик қилиб Исломнинг Шомда тарқалишига ва мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшдилар.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида Ислом Атлантик океани қирғоқларигача етиб борди. Бу даврда у кишининг Ислом учун қилган хизматлари ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилган. Бундай ҳолат фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқа тузумларда бўлса, чаённиинг боласи чаён, душманнинг боласи душман, деб Муовия ибн Абу Суфённи йўқ қилиб юборилиши турган гап эди. Аммо «Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб ташлайди» қоидаси Муовия ибн Абу Суфёнга ўзини кўрсатишга имкон яратиб берди ва у киши ўзларининг Исломга фидокорликларини кўрсатдилар.

Аллоҳ таоло Муовия ибн Абу Суфёндан рози бўлсин! Омин!

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов