"."
Меню

Намоз вақтлари

 

Аллоҳ таоло бу хусусда:

«Намоз вақтлари мўъмин бандаларга Китобда белгилаб берилмишдир» — дейди.

 

Абдуллоҳ ибн Муслима ривоят қиладилар:

 «Бир куни Умар ибн Абдулазиз намозни кечиктириб ўқиди (аср намози бўлса керак). Шунда унинг ҳузурига Урва ибн Зубайр кириб: «Бир куни Муғира ибн Шуъба Ироқдалик кезида намозни кечиктириб ўқиганида Абу Масъуд ал-Ансорий: «Бу несидир, эй Муғира! Мен сенга Жаброил алайҳиссалом осмондан тушиб, намоз ўқидилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам намоз ўқидилар; Жаброил алайҳиссалом яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил алайҳиссалом яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил алайҳиссалом яна намоз ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил алайҳиссалом яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар. Кейин: «Менга шундоқ қилмоқ (яъни, беш вақт намоз ўқимоқ) амр қилинмишдир»,— дедилар, деб ўргатмаганмидим?! »—деди. Умар ибн Абдулазиз Урвага: «Нени назарда тутиб сўзлаётганингизни билурмен, Жаброил алайҳиссалом Жаноб Расулуллоҳга намоз вақтларини белгилаб бергандирлар»,— деди. Урва: «Башийр ибн Абу Масъуд ҳам отаси Абу Масъуд хусусида шундоқ деб ҳикоя қилиб берган эрди. Оиша онамиз: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни ҳужраларига Қуёш тушмасдан илгари ўқиб олар эрдилар»—деганлар»,— деди».

 

1-боб. Аллоҳ таолонинг «(Аллоҳга) тавба қилиб, ундан қўрқингиз ва намоз ўқингиз, мушрик бўлиб кетмангиз!» — деган каломи шарифи хусусида

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Абд ул -Қайс қабиласидан вакиллар келиб, «Анави Рабийъа қавми бизга халал бермоқда, ҳузурингизга ҳаж ойидан бошқа вақт келмакка имконимиз йўқдир. Бизга бирор нарса буюрсангиз, биз уни сиздан ўрганиб, уйимиздагиларга бориб ўргатсак!» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Сизларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсани, манъ қилғаймен: Аллоҳга иймон келтирмоқ (яъни, Ло илоҳа илла-л-лоҳу, демоқ), менинг Аллоҳнинг Расули эканлиғимни тан олмоқ, намоз ўқимоқ ва ўлжангизнинг бешдан берини закот қилмоқни буюрғаймен ҳамда дуббоъ, ҳантам, муқаййар ва нақийрни манъ қилғайдирмен»,— дедилар».

 

2-боб. Намоз ўқимоққа байъат қилмоқ хусусида

 

Жарир ибн Абдуллоҳ:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга намоз ўқимоқ, закот бермоқ ва (бу ҳақда) ҳар бир мусулмонга насиҳат қилмоққа байъат қилдим»,— дейдилар.

 

3-боб. Намознинг (гуноҳлар учун) каффорат эканлиги ҳақида

 

Шақиқ разияллоҳу анҳу Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан нақл қиладилар:

 «Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурларида ўтирган эрдик. «Қайси бирингиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна тўғрисида айтган сўзларини эслаб қолгандирсиз?» — дедилар. «Мен, қандоқ айтган бўлсалар, шундоқлигича эслаб қолгандирман»,— дедим. «Қани, айтғилчи!» — дедилар. Мен: «Одамнинг ўз аёли, мол-дунёси, болалари ва қўшнисидан содир бўладирған фитналарга намоз, рўза, садақа ҳамда амр ва таъқиққа риоя қилмоқ каффорат эрур»,— дедим. У киши: «Йўқ, мен буни эрмас, балким, денгиз тўлқинлари янглиғ босиб келадирган фитнани назарда тутган эрдим»,— дедилар. «Ё Амир ал-мўъминин, сиз бундан қўрқмасангиз ҳам бўлур, чунким сиз бирлан ўша фитна ўртасинда бир ёпиқ эшик ғов бўлиб турибдир»,— дедим. Ҳазрат Умар: «Ўшал эшик синдирилғаймидир ёким очилғаймидир?» — дедилар. «Синдирилғайдир», — дедим. Ҳазрат Умар: «Демак, кейин мутлақо ёпилмас эркан»,— дедилар. Биз: «Ҳазрат Умар қайси эшик назарда тутилганини англадиларми?» — деб Ҳузайфадан сўрадик. Ул киши: «Ҳа, эртанги кундан олдин тун бўлмоғини билганларидек яхши билғайдирлар, мен ул кишига Жаноб Расулуллоҳнинг ҳадисларини тўла-тўкис (бехато) айтиб бергандирман» — дедилар. Кейин, биз Ҳузайфадан бошқа сўрамакка ботинмай, Масруққа: «Сен сўрағил-чи!»— дедик. Масруқ сўраган эрди, ул киши: «Ўшал эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидир»,— дедилар».

 

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Бир киши бир хотиндан қибланинг қайси томонда эрканлиғини суриштириб турган эрди, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, унга қиблани кўрсатиб қўйдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эртадан кечгача ва туннинг бир қисмида намоз ўқиғил, дарҳақиқат яхшилиғ ёмонлиғни маҳв этғусидир!»— деган ояти каримасини нозил қилди. Бояги киши: «Ё Расулуллоҳ, бу менга тааллуқлимидир?»—деди. Жаноб Расулуллоҳ «Барча умматларимға тааллуқлидир»,—дедилар».

 

4-боб. Намознинг фазилати унинг ўз вақтида эканлиғидадир

 

Абу Умар ва Шайбоний разияллоҳу анҳумо ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бандаларнинг қайси амали Аллоҳ таолога хуш келғайдир?»—деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Ўз вақтида ўқилған намоз»,— дедилар. Абдуллоҳ: «Ундан кейин-чи?» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ота-онага итоатли бўлмоқлиғ»,— дедилар. «Яна қайси?» — деди Абдуллоҳ. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқлиғ»,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ. «Буларни менга Жаноб Расулул:лоҳ айтганлар, агар унга заррача қўшиб-чатиган бўлсам, худо урсин!» — деганди Абдуллоҳ».

 

5-боб. Беш вақт намоз гуноҳларга каффоратдир

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Бирортангиз уйингизнинг олдидан оқиб ўтадирған дарёда (ёким сойда) ҳар куни беш маҳал ювинсангиз, баданимда кир қолмиш, деб айтурмисиз?» — дедилар. Одамлар: «Сира ҳам кир қолмағайдир»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таоло улар туфайли гуноҳларни кечирғайдир»,— деб айтдилар».

 

6-боб. Намоз вақтини бой бермоқ ҳақида

 

Райлон разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Анас разияллоҳу анҳу: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидагидан кўра яхшироқ нарсани билмасман, ул намоз деб аталғайдир»,— дедилар. Кейин: «Намозни бой бермоқ бирлан ундан тегадирган савобни ҳам бой бериб қўймадингизми!?» — деб қўшиб қўйдилар».

 

Зуҳрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Дамашқда Анас ибн Моликнинг ҳузурларига кирсам, йиғлаб ўтирган эрканлар. «Нечун йиғлайдирсиз?»—дедим. Ул киши: «Ўзим билган нарсалар ичинда намоздан кўра яхшироқ нарсани билмасман, бул намоз эрса, бой берилмишдир»,— деб айтдилар».

 

7-боб. Намозхон рабби — Аллоҳ таолога муножот қилғайдир

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки намоз ўқиғайдир, раббиға муножот этғайдир (яъни, Аллоҳ бирлан суҳбат қилғайдир), шу боисдан ўнг томонига тупурмасин, аммо чап оёги остиға тупурса бўлур»,— деб айтдилар».

 

Қатода разияллоҳу анҳу:

 «Намозхон рўпарасига ёким олд томонига тупурмайдир, аммо чап томонига ёким икки оёғи остига тупурса бўлур»,— дейдилар.

 

Шуъба разияллоҳу анҳу: «Намозхон олд томонита ҳам, ўнг томонига ҳам тупурмайдир, аммо чап томонига ёким оёғи остига тупурса бўлур»,— дейдилар.

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қоматингизни текис тутиб сажда қилингиз, билакларингизни ит янглиғ (ерга) ташлаб олмангиз, агар тупурмак лозим эрса, рўпарангизга ҳам, ўнг томонингизга ҳам тупурмангиз, чунким сиз раббингизға муножот қилурсиз (яъни, қалбингиз тили ила раббингиз бирлан суҳбатлашурсиз)»,— деб айтдилар».

 

8-боб. Жазирама кунларда салқин тушмоғини кутиб пешин ўқимоқ ҳақида

 

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун қаттиқ исиб кетса, намозни салқин тушганда ўқингиз, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси янглиғдир», — дедилар».

 

Абу Зарр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари пешинга азон айтди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Салқинлатғил, салқинлатғил (ёким салқин тушмоғини кутғил, салқин тушмоғини кутғил)! Жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси янглиғдир. Кун қаттиқ исиб кетса, тепаликлар ёнида соя пайдо бўлганини кўрмагунимизча, намоз ўқимай турингиз!», — дедилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун қаттиқ исиб кетса, пешинни, салқин тушганда ўқингиз, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси янглиғдир! Ўт (олов) раббига шикоят қилиб: «Ё раббий, ўзимни-ўзим еб қўйдим (бир-биримни еб қўйдим)», — дер. Демак, ўтнинг ўзи иккитадир, бири — қишда, иккинчиси — ёзда бўлғайдир. Ҳаддан зиёд исиб кетганингизда ёздагисини, ҳаддан зиёд совуқ қотғанингизда эрса, қишдагисини ҳис қилғайдирсиз», — дедилар».

 

Абу Саъид разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кун қаттиқ исиб кетса, пешинни салқин тушганда ўқингиз, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси янглиғдир! » — дедилар».

 

9-боб. Сафар чоғида пешинни салқин тушганда ўқимоқ ҳақида

 

Абу Зарр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга сафарда эрдик. Муаззин пешинга азон айтмоқчи бўлди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Салқин тушмоғини кутғил!» — дедилар. Кейин, яна айтмоқчи бўлувди: «Тепаликлар ёнида соя пайдо бўлганини кўрмагукимизча, кутиб турғил!»— дедилар-да, «Жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси янглиғдир, агар кун қаттиқ исиб кетса, намозни салқин тушганда ўқингиз!» — деб қўшиб қўйдилар».

 

10-боб. Кун оққанда пешин ўқимоқ ҳақида

 

Жобир разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кун қаттиқ қизиган пайтда намоз ўқир эрдилар»,— дейдилар.

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кун оққанда чиқиб, пешин ўқидилар. Сўнг минбарга чиқиб, қиёмат ҳақида ва ўшал куни бўладирган буюк ишлар тўғрисида эслаб, сўзладилар. Кейин: «Кимки бирор нарса тўғрисида сўрамоқчи эрса, сўрасин, кўзим очиқлигида илгари мен сиаларга айтиб бермаганим нарсалар хусусинда сўраб қолингиз!» — дедилар. Шунда одамлар йиғидан ўзларини тия олмадилар, Жаноб Расулуллоҳ бўлсалар, нуқул: «Сўраб қолингиз!» — дер эдилар.

Иттифоқо, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий ўрнидан туриб: «Менинг отам кимдир?» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Отанг Ҳузофадир»,— дедилар, кейин: «Яна сўрангиз!» — деб такрорлайвердилар. Шунда Умар тиз чўкиб туриб: «Биз Аллоҳни раббимиз деб, исломни динимиз деб, Муҳаммадни пайғамбаримиз деб тан олдик»,— деди-да, жим қолди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳрзиргина менга мана шул девор томонда жаннат бирлан дўзах кўрсатилди, мен бунчалик яхшилиғ ва ёмонлиғни кўрмаган эрдим»,— дедилар».

 

Абу Барза разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ҳар биримиз ёнимиздаги намозхонни танийдирган даражада ҳаво ёришганда ўқир эрдилар ва олтмиштадан юзтагача оят тиловат қилур эрдилар. Пешинни кун оққанда, асрни эрса, бирортамиз шаҳарнинг энг чекхасига бориб қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали ўлмаган пайтда ўқир эрдилар».

 

Шуъба разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Абу Барза шом ҳақида не деганин билмасман, ёдимдан чиқибдир, лекин у «Жаноб Расулуллоҳ хуфтонни туннинг учдан бир қисмини ўтказиб ўқийверар эрдилар»,— деганди, кейин яна: «Тун ярим бўлганда»,— деб қўшиб ҳам қўйганди».

 

Анас ибн Молик:

 «Жазирама иссиқ кунлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб пешин ўқисак, пешонамиз ер тафтидан куйиб қолмоғидан қўрқиб, кийимимизга сажда қилур эрдик»,— дейдилар.

 

11-боб. Аср вақти тўғрисида

 

Абу Усома разияллоҳу анҳу Ҳишомдан нақл қилиб:

 «Жаноб Расулуллоҳ аср ўқиганларида Оиша онамизнинг ҳужраларидан қуёш ҳали чиқиб кетмаган эрди»,— дейдилар.

 

Оиша онамиз:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб, ўқир эрдилар»,— дедилар.

 

Оиша онамиз:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб ва ҳужрамға соя тушмай туриб, аср ўқидилар»,— дедилар.

 

Оиша онамиз:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш ҳали ҳужрамга тушиб турганда, ҳужрамда соядан асар ҳам йўқ пайтда аср ўқир эрдилар»,— дедилар.

 

Сайёр ибн Салома ривоят қиладилар:

 «Мен ва отам Абу Барзанинг ҳузурларига кирдик. Отам у кишидан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам беш вақт намозни қандоқ ўқир эрдилар?» — деб сўрадилар. Ул киши: «Сизлар увло деб атайдирган пешинни кун оққан пайтда, асрни эрса бирортамиз шаҳарнинг энг чеккасига бориб қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали ўлмаган пайтда ўқир эрдилар (шом ҳақида айтган гапларини эсимдан чиқариб қўйибдирман), сизлар атама деб атайдирган хуфтонни эрса кечиктириб ўқимоқни афзал кўрар эрдилар ҳамда хуфтондан олдин ухламакни ва ундан кейин сўзлашиб ўлтирмакни ёмон кўрар эрдилар. Бомдодни киши ёнида ўтирган намозхонни танийдирган даражада ҳаво ёришганда ўқиб бўлар эрдилар ва олтмиштадан юзтагача оят тиловат қилур эрдилар»,— дедилар».

Анас ибн Молик. «Биз аср ўқиётган эрдик, кейин бир киши Баний Амр ибн Авф қавми олдига бориб қараса, улар ҳам аср ўқишаётган эркан: —дедилар.

 

Саҳл ибн Ҳунайф разияллоҳу анҳу Абу Умомадан нақл қиладилар:

 «Биз Умар ибн Абдулазиз бирлан бирга пешин ўқидик, сўнг чиқиб, Анас ибн Моликнинг ҳузурларига кирдик, Ул киши аср ўқиётган эрканлар Мен: «Эй амаки, ҳозир сиз қай намозни ўқидингиз? — дедим. Ул киши: «Аср ўқидим, Жаноб Расулуллоҳ биз бирлан шундрқ намоз ўқир эрдилар»,— деб жавоб қилдилар».

 

12-боб. (Яна) аср вақти қақида

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш баланддалигида, ҳали унинг тафти сўнмаган пайтда аср ўқир эрдилар. Кейин, йўловчи (шаҳарнинг) энг чеккасига бориб, қайтса ҳам ҳануз қуёш баландда турган бўлур эрди. Шаҳарнинг айрим чекка жойлари бирлан масжид оралиғи тўрт мил ёким шунга яқин келур эрди»,— дедилар.

 

Ибн Шиҳоб разияллоҳу анҳу Анас ибн Моликдан нақл қилиб: «Биз аср ўқир эрдик. Кейин, бирортамиз Масжид ул-Қабоъга бориб қайтганимизда ҳам Қуёш ҳануз баландда турган бўлар эрди»,— дейдилар.

 

13-боб. Асрни қазо қилиб қўйган кишининг гуноҳи ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Асрни қазо қилиб қўйган одам бола-чақасию, мол-дунёсидан ажраган киши янглиғдир»,— деб айтганлар».

 

Абу Абдуллоҳ:

«Асрни қазо қилиб қўйсангиз, бирор кишингиз ўлдирилган ёким мол-дунёингиз ўғирланган янглиғ катта йўқотиш қилгайдирсиз»,—дейдилар.

 

14-боб. Кимки аср ўқимаса...

 

Абу Мулайҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Бурайда бирлан бирга Зу-Ғайм куни газотда бўлдик, ўшанда ул киши: «Асрни эртароқ ўқингиз, Жаноб Расулуллоҳ: «Аср ўқимаган киши бирор иши барбод бўлган киши янглиғдир, деб айтганлар»,— дедилар».

 

15-боб. Аср намозининг фазилати ҳақида

 

Жарир разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга эрдик. Тунда Ойга (яъни, тўлин Ойга) қараб: «Кейинчалик, сизлар мана шул Ойни кўриб турганингиздек раббингизни кўргайдирсизлар, уни кўрурмен десангиз, бир-бирингизни ранжитмангиз! Агар кун чиқмоғи ва кун ботмоғидан олдинги намозларни шайтонга бой бермаслик қўлингиздан келғайдир, уларни доим ўқингиз!»—дедилар-да, «Қуёш чиқмоғидан бурун ҳам, Қуёш ботмоғидан бурун ҳам, раббингни мақтаб тасбиҳ айтғил!»—деб қироат қилдилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларни малоикалар кечаю-кундуз кузатиб юрғайдирлар. Бомдод ва асрда келиб тўпланишғайдир, сўнг сизлар бирлан бирга бўлган малоикалар Арши Аълога чиқадирлар, Аллоҳ таоло малоикалардан кўра яхшироқ билса ҳам: «Бандаларимни нечук ҳолатда ташлаб келдингиз?» — деб улардан сўрағайдир. Малоикалар: «Келаётганимизда ҳам, борганимизда ҳам намоз ўқиётган эрдилар»,— деб айтғайдирлар».

 

16-боб. Кун потишидан олдин аср ўқиётган киши қолган бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, намозини ўқиб тугатади

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ботмоғидан олдин аср намозининг бир саждасини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолган одам намозини ниҳоясига етказғайдир. Қуёш чиқмоғидан олдин бомдод намозининг бир саждасини ўқиб улгурмаслигига ақли етган одам ҳам намозини тугаллағайдир»,— деб айтдилар».

 

17-боб. Шом намози ўқиладиган вақт ҳақида

 

Ато разияллоҳу анҳу:

 «Касал одам шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқийди»,— дейдилар.

 

Рофиъ ибн Хадийж:

 «Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга шомни ўтирган еримиздан ёй отсак, ўқимиз теккан жойни кўра оладиган пайтда ўқир эрдик»,— дейдилар.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни кун қизиган пайтда, асрни қуёш тиниқ пайтда, шомни қуёш ботганда ўқир эрдилар. Баъзида хуфтонни, намозхонларнинг тўпланганини кўрсалар, тезлаштирар эрдилар, уларнинг кечикаётганини кўрганларида эса, кечиктирар эрдилар. Бомдодни қоронғу пайтда ўқир эрдилар»,— дейдилар.

 

Салама разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга шомни кун юзига парда тортганда ўқир эрдик»,— дейдилар.

 

18-боб. Шомни хуфтон деб аташларини макруҳ қилган киши ҳақида

 

Абдуллоҳ ал-Мазиний ривоят қиладилар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бадавийларнинг шом деб аталмиш намозингизни бошқа ном бирлан атамоқларига йўл қўймангиз. Бадавийлар шомни хуфтон деб атамоқдалар», — деб айтдилар»,

 

19-боб. Ашоъ ва атама баёни ҳамда иккаласини «Бемалол ишлатса бўлғайдир» деган киши ҳақида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ашоъ (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозлари мунофиқларга оғир келиб қолди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Атама (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозларида нечук савоб борлиғини билишса эрди!»—дедилар.

 

Абу Абдуллоҳ:

 «Ашоъ (хуфтон) деб атайдирми, атама (хуфтон) деб атайдирми, кишининг ўз ихтиёридадир, масалан, Аллоҳ таоло: «Кимки ашоъдин (хуфтондин) кейин...» деб айтадир»,— дейдилар. Абу Мусо: «Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан навбатма-навбат ашоъга имомлик қилур эрдик. Бу сафар ҳам бизнинг навбатимиз эрди, иттифоқо, у киши ашоъга имомлик қилғаймен, деб салла ўраб чиқдилар»,— дейдилар. Ибн Аббос ва Оиша онамиз: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ашоъга салла ўраб чиқдилар»,— дейдилар. Баъзилар Оиша онамиздан нақл қилиб: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам атамага (хуфтонга) салла ўраб чиқдилар»,— дейишади. Жобир разияллоҳу анҳу: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ашоъ ўқир эрдилар»,— дейдилар. Абу Барза: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ашоъни кечиктириб ўқир эрдилар»,— дейдилар. Анас: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ашоъни жуда кеч ўқидилар»,— дейдилар. Ибн Умар, Абу Айюб ва Ибн Аббос: «Набий саллаллоху алайҳи ва саллам шом ва ашоъ ўқидилар»,— дейишади.

 

Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Тунлардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар атама деб атайдирган ашоъ (хуфтон) намозини биз бирлан бирга ўқидилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ бизга юзланиб: «Билиб қўйингиз, мана шул кечадан роппа-роса юз йил ўтгач, ер юзида ҳозир мавжуд бўлган одамлардан бирортаси ҳам қолмағайдир»,— дедилар».

 

20-боб. Намозхонлар вақтида йиғилганда ёким кеч қолганда хуфтон қачон ўқиладир?

 

Муҳаммад ибн Амр ривоят қиладирлар:

 «Жобирдан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук намоз ўқимоқларини сўрадик, ул киши: «Жаноб Расулуллоҳ пешинни кун қаттиқ қизиган пайтда, асрни Қуёшнинг тафти ўлмаган пайтда, шомни Қуёш ботганда, хуфтонни эрса, масжидга одам кўп йиғилганда тездан ўқийверар эрдилар. Масжидга одам кам йиғилганда хуфтонни кечиктирар эрдилар. Бомдодни қоронғуда ўқир эрдилар — деди».

 

21-боб. Хуфтоннинг фазилати

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Тунлардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонга имомлик қилмоқлари лозим эрди. Бу воқеа ислом тарқалмасидан олдин бўлган эрди. Ўшанда Жаноб Расулуллоҳ ҳадеганда масжидга чиқавермадилар, ҳатто Ҳазрат Умар: «Хотинлар ва болалар ухлаб қолдилар»,— деб овоз қилдилар. Шундан кейин Жаноб Расулуллоҳ масжидга йиғилган намозхонларга қараб: «Бул намозни (хуфтонни) сизлардан бўлак ер юзида ҳеч ким ўқийдирмен, деб мунтазир бўлиб ўтиргани йўқдир»,— дедилар».

 

Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Мен ва мен бирлан кемада бирга келган шерикларим Батҳон деган жойга келиб тушган эрдик, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эрсалар Мадинада эрдилар. Ул киши ҳар кеча бизлардан биттамизга (навбатма-навбат) хуфтонга имомлик қилмакни тайинлар эрдилар. Мен ва менинг шерикларим ул киши бирлан келишиб олдик, ул киши баъзи бир юмушлари бўлганлиги сабабли туннинг ярмигача имомлик қилдилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ чиқиб биз бирлан намоз ўқидилар. Намозни ўқиб бўлгач, ўша ерда ҳозир бўлганларга қараб: «Аллоҳ таоло сизларга ато этган неъматдан ўзгаларни ҳам секингина хабардор қилингиз, шу соатда сизлардан бошқа ҳеч ким намоз ўқиётгани йўқ!»— дедилар».

 

22-боб. Хуфтондан олдин ухламак макрухдир

 

Абу Барза разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдин ухламакни ва хуфтондан кейин сўзлашиб ўлтирмакни макруҳ дер эрдилар»,— дейдилар.

 

23-боб. Хуфтондан олдин чарчаб ухлаб қолган киши хусусида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонга имомлик қилмаклари лозим эрди, (ухлаб қолиб) ҳадеганда чиқавермадилар. Шунда Ҳазрат Умар: «Хотинлару болалар ухлаб қолди»,— деб овоз қилиб у кишини чақирдилар. Жаноб Расулуллоҳ чиқиб: «Ер юзида сизлардан бошқа ҳеч ким хуфтон ўқийдирмен, деб мунтазир бўлиб ўлтиргани йўқдир»,— дедилар. Ўша вақтларда Мадинадан бошқа ҳеч қаерда намоз ўқилмас эрди. Хуфтонни шафақ йўқолгандан бошлаб, туннинг биринчи қисмининг учдан бири оралиғида ўқишар эрди».

 

 Абдуллоҳ ибн Умар разиялоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунлардан бирида хуфтон вақтида банд бўлиб қолиб, унга бир оз кечикдилар, ҳатто биз у кишини кутиб масжидда ухлаб қолдик, бир уйғониб, кейин яна ухлаб қолдик ва яна уйғондик, шундан кейингина Жаноб Расулуллоҳ бизнинг олдимизга чиқдилар, сўнг бизга қараб: «Ер юзида ҳеч ким хуфтон ўқийдирмен, деб мунтазир бўлиб ўтиргани йўқдир», — дедилар». Ибн Умарнинг ўзлари, уйқу ғолиблик қилиб, хуфтонни қазо қилиб қўймакдан қўрқмасалар, ундан олдин ёким ундан кейин мизғиб олаверар эрдилар.

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунлардан бирида хуфтонга кечикдилар, ҳатто одамлар ухлаб қолдилар, уйғониб, яна бир ухлаб турдилар. Шунда Умар ибн Хаттоб туриб, «Намоз!» деб овоз қилдилар. Ато ва ибн Аббос: «Шундан кейин Жаноб Расулуллоҳ икки қўллари бошларида, сочларидан сув томганча чиқиб келдилар-да, «Агар умматимга машаққат бўлмоғини хоҳлаганимда, хуфтонни шу тариқа ўқимоқни буюрар эрдим, дедилар», — деб айтишди».

 

24-боб. Хуфтонни ярим кечагача ўқиса бўлғайдир

 

Абу Барза разияллоҳу анҳунинг айтишларича,

 Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни кечиктириб ўқимоқни афзал кўрар эрканлар.

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни ярим кечага бориб ўқидилар. Кейин, яна намоз ўқидилар. Сўнг: «Одамлар аллақачон намозларини ўқиб ухладилар, аммо сизлар ўқиймиз, деб кутган намозингизни (яъни, хуфтонни) ўқимакдасизлар»,— дедилар.

 

25-боб. Бомдод намозининг фазилати

 

Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эрдик, тўлин ойга қараб, «Сизлар мана шу ойни кўриб турганингиздек раббингизни кўрғайдирсизлар. Уни кўраман десангиз, бир-бирларингизни ранжитмангиз! Қуёш чиқмоғидан ва ботмоғидан илгариги намозларни шайтонга бой бермаслик қўлингиздан келса, уларни муттасил ўқингиз!» — дедилар. Сўнг: «Куёш чиқмоғидан ва ботмоғидан бурун раббингни мақтаб тасбиҳ айтғил!» — деб қўшиб қўйдилар».

 

26-боб. Бомдод ўқиладиган вақт ҳақида

 

Зайд ибн Собит ривоят қиладирлар:

 «Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга саҳарлик қилдик, кейин туриб бомдод ўқидик. Мен: «Саҳарлик бирлан бомдод оралиғида қанча вақт бордир?» — деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Эллик ёким олтмиш оят ўқиғулик фурсат бордир», — дедилар».

 

Анас ибн Молик:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Зайд ибн Собит иккалалари саҳарлик қилдилар. Саҳарлик қилиб бўлишгач, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод ўқидилар»,— деди. Қатода разияллоҳу анҳу: «Мен Анасдан, саҳарлик қилиб бўлишгандан то намозга киришгунларига қадар қанча вақт ўтди? — деб сўрадим»,— дейдилар. Шунда Анас: «Киши алликта оят ўқиғанчалик»,— деб жаюб берган эркан.

 

Саҳл ибн Саъд:

 «Бола-чақам бирлан саҳарлик қилаётган эрдим, бирдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бомдод намози ўқимак лозимлиги эсимга тушиб қолди»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Биз мусулмон аёллар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга бомдод намози ўқимак учун чодирамизга ўралиб (масжидга) борар эрдик. Сўнгра, намозни ўқиб бўлиб, уйимизга қайтаётганимизда қоронғуда бизни ҳеч ким танимас эрди (яъни, бомдод намози ўқиб бўлинганда ҳали кун ёришмаган бўларди)»,— дейдилар.

 

27-боб. Бомдод ўқиётган одам қолган бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини англаса...

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки бомдоднинг бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, қолганини ўқиб тугатсин, кимки асрнинг бир ракъатини қуёш ботгунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ҳам ўқиб тугатсин!»—дедилар».

 

28-боб. Намоз ўқиётган одам қолган бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса...

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки намозининг бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ўқиб тугатсин!»—дедилар».

 

29-боб. Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча намоз ўқилмайдир

 

Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқимакни манъ қилдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг айтишларича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Қуёш чиқаётган ва ботаётган вақтда ўқиган намозингиздан савоб умид қилмангиз!» — деб айтган эрканлар.

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг яна бир бошқа ривоятларига кўра, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Агар қуёш юзидан пардасини олаётган эрса, буткул олиб бўлғунча ёким парда тортаётган эрса, буткул тортиб бўлғунча намозингизни кечиктирингиз!» — деб айтган эрканлар.

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг айтишларича,

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил келишувни, икки хил кийим киймакни ва икки намозни ўқимакни манъ қилган эрканлар: тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқимак; баданга ёпишиб турадирган ва бадани кўриниб турадирган кийимларни киймак; биров бирлан тил бириктириб, душманлик ҳамда алоқа қилмак.

 

30-боб. Қуёш ботмай туриб ўқилган намоз савобсиздир

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг айтишларича,

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирортангиз қуёш чиқаётган ва батаётган пайтда намоз ўқисангиз, савобдан маҳрум бўлғайдирсиз!»—деб айтган эрканлар.

 

Абу Саъид Худрийнинг айтишларича,

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ҳам, асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча ҳам намоз ўқилмағайдир»,—деб айтган эрканлар.

 

Ҳимрон ибн Аббон қуйидаги ҳадисни ривоят қиладирлар:

 «Муовия бир куни: «Сизлар ўқиётган намозни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга юриб ҳам бирор марта ўқиганларини кўрмаганмиз, у киши асрдан кейин икки ракъат намоз ўқимакни манъ қилган эрдилар»,— деб айтдилар».

 

Ҳафс ибн Осимнинг Абу Ҳурайрадан нақл қилишларича,

 Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам тонг отгандан кейин қуёш чиққунча ва асрдан кейин қуёш ботгунча намоз ўқимакни макруҳ қилган эрканлар.

 

31-боб. Аср ва тонг отгандан кейинги намозлардан бошқасини манъ қилмаган киши хусусида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:

 «Мен биродарларим нечук намоз ўқиётганларини кўрган эрсам, шундоқ намоз ўқийдирмен. Мен бирор кишининг кечаси ва кундузи, истаган пайтда намоз ўқимоғига қарши эрмасмен, қуёш чиқаётган ва қуёш батаётган пайтда ўқимаса, басдир»,— дейдилар.

 

32-боб. Асрдан кейин ўқиладирган қўшимча ва шунга ўхшаш намозлар ҳақида

 

Умму Салама ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейин икки ракъат намоз ўқидилар-да, «Ҳали Абд ул-Қуддус қабиласидан келган кишилар менинг пешиндан кейин икки ракъат намоз ўқимоғимга халал бердилар»,— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Худо ҳаққи, Жаноб Расулуллоҳ Аллоҳга рўпара бўлгунларига (вафот этгунларига) қадар пешин ва асрдан кейин ўқийдиган икки ракъат намозларини сира тарк этмадилар. У киши кексайиб қолиб, ўша намозларни кўпинча ўтириб ўқийдирган бўлиб қолганларида Аллоҳга рўпара бўлдилар (вафот этдилар). Жаноб Расулуллоҳ қўшимча икки ракъат намозни умматларим ҳам ўрганиб олиб, қийналиб қолмасинлар деб, масжидда ўқимас эрдилар, аксинча умматларига енгиллик яратмоққа интилар эрдилар».

 

Ҳишомнинг оталари ривоят қиладирлар:

 «Оиша разияллоҳу анҳо: «Эй, синглимнинг «ўғли (жияним)! Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейинги икки ракъат намозни менинг ҳузуримда ўқимаган кунлари бўлмагандир»,— дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан олдинги ва асрдан кейинги ўқийдирган икки ракъат намозларини яширмас ҳам эрдилар, эълон ҳам қилмас эрдилар»,— дейдилар.

 

Асвад ва Масруқ разияллоҳу анҳумонинг айтишларича, Оиша онамиз: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кунда асрдан кейинги икки ракъат намозни ўқимай менинг ҳузуримга келмас эрдилар»,— деган эканлар.

 

33-боб. Ҳаво булут бўлган куни намозни эртароқ ўқимоқ ҳақида

 

Абу Мулайҳ ривоят қиладирлар:

 «Ҳаво булут бўлган куни Бурайда бирлан бирга эрдик. Ул: «Намозни эртароқ ўқингиз! Набий саллаллоху алайҳи ва саллам: «Аср намозини ўқимаган киши гўёким бирор иши барбод бўлған киши янглиғдир!» — деганлар»,—деб айтди».

 

34-боб. Азон вақти ўтган бўлса ҳам азон айтилгани тўғрисида

 

Абу Қатода оталаридан нақл қиладирлар:

 «Биз Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам бирлан бирга кечаси йўлга чиқдик. Йўлда учраган қавмлардан бири: «Ё Расулуллоҳ, бизга бир меҳмон бўлиб кетсангиз!» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ухлаб қолиб, намозга туролмай қолғайсизларми, деб қўрқғаймен»,— дедилар. Шунда Билол: «Мен сизларни уйғотиб қўюрмен»,—деди. Меҳмондорчиликдан кейин уйқуга ётишди, Билол туясига ястаниб ухлаб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғотганларида офтоб юзидан ниқобини олган эрди. Жаноб Расулуллоҳ: «Эй Билол! Қани айтганингни қилганинг?» — дедилар. Билол: «Уйқу мени енгиб қўйибдир»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ таоло истаган вақтида жонингизни олиб, истаган вақтида сизга жон ато этғайдир, эй Билол, турғил, азон айтиб, одамларни намозга чақирғил!»—дедилар. Кейин, туриб таҳорат қилдилар. Қуёш кўтарилиб, кун ёришиб кетганда намоз ўқидилар».

 

35-боб. Вақт ўтган бўлишига қарамасдан одамлар бирлан жамоат бўлиб намоз ўқимоқ хусусида

 

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Хандақ куни қуёш ботгач, Умар ибн Хаттоб келиб, Қурайш кофирларини сўка бошладилар, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, қуёш ботай деб турганда зўрға аср ўқиб улгурдим»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Худо ҳаққи, намоз ўқимабсен»,— дедилар. Кейин, Батҳонга жўнадик, етиб боруач, таҳорат олдилар, биз ҳам таҳорат олдик. Сўнг, қуёш ботгач, аср ўқидилар, ундан кейин шом ўқидилар».

 

36-боб. Бирор намозни эсидан чиқариб ўқимаган одам эсига тушганда ўша намознигина иода қилгайдир (қайта ўқиғайдир)

 

Иброҳим разияллоҳу анҳу:

«Кимки йигирма йил давомида намозлардан бирини ўқимаган эрса, ўша ўқимаган намозинигина иода қилғайдир».— дейдилар.

 

Анас разияллоҳу анҳунинг айтишларича,

 Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки бирор намозни унутиб ўқимаган эрса, эсига тушганда ўқиғайдир, ўқилмай қолган намоз учун ўша намознинг ўзини иода қилмакдан бошқа каффорат йўқдир, (Аллоҳни) хотирлаб намоз ўқигил!» —деган эканлар.

 

37-боб. Аввал қазо бўлган намоз ўқилғайдир

 

Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Хандақ куни Умар ибн Хаттоб Қурайш кофирларини сўкиб: «Ё Расулаллоҳ, қуёш ботай деб турганда зўрға аср ўқиб улгурдим»,— дедилар. Кейин, Батҳонга бордик. Қуёш ботгандан сўнг аср, кейин шом ўқидилар».

 

38-боб. Хуфтондан кейин гаплашиб ўтирмоқни ёқтирмаганликлари ҳақида

 

Абу Минҳол ривоят қиладирлар:

 «Отам бирлан бирга Абу Барзанинг ҳузурларига бордик. Отам ул кишига: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам беш вақт намозни нечук ўқир эрдилар, бизга айтиб беринг!»— дедилар. Абу Барза: «Сизлар увло деб атайдирган пешинни кун оққан пайтда, асрни бирортамиз шаҳарнинг энг чеккасига бориб уйимизга қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали ўлмаган пайтда ўқир эрдилар (Шом ҳақида айтган сўзларини эсимдан чиқариб қўйибдирман), хуфтонни эрса, кечиктириб ўқимакни афзал кўрар эрдилар, хуфтондан олдин ухламакни ҳам, ундан кейин сўзлашиб ўлтирмакни ҳам ёқтирмас эрдилар. Бомдодни киши ёнида ўлтирган намозхонни танийдирган даражада ҳаво ёришганда ўқиб бўлур эрдилар ва олтмиштадан юзтагача оят тиловат қилур эрдилар»,— деб айтдилар».

 

39-боб. Хуфтондан кейин фиққ ва савоб ҳақида сўзлашиб ўтирмоқ

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Бир куни ярим кечага яқинлашиб қолган пайтда Набий саллаллоху алайҳи ва саллам келйб биз бирлан намоз ўқидилар, сўнг: «Одамлар намоз ўқиб бўлиб, аллақачон ухладилар, шундоқ эмасмидир? Сизлар эрсангиз, ҳануз жойнамозни тарк этганингиз йўқдир, савоб умид айлаб ибодат қилмакдасиз, савоб умид айлайверингиз!» — деб хутба айтдилар».

 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоху алайҳи ва саллам ҳаётларида сўнгги бор хуфтон ўқидилар. Икки елкаларига салом берганларидан, сўнг. туриб: «Мана шу кўриб турган кечангиздан бошлаб юз йил ўтгач, Ер юзида ҳозир мавжуд бўлган кишилардан бирортаси ҳам қолмағайдир»,— дедилар. Одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг сўзларини юз йил ичида ҳеч ким қолмас эркан, деб нотўғри тушунишиб, ваҳимага тушдилар. Аслида эрса, Жаноб Расулуллоҳ бугун мана шу ерда ўтирган тенгкурлардан бирортаси ҳам қолмаслиғини назарда тутган эрдилар.

 

40-боб. Хуфтондан кейин бола-чақалари ва меҳмонлар бирлан сўзлашиб ўтирмоқ ҳақида

 

Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ривоят қиладирлар:

 «Асҳоб ус-суффа, яъни масжиднинг ҳовлисидаги супада яшайдирган уйсиз кишилар ниҳоятда камбағал эрдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг уйида икки кишига етғулик овқат бўлса, уч кишини, тўрт кишига етғулик овқат булса, беш-олти кишини олиб кетиб, тўйғазсин!» — дедилар. Абу Бакр уч кишини олиб келдилар. Жаноб Расулуллоҳ эрса ўн кипшни олиб кетдилар (Уларнинг ичида мен, отам, онам, билмайман, яна хотиним, Абу Бакр бирлан пайғамбаримизнинг хонадонлари ўртасидаги югурдак ҳам бор эрди шекилли). Абу Бакр пайғамбаримизнинг овқатланиб олмоқларини кутиб турдилар. Туннинг худо хоҳлаганча қисми ўтгандан кейин уйларига қайтдилар. Шунда хотинлари: «Меҳмонларни ташлаб қай ерларда юрибсиз?» — деди. Абу Бакр: «Уларни овқатлантирмадингми?» — дедилар. Хотинлари: «Сизни келасиз деб унамадилар, кетиб қолдилар»,— деди. Абу Бакр сўкиндилар-да: «Ўзларингиз еяверингиз, худо хаққи, мен сира емасмен!»— дедилар. Оялоҳга қасам ичиб айтурменким, овқатни қанча есак ҳам, камаймак ўрнига кўпайиб борар эрди. Биз тўйгунимизча едик, лекин овқат илгаригидан ҳам кўпайиб кетди. Абу Бакр буни кўриб, хотинларига: «Эй Баний Фироснинг синглиси, нега бундай бўлди?»—дедилар. Хотинлари: «Кўзларимға ишонгим келмас, овқат илгаригидан уч баробар кўпайиб кетди»,— деди. Абу Бакр овқатдан едиларда: «Бу шайтоннинг ишидир»,— дедилар. Яъни, овқат емасмен, деб ичган қасамларини назарда тутдилар. Кейин, яна бир луқма еб, қолганини Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб кетдилар. Мен ўша ерда қолиб тонг оттирдим. Биз бирлан бир қавм ўртасида иттифоқ тузилган бўлиб, унинг вақти ўтган эрди. Биз ўн икки киши бўлиб ажралиб чикдик. Уларнинг ҳар бири бирлан қанча одам келганини билар эрдим, барчалари биргаликда ўша овқатдан едилар».

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов