Намозни қаср қилиб ўқиш хақида
1-боб. Қаср ўқиш ва унинг муддати ҳақидаги ҳадислар тўғрисида
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам 19 кун Маккада туриб қаср ўқидилар (Макка фатҳ қилинганда). Шунинг учун биз ҳам сафарда 19 кун қаср ўқийдирмиз».
Анас разияллоҳу анҳу Яҳё ибн Абу Исҳоққа бундай деб ривоят қилган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Мадинадан Маккага йўл олдик. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келгунимизча фарз номозини икки ракъат-икки ракъатдан ўқидилар». Яҳё ибн Абу Исҳоқ: «Маккада кўп турмагандирсизлар?» — деб Анасдан сўрабдилар. Анас: «Маккада ўн кун турдик»,— деб жавоб берибдирлар.
2-боб. Минода намоз ўқимоқ
Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Минода икки ракъат қаср ўқидим. Абу Бакр Сиддиқ бирлан ҳам, Умар ва эндигина амирлик қилаётган Усмон бирлан ҳам икки ракъат қаср ўқиганман. Кейин, Усмон тўлиқ ўқийдирган бўлдилар».
Ҳориса ибн Ваҳб:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз бирлан бирга Минода тўрт ракъат ўрнига икки ракъат намоз ўқидилар»,— дейдилар.
Абдурраҳмон ибн Язид ривоят қиладирлар:
«Усмон ибн Аффон биз бирлан бирга Минода тўрт ракъат камоз ўқиди. Буни Абдуллоҳ ибн Масъудга етказишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд шул хусусдаги бир воқеани эслаб, бундай дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Минода фарзни тўрт ракъат ўрнига икки ракъатдан ўқидик, Абу Бакр бирлан ҳам, Умар бирлан ҳам Минода икки ракъатдан ўқидик. Кошки эрди, фарз тўрт ракъат ўрнига икки ракъат деб қабул қилинган бўлса зрди!»
3-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайқи ва саллам ҳажда неча кун турдилар?
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул кишининг саҳобаи киромлари Маккаи Мукаррамага Зулҳижжа ойининг 4-нчи куни тонгда етиб келдилар. 4-нчи куннинг пешинидан бошлаб 8-нчи куннинг асригача ҳаж учун талбия айтдилар. Жаноб Расулуллоҳ 8-нчи куни Минога чикдилар. Маккада 21 та фарз намози ўқидилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик олиб келмаган саҳобаларга умра (кичик ҳаж) қилиб эҳромни ечмоқни, қурбонлик олиб келганларга эрса, эҳромни ечмай ҳажни (катта ҳажни) давом эттирмоқни буюрдилар».
4-боб. Неча кунлик сафарда қаср ўқиладир?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча-ю бир кундузлик йўлни «сафар» деб атадилар. Ибн Умар ва Ибн Аббос 4 бурудлик (16 фарсаҳ — 36 км) йўлга чиқсалар, намозни қаср қилиб, рўзани очар эрдилар.
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хотин киши 3 кеча-ю кундузлик йўлга ёлғиз ўзи сафар қилмағайдир, балким маҳрами бирлан бирга сафар қилғайдир»,— деганлар».
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолога ва охират кунига ишонган хотиннинг маҳрамсиз ёлғиз ўзи бир кеча-ю кундузлик йўлга сафар қилмоғи жоиз эрмас»,— дейдилар».
5-боб. Уйидан сафарга чиқиши биланоқ намозни қаср ўқийверадир
Ҳазрат Али сафарга чиқдилар. Йўлда кетаётиб, ҳали уйлари кўриниб турган бўлса ҳам, намозни қаср ўқидилар. Сафардан қайтишда ҳамроҳлари Ҳазрат Алига: «Мана, Куфа ҳам кўриниб қолди, энди намозни тўлиқ ўқиймизми?» — дейишди. Ҳазрат Али: «Йўқ, то шаҳарга кирмагунча тўлиқ ўқимасмиз»,— деб жавоб қилдилар.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга пешинни Мадинаи Мунавварада ўқидик. Зул-Ҳулайфа деган ерга борганда эрса, икки ракъат аср ўқидик (Маккага 6 мил) қолганди)».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Дастлаб, намоз икки ракъат, деб фарз қилинган эрди. Сафарда шул икки ракъатлигича қолди. Лекин, муқимликда тўрт ракъат қилиб тўлдирилди. Зуҳрий: «Оиша онамиз «тўлдирилди» деганларида нимани назарда тутган эрдилар»,— деб Урвадан сўради. Урва: «Усмон разияллоҳу анҳу бу хусусда (яъни, намозни тўрт ракъат ўқймоқ тўғрисида) не деган бўлсалар, ўшани назарда тутдилар»,— деди».
6-боб. Шом сафарда уч ракъат ўқиладир
Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда шошилиб турганларида шомни кечиктириб, хуфтонга қўшиб ўқиганларини кўрдим. Солим: «Менинг отам Абдуллоҳ ҳам сафарда шошиб турган бўлсалар, шундай қилар эрдилар»,— дейди».
Ибн Шиҳоб Зуҳрийга Солим бундай деб ривоят қилган эркан:
«Ибн Умар Муздалифа деган ерда хуфтон вақти бўлди ҳамки, шом ўқимадилар. Бир пайт Ибн Умар хотинлари Сафия бинти Абу Убайдга бақириб гапириб турган эрдилар, мен: «Намозга!» — дедим. «Юраверғил, ҳали»,— дедилар. Мен яна: «Намозга!» — дедим. «Юраверғил, ҳали»,— дедилар. Мен яна: «Намозга!» — дедим, ул киши тағин: «Юраверғил»,— дедилар. Шу тариқа 2—3 мил юрдик, сўнг тушиб намоз ўқидик. Намоздан кейин: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда шошилиб турганларида шундай намоз ўқиганларини кўрганман. Ул киши шомни уч ракъат ўқиб, салом берган эрдилар, бир оздан кейин эрса, такбир айтиб, икки ракъат хуфтон ўқиган эрдилар, кейин салом берган эрдилар. Хуфтондан кейин тонггача нафл ўқимаган эрдилар», — дедилар».
7-боб. Улов устида нафл ўқимоқ
Абдуллоҳ ибн Амрнинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяда кетаётган томонларига қараб намоз ўқиётганларини кўрганман».
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улов минган ҳолда қибладан бошқа томонга қараб ҳам намоз ўқийверар эрдилар».
Нофиъ ривоят қиладирлар:
«Ибн Умар разияллоҳу анҳу сафарда улов устида ҳам нафл ва витр ўқийверар эрдилар Кейин: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эрдилар»,— деб айтар эрдилар».
8-боб. Улов устида имо-ишора бирлан нафл ўқимоқ
Абдуллоҳ ибн Динор ривоят қиладирлар:
«Абдуллоҳ ибн Умар сафарда улов миниб кетаётган томонларига қараб нафл ўқийверар эрдилар. Имо-ишора бирлан рукуъ ва сажда қилар эрдилар, яъни гўё рукуъ ва сажда қилаётгандек ҳаракат қилиб қўяр эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам худди шундоқ қилар эрдилар».
9-боб. Фарз намози уловдан тушиб ўқиладир
Омир ибн Рабийъа ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улов (кетаётган томонга қараб) устида имо-ишора бирлан руқуъ ва сажда қилиб, нафл ўқиб кетаётганларини кўрганман. Лекин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозини бундай ўқимас эрдилар (уловдан тушиб ўқир эрдилар)».
Ибн Шиҳоб ривоят қиладирлар (ул кишига Зуҳрий, Зуҳрийга эрса, Солим айтиб берган эркан):
«Абдуллоҳ ибн Умар сафарда юрганларида кечаси улов устида намоз ўқир эрдилар. Қайси томонга қараб кетаётганларига сира парво қилмас эрдилар. Ибн Умар: «Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам улов устида қайси томонга қараб бўлса ҳам, нафл ва витр ўқийверар эрдилар. Бироқ фарз намозини улов устида ўқимас эрдилар»,—дейдилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улов миниб шарқ томонга кетаётган бўлсалар ҳам, нафл ўқийверар эрдилар. Лекин, қачон фарз намози ўқимоқчи бўлсалар, уловдан тушиб, қиблага қараб ўқир эрдилар».
10-боб. Эшак миниб кетаётиб нафл ўқимоқ
Анас ибн Сирин ривоят қиладирлар:
«Анас ибн Молик Шом шаҳридан келаётганларида биз кутгани чиқдик. «Айн ут-Тамр» деган ерда учрашдик. Шунда ул кишининг эшак устида нафл ўқиб келаётганларини кўрдим. Юзлари қибланинг чап томонига қараган ҳолда эрди. Мен ул кишига; «Сизнинг қибладан бошқа ёққа қараб намоз ўқиётганингизни кўрдим»,— дедим. Анас ибн Молик: «Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундоқ қилганларини кўрмаганимда эрдим, бундоқ қилмаган бўлар эрдим»,— дедилар».
11-боб. Сафарда фарз намозидан кейин нафл ўқимаган киши
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга сафарга чиқдим. Жаноб Расулуллоҳнинг сафар вақтида фарз намозидан кейин нафл ўқиганларини кўрмадим. Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламда сизларга яхши ибрат бўлғулик нарсалар кўпдир!»—дейдир».
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар қилганларида ёнларида бирга юрдим. Жаноб Расулуллоҳ фарз намозини икки ракъатдан ортиқ ўқимас эрдилар (яъни, суннатини ўқимас эрдилар). Абу Бакр бирлан ҳам, Умар ва Усмон бирлан ҳам сафарда бирга юрдим, улар ҳам шундоқ қилишар эрди».
12-боб. Сафарда фарз намозидан аввал ва кейин ўқиладирган суннат намозларидан ташқари нафл қам ўқиган киши
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқидилар.
Ибн Абу Лайло ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чошгоҳда намоз ўқиганларини бир киши кўриб айтиб берди. Умму Ҳониъ эрса бундоқ деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ бўлган куни менинг уйимга кириб ғусл қилдиларда, 8 ракъат нафл ўқидилар. Бундан кейин ул кишининг бунчалик қисқа (енгил) намоз ўқиганларини кўрмаганман. Бироқ қисқа (енгил) ўқиган бўлсалар ҳам, маромига етказиб рукуъ ва сажда қилганлар».
Абдуллоҳ ибн Омирнинг оталари ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечаси сафарда улов миниб кетаётиб нафл ўқиганларини кўрдим».
Ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда туя миниб кетаётиб (туя кетаётган томонга қараб) имо-ишора бирлан рукуъ-сажда қилиб нафл ўқийверар эрдилар».
Ибн Умар ҳам шундоқ қилар эрдилар.
13-боб. Сафарда шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқимоқ
Солимнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар оғир бўлса, шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқир эрдилар».
Ибн Аббос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар сафарда улов миниб кетаётган бўлсалар, пешин бирлан асрни ҳамда шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқир эрдилар».
Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқир эрдилар».
14-боб. Сафарда намозхон шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқиганда, азон ва такбир айтадирми, йўқми?
Абдуллоҳ ибн Умар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шошилинч сафар вақтида шом намозини кечиктириб, хуфтонга қўшиб ўқиганларини кўрганман»,— дейдилар. «Абдуллоҳнинг ўзлари ҳам шундоқ қилар эрдилар,— дейдилар Солим разияллоҳу анҳу,— агар сафарда шошилиб турган бўлсалар, такбир айтиб, уч ракъат шом ўқир эрдилар. Кейин, салом бериб, бир оз турар эрдиларда, хуфтонга такбир айтар эрдилар, сўнг икки ракъат ўқиб салом берар эрдилар. Шом бирлан хуфтон ўртасида ҳам, хуфтондан кейин ҳам бирор ракъат қўшимча суннат намоз ўқимас эрдилар. Фақат ярим кечада таҳажжуд ўқир эрдилар».
Анас разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда мана бу икки намозни, яъни шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқир эрдилар»,— дейдилар.
15-боб. Кун оғмасдан илгари сафарга чиқса, пешинни асрга қўшиб ўқийдир
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш оғмасдан илгари сафарга чиқсалар, пешинни аср вақтигача кечиктириб, кейин иккала намозни қўшиб ўқир эрдилар. Қуёш оғган бўлса, пешинни ўқиб, кейин йўлга чиқар эрдилар».
16-боб. Кун оггандан кейин сафарга чиқадирган бўлса, пешинни ўқиб, кейин йўлга чиқадир
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кун оғмасдан илгари йўлга чиқсалар, пешинни асргача кечиктириб, кейин уловдан тушар эрдилар, иккала намозни қўшиб ўқир эрдилар. Агар кун оғгандан кейин сафарга чиқадиган бўлсалар, пешинни ўқиб кейин йўлга чиқар эрдилар».
17-боб. Ўтириб ўқийдирган намоз
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолганларида уйда ўтирган ҳолда намоз ўқидилар. Одамлар эрса, тикка турган ҳолда иқтидо қилишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Ўтириб ўқингиз!» — деб ишора қилдилар. Намоз тугагач: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир, агар ул рукуъ қилғайдир, сизлар ҳам рукуъ қилингиз, рукуъдан бош кўтарғайдир, сизлар ҳам бош кўтарингиз!»—дедилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отдан йиқилиб, ўнг оёқлари шилинди. Шунда ул кишини кўргани кирдик, бир оздан кейин намоз вақти бўлди. Бизга ўтирган ҳолда имомлик қилдилар, биз ҳам ўтириб ўқидик. Намоздан кейин бизга: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир. Имом такбир айтса, такбир айтингиз, рукуъ қилса, рукуъ қилингиз, рукуъдан бош кўтарса, бош кўтарингиз. Агар «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу» деса, «Раббано ва лака-л-ҳамд» деб айтингиз!» — дедилар».
Имрон ибн Ҳусайн ривоят қиладирлар:
«Менинг бавосир касалим бор эрди. Жаноб Расулуллоҳдан ўтирган ҳолда намоз ўқимоқ ҳақида сўрадим. Шунда бундай дедилар: «Тик туриб ўқиган намоз ўтириб ўқиган намоздан афзалроқдир, чунким ўтириб намоз ўқиган кишига, тик туриб намоз ўқиган кишига тегадирган савобнинг ярмиси теккайдир. Кимки ёнбошлаб ўқиғайдир, ўтириб ўқиган кишига тегадирган савобнинг ярмисини олғайдир».
18-боб. Ўтирган ҳолда имо-ишора бирлан намоз ўқимоқ
Имрон разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтирган ҳолда намоз ўқимоқ тўғрисида сўрадим. Шунда бундай дедилар: «Ким тик туриб ўқиғайдир, ўтириб ўқигандан афзалдир, ким ўтириб ўқиғайдйр, унга тик туриб ўқиганнинг ярим савоби берилғайдир,.ким ёнбошлаб ўқиғайдир, унга ўтириб ўқиганнинг ярим савоби теккусидир».
19-боб. Агар киши ўтириб ўқишга ярамаса, ёнбошлаб ўқийдир. агар қиблага ўгирилишга қодир бўлмаса, тўғри келган томонга қараб ўқийдир
Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Менинг бавосир касалим бор эди. Шул боисдан ҳам мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бетоб одамнинг намоз ўқимоғи тўғрисида сўрадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аввало тик туриб ўқиғил, агар бунга қодир бўлмасанг, ўтириб ўқиғил, унга ҳам қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқиғил!» — дедилар».
20-боб. Агар ўтирган ҳолда намоз ўқиётган киши намоз давомида соғайиб қолса ёким ўзини енгил ҳис қилса, намозини охирига етказадир, қайтариб ўқимайдир
Ҳасан Басрий: «Касал одам, хоҳласа, намознинг икки ракъатини тик туриб кейинги икки ракъатини эрса ўтириб ўқийдир»,— дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Юсуф ривоят қиладирлар:
«Оиша онамиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг то кексайгунларича кечаси ўтирган ҳолда намоз ўқиганларини сира ҳам кўрмаган эрканлар. Жаноб Расулуллоҳ рукуъ қилмоқчи бўлсалар, аввал ўринларидан туриб 30 ёким 40 оят ўқиб, кейин рукуъ қилар эрдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган ҳолда намоз ўқиб, қироат қилар эрдилар. Қироат қилишга 30 ёким 40 оят қолганда ўринларидан туриб қироат қилар эрдилар, сўнг рукуъ қилар эрдилар, кейин сажда қилар эрдилар. Иккинчи ракъатда ҳам айнан шундоқ қилар эрдилар. Намозни тугатгач, менга қарар эрдилар, агар уйғоқ бўлсам, мен бирлан сўзлашиб ўтирар эрдилар, ухлаётган бўлсам, ўзлари ҳам ёнбошлар эрдилар».
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков в тик ток