"."
Меню

Никох китоби

Никоҳи ҳаром бўлган аёллар ҳақидаги боб

 

Никоҳи ҳаром бўлган аёллар (яъни, уларга уйланиш мукин бўлмаган маҳрамлар) икки қисмдир:

Биринчи қисм: Никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар.

Улар ўн тўртта бўлиб, еттитаси насаб билан ҳаром бўлади, еттитаси сабаб билан ҳаром бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларида зикр қилинган аёллардир:

«Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса,(уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш ҳаром қилинди) — агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа-сингилни жамлашларингиз (яъни бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишларингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир (Нисо: 22, 23).

1) Насаб билан никоҳи ҳаром бўлган аёллар. Улар қуйидагилар:

  • Она ва буви. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар учун оналарингиз(га уйланиш ҳаром қилинди)», деди (Нисо: 23).
  • Қиз, ўғилнинг қизи, қизнинг қизи, ўғилнинг қизининг қизи. Чунки, Аллоҳ таоло: «қизларингиз», деди (Нисо: 23).
  • Опа (сингил), хоҳ ота-она бир бўлсин, хоҳ ота томонидан ё она томонидан бўлсин. Чунки, Аллоҳ таоло: «опа-сингилларингиз», деди (Нисо: 23).
  • Опа-сингилнинг қизи, унинг ўғлининг қизи ва қизининг қизи. Чунки, Аллоҳ таоло: «опа-сингилларингизнинг қизлари», деди (Нисо: 23).
  • Ака-уканинг қизи, ака-уканинг қизининг қизи ва ўғлининг қизи. Чунки, Аллоҳ таоло: «ака-укаларингизнинг қизлари», деди (Нисо: 23).
  • Амма ва хола. Чунки, Аллоҳ таоло: «аммаларингиз, холаларингиз», деди (Нисо: 23).

2) Сабаб билан никоҳи ҳаром бўлган аёллар. Улар қуйидагилар:

  • Мулоъана қилган аёл мулоъана қилган эрга (Мулоъана ҳақида Қуръони каримнинг «Нур» сураси 6-9 оятларида зикр қилинган). Жузжоний Саҳл ибн Саъддан ривоят қилишича: «Бир-бири билан мулоъана қилишган эр-хотин ҳақидаги суннат шуки, уларни ажратиб юборилади, сўнг ҳеч қачон яна қайта бирга бўлмайдилар» (Абу Довуд (2250) ривоят қилган, бунинг асли Бухорийда (4745) ва Муслимда (1492) мавжуд). Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунга хилоф сўз айтган бирон кишини билмаймиз» (Ал-муғний: 8/54).
  • Юқоридаги қисмлардан насаб билан ҳаром бўлганлари разоъат (эмикдошлик) билан ҳам ҳаром бўладилар. Қайси бир аёлнинг никоҳи насаб билан ҳаром бўлган бўлса, разоъат билан ҳам худди шундай ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз», деди (Нисо: 23). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Насаб жиҳатидан ҳаром бўлган нарса разоъат жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади» (Бухорий (5111) ва Муслим (1444) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
  • Ақд сабабли отасининг хотини (яъни ўгай онаси) ва бобосининг хотини ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг!», деди (Нисо: 22).
  • Ўғлининг хотини, ҳар қанча қуйига кетса ҳам, ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари» деди (Нисо: 23).
  • Хотинининг онаси ва бувилари (хотини билан никоҳ) ақди бўлиши биланоқ ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «қайноналарингиз (яъни хотинларингизнинг оналари)», деди (Нисо: 23).
  • Жинсий алоқада бўлган хотинининг қизи ва унинг ўғилларининг қизлари. Чунки, Аллоҳ таоло:«жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) — агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз(уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир», деди (Нисо: 23).
Иккинчи қисм: Вақтинчалик никоҳи ҳаром бўлган аёллар.

Улар икки турга бўлинадилар:

1) Жамлаш жиҳатидан ҳаром бўлганлар:
  • Опа-сингилни жамлаш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «опа-сингилни жамлашларингиз(яъни бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишларингиз ҳаром қилинди)», деди (Нисо: 23). Шунингдек, аёл билан унинг аммасини жамлаш, аёл билан унинг холасини жамлаш ҳам ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл билан унинг аммасини, аёл билан унинг холасини жамланмайди», деганлар (Бухорий (5109) ва Муслим (1408) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундаги ҳикматни баён қилиб: «Чунки, ундай қилсангиз, қариндошлик алоқаларингизни узган бўласизлар», деганлар. Сабаби, кундошлар ўртасида рашк деган нарса бўлади. Агар улардан бири иккинчисига қариндош бўлса, ўртада узилиш пайдо бўлиши мумкин. Энди агар аёл талоқ қилинса ва иддаси чиқса, унинг опа-синглисига, аммасига, холасига уйланиши ҳалол бўлди. Чунки, маҳзур (эҳтиёт бўлиш лозим бўлган монеъ) кетди.
  • Тўрттадан ортиқ аёлни жамлаш жоиз бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар», деди (Нисо: 3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрттадан ортиқ хотини бўлган кишилар Исломни қабул қилганларида уларга тўрттадан ортиғидан ажралишга буюрганлар (Абу Довуд (2241), Ибн Можа (1952) Қайс ибн Хорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
2) Кетувчи бир ориз (вақтинчалик сабаб) билан ҳаром бўлганлар:
  • Бировдан идда сақлаётган аёлга уйланиш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «То идда муддати битмагунча никоҳ боғлашга қасд қилманг!», деди (Бақара: 235). Бундаги ҳикматлардан бири шуки, у аёл ҳомиладор бўлган бўлиши мумкин, бу ҳолда насаблар аралашиб кетиши хавфи бўлади.
  • Зино қилгани маълум бўлган зинокор аёлга то у тавба қилиб, иддаси тугамагунча уйланиш ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 3).
  • Бир киши уч талоқ қўйган аёлига то у аёл билан бошқа бир эркак саҳиҳ никоҳ билан қўшилмагунича яна қайта уйланиши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) та­лоқ икки мартадир ... Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 232, 233).
  • Муҳримага (яъни, эҳромдаги аёлга) то эҳромидан чиқмагунича уйланиш ҳаром бўлади.
  • Шунингдек, муҳрим киши эҳромдалик ҳолида бирон аёлга никоҳ ақди боғлаши (уни турмушга узатиши) ҳам жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳрим никоҳланмайди, никоҳламайди, совчи қўймайди», деганлар (Муслим (1409) ривояти).
  • Кофир одам муслима аёлга уйланиши ҳалол бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз!», деди (Бақара: 221).
  • Мусулмон киши кофира аёлга уйланмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз!», деди (Бақара: 221), «Сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар)», деди (Мумтаҳана: 10). Аммо, аҳли китоблардан бўлган озод аёлга мусулмон киши уйланиши жоиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир», деди (Моида: 5). Ушбу оят юқоридаги кофираларнинг мусулмонларга никоҳланишлари ҳаромлигини ифодаловчи икки оятнинг умумий маъносини хослаб қўяди. Аҳли илмлар шунга ижмоъ қилганлар.
  • Озод мусулмон эркак чўри муслима аёлга уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, бу ундан туғилган фарзандлари қул қилинишига олиб келади. Фақат зинога тушиб қолиш хавфи бўлсагина ва озод аёлнинг маҳрига ё чўрини сотиб олишга қурби етмасагина, муслима чўрига уйланиши жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан кимда-ким озод мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўлларингиздаги мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин... Бу (яъни чўриларга уйланиш рухсати) орангиздаги бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир» (Нисо: 25).
  • Қул ўзининг саййидасига (хожасига) уйланиши ижмоъ билан ҳаромдир. Чунки, аёл киши унинг хожаси бўлиши, у эса унинг эри бўлиши бир-бирига зид иш бўлиб, ҳар бирининг ўзига хос ҳукмлари бўлади.
  • Хожа ўзининг чўрисига уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, эгадорлик ақди никоҳ ақдидан кучлироқ. Бир ақд ўзидан заифроқ бўлган нарса билан жамланмайди.
  • Никоҳдаги шартлар ҳақидаги боб

    Никоҳдаги шартлардан мурод – эр-хотиннинг бири иккинчисига никоҳ ақдида ўзи учун фойдали бўлган нарсани шарт қилишидир. Унинг ўрни ақд ичида ёки ундан олдин иккаласи келишиб олгани бўйича бўлади. Шартлар икки қисмга: саҳиҳ ва фосид шартларга бўлинади.

    1) Никоҳдаги саҳиҳ шартлар:

    - Кўпчилик уламолар наздида агар аёл киши кундошини талоқ қилишини шарт қилса, бу саҳиҳ шартлардан саналади. Чунки, бунда у учун фойда бор. Баъзи уламолар бу шартнинг саҳиҳ бўлмаслигини айтганлар. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл киши синглисининг (яъни, кундошининг) идишидагини (ўзининг идишига) бўшатиш мақсадида уни талоқ қилишни сўрашдан қайтарганлар, бу қайтариқ эса фосидликни тақозо қилади.

    - Никоҳдаги саҳиҳ шартлардан бири – агар аёл киши унинг устига уйланмасликни ёки жория билан бирга бўлмасликни шарт қилган бўлса, эр унга вафо қилмаса, никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир», деганлар (Бухорий (2721) ва Муслим (1418) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    - Шунингдек, агар аёл киши ўзининг уйидан ёки шаҳридан олиб кетилмаслигини шарт қилса, бу ҳам саҳиҳ шарт бўлади, эр уни ўзининг изнисиз олиб чиқишга ҳақли бўлмайди.

    Шунингдек, аёл киши ўзини фарзандларидан ёки ота-онасидан ажратмасликни шарт қилса, бу ҳам саҳиҳ шарт бўлади, эр агар бунга хилоф қилса, никоҳни бузишга (аёл) ҳақли бўлади.

    Агар аёл киши маҳрида зиёдаликни шарт қилса ёки маҳри муайян миқдордаги пул бўлишини шарт қилса, бу шарти саҳиҳ бўлади ва эр зиммасига лозим бўлиб, унга вафо қилиши фарз бўлади. Акс ҳолда аёл никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Тарохий (яъни, пайсалга солиш) ҳолатида аёл (никоҳни бузиш-бузмасликда) ихтиёрли бўлади ва истаган пайтида бузиши мумкин бўлади. Мабодо, аёл тарафидан унинг шартига хилоф иш бўлаётганини билгани ҳолда бунга рози бўлиб туришига далолат қиладиган иш топилса, унда ундан ихтиёр соқит бўлади.

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишига унинг аёли шарт қилган нарсани лозим бўлади деб ҳукм қилганларида у киши: «У ҳолда улар бизни талоқ қилишади!», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Шартлар олдида ҳақ-ҳуқуқлар кесилади», дедилар (Ибн Аби Шайба (3/499), №16449), Бухорий (5/396 Ал-фатҳ) ривоятлари).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар шартлари устидадирлар», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Вафо қилинишга энг ҳақли бўлган ушбу шартларга вафо қилиш лозим. Бу шариат, ақл ва саҳиҳ қиёс тақозосидир. Зеро, аёл киши ўз бузъини (яъни, номусини) эрга мана шу шарт билангина топширишга рози бўлган бўлади. Мабодо, унга вафо қилиш фарз бўлмаган тақдирда ҳам, ақд ўзаро розиликсиз бўлган бўлади ва аёлга у ўзи учун лозим қилмаган ва Аллоҳ ва расули ҳам унга лозим қилмаган нарсани лозим қилиш бўлиб қолади» (Иъламул-муваққиъийн: 3/344).

    2) Никоҳдаги фосид шартлар:

    Никоҳдаги фосид (бузуқ, носаҳиҳ) шартлар икки хил:

    1) Ақдни ботил қиладиган фосид шартлар. Улар уч хил бўлади:

    Биринчи: Шиғор никоҳи. Яъни, бир киши ўзининг валийлиги остидаги қизни бировга унинг валийлиги остидаги қизни унга бериши шарти билан, ўртада маҳрсиз никоҳлашидир. Буни шиғор деб аталишига сабаб, у шуғур (شغور ) – яъни, эваздан холилик маъносидаги сўздан олинган. Бир қавлда шиғор деб аталишига сабаб – бу калима итнинг бавл қилиш учун оёғини кўтариши маъносидаги «шағара» (شَغَرَ ) феълидан олинган, бу ишнинг қабиҳлиги итнинг бавлининг қабиҳлигига ўхшатилган, ҳам дейилади.

    Бу турда бир аёл иккинчи бир аёл ўрнига олинади. Уламолар унинг ҳаромлигига ижмоъ қилганлар. Бу ботилдир, хоҳ унда маҳрни йўқ қилиш ҳақида ошкор айтилган бўлсин, хоҳ сукут қилинган бўлсин, ажратиб юбориш лозим бўлади. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шиғордан қайтарганлар. Шиғор – бир киши қизини бир кишига бериб, ўрнига унинг қизини олиши ва ўртада маҳр бўлмаслигидир (Бухорий (5112) ва Муслим (1416) ривоятлари).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло шиғор никоҳини ҳаром қилди, чунки валий ўз мавлиясини (яъни ўзининг валийлиги остидаги қиз-жувонни) унга куфъ-лойиқ бўлган бир киши харидор бўлса узатиши керак, бу борада ўзининг майл-истагини эмас, қизнинг фойдасини кўзлаб иш тутиши керак. Маҳр аёлнинг ҳаққи, валийнинг ҳаққи эмас. На валий, на ота қизни унинг фойдасидан бошқа нарсани кўзлаб узатиши, унинг фойдасини эмас, ўзининг фойдасини кўзлаб турмушга бериши мумкин эмас. У ҳолда унинг валийлиги соқит бўлади. Қачонки, мақсади унинг фаржи (яъни, номуси)ни бошқа бир фаржга алиштириб олиш бўлса, унинг фойдасини кўзлаган бўлмайди ва қиз учун эмас, ўзи учун (келадиган) мол туфайли уни турмушга берган кишидек бўлиб қолади. Ҳар иккала иш жоиз бўлмайди» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 6/318-319).

    Шунга кўра, имом Аҳмад далил келтирганидек, мақсад шиғор бўлиб, ҳийла юзасидан маҳр деб номласа ҳам жоиз бўлмайди. Чунки, унинг мақсади ўз қизини бериб, ўрнига бировнинг қизини олиш эди. Шариат баён қилдики, бу иш аёлнинг фойдаси учун эмас, балки валийнинг ғаразидан келиб чиқиб бўлди, хоҳ маҳрни айтилган бўлсин, хоҳ айтилмаган бўлсин, фарқсиз. Муовия ва бошқалар шундай деганлар. Имом Аҳмад ҳийла учун бўлмаган, балки аёлнинг маҳрдаги фойдани риоя қилиб қилинган ҳолда уни жоиз санаган.

    Агар ҳар иккаласига ҳеч қандай ҳийласиз, алоҳида тўла мустақил маҳр тайин қилинса ва бунда ҳар иккала аёлнинг мувофақатини олинса, бу саҳиҳ бўлади. Чунки, бунда зарар йўқолган бўлди.

    Иккинчи: Муҳаллил (ҳалол қилиб берувчи)нинг никоҳи. Яъни, бир киши (уч талоқ қилинган бир аёлни ўз эрига никоҳини ҳалол қилиб бериш ва) қачон биринчи эрига ҳалол бўлгач, уни талоқ қилиш шарти билан уйланишидир ёки никоҳ ақдида шарт қилиб айтилмаса ҳам уни ҳалол қилиб беришни ният қилиши ёки ақддан олдин келишиб олишган бўлишидир. Ушбу ҳолатларнинг барчасида никоҳ ботил бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга ориятга (яъни, вақтинчаликка сўраб) олинган қўчқор ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди. «У муҳаллилдир. Аллоҳ таоло ҳалол қилиб берувчини ҳам, унга ҳалол қилиб берилган кишини ҳам лаънатласин», дедилар (Ибн Можа (1936), Ҳоким (2/217) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Учинчи: Никоҳ ақдини келажакдаги бир шартга боғласа. Яъни, масалан: «Ой боши келса, уни сенга бердим», ёки: «Қизнинг онаси рози бўлса, уни сенга бердим», деса бу билан никоҳ ақди боғланган бўлмайди. Чунки, никоҳ икки тарафлама ақд бўлиб, уни бир шартга боғлаш дуруст бўлмайди.

    Шунингдек, агар уни маълум бир муддатга никоҳласа, айтсаки: «Мен уни сенинг никоҳингга бердим, эртага уни талоқ қиласан», деса ёки: «Уни сенга бир ойга ёки бир йилга бердим» деса, бу муваққат никоҳ ботил бўлади. Чунки, у мутъа никоҳи бўлиб қолади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло мутъа никоҳини аввалда ҳалол қилиб, кейин ҳаром қилгани ҳақида бир-бирини қувватлаб келувчи кўплаб мутавотир ривоятлар бор» (Минҳажус-сунна: 4/190).

    Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Барча ривоятлар мутъанинг ҳалол бўлиш муддати узоқ бўлмагани, сўнг у ҳаром қилингани ҳақида иттифоқ қилгандир. Сўнгра салаф ва халафлар унинг ҳаромлигига иттифоқ қилганлар, фақат эътиборга лойиқ бўлмаган рофизийларгина (уни ҳалол санайдилар)» (Ибн Ҳажар «Фатҳул борий»да (9/173) ундан нақл қилган).

    2) Никоҳни фосид қилмайдиган фосид шартлар:

    - Агар никоҳ ақдида аёлнинг ҳақларидан бирон ҳақни соқит қилишни шарт қилса, масалан, унга маҳр бермасликни ёки нафақа бермасликни шарт қилса, ёки унга кундошидан кўра камроқ тақсим қилишини шарт қилса, бу ҳолларда шарт фосид бўлади, бироқ никоҳ саҳиҳ бўлаверади. Чунки, бу шарт ақддаги уни зикр қилиш лозим бўлмаган ва билмаслик зарарли бўлмаган зиёда маънога оиддир.

    - Агар аёлнинг муслима бўлишини шарт қилган бўлса-ю, у китобия бўлиб чиқса, никоҳ саҳиҳ бўлади, эр уни бузишга ихтиёрли бўлади.

    - Агар аёлни қиз бола бўлишини ё чиройли бўлишини ё бадавлат бўлишини шарт қилган бўлса-ю, у бу шартнинг хилофича бўлиб чиқса, эр никоҳни бузишга ихтиёрли бўлади.

    - Агар бир аёлга уни озод деб уйланган бўлса-ю, у чўри бўлиб чиқса, агар чўриларга уйланиши ҳалол бўлмаган кишилар жумласидан бўлса, ажратиб юборилади. Агар чўриларга уйланиши ҳалол бўлган кишилардан бўлса, ихтиёрли бўлади.

    - Шунингдек, бир аёл озод эркакка турмушга чиққан бўлса-ю, у қул бўлиб чиқса, аёл ихтиёрли бўлади. Агар қулнинг аёли бўлган чўри озод бўлса, (қул билан қолиш-қолмасликда) ихтиёрли бўлади. Чунки, қулнинг аёли бўлган Барира озод бўлгач, ундан ажралишни ихтиёр қилган (Бухорий (5283), Абу Довуд (2231) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

  • Никоҳдаги айблар ҳақидаги боб

    Никоҳни сақлаб қолиш ё бузишни ихтиёрли қиладиган бир қанча айблар мавжуд. Жумладан:

    - Қай бир аёл эрини жинсий заифлиги ёки олати кесилганилиги туфайли жинсий алоқага қодир эмас деб топса, у никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Агар аёл эрни жинсий заиф деб даъво қилса, у бунга иқрор бўлса, унга бир йил муҳлат берилади. Шу вақт ичида жинсий алоқа қилмаса, аёл никоҳни бузишга ҳақли бўлади.

    - Эркак киши агар аёлида жинсий алоқага тўсқинлик қиладиган бирон айбни топса, масалан унинг қинига йўл тўсилган бўлиб, очилиб кетиши имкони бўлмаса, никоҳни бузишга ҳақли бўлади.

    - Эр-хотиннинг бири иккинчисида бавосир, жунунлик, песлик, моховлик, каллик, оғизда ёқимсиз ҳид каби айб топса, бу нарса нафратга сабаб бўлгани учун никоҳни бузишга ихтиёрли бўлади.

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эр-хотиннинг бирини иккинчисига нафратли қиладиган ва у билан никоҳдан қасд қилинган меҳр-муҳаббат ва кўнгил яқинлиги ҳосил бўлмайдиган ҳар қандай айб ихтиёрни вожиб қилади ва у баъйдан кўра бунга лойиқроқдир» (Зодул-маъод: 5/183).

    Агар эр-хотиннинг биридаги айб ақддан кейин пайдо бўлса ҳам, унда иккинчиси ихтиёрли бўлади.

    Эр-хотиннинг қай бири иккинчисида бўлган айбга рози бўлмаса, гарчи ўзида ҳам айни шундай ёки бошқача айб бўлса ҳам, у учун ихтиёр бўлади. Чунки, инсон ўзининг айбидан жирканмайди. Қай бири иккинчисининг айбига рози бўлса ва: «айбига розиман» деса, ёки ундан айбини била туриб розиликка далил бўладиган иш топилса, унда ихтиёр қолмайди.

    Иккаласидан бири учун ихтиёр собит бўлган ҳолатда, бу иш фақат ҳоким (қози) ҳузурида узил-кесил бўлади. Чунки, бу ижтиҳод ва текширишга муҳтож ишдир. Ҳоким ихтиёр эгасининг талаби билан никоҳни бузади ёки ихтиёр эгасига изн беради ва у никоҳни бузади.

    Агар никоҳ эр-хотин қўшилмасидан туриб бузилса, аёлга маҳр лозим бўлмайди. Чунки, агар никоҳни бузиш аёлдан бўлса, ажралиш у тарафидан содир бўлган бўлади. Агар эркакдан бўлса, аёл унга айбини яширган бўлади ва никоҳ бузилишига у сабаб бўлган бўлади.

    Агар никоҳ бузилиши қўшилишдан кейин содир бўлса, аёлга ақдда тайин қилинган маҳр берилади. Чунки, у ақд билан фарз бўлган ва қўшилиш сабабли иқрор топган, энди соқит бўлмайди.

    Норасида қизни, мажнунани, мамлукани (чўри қизни) никоҳни рад қиладиган айби бўлган кишига узатиш мумкин эмас. Чунки, уларнинг валийлари уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб иш қилиши лозим. Агар валийлари айбни билмаган бўлса, билганидан сўнг улардан зарарни кетказиш учун никоҳни бузади.

    - Агар оқила ва расида аёл бичилган ёки жинсий заиф кишига рози бўлса, валийси уни ман қила олмайди. Чунки, қўшилиш ҳаққи уники, бошқаники эмас.

    - Агар мажнун, мохов ва песга рози бўлса, валийси уни ман қилишга ҳақли. Чунки, бунда фарзандга ҳам ўтиши хавфи бўлган зарар бор ва бунда аёлнинг оиласига камситилиш ҳосил бўлади.


  • Кофирларнинг никоҳлари ҳақидаги боб

    Кофирлардан мурод – аҳли китоблар, мажусийлар, бутпарастлар ва шу кабилардир. Мурод – улар исломни қабул қилсалар ёки кофир ҳолларида бизга ҳукмлашиб келсалар, уларнинг никоҳларига иқрор бўлиш ҳақидадир.

    Кофирларнинг никоҳи ҳукми дурустликда, талоқ, зиҳор, ийлоъ тушишида, уларга нафақа ва тақсимот вожиблигида мусулмонлар никоҳининг ҳукми билан бир хилдир.

    Уларга ҳам мусулмонларга қандай аёллар никоҳи ҳаром бўлса, ўшандай аёллар никоҳи ҳаром бўлади. Қуръони каримда аёл кишини кофирга нисбатлаш келган: «Унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини» (Масад: 5), «Фиръавннинг аёли деди»(Қасас: 9). Аллоҳ таоло аёлни кофирга изофа қилди, изофа эса саҳиҳ эр-хотинлиликни тақозо қилади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғриси шуки, уларнинг Ислом динида ҳаром қилинган никоҳлари мутлақ ҳаромдир. Агар Исломга кирмасалар, у сабабли иқобланадилар, агар Исломга кирсалар, ҳаромлигини эътиқод қилмаганликлари учун бу улардан кечирилади. Аммо, саҳиҳлик ва фосидлик жиҳатидан қарасак, тўғриси шуки, у никоҳ бир жиҳатдан саҳиҳ, бир жиҳатдан фосиддир. Агар саҳиҳлик дегандан тасарруфнинг мубоҳлиги кўзда тутилса, уларга фақат Исломга кириш шарти билан саҳиҳ бўлади. Агар никоҳнинг нуфузи (ўтимлилиги) ва унинг ортидан келадиган – уч талоқ қўйган кишига ҳалоллик ҳосил бўлиши, талоқ тушиши каби – эр-хотинлик ҳукмларининг тартиб топиши кўзда тутилса, у саҳиҳдир» (Ал-фатавал-кубро: 5/466).

    Кофирларнинг никоҳларига доир ҳукмлардан: уларга фосид никоҳлари борасида икки шарт билан иқрор бўлинади:

    Биринчи шарт: Агар ўз шариатларида унинг саҳиҳлигини эътиқод қилишса. Аммо, ҳалоллигин эътиқод қилишмайдиган нарсаларда уларга иқрор бўлинмайди. Чунки, бу уларнинг динидан эмасди.

    Иккинчи шарт: Улар бизга ҳукм сўраб келишмаса. Агар бизга ҳукмлашиб келишса, унга иқрор бўлмаймиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг», деди (Моида: 49).

    Агар никоҳлари ўз шариатларида саҳиҳ эканини эътиқод қилсалар ва бизга ҳукмлашиб келмасалар, уларга эътироз билдирмаймиз. Далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажар мажусийларидан жизя олганлар ва уларнинг никоҳларига эътироз билдирмаганлар, ҳолбуки у зот улар ўз маҳрамларини ҳалол санашларини билардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналарида кўп халқлар Исломни қабул қилдилар, у зот уларнинг никоҳларига иқрор бўлдилар ва унинг кайфияти ҳақида суриштирмадилар.

    Агар улар никоҳ ақди боғламасдан илгари бизнинг ҳузуримизга келсалар, биз никоҳ ақдини ўз динимиз ҳукмига мувофиқ, ийжоб, қабул ва ўзимиздан бўлган адолатли икки гувоҳ билан қиламиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг» (Моида: 42), деди. Аммо, агар никоҳ ақди тузганларидан сўнг келсалар, биз унинг қандай бўлганига аралашмаймиз.

    Шунингдек, эр-хотин ўз никоҳларида бўлган ҳолда Исломни қабул қилсалар, биз уларнинг никоҳи қандай бўлган, шартлари аввалда тўла бўлганми йўқми деб суриштирмаймиз. Балки, бизга ҳукм сўраб келишган ёки Исломга кирган пайтларига қараймиз. Агар шу вақтда аёл шаръий монеълар йўқлиги туфайли мубоҳ бўлса, уларнинг никоҳларига иқрор бўлинади. Чунки, унда никоҳларининг бошланишига монеъ йўқ бўлганидан унинг давом этишига ҳам монеъ бўлмайди. Агар улар ҳукм сўраб келишган ёки Исломга кирган пайтларида ақднинг бошланиши мубоҳ бўлмаса, уларни ажратиб юборилади. Чунки, ақднинг бошланишидаги монеълик унинг давом этишига ҳам монеъ бўлади.

    Агар кофирлик ҳолатида унга тайин қилинган маҳр саҳиҳ бўлса, ўшани олади. Чунки, у ақд билан фарз бўлган ва уни тўла қилиб олишига монеъ йўқ. Агар маҳр фосид бўлса – ароқ, тўнғиз каби – агар уни қабул қилиб олган бўлса, иш шунга қарор топган бўлади ва унга бошқаси берилмайди. Чунки, у аёл уни ширк ҳукми билан олган бўлади ва маҳр бериш зиммасида бўлган кишининг зиммаси хориж бўлган бўлади. Чунки, унга эътироз билдиришда у (эр) учун машаққат ва Исломдан нафрат пайдо бўлади. Шу боис худди бошқалардан бошқа куфр амаллари кечирилгани каби бу ундан кечирилади.

    Агар аёл фосид маҳрни қабул қилиб олмаган бўлса, унга маҳри мисл (яъни, ўзига ўхшаган аёлларга бериладиган ўртача маҳр миқдори) белгиланади. Агар фосид маҳрнинг бир қисмини қабул қилиб олган бўлса ва қолганини ҳали олмаган бўлса, у аёл учун маҳрнинг қолган қисми миқдорида маҳри мисл белгиланади. Агар умуман маҳр белгиланмаган бўлса, никоҳи маҳр тайинлашдан холи бўлгани сабабли унга маҳри мисл белгиланади.

    Агар эр-хотин бир пайтда, Ислом калимасини биргаликда талаффуз қилиб, Исломни қабул қилсалар, улар ўз никоҳларида қоладилар. Чунки, улардан динда бошқа бўлиш ҳолати топилмади.

    Агар китобия аёлнинг эри Исломни қабул қилса, аёлнинг ўзи Исломни қабул қилмаса, улар ўз никоҳларида қолаверадилар. Чунки, мусулмон киши аввал бошдан китобия аёлга уйланиши мумкин эди, уларнинг никоҳлари давом этиши албатта лойиқроқ бўлади.

    Агар кофирнинг никоҳидаги кофира аёл қўшилмасларидан туриб Исломни қабул қилса, никоҳ ботил бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар(кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир»(Мумтаҳана: 10), деди. У аёл маҳрга ҳақли бўлмайди, чунки ажралиш у тарафидан содир бўлади.

    Агар китобия бўлмаган аёлнинг эри қўшилмасларидан аввал Исломга кирса, никоҳ ботил бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар(яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар)», деди (Мумтаҳана: 10). У аёл ажралиш унинг тарафидан бўлгани учун ярим маҳрга ҳақли бўлади.

    Агар китобий бўлмаган эр-хотиннинг бири Исломга кирса, ёки кофирнинг хотини бўлган кофира аёл қўшилишдан кейин Исломга кирса, идда томом бўлиш вақтигача кутиб турилади. Шу вақт ичида иккинчиси ҳам Исломга кирса, никоҳ давом этади. Агар Исломга кирмаса, никоҳ биринчиси Исломга кирган пайтдан бузилган ҳисобланади.

    Тўрттадан ортиқ хотини бўлган киши Исломга кирса ва аёллари ҳам Исломни қабул қилсалар ёки китобия бўлсалар, улардан тўрттасини танлаб олади. Чунки, Қайс ибн Ҳорис Исломни қабул қилганида саккизта аёли бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Улардан тўрттасини танла», деганлар (Абу Довуд (2241), Ибн Можа (1952) Қайс ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу гапни бошқаларга ҳам айтганлар (Ибн Можа (1953) Ғийлон ас-Сақафийдан, Ибн Аби Шайба (4/3, №17182), Аҳмад (2/44, №5027) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Валлоҳу аълам.


  • Никоҳдаги садоқ (маҳр) ҳақидаги боб

    Садоқ луғатда «сидқ» (ростлик) сўзидан олинган бўлиб, эрнинг аёлга бўлган рағбатини сездиради. Шариатда эса у никоҳ ақди пайтида ёки ундан кейин тайин қилинадиган эваз (тўлов)дир.

    Унинг ҳукми – фарздир, далили Қуръон, Суннат ва ижмоъдан олинган.

    - Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар» (Нисо: 4).

    - Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилардилар. У зот бирон никоҳни маҳрдан холи қилмасдилар, «Бир темир узук бўлса ҳам, қидириб топ», деганлар (Бухорий (4842), Муслим (1425) Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    - Аҳли илмлар унинг машруълигига ижмоъ қилганлар.

    Унинг миқдорига келсак, унинг ози ҳам, кўпи ҳам бир муайян миқдор билан ўлчаб қўйилмаган. Баҳо ёки ҳақ бўлишга яроқли ҳар бир нарса – оз бўлсин, кўп бўлсин – садоқ-маҳр бўлишга яроқли бўлади. Бироқ, бунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, яъни маҳрни 400 дирҳам атрофида қилиш лойиқ бўлади, чунки у зотнинг қизларининг маҳри шунча бўлган (Абу Довуд (2106), Насоий (3349), Термизий (1114), Ибн Можа (1887), Ибн Ҳиббон (1/480, №4620), Ҳоким (2/192) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аввалдан бериладиган садоқ агар эр уни беришга қодир бўлган ҳолда кўпайиб кетса, макруҳ бўлмайди. Бироқ, кароҳатни келтирадиган фахрланиш ва шу каби маънолар унга боғланса, (макруҳ бўлади). Аммо агар уни беришга ожиз бўлса, макруҳ бўлади. Балки, агар уни топиш учун бировлардан сўранишга ёки ҳаром йўлларга мажбур бўлса, бу ҳаром бўлади. Аммо, агар зиммасида кечиктирилган маҳр кўп бўлса, унинг ҳаммаси макруҳ кўрилиши лозим. Чунки, бунда нафсини зиммасига юкланган нарсага машғул қилиб қўйиш бордир.

    Хулоса шуки, маҳр миқдорини кўпайтириб юбориш агар фахрланиш ва мақтаниш даражасига етмаса, шунингдек, эрнинг зиммасига оғир юк бўлиб тушиб, уни бошқалардан сўраниш ва ёрдам сўрашга мажбур қиладиган бўлмаса, унинг зиммасини қарз билан машғул қилиб қўймаса, макруҳ бўлмайди. Бу манфаатни кафолатлайдиган ва зарарни даф қиладиган энг тўғри қоидадир.

    Юқорида ўтганлардан билинадики, одамлар маҳр масаласида етиб келган иш, яъни унда камбағал эр томонига риоя қилинмайдиган даражада ва уйланиш йўлини қийинлаштириб юборадиган даражада ҳаддан ортиқ қимматлаштириш макруҳ ёки ҳаром эканида шак-шубҳа йўқдир. Хусусан, унга қўшимча равишда қимматбаҳо кийимлар сотиб олиш, кўп миқдордаги зеб-зийнатлар, исрофгарчиликка тўла тўй ва зиёфатлар, эр-хотинга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган кўплаб гўшт ва таомлар тайёрлаш каби нарсалардан иборат бошқа мажбуриятлар ҳам бўлади. Шубҳасиз, буларнинг ҳаммаси барҳам берилиши ва йўқ қилиниши лозим бўлган ҳамда турмуш қуриш йўлини уларнинг тўсиқларидан тозалаш зарур бўлган ёмон урф-одат ва анъаналардир.

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича: «Аёлларнинг энг баракотлилари мауналари (яъни, бу ерда: маҳрлари) енгилроқларидир» (Аҳмад (6/145, №25119), Ибн Аби Шайба (3/493, №16384), ҳоким (2/194), Байҳақий (7/235) ривоятлари).

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрларини ошириб юборманглар! Чунки, у агар бу дунёда яхшилик ва Аллоҳ ҳузурида тақво бўлганда эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга сизлардан кўра лойиқроқ бўлган бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан биронтасига ҳам ўн икки ууқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, у зотнинг қизларига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган. Бир кишига аёлининг маҳри жуда ортиб кетади-да, кейин аёлига нисбатан қалбида адоват пайдо бўлади ва: «Мен сени деб жуда кўп машаққатни кўтардим» дейди (Абу Довуд (2106), Насоий (3349), Термизий (1114), Ибн Можа (1887), Ибн Ҳиббон (1/480, №4620), Ҳоким (2/192) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Бундан маълум бўладики, маҳр миқдорини ортиқча кўпайтириб юбориш баъзан эрнинг хотинига нисбатан нафратига сабаб бўлади. Шунинг учун оиша розияллоҳу анҳо ҳадисларида айтилганидек, аёлларнинг энг баракаси улуғроқлари маҳрлари енгилроқларидир. Маҳрни енгиллатиш аёл кишида барака бўлишига сабаб бўлади ва унга нисбатан эрнинг қалбида муҳаббатни ўстиради.

    Маҳрнинг машруъ бўлишидаги ҳикмат шуки, у аёлдан фойдаланиш эвазига берилган тўловдир ва у билан аёлни иззатлаш ҳамда эрнинг наздида эътиборга сазовор бўлиши ҳосил бўлади.

    Кейин низолар келиб чиқмаслиги учун маҳрни ақд пайтида тайин қилиш ва белгилаб қўйиш мустаҳабдир.

    Уни ақддан кейин ҳам тайин қилиш жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 236). Бу оят маҳрни белгилаш баъзан ақддан кейин бўлиши мумкинлигига далолат қилади.

    Маҳрнинг нави ҳақида гапирадиган бўлсак, байъда тўлов, ижарада иш ҳақи ва бирон нарса учун баҳо бўлишга яраган ҳар бир нарса маҳр бўлишга ярайди. У хоҳ нақд пул-мол бўлсин, нақд ё насия қарз бўлсин ё маълум бир манфаат бўлсин, фарқсиздир. Бу эса маҳрни енгиллаштириш, ҳолат ва шароитларни ҳисобга олиш, шахслар ва жамиятларнинг катта манфаатлари унга боғлиқ бўладиган уйланишни енгиллаштириш матлуб иш эканига далолат қилади.

    Қуйида маҳрга тааллуқли бўлган айрим муҳим масалаларни келтирамиз:

    Биринчи: Маҳр аёлнинг мулкидир, валийси ундан ҳеч нарсага ҳақли бўлмайди. Илло, унинг ўзи розилик билан берса, олиши мумкин. Чунки, Аллоҳ таоло: «Хотинларингизга маҳрларини берингиз!», деди (Нисо: 4). Унинг отаси хоссатан қизининг маҳридан – қиз изн бермаса ҳам – унга зарар етказмайдиган даражада ва у учун зарурий бўлмаган нарсани олиши мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ҳам, молинг ҳам отангники», деганлар (Ибн Можа (2292, Ибн Абий Шайба (4/516, №22694) ривоятлари).

    Иккинчи: аёлнинг ўз маҳрига эгалик қилиши ақддан бошланади ва қўшилиш билан ёки эр билан холи қолиш билан ёки иккаласидан бирининг вафоти билан тўла қарор топади.

    Учинчи: Агар қўшилишдан ё холи қолишдан илгари уни талоқ қилса, маҳрини тайин қилиб қўйган бўлса, у аёл ярим маҳрга ҳақли бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда уларга қовушишдан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир)», деди (Бақара: 237). Яъни, талоқ қилиниши билан маҳрнинг ярми аёлнинг, ярми эса эрнинг ҳаққига айланади. Улардан қайси бири иккинчисининг фойдасига ўзининг ҳаққидан кечса, унинг кечиши саҳиҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Магар улар (ярим маҳрни олишдан) кечиб юборса ёки никоҳ қўлида бўлган зот (яъни эр ўзига қайтган ярим маҳрдан) кечса, (яъни бутун маҳрни тўласа жоиздир)», деди (Бақара: 237), сўнг кечиб юборишга тарғиб қилди: «Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир. Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз!» (Бақара: 237). Яъни, эр ҳам, хотин ҳам бир-бирига фазлу марҳамат қилишни унутмасин. Бу эса аёл киши ярим маҳрдан кечиб юбориши ёки эркак киши унга маҳрни тўла-тўкис бериши билан амалга ошади.

    Тўртинчи: Никоҳ сабабли қабул қилиб олинган ҳар бир нарса, жумладан, қизнинг отаси ёки ака-укасига берилган кийим ҳам маҳрдан саналади.

    Бешинчи: Агар талончилик ё ҳаром йўл билан топилган молни маҳр қилиб берса, никоҳ саҳиҳ бўлади ва аёл учун ҳаром маҳр ўрнига маҳри мисл бериш лозим бўлади.

    Олтинчи: Агар никоҳ ақди бўлиб ўтган ва аёлга маҳр (тайин) қилинмаган бўлса, никоҳ саҳиҳ бўлади, буни тафвиз деб номланади ва аёлга маҳри мисл берилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз(ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 236), деди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин қилмаган ва қўшилмасдан туриб вафот этган бир киши ҳақида: «Аёлга ўзига ўхшаш аёлларнинг маҳри берилади, ортиқ ҳам эмас, кам ҳам эмас. У идда сақлаши лозим ва меросга ҳақли бўлади», деганлар. Шунда Маъқил ибн Синон унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бирваъ бинт Вошиққа худди сиз ҳукм қилгандек ҳукм қилганлар», деди (Абу Довуд (2116), Насоий (3354), Термизий (1145), Ибн Можа (1891) ривоятлари).

    Маҳр миқдорини тафвиз қилиш дегани эр-хотиндан бири ёки бошқа бир одам истаган нарса бўйича никоҳлаш маъносида ҳам бўлади. Бу ҳолдаги никоҳ ҳам саҳиҳ саналади ва у аёлга маҳри мисл берилади. Маҳри мислни ҳоким (қози) белгилайди, уни ўша аёлнинг ўзига ўхшаган қариндошларига, яъни, ўз хонадонидаги аёлларга – онаси, холаси, аммаси кабиларга берилган маҳр миқдори мислича қилиб белгилайди. Ҳоким улар ичидан ўша аёлга молда, жамолда, ақлда, адабда, ёшда, қизлик ё жувонликда баробар бўлган аёлларни эътибор қилади. Агар унинг яқинлари бўлмаса, ўз юртининг аёлларидан унга ўхшашини эътиборга олади.

    Агар эр аёлини у билан ҳали қўшилмасидан туриб талоқ қилса, у аёлга эрнинг бой-камбағаллигидан келиб чиқиб, бирон нарса берилади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизга қовушмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз(ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва (бу ҳолда) уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик қилиш билан фойдалантиринг! (Бу ҳукм) яхшилик қилувчилар зиммасига бурч бўлди» (Бақара: 236). Буйруқ фарзликни ифодалайди, фарзни адо қилиш яхшилик қилишдир.

    Агар қўшилмасдан туриб ажралиш улардан бирининг вафоти сабабли бўлса, у аёлга маҳри мисл қарор топади ва эр-хотин бирига ворис бўлади. Чунки, маҳрни тайин қилишни тарк қилиш никоҳнинг саҳиҳ бўлишига таъсир қилмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг юқоридаги ҳадиси ҳам бунга далил бўлади.

    Агар қўшилиш ёки эр-хотин ёлғиз қолиши ҳосил бўлган бўлса, у аёлга маҳри мисл қарор топади. Чунки, Имом Аҳмад ва бошқалар хулафои рошидийннинг чиқарган ҳукмларини, яъни, ким эшикни ёпса ёки пардани туширса, маҳр фарз бўлади, деганларини ривоят қилганлар (Абдурраззоқ (6/288, №10875), Ибн Аби Шайба (3/520, №16695. Қаранг: «Ат-талхисул-хабир»: 3/193).

    Агар ажралиш қўшилмасдан туриб аёл тарафидан содир бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди. Муртад бўлса ёки эрда бўлган бирон айб сабабли никоҳни бузса ҳам шундай.

    Еттинчи: Аёл киши эр билан қўшилмасдан туриб, то маҳрининг нақд қисмини қўлига олмагунича ўзини эрга ман қилишга ҳақли. Чунки, агар ўзини топширса, кейин то маҳрни олмагунча ортга қайтишни истаса, бунинг имкони бўлмай қолади. Агар маҳр муажжал (кечиктирилган) бўлса, аёл ўзини эрга ман қилишга ҳақли бўлмайди. Чунки, у маҳрнинг кечиктирилишига ўзи рози бўлган эди. Шунингдек, у ўзини топширса, кейин то маҳрини олмагунча эрга ўзини ман қилмоқчи бўлса, бунга ҳақли бўлмайди.


  • Никоҳ тўйи – валима ҳақидаги боб

    Валима луғатда тўпланиш, тўлишиш маъноларида бўлиб, эркак ва аёл турмуш қуриб бирлашгани учун кейинчалик бу маъно никоҳ муносабати билан қилинадиган зиёфат маъносига кўчган. Луғатда ҳам, уламолар урфида ҳам никоҳ зиёфатидан бошқа зиёфатга валима деб айтилмайди.

    Валиманинг ҳукми – уламолар иттифоқи билан суннатдир. Баъзилар уни вожиб ҳам дейишган. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга буюрганлар, унга чорланганда ижобат қилиш вожиб. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу уйлангани ҳақида айтганида: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима қилинг», деганлар (Бухорий (5155) ва Муслим (1427) ривоятлари). Бу имконияти бор одам учундир. Йўқса, қурби етганича валима қилиши мумкин.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийя розияллоҳу анҳога уйланганларида ҳайс (ун, сарёғ, қурутни аралаштириб тайёрланган егулик) билан валима берганлар. Бу эса қўй сўймасдан ҳам валима қилса бўлишига далил бўлади.

    Валимада (яъни никоҳ тўйида) исрофга йўл қўйиш, ҳозирги даврда одамлар қилишаётгани каби кўплаб қўйлар ва туялар сўйиш, дабдаба учун ортиқча кўп таомлар ҳозирланиб, кейин уларни ахлатга ташлаб юборишлар жоиз эмас, шариат бундай қилишдан қайтарган, соғлом ақл ҳам буни сиғдиролмайди. Бундай қилувчиларга ва шунга рози бўлиб қараб турган кишиларга азоб-уқубат ва неъматнинг заволи бўлиши хавфи бор. Қолаверса, бу валималар аксарият ҳолларда кибр ва манманлик каби мункар ишлардан ҳам саломат бўлмайди.

    Кўпинча бундай тўй зиёфатлари ресторанларда қилинади, уларда сатр авратга бепарво қаровчи аёллар ҳам иштирок этиши ва уларнинг эркаклар билан аралашиб юришлари кузатиладики, бунинг ёмон оқибатларидан ҳам омонликда бўлинмайди. Бу зиёфатлар одатда куй-қўшиқлар билан ўтади ва уларга фосиқ қўшиқчиларни ҳамда аёллар ва келин-куёвни суратга туширадиган фожир тасвирчиларни жалб қилинади.

    Бу зиёфатларга кўплаб пул-моллар бефойда, балки фасод ишлар учун сарфланади. Бундай ишларни қилаётган кишилар Аллоҳдан қўрқсинлар. Аллоҳ таоло айтади: «Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик» (Қасас: 58), «Еб-ичинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 31), «Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар» (Бақара: 60). Бу ҳақда бундан бошқа ҳам жуда кўп оятлар бор.

    Никоҳ тўйи зиёфатига чақирилган киши агар унда қуйидаги шартлар топилса, ижобат қилиши фарз бўлади:

    Биринчи шарт: У шу муносабат билан қилинаётган биринчи зиёфат бўлиши керак. Агар бир муносабат билан такрор-такрор зиёфат қилинса, биттадан ортиғига ҳозир бўлиш фарз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валима биринчи куни ҳақ (вожиб), иккинчиси маъруф (яхшилик), учинчиси риё ва сумъадир», деганлар (Абу Довуд (3745), Ибн Можа (1915) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қолган кунлари ҳам зиёфат қилиш одат бўлган тақдирда ҳам, одатдан ортиқ еб-ичиш ва жонлиқлар бўғизлаш ҳаромдир. Агар яна шундай қилса, таъзир берилади» (Ал-фатавал-кубро: 4/560).

    Иккинчи шарт: Чорловчи (зиёфат эгаси) мусулмон бўлиши керак.

    Учинчи шарт: Чорловчи маъсиятларни очиқ-ошкор қилиб юрадиган осий кимсалардан бўлмаслиги керак.

    Тўртинчи шарт: Чорловчи уни алоҳида чорлаган бўлиши, чорлов умумий бўлмаслиги керак.

    Бешинчи шарт: Валимада маст қилувчи ичимлик, куй-қўшиқ, мусиқа ва отарчилар каби мункар нарсалар бўлмаслиги керак.

    Мана шу шартлар топилган валимага чорланган киши унга бориши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг ёмон таом – келган одамларни ман қилинадиган ва истамаган (яъни, тўқ) одамларни чақириладиган валимада берилган таомдир. Ким чорловни қабул қилмаса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди», деганлар (Бухорий мухтасар шаклда (5177) ва Муслим (1432) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Никоҳни эълон қилиш, яъни у ҳақда хабар тарқатиш ва билдириш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Никоҳни эълон қилинглар», деганлар (Термизий (1089), Ибн Можа (1895), Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Бир лафзда: «Никоҳни изҳор қилинглар», дейилган (Байҳақий (7/290) ривояти).

    Уни эълон қилиш учун дуф (шилдироқсиз доира) чалиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳалол (яъни овоза қилинган никоҳ) билан ҳаром (яъни бузуқлик) ўртасини ажратиб турувчи нарса овоза ва дуфдир», деганлар (Насоий (3369), Термизий (1088), Ибн Можа (1896), Аҳмад (3/418, №15451) Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).


  • Ишратун-нисо (рўзғор тутиш) ҳақидаги боб

    Ишрат деб луғатда бирлашиш, аралашиш маънолари тушунилади.

    Бу ерда ишрат деганда эр-хотин ўртасида бўладиган кўнгил яқинлик ва тотувлик назарда тутилади. Чунки, эр ҳам, хотин ҳам бир-бирига яхши муомала қилиб, ширин ҳаёт кечиришлари, бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмасликлари, бир-бирига озор ва миннат қилмасликлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар билан тинч-тотув яшанглар» (Нисо: 19), «Ва улар(аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги (яхшилик билан адо этишадиган) бурчлари баробарида (эрлари томонидан яхшилик билан адо этиладиган) ҳуқуқлари ҳам бор»(Бақара: 228).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қиладиганларингиздир» (Термизий (3904) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

    Яна айтганлар: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда, энг аввал аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим» (Абу Довуд (2140) Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, Термизий (1159) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Яна айтганлар: «Агар аёл киши эрининг тўшагини тарк этган ҳолда кечани ўтказса, то тонггача малоикалар унга лаънат айтадилар» (Бухорий (5194), Муслим (1436) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, бу Муслимнинг лафзи).

    Эр-хотин бир-бирига нисбатан хушхулқ ва меҳрибон бўлиши, бир-бирининг озорларини кўтариши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «... ёнингиздаги ҳамроҳингизга ... яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36). Ушбу оят тафсирида бундан мурод эр-хотин экани ҳам айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга яхшилик қилинглар! Зеро, улар сизларнинг ҳузурингизда асиралардир», деганлар (Термизий (1163), Насоий «Ал-кубро»да (5/372, №9169) Ибн Можа (1851) Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Аёл киши эрининг ҳукми остида бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни асирага ташбеҳ қилдилар).

    Эр аёлини ёқтирмаган тақдирда ҳам яхшилик билан олиб ўтириши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин» (Нисо: 19). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти карима маъноси ҳақида айтадилар: «Балки, ундан фарзанд кўрар ва Аллоҳ унда кўп яхшиликларни қилиб қўяр» (Ибн Жарир (4/313) ривояти). Саҳиҳ ҳадис борки: «Мўмин киши мўмина аёлдан нафратланмасин. Агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқасидан рози бўлади» (Муслим (1469) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Эр-хотин бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқларини адо этишни пайсалга солишлари ва буни истамасликлари ҳаромдир.

    Агар никоҳ ақди амалга ошган бўлса, эр олиб кетишни истаса қўшилишга яроқли бўлган аёл унинг қўлига топширилиши лозим. Илло, аёл киши никоҳ ақдида ўз уйида ёки шаҳрида яшаб қолишни шарт қилган бўлса, (уни олиб кетишга топширилмайди).

    Эр аёлини маъсият ва хатар бўлмаган сафарга бирга олиб кетишга ҳақли. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар аёллари билан сафар қилардилар (Бухорий (2661), Муслим (2770) Оиша розияллоҳу анҳодан туҳмат воқеаси ҳақидаги ҳадисда ривоят қилганлар). Лекин, ҳозирги даврдаги жуда кўп сафарлар хорижий кофир мамлакатларга ва ахлоқсиз, фисқу-фасодга тўлган диёрларга бўлади. Бундай ўлкаларга сайру-саёҳат мақсадида сафар қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, бунинг дин ва ахлоққа хатарли таъсири бўлади. Аёл киши ва унинг валийлари унинг эри билан бундай сафарларга чиқишига йўл қўймасликлари лозим бўлади.

    Замонамиздаги жуда кўп бой-бадавлат ва дабдабага берилган ёшлар тўйларининг эртасига улар таъбирича асал ойини ўтказиш учун хорижий куфр ўлкаларига сафарга чиқиб кетишлари урф-одатга айланган. Аслида, бу улар учун заҳар ойи бўлиб қолади. Чунки, бу ой кўплаб ёмонликларга етказадиган ҳаром ишлар ойи бўлади. У ойда ҳижоблар ечилади, кофирларнинг кийимлари кийилади, кофирларнинг феъл-амалларига ва тубан анъаналарига ҳавас билан боқилади, вақтни кўнгилочар масканларда ўтказилади.

    Оқибатда аёл киши ўша ўзи кўрган разил ахлоқлардан таъсирланиб, ўзининг мусулмон жамиятидаги ахлоқлардан совуб қайтади. Бундай сафар ҳаромдир, ундай одамнинг қўлидан тутиш ва бу йўлидан қайтариш лозим бўлади. Аёл кишининг валийлари гарчи унинг ўзи ҳам шуни истаб турган бўлса-да, уни бу сафардан ман қилишлари ва ахлоқий тубан бундай эрдан халос қилишлари лозим бўлади. Чунки, у уларнинг зиммасидаги омонат бўлиб, аёл киши узоқни кўра билмайди. Аслида, аёл кишини валийнинг қарамоғи остида қилиниши ҳам уни шу каби ишлардан қайтариш учун эди.

    Эркак киши аёлига ҳайзли ҳолида қўшилиши ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то пок бўлмагунларича уларга яқинлашмангиз! Поклганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).

    Эр аёлини баданидаги нопокликлардан тозаланиб юришга, тирноқ ва бошқа кетказиш лозим бўлган нарсаларни кетказишга мажбур қилишга, уни ҳиди ёқимсиз егуликлар истеъмол қилишдан ман қилишга ҳақлидир.

    Шунингдек, у аёлини нажосатдан ювиниб покланишга ва беш вақт намозни адо қилиш каби фарз ишларга мажбурлайди. Агар кўнмаса, унга адаб беришга ҳақли бўлади. Агар намоз ўқишга кўнмаса, у билан бирга ҳаёт кечириши ҳаром бўлади. Шунингдек, у аёлини ҳаром ишларни тарк қилишга мажбурлашга ҳам ҳақли. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар» (Нисо: 34), «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6), «Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берамиз. Оқибат-жаннат аҳли тақвоникидир»(Тоҳа: 132). Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Исмоил алайҳиссаломни шундай деб мақтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ушбу Китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат у ваъдаси рост элчи-пайғамбар эди. У ўз аҳлини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди» (Марям: 54, 55).

    Эр ўз аёлидан масъулдир, унинг устида раҳбардир ва ўз раҳбарлигидан жавобгардир. Хусусан, аёли унинг фарзандларини тарбия қилади, оиласини бошқаради. Агар унинг ахлоқи бузилса ва динига халал етса, фарзандлари ва хонадони аҳлига ҳам бунинг ёмон таъсири уради.

    Мусулмонлар аёллари хусусида Аллоҳдан қўрқишлари ва уларнинг ҳатти-ҳаракатларини назорат қилиб туришлари лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга яхшилик қилинглар!», деганлар (Термизий (1163), Насоий «Ал-кубро»да (5/372, №9169) Ибн Можа (1851) Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Эр аёли ёнида – аёли озод бўлса (яъни, чўри бўлмаса) – ўзи талаб қиладиган бўлса, ҳар тўрт кечада бир кеча ётиб қолиши лозим бўлади. Чунки, у билан кўпи билан яна учтагача аёлни жамлай олиши мумкин. Каъб ибн Сивор Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларида ана шундай ҳукм қилган, бу ҳукм машҳур бўлган ва бирон киши томонидан инкор қилинмаган («Ад-дуррул-мансур»да (1/653) айтилишича, бу воқеани Зубайр ибн Баккор «Ал-муваффақият»да келтирган). Бу баъзи фуқаҳоларнинг фикридир ва юқоридагилар уларнинг далилларидир. Лекин, шайхулислом наздида бу далил мунозаралидир. Чунки, у кишининг фикрича, тўрттага уйланиш мумкинлиги битта аёли бор эркак кишининг ҳоли кўпхотинли эркакнинг ҳоли билан бир хил бўлишини тақозо қилмайди (Ал-фатавал-кубро: 4/562). Валлоҳу аълам.

    Эр киши аёли билан агар аёли талаб қилса, бир йилда камида ҳар тўрт ойда бир марта қўшилиб туриши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло ийлоъ қилувчи (яъни, аёлига қўшилмасликни қасам ичган) киши шаънида шунча муддатни белгилаб берди, бошқалар шаънида ҳам шундайдир. Шайхулислом Ибн Таймия аёлни кифоялантириб туриш миқдорида қўшилиб туриш модомики эрга зарар етказмаса вожиблигини ихтиёр қилган (Ал-фатавал-кубро: 4/562).

    Агар эр ярим йилдан ортиқ муддат сафарда бўлса, аёли унинг қайтишини талаб қилса, қайтиб келиши лозим бўлади. Фақат фарз ҳаж сафари ёки фарз жиҳод сафарида бўлса ёки келишга қодир бўлмаса бундан мустасно. Агар эр унинг келишига монеълик қилувчи бирон узр бўлмаган ҳолда келишдан бош тортса, шунда аёл уларни ажратиб юборишни талаб қилса, ҳоким (қози) унинг эри билан ёзишма (хабарлашув) олиб борганидан сўнг уларни ажратиб юборади. Чунки, эр ўзининг зиммасида бўлган ва тарк қилиши аёлига зарар етказадиган ҳақни тарк қилди.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қўшилишни тарк қилиш билан аёлга зарар ҳосил бўлиши ҳар қандай ҳолда ҳам никоҳни бузишни тақозо қилади, бу (яъни қўшилмаслик) эр тарафидан қасддан бўладими, беқасдми, қодир бўлиб турибми, ожизлигиданми, фарқсиздир ва бу худди нафақа беришга ўхшайди, ҳатто ундан ҳам авлороқдир» (Ал-фатавал-кубро: 4/562).

    Эр ҳам, хотин ҳам ўрталарида бўлган жинсий ҳаётга тааллуқли ишларни гапириб юришлари ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг ёмон ўринда турувчи одам аёли билан ўзаро яқинлик қилиб, сўнг унинг сирини ёйиб юрадиган одамдир» (Муслим (1437) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бу ҳадис эр-хотин ўртасида бўлиб ўтадиган жинсий ҳаётга тааллуқли гап-сўз ва ишларни фош қилиб юришнинг ҳаромлигига далил бўлади.

    Эр хотинини заруратсиз уйдан чиқишини ман қилишга ва истаган жойига кетишига қўйиб бермасликка ҳақлидир. Аёл киши заруратсиз эрининг изнисиз уйидан чиқиши ҳаромдир. Эр хотинига маҳрам қариндошларини бориб кўришига ва бемор бўлсалар бориб қарашига изн бериши лозим. Чунки, бунда силаи раҳм ҳосил бўлади.

    Аёлини ота-онасини зиёрат қилиб келишдан тўсмаслиги керак. Фақат ота-онасининг уйига бориш билан аёлига бирон фасод етиши хавфи бўлсагина, изн бермаслиги мумкин.

    Эр аёлини кўчага чиқиб ишлашдан ман қилишга ҳақли. Чунки, ўзи уни етарли даражада таъминлаб туришга масъулдир. Аёлнинг кўчага ишлагани чиқиб кетиши унинг зиммасида бўлган эрнинг ҳақларини зое қилишига олиб келади ва фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, унинг ўзини ҳам ахлоқий жиҳатдан хатарга рўпара қилади, айниқса ҳозиргидек ҳаё ўртадан кўтарилган, ёмонлик ва жиноятга чорловчилар кўпайган, ишхоналарда эркак-аёл аралашиб юрадиган, кўпинча бегоналар билан ҳаром кўринишда холи қолишлар содир бўладиган замонда хатар яна ҳам қаттиқроқ, ундан қочиш яна ҳам зарурроқ вожибга айланган.

    Эр аёлини зарурат бўлмаган ҳолда гўдагини бировга эмизишга беришдан қайтаришга ҳақлидир.

    Аёл киши ота-онаси агар эридан ажралишини талаб қилсалар, уларга итоат қилиши вожиб эмас, шунингдек, эри рози бўлмаса ҳам уларнинг зиёратига келишини талаб қилсалар, бунда ҳам уларга итоат қилмайди. Балки, эрига итоат қилиши муносиброқ.

    Ҳусойн ибн Миҳсондан ривоят қилинишича, унинг аммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида у зот ундан: «Турмушга чиққанмисан?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «У билан қиладиган муносабатингга диққат қил, чунки жаннатинг ҳам, дўзахинг ҳам удир», дедилар» (Аҳмад (6/419, №27352) ривояти).

    Эр агар бир неча аёли бўлса, улар ўртасида вақтини (кунини) тенг тақсимлаши даркор. Чунки, Аллоҳ таоло: «Улар билан тинч-тотув яшанглар» (Нисо: 19), деди, Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз!», деди (Нисо: 129).

    И з о ҳ. Муаллақа аёл — эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир, У эрим бор, деса — эри йўқ, беваман, дейин, деса — эри талоқ бермай кетган.

    Вақтини тақсим қилишда асосан тунни эътибор қилинади. Чунки, тун одатда эркак киши уйига келиб, аҳли билан гурунглашадиган ва аёли билан бирга ётадиган вақтдир. Тунда ишлайдиган қоровул ё шунга ўхшаган киши аёллари ўртасида кундузини тақсимлайди ва кундузи унинг учун бошқалардаги тун ўрнида бўлади.

    Ҳайзли, нифосли ва бемор аёлига ҳам бирдек кунини тақсимлайди. Чунки, мақсад кўнгил яқинлиги ва тотувликдир, гарчи жинсий яқинлик бўлмаса ҳам.

    Тақсимни бошлашда бирини бошқаларидан муқаддам қўймаслиги, буни қуръа билан ёки уларнинг розиликлари билан амалга ошириши лозим. Чунки, айни биттасидан бошлаш уни бошқасидан афзал кўриш бўлади. Улар ўртасида баробарлик вожибдир.

    Улардан бирини сафарда ўзига ҳамроҳ қилиши фақат қуръа билан ёки бошқаларининг розилиги билан бўлиши керак. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар сафарни ирода қилсалар, аёллари ўртасида қуръа ташлардилар, кимнинг чекига тушса, уни ўзлари билан ҳамроҳ қилиб олардилар (Бухорий (2661), Муслим (2770) Оиша розияллоҳу анҳодан туҳмат воқеаси ҳақидаги ҳадисда ривоят қилганлар).


  • Аёлнинг нафақасини ва тақсимини соқит қиладиган нарсалар ҳақидаги боб

    Аёл агар эрининг изнисиз сафар қилса, ёки унинг изни билан ўзининг зарурий бир ҳожати учун сафар қилса, у ҳолда эрнинг зиммасидаги унга тегишли нафақа ва тақсим ҳаққи соқит бўлади. Чунки, агар сафари эрининг изнисиз бўлса, итоатсизлик қилган бўлади. Агар сафари эрининг изни билан ўзининг зурурий ҳожати учун бўлса, эри ундан фойдалана олмаслигига у сабабчи бўлган бўлади.

    - Агар эр аёлини ўзи билан бирга сафарга чиқишини истаса-ю, аёли кўнмаса, унга нафақа лозим бўлмайди. Чунки, у бу иши билан итоатсизлик қилди.

    - Агар аёл эри билан бирга ётишдан бош тортса, эрнинг зиммасида бўлган аёлнинг нафақа ва тақсим ҳаққи соқит бўлади.

    Эркак киши аёлларидан бировининг уйига унинг навбати бўлмаган кечада, шунингдек кундузида ҳам заруратсиз ва ҳожатсиз кириши мумкин эмас

    Бир аёл ўзининг навбати кунини эрнинг изни билан кундошларидан бирортасига ҳадя қилса ёки эрга ҳадя қилса ва эр уни бошқа бир аёлига белгиласа, жоиздир. Чунки, бундаги ҳақ иккаласига тегишли бўлиб, бу ҳадяга иккаласи ҳам рози бўлган бўлади. Савда розияллоҳу анҳо ўз тақсим кунларини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилганлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога икки кунни ажратардилар (Бухорий (2593) ва Муслим (1463) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Агар ўз навбати кунини ҳадя қилган аёл бундан қайтса ва ўз тақсимини талаб қилса, эр келгусида унга ҳам тақсим қилади.

    - Аёл киши эрининг зиммасидаги ўз нафақаси ва тақсими ҳаққидан кечиб, фақат эри уни ўз никоҳида сақлаб туришини сўраса жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир» (Нисо: 128).

    Оиша розияллоҳу анҳо ушбу оят мазмунида айтадилар: «У эрнинг қўл остида бўлган бир аёлки, эр уни кўп ҳам хушламай қолган ва талоқ қилишни истайди. Шунда у: «Мени никоҳингизда қолдиринг, талоқ қилманг, мен нафақа ва тақсимдан воз кечаман», дейди (Бухорий (5206) ва Муслим (3021) ривоятлари).

    Савда розияллоҳу анҳо кексайиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ажралиб кетишларидан қўрқиб, ўз кунларини Оиша розияллоҳу анҳога бергандилар (Абу Довуд (2135) ривояти).

    Қиз хотинга уйланган ва бошқа аёли ҳам бўлган киши унинг ҳузурида етти кун туради, сўнг бошқа аёлларига навбат билан айланади, бу етти кунни ҳисоб қилмайди. Жувон хотинга уйланса, унинг ҳузурида уч кун туради ва кейин бошқа хотинларига айланади, бу уч кунни ҳисоб қилмайди. Чунки, Абу Қилоба Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «Суннат шуки, эркак киши жувон устига қизга уйланса, унинг ҳузурида етти кун туриб, кейин тақсимни бошлайди. Жувонга уйланса, унинг ҳузурида уч кун туриб, кейин тақсимни бошлайди». Абу Қилоба: «Агар истасам, буни Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан марфуъ ривоят қилган, деган бўлардим», деди (Бухорий (524) ва Муслим (1461) ривоятлари).

    - Агар жувон хотин ҳам эри унинг ҳузурида етти кун туришини истаса, эр шундай қилиши мумкин. У ҳолда бошқа кундошлариникида ҳам шунча кундан туради ва сўнг бир кечадан қилиб тақсимни бошлайди. Чунки, Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларида унинг ҳузурида уч кун қолдилар ва: «Сиз сабабли аҳлингизга хорлик етмайди (яъни, уч кунгина туришим сизга рағбатсизлигимдан эмас), агар истасангиз, сизга етти кунни ажратаман. Бироқ, сизга етти кун қилсам, бошқа аёлларимга ҳам етти кун қиламан», дедилар (Муслим (1460), Аҳмад (6/295, №26529) ривоятлари).

    Бу мавзуга тааллуқли масалалардан яна бири нушуз – қайсарлик ва итоатсизлик, яъни, аёл киши зиммасида фарз бўлган эрининг ҳаққини бермаслиги масаласидир. Нушуз «дўнглик, тепалик» маъносидаги «нашз» сўзидан олинган бўлиб, аёл киши гўё ўзига фарз қилинган яхшилик билан ҳаёт кечиришдан катталик қилиб, ўзини юқори тутгандек бўлади.

    Аёл киши арзирли сабабсиз ўзини бундай тутиши ҳаром бўлади. Агар эр аёлидан нушуз аломатларидан бирон нарсани топса, яъни, масалан, аёли унинг жинсий рағбатига ижобат қилмаса, ёки талаб қилганида пайсалга солса, бу ҳолда унга насиҳат қилади, Аллоҳдан қўрқитади, унинг зиммасидаги ўзининг ҳаққини эслатади ва агар ҳаққини бермаса гуноҳкор бўлишини айтади. Шунда ҳам қайсарлигида давом этса, эр у билан бирга ётмай қўяди ва уч кунгача унга гапирмайди. Шундан кейин ҳам ўжарлигида давом этса, уни жонини ачитмайдиган қилиб уради. Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар)уринглар» (Нисо: 34).

    Агар эр ҳам, хотин ҳам ўзига жуфти томонидан зулм етганини даъво қилса ва ўрталарини ислоҳ қилиш имкони бўлмаса, ҳоким (қози) уларнинг ҳар иккисининг хонадонидан бўлган икки одил ҳакамни юборади. Чунки, қариндошлари уларнинг ички иллатларидан яхшироқ хабардор ва уларнинг фойдаларини кўзлаш ва омонатдорликка яқинроқдирлар. Бу иккала ҳакам ислоҳни ният қилишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ билувчи ва хабардор бўлган зотдир» (Нисо: 35). Иккала ҳакам эваз билан ёки эвазсиз уларни бириктириш ёки ажратишдан қайси бирини яхши деб билсалар, муаммони ҳал қилишда уларнинг сўзига амал қилинади, валлоҳу аълам.

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов