Пайгамбарлар киссаси
ИЙСО АЛАЙҲИССАЛОМ
Қуръон Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг муборак исмлари йигирма тўрт марта зикр қилинган. У зот ҳақларида Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Марям, Аҳзоб, Шуро, Зухруф, Ҳадид ва Соф сураларида оятлар келган. У зотнинг исмлари Ийсо, лақаблари Масийҳ, кунялари ибн Марямдир. Ийсо алайҳиссаломнинг насаблари ҳақида насоролар турли ихтилофлар қилишган. У зотнинг насаблари ҳақида иккита инжилда маълумот бор. Лекин иккови икки хил нарса айтади.
Луқо инжилида Ийсо алайҳиссаломни Ясуъ ибн Юсуф ан-Нажжор ибн Ҳоли ибн Ловий ибн Малкий....деб Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ дейилган.
Мутто инжилида эса Ясуъ ибн Юсуф ан-Нажжор ибн Яъқуб ибн Матон ибн ал-Яозир... деб Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ дейилган.
Агар бу икки насабни солиштирадиган бўлсак орадаги ихтилофдан ҳайрон қолмай илож йўқ.
Бири, Юсуф ан-Нажжор ибн Ҳоли, дейди.
Иккичиси, Юсуф ан-Нажжор ибн Яъқуб дейди.
Бу ихтилоф силсиланинг кейинги ҳалқаларида ҳам давом этаверади.
Ўйлаб кўрайлик, инжил илоҳий китоб бўлса, нима учун бир нечта. Бир Аллоҳдан бир Масийҳга юборилган бўлса. Яна унинг насабини зикр қилса. Зикир қилганда ҳам хилма хил айтса. Буни ақл бовар қилмайди. Бу ерда фақат бир нарса, Аллоҳнинг номиддан Луқо, Муто ва бошқа исмли кишилар ўзлари китоб ёзган бўлишлари ва ихтилоф қилиган бўлишлари мумкин, холос.
БИБИ МАРЯМ ҲАҚИДА
Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳар бир сўз Биби Марямсиз ўтмайди. Биби Марям Ийсо алайҳиссаломнинг оналари. Шунинг учун аввал Биби Марям билан Қуръон Карим орқали танишиб олмоғимиз лозим бўлади.
«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббисининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди». (Таҳрим 12)
Биби Марям Имроннинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. У киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар.
У кишининг оталари катта обрў эгаси ва Бани Исроилнинг улуғ уламоалридан бири эди. У фарзандсиз ҳам эди. Шунинг учун хотинлари фарзанд туғсам Байтул мақдис хизматига бераман деб назр қилиб қўйган эди.
ҚОРНИМДАГИНИ ЎЗИНГГА ХОЛИС НАЗР ҚИЛДИМ
Энди ўша Биби Марям Имрон қизининг дунёга келишлари ҳақидаги «Оли Имрон» сурасидаги оятларни ўрганайлик:
«Имроннинг хотини: «Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сенинг, Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деганини эсла!» (35)
Оятни ўқиган ёки эшитган одам дарҳол ҳазрати Имроннинг хотинлари, Биби Марямнинг оналари нақадар тақводор, художўй, бутун вужуди билан Аллоҳга ёқадиган иш қилишга уринадиган зот эканини дарров англайди. Ҳамда Аллоҳ таоло Имрон аҳлини бекорга одамлар ичидан танлаб, саралаб олмаганининг тагига тушуниб етади. Одатда, ҳомиладор аёл бўлғуси фарзандини, жигарининг бир парчасини ўзидан ҳам устун қўяди. Ҳазрати Имроннинг аёли ана шундай азиз жигарпорасини Аллоҳга холис назр қилмоқда:
«Имроннинг хотини: «Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим»
Яъни, холис ният билан, бирорта шартсиз, ўртага ҳеч қандай ҳақ ҳам киритмасдан, ҳамма нарсадан озод бўлган ҳолда назр қилмоқда. Боз устига, яна Аллоҳга илтижони кучайтириб:
«...бас, мендан қабул эт. Албатта, Сенинг, Ўзинг эшитувчи ва билувчи зотсан», демоқда.
Булар олий даражадаги тақво ва Аллоҳнинг йўлидаги фидокорлик намунасидир.
«МАРЯМ» ДЕБ НОМ ҚЎЙДИМ
«Уни туққан чоқда: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва, албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман». (36)
Ўша вақтларда ибодатхоналарга фақат ўғил болалар назр қилинар эди. Имрон алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам ҳомиладорлик вақтларида, ўғил туғсам керак, деган гумон билан аввалдан назр қилган эди. Вақти соати етиб, кўзи ёриган чоғида қараса, қиз туғибди. Ўз-ўзидан савол пайдо бўлди: назрга атаб қўйилган ҳомила ўғил бўлмади, ўғил туғилганида-ку ҳеч қандай саволга ўрин қолмай, ибодатхонага топширилар эди, энди нима бўлади? Шу масалани билиш мақсадида:
«Уни туққан чоқда: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди».
Дарҳақиқат:
«Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади».
Лекин Имрон алайҳиссаломнинг хотинлари назарида, ибодатхона хизматида қиз бола ўғил болачалик бўла олмайди:
«Ва ўғил қиздек эмас», дейди.
Кейин оналик меҳри жўшиб, гапнинг давомида:
«Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим. Ва, албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман», деб дуо қилади.
Мусаффо оналик қалби шу-доимо ўзини қўйиб бўлса ҳам боласига, зурриёдига камол, тинчлик-омонлик ва яхшилик тилайди.
ЗАКАРИЁНИ УНГА КАФИЛ ҚИЛДИ
«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди». (37)
Меҳрибон онаи зорнинг ихлосига яраша, холисона қилган назрига биноан, дуоларини қабул қилган ҳолда:
«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди».
Яъни, Аллоҳ таоло қиз бола бўлса ҳам Марямни назр сифатида жуда яхши қабул қилиб олди ва у қизни ажойиб бир ҳолда ўстирди.
Шу билан бирга:
«...Закариёни унга кафил қилди».
Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётидан эдилар. Яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонасининг хизматини қилиш шу авлодга насиб қилган эди. Ўша пайтда Закариё алайҳиссалом ҳайкал ибодатхонаси бошлиғи эдилар. Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди.
«Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди».
Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди. Бу ризқни ўзи келтирмаганини яхши билган Закариё алайҳиссалом ажабланиб, Марямга:
«Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди.
Пайғамбар Закариё алайҳиссаломники таажжубга солибдими, демак, у ризқнинг манбаи, албатта, эътиборга лойиқдир.
Марям эса, бу манбадан хабардор, шунинг учун бамайлихотир:
«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди».
Бу манзарани кўриб туриб, бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонди:
Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб:
«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», деди.
МАРЯМНИНГ КАФИЛИ БЎЛИШ
Албатта, жуда ҳам кичиклик чоғида отаси Имрондан ажраб етим қолган Марямни кафилликка олиш Закариё алайҳиссалом учун ўз-ўзидан бўлмаган. Бунинг учун анча талашиб-тотишувлар ва яна бошқа ишлар бўлиб ўтган. Ана ўша ҳодисаларни «Оли Имрон» сураси қуйидагича баён қилади:
«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг». (44)
Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва:
«Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Албатта, бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.
«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз».
Бир нарса устида бир неча киши талашса, яна ҳаммалари у нарсага тенг ҳақдор бўлишса, одатда қуръа ташланади. Марямга кафилликни талашганлар ҳам шу каби вазиятга тушиб қолдилар. Шунда улар ўртасида «қаламларини ташлаш» бўлиб ўтди.
«Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг».
Оят «қалам ташлаш»нинг тафсилотини ёритмайди. Ривоятларда келишича, улар қаламларини Урдун дарёсига ташлашган экан. Ҳамманинг қалами оқиб кетиб, Закариё алайҳиссаломнинг қаламлари оқмай туриб қолибди. Шуни аломат фаҳмлаб, Марямни у киши ўз кафолатларига олишларига рози бўлишган экан.
Ана шундоқ қилиб Марям Закариё алайҳиссаломнинг кафолатларида Байтул мақдисда яшай бошлади. Закарий алайҳиссалом Марям оддий қиз эмаслигини билдилар. Ундан ризқи қаердан келаётганини сўрадилар. Ризқни Аллоҳдан эканлигини ҳам билдилар.
ЭЙ МАРЯМ, АЛЛОҲ СЕНИ ТАНЛАБ ОЛДИ
Аммо Марямнинг ўзига бундан бошқа нарсалар ҳам билдирилган эди:
«Фаришталарнинг: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди.
Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла». (Оли Имрон 42-43)
Биби Марям бошидан кечган ҳодисанинг ҳақиқатини Қуръони Карим рўйи-рост ҳикоя қилмоқда. Яъни, Марямни Аллоҳ танлаб олганини, бошқалар каби оддий эмасликларини баён этмоқда. Шу билан бирга, у кишининг, насоролар даъво қилаётганидек, «она худо» ёки «худонинг хотини» ҳам эмасликларини билвосита таъкидламоқда.
«Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди»
«Поклади» дейишликнинг улкан маъноси бор. Чунки Биби Марям ҳазрати Ийсони туққанларидан кейин у кишига турли нопок туҳматлар бўлади. Ҳозирдан бўлғуси у туҳматлар рад этилмоқда.
«...ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди».
Ушбу жумланинг ўзи буюк бир мўъжизадир. Тасаввур қилинг: Ислом дини таълимотлари туша бошлагач, масиҳийлар билан қаттиқ тортишувлвр турди. «Кимнинг дини афзал?» деган савол кўндаланг бўлди. Албатта, бундай ҳолда ҳамма ўз динининг афзаллигини изҳор қилишга уринади. Шундай бир пайтда фақат илоҳий каломгина бу жасоратли сўзни айтиши мумкин. Ўзига қарши тарафнинг вакилини, оламдаги аёлларнинг энг яхшиси, дейиш ҳазилакам гап эмас! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқий Пайғамбар бўлганликлари учунгина бу ҳақиқат ошкора айтилди.
Юқоридаги иккинчи оятда фаришталар Биби Марямни давомли тоат-ибодатда, ҳушуъ-ҳузуъда, сужуд-рукуъда бўлишга чорламоқдалар.
«Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла».
Бу нарсалар улкан ишга тайёргарлик эди.
ЭЙ МАРЯМ, АЛЛОҲ СЕНГА ЎЗИДАН БЎЛГАН СЎЗНИНГ БАШОРАТИНИ БЕРМОҚДА
«Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир.
У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла». (Оли Имрон 45-46)
Оятда келган «сўз»дан мурод Ийсо алайҳиссаломдир. «Сўз» арабчада калима дейилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишига Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир. Одам атонинг жасадини тупроқдан ясади. Одам шаклида ясалган лой ерда ётган эди, Аллоҳ «Тур» деганида, жон кириб, туриб кетди.
Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда.
«Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям», дедилар.
Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.
«...бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. Одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», дедилар.
Бутунлай жонсиз, қуриб-қотган лойга бир сўз билан жон киритган Аллоҳ учун тирик жон бўлмиш Марямни бир сўз билан ҳомиладор қилиб қўйиш ҳеч мушкул эмас.
Ёш ва бокира қиз Марям бу башоратни тушунмай қолди. Бу нима сир эканини билиш учун Роббисига муножат қилди:
«У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверади», деди». (Оли Имрон 47)
Биби Марям ота-онадан туғилиб, одамлар ичида ўсган бир қиз. Унинг инсоний тушунчаси бўйича, одатда эркак билан бирга бўлмаган қиз боланинг фарзанд кўриши ақлга тўғри келмайди. Фаришталар эса, унга бир ўғил кўришининг хабарини бериб туришибди. Шунинг учун:
«У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди».
Шунда унга қисқа ва тушунарли жавоб келади: Бу жавоб одамларни ўзининг тор ақлий муҳитидан чиқиб Аллоҳга тааллуқли оддий ҳақиқатни англашга ундайди.
«Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверади».
Жумладан, пок, башар қўли тегмаган қизга ҳам «Туғ!» деса, туғаверади.
Бу қисқа савол-жавобдан кейин Марямга хушхабар олиб келган фаришталар туғилажак боланинг сифатларини айтишда давом этади:
«Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади». (Оли Имрон 48)
Уламоларимиз бу ояти каримадаги «китобни» сўзи «ёзишни» ёки «илоҳий китобни» деган маънолардан бирини англатади, деганлар. Чунки араб тилида «китоб» моддаси ёзишни англатади. Умуман китоблар ҳам ёзилган нарса бўлгани учун шу ном билан аталган. Бизнинг фикримизга кўра мазкур икки маънодан бирини албатта олишимиз шарт эмас. Балки, иккисини ҳам оламиз, иккиси бир бирини тўлдириб келади. Дарҳақиқат ҳам Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳам ёзишни, ҳам илоҳий китобни берган.
Шу билан бирга, Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масиҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.
Ҳикмат кишидаги малака бўлиб, гап ва ишнинг ҳаммасини ўз жойида, камчиликсиз адо этишни билдиради. Айни чоқда, Пайғамбарларнинг суннатларига ҳам ҳикмат дейилади.
Таврот Мусо алайҳиссаломга туширилган илоҳий китобдир. У Ийсо алайҳиссаломга ҳам китоб бўлишини Аллоҳнинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Ийсо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади. Инжил эса, Тавротни тўлдириб келган.
Келаси ояти каримада аввалги оятнинг маъноси бевосита давом этади.
«Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз-хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир», дейди». (Оли Имрон 49)
Ояти кариманинг аввалидаги жумладан кўриниб турибдики, Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга Пайғамбар бўлганлар.
«Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади».
Бани Исроилнинг аввалги Пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломга келган илоҳий китоб Таврот шунинг учун Ийсо алайҳиссаломга ҳам илоҳий китоб ҳисобланади.
Кейин оятда Ийсо алайҳиссалом Бани Исроил ҳузурига Пайғамбар бўлиб янги келган пайтда айтадиган гаплари баён қилинади:
«...албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўъжиза келтирдим».
Бу оят-мўъжиза у кишининг Пайғамбар эканлигини исботлашга хизмат қилади.
Кейинги икки оятда ҳам Ийсо алайҳиссалом номларидан айтилаётган сўзлар давом этади:
«Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан оят-мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.
Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу-сироти мустақимдир», дейдир». (Оли Имрон 50-51)
Ушбу ояти кариманинг аввалида Ийсо алайҳиссаломнинг:
«Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...», деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда. У киши бор нарсани тўлдириб келганлар:
«...сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим».
Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг гуноҳлари учун уларга баъзи нарсаларни ҳаром қилган эди. Ийсо алайҳиссалом ўша ҳаром қилинган нарсаларнинг баъзисини ҳалол қилиб келдилар.
«сизга Роббингиздан оят-мўжиза билан келдим».
Яъни, сизларга кўрсатаётган мўжизаларда менинг ҳеч қандай фазлим йўқ. Ҳаммаси Аллоҳдандир.
«Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг».
Демак, Ийсо алайҳиссаломнинг даъватлари Аллоҳ таолога тақво қилиш ва Унинг Расулига итоат этишдир.
«Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг».
Ийсо алайҳиссалом ҳам бандадирлар, асло, кейинчалик масиҳийлар даъво қилганларидек, худо эмас. У зот ҳам худди бошқалар каби, бандадирлар. Шунинг дек, у киши Пайғамбар бўлиб келган Бани Исроил ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Модомики Робб ва банда бўлар экан, бу ҳол банданинг Роббга ибодатини тақозо этади. Ушбу айтилганларга тўлиқ амал қилгандагина тўғри йўлда юрилган бўлади. Бахт-саодатга эришилади.
«Бу сироти мустақимдир».
Фаришталарнинг Биби Марямга ўғил кўриши хушхабари ва бўлажак фарзандининг сифатлари, Пайғамбар бўлиши, мўъжизалари, гаплари ҳақида келтирган хабарлар шу билан тамом бўлади.
МАРЯМ ЎЗ АҲЛИДАН АЖРАБ ЧИҚҚАНДА
Ана ўша гаплардан кейин Марям кшп ўйланадиган бўлиб қолди. Ўзи ёлғиз қолишни, хаёл суришни ёқтириб қолди. Қолгани нима бўлганини «Марям» сурасидаги қуйидаги ояти карималардан билиб оламиз:
«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда.
Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди». (16-17)
Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт.
Қисса қуйидагича:
«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда»
Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди.
Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир.
Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда:
«Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди».
Яъни, фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади.
Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.
Марям Жаброилни кўриши билан ҳушёр тортди.
«У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди». (18)
Марям Жаброил алайҳиссалом эркак киши сифатида хилват жойда кўриниши билан, дарҳол ўз иффати ҳақида қайғурди ва унга Аллоҳни эслатди. Менга сенинг ёмонлигинг етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Агар Аллоҳдан қўрқсанг, менга яқинлашма, деди.
Тақводор одам, Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар нечук ёвузликдан қайтади. Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган эди. Шунинг хабарини берди:
«У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди». (19)
Жаброил алайҳиссалом Марямга, таҳликага тушма, сенга тегмайман, мен Роббингнинг сенга юборган элчисиман, сенга пок бир ўғлонни тақдим этиш учун келдим, холос, деди.
Бу ҳол жуда ажойиб, одатдан ташқари ғаройиб ҳол эди.
МЕНДА ҚАЁҚДАН ЎҒИЛ БЎЛСИН
Шу боисдан Марям қаттиқ ҳайратга тушди.
«У: «Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди». (20)
Марямнинг ҳолати оддий инсоний воқеликнинг кўриниши эди. «Менга бирор эркак тегмаган бўлса, яъни, тан маҳрамим бўлмаса ёки бошқалар билан ношаръий алоқада бўлган бузуқи аёл бўлмасам, қаердан бола бўлиши мумкин?!» деди.
Марямнинг бу саволига Жаброил алайҳиссалом оддий воқеликдан юқори-илоҳий воқелик хулосасини баён қилди:
«У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиш учун, бу ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди». (21)
Жаброил алайҳиссалом: Шундай, Роббинг ирода қилса, башар тегмаса ва бузуқи бўлмасанг ҳам фарзанд бўлаверади, деди.
«Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир».
Ҳеч кимсанинг қўли тегмаган, бузуқилик қилмаган пок ва бокира қиз болага фарзанд ато этиш Мен учун жуда ҳам ўнғайдир, деди.
«...уни одамларга белги қилиш учун...»
Яъни, Биз сенга бу фарзандни одамларга Аллоҳингнинг қудратига, холиқлигига ва тадбиркорлигига белги бўлиши учун ато қилмоқдамиз.
Одамзот Аллоҳ жорий этган табиий қоидаларга одатланиб қолган. Шу боис бу ҳодисаларнинг ҳар лаҳзада содир бўлиб туришини қонуний ёки мажбурий нарсалар деб билади. Бу қоидалар унинг кўз ўнгида кўп такрорланаверганидан шу қарорга келган. Бироқ ушбу қоидаларни жорий этган Аллоҳ учун айрим ҳолларни истисно этиш ҳам ҳеч гап эмас.
Эркак ва аёлнинг жинсий унсиятидан фарзанд пайдо бўлишини Аллоҳ таоло умумий қоида қилиб қўйган. Аслида, эркак ва аёл қўшилган тақдирда ҳам, Аллоҳнинг хоҳиши бўлсагина, фарзанд яралади. Бу ҳақиқатни кўпчилик унутиб қўяди.
Унутиладиган ҳақиқатларни бандалар ёдига солиб туриш учун Аллоҳ таоло ҳар замонда мазкур умумий қоидаларга хилоф ишларни ҳам юзага келтиради. Баъзи бир эр ва аёлларни фарзандсиз қилиб қўяди. Агар эркак ва аёлнинг қўшилишигина бола яралишининг асосий омили бўлса, нима сабабдан барчанинг ҳам фарзанди бўлавермайди?
Шунингдек, қартайиб қолган кишилардан фарзанд бўлмаслиги ҳам умум одамлар учун табиий қоида, аммо Аллоҳ хоҳласа, Закариёга алайҳиссалом бергандек, кекса жуфтларга ҳам фарзанд ато қилаверади.
Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир, чунончи, хотини бўлмаса ҳам, эркакнинг ўзидан фарзанд пайдо қилади. Одам отадан Момо Ҳавони яратганидек. Аксинча, эркак бўлмаса ҳам, аёлнинг бир ўзидан фарзанд яратиши мумкин. Биби Марямдан Ийсо алайҳиссаломни яратгани каби. Шунингдек, Одам отани йўқдан бор қилганидек, на эр ва на аёлсиз ҳам турфа махлуқларни ҳаёт саҳнига келтиради.
Мулоҳаза қилсак, мазкур ҳодисаларнинг барчасида ҳам Аллоҳ таоло сабабчи омилларини ишга солади. Чунки У зот бу дунёни шу асосда яратган. Аслида, бир оғиз «Бўл!» деса Одам ота бино бўларди. Аммо бундай қилмади. Даставвал уни Ўз қўли билан лойдан одам шаклида ясади, бир муддатдан кейин унинг ичига жонни киритди.
Шунга ўхшаб, Закариё алайҳиссаломга ҳам тайёр ўғилни шундоқ қўлига тутқазиб қўймади. Пуштсиз кампири билан қўшилганидан кейин аёл ҳомиладор бўлди. Ҳомила пайдо бўлганининг белгиси сифатида Закариёни алайҳиссалом уч кун тилсиз қилиб қўйди. Ниҳоят, фарзанд одатдагидек табиий йўсинда дунёга келди.
Шунингдек, Одам отадан Момо Ҳавони яратишда ҳам ўзига хос бир қанча тадбирлар амалга оширилган.
У ҲОМИЛАДОР БЎЛДИ
Энди бокира Марямдан эркаксиз бола пайдо қилиш жараёни қандай кечганига келайлик. Биз ўрганаётган оятларда айтилганидек, Жаброил фаришта алайҳиссалом Марямга йўлиқди-да, унинг кўйлаги ёқасидан пуфлади.
«Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди». (22)
Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин у Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди.
«Сўнгра у билан узоқ маконга четланди».
Чунки, бокира қиз ҳали турмуш қурмай, туйқусдан ҳомиладор бўлиб, қавми назарига тушишдан андиша қилиши табиий бир ҳол эди.
Кейин нима бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо навбатдаги оят Марямнинг тўлғоқ тутганлиги воқеаси билан бошланади:
ТЎЛҒОҚ УНИ ХУРМО ТАНАСИГА ОЛИБ БОРДИ
«Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди». (23)
Ҳомиладор бўлиб қолганидан ҳижолат бўлиб, одамлар кўзидан қочиб юрган бокира Марямни тўлғоқ тутди. Уят, андиша ва хижолатпазликларга тўлғоқ алами қўшилди. Боз устига, тадбир-тажрибасиз ёш қиз ўзи ёлғиз эди. Тўлғоқ азоби зўрайгач, хурмо танасини маҳкам тутди ва чидай олмай:
«Кошки, бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди.
Ибодатхонада вояга етган, поклиги ва тақвоси билан машҳур бўлган бокира қиз учун эрсиз бола туғиш ўлимдан ва бутунлай унутилиб кетишдан ҳам даҳшатли эди.
МАҲЗУН БЎЛМА
Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Хижолатдан ўлимига рози бўлиб турган Марямга:
«Унинг остидан: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди.
Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди». (24-25)
Тафсирчи уламоларимиз ушбу ояти каримани икки хил талқин қиладилар.
Баъзилар «Унинг остидан» иборасини хурмонинг остидан маъносида, «нидо қилди» иборасини, фаришта нидо қилди мазмунида шарҳлаганлар.
Айрим уламолар эса, «Унинг остидан»ни «Марямнинг остидан» ва «нидо қилди»ни, Ийсо нидо қилди, деган мазмунда талқин этганлар.
Биз иккинчи гуруҳ фикрига қўшиламиз. Тил ва ибора жиҳатидан ҳар икки томоннинг ҳам талқини тўғри.
Лекин, бизнингча, эътибор жиҳатидан иккинчи томоннинг фикри устун. Чунки ушбу ҳодиса бошидан охиригача ғаройиботга тўла. Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишлари баробарида гапирганлари маълум ва машҳур.
Агар юқоридаги нидо фариштанинг Биби Марямга нидоси эди, десак, ҳодисанинг ғаройиблиги йўқ бўлади. Аммо дунёга эндигина келган мурғак гўдак нидо қилди, десак, бу энг ғаройиб ҳодисанинг исботи бўлади. Бунинг устига, тўлғоқдан сўнг довдираб турган онасига нималар қилиш кераклигини ўргатди.
«Маҳзун бўлма»
Яъни, бу ҳодисадан маҳзун бўлма,
«батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар сув қилди».
Мазкур маконда сув йўқ эди. Аллоҳ унда сув пайдо қилди. Ундан ювинасан ва ичасан.
«Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади».
У сенинг тановул қилмоғинг учундир.
Хурмо кўзи ёриган аёллар учун энг яхши таом эканлиги маълум.
Сўнг Ийсо алайҳиссалом оналарига қилган нидосини давом эттирдилар:
«Е, ич ва кўзинг қувонсин. Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин». (26)
Яъни, хурмодан е, сувдан ич ва фарзандингга боқиб қувонгин. Сени бу ғаройиб ҳолда кўрган одамлар турли саволлар бериши мумкин. Сен уларга оғиз оча кўрма. Ишора билан, «Мен Роҳман сифатли Аллоҳга рўза назр қилдим, ибодатдаман. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмайман», дегин. Биби Марямга бундай тасарруф қилиш тавсиясининг яширин ҳикмати бўлиб, бу ҳикмат воқеа ривожида намоён бўлади.
СЕН АЖОЙИБ НАРСА КЕЛТИРДИНГ-КУ
«Бас, уни кўтариб қавмига олиб келди. Улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку!
Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дедилар». (27-28)
Биби Марям чақалоқ Ийсо алайҳиссаломни кўтариб қавми ҳузурига олиб борди. Қавм бу ҳолни кўриб ҳайратга тушди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлади.
Улар:
«Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку!» дедилар.
Қавмнинг бу зардаси: «Бола кўтариб келишинг нимаси?» деган маънони англатарди.
Қавм Марямни тергашда давом этиб:
«Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эдику!» дедилар».
Аслида, Биби Марям Мусо алайҳиссаломнинг биродари Ҳоруннинг алайҳиссалом синглиси эмас, балки ул зотнинг наслидан эди. Шунинг учун қавм Марямга Ҳоруннинг нисбатини бериб, эй Ҳоруннинг синглиси, деб мурожаат қилмоқдалар.
Улар, отанг Имрон ёмон одам эмас эди, онанг Ҳанна ҳам бузуқ хотин эмас эди, сен қандай қилиб эрга тегмай туриб бола туғиб олдинг, демоқчи бўлдилар. Қавм буни очиқ айтмаса ҳам, унинг таънасидан шу маъно англашилади. Биби Марямни зинокорликда айблашга ишорат очиқ-ойдин сезилиб турибди.
Бу ўринда Биби Марямга одамларга оғиз очмаслик ҳақида берилган тавсиянинг ҳикмати намоён бўлади. У ҳеч кимга гапириб ўтирмади-да:
«Бас, унга ишорат қилди. Улар: «Бешикдаги ёш бола ила қандай гаплашамиз?!» дедилар». (29)
Биби Марям ҳар қанча уриниб, уларга ҳақиқатни тушунтирса ҳам, улар, ўзини оқлаяпти, деб гумон қилишлари аниқ эди. Шунинг учун ўзи бир оғиз ҳам гапирмасдан, бундан сўранглар, дегандек, гўдак Ийсо алайҳиссаломга ишора қилди. Шунда қавм аввалгидан ҳам ҳайратда қолди ва:
«Улар: «Бешикдаги ёш бола ила қандай гаплашамиз?!» дедилар».
Бешикдаги бола ҳеч қачон гапирмайди.
МЕН АЛЛОҲНИНГ БАНДАСИМАН
Аммо Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак Ийсо алайҳиссалом тилга кирдилар.
«У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди.
Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди».
Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади.
Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир», деди». (30-33)
Бешикда ётган Ийсо алайҳиссаломнинг тилларидан ёш боланинг эмас, Улул азм Пайғамбарнинг сўзлари янгради. Бу илоҳий ҳақиқатлар ҳозиргача янглиш бўлиб келаётган эътиқод, тасаввур ва тушунчаларни тўғрилайди. Ийсо алайҳиссалом таълимоти, ул зот шахси ҳақидаги ботил ғояларни муолажа қилади.
У зот алайҳиссаломнинг гапларига эътибор берайлик:
«Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман».
Ҳа, таъкидлаб айтаманки, «Мен Аллоҳнинг бандасиман». Аллоҳ эмасман. Унинг шериги ҳам эмасман. Учликнинг бири ҳам эмасман. Аллоҳнинг ўғли ҳам эмасман. Мен Аллоҳ бандасиман, инсонман.
«У менга китоб берди...»
Аллоҳ менга илоҳий китоб-Инжилни берди. Инжилни мен берганим йўқ.
«...ва мени Пайғамбар қилди».
Аллоҳ таоло мени Ўзига Пайғамбар қилди. Билиб қўйинглар, мен Аллоҳнинг Пайғамбариман. Мен Аллоҳ эмасман.
«Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди».
Мен қаерга борсам, Аллоҳ ўша ерни хайр-баракотли, бандаларга саодат келтирадиган макон қилиб қўйди. Менинг оёғим етган жойлардаги баракотларни ўзим ҳосил қилмайман. Бу якка ва ягона, шериксиз Аллоҳнинг қудрати.
«Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди».
Бу ҳам менинг Аллоҳнинг бандаси эканимдан далолат. Чунки ҳаёти давомида намоз ўқиб, закот бериш банданинг вазифасидир.
«Мени онамга меҳрибон қилди...»
Марям-менинг онам. Худо эмас. Мен инсонман, мени инсон туққан. Инсон боласи онасига меҳрибон бўлганидек, мен ҳам онамга меҳрибонман. Аллоҳ мени:
«...жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади».
Онамга меҳрибон бўлганимдек, бошқа инсонларга ҳам шафқатлиман, ҳеч кимга жабр-ситам етказмайман.
«Менга туғилган кунимда ҳам...»
Башар каби туғилган зот ҳеч қачон Худо бўла олмайди. Демак, Ийсо ҳам туғилди. У Худо бўлиши мумкин эмас.
«...ўладиган кунимда ҳам...»
Демак, Ийсо ўлади. Бу сифати ҳам у зот алайҳиссаломнинг Худо бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлайди. Ўлиш бандага хос ҳодиса бўлиб, Худога хос эмас.
«...ва қайта тириладиган кунимда ҳам...»
Қайта тирилиш ҳам бандага хос.
«...салом бордир», деди.
Яъни, менга ҳар уч ҳолатимда-туғилган, ўлган ва қайта тирилган кунимда саломатлик, омонлик ва хотиржамлик бордир.
Диққат қиладиган бўлсак, Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари бўлмиш Ийсо алайҳиссаломнинг бу сифатлари у зотдан олдин келган Яҳъё алайҳиссалом сифатларининг айнан ўзи. Бу ҳам Ийсо алайҳиссалом Худо эмас, Худонинг Пайғамбари эканини яна бир бор тасдиқлайди.
ИБН МАРЯМ ТЎҒРИСИДАГИ ҲАҚ СЎЗ
Давомида Аллоҳ таоло башариятнинг тенг ярмини довдираб турган ғоят чигал масалага якун ясайди ва Ийсо алайҳиссаломнинг кимликларини қатъий қилиб англатади.
Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир». (34)
Бундан ўзга ҳақ сўз бўлиши мумкин эмас.
Бошқалар ул зот ҳақида фақат шубҳали ва норасо сўзлар айтадилар, холос. Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Биби Марямни зинокорликда айбладилар. Турли-туман шубҳали фикрлар оламни тутди. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.
«Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У бундан покдир. У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейди. Бас, бўлади». (35)
Болалик бўлиш ва уни сақлаб вояга етказиш бандага хос иш. Чунки банданинг умри қисқа, ўзидан кейин ному насаб қолдириши учун болага муҳтож бўлади. Аллоҳ эса, бунга муҳтож эмас. У доимо ва абадий боқийдир.
Шунингдек, бола бандаларга заиф бўлганликлари учун керак. Улар дунёвий ишларида болаларнинг ёрдамига муҳтождирлар. Аллоҳ таоло ҳеч қандай ёрдамчига муҳтож эмас.
«У бундан покдир».
У ҳеч нарсага ҳожатманд эмас. У ҳамма нарсага қодир. Хоҳлаган ишини хоҳлаган вақтида бажаради.
«У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейди. Бас, бўлади».
Бошқа бир бажарувчи, ёрдамчи, ўринбосар ёхуд муовиннинг унга кераги йўқ.
МАНА ШУ ТЎҒРИ ЙЎЛДИР
Кейинги оят Ийсо алайҳиссаломнинг қавмларига бешикда ётган ҳолда айтган гапларидан бир ҳисса ҳисобланади:
«Ва, албатта, Аллоҳ менинг Роббимдир ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир». (36)
Аллоҳ таоло барчамизнинг Роббимиз. Шу жумладан, менинг ҳам Роббимдир. Отам ёки шеригим эмас. Мен Унинг бандаси-қулиман. Мен Унга қуллик қиламан. Бас, сиз ҳам Унга қуллик қилинг.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Ана шундан кейин Марям ўз ўғли билан алоҳида Аллоҳ таоло ато қилган қулай жойда яшаб юрдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло «Мўминун» сурасида марҳамат қилади:
«Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик». (50)
Яъни, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ таоло Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломат ўлароқ юборди. Ҳамда икковларини Байтул Мақдис еридан оқар суви бор, яшашга қулай бир тепаликка жойлади.
ИЙСОНИ ПАЙҒАМБАРЛИГИ
Шундоқ тарзда Ийсо алайҳиссалом ўсиб улғайдилар. У зот ўттиз ёшга етганларида Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб юборди. Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбар этиб юборилишлари ва ўшанда у зотнинг ўз қавмларига айтган гаплари ҳақида бир қанча ояти карималар келган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз:
«Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир». (Моида 46)
Аллоҳ таоло, яҳудийларнинг Пайғамбарлари изидан Ийсо ибн Марямни Пайғамбар қилиб юбордик, дейди. Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ўзларидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келганлар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини берган.
«Унда ҳидоят ва нур бор».
Инжилда ҳам кишиларга тўғри йўлни кўрсатувчи ҳидоят ва уларни икки дунё саодат йўлларини ёритувчи нур бор.
«У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчидир».
Яъни, Инжил Таврот шариатига баъзи ўзгаришлар киритган, холос. Шу билан бирга:
«У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».
Ҳа, илоҳий китоблардаги ҳидоятдан манфаат топиш учун тақволи бўлиш керак.
Бу китоблардаги ҳидоят ва нурнинг фойдаси тақвоси борларга тегади. Тақводан холи, ғафлат босган қалбларга эса, бу нур ва ҳидоят кириб бормайди. Аллоҳ туширган китобда ҳидоят мавжудлиги аниқ, нур мавжудлиги аниқ, энди ўша ҳидоят ва нурдан манафаат топиш учун очиқ-ҳассос қалб керак. Таъсирчан қалб керак. Моғор босиб, тошга, кесакка айланган қалб керак эмас.
МЕН СИЗГА ҲИКМАТНИ КЕЛТИРДИМ
«Зухруф» сурасидаги келгувси оятлардан ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг янги пайғамбар бўлиб борган чоғларида ўз қавмларига айтган гапларидан намуна келган:
«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат-мўъжизалар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар.
Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», деди». (63-64)
Ийсо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳнинг ваҳдониятига ва ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, гап-сўзлар ва очиқ-ойдин мўъжизалар билан келдилар. У зот ўз қавмларига ўша пайт:
«Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим...» дедилар.
Ҳикмат улуғ неъматдир. Ҳикмат Пайғамбарликдир. Яна, Ийсо алайҳиссалом қавмларига:
«...ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим», дедилар.
Чунки у қавм Мусо алайҳиссалом шариатлари ҳақида кўпдан-кўп ихтилофга тушган, ҳар хил мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетган эди. Ийсо алайҳиссалом уларга ўша ихтилофлар ҳақидаги ҳукмни баён қилиб бердилар. Ва:
«Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар», дедилар.
Аллоҳга тақво қилмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Пайғамбарга итоат этмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Бас, энди у ихтилофларни йиғиштириб, Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг, ана шунда иш яхши бўлади.
«Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир».
Демак, Ийсо алайҳиссалом қавмларига: «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. Аллоҳ менинг отам, деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломга ҳам Роббдир. Бу ҳақда бошқа гап бехуда.
«Бас, Унга ибодат қилинг».
Демак, Ийсо алайҳиссалом менга ибодат этинг, деган эмаслар, балки Аллоҳга ибодат қилинг, деганлар. Кимки бошқа гап айтса, ёлғон айтибди.
У кишининг ўзлари ҳам:
«Мана шу тўғри йўлдир», деди».
Яъни, Аллоҳга ибодат қилишлик тўғри йўлдир, дедилар. Лекин у кишининг қавмлари бу кўрсатмага амал қилмадилар.
АҲМАД ИСМЛИ РАСУЛНИНГ БАШОРАТИ
«Сафф» сурасида эса Ийсо алайҳиссалом ўз вазифаларидан яна бошқачаларини баён қиладилар:
«Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. Қачонки у(Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар». (6)
Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг ўз умматларига айтган гаплари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.
«Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла».
Биринчи масала;
«Ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш учун» келганман, демоқдалар.
Масиҳий дини китобларида ҳам Ийсо алайҳиссалом тилидан: «Мен номусни йўқ қилиш учун эмас, балки тўлдириш учунгина келдим», дейилган экан.
Иккинчи масала;
«...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» келганман, демоқдалар.
Аҳмад Пайғамбаримизнинг исмларидир. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизга ном бўлиб, арабча шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олингандир.
Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун форқилатни талаб қиламан», дейилган.
Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.
Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан «Форқилат»нинг маъноси нима? деб сўрасалар, у киши:
«Роҳиблар «мъази» деб айтишади» дебди. Шунда устоз Нажжор:
«Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Фақат шу гапдан кейингина ажнабий доктор:
«Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр»-ҳамд, дебди.
Сўнгра устоз Нажжор арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими? десалар, доктор Карлу:
«Ҳа», деб жавоб қилибди.
Лекин шунчалик башоратлар бўлса ҳам «Аҳмад», яъни, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ дин билан Пайғамбар бўлиб келганларида улар иймон келтирмадилар. У кишига чексиз ҳурматсизлик ва душманликлар қилдилар. У зотнинг Пайғамбарликларини сеҳр деб, ўзларини сеҳргар дедилар.
Учинчи масала:
Ийсо алайҳиссалом ўз тиллари билан:
«Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», демоқдалар, худоман ёки худонинг ўғлиман, деганлари йўқ. Ийсо алайҳиссаломга келган масиҳий динига эътиқод қилувчи кишиларнинг ҳозирги ақидаси бўйича у зот худо ёки худонинг ўғли ҳисобланади. Бу эса мутлақо хато ва адашувдир.
У ЗОТНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ
Одамлар ҳузурига биров келиб, мени Аллоҳ сизларга Пайғамбар қилиб юборди, деса, одамлар, бу гапингни нима билан исбот қиласан, дейишлари турган гап. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар бир Пайғамбарни ўз қавмига юбориш чоғида, ўша қавмнинг ҳолига, ижтимоий, ақлий ва бошқа савияларига қараб, мўъжиза ҳам беради.
Пайғамбарга берилган мўъжиза одатдан ташқари бир иш бўлиб, ўша замон кишилари: «Оддий одамнинг қўлидан бу иш келмайди, мадомики бу ажойиб ишни бизга кўрсатдими, бу одам ҳақиқий Пайғамбар экан, унга иймон келтирайлик», дейиши керак бўлади.
Мисол учун, Мусо алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Пайғамбар қилиб юборган жамиятда сеҳргарлик жуда ҳам ривожланган экан. Сеҳргарлар жамиятда обрўли одамлар бўлиб, турли сеҳрларни кўрсатар эканлар. Мисол учун, арқонни ерга ташласа, одамлар кўзига илон бўлиб кўринар экан. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мазкур сеҳргарликнинг сеҳридан кучли мўъжизаларни берди. Яъни, қўлларидаги ҳассани ерга ташласалар, катта илон бўлиб, сеҳргарларнинг арқон-илонларини ютиб юборадиган бўлди.
Ушбу оятда Ийсо алайҳиссалом ўзларининг Бани Исроилга Пайғамбар қилиб юборилганларини тасдиқловчи мўъжизаларнинг айримларини олдиндан айтиб ҳам ўтмоқдалар:
«Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз-хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир», дейди». (49)
Ояти кариманинг аввалидаги жумладан кўриниб турибдики, Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга Пайғамбар бўлганлар.
«Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади».
Бани Исроилнинг аввалги Пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломга келган илоҳий китоб Таврот шунинг учун Ийсо алайҳиссаломга ҳам илоҳий китоб ҳисобланади.
Кейин оятда Ийсо алайҳиссалом Бани Исроил ҳузурига Пайғамбар бўлиб янги келган пайтда айтган гаплари баён қилинади:
«...албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўъжиза келтирдим».
Бу оят-мўъжиза у кишининг Пайғамбар эканлигини исботлашга хизмат қилади.
«мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз-хабарини бераман».
Ушбу жумлада Ийсо алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган мўъжизалардан тўрттасини зикр қилмоқдалар:
а) лойдан қуш ясаб, пуфласа, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлиши;
б) Аллоҳнинг изни билан туғма кўрни, песни тузатиш;
в) ўликни тирилтириш;
г) ўзлари кўрмай-билмай туриб Бани Исроилга улар еган ва уйида сақланаётган нарсаларни айтиб бериш...
Кўпчилик қадимги тафсирчилар, туғма кўрни, песни Аллоҳнинг изни билан тузатиб, ўликни тирилтириш мўъжизаларини эътиборга олиб бўлса керак, Ийсо алайҳиссалом даврларида тиб илми ривожланган экан, шунинг учун Аллоҳ таоло у кишига ўша вақт табиблари қўлидан келмайдиган ишларни мўъжиза қилиб берган, деганлар.
Аммо Ийсо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини эътибор билан ўрганилса, унда ҳаёт бериш ёки ҳаётни ўрнига қайтариш, соғлиқни жойига келтириш ва ғайбдан хабар беришлар бор. Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлишлиги қайта-қайта такрорланяпти.
Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган бу мўъжизаларнинг табиатини ўрганган ва ўша вақтдаги тарихий воқеликни кузатган уламоларимиз, Ийсо алайҳиссалом даврида одамлар моддапараст бўлиб кетган эдилар, деган фикрга келганлар. Улар ҳар бир нарсанинг сабаби топилса бўлди, масала ечилади, деганга ўхшаш фикрлайдиган, руҳоний, ғайбий нарсаларга мутлақо ишонмайдиган бўлиб кетишган экан. Уларнинг бу ҳолатларини муолажа қилиш учун Ийсо алайҳиссаломга мазкур мўъжизалар берилган экан.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида Ийсо алайҳиссаломга берган мўъжизаларини у зотга бетган неъматларидан ҳисоблайди:
«Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни эсла. Сени муқаддас руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катталигингда ҳам гапирганингни эсла. Сенга китобни, ҳикматни, Тавротни ва Инжилни ўргатганимни эсла. Менинг изним ила лойдан қуш шаклини ясаганингда ва унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни тузатганингни эсла. Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла. Бани Исроилга аниқ мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деганида, сени улардан қутқарганимини эсла», деганини ёд эт!» (110)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қиёмат куни Пайғамбарларни жамлаган пайтда Ийсо алайҳиссаломга айтадиган гапларини эслашни буюрмоқда.
Бу дунёда насоролар «худо», «худонинг ўғли», деб юрган Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатлари ушбу эслатмалардан аниқ билиб олинади.
Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни барча Пайғамбарлар ҳузурида, масаланинг бош қаҳрамони Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ўзларига эслатиш билан тасдиқламоқда.
«Эй Ийсо ибн Марям! Сенга ва волидангга берган неъматимни эсла».
Аввало, насоролар «худо» деб эътиқод қилаётган Ийсонинг волидаси бор экан. Худонинг эса, онаси бўлиши мумкин эмас. Дунёга келишда онага муҳтож бўлган одам Худо бўла олмайди.
Иккинчидан, Ийсо ибн Марямга ҳам, унинг волидаси Марям бинти Имронга ҳам Аллоҳ неъмат берган экан. Бошқанинг неъматига муҳтож кишилар Худо бўлиши мумкин эмас.
«сени муқаддас руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катта бўлганингда ҳам гапирганингни эсла».
«Муқаддас руҳ» Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. «Гапириш» деганда эса, Аллоҳга даъват, Пайғамбарлик гаплари назарда тутиляпти. Одамларнинг оддий гапларидек гап бўлганида, бунча гувоҳлар ҳузурида ҳужжат сифатида келтирилмас эди.
Агар бешикда гапирганинг ёки доимо Пайғамбарларга хос гапирганинг учун сени «худо» деб эътиқод қилишаётган бўлса, бу нарса сени Мен Жаброил билан қўллаганим ва у орқали Ўз сўзларимни юбориб турганимдан эканлигини билсинлар.
Ўз фаолиятида муқаддас руҳ ёрдамига муҳтож бўлган зот ҳеч қачон Худо бўла олмайди.
«Сенга китобни, ҳикматни, Тавротни ва Инжилни ўргатганимни эсла».
Оятдаги «китоб»дан мурод-ўқиш-ёзишдир.
Ийсо алайҳиссаломга ўқиш-ёзишни, ҳикмат билан тасарруф қилишни, ўзларидан олдин келган илоҳий китоб Тавротни ва ўзларининг китоблари бўлмиш Инжилни ҳам Аллоҳ таоло ўргатган.
Бу ҳақиқат қиёмат кунида барча Пайғамбарларнинг йиғилишда айтилиши ҳам алоҳида маъно касб этади. Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини ойдинлаштиради. Албатта, ўқиш-ёзишни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўрганишга, қолаверса, бошқа зотдан ўрганишга эҳтиёжи бор одам ҳеч қачон Худо бўла олмайди. Балки, ўша йиғилишда иштирок этаётган Пайғамбарлар каби бир Пайғамбар бўлади.
«Менинг изним ила лойдан қуш шаклини ясаганингда ва унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни тузатганингни эсла».
Эҳтимол, насоролар Ийсо ибн Марям лойдан қуш ясаганда, унга жон кириб учиб кетгани учун ёки одатда тузатиб бўлмайдиган туғма кўр ва пес касалларнинг у кишидан шифо топганлари учун Худо деб эътиқод қилишаётгандир?
Бу нотўғри тасаввур. Аввало, ушбу жамланиб турган Пайғамбарларнинг ҳаммаларига бунга ўхшаш мўъжизалар Аллоҳ томонидан берилган. Қолаверса, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом лойдан Аллоҳнинг изни ила қуш ясаган, унга пуфлашни ҳам Аллоҳнинг изни ила пуфлаганлар, у шакл Ийсонинг изни билан эмас, Аллоҳнинг изни билан қушга айланган.
Шунингдек, туғма кўр ва песларнинг тузалиши ҳам Аллоҳнинг изни ила бўлган. Агар баъзи мўъжизалар кўрсатган зот Худо бўлаверса, манави тўпланиб турган Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам Худо бўлишлари керак эди. Ундан кейин, бошқанинг изни ила одатдан ташқари иш қилган киши ҳеч қачон Худо бўла олмайди.
«Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла».
Яъни, тирилтирганингни. Агар Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ўликларни тирилтиргани учун Худо деб айтишаётган бўлса, бу иш ҳам Аллоҳнинг изни ила бўлган. Жонни олган Аллоҳ уни қайта беришга ҳам қодир. Бошқа мўъжизалар қатори бу мўъжиза ҳам у кишини Худо деб эътиқод қилишга олиб бормаслиги керак. Бунинг устига, ушбу мўъжизалар содир бўлганда уларни очиқ сеҳр деганлар ҳам бўлган. Шу сабабдан Ийсони ўлдиришга очиқ қасд ҳам қилишганки, бу ҳам эслашга лойиқ ҳодиса:
«Бани Исроилга аниқ мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», деганида сени улардан қутқарганимни эсла».
Бани Исроил минглаб одамлар ҳузурида кўрсатилган мўъжизаларни инкор эта олмади. Аммо бу мўъжизалар Ийсога Аллоҳ томонидан Пайғамбарлигини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қилиб берилганилигини эътироф қилишга бўйинлари ҳам ёр бермади. Шунда Бани Исроил ўзларига хос услуб билан бир гап тўқиб чиқардилар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар ва сеҳргарни ўлдириш керак, деб Ийсони алайҳиссалом ўлдиришга қарор қилдилар.
Лекин Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Ийсони алайҳиссалом Бани Исроилдан қутқариб, Ўзига кўтариб олди. Бу ҳам Ийсо ибн Марям Худо эмас, балки Пайғамбар бўлганини кўрсатади.
Келаси оятда ҳам Аллоҳ таолонинг Ийсо ибн Марямга алайҳиссалом берган неъматларидан бири зикр этилади:
У ЗОТНИНГ ЁРДАМЧИЛАРИ
«Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл», дедилар». (Оли Имрон 52)
Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб келиб, уларни даъват қилганларидан ва турли мўъжизаларни кўрсатганларидан кейин ҳам Бани Исроил йўлга тушмади.
«Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди».
Кўпчилик бош тортди. Куфрни ихтиёр қилди. Лекин ажаб эмаски, баъзи бир хос кишилар Аллоҳнинг дини йўлида Унинг Пайғамбарига яқиндан ёрдам берсалар?! Ҳар бир даъватнинг, ҳар бир ҳаракатнинг юзага чиқиши учун ўша даъват ва ҳаракат раҳбари атрофида жон фидо кишилар бўлиши шарт. Ийсо алайҳиссалом ҳам ўшандай одамларни топиш мақсадида юқоридаги гапни қилдилар. Бунга жавобан:
«Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл», дедилар».
«Ҳаворий» дегани ҳолис, яқин, ишончли дўст, деганидир. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам шундай кишилари бор эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол, лаббай, деб жавоб бердилар. Улар шу ерда Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини эълон қилишлари билан бирга, Аллоҳга келтирган иймонларини ҳам зикр қилмоқдалар. Чунки иймон энг асосий нарса ҳисобланади.
Ҳаворийлар яна Ийсо алайҳиссаломдан ўзларининг мусулмонликларига гувоҳ бўлишларини ҳам сўрашмоқда. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунганликлари, Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига ёрдам берганликларига гувоҳ бўлишни сўрашмоқда.
Сўнгра улар Аллоҳга илтижо этиб, дуо қилишмоқда:
«Эй Роббимиз! Сен туширган нарсага иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», дедилар». (53)
Яъни, биз Сенинг туширган ваҳийингга иймон келтирдик, Пайғамбаринг Ийсо алайҳиссаломга эргашдик. Бас, бизни Ўзингнинг тавҳидингга, Пайғамбарингнинг ҳақлигига ва унинг тўғрилигига гувоҳлик берувчилар қаторига ёзиб қўйгин.
ЯНА БИР МЎЪЖИЗА
«Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира олурми?» деганларида, у: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деганини эсла». (112)
Бу оятда хитоб Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам эслатма бўлиб келмоқда.
Айни чоқда, бу оят ҳаворийлар билан Ийсо алайҳиссалом ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ва шу суҳбат орқали Ийсо алайҳиссалом қавмларининг сиймосини (кимлигини) очиб беряпти.
Ҳаворийлар Аллоҳ илҳом бериб, Унга ва Унинг Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирган, ўз қавмлари ичидан Аллоҳнинг дини ва Пайғамбарига мадад бўлиш учун танлаб олинган, ихлосли ва мустаҳкам иймонли кишилар экани ҳаммага маълум.
Ана шундай мумтоз гуруҳ ўз йўлбошчиси, Пайғамбарига: «Эй Ийсо ибн Марям», деб мурожаат қиляпти.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотга бирор марта бунақа равишда мурожаат қилганлари йўқ. Улар доимо: «Эй Аллоҳнинг Расули»; «Эй Аллоҳнинг Набийси»; «отам-онам сизга фидо бўлсин», каби сўзлар билан мурожаат этганлар.
Қолаверса, Ийсо алайҳиссаломнинг энг яқин кишилари бўлмиш ҳаворийлар:
«Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира олурми?» дейишмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромларидан бирорталари иймонга кирганидан сўнг мўъжиза кўрсатишни талаб қилмаганлар. Чунки бу иш иймонли кишига ярашмайди.
Бу иш ноқулай бўлганидан ҳам Ийсо алайҳиссалом ҳаворийларидан юқоридаги ноўрин саволни эшитганларидан сўнг:
«Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», демоқда.
Ҳаворийлар эса, ўз сўзларида туриб, қилаётган талаблари нима учун эканлигини шарҳлаб бермоқдалар:
«Улар: «Ундан емоқни, қалбларимиз таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истармиз», дедилар». (113)
Ҳаворийларнинг Аллоҳ осмондан бизга ясатилган дастурхон тушириб берсин, деб қилаётган талабларининг бир неча сабаблари бор экан.
Биринчиси, ундан еб кўрмоқчилар. Эҳтимол таомга ҳожатлари бор. Эҳтимол Пайғамбарга яқин кишилар сифатида алоҳида ҳурматга сазовор бўлмоқчилар. Эҳтимол табаррукан қилмоқчилар.
Иккинчидан, қабларини таскин топтирмоқчилар. Иймонга келганлар-у, аммо қалблари яна ҳам таскин топишини истайдилар. Бунинг учун ўзлари эргашган Пайғамбар сўровига биноан, ўзлари иймон келтирган Аллоҳ томонидан бир мўъжизанинг бўлишини хоҳлайдилар.
Учинчидан, Пайғамбар уларга рост гаприганини билишни истайдилар. Ийсо, Аллоҳнинг Пайғамбариман, демоқда, агар гапи рост бўлса, у ўзига хос услуб билан бу даъвони исбот қилиши керак бўлади. Энг яхши исбот-мўъжиза кўрсатишдир. Ўша мўъжизани кўрсатса, рост гапирган ҳисобланади.
Тўртинчидан, ҳаворийлар ўша мўъжиза содир бўлганига гувоҳ бўлмоқчилар. Улар Ийсо алайҳиссаломга яқин кишилар сифатида бошқа кишилар томонидан турли саволларга тутилишлари турган гап. Энг кўп бўладиган савол, албатта, у зотнинг Пайғамбарлигини қандай исботлайсиз, қабилида бўлади. Ана ўшанда, кўрсатилган мўъжизанинг гувоҳи бўлганликларини айтмоқчилар. Ёки бевосита саволсиз ҳам, даъват чоғида, шубҳачиларнинг шубҳасини қайтариш пайтида, бу гувоҳликларини айтишлари мумкин.
Ҳаворийлар мана шу эътиборлар ила осмондан ясатилган дастурхон туширилишини сўрадилар. Шунда Ийсо алайҳиссалом Парвардигори Оламга мурожаат этиб, дуо қилдилар:
«Ийсо ибн Марям: «Эй бор Худоё! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди». (114)
Ушбу дуода Ийсо алайҳиссалом Пайғамбарлик одоби ила ўз Илоҳи ва Роббиси Аллоҳ таолога ўзларининг бандаликларини, Унга ҳожатманд эканликларини билдириб, хокисорлик ила нидо қилмоқдалар. У киши Аллоҳ таолодан осмондан дастурхон туширишни, туширганда ҳам, уни хайр-барака ва хурсандчилик боиси-байрамга сабаб бўладиган қилиб туширишни сўраб дуо қилмоқдалар.
Шу билан бирга, бу дастурхон Аллоҳ томонидан мўъжиза бўлиб қолишини ҳам сўрамоқдалар. Мўъжиза сифатида туширилган дастурхон ризқ бўлиб қолишини ҳам истамоқдалар.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломнинг бу дуоларини ижобатга олди ва қуйидаги жавобни қилди:
«Аллоҳ: «Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман. Бас, бундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни оламларда ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблагайман», деди». (115)
Ҳақ таоло Ўзининг жалолига-улуғворлигига яраша жавоб берди:
«Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман», деди.
Уламоларимиз моида-дастурхон ҳақида Қуръони Каримдан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ бўлишига қарамай, худди шу жумланинг ўзига таяниб: «Дастурхон тушган, чунки Аллоҳниг ваъдаси ҳақдир», дейдилар.
Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм, мўъжиза келгандан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади.
ЯҲУДИЙЛАРНИНГ У ЗОТГА ДУШМАНЛИГИ
Ийсо алайҳиссаломнинг даъватларини эшитган, мўъжизаларини кўрган одамлар у зотга иймон келтириб, эргаша бошладилар. Улар кундан кунга кўпайиб борди. Бу ҳол яҳудийларни ташвишга солди. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришга қасд қилдилар.
«Нисо сурасидаги ушбу оятларда ўша машъум ниятнинг ҳақиқати баён қилинади:
«Биз Аллоҳнинг Расули Масиҳ Ийсо ибн Марямни ўлдирдик», деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир.
Ушбу оятларда яҳудийларнинг Аллоҳнинг лаънатига учрашларига сабаб бўлган баъзи қилмишлари зикр этиляпти.
Ўша қилмишлардан биринчиси:
«Аҳдномаларини бузганлари».
Яҳудийлар аҳдномаларини қандай бузганларини ўтган оятда ҳам яққол кўрдик, ўргандик ва англаб етдик.
Иккинчиси:
«Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганликлари».
«Оят» деганда белги ва мўъжиза маънолари ҳам тушунилади. Аллоҳ таоло яҳудийларга иймонга келишлари ва тўғри йўлга тушишлари учун кўплаб оятлар-белги ва мўъжизалар кўрсатди. Бошқа сура ва оятларда уларнинг зикри келган. Аммо яҳудийлар мазкур мўъжизаларнинг барчасига куфр келтирдилар, уларни инкор этдилар.
Учинчиси:
«Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдирганлари».
Бу ҳам маълум ва машҳурдир. Қуръонда ўрни билан бу масала ҳам керагича ёритилган. Мисол учун, яҳудийлар Закариё ва Яҳъё алайҳиссаломларни ноҳақдан ўлдирганларини эслаш кифоя қилади.
Тўртинчиси:
«қалбларимиз берк», деганлари».
Бу гапни улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даъватларига жавобан айтганлар. Уларни Исломга чақирганларида, масхара қилиб: «Бизнинг қалбларимиз берк, сенинг даъватинг кирмайди», деганлар. Бу билан улар, биз сенинг гапингга қулоқ ҳам солмаймиз, демоқчи бўлганлар.
Во ажабо, ҳақиқатда ҳам уларнинг қалблари берк ҳолда, унга ҳеч нарса кирмайдиган қилиб яратилганми?!
«Йўқ! Балки куфрлари сабабли Аллоҳ қалбларига муҳр босган, озгиналаридан бошқаси иймон келтирмаслар».
Яъни, аслида уларнинг қалблари ҳам бошқаларники каби яратилган, улар айтгандек, берк қилиб яратилган эмас. Аммо куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб, қаттиқ, бетаъсир ва берк қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам, улардан жуда ҳам оз одамлар мусулмонликни қабул қиладилар.
Бешинчиси:
«Ва куфрлари, Марямга қарши улкан бўҳтон айтганлари...»
Яҳудийларнинг ҳар бир катта гуноҳи эсга олинганида куфрлари қўшиб зикр қилинади. Ушбу жумлада ҳам шундай бўлган. Улар покиза, афифа Марям онамизга ҳам бўҳтон қилганлар. Марям Юсуфи Нажжор билан зино қилди ва ҳаромдан Ийсони туғди, деганлар. Бу гапни айтишга ҳеч кимнинг тили бормайди. Уни фақат яҳудий айта олиши мумкин.
Олтинчиси:
«Аллоҳниг Расули Масиҳ, Ийсо ибн Марямни биз ўлдирдик деганлари».
Аслида, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни Пайғамбар деб тан олмаганлар. Бу ердаги «Аллоҳнинг Расули» дейишлари истеҳзо ва масхара учундир. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Лекин бу қуруқ даъво, холос. Ҳақиқатни эса, Қуръони Карим баён қилади:
«Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди».
Ийсо алайҳиссаломга яҳудийлар суиқасд қилганларининг қиссаси маълум ва машҳур. Бу қиссани буюк тафсирчилардан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича ривоят қиладилар:
«Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни очиқ-ойдин аломатлар ва ҳидоят ила Пайғамбар қилиб юборганида, яҳудийлар у зотга берилган Пайғамбарлик ва мўъжизаларга ҳасад қилдилар. У киши кўр бўлиб туғилганларни ва песларни даволар, ўликни Аллоҳнинг изни ила тирилтирар, лойдан қушнинг шаклини ясаб унга пуфласалар, Аллоҳнинг изни ила қуш бўлиб учиб кетар эди. Шунга ўхшаш кўпгина мўъжизалар билан у кишини Аллоҳ қўллаб-қувватлаган эди. Яҳудийлар эса, у кишини ёлғончига чиқардилар, хилоф қилдилар ва имкони борича у зотга озор беришга ўтдилар. Ҳаттоки, Аллоҳнинг Пайғамбари Ийсо алайҳиссалом улар бор жойда турмайдиган бўлдилар. Кўпинча оналари билан бирга саёҳатда юришга мажбур бўлдилар. Яҳудийлар бу билан кифояланиб қолмадилар, у зотни ўша даврдаги Дамашқнинг подшоҳига чақдилар. Подшоҳ юлдузларга сиғинадиган мушриклар тоифасидан эди. Унинг миллатига, юнон, деб ном берилган эди. Яҳудийлар унга: «Байтул Мақдисда бир одам чиқиб, кишиларни фитнага солмоқда, адаштирмоқда ва фуқароларни подшоҳга қарши қўймоқда», деб хабар етказдилар. Бундан подшоҳнинг ғазаби чиқди. БайтулМақдисдаги ноибига мазкур одамдан эҳтиёт бўлиш, уни осиб, бошига тикон қўйиб, унинг шарридан одамларни сақлаш фармонини берди. Мактуб Байтул Мақдиснинг волийсига етиб келганида, у фармонни бажаришга отланди. Бир тоифа яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом турган жойга борди. У киши ўзларига яқин кишилар билан бирга эдилар. Уларнинг сони ўн икки-ўн уч ёки ўн еттита эди.
Бу воқеа жума кунидан шанбага ўтар кечаси содир бўлди. Яҳудийлар уларни қамалга олдилар. Ёки улар босиб киришади, ёки ўзлари уларнинг олдига чиқишлари керак-бундан бошқа илож қолмаганини англаб етган Ийсо алайҳиссалом шерикларига: «Кимингизга менинг тусим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар.
Бу ишга бир ёш йигит тайёрлигини билдирди. Уни хиёл ёш санадилар, юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит ўз тайёрлигини билдирди. Ийсо алайҳиссалом: «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Ийсо алайҳиссалом тусига киритди.
Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Ийсо алайҳиссаломни мудроқ олди. Шу ҳолда осмонга кўтарилдилар. У зот кўтарилганларидан кейин, шериклари ташқарига чиқдилар. Яҳудийлар қоронғуда ҳалиги йигитни, Ийсо, деб ўйлаб, ушлаб, осдилар ва бошига тикон қўйдилар».
Кўпчилик ривоятларда, Ийсо алайҳиссаломнинг тусига кирган ва қатл этилган ҳаворийларнинг ичида бўлган Яҳузо Эсхурютий исмли одам. У хиёнат қилиб Ийсо алайҳиссаломнинг беркинган жойларини яҳудийларга кўрсатиб берган эди, дейилади.
Аммо ишга бу билан нуқта қўйилгани йўқ. Асосий ихтилофлар айнан ушбу воқеадан сўнг бошланди.
Таъкидланганидек, ҳодиса кечанинг қоронғусида, тўс-тўпалоннинг ичида бўлиб ўтди. Кўп нарсалар ноаниқ қолди. Шунинг учун:
«Унинг ҳақида ихтилоф қилганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар».
Аввало, ҳодисада иштирок этганларнинг ўзлари ихтилофга тушдилар. «Агар ўлдирилган Ийсо бўлса, бирга юрган одам қани? Агар ўлдирилган бирга юрган одам бўлса, Ийсо қани?» дедилар, бир-бирларига.
Лекин бирибир ўликни осиб қўйиб, биз Ийсони ўлдирдик, деб мақтаниб юришаверди.
Насоролар бўлса, баъзилари бу гапга ишонди, баъзилари «Ийсо ўлгандан кейин кўмилди. Аммо уч кундан кейин яна тирилди», дейишди.
Лекин ҳаммаларининг гапи ҳам асоссиз гаплардир. Бу нарса оятнинг сўнгида яна бир бор таъкидланади:
«У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашадилар. Уни ўлдирмаганлари аниқ».
Хўш, ўлдирмаганлари аниқ бўлса, унга нима бўлган, деган саволга келаси оятда жавоб келади:
«Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир».
Мўмин-мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ақидалари ушбу ва бошқа оятлардан ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифлардан олинган. Унда ҳеч қандай ноаниқлик, шубҳа ёки гумон йўқ. Ҳаммаси аниқ ва очиқ-ойдин.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Ўзига кўтарган пайтда у зот 33 ёшда эдилар.
У ЗОТ ҲАҚИДА АҲЛИ КИТОБ АҚИЙДАЛАРИ
Ийсо алайҳиссаломнинг осилишлари ҳақидаги энг тўғри айида мусулмонларникидир. Бу ақида юқорида зикр қилинди.
Яҳудийлар эма у зотни ушлаб ўлдирдик, қўл оёғидан хочга михлаб қўйик, дейдилар. Бу ёлғон.
Масиҳийлар эса бу масалада ақл бовр қилмайдиган эътиқод қиладилар. Улар Ийсо алайҳиссаломни худо деб ишонишларига қарамай у зотни осилиб ўлганларига ишонадилар. Уни инсоният хатоси учун фидо бўлди, дейдилар. Қандоқ қилиб худо баъзи бир яҳудийлар томонидан ўлдирилиши мумкин?!
Умуман Ийсо алайҳиссаломни худо деб эътиқод қилишнинг ўзи ақлга тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам насороларнинг ўзлари бау масалада ихтилофга тушганлар.
Улардан бир тўпи, Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳнинг ўғли, уни У зот ўз руҳидан яратган, деб эътиқод қиладилар.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатурлар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!» (30)
Аҳли китобларга нисбатан юқоридаги ҳукмларнинг чиқишига сабаб бўлган нарсаларнинг тўртинчиси, аҳли китоблардан:
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар».
Яъни, Аллоҳга Узайрни ширк келтирадилар.
Шунингдек:
«Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар».
Улар ҳам Аллоҳга Масиҳ-Ийсони ширк келтирадилар.
Бу ишда яҳудийлар ҳам, насоролар ҳам ўзларидан олдин ўтган бутпараст мушрикларга ўхшашга уринадилар. Ҳа,
«Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатурлар».
Илмий асосда собит бўлганки, улар мазкур ақидани Юнон, Рум, Ҳинд ва Миср мушрикларидан олганлар. Асл яҳудий ва асл насроний ақидаларда бу гаплар йўқдир.
«Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!»
«Марям» сурасида мазкур бузуқ ақидаги раддия яна ҳам кучлироқ келади:
«Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар».
Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз.
Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейди.
Роҳманнинг боласи бор, деганларига (қара).
Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир». (88-92)
Унинг бола тутишга ҳожати йўқ. У фарзанд талабида эмас. Бу унинг шаънига тўғри келмайди. Роҳман яккадир. У Ягона ва Биру Бордир.
Иккинчи бир тоифа насоролар, Ийсо алайҳиссаломни «Аллоҳ» дейишади. Уларнинг фикрича Аллоҳ Ийсонинг шаклида одамларни гуноҳлардан холос қилиш учун ерга тушган эмиш.
Аллоҳ таоло бу фосид эътиқодга «Моида» сурасида қуйидаги раддияни беради:
«Аллоҳ, албатта, Масиҳ ибн Марямдир, деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ ибн Марям эса: «Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг турар жойи дўзах бўлур. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир», деди». (72)
Ийсо алайҳиссаломдан кейин насоролар у зот олиб келган соф ақидани қандай қилиб бузганларини аввалги оятлар тафсирида ўргандик. Бу оятда эса, ўша залолат ботқоғига ботган насораларнинг:
«Аллоҳ, албатта, Масиҳ ибн Марямдир», деганлари куфр эканлиги, уларнинг бу ақидаси ва гапи Масиҳ ибн Марямнинг айтганларига ҳам буткул зид эканининг баёни келмоқда. Чунки Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом ҳеч қачон насороларга, мен Худоман, менга ибодат қилинг, демаганлар. У зот алайҳиссалом ўзларига эргашганларга:
«Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг», деганлар.
У зот ўзларини ҳам бошқалар қатори банда ҳисоблаганлар. Шу билан бирга, у киши одамларни умуман ширкдан-Аллоҳнинг шериги бор дейишдан қайтарганлар. Тавҳидга-ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирганлар.
Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом насороларга:
«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг турар жойи дўзах бўлур», деганлар.
Аммо Аллоҳга берган мийсоқ-аҳдномани бузган насоролар эса, Масиҳ ибн Марям, Худодир, деб Масиҳ ибн Марям ўзлари таъкидлаб айтган маълумотнинг тескарисини қилмоқдалар. Бу улар томонидан бўлаётган катта зулмдир.
«Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир».
Учинчи бир гуруҳ насоролар, Масиҳ учликнинг; ота, ўғил ва муқаддас руҳнинг биридир. Учта биттадир. Битта учтадир, деган ақлга сиғмайдиган эътиқодни қиладилар.
Аллоҳ таоло бу бўлмағур фикрни ҳам «Моида» сурасида фоў қилади:
«Аллоҳ учтанинг учинчисидир, деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини аламли азоб тутадир». (73)
Насроний динидагиларнинг мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақидаларидан бири ушбу оятда муҳокама қилинмоқда.
Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан-Ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборатдир.
Ўғил худо, яъни, Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога улашади. Ўғил худога фидо қилинганлик, Муқаддас руҳга «тозалаш» нисбати берилади», дейдилар.
Шу билан бирга, ўзларини тавҳид ақидасида деб даъво қиладилар.
Худди мана шу мантиқсизлик қадимдан насоролар ўртасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқарган.
Ҳозирги кунда масиҳий динидан одамларнинг четланишида ҳам худди шу сабаб бор. Бу сафсатани бир оз ақлини ишлатган одам ҳеч қабул қила олмайди. Чунки соғлом ақл далолат қилган нарса:
«Ягона илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ!».
Бундан бошқа гапни айтиб, бузуқ эътиқод қилиб юрганлар ботил фикрларидан қайтмоқлари лозим:
«Агар айтганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини аламли азоб тутадир».
Бу муқаррар нарса. Бўлажак аламли азобдан ҳамма тириклик пайтида қутулиб олиши мумкин. Бунинг учун:
«Аллоҳга тавба қилиб, унга истиғфор айтмайдиларми?! Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир». (74)
У зот тавба қилганларнинг тавбасини қабул этади. У зот истиғфор айтганларнинг гуноҳини кечиради.
Фурсат ўтмасдан аввал бузуқ ақидаларидан қайтиб тавба қилсинлар, тўғри ақида бўлмиш Ислом ақидасига ишонсинлар ва ўтган гуноҳларини кечишини сўраб Аллоҳга истиғфор айтсинлар.
Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги тўғри эътиқод қуйидагича бўлади:
«Масиҳ ибн Марям бир Пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси эса, сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар. Биз уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қандай бурилиб кетаётганларига назар сол». (75)
Масиҳ ибн Марям кабилар йўқ эмас. Унга ўхшашлар дунёда кўплаб ўтган. Шунинг учун оддий одамлардан Пайғамбарлик хусусиятлари ила бир оз ажралиб туриши, унга эргашганларни у ҳақида турли бўлмағур ақидаларни қилишга, ҳатто уни «худо» деб даъво қилишга олиб бормаслиги керак.
«Масиҳ ибн Марям бир Пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтган».
Масиҳ ибн Марямдан олдин ўтган кўплаб Пайғамбарларда ҳам Пайғамбарлик хислатлари, мўъжизалари ва сифатлари бўлган. Лекин уларни ҳеч ким «Худо» деб даъво қилмаган. Чунки ҳақиқат ўзи шу. Шунинг учун Масиҳ ибн Марямни ҳам Аллоҳнинг Пайғамбари деб билиш зарур.
«Унинг онаси эса, сиддиқадир».
Биби Марям бинти Имрон Аллоҳнинг айтганларини, амру фармонини тасдиқловчи-сиддиқадир. Содиқ, пок бир бандадир. Бу кишини ҳам «она Худо» деб эътиқод қилиб бўлмайди. Демак, Масиҳ ибн Марямни ҳам, унинг онаси Марям сиддиқани ҳам «худо» деб эътиқод қилиш хатодир. Биргина далилнинг ўзи уларнинг аслида кимликларини кўрсатади.
«Икковлари ҳам таом ер эдилар».
Бу оддий ҳақиқат. Бу ҳақиқатни энг ашаддий насоролар ҳам инкор эта олмайди. Марям кичиклигидан, ота-онасидан туғилганидан бошлаб одамлар ичида ўсди. Еб-ичди. Буни ҳамма кўрди. Бу ҳол у киши бу дунёдан ўтгунга қадар давом этди. Шунингдек, Масиҳ ибн Марям ҳам онасидан туғилгандан бошлаб кўпчиликнинг ичида бўлди. Доимо таом тановул қилди. Уни Аллоҳ таоло ўзига кўтаргунгача шундай давом этди. Буни ҳам ҳамма кўрди. Энди ўйлаб кўрсинлар. Бошқа нарсаларни бир ёққа қўяйлик-да, ушбу оятда келган энг оддий далилни-таомни олайлик. Таомга ҳожати тушувчи одам Худо бўла оладими?! Овқат емаса, қорни очиб, заифлашадиган киши Аллоҳ бўлиши мумкинми?! Ҳожатмандлик бандага хос сифат. Шунингдек, таомга ҳожати тушишлик, овқат емаса, қорни очишлик, сув ичмаса, чанқашлик бандага хос сифат. Бинобарин, ҳаётлари давомида таом еб ўтган Масиҳ ибн Марям ва у кишининг оналари Марям сиддиқалар ҳам Аллоҳ эмас, Аллоҳнинг бандаларидирлар.
Бу жуда ҳам оддий мантиқ. Ҳеч қандай ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо:
«Биз уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қандай бурилиб кетаётганларига назар сол».
Жуда ҳам ажабланарли ҳол.
ИЙСО АЛАЙҲИССАЛОМГА ОИД ҲАДИСЛАР
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча(тушда) ўзимни Каъба олдида кўрдим. Бир буғдойранг кишини кўрдим. Сен кўрган буғдойранг одамларнинг энг гўзали. Сочи қулоғининг юмшоқ еригача тушган. Сен кўрган сочларнинг энг гўзали. Яхшилаб тараб олибди. Қарасам у(соч)дан сув оқиб турибди. У икки кишига ёки икки кшининг елкаларига суяниб олиб Байтни авоф қилмоқда. Бу ким, дедим. Бу Масиҳ ибн Марям, дейилди. Сўнгра мен бошқа бир кишига дуч келдим. Сочи жингалак. Ўнг кўзи ғилай. Худди бўртиб турган узум донасига ўхшайди. Бу ким, деб сўрадим. Масиҳи Дажжол, дейилди», дедилар.
Икки шайх ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга исро қилдирилган кечаси Мусо ибн Имрон алайҳиссалом олдидан ўтдим; буғдойранг, новача, жингалаксоч одам эканлар. Худди Шануъанинг кишиларига ўхшайди. Ийсо ибн Марямни кўрдим. Ўртача, қизғиш оқ, сочлари юмшоқ экан», дедилар. Муслим ва Термизий Тафсирда ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир янги туғилган болани, албатта, шайтон чимдилайди. Ана шунда у шайтоннинг чимдилашидан қичқиради. Фақатгина Ибн Марям ва унинг онаси бундан мустасно», дедилар.
Абу Ҳурайра: «Агар истасингиз, «Албатта, мен уни ва унинг зурриётини Сен шайтони ражимдан паноҳ қилишингни сўрайман»ни ўқинглар», деди.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Ийсо ибн Марямга энг ҳақлисиман», дедилар.
«Қандоқ қилиб? Эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар.
«Анбиёлар кундошлардан бўлган оға-инилардир. Оналари турлича. Динлари бир. Бизнинг орамизда набий йўқ», дедилар У зот.
Башқа бир ривоятда: «Мен одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг ҳақлисиман. Анбиёлар кудошларнинг авлодларидир. Мен билан унинг орамизда набий йўқ», дейилган. Иккисини учовлари ривоят қилган.
«Ийсо алайҳиссалом бир кишини ўғрилик қилаётганини кўрди ва унга: «Ўғирладинг», деди. У: «Йўқ! Ундан ўзга илоҳ йўқ зот ила қасам!», деди.
Шунда ийсо: «Аллоҳга иймон келтирдим ва ўзимни ёлғончи қилдим», деди. Муслим ривоят қилган.
ИЙСО ҚИЁМАТ СОАТИ БЕЛГИСИДИР
Ислом айидаси бўйича қиёмат яқин қолганда Ийсо алайҳиссалом ер юзига қайта тушадилар. Бунга «Зухруф» сурасидаги ушбу оят ва бир қанча ҳадиси шарифлар далилдир:
«Албатта, у(Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир». (61)
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у(Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир».
Яъни, вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Бас, у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни жорий қилади, молу дунёни тошириб юборганидан уни биров олмай қўяди. Ҳаттоки, бир сажда бутун дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади».
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга:
«Кел, бизга намозга ўт», дейди. У:
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни, қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - вк накрутка