"."
Меню

Пайгамбарлар киссаси

 

 

 

ҲОРУН АЛАЙҲИССАЛОМ


Қуръон Каримда Ҳорун алайҳиссаломнинг номлари йигирма марта келган. У зот Бақара. Нисо, Анъом, Аъроф, Юнус, Марям, Тоҳо, Анбиё, Мўминун, Фурқон, Шуаро, Қасас ва са-Саффот сураларида мазкурдирлар. 

У киши Ҳорун ибн Имрон ибн Қоҳис ибн Ловий ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдирлар.
Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг туғишган акаларидир. У киши Мусо алайҳиссаломдан уч ёш катта бўлганлар.
Ҳорун алайҳиссалом фасоҳатли, тили бурро гапга уста бўлганлар. У кишининг айни шу хусусиятларини укалари Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан ёрдамчи қилиб бериш-ни сўраётганларида эслаганлар:
«Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юбор, мени тасдиқлайдир. Зеро, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман», деди». (Қасас 34)
Яъни, менинг тилимда бир оз дудуқлик бор, оғам Ҳорун эса, тили бурро одам. Кофирлар билан тортишувларда иш беради. Уни ҳам мен билан бирга Пайғамбар қилиб юбор. У ҳам мен билан бирга Пайғамбар бўлиб, мени тасдиқласин.
Аллоҳ таоло «Марям» сурасида Ҳорун алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ҳақида: «Ва унга Ўз раҳматимиздан оғаси Ҳорунни Пайғамбар қилиб ҳадя этдик». (Марям 53)
Ҳорун алайҳиссалом ўз укалари Мусо алайҳиссаломга ёрдамчи пайғамбар бўлганлари учун у киши қаерда зикр этилсалар бу киши ҳам этилган. Бу ҳолни Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларини ўрганиш давомида яққол мулоҳаза қилдик.
Ҳорун алайҳиссаломнинг фаолиятларидаги энг ҳассос ҳолат у зотнинг Бани Исроил ичида Мусо алайҳиссаломнинг ўрниларига қолган пайтлари бўлган.
«Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди». (Аъроф 142) 
Мусо алайҳиссалом бу гапни Роббил оламийн билан мийқотга кетаётиб айтганлар. У киши кетганларидан кейин Бани Исроил Ҳорун алайҳиссаломга итоат қилмай бузоқни худо қилиб олганлари ва унга боғлиқ бошқа ҳодисаларни Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларида батафсил ўрганилди.
Ҳорун алайҳиссалом 122 йил яшаганларидан сўнг бу дунёни тарк этдилар. У зотнинг вафотлари Мусо алайҳиссаломнинг вафотларида ўн бир ой олдин бўлган. У киши ҳам тийҳ ерида бўлган.

 
ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМ 

Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни Ўз китоби Қуръони Каримда ўн олти жойда зикр этган. Яъқуб алайҳиссаломнинг зикри Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф, Марям, Анбиё, Анкабут ва Сод сураларида келган.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. У кишининг оналари Рифқа бинти Батавъил ибн Ноҳур ибн Озардир. У киши икки экизакнинг биридир. Акалари ал-Ийс олдин туғилган экан. У зот унинг ортидан туғилгани учун Яъқуб-ортдан келар номи ила аталган эканлар.
Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил бўлган. Уламолар Исроил сўзининг маъноси ҳақида бир неча хил фикрлар, жумладан, Абдуллоҳ ёки Руҳуллоҳ деган фикрни айтадилар. 

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЁТЛАРИ

Яъқуб алайҳиссалом Фаластин ерларида дунёга келдилар. Оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг тарбияларини олиб ўсдилар. У кишининг оналари Бобилга бориб тоғалари Лобоннинг олдида истиқомат қилишни таъйинлаган эди.
Яъқуб алайҳиссалом Бобил томон йўл олдилар. Йўлда бир башоратли туш кўрдилар. Уйғониб ўша туш кўрган ерларида Аллоҳ учун бир уй қуришга аҳд қилдилар ва ўша ерга тошдан белги қўйдилар. Кейинчалик эса ўша ерда Байтул Мақдисни қурдилар.
Тоғалариникига борсалар, у кишининг иккита қизи бор экан. Улардан бирининг номи Роҳил, иккинчисиники Лийъа экан. Турли сабабларга кўра ва ўша даврнинг шариати изн бергани учун Яъқуб алайҳиссалом опа-сингилга уйланидилар. Опа-сингилларга оталари Лобон биттадан чўри ҳадя қилибди. Роҳилга Балҳо номли чўрини, Лийъага Залфа номли чўрини. Улар ўз навбатларида чўриларини эрлари Яъқуб алайҳиссаломга ҳадя қилибдилар. Шундоқ қилиб Яъқуб алайҳиссалом тўрт хотинли бўлиб қолибдилар.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга барча хотинларидан ўн иккита ўғил ато қилди.
Лийъа номли хотинларидан олти бола кўрдилар;
1-Рубийл.
2-Шамъун.
3-Ловий.
4-Яҳузо.
5-Ийсохор.
6-Зоблун.
Ушбу ўғилларнинг бири бўлмиш Ловийнинг наслидан кейинчалик Мусо алайҳиссалом туғилганлар.
Яҳузонинг исми эса яҳудийларга ном бўлиб қолган.
Яъқуб алайҳиссалом Роҳил номли аёлларидан икки ўғил кўрдилар;
7-Юсуф алайҳиссалом
8-Бинямин.
Яъқуб алайҳиссалом Балҳо номли аёлларидан ҳам икки ўғил кўрдилар;
9-Дан.
10-Нафтали.
Яъқуб алайҳиссалом Залфа номли аёлларидан икки ўғил кўрдилар;
11-Жад.
12-Ашир.
Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғилларидан ҳар бири Бани Исроилнинг асботларидан бир сибтга ота бўлганлар. Уларнинг Биняминдан бошқаси Бобилда туғилганлар. Биняман эса Фаластинда туғилган.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИКЛАРИ

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтадики:
«Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз». (136 оят)
Аллоҳ таоло мусулмонларга, Аллоҳга ва Қуръонга иймон келтирамиз, деб айтинглар, демоқда. Айни чоғда, Аллоҳ таоло томонидан бошқа Пайғамбарларга туширилган нарсаларга ҳам иймон келтирамиз, денглар. Жумладан, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб алайҳиссаломларга туширилган нарсаларга иймон келтирамиз. Бу рўйхатда асботлар ҳам саналган. «Асбот» сўзи «сибт»нинг кўплиги, «сибт» эса, набира маъносини билдиради.
Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод-Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг Пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.
Улул-азм Пайғамбарлардан бўлган Мусо алайҳиссаломга тушган Тавротга, Ийсо алайҳиссаломга тушган Инжилга иймон келтириш лозим. Шунингдек, номлари зикр қилинмаган бошқа Пайғамбарларга туширилган нарсаларга иймон келтириш лозим. Мусулмонлар эълон қилиши лозим бўлган яна бир гап:
«Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз», дейишдир. Яъни, ҳаммаларига баробар иймон келтирамиз, бирорталарини ажратмаймиз.
Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур Пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган. Шунинг учун ҳам бу уммат ҳамманинг олдида баралла қилиб: 
«Биз Унга мусулмонлармиз», (яъни, ягона Аллоҳга) деб эълон қила олади.
Ана ўша пайғамбарлар ичида, Аллоҳ таоло ваҳий тушириб ҳамма пайғамбарлар учун бир бўлган Ислом динини берганлар ичида Яъқуб алайҳиссалом ҳам бор. У киши яҳудий ёки насроний динида бўлмаганлар.
Ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги қуйидаги икки оятда таъкидлайди:
«Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин. Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир». (140 оят)
Яҳудийларнинг, фақат яҳудий бўлганларгина ҳидоят топади, деган даъволарига ва насронийларнинг, фақат насронийларгина ҳидоятдадир, деган даъволарига қарши яна битта кучли раддия келяпти. Уларни ожиз қолдирадиган савол бериляпти.
«Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин».
Хўш, яҳудий ва насронийлар бу саволга нима деб жавоб қиладилар? Улар Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асботларни яҳудий ёки насроний дейин десалар, ҳамма , жумладан улар ўзлари ҳам яхши биладиларки, «яҳудий» ва «насроний» деган исмлар мазкур Пайғамбар алайҳиссаломлардан неча замонлар кейин пайдо бўлган.
Агар уларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганларини тан олайин десалар, унда, фақат яҳудий ва насронийларгина ҳидоятдалар, деган даъволарини қандай тушуниш керак? Ахир, бу даъвога кўра, мазкур Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам ҳидоят топмаган бўлиб чиқадилар. Ҳолбуки, яҳудий ва насронийлар ўзларини айнан ўша улуғ Пайғамбарларнинг насли, уммати ҳисоблаб, шу билан фахрланиб юришибди.
Хуллас, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам бу саволга жавоб беришдан ожиздирлар. Бу савол қаршисида тил тишлашдан бошқа чоралари қолмайди.
Аллоҳ таоло худди шу услубда Пайғамбар алайҳиссаломга ўргатиб:
«Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин», дейди. 
Бу савол яҳудий ва насронийларни баттар мот қилади, чунки улар асло, биз Аллоҳдан кўра билимдонроқмиз, дея олмайдилар. Аксини, яъни, Аллоҳ биздан билимдонроқ, десалар, унда Аллоҳнинг сўзларига ишонишлари шарт: Аллоҳ ўтган барча Пайғамбарларни яҳудий демаган, насроний демаган, балки уларнинг мусулмон бўлганларини қайта-қайта таъкидлаган. Уларга тилларини тишлаб жим қолишдан ўзга чора йўқ.
Сўнгра уларнинг энг катта айбларидан яна бири фош этилади:
«Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?»
Албатта, йўқ. Ҳаммани яратган, ҳамманинг Робби бўлган Аллоҳни Ўзи гувоҳликка раво кўрса-ю, у ношукр банда бу гувоҳликни ўрнида адо этмай беркитса, албатта, у энг катта золим бўлади-да. 
Ҳолбуки,
«Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир».
Ҳа, албатта, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмас. У зот барча нарсани билиб турибди. Вақти келганда ҳисоб китобини қилади.

У ЗОТНИНГ ШАРИАТЛАРИДАН НАМУНА

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссалом «Исроил» номи ила бир марта, «Оли Имрон» сурасида зикр қилгандир:
«Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бани Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!» (93 оят)
Исроилдан мурод аввал баён қилинганидек, Яъқуб алайҳиссаломдирлар. Ривоятларда келишича, Яъқуб алайҳиссалом оғир касал бўлиб ётганларида, агар Аллоҳ шифо берса, энг яхши кўрган таомларини-туянинг гўшти ва сутини емасликни назр қилган эканлар. Аллоҳ бу назрни қабул қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан содир бўлган гуноҳлар туфайли уларга иқоб сувратида баъзи ҳайвонларни ҳамда мол билан қўйнинг чарвисини ҳаром қилган эди. Ҳолбуки, булар Таврот тушишидан олдин Бани Исроилга ҳалол эди.
Ушбу оятдан Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатларида таомларнинг ҳалол ҳаромлиги, назр аташ каби ҳукмлар бўлганини билиб оламиз.

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАСИЯТЛАРИ

«Ислом» сўзида бўйсуниш, тоат, ихлос маънолари бор. Барча пайғамбар, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломнинг ва у зотнинг набиралари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳам динлари, миллатлари-Ислом. Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўзлари мусулмон бўлишлари билан кифояланиб қолмадилар, балки ушбу Ислом миллатини маҳкам тутишга васият қилдилар. Ўша васият «Бақара» сурасидаги кейинги икки оятда келади:
«Иброҳим ўша(миллат)ни болаларига васият қилди. Яъқуб ҳам: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмассиз», деди». (132 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг набиралари Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўз фарзандларига васият қилиб:
«Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади», дедилар. 
Демак, бу дин-Аллоҳ ихтиёр қилган дин. Бошқа нарсага юз тутишга ўрин йўқ.
«...сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмайсиз», деди».
Мусулмон бўлиб яшаб, мусулмон бўлиб ўлишга ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ.
«Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!» (133 оят)
Яъқуб алайҳиссаломга ўлим вақти етганда атрофларида видолашиш учун йиғилиб, жимгина бош эгиб турган авлодларига васият қилаётиб: 
«Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деб сўрадилар. 
У зотнинг ўлимдан аввал фикрларини ишғол қилиб турган бирдан-бир ташвиш, дину диёнат, ақийда ташвиши эди. Болаларини шунинг учун атрофларига тўпладилар. Ушбу масалада хотирларини жам қилиб кетмоқчи эдилар. Болаларининг ҳам жавоблари тайёр экан. Дарҳол:
«улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», дейишди. 
Исмоил алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломга амаки бўлсалар ҳам, ота дейишди, чунки амаки ҳам гоҳида ота ўрнида ҳисобланади.
Улар, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз, дейишди. Бани Исроилга ўхшаб, «Узайр Аллоҳнинг ўғли», деб худога ширк келтирмадилар. Насронийларга ўхшаб, «Ийсо Аллоҳнинг ўғли» ёки «Аллоҳ учтанинг учинчиси», демадилар. Араб мушрикларига ўхшаб, Лот, Уззо ва бошқа бутларни Аллоҳга шерик қилишмади ёки «фаришталар Аллоҳнинг қизлари» демадилар. Ҳам бошқа динларни эмас, айнан Исломни айтдилар, биз Унга мусулмон бўлувчимиз, дедилар.


ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАФОТЛАРИ

Ўғиллари Юсуф алайҳиссаломнинг йўқолишларидан қаттиқ хафа бўлган Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай қолган эди. Кейин у кишини топганларидан сўнг кўзлари ҳам тузалди ва ҳаммалари Юсуф алайҳиссалом ҳукмдорлик қилаётган Мисрга келиб яшай бошладилар. Ўша пайтда Яъқуб алайҳиссалом 130 ёшда эдилар. Мисрда 17 йил яшаганларидан кейин у зот 147 ёшларида вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссалом вафотларидан олдин Юсуф алайҳиссаломга ўзларини оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёнларига дафн қилишни васият қилган эдилар. У зот Халилдаги машҳур ғор ичига дафн қилиндилар.

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ 

Қуръони Карим Исмоил алайҳиссаломнинг исмларини ўн марта тилга олган. У зот Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Иброҳим, Марям, Анбиё ва Сод сураларида зикр қилинганлар. Исмоил алайҳиссалом асосан ўз оталари Иброҳим алайҳиссалом билан бирга эсга олинишлари ҳаммага маълум.

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни, ота-онаси машҳур зотлардан бирлари десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши алайҳиссалом Халилур Роҳман Иброҳим алайҳиссалом ва Биби Ҳожарлардан дунёга келгандирлар. Исмоил алайҳиссалом ўзларининг зурриётлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чиққанликлари билан ҳам машҳурлар. Шундоқ қилиб Исмоил алайҳиссалом ота тарафдан ҳам ўзларидан машҳур зотга, фарзанд тарафдан ҳам ўзларидан машҳур зотга боғланадилар.
Исмоил алайҳиссаломнинг оналари мисрлик бўлиб, ўша ернинг подшоҳи томонидан Биби Сорага, у киши эса ўз эрлари Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан, қариб қартайиб қолган чол Иброҳим алайҳиссаломдан ҳомиладор бўлган Ҳожар онамиздан Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.
Кейин оилавий сабабларга кўра, Аллоҳ таолонинг ҳикмати асосида гўдак Исмоилни онаси билан Иброҳим алайҳиссалом ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини ҳам қилдилар.
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим сураси 37 оят)
Кейин нималар бўлганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан ўрганамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаш Исмоилнинг онаси томонидан бўлган. У Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетгазиш учун белбоғ боғлаган. (Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Биби Ҳожар биби Соранинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шондоқ қилганлар.) 
Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, байтнинг ўрнига қўйиб кетган. Замзам устидаги катта дарахт остига. Масжиднинг юқори тарафига. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди. У икковларининг олдиларига бир хурмоси бор халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:
«Эй, Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасан?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:
«Аллоҳ сени шунга амр қилдими?» деди.
«Ҳа», деди.
«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди. 
Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди: 
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб язкурунгача айтди. 
Исмоилнинг онаси Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Мешдаги сув тамом бўлганда чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғаниб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб юриб кетди. У ўзига энг яқин бўлган тоғ Сафони кўрди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Кейин Сафодан тушди. Водийга етганида кўйлагининг этагини кўтариб қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъйи қилиб водийдан ўтди. Сўнгра Марвага келди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Етти марта ана шундоқ қилди. 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Пайғамбар:
«Ана ўша одамларни иккиси орасидаги саъйидир», дедилар», деди.
У Марвага чиққан пайтида бир овоз эшитди. Ўзига ўзи, жим, деди. Сўнгра қулоқ осди. Яна ўша овозни эшитди. Шунда у:
«(Овозингни) эшитдирдинг. Агар имконинг бўлса менга ёрдам бер», деди. У қараса Замзамнинг ўрнида фаришта турибди. Товони ила ёки қаноти ила излаяпти. Охири сув чиқди. У(Ҳожар) сувни тўса бошлади. Икки қўли билан бундоқ қилиб ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошлади. Ҳовучлаб олгандан кейин у яна отилиб чиқар эди. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар Замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида Замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар. 
У ичди ва боласини эмизди. Фаришта унга:
«Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди. 
Байтнинг ўрни тепаликка ўхшаш кўтарилган ер эди. Селлар келса ўнг ва чап томонларидан ўтиб кетар эди. Ана шундоқ давом этди.
Бир вақт Журҳумдан ёки журҳум аҳли байтидан бир гуруҳ рафиқлар Кадаа йўлидан келиб, ўтиб қолдилар. Улар Макканинг паст томонига тушдилар. Бас, айланиб учаётган қушни кўрдилар. Улар, албатта. Бу қуш сув бор жойда айланади, бу водийда билишимизча сув йўқ эди, деб бир ёки икки одамни юбордилар. Улар қайтиб келиб сувнинг хабарини бердилар. Улар борсалар, сув олдида Исмоилнинг онаси турибди. Улар:
«Сенинг ҳузурингга тушишимизга изн берасанми?» дедилар. 
«Майли. Лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. 
«Хўп», дедилар. 
Пайғамбар алайҳиссалом:
«Бу нарса Исмоилнинг онасига ёқиб тушди. У унси улфатни хуш кўрарди. Улар ўша ерга тушдилар. Аҳлларига ҳам одам юбордилар. Улар ҳам келдилар. Улардан бир қанча аҳли байтлар бўлди. Бола йигит бўлди. Улардан арабчани ўрганди. У йигит бўлиб уларнинг кўзига нафис кўринди, уларга ёқиб қолди. У вояга етганида уни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Исмоилнинг онаси вафот этди. 
Иброҳим ўзи қолдириб кетгандан хабар олиш учун келди. Исмоилни топмади. Хотинидан уни сўради. 
«Бизга бирор нарса топиб келгани кетди», деди. Сўнгра у уларнинг маъишатларидан, ҳол-аҳволларидан сўради. 
«Биз жуда ёмон ҳолдамиз. Биз торчиликдамиз, оғирчиликдамиз», деб унга шикоят қилди.
«Эринг келса, унга салом айтгин ва унга айтгинки, эшигининг остонасини алмштирсин», деди у. 
Исмоил келиб худди бир нарсани сезгандек бўлди ва:
«Ҳузурингизга биров келдими?» деди.
«Ҳа. Бундоқ, бундоқ чол келди. У биздан сени сўради. Мен унга хабар бердим. Мендан маъишатимиз қандоқлигини сўради. Мен унга торчилик ва қийинчиликдалигимиз ҳақида хабар бердим», деди аёл. 
«Сенга бирор нарса таъйинладими?» деди у.
«Ҳа. Менга саломини сенга етказишимни амр қилди ва эшигингнинг остонасини ўзгартиришингни айтди», деди аёл.
«Ана ўша отам. У менга сен билан ажрашишимни амр қилибди. Сен аҳлингнинг олдига бор», деб уни талоқ қилди. 
Сўнгра улардан бошқа аёлга уйланди. Бас, Иброҳим улардан Аллоҳ хоҳлаганича ғоиб бўлди. Сўнгра яна келди. Яна уни топмади. Унинг хотини олдига кирди. Кейин у ҳақида сўради. 
«Бизга бирор нарса топиб келгани кетди», деди. 
Сўнгра у, ҳолингиз қандоқ, деб уларнинг маъишатларидан, ҳол-аҳволларидан сўради.
«Биз яхшимиз, кенгчиликдамиз», деб Аллоҳга шукрлар айтди. 
«Таомингиз нима?» деди.
«Гўшт», деди.
«Шаробингиз нима?» деди.
«Сув», деди. 
«Эй, бор Худоё! Уларга гўшт ва сувда барака бергин!» деди. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтдилар:
«Ўша кунда уларнинг дони йўқ эди. Агар бўлганида, албатта, у ҳақида ҳам дуо қилган бўлар эди. У иккиси ила аҳли Маккадан бошқалар яшай олмайди».
«Эринг келганда унга салом айтиб қўй ва унга эшигининг остонасини сотиб олишни амр қил», деди. 
Исмоил келиб:
«Ҳузурингизга биров келдими?» деди.
«Ҳа. Бир гўзал кўринишдаги чол келди. Мендан сенинг ҳақингда сўради. Мен хабар бердим. Кейин маъишатимиз ҳақида сўради. Мен, биз яхшимиз, деб хабар бердим», деди аёл.
«Сенга бирор нарса таъйинладими?» деди у.
«Ҳа. Менга саломини сенга етказишимни амр қилди ва эшигингни остонасини ўзагартирмаслигингни айтди», деди.
«Ана ўша отам. Остона сенсан. Сени тутиб қолишимга амр қилибди», деди.
Бас, Иброҳим улардан Аллоҳ хоҳлаганича ғойиб бўлди. Сўнгра яна келди. Исмоил Замзам яқинидаги катта дарахт остида камон ўқини созлаётган эди. Уни кўриши билан у томон турди ва ота-болага, бола-отага қиладиган нарсани қилди. Сўнгра у:
«Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.
«Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди Исомил. 
«Сен ёрдам берасанми?» деди. Исмоил: 
«Ёрдам бераман», деди Исмоил:. 
«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. 
Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Исмоил тош таширди, Иброҳим қурарди. Бино кўтарилганда манави тошни олиб келиб унга қўйиб берди. Бас, у у(тош)нинг устига чиқиб олди. У бино қурарди. Исмоил унга тош олиб берарди. Икковлари:
«Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан...», дер эдилар».
Бухорий «Бадъул халқ»да ривоят қилган. 
Исмоил алайҳиссаломнинг кўпгина хабарлари оталари пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг хабарлари ила чамбарчас боғлиқ экани ҳаммага маълум. Иброҳим алайҳиссалом қариган чоғларида кўрган ўғилларини қурбонлик қилишга уринганларида Исмоил алайҳиссаломнинг қанчалик юксак одоб ила бу ишга бош эгиб берганлари ҳам маълум. Шунингдек у зотнинг Байтуллоҳни бино қилишда оталарига ёрдам берганлари ҳам маълум. Бу ишларнинг барчасида Иброҳим алайҳиссалом биринчи шахс бўлганлари учун биз уларнинг тафсилотини ўша зотнинг қиссаларида келтирдик. Бу ерда қайтариб ўтирмаймиз.
Энди Қуръони Каримда Исмоил алайҳиссалом ҳақларида келган баъзи оятларни ўрганмиз.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида айтади:
«Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва набий бўлган эди». (54 оят)
Эй Муҳаммад, илоҳий китоб-Қуръонда Исмоилнинг қиссасини эсла. Исмоил, ҳеч шубҳасиз, ваъдасига содиқ зот эди. Содиқлик ҳар бир Пайғамбарнинг сифатидир. Аммо, Исмоил алайҳиссалом бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан ўзларининг ваъдага садоқатлари билан ажралиб турганлар.
«...ҳамда Расул ва набий бўлган эди».
У зотнинг Расул ва набий эканликларига шак-шубҳа йўқ. Демак, Исмоил алайҳиссалом халойиқни ҳидоят йўлига чақирганлар.
«У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди». (55 оят)
Маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам намоз ва закот ибодатлари бўлган. Бўлганда ҳам, алоҳида зикрга сазовор, юксак мақомли ибодатлардан экан.
«...ва Робби наздида рози бўлган эди».
Яъни, Роббининг розилигига сазовор бўлган эди.
Бақара сурасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
«...Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик». (125 оят)
Яъни, Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик. Бу ҳам Иброҳим алайҳиссалом билан бир қаторда Исмоил алайҳиссаломнинг мақомлари улуғ эканига далолатдир.
Шунингдек, «Анбиё» сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.
Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди. (85-86 оятлар)
Ушбу зикр этилган ояти карималарда Исмоил алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:
1-Сиддиқлик.
2-Набийлик.
3-Олий мақом соҳиблиги.
4-Сабр қилувчилик.
5-Аллоҳнинг раҳматига кириш.
6-Солиҳлик.
Аллоҳ таоло «Сод» сурасида қуйидагиларни келтиради:
«Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир». (48 оят)
Бу уч Пайғамбар ҳаётида ҳам эслашга лойиқ ибратли ҳодисалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёр-энг яхши бандалардан бўлганлар.
Уларни Аллоҳ таоло ахёрлардан деб алоҳида мадҳ этмоқда.
Ана ўша Пайғамбарларнинг ҳаётидан, Аллоҳ йўлидаги курашишларидан, дин йўлидаги фидокорликларидан, бало-офатларга, машаққатларга сабрларидан, турли синовларга бардош беришларидан, кофирлар, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларидан ибрат, ўрнак олиш керак.
Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган муҳитдаги арабларга пайғамбарлик қилдилар. 
Исмоил алайҳиссалом ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрганлар. У зотнинг ўғилларининг барчаси араб қабилаларига ота бўлганлар. Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган арабларни араби-мастаъраба деб номланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссаломдандир.
Исмоил алайҳиссалом ўз қизларини укаларининг ўғли ал-Ийс ибн Исҳоққа турмушга берганлар. 
Исмоил алайҳиссалом 137 йил умр кўриб кейин бу дунёни тарк қилганлар. У зот оналари Биби Ҳожарнинг ёнларига, Каъба ҳижрига дафн қилинганлар. У зотга Аллоҳ таолонинг соловотлари ва саломлари бўлсин.

 
ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМ 

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломни ўн еттита оятда номларини тилга олган. Жумладан у зотни зикрлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Ҳуд, Юсуф, Иброҳим, Марям, Анбиё, Анкабут, ас-Саффот ва Сод сураларида келган.

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

У зот Иброҳим алайҳиссаломнинг Биби Сорадан бўлган ўғиллари. Исҳоқ алайҳиссалом оталари Иброҳим алайҳиссалом юз ёшга, оналари Биби Сора ҳам катта ёшга етиб қолганларида Аллоҳ таолонинг инояти ила туғилганлар. У кишининг башоратлари ва сифатлари ҳақида ас-Саффот сурасида қуйидагилар айтилган:
«Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (112 оят)
Иброҳим алайҳиссаломга берилаётган башорат Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабаридир.
Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди:
«Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ- ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (113 оят)
Яъни, Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Уларнинг наслидан Пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйдик. Барака шундан иборат. Икковларининг зурриётидан ким ўша Пайғамбарларга эргашса, гўзал иш қилган бўлади. Қайси бири эргашмаса, ўзига ўзи очиқ-ойдин зулм қилган бўлади.
Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломга ота томон қариндошларнинг қизларидан уйланишни таъйинлаган эканлар. Шунинг учун Исҳоқ алайҳиссалом амакиваччаларининг қизи Рифқага уйланган эканлар. Улар икки ўғил кўришди. Бири ал-Ийс. Иккинчиси Яъқуб. Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломдан Бани Исроил тарқалди ва у зотнинг сулолаларидан пайғамбарлар чиқди.

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИКЛАРИ

У зот ўзлари яшаб ўтган Фаластин ва Шом ерларидаги Канъонийларга пайғамбар бўлганлар. Пайғамбарларнинг улуғлари ва кўплари ўтган бу ерларда у киши қандоқ Пайғамбарлик қилганлари ҳақидаги маълумотлар Қуръони Каримда зикр қилинмаган.
Исҳоқ алайҳиссаломнинг исми шарифлари келган ояти карималарни ўрганадиган бўлсак у зотнинг зикрлари асосан бошқа пайғамбарлар, хусусан оталари Иброҳим алайҳиссалом, акалари Исмоил алайҳиссалом ва ўғиллари Яъқуб алайҳиссаломлар билан биргаликда келади. Фақат биргина оятда Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёлғиз исмлари келган, холос. Унда ҳам оталари Иброҳим алайҳиссаломга ишора бор.
Бу ҳолатларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, Иброҳим ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўз вақтларидаги катта пайғамбар шуҳрати сабабли бир оз кам зикр қилинганлар, десак бўлаверса керак. 
Чунки Иброҳим алайҳиссаломнинг зикрлари Қуръони Каримда қанчалик кўп эканини ўрганиб чиқдик. Бунинг устига Лут алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломлар ҳам бор. Ана ўша эътибордан Исҳоқ алайҳиссаломни бошқалар билан бир қаторда эсга олиниб ўшаларга сифатларда ҳам, фаолиятда ҳам шерик эканликларига ишорат қилинган бўлса керак.

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Исҳоқ алайҳиссалом 180 ёшга кириб бу дунёни тарк этдилар. У зот Халил шаҳри яқинидаги оталари Иброҳим алайҳиссалом дафн қилинган ғорга дафн қилиндилар.

 
СОЛИҲ АЛАЙҲИССАЛОМ 


Қуръони Каримда Солиҳ алайҳиссаломнинг исмлари тўққиз марта тилга одинган. У зотнинг қиссалари Шуаро, Аъроф, Қамар, Намл, Ҳуд каби сураларда келган.

СОЛИҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд, боболариники Осиф бўлиб насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади. У киши боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига мансубдирлар.
Самуд қавми Арабистон ярим ороли, Ҳижоз диёрининг шимолий қисмида Ҳижр деб аталадиган юртда истиқомат қилар эди. У юрт ҳозир Мадоини Солиҳ, деб аталади. Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. 
Аллоҳ таоло бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди. (61 оят)
Оятдан кўриб турибмизки, Солиҳ алайҳиссалом ҳам Пайғамбар бўлиб келиб, қавмларига ўзларидан олдинги Пайғамбарларнинг гапларини айтганлар:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ».
Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Ҳуд алайҳиссалом ҳам шу гапни айтган эдилар. Солиҳ алайҳиссалом ҳам худди шу гапни айтмоқдалар. У кишидан кейин келганлар ҳам айтадилар бу гапларни. Чунки Пайғамбарларнинг ҳаммаси ягона Аллоҳдан келган, Аллоҳнинг эса битта дини бор-Ислом.
«У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди».
Эй қавмим, Аллоҳ сизларни аввал-бошда ер жинсидан яратди. Сўнгра ўша ерни обод қилишингиз учун сизни унда қолдирди.
Демак, инсоннинг ер юзидаги вазифаларидан бири уни обод қилишдир.
«Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».
Бу сўзларни ҳам барча Пайғамбарлар айтганлар.
«Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир».
У истиғфор ва тавбангизни яқиндан туриб эшитади ва билади ҳамда тезда қабул қилади.
Солиҳ алайҳиссаломнинг бу гапларига қавмлари қуйидаги жавобни бердилар:
Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар». (62 оят)
Бу ҳам одатдаги ҳол. Бошқа қавмларга ўхшаб Самуд қавми ҳам, ўзларининг ичларидан чиққан Пайғамбарга, у даъват қилаётган динга шак-шубҳа билан қарамоқдалар. Шу билан бирга, улар Солиҳ алайҳиссаломнинг аввалги ҳолларини эътироф қилмоқдалар:
«Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг».
Яъни, фазилатларинг учун, ақлинг, илминг, ростгўйлигинг, ҳусни хулқинг, омонатдорлигинг учун ҳаммамиз сенга ҳавас қилар, сендек бўлишни орзу этар эдик.
«Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми?»
Бу ҳам барча жоҳил қавмларнинг баҳонаси. Ота-бобоси ибодат қилган нарсага ибодат қилишни рўкач қилиб, Аллоҳнинг юборган Пайғамбарини инкор қиладилар. Ота-боболари ибодат қилган нарса ҳақми, ноҳақми-уларга барибир. Ота-бобоси ибодат қилган бўлса, бўлди. Ўзларича ақл ишлатиб кўрмайдилар. Самуд қавми илгари ўзлари ҳавас қилиб юрган одам Пайғамбар бўлиб келиб, Аллоҳнинг амрини етказса ҳам, ота-боболарининг амалини ташлашни эп кўрмасликни баҳона қилиб, Аллоҳнинг динини инкор қиляптилар. Улар Пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссаломга:
«Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар».
Ноҳаққа ўзини урганлар ҳақдан ажабланадилар. Ҳақ ҳақида шак-шубҳага тушадилар. Инсон табиати бузилганда шундай бўлади.
Нобакор қавмнинг бу раддиясидан сўнг Солиҳ алайҳиссалом уларга босиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришга уриниб кўрдилар:
«У: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю, мен Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ(азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар». (63 оят) 
Илгари Нуҳ алайҳиссалом ҳам шу гапларни айтган эдилар.
Сизлар мен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳа қилмоғингиз ҳеч нарсани ҳал этмайди. Сиз ҳар хил нарсада шак-шубҳа қилишингиз мумкин. Лекин дунёнинг ишлари, хусусан Пайғамбарлик, динга даъват қилиш, сизнинг хоҳишингиз ёки шак-шубҳа қилишингизга боғлиқ эмас!
«Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам»
Бу очиқ-ойдин ҳужжат У кўрсатган йўл эканини ростмона кўрсатиб турса
«ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю»
У зот, яъни, Аллоҳ таоло Ўз томонидан менга Пайғамбарликни берган бўлса-ю,
«...мен Унга осий бўлсам...»
Унинг айтганини бажармасдан, бошқача амал қилсам, албатта, Унинг азобига дучор бўламан. Ўша азобга дучор бўлган пайтимда
«ким менга Аллоҳ(азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?!»
Сизми? Йўқ! Сиз ёрдам беролмайсиз. Сиз фақат зарар берасиз.
«Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар», деди.
Кўр-кўрона, ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз, ўзларича ота-бобосидан қолган бидъат-хурофотларга ёпишиб олган мушриклардан зиёндан ўзга нима ҳам кутиш мумкин!
Минг афсуски, бу гапларнинг барчаси Самудга таъсир қилмади. Шуаро сурасида айтилганидек:
«Самуд қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди». 
«Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ деди: «Қўрқмайсизларми?!
Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақатгина Роббул оламийн зиммасидадир.
Сиз бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қилинасизми?! 
Боғ-роғларда, булоқларда?!
Экинзорлару майин хурмозор ичларида-я?!» (141-148 оятлар)
Аллоҳнинг Пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига айтаётган ушбу гапларидан, ул қавм ҳам моддапарастликка, молу-дунё ва айшу-ишратга берилган қавм бўлгани кўриниб турибди.
«Ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!» (149)
Самуд қавми ҳозирги аҳли дунёларга-моддапарастларга ўхшаб ўзларидаги мавжуд дунё матоҳлари ила манманлик қилишни хуш кўрар эдилар. Уларнинг манманлик қилишлирининг кўзга кўринган соҳаси тоғ ёнбағларидаги тошларни йўниб уй қилиш эди. Улар тоғнинг мужассам тошлрини йўниб ич томонига кириб уйлар, қасрлар қилишар эдилар. Ана ўша уйлари ҳозиргача сақланиб қолган. Арабистон ярим ороли шимолида саёҳатчилар тамоша қиладилар. Солиҳ алайҳиссалом ўз қавмларига ўша манманлик учун тошдан уй йўнишларини ҳам танқид маъносида эслатмоқдалар.
«Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар». (150 оят)
Эй қавмим, сиз манманлик ва моддапарастлик ҳамда беҳуда айшу-ишратни тарк қилиб, Аллоҳ таолога тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар.
«Ва ер юзида исрофчилик қиладиганларнинг ишига итоат қилманглар. Бузғунчилик қиладиган, ислоҳчилик этмайдиганларнинг». (151-152 оятлар)
Солиҳ алайҳиссалом куюниб айтган бу гапларига жиноятчи Самуд қавми қуйидаги жавобни берди:
«Улар: «Сен, албатта, сеҳрланганлардандирсан. Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, оят-мўъжиза келтир», дедилар». (153-154 оятлар)
Агар Пайғамбарлик даъвоинг рост бўлса, уни тасдиқлаш учун оят-мўъжиза келтир, дейишди.
Самуд қавмининг бу талабига биноан Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга мўъжиза берди.
Энди Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжизани эълон қилмоқдалар:
«У: «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш. Ва унга ёмонлик етказманглар, унда сизни улуғ куннинг азоби тутадир», деди. (155-156 оятлар)
Бошқа оятларда баён этилганидек, Аллоҳ таолонинг томонидан мазкур туяни тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди. 
Аллоҳнинг Пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжиза туяни кўрсатиб:
«Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш», демоқдалар.
Энди ўша мўъжиза туянинг Самуд қавми ичида туриш шарти қўйилди. Ўша юртдаги булоқдан бир кун туя, бир кун Самуд қавми сув ичади. 
Шу билан бирга яна бир шарт бор.
«Ва унга ёмонлик етказманглар, унда сизни улуғ куннинг азоби тутадир».
Қавм туяга мутлақо зарар етказмаслиги керак. Агар бу шартни бузуб туяга зарар етказадиган бўлсалар, уларга азоб етиши турган гап.
Аммо жинояткор қавм шартга амал қилмади.
«Бас, у(туя)ни сўйдилару надомат чекувчига айландилар».
Самуд қавми туғёнга кетиб, туяни сўйдилар. Кейин эса, надомат чека бошладилар. 

СОЛИҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЎЛДИРИШ ҲАРАКАТИ

Самуднинг яна бошқа жинояти ҳам бор эди. Нобакорларнинг бу жинояти ҳақида «Намл» сурасида қуйидагилар айтилади: «У шаҳарда тўққиз нафарли гуруҳ бор бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар». (48 оят)
Яъни, Солиҳ алайҳиссалом шаҳарлари бўлмиш Ҳижр шаҳрида тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишарди, яхшиликка, ислоҳ қилишга қўл уришмасди.
Ана ўша тўққиз кишилик бузғунчи гуруҳ аъзолари ислоҳга чақираётган Солиҳ алайҳиссаломдан энг кўп дарғазаб бўлдилар. Ўз жиноятлари билан шаҳар аҳолисини қўрқитиб олган мазкур уюшган жиноятчилар ўзларининг барча ҳамкасбларига ўхшаб шаҳарнинг каттаю-кичик ҳар бир ишига аралашиб турар эдилар. 
Солиҳ алайҳиссаломнинг гаплари чиққанидан сўнг улар ишни ўзларича муолажа қилишга ўтдилар.
«Улар: «Аллоҳнинг номига қасам ичинглар! Албатта, у(Солиҳ)ни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз, сўнгра валийсига, биз унинг аҳлининг ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, албатта, биз ростгўйлармиз, деймиз», дедилар». (49 оят)
Ҳамма замондаги бузғунчи, зўравон, жиноятчи, иймонсиз гуруҳларнинг услуби шу-ўзларининг йўлига қарши бўлган, кишиларни фисқ-фасоддан қайтараётган, халқ-халойиққа бузғунчилик, қаллоблик, ҳаром-хариш нималигини англатиб, уларнинг кўзини очаётган шахсга суъиқасдлар уюштирилади; кечаси хоинларча бекиниб келиб, ўлдириб ёки бошқа бирор зарар етказиб кетилади; кейин мазлумнинг тарафдорларига, билмадик, ким қилди экан бу ишни, дея без бўлиб тураверилади.
Солиҳ алайҳиссаломнинг илоҳий даъвати ёқмаган кофир-бузғунчи, тўққиз кишилик жиноятчи гуруҳдагилар ҳам худди шу услубни қўллаш ҳақида маслаҳат қилишди. Энг қизиғи, Аллоҳга иймони йўқ, Аллоҳнинг динига қарши чиқаётган, Аллоҳнинг Пайғамбари ва Унинг аҳлини ўлдиришга аҳдлашаётганлар нима қиляптилар, эътибор беринг-а:
«Улар: «Аллоҳнинг номига қасам ичинглар!» демоқдалар.
Ҳа, бир-бирларини Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб туриб, ўша мудҳиш ишни амалга оширишга чорламоқдалар. Аллоҳга куфр келтириб, унга қарши жиҳод қилиб, унинг йўлида хизмат қилаётганларни, унга иймон келтирганларни ўлдириш пайида бўлиб туриб, яна нега Аллоҳнинг номи билан қасам ичадилар?!
Ҳа, бу алдамчилик бузғунчиларнинг қонига синган хислатдир. Улар шу йўл билан Аллоҳни ҳам, одамларни ҳам, ўзларини ҳам алдамоқчи бўладилар. Лекин бу алдовга ўзларидан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Бу тоифадаги бузғунчилар Аллоҳнинг номи билан қасам ичаверадилар, Аллоҳ, дин, шариат ҳақида, уларга ихлос қилиш зарурлиги хусусида лоф ураверадилар. 
Шу билан бирга, Солиҳ алайҳиссаломни ва у кишига уммат бўлганларни кечаси ўлдиришнинг режасини ҳам тузаверадилар. Яна бу режани амалга оширишда бирортаси айниб қолмасин учун Аллоҳнинг номи билан қасам ҳам ичадилар.
Бузғунчи, дин душманларининг иккинчи бир ғаройиб хусусияти оятдаги:
«Албатта, у(Солиҳ)ни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз», деган гапларидан билинади. 
Дин ва диёнат учун хизмат қилаётган кишиларни, диндорларни очиқдан-очиқ ўлдиришга уларнинг юраги бетламайди. Кечаси хоинларча келиб, бировга билдирмасдан ўлдириб кетадилар. Чунки қанчалик кофир, золим, бузғунчи бўлмасинлар, Аллоҳ йўлида юрган одамни шу йўлда юргани учунгина ошкора ўлдиришга ёки бирор зарар етказишга журъат эта олмайдилар. Шунинг учун бирор зарар етказмоқчи бўлсалар, бошқа сабабларни тўқийдилар, ўлдирмоқчи бўлсалар, кечаси ўлдирадилар.
Бузғунчи, дин душманларининг учинчи бир ғаройиб хусусияти: 
«Сўнгра валийсига, биз унинг аҳлининг ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, албатта, биз ростгўйлармиз, деймиз», деган гапларида кўринади.
Ундоқ набокорлар қилар ишни қилиб қўйиб, ёлғонни кўпиртириб, мен ростгўйман, деб қасам ичиб тураверадилар. Бунга Аллоҳни ҳам, одамларни ҳам ишонтирамиз, деб ўйлайдилар. Аммо ҳеч ким ҳеч қачон ишонмайди. Улар фақат ўзларини алдайдилар, холос. Улар ўзларича, одамларни бопладик, деб хурсанд бўлиб юрадилар. Аммо охир-оқибат ўзлари бопланиб қолганларини билмай қоладилар.
«Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолда бир «макр» қилдик». (50 оят)
Яъни, кофир-бузғунчилар ўзларича маслаҳатлашиб, макр-ҳийла ишлатиб, устамонлик қилмоқчи бўлдилар. Биз уларнинг макрининг жазосини бердик.
Ақида бўйича, Аллоҳ таолога макр-ҳийлани нисбат бериб бўлмайди. Намл сурасидаги ушбу оят ва унга ўхшаш бошқа оятларда араб тилининг балоғат-фасоҳат қоидаларидан «мушокала» қоидаси ишлатилгандир. Яъни, лафзларнинг шакли бир хил-у, маъноси бошқа-бошқа бўлади. Оятларда «макр» сўзи бузғунчиларга нисбатан асл маъносида, Аллоҳ таолога нисбатан эса, макрнинг жазосини бериш маъносида ишлатилади.
Ҳа, дин душманлари, бузғунчилар макр-ҳийла қилиб, Аллоҳнинг номи билан қасам ичиши, ўзини диндор қилиб кўрсатиши, аҳли иймонга турли найранглар ишлатиб, мусибат етказиши мумкин. Ўзида бор куч-қувват, имконият ва ҳийла-найранглардан қувониши мумкин. Лекин ҳаммасини Аллоҳ таоло кўриб-билиб, ҳисоб-китоб қилиб туради-ку?! Аллоҳ таоло ўша бузғунчиларни ўзларига сездирмай, аҳволини расво қилиб қўйиши мумкин-ку?! Ҳозирча ўша бузғунчиларнинг сўзини ўтадиган, ишини битадиган қилиб қўйиши ҳам сездирмай олишнинг бир йўли-ку?! Мана шуларни унутган бузғунчилар охир-оқибат ҳақиқий ҳалокатга учрайдилар.
«Назар сол! Уларнинг макри оқибати нима бўлди?! Биз, албатта, уларни ва қавмларини, ҳаммаларини ер билан яксон қилдик». (51 оят)
Ҳа, динга қарши бўлган, бузғунчилик қилган, иймон аҳлига зулм ўтказган одамлар қанчалик кучли бўлмасин, қанчалик макру ҳийлаларга ўрганган бўлмасин, барибир охир-оқибатда ҳалокатга учрашлари муқаррар.
«Ана, зулмлари сабабли уйлари ҳувуллаб ётибди! Албатта, бунда биладиган қавмлар учун ибрат бордир». (52 оят)
Зулмнинг оқибати шундай бўлиши турган гап. Бир кун келиб, золимлар ҳалокатга учрайди. Уларнинг ҳашаматли қасрлари, уйлари, турар жойлари вайронага айланиб, ҳувуллаб қолади. Буни ҳар жойда, ҳар диёрда кўриб юрибмиз. Ана ўша золимларнинг аянчли қисматида улардан кейин келганлар учун, агар улар биладиган қавм бўлсалар, ибрат, ваъз-насиҳат ва эслатма бордир. Аммо билмайдиган, жоҳил қавмлар бўлса, яна айнан ўша ҳалокатга учраган золимларнинг хатосини такрорлайверадилар ва оқибатда ўша золимларга ўхшаб ҳалокатга йўлиқаверадилар.
«Ва иймон келтириб, тақво қилиб юрганларга нажот бердик». (53 оят)
Аввалги ўтган мўмин ва тақводорларга нажот берганимиздек, Солиҳ қавмининг ҳам мўмин ва тақводорларига нажот бердик. Улардан кейин келадиган мўмин ва тақводорларга ҳам нажот берамиз.
Солиҳ алайҳисаломни ўлдирмоқчи бўлган мазкур тўққиз кишилик жиноятчи гуруҳни, Самуд қавмидан олдин Аллоҳ таоло осмондан тушган тошлар билан парчалаб ҳалок қилди.

САМУДНИНГ ҲАЛОКАТИ

Самуднинг қолган кофирларини эса турли услубдаги ашаддий азоблар билан ҳалок қилди. Қуръони Карим ўша ҳалок қилиш қандоқ бўлганини ўзига хос услублар ила турли сураларда баён этган.
Азобнинг биринчи тури.
«Албатта, Биз уларга бир овоз юбордик. Ва улар қўра қурувчи (йиққан) қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолдилар». (Қамар сураси 31 оят)
Яъни, Самуд қавмини Аллоҳ таоло даҳшатли, кучли овоз билан ҳалок қилган. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг қўйбоқарлар қўйхона қуриш учун ишлатадиган қуруқ шох-новдаларга ўхшаб қолган эдилар. Ҳозирги пайтда ҳам сирли суратда ҳалок бўлганларни қаттиқ овоздан қўрқиб ўлган бўлса керак, деб тахмин қилишмоқда.
Азобнинг иккинчи тури.
«Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар». (Аъроф сураси 78 оят)
Азобнинг учинчи тури.
«Аммо Самуд бўлса, бас, Биз уларни ҳидоят қилдик. Улар эса, ҳидоятдан кўра кўрликни афзал кўрдилар. Бас, касб қилган нарсалари туфайли уларни хорлик азоби чақмоғи урди». (Фуссилат сураси 17 оят)
Самуд қавми касб қилган куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учраб ҳалок бўлди. Бу чақмоқ хорлик азоби чақмоғидир.
Барча қавм ҳалок бўлиб Солиҳ алайҳиссалом билан бирга бир юз йигирма дона мўмингина саломат қолдилар. Солиҳ алайҳиссалом умрларининг охиригача тинч омон яшадилар. У зот Фаластиннинг Рамла шаҳри яқинида дафн қилинганликлари ҳақида ривоятлар бор. 

 
ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ 

Аллоҳ таоло Шуайбнинг исмларини Қуръон Каримда ўн марта келтирган. У зот алайҳиссалом Аъроф, Ҳуд, Шуаро ва Анкабут сураларида зикр қилинганлар.

У зотнинг насаблари

Шуайбнинг насаблари оталари Мийкил ва боболари Яшжир орқали Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян номли ўғилларига боради. Демак Шуайб ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг сулолаларидан.
Шуайбнинг оналари Лут алайҳиссаломнинг қизлари бўлган.

У зотнинг пайғамбарликлари

Шуайбнинг пайғамбарликлари Лут алайҳиссаломдан кейин бўлган. Буни Шуайбнинг ўз қавмларига айтган гапларидан-«Ҳуд» сурасидаги қуйидаги оятдан билиб олинади:
«Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас». (89 оят)
Яъни, Нуҳ, Ҳуд, ва Солиҳ қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг. 
Чунки ўша қавмлар Пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу хилда давом этаверсангиз, худди ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап.
«Лут қавми сизлардан узоқ эмас».
Лут қавми яшаган жойлар сизга яқин. Улар яшаган замон ҳам сиз яшаётган замондан узоқ эмас. Ибрат олинглар.
Шунингдек, Шуайб Мусо алайҳиссаломдан олдин келган пайғамбар бўлганларига «Аъроф» сурасида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, ва Шуайбларни зикр қилгандан кейин Мусо алайҳиссаломни зикр қилиб келадиган ушбу оят далил бўлади:
«Сўнгра уларнинг ортидан Мусони Ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик». (103 оят)
Яъни, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, ва Шуайблардан кейин Мусони пайғамбар қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло Шуайбни Мадян номли жойга пайғамбар қилиб юборган. Бу ҳақиқат «Аъроф» сурасида таъкидланади:
«Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). (85 оят) 
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини айтмоқда. 
Мадян, аслида, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғиларидан бирининг номи бўлиб, кейинчалик ундан тарқаган қабиланинг ва улар яшайдиган диёрнинг номи бўлиб қолган. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган.
Шунингдек, Шуайбнинг қавмларини «Асҳобул айкати»-Қалин дарахтзор эгалари, деб ҳам аталади. Бу ҳам Қуръон Каримнинг таъбири. Бу ҳақда «Шуаро» сурасида қуйидагилар айтилади:
«Қалин дарахтзор эгалари Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Ўшанда уларга биродарлари Шуайб деди: « Қўрқмайсизларми?!» (176-177 оятлар)
Араб тилида қалин дарахтзор-дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон «айка» дейилади. 
Бу ерда зикри келаётган «қалин дарахтзор» Мадян ўлкасидир. Бу ўлка Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақаба кўрфазида жойлашган. У ерда дарахтлар қалин бўлиб, шохлари бир-бирига киришиб ўсади. Шунга кўра, «айка» номи билан ҳам аталади. 

У зотнинг қавмлари ила қиссалари

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганидан кейин у киши ўз қавмларига панд-насиҳатлар қилишни бошладилар. 
Одатдагидек, қавм у зотга қарши чиқди. Орада кураш бошланди. Бу жараённи «Аъроф» сурасидаги қуйида келадиган оятлардан ўрганамиз. 
«Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир. 
Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг. 
Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар. У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир», деди». (85-87 оятлар)
Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда аввало Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини, кейин эса, у кишининг ўз қавмларига қилган панд-насиҳатларини келтирмоқда. 
Шуъайб алайҳиссалом ҳам Пайғамбар бўлганларидан сўзлари аввалда ўтган Пайғамбарлар ўз қавмларига такрор-такрор айтган сўзларга жуда ўхшайди:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ», деган гапларини айтдилар.
Сўнгра ҳар бир Пайғамбарнинг рисолати ўзи ҳужжат бўлишига қарамай, унинг буюк мақомини тасдиқловчи бошқа ҳужжат ҳам бериш Аллоҳга хос экани ва унга ҳам (яъни, Шуайбга) илоҳий ҳужжат берилганини таъкидлаб:
«Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди», дедилар.
Аммо оятда Шуайб алайҳиссаломга берилган ҳужжат-мўъжиза нима эканлиги айтилмаган.
Сўнгра Ҳазрати Шуайб ўз қавмларидаги бош нуқсонлардан бирини муолажа қилишга ўтиб: 
«Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», дедилар.
Шуайб алайҳиссаломнинг қавми кўпроқ амалий ширкка мубтало бўлганга ўхшайди. Чунки муомала ишларида Аллоҳнинг буйруғини адо этмай, бошқанинг амрини бажаришдан, ўлчов ва тарозудан уриб қолиб, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтаришлари шунга далолат қилмоқда. 
Бу ва бу каби, Аллоҳнинг йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилиб қўйганидан кейин уни бузишдан иборат эканига ишора этиб Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларига:
«ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», демоқдалар.
Ер юзида Аллоҳ амрига номувофиқ қилинган ҳар бир амал бузғунчиликдир. Бундай амалларни қилиш мўмин инсонга ҳеч хос эмас. Мўмин инсон ҳаёти дунёда фақат Аллоҳнинг амрига амал қилиб яшайди. Бу эса, энг аввал ўзи учун манфаат ва яхшиликлар келтиради.
«Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир».
Сўнгра Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларининг номаъқул ишларини муолажа қилишни давом эттирадилар:
«Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг».
«Кўча»дан мурод-ҳам моддий ва ҳам маънавий йўллардир. Мадянликлар ҳар икки «кўча»да ҳам одамларни қўрқитиш билан машғул бўлганлари боисдан бу хатарли йўлдан қайтарилмоқдалар.
«Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг».
Бошқа ҳаддидан ошган кофирлар каби, Мадян қавми ҳам ўзлари Аллоҳнинг йўлига юрмаганлари етмаганидек, ўзгаларни ҳам бу йўлдан тўсганлар ва Аллоҳнинг йўли ўзларининг хоҳишига биноан турли томонларга бурилишини истаганлар. Бу жуда ҳам улкан гуноҳ ҳисобланади.
Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини гуноҳ ишлардан қайтариш билан бирга, шоядки инсофга келсалар, деган умидда бошқа Пайғамбарлар каби уларга ҳам Аллоҳ берган тансиқ неъматларни эслатадилар.
«Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг».
Яъни, сонингиз оз эди, Аллоҳ таоло зиёда қилди, молингиз камчил эди, мўл айлади, яхшилигингиз андак эди, бисёр этди ва ҳоказо.
Шунингдек, Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини ўтган кофирлар оқибатидан ибрат олишга чақирдилар.
«Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг».
Одатда, Пайғамбар келганда ҳар бир қавм икки қарама-қарши гуруҳга бўлинади. Бир гуруҳ иймонга келиб, иккинчи гуруҳ куфр келтиради. Худди шундай ҳолат вужудга келганда, Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини, мўминларга зулм қилмасдан, уруш-жанжал чиқармасдан, энг адолатли йўлни тутишга, уларга Аллоҳнинг ҳукми етиб келгунча сабр қилиб кутиб туришга чақирдилар:
«Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар».
Аллоҳ ҳукми орани очиқ қилади. Аллоҳнинг ҳукми ким ҳақ эканини адолат ила исбот этади. Чунки:
«У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир».
Аммо жинояткор қавм бу оқилона таклифни қабул қилмади. Сабр қилиб, Аллоҳнинг ҳукм чиқаришини кутмади.
«Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?! 
Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз-Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди». (85-86 оятлар)
Ўтган оятлар мазмунини теран мулоҳаза қилсак, Шуайб алайҳиссалом ҳар бир нарсани батафсил, эҳтимол кейин пайдо бўладиган саволларга ҳам жавоб бўладиган тарзда баён қила оладиган салоҳиятга эга Пайғамбар эканликларини англаймиз. Пайғамбар сифатида илк бор даъват қилганларида ҳам масалани батафсил баён этган эдилар. Энди эса:
«Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», деганларида ҳам, тамкин билан батафсил жавоб бермоқдалар. 
Зодагон кофирлар, одатдагидек, мўминларнинг йўлига тўсиқ бўлдилар. Уларга икки йўлдан бирини ихтиёр этишни таклиф қилдилар, яъни, ёки юртни ташлаб чиқиб кетиш ёки ота-боболарнинг динига қайтиш. Зодагон кофирларнинг иккинчи таклифлари алоҳида муолажа талаб қилади. 
Шунинг учун ҳам Шуайб алайҳиссалом уларнинг бу таклифига ўз номларидан эмас, балки мўмин жамоат номидан жавоб бермоқдалар. Шунинг учун жавоб давомида ўз шахсларига тааллуқли бўлмаган баъзи гапларни ҳам айтишга мажбур бўлмоқдалар. Жавобларида, аввало, кофирлар таклифларидан ажабланганликларини изҳор этиб:
«Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!» демоқдалар. 
Яъни, сизнинг миллатингизни-динингизни ёмон кўриб туриб ҳам унга қайтишимиз керакми, демоқчилар.
Кейинги ояти каримада эса, нима учун қайтишлари мумкин эмаслигини батафсил изоҳлаб:
«Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз», демоқдалар.
Яъни, сизнинг миллатингиз-ширк миллати, куфр миллати, Аллоҳ бизни Ўз ҳидоятига бошлаб, ўша жаҳолат миллатларидан қутқарганидан кейин яна унга қайтсак, яна ширк ва куфрга ўзимизни урсак, Аллоҳга нисбатан улкан ёлғон тўқиган бўламиз.
Албатта, Шуайб алайҳиссалом ҳеч қачон мушрик ёки кофир бўлмаганлар. Бундай ҳол Аллоҳнинг ҳеч бир Пайғамбарга хос эмас. У зот юқоридаги фикрни жамоат номидан сўзлаяптилар, вассалом.
«Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз-Аллоҳ хоҳласагина (мумкин)».
Яъни, биз учун ширк ва куфр миллатига, яъни, ортга қайтиш мутлақо мумкин эмас. Биз иймон келтирдик ва унинг лаззатини татиб кўрдик. Энди ёлғиз, бир ҳолатдагина-Аллоҳ бизни адаштиришни ирода қилсагина, ортга қайтишимиз мумкин. Зеро, Унинг иродасига ҳеч қачон бас келиб бўлмайди. Чунки:
«Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир».
Аллоҳ жамики нарсани билиб турибди. Барчага қилмишига мувофиқ мукофот ёки жазо беради. Шунинг учун ҳам биз:
«Аллоҳга таваккал қилдик».
Келажакда қилажак жамики амалларимизни ҳам Унинг Ўзига топширдик. Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Сизнинг таҳдид ва зўрлигингиз, сохта худоларингиздан заррача ҳайиқмаймиз, уларга эътибор бермаймиз ҳам.
Шуайб алайҳиссалом қудрат қаёқдалигини, кимдан мадад исташ зарурлигини яхши биладилар. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзига илтижо қилиб:
«Биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди.
Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар. Шунда зодагонлар ўз табиатларига мувофиқ тарзда мўминларга таҳдид қилишга ўтдилар:
«Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагонлар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар». (90 оят)
Доимо шундай бўлади. Динга душман бўлган зодагонлар, бойлар, амалдорлар аввал Пайғамбарга ёки унинг ворисларига-олимларга ва эргашувчиларга осиладилар. Унга таҳдид солиб, турли усуллар билан танлаган йўлидан қайтаришга ҳаракат қиладилар. 
Бу уринишлари зое кетгач, мўминларни азоблашга, қўрқитишга ўтадилар. Мадян зодагонлари ҳам Шуайбнинг алайҳиссалом даъватларида мустаҳкам турганларини кўрганидан кейин, у кишига эргашган мўминларга таҳдид қилиб:
«Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар.
Аммо нима бўлганда ҳам оқибат-натижада куфрнинг ҳоли чатоқ бўлади:
«Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар». (91 оят)
Яъни, барчалари ўринларидан жила олмай, ҳалок бўлдилар.
«Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар». (92 оят)
Яъни, мазкур шиддатли зилзиладан кейин Шуайб алайҳиссаломга мухолиф бўлган кофирлар ҳалок бўлиб, батамом гумдон бўлиб кетдилар. Улар гўё ҳеч қачон ўз диёрларида яшамагандек, давру даврон суриб, айшу ишрат қилмагандек ҳолга келдилар. Улардан ном-нишон ҳам, асар ҳам қолмади.
«Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар». 
Ихтилоф бу ҳолга етганидан сўнг Шуайб алайҳиссалом:
«Кейин улардан юз ўгирди ва «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим ҳамда сизга насиҳат қилган эдим. Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди». (93 оят)
Яъни, тўғри йўлга-ҳидоятга юришга кўнмаган саркаш қавмдан юз ўгирдилар ва ниҳоят улар Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлганларидан сўнг, уларга бу ҳалокатнинг асл сабабини эслатиб: 
«Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим», дедилар.
Яъни, ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшаганингизда, бундай даҳшатли ҳолга тушмас эдингиз.
«ҳамда сизга насиҳат қилган эдим».
Яъни, кофир ва осий бўлиб эмас, иймонда собит туриб, Аллоҳ шариатига амал қилган ҳолда яшашингиз хайрли бўлишини етказдим ва кўплаб панд-насиҳатлар қилдим. Аммо насиҳатларга қулоқ осмадингиз. Оқибатда амалингизга яраша барчангиз ҳалок бўлдингиз. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Сизнинг бу аҳволингизга қайғуриб бўлмайди:
«Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди.
Шу ерда қисса тугаб, Аллоҳ динини инкор қилган, Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларга одатда қандай муносабатда бўлиш баён қилинади:
«Қайси бир қишлоққа Пайғамбар юборсак, албатта, унинг аҳлини тазарруъ қилишлари учун зарарлар ва мусибатлар ила тутганмиз». (94 оят)
Албатта, Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг кетидан доим бесабаб мусибат юборавермайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарарлар ва мусибатларга гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзларидан ўтади. Улар Аллоҳ юборган Пайғамбарга, зикр этилган қиссалардаги каби, қарши чиқадилар. Аллоҳга куфр келтирадилар, одамларни иймон йўлидан тўсадилар, исён қиладилар. Шундан сўнггина Аллоҳ уларга бало-офатларини юборади.
Ояти каримадан англаш лозим бўлган мантиқлардан бири-Аллоҳнинг Пайғамбар юбормасдан бурун азоб юбормаслиги. Яъни, аввал Аллоҳ Ўз элчиси орқали тўғри йўлга даъват қилади, ваъз-насиҳатлар қилиб кўради, ниҳоят бош тортганларни азобга дучор этади. Иккинчидан, бандаларга қашшоқлик ва мусибатларни юборишдан мақсад уларни тавба-тазарруъ қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, кам-кўстсиз бўлса, жуда кўп нарсаларни, ҳатто яратган Холиқини ҳам эсдан чиқариб қўяди. Бошига мусибат етиб, ўзининг ожиз бир қуллигини англаб қолса, ўзига келиши муқаррар. 
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўзидан кетган, куфр ва исён аҳлига турли мусибатлар юборади. Аллоҳнинг бундан мақсади ўзига бирор-бир фойда кўзлаш ёки одамларни азоблаб маза қилиш эмас. Аллоҳ беҳожат ва покдир. Парвардигорнинг муддаоси-инсонларнинг манфаати, вақтида тавба-тазарруъ қилиб ўзларини ўнглаб олишга имконият беришдир.
«Сўнгра ёмонликни яхшиликга алмаштирганмиз. Токи кўпайишиб ва «ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни ўзларига сездирмай тўсатдан тутганмиз». (95 оят)
Вақт-соати келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшилик ҳолатларга алмаштириб қўяди. Очлик-қашшоқлик ўрнига тўқлик фаровонлик, мусибатлар ўрнига шодлик-хуррамлик келади. Одамлар бу яхши ҳолларда янада кўпайишади. Уларнинг ададлари, мол-мулклари, орзу-ҳаваслари, нозу неъматлари зиёда бўлади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканлигини англаб етмайдилар. Аллоҳ уларни шукр қилармикин, деб кўпайтириб қўйганини, яхши ҳолатларга солганини билмайдилар. 
Улар: 
«...ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», «Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади», деб ялло қилиб юраверадилар.
Улар, қийинчиликдан кейин осончилик келиши одатдаги нарса, ота-боболаримиз замонида ҳам шундай бўлган, бизнинг давримизда ҳам шундай бўлмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлади, вақти келганда қийинчиликни тортдик, энди хурсандчилик келган экан, бир ётиб маза қилиб олайлик, дейишади.
Ушбу мавҳум ақида тўрига илиниб, ўзларини дунё матоҳига уришади. Фаровон турмушда бардавомлик уларни хотиржам қилиб қўяди, ҳар қандай гуноҳни тап-тортмай қилаверишади. Тўқликка шўхлик бошланади.
Ғафлат нигоҳларни мойлайди. Ана шунда Аллоҳ таоло уларни ўзларига сездирмасдан туйқусдан тутади ва азоб-уқубатларга гирифтор қилади.
«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик». (96 оят)
Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. 
«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик».
Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин. Инсонлар ҳақиқий иймон ва тақво соҳиби бўлганлари чоқларида уларга баракотлар осмонлар ва ердан очиб қўйилганига тарих шоҳид. Шу ўринда баракот деганда фақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва моддий фаровонликкина кўзда тутилмаслигини ҳам эслатиб қўйишимиз лозим. 
Албатта, бу нарсалар ҳам баракот тизимига киради. Лекин моддапарастлар ўйлаганларидек, баракот фақат шулардагина эмас. Худди шу моддий ҳодисалар ҳақида гапирсак ҳам, иймон ва тақво баракот асоси эканини исботлаш осон. 
Иймонли ва тақводор шахсни ҳамда иймонсиз бетавфиқ кимсани кўз ўнгингизга келтиринг. Баъзи ҳолларда даромади ўта чегараланган бўлишига қарамай, иймонли ва тақводор шахснинг егани ўзига ош бўлиб, бола-чақаси билан фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўламиз. Иймонсиз ва бетавфиқ киши эса, даромади ҳисобсиз бўлса ҳам, етказа олмай, ўзини турли ҳаром-хариш йўлларга уриб юрганини ким кўрмаган.
Худди шу ўринда айримларда, иймон ва тақво баракотнинг асоси бўлса, нега воқеъликда мусулмонларни қашшоқлик ва ночорликда, кофирларни эса, фаровонлик ва айшу ишратда кўряпмиз, деган савол пайдо бўлиши турган гап.
Аввало, мусулмонлар ҳақиқий иймон ва чинакам қуръоний тақво талабларига тўла жавоб бера олмаётирлар. Агар айрим шахсларда иймон ва тақво шартлари мужассам бўлса ҳам, иймон ва тақво талабларига жамоат шаклида жавоб бериш имкони йўқ. Мусулмонлар Аллоҳ томонидан келган ҳақ динга, Қуръонга, шариатга соҳиб бўла туриб, иймон ва Ислом ҳамда тақводан шунчалар узоқлашиб кетганларки, улар қилган ва қилаётган ишлари олдида бугунги кўраётган жафолари ҳам оз.
Иккинчидан, кофирларнинг фаровон ҳолати фақат бир тарафлама, холос. Ҳозирги давр, аввалги оятда зикр қилинганидек, Аллоҳ уларга ёмонлик ҳолатини яхшилик ҳолатига алмаштириб қўйган давр. Қолаверса, кофирлар фаровон турмуш учун омил қилиб қўйилган моддий сабабларни вужудга келтирганлар. 
Уларнинг иймон ва тақволари бўлмаса ҳам, ушбу моддий фаровонлик соҳасида иймонли ва тақводор шахслардан талаб қилинадиган илм, жаҳд, тиришқоқлик, қаттиқ меҳнат ва изланиш каби хислатларни касб қилиб олганлар. Аммо, афсуски, бу фаровонлик эгалари иймон келтириб, тақво қилсалар эди, мукаммал баракот ичида яшар эдилар. Бироқ бундай қилмадилар:
«Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик».
Аллоҳнинг «тутиши» ўзига хос бўлиб, турлича ва турли вақтларда содир этилади.

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Шуайб ўз қавмлари ҳалокатга учрагандан кейин бир муддат яшаб сўнгра бу дунёни тарк қилдилар. Тарихчилар, бу ҳодиса Юсуф алайҳиссаломдан кейин Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин бўлган, дейдилар.

 ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ 

***

Қуръони Каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг номлари етти марта зикр қилинган. У зотнинг қиссалари Аъроф, Шуаро, Зарият каби сураларда келган. Қуръони Каримнинг бутун бошли бир сураси у зотнинг номлари билан аталиб «Ҳуд сураси» номини олган. Шунингдек, бошқа бир сура у кишининг яшаган ерлари исми ила «Аҳқоф» деб аталган.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Ушбу пайғамбар алайҳиссаломнинг тўлиқ номлари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн ал-Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғилларига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у кишининг катта боболари Од номи билан аталади.
Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади. Боида, Оида ва Мустаъраба. 
Боида араблар энг қадимги араблардандир. Боида сўзининг маъноси ўтиб, тугаб кетган деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардандир. Бу қавм ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам уларнинг ўз пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари Од қавми қиссаси дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддирлар.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЯШАГАН ЖОЙЛАРИ

Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазарамвт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар. Улар баланд бўйли, кенг ярғинли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам Од қавми ўз замонасидаги энг қувватли кишилар деб талқин қилинади. 
Улар доимо «Қани биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришар эди. Уларнинг гавдалари катта бўлса-да, ақллари паст эди. Доимо бут ва санамларга сиғиниб, уларнинг ҳимояси учун урушиб юришарди.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ПАЙҒАМБАР ЭТИБ ЮБОРИЛИШЛАРИ

Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Аъроф» сурасида қуйидагиларни марҳамат қилади:
«Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!» деди. (65 оят)
Аллоҳ таоло Од қавмига ўзларининг орасидан биродарлари бўлган Ҳуд алайҳиссаломни элчи этиб юборганини хабар қилмоқда. 
Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмларига, худди Нуҳ алайҳиссалом каби, Аллоҳга ибодат қилиш зарурлигини, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини тушунтирдилар. 
Шунингдек, уларни тақвога, Аллоҳдан қўрқишга чақирдилар. Зеро, уларни Пайғамбар қилиб юборган Зот ягона, уларга кўрсатма берган зот бир. Хўш, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари нима қилди?

ОД ҚАВМИНИНГ ЖАВОБИ

«Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар». (66 оят)
Бу жоҳил қавм олдингилардан ҳам ўтиб тушди. Аввалгилари Нуҳга алайҳиссалом «сен залолатдасан», деган эдилар. Булар эса, ўз Пайғамбарларига: 
«Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва, албатта, биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дейишмоқда.
Бу золим қавм Худонинг Пайғамбарига «Сен албатта эси пастсан» ва «сен албатта ёлғончисан», демоқда.
Бу чиркин туҳмат ҳам аввалгисига ўхшаб жамики Пайғамбарларга ва уларнинг изидан юрган бутун мўминларга нисбатан азал-абад давом этиб келаётган энг ёвуз ғаразлардандир.

САРКАШ ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВ

Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом:
«У: «Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман. 
Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман. 
Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, нажот топсангиз», деди. (67-69 оят)
Ҳуд алайҳиссалом жоҳил қавмга босиқлик билан, содда қилиб, ҳақиқатни баён қилишга ўтдилар. Ўзларидан эси пастликни рад этиб, оламларнинг Робби томонидан Пайғамбар этиб, юборилганларини ҳамда Пайғамбарлик мақсадларини сўйладилар.
«Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман. Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман».
Сўнгра уларни Пайғамбарни ўзларининг орасидан танлагани учун ажабланмасликка чақирдилар.
«Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?!
Кейин эса, Аллоҳ томонидан уларга берилган имтёзларни эслатдилар:
«Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг».
Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан гумдон қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу-улуғ неъмат. Бунга, албатта, шукр қилиш лозим эди.
«Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки нажот топсангиз».
Фикр қилинг. Аллоҳнинг сизга берган неъматлари жуда кўп. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бунинг фаҳмига етиш, тушуниш неъмат берувчи зотга-Аллоҳга шукр қилишга чорловдир. Шукр қилувчи бўлинг, шоядки нажот топсангиз.
Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.
«Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар». (70 оят)
Улар шу инкорлари билан ўзларининг эси паст одамлар эканликларини ошкор қилдилар. Ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ота-боболари қилган амални Аллоҳдан келган амрдан устун қўйдилар. 
«Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?!» дедилар.
Уларнинг жаҳолатлари шу даражада эдики, ўша ботил нарсаларни деб ҳар қандай азоб-уқубатга тайёр эканликларини билдирдилар ва агар иймон келтирмасалар, Аллоҳнинг иқобига учрашлари муқаррарлигини таъкидлаб турган Ҳуд алайҳиссаломга:
«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир, дедилар».
Энди ортиқча гапга ўрин қолмади. Ҳуд алайҳиссалом қатъий қилиб:
«У: «Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан азоб ва ғазаб тушди. Мен билан Аллоҳ ҳеч бир ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота боболарингиз қўйиб олган номлар ҳақида тортишасизларми?! Бас, интизор бўлиб туринглар! Мен ҳам сизлар билан интизор бўлувчиларданман», деди». (71 оят)
Яъни, танлаган йўлингиз шу бўлса, тамом, ҳеч қандай шубҳа қолмади. Аллоҳ таолодан устингизга азоб ва ғазаб тушди, деб ҳисоблайверинг. Гапингизни қаранг-а?! Мен билан нима ҳақда баҳслашаётганингизни биласизми ўзи?! Сиз, биз ва ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган нарсалар, деганингиз нималигини биласизми?! Улар-сиз ва ота-боболарингиз ўзларига «худо» деб тан олган нарсалар аслида ҳеч вақога арзимайди. Уларнинг илоҳ эканлигини исбот этувчи ҳеч қандай ҳужжат ёки далил йўқ. Қилаётган ишингизни қаранг-а!!! Мен ваъда қилган азоб сизларга, албатта, етади. Лекин унинг қачон келишини ёлғиз Аллоҳ билади. Сиз фақат интизор бўлиб кутиб туринг. Мен ҳам интизор бўлиб кутиб тураман. Зеро, мен ҳам бандаман. Азобни юборгувчи эса, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир.

АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТЛАРИНИ ЭСЛАТИШ

Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмларини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар. Эй қавмим!
«Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?
Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутасиз». (Шуаро сураси 128-129 оятлар)
Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Қадимда, албатта, ҳозиргидек иншоатлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган. 
Асрдош тафсирчиларимиз эса, Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «маснаълар»дан мурод ўшалар, дерлар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.
Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлганлар. Шунингдек, ақлий жиҳатдан ҳам улар ўткир зеҳнли, теран ақлли бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатмадилар. Ғурурга кетиб, ҳовлиқдилар ва: «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтандилар. Беш кунлик дунё матоҳига берилдилар. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли кераксиз иншоатлар бино қилдилар. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳни унутдилар ва турли ёмонликларга қўл урдилар. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказдилар. Ҳуд алайҳиссалом сўзлари давомида ана шунга ҳам ишорат қилмоқдалар:
«Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз». (130)
Яъни, бошқа одамларни ушлаган пайтларингизда уларга нисбатан ўта жабр ўтказдингиз. Зулм қилдингиз.
Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг.
Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг. (131-132 оятлар)
Аллоҳ сизга нималар ила мадад берганини ўзингиз яхши биласиз, улар олдингизда турибди. Ўша зотдан қўрқинг, Унга тақво қилинг. Агар Аллоҳ сизга нима ила мадад берганини унутган бўлсангиз, эсингизга солай.
«У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. 
Боғ-роғлар ва булоқлар ила». (133-134 оятлар)
Ушбу ояти каримада Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмларига Аллоҳ таоло уларнинг ўзларига алоҳида берган неъматларидан тўрттасини зикр қилмоқдалар. 
1 - «чорва ҳайвонлари» 
2 - «фарзандлар» 
3 - «боғ-роғлар» 
4 - «булоқлар» 
«Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрқаман». (135 оят)
Ҳуд алайҳиссаломнинг тошни ҳам эритиб юборадиган бу сўзларига Од қавми қуйидагича жавоб берди.
«Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир». (136 оят)
Яъни, эй Ҳуд, сен бизга ваъз-насиҳат қиласанми, қилмайсанми бари-бир биз иймонга келмаймиз, сенга эргашмаймиз.
«Бу эскиларнинг одати, холос». (137 оят)
Сенга ўхшаб турли-туман гапларни айтавериш эскиларнинг одати, холос. Уларга ишониб бўлмайди. Шунингдек, сен айтаётганга ўхшаб,
«Биз азоблангувчи эмасмиз», дедилар». (138 оят)
Яъни, бизга қанча гапирсанг ҳам, барибир сен айтган йўлдан юрмаймиз. Қадимдан шундай бўлиб келган. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, азобланмаймиз ҳам, дедилар.

ТАВБАГА ЧАҚИРИШ

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга чақириб ҳам кўрдилар. Аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда «Ҳуд» сурасида қуйидаги баёнлар келади: Ҳуд:
«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди». (52 оят)
Мўмин-мусулмон инсон доимо истиғфор айтиб-Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб ва қилган гуноҳларидан қайтиб-тавба қилиб туриши зарурлигини ҳамма Пайғамбарлар таъкидлаганлар. Бундан олдин Нуҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаган эдилар. Энди Ҳуд алайҳиссалом ҳам таъкидламоқдалар:
«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».
Ҳуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога ихлос ила истиғфор айтишнинг ва ихлос ила тавба қилишнинг ҳаёти дунёдаги, тириклик чоғидаёқ етадиган улкан фойдасини ҳам зикр қилмоқдалар: 
«Шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади».
Яъни, истиғфор айтиб, тавба қилсангиз, Аллоҳ сизни қурғоқчилик балосидан халос этади ва юртингизга барака ёмғирини ёғдиради. Ёмғир ҳам турлича бўлади. Баъзилари фойдали. Баъзилари бало-офат. Баъзилари баракотли. Истиғфор айтиб, тавба қилганларга Аллоҳ таоло айнан барака ёмғирини ёғдирар экан.
«ва қувватингизга қувватни зиёда қилади».
Аввал айтиб ўтилганидек, Од қавми куч-қуввати ила ном чиқарган қабила эди. Истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват зиёда бўлиши ваъда қилинмоқда.
Истиғфор ва тавбанинг фойдалари ҳақида бошқа оятларда ҳам гапирилган. Шунингдек, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалладан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ўшандай ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, ҳар бир тангликдан кенглик беради ва ўзи ўйламайдиган томондан ризқлантиради», деганлар.
«Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди».
Иймон келтирмасангиз, жиноят қилган бўласиз, жиноятчи ҳолингизда юз ўгириб кетган бўласиз.

ОД ҚАВМИНИНГ ҚЎПОЛЛИГИ

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:
«Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз. 
Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар. У: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман.
Ундан ўзга. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар». (53-55 оятлар)
Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:
«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг»,
шу туфайли биз сенинг Пайғамбарлигинга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз, демоқда.
«Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг илоҳинга сиғинувчи эмасмиз.
«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».
Сенинг ҳақингда, қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:
«Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар.
Яъни, жинни бўлибсан, деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига Пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб, алаҳсираб ҳар хил гапиряпти, демоқдалар. 
Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У кишининг ҳар бир сўзлари пурҳикмат эди. Олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ичига олган эди.
У қавм бундай гапларни айтиб турганида, Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:
«Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».
Менинг Пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Мен Худонинг Ўзига солдим. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:
«сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман. Ундан ўзга».
Яъни, Аллоҳга У зотдан ўзга нарсаларни шерик келтиришингизга менинг дахлим йўқ. Мен ширкка қарши курашиб, сизларни тавҳидга даъват қилиш учун Пайғамбар бўлиб келган эдим. Сизлар менинг даъватимни қабул қилмай, мушриклигингизча қолдингиз. Энди сизлар билан орамиз узилди. Агар мен сизларнинг насабингиздан, ирқингиздан, қабилангиздан бўлсам ҳам, орамизда алоқа қолмади. Чунки асосий алоқа риштаси бўлмиш иймонни сизлар тутмадингиз. Энди биз бошқа-бошқа оламлармиз. Сизлар-кофир мушриклар, мен-мўмин-муваҳҳидман.
«Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар».
Бу ҳам Аллоҳга иймони комил инсоннинг ишонч ила айтган гапларидир.
Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга-қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.
Аммо Ҳуд алайҳиссалом ҳақ йўлда эканликларини бутун вужудлари билан англаб етган Пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у кишига ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билардилар.
Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:
«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир». (56 оят)
Шунинг учун ҳам:
«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим».
Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ.
«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».
Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман.
«Албатта, Роббим тўғри йўлдадир».
Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.
«Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчи зотдир», деди». (58 оят)
Яъни, агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган ёки мулоҳаза қиладиган жойим йўқ.
«...батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».
Аллоҳ таоло менга Пайғамбари сифатида нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни шараф ила адо этдим. Энди У зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа:
«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».
Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса:
«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».
Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Чунки сиз ожиз бир бандасиз.
«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчи зотдир», деди.
Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олади.
Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

ОД ҚАВМИГА АЗОБ КЕЛДИ

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик». (59 оят)
Ваъда қилинган азобни юбориб Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида, Пайғамбаримиз Ҳуд алайҳиссаломни ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам, қаттиқ азобдан қутқардик.
Аммо кофирларни ўша азоб қаттиқ тутди. У қандоқ бўлганини «Аҳқоф» сурасидаги қуйидаги ояти карималар баён қилади.
«У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир». 
Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган, ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқ таъсиридан ҳаво тандирга айланган. 
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: 
«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қийн исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакирнинг олдига борибди ва ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, Жарадатани исмли икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгандан сўнг Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилиб: 
«Эй бор худоё! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилганим ҳам йўқ. Эй бор худоё! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин», дебди. 
Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан: «Танлаб ол», деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда: «Ол ўшани», деган нидо келибди. 
«У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Оятдаги, водийлари томон, яъни, Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ўша азоб булутдир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм, энди қурғоқчиликдан қутуламиз экан, деб хурсанд бўлдилар ва 
«бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Лекин илоҳий раддия бошқа хабарни келтирди: 
«Йўқ!» 
Сиз айтгандек эмас, ўзингиз Ҳуд Пайғамбарга, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир, деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз.
«Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир». 
Бу, сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу, ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз, азобдир. Бу азоб, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир, дейилди.
Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:
«У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолармиз».
Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди. 
Шу билан бирга, Пайғамбаримиздан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос. 
Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди, у ўтган жойлардан масканлардан (уйлардан) бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Ҳар доим Аллоҳ таоло жиноятчи қавмларни шундай жазолайди. Аммо инсонлар бироз шошадилар, холос. 
Ушбу воқеа мисолида Аллоҳ Макка мушрикларига хитоб қилиб, Од қавмининг хатосини такрорламасликка ундайди:
«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб, уларни ўзларидан аввал ўтган Од қавмига таққослаб кўришга ундамоқда. Од қавми ҳам ўтган замонда ўз Пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссаломга Худди Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга куфр келтираётганларига ўхшаб куфр келтирган эдилар. Аммо ораларида фарқ ҳам бор эди.
«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик».
Яъни, Аллоҳ таоло Од қавмига Макка мушрикларига бермаган имконларни берган эди. Ҳа, шунча имконларга эга бўлсалар ҳам куфрлари сабабли ҳалок бўлдилар. Имконлари уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қола олмади. Энди, улардан кўра имкони оз бўлган Макка мушриклари ўзлари билиб олаверсинлар.
«Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик».
Ўша Од қавмига берган имкониятларимиздан ташқари, эшитиб ибрат олсин, деб қулоқ, кўриб ибрат олсин, деб кўз, ақл юритиб ибрат олсин, деб қалблар бердик. Лекин, афсуски,
«Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар».
Ҳа, қайси бир инсон Аллоҳнинг оятларини инкор қилар экан, унга на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари ҳеч бир фойда бермайди. Од қавми ҳам худди шундоқ бўлди. Оқибатда:
«Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди».
Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундоқ тарзда ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом этдирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳарига яқин жойга дафн этилдилар.

 

 

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов