Куръони карим (Алоуддин Мансур)
(41) «Фуссилат» сураси
Бу сура эллик тўрт оятдан ташкил топган бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Сура Қуръони Карим таърифи билан бошланиб, хушхабар элтгувчи ва
огоҳлантиргувчи бўлган бу Китобнинг оятлари онгли — ақлли кишилар учун муфассал
баён қилиб берилганлигини уқдиради. Шунинг учун ҳам бу сура "Фуссилат —
Муфассал баён қилинган сура" деб аталгандир.
Сўнгра еру осмонларнинг Аллоҳ таъоло томонидан яратилиб — интизомга солингани
ва Ўша Зот томонидан идора қилиб турилиши батафсил баён қилинади.
Бу сурада Аллоҳ таъоло Қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг кўз-кулоғидан терисигача
тил-забон бериб, дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг аъзойи баданлари ҳам
ўзларига қарши гувоҳлик бериши ҳақида огоҳлантирилади ва инсоннинг "қилаётган
амалларимни Аллоҳ билмайди", деган гумонда бўлиши унинг Охиратини куйдириши
аниқ эканлиги таъкидланади.
Шунингдек, бу сурада ёлғиз Аллоҳ таъолони Парвардигорим деб, сўнгра У Зот
кўрсатган Тўғри Йўлда устивор бўлган зотлар учун Охират диёрида тайёрлаб қўйилган
мукофот-зиёфатлар ҳақида ҳам хабар берилади.
Сура бутун борлиқда ҳам, ҳар бир инсоннинг вужудида ҳам Яратганнинг қудрати ва
ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатлар мавжуд эканлиги ва Аллоҳ таъоло бор
мавжудотни Ўз илму қудрати билан иҳота қилиб — ўраб олган Зот эканлиги ҳақидаги
оятлар билан ниҳоясига етади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Ҳо, Мим.
2. (Ушбу Қуръон) Меҳрибон ва Раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилингандир.
3-4. У биладиган қавм учун (мўъминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни
азобдан) огоҳлантиргувчи — арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари
муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари
ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар "эшитмаслар".
5. Улар (Пийғамбар алайҳиссаломга) дедилар: "Дилларимиз сен бизларни даъват
қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен
билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер,
бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз".
6-7. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам
худди сизлар каби бир одамдирман. Менга Аллоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани
(яъни, сизлар учун ҳам, мен учун ҳам ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ экани)
ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан
мағфират сўрангиз! Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари Охиратга кофир
бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!"
8. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-
мукофот бордир.
9. Айтинг: "Ҳақиқатан ҳам сизлар ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар
ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Бу (Аллоҳ) барча оламларнинг
Парвардигори-ку?!
10. У Зот (ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша
(ер)да унинг емишларини (яъни, ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда
белгилаб — тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир.
11. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: "(Менинг амри-фармонимга)
ихтиёран ёки мажбуран келинглар!", деган эди, улар: "Ўз ихтиёримиз билан келдик,
(амрингга бўйсундик)", дедилар.
12. Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган)
иши-вазифасини ваҳий қмлдм (билдирди). Ва қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан
безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири
— ўлчовидир.
Изоҳ: Мазкур оятлар Куръонда бир неча ўринларда келган Аллоҳ таъоло осмонлар ва
ерни олти кунда яратгани ҳақидаги оятларнинг тафсилотидир. Яъни, Ҳақ таъоло ерни
икки кунда яратиб, тўрт кун деганда унинг ризқу рўзини ҳам тақсимлаб-бўлиб бергани
ва олти кун деганда эси етти осмонии ҳам яратиб бўлгани баён қилиб берилди.
13. Бас, агар улар (яъни, Макка мушриклари мана шу тафсилотдан кейин ҳам ёлғиз
Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: "Мен сизларни худди Од
ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ — ҳалокат (келиши)дан
огоҳлантирдим".
14. Ўшанда пайғамбарлари уларнинг олдиларидан ҳам, орқаларидан ҳам келишиб:
"ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар", (деганларида), улар: "Агар Парвардигоримиз
(пайғамбар юборишни) хоҳлаганида, албатта фаришталарни нозил қилган бўлур эди.
Бас, (модомики, сизлар фаришта эмас, балки одамзот экансизлар) бизлар сизлар элчи
қилиб юборилган динга кофирдирмиз", дедилар.
15. Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар ер юзида ноҳақ кибр-хаво қилдилар ва:
"Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?", дедилар.— Ахир улар ўзларини яратган Зот
— Аллоҳ куч-қувватда улардан Зўрроқ эканини билмадиларми?! — Ва улар бизнинг
оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар.
16. Бас, Биз уларга мана шу ҳаёти дунёда хор — расво қилгувчи азобни тотдириб
қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират
азоби эса шак-шубҳасиз, янада хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган
бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас.
17. Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, Биз уларни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилган
эдик, улар Ҳидоятни қўйиб, кўрликии, залолатни ихтиёр қилдилар. Бас, ўзлари
қилгувчи бўлган нарсалари (яъни, куфрни ихтиҳёр этганлари) сабабли уларни хор
қилгувчи азоб чақмоғи урди.
18. Ва Биз иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга (яъни, Самуд қабиласини
Ҳидоят Йўлига даъват қилган Солиҳ пайғамбар ва у кишига иймон келтирган зотларга
чақмоқ балосидан) нажот бердик.
19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга (хайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган
Кунни (эсланг).
20. Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (улардан ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру
исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда)
уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига
қарши гувоҳлик беради.
21. Улар териларига "Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?", дейишганида,
(терилари): "Бизларни барча нарсани сўзлатган Зот Аллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб
У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзига қайтарилурсизлар", дедилар.
22. Сизлар (ҳаёти дунёди гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан кўрқиб,
одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз
ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан (сақланиш учун улардан) яширингувчи эмас
эдинглар, (чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон
берилишини билмасдинглар). Лекии сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини
(яъни, одамлардан яширинча қилган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар.
23. Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок
қилди (яъни, дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга
айланиб қолдинглар.
24. Энди агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир (яъни, азоб-уқубатни
тортаверадилар), агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилгувчи
эмаслар.
25. Биз улар учун (уларни Тўғри Йўлдан оздирадиган) "дўстлар" тайёрлаб қўйдик, бас,
ўша ("дўстлар") уларга олдиларидаги (гуноҳларини) ҳам, орқаларидаги (гуноҳларини)
ҳам чиройли кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан аввал ўтган — ҳалок бўлган инсу
жиндан иборат умматлар қаторида Сўз — азоб ҳақ бўлди. Дарҳақиқат, улар зиёнкор
бўлдилар.
26. Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига "Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда)
сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун
оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар",
дедилар.
27. Бас, албатта Биз ана ўша кофир бўлган кимсаларга қаттиқ азобни тотдирурмиз ва
уларни ўзлари қилиб ўтган (куфру исёнлари сабабли) энг ёмон жазо билан жазолармиз.
28. Бу (қаттиқ азоб) Аллоҳ душманларининг жазоси бўлган дўзахдир. Улар учун,
Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари жазосига ўша жойда мангу қолиш
(азоблиниш) бордир.
29. Кофир бўлган кимсалар (дўзах ўтида азобланар эканлар), дедилар: "Парвардигоро,
бизларни (Сенинг Тўғри Йўлингдан) оздирган иису жиндан бўлган кимсаларни
бизларга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олиб (эзайлик), токи улар (дўзахнинг
қиъридаги) энг тубан — хор кимсалардан бўлсинлар".
30. Албатта: "Парвардигоримиз Аллоҳдир", деб, сўнгра (Ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат
қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар
тушиб, (дерлар): "Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат
(хушхабари) билан шодланинглар!
31. Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар
учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда
истаган нарсаларингиз бордир.
32. (Бу) Мағфиратли ва Меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир".
33. (Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, "Шак-
шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман", деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи
ким бор?
34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал
сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган
кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур.
35. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли
зотларгина эришурлар, унга фақат улур насиба эгасигина эришур.
36. Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси
бўлишдан қайтармоқчи бўлса), у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У Эшитгувчи,
Билгувчи Зотдир.
Изоҳ: Мазкур оятларда Аллоҳ таъоло ҳар бир мўъмин мусулмон учун зарур бўлган
гўзал фазилатларни баён қилди. Қуйидаги оятларда энди ўзининг қудрат ва етук
ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатларни келтириб, Ёлғиз Ўзигина маъбудликка
Лойиқ Зот эканлигини уқтиради.
37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (Танҳолиги ва кудратига далолат қиладиган) оят-
аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам,
ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга — Аллоҳга
сажда қилинглар!
38. Энди агар (кофирлар Аллоҳга сажда қилишдан) кибр-ҳаво қилсалар, бас,
(билингки), Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) кеча-ю кундузи
ҳеч зерикмасдан-малолланмасдан У Зотга тасбеҳ айтурлар — сажда қилурлар.
Изоҳ: Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир. Бундай оят ўқилганда, ўқувчига ҳам,
тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.
39. Унинг (Танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз
ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас, қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёрдирсак,
у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган Зот ўликларни ҳам
тирилтира олгувчидир. Зеро, У барча ишга Қодирдир.
40. Албатта бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни, уларни бузмоқчи бўлган)
кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга ташланадиган кимса
яхшироқми ёки Қиёмат Кунига (Аллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган
кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверииглар! Албатта, У қилаётган
амалларингизни Кўриб тургувчидир.
41. Албатта ўзларига Эслатма — Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар
(қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз, у азиз — қудратли Китобдир.
42. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни, Куръони
Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас,
чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано Эгаси томонидан нозил қилингандир.
43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга ҳам (кофирлар томонидан) фақат Сиздан
аввалги пайғамбарларга (кофирлар томонидан) айтилган сўзларгина айтилур (яъни,
агар мушриклар Сизга озор-азиятлар етказаётган бўлсалар, Сиз бунга сабр қилинг,
чунки аввалги пайғамбарларга ҳам кофирлар томонидан худди шунга ўхшаган озор-
азиятлар етгандир). Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз ҳам мағфират Соҳибидир, ҳам
аламли азоб Соҳибидир.
44. Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни, араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда,
албатта улар: "Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабди-да.
(Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)", деган бўлур
эдилар. Айтинг: "(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги
шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса
қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Куръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи
зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни,
гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар).
Изоҳ: Ушбу ояти карима "Қуръон агар ажамларнинг тилида бўлганида бизлар ҳам унга
иймон келтирган бўлардик", деб баҳона қилган айрим мушрикларга жавобан нозил
бўлгандир.
45. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этганимизда, у (Таврот) ҳақида ҳам
(худди Куръон ҳақида ихтилоф қилинганидек) ихтилоф қилингандир. Агар
Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб Қиёмат Куни бўлиши хусусидаги)
Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, уларга
иймонсизликлари учун дарҳол жазо берилган бўлур эди). Ҳақиқатан ҳам улар (Қуръон)
ҳақида шубҳа-гумондадирлар.
46. Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилур.
Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.
Йигирма бешинчи жузъ
47. (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақидаги билим Унинг Ўзигагина қайтарилур
(яъни, Қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўралган киши "Уни Ёлғиз Аллоҳ билади",
дейиши лозимдир). Барча меваларнинг ўз гулкосаларидан чиқиши ҳам, ҳар бир аёлнинг
(урғочи жинснинг) ҳомила олиб, кўз ёриши ҳам албатта Унинг илми билан бўлур. У
Зот (мушрикларга): "Менинг "шерикларим" қани?!", деб нидо қиладиган Кунда улар:
"Бизлар Сенга билдирурмизки, орамизда (Сенинг "шерикларинг" борлигига) биронта
ҳам гувоҳ йўқдир", дедилар.
48. Ва ўзлари илгари (ҳаёти дунёда) дуо-илтижо қилиб ўтган бутлари улардан ғойиб
бўлди. Ва улар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) қочадиган бирон жой йўқ
эканлигига ишондилар.
49. Инсон (ўзи учун) яхшилик (мулку давлат, бахт-саодат) тилашдан ҳеч зерикмас.
Агар унга ёмонлик (камбағаллик бахтсизлик) етиб қолса эса у ноумидликка,
тушкунликка тушгувчидир.
50. Қасамки, агар унга бирон бало-кулфат етганидан сўнг Биз унга Ўз томонимиздан
бўлган бирон марҳаматни тотдирсак, албатта у: "Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва
саъй-ҳаракатим билан бўлди). Мен (Қиёмат) Соати қойим бўлишига ишонмайман.
Қасамки, агар (мабодо Қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч
шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат — жаннат) бўлур", дер.
Бас, (ана ўша ўзлари иймон келтирмаган ва яхши амал қилмаган ҳолларида жаннатдан
хомтамаъ бўлиб юрган кимсалар билсинларки), албатта Биз кофир бўлган кимсаларга
ўзлари қилган амалларининг хабарини берурмиз ва албатта уларга қаттиқ азобдан
тотдирурмиз.
51. Қачон Биз инсонга (неъмат — давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз
ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-
кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.
52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар
(Қуръон) ҳақиқатан ҳам Аллоҳ ҳузуридан (нозил қилинган) бўлса-ю, сўнгра сизлар у
(Қуръон)га кофир бўлсангизлар (у ҳолда) ким (сизлар каби) мангу ихтилофда бўлган
кимсалардан ҳам йўлдан озганроқ бўлур?!"
53. Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ
(Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз
вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-
аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага
гувоҳ экани (яъни, Аллоҳ таъоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб
олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизни исботлаш
учун) етарли эмасми?!
54. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, албатта улар Парвардигорларига рўбарў
бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта У Зот барча нарсани Иҳота
қилгувчидир.
(42) «Шўро» сураси
Бу сура эллик уч оятдан ибрат бўлиб, Маккада нозил қилинган. У Қуръони каримнинг
Аллоҳ таъоло томонидан туширилган илоҳий ваҳий эканлигини таъкидлаш билан
бошланиб, сўнгра аввалу охири барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти
жаҳатидан бир бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таъологагина сиғиниб ибодат қилишга буюргани
ҳақида хабар беради.
Бу сурада ҳам Макка сураларидаги каби мўъминлар қўрқув ва умид билан кутаётган,
кофирлар эса инкор этаётган қиёмат кунинг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади
ва барча инсонларни ўша кун келиб қолишидан илгари Парвардигорга иймон келтириб,
ёлғиз унинг амр-фармонига итоат этишга буюрилади. Сура ниҳоясида ушбу Қуръон
мўъминларни ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир илоҳий нур эканлиги уқтирилади.
Бу сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш – ҳар бир ишда маслаҳат-
кенгаш билан иш тутиш ҳислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у
«Шўро – Маслаҳат» сураси деб номланган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Ҳо. Мим.
2. Айн. Син. Қоф.
3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Қудратли ва ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан аввалги
(пайғамбарлар)га мана шундай ваҳий қилур.
4. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар уникидир. У юксак ва улуғдир.
5. (Мушрик жамоаларнинг ширк келтиришлари сабабли) устидаги осмонлар ёрилиб
кетишга яқин бўлур. Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни
айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун
(Аллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг Ўзигина
мағфират қилгувчи, меҳрибондир.
6. (Аллоҳ)ни қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаган (яъни, ўшаларга сиғинаётган)
кимсалар устида Аллоҳ кузатиб тургувчидир. (Эй муҳаммад алайҳиссалом), Сиз
уларнинг усида вакил-қўриқчи эсмассиз.
7. (Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси – пойтахти (Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги
кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (келишида) шак-шубҳа
бўлмаган тўпланиш кунидан огоҳлантиришингиз учун биз сизга мана шундай арабий
Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.
8. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни, барча инсонларни) бир миллат (бир
динда – Исломда) қилган бўлур эди. Лекин У ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига
(жаннатига) доҳил қилур. Золим-кофирлар учун эса бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
9. Ёки улар (Аллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар» ни ушлаб олдиларми (яъни, ўшаларга
сиғинмоқдаларми)?! (Йўқ) Аллоҳнинг Ўзигина Дўстдир. У ўликларга ҳаёт берур ва У
барчага Қодирдир.
10. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда
кофирлар билан) ихтилоф қилган хар бир нарсанмнг ҳукми (Қиёмат Кунида) Аллоҳга
(қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Мана шу Аллоҳ
Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман».
11. (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк Яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан
бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У
сизларни ўша (жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир.
У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир.
12. Осмонлар ва Ер (хазиналарининг) очқичлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган
кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур.
Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир.
13. (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам Нуҳга буюрган нарсани ва Биз Сизга (яъни,
Муҳаммад алайҳиссаломга) ваҳий қлиган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва
Ийсога буюрган нарсани - Шариат (қонун) қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда
фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мушрикларга Сиз
даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди – оғирлик
қилди. Аллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳлаган
кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят
қилур.
Изоҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни,Ёлғиз
Аллоҳнинг Динини барпо қилишни ва бу динда турли фирқаларга бўлиниб
кетмасликни буюргани баён этилмоқда.
14. Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар
ўзларига (турли фирқаларга бўлинмаслиги зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат
келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар). Агар
Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни,
Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида
ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур
эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар
(яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва нсронийлар) ҳам ундан
(ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.
15. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом) мана шунинг учун (яъни аввалги қавмлар фирқа-
фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун – сиз ўз умматларингизни
бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилган янглиғ Тўғри Йўлда бўлинг
ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ
нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан
сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат этишга амр этилдим. Бизнинг
Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Аллоҳдир.
Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир.
Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат Кунида)
барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир.
16. Аллоҳ (Дини – Ислом) ҳақида у (одамлар томонидан) қабул қилинганидан сўнг
(ўша одамларни Исломдан чиқариш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг
ҳужжатлари (яъни, талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир.
Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.
17. Аллоҳ ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилган Зотдир.
Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Аллоҳ
нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир).
18. (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган
зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эканлигини билурлар. Огоҳ
бўлингизким, (Қиёмат) Соати ҳақида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ Йўлдан)
йироқ залолатдадирлар.
19. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур.
У Кучли, Қудратлидир.
20. Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга
экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга
ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас!
Изоҳ: Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат Охиратдаги мукофотни кўзлаб
қилинсагина Аллоҳ таоло унинг ажру савобини комил бериши, аммо агар мол-дунё ва
шон-шуҳратга етишиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса Охиратда
ҳеч қандай савоб йўқлиги уқдирилмоқда.
21. Балки улар (Макка мушриклари) учун диндан Аллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк
каби) нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари – бутлари бордир?! Агар
яхши (яхши-ёмон амаллар фақат Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз
бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди.
Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир.
22. (Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни,
куфру исёнларига бериладиган жазолардан) қўрқиб турган ҳолларида кўрурсиз. У
(жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларга тушгувчидир. Иймон келтирган ва яхши
амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, улар учун
Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта фазлу
марҳаматнинг ўзидир!
23. Мана шу Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бандаларига берадиган
хушхабаридир! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушрикларига ) айтинг: «Мен
сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги
дўстлик-яқинликнигина (яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош
бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина
сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг ўша (чиройли амал) га яна
зиёда чирой бахш этурмиз (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ Мағфират
қилгувчи, яхшиликни Билгувчидир.
24. Ёки улар: «(Муҳаммад, Қуръон Аллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Аллоҳ
шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган
бўлсангиз), Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Аллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-
ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур – рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни
эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир.
25. У бандаларидан тавба-тазарруъни қабул қиладиган, ёмонликни афв этадиган ва
қиладиган ишланрингизни биладиган Зотдир.
26. У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуоларини) ижобат қилур
ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, ва) Ўз фазлу карамидан зиёда қилур.
Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир.
27. Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер
юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу
рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Огоҳ ва
Кўриб тургувчидир.
28. У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган
ва Ўз раҳмат-баракотини кенг ёядиган Зотдир. У ҳамду сано Эгаси бўлган Дўстдир.
29. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган
жониворлар Унинг (қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У
Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга Қодирдир.
30. (Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса –
гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб
юборур.
31. Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутилгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан
ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
32. Денгиз-дарёлардаги тошлар янглиғ сузиб юрган (кема) лар ҳам Унинг (қудрати
Илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир.
33. Агар (Аллоҳ) хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр, бас, улар (денгиз) устида (ҳеч
қаёққа сузолмай) туриб қолурлар – Аллоҳ бунда ҳар бир (балога) сабр қигувчи,
(Аллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-иборалар бордир; -
34. Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган
гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни (ҳалокатдан
қутқариб) афв этур.
35. (Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун
(Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!
36. Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва
иймон келтирган ҳамда Ёлғиз Парвардигорларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ
ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари – дунё матоларидан) яхшироқ ва
боқийроқдир.
37. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида
эса кечириб юборадиган зотлардир.
Изоҳ: Ушбу ва қуйдаги оятларда Аллоҳ таоло Охират неъматларига сазовор бўладиган
мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган
бўлса, юқоридаги оятда умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва
бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилади. Улар Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ
одам ўдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик
кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши
билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда пайғамбар
алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам боласи хатокордир. У
хатокорларнинг яхшироғи – қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладиган
кишилардир».
Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ
лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки
масалан динга тош отиган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки
мунофиқ бўлади. Фазилат ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф
билан иш юритмоқдир.
38. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган
зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз
уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
39. Улар ўзларига зулм этган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир.
Изоҳ: Агар бошқа динларда «ўнг юзинга урсалар, чап юзингни ҳам тутиб бер»
қабилида золмларга мутълик тарғиб қилинса, Ислом дини назарида ҳақиқий мўмин
зулму зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиб ғолиб бўладиган
кишидир. Зотан, золимнинг зулмидан қўрқиб ҳақсизлик, адолатсизликка қарши тура
олмаган одамнинг иймони комил иймон эмасдир! Зеро…
40. (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир
ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир).Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани
ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса,бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта
У зулм қилгувчиларни севмас.
41. Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса,
(интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир.
42. Фақат одамларга зулм қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар (ни
айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун
аламли азоб бордир.
43. Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ
учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир,
44. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри Йўл
кўрсатгувчи) дўст йўқдир. Ундай золимларнинг (Қиёмат Кунида) азобни кўрган
вақтларида «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўлбормикан?» деяётганларини кўрурсиз.
45. Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга қўрқа-писа) кўз қирлари билан қараган
ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрурсиз. Иймон келтирган зотлар:
«Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да)
Қиёмат Кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ
бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.
46. Улар учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай «дўстлар» бўлмас. Кимни
Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон (Тўғри) Йўл йўқдир.
47. (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан, ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир Кун (Қиёмат)
келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У Кунда сизлар
учун бирон қочадиган жой ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилиб ўтган гуноҳларингизни)
инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.
48. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (мушриклар) энди ҳам (Ёлғиз Аллоҳга иймон
келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб
юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз Сизга нозил қилган ваҳийни)
етгазиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат-неъматни
тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари
қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони
неъмат қилгувчидир—кўрнамакдир!
49. Осмонлар ва ерлар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У ўзи
хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни хадя этур.
50. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини—туғмас
(бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани
яратишга) Қодирдир.
51. Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали ё бирон
парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изн-
ихтиёри билан У хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар).
Албатта У Юксак ва ҳикмат Эгасидир.
Изоҳ: Мазкур оятдан пайғамбарлар Аллоҳ таъоло билан уч восита орқали
боғланганлари маълум бўлди: биринчиси ғойибдан келган ваҳий—илҳом ёки ўнгидан
келадиган туш орқали. Чунки пайғамбар алайҳиссалом: «Пайғамбарларнинг тушлари
ваҳийдир», деганлар. Бунга мисол, Иброҳим Халилуллоҳга тушларида ўз ўғиллари
Исмоил Забиҳуллоҳни Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилинишига буюрилишидир.
Иккинчиси бирон парда-тўсиқ ортидан Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир.
Бунга мисол Тур тоғида Аллоҳ таъоло Мусо пайғамбарга бевосита сўзлаганидир.
Учинчиси эса Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарларига фаришталар ваҳий юбориши бўлиб,
Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таъолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи
фариштадир.
52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шундай қилиб (ҳудди аввалги пайғамбарларга ваҳий
қилганимиздек) Биз Ўз амиримиз билан Сизга Руҳни—Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз
(Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни—Қуръонни ва на иймонни (яъни,
унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур
қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз.
Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри Йўлга етаклайсиз.
Изоҳ: Бу ўринда Аллоҳ таъоло томонидан Қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб,
жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи—жони Қуръондир.
53. У (Йўл) осмонлардаги ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зот—Аллоҳнинг
Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар Ёлғиз Аллоҳга қайтур!
(43) «Зухруф» сураси
Маккада нозил қилинган бу сура саксон тўққиз оятдан ташкил топган. У Қуръони
Каримни тарифлаш билан бошланиб, сўнгра Аллоҳ таъоло Ўз бандаларига ато этган
неъматлардан айримлари санаб ўтилади.
Бу сурада ўзлари барча нарсани Аллоҳ яратганига иқрор бўлиб туриб, яна Яратганга
ўзгаларни «шерик» қиладиган ва хусусан «Унинг боласи бор» дейдиган
мушрикларнинг даъволари аниқ-равшан ҳужжатлар билан кескин рад этилади.
Бу сурада ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг салафларидан ҳазрати Иброҳим ва Мусо
пайғамбарларнинг даъватлари ва чеккан азиятларидан айрим лавҳалар тасвирланади.
Суранинг «Зухруф—Зеб-зийнат» деб номланишига сабаб, унда бу дунё олтин-кумуш
ва зеб-зийнатлари Аллоҳ таъоло наздида қандай мартабада эканлиги батафсил баён
қилинади. Сура Пайғамбар алайҳиссаломни мушриклардан юз ўгиришга буюриб,
уларнинг яқинда қилмишларига яраша жазо олишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар
бериш билан ниҳоясига етади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Ҳо, Мим.
2-3. Очиқ-равшан Китобга—Қуръонга қасамки, албатта Биз уни сизлар ақл
юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.
4. Дарҳақиқат, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобга (Лавҳул-Маҳзуфга) юксак
(мартабали) ва ҳикматли (Китобдир)
5. Бас, сизлар (куфру исёнда) ҳаддан ошувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан
бу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларнгизга ташлаб) қўюрмизми?!
6. Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз.
7. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.
8. Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қудратлироқларини ҳам ҳалок
қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларнинг масал-қиссалари ўтди-ку!
9. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом ), қасамки, агар Сиз улардан: «Омонлар ва Ерни ким
яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билгувчи (Аллоҳ) яратган»,
дерлар. (Аммо ўзлари бўлса, ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У Зотга
шерик қилиб олиб, ўшаларга сиғинурлар).
10. Ўша Зот сизлар учун Ерни бешик—қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда
кўзлаган мазилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (Ерда турли) йўлларни
(пайдо) қилди.
11. Ўша Зот осмондан (аниқ) ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан
«ўлик» шаҳар (қишлоқларни) тирилтирдик (яъни, қуруқ Ердан турли-туман гиёҳрани
чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай
чиқарилурсизлар.
12. Ўша Зот барча жуфтларни (яъни, бор маҳлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва
чорва ҳайвонларидан—сизлар минадиган нарсалар (пайдо) қилди.
13-14. Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач,
Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни
бўйсундириб қўйган Зот (яъни, Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) Покдир. Бизлар ўзимиз
бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бмзлар (барчамиз) Парвардигоримизга
қайтгувчидирмиз»,дегайсизлар.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда Аллоҳ таъоло бандаларига ато этган неъматлари қаторида
улар шукр қилиб, ибрат олишлари учун ўзларидан неча баробар катта ва кучли кема ва
туя каби, инсонлар миниб ва бошқариб юрадиган нарсаларни ҳам яратиб қўйганини ва
шундай қудратли, баҳайбат нарсаларни инсонга бўйсундириб қўйганини баён қилди.
Энди қуйдаги оятларда «фаришталар—Аллоҳнинг қизлари», деган ботил ақида эгалари
бўлган мушриклар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг бу пуч даъволари Илоҳий мантиқ
билан рад этилади.
15. Улар (мушриклар Аллоҳ) учун ўз бандаларидан (айримларини яъни, фаришталарни)
жузъ—бўлак қилдилар! (Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У Зотнинг
қизлари яъни, Унинг бир жузъи», дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир).
Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир!
16. Балки (Аллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга
ўғилларни танлаб бергандир?!
17. Қачон уларнинг биронтасига, Ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз
кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар.
18. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз
мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!»
19. (Ҳолбуки,) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар»
дедилар. Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу
«гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа
тутилурлар!
20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни, фаришталарга «улар
Аллоҳнинг қизлари» деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар.
(Яъни, бизлар фаришталарга Аллоҳнинг розилиги—хоҳиши билан сиғинганмиз, деб
даъво қилдилар). Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон
сўзламоқдалар!
21. Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани
ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!
22. Йўқ, (улар учун ўзларича Аллоҳга турли махлуқотларни шерик қилиб олишларида
бирон ҳужжат-далил йўқдир, шунинг учун ҳам бошқа ҳеч қандай сўз топа олмай) улар
(шундай) дедилар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат—дин устида
топганмиз ва албатта биз уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз».
23. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шунингдек, Биз Сиздан илгари бирон қишлоқ-
шаҳарга бирон огоҳлантирувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганмизда) у
жойнинг боёнлари: «Албатта ота-боболаримизни бир миллат—дин устида топганмиз ва
албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар.
24. (Шунда пайғамбарлари уларга): «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни
(эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ Динни келтирган бўлсам ҳам-а?»,
деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган Динга кофирдирмиз»,
дедилар.
25. Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи
қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!
26. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат
қилаётган бутлардан покдирман.
27. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга)
ҳидоят қилажак».
28. У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзиниг Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни
ўзидан кейин келадиган зурриёти-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида
қолгувчи сўз қилди.
29. Мен эса (Иброҳим авлодларидан бўлган, аммо у қолдирган Сўзга итоат этмаган) ана
у (Макка аҳолиси)ни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам то уларга Ҳақ—Қуръон ва
очиқ-равшан пайғамбар (Муҳаммад алайҳиссалом) келгунча (узун умр ва фаровон ҳаёт
билан) фойдалантирдим.
30. (Аммо) қачонки уларга Ҳақ—Қуръон келгач, улар: «Бу сеҳрдир, албатта бизлар
унга кофирдирмиз», дедилар.
31. Яна улар: «Бу Қуръон икки қишлоқ(нинг биридан)дан бўлган улуғ одамга нозил
қилинганида эди», дедилар.
Изоҳ: Икки қишлоқдан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида
Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн-ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг
улуғи Увра ибн Маъсуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча
замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат
билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида
Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Увра каби улуғ
зотларга тушган бўлар эди», дедилар.
32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш
пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти
дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз
тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун
(бировлврини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки
заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб
қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати—пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса
(мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган
кишиларгагина ато этурмиз).
33. Агар (иймонсиз кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини
кўришиб, барча) одамлар бир миллат (яъни, кофир) бўлиб олишлари (хавфи)
бўлмаганида эди албатта Биз Раҳмонга (яъни, Бизга) кофир бўладиган кимсалар учун
уйларининг шифтлари ҳам, унга чиқадиган нарвонлари ҳам кумушдан қилиб қўйган
бўлур эдик.
34. Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб
ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик).
35. Яна (барча) зеб-зийнат—нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйга
бўлур эдик. Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса
Парвардигорингиз наздида тақводор зртлар учундир.
Изоҳ: Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло наздида бу дунё ўзининг бор зебу зийнат ва ҳою
ҳаваси билан нақадар ҳақир бир нарса экани маълум бўлди. Пайғамбар
алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадиси шариф мазкур оятларнинг муносиб
тафсири бўлса керак: «Агар Аллоҳ таъолонинг ҳузурида дунё учун пашшанинг
қанотича вазн-қиммат бўлганида Аллоҳ кофирга ундан бир қултумини ҳам раво
кўрмаган бўлур эди».Қуръни Карим бу оятлар воситасида бизларни тарки дунёчиликка
тарғиб қилмайди, балки бу дунё қул бўлишга арзийдиган матоҳ эмаслигини уқтиради.
36. Ким Раҳмон Эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса —
юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у ўша (кофирга доимий)
ҳамроҳ бўлур.
37. Шак-шубҳасиз, (шайтонлар, Қуръондан юз ўгирган кимсаларни Тўғри) Йўлдан
тўсурлар, (аммо ўша шайтонларнинг етовидаги адашганлар эса) ўзларини ҳидоят
топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.
38. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга
қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби
йироқ) бўлса! Бас, (сен), нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер.
39. (Эй кофирлар ва уларни Тўғри Йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр
йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга
азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни, азобни қаттиқлигидан ҳар
бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб,
азобларини енгиллата олмассизлар)!
40. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз «кар»ларга эшиттира олумисиз ё «кўр»лар
ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?
41. Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) Сизни кетказсак (яъни, вафот
қилдирсак ҳам) албатта Биз улардан (охиратда) Интиқом олгувчидирмиз.
42. Ёки албатта Биз уларга ваъда қилган анрсани (яъни, кофирликлари сабабли
уларнинг бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёқ) Сизга кўрсатурмиз. Зеро,
Биз уларга (азоб беришга) Қодирдирмиз.
43. Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани—Қуръонни маҳкам ушланг. Албатта
Сиз Тўғри Йўлдадирсиз.
44. Албатта у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир
ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати Илоҳийя хусусида) сўралурсизлар.
45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб
(яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни,
ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилинганмиканмиз?! (Йўқ, барча
пайғамбарлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!
46. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига
юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман»,
деди.
47. Энди қачонки у Бизнинг оят-мўжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у
(мўжиза)лар устидан кула бошладилар.
48. Биз уларга (тўфон,чигиртка балолари каби азоб оят-аломатларидан) бирон оят
кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ (бало-офат)
бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан
ушладик.
49. Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач,Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган
(дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурматиПарвардигоринга
бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса),
албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни, ўша Аллоҳга иймон
келтиргувчидирмиз)», дедилар.
50. Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак,
баногоҳ улар (ўзларининг иймон келтирамиз, деб берган аҳдларини) буза бошладилар.
51. Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу
остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!
52. Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини очиқ баён қила олмайдиган
кимсадан (яъни, Мусодан) яхшироқдирман?!
53. Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳларнинг бўйнига гулчамбар
ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга
фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар
эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга ийомн келтирасизлар)?!»
54. Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ
қавм эдилар.
55. Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик—
уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.
56. Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик.
57. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачонки, (Ийсо) бинни Мариям мисол келтирса,
баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар.
58. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Ийсоми?!) дедилар.
Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-торитшиш учунгина келтирдилар. Ахир улар
хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!
Изоҳ: Бу оятлар мушриклар Ийсо бинни Мариямни мисол қилиб, Муҳаммад
алайҳиссаломни мулзам этмоқчи бўлгани хусусидадир. Пайғамбар алайҳиссалом
Қурайшликларга: «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган
бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир», оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат
қилганларида, мушриклар ғазабга минишиб: «Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга
тегишлими ёки барча миллатларгами?», деб сўрашади. Ҳазрат уларга: «Бу оят барча
замонлардаги мушриклар ва улар сиғинаётган нарсаларга тегишлидир», деб жавоб
бергач, улардан бири бу жавобдан шодланиб: «Ахир сен Ийсони Аллоҳнинг
пайғамбари деб эдинг-ку! Холбуки, насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар
Ийсо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар
ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айтинг-чи,
бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Ийсоми?!», деб қичқиради. Шунда юқоридаги
оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбар Аллоҳ таъоло хузурига кўтарилиб кетгандан
кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмаслилари,
бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай беҳуда мисолларни
келтиришлари баён этилади. Қуйидаги оятларда Ийсо бинни Мариям ким
бўлганликлари хусусида яна бир бор уқтирилади.
59. У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга
келтириш билан) бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир
мисол-ибрат қилдик.
60. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда халифа бўладиган
фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик.
Изоҳ: Бу оятда Аллоҳ таъоло учун нафақат Ийсони отасиз яратиш, балки Ер юзидаги
барча одамларни йўқ қилиб, уларнинг ўрнига фаришталарни қўйиб қўйиш ҳам жуда
осон иш эканлиги таъкидланади.
61. Албатта (Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (Соат)
ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига
айтинг): «Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир.
Изоҳ: Саҳобайи каромлардан Ибн Аббос ва Қатоданинг айтишларича, (Аллоҳ уладан
рози бўлсин), Қиёмат қойим бўлиши олдида Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳиссаломга дунёга
тушиб, у киши бутун ер юзида Ислом ҳукуматини юргизар эканлар. Шунинг учун бу
ояти каримада Ийсо – Қиёмат аломатидир дейилади.
62. Сизларни ҳаргиз шайтон (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун
очиқ душмандир».
63. Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўжизаларни келтиргач, деди: «Мана, мен
сизларга Ҳикмат – Инжил билан, сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим
нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат
этингиз!
64. Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг
Ўзидир, бас, (Ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».
65. Сўнг (Насронийларнинг ичидан чиққан) ҳибзлар-фирқалар (Ийсо хусусида,
айримлари уни «худо» деб, айримлари «Худонинг ўғли», деб) ўзаро ихтилоф қилдилар.
Бас, у золим кимсаларга аламли Кун (Қиёмат)нинг азоби – ҳалокат бўлғай!
66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида (Қиёмат) Соати тўсатдан келиб
қолишини кутмоқдалар, холос.
67. У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ Йўлида дўстлашган)
тақводор зотларгина (мангу дўстлардир).
68-69. (У Кунда уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва
мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу хатар ва сизлар асло
ғамгин бўлмайсизлар.
70. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда
жаннатга кирингиз!».
71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар)
айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса
бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.
72. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб бнрилган жаннат мана
шудир.
73. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.
Изоҳ: Мазкур оятларда беш кунлик дунёда тақво билан яшаб ўган мўмин-
мусулмонларга мерос қилиб бериладиган жаннатдаги ноз-неъматлар беадад ва мангу-
боқий, боғ мевалари эса ҳазон билмас эканлиги баён этилди. Энди динсиз осийларнинг
оқибатлари қандай бўлиши ҳақида хабарберилади.
74. Албатта жиноятчи кимсалар (яъни, кофирлар) жаҳаннам азобида мангу
қолгувчидирлар.
75. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб)
бутунлай ноумид бўлгувчидирлар!
76. Уларга биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.
77. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз
ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб)
нидо қилганларида, у: «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар»,
деди.
78. Аниқки, Биз сизларга Ҳақ – Қуръонни келтирганмиз, лекин сизларнинг
кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар.
79. Балки улар (яъни, Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга суиқасд қилиш
учун) бирон ишга қарор қилгандирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (ўз пайғамбаримизга
уларнинг макрларидан нажот бериб, суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок
қилишга) қарор қилгувчидирмиз.
80. Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-
шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг
олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар.
81. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, «Аллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга)
айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг
биринчиси бўлур эдим, (лекин У Зотнинг боласи ҳам, оиласи ҳам йўқдир)!»
82. Осмонлар ернинг Парвардигори, Арш Эгаси (бўлган Аллоҳ) улар сифатлаётган
айблардан покдир!
83. Бас, Сиз уларни тарк қилинг! Улар то Ўзларига ваъда қилинган Кунга рўбарў
бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйнаб-кулиб
юраверсинлар!
84. У (Аллоҳ) осмонда ҳам Илоҳ, ерда ҳам Илоҳ бўлган Зотдир. У ҳикмат эгаси ва
Билгувчидир.
85. Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсалар пошоҳлиги Ўзиники
бўлган Зот Баракотли – Буюкдир.(Қиёмат) Соати ҳақидаги билим ҳам Ёлғиз унинг
ҳузуридадир. Ёлғиз унгагина қайтарилурсизлар.
86. (Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон
кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик
берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик
бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир
бўлурлар).
87. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани
ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар. Бас, (ўша Яратгувчига ибодат
қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!
88. (Аллоҳ таъоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат, ана
улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур).
89. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик
бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков вк