"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

(12) «Юсуф» сураси

Бир юз ўн бир оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлган ва пайғамбарлар ҳаётидан
ҳикоя қилувчи суралардан биридир. Унда асосан Аллоҳнинг пайғамбарларидан Юсуф
алайҳиссалом ибн Яъқубнинг ҳаёти зикр қилиниб, у зотнинг бошига тушган балолар,
оға-инилари ва бегоналардан кўрган кулфатлари - чоҳга ташланганлари; туҳматга
йўлиққанлари; зиндонбанд бўлганлари... ҳақида ва бундай оғир кўргиликларга сабр-
тоқат қилишлари натижасида охир-оқибат зиндон азобидан халос қилиниб, бутун Миср
заминининг мулку хазинасига эга бўлганлари хусусида сўз боради.
Бу сура Ҳуд сурасидан кейин - Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларининг энг қора
кунларида - яқинлари Ҳадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриклар томонидан озор-
азиятлар чекиб қийналиб юрган кезларида нозил бўлгандир. Гўё Аллоҳ таъоло Ўзининг
суюкли пайғамбарига ва қолаверса, у зотнинг барча умматларига агар бошларига
тушган бало-ю кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр-
қаноат қилиб ўзларининг Ҳақ Йўлидаги курашларидан толмай, Аллоҳнинг динидан
қолмай собитқадам бўлсалар, Парвардигори олам уларни зулматлардан ва тору
тангликдан халос қилиб, нурли, бахт-саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек.
Бу суранинг назму услубида ўзгача латофат, айрича жозиба мавжудки, Ислом
оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб, шеъру достонлар
битганлар, уламолар эса бу сура хусусида жилд-жилд китоблар тасниф этганлар.
Шундай асарлардан бирида: «Юсуф сураси жаннат аҳллари жаннатда ҳам роҳат билан
тиловат қилиб юриладиган суралардандир»,- дейилган бўлса, яна бирида: «Ҳар қандай
ғам-ташвишга ботган маҳзун киши Юсуф сурасини эшитиши билан ором-осойиш
топур»,- дейилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, лом, ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.

2. Дарҳақиқат, Биз уни (бу Китобни) сизлар ақлларингизни юргизишингиз
(маъноларини англашингиз) учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик.

3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш
билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки, у (Қуръон нозил
бўлиши)дан илгари, Сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз!

4. Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна
қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш».
Изоҳ: Бу тушни кўрганида Юсуф алайҳиссалом ўн икки ёшда эди. Тушидаги қуёш
билан ой унинг ота-онаси, ўн бир юлдуз эса оға-инилари эди. Дарвоқеъ, унинг ота бир,
она бошқа ўн оғаси ва ота ҳам, она ҳам бир Бинямин исмли бир оғаси бўлган. Юсуф
алайҳиссаломнинг бу кўрган туши ўнгга айланишига ҳали қирқ сана бор эди.

5. У (отаси) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи
улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ
душмандир.

6. Шунингдек, (яъни сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этгани каби)
Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг
таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил
қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг
 



(пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва
ҳикмат Соҳибидир».

7. Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят-
ибратлар бордир.

8. Ўшанда улар (Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз
бутун бир жамоат (яъни кўпчилик) бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг
(туғишган) биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат,
отамиз очиқ залолатдадир».

9. (Яна дедилар:) «Юсуфни ё ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар,
(шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарруъ қилиб) яхши
қавм бўлиб олурсизлар».

10. (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан
қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб
юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин».

11. (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳиссаломнинг олдига келиб)
дедилар: «Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак-
шубҳасиз, холис (яхши кўрувчи)лармиз-ку.

12. Уни эртага биз билан (айланишга) юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта биз уни
қўриқлаб-муҳофаза қилгувчилардирмиз».

13. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда
қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман».
Изоҳ: Нақл қилишларича, Яъқуб пайғамбар Юсуф алайҳиссаломга шу қадар меҳр
қўйган эдиларки, ундан бирон лаҳза бўлсин, ажралишга тоқат қила олмас эдилар.
Юқоридаги оятда мазкур бўлган сўзлари билан у зот, бир томондан, ўғилларига узр
айтган бўлсалар, иккинчи томондан ўзлари сезмаган ҳолда, уларнинг шум ниятларига
баҳона топиб бердиларки, бу ҳақда кейинги оятларда зикр қилинади.

14. Улар дедилар: «Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда (ғафлатда
қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи - ҳалок
бўлгувчилардирмиз».

15. Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган
вақтларида, Биз унга (Юсуф алайҳиссаломга): «Сен албатта (вақти келиб оға-
иниларингга) бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда, (сен Юсуф
эканингни) сезмайдилар ҳам», деб ваҳий қилдик.

16-17. Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: «Эй ота, бизлар
Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди.
Энди рост гапирсак ҳам, сен бизларга асло ишонмайсан»,- дедилар.

18. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни, бир қўйни сўйишиб, ўшанинг
қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ, сизларга ҳавойи-нафсларинг
бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр
 



қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган
Зот Ёлғиз Аллоҳдир».
Изоҳ: Юқоридаги оятда иймоннинг муҳим асосларидан бири бўлмиш «чиройли сабр
қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзот шундай яратилганки, бошига келган бало-
мусибатлардан йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста-
секин келган кўргуликка кўникиб, энди сабр қилиш лозимлигини англаб етади.
Аллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар Ёлғиз Унинг амри билан бўлишига сидқидилдан
иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз
«чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусда ўзининг еру кўкка ишонмайдиган
фарзанд-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли
сабр» қилишга рози бўлган Яъқуб алайҳиссалом то қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун
ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай
марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир».

19. (Юсуф алайҳиссалом қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб
ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани)
юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб
Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!»- деб юборди. Сўнг уни
сотиладиган нарсалар қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини
Билиб тургувчидир.

20. (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода - бир неча тангага сотиб
юбордилар. (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар.
Изоҳ: Карвоннинг Юсуф алайҳиссаломни арзон баҳода сотиб юборганига яна бир сабаб
унинг эгаси чиқиб қолишидан қўрқишгани эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом бир балодан
- чоҳдан қутулиб, иккинчи балога - тутқунлик, қулликка тутилди.

21. Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими - Қитфийр исмли) киши
хотини (Зулайхо)га: «Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб
қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз»,- деди. Мана шундай қилиб (яъни, ўлимдан,
чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Биз Юсуфни -
унга барча тушларининг таъбирини билдириш учун - ўша ерга (Миср ҳокимининг
уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида Ғолибдир (яъни, уни ўзи хоҳлаган ишни
қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни)
билмайдилар.

22. Қачонки (Юсуф алайҳиссалом) вояга етгач, унга ҳиммат ва билим бердик. Биз
чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз.

23. У (Юсуф алайҳиссалом) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайхо, унинг ҳусну малоҳатига
ошиқи беқарор бўлиб) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб:
«Келақолгин»,- деганида, (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни
эринг) менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта золим кимсалар (яъни
зинокорлар) асло нажот топмаслар».

24. Ҳақиқатан, (Зулайхо) унга (яъни, Юсуфнинг висолига) интилди. Агар
Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам унга (Зулайхога)
интилган бўлар эди. Ундан (Юсуф алайҳиссаломдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш
учун мана шундай қилдик (яъни, уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза
бундаларимиздандир.
 



25. Иккаласи ҳам эшик томонга чопишди ва (Зулайхо Юсуфга етиб олиб) унинг
кўйлагини орқа томонидан йиртиб юборди. Эшик олдида эса (Зулайхонинг) хожаси -
эрига йўлиқиб қолишди. (Шунда Зулайхо эрига қараб): «Сенинг оилангга ёмонлик
қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон ёки аламли азобдир»,- деди.

26. (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». (Шу пайт
Зулайхонинг) уруғларидлан бири гувоҳлик бериб (деди): «Агар унинг кўйлаги олд
томонидан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхонинг) гапи ростдир ва (Юсуф)
ёлғончилардандир.

27. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхо)нинг гапи ёлғондир
ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, мазкур гувоҳлик берувчи Зулайҳонинг амакиваччаси
бўлиб, бешикдаги чақалоқ эди. Не тонгки, Аллоҳ таъоло Ўзининг масъум пайғамбари
Юсуф алайҳиссаломни масъум бир гўдак тили билан оқлайди.

28. Энди қачонки (Зулайхонинг Эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан
йиртилганини кўргач: «(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр-
ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир.

29. Юсуф, сен бу (ишни) унутгин, сен эса (эй Зулайхо), қилган гуноҳингга истиғфор
айт-тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг»,- деди.
Изоҳ: Юқоридаги оятда кофир жамиятдаги ҳоким табақанинг қанчалик нопок, усти
ялтироқ, мағзу-моҳияти эса чирик бўлиши икки оғиз сўзда Илоҳий қалам билан чизиб
берилган: «Юсуф, сен бу ишни унутгин». Эр оиласидаги бевафолик, нопокликдан
хабардор бўлгач, уни фақат бир нарса ташвишга солиб: «Одамлар билмасин, сен буни
унут, ҳеч кимга айта кўрма»,- деди. Маънавият инқирозини бундан яққолроқ ифодалаб
бўлмас. Лекин одамлар бу можародан хабардор бўлдилар ва...

30. Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди.
Роса юрагидан урибди-да! Албатта, бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар.  

31. Энди қачонки (Зулайхо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва
(келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар
билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин
(Юсуфга) «Уларнинг олдига чиққин», деди. Бас, қачонки уни кўришгач, (улар беихтиёр
уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўллридаги пичоқлари билан) ўз
қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: «Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл
фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар.

32. (Шунда Зулайхо) деди: «Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган
эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўлганимда, у покдомонлик қилди -
бўйсунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта зиндонга
ташланур ва хор-зор қилинур».

33. (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Парвардигорим, мен учун булар чорлаётган нарсадан
кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг,
уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман».

34. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан
нари қилди. У зот, шак-шубҳасиз, Эшитгувчи, Билгувчидир.
 




35. Сўнгра уларга (яъни, Миср ҳокими ва унинг одамларига Юсуф алайҳиссалом пок
эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни,
гап-сўзлар тингунича) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўрилди.  

36. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири (яъни, илгари
ҳокимнинг соқийси бўлган йигит): «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман»,
деди. Бошқаси эса (яъни илгари ҳокимнинг новвойи бўлган йигит): «Мен бошим
устида нон кўтариб турганмишман. Қушлар ундан еяётган эмишлар. Сен бизга шунинг
таъбирини айтиб берсанг, биз сенинг чиройли амаллар қилгувчи киши эканлигингни
кўриб турибмиз», деди.

37. (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом
олдингизга келишидан илгари унинг (қандай таом эканини) таъвилини айтиб бера
оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга
иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати-динини
тарк этган кишиман.

38. Ва мен ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати-динига
эргашганман. Биз (яъни, пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш
жоиз эмасдир. Бу (яъни, ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз
пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазлу марҳаматларидандир. Лекин
одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

39. Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ - турли-туман «худолар» яхшироқми, ёки ягона ва
ғолиб Аллоҳми?

40. Сизлар эса у зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар -
бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон
ҳужжат тушурмаган-ку?! Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат
ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг
кўплари буни билмайдилар.

41. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (бу
зиндондан халос бўлиб) яна ҳожасига соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса дорга
осилиб, (ўлаксахўр) қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сўраётган иш
битди (яъни, энди бу таъбирим ҳеч қачон ўзгармайди)».

42. (Юсуф алайҳиссалом) у икковининг ичидан «қутилиб кетади» деб ўйлаган кишига,
(яъни, соқийга): «Хожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин. (Зора у мени бу
зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан
чиқариб, (Юсуф алайҳиссалом) бир неча йил зиндонда қолиб кетди.  

43. (Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи (Райён бинни-л-Валид): «Мен
тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ
билан бирга бошқа қуриган (етти бошоқ)ни кўрдим. (Аъёнларим), агар тушларнинг
таъбирини айта олгувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар-
чи», деди.  

44. Улар дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан, биз бундай тушларнинг таъбирини
билгувчи эмасмиз».
 




45. (Шунда) ҳалиги икки (махбус)нинг зиндондан қутилиб чиққани шунча муддат
ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен
айтиб берурман. Фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар».

46. (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй
ростгўй зот. Сен бизга еттита ориқ сигир еттита семиз йигитни еяётгани ҳамда еттита
яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (еттита бошоқ) ҳақидаги (туш)
таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач, (буни уларга айтиб
берсам), улар ҳам билиб олишса».

47. (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экасизлар. Кейин
ўриб олган ҳосилингизни (бузулмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган
озгина озуқаларингизнигина (янчиб оласизлар).

48. Сўнгра ўша (серҳосил етти йил)дан кейин етти йил қҳатчилик бўлиб, ўша (йиллар)
учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун)
асраб қўйган донларингизгина қолур.  

49. Сўнгра ўша (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар
ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар».

50. (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир
қилганини айтгач), подшоҳ деди: «Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки,
(Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал)
ундан ўз қўлларини кечган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим
уларнинг макрларини билгувчидир»,- деди.
Изоҳ: Бу оятлар замирида Юсуф алайҳиссаломнинг нақадар покиза қалбли инсон
эканлиги кўрсатиб турга уч нуқта бордир. Биринчидан, подшоҳ тушининг таъбри
хақида сўралганда: «Агар мени бу зиндондан озод қилса, айтман», демай, батафсих
таъбир қилиб бериши; иккинчидан подшоҳ уни озод килишга амр қилганида ҳам, у
зиндонни дарҳол тарк эмасдан, ўзинингг бегуноҳлигини исботлаб беришларини талаб
қилиши; учинчидан, ўзининг бегуноҳлигини исботлашда ҳам ўзи туз ичган ернинг
ҳурматини сақлаб, «Бориб мени шундай азобга дучор қилган Зулайхо нима бўлганини
билиб келган», дейман. «Қўлларини кечган аёллар нима бўлганини сўраб кел», дейиши.
Бу нукталарда ақл эгалари учун ибрат бордир.

51. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб), деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган
вақтингизда нима бўлган эди (яъни у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?» (Аёллар)
айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз». (Миср
шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайхо) деди: «Мана энди ҳақиқат тантана қилди, уни
мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир».

52. (Элчи деди): «Буни (яъи ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар
ҳокими) йўқлигида унгҳиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини
ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим)».
 



Ўн учинчи жузъ

53. «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс - агар Парвардигоримнинг ўзи раҳм
қилмаса - албатта ёмонликка буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли,
меҳрибондир».

54. Подшоҳ айтди: «Уни ҳузуримга келтирингиз. Ўзимнининг хос кишиларимдан
қилиб олай». Бас, қачонки, (Юсуф алайҳиссалом) у билан сўзлашгач, «Сен бу кун
бизнинг даргоҳимизда мартабали-ишончли кишидирсан», деди.  

55. (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Мени шу ернинг ҳазиналари устига қўйган. Чунки мен
(уларни) тўла-тўкис сақлагувчи ва (тўғри тасарруф қилишни) билгувчи кишиман».

56. Шундай қилиб Биз Юсуфни (Миср) заминидан ўзи хоҳлаган жойда манзил-маскан
тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу-марҳаматимизни ўзимиз хоҳлаган
кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажру-мукофотини зое
қилмасмиз.  

57. Албатта, иймон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун охиратда ажру-
мукофот янада яхшироқ бўлур.
Изоҳ: Мамлакат шоҳи Райён биннил-Валид Юсуф алайҳиссаломнинг ақлу заковати,
унинг ҳалол, билимдон эканлигини кўриб, Миср шаҳрининг ҳокими Қитфийрнинг
ўрнига ҳоким қилиб тайинлади ва Қитфийр вафот қилганидан сўнг, Юсуфни унинг
беваси Зулайхога уйлантириб қўйди. Шундай қилиб Юсуф алайҳиссалом Миср
заминининг ҳукмдорига айланиб қолди. Никоҳ кечаси Юсуф Зулайхонинг ёнига кирар
экан: «Сен бир вақтлар истаган ҳаром хоҳишдан мана бу ҳалол шаръий никоҳ яхшироқ
эмасми?»- деди. Маълум бўлишича, Зулайхо ҳали-хануз бокира экан. Аллоҳ таъоло
уларга икки фарзанд ато этди. Шундан кейин Юсуф алайҳиссалом Миср тахтида
адолат билан ҳукм юргиза бошлади. Илгари ўзи шоҳга башорат қилган мўл-кўлчилик
йилларида жуда кўп дон ҳосили йиғиб-ўриб олиниб, омборларга ғамлаб қўйилди.
Кейинги етти йил эса худди Юсуф алайҳиссалом таъбир қилганидек, қаҳатчилик
йиллари бўлди. Бу йилларда бутун атроф-жавонибдаги юртларда қаттиқ очарчилик
бўлиб, кўп жойлардан Мисрга озиқ-овқат истаб одамлар кела бошладилар. Миср
мамлакатида озиқ-овқат сероб эканлиги ҳақидаги хабарлар Канъон заминига ҳам етиб
боргач, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларини ўша тарафга юборди. Қуйидаги оятда сўз шу
ҳақда боради.

58. Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузурига кирганларида, уларни
таниди. Улар эса (Юсуф алайҳиссалом)ни танимаган эдилар.
Изоҳ: Оғайнилар кириб келганида, Юсуф алайҳиссалом ўзининг таниганини уларга
билдирмай: «Сизлар кимсизлар, қаердан келдингиз?» деб сўраган экан. Шунда улар:
«Биз Шом мамлакатининг Канъон деган юртиданмиз. Ўзимиз чорвадорлармиз. Озиқ-
овқат ахтариб келдик», деб жавоб қиладилар. Юсуф алайҳиссалом: «Эҳтимол, бизнинг
юртимизга жосуслик учун келгандирсизлар», дейди. Улар айтадилар: «Аллоҳ сақласин!
Бизлар ўзининг энг суюкли боласидан айрилиб, ғам-андуҳда қолган бир пайғамбарнинг
ўғилларимиз. Бизлар ҳаммамиз 12 ўғилмиз. Бу ерга келган ўнтамиз бир ота-онаданмиз.
Йўқолган инимиз билан унинг биродари эса бизнинг ота бир, она бошқа иниларимиз
бўлади. ўша инимиз биз билан ўйнаб саҳрога чиққанида, йўқолиб қолган эди. Шу
сабабдан унинг биродарини отамиз бизларга ишонмай, ўзи билан олиб қолди». Бу
сўзларни эшитган Юсуф алайҳиссалом аъёнларига уларнинг барча эҳтиёжларини
қондиришни амр этади.  
 




59. Қачонки, уларнинг ҳожатларини равон қилгач, Юсуф алайҳиссалом деди: «Ўша ота
бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз! Ахир мен сизларга энг
яхши мезбон бўлиб (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни
кўрмаяпсизларми?

60. Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар (яъни, мени алдасангизлар),
у ҳолда менинг даргоҳимда - сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқдир - менинг
олдимга яқин келмай қўя қолинглар».

61. Улар: «Отадан у(ни биз билан қўшиб юбориши) ҳақида ўтиниб сўраймиз. Албатта
бизлар (шундай) қилгувчимиз», дедилар.

62. (Юсуф алайҳиссалом ўзининг тарозибон) йигитларига буюрди: «Уларнинг (донга
алмаштириш учун келтирган) нарсаларини юкларнинг ичига (қайтариб) солиб
қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтларида у нарсаларни таниб қолиб, яна қайтиб
келсалар ажаб эмас».

63. Энди қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: «Эй ота, (бундан
кейин) бизларга бир қадоқ ҳам (озиқ-овқат) берилмайдиган бўлди. Фақат биз билан
бирга инимизни ҳам юборсанггина озиқ-овқат ола биламиз. Бизлар албатта уни
муҳофаза қилгувчимиз».  

64. (Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини
ишонганимдек ишонаман (яъни, ўшанда ҳам менга берган ваъдангизга ҳиёнат қилган
эдингиз. Демак, мен сизларга унинг инисини ҳам ишониб топширолмайман. Лекин мен
ёлғиз Аллоҳнинг сақлашига ишонаман, холос). Зотан Аллоҳ энг яхши Сақлагувчидир
ва У Зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир».

65. Қачонки улар (олиб келган) юкларини очиб кўришгач, (озиқ-овқатга алмаштириб
келиш учун олиб борган) нарсаларининг ўзларига қайтарилганини кўриб дедилар: «Эй
ота, мана нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди, яна нимани истаймиз? (Энди сен
бизларга инимизни ҳам қўшиб юборсанг) яна оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз,
инимизни муҳофаза қилиб, (бориб келурмиз) ва (инимиз учун ҳам) бир туя юкни
ортиқроқ олурмиз. Бу (мисрлик саҳий ҳоким наздида) озгина нарсадир».

66. (Яъқуб) айтди: «Агар (қароқчилар ё бошқа тўсиқларга дуч келиб) мағлуб бўлиб,
ҳалокатга учрамасангизлар, албатта, уни (Биняминни) менинг олдимга келтиришингиз
ҳақида Аллоҳдан васиқа келтирмасангизлар (яъни, Аллоҳ номига қасам
ичмасангизлар), уни ҳаргиз сизлар билан бирга юбормасман». Энди қачонки унга ўз
аҳд-паймонларини беришгач, (Яъқуб): «Бу айтаётган гапларимизга Аллоҳ Вакил-
Гувоҳдир», деди.  

67. (Сўнг уларни сафарга кузатар экан), айтди: «Эй ўғилларим, (Мисрга) бир
дарвозадан кирманглар. Балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан
Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен
фақат У Зотнинг Ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилгувчилар
Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар!»

68. Улар оталари буюрган тарафлардан (Мисрга) киришлари улардан Аллоҳнинг иброн
ҳукмини қайтаргувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги (фарзандларига
 



нисбатан меҳр-шафқатдан пайдо бўлган) бир эҳтиёж эдики, у ўзининг (шу эҳтиёжини)
қондирган эди, холос. Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли чуқур
билим эгасидир. Лекин одамларнинг кўпи (буни) билмайдилар.

69. Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у инисини ўзига тортиб: «Мен
сенинг оғангман. Энди улар (яъни, оға-иниларимиз) қилгувчи бўлган нарса (яъни,
уларнинг ҳасад-адоватлари)дан ташвиш қилмагин», деди.  

70. Бас, қачонки уларнинг ҳожатларини равон қилгач, инисининг юки орасига
(билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: «Эй карвон эгалари, сизлар
ўғридирсизлар», деб жар солди.

71. Улар (жарчилар карвондагиларнинг) олдига келишгач: «Нима йўқотдингизлар?» 
дедилар.  

72. (Жарчилардан бири) айтди: «Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни топиб келтирган
кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман.

73. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, (бизлар ўғри эмасмиз). Ахир бизлар бу ерга
бузғунчилик қилиш учун келмаганимизни биласизлар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз»

74. «Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?» сўрашди
(жарчилар).

75. Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юкки орасидан топилса, ўша кимса
жазоланур - қул қилинур. Бизлар (ўғрилик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган
кимсаларни ана шундай жазолаймиз».

76. Бас, (Юсуф алайҳиссаломнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари
(Бинямин)нинг идишидан илгари уларнинг (яъни бошқа оғайниларнинг) идишларидан
бошлади. Сўнгра уни (Юсуфнинг) биродари идишидан «топиб» олди. Биз Юсуфга мана
шундай ҳийла-тадбирни билдирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини
(ўғирлик қилгани учун қул қилиб) олиб қолмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан
(мазкур ҳийла-тадбир воситасидагина олиб қолди). Биз ўзимиз хоҳлаган кишиларни
юксак даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ)
билимдон бордир.  

77. Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол. Чунки) илгари унинг
биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб,
уларга билдирмади ва (ўзича): «Сизлар энг ёмон тубан мартабададирсизлар (яъни, бир
вақтлар ўғилни отадан ўғрилаб кетгансизлар). Аллоҳ сизларни тўқиб чиқараётган
гапларингизни жуда яхши Билгувчидир», деди.

78. Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот, унинг кекса бир отаси бор. Сен унинг
(Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин, зотан бизлар сенинг
чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».

79. (Юсуф алайҳиссалом) айтди: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани
олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб
қолурмиз.
 



80. Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оғайнилар) бир четга чиқиб ҳуфёна
маслаҳатлашдилар. Уларнинг катталари айтди: «Оталарингиз сизларнинг устингизда
Аллоҳдан васиқа (яъни, аҳду-паймонингизни) олиб қолганини унутдингизми?! Илгари
Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн
бермагунича, ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича (яъни, инимиз озод
бўлмагунича) мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У Зот ҳукм қилгувчиларнинг
Яхшироғидир.

81. Сизлар оталарингиз олдига қайтиб айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат ўғлинг ўғрилик
қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин сенга
уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни, келажакда нима ишлар бўлишини)
билмаган эдик.  

82. Биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз билан бирга келган карвондан сўраб-
суриштиргин. Албатта, бизлар рост сўзлагувчилармиз».

83. (Улар Яъқуб алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, шу сўзларни айтишгач), у деди:
«Йўқ, сизларга ҳавойи нафсингиз бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди
(менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки Аллоҳ уларнинг (яъни, Юсуф,
Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, у зот билим ва
ҳикмат Соҳибидир».

84. Кейин улардан юз ўгириб деди: «Эй бечора Юсуф-а!» Ғам-алам ютавериб, у
зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди).

85. (Шунда ўғиллари): «Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон бўлиб қолгунингча ё
бир йўла ҳалок бўлгунингча, Юсуфни эслайверадиган бўлдинг»,- дедилар.

86. У айтди: «Мен ғаму ташвишларимдан Ёлғиз Аллоҳгагина шикофт қилиб
(йиғламоқдаман) ва мен Аллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли экани ҳақида) сизлар
билмайдиган нарсаларни билурман.

87. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг
раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина
ноумид бўлур».

88. (Улар оталаридан бу сўзларни эшитгач, озиқ-овқатга алмаштириш учун бор
бисотларини олишиб, яна Миср томонга равона бўлишди). Энди қачонки (Мисрга етиб
келиб, Юсуф алайҳиссаломнинг) ҳузурига киришгач, дедилар: «Эй улуғ зот, бизни ва
аҳли оиламизни очарчилик ушлади. Бизлар (бу сафар ҳузурингга) ўтмас матоларни
олиб келдик. Бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа
қилгин! Аллоҳ, шак-шубҳасиз, (сендек) садақа бергувчи зотларга мукофотлар ато
этур».

89. (Юсуф алайҳиссалом оға-иниларини бундай забун ҳолатда кўргач, тоқат қила
олмасдан) деди: «Ёш-нодон бўлган пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига нима
ишлар қилганингизни эслайсизларми?» 

90. Улар: «Сен Юсуфмисан?», деб сўрадилар. «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса
биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўргузди (яъни, шунча йиллик айрилиқ азоидан
кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат
 



қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилгувчи кишиларнинг ажру-
мукофотини зое қилмас», деди у.

91. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар
эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўлдик».

92. У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм
қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир.

93. Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг
кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга
келинглар»!

94. Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида
туриб, ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени
ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлур эдим)», деди.

95. (Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатоингда турибсан».

96. Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг)
юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. «Сизларга мен Аллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли
эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим», деди у.

97. Улар дедилар: «Э ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини
сўрагин! Албатта бизлар хато қилгувчилардан бўлдик».

98. У айтди: «Албатта, Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман.
Зотан, Ёлғиз У Зотгина Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».
Изоҳ: Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломнинг ҳаётлиги ҳақидаги хушхабардан
беҳад шод бўлиб ва Аллоҳ таъолога беадад шукрлар айтиб, дарҳол ўзининг барча аҳли
оила, қариндош-уруғлари билан Миср томон йўл олдилар. Юсуф алайҳиссалом ҳам
Миср шаҳрининг четига чодирлар тикиб, ота-онасининг йўлларига интизор бўлиб
турди.

99. Энди қачонки (манзилга етиб келишиб) Юсуфнинг ҳузурига (чодирга)
кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди ва «Иншаоллоҳ, Мисрга тинч-омон
киринглар», деди.

100. (Кейин, Мисрга кириб Юсуф алайҳиссаломнинг саройига келганларидан сўнг) у
ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (яъни, ота-она ва оға-инилари Юсуф
алайҳиссаломга) сажда - таъзим қилган ҳолларида йиқилдилар. У деди: «Эй отажон,
мана шу (қирқ йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост
қилди. Дарҳақиқат, У Зот менга (буюк) инъом қилди - мени зиндондан чиқарди,
шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана, сизларни
чўлу саҳродан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди. Албатта, Парвардигорим Ўзи
хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим
ва ҳикмат Соҳибидир.

101. Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна (барча) тушларнинг таъвил-
таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва ерни яратган Зот, дунё-ю охиратда
 



Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, Сен ўзинг белгилаб қўйган адалим етганида)
мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин».

102. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу биз сизга ваҳий қилаётган ғайб
хабарларидандир. (Чунки Сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан ўзларининг
режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир
эмасдингиз.

103. Гарчи Сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да,
одамларнинг кўплари мўъмин бўлмайдилар.

104. Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирон ажр-ҳақ сўрамассиз. Бу (Қуръон)
фақатгина барча одамлар учун бир Эслатмадир, холос.

105. Осмонлар ва ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-
қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб
кетаверадилар.

106. Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон
келтирадилар.
Изоҳ: Дарҳақиқат, баъзилар ўзлари Аллоҳга иймон келтирсалар-да, ҳаётларида ўша
Ягона Аллоҳ яратган қуёш, ой, олов каби нарсаларга сиғиниб ёки ўзларини «худо»
фаҳмлайдиган золим ҳокимларга бўйсуниб, уларнинг инсониятни ҳалокатга олиб
борувчи «ойдин йўллари»га эргашиб яшаб ўтадилар. Бу оятларда бундай кимсаларнинг
мушрик эканликлари уқтирилади ва уларга ногаҳоний бало келишидан ёки Қиёмат
қойим бўлишидан илгари ўзларини ўнглаб, Ягоан лахга қайтишлари тавсия этилади.

107. Ёки улар Аллоҳнинг азобидан бирон бало-офат келиб қолишидан ё тўсатдан улар
сезмаган ҳолларида Қиёмат қойим бўлишидан хотиржаммилар?!

108. Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга
эргашган кишилар аниқ ҳужжатга - ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни
поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман».

109. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари ҳам (фаришталарни эмас) фақат
шаҳар аҳларидан бўлган кишиларни (яъни, инсонларни) пайғамбар қилиб, уларга ваҳий
юборганмиз. Ахир (одамлар) ер юзида сайру саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги
(иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?
(Аллоҳдан) қўрққан зотлар учун, шак-шубҳасиз, охират диёри (бу фоний дунёдан)
яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!

110. Ҳар қачон ўша пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик -
пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг
мададимиз - ғалабамиз келиб, Биз хоҳлаган кишилрга нажот берилар эди. (Аммо)
жиноятчи бўлган қавмдан Бизнинг азобимиз қайтарилмас!

111. Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон)
тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий
китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни
муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир китобдир).
 



(13) «Раъд» сураси
Бу сура қирқ уч оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Бу сура бошлаб, Аллоҳ
таъолонинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш масаласини ўртага ташлаб, сўнг
қайта тирилш ва ҳаёти дунёда қилиб ўтилган ҳар бир ёмон-яхши амал учун Қиёмат
кунида жазо-мукофот бўлиши ҳақида хабар қиладиган оятлар билан давом этади. Унда
ҳақиқат билан ботил тўғрисида икки ибратли масал келтирилади. Уларнинг
биринчисида жилғаларни тўлдириб оқиб келаётган ёмғир суви ҳақиқатга, сув устидаги
кўпик эса ботилга ташбеҳ қилинса, иккинчисида ҳар қандай ер ости маъданлари ҳам
эритилганида, улардан соф-қимматбаҳо маъдан билан бирга уларга аралашиб қолган
оддий тошлар ҳам чиқиши айтилиб, соф маъдан ҳақиқатга, чиқиндилар эса ботилга
ўхшатилади. Мана шунга ўхшаш ибратли мисолларни ўзига жо қилган бу сурада
момақалдироқ ҳақида ҳам зикр қилиниб, хатто у ҳам Аллоҳ таъолога тасбеҳ айтиб, у
зотни поклаб туриши баён қилинадики, бу суранинг «Раъд - Момақалдироқ» деб
номланишининг сабаби шудир.
Бизнинг назаримизда, бу улуғ сура тўласича ҳам бир даҳшатли муомақалдироққа
ўхшайди. У момақалдироқ мўъминларни ёмғирга - Аллоҳнинг раҳматига умидвор
қилса, кофирларни чақмоқ уришидан - Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрқувга
солади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, лом, мим, ро. Ушбу (оятлар) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган бу нарса (яъни,
Қуръон айни) ҳақиқатдир, лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.

2. Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек устунларсиз кўтариб қўйган, сўнгра ўз аршига
ўрнашган Зотдир. У Зот қуёш ва ойни (ўз амрига) бўйсунтирди. Уларнинг ҳар бири
муайян муддатгача (яъни, қиёмат қойим бўлгунича) сайр қиладилар. (Аллоҳ) барча
ишнинг табдирини қилур ва сизлар (қиёмат кунида) Парвардигорингизга рўбарў
билишга иймон келтиришингиз учун ўз оятларини муфассал баён қилур.  

3. У ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда ўрнашган тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У
ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт (яъни, эркак-урғочи) қилиб яратди. У
кечани кундуз устига ўрар (яъни, кеча кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир).
Албатта бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.  
Изоҳ: Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб
яратилгани маълум бўлади: қуёшнинг жуфти ой, ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти
тун, дунёнинг жуфти охират... Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, охират борлиги ҳам
барҳақдир. Ёлғизлик фақат Аллоҳ таъолога ярашур.

4. Бу ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр
ерлар), узумзор боғлар, экинзорлар ва шоҳлаб кетган-шоҳламаган хурмолар бўлиб,
(уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) биз уларнинг айримларидан
айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ҳам ақл
юргизадиган қавм учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган очиқ) оят-ибратлар
бордир.  
Изоҳ: Дарвоқеъ, оёғимиз остидаги ерга ибрат назари билан боқайлик, ақл юритайлик.
Нега бир ердан, бир хил сув ичиб чиқаётган экинлар, меваларнинг суратлари-
кўринишлари бу қалар хилма-хил, таъмлари-мазалари мутлақо бир-бирларига
ўхшамайди - бири тотли, бири аччиқ, бири ширин, бири нордон... Демак, гап ер билан
сувда эмас, балки еру сувнинг ҳам, тоғ ва дарёларнинг ҳам, қуёш ва ойнинг ҳам эгаси
 



бўлган Аллоҳ таъолонинг қудрат ва хоҳишида, еру осмондаги барча нарсани инсон
зотига хизматкор қилиб қўйган илоҳий меҳрида, марҳаматида экан.

5. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда
уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратилар
эканмизми?», деган гаплари ажабланарлидир. Улар (ўзларини яратган)
Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат кунида) уларнинг
бўйниларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгаларидирлар, ўша жойда абадий қолурлар.

6. Улар сиздан яхшилик - Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик - Аллоҳнинг азоби
келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (кофирликлари
сабабли Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз
одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират эгасидир. Албатта,
Парвардигорингиз азоби қаттиқ зотдир.
Изоҳ: Бу оят - Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломни масхаралаб: «Агар ҳақ
пайғамбар бўлсанг, тангрингга бир дуо қил - бизга азоб юборсин», деганларида нозил
бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму-ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор
уларни мағфират қилар, яъни азобга гирифтор турмай қилиши мумкинлиги, лекин
азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам
ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.

7. Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) Парвардигори
томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом, бу сизнинг қўлингиздаги иш эмас, чунки) сиз фақат (кофирларни
Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун бир ҳидоят қилгувчи
- (Аллоҳ йўлига) етакловчи бордир.  

8. Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, умри узунми-қисқами,
расоми-норасоми, чиройлими-хунукми, бахтлими-бахтсизми эканини) ҳақ, бачадонлар
(муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб
қоладиган болани ҳам ёлғиз Аллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.  

9. У ғайбу шаҳодатни (яъни, махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи, буюк ва
юксак зотдир.  

10. Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши
ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (у Зот учун)
баробардир.  

11. Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи
(фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб
турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг
аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода
қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун ундан ўзга ҳоким йўқдир.
Изоҳ: Бу оятда исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир. «То
бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас»,
яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устиларидаги
золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир.
Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало
ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар
 



алайҳиссаломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай
бўлсангиз, устингизга шундай ҳоким келур».

12. (Эй одамлар, Аллоҳ) шундай зотки, сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир
ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизур ва вазмин булутларни пайдо
қилур.

13. Момақалдироқ ҳам (Аллоҳга) ҳамду-сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам у
зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан
ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган
ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи зотдир.

14. Ҳақиқий дуо-илтижо фақат унга қилинур. Ундан ўзга - (мушриклар) дуо-илтижо
қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло, улар
бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини суфга ёзиб, у сув оғзига етишини
кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир (яъни, худди сув жонсиз
нарса бўлгани сабабли, ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг
оғзига бориб етмагани каби, у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз
нарса бўлганлари сабабли, уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас). Бундай
кофирларнинг дуолари мутлақо хато-бефойдадир.

15. Осмонлар ва ердаги барча жонзод хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, шунингдек,
уларнинг соялари ҳам эрта-ю кеч фақат Аллоҳганига сажда қиладилар-бўйсунадилар.
Изоҳ: Ислом таълимотига кўра, коинотдаги барча мавжудот Аллоҳ таъолога сажда
қилади, яъни, Аллоҳнинг зиммасига қўйган вазифани адо этиш билан бирга У Зотга
итоат қилади. Зотан, Яратганга итоатсизлик ҳалокат демакдир. Масалан, кўкдаги қуёш
ўзининг сайрини бир дақиқа тўхтатса, денгизлар буғланиб-қуриб, қуруқликлар ёниб
кетган бўлур эди. Шунингдек, хоҳ мўъмин, хоҳ кофир бўлган инсон баданидаги бирон
аъзо ўз вазифасини бажаришдан тўхтаса, ўша инсоннинг бутун ҳаёти издан чиқади.
Демак, хаёт интизоми бузилмаслиги учун еру осмондаги ҳамма нарса Ёлғиз Яратувчига
бўйсуниши шарт экан. Фақат юқоридаги оятда уқтирилишича, мўъмин ўз изтиёри
билан итоат қилса, кофир мажбуран бўйсунар экан. Бу оят навбатдаги сажда оятидир.

16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва ернинг
Парвардигори - эгаси ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа
жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўшиб, (ўзгалар эмас, ҳатто)
ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган «дўстларни» (яъни жонсиз
бутларни) ушлаб олдингизларми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан
кўрувчи (Ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур
баробар бўлурми?» Ё улар (Аллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Аллоҳга
шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Аллоҳ яратганми ёки
сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча
нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолибдир».

17. (Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида, жилғалар тўпланиб-тошиб, оқиб, бу сел
ўз устида кўпикларини ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна
ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди
пайдо) бўлур. - Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. -
Энди у кўпик чиқинди ўз устидан йўқ бўлиб кетар, одамларга фойдали бўлган нарса
эса ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.
 



18. Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот - жаннат бордир. У
Зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар ердаги бор молу давлат (яна) икки баробар
(кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта, уни (қиёмат кунида Аллоҳнинг
азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб
бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!  

19-20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил
қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган - иймон келтирадиган киши (кўнгил
кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо
қиладиган ва мийсоқ - ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма олурлар.  

21. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош уруғлар билан
алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар ва оғир ҳисоб-китобга дучор
бўлишдан қўрқиб (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар).

22-23. Парвардигорларининг юзини кўзлаб, (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилган,
номозларини тўкис адо этган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан маҳфий ва ошкора
инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтаридиган зотлар - ана
ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб,
улар у жойларга ота-боболари, жуфти-ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган
солиҳ кишилар билан бирга кирурлар. Сўнг, уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан
фаришталар кириб (дерлар):

24. «(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли
(энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Охират диёри нақадар
яхши!»

25. Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ
боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган
кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр
- жаҳаннам бордир.

26. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (ўзи хоҳлаган
кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шоду-
ҳуррам бўлдилар, ҳолбуки, бу ҳаёти дунё охират олдида бир арзимас матодир.  

27. Куфр йўлини тутган кимсалар: «Унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) Парвардигори
томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дедилар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Албатта, Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан
оздирур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни ўз (динига) ҳидоят қилур».

28. Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором
оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором
олур.

29. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат -
жаннат бордир.

30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шундай қилиб, биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан
кейин келган бир авлодга биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб
беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Улар эса меҳрибон (Аллоҳга) кофир
 



бўлмоқдалар! Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай
илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи бордир. Унинг ўзига таваккал қилдим, суяндим ва унинг
ўзига тавба-тазарру қилурман».

31. Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса ё унинг
ёрдами билан ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса) ёки унинг ёрдами билан ўликлар
тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш
ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Аллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар у зот
хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар).
Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил
қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Аллоҳ уни осон эканини)
билмадиларми?! (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят
Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То
Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча
ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом
турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат)
тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф
қилмас.
Изоҳ: Ушбу оят мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга: «Агар ҳақиқий пайғамбар
бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб, уларнинг ўрнида дарёлар ва чашмалар пайдо
қилгин; ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин; улар тилга кириб, сенинг
пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз»,-
деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон
мўъжиза кўрсатилса мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор
бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади.

32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам
кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларни ёлғончи қилиб) куфр йўлини
тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб сўнгар уларни (Ўзимнинг азобим билан)
ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз).

33. Ҳар бир жоннинг қилган амали устида (Кузатиб) тургувчи Зот (ҳеч нарсани
кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?!») Улар (турли
махлуқларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга)
айтинг: «У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларни)
айтинглар-чи? Балки (Аллоҳга) ер юзидаги у зот билмайдиган бирон нарсанинг
хабарини берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (яъни, ҳеч қандай иш-амал қўлидан
келмайдиган жонсиз нарсаларни қуруқ сўзларга ишониб худо деб сиғиниб
юрибсизларми?») Йўқ, куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари
чиройли кўрсатилди ва улар (Ҳақ) Йўлдан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса,
унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

34. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бўлур. Аммо охират азоби оғирроқ-қаттиқроқдир.
Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи йўқдир.

35. Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан
дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг
оқибати-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.

36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар сизга
нозил қилинган нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан
 



сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор
қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат
қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен
фақат ўша Зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз унинг ўзига қайтишим
бордир».
Изоҳ: Ривоят қилишларича, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом,
Нажжоший каби айрим кишилар Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон нозил бўлганидан
хабар топишгач, ўзларининг китоблари - Таврот ва Инжилдаги Аллоҳ таъоло Ўзининг
охирги пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шадланишиб,
пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирган эдилар.

37. Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тилларида ваҳий
юборганимиз каби) Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки,
агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг
ҳою ҳавасларига эргашсангиз, Сиз учун Аллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи
ҳам бўлмас.

38. Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар
ва зурриётлар берганмиз. Бирон пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони
бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун
(муносиб) китоб-ҳукм бордир.

39. Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни)
устивор қилур. Асл китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир.

40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Биз сизга (кофирларга) ваъда қилган айрим
нарсаларни (яъни, азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки Сизни (уларни азоблашдан
илгари) вафот қилдирсак ҳам, албатта Сизнинг зиммангизда (барибир Ҳақ Динни
одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилиш бордир.

41. (Макка мушриклари) Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан
камайтирганимизни (яъни, мусулмонлар қадам-бақадам фатҳ қилиб келаётганларини)
кўрмайдиларми? Аллоҳ ҳукм қилур - Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-
китоб қилгувчидир.

42. Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига қарши турли)
макр-ҳийлалар қилганлар. Аммо барча макр-ҳийлалар Аллоҳнинг (илкидадир. Демак,
Ўша Зотдан амр бўлмаса, бирон макр фойда-зарар етказа олмайди). У Зот ҳар бир
жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар охират диёри кимники эканини
билиб олажаклар.

43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизга) кофир бўлган кимсалар: «Пайғамбар эмассан»,
дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ етарли гувоҳдир ва китоб -
Қуръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Аллоҳнинг каломини бандаларнинг
сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши (етарли гувоҳдир).
 



(14) «Иброҳим» сураси
Маккада нозил қилинган бу сура эллик икки оятдир. Бу сурада ҳам Макка
сураларининг аксарида бўлгани каби, эътиқод, ваҳий, тавҳид-Аллоҳнинг бирлигига
иймон келтириш, қайта тирилиш ва хусусан қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоб ва
жазо-мукофот тўғриларида батафсил сўз юритилади.
Сура пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зулматлардан нурга
олиб чиқиш эканини баён этувчи оят билан бошланади. Бу билан биринчидан ҳаётда
зулматлар - эгри-нотўғри йўллар кўп, нур - ҳақиқат йўли эса танҳо бўлиши баён
қилинса, иккинчидан ўша ягона нурга фақат пайғамбарлар - Аллоҳнинг элчиларига
нозил бўлган ваҳий воситасидагина етиш мумкинлиги уқтирилади. Яна бу сурадан
Мусо пайғамбарнинг ўз қавми билан бўлган мулоқотларидан бири ҳақидаги оятлар ҳам
жой олгандир.
Суранинг «Иброҳим» деб аталишига сабаб унда пайғамбарлар отаси Иброҳим
алайҳиссаломнинг Маккага келишлари ва у ерда Аллоҳ таъолога қилган дуо-
илтижолари хусусида муфассал ҳикоя қилинганидир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, лом, ро. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу Қуръон), сиз одамларнинг
Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга - қудрат ва ҳамду сано
эгаси бўлган зотнинг йўлига - олиб чиқишингиз учун биз сизга нозил қилган китобдир.

2. Аллоҳ - осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса ўзиники бўлган зотдир.
Кофирлар учун қаттиқ азоб - ҳалокат бўлгай.  

3. Улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан
тўсадиган ва уни эгишни-бузишни истайдиган кимсалардир. Улар узоқ-қаттиқ
адашишдадирлар.  

4. Биз ҳар бир пайғамбарни (Бизнинг ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз
қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз. Сўнгра Аллоҳ ўзи хоҳлаган
кимсани йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Қудратли, Ҳикматли
Зотдир.
Изоҳ: Пайғамбарларнинг вазифаси даъватдир. Бирон кишини йўлдан оздириш ёки ҳақ
йўлга ҳидоят қилиш эса ҳеч қайси пайғамбарнинг қўлидан келмайди - бу ёлғиз Аллоҳ
таъолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир.  

5. Дарҳақиқат, Биз Мусони (бани Исроил қавмига) ўз оятларимиз билан юбориб, (унга
дедик): «Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга
Аллоҳнинг кунларини (яъни, Аллоҳнинг неъматларини) эслатгин! Албатта, бу
(неъматлар)да ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир».

6. Ўшанда Мусо қавмига айтди: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни
оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик
қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эслангиз. Ана ўша ишларда
Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир.  

7. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар
(менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда
қилурман. Энди агар куфроний (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда
қаттиқдир».
 




8. Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир
бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг
шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир».

9. Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг)
ва улардан кейин ўтган, (сону-саноқларини) фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг
хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини
билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг)
оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир
бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз».

10. Пайғамбарлари айтдилар: «Осмонлар ва ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг
борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! У Зот сизларнинг
гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай)
қолдириш учун (иймонга) даъват қилмоқда-ку!» Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди
ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган
нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар
бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат-далил келтиринглар-чи?!» 

11. Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган
одамлармиз. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз
сизларга бирон ҳужжат келтира олмаймиз. Магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина
(келтиришимиз мумкин). Мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.  

12. (Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз.
Албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар ёлғиз
Аллоҳга таваккул қилсинлар».
Изоҳ: Ибн ал-Жавзий айтишларича, Муҳаммад алайҳиссаломга ўтган
пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга
ўзидан аввалги салафларнинг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан
ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган
кўргиликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилиш
лозимлигини уқтиришдир. Таваккул - уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича,
ўзини мудом ибодатга чоғлаш, дилни ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда
шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир.

13-14. Куфр йўлини тутган кимсалар ўзларига келган пайғамбарларга: «Албатта, биз
сизларни еримизда хайдаб чиқарурмиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтурсизлар»,
дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга (яъни, пайғамбарларга): «Албатта, биз бу
золимларни ҳалок қилурмиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қилурмиз. Бу
(ваъда қиёмат кунида) менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрқувчи ва
менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамга хавф қилгувчи
кишилар учундир», деб ваҳий юборди.

15. (Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тиладилар. (Аллоҳ уларнинг дуо-
илтижоларини мустажоб қилди) ва барча жабркор-саркаш кимсалар бахтсизликка
дучор бўлдилар.

16-17. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир.
(Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан)
 



ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-
да) оғир азоб бордир.

18. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар қилган амалларининг мисоли худди
бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди - улар қилган амалларидан
бирон фойдага эга бўлолмайдилар. Бу узоқ-қаттиқ йўлдан озишдир.

19. (Эй инсон), Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини
кўрмадингми?! Агар у зот хоҳласа, сизларни кетказиб, (ўрнингизга ўзгаларни) янгитдан
яратур.

20. Бу (иш) Аллоҳ учун қийин эмасдир.

21. (Қиёмат кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар
мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «бизлар сизларга
эргашган эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирон азобидан қутқара
олурмисизлар?!», деганларида, улар айтдилар: «Агар Аллоҳ бизни (ҳақ йўлга) ҳидоят
қилганида, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми,
сабр-қаноат қиламизми, биз учун баробардим - ҳеч қандай нажот йўқдир.

22. Қачонки, иш тугагач (яъни, жаннат аҳли жаннатга сазовор бўлиб, дўзахилар дўзахга
ҳукм қилингач), шайтон деди: «Албатта, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса
(ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг
устингизда ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришии биланоқ,
ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат
қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман. Сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи
эмасмиз. Албатта, мен сизлар илгари (Аллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор
қилурман. Албатта, золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир».

23. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган
жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни-иродаси билан у жойда мангу
қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик
тилашдир.
Изоҳ: Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги оятларда қиёмат куни бўладиган воқеа-
ҳодисларнинг ҳаммаси ўтган замон феъли билан ифодаланди. Муфассирларнинг
таъкидлашларича, бу қиёмат қойим бўлиши аён ҳақиқат эканлигига бир ишорадир.
Зеро, бўлиши ё келиши аниқ бўлган иш-воқеалар ҳақида ўтган замон тилида гапириш
ҳамма халқларда ҳам бор бўлган услубдир. Масалан, ўлим жазосига мустаҳиқ
бўладиган жиноятни қилган кимсага, «Энди ўлдинг», дейилади ва ҳоказо.

24-25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ яхши сўзга (яъни иймон калимасига)
қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асл дарахтга ўхшайдики, унинг
илдизи (ер остига) мустаҳкам ўрнашган, шоҳлари эса осмонда бўлиб,
Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-
ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур.

26. Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзининг) мисоли эса худди (илдизи йўқлиги сабабли)
ернинг остидан узиб олинган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга
ўхшар.
 



27. Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз
(иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (Ҳақ) йўлдан
оздирур. Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қилур.

28-29. (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган
ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига - ўзлари
кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!

30. Улар (одамларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб)
топдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар, ҳеч шубҳа
йўқки, оқибат борадиган жойларингиз дўзахдир».

31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирган бандаларимга айтинг, олди-сотди
ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари намозни
тўкис адо қилсинлар ҳамда биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва
ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар.

32. Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, унинг
ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган Зотдир. У Ўз амри амри билан
денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсунтирди. Яна дарёларни ҳам
сизларга бўйсунтирди.

33. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсунтирди (яъни, сизлар
яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна у зот кеча ва кундузни
сизлар учун бўйсунтирди.  

34. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар
Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон
зоти ўта золим ва жуда ношукрдир.

35. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу
шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин. Мени ва болаларимни бутларга бандалик
қилишдан йироқ қилгин.  

36. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга
эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна
ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят
қилишга қодирсан).

37. Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг
онаси Ҳожарни) сенинг ҳурматли байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга
жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар, деб, (шундай
қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни
(барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг Ҳожар исмли хотинлари
Исмоил алайҳиссаломни туққанларида, Сора (Иброҳим пайғамбарнинг бошқа
хотинлари) бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлаган экан. Шунда Иброҳим
алайҳиссалом Аллоҳ таъоло амри билан ўғиллари Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни
олиб Шомдан Маккага бориб, уларни ўша жойга жойлаштириб қайтаётиб, Аллоҳ
таъолога илтижо қилиб мана шу оятларда мазкур бўлаётган дуоларни ўқиган эканлар.
Ҳадиси шарифда зикр қилинишича, Аллоҳ таъоло ўз пайғамбари Иброҳим
 



алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат қилиб, ўша саҳродан «Замзам» чашмасини
чиқариб, у ерда қолганларга оби ҳаёт ато этган экан.

38. Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган
нарсани ҳам билурсан. Аллоҳ учун Еру осмондаги бирон нарса махфий эмсадир.

39. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган Зот - Аллоҳга ҳамду
санолар бўлсин. Албатта Парвардигорим (барча) дуоларни Эшитгувчидир.

40. Парвардигор, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо
этувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла.

41. Парвардигоро, ҳисоб-китоб қилинадиган (Қиёмат) Куни мени, ота-онамни ва
(барча) мўминларни мағфират қилгил.

42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган
амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни (нг жазоларини) кўзлар
(даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунида қолдирмоқда, холос.

43. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-
китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб,
ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-
бўш бўлиб қолур.

44. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб
келар Кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат
бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг
даъватингни қабул қилуримз ва пайғамбарларинга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда
уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз
тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор
бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!

45. Ҳолбуки, сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз
тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам
сизларга аниқ маълум эди. Бизлар сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган
эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, Ҳақ Йўлга
юрмадингизлар)».

46. Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини
қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-
да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир).
Изоҳ: Бу оятда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга қарши қилган ҳийла-
найрангларига ва Аллоҳ таъоло уларнинг барча уринишларини беҳуда кетказганига
ишора қилинмоқда.

47-48. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарига берган
(«Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурми», деган) ваъдасига хилоф қилувчи,
деб ўйламанг! Албатта Аллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб
қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва Қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда
(Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир.
 



49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан
боғланган ҳолларида кўрурсиз.

50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.

51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта
тирилтирур). Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.

52. Бу (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) Ягона Илоҳ эканини
билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил
қилинган) бир Баёнот - Хабардир.
 



Ўн тўртинчи жузъ
(15) «Ҳижр» сураси
Бу сура Макка сураларидан бўлиб, тўқсон тўқкиз оятдан ташкил топгандир.
Бу суранинг меҳвари - ўқи турли асрлардаги пайғамбарларни ёлғончи қилиб, уларга
қарши чиққан осийларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраганлари атрофида айланади. Шу
боисдан сура бундай кимсаларга иймонсизликларининг оқибати хатарли эканлиги
ҳақида танбеҳ бериш билан бошланади.
Бу сурада буржларга бўлинган осмон, ҳаёт кечириш учун мослаб яратилган замин,
маъдан-хазиналарни ўз бағрига олиб ўрнашган тоғлар, ёмғирли булутларга
«ҳомиладор» бўлган шамоллар зикр қилиниб, буларнинг барчаси Ҳақ таъоло
тарафидан инсонга хизмат қилиш учун яратилгани уқтирилади. Сўнгра Яратганнинг
амри билан асли зуваласи «қора лой»дан қорилган инсонга бутун мавжудот сажда
қилганида фақат иблисгина бу фармонга бўйсунмай кибр-ҳаво қилганини баён қилиш
билан шайтоннинг инсониятга нисбатан бўлган адовати то қиёматгача давом этишига
ишора қилинади. Яна бу сурада Аллоҳнинг пайғамбарлари - Иброҳим, Лут, Шуайб ва
Солиҳ алайҳиссаломларнинг қиссалари сўйланади. Булардан Солиҳ пайғамбарнинг
қавмлари - Самуд қабиласи Ҳижр (Мадина ва Шом ўртасидаги водий)дан эканлиги
зикр қилинади. Суранинг «Ҳижр» деб номланишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, лом, ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг - Очиқ Қуръоннинг оятларидир.

2. Ҳали (Қиёмат Куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлур.

3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар,
орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати
нима бўлишини) билиб олурлар.

4. Биз бирон шаҳарни (яъни, унинг аҳолисини) ҳалок қилган эмасмиз, магар унинг учун
ёзилган маълум муддат бўлгандир (яъни, ўша муддати-ажали битганидан сўнггина
ҳалок қилганмиз).

5. Бирон авлод ўз ажалидан илгари кета олмайди. Шунингдек, (ундан) ортда ҳам қола
олмайди.

6-7. Улар (яъни макка кофирлари Муҳаммад алайҳиссаломни масхара қилишиб): «Эй
(ўзига) Эслатма - Қуръон нозил қилинган, (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат,
сен, мажнунсан. Агар («Мен Аллоҳнинг пайғамбариман», деган даъвойингда)
ростгўйлардан бўлсанг, бизга (сўзларингни тасдиқлайдиган) фаришталарни келтиргин-
чи»,- дедилар.

8. Биз фаришталарни фақатгина (кофирлар зиммасига) ҳақ (бўлган азоб) билан
туширурмиз ва бу ҳолда уларга (кофирларга) қараб турилмас (яъни, улар дарҳол ҳалок
қилинурлар).

9. Албатта, бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз,
Ўзимиз уни сақлагувчимиз.
Изоҳ: Ушбу ояти карима асрлар Оша Қуръоннинг Илоҳий Китоб эканини қайта-қайта
исботлаб келмоқда. Узоқ ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу бизнинг асримизнинг
ўзида бу азиз Китобни йўқ қилиш учун қанчадан-қанча хуружлар бўлмади. Уни ўтда
 



ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас! Яна Қуръонни ёд
олган ёки ҳаётини шу Илоҳий Китобга амал қилиб ўтказмоқни истаган миллионлаб
улуғ зотларни қириб, отиб юбордилар. Кейин-чи? Кейин бошқа миллионлар қўлларида,
тилларида ва дилларида бирор ҳарфи ҳам заҳаланмаган шу азиз китоб билан пайдо
бўлдилар! «Шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз», деган Илоҳий Сўзлар ўз тасдиғини
топди. Ислом таълимоига Қуръон Илоҳий Китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин,
мана шу оятда уни то қиёмат йўқотмай, бузмай сақлашни Аллоҳ таъоло Ўз зиммасига
олгандир. Шу боис, бошқа - илгариги умматларга нозил қилинган Илоҳий Китобларга
ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг етмишдан ортиқ
таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас). Қуръон мана, ўн тўрт
асрдан буён пайғамбар алайҳиссаломга қандай нозил қилинган бўлса, (йўқ қилишга
уринишлар, бало-офатлардан асралиб) худди ўшандай сақланиб келмоқда.

10. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-
туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз.

11. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.

12. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи -
осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.

13. Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари
- ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари
нима бўлгани маълумдир).

14-15. Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила
бошласалар ҳам, албатта улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб
қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз»,- деган бўлур эдилар.
Изоҳ: Бу оятларда уқтирилишича, кўнгил кўзи кўр кимсалар уларга самонинг сир
синоатларини, ундаги малоикаларни кўриш насиб этганида ҳам барибир Яратганга
иймон келтириш ўрнига: «Бизларнинг кўзимизни боғлаб қўйишди, ўзимизни сеҳрлаб
қўйишди»,- дейишдан нарига ўтмас эканлар.

16. Маълумки, Биз осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар
билан) безаб қўйдик.

17. Ва уни (осмонни) барча малъун-шайтон, (жинлар)дан муҳофаза қилдик.

18. Магар (у жинлардан) биронтаси (осмондаги малоикаларнинг бирон сўзини) ўғринча
эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (яъни, ҳалок этар).
Изоҳ: Замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикаларнинг ошёнидир. Бу
фаришталар «Аллоҳнинг аскарлари» саналиб, Аллоҳ таъоло Ўзининг ердаги бандалари
хусусидаги барча ҳукм-фармонларни адо қилишни ана ўша фаришталар зиммасига
юклагандир. Энди оламда учинчи бир тоифа - жинлар тоифаси ҳам борки, улардан
айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб,
ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар. Мазкур оятларда уқтирилишича,
осмондаги учар юлдузлар ана ўшандан шайтон-жинларга отилган ўқлардир.

19. Ерни эса ёйиқ - кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ҳар
ернинг ўзига) мосланган турли-туман нарсаларни (ўсимлик, меваларни) ундириб
ўстирдик.
 




20. Ва унда (яъни, ерда) сизлар учун ҳам, сизлар ризқлантира олмаадиган (балки фақат
Биз ризқ берадиган сизларнинг қўл остингиздаги) кишилар учун ҳам тирикчилик -
ризқу насибаларини яратиб қўйдик.

21. (Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари - манбалари
Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан бўлиб-бўлиб (сизларга)
туширурмиз.

22. Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув
(ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Уни сизлар тўплаб олгувчи эмассиз
(балки дарё ва кўллар яратиб, у сувни Биз сизлар учун тўплаб берурмиз).

23. Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Биз
ворисдирмиз (яъни, барча ўтгандан кейин ёлғиз ўзимиз қолурмиз).

24. Аниқки, Биз сизлардан илгари ўтган (барча) зотларни билдик. Аниқки, Биз кейин
келгувчи зотларни ҳам билдик.

25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта, Парвардигорингизнинг ўзи (Қиёмат Куни)
уларни (яъни, аввалу охир ўтган инсонларни) тўплар. Албатта, У ҳикмат ва билим
Соҳибидир.

26. Маълумки, Биз инсонни - (Одамнинг асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати
берилгач), қуритилган лойдан яратганмиз.
Изоҳ: Дарвоқеъ, ҳозирги илм-фан инсон баданида ер таркибида бўлган барча жисмлар
мавжудлигини исботлаган.

27. Жинни (яъни, иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик.

28-29. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга:
«Албатта Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан
инсон Яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан
киритганимда сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» деганида

30. Барча-барча фаришталар унга (яъни, одамга) сажда қилдилар.

31. Магар иблис сажда қилгувчилар билан бўлишдан бош тортди.

32. (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга
эмассан?» 

33. У айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб, одам сурати берилгач) қуритилган
лойдан сен яратган одамга сажда қилгувчи эмасман».

34. (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен шак-шубҳасиз (Менинг
даргоҳимдан) қувилган-малъунсан.  

35. Ва албатта то Жазо (Қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур».
 



36. (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта
тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин».

37-38. (Аллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) кунгача (қиёматгача)
муҳлат берилганлардансан».

39. (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки энди мени йўлдан оздирганинг сабабли
албатта мен уларга (одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли қилиб
кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман.

40. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)».

41-42. (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги тўғри йўл будир: аниқки, Менинг
бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир. Магар сенга
эргашган - адашган кимсаларнигина (бу тўғри йўлдан оздира олурсан)».

43. У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир.  

44. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлинур.

45. Тақводор-парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар.

46. (У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур).

47. Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган
зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-қудуратларни чиқариб ташладик.

48. У жойда уларга бирон чорчоқ етмас а улар у жойдан чиқарилгувчи ҳам эмаслар!

49-50. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина
Мағфиратли, Меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини
хабар қилинг!

51. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг!

52. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», деганларида, (Иброҳим
алик олиб, уларга бир семиз бузоқни пишириб келтирди. Лекин меҳмонлар таомга қўл
чўзишмагач), у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз (Кимсизлар ўзи)?» деди.

53. Улар дедилар: «Қўрқмагин (биз Аллоҳ юборган элчи - фаришталармиз). Биз сенга
бир билимдон ўғил (яъни, Исҳоқ) хушхабарини етказурмиз».

54. У деди: «Менга кексалик етган пайтида (фарзанд кўришим ҳақида) хушхабар
келтирдингизми? Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини етказар
эдингизлар?» 

55. Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг) хушхабарини
келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!»

56. У деди: «Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид
бўлурлар».
 




57. (Сўнгра уларга қараб яна) деди: «Эй элчилар, нима юмуш билан келдингиз?» 

58. Улар дедилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига уларни ҳалок
қилиш учун) юборилганмиз.

59. Лекин биз Лутнинг оиласини тўла-тўкис қутқаргувчидирмиз.

60. Фақат унинг хотинига (нажот йўқдир. Чунки) Биз (яъни Аллоҳ) унинг (азоб-
уқубатда) қолгувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз».

61-62. Энди қачонки Лут хонадонгиа элчиларимиз келгач, у (Лут) деди: «Аниқки,
сизлар нотаниш қавмсиз».

63. Улар дедилар: «Йўқ, (биз Аллоҳнинг элчи-фаришталаримиз). Биз сенга улар (яъни,
қавминг) шак-шубҳа қилаётган нарсани (яъни, Аллоҳнинг азобини) келтирдик.

64. Биз сенга ҳақ (азоб)ни келтирдик. Биз, шак-шубҳасиз, ростгўйдирмиз.

65. Энди сен кечанинг бир қисми (ўтгач), аҳли оиланг билан йўлга туш ва ўзинг
уларнинг ортида кетгин. Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин ва сизларга
буюрилган тарафга қараб кетаверинглар».

66. Биз унга (яъни, Лутга) тонг пайтида ана у (кофир қавм)нинг думи қирқилиши -
ҳалок бўлиши ҳақидаги мана шу фармонни ваҳий қилдик.

67. (Лутнинг уйига чиройли йигитлар келгани хақидаги хабарни эшитиб) шаҳар
аҳолиси шод-хуррам бўлган ҳолларида келдилар. (Чунки улар баччабозлик иллатига
мубтало бўлган эдилар).

68. (Шунда Лут) деди: «Ахир бу (йигитлар) менинг меҳмонларим-ку. Мени шарманда
қилманглар.

69. Аллоҳдан қўрқинглар! Мени уятга қўйманглар!»

70. Улар айтдилар: «Биз сени барча олам (одамларини ҳимоя қилиш)дан
қайтармаганмидик?!» 
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Лут алайҳиссалом доимо қишлоқларига келган
мусофирларни уларга зўрлик қилмоқчи бўлган кофирларнинг ахлоқсиз хатти-
ҳаракатларидан ҳимоя қилар экан. Шунда у кофирлар Лутга: «Агар яна бегоналарни
биздан ҳимоя қилсанг, сени қишлоғимиздан қувиб чиқарамиз», деб дўқ урган эканлар.

71. У (Лут) деди: «Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана (қишлоғимиздаги)
қизларим (туришибди, ўша қизларни никоҳларингизга олаверинглар)».

72-73. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида
тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди.
Изоҳ: Маълумки, Шариати Исломийяга биноан қасам фақат Аллоҳ номи билан
ичилади. Лекин Яратган Эгамиз Ўзи хоҳлаган кимса ёки нарса номи билан қасамёд
қилиши мумкин. Шу сабабдан ҳам юқоридаги оятда Аллоҳ таъоло Ўзининг энг суюкли
 



бандаси, сўнгги пайғамбари ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломни шарафлаб, у кишининг
ҳаётларига қасамёд қилди.

74. Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан
бўлган тош ёғдирдик.

75. Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир.

76. Дарвоқеъ, у (шаҳар) доимий йўл устидадир (яъни, доим ўша вайрон бўлган шаҳар
ёнидан ўтидалиар-ку, нега унинг нима сабабдан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб
вайрон қилингани ҳақида тафаккур қилмайдилар?!)

77. Албатта бунда мўъминлар учун оят-ибрат бордир.

78. Шубҳасиз, дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб пайғамбар қавми) золим (кофир)
бўлганлари аниқдир.

79. Шу сабабдан, Биз улардан интиқом олдик. Дарвоқеъ, уларнинг (яъни, Лут
қавмининг шаҳри ва Шуайб қавмининг шаҳри) иккиси ҳам очиқ йўл устидадир (яъни,
уларни кўриб ибрат олмайсизларми?)

80. Аниқки, Ҳижр (водий) эгалари (Самуд қабиласи) ҳам пайғамбарларни (яъни, Солиҳ
алайҳиссалом) ёлғончи қилгандирлар.

81. Биз уларга ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик, (масалан, Бизнинг амримиз
билан пайғамбар Солиҳ алайҳиссалом харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўйган
эди) улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар.

82-83. (Шундан сўнг) улар тинч-омонликда (гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек) тоғлардан
уйлар йўниб юрганларида, уларни тонг чоғида даҳшатли қичқириқ тутди.

84. Сўнгра уларга қилган нарсалари (яъни, тош қалъалари) бирон фойда бермади.

85. Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат Ҳақ (қонун-
қоида) билан яратдик. Соат - Қиёмат ҳам, шак-шубҳасиз, келгувчидир. Бас, (шундай
экан, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз жаҳил - кимсаларнинг етказаётган озор-
азиятларга сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!
Изоҳ: Бу оятни шундай тушунмоқ лозимдир. Бу оламдаги бирон нарса тасодифий эмас,
балки еру осмондаги ҳар бир зарра етук ҳикмат ва анқ ўлчов билан яратилгандир ва
ҳамма мавжудот бир-бири билан узвий боғлиқдир. Қилинадиган яхши-ёмон амаллар
ҳам аниқ қонун асосида ўз мукофот ва жазосини олур.
Бу дунё ҳаёти аввалидан охиригача биргина соатдир. Шу соат битгач, Қиёмат
бошланур ва ўша соатнинг ҳар бир дақиқа, сониясида қилинган иш-амаллар ҳисоб-
китоб қилинур. Бас, шундай бўлгач, жоҳиллардан юз ўгириб, бу қисқа умрнинг ҳар бир
сониясини дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган амалларни қилишга сарфламоқ
лозимдир.

86. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Парвардигорингизнинг Ўзигина Яратгувчи,
Билгувчидир.
 



87. Дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар
бир ракаат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик.

88. Сиз кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган
нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг
(иймонсизликлари) устида ғамгин бўлманг! Мўъминлар учун қанотингизни паст тутинг
(яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг!)

89. Ва (иймонсиз кимсаларга айтинг:) «Албатта мен (сизларга Аллоҳнинг азоби
тушишидан) очиқ-ошкор огоҳлантиргувчиман».

90-91. Худди Қуръонни бўлак-бўлак қилиб олган кимсаларга (яъни, Қуръоннинг айрим
оятларига ўзларининг истак-хоҳишларига тўғри келиб қолса, иймон келтириб, айрим
оятларини эса ҳавойи хоҳишларига тўғри келмагани учун инкор этадиган яҳудий ва
насронийларга илгари Таврот ва Инжил Китобларини) нозил қилганимиз каби (Сизга
ҳам ушбу Қуръонни нозил қилдик).

92-93. Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган
иш-амаллари ҳақида сўраймиз.

94. Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага
чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!

95. Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун)
кифоя қилурмиз.

96. Улар Аллоҳга яна бошқа «илоҳ»ларни (шерик) қилурлар. Бас, яқинда (Қиёмат
Кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар.

97. Шак-шубҳасиз, Биз улар (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз
сиқилишини билурмиз.

98. Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни «шерик»лардан) покланг
ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)

99. (Шунингдек), то Сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича
Парвардигорингизга ибодат қилинг!

 

 

 

 

 

кейинги сахифа...

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов