Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)
(16) «Наҳл» сураси
Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма саккиз оятдир. У қиёмат соати
яқинлашиб қолгани қида хабар бериш билан бошланади. Сўнгра Аллоҳ таъоло Ўзининг
Якка-Ёлғиз экани, ердаги жонли-жонсиз бутлар Унга шерик бўлолмасликлари хусусида
огоҳлантиради ва еру осмонлар, денгизлар, тоғлар, водий ва воҳалар, осмондан тушиб
ерни кўкартираётган ёмғир, ердан униб чиқиб, осмонга иштилаётган наботот,
денгизларда сузиб бораётган кемалар, кечаларда йўловчи мусофирлар учун маёқ
бўлган юлдузлар ва хусусан бир томчи сувдан яралиб бутун борлиқдан азиз ва
мукаррам бўлган инсон - буларнинг барчаси бир донно ва билимдон яратгувчи зот
борлигига дал қилиб туриши тўғрисида уқтирилади. Сўнгра Аллоҳ таъоло ато этган
беҳисоб неъматларнинг шукрини адо қилиш лозимлиги, куфрони неъмат қилган
кўрнамак кимсаларнинг оқибати ҳалокат эканлигини баён қилувчи оятлар келтирилади.
Сура ниҳоясида пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг умматларига Аллоҳнинг
динига илму ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат қилиш билан даъват этиш ҳамда бу
даъват йўлида чекиладиган жабру жафоларга сабр-тоқат қилиш амр этилади. Бу сурада
Ҳақ таъолонинг ожиз ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асалари хусусида, унинг ибратли
ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қиладиган оятлар ҳам ўрин олгани учун у «Наҳл - Асалари»
сураси деб аталгандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Аллоҳнинг фармони (яъни, Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни
шоштирмай қўя қолинглар. (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.
Изоҳ: Мазкур оят Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломни масхара қилишиб:
«Эй Муҳаммад, сен бизларни қўрқитаётган Қиёмат рост бўлса, келсин-чи, кўрайлик»,
деганларида нозил бўлган.
2. (Аллоҳ) Ў замри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай)
ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантирингларки, ҳеч
қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина
қўрқингиз!»
3. У осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратди. У (мушрикларнинг) ширкларидан
юксакдир.
4. У инсонни нутфадан - бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ
рақибга айланиб қолди.
Изоҳ: Бу оятда қайта тирилиш ҳақ эканлиги очиқ мантиқ билан исботланмоқда - яъни,
бир томчи сувдан шундай гўзал ҳилқатли инсонни яратишга Қодир бўлган Аллоҳ
таъоло унинг жонсиз жасадига қайтадан жон ато этишга қодир эмасми?! Инсон эса
ўзининг нимадан яратилганини унутиб, Яратганига қарши хусумат қилиб юрибди.
5. У Зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва
молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлур.
6. Яна сизлар учун уларни кечқурун ўтлоқдан қайтараётган ва тонгда ўтлоққа
ҳайдаётган пайтингизда бир чирой - файз бордир.
7. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр-базўр (машаққат билан)
етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта Парвардигорингиз Меҳрибон
ва Раҳмлидир.
8. У Зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни
(яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.
Изоҳ: Бизга замондош муфассирлар ушбу оятдаги: «...сизлар билмайдиган нарсаларни
ҳам яратур» жумласини Қуръон нозил бўлган даврда мавжуд бўлмай, кейин илм-фан
тараққий этиши билан кашф қилинган сайёра - машина, қитор - поезд, тайёра -
самолёт ва бошқа бизлар ҳам билмайдиган, бундан кейин кашф қилинадиган нақлиёт -
транспорт воситалари, деб тафсир қиладилар.
9. Тўғри йўлга (ҳидоят қилиш) Ёлғиз Аллоҳ измидадир. (Зотан, йўллар) орасида эгриси
ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида сизларнинг барчангизни (тўғри йўлга) ҳидоят
қилган бўлур эди. (Лекин у Зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини
кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди ва ақл-идрок
билан тўғри йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз хоҳиш-иродаси билан ўша Ҳақ
Йўлга ҳидоят этишини ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса ҳар икки
дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди).
10. У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган Зотдир. Сизлар
(ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша (сувдан ичар).
11. У Зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва
барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни, бир хил сув ёрдамида
рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида)
тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
12. У Зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни
(бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз - сайёралар ҳам Унинг амрига
бўйсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар
бордир.
13. Яна У Зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот
ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйсунтирди).
Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
14. У сизлар янги гўшт (яъни, балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар
чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйсундириб қўйган зотдир. Сиз
унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У Зотнинг фазлу марҳаматидан
(ризқу рўз) исташларингиз ва (берган неъматларига) шукр қилишингиз учун (сизларга
денгизларни бўйсундириб қўйди).
15. У Зот ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ўзларингиз
учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни
(оқизиб қўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда адашмасдан) йўл
топишларингиз учун йўлларни (пайдо қилди).
16. Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан
йўл топурлар.
17. (Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) Яратгувчи Зот - Аллоҳ билан (ҳеч нарса)
ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?!
18. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар.
Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
19. Аллоҳ яширадиган нарсаларингизни ҳам, ошкор қиладиган нарсаларингизни ҳам
билур.
20. (Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани
яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар.
21. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва Улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон
қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар.
22. Тангрингиз Ягона Тангридир. Бас, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг
кўнгиллари (Аллоҳнинг Якка-Ягона эканлигини) инкор қилур, (уларнинг) ўзлари
мутакаббир кимсалардир.
23. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган
нарсаларини ҳам билур. Албатта У Зо мутакаббир кимсаларни севмас.
24. Қачон уларга: «Парвардигорингиз (Муҳаммад алайҳиссаломга) қандай нарса нозил
қилди?», дейилса, улар (масхара қилишиб): «Аввал ўтганларнинг афсоналарини»,
дейдилар.
25. Улар (бу ёлғон сўзларни, бошқа одамларни йўлдан оздириш учун ва оқибатида)
Қиёмат Кунида, ўзларининг барча угноҳларига ҳамда ўзлари жаҳолат билан йўлдан
оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисмига) жавобгар бўлиш учун
(айтгандирлар). Огоҳ бўлингиз, улар жуда ёмон юкни (яъни, гуноҳларни) орқалаб
юрибдилар.
26. Улардан аввалги (кофир) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларига мана шунга ўхшаш)
макр-ҳийлалар қилган эдилар. Шунда Аллоҳ, улар (қурган макр-ҳийла) биноларини
таг-туги билан емириб ташлади, бас, улар (тўқиб олган ёлғон бино - тузумлари)нинг
томи ўзларининг устига қулади ва уларга ўзлари сезмаган - кутмаган тарафдан азоб-
ҳалокат келди.
27. Кейин - Қиёмат Кунида (Аллоҳ) уларни яна расво қилур ва айтур: «Менинг
«шерик» ларим қаерда қолишди?! (Ахир) сизлар (Менинг пайғамбарларим билан)
ўшалар тўғрисида талашиб-тортишар эдинглар-ку?!» (Шунда) илм берилган зотлар
(яъни, пайғамбарлар ва уламолар) дерлар: «Дарҳақиқат, бугун бутун расволик ва азоб-
уқубат кофирлар устига (тушар)».
28. Улар (кофир йўлини танлашлари сабабли) ўз жонларига жабр қилган онларида
(ўлим) фаришталари уларнинг жонларини олурлар. Шунда улар (тақдирга) тан
беришиб - (бўйинларини қисишиб): «Бизлар бирон ёмонлик - гуноҳ қилган эмасмиз»
(дерлар). Йўқ, шак-шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни билгувчидир.
29. Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббир
кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон.
30. Тақводор зотларга: «Парвардигорингиз (ўз пайғамбарига) қандай нарсани нозил
қилди?» дейилганида, улар: «Яхшиликни» дерлар. Чиройли амал қилган зотлар учун бу
дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Лекин шак-шубҳа йўқки, охират диёрни янада
яхшироқдир. Тақводор зотларнинг турар жойлари нақадар яхши.
31. Улар остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у
жойда хоҳлаган нарсалари бўлур. Аллоҳ тақводор зотларни мана шундай мукофотлар.
32. Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида фаришталар уларнинг жонларини
олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз
сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.
33. (Кофирлар эса) фақат ўзларига (ўлим) фаришталари келишини ёки
Парвардигорингизнинг амри-азоби келишини кутарлар. Улардан аввал ўтган (кофир)
кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўзларига келган пайғамбарларни
ёлғончи қилишиб, ҳалокатга дучор бўлган эдилар). Уларга Аллоҳ жабр қилгани йўқ,
балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.
34. Бас, қилган ёмонликлари (уларнинг) ўзларига етди ва кулиб-масхара қилган
нарсалари ўзларини тутди.
35. Мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам) ота-боболаримиз
(ҳам) ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган ва у(нинг ҳукми)сиз бирон нарсани
ҳаром қилган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана
шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра:
«Бизларнинг кофирлигимизга Аллоҳнинг Ўзи сабаб», деб Аллоҳ таъоло шаънига
тухмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга
киргизиш эмас, балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш
бордир.
36. Аниқки, биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ
бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша
умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан
озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, ер юзида сайру-саёҳат қилиб, (ўз
пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини
кўринглар.
37. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига
ташна бўлсангиз-да, билингки, Аллоҳ ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз
ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас.
38. Улар: «Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига жон-
жаҳдлари билан қасам ичдилар. Йўқ, (албатта тирилтирур!) Бу - у зотнинг ҳақ
ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплари (бу олам имтиҳон олами эканини, асл абадий
ҳаёт қайта тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар.
39. Уларга ўзлари ихтилоф қилаётган нараларини баён қилиб (кўрсатиб) бериш учун
ҳамда кофир бўлган кимсалар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам
(албатта Аллоҳ барча халойиқни қайта тирилтирур).
40. Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл!» демоқликдир. Бас,
ўша нарса бўлур.
41. Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган
зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират
ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди.
42. Улар (мушриклар етказган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилган ва ёлғиз
Парвардигорларигагина суянган зотлардир.
43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сиздан (яъни сизни пайғамбар қилиб
юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (сиз каби) кишиларни-
инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй,
мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот
ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!
Изоҳ: Бу оят Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар
эканликларини инкор қилишиб: «Аллоҳ одамзотни Ўзининг элчиси қилиб юбормайди.
Агар фаришта келиб, мен Аллоҳнинг элчисиман, деганида, иймон келтирган бўлур
эдик», деганларида нозил бўлган.
44. (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз).
Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён
қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани - Қуръонни
нозил қилдик.
45. (Муҳаммад алайҳиссаломни қатл этиш учун) энг ёмон макру ҳийлаларини қилган
кимсалар Аллоҳ ўзларини ерга ютдиришидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган
тарафларидан (Аллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!
46. Ёки сафар-саёҳатларда айланиб юрган чоғларида уларни (бало-офатлар) ушлаб, ҳеч
қаёққа қочиб қутила олмай қолишларидан (қўрмадиларми)?
47. Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан ўзлари) қўрқиб-пусиб юрган
пайтларида, уларни (Аллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! (Эй
инсонлар), дарҳақиқат Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
48. Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга
сажда қилган ҳолларида эгилаётганини - улар (барчаси Аллоҳга) бўйсунувчи
эканликларини кўрмадилари?!
49. Осмонлар ва ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган
ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар.
50. Улар устларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат
ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар.
Изоҳ: Юқоридаги икки оят сажда оятларидир. Уларда барча нарса ёлғиз Аллоҳга сажда
қилиши таъкидланар экан, бир гўзал мисол келтирилади: тоғ-тош ва дов-дарахт каби
эгила олмайдиган нарсалар ҳам яратганга сажда қилмасдан тура олмайдилар. Улардан
соялари ажралиб, ўнгу-сўлга эгилиб сажда қиладилар - ҳақ таъолога арзи бандалик
қиладилар! Ўзларига ўхшаган бандаларга эгилиб-букилиб юрган, лекин Яратганга
сажда қилишдан ор қиладиган кимсалар ўша тоғлардан ибрат олсалар эди! Бу
Қуръондаги сажда оятларининг «Аъроф» сурасидаги 205-оят ва «Раъд» сурасидаги 15-
оятларидан кейинги учинчисидир.
51. Аллоҳ: «Икки худога бандалик қилманглар! Фақат Биргина Илоҳ (яъни, ёлғиз
Аллоҳ таъологина) бордир, холос. Бас, Мендангина қўрқингиз!» деди.
52. Осмонлардаги ва ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Тоат-ибодат мудом Ёлғиз
Унга (бўлмоғи лозимдир). Аллоҳдан ўзгалардан (яъни, жонсиз бутлардан ёки
ўзларингизга ўхшаган одамлардан) қўрқурмисизлар?!
53. Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон
сизларга (бирон) бало-мусибат унгагина илтижо қилурсизлар.
54-55. Сўнг у зот сизлардан балони аритганида эса баногоҳ сизларнинг орангиздан бир
тўда чиқиб, биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб,
Парвардигорларига ширк келтирурлар. Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда биз
берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (яъни, Қиёмат кунида бу
ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар.
56. Улар биз ризқ қилиб берган неъматлардан ўзлари билмайдиган (яъни,
жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли Худо деб ўйлаган) бутлари учун насиба
ажратурлар. (Эй мушриклар), Аллоҳ номига қасамки, албатта сизлар ўзларингиз тўқиб-
бичиб олган бутларингиз тўғрисида (қиёмат кунида) масъул бўлурсизлар.
57. Улар: («Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейшиб) у «қизлар»ни Аллоҳники
қилишади - у зот (бу бўҳтондан) покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани
(яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди).
58. Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари
қорайиб кетар.
59. Ва у (қизни) хўрлаган холида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш
(тўғрисида ўй суришиб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг)
«ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизки, улар (бу
қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар.
Изоҳ: Ислом дини келишидан илгари араблардан ваҳший бир одат бор эди, улар қиз
фарзанд кўришни ўзлари учун ор деб билишар ва кўплари қизларини тириклай ерга
кўмиб юборар эдилар. Бунга сабаб, динсиз, иймонсиз кимсаларнинг жаҳолат ва кибр-
ҳаволари бўлиб, айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлайдилар: узоқ
ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм-
қабилалар унга бож тўлар эканлар. Бир йили қабилалардан бири зиммаларидаги
солиқни тўлашдан бош тортганларида, подшоҳ аскарлари бостириб келишиб, у
қабиланинг ҳамма хотин-халаж, ўғил-қизларини асир қилиб олиб кетишган ва уларни
ўз қабилаларига қайтариш учун бож тўланишини шарт қилишган экан. Бу талаб
бажарилгунча орадан ўтган фурсат ичида қабила бошлиғининг қизи билан подшоҳнинг
ўғли бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишган экан. Шунинг учун қиз бошқалар сафида
ўз юртига қайтиб кетишдан бош тортади. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб
ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси - қабила бошлиғи душманига кўнгил қўйиб,
ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз кўрса,
албатта тириклай ерга кўмишга қасам ичади. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан-
авлодга ўтиб, тарқаб кетаверади ва қачонки ислом дини келгач, Қуръон бу ярамас
одатни манъ этади.
60. Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар энг ёмон сифат эгаларидир. Аллоҳ эса
энг юксак ҳислатлар соҳибидир. У қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир.
61. Агар Аллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм зўравонликлари билан
ушлаганида (азоблаганида), ер юзида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин у
зот уларни маълум муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб
келганида эса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар.
62. Улар ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларни (яъни, қиз болаларни) Аллоҳники
дейишиб, яна (уларнинг) тиллари ўзлари учун чиройли мукофот - жаннат бўлиши
ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайди. Шак-шубҳа йўқки, улар дўзах эгаларидир ва албатта
улар (дўзахга) биринчилар (қаторида ташланурлар).
63. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат биз сиздан
илгари ўтган умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда шайтон уларга ҳам
ўзларининг (қабиҳ) амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. Чунки у бугун (бу
дунёда) уларнинг «дўсти»дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
64. Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу китобни -
Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз
учунгина нозил қилдик.
65. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, унинг ёрдамида ўлик ерни тирилтирди.
Албатта, бу ишда (ваъз-насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун оят-ибрат бордир.
66. Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам бир ибрат бордир. Биз сизларни
уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан ичувчилар учун ўтимли - таъмли
бўлиб чиққан нарса - тоза сут билан суғорурмиз.
67. Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам гўзал-ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам ҳурмо ва
узумларнинг меваларидан олурсизлар. Албатта, бунда ҳам нақл юритдиган қавм учун
оят-ибрат бордир.
Изоҳ: Ушбу сура нозил қилинган пайтда хали ароқ ҳаром қилинмаган эди. Чунки ароқ
Мадинада нозил бўлган «Моида» сурасининг 90-оятида ҳаром қилинган. Бу сура эса
ҳижратдан илгари нозил бўлган эди.
68. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз асаларига ваҳий-амр қилди:
«Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин.
69. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган
йўллардан юргин!» Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик асал чиқур. Унда одамлар
учун шифо бордир. Албатта, бу ишда (яъни, шу митти жониворнинг ҳам одамлар учун
хизматкор қилиб қўйилишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
70. Сизларни Аллоҳ яратгандир. Сўнгра (ажалларингиз битгач) унинг ўзи сизларни
вафот қилдирур. Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал тотли ҳаётдан, кексалик
пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга)
қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг барчасини унутиб юборадиган (яъни, ўта
кексайиб, вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва
қудратлидир.
71. Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди. Бас, бу
(ризқда) устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остидаги қулларига
қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай
бўлгач, қандоқ қилиб барчага ризқу рўз ато этгувчи Аллоҳ таъолога қўлидан ҳеч иш
келмайдиган бутларни баробар қиладилар). Аллоҳнинг неъматини инкор қилурларми?!
(Яъни, яратганнинг ўзи ато этган ризқу рўзни инкор қилишиб, бу неъматларни ўша
жонсиз бутлар берган деб ўйлайдиларми?)
72. Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун
болалар, набиралар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди.
Бас, улар ботил (бутлар)га иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига кофир бўлурларми?!
73. Ва Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва ердан бирон нарсани ризқ килиб бера
олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?!
74. Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли-ўхшаши йўқдир).
Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз.
75. Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик (бировга
қарам) қул билан биз ўз тарафимиздан чиройли - мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин
ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега
мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг эгаси бўлган ва уни ўзи
хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таъолога тенг шерик деб биладилар.) Ҳамду
сано Аллоҳникидир (яъни, ўша зотгина ҳаду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин
уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
76. Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур. Улардан бири ҳеч нарсага кучи
етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб, эгаси қаерга жўнатса, бирон
яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлган ҳолда
(ўзгаларни ҳам) адолат ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! (Ҳеч қачон
баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни тўғри
йўлга юришга буюрадиган Аллоҳ таъолога тенг шерик деб биладилар?!)
77. Осмонлар ва ердаги ғайб-сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир. Соат-қиёмат амри
(яъни қиёматнинг қофим бўлиши) кўз очиб юмгунча, ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат,
Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
78. Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолларингизда
чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди.
79. Осмони фалакда (учиш учун) бўйсунтирилган қушларга боқмайдиларми?!
Уларнинг ёлғиз Аллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта, бу ишда иймон келтирадиган қавм
учун оят-ибратлар бордир.
80. Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва
ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунларингизда ва қўнадиган кунларингизда
енгил кўтариб кета оладиган уй-ўтовлар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан,
(туяларнинг) юнгларидан ва (эчкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар
фойдаланиладиган жиҳоз ва матолар (яратди).
81. Аллоҳ сизлар учун ўзи яратган нарсалардан соя-салқин жойлар (бунёд) этди ва
сизлар учун тоғлардан ғор-бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (совуқ)дан
асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманнинг) зиён етказишидан сақлайдиган
совутлар (яратди). У Зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга ўз неъматини мана
шундай комил қилиб берур.
82. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар энди ҳам улар (сиздан) юз ўгирсалар, у ҳолда
сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни мана шундай) очиқ-ойдин қилиб етказиш бор,
холос.
83. Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар. Уларнинг
кўплари кофирлардир (яъни, ҳеч қачон Аллоҳга иймон келтирмайдилар).
84. (Қиёмат) куни ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, ўша умматнинг пайғамбарини)
келтириб қўюрмиз. Сўнгра кофир бўлган кимсаларга (тавба-тазарруъ қилиш учун) изн
берилмас ҳамда улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб
қилинмас.
85. Золим (кофир) бўлган кимсалар азобни кўрган вақтларида (яъни, қиёмат кунида)
улардан (у азоб) енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас (яъни, яхши амалларни
ҳаёт вақтларида ўз ихтиёрлари билан қилган кишиларгина савоб олурлар).
86. (У кунда) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг бутларини кўрган вақтларида:
«Парвардигоро, бизлар сени қўйиб, анави бутларимизга илтижо қилар эдик»,
деганларида, у (бутлар бунга жавобан): «Сизлар шак-шубҳасиз ёлғончидирсизлар», деб
гап қотарлар.
87. Улар у кунда ёлғиз Аллоҳга бўйсунурлар. Ўзлари тўқиб олган «худо»лари эса
улардан ғойиб бўлур.
88. Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик
қилганлари сабабли азоб устига азобни заёда қилурмиз.
89. (Қиёмат куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни,
пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана у (ўз
умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга - ҳамма нарсани баён қилиб берувчи,
ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган китобни - Қуръонни нозил
қилдик.
90. Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик
қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон иллатлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот
шояд ибрат-эслатма олурсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур.
91. Аҳд-паймон берган вақтларингизда Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз!
Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан)
мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни
билур.
92. Ва сизлар бир жамоат бошқа бир жамоатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ
бўлгани учун қасамларингизни (ўзларингиз аҳдлашган кишиларга нисбатан) алдов
воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз,
аввалги қавм билан қилган аҳд-паймонларингиздан кечиб кетаверишингиз билан)
худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб
чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз. Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга
буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф
қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур.
Изоҳ: Маккада бир телба Хотин бор бўлиб, у кун бўйи турли нарсаларни тўқир, кечга
бориб эса тўқиган нарсаларини бузиб-чуватиб ташлар экан. Мазкур оятда биров билан
аҳдлашиб, сўнгра аҳдларини бузиб, қасамхўрлик қиладиган кимсаларни ўша телбага
ташбеҳ қилинмоқда.
93. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин у
Зот ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур, ўзи хоҳлаган кишиларни (тўғри йўлга)
ҳидоят қилур. Ва албатта сизлар қилиб ўтган амалларингизга масъул бўлурсизлар.
94. Қасамларингизни алдов воситаси қилиб олмангиз. У ҳолда (ислом йўлида) маҳкам
ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки
сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар исломга интилиш
ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингиз сабаб бўлур)
ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда охиратда сизлар учун улуғ
азоб бўлур.
95. Аллоҳга берилган аҳд-паймонни озгина қийматга алмашиб юбормангиз! Агар
билсангизлар албатта Аллоҳ даргоҳидаги нарса (яъни, ажр-савоб) сизлар учун (дунё
матоларидан) яхшироқдир.
96. Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар
эса боқийдир. Биз албатта (мушрикларнинг азиятларига ва дин йўлидаги
машаққатларга) сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари
сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.
97. Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўъмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас,
биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари
сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.
98. (Эй мўъмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган-малъун
шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!
99. Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар
устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир.
100. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб (Аллоҳ)га шерик қилиб
оладиган кимсалар устидадир.
101. Қачон биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак - ҳолбуки, Аллоҳ ўзи
нозил қиладиган оятларни яхшироқ билгувчидир - улар (пайғамбар алайҳиссаломга):
«Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан!», дейдилар. Йўқ, уларнинг кўплари
билмайдилар!
102. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул Қудус (яъни,
Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш
учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб, ҳаққи-рост нозил қилинганини
айтинг!
103. Аниқки, биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда»,
деяётганиларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора
қилаётган кимсаларнинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-
равшан арабийдир.
Изоҳ: Саҳобалардан ибн Аббос (розиаллоҳу анҳу) антадилар: «Маккада Қурайш
қабиласига мансуб кишилардан бирининг ажам қули бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом
баъзан у билан гаплашиб, унга ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган
айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап
тарқатганларида юқоридаги оят нозил бўлди.
104. Албатта Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни Аллоҳ ҳидоят
қилмас. Улар учун аламли азоб бордир.
105. Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган
кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшалар ёлғончилардир.
106. Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг
ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр
калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг
кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас,
ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун улуғ азоб бордир.
Изоҳ: Муфассирлар айтишларича, бу оят Аммор ибн Ёсир (розиаллоҳу анҳу) ҳақида
нозил бўлган. Мушриклар у зотни ҳибс қилишиб, ислом динидан чиқишни талаб
этадилар ва даҳшатли азоблар билан қийнайдилар. Ночор-ноилож қолгач мажбур ҳолда
уларнинг бутларидан бирини тилга олганларидан кейингина у кишини қўйиб
юборадилар. Одамлар орасида эса «Аммор диндан чиқди» деган гап тарқаб кетади. У
зот пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига йиғлаб, айтган сўзларидан изтиробга тушиб
келганларида, пайғамбар алайҳиссалом: «Қалбинг нима дейди?» деб сўрайдилар. У:
«Қалбим фақат иймон билан ором олади», деб жавоб беради. Шунда пайғамбар
алайҳиссалом: «Сенга неча марта мажбурлаб куфр калимасини айттирсалар ҳам, ҳаргиз
иймондан ажраб қолмайсан», деганлар. Демак, шарийяти исломиянинг ҳукмига кўра,
фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаб олган кимсаларгина кофир бўлурлар ва
улар учун охиратда энг қаттиқ азоб-уқубатлар бўлур.
107. Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб шуки, улар ҳаёти
дунёни Охиратдан афзал билдилар. Аллоҳ эса кофир қавмни ҳидоят қилмас. (Бас, улар
кофир бўлганлари сабабли Ҳақ Йўлни топа олмай ўлиб кетурлар).
108. Аллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб
қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир.
109. Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда зиён кўргувчилардир.
110. Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳиссалом, билинки), албатта Парвардигорингиз, (Макка
мушриклари томонидан азобланиш, куфрга мажбур қилиниш билан) фитналарга дучор
этилганларидан кейин (Маккайи мукаррамадан Мадинаи мунавварага) ҳижрат қилган,
сўнг (Аллоҳ Йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига) сабр-тоқат қилган зотлар
учун (Мададкор, Ёрдамчидир). Албатта Парвардигорингиз у (меҳнат-машаққатларни
кўтарганларидан) кейин (улар учун) Маърифат қилгувчи, Меҳрибондир.
111. Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб - ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган
амалининг (мукофотини) тўлиқ оладиган, уларга зулм қилинмайдиган кунни (яъни,
қиёматни) эсланг!
112. Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди,
ҳар томондан ризқу-рўзи бекаму-кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки), у (яъни, унинг
аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу
«ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тоттириб
қўйди.
113. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар (яъни, ҳазрат Муҳаммад
алайҳиссалом) келганида, уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида
(Аллоҳнинг) азоби ушлади.
114. Бас, (эй мўъминлар) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан
енглар ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, у зотнинг неъматларига шукр
қилинглар!
115. У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан
ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан
ошгувчи бўлмаган ҳолимда ночор вазиятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан
ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи,
раҳмлидир.
116. Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни
Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром»,
деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот
топмаслар.
117. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар
учун аламли азоб бордир.
118. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), яҳудий бўлган кимсаларга илгари («Анъом»
сурасининг 146-оятида) сизга сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга жабр
қилмадик, балки улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.
119. Сўнгра (билингки), албатта Парвардигорингиз, билмаган ҳолда ёмонлик-гуноҳ
қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун шак-шубҳасиз
ўша (тавба-тазарруларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) мағфират қилгувчи,
меҳрибондир.
120. Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-
имом эди. У мушриклардан эмас эди.
121. У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни
(пайғамбарликка) танлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилди.
122. Биз унга бу дунёда чиройли (обрў-эътибор) ато этдик. (Зеро, барча динларнинг
аҳллари Иброҳим алайҳиссаломнинг номларини ҳурмат билан тилга оладилар).
Албатта, у охиратда ҳам солиҳ - яқинларимиздандир.
123. Сўнгра биз (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган
Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик.
124. «Шанба» (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган
кимсаларнинг (яъни, яҳудийларнинг) устига (фарз) қилингандир. Албатта,
Парвардигорингиз қиёмат кунида уларнинг ўртасида ўзлари ихтилоф қилиб ўтган
нарсалар тўғрисида ҳукм қилур.
Изоҳ: Яҳудийлар: «Муҳаммад Иброҳимнинг динига қарши чиқди. Иброҳим шанба
кунини улуғлар эди. Муҳаммад эса жума кунини улуғ кун дейди», дедилар. Шунда
шанба кунини улуғлаш Иброҳим алайҳиссаломнинг динларида бўлмаганини
таъкидлаб, ушбу оят нозил бўлди.
125. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг йўлига - динига донолик -
ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-
тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта,
Парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот
ҳидоят топгувчи кимсаларни ҳам жуда яхши билур.
126. (Эй мўъминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом
олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом
олингиз! (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта, сабр қилгувчи
кишилар учун бу (интиқом олмоқдан) яхшироқдир.
127. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-
тоқат қилинг! Ёлғиз Аллоҳ (ёрдами) билангина сабр қила олурсиз. Уларнинг (яъни,
мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг! Уларнинг макру-
ҳийлаларидан сиқилманг ҳам.
128. Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан
биргадир.
Ўн бешинчи жузъ
(17) «Ал Исро» сураси
Бир юз ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. Бу сурада ҳам
бошқа Макка сураларида бўлгани каби эътиқод, Аллоҳ таъолонинг Якка-Ёлғизлиги,
қайти тирилиш аниқ маълумотлиги борасида сўз кетса-да, ундаги энг асосий жиҳат
Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ томонидан ато
этилган мўъжизалар таътиф-тавсифидир. Бу сура Аллоҳ таъоло Ўзининг сўнгги
Пайғамбарига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу
боисдан, суранинг номи «Ал-исро - Тунги сайр» деб аталгандир.
Бу сурада бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғёни ва
исёнлари ҳамда Охират-оқибат топажак мусибатлари ҳақида хабар берилади. Шунинг
учун айрим уламолар уни бани Исроил сураси деб атайдилар.
Бу сура мўъминларга ёлғиз Аллоҳ таъологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур
амал ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим-тавозуъ билан туриш,
буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш эканини уқтиради. Яна бу сурада
борлиқдаги жонли-жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир
тартиб-интизомга сўзсиз бўйсунишлари билан уларни яратган ҳам, бошқариб турган
ҳам ёлғиз Аллоҳ таъоло эканига далолат қилиб туриши таъкидланади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни - унга оят-
мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-Ҳаромдан (Қуддусдаги)
Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масдил-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу
нуқсондан) Пок Зотдир. Дарҳақиқат, У Эшитгувчи, Кўргувчи Зотдир.
Изоҳ: Бу - меърож, яъни Аллоҳ таъоло ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у
пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе
бўлгандир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир кеча Масжид-ал-
Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва
мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб
келдик, бу ердаги Масжид-ал-Ақсода икки ракаат нафл намози ўқигач, яна Буроққа
миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик... Еттинчи осмонга етгач, Аллоҳ таъоло
менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир
кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато
этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур.
Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса,
бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни -
гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон
ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур», Парвардигоримдан ушбу вазифаларни
олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим».
Ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳиссалом меърожга чиқиб кетаётиб
ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб
тушганларида ҳам силкиниб турган экан.
2. Биз Мусога китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китоб)ни бани Исроил (қавми) учун
ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб
топшириладиган зот) қилиб олманглар!
3. (Эй) Биз (ғарқ бўлишидан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (нажот
берган) кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у
доимо шукр қилгувчи банда эди».
4. Шунингдек, Биз бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки
марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.
5. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг
устингизга (қилмишларингиз баробарида жазолаш учун) куч-қувват эгалари бўлган
бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ховли-
жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
Изоҳ: Муфассирлар айтишларича, бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон
тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Бобил
ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, бани Исроилдан етмиш
минг нафарини қиличдан ўтказди. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ
таъоло ваъда қилган жазо эди.
6. Сўнгра (тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни
қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё,
бола-чақа билан мадад бериб, сон-саноқларингизни кўпайтирдик.
7. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар - ўзларингизга яхшилик қилгун
бўлурсизлар. Агар ёмон - гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас,
қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро
қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни
топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун
(яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз).
Изоҳ: Дарҳақиқат, бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган
пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Форс мажусийларини
ғолиб қилиб, улар бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага
айлантирган экан.
8. (Агар тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнгласангизлар), шояд
Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар,
Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон
қилиб қўйганмиз.
9. Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган
қиладиган мўъминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур.
10. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб
қўйганимизни(нг) ҳам («хушхабар»ини берур).
11. Инсон (Аллоҳ таъолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган
пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир.
12. Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг қудрати илоҳийямизни кўрсатиб турадиган)
икки оят-аломат қилиб қўйдик Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг
аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб, атрофга
нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса сизлар
Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқ-рўз) исташларингиз учун ёруғлик-
нур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобини
билишларинигиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пайғамбар келадиган қилиб қўйдик).
Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик (яъни, дунёдаги
содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг
воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).
Изоҳ: Табарийнинг «Жомиъул-Баён» тафсирида айтилишича, бир киши ҳазрати Али
(карамаллоҳу важҳаҳу)дан: «Ойнинг юзидаги доғ нима?» деб сўраганида, у зот:
«Қуръондаги: «Кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб қўйдик», деган оятни
ўқимаганмисан?» деб жавоб қилган экан.
13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган
ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Ва Биз қиёмат куни унга
очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб
(кўрсатурмиз).
14. (Ва унга дейилур): «Китобингни (яъни, номаи аъмолингни) ўқи! (Ва қанча
савобинг, қанча гуноҳинг бор эканининг ҳисобини қил)! Бугун ўз нафсинг ўзингга
қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир».
15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз
зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни,
гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали ўзимизнинг амру
фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон
кимсани) азоблагувчи эмасмиз.
16. Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз
юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар
(аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб-муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага
айлантирурмиз.
17. Биз Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан
етарли огоҳ, кўриб тургувчидир.
18. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган
кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда)
у мазаммат-маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг
учун жой қилиб берурмиз.
19. Ким охиратни истаса ва мўъмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат
қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур.
20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига - мана бу
(мўъмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато
этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас.
21. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун
қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йуқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва
афзалроқдир.
22. Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва
маҳрум бўлиб ўтирманг!
23. (Эй инсон), Парвардигоринг наздида, сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат
қилишларинингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у
икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга
қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!
24. Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут - ҳокисор бўл ва:
«Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам
уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!
Изоҳ: Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради.
Аввало, ислом барча мўъмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшилик ёлғиз
Аллоҳ таъолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўйяди. Бу таълимотга
биноан, ота-она мўъминми, кофирми, яхшими, ёмонми, барибир фарзандлар уларга
нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши
вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир
нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини ва
ҳурматини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-
тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-она ҳаққига дуо
қилганида: «Ота-онам мени туққани учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб эмас,
балки: «Улар мени чин инсон-мусулмон қилиб тарбиялаганлари учун уларга раҳм-
шафқат қилгин», деб дуо қилиши буюрилди.
25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши
билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини
таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар, албатта Аллоҳ билмасдан қилган
гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этгувчи
бўлган зотдир.
26. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчиларга (хайру
эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳуқларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қуйманг!
27. Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон
эса Парвардигорга бутунлай кофир бўлгандир.
28. Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда
(ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайру эҳсон қилиш имконини топмай), улардан
(яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчиларга хайр-эҳсон қилишдан ҳозирча) юз
ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!
29. (Баҳиллик билан) қўлингизни бўйингизга боғлаб ҳам олманг! (Исрофгарчилик
қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва ҳасратда
қолурсиз.
30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва
(ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва
(уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир.
31. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам,
сизларга ҳам биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта
хатодир.
32. Зинога яқинлаша кўрманглар! Чунки бу бузуқликдир - энг ёмон йўлдир.
Изоҳ: Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таъоло бу ўринда мўъмин-мусулмонларни
бузуқликдан қайтарар экан, уларга: «Зино қилманглар» деб эмас, балки: «Зинога
яқинлаша кўрманглар!» деб буюрди. Демак, Аллоҳдан қўрқадиган инсон зинога -
фаҳшга олиб борадиган ҳар қандай ишлардан қаттиқ ҳазар қилиши лозим экан.
33. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этишга мустаҳиқ бўлмаган
жонни ноҳақ) ўлдирмангиз. Магар ҳақ (шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз
мумкиндир. Кимки мазлум бўлган ҳолда (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси -
вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда
ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг
муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини
кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир.
34. Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, маган энг чиройли
йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар - тасарруф қилинлар)! Аҳдага
вафо қилинглар! Зеро, аҳду паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир.
35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган
вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарозу билан тортинглар! Мана
шу энг яхши ва энг чиройл ечим-ҳукмдир.
36. (Эй инсон), ўзнинг аниқ билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз, дил -
буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва
ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради).
37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни
тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар
ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)
38. Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсаларнинг) барчаси
Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳлардир.
39. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу (оятлар) Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган
ҳикматлардан (айримларидир). Сиз яна Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ ҳам бор, деб
маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!
40. (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танлаб бериб, Ўзига
фаришталарни қиз қилиб олдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни - катта гуноҳни
сўзламоқдасиз!
Изоҳ: Ушбу оят мушрик арабларнинг: «Фаришталар Тангрининг қизларидир», деган
сўзларини инкор қилиб нозил бўлгандир.
41. Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва
ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар золим кимсаларни) янада (ҳақдан)
қочирур - йироқлаштирур.
42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан
бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни,
Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».
43. (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир.
44. Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча
нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар),
уларнинг тасбеҳ айтишларини - поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим
ва Мағфиратли булган Зотдир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, биз сиз
билан охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда тортиб қўюрмиз
(бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).
46. Шунингдек, (Қуръонни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва
қулоқларида оғирлик-карлик пайдо қилурмиз. Қачон сиз Қуръонда ёлғиз
Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар.
47. Биз уларнинг сизга (яъни, сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима
сабабдан қулоқ тутаётганларини ва бу золим кимсалар ўзаро шивирлашиб
(мўъминларга): «Аниқки, сизлар сеҳрланган - ақлдан озган кишига
эргашмоқдасизлар», деяётганларини жуда яхши билурмиз.
48. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб)
қандай мисоллар келтирганларини, бас, йўлдан озиб (ҳақ) йўлни топа олмаётганларини
кўринг!
49. Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб қайта
тирилурмизми?!» дедилар.
50-51. Айтинг: «Сизлар ҳоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини
тасаввур қилиш) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ
сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?» дейдилар.
«Сизларни илк бор яратган Зот», деб айтинг! Ҳали улар Сизга бошларини ликиллатиб:
«У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!
52. «У Зот сизларни чорлайдиган Кунда унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва
ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар».
53. Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзларни
сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат,
шайтон инсонга очиқ душмандир.
54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши билур. Ҳоҳласа сизларга
раҳм-шафқат қилур, ҳоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз
сизни (одамлар) устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, сизнинг вазифангиз
фақат бизнинг амру фармонларимизни уларга етказмоқдир).
55. Парвардигорингиз осмонлар ва ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан,
биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато
этдик.
Изоҳ: Бу оят баъзи мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканларига
иймон келтирмай, «Орамизда қанчадан-қанча олийнасаб зодагонлар турганида, мана
шу етим, яланғоч Муҳаммад пайғамбар бўладими?» дейишганида нозил қилингандир.
Аллоҳ таъоло унда нафақат Маккаликларни, балки еру осмонлардага барча
жониворларни ҳам жуда яхши билишини, бинобарин, кимни пайғамбар қилиб сaйлаш
ҳам ўз ихтиёрида эканлигини баён қилади ва ўзи юборган пайғамбарларига турли
мўъжизалар бериш билан айримларини айримларидан афзал қилиб қўйгани ҳақида
хабар беради.
56. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ), деб
гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита
олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.
57. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга
қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат, марҳаматидан
умидвор бўлурлар. Азобидан қўрқурлар. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби
қўрқинчлидир.
Изоҳ: Баъзи бир тоифалар фаришталарни, насронийлар Ийсо пайғамбарни, яҳудийлар
эса Узайрни пайғамбарни илоҳ дейишиб, у зотларга сиғинадилар. Ушбу икки оят
ўшалар хусусида бўлиб, уларга ўзлари сиғинаётган зотлар Аллоҳнинг ожиз бандалари
экани баён қилингандир.
58. (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) биз қиёмат куни (келиши)дан
илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм
китобда - (Лавҳул Маҳфузда) битилгандир.
59. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни
юборишдан бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни кўргач,
иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза
бўлган) туяни ато этганимизда, унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз
мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қутқариш учунгина юборурмиз.
60. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга Парвардигорингиз (барча)
одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга меърож кечасида
кўрсатган «туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (заққум) дарахтини - у одамлар учун
бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан)
қўрқитурмиз. Аммо бу уларни бадтар туғёнга солур.
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом меърождан қайтганларидан сўнг эрталаб бу кеча
ўзларининг Аллоҳ таъоло ҳузурига чиққанлари ва жаннатни ҳам, дўзахни ҳам ўз
кўзлари билан кўрганларини айтиб, ўша дўзахнинг қоқ ўртасида Аллоҳнинг лаънатига
учраб, жаҳаннамга тушган кимсалар учун «овқат» бўладиган «заққум» дарахти борлиги
ҳақида хабар берганларида, Қурайш кофирлари «Сен жуда ажойиб туш кўрибсан-ку!
Ахир ўт-олов у дарахтни куйдириб юбормайдими?», деб у зотни масхара қилиб
кулишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлиб, унда Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарига
ўзининг барча бандалари аҳволида огоҳ зот эканини яна бир бор эслатиб, меърож ва
унда кўрилган нарсалар хусусида «заққум» дарахти кишиларнинг ҳақиқий мўъмин ёки
кофир эканлигини синаш учун бўлган бир имтиҳон-синов эканлигини таъкидлайди ва
бундай қўрқитув-синовлар мўъминларнинг иймонини зиёда қилса, кофирларни бадтар
туғёнга солиши ҳақида хабар беради.
61. Эсланг, биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дейишимиз билан улар саждага
эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда
қилурманми?», дейди.
62. У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун
қилдингми? Қасамки, агар сен мени қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта мен
унинг зурриётини қириб юборурман (яъни ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига
буриб юборурман). Магар озгиналаригина (ҳақ йўлда қолурлар»).
63. (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга
эргашса, у ҳолда шак-шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!
64. Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва
пиёда (лашкарингни) торт. Топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл
(яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон)
ваъдалар қил. Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда
қилур.
65. Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устида эса сен учун ҳеч қандай салтанат-
ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг ўзи етарли вакил - сақловчидир»
66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар
деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, у сизларга
меҳрибондир.
67. Денгизда сизларга бирон мусибат етганида, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб
бўлур, фақат унинг ўзигина қолур (яъни, бало-мусибатлардан сизларни ёлғиз Аллоҳ
қутқарур). Энди, қачонки, у зот сизларга ножот бериб, (қуруқликка чиқариб қўйгач)
сизлар ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат инсон куфрони неъмат қилгувчидир.
68. Ёки (Аллоҳ) сизларни қуруқлик томонидан ҳам (ерга) юттириб юборишидан ёҳуд
устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи
тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?!
69. Ёки у зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ бўрон
юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли сизларни ғарқ қилишидан, сўнгра
ўзларингиз учун биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш (ғами)дан
хотиржаммисизлар?!
70. Дарҳақиқат, биз одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда -
қуруқлик ва денгизда (от улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок
нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-
устун қилиб қўйдик.
71. Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (қиёмат) кунини
(эслангиз!) Бас, кимгаки ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша
кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолда номаи аъмолларини ўқурлар (яъни,
унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).
72. Кимки бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан
озгувчидир.
73. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар) сизни бизнинг шаънимизга (ваҳийдан)
ўзга нарсаларни тўқиб чиқарсиз деб, биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб
юборишларига оз қолди. У ҳолда (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст
қилиб олган бўлур эдилар.
74. Агар биз сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар
мойил бўлишингизга оз қолди.
75. У ҳолда албатта биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса
қилиб тоттирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун бизга қарши бирон мададкор топа
олмаган бўлур эдингиз.
Изоҳ: Мушриклар пайғамбар алайҳиссаломга эргашишлари учун у киши ҳам
ўзларининг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Аллоҳ
таъоло ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб, юқоридаги оятларни нозил
қилди. Улуғ саҳобалардан ибн Аббос (розиаллоҳу анҳу) айтишларича, бу оятларга
гарчи пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг
умматлари учун ҳам танбеҳ бўлиб, Аллоҳ таъоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга
эргашмасликка буюради. Акс ҳолда дунёю охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари
тўғрисида огоҳлантиради.
76. Улар сизни бу ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар
билан) тўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин
озгина (муддат) тура оладилар, холос. (Сўнгра албатта ҳалок қилинурлар).
77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари
юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз бизнинг қонунимиз
ўзгарганини кўрмайсиз.
78. Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни
(бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг)! Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундуз
фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир.
Изоҳ: Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканига ҳужжат
деб қабул қилганлар. Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Кишининг
сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом»
бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг
бошлангач, (хали қуёш чиқмасдан туриб) «тонгги ўқиш» - «бомдод» ўқиш фарз бўлади.
79. Кечанинг (бир қисмида) уйғониб, ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни
ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор
умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур.
80. Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққирост (яъни, гуноҳлардан пок
бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққирост (ўнг
томоним билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато
қилгин».
81. Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди.
Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир».
82. Биз мўъминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз.
(Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.
83. Қачон биз инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр
қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (ҳасталик, камбағаллик каби)
бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур.
84. Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни
жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур).
85. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ
ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.
Изоҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таъолонинг хатто ўз пайғамбарларига ҳам маълум қилмаган
ишлари борлиги баён этилиб, барча инсоният билиши мумкин бўлган билим-маърифат
жуда оз нарса экани таъкидланади.
86. Қасамки, агар хоҳласак, биз сўзсиз сизга ваҳий қилган нарса - Қуръонни (сиздан)
кеткизурмиз, сўнгра ўзингиз учун (яъни, биздан Қуръонни қайтариб олиш учун) бизга
қарши бирон вакил-ҳомий топа олмассиз.
87. Илло, Парвардигорингизнинг марҳамати билангина (Қуръон неъмати қўлингизда,
дилингизда боқийдир). Дарҳақиқат, у зотнинг сизга бўлган фазлу марҳамати каттадир.
88. Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръоннинг ўхшашини келтириш
йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини
келтира олмаслар».
89. Аниқки, биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик.
Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар.
90. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг)
биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз.
91. Ё сенинг ҳурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо
қилмасанг);
92. Ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб
тушурмагунингча, ёки Аллоҳ ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча;
93. Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёҳуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга
кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи бизларга ўқийдиган
бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз
ишонмаймиз». Айтинг: «Эй пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир
одам эдим-ку!»
94. Одамларга ҳидоят қилган пайтида, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки)
одамзотни пайғамбар қилиб юборибдими?!» деган сўзларигина уларни иймон
келтиришларидан тўсди.
95. Айтинг: «Агар бу - ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб
юрганларида эди, албатта, биз (яъни Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни
туширган бўлур эдик».
96. Айтинг: «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир.
Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир».
97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгувчидир. У зот кимни йўлдан
оздирса, бас, сиз улар учун ундан ўзга дўст-мададкорларни топа олмассиз, биз уларни
қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг
борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, биз уларга оловни
ловиллатиб юборурмиз.
98. Бу - бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва (чирик) мурдаларга
айланган вақтимизда янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!» деганлари сабабли,
уларга берилган жазодир.
99. Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва ерни яратган зот - Аллоҳ уларнинг (яъни,
инсонларнинг) ўхшашини ҳам қайта яратишга қодир эканини билмайдиларми?!
(Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни
белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар.
100. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар
Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам (уни)
ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик - баҳиллик қилган бўлур
эдингизлар». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур.
101. Аниқки, биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (Фиръавн ва унинг
одамларининг олдига) келган пайтида, (унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга
қўйиб юборилишини Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга:
«Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган деб ўйламоқдаман», деди.
102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат
осмонлар ва ернинг Парвардигоригина ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурсан.
Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».
103. Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини Миср) еридан қувиб чиқармоқчи
бўлганида, биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини
(денгизга) ғарқ қилдик.
104. (Фиръавндан) сўнг бани Исроилга: «Мана шу ерни (Мисрни) маскан тутинглар!
Энди қачон ваъда қилинган охират келганида, сизларнинг барчангизни (қайта
тирилтириб) келтирурмиз», дедик.
105. Биз (Қуръонни) ҳаққирост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан
нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизни фақат (мўъминларга) хушхабар
элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
106. Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун биз уни бўлакларга
бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
107. Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз) унга ишонинглар, (хоҳласангиз)
ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган
кишилар уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари
билан йиқилурлар».
108. Ва улар: «Эй пок-Парвардигор! Албатта, Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги
пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо
қилигувчи ваъдадир», дедилар.
109. Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг
ҳокисорликларини зиёда қилур.
Изоҳ: Ушбу оятлар сажда оятлари бўлиб, уларни ўқиган ёки эшитган киши Аллоҳ учун
бир марта сажда қилиши вожиб бўлади.
110. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Аллоҳ деб чорлангиз, ёки раҳмон -
меҳрибон деб чорлангиз. Қандай чордласангизлар-да, жоиздир. Зеро, у зотнинг гўзал
исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз намозингизни жуда жаҳрий
(баланд овозда ошкора) ҳам қилиб юборманг, (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни
ҳақорат қилмасинлар) ва уни ўта маҳфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз
тинглаб фойдалансинлар)! Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан маҳфийлик) ўртасидаги
йўлни тутинг!
111. Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик, илоҳликда шериги йўк, хор-
зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож
бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир» деб айтинг ва у зотни мудом улуғланг.
(18) «Каҳф» сураси
Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, бир юз ўн оятдан иборатдир. Сурада Аллоҳ
таъолога бўлган иймон эътиқодни янада мустаҳкамлаш учун энг гўзал ибратли
қиссалардан учтаси сўзлаб берилади.
Улардан биринчиси «Асҳобул Каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан
дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир
каҳфга - ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида
ҳикоя қилинади. Суранинг «Кафҳ - Ғор» деб номланишига ҳам сабаб шудир.
Иккинчи қисса Мусо ва Хизир пайғамбарлар қиссаларидирки, унда Мусо
алайҳиссаломнинг илм йўлидаги ҳокисорликлари, Хизир алайҳиссаломнинг бошқа
пайғамбарларга берилмаган неъмат - ғойибдан огоҳлик неъматига муяссар
бўлганликлари тўғрисидаги лавҳалар илоҳий қалам билан баён этилади.
Учинчи қиссада Аллоҳ таъоло марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш
шарафига ноил бўлган адолат ва тақвода беназир буюк шоҳ Зулқарнайн, у кишининг
фатҳ юришлари хусусида сўз юритилади.
Яна бу сурадан молу-давлат ғурурланишга арзимайдиган нарсалар экан, умуман, бу
ҳаёти дунё ўткинчи - бебақолиги ҳақида айтилган бир қанча ибратли мисоллар ҳам
жой олгандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1-2. (Барча) ҳамду-сано Аллоҳ учундир. У Зот ўз бандаси (ҳазрати Муҳаммад
алайҳиссалом)га китобни (Қуръонни) нозил қилди ва уни брон эгриликсиз - расо
(китоб) қилди. Токи (кофирларни) ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азобдан қўрқитиш ва
яхши амаллар қиладиган мўъминларга гўзал мукофот - жаннат хушхабарини бериш
учун (у зот Қуръонни нозил қилди).
3. (Мўъминлар ўзлари учун мукофот бўлмиш жаннатда) мангу қолгувчидирлар.
4-5. Шунингдек, у зот ўзларининг ҳам, ота-боболарининг ҳам бирон билим-маърифати
бўлмагани ҳолда, «Аллоҳнинг боласи бор» деган кимсаларни (қаттиқ азобдан)
огоҳлантириш учун (ушбу китобни) нозил қилгандир. Уларнинг оғизларидан чиққан
сўз - оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар.
6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар ушбу сўзга - Қуръонга иймон
келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок
қиларсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир).
7. Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини
синамоқ учун ер устидаги бор нарсани унга зийнат-безак қилиб қўйдик (яъни, ўша
безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина бизнинг синовимиздан
ўтурлар).
8. Ҳеч шак-шубҳасиз, унинг (ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ
қилиб (йўқ қилиб) қўйгувчи ҳам биздирмиз.
9. Балки сиз каҳф (ғор) ва битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги
ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (охират-қиёмат ҳаққирост эканлиги тўғрисидаги)
оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз.
Изоҳ: Муфассирлар ёзишларича «Асҳобул каҳф - ғор эгалари»нинг қиссаси бундоқ
бўлган экан: Ийсо алайҳиссалом замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида
Дақёнус номли золим шоҳ чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур қилар,
амрига бўйсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида унга
фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортишиб, бутларга
сиғинмаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни ўз саройига чақириб, бу хабарнинг
рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: «Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки
нарсага сиғинмаймиз», деб жавоб қиладилар. Шунда шоҳ уларга: «Сенлар ёш, чиройли,
бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни
ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга
жавобини айтинглар», деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб,
«Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра шу бадбахт диёрни тарк қилганимиз афзал»
дейишиб, тун қоронғусида шаҳари тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб
бораётганиларида, уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонга яқин бир
тоққа етиб боришиб, катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабардор
бўлган шоҳ ўз аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, ўша ғор оғзига яқинлашгач,
аскарлар унга киргани қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва
ташналикдан қирилиб кетишлари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин
Аллоҳ таъоло ўзининг садоқатли баналарини ҳалок бўлишдан сақлайди - уларни узоқ
уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан ... уч юз йил ўтган эди. Бундан бехабар
йигитлар бир ё ярим кун ухладик деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини
яширинча шаҳарга егулик ҳарид қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга
келиб, таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи хайрон бўлиб: «Бу
Дақёнусдан қолган танга-ку. Бирон ердан Хазина топиб олдингми?» деб сўрайди.
Йигит ҳам хайрон бўлиб: «Ҳеч қандай Хазина топиб олганим йўқ. Бу менинг қавмим
ишлатадиган оддий танга», деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу
орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни
подшоҳ олдига олиб борадилар. Бу шоҳ мўъмин-солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва
ўртоқларининг бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан
ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб
ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва
унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устида кўрадилар ва намозларини
тугатганларидан сўнг, подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб,
уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таъоло бандаларини қиёмат кунида
ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят-аломат эканлигини
айтади. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида келадиган оятларда мана шу «Асҳобул-
каҳф» ҳусусида сўз кетади.
10. Эсланг, ўшанда у (мўъмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро,
бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни ўзинг
ўнглагин», дедилар.
11. Бас, биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб)
қўйдик.
12. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан
қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик.
13. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўйи-рост
сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва биз
иймонларини зиёда қилган йигитлардир.
14. Биз уларнинг дилларини (иймон билан) қувватлантирдик. Ўшанда улар (золим шоҳ
қаршисида) туриб дедилар: «Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва еринг
Парвардигоридир. Бизлар ундан ўзга бирон «илоҳ»га ҳаргиз дуо-илтижо (яъни, ибодат)
қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ (сўзни) айтган бўлурмиз.
15. Ана у қавмимиз эса ундан ўзга «илоҳларни» (Худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари
учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди (ҳеч қачон
келтира олмайдилар). Бас, (ҳеч қандай ҳужжатсиз «шериги бор», деб) Аллоҳ шаънига
ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!
16. (Йигитлар!) Модомики сизлар улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга - улар
сиғинаётган нарсалардан четланган-юз ўгирган экансизлар, энди (ёлғиз
Парвардигорингиз - Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш учун) ғорга паноҳ топиб борингиз.
Парвардигорингиз сизларга ўз раҳмат-марҳаматини кенг-сероб қилур ва сизларнинг
ишларингизни ўншлар».
17. Қуёш - чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса
улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни
қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини
кўрурсан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Аллоҳ ҳидоят
қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон
тўғри йўлга йўллагувчи дўст топа олмассан.
18. Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз
уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл
томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонга ёзиб ётур.
Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда, у ён, бу ёнга ағдарилиб
ётганларини кўрсанг), уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб, юз ўгириб қочган бўлур
эдинг.
19. Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун биз уларни (йигитларни кандай ухлатиб қўйган
бўлсак), ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: «Қанча (муддат ухлаган ҳолда)
турдинглар?» Улар(нинг айримлари): «Бир кун ё ярим кун турдик», дедилар.
(Қолганлари эса): «Қанча (ухлаб) турганларингизни ёлғиз Парвардигорингиз билур.
Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар. У энг сара, покиза
таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ-насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва
сизларни биронтага сездириб қўймасин.
20. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон
қилурлар, ёки яна ўзларининг динларига қайтарурлар ва у ҳолда ҳеч қачон қутила
олмассизлар», дейишди.
21. Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва
(қиёмат) соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни
ғордаги йигитларнинг аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар
уйқуларидан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар
ажаллари етиб вафот қилишгач), ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша
бошладилар. Бас, айрим кишилар: «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар.
Парвардигорлари уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши
билгувчидир», дедилар. Уларнинг устига ҳукмрон бўлган (подшоҳ ва Сарой аъёнлари
эса): «Албатта, биз улар (яъни асҳобул каҳф қабрининг) устида бир масжид қуриб
олурмиз», дейишди.
22. Ҳали улар (яъни, пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва
насронийларнинг айримлари ўша асҳобу каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари
итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир» деб
ғайбга тош отурлар (аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар
еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сиз «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот
Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур» денг! Бас, улар (яъни, замондош аҳли
китоблар билан асҳобул қаҳф) хусусда фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий
воситасида) очиқ мужодала-мунозара қилинг ва (асҳобул-каҳф) ҳақида уларнинг
биронтасида фатво-савол сўраманг!
23-24. Ва бирон нарса ҳақида: «Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман», дея
кўрманг, магар «Иншооллоҳ - Аллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб
қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг
(яъни, «иншооллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни,
Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришда ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ пайғамбар
эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса», денг!
Изоҳ: Мусаввирлар ривоят қилишларича, бу икки оят нозил қилинишига қуйидаги
воқеа сабаб бўлгандир: яҳудийлар қурайшлик арабларга: «Бориб Муҳаммаддан
сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ - жон ҳақида,
Асҳобул-Каҳф ва Зул-қарнайн тўғрисида хабар берсин», деган эканлар. Улар келиб
Пайғамбар алайҳиссаломдан шу ҳақда сўраганларида, у зот: «Эртага келинглар,
албатта сизларга жавоб қилурман», дебдилар-у, «Иншооллоҳ» сўзини қўшмабдилар.
Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга бир
танбеҳ бўлиб юқоридаги оятлар нозил бўлгандир.
25. Улар каҳф - ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда қилдилар.
Изоҳ: Ушбу оят Асҳобул-Каҳфни ўз ғорларида шамсий ҳисоб билан уч юз йил
турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил қўшилиши эса қамарий
ҳисобдан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга
тўғри келади.
26. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ
яхшироқ Билгувчироқдир. Осмонлар ва Ернинг сирлари Ёлғиз уникидир. У Зот нақадар
Кўргувчи, Эшитгувчидир! (Одамлар) учун Ундан ўзга бирон дўст-мададкор йўқдир. У
Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас».
27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган
Парвардигорингизнинг Китоби - Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг)
Сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз.
Изоҳ: Бу оят қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳиссаломга: «Бундан бошқа Қуръон
келтирсанг ёки унинг оятларини ўзгартирсанг, бизлар ҳам сенга иймон келтирар эдик»,
деганларида нозил бўлгандир.
28. Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, У
Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё
лаззатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини
Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши
инсофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!
Изоҳ: Макка зодагонлари Пайғамбар алайҳиссаломга: «Ёнингдан Билол, Суҳайб,
Аммор, Салмон каби қулларни қувсанг, бизлар ҳам сенга эргашар эдик», деганларида,
у кофир кимсаларга итоат қилмасликни буюриб, Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарига
юқоридаги оятни туширди.
29. Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас,
хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим -
кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб
қўйгандаирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга
эшитилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон
ичимлик у, нақадар ёмон жой у!
30. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар
каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз.
31. Улар учун остиларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар
у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган,
яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот
у, нақадар яхши жой у!
32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масалани
келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмозор
билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик.
33. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор
ҳам ўтказган эдик.
34. Яна унинг (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб:
«Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ», деди.
35. Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ -
менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман.
36. Ва (ҳеч қачон) Қиёмат қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар
Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам ҳам)
албатта бундан-да яхшириоқ оқибат - бахтни топурман».
37. Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни)
тупроқдан, сўнг нутфа - бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган
Зот - Аллоҳга кофир бўлдингми?!
38. Мен эса: «У - Оллаҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни
шерик қилмайман.
39. Сен боғинга кирган пайтигда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват
Ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан
ўзингдан камроқ деб билсанг;
40. Шоядки, Парвардигорим манга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар,
(сенинг боғинга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб
қолур.
41. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қолурсан».
42. (Дарҳақиқат), унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолга
ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфланган нарсаларни (ўйлаб), чапак чалганича
(афсус-надомат чекканича): «Қани эди, ман ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик
қилмаганимда!», деб қолаверди.
43. Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на
унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олгувчи бўлди.
44. У жойда (Қиёмат кунида ҳам) салтанат Ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб -
мукофот ато этгувчи ва энг хайрли оқибатни Бергувчи Зотдир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг! (У)
худди бир сув кабидирки, биз осмондан ёғдиргач, (аввал - киши ҳаётининг баҳорида) у
сабабли замин ибототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт Кузи
келгач), шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага
Қодир бўлган Зотдир.
46. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса
(абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга
арзирлироқдир).
47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ яланғоч
(тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз! У кунда)
Биз улардан бирортасини қўймай йиғдик.
48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга
айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни,
мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга
келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни Қиёматни қойим) қила
олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»
49. (Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас,
гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат
бўлгай, бу қандақ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини
ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини
ҳозиру нозир бўлган ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас.
50. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг»,
дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди.
Бас, Парвардигорнинг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам
болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларни дўст тутурмисиз?! Улар
сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнинг ибодат
қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир».
51. Мен уларни (иблис ва унинг зурриётини) на осмонлар ва Ерни яратишга ва на
ўзларини яратишга гувоҳ қилган эмасман (яъни, улар Еру осмонлар қандай
яратилганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлоқо билмайдилар,
буларнинг барчасини ёлғиз ўзим яратганман), шунингдек, Мен бу йўлдан
оздиргувчиларни (ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ (бас, сизлар нечун уларга
ибодат қилурсизлар)?!
52. У кунда (Қиёмат қойим бўлганида, Аллоҳ): «Сизлар менинг шерикларим деб
ўйлаган (бутларингизни) чақирингиз», дер. Бас, (мушриклар) уларни чорлаганларида,
(улар) жавоб қила олмайдилар. (Чунки) Биз уларнинг ўрталарида ҳалокат чоҳини
(Дўзахни) пайдо қилиб қўйгандирмиз.
53. Гуноҳкор кимсалар дўзахни кўриб, ўзларининг унга тушувчи эканликларини
ўйладилар, аммо ундан қочарга жой топмадилар.
54. Биз бу Қуръонда одамларга (панд-насиҳат олишлари учун) турли масалалар баён
қилидк. Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчидир.
55. Одамларга Ҳидоят келган пайтида, улар иймон келтиришларидан ав
Парвардигорларидан мағфират сўрашларидан фақат уларга ўтганларнинг суннати -
ҳалокатлари келиши ёки очиқ азоб келишини ( кутишларигина) тўсди (яъни, улар
аввалги кофир кимсаларга тушган ҳалокатга ё азобга лойиқ эканликларигина уларни
мўмин бўлишдан манъ қилди).
56. Биз пайғамбарларни фақат (мўъминга жаннат) хушхабарини элтувчи ва
(кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолларидагина юборурмиз.
Кофир бўлган кимсалар эса ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг
ёрдамида ҳақни енгмоқчи бўлурлар ҳамда Менинг оятларимни ва ўзлари
огоҳлантирилган нарсани (яъни, охират азобини) масхара қилиб кулурлар.
57. Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи
қилиб ўтган гуноҳларниунутиб қўйган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?!
Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб,
қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Демак, агар сиз уларни ҳидоят - ҳақ йўлга
чақирсангиз ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар.
58. Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар у зот уларни
(кофирларни) қилгун гуноҳлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур
эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга
бирон пуштипаноҳ топа олмаслар.
59. Ана у шаҳарларни (уларнинг аҳолисини), улар зулм қилишгач, ҳалокат вақтларини
аниқ белгилаб (яъни, пайғамбарларингизга итоат қилмасангизлар, ҳалок бўлурсизлар,
деб огоҳлантирганимиздан кейингина) ҳалок қилдик.
60. Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунича
ёки узоқ замонлар кезмагунича юришдан тўхтамайман»,- деган пайтини эслангиз.
Изоҳ: Мана шу оят билан Мусо ва Хизир пайғамбарлар ҳақидаги қисса бошланади.
Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъолога мурожаат қилиб:
«Бандаларинг орасида мендан илми зиёдароқ бўлган киши борми?»,- деб сўраганида,
Аллоҳ таъоло: «Ҳа, Хизир сендан олимроқ»,- деб жавоб қилган экан. Шунда Мусо: «У
зотни қандоқ излаб топурман?»- деганида, «Денгиз соҳилидаги қоя олдидан топурсан»,
деган жавоб бўлибди. «У ерга қандай борилур?» деб сўраганида, Аллоҳ таъоло айтган
экан: «Бир балиқни саватга солиб, йўлга чиқарсан. Қаерда уни йўқотиб қўйсанг,
Хизирни ўша ердан топурсан!» Шундан кейин Мусо хизматкор йигитга балиқ солинган
саватни бериб: «Бу балиқни йўқотган жойингда менга айтарсан»,- деб тайинлаб йўлга
тушибдилар.
61. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларни
унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб), денгизга қараб йўл олди.
62. Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: «Нонуштамизни (яъни, саватдаги
балиқни) келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик», деган эди;
63. У (хизматкор): «Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган)
пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу
воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга
(сездирмаган йўсинда) йўл олибди-я, ажабо»,- деди.
64. (Мусо) деди: «Мана шу биз истаган нарсадир». Сўнг уни (Хизирни) излаб
ортларига қайтдилар.
65. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, биз унга ўз даргоҳимиздан раҳмат
(яъни, пайғамбарлик) ато этган ва ўз ҳузуримиздан илм берган эдик.
66. Мусо унга: «Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим
беришинг учун сенга эргашсам майлими?»- деди.
67. У (Хизир) айтди: «Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр
қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас.
68. (Зотан), ўзинг эгаллаб олмаган - хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!
69. (Мусо) деди: «Иншооллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон
ишда сенга осийлик-итоатсизлик қилмасман».
70. У (Хизир) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон
нарса ҳақида мендан сўрамагин!»
71. Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани)
тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни (бизга кемаларидан жой берган) одамларни ғарқ
қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдинг-ку?!»
72. У (Хизир) деди: «Сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас,
демаганмидим?!»
73. (Мусо) айтди: «Унутганим сабабли мени айбламагин ва бу Ишим учун мени
машаққатга дусор қилмагин».
74. Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида, (Хизир) уни
ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ
ўлдирдинг-а?! дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!»
Ўн олтинчи жузъ
75. У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг
етмас, демаганмидим?!»
76. (Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга
ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда
мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)».
77. Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб унинг
аҳлидан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда
йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди:
«Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди».
78. У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени
сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.
79. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники
эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг)
ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб,
тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди.
80. Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўъмин кишилар эдилар. Бас, Биз у (бола) туғён
ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши
кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик.
81. Шу сабабдан, улар Парвардигорлари (бу бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра
меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.
82. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун
бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигорнинг
улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб
олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг бирортасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ.
Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».
Изоҳ: Мазкур Илоҳий қиссадан олинадиган ибрат Оллаҳ таоло томонидан бандаларга
берилган илимнинг нақадар чекланган эканлигина билишдир. Пайғамбарлар тарихидан
маълумки, Мусо алайҳиссалом «Каломуллоҳ - Аллоҳ таоло билан бевосита
сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан
савол-жавоб қилганларида, ўртада хатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган - бор
ҳақиқатни Ҳақ таолонинг Ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам
илимлироқ, одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки,
юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини
огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўулиб ўтган барча нарсалар тўғрисида
билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди
бўладиган нарсаларнингбилимини ҳам ато этгандирман - яъни, сен ўз илм-
маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд
бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг: «Ҳар бир билим
соҳиби устида ундан-да билимлироқ биров бордир», деган ояти каримасининг ҳақ
эканини яна бир карра исбот этади.
Энди қуйидаги оятларда Зул-қарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу
буюк шоҳнинг нима сабабдан Зул-қарнайн - икки шоҳ эгаси деб аталиши хусусида
хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шохи бўлган, десалар,
бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир муътабар манбаъда эса
ернинг шарқу ғарбига ҳукмронлик қилгани учун ҳам икки шоҳ эгаси деган ном олган,
дейилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлагн бандасининг
ер юзида ҳақни қарор топтириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади.
83. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), яна Сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг:
«Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қилурман».
84. Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-Қарнайнга) бу Ерда салтанат - ҳукумронлик бердик ва
(кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик.
85. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди.
86. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа
ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, сен
ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомилада бўлурсан», дедик.
87. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига
қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар.
88. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, униг учун гўзал оқибат -
жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз».
89. Сўнгра у (Шарққа қараб) йўл олди.
90. То (кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, унинг (қуёш) бир қавм устига
чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдик, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй,
либос каби) бирон парда қилмаган эдик.
91. Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишидаги қавмга
қилган муомилани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан Хабардормиз - (уни)
Иҳота қилиб олгандирмиз.
92. Сўнгра у яна йўл олди.
93. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай
олмайдиган қавмни учратди.
94. Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж
(номли қавмлар) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор)
ҳаражат - тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб
(бир тўғон қуриб) берурмисан?», дедилар.
95. У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган
мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) куч-қувват
билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай.
96. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар. То (темир парчалари) иккала тоғ
билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди: «Менга
эритилган мисс (ҳам) келтиринглар, у (темир парчаларнинг) устидан қуюрман.
97. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешиб ўтишга ҳам
қодир эмаслар.
98. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим
(Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим
бўлишига яқин қолганида), ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг
ваъдаси ҳақдир», деди у.
99. У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик.
Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик.
100. У кунда жаҳаннамни кофирларга кўндаланг қилиб қўйдик.
101. Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар (Менинг
панд-насиҳатларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар.
102. Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст тутишни (ўзим
яратган фаришталар ёки Ийсо каби пайғамбарни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?!
Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб тайёрлаб
қўйгандирмиз.
103. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп
зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?!
104. Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ
бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли - яхши амал қилаётган
кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»
105. Улар Парвардигорларининг оятларини ва (Қиёмат Кунида) У Зотга рўбарў
бўлишни инкор қилишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз
Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз!
106. Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара
қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!
107. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари
манзил бўлур.
108. Улар, у жойларда мангу қолур эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар.
109. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму
ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам,
Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!»
110. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам
сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий
этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши
амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани
(Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Аллоҳ учун
қилсин)».
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - инстаграм накрутка подписчиков