Тахажжуд намози китоби
Кечаси таҳажжуд ўқимоқ ва Аллоҳ таолонинг "ўзингга қўшимча вазифа (нафл) тариқасида кечаси таҳажжуд ўқиғил!" деган каломи шарифи хусусида
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси таҳажжудда қуйидаги дуони ўқир эрдилар: «Аллоҳумма лака-л-ҳамду, анта қаййиму-с-самавоти ва-л-арзи ва ман фийҳинна, ва ла-ка-л-ҳамду, лака мулку-с-самавоти ва-л-арзи ва ман фийҳин-на, ва лака-л-ҳамду, нуру-с-самавоти ва-л-арзи, ва ла-ка-л-ҳамду, анта малику-с-самавоти ва-л-арзи, ва ла-ка-л-ҳамду, анта-л-ҳаққу ва ваъдука-л-ҳаққу ва лиқоука ҳаққун ва қавлука ҳаққун ва-л-жаннату ҳаққун ва-н-нору ҳаққун ва-н-набиййууна ҳаққун ва Муҳаммадун саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққун ва-с-соъату ҳаққун, Аллоҳумма лака асламту ва бика оманту ва алайка таваккалту ва илайка анабту ва бика хосамту ва илайка ҳокамту, фағфирлий мо қаддамту ва мо аххарту ва мо асрартува мо аъланту, анта-л-муқаддамў ва анта-л-муаххару, ло илоҳа илло анта ав ло илоҳа ғайрука». Суфён разияллоҳу анҳу: «Абд ул-Карийм Абу Умаййа юқоридаги дуога «Ва ло ҳавла ва ло қуввата илло би-л-лоҳ» ни қўшимча қилган»,— дейдилар.
Дуонинг таржимаси: «Илоҳи, жамики мақтовлар сенга хосдир! Сен еру осмонларнинг ва ундаги борлиқнинг яратувчиси ва бошқариб турувчисидирсен, жамики мақтовлар сенга хосдир! Сен еру осмонлар ва ундаги барча нарсаларнинг эгасидирсен, жамики мақтовлар сенга хосдир! Еру осмонлар ёруғлиги сендандир, жамики мақтовлар сенга хосдир! Сен ҳақдирсен ва ваъданг ҳам ҳақдир, охиратда сени кўрмоқ ҳам ҳақдир. Сўзинг ҳақдир, жаннат ҳам ҳақ, дўзах ҳақдир. Жамики пайғамбарлар ҳам ҳақдир, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳақ ва қиёмат ҳам ҳақдир. Илоҳи, сенга бўйинсундим ва сенга иймон келтирдим ҳамда ўзингга таваккал қилдим, дилдан сенга тавба қилдим, сени деб (душманларинг бирлан) курашдим, уларга ўзинг жазо берғайсен, ўтган ва келгуси гуноҳларимни, хуфёна ва ошкора хатоларимни ўзинг кечирғил, сен якка-ю ягонадирсан, сендан бошқа илоҳ йўқдир!».
1-боб. Тунда туриб намоз ўқишнинг фазилати
Солимнинг оталари Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам ҳаётликларида бирор киши туш кўрса, (Расулуллоҳга) айтиб берар эрди. Мен ҳам бир туш кўрсам-у, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берсам, деб орзу қилар эрдим. Ёш йигитча эдим. Бир куни масжидда ухлаб ётганимда туш кўрдим. Тушимда икки фаришта келиб мени ушлаб дўзахга олиб боришди. Қарасам, дўзах қудуқ сингари атрофи ўралган бўлиб, унинг икки минораси бор эркан. Дўзахда одамлар юрибдир, уларни мен танидим. Сўнг, «Мени дўзах ўтидан асрағил!» деб Аллоҳга илтижо қила бошладим. Шу пайт ёнимизга яна бир бошқа фаришта келиб менга: «Қўрқмағил!» — деди (кейин уйғониб кетдим). Кўрган тушимни Ҳафса опамга айтиб бердим, ул эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берибдир. Шунда Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам: «Абдуллоҳ ўзи яхши йигит-у, лекин кошки эрди кечаси туриб намоз ўқимоқни одат қилса эрди!— дебдилар».
Шундан кейин Абдуллоҳ кечалари ухламай намоз ўқиб чиқадирган бўлган эркан.
2-боб. Тунги намозда узоқроқ сажда қилмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси 11 ракъат намоз ўқир эрдилар. Ҳар бир саждада сизлар 50 оят ўқиганингизда кетганча фурсат бош кўтармай турар эрдилар. Вомдод намозидан аввал эрса, икки ракъат суннат ўқиб олар эрдилар. Кейин, муаззин намозга чақиргунча ёнбошлар эрдилар».
3-боб. Касал одам тунги намозни ўрнидан турмай, ўтириб ўқийдир
Асвад разияллоҳу анҳуга Жундуб разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни ривоят қилган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлдилар. Шунда кечаси ўқийдирган намозни ўринларидан турмай, (ўтириб) ўқидилар».
Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бирмунча вақт келмай қўйдилар. Қурайш қабиласидан бир хотин: «Шайтони унинг олдига келмай қўйди» — деб гап тарқатди. Шунда, «Ва-з-зу-ҳо ва-л-лайли изо сажо мо ваддаъака раббука ва мо қало» деган оят нозил бўлди. Таржимаси: «Ёруғ кун ва қоронғу кеча ҳаққи, раббинг сендан ўз алоқасини узгани ҳам йўқдир ва сени ёмон кўриб қолгани ҳам йўқдир».
4-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намоз ва нафл ўқишга мажбур қилмай ундаганлари; Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламнинг (қизлари) Фотимани ва (куёвлари) Ҳазрат Алини (иккалаларидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин!) эшикни тақиллатиб, тунги намозга уйғотганлари
Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кечаси уйғониб: «Субҳоналлоҳ, бул кеча нечук фитналар ва нечук хазиналар нозил бўлди эркан?! (яъни, кимларга азоб ва кимларга раҳмат нозил бўлди эркан?!). Ким ҳужраларда ётганларни уйғотғайдир! Ё раб, бу дунёда кийимликлар у дунёда яланғочдирлар!» — дедилар».
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб ривоят қиладирлар:
«Бир куни кечаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мен бирлан қизлари Фотимани эшикни тақиллатиб уйғотдилар-да, «Намоз ўқисаларингиз бўлмайдирми?» — дедилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, жонимиз Аллоҳ таолонинг қўлидадир, эгар бизни уйғотмоқни хоҳласа, ўзи уйғотғайдир»,— деган эрдим, менга бир сўз ҳам айтмадилар. Бироқ қайтиб кетаётганларида қўлларини сонларига уриб: «Инсон ўзи азалдан шундоқ айтишқоқ эрди»,— деганларини эшитдим».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга фарз бўлиб қолмоғини қўрқиб ўзларига ёққан баъзи бир амалларни қилмас эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Зуҳо» намозини ўқиганларида, албатта мен ҳам бирга ўқийдирман».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кечаси масжидда намоз ўқидилар, уларга эргашиб, бир қанча кишилар ҳам ўқишди. Эртаси куни кечаси одам анча кўпайди. Учинчи ва тўртинчи кечага бориб эрса, ниҳоятда кўпайиб кетди. Келаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқмадилар. Тонг отгач, бомдод намозидан сўнг: «Таровиҳ намози ўқийдирман, деб қилган саъйу кушишингизни кўриб хурсанд бўлдим. Олдингизга чиқмоғимга ҳеч нарса монеълик қилгани йўқдир. Аммо, кечаси намоз ўқимоқ сизларга фарз бўлиб қолмоғидан қўрқғаймен»,— дедилар. Бу воқеа Рамазон ойида бўлган эрди».
5-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқлари шишиб кетгунча нафл ўқиганлари
Оиша онамиз:
«Ҳатто оёқлари ёрилиб кетар эрди»,— дегандилар.
Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси туриб намоз ўқир эрдилар, ҳатто (рукуъ, сажда қилавериб), оёқлари (ёким болдирлари) шишиб кетар эрди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ахир, сизнинг бутун гуноҳларингизни Аллоҳ афв қилган-ку!» — дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шукр қилгувчи банда бўлмайинми?»—дедилар».
6-боб. Саҳарда (турмай) ухлаган киши ҳақида
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир куни менга) бундай дегандилар: «Аллоҳ таолога кўпроқ Довуд алайҳиссаломнинг намоз ўқимаклари ва рўза тутмаклари ёқар эрди, Довуд алайҳиссалом ярим кечагача ухлар эрдилар. Кечанинг 1/3 қисмида ибодат қилар эрдилар ва 1/6 қисмида ухлар эрдилар. Кунора рўза тутар эрдилар».
Масруқ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилмоқни яхши кўрар эрдилар?» —деб Оиша онамиздан сўрадим. «Доимий ибодатни»,— дедилар. «Қачон туриб намоз ўқир эрдилар?»—дедим. «Хўроз қичқирганда»,— дедилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хўрознинг биринчи қичқириғини эшитибоқ туриб намоз ўқир эрдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг ҳужрамда ётиб қолган кунлари бирор марта ҳам туриб саҳарни қарши олган эрмаслар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир кеча Расулуллоҳ бирлан бирга намоз ўқидим. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмда узоқ туриб қолганларидан ҳатто ниятим бузилди»,— дедим Абу Воилга. «Не қилмоқчи бўлдингиз?» — деб сўради Абу Воил. «Расулуллоҳни қиёмда қолдириб, ўзим ўтириб олсаммикин, деган хаёлга бордим, дедим».
Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси таҳажжуд намозига турсалар, оғизларини мисвок бирлан тозалар эрдилар».
7-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайқи ва саллам тунги намозни қандай ўқир эрдилар? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайқи ва салламнинг тунги намозлари неча ракъат бўларди?
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, тунги намоз нечук ўқилур? — деди. «Икки-икки ракъатдан бўлғайдир, тонг отиб қолдимикин, деганингда эрса, бир ракъат ўқиб, витр қилғайсен»,— дедилар».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари 13 ракъат бўлур эрди. Ҳар 2 ракъатдан сўнг салом берар эрдилар».
Масруқ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Оиша онамиздан Расулуллоҳнинг тунги намозлари ҳақида сўрадим. Оиша онамиз: «Гоҳида 7 ракъат, гоҳида 9 ракъат ва баъзан 11 ракъат бўлар эрди, бомдод намозининг 2 ракъат суннати бунга кирмайдир»,— дедилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси 13 ракъат намоз ўқир эрдилар, бунга витр ва бомдоднинг 2 ракъат суннати ҳам кирғайдир».
8-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари ва уйқулари тўғрисида қамда кечаси намоз ўқишнинг фарз эканлигини бекор қилмоқ тўғрисида
Аллоҳ таоло тунги намоз тўғрисида бундай дейдир:
«Эй бурканиб ётган Пайғамбар алайҳиссалом, кечаси туриб намоз ўқиғил, туннинг озроқ қисмида (ёким ярмида ёким ундан ҳам озроғида ёким сал кўпроғида) ухлағил! Қуръони Кариймни шошилмасдан, тартиб бирлан ўқиғил, Биз сенга бул дунёда амал қилмоқ оғир, бироқ охиратда тарози босадирган ояти кариймалар нозил қилғайдирмиз. Кечаси туриб намоз ўқимоқ қийин бўлса ҳам, матни зеҳнга мустаҳкам ўрнашғайдир. Сенинг кундузи кўп тоат-ибодат қилмоғингни билурмен». Аллоҳ таоло яна бундай дейдир: «Аллоҳ таоло туни бирлан ибодат қилиб чиқмоққа қурбингиз етмаслиғин билур, шунинг учун ҳам сизларни кечирғайдир. Кечаси қўлингиздан келганича намоз ўқингиз! Аллоҳ таоло баъзи бирингизнинг бемор эканлиғингизни, баъзи бирингизнинг ризқ истаб, дунё кезиб юрганингизни ва баъзи бирингизнинг Аллоҳ йўлида ғазот қилаётганингизни билғайдир. Шунинг учун қўлингиздан келганича Қуръон тиловат қилингиз, намоз ўқингиз, закот берингиз ва Аллоҳ йўлида хайр-садақалар қилингиз! Бу дунёда неки яхшилиғ қилғайдирсиз, охиратда Аллоҳ ҳузурида бунинг эвазига ўйлаганингиздан кўра кўпроқ савоб топғайдирсиз!» Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Оятдаги «Ношиат ал-лайли» деган ибора ҳабашчасига кечаси туриб таҳажжуд намоз ўқимоқни билдирғайдир»,— дейдилар. Имом Бухорий: «Ашадду ватъан» деган ибора Қуръон оятларининг киши қулоғи, кўзи ва қалбига яхши ўрнашувчан эрканлиғини англатғайдир»,— дейдилар.
Анас разияллоҳу анҳу Ҳумайдга бундай деб ривоят қилган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг айрим кунлари рўза тутмай юрар эрдилар, ҳатто бутунлай рўза тутмасалар керак, деб ўйлар эрдик, баъзи кунлари эрса, қаторасига рўза тутар эрдилар, ҳатто энди оғиз очмасалар керак, деб ўйлар эрдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечаси қачон намоз ўқимакларини билмоқчи бўлиб, қай вақт борманг, ўшал вақтда намоз ўқиётганларини кўрар эрдингиз, шунингдек қачон ухламакларини билмоқчи бўлиб, қай вақт борманг, ўшал вақтда ухлаётганларини кўрар эрдингиз».
9-боб. Агар инсон кечаси туриб намоз ўқимаса, шайтон унинг орқа миясини тугиб қўядир
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз кечаси туриб намоз ўқимай ётаверсангиз, шайтон орқа миянгизга учта тугун тугкайдир, ҳар бир тугунча: «Кеча ҳали узоқ, ухлайверғил!» — деб дам урғайдир (куф-суф қилғайдир). Киши, агар уйқусидан уйғониб Аллоҳнинг зикрини қилса, тугуннинг биттаси ечилғайдир, агар туриб таҳорат олса, иккинчиси ечилғайдир, агар намоз ўқиса, учинчи тугун ҳам ечилиб, тоат-ибодатга ғайратли, дили хуш бўлиб қолғайдир. Агар кечаси уйғониб шундай қилмаса, эртаси дили ғаш ва ялқов бўлиб юрғайдир»,— деб айтдилар».
Сумра ибн Жундуб разияллоҳу анҳу туш тўғрисида ривоят қила туриб:
«Кимки тушида бошини тош бирлан ёраётганларини кўрса, демак ул Қуръони Кариймни ёдламак та унга амал қилмакни тарк этган ва фарз намозини ўқимай ухлаган одамдир!» — дедилар.
10-боб. Кимки намоз ўқимай ухласа, шайтон унинг қулоғига сийиб қўядир
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидаги бир суҳбатда «Бир киши тонг отгунча ухлаб, кечаси намозга турмади»,— деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ул кишининг қулоғига шайтон сийиб қўйибдир»,— дедилар.
11-боб. Тун охирлаб қолганда туриб дуо ва намоз ўқимоқ
Аллоҳ таоло:
«Яхши мўъминлар кечаси оз ухлаб, саҳарлари Аллоҳга истигфор айтғайдирлар»,— дейди.
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Раббимиз — Аллоҳ таоло Ҳазратлари ҳар кечанинг 1/3 қисми қолганда осмоннинг ерга энг яқин қаватига тушиб: «Ким мени даъват қилғайдир, мен унга лаббай дегаймен, кимки мендан тилак тилағайдир, тилагига етказғаймек, ким мендан кечирим сўрағайдир, уни кечирғайдирмен»,— дейди».
12-боб. Туннинг биринчи қисмида ухлаб, унинг охирги қисмини бедор ўтказган киши
Салмон Форсий Абу Дардоъ разияллоҳу анҳуга:
«Туннинг биринчи қисмида ухлаб, унинг охирги қисмида уйғоқ бўлғил! Расулуллоҳ шундай деганлар»,— деб айтдилар.
Асвад разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси нечук намоз ўқир эрдилар?» — деб Оиша онамиздан сўрадим. Оиша онамиз: «Кечанинг биринчи қисмида ухлаб, охиргй қисмида намоз ўқир эрдилар. Кейин, жимоъ қилгилари келса, тўшакка келиб ётар эрдилар. Муаззин келиб азон айтганда, агар лозим бўлса, ғусл қилар эрдилар, лозим бўлмаса, таҳорат олиб намозга чиқар эрдилар».
13-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ва бошқа кунлари кечаси туриб намоз ўқиганлари ҳақида
Абу Салама разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечалари нечук намоз ўқир эрдилар?» — деб Оиша онамиздан сўрадилар. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ойида ҳам, бошқа ойларда ҳам кечаси туриб ўқийдирган намозлари 11 ракъатдан ошмас эрди,— дедилар Оиша онамиз,— аввал 4 ракъат ўқир эрдилар. Ҳар бир ракъатни нақадар узоқ ва маромига етказиб адо этмакларини сўрамасанг ҳам бўлур. Кейин, яна тўрт ракъат ўқир эрдилар, буни ҳам шу қадар узоқ ва маромига етказиб адо этар эрдиларки, асти қўявергил! Ундан сўнг, яна уч ракъат намоз ўқир эрдилар. Бир куни Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, витр ўқимай ухлайдирмисиз?» — десам, Эй Оиша, кўзим ухлайдир-у, қалбим ухламайдир»,— деб жавоб қилдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намознинг ҳар бир ракъатида ўтириб қироат қилганларини кўрмадим. Фақат, кексайиб қолганларидагина кечаси нафл намозини ўтириб ўқир эрдилар, шунда ҳам 30—40 оят қолганда ўринларидан туриб ўқир эрдилар, кейин рукуъ қилар эрдилар».
14-боб. Кеча-ю кундуз таҳоратли юрмоқнинг фазилати
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози олдидан Билолга: «Эй Билол, қани айтғил-чи менга, ислом йўлида қилган энг савобли ишинг қайсидир? Чунким мен жаннатда ёнгинамда сенинг оёқ товушларингни эшитдим»,—дедилар. Билол: «Мен кечасими, кундузими, доимо таҳорат олиб юрғайдирмен ва шул таҳоратим бирлан менга буюрилган ҳамма намозларни ўқиғайдирмен»,— дедилар».
15-боб. Ибодатни қийинлаштириб юборишнинг макруҳлиги тўғрисида
Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирсалар, масжиднинг икки устунига арқон боғлаб қўйилган эркан. Шунда, «Бу нечук арқондир?» — деб сўрадилар. «Бу — Зайнаб онамизнинг арқонлари. Намоз ўқиётганларида шунга осилиб қиёмга турғайдирлар»,— дейишди саҳобалар. Расулуллоҳ: «Бундай қилмангиз, ҳар ким қувватига қараб намоз ўқисин, қиёмга туролмаса, ўтириб ўқисин!»—дедилар».
Оиша опамиз ривоят қиладирлар:
«Баний Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эрди. Шул пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кириб келиб: «Бу аёл кимдир?»—деб сўрадилар. «Бу — ўшал, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадйрган аёл»,— дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг нечук намоз ўқимога тўғрисида сўзлашдик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай қилмангиз, амали солиҳларни қурбингяз етганча адо этингиз, қанча ибодат қилсангиз ҳам, Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин!» - дедилар».
16-боб. Кечалари ибодат қиладирган одамнинг тарки одат қилмоғи макруҳ
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абдуллоҳ, фалончи қабилида иш тутмағил! Ул кечалари туриб ибодат қилур эрди, энди эрса, тарки одат қилди»,— дедилар».
17-боб.
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Сенинг тўғрингда менга айтган сўзлари тўғрими? Сен кечалари туриб ибодат қилур эркансан, кундузи эрса, рўза тутар эркансан?» — дедилар. Мен: «Ҳа, шундоқ қилурмен»,— дедим. «Агар шундоқ қилур эрсанг, кўзинг киртайғайдир, силланг қуриғайдир, ахир, баданингнинг ҳам, бола-чақангнинг ҳам сенда ҳаққи бордир-ку! Баъзи кунлари рўза тутғил, баъзи кунлари тутмағил, кечанинг айрим соатларида ибодат қилгил ва айрим соатларида ухлаб дам олғил!» — дедилар Жаноб Расулуллоҳ».
18 боб. Кечаси уйгониб намоз ўқиган одамнинг фазилати ҳақида
Убода ибн Сомит:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда бундай деганлар»,— деб ривоят қиладирлар:
«Кимки кечаси уйғониб: «Ло илоҳа илла-л-лоҳу ваҳдаҳу, ло шарийка лаҳу, лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ало кулли шайъин қадийр. Ал-ҳамду ли-л-лоҳи ва субҳона-л-лоҳи ва ло илоҳа илла-л-лоҳу ва-л-лоҳу акбар ва ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ» (таржимаси: «Аллоҳдан бошқа тангри йўқдир, унинг ёлғиз ўзигина мавжуддир, унинг шериги йўқдир, жамики мулк уникидир, барча мақтовлар унга хосдир ва у ҳар бир нарсага қодирдир! Аллоҳта мадҳу мақтовлар бўлсин! Аллоҳдан ўзга тангри йўқдир, Аллоҳ энг буюкдир! Аллоҳ иродасисиз ҳеч нарса бўлмағайдир») деган дуони ўқиб, сўнг «Илоҳи, мени кечирғил!» деса, дуоси мустажоб бўлғайдир, кейин таҳорат олиб намоз ўқиса, намози қабул бўлғусидир».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
«Абдуллоҳ ибн Равоҳа, албатта, ёмон (нотўғри) сўз айтмағайдир»,— деб қуйидаги қиссани (шеърни) айтиб бердилар:
«Доимо Аллоҳ Китобин ўқир Ҳазрат Расулуллоҳ,
Қоп-қаро тун бағрини юз пора қилган тонг гувоҳ.
Кўрсатиб бизга ҳидоят, ҳақ йўлиға бошлади,
Биҳамдиллоҳ, сўқир кўзлар очилди, бўлмадик гумроҳ.
Мушрикийлар жисмига парқу тўшак ҳам ботганида,
Расулуллоҳ остлари қотди тўшаксиз тун бўйи, э воҳ!»
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида туш кўрсам, қўлимда бир парча «истабрақ» деган мато бор эрмиш. Мен ўшал мато парчаси Жаннатнинг қай ерига учиб борса, ўша жойга бормакни истар эмишман. Бир пайт, икки киши келдию, мени ушлаб дўзахга олиб бормоқчи бўлди. Йўлда бир фаришта йўлиқиб менга: «Қўрқмағил!» — деди. Кейин, уларга қараб: «Қўйиб юборингиз!» — деб айтди. Мен тушимни Ҳафса опамга айтган эрдим, ул Расулуллоҳга айтиб берибдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абдуллоҳ ўзи қандоқ яхши йигитдир, бироқ кечаси туриб намоз ўқиса эрди!»—дебдилар».
«Шу-шу Абдуллоҳ кечаси туриб намоз ўқийдирган бўлди,— дейдилар Нофиъ,— Бир куни саҳобаи киромлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрган тушларини айтиб, таъбирини сўрашди. Рамазоннинг охирги 10 кунлигининг 7- нчи кечаси (Қадр кечаси) эрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назаримда, барчангизнинг тушингиз Рамазоннинг охирги 10 кунлигига тўғри келиб қолибдир. Кимки Қадр кечасини кутиб олмоқчи эрса, Рамазоннинг охирги 10 кунлигида кутсин!» — дедилар».
19-боб. Бомдодда икки ракъат қўшимча намоз ўқиш ҳақида
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон ўқидилар, кейин яна 8 ракъат намоз ўқидилар, сўнг ўтирган ҳолда икки ракъат намоз ўқидилар. Бомдоднинг азони бирлан такбири ўртасида эрса, икки ракъат (қўшимча) намоз ўқиб олдилар. Бу одатни сира ҳам тарк этмас эрдилар».
20-боб. Бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқигандан сўнг ўнг қўлини босиб ёнбошламоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқиганларидан сўнг ўнг қўлларини босиб ёнбошлар эрдилар».
21-боб. Бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқиб бўлгандан кейин ёнбошлаш ўрнига сўзлашиб ўтирмоқ
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг суннатини ўқиб бўлганларидан кейин, агар уйғоқ бўлсам, мен бирлан сўзлашиб ўтирар эрдилар, агар уйғоқ бўлмасам, муаззин азон айтгунча ёнбошлар эрдилар».
22-боб. Нафл намозларини икки-икки ракъатдан ўқиш тўғрисидаги ҳадислар
Аммор, Абу Зарр, Анас, Жобир ибн Зайд, Икрима ва Зуҳрий (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) ҳам нафл намозларининг икки-икки ракъатдан ўқилмоғини эслатиб ўтганлар. Яҳё ибн Саъид: «Кундузи ўқиладирган нафлнинг ҳар икки ракъатидан кейин салом бермаган бирорта ҳам уламони (фақиҳни) билмасмен».— дейдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Қуръони Карийм сураларини ўргатганларидек ҳар бир ишда истихора (Аллоҳдан тилак тиламоқ) айтишни ўргатар эрдилар. Бир куни Жаноб Расулуллоҳ: «Агар бирор ишга бел боғласангиз, аввал икки ракъат фарзсиз намоз ўқингиз, сўнг мана бу дуони айтингиз, дедилар: «Аллоҳумма астахийрука би-илмика ва астақдирука би-қудратика ва асъалука мин фазлик-ал-азийм, фа-иннака тақдиру ва ло ақдиру ва таъламу ва ло аъламу ва анта аллому-л-ғуйуб, Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳоза-л-амр хайрун лий фий дийний ва маъоший ва оқибати амрий (ав қола ожили амрий) ва ожилиҳи фа-қдирҳу лий ва йассирҳу лий, сумма борик лий фийҳи ва ин кунта таъламу ҳоза-л-амр шаррун лий фий дийний ва маъоший ва оқибати амрий (ав қола фий ожили амрий) ва ожилиҳи фа-срифҳу анний ва-срифний анҳу ва-қдир лийи-л-хайр ҳайсу кона, сумма арзиний биҳи». «Мазкур дуони айтиб бўлгач,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ,— Аллоҳга ўз тилагингизни айтғайсиз». Дуонинг таржимаси: «Илоҳи, мени илмингдан огоҳ қилғил! Қудратинг ила мени бардам қилғил! Чексиз фазлу карамингдан мени баҳраманд этғил! Илоҳи, мен бел боғлаган иш динимга, ҳаётимга ҳамда касбу коримга яхшилиғ келтирадими, йўқми, ўзинг билғайдирсен. Агар яхшилиғ келтирадирган бўлса, уни менга насиб айлаб, осон қилғил ва унга барака ато этғил! Илоҳи, мен бел боғлаган иш динимга, ҳаётимга ва касбу коримга ёмонлиғ келтирадими, йўқми, ўзинг билғайдирсен. Агар ёмонлиғ келтирадирган бўлса, уни мендан, мени ундан йироқ айлағил! Менга яхшилиғ келтирадирган ишни раво кўриб, рози қилғил!»
Абу Қатода разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бирингиз (намоздан ташқари вақтда) масжидга кирсангиз ўтирмасдан аввал икки ракъат намоз ўқингиз!»— деганлар».
Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга имомлик қилиб, икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг: «Меҳмондорчиликдан қайтишда дуо ўрнига намоз ўқингиз!»—дедилар».
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайгқи ва саллам бирлан бирга пешиндан аввал икки ракъат, пешиндан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқидим, сўнгра жумъадан кейин ҳам, шомдан кейин ҳам, хуфтондан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқидим».
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилидирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъада хутба қилатуриб: «Бирортангиз имом хутбада турган пайтда ёким хутба айтгани чиқаётган вақтда масжидга келсангиз, икки ракъат намоз ўқингиз!» — дедилар».
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Уйга келганимда менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Каъбатуллоҳга кириб кетганларини айтишди. Жаноб Расулуллоҳни Каъбадан чиқиб келаётганларида учратдим. Каъба эшиги олдида Билол турган эркан, «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбада намоз ўқидиларми?» — деб сўрадим. «Ҳа, намоз ўқидилар»,— деди Билол. «Каъбанинг қай ерида?» — дедим. «Анави икки устун оралиғида намоз ўқидилар, сўнг ташқарига чиқиб, Каъбага юзланиб яна икки ракъат намоз ўқидилар»,— деди».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
«Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга икки ракъат Зуҳо намозини ўқимакни тайинладилар»,— дейдилар.
Атбон разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан Абу Бакр Сиддиқ кун ёйилганда меникига келдилар, биз Расулуллоҳнинг орқаларида саф тортдик, ул киши бизга имомлик қилиб, намоз ўқидилар,— дейдилар.
23-боб. Бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқигандан кейин сўзлашиб ўтирмоқ
Оиша разияллоҳу анҳо:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат намоз ўқиб, менга қарар эрдилар, агар мен уйғоқ бўлсам, мен бирлан сўзлашиб ўтирар эрдилар, агар уйғоқ бўлмасам, ёнбошлар эрдилар»,—дейдилар.
Али ибн Абдуллоҳ. «Бомдоднинг икки ракъат суннатида шундоқ қилганлар, дейишади, деб Суфёнга айтганимда, ул: «Ҳа, бомдоднинг икки ракъат суннатида, деб тасдиқлади»,— дейдилар.
24-боб. Бомдодда икки ракъат суннат ўқишни одат қилмоқ ва бомдоднинг икки ракъат суннатини «нафл» деган киши ҳақида
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларининг бирортасига ҳам бомдоднинг фарзидан аввал ўқиладирган икки ракъат намозга одатлангандек, қаттиқ одатланган эрмаслар».
25-боб. Бомдод намозининг икки ракъат суннатида нималар ўқиладир?
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:ф
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси 13 ракъат намоз ўқир эрдилар, сўнг бомдодга азон айтилганини эшитиб, икки ракъат суннат ўқир эрдилар, суннатда «Қўл ё аййуҳа-л-кофирун» бирлан «Қул ҳува-л-лоҳу аҳад»ни қироат қилур эрдилар».
Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоднинг икки ракъат суннатини жуда қисқа ўқир эрдилар, ҳатто мен ўзимга-ўзим: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фотиҳа» сурасини ўқидилармикан?»—деб қўярдим».
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка вк