"."
Меню

Талок китоби

Зиҳорга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Зиҳордан мурод – бир киши хотинига ундан жинсий тарафдан фойдаланишдан воз кечиш қасдида: «Сен менга онамнинг – ёки опа-синглимнинг – бадани каби (ҳаром)сан» дейиши ёки хотинини ўзига насаб ёки эмизиш ёки қудачилик орқали маҳрам бўлган аёллар баданидек қилиб олишидир. Кимда-ким хотинини (яъни баданини) ўз маҳрамларидан бирортаси (бадани)га ўхшатса (яъни, ўшаларга ўхшаган ҳаром қилиб олса), зиҳор қилган бўлади.

Зиҳорнинг ҳукми – ҳаромдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар» (Мужодала: 2). Яъни, улар шариатда эътироф этилмайдиган ботил сўзни айтган бўладилар, уларнинг бу сўзлари ғирт ёлғон, очиқ ҳаром ва мункар сўздир. Чунки, зиҳор қилувчи ўзига Аллоҳ ҳаром қилмаган нарсани ҳаром қилиб олган бўлади ва хотинини онаси қаторига қўйган бўлади, аслида эса ундай эмасдир.

Жоҳилият даврида зиҳор қилинган аёл гўёки онага айланиб қолар ва бу билан унга талоқ тушар эди. Ислом келгач, бу ишни рад қилди ва уни каффорат тўлайдиган қасам деб эътибор қилди. Зиҳор қилган эр ва зиҳор қилинган хотин то эр зиҳорига каффорат бермагунича бир-биридан жимоъ ва унга олиб борувчи воситаларда фойдаланиши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир...» (Мужодала: 3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиҳор қилган кишига: «То Аллоҳ сенга буюрган ишни қилмагунча унга яқинлашма», деганлар (Термизий (1199), Абу Довуд (2221), Насоий (3457), Ибн Можа 92065) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган).

Зиҳор қилган эр зиҳор қилинган аёлига қўшилишга қарор қилса, аввал каффорат чиқариши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма­сида эр-хотин)қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга)қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор­дир»(Мужодала: 3, 4), деди. Ушбу икки ояти карима зиҳор қилинган аёл билан қўшилишга каффорат лозим бўлишига далолат қилади, каффоратни қўшилишдан олдин, шунга азм қилган пайтда чиқариш лозим бўлади. То каффорат чиқармагунича хотини унга ҳаром бўлиб қолаверади. Бу аксарият аҳли илмлар сўзидир.

Зиҳорнинг каффорати қуйидаги тартибда фарз бўлади: қул озод қилиш, агар қул тополмаса ёки қул озод қилиш учун етарли пул тополмаса, икки ой давомий рўза тутиш, агар касаллик ё бошқа бирон узр сабабли рўза тутолмаса, олтмишта мискинга таом бериш. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма­сида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор­дир» (Мужодала: 3, 4).

Қул озод қилиш шарти – озод қилинадиган қул мўмин бўлиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло беқасд одам ўлдириш каффорати ҳақида: «Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши... вожибдир», деди (Нисо: 92). Зиҳорнинг каффорати ҳам шунга қиёс қилинади ва мутлақни муқайядга ҳамл қилинади.

Озод қилинадиган қул ишлай олишига очиқдан-очиқ тўсқинлик қиладиган айб-нуқсондан холи бўлиши шарт қилинади. Чунки, озод қилишдан мақсад қулни ўз манфаатларига эга қилдириш ва ўзи учун тасарруф қилишига имкон яратиб бериш бўлиб, очиқ айбу нуқсони бўлган, яъни кўзи ожиз, қўл ё оёғи шол бўлган ҳолда бу нарса ҳосил бўлмайди.

Рўза билан каффорат тўлаш учун қуйидагилар шарт қилинади:

  1. Қул озод қилишга қодир бўлмаслиги.
  2. Икки ой давомий (узлуксиз) рўза тутиши, яъни шу икки ой рўзасини бўлмаслиги. Илло, ўртада Рамазон рўзаси каби фарз рўза билан ёки рўза тутмаслик фарз бўлган, ийд ва ташриқ кунларидаги оғиз очиқлик билан ёки сафар ё беморлик каби узрли оғиз очиш билан каффорат рўзаси орасини бўлиши мумкин. Бундай ҳоллардаги оғиз очиқлик узлуксизликни бузиш саналмайди.
  3. Каффорат рўзасини тунда (тонг отмасдан) ният қилиши.

Таом бериш билан каффорат тўласа, қуйидагилар шарт қилинади:

  1. Рўза тутишга қодир бўлмаслиги.
  2. Таом берилаётган мискин закот берилиши жоиз бўлган озод мусулмон киши бўлиши.
  3. Ҳар бир мискинга бериладиган таом миқдори бир муд буғдой ёки бошқа нарсанинг ярим соъидан кам бўлмаслиги.

Умуман каффорат бериш учун ният шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ният билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади», деганлар.

Зиҳорнинг каффорати ва мазкур тартибда бўлишига Қуръон далилидан ташқари Суннатдан ҳам далил бор. Хавла бинт Молик ибн Саълаба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эрим Авс ибн Сомит мендан зиҳор қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига шикоят қилиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрим ҳақида мен билан баҳсга киришиб: «Аллоҳдан қўрққин, у амакиваччанг бўлади», дердилар. Ҳали ўрнимдан жилмасимдан Қуръон нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди»(Мужодала: 1). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У қул озод қилади», дедилар. Мен: «(Бунга имкон) тополмайди», дедим. «Унда икки ой узлуксиз рўза тутади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, у кекса мўйсафид, рўза тутолмайди», дедим. «Унда олтмишта мискинга таом берсин», дедилар. «Унинг садақа қилишга нарсаси йўқ», дедим. «Унда мен унга бир арқ (яъни, олтмиш соъ) хурмо билан кўмак бераман», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам унга бир арқ хурмо билан ёрдамлашаман», дедим. «Яхши қиласан. Бор, уни олтмишта мискинга таом қилиб улаш ва амакиваччанг (яъни, эринг)га қайт», дедилар (Абу Довуд (2214) ривояти).

Динимиз ана шундай улуғ диндир. Унда ҳар бир муаммо учун, шу жумладан эр-хотин ўртасидаги муаммоларга ҳам ечим мавжуд. Мана, жоҳилият даврида ечимсиз саналган ва эр-хотин ўртасини ажратиб юборишдан ўзга чора кўрилмаган зиҳор муаммосини динимиз қандай ҳал қилиб берди!

Қолаверса, каффоратни вожиб қилишда ҳам динимиз эрнинг шароитларига риоя қилишини ва эрнинг ҳолатига қараб, каффоратнинг қул озод қилиш, рўза тутиш ва мискинларга таом беришдан у қодир бўладиган турини машруъ қилганини кўрамиз. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

 

Лиъонга (лаънат айтишувга) доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бузуқликка алоқаси бўлмаган бир пок инсонни бузуқликда айблаб, унинг шаънига бўҳтон қилишни ҳаром қилди ва бундай қилган кишини жуда қаттиқ азоб билан огоҳлантирди: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

Аллоҳ таоло бировни бадном қилган кишига агар ўз гапининг ростлигига гувоҳлик берадиган тўртта гувоҳ олиб келиш билан ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмаса, саксон дарра уришни ва агар тавба қилмаса ва ўзини тузатмаса, уни гувоҳлиги қабул қилинмайдиган фосиқ деб эътибор қилишни вожиб қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина(фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур: 4, 5). Ўз аёлидан бошқани бузуқликда айблаган кишига ана шундай кескин ижролар қўлланилади.

- Аммо, агар бир киши ўз хотинини зинокорликда айбласа, у учун бошқачароқ ечим мавжуддир. У ҳолда юқоридаги ижролар ўрнига «лиъон» (лаънат айтишув) деб аталувчи амалияни қўлланилади. Лиъон – ҳар икки тарафнинг ўзига лаънат ва ғазаб тилаб ичган қасами билан қувватланган гувоҳликлардир.

Агар бир киши ўз хотинини зино билан айбласа ва ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмаса, лаънат айтишув амалиясини бажариш билан ундан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир). У(аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри)ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир» (Нур: 6-9).

Аввал эр тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, мана шу хотиним зино қилди» деб агар хотини шу ерда бўлса, унга ишора қилиб кўрсатади, агар бу ерда бўлмаса унинг номини аниқ қилиб айтади, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар ёлғон айтаётган бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қўшиб қўяди.

Сўнгра хотини тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, у мени зинокорлик билан айблаб, туҳмат қилди», дейди, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар у (яъни, эри) рост айтаётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деган сўзларни зиёда қилади. Аёл ғазабга хосланишига сабаб, ҳақни билиб туриб инкор қилган киши ғазабга дучор бўлувчидир.

Лиъон саҳиҳ бўлиши учун эр-хотиннинг ҳар иккиси мукаллаф (оқил ва болиғ) бўлишлари, эр хотинини зино билан айблаши, хотини эса уни ёлғончи қилиши ва бу то лиъон тамомига етгунича ҳам давом этиши ва лиъон қозининг ҳукми билан амалга ошиши шарт қилинади.

Юқорида айтилган шартлари топилган кўринишда лиъон амалга ошгач, бунинг натижасида:

  1. Эрдан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади.
  2. Эр-хотин ўртасида ажралиш содир бўлади ва хотин эрга абадий ҳаром бўлади.
  3. Агар эр лиъон пайтида: «Бу бола мендан эмас», деса, болани унга нисбат берилмайди.

Эр қачонки хотинини зино қилаётганини кўрса ва ҳужжат барпо қилишга имкони бўлмаса, ёки хотинининг зино қилганини қувватловчи кучли аломатларни билса, масалан, фожирлик билан танилган бир эркакнинг хотини ҳузурига кирганини кўрса, шунда лиъонга мажбур бўлади.

Эр учун лиъоннинг машруълигидаги ҳикмат шуки, хотинининг зинокорлиги сабабли эрга ор-шармандалик етар ва бу ор унинг тўшагини булғаган бўлар, бировнинг боласи унга нисбатланар, у эса аксарият ҳолларда хотинга қарши ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмай қолиши, хотин эса ўз жиноятига иқрор бўлмаслиги ва эрнинг хотинга қарши даъвоси мақбул бўлмай қолиши мумкин эди. Бу ҳолда ҳар иккиси учун жуда оғир қасам билан қасам ичишдан бошқа йўл қолмайди ва лиъоннинг машруъ бўлиши бу муаммо учун ечим ва эрдан ҳаражни кўтариш бўлди.

Эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи бўлмагач, хотинга ҳам эрнинг қасамига қарама-қарши бўлган маънода такрор-такрор қасам ичишига имкон берилади ва шу билан у ўзидан зинокорлик жазосини даф қилади. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, унга бўҳтончилик жазоси урилиши фарз бўлади. Агар эр қасам ичганидан сўнг хотин қасам ичишдан бош тортса, эрнинг қасами ва хотиннинг бош тортиши кучли далилга айланади.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганидек, мана шу иш устида далил барпо бўлади (Ҳошияту Ибнил Қаййим: 12/165).

Молик, Шофиий, Аҳмад ва бошқалар мазҳабига кўра, агар хотин бош тортса, унга ҳад-жазо берилади. Шу фикр тўғрироқ, Қуръон ҳам шунга далолат қилади.

Зарурат пайтида лиъон машруъ эканига суннатдан ҳам далил бор. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда ривоят қилинишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан лаънат айтишувчи эр-хотин ҳақида сўралиб: «Уларни ажратиб юбориладими?», дейилганда у киши: «Субҳаналлоҳ! Ҳа, албатта. Бу ҳақда биринчи бўлиб сўраган одам фалончи ўғли фалончи эди. У: «Ё Расулуллоҳ! Айтингчи, агар биримиз аёлини бузуқлик устида топса, нима қилиши керак? Гапирса, оғир гапни гапирган бўлади. Индамай қўя қолай деса, яна оғир», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар ва унга жавоб бермадилар. Кейинроқ ҳалиги одам яна келди ва: «Сиздан сўраган нарсага ўзим мубтало бўлганман», деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло «Нур» срасидаги «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар...»оятларини нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятларни унга ўқиб бердилар, унга панд-насиҳат қилдилар ва дунёдаги азоб охиратдаги азобдан енгилроқ эканини айтдилар. У одам: «Йўқ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен унга туҳмат қилмадим», деди. Кейин у зот унинг аёлини чорлаб, унга ҳам панд-насиҳат қилдилар ва дунёдаги азоб охиратдаги азобдан енгилроқ эканини айтдилар. У ҳам: «Йўқ, сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, у ёлғон айтяпти», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал эркакдан бошладилар, у тўрт марта Аллоҳ номига қасам ичиб, ўзининг рост сўзлаётганига гувоҳлик берди. Бешинчисида агар ёлғон айтаётган бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўради. Кейин аёлга қасам ичкиздилар, у тўрт марта Аллоҳ номи билан қасам ичиб, унинг ёлғончилигига гувоҳлик берди. Бешинчисида агар у рост айтаётган бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини сўради. Сўнг уларни ажратиб юбордилар» (Бухорий (5311) ва Муслим (1493) ривоятлари).

 

Насабнинг қўшилиши ва қўшилмаслигига доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Агар бир кишининг хотини ёки чўриси ундан бўлиши мумкин бўлган фарзандни дунёга келтирса, боланинг насаби унга қўшилади ва унинг фарзанди бўлади. Бу гўё унинг тўшагида туққандек бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола тўшакникидир», деганлар (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Боланинг ундан бўлиши мумкинлиги бир неча ҳолатларда бўлади:

Биринчи ҳолат: Ўша аёл эрининг никоҳида бўлиши ва эри у билан қўшилиши ва бирга бўлиши мумкин бўлган пайтдан ярим йил ўтгач туғиши, эри ҳозир бўладими, ғойибми, фарқсиз. Бунда боланинг ундан бўлиши имкони муҳаққақ ва бунинг зидди топилмади.

Иккинчи ҳолат: Эрининг никоҳида бўлмаслиги ва эридан ажралганидан сўнг тўрт йилдан камроқ муддат ичида туғиши. Бунда ҳам боланинг насаби у одамга қўшилади. Чунки, ҳомиланинг энг узоқ муддати тўрт йилдир. Агар шу муддатга етмай туғса, бола ўша талоқ қилган эрдан бўлиши мумкин бўлиб, насаби унга қўшилади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам боланинг насаби эрга ёки талоқ қилган эрга қўшилиши учун ўша эр фарзанд кўриши мумкин бўлган кишилардан бўлиши, яъни камида ўн ёшга етган бўлиши шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганда намоз ўқимасалар уринглар ва ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 586). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу ёшда болалар ўртасини ажратишга буюришлари уларнинг жинсий алоқа қилишлари мумкинлигига далил бўлади. Жинсий алоқа фарзандли бўлиш сабабидир. Бу эса ўғил болани гарчи ўн ёшда балоғатга етганликка ҳукм қилинмаса ҳам, туғилган боланинг насаби ўн ёшар болага қўшилиши мумкинлигига далилдир. Зеро, балоғатга етганликка унинг аломатлари кўриниши билан ҳукм қилинади. Биз туғилган боланинг насабини сақлаб қолиш ва эҳтиёт йўлини тутиб, ўн яшар боланинг жинсий алоқа қилиши мумкинлиги эҳтимолидан келиб чиқдик, холос.

Учинчи ҳолат: Агар эр хотинини ражъий талоқ қилган бўлса, талоқ қилганидан ва идда муддати тамом бўлмасидан тўрт йил ўтиб туғса, боланинг насаби унга қўшилади. Шунингдек, ражъий талоқ қилинган хотин иддаси тамом бўлганидан бошлаб тўрт йил ўтмасдан туғса, унда ҳам боланинг насаби эрга берилади. Чунки, ражъий талоқ қилинган хотин ҳақиқий хотин ҳукмида бўлиб, талоқдан кейинги ҳолати ундан олдинги ҳолати билан бир хил бўлади.

-Чўридан туғилган боланинг насаби хожага нисбат берилиши учун ўша шахс чўриси билан қўшилганини эътироф қилиши ёки бу хусусда унга қарши ҳужжат барпо бўлиши, сўнг хожанинг эътирофи ёки ҳужжат билан собит бўлган ўша қўшилишдан сўнг чўри олти ой ва ундан кўпроқ муддат ичида туққан бўлиши керак. Шу билан боланинг насаби ўша кишига қўшилади. Чунки, чўри бу билан унга тўшакка айланган бўлади ва «Бола тўшакникидир» (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар) ҳадиси ичига дохил бўлади.

-Ёки хожа чўриси билан қўшилганини эътироф этиши, кейин – шу эътирофидан сўнг – уни сотиб юборган ёки озод қилган бўлиши, чўри сотилганидан ёки озод бўлганидан сўнг олти ой 2чида туғиши ва туғилган бола яшаб қолиши керак бўлади. Шунда унинг насаби хожага қўшилади. Чунки, ҳомиланинг энг кам муддати олти ойдир. Олти ой ичида туғиб, боласи яшаб кетса, демак, сотиб юборишидан ёки озод қилишидан олдин унга ҳомиладор бўлганлиги маълум бўлади. У ҳолда чўри унга тўшакка айланган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола тўшакникидир», деганлар (Бухорий (2218) ва Муслим (1457) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар)

Иккита ҳолатда боланинг эрдан бўлган бўлиши рад этилади:

Биринчи ҳолат: Хотин шу эрга текканидан сўнг олти ой ўтмасдан туғса ва боласи яшаб кетса. Чунки, бу муддат ичида ҳомиладор бўлиши ва туғиши мумкин эмас. У ҳолда бу эрга тегишидан олдин ҳомиладор бўлган бўлади.

Иккинчи ҳолат: Боин талоқ билан талоқ қилган бўлса, сўнг талоқ бўлганидан бошлаб тўрт йилдан кўпроқ муддат ўтгач туғса, бу ҳолда боланинг насаби унга қўшилмайди. Чунки, бу никоҳидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

- ; Агар хожа чўрисининг унга қўшилганидан сўнг (ҳайз кўриб) покланганини даъво қилса, чўри боласининг насаби хожага қўшилмайди. Чунки, покланиш билан бачадони ҳомиладан тоза экани аниқ бўлади ва бола ундан бошқадан экани маълум бўлади. Покланиш борасида хожанинг сўзи инобатга олинади. Чунки, бу билиниши қийин бўлган махфий ишларга киради. Лекин, хожанинг бу борадаги сўзи ҳам фақат унинг қасами билан қабул қилинади. Чунки, у бу билан боланинг насабдаги ҳаққини инкор қилаётган бўлади, шу туфайли чўрининг бачадони пок бўлганини даъво қилар экан, унга қасам ичиш лозим келади.

Агар туғилган бола кимнинг боласи эканида мушкиллик (ноаниқлик, келишмовчилик) ҳосил бўлса, тўшакни ўхшашликдан (яъни, боланинг ташқи кўриниши кимга ўхшашидан) муқаддам қилинади. Яъни, масалан, хожа чўрисининг боласини ўзиники деб даъво қилса, чўри билан қўшилган бошқа биров ҳам болани даъво қилса, «Бола тўшакникидир» ҳадисига биноан бола хожаники бўлади.

Бола насабда отасига эргашади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар» (Аҳзоб: 5), деди.

Динда эса ота-онасининг дин жиҳатидан яхшироғига эргашади. Агар насроний бутпарастга уйланган бўлса ёки аксинча бўлса, бола насронийга тобеъ бўлади.

Бола озодлик ва қулликда онасига эргашади, шарт ё ғарар билан бўлганда бундан мустасно.

Насаб қўшилиши ҳақида келтирилган ушбу қисқача баёндан Исломнинг насабларни асрашга нечоғли эътибор берганлиги кўринади. Чунки, бунинг ортидан қариндошлар билан алоқа қилиш, ўзаро меросхўрлик, валийлик ва шу каби манфаатлар келади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).

Насабларни билишдан мақсад мақтаниш ва жоҳилий ҳамият учун эмас, балки ўзаро ўрдамлашув, борди-келди қилиш ва дўст-биродар бўлиш учундир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи суйган ва рози бўлган амалларга муваффақ қилсин.

 

Иддага доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Идда – талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёл шаръан белгиланган муддат ўзини кузатишидир.

Унинг далили Қуръон, Суннат ва ижмоъдир.

- Қуръондан далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228), «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз)ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда)муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Бу ҳаётлик ҳолида ажрашган аёлларнинг иддаларидир.

Аммо, эри вафот этган аёлнинг иддаси ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан(мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234).

- Суннатдан далил Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдир: «Барира уч ҳайз муддати идда сақлашга буюрилди» (Ибн Можа (2077) ривояти). Ва бошқа ҳадислар.

Идданинг машруъ бўлишидаги ҳикмат аёлнинг бачадони ҳомиладан поклиги билиниши бўлиб, шу билан насаблар аралашиб кетмайди, шунингдек, талоқ ражъий бўлган ҳолда талоқ қилган эрга агар қилган ишига пушаймон бўлса, аёлини қайтариб олишига фурсат берилади.

Бошқа ҳикматлари ҳам бор, жумладан, никоҳ ақдини улуғ санаш ва ҳурматини ўрнига қўйиш, талоқ қилувчи эрнинг ҳаққини улуғ санаш. Шунингдек, ажрашган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомиланинг ҳаққини сақлаш. Бир сўз билан айтганда, идда аввалги никоҳнинг чегарасидир.

Идда сақлаш талоқ ё хулъ ё фасх воситасида эридан ажралган ёки эри вафот этган аёлга лозим бўлади. Шарти шуки, ажраган эри у билан қўшилишга қодир бўлгани ҳолда у билан холи қолган бўлиши керак, хотин озод бўладими, чўрими, болиға бўладими, қўшилишга ярайдиган даражадаги кичик қиз бўладими, фарқсиз.

- Аммо эри тирик бўлиб, у билан қўшилмасдан туриб талоқ ё бошқа йўл билан ажрашган бўлса, у аёлга идда лозим бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўшилишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас» (Аҳзоб: 49), деди. «Санайдиган» деганидан мурод – ҳайз муддатлари ва ойлар билан санашдир. «Қўшилишдан олдин» деганидан мурод – жимоъ қилмасдан туриб демакдир. Ояти карима эри у билан қўшилмасидан туриб талоқ қилинган аёлга идда сақлаш лозим эмаслигига далилдир. Бу борада аҳли илмлар ўртасида хилоф йўқдир. Оятда мўминалар ғолибият ҳукми билан зикр қилинди, аслида бу ҳукмда мўмина аёллар билан китобия аёллар ўртасида фарқ йўқдир.

- Аммо, вафот сабабли ажралиш содир бўлганда хотин мутлақ идда сақлайди, эри у билан қўшилишидан илгари вафот қиладими, кейинми, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло умумий равишда: «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234), деди ва бунда ҳеч кимни хосламади.

Идда сақлайдиган аёллар умумий олганда олти турлидир: ҳомиладор, ҳомиласи бўлмаган ҳолда эри вафот этган аёл, тирик ҳолда ажрашган ҳайз кўрадиган аёл, ёши кичиклиги ёки ёши ўтиб қолгани сабабли ҳайз кўрмайдиган тирик ҳолда ажрашган аёл, ҳайздан қолган ва бунинг сабабини билмайдиган аёл, дом-дараксиз йўқолган кишининг аёли. Қуйида улар ҳақида батафсил баён қилинади.

- Ҳомиладор аёл ҳомиласини туққунича идда сақлайди, хоҳ тирик ҳолда ажрашган бўлсин, хоҳ вафот сабабли ажрашган бўлсин, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда)муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4), деди. Ояти карима ҳомиладор аёлнинг иддаси, хоҳ у эри биан тириклик ҳолида ажрашган бўлсин, хоҳ вафоти сабабли ажрашган бўлсин, боласини туғиши билан ниҳоясига етишига далил бўлади. Баъзи салафлар эри вафот этган ҳомиладор аёл икки муддатнинг узоқроғида идда сақлайди, деган фикрга борган эдилар, лекин кейин унинг иддаси ҳомиласини туғиши билан тугашига иттифоқ ҳосил бўлган.

- Лекин, ҳар қандай ҳомила ҳам туғилиши билан идда тамом бўлавермайди. Балки, ҳомила дегандан инсон шакли билинган ҳомила муроддир. Аммо, агар ҳали инсон хилқати аниқ бўлмаган музға (бир парча гўшт) ташлаган бўлса, у билан идда тамомига етмайди.

- Шунингдек, ҳомилани туғиш билан идда ниҳоясига етиши учун ўша ҳомила ажрашган эрдан бўлган экани шарт қилинади. Агар эр ҳали ёши кичиклиги учун ёки жисмида бирон нуқсони бўлгани сабабли фарзандли бўлиши имконсиз бўлгани учун ҳомилани ажрашган эрга нисбат берилмаса, ёки никоҳ ақди бўлиб, эр-хотин бирга бўлишлари мумкин бўлганидан сўнг олти ойга етмай ҳомилани туғса ва бола яшаб кетса, бу билан у аёлнинг иддаси тамомига етмайди. Чунки, боланинг насаби у эрга қўшилмайди.

- Ҳомиланинг энг оз муддати олти ойдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир» (Аҳқоф: 15). Бошқа бир оятда айтади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар» (Бақара: 233). Агар эмизиш муддати бўлган икки йилни – яъни йигирма тўрт ойни – ўттиз ойдан айирсак, олти ой қолади ва бу ҳомиланинг энг кам муддатидир. Ундан кам муддатда туғилган ҳомила яшаб кетиши кузатилмаган.

Ҳомиланинг энг кўп муддати борасида уламолар ўртасида хилоф бор. Кучлироқ гап шуки, бунда вужудга (яъни воқеъда топилган ҳолатга) қаралади. Ал-Муваффақ ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Далил-ҳужжат бўлмаган нарсада вужудга қаралади» (Ал-муғний: 8/98). Воқеъда беш йил ва ундан кўпроқ муддатда ҳомиланинг туғилганлиги ҳолати топилган.

Ҳомиланинг ғолиб – аксарият муддати тўққиз ойдир. Чунки, аксарият аёллар шу муддатда туғадилар, шунинг учун шу муддат эътиборлидир.

- Шариати исломияда ҳомиланинг ҳурмати бор бўлиб, унга тажовуз қилиш ва унга зарар етказиш мумкин эмас. Агар унга жон киритилгандан кейин бирон жиноят сабабли тушиб кетса, дия (хун пули) ва каффорат фарз бўлади. Агар ҳомиладор аёлга дарра урилиш ёки тошбўрон каби бирон шаръий жазо берилиши фарз бўлиб қолса, жазонинг ижроси то ҳомиласини туққунича кечиктирилади. Она дори ичиш ва шу каби бирон йўл билан ҳомилани тушириши жоиз бўлмайди.

- Буларнинг барчаси шариатимизнинг ҳамма нарсага шомил экани ва ҳатто она қорнидаги ҳомилани ҳам эътиборсиз қолдирмаганига, унинг ҳам ҳурматини сақлаганига далил бўлади. Бундай комил ва адолатли шариат тузиб бергани учун Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ таолодан бизларни уни маҳкам тутишга ва унинг аҳкомларига амал қилишга муваффақ қилишини сўраймиз.

Эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлмаса, тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Эри у билан қўшилишидан илгари вафот этадими, қўшилганидан кейинми, хотин ўзи жимоъга ярайдиган аёлми, йўқми, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло умумий равишда: «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234), деди.

Аллома Ибнул Қаййим айтади: «Аммо, вафотнинг иддаси ўлим сабабли фарз бўлади, хоҳ эр у билан қўшилган бўлсин, хоҳ қўшилган бўлмасин, фарқсиз. Қуръон, саҳиҳ суннат ва одамларнинг иттифоқи шунга далолат қилади. Бу ерда иддадан мурод баъзи фуқаҳолар айтганларидек, фақат бачадоннинг ҳомиладан холи эканини аниқлашгина эмас, зеро, қўшилмаган бўлса ҳам идда фарз бўлади... Иш шундай бўлгач, бир тоифа уни маъносини англаш имконсиз таъаббуд деб ҳисоблади. Бу бир неча важҳдан нотўғридир. Жумладан, шариатда қандай бир ҳукм бўлмасин, унинг албатта маъноси ва ҳикмати бор бўлади, уни англаган англайди, баъзиларга махфий бўлиб қолаверади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/86).

Ал-Вазир ва бошқалар айтадилар: «Эри вафот этган аёл агар ҳомиладор бўлмаса, унинг иддаси тўрт ою ўн кун эканига иттифоқ қилганлар» (Ихтилафул-аимматил-уламаъ: 2/199).

Эри вафот этган чўри мазкур муддатнинг ярмича идда сақлайди, яъни унинг иддаси икки ою беш кундир. Чунки, саҳобалар розияллоҳу анҳум чўрининг талоқдаги иддасини яримлатишга ижмоъ қилганлар, ўлим иддаси ҳам шундай бўлади. Ал-Муваффақ Ибн Қудома айтади: «Аксар уламолар, жумладан, Молик, Шофиий, асҳоби раъй шу сўзни айтганлар» (Ал-муғний: 9/107).

«Ал-мубдиъ» соҳиби айтади: «Саҳобалар чўрининг иддаси озод аёл иддасининг ярмича эканига ижмоъ қилганлар. Қолаверса, оятнинг зоҳири умумийдир» (Ал-мубдиъ: 8/113).

Вафот иддасига хос бўлган бир неча ҳукмлар мавжуд. Жумладан:

- Эри вафот этган аёл эри вафот этган ва ўзи унда яшаб турган уй-жойда идда сақлаши фарз бўлади. У уйдан бошқа жойга узрсиз кўчиб ўтиши жоиз эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйингда тургин», деганлар (Абу Довуд (2300), Термизий (1204), Насоий (3530), Ибн Можа (2031) Фурайъа бинт Молик розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Бир лафзда: «Эрингнинг ўлими хабари келган уйда идда сақла», деганлар (Ибн Можа (2031) ривояти). Бир лафзда: «Сенга хабар етган ўринда», деганлар (Насоий (3529) ривояти).

- Агар бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлса, у ерда қолишга жонига хавф қилса ёки зўрлик билан кўчирилса ёки уй ижарага олинган бўлиб, уй эгаси уни чиқариб юборса ё ижара ҳақини ошиқча талаб қилса, бу ҳолатларда истаган жойига кўчиб ўтиши мумкин.

- Вафот сабабли идда сақлаётган аёл зарурат учун кундузида уйидан чиқиши мумкин, тунда эмас. Чунки, тун фасод юз бериши гумон қилинадиган пайтдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотдан идда сақлаётган аёлларга: «Бировингизникида истаганча сўзлашиб ўтиринглар, ухламоқчи бўлсангизлар, ҳар ким ўз уйига қайтсин», деганлар (Байҳақий (7/436) ривояти).

- Эри вафот этган аёл идда муддати мобайнида мотам тутиши, яъни шаҳватни қўзғатадиган ва ўзига бировларни қаратадиган кўринишдан четланиши лозим.

Имом аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳам шариатимизнинг олийжаноблиги, ҳикмати ва бандаларнинг манфаатларини комил суратда риоя қилишига далилдир. Ўлган кишига мотам тутишни жоҳилият аҳли ўта муболағали қилишар, эри ўлган аёл бир йил энг тор ва энг хароб уйда турар, хушбўйлик суртмас, упа-элик ишлатмас, ювинмас ва ҳоказо Парвардигор таолога ва Унинг қадарига норозилик белгиларини кўрсатар эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз раҳмати билан ва меҳрибонлиги билан ушбу жоҳилият қоидасини бекор қилди ва унинг ўрнига бизга сабр, ҳамд айтиш ва истиржоъ айтишни алмаштириб бердики, бундай қилиш мусибат эгасининг дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойдалироқдир.

Ўлим мусибати ушбу мусибат эгаларига инсон табиати тақозо қиладиган хафалик ва алам-аччиқ келтириши аниқ бўлганидан ҳикмат соҳиби ва барча нарсадан хабардор бўлган Зот (ўлган кишининг хотинидан бошқаларга) озроқ миқдорда, яъни уч кун мотам тутишга рухсат берди, бу билан кўнгиллари бироз таскин топади ва ғамлари бироз кесилади. Уч кундан ошиқ мотамнинг фойдасидан зиёни кўпроқ бўлганидан уни ман қилинди...

Мақсуд шуки, У аёлларга уларнинг ақллари заифроқ ва сабрлари камроқ бўлганидан ўлган кишиларига уч кун мотам тутишларига рухсат берди. Аммо, эрга мотам тутиш идда ичига кириб кетади, у идданинг тақозоларидан ва тўлдирувчиларидан...

Аммо, ҳомиладор аёл ҳомиласидан қутулиб олгач, ундан мотам тутишнинг вожиблиги соқит бўлади ва унинг мотами ҳомиласини туққунича давом этади. Зеро, мотам идданинг ичига киради ва шунинг учун унинг муддатига чекланган. У идда ҳукмларидан бир ҳукм ва унинг вожибларидан бир вожибдир, борлиги ва йўқлиги у билан боғлиқдир...

Аёл киши ўз эрига суюмли бўлиш ва уни ўзига жалб қилиш, оилавий ҳаётларини ҳаловатли қилиш учун ўзига хушбўйлик суртиш, зийнатланиш, безаниш ва пардоз қилишга муҳтож бўлади. Энди эри вафот қилиб, унга идда сақлаётган ва бошқа эрга боғланмаган бўлгач, биринчи эрнинг ҳаққи тўлалигича тамомига етди ва то иддаси тамом бўлмагунича кейинги эрга тегишдан ман қилинди. Шундай экан, у хотинлар эрлари учун қиладиган ишлардан қайтарилди. Қолаверса, бунда зийнатланиб, эркакларни ўзига умидвор қилиш ва ўзи ҳам эркаклардан умидвор бўлиши олдини олиш бордир» (Иъламул-муваққиъийн: 2/165).

Эри вафот қилиб, идда сақлаётган хотинга ушбу мотами ичида баданига ҳар хил ранг ва бўёқлар билан оро беришдан тийилиши, зеб-зийнат ва тақинчоқларнинг барча туридан сақланиши, хушбўйликнинг ҳар қандай туридан узоқлашиши, зийнатли кийимлардан сақланиши ва зийнати бўлган кийимлар киймаслиги, оддий ва зийнатсиз кийим кийиши фарз бўлади.

- Мотам учун хос кийим йўқдир. Мотам тутувчи аёл зийнатли бўлмаган одатий кийимини кийиб юраверади.

- Иддадан чиққач, баъзи авом кишилар даъво қилганидек, бунга атаб бирон иш қилиши ёки бирон нарса айтиши лозим эмас.

Ҳайз кўриш ёшидан ўтган кекса аёллар иддаси уч ойдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:«Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки),уларнинг иддалари уч ойдир» (Талоқ: 4).

Талоқ қилинган аёл агар ҳайз кўрадиган бўлса ва ҳомиладор бўлмаса, уч ҳайз муддати идда сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди» (Бақара: 228). Уч ҳайз муддати идда сақлаганидан сўнг агар истаса бошқа турмушга чиқиши мумкин бўлади. Оятдаги «қуруъ» калимасини ҳайз деб тафсир қилиниши Умар, Алий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Қолаверса, қуръни ҳайз маъносида истеъмол қилиниши шариат тилида ҳам келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳозали аёлга: «Қачон қуръинг (яъни ҳайзинг) келса, намоз ўқимагин», деганлар (Абу Довуд (280), Насоий (358), Ибн Можа (620) Фотима бинт Аби Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

- Ҳайзлар тўла ўтиши лозим бўлади, унинг ичида талоқ қилинган ҳайз иддага саналмайди. Ҳайз ичида қилинган талоқ ҳаром бўлса ҳам тушади. Лекин, шу талоқ қилинган ҳайзни иддадан санамайди.

- Агар талоқ қилинган аёл чўри бўлса, икки ҳайз муддати идда сақлайди. Чунки, «Чўрининг қуръи икки ҳайздир» деган ривоят бор. Умар, у кишининг ўғиллари, Алий ибн Аби Толиб ҳам шу фикрда бўлганлар, саҳобалар ичида уларга мухолиф фикр билдирган киши билинмаган. Бу Аллоҳ таолонинг: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228) оятининг умумийлигини хослайди. Ўзи қиёсга кўра унинг иддаси бир ярим ҳайз бўлиши керак эди, бироқ ҳайз бўлакларга бўлинмагани учун икки ҳайз қилинди.

Кексайиб қолгани туфайли ҳайздан умиди узилган талоқ қилинган аёлнинг, шунингдек ҳали ҳайз кўрмаган кичик ёшли талоқ қилинган қизнинг иддаси уч ойдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)» (Талоқ: 4).

Имом Ибн Қудома бошқалар сўзларига кўра: «Аҳли илмлар ҳайздан қолган кекса ёшли озод аёлнинг ва ҳали ҳайз кўрмаган кичик ёшли қизнинг иддаси уч ой эканига ижмоъ қилганлар» (Ал-муғний: 8/114).

Балоғатга етган, бироқ ҳайз кўрмаган аёл ҳайздан умидсиз бўлган аёлнинг иддасини, яъни уч ой идда сақлайди. Чунки, у «яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)» (Талоқ: 4) ояти ичига дохил бўлади.

Талоқ қилинган ҳайздан умидсиз ёки кичик ёшли қиз умму валад (хожасининг фарзандига она) бўлса, унинг иддаси икки ойдир. Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Умму валаднинг иддаси икки ҳайз, агар ҳайз кўрмаса икки ойдир» (Абдурраззоқ (7/221, №12872), Дорақутний (3/214, №2785). Бундай бўлишига сабаб, ойлар қуруъдан бадалдир. Баъзи уламолар унинг иддаси бир ярим ой дейишган. Чунки, чўрининг иддаси озод аёл иддасининг ярмичадир, ҳайз кўрмайдиган озод аёлнинг иддаси уч ой, демак ҳайздан умидсиз бўлган чўрининг иддаси бир ярим ой бўлади.

Аммо, одатда ҳайз кўриб турган, кейин ҳайзи кўтарилган ва кексалик учун эмас, тасодифий сабабларга кўра ҳайзи узилиб қолган аёл талоқ қилинган бўлса, у учун иккита ҳолат бор:

  1. ; Ҳайзини тўсган сабабни билмаслиги. Унинг иддаси бир йил: тўққиз ойи ҳомила учун, уч ойи ҳайздан умидсиз бўлган аёлнинг иддаси учун.

    Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу Умар розияллоҳу анҳунинг муҳожирлар ва ансорлар ўртасида қилган ҳукми бўлиб, улардан биронталари уни инкор қилганларини билмаймиз» (Ал-муғний: 8/89).

    Чунки, иддадан ғараз унинг бачадони ҳомиладан бўшлигини билиш эди, энди тўққиз ой ўтса, бу унинг бачадони ҳомиладан бўш экани маълум бўлади ва уч ой ҳайздан умиди узилган аёлнинг иддасини сақлайди, жами ўн икки ой бўлади.

  2. ; Ҳайзи кўтарилиши сабабини билиши, касаллик, эмизиш, ҳайзни тўхтатадиган дори қабул қилиш каби. Бундай аёл мазкур монеънинг кетишини кутади. Монеъ кетганидан сўнг ҳайзи қайтгач, идда сақлашни бошлайди. Агар монеъ кетганидан кейин ҳам ҳайзи қайтмаса, саҳиҳ гап шуки, ҳайзи кўтарилгани сабабини билмайдиган аёл каби бир йил идда сақлайди. Шайхулислом Ибн Таймия шу фикрни ихтиёр қилган, имом Аҳмаддан бир ривоят ҳам шудир.

Истиҳозали аёл учун бир неча ҳолат мавжуд:

  1. Истиҳозали бўлишидан илгариги одатий ҳайз кунларининг миқдорини ва вақтини билган бўлиши. Бу аёлнинг иддаси одатий кунлари бўйича уч ҳайз муддати ўтиши билан тугайди.
  2. Одатий ҳайз кунлари муддатини эсдан чиқарган, бироқ кўраётган қони фарқли бўлиб, ҳайзи билан истиҳозси ажралиб турган бўлиши. Бу аёл ҳайзлиги ажралиб турган қонни эътибор қилиб, шу билан идда санайди.
  3. Одатий ҳайз кунлари муддатини унутган, кўраётган қони ҳам эътиборли даражада фарқланмайдиган бўлиши. Бу аёл ҳайздан умиди узилган аёлнинг иддасини, яъни уч ой идда сақлайди.

Иддага тааллуқли ҳукмлардан яна бири идда сақлаётган аёлга совчи қўйиш масаласидир. Вафотдан идда сақлаётган ва боин талоқ билан идда сақлаётган аёлга: «Мен сизга уйланишни истайман» деб тасриҳ (очиқ лафзда айтиш) билан харидор бўлиш мумкин эмас. Аммо, таъриз (яъни, ишора йўли) билан харидор бўлиш мумкин, «Мен ҳам сизга ўхшаган бир аёлга уйлансам, дегандим» каби. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида)ўйлашингизда сиз учун гуноҳ йўқ» Бақара: 235).

- Киши ўзи уч талоқдан кам бўлган боин талоқ қилган аёлига ва ражъий талоқ қилган аёлига тасриҳ билан ҳам, таъриз билан ҳам харидор бўлиши мумкин. Чунки, уч талоққа етмаган боин талоқ қўйган ва ражъий талоқ қўйган аёлига иддаси ичида уйланиши у учун мубоҳдир.

Дом-дараксиз йўқолган ва тирик ё ўликлиги маълум бўлмаган кишининг хотини қози тарафидан белгилаб бериладиган ва эрининг шаънида эҳтиёт учун кифоя қиладиган муддат ичида унинг келишини ёки хабари аниқланишини кутади, шу муддат ичида эрнинг никоҳида сақланиб қолади. Чунки, асл-асос эрнинг тириклигидир. Белгиланган кутиш муддати тамомига етгач, уни вафот этган деб ҳукм қилинади ва аёли вафот иддасини, яъни тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум шунга ҳукм қилганлар.

Имом Ибнул Қаййим айтади: «Хулафо дом-дараксиз кетган кишининг аёли ҳақида Умардан собит бўлганидек ҳукм қилганлар... Аҳмад: «саҳобалардан беш киши уни кутишга буюрганлар», деди» (Иъламул-муваққиъийн: 2/53).

Ибнул Қаййим айтади: «Умарнинг сўзи бу ҳақда айтилган сўзлар ичида саҳиҳроқ ва қиёсга муносиброқ. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шуни тўғри деган» (Иъламул-муваққиъийн: 2/56).

Иддаси тамом бўлгач, эрга тегиши мумкин бўлади. Вафот иддасини сақлаганидан кейин эрининг валийсининг талоғига эҳтиёжи бўлмайди. Агар турмушга чиққанидан кейин биринчи эри қайтиб келса, саҳиҳ сўз шуки, биринчи эр уни қайтариб олиш билан иккинчи эрида қолдириш ва маҳрини қайтариб олиш ўртасида ихтиёрли бўлади. Унинг қайтиб келиши иккинчи эр у аёлга духул қилганидан (яъни, қўшилганидан) кейин бўладими, олдинми, фарқсиз.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дом-дараксиз кетган кишининг хотини ҳақидаги саҳиҳ гап Умар ва бошқа саҳобаларнинг мазҳабидир, яъни у эрини тўрт йил кутади, сўнг вафот иддасини сақлайди, шундан сўнг бошқа эрга тегиши мумкин бўлади. Энди у зоҳирда ҳам, ботинда ҳам иккинчи эрнинг хотинига айланади. Кейин, турмушга чиққанидан сўнг биринчи эри қайтиб келса, у хотини билан маҳри ўртасида ихтиёрли қилинади, духулдан олдинми, кейинлигида фарқ йўқдир... Хотин билан маҳр ўртасида ихтиёрли қилиниши сўзлар ичида энг адолатлисидир» (Ал-фатавал-кубро: 5/511).

 

Истиброъ ҳақидаги боб

Истиброъ – чўрининг бачадони (ҳомиладан) тозалигини билиш мақсадида кутиш бўлиб, ажратиш ва кесиш маъносидаги «бароъат» сўзидан олинган.

Қай бир киши сотиб олиш, совғага олиш, асир олиш ва шу каби йўллар билан жинсий алоқага яроқли бир чўрига эга бўлса, то истиброъ қилмагунча унга қўшилиши ва қўшилишга олиб борадиган ишларни қилиши ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, суви билан бировнинг экинини суғормасин», деганлар (Абу Довуд (2158), Термизий (1131) Рувайфиъ ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Ҳомиладор то (ҳомиласини) туғмагунича ватъ (жинсий алоқа) қилинмайди», деганлар (Абу Довуд (2157) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ҳомиладор чўрининг истиброси ҳомиласини туғиши билан ниҳоясига етади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти умумига кўрадир: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Ҳомиладор бўлмаган чўри агар ҳайз кўрадиган бўлса, унинг истиброси бир ҳайздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Автос асиралари ҳақида: «Ҳомиладор то ҳомиласини туғмагунича, ҳомиладор бўлмагани то бир ҳайз кўрмагунича жинсий алоқа қилинмайди», деганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис асирга олинган ва бошқа чўрига қўшилишдан олдин истиброъ қилиш вожиблигига, шунингдек, ҳомиладор ва ҳайз кўрувчи асираларнинг истиброси нима билан бўлишига далил бўлади.

Аммо, ҳайздан умиди узилган чўри ва кичик ёшдаги чўри бир ой ўтказиш билан истиброъ қилинади. Чунки, бир ой иддада бир ҳайз ўрнига ўтади.

Чўрига қўшилишдан олдин уни истиброъ қилишдаги ҳикматни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари баён қилиб беради: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, суви билан бировнинг экинини суғормасин» (Абу Довуд (2158), Термизий (1131) Рувайфиъ ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). У зот ушбу ҳадислари билан истиброъдан мақсад сувларнинг аралашиб кетишидан ва насабларнинг шубҳали бўлиб қолишидан сақланиш эканини баён қилдилар.

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов