Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллохи анху
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг: «Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳамма жаннатга кириш-кирмасилигини билмай тавишда бўлгандан жаннатга кириши шубҳасизлиги ҳақида башорат берилган ўн кишининг бири бўлиш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз оғизларидан берилган ваъдага биноан у зотнинг жаннатдаги икки қўшниларининг бири бўлиш бахтига эга бўлган Толҳа номли некбахт инсон ким ўзи?
Бу саодатманд инсоннинг асли ким, қаерда ўсган, Исломга қандоқ равишда кирган ва нима ишлар қилганки, бундай бахтга сазовор бўлибди?
НАСАБИ ВА ҲАЁТИНИНГ ИЛК ДАВРИ
Бу кишининг тўлиқ исмлари Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъбдир. У кишининг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мурра ибн Каъбда бирлашади.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари ас-Саъба бинти ал-Ҳазрамий бўлганлар. Оналари машҳур саҳобий ал-Аълаа ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳунинг сингиллари бўлган.
Имом Тобарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон Зуннурайни ва Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуларнинг оналари билан бирга Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари ас-Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳам Исломга кирганлар. Кейин ас-Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳижрат ҳам қилганлар ва ўғилларидан кейин вафот этганлар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Муҳаммад бўлган.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз қавмлари ичида обрўли, бой ва тожир одам бўлганлар.
Имом ал-Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Мустадрак» номли китобларида Иброҳимдан, у эса Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Муҳаммаддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу менга айтди:
«Бусро бозорига бордим. Қарасам, бир роҳиб ўз ибодатханасида ўтириб олиб:
«Бу мавсум аҳлларидан сўранглар. Уларнинг ичида аҳли ҳарамдан бирор киши бормикан?» демоқда.
«Ҳа. Мен борман», дедим.
«Ҳали Аҳмад зоҳир бўлмадими?» деди.
«Аҳмад ким?» дедим.
«Ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб. Бу ой унинг чиқадиган ойи. У анбиёларнинг охиргисидир. Унинг чиқиш жойи ҳарамдир. Ҳижрат жойи хурмоли, қора тошли ва шўр-тузли ердир. Сен унга шошилгин», деди.
Унинг гаплари қалбимда ўрнашиб қолди. Тезлаб йўлга чиқиб Маккага етиб келдим ва:
«Бирор ҳодиса бўлдими?» деб сўрадим.
«Ҳа. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ-Амин набийликни даъво қилди. Унга Ибн Абу Қуҳофа эргашди», дейишди.
Чиқиб бориб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим ва:
«Анови кишига эргашдингми?» дедим.
«Ҳа. Сен ҳам унинг олдига бор. Ҳузурига кир. Унга эргаш. У ҳаққа даъват қилур», деди.
Толҳа унга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Абу Бакр Толҳани етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. Толҳа мусулмон бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масрур қилди.
Абу Бакр билан Толҳа мусулмон бўлганларида иккиларини Навфал ибн Хувайлид ибн ал-Адавийя тутиб бир арқонга боғлади. Бану Тамийм иккисини ҳимоя қилмади. Навфал ибн Хувайлид «қурайш арслони» деб номланар эди».
Ушуб ривоятдан Шомдаги машҳур Бусро бозарига тижорат учун борган Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиши Исломга киришларига ундаганини билиш билан бирга у киши ўз қавмларида олий мартабали бўлишларига қарамай мусулмон бўлгани учун азобга учрашдан четда қолмаганларини ҳам билиб оламиз.
Ҳа, мусулмон бўлиш осон эмас. Жаннатга киши учун унинг йўлидан чиқиб турган тиконларни босиб ўтишга тўғри келади. Ислом йўлида чекилган азоб уқубатлар ва машаққатлар эса мўмин банданинг иймонини тоблайди, холос. Иймони тобланган мўмин эса, Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортаётган азобни ҳузур ҳуловат ўрнига қабул қилади.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ўз динлари йўлида дучор бўлган азобларни ана шундоқ қабул қилиб олар эдилар.
Имом Бухорий тарихларида Масъуд ибн Харрош розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Сафо билан Марва орасида саъйи қилиб юрсак, кўпчилик одамлар қўли бўйнига боғлаб қўйилган ёш йигитни ҳайдаб ўтиб қолишди.
«Бунга нима бўлди?» деб сўрадим.
«Бу Толҳа ибн Убайдуллоҳ, диндан чиқди», дейишди.
Бир аёл ортидан ғазабланган ҳолда уни сўкиб борар эди.
«Бу аёл ким?» деб сўрадим.
«ас-Саъба бинти ал-Ҳазрамий, унинг онаси», дейишди».
Қурайшликлар Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни бир муддат азоблаганларидан кейин ўзларидан ўзлари уялиб кетишди. Ҳа, ўша жоҳил мушриклар ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу бардавом азоблашга уялдилар. Агар улар бир марта ўз қилмишларидан уялишган бўлса, айни шу уялишлари бўлган бўлса керак.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қавмнинг энг обрўли кишиларидан бўлиши билан бирга дину диёнат йўлидаги ҳар қанча хорлик ва зорликка ҳам жон деб чидашлари мушрикларни ҳам уялтириб юборган эди.
Мустадрак ва Исоба китобларида Мусо ибн Толҳадан қилинган ривоятда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагича васф қилинадилар:
«Отам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу оппоқ юзига қизғиш ранг уриб турадиган ўртабўй одам эдилар. Бир оз пастбўйликка моил эдилар. Кўкрак ва елкалари кенг эди. Бурилсалар бир йўла бурилар эдилар. Икки оёқлари катта, юзлари гўзал, қирғийбурун эдилар. Юрганда тезлаб юрар эдилар. Сочларини ўзгартирмас эдилар».
Дину диёнат йўлида ҳижрат қилишга амр бўлганда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижрат қилиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Каъб мбн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида қатнашдилар. Фақат узрли сабабга кўра Бадр ғазотида қатнаша олмадилар. Ўша пайтда у кишини Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан бирга алоҳида топшириқ билан бошқа томонга юборган эдилар.
Икковлари топшириқни шараф билан адо этиб қайтганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан Бадрда ғалабага эришиб Мадийнага қайтиб келиб турган эдилар. Албатта, бўлиб ўтган ҳодисадан хабардор бўлишлари билан икковларида, аттанг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилиши бахтидан маҳрум бўлибмизда, деган ҳасрат пайдо бўлди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳасратни дарҳол бартараф этдилар. У зот алайҳиссалом Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ва у кишининг шерикларини жиҳодда қатнашганлар этишган савобга эришишларини эълон қилдилар ва мужоҳидларга тақсим қилинган ўлжаларча миқдорда уларга ҳам ўлжа тақсим қилдилар.
УҲУДДА
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қачон Уҳуд урушини эсласалар, «у куннинг ҳаммаси Толҳанинг куни бўлган эди», дер эдилар.
Қандоқ қилиб Уҳуд кунининг барчаси Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг куни бўлганини англаб етишимиз учун ўша кун ҳодисаларини бир оз ўрганишимизга тўғри келади.
Ўша куни мушриклар мусулмонларни таг-туглари билан қириб ташлашларига шубҳа қилмас эдилар.
Икки орада жанг бошланди.
Мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Аби Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеълар катта жасорат кўрсатдилар.
Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келишди. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.
Мушрикларнинг енгилиб қочаётганини кўрган камончилар, Пайғамбар алайҳиссалом қимирламай туришни тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар.
Улар бир-бирларига:
«Қаранглар, ўлжа, ўлжа!» деб қичқиришди.
Амирлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.
Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқлар мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган, қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар.
Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима, қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.
Мусулмонлар ичида шаҳидлар кўпайди. Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонга ҳужум бошладилар. У зот оз сонли кишилар ҳимоясида эдилар. Уларнинг ҳам кўпи ўз Пайғамбарларининг ҳимоясида мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди. Бошлари ёрилди.
Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. У зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни алдаш учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳалқаси ёноқларига кирди.
Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир:
«Муҳаммад қатл этилди!» деб қичқирди.
Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам футур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мушриклар билан шиддатли жанг қила туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир тўп мушриклар ҳужум қилаётганини кўриб қолди. У киши ҳамма нарсани унутиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоя қилиш учун учиб борди. Ҳа, ҳар қадамда мушрикларнинг ўнлаб балки юзлаб қутирган қиличлари, найзалари ва камон ўқларига чап бериб ўзлари севган пайғамбарларини ҳимоя қилгани, у кишининг ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилгани етиб бодилар.
Абу Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қитол қилган кунларнинг баъзисида Толҳа ва Саъддан бошқа ҳич ким қолмаган». Бу икковларининг ҳадисидан». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Толҳа ва Саъд розияллоҳу анҳумоларнинг икковларининг ҳадисларидан иқтибос қилиб олинган бу ривоятдаги баъзи кундан мурод Уҳуд уруши кунидир.
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни билан фақат мазкур икки киши қолиб, у зотни ҳимоя қилганлар.
Мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга худди уяси бузилган арилардек ташланган эдилар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу бўлсалар у зот алайҳиссаломни уларнинг тинимсиз ҳужумларидан ҳимоя қилар эдилар. Ўнг қўллари билан қиличбозлик қилсалар чап қўллари ва елкалари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулайроқ жойга ўтиб олишларига ёрдам берар эидлар. Ана шундоқ жанг бўлиб турган вақтида душман қиличларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон ўтиб кетаётганини кўриб чап қўллари билан ҳалиги қилични ушлаб қолдилар. Душман қиличи Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кўрсаткич бармоқларини кесиб кетди.
Қайс ибн Абу Ҳозим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Толҳанинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни соқлаб қолган қўлини кўрдим. Шол бўлиб қолган эди». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, келиб кетган бармоқнинг қолган қисми ишламайдиган бўлиб қолган эди.
Аллоҳ таоло Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг фидокорликларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлар ҳужумидан соқланиб қолишларига сабаб қилди. У кишининг ўзларини фидо қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни саломат қолишлари учун қилган ҳаракатлари беҳуда кетмади.
Ўша куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушрикларннг қутурган ҳужумларидан бутунлай қутулиб хавфсиз ойга чиқиб олишларига ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу сабаб бўлдилар.
Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларида иккита совут бор эди. Бир харсанг устига чиқмоқчи бўлдилар. Аммо чиқа олмадилар. Бас, Толҳани пастга ўтқазиб туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устига чиқиб туриб харсангга кўтарилиб олдилар ва: «Толҳага вожиб бўлди», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, душман қиличи, найзаси ва ўқларидан ҳимояланиш учун иккита темир кийим кийиб олган одам учун тоғ шроитида катта харсанг устига чиқиб олиш осон эмас. Ана шундоқ пайтда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу жанг қила туриб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оёқоари остига елкаларини қўйб туриб у зот алайҳиссаломни омонлик жойига чиқариб қўйганлар. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг йўлидаги фидоийлик эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Толҳага вожиб бўлди», дедилар».
Бу Толаҳага жаннат вожиб бўлди, деганларидир.
Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шундай ҳикоя қиладилар:
«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда:
«Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан.
Расули акрам алайҳиссолату вассалом: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.
Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:
«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:
«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир», дедилар.
Биз Толҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга етмишдан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан ва бармоғи кесилиб кетган экан».
Мана буни Аллоҳ таолонинг йўлида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нусратларида фидокорлик дейилса бўлади. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу анашундоқ фидокор шихс эдилар ва ўз ниятлари, ихлослари ва фидокорликларига нисбатан тақдирландилар.
ТАБУК ҒАЗОТИ
Табук ғазотига тайёргарлик кўрилиб турган бир вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи мунофиқ одамлар Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб олиб, Табук ғазотида одамларни Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолишга чақираётганлари маълум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга бир гуруҳ саҳобалар билан Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар ва уларга Сувайлимнинг уйига ўт қўйиб юборишга амр қилдилар. Толҳа розияллоҳу анҳу амрни бажо келтирди.
Бунга ўхшаш топшириқларни Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу жуда ҳам қоиллатиб адо этар эдилар.
ТИРИК ШАҲИД
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасидаги: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар», оятини нозил қилди.
Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар. Улардан баъзилари Аллоҳ таолога берган аҳду паймонларида содиқ туриб ўз ажалини топди. Бошқа баъзилари эса ўша олий мақомни кутмоқдалар.
Албатта, ушбу оятдаги зикр этилган олий мақомга эришган зотлар ким эканлигини билиш ҳар бир мўмин мусулмон учун катта қизиқиш манбаси эди. Саҳобаи киромлар ўша некбахт инсон кимлигини била олмай юрар эдилар. Охири бир қулай пайт келганда ўша саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан жавоб олишга бир йўл топдилар. У йўл қандоқ йўл эканини ва унинг самараси нима бўлганини Толҳа розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитамиз.
Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бир жоҳил аъробийга, «ўз ажалини топган шахс ҳақида, у ким, деб сўра», дедилар. Улар у зотнинг виқорларида ҳайиқиб бир нарса сўрашга журъат қила олмас эдилар. Бас, аъробий у зотдан сўради. У зот ўгрилиб олдилар. Сўнгра масжиднинг эшигида устимда яшил кийтм ила мен пайдо бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўришлари билан:
«Ўз ажалини топган шахс ҳақида сўровчи қани:» дедилар.
«Менман, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.
«Манави ўз ажалини топган шахслардан» дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолиб, Унинг йўлида шаҳид бўлиб, ўз ажалини топган кишилардандир, деганлари. Тирик ҳолда юрган одамга бундоқ улуғ мақомнинг берилиши жуда ҳам буюк бир ишдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг шаҳидлик мақомларини бошқа бир ҳадиси шарифларида яна ҳам очиқроқ қилиб айтганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ер юзида юрган шаҳидга назар солиш хурсанд қилса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга назар солсин», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг шахслари учун бу марҳамат улуғ мақом эди. ер юзида қадам босиб юрган тирик шаҳид бўлиш ҳар кимга ҳам насиб бўлмаган мақом.
Бу олий мақомга сабаб бўлган ҳодисани Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўзларидан Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Тарихи Димашқ китобларида қуйидагича ривоят қиладилар:
«Мусулмонлар Уҳудда яхши жанг қилиб туриб кейин сусайишганда Бани Омирлик бир киши қизғиш қорамтир қашқа оти устида найзасини ўқталиб, менга Муҳаммадни кўрсатиб қўйинглар, деб бостириб кела бошлади. Шунда мен унинг отининг томоғига солдим. От уни отиб юборди. Мен унинг найзасини олиб ўзига урдим. Аллоҳга қасамки, унинг қоқ кекирдагига урдим. У хўкиздек бўкириб ерга ағанади. Мен жони чиққугча унинг каласини оёғим билан босиб турдим».
Ана ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ер юзида юрган шаҳидга назар солиш хурсанд қилса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга назар солсин», дедилар».
ФАЁЁЗ
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу тоғ тарафдан бир қудуқни сотиб олди ва одамларни таомлантирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен, эй Толҳа, фаёёзсан!» дедилар».
Фаёёоз деган тошқин дарё маъносини англатади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳудага Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга тошқин дарё лақабини бемаган эдилар. У киши топган нарсасини мусулмонлар фойдаси учун хайру эҳсон қилишга ошиқар эдилар.
Ушбу ривоятда зикр қилинган қудуқни Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Зи қирд ғазотидан кейин сотиб олиб кишиларга ҳадия қилган эдилар. У қудуқнинг номи «Бибсан молиҳ»-тузли бибисан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг номини чиройли қилиб «Нўъмон тоййиб»-нўъмон ёқимли деб ўзгартирдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод, мусулмонлар жамияти учун ишлашдан ортиб қолган вақтларида тижорат билан машғул бўлар эдилар. У киши энг бой шахслардан ҳисобланар эдилар. Шу билан бирга оммага энг кўп хайри эҳсон қилидиган кишилардан ҳам эдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу хислатларини тақдирлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига юқоридаги «фаёёоз» лақабидан ташқари, Толаҳтул хайр-хайри эҳсон Толҳаси ва «Толаҳатул жувд»-саховат Толҳаси номларини ҳам берган эдилар.
Имом Тобароний, Ибн Саъд ва Абу Нуъаймлар муҳаммад ибн Яҳъёдан у киши момоси Саъдаа розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Бир куни Толҳанинг олдига кирдим. Унинг сиқилиб ўтирганини кўрдим ва:
«Сенга нима бўлди? Ёки биз билмай хафа қилиб қўйдикми?» дедим.
«Йўқ. Сен мусулмон одам учун қандоқ ҳам яхши саҳибасан. Лекин ҳузуримда мол тўпланиб қолди. Уни нима қилишимни бимаяпман», деди.
«Шунга ҳам ғам қиласанми!? Одамларни чақириб, тақсимлаб бер!» дедим.
«Эй ғулом! Менга қавмни чақириб кел!» деди у.
«Қанча тақсимлади?» дедим хазиначига.
«Тўрт юз минг», деди у».
Абу Нуъайм ва Ибн Саъдлар Ҳасандан келтирган ривоятда тубандагилар айтилади:
«Толҳа розияллоҳу анҳу ўзига тегишли ерни етти юз мингга сотди. Ўша кечаси ухлай олмай чиқди. Мазкур молдан қўрққан эди. Тонг оитиши билан бўлиб бериб юборди».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг сахийликлари ҳақида:
«Сўралмаса ҳам кўплаб молни берадиган Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бошқа одамни кўрмадим».
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз қориндошларининг харажатларини ҳам кўтарар эдилар. Уларнинг ичида никоҳланмагани бўлса, никоҳлаб қўяр, камбағали бўлса, хизматини қилар, қарздорлари бўлса, қарзини узар эдилар.
Соиб ибн Зайд р-у:
«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам соҳиб бўлдим. У кишига ўхшаш дирҳамда, кийимда ва таомда сахий одамни ҳеч кўрмадим.
ХАЛИФАЛАР БИЛАН
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаларига энг яқин ёрдамчилардан бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ вақтларида шўро мажлисининг фаол аъзоларидан бўлдилар. Ислом давлатини идора қилишда, турли муаммоларни ҳал этишди жонбозлик кўрсатдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб Исломга киришларига сабаб бўлган беш кишининг бири эдилар. Ана шу томондан ҳам уларнинг қадимдан алоқалари яхши эди.
Абу Бакр Сиддиқ ўринларига ҳазарати Умарнинг номзодларини тақдим қилганларида Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз фикрларини айтиб, у кишига баъзи саволлар ҳам берганлар.
Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумолар вақтида ҳам шундоқ бўлди.
Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида ўтиб кетган олти кишини халифаликка номзод қилганларида Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ўшаларнинг ичида бор эдилар.
Аммо ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фожеъали ўлимлари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан бирга Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга ҳам қаттиқ таъсир қилди. У кишининг ўчини олиш Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳам умр муаммосига айланиб қолди.
У киши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан бирга бу масалани ҳал қилишга ўзларича уриниб, Маккаликлар билан Оиша онамизни олиб Басрага боришда ва бошқа ҳодисаларда бош бўлдилар. У киши билан бирга ижтиҳодлари ўз ўрнидан чиқмаганини ҳам англадилар.
Аммо фитначиларнинг фитнаси ила Туя уруши келиб ҳам чиқди. Ўша куни ҳазрати Али Розияллоҳу анҳунинг уруш ичидаги гапларидан кейин, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу хатони тушуниб жанг майдонини ташлаб чиққанидан кейин ва Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан эканликларини билганларидан кейин Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам жанг майдонини ташлаб чиқдилар. Шаҳид бўлиш учун майдондан ташқарига чиқдилар. Жанг бўлаётган ерда бир лаҳза ҳам ҳушёрликни қулдан бермаслик кераклиги қоидасига умр бўйи амал қилиб юрган уста жангчи хатосини тушингандан кейин қуролини ташлаб Роббисига илтижо қилиш учун холи жойга ўтмоқчи бўлиб жанг оралаб юриб кетди.
Жанг қилмай турган одам омонда эканилиги қоидасига амал қилмаганлар у кишини нишонга олдилар. Қўлида қуроли билан ҳушёр турганда яқинига кела олмайдиганлар Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни қуролсиз Аллоҳга илтижо ҳолида турганда нишонга олдилар. Номардлик ўқи мардларнинг мардининг тиззасидаги ўқ томирга тегди. Қон тўхтамади. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплар ҳақ бўлди. У киши розияллоҳу анҳу шаҳид кетдилар.
Машъум жангдан сўнг ҳаммага барорбар жаноза ўқиб дафн қилаётган ҳазарати Али Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуларга ҳам жаноза ўқидилар, улар билан видолашар эканлар:
«Умид қилурманки, мен, Толҳа, Зубайр ва Усмонлар «Ва қалбларидаги ғилли ғиштни суғириб олдик. Улар биродардирлар. Сўриларда бир-бирларига қарагн ҳолларида» дейилганлардан бўлурмиз», дедилар.
Сўнгра ҳарати Али розияллоҳу анҳу икки дўстнинг қабрларига қараб туриб:
«Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг:
«Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган», дедилар.
Ҳа, бу ҳақ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаводан нутқ қилмаслар. У зотнинг айтганлари ўзларига илинган ваҳийда бошқа нарса эмас.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка youtube