Закот китоби
1-боб. Закот бермоқнинг фарзлиги тўғрисида
Аллоҳ таоло бу хусусда:
«Намоз ўқингиз ва закот берингиз!» — деб айтадир.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Абу Суфён разияллоҳу анҳу менга ҳадис айта туриб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўзларини эслади. Кейин у: «Жаноб Расулуллоҳ бизга намоз ўқимоқни, закот бермоқни, қариндошлик алоқаларини узмасликни ва пок бўлмоқни буюрганлар»,— деди».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маоз разияллоҳу анҳуни Яманга юбора туриб: «Уларни (Яман аҳлини) Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиғига ва менинг Аллоҳнинг Расули эканлиғимга гувоҳлик бермоққа даъват этғил! Агар даъватингни қабул айласалар, унда Аллоҳ таоло ҳар кеча-кундузда беш вақт намоз ўқимоқни фарз қилганини ҳам айтгил! Агар буни ҳам қабул этсалар, унда Аллоҳ таоло бой кишиларнинг мол-дунёсидан садақалар (закотлар) олиб, фақирларга қайтариб бермоқни ҳам фарз қилганини маълум айлағил!» — деб айтдилар».
Абу Аиюб разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши: «Не қилсам, жаннатга кирғайман, менга ўргатингиз!»—деди. Одамлар: «Не иши бор эркан, не иши бор эркан?»—деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Бир иш бирлан келибдир»,— деб жавоб бердйлар. Кейин, бояги одамга қараб: «Аллоҳ таолога ибодат айлағайсен, унга ҳеч нарсани ширк келтирмағайсен, намоз ўқиб, закот берғайсен ва қариндошларингга оқибатли бўлғайсен!» — дедилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир аъробий (бадавий) Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Менга бир ишни ўргатингизким, уни бажариб мен жаннатга кирайин!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳга ибодат айлаб, унга ҳеч нарсани ширк келтирмағайсен, буюрилган беш вақт намозни ўқиғайсен, фарз қилинган закотни адо этғайсен ва рамазонда рўза тутғайсен!»—дедилар. Аъробий: «Жону таним қўлида бўлган Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, шу айтганларингиздан ошириб юбормағаймен!»—деди. У киши қайтиб кетгач, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннати одамни кўриб, хурсанд бўлмоқни истаса, шул кишига қарасин!» — дедилар».
Абу Ҳайён:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларидаги мазкур ҳадисни менга Абу Зуръа айтиб берган эрди»,— дейдилар.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Абдулқайс қабиласи вакиллари келиб: «Ё Расулаллоҳ, бу жамоа (яъни, бизлар) Рабийъа қабиласидан (ажраб чиққан Абдулқайс қабиласи вакиллари) бўлиб, сизлар бирлан бизнинг ўртамизда Музар қабиласи кофирлари (ғов бўлиб) турибди. Шул боисдан бизлар сизнинг ҳузурингизга (уруш таъқиқланган) муқаддас ойдагина кела олурмиз. Жаннатга кирмоғимиз учун бизларга шундай бир амали солиҳни буюрингизки, уни ўзимиз ҳам адо этиб, ортимиздагиларни (яъни, юртимиздаги қабиладошларимизни) ҳам шунга даъват этайлик!» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ (уларга): «Мен сизларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсадан сизларни қайтарур-ман: Оллоҳ таолонинг якка-ю ягона илоҳ эканлигига иймон келтирингизлар, бу «Ашҳаду ан ло илоҳа иллаллоҳу (ва анна Муҳаммадан расулуллоҳи)» деб айтмоқликдур, (беш вақт) на-моз ўқингизлар, закот берингизлар, Рамазон рўзасини тутин-гизлар ва (шунингдек, жангда) олган ўлжаларингизнинг хум-сини (бешдан бирини) Оллоҳ таолога (яъни, Байтулмолга) берингизлар! Дуббоъ, нақир, хантам ва музаффатдан (яъни, қовоқ, ёғоч, сопол, чинни, шиша ва мўм суртилган идишларда ичимлик тайбрлашдан) қайтарурман», — дедилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлганларида айрим араб қавмлари исломдан тондилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу бундай деган эрдилар: «Одамлар (кофирларга қарши) нечук урушмоқдалар? Ахир, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Аллоҳ таоло томонидан одамлар «Ло илоҳа илла-л-лоҳ» демагунларича уруш қилмоқ буюрилди, кимки шундоқ деса, молу жонини мендан омон сақлаб қолғайдир, бошқа гуноҳлари учун эрса, Аллоҳ таоло даргоҳида жавоб берғайдир»,— деганлар-ку!»
Абу Бакр:
«Аллоҳга қасам ичурменким, намоз бирлан закотни фарқлаган (яъни, бирининг иккинчисидан аҳамияти ортиқроқ ёким камроқ деган) кишига қарши жанг қилғаймен, чунким закот ислом йўлида қилинадирган хайр-эҳсондир. Агар Жаноб Расулуллоҳга (бева-бечораларга тарқатмоқ учун) олиб келинаётган эчкилардан биттаси кам бўлса ҳам, худо ҳаққи, жанг қилғайдирмен!» — дейдилар. Ҳазрат Умар: «Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг қалбига қанчалар шижоат ато этгандир! Мен унинг ҳақ эканлигини тушунғайдирмен»,— дейдилар.
2-боб. Закот бераман, деб байъат қилмоқ
Аллоҳ таоло бу хусусда:
«Агар тавба қилиб, намоз ўқисалар ва закот берсалар, сизнинг диндош биродарларингиздирлар»,— дейдир.
Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, намоз ўқиғайдирмен, закот берғайдирмен ва ҳар бир мусулмонга (бу ҳақда) насиҳат қилғайдирмен, деб байъат (қасам) қилдим»,— дейдилар.
3-боб. Закот бермайдирган (одам) нинг гуноҳи
Аллоҳ таоло бу хусусда бундай дейдир:
«Хазина-хазина тилла ва кумушлар жамлаб, Аллоҳ йўлида сарф қилмайдирганларни қиёмат куни бериладирган қаттиқ азобдан огоҳ қилингизлар! Ўшал куни бутун жамлаган хазиналари жаҳаннам ўтида қиздирилиб, у бирлан хазина соҳибининг пешонаси, икки биқини ва орқаси дазмол қилинғайдир. Жамлаган мол-дунёингизнинг сизга кўрсатадирган оқибати мана шул бўлур. Қиёмат куни жамлаган хазиналарингизнинг мазасини бир татиб кўрингиз-чи!»
Абу Ҳурайра ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки туяси кўп бўлатуриб, закот бермаган эрса, қиёмат куни энг семиз туяси келиб, уни тепкилағайдир, агар қўйи кўп бўла туриб, закот бермаган эрса, энг семиз (бақувват) қўйи келиб, уни туёқлари бирлан тепкилаб, шохлари бирлан сузғайдир»,— дедилар («Уларни сув бўйига олиб бориб суғормоқ ҳам закотдир»,— дейдилар Имом Бухорий). Жаноб Расулуллоҳ яна бундай дедилар: «Қиёмат куни қайси бирингиздир елкангизда маъраб турган қўй кўтариб келиб: «Эй, Муҳаммад!» — дерсиз. Шунда мен: «Сен учун ҳеч нарса қилолмасман, мен илгари айтгандим»,— дерман. Кейин, биттангиз елкангизда бўкириб турган туя кўтариб келиб: «Эй Муҳаммад!» — дерсиз. Шунда мен: «Сен учун ҳеч нарса қилолмасман, мен илгари айтгандим»,— дерман».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга Аллоҳ таоло мол-дунё берган бўлса-ю, у закот бермаган бўлса, жамғарган бойлиги қиёмат куни илон шаклига кириб, эгасининг танасига ўралиб олиб чақғайдир, сўнг: «Мен мол-дунёингдирман, мен хазинангдирман» — деб айтғайдир»,— дедилар. Кейин, «Хасислик қилғувчилар ўйламасинларким...» деган оятни ўқидилар».
4-боб. Закоти берилган бойлик хазина эмас!
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда:
«Молингиз беш уққадан (6,240 кг дан) кам бўлса, садақа лозим эрмас»,— деганлар.
Холид ибн Аслам ривоят қиладирлар:
«Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бирлан бирга (кўчага) чиқдик. Шунда бир аъробий (бадавий): «Аллоҳ таолонинг «Тилла ва кумушларни тўплаб, хазина қилиб, Аллоҳ йўлида сарф қилмайдирган шахслар...» деган оятини менга тушунтириб берингиз!»— деди. Ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Ким бойлик (мол-дунё) тўплаб, закот бермаса, унинг ҳолига войдир! Аллоҳ таоло закотни фарз деб буюриб, уни бойликни ҳалолловчи восита қилди»,— дедилар».
Абу Саъид разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Оғирлиги беш уққадан (6,240 кг дан) кам (сочилувчан бўлмаган) нарсалар учун, сони бештадан оз қўй, эчки, мол, от, туя каби ҳайвонлар учун ҳамда беш авсақдан (тахм. 720 кг дан) енгил (сочилувчан) нарсалар учун садақа (закот) берилмағайдир».
Зайд ибн Ваҳб ривоят қиладирлар:
«Рабза деган ердан ўтиб кетаётган эрдим, Абу Заррни учратиб қолиб, унга: «Не сабабдин уйингизни тарк этиб, бу ерларда юрибдирсиз?» — дедим. Абу Зарр менга бундай дедилар: «Шомга борган эрдим, Аллоҳ таолонинг, «Тилла ва кумушларни тўплаб, хазина қилиб, Аллоҳ йўлида сарф қилмайдирган шахслар...» деган ояти ҳақида Муовия бирлан тортишиб қолдим. Муовия: «Бу оят аҳли китоблар учун нозил бўлган»,— деди. Мен: «Бу оят барчамизга, биз учун ҳам, улар учун ҳам нозил бўлган»,— дедим. Кейин, шу тариқа тортишиб қолдик. У киши мендан шикоят қилиб, Усмон разияллоҳу анҳуга мактуб юборди. Усмон менга: «Мадинага келғил!» — деб хат ёзувди, мен бордим. Шунда одамлар гўё мени илгари кўрмагандек қуршаб олишиб, нега келганлиғимнинг боисини суриштира кетдилар. Мен бу ҳодисани Усмонга айтдим. У киши: «Агар сиз раво кўрсангиз, шаҳар чеккасидан жой берсаму ўшал ерда турсангиз, бизнинг кўнглимизни хушнуд этган бўлардингиз!»— деди. Мана шу сабабли мен шу ердаман, агар менга ҳабаш қулни раҳбар қилиб қўйсалар, мен унга қулоқ солиб, итоат қилган бўлур эрдим».
Аҳнаф ибн Қайс ривоят қиладирлар:
«Қурайш қабиласига мансуб бир гуруҳ одамлар бирлан ўтирган эрдим. Шунда сочлари тўзғиган, кийимлари йиртиқ, жуссаси қўпол бир одам келиб ўтирганларга салом берди-да: «Мол-дунё йиғгувчиларга айтиб қўйингиз, уларнинг баданларига жаҳаннам ўтида қиздирилган тош босилғайдир! Қиздирилган тош аввал эмчаги учига қўйиб босилғайдир, курагидан тешиб чиқғайдир, кейин курагига қўйиб босилғайдир, эмчаги учидан тешиб чиқғайдир. Шунда тош титраб, қалтираб турар»,— деди. Кейин, бир устуннинг тагига бориб ўтирди, мен ҳам унга эргашиб, ёнига бориб ўтирдим, лекин ким эканини билмайман. Мен унга: «Сизнинг айтган сўзларингиз, назаримда, одамларга ёқмади»,— дедим. Бояги киши: «Уларнинг ҳеч нарсага ақли етмағайдир, буни менга дўстим айтган эрди»,— деди. «Дўстингиз ким?» — деб сўрадим мен. Бояги одам: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам!» — деб жавоб берди-да, кейин бўлган воқеани ҳикоя қила кетди: «Бир куни Жаноб Расулуллоҳ менга: «Эй Абу Зарр, Уҳудни (тоғни) кўриб турибдирсанми?» — дедилар. Шунда мен, бир ёққа иш бирлан юбормоқчилар шекилли, деб ўйлаб, Қуёшга қараб куннинг қолган қисмини чамаладим-да, «Ҳа»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг Уҳуд тоғидек тиллам бўлса, бир кунлик ҳожатимга уч динор олиб қолиб, қолганини Аллоҳ йўлида сарф қилур эрдим!» — дедилар». Абу Зарр ҳикоясини шу ерда тўхтатиб, менга: «Анавилар ўйламай-нетмай мол-дунё тўплаб ётибдирлар, худо ҳаққи, мен Аллоҳ таолонинг даргоҳига боргунимча ҳам улардан бойлик талаб қилмасман ва маслаҳат ҳам сўрамасман!» — деди».
5-боб. Бойликни тўғри сарф қилмоқ ҳақида
Ибн Масъуд разияллоху анҳу ривоят қиладирлар:
«Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кишига бундоқ деганларини эшитган эрдим: «Фақат икки нарсага ҳасад (ҳавас) қилмоқ мумкин: бири — Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берса-ю, у ўз бойлигини эзгу йўлда сарфлаб тугатса, иккинчиси — Аллоҳ таоло бир кишига илму ҳикмат ато этса-ю, у билимидан тўғри фойдаланиб, бошқаларга ҳам ўргатса».
6-боб. Садақани миннат қилмоқ ҳақида
Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидаги оятни нозил қилган: «Эй иймон келтирган бандалар, берган садақаларингизни (одамларга) миннат қилиб ва озор бериб, йўққа чиқармангиз...» («ал-кофирийн» деган жойигача ўқингиз).
7-боб. Ҳаром йўл бирлан топилган бойликдан қилинган садақани Аллоҳ таоло қабул қилмайдир, ҳалол касб туфайли топилган бойликдан қилинган садақанигина қабул қиладир
Аллоҳ таоло бу хусусда:
«Кетидан озор эргаштириб келадирган садақадан кўра, кўнгилни кўтарадирган ва мағфиратли сўз афзалдир. Аллоҳ бой ва кўнгилчандир!» — дейдир.
8-боб. Ҳалол йўл бирлан топилган бойликдан қилинадирган садақа ҳақида
Аллоҳ таоло бу хусусда бундай дейдир:
«...(Аллоҳ таоло) садақаларни боқиб катта қилғайдир (берилган садақага баракот ато этиб, кўпайтириб, эгасига қайтарғайдир), Аллоҳ таоло ҳар бир осий кофирни ёмон кўрғайдир, аммо иймон келтирган, яхшиликлар қилган, намоз ўқиган ва закот берган бандаларга Аллоҳ таоло мукофотлар инъом қилғайдир, аларга ҳеч қандайин хавфу хатар йўқдир, алар ғам чекмағайдирлар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки ҳалол касб қилиб, бир дона хурмочалик садақа қилғайдир, Аллоҳ таоло уни бажонудил қабул этғайдир, сўнг сизлар тойчоқни қандоқ боқиб улғайтирсангиз, Аллоҳ таоло ҳам берган садақангизни тоғ баробаринда қилиб, ўзингизга қайтарғайдир»,— дедилар».
9-боб. Садақани рад қиладирган даврлар келмасидан олдин садақа бериб қолмоқ тўғрисида
Ҳориса ибн Ваҳб: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитгандирман»,— дейдилар:
«Садақа қилиб қолингиз, чунким садақангизни оладирган одам топилмайдирган даврлар келғайдир, ўшанда бирор кишига садақа олиб борсангиз, «Кеча келганингда сўзсиз қабул қилғай эрдим, аммо бугун унга менинг ҳеч қандоқ ҳожатим йўқдир»,— дейдир».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мол-дунёнгиз тўлиб-тошиб кетмагунча қиёмат бўлмағайдир. Шундоқ даврлар келғайдирким, ҳатто бадавлат одам кимга садақа бермоғин билмай қолиб, дуч келган одамга садақа тутаверғайдир, бироқ «Менинг муҳтожлигим йўқдир» деб ҳеч ким олмағайдир»,— дедилар».
Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эрдим, икки киши кириб келди. Улардан бири қашшоқлигидан, иккинчиси эрса, қароқчилардан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ‘дедилар: «Йўлтўсарлар масаласига келсак, ҳатто карвон Маккага соқчиларсиз йўл олганда ҳам, сенга уларнинг зарари камроқ теккайдир, аммо қашшоқлик масаласига келсак, сизлар садақа бергайман деганингизда б‘ирортангиз ҳам садақа олғувчи одамни қидириб тополмайдирган давр келмагунча қиёмат бўлмағайдир. Сўнг, қай бирингиздир Аллоҳ таолонинг қаршисида тик туриб жавоб берурсиз, ўртангизда парда ҳам, сўзингизни таржима қилиб турадирган тилмоч ҳам бўлмағайдир. Шунда Аллоҳ таоло: «Сенга мол-дунё ато қилмағанвди эрдим?!» — дейдир. Банда: «Ҳа»,— деб жавоб берур. Сўнг, Аллоҳ таоло: «Сенга пайғамбар юбормағанми эрдим?!»—дейдир. Банда: «Ҳа»,— деб жавоб берур. Кейин, банда ўнг томонига қарайдир, дўзахдан бошқа нарсани кўрмағайдир, сўнг чап томонига қарайдир, тағин дўзахдан ўзга нарсани кўрмағайдир. (Шунинг учун) ҳар бирингиз лоақал яримта хурмо садақа қилиб, у ҳам бўлмаса, лоақал битта яхши сўз айтиб, ўзингизни дўзах ўтидан асрангиз!»
Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ бундай дедилар: «Шундай замонлар келадирки, ўшанда киши тиллани садақа қилғаймен деса ҳам, садақа олгувчини қидириб тополмағайдир, аёлларнинг кўплиги ва эркакларнинг озлигидан қирқ аёл битта эркакнинг кетидан ялиниб юрғайдир».
10-боб. Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни дўзах ўтидан асрангиз! Озгина садақа ҳам садақадир!
Бу хусусда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилган: «Мол-дунёсини Аллоҳ таолони ризо қилмоқ йўлида ва унга нисбатан бўлган ўз садоқатини исбот этмоқ учун сарф қилғувчилар...» («ҳар бир мевалардан» деган сўзигача)».
Абу Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Садақа ояти» нозил бўлгач, биз ҳаммоллик қилиб, топган пулимиздан садақа қилур эдик. Бир куни бир киши келиб, кўп нарса садақа қилди. Шунда мунофиқлар: «Ўзини кўрсатмоқ учун шундоқ қилаётир»,— дейишди. Кейин, бошқа бир киши келиб, бир соъ (тахминан 2,5 кг) хурмо садақа қилди. Мунофиқлар уни ҳам иғво қилиб: «Унинг бир соъ садақасига Аллоҳ таоло муҳтож эрмас»,— дейишди. Шунда: «Кўнгилдан чиқариб садақа қилғувчи мўъминлар устидан кулгувчилар ва пешона тери бирлан ишлаб топғувчилар...» деган оят нозил бўлди».
Абу Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга садақа қилмоқни буюрсалар, баъзи биримиз бозорга бориб ҳаммоллик қилур эрдик, кейин шундан тушган пулга бир муд (600 мисқол) овқат ёки хурмо сотиб олиб, бировга садақа қилур эрдик. Ҳозир эрса, айримларимизда 100 минг дирҳамгача пул бордир».
Абдуллоҳ ибн Маъқил ривоят қиладирлар:
«Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни дўзах ўтидан сақлангиз!»—деб айтганлар» деганини эшитганман».
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Бир аёл икки қизчасини етаклаб садақа сўраб кирди. Менда бир дона хурмодан бўлак ҳеч нарса бўлмагани учун ўша хурмони бердим. Уни икки қизалоғига бўлиб берди, ўзи емади, кейин ўрнидан туриб чиқиб кетдй. Ўша куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг ҳужрамга кирдилар, мен бўлган воқеани айтиб бердим. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қизчалардан бирортаси бирор дардга чалиниб, вафот этса, охиратда онасини дўзах ўтидан парда бўлиб тўсиб турғайдир»,—дедилар».
11-боб. Қандай садақа афзал эканлиги ва соғлом, хасис одамнинг садақаси ҳақида
Аллоҳ таоло бундай дейдир:
«Эй мўъмин бандалар, ўлмасингиздан бурун биз сизларга ато этган ризқдан бошқаларга ҳам улашингиз!» ва «Эй иймон келтирган бандалар, савдо-сотиқ қилинмайдирган кун келмасидан бурун биз сизларга ато этган ризқдан бошқаларга ҳам улашингиз!»
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, қандай садақанинг савоби улуғроқдир?» — деб айтди. Жаноб Расулуллоҳ: «Сен ўзинг соғлом ва хасис эрсанг-у, камбағал бўлиб қолмоқдан қўрқиб ҳамда бой бўлмоқни орзу қилиб садақа қилсанг, ана шу садақангнинг савоби улуғроқдир! Жонинг ҳалқумингга келмасидан бурун садақа қилиб қолғил! Кейин, «фалончига бунча, пистончига мунча бермоғим керак эрди»,— дерсан, бироқ, барча мол-дунёнг меросхўрга қолиб кетғусидир»,— дедилар».
12-боб.
Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан хотинларидан айримлари: «Қай биримиз сизга тезроқ етишғайдирмиз?» — деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Қай бирингизнинг қўлингиз узунроқ бўлса»,— дедилар. Шунда ўзлари экадирган шакарқамиш поясидан келтиришиб, бир-бирларининг қўлларини ўлчашди, Савданинг қўли бошқа хотинларининг қўлидан узунроқ бўлиб чиқди. Кейин, билсак, Жаноб Расулуллоҳ «Энг қўли узун»,— деганларида, энг кўп садақа қилғувчи аёлни назарда тутган эрканлар. Ҳақиқатан ҳам, Савда Расулуллоҳга тёзроқ етишди, ўзи ҳам биздан кўра, кўпроқ садақа қилар эрди-да!»
13-боб. Ошкора садақа
Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидаги оятни нозил қилган: «Ўз мол-дунёларини кечаю-кундуз хуфия ва ошкора садақа қилаётганлар...» («Улар ғам чекмағайдирлар» гача ўқингиз).
14-боб. Хуфия садақа
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларини ривоят қиладирлар:
«Шундоқ одамлар бордирким, садақа қилганларини бировга билдирмағайдирлар, ҳатто ўнг қўллари қилган ишни чап қўллари билмай қолур. Аллоҳ таоло: «Агар ошкора садақа айласангиз, сизга шул садақангизчалик савоб теккайдир, агар фақирларга хуфия садақа айласангиз, кўпроқ савоб олғайдирсиз»,— дейдир».
15-боб. Бадавлат одамга билмай садақа берса...
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтгандилар»,— дейдилар: «Бир киши садақа берғайман, деб аҳд қилиб чиқиб, садақасини (билмай) бир ўғрининг қўлига тутқазиб юборди. Шунда одамлар ўғрига садақа берди, деб маломат қилдилар. Бояги киши: «Эй парвардигор-о, садақа бермоғим учун ўғрини бўлса ҳам менга рўпара қилганингга шукр!» — деди. Кейин, яна садақа олиб чиқиб, бир бузуқ аёлнинг қўлига берди. Одамлар яна маломат қилиб: «Бу кеча бузуқ аёлга садақа берди»,— дейишди. Бояги киши: «Эй парвардигор-о, садақа бермоғим учун менга бузуқ аёлни бўлса ҳам рўпара қилганингга шукр!» — деди. Сўнг, яна садақа олиб чиқди-да, бир бойнинг қўлига бериб юборди. Одамлар: «Бойга садақа қилди»,— деб уни яна гап қилдилар. Шунда у: «Эй парвардигор-о, ўғригами, бузуқ аёлгами, бойгами, садақа қилмоғимни менга насиб этганинг учун сенга шукр!» — деб айтди. Кейин, тушида унга: «Ўғри, берган садақанг туфайли, шояд, ўғриликдан қайтса, бузуқ аёл шояд тўғри йўлга кирса, бой эрса, шояд Аллоҳ таоло берган бойлигидан садақа қилмоқни ўрганса!» — деб айтилди».
16-боб. Боласига билмай садақа берса...
Маън ибн Язид разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар:
«Мен, отам ва бобом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилдик. Ул зот шахсан ўзлари совчилик қилиб, мени уйлантириб қуйдилар. Бир куни отам бир неча динорни (биров келиб олар, деб) масжидда ўтирган бир кишининг олдига қўйган эрдилар. Мен бориб ўша пулларни олиб, отамнинг олдиларига келдим. Шунда отам: «Буни сенга садақа қилмоқчи эмасдим»,— дедилар. Мен воқеани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердим, Ул зоти олий: «Эй Язид, не ниятда садақа қилмоқчи бўлган эрсанг, ўшал ниятинг ўзингга (ёр бўлсин), эй Маън, сен не олган эрсанг, ўшал сеникидир!» — дедилар».
17-боб. Ўнг қўли бирлан садақа бермоқ ҳақида
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло ўзининг соясидан бошқа соя бўлмайдирган куни (яъни қиёмат куни) етти кишини — одил имомни (ёки ҳар қандай раҳбарни), Аллоҳ таолога ибодат қилиб улғайган йигитни, масжидлардан кўнгил узолмайдирган кишини, Аллоҳни деб биров бирлан дўстлашган ҳамда Аллоҳни деб ундан узоқ лашган (кечган) кишини, гўзал бир мансабдор аёл яқинлик қилмоқни таклиф қилганда, «Мен Аллоҳ таолодан қўрқгайман» деб таклифини рад этган кишини, ўнг қўли берган садақани чап қўли билмайдирган қилиб пинҳона ҳайр-эҳсон айлаган кишини ва хилватда ўтириб, Аллоҳ таолонинг зикрида дув-дув кўз ёши тўккан кишини ўз соясига олгайдир».
Ҳориса ибн Ваҳб ал-Хузоъий: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитгандим»,— дейдилар:
«Садақа қилиб қолингиз, чунким шундоқ даврлар келғайдирким, одамлар кимга садақа бермоқни билмай, сарсон бўлур. Кимга садақа узатилса, ўшал: «Кеча олиб келганингизда олар эрдим, лекин бугун садақага эҳтиёжим йўқдир»,— дейдир».
18-боб. Хизматчиси орқали садақа берган киши ҳақида
Абу Мусо:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам садақа бергувчилардандирлар»,— дейдилар.
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар аёл яхши ният бирлан ўз уйидаги егуликлардан садақа қилса, ўшал берган нарсасига яраша унга савоби бўлғайдир, ишлаб топиб келган эрига ҳам савоби теккайдир, шунингдек хазиначисига ҳам савоби бордир. Уларнинг барчаси баравар савоб олишғайдир, бириники биридан кам бўлмағайдир»,— деганлар.
19-боб. Ўзи муҳтож бўла туриб қилинган садақа садақа эрмас!
Ўзи ёки оиласи муҳтож бўлган ёҳуд бировдан қарзи бўлган киши садақа бергандан кўра ва қул озод қилгандан кўра, аввал қарзини узмоғи лозим, чунки унинг хайру эҳсони барибир қабул бўлмағайдир. Бировларнинг молини сарф қилмоққа унинг ҳаққи йўқдир!
Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда бундай деганлар:
«Ким бировнинг молини совурмоқ ниятида олса, Аллоҳ таоло ул бандани ҳалокатга маҳкум этғайдир, Аммо, сабр-тоқатлилиги бирлан танилган ва муҳтож киши, бировдан қарзи бўлса ҳам, садақа қилмоғи мумкиндир». Чунончи, Абу Бакр. разияллоху анҳу ҳам шундай қилган эрдилар, Мадина ансорлари ҳам муҳожирларни шу тариқа кутиб олишганди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз бойлигини бекорга сарф қилмоқни манъ қилганлар, демак одам бировнинг молини ҳам совурмоққа ҳаққи йўқдир. Каъб разияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, мен қатъий тавба қилганим туфайли барча бойлигимни Аллоҳ ва унинг Расули йўлида сарф қилмоқчиман»,— деганларида, Жаноб Расулуллоҳ: «Молингдан бир қисмини ўзингга ҳам қолдирганинг яхшидир»,— дебдилар. Шунда Каъб: «Ҳайбардаги мулкимни ўзимга қолдирғайман»,— деб айтибдилар.
Саъид ибн Мусаййаб Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитган эрканлар:
«Ўзидан орттириб қилинган садақа энг яхши садақадир, шунинг учун садақа бермоқни энг аввало оилангдан бошлағил!» (яъни, энг аввало оилангни таъминлағил).
Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳу: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганлар»,— дейдилар:
«Кўтарилган қўл, туширилган қўлдан яхшироқдир (кўтарилган қўл — ишлаб боқгувчи қўл, туширилган қўл — тиламчи қўлдир)! Энг аввало оилангга садақа берғил (оилангни боқғил)! Ўзидан орттириб қилинган садақа — энг яхши садақадир! Кимки тавба қилғайдир, Аллоҳ таоло уни кечирғайдир, кимки бойлик тилағайдир, Аллоҳ таоло унга бойлик ато этғайдир!»
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб садақа ва поклик тўғрисида эслатиб ўтдилар, сўнг: «Кўтарилган қўл туширилган қўлдан афзалдир, яъни кўтарилган қўл ишлаб боқгувчи, туширилган қўл эрса, тиламчи қўлдир!» — дедилар».
20-боб. Берган содақасини миннат қилгувчилар тўғрисида
Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидаги ояти каримани нозил қилган:
«Ўз бойликларини Аллоҳ йўлида садақа айлаб, кейин кетидан миннат қилмайдирган ва озор бермайдирган бандалар...»
21-боб. Ўз вақтидан кечиктирмай садақа қилмоққа ошиққан киши хусусида
Уқба ибн ал-Ҳарас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга имомлик қилйб намози аср ўқидилар. Кейин, шошилиб уйларига кириб кетиб, бир оз ўтмай қайтиб чиқдилар. Мен ёки орамиздан кимдир бунинг боисини сўрадик. Жаноб Расулуллоҳ: «Садақа қилғайман, деб уйда бир оз тилла олиб қўйган эрдим, туни бирлан унинг уйда қолмоғини истамадим, шуни ҳозир одамларга улашиб келдим»,— дедилар».
22-боб. Садақа беришга ундаш ва шафқат (ёрдам) қилиб садақа қилмоқ ҳақида
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Ҳайит куни Жаноб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга чиқиб, икки ракъат намоз ўқидилар, илгари ҳам, кейин ҳам бундай намоз ўқимаган эрдилар. Сўнг, аёлларга ўгирилиб, ваъз айтдилар (ёнларида Билол ҳам турган эрди), уларни садақа бермоққа ундадилар. Шунда аёллар билагузук ва тақинчоқларини (Билолнинг этагига) ташлай бошлашди».
Абу Бурда ибн Абу Мусо оталари Абу Мусо разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни эшитган эрканлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бирор киши садақа ёким бошқа нарса сўраб келса, «Ёрдам (шафқат) қилингизлар, савоб топғайдирсизлар!» — дер эрдилар. Аллоҳ таоло ўз Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларидан ўзи истаганча айттириб, садақа қилдирар эрди».
Асмо разияллоҳу анҳо:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Саховат йўлини беркитмағил, Аллоҳ таоло ҳам сенинг учун саховат йўлини беркитмағайдир» деб айтганлар»,— дейдилар.
Усмон ибн Абу Шайба: «Кимга не берганингни санамағил, Аллоҳ таоло ҳам сенга санаб ризқ берғайдир»,— дейдилар.
23-боб. Қурби етганча садақа қилмоқ ҳақида
Аббод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр ривоят қиладирлар:
«Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳо Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганларида, ул зот «Мумсиклик қилмағил, Аллоҳ таоло ризқингни қирқғайдир, қурбинг етганича садақа қилиб турғил!» — деган эрканлар».
24-боб. Садақа гуноҳларни ювгайдир!
Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Умар разияллоҳу анҳу: «Қай бирингиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна ҳақида айтган ҳадисларидан бирортасини билурсиз?» — деб сўрадилар. Шунда мен: «Жаноб Расулуллоҳ қандоқ айтган бўлсалар, шундоқлигича эслаб қолганман»,— дедим. Ҳазрат Умар: «Сен ул киши бирлан бемалол сўзлаша олар эрдинг, қани айтғил-чи, не деганлар?» — дедилар. Шунда мен: «Барча фитна кишининг ўз хотини, болалари ва қўшнисидан чиқғайдир, уни садақа бермоқ, намоз ўқимоқ ва амри маъруф (лхшилиғ) қилмоқ бирлан даф этғайдирлар» деб айтганлар»,— дедим.
Ҳузайфа ҳадис айтганда, «Фитна — намоз ўқимоқ, Садақа бермоқ ва-л-амр би-л-маъруф (яъни, Ислом шариатида машҳур бўлган амали солиҳларни бажармоқни буюрмоқ) бирлан даф қилинғайдир» деб ҳам айтарди»,— дейдилар муҳаддислардан бири Сулаймон разияллоҳу анҳу.
Ҳазрат Умар:
«Мен буни назарда тутганим йўқдир, мен денгиз тўлқинлари янглиғ мавж урадирган фитна ҳақида сўрамоқчи эрдим»,— дедилар. Мен: «Эй Амир ал-мўъминин, ундай фитнадан сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлур, сиз бирлан унинг орасидаги эшик ёпиқдир»,— дедим. Ҳазрат Умар: «Ўша эшик синдирилғаймидир ёким ўзи очилғаймидир?»—деб сўрадилар. Мен: «Балки, синдирилғайдир»,— дедим. Ҳазра‘т Умар: «Агар синдирилса, абадулабад қайтиб ёпилмас»,—дедилар. Мен: «Ҳа»,— дедим».
Абу Воил бундай дейдилар:
«Биз Ҳузайфадан ўшал эшик ҳақида сўрашга ботина олмай, Масруққа: «Сиз сўрангиз!» — деб айтдик. Масруқ сўраган эрдилар, Ҳузайфа: «Ўшал эшик Умар разияллоҳу анҳунинг‘ ўзларидирлар»,— деб жавоб қилдилар. Шунда биз Ҳузайфага: «Ҳазрат Умар кимни назарда тутганингизни билдиларми?»— дедик. Ҳузайфа: «Ҳа, эртанги кун келмоғидан олдин тун бўлмоғини билганларидек яхши билғайдирлар. Мен ул кишига бир ҳадис айтиб берганман, шу боисдан мен кимни назарда тутганимни билмоқлари шубҳасиз»,— дедилар».
25-боб. Мушриклигида садақа қилиб, кейин мусулмон бўлган киши хусусида
Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир куни Жаноб Расулуллоҳдан: «Ё Расулуллоҳ, мен жоҳилия даврида (исломдан аввалги даврда) садақа айлаб, қулларга озодлик бериб, қариндош-уруғларимга оқибат қилиб юрғай эрдим, бунинг менга савоби бормидир?» — деб сўрадим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илгари қилган яхшиликларинг устига яна мусулмон ҳам бўлдинг!» — деб жавоб қилдилар».
26-боб. Ҳалол хўжайиннинг буйруғига биноан садақа берган хизматчига тегадирган савоб ҳақида
Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламГ «Агар аёл яхши ният бирлан эри ишлаб топиб келган егуликлардан садақа қилса, ўзига ҳам, ишлаб топиб келган эрига ҳам савоб теккайдир, шунингдек, хазиначиси ҳам савобсиз қолмағайдир»,— деб айтганлар».
Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Буюрилган нарсани тўла-тўкис бажарадирган («берадиган», деб айтган бўлишлари ҳам мумкин) ишончли мусулмон хазиначи «Садақа бериб юборғил!» дейилганда мамнуният бирлан садақа бериб юборғайдир. Шу боисдан у ҳам садақа қилғувчилардан биридир!»
27-боб. Тиламчига эрининг уйидан эзгу ниятда садақа олиб чиқиб берган ёки унинг қорнини тўйғизган аёлга тегадирган сабоб ҳақида
Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганлар: «Агар аёл яхши ниятда эрининг уйидан садақа олиб чиқиб берса...» (юқоридаги ривоят такрорланган).
Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар аёл яхши ниятда эрининг уйидаги егуликлардан олиб чиқиб, тиламчининг қорнини тўйғизса, ўзига ҳам, эрига ҳам, шунингдек, хазиначига ҳам савоб теккайдир. Эрига ишлаб топиб келгани учун, унга (аёлга) эрса, садақа бергани учун савоб теккайдир»,— деганлар».
Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар аёл эзгу ниятда эрининг уйидаги егуликлардан тиламчига садақа қилса, унга ҳам, эрига ҳам, шунингдек хазиначига ҳам савоб теккайдир. Эрига ишлаб топиб келгани учун, унга (аёлга) садақа бергани учун савоб теккайдир»,— деганлар».
28-боб.
Аллоҳ таоло бундай дейдир:
«Аммо, кимки (садақалар) берғайдир, (Аллоҳдан) тақво қилғайдир (қўрқғайдир) ва қилган яхшилиғига (Аллоҳ) яхшилиғ қайтармоғига ишонғайдир, биз унга фаровонликни муяссар этғайдирмиз, лекин кимки хасислик қилиб, бойиб кетган эрса ва (Аллоҳдан) яхшиликка яхшилиғ қайтмоғини ёлғон деса, биз унга қашшоқлиқни муяссар айлағайдирмиз!»
Эй, парвардигор, хайр-эҳсон қилғувчи бандангнинг бойлигини янада зиёда қилғайсен!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда ҳар доим эрталаб уйғонганида, икки фаришта осмондан тушиб, улардан бири: «Ё парвардигор, хайр-эҳсон қилғувчи бандангнинг мол-дунёсини янада зиёда қилғайсен!»—дейдир, иккинчиси эрса, «Ё парвардигор, мумсик (хасис) бандангнинг мол-дунёсига қирон келтирғайсен!» дейдир»,— деганлар».
29-боб. Садақа бергувчи ва бахил ҳақидаги мисоллар
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»,— деб ривоят қиладирлар:
«Бахил ва садақа қилғувчи бўғзидан кўкрагигача темир жубба кийиб олган икки кишига ўхшағайдир. Саховатли киши садақа бермоғи бирланоқ жуббаси кенгайиб, ҳатто юз-қўлидаги темир излари йўқолғайдир. Аммо, бахил одам садақа қилмоқчи бўлиши бирланоқ жуббасининг ҳар бир ҳалқаси баданини тобора сиқа бошлағайдир, бахил ҳар қанча чиранмасин, жубба кенгаймағайдир» (мантиқ: сахий одам садақани ҳеч қийналмай, чин юракдан берғайдир, аммо хасис одам ўзини зўрлаб, минг азобда берғайдир).
30-боб. Касб-ҳунар ва тижоратдан келадирган маблағдан қйлинадирган садақа ҳақида
Аллоҳ таоло бундай дейдир:
«Эй иймрн келтирган бандалар, пешона тери бирлан топган маблағларингиздан ва биз сизларга ердан ундириб бераётган неъматлардан садақа айлаб турингиз!..» (оятнинг «ғаниййун ҳамидун» деган жойигача ўқингиз).
31-боб. Ҳар бир мусулмон садақа қилмоғи лозим, агар садақа айламоққа ҳеч нарсаси бўлмаса, яхшилик қилсин!
Саъид ибн Абу Бурда оталаридан, оталари эса, ўз оталаридан қуйидаги ҳадисни эшитган эрканлар:
«Жаноб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир мусулмон садақа қилмоғи лозим»,— дедилар. Саҳобалар: «Ё Набиййаллоҳ, агар ҳеч нарсаси бўлмаса-чи?»—дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Қўли бирлан меҳнат қилиб, ўзи ҳам манфаатланғайдир, бировга ҳам садақа берғайдир»,— дедилар. Саҳобалар: «Агар бунга қурби етмаса-чи?» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ожизу жабрдийдаларга ёрдам берғайдир»,— дедилар. Саҳобалар: «Бу ҳам қўлидан келмаса-чи?— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Яхшилик қилмоқ йўлига ўтиб, ёмонликдан қайтсин, ана шунинг ўзи унинг садақа қилганидир!»—дедилар».
32-боб. Қанча миқдорда закот ва садақа бериш мумкинлиги тўғрисида ва бутун бир қўйни эҳсон қилган шахс хусусида
Умму Атиййа разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Нусайба деган бир ансория аёлга қўй юбордим. Ул эрса, шу қўйнинг гўштидан Оиша разияллоҳу анҳога юборди».
Оиша анамиз бундай дейдирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор егулик нарса борми?» —деб сўрадилар. «Нусайба юборган қўй гўштидан бошқа ҳеч вақо йўқдир»,— дедим. «Келтирғил, садақа ўз ўрнини топибдир!» — дедилар».
33-боб. Кумуш танга садақа қилмоқ ҳақида
Абу Саъид Худрий ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бештадан кам туя учун садақа лозим эрмас, беш уққиййадан (60 дирҳамдан) кам кумуш тангадан садақа қилинмайдир, беш васақдан (1600 ратлдан) оз нарса (мева-чева, дон-дун) учун ҳам садақа берилмайдир»,— деганлар».
34-боб. Закотга бериладирган (тўланадирган) ашёлар
Товус разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Маоз разияллоҳу анҳу Яман аҳлига бундай деди: «Арпа ва буғдой ўрнига эски-туски кийимларни садақа қилингиз, бу сизларга осонроқ, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинадаги саҳобаларига эрса, яхшироқдир!»
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аммо, Холид Аллоҳ йўлида жанг анжомларини шайлаб турибдир»,— деб айтдилар (закот бермоқдан бош тортаётган қавмларга нисбатан айтилган). Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам садақа қилингиз!» — дедилар, лекин фарз садақани бошқа тур садақалардан истисно қилмадилар. Бир аёл келиб, исирға ва мунчоқларини садақа қилди. Шунда, «Тилла ва кумуш, бўлсин!» деб қайд этишмади.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Абу Бакр разияллоҳу анҳу Аллоҳ ва унинг Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган аҳкомлар ҳақида менга бундай деб ёзган эрдилар: «Бир яшар урғочи бўталоқ закот қилмоғи лозим бўлган одамнинг бундай бўталоғи бўлмай, икки яшар урғочи бўталоғи бўлса, закотчи ўша икки яшар бўталоғини олиб, қайтимига 20 дирҳам ёки икки қўй берғайдир. Агар закот берғувчининг бир яшар урғочи бўталоғи бўлмай, икки яшар эркак бўталоғи бўлса, ундан шу бўталоқ закотга қабул қилиниб, ҳеч қандай қайтим берилмағайдир (чунки урғочи туя туғиб, кўпаяди)».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб айтурменким, ул киши ҳайит намозини хутбадан олдин ўқидилар, кейин аёлларга овозим етмади, деб ўйлаб, уларга яқинроқ бордилар. Ёнларида Билол ҳам кўйлагининг этагини (иона ташламоқлари учун) тутиб борар эди. Жаноб Расулуллоҳ аёлларга ваъз-насиҳатлар айтиб, уларни садақа бермоққа даъват қилдилар. Айюб разияллоҳу анҳу Сахтиянинг қулоқ ва бўйнига ишора қилдилар (яъни, сирға ва мунчоқларни садақа айламоқни буюрдилар)».
35-боб. Икки кишига тегишли молни (мулкни) бир-бирига қўшиб қўйиш ҳамда бир одамга тегишли молни (гўё икки кишининг молидек) бўлиб қўйиш ярамайдир
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилган садақалар ҳақида бундай деб ёзиб юборган эрканлар:
«Закот олинишидан қўрқиб икки кишига тегишли молни бир-бирига қўшиб қўймоқ ва бир кишига тегишли молни иккига бўлиб қўймоқ ярамайдир».
36-боб. Агар икки кишининг моли аралашиб кетган бўлса, улар ўзаро келишиб закот беришғайдир
Товус ва Ато бундай дейишадир:
«Агар икки кишининг моли аралашиб кетган бўлса-ю, улар ўз молларини таниб ололсалар, унда уларнинг молларини иккига ажратиб ўтирилмайдир». Суфён бундай дейдирлар: «Икки кишининг подаси аралашиб кетган бўлса-ю, улардан ҳар бирининг қўйи қирқтадан бўлмаса, закот вожиб эрмас».
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилган закотлар ҳақида бундай деб ёзган эрканлар:
«Бир-бирига аралашиб кетган подаларнинг эгалари ўзаро келишиб закот берғайдирлар ».
37-боб. Туя закоти
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир аъробий (бадавий) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳижрат қилмоқ тўғрисида сўради. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Шўринг қурсин! Ҳижрат қилмоқ қийиндир, сен закот бериб турмоғинг учун туяларинг борми?» — дедилар (у кишининг ҳижрат қиладирган сиёғи йўқлиги учун бирмунча енгиллик бермоқчи бўлдилар шекилли). Бадавий: «Ҳа»,— деб жавоб берди. «Сен денгизлар ортида туриб амали солиҳларни адо этсанг ҳам бўлаверғайдир, Аллоҳ таоло қилган амалларингнинг биттасини ҳам қолдирмай даргоҳида қабул қилғусидир», — дедилар».
38-боб. Закотга бир яшар урғочи бўталоқ бериши лозим бўлган одамнинг бундай бўталоғи бўлмаса-чи?
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло ўз Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламга фарз қилган садақалар (закотлар) ҳақида бундай деб ёзган эрканлар:
«Закотга беш яшар туя бермоғи лозим бўлган одамнинг бундай туяси бўлмай, тўрт яшар туяси бўлса, шу туяси закотга қабул қилиниб, устига яна (насиб этса) икки қўй ёким йигирма дирҳам олинғайдир. Аммо, закотга тўрт яшар туя бермоғи лозим бўлган одамнинг бундай туяси бўлмай, беш яшар туяси бўлса, у ҳолда шу туяси закотга қабул қилиниб, икки қўй ёким йигирма дирҳам қайтим берилғайдир. Башарти, закотга тўрт яшар туя бериши керак бўлса-ю, унинг бундай туяси бўлмай, икки яшар урғочи бўталоғи бўлса, унда шу бўталоқ закотга қабул қилиниб, устига икки қўй ёким йигирма дирҳам қўшиб олинғайдир. Кимки икки яшар урғочи бўталоқ закот қилмоғи лозим бўлса, ўрнига тўрт яшар туясини бериб, закотчидан икки қўй ёким йигирма дирҳам қайтим олур. Кимки икки яшар урғочи бўталоқ закот қилиши лозим бўлса-ю, унда бундай бўталоқ бўлмаса, ўрнига бир яшар урғочи бўталоқ бирлан бирга икки қўй ёким йигирма дирҳам қўшиб берғайдир».
39-боб. Қўй ҳисобида тўланадирган закот
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳуни Баҳрайнга жўнатганларида, кетларидан ушбу мактубни йўллаган эрдилар:
«БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМИ. Қўйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига, Аллоҳ таоло эрса, ўз Расулига фарз деб буюрган садақаларни (закотларни) баён қилдим. Қайси бир мусулмондан шариатга мувофиқ закот бермоқни сўрашса, берсин; кимдан шариатга хилоф равишда ортиқча закот сўрашса, бермасин. Йигирма тўрт ва ундан камроқ туянинг ҳар бештасига бир қўй; йигирма бешдан то ўттиз бештагача туя учун битта бир яшар урғочи бўталоқ; ўттиз олтидан то қирқ бештагача бўлса, битта икки яшар урғочи бўталоқ; қирқ олтидан то олтмиштагача бўлса, битта тўрт яшар урғочи бўталоқ; олтмиш бирдан то етмиш бештагача бўлса, битта беш яшар туя; етмиш олтидан то тўқсонтагача бўлса, иккита икки яшар урғочи туя; агар тўқсон бирдан то бир юз йигирматагача бўлса, иккита тўрт яшар урғочи туя берғайдир. Бир юз йигирматадан ҳам кўп бўлса, ҳар қирқтасига битта икки яшар урғочи бўталоқ ва ҳар элликтасига битта тўрт яшар бўталоқ бермоғи лозим. Кимнинг тўрттадан бошқа туяси бўлмаса, садақа вожиб эрмас, хоҳласа берғайдир, хоҳламаса йўқ. Туяси бештага етса, битта қўй берғайдир. Агар, подадаги қўйлар сони қирқтадан бир юз йигирматагача бўлса, битта қўй; бир юз йигирматадан икки юзтагача бўлса, иккита қўй; икки юздан то уч юзтагача бўлса, учта қўй; уч юздан ҳам кўп бўлса, ҳар юз қўйга битта қўй берғайдир. Агар, подадаги қўйлар сони қирқтадан битта кам бўлса ҳам, садақа вожиб эрмас, эгаси хоҳласа берғайдир, хоҳламаса йўқ. Кумуш пулларнинг ҳар йигирма дирҳамидан бир дирҳам берилғайдир, агар кишининг маблағи бир юз тўқсон дирҳам бўлса, садақа вожиб эрмас».
40-боб. На қари, на нуқсонли (ҳайвон) ва на така, агар закотчи истамаса, закотга қабул қилинмайдир
Аллоҳ ва унинг Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилган садақа (закот) ҳақида Абу Бакр разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳуга бундай деб взиб юборган эрканлар:
«На қари, на нуқсонли (ҳайвон) ва на така, агар садақа йиғувчи (закотчи) истамаса, садақага (закотга) қабул қилинмағайдир».
41-боб. Урғочи бир яшар эчкини садақага (закотга) қабул қилмоқ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келишаётган эчкилардан биттасини олиб қолишса ҳам, худо ҳаққи, улар бирлан жанг қилғаймен», — деб айтганлар. Умар разияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қалбига қанчалар шижоат жо айлаган! Мен уни яхши тушунғаймен»,— дейдилар».
42-боб. Одамларнинг энг яхши моллари садақага (закотга) олинмайдир
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маоз разияллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб: «Сен аҳли китоб бўлмиш қавм олдига кетаётирсан, шул боисдан энг аввало уларни Аллоҳ таолога ибодат қилмоққа даъват айлағил, Аллоҳ таолони тан олсалар (эътироф этсалар), Аллоҳ таоло бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқимоқни фарз қилганлиғини айтғил, намоз ўқисалар, Аллоҳ таоло уларнинг молларидан закот олиб, камбағалларга қайтариб бермоқни фарз қилғанлиғини айтғил, закотга ҳам итоат этсалар, улардан закот олғил, аммо одамларнинг энг яхши молларини олмагил!» — деб айтдилар».
43-боб. Бештадан кам туядан садақа олинмайдир
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар»,— дейдилар:
«Беш васақ (1 васақ — 60 соъ, 1 соъ — 2,400 г) дан кам хурмодан ҳамда беш уққиййа (1 уққиййа — 12 дирҳам) дан кам кумуш (пуллар) дан закот олинмайдир, бештадан кам туяга ҳам закот лозим эрмас».
44-боб. Сигир ҳисобида тўланадирган закот
Абу Ҳумайд ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маъраб турган сигири бўла туриб, Аллоҳ йўлида закот тўламаган одамни қиёматда кўрсатғаймен, ул сигир каби маъраб келғайдир»,— деб айтганлар».
Абу Зарр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келганимда, ул зот: «Жону таним қўлида бўлган Аллоҳга (ёки «Якка-ю ягона Аллоҳга», дедилар шекилли) қасамёд этиб айтурменким, кимки туя, сигир ёким қўйлари бўла туриб, закот бермаган бўлса, қиёмат куни энг катта ва энг семиз туяси, сигири ёким қўйи келиб, уни туёқлари бирлан тепкилағайдир, шохлари бирлан сузғайдир, кейин кетидан бошқалари ҳам келиб одамлар олдида, то тўланмаган закотнинг ҳаққи олингунча, шу ишни қилғайдир»,— делилар».
45-боб. Қариндошларга закот бермоқ ҳақида
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қариндошларига закот берган одамга иккита савоб теккайдир — бири қариндошларига оқибат қилгани учун, иккинчиси — закот бергани учун»,— дедилар.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Абу Талҳа Мадинадаги ансорлар ичида энг кўп хурмозор ерларга эга бўлган бадавлат киши эрди. У ўз мулкларидан, кўпроқ, Байруҳони яхши кўрар эрди. Байруҳо масжиднинг қаршисида бўлиб, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерга кириб, тотли сувидан ичиб турар эрдилар. Аллоҳ таолонинг «Ўзингиз суйган нарсани эҳсон қилмагунингизча хайр топмағайдирсиз!» деган ояти кариймаси нозил бўлганда Абу Талҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло: «Суюкли нарсангизни садақа қилмай туриб, яхшиликка муяссар бўла олмағайдирсиз!» — дер эркан, унда мен ўзимнинг энг яхши кўрган Байруҳомни Аллоҳ таоло йўлида садақа қилдим, бу менинг Аллоҳ таоло йўлида қилган хайр-эҳсоним бўлмоғини истайдирман. Сиз уни Аллоҳ таоло йўлида ўзингиз билганингизча тасарруф қилаверингиз!» — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сенинг «Бу мулким қандоқ ажойиб, қандоқ яхши!» деб мақтаганингни эшитгандирман, уни қариндошларингга берсанг дерман»,— дедилар. Абу Талҳа: «Хўб бўладир, ё Расулуллоҳ!» — деди. Кейин, Абу Талҳа Байруҳони ўз қариндошларига тақсимлаб берди».
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон ёки Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқдилар, сўнг одамларга ўгирилиб ваъз айтдилар, «Эй одамлар, садақа қилингиз»,— деб амр қилдилар. Кейин, аёллар ёнидан ўтаётиб: «Эй аёллар жамоаси, садақа қилингиз! Мен сизларни кўпроқ дўзахга тушгувчилардан деб билғайман»,— дедилар. Аёллар: «Ё Расулаллоҳ, бунинг боиси недир?» — деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Кўп қарғаб, эрларингизнинг яхшилигини инкор қилғайдирсизлар. Буни ақлингизнинг пастлиги ва эътиқодингизнинг сустлигидан деб билурмен. Сизлар ақли-ҳуши жойида бўлган эрни ҳам ақлдан оздирғайдирсизлар (яъни, тўғрими, нотўғрими, ўз билганингизни қилдирғайдирсизлар)»,—дедилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ уйларига йўл олдилар, уйларига келганларида Абдуллоҳ ибн Маръуднинг хотинлари Зайнаб келиб, кирмоққа ижозат сўради. Жаноб Расулуллоҳга: «Зайнаб келди»,— дейишди. Ул зот: «Қайси Зайнаб?» — дедилар. «Ибн Масъуднинг хотини»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Рухсат берингиз, кира қолсин!» — дедилар. Зайнаб ичкарига кириб: «Ё Набиййаллоҳ, бугун сиз: «Садақа қилғил!» — деб буюрдингиз. Менда бир тақинчоқ бор эрди, шуни садақа қилмоқчи эрдим. Аммо, (эрим) Ибн Масъуд ва ўғли(м): «Бошқалардан кўра, ўзимиз садақа олмоққа ҳақлироқдирмиз»—дейишмоқда»,—деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламд: «Ибн Масъуд тўғри айтибдир, эринг ва ўғлинг бошқалардан кўра, садақа олмоққа ҳақлироқдир», — деб айтдилар».
46-боб. Мусулмон одам (миниб юрган) оти учун садақа бермайдир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон одам оти ва ғуломи борлиги учун садақа бермағайдир»,— дейдилар».
47-боб. Мусулмон одам қули борлиги учун садақа бермайдир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон одам қули ва оти учун садақа бермағайдир»,— дейдилар».
48-боб. Етимларга садақа қилмоқнинг вожиблиги ҳакида
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни минбарга чиқиб ўтирдилар, биз ҳам теграларида ўтирдик. Жаноб Расулуллоҳ бизга: «Мен вафот этганимдан кейин бу дунё сизларга ўзининг гўзаллиги-ю, зийнатларини намоён қилмаса, деб қўрқғаймен»,— дедилар (яъни, «Сизлар айшу ишратга берилиб кетмасанглар, деб қўрқғаймен»,— дедилар). Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, яхшилик (яъни, дунёнинг гўзаллиги-ю, зийнатлари) ҳам ёмонлик келтиргайдирми?» — деб сўради. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қолдилар. Одамлар бояги кишини «Расулуллоҳга гапирмоққа не ҳаддинг бор, ул киши сенга сўзламадилар-ку!»— деб койишди. Жаноб Расулуллоҳ жим қолганларида биз ваҳий келяпти, деб ўйладик. Бир оздан кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидаги терни артдилар-да, бояги кишидан мамнун бўлгандек чеҳралари очилиб: «Қани савол берган киши?» — дедилар, сўнг унга қараб: «Яхшилик ёмонлик келтирмағайдир. Баҳорда унадирган ўтлар ичида, окилат ул-хадроъдан бўлак, (ҳайвон) еса ўлдирадирган ёким касал қиладирган ўтлар бордир. Уларни еган (ҳайвон) қорни шишиб, ичи ўтиб, бавл қилиб, офтобда чўзилиб ётғайдир. Кейин, кўзи очлик қилиб, яна ўша ўтдан егайдир. Мол-дунё ҳам ўша яшил ўт-ўланга ўхшайдир. Мол-дунёсини мискин. етим ва мусофирларга садақа қилиб, сўнг у дунёга рихлат айлайдирган мусулмон қандоғ ҳам яхшидир!». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Яна бундай дедилар: «Бировнинг молини эгри, ноҳақ йўл бирлан оладирган одам қанча еса ҳам, тўймайдирган мечкайга ўхшайдир, ўша эгри йўл бирлан олинган мол қиёмат куни унинг қаллоблигига гувоҳ бўлғайдир!»
49-боб. Эрига ва қарамоғидаги етимларга закот бермоқ
Амр ибн Ҳарасга Зайнаб разияллоҳу анҳо бундай двб ривоят қилган эрканлар:
«Масжидда ўтирган эрдим, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам садақа қилингиз!» — дедилар. [Зайнаб (эри) Абдуллоҳга ва қарамоғидаги етимларга садақа қилиб турар эрди]. Мен (эрим) Абдуллоҳга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрағил-чи, мен сенга ва мана бу етимларга садақа қилсам, жоиз бўлғаймидир?» — дедим. (Эрим) Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзинг сўрағил»,— дедилар. Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кетдим, эшик олдида бир ансория аёлнинг турганини кўрдим, ул ҳам менга ўхшаш бир юмуш бирлан келган эркан. Шунда ёнимдан Билол ўтиб қолди. Биз (мен ва ҳалиги аёл) унга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб берғил-чи, эримиз ва қарамоғимиздаги етимларга закот берсак, бўлурмикин? Фақат ул кишига биз айтганимизни билдирмағил!»—дедик. Билол ичкарига кириб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Кимдир ул иккаласи?»— деб сўрадилар. Билол: «Зайнаб»,— деди . Жаноб Расулуллоҳ: «Қайси Зайнаб?» — деб сўрадилар. Билол: «Абдуллоҳнинг хотини»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа, унга икки савоб теккайдир, бири — қариндошларига оқибат қилгани учун, иқкинчиси— закот бергани учун»,— дедилар».
Умму Салама ривоят қиладирлар:
«Ё Расулуллоҳ, мен (эрим) Абу Саламанинг болаларига садақа қилсам бўлғаймидир? Ахир, улар ўзимнинг болаларим-ку!» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Уларга садақа қилаверғил, сенга садақа қилганинг учун савоб теккайдир»,— дедилар.
50-боб. Аллоҳ таолонинг «Қулларга, қарздорларга ва Аллоҳ йўлига...» деган ояти кариймаси ҳақида
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ўз молининг закотини қул озод қилмоққа ва ҳажга боролмай юрганларга сарф қилур эрди, деб эслашадир.
Ҳасан Басрий:
«Закот тўлаб, отасини қулликдан сотиб (қутқариб) олмоғи, мужоҳидлар (жиҳод қилгувчилар) ва ҳажга боролмай юрган кишиларга закот бериб, ёрдам қилмоғи мумкин»,— дедилар-да, «Дарҳақиқат, садақалар фақирлар учундир!» деган ояти каримани тиловат қилдилар. Кейин: «Булардан қайси бирига берсанг ҳам бўлаверғайдир»,— деб қўйдилар.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Холид Аллоҳ йўлида уруш анжомларини шай қилиб турибдир»,— дедилар. Абу Лос: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни ҳаж учун садақага берилган туяларда олиб бордилар» — деб айтганди»,— дейишадир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилмоқни буюрдилар. Шунда ул кишига: «Ибн Жамил, Холид ибн Валид ва Аббос ибн Абдулмуталлиб садақа бермоқдан бош тортишмоқда»,— дейишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибн Жамил фақир бўлмаганда закот бермоқдан бўйин товламас эрди, уни Аллоҳ таоло ва унинг Расули таъминлаб турибдир. Аммо, Холид масаласига келсак, унга жабр қилмакдасизлар, ахир ул Аллоҳ йўлида уруш анжомларини доимо шай тутиб турибди-ку! Лекин, Аббос ибн Абдулмуталлиб (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари) бўлса, бир эрмас, икки бор садақа бермоғи лозимдир»,— дедилар».
51-боб. Тиламчиларни покликка даъват қилмоқ
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Бир тўда ансорийлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан садақа сўрашди, ул киши бердилар, сўнг тағин сўрашди, тағин бердилар, ҳатто олдиларидаги нарсалар тугади. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Менинг олдимда нимаики яхши нарса бўлса, сизлардан аямасмен, кимки ҳаромдан ҳазар қилса, Аллоҳ таоло ҳам уни ҳаромдан асрағайдир, кимки бойлик тиласа, Аллоҳ таоло унга бойлик ато қилгайдир, кимки сабр-тоқат қилса, Аллоҳ таоло унга сабр-тоқат берғайдир. Аллоҳ таоло бандасига инъом этадирган неъматлар ичида сабр-тоқатдан кўра афзалроқ неъмат бўлмаса керак!» — дедилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алаиҳи ва саллам: «Жону таним қўлида бўлган Аллоҳ таолога қасам ичиб айтурменким, бировнинг олдига бориб (у ҳали садақа берадирми, йўқми?), тиламчилик қилганингиздан кўра, ўтин териб, арқон бирлан орқалаб, тирикчилик қилганингиз маъқулдир!» — дедилар».
Зубайр ибн Аввом айтадирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўлингизга арқон олиб, бир боғ ўтин терйб, сўнг уни елкангизга орқалаб, олиб бориб сотсангиз-у, Аллоҳ таоло бу бирлан сизни (тиламчилик) хижолатидан қутқариб қолса, сиз учун бу — сўрасангиз ё берадирган, ё бермайдирган кишининг олдига бориб садақа тилаганингиздан кўра, афзалдир!» — деганлар».
Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳу айтадирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан садақа сўрадим, бердилар, сўнг яна сўрадим, яна бердилар, тағин сўрадим, тағин бердилар. Кейин менга: «Эй Ҳаким, бу мол-дунё деган нарса ҳайвоннинг кўзига яхши кўринадирган кўм-кўк, ширин ўт-ўлан сингари одамнинг кўзини ўйнатғайдир, кимки ундан очкўзлик қилмай эҳтиёжига яраша олса, Аллоҳ таоло унга барака ато этғайдир, кимки нафси ғолиблик қилиб, беш қўлини оғзига тиқса, унинг бири икки бўлмағайдир, ундоқ одам қанча еса ҳам ҳеч тўймайдирган мечкайга ўхшайдир, кўтарилган қўл (меҳнатга бўйин ёр берган қўл) туширилган қўлдан (садақага узатилган қўлдан) афзалдир!» — дедилар. Шунда мрн: «Ё Расулуллоҳ, сизни ҳақлиғ узра пайғамбар қилиб юборган ул зоти олий номига қасам ичиб айтурменким, сиз ўтганингиздан кейин ҳам то у дунёга риҳлат қилгунимча, бировдан бир нарса олмағайдирман!» — дедим ».
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Ҳакимни чақириб, ҳадя берсалар, у олмас эрди. Бир куни Умар разияллоҳу анҳу ҳам уни чақириб, нимадир бермоқчи бўлган эрдилар, олмади. Шунда Ҳазрат Умар: «Эй мусулмонлар жамоаси, сизлар гувоҳ бўлингиз, мен Ҳакимга: «Мана бу ўлжадан ўз улушингни олғил!»—десам, олмаётир»,— дедилар.
Ҳаким, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вофот қилганларидан кейин ҳам то ўлгунича, ҳеч кимдан ҳеч нарса олмади.
52-боб. Аллоҳ таоло неъмат ато этган, тиламчи ва очкўз бўлмаган одам ҳақида
Аллоҳ таоло:
«Уларнинг мол-дунёларида тиламчи ва маҳрумларнинг (муҳтожларнинг) ҳам ҳақлари бордир!» — дейдир.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Ҳазрат Умарнинг бундай дегапини эшитганман»,— дейдилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳадя берсалар, уни мендан кўра муҳтожроқ одамга берингиз, дер эрдилар. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Сенга бергандан кейин олғил-да, ахир сен таъмагир ҳам, гадой ҳам зрмассен-ку! Олғил буни, лекин мол-дунёга хирс қўймағил!» — дедилар».
53-боб. Бойиш ниятида садақа сўраса...
Ҳамза оталари Абдуллоҳ ибн Умардан бундай деб эшитган эрканлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тиламчи, ҳатто қиёмат куни (шармандалиғ, юзсизлиғдан) бетида бир парча гўшт қолмаган ҳолда Аллоҳ таолонинг даргоҳига кириб келса ҳам, тиламчилигини кўймағайдир»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ яна бундай дедилар: «Қиёмат куни Қуёш (Ерга) яқин келиб, қиздирганда, одамлардан шунчалик кўп тер оқғайдирким, ҳатто ҳамма ёқни тўлдириб, қулоқларининг ярмигача кўтарилғайдир. Шу аҳволда туриб улар Одам Атога, сўнг Мусога, кейин эрса, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлбориб, ёрдам сўрашғайдир». Абдуллоҳ ибн Солиҳ шу ҳадиснинг давомини Ибн Абу Жаъфардан эшитиб, ривоят қиладирлар: «Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло уларга ҳукм чиқарсин, деб шафоат айлаб, жаннат эшигининг дастасидан тутғайдирлар. Ўшал куни Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга мақтовга сазовор бир мақом ато этғайдирким, уни барча маҳшардагилар мақтағайдир».
54- боб. Аллоҳ таолонинг «Одамлардан, бермаганига қўймай садақа сўраш ярамайдир...» деган ояти кариймаси хусусида
Қанчадан-қанча бойлик бор-у, лёкин Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек,
«Аллоҳ таоло йўлида бир қадам ҳам қўймакка ярамайдирган фақирларга (Аллоҳнинг) берадирган бойлиги йўқдир! Аллоҳ таоло уларнинг қилмишларидан бохабардир!»
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мискин, бир ёки икки марта егулик берса, қайтадирган одам эрмасдир, аммо мискиннинг бойлиги йўқдир, у одамлардан ҳаё қилғайдир ёки уларга ёпишиб олиб, садақа сўрай олмағайдир»,— деб айтганлар».
Шаъбий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Муовия Муғийра ибн Шуъбага: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзинг эшитган бир ҳадисни менга ёзиб юборғил!» — деб мактуб йўллади. Муғийра ибн Шуъба: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ таоло сизларга уч нарсани — ғийбатни, молни исроф қилмоқни ва кўп садақа сўрамакни манъ қилғайдир» — деганларини эшитганман»,— деб ёзиб юборди».
Саъд ибн Ваққос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тўда одамларга ҳадя улашаётган эрдилар, мен ҳам ўшаларнинг орасида ўтирган эрдим. Жаноб Расулуллоҳ одамлардан бирига ҳадя бермай ўтиб кетдилар. Ўша киши менга бошқалардан кўра кўпроқ ёқарди. Мен ўрнимдан туриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга секингина: «Сизга не бўлди, фалончига ҳадя бермадингиз? Худо ҳаққи мен уни мўъмин, деб билурмен»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ёки мусулмон»,— дедилар. Мен бир оз жим қолдим-да, сўнг бояги одамни яхши билганимдан, чидай олмай: «Ё Расулуллоҳ, фалончига нечун ҳадя бермадингиз? Худо ҳаққи, мен уни мўъмин, деб билурмен»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ёки мусулмон»,— дедилар. Мен яна бир оз жим қолдим, кейин бояги кишини яхши билганимдан, чидай олмай, тағин: «Ё Расулуллоҳ, фалончидан хафамисиз? Худо ҳаққи, мен уни мўъмин, деб билурмен»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ёки мусулмон»,— дедилар. Кейин, яна бундоқ дедилар: «Мен ундан кўра суюклироқ кишига ҳам ва ўзгаларга ҳам, дўзах ўтига юз тубан қуламасинлар, деб қўрқиб ҳадя бермағайдирмен».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар (орасинда айланиб юрганида) бир-иккита хурмо, бир-икки ошам овқат узатсалар, олмай, қайтарадирган одам мискин эрмасдир, балки мискин бойимоқ мақсадида бойлик изламайдирган, одамлар садақа берғайман, деб қидирмайдирган ва ўрнидан туриб бориб одамлардан садақа сўрамайдирган шахсдир!»—дедилар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эрта билан қўлга арқон олиб («Тоққа, бўлса керак»,— дейдилар Абу Ҳурайра) чиқсангиз, ўтин териб, елкангизга орқалаб, олиб бориб сотсангиз, пулига еб-ичиб, ҳам садақа айласангиз, бу сиз учун одамлардан садақа сўраб, тиламчилик қилгандан афзалдир!»—деганлар».
55-боб. Хурмони чамалаб ўлчамоқ
Ҳумайд Соъидий разияллоху анҳу ривоят қиладирлар:
«(Бу воқеа) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга «Табук» ғазотига чиққанимизда бўлганди. Ўшанда, Жаноб Расулуллоҳ «Водийу-л-Қуро» деган ерга етиб борганимизда, бир аёлнинг ўз боғида айланиб юрганини кўриб, саҳобаларга: «Бу аёлнинг боғидаги меваларни чамалаб кўрингиз-чи!» — дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўн васақ (1 васақ— 60 соъ, 1 соъ— 2 кг 400 гр) деб чамаладилар. Кейин, аёлга: «Меваларнинг қанча чиққанлиғини ҳисоблаб қўйғил!» — дедилар. Табукка етганимизда Жаноб Расулуллоҳ: «Шу кеча қаттиқ шамол қўзгаладирғон кўринадир, биттангиз ҳам турмангиз! Кимнинг туяси бўлса, боғлаб қўйсин!»,— дедилар. Биз туяларни боғлаб қўйдик. Кейин, қаттиқ шамол қўзғалди. Бир киши ўрнидан турган эрди, шамол учириб кетиб, Тайъ тоғига олиб бориб ташлади. (Шамол тингач) Айла подшоси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга битта оқ хачир ҳадя қилиб юборди. Жаноб Расулуллоҳ Айла подшосига элчиси орқали ридо (кийим) тортиқ қилиб, «Денгиз соҳилида одамлари бирлан шай бўлиб турсин!» деган мазмунда нома ҳам битиб, бериб юбордилар. Водийу-л-Қурога қайтиб борганимизда, Жаноб Расулуллоҳ мазкур боғдаги" аёлдан: «Боғинг қанча ҳосил берди?» — деб сўрадилар. Аёл: «Ўн васақ»,—деб айтди. Жаноб Расулуллоҳнинг чамалари тўғри чиқди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: «Мен Мадинага шошиб турибдирман, кимки Мадинага мен бирлан тезроқ бормакни истаса, юрсин!»— дедилар. Ибн Баккор: «Менинг учун энг азиз шаҳар!» — деган эрди, Жаноб Расулуллоҳ: «Бу Тобадир! (яъни, Мадинадир)»,— дедилар. Кейин, Уҳуд тоғини кўриб: "Бу тоғ бизни яхши кўрғайдир, биз ҳам уни яхши кўрғайдирмиз, ансорлардан кимларнинг ҳовлиси яхши эканлигини сизларга айтайинми?»—дедилар. Саҳобалар: «Ҳа»,— дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Баний Нажжорнинг ҳовлиси, Баний Абду-л-Ашҳалнинг ҳовлиси, Баний Соъиданинг ёким Баниййу-л-Ҳарас ибн ал-Ҳазражнинг ҳовлиси»,— дедилар, кейин: «Ҳар бир ансорийнинг ҳовлисида яхшилиғ мавжуддир»,— деб қўшиб қўйдилар».
56-боб. Осмон суви (ёмғир) ва оқар сув билан суғориладирган экиндан олинадирган ушр солиғи
Умар ибн Абд-ул-Азиз асалга солиқ солмакни лозим кўрмаганлар.
Солим ибн Абдуллоҳнинг оталари ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осмон (ёмгир) ва булоқлар ёки ер ости сизот сувлари бирлан суғорилган экинга ушр (ҳосилнинг ўндан бири), чиғир ёрдамида суғорилган экинга эрса, ярим ушр солиқ солинғайдир»,— деб айтганлар».
Имом Бухорий бундай дейдилар:
«Бу ҳадис аввалги (яъни, Умар айтган) ҳадиснинг тафсиридир, чунким Умарнинг ривоятида «Осмон (ёмғир) суви бирлан суғориладирган экинга ушр солинмоғи лозимдир» дейилиб, вақти кўрсатилмаган. Солим ибн Абдуллоҳнинг оталари айтган ҳадисда эрса, ушр шартлари кенгроқ, баён қилиниб, «Суғорилган экинга», деб вақти аниқ кўрсатилган. Агар ҳадисни субут аҳли (яъни, сўзи ишонарли кишилар) айтган бўлса, уни қабул қилмоқ лозим. Чунончи, Фазл ибн Аббос: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ичкарисида намоз ўқимадилар»,— деб айтди, Билол эрса: «Намоз ўқидилар»,— деди, шунда Фазлнинг гапи ишонарсиз, деб топилиб, Билолнинг сўзи мақбул кўрилди».
57-боб. Беш васақ бўлмаса, садақа лозим эрмас
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш васақдан оз нарсалардан, туялари сони бештадан кам подадан ҳамда беш уққиййадан кам кумуш (пул) дан садақа (закот) олинмағайдир»,— деб айтганлар».
Имом Бухорий бундай дейдилар:
«Бу ҳадис дастлабки (Ибн Умар айтган) ҳадиснинг тафсиридир. Ибн Умарнинг ҳадисида: «Беш васақ бўлмаса, садақа лозим эрмас»,— дейилган. Бу ерда, «беш васақдан оз» ёки «кўп» деган маъкул. Абу Саъид Худрийнинг ҳадисида эрса, «Беш васакдан оз...», деб аниқ айтилган. Илмда доимо аҳли субутлар аниқ-ойдин қилиб айтган ҳадислар қабул қилинғайдир».
58-боб. Хурмо терилганда олинадирган закот ҳақида; ёш бола закотга берилган хурмони (емай) ташлаб кетадирми?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Хурмо терими вақтида, ким Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келса, хурмо кўтариб келарди, ҳатто хурмонинг кўплигидан тепалик ҳосил бўлур эрди. Бир куни (набиралари) Ҳасан ва Ҳусан разияллоҳу анҳумо хурмолардан олиб ўйнай бошлашди. Кейин, улардан бири битта хурмо олиб оғзига солди. Жаноб Расулуллоҳ буни кўриб, хурмони унинг оғзидан чиқариб олдилар-да: «Муҳаммад зурриёти садақа емаслигини билмасмисен?!» — дедилар».
59-боб. Кимда-ким ушр ёки закот бермоғи лозим бўла туриб, хурмо меваларини ёки хурмозорнинг ўзини ёҳуд ерини ёинки экинини сотиб юборса, тўловни бошқа нарсалар ҳисобига адо этмоғи мумкин
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Меванинг яроқлилигини билмай туриб, сотмангиз!» — дедилар. Демак, мева пишгандан кейин сотишни ҳеч кимга манъ қилганлари йўқ ва закот бермоғи лозим бўлганларни закот бермоғи лозим бўлмаганлардан ажратиб, алоҳида эслатиб ўтмадилар ҳам.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мева яроқли бўлмагунча сотмоқни манъ қилдилар. «Мева қачон яроқли бўлур?» — деб сўрашганда, «Унинг камчилиги қолмаганда»,— дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ҳам:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мева яроқли бўлмагунча сотмоқни манъ қилдилар»,— дейдилар.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам меваларни етилмагунча сотмоқни таъқиқладилар»,— дедилар, кейин: «Қизармагунча»,— деб ҳам қўшиб қўйдилар.
60-боб. Биров садақа қилган нарсани бошқа бир одам сотиб олса бўладирми? Биров садақа қилган нарсани бошқа бир одам сотиб олса, зарари йўқдир, чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилган кишигагина ўзи садақа қилган нарсани сотиб олмоқни манъ қилганлар
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Умар ибн Хаттоб Аллоҳ йўлига бир отни садақа қилган эрдилар. Бир куни ўша отни сотишаётганини кўриб, ўзлари қайтиб сотиб олмоқчи бўлдилар. Аввал Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, маслаҳат қилдилар. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Садақангни қайтиб олмағил!» — дедилар. Шу-шу бўлди-ю, Ҳазрат Умар, садақа қилган нарсалари қайтиб қўлларига тушиб қолса, дарров бировга бериб юборар эрдилар».
Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Фи сабилиллоҳ бир кишига от миндириб юбордим, лекин у отни хароб қилиб қўйди. (Отга ачиниб) уни қайтиб сотиб олмоқчи бўлдим, арзонроқ берса керак, деб ўйловдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ниятимни айтгаи эрдим: «Агар бир дирҳамга берса ҳам, садақа қилган нарсангни қайтиб сотиб олмағил! Чунки садақа қилган нарсасини қайтиб оладирган одам, ўз қусуғини қайтиб еган итга ўхшайдир»,— дедилар».
61-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинадирган садақа хусусида зикр қилинган ҳадис
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Ҳасан ибн Али разияллоҳу анҳу закотга берилган хурмолардан биттасини оғзиларига солдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, хурмони емай оғиздан олиб ташласин деб, «ких-ких» (нафратланганда айтиладирган сўз) дедилар-да, «Биз садақа емаслигимизни билмасмисен?!» — деб койидилар».
62-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари озод этган қулга берилган садақа ҳақида
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари Маймуна разияллоҳу анҳонинг озод этилган қулларидан бирига садақа қилинган ҳаром ўлган қўйга кўзлари тушиб: «Унинг терисидан фойдаланмадингизларми?» — дедилар. Улар: «Ҳаром ўлган-ку!» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Гўштинй емоқ ҳаромдир»,— дедилар».
Асвад разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Оишаонамиз Барирани қулликдан озод қилмоқ ниятида сотиб олмоқчи бўлдилар. Лекин, Бариранинг хўжайини унга нисбатан валийлик ҳуқуқини ўзида қолдириш шарти билан сотмоқчи бўлди. Оиша онамиз бу гапни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар. Шунда, Набий саллаллоху алайҳи ва саллам Оиша онамизга: «Сотиб олаверғил, валийлик ҳуқуқи қулни озод қилган кишида қолғайдир»,— дедилар».
Оиша онамиз бундай дейдилар:
«Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир оз гўшт келтиришди. Шунда мен: «Бу Барирага садақами?» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Барирага садақа, бизга ҳадя»,— дедилар (озод қилинган қул, валийлик ҳуқуқига кўра, озод қилган шахс оиласининг қариндоши ҳисобланиб, мерос олиш ҳуқуқига ҳам эга бўладир).
63-боб. Садақа садақалик хусусиятини йўқотса...
Умму Атиййа разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳу ва саллам Оиша разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб: «Бирор егулик нарса борми?» — дедилар. Оиша онамиз: «Нусайба садақа қилиб бериб юборган қўй гўштидан бўлак нарса йўқдир»,— деб жавоб қилдилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Садақа энди ўз ўрнини топибдир!»—дедилар (яъни, «Бизга садақа эрмас, ҳадядир»,— дедилар, чунки мазкур гўшт бошқа бир одамга садақа қилиб юборилган қўйнинг гўшти эрди)».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Барирага садақа қилинган гўштдан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам олиб келишди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ: «Бу гўшт Барира учун — садақа, биз учун ҳадядир,— дедилар».
64-боб. Ҳамма ерда ҳам бойлардан садақа олиниб, фақирларга бериладир
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маозни Яманга юбора туриб: «Сен аҳли китоб бўлмиш қавм ҳузурига бораётирсен, борсанг, энг аввало уларни «Ло илоҳа ил-ла-л-лоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб калимаи шаҳодат айтмоққа даъват этғил, агар сўзингга кирсалар, Аллоҳ таоло ҳар кеча-кундузда беш вақт намоз ўқимоқни фарз қилганини уларга айтғил, агар бунга ҳам кўнсалар, Аллоҳ таоло бойлардан закот олиб, фақирларга бермоқни ҳам фарз айлаганини уларга маълум қилғил, агар бунга ҳам рози бўлсалар, закотга одамларнинг энг яхши молини олмоқ макруҳлиғини билдирғил! Жабрдийда одамнинг қарғишидан қўрқғил! Чунки у бирлан Аллоҳ таоло ўртасида парда йўқдир!» — дедилар».
65-боб. Имомнинг садақа қилган кишини топгантутганига барака тилаб, дуо қилмоғи лозимлиги; Аллоҳ таоло: «Уларнинг молларидан садақа олингиз, уларни шу восита ила поклаган ва гуноҳлардан фориғ қилган бўлурсиз, уларнинг ҳаққиға дуо қилингиз, чунким сизнинг дуойингиз уларга таскин-тасалли берғайдир!» — дейдир
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ривоят қиладирлар:
«Агар бир қавм Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга садақа олиб келса, ул киши: «Е парвардигор, флончининг аждод-авлодларидан раҳматингни дариғ тутмағайсен!» — деб дуо қилар эрдилар. Бир куни менинг отам Жаноб Расулуллоҳга садақа олиб келдилар. Шунда, ул зоти олий: «Ё парвардигор, Аоу Авфо аҳлидан раҳматингни аямағайсен!» — дрб Аллоҳ таолога илтижо қилдилар».
66-боб. Денгиздан олинадирган нарсалар ҳақида
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Анбар махсус тўпланган хазина эрмас, у денгиз чиқариб ташлайдирган бир нарсадир. Ҳасан Басрий: «Анбар ва маржон учун унинг бешдан бири миқдорида садақа қилинмоғи дозимдир, лекин сувдан топиб олинадирган нарсалар учун эрмас»,— деганлар».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ривоят қиладирлар:
«Баний Исроилга мансуб бир киши бир қавмдошидан минг динор қарз сўради. Ул киши айтганини берди. Бир куни қарз олган одам қарзинк қайтариб олиб бориб бермоқ мақсадида денгиз бўйига келиб, кема учратмади. Нима қилмоғини билмай, минг динорни бир ёғочнинг кавагига тиқиб, денгизга улоқтирди. Тасодифан, қарз берган одам денгиз соҳилига борса, қирғоқ яқинида бир ёғоч қалқиб турибдир. У, ёғочни ўтин қилғайман, деб уйига олиб бориб ёрган эрди, ичидан минг динор пул чиқди».
67-боб. Хазинанинг бешдан бири миқдорида садақа бермоқ лозим
Молик ва Ибн Идрис разияллоҳу анҳумо ривоят қиладирлар:
«Хазина жоҳилия давридан қолган дафинадир, у хоҳ кўп бўлсин, хоҳ оз бўлсин, бешдан бири миқдорида садақа лозимдир, лекин маъдан хазина эрмас. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маъдан (қазиш) да жубор (ўлим хатари) бордир (бу ерда, маъдандан закот олинмагайдир, деган маъно келиб чиқмайдир), хазинада эрса, хумс (молнинг бешдан бири ҳисобида олинадирган солиқ) бордир»,— деб айтганлар. Умар ибн Абду-л-азиз маъданларнинг ҳар икки юз дирҳамидан беш дирҳам закот олар эрди. Ҳасан Басрий бундай дейдилар: «Уруш бўлаётган ерларда (конлардан) олинган хазинага хумс, уруш йўқ ерлардан олинган хазинага эрса, закот солинғайдир! Агар душман еридан бирор ёмби (бойлик) топсанг, бу ҳақда хабар берғил, башартй у душманники бўлса, ундан хумс олинғайдир. Баъзилар: «Маъдан ҳам жоҳилия даврининг дафинаси сингари бир хазинадир»,— дейишади. Чунки, одатда маъдандан бирор нарса (кумуш ёки тилла) чиқиб қолса, «Маъданнинг таркибида бор эркан»,— дейилади. Ҳадя берилган кишига ёки (савдо-сотиқдан) кўп фойда олган кишига ёҳуд мўл-ҳосил етиштирган кишига: «Бойиб кетдинг!» — дейишганда, у тониб (бойлигини яшириб), хумс тўламаслиги мумкин».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёввойи ҳайвонлар, қудуқ ва маъдан даромад келтирмағайдир, аммо хазина учун хумс олинғайдир»,— деганлар».
68-боб. Аллоҳ таолонинг «... ва-л-омилийна алайқо» (садақа йиғгувчиларни) деган сўзи хусусида ва садақа йигғувчиларнинг (закотчиларнинг) имомга ҳисоб-китоб бермоғи тўғрисида
Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Баний Сулайм аҳлидан садақа (закот) йиғишда Ибн Лутбия номли бир кишининг хизматидан фойдаландилар, у закот йиғиб келгач, Жаноб Расулуллоҳга ҳисоб-китоб берди».
69-боб. Садақага (закотга) берилган туялардан ва уларнинг сутларидан йўловчиларнинг фойдаланмоги ҳақида
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Урайна қабиласига мансуб бир гуруҳ одамлар Мадина ҳавосига ўргана олмай, касал бўлиб қолишди. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам садақага (закотга) берилган туллар олдига бориб, уларнинг сути ва сийдигидан (дори учун) ичмоққа рухсат бердилар. Улар эрса (кўрнамаклик қилиб) туякашни ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг кетидан аскар юбордилар, тутиб келишгач, қўл-оёқларини кестириб, кўзларини ўйдирдилар, сўнг офтобга ташлаб қўйдилар, (оғриқдан) тош ғажиб ётишди».
70-боб. Имомнинг садақага (закотга) берилган туяларга ўз қўли бирлан тамға уриб чиқмоғи ҳақида
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Эрта билан Абдуллоҳ ибн Талҳани ёнимга олиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим, Абдуллоҳни бир «таҳник» қилиб қўйсалар, деган ниятим бор эрди («таҳник» — бир дона хурмони чайнаб, табаррук қилиб, кейин уни ёш боланинг оғзига солиб, танглайини кўтармоқ одати). Қарасам, Жаноб Расулуллоҳ ўз қўллари бирлан туяларни тамғалаётган эрканлар».
71-боб. Фитр садақасининг фарз эканлиги
Абу-л-Олия, Ато ва Ибн Сирин фитр садақасини фарз, деб ҳисоблайдирлар.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мусулмонга, у хоҳ қул, хоҳ озод шахс бўлсин, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, хоҳ ёш ва хоҳ кекса бўлсин, хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ фитри рўза бермоқни фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқмасидан бурун адо этмоқни амр қилдилар».
72-боб. Қул ва (ундан) бошқа мусулмон кишиларнинг фитри рўза бермоғи вожиб
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мусулмонга, у хоҳ қул, хоҳ озод шахс бўлсин, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, хоҳ ёш ва хоҳ кеса бўлсин, хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ фитр закоти бермоқни фарз қилдилар».
73-боб. Арпадан бир соъ фитр закоти бериладир
Абу Саъид разияллоҳу анҳу:
«Бир соъ арпани овқат ўрнида фитри рўзага берар эрдик»,— дейдилар.
74-боб. Таомлардан бир соъ фитри рўза бериладир
Аёз ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ Омирийга Абу Саъид Худрий разияллоху анҳу:
«Биз фитр закотига бир соъ таом ёки бир соъ арпа ёки бир соъ хурмо ёки бир соъ қурут ёки бир соъ майиз чиқарар эрдик»,— деган эрканлар.
75-боб. Хурмодан бир соъ фитри рўза бериладир
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотига бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа бермоқни амр қилдилар. Одамлар эрса, бунинг эвазига икки муд буғдой бермоқни одат қилдилар».
76-боб. Майиздан бир соъ фитр закоти бериладир
Абу Саъид Худрий ривоят қиладирлар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида фитр садақасига бир соъ таом ёки бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа ёки бир соъ майиз берар эрдик. Муовия даврига келиб, Шом мамлакатида буғдой мўл ҳосил бера бошлади. Шунда ; Муовия: «Буғдойнинг бир мудди бошқа меваларнинг икки муддига тенгдир, деб ўйлайман,— деди».
77-боб. Садақа ҳайит намозидан олдин бериладир
Ибн Умар разияллоҳу анҳу:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга намозга чиқмасдан аввал закот бермоқни амр қилдилар»,— дейдилар.
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Фитр ҳайити куни бир соъ таомни садақа қилиб чиқарар эрдик, ўшанда бизнинг таомимиз арпа, майиз, қурут ва хурмодан иборат бўлур эрди»,— дейдилар.
78-боб. Озод кишилар ва мамлукларнинг Фитр садақаси бериши лозимлиги ҳақида
Зуҳрий разияллоҳу анҳу:
«Мамлуклар учун, улар сотилганда ҳам, Фитр ҳайитида ҳам закот тўланғайдир»,— дейдилар.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу:
«Набий саллаллоҳу алайҳу ва саллам эркак, аёл, озод шахс ва мамлукка бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида фитри рўза (ёки фитри рамазон) бермоғни фарз қилдилар. Одамлар эрса, бунинг ўрнига ярим соъ буғдой берадиган бўлдилар»,— дейдилар».
Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Ибн Умар бир соъ хурмо берар эрдилар. Мадина аҳли, хурмо кам бўлганда, ўрнига арпа берди. Ибн Умар (уйидаги) барча катта-кичиклар номидан, ҳаттоки менинг болаларим номидан ҳам фитри рўза бериб юборар эрдилар. Фитри рўзани фитри рўза йиғгувчи махсус кишиларга берар эрдилар. Фитри рўзани ҳайитдан бир кун ёки икки кун илгари берар эрдилар».
79-боб. Каттаю-кичик фитри рўза бермоғи лозим!
Ибн Умар разияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам каттаю-кичикка ҳамда озод шахс ва мамлукка бир соъ арпа ёки бир соъ хурмо фитри рўза бермоқни фарз қилдилар»,— дейдилар.
<
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка подписчиков ютуб