Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)
(27) «Намл» сураси
Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, тўқсон уч оятдан иборатдир. Унда
пайғамбарлардан Мусо, Солиҳ Лут алайҳиссаломларнинг қиссалари зикр қилинади ва
хусусан Довуд ва Сулаймон пайғамбарлар ҳақида бир қадар батафсил тўхталиб,
Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлиш билан бирга яна жамийки
инсу-жин ва паррандаю-дарранда оламига подшоҳ ҳам қилингани тўғрисида ҳикоя
қилинади ҳамда у зот билан Сабаъ мамлакатининг маликаси Билқийс ўртасида бўлиб
ўтган воқеалар ҳам тасвирланади.
Яна бу сурада Қуръондаги панд-насиҳат, ибрат-эслатмалардан фақат кўзи очиқ
кишиларгина фойдаланишлари мумкинлиги айрича таъкидлаб ўтилади.
Шунингдек Қиёмат қойим бўлиши олдидан Ер юзига чиқадиган жонивор ҳақидаги
хабар ҳамда мўмин ва кофирларнинг Қиёмат Кунидаги саволи хусусидаги ибратли
оятлар ҳам шу сурадан жой олгандир.
Сурада Аллоҳ таъолонинг энг заиф ва заҳматкаш махлуқларидан бири бўлган чумоли
ҳақида ҳам зикр қилингани сабабли уни "Намл - Чумоли" сураси деб аталгандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. То, Син. Ушбу (оятлар) Қуръоннинг - очиқ Китобнинг оятларидир.
2-3. (Бу оятлар) намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва
Охиратга аниқ ишонувчи бўлган кишилар - мўминлар учун Ҳидоят ва Хушхабардир.
4. Албатта Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар учун Биз (қилаётган) амалларини
чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверадилар.
5. Ана ўша кимсалар учун (дунёда ҳам) энг ёмон азоб бордир ва улар Охиратда энг кўп
зиён кўргувчи кимсалардир.
6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шак-шубҳасиз, Сизга бу Қуръон Доно ва Билгувчи
Зот даргоҳидан ташланаётир - туширилаётир.
7. Мусо аҳли-оиласига: "Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан бирон хабар
келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун бир ўт-чўғ келтирурман", деганини
эсланг!
8. Энди қачонки у (оловнинг олдига) келгач, унга нидо қилинди: "Олов олдидаги
кишига (яъни, Мусога) ва унинг атрофидаги зотларга (фаришталарга) хайру баракот
бўлсин. Барча оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ (айбу-нуқсондан) Покдир.
9. Эй Мусо, шак-шубҳасиз, Мен Ғолиб ва ҳикмат Соҳиби - Аллоҳдирман.
10. Асойингни ташлагин!" Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини
кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): Эй Мусо, қўрқмагин! Зеро, Менинг
ҳузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар.
11. Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра - ёмонликдан кейин, уни чиройли (амалга)
алмаштирса, бас, албатта Мен Мағфиратли, Меҳрибондирман.
12. Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу
мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза
ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.
13. Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар:
"Бу очиқ сехрдир", дедилар.
14. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор
этдилар. Энди (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай
бўлганини кўринг.
15. Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: "Бизларни
кўп мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган Зот - Аллоҳга хамду сано бўлсин",
дедилар.
16. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: "Эй одамлар,
бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва
подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу
мархаматнинг ўзидир.
17. Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари
тўпланиб, тизилган холларида турдилар.
18. То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: "Эй чумолилар,
уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган
ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар", деган эди;
19. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: "Парвардигорим, мени
Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози
бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу
раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин".
20-21. У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): "Нега
мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлгувчилардандир?! Албатта
мен уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён
қилиб) очиқ ҳужжат келтирур", деди.
22. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: "Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ
бўлдим ва сенга (Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шахри)дан аниқ бир хабар келтирдим.
23. Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У (Сабиъ шаҳри аҳолисининг) маликаси экан.
Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, унинг катта тахти ҳам бордир.
Изоҳ: Сулаймон алайҳиссалом замонларида (милоддин илгари - тахминан ўнинчи
асрда) Яман мамлакатининг Сабиъ шиҳрида Билқийс исмли аёл ҳукмронлик қилган.
24-25. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини
кўрдим". Шайтон уларга (қилаётган амалларини чиройли кўрсатиб, уларнпи(Ҳақ)
Йўлдан тўсиб қўгандир. Бас, улар (то) Аллоҳга сажда қилмагунларича (Ҳақ Йўлга)
ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда
сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам Биладиган Зотдир.
Изоҳ: Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқувчига ҳам, эшитгувчига ҳам бир марта сажда
қилиш вожибдир.
26. "Аллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. (У Зот) улуғ Арш
Эгасидир".
27. (Сулаймон) деди: "Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрурмиз.
28. Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб
кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар".
29. (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубинм олмб келмб малика Билқийснинг
олдига ташлагач), у деди: "Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди.
30-31. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): "Меҳрибон ва
раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга
бўйсунган ҳолингизда келингиз!"
32. (Малика) айтди: "Эй одамлар, менга бу ишимда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то
сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман".
33. Улар дедилар: "Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга)
буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса
сенга итоат этурмиз)".
34. У айтди: "Аниқки, подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни
вайрон этурлар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини эса хор-зор қилурлар. Уларнинг
қилмиш-одатлари шудир.
35. Мен уларга бир ҳадя юбориб, кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар
эканлар".
Изоҳ: Билқийс доно малика эди. У ҳадя юбориш билан Сулаймон алайҳиссаломнинг
ҳақиқий пайғамбарми ёки оддий босқинчи подшоҳми эканлигини имтиҳон қилади.
Маликанинг фикри шундай эди: "У агар оддий подшоҳ бўлса, ҳадяни дарҳол қабул
қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ
таъолонинг пайғамбари бўлса ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйсуниш лозим
бўлади".
36. Бас, қачонки (Билқийснинг элчилари учинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон
(ҳузурига) келгач, у деди: "Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У
ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку давлат) У Зот
сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд
бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир).
37. Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида
келмасалар), албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас
кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб
қувиб чиқарурмиз".
Изоҳ: Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон
алайҳиссаломнинг жавобларини етказишгач, у: "Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган
эдим", деди ва Сулаймон пайғамбарга: "Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган
дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга
бормоқдаман", деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга
тушди. Қачонки улар Сулаймон алайҳиссаломнинг қароргоҳларига етиб келишларига
бир фарсаҳ (олти чақирим атрофида) қолганида, у зот бундан хабар топиб, уларга
ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика
Билқийснинг фаҳму-фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб:
38. "Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари
қайси бирларингиз менга унинг (яъни, Бидқийснинг ўз шаҳрида қолган) тахтини
келтира олур", деди.
39. (Шунда) жинлардан бир паҳлавони айтди: "Мен уни сен ўрнингдан туришингдан
илгари сенга келтирурман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлидирман".
40. Китоб - (Лавҳул-маҳфуз)дан огоҳлиги бор бўлган бир зот (яъни, тафсирун-
Насафийда айтилишича, Жаброил фаришта) эса: "Мен уни кўзинг ўзингга қайтгунича
(яъни, кўз очиб юмгунча) сенга келтирурман", деди. Энди қачонки (Сулаймон
тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: "Бу Парвардигоримнинг мен шукр
қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу
марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур.
Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим (унинг шукр қилишидан)
Беҳожат ва фазлу карам Эгасидир".
41. (Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳму-
фаросатини синаш учун) деди: "Унинг тахтини танимайдиган қилиб - ўзгартириб
қўйинглар! У (ўз тахтини танишга) йўл топурми ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан
бўлурми, кўрурмиз".
42. Энди қачонки у келгач: "Сенинг тахтинг шундаймиди?", дейилди. У (ҳайратга
тушиб); "Худди ўшанинг ўзи-ку", деди. (Яъни, Аллоҳнинг кудратини тан олди ва
Сулаймоннинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирди. Шунда Сулаймон айтди:
"Алҳамдулиллоҳки), бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон
бўлганмиз.
43. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга иймон келтириб,
мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди".
44. (Маликага): "Саройга киргин", дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув
(тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): "Бу ойнадан ясалган баланд
қасрдир", деди. (Шунда малика) айтди: "Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга
сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар
Парвардигори - Аллоҳга бўйсундим".
45. Қасамки, Биз Самуд (қабиласи)га биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. (У):
"Аллоҳга ибодат қилингиз", (деди). Бас, баногоҳ улар(нииг бир қисми мўъмин, бир
қисми кофирга айланиб), талашиб-тортишадиган икки гуруҳ бўлиб олдилар.
46. (Самуд қабиласидаги кофир бўлган гуруҳ Солиҳга: "Агар чин пайғамбар бўлсанг,
бизларни кўрқитаётган азобингни келтирчи", деганларида) у айтди: "Эй қавмим, нега
сизлар яхшилик - раҳматдан илгари ёмонлик - азобни шоштирмоқдасиз?! Сизларга
раҳм-шафқат қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!"
47. Улар дедилар: "Бизлар (бошингизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен
билан бирга бўлган (мўъминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик". У айтди:
"Сизларнинг (бошингизга тушган) бахтсизлик Аллоҳ ҳузуридандир. Балки сизлар
имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз".
48. У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз
нафар кимса бор эди.
49. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб (бир-бирларига) айтдилар: "Албатта
(Солиҳни) ва унинг аҳли-тобеъларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг валий-
хомийсига: "Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳли-тобеъларининг ҳалокатига гувоҳ
бўлган эмасмиз. Албатта бизлар ростгўй кишилардирмиз", деймиз".
50. Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар
сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир "макр" қилдик.
51. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг - Биз уларни ва
барча қавмларини қириб юбордик.
52. Мана, улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта бунда
биладпган қавм учун оят-ибрат бордир.
53. Иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга эса нажот бердик.
54. Лутни (эсланг)! Ўшанда у қавмига айтган эди: "Сизлар кўриб-билиб турган
ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?!
55. Сизлар хотинларингизни қўйиб шаҳват билан эркакларга яқинлашурмисизлар?!
Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз!"
Йигирманчи жузъ
56. (Лут) қавмининг жавоби эса фақат "Лутнинг ахли-тобеъларини қишлоғингиздан
(қувиб) чиқарингиз! Дарҳақиқат, улар жуда "покиза" кишилардир", дейишлари бўлди.
57. Бас, Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини
(нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бўлишини тақдир қилиб
- белгилаб қўйдик.
58. Ва уларнннг устига бир ёмғир (яъни, тош) ёғдирдик! Бас, (азобдан)
огоҳлантирилгувчилар ёмғири нақадар ёмон бўлди!
59. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Аллоҳга хамду сапо бўлсин ва Унинг Ўзи
(пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуо-ю салом бўлсин". Аллоҳ яхшироқми
ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?!
60. Ёки осмонлар ва ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб,
унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган Зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-
дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ,
улар (Аллоҳга ўзларини) тенг биладиган қавмдирлар!
61. Ёки ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо
қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни, шўр-чучук) денгиз-
дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ
борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар!
62. Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва
(унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган
Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат
олурсизлар!
63. Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида Тўғри Йўлни кўрсатадиган ва ўз
раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган Зотми?! Аллоҳ
билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан
Юксакдир!
64. Ёки бошлаб Ўзи яратиб, сўнгра (Охиратда) қайта яратадиган Зотми?! Ким сизларга
осмон ва заминдан ризқу рўз берур? Аллоҳ билаи бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом, у кофирларга) айтинг: "Агар Аллоҳнинг шериги бор, деган
сўзларингизда ростгўй бўлсангизлар ҳужжатларингизни келтирингиз!"
65. Айтинг: "Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина
(билур)". Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар.
66. Йўқ, уларнинг Охират хақидаги билимлари пишиб етилгандир (ва шу сабабдан
Охират ҳақида сўраётгандирлар)?!. Йўқ, улар (охиратдан) шак-шубҳададирлар! Йўқ,
улар ундан кўрдирлар!
67. Кофир бўлган кимсалар дедилар: "Ўзимиз ҳам, ота-боболаримиз ҳам тупроққа
анланиб кетган вақтимизда (қайта тирилиб, қабрларимиздан) чиқаргувчидирмизми?!
68. Дарҳақиқат, бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу
ваъда қилингандир. (Лекин ҳеч ким ўлганларнинг қайта тирилганини кўргани йўқ.
Демак), бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир".
69. Айтинг: "Ерни айланиб, жиноятчи кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгашнини
кўринглар!"
70. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ғам
чекманг ва улар қилаётган макрлардан сиқилманг ҳам!
71. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб)
қачон бўлади?", дейдилар.
72. Айтинг: "Эҳтимол сизлар шоштираётган (азобнинг) баъзиси сизларга яқин келиб
қолгандир".
73. Албатта Парвардигорингиз одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир. Лекин уларнинг
кўплари шукр қилмадилар.
74. Албатта Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор
қиладиган нарсани ҳам билур.
75. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобга (яъни, Лавҳул-маҳфузда) мавжуддир.
76. Албатта, ушбу Қуръон бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг
кўпини сўйлаб-баён қилиб берур.
77. Албатта у иймон келтирадиган кишилар учун Ҳидоят ва Раҳматдир.
Изоҳ: Бани Исроил қавми, яъни, яҳудийлар ўзаро ихтилоф қилиб юрадиган Ийсо
пайғамбар ҳақида ва бошқа жуда кўп муаммолар тўғрисида Қуръони Каримда аниқ
тафсилотлар баён қилингандир. Ушбу икки оятда Қуръоннинг унга иймон
келтирадиган кишилар учун Аллоҳнинг раҳматига ҳидоят қилгувчи раҳбар-йўлбошчи
эканлиги уқтирилади.
78. Албатта Парвардигорингиз (одамлар) ўртасида Ўз ҳукми (яъни, Ўзининг Илоҳий
адолати) билан ҳукм қилур. У Ғолиб ва Билгувчидир.
79. Бас, Сиз Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта Сиз равшан Ҳақиқат устидадирсиз.
80. Аниқки, Сиз (ўз даъватингизни) «ўлик»ларга уқтира олмассиз ва юз ўгириб
кетаётган «кар»ларга ҳам бу даъватни уқтира олмассиз.
81. Яна Сиз «кўр»ларни ҳам залолатларидан (чиқариб, Ҳақ Йўлга) ҳидоят қила олгувчи
эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтириб, мусулмон бўладиган
кишиларгагина уқтира олурсиз.
82. Қачон (кофирларнинг) устига сўз - азоб тушганида, (яъни, Қиёмат яқинлашиб
қолганида) Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг
оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар.
Изоҳ: Ҳадиси шарифда айтилишича охир замон бўлганда ер остидан мисли кўрилмаган
бир ҳайвон чиқиб Аллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни
лаънатлар ва шу ҳодисадан кейин Қиёмат қойим бўлиши аниқ экан.
83. Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ - Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган
кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадигаи Кунни (эсланг)!
84. То қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: "Сизлар
аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса
нима қилгувчи бўлдингизлар?!"
85. Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига сўз - азоб тушди. Бас, улар
(бирон сўз) сўзлай олмаслар.
86. Биз улар ором олишлари учун (қоронғу) кечани пайдо қилганимизни, кундузни эса
ёруғ қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм
учун оят-ибратлар бордир.
87. Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча)
кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У Зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган
Кунни (эсланг)!
88. Сиз тоғларни кўриб тек қотиб турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди
булутлар юргандек юрарлар. (Бу) барча нарсани пухта қилган Зот - Аллоҳнинг
ҳунаридир. Албатта У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан Огоҳдир.
Изоҳ: Ушбу оят ернинг тинмасдан ўз ўқи атрофида айланиб туришига Аллоҳ таъоло
томонидан нозил қилинган далилдир. "Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибрат
бордир".
89. Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ (мукофот)
бўлур. Ва улар ўша Куннинг даҳшатидан омондадирлар.
90. Ким ёмонлик билан келса, бас, юзтубан ҳолларида дўзахга ташланурлар. (Ва уларга
айтилур): "Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилур".
91-92. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга айтинг): "Мен фақат мана шу шаҳарнинг
(яъни, Маккайи
мукарраманинг)
Парвардигоригагина
ибодат
қилишга
буюрилгандирман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган Зотдир (яъни, бу шаҳарда қон
тўкилиши, бирон кишига зулм қилиниши, ов овланиши ва ҳатто ўт юлиниши ҳам
ҳаром қилингандир). Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон
тиловат қилишга буюрилгандирман". Бас, ким Ҳақ Йўлга юрса фақат ўз (фойдаси) учун
юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: "Мен фақат (йўлдан озган кимсаларни
Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчилардандирман".
93. Айтинг: "Ҳамду сано Аллоҳ учундир. Яқинда У сизларга Ўз оят-мўъжизаларини
кўрсатур. Бас, сизлар у (мўъжизаларни) тан олурсизлар (лекин у Кунда тан олишингиз
сизларга фойда бермас)". (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз сизларнинг
қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
(28) «Қасас» сураси
Қуръони Карим матнида йигирма саккизинчи тартибда келган бу сура Макка
сураларидан бўлиб, саксон саккиз оятни ташкил этади.
Сура ўз маъно-моҳияти эътибори билан "Шуаро" ва "Намл" сураларининг давомидир.
Бу сурада инсонлар ибрат олишлари учун икки золим кимсанинг қилган кирдикорлари
ва топган оқибат-ҳалокатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бири қўл остидиги
ҳукму-салтанат сабабли ўзидан кетиб, ҳатто ўзини худо деб аташгача бориб етган
золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн бўлса, иккинчиси топган молу давлатига маст
бўлиб, дину диёнатни унутган Қорундир, Қуръон улардан бирини сув, иккинчисини эса
ер ютгани ҳақида хабар беради.
Бу сурада Аллоҳ таъолонинг суюкли пайғамбаридан Мусо алайҳиссаломнинг
туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган-кечирган ибратли
саргузаштлари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал сўйлангани сабабли
уни "Қасас - Қисса" деб аталгандир. Сура икки дунё саодати бўлмиш иймон-эътиқодга
даъват қилиш билан хотималанади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. То, Син, Мим.
2. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.
3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирадиган қавм (ўқиб, ибрат олишлари)
учун Сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳаққи-рост тиловат қилиб (сўйлаб) берурмиз.
4. Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак
қилди. У улардан бир тоифани (яъни, бани Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр,
аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди.
5. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдак
чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиршни ва уларни (Фиръавн мулкининг)
ворислари қилишни истаймиз.
6. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда
икковининг лашкарларига (бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани
(яъни, мулку-давлитлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат бани Исроил қавмининг
қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз).
7. Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб
ўлдиришларидаи қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: "Уни эмизавергин. Бас,
қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб
кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам.
Зеро, Биз уни сенга (яна тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан
қилгувчидирмиз".
8. Бас, уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач), ўзларига душман ва ғам-ташвиш
бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато
қилгувчи бўлдилар.
9. Фиръавнинг хотини (унга): "(Бу бола) мен учун ҳам, сиз учун ҳам кўз қувончидир.
Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак",
деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида
(уни бола қилиб олдилар).
10. Мусо (даёрга оқиб кетгач), онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди.- Агар Биз
("Мусони ўзнгга қайтарурмиз", деган ваъдамизга) иймон келтиргувилардан бўлиши
учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта у (Мусо ўзининг ўғли
эканини) очиб қўйган бўлур эди -
11. Ва (Мусонинг онаси) унинг опасига: "Унинг (ортидан) тушгин", деди. Бас, у
(Фиръавн хонадонидагилар) сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди.
12. Биз аввал (Мусога барча) эмизгувчи аёлларни ҳаром қилдик (бас, у бирон аёлни
эммади), шунла (унинг опаси келиб): "Мен сизларга унга кафил бўлиб, (эҳмизадиган)
ва унга холис (тарибия берадиган) бир оилани кўрсатайми?", деди.
13. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги
учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик.
Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар.
14. Қачонки у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз
чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлармиз.
15. (Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида
кирган эди, унда икки киши урушаётганини кўрди. (Улирдан) бири ўзнинг жамоатидан
(яъни бани Исроил қавмидан) ва бири душманидан (яънч, Қибтийлардан) эди. (Бас,
Мусонинг) жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан
ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб қўйди. (Сўнг қилиб кўйган
ишидан пушаймон бўлиб), деди: "Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан
ургувчи очиқ душмандир".
16. (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: "Парвардигорим, дарҳақиқат, мен ўз жонимга
жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин". Бас, (Аллоҳ) уни мағфират
қилди. Албатта Унинг Ўзигина Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
17. У (яна) деди: "Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди
ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман".
18. Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, (бирон кори ҳолга) кўз тутган ҳолда
кетаётган эди, баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган (бани Исроил қавмидан бўлган) кимса
яна (бир қибтий билан урушаётганини ва яна) уни ёрдамга чақираётганини (кўрди).
Мусо унга деди: "Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан".
19. Энди у ўзларига душман бўлган кимсани (яъни, қибтийни) ушламоқчи бўлган эди,
(Мусо энди мени урмоқчи шекилли, деб гумон қилган бани Исроилдан бўлган кимса):
"Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен
фақат ер юзида жабру зулм қилгувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан
бўлишни истамайсан", деди.
Изоҳ: Нақл қилинишича, Мусо алайҳиссалом ўртага тушиб қибтий билан исроилийни
ажратиб кўйгач, бир кун илгари ўлдирилган қабиладошининг қотили Мусо эканидан
хабар топган қибтий бориб Фиръави ва унинг одамларига бу ҳақда сўзлаб беради.
Шунда Фиръавн Мусо алийҳиссаломни қатл қилишга амр қилиб, уни топиб келиш
учун одамларни юборади. Лекин қибтийлар орасидаги бир диёнатли киши келиб,
Мусони бу ҳақда огоҳлантириб қўяди. Қуйидаги оятда шу тўғрисида ҳикоя қилинади.
20. Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: "Эй Мусо, (Фиръавн)
одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб
кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган киилардандирман", деди.
21. Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб келишларига) кўз тутган ҳолда у ердан
чиқиб, деди: "Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин".
22. Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: "Шояд Парвардигорим мени
Тўғри Йўлга ҳидоят қилса".
23. Қачонки у Мадяннинг суви - қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар
(чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини
сувдан) тўсиб турганларини кўриб: "Сизларга не бўлди (яъни, нега қўйларингизни
суғормай турибсизлар)?", деди. Улар: "Биз то подачилар (молларини) қайтармагунча
суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол (яъни, қўйларимизни суғоргани кела олмас)",
дедилар.
24. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги дарахт)
соясига бориб (ўтириб), деди: "Парвардигорим, мен Ўзинг (ҳузурингдан) мен учун
нима яхшилик (яъни, ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман".
Изоҳ: Муфассирлар ёзишларича ҳазрати Мусо алайҳиссалом Фиръавн қавмидан ёлғиз,
бечора, оч ва даҳшатга тушган ҳолда қочиб чиқанларида айтдиларки: "Парвардигор,
ёлғизман, хастаман, бечораман!" Шунда у кишига жавоб бўлди: "Эй Мусо, Мендек
дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, Мендек табиби бўлмаган одам хастадир. Мен билан
алоқасини узган кимса бечорадир!" Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло Ўз дўстларини
ёлғизлатиб кўймаслиги ҳақида куйидаги оятларда ҳикоя қилинади. Мусо алайҳиссалом
қўйларини суғориб берган икки қиз Шуайб пайғамбарнииг қизлари эди. Кексайиб
қолган Шуайб алайҳиссалом қизларининг ҳар кунги одатларидан эртароқ қайтиб
келганларидин ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини сўраганларида улар бир нотаниш йигит
кўйларини суғориб берганини айтдилар. Шунда у зот қизларидан бирини Мусони
чақириб келиш учун юборадилар.
25. Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: "Отам сени бизларга (қўйларимизни)
суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда", деди. Бас, қачонки (Мусо
Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: "Қўрқмагин. Сен у
золим қавмдан нажот топдинг", деди.
26. (Қизларидан) бири: "Эй ота, уни (чорваларингни боқишга ишга) ёллагин. Зеро, сен
ёллаган энг яхши киши кучли, ишоичли кишидир", деди.
27. (Шуайб) айтди: "(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг
бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар
ўн йилни тўлатсанг (яъни, тўла ўн йил ишлаб берсанг) сен томонингдан (бизга
марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншаоллоҳ, сен менинг солиҳ
кишилардан эканлигимни кўрурсан".
28. (Мусо) деди: "Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан
қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга Вакил
- Гувоҳдир".
29. Энди қачонки Мусо (келишилган ўн йил) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср
томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига:
"Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга ундан
бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам", деди.
30. Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг
тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: "Эй Мусо, албатта Мен барча оламларнинг
Парвардигори Аллоҳдирман.
31. Асоингни ерга ташлагин!" Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек
қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. "Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен
(хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан.
32. Қўлингни чўнтагингга солгил, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва
қанотингни (яъни қўлингни) қўрқувдан (яъни агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг
қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни
илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан
Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм
бўлдилар".
33. (Мусо) деди: "Парвардогорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас,
улар мени ўлдиришларидан қўрқурман.
34. Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени
тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан
қўрқурман".
35. (Аллоҳ) айтди: "Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат
(яъни, ғалаба ато) қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар. Бизнинг
оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар ҳам ғолиб
бўлгувчидирлар".
36. Энди қачонки Мусо уларга Бизнинг аниқ-равшан оят-мўъжизаларимизни келтиргач,
улар: "Бу ҳеч нарса эмас, магар уйдирма-сеҳрдир. Бизлар бу нарсани ўтган ота-
боболаримиз (замони)да (бўлганини) ҳам эшитган эмасмиз", дедилар.
37. Мусо айтди: "Парвардигорим ким Ўзининг ҳузуридан ҳидоят келтирганини ҳам,
(Охират) диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини ҳам жуда яхши
Билгувчидир. Албатта золим кимсалар нажот топмас".
38. Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини
билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир
(баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам.
Албатта мен уни ёлғнчи кимсалардан деб ўиламоқдадирман", деди.
39. У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари ҳам (Мусо даъват қилгаи Ҳақ Динга иймон
келтирмасдан) ер юзида ноҳақ кибру ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизга
қайтарнлмайдилар, деб гумон қилдилар.
40. Бас, Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик - ғарқ қилиб
юбордик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энди Сиз у золим кимсаларнинг оқибати
қандай бўлганини кўринг.
41. Ва уларни, (ўзларига эргашган динсиз кимсаларни) дўзахга чорлаб турадиган
пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат Кунида ҳам уларга ёрдам берилмас.
42. Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат Кунида ҳам улар (Бизнинг
раҳматимиздан) йироқ қилингувчи кимсалардандирлар.
43. Аниқки, Биз аввалги аср-авлодларни (кофирликлари сабабли) ҳалок қилганимиздан
кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд улар
эслатма-ибрат олсалар.
44. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Мусога ишни (яъни, пайғамбарликни) ҳукм
қилган пайтда Сиз (Тур тоғининг) ғарб томонида (Биз Мусо билан ваъдалашган жойда
турган) эмас эдингиз ва гувоҳлардан ҳам бўлган эмас эдингиз.
45. Лекин Биз (Мусо замонидан сўнг, кўп) асрларни пайдо қилдик, бас, уларга умр-
замон чўзилиб кетди (ва улар Мусога юборилган ҳукмларни унутиб юбордилар. Шунда
Биз ҳукму фармонларимизни одамларга ҳаққи-рост етказишингиз учун Сизни
пайғамбар қилиб юбордик). Сиз Мадян аҳли орасида тургувчи ҳам, уларга Бизнинг
оятларимизни тиловат қилгувчи ҳам бўлган эмасдингиз. Лекин Биз (Сизни) Пайғамбар
қилиб юборгувчи бўлдик (бас, Сиз Бизнинг ваҳийларимиз воситасида Мусо тўғрисида
ҳам, Мадян шаҳрининг аҳли ҳақида ҳам хабардор бўлдингиз).
46. Биз (Мусога) нидо қилган пайтда Сиз Турнинг ёнида бўлган эмас эдингиз. Лекин
(Сиз) Парвардигорингиз томонидан раҳмат бўлиб, Сиздан илгари бирон
огоҳлантиргувчи келмаган бир қавмни огоҳлантириш учун (Пайғамбар қилиндингиз).
Шояд улар эслатма-ибрат олсалар.
47. Агар уларга ўз қилмишлари сабабли бирон мусибат - бало етганида:
"Парвардигоро, бизларга пайғамбар юборганингда эди, Сенинг оятларингга эргашар ва
иймон келтиргувчилардан бўлур эдик, дейишмаса эди (Биз сизни уларга пайғамбар
қилиб юбормас эдик).
48. Энди қачонки уларга бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбар) келгач эса улар: "Унга
(яъни, Муҳаммадга) ҳам Мусога берилган мўъжизалар берилганида эди (бизлар унга
эргашган бўлардик)", дедилар. - Ахир улар илгари Мусога берилган мўъжизаларга
ҳам кофир бўлмаганмидилар?! - Улар: "(Таврот ва Қуръон) бир-бирини қўллаб-
қувватлайдиган икки сеҳрдир", дедилар, ва: "Бизлар (бу икки Китобдан) ҳар бирига
кофирдирмиз", дедилар.
49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "У ҳолда агар ростгўй бўлсанглар
сизлар Аллоҳ хузуридан у икки (Китобдан) кўра тўғрироқ бўлган бирон китоб
келтиринглар, мен унга эргашурман".
50. Энди агар улар Сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат хавойи
нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган холда ўз хавойи
нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай
золим қавмни ҳидоят қилмас.
51. Аниқки, Биз эслатма-ибрат олишлари учун уларга Сўзни - Қуръонни улаб (яъни,
пайдар-пай нозил қилдик).
52. Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни,
яҳудий ва насронийлар орасидаги мўъминлар) унга (яъни, Куръонга) иймон
келтирурлар.
53. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: "Бизлар унга иймон келтирдик.
Албатта у Парвардигоримиз томонидан бўлган ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар
(Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни, Аллоҳни Ягона билиб
бўйсунувчилар) эдик", дерлар.
54. Ана ўша зотларга (дину иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-
мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни, сабр-тоқат) билан
ёмонликни (яъни, кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб
берган нарсалардан инфоқ-эхсон қилурлар.
55. Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: "Бизларнинг
амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон
бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз", дерлар.
56. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила
олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи
зотларни яхшироқ Билгувчидир.
Изоҳ: Ушбу оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил
бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳиссаломни болалик чоғларидан
бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача энди у зотга ҳомийлик қилган бўлса-
да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва
у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидаи ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг
учун ҳим Абу Толибга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳиссалом уни кофир
ҳолда ўлиб кетишини истамай: "Эй амаки, "Ла илаҳа илла Аллоҳ" денг, мен Қиёмат
Кунида сизни мўъмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай", деганларида, у: "Мен
сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: "Абу Толиб ўлимдан кўрқиб
иймон келтирди", дейишларини хоҳламайман", деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг
суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган
Пайғамбарига ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.
57. Улар (яъни, Қурайш кофирлари: "Эй Муҳаммад), агар бизлар сен билан бирга Тўғри
Йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз (яъни, бошқа араблар бизларга душман
бўлиб қолиб, ўз юртимиздан кувиб чиқарурлар)", дедилар. Ахир Биз уларга тинч-
осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари
Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин
уларнинг кўплари (буни) билмаслар.
58. Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Мана ўшаларнинг
масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок
бўлдилар) ва (уларни мулку диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик.
59. Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шахарларнинг маркази (Маккайи мукаррама)да
Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир пайғамбарни юбормагунича у
(қишлоқ-шаҳарларии) ҳалок қилгувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шахарларни фақат
уларнинг аҳолиси золим - кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик.
60. Сизларга берилган нарсалар фақат (ўткинчи) ҳаёти дунёнинг мато ва
зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (ажру-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир
ақл юргизмайсизларми?!
61. Ахир Биз гўзал ваъда (жаннат) ваъда қилган, бас, унга эришган киши, Биз (ўткинчи)
хаёти дунё матосидан (озгина) фойдалантириб, сўнгра Қиёмат Кунида (мангу азобга)
дучор қилингувчилардан бўлган кимса каби бўлурми?!
62-63. (Эсланг, Аллоҳ Қиёмат) Кунида уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон
қилгувчи бўлган "шерикларим" қаерда қолишди?!", деганида, устларига Сўз - азоб
тушиши хақ-муқаррар бўлган кимсалар (яъни, одамларни Хақ Йўлдан оздирган
доҳийлар):"Парвардигоро, ана у бизлар йўлдан оздирган кимсаларни ҳам ҳудди ўзимиз
йўлдан озган каби йўлдаи оздиргандирмиз (яъни, бизлар ҳам, барчамиз ўз ихтиёримиз
билан озгандирмиз). Бизлар Сенга оқдирмиз (яъни, уларчнинг йўлдан озишларига
айбдор эмасмиз). Улар бизларга ибодат қилгувчи бўлмаганлар, (балки ўз ҳавойи
нифслирига ибодат қилганлар)", дерлар.
64. Уларга: "Бутларингизга дуо-илтижо қилинглар, (мана энди сизларга ёрдам
берсинлар)", дейилиб, уларга дуо-илтижо қилганларида (бутлар) жавоб қилмаслар ва
улар азобни кўрурлар. Агар улар ҳидоят топсалар эди (бундай азобни кўрмаган бўлур
эдилар).
65. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: "Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?",
дейдиган Кунда -
66. Ўша Кунда уларга хабарлар (яъни, ўзларини оқлайдиган баҳонаю сабаблар)
кўринмай қолур, бас, (даҳшат ва қўрқувга тушиб) бир-бирларидан ҳам сўраша
олмаслар.
67. Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки, ана
ўша (киши) нажот топгувчилардан бўлур.
68. Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр
қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.
69. Парвардигорингиз уларининг диллари яширган нарсаларини - сирларини ҳам,
ошкор қилган нарсаларини - сўзларини ҳам билур.
70. У (Ёлғиз) Аллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Аввалу
охирда (яъни, Дунею охиратда) ҳамду сано (Ёлғиз) Унинг учундир. Ҳукм Унинг
(ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.
71. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Хабар берингизчи, агар Аллоҳ кечани
Қиёмат Кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ
сизларга бирон ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?!"
72. Айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни Қиёмат Кунигача устингизда
мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани
келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?!
73. (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни - унда (яъни, кечада) ором олишларингиз,
(кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо
қилиб қўйгани Унинг раҳмат - марҳаматидандир.
74. (Эсланг, Аллоҳ Қиёмат) Кунида уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон
қилгувчи бўлган "шерикларим" қаерда қолишди?", дер.
75. Биз (у Кунда) ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) чиқариб, (уларга
"Аллоҳ ёлғиз эмас", деб келтирган ширкларингиз ҳақ бўлса, қани) ҳужжат-
далилларингизни келтиринглар-чи", дедик. Бас, улар (худолик) ҳаққи-хуқуқи (Ёлғиз)
Аллоҳники эканини билдилар ва ўзлари тўқиб олган "худолари" эса улардан ғойиб
бўлди.
76-77. Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво
қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват
эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик.
Ўшанда қавмдошлари унга: "Ховлиқмагин. Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас.
Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) Охират диёрини (ободлигини)
истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби
сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму зўравонлик билан)
бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас",
деганларида;
78. У: "Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир,
(бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас"), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-
авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча)
кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари
ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!
79. Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган
кимсалар: "Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди?!
Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир", дедилар.
80. Илм - маъфират ато этилган кишилар эса: "Ўлим бўлсин сизларга! Иймон
келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У
(савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эргашурлар", дедилар.
81. Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун
Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан
бўлмади.
82. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилган кимсалар: "Воажаб, Аллоҳ
бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб (Ўзи хоҳлаган
бандаларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат
қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) ютдирган бўлур эди. Воажаб, кофир бўлган кимсалар
нажот топмас экан-да", деб қолдилар.
83. Биз ўша Охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни
истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир.
84. Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун (қилган яхшилигадн) яхшироқ (мукофот
бўлур). Ким ёмонлик билан келса, бас, ёмонликлар қилган кимсалар фақат ўзлари
қилган ёмонликлари билангина жазоланадилар.
85. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Сизга (ушбу) Қуръонни (яъни, уни тиловат
қилишни, унга амал қилишни ва уни умматларингизга етказишни) фарз қилган Зот,
шак-шубҳасиз, Сизни бир қайтадиган жойга (Маккага) қайтаргувчидир. (Мушрикларга)
айтинг: "Парвардигорим Тўғри Йўл (Ҳақ Дин) билан келган кишини ҳам, очиқ-равшан
залолатдаги кимсани ҳам жуда яхши Билгувчидир".
Изоҳ: Муфассирлар ёзишларича, ушбу оят Пайғамбар алийҳиссалом Маккадан
Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, йўлда Жуҳфа дқган жойга қўниб, ўзлари
ташлаб чиқиб кетаётган ватанлари - Маккани кўмсаган вақтларида нозил бўлган экан.
86. Сиз ўзингизга Китоб - Қуръон туширилишидан умидвор ҳам бўлган эмасдингиз.
Фақат Парвардигорингиз томонидан раҳмат-марҳамат бўлиб (Сизга Қуръон нозил
қилинди). Бас, Сиз ҳаргиз кофир кимсаларга ёрдамчи бўлманг!
87. Ва Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан сўнг ҳаргиз улар Сизни (у
оятларга амал қилишингиздан) тўсмасинлар! Сиз (одамларни ҳам Ёлғиз)
Парвардигорингизга (ибодат қилишга) чорланг ва ҳаргиз мушрик кимсалардан
бўлманг!
88. Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ,
магар Унинг Ўзигина бордир. Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Юзи -
Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга
қайтарилурсизлар.
(29) «Анкабут» сураси
Олтмиш тўқиз оятдан иборат бўлган бу сура ҳам Маккада нозил қилингандир. Сура
иймон эгалари сидқидилдан мўъмин бўлганмилар ёки тил учида иймон
келтирганмилар - синаш учун турли имтиҳонларга рўбарў қилинишлари аниқ
эканлиги ҳақида хабар бериш билан бошланиб, яралганларнинг фитналарига алданиб
иймон-эътиқодидан кечган кимсалар албатта Яратганнинг азобига гирифтор
бўлишларини уқтиради.
Шунингдек, бу сурада дину иймонга даъват қилгувчи кишилар зиммасида жуда
шарафли ва айни пайтда ўта мушкул вазифа борлиги айтилиб, бир неча пайғамбарлар
фаолияти мисолида Ҳақ Йўлидаги даъватнинг мўъжизаси тасвирлаб берилади. Яна бу
сурада Аллоҳ таъоло Ўзининг мўъжизаси бўлмиш Қуръони Каримни бандаларига
етказиш учун ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган Муҳаммад алайҳиссаломни
пайғамбарликка танлагани тўғрисида хабар бериб, акс ҳолда бузғунчи кимсалар:
"Куръонни Муҳаммаднинг ўзи ёзган", деб одамларни шубҳага солишлари аниқ
эканлигини уқтиради. Сура сабр-тоқат билан ҳақ Йўлида курашган зотларга Аллоҳинг
Ўзи ёр бўлиши ҳақидаги оят билан
тугалланади.
Бу сурадан ўзлари қўллари билан ясаб олган бутларига сиғиниб, улардан нажот
кутадиган мушриклар худди ўзи тўқиган тўридан паноҳ истайдиган ўргимчакка
ўхшашлиги тўғрисидаги оят ҳам ўрин олгани учун уни "Анкабут - Ўргимчак" сураси
деб номлангандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Алиф, Лом, Мим,
2. Одамлар: "Иймон келтирдик", дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган
ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!
3. Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган
эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ ("Иймон келтирдик", деб) рост
сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур.
4. Ёки ёмон амаллар қиладиган кимсалар Биздан (яъни, жазойимиздан) қочиб
қутулишни ўйладиларми?! Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а?!
5. Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта Аллоҳ (белгилаган
мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз, келгувчидир. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
6. Ким жиҳод қилса, фақат ўз (фойдаси) учун жиҳод қилур (яъни, ким Аллоҳ Йўлида
саъй-ҳаракат қилса, бундан Аллоҳ эмас, балки ўша кишининг ўзи учун манфаат бўлур).
Зеро, Аллоҳ барча оламлардан Беҳожатдир.
7. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг ёмонликларини (яъни, аввал
қилган гуноҳларни) шак-шубҳасиз, ўчирурмиз ва албатта уларни қилиб ўтган энг
чиройли амаллари билан мукофотлармиз.
8. Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Яъни, ота-она хоҳ яхши, хоҳ
ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин уларга яхшилик қилиш фарзанднинг
бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни, сохта «худо»ларни)
Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз)
Менга қайтурсиз, бас, (ана ўша Кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг
хабарини берурман.
9. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилгаи зотларни шак-шубҳасиз, солиҳ бандалар
қаторига (яъни, жаннатга) дохил қилурмиз (киритурмиз).
10. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари: "Аллоҳга иймон келтирдик",
дейди-да, сўнг Аллоҳ Йўлида (кофирлар томонидан бирон азият билан) озорланса,
одамларнинг (бу) фитна-озорларини Аллоҳнинг азоби каби қилиб олур (яъни, ўткинчи
ҳокимларнинг фитна-фасодларидан Аллоҳнинг азобидан қўрққандек қўрқиб ўз иймон-
эътиқодидан кечур. Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қасамки, агар Парвардигорингиз
томонидан (сиз - мўъминларга) ғалаба келса шак-шубҳасиз, улар: "Албатта бизлар
сизлар билан бирга эдик", дерлар. Ахир Аллоҳ барча оламларнинг - яралганларнинг
дилларидаги нарсаларни жуда яхши Билгувчи эмасми?!
11. Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни ҳам, мунофиқ кимсаларни ҳам аниқ
билур.
12. Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: "Сизлар бизларнинг йўлимизга
эргашинглар, гуноҳларингизни бизлар кўтарурмиз", дедилар. Ҳолбуки, улар
(мўъминларнинг) гуноҳларидан бирон нарсани кўтара олгувчи эмасдирлар. Албатта
улар ёлғончидирлар.
Изоҳ: Ушбу оят Қурайш катталари иймон келтирган кишиларга: "Қайта тирилиш,
Қиёматдаги ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ нарсалардир. Киши дунёга бир марта
келади, бундан бошқа дунё йўқдир. Сизлар бизнинг йўлимизга юраверинглар, агар у
дунё ҳақидаги гаплар рост чиқиб, Қиёмат қойим бўлса, барча гуноҳларингизни биз
бўйнимизга олурмиз ва сизлар азобга дучор бўлмассизлар", дейишганида нозил
килинган бўлиб, улар мўминларнинг бирон гуноҳини бўйинларига олишга қодир
эмасликлари ҳақида огоҳлантиради. Қуйидаги оятда одамларни ҳақ Йўлдан оздирган
бундай кимсалар ўзларининг гуноҳларига қўшиб тобеъларининг гуноҳларига ҳам
жавобгар бўлишлари ҳақида хабар берилади. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир
ҳадиси шариф ҳам бу ояти каримага ҳаммазмундир: «Ким одамларни залолатга даъват
қилса, унинг зиммасида ўзига эргашган кимсаларнинг гуноҳлари ҳам бўлур, аммо
уларнинг ўз устларидаги гуноҳлари ҳам заррача камаймас».
13. Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа)
юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта Қиёмат Кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғионлари)
тўғрисида сўралурлар.
14. Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига паиғамбар қилдик. Бас, у уларнинг орасида эллик
йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кифир
бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди.
15. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) хамроҳларига нажот бердик ва у (тўфон балоси)ни
барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик.
16. Иброҳимни (эсланг), - у ўз қавмига деган эди: "Аллоҳга ибодат қилинглар ва
Уидан қўрқинглар! Агар билгувчи бўлсангизлар, мана шу сизлар учун яхшироқдир.
17. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва (уларни
"худолар" деб) ёлғон тўқимоқдасизлар. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат
қилаётган нарсалар сизларга ризқу рўз беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан)
сизлар ризқу рўзни (Ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат
қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан), сизлар Унгагина қайтарилурсизлар.
18. Агар сизлар (мени) ёлғончи қилсангизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам (ўз
пайғамбарларини) ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат (Аллоҳ
фармонини бандаларга) очиқ-равшан етказишгина бордир".
19. Ахир улар даставвал Аллоҳ қаидай қилиб (йўқдан) яратишини кўрмадиларми?!
Сўнгра (Қиёмат Кунида эса) У ўша (аввал йўқдан бор қилган нарсасини) қайтарур.
Албатта бу Аллоҳга осондир.
20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай
қилиб яратганини (ва сўнг Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларини яна йўқ қилганини)
кўринглар. Сўнгра Аллоҳ (уларни) иккинчи (мирта) пайдо қилур. Албатта Аллоҳ барча
нарсага Қодирдир.
21. У Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар ва Ўзи хоҳлаган кишиларга раҳм қилур.
(Ёлғиз) Унгагина қайтарилурсизлар.
22. Сизлар (Аллоҳнинг жазосидан) на ерга ва на осмонга қочиб қутулгувчи
эмасдирсизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
23. Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар - улар
Менинг раҳматимдан ноумид (маҳрум) бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб
бордир.
24. Бас, (Иброҳимнинг даъватига) қавмининг жавоби фақат: "Уни ўлдиринглар ёки
ёқиб юборинглар", дейишлари бўлди. Сўнг Аллоҳ унга оловдан нажот берди. Албатта
бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
25. (Иброҳим) айтди: "Сизлар фақат хаёти дунёдаги ўзаро ошна-
оғайнигарчилигингизни кўзлаганларингиз учун (яъни, мушрик оғайнилардан кеча
олмаганларингиз учун), Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали Қиёмат Кунида
айримларингиз (яъни, пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур,
айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У
жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир".
26. Бас, Лут унга иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: "Албатта мен Парвардигорим
(буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат
Эгасидир".
Изоҳ: Лут ўзи Иброҳимнинг оғасинииг ўғли бўлиб, Иброҳим кофирлар томонидан
оловга ташланганида ёнмаганини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканини билиб, бириичи
бўлиб иймон келтиради...
27. Биз (Иброҳмга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда
пайғамбарликни ҳам, (барча самовий) Китобларни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик
ва унга шу дунёда ҳам ажри мукофотини бердик, албатта у Охиратда ҳам солиҳ
зотлардандир.
28-29. Лут ўз қавмига: "Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан
илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан ҳам сизлар
(хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсарлик - қароқчилик
қилурмисизлар; мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?", деганини эсланг"!
Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат "Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг бизларга
Аллоҳнинг азобини келтир-чи", дейишлари бўлди.
30. (Шунда) у айтди: "Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қил".
31. Қачонки Бизнинг элчиларимиз (яъни, фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши
ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: "Албатта бизлар мана шу қишлоқ
аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Чунки унинг аҳли золим - кофир бўлдилар".
32. (Иброҳим): "Ахир у жойда Лут бор-ку?", деди. Улар айтдилар: "Бизлар у жойда ким
борлигини яхшироқ билгувчидирмиз. Албатта бизлар (Лутни) ва унинг аҳли-оиласини
қутқарурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок
бўлгувчилардан эди.
33. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва
уларнинг келишларидан юраги сиқилди. Улар дедилар: "Қўрқма ва ғамгин бўлма.
Албатта, бизлар сенга ва аҳли-оилангга нажот бергувчилардирмиз. Магар хотининг
(нажот топмас, чунки у) қолиб, халок бўлгувчилардан эди".
34. Шак-шубҳасиз, Биз фосиқ - итоатсиз бўлганлари учун бу қишлоқ аҳли устига
осмондан азоб - тош ёғдиргувчидирмиз.
35. Аниқки, Биз ақл юргизадиган қавм учун (ибрат бўлсин, деб) у (қишлоқ) дан оят-
нишона қолдиргандирмиз.
36. Мадян (қавми)га ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). Бас, у айтди: "Эй
қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз ва Охират Кунидан умидвор бўлингиз ҳамда ер
(юзи)да бузғунчилик қилиб санғиб юрмангиз!"
37. Улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган
жойларида (тутдек) тўкилдилар.
38. Од ва Самуд (қабилалирини ҳам ҳалок қилдик). (Бу) сизларга уларнинг
масканларидан (яъни, у масканлардан қолган харобалардан) кўриниб турибди. Шайтон
уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) Йўлдан тўсди.
Ҳолбуки, улар ақлу ҳушли кишилар эди.
39. Қорун, Фиръавн ва Ҳомонни ҳам (ҳалок қилдик). Дарҳақиқат, Мусо уларга
(ўзининг пайғамбар эканлигига далолат қиладиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида улар
ер (юзи)да кибр-ҳаво қилдилар ва (Бизнинг азобимиздан) қочиб қутулгувчи
бўлмадилар.
40. Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида Биз
устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб
(ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам
бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга
зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.
41. Аллоҳдан ўзга "дўстлар"ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй
қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг
нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси каби ожиз
бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар).
42. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ улар Ўзини қўйиб, илтижо қилишаётган бутларини билур. У
қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
43. Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни
фақат илм эгаларигина англай олурлар.
44. Аллоҳ осмонлар ва ерни Ҳақ (қоунун) билан яратгандир. Албатта бунда иймон
келтирган кишилар учун оят-ибрат бордир.
Йигирма биринчи жузъ
45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб - Қуръондан
бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз
бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (бирча нарсадан)
улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур.
46. (Эй мўъминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-
мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму зўравонлик қилган кимсалар
билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир). Ва айтинглар: "Бизлар ўзимизга
нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам
иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир
(Аллоҳ)дир ва бизлар Унгагина бўйсунгувчимиз".
47. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Биз Сиздан аввалги пайғамбарларга Китоблар нозил
қилганмиз). Шунингдек, Сизга ҳам Китоб - Қуръон нозил қилдик. Бас, Биз Китоб
(яъни, Таврот ва Инжил) ато этган зотлар унга (яъни, Қуръонга) иймон келтирурлар.
Ана у (Макка аҳли орасида ҳам) унга иймон келтирадиган кишилар бордир. Бизнинг
оятларимизни фақат кофирларгина ҳалок қилур.
48. Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат
қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс
ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар.
49. Йўқ, у (яъни, Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларида (ёд бўлгувчи)
аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.
50. Улар (кофирлар): "Унга (яъни, Муҳаммадга) ҳам Парвардигори томонидаи оят-
мўъжизалар тушганида эди", дедилар. Айтинг: "Оят-мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг
ҳузуридадир. Мен эса фақат (осийларни Аллоҳнинг азобидан) очиқ
огоҳлантиргувчиман, холос".
51. Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар
учун етарли эмасми?! Албатта бу (Китоб)да иймон келтирадиган қавм учун раҳмат ва
эслатма бордир.
52. Айтинг: "Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртнгизда етарли Гувоҳдир. У Зот осмонлар
ва ердаги бор нарсани билур. Ботил нарсага (яъни, бутларга) иймон келтириб, Аллоҳга
кофир бўлган кимсалар - ана ўшалар зиён кўргувчиларнинг ўзидирлар".
53. Улар Сиздан азобни тезлатишни талаб қилурлар. Агар белгиланган муддат (яъни,
Қиёмат Куни) бўлмаса эди, албатта уларга (дарҳол) азоб келган бўлур эди. Шак-
шубҳасиз, (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур.
54. Улар Сиздан азобни тезлатишни талаб қилурлар. Албатта жаҳаннам кофирларни
ўраб олгувчидир.
55. У Кунда азоб уларнинг устиларидан ҳам, оёқларининг остидан ҳам ўраб олур ва
(Аллоҳ) айтур: «Қилиб ўтган амалларингизни(нг жазосини) тотинглар!»
56. Эй иймон келтирган бандаларим, шак-шубҳа йўқки, Менинг ерим кенг, каттадир.
Бас, сизлар Менгагина ибодат қилингиз!
Изоҳ: Ушбу ояти карима Маккадаги мушрикларнинг зулму фитналари сабабли тоат-
ибодатларини бемалол қила олмай қолган мусулмонлар ҳақида нозил қилингандир.
Аллоҳ таъоло бу оят орқали уларга Ўзининг замини кенг эканлиги, бинобарин, агар бу
ерда уларнинг иймон-эътқодларига дахл қилинса, ўзга ерларга ҳижрат қилиб ўша
жойларда ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари лозимлигини уқтиради. Худди шу хусусдаги
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир ҳадиси мубораклари ҳам барча мўъмин-
мусулмонлар учун ибратли эслатмадир: "Ким ўз Динини (сақлаб қолиш учун) бир
ердан бошқа ерга кетар экан, албатта у жаннатга ҳақдор бўлибди".
57. Ҳар бир жон ўлим (шарбатини) тотгувчидир. Сўнгра Ўзимизга қайтарилурсизлар.
58. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни албатта жаннатда остидан
дарёлар оқиб турадиган хоналар - манзилларга жойлаштирурмиз. Улар ўша жойларда
мангу қолурлар. (Яхши) амалларни қилгувчи зотларнинг ажри мукофоти нақадар
яхшидир!
59. Улар (кофирлар томонидан бўладиган зулму кулфатларга) сабр-тоқат қилган ва
ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган - суянадигаи зотлардир.
60. Ўз ризқу рўзини кўтара (яъни, топа) олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир.
Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқу рўз берур. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
61. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қасамки, агар Сиз улардан: "Осмонлар аа ерни
яратган, қуёш ва ойни (Ўз измига) қаратган Зот ким?", деб сўрасангиз, улар албатта:
"Аллоҳ", деб (жавоб қилурлар). Бас, (шундоқ экан, ўша Аллоҳга ибодат қилишнинг
ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!
62. Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи
хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсани
Билгувчидир.
63. Қасамки, агар Сиз улардан: "Осмондан сув-ёмғир ёғдириб, ерни "ўлганидан" сўнг
ўша (сув) сабабли "тирилтирган" Зот ким?", деб сўрасангиз, улар албатта: "Аллоҳ", деб
(жавоб қилурлар). Сиз (уларга); "(Эътироф этганларингиз учун) Аллоҳга хамду сано
бўлгай", деб айтинг. Йўқ, уларнинг кўплари ақл юргизмайдилар.
64. Бу хаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар Охират
диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир).
65. Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга, У Зот учун динни
холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки
(Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк
келтирурлар!
66. Биз уларга ато этган неъматларга кофир бўлаверсинлар ва (шу бир нафаслик
ҳаётларида) "фойдаланиб" қолсинлар. Ҳали яқинда (бу қилмишларининг оқибатини)
билиб қолажаклар!
67. Улар ўзларининг атрофларидан одамлар талон-тарожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз
Ҳарамни (яъни, Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!
Наҳотки улар ботил-бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъмати (Ислом)га кофир
бўлсалар?!
68. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ - Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган
кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир кимсалар учун жой
(топилмасми)?!
69. Бизнинг (Йўлимиз)да жиҳод қилган - курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга
ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир.
(30) «Рум» сураси
Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, олтмиш оятдан иборатдир.
Сура икки катта давлат - Рум ва Форс давлатлари ўртасида бўлган урушда
форсларнинг кўли устун келгани ҳақида хабар бериш билан бошланиб, яқин йиллар
ичида румликлар ғалаба қилиши тўғрисида башорат қилади. Орадан етти йил ўтгач, бу
Илоҳий башорат ҳақ эканлиги маълум бўлади - Рум давлати форслар устидан ғалаба
қозонади. Суранинг "Рум" деб аталишининг боиси шудир.
Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўъминларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат
қилишга чорланади ва узоқ-яқин ўтмишдаги, Аллоҳни инкор этиб, Унинг
пайғамбарларини ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгани ҳақида
хабарлар берилади.
Яна бу сурада Аллоҳ таъолонинг қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган бир қанча
ибратли мисоллар санаб ўтилиб, сўнгра сура Пайғамбар алайҳиссаломни ва у зотнинг
умматларини ўз иймон-эътиқодларида сабр-тоқат билан устивор бўлишга буюриш
билан ниҳояланади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Алиф, Лом, Мим.
2-3-4-5. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу
мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу охир
барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни)
ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларни ғолиб қилур. У
Қудрат ва раҳм-шафқат Эгасидир.
Изоҳ: Рум мамлакати арабларга яқин бўлиб, румликлар насроний динига мансуб,
форслар эса мажусий эдилар. Шунинг учун ҳам форслар ғолиб бўлгани ҳақидаги хабар
Маккага етиб келганида, Макка мушриклари қувонишиб мўъмин-мусулмонларга:
"Сенлар Қуръонга ишонганларинг каби румликлар Инжилга ишонишади, форслар эса
худди бизларга ўхшаб ҳеч қандай Илоҳий Китобга иймон келтиришмаган. Мана бугун
форслар румликларни енгишганидек, яқинда бизлар ҳам сенларни енгамиз", дер
эдилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб мўъминларга таскини дил бахш этди ва
дарҳақиқат, у оятларнинг берган башорати рост бўлиб чиқди. Барча Ислом
уламоларининг наздида, ушбу оятлар ғайб-келажак ҳақидаги бу ҳақ хабарни
берганлиги Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари эканликларига,
Куръон эса Аллоҳнинг Каломи эканлигига яна бир далилдир.
6. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар
билмаслар.
7. Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг
зоҳиринигина билурлар.
8. Ахир улар ўзларича Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани
фақат Ҳақ (қонун) ва белгиланган муддат билан яратганини (демак, ўша муддат битгач,
дунё тугаб, Охират бошланишини) тафаккур қилиб кўрмадиларми?! Дарҳақиқат, бу
одамларнинг кўпчилиги қайта тирилиб, Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор
қилгувчидирлар.
9. Ахир улар ер юзида сайру саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги (пайғамбарларини
ёлғончи қилгалари сабабли иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай
бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўша (ҳалок бўлган кимса)лар булардан (яъни,
Макка кофирларидан) кўра кучли-қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод
қилганидан кўра кўпроқ ҳайдаб (яъни, экинзорларга айлантириб), обод қилган эдилар-
ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганларида (у
пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалок бўлдилар). Бас,
Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар (Ҳақ Йўлга юришдан бош
тортишлари билан) ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар.
10. Сўнгра (Охиратда эса) Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейиш ва уларнинг устидан
кулиш билан (ўзларига) ёмонлик қилган кимсаларнинг оқибати янада ёмонроқ бўлди.
11. Аллоҳ аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат Кунида) Ўзи яна қайта яратур.
Сўнгра (ҳисоб-китоб қилиниши учун) Унга қайтарилурсизлар.
12. (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар бутунлай номурод
бўлурлар.
13. (У Кунда) улар учун ўзларича (Аллоҳга) шерик қилиб олган бутлари томонидан
шафоат қилгувчилар - қўлловчилар бўлмас (яъни, улар ҳаёти дунёда Аллоҳга шерик
қили олишган кимсалар улардан топар) ва улар ҳам бутларидан тонгувчи бўлурлар.
14. (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда - ана ўша Кунда (мўъминлар билан
кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар. -
15. - Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар (жаннат) боғида шодланурлар.
16. Аммо куфр йўлини тутган ва Бизнинг оятларимизнн ҳамда Охиратда (Аллоҳга)
рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар - ана ўшалар (мангу) азобга дучор қилинурлар.
17-18. Бас, сизлар, (эй, мўъминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш
пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Аллоҳни
поклангиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва ердаги бор ҳамду
сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур).
19. (Аллоҳ) ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва ерни, ўлганидан
кейин (баҳорда қайта) тирилтирур. Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана
шундай чиқарилурсизлар.
20. (Аллоҳнинг қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) -
У Зот сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга
айланиб (ер юзига) таралишларингиздир.
21. Унинг оятларидан (яна бири) - У Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун
ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо
қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладигаи қавм учун оят-ибратлар бордир.
22. Унинг оятларидан (яна бири) - У Зот осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг
тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйганидир. Албатта бунда барча
билгувчилар учун оят-ибратлар бордир.
23. Унинг оятларидан (яна бири) - кечаси ва кундузи ухлашларингиз (яъни, уйқуда
чарчоқларингиз чиқиб, ором олишларингиз) ҳамда (кундузлари) Унинг фазлу
марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиздир. Албатта бунда тинглайдиган -
англайдиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
24. Унинг оятларидан (яна бири) - У Зот сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва
(ёмғир ёғишидан) умидвор бўлгаи ҳолларингизда чақмоқни кўргизур ва осмондан сув-
ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ерни, ўлганидан сўнг тирилтирур. Албатта бунда ақл
юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
25. Унинг оятларидан (яна бири) - осмон ва Ер У Зотнинг амри билан (фазода
муаллақ) туришидир. Сўнгра (Қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган)
ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб учун)
чиқарасизлар.
26. Осмонлар ва Ердаги бор жонзотлар У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйсунур.
27. У аввал бошида Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат кунида) Ўзи яна қайта
яратадиган Зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У Зот учун (илк бор йўқдан
бор қилишдан кўра) осонроқдир. Осмонлар ва ердаги энг юксак мисол - хислат
(яъни, Тенгсиз - Ягоналик хислати) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
28. (Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: Сизлар учун қўлларингиздаги
қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган молу мулкка шерик бўлиб олгувчилар
борми, бас, сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у қулларингиз билан) баробар
бўлиб, улардан (ўша қулларингиздан) ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар?
Биз ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз.
Изоҳ: Бу оятни куйидагича тушуниш керак: агар қўл остингиздаги қулларингиз
сизларнинг молу давлатларингизга шериклик даъво қилсалар ва сизларга итоат
қилишдан бош тортишиб молу дунёларингизни сизлар билан баб-баробар тасарруф
қила бошласалар, сизлар эса худди ўзларингизга ўхшаган озод одамлардан қўрққандек
ўз қулларингиздан қўрқиб турсангиз рози бўлармидингиз? Албатта рози бўлмас
эдинглар, бас, шундай экан, нега энди барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш
Аллоҳ таъолога Ўзининг қулларини шерик қилиб олурсизлар?! Йўқ, ҳеч қачон
Яратганга яралганлар тенг бўла олмас!
29. Йўқ, золим кимсалар бирои билим - ҳужжатсиз, фақат ўзларининг ҳавойи
нафсларига эграшиб (Аллоҳга ширк келтирдилир). Бас, Аллоҳ йўлдан оздирган
кимсани ким ҳидоят қила олур?! (Ҳеч ким ҳидоят қила олмас) ва улар учун (Охиратда)
ёрдам бергувчилар ҳам бўлмас.
30. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзингизни доимо тўғри бўлган Динда (яъни,
Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақланг)! Аллоҳнинг
яратиши ўзгартирилмас. Энг Тўғри Дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар.
Изоҳ: Ушбу оятда таъкидланишича, Ислом табиий хилқат Динидир. Ҳадиси шарифда
айтилишича, "Ҳар бир бола табиий хилқатда - Исломда дунёга келур. Сўнг уни ота-
онаси ё яҳудий қилурлир ё насроний қилурлар ва ё мажусий қилурлар". Демак, инсон
ҳар икки дунёда ҳам руҳан, ҳам жисмонан бахтли-саодатли бўлиши учун одамлар
ўйлаб чиқарган турли оқимлирга - сохта динларга кириб кетмасдан ўзининг яралган
табиий хилқати - Исломида собитқадам бўлмоғи лозим экан.
31. (Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг Динини маҳам тутинглар) ва У
Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар!
32. Динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олган кимсалардан (бўлманглар)! Ҳар бир
ҳизб - фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар.
33. Қачон (динсиз) одамларга бирон зиён етса, Парвардигорларига қайтиб, Унга дуо-
илтижо қилиб қолурлар, сўнгра қачон (Аллоҳ) уларга ўз томонидан бирон марҳамат
тотдириб қўйса, баногоҳ улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлар.
34. Улар Биз ато этган неъматларга ношукурлик қилаверсинлар! Бас, (эй мушриклар),
фойдаланиб қолинглар! Ҳали яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билиб
олурсизлар!
35. Ёки Биз уларга (осмондан) уларнинг (Аллоҳга) ширк келтиришларини (тўғри деб)
сўзлайдиган бирон ҳужжат нозил қилдикми?! (Йўқ улар фақат нодонлик билан ўз
ҳавойи нафсларига эргашиб, Аллоҳга турли нарсаларни шерик деб билмоқдалар).
36. Қачон Биз одамларга бирон марҳамат тотдирсак, улар бундан қувониб кетурлар.
Агар уларга ўзлари қилган гуноҳлари сабабли бирон ёмонлик етса, баногоҳ улар
ноумидликка тушурлар.
37. Ахир улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи
хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилшини билмадиларми?! Албатта бунда иймон
келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
38. Бас, қариндош-уруғга, мискин ва мусофирга (хайру эҳсон қилиҳи билан) хақларини
ато этинг! Аллоҳ Юзини истайдиган кишилар учун мана шу энг яхши (ишдир). Ана
ўшалар нажот топгувчидирлар.
39. Сизлар одамларнинг моллари ичида зиёда бўлиб (қайтиши) учун судхўрлик қилиб
берган пул-молларингиз Аллоҳ наздида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг Юзини -
розилигини истаб ато этган закотларингиз - ана ўша (закот бергувчи кишилар ажру-
савобларини) бир неча баробар қилиб олгувчилардир.
40. Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу рўзингизни берган, сўнгра жонингизни
оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган Зотдир. Сизлар (сиғинаётган)
бутларингиз орасида мана шуларнннг биронтасини қила оладиган кимса борми?!
(Аллоҳ) уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.
41. Одамларнинг қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли)
офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан)
қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш
учундир.
42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Ер юзида сайру саёҳат қилиб,
илгари ўтганларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар! Уларнинг кўплари
мушрик эдилар".
43. Бас, Сиз Аллоҳ томонидан қайтарилмайдиган бир Кун (яъни, Қиёмат) келмай туриб
ўзингизни доимо рост Динда (Исломда) тутинг! Ўша Кунда (мўминлар билан
кофирлар) бўлинурлар.
44. Кимда-ким кофир бўлса, куфри ўзининг бўйнидадир. Ким яхши амал қилса, бас,
улар ўзлари учун (жаннатдан) жой тайёрларлар.
45. Зеро, (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ўз фазлу карами
билан мукофотлар. Дарҳақиқат, У Зот кофирларни суймас.
46. (Аллоҳнинг қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оятларидан (бири - ёмғир
ҳақида) хушхабар элтгувчи бўлган шамолларни юборишидир. (Аллоҳ) сизларга Ўз
раҳмати - ёмғиридан тотдириш учун ва (денгиздаги) кемалар Унинг амри билан
жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз)
исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун (шамолларни юборур).
47. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Биз Сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз
қавмларига юборганмиз. Бас, улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар.
Сўнг Биз жиноят қилган (яъни, ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган) кимсалардан
интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги
ҳақ бўлган.
48. Аллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг
(Аллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас,
Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Аллоҳ) уни Ўзи
хоҳлаган бандаларига етказса, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар.
49. Ҳолбуки, улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар.
50. Бас, Сиз Аллоҳнинг раҳмати - ёмғирнинг изларига қаранг - У қандай қилиб ерни
ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана шу (Аллоҳ) ўликларни ҳам
Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир.
51. Қасамки, агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайиб-қуриганини
кўрсалар, албатта ана ундан кейин куфрони неъмат қилишга турурлар.
52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиз «ўлик»ларга (сўзингизни) англата
олмассиз, орқа ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам уқтира олмассиз.
53. Яна Сиз «кўр»ларни ўз залолатларидан (қайтариб) ҳидоят қилгувчи эмассиз. Сиз
фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина (ўз сўзларингизни)
уқтира олурсиз. Ана ўшалар мусулмонлардир.
54. Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди,
сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-
қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлагаи нарсани
яратур. У Билимдон ва Қудратлидир.
55. (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан
ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан
ёлғонга) бурилгувчи эдилар!
56. (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтдилар: "Аниқки, сизлар Аллоҳ Ўз
Китобида (Лавҳул-Маҳфузди) ёзиб қўйганидек қайта тирилиш Кунигача турдинглар.
Бас, мана шу қайта тирилиш Кунидир. Лекин сизлар (бу Куннинг ҳақ эканини) билмас
эдинглар".
57. Ана ўша Кунда (кофир бўлҳиш билан ўз жонларига) жабр қилган кимсаларга узру
баҳоналари фойда бермас ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам
талаб қилинмас.
58. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик.
Қасамки, агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-
мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар "Сизлар (эй
мусулмонлар), ёлғончининг ўзидирсизлар", дерлар.
59. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-
муҳрлаб қўюр.
60. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг
(Сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир.
(Охиратга) ишонмайдиган кимсалар Сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар.
(31) «Луқмон» сураси
Ўттиз тўрт оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлгандир.
Сура Қуръони Каримнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам
Аллоҳ таъолонинг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган турли оят-аломатлар
мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг
катта сайёраларгача барча мавжудот Ягона Яратган томонидан белгиланган тартиб-
интизомга бўйсуниши уқтирилади.
Бу сурада тўрт кунлик дунё матоларига алданиб қолган мушриклар ва уларнинг
топажак оқибатлари тўғрисида ҳам, Ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб ҳаётларини яхши
амаллар билан ўтказаётган иймон эгалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилади ва сура
ниҳоясида барча инсонларни бола-чақа ҳам, мол-дунё ҳам фойда бермайдиган ҳисоб-
китоб Куни - Қиёмат ҳақ эканлиги хусусида огоҳлантирилади.
Бу сурадан Луқмони ҳаким тўғрисидаги хабар ва унинг ўз фарзандига қилган ўгитлари
ҳам ўрин олгани сабабли у "Луқмон" сураси деб номлангандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Алиф, Лом, Мим.
2. Ушбу (оятлар) ҳикматли Китоб оятларидир.
3-4. У - намозни тўкис адо этадиган, закотни (хақдорларга) ато этадиган ва Охиратга
аниқ ишонадиган чиройли амал қилгувчи зотлар учун ҳидоят - Тўғри Йўл ва Раҳмат
бўлган (Китоб)дир.
5. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар
ҳам уларнинг ўзидир.
6. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни)
Аллоҳнинг Йўлидан оздириш учун ва у (Йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни
сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир.
7. Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё
қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга
аламли азоб ҳақида "хушхабар" бериб қўйинг!
8. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун ноз-неъмат боғлари
бордир.
9. Улар у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У қудрат ва ҳикмат
Эгасидир.
10. У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун
ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди.
Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (ерда) ҳар турли фойдали (ўсимликларни)
ўстириб қўйдик.
11. Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар), сизлар Менга Ундан ўзга
"худолар" нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата
олмаслар, демак) у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар.
12. Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): "Аллоҳга шукр қилгин!
Ким шукр қилса, фақат ўз фойдаси учун шукр қилур (яъни, қилган шукрининг фойдаси
ўзига бўлур). Ким ношукурлик қилса, бас, албатта Аллоҳ (унинг ва барча оламларнинг
шукр қилишидан) Беҳожат ва ҳамду санога Лойиқ Зотдир.
Изоҳ: Нақл қилишларича, Луқмони ҳаким минг йил умр кўрган бўлиб, Аллоҳ таъоло у
зотга нарса ва воқеа-ҳодисанинг моҳият-ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри хукмни
чиқара олиш неъматини - яъни, ҳикматни ато этган экан. Шу боисдан ҳам у кишидан
инсон шуурининг қоронғу йўлакларини ёритиб юборадиган минглаб ибратли
ҳикматлар асар бўлиб қолгандир.
13. Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: "Эй ўғилчам, Аллоҳга
ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир".
14. Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга
ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган
сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки
йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), "Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!
Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!"
15. Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга
зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши
муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!
Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган
амалларингизнинг хабарини берурман".
16. (Луқмон деди): "Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг)
уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса-ю, ана ўша (амал) бирон
харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро,
Аллоҳ Сергак ва Огоҳдир.
17. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда
ўзингга етган (балоларга) сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиқдир.
18. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан
юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.
19. Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёмони
эшаклар овозидир".
20. (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб
қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий-маънавий)
неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай
кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва нурли китоб-ҳужжатга
эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мужодала қилурлар.
21. Қачон уларга: "Аллоҳ нозил килган нарсага эргашинглар", дейилса, улар: "Йўқ,
бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, (ана ўшанга эргашурмиз",
дейишади. Агар шайтон уларни ўт-дўзах азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?!
22. Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у
мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда Ёлғиз Аллоҳга борур.
23. Ким кофир бўлса, бас, Сизни (эй Муҳаммад алайҳиссалом), унинг куфри ғамгин
қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас, Сиз уларга қилган амалларининг хабарини
берурмиз. Зеро, Аллоҳ диллардаги сирларни Билгувчидир.
24. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни
(тотишга) мажбур қилурмиз!
25. Қасамки, агар улардан "Осмонлар ва Ерни ким яратган?", деб сўрасангиз, албатта
"Аллоҳ", дерлар. Сиз: "Аллоҳга ҳамду сано бўлсин", денг! Йўқ, уларнинг кўплари (ана
ўша Аллоҳганига ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар.
26. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина
Беҳожат ва ҳамду санога Лойиқ Зотдир.
27. Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг
яна етти денгиз ёрдамга келса, Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат
ва ҳикмат Эгасидир.
28. (Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида)
қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг)
ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир.
29. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини ҳамда қуёш ва
ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатгача жорий бўладиган қилиб бўйсундириб
қўйганини ва Аллоҳ шак-шубҳасиз, қилаётган амалларингиздан Огоҳ эканини
кўрмадингизми?!
30. Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (Илоҳ) экани, улар (яъни, мушриклар
Аллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг
Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир.
31. Кемалар сизларга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатиш учун У Зотнинг
неъмати - марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта
бунда барча (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчилар учун оят-
ибратлар бордир.
32. Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар Аллоҳга Динни холис
қилиш билан (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ)
уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) Тўғри
Йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва ношукр
кимсаларгина (инкор қилурлар).
33. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна бир Кундан (яъни, Қиёматдан)
қўрқингизким, (у Кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва
бола ҳам отаси тимонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг
(қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаргиз сизларни
ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни
алдагувчи (яъни, шайтон) Аллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечаверади, дегап алдов) билан
алдаб қўймасин!
34. Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши
тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир
ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, рисоми-
нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш
қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина
Билгувчи ва Огоҳдир.
(32) «Сажда» сураси
Бу сура ўттиз оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир.
У Қуръони Каримнинг шак-шубҳасиз, Аллоҳ таъоло томонидан Муҳаммад
алайҳиссаломга туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, "Уни
Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган", дейдиган мушрикларнинг сўзлари ёлғон эканлиги
уқтирилади.
Сўнгра "Мана шу ҳаётдан бошқа ҳаёт йўқ, ҳеч қачон қайта тирилмаймиз", деган
кимсаларнинг сўзлари аниқ ҳужжатлар билан рад этилиб, Охират ва Қиёмат ҳақ
эканлиги ҳамда ҳаётларини иймон ва эзгу амаллар қилиш билан ўткарган мўъминлар
учун Аллоҳнинг ажру мукофотлари борлиги, ҳаёти дунёда Аллоҳни унутган
кимсаларни эса у Кунда Аллоҳ ҳам "унутиб" қўйиши ҳақида хабар берилади.
Сура ана ўша ҳисоб-китоб Куни кечадиган аҳволни тасвирлаш билан ниҳояланади. Бу
сурада сажда ояти мавжуд бўлгани сабабли уни "Сажда" сураси деб ноилангандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Алиф, Лом, Мим.
2. Бу Китобнинг (яъни, Қуръоннинг) нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз, барча
оламларнинг Парвардигори томонидандир.
3. Балки "Уни (Муҳаммаднинг ўзи) тўқиб олган", дерлар? Йўқ, у (яъни, Қуръон)
Сиздан илгари бирон огоҳлантиргувчи келмаган қавмни (Охират азобидан)
огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиз томонидан (нозил қилинган) Ҳақиқатдир.
Шояд улар ҳидоят топсалар.
4. Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб,
сўнгра (Ўз) Аршига ўрнашган Зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга бирон дўст ва қўлловчи
йўқдир. Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
5. У осмондан ергача (бўлган) барча ишни тадбир қилиб - бошқариб турур, сўнгра (бу
ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладигаи бир Кунда
(яъни, Қиёматда) Унинг Ўзига кўтарилур.
Изоҳ: Исломий ақидага кўра, Қиёмат Куни - кофирлар учун ҳисоб-китобнинг оғир
кечганлиги сабабли минг йилга, яна бошқа бир ояти каримада хабар берилишича,
эллик минг йилга тенгдек туюлар, мўъминлар учун эса ҳадиси шарифда келганидек бир
вақт намоз ўқигудек муддат каби қисқа ва осон ўтар экан. Ана ўша Кунда ҳаёти дунёда
рўй берган барча ишлар Аллоҳ таъолонинг даргоҳига кўтарилиб, У Зот Ўзининг Ҳақ
ҳукмини чиқаради.
6. Мана шу (Аллоҳ) ғойиб ва ҳозирни Билгувчи, Қудратли ва Меҳрибондир.
7. У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. У инсонни (яъни, Одамни)
даставвал лойдан яратди.
Изоҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таъоло бандалар эътиборини Ўзи яратган махлуқотларнинг
ҳар бирини нақадар етук ҳикмат билан яратганига қаратмоқда. Дарҳақиқат, дунёдаги
мавжудотнинг қай бирига диққат эътибор билаи назар солинса, ундаги мутаносиблик
ва пухталик ақл эгалари ёдига Яратганнинг нақадар Доно ва Билгувчи эканини
келтиради.
8. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан (иборат бўлган нутфадан пайдо)
қилди.
9. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) жондан киритди. У Зот
сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр
қилурсизлар.
10. Улар (яъни, кофирлар): "Бизлар ер (ости)да йўқ бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна
янги яралиш билан яралурмизми?", дедилар. Йўқ, улар Парвардигорларига рўбарў
бўлишни инкор қилгувчидирлар.
11. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси
(ажалларингиз битгач) жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга
қайтарилурсизлар".
12. Агар Сиз у жиноятчи кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида
бошлари эгик ҳолда туриб: "Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва
эиштдик, бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, бизлар яхши амал қилайлик. Энди бизлар
(Қиёмат Ҳақ эканлигига) шак-шубҳасиз, ишонгувчидирмиз", (дейишларини) кўрсангиз
эди.
13. Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин
Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлгандир: "Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва
одамларнинг барчаси билан тўлдирурман".
Изоҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таъоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки
инсу жинни ўз ихтёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Аллоҳинг Динига итоат этишдан
бўйин товлаган кимсаларни жаҳаннамга дучор қилиичшлари аниқ эканлиги
уқтирилади.
14. Бас, (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли
(аламли азобни) тотингиз! Дарвоқеъ, Биз ҳам (бугун) сизларни "унутдик". Қилиб ўтган
амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!
15. Бизнинг оятларимизга фақат қачон у (оятлар) зикр қилинса, (ўша оятлар билан
панд-насиҳат қилинганида таъсирланганлари сабабли) сажда қилган ҳолларида
йиқиладиган ва кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ҳамду сано антиш билан
Парвардигорларини поклайдиган зотларгина иймон келтирурлар.
Изоҳ: Ушбу оят ҳам сажда оятидир.
16. Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларни ибодат билан
ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-
илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
17. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб
қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас.
18. Ахир мўмин бўлган киши фосиқ-итоатсиз бўлган кимса каби бўлурми? (Йўқ),
баробар бўлмаслар!
19. Иймои келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун қилиб ўтган амаллари
сабабли жаннат маъволари манзил бўлур.
20. Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъволари - борар жойлари эса дўзахдир. Ҳар қачон
ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: "Ўзлариигиз ёлғон деган
дўзах азобини тотингиз", дейилур.
21. Албатта Биз улар шояд ўз (куфру исёнларидан) қайтсалар, деб уларга (Қиёмат
Кунидаги) улуғ азобдан илгари яқин азобни (яъни, дунё азобини - турли кулфат-
балоларни, мусибатларни) тотдирурмиз.
22. (Яратган) Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг,
улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи
кимсалардан Интиқом олгувчидирмиз.
23. Аниқки, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этдик: Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом),
Сиз унинг (Тавротга) рўбарў бўлганидан шубҳа-гумонда бўлманг. Биз (Тавротни) бани
Исроил (қавми) учун Ҳидоят - Тўғри Йўл қилдик.
24. Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан
Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар
Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар.
25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Қиёмат Кунида (одамлар) ўртасида улар
ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида Парвардигорингизнинг Ўзи ажрим қилур.
26. Ахир уларга (яъни, мушрикларга) Биз улардан илгари қанча аср-авлодларни ҳалок
қилганимиз, (мана бу мушриклар) ўшаларнинг масканларида юрганлари яхши маълум
эмасми?! Албатта бунда оят-ибратлар бор-ку! Ахир англамайдиларми?!
27. Ахир улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг ёрдамида уларнинг чорвалари ҳам,
ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни кўрмадиларми?! Ахир
қарамайдиларми?!
28. Улар (мусулмонларга): "Агар ростгўй бўлсангизлар қачон мана шу фатҳ (яъни,
сизлар билан ора очиқ бўладиган ва бизларга сизлар айтаётган азоб тушадиган Кун)
рўй берур", дерлар.
29. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом): "Фатҳ Кунида кофир бўлган кимсаларга иймон
келтиришлари фойда бермай қолур ва уларга (тавба-тазарруъ қилиш учун) муҳлат ҳам
берилмас", деб айтинг!
30. Сўнг Сиз улардан юз ўгиринг ва (уларга келадиган азобга) кўз тутинг! Зеро, улар
ҳам (сиз мусулмонларга ёмонликлар келишига) кўз тутгувчидирлар.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка instagram