Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)
(33) «Аҳзоб» сураси
Етмиш уч оятдан иборат бу сура Мадинада нозил қилингандир. Маълумки, одатда
Мадина сураларида Маккада нозил бўлган суралардан фарқли ўлароқ сўз асосан
Исломий турмуш тарзи ва диний урф-одатлар ҳақида боради. Яъни, мавзу Исломий
ақидани англатишдан Исломий Шариатни баён қилишга кўчади. Ушбу сура ҳам бундан
мустасно эмасдир.
У дастлаб Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таъолодангина қўрқишда устиворлик
тилаб, Ёлғиз Аллоҳгагина суянишга ва фақат Илоҳий ваҳийгагина эргашишга буюриш
билан бошланади, сўнгра дини Ислом ҳукмича, боқиб олинган бола тутқин фарзанд
билан баробар бўлмаслиги баён қилинади ва сура давомида бу мавзуга яна қайтилади.
Яна бу сурада Пайғамбар алийҳиссаломнинг аҳли-аёллари тўғрисида ҳамда уларнинг
зиммаларидаги айрича вазифалари ва алоҳида ҳақ-ҳуқуқлари борасида ҳам сўз
юритилади, шунингдек, улар барча мўъмин-мусулмонлар учун она мақомида
эканликлари, бинобарин, мўъминлар уларга зиёда эҳтиром ва ўта эҳтиёткорлик билан
муомала қиилишлари лозим экани уқтирилади. Сура ниҳоясида инсон ўз зиммасига
олган Аллоҳ таъолонинг барча амру фармонларига итоат этиш вазифаси, ҳатто осмону
замин ва тоғу тошлар ҳам кўтара олмаган оғир ва масъул вазифа эканлиги
таъкидланади.
Бу сурадан Мадинада янги барпо бўлган Ислом давлатини йўқ қилиб юбориш ғаразида
турли ҳизблар-фирқалар бирлашиб қилган ҳужумлари ва бу жанг воситасида Аллоҳ
таъоло мўъминларнинг иймон-эътиқодлирини яна бир бор синовдан ўтказгани
ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олгани сабабли у "Аҳзоб - Ҳизблар" деб номлангандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом). Аллоҳдан қўрқинг ҳамда кофир ва мунофиқ
кимсаларга бўйсунманг! Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
2. Сиз (фақат) ўзингизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга
эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан Огоҳ бўлган Зотдир.
3. Ва (Ёлғиз) Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил —
Сақлагувчидир.
4. Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек), сизлар зиҳор
қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни
ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни "она" дейишларингиз,
асрандиларингизни "бола" дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир.
Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (Ҳақ) Йўлга ҳидоят қилур.
Изоҳ: Ушбу оятда икки масала хусусидаги Аллоҳнинг ҳукми баён қилинди: Биринчиси
"Зиҳор" масаласи бўлиб, бу ибора арабларнипг истилоҳида киши ўз хотинига "сен
менга онамнинг бадани каби ҳаромсан", дейишини англатади. Одатда улар, бу сўзлар
айтилгаи хотин онага айланиб қолади, демак, энди у билан яшаш мумкин эмас, деб
ҳисоблар эдилар. Қуръон уларнинг бу гумонлари нотўғри эканлигини уқтиради.
Фиқҳшунослик — қонуншунослик китобларида юқоридаги сўзларни айтган кишилар
ушбу нолойиқ сўзлари учун маълум тартибда каффорат — жарима тўлаб,
никоҳларидаги хотинлари билан яшайверишлари жоиз эканлиги айтилади.
Иккинчи масала, асранди бола Шариати Исломийя ҳукмича ҳар тарафлама пушти
камардан бўлгап бола каби бўлмаслиги ҳақидадир. Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом
ўғил қилиб олган Зайд бинни Ҳориса ҳақида нозил қилинган бўлиб, сура давомида бу
мавзуга яна қайтилади.
5. Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар — атанглар. Шу Аллоҳ наздида
тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар)
сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у холда уларни
биродирим фалончи, ёки дўстим Филончи, деб атанглар, лекин боқиб олган опасининг
номи билан чақирманглар). Қилган (хатоларингиз) сабабли сизлар учун гуноҳ Йўқдир,
лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган (хатодагина гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ
Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.
6. Пайғамбар мўъминларга ўзларидан ҳам яқинроқ — ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса
уларнинг оналаридирлар. Аллоҳнинг Китобида қариндош-уруғлар (меросхўрликда)
бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўъминлардан ва муҳожирлардан кўра
ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар (диҳний) дўстларингизга (уларни ўзингиз учун ворис
қилишлик билан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу — Китобда (яъни, Лавҳул-
Маҳфузда) битиб қўйилган (хукмдир).
7-8. Эсланг, Сиз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо
ва Ийсо бинни Марямдан ахду паймонларини олгандик. Биз ростгўйлардан (яъни,
барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари (яъни, зиммаларидаги
пайғамбарлик вазифаларини рост — тўла адо этганлари) хақида сўраш учун улардан
пухта ахду паймон олдик (Аллоҳ) кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.
9. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — сизларга (қарши турли
ҳизблардан иборат) қўшинлар келган пайтида Биз уларнинг устига шамол ва сизлар
кўрмаган қўшинларни (яъни, фаришталарни) юборганимизни эсланглар! Аллоҳ
қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
10. Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан
ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб
қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли ёмон) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
11. Ана ўша жойда мўъминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан)
қаттиқ ларзага тушдилар.
12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф бўлган)
кимсалар: "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар",
дея бошладилар.
13. Ўшанда улардан (мунофиқлардан) бир тоифаси деди: "Эй Ясриб (яъни, Мадина)
аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш (имкони) йўқдир, бас, (ўз
уйларингизга қайтиб кетинглар". Улардан (мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса
"Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)," деб Пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки,
(уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина
истардилар.
14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан
(бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни, мусулмонларга хиёнат қилиш)
талаб қилинса, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (ҳиёнатга розилик)
берган бўлур здилар.
15. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга аҳу паймон берган,
Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (Қиёмат Кунида) сўралгувчи эди.
16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), антинг: "Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан
қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, (яъни, фақат ажалларингиз
битгунича ўлимдан қочишларингиз мумкин) демак, сизлар жуда оз (яъни,
ажалларингиз етгунича) фойдаланурсизлар, холос.
17. Айтинг:"Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса (сизларни
Ундан асрай олур ёки У Зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким Уни тўса олур)?!
Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар.
18-19. Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига:
"Биз томонга ўтинглар (Муҳаммадни тарк қилинглар, жиҳодга борманглар)", дейдиган
кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, фақат сизларга (яъни. сизларнинг
ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина
келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, Сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб)
қолган кимса каби кўзлари ола-кула бўлиб Сиз томонга қараётганларини кўрурсиз.
Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни, ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни
ўткир тиллар билан ранжитурлар”. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас,
(шу сабибли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осон бўлган
(ишдир).
20. Улар (яъни, мунофиқлар) кўрқоқликлари (сабабли ҳизблар Мадина атрофидан
тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у ҳизбларни кетмаган, деб ўйлайдилар, ва агар у
ҳизблар яна қайтиб қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас,
балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз
ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда
бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эҳдилар.
Изоҳ: Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижранинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом
тарихида "Хандақ жанги" деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди.
Муфассирларнинг ёзишларича воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина
атрофларидаги ҳар турли ҳизблар мусулмонларн йўқ қилиб юбориш учун тил
бириктиришиб, ўн икки мингдан ортиқ қўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш
қиладилар. Бу шумхабардан воқиф бўлган пайғамбар алайҳиссалом уч минг чоғлик
аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг
маслаҳатларига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига ҳандақ кавлайдилар ва
ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли
ҳизбларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул – ҳандақ
тўсади ва улар Мадинани тўрт томонидан қуршаб қамал қиладилар. Аммо шаҳар ичига
кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг
ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўъмин киму, мунофиқ кимлиги ажралиб
қолади: мўъминлар Аллоҳ таъолонинг нусратига кўз тикиб, пайғамбар алайҳиссалом
теварагига янада жипслашадилар, мунофиқлар эса бутунлай ноумидликка тушиб,
ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар.
Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг, бир куни тўсатдан ҳаво совуб,
қаттиқ бўрон туради ви мусулмонларни қамал қилиб, ҳар тарафдан ўраб олган
ҳизбларнинг ёққан ўт-оловларини ўчириб, тиккан чодир-ўтовларини учириб кетади ва
улар Мадинага киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа
олмай қоладилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таъоло ушбу оғир дамларда мўъминларнинг
иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирган, лекин
дилларида мараз-нифоқ бўлган мунофиқларнинг кирдикорларини фош этади.
Ушбу воқеа, айтиб ўтганимиздек бундан ўн тўрт аср илгари рўй берган бўлса-да, ўша
ҳизбларнинг думлари бугунги кунда ҳам мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак,
ҳар замон мана шундай ҳизблар турли ялтироқ шиорлар билан мусулмонлар орасига
кириб, уларни бўлиб юборишга, бир-бирларига душман қилиб кўйишга уринганларида,
ҳиқиқий иймонли мусулмонлар ўз атрофларига Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос
бўлиб қолган маънавий ҳандақ қазиб олишлари, яъни, Қуръони Карим ва ҳадиси
шариф маъноларидан яхши хабардор бўлиб, улардаги Илоҳий кўрсатмаларга изчил
амал
қилишлари
натижасида
ундай
шайтоний
ҳизбларни
ўзларига
яқинлаштирмасликлари лозим бўлади. Шунда у бадкирдор ҳизблар мусулмонларга
бирон зиён етказа олмай, йўқ бўлиб кетадилар. Аммо Исломдан бехабар билимсиз
кимсалар ва мунофиқлар эса қандай қилиб ҳизбчинг ноғорасига ўйнаб юрганларини
ўзлари ҳам билмай қоладилар. Албатта бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.
21. (Эй мўъминлар), албатта сизлар учун — Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган
ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун — Аллоҳнинг Пайғамбарида (у зотнинг
иймон-эъҳтиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир.
22. Мўъминлар у ҳизбларнинг кўрган вақтларида: "Бу Аллоҳ Пайғамбари бизларга
ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир",
дедилар ва (устларига бостириб келаётган ҳизбларнинг сон-саноқсизлиги мўъминларни
кўрқитмади, аксинча) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда
қилди, холос.
23. Мўъминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У Зотнинг Йўлида жиҳод қилиб,
шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас,
улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни, шаҳид бўлди), улардан (айрим)
кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган
аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ.
24. Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли
мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳдаса (мунофиқ ҳолларида ўлдириб)
азобга гирифтор этиш ёки (улар иймон келтириб, тавба қилсалар), тавбаларини қабул
қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Албатта
Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
25. Аллоҳ кофирларни (яъни, ҳизбларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон
яхшилик-фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўъминларга жанг тўғрисида кифоя қилди
(яъни, осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўъминларни жангсиз ғолиб қилди).
Аллоҳ Кучли, Қудратли бўлган Зотдир.
26. У (ҳизб)ларга ёрдам берган, аҳли Китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз
қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир
гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
27. Ва Аллоҳ сизларни уларнинг ерларига, ховли-жойларига, молу мулкларига ва
(ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир
бўлган Зотдир.
Изоҳ: Бу икки оят бану Қурайза номли яҳудий қабиласи ҳақида нозил қилингандир. Бу
қабила илгари Пайғамбар алайҳиссалом билан бир-бирларига қарши урушмаслик
ҳақида битим тузган эди. Қачонки ҳизблар мўъминларга қарши юриш қилганларида эса
улар ўртадаги битимни ҳиёнаткорона бузиб, ҳизбларга қўшилиб олдилар. Шунинг учун
у ҳизблар мағлуб бўлиб қайтиб кетганларидан кейин мусулмонлар бану Қурайза
қабиласини қуршовга оладилир ва улар яшириниб олган қалъаларидан чиқиб таслим
бўлишга мажбур бўладилар. Шунда улардан бир қанчаси қатл қилиниб, қолганлари
мусулмонлар томонидан асир олинади ва ер-мулклари мусодара қилинади.
28. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга айтинг: "Агар сизлар ҳаёти дунёни
ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни
(ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни,
ажрашайлик).
29. Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва Охират диёрини истайдиган
бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал
қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир".
30. Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб
икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир.
Йигирма иккинчи жузъ
31. (Эй Пайғамбар аёллари), сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса
ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки хисса қилиб берурмиз ва
унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
32. Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни,
бирон аёл фазлу мартабада сизлир каби бўла олмас). Бас, сизлар агар тақводор
бўлсангизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда)
майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ
қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!
33. Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташкарига
чиқманглар, агар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик
(даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар,
закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг
Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли,
Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.
34. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, Пайғамбар ҳадислари)дан
иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ
Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир.
35. Албатта муслим ва муслималар, мўъмин ва мўъминалар, итоатгўй эркаклар ва
итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва
сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа
қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза
тутгувчи аёллар, авратларини ҳаромдан сақлагувчи эркаклар ва (авратларини
ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп)
зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)
тайёрлаб қўйгандир.
36. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон
мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини
ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у
очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.
Изоҳ: Ушбу оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг аммалари Умайманинг қизи Зайнаб
бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб
олган ўғиллари Зайд бинни Ҳорисаги хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, у
унамасдан: "Ё Расулуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам,
Зийд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин",
дейди. Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга юқоридаги оят нозил бўлгач, ноилож қолиб,
ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳаб берилади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг
турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билап муомалида бўлар
ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир-оқибат Зайд
Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан
бирга ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Аллоҳ таъоло томонидан
Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зийнаб билан ажрашиб
кетишлари ва Пайғамбар алайҳиссалом Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган
эди. Лекии пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг: "Муҳаммад ўзи асраб олган
ўғлининг хотинига уйланди", деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай
келар эдилар. Шунинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини
билдирганида, унги сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таъоло
Ўз Пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради.
37. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан)
инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш
билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд бинни Ҳорисага): "Жуфтингни ўз ҳузурингда
ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошилманг), Аллоҳдан қўрққин", деб Аллоҳ ошкор
қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ
бўлган ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз.
Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, (яъни, уни талоқ
қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўъминларга асранди болалари ўз
хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, (яъни, уларни талоқ қилишгач), уларнинг
(хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва
Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди.
38. Аллоҳ Пайғрамбарига фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик
бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг Йўли — қонунидир
(яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган).
Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.
39. Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга)
етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир.
Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳисоб қилгувчидир.
40. (Эй мўъминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у
Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани Билгувчи
бўлган Зотдир.
41. Эй мўъминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!
42. Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб — тасбеҳ айтинглар!
43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат
кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У
мўъминларга Меҳрибон бўлган Зотдир.
44. (Мўъминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган Кунда уларга (Аллоҳ томонидан
йўлланадиган) салом (уларга дўзах азобидан) омонлик тилаш бўлур. (Зеро, Аллоҳ) улар
учун улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.
45-46. Эй Пайғамбар (алийҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча
умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи
ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Аллоҳнинг изни иродаси
бнлан У Зотга (яъни, Унинг Динга) даъват қилгувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни кўрсатгувчи)
нурли чироқ қилиб юборгандирмиз.
47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта
фазлу марҳамат (яъни, жаннат) бордир.
48. Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво
қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил — Ҳомийдир.
49. Эй мўъминлар, қачон сизлар мўъминаларни никоҳларннгизга олсангизлар-у, сўнгра
уларга қўл теккизишдан — яқинлашишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда
сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, (бундай ҳолатда) сизлар
уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан
кузатинглар!
Изоҳ: Маълумки, Шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида хотин
бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина
эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда
хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор
бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сиқланар эди. Яна бундай ҳолатди эр хотиннинг
ҳаққи-маҳрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан
ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан.
50. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), албатта Биз Сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган
жуфтларингизни, Аллоҳ Сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл
остингиздаги чўриларингизни, Сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг
қизларнни ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва
холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўъмина аёлни — агар у ўзини
Пайғамбарга ҳадя этса-ю, Пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни
истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз Сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган
аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўъминлар учун эмас, холис Сиз
учундир. Биз (мўъминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз
қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи Сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз
Сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
51. Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни
ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни
(ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз Сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни,
аёлларингизга қиладиган муомалангизда Сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг
кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва Сиз уларга ато этган нарсага
барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги
сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалим бўлган Зотдир.
52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу
аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг
ҳусни-жамоллари Сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам
(яъни, аёларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам Сиз учун ҳалол
бўлмас). Магар Сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида Кузатиб
тургувчи бўлган Зотдир.
53. Эй мўъминлар, сизлар Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга
чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг идишига (яъни, қозондаги таомни
пишишига) кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб,
таомлангач, тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб
кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни,
сизларни чиқариб юборишдан тортинар. Аллоҳ ҳақ(ни айтишдан) тортинмас. Қачон
сизлар (Пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб
сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза
тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан
аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ
наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
54. Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ
билур). Зеро, Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
55. (Пайғамбар аёллари) ўзларининг оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-
иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўъмина) аёлларга ва қўл
остиларидаги хизматкорларига (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ
бўлмас. (Эй Пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ барча нарса
устида Гувоҳ бўлган Зотдир.
56. Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга дуо-ю салавот айтурлар.
Эй мўъминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!
57. Албатта Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда
ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагайдир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб
қўйгандир.
58. Мўъмин ва мўъминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган
кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар.
59. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг
аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас,
балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин
(воситадир). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
60-61. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-
миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз Сизни уларга
қарши оёқлантиркрмиз, сўнгра улар (Мадинада) Сиз билан бирга тура олмай қолурлар,
магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар, холос). (У пайтда)
улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар.
62. (Бу хукм) илгари ўтган (мунофиқ) кимсалар ҳақидаги Аллоҳнинг Йўли —
қонунидир. Аллоҳининг Йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.
63. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар Сиздан (Қиёмат) Соати (қачон булиши)
ҳақида сўрайдилар. "У (Соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир", деб айтинг.
Қаердан билурсиз, эҳтимол у Соат яқин келиб қолгандир.
64. Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди.
65. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу
қолурлар.
66. Юзлари оловда айлантириладиган — куйдириладиган Кунда, улар: "Кошки эди,
бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, Пайғамбарга итоат этганимизда", дерлар.
67-68. Яна улар: "Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва
катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (Тўғри) Йўлдан оздирдилар.
Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат
билан лаънатлагин", дедилар.
69. Эй мўъминлар, сизлар (ўз Пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан
бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас,
Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди.
(Худди шунингдек Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).
70. Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!
71. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, бас, у буюк саодатга эришибди.
72. Албатта Биз бу омонатни (яъни, Шариати исломийядаги тоат-ибодатларни)
осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош
тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсои эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига)
зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун
коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган
ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).
73. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда
мўъмин ва мўъминаларнинг тавба-тазарруъларини қабул қилиб, (гуноҳларини
мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ Мағфират
қилгувчи ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
(34) «Сабаъ» сураси
Бу сура эллик тўрт оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Сура осмонлар ва ерни яратган, дунё ва Охиратнинг Ёлғиз Подшоҳи бўлган Аллоҳ
таъолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, сўнгра У Зотнинг Еру осмондаги барча
сирру-асрордан Огоҳ экаши, бинобарин, Қиёмат Кунида бу дунёда қилиб ўтилган ҳар
бир зарра яхшилик ва ёмонликнинг мукофот — жазосини бериши ҳақида хабар
берилади ва бу дунёда одамларни Ҳақ Йўлидан оздириб ботил йўлларга бошлаган
кимсалар у дунёдаги даҳшатли азоб олдида уларга эргашган кишиларнинг гуноҳларини
бўйинларига олмасликлари таъкидланади.
Бу сурада Аллоҳ таъоло ато этган неъматларга шукр қилиб, У Зотга сидқидилдан
бандалик қилган Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг қиссалари ҳам яна зикр
қилинади. Шунингдек, Аллоҳ ато этган ноз-неъматларга ношукурлик қилишлари
оқибатида улардан маҳрум бўлган "Сабаъ" қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, бу
суранинг "Сабаъ" деб аталишининг боиси шудир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У шундай Зотки, осмонлардаги ва Ердаги бор
нарса Уникидир. Охиратда ҳам ҳамду сано ёлғиз Унинг учундир. У ҳикмат Эгаси ва
(барча нарсадан) Хабардордир.
2. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазина-ю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни
ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, барча наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам,
самодан тушадиган (ризку рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган
(яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У Меҳрибон ва
Мағфиратлидир.
3. Кофир бўлган кимсалар "Бизларга (Қиёмат) Соати келмас", дедилар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Йўқ, Ғайбни Билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-
шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисолчалик,
ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан махфий бўлмас — албатта очиқ
Китобда (яъни, Лавҳул-Махфузда у) мавжуд бўлур".
4. Токи (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун
(шак-шубҳасиз, Қиёмат Соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ
(яъни, жаннат) бордир.
5. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса
аламли жазодан иборат азоб бордир.
6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), илм ато этилган зотлар Сизга Парвардигорингиз
томонидан нозил қилинган (Қуръоннинг) Ҳақ (Китоб) эканини ва у Қудратли, ҳамду
санонинг Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига ҳидоят қилишини билурлар.
7-8. Кофир бўлган кимсалар эса: "Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-
бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шубҳасиз, яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар
берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки
жинни бўлиб қолдими?", дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳиссалом ёлғон тўқиб олгани
ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, балки) Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг
ўзлари азобда ва (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар.
9. Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни, чор-атрофларидаги) нарсаларга —
осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак уларни Ерга юттириб юборурмиз
ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир
(Аллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир.
Изоҳ: Яъни, ҳар бир инсоф-диёнатли банда бундан ибрат олиб, еру осмондек буюк
мавжудотни яратган ва уларни Ўз қудрати Илоҳийясига бўйсундирган Аллоҳ таъоло
албатта қабрлардаги жасадларга хам қайта жон ато этишга Қодир эканини билиб
олиши мумкиндир.
10. Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғабарлик) ато
этдик ва дедик: "Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!" Ва Биз
унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик.
11. (Ва унга дедик): "Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй
Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни Кўриб
тургувчидирман".
12. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган)
шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан
ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни
(бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-
олов азобидан тотдириб қўюрмиз.
13. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни,
ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин)
қозонларни қилиб берурлар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу
неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр
қилгувчи (зотлар жуда) оздир.
14. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини
еяётган ер жонивори (ёғоч кемирувчи бир қуртгина) далолат қилди. Бас, қачонки у
қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор
қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.
Изоҳ: Мазкур оятларда ота-ўғил — Довуд ва Сулаймон пайғамбарларга Аллоҳ таъоло
ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло Довуд алайҳиссаломга
шундай хуш овоз берган эканки, у киши Забурни тиловат қилганларида осонда учиб
кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу тошлаб билан бирга у зотга жўровоз
бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари наҳоят даражада равнақ
топган бўлиб, темирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган
нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совутсозлик бўлган Довуд пайғамбар эса
шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир хамирдек мулойим бўлиб қолар
ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу
мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон
келтиришар эди.
Энди Сулаймон алайҳиссаломга эса Аллоҳ таъоло инсу жин подшоҳлигини ато этган
эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир
зумда элтиб қўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис
булоғи бўлиб, ривоят қилинишича, ундан сув ўрнига муздек мисс оқиб ётар, пайғамбар
измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан.
Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни – яъни, келажакда рўй берадиган
воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган
ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳиссаломнинг суяниб ўтирган асолари
бир йил давомида ёғоч қурти еб, ана ўшандагина ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг
вафот қилганларини билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир
меҳнатда – баланд қаср бино қилишда давом этганлар. Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло
ато этган фазлу марҳаматига шукр қилиб ўтган солиҳ пайғамбарлар ҳақида ҳикоя
қилинган бўлса, қуйидаги оятларда Яратган берган неъматларга ношукрлик қилганлари
оқибатида улардан маҳрум қилиниб, ҳалокатга гирифтор бўлган қавм тўғрисида сўз
юритилади.
15. Аниқки, Сабаъ (қабаласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлу марҳаматига
далолат қиладиан) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб,
(Биз уларга): "Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У
Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) Мағфират
қилгувчи Парвардигордир", (деган эдик).
16. Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан
(тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали,
юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик.
17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат
кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз.
18. Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида
кўриниб турадиган (яъни, бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар
орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга): "Бу (қишлоқларда) кечалари
ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар", (деган эдик).
19. Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб): "Парвардигоро, сафарларимиз
орасидаги (масофани) йироқ қилгин", дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз
уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-
бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга)
сабр-қаноат қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир.
20. Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги ("Мен уларни йўлдан оздира олурман”,
деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, фақат бир
гуруҳ мўминларгина (унга бўйсунмадилар).
21. (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги — фақат Биз Охиратга иймон
келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шибҳада турган кимсалардан
билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир”. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи
кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Аллоҳнинг неъматларига
ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор
қилмас). Парвардигорингиз барча нарсанинг устида Кузатиб тургувчидир.
22. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳдан ўзга
(илоҳлар деб) гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар
сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича
(нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам
йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир (яъни, Аллоҳ таъоло
ҳеч қандай шерикка муҳтож бўлмаган ёлғиз Маъбуди Барҳақдир).
23. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат фойда берур
(яъни, ана ўша зотларгина шафоатга — қўллашга эришурлар ё ўзгаларни шафоат қила
олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан
қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): "Парвардигорингиз нима деди (яъни,
шафоатга ҳақиқатан изн бердими)", деб (савол қилишар. Шунда фаришталар) "Ҳақни
(айтди, яъни, ҳақиқатан шафоатга изн берди), У Юксак ва Буюк Зотдир", дейишиб
(жавоб қилурлар).
24. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Ким сизларга осмонлардан ва
Ердан ризқу рўз берур?" Айтинг: "Аллоҳ (ризқ берур). Шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки
сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир".
25. Айтинг: "Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар
сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз".
26. Айтинг: "Парвардигоримиз (Қиёмат Кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда
ҳақиқат — адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) Ҳукм қилгувчи ва
(ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) Билгувчидир".
27. Айтинг: ("Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Аллоҳга) қўшиб олган
бутларингизни (ҳақиқатан, У Зотга) шериклар эканини кўрсатингиз-чи?! Йўқ, (бу
гумонларингиз хатодир). Балки (Ёлғиз) Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат
Эгасидир.
28. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга —
(мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан)
огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар
билмаслар.
29. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган
Қиёмат) қачон бўлади?», дерлар.
30. Айтинг: "Сизлар учун шундай бир Куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон
соат кетга ҳам, илгарига хам сура олмассизлар".
31. Кофир бўлган кимсалар: "Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (Китобларга) ҳам
ҳаргиз иймон келтирмаймиз", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сиз ўша
золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-
бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди, (ўшанда) бечора саналган (яъни,
эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): "Агар
сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўминлар бўлур эдик", десалар;
32. Мутакаббир кимсалар бечора саналган кимсаларга: "Сизларга ҳидоят келганидан
сўнг сизларни (ундан) биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар",
дерлар.
33. Бечора саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: "Йўқ, кеча-ю кундуз қилган
макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўъмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макр-
ҳийлаларингиз билан) бизларни Аллоҳга кофир бўлишга ва У Зотга (ўзгаларни) тенг-
шерик қилишга зўрлар эдингизлар", дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган
вақтларида улар (яъни, пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва
Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари
(ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.
34. Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юбормайлик,
албатта у жойнинг боёнлари "Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юборилган динга
кофирдирмиз", дедилар.
35. Яна улар: "Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз — иймон келтирганлардан кўра
кўпроқ, (бинобарин, бизлар Аллоҳ наздида улардан обрўлироқмиз ва) бизлар
азоблангувчи эмасдирмиз", дедилар.
36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Албатта Парвардигорим Ўзи
хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган киштларнинг ризқини)
танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар".
37. На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин
қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар — ана ўшалар
учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги)
юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар.
38. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрадиган кимсалар — улар
азобга ҳозир қилингувчидирлар.
39. Айтинг: "Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг
ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир
нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши
Ризқ бергувчидир.
40. (Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни, мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра
фаришталарга: "Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?",
дейдиган Кунда;
41. (Фаришталар): "Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар
эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга)
иймон келтиргувчидирлар", дерлар.
42. Энди Бу Кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зиён етказишга қодир бўлмас
ва Биз золим бўлган кимсаларга: "Сизлар ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз",
дермиз.
43. Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, улар: "Бу
(яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган
бутлардан тўсмоқчи бўлган бир кимсадир", дерлар ва "Бу (яъни, Қуръон) фақат
тўқилган бир бўҳтондир", дерлар. Яна кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат —
Қуръон келган вақтида у ҳақда "Бу фақат очиқ сеҳрдир", дедилар.
44. Ҳолбуки, (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган Китоблар ато этган эмасмиз ва
уларга Сиздан аввал бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.
45. Улардан илгарн (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар
— Ҳолбуки, (Макка муҳриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига
ҳам етганлари йўқ.— Бас, ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилишгач,
Менинг инкорим қандай бўлган эди?!
46. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Мен сизларга фақат биргина
нарсани — Аллоҳ учун жуфт-жуфт, ёлғиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад
ва у келтиган китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни тавсия қилурман. Соҳибингизда
(яъни, Муҳаммад алайҳиссаломда) ҳеч қандай жиннилик йўқдир." У фақат қаттиқ азоб
олдидан сизларга (юборилган бир огоҳлантиргувчи (пайғамбардир), холос".
47. Айтинг: "Мен сизлардан сўраган бор ажру мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни, мен
сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллҳнинг
зиммасидадир. У барча нарсага Гувоҳдир".
48. Айтинг: "Албатта Парвардигорим ҳақ — Қуръонни (ботил — жаҳолат устига) отур.
(У) ғайбларни аниқ Билгувчидир".
49. Айтинг: "Ҳақ — Қуръон келди (ва ботил — динсизлик йўқ бўлди. Энди) ботил
(янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас".
50. Айтинг: "Агар мен (Ҳақ Йўлдан) озсам, бас, фақат ўз зиёнимга озурман ва агар (У
Йўлга) ҳидоят топсам, у ҳолда Парвардигорим менга ваҳиц қилаётган (Қуръон)
сабаблигина (ҳидоят топрман). Шак-шубҳасиз, У Эшитгувчидир, Яқиндир".
51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб,
қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб
кетилган пайтларида кўрсангиз эди!
52. (Ўша Кунда) улар: "( Муҳаммад алайҳиссаломга) иймон келтирдик", дедилар. (Улар
агар ҳаёти дунёда иймон келтирганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ
бир макондан (Охират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ
етсин?!
53. Ҳолбуки, улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки, улар
йироқ бир макондан ғайбга (Охиратга тош) отар эдилар!
54. (Мана энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қилингани каби, улар
билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон кнлтириб, дўзах азобидан қутилиб
қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди, Зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-
шубҳа остида эдилар.
(35) «Фотир» сураси
Ушбу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ беш оятдан иборат. Сура Аллоҳ
таъолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, Унинг осмонлар ва ерни йўқдан бор
қилган Зот экани ҳамда инсонларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар
ўртасида фаришталарни элчи-воситачи қилиб кўйгани ҳақида хабар берилади.
Бу сурада ҳаёти дунёдан кейин Охират ҳаёти келиши ҳақ эканлигига осмону заминда,
кишилар кўз ўнгида кечадиган воқеа-ҳодисалар ҳам аниқ далолат қилиб туриши ва шу
билан бирга коинотдаги ҳар бир махлуқот ўзининг нечоғли мукаммаллиги ва ўта нозик
интизоми билан ниҳоят даражада қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган бир Яратгувчи
мавжуд эканига очиқ ҳужжат бўла олиши уқтирилади.
Сура мушриклариинг жонсиз бутларга сиғинишларини кескин қоралаш билан
ниҳояланади.
Бу сура Аллоҳ таъолонинг гўзал исмларидан бири бўлмиш "Фотир — Илк Яратгувчи"
номи билан аталгандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк Яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида)
фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир.
У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча
нарсага Қодирдир.
2. Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни ушлаб-тўсиб
қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас, У Зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани
бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
3. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган (сон-саноқсиз) неъматни эслангиз! Сизларга
осмону заминдан ризқу рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта Яратгувчи борми?! Ҳеч
бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас,
(билингки), Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилингандирлар. (Барча) ишлар
Ёлғиз Аллоҳга қайтарилур.
5. Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган
яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ
(ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ
(барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!
6. Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз, у,
ўз ҳизбини (яъни, ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгаларидан бўлишлари учун
даъват қилур.
7. Кофир бўлган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва яхши амаллар
қилган зотлар учун эса мағфират ва улуғ мукофот бордир.
8. Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган
кимса (Аллоҳ Ҳақ Йўлга хидоят қилган зот каби бўлурми)?. Зотан, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган
кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни хидоят қилур. Бас, (эй
Муҳаммад алайҳиссалом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-
надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини
Билгувчидир.
9. Аллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик
шаҳарга хайдаб, унинг ёрдамида ўлган ерни тирилтирдик (Қиёмат қойим бўлган Куни)
қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир.
10. Ким куч-қудратни истайдиган бўлса, бас, барча куч-қудрат Аллоҳникидир. Хуш
Сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-
ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам
ҳалок бўлур (яъни, беҳуда кетур).
Изоҳ: Ушбу ояти карима мусулмон инсон ўз ҳаётини ҳақиқий мўъмин ҳолди, азиз ва
мукаррам бўлиб ўткариши учун кифоя қиладиган етарли дастурул-амалдир. Аввало
азизликни истаган инсои бу мартабани Ёлғиз Аллоҳ таъоло ҳузуридан топиши мумкин
эканлиги баён қилинди. Бунинг учун эса У Зот рози бўладиган амалларга саъй-ҳаракат
қилиш лозим. Ана ўша амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Аллоҳ таъоло
ҳузурига етиб борадигани Хуш Сўз — Калимайи Тоййиба, яъни, "Ла илаҳи иллаллоҳ
Мухаммадур-расулуллоҳ" калимасидир. Дарвоқеъ, ушбу Калима шу қадар қудратлики,
уни оғзига олган кофир мўъминга айланади. Бошқа ишлар яхши ёки ёмонлиги, холис
ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Аллоҳ
таъоло наздида қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги маълум бўлгани ҳолда, ушбу
Калим ва Ҳақ таъолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи "Аллоҳу Акбар" такбири,
шунингдек, Аллоҳ таъолони ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқловчи
"Субҳаналлоҳи ва биҳимдиҳи" тасбеҳи мусулмон инсоннинг оғзидаи чиқиши билан
Аллоҳ таъоло ҳузурига юксалур, демак инсон аввало Яратганнинг борлиги ва
бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, унинг холис
нийят билан Аллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таъоло Ўз даргоҳига кўтаради
— қабул қилади ва уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам азиз-мукаррам қилади. Хўжакўрсига
амал қилиб Аллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса
уларга бирон фойда бермай йўқ бўлиб кетади ва улар учун албатта Охират диёрида
қаттиқ азоб бордир.
11. Аллоҳ сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барчаларингизни) нутфадан
яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг
ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз, Унинг билиши — Огоҳлиги
билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан
камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган
бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир.
12. Дарё-денгиз тенг бўлмас — буниси ширин-тотли ва ичилиши осон-ўтимли, буниси
эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридаи янги гўшт (яъни, балиқ тутиб)
ейсизлар ва ўзларингиз тақиб юрадиган зеб-зийнатларни чиқариб олурсизлар.
Шунингдек, сизлар (Аллоҳнинг) фазлу марҳаматидаи (яъни, ризқу рўзидан)
исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз.
Шояд шукр қилсангизлар.
13. (Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам
(сизларнинг манфаатингиз учун) бўйсундириб қўйгандир — ҳар бири муайян
муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Аллоҳ
сизларнинг Парвардигориигиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир.
(Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча
нарсага ҳам эга эмасдирлар.
14. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингнзни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да
сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Аллоҳга) шерик қилиб
олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, дунё-ю Охират ҳақида
ҳеч ким) Сизга Хабардор Зот (яънт, Аллоҳ) каби хабар бера олмас.
15. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча
одамлардан) Беҳожат ва (бирча) мақтовга Лойиқ Зотдир.
16. Агар У хоҳласа, сизларни (ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни
келтирур.
17. Ва бу (иш) Аллоҳга қийин эмасдир.
18. (Қиёмат Кунида) хеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини
(яъни, гуноҳини) кўтармас. Агар оғир (гуноҳ эгаси бўлган жон бировни) ўз юки-
гуноҳига (яъни, гуноҳнинг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин
қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни, у Кунда ҳар ким ўз
амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас. Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), Сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларга кўринмайдиган) Парвардигорлари
(бўлмиш Ёлғиз Аллоҳ)дан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина
огоҳлантира олурсиз. Ким покдомон бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдомон бўлур.
Ёлғиз Аллоҳгагина қайтилур.
19-20-21. Кўр (кофир) кимса билан — кўргувчи зот (мўъмин), зулматлар (куфр) билан
— нур (иймон), соя (жаннат) билан — жазирама (дўзах) баробар эмасдир.
22. Тириклар (мўъминлар) билан — ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта
Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (Ҳақ Даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), Сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларга) эшиттира олгувчи
эмасдирсиз.
23. Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.
24. Албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб
юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир
огоҳлантиргувчи — пайғамбар ўтгандир.
25. Агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билгинки), улардан аввалги
кимсалар ҳам (ўзларига қеган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки,
пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (Илоҳий) саҳифалар ва (Таврот,
Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар.
26. Сўнгра Мен кофир бўлган кимсаларни (куфрлири сабабли) ушладим-жазоладим.
Бас, Менинг инкорим-азобим қандоқ бўлди?!
27. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-
туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлар орасида ҳам оқ,
қизил — ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир.
28. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-
баранглари бордир. Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар
қўрқур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Мағфиратлидир.
Изоҳ: Бу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг Яратгувчиси Ёлғиз Аллоҳ таъоло
эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир иисон
осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора Ердан униб чиқадиган рангу рўйи
турли-туман бўлган наботот оламига, усти-кўриниши ҳам, остида яширган хазина-
дафиналари ҳам ранго-ранг тоғу-тошларга — жамодот оламига ва заминнинг осту-
устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларини бош тортмасдан бажариб юрган
ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан
фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммсига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам,
феъл-атвори ва удум анъаналари ҳам неча турфа эканлигига тафаккур ва ибрат назари
билан боқса, Яратганнинг қудрату хунармандчилигига тасанно айтмасдан қолмас.
Шунинг учун ҳам мазкур оятда Аллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифит эгалари
кўрқишлири уқтириб ўтилди.
29-30. Албатта Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо
этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон
қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал
ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ижру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Аллоҳ)
уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда
(мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни,
озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир).
31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизга ваҳий қилган Китоб — Қуръон ўзидан
авалги Илоҳий Китобларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақ (Китобдир). Албатта Аллоҳ Ўз
бандаларидан Огоҳ ва (уларнинг барча ишларини) Кўриб тургувчидир.
32. Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни, Сизнинг
умматингизни) ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал
қилмай, гунохлардан четланай) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида
ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳинг изну иродаси билан
мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш
Аллоҳнинг) катта марҳаматидир.
33. (Қуръоннинг ворислари) олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар
билан безанган ҳолларида мангу (турадиган) жаннатларга кирурлар. У жойда уларнинг
либослари харир-ипак бўлур.
34. Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: "Бизлардан ғам-қайғуни кетказган
Зот — Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз Мағфиратли ва ўта
Шукр қилгувчидир.
35. У Ўз фазлу марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, бу
жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар".
36. Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор
ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз
ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз.
37. Улар у жойда: "Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган
амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз", деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз
сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга
огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни)
тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!
38. Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайбини (сирру асрорини) Билгувчидир.
Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ Билгувчидир.
39. У сизларни Ер юзида халифа қилиб қўйган Зотдир. Бас, ким кофир бўлса, унинг
куфри фақат ўзининг зиёнига бўлур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари
Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга
куфрлари фақат зиёнкорликнигина зиёда қилур.
40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга айтинг: "Хабар берингиз-чи, сизлар
Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-
ибодат қилинишга сазовор бўлдилар)'? Сизлар менга кўрсатиб берингиз-чи, улар
Ердаги бирон нарсани яратганмилар, ёки уларнинг осмонларни (яратишда Аллоҳга)
шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикми-ки, улар ўша (китобдан
ўзлирининг Бизга шерик эканликлири ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у
золим кимсалар бир-бирларига ("Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар", деб) фақат
алдовни ваъда қилурлар.
41. Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки,
агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб
тура олмас. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли бўлган Зотдир.
42. (Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта
ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари хақида Аллоҳга жон-
жахдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад
алайҳиссалом ) келгач, (бу) уларни янада (ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос.
43. Улар Ерда мутакаббирлик қилган ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилган
ҳолларида (ҳидоятдан узоқашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб
ҳалок қилур. Бас, улар фақат аввалгиларнинг суннатларига (яъни, кўргуликларига) кўз
тутмоқдалар, холос (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги динсизларнинг куни
тушар). Бас, Сиз ҳаргиз Аллоҳ Суннати — қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва
ҳаргиз Аллоҳ суннатининг алмашганини (яъни, азобга мустаҳиқ бўлган кимсалар
қолиб, ўзгалар азобланганини) кўрмассиз.
44. Ахир улар Ер юзида сайр қилиб, ўзларидан аввалги (динсиз) кимсаларнинг оқибати
қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, (аввалгилар) булардан кўра кучли-
қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на Ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб
қутулгувчи эмасдир. Зотан, У билим ва қудрат Эгаси бўлган Зотдир.
45. Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (Ер) устида
бирон жониворни қўнмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган
муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигича) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач,
(уларнинг ҳар бирига қилиб ўтганн барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-
жазоларини берур). Зеро, Аллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
(36) «Ёсин» сураси
Саксон уч оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир. У Қуръони
Каримга қасам-ла Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини
тасдиқлаш билан бошланиб, сўнгра у Зотни ёлғончи қилган Қурайш кофирлари ва
уларнинг топажак оқибатлари ҳақида хабар беради.
Бу сурада Аллоҳ таъолонинг Антокия шаҳрига юборган элчилари ва шаҳар аҳли
уларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлганлари тўғрисида ҳамда ўша
ёрдаги иймон келтирганлиги шарофатидан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган
Ҳабиб ан-Нажор исмли бир солиҳ банда ҳақида ҳикоя қилинади.
Яна бу сурада ўкувчи эътибори кеча билан кундузнинг алмашиб туришидаги, ой ва
куёшдек буюк сайёраларнинг бирон сония тиним билмасдан ўз фазоларида ўта нозик
интизом билан айланиб туришларидаги Яратганнинг қудратига далолат қиладиган
жиҳатларга қаратилади.
Бу сурада иймон ва тақво аҳли учун ҳозирлаб қўйилгап жаннат манзаралари ниҳоятда
жонли лавҳаларда чизиб берилади ва кофирларнинг тиллар соқов бўлиб, қўллар тилга
кирадиган, оёқлар гувоҳлик берадиган Қиёмат Кунидаги аҳволлари бутун даҳшати
билан баён қилинади.
Сура ўзининг илк ояти "Ёсин" номи билан аталган бўлиб, унинг Қуръони Каримда
тутган ўрни — мартабаси ҳақида пайғамбар алайҳиссаломдан мана шундай ҳадиси
шариф ривоят қилингандир. У зот: "Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир.
Қуръоннинг қалби «Ёсин»дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида
бўлишини истар эдим", деган эканлар.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Ё, Син.
2-3-4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу) ҳикматли Қуръонга қасамки, ҳеч шак-
шубҳасиз, Сиз Тўғри Йўл (яъни, ҳақ Дин) устидаги пайғамбарлардандирсиз.
5-6. (Бу Куръон) ота-боболари (бирон пайғамбар орқали Охирит азобидан)
огоҳлантирилмасдан, ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун
Қудратли ва Меҳрибон Зот томонидан нозил қилингандир.
7. Аниқки, уларнинг кўпларига Сўз (яъни, азоб ҳақидаги хукм) хақ бўлгандир. Бас,
улар иймон келтирмаслар.
8. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб
қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар ҳаққа эгилмаслар).
9. Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар
кўра олмаслар.
10. (Эй Муҳамммад алайҳиссалом), Сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки
огоҳлантирмадингизми уларга баробардир — иймон келтирмаслар.
11. Сиз фақат (ушбу) Эслатмага — Қуръонга эргашган ва ғойибда (яъни, кўрмай)
туриб, Раҳмондан қўрққан кишиларнигина огоҳлантира олурсиз. Бас, ўша (кишиларга)
мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг!
12. Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирурмиз ва
уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани
Биз очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) санаб — белгилаб қўйгандирмиз.
13. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини — у
жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг!
Изоҳ: Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз Ҳақ Йўлига даъват қилиш учун Ийсо
алайҳиссалом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилгин
элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган Антокия
аҳли ҳақида боради. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад
Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан
огоҳлатиради.
14. Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисни ёлғончи қилишгач, Биз
(уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи Антокия аҳлига):
"Дарҳақиқат, биз сизларга (юборилган) элчилармиз", деган эдилар;
15. Улар: "Сизлар ҳам ҳудди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, Раҳмон (яъни, Аллоҳ)
бирон нарса — ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар",
дедилар.
16. (Элчилар) айтдилар: "Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга
(юборилган) элчилардирмиз.
17. Ва бизларнинг зиммамизда фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан
етказишгина бордир".
18. Улар дедилар:".Ҳақиқатан, бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар
(бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва
сизларга биз томондан бир аламли азоб етар".
19. (Элчилар) айтдилар: "Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни, бизлардан эмас,
балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилингиз)! Сизларга ваъз-насиҳат
қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб дўқ-пўписа қилурмисиз)?! Йўқ, сизлар
ҳаддан ошган қавмдирсиз!"
20. (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: "Эй
қавмим, бу элчиларга эргашинглар!
21. Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга
эргашинглар!"
Изоҳ: Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва
саховатли бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини Ҳақ
Йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб
турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги
сўзларни айтади.
22. (Бу сўзларни эшитган қавми: "Ҳали сен халқ шуларнинг динидамисан?!",
деганларида, у айтди): "Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам
(дунёдан ўтгач), ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.
23. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худолар қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай
қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг
қўллаб қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени
(Аллоҳнинг азобидан) кутқара олмаслар.
24. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўлурман.
25. Ҳақиқатан, мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган)
Парвардигорингизга иймон келтирганман. Бас, мени тинглангиз!"
26-27. (Лекин жоҳил қавм Ҳабиб аи-Нажжорнинг сўзларига кулоқ солмасдан уни қатл
қилишгач, унга) "Жаннатга кир", дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаҳннатга
киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: "Қани эди қавмим
ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени азиз-мукаррам кишилардан
қилганини билсалар эди".
Йигирма учинчи жузъ
28. Биз (Ҳабиб ан-Нажжорни ўлдирганларидан) кейин унинг қавми устига (уларни
ҳалок қилиш учун) осмондан бирон қўшин (яъни, азоб фаришталарини) туширмадик.
Биз (ҳеч нарса) туширгувчи бўлмадик. (Зотан, у кофирларни ҳалок қилиб юбориш биз
учун осон эди, шунинг учун ҳам —)
29. — Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар "ўчиб" қолдилар.
(Яъни, биронталари ҳам қолмай ҳалок бўлдилар).
30. (Аллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларги озор-азият етказадиган барча)
бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг
устидан масхара қилиб кулгувчи бўлурлар.
31. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (авлодларни) ҳалок
қилганимизни — ўшалар уларнииг олдига (яъни, бу дунёга) қайтиб келмасликларини
кўрмадиларми?!
32. Ҳеч шак-шубҳасиз, (уларнинг) барчалари (Қиёмат Кунида) Бизнинг даргоҳимизда
ҳозир қилингувчидирлар.
33. Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир — Биз
уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик. Бас, улар
ўша (дон)дан ерлар.
34. Яна Биз у (ер)да хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва унда булоқларни
оқизиб қўйдик.
35. Токи (одамлар ўша боғларнинг) мевасидан есинлар учун (шундай қилдик).
Ҳолбуки, у (меваларни) улар (қўллари бе) қилмаган — ясаб олмаган эдилар. Ахир шукр
қнлмайдиларми?!
36. Ер ундириб-ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар
билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу
нуқсондан) Пок Зотдир.
Изоҳ: Мазкур оятда Аллоҳ таъоло коинотдаги барча нарсани жуфт-жуфт қилиб
яратгани уқтирилади. Энди қуйидаги оятларда ана ўша жуфтлардан кеча ва кундуз
ҳамда қуёш ва ой ҳақида сўз юритилиб, улардан ҳар бири буюк илоҳий қудратга
далолат қиладиган оят-аломатлардан экани таъкидланади.
37. Кеча ҳам улар учун (Бизнинг қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз
ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар.
38. Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Қудратли ва
Билгувчи Зотнинг тақдири — ўлчовидир.
Изоҳ: Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган куёш то "кун ва ой бирлашиб
кетадиган" Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади.
Фақат Қудратли ва Доно Зот — Аллоҳ таъолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга
бўйсундириб қўя олур.
39. Биз ойни ҳам токи у эски (ҳурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб)
қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.
Изоҳ: Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил — жойда турли суратда
кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча
кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари
оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга
барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
40. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой
ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур.
Изоҳ: Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг
ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик
сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга
йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳиқиқатлар ҳақида
Қуръони Карим бундаи ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун
ибрат бордир.
41. Биз уларнинг авлод-зурриётларини (Нуҳ пайғамбар билан бирга одамлар ва турли
жониворларга) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфон балосидан нажот берганимиз) улар
учун (Бизнинг қудратиҳмизни кўрсатадиган) яна бир оятдир.
42. Яна Биз улар учун худди ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарсаларини
(яъни, катта-кичик кемаларни) ҳам яратдик.
43. Агар Биз хоҳласак уларни ғарқ қилурмиз-да, сўнг улар учун бирон ёрдамчи бўлмас
ва улар (ҳалокатдан) қутқазилмаслар.
44. Магар Биз томондан бўлган марҳамат сабабли ва (маълум) бир вақтгача (яъни,
ажаллари етгунча ҳиёт неъматларидан) баҳраманд бўлишлари учун (уларга бало-
қазолардан нажот берилур).
45. Қачон (мушрикларга: "Сизлар Аллоҳнинг раҳматига эришишларингиз учун
олдиларингиздаги (дунё фитналаридан ва ортингиздаги (Охират азобидан)
қўрқинглар", (яъни, иймонга келинглар) дейилса, (улар қулоқ солмаслар).
46. Уларга Парвардигорларининг оятларидан бирон оят (Аллоҳ таъолонинг қудратига
далолат қиладиган бирон белги-аломат) келмас, магар улар (ўша оятлардан) юз
ўгиргувчи бўлурлар.
47. Қачон уларга: "Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон
қилинглар", дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истехзо
билан): "Агар Аллоҳ хоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом
берурмизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар", дерлар.
48. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб)
қачон бўлади?", дерлар.
49. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. У уларни (ўлимдан
мутлақо бехабар ҳолларида кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб
турганларида олиб кетар (яъни, халок этар).
50. Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар.
51. (Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар
қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар.
52. Улар: "Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан
(қабрларимиздан) турғазди?", деганларида, (уларга айтилур): "Мана шу Раҳмон ваъда
қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса — Қиёматдир".
53. Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг
даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
54. Мана бу Кунда хеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз
қилиб ўтган амалларингиз сабабли жазоланурсиз.
55. Шак-шубҳасиз, жаннат эгалари бу Кунда (ўзлари истаган — орзу қилган) иш(лари)
билан шод-хуррам бўлгувчидирлар.
56. Улар ўз жуфтлари билан бирга соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб
ўтирурлар.
57. Улар учун у жойда (ҳар турли) мева-чева мавжуддир ва улар учун чорлаган —
истаган нарсалари ҳозирдир.
58. (Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур.
Изоҳ: Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, "Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган
ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир Нур пайдо
бўлур. Бошларини кўтариб... "Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат", деб турган
Парвардигори оламни кўрурлар". Жаннат эгалари етажак саодати абадийя зикр
қилингач, энди дўзахиларнинг топажак азоб уқубатлари ҳақида хабар берилади.
59. Эй жиноятчи кимсалар мана бу Кунда (мўъминлардан) ажралинглар!
60-61. Мен сизларга: "Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга
очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир", деб
буюрмаганмидим?!
62. Аниқки, (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл
юритгувчи бўлмадингизларми?!
63. Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!
64. Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда
(жаҳаннамга) кирингиз!
65. Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган
ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур.
66. Агар Биз хоҳласак уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар
йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар.
67. Агар Биз хоҳласак уларни турган жойларида (маймун, тўнғиз ё тош каби) бошқа
нарсаларга айлантириб қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир
эмаслар, (ортларига ҳам) қайта олмаслар.
Изоҳ: Ушбу икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таъоло хаётларини куфру
исён билан ўтказган кимсалар ҳақида: "Агар биз истасак уларнинг кўзларини кўр
қилиб, йўлларини топа олмайдиган қилиб қўйишимз ёки уларни инсонликдан чиқариб
бутунлай бошқа нарсаларга айлантириб қўйишимиз мумкин эди. Аммо Биз уларни
Тўғри Йўлга юрсинлар ва тавба-тазарруъ қилсинлар деб инсонликларида қолдирган
эдик. Лекин улар ўз динсизликларидан қайтмадилар ва оқибат-натижада жаҳаннам
эгалари бўлиб қолдилар", дейди ва бу билан ҳали-ҳануз ҳаёти дунёда бўлган
кишиларни огоҳлантиради.
68. Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан-ночор қилиб
қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-
яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат
олмайдиларми)?!
69-70. Биз (Муҳаммад алайҳиссаломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун
дуруст эмасдир. (Муҳаммад алайҳиссалом тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик
бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши
учун (нозил қилинган) бир Эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир.
Изоҳ: Зотан, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таъоло томонидан юборилган Пайғамбар
эканлар, демак, фақат ва фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз
кўтаринкилиги, муболағалари билан (яъни, ўз табияти билан тўла маънодаги)
ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс, шоирларнинг эътирофларича ҳам шеърнинг
энг ширини энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига бир умр амал қилиб
ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар
берадиган Пайғамбар шоир бўлиши дуруст эмасдир.
71. Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Қўлимиз билан қилган нарсаларни —
чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни — кўрмадиларми?! Мана улар ўша
(ҳайвон)ларга эгадирлар.
72. Биз ўша (ҳайво)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган
нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир.
73. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқлар
бордир. Ахир шукр қилмасларми?!
74. (Йўқ улар шукр қилмайдилар, балки) Аллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида (ўзга)
«худо»ларни тутдилар.
75. Уларнинг ўзлари ўша («худо»лари) учун ҳозирланган қўшин бўлсалар ҳам у
(«худо»лар) уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар.
76. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизни уларнинг сўзлари ғамгин қилмасин!
Зотан, Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам
билурмиз.
77. Инсон Биз уни нутфадан — бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса ўша (ожиз
— нотавон инсон баногоҳ (ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини
кўрмадими?!
78. У Бизга "Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?", деб, мисол келтирди-
ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди!
79. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи
сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қацта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни
Билгувчидир".
80. У сизлар учун ям-яшил дарахтдан оловни пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар
ўшандан ўт ёқурсизлар (яъни, кўм-кўк дарахтнинг ичидан оловни чиқаришга қодир
бўлган Аллоҳ албатта чириб битган суякдан ҳам инсонни қайта яратишга Қодирдир).
81. Осмонлар ва ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта
кичик бўлган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта
Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир.
82. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина "Бўл",
демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур — вужудга келур.
83. Бас, барча нарсанинг эгалиги — подшоҳлиги Ўз Қўлида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай
айбу-нуқсондан) Пок Зотдир. Ва (албатта) сизлар Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.
Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутка телеграмм