"."
Меню

Талок китоби

Хулъга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Хулъ – эр аёлидан бирон эваз бадалига, махсус лафзлар билан ажралишидир. Хулъ (ечиб ташлаш) деб аталишига сабаб, аёл бамисоли кийимни ечгандек ўзини эридан ечиб (ажратиб) олади. Чунки, эр-хотин бир-бирига либос ўрнидадир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз» (Бақара: 187).

Маълумки, турмуш қуриш эр билан аёлнинг бирикиши ва тинч-тотув ҳаёт кечириши бўлиб, ундан оила ва фарзандлар вужудга келади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир» (Рум: 21). Агар оила қуришдан мазкур маъно рўёбга чиқмаса, яъни иккала тараф ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат пайдо бўлмаса, ёки муҳаббат фақат бир томонлама топилса ва тотув ҳаёт вужудга келмаса, бунинг давоси ҳам топилмаса, у ҳолда эр аёлига яхшилик билан жавобини беришга буюрилган. Аллоҳ таоло айтади: «(Оилани)яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229), «Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай (Яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин).Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 130).

Аммо, агар муҳаббат эр томонидан топилса-ю, аёл томонидан топилмаса, аёл эрининг хулқини ёки ҳуснини ёқтирмаса, ёки эрининг дини ноқислигидан кўнгли тўлмаса, ёки эрининг ҳаққини тарк қилиш билан гуноҳкор бўлишдан қўрқса, у ҳолда аёл киши ўзини эридан қутқариб олиш учун маълум эваз тўлаб, ундан ажралишни талаб қилишга ҳақлидир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир», дейди (Бақара: 229). Яъни, агар эр ёки хотин агар турмушларини давом эттирсалар, уларнинг ҳар иккиси бир-бирига нисбатан зиммаларидаги мажбуриятларини адо этолмасликларини билсалар ва бунинг оқибатида эрнинг хотинга тажовуз қилиши ёки хотиннинг эрга итоатсизлиги келиб чиқиши хавфи бўлса, хотин киши ўзини эридан маълум тўлов эвазига ажратиб олиши мумкин ва эр бу эвазни олиб, хотинининг йўлини очиб қўйиши билан гуноҳкор бўлмайди.

Бунинг ҳикмати шуки, аёл бу билан эридан қайтиб келмас бўлиб ажралади. Бунда ҳар икки тараф учун адолатли ечим бордир. Эр бу ҳолатда аёлининг талабини қабул қилиши суннатдир. Агар эр хотинини яхши кўрса, хотин сабр қилиши ва ўзини ажратиб олмаслиги яхши бўлади.

Ояти каримада айтилган сабаблари тўла-тўкис топилганда, яъни, эр-хотин агар никоҳларини сақлаб қолсалар, Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо этолмасликлари хавфи бўлса, хулъ мубоҳ бўлади. Агар хулъга зарурат бўлмаса, у макруҳ бўлади. Айрим уламолар наздида заруратсиз хулъ ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир», деганлар (Абу Довуд (2226), Термизий (1187), Ибн Можа (2055), Аҳмад (5/283, №22440) Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Шайх Тақийюддин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръон ва Суннатда келган хулъ шуки, аёл эрини ёмон кўради ва ундан ажралишни истайди, асир ўзини қутқариб олгани каби ўзини ундан қутқариб олиш учун маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини унга қайтариб беради» (Мажмуъул-фатава: 32/282).

Агар эр хотинини ёқтирмаса, лекин уни бир кун жонига тегиб, ўзини ундан тўлов эвазига қутқариб олиши учунгина тутиб турган бўлса, бу билан унга зулм қилаётган бўлади ва ундан эваз олиши унга ҳаром бўлади ва хулъ дуруст бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса) берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар!» (Нисо: 19). Яъни, маҳрларининг бир қисмидан ёки ҳаммасидан воз кечишлари ёки эрларининг зиммаларида бўлган ўз ҳақ-ҳуқуқларидан воз кечишлари учун уларни қийнаб ушлаб турманглар, магар эр хотинини шу ҳолда тўсиб туриши унинг зинодан пок эмаслиги сабабли бўлиб, бу ишни унга берган маҳрини қайтариб олиш учун қилса, жоиз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин)», деди (Нисо: 19).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти карима тафсирида айтади: «Бу бир киши ҳақидаки, унинг аёли бор ва у аёли билан бирга турмуш қилишни истамайди, зиммасида унинг маҳри бор, ўша маҳрдан воз кечиб ўзини қутқариб олсин деб аёлига зиён етказиб ушлаб туради» (Табарий (4/308), Ибн Аби Ҳотим (3/903) ўз тафсирларида келтирганлар).

Аллоҳ таоло бундай қилишдан қайтарди, сўнг: «Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин)», деди (Нисо: 19). Бузуқликдан мурод зино бўлиб, у ҳолда эр ўзи берган маҳрни қайтариб олишга ва аёли ундан воз кечиши ва хулъ талаб қилиши учун унга зуғум ўтказишга ҳақли бўлади.

Ўринли сабаби бўлган пайтда хулъ қилиш жоизлигига Қуръон, суннат ва ижмоъдан далиллар бор.

- Қуръондан далил юқорида ўтган оятки: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун)эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 229).

- Суннатдан далил «Саҳиҳ»да келган ҳадиски, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг аёли: «Ё Расулуллоҳ, мен уни хулқида ҳам, динида ҳам айбламайман. Лекин, мен Исломда куфрга кетишни (яъни, Исломда қайтарилган эрга нисбатан куфрони неъмат қилишни ва уни ёқтирмаслик сабабли зиммамда у учун фарз бўлган ҳақни адо этишга қосирлик қилишни) истамайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «(Маҳр учун берган) боғини унга қайтариб берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Собитга): «Боғни қабул қилиб ол ва у билан ажраш», дедилар (Бухорий (5273) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

- Ижмоъдан далил шуки, Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Музанийдан бошқа бирон кишини бунга мухолиф бўлганини билмаймиз. У ушбу оятни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан мансух бўлган, деб ҳисоблаган: «Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар!» (Нисо: 20) (Ат-тамҳид: 23/275, Ал-истизкор: 6/76).

Хулъ саҳиҳ бўлиши учун табарруъ (ихтиёрий инфоқ-эҳсон) қилиши дуруст бўлган шахс томонидан эваз берилиши, талоқ қилиши дуруст бўладиган эр тарафидан талоқ содир бўлиши, то эваз бермагунча аёлни зуғум билан ушлаб турилмаслиги ва хулъ лафзи билан бўлиши шарт қилинади. Аммо, агар талоқ лафзи билан бўлса ёки талоқ ниятида талоққа ишора қилувчи лафз билан бўлса, унда талоқ тушади ва ражъат қилишга (яъни, иддаси ичида қайтариб олишга) ҳақли бўлмайди, унга яна уйланишни истаса, агар талоқлари сони уч талоққа етмаган бўлса, бошқа эрга тегмаган бўлса ҳам, янги никоҳ ақди билан уйланиши мумкин бўлади. Аммо, агар хулъ, фасх (никоҳни бузиш), фидаъ (тўлов) лафзлари билан бўлса ва талоқ деб ният қилмаган бўлса, у билан талоқлар сони камаймайдиган фасх бўлади (никоҳни бузиш бўлади). Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган, у Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ҳужжат қилган: «Та­лоқ икки мартадир» (Бақара: 229). Кейин Аллоҳ таоло айтди: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 229). Кейин Аллоҳ таоло айтди: «Энди агар уни(учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230). Аллоҳ таоло аввал икки талоқни зикр қилди, сўнг хулъни зикр қилди, ундан сўнг яна бир талоқни зикр қилди. Агар хулъ талоқ бўлса эди, бу талоқ тўртинчиси бўлиб қоларди. Валлоҳу аълам.

 

Талоққа доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Талоқ луғатда «бўшатиб қўйиш» маъносида бўлиб, шаръий маъноси никоҳ қайдини (боғловини) бутунлай ёки қисман ечиб юборишдир. Талоқнинг ҳукми вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб, турлича бўлади. У баъзан мубоҳ бўлади, баъзан макруҳ бўлади, баъзан мустаҳаб бўлади, баъзан фарз бўлади, баъзан ҳаром бўлади. Яъни, талоқнинг беш хил ҳукми бор.

- Эр хотинининг ёмон хулқи туфайли ва ундан зарар кўрганидан талоққа эҳтиёж сезса, у билан турмушини сақлаб қолса никоҳдан бўлган мақсад ҳосил бўлмайдиган бўлса, талоқ мубоҳ бўлади.

- Заруратсиз бўлса, яъни, эр-хотиннинг ҳолати тўғри-барқарор бўлса, талоқ макруҳ бўлади. Айрим уламолар наздида бундай ҳолда талоқ ҳаром бўлади. Кучлироқ сўз шуки, бундай ҳолатдаги талоқ кароҳати бўлган мубоҳдир. Чунки, ҳадис борки: «Аллоҳга энг ёқимсиз бўлган ҳалол нарса талоқдир» (Абу Довуд (2178), Ибн Можа (2018) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисларида талоқни Аллоҳга ёқимсиз бўлгани ҳолда ҳалол деб атадилар. Бу эса унинг бу ҳолатда мубоҳлиги билан бирга кароҳати борлигига далолат қилади. Кароҳати шуки, унда шаръан матлуб бўлган манфаатларни ўз ичига олган никоҳни йўқ қилиш бор.

- Талоққа эҳтиёж бўлган ҳолатда, яъни масалан, эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиққан ва хотин эрни ёмон кўриб қолган ҳолда турмушни сақлаб қолишда аёлга зарар етса, талоқ мустаҳаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «(Зарар бермаганга) зарар етказиш ҳам, (зарар берганга ножоиз) зарар бериш ҳам йўқдир» (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

- Агар хотин динида тўғри-барқарор бўлмаса, яъни масалан, намозни тарк қиладиган ёки вақтидан кечиктирадиган бўлса, эр уни тўғрилашга қодир бўлмаса, ёки аёл номуси жиҳатидан пок бўлмаса, бу ҳолатда – саҳиҳроқ сўзга кўра – эр уни талоқ қилиши фарз бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар аёл зино қиладиган бўлса, бу ҳолда уни ушлаб турмаслиги, балки ажралиб кетиши лозим, акс ҳолда даюс бўлиб қолади» (Мажмуъул-фатава: 32/141).

Шунингдек, агар эр динида барқарор бўлмаса, аёл ундан талоқ қилиши ёки хулъ йўли билан ажралиб кетиши лозим, динини зое қилгани ҳолда у билан яшаши мумкин эмас.

Шунингдек, агар эр ийло қилган, яъни аёлига қўшилмасликка қасам ичган бўлса, тўрт ой ўтганидан сўнг қасамига каффорат бериб, аёлига қўшилиши лозим бўлади. Агар бундай қилишдан бош тортса ва қўшилмасликда давом этса, у ҳолда талоқ қилиши фарз бўлади ва уни бунга мажбурланади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 226, 227).

- Эр хотинини ҳайзли ва нифосли ҳолида талоқ қилиши, шунингдек, у билан жинсий алоқада бўлган ва ҳомиласи маълум бўлмаган поклик ҳолида ҳам талоқ қилиши, шунингдек, уч талоқ қўйиши ҳаромдир, бунинг баёни қуйироқда келади, иншооллоҳ.

Талоқнинг машруълигига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан далил бор.

- Аллоҳ таоло айтади: «(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) та­лоқ икки мартадир» (Бақара: 229), «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир» (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бундан бошқа ҳадислар ҳам бор.

- Талоқнинг машруълигига бўлган ижмоъни бир қанча уламолар айтганлар.

Ундаги ҳикмат зоҳирдир. У бу улуғ ислом динининг энг ажойиб хислатларидан. Зеро, унда эр-хотинлик муаммосига зарурат ҳолатидаги ечим бордир. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра (оилани)яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229), «Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай (яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 130).

Агар никоҳни сақлаб қолишда манфаат кўринмаса ёки эр билан қолишда аёл учун зарар ҳосил бўлса, ёки улардан бири ахлоқан бузуқ ва динида барқарор бўлмаса, бунинг энг яхши ечими талоқдир.

Талоқни ман қиладиган жамиятлар қанчадан-қанча кулфатлар, ҳисобсиз фасодлар, ўзини ўлдиришлар, оилаларнинг вайрон бўлиши каби оғир ҳолатларни бошидан кечиришмоқда. Ислом эса талоққа рухсат берди, унинг ўз ортидан манфаатлар олиб келувчи ва зарарларни даф қилувчи қонун-қоидаларини белгилаб берди. Исломнинг бу борадаги қонунлари ҳам бошқа барча шариат қонун-қоидалари каби нақд ва келажакда кўринувчи манфаатларни ўз ичига олган юксак ва олийжаноб қоидалардир. Бундай улуғ фазлу марҳамати учун Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин.

Энди талоқ ким томонидан содир бўлади, деган масалага келсак, ақли-ҳуши жойида, танлаш ихтиёри ўз қўлида бўлган, (яхши-ёмонни) ажрата оладиган эр киши тарафидан содир бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир», деганлар (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

- Аммо, ақлидан бегона бўлган киши, яъни, мажнун, беҳуш, уйқудаги одам, бирор касаллик сабабли ҳиссидан (хотирасидан) айрилган киши, шунингдек, маст қилувчи ичимликни мажбурлаб ичирилган ёки даво мақсадида бангивор модда қабул қилган киши бунда маъзурдир, бундай кишиларнинг айни сабаблар билан ақлдан бегона бўлиб турган пайтларида тилга олган талоқ лафзлари билан талоқ тушмайди. Чунки, Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ақли паст (тентак) одамнинг талоғидан бошқа ҳар қандай талоқ ўтувчидир» (Бухорий (9/481), Термизий (1191) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

- Аммо, ихтиёрий равишда маст қилувчи ичимлик ичиши сабабли ақлидан бегона бўлган, сўнг шу ҳолида талоқ қилган кишининг талоғи тушиши хусусида аҳли илмлар ўртасида ихтилоф бор. Тўрт имом ва бир жамоат аҳли илмлар наздида бунда талоқ тушади.

- Агар зулм билан талоқ қилишга мажбур қилинса, зулмдан қутулиш учун талоқ лафзини айтса, бу талоқ тушмайди. Ҳадис борки: «Иғлоқ (яъни, мажбурлаш) ҳолида талоқ ҳам, атоқ (қул озод қилиш) ҳам йўқдир» (Абу Довуд (2193), Ибн Можа (2049), Аҳмад (6/276, №26360) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин(яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл: 106). Куфр талоқдан кўра каттароқ иш бўлгани ҳолда мажбурлик ҳолидаги одамдан афв қилинди, шундай экан, бундай ҳолдаги талоқ ҳам албатта афв қилинади. Агар талоққа мажбурлаш ҳақ билан бўлса, масалан, ийло қилган (аёлига қўшилмасликка қасам ичган) одам агар қайтишни истамаса, унинг талоғи тушади.

- Айтаётган гапини тасаввур қила оладиган ғазабнок ҳолдаги одамнинг талоғи ҳам тушади. Аммо, ғазабнинг зўридан нима деяётганини англамаган одамнинг айтган талоқ лафзи билан талоқ тушмайди.

- Ҳазиллашиб талоқ қилган одамнинг ҳам талоғи тушади, чунки у гарчи талоқ тушишини қасд қилмаган бўлса ҳам, қасд билан талоқ лафзини айтди, валлоҳу аълам.

 

Сунний талоқ ва бидъий талоқ ҳақидаги боб

Сунний (яъни, суннатга мувофиқ) талоқ Аллоҳ ва Расули шаръий қилган машруъ кўринишда воқеъ бўлган талоқдир. Бунинг сурати шундайки, (ҳайз ё нифосдан) покланган аёли билан қўшилмасдан туриб, бир талоқ қилади ва то иддаси чиққунига қадар уни тарк қилади. Бу бир талоқ қўйиб, то иддаси чиққунича тарк қилиши билан сон жиҳатидан сунний талоқ бўлди, аёлини у билан қўшилмаган поклик ҳолатида талоқ қилиши билан вақт жиҳатидан ҳам сунний талоқ бўлди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима маъносида: «Яъни, поклик ҳолатларида, жимоъ қилмасдан туриб», деганлар (Байҳақий (7/3250) ривояти). Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Агар одамлар талоқ борасида Аллоҳ буюрган ишни ушлаганларида, ҳеч бир киши ўзини аёл киши ортидан эргаштирмаган бўларди. Уни бир талоқ қўяди, сўнг то уч марта ҳайз кўргунича тарк қилади. Агар хоҳласа, қайтариб олади» (Ибн Аби Шайба (4/55, №17728) ривояти). Яъни, иддаси ичида қайтариб олади. Чунки, Аллоҳ таоло талоқ қилувчига агар қилган талоғидан пушаймон бўлса, модомики талоқлар сонини тўлдириб қўймаган бўлса, аёлини қайтариб олиши мумкин бўладиган фурсатни, яъни иддаси ичида қайтариб олиш имкониятини берди. Аммо, талоқлар сони учга етган бўлса, энди унинг олдида эшик ёпилган бўлади.

Бидъий (яъни, бидъат) талоқ – талоқ қилувчи ҳаром қилинган йўл билан қилган талоқдир. Бу бир лафз билан уч талоқ қўйиши ёки ҳайз ва нифосли ҳолида талоқ қилиши ё покланганидан сўнг жимоъ қилган ва ҳомиласи аниқланмаган ҳолда талоқ қилиши билан бўлади. Биринчи тури ададда бидъий, иккинчи тури эса вақтда бидъий талоқ саналади.

- Ададдаги бидъий талоқда аёли то бошқа эрга тегмагунича унга ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230), деган.

- Вақтдаги бидъий талоқда аёлини қайтариб олиши мустаҳаб бўлади. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қайтаришга буюрганлар (Бухорий (5332), Муслим (1471), Абу Довуд (2179), Термизий (1176), Насоий (3392), Ибн Можа (2019) ривоятлари). Қайтариб олса, то (ҳайз кўриб) пок бўлгунича олиб ўтириши лозим бўлади. Кейин хоҳласа, талоқ қилиши мумкин.

Эр аёлини хоҳ ададда, хоҳ вақтда бўлсин, бидъий талоқ билан талоқ қилиши ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш(лозим)» (Бақара: 229), «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар!» (Талоқ: 1). Яъни, пок бўлганларидан сўнг жимоъ қилмаган ҳолда талоқ қилинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши аёлини уч талоқ қўйгани хабари етганида у зот: «Мен ҳали ораларингизда бўлиб туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қиладими?!», деганлар (Насоий (3401) Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига уч талоқ қўйган одамни олиб келишса, жонини ачитадиган қилиб урдирардилар (Ибн Аби Шайба (4/61, 17790) ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ибн Умар розияллоҳу анҳумо аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилгани хабари етганида у зот ғазабланганлар ва унга аёлини қайтариб олишни буюрганлар (Бухорий (4908), Муслим (4/1471) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Буларнинг бари талоқнинг сони ва вақтига оид ҳукмларга риоя қилиш вожиблигига ҳамда адад ва вақтда ҳаром қилинган талоқни қилмаслик лозимлигига далолат қилади. Лекин, кўпчилик одамлар буни билмайдилар ёки бунга бепарво қарайдилар, кейин ўзлари қийналиб, надомат қилиб юрадилар ва ўзлари тушиб қолган муаммодан чиқиш йўлини қидириб, ўзлари ҳам қийналиб, муфтийларни ҳам қийнаб юрадилар. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг китобини ўйин қилиш оқибатидир.

Айримлар талоқни аёлини бир нарсага мажбурлаш ё бир нарсадан қайтариш учун қурол қилиб оладилар. Баъзилар эса одамлар билан бўлган муомала ва гап-сўзларида қасамларини талоққа боғлаб олишади. Ундайлар Аллоҳдан тақво қилсинлар, тилларини ҳуда-беҳуда талоқ лафзини айтишдан сақласинлар! Талоқ фақат зарурат пайтида, ўзининг вақтида ва чекланган ададида тилга олинадиган сўздир.

Талоқ лафзлари икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Очиқ-ошкор лафзлар. Улар ошкор талоқни англатадиган ва ундан бошқа маънони ўзига олмаган сўзлардир. Яъни, «талоқ» калимасидан олинган сўзлар, жумладан, ўтган замон феъли шаклида «Сени талоқ қилдим» ёки исми фоил шаклида: «Сен талоқсан» ёки исми мафъул сийғасида: «Сен талоқ қилиндинг» деган лафзлардир. Аммо, келаси замон феъли шаклида: «Сен талоқ бўласан», буйруқ феъли шаклида: «Талоқ бўл», рубоъий исми фоил шаклида: «Сен талоқ қилувчисан» деган лафзлар билан талоқ тушмайди

Иккинчи қисм: Киноя (яъни, ичида талоқ маъноси яширин) сўзлар. Улар талоқни ҳам, ундан бошқа нарсани ҳам англатиши мумкин бўлган сўзлардир. Масалан, сен бўшсан, холисан, орамиз очиқ, озодсан деганга ёки «уйингга жўна», деганга ўхшаш сўзлар.

Талоқдаги ошкор лафзлар билан киноя лафзлари ўртасидаги фарқ шуки, ошкор лафзлар билан агарчи талоқни ният қилмаган бўлса ҳам, талоқ тушади. Хоҳ жиддий айтган бўлсин, хоҳ ҳазиллашиб айтган бўлсин, фарқсиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарсанинг – талоқ, никоҳ ва ражъа (талоқ қилган аёлини қайтариб олиш)нинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий», деганлар (Абу Довуд (2194), Термизий (1148) ва Ибн Можа (2039) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Аммо, киноя лафзлари билан агар талоқни ният қилмаган бўлса, талоқ тушмайди. Чунки, бу лафзлар талоқни ҳам, ундан бошқа маънони ҳам ўз ичига олган бўлиши мумкин. Шу боис талоқ унинг ниятига қараб бўлади. Агар талоқни ният қилмаган бўлса, талоқ тушмайди. Аммо, учта ҳолат бундан мустасно:

  1. Агар аёли билан жанжал-хусумат устида киноя лафзини тилга олган бўлса.
  2. Ғазаб ҳолида уни тилга олган бўлса.
  3. Аёли талоқ сўраган пайтида жавобига киноя лафзини айтган бўлса.

Шу уч ҳолатда гарчи, талоқни ният қилмадим, деса ҳам киноя лафзи билан талоқ тушади. Чунки, қарина (ҳолат) уни ният қилганига далолат қилиб турибди. Бундай ҳолатда унинг талоқни ният қилмадим, деган сўзи инобатга олинмайди, валлоҳу аълам.

Эр талоққа бировни ўзидан вакил қилиши жоиз. Хоҳ вакил бегона киши бўлсин, хоҳ аёлнинг ўзи бўлсин, фарқсиз. Аёлнинг ўзини талоққа вакил қилиш ва талоқ ишини унинг қўлига топшириб қўйиш жоиз. У ҳолда, агар вакилнинг ваколатини чеклаб қўймаган бўлса, вакил талоқнинг ошкор лафзида ҳам, киноясида ҳам, ададда ҳам унинг ўрнига кифоя қилади.

Талоқ қилувчининг ўзидан бўлсин, вакилидан бўлсин, талоқ фақат унинг лафзини айтиш билангина содир бўлади. Агар дилида ният қилибгина қўйган бўлса, то тили билан унинг лафзини айтмагунича ва тили қимирламагунича талоқ тушмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло умматимни кўнглидан ўтказган гапини – модомики гапирмаган бўлса ёки амалга оширмаган бўлса – кечирди», деганлар (Бухорий (5269), Муслим (202) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, лафз Бухорийники). Талоқ фақат талоқ лафзи билан содир бўлади. Бироқ, икки ҳолат бундан мустасно:

Биринчи ҳолат: Агар талоқ лафзини хатда ёзган бўлса ва ўзи талоқни ният қилган бўлса, талоқ тушади. Агар ният қилмаган бўлса, бунда ихтилоф бор, кўпчилик фикрига кўра, талоқ тушади.

Иккинчи ҳолат: Соқов кишининг талоқ ҳақидаги ишораси агар тушунарли бўлса, талоқ тушади.

Талоқнинг сонига келсак, у эркакларнинг озод ёки қул бўлишига қараб эътибор қилинади, аёлларнинг эмас. Чунки, Аллоҳ таоло бу хусусда эркакларга хос хитоб қилди: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида(яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1), «Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса...» (Бақара: 231).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир», деганлар (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Озод эркак гарчи хотини чўри бўлса ҳам, учта талоққа эга бўлади. Қул эса, гарчи хотини озод аёл бўлса ҳам, иккита талоққа эга бўлади. Эр-хотин озод кишилар бўлган ҳолатда эр хилофсиз учта талоққа эга бўлади. Эр-хотин қул-чўри бўлган ҳолатда эр хилофсиз иккита талоққа эга бўлади. Хилоф эр-хотиннинг бири озод, иккинчиси қул бўлган ҳолатдадир. Саҳиҳ гап, юқорида айтилганидек, эрнинг қул ё озод бўлиш ҳолати эътиборга олинади. Чунки, талоқ эрнинг ҳаққидир.

Талоқда истисно қилиш жоиз. Истиснодан мурод – жумланинг бир қисмини الا (илло, магар, ...дан бошқаси) ва шу маънодаги сўз билан ажратиб чиқаришдир. Истисно талоқнинг сонидан чиқарилиши мумкин: «Сен бир кам уч талоқсан» деганга ўхшаш. Истисно талоқ қилинган хотинлар ададидан чиқарилиши ҳам мумкин: «Хотинларим талоқ, Фотимадан бошқаси» каби.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам унинг саҳиҳ бўлиши учун истисно қилиб чиқарилаётган миқдор мустасно минҳунинг, яъни асл миқдорнинг ярмича ё ундан камроқ бўлиши шарт қилинади. Шунинг учун агар: «Сен икки кам уч талоқсан» деса истисноси саҳиҳ бўлмайди.

Шунингдек, талоқлар сони мавзусида истиснони тил билан айтиш шарт қилинади. Агар тилида: «Сен уч талоқсан» деса-ю, дилида «бир кам» деб қўйса, уч талоқ тушади. Чунки, тилда айтилган адад ҳужжат бўлиб, дилидаги нияти билан у кўтарилиб кетмайди. Чунки, лафз ниятдан кўра кучлироқ. Аммо, дилида аёлларидан бирортасини истисно қилиши жоиз. Агар: «Хотинларим талоқ» деса-ю, дилида «Фалончидан бошқаси» деса, истисно дуруст бўлади ва истисно қилган аёли талоқ бўлмайди. Чунки, «хотинларим» деган сўз ҳамма аёлларга ҳам, уларнинг бир қисмига ҳам яроқлидир. Шунга кўра, нияти нима бўлса, шу бўлади.

Талоқни шартларга таълиқ қилиш (яъни, боғлиқ қилиб қўйиш) ҳам дурустдир. Бунинг маъноси – уни «агар» ва шу маънодаги сўз билан келгусида бўладиган ё бўлмайдиган бирон ишга боғлиқ қилишдир. Масалан: «Агар ҳовлига кирсанг, талоқсан», деса, шарт қилинган иш ҳосил бўлиши билан, яъни ҳовлига кириши билан талоқ тушади.

- Таълиқ фақат эр тарафидан саҳиҳ-яроқли бўлади. Агар: «Фалончига уйлансам, у талоқ» деса, кейин унга уйланса, талоқ тушмайди. Чунки, таълиқ қилган пайтда у ҳали унга эр бўлмаган эди. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан марфуъан ривоят қилган ҳадисда келганки: «Одам фарзанди учун ўзи эга бўлмаган нарсасида назр қилиш йўқдир, ўзи эга бўлмаган нарсасида қул озод қилиш йўқдир, ўзи эга бўлмаган нарсасида талоқ қилиш йўқдир» (Термизий (1181), Ибн Можа кейинги қисмини (2047), Аҳмад (2/189, №6769) ривоятлари). Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра... уларни талоқ қилсангизлар» (Аҳзоб: 49). Оят ҳам, ҳадис ҳам бировнинг бегона аёлга талоқи воқеъ бўлмаслигига далолат қилмоқда. Бирон нарсага таълиқ қилинмаган оддий талоқ никоҳдан аввал бўлган бўлса унинг тушмаслигига барча уламолар ижмоъ қилган, уйланмоқчи бўлган аёлга уйланишига таълиқ қилган бўлса (фалончихонга уйлансам у мендан талоқ бўлсин деган бўлса) жумҳур уламолар сўзига кўра бу талоқ тушмайди.

- Агар талоқни бирон шартга таълиқ қилса (боғласа), то ўша шарт вужудга келмагунча талоқ тушмайди.

Агар талоқда шак ҳосил бўлса, яъни унинг лафзи айтилгани хусусида ёки ададида ёки шарти ҳосил бўлиши борасида шак бўлиб қолса:

- Агар ўзи томонидан талоқ содир бўлганига шак қилса, у ҳолда хотинига талоқ тушмайди. Чунки, никоҳ аниқ-тиниқ иш бўлиб, у шак билан йўққа чиқмайди.

- Агар талоққа таълиқ қилган шарти ҳосил бўлганига шак қилса, масалан: «Агар ҳовлига кирсанг, талоқсан», деган бўлса, сўнг аёлининг ҳовлига кирган-кирмагани хусусида шак қилиб қолса, шакнинг ўзи билан талоқ тушмайди.

- Агар ўзидан талоқ содир бўлганига аниқ ишонса ва талоқнинг ададида шак қилиб қолса, фақат бир талоқ лозим келади. Чунки, аниғи шудир, ундан ортиғида шак бор. Аниқ нарса шак билан йўқ бўлмайди. Бу барча аҳкомлар учун умумий бўлган жуда фойдали қоида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ўзингга шубҳали туюлган нарсани қўйиб, шубҳали бўлмаганини ол», деган сўзларидан олинган (Термизий (2518), Насоий, Аҳмад (1/200, №1727), Ибн Хузайма (2348), Ибн Ҳиббон (2/498, №722) Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шунингдек, намози ичида ўзидан ел чиққан-чиқмагани ҳақида шубҳаланиб қолган одам ҳақида: «Товушини эшитмагунича ёки ҳидини сезмагунича намозидан чиқмайди», деган сўзларидан ва шу каби бошқа ҳадислардан олинган (Муттафақун алайҳ).

Бу эса шариатимизнинг нақадар бағрикенглиги ва комиллигига далолат қиладиган ишлардандир. Бунинг учун Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

 

Ражъа ҳақидаги боб

Ражъа – боин бўлмаган талоқ қилинган аёлни янги никоҳ ақдисиз қайтариб олиш демакдир.

Унинг далили Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъидир.

- Қуръондан далил – Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир:

«Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228).

«(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) та­лоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани)яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229).

«Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳларингизга олинглар) ёки яхшилик билан(яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар» (Талоқ: 2).

- Суннатдан далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Умар ҳақида: «Унга айтинг, хотинини қайтариб олсин», деган сўзларидир (Бухорий (5251) ва Муслим (1471) ривоятлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари Ҳафса розияллоҳу анҳони талоқ қилиб, сўнг қайтариб олганлар (Абу Довуд (2283), Насоий (3560), Ибн Можа (2016) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

- Ижмоъдан далил – Ибнул-Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳи илмлар агар озод одам учдан кам талоқ қилса, қул иккитадан кам талоқ қилса, идда ичида (никоҳсиз) қайтариб олишлари мумкинлигига ижмоъ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 126-б).

Бундаги ҳикмат – эр агар талоқ қилганига пушаймон бўлса ва хотини билан турмушини давом эттиришни истаса, унга ишнинг олдини олишига фурсат беришдир. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлигидандир.

Ражъа тўғри бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:

  1. Талоқлар сони тўлмаган, яъни озод одам учун учтага етмаган, қул учун иккитага етмаган бўлиши. Агар талоқлар сони тўлиб қолган бўлса, энди у аёл то бошқа эрга тегмагунича аввалги эрга никоҳи ҳалол бўлмайди.
  2. алоқ қилинган аёлга эри қўшилган бўлиши. Агар умуман қўшилмасдан туриб талоқ қилган бўлса, энди ражъа қилолмайди, чунки у аёл учун идда йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга яқинлашишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан)баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!» (Аҳзоб: 49).
  3. Талоқ эвазсиз (тўловсиз) бўлиши. Агар талоқ тўлов эвазига бўлган бўлса, у ҳолда аёл фақат унинг розилиги билан янги ақд билангина у эрга ҳалол бўлади. Чунки, аёл тўловни эрдан ўзини қутқариб олиш учун тўлаган эди, ражъа билан унинг мақсуди ҳосил бўлмай қолади.
  4. Никоҳ саҳиҳ бўлган бўлиши. Аммо, агар фосид никоҳда талоқ қилган бўлса, ражъа йўқ. Чунки, аёл талоқ билан боин бўлади.
  5. Ражъа идда ичида бўлиши. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни)истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228), деди. Яъни, уларни иддалари ичида қайтариб олишга ҳақлидирлар.
  6. Ражъа нақд (ўрнида қилинган) бўлиши керак, таълиқ қилинган бўлса, саҳиҳ бўлмайди. Яъни, масалан: «Агар фалон иш ҳосил бўлса, мен сени ражъа қилдим» деса, дуруст бўлмайди.

- Эр-хотин ражъа билан ислоҳни қасд қилишлари шарт қилинадими?

Баъзи уламолар сўзларига кўра, шарт қилинади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни(оилани тиклашни) истасалар» (Бақара: 228), деди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражъа қилишга фақат ислоҳни ва хотинини яхшилик билан сақлаб туришни истаган киши учунгина имкон берилади» (Ал-фатавал-кубро: 5/504).

Баъзи уламолар эса унинг шарт эмаслигини айтганлар. Чунки, оят ислоҳни шарт қилишга эмас, фақат уни хослаш ва зарар етказишдан ман қилишга далолат қилади, дейдилар. Биринчи сўз қувватлироқ, валлоҳу аълам.

Ражъа «хотинимни қайтариб олдим» ва шу маънодаги сўз билан ҳосил бўлади.

Шунингдек, саҳиҳ сўзга кўра, агар ражъани ният қилган бўлса, у билан қўшилиши билан ҳам ражъа ҳосил бўлади.

- Хотинини қайтариб олса, бунга гувоҳ ҳозир қилиши суннатдир. Айримлар гувоҳ ҳозир қилиш вожиблигини ҳам айтганлар. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» (Талоқ: 2). Бу Имом Аҳмаддан бир ривоятдир. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Яширинча ражъа қилиш асло ярамайди» (Ал-фатавал-кубро: 5/503).

- Ражъий талоқ қилинган хотин иддаси ичида ўша эр учун хотин ҳукмида бўлиб, бошқа хотинлари эга бўлган нафақа, кийим-кечак ва уй-жойга ҳақли бўлади, хотин сифатида уйни лозим тутиши ва эри қайтариб олиши эҳтимоли борлигидан эри учун зийнатланиши лозим бўлади. Идда муддати ичида эр-хотиндан бири вафот қилса, иккинчиси унга ворис бўлади. Эр у билан бирга сафар қилиши, у билан ёлғиз қолиши, у билан қўшилиши мумкин.

- Идда муддати якунига етиши билан ражъа вақти ҳам тугайди. Ражъий талоқ бўлган аёл учинчи ҳайзидан пок бўлгач, энди эрига фақат валий, икки адолатли гувоҳ ва янги никоҳ билангина ҳалол бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни (никоҳсиз) қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228), деди. Яъни, уларни иддалари ичида (никоҳсиз) қайтариб олишга ҳақлидирлар. Оят мазмунидан тушунилидики, иддадан фориғ бўлгач, эрига фақат янги никоҳ билан, янги шартлар билан ҳалол бўлади. Агар иддаси ичида шартлари тўла бўлган саҳиҳ ражъа билан қайтариб олса, энди неча талоқ ҳақи қолган бўлса, фақат ўшанча талоққа эга бўлади.

Агар эр ўз қўлида бўлган талоқларни тўла қилган бўлса, аёли энди унга ҳаром бўлади ва то саҳиҳ никоҳ билан бошқа эрга тегиб, у билан қўшилмагунича (ва ундан ҳам табиий суратда ажрашмагунича) уни қайта никоҳига олиши ҳалол бўлмайди. Биринчи эрига ҳалол бўлиши учун учта шарт топилиши керак бўлади: бошқа эрга тегиши, никоҳ саҳиҳ бўлиши, иккинчи эр у билан жинсий алоқада бўлиши. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди. Сўнг агар(кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, яъни қайта турмуш қуришларининг гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади» (Бақара: 230).

Аллома Ибнул Қайим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бошқа эрга тегиб чиққанидан сўнг аввалги эрга ҳалол бўлиши катта неъматлардандир. Таврот шариати аёл киши талоқ бўлганидан сўнг бошқа эрга тегмаган бўлса, аввалги эрга ҳалол бўлиши ҳукмини келтирган. Инжил шариати эса эрга теккандан сўнг умуман талоқни ман қилиб келди... Бизнинг шариатимиз энг комил ва бандаларнинг манфаатларига энг тўғри келувчи шариатдир. Зеро, у тўрттагача аёлга уйланишга ва истаганича чўри ушлашга рухсат берди. Сўнг аёлидан ажралиш имкониятини берди. Сўнг яна кўнгли ўша аёлини тиласа, уни қайтариб олиш имкониятини яратиб берди. Учинчи бор талоқ қилса, энди уни қайтариб олишга йўл қолдирмади, магар аёл ўзи истаб иккинчи турмуш қурганидан кейингина (аввалги эрга яна қайта никоҳланиши мумкин бўлди)» (Иъламул-муваққиъийн: 2/92).

Яъни, аёлнинг иккинчи никоҳи ўзи унга рағбат қилиб қурилган никоҳ бўлиши лозим, аввалги эрга ҳалол қилиб бериш қасди билан қилинган ҳийла бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, (ҳалол қилиб берувчи) қуйидаги ҳадисда айтилган ориятга олинган қўчқорга айланиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга ориятга (яъни, вақтинчаликка сўраб) олинган қўчқор ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди. «У муҳаллил (ҳалол қилиб берувчи)дир. Аллоҳ таоло ҳалол қилиб берувчини ҳам, унга ҳалол қили берилган кишини ҳам лаънатласин», дедилар (Ибн Можа (1936), Ҳоким (2/217) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бундай никоҳ ботилдир ва бу билан аввалги эрга ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам.

 

Ийлога доир аҳкомлар ҳақидаги боб

Ийло – қасам ичиш маъносида бўлиб, аёли билан қўшилмасликка қасам ичган кишини аёлидан ийло қилди, дейилади.

Шундан фуқаҳолар ийлога: жинсий алоқа қилиш имкони бўлган эр аёли билан абадий ёки тўрт ойдан ошиқ муддат қўшилмасликка Аллоҳ номи билан ёки Унинг бирон сифати билан қасамёд қилишидир, деб таъриф берганлар.

Ушбу таърифдан хулоса қилишимиз мумкинки, ийло фақат бешта шарт топилгандагина саҳиҳ бўлади:

  1. Жинсий алоқа қилиш имкони бўлган эр тарафидан бўлиши.
  2. Аллоҳ номи билан ёки Унинг сифатларидан бирон сифат билан қасам ичиши, талоқ, итоқ, назр каби нарсаларга қасам ичмаслиги.
  3. Аёлининг қинига-таносил аъзосига яқинлик қилмасликка қасам ичиши.
  4. Тўрт ойдан кўпроқ вақт жинсий алоқа қилмасликка қасам ичиши.
  5. Хотин киши жинсий алоқа қилиш имкони бўладиган аёл бўлиши.

Ушбу шартлар топилган ҳолда эр ийло қилувчига айланади ва унга ийло ҳукмлари лозим келади. Юқоридаги шартлардан биронтаси топилмаса, эр ийло қилувчи бўлмайди.

Ийлонинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар(жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 226, 227). Яъни, хотинлари билан қўшилмасликка қасам ичган кишилар учун тўрт ой муҳлат берилади. Агар хотинларига қўшилсалар ва қасамларига каффорат берсалар, Аллоҳ таоло улардан ҳосил бўлган ишни кечиради. Борди-ю, шу муддат ўтса ҳам хотинларига қўшилмаслик қарорида маҳкам тураверсалар, уларга хотинларига қўшилиш ва қасамларига каффорат беришга буюрилади. Агар кўнмасалар, аёлнинг талабидан сўнг талоққа буюриладилар.

Бу билан жоҳилият даврида бўлиб келган ийло муддатини узайтириш бекор бўлди. Мазкур адолатли ва доно ҳукмда аёл кишидан зарарни кетказиш ва ундан зулмни кўтариш бордир.

Ийло Исломда ҳаромдир, чунки у вожибни тарк қилишга қасам ичишдир.

Ийло талоғи саҳиҳ бўлган ҳар қандай эрдан тушиши (яъни, ҳосил бўлиши) мумкин, у мусулмон бўладими, кофирми, озод бўладими, қулми, болиғ бўладими, мумаййиз бўладими, ғазабнок бўладими, тузалишидан умид бўлган касал бўладими, фарқсиздир. Чунки, ояти карима маъноси умумийдир. Оятнинг умумийлигига кўра, ҳатто ҳали қўшилмаган аёлга ҳам зиҳор тушади.

Мажнун ва эс-ҳушидан айрилган эрдан ийло тушмайди, чунки, улар айтаётган гапини англамайди ва уларда қасд бўлмайди.

Фалаж бўлиб қолган ёки жинсий аъзоси кесиб ташлангани сабабли жинсий алоқага ярамайдиган эрдан ийло тушмайди. Чунки, уларнинг жинсий алоқадан тийилишлари қасам сабабли эмасдир.

Агар хотинига: «Аллоҳга қасамки, сен билан ҳеч қачон қўшилмайман», деса, ёки тўрт ойдан ортиқ муддатни айтса, ёки масалан, Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари ёки Масиҳ Дажжолнинг чиқиши каби тўрт ойдан илгари юз бериши кутилмайдиган бирон ишга боғлиқ қилса, бу суратларнинг ҳаммасида ийло қилган бўлади. Шунингдек, аёлининг бирон ҳаром ишни қилишига ёки фарзни тарк қилишига боғлиқ қилса ва: «Аллоҳга қасамки, то намозни тарк қилмагунингча ёки ароқ ичмагунингча сен билан қўшилмайман», деса, ийло қилган бўлади. Чунки, қасамини шариатда ман қилинган ва ҳиссан (воқеъда) ҳам мамнуъ бўлган ишга боғлаган бўлади.

Мазукур ҳолатларнинг ҳар бирида ийло муддати ўрнатилади. Чунки, Аллоҳ таоло:«Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор», деди (Бақара: 226). «Саҳиҳ»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинганки: «Агар тўрт ойдан ўтиб кетса – яъни, тўрт ойдан ошиқ мудатга қасам ичган одамдан шунча муддат ўтгач ийло қилувчига айланади – уни тўхтатилади ва талоқ қилади» (Бухорий (5291) ривояти). Имом Бухорий буни ўндан ортиқ саҳобалардан қуйидаги ибора билан зикр қилган: «Бу Усмон, Алий, Абуд Дардо, Оиша ва яна ўн икки нафар саҳоба розияллоҳу анҳумдан зикр қилинган» (Саҳиҳул-Бухорий: 1148-бет).

Сулаймон ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўндан ошиқ саҳобалари ийло қилувчини тўхтатганларини билганман» (Дорақутний (4/33, №3996), Байҳақий (7/376) ривоятлари). Бу ояти каримадан зоҳир бўлиб турган иш бўлгани каби, жумҳур уламонинг мазҳабидир.

Қасамидан тўрт ой – аёлнинг узрли кунлари бунга ҳисоб қилинмайди – ўтганидан сўнг:

- Аёли билан қўшилиши ҳосил бўлса, (ийло)дан қайтган бўлади, чунки қайтиш жимоъ бўлиб, уни қилган бўлади. Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биз билган уламоларнинг ҳаммаси: «қайтиш жимоъдир» деб ижмоъ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 83-б).

- Агар мазкур муддат ўтганидан кейин ҳам аёли билан қўшилишдан бош тортса, агар аёли талаб қилса ҳоким (қози) уни талоқ қилишга буюради. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 227). Яъни, қасамидан қайтмаса ва талоқ қилишни қасд қилган бўлса, талоқ қилади. Агар қайтишни истамаса ва талоқдан ҳам бош тортса, ҳоким (қози) уни талоқ қилдиради ёки никоҳини бекор қилади. Чунки, ийло қилган одам бош тортган пайтда ҳоким унинг ўрнига ўринбосар бўлади, талоқ ҳам ўринбосарнинг вазифасига киради.

Фуқаҳолар бирон узри бўлмаган ҳолатда хотинига зарар бериш қасдида ҳеч қандай қасамсиз тўрт ойдан ошиқ муддат унга қўшилмаган кишини ҳам ушбу ҳукмларда ийло қилувчи қаторига қўшганлар. Шунингдек, аёлига зиҳор қилган ва каффорат тўламаган ва шу ҳолда тўрт ойдан ортиқ давом этган кишини ҳам ийло қилувчи қаторига қўшганлар. Чунки, ҳар иккиси ҳам аёлига зарар етказиш мақсадида қўшилишни тарк қилган бўлади ва бу иши билан ийло қилувчига ўхшаб қолади, валлоҳу аълам.

Фуқаҳолар айтганлар: Агар ийло муддати ўтса ва эр-хотиндан бирида жимоъдан тўсадиган бирон узр пайдо бўлса, эрга оғзаки равишда қасамидан қайтишга ва: «имкони бўлиши билан жимоъ қиламан» деб айтишга буюрилади. Чунки, қайтишдан мурод аёлига зарар етказиш қасдидан қайтишдир. Юқоридаги каби узр айтиши зарар етказишни тарк қилганига далил бўлади. Шундан сўнг қачон қодир бўлса, қўшилади ё эса талоқ қилади, валлоҳу аълам.

 

кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов