"."
Меню

Абу Бакр Сиддиқ

 

АБУ БАКРНИНГ ПАРҲЕЗКОРЛИГИ

 

Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сийрийндан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамни еган таомини ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин унга:

«Буни Нўъмон розияллоҳу анҳу олиб келган эди», дейилди.

«Менга Ибн Нўъмоннинг коҳинликдан топганини егиздингизми!?» деди-да, ўзини мажбурлаб қусиб юборди».

Абу Нуъайм «Ҳуля»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга:

«Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?» деди.

«Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?» деди у.

«Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан ўша ваъда қилган нарсаларини беришди», деди қул. Абу Бакр:

«Мени ҳалок қилай депсан-ку!» деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай туриб олди. Унга:

«Бу нарса фақат сув билан чиқади», дейилди. У бир жомда сув чақирди-да, ундан ичиб қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга:

«Аллоҳ раҳмингни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!» дейилди. У эса:

«Агар бу жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта, чиқарар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир», деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим», деди.

 

АБУ БАКР ҲАЖ АМИРИ

 

Ҳаж ибодати Иброҳим алайҳиссалом даврларидан буён бўлиб келар эди. Тўққизинчи ҳижрий санада Аллоҳ таоло:

«Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир», ояти ила мусулмонларга ҳам ҳаж ибодатини фарз қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша йили Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири қилиб Маккага жўнатдилар. У киши мусулмонларнинг ҳаж ишларини бошқаришлари керак эди. Абу Бакр Розияллоҳу анҳу Ҳаж қилишни истаган уч юз киши билан ҳажга жўнаб кетдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз шериклари билан ҳажга жўнаб кетганларидан кейин «Бароат» сурасининг аввалида келадиган ояти карималар нозил бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб:

«Бароатнинг аввалидаги бу қисса ила чиқ, қурбонлик куни одамлар ичида эълон қил; Кофир жаннатга кирмас. Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмас. Байтни ялонғоч тавоф қилмас. Кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида аҳди бўлса, у ўз муддатига етказилур», дедилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ал-Азбоо номли туяларини миниб йўлга тушдилар. Йўл давомида Абу Бакр Розияллоҳу анҳуга етиб олдилар. У кишини кўрган Абу Бакр:

«Амир бўлибми, маъмурми?» деб сўрадилар.

«Маъмур», дедилар ҳазрати Али.

Икковлари йўлда давом этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳажга амирлик қилдилар. Қурбонлик куни бўлганда Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу туриб одамлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарсаларни эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломдаги биринчи ҳаж мавсимига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни амир қилиб тайинлашлари ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом уммати ичидаги олий мақомларини яққол кўрсатади.

Бундоқ улуғ мақомга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг мос одам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эканлигини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.

Худди шунга ўхшаш мақом намоз ўқишда ҳам намоён бўлган эди. Бу маънода одатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб қолганларида ўринларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу намозга ўтишлари ҳақида амр қилганлари келтирилади. Аммо у зот соғлик пайтларида ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ерда бўлсалар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни имомликка лойиқ кўришар эди.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф (қабиласи)га уларнинг ораларини ислоҳ қилиш учун бордилар. Намоз вақти бўлиб қолди. Муаззин Абу Бакрнинг ҳузурига келиб:

«Иқомат айтсам одамларга намозга ўтиб берасанми?»-деди.

«Ҳа»-деди у.

Бас, Абу Бакр намоз бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб намоз ўқиётганлар ичидан ўтиб сафга турдилар. Одамлар қарсак чалдилар. Абу Бакр намозда ҳеч нарсага назар солмас эди. Одамлар қарсакни кўпайтириб юборганларидан кейин назар солиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга, маконингда туравер, деб ишора қилдилар. Абу Бакр икки қўлини кўтариб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилган нарса учун Аллоҳга ҳамд айтди. Сўнгра орқасига тисарилиб сафга турди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб намозини ўқиб битирдилар ва намоздан чиққанларидан сўнг:

«Эй, Абу Бакр, мен амр қилганимда сени собит туришдан нима манъ қилди?»-дедилар.

Абу Бакр:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб намоз ўқишга йўл бўлсин»-деди.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Не бўлдиким, қарсакни кўпайтириб юбордингиз? Кимнинг намозида бир нарса ташвишга солса тасбиҳ айтсин. Чунки, қачон у тасбиҳ айтса унга эътибор берилади. Қарсак чалиш аёллар учундир»-дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифни тўлиқ англашимиз учун бир оз шарҳга эҳтиёжимиз тушади. Келинг гапни бир оз батафсил қилайлик. Аслида гап қуйидагича бўлган эди.

Бани Амр ибн Авф ансорийларнинг Авс қабиласидан бўлиб, Қубо тарафда истиқомат қилар эдилар. Уларнинг орасида жанжал чиқиб, муштлашув бўлган, бир-бирларига тош отишган эдилар. Ана ўшандан келиб чиққан ора бузилишини ислоҳ қилиш учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига борган эдилар.

Аср намози бўлиб, ҳазрати Билол азон айтдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам у кишига, агар намоз вақти бўлиб қолсаю, мен келмасам, Абу Бакрга айтгин одамларга жамоат намозини ўқиб берсин, деб кетган эдилар. Ҳазрати Билол бориб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни айтиб, иқома айтаверайми?-дедилар. У киши: «Ҳа»-дедилар. Намоз бошланди.

Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам етиб келиб сафларни ёриб ўтиб биринчи сафга турдилар. Кейин ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисалар ва гапу сўзлар бўлиб ўтди.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг уришиб қолганлар олдига боришларидан олдин намоздан кеч қолиши эҳти-моли борлиги учун ҳазрати Билолга, Абу Бакр имом бўлсин, деб таъйинлаб кетишлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг юксак мақомларини кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг мен кеч қолсам, Абу Бакр намозга ўтсин, дейишлари жуда катта гап. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у кишининг халифа бўлишларига ишорат бўлган нарсалардан бири ҳам шу.

Бу ерда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган юксак ҳурматлари ҳам яна бир бор намоён бўлмоқда.

 

РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БЕМОРЛИКЛАРИДА АБУ БАКРНИНГ ИМОМ БЎЛИШИ

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом уммати ичидаги фазллари яна бир бор ва ниҳоий равишда юзага чиқди. Келинг бу ҳақиқатни энг ишончли ривоятлар асосида ўрганиб чиқайлик.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар одамларга намозга ўтсин»-дедилар. Оиша:

«У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди-деди. У зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин-дедилар. (Оиша) яна гапини қайтарди. Бас, У зот (унга):

«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта сиз (аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз»-дедилар.

Бас, унга хабар келди ва у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

Ушбу ҳадисда ривоят қилинаётган ҳодисалар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида бўлиб ўтган. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам касаллари оғирлашиб, ўзлари намозга ўтишга қодир бўл-май қолганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўринларига имом бўлишларини таъйинлаганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса, кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар.

Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз, мазкур васф соҳиби бўлган оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга айтдилар.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек яна аввалги гапларини такрорладилар.

Оиша онамиз, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли, деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини такрорладилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. Сен, Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин, дедилар. Шу билан бирга аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта сиз–аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз кетган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлагани бор. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссалаомни кўрсатиб ҳайрон қилмоқчи бўлади. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетармикан, деган гап бор эди.

Ушбу ҳадисдан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ моқом эгаси эканликлари кўринмоқда. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида одамларга имом бўлиб намоз ўқиганлари ҳам собит бўлмоқда. Бу ҳол У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича давом этган.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар салоллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва:

«Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб чиқдилар. У зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр У зотни кўриб орқага тисарила бошлади. У зот унга, қандоқ бўлсанг, шундоқ туравер, деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар, Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар»-деди».

Ушбу ҳадисдан ҳам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазийлатлари яққол билинади.

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам беморликларида Абу Бакрнинг орқасидан, кийимга ўраниб олиб, ўтириб намоз ўқидилар».

Насаийнинг лафзида:

«Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам қавм ила ўқиган охирги намоз, Абу Бакрнинг ортида бир кийимга ўралиб олиб ўқиган намозларидир»-дейилган.

Имом Бухорий ва Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар. Бас, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб хурсанд бўлганимиздан фитнага тушай, дедик. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар, деб ўйлади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан, намозингизни тугатаверинг, деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар».

Ушбу ҳадислардан Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин у кишининг ўринларига Абу Бакр Сиддиқ намозга ўтганликлари, баъзан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг ортида намоз ўқиганлари таъкидланмоқда. Бу у кишининг улуғ фазл эгаси бўлган саҳобий эканликларига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлишларига ишорат эди.

Бу шароитни биринчи бўлиб тушунган кишилардан бири ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, саҳобалар ўртасида, ким халифа бўлиши ҳақида маслаҳатда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номзодларини қўллаб:

«Унга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам динимиз учун рози бўлдилар. Биз қандоқ қилиб уни дунёмиз учун рози бўлмайлик?!»- дедилар.

Яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга намозимизнинг имомлигини ишониб топширдилар. Биз қандоқ қилиб унга давлат бошлиғилигини топширмайлик?!-деганлари.

 

РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМ ВАФОТЛАРИ ВА АБУ БАКР

 

Вақта соати етиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, бутун Ислом уммати бошига мисилсиз қайғу тушганда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу умматнинг қайғуси бошида туриш билан бирга унинг эс-хушини йиғишига ҳам сабаб бўлдилар.

Келинг ҳамма учун ғоят оғир бир дамларни ўша дамларнинг жонли иштирокчилари ила қайтатдан яшаб чиқайлик.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар. Абу Бакр Сунҳда эди. Умар туриб:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ», деди. (Ўзи, Аллоҳга қасамки, ўшанда шундан бошқа нарса ақлимга келмаган эди. Албатта, Аллоҳ у зотни қайта тирилтиради ва одамларнинг қўллари ва оёқларини кесадилар, дер эдим, деган.)

Бас, Абу Бакр келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг очиб, у зотни ўпди ва:

«Ота онам сизга фидо бўлсин. Тирик ҳам, ўлик ҳам пок бўлдингиз. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас», деди. Кейин ташқарига чиқди ва:

«Эй қасам ичаётган, бир оз жим тур», деди. Сўнгра Абу Бакр гапирди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва:

«Огоҳ бўлинглар! Ким Муҳамадга ибодат қилаётган бўлса, батаҳқиқ, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тирикдир, ўлмас. Аллоҳ таоло, «Албатта, сен ҳам маййитсан, улар ҳам маййитдирлар» деган. Ва яна, «Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар», деган», деди.

Одамлар йиғлашни бошладилар. Ансорийлар Бани соъиданинг шийпонига йиғилдилар. Улар, биздан бир амир, сиздан бир амир, дедилар. Бас, уларнинг олдига Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳлар бордилар. Умар гап бошлаган эди, Абу Бакр уни тўхтатди.

Кейинчалик Умар, Аллоҳга қасамки, мен бу билан Абу Бакрга етмаган бўлса, деб қўрққанимдан ўзимга ёққан гапни тайёрлашни ирода қилган эдим, холос, деб юрар эди.

Сўнгра Абу Бакр гапирди. Гапирганда ҳам энг балоғатли одамларнинг гапини гапирди. У ўз гапида:

«Биз амирлармиз, сиз вазирларсиз», деди.

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ундоқ қилма! Биздан бир амир, сиздан бир амир», деди Хаббоб ибн ал-Мунзир. Абу Бакр:

«Йўқ! Лекин биз амирлармиз, сиз вазирларсиз. Улар арабларнинг энг яхши уйларидан. Ҳасаблари тоза араблардан. Умарга ёки Абу Убайдага байъат қилинглар!» деди. Умар:

«Йўқ! Сенга байъат қиламиз. Сен энг яхшимизсан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбубимизсан», деди ва унинг қўлини олиб байъат қилди. Одамлар ҳам байъат қилдилар. Шунда одамлардан бири, Саъд ибн Убодани ўлдирдингиз, деди. Умар. Уни Аллоҳ ўлдирди, деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: «Сунҳ» Мадинаи Мунаввара четидаги бир жойнинг номи. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўша жойда уйлари бор эди. Ансорийлардан бўлган Хорижа розияллоҳу анҳунинг қизлари бўлган аёллари ўша ерда турар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабзи руҳ бўлганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша ерда эдилар. У киши машъум хабарни эшитишлари билан зудликла етиб келдилар ва ушбу ривоятда келтирилган ҳодисалар бўлиб ўтди.

Ушбу ривоятдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлар ичида энг етук зот эканлари равшан кўриниб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳеч кимнинг ақлига сиғмайдиган бир иш эди. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек забардаст бир инсон ҳам бу ҳодисани ақлига сиғдира олмас эди. Шунинг учун ҳам у киши:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ», деди».

Бошқа ривоятларда айтилишича Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини ялонғочлаб олиб, ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди деса, калласини оламан, деб ҳовлида айланиб юрганлар. Умар ибн Хатоб розияллоҳу анҳу кейинчалик,

«(…Аллоҳга қасамки, ўшанда шундан бошқа нарса ақлимга келмаган эди. Албатта, Аллоҳ у зотни қайта тирилтиради ва одамларнинг қўллари ва оёқларини кесадилар, дер эдим, деган.)»

Бутун оламнинг сарвари бўлган зот, охирги илоҳий китобни Роббул оламийндан қабул қилиб олиб, умматга омонат билан етказган зот, ўша мўъжиз китобни ўз ҳаётларида татбиқ қилиб кўрсатган зот, омонатни адо қилиб бўлиб, рисолатни етказиб бўлиб, кичкина ҳужрада сокин ётар эдилар.

«Бас, Абу Бакр келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг очиб, у зотни ўпди ва:

«Ота онам сизга фидо бўлсин. Тирик ҳам, ўлик ҳам пок бўлдингиз. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас», деди».

У зоти бобаракотнинг муборак юзларини кўриб Абу бакр Сиддиқ чидаб тура олмади. Энгашиб, пешоналаридан, юзларидан бўса олдилар. Чидай олмай, йиғладилар.

«Ота онам сизга фидо бўлсин!» дедилар.

«Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас».

Бу гапларни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом қилган бўлса керак. Бўлмаса, оддий ҳолатда ҳеч ким бу гапни айта олмайди. Чунки, Аллоҳ билан оламни боғловчи ваҳийга эга бўлган зотнинг ўлиб қолишлари бировнинг ақлига сиғмас эди.

Ҳақиқатда ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапларни айтаётган бир пайтда, бошқа саҳобалар бунга ишонмаётган эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ эса ҳақиқатни, бутун дунёнинг улкан қайғусини биринчи бўлиб англаб етган эдилар. У кишига Аллоҳнинг Ўзи илҳом берган бўлса керак, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этишларини Қуръонда айтиб қўйганини ҳам шу киши биринчи бўлиб эсга олдилар.

Ҳазрати Абу Бакрнинг, Аллоҳ сизга икки ўлимни татитмас, дейишлари ҳам айни ҳикмат эди. Чунки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаб, Пайғамбар алайҳиссалом ўлганларидан кейин яна тирилиб келадилар, у киши вафот этдилар деган баъзи одамларнинг оёқ ва қўлларини кесадилар, деювчилар ҳам бор эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини очиб ўпишлари, ихтиёрсиз қилинган иш эмас эди. Бу шариятда рухсат берилган иш эди. Агар рухсат бўлмаса у киши бундоқ қилмас эдилар. Маййитнинг юзини ўпиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

«Кейин ташқарига чиқди ва:

«Эй қасам ичаётган, бир оз жим тур», деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бу хитоблари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қаратилган эди.

«Сўнгра Абу Бакр гапирди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва:

«Огоҳ бўлинглар! Ким Муҳамадга ибодат қилаётган бўлса, батаҳқиқ, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тирикдир, ўлмас».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари Ислом умматини фитнадан сақлаб қолди. Ҳамманинг хушини ўзига келтирди. Бу гаплар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўз фикри билан айтаётган гаплари эмас эди. У киши бу гапларни Қуръони Карим оятларига суяниб гапираётган эдилар. У киши ўз гаплари давомида:

«Аллоҳ таоло, «Албатта, сен ҳам маййитсан, улар ҳам маййитдирлар» деган. Ва яна, «Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар», деган», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кейинчалик, бу оятларни ўшанда Абу Бакр тиловат қилганда худди биринчи бор эшитаётгандек бўлдим, дейдилар. Ҳа, саҳобаи киромлар ўзлари такор-такрор ўқиб юрган оятларни мусибатнинг катталигидан унитиб қўйган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг гапларидан кейин ҳамма ўзига келди. Ҳақиқатни тушуниб етди.

«Одамлар йиғлашни бошладилар».

Ҳамма ўз ҳабиби ва йўлбошчиси, Пайғамбаридан ажраб қолганини англаб етган эди.

«Ансорийлар Бани соъиданинг шийпонига йиғилдилар. Улар, биздан бир амир, сиздан бир амир, дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларини англаб етгандан сўнг у зотнинг ўзлари таълим берганларидек, бошлиқ сайлаш пайига тушилган эди. Асли Мадиналик бўлган саҳобалар Бани соъида уруғнинг йиғилишлар ўтказадиган айвонига тўпланиб мажлис ўтказа бошладилар. Уларнинг фикрларича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатини бошқариш учун ансорийлардан битта, муҳожирлардан битта иккита амир бўлиши керак эди. Уларнинг мажлис ўтказаётганлари ҳақидаги хабар ҳар тарафга тарқади.

«Бас, уларнинг олдига Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳлар бордилар».

Булар муҳожир мусулмонларнинг раҳбарлари эдилар. Айниқса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу охирги оғир пайтдаги ўзларини тутишлари, бутун бошли умматни кўзини очгани туфайли кўзга кўринган йўлбошчига айланиб бўлган эдилар.

Ансорийларнинг ўзлари алоҳида тўпланиб олиб маслаҳат қилишлари ҳар хил талқинларга сабаб бўлмасин деган ният ила улар тўпланган ерга Умар ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳлар бордилар.

«Умар гап бошлаган эди, Абу Бакр уни тўхтатди.

Кейинчалик Умар, Аллоҳга қасамки, мен бу билан Абу Бакрга етмаган бўлса, деб қўрққанимдан ўзимга ёққан гапни тайёрлашни ирода қилган эдим, холос, деб юрар эди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг хаёлларида шу мақомда айтиладиган яхши гап бор эди. У киши бу гап Абу Бакрнинг фикрида йўқ бўлса керак деб ўйлар эдилар. Агар мен шу гапимни айтсам вазият енгиллашиб иш осон кўчар деб хаёл қилар эдилар. Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан олдин гап бошлаган эдилар. Аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишини тўхтатиб ўзлари гап бошладилар.

«Сўнгра Абу Бакр гапирди. Гапирганда ҳам энг балоғатли одамларнинг гапини гапирди. У ўз гапида:

«Биз амирлармиз, сиз вазирларсиз», деди.

Чунки Бани Соъида мажлисхонасига келмасларидан олдин ансорийларнинг нима дейишаётганларини эшитган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг биз деганлари муҳожирлар, Маккаликлар, деганлари эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу гапни ўзларидан чиқариб айтмаган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ўша вақтдаги барча омилларни эътиборга олиб Ислом давлатининг бошлиғи Қурайшдан бўлишини айтиб кетган эдилар.

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ундоқ қилма! Биздан бир амир, сиздан ибр амир», деди Хаббоб ибн ал-Мунзир».

Бундан ансорийлар ҳам ўз фикрларида анча қатъий эканликарини кўрсатади. Лекин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ишни Пайғамбарнинг васиятларига биноан тўғри ҳам қилишга қасд қилган эдилар. У киши яна ўз фикрларини таъкидладилар:

«Йўқ! Лекин биз амирлармиз, сиз вазирларсиз. Улар арабларнинг энг яхши уйларидан. Ҳасаблари тоза араблардан. Умарга ёки Абу Убайдага байъат қилинглар!» деди».

Бу сафар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг аввалги фикрларини такрорлаш билан бирга аниқ номзодларни ҳам номларини тилга олдилар. Бундан у кишининг ўзларининг давлат бошлиғи бўлиш ниятлари йўқлиги кўринади.

Шу пайт Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига келдилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатдилар.

«Умар:

«Йўқ! Сенга байъат қиламиз. Сен энг яхшимизсан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбубимизсан», деди ва унинг қўлини олиб байъат қилди. Одамлар ҳам байъат қилдилар».

Ана шу тариқа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига Ислом давлати раҳбари бўлиб қолдилар.

«Шунда одамлардан бири, Саъд ибн Убодани ўлдирдингиз, деди. Умар. Уни Аллоҳ ўлдирди, деди».

Бу гап пичинг тариқасида айтилган гап эди. Ансорийлар, биздан ҳам бир амир бўлсин, деб турганларида Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатиш ниятида эдилар. Аммо иш бошқачасига айланиб кетганда у кишининг номзодлари ўз ўзидан тушиб қолди.

Саҳобаи киромлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни Ислом давлатига бошлиқ этиб сайлашиб жуда тўғри иш қилган эдилар. Чунки улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин айнан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни давлат бошлиғи бўлишини орзу қилганларини ва бу борада керакли ишларни ҳам қилган эдилар. Келгуси ривоятда ана ўша ишлардан бири ҳақида сўз кетади.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз беморликларида:

«Менга отанг Абу Бакрни ва акангни чақиргин, бир мактуб ёзиб берай, бир умидвор умид қилиб, мен ҳақлироқман, деб юрмасин. Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакрдан бошқага кўнмаслар», дедилар».

Муслим ривоят қилган

Шарҳ:Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилаётган ҳолатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги хасталикларида бўлиб ўтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзларининг ўринларига Ислом давлати бошлиғи бўлишлари тўғрисида мактуб ёздирмоқчи бўлганлару аммо бу иш амалга ошмай қолган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари, Аллоҳ таоло ва мўминлар фақатгина Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом давлатига бошлиқ бўлишларини хоҳлашлари у кишининг фазийлатлари ниҳоятда юксак эканлигини кўрсатади.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар иттифоқ ила Бани Соъида шийпонида у кишига давлат бошлиғи сифатида байъат қилдилар. Бу иш ҳозирда сайлов, овоз бериш номлари билан аталмоқда. Бани Соъидага йиғилган ансорийлар ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номзодларига қарши чиққанлари йўқ. Уларнинг бирдан бир гаплари, биздан ҳам битта амир бўлсин, дейишлик бўлди.

Бани Соъидадаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга қилинган байъат мажлисга тўпланган ансорий ва муҳожир саҳобаи киромларнинг байъати эди. Ҳозирги ибора билан айтсак парламент аъзоларининг байъати эди.

Ўшанда ўн биринчи ҳижрий сананинг Робийъул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни эди. Эртасига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга давлат бошлиғи сифатида мусулмонларнинг оммавий байъатлари бўлди.

 

ОММАВИЙ БАЙЪАТ

 

Ибн Исҳоқ розияллоҳ анҳу ўзларининг сийрат китобларида Зуҳрийдан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилинади:

«Абу Бакрга шийпонда байъат қилинди. Эртасига Абу Бакр минбарга ўтирди. Умар туриб Абу Бакрдан олдин гапирди. У Аллоҳга ҳамду сано айтди. Сўнгра:

«Албатта, Аллоҳ сизнинг ишингизни сизнинг энг яхшингизга, Расулуллоҳнинг соҳиби, иккилари ғорда бўлганларида иккисидан бирига жамлади. Туринглар. Унга байъат қилинглар», деди.

Одамлар шийпондаги байъатдан кейин Абу Бакрга оммавий байъат қилдилар.

Кейин Абу Бакр гапирди. У Аллоҳга ҳамду сано айтди. Кейин:

«Мен яхшингиз бўлмасам ҳам сизга волий қилиндим. Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар. Агар ёмонлик қилсам, мени тўғриланглар. Содиқлик омонатдир. Козиблик хиёнатдир. Сизнинг ичингиздаги заиф унинг ҳаққини олиб бергунумча, иншааллоҳ, менинг наздимда кучлидир. Сизнинг ичингиздаги кучли ундан ҳақни олгунумча, иншааллоҳ, менинг наздимда заифдир. Қайси бир қавм Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодни тарк қилса, албатта, Аллоҳ уларни хорлик ила урур. Қайси бир қавм ичида фоҳиша тарқаса, албатта, Аллоҳ уларнинг оммавий балога йўлиқтирур. Модомики, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилар эканман менга итоат қилинглар. Қачон Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлсам, зиммангизда менга итоат қилиш йўқ. Намозингизга туринглар. Аллоҳ раҳим қилгурлар», деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида қилган бу хутбалари янги сайланган давлат бошлиғининг сайловдан кейин, ўз вазифасини адо этишга киришидан олдинги унинг сиёсатини белгиловчи нутқи эди.

Кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг худди шу хутбалари барча мусулмон ҳукмдорларга қўлланма ва эслатма бўлиб қолди. Ўйлаб кўрадиган бўлсак бу хутбада ҳукмдорлар ўзларига лозим тутиши зарур бўлган ҳар бир нарса бор.

1-Камтарлик.

«Мен яхшингиз бўлмасам ҳам сизга волий қилиндим».

2-Давлат ишларида халқ оммасини фаъол қилиш; кўпчилик қўллаган ишларда ҳалқдан ёрдам сўраш, хато содир бўлса халқнинг танқидини қабул қилиш.

«Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар. Агар ёмонлик қилсам, мени тўғриланглар».

3-Ҳам ҳукмдор, ҳам халқ бир-бирларига содиқ бўлишлари.

«Содиқлик омонатдир».

4-Ҳам ҳукмдор, ҳам халқ бир-бирларини алдамаслиги.

«Козиблик хиёнатдир».

5-Ҳукмдорнинг заифҳол ватандошлар ҳаққи учун курашиши лозилиги.

«Сизнинг ичингиздаги заиф унинг ҳаққини олиб бергунумча, иншааллоҳ, менинг наздимда кучлидир».

6-Ҳукмдор золим ватандошларнинг адабини бериши лозимлиги.

«Сизнинг ичингиздаги кучли ундан ҳақни олгунумча, иншааллоҳ, менинг наздимда заифдир».

7-Ватан ҳимояси учун ҳар бир ватандош доим тайёр туриши лозимлиги.

«Қайси бир қавм Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодни тарк қилса, албатта, Аллоҳ уларни хорлик ила урур».

8-Ҳар бир ватандош ўз ватанида ёмонлик тарқамслиги учун курашмоғи лозимлиги.

«Қайси бир қавм ичида фоҳиша тарқаса, албатта, Аллоҳ уларнинг оммавий балога йўлиқтиради».

9-Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилган ҳукмдорга итоат қилмоқ лозимлиги.

«Модомики, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилар эканман менга итоат қилинглар».

10-Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга исён қилган ҳокимга итоат вожиб эмаслиги.

«Қачон Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлсам, зиммангизда менга итоат қилиш йўқ».

11-Мусулмон ҳукмдор ибодат ишларини йўлга қўйиб бориши лозимлиги.

«Намозингизга туринглар. Аллоҳ раҳим қилгурлар».

 

ЯНГИ РАҲБАР СИЙРАТИ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари халифаликка сайланганларида баён этган барномага бир умр содиқ қолдилар. У киши Ислом давлатининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги бошлиғи қандоқ бўлиши кераклигини амалда кўрсатдилар. Ўзларига байъат қилинган кундан бошлаб елкаларига юкланган оғир масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда иш олиб бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги баъзи бир ўта юмшоқлик бўлиб кўринган хислатлари ҳам давлат бошлиғига лозим бўлган тарафга кескин ўзгарди.

Авваллари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу баъзи ишларда қаттиқлик қилиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишини қайтарадиган бўлсалар, энди иш аксига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётдалик чоғларида ҳар бир нарса У зотга, ваҳийга боғлиқ бўлиб давом этар эди. Энди эса, мусулмонлар ўзлари ижтиҳод қилишлари лозим бўлиб қолди. Бу ишларда, албатта, давлат бошлиғи энг аввалги шахс ҳисобланар эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу масалаларнинг барчасида талабга олий даражада жавоб бердилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг давлат бошлиғи сифатида қандоқ сийратга эга бўлганларини кўрган-билган кишилар аниқ васф қилганлар.

Ибн Саъд Ибн Умар, Оиша ва Ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинган кунлари, душанба куни, Робеъул аввал ойидан ўн икки кун ўтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларининг ўн биринчи йилида Абу Бакрга байъат қилинди.

Унинг манзили Сунҳда, Бани ал-Ҳорис ибн ал-Хазраждан бўлган хотини Ҳабиба бинти Хорижа ибн Зайд ибн Абу Зуҳайрнинг ҳузурида эди.

У ўзига жундан ҳужра қилиб олган эди. Мадинадаги манзилига кўчиб келмагунича унга бирор нарса зиёда қилмади. Унга байъат қилинганидан кейин ҳам Сунҳда олти ой истиқомат қилди. Эрта билан пиёда Мадинага келар эди. Гоҳида отини миниб олар эди. Устида изор ва бўялган ридоси бўларди. Мадинага келганда одамларга намозларни ўқиб берар эди. Хуфтонни ўқиганидан кейин Сунҳга, аҳли ҳузурига қайтар эди.

У ўзи ҳозир бўлса одамларга намозга ўтарди. У ҳозир бўлмаса, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу намозга ўтар эди.

Жума куни куннинг аввалида Сунҳда бўларди. Сочини ва соқолини ҳиннолар эди. Жума вақтида келиб одамларга жума ўқиб берар эди.

У ўзи тожир одам эди. Ҳар куни бозорга бориб олди-сотди қиларди. Унинг бир тўп қўйи ҳам бор эди. Гоҳида уларни ўзи боқарди. Гоҳида бировга боқтирар эди.

У бир маҳаллада одамларнинг қўйини соғиб бериб юрар эди. Унга байъат қилинганда ўша ерлик бир қиз:

«Энди бизнинг ҳовлимизнинг қўйлари соғилмайдиган бўлди», деди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу буни эшитиб:

«Йўқ! Умрим ҳаққи! Мен сизга уларни, албатта, соғиб бераман. Мен киришган нарса ўзимдаги бор хулқни ўзгартирмаслигини умид қиламан», деди.

У уларнинг қўйларини соғиб беришда давом этди. У ўша маҳалладаги қизчага:

«Эй қизча, сенга кўпиклик қилиб соғиб берайми, кўпиксиз?» дер эди. Қизча «кўпиклик» деса кўпиклик, «кўпиксиз» деса кўпиксиз қилиб соғиб берар эди.

Ана шундоқ қилиб Сунҳда олти ой турди. Кейин Мадинага тушиб, ўша ерда истиқомат қила бошлади. У ўз ҳолига назар солди. Сўнгра:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, тижорат ила одамларнинг ишини қўшиб олиб бориш тузук эмас. Уларга ажраб чиқилмаса бўл-майди. Уларнинг ташвишларини қилиш лозим. Аҳли аёлимга ҳам ўзига яраша нарса керак», деди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг тижоратни ташлаш ҳақидаги фикрларини одамларга айтганларида улар давлат бошлиғига маош таъйин қилиш ҳақида маслаҳат қилдилар. Маслаҳат, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу йилига олти минг дирҳам олишга ҳаққи бор, деган қарор билан якун топди. Эҳтимол дунё тарихида биринчи марта давлат бошлиғининг маошини халқ таъйин қилиши шу бўлса керак.

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давлат бошлиғи бўлишларидан олдин тавозуъли эдилар. У киши Ислом давлати бошлиғи бўлганларидан кейин ҳам тавозуъли ҳолларича қолдилар. Бир куни Мадинанинг бозорларида бирида пайдо бўлдилар. Елкаларида бир қўйнинг териси бор эди. Қариндошлари бундан ташвишга тушиб:

«Муҳожир ва ансорийлар орсида бизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар. У киши уларга:

«Нима сизлар мени жоҳилиятда жаббор подшоҳ бўлишимни ва Исломда жаббор бўлишимни ирода қилган эдингларми?! Йўқ! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун тавозуъ қилмасдан туриб, бу дунёда зоҳид бўлмасдан туриб Роббга тавозуъ қилиб бўлмас», дедилар.

Шунинг учун ҳам у кишининг ҳузурларида подшоҳлар ва келган ҳайъатлар ўзларининг такаббурларидан кейин тавозуъга, жабборликларидан кейин хокисорликка ўтдилар».

Имом Аҳмад Абу Бакр ибн Абу Маликадан ривоят қилади:

«Абу Бакрга «Эй Аллоҳнинг халифаси!» дейилди.

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифасиман ва шундан розиман», деди у».

Шундан бошлаб Ислом давлатининг бошлиғи «халифа» деб аталадиган бўлди.

 

УСОМА ЛАШКАРИНИ ЮБОРИЛИШИ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вафотларидан олдин Рум томонга юбориш учун Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошлиқликларида лашкар ҳозирлаган эдилар. Ўша пайтда Усома розияллоҳу анҳу 17-18 ёшлик йигитча эдилар. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом унинг Румликлар билан Мўътада бўлган уришда шаҳид бўлган отаси Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг хотирасига катта саҳобаи киромлардан ташкил топган лашкарга раҳбар қилган эдилар. Усома розияллоҳу анҳу ўз лашкари билан Мадинаи Мунаввара четида турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб қолдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин биринчи қилган ишлари Усома лашкари ишини охирига етказиш бўлди. У киши бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатъий васятлари сифатида қарадилар.

Ал-Байҳақий Урвадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида:

«Усоманинг лашкарини ижро қилинглар», дедилар. У юриб бориб Журфга етди. Шунда хотини Фотима бинти Қайс одам юбориб, шошилмай тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолдилар, деди. Кўп ўтмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилиндилар. У зот қабз қилинганларида у Абу Бакрнинг олдига қайти келиб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юбораётганларида ҳозиргидан бошқа ҳолат эди. Мен арабларнинг кофир бўлишидан хавфдаман. Агар улар куфр келтирсалар. Энг биринчи уруш очиладиганлар ўшалар бўлади. Куфр келтирмасалар кетавераман. Мен билан одамларнинг сараси ва энг яхшилари бор», деди.

Шунда Абу Бакр одамларга хутба қилди ва:

«Аллоҳга қасамки, албатта, мени қуш олиб қочиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларидан олдин бошқа ишни бошлашимдан кўра яхшироқдир», деди. Кейин уни юборди».

Дарҳақиқат, ўша пайтда аҳвол жуда нозик ва оғир эди. Миллатнинг сараси Усома розияллоҳу анҳунинг лашкарида эди. Усоманинг ўзи бўлса жуда ҳам ёш эди. Баъзи кишилар унинг ёшлигини айтиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан унинг ўрнига бошқа одамни қўйишни таклиф қилишди. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъйинлаган одамни бўшатиб ўрнига бошқани қўяманми, деб кўнмадилар.

Охири катта саҳобаи киромлардан бир гуруҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан алоҳида жиддий суҳбат қилишга қарор қилдилар.

Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзларининг «Фатҳул Борий» номли китобларида кетирадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари хабари арабларга етиб муртад бўлганлар Исломдан муртад бўлганда Абу Бакр Усомага:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени йўллаган томонга жўна», деди. Одамлар чиқиб аввалги жойларга аскаргоҳ қурдилар. Бурайда байроқни олиб чиқиб аввалги жойига тикди. Бу аввалги муҳожирларнинг катталарига оғир ботди. Абу Бакрнинг олдига Умар, Усмон, Саъд ибн Абу Ваққос ва Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳумлар кирдилар ва:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Араблар сенга ҳар тарафдан бузулишди. Албатта, сен манави ёйилган лашкар билан бир нарса қила олмайсан. Сен уларни ридда аҳллари учун тайёрлаб қўй. Булар билан уларнинг кекирдагидан оласан. Аҳли Мадинанинг ғарот бўлиб қолишидан омонлигини ҳам ўйлаш керак. Унда бола-чақалар, аёллар бор. Ислом барқарор бўлгунча ва аҳли ридда ўзлари чиққан нарсага қайтгунларича ёки уларни қилич битиргунча Рум ғазотини ортга суриб турсанг. Ўшандан кейин Усомани юбораверар эдинг. Румнинг бизга ҳужум қилиб қолишидан ҳам эмин бўлар эдик», дедилар.

Абу Бакр уларнинг гапни яхшилаб эшитгандан сўнг:

«Сизлардан бирор киши яна бошқа гап айтмоқчими?» деб сўради.

«Йўқ. Гапимизни ўзинг эшитдинг», дедилар.

«Нафсим қўлида бўлган зот ила қасамки, агар мени Мадинада йиртиқчлар еб кетишига аниқ ишонсам ҳам ушбу лашкарни юбораман. Бундан аввал бошқани қилмайман. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлиб турганда «Усоманинг лашкарини ижро қилинглар», деганлар-ку! Лекин бир гап бор. Уни Усомага айтаман. Унга Умарни абизнинг ҳузуримизда қолдириб кетишини ҳақида гапираман. Унга бизнинг ҳожатимиз бор. Аллоҳга қасамки, билмадим, Усома буни қилармикин ёки йўқ. Аллоҳга қасамки, агар бош тортса ҳам ёмон кўрмайман», деди.

Қавм унинг Усома лашкарини ижро қилишга азму қарор қилганини англади.

Абу Бакр Усоманинг уйига бориб, Умарни қолдириб кетиш ҳақида у билан гаплашди. Усома:

«Хўп», деди.

Абу Бакр унга:

«Чин кўнгилдан изн бердингми?» деди.

«Ҳа», деди у.

Кейин у унинг олдидан чиқди ва жарчисига, «Мен азм қилдимки, Усоманинг лашкарига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидан қўшилганлардан бирортаси ортда қолмасин. Агар ким у билан чиқишдан кечикса, мен уни ортларидан пиёда юбораман» деб жар чақиришга амр қилди. Усоманинг амирлиги ҳақида гап қилган муҳожирларга алоҳида одам юбориб уларни чиқишларига қаттиқ турди. Бирор киши ҳам чиқмай қолмади. Усома ва мусулмонларни кузатгани Абу Бакрнинг ўзи чиқди. Улар Журфдан отланиб жўнадилар. Ададлари уч минг киши эди. Мингта отлари бор эди. Абу Бакр Усоманинг ёнида пиёда юриб борди….

«….Усома унга:

«Эй Расулуллоҳнинг халифаси, ё сиз мининг, ё мен тушай», деди. Абу Бакр унга:

«Аллоҳга қасамки, сен тушмайсан! Аллоҳга қасамки, мен ҳам минмайман! Аллоҳнинг йўлида қадамимни бир оз чинг қилсам нима бўлибди. Ғозийга ҳар бир босган қадами учун етти юз савоб ёзилади ва етти юзта хатоси ўчирилади» деди». (Канзул уммол)

Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усомага ва унинг одамларига тавсия сўзларини айтдилар:

«Хиёнат қилманглар. Бировни алдаманглар. Ўлжадан беркитиб олманглар. Ўлганларга тегманглар. Ёш болани ва қари кишиларни ўлдирманглар. Хурмоларни кесманглар ва куйдирманглар. Мевали дарахтни кесманглар. Қўй, сигир ва туяларни ейишдан бошқага сўйманглар. Қачон ўзларини ибодатхонага бағишлаган қавмнинг олдидан ўтсангиз уларни ўзларини бағишлаган нарса ила тек қўйинглар. Қачон бошларининг ўртасини олдириб атрофини боғлаганга ўхшатиб олдирмаган қавмни кўрсангиз, қилич билан сочини олдирган жойига уринг. Қачон сизга таом қўйилса Аллоҳнинг исмини айтиб енг. Эй Усома, Қузоъа юртида Набиюллоҳ сенга амр қилган ишларни адо эт. Сўнгра Абулга бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини камчиликсиз адо эт», дедилар.

Сўнгра улар билан хайрлашиб Журфдан Мадинага қайтдилар.

Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ерга етиб борди. Қузоъа юртига лашкарлар юборди. Усома ва унинг одамлари Исломдан қайтмоқчи бўлиб турган қабилалар олдидан ўтганларида улар, агар буларнинг қуввати бўлмаганда бунчалик аскарни юбора олишмас эди, деб ниятларидан қайтдилар.

Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қирқ кун ичида амалга ошириб Мадинага музафар ҳолда қайтди. Бу лашкарнинг юборилиши катта фойда келтирилди. Дўсту душман Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳам Ислом давлати кучли ҳолда эканлигини тушуниб етдилар.

 

МУРТАДЛАРГА ҚАРШИ УРУШ

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифаликлари бошида араб қабилаларининг Исломдан кайтиб муртад бўлиш ҳодисаси юзага келди.

Ўша вақтда баъзи араблар Исломдан юз ўгириб яна буту-санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайтганлар.

Иккинчи турлари Мусайлиматул Каззоб, Сажоҳ, Тулайҳа ал-Асадий ва ал-Асвад ал-Анасий каби сохта пайғамбарларга эргашганлари ҳам бўлди.

Ўшанда Той, Асад қабилалари ва уларга тобеъ бўлган бошқа Ғатафон қабилалари ўзини пайғамбар деб эълон қилган Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадийга эргашиб диндан чиққан эдилар.

Бану Ҳанийфа эса бутун боши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам у зотдан пайғамбарликнинг яримига шерик бўлишни талаб қилиб чиққан Мусайлиматул Каззобни пайғамбар деб тан олиб муртад бўлган эдилар.

Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича Макка, Мадина ва Тоифдан бошқа тарафлар турли шакларда Исломдан қайтган эди.

Учинчи бир турлари эса иймон-Исломнинг ҳамма шартларини бажариб туриб, фақат закот беришдан бош тортдилар. Улар «биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди, у вафот этди, закот оладиган одам қолмади», дейишди.

Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шундоқ оғир ва хатарли бир пайтда саҳобаи киромларни тўплаб маслаҳат қилдилар.

Хатиб Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилиниб Мадинада нифоқ бош кўтарганда, араблар муртад бўлганда, ажамлар ҳам муртад бўлиб бир-бирлари билан хабарлашиб Ноҳавандда тўпланишга ваъдалашганда ва, «арабларнинг нусратига сабаб бўлган одам ўлди», дейишганда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муҳожир ва ансорларни жамлади. У уларга қарата:

«Манави араблар қўйлари ва туяларини ман қилдилар ва динларидан қайтдилар. Анави ажамлар Ноҳавандда тўпланишга ваъдалашиб сизга қарши урушга одам йиғмоқдалар. Сизнинг нусратингизга сабаб бўлган одам ўлди деб даъво қилмоқдалар. Менга маслаҳат беринглар. Мен ҳам сизларнинг бирингизман. Сизнинг ичингизда бу балонинг юкини қўпроқ кўтарадиганингизман», деди.

Улар узоқ жим қолдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу гапирди:

«Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳнинг халифаси, менимча, араблардан намозни қабул қилиб закотни қўйиб турсанг. Улар жоҳилиятдан эндигина чиқдилар. Исломга унча ўрганмаганлар. Ё Аллоҳ уларни яхшиликка қайтарар, ё Аллоҳ Исломни азиз қилиб уларнинг урушига қувватли бўлиб ҳам қоларсан. Муҳожир ва ансорларнинг қолганларининг ҳам арабларга, ҳам ажам-ларга икки қўллари йўқ (кучлари етмайди)», деди.

Усмонга қараган эди у ҳам шунга ўхшаш гап айтди. Алига қараган эди у ҳам шунга ўхшаш гап айтди. Муҳожирлар ҳам уларга эргашдилар. Аносрийларга қараган эди, улар ҳам ўшанга рози бўлдилар.

Бу ҳолни кўрганда минбарга чиқди, Аллоҳга ҳамду сано айтди ва:

«Аммо баъду; Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборганда ҳақ оз ва тирқираган эди. Ислом ғариб ва қувилган эди. Унинг арқони заиф ва аҳли оз эди. Бас, Аллоҳ уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамлади ва боқий ҳамда энг яхши уммат қилди. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг амрини адо қиламан! Аллоҳнинг йўлида токи Аллоҳнинг Ўзи бизга берган ваъдасини юзага чиқаргунча жиҳод қиламан! Биздан ким қатл этилса жаннати бўлади. Ким қолса Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси ва У зотнинг бандаларининг ҳақ вориси бўлиб қолади! Гапидан кейин бошқа гапга ўрин йўқ зот бўлган Аллоҳ, «Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни ваъда қилди», деган. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб турган бир улоқни ман қилсалар ҳам, сўнгра улар билан дову дарахтлар, тоғу тошлар ва инсу жинлар келса ҳам руҳим Аллоҳга эришгунча урушаман! Аллоҳ намоз билан закотни орасини ажратиб туриб кейин жамлагани йўқ!» деди.

Ушбу ривоятдан билинадики, саҳобаи киромлар бошқа муртадларга қарши уруш эълон қилишда иттифоқ бўлсалар ҳам закотни беришдан бош тортганларни вақтинчалик тек қўйишни таклиф қилганлар. Аммо Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бунга кўнмаганлар. Кейинчалик саҳобаи киромлар номидан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу масалада Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан яна бир бор гаплашиб ҳужжат тортишишганлар.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилиб У зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлганида араблардан ким кофир бўлса бўлди. Умар ибн Ҳаттоб Абу Бакрга:

«Қандоқ қилиб одамларга қарши уруш қиласан? Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз, мендан молини ва жонини сақлаган бўлади. Магар ҳаққи билан бўлса бундан мустасно. Унинг ҳисоби Аллоҳнинг ўзига», деганларку?!»-деди. Абу Бакр:

«Аллоҳга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини фарқласа у билан, албатта, уруш қиламан. Чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб турган бир улоқни ман қилсалар ҳам. Анашу ман қилингани учун, албатта, уларга қарши уруш қиламан»-деди. Умар:

«Алоҳга қасамки, бу-Аллоҳ Абу Бакрнинг дилини урушга буриб қўйганидан бошқа нарса эмас эди. Мен унинг ҳақ эканини билдим»-деди».

Ушбу ҳадисида закот беришдан бош тортган қабилалар ҳақида сўз кетмоқда.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Токи одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз мендан молини ва жонини сақлаган бўлади», деган гапларини далил қилиб келтирдилар.

Ҳазрати Умар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Қандоқ қилиб «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб турган одамларга қарши уруш қиласан?!» дедилар.

Бунинг устига улар намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб ҳамда яна бошқа ибодат ва амалларни ҳам қилар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бунчалик қаттиқ туришлари бежиз эмас эди. У кишининг бу борада жуда ҳам кучли далиллари бор эди:

1. Имом Бухорий ва имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ҳатттоки, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиргунларича, намозни қоим қилиб, закотни бергунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Агар ўшани қилсалар, мендан қонларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса бундан мустасно. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деган эканлар.

2. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ҳаттоки «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларича ва менга ҳамда мен келтирган нарсага иймон келтиргунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Қачон шуни қилсалар мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар ҳаққи билан бўлса бундан мустасно. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида»-деган эдилар.

3. «Магар ҳаққи билан бўлса бундан мустасно»-дейилган жумла ҳазрати Умар далил қилиб келтираётган ҳадисда ҳам бор эди. Закот бермаганларнинг қони тўкилиши ҳақ эканлиги шунга кирар эди.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар дарҳол ўз фикрларидан қайтдилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фикрига қўшилдилар.

Шундай қилиб, Ислом тарихида «Ридда урушлари» номи билан машҳур урушлар бошланди. Бу урушларда кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди.

Ўша қон тўкилганларнинг баъзилари закотини бермаганлари учун шу ҳолга тушдилар. Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига исён қилган эдилар, бева-бечора, фақир-фуқаро ва мискин-камбағалларнинг ҳақларига хиёнат қилган эдилар. Улар Аллоҳ таоло Ўзларига берган неъматнинг шукрини қилмай, омонатга хиёнат қилган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг қонини тўкиш жоиз кўрилди. Бунга уларнинг ўзлари осийлик тасарруфлари ила сабаб бўлдилар.

Иккинчи томондан чин мусулмон, Ислом умматининг гултожи бўлган кўплаб саҳобий ва тобеъинларнинг қонлари тўкилди. Аммо ҳақ йўлида, миллатнинг бева-бечоларлари, фақир-фуқаролари ҳаққини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қон бекор кетмайди, шон-шараф қони бўлади, деб ҳисобланди. Аллоҳнинг йўлида, ер юзида илоҳий адолатни ўрнатиш йўлида берилган жон ўлган ҳисобланмайди, деб ҳисоб қилинди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг лашкарини қайтиб келишини кутиб муртадларга қарши жанг бошламай турдилар. Аммо муртадлар айни Усома розияллоҳу анҳунинг лашкари сафарда экнлигидан фойдаланмоқчи эдилар.

 

АБАС ВА ЗУБЁН ИШИ

 

Нажд тарафлик Абас ва Зубён қабилалари Мадинаи Мунавварага ҳужум қилиш ниятида унинг яқинидаги Абрақ ва Зул қисса номли жойларга келиб тушдилар. Уларга Бани Асад ва бошқалар ҳам қўшилдилар. Улар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга элчилар юбориб намоз билан кифояланиб закотни бекор қилишни талаб қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг бу таклифини қабул қилмадилар. Элчилар ноумид бўлиб қайтдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг Мадинага бехосдан ҳужум қилиб қолишларидан хавфсираб чора кўра бошладилар. Ҳазрати Али, Зубайр ибн Авом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар бошчилигида шарҳарнинг чет тарафларига қўриқчилар қўйдилар. Шаҳар аҳолисини масжидга тўпланиб туришга амр қилдилар.

Закотни ман қилувчиларнинг элчилари қайтиб борганларида улардан хабарни эшитиб, Мадинада одам озлигини билиб шаҳарга юриш бошладилар.

Қўриқчилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга одам юбориб душман бостириб келаётганини билдирдилар. У киши мусулмонларни туяларга миндириб олиб чиқдилар. Душман қоча бошлади. Мусулмонлар уларни Зи хушубгача қувиб бордилар. Ўша ерда душманлар пуфлаб шиширилган катта мешларни мусулмонлар томон думалатишди. Туялар мешлардан қўрқиб ортга қараб қочдилар. Аллоҳнинг фазли ила мусулмонлардан ҳеч ким туядан йиқилмади.

Кечаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билдирмасдан душман устига бостириб бордилар. Улар мусулмонларни ўз устиларида турганларини кўриб саросимага тушиб тум тарақай бўлиб қочишга турдилар. Тонг отганда яқин орада бирорта ҳам душман қолмаган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамлар билан уларни Зул қиссагача қувиб бордилар ва у ерга Нўъмон ибн Миқранни қўйиб қайтдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага қайтиб келганларидан кейин Усома розияллоҳу анҳу ўз лашкарлари билан қайтиб келди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишини ўз ўринларига таъйинлаб, лашкарларига дам бериб ўзлари Зи хушуб ва Зул қисса томон йўл олдилар. Кейин Рибда номли жойга бориб, у ердаги муртадларга қарши жанг қилиб енгдилар. Зубённи ҳам қўлга олиб мусулмонларнинг ҳайвонлари учун қўриққа айлантирдилар.

 

МУРТАДЛАРГА ҚАРШИ ЛАШКАРЛАР ТАЙЁРЛАШ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юқорида зикр қилинган юришлардан Мадинага қайтиб келганларидан кейин, Усома розияллоҳу анҳунинг лашкари дам олиб бўлгандан кейин Мадинаи Мунавваранинг ташқарисига аскаргоҳ қурдилар. Вазиятни чамалаб кўриб ўн битта лашкар туздилар ва уларга қўмондонлар таъйин қилдилар ҳамда уларнинг вазифаларини белгиладилар.

1-Холид ибн Валид лашкари.

Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадийга боради. Ундан фориғ бўлгандан сўнг Молик ибн Нувайрага ўтади.

2-Икрима ибн Абу Жаҳл лашкари.

Ямомадаги Мусайлима ал-Каззобга боради.

3-Шурҳабийл ибн Ҳасана лашкари.

Икримага ёрдамга боради.

4-Муҳожир ибн Абу Умаяя лашкари.

Ал-Анасийнинг аскарига қарши боради. Кейин Кинда томон ўтади.

5-Ҳузайфа ибн Муҳсон ал-Ғалақоний лашкари.

Аҳли Дубаа томон боради.

6-Арафжа ибн Ҳарсама лашкари.

Муҳра аҳлига боради. Кейин ўзларидан аввалги лашкар ила бирлашади. Ҳар ким ўз амирлигини қилаверади.

6-Сувайд ибн Муқаррин лашкари.

Яманнинг Туҳамасига боради.

8-ал-Алаа ибн ал-Ҳазрамий лашкари.

Баҳрайнга боради.

9-Турайфа ибн Ҳожир лашкари.

Бани Салим ва ҳавазонликларга боради.

10-Амр ибн Осс лашкари.

Қузоъага боради.

11-Холид ибн Саъид ибн Осс лашкари.

Шом тарафларга боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фақат лашкар тузиш уларга амирлар таъйин қилиш билан кифояланмадилар, ишни яна ҳам пухта қилишга ўтдилар. Шу мақсадда у киши амирларга қўлланма хати ҳам ёзиб бердилар. Лашкарлардан олдин муртадларга ҳам мактублар юбордилар. Бу тадбирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўта уста сиёсати эди.

Энди ўша пайтда амирларга ва муртадларга қаратилган мактубларнинг матни ила танишиб чиқайлик.

 

АМИРЛАРГА МАКТУБ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲАНИР РОҲИЙМ

 

Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрдан Фалончига уни одамлар билан Исломдан қайтганларга қарши урушга юборганда берилган аҳдномадир. Унга қўлидан келганича барча ишида; сирида ҳам, ошкорида ҳам Аллоҳга тақво қилишга аҳд қилди. Аллоҳнинг ишида жиддий бўлишга Ундан қайтганларга, Исломдан юз ўгириб шайтоннинг алдовига учганларга қарши уларга узр айтишга имкон бергандан ва Исломга даъват қилгандан кейин жиҳод қилишга амр қилди. Агар унга ижобий жавоб қилсалар уларга тегмайди. Агар ижобий жавоб бермасалар, то иқрор бўлгунларича уларнинг устига ғарот қилади. Сўнгра уларга вазифалари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида хабар беради. Уларнинг зиммасидаги нарсаларни улардан олади. Уларнинг ҳақларини кеч қолдирмай беради. Мусулмонларни душманларининг қитолидан рад қилмайди. Ким Аллоҳнинг амрига ижобий жавоб қилса ва иқрор бўлса, уни ундан қабул қилади ва яхшилик ишларда ёрдам беради. Аллоҳнинг наздидан келган нарсага иқрор бўлгандан кейин Аллоҳга куфр келтирганларга қарши қитол қилади. Қачон даъватни қабул қилса, унинг зиддига йўл йўқ. Уни қилган ҳар бир ишида Аллоҳнинг Ўзи ҳисобини қилади. Ким Аллоҳнинг даъватчисига ижобий жавоб қилмаса, қаерда бўлса ҳам қатл қилинади. Аллоҳ ҳеч кимдан ўзи берган нарсалар ичида фақат Исломнигина қабул қилади. Ким қабул қилса ва иқрор бўлса, ундан узри қабул қилинади ва унга ёрдам берилади. У кимга қарши уруш қилса ва Аллоҳ азза ва жалла уни ғолиб қилса уларни қатлнинг барча усуллари ила; силоҳ билан бўлсин, ўт билан бўлсин қатл қилади. Сўнгра Аллоҳ берган ўлжаларни бешдан биридан бошқасини тақсим қилади. Бешдан бирини бизга етказади. Ўз соҳибларини шошқалоқликдан ва фасоддан ман қилади. Уларнинг ичига бегоналарни киритмайди. Жосус бўлиб уларнинг сирларини билиб олиши бор. Мусулмонларни ичидан бузиши бор. У мусулмонларни эҳтиёт қилади. Уларга юриш пайтида ҳам, манзилда ҳам меҳрибон бўлади. Уларнинг ҳолида хабар олиб туради. Улар бир бирларига шошқалоқлик қилмайдилар. Мусулмонларга яхши суҳбатдош бўлиш ва юмшоқ сўз бўлиш ҳақида насиҳат қилади». (Тобарий келтирган)

Ушбу аҳдномадан бир нусхани ҳар бир амир доимо ўзи билан олиб юрар эди. Ўзига яраша қўлланма бўлган бу ҳужжат қанчалик аҳамиятли экани унинг матнидан билиниб турибди. Албатта, бундоқ ҳужатни олиб юрган амир ҳам, унинг лашкари ҳам катта аҳамиятга эга ҳужжатни олиб, унга амал қилиб юргани турган гап.

 

МУРТАДЛАРГА МАКТУБ

БИСМИЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрдан. Менинг ушбу мактубим етган Исломда тургану ундан қайтган барча оммага ва хосларга. Ҳидоятга эргашганларга, ҳидоятдан залолатга ва ҳавойи нафсга қайтмаганларга саломлар бўлсин. Мен сизлар учун Аллоҳга ҳамд айтаман. У зотдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ. Ва Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд ҳам, Унинг шериги ҳам йўқ деб, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва Расули деб гувоҳлик бераман. Ва у зот келтирган нарсага иймон келтираман.

Аммо баъду; Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўз ҳузуридан ҳақ ила халққа хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи, Аллоҳга даъват қилувчи ва нур таратувчи чироқ қилиб юборгандир. Ҳаёт бўлганларни огоҳлантириш ва ҳақ сўзни кофирларга ҳақ қилиш учун. Аллоҳ ҳаққа Унга ижобат қилганларни ҳидоят қилур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам У зотнинг изни ила У зотдан қайтганларга зарба бердилар. Ҳаттоки итоат қилган ва қилмаган ҳолда Исломга келишди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар. У зот Аллоҳнинг амрини ижро келтирдилар. Ўз уматларига насиҳат қилдилар. Ўз зиммаларидагини адо этдилар.

Аллоҳ бу нарсани аҳли Исломга баён этган эди. Бас, У зот, «Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар», деган. Ва яна У зот, «Сендан олдин ҳам бирор башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен ўлсанг, улар абадий қолар эканларми?» деган. У зот мўминларга, «Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар», деган.

Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, батаҳқиқ, Муҳаммад вафот этди. Ким шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, албатта, Аллоҳ кузатиб турибди. У тирикдир. У доимо қоимдир. У ўлмайдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайдир. У ўз ишини соқловчидир. У Ўз душманидан Ўз ҳизби орқали интиқом олувчидир.

Мен, албатта, сизларга Аллоҳдан қўрқишни тавсия қиламан. Сизнинг Аллоҳдан бўлган насибангиз ва улушингиз Набийингиз келтирган нарса ва Аллоҳ азза ва жалланинг динини маҳкам тутишингиздир. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмаса, албатта, у залолатга кетадир. Ким У зотни танимаса, мубтало бўладир. Кимга У нусрат бермаса, ўша хордир. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, ўша ҳидоятга тушгандир. Кимни У зот адаштирса, залолатдадир. «Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан».

Ундоқ одамдан бу дунёда, ҳатто У зотга иқрор бўлмагунича, амал қабул қилинмас. Охиратда ундан сарфи ҳам адли ҳам қабул қилинмас.

Батаҳқиқ, менга сиздан Исломга иқрор бўлиб унга амал қилгандан сўнг, Аллоҳ азза ва жалла ҳақида ғурурга кетиб, ўз ишида жоҳил бўлиб ва шайтонга ижобат қилиб ўз динидан қайтганларнинг хабари келди. Саноси улуғ зот демишки, «Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир», деган. Зикри буюк зот яна, «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради», деган.

Мен Холид ибн Валидни муҳожирлар, ансорлар ва яхшиликла тобеъин бўлганлардан иборат лашкар ила юбордим. Уни Аллоҳнинг даъватчисига даъват қилмай туриб бирор кишига қарши уруш қилмасликка амр қилдим. Бас, ким ижобий жавоб берса, иқрор бўлса, тўхтаса ва солиҳ амал қилса, у ундан ани қабул қилур ва унга ёрдам берур. Ким бош тортса унга қарши ўшанинг учун уруш қилишга, қодир бўлгунича бирортани қодирмасликка, уларни олов ила куйдиришга, қандоқ қилиб бўлса ҳам қатл қилишга ва хотинлар ҳамда болаларини асир қилишга амр қилдим. У ҳеч кимдан Исломдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Ким иймон келтирса, ўзи учун яхши. Ким иймонни тарк қилса Аллоҳдан қочиб қутила олмайди.

Батаҳқиқ элчимга ушбу мактубимни сизларнинг барча тўпланиш жойларингизда ўқимоқни амр қилдим. Чақириқ озондир. Мусулмонлар озон айтганларида улар ҳам озон айтсалар, уларга тегманглар. Агар озон айтмасалар улар нимада эканларини сўрасинлар. Агар бош тортсалар, ишларини битиринглар. Агар иқрор бўлсалар, улардан қабул қилинур ва уларга лозим бўлган нарсага амр қилинур». (Тобарий келтирган)

Ушбу тарихий ҳужжатдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қанчалик дақиқ сиёсатчи эканлари яққол кўриниб турибди. Бу мактубда ваъз насиҳат ҳам, эслатма ҳам, далил ҳужжат ҳам, меҳр шафқат ҳам, дўқ пўписа ҳам, қаттиқ қўллик сиёсати ҳам ўз ўрнида ишлатилган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларга ўзларини ўнглаб олиш учун кенг шароит яратганлар. Қайта-қайта уларга имкониятлар яратганлар. Ана ўшанда ҳам ўзига келмаганларга қатъият ила чора кўришларини англатганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу мактубнинг турли нусхаларини ўз элчилари ила лашкарлардан олдин турли жойларга юбордилар. Шу билан муҳим бир тадбирни ўтказишдан олдин аҳолининг кенг оммаси ичида керагича тарғибот ишларини олиб бордилар. Ҳамма нарса тадбирни бошлашга тайёр бўлгандан кейингина лашкарларни юборишни бошадилар.

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр муҳожир ва ансорийлар билан чиқиб Нажд тарафдаги Нақъгача борди. Аъробийлар бола-чақаларини олиб қочдилар. Одамлар Абу Бакрга:

«Сен Мадинага; зурриётлар ва аёллар олдига қайт. Лашкарга амир таъйин қил», дедилар. Уни қайтмасига қўймадилар. У Холид ибн Валидни амир этиб таъйинлади ва унга:

«Қачон мусулмон бўлсалар ва закотни берсалар, булардан қайтишни истаганлар қайтсин», деди.

Дора Қутний Ибн Умардан ривоят қилади:

«Абу Бакр чиқиб, уловига минганда Али ибн Абу Толиб жиловдан тутди ва:

«Эй Расулулоҳнинг халифаси қаёққа? Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни айтган гапларини айтаман, қиличингни қинига сол. Бизни ўз нафсингда фожеъага учратма. Мадинага қайт. Аллоҳга қасамки, агар сенда фожеъага учрасак, абадул обод Исломнинг низоми бўлмас», деди».

Абу Бакр Мадинага қайтди.

 

 

кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов