"."
Меню

Исро-Кахф-Марям-Тоха-Анбие-Хаж-Муъминун суралари

17. Исро сураси 

 Бир юз ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил килинган. Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларида бўлгани каби эътиқод, Аллоҳ таолонинг якка-ёлғизлиги, қайта тирилиш аниқ маълумлиги борасида сўз кетса-да, ундаги энг асосий жиҳат пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломнинг шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ томонидан ато этилган мўъжизалар таъриф-тавсифидир. Бу сура Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу боисдан, суранинг номи «Ал-исро» - «Тунги сайр» деб аталгандир. 

Бу сурада Бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғён ва исёнлари ҳамда охират-оқибат топажак мусибатлари ҳақида хабар берилади. Шунинг учун айрим уламолар уни "Бани Исроил" сураси деб атайдилар. 

Бу сура мўминларга ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур амал ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим-тавозуъ билан туриш, буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш эканини уқтиради. Яна бу сурада борлиқдаги жонли-жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир тартиб-интизомга сўзсиз бўйинсунишлари билан уларни яратган ҳам, бошқариб турган ҳам ёлғиз Аллоҳ таоло эканлигига далолат қилиб туриши таъкидланади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни - унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи зотдир. 

И з о ҳ . Бу - меърож, яъни Аллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у пайғамбар алайҳис-салом Мадинага ҳижрат қилишидан бир йил илгари воқеъ бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар: 

«Бир кеча Масжид-ал-ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжид-ал-Ақсода икки ракаат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик. Еттинчи осмонга етгач, Тангри таоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни - гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур». Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим». 

Ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салом меърожга чиқиб кетаётиб ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан. 

2. Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китобни) Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!» 

3. «(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди». 

4. Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик. 

5. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида) жазолаш учун (куч-қувват эгалари бўлган) бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди. 

И з о ҳ . Муфассирлар айтишларича, Бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Тангри таоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, Бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказади. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Тангри таоло ваъда қилган жазо эди. 

6. Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб сон-саноқларингизни кўпайтирдик. 

7. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар - ўзларингизга яхшилик қилган бйлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз). 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, Бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таоло уларнинг устига Форс мажусийларини олиб қолиб, улар Бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан. 

8. (Агар тавба-тазарру қилсангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз. 

9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур. 

10. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг ҳам «хуш-хабари»ни берур). 

11. Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир. 

12. Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳиямизни кўрсатиб турадиган) икки белги - аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғиликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқе бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир). 

13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. 

14. (Ва унга дейилур); «Номаи аъмолини ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир». 

15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз. 

16. Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб - муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз. 

17. Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли хабардор, огоҳдир. 

18. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз. 

19. Ким охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур. 

20. (Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчаларига - мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас. 

21. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир. 

22. Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг! 

23. Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! 

24. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут - хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)! 

И з о ҳ . Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нукта борки, биз, ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. 

25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар. Албатта Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган зотдир. 

26. (Эй Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг! 

27. Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир. 

28. Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайр-эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг! 

29. (Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз. 

30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир. 

31. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир. 

32. Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир - энг ёмон йўлдир. 

33. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этилишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ ўлдирмангиз, магар ҳақ шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз мумкиндир. Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси - вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир. 

34. Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашганлар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар - тасарруф қилинглар). Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир. 

35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарозидан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим ҳукмдир. 

36. (Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради). 

37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу кадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!) 

38. Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсаларнинг) барчаси Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳлардир. 

39. (Эй Муҳаммад), бу оятлар Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримларидир. Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг. 

40. (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танлаб бериб, Ўзига фаришталарни қиз қилиб олдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни - катта гуноҳни сўзламоқдасиз! 

И з о ҳ . Ушбу оят мушрик арабларнинг: «Фаришталар Тангрининг қизларидир», деган сўзларини инкор қилиб нозил бўлгандир. 

41. Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирур.  

42. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) арш соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар». 

43. (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксақдир. 

44. Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини - поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалийм ва мағфиратли бўлган зотдир. 

45. (Эй Муҳаммад), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар). 

46. Шунингдек, (Қуръонни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва қулоқларида оғирлик - карлик пайдо қилурмиз. Қачон сиз Қуръонда ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар. 

47. Биз уларнинг сизга (яъни, сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва ўзаро шивирлашиб, золим кимсалар (мўминларга): «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар» деяётганларини жуда яхши билурмиз. 

48. (Эй Муҳаммад), улар сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисоллар келтирганларини, бас, йўлдан озиб (ҳақ) йўлни топа олмаётганларини кўринг! 

49. Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!» дедилар. 

50-51. Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳарҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?»- дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг! 

52. У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар. 

53. Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир. 

54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши билур. Хоҳласа сизларга раҳм-шафқат қилур, хоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад), Биз сизни (одамлар) устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, сизнинг вазифангиз фақат Бизнинг амру фармонларимизни уларга етказмоқдир). 

55. Парвардигорингиз осмонлар ва ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик. 

И з о ҳ . Бу оят баъзи мушриклар Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар эканликларига иймон келтирмай, «Орамизда қанчадан-қанча олийнасаб зодагонлар турганида мана шу етим, ялангоёқ Муҳаммад пайғамбар бўладими?» дейишганида нозил қилингандир. Тангри таоло унда нафақат маккаликларни, балки еру осмонлардаги барча жониворларни ҳам жуда яхши билишини, бинобарин, кимни пайғамбар қилиб танлаш ҳам Ўз ихтиёрида эканлигини баён қилади ва Ўзи юборган пайғамбарларига турли мўъжизалар бериш билан айримларини айримларидан афзал қилиб қўйгани ҳақида хабар беради. 

56. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар. 

57. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир. 

И з о ҳ. Баъзи бир тоифалар фаришталарни, насронийлар Ийсо пайғамбарни, яҳудийлар эса Узайр пайғамбарни илоҳ дейишиб, у зотларга сиғинадилар. Ушбу икки оят ўшалар хусусида бўлиб, уларга сиғинаётган зотлар Аллоҳнинг ожиз бандалари экани баён қилингандир. 

58. (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) Биз қиёмат куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм Китобда тақдири азалда битилгандир. 

59. (Эй Муҳаммад, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни) ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда уни инкор этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз. 

60. Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур. 

И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салом меърождан қайтганларидан сўнг, эрталаб бу кеча ўзларининг Аллоҳ таоло ҳузурига чиққанлари ва жаннатни ҳам, дўзахни ҳам ўз кўзлари билан кўрганларини айтиб, ўша дўзахнинг қоқ ўртасида Аллоҳнинг лаънатига учраб жаҳаннамга тушган кимсалар учун «овқат» бўладиган «Заққум» дарахти борлиги ҳақида хабар берганларида, Қурайш кофирлари: «Сен жуда ажойиб туш кўрибсан-ку, ахир ўт-олов у дарахтни куйдириб юбормайдими?» деб у зотни масхара қилиб кулишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлиб, унда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Ўзининг барча бандалар аҳволидан огоҳ зот эканини яна бир бор эслатиб, Меърож ва унда кўрилган нарсалар, хусусан «Заққум» дарахти кишиларнинг ҳақиқий мўмин ёки кофир эканлигини синаш учун бўлган бир имтиҳон-синов эканлигини таъкидлайди ва бундай қўрқитув синовлар мўминларнинг иймонини зиёда қилса, кофирларни баттар туғёнга солиши ҳақида хабар беради. 

61. Эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?» деди. 

62. У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман, магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар». 

63. (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим) Бас улардан ким сенга эргашса, У ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! 

64. Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур. 

65. «Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир». 

66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга меҳрибондир. 

67. Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир. 

68. Ё (Аллоҳ), сизларни қуруқлик томонида ҳам (ерга) юттириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисиз?! 

69. Ёки У зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ шамол юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш ғамидан хотиржаммисиз?! 

70. Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик. 

71. Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз! Бас, кимгаки ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур). 

72. Кимки, бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир. 

73. (Эй Муҳаммад, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун - Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар. 

74. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. 

75. У ҳолда албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз. 

И з о ҳ . Мушриклар пайғамбар алайҳис-саломга эргашишлари учун у киши ҳам ўзларининг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда тангри таоло ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб юқоридаги оятларни нозил қилади. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу оятларда гарчи пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг умматлари учун ҳам танбех бўлиб, Аллоҳ таоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради, акс ҳолда дунёю охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огоҳлантиради. 

76. Улар сизни бу ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар). 

77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз. 

78. Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир. 

И з о ҳ. Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканлигига ҳужжат деб қабул қилганлар.Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Кишининг сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом» бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг бошлангач, (ҳали қуёш чиқмасдан туриб) «бомдод» ўқиш фарз бўлади. 

79. Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур. 

80. Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гунохлардан пок бўлган ҳолимда) доҳил қилгин ва (Қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин». 

81. Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир». 

82. Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур. 

83. Қачон Биз инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур. 

84. Айтинг: Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур). 

85. (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир. 

И з о ҳ. Ушбу оятда Тангри таолонинг ҳатто Ўз пайғамбарларига ҳам маълум қилмаган ишлари борлиги баён этилиб, барча инсоният билиши мумкин бўлган билим-маърифат жуда оз нарса экани таъкидланади. 

86. Қасамки, агар хоҳласак, сўзсиз, сизга ваҳий қилган нарса - Қуръонни (сиздан) кетказурмиз, сўнгра ўзингиз учун (яъни, Биздан Қуръонни қайтариб олиш учун) Бизга қарши бирон вакил-ҳомий топа олмассиз. 

87. Илло, Парвардигорингизнинг марҳамати билангина (Қуръон неъмати қўлингизда, дилингизда боқийдир). Дарҳақиқат, У зотнинг сизга бўлган фазлу марҳамати каттадир. 

88. Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар». 

89. Аниқки, Биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар. 

90. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. 

91. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар пайдо қилмасанг, 

92. Ёки, ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Аллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча, 

93. Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!» 

94. Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!» деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. 

95. Айтинг: «Агар бу - Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни, Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик». 

96. Айтинг: «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир». 

97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгучидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз. 

98. Бу Бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!» деганлари сабабли, уларга берилган жазодир. 

99. Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва Ерни яратган зот - Аллоҳ - уларнинг (яъни, инсонларнинг) мислини ҳам яратишга қодир эканини билмадиларми?! (Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар. 

100. (Эй Муҳаммад, у мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик-бахиллик қилган бўлур эдингизлар». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур. 

101. Аниқки, Биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (Фиръавн ва унинг одамларининг олдига) келган пайтида, (унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари Шомга қўйиб юборилишини, Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман», деди. 

102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман». 

103. Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини) қувиб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик. 

104. (Фиръавндан) сўнг, Бани Исроилга: «Мана шу ерни (Мисрни) маскан тутинглар. Энди қачон ваъда қилинган охират келганида сизларнинг барчангизни (қайта тирилтириб) келтирурмиз», дедик. 

105. Биз (Қуръонни) ҳаққи-рост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад), Биз сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. 

106. Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик. 

107. Айтинг: «Эй мушриклар), сизлар (хохласангиз), Унга ишонинглар, (хоҳласангиз) ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар. 

И з о ҳ . Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган киши Аллоҳ учун бир марта сажда қилиши вожиб бўлади. 

108. Ва улар: «Эй Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир», дейдилар. 

109. Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур. 

110. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг! 

111. «Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!







18. Каҳф сураси 


 Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, бир юз ўн оятдан иборатдир. Сурада кишиларнинг Тангри таолога бўлган иймон-эътиқодларини мустаҳкамлаш учун энг гўзал, ибратли қиссалардан учтаси сўйлаб берилади. 

Улардан биринчиси «Асҳобул-Каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир каҳфга - ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида ҳикоя қилинади. Суранинг «Каҳф»- «Ғор» деб номланишига сабаб ҳам шудир. 

Иккинчи қисса Мусо ва Хизир пайғамбарлар қиссаларидирки, унда Мусо алайҳис-саломнинг илм йўлидаги хокисорликлари, Хизир алайҳис-саломнинг бошқа пайғамбарларга берилмаган ғойибдан огоҳлик неъматига муяссар бўлганликлари тўғрисидаги лавҳалар илоҳий қалам билан баён этилади. Учинчи қиссада Аллоҳ таоло марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига ноил бўлган адолат ва тақвода беназир буюк шоҳ Зул-қарнайн, у кишининг фатҳ-юришлари хусусида сўз юритилади. 

Яна бу сурадан молу давлат ғурурланишга арзимайдиган нарсалар экани, умуман бу ҳаёти дунё ўткинчи - бебақолиги ҳақида айтилган бир қанча ибратли мисоллар ҳам жой олгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1-2-3. (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У зот (кофирларни) Ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азобдан қўрқитиш ва яхши амаллар қиладиган мўминларга ўзлари абадий қоладиган гўзал мукофот - жаннат хушхабарини бериш учун - бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)га бирон эгрилиги бўлмаган расо Китоб - Қуръонни нозил қилгандир. 

4-5. Шунингдек, У зот ўзларининг ҳам, ота-боболарининг ҳам бирон билим-маърифати бўлмага ҳолда, «Аллоҳнинг боласи бор», деган кимсаларни (қаттиқ азобдан) огоҳлантириш учун (ушбу Китобни) нозил қилгандир. Уларнинг оғизларидан чиққан сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар. 

6. (Эй Муҳаммад), агар улар ушбу сўзга - Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир). 

7. Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат - безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина Бизнинг синовимиздан ўтурлар). 

8. Ҳеч шак-шубҳасиз, унинг (Ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўйгувчи ҳам Биздирмиз. 

9. Балки сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (охират, Қиёмат ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз? 

И з о ҳ . Муфассирлар ёзишларича, «Асҳобул-Каҳф» - «Ғор эгалари»нинг қиссаси бундоқ бўлган экан: Ийсо алайҳис-салом замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим шох чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур қилар, амрига бўйинсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида, унга фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортишиб, бутларга сиғинишмаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: «Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз», деб жавоб қиладилар. Шунда шоҳ уларга: «Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси, эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар», деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, «Аллоҳдан ўзгага бўйинсунгандан кўра шу бадбахт диёрни тарк қилганимиз афзал», дейишиб, тун қоронғусида шаҳарни тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганларида уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонгга яқин бир тоққа етиб боришиб катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабардор бўлган шоҳ 33 аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, уша ғор оғзига яқинлашгач, аскарлар унга киргани қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетишлари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин Тангри таоло Ўзининг садоқатли бандаларини ҳалок бўлишдан сақлайди - уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан уч юз йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик, деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик харид қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга келиб таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: «Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?» деб сўрайди, Йигит ҳам ҳайрон бўлиб «Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ, бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга», деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб борадилар. Бу шоҳ мўмин, солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқларининг бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устида кўрадилар ва намозларини тугатганларидан сўнг подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб, уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таоло бандаларини Қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят - аломат эканлигини айтади. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида келадиган оятларда мана шу «Асҳобул-Каҳф» хусусида сўз кетади. 

10. Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат - марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин», дедилар. 

11. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб) қўйдик. 

12. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик. 

13. (Эй Муҳаммад), Биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир. 

14. Биз уларнинг дилларини (иймонларини) қувватлантирдик - ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: «Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга бирон «илоҳ»га ҳаргиз илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. 

15. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгаларни «илоҳ» қилиб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ эқани ҳақида) бирон ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!» 

16. (Йигитлар) Модомики улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат марҳаматини кенг - сероб қилур ва сизларнинг ишларингизни ўнглар». 

17. Қуёш чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини кўрурсан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўллагувчи бирон дўст топа олмассан. 

18. Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ, деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётур. Агар уларнинг устидан чиқиб колсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг) уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлур эдинг. 

19. Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни (йигитларни, қандай ухлатиб қўйган бўлсак) ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: «Қанча (муддат ухлаган) ҳолда турдинглар?» Улар(нинг айримлари): «Бир кун ё ярим кун», дедилар. (Қолганлари эса): «Қанча (ухлаб) турганларингизни ёлғиз Парвардигорингиз билур. Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ, насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни биронтага сездириб қўймасин. 

20. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қилурлар ёки яна ўзларининг динларига қайтарурлар ва, у ҳолда, ҳеч қачон қутула олмассизлар», дейишди. 

21. Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва Қиёмат соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитларнинг аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқуларидан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот қилишгач) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар): «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигор уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши билур», дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлган (подшоҳ ва сарой аъёнлари эса); «Албатта, сиз улар (яъни, Асҳобул-Каҳф) қабрининг устида бир масжид қуриб олурмиз», дейишди. 

22. Ҳали улар (яъни, пайғамбар алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насороларнинг айримлари ўша Асҳобул-Каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир», деб ғайбга тош отурлар (аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад), «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг. Бас, улар (яъни замондош аҳли китоблар билан Асҳобул-Каҳф) хусусида (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала - мунозара қилинг ва (Асҳобул-Каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво - савол сўраманг! 

23-24. Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Инша Аллоҳ - Аллоҳ хоҳласа» (денг. Бу сўзларни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан): Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни «Инша Аллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри йўлга ҳидоят қилса», денг! 

И з о ҳ . Муфассирлар ривоят қилишларича, бу икки оят нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир, яҳудийлар қурайшлик арабларга: «Бориб Муҳаммаддан сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ - жон ҳақида, Асҳобул-Каҳф ва Зул-қарнайн тўғрисида хабар берсин», деган эканлар. Улар келиб пайғамбар алайҳис-саломдан шу ҳақда, сўраганларида, у зот: «Эртага келинглар, албатта сизларга жавоб қилурман», дебдилару, «Инша Аллоҳ» сўзини қўшмабдилар. Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра пайғамбар алайҳис-саломга бир танбеҳ бўлиб юқоридаги оятлар нозил бўлгандир. 

25. Улар каҳф - ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар. 

И з о ҳ . Ушбу оят Асҳобул-Каҳфни ўз ғорларида шамсий ҳисоб билан уч юз йил турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил қўшилиши эса қамарий ҳисобдан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга тўғри келади. 

26. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ жуда яхши билгувчидир. Осмонлар ва Ернинг сирлари ёлғиз Уникидир. У зот нақадар кўргувчи, эшитгувчидир! (Одамлар) учун Ундан ўзга бирон дўст-мададкор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас». 

27. (Эй Муҳаммад), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз. 

И з о ҳ . Бу оят Қурайш кофирлари пайғамбар алайҳис-саломга: «Бундан бошқа Қуръон келтирсанг ёки унинг оятларини ўзгартирсанг, бизлар ҳам сенга иймон келтирар эдик», деганларида нозил бўлгандир. 

28. Сиз ўзингизни эртаю, кеч Парвардигорларининг юзини - розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! 

И з о ҳ. Макка зодагонлари пайғамбар алайҳис-саломга: "Ёнингдан Суҳайб, Аммор, Солмон каби қулларни қувсанг, бизлар ҳам сенга эргашар эдик», деганларида, у кофир кимсаларга итоат қилмасликни буюриб, Тангри таоло ўз пайғамбарига юқоридаги оятни туширди. 

29. Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у! 

30. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. 

31. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у! 

32. (Эй Муҳаммад, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг. Улардан бири учун икки узумзор боғ қилиб, у иккисини хурмозор билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик. 

33. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ўтказган эдик. 

34. Яна унинг (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб: «Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ», деди. 

35. Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ - менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. 

36. Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат - бахтни топурман». 

37. Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа - бир томчи сувдан яратиб, сўнгра уни) инсон қилиб ростлаган зот - Аллоҳга кофир бўлдингми?! 

38. Мен эса: «У - Аллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман. 

39. Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг. 

40. Шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур. 

41. Ёки унинг суви (ерга сингиб кетиб, сен у)ни истаб ҳам топа олмай қолурсан» 

42. (Дарҳақиқат), унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфлаган нарсаларини (ўйлаб), чапак чалганича (афсус-надомат чекканича): «Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!» деб қолаверди. 

43. Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на ўзи (ўзига) ёрдам бера олгувчи бўлди. 

44. У жойда (Қиёмат кунида) ҳам салтанат Ҳақ таолоникидир. У энг яхши савоб - мукофот ато этгувчи ва энг хайрли оқибатни бергувчи зотдир. 

45. (Эй Муҳаммад, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал - киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. 

46. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир). 

47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик. 

48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!» 

49. (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас. 

50. Эсланг, (эй Муҳаммад), фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари)» Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал ўринбосардир». 

51. Мен уларни (иблис ва унинг зурриётини) осмонлар ва Ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилган эмасман (яъни, улар еру осмонлар қандай яралганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлақо билмайдилар, буларнинг барчасини ёлғиз Ўзим яратганман), шунингдек, бу йўлдан оздиргувчиларни (Ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ (бас, сизлар нечун уларга ибодат қилурсизлар)?! 

52. У Кунда (Қиёмат қойим бўлганида, Аллоҳ): «Сизлар Менинг шерикларим деб ўйлаган бутларингизни) чақирингиз», дер. Бас, (мушриклар) уларни чорлаганларида, (улар) жавоб қила олмайдилар. (Чунки) Биз уларнинг ўрталарида ҳалокат чоҳини (дўзахни) пайдо қилиб кўйгандирмиз. 

53. Гуноҳкор кимсалар дўзахни кўриб, ўзларининг унга тушувчи эканликларини ўйладилар, аммо ундан қочарга жой топмадилар. 

54. Биз бу Қуръонда одамларга (панд-насиҳат олишлари учун) турли масаллар баён қилдик. Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчидир. 

55. Одамларга ҳидоят келган пайтида, улар иймон келтиришларидан ва Парвардигордан мағфират сўрашларидан фақат уларга ўтганларнинг суннати - ҳалокатлари келиши ёки очиқ азоб келишини (кутишларигина) тўсди (яъни, улар аввалги кофир кимсаларга тушган ҳалокатга ё азобга лойиқ эканликларигина уларни мўмин бўлишдан манъ қилди). 

56. Биз пайғамбарларни фақат (мўминларга жаннат) хушхабарини элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огохлантиргувчи бўлган ҳолларидагина юборурмиз. Кофир бўлган кимсалар эса ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлурлар ҳамда Менинг оятларимни ва ўзлари огохлантирилган нарсани (яъни, охират азобини) масхара қилиб кулурлар. 

57. Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган гуноҳларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Демак, агар сиз уларни ҳидоят - ҳақ йўлга чақирсангиз ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар. 

58. Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар уларни (кофирларни) қилган гунохлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга бирон пуштипаноҳ топа олмаслар. 

59. Ана у шаҳарларни (уларнинг аҳолисини, улар) зулм қилишгач, ҳалокат вақтларини аниқ белгилаб (яъни, пайғамбарларингизга итоат қилмасангизлар, ҳалок бўлурсизлар, деб) қўйган ҳолимизда, ҳалок қилдик. 

60. Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман», деган пайтини эслангиз. 

И з о ҳ . Мана шу оят билан Мусо ва Хизир пайғамбарлар ҳақидаги қисса бошланади. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳис-салом Тангри таолога муножот қилиб: «Бандаларинг орасида мендан илми зиёдароқ бўлган киши борми?» деб сўраганида, Аллоҳ таоло: «Ҳа, Хизир сендан олимроқ», деб жавоб қилган экан. Шунда Мусо: «У зотни қандоқ излаб топурман?» деганида, «Денгиз соҳилидаги қоя олдидан топурсан», деган жавоб бўлибди. «У ерга қандай борилур?» деб сўраганида, Аллоҳ таоло айтган экан: «Бир балиқни саватга солиб, йўлга чиқарсан. Қаерда уни йўқотиб қўйсанг, Хизирни ўша ердан топурсан!» Шундан кейин Мусо хизматкор йигитига балиқ солинган саватни бериб: «Бу балиқни йўқотган жойингда менга айтарсан», деб тайинлаб йўлга тушибдилар. 

61. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиқ) денгизга қараб йўл олди. 

62. Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: «Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан бу сафаримиздан жуда чарчадик», деган эди. 

63. У (хизматкор) айтди: «Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажойиб (сездирмаган йўсинда) йўл олган эди». 

64. (Мусо) деди: «Мана шу биз истаган нарсадир». Сўнг уни (Хизирни) излаб ортларига қайтдилар. 

65. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик. 

66. Мусо унга: «Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. 

67. У (Хизир) айтди: «Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. 

68. (Зотан) ўзинг эгаллаб олмаган - хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!» 

69. (Мусо) деди: «Инша Аллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик итоатсизлик қилмасман». 

70. У (Хизир) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин!» 

71. Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми?!» 

72. У (Хизир) деди: «Аниқки, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!» 

73. (Мусо) айтди: «Унутганим сабабли, мени айбламагин ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилмагин». 

74. Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида (Хизир) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Бировни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а. Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!» 

75. У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр килишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!» 

76. (Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)». 

77. Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб улардан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди». 

78. У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман. 

79. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-торож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди. 

80. Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик. 

81. Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик. 

82. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир». 

И з о ҳ . Мазкур илоҳий қиссадан олинадиган ибрат бандаларга берилган илмнинг чексиз-чегарасиз эканлигидир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо алайҳис-салом «Калимуллоҳ»- «Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан савол-жавоб қилганларида, ўртада ҳатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган - бор ҳақиқатни Ҳақ таолонинг Ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам илмлироқ одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Тангри Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўлиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнинг билимини ато этгандирман - яъни, сен ўз илм-маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг: «Ҳар бир билим соҳиби устида ундан-да билимдонроқ биров бордир», деган ояти каримасини яна бир карра исбот этади. 

Энди қуйидаги оятларда Зул-қарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу буюк шоҳнинг нима сабабдан Зул-қарнайн - икки шох эгаси деб аталиши хусусида хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шохи бўлган, десалар бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир мўътабар манбаъда эса, Ернинг Шарқу Ғарбига ҳукмронлик килгани учун ҳам икки шох эгаси деган ном олган, дейилади. Қуйида Тангри таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлган бандасининг ер юзида ҳақни қарор топдириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади. 

83. (Эй Муҳаммад), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман». 

84. Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу Ерда салтанат - ҳукмронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик. 

85. Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. 

86. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан, ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик. 

87. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. 

88. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат - жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз». 

89. Сўнгра, у (Шарққа қараб) йўл олди. 

90. То (кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй либос каби) бирон парда қилмаган эдик. 

91. Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз - (уни) иҳота қилиб олгандирмиз. 

92. Сўнгра, у яна йўл олди. 

93. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. 

94. Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, (билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?» дедилар. 

95. У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. 

96. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар». То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «(Босқонлар билан) дам уринглар», деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман. 

97. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар». 

98. «Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у. 

99. У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик. 

100. У Кунда кофирлар учун жаҳаннамни кўндаланг қилиб қўйдик. 

101. Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар (Менинг панд-насиҳатларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар. 

102. Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст тутишни (Ўзим яратган фаришталар ёки Ийсо каби пайғамбарни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?! Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб қўйгандирмиз. 

103. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! 

104. Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли - яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» 

105. Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз! 

106. Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир! 

107. Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. 

108. Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар. 

109. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!» 

110. (Эй Муҳаммад, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)».





19. Марям сураси 


 Тўқсон саккиз оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. Бу сурада ҳам бир қанча пайғамбарлар қиссалари зикр қилинади. Бошлаб Закариё ва унинг кексалик чоғида кўрган фарзанди Яҳё ҳақида сўзланиб, сўнгра энг ажиб ва ғариб қисса - Марям ва унинг беота дунёга келган ва бешикда ётган чоғидаёқ тилга кириб ўзининг кимлигини айтган фарзанди Ийсонинг қиссаси ҳикоя қилинади ва Яратган наздида бу осон иш эканлиги таъкидланади. Суранинг Марям деб номланишига ҳам сабаб шудир. 

Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо, Ҳорун, Исмоил, Идрис ва Нуҳларнинг номлари ҳам зикр қилиниб, уларнинг барчалари бир занжирнинг ҳалқалари эканликлари, яъни Ягона Аллоҳнинг динига даъват этганликлари яна бир бор эслатиб ўтилади. 

Шунингдек, бу сурада қиёматнинг айрим манзаралари, у куннинг даҳшатлари - жаҳаннамга ташланишларини кутиб, тиз чўкиб турган кофирларнинг аҳволи илоҳий қалам билан чизиб берилади. Лекин У зотнинг ёлғиз Аллоҳга бандалик қиладиган кишиларга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам раҳм-шафқатли эканлиги таъкидланиб, суранинг бир неча ўринларида Аллоҳ калимасининг ўрнига Раҳмон-Меҳрибон сўзи қўлланади. 

Сура ниҳоясида Аллоҳ таолонинг фарзанд ва шерикдан пок - тенги йўқ зот экани яна бир карра уқтириб ўтилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод. 

И з о ҳ. Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттаъот», яъни маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланди. 

2. (Эй Муҳаммад, ушбу) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир. 

3-4. Эсланг, Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим - сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман. 

5-6. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин». 

7. (Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз». 

8. (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?» 

9. (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни йўқдан бор қилган эдим-ку)!» 

10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан». 

11. Бас, (Закариё) меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳни) поклаб - ибодат этишни ишора қилди. 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, Закариё алайҳис-салом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб, Яҳё алайҳис-салом дунёга келгач, Аллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади. 

12. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. 

13. Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ва поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. 

14. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди. 

15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва қиёмат кунида дўзахга тушиш хавфидан холидир). 

16-17. (Эй Муҳаммад), ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга - кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. 

18. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди. 

19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос». 

20. (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!» 

21. (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир. 

22. Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. 

23. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди». 

И з о ҳ. Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди. 

24. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. 

25. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. 

26. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин. 

27. Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку! 

28. Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар. 

29. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!» 

30. (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб - Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. 

31. Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди. 

32. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. 

33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». 

34. Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир. 

И з о ҳ. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли» дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил - ноҳақ сўзлар экани таъкидланади. 

35. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас - У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур. 

36. (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир». 

37. Сўнг (яҳудий ва насроний) фирқалар (Ийсо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ Кун - Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай. 

38. Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар. 

39. (Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни жаннат ахли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан - Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар. 

40. Шак-шубҳасиз Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар. 

41. (Эй Муҳаммад), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. 

42. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан? 

43. Эй ота, дарҳақиқат сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сен менга эргашгин, сени ҳақ йўлга ҳидоят қилурман. 

44. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. 

45. Эй ота, ҳақиқатан мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида. 

46. (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени бутунлай тарк эт!» 

47. (Иброҳим) деди: «Омон бўл. Энди Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз У менга меҳрибон бўлган зотдир. 

48. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман». 

49. Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва Улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик. 

50. Шунингдек, уларга Ўз фазлу-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак - мақтовларни (барқарор) қилдик. 

51. (Эй Муҳаммад), ушбу Китобда Мусо (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди. 

52. Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик. 

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Мусо алайҳис-салом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб, Аллоҳ таолога муножот қилиб кетаётганларида, ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашадилар. 

53. Биз унга Ўз фазлу-марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик. 

54. (Эй Муҳаммад), ушбу Китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат у ваъдаси рост элчи-пайғамбар эди. 

55. У ўз ахли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди. 

56. Яна ушбу Китобда Идрис (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳаҳиқат у жуда ростгўй пайғамбар эди. 

57. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик. 

58. Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар. 

И з о ҳ. Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир. 

59. Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар. 

60. Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас. 

61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу (яшаладиган) жаннатларга (кирурлар). Албатта У зотнинг ваъдаси амалга ошгусидир. 

62. У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) салом (эшитурлар холос). У жойда улар учун эртаю-кеч ризқлари ҳозирдир. 

63. У - Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир. 

64. «(Эй Муҳаммад), биз ёлғиз Пардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир. 

65. У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» 

И з о ҳ. Ушбу икки оят Жаброил алайҳис-саломнинг сўзларидир. Пайгамбар алайҳис-саломга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида пайғамбар алайҳис-салом: «Нега келмай қолдингиз?» - деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан. 

66. (Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!» дер. 

67. Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?! 

68. Бас (эй Муҳаммад), Парвардигорингизга қасамки, албатта, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз. 

69. Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган бўлса (ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз). 

И з о ҳ. Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни Ҳақ йўлидан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир. 

70. Ҳеч шак-шубҳа йўққи, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билгувчидирмиз. 

71. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. 

72. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз. 

73. Қачон уларга (яъни инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?» дейдилар. (Яъни бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўминларнинг устидан куладилар). 

74. Ҳолбуки Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз! 

75. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас Раҳмон унга муддат - умр берсин. Токи ўзларига (яъни йўлдан озганларга) ваъда қилган) азобини ёки қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида, албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар. 

76. Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир». 

77. (Эй Муҳаммад), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми? 

78. У ғойибдан хабардор бўлдимикин ёки Раҳмон даргоҳидан ахду паймон олдимикин?! 

79. Йўқ! Албатта Биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни зиёда қилурмиз. 

80. У айтаётган (мол-дунёга) Биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур. 

81. Улар (яъни Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар - бутларга сиғиндилар. 

82. Йўқ! (Қиёмат кунида бутлари уларни шафоат қилмайди, балки) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид - душман бўлурлар. 

83. (Эй Муҳаммад), Биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми? 

84. Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гунохларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз. 

85. Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган, 

86. Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)! 

87. (У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар. 

88. (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. 

89. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, 

90-91. Унинг (оғирлигидан) - Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. 

И з о ҳ. Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки ерлик одамнинг хаёлига ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол. 

92. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни У зот болага муҳтож эмас). 

93. Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур. 

94. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. 

95. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир. 

96. Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур. 

97. (Эй Муҳаммад), албатта Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик. 

98. Биз улардан (яъни Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз сизга нозил қилган дин эса Қиёматгача қолур).






20. Тоҳа сураси 


 Маккада нозил бўлган бу сура бир юз ўттиз беш оятдир. 

Бу сура Муҳаммад алайҳис-саломга хитоб қилиш билан бошланиб, у зотга бор мавжудотнинг Ҳожаси томонидан инган Қурьони Каримнинг Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун бир панд-насиҳат экани ва Яратганнинг энг махфий нарсалардан ҳам огоҳ бўлган зот эканлиги баён қилинади. Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига ундан аввал ўтган салафлари учун ҳам Ҳақ йўлига даъват қилиш осон бўлмаганини эслатиб, суранинг асосини ташкил этадиган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг қиссасини батафсил баён қилади. Унда Мусо алайҳис-саломнинг қай ҳолатда пайғамбар бўлганлари ва у зотга Тангри таоло томонидан қандай мўъжизалар ато этилгани; Мусо билан золим Фиръавн ўртасидаги мужодала; Мусо билан сеҳргарлар ўртасида бўлиб ўтган мубораза-мусобақа; ниҳоят Фиръавн ва унинг лашкарлари қандай ҳалок бўлганлари ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. 

Яна бу сурада барча жонзот ҳисоб-китоб учун жамланадиган қиёмат кунида овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилишлари ва фақат пичирлашларгина қулоққа чалиниши каби қиёмат манзаралари ҳам тасвирлаб ўтилади ҳамда Ҳақ йўлидан тоймаган кишилар ўзларига ваъда қилинган жаннатларга киритилиб, кофирлар эса жаҳаннамга ташланишлари ҳақида хабар берилади. Сура пайғамбар алайҳис-саломга айрим илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатиш билан ниҳояланади. 

Бу суранинг нима сабабдан «Тоҳа» деб номлангани хусусида турли ривоятлар мавжуддир. Уларнинг аксарисида «Тоҳа» - пайғамбар алайҳис-саломнинг исмларидан биридир, дейилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи (билан бошлайман). 

1. То, Ҳа. 

2. (Эй Муҳаммад), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, 

3. Балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик. 

4. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир. 

5. (У зот) Ўз аршини эгаллаган Раҳмондир. 

6. Осмонлардаги, ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир. 

7. Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. 

8. Аллоҳдан ўзга (ҳеч қандай) Тангри йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир. 

9. (Эй Муҳаммад), сизга Мусо ҳақида хабар келдими? 

10. Эсланг, у (узоқдан) бир оловни кўриб аҳли оиласига: «(Шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди. 

11. Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: «Эй Мусо», деган нидо эшитилди. 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳис-салом ўз оиласи билан Мадян шаҳридан Мисрга қайтиб келаётганида бир қоронғу-қорли кечада йўлдан адашиб қолади. Ўт ёқай деса, чақмоқ тоши ёнмайди. Шу пайт унинг кўзига узоқдан бир олов кўриниб, чўғ олиш ва у ердагилардан йўл сўраб келиш учун ўша тарафга борганида, у кўринган ёруғлик олов эмас, Аллоҳнинг нури эканлиги маълум бўлади. 

12. «(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. 

13. Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас (ўзингга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут! 

14. Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил! 

15. Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен (қиёмат қачон қойим бўлишини) яширишни истайман. 

16. Бас, сени (қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавои нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан. 

17. Ана у - қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!» 

18. (Мусо) деди: «У асоим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор». 

19. (Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй Мусо!» 

20. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ у юрадиган - жонли илон бўлиб қолди. 

21. (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз. 

22. Қўлингни қанотинг - қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ - нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур). 

23. Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). 

24. (Энди) сен Фиръавннинг оддига боргин! Дарҳақиқат у ҳаддидан ошди (яъни одамларга зулм қилиб ҳатто «худоман» деб даъво қилди)». 

25. (Мусо) деди: «Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин; 

26. Ишимни осон қилгин; 

27, Тилимдан туғунни-дудуқликни ечиб юборгин; 

28. (Токи) улар (қавмим) сўзимни англасинлар. 

29-30. Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. 

31. У билан белимни маҳкам қилгин. 

32. Ва уни ишимда (яъни пайғамбарлик ишида) шерик қилгин. 

33. Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик; 

34. Ва Сени кўпроқ зикр қилиб - эслайлик. 

35. Албатта Сен бизни кўрувчи бўлган зотсан». 

36. (Аллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо! 

37. Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бир карра инъом-марҳамат қилган эдик. 

38. Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий-илҳом юборгандик; 

39. «Уни (яъни Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани - Фиръавн ушлаб олур». (Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни сени кўрган киши суюб қоладиган ёқимтой бола қилдим). 

40. Ўшанда опанг (сени дарёдан ушлаб олган кишилар ортидан) юриб: «Сизларни бу (бола)га кафил бўлиб (эмизадиган аёлнинг) олдига олиб борайми», деганларини (эслагин)! Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин, ғамгин бўлмасин, деб онангга қайтарган эдик. (Йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда, Биз сени бу ғамдан ҳам қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан синаб кўрдик. Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун аниқ белгилаб қўйилган) тақдир бўлиб (бу ерга) келдинг, эй Мусо! 

41. Ва Мен сени Ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим. 

И з о ҳ. Юқоридаги (37-40) оятларнинг тафсирида муфассирлар шундай ривоятни келтирадилар. Мунажжимлар Фиръавнга: «Сенинг мулку давлатинг Бани Исроил қавмидан туғиладиган бир бола қўлида хароб бўлади», дейишгач, у ўша қавмдан дунёга келган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буйруқ беради, Мусо алайҳис-салом ана ўша Бани Исроил учун ҳалокатли бўлган қора йилларда таваллуд топадилар. Шунда чақалоғинииг ҳалок бўлишидан ғамга ботиб қолган онага ғойибдан фармон келиб боласини бир сандиққа авайлаб солади-да, уни Нил дарёсига қўйиб юборади. Иттифоқо Ўша пайтда дарё соҳилида ўтирган Фиръавн оқиб келаётган сандиқни кўриб қолади ва ходимларига уни олиб чиқишни буюради. Хизматкорлар сандиқни олиб келишгач, очиб қарасалар, унинг ичида ойдек бир чақалоқ ухлаб ётибди. Шунда Фиръавн хотинининг меҳри тушиб қолиб, ундан болани ўғил қилиб олишга изн сўрайди. У рухсат бергач, болани саройга олиб бориб, шаҳардан бола эмизадиган аёлларни суриштириб топадилар. Лекин Мусо бирон аёлни эммайди. Шу пайт бир қиз келиб Фиръавннинг хотинига: "Мен сизларга шу болани эмизадиган бир аёлни олиб келаман", дейди. У Мусонинг опаси бўлиб, уни боласи дарёда кетганидан сўнг ғам-андуҳга ботган она Мусо ҳақида бирон дарак топиб келиш учун шаҳарга юборган эди. У қиз саройда Мусони кўриб танигач, ўзининг ким эканлигини яшириб юқоридаги сўзларни айтади ва бориб дарҳол онасини етаклаб келади. Бу аёл тутган кўкракни чақалоқ дарҳол эма бошлаганини кўрган Фиръавннинг хотини бениҳоя хурсанд бўлиб, у аёлдан саройда қолишни илтимос қилади. Лекин у уйи ва бола-чақасини ташлаб кела олмаслигини айтиб, агар рози бўлсалар бу болани ўз уйида эмизиб катта қилиб беришга ваъда бергач, ноилож қолган малика бу таклифга рози бўлади ва онага кўп хайру-саховат кўрсатиб болани унга қўшиб, бериб юборади. Шундай қилиб, Тангри таолонинг марҳамати билан бола туққан онасига қайтарилади. Агар эътибор берилса, бу қиссада яна бир ибратли жиҳат бордир. Фиръавн ўзини ҳалок қиладиган болани - Мусо алайҳис-саломни ўз қўли билан сувга ғарқ бўлишидан қутқариб қолади. Шу маънода арабларда бир нақл ёйилгандир: «Ликулли Фиръавн Мусо - Ҳар Фиръавнга бир Мусо», яъни ҳар қандай золим ҳокимнинг пешонасига Аллоҳ таоло уни йўқ қиладиган бир адолатпарвар - Ҳақсевар кишини ёзиб қўйгандир». 

42. (Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) Менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва Мени зикр қилиб - ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар! 

43. Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. 

44. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса. 

45. Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак) у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки баттар туғёнга тушишидан хавфдамиз. 

46. (Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман - эшитиб, кўриб турурман. 

47. Бас, сизлар унинг олдига бориб: «Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Сен Бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур. 

48. Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб булур», денглар». 

49. (Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач) у деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?» 

50. (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини - шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир». 

51. (Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)» 

52. (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда - Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас». 

53. У зот ерни сизлар учун бешик - қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чикардик. 

54. Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар. Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир. 

55. Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз. 

56. Дарҳақиқат Биз унга (яъни Фиръавнга) бор оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у (уларни) ёлғон деб, юз ўгирди. 

57. У деди: «Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо! 

58. У ҳолда бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ танлагинки, у сен ҳам, бизлар ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта бир жой бўлсин». 

59. (Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар». 

60. Бас Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини (яъни сеҳргарларини) йиғди. Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди. 

61. Мусо уларга (яъни сеҳргарларга) деди: «Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир». 

62. Бас, улар (қиладиган) ишларини талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар. 

63. (Сўнг бир-бирларига) айтдилар: «Албатта бу иккови (яъни Мусо ва Ҳорун) ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқни ва юксак йўлингизни (яъни динингизни) йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир. 

64. Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар». 

65. (Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?» 

66. (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди. 

67. Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди. 

68. Биз айтдик: «Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан. 

69. Қўлингдаги нарсани (яъни асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас». 

70. (Мусо асоини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди). Бас сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб: «Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар. 

71. (Фиръавн) айтди: «Унга мен изн бермай туриб иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни ўнг қўл, оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни, менингми ё Мусонинг худоси) азоби қаттиқроқ ва узунроқ эканини билиб олурсизлар». 

72. Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан. 

73. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағрифат қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир». 

74. Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур. 

75. Ким у зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар - 

76. Остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар бўлур. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!  

77. Дарҳаҳиқат Биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни Бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил - (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юборганмиз. 

78. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб, барчалари (унга ғарқ бўлдилар). 

79. Фиръавн қавмини Тўғри йўлга бошламади, (балки) Тўғри йўлдан оздирди. 

80-81. Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни Мусога) Таврот нозил қилиш учун Тур (тоғининг) ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик): "Сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур. 

82. Ва мен тавба қилган, ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра Тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман". 

83. (Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!» 

84. У айтди: «Улар ана - изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!» 

85. (Аллоҳ) деди: «Ҳақиқатан Биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик - имтиҳон қилдик. - Сомирий уларни йўлдан оздирди». 

86. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш ҳақида) чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани буздингларми?! 

И з о ҳ . Мусо Тур тоғига кетаркан, Бани Исроил қавми унга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга сиғинмасликка сўз берган эдилар. Кейин эса, Сомирий ясаган бузоққа сиғиниш билан ваъдаларини бузадилар. 

87. Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб келаётганимизда Фиръавн) қавмининг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас (Сомирийнинг амри билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнг Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан нарсаларни оловга) ташлади. 

88. Сўнг (Сомирий ўша зеб-зийнатларни оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқ (ясаб) чиқариб берди, сўнг (Сомирий ва унинг шериклари); «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди»), дедилар. 

89. Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?! 

90. Ҳолбуки (бузоққа сиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндинглар холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар!) Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз ёлғиз Раҳмон - Марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!» - деганида. 

91. Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича, унга (шу бутга) ибодат қилиб - сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар. 

92-93. (Мусо қайтиб келгач) деди: « Эй Ҳорун, сен уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!» 

94. «Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) «Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан», дейишингдан қўрқдим». 

95. (Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?» деди. 

96. У айтди: «Мен улар (яъни Бани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим. (Яъни Жаброил сенинг олдингга келганида ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ қандай жонсиз нарсага тегса, дарҳол унга жон кирарди, мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи - Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган Бани Исроил қавмидан бўлган одамлар ўша бузоққа сиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди». 

97. (Мусо) деди: «Бас, йўқол! Энди сен ҳаётда «Менга тегманглар», дейишгина бордир (яъни умрингнинг охиригача якка мохов бўлиб қолурсан. Охиратда эса) сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда - азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган «илоҳингнинг» (ҳолини) кўриб қўй! Биз албатта уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз». 

98. (Эй инсонлар), илоҳингиз яккаю ёлғиз Аллоҳдир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. 

99. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат Биз сизга Ўз даргоҳимиздан эслатма - Қуръон ато этдик. 

100. Ким ундан юз ўгирса, бас албатта у қиёмат кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар. 

101. Улар у юк остида абадий қолурлар. У (юк) қиёмат кунида улар учун жуда оғир юк бўлур. 

102. У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз. 

103. Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар). 

104. Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўш уларнинг энг тўғри йўл тутган - донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар). 

105. (Эй Муҳаммад), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур. 

106. Сўнг (ерни) теп-текис қилиб қўюрки, 

107. Унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз». 

108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз. 

109. У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур). 

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар. 

111. Юзлар хам Тирик ва абадий Тургувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир. 

112. Ким мўмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилса, бас у зулмдан ҳам (яъни унга зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишдан ҳам), камайишдан ҳам (яъни қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам) хавф қилмас. 

113. Шунингдек, Биз уни арабий Қуръон қилиб туширдик ва унда кўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса. 

114. Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ юксакдир. (Эй Муҳаммад), сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг (балки фаришта Жаброил Аллоҳ томонидан келтирган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейингина қироат қилинг) ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин». 

115. Дарҳақиқат Биз илгари Одам билан (Жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) аҳдлашган эдик У (аҳдни) унутди ва Биз унинг қасд-субутини кўрмадик. 

116. Эсланг, Биз фаришталар: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди. 

117. Бас, Биз айтдик: «Эй Одам, албатта бу (иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин. 

118. Шубҳасиз сен у жойда (яъни жаннатда) оч-яланғоч қолмайсан. 

119. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан». 

120. Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?» деди. 

121. Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. 

122. Сўнгра Парвардигори уни сайлаб - Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри йўлга ҳидоят қилди. 

123. (Аллоҳ) айтди: (Ундан (яъни жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. 

124. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». 

125. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, 

126. (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». 

127. Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир. 

128. Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб), юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми?! Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир. 

129. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, албатта (улар дарҳол азобга гирифтор бўлишлари) лозим эди. 

130. Бас (эй Мухаммад), улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни покланг - намоз ўқинг! Кеча(нинг аввалги ва охирги) вақтларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд хурсанд бўлурсиз. 

131. Сиз кўзларингиз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган - ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир. 

132. Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат аҳли тақвоникидир. 

133. (Мушриклар: «Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза келтирса эди» дедилар. Ахир уларга илгариги саҳифалардаги (яъни аввалги илоҳий китоблардаги) нарсаларнинг баёни (яъни Қуръон) келмадими?! 

134. Агар Биз уларни (Муҳаммад келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта: «Парвардигоро, бизларга бирон пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлмай, Сенинг оятларингга эргашар - итоат этар эдик», деган бўлур эдилар. 

135. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутмоқдамиз). Бас, кутаверинглар! Яқинда ким Тўғри йўл эгалари ва кимлар ҳидоят топган кишилар эканини билурсизлар».





21. Анбиё сураси 


 Бу сура Маккада нозил бўлган. У бир юз ўн икки оятдир. 

Сура қиёмат соати яқинлашиб қолгани, одамлар эса у Кундаги ҳисоб-китобга ҳозирланиб, яхши амаллар қилиш ўрнига ғафлат уйқусига ғарқ эканликлари ҳақида хабар бериш билан бошланади. Сўнг ўқувчи эътибори коинотдаги ҳар бир мавжудотнинг ўта нозик ва аниқ ўлчов билан яратилиб, яккаю ёлғиз Яратган томонидан бошқариб турилишига қаратилади ва еру осмонда Аллоҳдан ўзга яна бирон илоҳ бўлса, у ўлчов ва тартибга футур етиб, борлиқ бузилиб кетиши аниқ эканлиги таъкидланади. 

Бу сурада Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бутпарастлар ўртасида бўлиб ўтган можаролар хусусида батафсил ҳикоя қилиниб, ўзини ўзи ҳимоя қилишга ожиз бўлган жонсиз бут-санамлар бировга ёрдам қилиши ёки зиён етказиши амримаҳол эканлиги уқтирилади. 

Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нуҳ, Довуд, Сулаймон, Айюб, Исмоил, Идрис, Зул-кифл, Зуннун, Закариё ва Ийсо алайҳис-саломлар тўғрисида ҳам хабарлар ворид бўлганки, суранинг «Анбиё - Пайғамбарлар» деб номланишига ҳам боис шудир. 

Суранинг ниҳоясида Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча оламга Аллоҳнинг раҳмат-марҳамати бўлиб келганлари зикр қилинади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар. 

2-3. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма - оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва золим-кофир кимсалар: «Бу (яъни Муҳаммад) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!» (деб) ўзаро шивирлашдилар. 

4. (Шунда Муҳаммад) айтди: «Парвардигорим осмону-заминдаги ҳар бир сўзни билур. У эшитгувчи, билгувчидир». 

5. «Балки, -дедилар улар - (Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар) - алоқ-чалоқ тушлардир, балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олгандир, балки у бир шоирдир. Бас, у ҳам илгари юборилган пайғамбарлар (келтирганлари) каби бирон оят-мўъжиза келтирсин!» 

6. Улардан олдин, Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳолиси) иймон келтирган эмас, бас, улар иймон келтирармидилар?! 

7. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари ҳам фақат кишиларни (яъни инсонларни) Ўзимиз ваҳий юборган ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Бас (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар! 

8. Биз у (пайғамбар)ларни таом емайдиган бир жасад қилган эмасмиз ва улар мангу ҳаёт кечиргувчи ҳам эмас эдилар. 

9. Сўнгра Биз (берган) ваъдамизга вафо қилиб, у (пайғамбар)ларга Ўзимиз хоҳлаган (иймонли) кишилар билан бирга нажот берганмиз, ҳаддан ошувчи кимсаларни - кофирларни эса ҳалок қилганмиз. 

10. Дарҳақиқат Биз сизларга бир Китоб - Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди). Ақл юргизмайсизларми?! 

11. Қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилдик ва уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни вужудга келтирдик. 

12. Бас, қачонки улар (яъни ҳалок қилинган кимсалар ҳалокатлари олдида) Бизнинг азобимиз (тушишини) сезиб қолишгач, баногоҳ у жойдан қочиб қолурлар. 

13. (Шу пайт фаришталар): «Қочманглар, маишатга ботган жойларингизга, ўз масканларингизга қайтинглар, эҳтимол жавоб берарсизлар», (деганларида), 

14. (Улар бир-бирларига): «Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) золим бўлдик», дедилар. 

15. Бас, то Биз уларни (ўт-ўлан каби) ўрилган, (ўтин каби) ўчган ҳолга солгунимизча уларнинг ана ўша дод-войлари давом этди. 

16. Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. (Балки Ўз қудратимизни намойиш қилиш учун ва бандаларимиз фойдаланишлари учун яратдик.) 

17. Агар Биз вақтичоғлик қилишни (яъни хотин, бола-чақа орттиришни) истасак, агар (шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам уни (яъни хотин, бола-чақани) Ўз даргоҳимиздан (яъни малоикалардан ёки жаннат ҳурларидан) қилган бўлур эдик. 

18. Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан покдирмиз), Биз Ҳақ Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (мушриклар, Аллоҳни «хотин, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур. 

19. Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. 

20. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар. 

21. Ёки улар (яъни мушриклар) ернинг ўзидан (яъни, тош, ёғочлардан), (ўликларни) тирилтира оладиган «худоларни» топиб олдиларми?! 

22. Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар булганида, ҳар иккиси бузилиб кетар эди, Бас, арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир. 

23. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар. 

24. Ёки Уни қўйиб (бошқа) «худоларни» топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад), айтинг: («Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз ҳақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) эслатмаси (яъни Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (яъни Таврот, Инжил, Мана шу китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига ҳужжат-далил бор?!)» Йўқ, уларнинг аксарияти Ҳақикатни билмай туриб, (Ундан) юз ўгирувчилардир. 

25. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз. 

26. Улар (яъни мушриклар): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. 

27. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар. 

28. У зот уларнинг олдиларидаги (қиладиган) ва орқаларидаги (қилиб ўтган) барча иш-амалларини билур. Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар - оқлай олурлар. Уларнинг (ўзлари Аллоҳдан) қўрқиб хавфу хатарда турурлар. 

29. Улардан бирон кимса: «Мен ҳам (Аллоҳдан) ўзга бур илоҳман», деса, бас, Биз ўшани жаҳаннам билан жазолармиз. Биз барча золим-мушрикларни ҳам ана шундай жазолаймиз. 

30. Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни осмонлардан ёғин ёғмас, ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни осмондан ёғин ёғдириб, ердан гиёҳ ундирганимизни) ва барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам иймон келтирмайдиларми?! 

31. Биз ер (одамларни) тебратмасин учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва адашмасликлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик. 

32. Биз осмонни қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса (осмондаги ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳнинг қудратини кўрсатиб турган) аломатлардан юз ўгирувчидирлар. 

33. (Аллоҳ) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган зотдир. (Буларнинг) барчаси ўз фалак-фазосида сузурлар! 

34. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар). 

35. Ҳар жон ўлимни тотиб кўргувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар. 

36. (Эй Муҳаммад), қачон кофир бўлган кимсалар сизни кўрсалар, фақат (бир-бирларига сизни кўрсатишиб): «Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана шуми?» (дейишиб) масхара қиладилар холос. Ҳолбуки уларнинг ўзлари Парвардигорнинг эслатмаси Қуръондан юз ўгирувчилардир. 

37. (Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар) . Бас, Мени шоштирмангиз. 

38. Улар (яъни динсиз кимсалар): «Агар ростгўй бўлсангиз (айтинглар-чи) мана шу ваъда қачон бўлади?» дерлар. 

39. Агар кофир бўлган кимсалар на олдиларидан ва на ортларидан (дўзах) ўтини тўса олмай қоладиган, уларга ёрдам берилмайдиган вақтни (қиёмат кунидаги даҳшатларни) билсалар эди, (бу сўзларни айтмаган бўлур эдилар). 

40. Йўқ, (қиёмат) тўсатдан келиб, уларни ҳайрону хаста қилиб қўюр, бас уни қайтаришга ҳам кучлари етмас, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмас. 

41. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам масхара қилинган. Бас уларнинг устидан кулган кимсаларга ўзлари (ишонмай) масхара қилган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) тушгандир. 

42. Айтинг: «Кечасию кундузи сизларни Раҳмон (азобидан) ким сақлай олур?!» Йўқ, улар Парвардигорни эслашдан юз ўгиргувчилардир. 

43. Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «худолари» бормикан?! У («худолар») ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар. 

44. Йўқ, Биз уларни (кофирларни) ва ота-боболарини (дунё матоларидан шундай) фойдалантирдикки, ҳатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий (кўриниб, бир кун келиб бу ҳаёт тугашига ишонмай қўйдилар ва Аллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар). Ахир улар Биз ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Ислом кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?! Ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар, Аллоҳнинг динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар). 

45. Айтинг: Мен сизларни фақат ваҳий билан қўрқитиб-огоҳлантирурман. (Леки гунглар (яъни динсизлар ўзлари учун охиратда азоб ҳақидаги ваҳий билан) қўрқитилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар. 

46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингизнинг азобидан андак етса, албатта улар: «Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат бизлар (ўз жонимизга) жабр қилгувчилар бўлдик», деб қолурлар. 

47. Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз. 

48. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга (ҳақ билан ботилни) ажратгувчи, зиё ва тақводор кишилар учун эслатма бўлган (Тавротни) ато этдик. 

49. Улар Парвардигорларидан кўрмай туриб, қўрқурлар. Улар (қиёмат қойим бўладиган) соатдан хавфда тургувчилардир. 

50. Бу (Қуръон) Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?! 

И з о ҳ. Ушбу оятдаги хитоб Макка арабларига қаратилган бўлиб, уни шундай тушунмоқ лозим: Бошқа тил, бошқа миллат эгалари Қуръон тилини билмаганлари боис, Унинг қадри-қимматини тўла англай олмасликлари мумкин. Аммо сизлар ўз тилингизда нозил қилинган, теран маъно-моҳиятидан ташқари балоғат ва фасоҳатга тўлиқ бўлган назмининг ўзидан илоҳий мўъжиза экани кўриниб турган Китобни қандай инкор қила оласизлар?! 

51. Дарҳақиқат Биз (Мусодан) илгари Иброҳимга Ҳақ йўлини ато этдик. Биз унинг (Ҳақ йўлга лойиқ эканини) билган эдик. 

52. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)» деганида: 

53. Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». 

54. У деди: «Дарҳақиқат сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар». 

55. Улар айтдилар: «Келтирган айтган (бу сўзларинг) ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?» 

56. У деди: «Йўқ! Сизларнинг Парвардигорингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва ернинг Парвардигоридирки, У зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман. 

57. Аллоҳ номига қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин бутларингизни бир бало қилурман». 

И з о ҳ. Тангри таолонинг ҳидояти билан гўдаклик чоғидаёқ хонсиз ҳайкал-бутларга сиғинишдан бош тортган Иброҳим алайҳис-саломни отаси: «Зора худоларимиз ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса», деб ўзларининг йилда бир бўладиган диний байрамларига олиб бормоқчи бўлади. Лекин у оёғи оғриётганини баҳона қилиб, байрамга бормайди ва ичида улар кетгач бутхонадаги ҳайкалларни синдиришга қасам ичади. 

58. Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар» деб, ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб қўйди). 

59. Улар (қайтиб келганларидан сўнг): «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз у золим кимсалардандир», дедилар. 

60. Улар(нинг айримлари) айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик» 

61. (Шунда уларнинг катталари): «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди. 

62. (Уни келтиришгач): «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?» деб (сўрашди). 

63. (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу «ҳайкал» қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)». 

64. Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз» дедилар. 

65. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!» дейишди. 

66. (Иброҳим) айтди: «Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда хам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! 

67. Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е! Ахир ақл юргизмайсизларми?!» 

68. (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган Намруд бошчилигидаги мушриклар дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». 

И з о ҳ. Шундан кейин мушриклар улкан ўтин ғарами ҳозирлашиб, унинг ҳамма томонига ўт қўйдилар ва Иброҳимни қўл-оёғини боғлаб бир манжаниққа (қадимий тош отиш қуроли) солишиб оловга отдилар. Шунда... 

69. Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!» 

И з о ҳ . Муфассирлар айтишларича, Иброҳим алайҳис-салом манжаниқдан отилган лаҳзада унинг ёнига фаришта Жаброил келиб: «Менга бирон ҳожат-тилагинг борми?» - деб сўраган эканлар, Иброҳим: «Сенга (яъни ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимсага) эҳтиёжим йўқ», деб жавоб берибдилар. «Парвардигорга-чи?» - сўрабди Жаброил, «Парвардигорим ўзи аҳволимдан огоҳдир», дебдилар Иброҳим. Шунда Тангри таоло оловга юқорида зикр қилинган фармонини юбориб, унинг ёруғи қолиб, иссиғи йўқолибди. Иброҳим алайҳис-саломнинг эса боғланган арқони ёниб битибди-ю, у кишининг ўзига озор етмабди. 

Қиссадан ҳисса шуки, кимда ким Иброҳим пайғамбар каби ёлғиз Аллоҳ таолога бандалик қилиб, У зотдан ўзга бирон кимсадан мадад-ёрдам тиламаса Аллоҳ уни ўтда куйдирмас, сувда чўктирмас. 

70. Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик. 

71. Ва унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Биз барча оламлар учун муборак қилган (Шом) заминига (юбордик). 

72. Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик. 

73. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ йўлга) ҳидоят этадиган пешволар килдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилгувчи бўлдилар. 

74. Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан кутқардик. Дарҳақиқат улар ёмон бузуқ қавм эдилар. 

75. Ва уни Ўз раҳмат-жаннатимизга доҳил қилдик. Шак-шубҳасиз у солиҳлардандир. 

76. Нуҳни (эсланг): Ўшанда - (мазкур пайғамбарларнинг давридан) илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва ахли-тобеъларини улуғ ғамдан қутқардик. 

77. Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик. Дарҳақиқат улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик. 

78. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг). Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. 

79. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. 

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди, Довуд алайҳис-салом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайҳис-салом эса «ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларини ҳам ўзига олиб қолса», дейдилар. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир», деб ўз чиқарган ҳукмларини бекор қилади... 

Биз ҳар иккисига ҳикмат-пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олгувчидирмиз. 

И з о ҳ. Айтишларича, Довуд алайҳис-салом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганларида самода учиб кетаётган қуш муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга қироат қилар экан. 

80. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут илмини таълим бердик. Бас сизлар шукр қилурмисиз?! 

81. Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик. Биз барча нарсани билгувчидирмиз. 

82. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик. 

83. Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг). 

84. Бас Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик. 

И з о ҳ. Айюб пайғамбар асли Рум мамлакатидан бўлиб, сер-фарзанд ва бой-бадавлат киши эдилар. Сўнгра бошларига оғир кунлар тушиб мол-дунёларидан ажрадилар, лекин қаноат қилдилар; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлдилар, сабр қилдилар; саломатликларидан ажраб, энг оғир хасталикларга дучор бўлдилар, шикоят қилмадилар. Қачонки айрим кимсалар: «Бу энг ёмон гуноҳ-жиноятларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган», деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Тангри таоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, саломатликларини ҳам, мол-давлатларини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларига ҳаёт ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрганлар, 

Мазкур оятдаги «барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб» деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳис-салом каби сабр-қаноат қилсалар, албатта Аллоҳ таоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этур. 

85. Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилгувчи зотлардандирлар. 

86. Биз уларни Ўз раҳмат-жаннатимизга дохил қилдик. Дарҳақиқат улар солиҳ зотлардандирлар. 

87. Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг). 

88. Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз. 

89. Закариёнинг: «Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни менга Ўз даргоҳингдан бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг яхшироғидирсан (яъни ҳамманинг ортида қолгувчидирсан) деб нидо қилган пайтини (эсланг). 

90. Бас Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар. 

91. Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик. 

92. (Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар! (Одамлар) эса ишларини (яъни динларини) ўзаро парчалаб-бўлиб олдилар. Барчалари Бизга қайтгувчидирлар. 

94. Бас, ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса унинг саъй-ҳаракати зое бўлмас - Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз. 

95-96-97. Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳли қайта дунёга келиши) ҳаромдир. То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар. Ана у вақтда эса кофир бўлган кимсаларнинг кўзлари қотиб: «Эй, ҳолимизга вой, бизлар бундай (оқибатдан) ғафлатда эдик. Йўқ, бизлар (ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлдик», (дейдилар). 

98. (Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар. 

99. Агар (сизлар сиғинадиган бутларингиз) худолар бўлганида (жаҳаннамга) тушмаган бўлур эдилар. (Бу бутлар ва уларга сиғинадиганларнинг) барчалари у жойда абадий қолгувчидирлар. 

100. Улар учун у жойда (фақат) дод-фарёд қилишгина бордир. Улар у жойда (бирон нарсани) эшитмаслар. 

101. Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар. 

102. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолгувчидирлар. 

103. Уларни Буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар. 

104. У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз. 

105. Дарҳақиқат Биз (Лавҳул-маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: «Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз. 

106. Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли нарса бордир. 

107. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик. 

108. Айтинг: «Менга фақат (Сизнинг) илоҳингиз якка ягона илоҳ экани ваҳий қилинур. Бас, сизлар (ваҳийга) бўйинсунувчимисизлар?» 

109. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларнинг (барчангизга ҳеч кимни айирмай менга нозил бўлган ваҳийни) эшитдирдим. Сизларга ваъда қилинган (қиёмат кунидаги азобни) яқин ё йироқлигини эса билмасман». 

110. Албатта У зот сўзнинг ошкорасини ҳам билур, сизлар беркитадиган сўзларни ҳам билур. 

111. Билмайман, эҳтимол бу (яъни азоб соатининг таъхирга ташланиши) сизлар учун бир алдов-синов ва бир оз вақтгача (ажалларингиз етиб ўлгунингизгача) фойдаланишдир». 

112. (Муҳаммад) айтди: «Парвардигорим, Ўзинг Ҳак ҳукмингни қилгин. Парвардигоримиз - сизларнинг («Аллоҳ ёлғиз эмас», деб У зотни бўҳтон сифат билан) сифатлашларингиздан мадад сўраладиган Раҳмондир».







22. Ҳаж сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, етмиш саккиз оятдир. 

Сура диллар даҳшатга тушиб, ақллар адашадиган, она эмизаётган гўдагини унутиб, ҳомиладор аёл ҳомиласини ташлаб юборадиган Қиёмат олди даҳшатларини тасвирлаш билан бошланади ва ўз ҳаётларини Тангри таоло буюрган дини Ислом аҳкомларига амал қилиш билан ўтказган кишилар учун ўша Кунда ҳам ҳеч қандай хавф-хатар бўлмаслиги, дину иймонсиз тирикчилик қилиб ўтган кимсалар эса У Кунда хору расво бўлишлари таъкидланади. 

Маълумки, агар Маккада нозил қилинган сураларда сўз асосан иймон, эътиқод ҳақида кетса, Мадинада инган сураларда ғолибан шариати Исломийядаги қонун-қоидалар зикр қилинади. Инчунун ушбу сура ҳам бундан мустасно эмас. Бу сурада Ислом динининг беш асосий рукнидан бири бўлмиш Ҳаж ибодати ва Одам алайҳис-саломдан қолган «Эски Уй - Байтуллоҳ» хусусида анча батафсил баён қилинадики, суранинг «Ҳаж» деб номланишига ҳам сабаб шудир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. 

2. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. 

3. Одамлар орасида ўзи билмаган ҳолида Аллоҳ хусусида мужодала қиладиган ва ҳар бир итоатсиз шайтонга эргашиб кетаверадиган кимсалар ҳам бордир. 

4. У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани албатта йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилгандир - ҳукм қилингандир. 

5. Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизлар (яъни отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар хам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур. 

6. Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. 

7. Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келгувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур. 

8-9. Одамлар орасида ўзи билмаган ва (Ҳақ йўлига) ҳидоят топмаган ҳолида, бирон нурли Китобсиз (яъни аниқ ҳужжатсиз, Тўғри йўлдан) бўйин буриб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан оздириш учун Аллоҳ хусусида мужодала қиладиган кимсалар ҳам бордир. У (кимсалар) учун бу дунёда расволик-шармандалик бўлур, қиёмат кунида эса унга ўт азобини тотдирурмиз. 

10. (Ва унга дермиз): «Бу (азоб) ўз қўлларинг (билан) қилган гуноҳинг сабаблидир. Зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир». 

11. Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир. 

12. У Аллоҳни қўйиб ўзига зиён ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган бутларга илтижо қилур. Бу - йўлдан қаттиқ озишнинг ўзидир. 

13. У шак-шубҳасиз зиёни фойдасидан яқинроқ бўлган бутларга илтижо қилур. (Лекин у бутлар) нақадар ёмон «ҳожа»дир ва нақадар ёмон «ошно»дир! 

14. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта Аллоҳ ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур. 

15. (Албатта Аллоҳ Ўз пайғамбарига ёрдам берур, энди) кимда-ким: «Аллоҳ ҳаргиз унга ёрдам қилмас», деб гумон қилгувчи бўлса, у ҳолда бир арқон билан осмонга-шифтга осилиб, (ўзини ердан) узсин (яъни ўзи учун дор ясаб, унга осилсин), сўнг қарасин - бу найранги ғазабини кетказармикан. 

И з оҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга ва Ислом динига ёрдам-ғалаба бермайди, деб ўйлаб юрадиган кимсалар яхшиси бир дор ясаб ўзларини осганлари маъқул. Акс ҳолда Тангри таолонинг мусулмонларга берган ғалабасини кўриб у кимсаларнинг бошлари хафачиликдан чиқмай қолур. 

16. Биз уни (яъни Қуръонни) мана шундай аниқ-равшан оятлар(дан иборат) бўлган ҳолида нозил қилдик. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилур. 

17. Дарҳақиқат иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлган кимсалар, собийлар (фаришталарга сиғинувчилар), насронийлар, мажусийлар (оташпарастлар) ва мушрик бўлган кимсалар - аниқки Аллоҳ қиёмат кунида уларнинг ўртасини ажрим қилур (яъни мўминларни жаннатга дохил қилур, кофирларни дўзахга гирифтор қилур). Албатта Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир. 

18. (Эй Муҳаммад), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур. 

И з о ҳ . Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир. 

19. Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, 

20. У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. 

21. Улар учун темир гурзилар бордир. 

22. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур). 

23. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур; 

24. Улар (бу дунёда) хуш-ҳақ сўзга (яъни «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду-сано эгаси - Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар. 

25. Албатта ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан тўсадиган, ҳамда Биз (Маккада) тургувчилар учун ҳам, (бошқа юртлардан) келгувчилар учун ҳам баробар қилиб қўйган, Масжид-ал-Ҳаромдан (тўсадиган) кимсалар ва кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўюрмиз 

26. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим - Уйимни тавоф қилгувчилар қиём, яъни намозда тик ғоз туриш, рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин! 

И з о ҳ. Ушбу оятдаги «Байтуллоҳнинг ўрнини» шундай тушунмоқ лозим: Одам алайҳис-салом жаннатдан ерга тушганларида Тангри таолонинг амри билан биринчи бино қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган экан. (Шунинг учун ҳам қуйидаги оятларда уни «Эски Уй», деб ҳам аталади). Лекин Нуҳ пайғамбар замонларида бўлган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг фармони билан фаришталар у уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган экан. Ҳадиси шарифда айтилишича ўша даврдан буён самодаги Байтуллоҳни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилар, аммо Аллоҳнинг лашкари бўлмиш фаришталарнинг саноғи шу қадар беадад эканки, ҳанузгача бир фаришта икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Ана ўша самога олиб чиқиб кетилган Байтуллоҳнинг ўрнини Тангри таоло Иброҳим алайҳис-саломга билдириб, ўша жойга барча мусулмонлар учун қибла бўлган Байтуллоҳ бино қилишни буюрган. 

27. Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. 

28. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар. 

29. Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар! 

30-31. (Иш) шудир. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинади. Бас сизлар Аллоҳ учун ҳақиқий (йўлдан оғмаган мусулмон) бўлган ва У зотга ширк келтиргувчи бўлмаган ҳолингизда бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз! Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир. 

32. (Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур. 

33. Сизлар учун уларда (яъни Байтуллоҳда қурбон қилиш учун олиб кетаётган қўй, мол, туяларингизда) маълум муддатгача фойда-манфаатлар бордир (яъни йўлда уларни қўзилатиб, соғиб, миниб фойдаланиб кетишларингиз жоиздир. Сўнгра Эски Уйга (етгач) уларни сўйиш (вожибдир). 

34. Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг! 

35. Улар Аллоҳни зикр қилинганида, диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр-тоқат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган зотлардир. 

36. (Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни жон таслим қилганларида), улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни туя-молларни) сизларга бўйсундирдик. 

37. Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг. 

38. Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур. Албатта Аллоҳ барча хоин ва куфрони неъмат қилгувчиларни суймас. 

39. Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. 

И з о ҳ . Муфассирлар айтишларича, ушбу оят мусулмонларга жиҳод қилиш учун берилган биринчи рухсатдир. Пайғамбар алайҳис-салом Маккада турган пайтларида ҳам саҳобалар у кишининг ҳузурларига кўп марта мушрикларнинг қилаётган ҳужумларидан шикоят қилиб келар эдилар. Лекин у зот: «Сабр қилинглар, менга ҳали Парвардигорим томонидан жанг қилишга рухсат берилгани йўқ», деб қайтарардилар. Дарҳақиқат Қуръони каримдаги етмишдан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилгандир. Мадинага ҳижрат қилинганидан кейин Ислом давлати барпо бўлгач, мазлум мусулмонларга золим кофирларга қарши жиҳод қилиш изни берилди ва бу жангда албатта Аллоҳ йўлида курашган зотлар ғолиб бўлиши башорат қилинди. 

40. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. 

И з о ҳ. Бу оятдаги бир нукта айрича эътиборга лойиқдир. Мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръонда масжидлар ўзга диндаги кишиларнинг ибодатхонларидан кейин - тўртинчи ўринда зикр қилинди. Бундан маълум бўладики, Ислом давлатида ўзга дин аҳллари ҳам мусулмонлар билан баб-баробар ҳуқуққа эга бўлар эканлар. 

41. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак - улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир). 

42. (Эй Муҳаммад), агар улар (яъни Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, (билингки) улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. 

43-44. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян (шаҳрининг) аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга мухлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?! 

45. Зотан қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Биз ҳалок қилган, бас томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир. 

46. Ахир улар (яъни Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлур. 

47. Улар сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) нақд азобни талаб қиладилар. Ҳолбуки Аллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир. 

48. Қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Мен (ҳалок қилмай) мухлат бериб қўйиб, сўнг (азобим билан) ушлаган қишлоқ-шаҳарлар бўлгандир. Ёлғиз Менгагина қайтиш(ингиз) бордир. 

49. Айтинг: «Эй инсонлар, мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос». 

50. Бас иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ бўлур. 

51. Бизнинг оятларимиз билан олишишга уринган кимсалар - улар дўзах эгаларидир. 

52. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар борки, качон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (оятда бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир. 

53. (Аллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида мараз бўлган (мунофиқлар), тош дил кимсалар (яъни кофирлар) учун фитна-синов қилиш учун (пайдо қилур). Дарҳақиқат, золим-кофирлар мангу ихтилофдадирлар. 

54. Ва илм ато этилган кишилар у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқат эканини билиб, унга иймон келтиришлари, бас диллари у сабабли таскин топиши учун (Аллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат Аллоҳ иймон келтирган зотларни Тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир. 

И з о ҳ . Айрим ривоятларга қараганда, юқоридаги уч оятнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган экан: Бир куни пайғамбар алайҳис-салом Қуръон сураларидан «Ван-нажми»ни қироат қилаётганларида шайтон васвасаси билан адашиб, Қуръонда бўлмаган сўзларни ҳам қўшиб юборадилар. Бундан шу ерда ҳозир бўлган мунофиқ ва кофирлар шодланиб хурсанд бўлишади. Лекин Аллоҳ таоло дарҳол Ўз пайғамбарини бу хатодан огоҳ қилади ва мазкур оятларни нозил қилиб, бу иш беҳуда бўлмаганини, балки мунофиқ ва кофирларни яна бир бор синаш ҳамда мўминларнинг иймонларини янада зиёда қилиш учун бўлганини уқтиради. 

55. Кофир бўлган кимсалар то уларга тўсатдан (қиёмат) соати келгунича ёки туғмас (яъни эртаси бўлмаган) Куннинг азоби келгунича (Қуръон)дан шак-шубҳададирлар. 

56. У кунда подшоҳлик (ёлғиз) Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи улар ўртасида ҳукм қилур. Бас иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар ноз-неъматларга (тўла) жаннатлардадирлар. 

57. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар - улар учун хор қилгувчи азоб бордир. 

58. Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган, сўнгра қатл қилинган ёки вафот топган зотларни албатта Аллоҳ гўзал ризқ (яъни мангу жаннат) билан ризқлантирур. Дарҳақиқат Аллоҳнинг Ўзигина энг яхши ризқ бергувчидир. 

59. Албатта (Аллоҳ) уларни Ўзлари рози бўладиган жойга - жаннатга дохил қилур. Дарҳақиқат Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир. 

60. (Иш) шудир. Ким ўзига берилган азоб-уқубат баробарида ўч олса, сўнгра яна унга зулм-зўравонлик қилинса, албатта Аллоҳ унга (мазлумга) ёрдам қилур. Дарҳақиқат Аллоҳ афв қилгувчи, кечиргувчидир. 

61. Бунга (яъни Аллоҳ мазлумга ёрдам қила олишига) сабаб Аллоҳ кечани кундузга киритиши (яъни кечани қисқартириб, кундузни узайтириши) ва (аскинча) кундузни эса кечага киритиши (яъни у Ўзи хоҳлаган нарсага қодир экани) ва шак-шубҳасиз Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи эканлигидир. 

62. Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир. 

63. Аллоҳ осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (бутун) ер кўм-кўк бўлишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат Аллоҳ меҳрибон ва огоҳ зотдир. 

64. Осмонлардаги ва ердаги бор нарса Уникидир. Дарҳақиқат Аллоҳнинг Ўзигина беҳожат ва ҳамду сано соҳибидир. 

65. Аллоҳ сизларга ердаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузиб кетаётган кемаларни бўйсундириб қўйганини, ҳамда Ўзи осмонни ерга қулаб тушишдан тутиб туришини, магар (осмон) Унинг изни-иродаси билангина (қулаши мумкинлигини) кўрмадингизми?! Дарҳақиҳат, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир. 

66. У сизларга ҳаёт берган, сўнгра (ажалларингиз етганида) ўлим берадиган, сўнгра (қиёмат қойим бўлганида яна) ҳаёт берадиган зотдир. Дарҳақиқат инсон куфрони неъмат қилгувчидир. 

67. Биз барча миллатга қурбонлик қилиш (қонунини) буюрганмиз - улар ўша (қонунга) амал қилгувчидирлар. Бас (эй Муҳаммад), улар сиз билан (қурбонлик) иши хусусида ҳаргиз талашмасинлар! Сиз (одамларни) Парвардигорингизга даъват қилинг! Албатта сиз Тўғри йўл устидадирсиз. Агар улар сиз билан мужодала қилсалар, у ҳолда айтинг: «Аллоҳ сизлар қилаётган (ёмон) ишларни жуда яхши билгувчидир». 

69. Аллоҳ қиёмат кунида сизлар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ўртангизда ҳукм қилур. 

70. (Эй Муҳаммад), сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир. 

71. Улар (яъни Қурайш кофирлари) Аллоҳни қўйиб, У зот (илоҳ эканига) бирон ҳужжат туширмаган ва ўзлари ҳам билмаган нарсаларга ибодат қиларлар. Бу золимлар учун бирон ёрдамчи йўқдир. 

72. Қачонки уларга Бизнинг очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсаларнинг юзларида инкор (аломатини) сезурсиз. Улар, ўзларига Бизнинг оятларимизни тиловат қилаётган зотларга чанг солишга яқин бўлурлар. (Сиз уларга) айтинг: «Энди мен сизларга бундан ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? (У) Аллоҳ кофир бў кимсаларга ваъда қилган дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!» 

73. Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутинг: Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак ўша бутлардан ҳожатини (раво қилишни сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир. 

74. Улар Аллоҳнинг ҳақиқий қадри - улуғлигини билмадилар. Дарҳақиқат Аллоҳ кучли, қудратлидир. 

75. Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир. 

76. У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни билур. Ва (барча) ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур. 

77. Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар. 

И з о ҳ . Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир.  

78. Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақиқий жиҳод қилингиз! Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни Исломни ушлангиз. Токи (қиёмат кунида) пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги мукаддас китобларида) ҳам мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади. Бас, намозни тўкис адо этингиз, закотни (ҳақдорларга) ато этингиз ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг ҳожангиздир. Бас, У зот нақадар яхши ҳожа ва нақадар яхши мададкордир.





23. Му'минун сураси 


Бир юз ўн саккиз оятдан иборат бу сура Маккада нозил қилингандир. 

Сура Аллоҳ Таолонинг борлиги ва бирлигига ҳамда Муҳаммад алайҳис-салом У зотнинг сўнгги пайғамбари эканлигига иймон келтирган мўминлар Фирдавс боғларига меросхўр бўлиш учун қайси амалларни қилиб, қайси амаллардан тийилишлари лозим эканлигини баён қилиш билан бошланади. Шу боисдан у «Мўминлар» деб аталгандир. 

Бу сурада ҳам ўтмишдаги айрим пайғамбарлар ва уларга мушриклар томонидан етган озорлар зикр қилиниши билан пайғамбар алайҳис-саломга Макка кофирларининг етказаётган азиятларида тасалли берилади, Суранинг меҳвари (ўқи) асосан бу дунёдаги ҳаёт учун қайта тирилиш ҳақ экани атрофида айланади. Яна бу сурада ҳаётларини куфр билан ўтказган кимсаларнинг «сакаротул-мавт - ўлим мастлиги» чоғида тортадиган азоблари, ажаллари етиб - орзу-хаёллари пучга чиққан пайтида чекадиган афсус-надоматлари ҳам баён қилинади. 

Сура одамлар икки тоифага: бахтли ва бадбахтларга бўлинадиган, ҳар қандай насл-насаб, қариндош-уруғчиликдан тониладиган, фақат иймон ва қилинган яхши амалгина фойда берадиган Қиёмат куни ҳақида хабар бериш билан ниҳоя топади. 

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. 

2. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. 

3. Улар беҳуда - фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир. 

4. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. 

5. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. 

6. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. 

7. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир. 

8. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир. 

9. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. 

10-11. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар.  

И з о ҳ . Юқоридаги оятлардан маълум бўлишича, мўминлар нажот топиб, бахт-саодатга эришишлари учун, Фирдавс жаннатига меросхўр бўлишлари учун мазкур фазилатларга эга бўлишлари лозим экан. 

12. (Қасамки), Биз инсонни (яъни Одам алайҳис-саломни) лойнинг мағзидан яратдик. 

И з о ҳ . «Лойнинг мағзи»дан мурод - лой-ер жинсидаги барча моддалардир. Дарвоқеъ, замонавий тиббиёт ҳам инсон вужудида ер жинсининг барча моддалари мавжуд эканини исботлайди. 

13. Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. 

14. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув - нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли - буюкдир. 

И з о ҳ. Ушбу оятда инсоннинг она қорнидаги бир томчи сувдан то тирик, комил инсонга айлангунигача кечган жараён Яратганнинг Ўз илоҳий қалами билан аниқ-равшан қилиб чизиб берилди. 

15. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. 

16. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар. 

17. (Қасамки) Биз сизларнинг устингизда етти йўлни (яъни етти қават осмонни) яратдик. Биз Ўз халқимиздан ғофил бўлмадик. 

И з о ҳ. Муфассирлар айтишича, бу оятда етти қават осмоннинг "етти йўл" деб аталишини шундай тушунмоқ мумкин: Аллоҳ таоло инсонни ва барча махлуқотни яратганидан сўнг Уларнинг ҳолидан ғофил бўлиб қолгани йўқ, балки уларга ризқу рўз ёғилиб туриши учун устларида етти йўл-етти осмонни пайдо қилди. 

18. Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик. Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз. 

19. Сўнг Биз сизлар учун у (сув) ёрдамида хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғларда) кўп мевалар бўлур, сизлар улардан ейсизлар. 

20. Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғли ва егувчилар учун (нон) ҳуруш бўлган ҳолда ўсадиган бир дарахтни (яъни зайтунни яратдик). 

21. Албатга сизлар учун чорва молларида хам ибрат бордир - Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бордир, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари) дан ейсизлар. 

22. Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар. 

23. (Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди. 

24. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўз)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз. 

25. У (яъни Нуҳ) фақат бир жинни бўлган одамдир. Бас унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар, (агар шу сўзидан қайтмас экан ўлдириб юборурсизлар)», дедилар. 

26. (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)». 

27. Бас Биз унга ваҳий қилдик: Бизнинг ҳифзу-ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий-таълимимиз билан бир кема ясагин. Бас қачон Бизнинг фармонимиз келиб, таннурдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтида у кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли-оилангни солгин. Лекин (кофирлардан) қайси кимсалар устида Бизнинг сўзимиз (яъни сувга ғарқ бўлиши ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда у золим кимсалар ҳақида (яъни уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар. 

И з о ҳ. Айрим саҳобалар «таннур»дан мурод барча ер юзи, деган фаразни ҳам айтганлар. Шунинг учун биз Ҳуд сурасининг 40-оятида таннурни "ер" деб ҳам таржима қилганмиз. 

28. Энди қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: «Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин». 

29. Яна айт: «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин. Сен ўзинг энг яхши(манзилларга) туширгувчисан». 

30. Албатта бунда (яъни Нуҳ ва уни қавми можаросида) оят-ибратлар бордир. Биз имтиҳон қилгувчидирмиз. 

31. Сўнгра Биз улардан кейин бошқа асрларни (яъни авлодларни Од қабиласини) пайдо қилдик. 

32. Бас уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбарни (яъни Ҳудни) юбордик. (У айтди): «Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми?!» 

33. Унинг қавмидан кофир бўлган, охиратдаги мулоқотни ёлғон деган ва Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади. 

34. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат килиб (ўз бутларингиздан кечсангизлар), у ҳолда албатта зиён кўргувчидирсизлар. 

35. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами? 

36. Сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир. 

37. Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз. 

38. У (яъни Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир. Бизлар унга ҳеч иймон келтиргувчи эмасмиз. 

39. (Шунда Ҳуд) айтди: «Парвардигорим, мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)». 

40. (Аллоҳ) деди: «Озгинадан кейин улар албатта надомат қилгувчиларга айланиб қолурлар». 

41. Бас ҳақли равишда уларни (даҳшатли) қичқириқ тутиб, Биз уларни хас-хашакка айлантирдик. У золим қавмга ҳалокат бўлгай. 

42. Сўнгра, улардан кейин бошқа асрларни (авлодларни) пайдо қилдик. 

43. Бирон миллат-авлод ўз ажалидан ўзиб ҳам кета олмас, (уни) кетга ҳам сура билмас. 

44. Сўнгра пайдар-пай пайғамбарлар юбордик. Ҳар қачон бирон миллатга ўз пайғамбарлари келса, уни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз уларни (яъни у иймонсиз миллатларни) бирин-кетин (ҳалок қилдик) ва уларни (кишилар ўртасида кўчиб юрадиган) гапга айлантириб қўйдик. Бас иймон келтирмайдиган қавмга ҳалокат бўлгай. 

45-46. Сўнгра Биз Мусо ва унинг биродари Ҳорунни Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн ва унинг одамларига пайғамбар қилиб юборганимизда, улар кибр-ҳаво қилдилар. Улар мутакаббир қавм эдилар. 

47. Улар айтдилар: «Худди ўзимизга ўхшаган икки кишига иймон қелтирурмизми?! Ҳолбуки уларнинг қавми (яъни Бани Исроил) бизларга қуллик қилгувчидирлар». 

48. Бас иккисини ёлғончи қилишиб, ҳалок қилингувчилардан бўлдилар. 

49. Дарҳақиқат, Биз Мусога (Бани Исроил қавми) ҳидоят топиши учун Китоб -Тавротни ато этдик. 

50. (Кейин) Марямнинг ўғли (Ийсони) ва унинг онаси Марямни (Бизнинг қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломат қилдик ва иккисини бир оқар сувли баланд-кўркам қароргоҳга жойладик. 

51. (Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик); «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билгувчидирман. 

52. Шак-шубҳасиз (барчангизни) миллатингиз яъни динингиз) бир миллат (яъни Исломдир). Мен эса сизларнинг Парвардигорингиздирман, бас, Мендангина қўрқингиз!» 

53. Сўнг (одамлар) ишларини (яъни динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар. Ҳар бир гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар. 

54. Бас (эй Муҳаммад), сиз (маълум) вақтгача уларни (яъни Макка мушрикларини) ўз ғафлатларида қолдиринг! 

55-56. Улар Биз уларга бераётган мол-давлат ва болалари учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар (буни ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун қилинаётганини) сезмайдилар. 

57. Албатта, Парвардигорларидан қўрқиб хавфда тургувчи кишилар, 

58. Парвардигорларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар, 

59. Парвардигорларига ширк келтирмайдиган кишилар, 

60. (Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган холда берадиган кишилар - 

61. Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар. 

62. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмасмиз. Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб (яъни ҳар бир банданинг номайи аъмоли) бордир. Уларга (қиёмат кунида яхшиликларини яшириш ё ёмонликларини ошириш билан) зулм килинмас. 

63. Йўқ, (кофирларнинг) диллари бундан (яъни юқорида мазкур бўлган мўминларнинг фазилатларидан) ғафлатдадир. Улар учун ўзлари қилувчи бўлган бундан бошқа (динсизлик, риёкорлик, ширк ва дилозорлик каби) амаллар бордир. 

64. То қачон Биз уларнинг боёнларини азобга гирифтор қилганимизда (яъни мол-давлатларини кетказиб, оч-яланғоч қилиб қўйганимизда) баногоҳ улар фарёд қилурлар. 

65. (Шунда Биз дермиз): «Бугун энди фарёд қилмангиз! Аниқки сизларга Биз томонимиздан (ҳеч қандай) ёрдам бўлмас. 

66. (Чунки) сизларга Менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар кетингизга тисланган эдингиз. 

67. («Байтуллоҳ бизларники», деб), у билан мутакаббирлик қилган ҳолларингизда тунги суҳбатларингизда (Қуръон хусусида) беҳуда сўзлар айтар эдингизлар». 

68. Ахир улар бу Сўзни - Қуръонни тадаббур-тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими (яъни уларга ҳам Аллоҳ тарафидан пайғамбарлар китоблар билан келган эди-ку)?! 

69. Ёки ўз пайғамбарларининг (яъни Муҳаммад алайҳис-саломнинг ишончли, ростгўй ва хушхулқ инсон эканини) танимай, уни инкор қилгувчи бўлдиларми?! 

70. Ёхуд: «Унда (Муҳаммадда) жиннилик бор», дедиларми?! Йўқ! (Муҳаммад) уларга Ҳақиқатни келтирди. Уларнинг кўплари эса Ҳақиқатни ёмон кўргувчилардир. 

71. Агар Ҳақиқат - Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди (яъни унда: «Аллоҳнинг шериклари бор», деган гап келса эди, албатта осмонлар, ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди. Йўқ, Биз улар учун эслатма келтирдик, Улар эса ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгиргувчидирлар. 

72. (Эй Муҳаммад,) ёки сиз улардан харж (яъни Қуръон оятларини келтирганингиз эвазига ҳақ) сўрамоқдамисиз? (Йўқ, сиз ҳаргиз улардан харж сўрамассиз, чунки) Парвардигорингизнинг харжи - берадиган ажри яхшироқдир. У энг яхши ризқ бергувчидир. 

73. Шак-шубҳасиз сиз уларни фақат тўғри йўлга даъват қилурсиз.  

74. Албатта охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар бу йўлдан озгувчидирлар. 

75. Агар Биз уларга раҳм-шафқат қилсак ва улар билан бўлган нарсани (қаҳатчиликни) аритсак, шак-шубҳасиз улар яна ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришга кайтурлар. 

76. Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар. 

77. То қачон Биз уларга қаттиқ азоб-қаҳатчилик дарвозасини очиб қўйганимизда, эса баногоҳ улар ноумид бўлгувчидирлар. 

И з о ҳ . Ривоят қилинишича, Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломнинг қарғишларига учраб, очарчиликка гирифтор бўлишиб ҳам иймон келтирмаганларидан кейин уларга «азоб дарвозаси очилиб», бу қаҳатчилик етти йилга чўзилган экан. Шунда Қурайш катталари бутунлай умидсизликка тушиб, пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келишганида, Аллоҳ таоло у зотга агар бу кофирларга яна мўл-кўлчилик берилса, улар ўзларининг кибру туғёнларига қайтишлари ҳақида хабар беради. Юқорида мазкур бўлган уч ояти карима шу ҳақдадир. 

78. (Аллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар. 

79. У сизларни ер юзида яратиб - (таратган) зотдир. Ва сизлар (қиёмат кунида) Унинг ҳузурига тўпланурсизлар. 

80. У ҳаёт ва ўлим берадиган зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унинг (измидадир). Ахир ақл юргизмайсизларми?! 

81. Йўқ, улар ҳам худди аввалгилар айтган сўзларни айтдилар. 

82. Улар дедилар: «Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланган вақтимизда яна қайта тирилгувчимизми?! 

83. Дарвоқеъ бизларга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилинган. Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир». 

84. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» 

85. Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?! » 

86. Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» 

87. Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» 

88. Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), "Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» 

89. Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» 

90. Йўқ! Биз уларга (қайта тирилишлари ҳақидаги) Ҳақиқатни келтирдик. Улар эса шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. 

91. Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар, (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган шериклардан покдир. 

92. У ғайбу-шаҳодатни (яъни йўқу-борни) билгувчидир. Бас у (мушрикларнинг) ширкларидан юксакдир. 

93. Айтинг: «Парвардигорим, агар Сен менга (кофирларга) ваъда қилинаётган (азоб)ни (уларнинг устига тушганини) кўргузадиган бўлсанг, 

94. Парвардигорим, (ўша соатда) мени у золим қавм билан бирга қилмагин». 

95. Албатта, Биз сизга уларга ваъда қилаётган (азобимизни) кўргизишга қодирдирмиз. 

96. Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! Биз улар (сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши билгувчидирмиз. 

97. Ва айтинг: «Парвардигорим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. 

98. Яна мен Сендан (ё) Парвардигорим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ беришингни сўрайман». 

99. Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. 

100. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур. 

И з о ҳ. Нақл қилишларича, умрини куфру-туғён билан совурган кимсага ўлим соати келганида, шу қадар надомат ва азобга дучор қилинадики, бу азоб олдида дунёдаги барча уқубатлар роҳат бўлиб қолади. Энди у жаҳаннамда шундай азобларга гирифтор бўладики, бунинг олдида ўлаётган соатида кўрган азоби роҳатга айланиб қолади. 

101. Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. 

102. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. 

103. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса), бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчидирлар. 

104. Уларнинг юзларини ўт куйдириб бадбашара бўлиб қолгувчидирлар. 

105. (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди, сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингизлар?!» (дейилганида), 

106. Улар дедилар: «Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. 

107. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас агар яна (туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз». 

108. (Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз! 

109. Аниқки, Менинг бандаларимдан бир гуруҳ бор эди. Улар: «Парвардигоро, (Ўзингга) иймон келтирдик. Бас сен Бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла: Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан», дер эдилар. 

110. Бас сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз. 

111. Мен бугун уларни (сизларнинг озор-азиятларингизга) сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим - улар ҳақиқий (бахт-саодатга) эришгувчидирлар». 

112. «Ерда қанча йил турдинглар?» деди (Аллоҳ). 

113. Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин». 

114. (Аллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингизлар (яъни-сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир). 

115. Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! 

116. Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У - улуғ арш соҳиби бордир. 

117. Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар. 

118. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг (гуноҳларимизни) мағфират ҳқилгин ва (ҳолимизга) раҳм айла. Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан».










Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов