"."
Меню

Жосия-Ахкоф-Мухаммад-Фатх-Хужурот-Коф-Ваз-зариет-Тур-Нажм-Камар-Рахмон-Вокеа-Хадид-Мужадала-Хашр-Мумтахана суралари

45. Жосия сураси 

Ўттиз етти оятдан иборат бўлган бу сура ҳам Макка сураларидандир.

Дастлабки оятлариданоқ осмонлар ва ердаги ҳар бир нарса ва воқеа-ҳодисада ягона Яратгувчининг борлигига далолат қиладиган аломатлар мавжуд эканлигини уқтирадиган бу сурада ҳам сўз асосан иймон-эътиқод устида боради. 

Бу сурада яна Бани Исроил қавмига Тангри таоло томонидан ато этилган ноз-неъматлар ва имтиёз фазилатларга улар ношукурлик қилганликлари ҳақида ва умуман ҳавойи нафсларини «худо» қилиб олган кимсалар ва уларнинг топажак оқибатлари хусусида хабарлар берилади.

Сура ниҳоясида Қиёмат кунида рўй берадиган аҳвол тасвирланади ва у Кунда ҳар бир уммат тиз чўккан ҳолда Аллоҳ Роббил-оламийн тарафидан бўладиган ҳукмга кўз тутиб туриш баён этилади. Суранинг «Жосия - Тиз чўкувчилар», деб аталишининг сабаби шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2. (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

3. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва ерда мўминлар учун (Аллоҳнинг қудрат ва ҳикматига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.

4. Яна сизларнинг (бир томчи сув-нутфадан) яралишингизда ва (Аллоҳ ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

5. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида «ўлган» ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

6. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, Биз уларни сизга ҳаққи-рост тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб қайси сўзга иймон келтирурлар?! 

7. Барча бўҳтончи-ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлғайки; 

8. У ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитар, сўнгра гўё уларни эшитмагандек, кибру ҳаво қилган ҳолда (ўз куфрида) оёқ тираб турар! Бас (эй Муҳаммад), сиз унга аламли азоб хушхабарини беринг!

9. Қачон Бизнинг оятларимиздан бирон нарса билиб олса, у (оят)ларни масхара қилур! Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир!

10. Уларнинг ортида жаҳаннам бор! Касб қилган-топган (мол-дунё, бола-чақалари) ҳам, Аллоҳни қўйиб ушлаган «дўстлари» ҳам уларга бирон нарсада асқотмас! Улар учун улуғ - катта азоб бордир!

11. Ушбу (Қуръон иймон келтирган зотлар учун) ҳидоятдир. Парвардигорларининг оятларига кофир бўлган кимсалар учун эса ашаддий азобдан аламли насиба бордир! 

12. Аллоҳ (денгиздаги) кемалар Ўзининг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйинсундириб қўйган зотдир. 

13. У Ўз томонидан (яъни Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят ибратлар бордир. 

14. (Эй Муҳаммад), иймон келтирган зотларга айтинг, улар Аллоҳ (ваъда қилган ҳисоб-китоб) кунларидан ноумид бўлган кимсалар етказаётган озор-азиятлар)ни кечириб юбораверсинлар. Токи (Аллоҳ ўша озорларга сабр-тоқат қилган) қавмни касб қилган нарсалари (яъни кечириб юборганликлари) сабабли мукофотлагай! 

15. Ким бирон яхшилик қилса, бас, ўзи учун (яъни ўз фойдасига қилган) бўлур, ким ёмонлик қилса, бас, ўз зиёнига (қилган) бўлур. Сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар.

16. Дарҳақиқат Биз Бани Исроил (қавми)га Китоб-Таврот, ҳикмат ва пайғамбарлик ато этдик ва уларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни (ўз замонларидаги) барча оламдан устун қилдик.

17. Яна Биз уларга (дин) ишлари ҳақида аниқ-равшан ҳужжатлар ато этдик. Бас, улар ихтилоф қилмадилар, магар уларга (Биз томонимиздан дин ҳақида) илм-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (талашиб-тортишдилар). Албатта Парвардигорингиз Қиёмат кунида уларнинг ўрталарида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида ҳукм қилур. 

И з о ҳ. Муфассирларнинг айтишларича, мазкур оятларда Бани Исроил қавми ва уларнинг ўзларига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган шунчалик аниқ оят-мўъжизалар ва ноз-неъматлардан кейин ҳам ўзаро ҳасад-адоват қилишиб, дин ҳақида турли ихтилофларга берилиб кетганликлари тўғрисида ҳикоя қилинишидан мақсад Макка мушриклари томонидан берилаётган хилма-хил озор-азиятлардан изтиробга тушган Муҳаммад алайҳис-саломга таскин-тасаллий бериш ва у кишини ҳам худди Мусо пайғамбар Бани Исроилнинг зулмига сабр қилганидек сабр тоқат қилишга даъват этишдир. 

18. Сўнгра (Эй Муҳаммад), Биз сизни (дин) ишидан бир шариат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! 

19. Чунки, (агар сиз уларнинг ҳавойи нафслари кўрсатган залолат йўлига юрсангиз,) улар сиздан Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарсани (азобни) қайтара олмаслар. Албатта золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводор зотларнинг дўстидир.

20. Ушбу (Қуръон барча) одамлар учун (равшан) кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.

21. Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?! 

22. Аллоҳ осмонлар ва ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (қонун ва низом) билан яратди. 

23. (Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!

24. Улар (яъни қиёматни инкор қилгувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос.

25. Қачон уларга (қайта тирилиш ҳақлиги тўғрисидаги) Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, уларнинг (бу оятларга қарши) «ҳужжатлари» фақат: «Агар ростгўй бўлсангизлар, ота-боболаримизни (тирилтириб) келтиринглар-чи», дейишларигина бўлур.

26. Айтинг: «Аллоҳ сизларга ҳаёт берур, сўнгра (ажалларингиз етгач) ўлдирур, сўнгра сизларни ҳеч шак-шубҳасиз (келадиган) Қиёмат кунига тўплар. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмаслар»!

27. Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда - ана ўша кунда бузғунчи кимсалар зиён тортурлар! 

28. (У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи-аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар. 

29. Мана бу китобимиз (яъни Бизнинг амримиз билан ёзилган номаи-аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат Биз сизлар қилгувчи бўлган барча амалларингизни (ушбу номаи-аъмолга) кўчириб қўйгандирмиз». 

30. Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга келсак, уларни Парвардигор Ўз раҳмати-жаннатига дохил қилур. Бу очиқ бахтнинг ўзидир!

31. Энди кофир бўлган кимсаларга келсак, (бас уларга айтилур): «Ахир сизларга Менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сизлар (у оятларга иймон келтирмасдан) кибру-ҳаво қилдинглар ва жиноятчи қавм бўлдинглар!» 

32. Қачон (сизларга) «Дарҳақиқат Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, (Қиёмат) соати шак-шубҳасиз (келгувчидир)», дейилса, сизлар «Биз у соат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат соати келишига) аниқ ишонгувчи эмасмиз», дединглар. 

33. (Мана энди) уларга қилиб ўтган ёмонликлар ошкор бўлди ва ўзлари масхара қилиб ўтган (азоб) уларни ўраб олди! 

34. Ва (уларга) дейилди: «Худди сизлар мана шу бугунги кунингиздаги учрашувни унутганларингиздек, Биз ҳам бугун сизларни «унутурмиз». Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун дўзах азобидан қутқарувчи ёрдамчилар ҳам йўқдир! 

35. Бунга сабаб - сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдинглар ва сизларни ҳаёти дунё алдаб қўйган эди. Бас, бугун улар (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас. 

36. Бас, барча ҳамду сано осмонлар Парвардигори, ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори - Аллоҳ учундир. 

37. Осмонлар ва ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудрат ва ҳикмат соҳибидир!






46. Аҳқоф сураси 


«Ҳо, Мим» ҳарфлари билан бошлангувчи сураларнинг сўнгги - еттинчиси бўлган бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, ўттиз беш оятдир.

У Қуръони Каримнинг қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидап туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра мушрикларнинг сиғинаётган бутлари бирон нарса яратишга ҳам, уларнинг дуо-илтижоларини эшитишга ҳам қодир бўлмаган жонсиз тошлар эканлигини уқтиради.

Бу сурада ҳар бир инсон ота-онасига яхшилик қилишга амр этилгани хусусида хабар берилади ва фарзандни туғиб, қаторга қўшгунча она чекадигап меҳнат-машаққатлар айрича тасвирланади.

Бу сурада ўтган пайғамбарлардан Ҳуд алайҳис-саломнинг Яман юртидаги қумтепаларни маскан тутган Од қабиласини ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилишга даъват этганлари, улар эса куч-қувватларига ишониб, пайғамбар даъватини инкор қилишлари оқибатида, ҳалокатга дучор бўлганлари ҳақида хабар берилади. Суранинг «Аҳқоф - Қумтепалар» деб номланишининг боиси шудир. 

Сура пайғамбар алайҳис-саломни кофирлар томонидан тортаётган азиятларга сабр-тоқат қилишга чақириш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ҳо, Мим.

2. (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

3. Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ (қонун) (Қиёмат кунигача) белгаланган муддат билан яратдик. Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни Охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар). 

4. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар берингиз - менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар?! Агар ростгўй бўлсангизлар, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни аввалги уламолардан қолган биронта аниқ ҳужжатни) келтиринглар!» 

5. Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!

6. (Қиёмат кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!

7. Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар Ҳақ (Қуръон) тўғрисида у ўзларига келган вақтидаёқ (тафаккур қилиб кўрмасданоқ) «Бу очиқ сеҳрдир», дерлар.

8. Ёки улар («Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб олган», дейдиларми?! Айтинг: «Агар уни ўзим тўқиб олган бўлсам, у ҳолда, сизлар мен учун Аллоҳ (азоби)дан бирон нарса(ни дафъ қилиш)га эга бўла олмассизлар (яъни у ҳолда Аллоҳнинг Ўзи Унинг шаънига ёлғон тўқиганим учун мени ҳеч ким қайтара олмайдиган азоб билан жазолаган бўлур эди. Бас, мен сизлардан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрққаним сабабли сизларга Ҳақ ваҳийни келтирмоқдаман)! У сизлар киришаётган нарсани (яъни Қуръонни "бир сеҳр, бир уйдирма" деяётганларингизни) жуда яхши билгувчидир. Унинг Ўзи мен билан сизларнинг ўртангизда етарли гувоҳдир. У мағфиратли, меҳрибон зотдир».

9. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен пайғамбарлардан янги - биринчиси эмасман (яъни мендан аввал ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари ўтган-ку, нега сизлар менинг пайғамбарлигимга ҳайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!) Мен (келажакда) на ўзимга ва на сизларга нима қилинишини билмасман (яъни ғайбдан хабардор эмасман). Мен фақат ўзимга ваҳий қилинадиган нарсага эргашурман. Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчидирман».

10. Айтинг: («Эй мушриклар), хабар берингиз-чи, агар (ушбу Қуръон) Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сизлар унга кофир бўлсангизлар ва Бани Исроилдан бўлган бир гувоҳ ҳам у (Қуръон)нинг ўхшаши (ёлғиз Аллоҳ томонидангина нозил бўлиши)га гувоҳлик бериб, иймон келтирса-ю, сизлар (унга иймон келтиришдан) кибр-ҳаво қилсангизлар (яъни сизлар энг золим одамлар бўлиб қолмайсизларми?!) Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас!» 

И з о ҳ. Муфассирлар айтишларича «Бани Исроил қавмидан бўлган гувоҳ» - яҳудий Абдуллоҳ ибн Салом бўлиб, у киши пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига келиб, Қуръони Карим оятларини эшитгач ва бир неча саволларига расулуллоҳдан аниқ жавоблар олгач, дарҳол Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига, Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига иймон келтирган экан. 

11. Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотлар хақида «Агар (бу Қуръон) яхши бўлганида, (анави ялангоёқлар) унга бизлардан илгари бормаган бўлур эдилар», дедилар. Улар ўзлари (Қуръон) билан ҳидоят топишмагач: «Бу эски уйдирмадир», дерлар. 

И з о ҳ. Маълумки, аввал-бошда Ислом динини Аммор, Билол Суҳайб ва Хаббоб каби камбағал-бечоралар қабул қилган эдилар. Шунинг учун зодагон мушриклар юқоридаги сўзларни айтдилар. 

12. У (Қуръон)дан илгари Мусонинг пешво ва раҳмат бўлган Китоби (Таврот) бор эди. Бу (Қуръон) арабий лисондаги, (ўзидан аввал нозил бўлган барча илоҳий китобларни) тасдиқлагувчи бир Китобдир. У золим-кофир бўлган кимсаларни (охират азобидан) огоҳлантириш учун ва чиройли амал қилгувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар бўлиш учун (нозил қилингандир). 

13. Албатта «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деган, сўнгра (Тўғри йўлда) устивор бўлган зотлар учун хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар. 

14. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.

15. Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимга ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди. 

И з о ҳ. Ушбу ояти каримада яна ҳар бир инсонни ота-онага яхшилик қилишга буюрилди. Табиий бир савол туғилиши мумкин: Нега Қуръонда ота-онага меҳр-мурувват кўрсатиш вожиб эканлиги бот-бот уқтирилади-ю, фарзандларга меҳрибонлик қилишга буюрилган оятлар деярли учрамайди? Каломуллоҳни синчиклаб ўқиб-ўрганган киши ундан юқоридаги саволга жавоб топа олади: Қуръонда бирон беҳуда жумла ёки сўз йўқдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни комил инсон қилиб тарбиялаш учун қайси фармонни неча марта такрорлаш лозим бўлса, уни шунча марта нозил қилган. Негаки, Яратган Ўз бандаларининг жисмоний жиҳатларидан ҳам, руҳоний хусусиятларидан ҳам жуда яхши огоҳдир. Масалан, У зот ота-онага, хусусан онага ўз фарзандларига нисбатан шундай меҳр ато этганки, она учун энг оғир, ҳатто таҳликали давр бўлган ҳомиладорлик ва кўз ёриш даври ҳамда чақалоқни эмизиб, тарбиялаш йиллари ота-она ҳаётидаги энг бахтли дамлардир. Бинобарин, ота-онани (албатта улар агар маънавиятдан ажраб ваҳшийлик даражасига тушиб кетган бўлсалар) фарзандга яхшилик қилишга буюраверишнинг ўзи ортиқча бир ишдир. Аммо фарзандлар эса ёшликларига бориб ёки ўзларининг ўғил-қизлари билан овора бўлишиб, ортларидаги ота-оналарига бепарво бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун Қуръон фарзандларни тез-тез ота-она олдидаги бурчларини адо этишга даъват қилади. 

Юқоридаги оятнинг давомида камолот ёши бўлмиш қирқ ёшга етган мусулмони комил киши учун Аллоҳ таолодан қандай тилак-истаклар сўраш лойиқ эканлиги баён қилинди. Энди қуйидаги оятда ана шундай хислат эгалари бўлган мўмин-мусулмонларнинг келажак-оқибатлари ҳақида хабар берилади. 

16. Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гунохларидан ўтиб юборурмиз. (Бу) уларга ваъда қилингувчи ҳаққирост ваъдадир. 

17. Яна бир кимса борки, ота-онасига: «Суф сизларга! Сизлар менга (ўлганимдан кейин қайта тирилиб, қабрдан) чиқарилишим ҳақида ваъда беряпсизлар-ми?! Ҳолбуки мендан илгари ҳам асрлар-авлодлар ўтган-ку, (улардан биронтаси қайта тирилиб келдими)?!» дер. У иккиси Аллоҳдан мадад тилаган ҳолларида (ўғилларига қараб): «Ҳалок бўлгур, иймон келтиргин! Албатта Аллоҳнинг (барча бандаларни қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир», (десалар), у: «Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир», дер. 

18. Ана ўшалар шундай кимсалардирки, уларнинг устига ўзларидан илгари ўтган инсу-жинсдан иборат (кофир) умматлар қаторида (азоб) Сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта улар зиён кўргувчи бўлдилар. 

19. (Мўминлар ва кофирлардан) ҳар бири учун ўзлари қилган амаллари сабабли даража-мартабалар бордир. Чунки (Аллоҳ) уларга қилган амалларини(нг мукофот ва жазоларини) комил қилиб берур ва уларга зулм қилинмас. 

20. Қофир бўлган кимсалар дўзахга кўндаланг қилинадиган Кунда (уларга дейилур): «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди Бугун ерда ноҳақ кибру ҳаво қилганларингиз ва итоатсиз бўлганларингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланурсизлар». 

21. (Эй Муҳаммад), Од (қабиласи)нинг биродарини (яъни Ҳуд пайғамбарни) эсланг! Ўшанда у ўзининг қумтепалардаги қавмини: «Сизлар ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан сизларнинг устингизда улуғ Куннинг азобидан қўрқурман», деб огохлантирган эди, - дарҳақиқат ундан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантиргувчи (пайғамбар)лар ўтгандир; 

22. Улар: «Сен бизларни худоларимиздан буриш (юз ўгиртириш) учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтирган-чи?» дедилар. 

23. У айтди: «(Азоб келар вақтнинг) билими ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган динни етказурман. Лекин мен сизларни нодон қавм эканлигингазни кўрмоқдаман».

24. Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир», дедилар. «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса - бир бўронки, унда аламли азоб бордир.

25. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб), тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи-осий қавмни мана шундай жазолаймиз.

26. Ҳолбуки (эй Макка аҳли), Биз уларни (мол-дунё ва куч-қувват жиҳатидан) сизларни қодир қилмаган нарсаларга қодир қилган эдик ва уларга ҳам қулоқ, кўз ва диллар (ато) қилган эдик. (Лекин) улар Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор этганлари учун уларга қулоқ-кўзлари ҳам, диллари ҳам бирон фойда бермади (яъни Ҳақ йўлни кўриб-идрок қила олмадилар). Ва уларни ўзлари масхара қилиб кулган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) ўраб олди. 

27. (Эй Макка ахли), аниқки, Биз сизларнинг атрофингиздаги қишлоқ-шаҳарларни ҳалок қилдик. Биз уларга шояд (куфру исёнларидан) қайтсалар, деб оят-мўъжизаларни батафсил баён қилган эдик, (лекин улар қайтмай ҳалокатга дучор бўлдилар). 

28. Ахир ўзлари Аллоҳни қўйиб, (Аллоҳга) яқин қиладиган «худо»лар, деб ушлаб олган - сиғинган бутлари (ҳалокатдан қутулишлари учун) уларга ёрдам берсалар бўлмасмиди?! Йўқ, у (бутлар мушриклардан ёрдамга муҳтож бўлган вақтларида) ғойиб бўлиб қолишди. Бу (яъни бутлар бутпарастларни Аллоҳга яқин қилади, деган ақида) уларнинг уйдирмаларидир ва (Аллоҳ шаънига) тўқиб олган бўҳтонларидир. 

29. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз сизнинг олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. 

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига бир неча бор жин тоифасининг вакиллари келиб, Қуръонни тинглаб кетган эканлар. Мазкур оятдаги воқеа шулардан бири бўлиб, уни келтиришдан мурод Макка мушрикларини огоҳлантиришдир. Гўё уларга: «Инсон тоифасидан бўлмаган жинлар Қуръонни бир бор эшитишлари биланоқ унга иймон келтириб, бошқа жинларни ҳам иймонга даъват қилиш учун кетсалар-у, сизлар ўзларингизнинг тилингиздаги Қуръонга ва ўз тоифангиздан бўлган пайғамбарга иймон келтирмай кофирлигингизча қолсангизлар!» дейилмоқда. Қуйидаги оятларда жинларнинг ўз қавмлари олдига бориб, Қуръон хабарини етказганлари баён қилинади. 

30. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилгувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни - Қуръонни тингладик. 

31. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилгувчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гунохларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур. 

32. Ким Аллоҳга даъват қилгувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқаргувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар».

33. Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилгувчи кимсалар) осмонлар ва ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот - Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир.

34. Кофир бўлган кимсалар дўзахга кўндаланг қилинадиган Кунда (уларга): «Ушбу (азоб) ҳақ эмас эканми?!» (дейилганида), улар: «Йўқ, Парвардигоримизга қасамки, (бизларга ваъда қилинган азоб ҳақ экан)», дерлар. (Шунда Аллоҳ) айтар: «Бас, кофир бўлганларингиз сабабли мана шу азобни тотинглар!»

35. Бас, (эй Муҳаммад), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек, (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг. Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар! (Бу Аллоҳ томонидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир. Бас, фақат итоатсиз қавмгина ҳалок қилинур.  






47. Муҳаммад сураси 


Мадинада нозил бўлган бу сура ўттиз саккиз оятдан ташкил топган.

Унда сўз асосан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва у жангда риоя қилиниши лозим бўлган тартиб-интизом ва қонун-қоидалар ҳақида боради. Шунинг учун уни «Жанг» сураси ҳам деб атайдилар.

Бу сурада мўминларга агар улар Аллоҳнинг динига ёрдам берсалар, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг ёрдамида бўлиши таъкидланади.

Шунингдек, рўбарўдаги душманга қарши жанг қилиш билан бирга, ораларидаги мунофиқлардан ҳам огоҳ-эҳтиёт бўлиб туриш лозимлиги уқтирилади ва уларнинг айрим сифат-кирдикорлари анча батафсил баён қилинади.

Сура ниҳоясида Тангри таоло мўмин-мусулмонларга Ўзи улар билан бирга эканлигини уқтириб, уларни Ҳақ йўлида сустлашмай-оғишмай саъй-ҳаракат қилаверишга даъват этади.

Бу сура пайғамбар алайҳис-салом номлари билан «Муҳаммад», деб аталгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларнинг амалларини (Аллоҳ) зое кетказур.

И з о ҳ. Ушбу оятда ўзлари иймонсиз бўлиб, бошқаларни ҳам дин-иймон йўлидан тўсадиган кимсалар агар яхши амалларни қилсалар ҳам, уларга ҳеч қандай ажр-савоб берилмаслиги баён этилди.

2. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (алайҳис-салом)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) - ҳолбуки у Парвардигорлари томонидан келган Ҳақиқатдир - иймон келтирган зотларнинг эса ёмонлик-гунохларини ўчирур ва ишларин ўнглар.

3. Бунга (яъни кофирларнинг амаллари зое бўлиш мўминларнинг гуноҳлари ўчирилишига) сабаб - кофир бўлган кимсаларнинг ботил (йўл)га эргашганлари, иймон келтирганларнинг эса Парвардигорлари томонидан бўлган Ҳақ (Қуръон йўли)га эргашганларидир. Аллоҳ инсонларга уларнинг мисолларини мана шундай баён қилиб берур.

4. Бас, (эй мўминлар), қачон сизлар (жанг майдонида) кофир бўлган кимсалар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз - ўлдирингиз! Энди қачон уларни(нг кўпларини) қириб (мағлуб қилганингиздан кейин уларни асир олиб) арқонлар билан боғлангиз! Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар, Токи уруш юкларини қўйгунича (яъни тўхтагунича сизларга буюрилган иш) мана шудир. Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун сизларни жангга буюрди). Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. 

5. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. 

6. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур.

7. Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида кадамларингизни собит-барқарор қилур.

8. Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур.

9. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказди.

10. Ахир улар ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Аллоҳ уларнинг устига ҳалокат юбориб (бутунлай йўқ бўлиб кетдилар-ку)! Бу кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат-ҳалокат) уларнинг ўхшаши бўлур. 

11. Бунга (яъни Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб Аллоҳ иймон келтирган зотларнинг дўсти-ҳомийси эканлиги, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканлигидир. 

12. Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва уларнинг жойлари дўзах бўлур! 

13. (Эй Муҳаммад), сизни ҳайдаб чиқарган қишлоқ (яъни Макка аҳли)дан кўра (аҳолиси) кучли-қувватлироқ бўлган қанчадан-қанча қишлоқни ҳалок қилганмиз. Бас, улар учун бирон ёрдамчи бўлмаган.

14. Ахир Парвардигори томонидан аниқ-равшан ҳужжатга (яъни Қуръонга) эга бўлган киши (яъни расуллуллоҳ ва мўминлар), қилган ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!

15. Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли - сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар, ичгувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат ахли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?! 

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло мўминлар билан кофирлар ҳеч қачон баробар бўлмасликларини аниқ далиллар билан баён этди ва тақводор мўминларнинг борар жойларини ҳам, кофирларнинг топажак оқибатларини ҳам жонли лавҳалар билан тасвирлаб берди. Энди қуйидаги оятларда сўз мунофиқлар ва уларнинг кирдикорлари ҳақида боради. 

16. (Эй Муҳаммад), уларнинг (мунофиқларнинг) орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар сизга қулоқ солиб турур-да, ҳузурингиздан чиққан вақтларида, илм ато этилган зотлардан (масхара қилишиб): «Ҳозиргина (Муҳаммад) нима девди?» деб сўрарлар. Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган ва ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашган кимсалардир. 

17. Ҳидоят топган - Тўғри йўлга юрган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда ва тақво ато этур, (яъни уларга ҳаромдан парҳез қилиш йўлларини кўрсатур). 

18. Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди фақат тўсатдан (қиёмат) соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе унинг аломатлари келди. Бас, уларга (қиёмат соати) келган вақтида уларнинг эслатма-ибрат олишлари (учун) қандай (имкон) бўлур?! 

И з о ҳ. Яъни Аллоҳ таолонинг оят-мўъжизаларидан панд-насиҳат олиб Тўғри йўлда юришни истаган киши Қиёмат соати келиб қолишидан илгари панд-насиҳат олсин. Чунки у соат келиб қолгач, қилинган тавба-тазарруънинг ҳеч қандай фойдаси йўқдир. Дарвоқе Қиёмат яқинлигининг аломатлари кўриниб қолди. Ўзлар ётга, оғайнилар ёвга айланиши, улуғлар камайиб, пасткаш-тубан кимсалар кўпайиши ана шундай аломатлардандир. 

19. Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (охиратда) борар жойларингизни ҳам билур. 

20-21. Иймон келтирган зотлар: «(Кофирларга қарши жанг қилишга буюрилган) бирон сура нозил қилинганида эди», дерлар. Энди қачон аниқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр этилса, дилларида мараз бўлган кимсаларни, сизга худди (келиб қолган) ўлимдан (қўрқиб,) беҳуш бўлиб қолган кимсанинг қараши билан қарашаётганини кўрурсиз. (Ҳолбуки), улар учун (сизга) итоат этиш ва яхши сўз (сўзлаш) лойиқроқ эди. Энди қачон иш - жанг муқаррар бўлса, у ҳолда агар улар Аллоҳга (иймон келтириш ва Унинг жанг қилиш ҳақидаги амрига итоат этишда) содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. 

22. Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! 

23. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. 

24. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?! 

25. Албатта ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларини) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-хаёларни) узун қилиб қўйди. 

26. Бунга (яъни куфрга қайтиб кетишларига) сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани (Қуръонни) ёмон кўрган кимсаларга: «Биз айрим ишларда сизларга итоат этамиз», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширган (сирлари)ни билур.

И з о ҳ. Мунофиқлар мусулмонларга қарши яҳудийлар билан баъзи бир режаларни хуфёна тузиб юрар эдилар. Мазкур оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига уларнинг сирларини ошкор қилди. 

27. Энди, фаришталар уларнинг юзлари ва орқаларига уриб, жонларини олар вақтида, (уларнинг ҳоллари) қандай бўлур?! 

28. Бунга (яъни ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни мунофиқлик йўлига) эргашиб, У зотнинг ризолигини (яъни мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди. 

29. Балки дилларида мараз-нифоқ бўлган кимсалар Аллоҳ уларнинг (дилларидаги мўминларга нисбатан бўлган) адоватларини ошкор қилмас, деб ўйлагандирлар?! 

30. (Эй Муҳаммад), агар Биз хохласак, албатта сизга уларни (мунофиқларни) кўрсатиб-танитиб қўйган бўлур эдик, у ҳолда сиз уларни (Биз белгилаб қўйган) белги-аломатларидан таниб олган бўлур эдингиз. (Қасамки, энди) албатта сиз уларни (улар сўзлаётган - зоҳири иймонга далолат қиладиган, ботини эса куфр бўлган) сўз оҳанг - услубидан таниб олурсиз. Аллоҳ сизларнинг (барча) амалларингизни билиб турур.

31. Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу-жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча, ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб - юзага чиқаргунимизча, сизларни имтихон қилурмиз.

32. Албатта кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан тўсган ҳамда ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна пайғамбарга қаршилик килган кимсалар, Аллоҳга бирон зиён етказа олмаслар ва (Аллоҳ) уларнинг (пайғамбарга қаршилик қилиш йўлидаги барча) амалларини беҳуда кетказур.

33. Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр, ё мунофиқлик йўлига кириш билан қилган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар! 

34. Албатта кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолларида ўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмас! 

35. Бас (эй мўминлар), сизлар (у кофирларга қарши жанг қилаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз ва ўзларингиз устун-ғолиб бўлган ҳолларингизда (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизнинг савоб-мукофотини) камайтирмас. 

36. Албатта бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар сизлар иймон келтирсангизлар ва тақво эгалари бўлсангизлар У зот сизларга ажр-мукофотларингизни берур ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамас. 

37. Агар (Аллоҳ) сизлардан (мол-дунёларингизни) сўраб, сизларни қийнайдиган бўлса, сизлар бахиллик қилурсизлар ва У сизларнинг (дилларингиздаги) кек-адоватларингизни ошкор қилур. 

38. Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун даъват қилинурсизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур. (Чунки у ажр-савобдан маҳрум бўлур). Аллоҳ (сизларнинг хайр-эҳсонларингаздан) бой-беҳожат, сизлар эса (У зотнинг ажр-савобига) фақир-муҳтождирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга тоат-ибодат қилурлар)!






48. Фатҳ сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, йигирма тўққиз оятдир.

Бу сурада пайғамбар алайҳис-салом билан Макка мушриклари ўртасида ҳижрий олтинчи санада бўлиб ўтган Худайбийя сулҳи ҳақида ва бу сулҳнинг орадан бир йил ўтгач рўй берадиган буюк Фатҳ - Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабанинг бошланиши бўлиб қолгани тўғрисида сўз боради. Суранинг «Фатҳ - Ғалаба» деб номланишининг боиси ҳам шудир.

Яна унда мўминларнинг дин йўлида қилган жиҳодлари, иймони заиф кимсалар ви мунофиқларнинг эса бу жиҳоддан қолиш учун кўрсатган баҳоналари ҳақида, шунингдек, саҳобаларнинг то бошларига ўлим келгунича Аллоҳ йўлида курашиш хусусида расуллуллоҳга берган байъат-қасамёдлари тўғрисида хабар берилади. 

Бу сурадан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг кўрган тушларини рост қилгани ҳақидаги оят ҳам ўрин олгандир. 

Сура Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларини таъкидлаш ва у зот билан бирга бўладиган у зот кўрсатган йўлга юрадиган мўмин мусулмонларнинг сифат-фазилатларини баён қилиш билан хотима топади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2-3. (Эй Муҳаммад), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик.

И з о ҳ. Сура мана шундай файзи илоҳий - кечмиш-келмиш барча гуноҳларни мағфират қилиш, илоҳий неъматларни комил қилиб бериш, Тўғри йўлга ҳидоят, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган Қудратли мадад ва очиқ-равшан фатҳ-ғалабани эълон қилиш билан бошланди. Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳис-салом ушбу сура нозил бўлганида «Бу кеча менга дунё ва ундаги бор нарсадан суюклироқ бўлган бир сура нозил қилинди», деган эканлар. Хўш, мазкур ғалаба қандай ғалаба эди? Ислом тарихидан маълумки, Ҳижрий олтинчи сананинг охирида (милодий 627 йилда) расулуллоҳ ўзларининг бир ярим мингга яқин саҳобалари билан Умра (суннат бўлгар ҳаж ибодати) қилиш ниятида Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Улар уруш ғаразида кетмаётганларини билдириш учун Маккага етиб борганларида қурбонлиқ қилиш учун олган чорва ҳайвонларини олдиларига солиб ҳайдаб борадилар. Лекин мусулмонлар Макка яқинидаги Худайбийя деб номланган бир водийга етиб келганларида мушриклар уларни Байтуллоҳга киришдан тўсадилар. Шунда Муҳаммад алайҳис-салом мақсадлари Макка шаҳрини эгаллаб олиш эмас, балки Каъбатуллоҳни зиёрат-тавоф қилиб қайтиб чиқиб кетиш эканлигини етказиш учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ элчиларни Макка катталари олдига юборганларида улар Усмонни ҳибсга оладилар, лекин пайғамбар алайҳис-саломга мушриклар Усмонни қатл қилдилар, деган хабар боради. Шунда расулуллоҳ саҳобаларни Маккани фатҳ этиш учун байъат-қасамёд қилишга чақирганларида, уларнинг барчалари байъат қиладиларки, бу ҳақда сура давомида алоҳида ҳикоя қилинади. Мусулмонларнинг қасамёдларини эшитиб даҳшатга тушиб қолган мушриклар ўз одамларини Худайбийяга жўнатиб, бу йил мусулмонларни Каъбатуллоҳга йўлатмасликларини ва агар рози бўлсалар, келгуси йилда ўзлари мусулмонларга бемалол зиёрат қилишлари учун Маккани бўшатиб беришларини билдириб, сулҳ таклиф қиладилар. Пайғамбаримиз бу таклифни қабул қиладилар ва бу сулҳ дини Ислом тарихидаги бурилиш нуқталаридан бири бўлиб қолади. Чунки бундан бор-йўғи бир йил олдин мусулмонларни ер юзидан йўқ қилиб юбориш ғаразида жуда катта лашкар билан Мадинага борган Макка мушриклари бугунга келиб уларга қарши урушиш у ёқда турсин, ўзлари яраш таклиф қилмоқда эдиларки, бу ўз моҳият эътибори билан Ислом динининг Ҳақ ва ўлмайдиган бир дин эканлигини эътироф этиш эди. Бу сулҳнинг Маккадаги ва бошқа атроф-жавонибдаги одамларга жуда катта таъсири бўлиб, мусулмонларнинг улар билан бевосита мулоқот қилишлари ва Исломга даъват этишлари натижасида минглаб кишилар бу ҳақ динга иймон келтирадилар. 

4. У (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир. Осмонлар ва ер қўшинлари (яъни коинотдаги барча жонзот ва кучлар) ёлғиз Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

5. У мўмин ва мўминаларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан ёмонлик-гуноҳларини ўчириш учун (уларнинг дилларини Ўзи буюрган, кофирларга қарши жиҳод қилиш каби ҳукмлардан таскин-ором оладиган қилиб қўйди). Ва бу Аллоҳ наздида улуғ бахт бўлди.

6. Ва Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамбарига ва мўминларга ғалаба бермайди деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгувчидир. Аллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!

7. Осмонлар ва ер қўшинлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир. 

8. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз. 

9. (Эй инсонлар, Биз бу пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эртаю-кеч Уни поклаб, тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик). 

10. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур. 

И з о ҳ . Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинишича Худайбийя водийсидаги бир дарахт остида ўша жойда ҳозир бўлган бир ярим мингга яқин саҳобалар пайғамбар алайҳис-саломга қўл бериб, то бошларига ўлим соати келгунича, у зотга содиқ бўлишга байъат-қасамёд қиладилар. Қуръон уларнинг пайғамбар воситаларида Аллоҳ таолонинг Ўзига байъат қилганларини уқтиради ва бу байъат ислом тарихида "Байъатур-ризвон" яъни Аллоҳ рози бўлган байъат деган ном билан қолади, Бу ҳақда ушбу сурада алоҳида оят мавжуддир. 

11. (Эй Муҳаммад), ҳали (Мадинага қайтганингиздан кейин) сизга аъробийлардан бўлган (сиз билан бирга Умра сафарига чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсалар «Бизларни мол-мулкларимиз ва ахли-оилаларимиз машғул қилиб қўйди, (шунинг учун сен билан бирга сафарга чиқа олмадик). Энди ўзинг бизлар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрагин», дерлар. Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани - ёлғонни айтурлар. Айтинг: «Агар (Аллоҳ) сизларга бирон зиён (етказиш)ни истаса, ёки У сизларга бирон манфаат (етказиш)ни истаса, у ҳолда ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарса(ни дафъ қилишга эга бўла олур?! Йўқ, Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингиздан огоҳ бўлган зотдир! 

12. Балки сизлар пайғамбар ва мўминлар (бу сафарларидан) ўз ахли-оилаларига ҳеч қачон қайтиб келмайдилар, деб ўйладинглар ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлгувчи қавм бўлдинглар!» 

13. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас, албатта Биз ундай кофирлар учун дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. 

14. Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир, у Ўзи хоҳлаган кишиларни мағфират қилур ва Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. 

15. Ҳали сизлар (Ҳайбар жангида қўлга киритган) ўлжаларини олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмасдан) қолган кимсалар: «Бизлар ҳам (ўша ўлжалардан олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйинглар», дерлар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: «Ҳаргиз бизларга эргашмайсизлар! Аллоҳ илгари мана шундай дегандир». Энди улар: «Йуқ, сизлар бизларга ҳасад-бахиллик қилмоқдасизлар», дерлар. Йўқ, улар камдан-кам нарсаларнигина англарлар.

И з о ҳ . Пайғамбар алайҳис-салом бошлиқ саҳобалар Худайбийя сулҳидан қайтишгач, Ҳайбар воҳасидаги яҳудийларга қарши жанг қилишиб, ғалаба қозонадилар ва катта ўлжаларни қўлга киритадилар. Бу ўлжалардан хабар топган мунофиқлар ўзлари жангдан қочган бўлсалар-да, ўлжадан хомтамаъ бўлганларида, мазкур оят орқали уларга кескин рад жавоби берилади ва Аллоҳ таоло бу ўлжаларни фақат Худайбийя сулҳида иштирок этган кишилар учун хос қилиб қўйгани баён этилади, ҳамда у мунофиқларнинг Аллоҳ буюрган ҳукмларидаги ҳикматни англай олмасликлари ҳам ошкор қилинади. 

16. Аъробийлардан бўлган (жиҳодга чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсаларга айтинг: «Яқинда сизлар куч-қувват эгалари булган бир қавм (билан жанг қилиш)га даъват этилурсизлар. (Ушанда ё) улар билан уришурсизлар, ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга кирурлар. Бас агар (ўша пайт сизларни кофир қавмга қарши жиҳод қилиш учун даъват этувчига) итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб-ла азоблар. 

17. (Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир. Чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмаслар). Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, У зот уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Ким юз ўгириб кетса, уни аламли азоб-ла азоблар.

18-19. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан - улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида - рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат - ором туширди ва уларни (Хайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир. 

20. (Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ўзларингиз оладиган кўпдан-кўп ўлжалар ваъда қилди. Энди мана бу (Хайбар жангида қўлга киритадиган ўлжаларингиз)ни эса нақд қилиб қўйди ва (сизларга душман бўлган) одамларнинг қўлларини сизлар(га бирон зиён етказиш)дан тўсиб қўйди, Токи (бу неъматлар) мўминлар учун оят-ибрат бўлгай ва (Аллоҳ) сизларни Тўғри йўлга ҳидоят қилгай. 

21. Яна бошқа сизлар ҳали-ҳануз қодир бўлмаган (ўлжа)лар ҳам борки, Аллоҳ уларни (сизларнинг ўлжаларингиз эканини Ўз илми илоҳийси билан) иҳота қилиб олгандир. Аллоҳ барча нарсага қодир бўлган зотдир. 

22. Агар (Макка ахлидан) кофир бўлган кимсалар (сулҳ тузиш ўрнига) сизлар билан жанг қилганларида, албатта ортларига қараб қочган бўлур эдилар. Сўнгра улар на бир дўст ва на бир ёрдамчи топарлар.

23. Бу, яъни мўминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши Аллоҳнинг йўли - қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз. 

24. У (Аллоҳ) Макканинг ичида (яъни Худайбийяда) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган зотдир. 

25. Улар (Макка мушриклари) кофир бўлган ва сизларни Масжид-ал-Ҳаромдан, ҳадя (қурбонлиқ қилиш учун олган ҳайвонларингиз)ни эса маҳбус бўлган ҳолида, ўз жойига етишдан тўсган кимсалардир. Агар (Маккада) сизлар билмаган мўмин кишилар ва мўмина аёллар бўлмаса эди - сизлар уларни билмаган ҳолингизда (мушриклардан деб ўйлаб) бостириб - ҳалок қилиб қўйиб, улар сабабли сизларга ор-гуноҳ етмаса эди. (Аллоҳ сизларни Маккага юриш килишдан тўсмаган бўлур эди). Аллоҳ Ўзи хохлаган кишиларни Ўз раҳматига дохил қилиш учун (яъни уларни мушриклар қаторида ҳалок бўлиб кетишларидан асраш учун сизларни жанг қилишдан тўсди). Агар (мўминлар) ажралиб олганларида, албатта улардан (яъни Макка ахлидан) кофир бўлган кимсаларнк аламли азоб-ла азоблаган бўлур эдик. 

26. Ўшанда кофир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни - динсизлик қизиққонлигини солганларида (яъни Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар эканликларини инкор этишиб, мусулмонларни Маккага киришдан тўсганларида) Аллоҳ Ўз пайғамбарининг ва мўминларнинг устига Ўз сакинат - оромини туширди ва уларга тақво калимасини (яъни "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақдор ва аҳл-лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир.

27. Қасамки, Аллоҳ Ўз пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта сизлар (эй мўминлар), иншо Аллоҳ Масжид-ал-Харомга тинч-омон бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар жангидага ғалабани муяссар) қилди. 

И з о ҳ. Муфассирлар ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳис-салом Худайбийя сулҳидан илгари тушларида саҳобалари билан бирга Маккага кирганларини ва Каъбатуллоҳни тавоф қилишгач, айримлари сочларини қирдириб, айримлари қисқартириб ҳаж-умра маросимларини адо этганларини кўрган ва саҳобаларга бу тушларини сўзлаб берган эканлар. Бундай хушхабардан бениҳоя шодланган саҳобалар расуллуллоҳ билан бирга Умра ибодатини адо этиш учун Маккаи Мукаррама томон юриш қиладилар. Лекин Худайбийя водийсига етиб келганларида мушриклар тарафидан йўллари тўсилиб, икки ўртада ўтган оятларда мазкур бўлган сулҳ тузилгач, Маккага кира олмасдан Мадинага қайтиб кетишаётганида мунофиқ кимсалар: «Муҳаммаднинг кўрган туши рост чиқмади-ку! » деб, мусулмонлар орасида иғво тарқатганларида, юқоридаги оят нозил бўлиб, пайғамбар алайҳис-саломнинг тушлари шак-шубҳасиз ўнгидан келиши, аммо Аллоҳ таоло бандалар билмайдиган сир-асрорларни билиб, Макка фатҳидан аввал Хайбар жангидаги ғалабани муяссар қилгани ҳақида хабар берилди. Мана шундан кейин орадан бир йил кечгач, Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинди. 

28. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувохдир. 

29. Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир.







49. Ҳужурот сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, ўн саккиз оятдир.

У нисбатан қисқа сура бўлишига қарамасдан, ўз ичига Исломий одоб-ахлоққа оид жуда кўп қонун-қоидаларни қамраб олгандир.

Сура дастлаб мўминларни Аллоҳ ва Унинг пайғамбари изни-рухсатисиз бирон иш ё сўз қилмасликка буюриш билан бошланиб, сўнгра пайғамбарга нисбатан муомала одоби баён этилади.

Шунингдек, бу сурада жамият интизомини сақлаш учун зарур бўлган кўпдан-кўп йўл-йўриқлар кўрсатилади.

Сура мўминларни бировларни масхара қилиб кулишдан, бир-бирларига турли лақаблар тақишдан, ғийбат, айғоқчилик қилиш ва асоссиз ўзгалардан бадгумон бўлиш каби иллатлардан сақланишга чақиради.

Сура ниҳоясида тилларида иймон келтирдик, дейдиган, аммо дилларига иймон нури кирмаган кимсалар тўғрисида хабар берилиб, ҳақиқий мўминлар эга бўлиши лозим бўлган сифат-фазилатлар баён этилади.

Бу сурада пайғамбар алайҳис-саломнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш оналаримиз истиқомат қиладиган ҳужралар ҳақида зикр қилинган ояти карима ҳам мавжуд бўлгани сабабли у «Ҳужурот - Ҳужралар» деб номлангандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

2. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! 

3. Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар - ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. 

4. (Эй Муҳаммад), албатта (сизни чақириб, безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

6. Эй муминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!

7. Ва билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг пайғамбари бор. Агар у кўп иш(лар) дан сизларга (иймони комил бўлмаган жоҳил кимсаларга) бўйинсунса, (яъни Аллоҳ томонидан ваҳий нозил бўлишини кутмасдан сизлар келтирган хабарларга ишонадиган бўлса), албатта сизлар бало-мусибатларга дучор бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина (яъни иймон йўлида собитқадам бўлиб, куфр-исённи ёмон кўрган кишиларгина), Тўғри йўлга юргувчи зотлардир. 

8. (Бу) Аллоҳ томонидан бўлган фазлу марҳамат ва неъматдир. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.

9. (Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилгувчиларни суюр.

10. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар - шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар. 

11. Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин - эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар) эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида манъ қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кимсаларницг ўзидирлар. 

12. Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. 

И з о ҳ. Мазкур ояти каримада мўминлар жамиятдаги тартиб-интизомни издан чиқарадиган ва меҳр-оқибат йўқолиб кетишига сабаб бўладиган уч иллатдан қайтарилдилар. Булардан биринчиси, ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, иккинчиси, бировларнинг айбларини ахтариб топиш учун орқаларидан жосуслик-айғоқчилик қилиб юришдир. Шариати Исломияда шахснинг зоҳирда қилаётган иш-амали ва айтган сўзи мўътабардир. Яъни, масалан бир кишининг муайян бир айб ё жиноятга дахлдор эканлигига аниқ ҳужжат бўлмас экан, унинг ўша айб ё жиноятда гумон қилиниши ҳаромдир. Фақат унинг мунофиқлиги ёки хоинлиги аниқ бўлиб қолган тақдирдагина у ҳақда ёмон гумон қилиш ва ундан ҳазар қилиш вожибдир, Чунки Пайғамбар алайҳис-салом айтганларидек: «Мўмин киши бир тешикдан (яъни унда яшириниб ётган илон ё чаёндан) икки марта чақилмайди». 

Юқоридаги оятда яна ғийбатдан қайтарилди. Ғийбат ўзи нима? Бу тўғрида пайғамбаримиз шундай деганлар: «Ғийбат - биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир». Демак бир мўминнинг ортидан унда бўлмаган айбларни унга нисбат бериш ғийбат эмас, балки унинг ҳақига бўхтон ва туҳмат бўлар экан, унда бўлган айбларни ортидан айтиш эса уни сифатлаш эмас, балки ғийбат қилиш бўлар экин. Энди ғийбатнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги хусусида мазкур оятда Аллоҳ таоло томонидан келтирилган мисол ибратлидир. Чунки ақл-ҳуши жойида бўлган бирон инсон бошқа бир инсоннинг гўштини ейишни истамайди. Энди агар ўша инсон ўзининг биродари бўлсачи, яна камига ўлган ҳолда бўлса-чи! Унинг гўштини ейиш дунёдаги энг ваҳший ҳайвон ҳам ҳазар қиладиган бир жиноятдир! Бир мўминнинг ортидан ғийбат қилиш ана ўшандан-да оғирроқ жиноятдир! Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳис-салом: «Ғийбат қилиш (бировни ноҳақ) ўлдиришдан-да ёмонроқдир», деганлар. 

13. Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлирагингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.

И з о ҳ . Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: Биринчидан, барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан, инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир. Ва ниҳоят учинчидан одамларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Аллоҳдан қўрқиш ва У зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлур. 

14. Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар «Бўйинсундик», денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир. Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этсангизлар, У зот сизларга (қилган яхши) амалларингиздан (яъни уларнинг савобидан) бирон нарсани камитмас. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир».

И з о ҳ. Муфассирларнинг айтишларича, бу ва қуйидаги оятлар Бани Асад номли қабиладан бўлган бир гуруҳ аъробийлар ҳақида нозил бўлгандир. Улар қаҳатчилик йилида Мадинага тушиб, пайғамбар алайҳис-саломга ўзларининг мўмин бўлганларини пеш қилиб, у зотдан мусулмонларга тегишли бўлган ўлжалардан уларга ҳам беришларини талаб қилишади. Лекин Қуръон уларнинг дилларига иймон кирмаганини, улар фақат ўлжага эга бўлиш учун зоҳирда Исломга кириб турганларини ошкор қилади ва агар улар сидқидилдан иймон келтириб, Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этсалар Тангри таоло уларни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кам қилмаслигини уқтиради. 

15. Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир. 

16. Эй Муҳаммад, у аъробийларга айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингларни (иймонларингаи ҳақиқий эканлигини) билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!»

17. Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур. 

18. Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ердаги ғайб-сирларни билур. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир».







50. Қоф сураси


Қирқ беш оят бўлган бу сура Маккада нозил қилинган.

Барча Макка суралари каби Исломий ақиданинг асослари ҳақида сўзлагувчи бу сурада сўз асосан мана шу ақиданинг бир бўлаги бўлган қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган барча амаллар ҳисоб-китоб қилиниши ҳақ эканлиги тўғрисида боради.

Сура оятлари охиратни инкор этувчи кимсаларнинг назарини еру осмондаги Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳиясига далолат қилиб турган кўпдан-кўп ажойиботларга жалб қилади ва мана шу коинотни йўқдан бор қилган зот уларни қайта яратишга ҳам қодир эканлигини таъкидлайди.

Бу сурада ҳам қайта тирилишни ёлғон деганлари сабабли турли азоб-уқубатларга гирифтор бўлган аввалги қавму-қабилалар яна бир бор эслатиб ўтилади,

Сура сур чалиниб қабрлардан ҳисоб-китоб учун чиқиладиган Кунда бўладиган воқеа-ҳодисаларни баён қилиш билан хотима топади.

Сура ўзининг илк калимаси бўлмиш «Қоф» ҳарфи билан номланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Қоф. (Эй Муҳаммад), Улуғ Қуръонга қасамки, (Биз сизни қайта тирилиш ҳақ эканлигидан огоҳлантиргувчи пайғамбар қилиб юборганимизда Макка аҳли иймон келтирмайди).

2. Балки уларга (фаришта эмас, балки) ўзларидан бўлган бир огоҳлантиргувчи келганидан ажабланиб, у кофирлар айтдилар: «Бу жуда қизиқ нарса-ку!

3. Бизлар ўлиб, тупроқ бўлиб қолган вақтимизда (яна ҳаётга қайтариламизми)?! Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишдир!» 

4. Аниқки, Биз ер улар(нинг жасадлари)ни камайтираётганини (яъни жасадлари чириб тупроққа айланиб кетаётганини) билдик. Ва Бизнинг ҳузуримизда (барча нарсани ўз саҳифаларида) сақлагувчи Китоб (Лавҳул - Маҳфуз) бордир, (демак уларни қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш Биз учун қийин иш эмасдир). 

5. Йўқ, уларга Ҳақ (Қуръон) келган вақтида уни ҳам ёлғон дедилар. Бас, улар бир ноаниқ ишга - ҳолга тушиб қолганлар. (Шунинг учун улар гоҳ Қуръонни «сеҳр» дейишса, гоҳ «шеър» дейишади, гоҳо эса «Аввалгилардан қолган афсона», дейдилар). 

6. Ахир улар устларидаги осмонни - Биз уни қандай бино қилиб, (юлдузлар билан) безаб қўйганимизни ва унинг тешик-ёриқлари ҳам йўқ эканлигини кўрмадиларми?! 

7. Ерни эса ёйиқ - кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ўсимлик, мевалардан) ҳар турли гўзал жуфтларни ундириб-ўстирдик. 

8. (Парвардигорга) қайтгувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма-ибрат бўлсин учун (мана шундай қилдик). 

9-10. Биз осмондан баракотли сув - ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олингувчи дон-дунларни ҳамда терилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. 

11. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни - ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур. 

И з о ҳ . Ушбу оятларда худди ўлик замин вақти соати билан тирилиб боғу-роғларга ва гулу гулзорларга айлангани каби инсонларга ҳам қиёмат соати келганида қайта жон ато этилиб, қабрларидан чиқишлари эслатиб ўтилгач, энди қуйидаги оятларда илгари ўтган ва охиратни инкор этгувчи бўлган қавм-қабилаларнинг бошларига тушган кўргулик зикр қилинади. 

12-13-14. Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми, қудуқ эгалари (аъни Шуъайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган бир қавм), Самуд ва Од (қабилалари), Фиръавн (ва унинг қавми), Лутнинг оға-инилари, дарахтзор эгалари (яъни Шуъайб пайғамбарнинг қавми ва Туббаъ қавми ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, Менинг ваъдам (яъни азобим уларнинг устига) ҳақ-вожиб бўлди. 

15. Ахир Биз аввалги яратишга (яъни йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожилик қилмаймиз), улар эса янги яралишдан (яъни, қайта тирилишдан) шак-шубҳададирлар. 

16. Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз,- Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз. 

17. Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. 

18. У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур). 

19. Мана, ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб келди (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир. 

20. (Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир!

21. Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдагувчи (бир фаришта) ва унинг қилиб ўтган амалларига) гувохлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди.

22. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир. 

23. Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик бергувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». 

24-25. (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилгувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилгувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтиргувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! 

26. (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!» 

27. Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ залолатда бўлди», деди. 

28. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман. 

29. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи ҳам эмасдирман». 

30. У Кунда Биз жаҳаннамга "Тўлиб битдингми?" дермиз, у эса, «Яна қўшимча борми?» дер.

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда ҳаёти дунёдан куфру-исён билан ўтган кимсаларнинг Қиёмат кунида кечадиган аҳвол-кўргуликлари батафсил баён этилгач, энди тақво эгалари учун тайёрлаб қўйилган жаннат манзаралари тасвирланади.

31. Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди):

32-33. «Мана шу (неъматлар) Сизларга - ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. 

34. Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир».

35. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир. 

36. Биз улардан (Қурайш кофирларидан) илгари улардан кучли-қувватлироқ бўлган қанча аср-авлодни ҳалок килдик. Бас, ўшалар (Биз бошларига туширган балодан қочиб), бирон нажот бормикан, деб шаҳарларда изғиб юрдилар, (лекин ҳалокатдан қочиб қутула олмадилар). 

37. Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган холда (яъни сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир. 

38. Аниқки, Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратдик ва Бизни ҳеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ. 

39. Бас, (Эй Муҳаммад), улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг - намоз ўқинг! 

40. Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (яъни намозлар) ортидан У зотни покланг!

41. Ва жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган Кунда (унинг нидосига) қулоқ тутинг!

42. У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли қичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!

43. Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Ёлғиз Бизга қайтиш бордир! 

44. У Кунда уларнинг устидаги ер ёрилиб, (улар) шошган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар). Бу (яъни Қиёмат кунида барча халойиқни ҳисоб-китоб учун тўплаш) ёлғиз Бизгагина осон бўлган тўплашдир. 

45. Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг устида (дину-иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг.  












51. Зориёт сураси 

Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, олтмиш оятдан ташкил топгандир.

Сура аввалида Аллоҳ таоло Ўзи яратган тўрт нарса номи билан қасамёд қилиб охират диёри ва ундаги жазо-мукофот ҳақ эканлигини таъкидлайди ва инсонларга нотаниш бўлган у сирли оламнинг сир-синоатини - кофирларни ютишга ҳозир бўлиб кутиб турган жаҳаннамни ва мўминларга мунтазир кўз тутиб турган жаннатини илоҳий қалам билан таърифлаб, Ўз бандаларини огоҳлантиради.

Бу сурада ҳам ўз қавмининг иймон келтирмаётганидан озурдадил бўлган пайғамбар алайҳис-саломга таскин-тасалли ва барча инсонларга эслатма-ибрат бўлсин учун у кишининг салафлари бўлмиш ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилганлари сабабли турли азоб-уқубатларга дучор бўлган қавм-қабилалар ҳақидаги ибратли қиссалар зикр қилингандир.

Сура инсу жиннинг яратилишидан кўзда тутилган бирдан-бир мақсад уларнинг Яратганни таниб, ёлғиз Ўша зотгагина сиғиниб-ибодат қилиб ўтишлари эканлигини таъкидлаш билан хотима топади.

Бу сура ўзининг илк оти «Ва-з-Зориёт» номи билан аталган бўлиб, бу калима «Суриб кетгувчи шамолларга қасам» деган маънони англатади.

Меҳрибон ва рахмли Аллох номи билан (бошлайман).

1-2-3-4-5. (Булутларни) суриб кетгувчи (шамол)ларга, юк (ёмғир) ташигувчи (булут)ларга, (сув юзида) енгил сузиб боргувчи (кема)ларга ва (Аллоҳнинг амри билан (барча) иш (лар)ни тақсимлагувчи (фаришта)ларга қасамки, сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз ҳаққи-ростдир!

6. Ва албатта (Қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлгувчидир.

7-8. (Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки, албатта сизлар (ушбу пайғамбар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар.

И з о ҳ. Яъни, худди самодаги сайёраларнинг ҳаракат қиладиган йўллари хилма-хил бўлгани каби сизлар ҳам, эй мушриклар, пайғамбар алайҳис-салом ҳақида турли-туман сўзлар айтурсизлар: айримларингиз у зотни «сеҳргар», десангизлар, бошқаларингиз «шоир», дейсизлар.

9. Ундан (яъни Қуръондан, пайғамбардан Аллоҳнинг илми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур.

10-11. (Ҳақ пайғамбарни «ёлғончи, сеҳргар, шоир» дегувчи) ўша ёлғончиларга - (жаҳолат) гирдобида адашиб юргувчи бўлган кимсаларга ўлим - лаънат бўлгай!

12. Улар жазо (қиёмат) Куни қачон бўлишини сўрарлар.

13. (У Кун) улар дўзахда текшириладиган - ёндириладиган Кунда бўлур.

14. (Ўшанда уларга айтилур): «Азобларингизни тотинглар! Сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шоштиргувчи бўлган нарса мана шудир!» 

15-16. Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар. Зеро улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. 

17. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар.

18. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан мағфират сўрар эдилар.

19. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилгак) ҳақ-улуш бўлар эди.

20-21. (Эй инсонлар), ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзоингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?! 

22. Осмонда эса сизларнинг ризқу-рўзларингиз (яъни ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни жаннат) бордир. 

23. Бас, осмон ва ернинг Парвардигорига қасамки, албатта у (яъни сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (яъни сўзлаган сўзларингиз ўзларингиз учун қандоқ ҳақ бўлса, ана шундай) ҳаққи-ростдир! 

24. (Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? 

25. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?», деди. 

26-27. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди. 

28. (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунинг учун таом емаймиз)», дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар. 

29. Шунда (уларнинг сўзини эшитиб турган Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (бу хушхабардан ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмас кампир(ман)ку!» деди. 

30. Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим Соҳибидир». 

31. (Иброҳим) деди: «Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?»

32-33-34. Улар айтдилар. «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) уларнинг устидан, Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган лойдан-сополдан бўлган (яъни, ҳар бир ҳалок қилингувчи кофирнинг номи ёзилган) тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз.

35. Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик.

36. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик.

37. Биз (у қишлоқдаги барча кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар (ибрат олишлари) учун у жойда оят-аломат қолдирдик.

И з о ҳ. Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлардан фақат охиратдаги аламли азобдан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳат олишлари таъкидлаб ўтилди. Энди, Иброҳим алайҳис-саломга юборилган фаришталар ва уларнинг Лут қавмидан кофир бўлган кимсаларни ҳалок қилганлари ҳақидаги ибратли қисса ҳикоя қилингач, навбатдаги оятларда кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор қилинган бошқа бир қанча қавмлар тўғрисида қисқача хабарлар берилади. 

38. Мусо (қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уни очиқ ҳужжат билан Фиръавн олдига юборган эдик. 

39. У ўз аркони (давлати)га суяниб (Мусога иймон келтиришдан) юз ўгирди ва «(Мусо ё) сеҳргар, ёки мажнун», деди. 

40. Бас, Биз уни ҳам, қўшинларини ҳам ушлаб, уларни денгизга отдик - ғарқ қилиб юбордик. У (Фиръавн ўзининг кибру ҳавоси ва куфру исёни сабабли ҳар қандай) маломатга лойиқдир. 

41. Од (қабиласининг қиссаси) да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. 

42. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди. 

43. Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Аллоҳ томонидан мўъжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида) "бир вақтгача (яъни уч кунгача тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз", дейилган эди. 

44. Бас, улар Парвардигорнинг амри(га игоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақмоқ урди. 

45. Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар! 

46. (Мазкур қавмлардан) илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ-итоатсиз қавм эдилар. 

47. Осмонни Биз қудрат билан барпо қилдик. Дарҳақиқат Биз қудратлидирмиз. 

48. Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши ёйгувчидирмиз.

49. Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.

50. (Эй Муҳаммад), уларга айтинг: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман.

51. Ва сизлар Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор, деманглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман».

52. Худди шунингдек, (яъни сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар, ёки мажнун дер эдилар.

53. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларици юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) - улар туғёнга тушган қавмдирлар! 

54. Бас, (эй Муҳаммад), сиз улардан юз ўгиринг! Энди (зиммангиздаги пайғамбарликни тўла етказганингиздан сўнг кофирлардан юз ўгирсангиз) сиз маломат қилингувчи эмассиз. 

55. Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур.

56. Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.

57. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман.

58. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.

59. Бас, золим-кофир бўлган кимсалар учун шак-шубҳасиз худди (илгари ўтган кофир) дўстларининг насибалари каби (азобдан иборат) насиба бордир. Бас, улар Мени(нг азобимни) шоштирмай қўя қолсинлар!

60. Бас, кофир бўлган кимсалар учун уларга ваъда қилинаётган (азобга гирифтор қилинадиган) Кунларида ҳалокат бўлгай!  




52. Тур сураси 

Бу сура Маккада нозил бўлган. У қирқ тўққиз оятдир.

Сура аввалида Тангри таоло беш нарсага қасамёд қилиб, Қиёмат кунидаги кофирлар устига тушадиган азоб ҳақ эканлигини уқтиради.

Сўнгра Аллоҳ таолодан қўрқувчи тақво эгалари учун тайёрлаб қўйилган жаннат ва унда келажак мангу саодатли ҳаёт ҳақида сўз боради.

Шунингдек, бу сурада Қуръони Каримга иймон келтирмаган ва Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилган кимсаларнинг барча даъволари пуч ва асоссиз эканлиги рад этиб бўлмайдиган далиллар воситасида очиб берилади.

Сура ниҳоясида пайғамбар алайҳис-саломни Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига сабр қилишга буюрилиб, эртаю-кеч Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтишга даъват этилади.

Сура ўзининг илк ояти номи билан «Ват-Тур» - «Тур тоғига қасам», деб аталгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Тур (тоғи)га,

2-3. Очиқ саҳифага ёзилган Китобга (Қуръонга),

4. Байтул-Маъмурга (Обод Уйга),

5. Баланд кўтарилган томга (осмонга),

6. Ва тўлиб-тошган денгизга қасамки,

7. Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз воқеъ бўлгувчидир!

8. Унинг учун бирон дафъ қилгувчи - тўсиқ йўқдир.

И з о ҳ. Юқорида зикр қилинган «Байтул-Маъмур - Обод Уй»дан мурод Аллоҳ таолонинг амри билан Одам алайҳис-салом бино қилган Байтуллоҳ бўлиб, Нуҳ пайғамбар замонларида рўй берган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар у уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган эканлар. Унинг «Обод Уй» деб аталишига сабаб у уйни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилишидир. 

9. У Кунда осмон титраб-чайқалур;

10. Ва тоғлар ҳам (ўрнашган жойларидан жилиб), йўлга тушур!

11-12. Ана ўша Кунда (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчи, ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашиб юрадиган кимсаларга ҳалокат бўлур!

13. У Кунда улар жаҳаннам ўтига ҳайдалурлар!

14. (Ва уларга дейилур): «Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир!»

15. Қани, бу (азоб) ҳам сеҳрми, ёки сизлар (ҳаёти дунёда Ҳақни кўра олмаганларингиз каби бу азобни ҳам) кўрмаяпсизларми?!

16. (Дўзахга) кирингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинглар, хоҳ сабр қилманглар, сизларга баробардир! (Яъни у азоб сизлардан енгиллатилмас). Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингизнинг жазосини тортурсизлар!» 

17-18. Тақводор зотлар эса уларга Парвардигорлари ато этган нарсалар билан шод-хуррам бўлган ҳолларида шак-шубҳасиз жаннатлар ва неъматлар ичра барқарордирлар. Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир.

19-20. (Уларга): «Сизлар қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли қатор тизилган сўрилар устида ястанган ҳолларингизда кўнгилдагидек еб-ичинглар», (дейилур) ва Биз уларга шаҳло кўзларни жуфти ҳалол қилиб бердик.

21. Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олингувчидир - ушлангувчидир. 

И з о ҳ . Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Аллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Тангри таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир. 

Энди қуйидаги оятларда яна ўша аҳли жаннатга ато этиладиган бахт-саодат ва ноз-неъматлар зикр қилинади. 

22. Яна Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева-чева ва гўшт билан қувватлантирдик.

23. Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб - қўлма-қўл қилиб ичурларки, у (шароб)да (яъни уни ичганлари сабабли) на беҳуда-сергаплик ва на гуноҳ бўлар.

24. Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гавҳардек (покиза ва хушсурат) ғуломлари айланиб (хизматга ҳозир бўлиб) турур.

25-26. Улар бир-бирларига боқишиб, басти-жавоб қилишиб, дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз орасида (бўлган чоғимизда охиратда Аллоҳнин азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик.

27. Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади.

28. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир».

29. Бас, (эй Муҳаммад) сиз инсонларга Қуръон оятлари билан) панд-насиҳат қилаверинг! Чунки сиз Парвардигорингизнинг неъмат-марҳамати билан коҳин-фолбин ҳам, мажнун ҳам эмасдирсиз. 

30. Балки улар (мушриклар): «(Муҳаммад), бир шоирдир. Бизлар унга замон ҳодисот-балолари (етиши)ни кутурмиз», дерлар?!

31. Айтинг: «Кутаверинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчилардандирман. (Қани, балога ким йўлиқар экан)».

32. Балки уларнинг «ақллари» мана шундай («доно» сўзларни айтишга) буюрар?! Ёки улар туғёнга тушган қавмлар(ки, бундай сўзларни айтишларига сабаб ўша туғёнми)?! 

33. Балки улар: (Муҳаммад Қуръонни) «ўзи ичидан тўқиб олган», дерлар?! Йўқ, улар иймон келтирмаслар! 

34. У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз - китоб келтирсинлар-чи?! 

35. Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!

36. Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!

37. Балки уларнинг ҳузурларида Парвардигорингизнинг хазиналари бордир?! Ёки улар (бутун борлиқни) бошқариб тургувчимиканлар-а?!

38. Балки уларнинг (осмонга кўтарилиб, фаришталарнинг сўзларини) эшитиб оладиган нарвонлари бордир?! У ҳолда уларнинг эшитиб олгувчилари (ўзларининг ҳақиқатан Аллоҳнинг амридан хабардор бўлганига) бирон очиқ ҳужжат келтирсин-чи?! 

39. (Эй мушриклар), балки қизлар У зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!

И з о ҳ. Яъни сизлар «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон, кўрадиган ва орланадиган қизларни Аллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир! 

40. (Эй Муҳаммад), балки сиз улардан (ўз даъватингиз учун) ажр-ҳақ сўраётгандирсизки, улар (ўша) тўлов(ни тўлаш)дан қийналиб қолгандирлар (ва шу сабабли иймон келтирмаётгандирлар)? 

41. Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми - Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар (ва шу сабабли сиз келтирган хабарларга ишонмаётгандирлар?!) Асло ундоқ эмасдир! У ҳолда нега улар сизга иймон келтирмаслар?!

42. Балки улар (сизни ҳалок қилиш учун) бирон ҳийла-найранг қилмоқчидирлар?! У ҳолда ўша кофир бўлган кимсаларнинг ўзлари ҳийла-найрангга гирифтор бўлурлар! 

43. Балки улар учун Аллоҳдан ўзга бирон «илоҳ» бордир?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир!

44. Агар улар (устларига уларни ҳалок қилиш учун) осмондан бир бўлак-парча тушаётганини кўрсалар (ўшанда ҳам иймон келтирмаслар, балки «Бу тўпланган булутдир», дерлар.

45. Бас, (эй Муҳаммад) сиз уларни токи ўзлари ҳалок қилинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича тарк қилинг!

46. У Кунда уларнинг ҳийла-найранглари бирон фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас!

47. Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат кунидан) илгари мана шу дунёда) ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!

48. (Эй Муҳаммад) сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг. Зотан сиз шак-шубҳасиз Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз. Ва (тонгда уйқудан) турган пайтингизда Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айб-нуқсондан) покланг!

49. Шунингдек кечадан (бўлган соатларда) ва юлдузлар юз ўгириб кетгач (яъни саҳар пайтларида) ҳам У зотга тасбеҳ айтинг!





53. Нажм сураси 


Олтмиш икки оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил қилинган.

У бутун пайғамбарлар тарихида ягона бўлган мислсиз мўъжиза - Муҳаммад алайҳис-саломнинг Меърожга чиқишларини ва у даргоҳдаги ақлу шуурни лол қилгувчи манзарани тасвирлаш билан бошланади.

Сўнгра мушриклар ўз қўллари билан ясашиб, кейин ўзларича турли номлар билан атаб олишиб сиғинадиган бут ва санамлари ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам зиён ҳам етказа олмайдиган имконсиз махлуқлар эканлиги уқтирилади.

Бу сурада яна ҳар бир инсон охиратда фақат ўзи қилиб ўтган амаллари билан жазоланиши, ўзгалар унинг гуноҳларини ўз елкаларига ололмаганлари каби, унга ўзларининг савдоларидан ҳам бера олмасликлари айрича таъкидланади.

Сура этагида эса ўтмишда куфру исён билан ўтган қавмларнинг қандай ҳалокатларга дучор бўлганликлари эслатилиб, барча инсонларни ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват этилади.

Сура ўзининг илк оти номи билан «Ван-Нажм» - «Юлдузга қасам» деб аталгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!

3. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.

4. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.

5-6-7. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди.

8. Сўнгра яқинлашиб, пастлади.

9. Бас, (Муҳаммад алайҳис-саломга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб.

10. (Аллоҳ) ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом) га туширган ваҳийни келтиради.

11. (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни Жаброил фариштанинг суратини кўриб, пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Аллоҳ таоло томонидаи фаришта эканлигига иймон келтирди). 

12. Энди сизлар, (эй мушриклар пайғамбар) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?! 

13-14. Қасамки, (Муҳаммад алайҳис-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар олдида кўрди. 

И з о ҳ . Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салом Жаброил фаришта билан бирга Меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган - гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади. 

15. Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир.

16. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни Аллоҳ таолонинг файзи илоҳийси) ўраб олган эди.

17-18. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни У зотнинг қудрати илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни), кўрди. 

19-20. (Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) - «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?! 

21. (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Аллоҳнинг қизлари», дейсизлар, демак) эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У зотникими?! 

22. У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!

23. У (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (пайғамбар алайҳис-салом воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а! 

24. Ёки инсон учун ўзи орзу қилган нарса бўлаверарми?! (Ҳаргиз бўлмас!) 

И з о ҳ. Мушриклар ўзлари ясаб кейин «Лот, Уззо ва Манот» деб ном қўйиб олган бутлари ҳақида «Булар Аллоҳнинг қизларидир. Мана шулар Қиёмат Кунида бизларни шафоат қилишади», деб хомхаёл қилиб юрар эдилар. Юқоридаги оят уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини таъкидлади. 

25. Зеро охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Аллоҳникидир! 

26. Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур). 

27. Дарвоқеъ, охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар фаришталарни аёллар номи билан атайдилар. 

28. Ҳолбуки улар учун бу хақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас! 

29. Бас, (эй Муҳаммад), сиз Бизнинг эслатмамиздан орқа ўгириб кетган ва фақат ҳаёти дунёнигина истаган кимсалардан юз ўгиринг! 

30. Уларнинг «илм»дан етган жойлари мана шу (ҳаёти дунё матоларинигина исташ)дир. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билгувчидир. 

31. Осмонлардаги ва ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай! 

32. Улар (яъни жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир. У сизларни (яъни оталарингиз Одамни) Ўзи ердан - тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.

33-34. (Эй Муҳаммад, иймондан) юз ўгириб кетган ва озгина (мол) бериб, (кейин шарт қилинган молни беришни) тўхтатган кимсани кўрдингизми? 

И з о ҳ. Бу оятларнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган. Валид ибн Муғийра деган бир киши пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг панд-насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом динига кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга «Сен ота-боболарингни йўлдан озган кимсалар деб уларнинг динини тарк қилиб, Муҳаммаднинг динига кирмоқчимисан?», деб қутқу солади. Иккиланиб қолган Валид: «Ахир мен Исломга кирмасам, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламан-ку?» деганида, ҳалиги мушрик унга: «Агар сен менга фалон миқдорда мол-пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни охиратда ўз бўйнимга оламан», дейди, Унинг васвасасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди. Шунда юқоридаги ояти карималар нозил бўлади ва шу мавзуъ қуйидаги оятларда ҳам давом этади. 

35. Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?! 

36-37. Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! 

38. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас! 

39. Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). 

40. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат кунида) кўринур. 

41. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур. 

42. Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир. 

43. Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир. 

44. Албатта ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир. 

45-46. Ва албатта У зот отилиб чиқадиган нутфадан эркак-аёл жуфтларни яратгандир. 

47. Албатта (барча халойиқни ўлганидан сўнг) иккинчи бор пайдо қилиш ҳам ёлғиз Унинг зиммасидадир. 

48. Албатта бой қилган ҳам, бадавлат қилган ҳам Унинг Ўзидир. 

49. Албатта Шеъро (юлдузи)нинг Парвардигори ҳам Унинг Ўзидир. 

И з о ҳ . Мушрикларнинг бир тоифаси ёзнинг иссиқ кечаларида кўринадиган Шеъро (Сириус) номли юлдузга сиғинар эдилар. Мазкур ояти карима Аллоҳ таоло улар сиғинаётган Шеъронинг ҳам Парвардигори эканлигини уқтиради. 

50-51. Албатта У зот аввалги Од ва Самуд (қабилалари)ни ҳам ҳалок қилди, бас (улардан бирон кишини тирик) қолдирмади. 

52. Яна У зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга тушган кимсалар эдилар. 

53-54. Яна У зот зеру-забар бўлган қишлоқни (яъни Лут пайғамбар қавмини) ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни осмонда ёғилган тошлар) билан ўраб кўмиб ташлади. 

55. Бас, (эй инсон) Парвардигорингнинг қайси неъматлари ҳақида шак-шубҳа қилурсан?! 

56. Бу (яъни Муҳаммад алайҳис-салом ҳам) аввалги огоҳлантиргувчилар (пайғамбарлар жумласи)дан бир огоҳлантиргувчидир.

57-58. Яқин бўлгувчи (қиёмат) яқин қолди. Унинг учун Аллоҳдан ўзга бирон очгувчи (қачон бўлишини билдиргувчи) йўқдир. 

59. (Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми?! 

60-61. (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?! 

62. Бас, сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар! 

И з о ҳ. Ушбу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ва тинглаган ҳар бир киши учун бир бор сажда лозим бўлур.






54. Қамар сураси 


Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, эллик беш оятдир. 

 У пайғамбар алайҳис-саломга ато этилган мўъжизалардан бири - Ойнинг бўлиниши ҳақидаги ояти карима билан бошланади. Суранинг «Қамар - Ой» деб номланишининг боиси ҳам шудир. 

 Сўнгра барча одамлар «гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келадиган» Қиёмат куни ва у Кунда рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар тасвирланади. 

 Бу сурада ҳам ўтмишдаги ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган қавмларнинг мана шу дунёдаёқ ҳалокатга дучор этилганликлари уқтирилиб, уларнинг охиратда кўражак азоб-уқубатлари янада даҳшатлироқ эканлиги тўғрисида ҳам хабар берилади. 

 Сура тақво эгалари учун Аллоҳ таоло ҳузурида тайёрлаб қўйилган гўзал оқибат - жаннатнинг тавсифи билан хотима топади. 

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

 1. (Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди. 

 2. Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) бирон оят-мўъжиза кўрсалар (ҳам у пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва «(Бу) ҳар доимги сеҳр-ку!» дерлар. 

И з о ҳ . Жуда кўп саҳобалар томонидан ривоят қилинишича, Макка кофирлари пайғамбар алайҳис-саломга: «Агар сен чин пайғамбар бўлсанг, бизларга анави ойни иккига бўлиб бер-чи», дедилар ва агар у зот шу ишни қила олсалар, иймон келтиришларини айтишди. Ўшанда ой тўлган кеча эди. Шундан сўнг расулуллоҳ Парвардигорига илтижо қилиб, фазлу марҳаматини дариғ тутмаслигини ёлвориб сўраган эдилар, баногоҳ тўлин ой қоқ ўртасидан бўлиниб, ярми Сафо тоғи устида, ярми эса унинг рўбарўсидаги Қайқаон тоғи устида пайдо бўлди. Бу мўъжизани кўриб турган мушриклар... «Муҳаммад бизларни сеҳрлаб қўйди. Майли, у ҳамма одамларни сеҳрлай олмайди-ку, бу ерда хозир бўлмаган кишилардан сўраймиз», дедилар. Мана шу пайтда Маккага кириб келган карвон аҳлидан сўрашган эди, улар ҳам йўлда келишаётганида ойнинг иккига бўлинганини кўрганларини айтдилар. Лекин Абу Жаҳл (Жоҳил - нодонларнинг отаси) лақабли бир мушрик бошлиқ кофирлар «Бу ҳар доимги сеҳрлардан бири» деган гапдан нарига ўтмадилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлди. 

 3. Улар (пайғамбарни) ёлғончи қилдилар ва ҳавойи нафсларига эргашдилар. - Ҳар бир иш (ўз) жойини топгувидир (яъни гарчи кофирлар юз ўгирсалар-да, бу ҳақ дин ер юзида қарор топур). 

 4-5. - Ҳолбуки уларга (илгари ўтган кофирларнинг) хабарларидан иборат бир нарса-етук ҳикмат келдики, унда (куфру залолатдан) тийилиш (лозим эканлигини уқтиргувчи ибратлар) бор эди. (Лекин улар ўзларининг куфрларидан тийилмадилар). Бас, (уларга ҳеч қандай) огоҳлантириш фойда бермас! 

6-7. (Эй Муҳаммад), энди сиз улардан юз ўгиринг! Чорлагувчи (Исрофил фаришта) нотаниш бўлган бир нарсага (яъни Қиёматдаги кофирлар учун даҳшатли ҳисоб-китобга) чорлайдиган Кунда улар (кофирлар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида гўё ёйилган чигирткалар каби, қабрларидан чиқиб келурлар! 

8. Чорлагувчи томонига шошганларича кетар эканлар, у кофирлар «Бу оғир кундир», дерлар. 

9. Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳнинг қавми ҳам (уни) ёлғончи қилган эди. - Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишиб: «(У) бир мажнун», дедилар ва у (ўз пайғамбарлик вазифасини адо этишдан) тўсиб қўйилди. 

10. Шунда у Парвардигорига: «Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин», деб дуо-илтижо қилган эди. 

11. Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув - сел билан очиб юбордик. 

12. Ва барча ердан чашмалар чиқариб юбордик. Бас, (осмон ва ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида учрашдилар! 

13. Уни (Нуҳни) эса тахтаю-михлар эгасида (яъни тахталар ва михлардан ясалган бир кемада) кўтардик. 

14. У (кема) Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳифзу-ҳимоямизда) сузар. (Бу ўз қавми томонидан пайғамбарлиги) инкор қилинган киши (яъни Нуҳ пайғамбар) учун мукофотдир. 

15. Дарҳақиқат, Биз у (Тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! 

16. Бас, Менинг (пайғамбарларимни ёлғончи қилган кимсаларга кўрсатган) азобим ва огохлантириш қандоқ бўлди?! 

17. Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми? 

18. Од (қабиласи ҳам ўзларига юборилган Ҳуд пайғамбарни) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим огохлантиришим қандоқ бўлди?! 

19-20. Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир давомли наҳс кунида (яъни наҳс-шумлиги хеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур.

 21. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! 

 22. Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! 

 23. Самуд (қабиласи ҳам Солиҳ пайғамбар келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. 

 24. Бас, улар айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга (пайғамбар деб) эргашурмизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумрохлик ва аҳмоқлик-нодонликда бўлурмиз-ку! 

 25. Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма - ваҳий ташланибдими?! Йўқ, у ҳаддан ошган ёлғончидир». 

 26. Улар эртага (охиратда) ким ҳаддан ошган ёлғончи эканлигини билиб олажаклар. 

 27. Албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун бир туя юборгувчидирмиз. Бас, (эй Солиҳ), сен (уларнинг қилмишларини) кузатиб ва (озор-азийятларига) сабр қилиб туравергин! 

 28. Ва сувнинг улар (билан туя) ўртасидаги тақсимлаб қўйилгани (яъни сувдан бир кун улар ичсалар, бир кун туя ичишлиги лозим эканлиги) ва ҳар бир ичишга (навбат келганида) ҳозир бўлиниши ҳақида уларга хабар бергин! 

 29. Сўнг улар (Самуд қабиласи) ўзларининг бир шерикларини (туяни ўлдириш учун) чорлаган эдилар, у (келиб қиличини) олди-да, (туяни) сўйиб юборди. 

 30. Бас, Менинг азобим ва огохлантиришим қандоқ бўлди?! 

 31. Дарвоқеъ Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эдик, улар худди (қўйлари учун) қўра ясовчининг (қўрасидан тўкилган) хас-хашак каби бўлиб қолдилар. 

 32. Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми? 

 33. Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. 

 34. Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик. 

 35. (Бу нажот) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган бир неъматдир. Шукр қилган кишиларни Биз мана шундай мукофотлаймиз. 

 36. Аниқки, (Лут) Бизнинг (азоб билан) ушлашимиздан уларни (яъни ўз қавмини) огохлантирган эди, (аммо) улар огоҳлантиришлардан шубҳаланиб, ёлғон дедилар.  

37. Аниқки, улар (Лутнинг) меҳмон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: «Энди Менинг азобимни ва огохлантиришимни тотиб кўринглар!» 

38. Ҳақиқатан эрта тонгда уларга барқарор-мангу азоб келди. 

39. Энди Менинг азобимни ва огохлантиришимни тотиб кўринглар! 

40. Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! 

41. Аниқки, Фиръавн хонадонига ҳам огохлантиришлар келди. 

42. Улар Бизнинг барча оят-мўъжизаларимизни ёлғон деганларидан сўнг, Биз уларни кучли-қудратли зотнинг ушлаши билан ушладик (яъни, барчаларини денгизга ғарқ қилиб, юбордик!) 

43. (Эй Макка аҳли), сизларнинг кофирларингиз ана ўшалардан яхшироқми-ортиқроқми, ёки сизлар учун (самовий) китобларда ора очиқлик (васиқаси) борми (яъни сизлар кофир бўлиб, ўз пайғамбарларингизни ёлғончи қилсангизлар ҳам ҳеч қандай азоб-уқубатга йўлиқмасликларингиз тўғрисида васиқаларингиз борми)?! 

 44. Балки, улар: «Биз ғолиб жамоатдирмиз», дейишар?! 

 45. Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар! 

 И з о ҳ. Ушбу оят пайғамбар алайҳис-саломнинг чин пайғамбар эканликларига далолат қиладиган, келажакда содир бўладиган ҳодиса ҳақидаги хабарлардан биридир. Дарвоқеъ мана шу оят нозил бўлганидан сўнг кўп вақт ўтмай «Бадр» жангида ўша мағрур мушриклар енгилиб, ортларига қараб қочиб қолдилар. 

46. (Бугина эмас), балки уларга (мангу азоб учун) ваъда қилинган вақт (Қиёмат) соатидир. У соат янада балолик, янада аччиқдир! 

47. Албатта жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. 

 48. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилур). 

 49. Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик. 

 50. (Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган) сўздир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур).  

51. Қасамки, Биз сизларнинг ўхшашларингизни ҳалок қилдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми? 

52. Улар қилган ҳар бир нарса китобларда (номаи-аъмолларида) бордир. 

 53. Ҳар бир кичик ва катта (амал Лавҳул-Маҳфузда) битилмишдир. 

 54-55. Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар.






55. Раҳмон сураси 


Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, етмиш саккиз оятдир.

У ўзининг илк оятида Аллоҳ таолонинг Раҳмон - Меҳрибонлигини уқтириб, У зотнинг Ўз бандаларига кўрсатган энг катта марҳамати - уларга бутун ҳаётлари учун дастурил-амал бўлган Қуръони Каримни туширгани эканлигини таъкидлайди.

Сўнгра коинотдаги энг катта сайёралардан тортиб, энг майда заррагача бўлган барча мавжудот Тангри таоло томонидап ўта нозик ҳисоб-китоб билан яратилгани ва улардан ҳар бири ўз зиммасига қўйилган вазифани бажаришда Яратганга сўзсиз итоат этиши баён қилиниб, инсонлар учун ҳам ўзаро олди-берди муомалаларида адлу-инсоф билан иш тутсинлар, деб мезон-тарозу барпо қилингани уқтирилади.

Бу сурада мўминларга ато этиладиган жаннат неъматлари ва кофирларга кўз тутиб турган дўзах азоби батафсил баён этилади ва ўзга сураларда гувоҳ бўлинмаган бир услуб қўлланиб, Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳийясига далолат қиладиган ҳар бир жумладан сўнг, яъни сура давомида ўттиз бир бор инсу-жинга қараб: «Бас, Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!» деб хитоб қилинади.

Сура Тангри таолонинг буюк ва баракотли зот эканлигини яна бир бор таъкидлаш билан хотималанади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Меҳрибон (Аллоҳ Муҳаммад пайғамбар ва унинг умматларига) Қуръонни таълим берди.

3-4. У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги мақсадини баён эта олиши учун) баённи (нутқни) таълим берди.

5. Қуёш ҳам, ой ҳам (аниқ) ҳисоб-ўлчов билан (жорий бўлур).

6. Ўт-ўлан ҳам, дов-дарахт ҳам (ёлғиз Аллоҳга) сажда қилур - бўйинсунур.

7-8. У зот осмонни баланд қилиб қўйди ва сизлар тош-тарозида туғёнга тушмасликларингиз (яъни ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун мезон-тарозини ўрнатди.

9. (Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомалаларингизда) тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!

10. Ерни У зот (жамийки) жонзотлар учун (яъни улар жойлашиб, фойдаланишлари учун) паст-текис қилиб қўйди.

11. Унда (турли-туман) мева-чева ва гулкосали хурмо дарахтлари бор.

12. Яна сомонли дон-дун ва хушбўй (гуллар) бор.

13. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни инкор қила) олурсизлар?!

14. У зот инсонни (яьни Одам алайҳис-саломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди.

15. Жинларни эса аланга-оловдан яратди.

16. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

17. (Аллоҳ) икки шарқнинг (яъни кун ва ой ботадиган жойларнинг) ҳам Парвардигоридир.

18. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

19. У зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди.

20. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар.

И з о ҳ. Маълумки, денгиз қаъри ҳам, дарё туби ҳам сув бемалол сизиб ўта оладиган қумлоқ ёки тупроқдир. Кўп ҳолларда шўр сувли денгиз билан чучук сувли дарё ёки кўл шундоқ ёнма-ён жойлашиб ҳам қолади. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати билан улардан бирининг шўри иккинчисига уриб кетмайди. 

21. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

22. У иккисидан (бири бўлмиш денгиздан) марварид ва маржонлар чиқур.

23. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

24. Денгиздаги тоғлар каби баланд кўтарилган қатновчилар (яъни елканли кемалар) ҳам ёлғиз У зотникидир.

25. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

26. (Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир.

27. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи - Ўзигина боқий мангу қолур.

28. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

29. Осмонлар ва ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни иш-амалдадир.

И з о ҳ. Ушбу ояти карима ўзи мўъжаз бўлишига қарамасдан Исломий ақиданинг асосий рукнларидан бирини тўла ифодалагандир. Яъни, еру осмонда Аллоҳ таолога муҳтож бўлмаган ва Ундан мадад-ёрдам тиламаган бирон жонзот йўқдир. У зот ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада Ўзи яратган коинотдаги барча жон зотни бошқариб-парвариш қилиб турадиган Парвардигордир. Бу оят, «Аллоҳ таоло борлиқ ва ундаги нарсаларни яратгач, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган», дейдиган айрим файласуфларга очиқ раддиядир. 

30. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

31. Яқинда (Қиёмат қойим бўлган Кунда) сизлар(ни ҳисоб-китоб қилиш) учун фориғ бўлажакмиз, эй инсу жинлар! 

И з о ҳ . Яъни, озгина фурсат ўтгач, ҳаёти дунё тугаб, ундаги иш-амал битар ва Аллоҳ таоло барча инсонлар ва жинларнинг ҳаётларида қилиб ўтган амалларини ҳисоб-китоб қилиш ва муносиб мукофот-жазо бериш учун фориғ бўлур. У Кунда Тангри таолонинг одил жазосидан ҳеч ким қочиб қутула олмас. Қуйидаги оятларда сўз шу ҳақда боради. 

32. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

33. Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, (лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас)! 

34. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

35. (У Кунда) сизларнинг устингизга оловдан бир аланга ва тутун юборилурки, сизлар (ундан ҳаргиз) қутула олмассизлар! 

36. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

37. Энди қачон (Қиёмат қойим бўлгач) осмон ёрилиб, (жаҳаннам ҳароратидан қизиб кетган) тери каби қизариб қолганида, 

38. Бас, (эй инсонлар ва жинлар). Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

39. Ана ўша Кунда на бир инс ва на бир жин (қилиб ўтган) гуноҳидан сўралмас!

40. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

41. (Чунки у Кунда) жиноятчи-осий кимсалар сиймо-белгиларидан танилиб, пешона ва оёқларидан олинурлар (ва жаҳаннамга отилурлар)!

42. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

43. Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир!

44. Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!

И з о ҳ . Яъни, ҳаёти-дунёдан куфру-исён билан ўтган кимсалар охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур. 

Мазкур оятларда кофирлар дучор бўлажак азоб-уқубатлар баён этилди. Энди қуйида келадиган оятларда иймон эгаларига кўз тутиб турган гўзал оқибат - жаннатдаги мангу саодатли ҳаёт қилинади. 

45. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг кайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

46. Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни ўзининг Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир. 

47. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

48. (У икки жаннат сон-саноқсиз) шоҳ-новдалар эгасидирлар, (яъни, сермева ва соя-салқиндирлар). 

49. Бас, (эй инсонлар ва жинлар). Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

50. У иккисида икки оқар чашма бордир.

51. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

52. У иккисида барча мевадан икки нави бордир.

53. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

54. (Аҳли жаннат) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар). У жаннатларнинг меваси яқин бўлгувчидир (яъни жаннат ахли қайбир мевани ейишни истаса, ўша меванинг ўзи уларга эгилиб, яқин келур). 

55. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

56. У (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркакларга қарашдан) тийгувчи (қиз)лар борки, уларга (жаннат ахлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир. 

57. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

58. Улар (софлик ва оқликда) гўёки ёқут ва маржондирлар. 

59. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! 

60. Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшилиқдир. 

И з о ҳ . Яъни, ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтган кишининг охиратдаги мукофоти жаннатдир. Эҳсон калимасининг луғавий маъноси - чиройли амал қилмоқликдир, Пайғамбар алайҳис-саломдан «Эҳсон нимадир?» деб сўралганида, у киши шундай жавоб қилган эканлар: «Эҳсон - Аллоҳ таолога гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зотан, сен У зотни кўрмасанг-да, У зот шак-шубҳасиз сени кўриб тургувчидир».

61. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

62. У икки (жаннат)дан қуйироқда яна икки жаннат бордир.

63. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

64. (У икки жаннат) серсув ва серяпроқликдан қорамтирдирлар.

65. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

66. У иккисида тинмай отилиб тургувчи икки чашма бордир.

67. Бас, (инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

68. У иккисида мева, хурмо ва анорлар бордир.

69. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

70. У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир.

71. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

72. (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир.

73. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

74. Уларга (жаннат ахлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир.

75. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

76. (Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар).

77. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

78. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли - муборакдир.






56. Воқеа сураси 


Тўқсон олти оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлган.

Бу сурада Қиёмат қойим бўлиши ва ўша пайтда рўй берадиган даҳшатли воқеа-ҳодисалар ҳамда у Кунда кишилар уч тоифага бўлиниб қолишлари ҳақида хабар берилади ва сура давомида ҳар бир тоифанинг топажак оқибатлари баён қилинади. Шунинг учун ҳам у «Воқеа»- «Воқеъ бўлгувчи» (Қиёмат) деб номлангандир. 

Шунингдек, бу сурада дўзах даҳшатлари ва жаннат манзаралари батафсил тасвирланади ҳамда охират ҳаётини инкор этгувчи кимсаларга ҳеч рад қилиб бўлмайдиган ҳужжатлар билан жавоб берилади.

Сура хотимасида юқорида зикр қилинган ҳар бир хабар аниқ ҳақиқат эканлиги яна бир бор таъкидланиб, барча мўмин-мусулмонларни Улуғ Парвардигор номини поклаб-тасбеҳ айтишга амр этилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. Қачон Воқеа - Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас.

И з о ҳ . Яъни, аниқ тушгувчи бўлган Қиёмат соати келганида, ҳаёти дунёда Аллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади. 

3-4-5-6-7. Ер (қаттиқ) ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолган чоғда (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилгувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилгувчидир. 

И з о ҳ. Яъни, бу дунёда нафслари истаган хирсу ҳавасларга муккадан кетиб, мол-давлат ва салтанатлари билан ҳаволаниб юрган динсиз-иймонсиз кимсаларни Қиёмат энг тубан дўзахга ташлаш билан паст қилиб қўяр, аммо бу ҳаёти дунёда мудом рўй бериб турадиган зулму ситам ва ҳақсизлик азобидан эзилиб юрсалар-да, ўз иймон-эътиқодларида устивор бўлган мўмин-мусулмонларни эса жаннатлардаги баланд мақомларга кўтарур.  

Энди юқорида зикр қилинган уч тоифа кимлар эканлиги баён этилади. 

8. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!

9. (Иккинчи тоифа) шум-чап томон эгаларидир. Шум-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!

И з о ҳ . Ўнг томон эгалари ҳаёти - дунёдан иймон-эътиқод билан ўтганлари сабабли Қиёмат кунида номаи-аъмоллари ўнг томонларидан берилиб, жаннат неъматларига сазовор бўлган саодатманд кишилардир. Чап томон эгалари эса ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтганлари сабабли Қиёмат кунида номаи-аъмоллари чап томонларидан берилиб, дўзахга гирифтор бўлган бадбахт кимсалардир. 

10. (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир! 

11-12. Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилингувчилардир. 

13-14. (У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилардан (яъни Муҳаммад алайҳис-салом умматларидан) эса оздир. 

И з о ҳ. Яъни, Одам алайҳис-саломдан тортиб, то Муҳаммад алайҳис-саломгача, ўтган барча пайғамбарларга иймон келтирган ва уларнинг ёнларида туриб Аллоҳ таоло буюрган динга даъват қилишда ёрдамчи бўлган аввалги умматлар орасидаги пешқадам зотларнинг саноқларига нисбатан Муҳаммад алайҳис-салом умматлари ўртасидаги пешқадам зотларнинг сонлари оздир. 

15-16. (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар). 

17-18. Устларида эса мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. 

19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар.

20-21. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур).

22-23. Яна (улар учун) худди яшириб қўйилган марварид мисол оҳу кўз ҳурлар бордир.

24. (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.

25-26. Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар).

27. Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!

28. (Улар) тикансиз бутазорларда.

29. Тизилган бананзорларда.

30. Ёйилган соя (ости)да.

31. Оқизиб қўйилган сув (усти)да.

32-33. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли туман) мева-чева (ости)да.

34. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар.

35. Дарвоқеъ, Биз уларни (оху кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар).

36-37-38. Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик.

39-40. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик, кейингилардан (яъни Муҳаммад алайҳис-салом умматларидан) ҳам кўпчилиқдир.

41. Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!

42. (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида;

43-44. Bа на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар.

45. Дарвоқеъ улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёда ҳирсу хавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар.

46. Улар улуғ гуноҳ (яъни ширк) устида оёқ тираб турар эдилар.

47-48. Ва: «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан хам қайта тирилгувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» деб (масхара қилар) эдилар.

49-50. (Эй Муҳаммад, сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар хам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубхасиз тўплангувчидирлар.

51. Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумрохлар,

52-53. Шак-шубҳасиз (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи - ундан қоринларингизни тўлдиргувчидирсизлар.

54-55. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда хам) ташна-тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар!

56. Мана шу уларнинг жазо (қиёмат) Кунидаги "зиёфатларидир"!

57. (Эй инсонлар), сизларни Биз Ўзимиз яратдик-ку! Энди сизлар (охиратда яна қайта яратишга қодир эканлигимизни) тасдиқ этмайсизларми?! 

И з о ҳ. Яъни, йўқдан бор қилишга қодир бўлган зот қайта яратишга ҳам шак-шубҳасиз қодирдир. Энди қуйидаги оятларда Тангри таоло Ўзининг қайта яратишга қодир эканлигига тўрт нарсани, яъни инсонни яратганини, наботот (экин-ўсимликлар)ни яратганини, сувни яратганини ва ўт-оловни яратганини далил қилиб келтиради. 

58. Сизлар (хотинларингизнинг бачадонига) тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? 

59. Уни сизлар (комил инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?.

И з о ҳ. Дарҳақиқат, бу инсон кўз ўнгида доимо такрорланиб турганлиги сабабли эътибор берилмайдиган буюк бир мўъжизадир: наҳотки киши баданидан ажралиб чиқиб турадиган тер, кўз ёши каби бўлган бир томчи сувдан - манийдан - озгина муддат ўтгач, ўз-ўзидан эркак ё аёл жинсига мансуб, эшитгувчи, кўргувчи бир инсон пайдо бўлиб қолса. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу иш қандай содир бўлди? Ахир бу инсон ўзининг суяклари, гўшти ва териси билан томирлари-ю, тук ва тирноқлари билан ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган хулқи-табиати билан қаерга яшириниб олган эди?! Қайси бир доно одам бир томчи сув ўз-ўзидан мана шундай инсонга айланган дея олади? Ҳеч ким! Чунки маний она бачадонига тушиши биланоқ эр-хотиннинг иш-амали битган: улар ўша бир томчи сувдан ҳомила пайдо бўладими-йўқми билишга қодир эмаслар, энди бу ёғи ёлғиз Яратганнинг хоҳишига ҳавола. Агар У зот хоҳласа, Ўз қудрати билан бир хил хужайрадан иборат бўлган ўша манийдан инсоннинг жамийки аъзоларининг ҳар бири ўзига хос бўлган минг-минглаб ҳужайраларини пайдо қилади ва ҳар бир аъзонинг ҳужайрасига ўз вазифасини пайдо қилади ва унга жон киритади... Дарҳақиқат, бу илоҳий мўъжизада ақл юритгувчи кишилар учун етарли ибрат бордир. 

60-61. Сизларнинг ўртангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаб қўйгандирмиз (яъни сизларга ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Биз берурмиз). Ва Биз (сизларни вафот топдириб, ўрнингларга) сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишга ҳамда сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолат-суратда қайта пайдо қилишга ҳам ожиз эмасдирмиз. 

62. Дарвоқеъ сизлар дастлабки пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдинглар-ку! Бас, эслатма-ибрат олмайсизларми?!

63. Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

64. Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!

65. Агар Биз хохласак, албатта уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, бас, сизлар ажабланган ҳолларингизда.

66. «Шак-шубҳасиз бизлар зиён кўргувчилармиз.

67. Йўқ, бизлар (барча ризқу-рўздан) маҳрум бўлгувчилармиз», (деб надомат қилиб қолган бўлур эдингазлар).

68. Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

69. Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки Биз ёғдиргувчимизми?!

70. Агар Биз хохласак, уни шўр қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!

71. Сизлар ёқадиган ўт-олов ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингларми ёки Биз пайдо қилгувчимизми?!

73. Биз уни (жаҳаннам ўтидан) бир эслатма ва (саҳроларда юрадиган) мусофир-йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик.

74. Бас, (эй Муҳаммад), улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!

75-76-77-78. Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, Ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир - албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!

79. Уни фақат таҳоратли - пок кишиларгина ушларлар.

80. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир.

81. Бас (эй кофирлар), сизлар мана шу Сўз - Қуръонга бепарволик қилурмисизлар (яъни сизлар шундай улуғ Китобни назарларингизга илмасдан инкор қилмоқдасизларми)?!

82. Ва сизлар (Қуръонни) ёлғон дейиш(дек бадбахтлик)ни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!

83-84-85-86-87. Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида - холбуки ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ булурмиз, лекин сизлар (буни) курмайсизлар (билмайсизлар) Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар, (ва ўзларингизнинг: «Ҳеч қандай эга - Парвардигор ҳам, қайта тирилиш ҳам йуқ», деган сўзларингизда) ростгўй булсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йуқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар). 

88-89. Энди агар ўша (вафот қилгувчи киши Аллоҳга яқин қилинган (пешқадам)лардан булса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!

90-91. Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у холда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!

92-93-94. Энди агар у (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумрохлардан (яъни чап томон эгаларидан) бўлса, у холда қайноқ сувдан иборат «зиёфат» ва дўзахга киритилиш бордир!

95. Шак-шубхасиз (ушбу сурада зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир!

96. Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (хар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!






57. Ҳадид сураси 


Йигирма тўққиз оятдан ташкил топган бу сура Мадинада нозил бўлган.

У борлиқдаги барча нарса мудом Яратганга тасбеҳ айтиб, улуғлаб туриши ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг илоҳий сифатлари баён қилинади. 

Бу сурадан мўминларни Аллоҳ уларга ато этган нарсалардан хайр-саховат қилишга чорлаган оятлар ҳам ўрин олгандир.

Сура мўминлар билан мунофиқларнинг охиратдаги аҳволи тўғрисида хабар бериб, у жойда мунофиқлар дунёдаги каби мўминлар орасига қўшилиб кета олмасдан, ажралиб қолишларини уқтиради ва бу ҳаёти дунёнинг ўткинчи эканлигини баҳор ёмғири остида тўрт кун барқ уриб очилиб, сўнг ёз иссиғига бардош бера олмай қуриб, қовжираб қоладиган чечакларга ташбеҳ қилинади. Сура Ийсо пайғамбар йўлларига эргашган аҳли китобларни Аллоҳдан қўрқишга ва У зотнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга иймон келтиришга даъват қилиш билан хотима топади. 

Бу сурада кишиларнинг тинчлик-осойишталик кунларида ҳам, ҳарбу-зарбларида ҳам бирдек зарур ва фойдали бўлган темир моддаси ҳақида зикр қилингани учун у «Ҳадид»- «Темир» сураси деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлар ва ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

2. Осмонлар ва ер Унинг мулкидир. У ҳаёт ва ўлим берур. У барча нарсага қодирдир.

3. Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир.

И з о ҳ. Ушбу ояти каримада ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг бор ва бирлигига иймон келтириш билан бирга эътиқод қилиши лозим бўлган тўрт илоҳий сифати баён этилди: Аллоҳ аввалдир, яъни У азалий зот бўлиб, Ундан аввал бирон замон ўтган эмас; Аллоҳ, охирдир, яъни У абадий-мангу зот бўлиб, барча нарса йўқ бўлур, лекин Унинг интиҳоси йўқдир; Аллоҳ зоҳирдир, яъни коинотдаги ҳар бир нарса Унинг борлигига очиқ-зоҳир далолат қилиб туради; Аллоҳ ботин-махфийдир, яъни Унинг зотини кўз билан идрок этиб бўлмас ва Унинг моҳият-ҳақиқатига ақл билан етиб бўлмас.

4. У осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир. У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, ҳайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (яъни амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. 

5. Осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур. 

6. У кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. У диллардаги сирларни билгувчидир.

7. (Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)га иймон келтиринглар ҳамда У зот сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан (яъни вақтинча қўлларингизда турган эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларнинг қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан) инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир. 

8. Агар сизлар иймон келтиргувчи бўлсангизлар - пайғамбар (ораларингизда) сизларни Парвардигорингизга иймон келтиришга даъват қилиб тургани ҳолда (Аллоҳ эса сизларнинг руҳларингизни яратган пайтидаёқ, иймон келтириш ҳақидаги) аҳду-паймонингизни олгани ҳолда нега сизлар (Аллоҳга) иймон келтирмаяпсизлар? 

9. У Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)га токи у сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиқиш учун аниқ-равшан оятларни (яъни Қуръони Каримни) нозил қиладиган зотдир. Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон ва раҳмлидир. 

10. Нега сизлар Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки осмонлар ва ернинг ворислиги ёлғиз Аллоҳники-ку (яъни оз кунда сизлар бу оламдан ўтиб кетиб, қўлларингиздаги барча мол-дунёларингиз Аллоҳга мерос бўлиб қолади-ку)! Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат-жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ килаётган амалларингиздан хабардордир.

11. Аллоҳга қарзи хасана (ихтиёрий қарз, яъни Унинг йўлида хайру саховат) қиладиган ким бор? Бас, У зот ўша (киши)га бир неча хисса қилиб қайтарур ва унинг учун улуғ ажр-мукофот бўлур. 

12. Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)! (Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар - остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!»

13. У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат-жаннат, ташқарисида-олдида эса азоб-дўзах бўлур. 

14. Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар), лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ «дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомхаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўйди». 

15. Мана Бугун сизлардан ҳам, (эй мунофиқлар), кофир бўлган кимсалардан ҳам (дўзах азобидан қутулишларингиз учун) бирон тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларга энг муносиб жойдир! Нақадар ёмон оқибат (бу)!

И з о ҳ . Мазкур оятларда зоҳирлари мўмин-у, ботинлари мунофиқ бўлган кимсаларнинг охиратда дучор бўладиган оқибатлари баён қилинди. Энди мўминларга мурожаат қилиниб, уларни ўзларидан аввал ўтган аҳли китоблар каби диллари қотиб, фосиқ-итоатсиз бўлиб кетмасдан кўнгилларини Аллоҳнинг зикрига ва Қуръон тиловатига мойил қилишга даъват этилади. 

16. Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ-Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар! 

17. (Эй мўминлар), билингларки, албатта Аллоҳ ўлган ерни тирилтирур (яъни Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган ерни ёмғир билан «тирилтиргани» каби сизларнинг дилларингизни ҳам Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловати билан юмшатур). Мана Биз ақл юргизишларингиз учун сизларга (Ўз қудрати илоҳийямизга далолат қиладиган) оятларни батафсил баён қилдик. 

18. Албатта садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар ҳамда Аллоҳга қарзи хасана берганлар учун (берган хайру садақалари) бир неча ҳисса қилиб қайтарилур ва улар учун улуғ ажр-мукофот бордир. 

19. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар - ана ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар (яъни жуда ростгўй зотлар) ва шаҳидларнинг ўзидирлар. Улар учун (охиратда) ажр-мукофотлари ва (уларнинг йўлларини ёритиб борадиган) нурлари бўлур. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар - улар дўзах эгаларидир! 

20. Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир. 

21. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга хамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хохлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир. 

22. На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир.

И з о ҳ. Яъни, ҳаётда содир бўладиган ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодиса албатта Аллоҳ таолонинг тақдири азалийсида битилган бўлади. Яратганнинг амрисиз бировнинг баданига бир тикан кирмайди. Бу ҳақиқат баён этилишига сабаб:

23. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас. 

24. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахил бўлишга буюрадиган-чақирадиган кимсалардир. Ким (бахиллик қилиб инфоқ-эҳсон қилишдан) юз ўгириб кетса, у ҳолда албатта Аллоҳнинг Ўзи (барча оламдан) беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир. 

25. Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик-яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ ғайбда (бандалари кўзига кўринмасдан) турган ҳолида Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир.

И з о ҳ . Ушбу ояти каримада жамият интизоми ва кишилар осойишталиги учун Аллоҳнинг китоби ва адолат тарозиси билан бирга яна темир, яъни қуролли кучга ҳам муҳтож бўлинишига ишора қилинмоқда. 

26. Қасамки, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик. Бас, уларнинг (яъни Нуҳ ва Иброҳим зурриётларининг) орасида ҳидоят топгувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) уларнинг орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар. 

27. Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Ийсо бинни Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз - буюрганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳибликни одат) қилдилар-у, сўнг унга тўғри-тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан иймон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар.

28. Эй (Ийсога) иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)га ҳам иймон келтиринглар, (шунда) У зот сизларга Ўз раҳматидан икки ҳисса ато этур ва сизлар учун (Қиёмат кунида олдиларингизда) юрадиган нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

29. Аҳли китоб ўзлари Аллоҳнинг фазлу-марҳаматидан бирон нарсага (етишга) қодир бўла олмасликларини ва фазлу марҳамат Аллоҳнинг қўлида бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этишини билишлари учун (Аллоҳ уларга юқоридаги ҳукмларни баён қилди). Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.







58. Мужодала сураси 


Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган бўлиб, йигирма икки оятдир.

Сура аввалида бир аёл ўз эрининг қилмиши тўғрисида шикоят қилиб келиб пайғамбар алайҳис-салом билан мунозара қилгани баён этилади. Суранинг «Мужодала-Мунозара» деб номланганининг боиси шудир. Сўнгра ўша шикоят қилиб келинган «Зиҳор» масъаласининг ҳукми ва зиҳор қилгувчи зиммасига тушадиган каффорат-тўлов ҳақида сўз боради.

Бу сурада яхудий ва мунофиқларнинг гуноҳ, зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивир-шивир қилишиб тил бириктиришлари, уларнинг мўминларга ва хусусан пайғамбаримизга етказадиган озор-азиятлари ҳамда охир-оқибат топажак азоб-уқубатлари хусусида хабар берилади. 

Шунингдек, бу сурада мўминларга уларнинг ўзаро муносабатларида ва пайғамбар алайҳис-салом билан қиладиган муомалаларида риоя этишлари лозим бўлган одоб-ахлоқ борасида йўл-йўриқлар кўрсатилади. 

Сура ниҳоясида Аллоҳ таолога ва охират Кунига иймон келтирган кишиларнинг сифат-фазилатлари хусусида сўзланиб, улар эришажак бахт-саодат хабари берилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир. 

И з о ҳ . Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир: Саҳобалардан Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба исмли бир аёл пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб: «Ё расулуллоҳ, Авс мени зиҳор қилди», деб ўз эридан шикоят қилади. «Зиҳор» ибораси арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига: «Онамнинг бадани каби сенинг баданинг ҳам менга ҳаром», дейишини англатади. Ислом дини келишидан илгари зиҳор қилинган хотин эри учун онага айланиб қолган, демак талоқ қилинган ҳисобланар эди. (Бу хусусда «Аҳзоб» сурасининг тўртинчи оятида ҳам баён қилинган). Шунинг учун мазкур аёл эрининг бу қилмишидан нолиб, ўрталарида гўдак болалари борлиги, агар эр-хотин ажрашиб кетсалар, ўша болаларга жабр бўлишини айтиб келади. Лекин пайғамбаримизга «Зиҳор» масъаласи ҳақида Аллоҳ таоло томонидан ҳали бирон ҳукм нозил қилинмаган эди. Шу сабабдан у зот шикоятчи аёлга: «Демак, сен эрингга ҳаром бўлиб қолибсан», деб жавоб қиладилар. Аммо у аёл бу жавобдан қаноатланмай, яна ўз сўзларини такрорлайди. Расулуллоҳ ҳам яна аввалги жавобларини қайтарадилар. Иккалалари шу тариқа баста-жавоб қилиб туришлари асносида, бирдан пайғамбар алайҳис-саломга юқоридаги ва қуйида келадиган оятлар нозил бўлади ҳамда уларда Аллоҳ таоло «Зиҳор» масъаласи хусусида Ўз хукмини баён қилади. 

2. Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз афв этгувчи ва мағфират қилгувчидир. 

И з о ҳ . Яъни, ўша ўз хотинларини оналарига ўхшатишдек номақбул ва ёмон сўз айтганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб тавба қилсалар, шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло афв этгувчи, мағфират қилгувчидир. Уларнинг ўртасига ҳеч қандай талоқ тушмайди. Лекин ўз хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат - тўлов тўлаши керак. Энди қуйидаги оятларда ўша каффорат миқдорлари баён қилинади. 

3. Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) (эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

4. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари - қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир. 

5. Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқадиган кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинурлар. Дарвоқеъ Биз очиқ-равшан оятлар нозил қилдик (Мана шу оятларни инкор этгувчи) кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир. 

6. (Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (ҳаёти дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарса устида гувоҳдир. 

7. Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингиз - билмадингизми! Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта У зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари бўлса), албатта У зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими, ё кўп бўладими, албатта У зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра, Қиёмат кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.

8. (Эй Муҳаммад), ўзаро шивир-шивирдан қайтарилганларидан сўнг яна ўзлари қайтарилган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қачон улар сизнинг олдингизга келсалар, сизга бир ибора билан салом берурларки, Аллоҳ сизга ўша (сўз) билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаяпти? (Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида, албатта Аллоҳ бизларни азобга гирифтор қилган бўлур эди)», дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам (азоб тўғрисида) кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)!

И з о ҳ. Ушбу оят мўминларни кўрганларида бир-бирлари билан пичир-пичир ва турли имо-ишоралар қилишиб, уларга озор берадиган яҳудий ва мунофиқлар ҳақидадир. Пайғамбар алайҳис-салом уларни бу қилиқларидан қайтарганларидан кейин ҳам улар ўз висир-висирларидан қайтмайдилар, балки ҳадларидан ошиб расулуллоҳга рўбарў бўлганларида, «Ассалому алайкум», яъни «сизларга тинчлик-омонлик бўлсин», дейиш ўрнига «Ассому алайкум», яъни «сизларга ўлим бўлсин», дейдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг жазолари жаҳаннамга кириш эканлиги хусусида хабар беради. 

9. Эй мўминлар, сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганларингизда, гуноҳ ва зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар ҳузурига тўпланадиган зот Аллоҳдан қўрқинглар! 

10. (Яҳудий ва мунофиқларнинг) ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотларни ғамгин қилиш учундир. (Лекин) у Аллоҳнинг изни-иродасисиз уларга бирон зиён етказа олгувчи эмасдир. Бас, мўминлар, ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар - суянсинлар! 

11. Эй мўминлар, қачон сизларга (мажлис-суҳбатларда дўст-биродарларингиз келиб: «Бизларга ҳам шу мажлисдан жой беринглар», дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам (Ўз жаннатидан) жой берур. Ва қачон «(ўринларингиздан) туринглар», дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

И з о ҳ. Бу ояти каримада мўминларга мажлис одоблари таълим берилди ва уларни бағрикенгликка, яъни мажлисларига келиб қўшилмоқни истаган дўстларига ёнларидан жой беришга ва агар ҳамма жойлар банд бўлса, кейин келганларга ўз ўринларини бўшатиб беришга даъват этилди. Яна бу оятда илмнинг фазилати алоҳида таъкидлаб ўтилдики, бу борада пайғамбар алайҳис-салом томонларидан ҳам кўпдан-кўп ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири мана бу ҳадиси шарифдир: «Олимнинг обид устидаги фазилати худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазилати кабидир». Ҳукамолардан бирининг қуйидаги сўзлари ҳам ибратлидир: «Мен илм топа олмаган одам нима топганини, илм топган одам эса нима йўқотганини билсам эди». 

12. Эй мўминлар, қачон сизлар пайғамбар билан сирлашмоқ - суҳбатлашмоқни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан (камбағал-мискинларга) бирон хайр-садақа тақдим этинглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва (гуноҳларингизни) поклагувчироқдир. Энди агар (садақа қилгудек нарса) топа олмасангизлар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

13. Суҳбатларингиз олдидан хайр-садақалар тақдим этишдан (камбағал бўлиб қоламиз, деб) қўрқдингларми? Бас, сизлар (хайр-садақа) қилмаган экансизлар ва Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилган экан, энди намозни тўкис адо этинглар ва закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

14. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида, («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар. 

15. Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир! Дарҳақиқат, уларнинг қилган амаллари нақадар ёмондир! 

16. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилгувчи азоб бордир!

17. Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ томонидан (бўладиган) бирон нарсани-азобни улардан дафъ қила олмас. Улар дўзах эгаларидир. Улар, ўша жойда мангу қолгувчидирлар!

18. У Кунда (яъни Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларини (шу ёлғон қасамлари сабабли) бирон (фойда) устида деб ҳисобларлар. Огоҳ бўлингизким, албатта улар ғирт ёлғончи кимсалардир! 

19. Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳни эслашни унуттирди. Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон ҳизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўргувчилардир. 

20. Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар - ана ўшалар энг хор кимсалар қаторидадирлар! 

21. Аллоҳ (Лавҳу-Маҳфузга): «Шак-шубҳасиз Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир.

22. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан - гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ - Қуръон билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг хизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!  






59. Ҳашр сураси 


Йигирма тўрт оятдан иборат бу сура Мадинада нозил қилинган.

Сура меҳвари - ўқи яҳудийлардан Бану Назийр номли қабиланинг хиёнаткорликлари сабабли ўз диёрларидаи сургун қилинишларини ва Ислом тарихида «Бану Назийр ғазоти» номи билан қолган ғазот тафсилотини баён қилиш атрофида айланади. Шунинг учун ҳам бу сура «жамлаб сургун қилиш» деган маънони ифодаловчи «Ҳашр» номи билан аталгандир. Шунингдек, бу сурада яҳудийларнинг ҳамтовоқлари бўлган мунофиқларнинг кирдикорлари очиб ташланади ва улар гарчи кўринишларида бир-бирлари билан ўзаро иттифоқдек кўринсалар-да, дилларидаги ғараз-мақсадлари тамоман турли-туман эканлиги таъкидланади. 

Сура саҳобайи киромларнинг таъриф-тавсифлари ва Қуръони Каримнинг қадр-мартабаси ҳақидаги оятларни ҳам ўз ичига олгандир. 

Сура ниҳоясида Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва илоҳий сифатлари зикр этилиб, мўминларни ёлғиз Аллоҳдангина қўрқишга буюрилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

2. У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмас эдингиз. Улар ҳам ўзларининг қўрғон-қалъаларини Аллоҳ(нинг азобидан) тўсгувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузурлар. Бас, эй ақл эгалари, (уларнинг аҳволидан) ибрат олингиз! 

И з о ҳ . Пайғамбар алайҳис-салом Маккайи Мукаррамадан Мадинайи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, яҳудийларнинг Мадина атрофида яшайдиган Бану Назийр қабиласи у киши билан бетарафлик тўғрисида сулҳ тузган эди Лекин мусулмонлар Уҳуд жангида мағлубиятга учраганларидан кейин Бану Назийр яҳудийлари ўртадаги сулҳни бузишиб, мусулмонлар орасига суқулиб кириб олган айрим мунофиқ кимсалар билан тил бириктиришиб, Макка кофирлариги одам юборадилар ва Муҳаммад алайҳис-саломга қарши жанг қилиш учун улар билан ҳамкорликка тайёр эканликларшш билдирадилар. Расулуллоқ бу хиёнатдан хабар топгач, яҳудийларнинг Маккага юборилган элчилари Каъб ибн Ашрафни қатл қилишга буюрадилар ва ўзлари қўшин билан бориб, Бану Назийр қабиласини қамал қиладилар. Қамалнинг йигирма биринчи кунида дилларига қўрқинч тушган яҳудийлар пайғамбаримизга қайта сулҳ тузишни таклиф қилишганида, у зот хоинлар билан ҳеч қандай сулҳ тузилиши мумкин эмаслигини билдириб, улардан кўтарганларича нарса-матоларини олиб дарҳол бу юртдан чиқиб кетишларини талаб қиладилар. Шундай қилиб яҳудийлар яшаётган уйларининг устун-тўсинларигача бузиб, туяларга юклашиб ҳеч қандай жанг-жадалсиз ўз диёрларидан жўнаб қоладилар.

3. Агар Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида, албатта уларни мана шу дунёда (қатл қилиш ёки асирлик билан) азоблаган бўлур эди. Улар учун охиратда дўзах азоби ҳам бордир.

4. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки Аллоҳга қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. 

5. (Эй мўминлар), сизлар (Бану Назийр хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингларми, бас (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди). 

6. Аллоҳ Ўз пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни ўйнатиб-чоптириб борганларингиз йўқ (яъни у ўлжаларни сизлар қийналиб, машаққат чекиб, жанг-жадал билан қўлга киритганларингиз йўқ) лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан (мана шундай) устун қилиб қўюр. Аллоҳ барча нарсага қодирдир. 

7. Аллоҳ қишлоқ-шаҳарларнинг (кофир) аҳолисидан Ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар - токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун - Аллоҳники, пайғамбарники ва (пайғамбарнинг) қариндош-уруғлари, етимлар, бечора-мискинлар ва йўловчи-мусофирларникидир. Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. 

8. (У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар - камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир.

9. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир. 

И з о ҳ . Мазкур оятларда ўзларининг уй-жой ва мол-мулкларини тарк этиб пайғамбар алайҳис-салом билан Мадинайи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг орзу-ниятлари фақат Аллоҳнинг ризолигини исташ ҳамда Аллоҳ ва пайғамбарга ёрдам қилиш бўлганлиги таъкидланди ва ғазотлардан тушадиган ўлжаларнинг бир қисми ўшаларнинг ҳақлари эканлиги уқтирилди. Шунингдек уларнинг йўлларига уй-жой ва иймон-эътиқод билан пешвоз чиққан ансорлар-ёрдамчилар (улар пайғамбаримизга ва бошқа муҳожирларга ҳар бир ишда кўмак берганлиги учун мана шу номга сазовор бўлганлар), ва уларнинг бағрикенгликлари, ўз манфаатларидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўя олишлари таърифланди. 

Ҳукамолардан Абу Зайднинг ғоят ибратли мана бу сўзи худди ўша ансорлар ҳақида айтилгандек: «Балхлик бир йигит менга: «Ўзларингизнинг зуҳд-тақволарингиз ҳақида гапириб бергин», деган эди, мен айтдим: «Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз». Шунда у деди: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз». 

10. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмаган. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан».

11. (Эй Муҳаммад), мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китоблардан (яҳудийлардан) бўлган кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирон кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта бизлар сизларга ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмадингизми? Аллоҳ гувохлик берур-ки, улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. 

12. Қасамки, агар (яҳудийлар ўз диёрларидан) қувиб чиқарилсалар (мунофиқлар) улар билан бирга чиқиб кетмаслар, қасамки, агар (яҳудийларга қарши) жанг қилинса (мунофиқлар) уларга ёрдам ҳам бермаслар ва агар (фаразан) ёрдам берсалар ҳам, албатта яҳудийлар (мўминлар томонидан мағлуб қилинишиб) ортларига қараб қочурлар ва кейин уларга бирон ёрдам берилмас. 

13. (Эй мўминлар), аниқки, сизлар (мунофиқларнинг) дилларида Аллоҳдан кўра қўрқинчлироқдирсизлар. Бунга сабаб, улар (Аллоҳнинг қудратини) англамайдиган қавм эканликларидир. 

14. Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) бирлашган ҳолларида сизлар билан фақат қалъа-қўрғонли қишлоқлар ичида (беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар, (яъни ҳеч қачон сизларга қарши очиқ жангга чиқа олмаслар). Улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидирлар, (яъни, жанг-жадал бўлмасдан туриб ўзаро куч-қудратли эканликлари ҳақида лоф ураверадилар, аммо жанг пайтида ожиз-қўрқоқдирлар). (Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир. 

15. (Улар) худди ўзларидан озгина олдин ўтган, ўз қилмишларининг зиёнини тотган кимсаларнинг (яъни Бадр жангида енгилиб шарманда бўлган мушрикларнинг) ўхшашидирлар. Улар учун (охиратда ҳам) аламли азоб бордир.

16. (Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман. Зеро мен барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқурман», деди. 

17. Бас иккисининг (шайтон ва унинг сўзига кириб, кофир бўлган инсоннинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир!

18. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 

19. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиргириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!

20. Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришгувчи зотлардир. 

21. Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз. 

22. У - Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.

23. У - Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хохлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир.

24. У - Аллоҳ яратгувчидир, (йўқдан) бор қилгувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.






60. Мумтаҳана сураси 


Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган бўлиб, ўн уч оятдир.

У мўминларга Аллоҳнинг ҳам, ўзларининг ҳам душманлари бўлган мушриклар билан дўстлашмасликни буюриш билан бошланиб, сўнгра бу ҳақда Иброҳим алайҳис-салом, у зотнинг тобеълари тарихида ибрат олса арзийдиган гўзал намуна борлиги таъкидланади ва шу билан бирга сура давомида мусулмонларга қарши урушмаётган ҳамда уларнинг зиёнларига ўзгалар билан тил бириктирмаётган ғайридинлар билан яхши алоқа-муомала тузиш дуруст эканлиги ҳам маълум қилинади.

Бу сурада мўминларга мушрикларнинг қўлларидан қочиб, Мадинага ҳижрат қилиб келган ва ўзларининг мўмина эканликларини билдирган аёлларнинг иймонларини имтиҳон қилиб кўриш буюрилади. Суранинг «Мумтаҳана» - «Имтиҳон қилингувчи аёл», деб номланишининг боиси шудир.

Сура мўминларни Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган мушриклар билан дўст бўлмасликка такроран даъват қилиш билан хотима топади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар-ку! Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (у ҳолда мушрик-кофир кимсаларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмокдасизлар. Ҳолбуки Мен сизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам жуда яхши билгувчидирман! Сизлардан ким шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди! 

И з о ҳ. Ушбу оятнинг нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Пайғамбар алайҳис-салом Маккани фатҳ этиш учун тайёргарлик кўриб юрган кезларида муҳожир саҳобалардан Хотиб ибн аби-Бултаа бу ҳақида Макка зодагонларига хат ёзиб уларга қарши урушга ҳозирлик кўрилаётганининг хабарини беради ва уни ўша тарафга кетаётган бир аёлдан бериб юборади. Шунда Жаброил фаришта келтирган ваҳий орқали бу хуфёна ҳаракат расулуллоҳга маълум бўлади ва у зот икки саҳоба билан ҳазрати Алини ўша аёлнинг изидан юборадилар. Улар аёлни пайғамбаримиз айтган Мадина яқинидаги Равзиҳоҳ деган жойдан топиб, ундан хатни беришни талаб қилганларида у аввал тонади, лекин кейин элчиларнинг дўқ-пўписаларидан сўнг сочларининг орасидан чиқариб беради. Хат қўлларига келиб теккач, пайғамбар алайҳис-салом Хотибни чақириб, ундан: «Бу қандай қилиқ?»- деб сўраганларида у шундай жавоб қиладш «Ё расулуллоҳ, мен Исломга кирганимдан буён диндан қайтган ҳам эмасман, сизга хиёнат қилган ҳам эмасман. Лекин мен хижрат қилиб чиқар эканман, бола-чақаларим Маккада қолгандир. Бошқа муҳожирларнинг Маккада қолиб кетган бола-чақа ва мол-мулкларини ўз ҳимояси остига оладиган қариндош-уруғлари бор, аммо менинг Маккада бирон ҳимоячим йўқдир. Шу сабабдан мана бу хатим Макка зодагонларининг қўлларига бориб тегса, улар аҳли-оиламга ҳомийлик қилишар, деб ўйлаган эдим. Мен бу хатни динимизга бирон зиён етказиш учун ёзган эмасман». Бу ҳолни кўрган Умар: «Ё расулуллоҳ, рухсат беринг, бу мунофиқнинг бошини танасидан жудо қилай», деганида, пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Йўқ, у «Бадр»га гувоҳ бўлган (яъни мусулмонлар ҳали жуда озчилик ва ночор ҳолатдалик пайтларида улар билан бирга Бадр жангида кофирларга қарши жанг қилган). Сен қаердан билурсан, эй Умар, эҳтимол Аллоҳ таоло Бадр жангида иштирок этган мусулмонларнинг барча қилган ва қиладиган гуноҳларини мағфират қилиб юборгандир». Мана шу пайтда юқоридаги ояти карима нозил бўлди.

2. (Эй мўминлар), агар улар (мушриклар) сизларга зафар топсалар, душманларингиз бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар (яъни сизларни ўлдирурлар, ҳақоратлар қилурлар). Улар сизларнинг яна кофир бўлишларингизни истарлар.

3. (Қиёмат кунида) сизларга қариндош-уруғларингиз ҳам, бола-чақаларингиз ҳам ҳаргиз фойда бермас! Қиёмат кунида (Аллоҳ) ўрталарингизни ажратиб қўюр. (Бас, нечун ўша уруғ-авлодингизни ҳимоя қилиш учун Аллоҳга гуноҳкор бўлмоқдасизлар?!) Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. 

4. Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, "ибодат" қилаётган бут-санамлар) ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз(ининг кофир бўлган) отасига: «Албатта мен (Аллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани (азобни қайтаришга) молик эмасман», (деган сўзларигина сизларга намуна бўлмасин)! 

И з о ҳ . Иброҳим алайҳис-салом оталарининг иймонга келишидан умидвор бўлиб, унга Аллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳақида ваъда қилган эдилар. Аммо унинг иймонга келмаслиги аниқ маълум бўлгач, Иброҳим пайғамбар ундан юз ўгирганлар. Бу ҳақда «Тавба» сурасининг 114-оятида баён қилингандир. 

(Иброҳим ва у билан бирга бўлган мўминлар яна шундай дуо қилган эдилар): «Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга инобат-тавба қилдик. Ёлғиз Сенгагина қайтишимиз бордир. 

5. Парвардигоро, бизларни бу кофир бўлган кимсаларга мафтун-алдангувчи қилиб қўймагин, бизларни(нг гунохларимизни) мағфират қилгин. Парвардигоро, албатта Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан». 

6. Дарҳақиқат сизлар учун - Аллоҳ ва охират Кунидан умидвор бўлган кишилар учун уларда (Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бирга бўлган мўминларнинг тутган йўлларида) гўзал намуна бордир. Ким (Исломдан ва мана шу панд-насиҳатлардан) юз ўгириб кетса, у ҳолда албатта Аллоҳ (ундай кимсалардан) беҳожат ва мақтовга лойиқ зотдир. 

7. Эҳтимол Аллоҳ сизлар билан (Макка кофирлари орасидаги) сизлар душманлашиб юрган кимсалар ўртасида - (уларни ҳам иймон ва Исломга муваффақ қилиш билан) - бир дўстликни пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ (барча ишга) қодирдир. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

8. Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан - уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар.

9. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан - улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир. 

10. Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар. Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир. Бас, агар сизлар уларнинг (ҳаҳиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир, ва уларга (яъни сизларнинг олдингизда қолган мўминаларнинг Маккада қолган кофир эрларига мана шу хотинлари учун) сарфлаган маҳрларини (қайтариб) беринглар. Қачон сизлар у (мўминаларнинг эр)ларига маҳрларини берсангизлар, сизларга уларни никоҳларингизга олишда бирон гуноҳ йўқдир. (Шунингдек) сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар, балки уларга уйланмоқчи бўлган кофирлардан) ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам (ўзларининг никоҳидан чиққан ва мусулмонларнинг олдига ҳижрат қилиб кетган мўминаларга) талаб қилсинлар. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ билгувчи ва ҳикмат соҳибидир. 

11. Агар жуфтларингиздан биронтаси кофирлар томонга ўтиб кетса-ю, (аммо улар ўша хотин учун берилган маҳрни унинг эрига қайтариб бермасалар) сўнг сизлар ўч олсангизлар (яъни у кофирлар билан урушиб ғалаба қилсангизлар ва ўлжалар олсангизлар) у ҳолда (ўша ўлжалардан) жуфтлари (кофирлар томонга ўтиб) кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар! Ва ўзларингиз иймон келтиргувчи бўлган - Аллоҳдан қўрқинглар! 

12. Эй пайғамбар, қачон сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига, ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўхтонни қилмасликларига (яъни фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқлари ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек эрларига «Мана шу бола сендан бўлди», деб бўҳтон қилмасликка ) ҳамда бирон яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

13. Эй мўминлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўст бўлманглар! Худди барча кофирлар қабр эгалари (яъни, ўликларнинг қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек уларнинг ҳам охиратдан умидлари узилгандир.





Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов