"."
Меню

Намоз хакида хадислар

 СУННАТ НАМОЗЛАР ҲАҚИДА 

ФАРЗ НАМОЗЛАРИНИНГ СУННАТЛАРИ

Бу намозларни, нафл, татоввуъ, мандуб, ротиб намозлари ҳам дейилади. Бизда фарз намозларга тобеъ бўлганларини суннат, бошқаларини нафл намоз, дейиш урф бўлган.

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар. 
Умму Ҳабийба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар». 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган».
Шарҳ: Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни қўймай ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир.
Бу ваъда, жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тарийқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уйдан иборатдир. 
Фарз намозларга тобеъ суннат намозларини қўймай ўқиб боришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабийба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қўймаганлар. Биз ҳам худди шундоқ қилишимиз керак.
Фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намози ўзига хос равишда фарз намоздан олдин, машқ - тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ-хузуъини жойига қўйиш осон бўлади.
Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса, фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди.
Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни «мукаммилот» - тўлдирувчи намозлар деб аталади.



БОМДОДНИНГ СУННАТИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдоднинг икки ракъати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар». Муслим, Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоят қил ган. 
Аҳмад: «Агар сизни отлиқлар қувиб турса ҳам иккисини қўйманглар»ни зиёда қилган».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Бомдоднинг икки ракъат суннати ҳақида сўз бормоқда. У икки ракъат намоз энг фазилатли вақтда ўқилади. Унинг савоби ниҳоятда улкандир. Агар Бомдоддаги икки ракъат суннат намознинг савобини бу дунёнинг ўлчови билан ўлчайдиган бўлсак, дунёнинг ҳаммасидан ва ундаги нарсаларнинг ҳаммасидан ҳам яхши бўлади. 
Демак, ҳар куни саҳар туриб, яхшилаб таҳорат қилиб икки ракъат Бомдод суннатини ўқиган одам дунёдаги энг кўп савоб олган одам бўлар экан. 
Намозхонлар ўзларидаги бу фазлни англаб етишлари лозим. 
Бомдоднинг суннатини ўқиш қанчалар зарур эканини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 
«Агар сизни отлиқлар қувиб турса ҳам иккисини қўйманглар», деган сўзларидан тушуниб олсак бўлаверади. Яъни, душман бостириб келиб турса ҳам Бомдоднинг икки ракъат суннатини тарк қилманг, деганлари.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафллардан ҳеч бирига Бомдоднинг икки ракъатига аҳд қилганларидек шиддатли аҳд қилмаган эдилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдоднинг икки ракъат суннатини бирон марта тарк қилганларини ҳеч ким билмайди. Ҳатто, саҳобалар билан ғазотдан келаётиб ухлаб қолганларида ҳам, олдин икки ракъат суннатни ўқиб олиб, кейин фарзнинг қазосини ўқиганлар.
Демак, сиз билан биз ҳам бу намозга қаттиқ эътибор беришимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан олдинги икки ракъатни енгил ўқир эдилар. Ҳаттоки, мен, «Уммул китоб»ни ўқидиларми?» деб ўйлардим». Учовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Уммул Китоб» - «Фотиҳа» сураси. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракъат суннатини жуда ҳам енгил ўқиганларини Оиша онамиз «Фотиҳа» сурасини ўқиганчалик, деб васф қилмоқдалар.
Бу шак эмас, балки тез ўқишни баён қилиш услуби, холос. Зотан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдоднинг икки ракъат суннатида нимани ўқишлари ўта маълум ва машҳур нарса.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракъатида «Қул йа' айюҳал кафиру'н» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқирдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Уламолар жумҳури ушбу икки сурани Бомдоднинг суннатида зам қилиш мустаҳабдир, деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракъатида «Қу'лу' а'манна' билла'ҳи ва ма' унзила илайка» билан «Оли Имрон»даги: «Таъа'ла ила' калиматин сова'ин байнана' ва байнакум»ни ўқир эдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, аҳёнда Пайғамбар алайҳиссалом ушбу икки оятни ҳам Бомдод суннатида зам қилганлар.

ТАЪКИДЛАНГАН СУННАТЛАР

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн ракъатни ёдлаб олдим: Икки ракъат Пешиндан олдин, икки ракъат ундан кейин. Икки ракъат Шомдан кейин, уйларида. Икки ракъат Хуфтондан кейин, уйларида. Икки ракъат Бомдод намозидан олдин. У соатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирилмас эди».
Шарҳ: Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қиладилар. Ушбу ривоятдан суннат намозни уйда ўқиш афзал экани чиқади.
«У соатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирилмас эди».
Чунки у зот бу пайтда ибодат ила машғул бўлур эдилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешиндан олдин икки сажда, ундан кейин икки сажда, Шомдан кейин икки сажда, Хуфтондан кейин икки сажда, Жумадан кейин икки сажда ўқидим. Шом, Хуфтон ва Жума(суннати)ни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уйларида ўқидим».
Шарҳ: Ушбу ривоятда «ракъат» сўзи ўрнига «сажда» сўзи ишлатилмоқда. 
Демак, ўша вақтда ушбу истилоҳ ҳам ишлатилган. Жумадан кейин икки ракъат суннат ўқишни Шофеъийлар шу ривоятдан олганлар. Бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келмоқда. Фақат бунда Бомдод зикр қилинмаган. Афтидан ўша куни Ибн Умар ёки Бомдодни бошқа томонда ўқиганлар, ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқиш имконлари бўлмаган. Ёки аввалги ривоятда зикр қилинганидек: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кира олмайдиган вақт» бўлгани учун кира олмаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва Бомдоддаги икки ракъатни ҳеч қўймас эдилар». Ушбу уч ҳадисни Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу зикр қилинган намозлар таъкидланган суннат намозлардир. Фақат Пешиндан олдинги суннатнинг сони икки хил. Икксини ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлар. Тўрт ракъатлисини Ҳанафийлар, икки ракъатлисини бошқалар олганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таъкидланган суннат намозларига ҳанафий мазҳаби алоҳида эътибор билан қараган. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан ҳужжатлар келтирганлар. 
У зот баъзи вақтларда суннат намознинг қазосини ўқиганлари ҳақида ривоятлар ҳам бор. 
Шунингдек, сафарда ҳам юриб кета туриб суннатни ўқиш имкони бўлмаса ўқимаса, майли. Аммо тўхтаб турганда ўқилади, деганлар.

ТАЪКИДЛАНМАГАН СУННАТЛАР

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки азоннинг орасида намоз бор», деб икки марта айтдилар. Сўнгра учинчисида: «Ким хоҳласа», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги икки азондан мурод вақтли намозга айтиладиган азон ва иқоматдир. Иккисини қўшиб, икки азон, деб аташлик урф бўлгандир. Бундан ҳар бир азондан кейин ва иқоматдан олдин икки ракъат қўшимча намоз ўқиб олиш яхшилиги келиб чиқади. 
Аммо ўша амрдан кейин, ким хоҳласа, деб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан истисно қилиниши, бу ишни таъкид қилинмаган суннат намоз ҳолига айлантиргандир.

Абдуллоҳ ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шом намозидан олдин намоз ўқинглар, деб айтдилар, учинчи мартада одамлар уни суннат қилиб олишини ёқтирмай, ким хоҳласа, дедилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдуллоҳ ал-Музаний розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Муғаффал ал-Музаний бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилди. 
Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Бурайда, Абу Муаммар, Абдулворис, Ҳусайнул Муаллимлар ривоят қилишди. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Бошқа бир, Абу Довуд қилган ривоятда: «Шомдан олдин икки ракъат намоз ўқинглар», дейилган. 
Бу юқоридаги ривоятни ўзига хос шарҳ қилади. Бу ҳадиснинг ҳукми ҳам худди олдинги ҳадисни ҳукмига ўхшаб, таъкидланмаган ишга айланиб қолган. 
Ҳанбалий мазҳаби ҳақиқатан ушбу ҳадисни суннат қилиб олган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Уларнинг бугунги кунги вакиллари доимий равишда Шомдан олдинги икки ракъат намозни ўқишади. Шунинг учун айниқса, ҳарамайни шарифайнига борган кишилар бу ҳолни кўриб ҳайрон бўлишлари керак эмас.
Бошқа мазҳаблардан Шофеъий мазҳабида бу намозни ўқиш ҳақида сўз борса ҳам уларнинг ўқишлари унча мулоҳаза қилинмайди. Моликий мазҳаби эса вақт қисқалиги учун бу намозни ўқиш макруҳ, деганлар. Афтидан уларга ушбу ҳадис саҳиҳ равишда етиб бормаган бўлса керак.

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва ундан кейинги тўрт ракъатни муҳофаза қилса, Аллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Пешиндан кейин икки ракъат суннат ўқиш таъкидланган қўшимча намозлар ичида ўтган эди. Энди таъкидланмаган қўшимча намозлар ичида унинг ўрнида тўрт ракъат зикр қилинмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гап оҳангларининг ўзи бу намозни таъкидланмаган, қўшимча намоз эканини кўрсатиб турибди. Ким рағбат қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари, асрдан олдинги тўрт ракъат суннат, деб ният қилиб ўқиса, савоб олади, Аллоҳ таоло унга раҳм қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиб, уларнинг орасида ёмон гап гапирмаган бўлса, бу унинг учун ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади», дедилар». 
Бошқа бир ривоятда: «Ким Шомдан кейин йигирма ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй бино қилур», дейилган. Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу намоз ҳақида бошқа ҳадислар ҳам келган. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва саҳобаи киромлар бу намозни ўқиганлари ҳақида сўз боради. 
Бу намоз «ғафлат» намози номи билан машҳур бўлган. Чунки кўпчилик бу намозни ўқимай ғафлатда қолади. Ушбу, ғафлат намози ҳам таъкидланмаган қўшимча намозлардан ҳисобланади. Ким суннатга амални ният қилиб, уни ихлос билан ўқиса, қилинган ваъдаларга эришади.




САЖДА ВА УНДАГИ ТАСБИҲ 

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. Қачон турсалар, икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 
Воил ибн Ҳужр ибн Робиъа ал-Ҳазрамий, кунялари Абу Ҳунайд.
Бу саҳоба «Ҳазрамавт» қабилаларининг биридан бўлиб, оталари шу қабиланинг бошлиғи эдилар.
Оталари бу кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи қилиб юборишларидан олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг келишларини башорат бериб: 
«Воил ибн Ҳужр узоқ бўлган Ҳазрамавтдан, Аллоҳ ва Расулига рағбат билан итоат қилган ҳолда келади», деб айтдилар.
У келганда ўз ёнларига ўтказиб: 
«Эй, Парвардигоро, Воил ва унинг зурриётини баракалик қилгин», деб дуо қилдилар. 
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини қабилаларига яна бошлиқ қилиб тайинладилар.
Кейинчалик у киши Куфада истиқомат қилди. Али розияллоҳу анҳу билан Сиффин урушида иштирок этдилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Саждага кетаётганда олдин тиззаларни, кейин қўлларни қўйиш.
2. Саждадан тураётганда олдин қўлларни, кейин тиззаларни кўтариш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Саждада мўътадил бўлинглар. Бирортангиз ҳам чиғаноғини итга ўхшаб ёймасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ит икки кафти ва чиғаноқларини ерга қўйиб ётади. Намозхон ўшандоқ қилмаслиги керак. Кафтларини қўйиб, чиғаноқларини кўтариб туриши керак.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб қўяр эдилар. Ҳатто қўлтиқларининг оқи зоҳир бўлар эди». Икки Шайх ривоят қилганлар. 
Бошқа бир ривоятда: «Қачон намоз ўқисалар, қўлларини қочирар эдилар. Ҳатто, қўзичоқ қўллари орасидан ўтмоқчи бўлса, ўта олар эди», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда саждада турган одам чиғаноқларини қанчалик кўтариб туриши ҳақида сўз бормоқда. Демак, у уларни ерга ҳам, қорнига ҳам яқин қилмай кўтариб туриши лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Биримиз ҳароратнинг шиддатидан кийимнинг бир тарафини сажда қиладиган ерга қўяр эди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисни тўғри тушунишимиз учун ўша вақтдаги шароитни тўғри тасаввур қилишимиз керак. У вақтда сажда қиладиган гиламлар, турли жойнамозлар йўқ эди. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳам қуруқ ердан иборат эди. Намозхонлар ёмғир ёғса, лойга, ҳаво исиб кетса, оловдек қизиб турган тошли ерга сажда қилар эдилар. Сажда қиладиган жойларига соладиган нарсалари йўқ эди. Шунинг учун ноилож қолганларидан сажда қилаётиб, кийган кийимларининг бир тарафини қўйиб туриб сажда қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ноилож қолган одамдан бошқага кийимининг бир тарафига сажда қилиш мумкин эмас, деганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар «Аллоҳумма лака сажадту ва бика а'манту ва лака асламту. Сажада важҳи' лиллази' холақаҳу ва соввароҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳ. Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн», дер эдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Дуонинг таржимаси: 
«Эй, бор Худоё, Сенга сажда қилдим ва Сенга иймон келтирдим ва Сенга Ислом келтирдим. Юзим ўзини халқ қилган, суратини берган, қулоғи ва кўзини очган зотга сажда қилди. Энг яхши холиқ Аллоҳ олий ва муқаддас бўлди».

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиган, у зот рукуъларида «Субҳа'на Роббиял Азийм» ва саждаларида «Субҳа'на Роббиял Аъла'» дер эдилар. Қачон раҳмат оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб сўрар ва азоб оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб паноҳ тилар эдилар». 
Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Рукуъда «Субҳа'на Роббиял Азийм»ни айтиш.
2. Саждада «Субҳа'на Роббиял Аъла'»ни айтиш.
3. Раҳмат оятини ўқиганда, Аллоҳ раҳматини сўраш.
4. Азоб оятини ўқиганда, Аллоҳдан паноҳ сўраш.

«Қачонки «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Буни рукуъларингизда қилинг», дедилар. 
Қачонки, «Саббиҳисма Роббикал Аъла'» нозил бўлганда у зот: 
«Буни саждаларингизда қилинг», дедилар». 
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан рукуъ ва сажда ўқиладиган тасбиҳларимиз Қуръони Карим оятлари эканини билиб оламиз. 
«Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» (улуғ Роббингнинг исмини поклаб ёд) эт ояти нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни рукуъларингизда айтинг деган эканлар. 
«Саббиҳ исма Роббикал Аъла'» (Олий мақом Роббингнинг исмини поклаб ёд эт) ояти нозил бўлганда эса, бу оятни саждаларингизда айтинг, деган эканлар. 
Шунинг учун бу оятларни ҳаммамиз рукуъ ва саждаларимизда айтиб келамиз. Аввал айтилганидек энг ози уч марта айтилиши керак. Кўпи эса ўн марта дейилган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Маҳбубим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени рукуъ ва сажда қилган ҳолимда қироат қилишдан наҳий қилдилар». 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Шунинг учун уламолар рукуъ ва саждада Қуръон қироат қилиш ҳаром, деганлар.




 ҒУСЛНИНГ САБАБЛАРИ ҲАҚИДА 


Шарҳ: «Ғусл» сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади. Ғуслнинг шариатимизда вожиб қилинишининг ҳикматлари кўп. 

Аввало, у ибодат, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун зарур нарса. Иккинчидан, поклик, озодалик ва соғлик учун ўта муҳим омил. 
Қолаверса, ғуслни вожиб қилувчи нарсалар туфайли инсон вужудида пайдо бўладиган баъзи нопокликларни кетказиш, маний кетиши ила жисм йўқотган нарсаларни қайта тиклашдир. 
Жинсий яқинлик ва эҳтиломдан кейин ғусл қилган одамда қон юриш яхшиланади ва тетиклик тикланади.
Шунингдек, ният билан қилинган ғусл туфайли гуноҳлар ҳам ювилади.

Аллоҳ таоло: «Агар жунуб бўлсангиз, бас покланинг», деган. (Моида сураси, 6-оят) 
Ва яна: «Ва жунуб ҳолингизда, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг) магар йўлдан ўтсангиз», деган. (Нисо сураси, 43-оят)
Шарҳ: «Жунуб» сўзи луғатда четда турувчи, маъносини англатади. 
Шариатда эса жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга айтилади. 
Ғусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган.
Ғусл масаласи Қуръони Карим муолажа қилган масала эканлигини, ушбу бобдаги ҳадислар Қуръонда ғусл ҳақида келган оятларнинг шарҳи каби эканлигини англатиш учун Аввало, оятлар зикр қилинмоқда.
Биринчи оятда жунуб бўлган одам покланиши, яъни, ғусл қилиши вожиблиги таъкидланмоқда. 
Иккинчи оятда эса жунуб одам ғусл қилмагунча масжидда тура олмаслиги, магар ғусл учун ўтишга бошқа йўл бўлмаса, масжид орқали ўтиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. 
Демак, жунублик одамнинг баъзи бир нарсалардан четда бўлишига сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар». 
Бошқа ривоятда: «Агар туширмаса ҳам», дейилган. 
Яна бошқа бир ривоятда: «Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ғуслни вожиб қилувчи сабабларнинг энг асосийси ҳақида сўз юритилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жинсий яқинликни англатувчи сўзни очиқчасига айтмай, киноя билан баён қилмоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жинсий яқинликдан кейин ҳам эрга, ҳам хотинга ғусл вожиб бўлади.
2. Жинсий яқинликда маний тушишининг ғусл вожиб бўлишига алоқаси йўқ. Жинсий алоқа бўлдими, маний тушса ҳам, тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлаверади. Буни «Агар туширмаса ҳам» деган жумладан олинади.
3. Ғусл вожиб бўлиши учун эркакнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса бўлди. Иссиқ минтақаларда, хусусан, араб юртларида қизларни ҳам хатна қилиш одати бор. Унда фаржнинг ичидаги бир оз ўсиб турадиган қисми хатна қилинади. Уламоларимиз эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегиши учун эркак аъзосининг бош қисми аёл аъзосига кириши керак, дейдилар. Ана шу ҳолат юзага келганда икковларига ҳам ғусл вожиб бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир одам аҳлига яқинлик қилиб, маний туширмаган киши ҳақида, икковларига ғусл вожиб бўладими», деб сўради. Оиша ўша ерда ўтирган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ:Ушбу ҳадиси шарифда жинсий алоқа пайтида маний тўкилмаса ҳам барибир эркакка ҳам, аёлга ҳам ғусл вожиб бўлиши таъкидланмоқда. Сўровчи ҳам саволида «икковларига ғусл вожиб бўладими?» деб ҳам эр, ҳам хотин ҳақида сўрамоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз жавобларида: 
«Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», деб Оиша онамизни кўрсатмоқдалар ва маний тушмаса ҳам эр хотинга баробар ғусл вожиб бўлишини таъкидламоқдалар. Шундан, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган иш эканини ҳам билиб олмоқдамиз.

Яна Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Қачонки, хатна қилинган жой хатна қилинган жойдан ўтса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қилганман ва иккаламиз ғусл қилганмиз». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиз баён қилаётган бу масала ҳам, яъни эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегса, икковларига ҳам ғусл вожиб бўлиши масаласи ҳам бобнинг биринчи ҳадисида ўтган эди. Аммо бу ҳадисда батафсилроқ баён қилинмоқда. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганликлари очиқ-ойдин айтилмоқда.
Бу масалада ҳушёр бўлиш зарур. Тўлақонли жинсий яқинлик бўлмади-ку, деб дангасалик туфайли ғусл қилмай гуноҳга ботишдан сақланиш керак.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Сувдан сув (вожиб) бўлади», деб берган фатволари Исломнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган рухсат эди. Сўнгра, кейинроқ ғусл қилмоққа амр қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоят ила жинсий яқинлик қилганда маний тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўлишига қарши пайдо бўлиши мумкин бўлган бир иштибоҳ кўтарилмоқда. Чунки авваллари «Сувдан сув (вожиб) бўлади» деган фатво кенг тарқалган. Бу - маний сувидан, ғусл суви вожиб бўлади, дегани. Яъни, ким маний сувини тўкса, сув ила ғусл қилмоғи вожиб бўлади. Борди-ю маний тўкилмаса, сув ишлатиб ғусл қилиш ҳам вожиб бўлмайди, дейилмоқчи. 
Дарҳақиқат, Исломнинг дастлабки пайтларида маний тушмаса ғусл қилмасликка Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Атабоннинг остонаси олдида тўхтаб, уни чақирдилар. У иштонини судраб югуриб чиқди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамни шошириб қўйдикми, дедилар. Атабон эса: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, қачонки эр шошилиб хотинига манийсини туширмаса, унга нима вожиб бўлади?» деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Фақат сувдан сув (вожиб( бўлади», дедилар.
Мана шу гапдан кейинчалик, саҳобалар ичида тарқалган, сувдан сув (вожиб) бўлади, деган фатво бериб юборилган.
Эҳтимол, умуман, ғусл нималигини билмай юрган одамларга бирданига оғир келмасин, деб аввал фақат маний тушгандагина ғусл вожиб бўлади, дейилгандир. Кейинчалик эса бу ҳукм насх этилиб (амалдан қолдирилиб), маний тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлиши тайин қилинган.
Ҳозирги кунимизда ҳам кўпгина китобларда мазкур ҳадис ва фатволар ҳеч қандай изоҳсиз ёки шарҳсиз келтирилганини кўрамиз. Демак, бу нарса амал учун эмас, фақат маълумот учун келтирилган бўлади. 
Шунинг учун «фалон китобдаги келтирилган ҳадисда «Сувдан сув (вожиб) бўлади», дейилган экан, жинсий яқинлик пайтида маний тушмаса ғусл вожиб бўлмас экан», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, вақтики сувни кўрса» дедилар. 
Бас, Умму Салама: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм кунялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бироз тортишганлар. Баъзилари Саҳла, десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.
Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқганлар. Умму Сулайм ўта диндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исмлари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.
«Эҳтилом» дегани уйқуда жинсий яқинликни кўрмоқ, уйқуда булғанмоқ, деганидир.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши, эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди» дедилар. Бу, шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман, деганларидир. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг, деганларидир.
Ҳамма мусулмон халқларда ҳам ҳаёли нарсаларни сўрашдан олдин шунга ўхшаш узр маъносидаги иборалар айтилади. Баъзи жойларда, энди «шариатда шарм йўқ», сўрайверамиз-да, дейишади ва ҳоказо.
Мазкур муқаддимадан кейин Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб: 
«Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.
Бу саволни Пайғамбаримиздан фақат Умму Сулаймгина сўраган эмас. Балки, бир неча саҳобия аёллар ҳам сўраганлар. Жумладан, Хавла бинти Ҳакийм, Бусра ва Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳолар ҳам сўраганлар ва уларнинг ҳадисларини муҳаддисларимиз ривоят қилганлар.
Эҳтимол, у кишилар шу ҳолатни бошларидан кечирганлар ва динимизнинг бу борадаги ҳукмини аниқлаб олиш учун, гуноҳкор бўлмаслик учун уятни йиғиштириб, савол беришган. Аллоҳ улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий ва илмий жасоратларидан ҳосил бўлган фойдадан мусулмонлар авлоддан-авлодга фойдаланиб келмоқдалар. 
Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ҳа, вақтики сувни кўрса», дедилар. 
Яъни, хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам манийни кўрса, ғусл қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бошқа ривоятда Умму Салама юзини бекитиб олди, дейилган) ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 
Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёллар эҳтилом бўлмасликлари чиқади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», деб жавоб бердилар.
«Қўлинг қурисин» ибораси арабчада «тарибат ядаак» дейилади. Маъноси эса қўлинг тупроққа қоришсин. Яъни, камбағал бўлгин, дегани. Лекин арабларда яхши маънода ҳам ишлатилаверади. Уларда бу иборани фақат ёмон дуо, деб тушунмай ўрганиб қолишган. Бунга ўхшаш иборалар бошқа мусулмон халқларда ҳам бор. Мисол учун, баъзи жойларда, «ҳа, шўринг қурисин-а», дейилади.
Демак, боланинг ота-онасига ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлар экан. Аёл кишида ҳам маний мавжуд экан. Фақат баъзи аёлларда жинсий алоқадан бошқа пайтда, уйқуда туш кўрганда ҳам маний чиқар экан, баъзиларида фақат жинсий алоқа пайтида чиқар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шариатдаги ҳақни билиш учун ҳаё қилмаслик.
2. Саҳобия аёлларнинг ҳаққини билишга қизиқганлари.
3. Аёл кишининг эҳтилом бўлиши.
4. Аёл киши эҳтиломдан кейин маний сувини кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлиши.
5. Эҳтиломдан кейин сувни кўрмаса, ғусл вожиб эмаслиги.
6. Аёл кишида маний суви борлиги.
7. Баъзи аёллар эҳтилом бўлмаслиги.
8. Боланинг ота-онага ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлиши.
Бу ҳақда, яъни, эркак ва аёлнинг манийси, болаларни уларга ўхшашлигига сабаб бўлиши масаласида ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида қўшимча маълумотлар келган. Ҳозир ўшаларни ўрганамиз.

Муслим: «Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик ўшандан бўлади», деган жумлани зиёда қилган.
Шарҳ: Имом Муслим ривоятида келган қўшимчада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёлнинг манийсини очиқ-ойдин васф қилиб бермоқдалар. Шу соҳа бўйича мутахассисларнинг айтишларича, яқин-яқинларгача аёл кишининг манийси борлиги илмий доираларда тан олинмас эди. Аммо илм ва фаннинг тараққий этиши билан бу ҳақиқат худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам васф қилганларидек бўлиб чиқди. Шунингдек, ҳадиси шарифдаги: 
«Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик ўшандан бўлади» деган гаплари ҳам тасдиқланди. Яъни, эркакнинг манийси аёлнинг манийсидан устун келса ёки олдин бўлса, улардан бўлган бола отасига ўхшаган бўлади. Агар аёлнинг манийси эркакникидан устун келса ёки олдин бўлса, бола онасига ўхшаган бўлади.
Замонавий илм ҳам болага маний орқали ота-онанинг турли хусусиятлари ўтишини тасдиқлади.

Яна ўша киши (Муслим) қилган ривоятда: «Қачон аёлнинг суви эркакнинг сувидан устун келса, бола тоғаларига ўхшайди. Қачон эркакнинг суви аёлнинг сувидан устун бўлса, бола амакиларига ўхшайди», дейилган.
Шарҳ: Дарҳақиқат, болаларда тоғаларига ёки амакиларига ўхшашлик аломатлари бўлиши ҳаммага маълум. Бу ўхшашлик ҳам ота ёки онанинг сувини бир-бирига устун келишидан эканлигини ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ҳақиқатни ҳам ирсиятни ўрганиш илми тасдиқлади.
Бошқа бир ривоятда: «Қачон икковлари жам бўлсалар ва эркакнинг манийси аёлнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила ўғил бола кўрадилар. Қачонки, аёлнинг манийси эркакнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила қиз бола кўрадилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳамма нарса Аллоҳнинг изни ила бўлиши сабаблари ҳам баён қилинмоқда.
Минг тўрт юз йил муқаддам айтилган бу гаплар энди-энди илмий тараққиёт туфайли тасдиқланмоқда. Дунёдаги энг кўзга кўринган гинеколог олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу хусусда айтган гаплари илмий мўъжиза эканлигини тасдиқламоқдалар. Улардан баъзилари Исломга кириб, баъзилари мойил бўлмоқдалар. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот: «Ғусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот: «Унга ғусл вожиб эмас», дедилар. 
Бас, Умму Сулайм: «Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. У зот: 
«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса, ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир. Шунинг учун саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда савол берилди.
Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади. 
Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундоқ одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.
Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:
«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. 
Яъни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими, дедилар.
Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ижобий жавоб бериб: 
«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар. 
Яъни, ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш, деганларидир.
Бу ҳадисдаги ҳукмларни ҳар бир киши яхшилаб ўрганиб олиши зарур. Айниқса, энди балоғатга етган ёшларга ўргатиб қўйиш лозимки, улар эътиборсизлик ила гуноҳкор бўлиб қолмасин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар; жунубликдан, Жума куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан кейин». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз ғуслларининг баъзи сабабларини айтмоқдалар.
Ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир.
Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда: 
1. «Жунубликдан». 
Бу ҳақда муфассал сўз юритилди.
2. «Жума куни». 
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жума намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жуманинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган. 
Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган. 
Ҳанафий мазҳабида эса Жума кунги ғусл суннат дейилган. 
3. «Қон олдирганда». 
Эски вақтда махсус услуб билан қон олдириш одати бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олдирганлар. Ундан кейин эса ғусл қилганлар. Чунки баданга қон сачраш эҳтимоли кучли. Ҳанафий мазҳабида бу масала тўлиқ ўрганиб чиқилиб, қон олдиргандан кейинги ғусл мандубдир, дейилган.
4. «Маййитни ювгандан кейин». 
Бу масалада келган ҳадисларда ихтиёр маййитни ювган одамнинг ўзига қўйилгани мулоҳаза қилинади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
«Маййитни ювар эдик. Бас, биздан баъзиларимиз ғусл қилар эдик. Баъзиларимиз ғусл қилмас эдик», дейилган. 
Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, маййитингиз пок ҳолида ўлади. Қўлларингизни ювиб олсангиз бўлади», дейилган.
Ушбу ва бошқа ҳадисларни ҳисобга олиб туриб Ҳанафий мазҳабида маййитни ювган одам ғусл қилиши мандуб, дейилган.
Бундай ҳолда битта ҳадисни ўқиб олгач, ўшанга қараб ҳукм чиқариб, кишиларнинг бошини айлантирмаслик керак. Тажрибада шундоқ ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳадис китобларининг биридан баъзилар: 
«Ким маййитни ювса, ғусл қилсин, ким уни кўтарса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиб олиб, кишилар ўртасида ихтилоф чиқарганлар. 
Ҳолбуки, ўша одамлар бу масаладаги бошқа ҳадисларни ҳам ўқисалар, бу ҳадислар асосида уламоларимиз олиб борган илмий баҳсларни ўргансалар ихтилофга ҳеч ўрин қолмайди.
Имом Абу Довуд мазкур ҳадисни мансух (амалдан қолган), деб очиқ-ойдин айтиб қўйган. 

Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Исломга келганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр қилган эканлар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишайлик:
Қайс ибн Осим ибн Синон Мунқирий ат-Тамимий. Кунялари Абу Али, арабларнинг тадбирли амирларидан, шижоат ва ҳалимлик билан танилган, жоҳилиятда шоир ва саййидлик билан машҳур бўлган саҳобалардан эдилар. 
Бу саҳоба арақ ичишни Исломга киришдан олдин ҳам ўзларига ҳаром қилган эдилар. Ҳижратнинг 9 санасида Тамим қабиласи томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи бўлиб келиб, ана шу йили Исломга кирдилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни қавмларидан садақаларни йиғиш учун масъул этиб тайинладилар.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. У кишидан Ҳасан, Аҳнаф, Хулайфа ибн Ҳусайн, ўғиллари Ҳаким ибн Қайс ва бошқалар ривоят қилишган.
Қайс ибн Осимнинг 33 фарзандлари бор эди. Вафот этишларидан олдин уларни чақириб: 
«Эй, болаларим, менинг васиятимни эшитинглар. Чунки мендан бошқа киши сизларга насиҳат қилмайди. Молларингизни тадбир билан ишлатинг, бундай қилишларингиз сахий бўлишлик учун огоҳ этади ва маломатдан сақлайди. Одамлардан нарса сўрашликдан сақланинглар, чунки кишининг охирги касби сўрашликдир».
Бу зот ҳаётларининг охирида Басрада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 20 санасида (640 милодий) ана шу ерда вафот этдилар.
«Сидр» бир ўсимлик бўлиб, сувга қўшилса, совун вазифасини ўташи мумкин. 
Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисларини далил қилиб, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари кофир одам мусулмон бўлганда ғусл қилиш вожиб бўлади, дейдилар. 

Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари эса янги мусулмон бўлган собиқ кофирнинг ғусл қилиш ҳукмини иккига бўладилар.
1. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл қилиш унинг учун мустаҳаб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир янги мусулмон бўлган одамни ғусл қилишга буюрмаганлар. Шунинг учун янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, таҳорат қилиб олса бўлади.
2. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлса, унинг учун ғусл қилмоқ вожиб бўлади. Чунки жунуб кишига ғусл вожиблигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Шу билан ғуслга сабаб бўладиган нарсалар ҳақидаги бобда келтирилган ҳадислар тамом бўлди. Аммо бу ҳақда мазкур бобдаги ҳадислардан бошқа ҳадислар йўқ дегани эмас. 
Шунингдек, ғуслга сабаб бўладиган нарсалар фақат ушбу бобда ўрганган нарсаларимиз эмас, балки, бундан бошқа нарсалар ҳам бор, мисол учун:
1. Ҳайз ва нифос.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога: «Агар ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, ҳайз кетса, ғусл қил ва намоз ўқи», деганлар. 
Шунинг учун ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб. 
Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади. Бу ва бунга тегишли масалалар ўз бобида батафсил ўрганилади, иншааллоҳ.
2. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага шу муомала қилинган. 
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.

Бу бобда зикр қилинмаган суннат ғусллар ҳам бор:
1. Икки ийд намози учун ғусл қилиш. 
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
2. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш.
Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.
3. Арафотда туриш учун ғусл қилиш. 
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатдир.
4. Истеҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шу амрни қилганлар.
5.Ҳушидан кетган одам ўзига келганда ғусл қилиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. 
Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар.
6. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда тер ва бошқа сабабларга кўра нохуш ҳидларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия қилинади. 
Бундоқ ишларга; Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.




СУТРА ҲАҚИДА 


«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. «Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб кўнглини бузмасин, хусусан, Шайтон васваса қилмасин.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз жойлари билан девор орасида бир қўй сиғадиган жой бор эди». Уччовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Баъзи бир уламолар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари билан деворнинг орасида бир қўй сиққудек жой бор эди, дедилар. Тўғрироғи, саждага бош қўядиган жойлари билан девор орасида деганимиздир.

Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Салама розияллоҳу анҳу мусҳаф ёнидаги устун олдида намоз ўқишни танлар эди. Мен унга: «Эй, Абу Муслим, ушбу устун олдида намоз ўқишни танлаганингизни кўрмоқдаман?» дедим. У: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг олдида намоз ўқишни танлаганларини кўрган эдим», деди». Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари зикр қилинаётган шахс машҳур саҳобий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудирлар.
«Мусҳаф ёнидаги устун» дегани, Қуръони Карим ёзилган саҳифалар бир сандиққа солиниб, ўша сандиқ «Муҳожирлар устувонаси» номли бир машҳур устуннинг остига қўйиб қўйилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар олдиларини кесиб ўтмаслиги учун суннат ва нафл намозларни кўпроқ ўша устунни тўсиқ қилиб олиб ўқир эдилар. 
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу одатларини яхшилаб кузатиб юрган эканлар ва ўшанга тақлид ҳам қилар эканлар. Бу ҳолни эса ушбу ҳадиснинг ровийcи Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Язийд ибн Абу Убайд розияллоҳу анҳу мулоҳаза қилиб, ўз хожаларидан сўраб билиб олиб, сўнгра гапириб юрар эканлар. 
Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш, у зотнинг намоз ўқиган жойларида намоз ўқиш яхши эканлиги билинади.
Демак, масжидда якка ўзи намоз ўқиётган одам устунни ўзига тўсиқ қилиб олиб ўқигани яхши. Баъзи бирларимиз шу нарсанинг фарқига бормаймиз. Кўринган жойда, ҳатто, кўпчилик ўтиб турадиган жойларда ҳам намоз ўқиб юбориб ўзимизга ҳам ўзгаларга ҳам танглик яратамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб бериларди ва у зот ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Саҳобалардан бирлари «Ҳарба» ёки «Анза» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар эди. Имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини кўндаланг қилиб туриб, ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Уччовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, миниб юрган ҳайвонни тўсиқ қилиб олиб намоз ўқиса ҳам бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозхоннинг сутраси ҳақида сўрашди. Бас, у зот: «Эгарнинг суянчиғи баландлигича», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, савол сутранинг баландлиги ҳақида бўлган. Арабларда одам суяниб кетиши учун эгарнинг орқаси махсус равишда баланд қилинади. Ана ўша суянчиқ баландлигидаги нарса сутра учун кифоя қилар экан.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай намозни ўқийверсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, сутра қўйиб олган одам сутра орқасидан ким ёки нима ўтганига эътибор бермаслиги керак. Зотан, сутра ўзи шунинг учун қўйилади. Сутранинг орқасидан ўтган нарса унинг намозига ҳеч қандай зарар қилмайди.

Ато раҳматуллоҳи алайҳи: «Эгарнинг суянчиғи бир аршин ва ундан баландроқдир», деди». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоят соҳиблари машҳур тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳдирлар. У киши ўз илмлари ила ҳатто саҳобалар ичида ҳам машҳур бўлганлар. Ислом умматининг илм денгизи, лақабини олган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Макка аҳли бир масалани сўрашганида, ичингизда Ато туриб мендан сўрайсизларми, деган эканлар.
Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳи эгарнинг суянчиғи ўша вақтларда, яъни, ҳадисларда зикр қилинганлари қанчалик баландликка эга эканини тушунтириб бермоқдалар. Биз, аршин, деб таржима қилган сўз арабчада «зироъ» дейилиб, аслида қўлнинг панжа учидан, чиғаноққача бўлган қисмига айтилади. Узунлик ўлчови сифатида 58 сантиметрни ташкил этади. Демак, сутра қилинадиган нарса ана шу баландлик ёки ундан бироз юқорироқ бўлса кифоя қилар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намоз ўқийдиган бўлса, юзи томонга бирор нарса қўйиб олсин. Агар ҳеч нарса топмаса, асони тиклаб қўйсин. Бас, агар у билан асо ҳам бўлмаса, бир чизиқ чизиб қўйсин. Сўнгра унинг олдидан ким ўтса ҳам зарар қилмайди», дедилар». 
Шарҳ: Бу ҳадисда намоз ўқувчининг олдида сутраси бўлишига катта эътибор берилмоқда. Шунингдек, сутра нималардан иборат бўлиши мумкинлиги тартиб билан баён қилиб берилмоқда. Аввал имкони бўлса, бирор нарса қўйиб олиш керак. Агар ундоқ нарса бўлмаса, асони тиклаб қўйиш керак. Агар асо ҳам бўлмаса, чизиқ чизиб қўйиш керак. Шундан сутра намозхоннинг кўнгли мушавваш бўлишининг олдини олиш учун қилинадиган нарса экани билиниб турибди.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир шохга ёки устунга, ёхуд дарахтга томон намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошлари тўғрисига олиб ўқиётганларини кўрдим. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар». Иккаласини Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, намозхон сутранинг қоқ рўбарусига олмай бироз ўнг ёки чап томонига олиши керак экан.

СУТРАГА ЯҚИНЛАШИШ

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон Каъбанинг ичига кирсалар эшикка орқасини қилиб юриб борар, токи ўзи билан деворнинг орасида уч аршинча қолганда тўхтар ва Билол унга хабар берганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган маконда намоз ўқир эди ва: «Бир киши Байтнинг қайси тарафида намоз ўқиса бўлаверади», дер эди». Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Каъбанинг ичида намоз ўқишга ҳар бир мусулмон қаттиқ қизиқади. Каъба ўз номи билан Каъба-Байтуллоҳ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг ичида намоз ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъба ичига Усома ибн Зайд, Усмон ибн Толҳа ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар кирганлар. Сўнгра эшикни ёпиб қўйганлар. Улар Каъбаи Муаззаманинг ичида бир муддат қолиб кетганлар. 
Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилдилар, деб сўраганлар. Шунда Билол, бир устунни ўнг, бир устунни чап, учта устунни орт тарафларида қилиб намоз ўқидилар, деб айтган. 
Ўша пайтда Байтуллоҳнинг ичида олтита устун бор экан. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик қачон Каъбанинг ичига кирсалар, худди Билол розияллоҳу анҳу хабар берганларидек қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларини такрорлашга уринар эканлар.
Ҳозирги кунда Каъбаи Муаззаманинг ичида, қоқ ўртасида учта устун ўрнатилган. Устунлар мезоб - тарнов томон билан Ҳажарул Асвад ва Рукни ямоний орасидаги девор тарафга қаратиб ўрнатилган. Уч устуннинг тепасида тўсин бор. Устунлардан иккитасининг орасига ёғоч сандиқ ҳам қўйилган. У сандиқда Каъбаи Муаззамани тозалайдиган, хушбўй қиладиган нарсалар қўйилган. Ушбу сатрларни ёзувчи ожиз бандага ҳам Аллоҳ таоло кўплаб маротаба кириб, Каъбанинг ичида намоз ўқишни насиб этди. 
Каъбаи муаззаманинг остонаси ташқаридан ҳам кўриниб турганидек, одам бўйидан баланд. Ичкарига фақат эшикдан ёруғлик тушади. 
Каъбаи муаззаманинг ери мармар билан қопланган. Ён деворларининг одам бўйидан баландроқ жойигача ҳам мармар билан қопланган. Деворларнинг қолган қисми ва шифт «лаа илаҳа иллаллоҳу» деб ёзилган яшил рангдаги қимош - мато билан қопланган. Ҳажарул Асваддан тавоф қилиб юриб кетганда келадиган биринчи бурчакнинг девори ичкарига бир метрча туртиб чиққан. Ичкарига кирган одам ўзини бошқа оламга кириб қолгандек ҳис қилади. Ҳамма кўринган томонга қараб намоз ўқийди, йиғлаб дуолар қилади. Ҳамма тарафга хушбўй атирлар суртилган бўлади. Ушбу сатрлар муаллифи бир марта кирганидан кейин Каъбанинг ичини тўлиқ васф қилиб, бир неча саҳифага ёзиб ҳам қўйган эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Байтуллоҳнинг ичида намоз ўқиш жоизлиги.
2. Сутрага яқинлашиб намоз ўқиш кераклиги.
3. Намозхон билан сутранинг ораси уч аршин бўлиши.
4. Иложини қилган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган жойда намоз ўқиса яхши.
5. Каъбанинг ҳамма томонида, ҳар тарафга қараб намоз ўқиса бўлавериши.

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишади: «Қачонки бирингиз сутра томон намоз ўқиса, унга яқинлашсин, шунда шайтон унинг намозини кесмайди», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда сутрага яқинлашиб намоз ўқиш зарурлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга сутра олишнинг ҳикмати ҳам баён қилинмоқда. У ҳам бўлса, шайтоннинг васвасасидан қутулиш экан.

НАМОЗХОНИНГ ОЛДИДАН ЎТГАН ГУНОҲКОР НАМОЗХОН УНИ ДАФЪ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ...гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар. 
Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳадисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган шахс, Буср ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, ёки қирқ ой, қирқ йил, дедиларми билмай қолган эканлар. Ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилар эканлар.
Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар, ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи, ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутишга ҳам рози бўлар экан.
Демак, эътиборсиз бўлмай, намоз ўқиётган одамнинг олдини ҳеч қачон кесиб ўтмасликка ҳаракат қилишимиз зарур экан.

Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда: «Албатта, сиздан бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи, унинг учун намоз ўқиётган биродари олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятдаги қирқ, қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканини тасдиқлайди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни дафъ қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундоқ одам шайтондир», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ҳадисларининг машҳур бўлишига бир ҳодиса сабаб бўлган.
Бу ҳақда Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар: 
«Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳуни Жума куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъид унинг кўкрагидан дафъ қилди. Йигит назар қилиб, Абу Саъиднинг олдидан бошқа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъид уни аввалгидан кўра қаттиқроқ дафъ қилди. Шунда йигит Абу Саъидни сўкди ва Марвоннинг олдига кириб шикоят қилди. Абу Саъид ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у: 
«Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй, Абу Саъид?» деди. Шунда, Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар.
Марвон деганлари Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн Ҳакам номи билан машҳур. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. 
Маълум вақт у Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди. 
Марвон ибн Ҳакам олтмиш уч ёшида, Димашқ шаҳрида, 65 ҳижрий санада вафот этган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги.
2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги.
3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган шахсни қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан уни дафъ қилиш орқали бўлади.
4. Агар шунга ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги.
5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай ўтишга ҳаракат қилган одам шайтонга тенглиги.
Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишимиз керак. Намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим.

ИМОМНИНГ СУТРАСИ ҲАМ ЎЗИГА, ҲАМ ОРҚАСИДАГИЛАРГА

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни чиқсалар, амр қилар эдилар, олдиларига бир калта найза қўйиларди. Бас, у зот ўшанга қараб, одамлар эса, у кишининг орқаларидан намоз ўқир эдилар. Шуни сафарда ҳам қилар эдилар. Амирлар шунинг учун ҳам бу нарсани одат қилганлар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, имомнинг олдидаги битта сутра ҳаммага кифоя қилади.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга ҳаво иссиқ пайтида чиқдилар. У кишига таҳорат суви келтирилди. Таҳорат қилдилар. Сўнгра бизга Пешин намозини, кейин Аср намозини ўқиб бердилар. Ўшанда У зотнинг олдиларида калта найза турар эди. Унинг ортидан эса аёл киши ҳам, эшак ҳам ўтаверар эди». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Улуғ, бошлиқ кишиларга таҳорат суви тайёрлаб бериш.
2. Иссиқ пайтида Пешин намозини ўқиш жоизлиги.
3. Имомнинг олдидаги сутра қавмга ҳам кифоя қилиши.
4. Сутранинг ортидан ўтган аёл киши намозни бузмаслиги.
5. Сутранинг ортидан ўтган эшак намозни бузмаслиги.

НАМОЗНИ КЕСАДИ ДЕЙИЛГАН НАРСАЛАР

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлса, сутра қилиб олади. Қачонки, унинг олдида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлмаса, унинг намозини эшак, аёл киши ва қора ит кесади», дедилар. Мен: «Эй, Абу Зарр қора итнинг қизил итдан, сариқ итдан нима фарқи бор?» дедим. У: «Эй, биродаримнинг ўғли, мен ҳам сен мендан сўрагандек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Бас, у зот: «Қора ит Шайтондир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг зоҳиридан намоз ўқиётган одамнинг олдида сутраси бўлмаса-ю, унинг олдини эшак, аёл киши ва қора рангли ит кесиб ўтса намози бузилади. 
Ҳадис китобларда ушбу ҳадисни ўқиб, дарҳол ҳукм чиқаришга шошилмаслигимиз керак. Балки, бошқа ҳадисларни ҳам ўрганиб, кейин шошилмай ҳукм чиқаришимиз лозим бўлади.

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда: «Қачонки, бирингиз сутрасиз намоз ўқиса, ит, чўчқа, яҳудий, мажусий ва аёл киши унинг намозини кесади. Агар улар бир тош отса етадиган жойдан ўтсалар, намози жоиз бўлади», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда олдинги ривоятдаги нарсаларга яҳудий, мажусий ва чўчқа қўшилмоқда. Яна мазкур нарсалар маълум масофа узоқдан ўтсалар таъсир қилмаслиги айтилмоқда.
Лекин уламоларимиз, намоз ўқувчининг олдидан ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар кесиб ўтса, намоз бузилмайди, бироз нуқсон бўлиши мумкин холос, дейдилар. Бу эса уларнинг ҳадисларни инкор қилиб, ўз фикрларини ўтказиш учун уринишларидан эмас, балки, бу масаладаги ҳамма ҳадиси шарифларни чуқур ўрганиб, қачон айтилганликларини текшириб чиққанларидан кейин эришган натижалардир. 
Ўша текширишлар ушбу икки ҳадисни маълум сабабларга кўра айтилгани, кейин эса бошқа ҳадислар ила насх қилинганини кўрсатади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан Минода девордан бошқа томонга намоз ўқиб турганларида эшак миниб илгарилаб бордим. Ўшанда балоғатга етай, деб қолган эдим. Сафнинг баъзисини ўтиб туриб тушдим ва эшакни ўтлатиш учун қўйиб юбориб, сафга кирдим. Буни менга ҳеч ким инкор қилмади». Бешовлари ривоят қилган. 
Бошқа бир ривоятда: «Бас эшак уларнинг олдиларидан ўтди ва намозларини бузмади», дейилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳикоя қилаётган ушбу ҳодиса видолашув ҳажи йилида бўлган. Бу ҳаж Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ҳажлари эди. 
Демак, бу ҳодиса олдинги икки ривоятдан кейин бўлгани аниқ. Шунинг учун бу ҳадис уларни насх қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг эшак миниб сутрасиз намоз ўқиётган кишиларнинг олдидан ўтишлари, қўйиб юборган эшаклари ҳамма намозхонларнинг олдидан ўтиб кетиши ҳамда ҳеч ким бир оғиз гап айтмаслиги, сутрасиз намоз ўқиётган одамнинг олдидан эшак ўтса, ҳеч гап йўқлигига далолат қилади. 
Бунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшликларидан кўп нарсани билган, тақводор бўлганлари чиқади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди. 
«Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади», дедилар. 
Бас, у киши: 
«Батаҳқиқ, бизни итларга тенг қилдингизлар». 
Бошқа бир ривоятда эса: 
«Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлганим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим», дедилар». 
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Оиша онамизнинг ҳузурларида саҳобаи киромларнинг илмий мажлис қилишлари.
2. Кейинчалик ҳам ит, эшак ва аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузиладими йўқми, деб баҳслар бўлгани.
3. Оиша онамизнинг мазкур гаплардан аёлларни камситиш, деб хафа бўлганлари.
4. Оиша онамизнинг илмий мажлисларда сўзлашлари.
5. Аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузилмаслиги.
6. Эр ётган хотинига қараб намоз ўқиса жоизлиги.
7. Намоз ўқиётган одамнинг қаршисидаги шахс унга юзланмаслиги кераклиги.

Ўша киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд томонларида ухлар эдим. Икки оёғим у кишининг қибласида бўлар эди. Қачон сажда қиладиган бўлсалар, қўл тегизар эдилар ва мен оёқларимни йиғиштириб олар эдим. Ўша кунларда уйларда чироқлар бўлмас эди». Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадис ҳам аёл киши намоз ўқувчи одамнинг олдида ётса, ҳатто баданига тегса ҳам намоз бузилмаслигига кучли далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжуд намоз ўқишларига, чироқсиз тор уйда яшаганларига далилдир. Бу нарсаларнинг барчасидан ибрат олишимиз керак.

Абу Довуд, Молик ва Дора Қутнийнинг ривоятида: «Намозни ҳеч нарса кесмайди. Қудратингиз етгунча қайтаринг. Бас, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», дейилган.
Шарҳ: Яъни, намоз ўқиётганингизда олдингиздан ўтувчининг қудратингиз етгунча қайтаринг, у шайтондан бошқа нарса эмасдир, деганлари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намозхоннинг олдидан ўтган нарса унинг намозини ботил қилмаслиги.
2. Намозхон ўзининг олдидан ўтаётганни иложи борича ўтказмай қайтариши лозимлиги.
3. Намозхонинг олдини кесиб ўтиш гуноҳлиги.
4. Ким намозхоннинг олдини кесиб ўтса, шайтонга тенг эканлиги.



кейинги...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов